Shukur Xolmirzayevni eslab: Abduhamid Parda. O’zbek Gamleti & Abdunabi Hamro. O’zga sayyoralik mehmon & Shukur Xolmirzayev. O’n sakkizga kirmagan kim bor. Audiokitob

022    — Мен Гамлетман, — деди Шукур ака қайси бир куни чойхўрлик қилиб ўтирганимизда. – Мен чиндан ҳам Гамлетман, ўзбекларнинг Гамлетиман. Гамлетсимон, Отеллосимон, Макбетсимон. Ромео ва Жульетта дейсизми, ўзимиздаги Лайли, Мажнунларни оласизми, ҳаётда, адабиётда шундай шахслар, қаҳрамонлар пайдо бўлдими, бас, улар ўтгандан сўнг руҳлари, адабиётдаги издошлари барча халқларнинг ичига, кўнглига тарқалиб, сингиб кетади, деб ўйлайман. Натижада кўплаб халқларнинг ҳаётида, адабиётда ана шундай шахслар, қаҳрамонлар пайдо бўлади, — деди Шукур ака…

Абдуҳамид Парда
Ў З Б Е К     Г А М Л Е Т И
09

Мен чиндан ҳам Гамлетман, ўзбекларнинг Гамлетиман.

Шукур Холмирзаев

0666“Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида”[1] тўпламининг мутолаасига киришдиму буюклар ҳақидаги хотиралар ҳам буюк ихлос билан ўқишига ишонч ҳосил қилдим.

Асарлари ҳамон қўлма-қўл ўқилаётган ва бундан кейин ҳам наинки юксак бадиият, айни замонда чинакам инсонийлик мезони вазифасини ўтайдиган адибимиз ҳаққоний қиёфасини тасаввур қилишда мазкур тўпламнинг аҳамиятини таъкидлаш ортиқча. Бу атоқли адибмизнинг “мукаммал таржимаи ҳолини яратиш” (Шодмон Отабек) йўлидаги муҳим қадам сифатида қадрли. Буни қарангки, бу борада, аввало, севимли адибимизнинг ўзи мушкулимизни осон қилади. Шукур аканинг қуйидаги эътирофини келажак авлод учун тақдим этган академик Бахтиёр Назаровдан ҳар қанча миннатдор бўлсак оз:

“- Мен Гамлетман, — деди Шукур ака қайси бир куни чойхўрлик қилиб ўтирганимизда. – Мен чиндан ҳам Гамлетман, ўзбекларнинг Гамлетиман. Гамлетсимон, Отеллосимон, Макбетсимон. Ромео ва Жульетта дейсизми, ўзимиздаги Лайли, Мажнунларни оласизми, ҳаётда, адабиётда шундай шахслар, қаҳрамонлар пайдо бўлдими, бас, улар ўтгандан сўнг руҳлари, адабиётдаги издошлари барча халқларнинг ичига, кўнглига тарқалиб, сингиб кетади, деб ўйлайман. Натижада кўплаб халқларнинг ҳаётида, адабиётда ана шундай шахслар, қаҳрамонлар пайдо бўлади, — деди Шукур ака”.

Шукур аканинг феъл-атворидаги гамлетона ғурур, ор-номус, теран фалсафий мушоҳадагўйлик ўлмас асарларида ҳам ёрқин ифодасини топган. Унинг атоқли адиб сифатида шаклланишида Гамлет ролини ижро этгани алоҳида аҳамият касб этгани шубҳасиз. Жаҳон театр санъатининг дурдона асарларидан бири “Гамлет” трагедиясида умумбашарий муаммолар бадиий тимсоллар воситасида акс эттирилган. Шукур Холмирзаев ҳам буюк Шекспирнинг Гамлети сингари ҳаёт-мамотнинг умумбашарий муаммоларини ҳал қилишга бутун ҳаёту ижодини бахшида этди.

Хотиралар тўпламини синчиклаб ўқиган ҳар бир китобхон Шукур Холмирзаев устозлардан муносиб сабоқ ола билганига ишонч ҳосил қилади. Барча буюк шахслар сингари буюк адиб ва шоирларни ҳам давр етиштиради. Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳонов, академик Матёқуб Қўшжонов сингари устозлар Шукур аканинг даставвал инсон, қолаверса Шахс сифатида шаклланишида бебаҳо ҳисса қўшган. Мен Шукур аканинг буюк ёзувчи эканига ҳавас қилиш асносида шундай буюк ёзувчини етиштирган она халқимизнинг чексиз ижодкорлик салоҳияти қошида қайта-қайта таъзим қиламан. Бинобарин, буюк шахслару алломалар бетимсол халқ куч-қудратининг ҳамиша ёрқин кўзгуси ҳисобланади.

Шукур ака устози академик Матёқуб Қўшжоновнинг қуйидаги насиҳатини шиор қилиб яшаганини эсселаридан бирида эътироф этади:

— Ҳамма нарса “Адабиёт учун” деб ҳисоблашинг керак. Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: “Бошқа соҳалардан пул топиб, адабиётга едиргин”, дейди. Адабиёт – холис-фидойи одамларнинг иши. Ҳаёти ҳам дейиш мумкин.

Матёқуб Қўшжонов башорат қилгандек, “адабиёт, халқ олдида мукаммал асарлар яратишдек вазифани” шараф билан уддалаган, “ёшига нисбатан эрта улғайган, ижод дарди, алами ва қувончларини ҳам жуда эрта ҳис қилган ва бир умр шу ҳиссиётларига содиқ буюк ёзувчи” (Тўлепберген Қайипбергенов) Шукур Холмирзаев сийратини чизишда тўплам ҳаммуаллифлари ҳамфикр экани ҳам улкан адибимиз шахсининг нақадар беқиёслигидан далолат беради. Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Абдулла Орипов “Мен бундай иродали, меҳнаткаш ёзувчини кам учратганман” дея ҳайратланса, қатор муллифлар сингари Эркин Аъзам “ҳаётда ҳам, ижодда ҳам камёб ҳодиса экани”ни таъкидлайди. Назар Эшонқул эса айни фикрни яна ҳам теранлаштиради: “Адабиётда истеъдодлар талайгина бўлади. Истеъдодларини турли соҳаларга сарфлайди. Аммо ҳам ҳаётда, ҳам ижодда шахслар камдан-кам туғилади. Бу иккиси муқояса келганда, адабиётда Шукур Холмирзаев ва Рауф Парфилар туғилади”.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов унинг “ҳақиқий адабиёт фидойиси, ҳақиқий адиб” эканини яна бир карра эътироф этса, шоир Абдумажид Азим “катта ирода, жасорат, сабот-матонат, журъат билан ўз улуғвор мақсадига эришган”, “собит эътиқод соҳиби” – Шукур Холмирзаевни ҳақли равишда “ўзбек прозасининг биринчи рақамли ёзувчиси” сифатида эҳтиром билан тилга олади.

Аксариятимиз инсон бахт учун дунёга келади, деган ишонч билан умргузаронлик қиламиз. Шукур Холмирзаев сингари атоқли адибларнинг фидокорона ҳаёт тарзи эса инсон бахт учун эмас, балки синов учун дунё келишига ишонтиради – ўзбек Гамлети бўлиш қанча фахрли бўлса, эҳтимол ундан юз чандон зиёда машаққат талаб этади.

Устоз Бахтиёр Назаров Шукур Холмирзаев сингари атоқли шоиримиз Рауф Парфининг ҳам шахси ва ижодига хос “миллатпарварлик” хусусиятини алоҳида тилга олади. Қолаверса, гамлетона адолатпарварлик, жасорат, шижоат, фидокорлик, “дунёни мукаммал кўриш”дек (Абдулла Орипов) юксак мақсадга, “ҳаётнинг, адабиётнинг ўзгармас ўлчамларига” (Набижон Боқий) садоқат борасида ҳам ҳар икки Устоз ҳаёти ва ижоди келгуси авлодлар учун беназир дорилфунун вазифасини ўташи шубҳасиз.

Хотираларда қайд этилгандек, буюк адибимиз фавқулодда меҳнатсеварлиги билан ҳайратлантиради. Бинобарин, талабалик йилларида Шукур ака дорилфунунда таҳсилни давом эттириш баробарида драма тўгарагида фаол иштирок этади — Шекспир, Тагор драмалари асосида саҳналаштирилган томошаларда асосий қаҳрамонлар тимсолини яратади. Айни пайтда ижодий фаолият билан жиддий шуғулланади. Ҳикоя-қиссалари турли даврий нашрларда пешма-пеш нашр қилинади.

“Шукур Холмирзаев мағрур одам эди. Гарчи қаҳрамонларига қўшилиб минг алвонда турланса-да, замонга мослашиб кета олмади. Балки шунинг учун ҳам умри қисқа бўлди.

Шукур ака кўрган беҳаловат, биринчи қарашда ўта бетартиб ҳаётда аслида қаттиқ тартиб ҳукмрон эди. У адабиётга ҳалол, беғараз ва бетаъма хизмат қилди. Хизмати эвазига иззат талаб қилмади”, — дея устоз адибни эҳтиром билан эслаган таниқли ёзувчимиз Мурод Муҳаммад Дўстнинг хотира мақоласи: “Унга тузукроқ меҳр кўрсатолмаган бўлсак, бу – бизнинг айбимиз”, деган армон билан якунланади.

Бу армон қайсидир маънода тавба-тазарру тусига ҳам эга. Бироқ “Адабиёт ойини мис товоққа алишмаган” (Иброҳим Ғафуров) Шукур Холмирзаев ҳеч кимнинг илтифотига зор бўлмаганига тўплам ҳаммуллифлари китобхонни ишонтиради. Қолаверса, Шукур Холмирзаев она халқимизнинг буюк меҳрига заррача шубҳа қилмай яшади ва айни меҳрнинг оташин тафти билан мардона ижод қилди. Мавлоно Муқимий: “Келур охир сани ҳам йўқлагудай бир замон яхши” дея қоронғу қисматини нурли келажак умиди билан ёритишга уринган бўлса, Шукур Холмирзаев халқимизнинг эҳтиромига қайта-қайта сазовор бўлгани хотиралар тўпламида ҳаётий воеқалар мисолида ўз исботини топган. Бинобарин, адибимиз Шойим Бўтаев “Ихлос” хотира-ҳикоясида шифокор Жўрабек ака шахсан Шукур Холмирзаев шарафига зиёфат уюштирганини, уни азбаройи эъзоз билан кутиб олганини мамнуният билан ёзади:

“Жўрабек ака элбурутдан башорат қилгандек роппа-роса соат беш яримда у яшайдиган кўп қаватли уйнинг подъездига етиб келдик. У ердаги манзарани кўриб, мен бу ерда бошқа бирон тадбир ҳам бўлса керак деб ўйладим. Нега деганда подъезд олдида бир хил атлас кўйлакдаги тўрт-бешта қизалоқлар нон ва туз ушлаб туришарди. Орқароқда бошқа одамлар ҳам тўпланишган эди. Жўрабек ака Шукур акани қўлтиқлаб тикка нон-туз тутиб турган атлас кўйлакли қизалоқлар томон бошлади.

Улар ҳам нон-туз тутганча бир овоздан:

Хуш келибсиз! — дейишди.

Шукур ака бироз хижолат чеккандек индамай нон-туз тотинган бўлди. Унинг ҳаракатларини биз ҳам такрорлагандан кейин Жўрабек ака подъездга томон бошлади, учинчими-тўртинчи қаватда турар экан. Тавба, чиқа-чиққунча зиналарга чўғдек гилам тўшалган эди, ўзи шунақамикан, десам кейинчалик билишимча, Шукур аканинг келишига атай поёндоз ёздирган экан”.

Қашқадарёни соҳибқирон Амир Темиру устоз Абдулла Орипов, Хоразмни Паҳлавон Маҳмуд ва Ҳазрат Огаҳий, Олтин водий гавҳари Андижонни Мирзо Бобир ва Абдулҳамид Чўлпон таваллуд топган замин сифатида ҳам эъзозлаймиз. Шукур Холмирзаевнинг беназир ҳаёти ва ижоди, қолаверса унга эргашиб айни ўлкадан етишиб чиққан ва чиқаётган адибу шоирлар шарофати билан маданиятимиз-маънавиятимиз, хусусан адабиётимиз харитасидан қадим ва навқирон Сурхон воҳасию муаззам Бойсун тоғлари яна ҳам мустаҳкам ўрин эгаллади.

Атоқли адибимизнинг адабиёт ва ижод ҳақидаги мулоҳазалари хотиранависларнинг Шукур Холмирзаев тўғрисидаги теран фикрларини тўлдиради.

“Ҳақиқий – асрлар оша яшайдиган, чинакам санъат намунаси бўлган асарлар жуда оғир, машаққатли меҳнат эвазига дунёга келади”, — деб ёзади Шукур Холмирзаев. Устоз Иброҳим Ғафуровнинг қуйидаги эсдаликлари айни фикрларнинг тасдиғидай янграйди:

“Шукур учун адабиёт ва ёзувчилик муқаддас эди. Улкан инсоний матонат билан асарлари устида ишлашни бир зум тўхтатмади. Унинг ўзидай меҳнаткаш, кичкина ёзув машинкаси бор эди. Машинка ниҳоятда эскириб кетганди. Темирдан ясалган бўлса ҳам, эгасининг забтига чидамасди. Ёзувчи уни қўлтиқлаб дам-бадам ремонтга кўтариб юрарди. Аммо таъмирдан чиққач, машинка мисоли “максимка” пулетётидай ишларди. Эгасининг ўқи, унинг “чақ-чақ”и тугамасди. Саҳифаларни далва-далва қилиб, илма-тешик қилиб ишларди. Унинг машинкада ўтириб, қанчалар қаҳр ва итоб билан ёзишига бир неча бор гувоҳ бўлганман”.

Таниқли шоир Азим Суюннинг қуйидаги тўртлиги айнан Шукур ака Холмирзаев ҳақида битилгандай:

Шон-шуҳратни кўзга илмади,
Мол-дунёга парво қилмади.
Эътиқодин ушлади маҳкам,
Шуҳрат келди, молу давлат ҳам.

Тўпламдан жой олган ёдномаларда буюк адибимизнинг барҳаёт ижоди холисона таҳлил ҳам қилинган. Жумладан, шоир Мирза Кенжабек адибнинг “Танҳолик” ҳикоясига алоҳида тўхталган. Мазкур ҳикоя — Шукур Холмирзаев шахс ва адиб сифатида камолот палласига юксалган даврда яратилган шоҳ асар. Башарият мураббийларидан бири, Тангритоғдай сарбаланд Лев Толстой сиймосини яратишдек масъулиятли вазифани Шукур ака буюк ёзувчи сифатида қойилмақом уддалаган. М.Кенжабек таъкидлагандек, “Ўзбек адибининг ҳикоясида чин инсоний виждони, иймони билан сўзлайди Толстой. Шукур Холмирзанинг чин одамий қалби ана шу!”

Лев Толстой умрининг поёнида қизига суянгандек, Шукур ака ҳам жигаргўшаси Сайёра Холмирзаевани ворис сифатида танлаб, янглишмагани мазкур тўплам мисолида яна бир карра ўз исботини топди.

Шукур Холмирзаев ижодий анъаналарини давом эттиб, миллий адабиётимиз равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган истеъдодли адиб Шойим Бўтаев ҳаққоний эътироф этгандек: “Шукур Холмирзаев феномени ҳали қўриқлигича очилмай турибди.

Гап унинг асарлари ҳақида илмий ишлар ёзиш-у илмий унвонлар ёқлаб олишда ҳам эмас. Ҳамма гап уни Шахс ва Ижодкор сифатида идрок эта олишда: шундагина уни барпо этган Муҳит ва уни муттасил тўлғоққа солган Дард сир-асрорлари намоён бўлади. Унинг нималар қилганини кўпчили билади ёки жилла қурса, шуни биламан, деб ўйлашади. Лекин, энди унинг бизга нималар берганини ўйлашимиз ва мисқол-мисқоллаб ўлчаб олаверишимиз керак, шунда у қолдирган хазинадан қўни-қўнжимиз тўлиб-тошиб кетади, бу бойлик онгу тафаккуримизни ўзгартиради, қалбимизни янгилайди, турмуш ташвишларидан эгик қаддимизни кўтаради, елкаларимизни юксалтиради — у сахий. Унинг қолдирган мероси барча етади, фақат хазина ёнидан билмай ўтиб кетиб қолмасангиз, бас!”

[1] Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, Т. 2010 йил.

0-Shukur aka-Yo'ldosh Sulaymon.jpg Абдунаби Ҳамро
ЎЗГА САЙЁРАЛИК МЕҲМОН
02

«Тошкент- Қоракўл» автобуси Отчопардан йўлга чиқди. Сана- 2008 йилнинг 24 ноябри. Қоқ туш пайти, соат тахминан ўн иккию ўн беш. Икки кун олдин ёққан ёмғирдан сўнг ҳаво очилган, қуёш чарақлаб турибди. Чарм курткани ечиб, автобус деразасидаги илгичга илдим. Қўлимда – устоз Шукур Холмирзаевнинг “Сайланма”си. Аниқроғи – тўртинчи жилд. Ўйлайман: Шукур ака кўролмай кетди бу китобни. Дарвоқе, Сайёра опаям “Сўзбоши”да ёзганлар буни. Китобни кеча, дўстим Ғулом Каримийнинг уйида бошлаб қўювдим, яримлаб қолди. Эсселар… Раҳматлик Шукур ака мард ижодкор эди. (“Эдилар, дедилар” шаклида ёзмаётганим учун узр. Аввало, назаримда, бундай услуб хушомаддай туюлиши мумкин, қолаверса, бизнинг Олотда ёши улуғлар ҳақидаям “келди, кетди” деб гапирилади, шуниси ўнғайроқ шекилли). Катта-катта одамлар, масалан, Шуҳрат домла, Ўлмас Умарбековлар тўғрисидаям фақат рост гапларни ёзган. Бўяб-бежаб, сайқал бериб, ё ҳурмат юзасидан бўлсаям қаҳрамонларини аяб ўтирмаган. Ўша одамнинг ички-ташқи дунёси қандай бўлса, шундайлигича ҳикоя қилади. Аллақаерда ўқигандим: бир йиғинда рассом Рўзи Чориев устоз Абдулла Ориповнинг суратини тезгина чизиб, зерикиб ўтирган шоирга аста узатади. Абдулла ака суратни кўриб, тагига бир нималар деб ёзади ва мусаввирга қайтариб беради. Рассом қараса, сурат остига “Абдулланинг шудир бори, чизди уни Рўзи Чори” деб ёзилган экан. Айтмоқчиманки, Шукур акаям ўз устозлари ва дўстларининг “бори”ни қоғозга тушириб кетган экан. Рост, биз улуғлар ҳақида ўйлаганимизда аксар ҳолларда уларни салкам авлиё деб тасаввур этамиз. Инсонга хос қусурлар (майли, арзимас бўлса-да) уларга ҳам хос эканлиги, улар ҳам гоҳ хато қилиши, алданиши, қизишиб кетиши ҳақида ўйламаймиз. Аммо, тирик жон-да бу, инсон боласи хато қилишга мойилроқ бўлади ўзи. Ҳаётнинг, умрнинг айрим қалтис лаҳзаларида, бурилиш нуқталарида (майли, унчалик катта бўлмаса ҳам, қисматга таъсир кўрсатадиган “момент”ларда) кимнинг кимлиги аён кўриниб қолади. Шукур ака айнан шу лаҳзаларни жуда синчковлик билан кузатган экан-да ўзи. Энди мундоқ ўйлаб қарасам, ёзувчининг тили, ўзига хос услуби унинг нечоғлик РОСТГЎЙЛИГИ дан келиб чиқиб шаклланар эканми… Билмадим, негадир Шукур ака тўғрисида, унинг асарларидаги ўзигагина хос бўлган тасвир услуби ҳақида ўйласам, нуқул шу “ростгўй” деган сифат хаёлимда айланаверади. Тўғри-да, айрим адибларнинг асарларида қаҳрамонлар би-и-р монологлар ўқишадики, ўҳ-ҳў, уч-тўрт вараққа сиғмайди. Ҳаётда бундай бўлмайди-да, оғайнилар! Ҳар қандай нотиқ, маддоҳ одам ҳам тутилади, ўрни келса дудуқланади, нафас ростлайди, қандайдир ибора ёки жумла воситасида гапни-гапга улайди. Керак бўлса, сўкинади! Худди Шукур аканинг ҳикояларидагидай! Ахир, одам боласи ўйлайди, иккиланади, бировга сал-пал қитмирлик қилиши мумкин, шароит тақозоси билан ёлғон гапиради. Бор гап-да булар. Ҳеч ким фаришта эмас бу дунёда. Бир эсседа Учқун ака (Учқун Назаров) айтганидек, одам “личност” бўлиши мумкин, бироқ у ҳам “простой смертний”, демак, инсонга хос ожизлик унда ҳам бор. Айтмоқчиманки, Шукур ака ана шуларни теран англаган ва қойиллатиб ёза олган. Биз, “Назир отанинг ғазаби”ни ўқиб катта бўлган авлод вакиллари “Уйғун деган шоир қанақа экан-а?” деб кўп ўйлаганмиз. Ҳув кейинроқ, шеър деган нарса қандай бўлиши лозимлигини бироз тушунгач эса, “Нега бунақа нарсаларни китобга киритишади?” деб энсамиз қотган. Шукур аканинг Шуҳрат домла тўғрисидаги эссесини ўқигач эса… “О-О, мард одам бўлган экан-да Шуҳрат акаям!” деган фикр кечди. Ва Шукур акага тағин бир бор қойил қолдим. Унинг синчков, бироз аламзада, сал-пал ҳадикли нигоҳларини хотирладим. (Ўзи, машҳур одамларнинг кўпчилигига хосми дейман бундай қараш, бу тахлит нигоҳ. Гўё атрофида кўринмас девор бордай. Қарашлари суҳбатдошини тийиб тургандекми… “Отталкиваюший” дейдими руслар буни? Ишқилиб, унча-мунчани ўзига яқинлаштирмай туради-да бу нигоҳлар. “Субординацияга риоя қил, ошна” деб тургандек гўё…) Лекин, онт ичиб айтаманки, менга фақат бир мартагина шундай қараган Шукур ака! Кейин эл бўлиб кетдик. Ўшанда, янглишмасам, 1996 йилнинг куз ойлари эди.

… Қарийб йигирма йил Бухоро вилояти ижодкорларига сардорлик қилган устоз Тошпўлат Аҳмадни вилоят газетасига бош муҳаррир қилиб олишди. Ёзувчи дўстимиз Вали Бобомурод уюшмага масъул котиб бўлди, камина эса – адабий маслаҳатчи. Алқисса, бир куни устоз қўнғироқ қилдилар:

— Абдунаби, бир келиб кетинг, яхши гаплар бор.

Таҳририятга борсам, кат-та хонада, узун стол ортида ўтирибдилар.

— Тинчликми, ака? – сўрадим салом-аликдан сўнг.

— Тошкентга борадиган бўлдингиз, шоир! Сизга Алп Жамол номидаги мукофот берилар экан.

Ҳайрон бўлдим: адашмасам, Алп Жамол деган адиб интермедиялар ёзарди, улар “Телеминатюралар театри”да қўйиларди. Менинг бунга нима алоқам бор?

— Ака… – дедим чайналиб, — Алп Жамол бова ҳажвчи, мен… “жиддий” ёзувчи бўлсам… (Катталикни қаранг: “ёзувчи”, тағин денг — “жиддий”!)

— Билмадим, ишқилиб, сиз латифа-патифа айтиб юрасизку, уюшмадагилар буни эшитишган шекилли-да

Кулишдик, албатта. Ўзи кулгили жавоб-да. Хуллас, Тошкентга жўнадим. Ёзувчилар уюшмасига бу иккинчи маротаба боришим эди. Бир йил олдин, 1995 йилда уюшма аъзолигига қабул қилишларини сўраб, ариза ёзиб, олиб боргандим. (Соддалик деймизми буни, анқовликми, нима бўлгандаям, аризага қўшиб, Бухорода чоп этилган шапалоқдек иккита китобчаю шеър ва ҳикоялар нашр қилинган газета-журналларни бир папка қилиб топширибману Олотда лалайиб юраверибман. Аъзоликка қабул қилинганимниям “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”даги мақоладан билганман. Ўзим қатнашолмаган ўша йиғилишда шеърларим тўғрисида Гулчеҳра опа Жўраева, ҳикоялар хусусида Шукур ака илиқ фикрлар билдирганларини ҳам кейинроқ Муҳаммад ака (ёзувчи Муҳаммад Салом)дан эшитдим…) Уюшмага борсам, тумонат одам! Мен бир умр кўришни орзу қилиб юрган катта-катта адибларнинг бари шу ерда. Борасолиб Муҳаммад акага учрадим ва бор гапни билиб олдим: Алп Жамол бова васият қилган эканларки, бир куни келиб фарзандларим сармоядор бўлишса, ижод аҳлига ҳомийлик қилишсин. Шунга кўра азамат ўғиллар Алп Жамол номидаги мукофот таъсис этишибди. Совриндорлар орасида эса, камина ҳам бор.

547_n.jpg— Э-э, ана, Шукур ҳам кепқолди, — деди Муҳаммад ака ногоҳ. Шарт ўгирилдим: ғалатироқ шляпа кийган, орқа сочлари ўсиқ, ранги-рўйидан ғирт кашандалиги кўриниб турган одам, қўлтиғида юпқагина папкача билан кириб келди. Муҳаммад акадан сўнг менгаям қўл узатди, беихтиёр кўзларига қарадим. Боягина айтганим – қандайдир синовчанми, бегонасираганми, беписандроқми бир нигоҳ корачиқларимга қадалди. (Энди ўйласам, бечора Шукур ака “чаламулла” қаламкашларнинг даҳоликка даъволаридан, кўкрак муштлаб, ҳақ талаб этишларидан озурда бўлган экан. ”Кўз учида” бошдан-оёғимга син солди. “Буям ўшанақалардан биттаси-да ”дегандек ижирғаниброқ қўл узатди-ёв!)

— Мен… йўқ сочларимни бир тараб олай, — у шундай деб хона бурчагидаги баланд кўзгу томон юрди.

— Шукуржон, бу йигит – бухоролик ёш ёзувчи Абдунаби Ҳамро. Нарсаларини ўқигансизку…

Шукур ака илкис бурилди. Бироз индамай менга тикилиб турди. Назаримда, кўзларининг тубидаги муз эрий бошлаганди. Сўнг… аллақандай синиқроқ жилмайди

— Қаердансиз? То есть, Бухоронинг қаеридансиз?

— Олотданман… – овозим бироз хириллаб чиқди, ҳаяжон зўр эди-да ўша лаҳзаларда, — чегара тумани, нариёғимиз Туркманистон…

— Аҳ-ҳа, вот как! – Шукур ака энди росмана, самимий жилмайди, — Ўйлаб эдим-а ҳикояларингиздаги бу чапани, тўпори руҳ қаердан деб! Да-а… Мен сизни эсладим, ағажон.

“Оғажон” эмас, айнан “ағажон” тарзида айтилган бу сўз, кейин билсам, Шукур аканинг “визитний” ибораси экан. Ўзига, кўнглига яқин одамларни у шундай чақиришини кейинроқ тушундим.

— Ҳа, ҳикояларингиз менга маъқул. Бир бошқача, бахшиёна руҳ бор, тилингизам ўзига хос. Анови, “Оқ фаришта” ҳам ёқди.

— “Оқ алвасти”… – дедим ўнғайсизланиб. Шундай катта одам мендай бир боланинг китобчасини варақлаб, ёзган-чизганларимни мақтаб ўтирганидан хурсанд бўлиш ўрнига, мен галварс, “китобимнинг номини чалкаштириб юборди” деб хўмрайибман ўша пайтда. Э-э, ношукур банда-ей!

— Ҳа, ўша, “Оқ алвасти”. Анови қиссангиз… “Бечоранинг чораси” миди? Қўшиқдай ёзибсиз. Ўзингизам айтасизми ашула?

— Сал-пал… – беўхшов илжайибман шекилли, Шукур ака бироз жиддийлашди.

— Ота-баволардан ўтади-да барибир. Кимдир бўлган, аждодларингиздан бири…

— Билмадим. Момомиз раҳматликнинг дойиларини (тоғаларини)Қорабахши мерган дейишаркан…

— Во-во! Айтмадимми! Генетика бу. Суяк суради. Ёзаверинг. Алат яхши юрт экан, бундақа балалар чиқибди. Майли, сағ бўлинг.

Тамом, кетди чиқиб! Ҳайрон бўлиб, Муҳаммад акага қарадим.

— Майли, -деди у кулимсираб, — Шукурдай одам сиз билан шу-у-н-ча гаплашди! Хурсанд бўлинг.

Ўша куни ўттизга яқин кишига Алп Жамол номидаги мукофот берилди. Мукофотнинг биринчи, иккинчи, учинчи даражалари ва рағбатлантирувчи тоифаси бор экан. Камина шунисига илиндик. Борига шукур деб қайтаверибмиз. Энди пушаймон қиламан: мен ахмоқ ўша куни устознинг этагидан маҳкам тутсам бўлмасмиди!? Орқасидан қолмай, сурбетлик қилиб бўлса- да, суҳбатини олсам қандай яхши бўларди…

Ишқилиб, орадан саккиз йил ўтгачгина тағин дийдор кўришдик. Менинг бепарволигим, кераксиз ғурурим (“мен зўрман, керак бўлсам, топиб олишади” қабилидаги каттакашлик), қолаверса, Шукур ака тўғрисида юрган ҳар хил фикрлар (“Холмирзаевга яқин бориб бўлмайди, унга одам иси ёқмайди, дарвеш у”) ва ниҳоят, эътиборсизлигим. Эътиборсизликки, асти кечириб бўладиган эмас! Мен нодон ўйлардимки… А-й-й, энди не фойда. Хуллас, Шукур ака ҳеч ўлмайдигандек, абадий яшайдигандек туюларди менга! “Бир куни излаб бораман. Улгураман ҳали” деб ўйлаб қўярдим гоҳ-гоҳ. Лекин, афсуски, улгурмадим…Улгура олмадим

Минг афсус…

Аммо, дилимга таскин бергулик бир учрашув бўлиб ўтди. Қарангки, шуям Шукур аканинг ташаббуси билан. Мен гумроҳ, шапалоқдай тўрт-бешта китобчамни чиқариб (Бухорода) “аканг герой” деб юраверибман. Шукур ака ҳам қариши, касалланиши, ёлғизланиб қолиши ҳеч хаёлимга келмабди. Бир куни Бухорога Раҳмат Жума келди, Самандар аканинг тўйига…

Устоз Самандар Воҳидов олдинига Бухоро вилоят радиосида, кейинроқ (1996 йилда) вилоят марказларида телевидение ташкил этилгач, телерадиокомпанияда бош муҳаррир бўлиб ишладилар. Нафақа ёшига етгач, одатдагидай тантаналар бўлди. Дўстимиз, бағрикенг ва саховатли ношир йигит Ихтиёр Ёқубовнинг кўмаги билан устознинг уч жилдлик “Сайланма”лари чоп этилди. Акам хурсанд,бизам ёнларида қувнаб юрибмиз денг. Кундузи Бухоро Давлат университетида катта шеърият байрами, кеқурун, ўзбекча қилиб айтсак, “бир пиёла чой”. Уйларига яқин бир чойхонага тўпландик. Одам кўп, вағир-вуғур. Табриклар, шеърлар, қўшиқлар… Бир пайт “Раҳмат Жума келибди” деган гап оралаб қолди даврага. Қарасам, узун чарм плаш, шляпа кийган, пастроқ бўйли бир одам устоз билан қўлтиқлашиб кириб келяпти. Ўшанда худо раҳмат қилгур Раҳмат акани биринчи бор кўрганман. Ўшандаёқ овози хасталана бошлаганини сезувдим. Табрик сўзи айтди, микрофонда овози зўрға чиқди. “Кўп чекар экан, шундан бўлса керак” деб ўйлагандим ўшанда. Аммо, фикрим хато бўлиб чиқишини қаерданам билибман. Хуллас, Раҳмат ака уч-тўрт кун қолди она юртида.

Бир куни вилоят телерадиокомпаниясига келди. Икки бош муҳаррир (Самандар акам телевидениеда, мен — радиода) суҳбат қуриб ўтирувдик. Раҳмат ака одатдагидай, лабида сигарета билан кириб келди. Кўришдик, сўрашдик, акам мени у кишига таништирдилар.

— Мен сизнинг бир ҳикоянгизни республика радиосида инценировка қилиб берганман, оғайни! –деб қолди Раҳмат ака. Қотиб қолдим!

— Йўғ-ей?

— Ну да, “Хиёнат”ни сиз ёзганмисиз ўзи?

— Ҳа-а.

— Бўпти-да, окоси. Ўзим ўқиганман. Китобингизни, мана, акангиздан олувдим. Нечево, нормалний ҳикоялар.

— Э-э… Барака топинг, ака.

— Китоблардан борми, янги-янгиларидан?

— Бор, ака, ҳозир…

Ўша куни Раҳмат акага “Йиртқич” деган детектив китобни бердим. Унда шу номли икки қисса ва бешта янги ҳикоя бор эди Хуллас, Раҳмат Жума икки-уч кун ўтиб, Тошкентга жўнаб кетди.

Орадан бирон ойлар ўтди, ҳаёт ўз маромида давом этяпти.Акам қадимгидай ишлаб юрибдилар, бизам. Бир куни хоналарига кирсам, Раҳмат ака ўтирибдилар. Бухорога даволаниш учун келибдилар.

— Облбаннисага ётаман шекилли, онасини эмсин, довуш очилмавотти-де…-деди у овози хириллаб. Хуллас, уч-тўрт кундан сўнг Самандар акам, шоир Ғулом Шомурод, Бухоро ТВнинг ўша пайтлардаги раҳбари Фармон Аминов ва мен Раҳмат акани кўргани касалхонага бордик. Ҳол-аҳвол сўрашгач, оборган нарсаларимизни чиқардик.

— Сила безовта бўловурмангла, мани икки-учта “негр”ларим бор бўтта, ҳозир дастурхон “гатоп” бўлади – дея синиқ жилмайди Раҳмат ака. Ростданам бироз ўтгач, икки нафар ёш йигитчалар пайдо бўлишиб, дастурхон тузашди.

— Абдунаби, “Йиртқич”ингизни Шукур акамлага обориб берувдим, ўқидила, “маладес бола экан, бир кесин” девордила сиззи, — деб қолди Раҳмат ака ғирт тошкентча қилиб. “Шукур акамла” ким экан деб ўйлабман ўшанда! Назаримда, Шукур Холмирзаев ва Раҳмат Жумаев орасида бирон-бир умумийлик йўқдай эди. Бу, энди, ўша пайтлардаги алдамчи таассуротлар, албатта. Бу икки бағрикенг инсоннинг бир-бирларига нечоғлик яқин бўлишганини кейинроқ билдим. Ўша пайтларда у ер- бу ерда “Раҳмат Жуманинг овози зўр эди, кўролмайдиганлар уни бир нарса қилишибди ” деган миш-мишлар ҳам ўрмалагани рост. Ишқилиб, ракми, ё бошқа бедаво дардми, шундай одамни олиб кетди…

Раҳматжон ака-я… Ў-ў, биз хом сут эмган бандалар кўп нарсани фурсат ўтгач тушунамиз ва … бу тушунишнинг фойдасизлигиниям тушунамиз. Ўз дунёси, ўз тоғлари (ҳавас қиладиган чўққилари), ўз беғубор осмони бор одамлар ҳам бўлар экан-да. Абдулла аканинг шеъридагидай-да: “… ва ўзим сиғинар мозорларим бор…” Раҳмат акага тақдир жуда шафқатсиз зарба берди: унинг бор-йўқ бойлиги- овози, дард тўла, андуҳ шираси ила суғорилган овози эди. Қисмат уни тўкис бахтдан, тирноқдан қисгани етмагандай, умри якунида… овозига чанг солди! Қодир Махсумовдан кейин ғазалларни қойиллатиб ўқийдиган беназир сухондон, истеъдодли режиссёр ҳаётининг поёнида гўё ўз овозини ўзи эшитолмай қолди… Шундай деяпману, аммо, бу одамнинг бирон марта нолиганини кўрганим йўқ. Ҳамиша ўзига ярашган бир ним табассум лабида, чўрткесар, дангалчи… “Дунёнинг ободидан кўра барбоди…”деб қўл силтаётгандек.

Сўнгги пайтларда кўпроқ ичарди. “Алами кўп бунинг юрагида, ичи тўла дард” дердилар Самандар акам. Тинмай чекарди. Ажабки, шу юриши ўзига ярашарди ҳам! Штирлицга ўхшатардим ўзимча. Узун чарм плаш, гардиши кенгроқ шляпа ва албатта галстук! Раҳмат аканинг галстук тақмай юрганини кўрмаганман. Унда ички бир маданият, Бухоронинг қадимий эшонзодаларига, хўжаларга хос бир… ўзига хослик бор эди. Билмадим, ё бу чинакам артистга, санъаткорга хос ички интизомми, “Онангни отангга бепардоз кўрсатма” деган мақолнинг эркакча тасдиғими… Ишқилиб, у ўзини, ўз ғурурини жуда ҳурмат қиларди. Дарвешона, пала-партиш кийиниб юрадиган санъаткорларни, режиссёрларни ҳам кўрганман, (улар буни балки “имидж” деб оқлашар) лекин Раҳмат аканинг ҳатто туфлисигача ҳамиша ялтираб юрарди. Менимча, у ташқи ва ички ифлосликлардан ҳазар киладиган одам эди.

Жанозаларига қатнашдик, уни соғиниб шеърлар битдик (“Сассиз дийдор” деган бир нарса, “Унутилган қўшиқ” тўпламига кирган), аммо бу билан дил таскин топармиди… Энди тушундимки, яхши кўрган одамингни йўқотсанг, йиллар ўтса-да уни кўпроқ соғинаверар экансан. Худди тоғдан узоқлашганинг сари у яна-да махобатлироқ кўринавергани каби. Шукур ака, Раҳматжон акалар ана шундай тоғлар эди мен учун…

Шукур аканинг мени сўратганлари хусусида эди гап. Ишқилиб, беш-ўн кун тортиниб юрдим: мен кимман ўзи, қандай, нима деб бораман? Охири Самандар акам қаттиқроқ гапирдилар:

— Боринг-да энди! Шундай одам сўраб турса… Радионгизни пишак ермиди, ўзим қараб тураман.

Кетдим. Йўлхалтани елкага илиб, Тошкентга жўнадим.

Темир Қурбон деган дўстим бор, асли ўзимизнинг Олотдан. Университетни битириб, Тошкентда қопкетди. Аёли Саноатхон – қўқонлик (шунинг учунми, Темир икки гапининг бирида “бизда, Қўқонда анови ишни бундай қилишади” деб қўяди, “хотинга сотилгансан” деймиз пичинг қилиб, у эса парвоям қилмайди).

Темир – яхши шоир, фан номзоди. Ички ишлар академиясининг нашриётида ишлайди, подполковникми, полковникми, ишқилиб, елкасида кат-та юлдуздан бир нечта бор. Алқисса, қачон Тошкентга борсам, ё уникига, ё Ғулом Каримийникига тушаман. Бу сафар ҳам шундай бўлди: Отчопардан маршрут таксига ўтириб, Қўйлиқда тушдим. Тонг қоронғуси, одам-одамни зўрға танийди. Йўқ, Ғулом мени таниди. (бечора дўстим, кутиб ўтирган экан-да). Кўришдик, сўрашдик, сўнг у уйига бошлади. “Водник” деган жой бор экан, (у ерларни унча яхши билмасдим ҳали)ўша ердаги “дом”лардан бирида турарди дўстим у пайтларда (ҳозир кат-та “участка” солган, шароитлари жаннатдагидай).

Ўша куни дастлаб Темирнинг уйига бордик.

— Телефон қилиб қўйганман унга, кутиб ўтиради, борайлик, -дедим. Ғулом рози бўлди, кетдик. Темир ва оиласи билан кўришиб, Ғулом икковимиз шаҳарга жўнадик.

— Шукур Холмирзаев йўқлатган эканлар, бир бориб учрашишимиз керак, — дедим атайлаб сал бепарвороқ оҳангда (гўё “кўрдингми, қан-дай одамлар бизни сўраб туришади?!” дегандек. Кибр-ҳавони қаранг-а!)

— Да-а?! – Ғулом бироз ҳайрон бўлгандек бўлди, сўнг қўшимча қилди, — Майли, борайлик-чи.

Дастлаб Республика радиосига бордик. Назаримда, Раҳмат Жума шу ерда бўлиши керак эди. (у пайтда ҳали вафот этмагандилар у киши) Дарвоза олдида бирпас турдик. Кириб чиқаётганлар кўп, лекин Раҳмат ака кўринмайди. Шу пайт Ҳикмат акани кўриб қолдим.

(Ҳикмат Ражабов – таниқли дирижёр, оркестрда ишлайди. Бир нача йил Бухоро вилояти Маданият бошқармасига раҳбарлик қилган, хуш-хандон киши).

— Ҳикмат Жумаевич, бормисиз!?

— Э-э, шоир, қайси шамоллар учирди бу ёққа! Қани-и-й… – у қучоқ очди, бағирлашиб кўришдик. Ҳикмат ака, худди ёшлар санъат аҳлини тасаввур қилганларидай, сочи елкасига тушган, жинси шим ва оқ костюмда. (Кўнгли қаримайдиган киши-да асли)

— У кишини кўрмадим бугун, — деди Ҳикмат ака Раҳмат Жумани кутаётганимизни эшитиб, — Ким билсин, балки Бухорога жўнавордими яна…

— Майли унда, ҳали “союз”гаям киришимиз керак, — дея гап қистирди Ғулом.

— И-и, борасизлар-да, бу-у, Абдунабижон, агар икки-уч кун қолсангиз, бир учрашайлик, иссиқ ва совуқ чойлардан дегандай… – Ҳикмат аканинг кўзлари шўхчан йилтиради. Кулишдик.

— Билмадим, ака, агар кетмасам, топишамиз.

— Қизиқ одам экан, — деди Ғулом хайрлашиб, бурилиб кетган дирижёрнинг ортидан қараб, — анча шўх кўринади.

-Секин айтасизми… Кетдик бўлмаса.

Ёзувчилар уюшмасига кириб, Сирожиддин акани топдик.Гап шундаки, устозим Самандар Вохид икки жилдлик “Сайлама”сидан Абдулла ака Ориповга ва Сирожиддин Саййидга дастхат билан берворгандилар. Ўша куни Абдулла ака йўқ эканлар, китобларни ва Самандар аканинг саломларини Сирож акага топшириб, қайтиб чиқдим.

— “Шарқ”қа ҳам бир кирайлик, — деди Ғулом ўзига, гавдасига ярашган қандайдир салобат ва жиддийлик билан, — Ибодуллани кўрамиз.

“Шарқ” матбаа концернида ишлайдиган дўсти Ибодулла Шоймардонов хонасига чиққунимизча у матбуот ва нашриётлар ҳақида гурунг берди. Олис вилоятнинг олис туманида яшовчи мендай одамга буларнинг бари ўта қизиқ туюлиши табиий, албатта. Лекин, рости, ичимда бир туйғу ҳадеб шоширарди мени. Билмадим, бу ҳали нотаниш бўлган Ибодулла билан кўришиш таклифига қаршиликми (“Ким ўзи у, қандай одам, нима дейман кўришганда” қабилидаги тортиниш), ёки тезроқ Шукур акани кўришга бўлган иштиёқми – нима бўлгандаям, қандайдир безовталик бор эди дилимда. Ғуломга эргашиб, қабулхонага кирдик.

— Ичкарида одам бор, — деди котиба қиз, — Сотим Авазми, Комил Авазми деган хоразмлик шоир.

— Майли-и, кутами-и-з… – деди Ғулом Карим бепарво.

“Шу бугун кўриш шартмиди қандайдир Шоймардоновни! У ёқда Шукур ака…” дея ғижингандек бўлдим ва шу лаҳза эшик очилиб, хоразмлик шоир қалин папкани қўлтиқлаб чиқди. Биз билан қўллашиб кўришди-да, чиқиб кетди.

— Келинглар, Каримов, кираверинглар, — деди ичкаридан бир овоз. Ғулом бизни таништиргач, Ибодуллага тузукроқ разм солдим: ёши ўзимиз тенги, оқ-сариқдан келган, истараси иссиқ йигит экан. Дилимга бир илиқлик югурди, боягина кўнглимни ғаш қилиб турган андишами , бегонасирашми, тарқаб кетди. Бир пиёладан чой ичилгач, Ғулом деди:

— Абдунаби, Шукур акага телефон қилиб, бир оғиз билдириб қўйсангиз яхши бўларди.

Ибодулла бизга гўё марсликларга қарагандек ажабланиб тикилди. Бу нигоҳда “Буларнинг эси жойидами ўзи?” деган савол яшириниб ётгандек эди.

— Кимга..? Телефон? Холмирзаевгами?

— Ҳм-м…-дедим бош ирғаб.

— Овора бўлманглар, Шукур акага яқин бориш қийин. Менимча , у киши ҳамма билан ҳам гаплашавермайди.

Унинг бу гапидан “Шукур ака яккаликни ёқтиради, феъли оғир, одам исини суймайди” деган маънони уққандек бўлдим. Юрагимга хавотир ўрмалади. “Нима бўлса-бўлар” дегандек, қўнғироқ қилдим.

— Да-а… – нариёқдан босиқ, хастамонанд овоз эшитилди.

— Ассалому алайкум, Шукур ака.

— Валейкум… — унинг товушида ўша, ўзи эсселарида ёзган “жўқчилар” лаҳжасига хос оҳанг ҳам, ҳаётдан, одамлардан қандайдир безган, аламзада бўлган инсон истеҳзосиям бор эди.

— Мен Бухородан келдим. Абдунаби Ҳамроевман. Раҳмат Жумадан сўраган экансиз… -шу гапларни айтгунимга қадар хаёлимда Шукур аканинг илк бор учратганимда унинг кўзларида кўрганим – бегонасираш, ўзидан нари итаришга уриниш – ўша маъно гавдаланиб турди. Ҳозир “Қайси Абдунаби? Нега бошни қотирасан сен бола?!” деб қайириб ташлайди… Аммо… О-О! Унинг кейинги гапи..! Бу сўзлар, сўзларнинг қатидаги оҳанг дилимдаги шубҳа булутларини, худди чарақлаган қуёшдек, тарқатиб юборди.

— Э-э, ағажан, мен сизни бир ойдан бери кутип ўтириппан. Ташкентдамисиз ўзи? Тез етиб келинг! Адресни… биларсиз?

— Биламан, Раҳмат ака берувдилар. Ҳозир етиб бораман.

Ғулом Каримий – форсийшунос олим, шоир ва носир, фан номзоди – ҳам (Ибодулланику қўя турайлик) бу ишдан бирон натижа чиқишига ич-ичдан ишонмайроқ турган эканми, чеҳраси ёришиб кетди.

— “Тез кел” дедиларми? Унда кетдик. Шоймардонов, пока!

Такси бир пасда Юнусобод бозорига элтиб қўйди. Бухородан бир жуфт “Шоҳруд” ароғи ва майда-чуйдалар олувдим, бу ердан иссиқ нон ва колбаса харид қилдик. Шукур аканинг уйини қийналмай топдик. Минг бир ҳадик билан эшик қўнғироғи тугмасини босдим…

Ичкаридан товуш келди:

— Ким?!

Бу овозда сўров ҳам, энса қотиш ҳам, аллақандай ижирғаниш ва одамлардан зада бўлиш оҳанглари ҳам бор эди назаримда. “Ўзи келишимни сўраган бўлса, тағин бу зарда нимаси… – ичимда шайтон шивирларди гўё, — Нима, ўтмаган куним борми… Қайтиб кетайми ё…”

— Абдунабиман, — дедим истар-истамас. Эшик очилди, Шукур аканинг тажангроқ чеҳраси кўринди. Ҳозир, орадан беш йил ўтгач, айрим деталлар эсимдан чиққан бўлса бордир, аммо, янглишмасам, Шукур аканинг эгнида ранги униққан беқасам (балки, куёвлигида кийгандир) чопон, бошида ўша машҳур шляпаси, спортча чолвор ва оёғида кўкиш шиппак бор эди. У бизга ўзига (ёки, юқорироқда айтганимдай, машҳурларга) хос бўлган “итарувчи” нигоҳ билан бир лаҳза термулди. “Қани, қайси биримиз ким эканлигимизни аниқлай олармикан? Ғуломни “Абдунаби” деб атаб, уни сўроққа тутиб қолса-я! Роса қизиқ бўларди-да!” деган бемаъни фикр ўтди хаёлимдан.

— Киринглар… –Шукур ака тисланиб, йўл берди, ичкариладик. Биттагина нимқоронғи хона, ошхона ва бошқа “хонача”лардан ташқари, албатта. Шукур ака дунёга қўл силтаган дарвешдай, чеҳрасида қандайдир кинояли ярим жилмайиш билан жой кўрсатди. Хонанинг бир четидаги кичик столча атрофига ўтирдик: Ғулом бурчакроққа, мен – мезбоннинг рўпарасига. Уй ичига разм солдим: деворда эскироқ гилам, унга бахшилар чалиб, терма айтадиган дўмбира осиб қўйилган. Ўша гиламли девор тагида эса кенггина темир каравот. Қачонлар урфдан чиққан, эҳтимол 40-50-йилларда мода бўлгандир бунақаси. Нариги бурчакда думалоқ ёзув столи, машинка, жавонда беш-ўнта китоблар. Тамом, бор-йўғи шу. Хона анчайин тор, одамнинг юраги сиқилади гўё. Бунинг устига, нимқоронғи. “Нима бало, Шукур ака ёруғликни ёқтирмайдими…” деган ўй хаёлимдан кечди.

— Мен ҳазир… чай қўйиб… – адиб қўзғалди.

— Ўзим қўйиб келаман! – дея шартта турдим.

— Чайнакди сувга ярим тўлдириб…

— Эплайман, ака, сиз ўтираверинг.

— Ҳа, май-ли эса…

Чой қўйиб келгунимча дўстим Ғулом опкелган нарсаларимиз билан столни тўлдириб ташлади.

— Ака, Бухородан атайлаб олиб келдим, мозорбосди… – шундай деб “Шоҳруд”дан бирини очдим.

— Шундайми, иҳ-м. Хай, қани … – Шукур ака пиёлани олиб, Ғуломга саволомуз тикилди, — Сиз..?

— Мен ичмайман, узр, Шукур ака, — деди Ғулом одоб билан.

— Қандей бўлади, биз эков…

— Майли, — дедим шаддотлик қилиб, — бу кишининг ҳали ишлари кўп. Биз энди, рости, дардлашгани келганмиз. Олдикми?

— Олдик, -Шукур аканинг чеҳраси бироз очилгандай бўлди. Бу орада Ғуломни

яхшироқ таништириб, кифтини келтириб мақтадим: олим, шоир, ёзувчи, таржимон…

— Қара чай ичасизми, кўк чайми? – сўраб қолди Шукур ака.

— Фарқи йўқ. Ўзим дамлаб келаман, — дедим. Дамланган чойниям фақат ўзим ичдим ҳисоби. Шукур ака нуқул кофе ичади денг. Ичимлигиям шу, газагиям.

— Раҳмат акадан сўраттирган экансиз…

— Ҳа-а, айтмоқчи… Раҳматжон китобингизни опкелувди, “Йиртқич”ди. Ўқидим, менга яқди. Икки қисса экан-да. Бироз кенгайтирсангиз тайяр раман бўлади.

Шукур акадай одамдан бундай гапни эшитиш, ўҳ-ҳў! Ўша пайтда кўнглимдан кечган туйғулар… Олдинига яйраб кетдим, сўнг юрагимга шубҳа тушди: ё мени синаяптими? Йўғ-е, унақамасдир, қарашлари самимийку! «Шундай бўлсаям, эҳтиёт бўлган яхши” деган ўй билан, эътироз билдиргандай бўлдим:

— Э-э, Шукур ака, уни қўяверинг, шунчаки тажриба қилиб кўрдим-да, ғарбликларнинг “супергерой”ларига ўхшаган бир образ чиқармикан деб…

— Яхши чиққан, — деди Шукур ака жиддий, сўнг тамаки тутатди, — тўғри, миллийлик камроқ экан, амма, тузук бала экан Жавлонингиз.

— “Как сделать детектив” деган бир китобда “Детектив ёзувчининг йигирмата қоидаси” деган нарсани ўқигандим. Ўшанда айтилишича, ишқий можоролар, сентиментал ҳолатлар, фалсафий мушоҳадалар, диний панд-насиҳатлар, табиат тасвири ва шу кабилар детективда имкон қадар бўлмаслиги ёки камроқ бўлиши лозим экан. Воқеалар шиддатини сусайтириб, ўқувчининг таранглашган асабларини бўшаштираркан бу нарсалар.

Шу гапларни айтдиму, тилимни тишладим. “Аҳмоқсан! – дедим ўзимга ўзим, -Сен кимга ақл ўргатяпсан?! Ўзбек ёзувчилари қиролига-я!”

— Да-а? Яхши гап экан. Тўғрисиям шу-да ўзи. Хориж адабиётини кўп ўқийсизми? – Шукур ака синовчан тикилди. Бу орада шиша бўшаб, иккинчиси очилди, — Кимларни кўпроқ ўқийсиз?

— Ростини айтайми? – дедим чапанироқ қилиб.

— Эби, канешни.

— Тўғри, Кафка, Борхес, Маркес, Флоберларниям ўқиганман. Лекин, рости, детектив ва фантастикани кўп ўқийман. Чейз, Артур Шекли, Боб Шоу, Гаррисон, Айзек Азимов, Рекс Стаус, Сидни Шелдон, Пол Андерсон, Роберт Железяни… Лекин, энг севган ёзувчим – Стивен Кинг.

— Маладес!- деди Шукур ака яйраб, сўнг пиёлани олиб, чўқиштирди, — Ай-й, анови олдин санаганларингизни ҳамма ўқийди. Ҳар кимнинг диди бор, ўзига яраша-да. Гап ўқишдаяммас, уқишда, услуб яратишда. Хай, қани шуни олайлик.

— Ака, ҳикоялардан гапиринг, — дедим юрак ютиб. Ўша “Йиртқич” деган тўпламда бешта ҳикоя ҳам бор эди. Шукур ака, минг қилсам, Қаҳҳордан кейинги ҳикоячиликнинг пири. Ҳозир “дўппослаб” қолса-я!

— Ҳикояларингизам нормалний. Муҳими, тил яхши, ширали, образлар ёрқин. Амма … бир камчилигингиз бор: сиз детективга яман ўрганибсиз, ҳикаяларнинг айримларида вақеаларни қалаштириб ташлайсиз. Тўғри, аслида буям бир услуб бўлиши мумкин, лекин ҳикоя деган нарса таҳлилни талаб қилади. Адашмасам, қайсидир бир йили “Адабиёт ва санъат”да бир мақолангиз чиқувди, а?

— Ҳа… – дедим қўрқа –писа.

— Ўшанда тўғри гапларни язгансиз. Адабиятнинг вазифалари – таҳлил этиш, тасвир этиш, кашф этиш ва огоҳлантириш. Инсоннинг руҳини таҳлил қилса, унинг ҳаётини тасвирласа, унинг явузлигидан ўзгаларни огоҳлантирсагина, асар чинакам асар бўлади. Ўша мақола… сарлавҳаси нима эди?

— Газетада “Яна бир эътироз” деган сарлавҳа билан чиққан. Аслида номи бошқача эди. Исажон Султон, Саломат Вафо, яна икки-учта ёзувчию, танқидчиларнинг бир давра суҳбатини ўқиб, айрим эътирозларимни ёзувдим-да.

— Боплагансиз, эсимда! – Шукур ака яйраб кулди, сўнг дўстимга қаради, — Ғуломжон, сизам гапиринг, нуқул бизлар гапириб…

— Йўқ, мен маза қилиб эшитиб ўтирибман, ака. Сизлар бемалол,- Ғулом жилмайди.

— Майли эса, ишқилиб, хапа бўлманг-да. Бу бала жуда менбап экан-да. Яшлигимда менам шундақа батир эдим. Абдунаби, сиз… қўшиқ айтсангиз керак, а?

— Энди, баъзан…

— Сездим-да. Айрим нарсаларингиз жуда равон “Бахшиёна” дейдику Усманжан, ўшанақа-да.

— Раҳмат. Ака, мен бир кўчага чиқиб келай, пастда дўконча бор экан. Беш минутга.

— Нимага?- ҳайрон бўлди Шукур ака, сўнг бўш шишаларни кўриб, синиқ жилмайди. –Ҳа-а, тугабдими? Менга бир пачка “Карвон” ҳам апкелинг. Ҳазир, пул…

— Пулим бор, ўтираверинг –шундай деб даҳлизга чиқдим. Паастга тушиб, подъезд олдида бирпас турдим. “Тавба, нимага ароқ таъсир қилмаяпти? Ё қўлбола эканми? Йўқ, Шукур ака мақтадику! Кўп гапирдимми? Унчаликмас… Шукур ака унақа қўқинчли эмас эканку! Тўғри, бироз дангалчи, тўғри сўз. Нега мени бунча ўзига яқин олди? Характерларимиз ўхшашми? Билмадим… Ишқилиб, ёқтириб қолди. Мен-чи? Шукур ака ёқадими менга? Бўлмаса-чи! Шукур ака — мужик! Ўғил бола! Боя бир-иккита номи чиққан қаламкашларниям чапараста қилиб сўкиб ташладику! Унча-мунчани тан олмайди. Билади-да ўзининг зўрлигини. Ишқилиб,эҳтиёт бўлганим яхши. Тағин бирон гапим оғир ботмасин…”

Харид қилиб, хонага қайтиб чиққанимда Шукур ака охирги сигаретасини тутатганча, қўлида… милтиқ билан турарди! Юрагим орқага тортиб кетди. Ҳайрон бўлиб Ғуломга қарадим.

— Ов ҳақида гаплашаётувдик, — деди у кулганча, — Шукур ака милтиқларини мақтаяптилар.

— Бойсундан апкеганман, — деди Шукур ака қўшотарни “синдириб”, жойланган ўқларни кўрсатаркан, — қадрдоним-да бу.

Енгил тортдим. Бир шиша “оби замзам” ва тўрт пачка “Карвон”ни столга қўйдим. Мезбон ҳам милтиғини каровот остига тиқиб, келиб ўтирди.

— Бу акам энди эккавга зўрлик қилар-ов, -деди у шишага ишора қилиб.

— Ака, мажбурият олганимиз йўққу, ҳаммасини ичамиз деб. Тортганича олайлик, қолгани тураверар, ёмон куннинг яроғи бўли-и-б.

— Ҳай жонингдан! –деди Шукур ака меҳри ийиб, — Тус ўзим-да бу!

Энди Шукур ака ростакамига “очилганди”. Талабалик йилларини, янгамиз билан танишганларини, Қўшжонов домла билан суҳбатларини (Дарвоқе, бу ҳақда адибнинг “Сайланма”сида, тўртинчи жилддаги эсселарда батафсил битилган) гапира кетди. Туғма актёр эмасми, образга кириб, қўл ҳаракатлари ва мимикалар билан сўзларди. Кейин мавзу ижодий режаларга бурилди. Шукур ака бошлаб қўйган асарлари, айниқса, “Лойли кўчалар” сарлавҳали янги ҳикояси тўғрисида эзилиб сўзлади. Ҳикоя қахрамонининг умр йўли, унинг она қишлоғига бориши, ёмғирли тун, машинанинг ботиб қолиш… Адиб буларнинг барини жуда ҳижжалаб, эринмай, ўзига ва ўз қаҳрамонларига хос бўлган қисқа, узилиб-бўлиниб турувчи ибораларда тушунтирарди. Икковимиз ҳам бирозгина сархуш эдик (охирги шишадан ҳам икки қадаҳдан олувдик-да), хушёр Ғулом эса зерикмай бизни тинглар, ора-сира гап кўшиб қўярди. Ўша куни мен машҳур ёзувчи тўғрисида охирги фикрга келдим: телевизордаги чиқишларида ўзини тутишлари, гап-сўзлари, суратларидаги андак паришонлик, кўпчилик орасида атрофга ҳуркиброқ назар ташлаши- буларнинг бари адибнинг чинакам ўзлигига, ички қиёфасига (сийратига деймизми) унчалик ҳам мос тушавермас экан. Шукур ака яхши суҳбатдош эди! Жонли гапирарди, худди жонли ёзгани каби. Моҳир режиссёрдай тушунтирарди гапини, ўзак фикрни бехато топа оларди. “Унда ташқи кўриниши, жамоатда ўзини тутиши шунчаки “имидж” экан-да” деган фикр ҳам, менимча, унчалик тўғри эмас. Одамлардан бироз бегонасираш, ўзини четга олиш, кўпчиликка аралашишдан қочиш, унча-мунчага сир бермаслик, дил ёрмаслик – буларнинг бари, назаримда, Шукур аканинг ҳимоя воситаси эди. Атрофидаги шафқатсиз дунёдан, қаҳри қаттиқ ҳаётнинг зарбаларидан ўзини иҳота қилиш усули эди. Ўзини, тоза туйғуларини, болаларча ҳайратини, ўзи ўз қалбида яратган дунёсини, “Шукур Холмирзаев” номли янги сайёрани бегона, ҳирсли назарлардан асраш йўли эди. Ўз оламига мансуб бўлган, кўнглига йўл топа олган, ўзи билан “тупроғи бир ердан олинган” одамларга у жонини беришгаям тайёр яшарди. Мағрурлигига яна бир сабаб эса — камёб истеъдоди. Маълум маънода устози Шукур Бурхондай ғурури баланд, кўпчиликдан “бир калла” баланд юради. Ва бунга унинг маънавий ҳуқуқи ҳам бор эди. Ўз соҳаси (адабиёт, ижод олами)нинг барча қутбларини кашф эта олган, ўз иши (ёзувчилик)ни қойиллатиб қўйганди! У мақтанса-да ярашарди, эркаланса-да, ғурурланса-да. Бироқ, у на мақтанди ва на эркаланди. Халққа ҳам, ҳукуматга ҳам эркалик қилмади. Хокисор, бироқ мағрур яшади.

… Ўша куни Шукур ака Ғулом икковимизни уйи орқасидаги бекатгача кузатди.

— Биравди кузатганимни эслолмайман сўнгги йилларда, — деди у кулимсираб, -сиз менга яқиб қолдингиз, ағажан. Бедарак кетманг, телефон қиптуринг. Мен 1- апрелда дачага кўчаман…

Хўшлашиб, таксига ўтирдик. Ғулом анча йўлгача жим кетди, менинг бўлса чакагим тинмайди.

— Бахт бу… –деди у ниҳоят, — Шукур акадай одам биз билан қарийб беш соат суҳбатлашди! Мисли кўрилмаган воқеа!

Кечки пайт Ғулом Каримийнинг таклифи билан унинг уйида Қаҳрамон Ражабов, Эргаш Очил, Абдусаттор Ўзғур, Темир Қурбон, Абдуҳамид Парда каби шоир, олим ва ёзувчилар тўпландилар. Суҳбат асносида ҳам Шукур ака тўғрисида кўплаб фикрлар айтилди. (Дарвоқе, номлари зикр этилган ижодкорлар ва тағин Вафо Файзулло, Улуғбек Ҳамдам, Равшан Исҳоқ каби қаламкашлар ҳар икки-уч ойда бир тўпланишиб, бир пиёла чой устида адабий гурунг ўтказишади, давра аъзоларидан кимнингдир ижодини муҳокама қилишади. Ютуқ ва камчиликлар айтилади, асарларга холис баҳо берилади. Камина ҳам бу каби давраларда бир-икки бор қатнашиб,ҳузур қилганмиз). Дўстларимиз бизнинг Шукур ака билан “отамлашиб” келганимизга аввал ишонишмади, сўнг, жиддий гапираётганимизни англашиб, назаримда, бизга бироз ҳавас ҳам қилишди. Менинг эса, вақтим хуш, бахтдан бошим осмонда эди. Тўғри-да, Олотдай чекка бир юртда яшайдиган болани кимсан – Шукур Холмирзаев сўраттириб олиб келиши ҳазил гапми!? Кўнглимда ўнлаб ижодий режалар туғён урар, Шукур акага, унинг меҳрига муносиб бўлиш учун нималар қилиш тўғрисида хаёл сурардим. Афсуски, бешафқат, айёр қисмат кутилмаган зарбани беришга тайёрланаётганини ҳеч ким билмасди ўшанда…

Айтмоқчи, устоз-шогирд масаласида: ўша суҳбатда Шукур ака бир гапни кулиб айтиб берувди:

— Шагирт бўлиш… Билмадим, мен бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмапман. Менда ундақа … суркалиб юриш адатим йўқ. Кўп нарсалар ўргандим, Қаҳҳордан, Қўшжановдан, бошқаларданам. Амма, ҳадеб уларни безовта, безар қилиб боравермаганман… Ўзларини менга шагирт санайдиган уч-тўрт балалар, қизлар бар, баъзан келиб-кетишади. Нарсаларингизни ўқиганимдан кейин бир-икки жайда сизни мақтагандим, уларам энди… аразлашибди мендан. “Шукур аканинг бухаралик бир балага меҳри тушиб қалған, ҳадеб ўшани гапиради” деб… Ай-й, ағажан, ҳар ким ўзи билади. Аслида, кўнгил, виждан –энг яхши устаз…

Ўшанда бу гаплардан менам керакли хулосани чиқариб олдим: Шукур акани бўлса-бўлмаса безовта қилавермасликка аҳд қилдим. Бухородаги Тошпўлат Аҳмад, Самандар Воҳид каби устозларимизни ҳам худа-беҳуда йўқлаб, безор қилиб қўйишдан қўрқаман. Меҳр кўнгил тубида қоим бўлса ?

    — Men Gamletman, — dedi Shukur aka qaysi bir kuni choyxo’rlik qilib o’tirganimizda. – Men chindan ham Gamletman, o’zbeklarning Gamletiman. Gamletsimon, Otellosimon, Makbetsimon. Romeo va Julьetta deysizmi, o’zimizdagi Layli, Majnunlarni olasizmi, hayotda, adabiyotda shunday shaxslar, qahramonlar paydo bo’ldimi, bas, ular o’tgandan so’ng ruhlari, adabiyotdagi izdoshlari barcha xalqlarning ichiga, ko’ngliga tarqalib, singib ketadi, deb o’ylayman. Natijada ko’plab xalqlarning hayotida, adabiyotda ana shunday shaxslar, qahramonlar paydo bo’ladi, — dedi Shukur aka…

Abduhamid Parda
O‘ZBEK   GAMLETI
09

Men chindan ham Gamletman, o‘zbeklarning Gamletiman.

Shukur Xolmirzayev

“Shukur Xolmirzayev zamondoshlari xotirasida”[1] to‘plamining mutolaasiga kirishdimu buyuklar haqidagi xotiralar ham buyuk ixlos bilan o‘qishiga ishonch hosil qildim.

Asarlari hamon qo‘lma-qo‘l o‘qilayotgan va bundan keyin ham nainki yuksak badiiyat, ayni zamonda chinakam insoniylik mezoni vazifasini o‘taydigan adibimiz haqqoniy qiyofasini tasavvur qilishda mazkur to‘plamning ahamiyatini ta’kidlash ortiqcha. Bu atoqli adibmizning “mukammal tarjimai holini yaratish” (Shodmon Otabek) yo‘lidagi muhim qadam sifatida qadrli. Buni qarangki, bu borada, avvalo, sevimli adibimizning o‘zi mushkulimizni oson qiladi. Shukur akaning quyidagi e’tirofini kelajak avlod uchun taqdim etgan akademik Baxtiyor Nazarovdan har qancha minnatdor bo‘lsak oz:

“- Men Gamletman, — dedi Shukur aka qaysi bir kuni choyxo‘rlik qilib o‘tirganimizda. – Men chindan ham Gamletman, o‘zbeklarning Gamletiman. Gamletsimon, Otellosimon, Makbetsimon. Romeo va Julyetta deysizmi, o‘zimizdagi Layli, Majnunlarni olasizmi, hayotda, adabiyotda shunday shaxslar, qahramonlar paydo bo‘ldimi, bas, ular o‘tgandan so‘ng ruhlari, adabiyotdagi izdoshlari barcha xalqlarning ichiga, ko‘ngliga tarqalib, singib ketadi, deb o‘ylayman. Natijada ko‘plab xalqlarning hayotida, adabiyotda ana shunday shaxslar, qahramonlar paydo bo‘ladi, — dedi Shukur aka”.

Shukur akaning fe’l-atvoridagi gamletona g‘urur, or-nomus, teran falsafiy mushohadago‘ylik o‘lmas asarlarida ham yorqin ifodasini topgan. Uning atoqli adib sifatida shakllanishida Gamlet rolini ijro etgani alohida ahamiyat kasb etgani shubhasiz. Jahon teatr san’atining durdona asarlaridan biri “Gamlet” tragediyasida umumbashariy muammolar badiiy timsollar vositasida aks ettirilgan. Shukur Xolmirzayev ham buyuk Shekspirning Gamleti singari hayot-mamotning umumbashariy muammolarini hal qilishga butun hayotu ijodini baxshida etdi.

Xotiralar to‘plamini sinchiklab o‘qigan har bir kitobxon Shukur Xolmirzayev ustozlardan munosib saboq ola bilganiga ishonch hosil qiladi. Barcha buyuk shaxslar singari buyuk adib va shoirlarni ham davr yetishtiradi. O‘zbekiston xalq artisti Shukur Burhonov, akademik Matyoqub Qo‘shjonov singari ustozlar Shukur akaning dastavval inson, qolaversa Shaxs sifatida shakllanishida bebaho hissa qo‘shgan. Men Shukur akaning buyuk yozuvchi ekaniga havas qilish asnosida shunday buyuk yozuvchini yetishtirgan ona xalqimizning cheksiz ijodkorlik salohiyati qoshida qayta-qayta ta’zim qilaman. Binobarin, buyuk shaxslaru allomalar betimsol xalq kuch-qudratining hamisha yorqin ko‘zgusi hisoblanadi.

Shukur aka ustozi akademik Matyoqub Qo‘shjonovning quyidagi nasihatini shior qilib yashaganini esselaridan birida e’tirof etadi:

— Hamma narsa “Adabiyot uchun” deb hisoblashing kerak. Abdulla Qahhorning bir gapi bor: “Boshqa sohalardan pul topib, adabiyotga yedirgin”, deydi. Adabiyot – xolis-fidoyi odamlarning ishi. Hayoti ham deyish mumkin.

Matyoqub Qo‘shjonov bashorat qilgandek, “adabiyot, xalq oldida mukammal asarlar yaratishdek vazifani” sharaf bilan uddalagan, “yoshiga nisbatan erta ulg‘aygan, ijod dardi, alami va quvonchlarini ham juda erta his qilgan va bir umr shu hissiyotlariga sodiq buyuk yozuvchi” (To‘lepbergen Qayipbergenov) Shukur Xolmirzayev siyratini chizishda to‘plam hammualliflari hamfikr ekani ham ulkan adibimiz shaxsining naqadar beqiyosligidan dalolat beradi. O‘zbekiston Qahramoni, ustoz Abdulla Oripov “Men bunday irodali, mehnatkash yozuvchini kam uchratganman” deya hayratlansa, qator mulliflar singari Erkin A’zam “hayotda ham, ijodda ham kamyob hodisa ekani”ni ta’kidlaydi. Nazar Eshonqul esa ayni fikrni yana ham teranlashtiradi: “Adabiyotda iste’dodlar talaygina bo‘ladi. Iste’dodlarini turli sohalarga sarflaydi. Ammo ham hayotda, ham ijodda shaxslar kamdan-kam tug‘iladi. Bu ikkisi muqoyasa kelganda, adabiyotda Shukur Xolmirzayev va Rauf Parfilar tug‘iladi”.

O‘zbekiston xalq yozuvchisi O‘tkir Hoshimov uning “haqiqiy adabiyot fidoyisi, haqiqiy adib” ekanini yana bir karra e’tirof etsa, shoir Abdumajid Azim “katta iroda, jasorat, sabot-matonat, jur’at bilan o‘z ulug‘vor maqsadiga erishgan”, “sobit e’tiqod sohibi” – Shukur Xolmirzayevni haqli ravishda “o‘zbek prozasining birinchi raqamli yozuvchisi” sifatida ehtirom bilan tilga oladi.

Aksariyatimiz inson baxt uchun dunyoga keladi, degan ishonch bilan umrguzaronlik qilamiz. Shukur Xolmirzayev singari atoqli adiblarning fidokorona hayot tarzi esa inson baxt uchun emas, balki sinov uchun dunyo kelishiga ishontiradi – o‘zbek Gamleti bo‘lish qancha faxrli bo‘lsa, ehtimol undan yuz chandon ziyoda mashaqqat talab etadi.

Ustoz Baxtiyor Nazarov Shukur Xolmirzayev singari atoqli shoirimiz Rauf Parfining ham shaxsi va ijodiga xos “millatparvarlik” xususiyatini alohida tilga oladi. Qolaversa, gamletona adolatparvarlik, jasorat, shijoat, fidokorlik, “dunyoni mukammal ko‘rish”dek (Abdulla Oripov) yuksak maqsadga, “hayotning, adabiyotning o‘zgarmas o‘lchamlariga” (Nabijon Boqiy) sadoqat borasida ham har ikki Ustoz hayoti va ijodi kelgusi avlodlar uchun benazir dorilfunun vazifasini o‘tashi shubhasiz.

Xotiralarda qayd etilgandek, buyuk adibimiz favqulodda mehnatsevarligi bilan hayratlantiradi. Binobarin, talabalik yillarida Shukur aka dorilfununda tahsilni davom ettirish barobarida drama to‘garagida faol ishtirok etadi — Shekspir, Tagor dramalari asosida sahnalashtirilgan tomoshalarda asosiy qahramonlar timsolini yaratadi. Ayni paytda ijodiy faoliyat bilan jiddiy shug‘ullanadi. Hikoya-qissalari turli davriy nashrlarda peshma-pesh nashr qilinadi.

“Shukur Xolmirzayev mag‘rur odam edi. Garchi qahramonlariga qo‘shilib ming alvonda turlansa-da, zamonga moslashib keta olmadi. Balki shuning uchun ham umri qisqa bo‘ldi.

Shukur aka ko‘rgan behalovat, birinchi qarashda o‘ta betartib hayotda aslida qattiq tartib hukmron edi. U adabiyotga halol, beg‘araz va beta’ma xizmat qildi. Xizmati evaziga izzat talab qilmadi”, — deya ustoz adibni ehtirom bilan eslagan taniqli yozuvchimiz Murod Muhammad Do‘stning xotira maqolasi: “Unga tuzukroq mehr ko‘rsatolmagan bo‘lsak, bu – bizning aybimiz”, degan armon bilan yakunlanadi.

Bu armon qaysidir ma’noda tavba-tazarru tusiga ham ega. Biroq “Adabiyot oyini mis tovoqqa alishmagan” (Ibrohim G‘afurov) Shukur Xolmirzayev hech kimning iltifotiga zor bo‘lmaganiga to‘plam hammulliflari kitobxonni ishontiradi. Qolaversa, Shukur Xolmirzayev ona xalqimizning buyuk mehriga zarracha shubha qilmay yashadi va ayni mehrning otashin tafti bilan mardona ijod qildi. Mavlono Muqimiy: “Kelur oxir sani ham yo‘qlaguday bir zamon yaxshi” deya qorong‘u qismatini nurli kelajak umidi bilan yoritishga uringan bo‘lsa, Shukur Xolmirzayev xalqimizning ehtiromiga qayta-qayta sazovor bo‘lgani xotiralar to‘plamida hayotiy voyeqalar misolida o‘z isbotini topgan. Binobarin, adibimiz Shoyim Bo‘tayev “Ixlos” xotira-hikoyasida shifokor Jo‘rabek aka shaxsan Shukur Xolmirzayev sharafiga ziyofat uyushtirganini, uni azbaroyi e’zoz bilan kutib olganini mamnuniyat bilan yozadi:

“Jo‘rabek aka elburutdan bashorat qilgandek roppa-rosa soat besh yarimda u yashaydigan ko‘p qavatli uyning podyezdiga yetib keldik. U yerdagi manzarani ko‘rib, men bu yerda boshqa biron tadbir ham bo‘lsa kerak deb o‘yladim. Nega deganda podyezd oldida bir xil atlas ko‘ylakdagi to‘rt-beshta qizaloqlar non va tuz ushlab turishardi. Orqaroqda boshqa odamlar ham to‘planishgan edi. Jo‘rabek aka Shukur akani qo‘ltiqlab tikka non-tuz tutib turgan atlas ko‘ylakli qizaloqlar tomon boshladi.

Ular ham non-tuz tutgancha bir ovozdan:

Xush kelibsiz! — deyishdi.

Shukur aka biroz xijolat chekkandek indamay non-tuz totingan bo‘ldi. Uning harakatlarini biz ham takrorlagandan keyin Jo‘rabek aka podyezdga tomon boshladi, uchinchimi-to‘rtinchi qavatda turar ekan. Tavba, chiqa-chiqquncha zinalarga cho‘g‘dek gilam to‘shalgan edi, o‘zi shunaqamikan, desam keyinchalik bilishimcha, Shukur akaning kelishiga atay poyondoz yozdirgan ekan”.

Qashqadaryoni sohibqiron Amir Temiru ustoz Abdulla Oripov, Xorazmni Pahlavon Mahmud va Hazrat Ogahiy, Oltin vodiy gavhari Andijonni Mirzo Bobir va Abdulhamid Cho‘lpon tavallud topgan zamin sifatida ham e’zozlaymiz. Shukur Xolmirzayevning benazir hayoti va ijodi, qolaversa unga ergashib ayni o‘lkadan yetishib chiqqan va chiqayotgan adibu shoirlar sharofati bilan madaniyatimiz-ma’naviyatimiz, xususan adabiyotimiz xaritasidan qadim va navqiron Surxon vohasiyu muazzam Boysun tog‘lari yana ham mustahkam o‘rin egalladi.

Atoqli adibimizning adabiyot va ijod haqidagi mulohazalari xotiranavislarning Shukur Xolmirzayev to‘g‘risidagi teran fikrlarini to‘ldiradi.

“Haqiqiy – asrlar osha yashaydigan, chinakam san’at namunasi bo‘lgan asarlar juda og‘ir, mashaqqatli mehnat evaziga dunyoga keladi”, — deb yozadi Shukur Xolmirzayev. Ustoz Ibrohim G‘afurovning quyidagi esdaliklari ayni fikrlarning tasdig‘iday yangraydi:

“Shukur uchun adabiyot va yozuvchilik muqaddas edi. Ulkan insoniy matonat bilan asarlari ustida ishlashni bir zum to‘xtatmadi. Uning o‘ziday mehnatkash, kichkina yozuv mashinkasi bor edi. Mashinka nihoyatda eskirib ketgandi. Temirdan yasalgan bo‘lsa ham, egasining zabtiga chidamasdi. Yozuvchi uni qo‘ltiqlab dam-badam remontga ko‘tarib yurardi. Ammo ta’mirdan chiqqach, mashinka misoli “maksimka” puletyotiday ishlardi. Egasining o‘qi, uning “chaq-chaq”i tugamasdi. Sahifalarni dalva-dalva qilib, ilma-teshik qilib ishlardi. Uning mashinkada o‘tirib, qanchalar qahr va itob bilan yozishiga bir necha bor guvoh bo‘lganman”.

Taniqli shoir Azim Suyunning quyidagi to‘rtligi aynan Shukur aka Xolmirzayev haqida bitilganday:

Shon-shuhratni ko‘zga ilmadi,
Mol-dunyoga parvo qilmadi.
E’tiqodin ushladi mahkam,
Shuhrat keldi, molu davlat ham.

To‘plamdan joy olgan yodnomalarda buyuk adibimizning barhayot ijodi xolisona tahlil ham qilingan. Jumladan, shoir Mirza Kenjabek adibning “Tanholik” hikoyasiga alohida to‘xtalgan. Mazkur hikoya — Shukur Xolmirzayev shaxs va adib sifatida kamolot pallasiga yuksalgan davrda yaratilgan shoh asar. Bashariyat murabbiylaridan biri, Tangritog‘day sarbaland Lev Tolstoy siymosini yaratishdek mas’uliyatli vazifani Shukur aka buyuk yozuvchi sifatida qoyilmaqom uddalagan. M.Kenjabek ta’kidlagandek, “O‘zbek adibining hikoyasida chin insoniy vijdoni, iymoni bilan so‘zlaydi Tolstoy. Shukur Xolmirzaning chin odamiy qalbi ana shu!”

Lev Tolstoy umrining poyonida qiziga suyangandek, Shukur aka ham jigargo‘shasi Sayyora Xolmirzayevani voris sifatida tanlab, yanglishmagani mazkur to‘plam misolida yana bir karra o‘z isbotini topdi.

Shukur Xolmirzayev ijodiy an’analarini davom ettib, milliy adabiyotimiz ravnaqiga baholi qudrat hissa qo‘shayotgan iste’dodli adib Shoyim Bo‘tayev haqqoniy e’tirof etgandek: “Shukur Xolmirzayev fenomeni hali qo‘riqligicha ochilmay turibdi.

Gap uning asarlari haqida ilmiy ishlar yozish-u ilmiy unvonlar yoqlab olishda ham emas. Hamma gap uni Shaxs va Ijodkor sifatida idrok eta olishda: shundagina uni barpo etgan Muhit va uni muttasil to‘lg‘oqqa solgan Dard sir-asrorlari namoyon bo‘ladi. Uning nimalar qilganini ko‘pchili biladi yoki jilla qursa, shuni bilaman, deb o‘ylashadi. Lekin, endi uning bizga nimalar berganini o‘ylashimiz va misqol-misqollab o‘lchab olaverishimiz kerak, shunda u qoldirgan xazinadan qo‘ni-qo‘njimiz to‘lib-toshib ketadi, bu boylik ongu tafakkurimizni o‘zgartiradi, qalbimizni yangilaydi, turmush tashvishlaridan egik qaddimizni ko‘taradi, yelkalarimizni yuksaltiradi — u saxiy. Uning qoldirgan merosi barcha yetadi, faqat xazina yonidan bilmay o‘tib ketib qolmasangiz, bas!”

[1] Shukur Xolmirzayev zamondoshlari xotirasida. G‘afur G‘ulom nomidagi nashriyot-matbaa ijodiy uyi, T. 2010 yil.

Abdunabi Hamro
O’ZGA SAYYoRALIK MEHMON
02

«Toshkent- Qorako’l» avtobusi Otchopardan yo’lga chiqdi. Sana- 2008 yilning 24 noyabri. Qoq tush payti, soat taxminan o’n ikkiyu o’n besh. Ikki kun oldin yoqqan yomg’irdan so’ng havo ochilgan, quyosh charaqlab turibdi. Charm kurtkani yechib, avtobus derazasidagi ilgichga ildim. Qo’limda – ustoz Shukur Xolmirzayevning “Saylanma”si. Aniqrog’i – to’rtinchi jild. O’ylayman: Shukur aka ko’rolmay ketdi bu kitobni. Darvoqe, Sayyora opayam “So’zboshi”da yozganlar buni. Kitobni kecha, do’stim G’ulom Karimiyning uyida boshlab qo’yuvdim, yarimlab qoldi. Esselar… Rahmatlik Shukur aka mard ijodkor edi. (“Edilar, dedilar” shaklida yozmayotganim uchun uzr. Avvalo, nazarimda, bunday uslub xushomadday tuyulishi mumkin, qolaversa, bizning Olotda yoshi ulug’lar haqidayam “keldi, ketdi” deb gapiriladi, shunisi o’ng’ayroq shekilli). Katta-katta odamlar, masalan, Shuhrat domla, O’lmas Umarbekovlar to’g’risidayam faqat rost gaplarni yozgan. Bo’yab-bejab, sayqal berib, yo hurmat yuzasidan bo’lsayam qahramonlarini ayab o’tirmagan. O’sha odamning ichki-tashqi dunyosi qanday bo’lsa, shundayligicha hikoya qiladi. Allaqayerda o’qigandim: bir yig’inda rassom Ro’zi Choriyev ustoz Abdulla Oripovning suratini tezgina chizib, zerikib o’tirgan shoirga asta uzatadi. Abdulla aka suratni ko’rib, tagiga bir nimalar deb yozadi va musavvirga qaytarib beradi. Rassom qarasa, surat ostiga “Abdullaning shudir bori, chizdi uni Ro’zi Chori” deb yozilgan ekan. Aytmoqchimanki, Shukur akayam o’z ustozlari va do’stlarining “bori”ni qog’ozga tushirib ketgan ekan. Rost, biz ulug’lar haqida o’ylaganimizda aksar hollarda ularni salkam avliyo deb tasavvur etamiz. Insonga xos qusurlar (mayli, arzimas bo’lsa-da) ularga ham xos ekanligi, ular ham goh xato qilishi, aldanishi, qizishib ketishi haqida o’ylamaymiz. Ammo, tirik jon-da bu, inson bolasi xato qilishga moyilroq bo’ladi o’zi. Hayotning, umrning ayrim qaltis lahzalarida, burilish nuqtalarida (mayli, unchalik katta bo’lmasa ham, qismatga ta’sir ko’rsatadigan “moment”larda) kimning kimligi ayon ko’rinib qoladi. Shukur aka aynan shu lahzalarni juda sinchkovlik bilan kuzatgan ekan-da o’zi. Endi mundoq o’ylab qarasam, yozuvchining tili, o’ziga xos uslubi uning nechog’lik ROSTGO’YLIGI dan kelib chiqib shakllanar ekanmi… Bilmadim, negadir Shukur aka to’g’risida, uning asarlaridagi o’zigagina xos bo’lgan tasvir uslubi haqida o’ylasam, nuqul shu “rostgo’y” degan sifat xayolimda aylanaveradi. To’g’ri-da, ayrim adiblarning asarlarida qahramonlar bi-i-r monologlar o’qishadiki, o’h-ho’, uch-to’rt varaqqa sig’maydi. Hayotda bunday bo’lmaydi-da, og’aynilar! Har qanday notiq, maddoh odam ham tutiladi, o’rni kelsa duduqlanadi, nafas rostlaydi, qandaydir ibora yoki jumla vositasida gapni-gapga ulaydi. Kerak bo’lsa, so’kinadi! Xuddi Shukur akaning hikoyalaridagiday! Axir, odam bolasi o’ylaydi, ikkilanadi, birovga sal-pal qitmirlik qilishi mumkin, sharoit taqozosi bilan yolg’on gapiradi. Bor gap-da bular. Hech kim farishta emas bu dunyoda. Bir esseda Uchqun aka (Uchqun Nazarov) aytganidek, odam “lichnost” bo’lishi mumkin, biroq u ham “prostoy smertniy”, demak, insonga xos ojizlik unda ham bor. Aytmoqchimanki, Shukur aka ana shularni teran anglagan va qoyillatib yoza olgan. Biz, “Nazir otaning g’azabi”ni o’qib katta bo’lgan avlod vakillari “Uyg’un degan shoir qanaqa ekan-a?” deb ko’p o’ylaganmiz. Huv keyinroq, she’r degan narsa qanday bo’lishi lozimligini biroz tushungach esa, “Nega bunaqa narsalarni kitobga kiritishadi?” deb ensamiz qotgan. Shukur akaning Shuhrat domla to’g’risidagi essesini o’qigach esa… “O-O, mard odam bo’lgan ekan-da Shuhrat akayam!” degan fikr kechdi. Va Shukur akaga tag’in bir bor qoyil qoldim. Uning sinchkov, biroz alamzada, sal-pal hadikli nigohlarini xotirladim. (O’zi, mashhur odamlarning ko’pchiligiga xosmi deyman bunday qarash, bu taxlit nigoh. Go’yo atrofida ko’rinmas devor borday. Qarashlari suhbatdoshini tiyib turgandekmi… “Ottalkivayushiy” deydimi ruslar buni? Ishqilib, uncha-munchani o’ziga yaqinlashtirmay turadi-da bu nigohlar. “Subordinatsiyaga rioya qil, oshna” deb turgandek go’yo…) Lekin, ont ichib aytamanki, menga faqat bir martagina shunday qaragan Shukur aka! Keyin el bo’lib ketdik. O’shanda, yanglishmasam, 1996 yilning kuz oylari edi.

… Qariyb yigirma yil Buxoro viloyati ijodkorlariga sardorlik qilgan ustoz Toshpo’lat Ahmadni viloyat gazetasiga bosh muharrir qilib olishdi. Yozuvchi do’stimiz Vali Bobomurod uyushmaga mas’ul kotib bo’ldi, kamina esa – adabiy maslahatchi. Alqissa, bir kuni ustoz qo’ng’iroq qildilar:

— Abdunabi, bir kelib keting, yaxshi gaplar bor.

Tahririyatga borsam, kat-ta xonada, uzun stol ortida o’tiribdilar.

— Tinchlikmi, aka? – so’radim salom-alikdan so’ng.

— Toshkentga boradigan bo’ldingiz, shoir! Sizga Alp Jamol nomidagi mukofot berilar ekan.

Hayron bo’ldim: adashmasam, Alp Jamol degan adib intermediyalar yozardi, ular “Teleminatyuralar teatri”da qo’yilardi. Mening bunga nima aloqam bor?

— Aka… – dedim chaynalib, — Alp Jamol bova hajvchi, men… “jiddiy” yozuvchi bo’lsam… (Kattalikni qarang: “yozuvchi”, tag’in deng — “jiddiy”!)

— Bilmadim, ishqilib, siz latifa-patifa aytib yurasizku, uyushmadagilar buni eshitishgan shekilli-da

Kulishdik, albatta. O’zi kulgili javob-da. Xullas, Toshkentga jo’nadim. Yozuvchilar uyushmasiga bu ikkinchi marotaba borishim edi. Bir yil oldin, 1995 yilda uyushma a’zoligiga qabul qilishlarini so’rab, ariza yozib, olib borgandim. (Soddalik deymizmi buni, anqovlikmi, nima bo’lgandayam, arizaga qo’shib, Buxoroda chop etilgan shapaloqdek ikkita kitobchayu she’r va hikoyalar nashr qilingan gazeta-jurnallarni bir papka qilib topshiribmanu Olotda lalayib yuraveribman. A’zolikka qabul qilinganimniyam “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”dagi maqoladan bilganman. O’zim qatnasholmagan o’sha yig’ilishda she’rlarim to’g’risida Gulchehra opa Jo’rayeva, hikoyalar xususida Shukur aka iliq fikrlar bildirganlarini ham keyinroq Muhammad aka (yozuvchi Muhammad Salom)dan eshitdim…) Uyushmaga borsam, tumonat odam! Men bir umr ko’rishni orzu qilib yurgan katta-katta adiblarning bari shu yerda. Borasolib Muhammad akaga uchradim va bor gapni bilib oldim: Alp Jamol bova vasiyat qilgan ekanlarki, bir kuni kelib farzandlarim sarmoyador bo’lishsa, ijod ahliga homiylik qilishsin. Shunga ko’ra azamat o’g’illar Alp Jamol nomidagi mukofot ta’sis etishibdi. Sovrindorlar orasida esa, kamina ham bor.

0-28.jpg— E-e, ana, Shukur ham kepqoldi, — dedi Muhammad aka nogoh. Shart o’girildim: g’alatiroq shlyapa kiygan, orqa sochlari o’siq, rangi-ro’yidan g’irt kashandaligi ko’rinib turgan odam, qo’ltig’ida yupqagina papkacha bilan kirib keldi. Muhammad akadan so’ng mengayam qo’l uzatdi, beixtiyor ko’zlariga qaradim. Boyagina aytganim – qandaydir sinovchanmi, begonasiraganmi, bepisandroqmi bir nigoh korachiqlarimga qadaldi. (Endi o’ylasam, bechora Shukur aka “chalamulla” qalamkashlarning daholikka da’volaridan, ko’krak mushtlab, haq talab etishlaridan ozurda bo’lgan ekan. ”Ko’z uchida” boshdan-oyog’imga sin soldi. “Buyam o’shanaqalardan bittasi-da ”degandek ijirg’anibroq qo’l uzatdi-yov!)

— Men… yo’q sochlarimni bir tarab olay, — u shunday deb xona burchagidagi baland ko’zgu tomon yurdi.

— Shukurjon, bu yigit – buxorolik yosh yozuvchi Abdunabi Hamro. Narsalarini o’qigansizku…

Shukur aka ilkis burildi. Biroz indamay menga tikilib turdi. Nazarimda, ko’zlarining tubidagi muz eriy boshlagandi. So’ng… allaqanday siniqroq jilmaydi

— Qayerdansiz? To yestь, Buxoroning qayeridansiz?

— Olotdanman… – ovozim biroz xirillab chiqdi, hayajon zo’r edi-da o’sha lahzalarda, — chegara tumani, nariyog’imiz Turkmaniston…

— Ah-ha, vot kak! – Shukur aka endi rosmana, samimiy jilmaydi, — O’ylab edim-a hikoyalaringizdagi bu chapani, to’pori ruh qayerdan deb! Da-a… Men sizni esladim, ag’ajon.

“Og’ajon” emas, aynan “ag’ajon” tarzida aytilgan bu so’z, keyin bilsam, Shukur akaning “vizitniy” iborasi ekan. O’ziga, ko’ngliga yaqin odamlarni u shunday chaqirishini keyinroq tushundim.

— Ha, hikoyalaringiz menga ma’qul. Bir boshqacha, baxshiyona ruh bor, tilingizam o’ziga xos. Anovi, “Oq farishta” ham yoqdi.

— “Oq alvasti”… – dedim o’ng’aysizlanib. Shunday katta odam menday bir bolaning kitobchasini varaqlab, yozgan-chizganlarimni maqtab o’tirganidan xursand bo’lish o’rniga, men galvars, “kitobimning nomini chalkashtirib yubordi” deb xo’mrayibman o’sha paytda. E-e, noshukur banda-ey!

— Ha, o’sha, “Oq alvasti”. Anovi qissangiz… “Bechoraning chorasi” midi? Qo’shiqday yozibsiz. O’zingizam aytasizmi ashula?

— Sal-pal… – beo’xshov iljayibman shekilli, Shukur aka biroz jiddiylashdi.

— Ota-bavolardan o’tadi-da baribir. Kimdir bo’lgan, ajdodlaringizdan biri…

— Bilmadim. Momomiz rahmatlikning doyilarini (tog’alarini)Qorabaxshi mergan deyisharkan…

— Vo-vo! Aytmadimmi! Genetika bu. Suyak suradi. Yozavering. Alat yaxshi yurt ekan, bundaqa balalar chiqibdi. Mayli, sag’ bo’ling.

Tamom, ketdi chiqib! Hayron bo’lib, Muhammad akaga qaradim.

— Mayli, -dedi u kulimsirab, — Shukurday odam siz bilan shu-u-n-cha gaplashdi! Xursand bo’ling.

O’sha kuni o’ttizga yaqin kishiga Alp Jamol nomidagi mukofot berildi. Mukofotning birinchi, ikkinchi, uchinchi darajalari va rag’batlantiruvchi toifasi bor ekan. Kamina shunisiga ilindik. Boriga shukur deb qaytaveribmiz. Endi pushaymon qilaman: men axmoq o’sha kuni ustozning etagidan mahkam tutsam bo’lmasmidi!? Orqasidan qolmay, surbetlik qilib bo’lsa- da, suhbatini olsam qanday yaxshi bo’lardi…

Ishqilib, oradan sakkiz yil o’tgachgina tag’in diydor ko’rishdik. Mening beparvoligim, keraksiz g’ururim (“men zo’rman, kerak bo’lsam, topib olishadi” qabilidagi kattakashlik), qolaversa, Shukur aka to’g’risida yurgan har xil fikrlar (“Xolmirzayevga yaqin borib bo’lmaydi, unga odam isi yoqmaydi, darvesh u”) va nihoyat, e’tiborsizligim. E’tiborsizlikki, asti kechirib bo’ladigan emas! Men nodon o’ylardimki… A-y-y, endi ne foyda. Xullas, Shukur aka hech o’lmaydigandek, abadiy yashaydigandek tuyulardi menga! “Bir kuni izlab boraman. Ulguraman hali” deb o’ylab qo’yardim goh-goh. Lekin, afsuski, ulgurmadim…Ulgura olmadim

Ming afsus…

Ammo, dilimga taskin bergulik bir uchrashuv bo’lib o’tdi. Qarangki, shuyam Shukur akaning tashabbusi bilan. Men gumroh, shapaloqday to’rt-beshta kitobchamni chiqarib (Buxoroda) “akang geroy” deb yuraveribman. Shukur aka ham qarishi, kasallanishi, yolg’izlanib qolishi hech xayolimga kelmabdi. Bir kuni Buxoroga Rahmat Juma keldi, Samandar akaning to’yiga…

Ustoz Samandar Vohidov oldiniga Buxoro viloyat radiosida, keyinroq (1996 yilda) viloyat markazlarida televideniye tashkil etilgach, teleradiokompaniyada bosh muharrir bo’lib ishladilar. Nafaqa yoshiga yetgach, odatdagiday tantanalar bo’ldi. Do’stimiz, bag’rikeng va saxovatli noshir yigit Ixtiyor Yoqubovning ko’magi bilan ustozning uch jildlik “Saylanma”lari chop etildi. Akam xursand,bizam yonlarida quvnab yuribmiz deng. Kunduzi Buxoro Davlat universitetida katta she’riyat bayrami, kequrun, o’zbekcha qilib aytsak, “bir piyola choy”. Uylariga yaqin bir choyxonaga to’plandik. Odam ko’p, vag’ir-vug’ur. Tabriklar, she’rlar, qo’shiqlar… Bir payt “Rahmat Juma kelibdi” degan gap oralab qoldi davraga. Qarasam, uzun charm plash, shlyapa kiygan, pastroq bo’yli bir odam ustoz bilan qo’ltiqlashib kirib kelyapti. O’shanda xudo rahmat qilgur Rahmat akani birinchi bor ko’rganman. O’shandayoq ovozi xastalana boshlaganini sezuvdim. Tabrik so’zi aytdi, mikrofonda ovozi zo’rg’a chiqdi. “Ko’p chekar ekan, shundan bo’lsa kerak” deb o’ylagandim o’shanda. Ammo, fikrim xato bo’lib chiqishini qayerdanam bilibman. Xullas, Rahmat aka uch-to’rt kun qoldi ona yurtida.

Bir kuni viloyat teleradiokompaniyasiga keldi. Ikki bosh muharrir (Samandar akam televideniyeda, men — radioda) suhbat qurib o’tiruvdik. Rahmat aka odatdagiday, labida sigareta bilan kirib keldi. Ko’rishdik, so’rashdik, akam meni u kishiga tanishtirdilar.

— Men sizning bir hikoyangizni respublika radiosida intsenirovka qilib berganman, og’ayni! –deb qoldi Rahmat aka. Qotib qoldim!

— Yo’g’-ey?

— Nu da, “Xiyonat”ni siz yozganmisiz o’zi?

— Ha-a.

— Bo’pti-da, okosi. O’zim o’qiganman. Kitobingizni, mana, akangizdan oluvdim. Nechevo, normalniy hikoyalar.

— E-e… Baraka toping, aka.

— Kitoblardan bormi, yangi-yangilaridan?

— Bor, aka, hozir…

O’sha kuni Rahmat akaga “Yirtqich” degan detektiv kitobni berdim. Unda shu nomli ikki qissa va beshta yangi hikoya bor edi Xullas, Rahmat Juma ikki-uch kun o’tib, Toshkentga jo’nab ketdi.

Oradan biron oylar o’tdi, hayot o’z maromida davom etyapti.Akam qadimgiday ishlab yuribdilar, bizam. Bir kuni xonalariga kirsam, Rahmat aka o’tiribdilar. Buxoroga davolanish uchun kelibdilar.

— Oblbannisaga yotaman shekilli, onasini emsin, dovush ochilmavotti-de…-dedi u ovozi xirillab. Xullas, uch-to’rt kundan so’ng Samandar akam, shoir G’ulom Shomurod, Buxoro TVning o’sha paytlardagi rahbari Farmon Aminov va men Rahmat akani ko’rgani kasalxonaga bordik. Hol-ahvol so’rashgach, oborgan narsalarimizni chiqardik.

— Sila bezovta bo’lovurmangla, mani ikki-uchta “negr”larim bor bo’tta, hozir dasturxon “gatop” bo’ladi – deya siniq jilmaydi Rahmat aka. Rostdanam biroz o’tgach, ikki nafar yosh yigitchalar paydo bo’lishib, dasturxon tuzashdi.

— Abdunabi, “Yirtqich”ingizni Shukur akamlaga oborib beruvdim, o’qidila, “malades bola ekan, bir kesin” devordila sizzi, — deb qoldi Rahmat aka g’irt toshkentcha qilib. “Shukur akamla” kim ekan deb o’ylabman o’shanda! Nazarimda, Shukur Xolmirzayev va Rahmat Jumayev orasida biron-bir umumiylik yo’qday edi. Bu, endi, o’sha paytlardagi aldamchi taassurotlar, albatta. Bu ikki bag’rikeng insonning bir-birlariga nechog’lik yaqin bo’lishganini keyinroq bildim. O’sha paytlarda u yer- bu yerda “Rahmat Jumaning ovozi zo’r edi, ko’rolmaydiganlar uni bir narsa qilishibdi ” degan mish-mishlar ham o’rmalagani rost. Ishqilib, rakmi, yo boshqa bedavo dardmi, shunday odamni olib ketdi…

Rahmatjon aka-ya… O’-o’, biz xom sut emgan bandalar ko’p narsani fursat o’tgach tushunamiz va … bu tushunishning foydasizliginiyam tushunamiz. O’z dunyosi, o’z tog’lari (havas qiladigan cho’qqilari), o’z beg’ubor osmoni bor odamlar ham bo’lar ekan-da. Abdulla akaning she’ridagiday-da: “… va o’zim sig’inar mozorlarim bor…” Rahmat akaga taqdir juda shafqatsiz zarba berdi: uning bor-yo’q boyligi- ovozi, dard to’la, anduh shirasi ila sug’orilgan ovozi edi. Qismat uni to’kis baxtdan, tirnoqdan qisgani yetmaganday, umri yakunida… ovoziga chang soldi! Qodir Maxsumovdan keyin g’azallarni qoyillatib o’qiydigan benazir suxondon, iste’dodli rejissyor hayotining poyonida go’yo o’z ovozini o’zi eshitolmay qoldi… Shunday deyapmanu, ammo, bu odamning biron marta noliganini ko’rganim yo’q. Hamisha o’ziga yarashgan bir nim tabassum labida, cho’rtkesar, dangalchi… “Dunyoning obodidan ko’ra barbodi…”deb qo’l siltayotgandek.

So’nggi paytlarda ko’proq ichardi. “Alami ko’p buning yuragida, ichi to’la dard” derdilar Samandar akam. Tinmay chekardi. Ajabki, shu yurishi o’ziga yarashardi ham! Shtirlitsga o’xshatardim o’zimcha. Uzun charm plash, gardishi kengroq shlyapa va albatta galstuk! Rahmat akaning galstuk taqmay yurganini ko’rmaganman. Unda ichki bir madaniyat, Buxoroning qadimiy eshonzodalariga, xo’jalarga xos bir… o’ziga xoslik bor edi. Bilmadim, yo bu chinakam artistga, san’atkorga xos ichki intizommi, “Onangni otangga bepardoz ko’rsatma” degan maqolning erkakcha tasdig’imi… Ishqilib, u o’zini, o’z g’ururini juda hurmat qilardi. Darveshona, pala-partish kiyinib yuradigan san’atkorlarni, rejissyorlarni ham ko’rganman, (ular buni balki “imidj” deb oqlashar) lekin Rahmat akaning hatto tuflisigacha hamisha yaltirab yurardi. Menimcha, u tashqi va ichki iflosliklardan hazar kiladigan odam edi.

Janozalariga qatnashdik, uni sog’inib she’rlar bitdik (“Sassiz diydor” degan bir narsa, “Unutilgan qo’shiq” to’plamiga kirgan), ammo bu bilan dil taskin toparmidi… Endi tushundimki, yaxshi ko’rgan odamingni yo’qotsang, yillar o’tsa-da uni ko’proq sog’inaverar ekansan. Xuddi tog’dan uzoqlashganing sari u yana-da maxobatliroq ko’rinavergani kabi. Shukur aka, Rahmatjon akalar ana shunday tog’lar edi men uchun…

Shukur akaning meni so’ratganlari xususida edi gap. Ishqilib, besh-o’n kun tortinib yurdim: men kimman o’zi, qanday, nima deb boraman? Oxiri Samandar akam qattiqroq gapirdilar:

— Boring-da endi! Shunday odam so’rab tursa… Radiongizni pishak yermidi, o’zim qarab turaman.

Ketdim. Yo’lxaltani yelkaga ilib, Toshkentga jo’nadim.

Temir Qurbon degan do’stim bor, asli o’zimizning Olotdan. Universitetni bitirib, Toshkentda qopketdi. Ayoli Sanoatxon – qo’qonlik (shuning uchunmi, Temir ikki gapining birida “bizda, Qo’qonda anovi ishni bunday qilishadi” deb qo’yadi, “xotinga sotilgansan” deymiz piching qilib, u esa parvoyam qilmaydi).

Temir – yaxshi shoir, fan nomzodi. Ichki ishlar akademiyasining nashriyotida ishlaydi, podpolkovnikmi, polkovnikmi, ishqilib, yelkasida kat-ta yulduzdan bir nechta bor. Alqissa, qachon Toshkentga borsam, yo unikiga, yo G’ulom Karimiynikiga tushaman. Bu safar ham shunday bo’ldi: Otchopardan marshrut taksiga o’tirib, Qo’yliqda tushdim. Tong qorong’usi, odam-odamni zo’rg’a taniydi. Yo’q, G’ulom meni tanidi. (bechora do’stim, kutib o’tirgan ekan-da). Ko’rishdik, so’rashdik, so’ng u uyiga boshladi. “Vodnik” degan joy bor ekan, (u yerlarni uncha yaxshi bilmasdim hali)o’sha yerdagi “dom”lardan birida turardi do’stim u paytlarda (hozir kat-ta “uchastka” solgan, sharoitlari jannatdagiday).

O’sha kuni dastlab Temirning uyiga bordik.

— Telefon qilib qo’yganman unga, kutib o’tiradi, boraylik, -dedim. G’ulom rozi bo’ldi, ketdik. Temir va oilasi bilan ko’rishib, G’ulom ikkovimiz shaharga jo’nadik.

— Shukur Xolmirzayev yo’qlatgan ekanlar, bir borib uchrashishimiz kerak, — dedim ataylab sal beparvoroq ohangda (go’yo “ko’rdingmi, qan-day odamlar bizni so’rab turishadi?!” degandek. Kibr-havoni qarang-a!)

— Da-a?! – G’ulom biroz hayron bo’lgandek bo’ldi, so’ng qo’shimcha qildi, — Mayli, boraylik-chi.

Dastlab Respublika radiosiga bordik. Nazarimda, Rahmat Juma shu yerda bo’lishi kerak edi. (u paytda hali vafot etmagandilar u kishi) Darvoza oldida birpas turdik. Kirib chiqayotganlar ko’p, lekin Rahmat aka ko’rinmaydi. Shu payt Hikmat akani ko’rib qoldim.

(Hikmat Rajabov – taniqli dirijyor, orkestrda ishlaydi. Bir nacha yil Buxoro viloyati Madaniyat boshqarmasiga rahbarlik qilgan, xush-xandon kishi).

— Hikmat Jumayevich, bormisiz!?

— E-e, shoir, qaysi shamollar uchirdi bu yoqqa! Qani-i-y… – u quchoq ochdi, bag’irlashib ko’rishdik. Hikmat aka, xuddi yoshlar san’at ahlini tasavvur qilganlariday, sochi yelkasiga tushgan, jinsi shim va oq kostyumda. (Ko’ngli qarimaydigan kishi-da asli)

— U kishini ko’rmadim bugun, — dedi Hikmat aka Rahmat Jumani kutayotganimizni eshitib, — Kim bilsin, balki Buxoroga jo’navordimi yana…

— Mayli unda, hali “soyuz”gayam kirishimiz kerak, — deya gap qistirdi G’ulom.

— I-i, borasizlar-da, bu-u, Abdunabijon, agar ikki-uch kun qolsangiz, bir uchrashaylik, issiq va sovuq choylardan deganday… – Hikmat akaning ko’zlari sho’xchan yiltiradi. Kulishdik.

— Bilmadim, aka, agar ketmasam, topishamiz.

— Qiziq odam ekan, — dedi G’ulom xayrlashib, burilib ketgan dirijyorning ortidan qarab, — ancha sho’x ko’rinadi.

-Sekin aytasizmi… Ketdik bo’lmasa.

Yozuvchilar uyushmasiga kirib, Sirojiddin akani topdik.Gap shundaki, ustozim Samandar Voxid ikki jildlik “Saylama”sidan Abdulla aka Oripovga va Sirojiddin Sayyidga dastxat bilan bervorgandilar. O’sha kuni Abdulla aka yo’q ekanlar, kitoblarni va Samandar akaning salomlarini Siroj akaga topshirib, qaytib chiqdim.

— “Sharq”qa ham bir kiraylik, — dedi G’ulom o’ziga, gavdasiga yarashgan qandaydir salobat va jiddiylik bilan, — Ibodullani ko’ramiz.

“Sharq” matbaa kontsernida ishlaydigan do’sti Ibodulla Shoymardonov xonasiga chiqqunimizcha u matbuot va nashriyotlar haqida gurung berdi. Olis viloyatning olis tumanida yashovchi menday odamga bularning bari o’ta qiziq tuyulishi tabiiy, albatta. Lekin, rosti, ichimda bir tuyg’u hadeb shoshirardi meni. Bilmadim, bu hali notanish bo’lgan Ibodulla bilan ko’rishish taklifiga qarshilikmi (“Kim o’zi u, qanday odam, nima deyman ko’rishganda” qabilidagi tortinish), yoki tezroq Shukur akani ko’rishga bo’lgan ishtiyoqmi – nima bo’lgandayam, qandaydir bezovtalik bor edi dilimda. G’ulomga ergashib, qabulxonaga kirdik.

— Ichkarida odam bor, — dedi kotiba qiz, — Sotim Avazmi, Komil Avazmi degan xorazmlik shoir.

— Mayli-i, kutami-i-z… – dedi G’ulom Karim beparvo.

“Shu bugun ko’rish shartmidi qandaydir Shoymardonovni! U yoqda Shukur aka…” deya g’ijingandek bo’ldim va shu lahza eshik ochilib, xorazmlik shoir qalin papkani qo’ltiqlab chiqdi. Biz bilan qo’llashib ko’rishdi-da, chiqib ketdi.

— Kelinglar, Karimov, kiraveringlar, — dedi ichkaridan bir ovoz. G’ulom bizni tanishtirgach, Ibodullaga tuzukroq razm soldim: yoshi o’zimiz tengi, oq-sariqdan kelgan, istarasi issiq yigit ekan. Dilimga bir iliqlik yugurdi, boyagina ko’nglimni g’ash qilib turgan andishami , begonasirashmi, tarqab ketdi. Bir piyoladan choy ichilgach, G’ulom dedi:

— Abdunabi, Shukur akaga telefon qilib, bir og’iz bildirib qo’ysangiz yaxshi bo’lardi.

Ibodulla bizga go’yo marsliklarga qaragandek ajablanib tikildi. Bu nigohda “Bularning esi joyidami o’zi?” degan savol yashirinib yotgandek edi.

— Kimga..? Telefon? Xolmirzayevgami?

— Hm-m…-dedim bosh irg’ab.

— Ovora bo’lmanglar, Shukur akaga yaqin borish qiyin. Menimcha , u kishi hamma bilan ham gaplashavermaydi.

Uning bu gapidan “Shukur aka yakkalikni yoqtiradi, fe’li og’ir, odam isini suymaydi” degan ma’noni uqqandek bo’ldim. Yuragimga xavotir o’rmaladi. “Nima bo’lsa-bo’lar” degandek, qo’ng’iroq qildim.

— Da-a… – nariyoqdan bosiq, xastamonand ovoz eshitildi.

— Assalomu alaykum, Shukur aka.

— Valeykum… — uning tovushida o’sha, o’zi esselarida yozgan “jo’qchilar” lahjasiga xos ohang ham, hayotdan, odamlardan qandaydir bezgan, alamzada bo’lgan inson istehzosiyam bor edi.

— Men Buxorodan keldim. Abdunabi Hamroyevman. Rahmat Jumadan so’ragan ekansiz… -shu gaplarni aytgunimga qadar xayolimda Shukur akaning ilk bor uchratganimda uning ko’zlarida ko’rganim – begonasirash, o’zidan nari itarishga urinish – o’sha ma’no gavdalanib turdi. Hozir “Qaysi Abdunabi? Nega boshni qotirasan sen bola?!” deb qayirib tashlaydi… Ammo… O-O! Uning keyingi gapi..! Bu so’zlar, so’zlarning qatidagi ohang dilimdagi shubha bulutlarini, xuddi charaqlagan quyoshdek, tarqatib yubordi.

— E-e, ag’ajan, men sizni bir oydan beri kutip o’tirippan. Tashkentdamisiz o’zi? Tez yetib keling! Adresni… bilarsiz?

— Bilaman, Rahmat aka beruvdilar. Hozir yetib boraman.

G’ulom Karimiy – forsiyshunos olim, shoir va nosir, fan nomzodi – ham (Ibodullaniku qo’ya turaylik) bu ishdan biron natija chiqishiga ich-ichdan ishonmayroq turgan ekanmi, chehrasi yorishib ketdi.

— “Tez kel” dedilarmi? Unda ketdik. Shoymardonov, poka!

Taksi bir pasda Yunusobod bozoriga eltib qo’ydi. Buxorodan bir juft “Shohrud” arog’i va mayda-chuydalar oluvdim, bu yerdan issiq non va kolbasa xarid qildik. Shukur akaning uyini qiynalmay topdik. Ming bir hadik bilan eshik qo’ng’irog’i tugmasini bosdim…

Ichkaridan tovush keldi:

— Kim?!

Bu ovozda so’rov ham, ensa qotish ham, allaqanday ijirg’anish va odamlardan zada bo’lish ohanglari ham bor edi nazarimda. “O’zi kelishimni so’ragan bo’lsa, tag’in bu zarda nimasi… – ichimda shayton shivirlardi go’yo, — Nima, o’tmagan kunim bormi… Qaytib ketaymi yo…”

— Abdunabiman, — dedim istar-istamas. Eshik ochildi, Shukur akaning tajangroq chehrasi ko’rindi. Hozir, oradan besh yil o’tgach, ayrim detallar esimdan chiqqan bo’lsa bordir, ammo, yanglishmasam, Shukur akaning egnida rangi uniqqan beqasam (balki, kuyovligida kiygandir) chopon, boshida o’sha mashhur shlyapasi, sportcha cholvor va oyog’ida ko’kish shippak bor edi. U bizga o’ziga (yoki, yuqoriroqda aytganimday, mashhurlarga) xos bo’lgan “itaruvchi” nigoh bilan bir lahza termuldi. “Qani, qaysi birimiz kim ekanligimizni aniqlay olarmikan? G’ulomni “Abdunabi” deb atab, uni so’roqqa tutib qolsa-ya! Rosa qiziq bo’lardi-da!” degan bema’ni fikr o’tdi xayolimdan.

— Kiringlar… –Shukur aka tislanib, yo’l berdi, ichkariladik. Bittagina nimqorong’i xona, oshxona va boshqa “xonacha”lardan tashqari, albatta. Shukur aka dunyoga qo’l siltagan darveshday, chehrasida qandaydir kinoyali yarim jilmayish bilan joy ko’rsatdi. Xonaning bir chetidagi kichik stolcha atrofiga o’tirdik: G’ulom burchakroqqa, men – mezbonning ro’parasiga. Uy ichiga razm soldim: devorda eskiroq gilam, unga baxshilar chalib, terma aytadigan do’mbira osib qo’yilgan. O’sha gilamli devor tagida esa kenggina temir karavot. Qachonlar urfdan chiqqan, ehtimol 40-50-yillarda moda bo’lgandir bunaqasi. Narigi burchakda dumaloq yozuv stoli, mashinka, javonda besh-o’nta kitoblar. Tamom, bor-yo’g’i shu. Xona anchayin tor, odamning yuragi siqiladi go’yo. Buning ustiga, nimqorong’i. “Nima balo, Shukur aka yorug’likni yoqtirmaydimi…” degan o’y xayolimdan kechdi.

— Men hazir… chay qo’yib… – adib qo’zg’aldi.

— O’zim qo’yib kelaman! – deya shartta turdim.

— Chaynakdi suvga yarim to’ldirib…

— Eplayman, aka, siz o’tiravering.

— Ha, may-li esa…

Choy qo’yib kelgunimcha do’stim G’ulom opkelgan narsalarimiz bilan stolni to’ldirib tashladi.

— Aka, Buxorodan ataylab olib keldim, mozorbosdi… – shunday deb “Shohrud”dan birini ochdim.

— Shundaymi, ih-m. Xay, qani … – Shukur aka piyolani olib, G’ulomga savolomuz tikildi, — Siz..?

— Men ichmayman, uzr, Shukur aka, — dedi G’ulom odob bilan.

— Qandey bo’ladi, biz ekov…

— Mayli, — dedim shaddotlik qilib, — bu kishining hali ishlari ko’p. Biz endi, rosti, dardlashgani kelganmiz. Oldikmi?

— Oldik, -Shukur akaning chehrasi biroz ochilganday bo’ldi. Bu orada G’ulomni

yaxshiroq tanishtirib, kiftini keltirib maqtadim: olim, shoir, yozuvchi, tarjimon…

— Qara chay ichasizmi, ko’k chaymi? – so’rab qoldi Shukur aka.

— Farqi yo’q. O’zim damlab kelaman, — dedim. Damlangan choyniyam faqat o’zim ichdim hisobi. Shukur aka nuqul kofe ichadi deng. Ichimligiyam shu, gazagiyam.

— Rahmat akadan so’rattirgan ekansiz…

— Ha-a, aytmoqchi… Rahmatjon kitobingizni opkeluvdi, “Yirtqich”di. O’qidim, menga yaqdi. Ikki qissa ekan-da. Biroz kengaytirsangiz tayyar raman bo’ladi.

Shukur akaday odamdan bunday gapni eshitish, o’h-ho’! O’sha paytda ko’nglimdan kechgan tuyg’ular… Oldiniga yayrab ketdim, so’ng yuragimga shubha tushdi: yo meni sinayaptimi? Yo’g’-e, unaqamasdir, qarashlari samimiyku! «Shunday bo’lsayam, ehtiyot bo’lgan yaxshi” degan o’y bilan, e’tiroz bildirganday bo’ldim:

— E-e, Shukur aka, uni qo’yavering, shunchaki tajriba qilib ko’rdim-da, g’arbliklarning “supergeroy”lariga o’xshagan bir obraz chiqarmikan deb…

— Yaxshi chiqqan, — dedi Shukur aka jiddiy, so’ng tamaki tutatdi, — to’g’ri, milliylik kamroq ekan, amma, tuzuk bala ekan Javloningiz.

— “Kak sdelatь detektiv” degan bir kitobda “Detektiv yozuvchining yigirmata qoidasi” degan narsani o’qigandim. O’shanda aytilishicha, ishqiy mojorolar, sentimental holatlar, falsafiy mushohadalar, diniy pand-nasihatlar, tabiat tasviri va shu kabilar detektivda imkon qadar bo’lmasligi yoki kamroq bo’lishi lozim ekan. Voqealar shiddatini susaytirib, o’quvchining taranglashgan asablarini bo’shashtirarkan bu narsalar.

Shu gaplarni aytdimu, tilimni tishladim. “Ahmoqsan! – dedim o’zimga o’zim, -Sen kimga aql o’rgatyapsan?! O’zbek yozuvchilari qiroliga-ya!”

— Da-a? Yaxshi gap ekan. To’g’risiyam shu-da o’zi. Xorij adabiyotini ko’p o’qiysizmi? – Shukur aka sinovchan tikildi. Bu orada shisha bo’shab, ikkinchisi ochildi, — Kimlarni ko’proq o’qiysiz?

— Rostini aytaymi? – dedim chapaniroq qilib.

— Ebi, kaneshni.

— To’g’ri, Kafka, Borxes, Markes, Floberlarniyam o’qiganman. Lekin, rosti, detektiv va fantastikani ko’p o’qiyman. Cheyz, Artur Shekli, Bob Shou, Garrison, Ayzek Azimov, Reks Staus, Sidni Sheldon, Pol Anderson, Robert Jelezyani… Lekin, eng sevgan yozuvchim – Stiven King.

— Malades!- dedi Shukur aka yayrab, so’ng piyolani olib, cho’qishtirdi, — Ay-y, anovi oldin sanaganlaringizni hamma o’qiydi. Har kimning didi bor, o’ziga yarasha-da. Gap o’qishdayammas, uqishda, uslub yaratishda. Xay, qani shuni olaylik.

— Aka, hikoyalardan gapiring, — dedim yurak yutib. O’sha “Yirtqich” degan to’plamda beshta hikoya ham bor edi. Shukur aka, ming qilsam, Qahhordan keyingi hikoyachilikning piri. Hozir “do’pposlab” qolsa-ya!

— Hikoyalaringizam normalniy. Muhimi, til yaxshi, shirali, obrazlar yorqin. Amma … bir kamchiligingiz bor: siz detektivga yaman o’rganibsiz, hikayalarning ayrimlarida vaqealarni qalashtirib tashlaysiz. To’g’ri, aslida buyam bir uslub bo’lishi mumkin, lekin hikoya degan narsa tahlilni talab qiladi. Adashmasam, qaysidir bir yili “Adabiyot va san’at”da bir maqolangiz chiquvdi, a?

— Ha… – dedim qo’rqa –pisa.

— O’shanda to’g’ri gaplarni yazgansiz. Adabiyatning vazifalari – tahlil etish, tasvir etish, kashf etish va ogohlantirish. Insonning ruhini tahlil qilsa, uning hayotini tasvirlasa, uning yavuzligidan o’zgalarni ogohlantirsagina, asar chinakam asar bo’ladi. O’sha maqola… sarlavhasi nima edi?

— Gazetada “Yana bir e’tiroz” degan sarlavha bilan chiqqan. Aslida nomi boshqacha edi. Isajon Sulton, Salomat Vafo, yana ikki-uchta yozuvchiyu, tanqidchilarning bir davra suhbatini o’qib, ayrim e’tirozlarimni yozuvdim-da.

— Boplagansiz, esimda! – Shukur aka yayrab kuldi, so’ng do’stimga qaradi, — G’ulomjon, sizam gapiring, nuqul bizlar gapirib…

— Yo’q, men maza qilib eshitib o’tiribman, aka. Sizlar bemalol,- G’ulom jilmaydi.

— Mayli esa, ishqilib, xapa bo’lmang-da. Bu bala juda menbap ekan-da. Yashligimda menam shundaqa batir edim. Abdunabi, siz… qo’shiq aytsangiz kerak, a?

— Endi, ba’zan…

— Sezdim-da. Ayrim narsalaringiz juda ravon “Baxshiyona” deydiku Usmanjan, o’shanaqa-da.

— Rahmat. Aka, men bir ko’chaga chiqib kelay, pastda do’koncha bor ekan. Besh minutga.

— Nimaga?- hayron bo’ldi Shukur aka, so’ng bo’sh shishalarni ko’rib, siniq jilmaydi. –Ha-a, tugabdimi? Menga bir pachka “Karvon” ham apkeling. Hazir, pul…

— Pulim bor, o’tiravering –shunday deb dahlizga chiqdim. Paastga tushib, pod’ezd oldida birpas turdim. “Tavba, nimaga aroq ta’sir qilmayapti? Yo qo’lbola ekanmi? Yo’q, Shukur aka maqtadiku! Ko’p gapirdimmi? Unchalikmas… Shukur aka unaqa qo’qinchli emas ekanku! To’g’ri, biroz dangalchi, to’g’ri so’z. Nega meni buncha o’ziga yaqin oldi? Xarakterlarimiz o’xshashmi? Bilmadim… Ishqilib, yoqtirib qoldi. Men-chi? Shukur aka yoqadimi menga? Bo’lmasa-chi! Shukur aka — mujik! O’g’il bola! Boya bir-ikkita nomi chiqqan qalamkashlarniyam chaparasta qilib so’kib tashladiku! Uncha-munchani tan olmaydi. Biladi-da o’zining zo’rligini. Ishqilib,ehtiyot bo’lganim yaxshi. Tag’in biron gapim og’ir botmasin…”

Xarid qilib, xonaga qaytib chiqqanimda Shukur aka oxirgi sigaretasini tutatgancha, qo’lida… miltiq bilan turardi! Yuragim orqaga tortib ketdi. Hayron bo’lib G’ulomga qaradim.

— Ov haqida gaplashayotuvdik, — dedi u kulgancha, — Shukur aka miltiqlarini maqtayaptilar.

— Boysundan apkeganman, — dedi Shukur aka qo’shotarni “sindirib”, joylangan o’qlarni ko’rsatarkan, — qadrdonim-da bu.

Yengil tortdim. Bir shisha “obi zamzam” va to’rt pachka “Karvon”ni stolga qo’ydim. Mezbon ham miltig’ini karovot ostiga tiqib, kelib o’tirdi.

— Bu akam endi ekkavga zo’rlik qilar-ov, -dedi u shishaga ishora qilib.

— Aka, majburiyat olganimiz yo’qqu, hammasini ichamiz deb. Tortganicha olaylik, qolgani turaverar, yomon kunning yarog’i bo’li-i-b.

— Hay joningdan! –dedi Shukur aka mehri iyib, — Tus o’zim-da bu!

Endi Shukur aka rostakamiga “ochilgandi”. Talabalik yillarini, yangamiz bilan tanishganlarini, Qo’shjonov domla bilan suhbatlarini (Darvoqe, bu haqda adibning “Saylanma”sida, to’rtinchi jilddagi esselarda batafsil bitilgan) gapira ketdi. Tug’ma aktyor emasmi, obrazga kirib, qo’l harakatlari va mimikalar bilan so’zlardi. Keyin mavzu ijodiy rejalarga burildi. Shukur aka boshlab qo’ygan asarlari, ayniqsa, “Loyli ko’chalar” sarlavhali yangi hikoyasi to’g’risida ezilib so’zladi. Hikoya qaxramonining umr yo’li, uning ona qishlog’iga borishi, yomg’irli tun, mashinaning botib qolish… Adib bularning barini juda hijjalab, erinmay, o’ziga va o’z qahramonlariga xos bo’lgan qisqa, uzilib-bo’linib turuvchi iboralarda tushuntirardi. Ikkovimiz ham birozgina sarxush edik (oxirgi shishadan ham ikki qadahdan oluvdik-da), xushyor G’ulom esa zerikmay bizni tinglar, ora-sira gap ko’shib qo’yardi. O’sha kuni men mashhur yozuvchi to’g’risida oxirgi fikrga keldim: televizordagi chiqishlarida o’zini tutishlari, gap-so’zlari, suratlaridagi andak parishonlik, ko’pchilik orasida atrofga hurkibroq nazar tashlashi- bularning bari adibning chinakam o’zligiga, ichki qiyofasiga (siyratiga deymizmi) unchalik ham mos tushavermas ekan. Shukur aka yaxshi suhbatdosh edi! Jonli gapirardi, xuddi jonli yozgani kabi. Mohir rejissyorday tushuntirardi gapini, o’zak fikrni bexato topa olardi. “Unda tashqi ko’rinishi, jamoatda o’zini tutishi shunchaki “imidj” ekan-da” degan fikr ham, menimcha, unchalik to’g’ri emas. Odamlardan biroz begonasirash, o’zini chetga olish, ko’pchilikka aralashishdan qochish, uncha-munchaga sir bermaslik, dil yormaslik – bularning bari, nazarimda, Shukur akaning himoya vositasi edi. Atrofidagi shafqatsiz dunyodan, qahri qattiq hayotning zarbalaridan o’zini ihota qilish usuli edi. O’zini, toza tuyg’ularini, bolalarcha hayratini, o’zi o’z qalbida yaratgan dunyosini, “Shukur Xolmirzayev” nomli yangi sayyorani begona, hirsli nazarlardan asrash yo’li edi. O’z olamiga mansub bo’lgan, ko’ngliga yo’l topa olgan, o’zi bilan “tuprog’i bir yerdan olingan” odamlarga u jonini berishgayam tayyor yashardi. Mag’rurligiga yana bir sabab esa — kamyob iste’dodi. Ma’lum ma’noda ustozi Shukur Burxonday g’ururi baland, ko’pchilikdan “bir kalla” baland yuradi. Va bunga uning ma’naviy huquqi ham bor edi. O’z sohasi (adabiyot, ijod olami)ning barcha qutblarini kashf eta olgan, o’z ishi (yozuvchilik)ni qoyillatib qo’ygandi! U maqtansa-da yarashardi, erkalansa-da, g’ururlansa-da. Biroq, u na maqtandi va na erkalandi. Xalqqa ham, hukumatga ham erkalik qilmadi. Xokisor, biroq mag’rur yashadi.

… O’sha kuni Shukur aka G’ulom ikkovimizni uyi orqasidagi bekatgacha kuzatdi.

— Biravdi kuzatganimni eslolmayman so’nggi yillarda, — dedi u kulimsirab, -siz menga yaqib qoldingiz, ag’ajan. Bedarak ketmang, telefon qipturing. Men 1- aprelda dachaga ko’chaman…

Xo’shlashib, taksiga o’tirdik. G’ulom ancha yo’lgacha jim ketdi, mening bo’lsa chakagim tinmaydi.

— Baxt bu… –dedi u nihoyat, — Shukur akaday odam biz bilan qariyb besh soat suhbatlashdi! Misli ko’rilmagan voqea!

Kechki payt G’ulom Karimiyning taklifi bilan uning uyida Qahramon Rajabov, Ergash Ochil, Abdusattor O’zg’ur, Temir Qurbon, Abduhamid Parda kabi shoir, olim va yozuvchilar to’plandilar. Suhbat asnosida ham Shukur aka to’g’risida ko’plab fikrlar aytildi. (Darvoqe, nomlari zikr etilgan ijodkorlar va tag’in Vafo Fayzullo, Ulug’bek Hamdam, Ravshan Ishoq kabi qalamkashlar har ikki-uch oyda bir to’planishib, bir piyola choy ustida adabiy gurung o’tkazishadi, davra a’zolaridan kimningdir ijodini muhokama qilishadi. Yutuq va kamchiliklar aytiladi, asarlarga xolis baho beriladi. Kamina ham bu kabi davralarda bir-ikki bor qatnashib,huzur qilganmiz). Do’stlarimiz bizning Shukur aka bilan “otamlashib” kelganimizga avval ishonishmadi, so’ng, jiddiy gapirayotganimizni anglashib, nazarimda, bizga biroz havas ham qilishdi. Mening esa, vaqtim xush, baxtdan boshim osmonda edi. To’g’ri-da, Olotday chekka bir yurtda yashaydigan bolani kimsan – Shukur Xolmirzayev so’rattirib olib kelishi hazil gapmi!? Ko’nglimda o’nlab ijodiy rejalar tug’yon urar, Shukur akaga, uning mehriga munosib bo’lish uchun nimalar qilish to’g’risida xayol surardim. Afsuski, beshafqat, ayyor qismat kutilmagan zarbani berishga tayyorlanayotganini hech kim bilmasdi o’shanda…

Aytmoqchi, ustoz-shogird masalasida: o’sha suhbatda Shukur aka bir gapni kulib aytib beruvdi:

— Shagirt bo’lish… Bilmadim, men bu haqda hech o’ylab ko’rmapman. Menda undaqa … surkalib yurish adatim yo’q. Ko’p narsalar o’rgandim, Qahhordan, Qo’shjanovdan, boshqalardanam. Amma, hadeb ularni bezovta, bezar qilib boravermaganman… O’zlarini menga shagirt sanaydigan uch-to’rt balalar, qizlar bar, ba’zan kelib-ketishadi. Narsalaringizni o’qiganimdan keyin bir-ikki jayda sizni maqtagandim, ularam endi… arazlashibdi mendan. “Shukur akaning buxaralik bir balaga mehri tushib qalg’an, hadeb o’shani gapiradi” deb… Ay-y, ag’ajan, har kim o’zi biladi. Aslida, ko’ngil, vijdan –eng yaxshi ustaz…

O’shanda bu gaplardan menam kerakli xulosani chiqarib oldim: Shukur akani bo’lsa-bo’lmasa bezovta qilavermaslikka ahd qildim. Buxorodagi Toshpo’lat Ahmad, Samandar Vohid kabi ustozlarimizni ham xuda-behuda yo’qlab, bezor qilib qo’yishdan qo’rqaman. Mehr ko’ngil tubida qoim bo’lsa ?

Shukur Xolmirzayev. Saylanma. 4-Jild. Esselar by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 1 121, bugungi 1)

Izoh qoldiring