Omon Muxtor. Men bilgan Rauf.

099
Ана, дейлик, биз (мен ишлаган кино қўмитасида) тўрт киши ўтирган хона эшигини секин, қия очиб, Рауф Парфи мен эгаллаган стол томон сал қисиниб, сал хижолат чекиб қарайди.
Албатта, дарҳол ўрнимдан туриб, йўлакка чиқаман. Ҳол-аҳвол сўрайман. Рауф, одатда, файласуфона оҳангда дейди:
– Шакл бор, мазмун йўқ.

052

Омон Мухтор
МЕН БИЛГАН РАУФ

Биз дорилфунун (ҳозирги Миллий университет)га ўқишга кириш ташвишида эдик. Куни бўйи хиёбон (бу кунги Амир Темур хйёбони) этагида тизилиб ўтириб, рўпарадаги эски ғиштин бино эшигини пойлардик. Имтиҳонлар бошланган. Ким талаба номини олиб, ким уйга қайтиб кетиши ана-мана аниқланиши керак бўлган кунлар эди.
Мен Рауф Парфи билан шу пайтда танишганман. Ўшанда у Турсун Парпиев эди. Ўқишга биз ҳеч бир имтиёзсиз (нафақа ва ётоқхона берилмаган ҳолда) қабул қилинганмиз. Пахта теримига бориб намуна кўрсатсанглару ярим йиллик имтиҳонларни яхши топширсанглар, шунда «тўла ҳуқуқли» талаба бўласизлар, дейишган. Мен бу «чиғириқ»дан амаллаб-қийналиб ўтганман. Адашмасам, Рауф пахтага ҳам бормади, кейин машғулотларга оз-моз қатнаган бўлса-да, қўйилган шартни бажаргиси келмади, навбатдаги йил қайтадан киришга ҳаракат қилмоқчи бўлди. Лекин у ўзи келган Янгийўлга гоҳ-гоҳ бориб туриб, асосан Тошкентда қолди. Ўқишга кирган-кирмаган кўпчилик ижара уйларда турардик. Рауф билан ора-орада кўришардик. Бир гал учрашганимизда, мен ҳам шеър ёзаман, деди. Икки-уч катакли дафтарни танишиш учун берди. Бу воқеа бизнинг кейинчалик шеърият, умуман адабиёт бобида, аксар учрашиб, суҳбатлашишимизга восита бўлди.
Вақти келиб, менинг «Оҳанг» деган бир китобимга Рауф муҳаррирлик қилган. Иккимиз Адабиёт нашриётида муҳаррир бўлиб бирга ишлаган пайт ҳам бор. Яқинда бошқа бир муносабат билан ёзилган мақолада уни шундай эсладим:
«Негадир илк ёшликдаги оғайниларим — Абдулла Орифми, Рауф Парфими, Машраб Бобо ёки Сафар Барноми — бўйнига юкланган ишни тўғри, виждонан бажарган, шунинг баробарида, бир жойда муқим ўтиришдан кўра кўпроқ «кўчада юриш»ни ёқтирган йигитлар эди (булар орасида Абдуллажонни кейинчалик ҳаёт «муқим ўтириш»га ҳам «ўргатиб қўйди»).
Ана, дейлик, биз (мен ишлаган кино қўмитасида) тўрт киши ўтирган хона эшигини секин, қия очиб, Рауф Парфи мен эгаллаган стол томон сал қисиниб, сал хижолат чекиб қарайди.
Албатта, дарҳол ўрнимдан туриб, йўлакка чиқаман. Ҳол-аҳвол сўрайман. Рауф, одатда, файласуфона оҳангда дейди:
– Шакл бор, мазмун йўқ.
У хилват бир гўшада ўтириб суҳбатлашмоқчи эканлигини сезаман. Унга қўшилиб кўчага йўналаман. Бино эшигига етганда, Рауф менга йўл бўшатиб, ҳазиллашган кўйда:
– Олдинга ўтаверинг. Сиз ўрисчани яхши биласиз! – дейди.
Шу ўринда айтиш керак. Буюк адибларимиздан Абдурауф Фитратга аввалдан, ҳали унинг номи ва ижоди тақиқланган пайтлардан қизиқаман. «Афлотун» романимдаги Рауф образи унга тегишли! Рауф Парфининг айрим фикрлари, шеърларидан ҳам фойдаланганимдан, қарасам, Рауф Парфи вафот этган кунлар «Ён дафтар»га ёзиб қўйган эканман:

Қалбга таскин бахш этар
на «уҳ», на «уф»,
Ўтди оламдан наҳот,
икки Рауф?!»

Рауфнинг ҳаёт тарзи бироз бетартиб (дарвешона) эди. Лекин у ўзи, ўз ҳаётидан ҳам кўра кўпроқ адабиётни ўйлайдиган ижодкор. Шеъриятимизни бадиий маҳорат бобида бир қадам олдинга сурган катта шоир эди.
Рауфга лутф тариқасида, кўп йиллар муқаддам, унинг машҳур бир шеърига бағишлов ёзган эдим. Инсонга тириклигида кўрсатган меҳр, у оламдан ўтгач кўрсатилган ҳар қандай илтифотдан ҳам устун, деб билганимдан, шу шеърни келтирсам:

ЭЙ, БАҲОР
Дўстим Рауфга

Биздек баҳорларни суйиб ўтдилар
Минг йил саҳроларда карвонлар қатор.
Бизга кетаётиб қўшиқ тутдилар:
Эй, баҳор! Эй, баҳор!
Сўнгсиз баҳор эмиш одамнинг бахти,
Йўқ, у кўп бўлмади ерда барқарор.
Умиддан кўкарди дунё дарахти:
Эй, баҳор! Эй, баҳор!
Ғариб ер устида йилт этди қуёш,
Замонлар давоми қорайганда қор.
Қондек лола тўкди бирдан тоғу тош:
Эй, баҳор! Эй, баҳор!
Дунёда, не алам, топилиб, ҳамон
Топилар баҳорга душманлар бадкор.
Лекин ўзгарар-ку, замину замон:
Эй, баҳор! Эй, баҳор!
Биз суйиб баҳорни ўтганлар мисол,
Умидга боғландик ҳаётда такрор.
Бир қўшиқ биздан ҳам қолар, эҳтимол:
Эй, баҳор! Эй, баҳор!

Рауфдан бир эмас, кўплаб қўшиқлар қолди. Боқий дунёси, илоҳим, обод бўлсин.

2013

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

Izoh qoldiring