Taqdimot: Eshqobil Shukur. Ko’z yumib ko’rganlarim.

02
Eshqobil Shukur. Ko’z yumib ko’rganlarim. She’rlar.
Toshkent.,Akademnashr. 2013. — 104 bet
Эшқобил Шукур. Кўз юмиб кўрганларим.Шеърлар. Тошкент.,Akademnashr. 2013. — 104 бет

Ушбу китобга истеъдодли шоир Эшқобил Шукурнинг янги ва аллақачон ўқувчиларга ёд бўлиб кетган севимли шеърларидан намуналар жамланган. Улар – халқона оҳанг, сўфиёна нақллар – изтироб, ёруғ мушоҳада билан суғорилган. Муаллифнинг англаганлари – ҳаётбахш булоқ каби шоир қалбидан сизиб чиққан мисралар сизни янгариш сари етаклайди. Китоб атоқли шоир Абдулла Орипов сўзи билан очилади. Шунингдек, китоб якунида истеъдодли адабиётшунос олим Абдулла Улуғовнинг «Чорлов» деб номланган мақоласи билан танишасиз.

099

Абдулла Орипов
ФИКР ВА ҲИССИЁТ УЙҒУНЛИГИ

   Табиат мукаммалликни хуш кўради. Шунингдек, инсон фарзандлари ҳам ўзи англаган ё англамаган ҳолда мукаммалликка интилади. Шу боисдан биз камолига етган гўзалликни ардоқлаймиз, нодир фикрларни қадрлаймиз. Қадим билимдонларнинг уқтиришларича ҳам чексиз олам бус-бутун гармониядан – уйғунликдан иборатдир. Менинг ушбу муқоясаларни келтиришимдан мақсадим, ўзимиз кўриб-билиб турган борлиққа яна бир маротаба назар ташлаш, мана шу мезондан туриб, жумладан, шеъриятни ҳам баҳолашга интилишдир. Кимдир бадиий асарда (масалан, шеъриятда) фикр устиворлигини ёқтирса, кимдир ҳиссиётларга кўпроқ ишқибоз бўлади. Албатта, бу ҳолат ҳеч қандай муаммони келтириб чиқармайди. Аслида ана шу икки жиҳат бирлашгани учун ҳам адабиёт бадиийлашган бўлади. Бу ўринда энг муҳими муаллифнинг маҳоратидир.
Иқтидорли шоиримиз Эшқобил Шукур шеъриятини кўп йиллардан буён ўқиб, кузатиб келаман. Ҳар қандай ясамаликдан, ҳар қандай фикрбозликдан, ҳар қандай сохта оҳанглардан холи бўлган бу шеъриятда дилкашликни, самимиятни, меҳрни, куйинчакликни, теранликни, гўзалликни учратасиз.
Менинг назаримда бу дунёда ҳар қандай инсон ўзини тушунадиган, англайдиган суҳбатдошни ахтариб яшайди. Афсуски, ҳаётда бунинг акси ҳам кўп учрайди. Гоҳо кимлардир бир-бирларига жуда яқиндай туюлсалар-да, ҳар қадамда апоқ-чапоқ кўринсалар-да, моҳиятан уларнинг қалблари бир-бирларидан юлдузлар қадар йироқдир. Шу боисдан ҳам шеъриятда самимият, тўғригўйлик, инсонийлик доимо эъзозланиб келган. Одамлар ўзларини тушунадиган энг яхши суҳбатдошни жумладан шеъриятдан ҳам топганлар. Мен минбарларда шеър ўқиш навбати Эшқобил Шукурга келганида, унинг бежиз, шунчаки шеър ўқимаслигини биламан. Шоирнинг гоҳо мунг ва ҳасратга тўла, гоҳо латиф, нозик қочиримларга бой сатрларини такрор ўқийман. Мен ҳозир Эшқобил Шукурнинг янги тайёрлаган “Кўз юмиб кўрганларим” деб номланган шеърий тўпламидан “Мен қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим, Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим…” ёки “Маҳлуқдан малаклик изладим кўпроқ, Қошимда инсондай гуллади тупроқ” каби кўплаб мисраларни мамнуният билан келтириб ўтишим мумкин эди. Албатта, шеърият ихлосмандлари Эшқобил Шукур ижоди билан азалдан яхши танишдирлар, унинг овозини бехато тан оладилар. Энди китоблар кўп, уларнинг кўп бўлгани ҳам яхши, бироқ ҳар жиҳатдан мукаммал китобнинг қадри бўлакча бўлади. Эшқобил Шукурнинг янги китоби сизу  биз каби шеърият мухлисларига ажойиб совға бўлади деб ишонаман.

2013 йил 22 июн.

003

087

ҚАЛДИРҒОЧНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ

1.
Мен
Қабрда туғилган Гўрўғли эдим,
Икки жаҳон аро Йўлўғли эдим,
Зулмат йўргаклаган Нурўғли эдим…

Мен
Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,
Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим,
Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим…

Мен
Ризқ гуллаган дала бўйида эдим,
Қанот ёзган ялпиз бўйида эдим,
Висол ва Ҳижроннинг тўйида эдим…

Мен
Қалдирғоч қўрғонин меҳмони бўлдим,
Адашган мусофир армони бўлдим,
“Бор экан, йўқ экан” достони бўлдим…

Мен
Битта боларига толиб тушибман,
Кўҳна бир тандирга қолип тушибман,
Ўз-ўзимга мағлуб – ғолиб тушибман…

Мен
Маҳлуқдан малаклик изладим кўпроқ,
Қошимда Инсондай гуллади тупроқ,
Қўлим қанот бўлди, кўзларим чироқ…

Мен
Булбул ўқиётган китобни кўрдим,
Гўдак кулгусида хитобни кўрдим,
Шамолни ияртган шитобни кўрдим…

Мен
Қақраган чўл эдим, чин дарё бўлдим,
Бўм-бўш осмон эдим, ўзимга тўлдим,
Ерга жилғаларни етаклаб келдим…

Мен
Билдим руҳ рўёмас, қон ҳам эмас жон,
Кўз ёшлар сув эмас, нон эмас виждон:
Одам ҳеч эт эмас, хокмас бу жаҳон!

Мен
Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,
Ёшаётган музнинг тафтида ўсдим,
Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим…

2.
Мени…
Ҳаёт алдайверсин, алдама, Зебо,
Ўлим алдайверсин, алдама, Зебо,
Кўнглим алдайверсин, алдама, Зебо…

Мени…
Қуёшдан топарлар, ойдан топарлар,
Хаёл фарзандиман, ўйдан топарлар,
Жонимни Ишқ деган жойдан топарлар…

Мени…
Атиргул япроғин тарҳидан изланг,
Искандарнинг янглиш тарихидан изланг,
Ҳаёт ва ўлимнинг нархидан изланг…

Мени…
Бошқа бозорларга сола кўрманг ҳеч,
Совуқ мозорларга раво кўрманг ҳеч,
Ёлғон савдоларга ола кўрманг ҳеч…

Мени…

3.
Менга
Қандай дуч келдинг сен, ўн учинчи Моҳ?
Қолган ўн икки ой аҳволига воҳ…
Бутун ҳаётимнинг оғзи тўла: “оҳ”…

Менга
Сўнгги шеърмидинг сен ё сўнгги китоб?
Сарғайган варақдай руҳим ҳам бетоб,
Шавқим шитобингга беролурми тоб?..

Менга
Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ,
Туйғу арзандаси, жон ўкинчи Моҳ,
Сен кимнинг қайғуси ва севинчи, Моҳ?

Менга
Биринчи сўзмидинг, васиятмидинг,
Видо қўшиғими, илк ниятмидинг
Ё ҳаёт онаси шеъриятмидинг?..

Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ…

4.
Менда
Еру осмон, ой ва қуёш бор эди,
Томчи кулгу, кўза кўз ёш бор эди,
Юрак деган гултуғар тош бор эди…

Менда
Уч-тўрт сўм пул, бетоб виждон бор эди,
Мингта билиш, бир парча нон бор эди,
Қирқ бир қурбон ва битта жон бор эди…

Менда
Бир кўза сув, бир саҳро қум бор эди,
Мангуликдан адашган ЗУМ бор эди,
Ўзим ичра бошқа ЎЗИМ бор эди…

5.
Мендан
Дашту дала, тоғ ила дарёни топ,
Бу дунёга ўхшамас бир дунёни топ,
Ҳирот бирла Самарқанду Кўниёни топ.

Мендан
Бозор бирла дўконни излама ҳеч,
Сарву гулсиз маконни излама ҳеч,
Безамонман, замонни излама ҳеч…

Мендан
Шошқин шамолу абри найсонни сўр,
Уйни қўй, кўчани қўй, осмонни сўр,
Булутга чақмоқлик берган онни сўр.

6.
Шундай йиғлар саҳрода қумлар…
Лорка

Менда
Қандай сўзлар эди ҳарф ва товушлар,
Ҳасрат ва дуога тўлса ҳовучлар,
Товоним чўғидан ёнди ковушлар
Менда… менда… менда…

Менда
Қандай куйлар эди чопағон сувлар,
Нафасимда шошқин шамоллар увлар,
Қандай йиғлар эди етим қайғулар…
Менда… менда… менда…

Мен сенга ҳеч ёлғон сўзлаганим йўқ,
Юракдай тирилар кўксимдаги ўқ,
Йўқдан бори – ёлғон, бари Бордан – Йўқ.
Менда, менда, менда…

Мен сенга ёлғонни сўзламасман ҳеч,
Бошқа шоир келса, қасамларин ич,
Тилимда ялла-ю, бўғзимда қилич…
Менда… менда… менда…

(Tashriflar: umumiy 570, bugungi 1)

2 izoh

  1. Eshqobil Shukurning ko’zimni yumib ko’rganlarim kitobini qayerdan topsa bo’ladi

Izoh qoldiring