21 март — Устоз шоир Абдулла Орипов таваллудининг 85 йиллиги
Абдулла Орипов шеъриятидаги баҳор биз ўрганган ялангтош, сайилбоп, кўнгилочар баҳор эмас. Бу – одамни ўз аслияти билан юзма-юз қолдирадиган, ҳаёт ва мамотнинг шафқатсиз ҳақиқатларини юзга солувчи, мудроқ юракларни тиғлаб уйғотувчи Ирфоний Ҳакамдир…
РУҲИЯТ ВА ТАФАККУР ФАСЛИ
Мунисжон ҲАКИМОВ — Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Нодир қўлёзмалар бўлими мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим
Одамзотнинг энг катта фожиаси ва энг оғир адашуви қаерда, биласизми? Моҳиятни қўйиб, сувратга алданишида! Дунёни, ҳаёт ҳодисотларини фақат моддият, яъни кўз кўриб, қўл ушлайдиган ашёлар ўлчови билангина баҳолаш – инсон шуурини чеклайдиган асосий қусурдир. Хусусан, Баҳор ва Наврўз ҳақидаги тасаввурларимизга бир эътибор берайлик. Авом нигоҳи учун баҳор дегани нима? Мудраган табиатнинг уйғониши, қир-адирдаги яшил майса-ю, дастурхондаги тоза неъмат. Дарахтлар гуллаб, қушлар сайраса, бўлди – баҳор келди, деб ўйлаймиз. Лекин, бу фақат зоҳир-ку! Бу – табиатдаги механик, кўр-кўрона такрорланадиган жараённинг уст томони, холос.
Ҳолбуки, мумтоз Шарқ тафаккурида, ирфон ва тасаввуф дунёсида мавсумларнинг алмашинуви шунчаки табиат ҳодисаси сифатида қабул қилинмаган. Навоий бобомиз:
Ғафлат аро хуш кўрубон хуш дема,
Воқиф ўлуб сўнгра пушаймон ема, –
дея огоҳлантирганидек, ботини ғафлат уйқусида ётган, дилида ҳасад ва ғаразнинг қаҳратони музлаб ётган кимсанинг теграси минг карра гулламасин, унга бундан не наф? Инсоннинг ичи ёришмаса, табиатнинг ёришгани унга қандай бахт беради? Кўнгилда Наврўз бошланмас экан, ташқаридаги сайиллар томошабинни чалғитувчи зоҳирий алдовдан бошқа нарса эмас.
Замонавий ўзбек шеъриятининг энг забардаст вакили, мутафаккир шоир Абдулла Орипов фалсафасида баҳор ва наврўз мутлақо бошқача, фавқулодда теран моҳият касб этади. Шоир пейзажга маҳлиё бўлиб қолмайди, балки унинг ортидаги руҳий эврилишларни кўради. Орипов учун баҳор – бу шунчаки фасл эмас, балки инсонни тошқотган қолиплардан юлқиб олувчи, илоҳий бедорликка чорловчи ҳайқириқдир.
Шоирнинг 2001 йилда битилган «Наврўз» шеъри фикримизнинг ёрқин далили бўла олади. Одатда қаламкашлар баҳорнинг ташрифини боғлардан, қор сувларидан қидиради. Орипов эса бутунлай кутилмаган ва фақат буюк даҳоларгагина хос бўлган мантиқий кетма-кетликни ўртага ташлайди:
Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди, Келмоқда Наврўз.
Хўш, асл уйғониш қаерда юз беради ўзи? Йўқ, баҳор аввал дарахтга келмайди. У аввал юракка кириши шарт! Сўзнинг фикрий-маърифий илдизига диққат қилсак, шоир бу ўринда инсон қалбини бутун коинотнинг маркази сифатида кўрсатяпти. Дарахт куртакларининг сўзга кириши (уйғониши) ҳам аслида юракдаги илоҳий тажаллидан сўнг юз берадиган инъикос ҳодисадир. Чунки олам одамнинг ботиний кўзгуси. Одам боласи ўзлигини танимаса, кўнглида муҳаббат, шафқат ва диёнат уйғонмаса, Заминнинг кўзидан уйқу (ғафлат) қочмайди.
Ўз-ўзидан кўринадики, Абдулла Ориповнинг тафаккур мезони шу қадар юксакки, у «Наврўз»ни шунчаки байрам сифатида эмас, балки руҳиятга кириб келувчи Нури Илоҳий сифатида талқин қилади. Наврўз юракка мўралагандагина, кўнгил қаъридаги рутубат, манманлигу кибр музлари эрийди. Шундан сўнггина табиатнинг гуллашида илоҳий маъно пайдо бўлади. Бу эса, авом кўникадиган зоҳирий томошабозликдан қочиб, инсонни ўзи билан юзма-юз қолдирадиган, унинг чинакам инсонийлигини имтиҳондан ўтказадиган бедорлик мақомидир.
Одатда, баҳорни фақат қувонч, фақат шодлик ва умид фасли деб билиш – башарий маҳдудлик ва соддаликдир. Оламда мутлақ хатарсиз, зиддиятсиз гўзаллик борми ўзи? Йўқ! Ҳар қандай тароватнинг ортида яширин бир шафқатсизлик, ҳар қандай масъумликнинг замирида ўзига хос бир таҳлика ётади. Бу – яралиқнинг (борлиқнинг) бузилмас қонунияти. Аммо буни ҳамма ҳам кўра биладими? Тафаккур кўзи кўр бўлган, нафс ва томошабинликка муккасидан кетган одам бутунлай буюк моҳиятларни қандоқ илғасин?
Абдулла Ориповнинг 1983 йилда ёзилган «Баҳор тилаклари» шеъри устида бир оз мушоҳада юритайлик. Шоир баҳор ғунчасининг бокиралигига, нозиклигига тикиларкан, унинг ҳали очилмасдан туриб шаклланаётган «тикон»ини ҳам кўради ва ҳайратга тушади:
Азизим, ғунчага назар сол бир он,
Бағрида ҳозирча турфа ҳол пинҳон.
Ранглар яшар унда балки пушти, оқ,
Ажаб, тикони ҳам ҳозирча юмшоқ.
Одамзоднинг ғафлати шундаки, у «юмшоқ тикон»га алданади. Шоир бу ўринда кутилмаган, аммо ниҳоятда кучли бир фалсафий қиёсни ўртага ташлайди:
Инсон феъли қизиқ, яшагай ҳуркиб,
Шерваччани силаб, шердан-чи, қўрқиб.
Қаранг, қандай теран мантиқ! Инсон шерваччанинг ёш, беозор ва чиройли кўринишига маҳлиё бўлиб уни силайди, эркалайди. Ҳолбуки, эртага у вояга етиб, ўзини ғажиб ташлайдиган қонхўр йиртқичга айланиши муқаррар-ку! Баҳор ғунчаси ҳам, янгиланаётган йил ҳам худди шундай норасида гўдак. Инсон уни хурсандчилик билан, базм билан кутиб олади. Аммо шу очилаётган чечак, шу кириб келаётган мавсум инсоният бошига қандай бало-қазолар, қандай уқубатлар келтириши мумкинлигини ўйламайди.
Баҳор норасида гўдакдай ширин,
Қўйнида эзгулик, армон яширин.
Одам боласига доим умид ёр,
Шул сабаб баҳорга тилаги бисёр:
Оламга қабоҳат заҳрин сочмаса,
Масъум юракларда яра очмаса.
Қопламаса басдур еру самони,
Мудҳиш қирғинларнинг қора тўзони.
Шоир бу шеърда баҳорга қандайдир табиат ҳодисаси сифатида эмас, балки тарих, замон ва инсон қисматини ўзида мужассам этган тирик қудрат сифатида ёндашмоқда. Унинг баҳордан сўраётган нарсаси – гул-чечак эмас, шафқатдир! «Масъум юракларда яра очмаслик», ерни «мудҳиш қирғинларнинг қора тўзони» қопламаслигини тилаш – бу фақат мутафаккирнинг, миллат ва инсоният тақдири учун юрагини олдига тутиб яшаган шахснинггина фиғони бўлиши мумкин. Баҳор гўзаллиги ва қирғинлар тўзони ўртасидаги бу тазод (зиддият) инсонни ҳушёр торттиради, ўзининг фоний дунёдаги ўрни ҳақида чуқурроқ ўйлашга, огаҳликка мажбур қилади. Олам гўзаллигига маҳлиё бўлиб, ҳушёрликни йўқотган миллат таназзулга юз тутиши аниқ. Шоир баҳор тимсоли орқали худди мана шу қатъий ҳақиқатни ёдга солмоқда.
Шарқ тасаввуф фалсафасида олам ва одам муносабати ҳамиша мураккаб, зиддиятли бир жумбоқ бўлиб келган. Борлиқнинг муттасил янгиланиши, ўлиб қайта тирилиши – Яратганнинг боқийлигига ишорадир. Одамзоднинг қисқа ва омонат умри эса унинг фонийлигини англатади. Одамлар баҳор келди деб, қир-адирларга тошади, табиатнинг яшиллигига маҳлиё бўлиб, ўзининг муваққат ва ўткинчи эканини унутади. Ахир, ўйлаб кўринг, табиатнинг бу мангу янгиланиши олдида инсон умрининг бир лаҳзалик чақмоқдек ўтиб кетиши фожиа эмасми? Нега инсон бу фожиани ҳис қилмай, ғафлат ичида шодмонлик қилади?
Абдулла Орипов буткул бошқача шоир. Унинг назари зоҳирдаги яшилликни тешиб ўтиб, ботиндаги фожиани кўра билади. Шоирнинг 1967 йилда битилган машҳур «Баҳор» шеъри оддий бир баҳорбозлик эмас. Бу – Инсон ва Табиат ўртасидаги азалий, шафқатсиз зиддият ҳақидаги ўтли ва ҳасратли бир нидодир.
Шоир атрофда гуркираб куртак ёзаётган баҳорга боқади-ю, қалбини оғир бир мунг, чексиз изтироб чулғаб олади. Баҳор келиб ҳаммаёқ яшнаяпти, майсалар қайта тириляпти. Аммо… яқиндагина тупроққа қўйилган буюк зотлар (Ғафур Ғулом, Ойбек) ва шоирнинг муштипар волидаси энди қайтмайди-ку! Оламнинг бу шафқатсиз мантиғини ҳазм қилиш мумкинми?
Майса ҳам уйғонар қайта қиш ўтиб,
Заррача бўлса ҳам бир ҳиммат унга.
Наҳотки энг улуғ фарзандинг кетиб,
Бошин кўтаролмай ётса мангуга.
Оғир ва қандай залворли савол! Табиат ўзининг арзимас, оёқостидаги бир майсасига ҳар йили «ҳиммат» кўрсатади – уни қайта тирилтиради. Аммо яралиқнинг гултожи бўлмиш, тафаккур ва шуур эгаси бўлмиш Инсонга («энг улуғ фарзандига») келганда эшикларини мангуга ёпади. Нима учун? Бу байти билан Орипов шунчаки йиғламаяпти, балки табиатнинг кар ва кўр қонуниятларига нисбатан Инсон номидан исён кўтаряпти.
Одамзод қалби дард ва ҳижрондан парча-парча бўлиб ётган бир пайтда, табиат ҳеч нарса кўрмагандек гуллаб-яшнайвериши инсонлик ғурурига тегмайдими? Шоир баҳорни бамисоли масъулиятсиз бир гўзалга, табиатни эса бераҳм, соқов бир кучга ўхшатади. Шеърнинг мана бу мисраларидаги руҳий тарангликка эътибор беринг:
Бунчалар қаттолсан, о сирли олам,
Бунчалар бедилсан, бепоён хилқат.
Сенинг ҳикматингнинг сўнги-ку одам,
Наҳотки шунга ҳам қилмайсан шафқат.
Онамни сўрайман сендан эрта-кеч,
Қайтар деб сўрайман чок этиб яқо.
Лекин менинг дардли саволимга ҳеч
Жавоб беролмассан, о, соқов даҳо!
Шоир табиатни «соқов даҳо» деб атамоқда! У қанчалик буюк, қанчалик мўъжизакор (даҳо) бўлмасин, инсоннинг дардини эшитмайдиган кар ва унга жавоб беролмайдиган соқовдир. Табиатда ранг бор, куй бор, тароват бор… аммо унда муҳаббат ва шафқат йўқ! Шафқат ва дард чекиш фақат Инсонгагина берилган илоҳий неъматдир.
Ана шу ўринда шоирнинг мушоҳадаси фалсафий чўққига чиқади. Инсон ўз умрининг ўткинчилиги (фано) билан табиатнинг мангулиги (бақо) қошида ожиз кўринса-да, аслида у ўзининг дарди, соғинчи ва хотираси билан табиатдан минг чандон устундир. Чунки табиат йўқотади ва унутади. Инсон эса йўқотади, аммо ҳеч қачон унутмайди!
Шу тариқа, Абдулла Орипов шеъриятидаги баҳор биз ўрганган ялангтош, сайилбоп, кўнгилочар баҳор эмас. Бу – одамни ўз аслияти билан юзма-юз қолдирадиган, ҳаёт ва мамотнинг шафқатсиз ҳақиқатларини юзга солувчи, мудроқ юракларни тиғлаб уйғотувчи Ирфоний Ҳакамдир.
Сўз ва образларни шунчаки юзаки қабул қилиш, шеърни маиший турмуш даражасига тушириб талқин этиш адабиётни, хусусан, чинакам шеъриятни ўлдирадиган ҳодиса. Ошиқона шеър ўқисак, дарҳол кўз олдимизга бир йигит ва бир қизнинг муносабати келади. Бу нақадар жўн ва ғариб тасаввур! Олам ва одам моҳиятини идрок этган мутафаккир шоирларнинг ижодида ишқ, соғинч, ёр ва висол тушунчалари ҳеч қачон бу қадар майдалашмаган.
Абдулла Ориповнинг машҳур «Сен баҳорни соғинмадингми?» (1963) шеърини олайлик. Аксарият ўқувчилар, ҳатто айрим тадқиқотчилар ҳам буни оддий ошиқнинг маъшуқага қарата айтган сўзи, баҳорий дил изҳори деб тушунади, таҳлил қилади. Ҳолбуки, шеърнинг ботиний қатламларида бутунлай бошқа бир маъно – руҳнинг аслиятга, покликка бўлган буюк соғинчи яшириндир.
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим –
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим, аммо, ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Хўш, бу ердаги «Сен» ким ўзи? У шунчаки дунёвий маҳбубами? Агар шундай бўлса, унинг изини тоғу тошдан, қирлардан излашнинг не кераги бор? Йўқ, мутафаккир шоир мурожаат қилаётган «Сен» – бу инсоннинг тоза, беғубор фитрати, Яратганнинг файзига ташна бўлган Илоҳий Руҳдир.
Қишнинг қаҳратони инсон руҳиятидаги совуқликни, жаҳолат ва нафс музликларини тимсол қилади. Моддият ботқоғига ботиб, ички дунёси музлаган одам боласи Баҳорни – яъни илоҳий ишқни, диёнатни, ҳақиқатни ва покланишни соғиниши керак эмасми? Абдулла Ориповнинг бу саволи бутун башариятга, хусусан, кўнгли қотган бедард кимсаларга қарата айтилган ўтли хитобдир!
Мана, бугун Наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам…
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
– Сен баҳорни соғинмадингми?
Сўнгги банддаги «умрим бўйи чорлаб ўтарман» деган иқрорга эътибор беринг. Одам боласи бир умр нимани чорлаб ўтади? Албатта, ўзининг йўқотилган аслиятини, камолотни ва комил инсон мақомини! Шу маънода, Абдулла Орипов бу шеъри орқали ҳар бир ўқувчининг виждонини уйғотиб, унинг руҳиятига «Баҳор келиб жамики олам уйғонди, сен қачон уйғонасан, эй Инсон? Сенинг мудроқ руҳинг Илоҳий нурни (баҳорни) соғинмадими?!» деган оғир ва залворли сўроқ ташлайди.
Тасаввуф ва ирфон адабиётида шамол (насим, боди сабо) оддий табиат ҳодисаси эмас, балки Илоҳий раҳматнинг, ёр васлидан келувчи мужданинг бетакрор тимсолидир. Сабо ваҳдат оламидан касрат оламига тушган илоҳий ишора сифатида инсонга ўз манбаини, яъни аслини эслатиб турадиган восита ҳисобланади.
Инсон руҳи бу дунёда (моддият оламида) гўёки туйнуксиз бир қафасга банд этилган қуш янглиғдир. Хожа Аҳмад Яссавий бобомиз ҳам бу дунёда инсон руҳининг муваққат эканини уқтириб:
Танда жонинг меҳмон эрур неча кунлар, –
дея бежиз нола қилмаганлар. Руҳ бу диққинафас муҳитдан, сунъийликдан, нафс ва риё ҳавосидан толиққанда, унга нажот берадиган нарса нима? Бу – озодлик ва покланиш рамзи бўлмиш Баҳор шамолидир! Чунки мумтоз шеъриятимизда шамол (сабо) ғуборни тарқатувчи, кўнгил ойнасини тозаловчи илоҳий «фаррош» вазифасини ўтайди ҳамда руҳий покланиш ва маънавий камолот жараёнининг поэтик тимсолига айланади.
Шу боисдан ҳам, ҳазрат Алишер Навоий нафс қафасига мубтало бўлган руҳ (қуш) ҳеч қачон мақсадга (яъни, илоҳий чаманга) ета олмаслигини таъкидлаб, Инсонни ўзлигидан қутулишга (эркинликка) чорлаган эди:
Ўздин қутул, Навоию мақсадга етки, қуш
Етмас чаманга, бўлса қафас ичра мубтало.
Абдулла Ориповнинг 1967 йилда битилган «Баҳор шамоли» шеърига шунчаки пейзаж лирикаси сифатида қараш мутлақо хатодир. Адабиётни, хусусан, шеъриятни фақат маиший ўлчовлар билан баҳолайдиганлар бу шеърни ўқиб, «шоир табиат қўйнига, тоғу тошга сайилга чиқишни орзу қилибди-да» деб ўйлаши ҳеч гап эмас. Ҳолбуки, шеърнинг ботинида қудратли бир руҳий исён – қафасдаги руҳнинг эркка, поклиққа талпиниши ётибди.
Шеърнинг илк бандига диққат қилайлик:
Баҳор келаётир,
Тоза, мусаффо.
Мовий кенгликларда ўйнайди шамол.
Даралар қўйнида зангор бир ҳаво,
Туманли шаҳр ичра ётмоқлик малол.
Хўш, шоир нега «туманли шаҳр»дан безиб, «мовий кенгликлар»га талпинади? Унга нима «малол» келмоқда? Бу ердаги «туманли шаҳр» фақатгина баланд бинолар, кўчалар эмас. Бу – Инсонни ўз аслиятидан узоқлаштирувчи, сохта муносабатлар, худбинлик, кибр ва манфаатлар қуршаб олган ғафлат макони! Шаҳарнинг тумани одамлар қалбини қоплаган риё туманидир. Бундай бўғиқ, сунъий муҳитда руҳ қандоқ қилиб эркин нафас олсин? Унга «тоза, мусаффо» баҳор ҳавоси – Илоҳий нафас керак.
Шоир баҳорни очилаётган гуллар ёки яшиллик эмас, балки айнан Ҳаракат, айнан Покланиш сифатида таърифлайди:
Қоялар кўксида шодмон, беқайғу,
Оний умри билан солланар чечак.
Баҳор – энг покиза шаббодадир бу,
Баҳор – энг тоза бир шамолдир демак.
Орипов фалсафасида баҳор бу – энг тоза шамол! Нега айнан шамол? Чунки шамол тўхтаб турмайди, у тошқотган ақидаларни, дилни занглатган ғуборларни супуриб ташлайди. Руҳни поклайди. Қаранг, шоир шеър сўнгида ўқувчига (ва бутун инсониятга) қандай буюк дуо ва тилак қолдиради:
Баҳор-ку ўтади шамолдек шитоб,
Майли, ўтажак у ва ўтар бўлсин.
Азизим, умрингда ҳаво бўлсин соф,
Умринг шамоллари муаттар бўлсин…
Даҳонинг тафаккури шу ерда намоён бўлади: шоир табиатдаги баҳорнинг ўткинчи эканини («ўтажак у ва ўтар бўлсин») тан олади. Муҳими бу эмас! Муҳими – сенинг ИЧКИ дунёнгдир, эй Одам! «Умрингда ҳаво соф бўлсин» дегани – виждонинг тоза, иймонинг бутун, ниятларинг мусаффо бўлсин, дегани эмасми?! «Умринг шамоллари муаттар бўлсин» дегани – бу фоний дунёдан ўтиб кетганингдан кейин ҳам, сендан яхшиликнинг, эзгуликнинг хушбўй ифори қолиб турсин, деган улуғвор бир мантиқдир.
Демак, Абдулла Орипов шеъриятида баҳор диққинафас муҳитдан чиқиб, инсон ўз руҳини Илоҳий покликка, ҳаққониятга очиши учун берилган муборак бир фурсат, покланиш рамзидир.
Дунёдаги энг катта фожиа нима, биласизми? Олам гуллаб-яшнаб, барча мавжудот баҳор нашъасини сураётган бир пайтда, одамнинг ичида хазонрезги куз давом этиши! Вужуд баҳорнинг илиқлигида турса-да, ботин (кўнгил) қишнинг музликларида ёки кузнинг рутубатида қотиб ётса, бундан оғир азоб, бундан мудҳиш таназзул йўқ.
Зоҳир ва ботиннинг бу қадар зиддияти инсоннинг ўз-ўзидан узоқлашиб кетганини, аслиятидан мосуво бўлганини англатади. Одам боласи ўз қалби билан келиша олмагач, ташқаридаги гўзаллик унга қандоқ таскин бера олади? Абдулла Орипов бу ирфоний тазодни ғоят ҳассослик ва мислсиз дард билан чизиб берган. Шоирнинг 1967 йилда ёзилган «Баҳор кунларида…» номли шеърини ўқир эканмиз, кўз ўнгимизда табиат эмас, балки инқироз ёқасида турган, ўкинч ва малолга тўлган Инсон руҳияти намоён бўлади:
Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси,
Танимни жунжитар оқшомги шамол.
Нега мунча ғамгин найнинг навоси,
Нега қалбим тўла ўкинч ва малол?
Одатда, баҳор шамоли вужудни эркалаши, найнинг навоси эса дилга ҳузур ва ишқ бағишлаши керак эмасми? Нега у шоирнинг танини жунжитяпти? Нега най навоси унга бунчалар ғамгин эшитиляпти?
Чунки мазкур ўриндаги «най» – Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари «Маснавий»да таърифлаган ўша муқаддас Найнинг айнан ўзидир! Қамишзордан (яъни Илоҳий маконидан, аслиятидан) кесиб олинган Найнинг ноласи қандай қилиб шодмон бўлсин? Руҳ ўз аслиятидан узилиб, вужуд қафасига тушган экан, табиатда минг бор баҳор келмасин, у ўзининг Илоҳий Ватанини соғиниб йиғлайверади.
Шоир шунинг учун ҳам табиатдаги кўр-кўрона уйғонишга (баҳорга) қўшила олмайди. Унинг ичида «кузнинг ҳавоси» ҳукмрон. Бу ҳаво – нафс ва кибр ботқоғига ботган дунёдан зерикиш, ёлғон ва риёлардан чарчаган тоза қалбнинг изтиробидир.
Шеърнинг кейинги бандларида бу тазод янада кучаяди:
Барглар орасига тинмасдан сира,
Ошно юлдузлардан тўкилади нур.
Билмайман, қийнайди қайси хотира,
Титроқ юлдуз каби музлаган шуур.
Осмондан нур тўкиляпти, лекин шуур (онг ва қалб) музлаган! Қаранг, бу нақадар даҳшатли манзара! Инсоннинг кўзи очиқ, у баҳорни, юлдузларни кўриб турибди. Лекин унинг идроки, ҳиссиёти, виждони – музлаган. Баҳор келиб табиатнинг қонини жунбушга келтиргани билан, инсоннинг музлаган шуурини эрита олмаяпти. Атрофда баҳор қанчалик гўзал бўлса, шоирнинг ичидаги ғариблик, ёлғизлик ва куз рутубати шунчалик бўртиб кўринади. Бу фақатгина Ориповнинг шахсий кадри эмас, бу ХХ ва ХХI аср одамининг маънавий фожиасидир. Техника ва маишат гуркираган (баҳор) бир пайтда, одамларнинг диёнати, меҳри ва оқибати музлаб (куз ва қиш бўлиб) ётганига барчамиз гувоҳмиз-ку!
Атрофимда ётар ғариб бир виқор,
Билмам, нега ўчди қалбим сафоси.
Нима ҳам қилардим, на иложим бор,
Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси.
Абдулла Орипов бу шеъри орқали мудҳиш бир ҳақиқатни ўртага ташлайди: тананинг баҳорда, руҳнинг эса кузда яшаши одамзоднинг иккиюзламачилиги, фожиавий парчаланишидир. Одам боласи қачонки ўз ботинини (кўнглини) поклаб, уни чинакам баҳор ҳолатига (яъни муҳаббат ва иймон мақомига) олиб чиқа олмас экан, ташқаридаги табиат мўъжизалари унинг учун фақатгина совуқ, бегона ва масхарали бир манзара бўлиб қолаверади.
Одамзот зулмат ичида қолганда нурни қанчалик интиқиб кутмасин, нур келгач, унинг қадрига етадими? Совуқдан дийдираган вужуд илиқликни қанчалик соғинмасин, қуёш чиққанда унга садоқат кўрсата оладими? Мумтоз адабиётимизда баҳор фасли вафо ва бевафоликнинг, умид ва ироданинг энг катта синов майдони сифатида талқин қилинади. Чунки қишнинг изғиринида бардош бериш жисмоний синов бўлса, баҳорнинг таровати ва эркинлиги ичида ўзни йўқотмаслик – руҳий ва маънавий синовдир!
Абдулла Ориповнинг 1991 йилда – миллат ҳаётида, юрт тарихида буюк эврилишлар, улуғ бир тўлқинлар юз бераётган ўтиш даврида ёзган «Вафо қилурмисан, баҳорим?» номли шеърига шунчаки табиат манзараси сифатида қараб бўладими? Мутлақо йўқ! Бу шеърда бутун бир миллатнинг, бутун бир инсониятнинг қонли ва ҳасратли кечмиши ҳамда эртанги кундан кутаётган нажоти мужассам:
Ёз ўтди, куз ўтди, қиш ўтди,
Бошлардан синовли иш ўтди.
Юракка изғирин – ниш ўтди,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Нима учун шоир баҳорга қарата «вафо қилурмисан?» деб илтижо қилмоқда? Ахир баҳор табиат ҳодисаси-ку, унда вафо ёки бевафолик бўлиши мумкинми?
Бу ерда «баҳор» сўзи ўзининг луғавий қобиғидан аллақачон чиқиб кетган. У – ҳуррият, у – адолат, у – эзгулик ва нажот тимсолидир! Шоир юрагига «изғирин» қадаган, миллатнинг бошидан «синовли иш» бўлиб ўтган ўша узоқ қиш қатағонлар, ёлғонлар, риё ва кишанлар даври эди. Энди у тугади. Энди Наврўз (янги кун, янги давр) келмоқда. Лекин мутафаккир шоирнинг қалбида хотиржамликдан кўра кўпроқ ҳадик, хавотир бор. Нега? Чунки тарихий тажриба шуни кўрсатадики, кўпинча энг буюк орзулар ҳам, энг ёруғ баҳорлар ҳам инсонга вафо қилмаган; озодлик ўрнини янги кишанлар, нурнинг ўрнини янги зулматлар эгаллаб олаверган.
Абдулла Орипов бутун борлиғи билан кириб келаётган Баҳордан (ҳуррият ва аслиятдан) алданмасликни, бу сафарги умидлар саробга айланмаслигини сўрамоқда. Шеърнинг кейинги бандларига чуқурроқ назар ташлайлик:
Лоланинг лаблари хандадир,
Доғи ҳам тубида – андадир.
Ўхшаши руҳ ила тандадир,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Мана, ҳақиқий фалсафий ташбеҳ! Лоланинг лаби кулиб турибди (зоҳирий шодлик, баҳор нашъаси), лекин унинг тубида – юрагида қоп-қора доғи бор. Бу нима? Бу – Ориповнинг, бу – зиёли ва дардчил Инсоннинг айни ўзи-ку! Унинг ҳам ташқариси (тани) келган баҳордан, мустақилликдан, ёруғ кунлардан кулиб турибди, аммо руҳида, кўнглининг энг тубида ўтган йўқотишларнинг, сотқинликларнинг, хўрликларнинг қора доғи ётмайдими?
Интиқмиз дўст билан, ёр билан,
Шеър билан, соз билан – тор билан,
Дийдорлаш бизнингдек хор билан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Шоир баҳорнинг олдида ўзини «хор» деб атамоқда. Чунки у узоқ давом этган қиш (жаҳолат ва зулм) ичида чарчади, толиқди. Маърифий нуқтаи назардан олиб қараганда, бу ердаги вафо тилаш – Инсоннинг Илоҳий Раҳмат олдидаги охирги умидидир. «Мени ўзимнинг нафсимга, жаҳолатимга, яна ўша эски ғафлатимга ташлаб кетма. Менга вафо қил, токи менинг руҳим ҳам сенга вафодор қола билсин!» – демоқда шоир.
Демак, Абдулла Орипов шеъриятида баҳор – фақатгина сайилбоп, ялангтош эрмак эмас. У – инсоннинг эътиқоди ва иродасини, миллатнинг ўзлиги ва хотирасини синовдан ўтказадиган Илоҳий Мезон, вафо ва садоқат имтиҳонидир.
Дунё ва унинг фаслларига муносабатда инсон зоти йўл қўядиган энг оғир хато нима? Бу – оламни ва ундаги гўзалликларни шунчаки ўйин-кулги, сайл ёки томошахона деб қабул қилишдир. Ғафлат уйқусидан уйғонмаган, моҳиятдан мосуво кимса учун дунё ҳақиқатан ҳам бир бозор ёки карвонсарой, холос. У келади, ейди, ичади, яшнаган баҳорларга маҳлиё бўлади ва… кетади! Ахир, шуми Инсон деган мукаррам хилқатнинг яралишидан мақсад? Мутлақо йўқ!
Алишер Навоий ҳазратлари:
Нетарсен тилаб ҳар ажойиба йўл,
Ажойиб эрур сенда, огоҳ бўл! –
дея Инсонни ўзининг ичига, ботинига назар ташлашга, ОГОҲЛИККА чақирган эди. Абдулла Орипов ҳам бутун ижоди давомида ана шу огоҳлик бонгини уриб ўтди. Унинг шеъриятида Баҳор нақадар гўзал, нақадар жозибали тасвирланмасин, у ҳеч қачон инсонни ўзига қул қилмаслиги, ўзига қарам этмаслиги шарт.
Агар одам боласи бу янгланишларга, бу гўзалликларга шунчаки кўнгилхушлик деб қараса, у моҳиятни ютқазади. Оқибатда нима бўлади? Оқибатда инсон дунёнинг томошабини эмас, дунёнинг ўйинчоғига айланади! Бундан ортиқ фожиа борми?
Шоирнинг 1967 йилда битилган ва инсоннинг борлиқдаги моҳиятини очиб берувчи теран фалсафий юкка эга бўлган мана бу мисраларига бутун вужудингиз билан қулоқ тутинг:
Дунё бир боладир шўх ва бетимсол,
Унинг ахтаргани шодлик ва кулгу.
Қўғирчоқ ичида қўғирчоқ мисол,
Унга эрмак бўлиб қолмасак бўлди.
Ана, Орипов фалсафасининг чўққиси! Қаранг, дунё – шўх бир болага ўхшатилмоқда. Унинг ахтаргани шодлик ва кулгу (яъни баҳор сайиллари, Наврўз шодиёналари, тўй-томошалар). Лекин сен, эй тафаккур эгаси бўлган Инсон, шу тўполонлар, шу янгиланишлар ичида «қўғирчоқ мисол эрмак бўлиб» қолма! Баҳор сени эрмак қилмасин. Ёшараётган дунё сени чалғитиб, умрингнинг фоний эканлигини, ортингда кутиб турган Буюк Ҳақиқатларни унуттириб қўймасин!
Инсон бу оламга қўғирчоқ бўлиб эмас, ирода, виждон ва иймон соҳиби бўлиб келган. Бас, шундоқ экан, Абдулла Орипов шеъриятидаги Баҳор – бу томошахона эмас, тафаккурхонадир!
Мухтасар айтганда, Абдулла Орипов ижодида Баҳор ва Наврўз бу кўр-кўрона такрорланадиган табиат ҳодисаси бўлмай, балки Инсон виждонини, хотирасини ва иродасини синовдан ўтказадиган Илоҳий фурсатдир. Бу фасл инсонни кибр ва ғафлатдан туширади, умрнинг бебаҳолигини ва ҳар бир нафаснинг ғаниматлигини эслатади.
Бугун Наврўзни нишонлаётган ҳар бир юртдошимиз Абдулла Орипов сатрларини фақат тилда эмас, дилда ўқиши, ботинига назар ташлаб ўзига-ўзи савол бериши шарт: «Хўш, мен-чи? Мен асл баҳорни соғиндимми? Юрагимда, шууримда Наврўз бошландими ёки ҳануз ғафлат қишида ётибманми?» Агар шу саволга виждонан жавоб топа олсак, демак, мутафаккир шоирнинг даъвати бизнинг қалбимизга етиб борибди. Демак, Баҳор чиндан ҳам руҳиятимизга мўралабди!
Бундай Наврўз барчамизга қулуғ бўлсин!
22.02.2026 й.
21 mart — Ustoz shoir Abdulla Oripov tavalludining 85 yilligi
Abdulla Oripov she’riyatidagi bahor biz oʻrgangan yalangtosh, sayilbop, koʻngilochar bahor emas. Bu – odamni oʻz asliyati bilan yuzma-yuz qoldiradigan, hayot va mamotning shafqatsiz haqiqatlarini yuzga soluvchi, mudroq yuraklarni tigʻlab uygʻotuvchi Irfoniy Hakamdir…
RUHIYAT VA TAFAKKUR FASLI
Munisjon HAKIMOV — Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyi Nodir qoʻlyozmalar boʻlimi mudiri, filologiya fanlari boʻyicha falsafa doktori, katta ilmiy xodim
Odamzotning eng katta fojiasi va eng ogʻir adashuvi qaerda, bilasizmi? Mohiyatni qoʻyib, suvratga aldanishida! Dunyoni, hayot hodisotlarini faqat moddiyat, ya’ni koʻz koʻrib, qoʻl ushlaydigan ashyolar oʻlchovi bilangina baholash – inson shuurini cheklaydigan asosiy qusurdir. Xususan, Bahor va Navroʻz haqidagi tasavvurlarimizga bir e’tibor beraylik. Avom nigohi uchun bahor degani nima? Mudragan tabiatning uygʻonishi, qir-adirdagi yashil maysa-yu, dasturxondagi toza ne’mat. Daraxtlar gullab, qushlar sayrasa, boʻldi – bahor keldi, deb oʻylaymiz. Lekin, bu faqat zohir-ku! Bu – tabiatdagi mexanik, koʻr-koʻrona takrorlanadigan jarayonning ust tomoni, xolos.
Holbuki, mumtoz Sharq tafakkurida, irfon va tasavvuf dunyosida mavsumlarning almashinuvi shunchaki tabiat hodisasi sifatida qabul qilinmagan. Navoiy bobomiz:
Gʻaflat aro xush koʻrubon xush dema,
Voqif oʻlub soʻngra pushaymon yema, –
deya ogohlantirganidek, botini gʻaflat uyqusida yotgan, dilida hasad va gʻarazning qahratoni muzlab yotgan kimsaning tegrasi ming karra gullamasin, unga bundan ne naf? Insonning ichi yorishmasa, tabiatning yorishgani unga qanday baxt beradi? Koʻngilda Navroʻz boshlanmas ekan, tashqaridagi sayillar tomoshabinni chalgʻituvchi zohiriy aldovdan boshqa narsa emas.
Zamonaviy oʻzbek she’riyatining eng zabardast vakili, mutafakkir shoir Abdulla Oripov falsafasida bahor va navroʻz mutlaqo boshqacha, favqulodda teran mohiyat kasb etadi. Shoir peyzajga mahliyo boʻlib qolmaydi, balki uning ortidagi ruhiy evrilishlarni koʻradi. Oripov uchun bahor – bu shunchaki fasl emas, balki insonni toshqotgan qoliplardan yulqib oluvchi, ilohiy bedorlikka chorlovchi hayqiriqdir.
Shoirning 2001 yilda bitilgan «Navroʻz» she’ri fikrimizning yorqin dalili boʻla oladi. Odatda qalamkashlar bahorning tashrifini bogʻlardan, qor suvlaridan qidiradi. Oripov esa butunlay kutilmagan va faqat buyuk daholargagina xos boʻlgan mantiqiy ketma-ketlikni oʻrtaga tashlaydi:
Avval yuragingga moʻralaydi u,
Soʻngra kurtaklarga oʻrgatadi soʻz.
Zaminning koʻzidan qochadi uyqu,
Demak, Bahor keldi, Kelmoqda Navroʻz.
Xoʻsh, asl uygʻonish qaerda yuz beradi oʻzi? Yoʻq, bahor avval daraxtga kelmaydi. U avval yurakka kirishi shart! Soʻzning fikriy-ma’rifiy ildiziga diqqat qilsak, shoir bu oʻrinda inson qalbini butun koinotning markazi sifatida koʻrsatyapti. Daraxt kurtaklarining soʻzga kirishi (uygʻonishi) ham aslida yurakdagi ilohiy tajallidan soʻng yuz beradigan in’ikos hodisadir. Chunki olam odamning botiniy koʻzgusi. Odam bolasi oʻzligini tanimasa, koʻnglida muhabbat, shafqat va diyonat uygʻonmasa, Zaminning koʻzidan uyqu (gʻaflat) qochmaydi.
Oʻz-oʻzidan koʻrinadiki, Abdulla Oripovning tafakkur mezoni shu qadar yuksakki, u «Navroʻz»ni shunchaki bayram sifatida emas, balki ruhiyatga kirib keluvchi Nuri Ilohiy sifatida talqin qiladi. Navroʻz yurakka moʻralagandagina, koʻngil qa’ridagi rutubat, manmanligu kibr muzlari eriydi. Shundan soʻnggina tabiatning gullashida ilohiy ma’no paydo boʻladi. Bu esa, avom koʻnikadigan zohiriy tomoshabozlikdan qochib, insonni oʻzi bilan yuzma-yuz qoldiradigan, uning chinakam insoniyligini imtihondan oʻtkazadigan bedorlik maqomidir.
Odatda, bahorni faqat quvonch, faqat shodlik va umid fasli deb bilish – bashariy mahdudlik va soddalikdir. Olamda mutlaq xatarsiz, ziddiyatsiz goʻzallik bormi oʻzi? Yoʻq! Har qanday tarovatning ortida yashirin bir shafqatsizlik, har qanday mas’umlikning zamirida oʻziga xos bir tahlika yotadi. Bu – yaraliqning (borliqning) buzilmas qonuniyati. Ammo buni hamma ham koʻra biladimi? Tafakkur koʻzi koʻr boʻlgan, nafs va tomoshabinlikka mukkasidan ketgan odam butunlay buyuk mohiyatlarni qandoq ilgʻasin?
Abdulla Oripovning 1983 yilda yozilgan «Bahor tilaklari» she’ri ustida bir oz mushohada yuritaylik. Shoir bahor gʻunchasining bokiraligiga, nozikligiga tikilarkan, uning hali ochilmasdan turib shakllanayotgan «tikon»ini ham koʻradi va hayratga tushadi:
Azizim, gʻunchaga nazar sol bir on,
Bagʻrida hozircha turfa hol pinhon.
Ranglar yashar unda balki pushti, oq,
Ajab, tikoni ham hozircha yumshoq.
Odamzodning gʻaflati shundaki, u «yumshoq tikon»ga aldanadi. Shoir bu oʻrinda kutilmagan, ammo nihoyatda kuchli bir falsafiy qiyosni oʻrtaga tashlaydi:
Inson fe’li qiziq, yashagay hurkib,
Shervachchani silab, sherdan-chi, qoʻrqib.
Qarang, qanday teran mantiq! Inson shervachchaning yosh, beozor va chiroyli koʻrinishiga mahliyo boʻlib uni silaydi, erkalaydi. Holbuki, ertaga u voyaga yetib, oʻzini gʻajib tashlaydigan qonxoʻr yirtqichga aylanishi muqarrar-ku! Bahor gʻunchasi ham, yangilanayotgan yil ham xuddi shunday norasida goʻdak. Inson uni xursandchilik bilan, bazm bilan kutib oladi. Ammo shu ochilayotgan chechak, shu kirib kelayotgan mavsum insoniyat boshiga qanday balo-qazolar, qanday uqubatlar keltirishi mumkinligini oʻylamaydi.
Bahor norasida goʻdakday shirin,
Qoʻynida ezgulik, armon yashirin.
Odam bolasiga doim umid yor,
Shul sabab bahorga tilagi bisyor:
Olamga qabohat zahrin sochmasa,
Mas’um yuraklarda yara ochmasa.
Qoplamasa basdur yeru samoni,
Mudhish qirgʻinlarning qora toʻzoni.
Shoir bu she’rda bahorga qandaydir tabiat hodisasi sifatida emas, balki tarix, zamon va inson qismatini oʻzida mujassam etgan tirik qudrat sifatida yondashmoqda. Uning bahordan soʻrayotgan narsasi – gul-chechak emas, shafqatdir! «Mas’um yuraklarda yara ochmaslik», yerni «mudhish qirgʻinlarning qora toʻzoni» qoplamasligini tilash – bu faqat mutafakkirning, millat va insoniyat taqdiri uchun yuragini oldiga tutib yashagan shaxsninggina figʻoni boʻlishi mumkin. Bahor goʻzalligi va qirgʻinlar toʻzoni oʻrtasidagi bu tazod (ziddiyat) insonni hushyor torttiradi, oʻzining foniy dunyodagi oʻrni haqida chuqurroq oʻylashga, ogahlikka majbur qiladi. Olam goʻzalligiga mahliyo boʻlib, hushyorlikni yoʻqotgan millat tanazzulga yuz tutishi aniq. Shoir bahor timsoli orqali xuddi mana shu qat’iy haqiqatni yodga solmoqda.
Sharq tasavvuf falsafasida olam va odam munosabati hamisha murakkab, ziddiyatli bir jumboq boʻlib kelgan. Borliqning muttasil yangilanishi, oʻlib qayta tirilishi – Yaratganning boqiyligiga ishoradir. Odamzodning qisqa va omonat umri esa uning foniyligini anglatadi. Odamlar bahor keldi deb, qir-adirlarga toshadi, tabiatning yashilligiga mahliyo boʻlib, oʻzining muvaqqat va oʻtkinchi ekanini unutadi. Axir, oʻylab koʻring, tabiatning bu mangu yangilanishi oldida inson umrining bir lahzalik chaqmoqdek oʻtib ketishi fojia emasmi? Nega inson bu fojiani his qilmay, gʻaflat ichida shodmonlik qiladi?
Abdulla Oripov butkul boshqacha shoir. Uning nazari zohirdagi yashillikni teshib oʻtib, botindagi fojiani koʻra biladi. Shoirning 1967 yilda bitilgan mashhur «Bahor» she’ri oddiy bir bahorbozlik emas. Bu – Inson va Tabiat oʻrtasidagi azaliy, shafqatsiz ziddiyat haqidagi oʻtli va hasratli bir nidodir.
Shoir atrofda gurkirab kurtak yozayotgan bahorga boqadi-yu, qalbini ogʻir bir mung, cheksiz iztirob chulgʻab oladi. Bahor kelib hammayoq yashnayapti, maysalar qayta tirilyapti. Ammo… yaqindagina tuproqqa qoʻyilgan buyuk zotlar (Gʻafur Gʻulom, Oybek) va shoirning mushtipar volidasi endi qaytmaydi-ku! Olamning bu shafqatsiz mantigʻini hazm qilish mumkinmi?
Maysa ham uygʻonar qayta qish oʻtib,
Zarracha boʻlsa ham bir himmat unga.
Nahotki eng ulugʻ farzanding ketib,
Boshin koʻtarolmay yotsa manguga.
Ogʻir va qanday zalvorli savol! Tabiat oʻzining arzimas, oyoqostidagi bir maysasiga har yili «himmat» koʻrsatadi – uni qayta tiriltiradi. Ammo yaraliqning gultoji boʻlmish, tafakkur va shuur egasi boʻlmish Insonga («eng ulugʻ farzandiga») kelganda eshiklarini manguga yopadi. Nima uchun? Bu bayti bilan Oripov shunchaki yigʻlamayapti, balki tabiatning kar va koʻr qonuniyatlariga nisbatan Inson nomidan isyon koʻtaryapti.
Odamzod qalbi dard va hijrondan parcha-parcha boʻlib yotgan bir paytda, tabiat hech narsa koʻrmagandek gullab-yashnayverishi insonlik gʻururiga tegmaydimi? Shoir bahorni bamisoli mas’uliyatsiz bir goʻzalga, tabiatni esa berahm, soqov bir kuchga oʻxshatadi. She’rning mana bu misralaridagi ruhiy taranglikka e’tibor bering:
Bunchalar qattolsan, o sirli olam,
Bunchalar bedilsan, bepoyon xilqat.
Sening hikmatingning soʻngi-ku odam,
Nahotki shunga ham qilmaysan shafqat.
Onamni soʻrayman sendan erta-kech,
Qaytar deb soʻrayman chok etib yaqo.
Lekin mening dardli savolimga hech
Javob berolmassan, o, soqov daho!
Shoir tabiatni «soqov daho» deb atamoqda! U qanchalik buyuk, qanchalik moʻ’jizakor (daho) boʻlmasin, insonning dardini eshitmaydigan kar va unga javob berolmaydigan soqovdir. Tabiatda rang bor, kuy bor, tarovat bor… ammo unda muhabbat va shafqat yoʻq! Shafqat va dard chekish faqat Insongagina berilgan ilohiy ne’matdir.
Ana shu oʻrinda shoirning mushohadasi falsafiy choʻqqiga chiqadi. Inson oʻz umrining oʻtkinchiligi (fano) bilan tabiatning manguligi (baqo) qoshida ojiz koʻrinsa-da, aslida u oʻzining dardi, sogʻinchi va xotirasi bilan tabiatdan ming chandon ustundir. Chunki tabiat yoʻqotadi va unutadi. Inson esa yoʻqotadi, ammo hech qachon unutmaydi!
Shu tariqa, Abdulla Oripov she’riyatidagi bahor biz oʻrgangan yalangtosh, sayilbop, koʻngilochar bahor emas. Bu – odamni oʻz asliyati bilan yuzma-yuz qoldiradigan, hayot va mamotning shafqatsiz haqiqatlarini yuzga soluvchi, mudroq yuraklarni tigʻlab uygʻotuvchi Irfoniy Hakamdir.
Soʻz va obrazlarni shunchaki yuzaki qabul qilish, she’rni maishiy turmush darajasiga tushirib talqin etish adabiyotni, xususan, chinakam she’riyatni oʻldiradigan hodisa. Oshiqona she’r oʻqisak, darhol koʻz oldimizga bir yigit va bir qizning munosabati keladi. Bu naqadar joʻn va gʻarib tasavvur! Olam va odam mohiyatini idrok etgan mutafakkir shoirlarning ijodida ishq, sogʻinch, yor va visol tushunchalari hech qachon bu qadar maydalashmagan.
Abdulla Oripovning mashhur «Sen bahorni sogʻinmadingmi?» (1963) she’rini olaylik. Aksariyat oʻquvchilar, hatto ayrim tadqiqotchilar ham buni oddiy oshiqning ma’shuqaga qarata aytgan soʻzi, bahoriy dil izhori deb tushunadi, tahlil qiladi. Holbuki, she’rning botiniy qatlamlarida butunlay boshqa bir ma’no – ruhning asliyatga, poklikka boʻlgan buyuk sogʻinchi yashirindir.
Uygʻonguvchi bogʻlarni kezdim,
Topay dedim qirdan izingni.
Yonogʻingdan rang olgan dedim –
Lolazorga burdim yuzimni,
Uchratmadim, ammo, oʻzingni,
– Sen bahorni sogʻinmadingmi?
Xoʻsh, bu yerdagi «Sen» kim oʻzi? U shunchaki dunyoviy mahbubami? Agar shunday boʻlsa, uning izini togʻu toshdan, qirlardan izlashning ne keragi bor? Yoʻq, mutafakkir shoir murojaat qilayotgan «Sen» – bu insonning toza, begʻubor fitrati, Yaratganning fayziga tashna boʻlgan Ilohiy Ruhdir.
Qishning qahratoni inson ruhiyatidagi sovuqlikni, jaholat va nafs muzliklarini timsol qiladi. Moddiyat botqogʻiga botib, ichki dunyosi muzlagan odam bolasi Bahorni – ya’ni ilohiy ishqni, diyonatni, haqiqatni va poklanishni sogʻinishi kerak emasmi? Abdulla Oripovning bu savoli butun bashariyatga, xususan, koʻngli qotgan bedard kimsalarga qarata aytilgan oʻtli xitobdir!
Mana, bugun Navroʻzi olam,
Doʻstlarimga gullar tutarman.
Qaylardasan, sevgili erkam…
Qoʻlimda gul, seni kutarman,
Umrim boʻyi chorlab oʻtarman,
– Sen bahorni sogʻinmadingmi?
Soʻnggi banddagi «umrim boʻyi chorlab oʻtarman» degan iqrorga e’tibor bering. Odam bolasi bir umr nimani chorlab oʻtadi? Albatta, oʻzining yoʻqotilgan asliyatini, kamolotni va komil inson maqomini! Shu ma’noda, Abdulla Oripov bu she’ri orqali har bir oʻquvchining vijdonini uygʻotib, uning ruhiyatiga «Bahor kelib jamiki olam uygʻondi, sen qachon uygʻonasan, ey Inson? Sening mudroq ruhing Ilohiy nurni (bahorni) sogʻinmadimi?!» degan ogʻir va zalvorli soʻroq tashlaydi.
Tasavvuf va irfon adabiyotida shamol (nasim, bodi sabo) oddiy tabiat hodisasi emas, balki Ilohiy rahmatning, yor vaslidan keluvchi mujdaning betakror timsolidir. Sabo vahdat olamidan kasrat olamiga tushgan ilohiy ishora sifatida insonga oʻz manbaini, ya’ni aslini eslatib turadigan vosita hisoblanadi.
Inson ruhi bu dunyoda (moddiyat olamida) goʻyoki tuynuksiz bir qafasga band etilgan qush yangligʻdir. Xoja Ahmad Yassaviy bobomiz ham bu dunyoda inson ruhining muvaqqat ekanini uqtirib:
Tanda joning mehmon erur necha kunlar, –
deya bejiz nola qilmaganlar. Ruh bu diqqinafas muhitdan, sun’iylikdan, nafs va riyo havosidan toliqqanda, unga najot beradigan narsa nima? Bu – ozodlik va poklanish ramzi boʻlmish Bahor shamolidir! Chunki mumtoz she’riyatimizda shamol (sabo) gʻuborni tarqatuvchi, koʻngil oynasini tozalovchi ilohiy «farrosh» vazifasini oʻtaydi hamda ruhiy poklanish va ma’naviy kamolot jarayonining poetik timsoliga aylanadi.
Shu boisdan ham, hazrat Alisher Navoiy nafs qafasiga mubtalo boʻlgan ruh (qush) hech qachon maqsadga (ya’ni, ilohiy chamanga) yeta olmasligini ta’kidlab, Insonni oʻzligidan qutulishga (erkinlikka) chorlagan edi:
Oʻzdin qutul, Navoiyu maqsadga yetki, qush
Yetmas chamanga, boʻlsa qafas ichra mubtalo.
Abdulla Oripovning 1967 yilda bitilgan «Bahor shamoli» she’riga shunchaki peyzaj lirikasi sifatida qarash mutlaqo xatodir. Adabiyotni, xususan, she’riyatni faqat maishiy oʻlchovlar bilan baholaydiganlar bu she’rni oʻqib, «shoir tabiat qoʻyniga, togʻu toshga sayilga chiqishni orzu qilibdi-da» deb oʻylashi hech gap emas. Holbuki, she’rning botinida qudratli bir ruhiy isyon – qafasdagi ruhning erkka, pokliqqa talpinishi yotibdi.
She’rning ilk bandiga diqqat qilaylik:
Bahor kelayotir,
Toza, musaffo.
Moviy kengliklarda oʻynaydi shamol.
Daralar qoʻynida zangor bir havo,
Tumanli shahr ichra yotmoqlik malol.
Xoʻsh, shoir nega «tumanli shahr»dan bezib, «moviy kengliklar»ga talpinadi? Unga nima «malol» kelmoqda? Bu yerdagi «tumanli shahr» faqatgina baland binolar, koʻchalar emas. Bu – Insonni oʻz asliyatidan uzoqlashtiruvchi, soxta munosabatlar, xudbinlik, kibr va manfaatlar qurshab olgan gʻaflat makoni! Shaharning tumani odamlar qalbini qoplagan riyo tumanidir. Bunday boʻgʻiq, sun’iy muhitda ruh qandoq qilib erkin nafas olsin? Unga «toza, musaffo» bahor havosi – Ilohiy nafas kerak.
Shoir bahorni ochilayotgan gullar yoki yashillik emas, balki aynan Harakat, aynan Poklanish sifatida ta’riflaydi:
Qoyalar koʻksida shodmon, beqaygʻu,
Oniy umri bilan sollanar chechak.
Bahor – eng pokiza shabbodadir bu,
Bahor – eng toza bir shamoldir demak.
Oripov falsafasida bahor bu – eng toza shamol! Nega aynan shamol? Chunki shamol toʻxtab turmaydi, u toshqotgan aqidalarni, dilni zanglatgan gʻuborlarni supurib tashlaydi. Ruhni poklaydi. Qarang, shoir she’r soʻngida oʻquvchiga (va butun insoniyatga) qanday buyuk duo va tilak qoldiradi:
Bahor-ku oʻtadi shamoldek shitob,
Mayli, oʻtajak u va oʻtar boʻlsin.
Azizim, umringda havo boʻlsin sof,
Umring shamollari muattar boʻlsin…
Dahoning tafakkuri shu yerda namoyon boʻladi: shoir tabiatdagi bahorning oʻtkinchi ekanini («oʻtajak u va oʻtar boʻlsin») tan oladi. Muhimi bu emas! Muhimi – sening IChKI dunyongdir, ey Odam! «Umringda havo sof boʻlsin» degani – vijdoning toza, iymoning butun, niyatlaring musaffo boʻlsin, degani emasmi?! «Umring shamollari muattar boʻlsin» degani – bu foniy dunyodan oʻtib ketganingdan keyin ham, sendan yaxshilikning, ezgulikning xushboʻy ifori qolib tursin, degan ulugʻvor bir mantiqdir.
Demak, Abdulla Oripov she’riyatida bahor diqqinafas muhitdan chiqib, inson oʻz ruhini Ilohiy poklikka, haqqoniyatga ochishi uchun berilgan muborak bir fursat, poklanish ramzidir.
Dunyodagi eng katta fojia nima, bilasizmi? Olam gullab-yashnab, barcha mavjudot bahor nash’asini surayotgan bir paytda, odamning ichida xazonrezgi kuz davom etishi! Vujud bahorning iliqligida tursa-da, botin (koʻngil) qishning muzliklarida yoki kuzning rutubatida qotib yotsa, bundan ogʻir azob, bundan mudhish tanazzul yoʻq.
Zohir va botinning bu qadar ziddiyati insonning oʻz-oʻzidan uzoqlashib ketganini, asliyatidan mosuvo boʻlganini anglatadi. Odam bolasi oʻz qalbi bilan kelisha olmagach, tashqaridagi goʻzallik unga qandoq taskin bera oladi? Abdulla Oripov bu irfoniy tazodni gʻoyat hassoslik va mislsiz dard bilan chizib bergan. Shoirning 1967 yilda yozilgan «Bahor kunlarida…» nomli she’rini oʻqir ekanmiz, koʻz oʻngimizda tabiat emas, balki inqiroz yoqasida turgan, oʻkinch va malolga toʻlgan Inson ruhiyati namoyon boʻladi:
Bahor kunlarida kuzning havosi,
Tanimni junjitar oqshomgi shamol.
Nega muncha gʻamgin nayning navosi,
Nega qalbim toʻla oʻkinch va malol?
Odatda, bahor shamoli vujudni erkalashi, nayning navosi esa dilga huzur va ishq bagʻishlashi kerak emasmi? Nega u shoirning tanini junjityapti? Nega nay navosi unga bunchalar gʻamgin eshitilyapti?
Chunki mazkur oʻrindagi «nay» – Mavlono Jaloliddin Rumiy hazratlari «Masnaviy»da ta’riflagan oʻsha muqaddas Nayning aynan oʻzidir! Qamishzordan (ya’ni Ilohiy makonidan, asliyatidan) kesib olingan Nayning nolasi qanday qilib shodmon boʻlsin? Ruh oʻz asliyatidan uzilib, vujud qafasiga tushgan ekan, tabiatda ming bor bahor kelmasin, u oʻzining Ilohiy Vatanini sogʻinib yigʻlayveradi.
Shoir shuning uchun ham tabiatdagi koʻr-koʻrona uygʻonishga (bahorga) qoʻshila olmaydi. Uning ichida «kuzning havosi» hukmron. Bu havo – nafs va kibr botqogʻiga botgan dunyodan zerikish, yolgʻon va riyolardan charchagan toza qalbning iztirobidir.
She’rning keyingi bandlarida bu tazod yanada kuchayadi:
Barglar orasiga tinmasdan sira,
Oshno yulduzlardan toʻkiladi nur.
Bilmayman, qiynaydi qaysi xotira,
Titroq yulduz kabi muzlagan shuur.
Osmondan nur toʻkilyapti, lekin shuur (ong va qalb) muzlagan! Qarang, bu naqadar dahshatli manzara! Insonning koʻzi ochiq, u bahorni, yulduzlarni koʻrib turibdi. Lekin uning idroki, hissiyoti, vijdoni – muzlagan. Bahor kelib tabiatning qonini junbushga keltirgani bilan, insonning muzlagan shuurini erita olmayapti. Atrofda bahor qanchalik goʻzal boʻlsa, shoirning ichidagi gʻariblik, yolgʻizlik va kuz rutubati shunchalik boʻrtib koʻrinadi. Bu faqatgina Oripovning shaxsiy kadri emas, bu XX va XXI asr odamining ma’naviy fojiasidir. Texnika va maishat gurkiragan (bahor) bir paytda, odamlarning diyonati, mehri va oqibati muzlab (kuz va qish boʻlib) yotganiga barchamiz guvohmiz-ku!
Atrofimda yotar gʻarib bir viqor,
Bilmam, nega oʻchdi qalbim safosi.
Nima ham qilardim, na ilojim bor,
Bahor kunlarida kuzning havosi.
Abdulla Oripov bu she’ri orqali mudhish bir haqiqatni oʻrtaga tashlaydi: tananing bahorda, ruhning esa kuzda yashashi odamzodning ikkiyuzlamachiligi, fojiaviy parchalanishidir. Odam bolasi qachonki oʻz botinini (koʻnglini) poklab, uni chinakam bahor holatiga (ya’ni muhabbat va iymon maqomiga) olib chiqa olmas ekan, tashqaridagi tabiat moʻ’jizalari uning uchun faqatgina sovuq, begona va masxarali bir manzara boʻlib qolaveradi.
Odamzot zulmat ichida qolganda nurni qanchalik intiqib kutmasin, nur kelgach, uning qadriga yetadimi? Sovuqdan diydiragan vujud iliqlikni qanchalik sogʻinmasin, quyosh chiqqanda unga sadoqat koʻrsata oladimi? Mumtoz adabiyotimizda bahor fasli vafo va bevafolikning, umid va irodaning eng katta sinov maydoni sifatida talqin qilinadi. Chunki qishning izgʻirinida bardosh berish jismoniy sinov boʻlsa, bahorning tarovati va erkinligi ichida oʻzni yoʻqotmaslik – ruhiy va ma’naviy sinovdir!
Abdulla Oripovning 1991 yilda – millat hayotida, yurt tarixida buyuk evrilishlar, ulugʻ bir toʻlqinlar yuz berayotgan oʻtish davrida yozgan «Vafo qilurmisan, bahorim?» nomli she’riga shunchaki tabiat manzarasi sifatida qarab boʻladimi? Mutlaqo yoʻq! Bu she’rda butun bir millatning, butun bir insoniyatning qonli va hasratli kechmishi hamda ertangi kundan kutayotgan najoti mujassam:
Yoz oʻtdi, kuz oʻtdi, qish oʻtdi,
Boshlardan sinovli ish oʻtdi.
Yurakka izgʻirin – nish oʻtdi,
Vafo qilurmisan, bahorim?!
Nima uchun shoir bahorga qarata «vafo qilurmisan?» deb iltijo qilmoqda? Axir bahor tabiat hodisasi-ku, unda vafo yoki bevafolik boʻlishi mumkinmi?
Bu yerda «bahor» soʻzi oʻzining lugʻaviy qobigʻidan allaqachon chiqib ketgan. U – hurriyat, u – adolat, u – ezgulik va najot timsolidir! Shoir yuragiga «izgʻirin» qadagan, millatning boshidan «sinovli ish» boʻlib oʻtgan oʻsha uzoq qish qatagʻonlar, yolgʻonlar, riyo va kishanlar davri edi. Endi u tugadi. Endi Navroʻz (yangi kun, yangi davr) kelmoqda. Lekin mutafakkir shoirning qalbida xotirjamlikdan koʻra koʻproq hadik, xavotir bor. Nega? Chunki tarixiy tajriba shuni koʻrsatadiki, koʻpincha eng buyuk orzular ham, eng yorugʻ bahorlar ham insonga vafo qilmagan; ozodlik oʻrnini yangi kishanlar, nurning oʻrnini yangi zulmatlar egallab olavergan.
Abdulla Oripov butun borligʻi bilan kirib kelayotgan Bahordan (hurriyat va asliyatdan) aldanmaslikni, bu safargi umidlar sarobga aylanmasligini soʻramoqda. She’rning keyingi bandlariga chuqurroq nazar tashlaylik:
Lolaning lablari xandadir,
Dogʻi ham tubida – andadir.
Oʻxshashi ruh ila tandadir,
Vafo qilurmisan, bahorim?!
Mana, haqiqiy falsafiy tashbeh! Lolaning labi kulib turibdi (zohiriy shodlik, bahor nash’asi), lekin uning tubida – yuragida qop-qora dogʻi bor. Bu nima? Bu – Oripovning, bu – ziyoli va dardchil Insonning ayni oʻzi-ku! Uning ham tashqarisi (tani) kelgan bahordan, mustaqillikdan, yorugʻ kunlardan kulib turibdi, ammo ruhida, koʻnglining eng tubida oʻtgan yoʻqotishlarning, sotqinliklarning, xoʻrliklarning qora dogʻi yotmaydimi?
Intiqmiz doʻst bilan, yor bilan,
She’r bilan, soz bilan – tor bilan,
Diydorlash bizningdek xor bilan,
Vafo qilurmisan, bahorim?!
Shoir bahorning oldida oʻzini «xor» deb atamoqda. Chunki u uzoq davom etgan qish (jaholat va zulm) ichida charchadi, toliqdi. Ma’rifiy nuqtai nazardan olib qaraganda, bu yerdagi vafo tilash – Insonning Ilohiy Rahmat oldidagi oxirgi umididir. «Meni oʻzimning nafsimga, jaholatimga, yana oʻsha eski gʻaflatimga tashlab ketma. Menga vafo qil, toki mening ruhim ham senga vafodor qola bilsin!» – demoqda shoir.
Demak, Abdulla Oripov she’riyatida bahor – faqatgina sayilbop, yalangtosh ermak emas. U – insonning e’tiqodi va irodasini, millatning oʻzligi va xotirasini sinovdan oʻtkazadigan Ilohiy Mezon, vafo va sadoqat imtihonidir.
Dunyo va uning fasllariga munosabatda inson zoti yoʻl qoʻyadigan eng ogʻir xato nima? Bu – olamni va undagi goʻzalliklarni shunchaki oʻyin-kulgi, sayl yoki tomoshaxona deb qabul qilishdir. Gʻaflat uyqusidan uygʻonmagan, mohiyatdan mosuvo kimsa uchun dunyo haqiqatan ham bir bozor yoki karvonsaroy, xolos. U keladi, yeydi, ichadi, yashnagan bahorlarga mahliyo boʻladi va… ketadi! Axir, shumi Inson degan mukarram xilqatning yaralishidan maqsad? Mutlaqo yoʻq!
Alisher Navoiy hazratlari:
Netarsen tilab har ajoyiba yoʻl,
Ajoyib erur senda, ogoh boʻl! –
deya Insonni oʻzining ichiga, botiniga nazar tashlashga, OGOHLIKKA chaqirgan edi. Abdulla Oripov ham butun ijodi davomida ana shu ogohlik bongini urib oʻtdi. Uning she’riyatida Bahor naqadar goʻzal, naqadar jozibali tasvirlanmasin, u hech qachon insonni oʻziga qul qilmasligi, oʻziga qaram etmasligi shart.
Agar odam bolasi bu yanglanishlarga, bu goʻzalliklarga shunchaki koʻngilxushlik deb qarasa, u mohiyatni yutqazadi. Oqibatda nima boʻladi? Oqibatda inson dunyoning tomoshabini emas, dunyoning oʻyinchogʻiga aylanadi! Bundan ortiq fojia bormi?
Shoirning 1967 yilda bitilgan va insonning borliqdagi mohiyatini ochib beruvchi teran falsafiy yukka ega boʻlgan mana bu misralariga butun vujudingiz bilan quloq tuting:
Dunyo bir boladir shoʻx va betimsol,
Uning axtargani shodlik va kulgu.
Qoʻgʻirchoq ichida qoʻgʻirchoq misol,
Unga ermak boʻlib qolmasak boʻldi.
Ana, Oripov falsafasining choʻqqisi! Qarang, dunyo – shoʻx bir bolaga oʻxshatilmoqda. Uning axtargani shodlik va kulgu (ya’ni bahor sayillari, Navroʻz shodiyonalari, toʻy-tomoshalar). Lekin sen, ey tafakkur egasi boʻlgan Inson, shu toʻpolonlar, shu yangilanishlar ichida «qoʻgʻirchoq misol ermak boʻlib» qolma! Bahor seni ermak qilmasin. Yosharayotgan dunyo seni chalgʻitib, umringning foniy ekanligini, ortingda kutib turgan Buyuk Haqiqatlarni unuttirib qoʻymasin!
Inson bu olamga qoʻgʻirchoq boʻlib emas, iroda, vijdon va iymon sohibi boʻlib kelgan. Bas, shundoq ekan, Abdulla Oripov she’riyatidagi Bahor – bu tomoshaxona emas, tafakkurxonadir!
Muxtasar aytganda, Abdulla Oripov ijodida Bahor va Navroʻz bu koʻr-koʻrona takrorlanadigan tabiat hodisasi boʻlmay, balki Inson vijdonini, xotirasini va irodasini sinovdan oʻtkazadigan Ilohiy fursatdir. Bu fasl insonni kibr va gʻaflatdan tushiradi, umrning bebaholigini va har bir nafasning gʻanimatligini eslatadi.
Bugun Navroʻzni nishonlayotgan har bir yurtdoshimiz Abdulla Oripov satrlarini faqat tilda emas, dilda oʻqishi, botiniga nazar tashlab oʻziga-oʻzi savol berishi shart: «Xoʻsh, men-chi? Men asl bahorni sogʻindimmi? Yuragimda, shuurimda Navroʻz boshlandimi yoki hanuz gʻaflat qishida yotibmanmi?» Agar shu savolga vijdonan javob topa olsak, demak, mutafakkir shoirning da’vati bizning qalbimizga yetib boribdi. Demak, Bahor chindan ham ruhiyatimizga moʻralabdi!
Bunday Navroʻz barchamizga qulugʻ boʻlsin!
22.02.2026 y.
