An’ana va vorisiylik dialektikasi (Toʻra Mirzayevning «Ustozlar, safdoshlar, izdoshlar» kitobiga nazar)

72  6  март — Устоз олим, академик Тўра Мирзаев туғилган куннинг 90 йиллиги

Академик Тўра Мирзаевнинг «Устозлар, сафдошлар, издошлар» китоби шунчаки ўтмиш хотиралари ёки таржимаи ҳоллар тўплами эмас. У илм-фанда авлодларнинг руҳий-маънавий узвийлигини, илмий билимнинг устоздан шогирдга ўтиш ички қонуниятларини ва тадқиқотчининг жамият ҳамда тарих олдидаги масъулиятини очиб берувчи мукаммал фалсафий-тарихий асардир.

АНЪАНА ВА ВОРИСИЙЛИК ДИАЛЕКТИКАСИ
Тўра Мирзаевнинг «Устозлар, сафдошлар, издошлар» китобига назар


Мунисжон ҲАКИМОВ — Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи
Нодир қўлёзмалар бўлими мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори


Илм-фан тараққиёти, моҳият эътибори билан, билимларнинг шунчаки сунъий йиғиндиси ёки далилларнинг даврий кетма-кетлиги эмас, балки авлодлар ўртасидаги мураккаб маънавий узвийлик жараёнидир. Илмий қарашларнинг алмашинуви кўпинча эски тамойилларнинг инкор этилиши билан кечса-да, чинакам илмий мактаблар ўз пойдеворидаги туб анъаналарни ва «яширин билимлар»ни устоздан шогирдга узатиш орқали бардавомликни сақлаб қолади. Ушбу узвий ва зиддиятли жараённи тадқиқ этишда асл тарихий ҳақиқатни шахсий хотиралар кўзгусидан ўтказувчи илмий-хотира асарлари беқиёс манба вазифасини ўтайди. Шу маънода, академик Тўра Мирзаевнинг «Устозлар, сафдошлар, издошлар» (2021) номли китоби ўзбек гуманитар фани, хусусан, фольклоршунослик мактабининг ярим асрлик тадрижий тараққиётини муаллиф шахсияти ва унинг илмий мушоҳадалари орқали кўрсатиб берувчи ноёб фалсафий-тарихий ҳужжат ҳисобланади.

Муаллиф китобнинг муқаддимасидаёқ асарнинг бош мақсадини «ўзбек фольклоршунослигини фаннинг янги соҳаси сифатида шаклланиши ва унинг ХХI асрдаги тараққиёти тўғрисида муайян бир тасаввур бера олиш», дея белгилайди. Бироқ бу «тасаввур»ни шакллантиришда олим шунчаки таржимаи ҳолга оид маълумотнома ёки қуруқ далиллар баёни билан чекланмайди. У илмий мактабнинг ичида яшаган, унинг ютуқ ва йўқотишларини ўз қалбидан ўтказган фаол иштирокчи сифатида воқеа-ҳодисаларни шахсий кузатув ва ички кечинмалар орқали ичкаридан ёритиш ҳамда матн замиридаги яширин моҳиятни теран шарҳлаш усулини қўллайди. Бу эса воқеаларни «бошқани англаш орқали ўзини намоён қилиш» фалсафасига олиб чиқади.

07Таниқли адабиётшунос олим, профессор Иброҳим Ҳаққул асарга ёзган сўзбошисида Тўра Мирзаевнинг ушбу тадқиқотчилик ўзига хослигини ва матн ортида ётган муфллиф шахсиятини ғоят аниқ ифодалаб беради: «Амалга оширилган ишларда ана ўша ташаббус соҳибларининг фақат фаолияти эмас, умр мазмуни ҳам ифодасини топган. Тўра Мирзаев қанақа мавзуда ёзмасин, табиийлик ва холислик уларнинг асосий хусусиятига айланади… Инсон эса кўпинча зоҳирга қараб ботиндан нималар кечганини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Тўра ака энг муҳим иш ва ҳаракатларида ички ва ташқи мутаносибликни унутмасди».

Илмий ворисийликни таъминлашдаги энг муҳим омиллардан бири айнан мана шу – «ички ва ташқи мутаносиблик»дир. Фан тарихида шаклланадиган «устоз-шогирд» муносабатлари фақатгина маълумотларни қабул қилиб олиш йўли эмас, балки ахлоқий-руҳий тарбия воситасидир. Профессор И.Ҳаққул таъкидлаганидек, асардаги қаҳрамонлар (Ҳоди Зариф, Ғози Олим Юнусов, Абдурауф Фитрат ва бошқалар) сиймосини ёритишда «Тўра Мирзаевда китобий бир устозпарастлик, ясама салафшунослик йўқлиги» муаллифнинг илмий ҳақиқатга бўлган юксак садоқатини ва тадқиқотчи-гувоҳ сифатидаги холислигини таъминлайди.

Илм-фан тарихи фақатгина эришилган ютуқлар ва кашфиётлар силсиласидан иборат эмас, у, шу билан бирга, бой берилган имкониятлар, йўқотилган ноёб манбалар ва бу фожиаларни ўз ичидан ўтказган олимларнинг ботиний изтироблари тарихи ҳамдир. Хотиранинг мўртлиги ва уни келажакка етказишдаги инсоний масъулият илмий бардавомликнинг энг оғир юки ҳисобланади. Тўра Мирзаев ўз асарида илмий устозларнинг руҳиятига чуқур кириб борар экан, ўтмишдаги маънавий йўқотишлар файласуф-олим қалбида қандай қилиб тарихий масъулият ва ҳатто ўзини айбдор ҳис қилиш туйғусини шакллантирганини теран ёритиб беради.

Ушбу фалсафий моҳият китобдаги биринчи ўзбек профессори Ғози Олим Юнусов қисматига бағишланган саҳифаларда энг юқори чўққига чиқади. 1937 йилдаги қатағон туфайли улкан олимнинг нафақат ўзи, балки унинг йиллар давомида яратган минг саҳифалик «Ўзбек тилининг илмий грамматикаси» каби ноёб қўлёзмаси ҳам изсиз йўқолади. Бу шунчаки бир китобнинг эмас, балки миллат илмий тафаккурининг бутун бир қатлами йўқ қилиниши эди.

Тўра Мирзаев Ҳоди Зарифнинг бу воқеага нисбатан хотираларини келтирар экан, устознинг қалб исёнини ва ботиний изтиробини қоғозга туширади: «Эҳ, у давр ғоятда оғир йиллар эди. Бугун ўша воқеаларни эсласам, шундай ноёб ва бой мероснинг бутунлай йўқолиб кетишида қай бир нуқталарда ўзимни ҳам айбдор ҳисоблайман… Тоғам эса ўзи ёзиб олган ва тўплаган материалларни ҳамон ўз уйида сақларди. Бу материалларни Фольклор архивига олишда сусткашлик қилдик. Агар тоғамни кўндириб, 1934–1935 йиллари материалларни архивга олганимизда, йўқолмай, сақланиб қолган бўлармиди?!»

Ушбу иқрор илм-фанда ворисийлик фалсафасининг энг нозик нуқтасини очиб беради. Ҳоди Зарифнинг «ўзини айбдор ҳисоблаши» – бу шахсий нуқсон эмас, балки авлодлар олдидаги буюк тарихий масъулиятнинг намоён бўлишидир. Тўра Мирзаев бу ўринда шунчаки воқеани қайд этувчи тарихчи эмас, балки олимнинг ички фожиасини ва маънавий масъулият юкини таҳлил қилувчи файласуф сифатида майдонга чиқади.

Йўқотилган илмий мероснинг ўрнини тўлдириш умиди ва уларни асраб қололмаганлик изтироби – илмий мактаб вакиллари учун ўзига хос ахлоқий сабоқдир. Асар муаллифи бундай тарихий йўқотишларни ёдга олиш орқали кейинги авлод тадқиқотчиларига муҳим бир ҳақиқатни уқтиради: илмга садоқат фақатгина янги асарлар яратиш билан эмас, балки яратилган меросни келажакка бешикаст етказишдаги буюк масъулият билан ўлчанади.

Илм-фанда «устоз-шогирд» ва «сафдошлик» муносабатларидаги садоқат ҳақиқатни англашга доир теран ахлоқий тушунчадир. Чин маънодаги илмий садоқат – бу марҳум сафдошларнинг илмий ғояларини, уларнинг ярим қолиб кетган меросини унутилишдан асраб қолиш ва келажак авлодларга бешикаст етказиш демакдир. Биз буни «илмий билимни омонат сақлаш фалсафаси» деб аташимиз мумкин. Тўра Мирзаев ўзининг хотира-тадқиқотида ушбу нодир ҳодисани Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган истеъдодли навоийшунос Олим Шарафиддинов ва унинг сафдоши Ҳоди Зариф муносабатлари мисолида ғоят таъсирчан очиб беради.

Асарда қайд этилишича, Олим Шарафиддинов Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида биринчилардан бўлиб асосли ва салмоқли тадқиқот яратган, аммо уруш туфайли бу изланишларнинг тўлиқ нашрини кўриш унга насиб қилмаган эди. Шу ўринда илм йўлидаги садоқатнинг олий кўриниши намоён бўлади: Ҳоди Зариф марҳум сафдошининг нодир қўлёзмасини йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида ўз уйида кўз қорачиғидек асраб келади. У бу қўлёзмани унутилишга маҳкум этмайди ёки ундан ўз номидан фойдаланишдек «осон йўл»ни танламайди. Аксинча, вақти-соати етиб, илмий давомчилар вояга етгач, қўлёзмани муаллифнинг куёви – ёш олим Эрик Каримовга топширади.

Тўра Мирзаев бу тарихий лаҳзани шунчаки қайд этмайди, балки устознинг сўзлари орқали унга чуқур маънавий ва илмий-маърифий баҳо беради: «Бу қайнотангиз Олим Шарафиддиновнинг Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги монографиясининг қўлёзмаси… Энди бемалол ота ишини давом эттиришингиз, бу қўлёзманинг қадрига етиб, уни нашрга тайёрлашингизга ишонаман. Бугун ана шу ишонч билан уни сизга топширмоқдаман».

Ушбу матн парчаси илм-фанда авлодлар алмашинуви анъанаси қандай ишлашини кўрсатувчи бебаҳо далилдир. Бу ерда «омонат» фақатгина ашёвий қоғоз (қўлёзма) эмас, балки бутун бир илмий ғоя ва мактабдир. Ҳоди Зарифнинг бу хатти-ҳаракати ортида муаллиф (Тўра Мирзаев) илмий жамоанинг ахлоқий пойдеворини кўради: илмда ҳеч бир фидойилик изсиз кетмаслиги керак ва тириклар зиммасида марҳумларнинг илмий ҳақиқатларини юзага чиқаришдек муқаддас бурч ётади.

Шу тариқа, «Устозлар, сафдошлар, издошлар» китоби авлодларнинг илмий боғлиқлигини шунчаки назариялар алмашинуви эмас, балки олимларнинг ўзаро маънавий масъулияти, виждони ва «илмий мерос омонати»га бўлган садоқати сифатида фалсафий жиҳатдан асослаб беради.

Илмий мактабларнинг пойдевори фақатгина буюк назариётчиларнинг оламшумул кашфиётларидангина иборат бўлмайди. Бу муҳташам бинонинг тик туриши ва яшаб қолишини таъминлайдиган асосий куч – кўпинча эътибордан четда қоладиган, таҳсин ва рағбатларсиз бажариладиган «кўринмас меҳнат» эгаларидир. Илм-фан тарихида буни илмий фидойилик ва хокисорлик фалсафаси (илм йўлидаги ўзига хос таркидунёчилик) деб баҳолаш мумкин. Тўра Мирзаев ўз асарида илм даргоҳининг ички таянчи бўлган шундай фидойилар қиёфасини олима Зубайда Ҳусаинова фаолияти мисолида ғоят таъсирчан ва юксак эҳтиром билан чизиб беради.

Асарда тасвирланишича, Зубайда Ҳусаинова эллик йил давомида Фольклор архивининг сақловчиси сифатида меҳнат қилиб, миллатнинг бебаҳо оғзаки меросини асраб-авайлашдек шарафли, аммо ниҳоятда машаққатли ишни ўз елкасига олади. Бу шунчаки хизмат вазифаси эмас, балки бутун борлиғини илмга бахшида этишнинг олий намунаси эди. Муаллиф олиманинг ишга бўлган муносабатини оддий, аммо жуда теран маънога эга бўлган маиший тафсилотлар орқали очиб беради: «Архив хонасига фаррошлар киритилмас, уларга тегишли вазифаларни ҳам опанинг ўзи бажарарди… Ҳар бир сақлов бирлигида асарларнинг мундарижасини кўрсатувчи очқичлар тайёрланиши керак. Ана шу очқичларнинг бари Зубайда Ҳусаинова томонидан тайёрланган ва ўз қўли билан ёзилган».

Ушбу жумлалар замирида улкан фалсафий маъно ётибди. Қоғозларни чангдан тозалаш ёки минглаб саҳифалик мундарижаларни қўлда ёзиб чиқиш зоҳиран (сиртдан) оддий қора меҳнат бўлиб кўринса-да, ботинан (ичкаридан) бу – илмий қадриятларга кўрсатилган энг юксак муҳаббатдир. Фаррошларни қўлёзмалар сақланадиган хонага киритмаслик ортида миллат маънавий бойлигига нисбатан оналик меҳри ва асровчилик туйғуси мужассам.

Тўра Мирзаев бу орқали чинакам олимлик фақат минбарларда сўзлаш ёки китоблар ёзиш билан ўлчанмаслигини, балки илм-фан манфаати йўлида энг хокисор вазифаларни ҳам буюк ифтихор билан бажара олишда эканлигини исботлайди. Асардаги бу таҳлил илмий ворисийликнинг яна бир муҳим шартини – кейинги авлодларга билим билан бирга меҳнатсеварлик, камтарлик ва илмга беминнат хизмат қилиш гўзаллигини узатиш фазилатини намоён этади.

Илм-фан тарихи фақат силлиқ ютуқлардан иборат эмас. Мустабид тузум ва сиёсий тазйиқлар ҳукмрон бўлган даврларда олимнинг ўз илмий виждонини сақлаб қолиши энг мураккаб ахлоқий синов ҳисобланади. Тўра Мирзаевнинг хотира-тадқиқотида бу синов икки хил қарама-қарши ҳолат – ҳақиқатни ҳимоя қилиш жасорати ва сиёсий қарашларга алданиш фожиаси (сўнгра ундан покланиш) мисолида ғоят теран таҳлил этилади.

Биринчи ҳолатда чинакам илмий ахлоқ ва дўстга садоқат намоён бўлади. 1950-йилларнинг бошларида «Алпомиш» достони ва унинг тадқиқотчиларига нисбатан асоссиз сиёсий қувғинлар бошланганда, академик В.М. Жирмунский ўз ҳаёти ва мартабасини хавф остига қўйиб, дўсти ҳамда ҳамкори Ҳоди Зарифни ҳимоя қилиб Фанлар академиясига хат ёзади. У китобдаги сиёсий айбловларга сабаб бўлган барча ўринларни ўз бўйнига олиб, ўзбек олимини ҳимоя қилади. Муаллиф бу воқеани шунчаки дўстлик эмас, балки В.М. Жирмунскийнинг «Олимлик виждоним шуни тақозо этганди… Бу дўст, ҳамкор олдидаги виждоний бурчдир» деган сўзлари орқали илмий масъулиятнинг энг олий кўриниши сифатида баҳолайди. Демак, илм-фан тарихини фақат кашфиётлар эмас, балки олимларнинг мана шундай ахлоқий мардонаворлиги яратади.

Бунга қарама-қарши ўлароқ, асарда ёш тадқиқотчининг ҳукмрон сиёсий муҳитга алданиб, илмий ҳақиқатдан чекиниши ва кейинроқ бу хатосини англаб етиши жараёни (Охунжон Собиров қисмати) кўрсатилади. Ёш тадқиқотчи дастлаб ёлғон мафкурага эргашиб, Ислом шоирни «Нигор ва Замон» достонини бузиб куйлашга, унга сунъий равишда инқилобий руҳ беришга ундайди ва асл халқ ижодини сохталаштиради. Аммо устозларнинг (Ғафур Ғулом ва Ҳоди Зариф) қаттиқ танбеҳидан сўнг, у ўз хатосини мардларча тан олади ва бутун умрини ҳақиқий халқ ижодини, жумладан, «Ёзи билан Зебо», «Келиной» каби асарларни тоза ҳолда тўплашга бағишлайди.

Тўра Мирзаев бу ўринда илмий мактабнинг ички қувватини ва ҳақиқат мезонини намойиш этади. Илмий муҳит нафақат билим беради, балки олимни тарбиялайди, уни ёлғондан қайтаради ва ҳақиқат йўлига солади. Бу ҳолат – илмдаги ахлоқий покланиш ва асл илмий ҳақиқатнинг ҳар қандай ўткинчи мафкуралардан устун эканлигини тасдиқловчи гўзал фалсафий хулосадир.

Илм-фан тарихида бирор илмий мактабнинг яшаб қолиши унинг қолипга тушиб қолмаслиги, балки муттасил кенгайиб, бошқа соҳалар билан уйғунлашиб боришига боғлиқ. Чин маънодаги илмий ворисийлик устозларнинг йўлини кўр-кўрона такрорлаш эмас, балки улар яратган пойдевор устида янгича қарашларни шакллантиришдир. Илмий мактаб худди тирик организм каби ўсиши, шохлаши ва муҳит билан ўзаро таъсирга киришиши шарт. Устоз Тўра Мирзаев ўз асарида ўзбек фольклоршунослигининг ана шундай кенгайиш ва янги уфқларни кашф этиш жараёнини атоқли олимлар – мусиқашунос Файзулла Кароматов ҳамда санъатшунос Муҳсин Қодиров фаолияти мисолида ғоят кенг ва теран таҳлил қилади.

Халқ ижоди фақатгина қоғозга туширилган қуруқ матн ёки сўзлар йиғиндиси эмас. У тирик овоз, оҳанг ва ҳаракатдан иборат яхлит, жонли тизимдир. Муаллиф Файзулла Кароматовнинг илмий йўлини ёритар экан, фольклорни мусиқа ва наводан ажратиб ўрганиб бўлмаслигини фалсафий жиҳатдан асослайди. Олимнинг ярим асрлик меҳнати натижаси бўлган кўп жилдли «Ўзбек халқи музика мероси» тадқиқотлари оддийгина куйлар тўплами эмас эди. Файзулла Кароматов ҳар бир асарни «чолғу – созанда – куйчи – куй – матн» бирлигида воқе бўладиган яхлит гўзаллик ҳодисаси сифатида таҳлил этди. Тўра Мирзаев буни шунчаки мусиқашуносликдаги ютуқ эмас, балки умумий илмий мактабнинг дунёқараши кенгайгани, халқ руҳиятини тирик ҳолида (матн ва оҳанг яхлитлигида) сақлаб қолишдаги янги босқич сифатида юксак қадрлайди. Бу – фаннинг ўз қобиғидан чиқиб, бошқа соҳалар билан табиий бирлашувини таъминлаган буюк бурилиш эди.

Шунингдек, китобда Муҳсин Қодиров фаолиятининг таҳлил қилиниши илмий тафаккурнинг яна бир янги уфққа чиққанини кўрсатади. Унгача фольклор, асосан, адабиётшунослик доирасида, эртак ёки достон сифатида ўрганилган бўлса, Муҳсин Қодиров халқ ижодига томоша санъати – анъанавий театр сифатида ёндашди. У юзлаб қизиқчилар, дорбозлар, масхарабозлар ва қўғирчоқбозларнинг ижро усулларини, оғзаки драманинг ички қонуниятларини чуқур ўрганиш орқали фольклор ижрочисини нафақат матн яратувчиси, балки маҳоратли актёр ва режиссёр даражасига кўтарди. Асарда ушбу изланишларнинг юксак баҳоланиши фольклорни фақат адабиётнинг бир қисми деб биладиган эски қарашларни парчалаб, уни кенг қамровли маданият ва санъат ҳодисаси сифатида тан олиш фалсафасини ифодалайди.

Демак, Тўра Мирзаевнинг илмий мушоҳадалари орқали биз фанда авлодлар давомийлиги ва илмий мактабнинг яшаб қолиши турли соҳаларнинг (адабиётшунослик, мусиқашунослик, театршунослик) бир мақсад йўлида бирлашиши, яъни фанлараро уйғунлик орқали миллатнинг яхлит маънавий қиёфасини кашф этиш қудратига эга бўлиши тўғрисидаги яна бир муҳим ҳақиқатни англаймиз: Илмга берилган бундай кенг қамровли баҳо муаллифнинг нақадар теран файласуф ва мактаб яратувчи устоз эканлигини яна бир бор исботлайди.

Илмий мактабнинг чинакам камолоти унинг миллий қобиқда ўралиб қолмасдан, умумбашарий илм-фан билан уйғунлашиб кетишида намоён бўлади. Илмий ворисийлик ва анъаналар миллат ва чегара танламайдиган буюк ҳодисадир. Тўра Мирзаев ўз китобида бу жараённи олмон олими, Бонн университети профессори Карл Райхл фаолияти мисолида таҳлил қилади. Миллий анъаналарнинг жаҳон илмий доираларига чиқиши ва дунё олимлари билан ҳамкорлик масаласи асарнинг мантиқий чўққиларидан бири ҳисобланади.

Асарда тасвирланишича, Карл Райхл шунчаки хорижлик кузатувчи эмас, балки ўзбек фольклоршунослиги мактабининг бевосита иштирокчисига ва уни Оврупо илми билан боғловчи кўприкка айланади. Олмон олимининг ўзбек ва қорақалпоқ тилларини ўрганиб, миллатнинг бебаҳо қадриятлари бўлган «Алпомиш», «Эдиге» каби достонларни немис ва инглиз тилларига таржима қилиши ҳамда уларни Европа университетларида тақдимот қилиши улкан илмий ҳодиса сифатида қадрланади. Тўра Мирзаев Карл Райхлга баҳо берар экан: «Карл Райхл Ўзбекистон фольклористика мактабини Европа илми билан боғлаган ўзига хос оригинал олимдир… Ўзбек ва қорақалпоқ фольклоршуносларининг… тадқиқотлари Карл Райхлнинг беқиёс илмий-ижодий фаолияти туфайли немис, инглиз ва француз тиллари орқали дунё миқёсига чиқди», дея таъкидлайди. Бу эса ҳақиқий билим ва илмий меҳнатнинг умуминсоний қадриятга айланишини тасдиқловчи фалсафий қарашдир.

Гувоҳи бўлганимиздек, академик Тўра Мирзаевнинг «Устозлар, сафдошлар, издошлар» китоби шунчаки ўтмиш хотиралари ёки таржимаи ҳоллар тўплами эмас. У илм-фанда авлодларнинг руҳий-маънавий узвийлигини, илмий билимнинг устоздан шогирдга ўтиш ички қонуниятларини ва тадқиқотчининг жамият ҳамда тарих олдидаги масъулиятини очиб берувчи мукаммал фалсафий-тарихий асардир.

Муаллиф китобдаги қаҳрамонлар (устозлар, тенгдошлар ва шогирдлар) сиймосини яратиш орқали, аслида, чинакам олимнинг, фидойи ва хокисор инсоннинг умумлашган қиёфасини яратган. Бу асар орқали биз илм-фанда бардавомлик фақатгина қуруқ назарияларни ёдлаш билан эмас, балки устозларнинг илмга садоқати, инсонийлиги ва илмий виждонини қалбан қабул қилиб олиш ҳамда уни жаҳон миқёсига олиб чиқиш орқали таъминланишини теран англаймиз.

6  mart — Ustoz olim, akademik Toʻra Mirzaev tugʻilgan kunning 90 yilligi

Akademik Toʻra Mirzaevning «Ustozlar, safdoshlar, izdoshlar» kitobi shunchaki oʻtmish xotiralari yoki tarjimai hollar toʻplami emas. U ilm-fanda avlodlarning ruhiy-ma’naviy uzviyligini, ilmiy bilimning ustozdan shogirdga oʻtish ichki qonuniyatlarini va tadqiqotchining jamiyat hamda tarix oldidagi mas’uliyatini ochib beruvchi mukammal falsafiy-tarixiy asardir.

AN’ANA VA VORISIYLIK DIALYEKTIKASI
Toʻra Mirzaevning «Ustozlar, safdoshlar, izdoshlar» kitobiga nazar


Munisjon HAKIMOV — Alisher Navoiy nomidagi adabiyot muzeyi
Nodir qoʻlyozmalar boʻlimi mudiri, filologiya fanlari boʻyicha falsafa doktori


   Ilm-fan taraqqiyoti, mohiyat e’tibori bilan, bilimlarning shunchaki sun’iy yigʻindisi yoki dalillarning davriy ketma-ketligi emas, balki avlodlar oʻrtasidagi murakkab ma’naviy uzviylik jarayonidir. Ilmiy qarashlarning almashinuvi koʻpincha eski tamoyillarning inkor etilishi bilan kechsa-da, chinakam ilmiy maktablar oʻz poydevoridagi tub an’analarni va «yashirin bilimlar»ni ustozdan shogirdga uzatish orqali bardavomlikni saqlab qoladi. Ushbu uzviy va ziddiyatli jarayonni tadqiq etishda asl tarixiy haqiqatni shaxsiy xotiralar koʻzgusidan oʻtkazuvchi ilmiy-xotira asarlari beqiyos manba vazifasini oʻtaydi. Shu ma’noda, akademik Toʻra Mirzaevning «Ustozlar, safdoshlar, izdoshlar» (2021) nomli kitobi oʻzbek gumanitar fani, xususan, folklorshunoslik maktabining yarim asrlik tadrijiy taraqqiyotini muallif shaxsiyati va uning ilmiy mushohadalari orqali koʻrsatib beruvchi noyob falsafiy-tarixiy hujjat hisoblanadi.

Muallif kitobning muqaddimasidayoq asarning bosh maqsadini «oʻzbek folklorshunosligini fanning yangi sohasi sifatida shakllanishi va uning XXI asrdagi taraqqiyoti toʻgʻrisida muayyan bir tasavvur bera olish», deya belgilaydi. Biroq bu «tasavvur»ni shakllantirishda olim shunchaki tarjimai holga oid ma’lumotnoma yoki quruq dalillar bayoni bilan cheklanmaydi. U ilmiy maktabning ichida yashagan, uning yutuq va yoʻqotishlarini oʻz qalbidan oʻtkazgan faol ishtirokchi sifatida voqea-hodisalarni shaxsiy kuzatuv va ichki kechinmalar orqali ichkaridan yoritish hamda matn zamiridagi yashirin mohiyatni teran sharhlash usulini qoʻllaydi. Bu esa voqealarni «boshqani anglash orqali oʻzini namoyon qilish» falsafasiga olib chiqadi.

07Taniqli adabiyotshunos olim, professor Ibrohim Haqqul asarga yozgan soʻzboshisida Toʻra Mirzaevning ushbu tadqiqotchilik oʻziga xosligini va matn ortida yotgan mufllif shaxsiyatini gʻoyat aniq ifodalab beradi: «Amalga oshirilgan ishlarda ana oʻsha tashabbus sohiblarining faqat faoliyati emas, umr mazmuni ham ifodasini topgan. Toʻra Mirzaev qanaqa mavzuda yozmasin, tabiiylik va xolislik ularning asosiy xususiyatiga aylanadi… Inson esa koʻpincha zohirga qarab botindan nimalar kechganini oʻylab ham oʻtirmaydi. Toʻra aka eng muhim ish va harakatlarida ichki va tashqi mutanosiblikni unutmasdi».

Ilmiy vorisiylikni ta’minlashdagi eng muhim omillardan biri aynan mana shu – «ichki va tashqi mutanosiblik»dir. Fan tarixida shakllanadigan «ustoz-shogird» munosabatlari faqatgina ma’lumotlarni qabul qilib olish yoʻli emas, balki axloqiy-ruhiy tarbiya vositasidir. Professor I.Haqqul ta’kidlaganidek, asardagi qahramonlar (Hodi Zarif, Gʻozi Olim Yunusov, Abdurauf Fitrat va boshqalar) siymosini yoritishda «Toʻra Mirzaevda kitobiy bir ustozparastlik, yasama salafshunoslik yoʻqligi» muallifning ilmiy haqiqatga boʻlgan yuksak sadoqatini va tadqiqotchi-guvoh sifatidagi xolisligini ta’minlaydi.

Ilm-fan tarixi faqatgina erishilgan yutuqlar va kashfiyotlar silsilasidan iborat emas, u, shu bilan birga, boy berilgan imkoniyatlar, yoʻqotilgan noyob manbalar va bu fojialarni oʻz ichidan oʻtkazgan olimlarning botiniy iztiroblari tarixi hamdir. Xotiraning moʻrtligi va uni kelajakka yetkazishdagi insoniy mas’uliyat ilmiy bardavomlikning eng ogʻir yuki hisoblanadi. Toʻra Mirzaev oʻz asarida ilmiy ustozlarning ruhiyatiga chuqur kirib borar ekan, oʻtmishdagi ma’naviy yoʻqotishlar faylasuf-olim qalbida qanday qilib tarixiy mas’uliyat va hatto oʻzini aybdor his qilish tuygʻusini shakllantirganini teran yoritib beradi.

Ushbu falsafiy mohiyat kitobdagi birinchi oʻzbek professori Gʻozi Olim Yunusov qismatiga bagʻishlangan sahifalarda eng yuqori choʻqqiga chiqadi. 1937 yildagi qatagʻon tufayli ulkan olimning nafaqat oʻzi, balki uning yillar davomida yaratgan ming sahifalik «Oʻzbek tilining ilmiy grammatikasi» kabi noyob qoʻlyozmasi ham izsiz yoʻqoladi. Bu shunchaki bir kitobning emas, balki millat ilmiy tafakkurining butun bir qatlami yoʻq qilinishi edi.

Toʻra Mirzaev Hodi Zarifning bu voqeaga nisbatan xotiralarini keltirar ekan, ustozning qalb isyonini va botiniy iztirobini qogʻozga tushiradi: «Eh, u davr gʻoyatda ogʻir yillar edi. Bugun oʻsha voqealarni eslasam, shunday noyob va boy merosning butunlay yoʻqolib ketishida qay bir nuqtalarda oʻzimni ham aybdor hisoblayman… Togʻam esa oʻzi yozib olgan va toʻplagan materiallarni hamon oʻz uyida saqlardi. Bu materiallarni Folklor arxiviga olishda sustkashlik qildik. Agar togʻamni koʻndirib, 1934–1935 yillari materiallarni arxivga olganimizda, yoʻqolmay, saqlanib qolgan boʻlarmidi?!»

Ushbu iqror ilm-fanda vorisiylik falsafasining eng nozik nuqtasini ochib beradi. Hodi Zarifning «oʻzini aybdor hisoblashi» – bu shaxsiy nuqson emas, balki avlodlar oldidagi buyuk tarixiy mas’uliyatning namoyon boʻlishidir. Toʻra Mirzaev bu oʻrinda shunchaki voqeani qayd etuvchi tarixchi emas, balki olimning ichki fojiasini va ma’naviy mas’uliyat yukini tahlil qiluvchi faylasuf sifatida maydonga chiqadi.

Yoʻqotilgan ilmiy merosning oʻrnini toʻldirish umidi va ularni asrab qololmaganlik iztirobi – ilmiy maktab vakillari uchun oʻziga xos axloqiy saboqdir. Asar muallifi bunday tarixiy yoʻqotishlarni yodga olish orqali keyingi avlod tadqiqotchilariga muhim bir haqiqatni uqtiradi: ilmga sadoqat faqatgina yangi asarlar yaratish bilan emas, balki yaratilgan merosni kelajakka beshikast yetkazishdagi buyuk mas’uliyat bilan oʻlchanadi.

Ilm-fanda «ustoz-shogird» va «safdoshlik» munosabatlaridagi sadoqat haqiqatni anglashga doir teran axloqiy tushunchadir. Chin ma’nodagi ilmiy sadoqat – bu marhum safdoshlarning ilmiy gʻoyalarini, ularning yarim qolib ketgan merosini unutilishdan asrab qolish va kelajak avlodlarga beshikast yetkazish demakdir. Biz buni «ilmiy bilimni omonat saqlash falsafasi» deb atashimiz mumkin. Toʻra Mirzaev oʻzining xotira-tadqiqotida ushbu nodir hodisani Ikkinchi jahon urushida halok boʻlgan iste’dodli navoiyshunos Olim Sharafiddinov va uning safdoshi Hodi Zarif munosabatlari misolida gʻoyat ta’sirchan ochib beradi.

Asarda qayd etilishicha, Olim Sharafiddinov Alisher Navoiy hayoti va ijodi haqida birinchilardan boʻlib asosli va salmoqli tadqiqot yaratgan, ammo urush tufayli bu izlanishlarning toʻliq nashrini koʻrish unga nasib qilmagan edi. Shu oʻrinda ilm yoʻlidagi sadoqatning oliy koʻrinishi namoyon boʻladi: Hodi Zarif marhum safdoshining nodir qoʻlyozmasini yigirma yildan ortiq vaqt mobaynida oʻz uyida koʻz qorachigʻidek asrab keladi. U bu qoʻlyozmani unutilishga mahkum etmaydi yoki undan oʻz nomidan foydalanishdek «oson yoʻl»ni tanlamaydi. Aksincha, vaqti-soati yetib, ilmiy davomchilar voyaga yetgach, qoʻlyozmani muallifning kuyovi – yosh olim Erik Karimovga topshiradi.

Toʻra Mirzaev bu tarixiy lahzani shunchaki qayd etmaydi, balki ustozning soʻzlari orqali unga chuqur ma’naviy va ilmiy-ma’rifiy baho beradi: «Bu qaynotangiz Olim Sharafiddinovning Alisher Navoiyning hayoti va ijodi haqidagi monografiyasining qoʻlyozmasi… Endi bemalol ota ishini davom ettirishingiz, bu qoʻlyozmaning qadriga yetib, uni nashrga tayyorlashingizga ishonaman. Bugun ana shu ishonch bilan uni sizga topshirmoqdaman».

Ushbu matn parchasi ilm-fanda avlodlar almashinuvi an’anasi qanday ishlashini koʻrsatuvchi bebaho dalildir. Bu yerda «omonat» faqatgina ashyoviy qogʻoz (qoʻlyozma) emas, balki butun bir ilmiy gʻoya va maktabdir. Hodi Zarifning bu xatti-harakati ortida muallif (Toʻra Mirzaev) ilmiy jamoaning axloqiy poydevorini koʻradi: ilmda hech bir fidoyilik izsiz ketmasligi kerak va tiriklar zimmasida marhumlarning ilmiy haqiqatlarini yuzaga chiqarishdek muqaddas burch yotadi.

Shu tariqa, «Ustozlar, safdoshlar, izdoshlar» kitobi avlodlarning ilmiy bogʻliqligini shunchaki nazariyalar almashinuvi emas, balki olimlarning oʻzaro ma’naviy mas’uliyati, vijdoni va «ilmiy meros omonati»ga boʻlgan sadoqati sifatida falsafiy jihatdan asoslab beradi.

Ilmiy maktablarning poydevori faqatgina buyuk nazariyotchilarning olamshumul kashfiyotlaridangina iborat boʻlmaydi. Bu muhtasham binoning tik turishi va yashab qolishini ta’minlaydigan asosiy kuch – koʻpincha e’tibordan chetda qoladigan, tahsin va ragʻbatlarsiz bajariladigan «koʻrinmas mehnat» egalaridir. Ilm-fan tarixida buni ilmiy fidoyilik va xokisorlik falsafasi (ilm yoʻlidagi oʻziga xos tarkidunyochilik) deb baholash mumkin. Toʻra Mirzaev oʻz asarida ilm dargohining ichki tayanchi boʻlgan shunday fidoyilar qiyofasini olima Zubayda Husainova faoliyati misolida gʻoyat ta’sirchan va yuksak ehtirom bilan chizib beradi.

Asarda tasvirlanishicha, Zubayda Husainova ellik yil davomida Folklor arxivining saqlovchisi sifatida mehnat qilib, millatning bebaho ogʻzaki merosini asrab-avaylashdek sharafli, ammo nihoyatda mashaqqatli ishni oʻz yelkasiga oladi. Bu shunchaki xizmat vazifasi emas, balki butun borligʻini ilmga baxshida etishning oliy namunasi edi. Muallif olimaning ishga boʻlgan munosabatini oddiy, ammo juda teran ma’noga ega boʻlgan maishiy tafsilotlar orqali ochib beradi: «Arxiv xonasiga farroshlar kiritilmas, ularga tegishli vazifalarni ham opaning oʻzi bajarardi… Har bir saqlov birligida asarlarning mundarijasini koʻrsatuvchi ochqichlar tayyorlanishi kerak. Ana shu ochqichlarning bari Zubayda Husainova tomonidan tayyorlangan va oʻz qoʻli bilan yozilgan».

Ushbu jumlalar zamirida ulkan falsafiy ma’no yotibdi. Qogʻozlarni changdan tozalash yoki minglab sahifalik mundarijalarni qoʻlda yozib chiqish zohiran (sirtdan) oddiy qora mehnat boʻlib koʻrinsa-da, botinan (ichkaridan) bu – ilmiy qadriyatlarga koʻrsatilgan eng yuksak muhabbatdir. Farroshlarni qoʻlyozmalar saqlanadigan xonaga kiritmaslik ortida millat ma’naviy boyligiga nisbatan onalik mehri va asrovchilik tuygʻusi mujassam.

Toʻra Mirzaev bu orqali chinakam olimlik faqat minbarlarda soʻzlash yoki kitoblar yozish bilan oʻlchanmasligini, balki ilm-fan manfaati yoʻlida eng xokisor vazifalarni ham buyuk iftixor bilan bajara olishda ekanligini isbotlaydi. Asardagi bu tahlil ilmiy vorisiylikning yana bir muhim shartini – keyingi avlodlarga bilim bilan birga mehnatsevarlik, kamtarlik va ilmga beminnat xizmat qilish goʻzalligini uzatish fazilatini namoyon etadi.

Ilm-fan tarixi faqat silliq yutuqlardan iborat emas. Mustabid tuzum va siyosiy tazyiqlar hukmron boʻlgan davrlarda olimning oʻz ilmiy vijdonini saqlab qolishi eng murakkab axloqiy sinov hisoblanadi. Toʻra Mirzaevning xotira-tadqiqotida bu sinov ikki xil qarama-qarshi holat – haqiqatni himoya qilish jasorati va siyosiy qarashlarga aldanish fojiasi (soʻngra undan poklanish) misolida gʻoyat teran tahlil etiladi.

Birinchi holatda chinakam ilmiy axloq va doʻstga sadoqat namoyon boʻladi. 1950-yillarning boshlarida «Alpomish» dostoni va uning tadqiqotchilariga nisbatan asossiz siyosiy quvgʻinlar boshlanganda, akademik V.M. Jirmunskiy oʻz hayoti va martabasini xavf ostiga qoʻyib, doʻsti hamda hamkori Hodi Zarifni himoya qilib Fanlar akademiyasiga xat yozadi. U kitobdagi siyosiy ayblovlarga sabab boʻlgan barcha oʻrinlarni oʻz boʻyniga olib, oʻzbek olimini himoya qiladi. Muallif bu voqeani shunchaki doʻstlik emas, balki V.M. Jirmunskiyning «Olimlik vijdonim shuni taqozo etgandi… Bu doʻst, hamkor oldidagi vijdoniy burchdir» degan soʻzlari orqali ilmiy mas’uliyatning eng oliy koʻrinishi sifatida baholaydi. Demak, ilm-fan tarixini faqat kashfiyotlar emas, balki olimlarning mana shunday axloqiy mardonavorligi yaratadi.

Bunga qarama-qarshi oʻlaroq, asarda yosh tadqiqotchining hukmron siyosiy muhitga aldanib, ilmiy haqiqatdan chekinishi va keyinroq bu xatosini anglab yetishi jarayoni (Oxunjon Sobirov qismati) koʻrsatiladi. Yosh tadqiqotchi dastlab yolgʻon mafkuraga ergashib, Islom shoirni «Nigor va Zamon» dostonini buzib kuylashga, unga sun’iy ravishda inqilobiy ruh berishga undaydi va asl xalq ijodini soxtalashtiradi. Ammo ustozlarning (Gʻafur Gʻulom va Hodi Zarif) qattiq tanbehidan soʻng, u oʻz xatosini mardlarcha tan oladi va butun umrini haqiqiy xalq ijodini, jumladan, «Yozi bilan Zebo», «Kelinoy» kabi asarlarni toza holda toʻplashga bagʻishlaydi.

Toʻra Mirzaev bu oʻrinda ilmiy maktabning ichki quvvatini va haqiqat mezonini namoyish etadi. Ilmiy muhit nafaqat bilim beradi, balki olimni tarbiyalaydi, uni yolgʻondan qaytaradi va haqiqat yoʻliga soladi. Bu holat – ilmdagi axloqiy poklanish va asl ilmiy haqiqatning har qanday oʻtkinchi mafkuralardan ustun ekanligini tasdiqlovchi goʻzal falsafiy xulosadir.

Ilm-fan tarixida biror ilmiy maktabning yashab qolishi uning qolipga tushib qolmasligi, balki muttasil kengayib, boshqa sohalar bilan uygʻunlashib borishiga bogʻliq. Chin ma’nodagi ilmiy vorisiylik ustozlarning yoʻlini koʻr-koʻrona takrorlash emas, balki ular yaratgan poydevor ustida yangicha qarashlarni shakllantirishdir. Ilmiy maktab xuddi tirik organizm kabi oʻsishi, shoxlashi va muhit bilan oʻzaro ta’sirga kirishishi shart. Ustoz Toʻra Mirzaev oʻz asarida oʻzbek folklorshunosligining ana shunday kengayish va yangi ufqlarni kashf etish jarayonini atoqli olimlar – musiqashunos Fayzulla Karomatov hamda san’atshunos Muhsin Qodirov faoliyati misolida gʻoyat keng va teran tahlil qiladi.

Xalq ijodi faqatgina qogʻozga tushirilgan quruq matn yoki soʻzlar yigʻindisi emas. U tirik ovoz, ohang va harakatdan iborat yaxlit, jonli tizimdir. Muallif Fayzulla Karomatovning ilmiy yoʻlini yoritar ekan, folklorni musiqa va navodan ajratib oʻrganib boʻlmasligini falsafiy jihatdan asoslaydi. Olimning yarim asrlik mehnati natijasi boʻlgan koʻp jildli «Oʻzbek xalqi muzika merosi» tadqiqotlari oddiygina kuylar toʻplami emas edi. Fayzulla Karomatov har bir asarni «cholgʻu – sozanda – kuychi – kuy – matn» birligida voqe boʻladigan yaxlit goʻzallik hodisasi sifatida tahlil etdi. Toʻra Mirzaev buni shunchaki musiqashunoslikdagi yutuq emas, balki umumiy ilmiy maktabning dunyoqarashi kengaygani, xalq ruhiyatini tirik holida (matn va ohang yaxlitligida) saqlab qolishdagi yangi bosqich sifatida yuksak qadrlaydi. Bu – fanning oʻz qobigʻidan chiqib, boshqa sohalar bilan tabiiy birlashuvini ta’minlagan buyuk burilish edi.

Shuningdek, kitobda Muhsin Qodirov faoliyatining tahlil qilinishi ilmiy tafakkurning yana bir yangi ufqqa chiqqanini koʻrsatadi. Ungacha folklor, asosan, adabiyotshunoslik doirasida, ertak yoki doston sifatida oʻrganilgan boʻlsa, Muhsin Qodirov xalq ijodiga tomosha san’ati – an’anaviy teatr sifatida yondashdi. U yuzlab qiziqchilar, dorbozlar, masxarabozlar va qoʻgʻirchoqbozlarning ijro usullarini, ogʻzaki dramaning ichki qonuniyatlarini chuqur oʻrganish orqali folklor ijrochisini nafaqat matn yaratuvchisi, balki mahoratli aktyor va rejissyor darajasiga koʻtardi. Asarda ushbu izlanishlarning yuksak baholanishi folklorni faqat adabiyotning bir qismi deb biladigan eski qarashlarni parchalab, uni keng qamrovli madaniyat va san’at hodisasi sifatida tan olish falsafasini ifodalaydi.

Demak, Toʻra Mirzaevning ilmiy mushohadalari orqali biz fanda avlodlar davomiyligi va ilmiy maktabning yashab qolishi turli sohalarning (adabiyotshunoslik, musiqashunoslik, teatrshunoslik) bir maqsad yoʻlida birlashishi, ya’ni fanlararo uygʻunlik orqali millatning yaxlit ma’naviy qiyofasini kashf etish qudratiga ega boʻlishi toʻgʻrisidagi yana bir muhim haqiqatni anglaymiz: Ilmga berilgan bunday keng qamrovli baho muallifning naqadar teran faylasuf va maktab yaratuvchi ustoz ekanligini yana bir bor isbotlaydi.

Ilmiy maktabning chinakam kamoloti uning milliy qobiqda oʻralib qolmasdan, umumbashariy ilm-fan bilan uygʻunlashib ketishida namoyon boʻladi. Ilmiy vorisiylik va an’analar millat va chegara tanlamaydigan buyuk hodisadir. Toʻra Mirzaev oʻz kitobida bu jarayonni olmon olimi, Bonn universiteti professori Karl Rayxl faoliyati misolida tahlil qiladi. Milliy an’analarning jahon ilmiy doiralariga chiqishi va dunyo olimlari bilan hamkorlik masalasi asarning mantiqiy choʻqqilaridan biri hisoblanadi.

Asarda tasvirlanishicha, Karl Rayxl shunchaki xorijlik kuzatuvchi emas, balki oʻzbek folklorshunosligi maktabining bevosita ishtirokchisiga va uni Ovrupo ilmi bilan bogʻlovchi koʻprikka aylanadi. Olmon olimining oʻzbek va qoraqalpoq tillarini oʻrganib, millatning bebaho qadriyatlari boʻlgan «Alpomish», «Edige» kabi dostonlarni nemis va ingliz tillariga tarjima qilishi hamda ularni Yevropa universitetlarida taqdimot qilishi ulkan ilmiy hodisa sifatida qadrlanadi. Toʻra Mirzaev Karl Rayxlga baho berar ekan: «Karl Rayxl Oʻzbekiston folkloristika maktabini Yevropa ilmi bilan bogʻlagan oʻziga xos original olimdir… Oʻzbek va qoraqalpoq folklorshunoslarining… tadqiqotlari Karl Rayxlning beqiyos ilmiy-ijodiy faoliyati tufayli nemis, ingliz va fransuz tillari orqali dunyo miqyosiga chiqdi», deya ta’kidlaydi. Bu esa haqiqiy bilim va ilmiy mehnatning umuminsoniy qadriyatga aylanishini tasdiqlovchi falsafiy qarashdir.

Guvohi boʻlganimizdek, akademik Toʻra Mirzaevning «Ustozlar, safdoshlar, izdoshlar» kitobi shunchaki oʻtmish xotiralari yoki tarjimai hollar toʻplami emas. U ilm-fanda avlodlarning ruhiy-ma’naviy uzviyligini, ilmiy bilimning ustozdan shogirdga oʻtish ichki qonuniyatlarini va tadqiqotchining jamiyat hamda tarix oldidagi mas’uliyatini ochib beruvchi mukammal falsafiy-tarixiy asardir.

Muallif kitobdagi qahramonlar (ustozlar, tengdoshlar va shogirdlar) siymosini yaratish orqali, aslida, chinakam olimning, fidoyi va xokisor insonning umumlashgan qiyofasini yaratgan. Bu asar orqali biz ilm-fanda bardavomlik faqatgina quruq nazariyalarni yodlash bilan emas, balki ustozlarning ilmga sadoqati, insoniyligi va ilmiy vijdonini qalban qabul qilib olish hamda uni jahon miqyosiga olib chiqish orqali ta’minlanishini teran anglaymiz.

09

36

(Tashriflar: umumiy 9, bugungi 18)

Izoh qoldiring