Sadriddin Salim Buxoriy. Hazrat Bahouddin Naqshband

011
Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ўз муриди Саййид Мир Кулол билан Қасри Ҳиндувондан ўтаётганда: «Бу тупроқдан бир эр иси келмоқдадир. Шу зоти шариф барокатидин Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айлангай” дебди. Ўша пайтда ҳали Муҳаммад Баҳоуддин туғилмаган, балки онасининг қорнида экан. Бир неча вақтдан кейин яна ўша ердан ўтиб: «Ҳалиги эрнинг иси ортиқроқ бўлубдур», дейди. Дарҳақиқат, шу вақтларда Муҳаммад Баҳоуддин туғилади. Туғилганига уч кун тўлганда Баҳоуддинни Бобойи Самосий маънавий фарзандликка қабул қилиб, Мир Кулолга Баҳоуддин тарбияси билан жиддий шуғулланишни топширади.

 

ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
Садриддин Салим Бухорий
«Дилда ёр» китобидан,Тошкент, 1993
001

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

003  Ҳазрат Саййид Муҳаммад Баҳол-ҳақ вал-миллат вад-дунё уд-дин Нақшбанд ибн Саййид Жалолиддин нақшбандия тариқатининг улуғ машойихларидандир. Бу киши соҳиби каромат ва олими раббоний, Қуръони Карим ва пайғамбар алайҳиссаломнинг буюрганларини халққа етказиб, ислом дини ривожига муҳим ҳисса қўшган валиюллоҳ ҳисобланадилар.

Ҳазратнинг исми шарифи Муҳаммад, отасининг исми Муҳаммад Жалолиддин, лекин Ғарбу Шарқда Ҳазрат Баҳоуддин, Хожа Бузург (Буюк Хожа), Шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳурдир.

Ҳазрат Баҳоуддин 1318 йил Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Орифон қишлоғи (Когон тумани)да туғилади. Баҳоуддин туғилган жой Қасри Ҳиндувон аталиб, ке-йин эса у зот шарофатидан Қасри Орифонга айланди.
Абулҳасан Муҳаммад Боқир бин Муҳаммад Алининг «Мақомоти шоҳи Нақшбанд» китобида ёзилишича, Баҳоуддинга бевосита Саййид Мир Кулол устозлик қилган.

Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий ўз муриди Саййид Мир Кулол билан Қасри Ҳиндувондан ўтаётганда: «Бу тупроқдан бир эр иси келмоқдадир. Шу зоти шариф барокатидин Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айлангай” дебди. Ўша пайтда ҳали Муҳаммад Баҳоуддин туғилмаган, балки онасининг қорнида экан. Бир неча вақтдан кейин яна ўша ердан ўтиб: «Ҳалиги эрнинг иси ортиқроқ бўлубдур», дейди. Дарҳақиқат, шу вақтларда Муҳаммад Баҳоуддин туғилади. Туғилганига уч кун тўлганда Баҳоуддинни Бобойи Самосий маънавий фарзандликка қабул қилиб, Мир Кулолга Баҳоуддин тарбияси билан жиддий шуғулланишни топширади.

Носириддин ал Бухорийнинг «Туҳфат аз-Зоирин» («Зиёратчиларга туҳфа») китобида ёзилишича, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий улуғ пир Хожа Али Рометаний (Хожаи Азизон) нинг энг етук шогирдларидан бўлган. Бобойи Самосий Бухоро вилоятининг Рометан тумани Самос (Симос) қишлоғида туғилган. Қабри ҳам худди шу қишлоқдадир.

Бобойи Самосий Ҳазрат Баҳоуддиннинг дунёга келаётганини олдиндан қандай билган? Аллоҳ таоло тариқат пирларига каромат қувватини ато этган экан. Улар ёзда дарё сувларини музлатар, бир зумда Мағрибдан Машриққа бориб келиш қудратига эга бўларкан. Шунингдек, олдиндан кўрмаган киши келишини ҳис қила билмоқ, дарёлардан кўприксиз ўтмоқ, сув юзасида юрмоқ, гулхан устида бемалол турмоқ, осмонда кезмоқ, қушлар, ҳайвонлар билан сўзлашмоқ, қалъаларни бармоқ ишорати билан яксон этмоқ каби инсон ақли бовар қилмайдиган ишларни бажармоқ пирларга хосдир. Бобойи Самосий ҳам Аллоҳ берган каромат ила олдиндан Баҳоуддиннинг дунёга келаётганини билган ва ўз муридларига айтган экан.

“Туҳфатул ансоб”да Баҳоуддин насаблари ҳақида шундай маълумот берилади: Ҳазрат Баҳоуд ҳақ вад-дин Саййид Муҳаммад ибн Саййид Муҳаммад Жалолиддин Бухорий ибн Саййид Бурҳониддин Холдор ибн Саййид Абдуллоҳ ибн Саййид Зайнулобиддин ибн Саййид Шаъбон ибн Саййид Бурҳон ибн Саййид Маҳмуд Румий ибн Саййид Исҳоқ ибн Саййид Тақи ибн Саййид Маҳмуд Жоме ибн Саййид Али Акбар ибн Ҳазрат Имом Ҳасан Аскарий ибн Ҳазрат Имом Али Тақи ибн Имом Муҳаммад Тақи ибн Ҳазрат имом Али Мусо ар Ризо ибн Зайнулобиддин ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб.

Ҳазрат она томонидан Сиддиқийдир, яъни насаблари Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади.

«Туҳфат аз-Зоирин»да Саййид Мир Кулолнинг бир юз ўн тўртта халифа (ўринбосар)лари бўлгани, уларнинг етуги Мавлоно Ориф Деҳа-Деггароний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Жамол Деҳаи Осиёий, Шайх Шамсуддин Кулол, Шайх Ёдгор, Хожа Шайх Дарзуний ва Мавлоно Жамолиддин Кеший деб ёзилган.
Саййид Мир Кулолнинг Амир Бурҳон, Амир Ҳамза, Амир Шоҳ, Амир Умар исмли фарзандлари бўлган.

“Темур тузуклари”да хабар берилишича, Саййид Мир Кулолнинг шогирдлари Шамсуддин Кулол асли қаршилик бўлиб, Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайнинг пири, шунингдек, Саййид Барака ва Зайниддин Тойибодий қатори Амир Темурга пир бўлган.
Тарихий манбаларда таъкидланишича, Саййид Мир Кулол Баҳоуддинга тариқат сулуки (йўли) ва одобни, зикр талқинини ўргатган. Зикр сўзининг маъноси «ёд-лаш», «эслаш», яъни Аллоҳни ёд қилиш демакдир.

Зикр этиш Қуръони Каримдаги «Аъло» сурасининг қуйидаги оятлари асосида шаклланган: «Саббиҳисма роббикал аълаа» (1-оят), яъни: «Поклаб ёд эт ҳаммадан олий қадр бўлган Раббинг исмини». «Ва закара исма роббиҳи ва солла» (15-оят), яъни: «Ва (тили қалби билан) Раббисининг исмини зикр қилса, намоз ўқиса (ютуқ ўшаники)» (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Тафсири Ҳилол» 30 жуъз.).
Ҳазрат Баҳоуддиннинг пирига ихлосу эътиқодини қуйидаги ривоятдан билса бўлади. Пирлари Мир Кулол хумдонга ўт ёқишни буюрибди. Ҳаво иссиқ, саратон пайти экан. Баҳоуддин хумдонга ўтин қалаб туриб, эгнидаги бор давлати ҳисобланмиш пўстинни ечиб оловга ташлабди. Бу ҳолни кўриб Мир Кулол: «Эй фарзанд, хумдонга кириб пўстинингизни олинг, ҳали у сизга кўп даркор бўлади!», дебди. Баҳоуддин эса эътироз билдирган: «Агар у тош ёки темир бўлганда ҳам хумдонда аллақачон эриб кетарди. Менинг пўстинимдан ном-нишон қолмагандир». Мир Кулол: «Эй Баҳоуддин! Ҳақ Субҳанаҳу таоло ишқи оташида неча йилдан бери куйиб келяпсиз, лекин бу пўстинингизга ул оташ таъсир қилмади. Ваҳоланки, эгнингизда доимо шу пўстин бор эди. Хумдондаги олов зинҳор-зинҳор ул пўстинни куйдиролмагай. Зеро машойихлар: «Каси сўхтаро ду бора бирён накунанд», яъни,куйган одамни иккинчи маротаба ўтга ташламаслар, деганлар. Қўрқмай хумдонга киринг!» дебди. Баҳоуддин бисмиллоҳ, деб лов-лов ёниб турган хумдон ичига кирса, пўстинининг ҳатто бир тукига ҳам олов таъсир қилмаган экан. Шунда Мир Кулол: «Эй фарзанд! Дарвешлар зоҳирида бўлган нарсаларга дунё оташи таъсир этмас. Сиз дарвешлар қалбидан жой олмоққа саъй-ҳаракат айланг, шунда дўзах оташи сизни куйдиролмас», деган экан.

“Мақомоти Амир Кулол”да бу кишининг кароматлари ҳақида ажойиб ҳикоятлар бор. Бир куни Саййид Мир Кулол асҳоб (суҳбатдош)ларига Каъбатуллоҳ ҳақида ҳикоя қилиб, Каъба кўз олдиларида бор бўйи билан тургани каби ғоят тиниқ тасвирлабди. Муридларидан бирининг кўнглига: «Каъба ҳақида гапирадиган киши уни ҳеч бўлмаса умрида бир бор кўриши керак-ку! Пиримиз Мир Кулол эса Каъба зиёратига борган эмаслар. Тахмин билан гапиряптилар!» деган фикр келибди.
Бир соатдан сўнг суҳбат тугаб, Мир Кулол асҳоблари билан кўчага чиқиб, ҳалиги муриднинг қўлидан тутиб: «Эй нодон! Кўнгил кўзини оч ва юқорига қара, тамошо қил!» дебди. Кўнглидан шубҳа ўтган мурид юқорига қараса, Каъбатуллоҳ Амир Кулолнинг боши тепасида жилва қилиб турибди.
Рубойи:

Ин дида бипўш, то дилат дида шавад,
З-он дида жаҳони дигаре дида шавад.
Гар равзани дил ба зикри Ҳақ бикшойи,
Дар жоми фалакҳар чи бувад дида шавад.

Мазмуни: Кўзларингни юм, то кўнгил кўзлари очилсин, зеро кўнгил кўзи ила ўзга жаҳонни кўриб бўлади. Агар кўнгил равзани (даричаси) Ҳақ зикри ила очилса, фалак комида не иш бўлса, ҳаммасини кўрса бўлади.
Нақл қилинишича, Мир Кулол ўз асҳоблари билан бирга даштда кетаётганида, асҳоблар у кишидан олдинга ўтган, Мир Кулол эса орқада қолган экан. Тўсатдан асҳоблар олдидан бир баҳайбат шер чиқиб, йўлни тўсади. Асҳоблар не қилишни билмай, Ҳазрат Мир Кулол томон югурадилар. Мир Кулол шернинг ёнига бориб, филҳол унинг бўйнидан олиб, йўлнинг чеккасига чиқариб қўяди. Шер то асҳоблар ўтиб кетгунча таъзим қилиб туради.
Баҳоуддин ўн саккизга кирганида онаси у кишини уйлантирмоқчи бўлади. Баҳоуддин никоҳ маросимига Бобойи Самосийни таклиф этиш учун Самосга боради. У ерда шайхнинг суҳбатидан файз олиб, хурсандликдан масжидга бориб, икки ракаат намоз ўқийди ва Аллоҳга дуо айтиб: «Ё Раб! Бало юкин тортишга қувват бер! Менга эҳсон қил?!» дейди. Бу дуо Бобойи Самосийга маълум бўлади ва ул зот: «Аллоҳ, сенинг ризонг не бўлса, бу заиф бандангни анда тутгил. Фазлу карамингни мендан дариғ тутма, деб дуо этди. Зеро, Худои таоло ҳар дўстига бало юборса, ўз инояти билан бало юкини тортарга қувват бергай. Банда ўз ихтиёри билан балони ўзига талаб қилиши мумкин эмас. Бу густоҳлик (беадаблик) ҳисобланади», дебдилар.

Нақл қилинишича, Баҳоуддин уйланган. Бухоролик шоир, олим Ҳасанхожа Нисорийнинг (1516—1597) «Музаккири аҳбоб» («Дўстлар ёдномаси») асарида Ҳазрат Баҳоуддиннинг наслларидан бўлган Ҳасанхожа Нақшбандий ҳақида маълумот бор. «…Ҳасанхожа Нақшбандий — қутбул восилин Хожа Баҳоуд-давлат вал ҳақ вал-ҳақиқат вад дунёуддиннинг киром насли ва улуғ авлодидан. Олқиш олган хулк-атвори ва таҳсинга сазовор кирдикори бор… Олий ва шон-шавкатли, юмушларининг улуғлигига қарамай, камтарлик ва ниёзмандлик йўлини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ адо этиб, жисмоний лаззат, моддий манфаатларга илтифот қилмай, ҳамиша маънавий ҳузур ортидан юрувчи экан, авзун табъи матонат девонининг матлаъи ва фатонат қасидасининг байти бўлиб, гоҳо шеър айтишга ҳам майл билдирар ва бу матлаъ унинг шариф сўзларидандир:

Дил бурда зи мая чашм сиёҳе баногоҳ
Ширин даҳане, лаб шакаре, рўй чу моҳ.

Мазмуни: Тўсатдан дилим элитди тус қора кўзи, ширин оғзию шаккор лабию ой унинг юзи («Ёшлик». 1-2-сон, 1992 йил. Форсчадан И. Бекжон таржимаси.).

«Мақомот»да зикр қилинишича, «Нақшбандия тариқати пирларининг айримлари увайсийдир. Жумладан, Боязид Бастомий, Абулҳасан Харақоний, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд увайсий ҳисобланадилар.
Увайсий сўзининг мазмуни нима? Алишер Навоий ушбу саволга қуйидагича жавоб берганлар: «…ҳар кишики, бу тоифадин зоҳир юзидин пири маълум бўлмаса ва машойихдин бирининг руҳи они тарбият қилган бўлса, они увайсий дерлар». Демак, ўтмиш улуғлардан бирининг руҳи қайси кишини тарбия қилса, ундай шахс увайсий бўлар экан.
Илк увайсийлардан Шайх Султон Увайс Қараний ҳисобланади. Чунки Султон Увайс тобеинлардан, яъни пайғамбар алайҳиссаломни кўрмай, у кишининг саҳобалари билан ҳамсуҳбат бўлган.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг руҳи шайх Увайсни тарбия этган. Шу сабаб, кейинги тобеинлар увайсий аталганлар. Демак, муридни кўрмай тарбия этиш анъанаси ҳам пайғамбар алайҳиссаломдан қолган экан.
Баҳоуддин Нақшбандга Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний руҳлари тариқат сабоғини ўргатади. Ваҳоланки, Абдухолиқ Ғиждувоний вафотларидан 139 йил ўтгандан кейин Баҳоуддин туғилади.

Хўш, руҳ ўзи нима? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ёзишича, руҳ мавзуси илмда ҳам, фалсафада ҳам қадимдан энг мураккаб муаммолардан ҳисобланади. Бу муаммонинг энг тўғри ечимини Қуръонда кўрамиз. Жумладан, «Исро» сурасида шундай дейилади: «Сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтгин, руҳ Аллоҳнинг иши, сизларга фақат озгина илм берилган, холос» (85-оят).

Бир кеча Баҳоуддин Бухорои шарифдаги учта мозористонга боради. Ҳар мозорда биттадан чироғдон бўлиб, ичи тўла ёғ, лекин фатилалари, яъни пилиги ёғ ичига ботган, шу сабаб чироғлар милт-милт этиб ёнаётган экан. Ул фатилаларга андак ҳаракат берилиб, тузатилса, чироқ ёруғроқ нур сочиши муқаррар. Шундай манзарани кўриб, Баҳоуддин мушоҳада этади. Учинчи муборак мозористонга етишганида, қибла девори ёрилиб, бир улуғ тахт пайдо бўлади. Тахт олди парда билан тўсилган экан. Тахт устида бир улуғ зот ва у кишининг атрофида бир неча нуроний пирлар ўтирганини Баҳоуддин кўриб, уларнинг орасидан Бобойи Самосийнинг руҳларини танийди. Даврадагилардан бири улуғ тахтда ўтирган пир Ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний эканлигини ва атрофдагилар эса Ғиждувонийнинг асҳобларидан Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир (Авлиёи Калон), Хожа Ориф Ревгарий (Хожа Орифи Моҳи Тобон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Рометаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийлигини билади.

«Баҳоуддин: «Ул жамоатдин илтимос қилдимки, ҳазрат Хожа (Абдухолиқ Ғиждувоний)га салом қилай ва муборак дийдорларига мушарраф бўлай. Яшил пардани шайхдан олдилар. Пире кўрдум нуроний. Салом қилдим, жавоб бердилар ва сўзларки, сулук мабдаи (бошланиши) ва васатий (ўртаси) ва охирида кераклиларни манга баён қилдилар ва дедилар, ул чароғларки, ул кайфият бирла санга кўргуздилар, ишорат ва башоратдур санга бул йўл қобилияти ва истеъдодидин.. Аммо истеъдод фатилаларни ҳаракат келтурмак керак, то ёруғай ва асрор зуҳур қилғай…».

Шундан сўнг Абдухолиқ Ғиждувоний Баҳоуддинга насиҳат этиб, пайғамбар алайҳиссалом суннатларига амал қилиш, ҳар қандай бидъатдан йироқ юриш, Му-хаммад алайҳиссалом ҳадисларини дастуруламал деб билиш ва Саййид Мир Кулол хизматларига бориш кераклигини уқтиради.

Абдухолиқ Ғиждувоний Баҳоуддинга зикри хуфияни ўргатган. Хуфия зикр, яъни овоз чиқармай Аллоҳ таоло номини юракда зикр этиш таълимини Абдухолиқ Ғиждувоний Хизр алайҳиссаломдан ўрганган экан.
Нақл қилинишича, бир кун Абдухолиқ Ғиждувоний Қуръони карим тафсирини мутолаа этаётганларида қуйидаги оятга дуч келган: «Сен ўз Парвардигорингга ёлвор ва махфий ҳолда дуо қил, чунки у ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди». Абдухолиқ Ғиждувоний бу оят мазмунини устози Имом Садриддиндан сўрайди: «Агар зокир (зикр этувчи киши) овоз чиқарса, бу ҳол бошқаларга аён бўлади. Мабодо дилда, яъни товуш чиқармай зикр этса, шайтон воқиф бўлур. Чунки, шайтон одам фарзандиниг ичида қондек оқиб юради, деган ҳадис шунга ишорадур. Хўш, унда хуфия зикр этиш қоидаси ва тартиби қай тарзда бўлур?» Имом Садриддин: «Сен сўраётган илм «илми ладуний»дир, яъни Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган илм. Агар Аллоҳ ладуний илмини сенга маълум қилмоқни хоҳласа, албатта аҳлуллоҳ (Аллоҳ одамлари)дан бирини ёнингга юборади, у сени бу илмдан огоҳ этади», деб жавоб берибдилар.

Ладуний илм ҳақида «Ғиёсул луғот» да шундай хабар бор: «…Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган илм. Ундай илмга уриниш, саъй-ҳаракат, риёзат чекиш иатижасида, Аллоҳ таоло хоҳласа, эга бўлиш мумкин. Чунки бу Аллоҳ хоҳлаган кишиларгагина берилувчи илоҳий илмдур».

Ладуний илм учга бўлинади: ваҳий, илҳом, фаросат (интуиция). Ваҳий пайғамбарларга, илҳом авлиёларга, фаросат орқали билиш эса сўфийларга Аллоҳ изни (рухсати) билан берилади.
Имом Садриддин билан бўлган суҳбатдан бир неча муддат ўтгандан сўнг Хизр алайҳиссалом келиб, Абдухолиқ Ғиждувонийга хуфия зикрдан таълим берадилар ва фарзандликка қабул қиладилар.
Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ёзадики: «Йигирма икки ёшимда уйғоқ қалбларнинг хожаси Хизр алайҳиссалом мени шайхи раббоний Юсуф Ҳамадоний қўлига топширдилар ва мени тарбият қилишга васият қилдилар, улар (яъни Юсуф Ҳамадоний) Мовароуннаҳрда эканликларида мен хизматларини қилдим ва кўп ман-фаатлар топдим».
Юсуф Ҳамадоний Абдухолиқ Ғиждувонийга сўфийлик хирқасини кийгизган. Абдулло Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғижду-воний Юсуф Ҳамадонийнинг шогирдларидир.

Юсуф Ҳамадонийнинг қадамжолари Бухорои шарифда ҳозир ҳам бор. Бу қадамжо Корхона (Узбекистон) гузарида жойлашган. Бундан ўттиз йилча муқаддам Корхона гузарида ҳовуз, масжид, кичкина мақбара бор эди. Ҳовуз кўмилди, масжид эса йиқитилиб, унинг ўрнида ҳовли-жой қилинди. Лекин ҳовуз шимолидаги мақбара, яъни Юсуф Ҳамадоний қадамжолари шарафига қурилган бино қолган. Худди шу ерда Юсуф Ҳамадоний бир неча йил яшаб, Андоқий, Барқий, Яссавий, Ғиждувоний ва бошқа шогирдларга дарс берган. Дарвоқе, мақбара оёқости бўлмасин деб бир мусулмон ўз уйига қўшиб олган. Агар шундай этилмаганда эди, юзлаб алломаларимиз мозорлари каби бу зиёратгоҳ ҳам аллақачон ер юзидан йўқотилган бўларди. Айни шу кунларда бу зиёратгоҳ яна обод этилмоқда.
Кексаларнинг айтишича, қай бир пок одам жума куни саҳарда Корхона гузаридаги ҳовуз ёнига чўк тушиб, ихлос билан қулоқ солса, Юсуф Ҳамадоний корхоналаридан чиқаётган товушни эшитар экан. Мазкур гузар аҳолисининг кўпи матога нақш солиш касби билан шуғуллангани тарихдан маълум.

Биз юқорида зикр этиш ҳақида маълумот бердик. Хўш, нега зикр этиш машғулоти тариқатда асос қилиб олинган? Тўғри, зикр Аллоҳни ёдлаш ҳисобланади. Ошиқ ўз маъшуқини эслаган каби, зокир ўз маҳбубини муҳаббат билан ёдлайди.

Муҳаббат — тасаввуфнинг асосий рукнларидан бири. Жуда кўп ирфоннй тушунча — истилоҳларнинг шарҳи муҳаббатга боғланади. Умуман, тасаввуфни илоҳий муҳаббат ҳақидаги илм, дейиш мумкин. Чунки, тасаввуф илоҳий маърифатни эгаллаш, Аллоҳнинг сифат ва исмлари орқали Унинг зотини билиш ва танишни талаб қилар экан, буни ақл ва назарий — тафаккурий билимлар билан эмас, балки яширин бир ички туйғу, ботиний басират, яъни муҳаббат воситасида амалга ошириш мумкин, деб таълим беради (Нажмиддин Комилов).
Ҳазрат Баҳоуддин «кимхога нақш боғламоққа машҳурлар» (Алишер Навоий). Маълум бўляптики, Хожа Баҳоуддиннинг касблари кимхога, яъни матога нақш солиш экан.Чунки тариқат пирлари маълум бир касбни ўрганиб, ҳаёт кечирганлар. Зеро,пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Ундан узоқлашиб ҳам кетманглар, унинг маъносига чуқур етаман, деб хато ва муболағага берилиб кетманглар, уни тирикчилик воситаси қилиб олиб, молу дунё орттиришга ҳам ўтманглар», деган ҳадисларига тариқат пирлари амал қилганлар. «Арқон олиб тоғдан ўтин териб, уни сотиб еб ва садақа қилган одам, тиланчилик билан кун кечиргандан яхшироқдир», деган ҳадис текинхўрлик, таъмагирликка қаршидир. Жумладан, шайхул-машойих Абу Саид Ғарроз маҳсидўз, шайхулислом Хожа Абдуллоҳ Ансорий этикдўз, шайх Муҳаммад Саккок пичоқчи, шайх Абулфайз Ҳаддод темирчи, ўз замони қутби (замонасининг, ягона авлиёси, валиюллоҳ) ва ғавси (мададкори) ҳисобланган шайх Абул Аббос Омилий ҳаммол, шайх Абулҳасан Нажжор дурадгорлик билан шуғулланган. Уларнинг лақаблари ҳам касбу корини билдириб турибди: харроз — маҳсидўз, саккок — пичоқчи, хаддод — темирчи, нажжор — дурадгор демакдир.

Ҳазрат Баҳоуддин таълимотлари ҳам худди шунга, яъни ўз қўл кучи билан ҳалол луқма топмоқ, кўнгил эса Аллоҳ таоло ёди билан бўлмоққа асосланган. Зеро, Ҳазрат Баҳоуддиннинг: «Дил ба ёру даст ба кор!» яъни, кўнгил ёр (Аллоҳ) ёди билан, қўл эса иш билан банд бўлсин, деган шиори бутун мусулмон оламига маш-хурдир.
Манбаъларда қайд қилинишича, Баҳоуддин Саййид Мир Кулолдан етти йил таълим олган, кейин устоз шогирдга ижозат бериб: «Ҳар қандай ройи ҳаё (хуш бўй) димоғингизга етса, талабда зинҳор тақсир қилманг!», деб тайинлаганлар.
Шундан сўнг Ҳазрат Баҳоуддин Халил Ота ва Қусам Шайхлардан ҳам сабоқ олганлар.

Бир кеча Ҳазрат Баҳоуддин тушларида турк шайхларидан Халил Отани кўрибдилар ва бу туш таъбирини бувиларидан сўрабдилар. Донишманд буви: «Эй фарзанд! Сенга турк машойихидан насиба бўлгай» дебди. Дарҳақиқат, маълум фурсатдан сўнг Ҳазрат Баҳоуддин Халил Отани бозорда учратадилар.
«Мақомат»да ёзилишича, Ҳазрат Баҳоуддин турк шайхларидан яна бири Қусам Шайх билан биринчи маротаба учрашган пайтда, ҳазрат Қусам Шайх қовун еб, пўчоғини Баҳоуддин томон отибдилар. Ҳазрат Баҳоуддин қовун қолдиғини пўчоғи билан бирга тановул қилган. Бу ҳолат икки-уч бор такрорланибди. Бир вақт шайхнинг ходими уч туя ва бир отнинг йўқолгани ҳақидаги хабарни келтиради. Шайх дарҳол: «Мана шу йигитни қаттиқ тутинг!», деб ишорат қилибдилар. Му-ридлар Хожа Баҳоуддинни тутиб, анча қийнабдилар. Баҳоуддин дуолари туфайли шом намозидан сўнг йўқолган уч туя ва от ўз-ўзидан пайдо бўлибди.
Мазкур ривоятдан бир неча хулосага келиш мумкин. Биринчидан, шайх Қусам Баҳоуддиннинг Ҳаққа яқинлигини сезган. Иккинчидан, Баҳоуддин биринчи кунда-ноқ шайхнинг имтиҳонидан ўтган. Учинчидан, ҳазрат Баҳоуддин шайх Қусам хизматига келганда вояга етиб, турли-туман илмлардан хабардор бўлган экан.
«Туҳфат аз-Зоирин» да ёзилганки, Баҳоуддин икки-уч ой Қусам Шайхга ихлос билан хизмат этиб, ул зотдан сабоқ олган. Шайх Қусам ҳазрат Баҳоуддинга: «Менинг тўққиз ўғлим бор, сен эса ўнинчи ўғлим ҳисобланасан, лекин ҳамма фарзандларимдан сен аълороқ », дебди.
Юқорида Баҳоуддин турк шайхларидан Халил Отани тушида кўриб, сўнг Бухоро бозорида учрашганларини эслатган эдик. «Туҳфат азлорин» да бу ҳақда ҳам маълумот бор. Ҳазрат Баҳоуддин Халил Ота билан илк бор бозорда учрашганларида, дарҳол шайхни танийди. Лекин шайх у кишига илтифот этмай ўтиб кетади. Кечаси бир дарвеш келиб, ҳазрат Баҳоуддинни Халил Ота ҳузурига олиб боради. Бир неча вақт ҳазрат Баҳоуддин Халил Ота суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, сабоқ олади.
Анча муддатдан сўнг Халил Ота Мовароуннаҳрда султон бўлади. Ҳазрат Баҳоуддин устозга садоқат билан хизмат этади. Халил Ота доим Баҳоуддинга қа-раб: «Ҳар ким Ҳақ таоло ризолиги учун менга хизмат қилса, халқ орасида буюк бўлгай!», дер экан.
Халил Ота султонлик баҳридан кечгандан сўнг, Баҳоуддиннинг ҳам дунёвий ишлардан кўнгиллари совуб, Самарқанддан Бухорога қайтади.
Халил Ота мозори Нахшаб туманидаги Деҳаи Шул-луко мавзеидадир.

Бир ривоятда Ҳазрат Баҳоуддин қўлларидан бир неча йил тупроқ ҳиди аримаганлиги ҳақида хабар берилган. Негаки, ул зоти шариф кечалари кўча-кўйларни кафтлари билан сийпалаб, ўнқир-чўнқирларни текислаб, йўлда ётган хас-хашак, тиканларни териб юрарканлар. Бундан мақсад, йўлдан ўтаётиб бирон намозхон ё сўқир киши тўқиниб йиқилмасин, азият чекмасин экан. Бундай ишларни кечаси қилганлигига сабаб шуки, ҳеч ким кўрмасин. Зеро Аллоҳ йўлида қилинадиган хизматни ёлғиз Аллоҳ билмоғи жоиз. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Йўлда ётган тикан шохларини олиб ташлаган одамнинг олдингию кейинги гуноҳларини Тангри кечади» деган ҳадисларига мувофиқ Ҳазрат Баҳоуддин ана шу хизматларни бажарган.
Нақл қилинишича, Баҳоуддин Қасри Орифонда қурилаётган масжидда хизмат қилиб, масжид томига тупроқни бошининг устига қўйиб ташиб, қуйидаги байтни замзама қилади:

Ба жон мекунам кори ту, чаро накунам,
Ба сар мекашам бори ту, чаро накашам?!

Мазмуни: Аллоҳ, сенинг хизматингни жоним билан адо қиламан, нега уни адо этмасканман? Сенинг юкингни бошимда кўтараман, нега кўтармас эканман?!
Нақл қилинишича, Баҳоуддин Нақшбанд йўлда кетаётиб, бир итни кўриб қолади ва ит ўтиб кетгандан кейин чўкка тушиб, ит оёқларининг изини ўпиб йиғлайди. Сўфий ана шу итдан сабоқ олиши керак, дейди. Ҳаққа етган мўътабар зот Ҳазрат Баҳоуддин Тангри таоло муҳаббатига ит каби содиқ бўлишни орзу қилганлар.
Навоий «Лисонут-тайр» да ушбу ҳикоятни келтириб, Ҳазрат Баҳоуддин тилидан қуйидагича баён этганлар:

Деди: «Мен ортуқ эканму ё бу ит,
Яна ўзи деди: «Ки эй инсофсиз,
Ул вафо аҳли аёғидин нишон,
Сен вафосизлик сари домон кашон».
Хатм қилди чу маънига сўзин,
Ер ўпиб, ул из уза қўйди кўзин».
Н. Комилов, «Севганимизнинг севгани ҳам севимлидир».

Баҳоуддин жуда кўп шаҳар, мамлакатларда жумладан, Макка, Мадина, Нишопур, Ҳирот, Марв, Самарқанд, Насафда булган. Лекин қаерда бўлмасин ҳамма жойда Қуръони Карим ва Ҳадиси шариф каломларини халққа етказмоқ, бидъатдан эл онгини покиза этмоқ учун саъй-ҳаракат қилган.

Ҳазрат Баҳоуддиннинг халифа (ўринбосар)си Хўжа Муҳаммад Порсонинг ёзишича, ўз пири билан биринчи маротаба муборак ҳаж сафарига чиққанида Марвга борган карвон иккига бўлинади. Бир гуруҳ Машҳад, бошқаси Ҳирот томон йўл олиб, Нишопурда яна қўшилмоқчи бўлишади. Ҳазрат Баҳоуддин Ҳиротга бориб мавлоно Зайниддин Абу Бакр Тайбодий билан учрашмоқни ният қилади, лекин Хожа Порсо эса Машҳадга қараб йўл олади. Хожа Порсо кейин бу ишидан бир умр афсусланиб юрган.
Ҳазрат Баҳоуддин Мавлоно Зайниддин Абу Бакр билан учрашади. Мавлоно ҳазратнинг исми шарифини билганидан сўнг: «Биз учун бир нақше боғланг!» деб илтимос қилади. Ҳазрат Баҳоуддин эса: «Келибмизки, Сиздин нақше элтгайбиз», деб жавоб берган. Мавлоно икки-уч кун ҳамсуҳбат бўлгандан сўнг, Баҳоуддинни ўз уйига элтиб, ҳаж сафарига ижозат берган.

Нақшбандия таълимотича, «нақш банд бир дил банд», яъни кўнглингда Аллоҳ таоло зикрини нақш айла демакдур. Демак, нақшбанднинг маъноси юракда Аллоҳ номини нақш айлаш ҳисобланади.
Ривоят қилинишича, Ҳирот шоҳларидан бири ҳазрат Баҳоуддин шарафига зиёфат уюштирибди. Лекин шоҳ зиёфатига қатнашган Баҳоуддин дастурхондан ҳатто нон ушоғини ҳам олиб оғизига солмабди. Бунинг сабабини шоҳ сўраганда: «Жанобларининг касблари не?», дебди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: «Ҳазрат, мен шаҳаншоҳмен! Касбим шу!» деб жавоб берганда, Хожа Баҳоуддин: «Шоҳлик касб эмас. Довуд алайҳиссалом темирчилик қилиб кун кўрган. Сизнинг дастурхонингиздаги ноз-неъматлар пешона тери билан топилганда эди, ҳалол ҳисобланарди. Узр, бизга бу дастурхондан овқат тановвул қилмоқ жоиз эрмас» деб шоҳ зиёфатидан чиқиб кетади.
Дарвоқе, ҳазрат ҳар муридга албатта бир касбни ўрганишни тавсия этар экан.

Ҳазрат Баҳоуддин вафотидан бир кун олдин муридларининг ҳаммаси Хожа Муҳаммад Порсога тобеъ бўлишини васият қилган. 1389 йил Баҳоуддин Бухорои шариф яқинидаги Қасри Орифон (Когон тумани)да вафот этган. Жуда кўп шоирлар ҳазрат вафотига атаб тарих битганлар, лекин энг машҳури мана бу:

«Рафт шоҳи Нақшбандон Хожаи дунёву дин,
Он ки буди шоҳи роҳи дину давлат миллаташ.
Маскану маъвои чун буд Қасри Орифон,
«Қасри ирфон» зин сабаб омад ҳисоби реҳлаташ».

Мазмуни: Дунёда диннинг хожаси шоҳи Нақшбанд (Баҳоуддин) вафот қилди, у дину давлатнинг шоҳи эди. Унинг маскану маъвоси Қасри Орифон бўлган, шу са-баб вафоти тарихи «Қасри ирфон»дан чикади.
«Қасри ирфон»нинг абжад ҳисоби хижрий 791 (1389) йил бўлиб, шу йили Ҳазрат Нақшбандий вафоти қайд этилган.

Баҳоуддин Нақшбанд «Ҳаётнома», «Далелул ошиқин» номли китобларнинг муаллифидир.
Ҳазрат Баҳоуддиннинг биринчи ва етук халифалари Хожа Алоуддин Аттор (Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Бухорий) бўлганлар. Баҳоуддин Хожа Алоуддин Атторни маънавий фарзандликка қабул қилган. Хожа Алоуддин Аттор 1400 йил вафот этган, қабри Ҳисори Шодмон (Душанбе шаҳри) вилояти, Чағониён тумани, Деҳинав қишлоғидадир.
Нақл қилинишича, Хожа Алоуддин Аттор вафотидан етти йил олдин Улуғ Хожа (Ҳазрат Баҳоуддин) қабрларини зиёрат қилади. Дарвешлардан бири туш кўрадики, Улуғ Хожа ва Алоуддин Аттор шоҳона бир қаср ёнига борибдилар. Мазкур қаср Муҳаммад алайҳиссаломга тегишли экан. Улуғ Хожа қасрга кириб, бир неча муддатдан сўнг ғоят севиниб чиқибди ва: «Аллоҳ таоло изни билан менга Муҳаммад алайҳиссалом шундай кароматни ато қилдилар: сулукимдаги қай бир муридим менинг қабримдан (хоҳ шарқу хоҳ ғарб, хоҳ жанубу хоҳ шимолда) юз фарсаҳ масофада бўлса, мен унга шафоат этурман» дебди. Алоуддин Атторнинг қабрлари 40 фарсанглик масофада жойлашган, шу сабаб шафоат мартабасига етган экан.

Хожа Муҳаммад Порсо (1419 йил вафот этган) ҳазрат Баҳоуддиннинг иккинчи халифасидир. Бу зоти шарифнинг исмлари Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳофиз ал-Бухорий.

Хожа Алоуддин Ғиждувоний Баҳоуддиннинг учинчи халифаси ҳисобланади. Шайх Сирож Пирмастий, Хожа Абул Қосим Бухорийлар Баҳоуддиннинг асҳобидирлар.

Ҳазрат Баҳоуддиндан сизнинг тариқатингиз қай тартибда, деб сўралганда:

«Аз дарун шав ошнову ваз берун бегонаваш,
Ин чунин зебо равиш кам мебувад анлар жаҳон».

Мазмуни: Ичдан (яъни кўнгил билан) Аллоҳга ошно бўл, лекин ташқаридан бегонадай ўзни тут. Бундай гўзал равиш дунёда жуда кам учрайди, «Анжуманда хилват; зоҳир юзидин халқ билан ва ботин тарафидин Ҳақ Субҳанаху ва Таоло билан» деган байтлар билан жавоб берган.

Ҳазрат Баҳоуддин «ла илаҳа» ўзга маъбуднинг инкори, «иллаллоҳ» Аллоҳнинг борлиги исботи, «Муҳаммадун расулуллоҳ» зса «менинг изимдан юринглар» мақомига кирмоқ деб изоҳлаган.
Ҳазрат Баҳоуддин тариқатлари ботиний, яъни ички оламни баркамол этишга қаратилган.
Тариқатда зикр икки хил: жаҳрия (овоз чиқариб) ва хуфия (ичда — овоз чиқармай) тарзда адо қилиниши қайд этилади. Абдухолик Ғиждувоний ва у кишининг таълимини олган Баҳоуддин Нақшбанд хуфия зикрни тарғиб қилган. Бундай зикрда нафас чиқарганда «ла илоҳа», нафас олаётганда эса «иллаллоҳ» дейилади. Агар шу тарзда зикр қилинса, Аллоҳ номи юракда нақш каби боғланади.

Тариқатда самоъ — мусиқа ёрдамида куйлаб, Аллоҳни зикр этиш йўли ҳам бор. Мавлоно Жалолиддин Румий асос солган мавлавия йўлида зикру самоъ мавжуд. Лекин Абдухолиқ Ғиждувоний самоъни манъ қилиб айтади:

«Эй сўфии соф, ки куни майли самоъ,
Ҳосил зи самоъ, чун нифоқ асту видоъ.
Ё тарки самоъ кун, ки софи гарди,
Ё он ки Ҳаёти дили худ соз видоъ».

Мазмуни: Эй покиза сўфий, сен самоъга майл кўрсатсанг, ундан фақат нифоқ ва низо ҳосилини олажаксан. Ё самоъни тарк қилиб, тўғри йўлни танла, ёхуд ҳаётинг хавф остида қолади, шундан эҳтиёт бўл. (Муаллиф таржимаси)

Баҳоуддин уйларида хизматкор ҳам, қул ҳам бўлмаган. «Қачон бу бандалиг хожалиғ билан рост бўлур» деган жумлаларни у зоти шариф такрорлашни яхши кў-рарди. Дарвоқе, ҳаммамиз Аллоҳ таолонинг қулларимиз, Аллоҳ таоло йўлида хизматдамиз. Қулга қул тутмоқ, хизматкорга хизматкор тутмоқ эса жоиз эмас.

Хожаи Азизон номи билан машҳур бўлган Шайх Хожа Али Рометаний: «Ер бу тоифа кўзида бир суфра (дастурхон) дур» деган, яъни дастурхон устидаги барча нарса, дастурхон атрофидаги бор воқеа кўзга қандай аён кўринса, улуғ шайхлар кўзига бутун ер юзидаги воқеа, нарсалар ҳам худди шундай аён бўлиб туради. Ҳазрат Баҳоуддин эса: «Ер юзи бу тоифа кўзига тирноғ юзичаликдур», деб машойихлар назаридан ердаги бирор воқеа пинҳон бўлиб қолмаслигини билдирган.

Амир Темур, Хожа Исматуллоҳ, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур ва Бухоронинг кўп амирлари нақшбандия тариқатига эътиқод қўйганлари, мурид бўлганлари маълумдир.

Мавлоно Жалолиддин Холидийдан кейинги тариқат пирларидан қай бирининг даражаси Ҳазрат Баҳоуддин даражасига яқинлашгани ҳақида сураса, ул зот: «…бу навъ осори валоят (Худога яқинлик) зуҳурики (кўриниши), ҳазрати Хожа (Баҳоуддин)да Тангри таоло иноятидин воқеъ бўлубтур, тариқат машойихига мутааххирлардин (кейингилардин) ҳеч кимга бўлмайдур», деб жавоб берибдилар. Демак, ҳазрат Баҳоуддин шундай бир улуғликка етганларки, кейинги авлиёларнинг бирортасига бу даража муяссар бўлмаган.

Шайх Шабустарий таъкидлайди: «Боргил, сен кўнгил уйингни ораста қил, маъшуқанг келиши учун жой тузат. Қачон сен чиқиб кетсанг (яъни ўзлигингни тарк этсанг), шундан сўнг маъшуқанг у ерга киради ва жамолини сенга сенсиз зоҳир этади» (И. Ҳаққул, «Тасаввуф ва шеърият»). Кўнгил назаргоҳи Ҳақдур. Имом Ғаззолий ёзганларки: «Улуғлик эгаси, буюк Аллоҳ ҳаққи ҳурмати, мен Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжилда кўрдим: «Мурдани жанозага қўйилган вақтдан то қабр бошига элтгунча Аллоҳ ўз улуғлиги билан қирқ савол сўрайди. Энг биринчи савол, Аллоҳ айтади: «Эй бандам, сен неча йиллар давомида бандалар назари тушадиган жойларни поклаб, тозалаб юрдингу, аммо менинг назарим тушадиган қалбингни ақалли бирон соат ҳам пок тутмадинг. Мен эса умидвор бўлиб, ҳар кун сенинг қалбингга қарайман. Эй бандам, эҳсону карамларимга ўраниб олиб, мендан бошқалар билан нималар қилмадинг. Ҳолбуки, мендан бошқанинг ёди билан нафас олиш ҳам лойиқ иш эмас. Гапир ё бир сўз эшита олмайдиган кармисан?!» (Имом Ғаззолий «Охиратнома»).
Нақшбандийга нисбат бериладиган қуйидаги байт ҳам ғоят ибратли:

«Ки то кай гўри мардоно парасти,
Ба гирди кори мардум гарди расти».

Мазмуни: Улуғ одамларнинг гўрига сиғингунча, уларнинг ишларига (улар айтган гапларга) амал қил, шундан сўнггина мақсадингга етасан.

Нега Баҳоуддинни «балогардон», яъни балони қайтарувчи, деб атайдилар? Жомийнинг «Нафоҳатул-унс» асарида ёзилишича, Бобойи Самосий ўз кулоҳларини Баҳоуддинга берган экан. Аллоҳ шу кулоҳ шарофатидан Баҳоуддинга балогардонлик кароматини ато этгани ҳақида «Мақомот»да ҳам хабар бор.
Агар қалб кўзини очиб, мушоҳада этсак, Баҳоуддин таълимотлари моҳиятидан қуйидаги хулосага келамиз. Ҳазрат таълимотлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга асосланади. Демак, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифдаги кўрсатмаларга риоя қилган одам балога дуч келмайди.
Аниқроғи, Қуръони карим ва Ҳадиси шариф балогардондир.У зот «Менинг таълимотимга эргашинг, амал қилинг, сиздан бало даф бўлур» деганда, шуни назарда тутган. Ҳазрат Баҳоуддин таълимотларини ўрганиб, унга амал қилмоқ фурсати етди.
Аллоҳ тавфиқ берсин, ҳаммамизни илмига амал этувчилар тоифасидан этсин. Омин!

088

(Tashriflar: umumiy 681, bugungi 1)

2 izoh

  1. «“Туҳфатул ансоб”да Баҳоуддин насаблари ҳақида шундай маълумот берилади: Ҳазрат Баҳоуд ҳақ вад-дин Саййид Муҳаммад ибн Саййид Муҳаммад Жалолиддин Бухорий ибн Саййид Бурҳониддин Холдор ибн Саййид Абдуллоҳ ибн Саййид Зайнулобиддин ибн Саййид Шаъбон ибн Саййид Бурҳон ибн Саййид Маҳмуд Ру-мий ибн Саййид Исҳоқ ибн Саййид Тақи ибн Саййид Маҳмуд Жоме ибн Саййид Али Акбар ибн Ҳазрат Имом Али Тақи ибн Имом Муҳаммад Тақи ибн Ҳазрат имом Али Мусо ар Ризо ибн Зайнулобиддин ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб.» — дейилган жойда хатолик кетган яъни 11-чи имом Хасан ал Аскарийни исми тушиб колган, аслида бундай ….Саййид Али Акбар ибн Ҳазрат Имом Хасан Аскарий ибн Ҳазрат Имом Али Тақи ……!!! Илтимос шу орфографик хатони тузатиб куйсангиз!

Izoh qoldiring