Nabi Jaloliddin. Intiboh

032
Тасаввуф ва кўҳна Туркистон-Мовароуннаҳр заминида пайдо бўлган, шаклланган тариқатлар (ҳакимийа, яссавийа, нақшбандийа, кубравийа), уларнинг  намояндалари ҳақида бадиий асарлар кам ёзилган. Зеро, бу мавзу ижодкордан маҳорат баробарида катта ва теран билимни талаб қилади. Мен буни Шайх Нажмиддин Кубро ва кубравийага бағишланган «Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари» асаримни ёзаётганда  англаганман, ҳис этганман.  У пайтларда бу мавзу очилмаган қўриқ эди. Манбалар ҳали узоқда, парда (панжара) ортида эди.
Айни шу жиҳатдан Наби Жалолиддиннинг «Интибоҳ» ҳикояси  эътиборга сазовор деб биламан. Гарчи айрим камчиликлар  мавжуд бўлишига қарамай, муаллифнинг мавзуни ўргангани,уни бадиий идрок этиши кўзга ташланади. Айтишим лозимки, камчилик деганда, гап шахсларнинг исми,тарихий ҳужжатлардан озгина  узоқлашгани, тасаввуфий атама ва истилоҳларини қўллашдаги иккиланишлар, яъни Саммосийми ёки Самосийда эмас.   Гап мавзуда — тасаввуфда, тасаввуфнинг нима эканлигини идрок этиш ва англашда. Бу нуқтада эса мавзу эмас, ёзувчининг мушоҳада ва фаросат дунёси биринчи маррага чиқади.  Айни шу маънода, Наби Жалолиддиннинг нозик мавзу атрофида айланмай, баёнчилик қилмай, дарвозадан ичкарисига киришга дадил интилгани менга маъқул бўлди.

Хуршид Даврон

07
Наби Жалолиддин
ИНТИБОҲ
078

Муқаддима

077   У ўз аҳволини англамасди. Кунларини сархушдай ўтказар, не юмуш ила банд бўлмасин, ўша ишни қилаётганлигини сезиб турса-да, ўзи бошқа бир маъволарда кезиб юргандай… Шу туриши, юриши, юмуши, сўзи ва ҳатто ютаётган нафаси омонатдай эди. Бағрида таърифсиз бир соғинч бино бўлганди, бироқ бу соғинчнинг соҳибини билмасди. Тунлари эса ўз билганича ибодат ила машғул бўлар, ихтиёрсиз кўзларидан ёш қуйилиб келаверарди. Бомдод чоғини бағоят хуш кўрар, ҳар тонгнинг тароватидан кўнгли ойдин-ойдин бўлиб кетарди. Аммо бомдод фурсати ўтиб, уфқ оқариб боргани сари ва айниқса, қуёшнинг илк нурлари кўзга санчила бошлаган онларни унчалик хушлайвермас, бу пайтда гўё ниманидир бой бераётгандай, ҳар куни бўғзидан олгувчи ҳаёти дунёга яна ботиб бораётгандай сезарди ўзини. Шуниси аниқки, у ҳар тонг адоғида нимасидандир, эҳтимолки, жудаям қимматли, азиз нарсасидан жудо бўларди. Кейин эса… Кейин йигирма биринчи асрнинг дарвешу девонаси тириклик кўйига тушарди. Бироқ кўксидаги соғинч тарк этишини асло истамасди. Оламнинг овози — барча товушларнинг қоришиғидан пайдо бўлган товуш аста-секин биргина сўзга айланиб қоларди: Оллоҳ, Оллоҳ, Оллоҳ…

Бир куни жума намозини адо этмоқ учун масжиди жомега кирди. Масжид ҳар қанча улкан бўлмасин, намозхонлар кўплиги боис ҳовлининг саҳнигача одамга тўлиб кетганди. Айни саратон маҳали, қуёш куйдирвораман, дейди. У офтобрўядаги сафга қўшилди. Бироқ, наздида, хиёл салқиндай туюлган бу жой, кўп ўтмай, гўё олов ичра қолди. У намознинг аввалги суннатини ўқигунча жиққа терга ботди. Кийимлари ҳўл бўлгани сари нафас олиши ҳам оғирлашиб, ҳаво етмаётгандай энтикди. Шу он кўнглидан ушбу гап ўтди:
— Менгаям салқин жойларингдан бергин, ё Оллоҳ!..

Қулоғига ғойибдан овоз урилди:
— Лойиқмисан?!..
У беҳуд бўлиб жойнамозга қулади. Алқисса, шу кундан бор оромидан ҳам айрилди.

1

Ҳазрати Хожа ашоб ила Насафдан қайтарди. Соғида (ўнгида) хос халифаси Алоуддин Аттор.
Тун ярмидан оғган, кўр ойдинлик кўкдаги олтин ранг ўроқмонанд ҳилолнинг учига илингандек. Сокинлик. Унга фақатгина от-уловларнинг туёқларидан таралаётган жарангдор товушлар кушанда холос…

Ҳазрати Хожа ҳамишадагидек мустағриқ, ҳол авжида. Уни ҳеч бир сас ёхуд шарпа андармон қилолмайди. Аслида пири комил энг катта хавф паришонликда эканлигини яхши билади, буни муридларига ҳам такрор-такрор уқдиради. Хаёлни йиғиб олмоқ авлиёликнинг аввалидир, дейди гоҳо. Андоғки паришонлик Ҳазрати Хожага бегона. Аммо айни дамда Муздохун мозори ёнидан ўтиб борарканлар, кўз олдида Хожаи Жаҳон (Хожа Абдуҳолиқ Фиждувоний)нинг нуроний чеҳраси намоён бўлди-да, ўз ҳолининг аввалини, мазкур мозордаги сирли дийдорни эслади. Эслади-ю, бағридаги олов неча чандон зиёдалашди…

Ўша кезлари — ҳолнинг аввалида Баҳоуддин ибн Муҳаммад жазаба ғалабасидан беқарор бўлиб, тунлари Бухорони кезарди. (Бу иборани англамаганлар учун имкон даражасида бироз тушунтириш берсак: ҳолнинг аввали дегани — зуваласига Илоҳ ишқи қорилган бўлғувси авлиёнинг мақом ва йўл топмаган сархуш ҳолига ишоратдир. Ундайин зот оромини буткул йўқотади, ихтиёрсиз равишда буюк соғинчда қоврилиб, бағри чин маънода лов-лов ёнади. Унинг емиши беоромлик, риёзат, уйқуси хизмату хорлик бўлади. У фано даштида фонийлик истайди). Гоҳо мозористон ичра кирар, қайси мозорга бормасин, ёниб турган мойчироққа рўбарў келаверарди. Аммо, чироқнинг ёруғи ожиз бўлиб, пилигини хиёл ҳаракатга келтириш билан авжлироқ ёна бошларди. Иттифоқо тунларнинг бирида Муздохун мозорига кирди-ю, тағин пилиги ожиз милтираган чироғдонни кўрди. Қиблага юзланиб ўлтиргани ҳамоно беҳуд бўлиб, остидан замин, бўғзидан ҳаво, бошидан осмон кўчиб, муаллақ қолди. Бир замон қибла девори ёрилиб, улкан тахт пайдо бўлди. Тахт олдига яшил парда тортилган эди. Унинг атрофида қаторасига бир неча нуроний чеҳрали кишилар ўлтирардилар. Баҳоуддин уларнинг орасидан Хожа Муҳаммад Бобои Саммосийни таниди. У сархуш эди, кўраётганлари ғайбдан эканлигини айни дамда англамаётган эса-да, нур ичра ажиб анжуман тузган жамоат лафзидан учган ҳар бир сўзни жон қулоғи ила тинглади.

Жамоат ичидан бир киши ўрнидан қўпиб, тахтдаги одамга ишорат қилди-да, деди:
— Бу зот Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувонийдир, Оллоҳ у кишининг сирини муқаддас қилсин, ёнидагилар эса аларнинг халифалари эрурлар. — Сўнг уларни бир-бир таништирди. — Бу Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёйи Калон, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳсуд Анжир Фағанавий, Хожа Али Ромитаний. — Хожа Муҳаммад Бобога етгач, деди: — Бу зоти бобарокотни сен ҳаётлик чоғида топгансен. У сенга бир кулоҳ берган ва тушаётган балолар сенинг баракотинг туфайли даф бўлмоғини башорат қилган эди. Кулоҳ Ҳазрати Азизондан ёдгорликдир.

Сўнг сўзлагувчи жамоат номидан деди:
— Сўзларимизга диққат ила қулоқ сол, Ҳазрати Хожаи Жаҳон (Абдуҳолиқ Ғиждувоний) сўз айтадиларки, Ҳақ таоло йўлидан бормоқда бунга амал қилмай иложинг йўқ.

Баҳоуддин дароз бўлганидан тиз чўкиб ўлтирса-да жуссаси ўрта бўйли одамга қиёслагудай эди. Файб оламидан таралган илоҳий нур унинг оқ-сариққа мойил юзида, бўйнида жилваланади. Бирдан шуури тиниқлашиб, кўриб турганлари руҳлар дунёсига мансуб эканлигини ира-шира англади. Юрак уриши тезлашиб, тиззасидаги қўлларининг узун-узун бармоқлари ихтиёрсиз титради. Хаёлида бир улуғ орзу уйғониб, қалбидаги журъат пинжида забонига кўчди.
— Ўтинамен, аё қутби замон пири муршидлар, Хожаи Жаҳонга таъзим этмоқ ва муборак жамолига назар солмоққа ижозат беринг! — дея бош эгиб тавалло қилди у.

Пардани кўтардилар: тахтда ўлтирган йирик гавдали, боши катта, чиройли оқ юзли, теварагида қамашиқ нур ўйнаган қутби замон авлиё Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний кўринди. Баҳоуддин юраги бўғзига тиқилгудай бўлиб салом берди. Ул зот ёйиқ табассум ила бош силкиб алик олди. Энди Баҳоуддиннинг юрак уриши меъёрлашиб, вужудидаги титроқ тинди ва қулоқларига ўктам овоз урилди. Наздида, бу овозни нафақат у, балки жумла борлиқ тингларди. Овоз соҳиби Хожаи Жаҳон эди — у Баҳоуддинга шундай насиҳат қилди:
— Ўғлим, Баҳоуддин! Сен Ҳақ таоло инъом этган ноёб истеъдод соҳибисен. Оламга маърифат нурини ёйгувчи бу истеъдодинг пилигини бироз ҳаракатга келтирмоғинг лозим. Шунда йўлинг равшан тортиб, сирлар зуҳурга келади. Оллоҳнинг зикридан асло ғофил бўлма. Жумла маҳлуқотга холисанилло хизмат қил. Бу билан Ҳаққа борадиган йўлни топасен ва унга эришасен. Аё Баҳоуддин! Ҳар замон ва маконда оёғингни шариат асослари устига қўй. Шунда амри маъруф ва наҳий мункарга амал қилган бўласен. Суннатларга тўла риоя қил. Шариатни енгил тутма, бидъатлардан йироқ юр! Одамизот, ҳайвоноту наботот сендан хизмат кутмоқда. Сайру сулукнинг аввали, ўртаси ва охирида Ҳизр алайҳиссаломдан қандай билиму усуллар олган бўлсам, уларни сенга ўргатамен. (Баҳоуддин Нақшбанд Увайсий эди, яъни уни Хожаи Жаҳоннинг руҳи тарбият этганди. Ҳазрати Хожа бир умр увайсийликдан насибалар топган.) Кўпроқ зикри ҳуфияга аҳамият қил. Оллоҳнинг тавфиқи рафиқинг бўлсин! Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ўзингга пешво қилиб ол. Ул зотнинг ва улуғ саҳобаларнинг, ризвоналлоҳи алайҳим ажмаъин, асарлари ҳамда хабарларини изловчи дағи ўрганувчи бўл!

Хожаи Жаҳон жим қолгач, Хожа Муҳаммад Бобо деди:
— Кўраётганларинг ҳақ эканлигига далил шуки, сен эрталаб мавлоно Шамсуддин Олбашканавий олдига борурсен ва Турк билан Саққо орасида муомала бўлиб, сиз Саққо тарафидасиз, аммо Турк ҳақлидир, деб айтасен. Агар Саққо сенга қўполлик қилса, «Эй Саққойи ташна», дейсан. У бу сўзнинг сирини билади. Иккинчи далил шуки: у бир аёл билан зино қилган ва натижада валади зино пайдо бўлган. Аёлга болани туширишни буюриб, алқисса унинг ҳовлисидаги токнинг тагига кўмган.

Сўнг жамоатдан бир киши яна деди:
— Бу гапни Мавлоно Шамсуддинга етказганингдан сўнг, эртасига уч дона майиз олиб, Реги Мурда (Ўлик қум) орқали шитоб Насафга — Саййид Амир Кулол хизматига равона бўласен. Пуштаи Қарохун (Қарохун тепалиги)га етганингда сенга бир қария рўбарў келади. У сенга битта иссиқ нон ҳадя қилади. Сен нонни оласен. Қария ила асло сўзлашмагайсен. Ундан ўтиб бир карвонга дуч келасен. Сўнгра эса бир отлиққа йўлиқасен ва унга насиҳат қиласен. У сенинг қўлингда Оллоҳга тавба қилади. Ниҳоят Азизоннинг кулоҳини Саййид Амир Кулолга етказасен.

Шундан сўнг қутлуғ жамоат ичра бир сокин тараддуд пайдо бўлди. Пири комиллар бирин-сирин сарғиш шуъла бағрига сингиб, кўздан ниҳон бўлдилар. Охирида қибла девори ёпилиб, олам яна сукунат оғушида қолди. Бу мозористонга хос дилга бироз ваҳм солгувчи сукунат эди. Лекин азизлар тарбияти ва илоҳий жазба қуршовида бўлган Баҳоуддин минбаъд қўрқувга тушмади. Билъакс руҳлар олами шуурини аста-секин тарк айлаб, атрофидаги борлиқни аввал ботинида, сўнгра зоҳиран ҳам англади, кўрди. Идрок этдики, боши-ю кўнгли сокин ҳаловат ичра эди, фақат бағри тобора қизиб, оловланиб бораётганини сезди. Шу тариқа ўзига келиб, тана аъзолари ҳаракатга тушди. (Чунки ғайб олами ила мулоқот қалб ва шуур ичра рўй берганлиги боис вужуди ҳеч бир саъйсиз қолганди.)

Бомдоддан сўнг кулоҳнинг дараги ёдига тушиб, зудлик ила Ревартун тарафга равона бўлди. Кент ичра саросар кезиб, Ҳазрати Азизоннинг табаррук кулоҳини излади. Ревартун шариат ва тариқат собит бир маскан эди. Шул боис кулоҳнинг манзилини билган кишилар тез топилди. Бир дарвеши ломаконнинг кашкулида омонат экан. Азизоннинг кулоҳини кўриб, унинг аҳволи ўзгарди. Бутун вужуди мум каби эриб, бағридан соғинчли нола отилди, кулоҳни бағрига босиб, узоқ йиғлади, тун бўйи бўзлади. Тинсиз кўз ёшларидан эгни боши ҳўл бўлди. Шундан сўнг дил шикаста йўлга тушди. Мавлоно Шамсуддиннинг манзилига етиб, унинг масжидида бомдод намозини ўқиди. Намоздан сўнг Мавлоно Шамсуддинга рўбарў бўлди ва
— Элчиликка буюрилганмен, — деди.

Мавлоно кутилмаган ташрифнинг мағзини чақолмай ҳайрон турганда ёнида Саққо кўринди.
Баҳоуддин ғайбдан эшитган қиссасини шошилмай сўзлаб берди. Унинг сўзи тугар-тугамас, айтилганидек, Саққо Туркнинг ҳақ эканлигини инкор қилиб, жириллади:
— Сен ножинс, не маломатларни сўзлайдурсен?! — дея кирпи мисол ҳурпайиб олди. — Балки далилинг ҳам бордир?!

Баҳоуддин хотиржам боқиб турарди.
— Менинг далилим шуки, сенда илмдан насиба йўқдир, эй Саққойи ташна?
Саққо бу гапни эшитиши ҳамоно сувсиз мешдай шалвираб, бўшашди, ювош тортиб, муте қиёфага кирди. Баҳоуддин ва Мавлонога маъносиз тикилди.
— Менинг яна бир далилим шуки, — Баҳоуддин гўё беихтиёр сўзларди. — Сен бир аёл ила фасод иш қилгансен ва ундан натижа ҳам бино бўлган. Сенинг қистовинг ила аёл қорнидагини туширган ва икковлашиб ҳовлисидаги токнинг остига кўмгансенлар.
Саққо буни ҳам инкор этди.

Айтганлари Баҳоуддин учун башорату каромат эди — буни биларди. Саққо ва жамоат учун эса қуруқ гапдан ўзга нарса эмасдек туюларди. Демак, энди далилни ҳам исбот этмоқ лозим эди. Бу фикр биринчи бўлиб Мавлононинг хаёлига келди. Шитоб тараддуд ила жамоатни бошлаб, айтилган ҳовли сари йўл олди. Турган гапки, Саққони ҳам бирга боришга ундадилар.

Аёлнинг ҳовлиси олис эмасди, тезда етиб бордилар. Кўпчиликка таниш бўлган бева аёл Саққони жамоат ила кўриб, қўрққанидан ўзини четга олди. Мавлононинг амри ила бир ёш йигит белкурак топиб, ток остини ковлай бошлаганда, Саққо безовталаниб, ҳар томон аланглади — ҳуддики қочмоққа жой қидираётгандек эди. Аммо Мавлоно унинг қўлидан қаттиқ тутди. Барча амри олийни кутаётган лашкар мисол жим қотди. Ишнинг ниҳояси ҳамма учун қизиқ ва муҳим эди: жамоатнинг нигоҳи йигит ковлаётган ерга қадалган, юракларга ваҳм солгудай сукунат оғушида тупроққа тез-тез санчилаётган белкурак овози гўё жаранглаб эшитиларди…
Муштдеккина жасад қизғиш матога ўраб кўмилганидан, пайқаш ва аниқлаш осон кечди. Мавлоно уни қўлига олиб, бир муддат аянч ила тикилиб турди-да, жамоатга деди:
— Ҳа, бу ой-куни етмаган гўдакнинг жасади.

Шу гапнинг ортидан Саққо Мавлононинг оёқлари остига ўзини ташлаб, тавба қилишга тушди.
Бироқ Саққонинг илтижолари эътиборсиз қолди. Одамлар очиқ-ойдин кароматга шоҳид бўлиб турардилар. Демак, бу хабарни етказган йигит соҳиб каромат эканда, деган ўй ўтарди уларнинг хаёлидан. Ана шундагина Баҳоуддиннинг бу ерда эмаслигини пайқадилар. Пайқадилару, Мавлоно бошлиқ яна масжид сари елдилар.
Баҳоуддин тиз чўкиб ўлтирар, боши тиззалари қадар эгилиб, Илоҳ мушоҳадасига мустағриқ эди. Мавлоно етовидаги жамоат кириб, унинг ортида тиз чўкиб, жим қолдилар.

Эшон (Баҳоуддин) илоҳий файз оғушида кунни кеч қилди. Унинг учун энди жамоатнинг эътибори ҳам, айтилган гапларнинг рост-ёлғонлиги, Саққонинг тавбаси ҳам аҳамиятсиз эди. Билъакс, булар унинг қалбини хиёл малоллантирар, чунки барини машойих каромати туфайли аввалдан биларди ва билганларига шаксиз ишонарди. У ўзидану дунёдан мосуво турар, мудом жону жаҳонини қамраган файз ихтиёрини олганди. Бу ихтиёрсизлик ҳам хуш ёқар ва ҳам ҳаловатсиз олов ичра соларди. Андоғки, вужуду жони ҳузурбахш қовриларди. Шул боис айни ҳолидан айроликни истамас, ибтидо ва интиҳони ҳам шунда кўрарди.

Шом намози гўё бир лаҳзада адолангандек туюлди, жонидаги оташ тағин зиёдаланди. Таомни ҳам рад этди. Мавлоно Шамсиддин соҳиби ҳол, уйғоқ кўнгилли зот эди — жамоатга рухсат бериб, Эшонни танҳо қолдирди. Бу тун ҳам бедор кечди — намозлар зикрга, зикрлар мушоҳадага эврилди.

Тонг отди. Хуршиди оламнинг илк пайконлари қорамтир миноранинг кўксига санчилди. Баҳоуддин буюрилганидек уч дона майиз олиб, Реги Мурда йўлига отланганда Мавлоно чорлаб, аввал илтифотлар кўрсатди, сўнгра деди:
— Сенинг дардинг бизга аён ва давоси ҳам бизнинг қўлимизда. Шу ерда қол, токи тарбият этмоққа машғул бўлайлик.

Баҳоуддин ўнг илкини кўксида тутиб, жавоб қилди:
— Мен ўзгаларнинг фарзандимен, насибам ўзга даргоҳда. Агар сиз менинг оғзимга кўкрак солсангиз, учини тишлаб олишим мумкин.
Мавлоно жавоб таъсирида бир муддат жим қолди. Ниҳоят Баҳоуддиннинг қабоқлари ичра ботган, аланга порлаётган кўзларига самимий боқиб, кетишига рухсат берди.

Эшон даргоҳдан чиқиб, белига белбоғ боғлади-да, икки йигитга белбоғнинг икки учини ушлатиб, қаттиқ тортишни сўради. Бели қорни аралаш қаттиқ қисилгач, аслида ҳам бир мунча таъсирсиз очлик барҳам топиб, вужудида қувват пайдо бўлди. Бу аҳд белбоғи эди. Ана шу аҳд етовида йўлга равона бўлди. Оёғи ердан узилиб, учиб кетди гўё. Йўл оҳ уриб, шитоб қисқара бошлади. Пуштаи Қарохунга етганда бир афтодаҳол чолга дуч келди. Чол унга битта иссиқ нон берди, лекин бирон сўз айтмади. У ҳам чолни сўзсиз тарк этди. Яна ўшандай шашт ила йўлида бораверди. Оёқлари остида тўлғонган илонизи дашт йўлининг оқиш-сарғиш тупроғи товонлари зарбидан қўпиб, ҳавога қоришди. Бу сафар анча юрди. Ниҳоят оҳиста йўрғалаётган карвонга йўлиқди. Карвондагилар ундан «Қаердан келяпсан?» — дея сўрашди. У манзилини айтди.
— У ердан қачон чиққан эдинг? — сўради кимдир.
— Бугун завол маҳали (қуёш кўтарилаётганда демоқчи).
Аҳли карвоннинг юз-кўзида ҳайрат балқиб, бир-бирларига қараб олдилар.

— Жинними нима бало? — энсаси қотди уларнинг. — Айтган манзилидан бу ергача неча фарсах бўлса. Биз туннинг аввалида у ердан чиқиб, энди шу жойга етдик-ку!..
Бу пайт қуёш тиккага келиб, пешин намози фурсати етганди.

Карвондагилар кула-кула қолдилар. Боиси, Баҳоуддиннинг ангори ғофил назар учун чиндан ҳам савдойига ўхшаб кетарди. У карвондагиларга парвосиз ўтиб, улар кўздан пинҳон бўлганда пешин намозини адо этди-да, яна йўлга тушди. Бир муддат юргач, энди айтилган отлиққа рўбарў келди. Унинг яқинига бориб, одоб билан салом берди. Отлиқ хавотирли нигоҳини унга қадаб, сўради:
— Сен кимсен? Мен сендан хавфдамен! — Унинг оғзидан бадбўй ҳид анқиди.

Баҳоуддиннинг тилидан беихтиёр шу гап учди:
— Мен сени тавбага етказгувчи кишимен.
Отлиқ унинг кўзларига қаттиқ тикилди-да, тебраниб кетди. Силтаниб отдан тушиб, май тўла идишларини ерга уриб синдирди, кейин ўзини Баҳоуддиннинг оёқлари остига ташлади.
— Дардимнинг табибини топдим, — дея зорланди у. — Тавба қилдим, ё Оллоҳ, тавба қилдим! Дуо айланг, аё ҳазрат, зора илтижоимни зул Жалол қабул этса!..

Баҳоуддин отлиққа икки оғиз насиҳат қилиб, дастлабки вазифани берди-да, унинг тавбаси қабул бўлишини тилаб, дуога қўл очди.
— Энди бизни ва сўзимизни истасанг, Оллоҳ насиб этса, топарсен, — дея яна йўлга тушди.
Унга мудом йўлнинг олис-яқинлиги-ю заҳмати сезилмасди. Вужудида ғайб олови, қалбида илоҳий жазаба, шуурида собит умид ва ният ила бир мақсад сари интиларди.

2

У ниҳоят Насафга етиб, Саййид Амир Кулол қўним топган қишлоққа кириб бораркан, хуш насийму ёқимли бўйлар димоғига урилиб, сархушланди. Шайхнинг остонасига бош уриб, қалбига ҳаловат истади ва киришга изн сўради. Ижозат бўлгач, таъзим ила ичкари кириб, салом берди. Ҳазрати Кулол ёлғиз эди. Хона тўрида ўлтирган буғдойранг юзли, кўкраги кенг, қўллари узун, чатмақош, қалин соқолига оқ оралаган паҳлавон келбатли шайхни кўриб, Баҳоуддиннинг аҳволи ўзгарди. Бағридаги ўт зиёдалашди. Етмиш ёшни қаршилаётган валиюллоҳнинг нурпош чеҳрасидан файз ёғиларди.

Баҳоуддин шайхни охирги бор жаннатмакон пири Муҳаммад Бобо бандаликни бажо келтирганда Саммосда кўрганди. Ҳазрати Кулол пири муршиди, Шамси Ҳақ (Ҳақ қуёши) лақабини олган Муҳаммад Бобонинг жанозасидан сўнг қирқ кун чилла ўлтирганди. Ўшандан буён, мана, ўн йилдан зиёд вақт ўтибди. Бироқ бу йиллар шайх Мир Кулолга қарийб таъсир қилмабди, фақат ул зотдаги нур, файз баракот касб этибди.
Баҳоуддин бу гапларни ўйлаш ҳолида эмасди, жону жаҳони Илоҳ ишқи, жазабаси оғушида жизғанак, кутгани шайхдан мужда-ю ҳиммат эди, холос. У қўйнидан Ҳазрати Азизоннинг кулоҳини олиб, шайхнинг олдига қўйди. Шайхнинг ҳоли ўзгарди, бош эгиб, узоқ сукутга толди. Баҳоуддин эса шайхнинг файзини, ўзига кўчаётган нури илоҳийни тобора теран ҳис этиб, бағри куйгандан-куярди. Бу онлар ғанимат ва бағоят ҳузурбахш эди. (Муҳтарам ўқувчи учун икки оғиз изоҳ: тариқатда камол кўп ибодат қилиш, зикрдаги собитлик ва зиёдалик, ҳам жисмоний, ҳам руҳий парҳезкорлик туфайли топилади. Камол ва мақомга эришишнинг нисбатан «энг осон» ҳамда «энгил» йўли эса комил пирнинг назари муборагига сазовор бўлмоқдир. Ана шунда солиҳ мурид оз фурсатда юксак даражаларга мушарраф бўлмоғи мумкин. Айни дамда Баҳоуддин ўшандай ҳолат оғушида эди.)
Ниҳоят шайх бошини кўтариб, Баҳоуддинга боқди.
— Бу кулоҳни икки парда орасида сақлашга сенга ишора бўлди, — дея муборак кулоҳни икки қўллаб унга узатди.

Баҳоуддин ўрнидан туриб, тавозе ила кулоҳни олди ва кўзларига сурди.
Саййид Мир Кулол Баҳоуддинни гўдаклигида кўрганди. Аслида Баҳоуддин ҳазрати Муҳаммад Бобонинг қутлуғ назарига ундан-да муқаддамроқ сазовор бўлганди.

Муҳаммад Бобо Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғидан кўп бор ўтганди. Бир галги ўтишида туйқус юришдан тўхтаб, кўзларини юмганча сукутга толди. Сўнгра кўзларини очиб, самога интизор термулди. Киприкларига ёш қалқди. Ортидаги ашобга бир-бир назар ташлаб, майин жилмайди.
— Бу маъводан бир марди Худонинг ҳиди келмоқда, — деди оҳиста. — Тез фурсатда Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айланажак.

Валиюллоҳнинг бу карамли нафаси зое эмасди — эл аро башорат бўлиб таралди. Кунларнинг бирида хос халифаси Саййид Мир Кулолнинг Афшонадаги манзилидан Қасри Ҳиндувонга бораётиб, яна сукутдан сўнг айтди:
— Ҳид зиёда бўлибди, ўшал марди Худо дунёга келганга ўхшайди.
Бу ҳижрий 718 йил эди. Ўшанда Баҳоуддиннинг таваллудига уч кун бўлганди. Муҳаммад Бобо Қасри Ҳиндувонда тўхтаб, хонақоҳда қўним топди. Халқ ул зотнинг зиёратига ошиқди.

Баҳоуддиннинг бобоси Хожа Муҳаммад Бобонинг мухлисларидан эди. Унинг кўнглида набирасини Хожанинг ҳузурига олиб бориб, муборак назарига солмоқ истаги ёнди. У бу истаги Илоҳнинг марҳамати, Хожанинг ҳиммати туфайли юзага келганлигини тўла англамаган бўлса-да, набирасини ортиқ ниёзмандлик ила Хожанинг ҳузурига элтди.

Ҳазрати Хожа халққа ваъз айтарди. Бўсағадаги бағрида йўргакланган гўдак тутган оқсоқолни кўриб, буғдойранг юзидаги нур ва табассум кенгайди. Оқсоқолни ўзи сари чорлади. Гўдакни илкига олиб, юзига тикилди.
— Бул бизнинг фарзандимиз ва биз уни қабул қилдик, — дея энди халойиққа юзланди. — Биз ҳидини сезган мард шулдир. Иншооллоҳ у ўз даврининг пешвоси бўлажак. Бул марди Худонинг файзидан ҳар не бало даф бўлиб, ул Балогардонлиғ шарафига эришғувси.

Ҳазрати Хожа гўдакка Баҳоуддин исмини бериб, қулоғига азон айтди. Сўнгра Саййид Мир Кулолга боқиб, шундай амр этди:
— Фарзандим Баҳоуддиндан шафқатингни дариғ тутмагайсен. Агар нуқсонга йўл қўйсанг, сени асло кечирмаймен.
Ҳазрати Хожа бош бўлиб барча дуога қўл очди…

Ана ўшанда Саййид Мир Кулол илк бор Баҳоуддинни кўрган ва жажжи юзига назар солганди.
Мана, рўбарўсида Муҳаммад Бобои Саммосийдек, Оллоҳ у кишининг сирини муқаддас қилсин, авлиёнинг назарига сазовор бўлган ва ул зотнинг амри туфайли фарзандликка қабул этгани қутлуғ истиқболли йигит — Баҳоуддин тавозеда ўлтирибди. Унинг аҳволи, кечмиши шайхга аён эди, демак, ортиқ саволга ҳожат йўқ. Пири муршиди Муҳаммад Бобога берган ваъдасини адо этиш вақти етди. Мир Кулолнинг наздида, лов-лов ёнаётган Баҳоуддин обдон қорилган, пишитилган лой каби эди. Энди ундан не буюм ясамоқ кулолнинг маҳоратига боғлиқ. Бу хусусда асло хатога йўл қўйиб бўлмас, илло раҳматли пирининг ихтиёри ҳам шундай эди.

Шайх жидду жаҳд ила Баҳоуддинга боқаркан, ўзининг болалик ва ўсмирлик чоғларини, ҳазрати Муҳаммад Бобонинг муборак назарига тушган онларини эслади. (Тариқат шайхлари хаёлни паришон қилиб, ортиқча ўйга берилишни таъқиқлаганлар. Уларнинг фикрича, қалб ва шуур Оллоҳ, қўл эса меҳнат ила банд бўлмоғи лозим. Паришонликда хавф бор, зеро хаёл шайтонийдир. Шайхларнинг хотираси бағоят кучли, кўп нарса хотирларида сақланган. Шунингдек, улар ҳар қандай хаёлдан мосуво бўлиб, қалбу шуурларини озод тута олганлар. Хаёл хавфи асосан муридлар учундир. Муаллифнинг шайхни бу ҳолатда тасвирлаши эса сюжет мажбурияти туфайлидир.)

Амир Кулолнинг аждодлари Бухоронинг Афшонасида турғун бўлганлар. Бу маскан ҳозиқ табиб ва олам олими Абу Али ибн Сино туфайли аввалдан етти иқлимга донг таратганди. Зуваласи шу тупроқдан қорилган кўплаб илмпешаларнинг улуғликка доҳиллиги ҳам рост. Уларнинг бири бўлмиш Амир Кулолнинг асли исми Амир Калон эди. Кейинчалик ота мерос ҳунари кулолчилик ила шуҳрат топгач, Амир Кулол лақабини олганди. Аслида у ошиқ қалбларга гўзал шакллар, маъно-ю ишқлар солиб, тариқат аҳли орасида валий қалблар кулоли бўлиб ҳам танилганди. (Хожагон-Нақшбандийлик сулукига мансуб муридлар ва ҳатто шайхлар ҳам ҳеч йўқ бир касб-ҳунарнинг соҳиби бўлганлар. Ўз меҳнати ортидан ҳалол ризқ топиб, тирикчилик ўтказиш мазкур тариқат аҳлининг асосий тамойилларидан эди.) Унинг отаси билан ўз замонасининг улуғларидан бўлмиш Ҳазрат Саййид Ато ўртасида дўстлик аҳди бор эди. Ул зот Бухорога сафар қилганида албатта Афшонага тушар ва дўстининг хонадонида меҳмон бўлиб, тасаввуфий суҳбатлар қурарди. Ана шундай сафарларининг бирида кўчада ўйнаётган бир тўп болаларга рўбарў келади. Уларнинг орасида тўрт ёшлар чамасидаги Амир Калон ҳам бор эди. У болалардан ажралиб, югуриб Саййид Атога яқинлашиб, одоб билан салом беради. Ҳазрат гўзал тавозе ила алик олиб, болакайни олқайди, илкидан тутиб, дўстининг хонадонига бошлайди. Биладики, болакай ўз биродарининг ўғли экан. Уни бағрига босиб, дуолар қилади. Сўнг бошидаги салласини ечиб, тенг иккига бўлади ва бирини ўз бошига, иккинчи бўлагини эса Амир Калоннинг бошига ўрайди. Болакай Ҳазратнинг ижозати ила кўчага чиқиб, яна ўйин ила андармон бўлади. Орадан бир ош пишар фурсат ўтгач, Саййид Ато Амир Калонни чақиртиради. Болакай кириб, ул зот қошида қўл қовуштиради. Авлиё боланинг бошидаги саллани олиб, ўз бошидаги салланинг узунлигига солиштириб кўради. Амир Калоннинг салласи уч бош ҳажмида узун бўлиб қолган эди. Саййид Ато саллаларни қайта-қайта таққослаб кўрса ҳамки бу ҳол такрорланаверади. Шундан сўнг пири комил истиғфор айтади, мушоҳадага берилиб, кўзларини юмади. Маълум фурсат ўтгач, эҳтирос ила хитоб айлайди:
— Бу фарзандни беқиёс муждалар кутмоқдаки, мартабаси улуғ, ҳатто мендан ҳам зиёда бўлғувсидир!
Кейин-кейин Амир Калон Амир Кулол бўлиб, умрининг ўсмирлик поғорнасида майдонларда кураш туша бошлади. Филҳақиқат, у паҳлавон келбатли — елкалари кенг, билаклари бақувват эди, бирон кимса елкаси ерга текканини кўрмади. Баъзилар унинг бу машғулотидан ҳайратга тушар, дил аҳлидан бўлмиш киши бундайин бидъат ишларни тутмас, дея ёзғирардилар. Аммо Амир Кулол ўз билганидан қолмасди. Журъат этиб, сўраганларга эса «Бу машғулликдан мақсад гумнокликдир», дея жавоб берарди. («Гумноклик» деб атайлаб ўз номини ерга уриш, халқнинг ўзи ҳақидаги тасаввурини синдиришга айтилади. Зеро у замонларда Румда бино бўлиб, бутун Шарқ дунёсига тарқалган маломатийлик сулуки, хусусан, Мовароуннаҳр ичра ҳам бир мунча хонақоҳларига эга эди. Балки Амир Кулол ҳол ибтидосида улардан ҳам ихтиёрсиз мутаассир бўлгандир. Аслида нафсни хорлаб, менликка-худпарастликка қарши муҳораба этмоқ барча сулукларга хосдир.)
Амир Кулол кураш майдонларида ушбу рубоийни ҳам айтиб қоларди:

Кимсаки обрўю ном олмоққа жидду жаҳд эрур,
Сен они ошиқ дема, дунёпараст, бадбахт эрур.
Ишқ йўлида бир сифат бор — хорлигу бадномлик,
Чун шу бадномлик туфайли ошиқ соҳиб тахт эрур.

Ўшанда у ўн беш ёшларда эди. Ўзидан бир бош баланд паҳлавонни гир айлантириб, наъра ила хокисор этди. Чор тарафдан олқиш таралди, у шараф остида қолди. Лекин майдон четида ўлтирган бир жамоат уни мазаммат ва маломат қила бошлади:
— Қаранг, шундайин назаркарда, аҳли дилга доҳил одам бидъат ила машғул турур!

Бу гап айтилгани замон жамоатни уйқу элтди, барчалари бир хил туш кўрдилар: Маҳшар куни эмиш, оламу бани башар талваса ва қўрқинч ичра қолмиш. Туш кўргувчиларнинг ҳаммалари маъсият ботқоғига ботган, оёқларини суғуриб олмоққа ҳоллари келмай, халос бўлмоққа илож тополмай турадилар. Шу он Амир Кулол пайдо бўлибди-ю барини ботқоқдан бир-бир тортиб олибди-да, дебди:
— Биз бадан ишларини мана шундайин пайтларда сизларга ёрдамимиз тегсин учун қилурмиз. Зинҳор-базинҳор юракларингизга гумону иштибоҳни яқинлаштирманг, бировларга ҳақорат назари ила боқманг. — Сўнг насиҳат қилибди: — Агар дил аҳли назари ўзингга тушишини истасанг, ғурбат йўлида мисоли тупроқ каби афтода бўлғайсен!

Жамоат уйқудан уйғониб, шуурлари масту карахт ҳолда бир-бирларига ҳайрон термулиб турганларида Амир Кулол улар қошига келди.
— Аё биродарлар! Биз сизни Қиёматда гуноҳларингиз ботқоғидан Оллоҳ зул Жалолнинг инояти ила чиқариб олмоқ учун иш беради, дея кураш тушамиз, — хитоб қилди у ўктам овозда. — Дарвишлар ҳақида зинҳор бадгумонлик қилиб, бееътиқод бўлманг. Уларга мункир ҳам келманг, илло ҳақиқатдан бехабарсиз.
Жамоат ўрнидан қалқиб, Амир Кулол пойига ошиқди. Улар ғайбдан очиқ-равшан каромат зоҳир бўлганлигини пайқаб, тавбани ихтиёр этдилар. Эл аро авлиёлар қалбларнинг айғоқчиларидир, зеро улар ҳузурида дилни тўғри тутмоқ лозим, акси бўлса, хаёл соҳибига хавф бор, деган гап юради. Айни дамда, жамоатнинг кўргани шунга ишорат эди.

Амир Кулол ҳазрати Бобонинг назарига ҳам шу тариқа мушарраф бўлганди. Ўшанда Амир кулол Рометанда кураш тушар, рақибларини бирин-кетин мағлуб этар, халойиқ эса уни тинмай олқишларди.
Бироқ у майдон четидаги девор остида кураш томоша қилаётган Бобойи Саммосийни кўрмасди. Бобонинг курашчиларга қадалган кўзларига боқиб, ашабларидан бири сўради:
— Хожам, бу мардум бидъат иш ила машғул, сиз эса ундан нафратланиш ўрнига нечук ҳайрат ила боқмоқдасиз?
— Эй болам-а, — дея билинар-билинмас жилмайди пир. — Бу майдонда бир мард борки, ўзи саййидзодадир. Иншооллоҳ, суҳбатидан барча комил инсонлар баҳраманд бўлғувсидир. Биз ўшал мардни кутиб турибмиз, зеро унинг парвози ғоят баланд, мақоми ҳам олийдир.

Шу пайт Амир Кулолнинг ҳоли ўзгарди, рақибини даст кўтариб, елкаси оша ерга урди-ю, ортидан ўзи ҳам ерга ўтириб қолди. Халойиқ ҳайрат ичра увлаб юборди. Амир Кулолнинг қалбида жазаба пайдо бўлиб, оташ оғушида атрофга мўлтирар, интизор кўзлари кимнидир изларди. Алҳол нигоҳи девор остидаги Ҳазрати Бобога тушиб, шиддат ила ўрнидан қўпди, жон халпида югура бориб ўзини ул зотнинг оёқлари остига ташлаб, вовайло қилди. Юраги қаттиқ хаприққанидан бирон сўз айтолмас, бошини нуқул пирнинг оёғига урарди.

Ашоб пирнинг кароматидан лолу ҳайратда сукутда қолган, халойиқ эса бу ҳодисотнинг мағзига етолмай ҳалак эди.
Ҳазрат Бобо Амир Кулолнинг бошу елкасини силади.
— Муддаога етдик, бўтам, — деди таскин оҳангида. — Худо хоҳласа, бизнинг домимизга сайд бўлдингизки, иншооллоҳ, нажот яқин.

Амир Кулол оҳ урди:
— Тавба қилдим, бобо, тавба қилдим! Минбаъд бу бидъат ишни қилмасмен. Ўзингиз йўл кўрсатинг, аё пир!
Шу-шу Ҳазрат Бобо уни фарзандликка қабул этиб, ихтиёрини олди, тарбият қилди ва у кўп файзу кашфларга мушарраф бўлди…

Соҳиби иршод шайх Амир Кулол ўшал хуш дамларни эслаб, Баҳоуддиннинг аҳволини ҳам пайқаб, ҳам унга ҳавас-ла боқиб, хушнуд ўлтирарди.

3

Баҳоуддиннинг ўсмирлик пайтлари эди. Бир кеча туш кўрди: Яссавий шайхлардан бўлмиш Ҳаким Ота уни бир дарвишга топшираётган эмиш. Дарвишнинг ҳам нурли, ҳам ҳайбатли қиёфаси Баҳоуддиннинг хотирида муҳрланиб қолди. Эрталаб тушини дуогўйи Солиҳа бувисига айтиб берди. Бувиси некбин қалбли зийрак аёл эди. Тушнинг таъбирини дарров англади шекилли, «Сенга, иншооллоҳ, Яссавий машойихдан насиба етгувсидир», деб қўйди ўйчан. Бироқ дарвиш унинг кўз олдидан кетмай қолди, юрса ҳам, турса ҳам қалбида уни кўриш иштиёқи жўш урарди. Айни дамдаги ихтиёри ўшал дарвишнинг илкида эканлигини тўла тушунмаса-да, ихтиёрсиз унга сари талпинар, гоҳо кўча-кўйларда бирон дарвишни кўрди дегунча, ортидан чопиб, унинг ким эканлигини аниқламагунча тинчимасди. Одамлар аро ҳар нафас дарвишни изларди. Дилидаги соғинч тобора ўт олиб, жону жаҳонини куйдирарди.

Бир куни шаҳарнинг Оҳангарон дарвозасидан чиқаётиб, баногоҳ ўшал дарвишни кўриб қолди. Дарвишнинг сочлари ўсиқ — мулоҳ монанд, бошида минг баҳяли кулоҳ, илкида уд дарахтидан қилинган асо. Одатда яссавия дарвишлари мана шундай қиёфада юрардилар.

Баҳоуддиннинг юрак уриши тезлашиб, «ғилқ» этиб ютинди, йўқотиб қўйишдан қўрққандай дарвишга нигоҳини қаттиқ қадади. Шу ҳолида дилида на қувончни ва на ўзга туйғуни ҳис этмади. Бироқ у ҳали бирон қарорга келиб улгурмай, дарвиш анча узоқлашиб қолганди. Оёқлари беихтиёр илгарилади, кўзлари мудом дарвишда. Шуниси қизиқки, айни дамда кун эримаган, аср қуёши ҳали ўз ёстиғини қидирмаётган пайт бўлса-да, нечукдир олам хира қоронғулик ичра қолганга ўхшарди. Ёхуд Баҳоуддинга шундай туюлармиди. Атрофидаги одамлар ва умуман икки ёнидан у ёқ-бу ёққа ўтаётган тирик жон борки — от-уловми, хачиру сакми — ҳамма-ҳаммаси қора шарпалар менгиз кўзларининг қирига урилар, у буларни кўрмас, кўрмоқни ҳам истамас, ягона муддаоси — дарвишни кўздан қочирмаслик эди. Сайди бирон бора ортига қайрилиб қарамади, ё у ҳамма нарсани сезиб турарди-ю ўзини дунё ила иши йўқдек тутарди, ёки дунё унга эътиборсиздек эди. Алҳол у торгина Мурғкўши кўчасига бурилиб, қадамини тезлатди.

Энди Баҳоуддиннинг одими ҳам ихтиёрсиз жадаллашди. Бироқ бу кўчада узоқ қувишмадилар, дарвиш қўнғир туси униққан икки тавақали кичик эшикдан кириб, зумда кўздан ғойиб бўлди. Баҳоуддин қимматли нимарсасини бой берган одамдай бир муддат билинар-билинмас типирчилади, дарвозанинг у ёқ-бу ёғига бўйлаб, ичкарига қараш учун тирқиш излади. Лекин дарвоза анчагина эски бўлса-да, кўзга илингулик тирқиш тополмади, очишга юраги бетламай ортига қайтди. Аввалига кўнглидаги умиди сўнаётгандек туюлди, озгина юргач эса, ахир ҳеч йўқ уни кўрдим, манзилини билдим-ку, деган фикр умидига куч бағишлади. Ортига қайрилиб, дарвозага яна бир бор тикилиб қўйди.

Ярим тун. Кечанинг сирли ва ҳикматли қисми оламга соҳиблик қила бошлаган. Баҳоуддин мушоҳадани адоғлаб, зикруллоҳ тараддудида эди. Шу пайт хонақоҳга биров кириб, уни сўроқлади. У шаҳд ўрнидан қўпиб, сўрагувчига пешвоз чиқди, кўнгли бир яхшиликни сезганидан унинг оғзига тикилди.

— Халил отлиғ яссавий шайх йўқлайдур сени, — деди келган одам салом-аликни ҳам унутгандай.
Қувончдан юраги бўғзига урди. Куз — айни пишиқчилик эмасми, хонақоҳ омборида Бухоро неъматлари мўл йиғилганди. Бир тугун ҳадя олиб, Мурғкўши кўчаси сари ошиқди. Не тонгки, унга на зимистонлик ва на куз тунининг кўзу қулоқни хийла ачитгувчи аёзи ҳам сезилмас, оёқлари беихтиёр шитоб одимларди. Мана, ўша таниш дарвоза, мудом ёпиқ, қўнғир туси ҳам энди билинмас, бутун борича қоронғуликка қоришиб кетганди. Унинг наздида, дарвоза ўз-ўзидан очилиб кетгандай туюлди. Бўсағада ҳали уни йўқлаб борган одам турарди. Қачон етиб кела қолдийкин, деган савол Баҳоуддиннинг шуурини сийпаб ўтди, хушхабар соҳибини аллақачон унутибман-а! Унинг етовида бир ҳужрага кирди. Мойчироқнинг ожиз нури хона ичини сарғиш рангга чулғаб хира ёритар, бурчаклари қорайган деворлар кўзга совуқ кўринса-да, ҳузурбахш сокинлик дилни дарров ўз оғушига оларди. Баҳоуддин тўрдаги дарвиш — Ҳалил Отани бир қарашдаёқ таниди. Унинг ёнида яна тўрт киши бош эгиб ўлтирардилар.

У салом бериб, пойгакка чўкди. Ҳали атрофдагиларга тузукроқ қараб улгурмай, шуурида оромини олган тушини айтиш истаги туғён урди. Лекин ичидаги ичида, тилидаги тилида қолди.
— Улким сенинг кўнглингдадур бизга аёндур, айтмоқ не ҳожат? — деди шайх лабларининг қимирлашини сездирмасликка уринаётгандай оҳиста овозда. — Тил дилнинг ишончли тилмочи бўлолмас.

Баҳоуддиннинг ҳоли ўзгарди, вужуди сел бўлиб, шайхга майли янада зиёда бўлди. (Ҳикоямиз мобайнида ҳолнинг ўзгариши ҳақида бир неча бор айтиб ўтдик. Энди англадик-ки, бунга изоҳ жоиз. Боиси, хосларнинг сўзу мақомларини биз каби ҳолдин бенасиблар тушунолмасликлари мумкин. Тасаввуфда ҳол деган руҳий ҳолат, янада аниқроғи, кишининг илоҳий файзга, жазбага қай даражададир майли англанади. Ҳол аҳлида илоҳий файз, тасаввуфий истеъдод аввалдан мавжуд бўлади ва у пирнинг, кароматли воқеаларнинг, тушларнинг, алалхусус, сийрати хос ибодатларнинг таъсирида ортиб ёхуд аксинча, ноқис нимарсалар боис камайиб боради. Бу оддий кишилар учун тушунарсиздир ва аҳли ҳол валий зотларнинг назари-ю сўзидан ҳатто сония сайин камол топиб бориши мумкин. Бунга «мазахўрак» бўлиб қолган талабгор солик, яъни тариқатдаги инсон — мурид руҳий камолотга элтувчи ҳар неки бор излагувчи, улардан насиба истагувчига айланади. Хуллас, ҳолнинг ўзгариши руҳнинг камолотига, Илоҳ илмининг ривож топмоғига ишоратдир.)

Шайх қайтиб унга бирон сўз айтмади. Баҳоуддин унинг мулозаматига астойдил бел боғлади, насиба илинжида қойим бўлди.
Бу тун ҳам беҳаловат, бироқ ўзгача файз оғушида ўтди. Ҳалил Ота унга илк бора жаҳрий зикрдан таълим берди:
— Қалб ва танглай аросинда бир робита ўрнатгайсен, — деди у мудом сокин сўзлаб. — Тил учини танглай сари йўлла. Шууринг озод, дилингда интизорлик бўлсин.

Жамоат тиз чўка давра қурдилар. Баҳоуддин ҳам уларга қўшилди. Муридлардан бирови ширали овозда Қуръон тиловат қилди. Охирида «Ихлос» сурасини ўн бора ўқиди. Шундан сўнг навбатни шайх олди:
— Алҳамдулиллаҳ раббил аъламийн, Оллоҳу Акбар, — дея бошини кўксига қадади. — Оллоҳ, Оллоҳ, Оллоҳ… — Энди у бошини кўксига ураётгандек ҳаракат ила зикрга киришди. Муридлар ҳам унга эргашдилар. Барчалари бараварига «Оллоҳ, Оллоҳ, Оллоҳ» дердилар. Аммо тиллари танглайларига ёпишганлиги ва жўрликда айтишаётганлиги боис Яратувчининг олий исми «Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ» тарзида эшитиларди. (Жаҳрий зикр қоидасига биноан бу калом зикр авжида «Арра, арра, арра» оҳангига айланиши лозим эди.)

Жамоат қурган доира зикр оҳангига ҳамоҳанг тобора торайиб борар, аҳли зикрнинг елкалари бир-бирига борган сари жипслашиб, бошлари ҳар сафар кўкракларидан юқорига кўтарилганида лаб буришга чоғланган ғунча шаклига кирарди. Зикр яна ва яна авжланар, унга сари букилган тизлар беихтиёр доира марказига интилаверарди. Бир муддат шу алпозда елкалар жипслигида турилгач, ишорат ила тағин ортга қайтилар, зикр яна бошидан бошланарди. (Жаҳрий зикр баъзан, шароитга қараб, тик туриб ҳам адо этилади.)
Баҳоуддин ошкора-жаҳрий зикрга илк бор қўшилиши эди. У беҳуд эди, лекин ҳозир, яъни жамоат ичра жаҳрий зикрга зўр бераркан, шуурида хаёлан кўриб турганларини, ўз ¬ҳолини, руҳий кечмишини идрок этишга уринарди. Бу хато эди, ибодатнинг олий мақомида туриб, ўзга нимарсаларни хаёл қилиш солик учун паришонлик балосига гирифторлик ила баробар эди. Шунда ҳам хаёлга берилиши ўзи кўниккан хуфия зикрдан фарқли ўлароқ зикри жаҳриянинг моҳиятиини, аниқроғи, унинг таъсирини англашга саъй этмоғи туфайли эди. Оллоҳ калимасини овоз чиқариб, бошини кўксига уриб такрор ва такрор айтаркан, шуурида кечган лаҳзалик эврилиш боис кўнглида туғилган иштибоҳ, балки синовчан мушоҳада шайтоний эканлигини пайқади. Пайқади-ю, улуғ хавфга ёвуқ турганлигини ҳис этиб, вужуди бир силтанди, юраги шувиллаб кетди. Зеро у авлиёлар кўнгил айғоқчилари эканлигини, улар қошида қалбни минбаъд тўғри тутмоқлик лозимлигини яхши биларди.

Аълоси эса, ботинни валий ботинига тўғриламоқ эди. Авлий олар қалби мисоли кўзгуким, агар истаса, унда ўз аксини кўра олиши мумкин. Устига устак, зикрда паришонлик файздан бебаҳра этади.
— Оллоҳ! Оллоҳ! Оллоҳ!..

У зикрда авжланди. Авжланаркан, ўзидан мосуво бўлиб, кимнингдир ёхуд ненингдир таъсирида ҳоли ўзгараётганлигини ҳис этди. Ҳоли ўзига хуш ёқиб, файзга ғарқ бўлди. Ҳоли истиғроқ (оламдан ажралиш) сари оғди. Жамоатнинг зикрий саси аста-секин уйғунлашиб, бир маромга — қандайдир таниш гувиллашга айланди. Кўп ўтмай гувиллаш тезоб оқаётган дарёнинг шовуллашига эврилди. У осмони фалакда учарди, дарё мавжи қулоғига урилгач, оҳиста заминга қайтиб, мисоли капалак енгиллигида чиндан-да зоҳир бўлган дарё соҳилига қўнди. Ҳа-ҳа, қўнди. Бироқ оёқлари ерни сезмагандек туюлди. Шу маҳал нарироқда оппоқ либосли бир тўп кишилар кўриндилар. Уларнинг соқоллари ҳам оппоқ, юзлари бағоят нурли эди. Ё фаришта ва ёки валиюллоҳ қавмидан бўлмиш ул зотлар либослари кабутар қанотидай ел уриб, уни доирага олдилар-да, ўлтирдилар. Энди дарёнинг шовуллаши яна жаҳрий зикр оҳангларига эврилиб, оламни тутди. Атрофидаги одамларнинг на лаблари ва на бирон аъзоси қимир этмасди-ю, борлиққа зикр тараларди. Уларнинг ҳар бири биттадан коса тутгандилар. Бирин-кетин дарёга энгашиб косаларни сувга тўлатдилар. Косаларни навбати билан унга тутавердилар. У эса ҳар бир косага лаб босиб, бир хўпламдан ичаркан, доирани қайта-қайта айланаверди. Лекин ташналиги сира қонмасди. Сув ичгани сайин дарёнинг шовуллаши тобора-тобора кучайиб, оламни шовқинга белади. Унинг қулоғи қоматга келиб, эндигина Қиёматнинг ваҳшатини туйганда, бирдан олам сукут ичра қолди. Аста кўзини очди. Вужуди жиққа терга ботибди, юраги қинидан чиққудай урар, бўғзида эса бир оташ пайдо бўлиб, нафас оларкан, хирилларди. Аҳли зикр ҳам шундайин алпозда, лекин ҳар бир муриднинг ботини гоҳо ўзига, асосан пирга аён эди.

Зикр интиҳоланди. Энди барча ўз ҳоли — мақоми даражасида зикрдан топган файз етовида мушоҳадага чўмди. Фақат пиргина уйғоқ, — кўнгил кўзи ила ҳар бир муриднинг қалб ойнасига бир-бир назар ташлайди. Ниҳоят, унинг ботиний назари Баҳоуддиннинг қалбида тўхтади. Ундаги файз ва жазаба шаштидан вужуди титради. Унинг ҳоли буюк келажагидан башорат берарди.

Бироздан сўнг шайх Баҳовуддинни қўшни хонага олди.

Баҳовуддин бошини қуйи солиб ўлтирар, шайх эса унга зимдан назар ташларди. Одатда бу ҳол авом ўртасида бўлса, ноқулайлик туғдириши, икки одам ўзини ўнғайсиз ҳис этиши мумкин. Аммо ҳозир бу икки инсон — шайх ва мурид анчайин чўзилаётган оғир сукунатни ҳам сезмадилар: пир муриднинг кўнгли ила банд эса, мурид ҳалигина рўй берган кечмишидан мудом сархуш эди.

Ниҳоят шайх тилга кириб, муридининг истеъдоду қурбини пайқаб турса-да, сўзини ибтидодан (балки асосдан) бошлади:
— Биз излагувчимиз, эй фарзанд. Излагувчи мусулмонликни қаттиқ тутмоғи лозим. Мусулмонлик эса бу — иложи борича ҳукмларга бўйсуниш, тақвога риоя қилиш, амални бажаришга интилиш, янаки бекорликдан узоқ бўлмоқликдир. Илло буларнинг бари нури сафо, раҳмат ҳамда валоят даражасига етишиш воситасидир. Авлиёларнинг азиз манзили ва мақомларига мана шу сифат парвариши орқали етилади. — Шайх туркий лаҳжада кесиб-кесиб сўзлар, бироқ овозида ўктамлик ва донишмандлик зоҳир эди. — Баъзилар амал унчалик муҳим эмас, асосийси, Илоҳ муждаси ва сидқидил хизмат, деб ҳисоблайдилар. Бу хатокорлиғдин ўзга нимарса эрмас. Амал бағоят муҳим. Шунингдек, пир хизматида собит бўлмоқлик таҳсинга лойиқ. Агар пирдин назар топилса, мақомга мушаррафлик ҳақ, лекин қуруқ хизмат — меҳнат билан мақомга эришмоқлик душвор. Меҳнат фақат ва фақат савобга, ажрга доҳил. — Шайх тобора мушоҳада ва фикр уммонига ғарқ бўлиб борар, янада файзиёб сўзларди. — Киши ўз нафсига туҳмат этиши керак. Кимки Ҳақ субҳонаҳу инояти ила нафсининг ёмонлигини таниган, унинг ҳийла-найрангини англаган бўлса, бу унга осон бўлади. Ҳақиқий излагувчи ёхуд ушбу йўлнинг собит йўлчиси ўзгаларнинг гуноҳини ҳам ўзидан, деб билади.

Аҳли иршод, яъни пирлар эса сайёд (овчи) кабидурларки, ваҳший жониворни нозиклик ила қўлга оладилар. Андоғки, толибни ваҳшийлик сифатидан одамлик мақомига етказадилар. Иршод эгалари ҳикмат каби чиройли тадбир қўллаб, соҳиб табиат толиб билан шундай муомала қиладиларки, охири уни бўйинсундирадилар ва суннатга тобелик йўлига киргизадилар ҳамда висол мақомига олиб чиқадилар. Пайғамбарлар ва валиюллоҳ ана шундай аҳли тадбир, ҳикмат соҳиби бўладилар. Уларнинг ҳар ким билан қилган муомаласи ўша одамнинг қобилияти даражасига мос бўлади. Агар толиб бошловчилардан эса, унинг юкини тенг кўтаришадилар. Толибда бу йўлнинг қобилияти пайдо бўлгунча унга жуда кўп ўргатиш ва тушунтириш лозим.

Бизнинг сўзимиз чин — сен ундайлардан эмассен. Сенинг манзилинг юксакда. Аслида сенинг бизга муҳтожлигинг йўқ. Бироқ Илоҳдан бўлган аввалги мужда ҳақ, яъники бизга йўлиқувинг Ҳақдан. Демак, бизда насибанг бор. Истасанг, бизда не бўлса, ҳаммасини оласен, сендан меҳру назаримизни дариғ тутмагаймиз. Омин! — Шайх юзига фотиҳа тортди — бу билан гап тамом, демоқчи бўлди.

Баҳовуддин мудом сархуш эди. Шайхнинг овози-ю сўзлари сархушлик ичра қулоғига ҳам, қалбига ҳам хуш ёқарди. У бу сўзларнинг тугамаслигини истарди. Лекин шайхнинг «омин»идан сергак тортди: демак, хонани тарк этиши керак. Пирнинг хоҳиш-истагини тез англаш унинг қалбига қалбини тўғрилай олган муридда осон кечади.

4

Шайх Халил ҳукмдорлар наслидан эди. Яссавий шайхларнинг назару тарбияти баракотидан ва парҳезкорлиғи боис файзу мақом топганди. Оллоҳнинг инояту марҳамати чексиз — кўп ўтмай унга Мовароуннаҳр подшоҳлиги насиб Баҳоуддин бир кеча зикр ўртасида – уйқу ва уйғоқлик орасидаги лаҳзаларда туш кўрди. Тушида Султон Халил Баҳоуддинни жаллодлик қилишга буюрибди. Уни «ақрони султон», дея атай бошлабдилар. Алҳол султон бир бечорани ўлимга ҳукм этибди. Ақрони султон маҳкумнинг бошини кундага қўйибди. Саловот юборгандан сўнгра унинг бўйни сари қилич сермабди. Бироқ шамшир қаттиқ бир ёғочга теккандай, бўйнига ўтмабди. Иккинчи, учинчи марта урса ҳам шу ҳол такрорланаверибди. Шунда Баҳоуддиннинг кўзи маҳкумнинг қимирлаётган лабларига тушибди — у нималарнидир пичирлармиш. Баҳоуддин ҳайратини яширолмай сўрабди:
— Жонимиз қудрат қўлида бўлган Худонинг иззати ҳаққи, айт, не дуо ўқирсанки, шамшир таъсир қилмайдур?

Маҳкум жавоб қилибди:
— Мен ҳеч нарса ўқиётганим йўқ. Аммо ҳозир пиримни шафеъ келтирдим холос.
— Пиринг кимдур?
— Саййид Амир Кулол.
Маҳкумнинг сўзини эшитгач, уйгониб кетибди. Шу асно муридни шамширдан асрай оладиган киши дўзах оловидан ҳам сақлай билишига ишонди. Шитоб қўзголиб, пир сари ошиқди…

5

Мана, Шайх Амир Кулол тиз чўкиб ўлтирган Баҳоуддиннинг эгик бошига боқаркан жилмайди.
— Сени фарзанд тутмоқни бизга Ҳазрати Бобо васият қилган эди. Сен сафарда эдинг, биз уйғонишни — интибоҳни кутдик. Интибоҳ келди, сен бизни топдинг. Иншооллоҳ, Ҳазрати Бобонинг васияти ижобат бўлди.
У очиқроқ жилмайди:
— Худонинг мардлари Худо эмаслар, лекин Худодан ҳам жудо эмаслар, — деди муридининг ҳолидан завқланиб.

6

Ҳазрати Хожа от устида бораркан, оҳиста Алоуддин Атторга ўгрилди. Назарига интизор турган суюкли муридининг тараддудини тўсиб, Муздохун мозорига ишора қила, деди:
— Биз интибоҳ топажак маъво… —  Сўнг яна сокин тин олди.

Хотима

Оромсиз куну тунларда иштибоҳ ичра кезмоқ бор — бу ҳолнинг аввалидир. Иштибоҳли тунлар уни ҳам интибоҳга элтди.

12.06.07-27.09.11.

07
Nabi Jaloliddin
INTIBOH
078

Muqaddima

076  U o’z ahvolini anglamasdi. Kunlarini sarxushday o’tkazar, ne yumush ila band bo’lmasin, o’sha ishni qilayotganligini sezib tursa-da, o’zi boshqa bir ma’volarda kezib yurganday… Shu turishi, yurishi, yumushi, so’zi va hatto yutayotgan nafasi omonatday edi. Bag’rida ta’rifsiz bir sog’inch bino bo’lgandi, biroq bu sog’inchning sohibini bilmasdi. Tunlari esa o’z bilganicha ibodat ila mashg’ul bo’lar, ixtiyorsiz ko’zlaridan yosh quyilib kelaverardi. Bomdod chog’ini bag’oyat xush ko’rar, har tongning tarovatidan ko’ngli oydin-oydin bo’lib ketardi. Ammo bomdod fursati o’tib, ufq oqarib borgani sari va ayniqsa, quyoshning ilk nurlari ko’zga sanchila boshlagan onlarni unchalik xushlayvermas, bu paytda go’yo nimanidir boy berayotganday, har kuni bo’g’zidan olguvchi hayoti dunyoga yana botib borayotganday sezardi o’zini. Shunisi aniqki, u har tong adog’ida nimasidandir, ehtimolki, judayam qimmatli, aziz narsasidan judo bo’lardi. Keyin esa… Keyin yigirma birinchi asrning darveshu devonasi tiriklik ko’yiga tushardi. Biroq ko’ksidagi sog’inch tark etishini aslo istamasdi. Olamning ovozi — barcha tovushlarning qorishig’idan paydo bo’lgan tovush asta-sekin birgina so’zga aylanib qolardi: Olloh, Olloh, Olloh…

Bir kuni juma namozini ado etmoq uchun masjidi jomega kirdi. Masjid har qancha ulkan bo’lmasin, namozxonlar ko’pligi bois hovlining sahnigacha odamga to’lib ketgandi. Ayni saraton mahali, quyosh kuydirvoraman, deydi. U oftobro’yadagi safga qo’shildi. Biroq, nazdida, xiyol salqinday tuyulgan bu joy, ko’p o’tmay, go’yo olov ichra qoldi. U namozning avvalgi sunnatini o’qiguncha jiqqa terga botdi. Kiyimlari ho’l bo’lgani sari nafas olishi ham og’irlashib, havo yetmayotganday entikdi. Shu on ko’nglidan ushbu gap o’tdi:
— Mengayam salqin joylaringdan bergin, yo Olloh!..

Qulog’iga g’oyibdan ovoz urildi:
— Loyiqmisan?!..
U behud bo’lib joynamozga quladi. Alqissa, shu kundan bor oromidan ham ayrildi.

1

Hazrati Xoja ashob ila Nasafdan qaytardi. Sog’ida (o’ngida) xos xalifasi Alouddin Attor.
Tun yarmidan og’gan, ko’r oydinlik ko’kdagi oltin rang o’roqmonand hilolning uchiga ilingandek. Sokinlik. Unga faqatgina ot-ulovlarning tuyoqlaridan taralayotgan jarangdor tovushlar kushanda xolos…

Hazrati Xoja hamishadagidek mustag’riq, hol avjida. Uni hech bir sas yoxud sharpa andarmon qilolmaydi. Aslida piri komil eng katta xavf parishonlikda ekanligini yaxshi biladi, buni muridlariga ham takror-takror uqdiradi. Xayolni yig’ib olmoq avliyolikning avvalidir, deydi goho. Andog’ki parishonlik Hazrati Xojaga begona. Ammo ayni damda Muzdoxun mozori yonidan o’tib borarkanlar, ko’z oldida Xojai Jahon (Xoja Abduholiq Fijduvoniy)ning nuroniy chehrasi namoyon bo’ldi-da, o’z holining avvalini, mazkur mozordagi sirli diydorni esladi. Esladi-yu, bag’ridagi olov necha chandon ziyodalashdi…

O’sha kezlari — holning avvalida Bahouddin ibn Muhammad jazaba g’alabasidan beqaror bo’lib, tunlari Buxoroni kezardi. (Bu iborani anglamaganlar uchun imkon darajasida biroz tushuntirish bersak: holning avvali degani — zuvalasiga Iloh ishqi qorilgan bo’lg’uvsi avliyoning maqom va yo’l topmagan sarxush holiga ishoratdir. Undayin zot oromini butkul yo’qotadi, ixtiyorsiz ravishda buyuk sog’inchda qovrilib, bag’ri chin ma’noda lov-lov yonadi. Uning yemishi beoromlik, riyozat, uyqusi xizmatu xorlik bo’ladi. U fano dashtida foniylik istaydi). Goho mozoriston ichra kirar, qaysi mozorga bormasin, yonib turgan moychiroqqa ro’baro’ kelaverardi. Ammo, chiroqning yorug’i ojiz bo’lib, piligini xiyol harakatga keltirish bilan avjliroq yona boshlardi. Ittifoqo tunlarning birida Muzdoxun mozoriga kirdi-yu, tag’in piligi ojiz miltiragan chirog’donni ko’rdi. Qiblaga yuzlanib o’ltirgani hamono behud bo’lib, ostidan zamin, bo’g’zidan havo, boshidan osmon ko’chib, muallaq qoldi. Bir zamon qibla devori yorilib, ulkan taxt paydo bo’ldi. Taxt oldiga yashil parda tortilgan edi. Uning atrofida qatorasiga bir necha nuroniy chehrali kishilar o’ltirardilar. Bahouddin ularning orasidan Xoja Muhammad Boboi Sammosiyni tanidi. U sarxush edi, ko’rayotganlari g’aybdan ekanligini ayni damda anglamayotgan esa-da, nur ichra ajib anjuman tuzgan jamoat lafzidan uchgan har bir so’zni jon qulog’i ila tingladi.

Jamoat ichidan bir kishi o’rnidan qo’pib, taxtdagi odamga ishorat qildi-da, dedi:
— Bu zot Xoja Abduholiq G’ijduvoniydir, Olloh u kishining sirini muqaddas qilsin, yonidagilar esa alarning xalifalari erurlar. — So’ng ularni bir-bir tanishtirdi. — Bu Xoja Ahmad Siddiq, Xoja Avliyoyi Kalon, Xoja Orif Revgariy, Xoja Mahsud Anjir Fag’anaviy, Xoja Ali Romitaniy. — Xoja Muhammad Boboga yetgach, dedi: — Bu zoti bobarokotni sen hayotlik chog’ida topgansen. U senga bir kuloh bergan va tushayotgan balolar sening barakoting tufayli daf bo’lmog’ini bashorat qilgan edi. Kuloh Hazrati Azizondan yodgorlikdir.

So’ng so’zlaguvchi jamoat nomidan dedi:
— So’zlarimizga diqqat ila quloq sol, Hazrati Xojai Jahon (Abduholiq G’ijduvoniy) so’z aytadilarki, Haq taolo yo’lidan bormoqda bunga amal qilmay ilojing yo’q.

Bahouddin daroz bo’lganidan tiz cho’kib o’ltirsa-da jussasi o’rta bo’yli odamga qiyoslaguday edi. Fayb olamidan taralgan ilohiy nur uning oq-sariqqa moyil yuzida, bo’ynida jilvalanadi. Birdan shuuri tiniqlashib, ko’rib turganlari ruhlar dunyosiga mansubekanligini ira-shira angladi. Yurak urishi tezlashib, tizzasidagi qo’llarining uzun-uzun barmoqlari ixtiyorsiz titradi. Xayolida bir ulug’ orzu uyg’onib, qalbidagi jur’at pinjida zaboniga ko’chdi.
— O’tinamen, ayo qutbi zamon piri murshidlar, Xojai Jahonga ta’zim etmoq va muborak jamoliga nazar solmoqqa ijozat bering! — deya bosh egib tavallo qildi u.

Pardani ko’tardilar: taxtda o’ltirgan yirik gavdali, boshi katta, chiroyli oq yuzli, tevaragida qamashiq nur o’ynagan qutbi zamon avliyo Xoja Abduholiq G’ijduvoniy ko’rindi. Bahouddin yuragi bo’g’ziga tiqilguday bo’lib salom berdi. Ul zot yoyiq tabassum ila bosh silkib alik oldi. Endi Bahouddinning yurak urishi me’yorlashib, vujudidagi titroq tindi va quloqlariga o’ktam ovoz urildi. Nazdida, bu ovozni nafaqat u, balki jumla borliq tinglardi. Ovoz sohibi Xojai Jahon edi — u Bahouddinga shunday nasihat qildi:
— O’g’lim, Bahouddin! Sen Haq taolo in’om etgan noyob iste’dod sohibisen. Olamga ma’rifat nurini yoyguvchi bu iste’doding piligini biroz harakatga keltirmog’ing lozim. Shunda yo’ling ravshan tortib, sirlar zuhurga keladi. Ollohning zikridan aslo g’ofil bo’lma. Jumla mahluqotga xolisanillo xizmat qil. Bu bilan Haqqa boradigan yo’lni topasen va unga erishasen. Ayo Bahouddin! Har zamon va makonda oyog’ingni shariat asoslari ustiga qo’y. Shunda amri ma’ruf va nahiy munkarga amal qilgan bo’lasen. Sunnatlarga to’la rioya qil. Shariatni yengil tutma, bid’atlardan yiroq yur! Odamizot, hayvonotu nabotot sendan xizmat kutmoqda. Sayru sulukning avvali, o’rtasi va oxirida Hizr alayhissalomdan qanday bilimu usullar olgan bo’lsam, ularni senga o’rgatamen. (Bahouddin Naqshband Uvaysiy edi, ya’ni uni Xojai Jahonning ruhi tarbiyat etgandi. Hazrati Xoja bir umr uvaysiylikdan nasibalar topgan.) Ko’proq zikri hufiyaga ahamiyat qil. Ollohning tavfiqi rafiqing bo’lsin! Mustafo sallallohu alayhi vasallamning hadisi shariflarini o’zingga peshvo qilib ol. Ul zotning va ulug’ sahobalarning, rizvonallohi alayhim ajma’in, asarlari hamda xabarlarini izlovchi dag’i o’rganuvchi bo’l!

Xojai Jahon jim qolgach, Xoja Muhammad Bobo dedi:
— Ko’rayotganlaring haq ekanligiga dalil shuki, sen ertalab mavlono Shamsuddin Olbashkanaviy oldiga borursen va Turk bilan Saqqo orasida muomala bo’lib, siz Saqqo tarafidasiz, ammo Turk haqlidir, deb aytasen. Agar Saqqo senga qo’pollik qilsa, «Ey Saqqoyi tashna», deysan. U bu so’zning sirini biladi. Ikkinchi dalil shuki: u bir ayol bilan zino qilgan va natijada valadi zino paydo bo’lgan. Ayolga bolani tushirishni buyurib, alqissa uning hovlisidagi tokning tagiga ko’mgan.

So’ng jamoatdan bir kishi yana dedi:
— Bu gapni Mavlono Shamsuddinga yetkazganingdan so’ng, ertasiga uch dona mayiz olib, Regi Murda (O’lik qum) orqali shitob Nasafga — Sayyid Amir Kulol xizmatiga ravona bo’lasen. Pushtai Qaroxun (Qaroxun tepaligi)ga yetganingda senga bir qariya ro’baro’ keladi. U senga bitta issiq non hadya qiladi. Sen nonni olasen. Qariya ila aslo so’zlashmagaysen. Undan o’tib bir karvonga duch kelasen. So’ngra esa bir otliqqa yo’liqasen va unga nasihat qilasen. U sening qo’lingda Ollohga tavba qiladi. Nihoyat Azizonning kulohini Sayyid Amir Kulolga yetkazasen.

Shundan so’ng qutlug’ jamoat ichra bir sokin taraddud paydo bo’ldi. Piri komillar birin-sirin sarg’ish shu’la bag’riga singib, ko’zdan nihon bo’ldilar. Oxirida qibla devori yopilib, olam yana sukunat og’ushida qoldi. Bu mozoristonga xos dilga biroz vahm solguvchi sukunat edi. Lekin azizlar tarbiyati va ilohiy jazba qurshovida bo’lgan Bahouddin minba’d qo’rquvga tushmadi. Bil’aks ruhlar olami shuurini asta-sekin tark aylab, atrofidagi borliqni avval botinida, so’ngra zohiran ham angladi, ko’rdi. Idrok etdiki, boshi-yu ko’ngli sokin halovat ichra edi, faqat bag’ri tobora qizib, olovlanib borayotganini sezdi. Shu tariqa o’ziga kelib, tana a’zolari harakatga tushdi. (Chunki g’ayb olami ila muloqot qalb va shuur ichra ro’y berganligi bois vujudi hech bir sa’ysiz qolgandi.)

Bomdoddan so’ng kulohning daragi yodiga tushib, zudlik ila Revartun tarafga ravona bo’ldi. Kent ichra sarosar kezib, Hazrati Azizonning tabarruk kulohini izladi. Revartun shariat va tariqat sobit bir maskan edi. Shul bois kulohning manzilini bilgan kishilar tez topildi. Bir darveshi lomakonning kashkulida omonat ekan. Azizonning kulohini ko’rib, uning ahvoli o’zgardi. Butun vujudi mum kabi erib, bag’ridan sog’inchli nola otildi, kulohni bag’riga bosib, uzoq yig’ladi, tun bo’yi bo’zladi. Tinsiz ko’z yoshlaridan egni boshi ho’l bo’ldi. Shundan so’ng dil shikasta yo’lga tushdi. Mavlono Shamsuddinning manziliga yetib, uning masjidida bomdod namozini o’qidi. Namozdan so’ng Mavlono Shamsuddinga ro’baro’ bo’ldi va
— Elchilikka buyurilganmen, — dedi.

Mavlono kutilmagan tashrifning mag’zini chaqolmay hayron turganda yonida Saqqo ko’rindi.
Bahouddin g’aybdan eshitgan qissasini shoshilmay so’zlab berdi. Uning so’zi tugar-tugamas, aytilganidek, Saqqo Turkning haq ekanligini inkor qilib, jirilladi:
— Sen nojins, ne malomatlarni so’zlaydursen?! — deya kirpi misol hurpayib oldi. — Balki daliling ham bordir?!

Bahouddin xotirjam boqib turardi.
— Mening dalilim shuki, senda ilmdan nasiba yo’qdir, ey Saqqoyi tashna?
Saqqo bu gapni eshitishi hamono suvsiz meshday shalvirab, bo’shashdi, yuvosh tortib, mute qiyofaga kirdi. Bahouddin va Mavlonoga ma’nosiz tikildi.
— Mening yana bir dalilim shuki, — Bahouddin go’yo beixtiyor so’zlardi. — Sen bir ayol ila fasod ish qilgansen va undan natija ham bino bo’lgan. Sening qistoving ila ayol qornidagini tushirgan va ikkovlashib hovlisidagi tokning ostiga ko’mgansenlar.
Saqqo buni ham inkor etdi.

Aytganlari Bahouddin uchun bashoratu karomat edi — buni bilardi. Saqqo va jamoat uchun esa quruq gapdan o’zga narsa emasdek tuyulardi. Demak, endi dalilni ham isbot etmoq lozim edi. Bu fikr birinchi bo’lib Mavlononing xayoliga keldi. Shitob taraddud ila jamoatni boshlab, aytilgan hovli sari yo’l oldi. Turgan gapki, Saqqoni ham birga borishga undadilar.

Ayolning hovlisi olis emasdi, tezda yetib bordilar. Ko’pchilikka tanish bo’lgan beva ayol Saqqoni jamoat ila ko’rib, qo’rqqanidan o’zini chetga oldi. Mavlononing amri ila bir yosh yigit belkurak topib, tok ostini kovlay boshlaganda, Saqqo bezovtalanib, har tomon alangladi — huddiki qochmoqqa joy qidirayotgandek edi. Ammo Mavlono uning qo’lidan qattiq tutdi. Barcha amri oliyni kutayotgan lashkar misol jim qotdi. Ishning nihoyasi hamma uchun qiziq va muhim edi: jamoatning nigohi yigit kovlayotgan yerga qadalgan, yuraklarga vahm solguday sukunat og’ushida tuproqqa tez-tez sanchilayotgan belkurak ovozi go’yo jaranglab eshitilardi…
Mushtdekkina jasad qizg’ish matoga o’rab ko’milganidan, payqash va aniqlash oson kechdi. Mavlono uni qo’liga olib, bir muddat ayanch ila tikilib turdi-da, jamoatga dedi:
— Ha, bu oy-kuni yetmagan go’dakning jasadi.

Shu gapning ortidan Saqqo Mavlononing oyoqlari ostiga o’zini tashlab, tavba qilishga tushdi.
Biroq Saqqoning iltijolari e’tiborsiz qoldi. Odamlar ochiq-oydin karomatga shohid bo’lib turardilar. Demak, bu xabarni yetkazgan yigit sohib karomat ekanda, degan o’y o’tardi ularning xayolidan. Ana shundagina Bahouddinning bu yerda emasligini payqadilar. Payqadilaru, Mavlono boshliq yana masjid sari yeldilar.
Bahouddin tiz cho’kib o’ltirar, boshi tizzalari qadar egilib, Iloh mushohadasiga mustag’riq edi. Mavlono yetovidagi jamoat kirib, uning ortida tiz cho’kib, jim qoldilar.

Eshon (Bahouddin) ilohiy fayz og’ushida kunni kech qildi. Uning uchun endi jamoatning e’tibori ham, aytilgan gaplarning rost-yolg’onligi, Saqqoning tavbasi ham ahamiyatsiz edi. Bil’aks, bular uning qalbini xiyol malollantirar, chunki barini mashoyix karomati tufayli avvaldan bilardi va bilganlariga shaksiz ishonardi. U o’zidanu dunyodan mosuvo turar, mudom jonu jahonini qamragan fayz ixtiyorini olgandi. Bu ixtiyorsizlik ham xush yoqar va ham halovatsiz olov ichra solardi. Andog’ki, vujudu joni huzurbaxsh qovrilardi. Shul bois ayni holidan ayrolikni istamas, ibtido va intihoni ham shunda ko’rardi.

Shom namozi go’yo bir lahzada adolangandek tuyuldi, jonidagi otash tag’in ziyodalandi. Taomni ham rad etdi. Mavlono Shamsiddin sohibi hol, uyg’oq ko’ngilli zot edi — jamoatga ruxsat berib, Eshonni tanho qoldirdi. Bu tun ham bedor kechdi — namozlar zikrga, zikrlar mushohadaga evrildi.

Tong otdi. Xurshidi olamning ilk paykonlari qoramtir minoraning ko’ksiga sanchildi. Bahouddin buyurilganidek uch dona mayiz olib, Regi Murda yo’liga otlanganda Mavlono chorlab, avval iltifotlar ko’rsatdi, so’ngra dedi:
— Sening darding bizga ayon va davosi ham bizning qo’limizda. Shu yerda qol, toki tarbiyat etmoqqa mashg’ul bo’laylik.

Bahouddin o’ng ilkini ko’ksida tutib, javob qildi:
— Men o’zgalarning farzandimen, nasibam o’zga dargohda. Agar siz mening og’zimga ko’krak solsangiz, uchini tishlab olishim mumkin.
Mavlono javob ta’sirida bir muddat jim qoldi. Nihoyat Bahouddinning qaboqlari ichra botgan, alanga porlayotgan ko’zlariga samimiy boqib, ketishiga ruxsat berdi.

Eshon dargohdan chiqib, beliga belbog’ bog’ladi-da, ikki yigitga belbog’ning ikki uchini ushlatib, qattiq tortishni so’radi. Beli qorni aralash qattiq qisilgach, aslida ham bir muncha ta’sirsiz ochlik barham topib, vujudida quvvat paydo bo’ldi. Bu ahd belbog’i edi. Ana shu ahd yetovida yo’lga ravona bo’ldi. Oyog’i yerdan uzilib, uchib ketdi go’yo. Yo’l oh urib, shitob qisqara boshladi. Pushtai Qaroxunga yetganda bir aftodahol cholga duch keldi. Chol unga bitta issiq non berdi, lekin biron so’z aytmadi. U ham cholni so’zsiz tark etdi. Yana o’shanday shasht ila yo’lida boraverdi. Oyoqlari ostida to’lg’ongan ilonizi dasht yo’lining oqish-sarg’ish tuprog’i tovonlari zarbidan qo’pib, havoga qorishdi. Bu safar ancha yurdi. Nihoyat ohista yo’rg’alayotgan karvonga yo’liqdi. Karvondagilar undan «Qaerdan kelyapsan?» — deya so’rashdi. U manzilini aytdi.
— U yerdan qachon chiqqan eding? — so’radi kimdir.
— Bugun zavol mahali (quyosh ko’tarilayotganda demoqchi).
Ahli karvonning yuz-ko’zida hayrat balqib, bir-birlariga qarab oldilar.

— Jinnimi nima balo? — ensasi qotdi ularning. — Aytgan manzilidan bu yergacha necha farsax bo’lsa. Biz tunning avvalida u yerdan chiqib, endi shu joyga yetdik-ku!..
Bu payt quyosh tikkaga kelib, peshin namozi fursati yetgandi.

Karvondagilar kula-kula qoldilar. Boisi, Bahouddinning angori g’ofil nazar uchun chindan ham savdoyiga o’xshab ketardi. U karvondagilarga parvosiz o’tib, ular ko’zdan pinhon bo’lganda peshin namozini ado etdi-da, yana yo’lga tushdi. Bir muddat yurgach, endi aytilgan otliqqa ro’baro’ keldi. Uning yaqiniga borib, odob bilan salom berdi. Otliq xavotirli nigohini unga qadab, so’radi:
— Sen kimsen? Men sendan xavfdamen! — Uning og’zidan badbo’y hid anqidi.

Bahouddinning tilidan beixtiyor shu gap uchdi:
— Men seni tavbaga yetkazguvchi kishimen.
Otliq uning ko’zlariga qattiq tikildi-da, tebranib ketdi. Siltanib otdan tushib, may to’la idishlarini yerga urib sindirdi, keyin o’zini Bahouddinning oyoqlari ostiga tashladi.
— Dardimning tabibini topdim, — deya zorlandi u. — Tavba qildim, yo Olloh, tavba qildim! Duo aylang, ayo hazrat, zora iltijoimni zul Jalol qabul etsa!..

Bahouddin otliqqa ikki og’iz nasihat qilib, dastlabki vazifani berdi-da, uning tavbasi qabul bo’lishini tilab, duoga qo’l ochdi.
— Endi bizni va so’zimizni istasang, Olloh nasib etsa, toparsen, — deya yana yo’lga tushdi.
Unga mudom yo’lning olis-yaqinligi-yu zahmati sezilmasdi. Vujudida g’ayb olovi, qalbida ilohiy jazaba, shuurida sobit umid va niyat ila bir maqsad sari intilardi.

2

U nihoyat Nasafga yetib, Sayyid Amir Kulol qo’nim topgan qishloqqa kirib borarkan, xush nasiymu yoqimli bo’ylar dimog’iga urilib, sarxushlandi. Shayxning ostonasiga bosh urib, qalbiga halovat istadi va kirishga izn so’radi. Ijozat bo’lgach, ta’zim ila ichkari kirib, salom berdi. Hazrati Kulol yolg’iz edi. Xona to’rida o’ltirgan bug’doyrang yuzli, ko’kragi keng, qo’llari uzun, chatmaqosh, qalin soqoliga oq oralagan pahlavon kelbatli shayxni ko’rib, Bahouddinning ahvoli o’zgardi. Bag’ridagi o’t ziyodalashdi. Yetmish yoshni qarshilayotgan valiyullohning nurposh chehrasidan fayz yog’ilardi.

Bahouddin shayxni oxirgi bor jannatmakon piri Muhammad Bobo bandalikni bajo keltirganda Sammosda ko’rgandi. Hazrati Kulol piri murshidi, Shamsi Haq (Haq quyoshi) laqabini olgan Muhammad Boboning janozasidan so’ng qirq kun chilla o’ltirgandi. O’shandan buyon, mana, o’n yildan ziyod vaqt o’tibdi. Biroq bu yillar shayx Mir Kulolga qariyb ta’sir qilmabdi, faqat ul zotdagi nur, fayz barakot kasb etibdi.
Bahouddin bu gaplarni o’ylash holida emasdi, jonu jahoni Iloh ishqi, jazabasi og’ushida jizg’anak, kutgani shayxdan mujda-yu himmat edi, xolos. U qo’ynidan Hazrati Azizonning kulohini olib, shayxning oldiga qo’ydi. Shayxning holi o’zgardi, bosh egib, uzoq sukutga toldi. Bahouddin esa shayxning fayzini, o’ziga ko’chayotgan nuri ilohiyni tobora teran his etib, bag’ri kuygandan-kuyardi. Bu onlar g’animat va bag’oyat huzurbaxsh edi. (Muhtaram o’quvchi uchun ikki og’iz izoh: tariqatda kamol ko’p ibodat qilish, zikrdagi sobitlik va ziyodalik, ham jismoniy, ham ruhiy parhezkorlik tufayli topiladi. Kamol va maqomga erishishning nisbatan «eng oson» hamda «engil» yo’li esa komil pirning nazari muboragiga sazovor bo’lmoqdir. Ana shunda solih murid oz fursatda yuksak darajalarga musharraf bo’lmog’i mumkin. Ayni damda Bahouddin o’shanday holat og’ushida edi.)
Nihoyat shayx boshini ko’tarib, Bahouddinga boqdi.
— Bu kulohni ikki parda orasida saqlashga senga ishora bo’ldi, — deya muborak kulohni ikki qo’llab unga uzatdi.

Bahouddin o’rnidan turib, tavoze ila kulohni oldi va ko’zlariga surdi.
Sayyid Mir Kulol Bahouddinni go’dakligida ko’rgandi. Aslida Bahouddin hazrati Muhammad Boboning qutlug’ nazariga undan-da muqaddamroq sazovor bo’lgandi.

Muhammad Bobo Buxoro yonidagi Qasri Hinduvon qishlog’idan ko’p bor o’tgandi. Bir galgi o’tishida tuyqus
yurishdan to’xtab, ko’zlarini yumgancha sukutga toldi. So’ngra ko’zlarini ochib, samoga intizor termuldi. Kipriklariga yosh qalqdi. Ortidagi ashobga bir-bir nazar tashlab, mayin jilmaydi.

— Bu ma’vodan bir mardi Xudoning hidi kelmoqda, — dedi ohista. — Tez fursatda Qasri Hinduvon Qasri Orifonga aylanajak.

Valiyullohning bu karamli nafasi zoe emasdi — el aro bashorat bo’lib taraldi. Kunlarning birida xos xalifasi Sayyid Mir Kulolning Afshonadagi manzilidan Qasri Hinduvonga borayotib, yana sukutdan so’ng aytdi:
— Hid ziyoda bo’libdi, o’shal mardi Xudo dunyoga kelganga o’xshaydi.
Bu hijriy 718 yil edi. O’shanda Bahouddinning tavalludiga uch kun bo’lgandi. Muhammad Bobo Qasri Hinduvonda to’xtab, xonaqohda qo’nim topdi. Xalq ul zotning ziyoratiga oshiqdi.

Bahouddinning bobosi Xoja Muhammad Boboning muxlislaridan edi. Uning ko’nglida nabirasini Xojaning huzuriga olib borib, muborak nazariga solmoq istagi yondi. U bu istagi Ilohning marhamati, Xojaning himmati tufayli yuzaga kelganligini to’la anglamagan bo’lsa-da, nabirasini ortiq niyozmandlik ila Xojaning huzuriga eltdi.

Hazrati Xoja xalqqa va’z aytardi. Bo’sag’adagi bag’rida yo’rgaklangan go’dak tutgan oqsoqolni ko’rib, bug’doyrang yuzidagi nur va tabassum kengaydi. Oqsoqolni o’zi sari chorladi. Go’dakni ilkiga olib, yuziga tikildi.
— Bul bizning farzandimiz va biz uni qabul qildik, — deya endi xaloyiqqa yuzlandi. — Biz hidini sezgan mard shuldir. Inshoolloh u o’z davrining peshvosi bo’lajak. Bul mardi Xudoning fayzidan har ne balo daf bo’lib, ul Balogardonlig’ sharafiga erishg’uvsi.

Hazrati Xoja go’dakka Bahouddin ismini berib, qulog’iga azon aytdi. So’ngra Sayyid Mir Kulolga boqib, shunday amr etdi:
— Farzandim Bahouddindan shafqatingni darig’ tutmagaysen. Agar nuqsonga yo’l qo’ysang, seni aslo kechirmaymen.
Hazrati Xoja bosh bo’lib barcha duoga qo’l ochdi…

Ana o’shanda Sayyid Mir Kulol ilk bor Bahouddinni ko’rgan va jajji yuziga nazar solgandi.
Mana, ro’baro’sida Muhammad Boboi Sammosiydek, Olloh u kishining sirini muqaddas qilsin, avliyoning nazariga sazovor bo’lgan va ul zotning amri tufayli farzandlikka qabul etgani qutlug’ istiqbolli yigit — Bahouddin tavozeda o’ltiribdi. Uning ahvoli, kechmishi shayxga ayon edi, demak, ortiq savolga hojat yo’q. Piri murshidi Muhammad Boboga bergan va’dasini ado etish vaqti yetdi. Mir Kulolning nazdida, lov-lov yonayotgan Bahouddin obdon qorilgan, pishitilgan loy kabi edi. Endi undan ne buyum yasamoq kulolning mahoratiga bog’liq. Bu xususda aslo xatoga yo’l qo’yib bo’lmas, illo rahmatli pirining ixtiyori ham shunday edi.

Shayx jiddu jahd ila Bahouddinga boqarkan, o’zining bolalik va o’smirlik chog’larini, hazrati Muhammad Boboning muborak nazariga tushgan onlarini esladi. (Tariqat shayxlari xayolni parishon qilib, ortiqcha o’yga berilishni ta’qiqlaganlar. Ularning fikricha, qalb va shuur Olloh, qo’l esa mehnat ila band bo’lmog’i lozim. Parishonlikda xavf bor, zero xayol shaytoniydir. Shayxlarning xotirasi bag’oyat kuchli, ko’p narsa xotirlarida saqlangan. Shuningdek, ular har qanday xayoldan mosuvo bo’lib, qalbu shuurlarini ozod tuta olganlar. Xayol xavfi asosan muridlar uchundir. Muallifning shayxni bu holatda tasvirlashi esa syujet majburiyati tufaylidir.)

Amir Kulolning ajdodlari Buxoroning Afshonasida turg’un bo’lganlar. Bu maskan hoziq tabib va olam olimi Abu Ali ibn Sino tufayli avvaldan yetti iqlimga dong taratgandi. Zuvalasi shu tuproqdan qorilgan ko’plab ilmpeshalarning ulug’likka dohilligi ham rost. Ularning biri bo’lmish Amir Kulolning asli ismi Amir Kalon edi. Keyinchalik ota meros hunari kulolchilik ila shuhrat topgach, Amir Kulol laqabini olgandi. Aslida u oshiq qalblarga go’zal shakllar, ma’no-yu ishqlar solib, tariqat ahli orasida valiy qalblar kuloli bo’lib ham tanilgandi. (Xojagon-Naqshbandiylik sulukiga mansub muridlar va hatto shayxlar ham hech yo’q bir kasb-hunarning sohibi bo’lganlar. O’z mehnati ortidan halol rizq topib, tirikchilik o’tkazish mazkur tariqat ahlining asosiy tamoyillaridan edi.) Uning otasi bilan o’z zamonasining ulug’laridan bo’lmish Hazrat Sayyid Ato o’rtasida do’stlik ahdi bor edi. Ul zot Buxoroga safar qilganida albatta Afshonaga tushar va do’stining xonadonida mehmon bo’lib, tasavvufiy suhbatlar qurardi. Ana shunday safarlarining birida ko’chada o’ynayotgan bir to’p bolalarga ro’baro’ keladi. Ularning orasida to’rt yoshlar chamasidagi Amir Kalon ham bor edi. U bolalardan ajralib, yugurib Sayyid Atoga yaqinlashib, odob bilan salom beradi. Hazrat go’zal tavoze ila alik olib, bolakayni olqaydi, ilkidan tutib, do’stining xonadoniga boshlaydi. Biladiki, bolakay o’z birodarining o’g’li ekan. Uni bag’riga bosib, duolar qiladi. So’ng boshidagi sallasini yechib, teng ikkiga bo’ladi va birini o’z boshiga, ikkinchi bo’lagini esa Amir Kalonning boshiga o’raydi. Bolakay Hazratning ijozati ila ko’chaga chiqib, yana o’yin ila andarmon bo’ladi. Oradan bir osh pishar fursat o’tgach, Sayyid Ato Amir Kalonni chaqirtiradi. Bolakay kirib, ul zot qoshida qo’l qovushtiradi. Avliyo bolaning boshidagi sallani olib, o’z boshidagi sallaning uzunligiga solishtirib ko’radi. Amir Kalonning sallasi uch bosh hajmida uzun bo’lib qolgan edi. Sayyid Ato sallalarni qayta-qayta taqqoslab ko’rsa hamki bu hol takrorlanaveradi. Shundan so’ng piri komil istig’for aytadi, mushohadaga berilib, ko’zlarini yumadi. Ma’lum fursat o’tgach, ehtiros ila xitob aylaydi:
— Bu farzandni beqiyos mujdalar kutmoqdaki, martabasi ulug’, hatto mendan ham ziyoda bo’lg’uvsidir!
Keyin-keyin Amir Kalon Amir Kulol bo’lib, umrining o’smirlik pog’ornasida maydonlarda kurash tusha boshladi. Filhaqiqat, u pahlavon kelbatli — yelkalari keng, bilaklari baquvvat edi, biron kimsa yelkasi yerga tekkanini ko’rmadi. Ba’zilar uning bu mashg’ulotidan hayratga tushar, dil ahlidan bo’lmish kishi bundayin bid’at ishlarni tutmas, deya yozg’irardilar. Ammo Amir Kulol o’z bilganidan qolmasdi. Jur’at etib, so’raganlarga esa «Bu mashg’ullikdan maqsad gumnoklikdir», deya javob berardi. («Gumnoklik» deb ataylab o’z nomini yerga urish, xalqning o’zi haqidagi tasavvurini sindirishga aytiladi. Zero u zamonlarda Rumda bino bo’lib, butun Sharq dunyosiga tarqalgan malomatiylik suluki, xususan, Movarounnahr ichra ham bir muncha xonaqohlariga ega edi. Balki Amir Kulol hol ibtidosida ulardan ham ixtiyorsiz mutaassir bo’lgandir. Aslida nafsni xorlab, menlikka-xudparastlikka qarshi muhoraba etmoq barcha suluklarga xosdir.)
Amir Kulol kurash maydonlarida ushbu ruboiyni ham aytib qolardi:

Kimsaki obro’yu nom olmoqqa jiddu jahd erur,
Sen oni oshiq dema, dunyoparast, badbaxt erur.
Ishq yo’lida bir sifat bor — xorligu badnomlik,
Chun shu badnomlik tufayli oshiq sohib taxt erur.

O’shanda u o’n besh yoshlarda edi. O’zidan bir bosh baland pahlavonni gir aylantirib, na’ra ila xokisor etdi. Chor tarafdan olqish taraldi, u sharaf ostida qoldi. Lekin maydon chetida o’ltirgan bir jamoat uni mazammat va malomat qila boshladi:
— Qarang, shundayin nazarkarda, ahli dilga dohil odam bid’at ila mashg’ul turur!

Bu gap aytilgani zamon jamoatni uyqu eltdi, barchalari bir xil tush ko’rdilar: Mahshar kuni emish, olamu bani bashar talvasa va qo’rqinch ichra qolmish. Tush ko’rguvchilarning hammalari ma’siyat botqog’iga botgan, oyoqlarini sug’urib olmoqqa hollari kelmay, xalos bo’lmoqqa iloj topolmay turadilar. Shu on Amir Kulol paydo bo’libdi-yu barini botqoqdan bir-bir tortib olibdi-da, debdi:
— Biz badan ishlarini mana shundayin paytlarda sizlarga yordamimiz tegsin uchun qilurmiz. Zinhor-bazinhor yuraklaringizga gumonu ishtibohni yaqinlashtirmang, birovlarga haqorat nazari ila boqmang. — So’ng nasihat qilibdi: — Agar dil ahli nazari o’zingga tushishini istasang, g’urbat yo’lida misoli tuproq kabi aftoda bo’lg’aysen!

Jamoat uyqudan uyg’onib, shuurlari mastu karaxt holda bir-birlariga hayron termulib turganlarida Amir Kulol ular qoshiga keldi.
— Ayo birodarlar! Biz sizni Qiyomatda gunohlaringiz botqog’idan Olloh zul Jalolning inoyati ila chiqarib olmoq uchun ish beradi, deya kurash tushamiz, — xitob qildi u o’ktam ovozda. — Darvishlar haqida zinhor badgumonlik qilib, bee’tiqod bo’lmang. Ularga munkir ham kelmang, illo haqiqatdan bexabarsiz.
Jamoat o’rnidan qalqib, Amir Kulol poyiga oshiqdi. Ular g’aybdan ochiq-ravshan karomat zohir bo’lganligini payqab, tavbani ixtiyor etdilar. El aro avliyolar qalblarning ayg’oqchilaridir, zero ular huzurida dilni to’g’ri tutmoq lozim, aksi bo’lsa, xayol sohibiga xavf bor, degan gap yuradi. Ayni damda, jamoatning ko’rgani shunga ishorat edi.

Amir Kulol hazrati Boboning nazariga ham shu tariqa musharraf bo’lgandi. O’shanda Amir kulol Rometanda kurash tushar, raqiblarini birin-ketin mag’lub etar, xaloyiq esa uni tinmay olqishlardi.
Biroq u maydon chetidagi devor ostida kurash tomosha qilayotgan Boboyi Sammosiyni ko’rmasdi. Boboning kurashchilarga qadalgan ko’zlariga boqib, ashablaridan biri so’radi:
— Xojam, bu mardum bid’at ish ila mashg’ul, siz esa undan nafratlanish o’rniga nechuk hayrat ila boqmoqdasiz?
— Ey bolam-a, — deya bilinar-bilinmas jilmaydi pir. — Bu maydonda bir mard borki, o’zi sayyidzodadir. Inshoolloh, suhbatidan barcha komil insonlar bahramand bo’lg’uvsidir. Biz o’shal mardni kutib turibmiz, zero uning parvozi g’oyat baland, maqomi ham oliydir.

Shu payt Amir Kulolning holi o’zgardi, raqibini dast ko’tarib, yelkasi osha yerga urdi-yu, ortidan o’zi ham yerga o’tirib qoldi. Xaloyiq hayrat ichra uvlab yubordi. Amir Kulolning qalbida jazaba paydo bo’lib, otash og’ushida atrofga mo’ltirar, intizor ko’zlari kimnidir izlardi. Alhol nigohi devor ostidagi Hazrati Boboga tushib, shiddat ila o’rnidan qo’pdi, jon xalpida yugura borib o’zini ul zotning oyoqlari ostiga tashlab, vovaylo qildi. Yuragi qattiq xapriqqanidan biron so’z aytolmas, boshini nuqul pirning oyog’iga urardi.

Ashob pirning karomatidan lolu hayratda sukutda qolgan, xaloyiq esa bu hodisotning mag’ziga yetolmay halak edi.
Hazrat Bobo Amir Kulolning boshu yelkasini siladi.
— Muddaoga yetdik, bo’tam, — dedi taskin ohangida. — Xudo xohlasa, bizning domimizga sayd bo’ldingizki, inshoolloh, najot yaqin.

Amir Kulol oh urdi:
— Tavba qildim, bobo, tavba qildim! Minba’d bu bid’at ishni qilmasmen. O’zingiz yo’l ko’rsating, ayo pir!
Shu-shu Hazrat Bobo uni farzandlikka qabul etib, ixtiyorini oldi, tarbiyat qildi va u ko’p fayzu kashflarga musharraf bo’ldi…

Sohibi irshod shayx Amir Kulol o’shal xush damlarni eslab, Bahouddinning ahvolini ham payqab, ham unga havas-la boqib, xushnud o’ltirardi.

3

Bahouddinning o’smirlik paytlari edi. Bir kecha tush ko’rdi: Yassaviy shayxlardan bo’lmish Hakim Ota uni bir darvishga topshirayotgan emish. Darvishning ham nurli, ham haybatli qiyofasi Bahouddinning xotirida muhrlanib qoldi. Ertalab tushini duogo’yi Soliha buvisiga aytib berdi. Buvisi nekbin qalbli ziyrak ayol edi. Tushning ta’birini darrov angladi shekilli, «Senga, inshoolloh, Yassaviy mashoyixdan nasiba yetguvsidir», deb qo’ydi o’ychan. Biroq darvish uning ko’z oldidan ketmay qoldi, yursa ham, tursa ham qalbida uni ko’rish ishtiyoqi jo’sh urardi. Ayni damdagi ixtiyori o’shal darvishning ilkida ekanligini to’la tushunmasa-da, ixtiyorsiz unga sari talpinar, goho ko’cha-ko’ylarda biron darvishni ko’rdi deguncha, ortidan chopib, uning kim ekanligini aniqlamaguncha tinchimasdi. Odamlar aro har nafas darvishni izlardi. Dilidagi sog’inch tobora o’t olib, jonu jahonini kuydirardi.

Bir kuni shaharning Ohangaron darvozasidan chiqayotib, banogoh o’shal darvishni ko’rib qoldi. Darvishning sochlari o’siq — muloh monand, boshida ming bahyali kuloh, ilkida ud daraxtidan qilingan aso. Odatda yassaviya darvishlari mana shunday qiyofada yurardilar.

Bahouddinning yurak urishi tezlashib, «g’ilq» etib yutindi, yo’qotib qo’yishdan qo’rqqanday darvishga nigohini qattiq qadadi. Shu holida dilida na quvonchni va na o’zga tuyg’uni his etmadi. Biroq u hali biron qarorga kelib ulgurmay, darvish ancha uzoqlashib qolgandi. Oyoqlari beixtiyor ilgariladi, ko’zlari mudom darvishda. Shunisi qiziqki, ayni damda kun erimagan, asr quyoshi hali o’z yostig’ini qidirmayotgan payt bo’lsa-da, nechukdir olam xira qorong’ulik ichra qolganga o’xshardi. Yoxud Bahouddinga shunday tuyularmidi. Atrofidagi odamlar va umuman ikki yonidan u yoq-bu yoqqa o’tayotgan tirik jon borki — ot-ulovmi, xachiru sakmi — hamma-hammasi qora sharpalar mengiz ko’zlarining qiriga urilar, u bularni ko’rmas, ko’rmoqni ham istamas, yagona muddaosi — darvishni ko’zdan qochirmaslik edi. Saydi biron bora ortiga qayrilib qaramadi, yo u hamma narsani sezib turardi-yu o’zini dunyo ila ishi yo’qdek tutardi, yoki dunyo unga e’tiborsizdek edi. Alhol u torgina Murg’ko’shi ko’chasiga burilib, qadamini tezlatdi.

Endi Bahouddinning odimi ham ixtiyorsiz jadallashdi. Biroq bu ko’chada uzoq quvishmadilar, darvish qo’ng’ir tusi uniqqan ikki tavaqali kichik eshikdan kirib, zumda ko’zdan g’oyib bo’ldi. Bahouddin qimmatli nimarsasini boy bergan odamday bir muddat bilinar-bilinmas tipirchiladi, darvozaning u yoq-bu yog’iga bo’ylab, ichkariga qarash uchun tirqish izladi. Lekin darvoza anchagina eski bo’lsa-da, ko’zga ilingulik tirqish topolmadi, ochishga yuragi betlamay ortiga qaytdi. Avvaliga ko’nglidagi umidi so’nayotgandek tuyuldi, ozgina yurgach esa, axir hech yo’q uni ko’rdim, manzilini bildim-ku, degan fikr umidiga kuch bag’ishladi. Ortiga qayrilib, darvozaga yana bir bor tikilib qo’ydi.

Yarim tun. Kechaning sirli va hikmatli qismi olamga sohiblik qila boshlagan. Bahouddin mushohadani adog’lab, zikrulloh taraddudida edi. Shu payt xonaqohga birov kirib, uni so’roqladi. U shahd o’rnidan qo’pib, so’raguvchiga peshvoz chiqdi, ko’ngli bir yaxshilikni sezganidan uning og’ziga tikildi.

— Xalil otlig’ yassaviy shayx yo’qlaydur seni, — dedi kelgan odam salom-alikni ham unutganday.
Quvonchdan yuragi bo’g’ziga urdi. Kuz — ayni pishiqchilik emasmi, xonaqoh omborida Buxoro ne’matlari mo’l yig’ilgandi. Bir tugun hadya olib, Murg’ko’shi ko’chasi sari oshiqdi. Ne tongki, unga na zimistonlik va na kuz tunining ko’zu quloqni xiyla achitguvchi ayozi ham sezilmas, oyoqlari beixtiyor shitob odimlardi. Mana, o’sha tanish darvoza, mudom yopiq, qo’ng’ir tusi ham endi bilinmas, butun boricha qorong’ulikka qorishib ketgandi. Uning nazdida, darvoza o’z-o’zidan ochilib ketganday tuyuldi. Bo’sag’ada hali uni yo’qlab borgan odam turardi. Qachon yetib kela qoldiykin, degan savol Bahouddinning shuurini siypab o’tdi, xushxabar sohibini allaqachon unutibman-a! Uning yetovida bir hujraga kirdi. Moychiroqning ojiz nuri xona ichini sarg’ish rangga chulg’ab xira yoritar, burchaklari qoraygan devorlar ko’zga sovuq ko’rinsa-da, huzurbaxsh sokinlik dilni darrov o’z og’ushiga olardi. Bahouddin to’rdagi darvish — Halil Otani bir qarashdayoq tanidi. Uning yonida yana to’rt kishi bosh egib o’ltirardilar.

U salom berib, poygakka cho’kdi. Hali atrofdagilarga tuzukroq qarab ulgurmay, shuurida oromini olgan tushini aytish istagi tug’yon urdi. Lekin ichidagi ichida, tilidagi tilida qoldi.
— Ulkim sening ko’nglingdadur bizga ayondur, aytmoq ne hojat? — dedi shayx lablarining qimirlashini sezdirmaslikka urinayotganday ohista ovozda. — Til dilning ishonchli tilmochi bo’lolmas.

Bahouddinning holi o’zgardi, vujudi sel bo’lib, shayxga mayli yanada ziyoda bo’ldi. (Hikoyamiz mobaynida holning o’zgarishi haqida bir necha bor aytib o’tdik. Endi angladik-ki, bunga izoh joiz. Boisi, xoslarning so’zu maqomlarini biz kabi holdin benasiblar tushunolmasliklari mumkin. Tasavvufda hol degan ruhiy holat, yanada aniqrog’i, kishining ilohiy fayzga, jazbaga qay darajadadir mayli anglanadi. Hol ahlida ilohiy fayz, tasavvufiy iste’dod avvaldan mavjud bo’ladi va u pirning, karomatli voqealarning, tushlarning, alalxusus, siyrati xos ibodatlarning ta’sirida ortib yoxud aksincha, noqis nimarsalar bois kamayib boradi. Bu oddiy kishilar uchun tushunarsizdir va ahli hol valiy zotlarning nazari-yu so’zidan hatto soniya sayin kamol topib borishi mumkin. Bunga «mazaxo’rak» bo’lib qolgan talabgor solik, ya’ni tariqatdagi inson — murid ruhiy kamolotga eltuvchi har neki bor izlaguvchi, ulardan nasiba istaguvchiga aylanadi. Xullas, holning o’zgarishi ruhning kamolotiga, Iloh ilmining rivoj topmog’iga ishoratdir.)

Shayx qaytib unga biron so’z aytmadi. Bahouddin uning mulozamatiga astoydil bel bog’ladi, nasiba ilinjida qoyim bo’ldi.
Bu tun ham behalovat, biroq o’zgacha fayz og’ushida o’tdi. Halil Ota unga ilk bora jahriy zikrdan ta’lim berdi:
— Qalb va tanglay arosinda bir robita o’rnatgaysen, — dedi u mudom sokin so’zlab. — Til uchini tanglay sari yo’lla. Shuuring ozod, dilingda intizorlik bo’lsin.

Jamoat tiz cho’ka davra qurdilar. Bahouddin ham ularga qo’shildi. Muridlardan birovi shirali ovozda Qur’on tilovat qildi. Oxirida «Ixlos» surasini o’n bora o’qidi. Shundan so’ng navbatni shayx oldi:
— Alhamdulillah rabbil a’lamiyn, Ollohu Akbar, — deya boshini ko’ksiga qadadi. — Olloh, Olloh, Olloh… — Endi u boshini ko’ksiga urayotgandek harakat ila zikrga kirishdi. Muridlar ham unga ergashdilar. Barchalari baravariga «Olloh, Olloh, Olloh» derdilar. Ammo tillari tanglaylariga yopishganligi va jo’rlikda aytishayotganligi bois Yaratuvchining oliy ismi «Alloh, Alloh, Alloh» tarzida eshitilardi. (Jahriy zikr qoidasiga binoan bu kalom zikr avjida «Arra, arra, arra» ohangiga aylanishi lozim edi.)

Jamoat qurgan doira zikr ohangiga hamohang tobora torayib borar, ahli zikrning yelkalari bir-biriga borgan sari jipslashib, boshlari har safar ko’kraklaridan yuqoriga ko’tarilganida lab burishga chog’langan g’uncha shakliga kirardi. Zikr yana va yana avjlanar, unga sari bukilgan tizlar beixtiyor doira markaziga intilaverardi. Bir muddat shu alpozda yelkalar jipsligida turilgach, ishorat ila tag’in ortga qaytilar, zikr yana boshidan boshlanardi. (Jahriy zikr ba’zan, sharoitga qarab, tik turib ham ado etiladi.)
Bahouddin oshkora-jahriy zikrga ilk bor qo’shilishi edi. U behud edi, lekin hozir, ya’ni jamoat ichra jahriy zikrga zo’r berarkan, shuurida xayolan ko’rib turganlarini, o’z ¬holini, ruhiy kechmishini idrok etishga urinardi. Bu xato edi, ibodatning oliy maqomida turib, o’zga nimarsalarni xayol qilish solik uchun parishonlik balosiga giriftorlik ila barobar edi. Shunda ham xayolga berilishi o’zi ko’nikkan xufiya zikrdan farqli o’laroq zikri jahriyaning mohiyatiini, aniqrog’i, uning ta’sirini anglashga sa’y etmog’i tufayli edi. Olloh kalimasini ovoz chiqarib, boshini ko’ksiga urib takror va takror aytarkan, shuurida kechgan lahzalik evrilish bois ko’nglida tug’ilgan ishtiboh, balki sinovchan mushohada shaytoniy ekanligini payqadi. Payqadi-yu, ulug’ xavfga yovuq turganligini his etib, vujudi bir siltandi, yuragi shuvillab ketdi. Zero u avliyolar ko’ngil ayg’oqchilari ekanligini, ular qoshida qalbni minba’d to’g’ri tutmoqlik lozimligini yaxshi bilardi.

A’losi esa, botinni valiy botiniga to’g’rilamoq edi. Avliy olar qalbi misoli ko’zgukim, agar istasa, unda o’z aksini ko’ra olishi mumkin. Ustiga ustak, zikrda parishonlik fayzdan bebahra etadi.
— Olloh! Olloh! Olloh!..

U zikrda avjlandi. Avjlanarkan, o’zidan mosuvo bo’lib, kimningdir yoxud neningdir ta’sirida holi o’zgarayotganligini his etdi. Holi o’ziga xush yoqib, fayzga g’arq bo’ldi. Holi istig’roq (olamdan ajralish) sari og’di. Jamoatning zikriy sasi asta-sekin uyg’unlashib, bir maromga — qandaydir tanish guvillashga aylandi. Ko’p o’tmay guvillash tezob oqayotgan daryoning shovullashiga evrildi. U osmoni falakda uchardi, daryo mavji qulog’iga urilgach, ohista zaminga qaytib, misoli kapalak yengilligida chindan-da zohir bo’lgan daryo sohiliga qo’ndi. Ha-ha, qo’ndi. Biroq oyoqlari yerni sezmagandek tuyuldi. Shu mahal nariroqda oppoq libosli bir to’p kishilar ko’rindilar. Ularning soqollari ham oppoq, yuzlari bag’oyat nurli edi. YO farishta va yoki valiyulloh qavmidan bo’lmish ul zotlar liboslari kabutar qanotiday yel urib, uni doiraga oldilar-da, o’ltirdilar. Endi daryoning shovullashi yana jahriy zikr ohanglariga evrilib, olamni tutdi. Atrofidagi odamlarning na lablari va na biron a’zosi qimir etmasdi-yu, borliqqa zikr taralardi. Ularning har biri bittadan kosa tutgandilar. Birin-ketin daryoga engashib kosalarni suvga to’latdilar. Kosalarni navbati bilan unga tutaverdilar. U esa har bir kosaga lab bosib, bir xo’plamdan icharkan, doirani qayta-qayta aylanaverdi. Lekin tashnaligi sira qonmasdi. Suv ichgani sayin daryoning shovullashi tobora-tobora kuchayib, olamni shovqinga beladi. Uning qulog’i qomatga kelib, endigina Qiyomatning vahshatini tuyganda, birdan olam sukut ichra qoldi. Asta ko’zini ochdi. Vujudi jiqqa terga botibdi, yuragi qinidan chiqquday urar, bo’g’zida esa bir otash paydo bo’lib, nafas olarkan, xirillardi. Ahli zikr ham shundayin alpozda, lekin har bir muridning botini goho o’ziga, asosan pirga ayon edi.

Zikr intiholandi. Endi barcha o’z holi — maqomi darajasida zikrdan topgan fayz yetovida mushohadaga
cho’mdi. Faqat pirgina uyg’oq, — ko’ngil ko’zi ila har bir muridning qalb oynasiga bir-bir nazar tashlaydi. Nihoyat, uning botiniy nazari Bahouddinning qalbida to’xtadi. Undagi fayz va jazaba shashtidan vujudi titradi. Uning holi buyuk kelajagidan bashorat berardi.

Birozdan so’ng shayx Bahovuddinni qo’shni xonaga oldi.

Bahovuddin boshini quyi solib o’ltirar, shayx esa unga zimdan nazar tashlardi. Odatda bu hol avom o’rtasida bo’lsa, noqulaylik tug’dirishi, ikki odam o’zini o’ng’aysiz his etishi mumkin. Ammo hozir bu ikki inson — shayx va murid anchayin cho’zilayotgan og’ir sukunatni ham sezmadilar: pir muridning ko’ngli ila band esa, murid haligina ro’y bergan kechmishidan mudom sarxush edi.

Nihoyat shayx tilga kirib, muridining iste’dodu qurbini payqab tursa-da, so’zini ibtidodan (balki asosdan) boshladi:
— Biz izlaguvchimiz, ey farzand. Izlaguvchi musulmonlikni qattiq tutmog’i lozim. Musulmonlik esa bu — iloji boricha hukmlarga bo’ysunish, taqvoga rioya qilish, amalni bajarishga intilish, yanaki bekorlikdan uzoq bo’lmoqlikdir. Illo bularning bari nuri safo, rahmat hamda valoyat darajasiga yetishish vositasidir. Avliyolarning aziz manzili va maqomlariga mana shu sifat parvarishi orqali yetiladi. — Shayx turkiy lahjada kesib-kesib so’zlar, biroq ovozida o’ktamlik va donishmandlik zohir edi. — Ba’zilar amal unchalik muhim emas, asosiysi, Iloh mujdasi va sidqidil xizmat, deb hisoblaydilar. Bu xatokorlig’din o’zga nimarsa ermas. Amal bag’oyat muhim. Shuningdek, pir xizmatida sobit bo’lmoqlik tahsinga loyiq. Agar pirdin nazar topilsa, maqomga musharraflik haq, lekin quruq xizmat — mehnat bilan maqomga erishmoqlik dushvor. Mehnat faqat va faqat savobga, ajrga dohil. — Shayx tobora mushohada va fikr ummoniga g’arq bo’lib borar, yanada fayziyob so’zlardi. — Kishi o’z nafsiga tuhmat etishi kerak. Kimki Haq subhonahu inoyati ila nafsining yomonligini tanigan, uning hiyla-nayrangini anglagan bo’lsa, bu unga oson bo’ladi. Haqiqiy izlaguvchi yoxud ushbu yo’lning sobit yo’lchisi o’zgalarning gunohini ham o’zidan, deb biladi.

Ahli irshod, ya’ni pirlar esa sayyod (ovchi) kabidurlarki, vahshiy jonivorni noziklik ila qo’lga oladilar. Andog’ki, tolibni vahshiylik sifatidan odamlik maqomiga yetkazadilar. Irshod egalari hikmat kabi chiroyli tadbir qo’llab, sohib tabiat tolib bilan shunday muomala qiladilarki, oxiri uni bo’yinsundiradilar va sunnatga tobelik yo’liga kirgizadilar hamda visol maqomiga olib chiqadilar. Payg’ambarlar va valiyulloh ana shunday ahli tadbir, hikmat sohibi bo’ladilar. Ularning har kim bilan qilgan muomalasi o’sha odamning qobiliyati darajasiga mos bo’ladi. Agar tolib boshlovchilardan esa, uning yukini teng ko’tarishadilar. Tolibda bu yo’lning qobiliyati paydo bo’lguncha unga juda ko’p o’rgatish va tushuntirish lozim.

Bizning so’zimiz chin — sen undaylardan emassen. Sening manziling yuksakda. Aslida sening bizga muhtojliging yo’q. Biroq Ilohdan bo’lgan avvalgi mujda haq, ya’niki bizga yo’liquving Haqdan. Demak, bizda nasibang bor. Istasang, bizda ne bo’lsa, hammasini olasen, sendan mehru nazarimizni darig’ tutmagaymiz. Omin! — Shayx yuziga fotiha tortdi — bu bilan gap tamom, demoqchi bo’ldi.

Bahovuddin mudom sarxush edi. Shayxning ovozi-yu so’zlari sarxushlik ichra qulog’iga ham, qalbiga ham
xush yoqardi. U bu so’zlarning tugamasligini istardi. Lekin shayxning «omin»idan sergak tortdi: demak, xonani tark etishi kerak. Pirning xohish-istagini tez anglash uning qalbiga qalbini to’g’rilay olgan muridda oson kechadi.

4

Shayx Xalil hukmdorlar naslidan edi. Yassaviy shayxlarning nazaru tarbiyati barakotidan va parhezkorlig’i bois fayzu maqom topgandi. Ollohning inoyatu marhamati cheksiz — ko’p o’tmay unga Movarounnahr podshohligi nasib Bahouddin bir kecha zikr o’rtasida – uyqu va uyg’oqlik orasidagi lahzalarda tush ko’rdi. Tushida Sulton Xalil Bahouddinni jallodlik qilishga buyuribdi. Uni «aqroni sulton», deya atay boshlabdilar. Alhol sulton bir bechorani o’limga hukm etibdi. Aqroni sulton mahkumning boshini kundaga qo’yibdi. Salovot yuborgandan so’ngra uning bo’yni sari qilich sermabdi. Biroq shamshir qattiq bir yog’ochga tekkanday, bo’yniga o’tmabdi. Ikkinchi, uchinchi marta ursa ham shu hol takrorlanaveribdi. Shunda Bahouddinning ko’zi mahkumning qimirlayotgan lablariga tushibdi — u nimalarnidir pichirlarmish. Bahouddin hayratini yashirolmay so’rabdi:
— Jonimiz qudrat qo’lida bo’lgan Xudoning izzati haqqi, ayt, ne duo o’qirsanki, shamshir ta’sir qilmaydur?

Mahkum javob qilibdi:
— Men hech narsa o’qiyotganim yo’q. Ammo hozir pirimni shafe’ keltirdim xolos.
— Piring kimdur?
— Sayyid Amir Kulol.
Mahkumning so’zini eshitgach, uygonib ketibdi. Shu asno muridni shamshirdan asray oladigan kishi do’zax olovidan ham saqlay bilishiga ishondi. Shitob qo’zgolib, pir sari oshiqdi…

5

Mana, Shayx Amir Kulol tiz cho’kib o’ltirgan Bahouddinning egik boshiga boqarkan jilmaydi.
— Seni farzand tutmoqni bizga Hazrati Bobo vasiyat qilgan edi. Sen safarda eding, biz uyg’onishni — intibohni kutdik. Intiboh keldi, sen bizni topding. Inshoolloh, Hazrati Boboning vasiyati ijobat bo’ldi.
U ochiqroq jilmaydi:
— Xudoning mardlari Xudo emaslar, lekin Xudodan ham judo emaslar, — dedi muridining holidan zavqlanib.

6

Hazrati Xoja ot ustida borarkan, ohista Alouddin Attorga o’grildi. Nazariga intizor turgan suyukli muridining taraddudini to’sib, Muzdoxun mozoriga ishora qila, dedi:
— Biz intiboh topajak ma’vo… — So’ng yana sokin tin oldi.

Xotima

Oromsiz kunu tunlarda ishtiboh ichra kezmoq bor — bu holning avvalidir. Ishtibohli tunlar uni ham intibohga eltdi.

12.06.07-27.09.11.

хдк

(Tashriflar: umumiy 237, bugungi 1)

Izoh qoldiring