Abduqayum Yo’ldoshev. Bizning uyga kelgan yozuvchi.

03
Икки юз-уч юз саҳифали қўлёзманинг устига “роман” деб ёзиб қўйган билан роман бўлаверадими? Узундан-узоқ бир кечмишни анчайин жўнгина ёзиб чиққан ёки тарихан бирор даврни олиб, “қош-кўзи”ни адабийлаштириб қайта ҳикоя қилиб берган “роман”лар ҳақиқатан ҳам кўпайиб кетди. Нима ҳам дердингиз, Худо инсофини берсин, холос!

022
ЭРКИН АЪЗАМ ДЕЙДИКИ…
01

09  Адабиётнинг бугунги жамиятдаги ўрни ҳақида тўлиб-тошиб сўзламоқ қийиндир-ов. Адабиёт, умуман санъат ҳозирги кунда пул, манфаат дунёсига дуч келиб турибди. Бу балолар аралашган жойда чинакам адабиёту санъатдан сўз юритиш ортиқча.
Булар ҳам замонга мослашсин. Ана, харидоргир китоблар пештахталарни тўлдирган-ку, демоқ бўлсангиз, каминангиз уларни адабиёт ҳисобламайди-да. Улар ёзувчилик даъвосида, адабиётга ўхшатиб, аслида бозор илинжида наридан-бери ясаб ташланаётган нимарсалар, холос. Ҳақиқий адабиёт намунаси бундай тезқадам, тезпишар бўлмайди, у дард¬ли сўздан, тоза сўз¬дан дунёга келади. Худо берган куни эмас, Худо ёрлақаган куни!

* * *

Адабиёт… ўзим яхши кўрган, ҳаётимни бағиш¬ламоққа аҳд қилган соҳа. Тақдир бошқа бир йўлга солиб юборганида ҳам мен барибир усиз яшаёлмас эдим чоғи.

* * *

Йўлдаги одамни (ёзувчини) шаклланиб бўлган, яъни манзилига етган дейиш мумкинми, айтинг? Ҳаёт уни йўниб, тоблантириб, чиниқтириб бориши табиий ҳол. Бироқ йўнилавериб, сип-силлиқ бўлиб қолмоқдан сақланиш лозим. Ундай одамнинг қаламидан чиққан нарсалар ҳам ўзига ўхшаб сип-силлиқ бўладики, адабиётга бунинг сира даркори йўқ.

* * *

Мени асарнинг жанри эмас, унда эришилган бадиий натижа кўпроқ қизиқтиради. Роман ёзгани билан одам ёзувчи бўлиб кетаверса кошки экан! Бошқаларни қўйиб буюк Чеховни олинг! Унга замондош бўлган неча-нечалари ўнлаб романлар ёзган, лекин бугун уларнинг номини ким билади, айтинг?

* * *

Битта “секрет”имни айтайми? Мавжуд андозаларни унутиб, сипогарчиликни йиғиштириб, воқеликни, қаҳрамонларингизни иложи борича аниқ, ростгўйлик билан тасвирлаб берсангиз, ўзи шундай чиқаверади: кулгилироқ, ҳайратомуз… Бунда ўзингизнинг шахсиятингиз, таъб-дидингиз ҳам муҳим, албатта.

* * *

Кўп ўқиб-ўрганганим, ҳавас қилганларим рост, аммо сира бировга ўхшатиб ёзгим келмайди. Ахир, ўзим-чи, мен ҳам одамман-ку, ҳеч кимга ўхшамайман-ку, билганимча, қўлдан келганича ёзаверай-чи, деб уриниб ётавераман.

* * *

Икки юз-уч юз саҳифали қўлёзманинг устига “роман” деб ёзиб қўйган билан роман бўлаверадими? Узундан-узоқ бир кечмишни анчайин жўнгина ёзиб чиққан ёки тарихан бирор даврни олиб, “қош-кўзи”ни адабийлаштириб қайта ҳикоя қилиб берган “роман”лар ҳақиқатан ҳам кўпайиб кетди. Нима ҳам дердингиз, Худо инсофини берсин, холос!
Менимча, роман деганларида янги бир воқелик, янги руҳ, мураккаб характерлар, уларнинг чигал тақ¬дири, шулардан туғиладиган салмоқли бир фалсафа, фикрлар бўлмоғи лозим. Китобхонни у илгари нотаниш янги бир дунё, янги воқеликка бошлаб кирмоғи даркор.
Шунақа асарларимиз чиндан ҳам камроқ.

* * *

Модерн, аслида, янгича, адабий бир янгилик дегани. Сирасини айтганда, чинакам бадиий асар ҳамиша кашфиёт, янгича бўлмоғи лозим ва шу сўзга кўнгил жуда суст кетса, уни сира иккиланмай модерн намуналари қаторига қўшиш мумкин. Дарвоқе, рус адабиётшунослигида бу борада “модернлашган реализм”, яъни янгиланган реализм деган бир истилоҳ ҳам пайдо бўлибди-ку. Демак, барибир, тагзаминида реализм бор экан-да, осмонга сапчиб нима фойда!

* * *

Ҳар гал янги нимадир ёзганингизда бир гапларни айтдим-ов, деб ўйлайсиз ўзингизча. Лекин бари – денгиздан томчи. Дилдагисини умрнинг охиригача айтиб адо қилиб бўлмас!
Муҳим гапни айтиш учун, аввало, кўнгилда шундай гап бўлиши керак.

022
БИЗНИНГ УЙГА КЕЛГАН ЁЗУВЧИ
Абдуқаюм Йўлдошев
01

…Аниқ эсимда бор: етмиш тўққизинчи йилнинг кузи эди.
Ўқишга киролмасдан, туман газетасида корректор бўлиб ишлаб юрардим. Газета одатда ҳафтасига уч марта чиқарди, аммо пахта мавсуми кетаётганлиги сабабли ҳар куни чоп этиларди. Таҳририят қишлоқдан йигирма чақирим узоқда, босмахона нақ эллик чақирим наридаги вилоят марказида. У пайтлари ҳарфлар қўрғошинга қуйиларди; ҳар куни кечқурун етти-саккизгача худди завод ишчиларидай қоп-қора мойга беланиб, саҳифа ўқиймиз, кейин телефонда райкомдагилар билан бир амаллаб боғланамиз-у, бақириб-чақирган кўйи хўжаликлар қанча фоиз пахта топширгани ҳақидаги қимматли маълумотни оламиз… Хуллас, кечки ўн-ўн бирларда йўловчи машиналарга ялина-ялина туман марказига, таҳририят биносига келиб оламиз-да, ўша ерда ётиб қоламиз. Эрталабдан эса ҳаммаси бошидан бошланади.

Шундай кунларнинг бирида акам армиядан қайтди.
Барнаулдан.

Юқори синфларда ўқиган чоғлари жуда урф бўлиб кетган почаси ярим қулоч “клёш” шимда кўчанинг чангини супуриб юрадиган, тор кўйлагининг чўнтагига бир дона атиргул солиб оладиган олифта акам мактабнинг “зўравон”ларидан бири эди: бокс билан шуғулланарди, Гулистон деган шаҳарда биринчи ўринни олиб қайтганди, шунгами, унча-мунча муаллимлар ҳам ундан сал ҳайиқиб туришарди. Менга бармоғининг учини текизиш у ёқда турсин, сал ола қараган боланинг-ку, бира тўла шўри қурирди: чапдаст акамнинг залворли муштидан қутулиб қолиш учун ё ерга кириб кетиш керак эди, ё осмонга учиб.

Ўзининг баҳолари ҳаминқадар бўлгани ҳолда акам менинг яхши ўқишимни истарди. Кимё фанидан вилоятда биринчи ўринни олганимда-ку, элдан бурун чопиб келиб, уйдагилардан суюнчи сўраб турган ҳам шу акам бўлади.

Энди у пайтлар… ҳаммаёқ пахта, пахта. Отамиз бригадир. Эрта кўкламдан то кеч кузгача далада бўлишга, ҳатто қишда яхоб суви қўйишга ҳам чиқишга тўғри келарди. Аммо акам мени бунақанги ишлардан аярди. Отамнинг кўзини шамғалат қилган кўйи уйга ё мактабга юборарди: “Сен ўқи”. Отамнинг таъбири билан айтганда, акамнинг “эшшакдай кучи бор” эди, шу сабабли у кишига икки одамнинг ўрнига ишлаш чўт эмасди. Ёдимда, акам бас бойлашиб олти киши уч кунга мўлжаллаб турган ишни якка ўзи бир кунда бажариб ташлаганди. Куз маҳали ҳовлимизга олиб келинган тонна-тонна ерёнғоқни териб олиш учун кўмаклашишга чиққан кезларим акам қўлимдаги тоғорани олар ва атай қовоғини уйган кўйи уйга ишора қиларди: “Сен бориб китобингга қара…”

Худди шу акам еттинчи ё саккизинчи синфда ўқиб юрган чоғларим, ўзи кечқурун арзон одеколонга бурканиб, деразадан ошиб тушганча – отамиз бунақа масалаларда қаттиққўл эди – кинога жўнаб қолиш олдидан менинг синфдош қизларга 8-март откриткаларини ёзаётганимни кўриб қолгани маҳал алланечук оғриниб: “Сен ўқи. Бунақа ишлар билан бошингни қотирма”, деганди…

Акам Олтой ўлкасида хизмат қилиб юрибди-ю, бир хатида мени – уйдагилар журнални юборишган бўлса керак – “Гулхан”да чиққан нарсам билан табриклабди. Яна бир хатида эса ўзимнинг район газетасида чиққан тўртлигимни ўзимга кўчириб ёзиб юборибди, мақтаб қўйишниям унутмабди.

Акам армиядан анча улғайиб, вазмин, жиддий бўлиб қайтганди.
Қишлоғимиз кат¬¬тагина, қарин¬дош-уруғлар ҳам етар¬ли. Улар нав¬батма-навбат акам¬ни ичкиликбоз¬лик тонггача давом этадиган “чо锬га чақира бошлашди. Акамнинг эса нимагадир бунақанги зиёфатларга боргиси келмасди…

Вақт ўтмоқда эди. Мен ўз ташвишларим билан банд эдим. Шунгами, бир куни кечқурун акам “Барнаулга қайтиб кетмоқчиман…” деб шивирлаб қолганида бу хабар менга ёз осмонида чақнаган чақиндай таъсир қилди. Ахир…

Бу ният уйдагиларнинг ҳам қулоғига етиб борган экан, зич ёпилган эшиклар ортида анча-мунча қаттиқ-қурум гаплар бўлиб ўтди.
Акам бўлса аҳдидан қайтай демасди. Нуқул “Барнаул, Барнаул…” Барибир ҳеч чидай олмади шекилли, бир куни ярим тунда акам шоша-пиша мен билан хайрлашди-ю, “Қайдасан, Барнаул!” дея йўлга тушди. Қўлимдан келгани – чўнтагимдаги арзимаган маошимни қўлига тутиш бўлди.

Акамни пойтахтдаги темир йўл вокзалидан аранг қайтариб олиб келишди…

Орага қариндош-уруғлар тушишди, яқинлар, бунақа пайти кўпайиб қоладиган “холис” таниш-билишлар. Насиҳат, илтимос, дўқ-пўписа, кўз ёшлар, мушт дўлайтиришлар… Алоҳа, кўплашиб йигитнинг “шохини қайиришди”…

Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб акам уйланди. Кейин эл қатори турмушнинг туганмас ташвишларига боши билан шўнғиб кетди. Бола-чақали бўлди, уй сотиб олди.
Охири яхши тугаган нарса барибир яхши-да.

Балки бу воқеа менинг эсимдан ҳам чиқиб кетарди. Аммо мен ўша пайтлари “Анойининг жайдари олмаси” деган ҳикояни ўқиб қолдим…
“…Бир Барнаулга бориб келай деяпман. Томошага. Хизмат қилган жойларим, соғинибман”… Бу ахир акамнинг гаплари-ку.

Ҳикоя мени ларзага солди. Анча пайтгача ўзимга келолмай юрдим.
Юрсам ҳам, турсам ҳам ўйланаман: бу ҳикояни ёзган ёзувчи қачон бизнинг уйга келган, қачон бўлиб ўтган гап-сўзлардан хабар топган… Шоди гаранг – қишлоғимиздаги соқов Бара-бара билан қачон учрашган…

Фалакнинг гардиши билан кейинги йилнинг ёз фаслида талабалар қурилиш отряди сафида Барнаулда бўлдим.
Мен Олтой ўлкасида авваллари туркий қавмлар яшаганинию, ёзувчи Шукшин туғилганини билардим, холос.
Энди эса…

Шаҳар яқинидаги ўрмонда, палаткада, вагонда яшадик, йўл қурдик.
Ҳар шанба-якшанба Барнаулга келаман. Шаҳарни қадамлаб ўлчайман ҳисоб. Мени бир савол қийнарди: Рамазонни, акамни бу шаҳарнинг нимаси ўзига тортган? Нимаси?..

Икки ойдан кўпроқ вақт шу саволга жавоб тополмай қийналдим. Ниҳоят… ниҳоят ниманидир тушунгангандай бўлдим. Ўзиям тилла топган гадойдай ҳаяжонланиб кетдим…
Мен ўзимнинг митти “кашфиётим”ни биров билан сирлашиб ўтирмадим, қизғандим. Уни кўнглимнинг тубига жойлаб қўйдим.

Эркин Аъзамнинг бошқа ёзганлариниям ётиб олиб ўқийвердим…
Барибир “Чантриморэ” юрагимни бошқача ўртаб юборган экан. “Бўлди, бошқа ўқимайман…” дейман-у, лекин… Ахийри “Биз бўлмаган жойларда” (“Излаганинг не эди…”) деб номланган ҳикоя ёзибгина бу азобдан салгина қутулгандай бўлдим. Эркин ака “Анойи…”да таъкидлаганидай, баъзи ўринлар ошириброқ юборилди, илло “Бу иш қурғур ўзи шунақа, шундай қилмаса бўлмайди”. Сарлавҳанинг тагига эса катта-катта ҳарфларда “Эркин Аъзамга” деб қўйдим. Аммо машқимни бунақа эскартма билан чоп этишга журъат этолмадим. Шунинг учун ҳикоя анча пайт жавонда ётди. Ниҳоят журналда эълон қилиш имконияти туғилганида эса бағишловимни олиб ташладим: “ким эдим зотан”…

Тақдирнинг иноятини қарангки, орадан ўн йил чамаси вақт ўтганидан кейин ҳеч кимга билдирмасдангина бизнинг уйга келиб-кетган “тирик Эркин Аъзам” билан учрашиш насиб этди…

Бу ҳаёт экан, биз ўқувчилик-талабалик давримизда, у-бу нарсалар машқ қила бошлаган кезларимизда салкам авлиё ҳисоблаб юрган, китобларини қўлдан қўймай, навбатда туриб ўқиган, ўзимизча миллат виждони санаб юрган ёзувчиларнинг айримлари билан яқиндан танишиш асносида, минг афсуски, ҳафсаламиз пир бўлди. Зеро, манфаат илинжида кимнидир мақтайдиган, кимнидир эса танқид қиладиган, “танқиддан тубан” эканлиги шундайгина кўриниб турган “асар”ларга совун пуфагидай шиширилган сўзбошию тақризлар ёзиб берадиган, муаллифнинг машқига эмас, исм-шарифига қарайдиган, ўз номини, ўз сўзини сотадиган қаламкаш билан тўқнаш келиш, уни кузатиб ўтириш кўнгилда тузалиши оғир асорат қолдираркан.
Минг шукрки, ўтган йиллар ичида Эркин акага нисбатан бўлган ихлосимга гард ҳам юқмади (Бу ёғига ҳам кўнгил тўқ: ҳар қалай, олтмишга кирган одамнинг энди “айнимаслиги” аниқ). Минг шукрки, адабиётимизга ҳалол хизмат қилаётган Эркин Аъзам сингари Шахс¬лар бор. Улар ижод қилишаяпти, адабиёт яшаяпти, демак, Чўлпон айтганидай, миллат яшаяпти.

Мен аслида Эркин аканинг қиссалари ҳақида тўлиб-тошиб ёзмоқчи эдим. Аммо томчида Қуёш акс этади-ку, деган ўйда биргина ҳикоя билан чекландим.

Биламан, Эркин Аъзам мендан бошқа ҳам минг¬лаб, юз минглаб, миллионлаб ўқувчиларининг хонадонларига кириб келган, уларнинг ташвиш-қувончлари, дардлари, дил изтиробларини асарларига кўчирган. Эркин аканинг ёзганларида ўзимизни кўришимизнинг сабаби ҳам шунда бўлса керак. Буям ёзувчининг бахти-да. Шундай бахтга эришган одамга ҳавас қилмай бўладими?..

“Ёшлик” журнали. 2010 йил, 12 (241)-сон

022
ERKIN A’ZAM DEYDIKI…
01

Adabiyot… o’zim yaxshi ko’rgan, hayotimni bag’ish¬lamoqqa ahd qilgan soha. Taqdir boshqa bir yo’lga solib yuborganida ham men baribir usiz yashayolmas edim chog’i.

* * *

Adabiyotning bugungi jamiyatdagi o’rni haqida to’lib-toshib so’zlamoq qiyindir-ov. Adabiyot, umuman san’at hozirgi kunda pul, manfaat dunyosiga duch kelib turibdi. Bu balolar aralashgan joyda chinakam adabiyotu san’atdan so’z yuritish ortiqcha.
Bular ham zamonga moslashsin. Ana, xaridorgir kitoblar peshtaxtalarni to’ldirgan-ku, demoq bo’lsangiz, kaminangiz ularni adabiyot hisoblamaydi-da. Ular yozuvchilik da’vosida, adabiyotga o’xshatib, aslida bozor ilinjida naridan-beri yasab tashlanayotgan nimarsalar, xolos. Haqiqiy adabiyot namunasi bunday tezqadam, tezpishar bo’lmaydi, u dard¬li so’zdan, toza so’z¬dan dunyoga keladi. Xudo bergan kuni emas, Xudo yorlaqagan kuni!

* * *

Yo’ldagi odamni (yozuvchini) shakllanib bo’lgan, ya’ni manziliga yetgan deyish mumkinmi, ayting? Hayot uni yo’nib, toblantirib, chiniqtirib borishi tabiiy hol. Biroq yo’nilaverib, sip-silliq bo’lib qolmoqdan saqlanish lozim. Unday odamning qalamidan chiqqan narsalar ham o’ziga o’xshab sip-silliq bo’ladiki, adabiyotga buning sira darkori yo’q.

* * *

Meni asarning janri emas, unda erishilgan badiiy natija ko’proq qiziqtiradi. Roman yozgani bilan odam yozuvchi bo’lib ketaversa koshki ekan! Boshqalarni qo’yib buyuk Chexovni oling! Unga zamondosh bo’lgan necha-nechalari o’nlab romanlar yozgan, lekin bugun ularning nomini kim biladi, ayting?

* * *

Bitta “sekret”imni aytaymi? Mavjud andozalarni unutib, sipogarchilikni yig’ishtirib, voqelikni, qahramonlaringizni iloji boricha aniq, rostgo’ylik bilan tasvirlab bersangiz, o’zi shunday chiqaveradi: kulgiliroq, hayratomuz… Bunda o’zingizning shaxsiyatingiz, ta’b-didingiz ham muhim, albatta.

* * *

Ko’p o’qib-o’rganganim, havas qilganlarim rost, ammo sira birovga o’xshatib yozgim kelmaydi. Axir, o’zim-chi, men ham odamman-ku, hech kimga o’xshamayman-ku, bilganimcha, qo’ldan kelganicha yozaveray-chi, deb urinib yotaveraman.

* * *

Ikki yuz-uch yuz sahifali qo’lyozmaning ustiga “roman” deb yozib qo’ygan bilan roman bo’laveradimi? Uzundan-uzoq bir kechmishni anchayin jo’ngina yozib chiqqan yoki
tarixan biror davrni olib, “qosh-ko’zi”ni adabiylashtirib qayta hikoya qilib bergan “roman”lar haqiqatan ham ko’payib ketdi. Nima ham derdingiz, Xudo insofini bersin, xolos!
Menimcha, roman deganlarida yangi bir voqelik, yangi ruh, murakkab xarakterlar, ularning chigal taq¬diri, shulardan tug’iladigan salmoqli bir falsafa, fikrlar bo’lmog’i lozim. Kitobxonni u ilgari notanish yangi bir dunyo, yangi voqelikka boshlab kirmog’i darkor.Shunaqa asarlarimiz chindan ham kamroq.

* * *

Modern, aslida, yangicha, adabiy bir yangilik degani. Sirasini aytganda, chinakam badiiy asar hamisha kashfiyot, yangicha bo’lmog’i lozim va shu so’zga ko’ngil juda sust ketsa, uni sira ikkilanmay modern namunalari qatoriga qo’shish mumkin. Darvoqe, rus adabiyotshunosligida bu borada “modernlashgan realizm”, ya’ni yangilangan realizm degan bir istiloh ham paydo bo’libdi-ku. Demak, baribir, tagzaminida realizm bor ekan-da, osmonga sapchib nima foyda!

* * *

Har gal yangi nimadir yozganingizda bir gaplarni aytdim-ov, deb o’ylaysiz o’zingizcha. Lekin bari – dengizdan tomchi. Dildagisini umrning oxirigacha aytib ado qilib bo’lmas!
Muhim gapni aytish uchun, avvalo, ko’ngilda shunday gap bo’lishi kerak.

022
BIZNING UYGA KELGAN YOZUVCHI
Abduqayum Yo’ldoshev
01

07 …Aniq esimda bor: yetmish to’qqizinchi yilning kuzi edi.
O’qishga kirolmasdan, tuman gazetasida korrektor bo’lib ishlab yurardim. Gazeta odatda haftasiga uch marta chiqardi, ammo paxta mavsumi ketayotganligi sababli har kuni chop etilardi. Tahririyat qishloqdan yigirma chaqirim uzoqda, bosmaxona naq ellik chaqirim naridagi viloyat markazida. U paytlari harflar qo’rg’oshinga quyilardi; har kuni kechqurun yetti-sakkizgacha xuddi zavod ishchilariday qop-qora moyga belanib, sahifa o’qiymiz, keyin telefonda raykomdagilar bilan bir amallab bog’lanamiz-u, baqirib-chaqirgan ko’yi xo’jaliklar qancha foiz paxta topshirgani haqidagi qimmatli ma’lumotni olamiz… Xullas, kechki o’n-o’n birlarda yo’lovchi mashinalarga yalina-yalina tuman markaziga, tahririyat binosiga kelib olamiz-da, o’sha yerda yotib qolamiz. Ertalabdan esa hammasi boshidan boshlanadi.

Shunday kunlarning birida akam armiyadan qaytdi.
Barnauldan.

Yuqori sinflarda o’qigan chog’lari juda urf bo’lib ketgan pochasi yarim quloch “klyosh” shimda ko’chaning changini supurib yuradigan, tor ko’ylagining cho’ntagiga bir dona atirgul solib oladigan olifta akam maktabning “zo’ravon”laridan biri edi: boks bilan shug’ullanardi, Guliston degan shaharda birinchi o’rinni olib qaytgandi, shungami, uncha-muncha muallimlar ham undan sal hayiqib turishardi. Menga barmog’ining uchini tekizish u yoqda tursin, sal ola qaragan bolaning-ku, bira to’la sho’ri qurirdi: chapdast akamning zalvorli mushtidan qutulib qolish uchun yo yerga kirib ketish kerak edi, yo osmonga uchib.

O’zining baholari haminqadar bo’lgani holda akam mening yaxshi o’qishimni istardi. Kimyo fanidan viloyatda birinchi o’rinni olganimda-ku, eldan burun chopib kelib, uydagilardan suyunchi so’rab turgan ham shu akam bo’ladi.

Endi u paytlar… hammayoq paxta, paxta. Otamiz brigadir. Erta ko’klamdan to kech kuzgacha dalada bo’lishga, hatto qishda yaxob suvi qo’yishga ham chiqishga to’g’ri kelardi. Ammo akam meni bunaqangi ishlardan ayardi. Otamning ko’zini shamg’alat qilgan ko’yi uyga yo maktabga yuborardi: “Sen o’qi”. Otamning ta’biri bilan aytganda, akamning “eshshakday kuchi bor” edi, shu sababli u kishiga ikki odamning o’rniga ishlash cho’t emasdi. Yodimda, akam bas boylashib olti kishi uch kunga mo’ljallab turgan ishni yakka o’zi bir kunda bajarib tashlagandi. Kuz mahali hovlimizga olib kelingan tonna-tonna yeryong’oqni terib olish uchun ko’maklashishga chiqqan kezlarim akam qo’limdagi tog’orani olar va atay qovog’ini uygan ko’yi uyga ishora qilardi: “Sen borib kitobingga qara…”

Xuddi shu akam yettinchi yo sakkizinchi sinfda o’qib yurgan chog’larim, o’zi kechqurun arzon odekolonga burkanib, derazadan oshib tushgancha – otamiz bunaqa masalalarda qattiqqo’l edi – kinoga jo’nab qolish oldidan mening sinfdosh qizlarga 8-mart otkritkalarini yozayotganimni ko’rib qolgani mahal allanechuk og’rinib: “Sen o’qi. Bunaqa ishlar bilan boshingni qotirma”, degandi…

Akam Oltoy o’lkasida xizmat qilib yuribdi-yu, bir xatida meni – uydagilar jurnalni yuborishgan bo’lsa kerak – “Gulxan”da chiqqan narsam bilan tabriklabdi. Yana bir xatida esa o’zimning rayon gazetasida chiqqan to’rtligimni o’zimga ko’chirib yozib yuboribdi, maqtab qo’yishniyam unutmabdi.

Akam armiyadan ancha ulg’ayib, vazmin, jiddiy bo’lib qaytgandi.Qishlog’imiz kat¬¬tagina, qarin¬dosh-urug’lar ham yetar¬li. Ular nav¬batma-navbat akam¬ni ichkilikboz¬lik tonggacha davom etadigan “choy”¬ga chaqira boshlashdi. Akamning esa nimagadir bunaqangi ziyofatlarga borgisi kelmasdi…

Vaqt o’tmoqda edi. Men o’z tashvishlarim bilan band edim. Shungami, bir kuni kechqurun akam “Barnaulga qaytib ketmoqchiman…” deb shivirlab qolganida bu xabar menga yoz osmonida chaqnagan chaqinday ta’sir qildi. Axir…

Bu niyat uydagilarning ham qulog’iga yetib borgan ekan, zich yopilgan eshiklar ortida ancha-muncha qattiq-qurum gaplar bo’lib o’tdi.Akam bo’lsa ahdidan qaytay demasdi. Nuqul “Barnaul, Barnaul…” Baribir hech chiday olmadi shekilli, bir kuni yarim tunda akam shosha-pisha men bilan xayrlashdi-yu, “Qaydasan, Barnaul!” deya yo’lga tushdi.Qo’limdan kelgani – cho’ntagimdagi arzimagan maoshimni qo’liga tutish bo’ldi.

Akamni poytaxtdagi temir yo’l vokzalidan arang qaytarib olib kelishdi…

Oraga qarindosh-urug’lar tushishdi, yaqinlar, bunaqa payti ko’payib qoladigan “xolis” tanish-bilishlar. Nasihat, iltimos, do’q-po’pisa, ko’z yoshlar, musht do’laytirishlar… Aloha, ko’plashib yigitning “shoxini qayirishdi”…

Oradan bir yildan ko’proq vaqt o’tib akam uylandi. Keyin el qatori turmushning tuganmas tashvishlariga boshi bilan sho’ng’ib ketdi. Bola-chaqali bo’ldi, uy sotib oldi.Oxiri yaxshi tugagan narsa baribir yaxshi-da.

Balki bu voqea mening esimdan ham chiqib ketardi. Ammo men o’sha paytlari “Anoyining jaydari olmasi” degan hikoyani o’qib qoldim…
“…Bir Barnaulga borib kelay deyapman. Tomoshaga. Xizmat qilgan joylarim, sog’inibman”… Bu axir akamning gaplari-ku.

Hikoya meni larzaga soldi. Ancha paytgacha o’zimga kelolmay yurdim.Yursam ham, tursam ham o’ylanaman: bu hikoyani yozgan yozuvchi qachon bizning uyga kelgan, qachon bo’lib o’tgan gap-so’zlardan xabar topgan… Shodi garang – qishlog’imizdagi soqov Bara-bara bilan qachon uchrashgan…

Falakning gardishi bilan keyingi yilning yoz faslida talabalar qurilish otryadi safida Barnaulda bo’ldim.Men Oltoy o’lkasida avvallari turkiy qavmlar yashaganiniyu, yozuvchi Shukshin tug’ilganini bilardim, xolos. Endi esa…

Shahar yaqinidagi o’rmonda, palatkada, vagonda yashadik, yo’l qurdik.Har shanba-yakshanba Barnaulga kelaman. Shaharni qadamlab o’lchayman hisob. Meni bir savol qiynardi: Ramazonni, akamni bu shaharning nimasi o’ziga tortgan? Nimasi?..

Ikki oydan ko’proq vaqt shu savolga javob topolmay qiynaldim. Nihoyat… nihoyat nimanidir tushunganganday bo’ldim. O’ziyam tilla topgan gadoyday hayajonlanib ketdim…
Men o’zimning mitti “kashfiyotim”ni birov bilan sirlashib o’tirmadim, qizg’andim. Uni ko’nglimning tubiga joylab qo’ydim.

Erkin A’zamning boshqa yozganlariniyam yotib olib o’qiyverdim…
Baribir “Chantrimore” yuragimni boshqacha o’rtab yuborgan ekan. “Bo’ldi, boshqa o’qimayman…” deyman-u, lekin… Axiyri “Biz bo’lmagan joylarda” (“Izlaganing ne edi…”) deb nomlangan hikoya yozibgina bu azobdan salgina qutulganday bo’ldim. Erkin aka “Anoyi…”da ta’kidlaganiday, ba’zi o’rinlar oshiribroq yuborildi, illo “Bu ish qurg’ur o’zi shunaqa, shunday qilmasa bo’lmaydi”. Sarlavhaning tagiga esa katta-katta harflarda “Erkin A’zamga” deb qo’ydim. Ammo mashqimni bunaqa eskartma bilan chop etishga jur’at etolmadim. Shuning uchun hikoya ancha payt javonda yotdi. Nihoyat jurnalda e’lon qilish imkoniyati tug’ilganida esa bag’ishlovimni olib tashladim: “kim edim zotan”…

Taqdirning inoyatini qarangki, oradan o’n yil chamasi vaqt o’tganidan keyin hech kimga bildirmasdangina bizning uyga kelib-ketgan “tirik Erkin A’zam” bilan uchrashish nasib etdi…

Bu hayot ekan, biz o’quvchilik-talabalik davrimizda, u-bu narsalar mashq qila boshlagan kezlarimizda salkam avliyo hisoblab yurgan, kitoblarini qo’ldan qo’ymay, navbatda turib o’qigan, o’zimizcha millat vijdoni sanab yurgan yozuvchilarning ayrimlari bilan yaqindan tanishish asnosida, ming afsuski, hafsalamiz pir bo’ldi. Zero, manfaat ilinjida kimnidir maqtaydigan, kimnidir esa tanqid qiladigan, “tanqiddan tuban” ekanligi shundaygina ko’rinib turgan “asar”larga sovun pufagiday shishirilgan so’zboshiyu taqrizlar yozib beradigan, muallifning mashqiga emas, ism-sharifiga qaraydigan, o’z nomini, o’z so’zini sotadigan qalamkash bilan to’qnash kelish, uni kuzatib o’tirish ko’ngilda tuzalishi og’ir asorat qoldirarkan.Ming shukrki, o’tgan yillar ichida Erkin akaga nisbatan bo’lgan ixlosimga gard ham yuqmadi (Bu yog’iga ham ko’ngil to’q: har qalay, oltmishga kirgan odamning endi “aynimasligi” aniq). Ming shukrki, adabiyotimizga halol xizmat qilayotgan Erkin A’zam singari Shaxs¬lar bor. Ular ijod qilishayapti, adabiyot yashayapti, demak, Cho’lpon aytganiday, millat yashayapti.

Men aslida Erkin akaning qissalari haqida to’lib-toshib yozmoqchi edim. Ammo tomchida Quyosh aks etadi-ku, degan o’yda birgina hikoya bilan cheklandim.

Bilaman, Erkin A’zam mendan boshqa ham ming¬lab, yuz minglab, millionlab o’quvchilarining xonadonlariga kirib kelgan, ularning tashvish-quvonchlari, dardlari, dil iztiroblarini asarlariga ko’chirgan. Erkin akaning yozganlarida o’zimizni ko’rishimizning sababi ham shunda bo’lsa kerak. Buyam yozuvchining baxti-da. Shunday baxtga erishgan odamga havas qilmay bo’ladimi?..

“Yoshlik” jurnali. 2010 yil, 12 (241)-son

09

(Tashriflar: umumiy 61, bugungi 1)

Izoh qoldiring