Erkin A’zam. Aralashqo’rg’on & Obid Shofiyev. Buqalamunning bahonalari

Ashampoo_Snap_2017.08.07_16h53m25s_004_.png 10 АВГУСТ — ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ ЭРКИН АЪЗАМ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

   Эркин Аъзам ўз ижодини ҳикоячиликдан бошлаган бўлиб, бугунга қадар унинг 40 дан ортиқ ҳикоялари эълон қилинди. Адибнинг “Анойининг жайдари олмаси”, “Пиёда”, “Совуқ”, “Ёзувчи”, “Аралашқўрғон”, “Ступка” каби ҳикоялари ўзбек ҳикоянавислигининг алоҳида саҳифасини ташкил этади.

БУҚАЛАМУННИНГ БАҲОНАЛАРИ
Обид ШОФИЕВ
Термиз университети таянч докторанти
090

Кейинги йилларда адабиётшунослигимизда ўзбек ва жаҳон адабиётини қиёсий ўрганишга доир бир қатор тадқиқотлар яратилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. С.Мели , Ф.Жўраева , А.Қосимов , М.Шарафутдинова , Ш.Тўйчиева , М.Қўчқорова ва бошқаларнинг ишлари фикримизга далил бўла олади.

Тўғри, бу борадаги ишлар шўро даврида ҳам яратилган. Лекин бу ишларнинг аксариятида рус адабиётининг ўзбек адабиётига таъсири масалалари етакчи бўлгани сир эмас. Адабий таъсирнинг дунё адабиётида учрашини инкор этмаган ҳолда, қиёсий адабиётшуносликнинг генеология ва типология кўринишлари ҳам борлигини айтиб ўтмоқ лозим.

Маълумки, қиёсий адабиётшуносликнинг назарий асослари ХIХ-ХХ асрларда А.Н.Веселовский, В.М.Жирмунский, Н.Конрад, И.Неупокоева, А.Дима, Д.Дюришин каби олимлар тадқиқотларида ўз аксини топган. Уларнинг қиёсий адабиётшуносликка оид назарий тадқиқотлари бу соҳанинг методологияси учун асос вазифасини бажарган. Жумладан, адабиётшунос Диониз Дюришин ўзининг “Теория сравнительного изучения литературы” (“Бадиий адабиётни қиёсий ўрганиш назарияси”) китобида адабиётни қиёсий ўрганишнинг икки асосий методини кўрсатиб, бирини генетик адабий алоқалар, иккинчисини типологик ўхшашлик деб ажратган .

Адабиётшунос Бахтиёр Назаров “Адабий таъсир ва типологик яқинликни ўрганишнинг айрим методологик масалаларига доир” номли мақоласида ўзбек адабиётшунослигида қиёсий адабиётшуносликнинг методологияси, унинг ўзбек адабиётшунослигидаги кўринишлари ҳақида тўхталиб ўтади .

Адабий таъсир, генеалогик ва типологик ўхшашликлар вазифасига кўра бир-биридан фарқланади. Б. Назаров “типология – вақт ва манзил, давр ва замондан қатъи назар, турлича яқин ва узоқликдаги турли адиблар ижоди ва миллий адабиётлараро: дунёқараш, ирқ, дин тараққиётга боғланмаган равишда, таъсир роль ўйнамаган ҳолда бадиий тафаккур хосликларида зоҳир топувчи ижодий метод, йўналиш, оқим, ижод типи ва услубдан тортиб, ҳар бир алоҳида санъаткор ижодида дунё ва инсонни кўриш ҳамда уларни бадиий акс эттириш масалаларида намоён бўлувчи яқинлик, ўхшашлик, муқобиллик, ҳаммонандлик, айниятдошликдир” , дея таъриф беради. Диониз Дюришин эса “Асарларнинг бадиий-типологик ўхшашлиги ва фарқи нафақат адабий оқим ва жанрлар нуқтаи назаридан, балки уларнинг ғоявий-психологик йўналтирилишида, персонажлар характеристикаси, композиция ва сюжет қурилишида, мотив ва образлар тизими, бадиий усуллар ва воситалар каби таркибий қисмларининг қиёсида ҳам кўрилиши керак”, деган фикрни илгари суради .

Шу жиҳатдан, Эркин Аъзамнинг “Аралашқўрғон” ва рус ёзувчиси Антон Чеховнинг “Хамелеон” ҳикояларини қиёсий-типологик аспектда ўрганиш мақсадга мувофиқ.

Антон Павлович Чехов рус адабиётининг улкан намояндаларидан бири. Унинг ҳикоялари дунё ҳикоянавислигида алоҳида ўрин тутади. Чеховнинг бадиий маҳорати дунё адабиётшунослигида кенг ўрганилади. Албатта, ўзбек адабиётида, ҳикоянавислигида Чеховнинг таъсири катта. Буни Абдулла Қодирий , Абдулла Қаҳҳор ва бошқаларнинг ижодида кўришимиз мумкин. Абдулла Қаҳҳор ва Абдулла Қодирий ҳам ўз ижодида Чеховнинг адабий таъсири борлигини таъкидлаб ўтишган. Жумладан, А.Қаҳҳор бир қатор ҳикояларининг юзага келишида Чеховнинг “муборак кўзойнаги” ёрдам берганлигини эътироф этган. Албатта, бу масалалар ўзбек адабиётшунослигида кенг ўрганилган бўлиб, унга яна қайта тўхталмоқчи эмасмиз. Чехов асарларининг ўзбек адабиётига таъсири масалалари етарлича ўрганилган. Лекин уни ўзбек адабиёти билан қиёсий-типологик жиҳатдан ўрганиш ҳам адабиётшунослигимиздаги бу борадаги тадқиқотларни янада бойитади, деб ўйлаймиз.

b743ff9a261043ff31ae6c97a0ee2ffc.jpgЭркин Аъзам ўз ижодини ҳикоячиликдан бошлаган бўлиб, бугунга қадар унинг 40 дан ортиқ ҳикоялари эълон қилинди. Адибнинг “Анойининг жайдари олмаси”, “Пиёда”, “Совуқ”, “Ёзувчи”, “Аралашқўрғон”, “Ступка” каби ҳикоялари ўзбек ҳикоянавислигининг алоҳида саҳифасини ташкил этади.

“Аралашқўрғон” ва “Хамелеон” ҳикоялари ёзилиш услуби, вақт ва макон, композицияси жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Лекин улар ўртасида баъзи муштараклик, ўхшаш жиҳатлар кўзга ташланади. “Хамелеон”да ҳам, “Аралашқўрғон”да ҳам кучук деталь сифатида олинган. “Хамелеонда” заргар Хрюгинни қўлини кучук тишлаб олади. У бу тартибсизлик ҳақида полиция назоратчиси Очумеловга шикоят қилади.

“Аралашқўрғон”да эса Каттаконнинг кучуги Мусофирнинг ўртанча қизини қопиб олади. Бу ҳодиса Аралашқўрғон “аҳли”ни норозилигига сабаб бўлади. Шу сабаб, қолаверса, кучукнинг аккилашидан безор бўлган аралашқўрғонликлар Каттаконга шикоят қилмоқчи бўлиб арзнома ёзмоқчи бўлади.

“Хамелеон” ва “Аралашқўрғон”да инсон феъл-атвори, характеридаги хамелеонлик кучук детали ёрдамида ифодаланади. Аслида, хамелеон – калтакесакнинг бир тури. Хамелеон терисининг рангини тез ўзгартиради ва шу билан яшаб турган жойининг рангига кириб олади. Кўпинча вазиятга қараб ёки бирон манфаат сабаб ўз ҳолати, характери ва атворини тез ўзгартирадиган инсонларга ҳам мазкур сифат берилади.

“Хамелеон” ҳикояси Абдулла Қодирий ва Абдулла Қаҳҳор томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Абдулла Қодирий таржимада “Хамелеон”ни “Буқаламун” тарзида берса, А.Қаҳҳор эса ҳикоя номини аслида қолдиради. Биз таҳлилда Абдулла Қаҳҳор таржимасидаги матнни асос қилиб олдик, шунинг учун ҳикояни ҳам асл номи билан аташни маъқул кўрдик.

А.Қодирий ўзининг “Ўқиш, ўрганиш” номли мақоласида айнан ушбу ҳикояга алоҳида тўхталиб ўтар экан, ёзувчининг сўз қўллашдаги маҳоратини қайд этади: “Ҳикояни (“Буқаламун” – О.Ш.) “серсув” (кўп сувли) қиладиган нарсалардан бири кўрсатиб ўрнига сўзлаб беришдир. Агар Очумиловнинг Хамелеон эканини унинг сўзлари орқали кўрсатилмаса, автор томонидан таърифланса, дунё-дунё сўз кетар эди. Чехов буни ўзи айтиб бермасдан, Очумиловнинг ўз сўзи билан кўрсатади” .

“Хамелеон” диалог асосида қурилган. Қўлида мусодара қилинган меваларни кўтариб келаётган городовой (миршаб) Елдирин билан бозор майдонида кетаётган полиция назоратчиси Очумелов тартибсизликнинг, яъни қўли қонга беланган, қандайдир кучукни қувалаб келаётган заргар Хрюкинга дуч келади. Хрюкин кучук қўлини тишлаб олганлиги ҳақида шикоят қилади. Ҳикоянинг қолган қисми тўлалигича диалогдан таркиб топган бўлиб, воқелик, ҳикоя қаҳрамонининг характери шу диалогларда намоён бўлади.
Дастлаб бу “тартибсизлик”дан ғазабланган Очумелов, бу кучукнинг эгасини топиб жазоламоқчи бўлиб, унинг эгасини сўрайди:

“ – …Сен (Елдирин – О.Ш.) бу кучукнинг эгасини топиб, протокол ёз! Кучукни йўқотиш керак. Тездан! Қутурган кучук бўлса, эҳтимол… Бу кимнинг кучуги ўзи?”

Кимдир бу генерал Жигаловники дейилгандан сўнг Хрюкинга мурожаат қилади:
“– Қандай қилиб бармоғинга бўйи етди? У кичкина, сен бўлсанг кап-катта одамсан! Сен балки бармоғингни мих билан тешгандирсан. ундан кейин кучукни баҳона қилиб товон олиш фикри бошингга келгандир” (39).

Городовой бу генералнинг кучуги эмас, дегандан сўнг шундай дейди:
“– Ўзим ҳам биламан. генералнинг итлари қимматбаҳо зотли итлар, шу ҳам итми? Бунинг афтини қара…”(39).

Яна генералнинг ити бўлса керак дейилганда:
“– Кучук деган нарса нозик махлуқ бўлади. Ахмоқлик қилиб, бармоғингни кўрсатиб туришга ҳеч қандай ҳожат йўқ1 Айб ўзингда!..”(39-40).

Бу баҳсга генералнинг ошпази якун ясаб, бу ит генералнинг укасиники эканини айтганда Очумелов Хрюкинга қараб шундай дейди :

“– Ол, мана бунинг бармоғини тишла, ха-ха-ха… Нега титрайсан? Ол, киш-киш! Кўрдингми… жаҳли чиқади-я…”(40).

Кўриниб турибдики, ёзувчи бу ерда аралашмаган, ҳеч қандай изоҳ бермаган. Диалогларнинг ўзида ҳам воқелик очилган, ҳам Очумеловнинг қиёфаси намоён бўлган. Бу ёзувчининг сўз қўллашдаги улкан маҳорати самарасидир.
Адиб полиция назоратчиси Очумелов қиёфасида ҳар нарсада манфаатни кўзлайдиган, вазиятга қараб иш тутадиган, ўз мақсади учун амалдорлар олдида турли қиёфага кирадиган образни гавдалантиради.

Аслида буқаламуннусха одамлар ҳар бир даврда, ҳар бир жамиятда учрайди. Бундай одамлар худди хамелеон шароитга қараб ўз рангини, тусини ўзгартиргани ҳолда ўз ҳолати, характерини тез ўзгартиради. Бирон амалдор олдида ўз мақсадини кўзлаб ҳар хил “тус”га киради, ўз манфаатини умумманфаатидан устун кўради.

Юқорида таъкидланганидек, “Аралашқўрғон”да Каттаконнинг кучуги Мусофирнинг қизини тишлаб олади. Худди “Хамелеон”да бўлганидек, асосий воқелик шу деталь атрофида кечади. “Аралашқўрғон”да эса итнинг эгаси маълум. Ҳикояда бир образни алоҳида ажратиш қийин. Воқелик бир неча образлар воситасида акс эттирилади. “Аралашқўрғон” қаҳрамонлари турли тоифа, касб кишилари: газетанинг жамоатчи мухбири Э.Сафар (хат-хабарлари шундай имзо билан чиқади), икки нафар фан номзоди (бири доцент), “уч-тўрт чурвақасига ризқ қидириб юрт кезадиган “дайди” шопир, янги замондан руҳланиб, кўзи тушган жойда дўкон очишни мақсад қилган дўкондор, собиқ касаба уюшмаси арбоби – оқсоқол. Бу “аралашқўрғон” аҳли Каттаконнинг кучугини қандай йўқотиш ҳақида баҳс олиб бориб, бу муаммони ечган киши оқсоқол бўлиш шартини қўяди. Ҳар ким ўз таклифини айтар экан, уни амалга оширишга келганда ўзини четга олади.

Каттаконнинг итини йўқотиш устида бош қотирган, бунинг чорасини излашга тушиб кетган “маҳалла” аҳлининг кейинги нутқларида “буқаламунлик”, яъни ўзгарувчанликни кўрамиз.

“Аралашқўрғон” аҳли орасида биргина Каттакон олдида “тили қисиқ” бўлмаган мухбир Э.Сафар кучукни йўқотиш тўғрисида мурожаатнома ёзади.

Жамоатчи мухбир мурожаатномога имзо чектириш мақсадида “қўрғон” аҳлини излаганда уларнинг асл қиёфаси аёнлашади: Дайди шопир ҳам қаёққадир изғиб кетибди. Боя чойхонада мардона шарт қўйган одам – фан номзоди хатга имзо чекишдан номардларча бош тортди. Каттакон унга телефон ўрнатишда ёрдам қилган экан – уздириб ташлаши мумкин! . Доцент гапни қисқа қилди: – Келинг, мухбир, шу ишга аралаштирманг мени! Имзобозликка ҳушим йўқроқ. Бачканалик-ку бу!” деса, оқсоқоликка даъвогар Оқсоқолнинг эса “– Бетамизлик бўлмасмикан, мухбир укам?” – деган фикрлари аслида уларнинг буқаламуннусха эканлигини ифодалайди.

Ҳар иккала ҳикояда ҳам жамиятдаги буқаламуннусха одамлар образи гавдалантирар экан, бундай иллатлар тил, дин, ирқ танламаслигига яна бир бор амин бўласиз. Чехов ва Э.Аъзам бундай образлар қиёфасини турли ракурсларда очиб беради.

Ҳар иккала ҳикоядаги ўхшашликларни таҳлил қилар эканмиз, бир ҳақиқатни англаб етмиз. Инсонлар турли қитъаларда, маконларда, шароитларда яшасада; ранги, дини, тили турли-турли бўлсалар-да, хулқ-атвори, характери, ўйлари, дардлари, орзу-армонлари ўхшаш. Инсонга хос жамики фазилат-у иллатлар ҳам бир хил. Шундай экан, бадиий асарлардаги бундай ўхшашлик ва муштаракликка асло кўчирмачилик, плагиатлик деб қарамаслик керак. Асарларни бундай муқоясада ўрганиш ижодкорнинг бадиий маҳоратини баҳолашдаги муҳим мезонлардан бири эканлигини унутмаслик лозим. Зеро, машҳур рус танқидчиси В.Г.Белинский таъкидлаганидек “нарсаларнинг қадри бир-бирига қиёс қилинганда яхши билинади. Агар икки ёзувчи бир турда ижод қилиб, бир-бирига қандайдир ўхшашлиги бор экан, бинобарини уларни параллел жойларга қўйиб бир-бирини қиёсан баҳолашдан бошқа илож йўқ; энг одил тарози шу” .

Чеховнинг “Хамелеон” ҳикояси мана бир асрдан мўлроқ вақтдан буён дунё китобхонларини ҳайратга солиб келаётган бўлса, Э.Аъзамнинг “Аралашқўрғон” ҳикояси ҳам ана шундай вақт синовларидан ўта оладиган асар бўлишига шубҳа йўқ.

Манба: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2016-йил №12

20046614_325527894564350_7469925758857901865_n.jpgЭркин АЪЗАМ
АРАЛАШҚЎРҒОН
090

Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факултетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат-инсоний эрк, ҳар қандай зўравонликка мунсабат масаласидир.

090

Ashampoo_Snap_2017.08.07_16h30m04s_002_.pngМусофирнинг ўртанча қизини Каттаконнинг кучуги қопгани хабари келганда биз қўрғон оғзидаги қўлбола чойхонамизда қартабозлик билан машғул эдик.

Ие, қачон? Қандай қилиб? Ўсал эмасмикан? Ҳамма таажжубда: жониворнинг жағи бир зум тинмаган эди-ку, акиллай туриб ҳам қопар эканми?

Ҳамма бирдан ғазабга минди.

— Бедодлик! Бориб турган бедодлик бу! — деди жамоатчи мухбир Э.Сафар ўрнидан сапчиб. — Бир бечора мусофирнинг боласини-я! Ёзиш керак! Ёзаман!

— Ўтиринг, иним, — дея уни босиб қўйди оқсоқол. — Кейин ёзарсиз. Дарвоқе, бир уриниб ҳам кўрувдингиз шекилли? Аввал бундай бир маслаҳатини қилайлик. Қоидаси шу.

У ҳар ишнинг қонун-қоидасини билади, шунинг учун ҳам оқсоқолликка даъвогар. Масалан, «Мана шу ариқ» деб гап бошласангиз, «Ариқлик-ка-ку ариғ-а, лекин ичида сув ҳам оқади-да» деган қабилда ақл ўргатишни яхши кўради.

— Буни бир бало қилмасак, тинчлик йўқ, акахонлар, — деди дайди шопир. — Ўзим ўлдираман! Кучала топсам, бас!

— Шаҳарма-шаҳар юрасиз, бир чимдим кучала ёки маргимуш қаҳат бўптими?!

Фан номзодининг 6у гапига дотсентнинг азалий ғайирлиги қўзиди:

— Тавба! Кучала ана — Эскижўвада! Сурманинг суюғию игнанинг тешигидан ўтган туягача топилади! Кучала шарт эканми, жимжилоқдек келадиган игна ҳам кифоя-ку! Бир чангал хамир ё бир туюр гўштга жойлабгина!

— Вой, вой, олдин у касофатга яқин боришни айтинг! — дея ваҳима қилди фан номзоди.

— Ҳовлиқманглар, биродарлар, — деди доимий муросасоз оқсоқол. — Аввал Каттаконнинг олдиларидан бир ўтайлик. Қоидаси.

— Нима деб ўтасиз у кишимнинг олдиларидан? — деди сипо ўтирган дўкондор энсаси қотиб. Бугун унинг иши юришмаган — бир йиллик мўлжали амалга ошмай, қўрғонда икир-чикир дўконча очишга доир қоғозлари атама улашувчи идорадан яна қайтган, жамоатчилик асосида жавлон урадиган эзмароқ аллома «Ҳемири бир атторликка Темурхон наслидан бўлмиш султон Улуғбекнинг муборак номини қўймоқ — гуноҳи азим, супермаркет очсангиз, ана унда ўйлаб кўрармиз», дея дилини хуфтон қилган эди; «Кенжа ўғлимнинг оти — Улуғбек» деган важ-корсони хисобга олинмади. Бу ёкда эса, ҳали даргумон ётган оқсоқоллик дастмоясига у хам даъвогар. — Хўш, итингизга кучала ё игна бериб ўлдирсак майлими, деб сўрайсизми?

— Шунчалик нодон эканмиз-да, а? — деди оқсоқол пинҳона рақибига ошкора ўқрайиб. Сўнг асли йўқ этагини қоққандек қўл силтаб чорпоядан тушди-да, касаба уюшмаси аъзолари, йўғ-э, аҳил маҳалла аҳлини бебош-этакчисиз қолдириб, ҳовлисига қараб жўнади.

Ўзини ўзи сайлаган оқсоқолнинг зтак силкиб кетиши — арази чорпоядагиларни ҳовурдан туширмади.

— Каттаконнинг шпиони бу одам! — деб қўйди унинг ортидан дўкондор.

— Қандоқ бедодлиг-а! — дерди касби юзасидан ҳам адолатталаб Э.Сафар фиғони ошиб. — Шўрликнинг боласи!

— Боз устига, мусофир бўлса!

— Шуни айтинг! Ота болам-чақам деб эртаю кеч тўрва кўтариб пой-пиёда бозорга қатнагани қатнаган. Ўзи бор-йўғи манови санаторийга қоровул. Пулни қаёқдан топаркан-а?

Кимнинг қаёқдан нимани қандай топиши ҳам бизнинг мавзумиз зди.

— Ўзи шу одам нега мусофир? Қай гўрдан келган? — деб қолди дайди шопир.

— Ким билсин, бирор пойиз-мойизга осилиб келган-да, кейин мусофир аталиб кетгандир, — деди ўзи ҳам асли аллақаёқлик бўлган дотсент. — У ёғини сўрасангиз, ҳаммамиз ҳам мусофирмиз, оғайни. — Кейин алоҳида бир таъкид билан қўшиб қўйди: — Бу дунёда.

Худди девор ортида туриб бу гап-сўзларни эшитгандек, шу пайт қўрғон дарвозаси оғзида мусофирнинг ўзи кўринди. Бўлган кор-ҳолдан бехабар, одатдагидек, елкасида бозортўрва, парвойи фалак, мункайганча лўкиллаб келяпти.

Ҳамма бирдан ҳушёр тортди. Лекин ҳеч ким оғиз очиб чурқ этмасди. Нима десин? Ҳали ҳодисанинг тафсилоти аниқ эмас. Балки, кучук анчайин бир ҳамла қилгандир ўқувчи қизга, қўрқитгандир, холос. Нохуш гапга суюнчи олиб нима зарил? Мана, ўзи ҳозир уйига боради, эшитади, хабар топади, вассалом.

Чорпояга ёндош келганда юкини ерга қўйиб, мусофир биз тарафга бир таъзим қилдию яна тўрвасини елкалаб қўрғон оралай йўртиб кетди.

Ҳамиша шундай: саломини беради-да, ўтади-кетади. Кўчиб келганига бир йиллардан ошган, аммо маҳаллага аралашмайди. Аралашгулик ҳоли ҳам йўқ — мусофир-да.

Ўзи бир ғариб мусофир-у, ажабтовур кошонада яшайди. Айтишларича, каттароқ лавозимда ўтирган прокурор қариндошининг пинҳона ҳовлисини ёмон кўзлардан қўриқлаш учун атай кўчиб келган бу ерга. Қайдам, қўрғонда бунақа ҳовли-жой ягона эмас: кимдир-биров номигагина яшаб туради, асл эгасини эса дунёга жар солиб ахтарганда ҳам тополмайсиз!

Қаранг, шундай кўримсиз, пачоққина одамнинг ҳуснда бири биридан зиёда уч қизи борки, қўрғондаги жами бўзбола шуларга ошиқу шайдо! Мана, энди ўша қурмагурларнинг ўртанчасига Каттаконнинг арзанда ити чанг солиб ўтирибди!

Ота борибоқ қўнғироқ қилган шекилли, бир маҳал қўрғон дарвозасида «Тез ёрдам» мошинаси пайдо бўлди. У чорпоя ёнидан шувиллаб ўтиб боғкўчага шўнғидию ҳаял ўтмай изига қайтди. Мошинанинг ён деразаларига оқ парда тутилган, ичида кимлар борлигини кўриб бўлмас эди.

Даврада ҳодисанинг тафсилотига қизиқиш кучайиб турганда дўкондорнинг қаёққадир отланган ясан-тусан хотини ўтиб қолди. Тергамоқ учун унинг йўлини тўсиб чиққан эр қайтиб келиб, масалага унча-мунча ойдинлик киритди.

Энди маълум бўлишича, камхарж қўлга ул-бул бериб, албатта, Каттакон ҳовлисини қўриқлашни, табиийки, анови жағинг тинмагур лаънатига ҳам овқат-повқат ташлаб туришни мусофирга топшириб қўйган экан. Қиз шўрлик суяк-пуяк кўтариб борса, кўча бўйидаги панжара билан ўралган боғчада боғлоғлиқ ётган касофат ечилиб кетганми, ғиппа тиш солибди! Қаерига? Ишкал, ишкал. Ҳарҳолда, қиз бола, нозикроқ жойи эмиш.
— Оббо-о! — Оташин Э.Сафар сакраб жойидан турди. Нафақага чиққунича жамоатчи мухбир мактабда бошланғич синфларга дарс берган, бунга туғма жиззакилиги ҳам қўшилиб, хийла асабий бўлиб колган эди. — Бу ишга энди кўз юмиб бўлмайди, ўртоқлар, дарҳол бир чорасини кўришимиз керак! Мен — ёзаман! Каттакон бўлса — ўзига! Бу нима бедодлик, ахир?!

Давра аҳли баттар мутаассир бўлиб, жунбушга келди. Энди қартабозликка ҳам хуш қолмаган эди. Барчанинг кўнглида мубҳам бир исён ҳисси алангаланар, лекин аниқ нима қилмоқ кераклигини ҳеч ким билмас эди.

— Бугуноқ кучала топмасам, мени бу даврада қайтиб кўрмайсизлар! — деб юборди олис манзилларда чамбарак айлантириб юравериш жабридан чапанироқ бўлиб кетган дайди шопир. — Айтиб бўладими, биздаям чурвақадан уч-тўрттаси бор!

— Ҳалитдан оқсоқоллик талашгунча, манови кучук масаласини ҳал қилишни ўйлаш керак, — деди табиатан мулойимроқ фан номзоди кутилмаганда. — Келинглар, кимки шу кучукни бир ёқли қилса — ўша бизга оқсоқол, ўшани сайлаймиз! Гап шу!

Ҳукмдек янграган бу гапдан ҳамма лол, бирин-кетин чорпояни тарк этдик.

* * *

«Биз» деганимиз — биз, Э.Сафарнинг таъбирича, «мана шу халқнинг бир бўлаги». Мухбиримиз тўғри айтади: собиқ касаба уюшмаси арбоби — оқсоқол, негадир камдан-кам одам ўқийдиган серсаҳифа газетанинг жамоатчи мухбири Э.Сафар (хат-хабарлари шундай имзо билан чиқади), икки нафар фан номзоди (бири дотсент), «уч-тўрт чурвақа»сига ризқ қидириб юрт кезадиган дайди шопир, янги замондан руҳланиб, кўзи тушган жойда дўкон очишни мақсад қилган дўкондор ва ҳоказолар — халқ бўлмай нима?!

Биз шанба-якшанба кунлари гоҳ чошгоҳ, гоҳ оқшом чоғи мана шу қўлбола чойхонамизда тўпланиб қартабозлик қиламиз: «дурак», «пирра» дегандай. Дўкондор аралашиб қолганда ўртага пул-мул ҳам тикилади. Маҳалламизнинг тўнғич фуқароларидан ҳисобланган оқсоқол сермева ҳовлисидан бир ликоб олма ё уч-тўрт бош узум кўтариб келади. Чой кўпинча яқинроқ манзилдан — ёнма-ён яшайдиган икки фан заҳматкашининг уйидан чиқади. Галма-гал. Қип-қизил «Дамас»ида шаҳардаги «тўчка»ларидан хабар олиб қайтган дўкондор ёнимиздан ўтаётиб бир-икки шиша анови сабилдан ташлаб кетади. Кейин помидор-бодринг кўтариб хонаки кийимда ўзи ҳам сафимизга қўшилади. Ҳали рўйхатдан ўтмаган бўлса-да, биппа-бинойи, беминнатгина чойхона!

Ўйин асноси ундан-бундан гурунг кетади. Асосан, қўрғонимизни тезроқ маҳалла сифатида расмийлаштириш, чойхонамизни эпақага солиб, атрофини ободонлаштириш, иложи бўлса, келажакда ёнига ихчамроқ бир ҳужра ҳам қўшиш каби ҳозирча хом хаёллар. Хўш, ким қилади бу юмушларни? Маҳаллани рўйхатдан ўтказишни-ку мухбиримизга юкласак бўлади: тилли-жағли, қўлида қалами бор, ўзи ҳам чаққонгина. Бошқа масалаларда кимдан имдод сўраш керак? Ие, Каттаконимиз-чи! Бизга қўшилиб қарта ўйнамаса ҳам, ўзидан билиб, мана, қўрғоннинг оғзини икки ёндан силлиқ ғишт билан бежирим қилиб кўтариб, гажакдор темир қопқа ўрнатиб берди-ку, бу ёғига ҳам қараб турмас! Маҳаллада электр, газ ё телефонга алоқадор нимаики муаммо ёки чиқим бўлса — доим шу одам балогардон. Далолат қилиб борган оқсоқолимиздан суриштириб ҳам ўтирмай, дарров чўнтак кавлайди. Ҳа-а, нимасини айтасиз, зўр одам, олижаноб! Фақат шу кучуги безор қилди-да, ит эгасига ўхшамас экан.

Ия, ошини еганингиздан кейин ўчоғининг тутунига ҳам чидайсиз-да, братан! Чидаймиз, чидаймиз, қулоқлар ҳам ўрганиб қолди ўзи. Шугина бир зум акиллашдан тўхтаса, нимасинидир йўқотганга ўхшайди одам. Бу ҳам маҳалланинг бир файзи-да. Майли, акилласа — акиллайверсин, вовулласа — вовуллайверсин. Кучук бўлгандан кейин акиллайди-да — вазифаси. Қайтага яхши — замон қалтис, ҳар хил ёт нусха бу ёқларга дориёлмайди. Акилласин! Шундай дейсиз-у, аммо роса…

Ниҳоят, асосий масалага ўтилади. Маҳалланинг номи-ку тайин — «Аралашқўрғон», бунга атама улашувчи анови идора эътироз билдирмаса керак; хўш, оқсоқолликка кимни сайлаймиз? Ана шунда давра бир қалқиб, икки тарафга бўлинади. Ўртадаги кўзиру жўкер, чиллигу таппон-маппонлар аралашиб-чалкашиб кетади. Ўйин ўз-ўзидан барҳам топиб, ҳар ишнинг қоида-расамадини биладиган, нимагадир раҳбарлик қилмаса туролмайдиган оқсоқолимиз билан даври келиб дўкондор бўлган қўшнимиз гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора чўқиша бошлайди. Униси раҳбарлик тажрибасини пеш қилади, буниси — темир сандиққа босаётган сармоясини. Биз — томошабин, биз — муаллақ бир тарафкаш. Аслида, бизга барибир. Биз — оддий халқ-да!

Тажрибакор оқсоқолга қарши замона зайлига мос илғор фитна усулларини қўллаб моҳирона курашаётган дўкондор дам-бадам кўркам чорпояга кўз қирини ташлаб, панжара бўёқларини силаб-силаб кўяди.
Чорпоя — бениҳоя кенгиш, баҳайбат, бақувват. Боз устига — нақшинкор, қадимий, шоҳона дегулик. Буни чегарадошимиз бўлмиш ташландиқ дам олиш уйидан етти-саккиз киши аранг кўтариб келганмиз. Тўғрироғи, девордан ошириб олганмиз. Бепоён боғнинг шох-шабба босган хилват бир гўшасида оёқлари синиб, бўёқлари кўчиб ётган эди. Дастлаб бунинг дарагини келтирган — дайди шопир. Толиқтирарли сафарлардан қайтганида у чурвақаларининг чуғур-чуғуридан қочиб темир-бетон девордан липпа ошаркану соя-салқинда қийшайиб ётган мана шу шалоқ чорпояда ухлай-ухлай мириқиб олар экан. Бекор ётган бу матоҳни меҳнаткашлар тасарруфига ўтказиш ташаббускори эса, табиийки, собиқ касаба уюшмасининг халқпарвар арбоби — оқсоқол эди. Қолган даҳмазаларни, ўз навбатида, дўкондор зиммасига олди. Ўзи бош бўлиб чорпояни қайта таъмирлатди, устма-уст икки қатла зангори тусга бўятди. Қарабсизки, футур етган, яроқсиз бир уюм ёғоч, бамисоли, лўлиларнинг қўлидан ўтиб бозорга чиққан қўтир-қирчанғидан гулдек саманга айланди-қолди. «Бош уста»нинг сурбетларча писандасига кўра, бу ишга ярим «кўба» асил тахта, олти килоча немис бўёғи сарфланганмиш. Қани, сендан нима чиқди, мирқуруқ оқсоқол?

Дотсентимизнинг лоф уришича, бир замонлар деҳқондан етишган, эски чориғини эшик тепасига осиб қўйиб, муҳташам мансабхонасига кирганда ҳам, чиққанда ҳам пешонасини уриб ўтадиган дўлвор давлат арбоби мана шу чорпояда ёнбошлаб чойхўрлик қилишни яхши кўрар экан. Ишчи-деҳқон салтанатини мустаҳкамлаш ташвишларидан ҳоригач, биқинингиздаги хумчойнакда «раиси» чой, тепангиздаги асрий арғувон япроқларига тикилиб, порлоқ кела-жак ҳақида ширин хаёллар суриш қандоқ маза, қандоқ ҳузурбахш! Бугун эса, мана, шу чорпояда биз ўтирибмиз — ўша бобомиз орзу қилган замон вакиллари. Ўртада қарта, фикру зикримиз — кимнидир «аҳмоқ»қа чиқариш. Тузни жойига қўйиб қўйинг! Ҳа-а, ана шундай! Валет кўзир сизданми? Кўтарасиз, давай! Ҳозиргина дамангизни босдим-ку! Кўз борми, кўз? Ғирромлик ҳам эви билан-да, ўртоқ! Йўқ! Йўқ дедимми, йўқ! Менинг қўлим эди! Бўлмаса, қарта қайтадан сузилади, тамом! Мана, ўзим бир чийлаб берай!

Бу олақуроқ тоифа қайдан пайдо бўлган ўзи?

Узоқ йили шаҳардаги уй-жойимиз янги «ҳалқа» йўлига тушиб, бизга мана шу манзилдан ер теккан эди. Марказдан четроқ бўлгани сабаб, қурбига қараб-да, келган — келди, қургани — қурди; келмагани, қуролмагани бировга «ҳадя» қилди, сотди, алмаштирди, хуллас, ажабтовур бир жамоа, маскан барпо бўлди. Серсув, унумдор ерлар. Биттагина имзо билан бунақа кўркам маъвони бизга ўхшаганларга тортиқ қилиб юборган амалдор, чамаси, ё шинам мансабхонасидан чиқиб келиб қаровсиз ётган бу «тупканинг туби»ни кўришга эринган, ё Э.Сафар тоифасидаги ғалвачилардан тезроқ қутулиш мақсадида арзанда имзосини босгану юборган. Агар чарвиси эришидан қўрқмай азза-базза келганида, уч-тўрт йил доманасида қандоқ обод масканга айланишини ҳечқурса бир тасаввур қилиб кўрганида борми, бу атрофда минбаъд биздақаларни учратолмас эдингиз! (Лофчироқ дотсентнинг айтишича, бир аср муқаддам бу ерлар машҳур Мирзакаримбойнинг ҳув Йўлчивой ғайрат кўрсатган серҳосил экинзори бўлган эмиш. Қайдам, бунинг тўғри-нотўғрилигини Ойбек домла тирик бўлганида, ўзларидан сўраш мумкин эди — бугун эса ишонмоқдан ўзга чорангиз йўқ.) Бир томони донгдор дам олиш уйининг девори билан тўсилган, бир томони — сердарахт санаторийга туташ. Этак тарафда эса қаторлашиб иморат тушган. Тап-тайёр қўрғон-да! Кимдир бу жой аҳлини қурама, аралаш дегандек гап қилган экан, маҳалланинг номи ўз-ўзидан «Аралашқўрғон» бўлиб кетди. Тўғри-да, дайди шопиру оддий нафақачидан тортиб, собиқ вазиру ваҳимали прокурорларгача шу ерда!

* * *

Мусофирнинг қизини ит қопмаганда биз ҳали-вери, кун тиккага келмагунча ўрнимиздан қўзғалмас эдик: шанба куни, бекорчилик, жайдари гурунг, ўйин завқи!

Ўтираверсак, тушдан нари қўрғон дарвозасида кумушранг «Ласетти» мошинаси кўринади. Каттакон! Шунда ҳамма бирдан сергак тортади, кимдир жойидан нимхез бўлиб, кимдир қўлини беихтиёр кўксига юбориб эҳтиром кўрсатади — катта одам-да!

Орқа ўриндиққа жойлашиб олган Каттакон, қаншарида қора кўзойнак, биз томонга ҳорғин ўгирилиб, нишонхўр доҳий таомилида эринчоққина қўл тўлғаб қўяди: ҳалиям ўтирибсизларми, ҳай, ўтираверинглар!
Унинг изидан биров ҳавас, биров ҳасад билан, кимдир эса завқ, аллақандай умидворлик аралаш тикилиб қолади. Баъзида бир чимдим ғийбат ҳам қилиб оламиз, лекин беозоргина: билиб бўладими, орамизда айғоқчиси ўтиргандир!

Бугун эса чорпояда одам йўқ эди, унинг ташрифидан ҳеч ким хабар топмади. Чорпояни кимсасиз ҳолда кўриб ўзи ҳам таажжублангандир. Бўлган ҳодисадан ҳали ғофил-да.

Каттакон деганимиз аслида хипчагина, ўртамиёна жуссали бир одам. Лекин дами-сиёсати зўр! Айтишларича, яқин-яқинга қадар вазир бўлган экан. Ҳозир ҳам чакана эмас — вазирликдан-да мойлироқ, чала, йўғ-э, деярли шахсий бир довруғдор корхонанинг хўжайини эмиш. Рўбарў келганингизда бошини бир ёнга солинтириб, афтингизга таажжублангандек, аммо беозор тикилиб тураверади. Бундай пайтда унча-мунча одам ундан савол сўрамоққа ҳам журъат этолмайди. Гўёки сўз бошласа, қандайдир хунук бир ҳол содир бўладигандек, баайни осмон узилиб ерга тушадигандек туюлаверади. Ўзи эса салом-аликдан бўлак гап гапирмайди. Вазмин, индамас. Ё писанд қилмасмикан? Ишқилиб, сирли одам. Каттакон-да!

Каттакон кунда-кунора, кўпинча кечки салқинда келар, бошида ёш-яланг расм қилган соябони сербар қалпоқча — бейсболка, калта шим — шорти кийиб олиб итининг атрофида гирдикапалак бўлиб юрар эди. Гоҳ асилзода серу синорлар мисоли, занжирларини шиқирлатиб арзандасини сайр қилдиради, гоҳ шундай салобатли одам ирғишлаб у билан ўйнашади, гоҳ, лабида сигарет, буклама курсичасида жониворга ўйчан тикилиб узоқ-узоқ ўтиради. Ит жинниси!

Бу эркатойни сайр қилдириш маросимини кўрсангиз! Аввал, яқинлашаётган балодан огоҳ этмоқчидек, Каттаконнинг серсалом ҳайдовчиси ўн-ўн беш қадам нарида учраган қўни-қўшнини четга суриб, йўл очади. Ҳамма девор-деворга қапишиб қолгач, гарданида — ялтироқ пистон қадалган эндор чарм бўйинбоғ, ҳар тарафга қараб ириллай-вишиллай, хўжаси етагида савлат билан итнинг ўзи ўтади.

Боз устига, ҳар куни айни чошгоҳ маҳали баланд дарвоза олдида кумушранг «Ласетти» пайдо бўлиб, йўлда кетаётиб ҳам қўрғонда кўринган одамга қўлини кўксига қўйиб салом берадиган кексароқ ҳайдовчи Синдбодга (итнинг лақаби шундай) азза-базза овқат келтиришини айтинг! Ит шундагина, тумшуғи тагидаги таомга андармон бўлибми, бир дам акиллашдан тинади. Қўрғон аҳли эса бирдан ҳушёр тортиб, хавотирга тушади: нима гап, тинчликмикан?

Гап шундаки, Синдбод бир кеча-кундузда икки мартагина омонат танаффус билан вакиллашдан тўхтайди. Хўжайини ёки серсалом ҳайдовчи келганида ва қўрғон аҳли уйқуга кетганда. Дарвоқе, шунда ҳам тинмайди, негаки, ухлаётган одамни тушида ит қувлаши мумкиндир, аммо бу пайтда у акиллаш сасини эшитмайди.

Э.Сафарнинг муваффақиятсизликка учраган (фактлари тасдиқланмади!) танқидий мақоласидан кейин ҳамма «Каттаконнинг кучуги» деб атай бошлаган бу махлуқ аслида жимитдеккина лайча ё жўн-жайдари кўппак эмас, накд йўлбарсдек келадиган бир бало! Жазавага тушиб вовуллаганида овози қўрғондаги жами иморат деворларида аксланиб, чор атрофдан баравар садо беради — худди қутурган итлар галаси ичида қолгандек бўласиз!

Каттаконнинг ўзи бу ерда муқим яшамайди. Ҳатто бир кеча ҳам келиб ётмаган. Гоҳо ҳордиқ кунлари калта-култа кийган бир тўп замонавий йигит-қиз қий-чув билан бассейнни бошига кўтариб шалоп-шулуп чўмилиб кетишини айтмаса, уйда деярли одам бўлмайди.

Қўрғон ичида бир «ичан қалъа»дек бу ҳовли маҳалланинг этак тарафида. Асли икки йил бурун қамалиб, қамоқда ўзини осиб қўйган ҳув номдор бойваччанинг кошонаси эди бу. Ҳовли энди гўёки мана шу баттол ит учунгина сотиб олинган — у кошонанинг қўриқчиси эмас, кошона унинг атиги бир бошпанаси эди.

Каттаконнинг маҳаллага аралашмаслигига сабаб димоғдорлигидан эмас, аввало, кўп ишли одам, бекорчи қартабозлигу сафсата сотиб ўтиришга фурсати йўқдир. Ҳовлисига келади-да, бирпас кучуги билан тиллашиб, кўнгил ёзиб кетади, вассалом. Наврўз арафасимиди, ҳалфана ош қилмоқ бўлиб уни ҳам таклиф этдик.

«Шунгаям майдалашиб ўтирадими?» дея, одатдагидек, ёнидан каттагина пул чиқарибди. Масаланинг моҳияти тушунтирилгач эса, буни расмийроқ бир тадбир фаҳмлаган чоғи, ростми-ёлғонми, оқсоқолнинг пичирлаб ахборот беришича, «Гапираманми? Нима дейин? Галстук-палстук тақиш шарт эмасми?» деб сўраган эмиш. «Қўйинг-э, ҳали шорти-порти кийиб анови бўрибосарини ҳам етаклаб келмаса эди!» деди кимдир энсаси қотиб. Йўқ, на ўзи, на бўрибосари кўринди — келмади. Шу-шу, биз ҳам кўникиб кетдик: сен — Исо, мен — Мусо.

Аммо инсоф билан гапирганда, Каттаконнинг бировга зиёни йўқ. Аксинча! Маҳалла аҳли номидан уни-буни важ келтириб, оқсоқол ундан пул ундиргани ундирган. Жуда сахий, серҳиммат одам. Қўрғонда бирон бир йўсинда ҳамият кўрсатмаган хонадони йўқ ҳисоби. Ким дарвозаси ёнида уюлиб ётган тсементидан сўрайди, ким — қолган ёғоч-тахтасини, ким — ташқари боғчасида саржинлаб қўйилган гулдор ғиштига ишқибоз, яна биров — омборхонасидаги ортиб қолган антиқа кафелига. Худди нимадир айби учун барчадан қарздордек, индамай борини чиқариб бераверади. Аломат ҳотамтой!

Каттаконнинг ҳиммат эшигини дастлаб очган одам мана шу оқсоқолимиз бўлади.

* * *

Энди-энди намознинг машқини олаётган оқсоқол тутила-тутила пешинликни ўқиб даҳлизга чиққанида, «таътил кунлари бувисига ёрдамга келган» қиз невараси бурчакда турган телефон гўшагини тутқазди:

— Анув, дотсент амаки.

— Ҳа домла, яна нима гап? — деди оқсоқол гўшакни қулоғига тутаркан, энсаси қотиброқ. Нима гаплигини эшитиб билгач эса, сўради: — Бу писмиқи шарт кимдан чикди ўзи?

— Айтсам, ишонмайсиз — қўшнигинамдан! — деди дотсент алланечук бадхоҳлик билан.

— Кесакдан — ўт денг? У кишимга нима экан? Ё савдогар билан бирон олди-бердиси борми?

— Унисини билмадим, оқсоқол, лекин дотсентликка ўтолмай аламзада бўлиб юргани аниқ. «Публикациям етмай қолди», дейди-ю, аслида бунингизнинг кавуши тўғрилаб қўйилган!

— Анови олибсотар нима қилмоқчи экан, хабарингиз йўқми?

— Ҳали эшикда турган эдим, «Дамас»ини ғизиллатиб шаҳарга жўнади. Дўкон-пўконида бир кор-ҳол рўй берган кўринади.

— Беш қўлингни оғзингга тиқмай ўл денг!

— Бу ёғи энди ўзингизга қолди, оқсоқол, — деди хабаркаш руҳлантирувчи оҳангда. — Бўшашмайсиз! Бирон чорасини топиш керак, ҳа! Биласиз, биз — сиз тараф. Ўшанда бизнинг девор масаласи ҳам ҳал бўлиб қолар-а, нима дедингиз?

— Ҳай, бир гап бўлар, домла, — дея гўшакни жойига қўяркан, оқсоқолнинг хуноби ошди: — Кампирнинг дарди — ғўзада. Бир қарич ерни деб қачондан бери бўғишасанлар. Ҳе, олим бўлмай ўлларинг!

Оқсоқол эран-қаран ҳовлига чиқиб, айвон четида помидор тузлаб ўтирган кампиридан сўради:
— Кенжанг кўринмайди? Яна биқиниб олиб шеър тўқияптими?

Ростдан ҳам, боя чойхонадан келганидан буён шу болага кўзи тушмади. Таътили бошлангач, қачон қараманг, айвон деворига ўрнатилган кўзгу олдида қўққайиб туриб сочини тарагани тараган. Ота эрталаб боғ этагида бетартиб қалашиб ётган анови темир-терсакни саранжомлаб қўйишни буюрган эди. Бари ўша-ўша аҳволда турибди.

— Ҳали подвалга тушиб кетгани, салқин деб. Боши оғриётганмиш. Сиздан сал олдинроқ аллатовур бўлиб кириб келди. Ранги ўчган. Қайдам.

— Чақир!

Зинапояда сочи ҳурпайиб кетган ёқавайрон ўғлини кўриб оқсоқолнинг баттар жиғибийрони чиқди:

— Нима қилиб ётибсиз, шоир?

— Нима қилай? — деди ўғил кўзини ишқаб. — Доим масхарага олаверасиз!
— Бугун сочлари тароқ кўрмагандай?

— Ҳадеб тарайверадими, деб уришасиз-ку ўзингиз!
— Давангирдек йигитнинг бекор шалпайиб юришини қаранг!

— Нима қил дейсиз, айтинг! — Ўғил кутилмаган-да ҳўнгиллаб юборди. — Шоир-шоир дейсиз, нима, анақага ўхшайманми?!

Оқсоқол бирдан бўшашди, аммо заҳрини охиригача сочмай қўймади:

— Мана шундай сасиб ётавер! Йигит эмиш! Йигит дегани бирор иш кўрсатмаса, йигит эканми?! Қоидаси. (Шунчаки, оталарча бир жавраш йўлида оғзидан чиқиб кетган бу гапига у кейин роса пушаймонлар еди.)

Оқсоқолнинг боши қотган, ўзи ҳам нима қилишини билмас эди. «Кимки шу кучук масаласини бир ёкли қилса — ўша бизга оқсоқол!» дебди-я анови писмиқ кўзойнак! Ўргилдим сиздай сайловчидан!

Ростини айтганда, азалдан оқсоқолнинг каттаконларга тоқати йўқ. Касаба уюшмаси раҳбари сифатида у умр бўйи оддий меҳнаткашларнинг манфаатини ҳимоя қилиб, завод директорлари билан олишиб келган. Афсуски, доим ён бермоққа, муросага мажбур бўлган. Акс ҳолда, ўша жонажон меҳнаткашларнинг ўзи унга қарши чиқиши, навбатдаги сайловда номзодини қўлламаслиги тайин эди.

Хўш, бугун-чи? Тўппа-тўғри Каттаконга рўбарў бўлиб, «Гап бундай, ака, кучугингизни гумдон қиласиз — маҳалла-кўйнинг талаби шу!» деб шартта айта оладими?

Аслида, бу — қулай бир имконият. Шу ишнинг уддасидан чиқолмаса — Аралашқўрғонда обрў-эътибор ҳам йўқ, оқсоқолликни ҳам тушингизда кўраверасиз!

Оқсоқол худ-бехуд, озода энгил-боши билан неваралари тупроғини ўйнатиб юборган яланг ҳовли саҳнига ўтириб қолди.

Бор-будини мана шу зормонда ҳовлига сарфлаб, оқсоқол бултур бир масалада танг аҳволга тушган эди. Бояги эркатой бир амаллаб ўқишга илинди-ю, шартнома пулини тўлашга келганда қўл савил калталик қилди. Боз устига, ёрдами тегдими, тегмадими, ўртада турган баччағар ҳам каттароқ сўраган эди. Шаҳардаги икки акадан эса рўшнолик йўқ, хотинлари ўраб-чирмаб олган. Ана шунда ночор қолган оқсоқол, қўшничилик баҳона, бахт — таваккал, бир оқшом Каттаконнинг ҳовлисига ўтиб борди. Уй эгаси, одатдагидек, итини ўйнатиб ўтирган экан. Ҳол-аҳвол сўрашув асноси «қурғур шартнома»дан сўз очганида Каттакон буклама курсисидан вазмин қўзғалиб, калта шимининг орқа чўнтагидан шартта бир даста кўк қоғоз чиқарди. Ваҳимага тушган оқсоқол «Йўқ, йўқ, нақди керак эмас!» дея туриб олгач, бир ҳафтага қолмай корхонасидан шартнома ҳақини кўчириб берди. «Қарздор бўлдик-да, икки-уч ойгина сабр қиларсиз» деган ўтинчга у «Э, қўяверинг, қўшничилик-ку!» дея бепарво қўл силтаб қўйган эди.

Бундан ташқари, унинг маҳаллага кўрсатган беминнат марҳаматлари-чи!

Шунча гапдан кейин қайга бориб бўлади, мусулмон? Яна денг, эртанги оқсоқоллик масаласи ҳам Каттаконнинг дамисиз битмаса керак! У тутун қайтарса, тамом, ишнинг пачаваси чиқади.

Боғ тарафдан, қўлида ликобча, ерга тўкилган ўрик қоқиларини териб келаётган кампири оқсоқолни бу алфозда кўриб, саросимада қолди:

— Вой, бу нима ўтириш?! Нима қилди сизга?

Шу чоғ деразадан неварасининг чинқироқ овози эшитилди:
— Дедул, дедул! Сизни анув мухбир амаки чақирвоттилар!

* * *

Аралашқўрғонда Каттакондан ҳеч нима ундирмаган, ундан қарздору тилқисиқ бўлмаган биргина одам бор эди: Э.Сафар!

Жамоатчи мухбир уйига келибоқ, бошини чангаллаб Каттаконнинг кучугига қарши чора изламоққа тушди. Бу балои баддан энг кўп жабр кўрадиган ўзи экан, ўйлаб қараса. Уйи нақд рўпарада, бир деворни демаса, худди ўзининг ҳовлисида вовуллаётгандек — чидаб кўринг-чи! Табиатан тажанг эмасми, туриб-туриб бақириб юборади: «Бўлди-э, падарингга лаънат!» Жониворнинг падари бетайин; тайини бўлганда ҳам бир тажангнинг ўшқириғини тушунармиди, парво қилармиди! Тушунадиган, парво қилиши мумкин бўлган «додаси» эса онда-сонда келади. У келадиган фурсатни мухбир яхши билади, бундай маҳалда дамини ичига ютади. Базўр. Чидайди.

Лекин бир куни чидаёлмади, тоқати тоқ бўлди — ўтириб олиб «Каттаконнинг кучуги» деган фелетоннамо мақола ёзди-да, ўзи ҳамкорлик қилиб турувчи серсаҳифа газетага олиб борди. Таниш муҳаррир уни ўқиб кўриб, «Хабар топсалар, акахонимиз биздан хафа бўладилар-а! Бунчалик экан, бир сиқим хамирми ё гўштга игна тиқиб олдига ташласангиз-ку, олам гулистон. Шунга ҳам газетами, Э.Сафар?! — дея матоҳини қўлига тутқазди. Қаламкашлик виждони қўзидими, кейин сал юмшаб, маслаҳат берди: — Майли, мана шу мўътабар газетамизни олдига тўшаб қўйинг, розиман. Қоронғи тушишини пойлаб-да». «Ия, олдига яқинлаштирармиди у баттол?!» деди Э.Сафар фиғон аралаш. Муҳаррир «билганингизни қилинг» дегандек ночоргина елка қисиб қўйди. Афтидан, Каттаконнинг яна бир ҳовлиси муҳарриримизнинг маҳалласида, у ердаги «хонанда»си бизникидан ҳам «хушовоз»роқ бўлса керак.

Жамоатчи мухбир бир муддат ўзича аразлаб, синашта газетаси билан алоқани узиб ҳам юрди.

Э.Сафар қўшни ҳовлидан келаётган муттасил вакиллаш остида бош қотира-қотира, бир йўлини топгандек бўлди. Каттаконга маҳалла аҳли номидан очиқ хат ёзиб мурожаат қилиш керак! Модомики, бирор кимса унга рўбарў бўлиб, дангал арз қилолмас экан, шундан ўзга чораси йўқ!

Мухбир бор қаламкашлик маҳоратини ишга солиб хомаки бир матн тузди. Жамоатчилик фикрининг ифодаси бўлмиш бу матнда андак лутф, жиндак илтимос, заррадеккина талаб ҳам бор эди. Бир жойига «Афсуски, мазкур ит ҳатто жамоатчи мухбир Э.Сафарнинг ижодий ишларига халал бермоқда» деган писанда ҳам қистириб кетилган.

Бу мурожаатнома-илтимоснома-талабномага биринчи бўлиб ўзи имзо чекди. Кейин, кечки «чойхонабазм»гача ҳам сабри чидамай, бирин-бирин қўшниларига қўнғироқ қила бошлади.

Дўкондор шаҳарда экан, хотини айтди. Магазинларидан биррав хабар олгани кетганмиш. Мана шу чала чойхона биқинида ҳам дўконча очмоқчи у ебтўймас. Бу ишда Каттакондан бирор нима ундириш илинжи ҳам йўқ эмасдир. Ахир, дўкончани бир балолар билан тўлдириш керак-ку, акс ҳолда, номи улуғ-у, супраси қуруқ бу каталакка ким қадам босарди?! Қолаверса, унга барибир — солиқчи ё мелисанинг дами қайтариб турилса, бир эмас, ўнта ит баравар вовуллаганда ҳам парво қилмайди у. Дўкон очишни ўйлайди. Фикр-зикри шу билангина банд.

Дайди шопир ҳам қаёққадир изғиб кетибди. Кучала қидирибмикан?

Боя чойхонада мардона шарт қўйган одам — фан номзоди хатга имзо чекишдан номардларча бош тортди. Каттакон унга телефон ўрнатишда ёрдам қилган экан — уздириб ташлаши мумкин! Номзод эса телефонсиз яшаёлмайди: шаҳарда онаси оғир ётган эмиш.

Дотсент гапни қисқа қилди:
— Келинг, мухбир, шу ишга аралаштирманг мени! Имзобозликка хушим йўқроқ. Бачканалик-ку бу!

Э.Сафар ҳам санчиб олди:
— Очиғини гапиравермайсизми, дўстим! Каттакон бизнинг директор билан қилўтмас қадрдон экан, деб керилган сиз эмасмидингиз?!

Оқсоқолликка даъвогар эса, мурожаатномани эшитгач, бир муддат оқсоқолларча мулоҳазага берилди-да, сўнг:

— Бетамизлик бўлмасмикан, мухбир укам? — дея истиҳола билдирди. — Ҳарҳолда, катта одам!
— Катта бўлса, итини тийиб қўйсин-да! Бир кучукнинг эвини қилолмайдими шундай одам?!

— Майли, майли, қизишмайлик, — деди оқсоқол тағин унинг юзига сув сепгандек. — Бундай қилсангиз-чи, Сафарбой — шу аризангиз сал имзосизроқ бўлсамикан?

Мухбир унинг оқсоқолларга хос эсарроқлигидан ранжимади — ҳозир бунинг мавриди ҳам эмас, аксинча, пандавақилигидан куйди:

— Имзосиз хат анонимка ҳисобланади, оқсоқол! — Ҳисобланаверсин, майли, лекин эгасига етгани ҳисоб-да!

— Хўп, ким етказади?
— Ким? — Оқсоқол яна мулоҳазага кетди. — Азза-базза қўлига бериш ноқулайми дейман-ов, мухбир укам.
Шугинани аста элтиб дарвозаси тагига ташлаб келинса қандоқ бўларкан-а?
— Ким ташлаб келади, хўш?

Оқсоқолдан садо чиқмади.
— Ўзлари-да!
— Мен?!
— Оқсоқолликка даъвогар бўлиб юрган сизми, менми?!

Гўшак бир зум жимиб қолди-да, кейин шиқ эткизиб қўйиб қўйилди.

Э.Сафар қўлидаги қоғозни парча-парча қилиб йиртдию югуриб ҳовлига чиқди, бор овози билан бўкириб юборди:

— Э, бўлди-э, падарингга лаънат! Фонограмма дегани ҳам бунчалик жонга тегмас!

* * *

Кечки қартабозлик базмига Э.Сафардан бошқа ҳамма йиғилган. Унинг қонбосими ошиб, уйида ётганмиш. Баттар бўлсин! Ёзғувчи, иғвогар!

Орамиздан ҳеч гап ўтмагандек, ҳаммамиз аҳил қўшни, жонажон улфат сиёғида ўтирибмиз. Ўша гурунг, ўша манзара. Янгилиги шуки, дайди шопирнинг айтишича, хонавайрон бўлаёзган дам олиш уйига бошқа директор тайинланибди. Жуда «крутой» эмиш.

Бироқ, серҳиммат дўкондор кўтариб келган оби-новвотга пичоқ санчилган заҳоти фавқулодда ҳол рўй берди: қўрғонимиз осойишталигига «файз» бағишлаб турган Каттаконнинг кучуги туйқус акиллашдан тўхтади-қолди! Жимжитлик! Ғалати бўлар экан — зарур бир нимасини йўқотиб қўйгандек ҳамма бир-бирига қараган, ҳамманинг қулоғи динг: тинчликмикан?

Хиёл ўтиб боғкўча тарафдан қиз боланинг чинқириғи келди:

— Дедул! Деду-ул! Сизни бабул чақирвоттилар. Тез келаркансиз! Те-эз!

— Оббо-о, невара-ку! — Эндигина ўртадаги қовунга қўл чўзган оқсоқол ўрнидан оғир қўзғалди. — Намунча? Ҳе, бабул-дедулингдан сени! Нима гап экан-а?

Салгинадан сўнг нима гаплиги маълум бўлди. Ақл бовар қилмайдиган гап! Оқсоқолнинг кенжа ўғли нақд Каттаконни отиб қўйибди!

Қовун сўйилганича, туз — тузлигича, валет — валетлигича, кўзир — кўзирлигича қолди, ҳамма бараварига ўрнидан туриб кетди.

Расво кун бўлди ўзи бугун!

Ростдан ҳам, чорак соатга етмай, кетма-кет иккита «Тез ёрдам» мошинаси зувиллаб шу тарафга ўтди. Хунук бир иш бўлганига энди шубҳа йўқ эди.

Эшитган борки, нима гаплигини билгиси, воқеа содир бўлган жойни ўз кўзи билан кўргиси келар, аммо яқин йўламоққа ҳеч кимнинг юраги дов бермас эди. Каттакондек одамники отган бўлса!..

Унча-мунча тафсилоти кечга борибгина, ёлғизликдан кўнгил сиқилиб, одам кўчага чиққиси, ким биландир дардлашгиси келаверадиган завол палласи чорпояга йиғилганимизда аёнлашди.

Оқсоқолнинг кенжаси Каттаконни отиб қўйгани рост экан. Лекин у Каттаконга нисбатан бирор ёмонлик қасдида бўлмаган, зинҳор-базинҳор — анови лаънати кучукни ўлдириш мақсадидагина борган. Секин ҳовлига яқинлашиб, кўча томондаги баланд, жимжимадор панжара билан ўралган боғчада жағи-жағига тегмай вакиллаб турган ярамасни мўлжаллаб тепкини босганида ногаҳон дарвозадан лоп этиб, қўлида ялоқ, Каттакон чиқиб қолган! Биров ўқ бориб унинг қўлига теккан, деса, бошқа биров (астаъфуруллоҳ!) нақд оғзига, дейди. Э.Сафарнинг ўзига ўхшаган тиниб-тинчимасроқ хотини Каттаконнинг оғиз-бурнидан қон оққанини девор тирқиши орқали кўрганмиш. Бўлса — бордир.

Асли, бунақа ҳодисанинг гувоҳи иккита бўлади: уни содир этганлару тепадаги Эгам. Тахмин-тусмоллар эса — мингта!

Милтиқ-чи, бола милтиқни қаёқдан олибди? Ертўлаларида занглаб ётган экан, ўшани топиб обдон тозалабди, мойлабди, чумчуқ отиш баҳонасида бир-икки дапқир ишлатиб ҳам кўрибди. Шундан кейингина… Бу майнаотарни эса оқсоқолга ҳов бир замонлар тажриба алмашгани Ирқутга борганида касабадош ошналари совға қилган экан. Совуқ қуролни оқсоқол ўшандоқ жойдан қандай опкелган денг? Совға қилган одам хатлаб ҳам бергандир. Атиги бир майда-мўлжал ов милтиғи бўлса, кўтариб келаверган-да.

Бола-чи, боланинг ўзи қаерда экан ҳозир? Ўша заҳоти жуфтакни урганмиш. Қаёққа қочганини ҳеч ким билмайди. Жиноят қилган-да! Мана, энди оқсоқолимиз кўчага чиқолмай, юрагини чангаллаб, устма-уст дори ютиб ўтирибди. «Мен айбдорман, мен айбдорман!» дер эмиш нуқул. Негадир мелисага хабар қилинмабди бу воқеа.

Хўш, шугина ўспириннинг бу даражага бориши, келиб-келиб Каттаконнинг кучугига милтиқ ўқталишига сабаб нима ўзи? Ўч олмоқчи бўлган. Мусофирнинг ҳалиги шўрлик қизига ошиқи беқарор эмиш-да бола! Кейинги кунларда унга атаб босим шеър битиб юрган экан. Э, шундай демайсизми! Ё тавбангдан кетай, кўнгил деганлари аломат нарса бўлар экан-да, а!

Эртаси куни — биз ҳамон чойхонамизда ўтирардик — матраб кўтарган беш-олти итқувар пайдо бўлиб, бу нохушликларнинг асл айбдори — Каттаконнинг ялмоғизини шовқин-сурон билан ёпиқ мошинага босиб кетди. Шунда қўрғон болакайларига худо берди — ҳов катта йўлга қадар мошинанинг кетидан вовуллаб боришди.

Орадан бир кунми, икки кун ўтиб, қўрғонда ҳайратомуз бир ваҳима тарқалди: эшитдингизми, Каттаконимиз қутурган эмиш! Арзанда кучугидан юқибди-да! («Баттар бўлсин! Қилмишига яраша!» деганлар ҳам топилди, қаранг.) Эрта-индин дўхтирлар келиб, маҳалладаги катта-кичик ҳаммадан қон олиб, текширувдан ўтказармиш. Демак, мусофирнинг қизи ҳам… Ҳа-да, нозикроқ жойидан қопган экан унинг, қирқ кун қорнидан укол олиб ётармиш-ку!

Умуман, бу савдоларда кўп нарса ноаён, жумбоқ эди. Ҳаётда ҳам шундай эмасми ўзи?

Каттаконимиз қайтиб қўрғонда кўринмади. Айтишларича, кошонасини сотувга қўйганмиш. Аввал, кимдир-биров уни сотиб олибди, деган гап ҳам чиқди. Бекор экан. Эгаси қимматроқ сўраганмиш. Роса танти, бағридарё одам эди-ку? Ўзи ҳеч кимга буюрмаган хосиятсизроқ ҳовли экан шу.

Каттаконнинг ғойиб бўлганидан қўрғонда кимдир хафа — мўлжаллаган не бир ишини битиролмай колган, кимдир хурсанд — берган қарзини қистаб қолиши мумкин бўлган дардисар энди йўқ. Одамгарчилик юзасидан унга ичи ачиганлар ҳам топилди, албатта.

Оқсоқолимиз ҳамон уйида чилла сақлаб ўтирибди. Кўнгли безовта. Мелисадан одам келиб қолмасмикан деб, дори ичгани ичган. Оқсоқоллик орзуларини энди хаёлига ҳам келтиролмайди. Ўғил эса аллақаёқларда қочиб юрибди. Биров Қозоғистонда эмиш, деса, кимдир Россия томонларга кетворган, дейди. Ишқилиб, номаълум.

Мусофирнинг ўртанча қизини икки ойлардан сўнг ота юртидаги аммасинингми, холасинингми, тутал-тутал, ғалчароқ ўғлига енг ичида узатиб юбордилар. Ким билиб ўтирибди — қишлоқ жой, лозим-позим кийиб юрар!

Дам олиш уйининг «крутой» директори бир куни тўрт ишчисини бошлаб келиб, ана шу савдоларнинг бевосита шоҳиди бўлган аломат сўримизни, тарихий ашё сифатида, қайтиб кўтариб кетди. «Ҳечқурса, бўёғимнинг пулини берсин!» дея талай вақт ғалва қилиб юрди дўкондор. Бу машмашани адолатли ҳал этмоқ қасдида қалам чархлаб борган Э.Сафарни кечқурун директорнинг мошинаси ўлардек маст аҳволда келтириб уйига ташлади. Шу-шу, дами ичига тушиб кетди жамоатчи мухбирнинг.

Эртаю кеч акиллаш садоларига тўлиб турган Аралашқўрғонимиз шу тариқа тинчиди-қолди.

10 AVGUST — O‘ZBЕKISTON XALQ YOZUVCHISI ERKIN A’ZAM TAVALLUD TOPGAN KUN

Erkin A’zam o‘z ijodini hikoyachilikdan boshlagan bo‘lib, bugunga qadar uning 40 dan ortiq hikoyalari e’lon qilindi. Adibning “Anoyining jaydari olmasi”, “Piyoda”, “Sovuq”, “Yozuvchi”, “Aralashqo‘rg‘on”, “Stupka” kabi hikoyalari o‘zbek hikoyanavisligining alohida sahifasini tashkil etadi.

BUQALAMUNNING BAHONALARI
Obid SHOFIYEV
Termiz universiteti tayanch doktoranti
090

Keyingi yillarda adabiyotshunosligimizda o‘zbek va jahon adabiyotini qiyosiy o‘rganishga doir bir qator tadqiqotlar yaratilayotganligiga guvoh bo‘lmoqdamiz. S.Meli , F.Jo‘rayeva , A.Qosimov , M.Sharafutdinova , Sh.To‘ychiyeva , M.Qo‘chqorova va boshqalarning ishlari fikrimizga dalil bo‘la oladi.

To‘g‘ri, bu boradagi ishlar sho‘ro davrida ham yaratilgan. Lekin bu ishlarning aksariyatida rus adabiyotining o‘zbek adabiyotiga ta’siri masalalari yetakchi bo‘lgani sir emas. Adabiy ta’sirning dunyo adabiyotida uchrashini inkor etmagan holda, qiyosiy adabiyotshunoslikning geneologiya va tipologiya ko‘rinishlari ham borligini aytib o‘tmoq lozim.

Ma’lumki, qiyosiy adabiyotshunoslikning nazariy asoslari XIX-XX asrlarda A.N.Veselovskiy, V.M.Jirmunskiy, N.Konrad, I.Neupokoyeva, A.Dima, D.Dyurishin kabi olimlar tadqiqotlarida o‘z aksini topgan. Ularning qiyosiy adabiyotshunoslikka oid nazariy tadqiqotlari bu sohaning metodologiyasi uchun asos vazifasini bajargan. Jumladan, adabiyotshunos Dioniz Dyurishin o‘zining “Teoriya sravnitelnogo izucheniya literaturы” (“Badiiy adabiyotni qiyosiy o‘rganish nazariyasi”) kitobida adabiyotni qiyosiy o‘rganishning ikki asosiy metodini ko‘rsatib, birini genetik adabiy aloqalar, ikkinchisini tipologik o‘xshashlik deb ajratgan .

Adabiyotshunos Baxtiyor Nazarov “Adabiy ta’sir va tipologik yaqinlikni o‘rganishning ayrim metodologik masalalariga doir” nomli maqolasida o‘zbek adabiyotshunosligida qiyosiy adabiyotshunoslikning metodologiyasi, uning o‘zbek adabiyotshunosligidagi ko‘rinishlari haqida to‘xtalib o‘tadi .

Adabiy ta’sir, genealogik va tipologik o‘xshashliklar vazifasiga ko‘ra bir-biridan farqlanadi. B. Nazarov “tipologiya – vaqt va manzil, davr va zamondan qat’i nazar, turlicha yaqin va uzoqlikdagi turli adiblar ijodi va milliy adabiyotlararo: dunyoqarash, irq, din taraqqiyotga bog‘lanmagan ravishda, ta’sir rol o‘ynamagan holda badiiy tafakkur xosliklarida zohir topuvchi ijodiy metod, yo‘nalish, oqim, ijod tipi va uslubdan tortib, har bir alohida san’atkor ijodida dunyo va insonni ko‘rish hamda ularni badiiy aks ettirish masalalarida namoyon bo‘luvchi yaqinlik, o‘xshashlik, muqobillik, hammonandlik, ayniyatdoshlikdir” , deya ta’rif beradi. Dioniz Dyurishin esa “Asarlarning badiiy-tipologik o‘xshashligi va farqi nafaqat adabiy oqim va janrlar nuqtai nazaridan, balki ularning g‘oyaviy-psixologik yo‘naltirilishida, personajlar xarakteristikasi, kompozitsiya va syujet qurilishida, motiv va obrazlar tizimi, badiiy usullar va vositalar kabi tarkibiy qismlarining qiyosida ham ko‘rilishi kerak”, degan fikrni ilgari suradi .

Erkin aka.jpgShu jihatdan, Erkin A’zamning “Aralashqo‘rg‘on” va rus yozuvchisi Anton Chexovning “Xameleon” hikoyalarini qiyosiy-tipologik aspektda o‘rganish maqsadga muvofiq.

Anton Pavlovich Chexov rus adabiyotining ulkan namoyandalaridan biri. Uning hikoyalari dunyo hikoyanavisligida alohida o‘rin tutadi. Chexovning badiiy mahorati dunyo adabiyotshunosligida keng o‘rganiladi. Albatta, o‘zbek adabiyotida, hikoyanavisligida Chexovning ta’siri katta. Buni Abdulla Qodiriy , Abdulla Qahhor va boshqalarning ijodida ko‘rishimiz mumkin. Abdulla Qahhor va Abdulla Qodiriy ham o‘z ijodida Chexovning adabiy ta’siri borligini ta’kidlab o‘tishgan. Jumladan, A.Qahhor bir qator hikoyalarining yuzaga kelishida Chexovning “muborak ko‘zoynagi” yordam berganligini e’tirof etgan. Albatta, bu masalalar o‘zbek adabiyotshunosligida keng o‘rganilgan bo‘lib, unga yana qayta to‘xtalmoqchi emasmiz. Chexov asarlarining o‘zbek adabiyotiga ta’siri masalalari yetarlicha o‘rganilgan. Lekin uni o‘zbek adabiyoti bilan qiyosiy-tipologik jihatdan o‘rganish ham adabiyotshunosligimizdagi bu boradagi tadqiqotlarni yanada boyitadi, deb o‘ylaymiz.

Erkin A’zam o‘z ijodini hikoyachilikdan boshlagan bo‘lib, bugunga qadar uning 40 dan ortiq hikoyalari e’lon qilindi. Adibning “Anoyining jaydari olmasi”, “Piyoda”, “Sovuq”, “Yozuvchi”, “Aralashqo‘rg‘on”, “Stupka” kabi hikoyalari o‘zbek hikoyanavisligining alohida sahifasini tashkil etadi.

“Aralashqo‘rg‘on” va “Xameleon” hikoyalari yozilish uslubi, vaqt va makon, kompozitsiyasi jihatidan bir-biridan farq qiladi. Lekin ular o‘rtasida ba’zi mushtaraklik, o‘xshash jihatlar ko‘zga tashlanadi. “Xameleon”da ham, “Aralashqo‘rg‘on”da ham kuchuk detal sifatida olingan. “Xameleonda” zargar Xryuginni qo‘lini kuchuk tishlab oladi. U bu tartibsizlik haqida politsiya nazoratchisi Ochumelovga shikoyat qiladi.

“Aralashqo‘rg‘on”da esa Kattakonning kuchugi Musofirning o‘rtancha qizini qopib oladi. Bu hodisa Aralashqo‘rg‘on “ahli”ni noroziligiga sabab bo‘ladi. Shu sabab, qolaversa, kuchukning akkilashidan bezor bo‘lgan aralashqo‘rg‘onliklar Kattakonga shikoyat qilmoqchi bo‘lib arznoma yozmoqchi bo‘ladi.

“Xameleon” va “Aralashqo‘rg‘on”da inson fe’l-atvori, xarakteridagi xameleonlik kuchuk detali yordamida ifodalanadi. Aslida, xameleon – kaltakesakning bir turi. Xameleon terisining rangini tez o‘zgartiradi va shu bilan yashab turgan joyining rangiga kirib oladi. Ko‘pincha vaziyatga qarab yoki biron manfaat sabab o‘z holati, xarakteri va atvorini tez o‘zgartiradigan insonlarga ham mazkur sifat beriladi.

“Xameleon” hikoyasi Abdulla Qodiriy va Abdulla Qahhor tomonidan o‘zbek tiliga tarjima qilingan. Abdulla Qodiriy tarjimada “Xameleon”ni “Buqalamun” tarzida bersa, A.Qahhor esa hikoya nomini aslida qoldiradi. Biz tahlilda Abdulla Qahhor tarjimasidagi matnni asos qilib oldik, shuning uchun hikoyani ham asl nomi bilan atashni ma’qul ko‘rdik.

A.Qodiriy o‘zining “O‘qish, o‘rganish” nomli maqolasida aynan ushbu hikoyaga alohida to‘xtalib o‘tar ekan, yozuvchining so‘z qo‘llashdagi mahoratini qayd etadi: “Hikoyani (“Buqalamun” – O.Sh.) “sersuv” (ko‘p suvli) qiladigan narsalardan biri ko‘rsatib o‘rniga so‘zlab berishdir. Agar Ochumilovning Xameleon ekanini uning so‘zlari orqali ko‘rsatilmasa, avtor tomonidan ta’riflansa, dunyo-dunyo so‘z ketar edi. Chexov buni o‘zi aytib bermasdan, Ochumilovning o‘z so‘zi bilan ko‘rsatadi” .

“Xameleon” dialog asosida qurilgan. Qo‘lida musodara qilingan mevalarni ko‘tarib kelayotgan gorodovoy (mirshab) Yeldirin bilan bozor maydonida ketayotgan politsiya nazoratchisi Ochumelov tartibsizlikning, ya’ni qo‘li qonga belangan, qandaydir kuchukni quvalab kelayotgan zargar Xryukinga duch keladi. Xryukin kuchuk qo‘lini tishlab olganligi haqida shikoyat qiladi. Hikoyaning qolgan qismi to‘laligicha dialogdan tarkib topgan bo‘lib, voqelik, hikoya qahramonining xarakteri shu dialoglarda namoyon bo‘ladi.
Dastlab bu “tartibsizlik”dan g‘azablangan Ochumelov, bu kuchukning egasini topib jazolamoqchi bo‘lib, uning egasini so‘raydi:

“ – …Sen (Yeldirin – O.Sh.) bu kuchukning egasini topib, protokol yoz! Kuchukni yo‘qotish kerak. Tezdan! Quturgan kuchuk bo‘lsa, ehtimol… Bu kimning kuchugi o‘zi?”

Kimdir bu general Jigalovniki deyilgandan so‘ng Xryukinga murojaat qiladi:
“– Qanday qilib barmog‘inga bo‘yi yetdi? U kichkina, sen bo‘lsang kap-katta odamsan! Sen balki barmog‘ingni mix bilan teshgandirsan. undan keyin kuchukni bahona qilib tovon olish fikri boshingga kelgandir” (39).

Gorodovoy bu generalning kuchugi emas, degandan so‘ng shunday deydi:
“– O‘zim ham bilaman. generalning itlari qimmatbaho zotli itlar, shu ham itmi? Buning aftini qara…”(39).

Yana generalning iti bo‘lsa kerak deyilganda:
“– Kuchuk degan narsa nozik maxluq bo‘ladi. Axmoqlik qilib, barmog‘ingni ko‘rsatib turishga hech qanday hojat yo‘q1 Ayb o‘zingda!..”(39-40).

Bu bahsga generalning oshpazi yakun yasab, bu it generalning ukasiniki ekanini aytganda Ochumelov Xryukinga qarab shunday deydi :

“– Ol, mana buning barmog‘ini tishla, xa-xa-xa… Nega titraysan? Ol, kish-kish! Ko‘rdingmi… jahli chiqadi-ya…”(40).

Ko‘rinib turibdiki, yozuvchi bu yerda aralashmagan, hech qanday izoh bermagan. Dialoglarning o‘zida ham voqelik ochilgan, ham Ochumelovning qiyofasi namoyon bo‘lgan. Bu yozuvchining so‘z qo‘llashdagi ulkan mahorati samarasidir.
Adib politsiya nazoratchisi Ochumelov qiyofasida har narsada manfaatni ko‘zlaydigan, vaziyatga qarab ish tutadigan, o‘z maqsadi uchun amaldorlar oldida turli qiyofaga kiradigan obrazni gavdalantiradi.

Aslida buqalamunnusxa odamlar har bir davrda, har bir jamiyatda uchraydi. Bunday odamlar xuddi xameleon sharoitga qarab o‘z rangini, tusini o‘zgartirgani holda o‘z holati, xarakterini tez o‘zgartiradi. Biron amaldor oldida o‘z maqsadini ko‘zlab har xil “tus”ga kiradi, o‘z manfaatini umummanfaatidan ustun ko‘radi.

Yuqorida ta’kidlanganidek, “Aralashqo‘rg‘on”da Kattakonning kuchugi Musofirning qizini tishlab oladi. Xuddi “Xameleon”da bo‘lganidek, asosiy voqelik shu detal atrofida kechadi. “Aralashqo‘rg‘on”da esa itning egasi ma’lum. Hikoyada bir obrazni alohida ajratish qiyin. Voqelik bir necha obrazlar vositasida aks ettiriladi. “Aralashqo‘rg‘on” qahramonlari turli toifa, kasb kishilari: gazetaning jamoatchi muxbiri E.Safar (xat-xabarlari shunday imzo bilan chiqadi), ikki nafar fan nomzodi (biri dotsent), “uch-to‘rt churvaqasiga rizq qidirib yurt kezadigan “daydi” shopir, yangi zamondan ruhlanib, ko‘zi tushgan joyda do‘kon ochishni maqsad qilgan do‘kondor, sobiq kasaba uyushmasi arbobi – oqsoqol. Bu “aralashqo‘rg‘on” ahli Kattakonning kuchugini qanday yo‘qotish haqida bahs olib borib, bu muammoni yechgan kishi oqsoqol bo‘lish shartini qo‘yadi. Har kim o‘z taklifini aytar ekan, uni amalga oshirishga kelganda o‘zini chetga oladi.

Kattakonning itini yo‘qotish ustida bosh qotirgan, buning chorasini izlashga tushib ketgan “mahalla” ahlining keyingi nutqlarida “buqalamunlik”, ya’ni o‘zgaruvchanlikni ko‘ramiz.

“Aralashqo‘rg‘on” ahli orasida birgina Kattakon oldida “tili qisiq” bo‘lmagan muxbir E.Safar kuchukni yo‘qotish to‘g‘risida murojaatnoma yozadi.

Jamoatchi muxbir murojaatnomoga imzo chektirish maqsadida “qo‘rg‘on” ahlini izlaganda ularning asl qiyofasi ayonlashadi: Daydi shopir ham qayoqqadir izg‘ib ketibdi. Boya choyxonada mardona shart qo‘ygan odam – fan nomzodi xatga imzo chekishdan nomardlarcha bosh tortdi. Kattakon unga telefon o‘rnatishda yordam qilgan ekan – uzdirib tashlashi mumkin! . Dotsent gapni qisqa qildi: – Keling, muxbir, shu ishga aralashtirmang meni! Imzobozlikka hushim yo‘qroq. Bachkanalik-ku bu!” desa, oqsoqolikka da’vogar Oqsoqolning esa “– Betamizlik bo‘lmasmikan, muxbir ukam?” – degan fikrlari aslida ularning buqalamunnusxa ekanligini ifodalaydi.

Har ikkala hikoyada ham jamiyatdagi buqalamunnusxa odamlar obrazi gavdalantirar ekan, bunday illatlar til, din, irq tanlamasligiga yana bir bor amin bo‘lasiz. Chexov va E.A’zam bunday obrazlar qiyofasini turli rakurslarda ochib beradi.

Har ikkala hikoyadagi o‘xshashliklarni tahlil qilar ekanmiz, bir haqiqatni anglab yetmiz. Insonlar turli qit’alarda, makonlarda, sharoitlarda yashasada; rangi, dini, tili turli-turli bo‘lsalar-da, xulq-atvori, xarakteri, o‘ylari, dardlari, orzu-armonlari o‘xshash. Insonga xos jamiki fazilat-u illatlar ham bir xil. Shunday ekan, badiiy asarlardagi bunday o‘xshashlik va mushtaraklikka aslo ko‘chirmachilik, plagiatlik deb qaramaslik kerak. Asarlarni bunday muqoyasada o‘rganish ijodkorning badiiy mahoratini baholashdagi muhim mezonlardan biri ekanligini unutmaslik lozim. Zero, mashhur rus tanqidchisi V.G.Belinskiy ta’kidlaganidek “narsalarning qadri bir-biriga qiyos qilinganda yaxshi bilinadi. Agar ikki yozuvchi bir turda ijod qilib, bir-biriga qandaydir o‘xshashligi bor ekan, binobarini ularni parallel joylarga qo‘yib bir-birini qiyosan baholashdan boshqa iloj yo‘q; eng odil tarozi shu” .

Chexovning “Xameleon” hikoyasi mana bir asrdan mo‘lroq vaqtdan buyon dunyo kitobxonlarini hayratga solib kelayotgan bo‘lsa, E.A’zamning “Aralashqo‘rg‘on” hikoyasi ham ana shunday vaqt sinovlaridan o‘ta oladigan asar bo‘lishiga shubha yo‘q.

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2016-yil №12

11403168_934141903293956_7513127844489355439_n.jpgErkin A’ZAM
ARALASHQO‘RG‘ON
090

Erkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog‘li Boysunda tug‘ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (hozir O‘zbekiston Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo‘lim muharriri, G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va Sanat nashriyotida tahririyat mudiri bo‘ldi. 1992—1994 yillarda O‘zbekiston milliy axborot agentligida bosh direktori o‘rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O‘zbekiston Oliy Majlisi deputati.
«Chiroqlar o‘chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (1999), «Pakananing oshiq ko‘ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to‘plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», «Suv yoqalab», «Zabarjad», «Jannat qaydadir»“Parizod” va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat-insoniy erk, har qanday zo‘ravonlikka munsabat masalasidir.

090

Ashampoo_Snap_2017.08.07_16h53m25s_004_a.pngMusofirning o‘rtancha qizini Kattakonning kuchugi qopgani xabari kelganda biz qo‘rg‘on og‘zidagi qo‘lbola choyxonamizda qartabozlik bilan mashg‘ul edik.

Ie, qachon? Qanday qilib? O‘sal emasmikan? Hamma taajjubda: jonivorning jag‘i bir zum tinmagan edi-ku, akillay turib ham qopar ekanmi?

Hamma birdan g‘azabga mindi.

— Bedodlik! Borib turgan bedodlik bu! — dedi jamoatchi muxbir E.Safar o‘rnidan sapchib. — Bir bechora musofirning bolasini-ya! Yozish kerak! Yozaman!

— O‘tiring, inim, — deya uni bosib qo‘ydi oqsoqol. — Keyin yozarsiz. Darvoqe, bir urinib ham ko‘ruvdingiz shekilli? Avval bunday bir maslahatini qilaylik. Qoidasi shu.

U har ishning qonun-qoidasini biladi, shuning uchun ham oqsoqollikka da’vogar. Masalan, «Mana shu ariq» deb gap boshlasangiz, «Ariqlik-ka-ku arig‘-a, lekin ichida suv ham oqadi-da» degan qabilda aql o‘rgatishni yaxshi ko‘radi.

— Buni bir balo qilmasak, tinchlik yo‘q, akaxonlar, — dedi daydi shopir. — O‘zim o‘ldiraman! Kuchala topsam, bas!

— Shaharma-shahar yurasiz, bir chimdim kuchala yoki margimush qahat bo‘ptimi?!

Fan nomzodining 6u gapiga dotsentning azaliy g‘ayirligi qo‘zidi:

— Tavba! Kuchala ana — Eskijo‘vada! Surmaning suyug‘iyu ignaning teshigidan o‘tgan tuyagacha topiladi! Kuchala shart ekanmi, jimjiloqdek keladigan igna ham kifoya-ku! Bir changal xamir yo bir tuyur go‘shtga joylabgina!

— Voy, voy, oldin u kasofatga yaqin borishni ayting! — deya vahima qildi fan nomzodi.

— Hovliqmanglar, birodarlar, — dedi doimiy murosasoz oqsoqol. — Avval Kattakonning oldilaridan bir o‘taylik. Qoidasi.

— Nima deb o‘tasiz u kishimning oldilaridan? — dedi sipo o‘tirgan do‘kondor ensasi qotib. Bugun uning ishi yurishmagan — bir yillik mo‘ljali amalga oshmay, qo‘rg‘onda ikir-chikir do‘koncha ochishga doir qog‘ozlari atama ulashuvchi idoradan yana qaytgan, jamoatchilik asosida javlon uradigan ezmaroq alloma «Hemiri bir attorlikka Temurxon naslidan bo‘lmish sulton Ulug‘bekning muborak nomini qo‘ymoq — gunohi azim, supermarket ochsangiz, ana unda o‘ylab ko‘rarmiz», deya dilini xufton qilgan edi; «Kenja o‘g‘limning oti — Ulug‘bek» degan vaj-korsoni xisobga olinmadi. Bu yokda esa, hali dargumon yotgan oqsoqollik dastmoyasiga u xam da’vogar. — Xo‘sh, itingizga kuchala yo igna berib o‘ldirsak maylimi, deb so‘raysizmi?

— Shunchalik nodon ekanmiz-da, a? — dedi oqsoqol pinhona raqibiga oshkora o‘qrayib. So‘ng asli yo‘q etagini qoqqandek qo‘l siltab chorpoyadan tushdi-da, kasaba uyushmasi a’zolari, yo‘g‘-e, ahil mahalla ahlini bebosh-etakchisiz qoldirib, hovlisiga qarab jo‘nadi.

O‘zini o‘zi saylagan oqsoqolning ztak silkib ketishi — arazi chorpoyadagilarni hovurdan tushirmadi.

— Kattakonning shpioni bu odam! — deb qo‘ydi uning ortidan do‘kondor.

— Qandoq bedodlig-a! — derdi kasbi yuzasidan ham adolattalab E.Safar fig‘oni oshib. — Sho‘rlikning bolasi!

— Boz ustiga, musofir bo‘lsa!

— Shuni ayting! Ota bolam-chaqam deb ertayu kech to‘rva ko‘tarib poy-piyoda bozorga qatnagani qatnagan. O‘zi bor-yo‘g‘i manovi sanatoriyga qorovul. Pulni qayoqdan toparkan-a?

Kimning qayoqdan nimani qanday topishi ham bizning mavzumiz zdi.

— O‘zi shu odam nega musofir? Qay go‘rdan kelgan? — deb qoldi daydi shopir.

— Kim bilsin, biror poyiz-moyizga osilib kelgan-da, keyin musofir atalib ketgandir, — dedi o‘zi ham asli allaqayoqlik bo‘lgan dotsent. — U yog‘ini so‘rasangiz, hammamiz ham musofirmiz, og‘ayni. — Keyin alohida bir ta’kid bilan qo‘shib qo‘ydi: — Bu dunyoda.

Xuddi devor ortida turib bu gap-so‘zlarni eshitgandek, shu payt qo‘rg‘on darvozasi og‘zida musofirning o‘zi ko‘rindi. Bo‘lgan kor-holdan bexabar, odatdagidek, yelkasida bozorto‘rva, parvoyi falak, munkaygancha lo‘killab kelyapti.

Hamma birdan hushyor tortdi. Lekin hech kim og‘iz ochib churq etmasdi. Nima desin? Hali hodisaning tafsiloti aniq emas. Balki, kuchuk anchayin bir hamla qilgandir o‘quvchi qizga, qo‘rqitgandir, xolos. Noxush gapga suyunchi olib nima zaril? Mana, o‘zi hozir uyiga boradi, eshitadi, xabar topadi, vassalom.

Chorpoyaga yondosh kelganda yukini yerga qo‘yib, musofir biz tarafga bir ta’zim qildiyu yana to‘rvasini yelkalab qo‘rg‘on oralay yo‘rtib ketdi.

Hamisha shunday: salomini beradi-da, o‘tadi-ketadi. Ko‘chib kelganiga bir yillardan oshgan, ammo mahallaga aralashmaydi. Aralashgulik holi ham yo‘q — musofir-da.

O‘zi bir g‘arib musofir-u, ajabtovur koshonada yashaydi. Aytishlaricha, kattaroq lavozimda o‘tirgan prokuror qarindoshining pinhona hovlisini yomon ko‘zlardan qo‘riqlash uchun atay ko‘chib kelgan bu yerga. Qaydam, qo‘rg‘onda bunaqa hovli-joy yagona emas: kimdir-birov nomigagina yashab turadi, asl egasini esa dunyoga jar solib axtarganda ham topolmaysiz!

Qarang, shunday ko‘rimsiz, pachoqqina odamning husnda biri biridan ziyoda uch qizi borki, qo‘rg‘ondagi jami bo‘zbola shularga oshiqu shaydo! Mana, endi o‘sha qurmagurlarning o‘rtanchasiga Kattakonning arzanda iti chang solib o‘tiribdi!

Ota boriboq qo‘ng‘iroq qilgan shekilli, bir mahal qo‘rg‘on darvozasida «Tez yordam» moshinasi paydo bo‘ldi. U chorpoya yonidan shuvillab o‘tib bog‘ko‘chaga sho‘ng‘idiyu hayal o‘tmay iziga qaytdi. Moshinaning yon derazalariga oq parda tutilgan, ichida kimlar borligini ko‘rib bo‘lmas edi.

Davrada hodisaning tafsilotiga qiziqish kuchayib turganda do‘kondorning qayoqqadir otlangan yasan-tusan xotini o‘tib qoldi. Tergamoq uchun uning yo‘lini to‘sib chiqqan er qaytib kelib, masalaga uncha-muncha oydinlik kiritdi.

Endi ma’lum bo‘lishicha, kamxarj qo‘lga ul-bul berib, albatta, Kattakon hovlisini qo‘riqlashni, tabiiyki, anovi jag‘ing tinmagur la’natiga ham ovqat-povqat tashlab turishni musofirga topshirib qo‘ygan ekan. Qiz sho‘rlik suyak-puyak ko‘tarib borsa, ko‘cha bo‘yidagi panjara bilan o‘ralgan bog‘chada bog‘log‘liq yotgan kasofat yechilib ketganmi, g‘ippa tish solibdi! Qayeriga? Ishkal, ishkal. Harholda, qiz bola, nozikroq joyi emish.
— Obbo-o! — Otashin E.Safar sakrab joyidan turdi. Nafaqaga chiqqunicha jamoatchi muxbir maktabda boshlang‘ich sinflarga dars bergan, bunga tug‘ma jizzakiligi ham qo‘shilib, xiyla asabiy bo‘lib kolgan edi. — Bu ishga endi ko‘z yumib bo‘lmaydi, o‘rtoqlar, darhol bir chorasini ko‘rishimiz kerak! Men — yozaman! Kattakon bo‘lsa — o‘ziga! Bu nima bedodlik, axir?!

Davra ahli battar mutaassir bo‘lib, junbushga keldi. Endi qartabozlikka ham xush qolmagan edi. Barchaning ko‘nglida mubham bir isyon hissi alangalanar, lekin aniq nima qilmoq kerakligini hech kim bilmas edi.

— Bugunoq kuchala topmasam, meni bu davrada qaytib ko‘rmaysizlar! — deb yubordi olis manzillarda chambarak aylantirib yuraverish jabridan chapaniroq bo‘lib ketgan daydi shopir. — Aytib bo‘ladimi, bizdayam churvaqadan uch-to‘rttasi bor!

— Halitdan oqsoqollik talashguncha, manovi kuchuk masalasini hal qilishni o‘ylash kerak, — dedi tabiatan muloyimroq fan nomzodi kutilmaganda. — Kelinglar, kimki shu kuchukni bir yoqli qilsa — o‘sha bizga oqsoqol, o‘shani saylaymiz! Gap shu!

Hukmdek yangragan bu gapdan hamma lol, birin-ketin chorpoyani tark etdik.

* * *

«Biz» deganimiz — biz, E.Safarning ta’biricha, «mana shu xalqning bir bo‘lagi». Muxbirimiz to‘g‘ri aytadi: sobiq kasaba uyushmasi arbobi — oqsoqol, negadir kamdan-kam odam o‘qiydigan sersahifa gazetaning jamoatchi muxbiri E.Safar (xat-xabarlari shunday imzo bilan chiqadi), ikki nafar fan nomzodi (biri dotsent), «uch-to‘rt churvaqa»siga rizq qidirib yurt kezadigan daydi shopir, yangi zamondan ruhlanib, ko‘zi tushgan joyda do‘kon ochishni maqsad qilgan do‘kondor va hokazolar — xalq bo‘lmay nima?!

Biz shanba-yakshanba kunlari goh choshgoh, goh oqshom chog‘i mana shu qo‘lbola choyxonamizda to‘planib qartabozlik qilamiz: «durak», «pirra» deganday. Do‘kondor aralashib qolganda o‘rtaga pul-mul ham tikiladi. Mahallamizning to‘ng‘ich fuqarolaridan hisoblangan oqsoqol sermeva hovlisidan bir likob olma yo uch-to‘rt bosh uzum ko‘tarib keladi. Choy ko‘pincha yaqinroq manzildan — yonma-yon yashaydigan ikki fan zahmatkashining uyidan chiqadi. Galma-gal. Qip-qizil «Damas»ida shahardagi «to‘chka»laridan xabar olib qaytgan do‘kondor yonimizdan o‘tayotib bir-ikki shisha anovi sabildan tashlab ketadi. Keyin pomidor-bodring ko‘tarib xonaki kiyimda o‘zi ham safimizga qo‘shiladi. Hali ro‘yxatdan o‘tmagan bo‘lsa-da, bippa-binoyi, beminnatgina choyxona!

O‘yin asnosi undan-bundan gurung ketadi. Asosan, qo‘rg‘onimizni tezroq mahalla sifatida rasmiylashtirish, choyxonamizni epaqaga solib, atrofini obodonlashtirish, iloji bo‘lsa, kelajakda yoniga ixchamroq bir hujra ham qo‘shish kabi hozircha xom xayollar. Xo‘sh, kim qiladi bu yumushlarni? Mahallani ro‘yxatdan o‘tkazishni-ku muxbirimizga yuklasak bo‘ladi: tilli-jag‘li, qo‘lida qalami bor, o‘zi ham chaqqongina. Boshqa masalalarda kimdan imdod so‘rash kerak? Ie, Kattakonimiz-chi! Bizga qo‘shilib qarta o‘ynamasa ham, o‘zidan bilib, mana, qo‘rg‘onning og‘zini ikki yondan silliq g‘isht bilan bejirim qilib ko‘tarib, gajakdor temir qopqa o‘rnatib berdi-ku, bu yog‘iga ham qarab turmas! Mahallada elektr, gaz yo telefonga aloqador nimaiki muammo yoki chiqim bo‘lsa — doim shu odam balogardon. Dalolat qilib borgan oqsoqolimizdan surishtirib ham o‘tirmay, darrov cho‘ntak kavlaydi. Ha-a, nimasini aytasiz, zo‘r odam, olijanob! Faqat shu kuchugi bezor qildi-da, it egasiga o‘xshamas ekan.

Iya, oshini yeganingizdan keyin o‘chog‘ining tutuniga ham chidaysiz-da, bratan! Chidaymiz, chidaymiz, quloqlar ham o‘rganib qoldi o‘zi. Shugina bir zum akillashdan to‘xtasa, nimasinidir yo‘qotganga o‘xshaydi odam. Bu ham mahallaning bir fayzi-da. Mayli, akillasa — akillayversin, vovullasa — vovullayversin. Kuchuk bo‘lgandan keyin akillaydi-da — vazifasi. Qaytaga yaxshi — zamon qaltis, har xil yot nusxa bu yoqlarga doriyolmaydi. Akillasin! Shunday deysiz-u, ammo rosa…

Nihoyat, asosiy masalaga o‘tiladi. Mahallaning nomi-ku tayin — «Aralashqo‘rg‘on», bunga atama ulashuvchi anovi idora e’tiroz bildirmasa kerak; xo‘sh, oqsoqollikka kimni saylaymiz? Ana shunda davra bir qalqib, ikki tarafga bo‘linadi. O‘rtadagi ko‘ziru jo‘ker, chilligu tappon-mapponlar aralashib-chalkashib ketadi. O‘yin o‘z-o‘zidan barham topib, har ishning qoida-rasamadini biladigan, nimagadir rahbarlik qilmasa turolmaydigan oqsoqolimiz bilan davri kelib do‘kondor bo‘lgan qo‘shnimiz goh pinhona, goh oshkora cho‘qisha boshlaydi. Unisi rahbarlik tajribasini pesh qiladi, bunisi — temir sandiqqa bosayotgan sarmoyasini. Biz — tomoshabin, biz — muallaq bir tarafkash. Aslida, bizga baribir. Biz — oddiy xalq-da!

Tajribakor oqsoqolga qarshi zamona zayliga mos ilg‘or fitna usullarini qo‘llab mohirona kurashayotgan do‘kondor dam-badam ko‘rkam chorpoyaga ko‘z qirini tashlab, panjara bo‘yoqlarini silab-silab ko‘yadi.
Chorpoya — benihoya kengish, bahaybat, baquvvat. Boz ustiga — naqshinkor, qadimiy, shohona degulik. Buni chegaradoshimiz bo‘lmish tashlandiq dam olish uyidan yetti-sakkiz kishi arang ko‘tarib kelganmiz. To‘g‘rirog‘i, devordan oshirib olganmiz. Bepoyon bog‘ning shox-shabba bosgan xilvat bir go‘shasida oyoqlari sinib, bo‘yoqlari ko‘chib yotgan edi. Dastlab buning daragini keltirgan — daydi shopir. Toliqtirarli safarlardan qaytganida u churvaqalarining chug‘ur-chug‘uridan qochib temir-beton devordan lippa osharkanu soya-salqinda qiyshayib yotgan mana shu shaloq chorpoyada uxlay-uxlay miriqib olar ekan. Bekor yotgan bu matohni mehnatkashlar tasarrufiga o‘tkazish tashabbuskori esa, tabiiyki, sobiq kasaba uyushmasining xalqparvar arbobi — oqsoqol edi. Qolgan dahmazalarni, o‘z navbatida, do‘kondor zimmasiga oldi. O‘zi bosh bo‘lib chorpoyani qayta ta’mirlatdi, ustma-ust ikki qatla zangori tusga bo‘yatdi. Qarabsizki, futur yetgan, yaroqsiz bir uyum yog‘och, bamisoli, lo‘lilarning qo‘lidan o‘tib bozorga chiqqan qo‘tir-qirchang‘idan guldek samanga aylandi-qoldi. «Bosh usta»ning surbetlarcha pisandasiga ko‘ra, bu ishga yarim «ko‘ba» asil taxta, olti kilocha nemis bo‘yog‘i sarflanganmish. Qani, sendan nima chiqdi, mirquruq oqsoqol?

Dotsentimizning lof urishicha, bir zamonlar dehqondan yetishgan, eski chorig‘ini eshik tepasiga osib qo‘yib, muhtasham mansabxonasiga kirganda ham, chiqqanda ham peshonasini urib o‘tadigan do‘lvor davlat arbobi mana shu chorpoyada yonboshlab choyxo‘rlik qilishni yaxshi ko‘rar ekan. Ishchi-dehqon saltanatini mustahkamlash tashvishlaridan horigach, biqiningizdagi xumchoynakda «raisi» choy, tepangizdagi asriy arg‘uvon yaproqlariga tikilib, porloq kela-jak haqida shirin xayollar surish qandoq maza, qandoq huzurbaxsh! Bugun esa, mana, shu chorpoyada biz o‘tiribmiz — o‘sha bobomiz orzu qilgan zamon vakillari. O‘rtada qarta, fikru zikrimiz — kimnidir «ahmoq»qa chiqarish. Tuzni joyiga qo‘yib qo‘ying! Ha-a, ana shunday! Valet ko‘zir sizdanmi? Ko‘tarasiz, davay! Hozirgina damangizni bosdim-ku! Ko‘z bormi, ko‘z? G‘irromlik ham evi bilan-da, o‘rtoq! Yo‘q! Yo‘q dedimmi, yo‘q! Mening qo‘lim edi! Bo‘lmasa, qarta qaytadan suziladi, tamom! Mana, o‘zim bir chiylab beray!

Bu olaquroq toifa qaydan paydo bo‘lgan o‘zi?

Uzoq yili shahardagi uy-joyimiz yangi «halqa» yo‘liga tushib, bizga mana shu manzildan yer tekkan edi. Markazdan chetroq bo‘lgani sabab, qurbiga qarab-da, kelgan — keldi, qurgani — qurdi; kelmagani, qurolmagani birovga «hadya» qildi, sotdi, almashtirdi, xullas, ajabtovur bir jamoa, maskan barpo bo‘ldi. Sersuv, unumdor yerlar. Bittagina imzo bilan bunaqa ko‘rkam ma’voni bizga o‘xshaganlarga tortiq qilib yuborgan amaldor, chamasi, yo shinam mansabxonasidan chiqib kelib qarovsiz yotgan bu «tupkaning tubi»ni ko‘rishga eringan, yo E.Safar toifasidagi g‘alvachilardan tezroq qutulish maqsadida arzanda imzosini bosganu yuborgan. Agar charvisi erishidan qo‘rqmay azza-bazza kelganida, uch-to‘rt yil domanasida qandoq obod maskanga aylanishini hechqursa bir tasavvur qilib ko‘rganida bormi, bu atrofda minba’d bizdaqalarni uchratolmas edingiz! (Lofchiroq dotsentning aytishicha, bir asr muqaddam bu yerlar mashhur Mirzakarimboyning huv Yo‘lchivoy g‘ayrat ko‘rsatgan serhosil ekinzori bo‘lgan emish. Qaydam, buning to‘g‘ri-noto‘g‘riligini Oybek domla tirik bo‘lganida, o‘zlaridan so‘rash mumkin edi — bugun esa ishonmoqdan o‘zga chorangiz yo‘q.) Bir tomoni dongdor dam olish uyining devori bilan to‘silgan, bir tomoni — serdaraxt sanatoriyga tutash. Etak tarafda esa qatorlashib imorat tushgan. Tap-tayyor qo‘rg‘on-da! Kimdir bu joy ahlini qurama, aralash degandek gap qilgan ekan, mahallaning nomi o‘z-o‘zidan «Aralashqo‘rg‘on» bo‘lib ketdi. To‘g‘ri-da, daydi shopiru oddiy nafaqachidan tortib, sobiq vaziru vahimali prokurorlargacha shu yerda!

* * *

Musofirning qizini it qopmaganda biz hali-veri, kun tikkaga kelmaguncha o‘rnimizdan qo‘zg‘almas edik: shanba kuni, bekorchilik, jaydari gurung, o‘yin zavqi!

O‘tiraversak, tushdan nari qo‘rg‘on darvozasida kumushrang «Lasetti» moshinasi ko‘rinadi. Kattakon! Shunda hamma birdan sergak tortadi, kimdir joyidan nimxez bo‘lib, kimdir qo‘lini beixtiyor ko‘ksiga yuborib ehtirom ko‘rsatadi — katta odam-da!

Orqa o‘rindiqqa joylashib olgan Kattakon, qansharida qora ko‘zoynak, biz tomonga horg‘in o‘girilib, nishonxo‘r dohiy taomilida erinchoqqina qo‘l to‘lg‘ab qo‘yadi: haliyam o‘tiribsizlarmi, hay, o‘tiraveringlar!
Uning izidan birov havas, birov hasad bilan, kimdir esa zavq, allaqanday umidvorlik aralash tikilib qoladi. Ba’zida bir chimdim g‘iybat ham qilib olamiz, lekin beozorgina: bilib bo‘ladimi, oramizda ayg‘oqchisi o‘tirgandir!

Bugun esa chorpoyada odam yo‘q edi, uning tashrifidan hech kim xabar topmadi. Chorpoyani kimsasiz holda ko‘rib o‘zi ham taajjublangandir. Bo‘lgan hodisadan hali g‘ofil-da.

Kattakon deganimiz aslida xipchagina, o‘rtamiyona jussali bir odam. Lekin dami-siyosati zo‘r! Aytishlaricha, yaqin-yaqinga qadar vazir bo‘lgan ekan. Hozir ham chakana emas — vazirlikdan-da moyliroq, chala, yo‘g‘-e, deyarli shaxsiy bir dovrug‘dor korxonaning xo‘jayini emish. Ro‘baro‘ kelganingizda boshini bir yonga solintirib, aftingizga taajjublangandek, ammo beozor tikilib turaveradi. Bunday paytda uncha-muncha odam undan savol so‘ramoqqa ham jur’at etolmaydi. Go‘yoki so‘z boshlasa, qandaydir xunuk bir hol sodir bo‘ladigandek, baayni osmon uzilib yerga tushadigandek tuyulaveradi. O‘zi esa salom-alikdan bo‘lak gap gapirmaydi. Vazmin, indamas. Yo pisand qilmasmikan? Ishqilib, sirli odam. Kattakon-da!

Kattakon kunda-kunora, ko‘pincha kechki salqinda kelar, boshida yosh-yalang rasm qilgan soyaboni serbar qalpoqcha — beysbolka, kalta shim — shorti kiyib olib itining atrofida girdikapalak bo‘lib yurar edi. Goh asilzoda seru sinorlar misoli, zanjirlarini shiqirlatib arzandasini sayr qildiradi, goh shunday salobatli odam irg‘ishlab u bilan o‘ynashadi, goh, labida sigaret, buklama kursichasida jonivorga o‘ychan tikilib uzoq-uzoq o‘tiradi. It jinnisi!

Bu erkatoyni sayr qildirish marosimini ko‘rsangiz! Avval, yaqinlashayotgan balodan ogoh etmoqchidek, Kattakonning sersalom haydovchisi o‘n-o‘n besh qadam narida uchragan qo‘ni-qo‘shnini chetga surib, yo‘l ochadi. Hamma devor-devorga qapishib qolgach, gardanida — yaltiroq piston qadalgan endor charm bo‘yinbog‘, har tarafga qarab irillay-vishillay, xo‘jasi yetagida savlat bilan itning o‘zi o‘tadi.

Boz ustiga, har kuni ayni choshgoh mahali baland darvoza oldida kumushrang «Lasetti» paydo bo‘lib, yo‘lda ketayotib ham qo‘rg‘onda ko‘ringan odamga qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib salom beradigan keksaroq haydovchi Sindbodga (itning laqabi shunday) azza-bazza ovqat keltirishini ayting! It shundagina, tumshug‘i tagidagi taomga andarmon bo‘libmi, bir dam akillashdan tinadi. Qo‘rg‘on ahli esa birdan hushyor tortib, xavotirga tushadi: nima gap, tinchlikmikan?

Gap shundaki, Sindbod bir kecha-kunduzda ikki martagina omonat tanaffus bilan vakillashdan to‘xtaydi. Xo‘jayini yoki sersalom haydovchi kelganida va qo‘rg‘on ahli uyquga ketganda. Darvoqe, shunda ham tinmaydi, negaki, uxlayotgan odamni tushida it quvlashi mumkindir, ammo bu paytda u akillash sasini eshitmaydi.

E.Safarning muvaffaqiyatsizlikka uchragan (faktlari tasdiqlanmadi!) tanqidiy maqolasidan keyin hamma «Kattakonning kuchugi» deb atay boshlagan bu maxluq aslida jimitdekkina laycha yo jo‘n-jaydari ko‘ppak emas, nakd yo‘lbarsdek keladigan bir balo! Jazavaga tushib vovullaganida ovozi qo‘rg‘ondagi jami imorat devorlarida akslanib, chor atrofdan baravar sado beradi — xuddi quturgan itlar galasi ichida qolgandek bo‘lasiz!

Kattakonning o‘zi bu yerda muqim yashamaydi. Hatto bir kecha ham kelib yotmagan. Goho hordiq kunlari kalta-kulta kiygan bir to‘p zamonaviy yigit-qiz qiy-chuv bilan basseynni boshiga ko‘tarib shalop-shulup cho‘milib ketishini aytmasa, uyda deyarli odam bo‘lmaydi.

Qo‘rg‘on ichida bir «ichan qal’a»dek bu hovli mahallaning etak tarafida. Asli ikki yil burun qamalib, qamoqda o‘zini osib qo‘ygan huv nomdor boyvachchaning koshonasi edi bu. Hovli endi go‘yoki mana shu battol it uchungina sotib olingan — u koshonaning qo‘riqchisi emas, koshona uning atigi bir boshpanasi edi.

Kattakonning mahallaga aralashmasligiga sabab dimog‘dorligidan emas, avvalo, ko‘p ishli odam, bekorchi qartabozligu safsata sotib o‘tirishga fursati yo‘qdir. Hovlisiga keladi-da, birpas kuchugi bilan tillashib, ko‘ngil yozib ketadi, vassalom. Navro‘z arafasimidi, halfana osh qilmoq bo‘lib uni ham taklif etdik.

«Shungayam maydalashib o‘tiradimi?» deya, odatdagidek, yonidan kattagina pul chiqaribdi. Masalaning mohiyati tushuntirilgach esa, buni rasmiyroq bir tadbir fahmlagan chog‘i, rostmi-yolg‘onmi, oqsoqolning pichirlab axborot berishicha, «Gapiramanmi? Nima deyin? Galstuk-palstuk taqish shart emasmi?» deb so‘ragan emish. «Qo‘ying-e, hali shorti-porti kiyib anovi bo‘ribosarini ham yetaklab kelmasa edi!» dedi kimdir ensasi qotib. Yo‘q, na o‘zi, na bo‘ribosari ko‘rindi — kelmadi. Shu-shu, biz ham ko‘nikib ketdik: sen — Iso, men — Muso.

Ammo insof bilan gapirganda, Kattakonning birovga ziyoni yo‘q. Aksincha! Mahalla ahli nomidan uni-buni vaj keltirib, oqsoqol undan pul undirgani undirgan. Juda saxiy, serhimmat odam. Qo‘rg‘onda biron bir yo‘sinda hamiyat ko‘rsatmagan xonadoni yo‘q hisobi. Kim darvozasi yonida uyulib yotgan tsementidan so‘raydi, kim — qolgan yog‘och-taxtasini, kim — tashqari bog‘chasida sarjinlab qo‘yilgan guldor g‘ishtiga ishqiboz, yana birov — omborxonasidagi ortib qolgan antiqa kafeliga. Xuddi nimadir aybi uchun barchadan qarzdordek, indamay borini chiqarib beraveradi. Alomat hotamtoy!

Kattakonning himmat eshigini dastlab ochgan odam mana shu oqsoqolimiz bo‘ladi.

* * *

Endi-endi namozning mashqini olayotgan oqsoqol tutila-tutila peshinlikni o‘qib dahlizga chiqqanida, «ta’til kunlari buvisiga yordamga kelgan» qiz nevarasi burchakda turgan telefon go‘shagini tutqazdi:

— Anuv, dotsent amaki.

— Ha domla, yana nima gap? — dedi oqsoqol go‘shakni qulog‘iga tutarkan, ensasi qotibroq. Nima gapligini eshitib bilgach esa, so‘radi: — Bu pismiqi shart kimdan chikdi o‘zi?

— Aytsam, ishonmaysiz — qo‘shniginamdan! — dedi dotsent allanechuk badxohlik bilan.

— Kesakdan — o‘t deng? U kishimga nima ekan? Yo savdogar bilan biron oldi-berdisi bormi?

— Unisini bilmadim, oqsoqol, lekin dotsentlikka o‘tolmay alamzada bo‘lib yurgani aniq. «Publikatsiyam yetmay qoldi», deydi-yu, aslida buningizning kavushi to‘g‘rilab qo‘yilgan!

— Anovi olibsotar nima qilmoqchi ekan, xabaringiz yo‘qmi?

— Hali eshikda turgan edim, «Damas»ini g‘izillatib shaharga jo‘nadi. Do‘kon-po‘konida bir kor-hol ro‘y bergan ko‘rinadi.

— Besh qo‘lingni og‘zingga tiqmay o‘l deng!

— Bu yog‘i endi o‘zingizga qoldi, oqsoqol, — dedi xabarkash ruhlantiruvchi ohangda. — Bo‘shashmaysiz! Biron chorasini topish kerak, ha! Bilasiz, biz — siz taraf. O‘shanda bizning devor masalasi ham hal bo‘lib qolar-a, nima dedingiz?

— Hay, bir gap bo‘lar, domla, — deya go‘shakni joyiga qo‘yarkan, oqsoqolning xunobi oshdi: — Kampirning dardi — g‘o‘zada. Bir qarich yerni deb qachondan beri bo‘g‘ishasanlar. He, olim bo‘lmay o‘llaring!

Oqsoqol eran-qaran hovliga chiqib, ayvon chetida pomidor tuzlab o‘tirgan kampiridan so‘radi:
— Kenjang ko‘rinmaydi? Yana biqinib olib she’r to‘qiyaptimi?

Rostdan ham, boya choyxonadan kelganidan buyon shu bolaga ko‘zi tushmadi. Ta’tili boshlangach, qachon qaramang, ayvon devoriga o‘rnatilgan ko‘zgu oldida qo‘qqayib turib sochini taragani taragan. Ota ertalab bog‘ etagida betartib qalashib yotgan anovi temir-tersakni saranjomlab qo‘yishni buyurgan edi. Bari o‘sha-o‘sha ahvolda turibdi.

— Hali podvalga tushib ketgani, salqin deb. Boshi og‘riyotganmish. Sizdan sal oldinroq allatovur bo‘lib kirib keldi. Rangi o‘chgan. Qaydam.

— Chaqir!

Zinapoyada sochi hurpayib ketgan yoqavayron o‘g‘lini ko‘rib oqsoqolning battar jig‘ibiyroni chiqdi:

— Nima qilib yotibsiz, shoir?

— Nima qilay? — dedi o‘g‘il ko‘zini ishqab. — Doim masxaraga olaverasiz!
— Bugun sochlari taroq ko‘rmaganday?

— Hadeb tarayveradimi, deb urishasiz-ku o‘zingiz!
— Davangirdek yigitning bekor shalpayib yurishini qarang!

— Nima qil deysiz, ayting! — O‘g‘il kutilmagan-da ho‘ngillab yubordi. — Shoir-shoir deysiz, nima, anaqaga o‘xshaymanmi?!

Oqsoqol birdan bo‘shashdi, ammo zahrini oxirigacha sochmay qo‘ymadi:

— Mana shunday sasib yotaver! Yigit emish! Yigit degani biror ish ko‘rsatmasa, yigit ekanmi?! Qoidasi. (Shunchaki, otalarcha bir javrash yo‘lida og‘zidan chiqib ketgan bu gapiga u keyin rosa pushaymonlar yedi.)

Oqsoqolning boshi qotgan, o‘zi ham nima qilishini bilmas edi. «Kimki shu kuchuk masalasini bir yokli qilsa — o‘sha bizga oqsoqol!» debdi-ya anovi pismiq ko‘zoynak! O‘rgildim sizday saylovchidan!

Rostini aytganda, azaldan oqsoqolning kattakonlarga toqati yo‘q. Kasaba uyushmasi rahbari sifatida u umr bo‘yi oddiy mehnatkashlarning manfaatini himoya qilib, zavod direktorlari bilan olishib kelgan. Afsuski, doim yon bermoqqa, murosaga majbur bo‘lgan. Aks holda, o‘sha jonajon mehnatkashlarning o‘zi unga qarshi chiqishi, navbatdagi saylovda nomzodini qo‘llamasligi tayin edi.

Xo‘sh, bugun-chi? To‘ppa-to‘g‘ri Kattakonga ro‘baro‘ bo‘lib, «Gap bunday, aka, kuchugingizni gumdon qilasiz — mahalla-ko‘yning talabi shu!» deb shartta ayta oladimi?

Aslida, bu — qulay bir imkoniyat. Shu ishning uddasidan chiqolmasa — Aralashqo‘rg‘onda obro‘-e’tibor ham yo‘q, oqsoqollikni ham tushingizda ko‘raverasiz!

Oqsoqol xud-bexud, ozoda engil-boshi bilan nevaralari tuprog‘ini o‘ynatib yuborgan yalang hovli sahniga o‘tirib qoldi.

Bor-budini mana shu zormonda hovliga sarflab, oqsoqol bultur bir masalada tang ahvolga tushgan edi. Boyagi erkatoy bir amallab o‘qishga ilindi-yu, shartnoma pulini to‘lashga kelganda qo‘l savil kaltalik qildi. Boz ustiga, yordami tegdimi, tegmadimi, o‘rtada turgan bachchag‘ar ham kattaroq so‘ragan edi. Shahardagi ikki akadan esa ro‘shnolik yo‘q, xotinlari o‘rab-chirmab olgan. Ana shunda nochor qolgan oqsoqol, qo‘shnichilik bahona, baxt — tavakkal, bir oqshom Kattakonning hovlisiga o‘tib bordi. Uy egasi, odatdagidek, itini o‘ynatib o‘tirgan ekan. Hol-ahvol so‘rashuv asnosi «qurg‘ur shartnoma»dan so‘z ochganida Kattakon buklama kursisidan vazmin qo‘zg‘alib, kalta shimining orqa cho‘ntagidan shartta bir dasta ko‘k qog‘oz chiqardi. Vahimaga tushgan oqsoqol «Yo‘q, yo‘q, naqdi kerak emas!» deya turib olgach, bir haftaga qolmay korxonasidan shartnoma haqini ko‘chirib berdi. «Qarzdor bo‘ldik-da, ikki-uch oygina sabr qilarsiz» degan o‘tinchga u «E, qo‘yavering, qo‘shnichilik-ku!» deya beparvo qo‘l siltab qo‘ygan edi.

Bundan tashqari, uning mahallaga ko‘rsatgan beminnat marhamatlari-chi!

Shuncha gapdan keyin qayga borib bo‘ladi, musulmon? Yana deng, ertangi oqsoqollik masalasi ham Kattakonning damisiz bitmasa kerak! U tutun qaytarsa, tamom, ishning pachavasi chiqadi.

Bog‘ tarafdan, qo‘lida likobcha, yerga to‘kilgan o‘rik qoqilarini terib kelayotgan kampiri oqsoqolni bu alfozda ko‘rib, sarosimada qoldi:

— Voy, bu nima o‘tirish?! Nima qildi sizga?

Shu chog‘ derazadan nevarasining chinqiroq ovozi eshitildi:
— Dedul, dedul! Sizni anuv muxbir amaki chaqirvottilar!

* * *

Aralashqo‘rg‘onda Kattakondan hech nima undirmagan, undan qarzdoru tilqisiq bo‘lmagan birgina odam bor edi: E.Safar!

Jamoatchi muxbir uyiga keliboq, boshini changallab Kattakonning kuchugiga qarshi chora izlamoqqa tushdi. Bu baloi baddan eng ko‘p jabr ko‘radigan o‘zi ekan, o‘ylab qarasa. Uyi naqd ro‘parada, bir devorni demasa, xuddi o‘zining hovlisida vovullayotgandek — chidab ko‘ring-chi! Tabiatan tajang emasmi, turib-turib baqirib yuboradi: «Bo‘ldi-e, padaringga la’nat!» Jonivorning padari betayin; tayini bo‘lganda ham bir tajangning o‘shqirig‘ini tushunarmidi, parvo qilarmidi! Tushunadigan, parvo qilishi mumkin bo‘lgan «dodasi» esa onda-sonda keladi. U keladigan fursatni muxbir yaxshi biladi, bunday mahalda damini ichiga yutadi. Bazo‘r. Chidaydi.

Lekin bir kuni chidayolmadi, toqati toq bo‘ldi — o‘tirib olib «Kattakonning kuchugi» degan feletonnamo maqola yozdi-da, o‘zi hamkorlik qilib turuvchi sersahifa gazetaga olib bordi. Tanish muharrir uni o‘qib ko‘rib, «Xabar topsalar, akaxonimiz bizdan xafa bo‘ladilar-a! Bunchalik ekan, bir siqim xamirmi yo go‘shtga igna tiqib oldiga tashlasangiz-ku, olam guliston. Shunga ham gazetami, E.Safar?! — deya matohini qo‘liga tutqazdi. Qalamkashlik vijdoni qo‘zidimi, keyin sal yumshab, maslahat berdi: — Mayli, mana shu mo‘’tabar gazetamizni oldiga to‘shab qo‘ying, roziman. Qorong‘i tushishini poylab-da». «Iya, oldiga yaqinlashtirarmidi u battol?!» dedi E.Safar fig‘on aralash. Muharrir «bilganingizni qiling» degandek nochorgina yelka qisib qo‘ydi. Aftidan, Kattakonning yana bir hovlisi muharririmizning mahallasida, u yerdagi «xonanda»si biznikidan ham «xushovoz»roq bo‘lsa kerak.

Jamoatchi muxbir bir muddat o‘zicha arazlab, sinashta gazetasi bilan aloqani uzib ham yurdi.

E.Safar qo‘shni hovlidan kelayotgan muttasil vakillash ostida bosh qotira-qotira, bir yo‘lini topgandek bo‘ldi. Kattakonga mahalla ahli nomidan ochiq xat yozib murojaat qilish kerak! Modomiki, biror kimsa unga ro‘baro‘ bo‘lib, dangal arz qilolmas ekan, shundan o‘zga chorasi yo‘q!

Muxbir bor qalamkashlik mahoratini ishga solib xomaki bir matn tuzdi. Jamoatchilik fikrining ifodasi bo‘lmish bu matnda andak lutf, jindak iltimos, zarradekkina talab ham bor edi. Bir joyiga «Afsuski, mazkur it hatto jamoatchi muxbir E.Safarning ijodiy ishlariga xalal bermoqda» degan pisanda ham qistirib ketilgan.

Bu murojaatnoma-iltimosnoma-talabnomaga birinchi bo‘lib o‘zi imzo chekdi. Keyin, kechki «choyxonabazm»gacha ham sabri chidamay, birin-birin qo‘shnilariga qo‘ng‘iroq qila boshladi.

Do‘kondor shaharda ekan, xotini aytdi. Magazinlaridan birrav xabar olgani ketganmish. Mana shu chala choyxona biqinida ham do‘koncha ochmoqchi u yebto‘ymas. Bu ishda Kattakondan biror nima undirish ilinji ham yo‘q emasdir. Axir, do‘konchani bir balolar bilan to‘ldirish kerak-ku, aks holda, nomi ulug‘-u, suprasi quruq bu katalakka kim qadam bosardi?! Qolaversa, unga baribir — soliqchi yo melisaning dami qaytarib turilsa, bir emas, o‘nta it baravar vovullaganda ham parvo qilmaydi u. Do‘kon ochishni o‘ylaydi. Fikr-zikri shu bilangina band.

Daydi shopir ham qayoqqadir izg‘ib ketibdi. Kuchala qidiribmikan?

Boya choyxonada mardona shart qo‘ygan odam — fan nomzodi xatga imzo chekishdan nomardlarcha bosh tortdi. Kattakon unga telefon o‘rnatishda yordam qilgan ekan — uzdirib tashlashi mumkin! Nomzod esa telefonsiz yashayolmaydi: shaharda onasi og‘ir yotgan emish.

Dotsent gapni qisqa qildi:
— Keling, muxbir, shu ishga aralashtirmang meni! Imzobozlikka xushim yo‘qroq. Bachkanalik-ku bu!

E.Safar ham sanchib oldi:
— Ochig‘ini gapiravermaysizmi, do‘stim! Kattakon bizning direktor bilan qilo‘tmas qadrdon ekan, deb kerilgan siz emasmidingiz?!

Oqsoqollikka da’vogar esa, murojaatnomani eshitgach, bir muddat oqsoqollarcha mulohazaga berildi-da, so‘ng:

— Betamizlik bo‘lmasmikan, muxbir ukam? — deya istihola bildirdi. — Harholda, katta odam!
— Katta bo‘lsa, itini tiyib qo‘ysin-da! Bir kuchukning evini qilolmaydimi shunday odam?!

— Mayli, mayli, qizishmaylik, — dedi oqsoqol tag‘in uning yuziga suv sepgandek. — Bunday qilsangiz-chi, Safarboy — shu arizangiz sal imzosizroq bo‘lsamikan?

Muxbir uning oqsoqollarga xos esarroqligidan ranjimadi — hozir buning mavridi ham emas, aksincha, pandavaqiligidan kuydi:

— Imzosiz xat anonimka hisoblanadi, oqsoqol! — Hisoblanaversin, mayli, lekin egasiga yetgani hisob-da!

— Xo‘p, kim yetkazadi?
— Kim? — Oqsoqol yana mulohazaga ketdi. — Azza-bazza qo‘liga berish noqulaymi deyman-ov, muxbir ukam.
Shuginani asta eltib darvozasi tagiga tashlab kelinsa qandoq bo‘larkan-a?
— Kim tashlab keladi, xo‘sh?

Oqsoqoldan sado chiqmadi.
— O‘zlari-da!
— Men?!
— Oqsoqollikka da’vogar bo‘lib yurgan sizmi, menmi?!

Go‘shak bir zum jimib qoldi-da, keyin shiq etkizib qo‘yib qo‘yildi.

E.Safar qo‘lidagi qog‘ozni parcha-parcha qilib yirtdiyu yugurib hovliga chiqdi, bor ovozi bilan bo‘kirib yubordi:

— E, bo‘ldi-e, padaringga la’nat! Fonogramma degani ham bunchalik jonga tegmas!

* * *

Kechki qartabozlik bazmiga E.Safardan boshqa hamma yig‘ilgan. Uning qonbosimi oshib, uyida yotganmish. Battar bo‘lsin! Yozg‘uvchi, ig‘vogar!

Oramizdan hech gap o‘tmagandek, hammamiz ahil qo‘shni, jonajon ulfat siyog‘ida o‘tiribmiz. O‘sha gurung, o‘sha manzara. Yangiligi shuki, daydi shopirning aytishicha, xonavayron bo‘layozgan dam olish uyiga boshqa direktor tayinlanibdi. Juda «krutoy» emish.

Biroq, serhimmat do‘kondor ko‘tarib kelgan obi-novvotga pichoq sanchilgan zahoti favqulodda hol ro‘y berdi: qo‘rg‘onimiz osoyishtaligiga «fayz» bag‘ishlab turgan Kattakonning kuchugi tuyqus akillashdan to‘xtadi-qoldi! Jimjitlik! G‘alati bo‘lar ekan — zarur bir nimasini yo‘qotib qo‘ygandek hamma bir-biriga qaragan, hammaning qulog‘i ding: tinchlikmikan?

Xiyol o‘tib bog‘ko‘cha tarafdan qiz bolaning chinqirig‘i keldi:

— Dedul! Dedu-ul! Sizni babul chaqirvottilar. Tez kelarkansiz! Te-ez!

— Obbo-o, nevara-ku! — Endigina o‘rtadagi qovunga qo‘l cho‘zgan oqsoqol o‘rnidan og‘ir qo‘zg‘aldi. — Namuncha? He, babul-dedulingdan seni! Nima gap ekan-a?

Salginadan so‘ng nima gapligi ma’lum bo‘ldi. Aql bovar qilmaydigan gap! Oqsoqolning kenja o‘g‘li naqd Kattakonni otib qo‘yibdi!

Qovun so‘yilganicha, tuz — tuzligicha, valet — valetligicha, ko‘zir — ko‘zirligicha qoldi, hamma baravariga o‘rnidan turib ketdi.

Rasvo kun bo‘ldi o‘zi bugun!

Rostdan ham, chorak soatga yetmay, ketma-ket ikkita «Tez yordam» moshinasi zuvillab shu tarafga o‘tdi. Xunuk bir ish bo‘lganiga endi shubha yo‘q edi.

Eshitgan borki, nima gapligini bilgisi, voqea sodir bo‘lgan joyni o‘z ko‘zi bilan ko‘rgisi kelar, ammo yaqin yo‘lamoqqa hech kimning yuragi dov bermas edi. Kattakondek odamniki otgan bo‘lsa!..

Uncha-muncha tafsiloti kechga boribgina, yolg‘izlikdan ko‘ngil siqilib, odam ko‘chaga chiqqisi, kim bilandir dardlashgisi kelaveradigan zavol pallasi chorpoyaga yig‘ilganimizda ayonlashdi.

Oqsoqolning kenjasi Kattakonni otib qo‘ygani rost ekan. Lekin u Kattakonga nisbatan biror yomonlik qasdida bo‘lmagan, zinhor-bazinhor — anovi la’nati kuchukni o‘ldirish maqsadidagina borgan. Sekin hovliga yaqinlashib, ko‘cha tomondagi baland, jimjimador panjara bilan o‘ralgan bog‘chada jag‘i-jag‘iga tegmay vakillab turgan yaramasni mo‘ljallab tepkini bosganida nogahon darvozadan lop etib, qo‘lida yaloq, Kattakon chiqib qolgan! Birov o‘q borib uning qo‘liga tekkan, desa, boshqa birov (asta’furulloh!) naqd og‘ziga, deydi. E.Safarning o‘ziga o‘xshagan tinib-tinchimasroq xotini Kattakonning og‘iz-burnidan qon oqqanini devor tirqishi orqali ko‘rganmish. Bo‘lsa — bordir.

Asli, bunaqa hodisaning guvohi ikkita bo‘ladi: uni sodir etganlaru tepadagi Egam. Taxmin-tusmollar esa — mingta!

Miltiq-chi, bola miltiqni qayoqdan olibdi? Yerto‘lalarida zanglab yotgan ekan, o‘shani topib obdon tozalabdi, moylabdi, chumchuq otish bahonasida bir-ikki dapqir ishlatib ham ko‘ribdi. Shundan keyingina… Bu maynaotarni esa oqsoqolga hov bir zamonlar tajriba almashgani Irqutga borganida kasabadosh oshnalari sovg‘a qilgan ekan. Sovuq qurolni oqsoqol o‘shandoq joydan qanday opkelgan deng? Sovg‘a qilgan odam xatlab ham bergandir. Atigi bir mayda-mo‘ljal ov miltig‘i bo‘lsa, ko‘tarib kelavergan-da.

Bola-chi, bolaning o‘zi qayerda ekan hozir? O‘sha zahoti juftakni urganmish. Qayoqqa qochganini hech kim bilmaydi. Jinoyat qilgan-da! Mana, endi oqsoqolimiz ko‘chaga chiqolmay, yuragini changallab, ustma-ust dori yutib o‘tiribdi. «Men aybdorman, men aybdorman!» der emish nuqul. Negadir melisaga xabar qilinmabdi bu voqea.

Xo‘sh, shugina o‘spirinning bu darajaga borishi, kelib-kelib Kattakonning kuchugiga miltiq o‘qtalishiga sabab nima o‘zi? O‘ch olmoqchi bo‘lgan. Musofirning haligi sho‘rlik qiziga oshiqi beqaror emish-da bola! Keyingi kunlarda unga atab bosim she’r bitib yurgan ekan. E, shunday demaysizmi! Yo tavbangdan ketay, ko‘ngil deganlari alomat narsa bo‘lar ekan-da, a!

Ertasi kuni — biz hamon choyxonamizda o‘tirardik — matrab ko‘targan besh-olti itquvar paydo bo‘lib, bu noxushliklarning asl aybdori — Kattakonning yalmog‘izini shovqin-suron bilan yopiq moshinaga bosib ketdi. Shunda qo‘rg‘on bolakaylariga xudo berdi — hov katta yo‘lga qadar moshinaning ketidan vovullab borishdi.

Oradan bir kunmi, ikki kun o‘tib, qo‘rg‘onda hayratomuz bir vahima tarqaldi: eshitdingizmi, Kattakonimiz quturgan emish! Arzanda kuchugidan yuqibdi-da! («Battar bo‘lsin! Qilmishiga yarasha!» deganlar ham topildi, qarang.) Erta-indin do‘xtirlar kelib, mahalladagi katta-kichik hammadan qon olib, tekshiruvdan o‘tkazarmish. Demak, musofirning qizi ham… Ha-da, nozikroq joyidan qopgan ekan uning, qirq kun qornidan ukol olib yotarmish-ku!

Umuman, bu savdolarda ko‘p narsa noayon, jumboq edi. Hayotda ham shunday emasmi o‘zi?

Kattakonimiz qaytib qo‘rg‘onda ko‘rinmadi. Aytishlaricha, koshonasini sotuvga qo‘yganmish. Avval, kimdir-birov uni sotib olibdi, degan gap ham chiqdi. Bekor ekan. Egasi qimmatroq so‘raganmish. Rosa tanti, bag‘ridaryo odam edi-ku? O‘zi hech kimga buyurmagan xosiyatsizroq hovli ekan shu.

Kattakonning g‘oyib bo‘lganidan qo‘rg‘onda kimdir xafa — mo‘ljallagan ne bir ishini bitirolmay kolgan, kimdir xursand — bergan qarzini qistab qolishi mumkin bo‘lgan dardisar endi yo‘q. Odamgarchilik yuzasidan unga ichi achiganlar ham topildi, albatta.

Oqsoqolimiz hamon uyida chilla saqlab o‘tiribdi. Ko‘ngli bezovta. Melisadan odam kelib qolmasmikan deb, dori ichgani ichgan. Oqsoqollik orzularini endi xayoliga ham keltirolmaydi. O‘g‘il esa allaqayoqlarda qochib yuribdi. Birov Qozog‘istonda emish, desa, kimdir Rossiya tomonlarga ketvorgan, deydi. Ishqilib, noma’lum.

Musofirning o‘rtancha qizini ikki oylardan so‘ng ota yurtidagi ammasiningmi, xolasiningmi, tutal-tutal, g‘alcharoq o‘g‘liga yeng ichida uzatib yubordilar. Kim bilib o‘tiribdi — qishloq joy, lozim-pozim kiyib yurar!

Dam olish uyining «krutoy» direktori bir kuni to‘rt ishchisini boshlab kelib, ana shu savdolarning bevosita shohidi bo‘lgan alomat so‘rimizni, tarixiy ashyo sifatida, qaytib ko‘tarib ketdi. «Hechqursa, bo‘yog‘imning pulini bersin!» deya talay vaqt g‘alva qilib yurdi do‘kondor. Bu mashmashani adolatli hal etmoq qasdida qalam charxlab borgan E.Safarni kechqurun direktorning moshinasi o‘lardek mast ahvolda keltirib uyiga tashladi. Shu-shu, dami ichiga tushib ketdi jamoatchi muxbirning.

Ertayu kech akillash sadolariga to‘lib turgan Aralashqo‘rg‘onimiz shu tariqa tinchidi-qoldi.

09

(Tashriflar: umumiy 624, bugungi 1)

Izoh qoldiring