Avliyoxon Eshon. Xan Fu taqdiri.

ижодкор

Интернет тармоғида янги сайт: «Ижодкор» (http://ijodkor.com) иш бошлади. Унинг саҳифалари  Ўзбекистондан ташқарида —  ён қўшниларимиз: Қозоғистон,Қирғизистон,Тожикистон ва дунёнинг бошқа давлатларида яшаб, ўзбек тилида ижод қилаётган  адибу шоирлар,адабиётшунослару таржимонлар фаолиятига бағишланган.
Сайт ташаббускорларига муваффақиятлар тилайман ва унинг саҳифасидан олинган таниқли ўзбек шоири Авлиёхон Эшоннинг «Хань Фу тақдири»  номли кичик бир мақоласини сизга тавсия қиламан.

гул

Авлиёхон Эшон

ХАНЬ ФУ ТАҚДИРИ

Бундан ўн йиллар муқаддам Герман Гессенинг “Сиддхартха” қиссаси ва фалсафий мақолалари, эссе ва мактубларидан иборат китобини ўқигандим. Ўқувчини мулоҳаза ва мушоҳадага ундовчи ушбу китобдаги “Шоир” деб номланган эссе асосида шеър ҳам ёзганман.
Ҳикоя қилинишича, Хань Фу исмли ёш йигит баркамол шоир бўлиш ниятида Сўз устасига шогирд тушади. Устозидан шеъриятнинг ўзига хос жозиб сирларини ўрганиб боргани сайин аввал ёзганлари жўн ва ғариб эканини ҳис қила бошлайди. Тоғлар ортидаги Сўз устаси кулбасида икки йил яшаб, қишлоғига қайтган йигит орадан юз йил ўтиб кетганидан ҳайратга тушади. Бу пайтга келиб, ота-онаси, севгилиси, таниш-билишлари аллақачон дунёдан ўтиб кетишган экан. Лекин, Хань Фу шеърларини тинглаганлар юртда ҳақиқий шоир туғилганининг гувоҳи бўлишади.
Эҳтимол, шоир юз йилда дунёга келади, деган гапда жон бордир. Гапнинг очиғи, ҳозир осон йўлни танлаб, шеърият кашфиёт эканини англамай, енгил-елпи шеър ёзаётганларни кўрсам, эссе қаҳрамони Хань Фу тақдири, шеърият йўлидаги заҳмати ва машаққатлари ёдимга тушади. Лекин бунинг учун шеър ёзишга ружу қўйган қаламкашларни айблагим келмайди. Зеро, адабий давраларда айтиладиган ва адабий-танқидий тақризларда учрайдиган шеърни содда ва оммафаҳм бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрлар ёшлар ижоди ривожи учун фойдали бўлмади. Кимдир соддаликни жўнликдан фарқлай олмаган бўлса, бошқа бирови юқоридаги фикрнинг асл моҳиятини тушуниб етишга уриниб ҳам кўрмади. Оқибатда таъриф ва тавсифлардан иборат одмигина фикрлар тизмаси ўқувчига шеър деб тақдим этилди.
Ҳолбуки, соддалик деганда, оддийлик ва жўнликни эмас, балки образларнинг аниқлиги ва теранлигини, бетакрорлигини тушуниш лозим.
Албатта, шеър ҳақида турли фикрлар бор. Кимдир “шеър — туйғу”, деган ақидада бўлса, бошқа бир шоир шеърда маъно етакчи бўлиши керак, деб қалам тебратади. А.С. Пушкин шеърни “эҳтирос” деб атайди. Буало “Шеърий санъат” асарида “Ҳаммадан муҳими маънодир, маъно”, деб ёзади. Менимча, ана шундай турлича қарашлар туфайли адабиётда турли оқимлар пайдо бўлган.
Шеър ҳис-туйғуларимизга таъсир ўтказиши билан бирга, бизни мулоҳаза ва мушоҳадага ҳам чорлаши лозим. Ана шунда шеърнинг кашфиёт эканини англаб етамиз.

Манбаъ: http://ijodkor.com

Манбаъ:

(Tashriflar: umumiy 55, bugungi 1)

Izoh qoldiring