G’aybulla Hojiyev. Xotiralar to’lqini. III. Xastalik ham hikmat yoxud hikmat izlaganga hikmatdir dunyo

Ashampoo_Snap_2017.01.08_15h42m34s_001_ - а - в.png Куни-кеча «Ўзбекистон» нашриёти машҳур театр ва кино актёри, дубляж устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг «Хотиралар тўлқини» китобини нашр этгани эшитиб, у билан тезроқ танишиш истаги туғилди. Асарни нашрга тайёрлаган ёзувчи Орзиқул Эргаш билан суҳбатимиз асноси маълум бўлдики, актёр аввалдан “Эсдаликлар дафтари” юритаркан. Айни шу “Эсдаликлар” ва кейинчалик унга киритилган янги саҳифалар бугун сизга тақдим этилаётган китоб ҳолига келтирди.
“Эсдаликлар дафтари”даги битиклар сиз, муҳтарам муштарийларимизни бефарқ қолдирмайди ва севимли санъаткорингиз сурату сийратини янада яқиндан билиб олишларингизга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Ғайбулла ҲОЖИЕВ
ХОТИРАЛАР ТЎЛҚИНИ
III. ХАСТАЛИК ҲАМ НЕЪМАТ ЁХУД
ҲИКМАТ ИЗЛАГАНГА ҲИКМАТДИР ДУНЁ
007

img092a.jpg   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист  Ғайбулла Ҳожиев 1956 йилда Бухоройи Шарифда туғилган. 1973-77 йилларда Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олган. 1976 йилда Аброр Ҳидоятов (аввалги «Ёш гвардия») театрида иш бошлаган. 1987 йилдан Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик театрида фаолиятини бошлаган. Актёр шоир Азим Суюннинг «Сарбадорлар» асарида Абу Бакир Калавий, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг Меҳробдан чаён» спектаклида Солиҳ маҳдум, Иброҳим Содиқовнинг «Афандининг беш хотини» спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот» спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг «Қирол Лир» асарида граф Глостер, Александр Косанонинг «Етти фарёд» спектаклида Сабало каби ўнлаб рангбаранг роллар ижро этган. Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда иштирок этмоқда.

007

Хасталик

Ҳаётда ҳар бир нарсага тайёр туриш керак керак, дейишади. Шундай гапни кўп эшитамиз, одатий бир гап сифатида кўриб, кўпинча эътибор бермаймиз. Фақат ўша “ҳар бир нарса” дегани бошга тушгандагина… Инсон табиати қизиқ-да. Болага унга тегма, қўлинг куяди дейсиз. Бола бўлса токи қўли куймагунча бир қўл теккизиб кўришга интилаверади. Катталар ҳам шундай. Саҳна асарини кўрамиз, кинофильмлар кўрамиз, таъсирланамиз. Ва барибир э, бу санъат асарида, муболаға қўшилган-да, деймиз. Ваҳоланки, ҳаётда ҳар қандай санъат асаридан-да таъсирлироқ воқеа-ҳодисалар рўй бериши мумкин экан.

2003 йилнинг 13 феврал санаси.

Ўша куни ҳам одатий иш куним эди. Эрталаб ҳеч нарсадан бехабар, бехавотир театрга репитицияга бордим. Кечаси Усмон Азимнинг “Эски замон ҳангомалари” пьесасини ўқиб, соат иккигача ўтирганман. Репитиция ўтди. Режиссёр Валижон Умаровга пьесани топшириб, ўзимга берилган рол юзасидан суҳбатлашдим. Кейин уйимга – Юнусободга қайтдим. Кечқурун “Усмон Носир”да чиқишим керак, унгача дам олиб қайтмоқчи эдим.

Бир оз мизғиб олмоқчи бўлдим, уйқум келмади. Болаларим Равшан, Зарина ўқишда, онаси Насиба ишда – телевидениеда эди. Овқат қилдим. Тамадди қилиб, соат уч яримларда йўлга чиқмоқчи эдим… Бир маҳал… миямда бир нарса қарс этди. Лаҳза ўтмай яна қайтарилди. “Ё, тавба, нима бўлди экан?!” дея дарҳол телевизорни ўчирдим-да, каравотимга ётиб олдим. Вужудим титроқ ичида, айни чоқда мисдай қизиб борарди. Хаёлимга келган нарса шу бўлдики, газни ўчирдиммикан, деб ўйладим. Эсладим, ўчирибман. Бир пас ўтиб, қўрқув чекинди. Титроғим босилиб, хотиржам ўйлай бошладим… Демак, нимадир содир бўлиши керак. Ўлимми?! Яратганга илтижо қила бошладим. “Худоё, нимаики қилсанг ихтиёр ўзингда. Фақат болаларим ёш, улар ўксиб қолмасин. Менгамас, уларга раҳм қил, Қодир Эгам! Уларни етим қилма!..”

Қулоғимга кимдир шивирлади: Ташқарига чиққин!.. Каравотимдан сирғалиб тушдим-да, эмаклаб йўлакка чиқдим. Рўпарамиздаги эшикни тақиллата бошладим. Ичкаридан бола овоз берди. Ким? Болага “глазок”дан ҳеч ким кўринмагани сабабли эшик очилиши қийин бўлди. Ниҳоят очилгач, ишора қилдиму ҳушимни йўқотдим…

Кўзимни очиб Рудольф Бархет, Ҳамид Отамуродов деган шифокор дўстларим, режиссёр Валижон Умаров ва аёлимни кўрдим. Уларга, театр ва дубляждагиларни огоҳлантириб қўйинглар, мен бугун боролмайман, дебман-да, яна ҳушимни йўқотибман.

Бошинг ёстиққа текканида

14 февралда 2-стационарга ётқизишди. Чап тарафим сезгини йўқотган. Ўнг томони коррекцияси бузилган. Овозим чиқмайди. Энг ёмони ютим йўқ, бир томчи сув ҳам ўтмайди. Мен бехабарман: ўша куниёқ театрда бутун жамоа оёққа турган, стационарга телефон қилиб, аҳволимни суриштиришган, бир нечталари келиб хабар ҳам олиб кетишибди.

Хиёл ўзимга келгач, даволовчи врачим Людмила Василевна Разумова вазиятни тушунтирди – хатар ўтди, ҳозир аҳволингиз яхшиланиб боряпти, деди. Унинг ўшанда суяб гапиргани кейинчалик маълум бўлди. Ютим йўқлигидан бурнимдан резина ичак ўтқазишиб, шприц ёрдамида ошқозонимга озуқа юбориб туришди. Бу вақтинчалик, томоғингиз очилгунча дейишди.

Ётибман. Бот-бот бобом Муҳаммад Сафо Бухорийни эслайман. У кишининг қизиқ гаплари бўларди. “Китобни варақласам, роса кўп яшагандай туюлади. Шундай китобни ёпсам, ҳаммаси кўз очиб-юмгунча ўтиб кетгандай бўлади”, дердилар. Менам ўзимча китобни (умрим китобини) варақламоққа уринаман. Ажаб, бир пасда китобим варағи тугаб қолаверади. Э, воҳ, дейман, наҳотки ҳаммаси тугаган бўлса, ҳеч нарсага улгурмасдан, қарзларимнинг мингдан бирини ҳам тўлай олмасдан… Хўп, отам, онам, боболарим, момоларим олдидаги қарзим-ку, тўланмади. Фарзандларим, дўстларим, яқинларим, жамоам, мухлисларим… дан ҳам энди қарздор кетадиган бўлдимми?!

Бир маҳал деразада таниш қиёфа кўринди. Салимжон поччам. Қариндошлар ичида ёши улуғимиз, катта опамнинг хўжайини. Ёнида икки аёл кўринди – опаларим. “Бардам бўлинг, Ғайбуллажон, эҳтиросга берилманг!” Поччам феълимни билади, шунинг учун биринчи гапи шу бўлди: Эҳтиросга берилманг!.. Кейин мен яхши кўрадиган Аҳмад Жомийнинг байтини эслатди. “Ман ба фармони дилам, Кай дил ба фармони ман аст…” (мазмуни: мен кўнглимнинг амридаман, қачон бу кўнгил менинг амримда бўларкин) Поччам менга далда бермоқчи-ю, овози титраб кетяпти. Ёлғондан йўталган бўлиб, деразадан нари кетди. Бу гаплар 16 февралда бўляпти… Шундан кун оралатиб ота томон, она томон қариндош-уруғларим, жигарларим келиб, кета бошлашди. Айримлари билан дераза орқали дийдорлашаман, йўл топганлари палатага кириб келишади. Жигарларим, дедим. Ва бу сўз мағзига энди-энди фаҳмим ета бошлаганди… Улар шунчаки келишмас, Бухорои шариф нафасини, бухороликлар дуои саломини олиб келишарди. Меҳр энг яхши малҳам экан. Касбдошларим мунтазам хабар олиб туришди. Директоримиз Ёқуб Аҳмедов, актёрлар Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Жамшид Зокиров, Марат Азимовлар кириб келишди. Ёдгор чапанича одати билан:”Ғайби, “Қалб гавҳари”ни кўрдим. Зўр! Кўрсатувда айтган гапларингни исботла энди, бунақа ётаверма, сенга ярашмас экан”, дейди. (Телевидениеда бир йил аввал намойиш қилинган кўрсатув ўша кунлар такроран эфирга берилган, бу шунчаки тасодиф бўлмасдан, менга бир руҳий мадад бўлишини истаб амалга оширилган хайрли иш эканлиги аниқ эди).

Келганлар тезгина кетишади. Киришларида,тайинлашган бўлишса керак, кўп ўтиришмайди. Лекин, нуқул ҳазил-ҳузул қилишади. Кўнглимни кўтаришади. Яна бир куни эшик очилиб, Рихсихон, Насиба опа (Иброҳимова)лар, бошқа куни Пўлат Саидқосимов, Лутфулла-Гулчеҳра Саъдуллаевлар, Ғайрат Убайдуллаев, Фатхулла Маъсудов, Ҳожиакбар Комилов, Учқун Тиллаев, ота-бола Теша ака, Толиб Мўминовлар кириб келишади. Деразада ҳар куни эрталаб, кечқурун (раҳматли) Шаҳбоз Низомиддинов пайдо бўлади. Сен гапирма, эшит дейди. Гурунг беради. Шуҳрат Ризаев ҳам шундай. Толиб ака Каримов ҳам стационарда даволанаётган экан, дам бадам деразамни чертиб келади, ”Қалайсиз, ҳожим?” дейди… Ҳаммасини бирма бир санагим келадию қай бирини айтаман. Бу ташрифлар куч беради. Демоқчи бўлганим, соғлиғингда юравераркансан ўтиб-қайтиб, гоҳ сўрашиб, гоҳ сўрашмай. Бошинг ёстиққа текканида ҳар бир йўқлаб келган одам кўзингга оловдай кўринаркан.

Авжи баҳор кунлари эди

8 март куни. Резина ичак ҳали ўрнида. Эрта-индин оламиз, деб орқага суриб келишяпти. Худди шу куни Салимжон поччам Бухородан Баҳовуддин Нақшбанд, Пири дастгир, Абу Ҳафс Кабир зиёратгоҳлари қудуқларидан дамсув келтиришди. Навбатчи дўхтир кўрикдан ўтказиб, чиқиб кетиши билан Насибага буюрдим. Сувни келтиринг, дедим. Ва “Бисмилло” деб, ичишга тутиндим. Қарасам, қултиллаб томоғимдан сув ўтаяпти. Мўъжиза! Ютоқиб, бир косасини ичиб юбордим. Врачимни чақиртириб, суюнчи олдим. Кейин резина ичакдан қутилдим. Ва мени реанимациядан палатага олишди.

Баҳор. Ойнадан табиат уйғонишини томоша қилиб ётаман. Касалхона боғида одамлар ишлашяпти. Қўлимдан Равшанжон ўғлимнинг совғаси – Хитой радиочаси тушмайди. Ғиёсжон (Ғиёс Бойтоев) нинг қўшиғи ҳар куни берилади.

Бошимда қор, мен баҳордан ўтиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Қор қўйнида зўрға сенга етишдим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Яна қайта кўраманми, йўқми мен,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим…

21 март, Наврўз байрами куни. Шу куниям Бухородан келишди. Ҳамкасблар, ёру дўстлар келиб, анча-мунча ўтириб кетишди. Дилимда ҳам хурсандчилик, ҳам маҳзунлик. Болалигимдаги Наврўзларни эслайман. Сафо Махсум бобом биз болаларга алоҳида байрам қилиб берардилар. Дастурхон кўкатли таомлар, бухороча ширинликларга тўла бўларди. Сумалак, ҳалиса (ҳалим) га кўнглим кетди. Шуларни эслаб, кўзларимда ёш ғилтиллай бошлаганда эшик очилиб, Салим поччам кириб келди. Қарангки, ҳалигина эслаб турганим – сумалак, ҳалиса келтирибди… Ёш болага ўхшаб чапиллатиб ея кетдим. Поччамнинг бўлди-бўлдисига ҳам эътибор қилмайман, охири олдимдан оп қўйишга мажбур бўлди…

Шом маҳали. Шифтга тикилиб ётибман. Ўзимча ўйлайман, ҳалиса, сумалак едим. 1996 йил Маккаи мукаррамадан ҳожи Муҳаммаджон ака (актёр М. Рафиқов) келтирган оби замзамдан ичганимни эслайман. Негадир хаёлимдан шу тобда ўша муқаддас сувдан бир қултимгина бўлсайди деган ўй ўтди. Кўнглимдан шу нарса ўтиб турган маҳал эшик оҳиста тиқирлаб очилди-да, гўёки палатамга нур кириб келгандай бўлди. Барваста, нуроний отахон – Мақсуджон ота Исломқулов рўпарамда турибди. “Ассалом алайкум, Ғайбуллахон!” дейди одатдагидай салмоқлаб. Биз бу темирчи уста билан телевидениедаги бирга чиқишларимиз орқали танишиб, ота-бола бўлиб қолган эдик. Қўлида елим халталар. “Нега овора бўлиб юрибсиз?” дедим хижолат бўлиб. Отахоннинг ўн фарзанди – саккиз қиз, икки ўғли бор. Невара, чевара, эваралар адади ҳам шунга яраша. Ўзи шу ёшида ҳам хотирадан нолимайди, спектакл монологлари, арифметика, алгебранинг бошқотирма мураккаб формулалари, каср чиқаришлар каби масала, мисолларини ўнинчи синф боласидек шариллатиб айтиб бераверади. Ниҳоятда завқ-шавқли, суҳбатижон қария… Хуллас, бозор харидларини столга олиб қўйди-да, охирида бир шиша идиш олди. “Акам Ҳаждан келдилар. Оби замзамдан сизга илиндим, Ғайбуллахон!” деди. Ана бўлмаса! Ҳозиргина ўйлаб турмаганмидим шу ҳақда?! Бу мўъжиза эмасми?!

Мақсуджон ота хайрлашиб, хонадан чиқиши билан, Насибахон иккимиз ният қилиб, оби замзамдан етти қултумдан ичдик. Вужудимга қувват ингандай бўлди. Ва аёлимга дедимки, аравачани келтиринг!
Насибаю ҳамширалар ҳар қанча қаршилик қилишмасин, ўжарлик қилиб туриб олдим. Ва рафиқам ёрдамида аравачга ўтирдим-да, касалхона ҳовлисига чиқиб кетдим…

13 февралда дард тегиб, 14 да стационарга тушган бўлсам, март охирлаб боряпти-ю, уйимга рухсат беришларидан дарак йўқ. “Сабр қилинг, вақти келса, бир кун ҳам тутиб турмаймиз”, дея ҳазил аралаш жавоб қилишади. “Мен-ку, сабр қиламан, – дейман ўзимча, – лекин, касалхонада ётишнинг ўзи бўладими? Менинг орқамдан қанча одам овора. Насибам, мана, қирқ кундирки, ишидан қолиб ёнимда ўтиради. Касал касалмас, касал боққан касал, дейишганидек, унинг синиққан рангига қараб эзиламан. Бухоролик қариндошларим, дўстларим шундан шунга неча қайта келиб-кетиб туришибди. Бу ердаги оғайниларим, ҳамкасбларим тирикчиликларидан қолиб, вақт орттириб хабар олгани келишади. Уйимдагилар – қизим, ўғлим – ҳар куни ўқишларидан чиқиб, албатта мени кўргани келишади. Баъзида керакли дори излаб шаҳар бўйлаб дорихона кезишади. Яхшиямки, бахтимга Хайрулла акам (хорижда эди ўшанда раҳматли) қимматбаҳо дорилардан юбориб турибди…”

Хуллас, бу ердан тезроқ чиқиб кетишим керак. Уйда бўлсам, ҳар ҳолда оворагарчилик камроқ бўлармиди, деб ўйлайман, сиқиламан. Тунлари адоқсиз ўйлар гирдобига тушиб қоламан. Ким эдиму ким бўлдим, дейман. Айни навқирон ёшимда ногирон бўлиб ўтирсам, бу ёғи нима бўлади?!. Болаларимнинг ўқиши, уларни уйлаш-жойлаш… Соғлиғим жойида пайтлар театрда ишлардим, телевидение, радиога, дубляжга қатнардим. Озроқ танилиб қолган эканманми, тез-тез тўй бошловчилигига чақириб туришарди. Эҳ, у даврлар!.. Биратўла ҳаммасидан мосуво бўлиб ўтирсам… Қанча ниятларим бор эди, қанча роллар ўйнамоқчи эдим…

Шунақа бош-адоқсиз ўйлар билан тунни чала уйқуда ўтказган кунларимнинг бирида навбатчи врач Эркин Жўраев мени эрталабки кўрикдан ўтказиб бўлгач, ёнидаги ҳамшираларга рухсат берди-да, рўпарамга келиб ўтирди. Ва: “Ғайбуллажон, уйқу яхши бўлмадими?” деди. “Ҳа, энди Эркин Йўлдошевич, уйқу қаёқдан бўлсин…” деб , энди “арз-дод” бошламоқчи эдим, майин кулимсираб қўлимдан тутди.

– Яхшимас, Ғайбулла Неъматович, – деди беозор оҳангда. – Ким айтади сизни Аҳмад Яссавий, Аҳмад Фарғонийлар ролини қотириб ўйнаган актёр деб… Гапнинг индаллоси, биз дўхтирлар қўлимиздан келганини қилдик. Энди бу ёғи ўзингизга боғлиқ, кайфиятни, руҳни кўтарсангиз, енгасиз. Очиғи, омадингиз бор экан, инсультнинг оғир формасидан омон қолдингиз. Бу – мўъжиза! Шунинг учун кўнгилни кенг қилинг.

– Эркин Йўлдошевич, шунчалик тузалганимга шукур қиламан… Лекин, мен туфайли қанча одам овора… Шундан хижолат тортаяпман….

– Э, ўртоқ актёр, хурсанд бўлмайсизми, келишса нима бўпти! Вақтида сиз ҳам уларга нимадир қилиб қўйгансизки, йўқлаб туришибди. Ҳали, шунчалик тузалганимга шукур қиламан, дедингиз. Ана шу шукрда гап кўп экан… Битта ривоят эсимга тушиб кетди. Эшитасизми?..

Армонсиз одам

Битта подшонинг ўнта фарзанди бўлиб, битта қизи тузалмас дардга йўлиқиб қопти. Етти иқлимдан табиб чақириб, қизини қаратибди. Бўлмабди. Охири ўзимизнинг Самарқанддан битта зўр табибни топиб, юртларига опкетишибди. Табиб қизни обдан текшириб кўрибди-да, хулосасини айтибди:

– Энди, подшоҳи олам, битта нарса қиласиз. Бутун дунёни қидириб бўлсаям, армонсиз битта одамни топтирасиз-да, ўшанинг бир либосини қизингизнинг устига ёптирасиз. Иншаоллоҳ, қизингиз нажот топади, – дебди.

Подшо қувонибди: ие, давоси осон экан-ку! Биттамас, ўнта армонсиз одамни топтириб келаман, деб мулозимларини ўн тарафга жўнатибди. Мулозимларидан бири кекса кампирни топибди.”Онахон, шунча ёшга кирибсиз. Орқа-олдингиз невара, эвара, чеварага тўлиб кетибди. Армонингиз қолмаган бўлса керак”, дебди. Кампир бечора хўрсинибди. “Тўқсонга кирдим.Тўққиз боламдан тўқсон невара, олтмиш эвара, ўттиз чеварам бор. Шу кунларни мен кўрдим, лекин раҳматли чолим кўрмай кетди-да… Биргина армоним шу”, дебди.Мулозим “оҳ” деб пешонасига урибди. Бошқа мулозимга пири бадавлат отахон йўлиқибди. “Болам! – дебди у. – Ота-онадан эрта етим қолдим. Қаттиқ меҳнат қилиб, ўзимни ўнгладим. Ҳозир ҳамма нарсам бадастир. Кампирим ёнимда, бола-чақамдан тинганман. Лекин бу бойликлар ёшлигимда қаёқда эди.”Тиш борида гўшт йўқ, гўшт борида тиш”, дегандек, менга ҳозир татимаяпти. Армоним шу…” Бу мулозим ҳам “оҳ” деб пешонасига урибди. Шундай қилиб десангиз, қолган мулозимлар ҳам армонсиз одам топишолмай, саройга қайтишибди. Подшо тутақибди. “Билмайман! Яна бир кун муҳлат! Агар топиб келмасангизлар, осиласизлар!” дебди. Мулозимлар саройдан бош эгиб чиқиб, бир майдонда гулхан ёқиб, давра олиб ўтиришибди. Ҳамманинг калласида бир хаёл: Энди нима бўлади? Наҳотки, ер юзида биттаям армонсиз одам бўлмаса?!

Бир маҳал эшак минган йўловчи ўтиб қопти. “Келинглар, шу одамдан сўрайлик”, дебди биттаси. “Қўйсанг-чи, фойдаси йўқ”, дебди бошқаси. “Чиқмаган жондан умид”, дебди-да, бир мулозим йўловчини тўхтатибди. Йўловчи айтибдики, анови сойдан шундай ўтсангизлар, чайла бор, ўша чайладан топасиз армонсиз одамни!.. Мулозимлар апил-тапил сойни кечиб ўтишса, ҳақиқатдан ҳам чайла бор эмиш. Чайладан бир овоз келаётганмиш.

— Эй, Худойим, Ўзингга шукур. Сен мени одам қилиб яратдинг, ит қилиб, эшак қилиб ҳам яратмадинг. Илону чаён қилиб ҳам яратишинг мумкин эди. Сен менга кўз бердинг, дунё чиройидан баҳраманд бўлдим. Тил-забон бердинг, мен унинг шарофати билан дўст-ошно орттирдим. Бандаларингга насиҳат қилдим, яхшиликка ундадим. Қулоқ бердинг, бирин-кетин туғилган болаларим “инга-инга”сини, отажон, бобожон деган ширин каломларини, булбуллар чаҳ-чаҳини, обиравонлар шилдирашини эшитиб яйрадим, роҳат қилдим… Ўзингга шукур.

Мулозимлар диққат билан қулоқ тутишса, чайладаги одам, энди ўлсам армоним йўқ, мингдан минг розиман, омонатингни ол, деяётганмиш. Ҳаммаси хурсанд бўпкетиб, бирваракайига бақириб юборишибди:
– Ҳой, ота, бу ёққа чиқинг! Сизни излаб келдик. Бизга кераксиз, –дейишибди.

– Эй, болаларим, жон-жон деб чиқардиму уяламан-да, – деган овоз келибди чайладан. Мулозимлар ҳайрон бўлишибди.

– Нега уяласиз, чиқаверинг.
– Мен модарзотман – онадан туғилгандай қип-яланғочман, эгнимда либосим йўқ, – дебди чол.

Мулозимлар бараварига “оҳ” деб юборишибди. Чунки уларга чол эмас, чолнинг эгни-боши керак экан-да…

Подшо титраб-қақшаб турган одамларининг арзини эшитибди-да, ғазабланиш ўрнига ўйланиб қолибди. “Эй, – дебди ўзича, – дунёдан шундай одамлар ҳам бор экан-да. Эгнига илгулиги йўғу, дунёдан рози, армонсиз яшаяпти. Мени нима жин урдики, бунча қаноатсизман. Подшо бўлсам, молу давлат қўлимда бўлса. Хўп, ўнта фарзанддан биттаси хаста бўлса, нима қипти?! Қолган тўққизининг шукрини қилиш ўрнига бегуноҳ одамларимни дорга остирмоқчиман. Болаларини етим қилмоқчиман. Эй, Худойим, мени кечир, сендан хафа эмасман, беадад розиман. Ўзингга шукур!..”

Қарангки, подшонинг бир оғиз шукридан кейин фқизида ўзгариш бошланибди. Ана шунақа гаплар, Ғайбуллажон! Дунёда мўъжизалар кўп-да. Ривоят қалай экан?..

Ҳеч нарса деёлмай, хижолатли кулимсирадим. Ичим ёришган, сўзнинг мўъжизакор қудратига яна бир карра тан бериб, донишманд шифокоримга миннатдор бош ирғадим-да: “Раҳмат, Эркин ака, борингизга шукур!” дедим. Ва иккимиз ҳам баралла кулиб юбордик.

Oila.jpgЎрнига тушган ўгитлар

Касалхонадан чиққанимдан кейин бир ҳафталар яхши юрдим. Кейин ғалати аҳволга туша бошладим. Эрталаб туппа-тузук уйғонаман, руҳим енгил, иштаҳам жойида, тетиккинаман. Кўча айланиб келаман. Лекин ўз-ўзидан ҳаммаси чаппа айланиб кетади. Нафас етмайди, юрак ҳовлиқади, ҳеч нарса, ҳеч ким ёқмайди. Қандайдир ҳамма ёқ қора бўёқларда кўринади. Бетоқат бўламан. Болаларга, Насибамга ҳам қаттиқ гапириб юборган вақтларим бўлади. Астағфируллоҳ деб гапирай, ҳаттоки жонимга суиқасд қилишдай хаёлларга ҳам бораман баъзан.

Ўлмас ака (Ўзбекистон халқ артисти Ў. Расулов)дан миннатдорман, тез-тез хабар олиб турарди мендан. Сойибжон (Ўзбекистон халқ ҳофизи С. Ниёзов) шогирди билан бирга келиб, табибларга, яхши-яхши дўхтирларга олиб бориб кўрсатиб келишарди иккови.

Бир куни Ўлмас акага арз қилдим аҳволимдан (Очиғи, бу биринчи шикоятим эмасди у кишига). Ўлмас ака бир пас жим қолди-да, кейин оғринган бир оҳангда гап бошлади. “Энди… биродар, – деди. – Нима дейишниям билмай қолдим. Бир ўлимдан қолдингиз. Оёқда юрибсиз. Бола-чақа олдидасиз. Оқибатли ёру биродарлар атрофингизда. Нега шукр қилмайсиз. Темур акани қаранг, олтмиш йилдан бери тўшакда. Шу одам ҳақида устозингиз Садриддин нима деганини биласиз-ку. “Сабрни юзини кўрмоқчи бўлсанг, Темур Ғаниевнинг юзига боқ”, деганмиди. Нега сабр қилмайсиз? Дунёдан тўйиб кетдим, деганингиз нимаси?! Хўп, сиз шундай деб турганда, мен энди нима қилишим керак? Кўзим кўрмайди, дунё менга қоронғу, деб ҳамма нарсадан кечиб юборишим керакми?! Ундай қилмаяпман-ку. Ишлаяпман, ижод қиляпман. Бола-чақа катта қилдим. Тўрт-бешта шогирд тайёрладим… Менинг гапимни қаттиқ олманг-да, танангизда ўйлаб кўринг. Бунақа гаплар – ғалат. Худога ёқмайди, биродар…”

Давомида эса юмшоқ гаплар билан юпатди. Сиз хавотир олманг, буни депрессия дейишади шифокорлар тилида. Оғир хасталикдан кейин бўлиб туради. Касалхонада сизга морфин қилинган, тинчлантирувчи дорилар берилган. Ўшаларнинг таъсири камайгани учун сиз депрессияга тушяпсиз, танангиз ўша сиз ўрганиб қолган дориларни талаб қиляпти. Лекин, бу ўткинчи нарса. Озгина сабр қилсангиз, ҳаммаси яхши бўп кетади, деди.

Сабр қил… Шукр қил… Бунақа насиҳатларни кўпчиликдан эшитасизу ҳадеганда қулоққа олавермайсиз. Бироқ, шундай инсонлар борки, айтган гапи ўрин ўтади. Юрагингизга ўрнашади. Қайсиким, улар ўзлари амал қиладиган гапларнигина гапиришади. Ўлмас ака ана шунақа одамлар тоифасидан. Сабрли, матонатли, некбин ва шокир инсон. Шукрки, Парвардигор менга ана шундай инсонларнинг бир қанчаси билан ҳамсуҳбат бўлмоқни насиб этди.

Хасталик ҳикмати

“Хасталик рисоласи” деган бир китобчани ўқиганман. Муаллиф бир қарашда ёқимсиз бўлган хасталикни шундай таърифлайдики, беихтиёр бир касал бўлиб олгингиз келади. Хасталикни бошидан ўтказган одам дунёга қайта келгандай, қайта туғилгандай атрофга, одамларга, яхши-ёмон ҳодисаларга бошқача кўз билан қарайдиган бўлиб қоларкан. Ўша 2003 йилнинг феврал, март ойларида стационарда ўтган кунларим, таъбир жоиз бўлса, ҳаётимни бутунлай бошқа ўзанга солиб юборди, дейишим мумкин. Аввало, илоҳий неъмат – соғлиқнинг қадрига етиш кераклигини, соғлиққа бепарволик куфрони неъмат эканлигини англаб етдим. Одамларни қадрлашни ўргандим. Сабр, шукр деган тушунчалар мағзи-маъносига етгандай бўлдим. Яна бир нарсага ақлим етдики, одамнинг ёмони бўлмас экан, бизнинг хатомиз бир-биримизни тушунмасликда экан. Шифокорлардан миннатдорман, хизматларини аямадилар. Лекин, мени оёққа турғазган дори-дармондан ҳам кўпроқ уларнинг муносабатлари, эътибору эҳтиромлари бўлди. Ва, албатта, оила аъзоларимнинг, биринчи навбатда ёстиқдошим Насибахоннинг бошимдан кетмагани, ичидан нима ўтган бўлса, ўзига маълум, аммо сиртига чиқармай, юзидан табассум аримай, мени юпатиб, кўнглимни кўтаришга интилганлари, бирор малоллик сездирмагани, туғишганларим, туғишганларимдек жонкуярлик қилган устозларим, ҳамкасбларим, биродарларимнинг меҳр ва эътиборлари туфайли ҳаётга қайтдим, десам тўғри бўлади.

Касалхонадан чиққанимдан кейин Салимжон поччам мени Бухорога олиб кетди. Туғилган уйим, маҳаллам, ёру биродарлар дийдори менга қувват бағишлади. Лоша деган қишлоқ бор, шаҳар яқинида. У ерда Темур Ғаниев деган қадрдон акамиз яшарди. (У 2011 йилнинг март ойида – устозимиз Садриддин Салим Бухорийдан роса бир йил кейин дунёдан ўтди, Оллоҳ раҳмат қилсин). Умрининг олтмиш йилини ногиронлар аравачасида ўтказган бу инсон ҳақида раҳматли Садриддин ака “Бухорода авлиё бор – тирик авлиё” деган достон ёзган эди. Ростдан ҳам Темур ака шунча дард чеккан бўлса-да, ўзлигини йўқотмаган, исми жисмига монанд дегандай, темир иродали, сабр-бардошли, некбин, шокиру собир – авлиё инсон эди. Шу инсоннинг ҳузурига олиб боришди мени. Рўпара бўлишим билан, бу ёққа кел, деди аравачада ўтирган еридан. Кейин бағрига босиб: “Сенга келган дардни мен олай”, деди титраган овозда.

Қаранг, шу одам ўзи хаста, одамлар мададига муҳтож, лекин менинг дардимни олишга ҳам тайёр. Тўлқинланиб кетдим. Мана, кимдан ўрганиш керак сабр-бардошни, матонатни, бахт учун курашмоқни…
Ҳеч кимнинг боши ёстиққа тегмасин!.. Мабодо шундай кўргулик бошингга тушар экан, буни ҳам фожиа деб билмаслик, бунинг ортида ҳам бир ҳикмат борлигига ишониш керак экан.

Масалан, мен ўзим, хасталик туфайли имкониятларим чекланди. Театр саҳнасига қайта олмадим. Дубляж, радио каби севимли машғулотларим – очиғроқ айтадиган бўлсам, тирикчилигим манбаларидан айрилдим. Кўплаб ўйналмаган ролларим армонга айланди. Ўғлим, қизимнинг ўқиши, ишига, уйли-жойли бўлишига ўзим истаганчалик ёрдам қилолмадим. Лекин… Ҳа, лекин ҳар бир маҳрумиятда бир муяссарият бор, деганларидек, йўқотганларим эвазига нималарнидир топдим. Топганларим, албатта, моддий ҳолатдамас, уларни қўл билан тутиб кўрсатолмайман, аммо ҳар қандай моддий дунё неъматларидан-да қимматлироқ бойликка эришдим. Ҳаёт аталмиш бу неъмат маъносини, инсон қадр-қиммати нимада эканлигини тушуниб етгандай бўлдим. Менимча, бу тумтароқ гапларимни янада тушунарлироқ бўлиши учун қизим Зарина билан бўлган бир суҳбатимни келтирсам, кўнглимдагини айтган бўламан, шекилли…

Ўша қирқ беш кунлик дастлабки муолажани олиб қайтганимдан сўнг, бир кун қизимни ёнимга чақириб, унинг кўнглини кўтармоқчи бўлдим. “Қизим, сенинг олдингда қарздорман, – дедим секин гап бошлаб. – Ниятларим кўп эди, яхши кийинтирмоқчи эдим… Яна…” Қизим шунда дарҳол оғзимдан гапимни олиб: “Дада, ундай деманг, – деди бағримга суқилиб. – Сиз тузалиб кетганингиз биз учун катта давлат бўлди. Муҳими, сизнинг соғлиғингиз. Бир донишманд айтган экан: “Бир одамлар кўрдим – усти юпун, кийими йўқ, бир кийимлар кўрдимки, ичида одами йўқ…” Бу гапдан кейин фикримда, миямда чақмоқ чаққандай бўлди. Бутун изтиробу аламларим тумандек тарқаб кетди, назаримда…

Одатда, хастанинг кўнглини кўтариш учун: “Хафа бўлманг, кўрмагандек бўлиб кетасиз”, дейишади. Мен ҳам биродарларимдан бундай тасаллини кўп эшитаман. Ва, ҳар сафар: “Айтганингиз келсин”, дейману ичимда: “Кўрмагандай бўлиб кетай, илоҳим, лекин шу кўрганларимни унутмай. Хасталик сабаб англаб етганларим асло мени тарк этмасин”, дейман…

Оқибат

Хасталик чекиниб, аҳволим енгиллашгач, уйда зерика бошладим ва бир куни Насибахон ҳамроҳлигида кўчага чиқдим. Икковлашиб дастлаб телевидениега, ундан чиқиб театрга бордик. Таниш-билишлар, ҳамкасблар билан кўришиб, дийдорлашиб, роса баҳри-дилим очилди. Актёрлар, режиссёрлардан тортиб, оддий хизматчиларгача ҳаммаси кўзимга оловдай кўринар, суҳбатлашиб тўймас эдим. Ниҳоят, тафтим босилгандай бўлди. Эр-хотин ташқарига чиқдик. Автобус бекати томон кетаётсак, орқамиздан биров овоз берди. Қарасам, Ҳусниддин Комилов – театримиз мусиқа цехининг раҳбари.

– Ғайбулла ака, келинглар, обориб қўяман, – дея машинасига таклиф қилди.
– Йўғ-ей, овора бўлманг. Ўзимиз секин кетаверамиз.
– Овораси бор эканми? Қани, келинглар. Яқинда касалликдан турдингиз, толиқиб қолманг тағин…

Ноилож машинага ўтирдик.

Себзордан ўтиб, Юнусобод йўлига тушиб олгач, машина тезлигини оширган Ҳусниддин сўраб қолди:
– Тортиши ёмонмас-а?

– Яхши. Янгиси барибир янги-да.
– Янгилиги қоптими? – кулди Ҳусниддин. – Йигирма беш йил минилган. Козим (исми ўзгартирилган) аканики-да!
– Козим ака?..
– “Ёш гвардия” актёри. Бирга ишлагансизлар шекилли.
– Э, Козим аканикими?
– Буни менга сотиб, “Нексия” олганди раҳматли. Уни кўпам ҳайдамади…

Козим ака… Институтни битириб, “Ёш гвардия” (ҳозирги Ўзбек Давлат драма) театрига ишга келганимда, у киши анча хизмат қилиб қўйган, ўйнаган ролларидан кўра ташкилотчилиги, тадбиркорлиги билан кўпроқ танилган актёрлардан ҳисобланарди. У кишининг ташкилотчилиги, айниқса, гастроль сафарларида кўпроқ асқотар, борган ерида маҳаллий раҳбарлар билан дарҳол тил топишар, етарлича шарт-шароит яратишга эришарди.

Хуллас, Козим акамиз минг тўққиз юз етмиш тўққизинчи йилда яп-янги “Жигули” харид қилди. Харид қилгандаям, ўзи ёқтирган ям-яшил ранглисидан. Ҳатто, шунақаси келишини кутиб, беш-олти ой кечиктириб, натижада 700 сўм ошган нархда (ўша пайтлар 700 сўм катта пул эди) олган бўлса-да, оғзи қулоғида эди. Худди ўша кунлар менинг уйланиш тўйимга яқин қолганди. Козим акани машина билан табриклаб туриб, унинг қувончига шерик бўлган ҳолда нима дебман денг:

– Козим ака, яна бир ҳафтадан кейин тўйим. Янги машинада ЗАГСга обориб келаркансиз-да!

Уям ўша оғзи қулоғида ҳолатда ваъда бериб юборди:
– Гап бўлиши мумкинмас, старик!

Тўй куним яқинлашяпти. 29 сентябрда эрталаб никоҳ, кечқурун Янгиободда – Насибахоннинг ҳовлисида базм.

Шундан бир кун олдин – 28 сентябрда театр ҳовлисида Козим акани учратиб қолдим-да, ваъдасини эслатиб, тўйга таклиф қилдим.

– Эртага денг-а?.. Ҳм… қандоқ бўларкин, старик, ҳали бир ҳафтаям минилмади. Амортизацияси нозик бўларкан, “Жигули” деган жониворнинг… Бир ой “обкатка” деган нарсалари бор. ЗАГСда келин-куёв, янгалар чиқади. Тағин моторни қиздириб қўйсак…

– Тўғри, тўғри, бу ёғини ўйламабман, узр, Козим ака… Машина бор, қўяверинг… – дебман шошганимдан.

Кечқурун “Ёш ижодкорлар уйи” деб аталадиган ётоқхонанинг саккизинчи қаватидаги хонамда ўтирибман-у, миям ғовлайди. “Энди бу ёғи нима бўлади? Қаердан машина топаман?” Машина-ку, топилади. Лекин фалон пул сўрайди-да, бегона одам. Мен театрда янги иш бошлаган актёрман. Талаба қатори яшайман. Қариндошларим Бухорода бўладиган асосий тўйимнинг ташвиши билан овора. Улардан ёрдам сўрашим ўнғайсиз. Козим акага ишониб, бирор-бир танишимга айтмаганман. Қолаверса, танишларим ҳам кўпи ўзим қатори. Боз устига у пайтларда машиналар бугунгидай беқадр бўлиб, тиқилиб ётмасди кўчаларда. Шундай ўйлар билан деразамга кўз тикиб ўтирарканман, бирданига хаёлимга келган ўйдан ҳовлиқиб қолдим: “Э, ҳали тўй хабари чала-ку!” Шошиб биринчи қаватга тушдим-да, қоровул кампирдан илтимос қилдим: “Телефонингиздан фойдалансам майлими?” Кампир индамай бош ирғади. Биринчи бўлиб Неъмат ака (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов)нинг телефон рақамини тердим. Шундай, шундай, эрталаб никоҳ, кечқурун базм, марҳамат қилинг, дедим.

Неъмат ака бир пас ўйланиб қолди-да, кейин ўктамланиб: ”Гап бундай, укажон, – деди . – Мен бугун базадан машина опкелдим. “Жигули”. Шу янги машинада бориб, ЗАГСда хизмат қилсам. Лекин, базмга узр… Боролмайман. Хафа бўлмайсиз. Журналдаги ходимларимдан (“Муштум” журналида бош муҳаррир эдилар, устоз) бири уйланяпти. Шу йигит уч ойдан бери ҳар кун бир эслатади. Бормасам бўлмайди. Фақат хафа бўлиш йўқ, Ғайбуллажон!”

Энди десангиз, ҳаяжондан нафасим қайтиб: “майли, акажон, ЗАГСимни ўтказиб берсангиз ҳам бошим осмонга етади”, дебман аранг. Шундай қилиб, 29 сентябрь тонги отди. Эрталаб Теша акам (Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов) тўртта машина – бир “Волга”, учта “Жигули” олиб келди. Неъмат акам бўлса яп-янги оппоқ “Жигули”сида улардан ҳам олдин келиб, ётоқхона олдида турди. Ва қаторлашиб Янгиободга жўнадик. Биз келин-куёвлар “Волга”дан кўра оппоқ “Жигули”ни қадрли кўриб, қаторнинг олдида (рулда машҳур ёзувчимиз) никоҳ маросимини ўтказиб қайтдик.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 6 октябрда Бухорода асосий тўйимиз бўлиб ўтди. Неъмат ака атайин Тошкентдан етиб борди. У кишига тўй бошловчилигини илтимос қилишган экан, узр сўрабди. “нима бўлгандаям биз меҳмонмиз. Ана, Райимжон, ўзлари чиройли қилиб олиб борадилар”, дебди, бухоролик санъаткорлар қаторида кириб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райимжон Шукуровни кўрсатиб. Неъмат ака ана шундай маданиятли, юксак фаросатли, айни чоғда ҳожатбарор, камтарин инсон эди.

Шуларни хотирлар эканман, беихтиёр хаёлимга келган ажабтовур фикрдан хитоб қилиб юборибман. “Уни қаранглар-а!..”

Ҳусниддин ҳам, ёнимда ўтирган Насибахон ҳам менга ўгирилишди.
– Насиба! Барибир, бир кун шу машинага бир чиқишимиз бор экан! Бундан 25 йил муқаддам биз айнан худди шу машинада ЗАГСга боришимиз керак эди. Ўшанда насиб қилмаганди. Мана шунча йиллар ўтиб, ажойиб кунларнинг бирида эр-хотин ёнма-ён кетяпмиз. Тақдирингда бўлса, бир кунмас-бир кун етишасан, дегани шу бўлса керак-да, а, Ҳусниддин, нима дедингиз? – дея ҳазиллашдим…

Сўнгги суҳбат

0-Nemat aka.jpgШу ўринда устоз Неъмат Аминов билан бўлган сўнгги суҳбатни келтириб ўтсам. Албатта ўшанда буни сўнгги суҳбат, сўнгги учрашув эканлиги хаёлим кўчасига ҳам кирмаган эди.

Неъмат ака билан оилавий борди-келдимиз бор эди. Ўшанда Неъмат ака яқинда касалхонадан чиққан пайтлар, Бухородан келган Салим поччам иккимиз у кишини кўргани Чилонзордаги уйларига бордик. Янга ош дамлади. Неъмат ака бетоб, мен бетоб, лекин чиройли суҳбат, ҳазил- мутоиба сабаб бўлибми, ошни тенгма тенг едик. Гапдан гап чиқиб, мен бир ҳангомани сўзлаб бердим…

Болалик пайтларимда Лоша қишлоғида Рўзи девона деган бўларди. Қорамағиздан келган, баланд бўйли савдойи бир одам эди. Қишда яланг оёқ, ёзда кирза этик кийиб юрар, эшакка минса оёғи ерга тегиб турарди. Бир куни Садриддин Айний номидаги вилоят театри олдидаги чорраҳадан ўтаётса, бир машина қаттиқ сигнал бериб юборибди-да, эшаги йўл ўртасида таққа тўхтабди. Рўзи девона эшагидан тушиб, арқонидан ҳарчанд тортмасин, халачўп билан ҳар қанча урмасин, қимирламасмиш. Шу пайт театр биносидан бир гуруҳ актёрлар ва тошкентлик меҳмонлар чиқиб келибди (Чамамда театрнинг янги бир асари премьерасига таклиф қилинган комиссия аъзолари бўлишган улар). Шунда бухороликлардан биттаси меҳмонлар олдида ўзини кўрсатмоқчи бўлибми, Бухородаям аския бор демоқчи бўлганми, Рўзи девонага гап отибди. “Ҳа, ака Рўзи, сигирингиз юрмай қолдими?” дебди. Рўзи девона бўлса, шундай ғоз қотибди-да: “Ё, тавба, – депти. – … (ёмон сўкиниб) замон бўлди-да, эшак эшакни танимаса-я! Эшакни сигир деб турса-я!”

Шу воқеани гапириб берсам, Неъмат ака роса яйраб кулди. Кейин: – Ғайбуллажон, мен қаламимни ташлаб қўювдим. Йўқ, энди қайтатдан қўлга олмасам бўлмайди. Бунақа ҳангомани увол қилиш яхши эмас! Оббо, Рўзи девонаей! – деганди қайта-қайта кулгуси қистаб.

Бу ҳангома қоғозга тушдими, йўқми, билмадим. Ҳар ҳолда Устоз вафотидан кейин чоп этилган китобларида уни учратмадим.

ҲАНГОМАЛАР

Ошхўрлар

Бу ҳангомани устоз санъаткоримиз Наби Раҳимовдан эшитганман.

Уруш йиллари, очин-тўқин замонлар экан. Бир куни Обид Жалилов билан Миршоҳид Мироқилов (Ўзбекистон халқ артистлари) ўзаро хилватда кенгашиб олишибди.

– Миршоҳид, бугун иккимиз дўппидеккина ош қилиб, бир ўтирсак, бўптими?
– Фақат иккимиз-а?
– Албатта-да!
– Ман розиман!..

Шундай қилиб, икки дўст шом қоронғусида узун-қисқа бўлиб, театрдан чиқишибди. Хадрада уларга бир таниқли шоир ҳамроҳ бўлибди. Бир бекат ўтишибди, шоир улардан ажрамабди, икки бекат ўтишибди, ажрамабди. Икки ошхўрнинг режасига дахл етадиганга ўхшаб қолибди.

Миршоҳид аканинг сабри битибди. Секин Обид Жалиловга яқинлашиб, енгидан тортибди.
– Шоирни йўқот, – дебди.

Обид ака индамай кетаверибди.

– Ҳов, сенга айтаяпман, шоирни йўқот, – деб қаттиқроқ шивирлабди.

Обид акадан садо чиқмасмиш.

Қизиққон Миршоҳид Мироқилов дўстининг енгидан қаттиқ тортибди-да:
– Қулоғинг том битганми, шоирни йўқот, дедим.

Ниҳоят “Обид ака” тилга кирибди.
– Қаёққа йўқолай, Миршоҳид, – дебди.

Гап шундаки, тушмагур Миршоҳид ака қоронғуда Обид Жалилов деб ўйлаб, унингдек баланд бўйли Шоирнинг енгини тортқилаб ётган экан.

Дуогўйлар

Бу ҳангомани устоз санъаткоримиз, Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримовдан эшитганман.

Актёр халқи фақат театрдаги фаолияти билан чекланиб қолмайди, албатта. Кинода ўйнайди, дубляжга қатнашади. Радиода, телевидениеда қўйилган саҳнавий асарларда роллар ижро этади. Бу бир томондан уни чархласа, ижро маҳоратини оширса, иккинчи томондан ҳамёнига қувват беради.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари экан. Телевидение энди оёққа тура бошлаган. Радионинг мавқеи эса жуда баланд. Ҳар ҳафта янги инсценировка, радиоспектакль ёки бўлмаса театр радиомонтажлари берилади. Одамлар атайин кутади. Буларга қўшимча яна “Гулшан”, “Дугоналар”, “Табассум” радиожурналлари эфирга чиқа бошлайди ва буларнинг барчасига театр актёрлари жалб қилинарди. Радиочилар бу ишларда асосан устоз Наби Раҳимов маслаҳати, ёрдамига таянишар, яъни, сценарийни Наби акага тутқазиб, кимларни жалб қилишни у кишининг ўзига ҳавола этишаркан. Наби ака бўлса сценарий билан танишиб, лозим кўрган актёрларини керакли пайтида радиостудияга бошлаб бораркан.

Нима бўладию Наби ака стационарга тушиб қолади. Ўн беш кунча даволанади. Ўшанда Миллий театр ҳали эски биносида бўлган. Репитициядан чиққан актёрлар ҳовлида айланишиб турган экан. Наби ака бошида машҳур шляпаси, қўлида папка билан кириб келади. Кўпчилик гурра унинг пешвозига юради. Салом-аликдан кейин Наби ака томоқ қириб олади-да, қора сумкасидан бир даста қоғоз чиқаради. “Хўп, мен ҳозир тўғри радиодан келяпман. Мана сценарий. Янги постановка. Жуда зўр, ўттизта рол бор. Лекин, – дейди Наби ака яна маъноли томоқ қириб олиб, – фақат мени балинсага ооооооооооооооооокўргани борганларга рол тегади, бормаганларга йўқ!” Шундай деб орқароқда “айбдорона” қўл қовуштириб турган актёрларга қараб қўяди. Шунда ҳалиги “айбдорлар” – Шариф Қаюмов, Лутфулла Назруллаев ва Саъдихон акалар: “Э, э, Набижон, бизни маъзур тутинг, тўғри, биз боролмадик. Лекин, биз дуо қилиб турдик, ҳа, биз дуода эдик”… дейишармиш бараварига.

Тожибой аканинг “шамоллаши”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоживой Норматов билан бир қанча спектаклларда партнёр бўлганман. Масалан, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” комедиясида (режиссёр Баҳодир Йўлдошев) у киши Мулла Дўстни, мен мулла Рўзи Аъламни ўйнаганмиз. Нозим Ҳикматнинг “Тентак” пьсаси асосидаги спектаклда, бир поляк драматургининг (исми эсимдан чиқибди) “Тун қиссаси” спектаклида бирга ўйнаганмиз. Шу спектаклга боғлиқ кулгили бир ҳолат ёдимга тушди. Ўзбекистон халқ артисти Убайдулла Омон саҳналаштирган бу асарда ҳурматли санъаткорларимиз Мурод Ражабов, Карим Мирҳодиев, Ҳошим Арслонов, раҳматли бўлиб кетган атоқли санъаткорларимиз Тўғон Режаметов, Ширин Азизовалар қатнашган эди. Асарда йўл бўйидаги Кемпенгга (Тунги қўноқ) кечаси уч қуролли босқинчи кириб, одамларни талайди, азоб беради. Мен бош ролда чиққанман, Тожибой ака бир чолни ўйнаган эди. Чол ўтирган жойида босқинчиларнинг каттасини инсофга чақириб, “Ўғлим менга қаранг…” деб гап бошлаганда, у (Мурод Ражабов) “Отахон, мен билан гаплашаётганингда ўрнингдан туриб гаплаш”, деб зуғум қиладиган жойи бор. Нима бўлдию, ўғрилар бостириб кирганида чол ҳам (Тожибой Норматов) ўрнидан туриб кетди-да, “Ўғлим менга қаранг…” деб гап бошлаб қолди. Энди Мурод аканинг усталигини қаранг, “Отахон, мен тарбия кўрган йигитман. Ўзимдан катталар билан гаплашганда ўтириб гаплашишни хоҳлайман, ўтиргин, ҳурматинг бор”, деб вазиятдан чиқиб кетди. Кейин шу нарсани эслатиб, Тожибой ака ўтириб гаплашинг, деб ҳазил қилиб юрадиган бўлгандик.

Тожибой ака жуда тартибли актёрлардан эди. Репитицияга ўн беш дақиқамас, ярим соат, қирқ минут олдин келиб турарди. Нима сабабдандир, бир сафар Баҳодир аканинг репитициясига ўн беш дақиқалар кеч қолиб келди. Эшик тиқ-тиқ қилди-да, секин очилди. Ҳамма ўгирилиб қаради. Тожибой ака мактаб боласидеккина қизариб турибди. Бир йўталиб олиб, “Ассалом алайкум, мумкинми, – деди. – Кечирасиз, Баҳодир ака, шамоллаб қопман. Ўҳў-ўҳў. Шунга дўхтирга ўтиб келяпман… Ўҳў-ўҳў…” Баҳодир ака “киринг” дегандай бош ирғади. Репитиция давом этди. Саҳналар ўйналяпти. Ҳар ўн, ўн беш минутда Тоживой ака йўталиб, йўталиб қўяди. Ўхшамайди. Бир-биримизга қараб кулиб қўямиз. Умрида ёлғон гапирмаган одам, ёлғондақа йўтални ҳам эплолмаяпти-да. Хуллас, репитиция уч соатларда тугади. Шундан кейин Баҳодир ака қўлидаги сценарий папкасини шарақ этиб ёпти-да, тўғри Тоживой ака қараб, “Оббо, Тоживой акаей, – деди, ҳамма Тожибой акага қаради. У бўлса кўзини қаёққа яширишни билмайди. – Ўн беш минутгина олдин келганингизда-ку, томоғингизга шунчалик азоб бермасдингиз. Раҳмим кеп кетди” – деб ўрнидан турди. Ҳамма гур кулиб юборди. Тожибой ака бўлса, қўл кўтариб ўрнидан турди-да: “Бўлди, Баҳодир ака, бўлди. Етади шу гапингиз!” – деди илжайиб.

Ҳар кун ҳам бўлавермайдиган тасодиф

Бу ҳангома Санъат институти драма театри ва кино актёрлиги бўлимига ҳужжат топшираётганимда бўлиб ўтди. Хушрўйгина қиз ҳужжатларимни кўздан кечиряпти-да, уч-тўрт қадам наридаги столда ўтирган шеригига гап сотяпти.

— Гуля, кеча қизиқ ҳангома бўлди, — деди у шарақлаб кулиб, — ёнимга рус группасига ҳужжат топширган бир йигит келди. Ҳужжатимни қайтиб олмоқчиман, фикрим ўзгарди, бошқа ерда ўқимоқчиман, дейди. Нега дедим. Ўзим шундай, деди. Бўпти, рақамингни айт, дедим. Жим. Ерга қарайди. Ҳа, нима бўлди, эсингдан чиқдими, дедим. Уяляпман, дейди. Иби, нега дедим, тавба, нега уяласан?..

Охири айтди. Бир юз саккиз (яъни сто восмой) дейди.

Ўша пайтдаги жиноят кодексида текинхўр, бетайин, саёқ, пияниста шахслар 108-модда билан айбланиб, улар халқ тилида “сто восмой” деб аталарди. Бечора йигит шундан уялиб турган экан.

У гапираётиб, ёзаётиб, бирданига ҳайратланиб бақириб юборди.
– Э, яна битта сто восмой!

Дугонаси ишонмай унинг олдига югуриб келди.
– Вой, тавба, ростданам сто восмой-ку, — деди у ҳам ва иккиси шарақлаб кулиб юборишди.

Табиийки, менинг жаҳлим чиқди. Қовоқ уюб, тумтайиб олганимни кўрган биринчи қиз менга қараб самимий жилмайди.

– Сен йигитча, хафа бўлма, бунақа тасодиф ҳар кун ҳам бўлавермайди, – деди. – Танишиб қўяйлик, мен ҳам талабаман, тўртинчи курсни битирдим. Исмим Мунаввара, деди.

Ўша шаддод қиз – бугунги кунда Республикада хизмат кўрсатган мураббий, таниқли режиссёр ва актриса Мунаввара Абдуллаева опамиз 1973 йил 9 июлда ёзиб берган 108-рақамли тилхатни ҳалигача сақлаб келаман. Ҳар кўрганимда беихтиёр жилмайиб қўяман.

Бўладиган бола

Театримиз реквизит цехига Ғуломжон Алимов деган йигитча ишга келди. Киришимли йигит экан, кўпчилик билан тез орада танишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Назаримда, айниқса менга ўзини яқин тутарди. Ўшанда мен “Пири коинот”да, “Соҳибқирон Амир Темур”да, “Усмон Носир”, “Афанди”да етакчи ролларни ўйнаётган, журналистлар тили билан айтганда “ижодим гуллаган” бир давр эди.

У саҳна безашда қатнашиб юраркан, иш орасида вақт топиб, менинг олдимга келар, актёрликка ҳавасмандлиги, бу йил театр институтига киролмаган эса-да, вақти беҳуда ўтмаётгани, машҳур актёрлардан (жумладан, мендан ҳам) катта сабоқ олаётганини тўлиб-тошиб гапириб ўтирарди. Сиз менинг биринчи устозимсиз, Ғайбулла ака, дерди оғзини тўлдириб.

Бунақа эътироф кимга ҳам ёқмайди, дейсиз. Мен ҳам ўз навбатида унга кўнглим илиб, қўлимдан келганича “устозлик” маслаҳатларимни аямайдиган бўлдим.

Бир кун десангиз, кулисни оралаб саҳна томон ўтиб бораётсам, бехос Ғуломжоннинг овозини эшитиб қолдим. Қадамимни секинлатиб, қулоқ солдим.

Саҳнада Рихсивой ака (Ўзбекистон халқ артисти Рихсивой Авазов), унинг рўпарасида менга орқа қилганча Ғуломжон турар ва худди монолог ўқиётгандек гап берарди.

– Рихсивой ака, сиз улуғ санъаткорсиз. Мен институтга киролмаганим билан сира ўкинмайман, сиздай санъаткорлар билан танишдим. Институтда ўқиганимда ҳам бунчалик сабоқ ололмасдим. Айниқса, сиздан кўп нарса ўргандим. Сиз менинг биринчи устозим бўлдингиз, ҳа, сиз биринчи устозимсиз.

Шўхлигим тутди. Жиноят устида қўлга туширган каби орқасидан бордим-да, шаппа икки елкасидан тутиб, ўзимга қаратдим.

– Мен-чи, мен нечанчи устозингман?! – дедим жиддий тикилиб.

Ғуломжон бир зум анграйиб қолди.
– Сиз… Сиз… Ғайбулла ака… Сиз…

Бундай “сиз…сизлаб” туриш асноси ўзини тутиб олди-да:
– Сиз, Ғайбулла ака, нўлинчи устозимсиз, – деди.

Ҳалиги “жиддиятим” бирдан йўқолди-да, шарақлаб кулиб юбордим.

– Сен, Ғуломжон, актёр бўласан. Сендан зўр актёр чиқади, – дедим кула-кула. Дарҳақиқат, актёрда ҳозиржавоблик, ўзини йўқотмаслик, ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета олиш қобилияти ҳам бўлиши керак. Ғуломжонда мен шундай қобилиятни кўргандим.

Ғалати саломлашув

Бу ҳангомани Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакировадан эшитганман.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари экан. Миллий ўзлигимиз уйғона бошлаган, одамларимизда руҳий тозариш, юксалишлар сезилаётган даврлар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, суюкли онахон актрисамиз Лола Бадалова кўчада кетаётсалар, рўпараларидан уч-тўртта нуроний отахон гурунглашиб келаверибди. Опамиз уларга яқинлашиб, тавозе билан саломлашмоқчи бўлиб, қўлларини кўкраклари устига қўйибдилар-да:

“Ассалому алайкум”, дейиш ўрнига беихтиёр “Бисмиллоҳир раҳмонир роҳим”, деб юборибдилар.

Ҳалиги отахонлар илкис тўхтаб, таниш актрисага қараб қолишибди-да, кейин тушуниб, “Ва алайкум ассалом”, деб сир бермай ўтиб кетишибди. Опанинг ўзи бўлса, беихтиёр ё тавбангдан, деб кулиб юборибдилар.

Масков бошқаруви

Муҳиддин ҳожи ака деган бир ҳамюртимиз бор. Зуккотабиат, донишманд бир инсон. Коса тагида ним коса деган ибора бор. Муҳиддин аканинг ҳар бир гапи ана шунақа тагдор бўлади. Бир куни машинада шу киши ҳамроҳлари билан Лоша деган қишлоқдан Бухорога қараб йўлга тушишибди. Шаҳарга кираверишда, машина бир қалқиб тўхтабди. “Ҳа, – дебди гурунг бериб келаётган Муҳиддин акамиз ҳайдовчига қараб, – нимага тўхтадинг?” “Қизил”, – дебди ҳайдовчи йўлчироққа ишора қилиб. “Оббо, падарқусурей! – дермиш шунда ҳайратга тушган бўлиб Муҳиддин ака. – Масковдан туриб йўлни бойлади-я!»

Рус тили дарсида

Институтга янги кирган пайтларимиз.

Рус тили ва алабиёти дарсида ўқитувчи бир курсдошимизни доскага чиқарди. Курсдошимиз, узоқ вилоятдан келган, рус тилидан саводи ҳаминқадар, илжайиб чиқиб келди. Ўқитувчи “Рус тилидаги сўз туркумлари” мавзуси юзасидан савол берди. “Имя существителний” ҳақида гапиринг. Курсдош ҳеч нарса гапиролмади. Ҳеч бўлмаса айтингчи, “Имя существителний” ўзбекчада нима дейилади? Яна жим. Шу пайт курсдошлар ёрдам бермоқчи бўлиб, шивирлай бошлашди. “От, от, от дегин…” Йигит “от” демоқчи бўлдию лекин ўзича буни русчага ўгириб айтиш керак деб ўйлади, чоғи, “лошадь” деб юборса бўладими!

– Что?!
– Лошадь…

– Какой лошадь?! – фиғони чиқди ўқитувчининг. Курсдошимиз шоша-пиша хатосини тузатмоқчи бўлди.

– Измените, измените, не лошадь, а конь, конь!..

Rollar.jpgСАРҲИСОБ ҚИЛМОҚЧИ БЎЛГАНИМ

Бир куни нимадир сабаб бўлди-да, тўхта-чи, дедим ўзимга ўзим. Сен ҳам мана анча йўлни босиб қўйдинг, набиралар кўрдинг. Сочинг бинойидай мош-гуруч бўп қолди. Қувватинг ҳам, гарчи тан олгинг келмаса-да… ҳар ҳолда кучинг танангга сиғмай юрган кечаги Ғайбулла эмассан. Анчагина вазмин тортиб, ўзингга, атрофингга танқидий назар билан қарай бошладинг. Насиҳатгўйликка майл пайдо қилгансан. Бу ниманинг аломати, биродар! Демак, йиллар ўз ҳукмини ўтказяпти ва билиб-билмай унинг измига тушяпсан. Энди бундай дўппини тиззангга олиб қўйиб, шу чоққача ўтган умринг ҳақида, аввал бошда ниятлар қандай эди, улар қай даражада амалга ошди? Нималар қилмоқчи эдинг, нималар қила олдинг? Шуларни бир хотира элагидан ўтказиш, сарҳисоб қилиш вақти келди! Бу дегани, шоир айтмоқчи: кўнгил қолди орзулардан ҳам, дея ҳамма нарсага қўл силташ эмас. Худо хоҳласа, олдинда ҳали ҳаёт бор, демак, нималардир қилишга имкон бўлади. Фақат, одам боласи маълум бир манзилга етганда, ортига бир қараб олиши керак. Ортга қараш ортга қайтиш эмас. Аксинча бу нарса келгуси манзиллар йўналишини аниқ белгилаб олиш учун зарур… Шунақа “файласуфона” ўй-хаёллар таъсирида нимагадир иқрор бўлдим, нимагадир яна умид боғладим ва буям бир гап-да, дедим-да, ёзув столига ўтирдим.

Нимадан бошласам экан? Ҳа, бўлди, бир бошидан тушиб келаман. Катта саҳнадаги биринчи қадамларим, биринчи ролларимдан. Ва бошладим…

Ўзбек давлат драма театри (собиқ “Ёш гвардия”)да:

1. Мар Байжиев асари “Тўй муборак, қариқиз”да (режиссёр Бахтиёр Ихтиёров) бош қаҳрамон – бастакор, дирижёр йигит ролида чиқдим. Асар собиқ иттифоқ танловида иккинчи ўринни олди. 1977 йил.
(Шундан сўнг бир ярим йил ҳарбий хизматда бўлиб қайтдим).
2. Максим Каримов асари “Интилганга толе ёр”да (режиссёр Пўлат Файзиев) бош ролни ижро этдим.
3. ЎткирҲошимов асари “Баланд дорга осилма”да (режиссёр Рустам Бобохонов) Мўъминжон Комилович ролида чиққанман.
4. Вампилов асари “Гуноҳкор авлиё”да (режиссёр Наби Абдураҳмонов) Федя шайтон ролини ўйнадим.
5. Поляк драматургининг “Тун қиссаси” спектаклида (режиссёр Убайдулла Омон) бош ролни ўйнадим.
6. Ҳамза асари “Майсаранинг иши”да (режиссёр Баҳодир Йўлдошев) Мулла Рўзи аъламни ўйнадим.
7. Нозим Ҳикмат асари “Тентак”да (режиссёр Ҳотам Файзиев) рус эмигрант офицери ролини ўйнадим.
8. Тўра Мирзо асари “Сочидан салом”да (режиссёр Наби Абдураҳмонов) бош қаҳрамон Ғайбулла ролини ўйнаганман.
9. Машраб Бобоев асари “Ўттиз ёшлилар”да (режиссёр Бахтиёр Ихтиёров) профессор ролида чиқдим.
10. Ўткир Ҳошимов асари “Сендан угина…”да (режиссёр Рустам Бобохонов) ҳам профессор ролини ўйнадим.
11. Ўлмас Умарбеков асари “Отилмаган ўқ”да (режиссёр Бахтиёр Ихтиёров) босмачи Абдуллани ўйнадим.
12. Александр Гельман асари “Зинуля”да (режиссёр Баҳодир Йўлдошев) қурилиш бошқармаси бошлиғи ролини ўйнадим.
13. “Қозон университети” спектаклида (режиссёр Рустам Бобохонов) Никонов ролини ўйнадим.
14. Исфандиёр асари “Отасининг қизи”да (режиссёр Бахтиёр Ихтиёров) бош қаҳрамон Бахтиёр ролини ўйнадим.
15. Ҳайитмат Расул асари “Узоқ қишлоқ”да (режиссёр Баҳодир Йўлдошев) эпизодик рол архитектор ролида чиққанман. (Бир сафар бош қаҳрамон ижрочиси касал бўлиб қолганида ўша ролни ҳам ижро этганман. Бу ҳақда “Баҳодир аканинг сабоқлари” деган ёдномамда айтиб ўтганман).
16. Абдуқаҳҳор Иброҳимов асари “Биринчи бўса”да (режиссёр Эргаш Масафоев) Ҳамид ролида чиққанман.
17. Муҳаммад Хайруллаев асари “Тинмасин соз”да (режиссёр Омон Абдураззоқов) Дўсмат ролини ўйнаганман.
18. “Чернобиль фожеаси” спектаклида (режиссёр Баҳодир Йўлдошев) АЭС директори ролини ижро этдим.
19. “Метродаги можаро” спектаклида (режиссёр Арсен Исмоилов) сержант Троттер ролини ўйнадим. (Америка ҳаётидан)
20. “Шайтон фаришталари” спектаклида (режиссёр Баҳодир Йўлдошев) сержантлар мактаби талабаси ролида чиққанман. (Америка ҳаётидан)

Ўзбек миллий академик драма (собиқ Ҳамза номидаги) театрида:

1. Шукрулло асари “Ўғрини қароқчи урди”да (режиссёр Рустам Ҳамидов) Ибодхўжа ролида ўйнадим.
2. Иззат Султон асари “Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари”да (режиссёр Латиф Файзиев) НКВД комиссари ролини ўйнаганман. Шу асарда бир йилдан кейин Йўлдош Охунбобоев ролида ҳам чиққанман. (Ўрни кеп қолди, чамаси, бир мақтаниб қўяй. Бунақа ҳодисалар, илгари айтганимдек, ҳаётимда кўп такрорланган. Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади, бошқача бир вазиятлар бўп қолади-да, актёр келмай қолади. Чипталар сотилган, ҳатто томошабинлар тўпланиб бўлган, томошани тўхтатиб бўлмайди. Шунда кўпинча мен “бошимни кундага қўйиб” саҳнага чиқиб кетаверардим. Чунки унда томим жойида бўлган, шекилли, бошқаларнинг сўзлари ҳам ёдимда қолаверган экан-да).
3. Шекспир асари “Кореолан”да (инглизчадан Жамол Камол таржимаси, режиссёр Рустам Ҳамидов) салбий қаҳрамон Тув Авфилий ролида чиқдим. Шу ролим учун 1988 йил якунида бадиий кенгаш томонидан йилнинг энг яхши актёри сифатида эътироф этилдим.
4. Чўлпон асари “ Ёрқиной”да (режиссёр Носир Отабоев) Ўлмас ботирни ўйнадим.
5. Эркин Воҳидов асари “Истанбул фожиаси”да (режиссёр Носир Отабоев) турк комиссари ролида чиқдим.
6. Абдурауф Фитрат асари “Абулфайзхон”да (режиссёр Марат Азимов) Ҳакимбий оталиқ ролини ижро этдим. Бадиий кенгаш томонидан йилнинг энг сара актёри, деб эътироф этилдим.
7. Абдулла Қодирий асари “Меҳробдан чаён”да (режиссёрлар: Турғун Азизов, Мунаввара Абдуллаева) Солиҳ Махдумни ўйнадим. 1995 йил “Тошкент баҳори” театр фестивалида “Энг яхши эркак роли” номинациясига лойиқ топилдим.
8. Салоҳиддин Сирожиддинов асари “Фиғон”да (режиссёр Марат Азимов) Амир Насрулло ролида чиқдим.
9. Шекспир асари “Қирол Лир”да (режиссёрлар: Турғун Азизов, Сергей Каприелов) граф Глостерни ижро этдим.
10. Иброҳим Содиқов асари “Афандининг беш хотини”да (режиссёр Марат Азимов) Насриддин Афанди ролини ижро этдим.
11. Нодира Рашидова асари “Усмон Носир”да (режиссёр Марат Азимов) Носир ҳожи ролини ижро этдим.
12. Ҳайитмат Расул асари “Пири коинот”да (режиссёр Валижон Умаров) Аҳмад ал-Фарғоний ролини ижро этдим.
13. Кристофер Марло асари оҳангларида Асрор Самад пьесаси “Соҳибқирон Темур”да (режиссёр Карим Йўлдошев) турк султони Елдирим Боязидни ижро этиб, Амир Темур жамғармаси мукофотини олдим.
14. Абдулла Орипов асари “Соҳибқирон”да (режиссёр Олимжон Салимов) Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари ролини ижро этдим. 1996 йилнинг “Энг яхши эркак роли” номинациясига сазовор бўлдим.
15. Мақсуд Шайхзода асари “Мирзо Улуғбек”да (режиссёр Турғун Азизов) Бобо Кайфий ролини ижро этиб, устоз Наби Раҳимов дуосини олганман.
16. Иззат Султон, Уйғун асари “Алишер Навоий”да (режиссёр Турғун Азизов) Уста Жалолиддин меъмор ролида чиқдим.
17. Усмон Азим асари “Кундузсиз кечалар”да (режиссёр Валижон Умаров) Абдурауф Фитрат ролини ўйнадим.
18. Усмон Азим асари “Бир қадам йўл”да (режиссёр Валижон Умаров) хорижлик меҳмон ролида чиқдим.
19. Муҳаммад Хайруллаев асари “Жар”да (режиссёр Сергей Каприелов) институт домласи (салбий рол)ни ўйнадим.
20. Ҳайдар Муҳаммад асари “Бир жиноят изидан”да (режиссёр Марат Азимов) Барзанги ролини ўйнадим.
21. Ҳайитмат Расул асари “Муҳаббат султони”да (режиссёр Марат Азимов) Мажнуннинг яқин дўсти ролини ижро этдим.
22. Одил Ёқубов асари “Бир кошона сирлари”да (режиссёр Турғун Азизов) Имом ролида чиқдим.
23. Эркин Хушвақтов асари “Қаллиқ ўйини”да (режиссёрлар: Турғун Азизов, Ҳамида Маҳмудова) мулла бува ролида чиқдим. мактаби
24. Ҳайдар Муҳаммад асари “Хотинлар гапидан чиққан ҳангома”да (режиссёр Марат Азимов) терговчи ролини ўйнадим.
25. Ҳайитмат Расул, Йўлдош Муқимов асари “Муқаддас тахти зар”да (режиссёр Арсен Исмоилов) Ҳоким ароба ролини ўйнадим. Бу мен учун Миллий театримиз саҳнасидаги сўнгги ижро бўлди. Фақат премьерада чиқдим. Кейин хасталик бошланди…
26. Шекспир асари “Гамлет”да (режиссёр Турғун Азизов) Полоний ролини тайёрлаган эдим, саҳнага чиқиш эса насиб этмади.

“Ўзбектелефильм” студияси, Ўзбекистон телевидениеси ва катта экранларда:

1. Шавкат Жунайдуллаев режиссёрлигидаги “Чархпалак” сериалида (Ш. Бошбеков асари) Хурсандбек ролида чиқдим.
2. Дилором Каримова режиссёрлик қилган “Қуёши ботмайдиган юрт” кўп қисмли видеофильмда (Н. Норқобилов асари) қайнота ролини ўйнадим.
3. Шавкат Жунайдуллаев реж. “Қайтар дунё” сериалида кичик бир сўзсиз саҳнада чиқдим (Бу хасталикдан кейинги биринчи қадамим бўлди).
4. Саид Мухтор реж. “Шабона” бадиий фильмида Абдуқодир ота роли.
5. Санжар Шодиев реж. “Ортиқча омад” бадиий фильмида Донишманд роли.
6. Шавкат Жунайдуллаев реж. (Равшан Қуттумов асари) “Умидингни сўндирма” сериалида Аброр ота роли.
7. Баҳодир Аҳмедов реж. (Ш. Бўтаев асари) “Қалдирғочлар яна қайтади” сериалида Пўлат тоға роли.
8. Санжар Бобоев реж. (Ш. Бўтаев асари) “Дил пайванди” сериалида Абдулҳамид роли.
9. Ориф Йўлдошев, Нажмиддин Ғуломов реж. “Уқубат” бадиий фильмида эпизодик салбий ролни ўйнадим.
10. Баҳодир Ортиқов реж. “уч Д” форматидаги “Папагандус – афсонавий гиёҳ” фильмида профессор Музаффар Сирожиддинович роли.
11. Жавоҳир Қосимов реж. “Занги ота” ҳужжатли фильмида Хожа Аҳмад Яссавий қиёфаларида чиқдим.
12. Дилором Каримова реж. (Хуршид Даврон асари) “Алғул” телеспектаклида Амир Шоҳ Вали роли.
13. Шавкат Жунайдуллаев реж. “Аммажоним, аммажон” сериалида маҳалла оқсоқоли роли.
14. Мақсуд Юнусов реж. (С.С. Бухорий асари) “Имом Бухорий” кўп қисмли видеофильмида Абу Ҳафс Кабир роли.
15. Мақсуд Юнусов реж. (Алишер Навоий асари) “Лайли ва Мажнун” кўп қисмли видеофильмида Мажнуннинг отаси роли.
16. Мақсуд Юнусов реж. (Чўлпон асари) “Кеча ва кундуз” кўпқисмли видеофильмида Шарофиддин Ҳожи жадид роли.
17. Ҳамид Қаҳрамонов реж. (Мақсуд Шайхзода асари) “Жалолиддин Мангуберди” икки қисмли видеофильмида Бадриддин роли.
18. Ғайрат Убайдуллаев реж. (А. Абдураззоқов асари) “Ўртоқ Бойкенжаев ва бошқалар” видеофильмида Йўлдош Васильевич роли
19. Толибжон Ҳамидов реж. (Анор асари) “Фидойи” видеофильмида бош қаҳрамон Эдик роли.
20. Мақсуд Юнусов реж. (П.Қодиров асари) “Бобур” кўпқисмли видеофильмида Узун Ҳасан роли.
21. Мақсуд Юнусов реж. (У.Отажон асари) Алишер Навоий ҳақидаги туркум видеофильмларда бир қатор ролларни ўйнадим.
22. Ҳамид Қаҳрамонов реж. (Агата Кристи асари) “Қопқон”бош қаҳрамон Жаюс роли.
23. Ҳамид Қаҳрамонов реж. (Проспер Мериме асари) “Осмон ва дўзах” видеофильмида Дон Пабло ролини ўйнадим.
24. Ҳамид Қаҳрамонов режиссёрлигида “Бир актёр театри” туркумида қирқ беш дақиқали бир қатор асарларни жонли эфирда ижро этганман. Масалан, Ҳамид Олимжон асари “Раксананинг кўз ёшлари”, Султон Жўра асари “Жордано Бруно”, Михаил Шолохов асари “Нафрат мактаби” ва бошқалар.

Ўзбекистон радиосида:

1. Ғойибназар Искандаров реж. (А.Суюн асари) “Сарбадорлар” р.постановкасида Абу Бакр Калавий роли.
2. Ғойибназар Искандаров реж. (О.Ёқубов асари) “Улуғбек хазинаси”да Мирзо Улуғбек роли.
3. Гулчеҳра Ғиёсова реж. (П.Қодиров асари) “Она лочин нидоси”да Мирзо Улуғбек роли.
4. Раҳмат Жумаев реж. (У.Қўчқор асари) “Имом Бухорий”да Имом Бухорий роли.
5. Қурбонали Искандаров реж. (С.Сиёев асари) “Султон ул-орифиннинг сўнгги сафари”да Хожа Аҳмад Яссавий роли.
6. Раҳмат Жумаев реж. (О.Мухтор асари) “Амир Темур ва Ҳофиз Шерозий”да Ҳофиз Шерозий роли.
7. Собиржон Содиқов реж. (Т.Содиқов асари) “Фалакнинг гардиши”да Толибжон роли.
8. Рустам Расулов реж. “Файзулла Хўжаев”да Файзулла Хўжаев роли.

Дубляжда

Дубляждаги биринчи ишим 1994 йил “Насриддин Бухорода” фильми билан бошланган эди. 1943 йил суратга олинган мазкур фильмда Насриддин Афанди ролини маҳорат билан ижро этган рус актёри Лев Свердлинга овоз берганман. Кейин 1947 йил олинган “Насриддиннинг саргузаштлари” фильмида устоз Раззоқ Ҳамроевга овоз бердим.

Дубляжга келиб қолишимга Мирғиёс Мирсоатов деган дубляж режиссёри сабаб бўлган эди. Бир куни “Афандининг беш хотини” спектакли тугаб, гримхона томон бораётсам, биров чақириб қолди. Қарасам, Мирғиёс ака, Тўти опамиз (Ўзбекистон халқ артисти Т. Юсупова)нинг хўжайинлари. “Сен эртага телефильмга бориб, Камолиддин Усмоновга учрашсанг, – деди. – У “Насриддин Бухорода” фильми учун Афандига овоз қидириб юрибди. Кўриб турибман, ҳойнаҳой эплаб кетасан”…

Эртаси кун Камолиддин акага учрашдим. Овозим тўғри келди. Лекин, тажрибам йўқ эмасми, бир ҳафталик иш бир ойга чўзилди. Камолиддин ака сабр билан ўргатди. Мени қўйинг, барибир қўлимдан келмайди, дейишимга қарамай, кеча-кундуз тиндирмади. Бир ойлик машаққатлар бекор кетмабди, шекилли, иккинчи фильм “Насриддиннинг саргузаштлари”ни овозлаштириш анча осон кўчди.

Хуллас, шу тарзда дубляждаги фаолиятим бошланиб кетди. “Кусто командасининг сув ости саргузаштлари” (114 қисм), ҳинд эпоси “Рамаяна” (77 қисм), Миср киночиларининг “Оқибат” сериали (18 қисм), яна “Қундуз бобонинг эртаклари”, “Денгиз итлари”, “Қирол шер”, “Соҳибжамол ва махлуқ” каби мультфильмлар… Булардан ташқари Англия, Америка, Италия, Япония, Туркия, Россия, Қозоғистон, Франция, Араб фильмларига овоз берганманки, санайверсам бир неча юздан ошиб кетади. Аввалига, ҳали айтганимдек, битта фильмга бир ой вақт кетган бўлса, кейинчалик бир ойда бир неча фильмларни ўзбекчалаштиришга ярай бошладим. “Кўз қўрқоқ, қўл ботир” деганларидек, ҳамма нарсанинг онаси меҳнат, ҳаракат экан. Яна шуниси ҳам борки, сенинг ҳаракатинг, меҳнатингни тўғри йўналтириб, имкониятинг, иқтидорингни юзага чиқарувчи устозинг борлиги катта аҳамиятга эга. Мен бу ўринда Камолиддин Усмонов, Йўлдош Абдукаримов, Мукамбар Раҳимова, Рустам Қурбонов, Ҳожимурод Валиев, Баҳодир Қосимов каби дубляж режиссёрларининг, кейинчалик уларнинг издоши сифатида бу соҳага кириб келган Матёқуб Орзиев, Комилжон Турсунбоевлар ғамхўрлиги, фидойилиги, сабр-матонатини миннатдорлик билан эслаб ўтгим келади. “Дубляж ўзига хос мураккаб санъат, – дерди раҳматли устоз Камолиддин Усмонов. – Фильмда рол ўйнаган актёр камера олдига келгунча ойлаб машқ қилади. Сиз беш дақиқа ичида ўша актёр ҳолатига тушишингиз, уни ҳис қила олишингиз керак бўлади. Дубляж ана шунақа ҳозиржавобликни талаб қилади”.

Дубляж усталаридан таниқли актёрлар Фарзиддин Фаёзов, Омон Абдураззоқов, Иноғом Одилов, Ҳожиакбар Нурматов, Римма Аҳмедова, Мукамбар Раҳимова, Афзал Рафиқов, Ёқуб Аҳмедов, Ойбарчин Бакирова, Гулчеҳра Жамилова, Диас Раҳматов, Ширин Азизова, Фарҳод Аминов, Теша Мўминов, Маҳмуджон Дўсматов, Эркин Комиловлар билан бирга ишлаганим мен учун катта мактаб вазифасини ўтади, улардан сўз билан ҳолатни бериш, кайфиятни бериш, қолаверса образ яратиш санъати сирларини ўргандим. “Ўзбектелефильм” қошидаги дубляж студияси директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Баҳодир Абдуллаевдан кўрган яхшиликларим, уларнинг берган йўл-йўриқлари самараси мен учун катта бўлган. “Ўзбекфильм” киностудияси муҳаррири, таниқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов билан мулоқотларимдан ҳам кўп нарсаларни ўрганганман.

Мен бир ўринда айтиб ўтгандим: ёшлигимда кўрганим Йўлдош Аъзамовнинг “Ўтган кунлар” фильмидан, аниқроғи севимли актёрим Ўлмас Алихўжаев талқинидаги Отабек ролидан таъсирланиб, актёрликка бўлган ҳавасим қатъийлашган эди. Қарангки, дубляж шарофати билан орадан ўттиз йиллар ўтиб, худди шу асарнинг бошқа бир вариантида, айнан ўша севимли актёрим раҳматли Ўлмас Алихўжаев яратган Мирзакарим қутидорга овоз бердим. Бундан мен бениҳоя хурсанд бўлдим, фахрландим. Худди шу ҳолат ёшлигимда кўриб, ҳайратга тушганим икки қисмли “Клеопатра” фильмида ҳам содир бўлди. Цезарга овоз бердим. Ҳали айтганимдек, “Насриддиннинг саргузаштлари”да Раззоқ Ҳамроев устозимга овоз берганим ҳам мен учун ғоятда қувончли воқеа бўлган эди. Мана шулар сабаб бўлибми, дубляж санъатига қизиқишим ортгандан ортиб борди. Ва бу соҳанинг ўзига хос машаққатлари менга роҳат бағишларди. Овозлаштириш асосан тунда бўларди. Театрдан чиқиб, кеч соат ўн бирдан эрталаб тўрт-бешга қадар дубляж қилардик. Ҳозир ўйлаб қарасам, дубляж ижодкорлари – режиссёрлар, ассистентлар, муҳаррирлар, муҳандислар… ҳамма-ҳаммаси ўз касбининг чинакам фидойилари экан. Ҳали-ҳалигача ўша кунларни қўмсайман, тушларимда дубляж студияларида юриб, уйғониб кетаман. Алланечук маъюс тортаман. Иложи бўлса, лоақал бир соатга бўлса-да, ўша кунларга қайтгим, устозларим, сафдошларим билан (бугун уларнинг бир қанчаси раҳматли бўлиб кетишган) дийдорлашгим келади…

ХОТИМА ЎРНИДА

img099.jpg2003 йилдан бу ёғига ҳаёт тарзим бир қадар ўзгарди. Энди ҳар эрта туриб, одатдагидай репитицияга, кечқурун спектаклга ошиқмайман. Дубляж, радио, телевидениега ҳам… кейин тўй бошловчилигига ҳам… Шундай бўлса-да, минг шукурки, уйда ўтириб қолмадим. Ҳамон съемкаларга таклиф қип туришади, теленовеллалардан тортиб, бадиий фильмлар, телесериалларгача катта-кичик роллар ижро этишга яраб турибман. Кейин, барака топишсин, газетачилар, телевидение, радио ижодкорлари ҳам тинч қўйишмайди. Гоҳ уйимда, гоҳ муҳарририятларда, радио-телевидениеда турли суҳбатлар, учрашувларда қатнашаман. Маҳалла, мактаб, коллежлардаги йиғинлар, тўю маъракалардан… ва умуман айтилган жойдан қолмайман, албатта боришга ҳаракат қиламан. Бу, биринчидан, менга “сут билан кирган мижоз” – болалигимдан сингдирилган шарқона тарбиям мажбурияти бўлса, иккинчидан, шифокорлар талабини бажаришга интилишим: улар доимий ҳаракатда бўлинг, дейишган.

Жонажон театримга ҳам бориб тураман, албатта. Табиийки, роль ўйнагани эмас, саҳнани, жамоамни – устозларим, сафдошларим дийдорини соғиниб бораман. Кулисда, саҳнада, томошабинлар залида сокин хаёллар измида кезинаман. Ўтган устозлар – салафларимиз овозини эшитишга, ҳар бирининг нафаси, ўзига хос муаттар бўйини туйишга интиламан. Залдаги орқа ўриндиқлардан бирига ўтириб, бўм-бўш саҳнага тикиламан, бир пайтлар ўйналган спектаклларнинг айримларинии хаёлан тиклашга интиламан. Ўзимни оддий бир томошабин ўрнида кўриб, актёр Ғайбулла Ҳожиев ижросини таҳлил қиламан. Баъзи ўринлардан кўнглим тўлади, баъзан “э, шу ери чиқмади, эплолмади!” деб юбораман. Мана бундай қилса, мана бундай деса яхши бўларди-ку, дейман жаҳлим чиқиб. Кейин эса… буларнинг ҳаммаси рўё эканлиги, у кунлар ортга қайтмас бўлиб кетгани ёдимга тушиб, ўкинаман. Лекин дарҳол донишманд боболар ўгити – ўнглаб бўлмас нарсага қайғуриб, бугунингни бой берма деган ҳикматни эслаб, ўзимни қўлга оламан. Ўкинчу армонларни ўзимдан нари ҳайдаб, атрофга жилмайиб боқаман, томошабинлар олқиши, устозларимнинг хайрихоҳ, миннатдор нигоҳларини туюб, таскин топаман, дилим ёришади.

Театрдан чиқиб, қадрдон Навоий кўчаси бўйлаб йўлга тушаман. Бугун ғоятда ўзгариб, гўзаллашиб кетган муаззам кўчанинг яқин ўтмишдаги қиёфасини хаёлимда тиклашга ва шу аснода хотираларим дунёсини жонлантиришга уринаман. Чорсу бозорини айланаман. Таниш-билишлар билан гурунглашаман. Ҳунармандлар расталарини айланаман. Бир пайтлар телевидение ходимлари билан биргаликда “Руҳият манзаралари” кўрсатуви учун суҳбатдош излаб юриб, ғоятда дилбар бир отахон – темирчи уста Мақсуджон ҳожи отани учратиб қолганимиз ёдимга тушади. Мақсуджон отанинг болалиги шу атрофда – Миллий театримизнинг эски (ҳозирги Ўзбек давлат драма театри) биноси яқинидаги ҳовлида ўтган бўлиб, у бирорта театр томошасини ўтказиб юбормас экан. Айрим спектаклларни ўттиз-қирқ марталаб қайта-қайта кўраверганидан бутун бошли томошалар ёд бўлиб кетаркан. У етмиш-саксон ёшларида ҳам Навоий, Отелло, Гамлет монологларини хотирасида сақлаб, улфатлари даврасида, баъзан биз каби ёшларнинг илтимосларини ерда қолдирмай айтиб юргувчи, завқи баланд, пири бадавлат бир отахон эди раҳматли. Жойлари жаннатда бўлсин. Отахон ҳаётлигида кўпинча бозордан чиқиб, у кишининг зиёратига – Илғор маҳалласидаги янги ҳовлисига – саккиз қиз, икки ўғилни уйлаб-жойлаб учирма қилган шинам ва меҳмондўст хонадони томон ошиқардим. Энди эса Шайх Зайниддин бува қабристонига қараб йўлга тушаман…

Мана неча ўн йилларки, Тошкентда илдиз отиб, таниш-билишлар, дўстлар, мана энди бу ёғига қуда-андалар орттириб яшаб келаётган эканман, бу азим шаҳар қабристонларини ҳам тез-тез зиёрат қилиб туришга ўзимда эҳтиёж сезаман. Чунки, уларнинг аксариятида энди менинг ҳам яқинларим, дилбандларим ётибди. Минорда ҳам, Камолонда ҳам, Чиғатойда ҳам…

Чиғатойда зиёрат қилиб юрсам, шундоққина орқамдан “Ҳой, Ғайбулламисан?!” деган янгроқ овоз эшитилди. Қарасам, устозим Зикр ака – Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ артисти Зикр Муҳаммаджонов. Ажабланиб, кўзларига ишонмай турибди. Ҳой, сен бола ҳам биласанми шунақа жойларни, кеп турасанми, дейди ўзига ярашган соддалик билан. Ҳа, дедим илжайиб, қанчадан қанча устозлар ётибди бу ерга, зиёрат қилиб, эслаб туриш керак-ку, устоз. Ҳа, баракалла, мени хурсанд қилдинг. Энди бўлмаса, болам, менга ҳамроҳ бўласан, бирга айланамиз, сен тиловат қиласан, бўптими! Бўпти. Эсимда, ўшанда икки соатча қабристон айланган, ва устоздан ҳар бир қабр олдида ўша қабр соҳиби ҳақидаги ҳеч кимдан эшитмаган кўплаб ибратли гапларни эшитгандим. Раҳматли Зикр ака хазина эди, яхшиям устозда ёзувчилик иқтидори ҳам бор экан, жуда кўп қимматли фикрлар, пандлар, ёдномаларни китобларида қолдириб кетди.

Чиғатой қабристони… Не не азизлар қўним топган пойтахтдаги энг муаззам бир зиёратгоҳ. Саҳнамиз, санъатимиз, маданиятимиз дарғалари – Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Шариф Қаюмов, Лутфулла Назруллаев, Тошхўжа Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев, Обид Жалилов, Зикр Муҳаммаджонов, Домла Ҳалим Ибодов, Юнус Ражабий, Комил Ёрматов, Йўлдош Аъзамов, Мухтор Ашрафий, Ботир Зокиров… Устозларим Неъмат Аминов, Нажмиддин Комиловлар… Яна айтаверсам, эҳ-ҳе… юрагинг ҳаприқиб кетади одамнинг… Маҳзун тортсанг қабристонга бор, ҳаволаниб кетсанг қабристонга бор деган мазмундаги боболар ўгити бор. Мен бу ердан ҳар сафар руҳан тозариб, енгиллашиб қайтаман. Авлиёлар қабридан тўққиз минг йилгача қувват таралиб тураркан, деган гапни устоз Садриддин Салим Бухорийдан эшитгандим. Чиғатойда мен шундай қувватни сезаман. Дарвоқе, бу ерда ётганлар ҳам ҳазилакам инсонлар эмас-да!..

Институтда бизга устозларимиз машғулотлар орасида ҳаётда ўзлари гувоҳ бўлган, бошқалардан эшитган ёки китоблардан ўқиган буюк санъаткорлар ҳақидаги воқеа ҳодисаларни гапириб беришарди. Устозимиз – Ўзбекистон халқ артисти, профессор Назира Алиеванинг бир гапи сира эсимдан чиқмайди. Назира опа, Шарифжоннинг (Ўзбекистон халқ артисти Шариф Қаюмов) дубляждаги овозини эшитсам йиғлаб юбораман, телевизорни ё ўчираман, ёки бошқа каналга оламан, дерди. Шарифжоннинг дафн маросимига тумонат одам йиғилганди, дея давом этарди устозимиз, лекин Шукур Бурҳонов кўринмади. Ажабландим, бу мумкин эмас эди-да. Кечқурун қўнғироқ қилдим, Шукуржон, Шариф аканинг жанозасида кўринмадингиз, дедим. Шундай дейишимни биламан, Шукур Бурҳондай зот ўкраб йиғлаб юборса бўладими! Э, Назихон, биласиз-ку, Шариф ака менинг ҳам акам, ҳам устозим эди-ку. Мен унинг жонсиз жасадини кўрсам ўша ернинг ўзида ўлиб қоламан-ку! Шариф акам менинг кўз ўнгимда тириклигича қолсин, дедим Назихон. Шунинг учун уйимда қамалиб ўтирдим, бўлганимча бўлдим… деганди. Кўрдиларингми, буюклар муҳаббати ҳам қанчалар буюк бўлади, ҳеч бир андазага сиғмайди…

Қабристон оралаб кетган йўлаклар бўйлаб одимларканман, хотиралар яна ўз измига ола бошлайди мени. Минг тўққиз юз саксон еттинчи йилнинг августи. Яқиндагина мен, курсдошларим Маҳмуд Исмоилов ва унинг аёли Шоҳидахон ҳамда Рустам Каримовлар собиқ “Ёш гвардия” театридан Миллий театримизга ишга ўтган, оёғимиз ерга тегмай юрган бир кунларда мудҳиш воқеа юз берди: Шукур Бурҳонов вафот этди. Видолашув театр биносида бўлиб ўтди, ҳаммаси рисоладагидек, ўта тартибли, буюк актёрнинг мавқеига яраша салобатли, виқорли бир вазиятда адо этилди. Лекин менинг хаёлимга муҳрланган ва ҳамон юрагимда симиллаган оғриқ қўзғаб турадиган бир ҳолат қабристонда юз берди. Майит қабрга қўйилиб, энди тупроқ тортила бошлаганди ҳамки, бир чеккадан ўта тиниқ ва янгроқ бир овозда Қуръон тиловати эшитилди. Тик оёқдаги бутун бошли жамоа гурра ўтирди. Сукутга чўккан коммунистлар мозори (илгариги номи шунақа эди чамамда) узра илоҳий калима янграркан, бутун борлиқ сомеъ бир ҳолатга берилгандай эди чамамда. Ўшанда, биласиз, шўро мафкураси қайтадан қилич қайраган, вазифадор кишилар ҳатто ота-оналарининг жанозаларида қатнашишдан чўчиб қолган бир даврлар… Бу ерда – Ўзбек совет театрининг атоқли намоёндасининг дафн маросимида эса “Таборак” калималари салобатли бир тарзда янграмоқда. (Театримизнинг таниқли актёри Салоҳиддин Зиёмуҳамедовнинг шахсий журъати эдими бу, ёхуд бошқа бир юраклироқ кимсанинг топшириғи биланми, ҳар ҳолда қабр бошига диний уламо келтирилган эди). Ниҳоят сура якунланди ва жамоа дуога қўл очди. Ёшлик қизиқиши устунлик қилиб, секин бош кўтариб одамларни кузатдим. Минглаган одамлар орасидан атиги 15 – 20 чоғлиқ одам (уларга ҳалиям ачинаман) бошларини эгишганича, қип-қизариб ўтиришибди. Дуо қилинаётганда ўтган бир икки дақиқалик фурсат бу одамлар учун не чоғлиқ чўзилгани ва улар қўлларини қаерга бекитишни билмай, қийналиб кетганликлари аниқ эди. Бугунги ёшлар айтишлари мумкин, кўп қатори улар ҳам фотиҳа қилишса осмон узилиб тушармиди, ёки бўлмаса, тумонат одам орасида биров кўриб, билиб турибдими, деб. Ишонинг, у даврларда бундай ҳолатлар фавқулодда ҳодиса ҳисобланиб, албатта сезгир нигоҳлар таъқибига учрар ва кўп куттирмасдан “осмон узилиб тушар”, кимлардир аввал чўнтакларидаги қизил ҳужжатларидан, кейин эса амалларидан мосуво бўларди. Яқингина ўтмишимизда шундай эди. Бундоқ дўппини тиззага қўйиб, ўйлаб қарасак, на қадар бачкана, айни чоқда на қадар қўрқинчли бир даврларда яшаб ўтганимизга иқрор бўламиз. Ва янада чуқурроқ кетадиган бўлсак, шундай хулосага келамизки: бизлар, биз тенггилар кўрганларимиз ота-боболаримиз қисмати олдида ҳолва бўлган экан, ҳолва!..

Бир галги зиёратда, Ўзбекистон халқ артисти Саттор Ярашев қабри олдида юрган қизларга кўзим тушди. Улар бири қабртошини артиб, бошқаси гулларга сув қуйиб, яна бири қабр атрофини супуряпти. Хурсанд бўлдим, булар неваралари бўлса керак, деб ўйладим. Секин улар томонга юрдим, қизлар ишдан тўхтаб салом беришди. Шу маҳал ўнг тарафда, пастда Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимовлар қабри ёнида юрган уч-тўрт йигит-қизларга кўзим тушди. Уларнинг ҳам қўлида челак, супурги… Қизлардан сўрадим, сизлар Саттор аканинг невараси бўласизларми, қизларим, дедим. Шунда улар нима деб жавоб беришди, денг: Йўқ, биз абитуриентлармиз. Вилоятлардан келганмиз. Санъат институтига, консерваторияга ҳужжат топширганмиз. Эрта-индин имтиҳонлар бошланади. Улуғ санъаткорларимиз руҳи қўлласин, деб зиёратларига келганмиз, дейишди. Жуда хурсанд бўлдим. Ёшларимиз сиймосида ўзлигимизга, ота-боболаримиз қадриятларига қайтаётганимиз хайрли эврилиш нишонаси бўлиб туюлди менга. Ва эзгу ниятли бу йигит-қизчаларнинг эрта-бир кун санъатимиз фидойилари бўлиб камол топишига ишонгим келди, дуолар қилдим…

Бухорога тез-тез бориб тураман. Тўй-маъракалар, ўтганларимизнинг хотира кунлари баҳонасида, баъзида ҳеч бир баҳонасиз ҳам кетавераман. Қизиғи, руҳиятимда алланечук эзгинлик пайдо бўла бошладими, йўл ҳаракатига тушаман. Салим поччам – Муқаддам опамнинг хўжайини, бугунги кунда қариндош-уруғларимиз орасида ёши улуғимиз. Жудаям куйди-пишди, ўзига етгунча донишманд инсон. Барча тадбирларимиз, тўй-маъракаларимизга бош қош. Тўғри бориб шу кишининг хонадонига қўнаман. Шу куни барча яқинларимиз билан кўришаман, аниқроғи улар барчаси мени кўргани келишади. Хонадон ҳаммани бағрига сиғдиради. Кейинги кун эрта тонгдан поччам етовида маҳалладаги, қўшни маҳаллалардаги лозимотларга бир-бир кириб чиқамиз. Кўнгил сўраймиз. Кейин эса ёлғизлик истаб қоламан, Бухоройи шариф зиёратига чиқиб кетаман.

Шу ўринда устозимиз Садриддин Салим Бухорийнинг бир шеърини (нокамтарлик бўлса-да) келтириб ўтишга эҳтиёж сезяпман. Мана ўша шеър:

Орзуларим орзуларга айланди,
Қанотларим орзуларга бойланди.
Осмонларда кезар эдим эрта-кеч,
Осмонларга орзуларим жойланди.

Орзуларим сароб бўлмас, биларман,
Орзуларим хароб бўлмас, биларман!
Қуримагай ҳаргиз орзум дарахти,
Вужуддек хок-туроб бўлмас, биларман!

Бир кун гуллар, гуллар Орзум Дарахти!
Шунда гуллар, билинг, Ғайбулло бахти,
Жаҳон кездим орзу билан ва лекин
Бухородур орзуларим пойтахти!..

Қадим шаҳар кўчалари бўйлаб одимларканман, раҳматли устозим қаламига мансуб бошқа бир сатрлар миямда чарх уради: “Бухорода Бухорони соғиниб, Мен ҳар тонг умид-ла ташлайман назар…” Бу надоматли мисралар битилган даврларда Бухоро моҳиятан асл Бухоро эмас, унинг афтода суврати эди, холос. Асл Ватан – Ибн Сино, Имом Бухорий, Нақшбандийларни дунёга келтирган шариф шаҳар эса унинг, у каби барча бухорийларнинг буюк армони эди. Ҳа, барча бухорийларнинг…

Бир ўринда айтиб ўтгандим: талабалик пайтларим бир неча курсдошим билан Ҳамза театри спектаклларининг оммавий саҳналарида қатнаша бошлаганман ва устозимиз Назира Алиеванинг айтишича, нимадир бўлиб, машҳур санъаткор Олим Хўжаевнинг назарига тушиб қолган эканман. Назира опанинг гапида жон бор эди, дарҳақиқат, буюк актёрнинг илиқ муносабатини пайқай бошлагандим. Бир куни у мени кулисда учратиб қолди-да, қўлтиғимдан олиб, ўз хонасига бошлади. Бухоро ҳақида, унинг одамлари, гузарлари, бозорлари ҳақида суриштирди. Мен Индустриалний кўчасида туғилганман, деганимдан кейин, э, шунақами, дея кулимсираб, бошқа кўчаларни ҳам суриштирган, мен Калинин, Стрелковий, Чернишевский, Красний партизан дея бирма-бир санаб бергандим. Кечагидай эсимда: Олим ака ўшанда билинар-билинмас хўрсиниб қўйганди-да, биласизми Писархон, мани балалигимда сиз айтган гузарларни Хожаи Порсо, Пойи Остона, Хожаи Рўшнои, Эшони пир, Кўкалдош дейишарди. Яна Бозори алаф, Мадрасаи ғойбиноқ, Имоми Қозихон гузарлари бўлгучи эди…

Бугунги кун ақлим билан мушоҳада қилиб кўрсам, гарчи очиқ-ойдин айтмаган, сездирмаган эса-да, гузарлар номини аташи, эсга олишидаги ҳолатида буюк актёрнинг буюк соғинчи, армони, дарди, алами мужассам топган экан.

Ҳозир Бухоро гузарларининг азалий номлари тикланиб, шўровий атамалар эса аллақачон одамлар ёдидан кўтарилиб улгурибди. Сабаби –қадимда бирор расмий маҳкама буйруғи билан гузарга ном қўйилмаган. Балки, бу шунчаки табиий равишда рўй берган. Яъни, ўша ҳудудга алоқадор бирор тарихий обидами, қадамжо ё мақбарами, масжидми, ўша ерда яшаб ўтган алломами, қисқаси, халқ кўнглига ўтирган нимадир ўз-ўзидан ўша гузарнинг номига айланиб кетган. Кўчаларимизга ҳеч бир алоқаси йўқ, беписандларча, ҳатто масхара қилган каби зўраки тиқиштирилган Индустриалний, Красний партизанга ўхшаган номлар эса етмиш йилда ҳам халқ дилига сингмади, сингишга ҳақли ҳам эмасди. Шу сабабли улар фақат деворларга михланган кўрсаткич тахтачаларда яшаб, тахтачалар олиб ташланиши билан ном-нишонсиз йўқолди.

Мана шунақа шукрона ўй-хаёллар билан туғилиб ўсганим Хожаи Порсо гузаридан Пойи Остонага ўтаман. Ҳали чиллак ўйнаб юрган болалик пайтларимда кўрардим, ёши улуғ кишилар бу кўчалардан ўтаётиб, қандайдир нураб, тўкилиб турган эски бузрукворлар қаршисида бир пас тек қотиб қолишар, пичирлаб нималарнидир ўқишар, кейин фотиҳа қилиб, йўлларида давом этишарди. Энди билсам, ўша эски харобалар ҳар бири Бухорони шариф шаҳарга айлантирган азиз-авлиёлар, алломалар мақбаралари, даҳмалари экан-да. Пойи Остонада камида олти аср нарида бунёд этилган табаррук масжид борки, айтишларича, Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари шаҳарга келганларида айнан мана шу масжиди жомеда ибодат қилар эканлар…

Пойи Остонадан кейинги гузар Саид побанди кушо деб аталади. Побанди кушо – оёқлар бандини ечувчи, озод қилувчи дегани. Демак, бу гузарда шундай хислатга эга бўлган кароматли зот яшаган ва унинг турбати эҳтиёжманд кишилар юкиниб келадиган зиёратгоҳ бўлган. Шу ўринда айтиб ўтишим лозим, Ўзбекистон халқ артисти, менинг меҳрибон устозларимдан бири Теша Мўминов мана шу Саид побанди кушо гузарида туғилиб ўсган. Теша ака, мен бир ўринда алоҳида тўхталиб ўтганим, Бухоро вилояти театрининг етакчи режиссёри ва актёри, навқирон ўттиз олти ёшида ноҳақлик қурбони бўлиб кетган Азизжон Маҳмудовнинг биринчи учирма қилган шогирди ҳисобланади. Тошкентга келиб, Театр ва рассомчилик институтига ҳужжат топширганимдан кейин мени институт домлалари Арсен Исмоилов, Нина Ивановна Тимофееваларига таништирган ҳам Теша акам эди. Ўшанда айтган эдики, мана шу болада назаримда нимадир бор. Сизлардан илтимос, сизлар профессионалларсиз, уни элакдан ўтказиб кўринглар, агар актёрлик иқтидори бўлса, имтиҳонларга кирсин, бўлмаса, вақтини ҳам, умрини ҳам бекор ўтказмай ортига қайтсин. Мабодо менинг рўйи хотиримни қилиб, унга ёрдам берманглар, деган. Яширмайман, ўшанда бу гаплар менга унчалик ёқмаган, ғўр бўлганман-да. Лекин кўп ўтмай у кишининг қаттиққўллиги сабабини тушуниб етганман. Теша ака бу билан мени мустақилликка, бировга эмас, ўз кучимга суяниб ҳаракат қилишим, қаттиқроқ тайёрланишимга ундаган экан. Омадим бор экан, имтиҳонларни аълога топшириб, ўқишга қабул қилиндим. Ўшанда Теша акамни худди ўзи муваффақиятга эришгандай қувонганини кўриб ҳаммасини тушунганман ва у кишидан миннатдор бўлганман.

Теша аканинг оталари тўқсон, оналари саксон йилдан ортиқроқ умр кўрдилар. Иккаласи ҳам ўта нуроний, фариштадай бир инсонлар эди. Улар ўн уч фарзанд кўришган, лекин бирортасини тутиб қолишолмаган, шу боис ўн тўртинчи фарзандлари Теша аканинг исмини ирим билан қўйишган, дейишади.

Ҳар гал Бухорога борганимда Теша аканинг илтимоси билан албатта уларнинг ҳовлисига бош суқар, қизиқки, ҳар гал ош устидан чиқардим ва “ғойибона”дан баҳраманд бўлардим. Бошқа ерларда ҳам бунақа одат бўлса керак, албатта. Яъни, таом сузилганда ғойибдан келгувчи меҳмонга деб, алоҳида бир идишга овқат олиб қўйилади. Буни Бухорода “ғойибона” дейишади. Чол-кампирлар Тешавойнинг меҳмони деб атрофимда парвона бўлишар, қорним тўқ, ҳозиргина овқатланиб келдим, дейишимга қарамай, “ғойибона” билан сийлашарди. Жойлари жаннатда бўлсин, қўш каптардай бир-бирларини суяб, авайлаб-асраб яшаб ўтдилар.

Саид побанди кушо гузаридан ўтилгач, икки азим мадраса кўзга ташланади. Чап томондагиси Абдулазизхон, ўнгдагиси Мирзо Улуғбек мадрасаси. Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” фожиасида Мирзо Улуғбекнинг шундай сўзи бўларди. “Саид Обид, Бухорога борганмисиз, ҳа, кўп боргансиз пирлар олдига. Ва кўргансиз мадрасамнинг нақ пештоқига мен ўйдирган ушбу ҳадисни: “Талабун илм фаризатун ало кулли мусилману муслиматан”, яъни, илм олмоқ бирдай фарз эрур, мусулмоннинг эрларию аёлларига…” Мен бу ердан неча қайта ўтсам ҳам ҳар гал буюк актёр Шукур Бурҳон талқинидаги Улуғбекнинг гуриллаган овозини эшитаман ва ҳар иккисининг ҳақига дуою фотиҳалар қиламан.

Бир-бирига юзланиб турган, темурий ва шайбонийзода ҳукмдорлар қурдирган бу икки мадрасадан ўтилгач, Тоқи заргарон келади. Заргарлар тоқиси, яъни савдо растаси. Бухорода бешта тоқи бўлган, шундан учтаси омон қолган, булар – Тоқи саррофон, пул майдаловчи, айирбош қилувчилар, Тоқи телпакфурушон, бош кийим билан савдо қилувчилар ва Тоқи заргарон.

Кўз олдингизда Мир Араб мадрасаси, унинг рўпарасида Масжиди Калон, Минораи калон, яъни Пойи Калон мажмуаси намоён бўлади. Масжиди Калон ва унинг минораси Бухоронинг минг йиллик тарихига гувоҳ десам янглишмайман. Тўғри, улар неча бор ёндирилган, култепага айлантирилган ва лекин, ҳар сафар яна ўз ўрнида, ўз номи билан қайта-қайта қад ростлайверган. Қорахоний подшо Арслонбек ташаббуси билан уста Бақо бошчилигида барпо этилган Минораи Калон мана асрларки, Бухоройи шариф рамзи, фахри, маёғи бўлиб яшаб келмоқда. Яна Устоз сатрлари (Садриддин Салим Бухорий) ёдга тушади. “Илдиз отдик Минори Калон, Минг йилларки бир ерда яшаб…”

Мир Араб мадрасаси олдида катта супа бўларди. Уни ёши катталар “хто болшой супаси” дейишарди. Бир куни сабабини суриштирганман. Хто болшой дегани, аслида “кто больше” деган ўрисча сўз экан. Қизил босқин пайтида эгасиз шаҳар аҳли роса қирғинбарот қилинган, таланган, тўпланган ўлжа эса “ким ошди” савдосига қўйиб сотилган экан. Аукцион худди мана шу супада бир неча кун давом этганидан, “кто больше?” деган еб тўймаслар бақириқлари бухороликлар қулоғига “хто болшой” тарзида ўрнашиб қолган экан. Ҳа, бу қадим шаҳарнинг ҳар бир тоши тарих ҳақида сўзлайди…

Бухоро арки. Бу тарихий обида зиёрати чоғида киноларда кўрганим, китобларда ўқиганим, одамлардан эшитганим кўпдан кўп воқеа-ҳодисалар бир-бири билан талашиб, аралашиб, қоришиб хаёлимга ёприлиб келаверади. Арк машҳур обида, у ҳақдаги гап-сўзлар ҳам албатта сизларга маълум. Шу боис, мен бу ўринда бир ҳангомани, бир чимдим кулгуни қистириб ўтишни лозим топдим.

Эмишки, қадимда деҳқонми, боғбонми бир ҳосил етиштирса, ҳосилнинг аввалини Амирга илинаркан. Амир уни татиб кўриб, оғзига ёқса, совға-салом билан тақдирлар экан. Афанди ҳам бир сафар омадини синаб кўрмоқчи бўпти. Боғидаги анжирдан бир сават кўтариб, Аркка қараб йўлга тушибди. Амирга ёқибди, шекилли бир чеккадан анжирни тушираверибди. Ҳар биттасини қўлига олганда битта савол бераркан, анжирни ўзингиз экканмисиз, деркан-да оғзига соларкан, ўзингиз парвариш қилганмисиз деркан-да, оғзига соларкан. Афанди бўлса, ҳар гал шундоқ амирим, шундоқ амирим, деб бош ирғаб ўтираверибди. Саватдаги анжир тугабди. Амир лаб-лунжини артибди-да, “ҳа, баракалло” дебди-да, омин қилиб ўрнидан турибди. Совға-саломдан дарак бўлмабди. Афанди шумшайиб, пастга – Регистонга тушиб келибди. Бу ерда ошпазлар, сомсапазу кабобпазлар ўз таомларини мақтаб, пуллаб ётишган экан. Афанди мантипаз олдига борибди. Келинг, Афандим, келинг, дебди мантипаз. Афанди унинг олдига чўкка тушибди-да: бисмилло, деб мантига қўл узатибди. Ва ҳар сафар қўл узатганда Амирга ўхшаб саволга тутармиш: Хўш, хамирни ўзингиз қорганмисиз, ҳа, яшанг деркан-да, мантини оғзига солармиш, кетидан баракалло, деб қўярмиш. Гўштини ўзингиз тўғраганмисиз, деркан-да, жавобини ҳам кутмасдан, мантини ямлаб, ютармиш. Пиёзини ўзингиз тўғраганмисиз, ҳа, яхши, баракалло дермиш. Хуллас, қирқ-эллик мантини паққос туширибди-да, охирида яна бир марта баракалло, деб ўрнидан қўзғалибди. Мантипаз шаппа унинг гирибонидан олибди, ҳақи-чи, ҳақини бермайсизми, дебди. Қанақа ҳақ, дебди Афанди кўзини лўқ қилиб. Жанжал бошланибди. Униси у дебди, буниси бу дебди. Арк тепасида томошани кузатиб ўтирган амир уларни бу ёққа опчиқинг, дебди. Ҳа, нима гап, нима тўполон, дебди Амир. Э, афандини қаранг, амирим, элликта мантимни паққос тушириб, ҳақини бермай жуфтакни ростламоқчи, дебди мантипаз. Амир Афандига юзланибди. Амирим, дебди Афанди, ўзидан сўранг-чи, ҳар битта еган мантимга баракалло дебманми, йўқми. Ҳа, ана! Элликта манти еган бўлсам, эллик марта баракалло, дедим, буни мақтадим. Яна энасини ҳақи қолдими, менда. Мана сиз, Амирим, қирқта анжиримни еб, бир мартагина баракалло, дедингиз. Мен бир нарса демадим-ку, ҳақини сўрамадим-ку! Тўғрими, ўзингиз айтинг?! Амир баралла кулиб юборибди-да, тўғри, тўғри, дебди. Шундан кейин ҳар иккисига, арзгўйга ҳам, айбдорга ҳам бир ҳамёндан тилла бериб, жўнатган экан…

Аркдан ўтилгач, Болойи Ҳовуз масжиди ва шу номдаги маҳалла келадики, талабалик йилларимда бу маҳаллага йўлим кўп тушган. Ҳали юқорида айтиб ўтганимдек, катта саҳнадаги илк фаолиятим “Ёш гвардия” (ҳозирги Ўзбек давлат драма) театрида бошланган. Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров театр бош режиссёри эди ва мен каби бир неча ёш йигит-қизни ишга қабул қилиб, дастлабки қадамларимизни қўллаб-қувватлаб, оёққа туриб олишимизга мислсиз ёрдам берган эди. 1977 йил апрел охирларида Мар Байжиевнинг “Тўй муборак, қариқиз“ спектакли премьераси бўлиб ўтди. Мен унда бош қаҳрамонни ўйнадим. Бу дебют ролим эди. (Саҳнага қандай чиққаним, Бахтиёр аканинг ўз режиссёрлик маҳорати билан мени қандай руҳлантиргани тафсилотларини “Илк қадам” сарлавҳали эсдалигимда айтиб ўтгандим). Премьерадан кейин Тошкентга сиғмадим-да, қувончимни онам ва яқинларим билан бўлашгани Бухорога йўл олдим. Бахтиёр ака ҳам худди шу куни Бухорога учиши керак экан. Бироқ, қандайдир фильм сьемкасида банд бўлиб, режиссёрдан рухсат ололмабди. Ва мендан илтимос қилдики, узримни уйимдагиларга етказсанг, шунақа бўп қолди, деди. Битта мактуб ҳам берди, буни фақат дадамнинг қўлларига тутқазгин, деди.

Болойи ҳовуз маҳалласига бориб, керакли манзилни излаб топдим. Бахтиёр аканинг отаси машҳур бастакор Аҳмад Ихтиёров ҳақида кўп яхши гапларни эшитиб юрардим, бироқ ҳали ўзини кўрмагандим. Бахтимга Аҳмад аканинг ўзи эшикни очди. Мактубни қўлига олиши билан, ҳм, яна келолмас экан-да, деди димоғи куйиб. Шунақа бўп қопти, режиссёр рухсат бермабди, дедим минғирлаб. Ҳа, ўрганиб қолдик, деди ошхонада куйманиб юрган кампири томон қараб қўйиб. Аҳмад ака – ижодкор одам, фильм олиш мураккабликларини тушунарди, албатта. Лекин аёли… онаизор тушунармиди, тушунишни хоҳлармиди?!

Аҳмад ака, майли энди мен борай, дедим бир лаҳза жимликдан кейин. Аҳмад ака ялт этиб қаради. Борай? Қаёққа?! Нима дейишимни билмай тургандим, деярли буйруқ оҳангида, қани, кир бу ёққа, деди. Мени бир хонага бошлаб кириб, хонтахта ёнига ўтқазди-да, ошхона томонга – кампири ёнига кетди. Ҳаяллади. Ҳар ҳолда ўғлим ана келади, мана келади деб зориқиб юрган онани юпатиш, этини ўлдириш осон эмас-да. Ва ниҳоят, ҳа, ўтирибсанми, деганча қўлида бир коса “бамаза нахўт” (бухороча аталиши шунақа) кўтариб кириб келди Аҳмад ака. Маълум бўлишича, ўғилларининг келишига атайин қўй сўйишиб, у хуш кўрадиган таомни тайёрлаб ўтиришган экан. “Бамаза нахўт” дегани катта қозонга сув, яримта, битта қўй танаси, шунга яраша нўхат, ҳар турли зираворлар солиниб, бир кеча-кундуз қайнатилиб тайёрланади. Нўхат мазаси гўштга, гўштники нўхатга уриб, шунақанги хушхўр бўп кетадики, қўяверасиз. Хуллас, маза қилдим. Кейин яна рухсат сўрадим: Аҳмад ака, энди мен… Қаёққа, деди Аҳмад ака кулимсираб. Ҳали рухсат йўқ сенга! Бу биринчи коса ўзингнинг насибанг эди. Энди устозинг учун яна бир коса… Йўғе, Аҳмад ака, бошқа кетмайди, тўйдим. Тўйдиминг нимаси?! Бахтиёрдан салом опкелдингми, опкелдинг, хат опкелдингми, опкелдинг! Энди устозинг… ростанам устозингми у ахир?! Бўпти-да, энди устозингнинг ҳақини ҳам еб кетасан. Тилим боғланди, хўп дедим. Иккинчи косани ҳам (айтмоқчи, косамас, шокоса эди икковиям) бўшатиб, Аҳмад аканинг талаби билан нон билан ялаб юлқаб қўйдим. Шундан кейин десангиз, роса икки кун тўйган қўзидай, овқатнинг бетига қаролмай юрганман. Ҳа, нима бўлди, дейишса, овқат планини тўлдириб юборибман, дейман.

Шундан кейин ҳам (аксарият Бахтиёр ака сўзининг устидан чиқолмай қолган пайтларда) кўп марталаб бу хонадоннинг меҳмони бўлганман, устозимга аталган “бамаза нахўт”лардан ва энг муҳими Аҳмад Ихтиёровдай билимдон зотнинг дилкушо суҳбатларидан баҳраманд бўлганман. Аҳмад ака Мухтор Ашрафий, Мутавакил Бурҳонов, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев каби санъатимиз дарғалари билан яқин дўст бўлган. У Бухоро вилоят театри спектакллари учун, симфоник эстрада ансамбллари учун кўплаб мусиқалар яратган ва жуда кўп ёшларни санъатнинг катта йўлига чиқиб олишига ёрдам берган, кифтини тутган, раҳнамолик қилган бағрикенг, фидойи бир инсон эди. Болойи ҳовуздан (айтмоқчи, машҳур драматург, раҳматли Максим Каримов ҳам шу маҳалла фарзанди эди) ўтиб, шинам боққа кираман. Бу боғдаги Бухоронинг энг қадим обидаларидан бири Исмоил Сомоний мақбарасини, Чашмаи Аюбни зиёрат қиламан. Сўнгра, улкан бир зиёратгоҳ томон йўл оламан. Бу – Абу Ҳафс Кабир қабристони. Абу Ҳафс Кабир Бухоро алломаларининг, жумладан, ҳадис мулкининг султони Имом ал-Бухорий ҳазратларининг ҳам устози аввалидир. Бу зотни Имоми Ҳожатбарор ҳам дейишади. Садриддин Салим Бухорий устозимиз Абу Бакр Ҳафс шахсияти, илмий мероси устида жуда кўп тадқиқотлар олиб борган эди. Садриддин аканинг сценарийси асосида телевизион бадиий фильм (режиссёр Тожибой Исроилов) олинган, унинг беш қисмли “Имом Бухорий” фильмига ҳам (режиссёр Мақсуд Юнусов) Абу Ҳафс Кабир образи алоҳида саҳна қилиб киритилган эди (ва мен бу фильмда айнан Абу Ҳафс Кабир ролида чиққанман).

Истиқлол йилларида бутун бошли қабристон обод қилинди. Имоми Ҳожатбарор турбатлари устида улкан мақбара қурилди. Эсимда, Бухорога бир борганимда Садриддин акам ҳаяжон билан мени бу ерга бошлаб келган, биргалашиб зиёрат қилган эдик. Умуман, Истиқлолдан Садриддин акадай қувонган, дунёга қайта келгандай енг шимариб ишга киришиб кетган фидойи бир ватанпарвар одамни кам кўрганман. У бир шеърида мен яшайдиган замон келди, деганди. Афсуски, умр вафо қилмади… Қаранг-да, яқингинада биз у билан бу ерга зиёратга келган эдик. Энди эса одамлар унинг зиёратига келишади… Ҳа, Садриддин Салим Бухорий ҳам энди шу қабристонда, буюк Имом мақбарасининг шундоқ ёнгинасида.

Устоз қабри томон одимларканман, унинг ўтли нафасини туйдим, қулоғим остида ўктам овози жаранглаб кетгандай бўлди.

“Дард келса, ғам келса ютдик биз,
Кутдик биз, кутдик биз, кутдик биз.
Қабр деб атаманг бу жойни,
У уйдан бу уйга ўтдик биз…”

Қабристон сукунатига сомеъ қулоқ тутиб, секин одимлайман. Ҳар қадамда таниш исми шарифлар: Тошпўлат Ҳамид (шоир), Мутавакил Бурҳонов (бастакор), Максим Каримов (драматург), Олтин Мавлонов (полвон), ота-бола Ғуломжон ва Саломжон Ғаниевлар (ҳар иккиси ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном), жафокаш она биби Самаджон…

Ва ниҳоят бобожоним Муҳаммад Сафо Бухорий қабрлари ёнида тиз чўкаман. Дуою фотиҳа қиламан. Ёндош қабр томон юзланаман, онаизорим Музайямахон… Шу ўринда бир мўъжизавий ҳодисани айтиб ўтсам. Раҳматли Хайрулла акам ҳайратланиб гапириб берганди уни. Онам вафот этганларида гўрков тўрт-беш жойга кетмон уриб кўрибди, бўлмабди. Кейин акамга онангизнинг бирор яқини борми қабристонда, дебди. Бор дебди акам. Ота-оналари бор. Ҳа, ўшалар чақиряпти, отасининг гўрини кўрсатинг менга, дебди гўрков. Бориб қарашса, шундоқ бобомнинг қабри биқинида бир кишилик жой бор эмиш. Гўрков бисмилло деб кетмон уриши билан тупроқ деганлари худди кулдек кўчиб чиқаётганмиш. Қарангки, онам оталаридан роса йигирма уч йилу йигирма уч кун ўтиб вафот этдилар. Мана шу йигирма уч йилда ҳам, тиғиз қабристонда – бобомнинг ёнидаги бўш жойга ҳеч кимнинг назари тушмабди…

Сиз нима дейсиз, билмадиму, мен бунда ҳам бир ҳикмат кўраман. Одилона ҳикмат. Онам ҳаётликларида Сиддиқа бувим билан бирга эдилар, вафотларидан кейин эса падари бузрукворлари – Муҳаммад Сафо Бухорий бобом билан ёнма ён қўшни бўлиш насиб этди онаизоримга…

Шу тарзда зиёратда давом этаман. Машҳур Лаби Ҳовузда ҳам бўламан. Биласиз, бу ерда Насриддин Афанди ҳайкали бор. Ҳайкал ёнида туриб суратга тушаман. Албатта ўз ихтиёрим билан эмас, мухлислар илтимос қилиб туриб олишади: сиз ҳам Афандини ўйнагансиз, келинг, бирга расмга тушайлик, бизга Бухородан эсдалик бўларди, дейишади. Йўқ деёлмайман, очиғи, бу менга ёқади ҳам. Ҳар ҳолда шуҳратга ўчлигимдан бўлмаса керак, деб ўйлайман, чунки унақа хавфли ёшдан ўтиб бўлганман. Бир мухлис сени муносиб кўриб, бирга суратга тушмоқчи экан, бу яхши-ку. Санъаткорни қадрлаш – санъатни қадрлаш-да, шундай эмасми?!

Зиёратим давом этади: энди етти пир зиёратига чиқиб кетаман: Абдухолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Вағнафий, Хожа Али Ромитоний, Бобои Самосий, Саид Амир Кулол, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд… Қай ерда бўлмай, дилим равшан тортади, руҳим енгиллашади. Ободончилик, бунёдкорлик, хайрли эврилишлар. Бир замонлардаги аянчли манзаралар бир-бир кўз ўнгимдан ўтади. Отам билан Хожа Баҳовуддин зиёратига келганимни эслайман. Зиёратгоҳ дарвозасидаги занг босган ва симпеч қилинган катта қулф пешонамиздан чиқади. Ичкарига йўл йўқ. Катталар мана шу дарвоза ёнида тик турганча пичирлаб тиловат ўқишади. Нураган деворлар оша ичкарига бўйлаб-бўйлаб қарашади. Биз болалар бўлсак, дарвоза тагига ётиб олиб, дарвоза билан остона орасидаги тирқишдан ичкарига мўралаймиз. Катта даҳмани, нураган қабр тошларини кўрамиз, қувонч билан қийқирамиз. Албатта, ўшанда биз кўп нарсага тушунмаганмиз. Бироқ, ота-боболаримиз кўрсатаётган ихлос-эҳтиромлар орқали бу жойлар на қадар азиз эканлигини туйган бўлсак керак-да!.. Мана энди эса ҳаммаси ўзгача: қулфлар, занжирлар, кишанлар йўлимизни тўсмайди…

Хуллас, бир неча кун ўтиб, сафарим якунлангани сезилади. Ич-ичимдан бир соғинч ғимирлай бошлайди. Бу энди азим Тошкент соғинчи, Тошкент чорлови…

Мен юқорида бир ўринда хасталик ҳаётимни бутунлай бошқа ўзанга солиб юборди, дегандай бир гап қилган эдим. Дарҳақиқат, шундай бўлди. Аввало, илоҳий неъмат – соғлиқнинг қадрига етиш кераклигини ўргандим, соғлиққа бепарволик куфрони неъмат эканлигини англаб етдим. Сабр, шукр деган тушунчалар мағзи-маъносига етгандай бўлдим. Яна бир нарсага ақлим етдики, одамнинг ёмони бўлмас экан, бизнинг хатомиз бир-биримизни тушунмасликда экан.

Тўғри, хасталик туфайли имкониятларим чекланди ва бундай ҳолатга кўникишим, очиғи, қийин бўлди. Ҳар ҳолда оила бошлиғиман, отаман, икки фарзандим ҳам талаба эди, ҳали улар оёққа туриб олишлари учун менинг бир неча йиллик кўмагим лозим эди. Қолаверса, актёр сифатидаги орзу-ниятларим, ўйналмаган ролларим армонга айланди. Шуларни ўйлаб баъзан сабрсизлик қилган, бошимга тушган кўргуликлар ноҳақликдай туюлган ва бунинг учун кимлардандир ўзимча домангир бўлиб юрган онларим ҳам бўлди. Ҳозир эса ўйлаб қарасам, катта хато қилган эканман. Яхшиямки, бу ҳолат узоқ давом этмади. Вақтида ўзимни тўхтатиб қолдим. Акс ҳолда шу кунларга ета олармидим. Кину адоват, аламу нафрат билан бирор кимса яхшилик топганмидики, мен топсам. Яратганга шукур, У мени ёлғизлатиб қўймади. Аҳли аёлиму қариндошлар, ҳамкасблар, ёру дўстлар, мухлислар… ҳамма-ҳаммаси менга мададкор бўлди.

Фарзандларимдан ташвишда эдим, шукр, бировдан кам бўлишмади. Ҳар иккиси ҳам ҳаётда ўз ўрнини топиб, тузуккина касб-корга эга бўлишди. Яхши келин, яхши куёв насиб этди, ширин-шакар беш нафар набира берди Парвардигор. Ижоддан тўхтамадим. Ҳали айтганимдек, теленовелладан тортиб телесериалларгача анча-мунча, аниқроғи шу кунгача 18 фильмда рол ўйнадим. Хуллас, Румий ҳазратлари айтганидек, Яратганнинг қаҳрига ҳам, меҳрига ҳам шукр қилган одам кам бўлмас экан. Ҳар бир маҳрумиятда бир муяссарият бор, деганларидек, йўқотганларим эвазига нималарнидир топдим. Топганларим, албатта, моддий ҳолатдамас, уларни қўл билан тутиб кўрсатолмайман, аммо ҳар қандай моддий дунё неъматларидан-да қимматлироқ бойликка эришдим. Ҳаёт аталмиш бу неъмат маъносини, инсон қадр-қиммати нимада эканлигини бир қадар тушуниб етгандай бўлдим.

Қўлингиздаги ушбу мўъжазгина ёднома ҳам, азиз ўқувчим, мен оз-моз тушуниб етган ҳаёт ҳикматларининг бир ҳосиласи сифатида дунёга келдики, мен уни дўстларим давъати билан ҳукмингизга ҳавола этишга журъат қилдим.

G‘aybulla HOJIYEV
XOTIRALAR TO‘LQINI
III. XASTALIK HAM NE’MAT YOXUD
HIKMAT IZLAGANGA HIKMATDIR DUNYO
007

G‘aybulla Hojiyev 1956 yilda Buxoroyi Sharifda tug‘ilgan. 1973-77 yillarda Toshkent davlat San’at institutida tahsil olgan. 1976 yilda Abror Hidoyatov (avvalgi “Yosh gvardiya”) teatrida ish boshlagan. 1987 yildan Hamza nomidagi o‘zbek davlat akademik teatrida faoliyatini boshlagan. Aktyor shoir Azim Suyunning “Sarbadorlar” asarida Abu Bakir Kalaviy, Abdulla Oripovning “Sohibqiron” asarida Xoja Ahmad Yassaviy, Abdulla Qodiriyning Mehrobdan chayon“ spektaklida Solih mahdum, Ibrohim Sodiqovning ”Afandining besh xotini“ spektaklida Afandi, Hayitmat Rasulning ”Piri koinot“ spektaklida Ahmad Farg‘oniy, Shekspirning ”Qirol Lir“ asarida graf Gloster, Aleksandr Kosanoning ”Yetti faryod» spektaklida Sabalo kabi o‘nlab rangbarang rollar ijro etgan. Og‘ir xastalik tufayli teatrdan ketishga majbur bo‘lgan. Ammo, ijoddan to‘xtamay, turli tele va radio loyihalarda ishtirok etmoqda.

007

Xastalik

Hayotda har bir narsaga tayyor turish kerak kerak, deyishadi. Shunday gapni ko‘p eshitamiz, odatiy bir gap sifatida ko‘rib, ko‘pincha e’tibor bermaymiz. Faqat o‘sha “har bir narsa” degani boshga tushgandagina… Inson tabiati qiziq-da. Bolaga unga tegma, qo‘ling kuyadi deysiz. Bola bo‘lsa toki qo‘li kuymaguncha bir qo‘l tekkizib ko‘rishga intilaveradi. Kattalar ham shunday. Sahna asarini ko‘ramiz, kinofilmlar ko‘ramiz, ta’sirlanamiz. Va baribir e, bu san’at asarida, mubolag‘a qo‘shilgan-da, deymiz. Vaholanki, hayotda har qanday san’at asaridan-da ta’sirliroq voqea-hodisalar ro‘y berishi mumkin ekan.

2003 yilning 13 fevral sanasi.

O‘sha kuni ham odatiy ish kunim edi. Ertalab hech narsadan bexabar, bexavotir teatrga repititsiyaga bordim. Kechasi Usmon Azimning “Eski zamon hangomalari” pyesasini o‘qib, soat ikkigacha o‘tirganman. Repititsiya o‘tdi. Rejissyor Valijon Umarovga pyesani topshirib, o‘zimga berilgan rol yuzasidan suhbatlashdim. Keyin uyimga – Yunusobodga qaytdim. Kechqurun “Usmon Nosir”da chiqishim kerak, ungacha dam olib qaytmoqchi edim.

Bir oz mizg‘ib olmoqchi bo‘ldim, uyqum kelmadi. Bolalarim Ravshan, Zarina o‘qishda, onasi Nasiba ishda – televideniyeda edi. Ovqat qildim. Tamaddi qilib, soat uch yarimlarda yo‘lga chiqmoqchi edim… Bir mahal… miyamda bir narsa qars etdi. Lahza o‘tmay yana qaytarildi. “Yo, tavba, nima bo‘ldi ekan?!” deya darhol televizorni o‘chirdim-da, karavotimga yotib oldim. Vujudim titroq ichida, ayni choqda misday qizib borardi. Xayolimga kelgan narsa shu bo‘ldiki, gazni o‘chirdimmikan, deb o‘yladim. Esladim, o‘chiribman. Bir pas o‘tib, qo‘rquv chekindi. Titrog‘im bosilib, xotirjam o‘ylay boshladim… Demak, nimadir sodir bo‘lishi kerak. O‘limmi?! Yaratganga iltijo qila boshladim. “Xudoyo, nimaiki qilsang ixtiyor o‘zingda. Faqat bolalarim yosh, ular o‘ksib qolmasin. Mengamas, ularga rahm qil, Qodir Egam! Ularni yetim qilma!..”

Qulog‘imga kimdir shivirladi: Tashqariga chiqqin!.. Karavotimdan sirg‘alib tushdim-da, emaklab yo‘lakka chiqdim. Ro‘paramizdagi eshikni taqillata boshladim. Ichkaridan bola ovoz berdi. Kim? Bolaga “glazok”dan hech kim ko‘rinmagani sababli eshik ochilishi qiyin bo‘ldi. Nihoyat ochilgach, ishora qildimu hushimni yo‘qotdim…

Ko‘zimni ochib Rudolf Barxet, Hamid Otamurodov degan shifokor do‘stlarim, rejissyor Valijon Umarov va ayolimni ko‘rdim. Ularga, teatr va dublyajdagilarni ogohlantirib qo‘yinglar, men bugun borolmayman, debman-da, yana hushimni yo‘qotibman.

Boshing yostiqqa tekkanida

14 fevralda 2-statsionarga yotqizishdi. Chap tarafim sezgini yo‘qotgan. O‘ng tomoni korreksiyasi buzilgan. Ovozim chiqmaydi. Eng yomoni yutim yo‘q, bir tomchi suv ham o‘tmaydi. Men bexabarman: o‘sha kuniyoq teatrda butun jamoa oyoqqa turgan, statsionarga telefon qilib, ahvolimni surishtirishgan, bir nechtalari kelib xabar ham olib ketishibdi.

Xiyol o‘zimga kelgach, davolovchi vrachim Lyudmila Vasilevna Razumova vaziyatni tushuntirdi – xatar o‘tdi, hozir ahvolingiz yaxshilanib boryapti, dedi. Uning o‘shanda suyab gapirgani keyinchalik ma’lum bo‘ldi. Yutim yo‘qligidan burnimdan rezina ichak o‘tqazishib, shpris yordamida oshqozonimga ozuqa yuborib turishdi. Bu vaqtinchalik, tomog‘ingiz ochilguncha deyishdi.

Yotibman. Bot-bot bobom Muhammad Safo Buxoriyni eslayman. U kishining qiziq gaplari bo‘lardi. “Kitobni varaqlasam, rosa ko‘p yashaganday tuyuladi. Shunday kitobni yopsam, hammasi ko‘z ochib-yumguncha o‘tib ketganday bo‘ladi”, derdilar. Menam o‘zimcha kitobni (umrim kitobini) varaqlamoqqa urinaman. Ajab, bir pasda kitobim varag‘i tugab qolaveradi. E, voh, deyman, nahotki hammasi tugagan bo‘lsa, hech narsaga ulgurmasdan, qarzlarimning mingdan birini ham to‘lay olmasdan… Xo‘p, otam, onam, bobolarim, momolarim oldidagi qarzim-ku, to‘lanmadi. Farzandlarim, do‘stlarim, yaqinlarim, jamoam, muxlislarim… dan ham endi qarzdor ketadigan bo‘ldimmi?!

Bir mahal derazada tanish qiyofa ko‘rindi. Salimjon pochcham. Qarindoshlar ichida yoshi ulug‘imiz, katta opamning xo‘jayini. Yonida ikki ayol ko‘rindi – opalarim. “Bardam bo‘ling, G‘aybullajon, ehtirosga berilmang!” Pochcham fe’limni biladi, shuning uchun birinchi gapi shu bo‘ldi: Ehtirosga berilmang!.. Keyin men yaxshi ko‘radigan Ahmad Jomiyning baytini eslatdi. “Man ba farmoni dilam, Kay dil ba farmoni man ast…” (mazmuni: men ko‘nglimning amridaman, qachon bu ko‘ngil mening amrimda bo‘larkin) Pochcham menga dalda bermoqchi-yu, ovozi titrab ketyapti. Yolg‘ondan yo‘talgan bo‘lib, derazadan nari ketdi. Bu gaplar 16 fevralda bo‘lyapti… Shundan kun oralatib ota tomon, ona tomon qarindosh-urug‘larim, jigarlarim kelib, keta boshlashdi. Ayrimlari bilan deraza orqali diydorlashaman, yo‘l topganlari palataga kirib kelishadi. Jigarlarim, dedim. Va bu so‘z mag‘ziga endi-endi fahmim yeta boshlagandi… Ular shunchaki kelishmas, Buxoroi sharif nafasini, buxoroliklar duoi salomini olib kelishardi. Mehr eng yaxshi malham ekan. Kasbdoshlarim muntazam xabar olib turishdi. Direktorimiz Yoqub Ahmedov, aktyorlar Erkin Komilov, Yodgor Sa’diyev, Jamshid Zokirov, Marat Azimovlar kirib kelishdi. Yodgor chapanicha odati bilan:”G‘aybi, “Qalb gavhari”ni ko‘rdim. Zo‘r! Ko‘rsatuvda aytgan gaplaringni isbotla endi, bunaqa yotaverma, senga yarashmas ekan”, deydi. (Televideniyeda bir yil avval namoyish qilingan ko‘rsatuv o‘sha kunlar takroran efirga berilgan, bu shunchaki tasodif bo‘lmasdan, menga bir ruhiy madad bo‘lishini istab amalga oshirilgan xayrli ish ekanligi aniq edi).

Kelganlar tezgina ketishadi. Kirishlarida,tayinlashgan bo‘lishsa kerak, ko‘p o‘tirishmaydi. Lekin, nuqul hazil-huzul qilishadi. Ko‘nglimni ko‘tarishadi. Yana bir kuni eshik ochilib, Rixsixon, Nasiba opa (Ibrohimova)lar, boshqa kuni Po‘lat Saidqosimov, Lutfulla-Gulchehra Sa’dullayevlar, G‘ayrat Ubaydullayev, Fatxulla Ma’sudov, Hojiakbar Komilov, Uchqun Tillayev, ota-bola Tesha aka, Tolib Mo‘minovlar kirib kelishadi. Derazada har kuni ertalab, kechqurun (rahmatli) Shahboz Nizomiddinov paydo bo‘ladi. Sen gapirma, eshit deydi. Gurung beradi. Shuhrat Rizayev ham shunday. Tolib aka Karimov ham statsionarda davolanayotgan ekan, dam badam derazamni chertib keladi, ”Qalaysiz, hojim?” deydi… Hammasini birma bir sanagim keladiyu qay birini aytaman. Bu tashriflar kuch beradi. Demoqchi bo‘lganim, sog‘lig‘ingda yuraverarkansan o‘tib-qaytib, goh so‘rashib, goh so‘rashmay. Boshing yostiqqa tekkanida har bir yo‘qlab kelgan odam ko‘zingga olovday ko‘rinarkan.

Avji bahor kunlari edi

8 mart kuni. Rezina ichak hali o‘rnida. Erta-indin olamiz, deb orqaga surib kelishyapti. Xuddi shu kuni Salimjon pochcham Buxorodan Bahovuddin Naqshband, Piri dastgir, Abu Hafs Kabir ziyoratgohlari quduqlaridan damsuv keltirishdi. Navbatchi do‘xtir ko‘rikdan o‘tkazib, chiqib ketishi bilan Nasibaga buyurdim. Suvni keltiring, dedim. Va “Bismillo” deb, ichishga tutindim. Qarasam, qultillab tomog‘imdan suv o‘tayapti. Mo‘’jiza! Yutoqib, bir kosasini ichib yubordim. Vrachimni chaqirtirib, suyunchi oldim. Keyin rezina ichakdan qutildim. Va meni reanimatsiyadan palataga olishdi.

Bahor. Oynadan tabiat uyg‘onishini tomosha qilib yotaman. Kasalxona bog‘ida odamlar ishlashyapti. Qo‘limdan Ravshanjon o‘g‘limning sovg‘asi – Xitoy radiochasi tushmaydi. G‘iyosjon (G‘iyos Boytoyev) ning qo‘shig‘i har kuni beriladi.

Boshimda qor, men bahordan o‘tindim,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Qor qo‘ynida zo‘rg‘a senga yetishdim,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim.
Yana qayta ko‘ramanmi, yo‘qmi men,
Ko‘klamoyim, ko‘kingdan ber bir chimdim…

21 mart, Navro‘z bayrami kuni. Shu kuniyam Buxorodan kelishdi. Hamkasblar, yoru do‘stlar kelib, ancha-muncha o‘tirib ketishdi. Dilimda ham xursandchilik, ham mahzunlik. Bolaligimdagi Navro‘zlarni eslayman. Safo Maxsum bobom biz bolalarga alohida bayram qilib berardilar. Dasturxon ko‘katli taomlar, buxorocha shirinliklarga to‘la bo‘lardi. Sumalak, halisa (halim) ga ko‘nglim ketdi. Shularni eslab, ko‘zlarimda yosh g‘iltillay boshlaganda eshik ochilib, Salim pochcham kirib keldi. Qarangki, haligina eslab turganim – sumalak, halisa keltiribdi… Yosh bolaga o‘xshab chapillatib yeya ketdim. Pochchamning bo‘ldi-bo‘ldisiga ham e’tibor qilmayman, oxiri oldimdan op qo‘yishga majbur bo‘ldi…

Shom mahali. Shiftga tikilib yotibman. O‘zimcha o‘ylayman, halisa, sumalak yedim. 1996 yil Makkai mukarramadan hoji Muhammadjon aka (aktyor M. Rafiqov) keltirgan obi zamzamdan ichganimni eslayman. Negadir xayolimdan shu tobda o‘sha muqaddas suvdan bir qultimgina bo‘lsaydi degan o‘y o‘tdi. Ko‘nglimdan shu narsa o‘tib turgan mahal eshik ohista tiqirlab ochildi-da, go‘yoki palatamga nur kirib kelganday bo‘ldi. Barvasta, nuroniy otaxon – Maqsudjon ota Islomqulov ro‘paramda turibdi. “Assalom alaykum, G‘aybullaxon!” deydi odatdagiday salmoqlab. Biz bu temirchi usta bilan televideniyedagi birga chiqishlarimiz orqali tanishib, ota-bola bo‘lib qolgan edik. Qo‘lida yelim xaltalar. “Nega ovora bo‘lib yuribsiz?” dedim xijolat bo‘lib. Otaxonning o‘n farzandi – sakkiz qiz, ikki o‘g‘li bor. Nevara, chevara, evaralar adadi ham shunga yarasha. O‘zi shu yoshida ham xotiradan nolimaydi, spektakl monologlari, arifmetika, algebraning boshqotirma murakkab formulalari, kasr chiqarishlar kabi masala, misollarini o‘ninchi sinf bolasidek sharillatib aytib beraveradi. Nihoyatda zavq-shavqli, suhbatijon qariya… Xullas, bozor xaridlarini stolga olib qo‘ydi-da, oxirida bir shisha idish oldi. “Akam Hajdan keldilar. Obi zamzamdan sizga ilindim, G‘aybullaxon!” dedi. Ana bo‘lmasa! Hozirgina o‘ylab turmaganmidim shu haqda?! Bu mo‘’jiza emasmi?!

Maqsudjon ota xayrlashib, xonadan chiqishi bilan, Nasibaxon ikkimiz niyat qilib, obi zamzamdan yetti qultumdan ichdik. Vujudimga quvvat inganday bo‘ldi. Va ayolimga dedimki, aravachani keltiring!
Nasibayu hamshiralar har qancha qarshilik qilishmasin, o‘jarlik qilib turib oldim. Va rafiqam yordamida aravachga o‘tirdim-da, kasalxona hovlisiga chiqib ketdim…

13 fevralda dard tegib, 14 da statsionarga tushgan bo‘lsam, mart oxirlab boryapti-yu, uyimga ruxsat berishlaridan darak yo‘q. “Sabr qiling, vaqti kelsa, bir kun ham tutib turmaymiz”, deya hazil aralash javob qilishadi. “Men-ku, sabr qilaman, – deyman o‘zimcha, – lekin, kasalxonada yotishning o‘zi bo‘ladimi? Mening orqamdan qancha odam ovora. Nasibam, mana, qirq kundirki, ishidan qolib yonimda o‘tiradi. Kasal kasalmas, kasal boqqan kasal, deyishganidek, uning siniqqan rangiga qarab ezilaman. Buxorolik qarindoshlarim, do‘stlarim shundan shunga necha qayta kelib-ketib turishibdi. Bu yerdagi og‘aynilarim, hamkasblarim tirikchiliklaridan qolib, vaqt orttirib xabar olgani kelishadi. Uyimdagilar – qizim, o‘g‘lim – har kuni o‘qishlaridan chiqib, albatta meni ko‘rgani kelishadi. Ba’zida kerakli dori izlab shahar bo‘ylab dorixona kezishadi. Yaxshiyamki, baxtimga Xayrulla akam (xorijda edi o‘shanda rahmatli) qimmatbaho dorilardan yuborib turibdi…”

Xullas, bu yerdan tezroq chiqib ketishim kerak. Uyda bo‘lsam, har holda ovoragarchilik kamroq bo‘larmidi, deb o‘ylayman, siqilaman. Tunlari adoqsiz o‘ylar girdobiga tushib qolaman. Kim edimu kim bo‘ldim, deyman. Ayni navqiron yoshimda nogiron bo‘lib o‘tirsam, bu yog‘i nima bo‘ladi?!. Bolalarimning o‘qishi, ularni uylash-joylash… Sog‘lig‘im joyida paytlar teatrda ishlardim, televideniye, radioga, dublyajga qatnardim. Ozroq tanilib qolgan ekanmanmi, tez-tez to‘y boshlovchiligiga chaqirib turishardi. Eh, u davrlar!.. Birato‘la hammasidan mosuvo bo‘lib o‘tirsam… Qancha niyatlarim bor edi, qancha rollar o‘ynamoqchi edim…

Shunaqa bosh-adoqsiz o‘ylar bilan tunni chala uyquda o‘tkazgan kunlarimning birida navbatchi vrach Erkin Jo‘rayev meni ertalabki ko‘rikdan o‘tkazib bo‘lgach, yonidagi hamshiralarga ruxsat berdi-da, ro‘paramga kelib o‘tirdi. Va: “G‘aybullajon, uyqu yaxshi bo‘lmadimi?” dedi. “Ha, endi Erkin Yo‘ldoshevich, uyqu qayoqdan bo‘lsin…” deb , endi “arz-dod” boshlamoqchi edim, mayin kulimsirab qo‘limdan tutdi.

– Yaxshimas, G‘aybulla Ne’matovich, – dedi beozor ohangda. – Kim aytadi sizni Ahmad Yassaviy, Ahmad Farg‘oniylar rolini qotirib o‘ynagan aktyor deb… Gapning indallosi, biz do‘xtirlar qo‘limizdan kelganini qildik. Endi bu yog‘i o‘zingizga bog‘liq, kayfiyatni, ruhni ko‘tarsangiz, yengasiz. Ochig‘i, omadingiz bor ekan, insultning og‘ir formasidan omon qoldingiz. Bu – mo‘’jiza! Shuning uchun ko‘ngilni keng qiling.

– Erkin Yo‘ldoshevich, shunchalik tuzalganimga shukur qilaman… Lekin, men tufayli qancha odam ovora… Shundan xijolat tortayapman….

– E, o‘rtoq aktyor, xursand bo‘lmaysizmi, kelishsa nima bo‘pti! Vaqtida siz ham ularga nimadir qilib qo‘ygansizki, yo‘qlab turishibdi. Hali, shunchalik tuzalganimga shukur qilaman, dedingiz. Ana shu shukrda gap ko‘p ekan… Bitta rivoyat esimga tushib ketdi. Eshitasizmi?..

Armonsiz odam

Bitta podshoning o‘nta farzandi bo‘lib, bitta qizi tuzalmas dardga yo‘liqib qopti. Yetti iqlimdan tabib chaqirib, qizini qaratibdi. Bo‘lmabdi. Oxiri o‘zimizning Samarqanddan bitta zo‘r tabibni topib, yurtlariga opketishibdi. Tabib qizni obdan tekshirib ko‘ribdi-da, xulosasini aytibdi:

– Endi, podshohi olam, bitta narsa qilasiz. Butun dunyoni qidirib bo‘lsayam, armonsiz bitta odamni toptirasiz-da, o‘shaning bir libosini qizingizning ustiga yoptirasiz. Inshaolloh, qizingiz najot topadi, – debdi.

Podsho quvonibdi: iye, davosi oson ekan-ku! Bittamas, o‘nta armonsiz odamni toptirib kelaman, deb mulozimlarini o‘n tarafga jo‘natibdi. Mulozimlaridan biri keksa kampirni topibdi.”Onaxon, shuncha yoshga kiribsiz. Orqa-oldingiz nevara, evara, chevaraga to‘lib ketibdi. Armoningiz qolmagan bo‘lsa kerak”, debdi. Kampir bechora xo‘rsinibdi. “To‘qsonga kirdim.To‘qqiz bolamdan to‘qson nevara, oltmish evara, o‘ttiz chevaram bor. Shu kunlarni men ko‘rdim, lekin rahmatli cholim ko‘rmay ketdi-da… Birgina armonim shu”, debdi.Mulozim “oh” deb peshonasiga uribdi. Boshqa mulozimga piri badavlat otaxon yo‘liqibdi. “Bolam! – debdi u. – Ota-onadan erta yetim qoldim. Qattiq mehnat qilib, o‘zimni o‘ngladim. Hozir hamma narsam badastir. Kampirim yonimda, bola-chaqamdan tinganman. Lekin bu boyliklar yoshligimda qayoqda edi.”Tish borida go‘sht yo‘q, go‘sht borida tish”, degandek, menga hozir tatimayapti. Armonim shu…” Bu mulozim ham “oh” deb peshonasiga uribdi. Shunday qilib desangiz, qolgan mulozimlar ham armonsiz odam topisholmay, saroyga qaytishibdi. Podsho tutaqibdi. “Bilmayman! Yana bir kun muhlat! Agar topib kelmasangizlar, osilasizlar!” debdi. Mulozimlar saroydan bosh egib chiqib, bir maydonda gulxan yoqib, davra olib o‘tirishibdi. Hammaning kallasida bir xayol: Endi nima bo‘ladi? Nahotki, yer yuzida bittayam armonsiz odam bo‘lmasa?!

Bir mahal eshak mingan yo‘lovchi o‘tib qopti. “Kelinglar, shu odamdan so‘raylik”, debdi bittasi. “Qo‘ysang-chi, foydasi yo‘q”, debdi boshqasi. “Chiqmagan jondan umid”, debdi-da, bir mulozim yo‘lovchini to‘xtatibdi. Yo‘lovchi aytibdiki, anovi soydan shunday o‘tsangizlar, chayla bor, o‘sha chayladan topasiz armonsiz odamni!.. Mulozimlar apil-tapil soyni kechib o‘tishsa, haqiqatdan ham chayla bor emish. Chayladan bir ovoz kelayotganmish.

— Ey, Xudoyim, O‘zingga shukur. Sen meni odam qilib yaratding, it qilib, eshak qilib ham yaratmading. Ilonu chayon qilib ham yaratishing mumkin edi. Sen menga ko‘z berding, dunyo chiroyidan bahramand bo‘ldim. Til-zabon berding, men uning sharofati bilan do‘st-oshno orttirdim. Bandalaringga nasihat qildim, yaxshilikka undadim. Quloq berding, birin-ketin tug‘ilgan bolalarim “inga-inga”sini, otajon, bobojon degan shirin kalomlarini, bulbullar chah-chahini, obiravonlar shildirashini eshitib yayradim, rohat qildim… O‘zingga shukur.

Mulozimlar diqqat bilan quloq tutishsa, chayladagi odam, endi o‘lsam armonim yo‘q, mingdan ming roziman, omonatingni ol, deyayotganmish. Hammasi xursand bo‘pketib, birvarakayiga baqirib yuborishibdi:
– Hoy, ota, bu yoqqa chiqing! Sizni izlab keldik. Bizga keraksiz, –deyishibdi.

– Ey, bolalarim, jon-jon deb chiqardimu uyalaman-da, – degan ovoz kelibdi chayladan. Mulozimlar hayron bo‘lishibdi.

– Nega uyalasiz, chiqavering.
– Men modarzotman – onadan tug‘ilganday qip-yalang‘ochman, egnimda libosim yo‘q, – debdi chol.

Mulozimlar baravariga “oh” deb yuborishibdi. Chunki ularga chol emas, cholning egni-boshi kerak ekan-da…

Podsho titrab-qaqshab turgan odamlarining arzini eshitibdi-da, g‘azablanish o‘rniga o‘ylanib qolibdi. “Ey, – debdi o‘zicha, – dunyodan shunday odamlar ham bor ekan-da. Egniga ilguligi yo‘g‘u, dunyodan rozi, armonsiz yashayapti. Meni nima jin urdiki, buncha qanoatsizman. Podsho bo‘lsam, molu davlat qo‘limda bo‘lsa. Xo‘p, o‘nta farzanddan bittasi xasta bo‘lsa, nima qipti?! Qolgan to‘qqizining shukrini qilish o‘rniga begunoh odamlarimni dorga ostirmoqchiman. Bolalarini yetim qilmoqchiman. Ey, Xudoyim, meni kechir, sendan xafa emasman, beadad roziman. O‘zingga shukur!..”

Qarangki, podshoning bir og‘iz shukridan keyin fqizida o‘zgarish boshlanibdi. Ana shunaqa gaplar, G‘aybullajon! Dunyoda mo‘’jizalar ko‘p-da. Rivoyat qalay ekan?..

Hech narsa deyolmay, xijolatli kulimsiradim. Ichim yorishgan, so‘zning mo‘’jizakor qudratiga yana bir karra tan berib, donishmand shifokorimga minnatdor bosh irg‘adim-da: “Rahmat, Erkin aka, boringizga shukur!” dedim. Va ikkimiz ham baralla kulib yubordik.

O‘rniga tushgan o‘gitlar

Kasalxonadan chiqqanimdan keyin bir haftalar yaxshi yurdim. Keyin g‘alati ahvolga tusha boshladim. Ertalab tuppa-tuzuk uyg‘onaman, ruhim yengil, ishtaham joyida, tetikkinaman. Ko‘cha aylanib kelaman. Lekin o‘z-o‘zidan hammasi chappa aylanib ketadi. Nafas yetmaydi, yurak hovliqadi, hech narsa, hech kim yoqmaydi. Qandaydir hamma yoq qora bo‘yoqlarda ko‘rinadi. Betoqat bo‘laman. Bolalarga, Nasibamga ham qattiq gapirib yuborgan vaqtlarim bo‘ladi. Astag‘firulloh deb gapiray, hattoki jonimga suiqasd qilishday xayollarga ham boraman ba’zan.

O‘lmas aka (O‘zbekiston xalq artisti O‘. Rasulov)dan minnatdorman, tez-tez xabar olib turardi mendan. Soyibjon (O‘zbekiston xalq hofizi S. Niyozov) shogirdi bilan birga kelib, tabiblarga, yaxshi-yaxshi do‘xtirlarga olib borib ko‘rsatib kelishardi ikkovi.

Bir kuni O‘lmas akaga arz qildim ahvolimdan (Ochig‘i, bu birinchi shikoyatim emasdi u kishiga). O‘lmas aka bir pas jim qoldi-da, keyin og‘ringan bir ohangda gap boshladi. “Endi… birodar, – dedi. – Nima deyishniyam bilmay qoldim. Bir o‘limdan qoldingiz. Oyoqda yuribsiz. Bola-chaqa oldidasiz. Oqibatli yoru birodarlar atrofingizda. Nega shukr qilmaysiz. Temur akani qarang, oltmish yildan beri to‘shakda. Shu odam haqida ustozingiz Sadriddin nima deganini bilasiz-ku. “Sabrni yuzini ko‘rmoqchi bo‘lsang, Temur G‘aniyevning yuziga boq”, deganmidi. Nega sabr qilmaysiz? Dunyodan to‘yib ketdim, deganingiz nimasi?! Xo‘p, siz shunday deb turganda, men endi nima qilishim kerak? Ko‘zim ko‘rmaydi, dunyo menga qorong‘u, deb hamma narsadan kechib yuborishim kerakmi?! Unday qilmayapman-ku. Ishlayapman, ijod qilyapman. Bola-chaqa katta qildim. To‘rt-beshta shogird tayyorladim… Mening gapimni qattiq olmang-da, tanangizda o‘ylab ko‘ring. Bunaqa gaplar – g‘alat. Xudoga yoqmaydi, birodar…”

Davomida esa yumshoq gaplar bilan yupatdi. Siz xavotir olmang, buni depressiya deyishadi shifokorlar tilida. Og‘ir xastalikdan keyin bo‘lib turadi. Kasalxonada sizga morfin qilingan, tinchlantiruvchi dorilar berilgan. O‘shalarning ta’siri kamaygani uchun siz depressiyaga tushyapsiz, tanangiz o‘sha siz o‘rganib qolgan dorilarni talab qilyapti. Lekin, bu o‘tkinchi narsa. Ozgina sabr qilsangiz, hammasi yaxshi bo‘p ketadi, dedi.

Sabr qil… Shukr qil… Bunaqa nasihatlarni ko‘pchilikdan eshitasizu hadeganda quloqqa olavermaysiz. Biroq, shunday insonlar borki, aytgan gapi o‘rin o‘tadi. Yuragingizga o‘rnashadi. Qaysikim, ular o‘zlari amal qiladigan gaplarnigina gapirishadi. O‘lmas aka ana shunaqa odamlar toifasidan. Sabrli, matonatli, nekbin va shokir inson. Shukrki, Parvardigor menga ana shunday insonlarning bir qanchasi bilan hamsuhbat bo‘lmoqni nasib etdi.

Xastalik hikmati

“Xastalik risolasi” degan bir kitobchani o‘qiganman. Muallif bir qarashda yoqimsiz bo‘lgan xastalikni shunday ta’riflaydiki, beixtiyor bir kasal bo‘lib olgingiz keladi. Xastalikni boshidan o‘tkazgan odam dunyoga qayta kelganday, qayta tug‘ilganday atrofga, odamlarga, yaxshi-yomon hodisalarga boshqacha ko‘z bilan qaraydigan bo‘lib qolarkan. O‘sha 2003 yilning fevral, mart oylarida statsionarda o‘tgan kunlarim, ta’bir joiz bo‘lsa, hayotimni butunlay boshqa o‘zanga solib yubordi, deyishim mumkin. Avvalo, ilohiy ne’mat – sog‘liqning qadriga yetish kerakligini, sog‘liqqa beparvolik kufroni ne’mat ekanligini anglab yetdim. Odamlarni qadrlashni o‘rgandim. Sabr, shukr degan tushunchalar mag‘zi-ma’nosiga yetganday bo‘ldim. Yana bir narsaga aqlim yetdiki, odamning yomoni bo‘lmas ekan, bizning xatomiz bir-birimizni tushunmaslikda ekan. Shifokorlardan minnatdorman, xizmatlarini ayamadilar. Lekin, meni oyoqqa turg‘azgan dori-darmondan ham ko‘proq ularning munosabatlari, e’tiboru ehtiromlari bo‘ldi. Va, albatta, oila a’zolarimning, birinchi navbatda yostiqdoshim Nasibaxonning boshimdan ketmagani, ichidan nima o‘tgan bo‘lsa, o‘ziga ma’lum, ammo sirtiga chiqarmay, yuzidan tabassum arimay, meni yupatib, ko‘nglimni ko‘tarishga intilganlari, biror malollik sezdirmagani, tug‘ishganlarim, tug‘ishganlarimdek jonkuyarlik qilgan ustozlarim, hamkasblarim, birodarlarimning mehr va e’tiborlari tufayli hayotga qaytdim, desam to‘g‘ri bo‘ladi.

Kasalxonadan chiqqanimdan keyin Salimjon pochcham meni Buxoroga olib ketdi. Tug‘ilgan uyim, mahallam, yoru birodarlar diydori menga quvvat bag‘ishladi. Losha degan qishloq bor, shahar yaqinida. U yerda Temur G‘aniyev degan qadrdon akamiz yashardi. (U 2011 yilning mart oyida – ustozimiz Sadriddin Salim Buxoriydan rosa bir yil keyin dunyodan o‘tdi, Olloh rahmat qilsin). Umrining oltmish yilini nogironlar aravachasida o‘tkazgan bu inson haqida rahmatli Sadriddin aka “Buxoroda avliyo bor – tirik avliyo” degan doston yozgan edi. Rostdan ham Temur aka shuncha dard chekkan bo‘lsa-da, o‘zligini yo‘qotmagan, ismi jismiga monand deganday, temir irodali, sabr-bardoshli, nekbin, shokiru sobir – avliyo inson edi. Shu insonning huzuriga olib borishdi meni. Ro‘para bo‘lishim bilan, bu yoqqa kel, dedi aravachada o‘tirgan yeridan. Keyin bag‘riga bosib: “Senga kelgan dardni men olay”, dedi titragan ovozda.

Qarang, shu odam o‘zi xasta, odamlar madadiga muhtoj, lekin mening dardimni olishga ham tayyor. To‘lqinlanib ketdim. Mana, kimdan o‘rganish kerak sabr-bardoshni, matonatni, baxt uchun kurashmoqni…
Hech kimning boshi yostiqqa tegmasin!.. Mabodo shunday ko‘rgulik boshingga tushar ekan, buni ham fojia deb bilmaslik, buning ortida ham bir hikmat borligiga ishonish kerak ekan.

Masalan, men o‘zim, xastalik tufayli imkoniyatlarim cheklandi. Teatr sahnasiga qayta olmadim. Dublyaj, radio kabi sevimli mashg‘ulotlarim – ochig‘roq aytadigan bo‘lsam, tirikchiligim manbalaridan ayrildim. Ko‘plab o‘ynalmagan rollarim armonga aylandi. O‘g‘lim, qizimning o‘qishi, ishiga, uyli-joyli bo‘lishiga o‘zim istaganchalik yordam qilolmadim. Lekin… Ha, lekin har bir mahrumiyatda bir muyassariyat bor, deganlaridek, yo‘qotganlarim evaziga nimalarnidir topdim. Topganlarim, albatta, moddiy holatdamas, ularni qo‘l bilan tutib ko‘rsatolmayman, ammo har qanday moddiy dunyo ne’matlaridan-da qimmatliroq boylikka erishdim. Hayot atalmish bu ne’mat ma’nosini, inson qadr-qimmati nimada ekanligini tushunib yetganday bo‘ldim. Menimcha, bu tumtaroq gaplarimni yanada tushunarliroq bo‘lishi uchun qizim Zarina bilan bo‘lgan bir suhbatimni keltirsam, ko‘nglimdagini aytgan bo‘laman, shekilli…

O‘sha qirq besh kunlik dastlabki muolajani olib qaytganimdan so‘ng, bir kun qizimni yonimga chaqirib, uning ko‘nglini ko‘tarmoqchi bo‘ldim. “Qizim, sening oldingda qarzdorman, – dedim sekin gap boshlab. – Niyatlarim ko‘p edi, yaxshi kiyintirmoqchi edim… Yana…” Qizim shunda darhol og‘zimdan gapimni olib: “Dada, unday demang, – dedi bag‘rimga suqilib. – Siz tuzalib ketganingiz biz uchun katta davlat bo‘ldi. Muhimi, sizning sog‘lig‘ingiz. Bir donishmand aytgan ekan: “Bir odamlar ko‘rdim – usti yupun, kiyimi yo‘q, bir kiyimlar ko‘rdimki, ichida odami yo‘q…” Bu gapdan keyin fikrimda, miyamda chaqmoq chaqqanday bo‘ldi. Butun iztirobu alamlarim tumandek tarqab ketdi, nazarimda…

Odatda, xastaning ko‘nglini ko‘tarish uchun: “Xafa bo‘lmang, ko‘rmagandek bo‘lib ketasiz”, deyishadi. Men ham birodarlarimdan bunday tasallini ko‘p eshitaman. Va, har safar: “Aytganingiz kelsin”, deymanu ichimda: “Ko‘rmaganday bo‘lib ketay, ilohim, lekin shu ko‘rganlarimni unutmay. Xastalik sabab anglab yetganlarim aslo meni tark etmasin”, deyman…

Oqibat

Xastalik chekinib, ahvolim yengillashgach, uyda zerika boshladim va bir kuni Nasibaxon hamrohligida ko‘chaga chiqdim. Ikkovlashib dastlab televideniyega, undan chiqib teatrga bordik. Tanish-bilishlar, hamkasblar bilan ko‘rishib, diydorlashib, rosa bahri-dilim ochildi. Aktyorlar, rejissyorlardan tortib, oddiy xizmatchilargacha hammasi ko‘zimga olovday ko‘rinar, suhbatlashib to‘ymas edim. Nihoyat, taftim bosilganday bo‘ldi. Er-xotin tashqariga chiqdik. Avtobus bekati tomon ketayotsak, orqamizdan birov ovoz berdi. Qarasam, Husniddin Komilov – teatrimiz musiqa sexining rahbari.

– G‘aybulla aka, kelinglar, oborib qo‘yaman, – deya mashinasiga taklif qildi.
– Yo‘g‘-yey, ovora bo‘lmang. O‘zimiz sekin ketaveramiz.
– Ovorasi bor ekanmi? Qani, kelinglar. Yaqinda kasallikdan turdingiz, toliqib qolmang tag‘in…

Noiloj mashinaga o‘tirdik.

Sebzordan o‘tib, Yunusobod yo‘liga tushib olgach, mashina tezligini oshirgan Husniddin so‘rab qoldi:
– Tortishi yomonmas-a?

– Yaxshi. Yangisi baribir yangi-da.
– Yangiligi qoptimi? – kuldi Husniddin. – Yigirma besh yil minilgan. Kozim (ismi o‘zgartirilgan) akaniki-da!
– Kozim aka?..
– “Yosh gvardiya” aktyori. Birga ishlagansizlar shekilli.
– E, Kozim akanikimi?
– Buni menga sotib, “Neksiya” olgandi rahmatli. Uni ko‘pam haydamadi…

Kozim aka… Institutni bitirib, “Yosh gvardiya” (hozirgi O‘zbek Davlat drama) teatriga ishga kelganimda, u kishi ancha xizmat qilib qo‘ygan, o‘ynagan rollaridan ko‘ra tashkilotchiligi, tadbirkorligi bilan ko‘proq tanilgan aktyorlardan hisoblanardi. U kishining tashkilotchiligi, ayniqsa, gastrol safarlarida ko‘proq asqotar, borgan yerida mahalliy rahbarlar bilan darhol til topishar, yetarlicha shart-sharoit yaratishga erishardi.

Xullas, Kozim akamiz ming to‘qqiz yuz yetmish to‘qqizinchi yilda yap-yangi “Jiguli” xarid qildi. Xarid qilgandayam, o‘zi yoqtirgan yam-yashil ranglisidan. Hatto, shunaqasi kelishini kutib, besh-olti oy kechiktirib, natijada 700 so‘m oshgan narxda (o‘sha paytlar 700 so‘m katta pul edi) olgan bo‘lsa-da, og‘zi qulog‘ida edi. Xuddi o‘sha kunlar mening uylanish to‘yimga yaqin qolgandi. Kozim akani mashina bilan tabriklab turib, uning quvonchiga sherik bo‘lgan holda nima debman deng:

– Kozim aka, yana bir haftadan keyin to‘yim. Yangi mashinada ZAGSga oborib kelarkansiz-da!

Uyam o‘sha og‘zi qulog‘ida holatda va’da berib yubordi:
– Gap bo‘lishi mumkinmas, starik!

To‘y kunim yaqinlashyapti. 29 sentyabrda ertalab nikoh, kechqurun Yangiobodda – Nasibaxonning hovlisida bazm.

Shundan bir kun oldin – 28 sentyabrda teatr hovlisida Kozim akani uchratib qoldim-da, va’dasini eslatib, to‘yga taklif qildim.

– Ertaga deng-a?.. Hm… qandoq bo‘larkin, starik, hali bir haftayam minilmadi. Amortizatsiyasi nozik bo‘larkan, “Jiguli” degan jonivorning… Bir oy “obkatka” degan narsalari bor. ZAGSda kelin-kuyov, yangalar chiqadi. Tag‘in motorni qizdirib qo‘ysak…

– To‘g‘ri, to‘g‘ri, bu yog‘ini o‘ylamabman, uzr, Kozim aka… Mashina bor, qo‘yavering… – debman shoshganimdan.

Kechqurun “Yosh ijodkorlar uyi” deb ataladigan yotoqxonaning sakkizinchi qavatidagi xonamda o‘tiribman-u, miyam g‘ovlaydi. “Endi bu yog‘i nima bo‘ladi? Qayerdan mashina topaman?” Mashina-ku, topiladi. Lekin falon pul so‘raydi-da, begona odam. Men teatrda yangi ish boshlagan aktyorman. Talaba qatori yashayman. Qarindoshlarim Buxoroda bo‘ladigan asosiy to‘yimning tashvishi bilan ovora. Ulardan yordam so‘rashim o‘ng‘aysiz. Kozim akaga ishonib, biror-bir tanishimga aytmaganman. Qolaversa, tanishlarim ham ko‘pi o‘zim qatori. Boz ustiga u paytlarda mashinalar bugungiday beqadr bo‘lib, tiqilib yotmasdi ko‘chalarda. Shunday o‘ylar bilan derazamga ko‘z tikib o‘tirarkanman, birdaniga xayolimga kelgan o‘ydan hovliqib qoldim: “E, hali to‘y xabari chala-ku!” Shoshib birinchi qavatga tushdim-da, qorovul kampirdan iltimos qildim: “Telefoningizdan foydalansam maylimi?” Kampir indamay bosh irg‘adi. Birinchi bo‘lib Ne’mat aka (O‘zbekiston xalq yozuvchisi Ne’mat Aminov)ning telefon raqamini terdim. Shunday, shunday, ertalab nikoh, kechqurun bazm, marhamat qiling, dedim.

Ne’mat aka bir pas o‘ylanib qoldi-da, keyin o‘ktamlanib: ”Gap bunday, ukajon, – dedi . – Men bugun bazadan mashina opkeldim. “Jiguli”. Shu yangi mashinada borib, ZAGSda xizmat qilsam. Lekin, bazmga uzr… Borolmayman. Xafa bo‘lmaysiz. Jurnaldagi xodimlarimdan (“Mushtum” jurnalida bosh muharrir edilar, ustoz) biri uylanyapti. Shu yigit uch oydan beri har kun bir eslatadi. Bormasam bo‘lmaydi. Faqat xafa bo‘lish yo‘q, G‘aybullajon!”

Endi desangiz, hayajondan nafasim qaytib: “mayli, akajon, ZAGSimni o‘tkazib bersangiz ham boshim osmonga yetadi”, debman arang. Shunday qilib, 29 sentyabr tongi otdi. Ertalab Tesha akam (O‘zbekiston xalq artisti Tesha Mo‘minov) to‘rtta mashina – bir “Volga”, uchta “Jiguli” olib keldi. Ne’mat akam bo‘lsa yap-yangi oppoq “Jiguli”sida ulardan ham oldin kelib, yotoqxona oldida turdi. Va qatorlashib Yangiobodga jo‘nadik. Biz kelin-kuyovlar “Volga”dan ko‘ra oppoq “Jiguli”ni qadrli ko‘rib, qatorning oldida (rulda mashhur yozuvchimiz) nikoh marosimini o‘tkazib qaytdik.

Oradan bir hafta o‘tib, 6 oktyabrda Buxoroda asosiy to‘yimiz bo‘lib o‘tdi. Ne’mat aka atayin Toshkentdan yetib bordi. U kishiga to‘y boshlovchiligini iltimos qilishgan ekan, uzr so‘rabdi. “nima bo‘lgandayam biz mehmonmiz. Ana, Rayimjon, o‘zlari chiroyli qilib olib boradilar”, debdi, buxorolik san’atkorlar qatorida kirib kelayotgan O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Rayimjon Shukurovni ko‘rsatib. Ne’mat aka ana shunday madaniyatli, yuksak farosatli, ayni chog‘da hojatbaror, kamtarin inson edi.

Shularni xotirlar ekanman, beixtiyor xayolimga kelgan ajabtovur fikrdan xitob qilib yuboribman. “Uni qaranglar-a!..”

Husniddin ham, yonimda o‘tirgan Nasibaxon ham menga o‘girilishdi.
– Nasiba! Baribir, bir kun shu mashinaga bir chiqishimiz bor ekan! Bundan 25 yil muqaddam biz aynan xuddi shu mashinada ZAGSga borishimiz kerak edi. O‘shanda nasib qilmagandi. Mana shuncha yillar o‘tib, ajoyib kunlarning birida er-xotin yonma-yon ketyapmiz. Taqdiringda bo‘lsa, bir kunmas-bir kun yetishasan, degani shu bo‘lsa kerak-da, a, Husniddin, nima dedingiz? – deya hazillashdim…

So‘nggi suhbat

011.jpgShu o‘rinda ustoz Ne’mat Aminov bilan bo‘lgan so‘nggi suhbatni keltirib o‘tsam. Albatta o‘shanda buni so‘nggi suhbat, so‘nggi uchrashuv ekanligi xayolim ko‘chasiga ham kirmagan edi.

Ne’mat aka bilan oilaviy bordi-keldimiz bor edi. O‘shanda Ne’mat aka yaqinda kasalxonadan chiqqan paytlar, Buxorodan kelgan Salim pochcham ikkimiz u kishini ko‘rgani Chilonzordagi uylariga bordik. Yanga osh damladi. Ne’mat aka betob, men betob, lekin chiroyli suhbat, hazil- mutoiba sabab bo‘libmi, oshni tengma teng yedik. Gapdan gap chiqib, men bir hangomani so‘zlab berdim…

Bolalik paytlarimda Losha qishlog‘ida Ro‘zi devona degan bo‘lardi. Qoramag‘izdan kelgan, baland bo‘yli savdoyi bir odam edi. Qishda yalang oyoq, yozda kirza etik kiyib yurar, eshakka minsa oyog‘i yerga tegib turardi. Bir kuni Sadriddin Ayniy nomidagi viloyat teatri oldidagi chorrahadan o‘tayotsa, bir mashina qattiq signal berib yuboribdi-da, eshagi yo‘l o‘rtasida taqqa to‘xtabdi. Ro‘zi devona eshagidan tushib, arqonidan harchand tortmasin, xalacho‘p bilan har qancha urmasin, qimirlamasmish. Shu payt teatr binosidan bir guruh aktyorlar va toshkentlik mehmonlar chiqib kelibdi (Chamamda teatrning yangi bir asari premyerasiga taklif qilingan komissiya a’zolari bo‘lishgan ular). Shunda buxoroliklardan bittasi mehmonlar oldida o‘zini ko‘rsatmoqchi bo‘libmi, Buxorodayam askiya bor demoqchi bo‘lganmi, Ro‘zi devonaga gap otibdi. “Ha, aka Ro‘zi, sigiringiz yurmay qoldimi?” debdi. Ro‘zi devona bo‘lsa, shunday g‘oz qotibdi-da: “Yo, tavba, – depti. – … (yomon so‘kinib) zamon bo‘ldi-da, eshak eshakni tanimasa-ya! Eshakni sigir deb tursa-ya!”

Shu voqeani gapirib bersam, Ne’mat aka rosa yayrab kuldi. Keyin: – G‘aybullajon, men qalamimni tashlab qo‘yuvdim. Yo‘q, endi qaytatdan qo‘lga olmasam bo‘lmaydi. Bunaqa hangomani uvol qilish yaxshi emas! Obbo, Ro‘zi devonayey! – degandi qayta-qayta kulgusi qistab.

Bu hangoma qog‘ozga tushdimi, yo‘qmi, bilmadim. Har holda Ustoz vafotidan keyin chop etilgan kitoblarida uni uchratmadim.

HANGOMALAR

Oshxo‘rlar

Bu hangomani ustoz san’atkorimiz Nabi Rahimovdan eshitganman.

Urush yillari, ochin-to‘qin zamonlar ekan. Bir kuni Obid Jalilov bilan Mirshohid Miroqilov (O‘zbekiston xalq artistlari) o‘zaro xilvatda kengashib olishibdi.

– Mirshohid, bugun ikkimiz do‘ppidekkina osh qilib, bir o‘tirsak, bo‘ptimi?
– Faqat ikkimiz-a?
– Albatta-da!
– Man roziman!..

Shunday qilib, ikki do‘st shom qorong‘usida uzun-qisqa bo‘lib, teatrdan chiqishibdi. Xadrada ularga bir taniqli shoir hamroh bo‘libdi. Bir bekat o‘tishibdi, shoir ulardan ajramabdi, ikki bekat o‘tishibdi, ajramabdi. Ikki oshxo‘rning rejasiga daxl yetadiganga o‘xshab qolibdi.

Mirshohid akaning sabri bitibdi. Sekin Obid Jalilovga yaqinlashib, yengidan tortibdi.
– Shoirni yo‘qot, – debdi.

Obid aka indamay ketaveribdi.

– Hov, senga aytayapman, shoirni yo‘qot, – deb qattiqroq shivirlabdi.

Obid akadan sado chiqmasmish.

Qiziqqon Mirshohid Miroqilov do‘stining yengidan qattiq tortibdi-da:
– Qulog‘ing tom bitganmi, shoirni yo‘qot, dedim.

Nihoyat “Obid aka” tilga kiribdi.
– Qayoqqa yo‘qolay, Mirshohid, – debdi.

Gap shundaki, tushmagur Mirshohid aka qorong‘uda Obid Jalilov deb o‘ylab, uningdek baland bo‘yli Shoirning yengini tortqilab yotgan ekan.

Duogo‘ylar

Bu hangomani ustoz san’atkorimiz, O‘zbekiston xalq artisti Tolib Karimovdan eshitganman.

Aktyor xalqi faqat teatrdagi faoliyati bilan cheklanib qolmaydi, albatta. Kinoda o‘ynaydi, dublyajga qatnashadi. Radioda, televideniyeda qo‘yilgan sahnaviy asarlarda rollar ijro etadi. Bu bir tomondan uni charxlasa, ijro mahoratini oshirsa, ikkinchi tomondan hamyoniga quvvat beradi.

O‘tgan asrning oltmishinchi yillari ekan. Televideniye endi oyoqqa tura boshlagan. Radioning mavqei esa juda baland. Har hafta yangi inssenirovka, radiospektakl yoki bo‘lmasa teatr radiomontajlari beriladi. Odamlar atayin kutadi. Bularga qo‘shimcha yana “Gulshan”, “Dugonalar”, “Tabassum” radiojurnallari efirga chiqa boshlaydi va bularning barchasiga teatr aktyorlari jalb qilinardi. Radiochilar bu ishlarda asosan ustoz Nabi Rahimov maslahati, yordamiga tayanishar, ya’ni, ssenariyni Nabi akaga tutqazib, kimlarni jalb qilishni u kishining o‘ziga havola etisharkan. Nabi aka bo‘lsa ssenariy bilan tanishib, lozim ko‘rgan aktyorlarini kerakli paytida radiostudiyaga boshlab borarkan.

Nima bo‘ladiyu Nabi aka statsionarga tushib qoladi. O‘n besh kuncha davolanadi. O‘shanda Milliy teatr hali eski binosida bo‘lgan. Repititsiyadan chiqqan aktyorlar hovlida aylanishib turgan ekan. Nabi aka boshida mashhur shlyapasi, qo‘lida papka bilan kirib keladi. Ko‘pchilik gurra uning peshvoziga yuradi. Salom-alikdan keyin Nabi aka tomoq qirib oladi-da, qora sumkasidan bir dasta qog‘oz chiqaradi. “Xo‘p, men hozir to‘g‘ri radiodan kelyapman. Mana ssenariy. Yangi postanovka. Juda zo‘r, o‘ttizta rol bor. Lekin, – deydi Nabi aka yana ma’noli tomoq qirib olib, – faqat meni balinsaga oooooooooooooooooko‘rgani borganlarga rol tegadi, bormaganlarga yo‘q!” Shunday deb orqaroqda “aybdorona” qo‘l qovushtirib turgan aktyorlarga qarab qo‘yadi. Shunda haligi “aybdorlar” – Sharif Qayumov, Lutfulla Nazrullayev va Sa’dixon akalar: “E, e, Nabijon, bizni ma’zur tuting, to‘g‘ri, biz borolmadik. Lekin, biz duo qilib turdik, ha, biz duoda edik”… deyisharmish baravariga.

Tojiboy akaning “shamollashi”

O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Tojivoy Normatov bilan bir qancha spektakllarda partnyor bo‘lganman. Masalan, Hamzaning “Maysaraning ishi” komediyasida (rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev) u kishi Mulla Do‘stni, men mulla Ro‘zi A’lamni o‘ynaganmiz. Nozim Hikmatning “Tentak” psasi asosidagi spektaklda, bir polyak dramaturgining (ismi esimdan chiqibdi) “Tun qissasi” spektaklida birga o‘ynaganmiz. Shu spektaklga bog‘liq kulgili bir holat yodimga tushdi. O‘zbekiston xalq artisti Ubaydulla Omon sahnalashtirgan bu asarda hurmatli san’atkorlarimiz Murod Rajabov, Karim Mirhodiyev, Hoshim Arslonov, rahmatli bo‘lib ketgan atoqli san’atkorlarimiz To‘g‘on Rejametov, Shirin Azizovalar qatnashgan edi. Asarda yo‘l bo‘yidagi Kempengga (Tungi qo‘noq) kechasi uch qurolli bosqinchi kirib, odamlarni talaydi, azob beradi. Men bosh rolda chiqqanman, Tojiboy aka bir cholni o‘ynagan edi. Chol o‘tirgan joyida bosqinchilarning kattasini insofga chaqirib, “O‘g‘lim menga qarang…” deb gap boshlaganda, u (Murod Rajabov) “Otaxon, men bilan gaplashayotganingda o‘rningdan turib gaplash”, deb zug‘um qiladigan joyi bor. Nima bo‘ldiyu, o‘g‘rilar bostirib kirganida chol ham (Tojiboy Normatov) o‘rnidan turib ketdi-da, “O‘g‘lim menga qarang…” deb gap boshlab qoldi. Endi Murod akaning ustaligini qarang, “Otaxon, men tarbiya ko‘rgan yigitman. O‘zimdan kattalar bilan gaplashganda o‘tirib gaplashishni xohlayman, o‘tirgin, hurmating bor”, deb vaziyatdan chiqib ketdi. Keyin shu narsani eslatib, Tojiboy aka o‘tirib gaplashing, deb hazil qilib yuradigan bo‘lgandik.

Tojiboy aka juda tartibli aktyorlardan edi. Repititsiyaga o‘n besh daqiqamas, yarim soat, qirq minut oldin kelib turardi. Nima sababdandir, bir safar Bahodir akaning repititsiyasiga o‘n besh daqiqalar kech qolib keldi. Eshik tiq-tiq qildi-da, sekin ochildi. Hamma o‘girilib qaradi. Tojiboy aka maktab bolasidekkina qizarib turibdi. Bir yo‘talib olib, “Assalom alaykum, mumkinmi, – dedi. – Kechirasiz, Bahodir aka, shamollab qopman. O‘ho‘-o‘ho‘. Shunga do‘xtirga o‘tib kelyapman… O‘ho‘-o‘ho‘…” Bahodir aka “kiring” deganday bosh irg‘adi. Repititsiya davom etdi. Sahnalar o‘ynalyapti. Har o‘n, o‘n besh minutda Tojivoy aka yo‘talib, yo‘talib qo‘yadi. O‘xshamaydi. Bir-birimizga qarab kulib qo‘yamiz. Umrida yolg‘on gapirmagan odam, yolg‘ondaqa yo‘talni ham eplolmayapti-da. Xullas, repititsiya uch soatlarda tugadi. Shundan keyin Bahodir aka qo‘lidagi ssenariy papkasini sharaq etib yopti-da, to‘g‘ri Tojivoy aka qarab, “Obbo, Tojivoy akayey, – dedi, hamma Tojiboy akaga qaradi. U bo‘lsa ko‘zini qayoqqa yashirishni bilmaydi. – O‘n besh minutgina oldin kelganingizda-ku, tomog‘ingizga shunchalik azob bermasdingiz. Rahmim kep ketdi” – deb o‘rnidan turdi. Hamma gur kulib yubordi. Tojiboy aka bo‘lsa, qo‘l ko‘tarib o‘rnidan turdi-da: “Bo‘ldi, Bahodir aka, bo‘ldi. Yetadi shu gapingiz!” – dedi iljayib.

Har kun ham bo‘lavermaydigan tasodif

Bu hangoma San’at instituti drama teatri va kino aktyorligi bo‘limiga hujjat topshirayotganimda bo‘lib o‘tdi. Xushro‘ygina qiz hujjatlarimni ko‘zdan kechiryapti-da, uch-to‘rt qadam naridagi stolda o‘tirgan sherigiga gap sotyapti.

— Gulya, kecha qiziq hangoma bo‘ldi, — dedi u sharaqlab kulib, — yonimga rus gruppasiga hujjat topshirgan bir yigit keldi. Hujjatimni qaytib olmoqchiman, fikrim o‘zgardi, boshqa yerda o‘qimoqchiman, deydi. Nega dedim. O‘zim shunday, dedi. Bo‘pti, raqamingni ayt, dedim. Jim. Yerga qaraydi. Ha, nima bo‘ldi, esingdan chiqdimi, dedim. Uyalyapman, deydi. Ibi, nega dedim, tavba, nega uyalasan?..

Oxiri aytdi. Bir yuz sakkiz (ya’ni sto vosmoy) deydi.

O‘sha paytdagi jinoyat kodeksida tekinxo‘r, betayin, sayoq, piyanista shaxslar 108-modda bilan ayblanib, ular xalq tilida “sto vosmoy” deb atalardi. Bechora yigit shundan uyalib turgan ekan.

U gapirayotib, yozayotib, birdaniga hayratlanib baqirib yubordi.
– E, yana bitta sto vosmoy!

Dugonasi ishonmay uning oldiga yugurib keldi.
– Voy, tavba, rostdanam sto vosmoy-ku, — dedi u ham va ikkisi sharaqlab kulib yuborishdi.

Tabiiyki, mening jahlim chiqdi. Qovoq uyub, tumtayib olganimni ko‘rgan birinchi qiz menga qarab samimiy jilmaydi.

– Sen yigitcha, xafa bo‘lma, bunaqa tasodif har kun ham bo‘lavermaydi, – dedi. – Tanishib qo‘yaylik, men ham talabaman, to‘rtinchi kursni bitirdim. Ismim Munavvara, dedi.

O‘sha shaddod qiz – bugungi kunda Respublikada xizmat ko‘rsatgan murabbiy, taniqli rejissyor va aktrisa Munavvara Abdullayeva opamiz 1973 yil 9 iyulda yozib bergan 108-raqamli tilxatni haligacha saqlab kelaman. Har ko‘rganimda beixtiyor jilmayib qo‘yaman.

Bo‘ladigan bola

Teatrimiz rekvizit sexiga G‘ulomjon Alimov degan yigitcha ishga keldi. Kirishimli yigit ekan, ko‘pchilik bilan tez orada tanishib, apoq-chapoq bo‘lib ketdi. Nazarimda, ayniqsa menga o‘zini yaqin tutardi. O‘shanda men “Piri koinot”da, “Sohibqiron Amir Temur”da, “Usmon Nosir”, “Afandi”da yetakchi rollarni o‘ynayotgan, jurnalistlar tili bilan aytganda “ijodim gullagan” bir davr edi.

U sahna bezashda qatnashib yurarkan, ish orasida vaqt topib, mening oldimga kelar, aktyorlikka havasmandligi, bu yil teatr institutiga kirolmagan esa-da, vaqti behuda o‘tmayotgani, mashhur aktyorlardan (jumladan, mendan ham) katta saboq olayotganini to‘lib-toshib gapirib o‘tirardi. Siz mening birinchi ustozimsiz, G‘aybulla aka, derdi og‘zini to‘ldirib.

Bunaqa e’tirof kimga ham yoqmaydi, deysiz. Men ham o‘z navbatida unga ko‘nglim ilib, qo‘limdan kelganicha “ustozlik” maslahatlarimni ayamaydigan bo‘ldim.

Bir kun desangiz, kulisni oralab sahna tomon o‘tib borayotsam, bexos G‘ulomjonning ovozini eshitib qoldim. Qadamimni sekinlatib, quloq soldim.

Sahnada Rixsivoy aka (O‘zbekiston xalq artisti Rixsivoy Avazov), uning ro‘parasida menga orqa qilgancha G‘ulomjon turar va xuddi monolog o‘qiyotgandek gap berardi.

– Rixsivoy aka, siz ulug‘ san’atkorsiz. Men institutga kirolmaganim bilan sira o‘kinmayman, sizday san’atkorlar bilan tanishdim. Institutda o‘qiganimda ham bunchalik saboq ololmasdim. Ayniqsa, sizdan ko‘p narsa o‘rgandim. Siz mening birinchi ustozim bo‘ldingiz, ha, siz birinchi ustozimsiz.

Sho‘xligim tutdi. Jinoyat ustida qo‘lga tushirgan kabi orqasidan bordim-da, shappa ikki yelkasidan tutib, o‘zimga qaratdim.

– Men-chi, men nechanchi ustozingman?! – dedim jiddiy tikilib.

G‘ulomjon bir zum angrayib qoldi.
– Siz… Siz… G‘aybulla aka… Siz…

Bunday “siz…sizlab” turish asnosi o‘zini tutib oldi-da:
– Siz, G‘aybulla aka, no‘linchi ustozimsiz, – dedi.

Haligi “jiddiyatim” birdan yo‘qoldi-da, sharaqlab kulib yubordim.

– Sen, G‘ulomjon, aktyor bo‘lasan. Sendan zo‘r aktyor chiqadi, – dedim kula-kula. Darhaqiqat, aktyorda hozirjavoblik, o‘zini yo‘qotmaslik, har qanday vaziyatdan chiqib keta olish qobiliyati ham bo‘lishi kerak. G‘ulomjonda men shunday qobiliyatni ko‘rgandim.

G‘alati salomlashuv

Bu hangomani O‘zbekiston xalq artisti Oybarchin Bakirovadan eshitganman.

Mustaqilligimizning dastlabki yillari ekan. Milliy o‘zligimiz uyg‘ona boshlagan, odamlarimizda ruhiy tozarish, yuksalishlar sezilayotgan davrlar.

O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist, suyukli onaxon aktrisamiz Lola Badalova ko‘chada ketayotsalar, ro‘paralaridan uch-to‘rtta nuroniy otaxon gurunglashib kelaveribdi. Opamiz ularga yaqinlashib, tavoze bilan salomlashmoqchi bo‘lib, qo‘llarini ko‘kraklari ustiga qo‘yibdilar-da:

“Assalomu alaykum”, deyish o‘rniga beixtiyor “Bismillohir rahmonir rohim”, deb yuboribdilar.

Haligi otaxonlar ilkis to‘xtab, tanish aktrisaga qarab qolishibdi-da, keyin tushunib, “Va alaykum assalom”, deb sir bermay o‘tib ketishibdi. Opaning o‘zi bo‘lsa, beixtiyor yo tavbangdan, deb kulib yuboribdilar.

Maskov boshqaruvi

Muhiddin hoji aka degan bir hamyurtimiz bor. Zukkotabiat, donishmand bir inson. Kosa tagida nim kosa degan ibora bor. Muhiddin akaning har bir gapi ana shunaqa tagdor bo‘ladi. Bir kuni mashinada shu kishi hamrohlari bilan Losha degan qishloqdan Buxoroga qarab yo‘lga tushishibdi. Shaharga kiraverishda, mashina bir qalqib to‘xtabdi. “Ha, – debdi gurung berib kelayotgan Muhiddin akamiz haydovchiga qarab, – nimaga to‘xtading?” “Qizil”, – debdi haydovchi yo‘lchiroqqa ishora qilib. “Obbo, padarqusurey! – dermish shunda hayratga tushgan bo‘lib Muhiddin aka. – Maskovdan turib yo‘lni boyladi-ya!»

Rus tili darsida

Institutga yangi kirgan paytlarimiz.

Rus tili va alabiyoti darsida o‘qituvchi bir kursdoshimizni doskaga chiqardi. Kursdoshimiz, uzoq viloyatdan kelgan, rus tilidan savodi haminqadar, iljayib chiqib keldi. O‘qituvchi “Rus tilidagi so‘z turkumlari” mavzusi yuzasidan savol berdi. “Imya suщyestvitelniy” haqida gapiring. Kursdosh hech narsa gapirolmadi. Hech bo‘lmasa aytingchi, “Imya suщyestvitelniy” o‘zbekchada nima deyiladi? Yana jim. Shu payt kursdoshlar yordam bermoqchi bo‘lib, shivirlay boshlashdi. “Ot, ot, ot degin…” Yigit “ot” demoqchi bo‘ldiyu lekin o‘zicha buni ruschaga o‘girib aytish kerak deb o‘yladi, chog‘i, “loshad” deb yuborsa bo‘ladimi!

– Chto?!
– Loshad…

– Kakoy loshad?! – fig‘oni chiqdi o‘qituvchining. Kursdoshimiz shosha-pisha xatosini tuzatmoqchi bo‘ldi.

– Izmenite, izmenite, ne loshad, a kon, kon!..

SARHISOB QILMOQCHI BO‘LGANIM

Bir kuni nimadir sabab bo‘ldi-da, to‘xta-chi, dedim o‘zimga o‘zim. Sen ham mana ancha yo‘lni bosib qo‘yding, nabiralar ko‘rding. Soching binoyiday mosh-guruch bo‘p qoldi. Quvvating ham, garchi tan olging kelmasa-da… har holda kuching tanangga sig‘may yurgan kechagi G‘aybulla emassan. Anchagina vazmin tortib, o‘zingga, atrofingga tanqidiy nazar bilan qaray boshlading. Nasihatgo‘ylikka mayl paydo qilgansan. Bu nimaning alomati, birodar! Demak, yillar o‘z hukmini o‘tkazyapti va bilib-bilmay uning izmiga tushyapsan. Endi bunday do‘ppini tizzangga olib qo‘yib, shu choqqacha o‘tgan umring haqida, avval boshda niyatlar qanday edi, ular qay darajada amalga oshdi? Nimalar qilmoqchi eding, nimalar qila olding? Shularni bir xotira elagidan o‘tkazish, sarhisob qilish vaqti keldi! Bu degani, shoir aytmoqchi: ko‘ngil qoldi orzulardan ham, deya hamma narsaga qo‘l siltash emas. Xudo xohlasa, oldinda hali hayot bor, demak, nimalardir qilishga imkon bo‘ladi. Faqat, odam bolasi ma’lum bir manzilga yetganda, ortiga bir qarab olishi kerak. Ortga qarash ortga qaytish emas. Aksincha bu narsa kelgusi manzillar yo‘nalishini aniq belgilab olish uchun zarur… Shunaqa “faylasufona” o‘y-xayollar ta’sirida nimagadir iqror bo‘ldim, nimagadir yana umid bog‘ladim va buyam bir gap-da, dedim-da, yozuv stoliga o‘tirdim.

Nimadan boshlasam ekan? Ha, bo‘ldi, bir boshidan tushib kelaman. Katta sahnadagi birinchi qadamlarim, birinchi rollarimdan. Va boshladim…

O‘zbek davlat drama teatri (sobiq “Yosh gvardiya”)da:

1. Mar Bayjiyev asari “To‘y muborak, qariqiz”da (rejissyor Baxtiyor Ixtiyorov) bosh qahramon – bastakor, dirijyor yigit rolida chiqdim. Asar sobiq ittifoq tanlovida ikkinchi o‘rinni oldi. 1977 yil.
(Shundan so‘ng bir yarim yil harbiy xizmatda bo‘lib qaytdim).
2. Maksim Karimov asari “Intilganga tole yor”da (rejissyor Po‘lat Fayziyev) bosh rolni ijro etdim.
3. O‘tkirHoshimov asari “Baland dorga osilma”da (rejissyor Rustam Boboxonov) Mo‘’minjon Komilovich rolida chiqqanman.
4. Vampilov asari “Gunohkor avliyo”da (rejissyor Nabi Abdurahmonov) Fedya shayton rolini o‘ynadim.
5. Polyak dramaturgining “Tun qissasi” spektaklida (rejissyor Ubaydulla Omon) bosh rolni o‘ynadim.
6. Hamza asari “Maysaraning ishi”da (rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev) Mulla Ro‘zi a’lamni o‘ynadim.
7. Nozim Hikmat asari “Tentak”da (rejissyor Hotam Fayziyev) rus emigrant ofitseri rolini o‘ynadim.
8. To‘ra Mirzo asari “Sochidan salom”da (rejissyor Nabi Abdurahmonov) bosh qahramon G‘aybulla rolini o‘ynaganman.
9. Mashrab Boboyev asari “O‘ttiz yoshlilar”da (rejissyor Baxtiyor Ixtiyorov) professor rolida chiqdim.
10. O‘tkir Hoshimov asari “Sendan ugina…”da (rejissyor Rustam Boboxonov) ham professor rolini o‘ynadim.
11. O‘lmas Umarbekov asari “Otilmagan o‘q”da (rejissyor Baxtiyor Ixtiyorov) bosmachi Abdullani o‘ynadim.
12. Aleksandr Gelman asari “Zinulya”da (rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev) qurilish boshqarmasi boshlig‘i rolini o‘ynadim.
13. “Qozon universiteti” spektaklida (rejissyor Rustam Boboxonov) Nikonov rolini o‘ynadim.
14. Isfandiyor asari “Otasining qizi”da (rejissyor Baxtiyor Ixtiyorov) bosh qahramon Baxtiyor rolini o‘ynadim.
15. Hayitmat Rasul asari “Uzoq qishloq”da (rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev) epizodik rol arxitektor rolida chiqqanman. (Bir safar bosh qahramon ijrochisi kasal bo‘lib qolganida o‘sha rolni ham ijro etganman. Bu haqda “Bahodir akaning saboqlari” degan yodnomamda aytib o‘tganman).
16. Abduqahhor Ibrohimov asari “Birinchi bo‘sa”da (rejissyor Ergash Masafoyev) Hamid rolida chiqqanman.
17. Muhammad Xayrullayev asari “Tinmasin soz”da (rejissyor Omon Abdurazzoqov) Do‘smat rolini o‘ynaganman.
18. “Chernobil fojeasi” spektaklida (rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev) AES direktori rolini ijro etdim.
19. “Metrodagi mojaro” spektaklida (rejissyor Arsen Ismoilov) serjant Trotter rolini o‘ynadim. (Amerika hayotidan)
20. “Shayton farishtalari” spektaklida (rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev) serjantlar maktabi talabasi rolida chiqqanman. (Amerika hayotidan)

O‘zbek milliy akademik drama (sobiq Hamza nomidagi) teatrida:

1. Shukrullo asari “O‘g‘rini qaroqchi urdi”da (rejissyor Rustam Hamidov) Ibodxo‘ja rolida o‘ynadim.
2. Izzat Sulton asari “Abdulla Qodiriyning o‘tgan kunlari”da (rejissyor Latif Fayziyev) NKVD komissari rolini o‘ynaganman. Shu asarda bir yildan keyin Yo‘ldosh Oxunboboyev rolida ham chiqqanman. (O‘rni kep qoldi, chamasi, bir maqtanib qo‘yay. Bunaqa hodisalar, ilgari aytganimdek, hayotimda ko‘p takrorlangan. Issiq jonning isitmasi bo‘ladi, boshqacha bir vaziyatlar bo‘p qoladi-da, aktyor kelmay qoladi. Chiptalar sotilgan, hatto tomoshabinlar to‘planib bo‘lgan, tomoshani to‘xtatib bo‘lmaydi. Shunda ko‘pincha men “boshimni kundaga qo‘yib” sahnaga chiqib ketaverardim. Chunki unda tomim joyida bo‘lgan, shekilli, boshqalarning so‘zlari ham yodimda qolavergan ekan-da).
3. Shekspir asari “Koreolan”da (inglizchadan Jamol Kamol tarjimasi, rejissyor Rustam Hamidov) salbiy qahramon Tuv Avfiliy rolida chiqdim. Shu rolim uchun 1988 yil yakunida badiiy kengash tomonidan yilning eng yaxshi aktyori sifatida e’tirof etildim.
4. Cho‘lpon asari “ Yorqinoy”da (rejissyor Nosir Otaboyev) O‘lmas botirni o‘ynadim.
5. Erkin Vohidov asari “Istanbul fojiasi”da (rejissyor Nosir Otaboyev) turk komissari rolida chiqdim.
6. Abdurauf Fitrat asari “Abulfayzxon”da (rejissyor Marat Azimov) Hakimbiy otaliq rolini ijro etdim. Badiiy kengash tomonidan yilning eng sara aktyori, deb e’tirof etildim.
7. Abdulla Qodiriy asari “Mehrobdan chayon”da (rejissyorlar: Turg‘un Azizov, Munavvara Abdullayeva) Solih Maxdumni o‘ynadim. 1995 yil “Toshkent bahori” teatr festivalida “Eng yaxshi erkak roli” nominatsiyasiga loyiq topildim.
8. Salohiddin Sirojiddinov asari “Fig‘on”da (rejissyor Marat Azimov) Amir Nasrullo rolida chiqdim.
9. Shekspir asari “Qirol Lir”da (rejissyorlar: Turg‘un Azizov, Sergey Kapriyelov) graf Glosterni ijro etdim.
10. Ibrohim Sodiqov asari “Afandining besh xotini”da (rejissyor Marat Azimov) Nasriddin Afandi rolini ijro etdim.
11. Nodira Rashidova asari “Usmon Nosir”da (rejissyor Marat Azimov) Nosir hoji rolini ijro etdim.
12. Hayitmat Rasul asari “Piri koinot”da (rejissyor Valijon Umarov) Ahmad al-Farg‘oniy rolini ijro etdim.
13. Kristofer Marlo asari ohanglarida Asror Samad pyesasi “Sohibqiron Temur”da (rejissyor Karim Yo‘ldoshev) turk sultoni Yeldirim Boyazidni ijro etib, Amir Temur jamg‘armasi mukofotini oldim.
14. Abdulla Oripov asari “Sohibqiron”da (rejissyor Olimjon Salimov) Xoja Ahmad Yassaviy hazratlari rolini ijro etdim. 1996 yilning “Eng yaxshi erkak roli” nominatsiyasiga sazovor bo‘ldim.
15. Maqsud Shayxzoda asari “Mirzo Ulug‘bek”da (rejissyor Turg‘un Azizov) Bobo Kayfiy rolini ijro etib, ustoz Nabi Rahimov duosini olganman.
16. Izzat Sulton, Uyg‘un asari “Alisher Navoiy”da (rejissyor Turg‘un Azizov) Usta Jaloliddin me’mor rolida chiqdim.
17. Usmon Azim asari “Kunduzsiz kechalar”da (rejissyor Valijon Umarov) Abdurauf Fitrat rolini o‘ynadim.
18. Usmon Azim asari “Bir qadam yo‘l”da (rejissyor Valijon Umarov) xorijlik mehmon rolida chiqdim.
19. Muhammad Xayrullayev asari “Jar”da (rejissyor Sergey Kapriyelov) institut domlasi (salbiy rol)ni o‘ynadim.
20. Haydar Muhammad asari “Bir jinoyat izidan”da (rejissyor Marat Azimov) Barzangi rolini o‘ynadim.
21. Hayitmat Rasul asari “Muhabbat sultoni”da (rejissyor Marat Azimov) Majnunning yaqin do‘sti rolini ijro etdim.
22. Odil Yoqubov asari “Bir koshona sirlari”da (rejissyor Turg‘un Azizov) Imom rolida chiqdim.
23. Erkin Xushvaqtov asari “Qalliq o‘yini”da (rejissyorlar: Turg‘un Azizov, Hamida Mahmudova) mulla buva rolida chiqdim. maktabi
24. Haydar Muhammad asari “Xotinlar gapidan chiqqan hangoma”da (rejissyor Marat Azimov) tergovchi rolini o‘ynadim.
25. Hayitmat Rasul, Yo‘ldosh Muqimov asari “Muqaddas taxti zar”da (rejissyor Arsen Ismoilov) Hokim aroba rolini o‘ynadim. Bu men uchun Milliy teatrimiz sahnasidagi so‘nggi ijro bo‘ldi. Faqat premyerada chiqdim. Keyin xastalik boshlandi…
26. Shekspir asari “Gamlet”da (rejissyor Turg‘un Azizov) Poloniy rolini tayyorlagan edim, sahnaga chiqish esa nasib etmadi.

“O‘zbektelefilm” studiyasi, O‘zbekiston televideniyesi va katta ekranlarda:

1. Shavkat Junaydullayev rejissyorligidagi “Charxpalak” serialida (Sh. Boshbekov asari) Xursandbek rolida chiqdim.
2. Dilorom Karimova rejissyorlik qilgan “Quyoshi botmaydigan yurt” ko‘p qismli videofilmda (N. Norqobilov asari) qaynota rolini o‘ynadim.
3. Shavkat Junaydullayev rej. “Qaytar dunyo” serialida kichik bir so‘zsiz sahnada chiqdim (Bu xastalikdan keyingi birinchi qadamim bo‘ldi).
4. Said Muxtor rej. “Shabona” badiiy filmida Abduqodir ota roli.
5. Sanjar Shodiyev rej. “Ortiqcha omad” badiiy filmida Donishmand roli.
6. Shavkat Junaydullayev rej. (Ravshan Quttumov asari) “Umidingni so‘ndirma” serialida Abror ota roli.
7. Bahodir Ahmedov rej. (Sh. Bo‘tayev asari) “Qaldirg‘ochlar yana qaytadi” serialida Po‘lat tog‘a roli.
8. Sanjar Boboyev rej. (Sh. Bo‘tayev asari) “Dil payvandi” serialida Abdulhamid roli.
9. Orif Yo‘ldoshev, Najmiddin G‘ulomov rej. “Uqubat” badiiy filmida epizodik salbiy rolni o‘ynadim.
10. Bahodir Ortiqov rej. “uch D” formatidagi “Papagandus – afsonaviy giyoh” filmida professor Muzaffar Sirojiddinovich roli.
11. Javohir Qosimov rej. “Zangi ota” hujjatli filmida Xoja Ahmad Yassaviy qiyofalarida chiqdim.
12. Dilorom Karimova rej. (Xurshid Davron asari) “Alg’ul” telespektaklida Amir Shoh Vali roli.
13. Shavkat Junaydullayev rej. “Ammajonim, ammajon” serialida mahalla oqsoqoli roli.
14. Maqsud Yunusov rej. (S.S. Buxoriy asari) “Imom Buxoriy” ko‘p qismli videofilmida Abu Hafs Kabir roli.
15. Maqsud Yunusov rej. (Alisher Navoiy asari) “Layli va Majnun” ko‘p qismli videofilmida Majnunning otasi roli.
16. Maqsud Yunusov rej. (Cho‘lpon asari) “Kecha va kunduz” ko‘pqismli videofilmida Sharofiddin Hoji jadid roli.
17. Hamid Qahramonov rej. (Maqsud Shayxzoda asari) “Jaloliddin Manguberdi” ikki qismli videofilmida Badriddin roli.
18. G‘ayrat Ubaydullayev rej. (A. Abdurazzoqov asari) “O‘rtoq Boykenjayev va boshqalar” videofilmida Yo‘ldosh Vasilyevich roli
19. Tolibjon Hamidov rej. (Anor asari) “Fidoyi” videofilmida bosh qahramon Edik roli.
20. Maqsud Yunusov rej. (P.Qodirov asari) “Bobur” ko‘pqismli videofilmida Uzun Hasan roli.
21. Maqsud Yunusov rej. (U.Otajon asari) Alisher Navoiy haqidagi turkum videofilmlarda bir qator rollarni o‘ynadim.
22. Hamid Qahramonov rej. (Agata Kristi asari) “Qopqon”bosh qahramon Jayus roli.
23. Hamid Qahramonov rej. (Prosper Merime asari) “Osmon va do‘zax” videofilmida Don Pablo rolini o‘ynadim.
24. Hamid Qahramonov rejissyorligida “Bir aktyor teatri” turkumida qirq besh daqiqali bir qator asarlarni jonli efirda ijro etganman. Masalan, Hamid Olimjon asari “Raksananing ko‘z yoshlari”, Sulton Jo‘ra asari “Jordano Bruno”, Mixail Sholoxov asari “Nafrat maktabi” va boshqalar.

O‘zbekiston radiosida:

1. G‘oyibnazar Iskandarov rej. (A.Suyun asari) “Sarbadorlar” r.postanovkasida Abu Bakr Kalaviy roli.
2. G‘oyibnazar Iskandarov rej. (O.Yoqubov asari) “Ulug‘bek xazinasi”da Mirzo Ulug‘bek roli.
3. Gulchehra G‘iyosova rej. (P.Qodirov asari) “Ona lochin nidosi”da Mirzo Ulug‘bek roli.
4. Rahmat Jumayev rej. (U.Qo‘chqor asari) “Imom Buxoriy”da Imom Buxoriy roli.
5. Qurbonali Iskandarov rej. (S.Siyoyev asari) “Sulton ul-orifinning so‘nggi safari”da Xoja Ahmad Yassaviy roli.
6. Rahmat Jumayev rej. (O.Muxtor asari) “Amir Temur va Hofiz Sheroziy”da Hofiz Sheroziy roli.
7. Sobirjon Sodiqov rej. (T.Sodiqov asari) “Falakning gardishi”da Tolibjon roli.
8. Rustam Rasulov rej. “Fayzulla Xo‘jayev”da Fayzulla Xo‘jayev roli.

Dublyajda

Dublyajdagi birinchi ishim 1994 yil “Nasriddin Buxoroda” filmi bilan boshlangan edi. 1943 yil suratga olingan mazkur filmda Nasriddin Afandi rolini mahorat bilan ijro etgan rus aktyori Lev Sverdlinga ovoz berganman. Keyin 1947 yil olingan “Nasriddinning sarguzashtlari” filmida ustoz Razzoq Hamroyevga ovoz berdim.

Dublyajga kelib qolishimga Mirg‘iyos Mirsoatov degan dublyaj rejissyori sabab bo‘lgan edi. Bir kuni “Afandining besh xotini” spektakli tugab, grimxona tomon borayotsam, birov chaqirib qoldi. Qarasam, Mirg‘iyos aka, To‘ti opamiz (O‘zbekiston xalq artisti T. Yusupova)ning xo‘jayinlari. “Sen ertaga telefilmga borib, Kamoliddin Usmonovga uchrashsang, – dedi. – U “Nasriddin Buxoroda” filmi uchun Afandiga ovoz qidirib yuribdi. Ko‘rib turibman, hoynahoy eplab ketasan”…

Ertasi kun Kamoliddin akaga uchrashdim. Ovozim to‘g‘ri keldi. Lekin, tajribam yo‘q emasmi, bir haftalik ish bir oyga cho‘zildi. Kamoliddin aka sabr bilan o‘rgatdi. Meni qo‘ying, baribir qo‘limdan kelmaydi, deyishimga qaramay, kecha-kunduz tindirmadi. Bir oylik mashaqqatlar bekor ketmabdi, shekilli, ikkinchi film “Nasriddinning sarguzashtlari”ni ovozlashtirish ancha oson ko‘chdi.

Xullas, shu tarzda dublyajdagi faoliyatim boshlanib ketdi. “Kusto komandasining suv osti sarguzashtlari” (114 qism), hind eposi “Ramayana” (77 qism), Misr kinochilarining “Oqibat” seriali (18 qism), yana “Qunduz boboning ertaklari”, “Dengiz itlari”, “Qirol sher”, “Sohibjamol va maxluq” kabi multfilmlar… Bulardan tashqari Angliya, Amerika, Italiya, Yaponiya, Turkiya, Rossiya, Qozog‘iston, Fransiya, Arab filmlariga ovoz berganmanki, sanayversam bir necha yuzdan oshib ketadi. Avvaliga, hali aytganimdek, bitta filmga bir oy vaqt ketgan bo‘lsa, keyinchalik bir oyda bir necha filmlarni o‘zbekchalashtirishga yaray boshladim. “Ko‘z qo‘rqoq, qo‘l botir” deganlaridek, hamma narsaning onasi mehnat, harakat ekan. Yana shunisi ham borki, sening harakating, mehnatingni to‘g‘ri yo‘naltirib, imkoniyating, iqtidoringni yuzaga chiqaruvchi ustozing borligi katta ahamiyatga ega. Men bu o‘rinda Kamoliddin Usmonov, Yo‘ldosh Abdukarimov, Mukambar Rahimova, Rustam Qurbonov, Hojimurod Valiyev, Bahodir Qosimov kabi dublyaj rejissyorlarining, keyinchalik ularning izdoshi sifatida bu sohaga kirib kelgan Matyoqub Orziyev, Komiljon Tursunboyevlar g‘amxo‘rligi, fidoyiligi, sabr-matonatini minnatdorlik bilan eslab o‘tgim keladi. “Dublyaj o‘ziga xos murakkab san’at, – derdi rahmatli ustoz Kamoliddin Usmonov. – Filmda rol o‘ynagan aktyor kamera oldiga kelguncha oylab mashq qiladi. Siz besh daqiqa ichida o‘sha aktyor holatiga tushishingiz, uni his qila olishingiz kerak bo‘ladi. Dublyaj ana shunaqa hozirjavoblikni talab qiladi”.

Dublyaj ustalaridan taniqli aktyorlar Farziddin Fayozov, Omon Abdurazzoqov, Inog‘om Odilov, Hojiakbar Nurmatov, Rimma Ahmedova, Mukambar Rahimova, Afzal Rafiqov, Yoqub Ahmedov, Oybarchin Bakirova, Gulchehra Jamilova, Dias Rahmatov, Shirin Azizova, Farhod Aminov, Tesha Mo‘minov, Mahmudjon Do‘smatov, Erkin Komilovlar bilan birga ishlaganim men uchun katta maktab vazifasini o‘tadi, ulardan so‘z bilan holatni berish, kayfiyatni berish, qolaversa obraz yaratish san’ati sirlarini o‘rgandim. “O‘zbektelefilm” qoshidagi dublyaj studiyasi direktori, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi Bahodir Abdullayevdan ko‘rgan yaxshiliklarim, ularning bergan yo‘l-yo‘riqlari samarasi men uchun katta bo‘lgan. “O‘zbekfilm” kinostudiyasi muharriri, taniqli tarjimon Qodir Mirmuhamedov bilan muloqotlarimdan ham ko‘p narsalarni o‘rganganman.

Men bir o‘rinda aytib o‘tgandim: yoshligimda ko‘rganim Yo‘ldosh A’zamovning “O‘tgan kunlar” filmidan, aniqrog‘i sevimli aktyorim O‘lmas Alixo‘jayev talqinidagi Otabek rolidan ta’sirlanib, aktyorlikka bo‘lgan havasim qat’iylashgan edi. Qarangki, dublyaj sharofati bilan oradan o‘ttiz yillar o‘tib, xuddi shu asarning boshqa bir variantida, aynan o‘sha sevimli aktyorim rahmatli O‘lmas Alixo‘jayev yaratgan Mirzakarim qutidorga ovoz berdim. Bundan men benihoya xursand bo‘ldim, faxrlandim. Xuddi shu holat yoshligimda ko‘rib, hayratga tushganim ikki qismli “Kleopatra” filmida ham sodir bo‘ldi. Sezarga ovoz berdim. Hali aytganimdek, “Nasriddinning sarguzashtlari”da Razzoq Hamroyev ustozimga ovoz berganim ham men uchun g‘oyatda quvonchli voqea bo‘lgan edi. Mana shular sabab bo‘libmi, dublyaj san’atiga qiziqishim ortgandan ortib bordi. Va bu sohaning o‘ziga xos mashaqqatlari menga rohat bag‘ishlardi. Ovozlashtirish asosan tunda bo‘lardi. Teatrdan chiqib, kech soat o‘n birdan ertalab to‘rt-beshga qadar dublyaj qilardik. Hozir o‘ylab qarasam, dublyaj ijodkorlari – rejissyorlar, assistentlar, muharrirlar, muhandislar… hamma-hammasi o‘z kasbining chinakam fidoyilari ekan. Hali-haligacha o‘sha kunlarni qo‘msayman, tushlarimda dublyaj studiyalarida yurib, uyg‘onib ketaman. Allanechuk ma’yus tortaman. Iloji bo‘lsa, loaqal bir soatga bo‘lsa-da, o‘sha kunlarga qaytgim, ustozlarim, safdoshlarim bilan (bugun ularning bir qanchasi rahmatli bo‘lib ketishgan) diydorlashgim keladi…

Umr yo'ldoshi.jpgXOTIMA O‘RNIDA

2003 yildan bu yog‘iga hayot tarzim bir qadar o‘zgardi. Endi har erta turib, odatdagiday repititsiyaga, kechqurun spektaklga oshiqmayman. Dublyaj, radio, televideniyega ham… keyin to‘y boshlovchiligiga ham… Shunday bo‘lsa-da, ming shukurki, uyda o‘tirib qolmadim. Hamon syemkalarga taklif qip turishadi, telenovellalardan tortib, badiiy filmlar, teleseriallargacha katta-kichik rollar ijro etishga yarab turibman. Keyin, baraka topishsin, gazetachilar, televideniye, radio ijodkorlari ham tinch qo‘yishmaydi. Goh uyimda, goh muharririyatlarda, radio-televideniyeda turli suhbatlar, uchrashuvlarda qatnashaman. Mahalla, maktab, kollejlardagi yig‘inlar, to‘yu ma’rakalardan… va umuman aytilgan joydan qolmayman, albatta borishga harakat qilaman. Bu, birinchidan, menga “sut bilan kirgan mijoz” – bolaligimdan singdirilgan sharqona tarbiyam majburiyati bo‘lsa, ikkinchidan, shifokorlar talabini bajarishga intilishim: ular doimiy harakatda bo‘ling, deyishgan.

Jonajon teatrimga ham borib turaman, albatta. Tabiiyki, rol o‘ynagani emas, sahnani, jamoamni – ustozlarim, safdoshlarim diydorini sog‘inib boraman. Kulisda, sahnada, tomoshabinlar zalida sokin xayollar izmida kezinaman. O‘tgan ustozlar – salaflarimiz ovozini eshitishga, har birining nafasi, o‘ziga xos muattar bo‘yini tuyishga intilaman. Zaldagi orqa o‘rindiqlardan biriga o‘tirib, bo‘m-bo‘sh sahnaga tikilaman, bir paytlar o‘ynalgan spektakllarning ayrimlarinii xayolan tiklashga intilaman. O‘zimni oddiy bir tomoshabin o‘rnida ko‘rib, aktyor G‘aybulla Hojiyev ijrosini tahlil qilaman. Ba’zi o‘rinlardan ko‘nglim to‘ladi, ba’zan “e, shu yeri chiqmadi, eplolmadi!” deb yuboraman. Mana bunday qilsa, mana bunday desa yaxshi bo‘lardi-ku, deyman jahlim chiqib. Keyin esa… bularning hammasi ro‘yo ekanligi, u kunlar ortga qaytmas bo‘lib ketgani yodimga tushib, o‘kinaman. Lekin darhol donishmand bobolar o‘giti – o‘nglab bo‘lmas narsaga qayg‘urib, buguningni boy berma degan hikmatni eslab, o‘zimni qo‘lga olaman. O‘kinchu armonlarni o‘zimdan nari haydab, atrofga jilmayib boqaman, tomoshabinlar olqishi, ustozlarimning xayrixoh, minnatdor nigohlarini tuyub, taskin topaman, dilim yorishadi.

Teatrdan chiqib, qadrdon Navoiy ko‘chasi bo‘ylab yo‘lga tushaman. Bugun g‘oyatda o‘zgarib, go‘zallashib ketgan muazzam ko‘chaning yaqin o‘tmishdagi qiyofasini xayolimda tiklashga va shu asnoda xotiralarim dunyosini jonlantirishga urinaman. Chorsu bozorini aylanaman. Tanish-bilishlar bilan gurunglashaman. Hunarmandlar rastalarini aylanaman. Bir paytlar televideniye xodimlari bilan birgalikda “Ruhiyat manzaralari” ko‘rsatuvi uchun suhbatdosh izlab yurib, g‘oyatda dilbar bir otaxon – temirchi usta Maqsudjon hoji otani uchratib qolganimiz yodimga tushadi. Maqsudjon otaning bolaligi shu atrofda – Milliy teatrimizning eski (hozirgi O‘zbek davlat drama teatri) binosi yaqinidagi hovlida o‘tgan bo‘lib, u birorta teatr tomoshasini o‘tkazib yubormas ekan. Ayrim spektakllarni o‘ttiz-qirq martalab qayta-qayta ko‘raverganidan butun boshli tomoshalar yod bo‘lib ketarkan. U yetmish-sakson yoshlarida ham Navoiy, Otello, Gamlet monologlarini xotirasida saqlab, ulfatlari davrasida, ba’zan biz kabi yoshlarning iltimoslarini yerda qoldirmay aytib yurguvchi, zavqi baland, piri badavlat bir otaxon edi rahmatli. Joylari jannatda bo‘lsin. Otaxon hayotligida ko‘pincha bozordan chiqib, u kishining ziyoratiga – Ilg‘or mahallasidagi yangi hovlisiga – sakkiz qiz, ikki o‘g‘ilni uylab-joylab uchirma qilgan shinam va mehmondo‘st xonadoni tomon oshiqardim. Endi esa Shayx Zayniddin buva qabristoniga qarab yo‘lga tushaman…

Mana necha o‘n yillarki, Toshkentda ildiz otib, tanish-bilishlar, do‘stlar, mana endi bu yog‘iga quda-andalar orttirib yashab kelayotgan ekanman, bu azim shahar qabristonlarini ham tez-tez ziyorat qilib turishga o‘zimda ehtiyoj sezaman. Chunki, ularning aksariyatida endi mening ham yaqinlarim, dilbandlarim yotibdi. Minorda ham, Kamolonda ham, Chig‘atoyda ham…

Chig‘atoyda ziyorat qilib yursam, shundoqqina orqamdan “Hoy, G‘aybullamisan?!” degan yangroq ovoz eshitildi. Qarasam, ustozim Zikr aka – O‘zbekiston Qahramoni, Xalq artisti Zikr Muhammadjonov. Ajablanib, ko‘zlariga ishonmay turibdi. Hoy, sen bola ham bilasanmi shunaqa joylarni, kep turasanmi, deydi o‘ziga yarashgan soddalik bilan. Ha, dedim iljayib, qanchadan qancha ustozlar yotibdi bu yerga, ziyorat qilib, eslab turish kerak-ku, ustoz. Ha, barakalla, meni xursand qilding. Endi bo‘lmasa, bolam, menga hamroh bo‘lasan, birga aylanamiz, sen tilovat qilasan, bo‘ptimi! Bo‘pti. Esimda, o‘shanda ikki soatcha qabriston aylangan, va ustozdan har bir qabr oldida o‘sha qabr sohibi haqidagi hech kimdan eshitmagan ko‘plab ibratli gaplarni eshitgandim. Rahmatli Zikr aka xazina edi, yaxshiyam ustozda yozuvchilik iqtidori ham bor ekan, juda ko‘p qimmatli fikrlar, pandlar, yodnomalarni kitoblarida qoldirib ketdi.

Chig‘atoy qabristoni… Ne ne azizlar qo‘nim topgan poytaxtdagi eng muazzam bir ziyoratgoh. Sahnamiz, san’atimiz, madaniyatimiz darg‘alari – Mannon Uyg‘ur, Abror Hidoyatov, Shukur Burhonov, Olim Xo‘jayev, Nabi Rahimov, Sharif Qayumov, Lutfulla Nazrullayev, Toshxo‘ja Xo‘jayev, Razzoq Hamroyev, Obid Jalilov, Zikr Muhammadjonov, Domla Halim Ibodov, Yunus Rajabiy, Komil Yormatov, Yo‘ldosh A’zamov, Muxtor Ashrafiy, Botir Zokirov… Ustozlarim Ne’mat Aminov, Najmiddin Komilovlar… Yana aytaversam, eh-he… yuraging hapriqib ketadi odamning… Mahzun tortsang qabristonga bor, havolanib ketsang qabristonga bor degan mazmundagi bobolar o‘giti bor. Men bu yerdan har safar ruhan tozarib, yengillashib qaytaman. Avliyolar qabridan to‘qqiz ming yilgacha quvvat taralib turarkan, degan gapni ustoz Sadriddin Salim Buxoriydan eshitgandim. Chig‘atoyda men shunday quvvatni sezaman. Darvoqe, bu yerda yotganlar ham hazilakam insonlar emas-da!..

Institutda bizga ustozlarimiz mashg‘ulotlar orasida hayotda o‘zlari guvoh bo‘lgan, boshqalardan eshitgan yoki kitoblardan o‘qigan buyuk san’atkorlar haqidagi voqea hodisalarni gapirib berishardi. Ustozimiz – O‘zbekiston xalq artisti, professor Nazira Aliyevaning bir gapi sira esimdan chiqmaydi. Nazira opa, Sharifjonning (O‘zbekiston xalq artisti Sharif Qayumov) dublyajdagi ovozini eshitsam yig‘lab yuboraman, televizorni yo o‘chiraman, yoki boshqa kanalga olaman, derdi. Sharifjonning dafn marosimiga tumonat odam yig‘ilgandi, deya davom etardi ustozimiz, lekin Shukur Burhonov ko‘rinmadi. Ajablandim, bu mumkin emas edi-da. Kechqurun qo‘ng‘iroq qildim, Shukurjon, Sharif akaning janozasida ko‘rinmadingiz, dedim. Shunday deyishimni bilaman, Shukur Burhonday zot o‘krab yig‘lab yuborsa bo‘ladimi! E, Nazixon, bilasiz-ku, Sharif aka mening ham akam, ham ustozim edi-ku. Men uning jonsiz jasadini ko‘rsam o‘sha yerning o‘zida o‘lib qolaman-ku! Sharif akam mening ko‘z o‘ngimda tirikligicha qolsin, dedim Nazixon. Shuning uchun uyimda qamalib o‘tirdim, bo‘lganimcha bo‘ldim… degandi. Ko‘rdilaringmi, buyuklar muhabbati ham qanchalar buyuk bo‘ladi, hech bir andazaga sig‘maydi…

Qabriston oralab ketgan yo‘laklar bo‘ylab odimlarkanman, xotiralar yana o‘z izmiga ola boshlaydi meni. Ming to‘qqiz yuz sakson yettinchi yilning avgusti. Yaqindagina men, kursdoshlarim Mahmud Ismoilov va uning ayoli Shohidaxon hamda Rustam Karimovlar sobiq “Yosh gvardiya” teatridan Milliy teatrimizga ishga o‘tgan, oyog‘imiz yerga tegmay yurgan bir kunlarda mudhish voqea yuz berdi: Shukur Burhonov vafot etdi. Vidolashuv teatr binosida bo‘lib o‘tdi, hammasi risoladagidek, o‘ta tartibli, buyuk aktyorning mavqeiga yarasha salobatli, viqorli bir vaziyatda ado etildi. Lekin mening xayolimga muhrlangan va hamon yuragimda simillagan og‘riq qo‘zg‘ab turadigan bir holat qabristonda yuz berdi. Mayit qabrga qo‘yilib, endi tuproq tortila boshlagandi hamki, bir chekkadan o‘ta tiniq va yangroq bir ovozda Qur’on tilovati eshitildi. Tik oyoqdagi butun boshli jamoa gurra o‘tirdi. Sukutga cho‘kkan kommunistlar mozori (ilgarigi nomi shunaqa edi chamamda) uzra ilohiy kalima yangrarkan, butun borliq some’ bir holatga berilganday edi chamamda. O‘shanda, bilasiz, sho‘ro mafkurasi qaytadan qilich qayragan, vazifador kishilar hatto ota-onalarining janozalarida qatnashishdan cho‘chib qolgan bir davrlar… Bu yerda – O‘zbek sovet teatrining atoqli namoyondasining dafn marosimida esa “Taborak” kalimalari salobatli bir tarzda yangramoqda. (Teatrimizning taniqli aktyori Salohiddin Ziyomuhamedovning shaxsiy jur’ati edimi bu, yoxud boshqa bir yurakliroq kimsaning topshirig‘i bilanmi, har holda qabr boshiga diniy ulamo keltirilgan edi). Nihoyat sura yakunlandi va jamoa duoga qo‘l ochdi. Yoshlik qiziqishi ustunlik qilib, sekin bosh ko‘tarib odamlarni kuzatdim. Minglagan odamlar orasidan atigi 15 – 20 chog‘liq odam (ularga haliyam achinaman) boshlarini egishganicha, qip-qizarib o‘tirishibdi. Duo qilinayotganda o‘tgan bir ikki daqiqalik fursat bu odamlar uchun ne chog‘liq cho‘zilgani va ular qo‘llarini qayerga bekitishni bilmay, qiynalib ketganliklari aniq edi. Bugungi yoshlar aytishlari mumkin, ko‘p qatori ular ham fotiha qilishsa osmon uzilib tusharmidi, yoki bo‘lmasa, tumonat odam orasida birov ko‘rib, bilib turibdimi, deb. Ishoning, u davrlarda bunday holatlar favqulodda hodisa hisoblanib, albatta sezgir nigohlar ta’qibiga uchrar va ko‘p kuttirmasdan “osmon uzilib tushar”, kimlardir avval cho‘ntaklaridagi qizil hujjatlaridan, keyin esa amallaridan mosuvo bo‘lardi. Yaqingina o‘tmishimizda shunday edi. Bundoq do‘ppini tizzaga qo‘yib, o‘ylab qarasak, na qadar bachkana, ayni choqda na qadar qo‘rqinchli bir davrlarda yashab o‘tganimizga iqror bo‘lamiz. Va yanada chuqurroq ketadigan bo‘lsak, shunday xulosaga kelamizki: bizlar, biz tenggilar ko‘rganlarimiz ota-bobolarimiz qismati oldida holva bo‘lgan ekan, holva!..

Bir galgi ziyoratda, O‘zbekiston xalq artisti Sattor Yarashev qabri oldida yurgan qizlarga ko‘zim tushdi. Ular biri qabrtoshini artib, boshqasi gullarga suv quyib, yana biri qabr atrofini supuryapti. Xursand bo‘ldim, bular nevaralari bo‘lsa kerak, deb o‘yladim. Sekin ular tomonga yurdim, qizlar ishdan to‘xtab salom berishdi. Shu mahal o‘ng tarafda, pastda Shukur Burhonov, Nabi Rahimovlar qabri yonida yurgan uch-to‘rt yigit-qizlarga ko‘zim tushdi. Ularning ham qo‘lida chelak, supurgi… Qizlardan so‘radim, sizlar Sattor akaning nevarasi bo‘lasizlarmi, qizlarim, dedim. Shunda ular nima deb javob berishdi, deng: Yo‘q, biz abituriyentlarmiz. Viloyatlardan kelganmiz. San’at institutiga, konservatoriyaga hujjat topshirganmiz. Erta-indin imtihonlar boshlanadi. Ulug‘ san’atkorlarimiz ruhi qo‘llasin, deb ziyoratlariga kelganmiz, deyishdi. Juda xursand bo‘ldim. Yoshlarimiz siymosida o‘zligimizga, ota-bobolarimiz qadriyatlariga qaytayotganimiz xayrli evrilish nishonasi bo‘lib tuyuldi menga. Va ezgu niyatli bu yigit-qizchalarning erta-bir kun san’atimiz fidoyilari bo‘lib kamol topishiga ishongim keldi, duolar qildim…

Buxoroga tez-tez borib turaman. To‘y-ma’rakalar, o‘tganlarimizning xotira kunlari bahonasida, ba’zida hech bir bahonasiz ham ketaveraman. Qizig‘i, ruhiyatimda allanechuk ezginlik paydo bo‘la boshladimi, yo‘l harakatiga tushaman. Salim pochcham – Muqaddam opamning xo‘jayini, bugungi kunda qarindosh-urug‘larimiz orasida yoshi ulug‘imiz. Judayam kuydi-pishdi, o‘ziga yetguncha donishmand inson. Barcha tadbirlarimiz, to‘y-ma’rakalarimizga bosh qosh. To‘g‘ri borib shu kishining xonadoniga qo‘naman. Shu kuni barcha yaqinlarimiz bilan ko‘rishaman, aniqrog‘i ular barchasi meni ko‘rgani kelishadi. Xonadon hammani bag‘riga sig‘diradi. Keyingi kun erta tongdan pochcham yetovida mahalladagi, qo‘shni mahallalardagi lozimotlarga bir-bir kirib chiqamiz. Ko‘ngil so‘raymiz. Keyin esa yolg‘izlik istab qolaman, Buxoroyi sharif ziyoratiga chiqib ketaman.

Shu o‘rinda ustozimiz Sadriddin Salim Buxoriyning bir she’rini (nokamtarlik bo‘lsa-da) keltirib o‘tishga ehtiyoj sezyapman. Mana o‘sha she’r:

Orzularim orzularga aylandi,
Qanotlarim orzularga boylandi.
Osmonlarda kezar edim erta-kech,
Osmonlarga orzularim joylandi.

Orzularim sarob bo‘lmas, bilarman,
Orzularim xarob bo‘lmas, bilarman!
Qurimagay hargiz orzum daraxti,
Vujuddek xok-turob bo‘lmas, bilarman!

Bir kun gullar, gullar Orzum Daraxti!
Shunda gullar, biling, G‘aybullo baxti,
Jahon kezdim orzu bilan va lekin
Buxorodur orzularim poytaxti!..

Qadim shahar ko‘chalari bo‘ylab odimlarkanman, rahmatli ustozim qalamiga mansub boshqa bir satrlar miyamda charx uradi: “Buxoroda Buxoroni sog‘inib, Men har tong umid-la tashlayman nazar…” Bu nadomatli misralar bitilgan davrlarda Buxoro mohiyatan asl Buxoro emas, uning aftoda suvrati edi, xolos. Asl Vatan – Ibn Sino, Imom Buxoriy, Naqshbandiylarni dunyoga keltirgan sharif shahar esa uning, u kabi barcha buxoriylarning buyuk armoni edi. Ha, barcha buxoriylarning…

Bir o‘rinda aytib o‘tgandim: talabalik paytlarim bir necha kursdoshim bilan Hamza teatri spektakllarining ommaviy sahnalarida qatnasha boshlaganman va ustozimiz Nazira Aliyevaning aytishicha, nimadir bo‘lib, mashhur san’atkor Olim Xo‘jayevning nazariga tushib qolgan ekanman. Nazira opaning gapida jon bor edi, darhaqiqat, buyuk aktyorning iliq munosabatini payqay boshlagandim. Bir kuni u meni kulisda uchratib qoldi-da, qo‘ltig‘imdan olib, o‘z xonasiga boshladi. Buxoro haqida, uning odamlari, guzarlari, bozorlari haqida surishtirdi. Men Industrialniy ko‘chasida tug‘ilganman, deganimdan keyin, e, shunaqami, deya kulimsirab, boshqa ko‘chalarni ham surishtirgan, men Kalinin, Strelkoviy, Chernishevskiy, Krasniy partizan deya birma-bir sanab bergandim. Kechagiday esimda: Olim aka o‘shanda bilinar-bilinmas xo‘rsinib qo‘ygandi-da, bilasizmi Pisarxon, mani balaligimda siz aytgan guzarlarni Xojai Porso, Poyi Ostona, Xojai Ro‘shnoi, Eshoni pir, Ko‘kaldosh deyishardi. Yana Bozori alaf, Madrasai g‘oybinoq, Imomi Qozixon guzarlari bo‘lguchi edi…

Bugungi kun aqlim bilan mushohada qilib ko‘rsam, garchi ochiq-oydin aytmagan, sezdirmagan esa-da, guzarlar nomini atashi, esga olishidagi holatida buyuk aktyorning buyuk sog‘inchi, armoni, dardi, alami mujassam topgan ekan.

Hozir Buxoro guzarlarining azaliy nomlari tiklanib, sho‘roviy atamalar esa allaqachon odamlar yodidan ko‘tarilib ulguribdi. Sababi –qadimda biror rasmiy mahkama buyrug‘i bilan guzarga nom qo‘yilmagan. Balki, bu shunchaki tabiiy ravishda ro‘y bergan. Ya’ni, o‘sha hududga aloqador biror tarixiy obidami, qadamjo yo maqbarami, masjidmi, o‘sha yerda yashab o‘tgan allomami, qisqasi, xalq ko‘ngliga o‘tirgan nimadir o‘z-o‘zidan o‘sha guzarning nomiga aylanib ketgan. Ko‘chalarimizga hech bir aloqasi yo‘q, bepisandlarcha, hatto masxara qilgan kabi zo‘raki tiqishtirilgan Industrialniy, Krasniy partizanga o‘xshagan nomlar esa yetmish yilda ham xalq diliga singmadi, singishga haqli ham emasdi. Shu sababli ular faqat devorlarga mixlangan ko‘rsatkich taxtachalarda yashab, taxtachalar olib tashlanishi bilan nom-nishonsiz yo‘qoldi.

Mana shunaqa shukrona o‘y-xayollar bilan tug‘ilib o‘sganim Xojai Porso guzaridan Poyi Ostonaga o‘taman. Hali chillak o‘ynab yurgan bolalik paytlarimda ko‘rardim, yoshi ulug‘ kishilar bu ko‘chalardan o‘tayotib, qandaydir nurab, to‘kilib turgan eski buzrukvorlar qarshisida bir pas tek qotib qolishar, pichirlab nimalarnidir o‘qishar, keyin fotiha qilib, yo‘llarida davom etishardi. Endi bilsam, o‘sha eski xarobalar har biri Buxoroni sharif shaharga aylantirgan aziz-avliyolar, allomalar maqbaralari, dahmalari ekan-da. Poyi Ostonada kamida olti asr narida bunyod etilgan tabarruk masjid borki, aytishlaricha, Bahovuddin Naqshband hazratlari shaharga kelganlarida aynan mana shu masjidi jomeda ibodat qilar ekanlar…

Poyi Ostonadan keyingi guzar Said pobandi kusho deb ataladi. Pobandi kusho – oyoqlar bandini yechuvchi, ozod qiluvchi degani. Demak, bu guzarda shunday xislatga ega bo‘lgan karomatli zot yashagan va uning turbati ehtiyojmand kishilar yukinib keladigan ziyoratgoh bo‘lgan. Shu o‘rinda aytib o‘tishim lozim, O‘zbekiston xalq artisti, mening mehribon ustozlarimdan biri Tesha Mo‘minov mana shu Said pobandi kusho guzarida tug‘ilib o‘sgan. Tesha aka, men bir o‘rinda alohida to‘xtalib o‘tganim, Buxoro viloyati teatrining yetakchi rejissyori va aktyori, navqiron o‘ttiz olti yoshida nohaqlik qurboni bo‘lib ketgan Azizjon Mahmudovning birinchi uchirma qilgan shogirdi hisoblanadi. Toshkentga kelib, Teatr va rassomchilik institutiga hujjat topshirganimdan keyin meni institut domlalari Arsen Ismoilov, Nina Ivanovna Timofeyevalariga tanishtirgan ham Tesha akam edi. O‘shanda aytgan ediki, mana shu bolada nazarimda nimadir bor. Sizlardan iltimos, sizlar professionallarsiz, uni elakdan o‘tkazib ko‘ringlar, agar aktyorlik iqtidori bo‘lsa, imtihonlarga kirsin, bo‘lmasa, vaqtini ham, umrini ham bekor o‘tkazmay ortiga qaytsin. Mabodo mening ro‘yi xotirimni qilib, unga yordam bermanglar, degan. Yashirmayman, o‘shanda bu gaplar menga unchalik yoqmagan, g‘o‘r bo‘lganman-da. Lekin ko‘p o‘tmay u kishining qattiqqo‘lligi sababini tushunib yetganman. Tesha aka bu bilan meni mustaqillikka, birovga emas, o‘z kuchimga suyanib harakat qilishim, qattiqroq tayyorlanishimga undagan ekan. Omadim bor ekan, imtihonlarni a’loga topshirib, o‘qishga qabul qilindim. O‘shanda Tesha akamni xuddi o‘zi muvaffaqiyatga erishganday quvonganini ko‘rib hammasini tushunganman va u kishidan minnatdor bo‘lganman.

Tesha akaning otalari to‘qson, onalari sakson yildan ortiqroq umr ko‘rdilar. Ikkalasi ham o‘ta nuroniy, farishtaday bir insonlar edi. Ular o‘n uch farzand ko‘rishgan, lekin birortasini tutib qolisholmagan, shu bois o‘n to‘rtinchi farzandlari Tesha akaning ismini irim bilan qo‘yishgan, deyishadi.

Har gal Buxoroga borganimda Tesha akaning iltimosi bilan albatta ularning hovlisiga bosh suqar, qiziqki, har gal osh ustidan chiqardim va “g‘oyibona”dan bahramand bo‘lardim. Boshqa yerlarda ham bunaqa odat bo‘lsa kerak, albatta. Ya’ni, taom suzilganda g‘oyibdan kelguvchi mehmonga deb, alohida bir idishga ovqat olib qo‘yiladi. Buni Buxoroda “g‘oyibona” deyishadi. Chol-kampirlar Teshavoyning mehmoni deb atrofimda parvona bo‘lishar, qornim to‘q, hozirgina ovqatlanib keldim, deyishimga qaramay, “g‘oyibona” bilan siylashardi. Joylari jannatda bo‘lsin, qo‘sh kaptarday bir-birlarini suyab, avaylab-asrab yashab o‘tdilar.

Said pobandi kusho guzaridan o‘tilgach, ikki azim madrasa ko‘zga tashlanadi. Chap tomondagisi Abdulazizxon, o‘ngdagisi Mirzo Ulug‘bek madrasasi. Maqsud Shayxzodaning “Mirzo Ulug‘bek” fojiasida Mirzo Ulug‘bekning shunday so‘zi bo‘lardi. “Said Obid, Buxoroga borganmisiz, ha, ko‘p borgansiz pirlar oldiga. Va ko‘rgansiz madrasamning naq peshtoqiga men o‘ydirgan ushbu hadisni: “Talabun ilm farizatun alo kulli musilmanu muslimatan”, ya’ni, ilm olmoq birday farz erur, musulmonning erlariyu ayollariga…” Men bu yerdan necha qayta o‘tsam ham har gal buyuk aktyor Shukur Burhon talqinidagi Ulug‘bekning gurillagan ovozini eshitaman va har ikkisining haqiga duoyu fotihalar qilaman.

Bir-biriga yuzlanib turgan, temuriy va shayboniyzoda hukmdorlar qurdirgan bu ikki madrasadan o‘tilgach, Toqi zargaron keladi. Zargarlar toqisi, ya’ni savdo rastasi. Buxoroda beshta toqi bo‘lgan, shundan uchtasi omon qolgan, bular – Toqi sarrofon, pul maydalovchi, ayirbosh qiluvchilar, Toqi telpakfurushon, bosh kiyim bilan savdo qiluvchilar va Toqi zargaron.

Ko‘z oldingizda Mir Arab madrasasi, uning ro‘parasida Masjidi Kalon, Minorai kalon, ya’ni Poyi Kalon majmuasi namoyon bo‘ladi. Masjidi Kalon va uning minorasi Buxoroning ming yillik tarixiga guvoh desam yanglishmayman. To‘g‘ri, ular necha bor yondirilgan, kultepaga aylantirilgan va lekin, har safar yana o‘z o‘rnida, o‘z nomi bilan qayta-qayta qad rostlayvergan. Qoraxoniy podsho Arslonbek tashabbusi bilan usta Baqo boshchiligida barpo etilgan Minorai Kalon mana asrlarki, Buxoroyi sharif ramzi, faxri, mayog‘i bo‘lib yashab kelmoqda. Yana Ustoz satrlari (Sadriddin Salim Buxoriy) yodga tushadi. “Ildiz otdik Minori Kalon, Ming yillarki bir yerda yashab…”

Mir Arab madrasasi oldida katta supa bo‘lardi. Uni yoshi kattalar “xto bolshoy supasi” deyishardi. Bir kuni sababini surishtirganman. Xto bolshoy degani, aslida “kto bolshe” degan o‘rischa so‘z ekan. Qizil bosqin paytida egasiz shahar ahli rosa qirg‘inbarot qilingan, talangan, to‘plangan o‘lja esa “kim oshdi” savdosiga qo‘yib sotilgan ekan. Auksion xuddi mana shu supada bir necha kun davom etganidan, “kto bolshe?” degan yeb to‘ymaslar baqiriqlari buxoroliklar qulog‘iga “xto bolshoy” tarzida o‘rnashib qolgan ekan. Ha, bu qadim shaharning har bir toshi tarix haqida so‘zlaydi…

Buxoro arki. Bu tarixiy obida ziyorati chog‘ida kinolarda ko‘rganim, kitoblarda o‘qiganim, odamlardan eshitganim ko‘pdan ko‘p voqea-hodisalar bir-biri bilan talashib, aralashib, qorishib xayolimga yoprilib kelaveradi. Ark mashhur obida, u haqdagi gap-so‘zlar ham albatta sizlarga ma’lum. Shu bois, men bu o‘rinda bir hangomani, bir chimdim kulguni qistirib o‘tishni lozim topdim.

Emishki, qadimda dehqonmi, bog‘bonmi bir hosil yetishtirsa, hosilning avvalini Amirga ilinarkan. Amir uni tatib ko‘rib, og‘ziga yoqsa, sovg‘a-salom bilan taqdirlar ekan. Afandi ham bir safar omadini sinab ko‘rmoqchi bo‘pti. Bog‘idagi anjirdan bir savat ko‘tarib, Arkka qarab yo‘lga tushibdi. Amirga yoqibdi, shekilli bir chekkadan anjirni tushiraveribdi. Har bittasini qo‘liga olganda bitta savol berarkan, anjirni o‘zingiz ekkanmisiz, derkan-da og‘ziga solarkan, o‘zingiz parvarish qilganmisiz derkan-da, og‘ziga solarkan. Afandi bo‘lsa, har gal shundoq amirim, shundoq amirim, deb bosh irg‘ab o‘tiraveribdi. Savatdagi anjir tugabdi. Amir lab-lunjini artibdi-da, “ha, barakallo” debdi-da, omin qilib o‘rnidan turibdi. Sovg‘a-salomdan darak bo‘lmabdi. Afandi shumshayib, pastga – Registonga tushib kelibdi. Bu yerda oshpazlar, somsapazu kabobpazlar o‘z taomlarini maqtab, pullab yotishgan ekan. Afandi mantipaz oldiga boribdi. Keling, Afandim, keling, debdi mantipaz. Afandi uning oldiga cho‘kka tushibdi-da: bismillo, deb mantiga qo‘l uzatibdi. Va har safar qo‘l uzatganda Amirga o‘xshab savolga tutarmish: Xo‘sh, xamirni o‘zingiz qorganmisiz, ha, yashang derkan-da, mantini og‘ziga solarmish, ketidan barakallo, deb qo‘yarmish. Go‘shtini o‘zingiz to‘g‘raganmisiz, derkan-da, javobini ham kutmasdan, mantini yamlab, yutarmish. Piyozini o‘zingiz to‘g‘raganmisiz, ha, yaxshi, barakallo dermish. Xullas, qirq-ellik mantini paqqos tushiribdi-da, oxirida yana bir marta barakallo, deb o‘rnidan qo‘zg‘alibdi. Mantipaz shappa uning giribonidan olibdi, haqi-chi, haqini bermaysizmi, debdi. Qanaqa haq, debdi Afandi ko‘zini lo‘q qilib. Janjal boshlanibdi. Unisi u debdi, bunisi bu debdi. Ark tepasida tomoshani kuzatib o‘tirgan amir ularni bu yoqqa opchiqing, debdi. Ha, nima gap, nima to‘polon, debdi Amir. E, afandini qarang, amirim, ellikta mantimni paqqos tushirib, haqini bermay juftakni rostlamoqchi, debdi mantipaz. Amir Afandiga yuzlanibdi. Amirim, debdi Afandi, o‘zidan so‘rang-chi, har bitta yegan mantimga barakallo debmanmi, yo‘qmi. Ha, ana! Ellikta manti yegan bo‘lsam, ellik marta barakallo, dedim, buni maqtadim. Yana enasini haqi qoldimi, menda. Mana siz, Amirim, qirqta anjirimni yeb, bir martagina barakallo, dedingiz. Men bir narsa demadim-ku, haqini so‘ramadim-ku! To‘g‘rimi, o‘zingiz ayting?! Amir baralla kulib yuboribdi-da, to‘g‘ri, to‘g‘ri, debdi. Shundan keyin har ikkisiga, arzgo‘yga ham, aybdorga ham bir hamyondan tilla berib, jo‘natgan ekan…

Arkdan o‘tilgach, Boloyi Hovuz masjidi va shu nomdagi mahalla keladiki, talabalik yillarimda bu mahallaga yo‘lim ko‘p tushgan. Hali yuqorida aytib o‘tganimdek, katta sahnadagi ilk faoliyatim “Yosh gvardiya” (hozirgi O‘zbek davlat drama) teatrida boshlangan. O‘zbekiston xalq artisti Baxtiyor Ixtiyorov teatr bosh rejissyori edi va men kabi bir necha yosh yigit-qizni ishga qabul qilib, dastlabki qadamlarimizni qo‘llab-quvvatlab, oyoqqa turib olishimizga mislsiz yordam bergan edi. 1977 yil aprel oxirlarida Mar Bayjiyevning “To‘y muborak, qariqiz“ spektakli premyerasi bo‘lib o‘tdi. Men unda bosh qahramonni o‘ynadim. Bu debyut rolim edi. (Sahnaga qanday chiqqanim, Baxtiyor akaning o‘z rejissyorlik mahorati bilan meni qanday ruhlantirgani tafsilotlarini “Ilk qadam” sarlavhali esdaligimda aytib o‘tgandim). Premyeradan keyin Toshkentga sig‘madim-da, quvonchimni onam va yaqinlarim bilan bo‘lashgani Buxoroga yo‘l oldim. Baxtiyor aka ham xuddi shu kuni Buxoroga uchishi kerak ekan. Biroq, qandaydir film syemkasida band bo‘lib, rejissyordan ruxsat ololmabdi. Va mendan iltimos qildiki, uzrimni uyimdagilarga yetkazsang, shunaqa bo‘p qoldi, dedi. Bitta maktub ham berdi, buni faqat dadamning qo‘llariga tutqazgin, dedi.

Boloyi hovuz mahallasiga borib, kerakli manzilni izlab topdim. Baxtiyor akaning otasi mashhur bastakor Ahmad Ixtiyorov haqida ko‘p yaxshi gaplarni eshitib yurardim, biroq hali o‘zini ko‘rmagandim. Baxtimga Ahmad akaning o‘zi eshikni ochdi. Maktubni qo‘liga olishi bilan, hm, yana kelolmas ekan-da, dedi dimog‘i kuyib. Shunaqa bo‘p qopti, rejissyor ruxsat bermabdi, dedim ming‘irlab. Ha, o‘rganib qoldik, dedi oshxonada kuymanib yurgan kampiri tomon qarab qo‘yib. Ahmad aka – ijodkor odam, film olish murakkabliklarini tushunardi, albatta. Lekin ayoli… onaizor tushunarmidi, tushunishni xohlarmidi?!

Ahmad aka, mayli endi men boray, dedim bir lahza jimlikdan keyin. Ahmad aka yalt etib qaradi. Boray? Qayoqqa?! Nima deyishimni bilmay turgandim, deyarli buyruq ohangida, qani, kir bu yoqqa, dedi. Meni bir xonaga boshlab kirib, xontaxta yoniga o‘tqazdi-da, oshxona tomonga – kampiri yoniga ketdi. Hayalladi. Har holda o‘g‘lim ana keladi, mana keladi deb zoriqib yurgan onani yupatish, etini o‘ldirish oson emas-da. Va nihoyat, ha, o‘tiribsanmi, degancha qo‘lida bir kosa “bamaza naxo‘t” (buxorocha atalishi shunaqa) ko‘tarib kirib keldi Ahmad aka. Ma’lum bo‘lishicha, o‘g‘illarining kelishiga atayin qo‘y so‘yishib, u xush ko‘radigan taomni tayyorlab o‘tirishgan ekan. “Bamaza naxo‘t” degani katta qozonga suv, yarimta, bitta qo‘y tanasi, shunga yarasha no‘xat, har turli ziravorlar solinib, bir kecha-kunduz qaynatilib tayyorlanadi. No‘xat mazasi go‘shtga, go‘shtniki no‘xatga urib, shunaqangi xushxo‘r bo‘p ketadiki, qo‘yaverasiz. Xullas, maza qildim. Keyin yana ruxsat so‘radim: Ahmad aka, endi men… Qayoqqa, dedi Ahmad aka kulimsirab. Hali ruxsat yo‘q senga! Bu birinchi kosa o‘zingning nasibang edi. Endi ustozing uchun yana bir kosa… Yo‘g‘ye, Ahmad aka, boshqa ketmaydi, to‘ydim. To‘ydiming nimasi?! Baxtiyordan salom opkeldingmi, opkelding, xat opkeldingmi, opkelding! Endi ustozing… rostanam ustozingmi u axir?! Bo‘pti-da, endi ustozingning haqini ham yeb ketasan. Tilim bog‘landi, xo‘p dedim. Ikkinchi kosani ham (aytmoqchi, kosamas, shokosa edi ikkoviyam) bo‘shatib, Ahmad akaning talabi bilan non bilan yalab yulqab qo‘ydim. Shundan keyin desangiz, rosa ikki kun to‘ygan qo‘ziday, ovqatning betiga qarolmay yurganman. Ha, nima bo‘ldi, deyishsa, ovqat planini to‘ldirib yuboribman, deyman.

Shundan keyin ham (aksariyat Baxtiyor aka so‘zining ustidan chiqolmay qolgan paytlarda) ko‘p martalab bu xonadonning mehmoni bo‘lganman, ustozimga atalgan “bamaza naxo‘t”lardan va eng muhimi Ahmad Ixtiyorovday bilimdon zotning dilkusho suhbatlaridan bahramand bo‘lganman. Ahmad aka Muxtor Ashrafiy, Mutavakil Burhonov, Olim Xo‘jayev, Razzoq Hamroyev kabi san’atimiz darg‘alari bilan yaqin do‘st bo‘lgan. U Buxoro viloyat teatri spektakllari uchun, simfonik estrada ansambllari uchun ko‘plab musiqalar yaratgan va juda ko‘p yoshlarni san’atning katta yo‘liga chiqib olishiga yordam bergan, kiftini tutgan, rahnamolik qilgan bag‘rikeng, fidoyi bir inson edi. Boloyi hovuzdan (aytmoqchi, mashhur dramaturg, rahmatli Maksim Karimov ham shu mahalla farzandi edi) o‘tib, shinam boqqa kiraman. Bu bog‘dagi Buxoroning eng qadim obidalaridan biri Ismoil Somoniy maqbarasini, Chashmai Ayubni ziyorat qilaman. So‘ngra, ulkan bir ziyoratgoh tomon yo‘l olaman. Bu – Abu Hafs Kabir qabristoni. Abu Hafs Kabir Buxoro allomalarining, jumladan, hadis mulkining sultoni Imom al-Buxoriy hazratlarining ham ustozi avvalidir. Bu zotni Imomi Hojatbaror ham deyishadi. Sadriddin Salim Buxoriy ustozimiz Abu Bakr Hafs shaxsiyati, ilmiy merosi ustida juda ko‘p tadqiqotlar olib borgan edi. Sadriddin akaning ssenariysi asosida televizion badiiy film (rejissyor Tojiboy Isroilov) olingan, uning besh qismli “Imom Buxoriy” filmiga ham (rejissyor Maqsud Yunusov) Abu Hafs Kabir obrazi alohida sahna qilib kiritilgan edi (va men bu filmda aynan Abu Hafs Kabir rolida chiqqanman).

Istiqlol yillarida butun boshli qabriston obod qilindi. Imomi Hojatbaror turbatlari ustida ulkan maqbara qurildi. Esimda, Buxoroga bir borganimda Sadriddin akam hayajon bilan meni bu yerga boshlab kelgan, birgalashib ziyorat qilgan edik. Umuman, Istiqloldan Sadriddin akaday quvongan, dunyoga qayta kelganday yeng shimarib ishga kirishib ketgan fidoyi bir vatanparvar odamni kam ko‘rganman. U bir she’rida men yashaydigan zamon keldi, degandi. Afsuski, umr vafo qilmadi… Qarang-da, yaqinginada biz u bilan bu yerga ziyoratga kelgan edik. Endi esa odamlar uning ziyoratiga kelishadi… Ha, Sadriddin Salim Buxoriy ham endi shu qabristonda, buyuk Imom maqbarasining shundoq yonginasida.

Ustoz qabri tomon odimlarkanman, uning o‘tli nafasini tuydim, qulog‘im ostida o‘ktam ovozi jaranglab ketganday bo‘ldi.

“Dard kelsa, g‘am kelsa yutdik biz,
Kutdik biz, kutdik biz, kutdik biz.
Qabr deb atamang bu joyni,
U uydan bu uyga o‘tdik biz…”

Qabriston sukunatiga some’ quloq tutib, sekin odimlayman. Har qadamda tanish ismi shariflar: Toshpo‘lat Hamid (shoir), Mutavakil Burhonov (bastakor), Maksim Karimov (dramaturg), Oltin Mavlonov (polvon), ota-bola G‘ulomjon va Salomjon G‘aniyevlar (har ikkisi ham O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan agronom), jafokash ona bibi Samadjon…

Va nihoyat bobojonim Muhammad Safo Buxoriy qabrlari yonida tiz cho‘kaman. Duoyu fotiha qilaman. Yondosh qabr tomon yuzlanaman, onaizorim Muzayyamaxon… Shu o‘rinda bir mo‘’jizaviy hodisani aytib o‘tsam. Rahmatli Xayrulla akam hayratlanib gapirib bergandi uni. Onam vafot etganlarida go‘rkov to‘rt-besh joyga ketmon urib ko‘ribdi, bo‘lmabdi. Keyin akamga onangizning biror yaqini bormi qabristonda, debdi. Bor debdi akam. Ota-onalari bor. Ha, o‘shalar chaqiryapti, otasining go‘rini ko‘rsating menga, debdi go‘rkov. Borib qarashsa, shundoq bobomning qabri biqinida bir kishilik joy bor emish. Go‘rkov bismillo deb ketmon urishi bilan tuproq deganlari xuddi kuldek ko‘chib chiqayotganmish. Qarangki, onam otalaridan rosa yigirma uch yilu yigirma uch kun o‘tib vafot etdilar. Mana shu yigirma uch yilda ham, tig‘iz qabristonda – bobomning yonidagi bo‘sh joyga hech kimning nazari tushmabdi…

Siz nima deysiz, bilmadimu, men bunda ham bir hikmat ko‘raman. Odilona hikmat. Onam hayotliklarida Siddiqa buvim bilan birga edilar, vafotlaridan keyin esa padari buzrukvorlari – Muhammad Safo Buxoriy bobom bilan yonma yon qo‘shni bo‘lish nasib etdi onaizorimga…

Shu tarzda ziyoratda davom etaman. Mashhur Labi Hovuzda ham bo‘laman. Bilasiz, bu yerda Nasriddin Afandi haykali bor. Haykal yonida turib suratga tushaman. Albatta o‘z ixtiyorim bilan emas, muxlislar iltimos qilib turib olishadi: siz ham Afandini o‘ynagansiz, keling, birga rasmga tushaylik, bizga Buxorodan esdalik bo‘lardi, deyishadi. Yo‘q deyolmayman, ochig‘i, bu menga yoqadi ham. Har holda shuhratga o‘chligimdan bo‘lmasa kerak, deb o‘ylayman, chunki unaqa xavfli yoshdan o‘tib bo‘lganman. Bir muxlis seni munosib ko‘rib, birga suratga tushmoqchi ekan, bu yaxshi-ku. San’atkorni qadrlash – san’atni qadrlash-da, shunday emasmi?!

Ziyoratim davom etadi: endi yetti pir ziyoratiga chiqib ketaman: Abduxoliq G‘ijduvoniy, Orif Revgariy, Mahmud Anjir Vag‘nafiy, Xoja Ali Romitoniy, Boboi Samosiy, Said Amir Kulol, Xoja Bahovuddin Naqshband… Qay yerda bo‘lmay, dilim ravshan tortadi, ruhim yengillashadi. Obodonchilik, bunyodkorlik, xayrli evrilishlar. Bir zamonlardagi ayanchli manzaralar bir-bir ko‘z o‘ngimdan o‘tadi. Otam bilan Xoja Bahovuddin ziyoratiga kelganimni eslayman. Ziyoratgoh darvozasidagi zang bosgan va simpech qilingan katta qulf peshonamizdan chiqadi. Ichkariga yo‘l yo‘q. Kattalar mana shu darvoza yonida tik turgancha pichirlab tilovat o‘qishadi. Nuragan devorlar osha ichkariga bo‘ylab-bo‘ylab qarashadi. Biz bolalar bo‘lsak, darvoza tagiga yotib olib, darvoza bilan ostona orasidagi tirqishdan ichkariga mo‘ralaymiz. Katta dahmani, nuragan qabr toshlarini ko‘ramiz, quvonch bilan qiyqiramiz. Albatta, o‘shanda biz ko‘p narsaga tushunmaganmiz. Biroq, ota-bobolarimiz ko‘rsatayotgan ixlos-ehtiromlar orqali bu joylar na qadar aziz ekanligini tuygan bo‘lsak kerak-da!.. Mana endi esa hammasi o‘zgacha: qulflar, zanjirlar, kishanlar yo‘limizni to‘smaydi…

Xullas, bir necha kun o‘tib, safarim yakunlangani seziladi. Ich-ichimdan bir sog‘inch g‘imirlay boshlaydi. Bu endi azim Toshkent sog‘inchi, Toshkent chorlovi…

Men yuqorida bir o‘rinda xastalik hayotimni butunlay boshqa o‘zanga solib yubordi, deganday bir gap qilgan edim. Darhaqiqat, shunday bo‘ldi. Avvalo, ilohiy ne’mat – sog‘liqning qadriga yetish kerakligini o‘rgandim, sog‘liqqa beparvolik kufroni ne’mat ekanligini anglab yetdim. Sabr, shukr degan tushunchalar mag‘zi-ma’nosiga yetganday bo‘ldim. Yana bir narsaga aqlim yetdiki, odamning yomoni bo‘lmas ekan, bizning xatomiz bir-birimizni tushunmaslikda ekan.

To‘g‘ri, xastalik tufayli imkoniyatlarim cheklandi va bunday holatga ko‘nikishim, ochig‘i, qiyin bo‘ldi. Har holda oila boshlig‘iman, otaman, ikki farzandim ham talaba edi, hali ular oyoqqa turib olishlari uchun mening bir necha yillik ko‘magim lozim edi. Qolaversa, aktyor sifatidagi orzu-niyatlarim, o‘ynalmagan rollarim armonga aylandi. Shularni o‘ylab ba’zan sabrsizlik qilgan, boshimga tushgan ko‘rguliklar nohaqlikday tuyulgan va buning uchun kimlardandir o‘zimcha domangir bo‘lib yurgan onlarim ham bo‘ldi. Hozir esa o‘ylab qarasam, katta xato qilgan ekanman. Yaxshiyamki, bu holat uzoq davom etmadi. Vaqtida o‘zimni to‘xtatib qoldim. Aks holda shu kunlarga yeta olarmidim. Kinu adovat, alamu nafrat bilan biror kimsa yaxshilik topganmidiki, men topsam. Yaratganga shukur, U meni yolg‘izlatib qo‘ymadi. Ahli ayolimu qarindoshlar, hamkasblar, yoru do‘stlar, muxlislar… hamma-hammasi menga madadkor bo‘ldi.

Farzandlarimdan tashvishda edim, shukr, birovdan kam bo‘lishmadi. Har ikkisi ham hayotda o‘z o‘rnini topib, tuzukkina kasb-korga ega bo‘lishdi. Yaxshi kelin, yaxshi kuyov nasib etdi, shirin-shakar besh nafar nabira berdi Parvardigor. Ijoddan to‘xtamadim. Hali aytganimdek, telenovelladan tortib teleseriallargacha ancha-muncha, aniqrog‘i shu kungacha 18 filmda rol o‘ynadim. Xullas, Rumiy hazratlari aytganidek, Yaratganning qahriga ham, mehriga ham shukr qilgan odam kam bo‘lmas ekan. Har bir mahrumiyatda bir muyassariyat bor, deganlaridek, yo‘qotganlarim evaziga nimalarnidir topdim. Topganlarim, albatta, moddiy holatdamas, ularni qo‘l bilan tutib ko‘rsatolmayman, ammo har qanday moddiy dunyo ne’matlaridan-da qimmatliroq boylikka erishdim. Hayot atalmish bu ne’mat ma’nosini, inson qadr-qimmati nimada ekanligini bir qadar tushunib yetganday bo‘ldim.

Qo‘lingizdagi ushbu mo‘’jazgina yodnoma ham, aziz o‘quvchim, men oz-moz tushunib yetgan hayot hikmatlarining bir hosilasi sifatida dunyoga keldiki, men uni do‘stlarim dav’ati bilan hukmingizga havola etishga jur’at qildim.

009

(Tashriflar: umumiy 2 914, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ushbu saytdagi ma’lumotlarni kuzatar ekanman, hozirgi kunda shunday saytlarga ehtiyoj ortib borayotganini aytish o’tish o’rinli deb o’yladim, ushbu sayt mualliflariga ishlarida omad tilayman!

Izoh qoldiring