Куни-кеча «Ўзбекистон» нашриёти машҳур театр ва кино актёри, дубляж устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг «Хотиралар тўлқини» китобини нашр этгани эшитиб, у билан тезроқ танишиш истаги туғилди. Асарни нашрга тайёрлаган ёзувчи Орзиқул Эргаш билан суҳбатимиз асноси маълум бўлдики, актёр аввалдан “Эсдаликлар дафтари” юритаркан. Айни шу “Эсдаликлар” ва кейинчалик унга киритилган янги саҳифалар бугун сизга тақдим этилаётган китоб ҳолига келтирди.
“Эсдаликлар дафтари”даги битиклар сиз, муҳтарам муштарийларимизни бефарқ қолдирмайди ва севимли санъаткорингиз сурату сийратини янада яқиндан билиб олишларингизга ёрдам беради, деган умиддамиз.
Ғайбулла ҲОЖИЕВ
ХОТИРАЛАР ТЎЛҚИНИ
II. Т Е А Т Р – Қ И С М А Т И М
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев 1956 йилда Бухоройи Шарифда туғилган. 1973-77 йилларда Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олган. 1976 йилда Аброр Ҳидоятов (аввалги «Ёш гвардия») театрида иш бошлаган. 1987 йилдан Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик театрида фаолиятини бошлаган. Актёр шоир Азим Суюннинг «Сарбадорлар» асарида Абу Бакир Калавий, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг Меҳробдан чаён» спектаклида Солиҳ маҳдум, Иброҳим Содиқовнинг «Афандининг беш хотини» спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот» спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг «Қирол Лир» асарида граф Глостер, Александр Косанонинг «Етти фарёд» спектаклида Сабало каби ўнлаб рангбаранг роллар ижро этган. Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда иштирок этмоқда.
Устози аввалим
Шиша идишлар бўларди, 12 тийин турарди, биз шуларни йиғиб, 10 тийинга магазинларга топширардик. Йиққан пулимизга музқаймоқ (гарчи егимиз келса-да) емасдик. Кинога тушардик. Лаби ҳовузда Садриддин Айний театрининг ёзги биноси бўларди, пойтахтдан Ҳамза, Муқимий театри гастролга борса, баъзан пул билан, баъзан биқиниб, бекиниб концертга, спектакль томошаларига кирардик. Зангори экранда намойиш қилинадиган томошалар, айниқса, устозларимиз Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраевалар иштирок этган спектаклларни кўриб, юрагимга учқун тушди. Йўлдош Аъзамовнинг “Ўткан кунлар” киносини неча қайтиб кўрсам ҳам тўймаганман, оқибати шу бўлганки, мен актёр бўламан, деган узил-кесил қарорга келганман.
Шаҳарда маданият уйи бўларди. У Мағоки кўрпа деган обида ичида жойлашган… ва Крупская номида эди… Шу ерда мавзудан озгина чекинсам: эътибор қилинг – Мағоки кўрпа ёдгорлигида маданият уйи жойлашган. Мир Араб мадрасасига ёндош улкан гумбазли обида эса кутубхона эди. Бирига, ҳали айтганимдек, Крупская номи, иккинчисига эса Павлик Морозов номи берилган. Майли буларга чидаш мумкин. Лекин Масжиди Калондек табаррук жомеънинг маданий ўғитлар омборига айлантирилганига нима дейсиз?! Устозимиз Садриддин Салим Бухорий китобларида ёзишларича, Истиқлолдан кейин Масжиди Калонда умумхалқ ҳашари уюштирилган. Ҳашарда ҳатто сал кам бир аср умр кўрган уста Амин бобо (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовнинг падари бузруквори) ҳам кўзларида шукрона ёшлари билан иштирок этганлар. Ва мана шу табаррук маскандан роса 102 машина ахлат – Шўро замони ахлати чиқариб ташланган экан!..
Қисқаси, маданият уйига борсам, Бухоро вилоят театрининг актёри ва режиссёри Азизжон Маҳмудов драма тўгарагини олиб бораркан. Еттинчи синфда эдим, адашмасам. Уч-тўрт синфдош гапни бирга қўйдик-да, шу тўгаракка қатнай бошладик. Азизжон Маҳмудов вилоят театрида Алишер Навоий ролини ижро этган, Тошкентдан Халқ артисти Олим Хўжаев келиб, спектаклни қабул қилган ва Азизжон Маҳмудовга оқ фотиҳа берган экан. Биз ёшлар улуғлар назарига тушган устозимизнинг этагидан тутиб, кичик-кичик саҳна кўринишлари қўя бошладик. Вилоят театри томошаларини эса канда қилмасдан кўрардик. Ҳаммаси яхши кетаётган бир пайтда…
Ўша пайтда – етмишинчи йиллар, Шўро даври. Азизжон Маҳмудовнинг обрўйи ошиб бораётгани айрим ҳамкасбларининг ғашига тегибди-да, киши билмас, фитна уюштира бошлашибди. Азизжон Маҳмудов партия аъзоси, бир неча марта аъзолик бадали тўлашга борса, партком котиби турли баҳоналар билан тўловни орқага сураверибди. Бу иш атайин қилинаётганидан бехабар содда устозимиз уч-тўрт ойни ўтказиб юборибди. Қулай фурсатни пойлаб юрган ғаламислар туйқусдан партбюро чақиришади ва бюрода Азизжон Маҳмудов масаласи кўрилади. У партия аъзоси деган номга муносиб эмаслиги, ўзига бино қўйиб, партия тартиб-қоидаларига беписанд қараб келганлиги аёвсиз танқид қилинади. Унинг иқтидори, ташкилотчилигини айтиб ҳимоя қилганлар гапи инобатга олинмайди. Охир-оқибат устозимиз партиядан ўчирилиб, ишдан ҳайдалади. Энг ёмони бундай адолатсизликни кўтаролмаган Азизжон Маҳмудов ўша куни инфаркт бўлиб, ўттиз олти ёшида вафот этади…
Азизжон аканинг турмуш ўртоғи Муборак опа ўқитувчи эди, бу адолатсизликнинг тагига етиш учун кўп ҳаракат қилди. Уч ойлар деганда қандайдир натижага эришди ҳам. Яъни, бу иш нотўғри бўлган экан, дея кимларгадир ҳайфсан берилиб, Азизжон Маҳмудов номи оқланди. Оқланди… Кимлардир ҳайфсан билан сийланди… Гўёки адолат тикланди. Аммо бу тикланган адолат бемаврид кетган бир азиз жонни қайтара олармиди?!.
Ўшанда биз ёш йигитчаларга бу йўқотиш оғир ботди. Санъатдан совий бошладик. Бироқ, бир воқеа бўлдию… Устозимиз вафотидан кейин олти ойлар ўтиб, Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Миллий театримиз) жамоаси вилоятимизга гастролга келди. Муборак опа кандакорларга буюриб, қадимий тоза мис баркашга “… театри жамоасига Азизжон Маҳмудов шогирдлари номидан эсдалик” деган мазмунда лавҳа ёздирибди. Шу ҳадяни уч-тўртта тенгқурларим билан саҳнага чиқиб, пойтахтдан келган меҳмонларга тақдим этиш менга насиб этди. Театрнинг ёзги биноси пардаси очилиб, саҳнада мен телеэкранлар орқали таниш бўлган аллома устозлар сафи кўринди. Кўриб турибману кўзларимга ишонмайман. Бу воқеалар тушимда рўй бераётгандек эди гўё. Катта тантана ўрталарида бизга навбат етди. Саҳнага чиқиб келдик. Кимдир Азизжон Маҳмудов ҳақида гапирди. Улуғ санъаткоримиз ўлмаган, у биз билан бирга яшаяпти, деган гаплар қилди. Кейин бизни таништирди. Мен совғани бухоролик машҳур санъаткор – меҳмонга келган актёрлардан энг ёши улуғи – Ўзбекистон халқ артисти Саъдихон Табибуллаевга топширдим. Саъдихон ака бизни бир-бир қучиб, оқ фотиҳа берди. Ва шу тобда мен, ўз ҳаёт йўлим, келажак тақдирим ҳақидаги фикрим қатъийлашгани ҳис этдим. “Актёр бўламан, устозим Азизжон Маҳмудов орзуларини рўёбга чиқараман!” дея аҳд қилдим.
Мавриди билан отамга ниятимни билдирсам, отам бош ирғаган. Э, болам, биз бир деҳқон одам бўлсак, юпунгина бўлсак, биздан қанақа артист чиқади, деганлар. Мен жимиб қолганман. Қўшиқ айтасизми, артист бўлиб, деган кейин менинг аҳволимни кўриб. Йўқ, дада, рол ўйнайман, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳоновларни яхши кўрасиз-ку, ўшанақа артист бўлмоқчиман, деганман жонланиб. Отам юмшаган, ундай бўлса, майли, тўрт-беш сўм атаб қўйганим бор, шуни бераман, Тошканга борасиз. Кирсангиз – толеингиз. Бўлмаса, кейинги йил ихтиёрингиз менда бўлади, ошпазликка ўқитаман, деган. Камбағал одамни усти бут, қорни тўқ бўлса, бўлди-да.
Сайфилло Бекназаров деган ўртоғим билан Тошкентга қараб самолётда учганмиз…
Биринчи имтиҳон маҳоратдан эди. Узун, ярим айлана стол ортида йигирма чоғли одам тизилиб ўтирибди. Уларнинг орқасида иккита прожектор абитуриентга қаратиб қўйилган. Шу боисдан абитуриент имтиҳон қилувчилар юзини аниқ кўролмайди. Лекин имтиҳон топширувчи бутун суврат-сийрати, хатти- ҳаракатлари билан кўзга ташланиб туради. Унга рақс, вокал, саҳна нутқи, ритмика, санъат тарихи ва ҳоказолардан тегишли домлалар саволлар беришади.
Шу ўринда ўзимга тегишли бўлмаган бир ҳангомани қистириб ўтсам. Водийлик бир йигитчани машҳур дубляж устаси, раҳматли Омон ака Абдураззоқов сўроққа тутибди.
– Ичасанми? – дебди.
– Йўқ, – дебди йигит шартта.
– Чекасанми?
– Йўқ.
– Ҳеч бўлмаса чиройли қизларга қарарсан?
– Йўқ, домла, – дебди яна ҳалиги йигит, – қарамайман.
Омон аканинг “сабри тугабди”-да,
– Э, одам-подам эмас экансан-ку, – дебди жаҳлланган бўлиб.
Хуллас, мен ўзим ҳам маҳоратдан имтиҳон топширяпман. Институтнинг ўша пайтдаги ректори, профессор Ҳамид Абдуллаев кириб келиб, менинг жавобларимга қулоқ солиб турибди-да, бир чеккада қоғоз қоралаб ўтирган Мунаввара Абдуллаевага, “келаркану пичоққа илинадиганлар”, дебди. (Буни кейинчалик Республикада хизмат кўрсатган мураббий, таниқли режиссёр ва актриса бўлиб етишган Мунаввара Абдуллаева — Мунавварахон опамиздан эшитдим).
Саволларга жавоб бериб бўлдим-у, кейин шоир Душан Файзийнинг “Онажон” деган поэмасини айтиб бердим. Тугаллашим билан Ҳамид Абдуллаев савол берди.
– Йигитча, сеники қаттан? – деди.
– Бухороданман, – дедим мақтов эшитишга чоғланиб.
– Э, Бухорони шарманда қилдинг-ку, – деди домла мени анг-танг қолдириб. – Имтиҳонга ҳам шунақа тайёрланадими?!
Ўзимни йўқотиб, гангиб қолдим: демак, йиқилибман!
Тарвузим қўлтиғимлан тушиб, ортга қайтдим.
– Майли, ҳозир аэропортга бораману, Бухорога учаман, – дедим ошкора алам билан. Ортимга қарамай, эшикдан чиқиб кетдим. Жадаллаб анча нарига бориб қолганимда орқамдан бир қиз ҳой-ҳойлаб келяпти.
– Ҳой, бухоролик йигит, Ғайбулла, тўхта укажон!
Қарасам, Мунаввара опамиз.
– Ие, қизиқ экансан-ку, – деди у ҳаллослаб етиб келиб. – Имтиҳондан аълога ўтдинг. Ректоримиз ҳазиллашдилар!..
Илк қадам
Театрга ишга ўтиб, биринчи ўйнаган ролим Мар Байжиев (қирғиз драматурги)нинг “Тўй муборак, қариқиз” спектаклидаги дирижёр, бастакор йигит бўлди. Мени бу ролга тайёрлагунча Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёровнинг бўлари бўлган эди.
Гап шундаки, икки соат давом этадиган томошада бор-йўғи учта персонаж иштирок этарди. Келин (Назира Абдувоҳидова), йигитнинг онаси (Ширин Азизова), мен – бош ролдаман, асосий юк менинг зиммамга тушган. Узундан-узун монологлар… Қизиғи шундаки, узун монологларни бир-икки репитицияда ўзлаштирардим. Лекин қисқа диалогларда Бахтиёр акани қийнаб юборардим. У кишининг одати – жаҳли чиқса, бошидаги ондатраданми, норкаданми бўлган телпагини олиб ерга урарди. “Ҳов, бола, сенга шу ролни берган мен аҳмоқнинг!.. деб фиғони чиқарди. – Қизиқ, бир бетлик, икки бетлик монологларни шариллатиб ташлайсану, нега бу кичкина нарсаларни эплолмайсан? Ўлай, агар, сендақасини кўрган бўлсам! Ҳамма нарсани тескари бажарасан-а!”
Хуллас, уч ой деганда томоша тайёр бўлди.
Премьерага тумонат одам йиғилди. Аксарияти казо-казолар. Театршунослар, машҳур актёрлар… Кинорежиссёр Йўлдош Аъзамов, Латиф Файзиевлар… Муаллиф Бар Байжиев ҳам хотини билан келган эди. Томоша бошланишига саноқли дақиқалар қолганда нима бўлдию, аъзойи баданимни совуқ тер босиб, титрай бошладим. Кулисда турибману, ўзимни босиб ололмайман. “Энди нима бўлади?!” деган даҳшатли хаёл миямда қотиб қолган. Кимдир аҳволимни билиб қолибди-да, Бахтиёр акага етқазибди.
Бир маҳал шундоққина орқамдан “Ҳа, Ғайбаш!” деган овоз келдию, чўчиб ўгирилдим. Бахтиёр ака кулимсираб турибди:
– Гап бундай, укажон, бугун сен саҳнага илк қадамингни қўясан. Кўз олдингга келтир: бу саҳна Ҳамза театриники эди. Тўғрими? Аброр ака, Шукур акалар шу саҳнада ўйнарди. Икки ой муқаддам дунёдан ўтган Олим ака – Олим Хўжаев ҳам Навоийни, Отеллони худди шу ерда қотириб ўйнаган. Тўғрими? Энди бу саҳна сеники, сиз ёшларники! Қўрқма, Аброр ака, Олим акалар руҳи қўллайди сени. Қани, омин!.. Вперёд!
Ишонасизми, қаердан бунча қувват етди, куч келди – билмайман, парда очилар-очилмас саҳнага отилиб чиқиб кетдим. Икки соатлик спектакл давомида ўзимни қандай тутдим, қандай ижро этдим – эсимда йўқ. Аммо ўша кунги дам-бадам гуриллаб турган қарсаклар, олқишлар ҳамон қулоғим остидан кетмайди.
Муҳокама қизғин ўтди. Асосан мақтовлар… Тадбир тугагач, машҳур Мутаваккил Бурҳонов мени бағрига босиб табриклади-да, дуо қилди. Кейин, биттагина танбеҳим бор, ўғлим, деди. Сен дирижёрлик қилаётганингда бир оёғинг йигирма сантиметрча орқада турибди. Аслида, улар тенг туриши керак эди, деди. Мен бунинг сабабини тушунтирмоқчи бўлиб бўлиб оғиз жуфтлаган эдим, Бахтиёр ака билинар-билинмас бош ирғади. Гап шундаки, саҳнанинг мен турган ери қиялик бўлиб, оёғимнинг бирини орқароққа олмасам мувозанат сақлаш қийин эди. Шуни айтмоқчи эдим, Бахтиёр аканинг ишораси билан изоҳдан тийилдим. Ва бу ҳам менга сабоқ бўлди. Улуғ инсонлар олдида майдаланишдан кўра сукут сақлаб, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш маъқул экан.
Мен сўзнинг қудратига, унинг сеҳрига ўша илк қадамимда, парда ортида ўзимни йўқотиб, довдираб турганим паллада тан берганман.
Майсаранинг “қалтис” иши
1985 йил.
Собиқ “Ёш гвардия”, ҳозирги Ўзбек давлат драма театри биноси роса бир ярим йиллик таъмирлаш ишларидан сўнг қайтадан фойдаланишга топширилди. Унгача умримиз гастролда ўтди. Республикамизнинг ҳамма вилоятларида бўлдик. Бир томондан яхши бўлди, обдон чиниқдик, юрган дарё дегандек, Юртимизнинг чекка-чеккаларигача оёғимиз етди, кўрдик, билдик, танишдик, танилдик.
Бош режиссёримиз Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган “Майсаранинг иши” комедияси премьераси Россияда, Қозон шаҳридаги театрда ўтди, десам, ишонасизми?.. Ҳа, шундай бўлди. Боз устига, мезбонлар илтимоси билан, у қурама тилда – русча, ўзбекча қилиб тайёрланди. Гап шундаки, ўттиз ёшгача бўлган татар ёшлари она тилларини билишмас экан. Шуларни ҳисобга олиб, томоша асосан русча, сўз келмай қолган ўринларида ўзбекча сўзларни аралаштириб ўйнашга мажбур бўлгандик. (Буям ўша давр фожеаси – маҳаллий миллатлар ўз тилларини йўқота бошлаган, бу жараён айниқса Россиянинг “бағрида” бўлган татар, бошқирдлар орасида кучли сезилаётганди).
Театримиз биноси таъмири битгач, биринчи бўлиб “Майсаранинг иши” ўйналди. Майсара ролини Ширин опа (Ўзбекистон халқ артисти Ш.Азизова) ижро этган, мен мулла Рўзи аълам ролида эдим.
Парда очилиб, саҳнага қўлида тутаб турган исириқли хокандоз билан Ширин опа (Майсара) чиқиб келади. Ширин опа ўзича импровизация қилиб, “О, хуш келибсиз, азизларим, қаранг, қандай ажойиб қаср бунёд бўлибди. Илоҳи, янги қасримизга кўз тегмасин, сизларга ҳам кўз тегмасин…” деган гаплар билан саҳнани айланиб чиқадилар. Кейин томоша бошланди.
Ана шу нарса эртаси кунги катта шов-шувга сабаб бўлди. Исириқчи Майсара райкомга таклиф этилди. Қаттиқ тортишувлар бўлди. Сал қолди актрисамиз унвонидан ажралишига. Баҳодир акаям қаттиқ огоҳлантирилди .
Ҳозирги кунимизда шунақа воқеаларни эсласанг, ҳам кулгинг қистайди, ҳам йиғлагинг келади…
Баҳодир аканинг сабоқлари
Бу 1986 йилги воқеа…
Драматург Ҳайитмат Расулнинг “Узун қишлоқ” пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакл муваффақият билан ўйналиб турган кунлар. Мен кичик бир ролдаман. Бир куни кечга яқин спекталдаги марказий роллардан бирининг ижрочиси Рустам Каримов (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист) бетоб бўлиб қолгани, томошага келолмаслиги маълум бўлди. Чипталар сотилган, томошабинлар йиғила бошлаган!.. Нима қилиш керак?.. Ҳамманинг боши қотиб турган бир пайтда менинг “қаҳрамонлигим” тутиб қолди: “Шу ролни мен ўйнаб бера қолай”, дедим. Режиссёримиз Баҳодир Йўлдошев “Ҳазиллашмаяпсанми?” дегандек бир қараш қилди. “Ҳа, Баҳодир ака, ўйнайман, деярли ёддан биламан Рустам аканинг ролини”, дедим.
Хуллас, икки соатлик томоша яхши ўтди.
Томошадан кейинги кундаги жамоа йиғилишида Баҳодир ака менга раҳмат айтди. Айтди-ю, кейин… “Ғайбулла бизни вазиятдан қутқарди. Лекин айнан унинг ўзи бизни бундан кейин бундай қилмаслигимиз кераклигини аниқлаб берди”, деди. “Айб ундамас, менда айб. Мен рухсат бермаслигим керак, томошани “отмен” қилишим керак эди”, деди. Унинг фикрича, бу ишимиз саҳнага, санъатга, энг аввало, томошабинга нисбатан одобсизлик, ҳатто, хиёнат эди. Очиғи, ўшанда мен унчалик тушунмаган эдим бу гапга. Чунки, назаримда, ўйиним яхши чиққан, бирор сўзда янглишмаган, ҳатто айрим ўринларда “импровизация” қилиб, томошабинни гур-гур кулдирган ҳам эдим. Энди ўйлаб қарасам, Баҳодир ака томошага юксак назар билан қараган, нималардандир кўнгли тўлмаган. Ва менга, биринчи навбатда, “алданиб” ўтирган томошабинга раҳми келган бўлиши керак. Ҳа, айтмоқчи, ўшанда бир образли гап қилганди: “Бу ишимиз таҳоратсиз намоз ўқиш билан баравар бўлди!..” деганди. Ҳозир эслаб қарасам, Баҳодир аканинг ҳар бир гапида ҳикмат, бир сабоқ бўлар, бу эса, айниқса, биз – ёшлар учун кейинчалик жуда асқотарди. Масалан, у: “Оз куч сарфлаб, кўп иш қилинг”, дер эди. “Шошилманг, ўринли-ўринсиз “рабочий” сўзларни ишлатманг. Оз гапиринг, ўрни билан сукутда гапиринг”, дерди.
Буюклар мардлиги
Шукур ака саҳнага чиқадиган кун театрда бошқача бир руҳ ҳукмрон бўлар экан. Ҳамма ёқ озода, тартибли. Бирорта ортиқча одам тимирскиланиб юрмас, бор одамлар ҳам паст овозда гаплашиб, одоб сақлаб юраркан. Шукур ака кеч еттиларда бошланадиган спектаклга соат иккидан келиб, саҳнада, кулисда айланиб юраркан.
Ўша куни Ўлмас Умарбековнинг “Қиёмат қарз” (режиссёр Рустам Ҳамидов) спектакли репитицияси бўлаётган экан. Режиссёр ассистенти Абдувоҳид Норпўлатов бир чеккада суфлёрлик қилиб, Шукур акага сўзларини эслатиб турибди. Негадир Шукур ака шу куни сўзларни илғай олмай, ҳаммани қийнаб юборибди. Репитицияда халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар ҳам иштирок этаётган бўлса-да, ҳеч ким бир нарса деёлмасмиш. Ҳамманинг дами ичида. Бош рол ижрочиси бўлса, негадир паришон, ролини қойиллатолмаяпти. Шунда нима бўпти денг! Ҳалиги суфлёрлик қилаётган ёшгина йигит Абдувоҳид тақ-туқ қилиб, саҳнага чиқиб келибди. Қўлида сценарий. Ҳамма, шулар қаторида бир чеккада асабий ўтирган Шукур акаям унга ҳайрон бўлиб қарабди. Гавдаси чоғроққина Абдувоҳид бўлса овозини баралла қўйиб: “Сиз бугун репитицияга тайёр эмассиз, Шукур Бурҳанов!” деб бақирибди-да, қўлидаги қоғозларни столга шарқ этиб урибди. Кейин қўлини орқасига қилиб, ҳеч кимга қарамай, тақ-туқ, тақ-туқ қилиб саҳнадан чиқиб кетибди. Эшик шарақлаб ёпилибди. Ҳамма ёқ сув қуйгандан жим-жит бўп қолибди. Ҳеч ким ҳеч нарса деёлмасмиш, ҳамма юрагини ҳовучлаб ўтирганмиш. Бир маҳал, Шукур ака ўрнидан турибди. “Оббо, – дебди одамлар ўзича, – Абдувоҳид тамом бўлди!”
Росттанам, бор-йўғи кичкина бир ассистент Шукур акадай одамга кўпчилик олдида бақириб беришини тасаввур қилиб кўринг-да! Бунинг устига ўз ўғлидай кўриб, ҳамиша ёнида олиб юрган, ишонгани юзига сапчиб турса-я! Яна кимсан – театрнинг устуни бўлган буюк актёрга! Бу бориб турган шаккоклик эмасми!..
Шунда нима бўпти, денг! Шукур ака ўрнидан туриб, секин стол олдига келибди-да, сценарийни қўлига олибди, кейин Абдувоҳид ҳозиргина шарақлатиб ёпиб чиқиб кетган эшикка қараб: Ийе!.. Ёмон қилди-ку! Ийе!.. – дебди. – Шундан сўнг “ҳимм” деганча столига қайтиб бориб ўтирибди-да, тан олиб бош ирғабди: – лекин тўғри қилди, бугун формада эмасман!..
Устоз ибрати
Устозимиз Олим Хўжаев хонадонларига Бухородан меҳмон келибди. Шу куни театрда Олим ака “Алишер Навоий” спектаклида банд эканлар. У пайтлар томошалар кечки 10-11 ларга қадар ҳам давом этган. Меҳмонлар Олим акани соғинишган, йўлдан чарчаб келишган бўлишса-да, у кишини кўрмасак ухламаймиз, деб чақ-чақлашиб вақтни ўтказиб, кутишибди. Бир маҳал эшик қўнғироғи жиринглабди. Шоҳида опа эшик очибдилар. Олим ака кўринишлари билан меҳмонлар ўринларидан даст қўзғалиб, у кишига пешвоз юришибди-да, таққа тўхташибди. Сабаби, Олим ака уларга бепарво бош ирғаб, ётоқларига ўтиб кетибдилар.
Меҳмонлар ажабланишибди, изза тортишибди. Ҳар ким ҳар турли хаёлда уйқуга кетибди.
Тонг азонда, меҳмонларидан бири ётоқдан чиққан ерида Олим акага дуч келибди.
– Абдумалик, жиян, ўзингмисан?
– Ўзимман, тоға.
– Қачон келиб эдинг?
– Кеча номозшомда.
– Нега мен билмайман, Шоҳида, бу ёққа қара, жиянлар келибди-ю, мен бехабарман.
– Ҳа, улар йўлдан чарчаб келиб, ухлаб қолишганди, шунга кўзим қиймади уйғотгани.
– Тўғри, тўғри қилибсан. Йўл азоби оғир. Қани жиян, яна кимлар келишди… Бошла-чи… – дейди Олим ака…
Шоҳида опа (Ўзбекистон халқ артисти Шоҳида Маъзумова)нинг гувоҳлик беришларича, Олим ака ўз ролларига, хусусан, Алишер Навоийга шунчалик куч-қувват, қалб ҳароратини сарф қилар эканки, томошадан кейин бутунлай бошқа Олим Хўжага айланиб қоларкан. Кўзлари кўриб туриб кўрмайдиган, қулоқлари эшитиб туриб эшитмайдиган даражада беҳол бўлиб уйга қайтаркан.
Дарҳақиқат, саҳнада туриб, томошабинга нимадир юқтиришнинг ўзи бўлмайди-да.
Устоз назарига тушганим ва…
Ҳали талабалик даврларим эди. Бир неча курсдошлар ўзаро келишиб, устозларимиз аралашуви билан, албатта, Ҳамза театри спектаклларининг оммавий саҳналарида қатнаша бошлагандик. Бир куни устозимиз –Ўзбекистон халқ артисти, профессор Назира Алиева мени ёлғиз учратиб айтиб қолди: Ғайбулла, сиздан хурсандман, Олимхон (Олим Хўжаев)нинг назарига тушибсиз, у киши сизни бўладиган болага ўхшайди, деди (Назира опа ҳеч кимни сенламасди). Олимхонни биламан, кимга меҳри тушса, албатта ўз қанотига олади, ўзи тарбия қилади. Агар билсангиз, бу сиз учун катта омад, чунки Олимхон, нафақат машҳур актёр, балки Ўзбекистон театр арбоблари жамиятининг раиси, отахон бир театрнинг директори, дасти узун, бағрикенг инсон…
Дарҳақиқат, Назира опанинг гапида жон бор эди, росттанам Олим Хўжаевдек буюк актёрнинг илиқ муносабатини пайқай бошлагандим. (Ҳа, Олим ака яна: Назихон, шу бухоролик шогирдингиз мани ёшлигимни эслатди. Манам ёшлигимда ўша баладай баланд бўйли, озғин, хушрўйгина йигитча эдим, дея ҳазиллашган экан). Албатта бу гаплардан қанчалар қувонганим, руҳим еттинчи қават осмонлар қадар юксалиб кетганини таърифлаб беролмасам керак. Бироқ, қувончимнинг умри қисқа бўлди…
Буюк актёрнинг вафоти ўзбек театри, ўзбек санъати учун оғир йўқотиш бўлди. Ўшанда институтнинг сўнгги курси талабасиман, тумонат одам орасида дафн маросимида қатнашарканман, шунақа гаплар қулоғимга чалинганки, ҳали ҳануз унутолмайман: Ҳазрат Навоий иккинчи марта вафот этди, дейишган. Бу гаплар оддий одамлар, оддий мухлислар эътирофи эди…
Ким билсин, Устоз ҳаёт бўлганида воқеалар хийла бошқача кечган, институтни битирибоқ отахон театрда иш бошлаган бўлармидим… Бироқ, барибир Олим Хўжаев устознинг ниятига фаришталар омин деган экан, чамаси, орадан ўн бир йил ўтиб рўёбга чиқди.
Бир кун Санъат ака (Ўзбекистон халқ артисти, “Ёш гвардия” театри директори Санъат Девонов) мени кабинетига чақириб, бир таклиф айтиб қолди. “Ғайбулла укам, албатта сизни қўлдан чиқаргим келмайди. Лекин Латиф акангиз (Ўзбекистон халқ артисти, Ҳамза театрининг бош режиссёри Латиф Файзиев) илтимос қиляпти. Бизга ўтсин, деяпти. Катта даргоҳ, сизнинг ўрнингизда бўлганимда мен йўқ демасдим”, деди Санъат ака елкамга қоқиб. Албатта менам “йўқ деёлмадим”.
Санъат ака ўша куни мени, Маҳмуд Исмоилов, Шоҳида Исмоилова ва Рустам Каримов тўрталамизни ўзининг “Волга” машинасига ўтқазиб, тўғри Маданият вазирлигига олиб борди. Биз қабулхонада қолдик, Санъат ака ҳужжатларимизни вазир (адашмасам раҳматли Ўлмас Умарбеков) олдига опкириб кетди. Кўп кутмадик, вазир суҳбатига ҳам киришимизга ҳожат қолмади, Санъат ака жилмайиб чиқиб келди. Министр имзо чекди, ишларинг ҳал бўлди, деди. Қизиғи шундаки, орадан ўн беш кундан кейин Санъат аканинг ўзи ҳам Ҳамза театрига ўтди, директор вазифасида иш бошлади.
Зикр ака ҳақидаги ўйларим
Зикр ака (Зикир Муҳаммаджонов) ҳақида гапирганимда, ҳозирги тушунчаларим, дунёқарашимдан келиб чиқиб айтаманки, Зикр ака максимал даражада вақтни қадрига етадиган инсон бўлган. Театрда спектаклларда банд бўлишига қарамай киноларга тушган, дубляжга овоз берган, радиопостановкаларда қатнашган, ундан ташқари давлатнинг катта-катта маросимларида иштирок этган. Ва ҳаммасига улгурган. Бунинг устига газета, журналларга тез-тез чиқишлар қилиб турарди. Кейин беш-олтита катта-катта китоблар ҳам ёзди.
Йилига бир-икки марта, ўшандаям болаларининг қистови билан, санаторияга ётиб чиқарди. Ўша ердаям дам олишим, даволанишим керак деб оёқ узатиб ётавермас, ижод билан шуғулланар, ора-сирада дўхтирлардан рухсат олиб, радио-телевидениеда бўладиган эшиттириш-кўрсатувларга қатнашиб ҳам келар экан. Бундай дейишимга сабаб, 1995 йилда “Ўзбекистон” телеканалида мен ҳақимда портрет-кўрсатув тайёрланди. Кўрсатув ижодкорлари, Зикр ака ҳам чиқсалар яхши бўларди-да, лекин… санаторияда эканлар, иложи бўлармикан, дейишди. Сездимки, ўзимдан илтимос қилишмоқчи. Йўқ деёлмадим. Қолаверса, ўзим ҳам ич-ичимдан хоҳлаб турардим буни, сабаби мен ҳақимдаги биринчи мақолани Зикр ака ёзган эди. “Чинобод”га бордим. Юзимни қаттиқликка олиб айтдим ҳам. Устоз, шунақа-шунақа гаплар, лекин сизга айтишолмай, ўзимдан илтимос қилишди, дедим. Хўп, соат неччида боришим керак, деди Зикр ака одатий чўрткесарлиги билан. Эртага иккида экан, дедим. Бўпти, бораман. Мен мошина опкелиб, ўзим опкетаман, устоз, дедим тўлқинланиб. Йў-йўқ, укам, мошинангни кераги йўқ. Сен у ерда банд бўласан. Мен ўзим роппа-роса бир яримда телестудия эшиги олдида бўламан, деди масалага нуқта қўйиб. Ва эртаси куни айтган пайтида шу ерда бўлди….
2000 йилнинг қишида Зулфия синглимни турмушга узатдик. Бахтимга театримизнинг бир гуруҳ актёрлари айнан ўша кунлар Бухорода гастролда эди. Варахша меҳмонхонасига бориб, ҳамкасбларимни наҳор ошига таклиф қилдим. Қиш пайти, ҳаво совуқ. Ошга Маҳмуд Исмоилов, Абдурайим Абдуваҳобов, Фатхулла Маъсудов… ҳаммалари келишди. Лекин саксонни қоралаб қўйган Зикр акам ҳаммадан бурун келиб турибди десангиз тўйхона олдига… Зикр ака ошдан чиқаётиб, мени қўлтиғимдан олди-да, четга бошлади. “Энди Ғайбуллажон, битта иш қилсак, – деди. – Манга бир лаган ош оберасан, шу Хожа Порсо мадрасаси орқасида устоз Саъдихон ака (С. Табибуллаев)нинг жияни Муҳаммаджон маҳсидўз туради. Шу одам саксондан ошди. Оддий косиб, лекин чиройли овози бор, дутор чертиб ашула ҳам айтади. Шу одамни бир зиёрат қилиб чиқишим керак, деди. Зикр ака ана шунақа хокисор, меҳр-оқибатли инсон эди, насиҳат қилмасди, ҳар бир хатти-ҳаракати, гап-сўзи ўзи насиҳат эди, ибрат эди.
Зикр аканинг кўпчилик яхши биладиган одати – у шаҳар ичида деярли транспортга чиқмасди, яёв юрарди. Иши ўнда бошланса, уйидан еттида чиқарди. Уч-тўрт бекат юриб бир танишиникига, яна шунча йўл босиб бошқасиникига бош суқар, йўл-йўлакай қадрдонларни йўқлаб, зиёрат қилиб ўтиб бораверарди. Охирида Хожа Аҳрор масжиди орқасидаги темирчилик утахонасига кирар, Мақсуджон ҳожи отанинг қўлидан бир пиёла чой ичар, бир-икки оғиз гурунг бериб, кейин Ўзбек давлат драма театри ёнидан ўтиб, Миллий театрга келарди. Устоз ҳар бир кунни ана шундай фаол бошларди.
2002 йил Зикр аканинг 80 йилликлари юртимизда кенг нишонланди. Тошкентдаги асосий тантанали тадбирдан аввал деярли барча вилоятларда юбилей олди учрашувлари бўлиб ўтди. Шундай учрашувларнинг бир қанчасида (жумладан, Фарғона водийсида) мен ҳам қатнашганман ва Зикр акани одамлар қанчалар яхши кўришини ўз кўзим билан кўрганман. Ҳар галги учрашув-кечанинг якунида, одатга кўра, юбилярга сўнгги сўз берилади. Ҳали-ҳали кўз ўнгимдан кетмайди. Зикр ака саҳна тўридан секин-аста қадам ташлаб чиқиб келарди. Новча, қотмадан келган, кўзида кўзойнак, ўйчан қиёфа. Залда пашша учса билинади. Зикр ака ҳар сафар сўзини Фурқат мисралари билан бошларди. “Ассалом, ассалом эй аҳли хуш, аҳбобу дўсту ёрлар. Ҳамнафас содиқ биродарлар, неку атворлар. Соғ борсизму, қалайсизлар, саломатлармисиз? Молу жон борми амон, эй яхшилар, ҳушёрлар. Шодмен сизлардин, то ўлгунча миннатдормен, Пос хотир тутдингиз шафқат қилиб бисёрлар. Айласа Тангри муяссар, бор эса нону насиб, Кўришурмиз охири бир кун келиб дийдорлар!..”
Мен ўзимча ўйлайман-да, Зикр ака умр оёқлаб қолгани, дийдор ғаниматлиги, яна бу ерларга келиш насиб этадими, йўқми… деган маънодаги ўз кечинмаларини мана шу мисралар орқали ифода этарди-да чамамда. Санъаткорларда файз олди деган гап бор. Саҳнага чиққан ҳар бир кишига бу нарса насиб этавермайди. Лекин Зикр ака қаерда бўлмасин, ҳеч бир чиранмай, одмигина гап-сўзлари билан ҳам файз олиб кетарди. Энди халқ шунақа яхши кўрарди, шунақа қарсаклар, гулдасталар, совға-саломлар, тўнлар, дўппилар билан сийлашардики… Шунақа пайтларда театримиз қоровули Рихсивой аканинг башоратомуз гаплари ёдимга тушарди.
Миллий театрга янги ўтган кезларим эди. Театрнинг орқа тарафида ўт ўчирувчилар хонаси бўларди. Ўша ерда ўтиргандим. Саҳнада репетиция кетаётувди. Рихсивой ака деган бир қоровулимиз бўларди. Ёши улуғ, ўшанда саксонларда бўлса ҳам тетик, қоромағиздан келган, шопмўйлов киши. Ёздаям, қишдаям негадир хром этик кийиб юрарди. Ҳамма у кишини ҳурмат қиларди. Саъдихон ака, Наби акадай кексаларимизни ҳам у билан ҳамсуҳбат бўлиб ўтирганини кўрганман. Рихсивой ака шу ёшида маош, тирикчилик важидан эмас, балки санъаткор аҳлига ишқивозлигидан театрда айланишиб юргандай туюларди менга. Қисқаси, шу одам йўлакдан ўтаётиб, менга кўзи тушди-да, имлаб чақирди. Лаббай, Рихсивой ака, деб эшикдан чиқдим. Анови одамни кўряпсанми, деди. Қарасам, ўн қадамча наридан Зикр ака ўтиб боряптилар. Шу одам қанақа артист, деди. Зикр акам зўр артист, дедим. Зўрми, йўқми, билмайману, лекин у ҳали ҳаммадан ўзиб кетади. Халқ яхши кўради. Мукофот кетидан мукофот олиб келяпти. Биласанми, нимага? Нимадир демоқчи эдим, яна ўзи давом эттирди. Бу одам отасининг дуосини олган, билиб қўй, бу одамнинг мартабаси янаям ортади… Дарҳақиқат, шундай бўлди.
Зикр ака Маннон Уйғур даврида ишга келган. Дарҳол ишга қабул қилинмаган, обдан синовдан ўтгач, штатга олинган. Шунгача чидам билан қатнаб юраверган, оммавий саҳналарда чиққан. Сабрсизлик қилиб, қўл силтаб кетиб қолмаган. Кейин театрда танилиб, катта роллар ўйнай бошлаганидан кейин, кинога таклиф қилишган. Бироқ, ҳадеганда кинопробадан ўтолмаган. Умидини узмаган, йигирма олти йил ўтиб кетган орадан. Ниҳоят “Собир Раҳимов” фильмида бош ролни ўйнайди-да, шундан кинода ҳам омади юришиб кетади. Мен ўзим ҳам баъзан кинопробадан ўтолмай қолсам, Зикр аканинг сабри, чидами, енгилмаслиги ва ортга қайтмаслиги ёдимга тушарди-да, ўзимга таскин берардим. Зикр акадай одам йигирма олти йил кутганда, мен хафа бўлмасамам бўлади, дердим.
Зикр ака мен ҳақимда бир мақола ёзди. “Баркашда олинган дуо” деган. Ўқиб ҳайратга тушдим. Ва кўп нарса ойдин бўлди. Гап шундаки, Зикр ака баъзида мени суҳбатга тортарди-да, бобом ҳақида, ота-онам ҳақида, Азизжон Маҳмудов устозим ҳақида сўраб қоларди. Шу тахлит ўзимга билдирмай, ёзадиган нарсасини пишитиб юрган экан. Ҳатто Азизжон Маҳмудов ҳақидаги ёдномамда келтирган баркаш воқеасини ҳам унутмаган экан. Ўшанда Миллий театр Бухорога гастролга борганида устозим Азизжон Маҳмудов яқинда вафот этган пайтлар эди. Азизжон аканинг аёли Муборак опа кандакорларга буюриб, қадимий тоза мис баркашга “… театри жамоасига Азизжон Маҳмудов шогирдлари номидан эсдалик” деган мазмунда лавҳа ёздирган, шу ҳадяни уч-тўртта тенгқурларим билан саҳнага чиқиб, пойтахтлик меҳмонларга тақдим этиш менга – 9-синф ўқувчисига насиб этганди. Шуни ҳам Зикр ака мақоласига киритган ва образди қилиб, шу воқеани мақола сарлавҳасига чиқарган экан. Театрнинг забардаст бир актёри, Халқ аристининг бундай эътибори, эътирофи мендек бир бошловчи ижодкорга қанчалар куч-қувват, қанот бағишлаганини тасаввур қилиб кўринг-а! Ҳа, Зикр ака бефарқ эмасди, устозлари, сафдошлари, айниқса ёш санъаткорларга. У нафақат Миллий театримиздаги, балки Муқимий, Ўзбек давлат драма театридаги янги асар премьераларига ҳам қатнашар, ўзининг холис баҳосини берар, айниқса ёшлар ижодидаги йилт этган ютуқни ҳам пайқар, муҳокамаларда, матбуотдаги чиқишларида ўз муносабатини билдириб, жамоатчилик эътиборини қаратишга интиларди.
Зикр ака Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган кунлар эди, у киши ҳақидаги театршунос Ҳафиз Абдусаматовнинг “Саҳнамиз сардори” деган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Театр, кино соҳаси мутахассислари, актёрлар, ёзувчи, шоирлар, кўплаб мухлислар ҳамда ҳукумат вакиллари тақдимотда иштирок этди. Китоб жуда самимий, актёрнинг мавқеига муносиб тарзда кенгқамровли бир йўсинда ёзилган эди. Ёш ижодкорлар учун бир дастуриламал китоб бўлибди, деган эътирофлар ҳам айтилди. Тақдимот сўнггида Зикр акага сўз берилди. Зикр ака кўп гапирмади. Китоб муаллифига ва тадбир қатнашчиларига миннатдорчилик билдирди. Ва кейин ҳеч ким кутмаган бир гап қилдики, кўпчилик ҳангу манг бўлиб қолди: Энди, юртдошлар, мана тақдимотдан кейин тарқалишамиз. Сизлардан битта илтимос, театр биносидан чиқиб, кўп эмас, бир бекат яёв юринглар, масалан, телевидениегача, – деди Зикр ака кулимсираб. – Шу кетишда Навоий кўчасининг нариги бетидаги янги магазинлар пештоқига қараб боринглар. Қани нималар ёзилган экан! Ҳаммамиз тилимиз Давлат мақоми олиши учун жонкуярлик қилдигу, нега бу ёғини ташлаб қўйдик?! Ўрисча номларни опташладигу, ҳаммасини инглизча қилиб юбордик-ку, қаёққа қараяпмиз ўзи?! Бизнинг вазифамиз-ку буям!.. Бу гаплар ўша вазиятда кимгадир эриш туюлган, тақдимотдаги шунча мақтовлар, қарсаклар эвазига бу таънаомуз гапларни эшитиш кимларгадир малол келган бўлиши мумкин. Лекин, Зикр ака бу ўринда ҳам ҳақ эди. Ҳадеб бир-биримизни мақтаб, улуғлайверишдан кўра, бундан-да муҳимроқ ишлар борлигини унутмайлик, деган маънода ўз мавқеи, ҳақгўй табиатига яраша гап қилган эди.
Буюклар сири
1976 йилнинг ноябр ойида Санъат институтининг битирувчи талабалари Москва, Санкт-Петербург, Рига шаҳарларида бўлиб қайтгандик. Сафардан мақсад, асосан мазкур шаҳарлардаги театрлар спектаклларини томоша қилиш, актёрлар, режиссёрлар билан учрашувлар ўтказиш эди.
Дастлаб Москвадаги машҳур Вахтангов театрида бўлдик. Михаил Ульянов бош ролни ўйнаган “Ричард – 3” спетакли (Шекспир асари)ни ҳайратланиб томоша қилдик. МХАТга тушдик. 5 ноябрда Санкт-Петербургдаги Горький номидаги Катта академик театрда бўлдик. Театрнинг бош режиссёри, Меҳнат қаҳрамони Георгий Александрович Товстоногов билан учрашдик. Бу афсонавий режиссёрнинг беҳад камтарлиги, одмилиги бизни ғоятда ҳайратга солди. Бир зумда ғоятда салобатли бу улуғ санъаткорнинг мухлисига айландик. Унинг ҳар бир фикри бизнинг тушунча ва кўникмаларимизни ағдар-тўнтар қилиб юборадиган даражада пурмаъно эди. Суҳбат асноси курсдошларимиздан бири:
– Георгий Александрович, шогирдларингиз ҳақида ҳам гапирсангиз, – деб қолди.
– Шогирдларим… – У бир лаҳза жим қолди-да, кейин беозор кулимсиради. – Узр, шу саволингизни жавобсиз қолдирсам, – деди. Кейин давом этди. – Фалончи, фалончилар менинг шогирдларим дейишим ноқулай. Яхшиси, хоҳласангиз, устозларим ҳақида сўзлаб берақолай. Бу мен учун мароқли…
Тушунарли: истиҳола қиляпти. Шогирдлари йўқлиги ёки ношудлиги, ёки бўлмаса… Қисқаси, биз ўзимиз ҳам яхши билардик: собиқ иттифоқнинг қайси республикаси, қайси машҳур театрига борманг, буюк санъаткорнинг довруқли шогирдларини учратишингиз мумкин эди. Бироқ устоз булар ҳақида оғиз кўпиртириб гапиришга астойдил ийманарди.
Ҳозир баъзан матбуотда, телевидениеда ҳали оғзининг сариғи кетмай туриб, бемалол ўз “шогирдлари” ҳақида гапириб, униси ундоқ, буниси бундоқ деб валдираётганларни кўриб қолсам, беихтиёр Товстоногов ёдимга тушади-да, “Ҳа, – дейман беихтиёр, – буюкларнинг буюклиги ҳам шунда-да!”
Қатъият
Дубляжда эндигина суягим қотиб, пишиб келаётган пайтларим.
Бир куни ЎзТВ кино таҳририяти дубляж режиссёри Ҳожимурод Валиев қўнғироқ қилиб қолди: “Бугун соат иккида келсангиз. Икки қисмли инглиз филми бор. Бугун сешанба, шанба куни эфирга кетиши керак. Кутаман”, деди.
Одатим бўйича, ярим соатлар олдин етиб бордим. Матн билан танишиб турсам, шерикларим келиб қолишди. Исмларини ҳурмат юзасидан келтирмайман, бир опамиз, икки акамиз. Учаласиям дубляж усталари бўлиб танилган, тан олинган актёрлар.
Негадир менга кўзлари тушишлари билан уларнинг қиёфасида ажабсиниш пайдо бўлди. “Ҳа, Ғайби, нима қилиб юрибсан?” деди уларнинг биттаси. Айтдим. Шу пайт Ҳожмирод ака кириб келган эди, “чекиб олайлик” дегандек, биргалашиб қўшни хонага чиқиб кетишди. Қўшни хонада бошланган пичир-пичир гаплар, жиддий баҳсга айланиб, овозлар қаттиқ – қаттиқ чиқа бошлади. Ва ярим жанжал ҳолатида дубляж хонасига қайтиб киришди.
“Ғайби, – деди ҳалиги акамиз, – жанжал сенинг устида кетяпти. Очиғи,биз сен билан ишлашни хоҳламаймиз. Учаламиз бир – биримизга кўникканмиз. Тез ишлаймиз. Моддий томони ҳам шунга яраша бўлади. Сен янгисан, тажрибанг кам. Иш чўзилиб кетади…”
Ҳанг – манг бўлиб, қотиб қолдим.
Бир лаҳзалик жимликдан сўнг Ҳожимурод ака стол телефонни олдига олиб, гўшакни кўтарди. Кейин шерикларимга қараб: “Гап бундай, – деди ва соатига қараб олиб давом этди. – Сизларга беш минут муҳлат. Филм шанба эфирида турибди. Ҳал қилинглар. Ғайбулла Ҳожиевни мен чақирганман. Мен режиссёрман. Келишиб олинглар, ишласанглар марҳамат. Акс ҳолда, сизларнинг ўрнингизга бошқа актёрларни чақираман. Бўлинглар!” деди.
Шерикларим рафтори саноқли сонияларда ўзгарди. “Ҳажимурод, зачем такие крайности, бўлди, всё ясно. Бошлаймиз,” деб шерикларимнинг каттаси муросага келди.
Микрофонлар ёқилди.
Мен шок ҳолатдаман. Бутун вужудим сафарбар қилинган. Матнларни шариллатиб ўқиб ташлаяпман. Лекин, ҳалиги устозим ҳар икки сўзнинг бирида янглишиб, Ҳожимуродни “стоп” дейишга мажбур қиляпти. Қитмирлигим тутиб, шеригимнинг биқинига нуқийман: “Нима бўляпти, устоз?!” дейман. Уям ҳақини қўйгиси келмай сўз ўйини қилади. “Бир тийинга олмайсану, устоз дейишингга ўлайми!” дейди. “Ҳар дақиқада устозлигингизни эслатиб турганингиздан кейин нима қилай?” дейман. Кейин айтдимки, “Ғайбулла, сен ёшсан, бир гапдан қолгин. Ҳар ҳолда устоз, ёши улуғ…” дедим.
Демоқчиманки, ўша куни менинг тақдиримда жуда қалтис ҳолат юз берган ва бу ҳолат оқибати қандай тугаши номаълум эди. Балки, дубляждан буткул совиб, қўл силтаб кетган бўлармидим. Лекин, бир нарса жонимга ора кирди. Бу Ҳожимурод Валиевнинг (у ҳозир кинохроника раҳбари) ўз вақтида кўрсатган қатъияти эди.
Мардлик
“Ёш гвардия” театрида Александра Артёмова деган либослар бўлими бошлиғи бўларди. Биз уни Шура хола дердик. Шура хола ўз ишининг устаси, озода, саришта, айни чоқда ўта талабчан, тартиб-интизомга қаттиқ риоя қиладиган, бошқалардан ҳам шуни талаб қиладиган кексагина аёл эди.
Шу аёл вафот этганини эшитиб, бутун жамоамиз билан дафн маросимига бордик. Маросимдан кейин насронийлар удуми бўйича, ошу овқат қилиниб, ичимлик ичиларкан. Биз ҳам – бир гуруҳ ёшлар ўтириб ичгач, Шура холани ёдлаган бўлдик. (Ўзи кечирсин!) Мен ичкиликка юпқароқман, бироқ ўша куни ҳаммамиз яхши кўрадиган бир онахонни тўсатдан ўтиб қолганидан таъсирланибми, кўпроқ ичиб қўйибман. Йўлга чиққанимдан кейин нима иш қилиб қўйганимни билиб қолдим-да, таксига ўтириб тўғри телевидениега учдим.
Эфирга чиқишим, Михаил Шолоховнинг “Нафрат мактаби” асарини “Бир актёр театри”да ижро этишим керак эди. Телевидениега етиб бориб, режиссёр Ҳамид Қаҳрамоновга рўпара бўлдим. Ҳамид ака аҳволимни кўриб, секин атрофдагиларга қараб кўрсаткич бармоғини лабига босди-да, мени ювиниш хонасига бошлаб кирди. Бошимни икки-уч марталаб совуқ сувга ювдирди. Кейин бир хонага опкириб ётқизди. То ўзим уйғотмагунча ётаверасан, деди. Эфирга қирқ дақиқа қолганда уйғотиб, гримхонага бошлаб борди.
Уйқудан шунақа тиниқиб турибманки, қирқ дақиқалик жонли эфирдаги “Бир актёр театри” давомида битта жумлада бўлсин, адашмадим. Ҳамид ака бўлса томоша тугагач ҳам сукут сақлади. На раҳмат, деди, на ҳалиги масъулиятсизлигим учун койиди. Сукут билан мени жазолади. Ваҳоланки, у эфирни бекор қилиши, мени раҳбариятга айтиб муҳокама қилдириши ҳам мумкин эди. Шундай қилганида билмадим… Хуллас, бир сўз билан айтганда, мардлик қилди. Бу мардлиги эса, менга бир умрга татигулик сабоқ бўлди.
Нарзиев деган машҳур колхоз раиси бўларди. Унинг шаҳардаги ҳовлиси бизнинг маҳаллада эди. Санъатга ишқивоз раис атайин Тошкентга келиб, Комилжон Отаниёзовга учраб, у айтган кунга набирасининг тўйини белгилабди. Таътилга бориб, худди шу суннат тўйи устидан чиқдим. Ўтган аср етмишинчи йиллар боши. Комилжон ҳофиз хасталикдан яқинда турган. Хасталик ҳофизнинг овозига зарар етказмаган, фақат қўли шикастлангани боис торни тутиб турадию, чалолмайди.
Вилоят, туман раҳбарлари, колхоз раислари, агрономлар, бригадирлар, маҳалладошлар, қариндош-уруғлар ҳаммаси тартиб билан алоҳида-алоҳида столлардан жой олишган. Санъаткорлар учун улкан чорси каравот тўйхона тўрида, ҳаммага бирдай кўринадиган қилиб ўрнатилган. Комилжон Отаниёзов концертларини телевизорда қолдирмай кўриб борардим, лекин бевосита ўзини биринчи бор кўриб туришим эди. Отам ҳаёт бўлганида қанчалар қувониши, ҳаяжонга тушишини кўз ўнгимга келтириб, хўрсиниб қўяман. Шу одамни тўйга таклиф қилсак, келармикан, деганлари ёдимга тушади.
Бир-икки қутлов сўзлардан сўнг навбат санъаткорларга берилди. Комилжон аканинг одати – қирқ минутча ашула айтаркан-да, чорак соатча дам оларкан. Биринчи танаффусдан кейин Комилжон ака яна торини қўлига олди. Бу пайтга келиб, тўйхонада жонланиш сезилган, икки-уч қадаҳни кўтариб улгурган меҳмонлар очила бошлаган эди. Қўшиқ бошланди:
Панжарадан мойил-мойил боққан ёр,
Ёр қора кўзларинг на тилар маннан…
Шу маҳал тўйхона этагидан, “Вой-дод!” деган мастона қийқириқ эшитилиб қолди. Ва қўшиқ таққа тўхтади. Ҳофиз қийқириқ эшитилган томонга қараб, қаттиқ кўз тикиб турди-да, “Нега бақирасиз, карвонсаройда ўтирибсизми?!” деди зарда билан. Тўйхона бир гув этди-да, шу заҳоти сув қуйгандек жимиб қолди. Бироқ, тор яна тилга кириб, вазият юмшади. Танаффус пайтидаги қутловлардан бири тўғридан тўғри Комилжон ҳофизга қаратилди. “Ассалом алайкум, Комилжон ака, – деди микрофон тутган биттаси, – боя беодоблик қилган раис менман. Мана ҳозир ҳамманинг олдида сиздан кечирим сўрамоқчиман. Мени кечиринг. Лекин устоз, бизни тушунишингизни истайман. Биз дала меҳнаткашлари йил ўн икки ой даладан бери келмаймиз. Эрталаб тўртда уйдан чиқиб кетиб, кечаси бир, иккида қайтамиз. Пахта деймиз, чорва деймиз, ғалла, мева-чева, сабзавот ташвишидан бўшамаймиз. Аммо лекин сиздай устозлар қўшиқларини эшитганимизда, завқланиб кетиб, бир қийқириб юборсак, чарчоқларимиз чиқиб кетади-да, Комилжон ака. Яна бир карра узр, устоз!”..
Раиснинг бу гапи Комилжон акага маъқул келди, шекилли, уни ёнига чақиртириб олди. Иккалови қучоқлашиб кўришишди. Кейин раисни каравотга ўтқазиб, тўй охиригача рухсат бермади. Отамлашиб ўтиришди.
Мен институтдаги устозлар гапини эсладим. Санъаткор ўз қадрини билиши керак. У томошабиндан имкон қадар икки-уч қадам олдинроқ юриши керак, одамларни эргаштириши керак, дейишарди.
Ҳозир баъзи тўйларимиздаги пул деб тўйхўрлар ноғорасига ўйнаётган, уларнинг йўриғига тушиб қилпанглайдиган “санъаткорлар”ни кўрганимда ўша улкан тўйхона тўрида, улкан чорси каравотда қўр тўкиб ўтирган, хаста ҳолида ҳам мухлисларни кўнглини хушлаш учун беминнат тер тўккан, айни чоқда ўз қадрини ҳар қандай дунё бойликларидан баланд кўрадиган ҳақиқий САНЪАТКОР – Комилжон ҳофизнинг кўпчиликка сабоқ бўлган ўша танбеҳини эслайман.
G‘aybulla HOJIYEV
XOTIRALAR TO‘LQINI
II. T E A T R – Q I S M A T I M
O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan artist G‘aybulla Hojiyev 1956 yilda Buxoroyi Sharifda tug‘ilgan. 1973-77 yillarda Toshkent davlat San’at institutida tahsil olgan. 1976 yilda Abror Hidoyatov (avvalgi “Yosh gvardiya”) teatrida ish boshlagan. 1987 yildan Hamza nomidagi o‘zbek davlat akademik teatrida faoliyatini boshlagan. Aktyor shoir Azim Suyunning “Sarbadorlar” asarida Abu Bakir Kalaviy, Abdulla Oripovning “Sohibqiron” asarida Xoja Ahmad Yassaviy, Abdulla Qodiriyning Mehrobdan chayon“ spektaklida Solih mahdum, Ibrohim Sodiqovning ”Afandining besh xotini“ spektaklida Afandi, Hayitmat Rasulning ”Piri koinot“ spektaklida Ahmad Farg‘oniy, Shekspirning ”Qirol Lir“ asarida graf Gloster, Aleksandr Kosanoning ”Yetti faryod» spektaklida Sabalo kabi o‘nlab rangbarang rollar ijro etgan. Og‘ir xastalik tufayli teatrdan ketishga majbur bo‘lgan. Ammo, ijoddan to‘xtamay, turli tele va radio loyihalarda ishtirok etmoqda.
Ustozi avvalim
Shisha idishlar bo‘lardi, 12 tiyin turardi, biz shularni yig‘ib, 10 tiyinga magazinlarga topshirardik. Yiqqan pulimizga muzqaymoq (garchi yegimiz kelsa-da) yemasdik. Kinoga tushardik. Labi hovuzda Sadriddin Ayniy teatrining yozgi binosi bo‘lardi, poytaxtdan Hamza, Muqimiy teatri gastrolga borsa, ba’zan pul bilan, ba’zan biqinib, bekinib konsertga, spektakl tomoshalariga kirardik. Zangori ekranda namoyish qilinadigan tomoshalar, ayniqsa, ustozlarimiz Olim Xo‘jayev, Shukur Burhonov, Nabi Rahimov, Sora Eshonto‘rayevalar ishtirok etgan spektakllarni ko‘rib, yuragimga uchqun tushdi. Yo‘ldosh A’zamovning “O‘tkan kunlar” kinosini necha qaytib ko‘rsam ham to‘ymaganman, oqibati shu bo‘lganki, men aktyor bo‘laman, degan uzil-kesil qarorga kelganman.
Shaharda madaniyat uyi bo‘lardi. U Mag‘oki ko‘rpa degan obida ichida joylashgan… va Krupskaya nomida edi… Shu yerda mavzudan ozgina chekinsam: e’tibor qiling – Mag‘oki ko‘rpa yodgorligida madaniyat uyi joylashgan. Mir Arab madrasasiga yondosh ulkan gumbazli obida esa kutubxona edi. Biriga, hali aytganimdek, Krupskaya nomi, ikkinchisiga esa Pavlik Morozov nomi berilgan. Mayli bularga chidash mumkin. Lekin Masjidi Kalondek tabarruk jome’ning madaniy o‘g‘itlar omboriga aylantirilganiga nima deysiz?! Ustozimiz Sadriddin Salim Buxoriy kitoblarida yozishlaricha, Istiqloldan keyin Masjidi Kalonda umumxalq hashari uyushtirilgan. Hasharda hatto sal kam bir asr umr ko‘rgan usta Amin bobo (O‘zbekiston xalq yozuvchisi Ne’mat Aminovning padari buzrukvori) ham ko‘zlarida shukrona yoshlari bilan ishtirok etganlar. Va mana shu tabarruk maskandan rosa 102 mashina axlat – Sho‘ro zamoni axlati chiqarib tashlangan ekan!..
Qisqasi, madaniyat uyiga borsam, Buxoro viloyat teatrining aktyori va rejissyori Azizjon Mahmudov drama to‘garagini olib borarkan. Yettinchi sinfda edim, adashmasam. Uch-to‘rt sinfdosh gapni birga qo‘ydik-da, shu to‘garakka qatnay boshladik. Azizjon Mahmudov viloyat teatrida Alisher Navoiy rolini ijro etgan, Toshkentdan Xalq artisti Olim Xo‘jayev kelib, spektaklni qabul qilgan va Azizjon Mahmudovga oq fotiha bergan ekan. Biz yoshlar ulug‘lar nazariga tushgan ustozimizning etagidan tutib, kichik-kichik sahna ko‘rinishlari qo‘ya boshladik. Viloyat teatri tomoshalarini esa kanda qilmasdan ko‘rardik. Hammasi yaxshi ketayotgan bir paytda…
O‘sha paytda – yetmishinchi yillar, Sho‘ro davri. Azizjon Mahmudovning obro‘yi oshib borayotgani ayrim hamkasblarining g‘ashiga tegibdi-da, kishi bilmas, fitna uyushtira boshlashibdi. Azizjon Mahmudov partiya a’zosi, bir necha marta a’zolik badali to‘lashga borsa, partkom kotibi turli bahonalar bilan to‘lovni orqaga suraveribdi. Bu ish atayin qilinayotganidan bexabar sodda ustozimiz uch-to‘rt oyni o‘tkazib yuboribdi. Qulay fursatni poylab yurgan g‘alamislar tuyqusdan partbyuro chaqirishadi va byuroda Azizjon Mahmudov masalasi ko‘riladi. U partiya a’zosi degan nomga munosib emasligi, o‘ziga bino qo‘yib, partiya tartib-qoidalariga bepisand qarab kelganligi ayovsiz tanqid qilinadi. Uning iqtidori, tashkilotchiligini aytib himoya qilganlar gapi inobatga olinmaydi. Oxir-oqibat ustozimiz partiyadan o‘chirilib, ishdan haydaladi. Eng yomoni bunday adolatsizlikni ko‘tarolmagan Azizjon Mahmudov o‘sha kuni infarkt bo‘lib, o‘ttiz olti yoshida vafot etadi…
Azizjon akaning turmush o‘rtog‘i Muborak opa o‘qituvchi edi, bu adolatsizlikning tagiga yetish uchun ko‘p harakat qildi. Uch oylar deganda qandaydir natijaga erishdi ham. Ya’ni, bu ish noto‘g‘ri bo‘lgan ekan, deya kimlargadir hayfsan berilib, Azizjon Mahmudov nomi oqlandi. Oqlandi… Kimlardir hayfsan bilan siylandi… Go‘yoki adolat tiklandi. Ammo bu tiklangan adolat bemavrid ketgan bir aziz jonni qaytara olarmidi?!.
O‘shanda biz yosh yigitchalarga bu yo‘qotish og‘ir botdi. San’atdan soviy boshladik. Biroq, bir voqea bo‘ldiyu… Ustozimiz vafotidan keyin olti oylar o‘tib, Hamza nomidagi o‘zbek davlat akademik drama teatri (hozirgi Milliy teatrimiz) jamoasi viloyatimizga gastrolga keldi. Muborak opa kandakorlarga buyurib, qadimiy toza mis barkashga “… teatri jamoasiga Azizjon Mahmudov shogirdlari nomidan esdalik” degan mazmunda lavha yozdiribdi. Shu hadyani uch-to‘rtta tengqurlarim bilan sahnaga chiqib, poytaxtdan kelgan mehmonlarga taqdim etish menga nasib etdi. Teatrning yozgi binosi pardasi ochilib, sahnada men teleekranlar orqali tanish bo‘lgan alloma ustozlar safi ko‘rindi. Ko‘rib turibmanu ko‘zlarimga ishonmayman. Bu voqealar tushimda ro‘y berayotgandek edi go‘yo. Katta tantana o‘rtalarida bizga navbat yetdi. Sahnaga chiqib keldik. Kimdir Azizjon Mahmudov haqida gapirdi. Ulug‘ san’atkorimiz o‘lmagan, u biz bilan birga yashayapti, degan gaplar qildi. Keyin bizni tanishtirdi. Men sovg‘ani buxorolik mashhur san’atkor – mehmonga kelgan aktyorlardan eng yoshi ulug‘i – O‘zbekiston xalq artisti Sa’dixon Tabibullayevga topshirdim. Sa’dixon aka bizni bir-bir quchib, oq fotiha berdi. Va shu tobda men, o‘z hayot yo‘lim, kelajak taqdirim haqidagi fikrim qat’iylashgani his etdim. “Aktyor bo‘laman, ustozim Azizjon Mahmudov orzularini ro‘yobga chiqaraman!” deya ahd qildim.
Mavridi bilan otamga niyatimni bildirsam, otam bosh irg‘agan. E, bolam, biz bir dehqon odam bo‘lsak, yupungina bo‘lsak, bizdan qanaqa artist chiqadi, deganlar. Men jimib qolganman. Qo‘shiq aytasizmi, artist bo‘lib, degan keyin mening ahvolimni ko‘rib. Yo‘q, dada, rol o‘ynayman, Olim Xo‘jayev, Shukur Burhonovlarni yaxshi ko‘rasiz-ku, o‘shanaqa artist bo‘lmoqchiman, deganman jonlanib. Otam yumshagan, unday bo‘lsa, mayli, to‘rt-besh so‘m atab qo‘yganim bor, shuni beraman, Toshkanga borasiz. Kirsangiz – toleingiz. Bo‘lmasa, keyingi yil ixtiyoringiz menda bo‘ladi, oshpazlikka o‘qitaman, degan. Kambag‘al odamni usti but, qorni to‘q bo‘lsa, bo‘ldi-da.
Sayfillo Beknazarov degan o‘rtog‘im bilan Toshkentga qarab samolyotda uchganmiz…
Imtihon
Birinchi imtihon mahoratdan edi. Uzun, yarim aylana stol ortida yigirma chog‘li odam tizilib o‘tiribdi. Ularning orqasida ikkita projektor abituriyentga qaratib qo‘yilgan. Shu boisdan abituriyent imtihon qiluvchilar yuzini aniq ko‘rolmaydi. Lekin imtihon topshiruvchi butun suvrat-siyrati, xatti- harakatlari bilan ko‘zga tashlanib turadi. Unga raqs, vokal, sahna nutqi, ritmika, san’at tarixi va hokazolardan tegishli domlalar savollar berishadi.
Shu o‘rinda o‘zimga tegishli bo‘lmagan bir hangomani qistirib o‘tsam. Vodiylik bir yigitchani mashhur dublyaj ustasi, rahmatli Omon aka Abdurazzoqov so‘roqqa tutibdi.
– Ichasanmi? – debdi.
– Yo‘q, – debdi yigit shartta.
– Chekasanmi?
– Yo‘q.
– Hech bo‘lmasa chiroyli qizlarga qararsan?
– Yo‘q, domla, – debdi yana haligi yigit, – qaramayman.
Omon akaning “sabri tugabdi”-da,
– E, odam-podam emas ekansan-ku, – debdi jahllangan bo‘lib.
Xullas, men o‘zim ham mahoratdan imtihon topshiryapman. Institutning o‘sha paytdagi rektori, professor Hamid Abdullayev kirib kelib, mening javoblarimga quloq solib turibdi-da, bir chekkada qog‘oz qoralab o‘tirgan Munavvara Abdullayevaga, “kelarkanu pichoqqa ilinadiganlar”, debdi. (Buni keyinchalik Respublikada xizmat ko‘rsatgan murabbiy, taniqli rejissyor va aktrisa bo‘lib yetishgan Munavvara Abdullayeva — Munavvaraxon opamizdan eshitdim).
Savollarga javob berib bo‘ldim-u, keyin shoir Dushan Fayziyning “Onajon” degan poemasini aytib berdim. Tugallashim bilan Hamid Abdullayev savol berdi.
– Yigitcha, seniki qattan? – dedi.
– Buxorodanman, – dedim maqtov eshitishga chog‘lanib.
– E, Buxoroni sharmanda qilding-ku, – dedi domla meni ang-tang qoldirib. – Imtihonga ham shunaqa tayyorlanadimi?!
O‘zimni yo‘qotib, gangib qoldim: demak, yiqilibman!
Tarvuzim qo‘ltig‘imlan tushib, ortga qaytdim.
– Mayli, hozir aeroportga boramanu, Buxoroga uchaman, – dedim oshkora alam bilan. Ortimga qaramay, eshikdan chiqib ketdim. Jadallab ancha nariga borib qolganimda orqamdan bir qiz hoy-hoylab kelyapti.
– Hoy, buxorolik yigit, G‘aybulla, to‘xta ukajon!
Qarasam, Munavvara opamiz.
– Ie, qiziq ekansan-ku, – dedi u halloslab yetib kelib. – Imtihondan a’loga o‘tding. Rektorimiz hazillashdilar!..
Ilk qadam
Teatrga ishga o‘tib, birinchi o‘ynagan rolim Mar Bayjiyev (qirg‘iz dramaturgi)ning “To‘y muborak, qariqiz” spektaklidagi dirijyor, bastakor yigit bo‘ldi. Meni bu rolga tayyorlaguncha O‘zbekiston xalq artisti Baxtiyor Ixtiyorovning bo‘lari bo‘lgan edi.
Gap shundaki, ikki soat davom etadigan tomoshada bor-yo‘g‘i uchta personaj ishtirok etardi. Kelin (Nazira Abduvohidova), yigitning onasi (Shirin Azizova), men – bosh roldaman, asosiy yuk mening zimmamga tushgan. Uzundan-uzun monologlar… Qizig‘i shundaki, uzun monologlarni bir-ikki repititsiyada o‘zlashtirardim. Lekin qisqa dialoglarda Baxtiyor akani qiynab yuborardim. U kishining odati – jahli chiqsa, boshidagi ondatradanmi, norkadanmi bo‘lgan telpagini olib yerga urardi. “Hov, bola, senga shu rolni bergan men ahmoqning!.. deb fig‘oni chiqardi. – Qiziq, bir betlik, ikki betlik monologlarni sharillatib tashlaysanu, nega bu kichkina narsalarni eplolmaysan? O‘lay, agar, sendaqasini ko‘rgan bo‘lsam! Hamma narsani teskari bajarasan-a!”
Xullas, uch oy deganda tomosha tayyor bo‘ldi.
Premyeraga tumonat odam yig‘ildi. Aksariyati kazo-kazolar. Teatrshunoslar, mashhur aktyorlar… Kinorejissyor Yo‘ldosh A’zamov, Latif Fayziyevlar… Muallif Bar Bayjiyev ham xotini bilan kelgan edi. Tomosha boshlanishiga sanoqli daqiqalar qolganda nima bo‘ldiyu, a’zoyi badanimni sovuq ter bosib, titray boshladim. Kulisda turibmanu, o‘zimni bosib ololmayman. “Endi nima bo‘ladi?!” degan dahshatli xayol miyamda qotib qolgan. Kimdir ahvolimni bilib qolibdi-da, Baxtiyor akaga yetqazibdi.
Bir mahal shundoqqina orqamdan “Ha, G‘aybash!” degan ovoz keldiyu, cho‘chib o‘girildim. Baxtiyor aka kulimsirab turibdi:
– Gap bunday, ukajon, bugun sen sahnaga ilk qadamingni qo‘yasan. Ko‘z oldingga keltir: bu sahna Hamza teatriniki edi. To‘g‘rimi? Abror aka, Shukur akalar shu sahnada o‘ynardi. Ikki oy muqaddam dunyodan o‘tgan Olim aka – Olim Xo‘jayev ham Navoiyni, Otelloni xuddi shu yerda qotirib o‘ynagan. To‘g‘rimi? Endi bu sahna seniki, siz yoshlarniki! Qo‘rqma, Abror aka, Olim akalar ruhi qo‘llaydi seni. Qani, omin!.. Vperyod!
Ishonasizmi, qayerdan buncha quvvat yetdi, kuch keldi – bilmayman, parda ochilar-ochilmas sahnaga otilib chiqib ketdim. Ikki soatlik spektakl davomida o‘zimni qanday tutdim, qanday ijro etdim – esimda yo‘q. Ammo o‘sha kungi dam-badam gurillab turgan qarsaklar, olqishlar hamon qulog‘im ostidan ketmaydi.
Muhokama qizg‘in o‘tdi. Asosan maqtovlar… Tadbir tugagach, mashhur Mutavakkil Burhonov meni bag‘riga bosib tabrikladi-da, duo qildi. Keyin, bittagina tanbehim bor, o‘g‘lim, dedi. Sen dirijyorlik qilayotganingda bir oyog‘ing yigirma santimetrcha orqada turibdi. Aslida, ular teng turishi kerak edi, dedi. Men buning sababini tushuntirmoqchi bo‘lib bo‘lib og‘iz juftlagan edim, Baxtiyor aka bilinar-bilinmas bosh irg‘adi. Gap shundaki, sahnaning men turgan yeri qiyalik bo‘lib, oyog‘imning birini orqaroqqa olmasam muvozanat saqlash qiyin edi. Shuni aytmoqchi edim, Baxtiyor akaning ishorasi bilan izohdan tiyildim. Va bu ham menga saboq bo‘ldi. Ulug‘ insonlar oldida maydalanishdan ko‘ra sukut saqlab, ularning hurmatini o‘rniga qo‘yish ma’qul ekan.
Men so‘zning qudratiga, uning sehriga o‘sha ilk qadamimda, parda ortida o‘zimni yo‘qotib, dovdirab turganim pallada tan berganman.
Maysaraning “qaltis” ishi
1985 yil.
Sobiq “Yosh gvardiya”, hozirgi O‘zbek davlat drama teatri binosi rosa bir yarim yillik ta’mirlash ishlaridan so‘ng qaytadan foydalanishga topshirildi. Ungacha umrimiz gastrolda o‘tdi. Respublikamizning hamma viloyatlarida bo‘ldik. Bir tomondan yaxshi bo‘ldi, obdon chiniqdik, yurgan daryo degandek, Yurtimizning chekka-chekkalarigacha oyog‘imiz yetdi, ko‘rdik, bildik, tanishdik, tanildik.
Bosh rejissyorimiz Bahodir Yo‘ldoshev sahnalashtirgan “Maysaraning ishi” komediyasi premyerasi Rossiyada, Qozon shahridagi teatrda o‘tdi, desam, ishonasizmi?.. Ha, shunday bo‘ldi. Boz ustiga, mezbonlar iltimosi bilan, u qurama tilda – ruscha, o‘zbekcha qilib tayyorlandi. Gap shundaki, o‘ttiz yoshgacha bo‘lgan tatar yoshlari ona tillarini bilishmas ekan. Shularni hisobga olib, tomosha asosan ruscha, so‘z kelmay qolgan o‘rinlarida o‘zbekcha so‘zlarni aralashtirib o‘ynashga majbur bo‘lgandik. (Buyam o‘sha davr fojeasi – mahalliy millatlar o‘z tillarini yo‘qota boshlagan, bu jarayon ayniqsa Rossiyaning “bag‘rida” bo‘lgan tatar, boshqirdlar orasida kuchli sezilayotgandi).
Teatrimiz binosi ta’miri bitgach, birinchi bo‘lib “Maysaraning ishi” o‘ynaldi. Maysara rolini Shirin opa (O‘zbekiston xalq artisti Sh.Azizova) ijro etgan, men mulla Ro‘zi a’lam rolida edim.
Parda ochilib, sahnaga qo‘lida tutab turgan isiriqli xokandoz bilan Shirin opa (Maysara) chiqib keladi. Shirin opa o‘zicha improvizatsiya qilib, “O, xush kelibsiz, azizlarim, qarang, qanday ajoyib qasr bunyod bo‘libdi. Ilohi, yangi qasrimizga ko‘z tegmasin, sizlarga ham ko‘z tegmasin…” degan gaplar bilan sahnani aylanib chiqadilar. Keyin tomosha boshlandi.
Ana shu narsa ertasi kungi katta shov-shuvga sabab bo‘ldi. Isiriqchi Maysara raykomga taklif etildi. Qattiq tortishuvlar bo‘ldi. Sal qoldi aktrisamiz unvonidan ajralishiga. Bahodir akayam qattiq ogohlantirildi .
Hozirgi kunimizda shunaqa voqealarni eslasang, ham kulging qistaydi, ham yig‘laging keladi…
Bahodir akaning saboqlari
Bu 1986 yilgi voqea…
Dramaturg Hayitmat Rasulning “Uzun qishloq” pyesasi asosida sahnalashtirilgan spektakl muvaffaqiyat bilan o‘ynalib turgan kunlar. Men kichik bir roldaman. Bir kuni kechga yaqin spektaldagi markaziy rollardan birining ijrochisi Rustam Karimov (O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist) betob bo‘lib qolgani, tomoshaga kelolmasligi ma’lum bo‘ldi. Chiptalar sotilgan, tomoshabinlar yig‘ila boshlagan!.. Nima qilish kerak?.. Hammaning boshi qotib turgan bir paytda mening “qahramonligim” tutib qoldi: “Shu rolni men o‘ynab bera qolay”, dedim. Rejissyorimiz Bahodir Yo‘ldoshev “Hazillashmayapsanmi?” degandek bir qarash qildi. “Ha, Bahodir aka, o‘ynayman, deyarli yoddan bilaman Rustam akaning rolini”, dedim.
Xullas, ikki soatlik tomosha yaxshi o‘tdi.
Tomoshadan keyingi kundagi jamoa yig‘ilishida Bahodir aka menga rahmat aytdi. Aytdi-yu, keyin… “G‘aybulla bizni vaziyatdan qutqardi. Lekin aynan uning o‘zi bizni bundan keyin bunday qilmasligimiz kerakligini aniqlab berdi”, dedi. “Ayb undamas, menda ayb. Men ruxsat bermasligim kerak, tomoshani “otmen” qilishim kerak edi”, dedi. Uning fikricha, bu ishimiz sahnaga, san’atga, eng avvalo, tomoshabinga nisbatan odobsizlik, hatto, xiyonat edi. Ochig‘i, o‘shanda men unchalik tushunmagan edim bu gapga. Chunki, nazarimda, o‘yinim yaxshi chiqqan, biror so‘zda yanglishmagan, hatto ayrim o‘rinlarda “improvizatsiya” qilib, tomoshabinni gur-gur kuldirgan ham edim. Endi o‘ylab qarasam, Bahodir aka tomoshaga yuksak nazar bilan qaragan, nimalardandir ko‘ngli to‘lmagan. Va menga, birinchi navbatda, “aldanib” o‘tirgan tomoshabinga rahmi kelgan bo‘lishi kerak. Ha, aytmoqchi, o‘shanda bir obrazli gap qilgandi: “Bu ishimiz tahoratsiz namoz o‘qish bilan baravar bo‘ldi!..” degandi. Hozir eslab qarasam, Bahodir akaning har bir gapida hikmat, bir saboq bo‘lar, bu esa, ayniqsa, biz – yoshlar uchun keyinchalik juda asqotardi. Masalan, u: “Oz kuch sarflab, ko‘p ish qiling”, der edi. “Shoshilmang, o‘rinli-o‘rinsiz “rabochiy” so‘zlarni ishlatmang. Oz gapiring, o‘rni bilan sukutda gapiring”, derdi.
Buyuklar mardligi
Shukur aka sahnaga chiqadigan kun teatrda boshqacha bir ruh hukmron bo‘lar ekan. Hamma yoq ozoda, tartibli. Birorta ortiqcha odam timirskilanib yurmas, bor odamlar ham past ovozda gaplashib, odob saqlab yurarkan. Shukur aka kech yettilarda boshlanadigan spektaklga soat ikkidan kelib, sahnada, kulisda aylanib yurarkan.
O‘sha kuni O‘lmas Umarbekovning “Qiyomat qarz” (rejissyor Rustam Hamidov) spektakli repititsiyasi bo‘layotgan ekan. Rejissyor assistenti Abduvohid Norpo‘latov bir chekkada suflyorlik qilib, Shukur akaga so‘zlarini eslatib turibdi. Negadir Shukur aka shu kuni so‘zlarni ilg‘ay olmay, hammani qiynab yuboribdi. Repititsiyada xalq artistlari, xizmat ko‘rsatgan artistlar ham ishtirok etayotgan bo‘lsa-da, hech kim bir narsa deyolmasmish. Hammaning dami ichida. Bosh rol ijrochisi bo‘lsa, negadir parishon, rolini qoyillatolmayapti. Shunda nima bo‘pti deng! Haligi suflyorlik qilayotgan yoshgina yigit Abduvohid taq-tuq qilib, sahnaga chiqib kelibdi. Qo‘lida ssenariy. Hamma, shular qatorida bir chekkada asabiy o‘tirgan Shukur akayam unga hayron bo‘lib qarabdi. Gavdasi chog‘roqqina Abduvohid bo‘lsa ovozini baralla qo‘yib: “Siz bugun repititsiyaga tayyor emassiz, Shukur Burhanov!” deb baqiribdi-da, qo‘lidagi qog‘ozlarni stolga sharq etib uribdi. Keyin qo‘lini orqasiga qilib, hech kimga qaramay, taq-tuq, taq-tuq qilib sahnadan chiqib ketibdi. Eshik sharaqlab yopilibdi. Hamma yoq suv quygandan jim-jit bo‘p qolibdi. Hech kim hech narsa deyolmasmish, hamma yuragini hovuchlab o‘tirganmish. Bir mahal, Shukur aka o‘rnidan turibdi. “Obbo, – debdi odamlar o‘zicha, – Abduvohid tamom bo‘ldi!”
Rosttanam, bor-yo‘g‘i kichkina bir assistent Shukur akaday odamga ko‘pchilik oldida baqirib berishini tasavvur qilib ko‘ring-da! Buning ustiga o‘z o‘g‘liday ko‘rib, hamisha yonida olib yurgan, ishongani yuziga sapchib tursa-ya! Yana kimsan – teatrning ustuni bo‘lgan buyuk aktyorga! Bu borib turgan shakkoklik emasmi!..
Shunda nima bo‘pti, deng! Shukur aka o‘rnidan turib, sekin stol oldiga kelibdi-da, ssenariyni qo‘liga olibdi, keyin Abduvohid hozirgina sharaqlatib yopib chiqib ketgan eshikka qarab: Iye!.. Yomon qildi-ku! Iye!.. – debdi. – Shundan so‘ng “himm” degancha stoliga qaytib borib o‘tiribdi-da, tan olib bosh irg‘abdi: – lekin to‘g‘ri qildi, bugun formada emasman!..
Ustoz ibrati
Ustozimiz Olim Xo‘jayev xonadonlariga Buxorodan mehmon kelibdi. Shu kuni teatrda Olim aka “Alisher Navoiy” spektaklida band ekanlar. U paytlar tomoshalar kechki 10-11 larga qadar ham davom etgan. Mehmonlar Olim akani sog‘inishgan, yo‘ldan charchab kelishgan bo‘lishsa-da, u kishini ko‘rmasak uxlamaymiz, deb chaq-chaqlashib vaqtni o‘tkazib, kutishibdi. Bir mahal eshik qo‘ng‘irog‘i jiringlabdi. Shohida opa eshik ochibdilar. Olim aka ko‘rinishlari bilan mehmonlar o‘rinlaridan dast qo‘zg‘alib, u kishiga peshvoz yurishibdi-da, taqqa to‘xtashibdi. Sababi, Olim aka ularga beparvo bosh irg‘ab, yotoqlariga o‘tib ketibdilar.
Mehmonlar ajablanishibdi, izza tortishibdi. Har kim har turli xayolda uyquga ketibdi.
Tong azonda, mehmonlaridan biri yotoqdan chiqqan yerida Olim akaga duch kelibdi.
– Abdumalik, jiyan, o‘zingmisan?
– O‘zimman, tog‘a.
– Qachon kelib eding?
– Kecha nomozshomda.
– Nega men bilmayman, Shohida bu yoqqa qara, jiyanlar kelibdi-yu, men bexabarman.
– Ha, ular yo‘ldan charchab kelib, uxlab qolishgandi, shunga ko‘zim qiymadi uyg‘otgani.
– To‘g‘ri, to‘g‘ri qilibsan. Yo‘l azobi og‘ir. Qani jiyan, yana kimlar kelishdi… Boshla-chi… – deydi Olim aka…
Shohida opa (O‘zbekiston xalq artisti Shohida Ma’zumova)ning guvohlik berishlaricha, Olim aka o‘z rollariga, xususan, Alisher Navoiyga shunchalik kuch-quvvat, qalb haroratini sarf qilar ekanki, tomoshadan keyin butunlay boshqa Olim Xo‘jaga aylanib qolarkan. Ko‘zlari ko‘rib turib ko‘rmaydigan, quloqlari eshitib turib eshitmaydigan darajada behol bo‘lib uyga qaytarkan.
Darhaqiqat, sahnada turib, tomoshabinga nimadir yuqtirishning o‘zi bo‘lmaydi-da.
Ustoz nazariga tushganim va…
Hali talabalik davrlarim edi. Bir necha kursdoshlar o‘zaro kelishib, ustozlarimiz aralashuvi bilan, albatta, Hamza teatri spektakllarining ommaviy sahnalarida qatnasha boshlagandik. Bir kuni ustozimiz –O‘zbekiston xalq artisti, professor Nazira Aliyeva meni yolg‘iz uchratib aytib qoldi: G‘aybulla, sizdan xursandman, Olimxon (Olim Xo‘jayev)ning nazariga tushibsiz, u kishi sizni bo‘ladigan bolaga o‘xshaydi, dedi (Nazira opa hech kimni senlamasdi). Olimxonni bilaman, kimga mehri tushsa, albatta o‘z qanotiga oladi, o‘zi tarbiya qiladi. Agar bilsangiz, bu siz uchun katta omad, chunki Olimxon, nafaqat mashhur aktyor, balki O‘zbekiston teatr arboblari jamiyatining raisi, otaxon bir teatrning direktori, dasti uzun, bag‘rikeng inson…
Darhaqiqat, Nazira opaning gapida jon bor edi, rosttanam Olim Xo‘jayevdek buyuk aktyorning iliq munosabatini payqay boshlagandim. (Ha, Olim aka yana: Nazixon, shu buxorolik shogirdingiz mani yoshligimni eslatdi. Manam yoshligimda o‘sha baladay baland bo‘yli, ozg‘in, xushro‘ygina yigitcha edim, deya hazillashgan ekan). Albatta bu gaplardan qanchalar quvonganim, ruhim yettinchi qavat osmonlar qadar yuksalib ketganini ta’riflab berolmasam kerak. Biroq, quvonchimning umri qisqa bo‘ldi…
Buyuk aktyorning vafoti o‘zbek teatri, o‘zbek san’ati uchun og‘ir yo‘qotish bo‘ldi. O‘shanda institutning so‘nggi kursi talabasiman, tumonat odam orasida dafn marosimida qatnasharkanman, shunaqa gaplar qulog‘imga chalinganki, hali hanuz unutolmayman: Hazrat Navoiy ikkinchi marta vafot etdi, deyishgan. Bu gaplar oddiy odamlar, oddiy muxlislar e’tirofi edi…
Kim bilsin, Ustoz hayot bo‘lganida voqealar xiyla boshqacha kechgan, institutni bitiriboq otaxon teatrda ish boshlagan bo‘larmidim… Biroq, baribir Olim Xo‘jayev ustozning niyatiga farishtalar omin degan ekan, chamasi, oradan o‘n bir yil o‘tib ro‘yobga chiqdi.
Bir kun San’at aka (O‘zbekiston xalq artisti, “Yosh gvardiya” teatri direktori San’at Devonov) meni kabinetiga chaqirib, bir taklif aytib qoldi. “G‘aybulla ukam, albatta sizni qo‘ldan chiqargim kelmaydi. Lekin Latif akangiz (O‘zbekiston xalq artisti, Hamza teatrining bosh rejissyori Latif Fayziyev) iltimos qilyapti. Bizga o‘tsin, deyapti. Katta dargoh, sizning o‘rningizda bo‘lganimda men yo‘q demasdim”, dedi San’at aka yelkamga qoqib. Albatta menam “yo‘q deyolmadim”.
San’at aka o‘sha kuni meni, Mahmud Ismoilov, Shohida Ismoilova va Rustam Karimov to‘rtalamizni o‘zining “Volga” mashinasiga o‘tqazib, to‘g‘ri Madaniyat vazirligiga olib bordi. Biz qabulxonada qoldik, San’at aka hujjatlarimizni vazir (adashmasam rahmatli O‘lmas Umarbekov) oldiga opkirib ketdi. Ko‘p kutmadik, vazir suhbatiga ham kirishimizga hojat qolmadi, San’at aka jilmayib chiqib keldi. Ministr imzo chekdi, ishlaring hal bo‘ldi, dedi. Qizig‘i shundaki, oradan o‘n besh kundan keyin San’at akaning o‘zi ham Hamza teatriga o‘tdi, direktor vazifasida ish boshladi.
Zikr aka haqidagi o‘ylarim
Zikr aka (Zikir Muhammadjonov) haqida gapirganimda, hozirgi tushunchalarim, dunyoqarashimdan kelib chiqib aytamanki, Zikr aka maksimal darajada vaqtni qadriga yetadigan inson bo‘lgan. Teatrda spektakllarda band bo‘lishiga qaramay kinolarga tushgan, dublyajga ovoz bergan, radiopostanovkalarda qatnashgan, undan tashqari davlatning katta-katta marosimlarida ishtirok etgan. Va hammasiga ulgurgan. Buning ustiga gazeta, jurnallarga tez-tez chiqishlar qilib turardi. Keyin besh-oltita katta-katta kitoblar ham yozdi.
Yiliga bir-ikki marta, o‘shandayam bolalarining qistovi bilan, sanatoriyaga yotib chiqardi. O‘sha yerdayam dam olishim, davolanishim kerak deb oyoq uzatib yotavermas, ijod bilan shug‘ullanar, ora-sirada do‘xtirlardan ruxsat olib, radio-televideniyeda bo‘ladigan eshittirish-ko‘rsatuvlarga qatnashib ham kelar ekan. Bunday deyishimga sabab, 1995 yilda “O‘zbekiston” telekanalida men haqimda portret-ko‘rsatuv tayyorlandi. Ko‘rsatuv ijodkorlari, Zikr aka ham chiqsalar yaxshi bo‘lardi-da, lekin… sanatoriyada ekanlar, iloji bo‘larmikan, deyishdi. Sezdimki, o‘zimdan iltimos qilishmoqchi. Yo‘q deyolmadim. Qolaversa, o‘zim ham ich-ichimdan xohlab turardim buni, sababi men haqimdagi birinchi maqolani Zikr aka yozgan edi. “Chinobod”ga bordim. Yuzimni qattiqlikka olib aytdim ham. Ustoz, shunaqa-shunaqa gaplar, lekin sizga aytisholmay, o‘zimdan iltimos qilishdi, dedim. Xo‘p, soat nechchida borishim kerak, dedi Zikr aka odatiy cho‘rtkesarligi bilan. Ertaga ikkida ekan, dedim. Bo‘pti, boraman. Men moshina opkelib, o‘zim opketaman, ustoz, dedim to‘lqinlanib. Yo‘-yo‘q, ukam, moshinangni keragi yo‘q. Sen u yerda band bo‘lasan. Men o‘zim roppa-rosa bir yarimda telestudiya eshigi oldida bo‘laman, dedi masalaga nuqta qo‘yib. Va ertasi kuni aytgan paytida shu yerda bo‘ldi….
2000 yilning qishida Zulfiya singlimni turmushga uzatdik. Baxtimga teatrimizning bir guruh aktyorlari aynan o‘sha kunlar Buxoroda gastrolda edi. Varaxsha mehmonxonasiga borib, hamkasblarimni nahor oshiga taklif qildim. Qish payti, havo sovuq. Oshga Mahmud Ismoilov, Abdurayim Abduvahobov, Fatxulla Ma’sudov… hammalari kelishdi. Lekin saksonni qoralab qo‘ygan Zikr akam hammadan burun kelib turibdi desangiz to‘yxona oldiga… Zikr aka oshdan chiqayotib, meni qo‘ltig‘imdan oldi-da, chetga boshladi. “Endi G‘aybullajon, bitta ish qilsak, – dedi. – Manga bir lagan osh oberasan, shu Xoja Porso madrasasi orqasida ustoz Sa’dixon aka (S. Tabibullayev)ning jiyani Muhammadjon mahsido‘z turadi. Shu odam saksondan oshdi. Oddiy kosib, lekin chiroyli ovozi bor, dutor chertib ashula ham aytadi. Shu odamni bir ziyorat qilib chiqishim kerak, dedi. Zikr aka ana shunaqa xokisor, mehr-oqibatli inson edi, nasihat qilmasdi, har bir xatti-harakati, gap-so‘zi o‘zi nasihat edi, ibrat edi.
Zikr akaning ko‘pchilik yaxshi biladigan odati – u shahar ichida deyarli transportga chiqmasdi, yayov yurardi. Ishi o‘nda boshlansa, uyidan yettida chiqardi. Uch-to‘rt bekat yurib bir tanishinikiga, yana shuncha yo‘l bosib boshqasinikiga bosh suqar, yo‘l-yo‘lakay qadrdonlarni yo‘qlab, ziyorat qilib o‘tib boraverardi. Oxirida Xoja Ahror masjidi orqasidagi temirchilik utaxonasiga kirar, Maqsudjon hoji otaning qo‘lidan bir piyola choy ichar, bir-ikki og‘iz gurung berib, keyin O‘zbek davlat drama teatri yonidan o‘tib, Milliy teatrga kelardi. Ustoz har bir kunni ana shunday faol boshlardi.
2002 yil Zikr akaning 80 yilliklari yurtimizda keng nishonlandi. Toshkentdagi asosiy tantanali tadbirdan avval deyarli barcha viloyatlarda yubiley oldi uchrashuvlari bo‘lib o‘tdi. Shunday uchrashuvlarning bir qanchasida (jumladan, Farg‘ona vodiysida) men ham qatnashganman va Zikr akani odamlar qanchalar yaxshi ko‘rishini o‘z ko‘zim bilan ko‘rganman. Har galgi uchrashuv-kechaning yakunida, odatga ko‘ra, yubilyarga so‘nggi so‘z beriladi. Hali-hali ko‘z o‘ngimdan ketmaydi. Zikr aka sahna to‘ridan sekin-asta qadam tashlab chiqib kelardi. Novcha, qotmadan kelgan, ko‘zida ko‘zoynak, o‘ychan qiyofa. Zalda pashsha uchsa bilinadi. Zikr aka har safar so‘zini Furqat misralari bilan boshlardi. “Assalom, assalom ey ahli xush, ahbobu do‘stu yorlar. Hamnafas sodiq birodarlar, neku atvorlar. Sog‘ borsizmu, qalaysizlar, salomatlarmisiz? Molu jon bormi amon, ey yaxshilar, hushyorlar. Shodmen sizlardin, to o‘lguncha minnatdormen, Pos xotir tutdingiz shafqat qilib bisyorlar. Aylasa Tangri muyassar, bor esa nonu nasib, Ko‘rishurmiz oxiri bir kun kelib diydorlar!..”
Men o‘zimcha o‘ylayman-da, Zikr aka umr oyoqlab qolgani, diydor g‘animatligi, yana bu yerlarga kelish nasib etadimi, yo‘qmi… degan ma’nodagi o‘z kechinmalarini mana shu misralar orqali ifoda etardi-da chamamda. San’atkorlarda fayz oldi degan gap bor. Sahnaga chiqqan har bir kishiga bu narsa nasib etavermaydi. Lekin Zikr aka qayerda bo‘lmasin, hech bir chiranmay, odmigina gap-so‘zlari bilan ham fayz olib ketardi. Endi xalq shunaqa yaxshi ko‘rardi, shunaqa qarsaklar, guldastalar, sovg‘a-salomlar, to‘nlar, do‘ppilar bilan siylashardiki… Shunaqa paytlarda teatrimiz qorovuli Rixsivoy akaning bashoratomuz gaplari yodimga tushardi.
Milliy teatrga yangi o‘tgan kezlarim edi. Teatrning orqa tarafida o‘t o‘chiruvchilar xonasi bo‘lardi. O‘sha yerda o‘tirgandim. Sahnada repetitsiya ketayotuvdi. Rixsivoy aka degan bir qorovulimiz bo‘lardi. Yoshi ulug‘, o‘shanda saksonlarda bo‘lsa ham tetik, qoromag‘izdan kelgan, shopmo‘ylov kishi. Yozdayam, qishdayam negadir xrom etik kiyib yurardi. Hamma u kishini hurmat qilardi. Sa’dixon aka, Nabi akaday keksalarimizni ham u bilan hamsuhbat bo‘lib o‘tirganini ko‘rganman. Rixsivoy aka shu yoshida maosh, tirikchilik vajidan emas, balki san’atkor ahliga ishqivozligidan teatrda aylanishib yurganday tuyulardi menga. Qisqasi, shu odam yo‘lakdan o‘tayotib, menga ko‘zi tushdi-da, imlab chaqirdi. Labbay, Rixsivoy aka, deb eshikdan chiqdim. Anovi odamni ko‘ryapsanmi, dedi. Qarasam, o‘n qadamcha naridan Zikr aka o‘tib boryaptilar. Shu odam qanaqa artist, dedi. Zikr akam zo‘r artist, dedim. Zo‘rmi, yo‘qmi, bilmaymanu, lekin u hali hammadan o‘zib ketadi. Xalq yaxshi ko‘radi. Mukofot ketidan mukofot olib kelyapti. Bilasanmi, nimaga? Nimadir demoqchi edim, yana o‘zi davom ettirdi. Bu odam otasining duosini olgan, bilib qo‘y, bu odamning martabasi yanayam ortadi… Darhaqiqat, shunday bo‘ldi.
Zikr aka Mannon Uyg‘ur davrida ishga kelgan. Darhol ishga qabul qilinmagan, obdan sinovdan o‘tgach, shtatga olingan. Shungacha chidam bilan qatnab yuravergan, ommaviy sahnalarda chiqqan. Sabrsizlik qilib, qo‘l siltab ketib qolmagan. Keyin teatrda tanilib, katta rollar o‘ynay boshlaganidan keyin, kinoga taklif qilishgan. Biroq, hadeganda kinoprobadan o‘tolmagan. Umidini uzmagan, yigirma olti yil o‘tib ketgan oradan. Nihoyat “Sobir Rahimov” filmida bosh rolni o‘ynaydi-da, shundan kinoda ham omadi yurishib ketadi. Men o‘zim ham ba’zan kinoprobadan o‘tolmay qolsam, Zikr akaning sabri, chidami, yengilmasligi va ortga qaytmasligi yodimga tushardi-da, o‘zimga taskin berardim. Zikr akaday odam yigirma olti yil kutganda, men xafa bo‘lmasamam bo‘ladi, derdim.
Zikr aka men haqimda bir maqola yozdi. “Barkashda olingan duo” degan. O‘qib hayratga tushdim. Va ko‘p narsa oydin bo‘ldi. Gap shundaki, Zikr aka ba’zida meni suhbatga tortardi-da, bobom haqida, ota-onam haqida, Azizjon Mahmudov ustozim haqida so‘rab qolardi. Shu taxlit o‘zimga bildirmay, yozadigan narsasini pishitib yurgan ekan. Hatto Azizjon Mahmudov haqidagi yodnomamda keltirgan barkash voqeasini ham unutmagan ekan. O‘shanda Milliy teatr Buxoroga gastrolga borganida ustozim Azizjon Mahmudov yaqinda vafot etgan paytlar edi. Azizjon akaning ayoli Muborak opa kandakorlarga buyurib, qadimiy toza mis barkashga “… teatri jamoasiga Azizjon Mahmudov shogirdlari nomidan esdalik” degan mazmunda lavha yozdirgan, shu hadyani uch-to‘rtta tengqurlarim bilan sahnaga chiqib, poytaxtlik mehmonlarga taqdim etish menga – 9-sinf o‘quvchisiga nasib etgandi. Shuni ham Zikr aka maqolasiga kiritgan va obrazdi qilib, shu voqeani maqola sarlavhasiga chiqargan ekan. Teatrning zabardast bir aktyori, Xalq aristining bunday e’tibori, e’tirofi mendek bir boshlovchi ijodkorga qanchalar kuch-quvvat, qanot bag‘ishlaganini tasavvur qilib ko‘ring-a! Ha, Zikr aka befarq emasdi, ustozlari, safdoshlari, ayniqsa yosh san’atkorlarga. U nafaqat Milliy teatrimizdagi, balki Muqimiy, O‘zbek davlat drama teatridagi yangi asar premyeralariga ham qatnashar, o‘zining xolis bahosini berar, ayniqsa yoshlar ijodidagi yilt etgan yutuqni ham payqar, muhokamalarda, matbuotdagi chiqishlarida o‘z munosabatini bildirib, jamoatchilik e’tiborini qaratishga intilardi.
Zikr aka O‘zbekiston Qahramoni unvoniga sazovor bo‘lgan kunlar edi, u kishi haqidagi teatrshunos Hafiz Abdusamatovning “Sahnamiz sardori” degan kitobi taqdimoti bo‘lib o‘tdi. Teatr, kino sohasi mutaxassislari, aktyorlar, yozuvchi, shoirlar, ko‘plab muxlislar hamda hukumat vakillari taqdimotda ishtirok etdi. Kitob juda samimiy, aktyorning mavqeiga munosib tarzda kengqamrovli bir yo‘sinda yozilgan edi. Yosh ijodkorlar uchun bir dasturilamal kitob bo‘libdi, degan e’tiroflar ham aytildi. Taqdimot so‘nggida Zikr akaga so‘z berildi. Zikr aka ko‘p gapirmadi. Kitob muallifiga va tadbir qatnashchilariga minnatdorchilik bildirdi. Va keyin hech kim kutmagan bir gap qildiki, ko‘pchilik hangu mang bo‘lib qoldi: Endi, yurtdoshlar, mana taqdimotdan keyin tarqalishamiz. Sizlardan bitta iltimos, teatr binosidan chiqib, ko‘p emas, bir bekat yayov yuringlar, masalan, televideniyegacha, – dedi Zikr aka kulimsirab. – Shu ketishda Navoiy ko‘chasining narigi betidagi yangi magazinlar peshtoqiga qarab boringlar. Qani nimalar yozilgan ekan! Hammamiz tilimiz Davlat maqomi olishi uchun jonkuyarlik qildigu, nega bu yog‘ini tashlab qo‘ydik?! O‘rischa nomlarni optashladigu, hammasini inglizcha qilib yubordik-ku, qayoqqa qarayapmiz o‘zi?! Bizning vazifamiz-ku buyam!.. Bu gaplar o‘sha vaziyatda kimgadir erish tuyulgan, taqdimotdagi shuncha maqtovlar, qarsaklar evaziga bu ta’naomuz gaplarni eshitish kimlargadir malol kelgan bo‘lishi mumkin. Lekin, Zikr aka bu o‘rinda ham haq edi. Hadeb bir-birimizni maqtab, ulug‘layverishdan ko‘ra, bundan-da muhimroq ishlar borligini unutmaylik, degan ma’noda o‘z mavqei, haqgo‘y tabiatiga yarasha gap qilgan edi.
Buyuklar siri
1976 yilning noyabr oyida San’at institutining bitiruvchi talabalari Moskva, Sankt-Peterburg, Riga shaharlarida bo‘lib qaytgandik. Safardan maqsad, asosan mazkur shaharlardagi teatrlar spektakllarini tomosha qilish, aktyorlar, rejissyorlar bilan uchrashuvlar o‘tkazish edi.
Dastlab Moskvadagi mashhur Vaxtangov teatrida bo‘ldik. Mixail Ulyanov bosh rolni o‘ynagan “Richard – 3” spetakli (Shekspir asari)ni hayratlanib tomosha qildik. MXATga tushdik. 5 noyabrda Sankt-Peterburgdagi Gorkiy nomidagi Katta akademik teatrda bo‘ldik. Teatrning bosh rejissyori, Mehnat qahramoni Georgiy Aleksandrovich Tovstonogov bilan uchrashdik. Bu afsonaviy rejissyorning behad kamtarligi, odmiligi bizni g‘oyatda hayratga soldi. Bir zumda g‘oyatda salobatli bu ulug‘ san’atkorning muxlisiga aylandik. Uning har bir fikri bizning tushuncha va ko‘nikmalarimizni ag‘dar-to‘ntar qilib yuboradigan darajada purma’no edi. Suhbat asnosi kursdoshlarimizdan biri:
– Georgiy Aleksandrovich, shogirdlaringiz haqida ham gapirsangiz, – deb qoldi.
– Shogirdlarim… – U bir lahza jim qoldi-da, keyin beozor kulimsiradi. – Uzr, shu savolingizni javobsiz qoldirsam, – dedi. Keyin davom etdi. – Falonchi, falonchilar mening shogirdlarim deyishim noqulay. Yaxshisi, xohlasangiz, ustozlarim haqida so‘zlab beraqolay. Bu men uchun maroqli…
Tushunarli: istihola qilyapti. Shogirdlari yo‘qligi yoki noshudligi, yoki bo‘lmasa… Qisqasi, biz o‘zimiz ham yaxshi bilardik: sobiq ittifoqning qaysi respublikasi, qaysi mashhur teatriga bormang, buyuk san’atkorning dovruqli shogirdlarini uchratishingiz mumkin edi. Biroq ustoz bular haqida og‘iz ko‘pirtirib gapirishga astoydil iymanardi.
Hozir ba’zan matbuotda, televideniyeda hali og‘zining sarig‘i ketmay turib, bemalol o‘z “shogirdlari” haqida gapirib, unisi undoq, bunisi bundoq deb valdirayotganlarni ko‘rib qolsam, beixtiyor Tovstonogov yodimga tushadi-da, “Ha, – deyman beixtiyor, – buyuklarning buyukligi ham shunda-da!”
Dublyajda endigina suyagim qotib, pishib kelayotgan paytlarim.
Bir kuni O‘zTV kino tahririyati dublyaj rejissyori Hojimurod Valiyev qo‘ng‘iroq qilib qoldi: “Bugun soat ikkida kelsangiz. Ikki qismli ingliz filmi bor. Bugun seshanba, shanba kuni efirga ketishi kerak. Kutaman”, dedi.
Odatim bo‘yicha, yarim soatlar oldin yetib bordim. Matn bilan tanishib tursam, sheriklarim kelib qolishdi. Ismlarini hurmat yuzasidan keltirmayman, bir opamiz, ikki akamiz. Uchalasiyam dublyaj ustalari bo‘lib tanilgan, tan olingan aktyorlar.
Negadir menga ko‘zlari tushishlari bilan ularning qiyofasida ajabsinish paydo bo‘ldi. “Ha, G‘aybi, nima qilib yuribsan?” dedi ularning bittasi. Aytdim. Shu payt Hojmirod aka kirib kelgan edi, “chekib olaylik” degandek, birgalashib qo‘shni xonaga chiqib ketishdi. Qo‘shni xonada boshlangan pichir-pichir gaplar, jiddiy bahsga aylanib, ovozlar qattiq – qattiq chiqa boshladi. Va yarim janjal holatida dublyaj xonasiga qaytib kirishdi.
“G‘aybi, – dedi haligi akamiz, – janjal sening ustida ketyapti. Ochig‘i,biz sen bilan ishlashni xohlamaymiz. Uchalamiz bir – birimizga ko‘nikkanmiz. Tez ishlaymiz. Moddiy tomoni ham shunga yarasha bo‘ladi. Sen yangisan, tajribang kam. Ish cho‘zilib ketadi…”
Hang – mang bo‘lib, qotib qoldim.
Bir lahzalik jimlikdan so‘ng Hojimurod aka stol telefonni oldiga olib, go‘shakni ko‘tardi. Keyin sheriklarimga qarab: “Gap bunday, – dedi va soatiga qarab olib davom etdi. – Sizlarga besh minut muhlat. Film shanba efirida turibdi. Hal qilinglar. G‘aybulla Hojiyevni men chaqirganman. Men rejissyorman. Kelishib olinglar, ishlasanglar marhamat. Aks holda, sizlarning o‘rningizga boshqa aktyorlarni chaqiraman. Bo‘linglar!” dedi.
Sheriklarim raftori sanoqli soniyalarda o‘zgardi. “Hajimurod, zachem takiye kraynosti, bo‘ldi, vsyo yasno. Boshlaymiz,” deb sheriklarimning kattasi murosaga keldi.
Mikrofonlar yoqildi.
Men shok holatdaman. Butun vujudim safarbar qilingan. Matnlarni sharillatib o‘qib tashlayapman. Lekin, haligi ustozim har ikki so‘zning birida yanglishib, Hojimurodni “stop” deyishga majbur qilyapti. Qitmirligim tutib, sherigimning biqiniga nuqiyman: “Nima bo‘lyapti, ustoz?!” deyman. Uyam haqini qo‘ygisi kelmay so‘z o‘yini qiladi. “Bir tiyinga olmaysanu, ustoz deyishingga o‘laymi!” deydi. “Har daqiqada ustozligingizni eslatib turganingizdan keyin nima qilay?” deyman. Keyin aytdimki, “G‘aybulla, sen yoshsan, bir gapdan qolgin. Har holda ustoz, yoshi ulug‘…” dedim.
Demoqchimanki, o‘sha kuni mening taqdirimda juda qaltis holat yuz bergan va bu holat oqibati qanday tugashi noma’lum edi. Balki, dublyajdan butkul sovib, qo‘l siltab ketgan bo‘larmidim. Lekin, bir narsa jonimga ora kirdi. Bu Hojimurod Valiyevning (u hozir kinoxronika rahbari) o‘z vaqtida ko‘rsatgan qat’iyati edi.
Mardlik
“Yosh gvardiya” teatrida Aleksandra Artyomova degan liboslar bo‘limi boshlig‘i bo‘lardi. Biz uni Shura xola derdik. Shura xola o‘z ishining ustasi, ozoda, sarishta, ayni choqda o‘ta talabchan, tartib-intizomga qattiq rioya qiladigan, boshqalardan ham shuni talab qiladigan keksagina ayol edi.
Shu ayol vafot etganini eshitib, butun jamoamiz bilan dafn marosimiga bordik. Marosimdan keyin nasroniylar udumi bo‘yicha, oshu ovqat qilinib, ichimlik ichilarkan. Biz ham – bir guruh yoshlar o‘tirib ichgach, Shura xolani yodlagan bo‘ldik. (O‘zi kechirsin!) Men ichkilikka yupqaroqman, biroq o‘sha kuni hammamiz yaxshi ko‘radigan bir onaxonni to‘satdan o‘tib qolganidan ta’sirlanibmi, ko‘proq ichib qo‘yibman. Yo‘lga chiqqanimdan keyin nima ish qilib qo‘yganimni bilib qoldim-da, taksiga o‘tirib to‘g‘ri televideniyega uchdim.
Efirga chiqishim, Mixail Sholoxovning “Nafrat maktabi” asarini “Bir aktyor teatri”da ijro etishim kerak edi. Televideniyega yetib borib, rejissyor Hamid Qahramonovga ro‘para bo‘ldim. Hamid aka ahvolimni ko‘rib, sekin atrofdagilarga qarab ko‘rsatkich barmog‘ini labiga bosdi-da, meni yuvinish xonasiga boshlab kirdi. Boshimni ikki-uch martalab sovuq suvga yuvdirdi. Keyin bir xonaga opkirib yotqizdi. To o‘zim uyg‘otmaguncha yotaverasan, dedi. Efirga qirq daqiqa qolganda uyg‘otib, grimxonaga boshlab bordi.
Uyqudan shunaqa tiniqib turibmanki, qirq daqiqalik jonli efirdagi “Bir aktyor teatri” davomida bitta jumlada bo‘lsin, adashmadim. Hamid aka bo‘lsa tomosha tugagach ham sukut saqladi. Na rahmat, dedi, na haligi mas’uliyatsizligim uchun koyidi. Sukut bilan meni jazoladi. Vaholanki, u efirni bekor qilishi, meni rahbariyatga aytib muhokama qildirishi ham mumkin edi. Shunday qilganida bilmadim… Xullas, bir so‘z bilan aytganda, mardlik qildi. Bu mardligi esa, menga bir umrga tatigulik saboq bo‘ldi.
Komiljon hofiz tanbehi
Narziyev degan mashhur kolxoz raisi bo‘lardi. Uning shahardagi hovlisi bizning mahallada edi. San’atga ishqivoz rais atayin Toshkentga kelib, Komiljon Otaniyozovga uchrab, u aytgan kunga nabirasining to‘yini belgilabdi. Ta’tilga borib, xuddi shu sunnat to‘yi ustidan chiqdim. O‘tgan asr yetmishinchi yillar boshi. Komiljon hofiz xastalikdan yaqinda turgan. Xastalik hofizning ovoziga zarar yetkazmagan, faqat qo‘li shikastlangani bois torni tutib turadiyu, chalolmaydi.
Viloyat, tuman rahbarlari, kolxoz raislari, agronomlar, brigadirlar, mahalladoshlar, qarindosh-urug‘lar hammasi tartib bilan alohida-alohida stollardan joy olishgan. San’atkorlar uchun ulkan chorsi karavot to‘yxona to‘rida, hammaga birday ko‘rinadigan qilib o‘rnatilgan. Komiljon Otaniyozov konsertlarini televizorda qoldirmay ko‘rib borardim, lekin bevosita o‘zini birinchi bor ko‘rib turishim edi. Otam hayot bo‘lganida qanchalar quvonishi, hayajonga tushishini ko‘z o‘ngimga keltirib, xo‘rsinib qo‘yaman. Shu odamni to‘yga taklif qilsak, kelarmikan, deganlari yodimga tushadi.
Bir-ikki qutlov so‘zlardan so‘ng navbat san’atkorlarga berildi. Komiljon akaning odati – qirq minutcha ashula aytarkan-da, chorak soatcha dam olarkan. Birinchi tanaffusdan keyin Komiljon aka yana torini qo‘liga oldi. Bu paytga kelib, to‘yxonada jonlanish sezilgan, ikki-uch qadahni ko‘tarib ulgurgan mehmonlar ochila boshlagan edi. Qo‘shiq boshlandi:
Panjaradan moyil-moyil boqqan yor,
Yor qora ko‘zlaring na tilar mannan…
Shu mahal to‘yxona etagidan, “Voy-dod!” degan mastona qiyqiriq eshitilib qoldi. Va qo‘shiq taqqa to‘xtadi. Hofiz qiyqiriq eshitilgan tomonga qarab, qattiq ko‘z tikib turdi-da, “Nega baqirasiz, karvonsaroyda o‘tiribsizmi?!” dedi zarda bilan. To‘yxona bir guv etdi-da, shu zahoti suv quygandek jimib qoldi. Biroq, tor yana tilga kirib, vaziyat yumshadi. Tanaffus paytidagi qutlovlardan biri to‘g‘ridan to‘g‘ri Komiljon hofizga qaratildi. “Assalom alaykum, Komiljon aka, – dedi mikrofon tutgan bittasi, – boya beodoblik qilgan rais menman. Mana hozir hammaning oldida sizdan kechirim so‘ramoqchiman. Meni kechiring. Lekin ustoz, bizni tushunishingizni istayman. Biz dala mehnatkashlari yil o‘n ikki oy daladan beri kelmaymiz. Ertalab to‘rtda uydan chiqib ketib, kechasi bir, ikkida qaytamiz. Paxta deymiz, chorva deymiz, g‘alla, meva-cheva, sabzavot tashvishidan bo‘shamaymiz. Ammo lekin sizday ustozlar qo‘shiqlarini eshitganimizda, zavqlanib ketib, bir qiyqirib yuborsak, charchoqlarimiz chiqib ketadi-da, Komiljon aka. Yana bir karra uzr, ustoz!”..
Raisning bu gapi Komiljon akaga ma’qul keldi, shekilli, uni yoniga chaqirtirib oldi. Ikkalovi quchoqlashib ko‘rishishdi. Keyin raisni karavotga o‘tqazib, to‘y oxirigacha ruxsat bermadi. Otamlashib o‘tirishdi.
Men institutdagi ustozlar gapini esladim. San’atkor o‘z qadrini bilishi kerak. U tomoshabindan imkon qadar ikki-uch qadam oldinroq yurishi kerak, odamlarni ergashtirishi kerak, deyishardi.
Hozir ba’zi to‘ylarimizdagi pul deb to‘yxo‘rlar nog‘orasiga o‘ynayotgan, ularning yo‘rig‘iga tushib qilpanglaydigan “san’atkorlar”ni ko‘rganimda o‘sha ulkan to‘yxona to‘rida, ulkan chorsi karavotda qo‘r to‘kib o‘tirgan, xasta holida ham muxlislarni ko‘nglini xushlash uchun beminnat ter to‘kkan, ayni choqda o‘z qadrini har qanday dunyo boyliklaridan baland ko‘radigan haqiqiy SAN’ATKOR – Komiljon hofizning ko‘pchilikka saboq bo‘lgan o‘sha tanbehini eslayman.