Gulbahor Saidg’aniyeva. Poetik obraz va ritm

shavkat rahmon

   Фейсбукдаги саҳифамда Рауф Парфи ва Шавкат Раҳмон шахсияти ва шеъриятига бўлган қизиқишни эътиборга олиб,уларни яқиндан ва ғойибан билган,уларнинг ижоди ҳақида кўнгилларида нималардир яшаётган одамларда қанчадан-қанча хотиралару фикр-мулоҳазалар борлигини англаб бу икки шоирга бағишланган саҳифаларини очган эдим. Ўйлаган режамда адашмаган эканман, шу пайтгача бу саҳифаларда севимли шоирларимизнинг юзлаб шеърлари,улар ҳақидаги кўплаб хотиралар эълон қилинди.Уларнинг айримларини ўзимнинг шахсий сайтимда ҳам эълон қилиб боряпман.
Бугун сизнинг диққатингизга истеъдодли шоира ва олима Гулбаҳор Саидғаниеванинг Шавкат Раҳмон ижодига бир назар тариқасида ёзилган «Поэтик образ ва ритм» мақоласини ҳавола қиламан ва умид қиламанки,Гулбаҳор мана шундай «нигоҳ»лари билан бизни яна баҳраманд этишда давом этади.
Фейсбукда Гулбаҳорнинг мақоласи билан танишган Аҳмад Аъзам шундай ёзув қолдирибди:»Мушоҳадаларингизга қараганда, ёшсиз шекилли. Кейинги, бизга нисбатан ёш авлодга хос аниқлик бор. Адабиётшунослигимиз, табиийки, адабий танқидимизнинг асостй мағзи ҳайратдан иборат бўлиб келяпти. Қандай ажойиб ёзганлар деган умумий ҳайрат. Нимаси ажойиб, мақсад нимадан иборатлиги ҳақида гап йўқ. Катта-катта танқидчиларимизнинг бутун ижодини жамлаб қарасангиз, бирон-бир концепция, нимадир бир назарий йўналишга асосланган мезон кўрмайсиз. Умууман роман, умуман шеър ҳақида умуман гапирилади. Ёшларда, адабиётшуносларида ҳам, танқидчиларида ҳам бу борада аниқлик борлини кўриб одам хурсанд бўлади. Раҳмат мўъжазгина мақолангиз учун!»

Хуршид Даврон

4Гулбаҳор Саидғаниева
ПОЭТИК ОБРАЗ ВА РИТМ

Шеър ритмининг поэтик образ яратишда маълум бир аҳамияти борлигини етук ижодкорлар асарларини ўрганиш орқали кўришимиз мумкин. Ритм шеърни ҳаракатга келтиради, ғояни якун сари йўналтиради, поэтик образни юзага чиқаради. Масалан, Шавкат Раҳмоннинг “Денгиз билан учрашув” шеърини таҳлил қиладиган бўлсак, ундаги поэтик образнинг яратилишида шеър ритми ва шакли ҳам маълум роль ўйнаган. Шеърдаги ритм, унда яратилган образ – “қафасда уринаётган”, озодликка ташна қушнинг ҳаракатига монанд. Шеър асли 9 бўғинлик, 4+5лик туроқ устун. Бироқ айрим ҳолатларда – лирик кечинма талаби билан бунга риоя қилинмайди. Жумладан, шеърнинг бошланишидаёқ “нафасини туйдим” ибораси 6 бўғинлик бир сатр сифатида, “жисмимга” сўзи 2-сатр сифатида келади. Шеър давомида сархуш, кенглик истаб бош ураётган тўлқин, ритм, ҳаракат – денгизнинг бебош тўлқинлари ҳаракати сезилади.
Шеър асли икки қисмдан иборат. Шеърий бандларга бўлинмаган. Биринчи қисм ва тўртликдан иборат иккинчи қисм шоир ижодига хос кўринишдир. Биринчи қисмда денгиз сурати, унинг тасвири чизилади. Иккинчи қисмда эса шу денгиз шиддати ила қафасда уринаётган қуш образи берилади. Яъни бу лирик қаҳрамоннинг юраги тимсолидир. Шоир бу ерда иккита образ яратар экан, иккинчи образни кучайтириб юборади, аввало, денгиз эркинлик соҳили – тимсоли бўлса, уни таниб интилаётган қуш – бу шоирнинг юраги:

… Ярқираган эркнинг соҳили,
Қудрати-ла этаркан сархуш,
Ёвуз осмон сари интилиб,
Қафасида уринар бир қуш…

Агар шоир юқорида қирғоққа бош ураётган тўлқинларини чизмаганда эди, лирик қаҳрамон юраги – ундан-да кучлироқ, қудратлироқ ғалаёнларга тўла юракнинг ҳолатини бера билмаган бўларди. Демак, шеърдаги ритм поэтик образнинг юзага чиқишида алоҳида аҳамиятга эгадир. Охирги хулоса банддаги образ биргина қуш тимсоли – бу истиқлол орзусидаги, чинакам эркинлик истаган заҳматкаш халқнинг тимсолидир. “Эрк соҳили” – гўзал, ёрқин, уни ўзига чорлайди, лекин негадир “осмон — ёвуз”, қуш эса барибир бу осмонга отилмоқчи. Қафасдан чиқиб осмонга отилса ўлишини билади, лекин озодлик ҳисси барчасидан буюк ва суюкдир.
Шавкат Раҳмоннинг “Болалар тобора ўсар серзарда” деб бошланувчи шеъри ҳам бандларга бўлинмаган. Диққат қилиб қарасангиз, абаб тарзида тўртликлар шаклида қофияланганини кўрасиз. Шу билан бирга 6+5 ли вазнда ёзилганини ҳам сезасиз. Лекин шоир туроқларга қатъий 6 бўғинни ва 5 бўғинни гуруҳламайди. Маънони кучайтириш, таъкидлаш лозим бўлган ҳолатларда бир мисрани икки мисрага бўлади. Шеър охирида бу ҳолат айниқса кўзга ташланади:

… Минглаб қорачиқлар
ялтирар ёвуз,
дадил олдга чиқар серзардалари –
қоронғида тошлар ярақлар совуқ –
чил-чил синар
дунё деразалари.

Бу ерда, эътибор берсангиз, “минглаб қорачиқлар”га урғу берилган. Кейинги алоҳида мисра қилиб берилган “ялтирар ёвуз” ҳам кишини ўйлантиради. “дадил олдга чиқар серзардалари” ни эса баландроқ оҳангда, туроққа бўлмасдан ўқиш кераклиги маълум бўлади. Айнан ана шу сатр шеърда ритмик майдон ҳосил қилади, бу сатр атрофидаги бошқа сатрларга импульс беради. Болалар “серзарда” эканлиги учун “қорачиқлар ёвуз ялтирайди”, “дунё деразалари чил-чил синади”. Уларнинг серзарда бўлишига сабаб бор. Бу китобхонни ўйлантирадиган, мушоҳадага чорлайдиган сатр. Кейинги мисрада ҳам 6+5 шаклидаги вазнни илғайсиз. Бироқ охирги икки мисра сифатида берилган сўзларни 6+5 ли бир мисра сифатида қабул қилолмайсиз. Чунки у ерда бўғинлар 4+7 сифатида гуруҳланган. “чил-чил синар” ва “дунё деразалари” ни ажратиб пауза билан ўқиганингиздагина шоир айтмоқчи бўлган фикр юзага чиқади. “Чил-чил синар” сатри ҳам алоҳида кучли ритмик зарбга эга. Ана шу сўзлар эски тасаввурларимизни ҳам чил-чил синдиради, ўз қобиғимиздан чиқиш, дунёга юз буриш вақти келганлигини билдиради. Бадиий ғоя жиҳатдан юксак бу асардаги ритм нотекислиги шу сабабдан бизга сунъийлик туғдирмайди, ғоянинг шиддаткор, дадил эканлигига кўра шеърнинг шакли ҳам табиий қабул қилинади.

Гулбаҳор Саидғаниева,
филология фанлари номзоди

3

ШАВКАТ РАҲМОН

1
2

xdk

(Tashriflar: umumiy 60, bugungi 1)

Izoh qoldiring