Luqmon Bo’rixon. Ko’ngil sezib turibdi & Kutilgan kun

Ashampoo_Snap_2016.12.22_21h51m21s_006_.png   Бойхон танаси тарам-тарам бўлиб кетган дарахтга беҳол суяниб, чуқур-чуқур нафас олди. Кулранг қоронғуликка чўмиб бораётган катта-кичик дарахтлар, баланд-у паст иморатлар, кенг йўлда ғиз-ғиз ўтиб қайтаётган машиналар кўз ўнгида бетиним чайқаларди. Оёқлари остида бўш-бўш ароқ шишалари, колбаса бурдалари-ю ғижимланган қоғоз парчалари сочилиб ётарди…

Луқмон БЎРИХОН
ИККИ ҲИКОЯ
07

Luqmon-aka-204x300.jpg   Луқмон Бўрихон 1965 йил 15 февралда Қаш­­қадарё вилоя­тининг ўузор туманидаги Янгиобод қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1991). Дастлабки ҳикояси — «Бегимқул катта» (1987). Шундан сўнг ёзувчининг «Ялангоёқ» (1991), «Сирли муаллим» (2006), «Хизр кўрган йигит» (2007) cингари ҳикоя ва қиссалар тўпламлари нашр этилган. «Жазирамадаги одамлар» (2005) романи муаллифи.

07

КУТИЛГАН КУН

Бир ёруғлик излаймиз ҳамон…
Рауф ПАРФИ

…Бойхон бу кунни илҳақ кутган эди. Узоқ даштда улоқиб қолган, ирор ўткинчи улов шарпасига умидвор кўз тиккан йўловчидан у ҳам шу кунга муштоқ эди.

Бойхон танаси тарам-тарам бўлиб кетган дарахтга беҳол суяниб, чуқур-чуқур нафас олди. Кулранг қоронғуликка чўмиб бораётган катта-кичик дарахтлар, баланд-у паст иморатлар, кенг йўлда ғиз-ғиз ўтиб қайтаётган машиналар кўз ўнгида бетиним чайқаларди. Оёқлари остида бўш-бўш ароқ шишалари, колбаса бурдалари-ю ғижимланган қоғоз парчалари сочилиб ётарди.

Бойхоннинг юраги увушди. Барча қилмишлари кўз олдидан айқаш-уйқаш бўлиб ўтди-ю кўнгли ғашланди. «Энди ҳеч ўнгарилмаслигим, тайин, охирги умидим ҳам кул бўлди, тамом», деб ўйлади у руҳсизланиб.

…Бойхон бу кунни ихлос билан кутганди. Гўё бу кун у бир юмалаб бошқа хил одамга айланиб қоладигандай, жиккак, тажанг Бойхоннинг ўрнида этли- сўлли, келишган Бойхон талтайиб турадигандай эди… Эҳ, бу кун, бу кун…

У бир қучоқ совға келтириб, хотинини туғилган куни билан қутламоқчи, унинг лабларида ширин бир табассум кўрмоқчи, сўнгра эса ўзи орзу қилган ўша ўрик гуллари ифорига бурканиб, ҳамма-ҳаммасини – ўз ҳаётини, турмушини қайтадан бошламоқчи эди. Шу боисдан тонг бўзармасданоқ шошилиб, аммо тетик ва алланечук хуш кайфиятда кўчага отилган, хотини – икки ойлик келинчак орқасидан ажабланиб қараб қолганди.

Бойхоннинг касби бетайин эди. У бир вақтлар мотор заводида хизмат қилар, ишга ширакайф келса-да, берилган топшириқларни тузуккина дўндирар эди. Бироқ орада ароқхўрликка қарши кураш бошланиб кетдию, намунам сифатида унинг ковушини тўғрилаб қўйишди. Бойхон шу-шу ҳеч жойдан иш тополмади. Охири мардикорликка куни қолди.

У лаънати шу ичкиликбозликни ташлашга неча марта сўз берар, лекин уч-тўрт кун ўтмасданоқ, «ўзи билмай» яна эчки қасамга айланиб – уйига одатдагидек чайқалганича кириб келар, бошини хам қилган кўйи кекса онасининг беозоргина нолишларини тинглар эди.

Бойхон яқинда уйланди. Тўғрироғи, уни уйлантиришди. Ака-опалари –ўлни-қўлга бериб, оналари билан обдон маслаҳатлашиб келин топдилар. Келин – Янги даҳа томонда яшовчи аммасининг қизи бўлди. Аммаси тўйдан сўнг уларникига тез-тез келиб турар, бироқ ҳар ташрифида куёвини таънаю танбеҳлар тошбўронида эзиб ташлар эди: «Ҳой, жиян, соқол-поқолни мундоғ қиртишлаб юрсангиз бўлмайдими?.. Ҳой, йигит, қачон сиз ҳам мундоғ одамга ўхшаб уйга ойлик кўтариб келасиз?.. Раҳматли аканинг арвоҳлари ҳурмати, гулдай қизимни бир ялангоёққа қўшдим, эсам…»
Амманинг узундан-узоқ оҳ-войини Бойхон тоқат билан эшитарди-ю, бироқ келин, «Ойи, бўлди, бас!» дегандай овозсиз илтижо қиларди.

Аммасининг қизи Сарғишдан келган, юзлари чўзинчоқ, қошлари сийрак, қўнғиртоб кўзлари ўйчан бўлиб, ишқилиб, гулдай эмасди. Лекин, тилло экан. У келин бўлиб келди-ю, ҳаробгина ҳовличага файз кириб қолди. Аммо Бойхонда ҳче бир ўзгариш сезилмасди. У ҳар эрта бир ёқЛарга гумм бўлар, аллакимларгадир ёлланиб, ишлаб топган ва беш-олти сўмини кечқурун хотинининг олдига уялиб, авайлабгина қўяр эди. Бироқ аҳр уч-тўрт кунда гандираклаганича ғўддайиб бўсағада пайдо бўлишини ҳам ташламасди.

Бойхон маст чоғлари, негадир, кўпроқ ийманар, хотинининг аюҳаннос солишини, «кетаман», дея пўписа қилишини, уввос тортиб йиғлашини жуда-жуда истар эди. Хотини эса ҳеч бир жирканмай, ҳайиқмай, эрининг ифлос кийимларини ечар, ювинтирарди.

Бойхон кўпинча кечки емакдан сўнг муздай дераза ойнасига танглай тираб, маҳзун қоронғуликка чўмган торгина ҳовлидаги совуқ урган ўрик дарахтига сўзсиз тикиларди. Неча-неча баҳорлардан бери гулламайдиган, ғуж-ғуж япроқлари кузнинг оловли дами етмасданоқ Сарғайиб, қовжираб битадиган бу дарахт, сертомир қадоқ қўллардек шохларини кўкка чўзиб, неларнидир фалакдан сўраётгандай совуқ шамолда дийдираб, чайқалиб турар эди.

«Барибир мени ташлаб кетади», деб ўйларди у хотини ҳақида, деразадан ҳорғин кўзларини узмай.

Лекин хотинида кетиб қолиш нияти йўққа ўхшарди. У эртаю кеч ҳовлида ктсймаланар – супириб-сидирар, ювиб-тарар, кекса қайнонасига гирдикапалак бўлар эди. У ғимир-ғимирлари, Айниқса Бойхон уйда пайтлари авжига чиқар, ҳойнаҳой, Эри билан юзма-юз, бекорчи ўтиришдан, гап тополмай қийналишдан бениҳоя чўчир эди. Шу сабабли ҳарқалай Бойхон хотинига тик қарамоққа ботинолмасди. Баъзан Бойхоннинг ўз-ўзидан завқи жўшар, келинчакни эркалагиси, меҳрибонликлар кўрсатгиси келар, лекин бунга журъат этолмас, тўғрироғи бу хил яқинликда ўзини мутлақо ҳақсиз, деб ҳисоблар, бутун бор-йўғи, юриш-туриши билан хотини олдида ўзини муттаҳамдай ҳис этарди!

Аммо кунлар кетидан кунлар ўтаркан, юрак бағрида тош бўлиб ётган куз қатламлари Аллақандай англаб бўлмас олов тафтидан аста-секин эриб кетаётганни Бойхон пайқаб борарди. Мардикорликдан қайтишда уй томон ихтиёрсиз катта-катта қАдам ташлаши, тез орада рўй берадиган кўзлар тўқнашувини ҳис қилиб энтикиши, уйида – юмшоқ ўринга сўзсиз чўзилишаркан, саҳарнинг яна уч-тўрт баробар узаймоғини исташи, худди шу антиқа қилиқларидан далолат бериб турарди. Лекин жамики ноумид ва ношукур бандалар каби Бойхон ҳам кўнглига алангаланиб келаётган оромбахш оловга шубҳаю гумонлар сувини пуркар, ўзини-ўзи тушнкунлик, руҳсизлик тиғига тутиб берар эди.

«У барибир мен билан яшамайди, — деб ўйларди Бойхон. – Яна беш-олти кундан сўнг онасиникига жўнаворади…»

Бироқ уч кунча бурунги бир ҳодиса уни буткул бошқа ўзанга буриб юборди.

Ўша куни омади юришмаган Бойхон тушдан сўнг шалвирабгина уйига қайтганди. У ҳовли эшигидан оёғини оширди-ю, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлди.

Сочини чиройли турмаклаб, дурача билан танғиб олган хотини ўша ўрик дарахтининг шохларига кир ёймоқда эди. Дуррачаси тегидан чиқиб турган, шамолда ҳилпираётган узун-узун соч толаларига дарахтнинг нурдек ингичка бир шохи гўё ўпмоқчидай оҳиста-оҳиста силанар, келинчак эса ширин-шакар хаёллар оғушида завқланиб бетиним илжаярди.

Бойхон бу хушманзарани тўрт-беш дақиқа – то унга хотинининг кўзи тушгунича томоша қилиб тураркан, ногоҳ, димоғига гуп этиб ўрик гулларининг ифори урилгандек туюлди. Боши айланиб кетди.
Хотини у томон илкис назар ташлади-ю, икковлари баравар илжайдилар. Бу уларнинг бир-бировига биринчи самимий табассуми эди.

Ўша куни кечки таомдан сўнг Бойхон одатдагидек деразанинг совуқ ойнасига юзма-юз бўларкан хаёлга чулғанди. «Йўқ, бундай яшаб бўлмайди. Одамсифат бўлишим керак, одам…»

У дераза ёнида узоқ турмади. Бир пайт миясига келган ажойиб фикрдан севиниб, қалқиб кетди. Алланималарни тикиб-бичиб ўтирган хотини бу ҳолни сезмади.

«Наҳотки, уч кундан сўнг унинг туғилган куни?! Балки адашаётгандирман?»
Бойхон зўр диққат билан хотирасини титкилаб чиқдив а адашмаганига яна бир бор амин бўлди.

Ўша чошгоҳ –ҳукумат нигоҳидан ўтказувчи танноз ходима ўз қалин дафтарига ёш келин-куёвларнинг исм-шарифларию туғилган йил, ойларини қайд этаётган чоғи у ўз қаллиғининг таваллуд кунига негадир, қизиқсиниб қараган ва яхшигина эслаб қолганди.

…Бойхон бу кунни энтикиб кутган эди. Миясига ажойиб фикр урилган ўша оқшомдан бошлаб уч кун бетиним ўзича турли-туман режалар тузди. Ҳаяжонланди. Ҳовлиқди.

Ниҳоят, ўша арзанда кун ҳам етиб келди-ю тонг қронғусида икки ойлик келинчакни саросимада қолдириб кўчага отилди. Аммо кўча эшиги орқасида хотини ювиб-дазмолланган шимни обдон ғижимлашни унутмади, унда-мунда учраб қоладиган ўзига ўхшаш бетайин оғайниларининг «пўрим куёв бола» дея масхара қилишидан уялди.

…Бойхон бу кунни ширин хаёллар оғушида кутган эди. Шунинг учун ҳам нақ тушга довур қора терга ботиб сувоқ қиларкан, чарчаш ўрнига тобора ғайрати қайнаб, юз-кўзидан табассум аримади. Ниҳоят, мардикорининг антиқа ҳатти-ҳаракатларидан лол бўлган тепакал хўжайин қайта-қайта санаб узатган пулни чангаллаганича ҳовлиқиб кўчага отилди.

У хотинига қандай совға олишини ҳув ўша оқшомдаёқ дилига тугиб қўйган, ҳар эслаганда тўлқинланиб-талқинланиб юрганди. Кўз остидаги бу тортиб – сопол кўзача эди. Бойхон уни илк марта, бир ойча аввал, ароқ қаҳатчилиги сабаб арзон атир илинжида машҳур дўкон бўйлаб ҳўб изғиб юраркан, тепасига «Подарки» деб ёзилган бўлинма сотувчиси иддао билан кўргазмага қўяётган пайт кўриб қолганди. Ўшанда у сопол кўзачанинг бежирим ва ялтироқлигига, шунчаки қизиқсиниб қараб турган, сўнгра баданига Сарғиш бўёқ билан тасиврланган бир жуфт қушга сийрак киприкларини пирпирата-пирпирата узоқ вақт анграйганди.

Унинг назарида қушлар қоп-қора тун аро ҳорғин учиб боришар, митти кўзларида шубҳа-ю ҳадик, умидсизлик ва аламзадалик қалқиб турар, чор-атрофда ҳеч бир қўналға белгиси кўринмас эди.
Бойхон ўшанда сопол кўзачага тикилиб тураркан тиззаларига, бармоқ учларига титроқ инаётганини, юраги алғов-далғов бўлиб кетаётганини сезди. Беихтиёр қушларнинг оёқчалари тагига оппоқ гуллаган ўрик шохи тасвирини туширгиси ва қушларни шу ерга қўндириб чек-чегарасиз парвозни буткул тугатгиси келиб кетганди.

Шу-шу бўлдию, у бу мўъжаз дўконга тез-тез келиб турадиган, ғоят антиқа туюлган ўша сопол кўзачага ҳийла вақт ҳайратланиб тикиладиган ташвиш орттирди. Бироқ унинг дайдиларча ивирсиши дўкончиларни шубҳалантириб қўйди шекилли, куни кеча Бойхон пештахта ёнида пайдо бўлиши биланоқ, «хизмат, укагинам» деб сўради сотувчи аёл пардоз-андоздан андак тўхтаб.
— Анави кўзачангиз… — ғўлдиради Бойхон, — жуда зўр экан.

У, негадир сотувчининг «ҳа, жудаям ажойиб, менга ҳам ёқади», дейишини, сўнгра ўзи тасвирдаги учиб бораётган қушлар ҳақида тўлиб-тошиб гапиришини, хотинига шу кўзачани совға қилмоқчи эканлигини айтиб маслаҳатлашишни жуда-жуда истаган, ҳатто, шундай бўлишига қаттиқ ишонган эди.

Аммо сотувчи аёл аллақандай ғашланган қиёфада ҳеч гап-сўзсиз у ишора қилган матоҳни олиб узатмоққа шайланди.

— Йўқ-йўқ, ҳозирмас, — деб юборди шоша-пиша Бойхон, худди қўққис ширин уйқудан уйғонгандек. – эртага оламан.

Сотувчи аёл елка учирди:
— Ихтиёрингиз, лекин шу охиргиси…

…Бойхон бу кунни интиқ кутган эди. Шунинг учун ҳам хотинининг кечқурун қувонч ва меҳрдан лов-лов қизаришини хаёлида жонлантира-жонлантира энтикканча кетиб борарди. Аммо…

Аммо катта чорраҳа биқинидаги ҳар бир тош-кесагигача ўзига таниш бўлган ичимликлар дўкончаси ёнидан ўтаётганида қадамлари беихтиёр секинлашди. Ахир у ерда бақалоқ сотувчи турли ичимликларга лиммо-лим ёғоч қутиларни ғайрат билан ичкарига таширди-да.

«Об-бо, зап устидан чиқибман-у, деб юборганини Бойхоннинг ўзи ҳам сезмай қолди. Лекин даров сергак тортди. Қайга, не сабабдан кетаётганини эслади.

Ичимликлар дўкончаси ёнида одамлар дақиқа сайин кўпайиб, ғала-ғовур билан навбат талашардилар.

Бойхон чўнтагидаги пулларни кафтида сиққанча йўлида давом этди. «Кўпроқ пулим бўлганда, икковига олиб қўйсам яхши эдида», деб ўйлади у пулларини янада маҳкамроқ сиқимлаб.

«Озгина ютиб олганимда чарчоқларим тарқаб бир ҳузурланардима», деб ўйлади Бойхон негадир асабийлашиб. Унинг қадамлари ўз-ўзидан сусая-сусая, ниҳоят, ҳаракатдан тўхтади. Уч-тўрт шиша ароқ қучоқлаб шодон кетаётган ур-тўполон билан навбат талашаётган кишиларга саросималаниб термулди.

«Бир шишага-ку қурбим етар-ов», деб ўйлади Бойхон оломон томон беихтиёр уч-тўрт қАдам ташлаб. – Бир донагина атиргул олсам ҳам бўлади-ку, ахир совғанинг катта-кичичи, яхши-ёмони йўқ».
Бойхон чўнтагига қўл солди. Лекин, шу лаҳзаёқ, хотинининг ҳувв, ўша ўрик тагидаги табассуми «лоп» этиб кўз олдига келди-ю, шаштидан қайтди.

«Йўқ, бугунча ичмайман», деб ўйлади у қўлларини мушт қилиб. Бойхон изига қайрилди-да, йўлига равона бўлишга чоғланди. Шу пайт оломон орасидан сирғалиб чиқаётган икки саёқ оғайнисига кўзи тушди-ю кўнгли равшан тортиб кетди.

Бойхон дарҳол гумм бўлиш ўрнига беихтиёр одимлаши сусайди, анавиларнинг назарига тушиш учун пинҳона ҳужум бошлади.

«Дўстлардан қочиш яхшимас», дея ўйлади у ўз-ўзини алдаб. Ниҳоят, орқадан таниш ҳуштак овози янгради. Шусиз ҳам тоқати тоқ бўлиб турган Бойхон «ялт» этиб ўгирилди.

Уч-тўполонда терлаб кетган, соч-соқоли ўсиқ, кўзлари қизарган оғайнилар етиб келишди. ҚисқАгина ҳол-аҳвол сўрашдилар.

— Бу, дейман, томоқлар қуриб битибди-ёв, а, — деди шериклардан бири Бойхонга қарата.

Бойхон айбдорона илжайди.
— Юр, биз билан, — сирли кўз қисишди оғайнилар.

Бойхон ботинолмайгина минғиллади:
— Йўғ-э, Ишим бор-да…

Икковлон баробарига хохолашди.
— Ҳа, энди, — деди ароқ қўлтиқлагани. – уйлангандан сўнг қийин-да…

Шериги ЛуқмА ташлади:
— Айниқса, хотинидан қўрқадиганга.

— Мен ҳеч кимдан қўрқмайман, — деди Бойхон қўрслик билан. Шу тобда барии ширин ўй-хаёлларию, совға олиш кўйида ҳаллослаб юришлари ўзига эриш туюлиб кетди.
— Қўрқмаслигингни ҳали исботлаган эмассан, — деди оғайнилар олдин-куетин.

Бойхон бу қочириқни деярли эшитмади, чунки у Айни пайтда ғоят паришон туриб, хотинидан қўрқар-қўрқмаслигини ўзича, ростакамига ўйлаб кўрмоқда эди.
оғайнилар бетоқатланди:
— Юарсанми, йўқми?!

Бойхон бир чўчиб тушди-да, индамай уларга эргашди. «Озроқ ичсам ўлмасман», деб ўйлади у ўз-ўзидан ғазабланиб. «Хотинни табриклаш қочмас…»
Улар ўзларига қадрдон дарахтзорга йўл олишди.

Бойхон бошқа ҳеч вақони рўйирост эслаёлмайди. Агар адашмаса, у боши сал қизигач, одатдагидай саҳийлиги тутиб чўнтагидаги бор пулни ўртага ташлаган, оғайнилардан чаққонроғи шартта олиб,яна дўконга югурган…

…Бойхон бу кунни зор-зор кутган эди. Энди эса кўнгли айниб, қақшаб-титраб, дарахтга мадорсиз суяниб турар, кимгадир тинмай алжирагиси, ҳўнг-ҳўнг йиғлагиси келар, боягина нафрат ва масхарага лиммо-лим юраги яна қуриб-қовжираб, ҳалим тортиб борар эди.

«Кетгин, мени ташлаб кетақолгин. Шунча хорлик, шунча зорлик сенга зарилми? Юзимга мириқиб туфла, дунёни бошингга кўтариб қарға, лекин мени ташлаб кет».

Бойхон хотинига хаёлан мурожаат қиларкан, ўша ўрик дарахти ёнидаги меҳрли табассум, ҳовли бўйлаб сассиз куймаланишлар кўз олдидан лоп-лоп ўтди-ю ўз-ўзидан ўпкаси тўлиб, хўрлиги келди. Лекин ҳўнграб юбормаслик учун гандираклаганича юриб кетди.

Кеч кузнинг эрта қоронғулиги қуйилиб келар, бироқ, кўча-кўйда одамлар ҳали гавжум, машиналар вағиллаб ўтиб қайтар эди. Ёғин-сочиндан дарак бўлмаса-да, ҳаво хийла совуқ.
«Йўқ, мен барибир ўшани оббораман, — деб ўйлади Бойхон гандираклаб юриб бораркан, — совға қиламан, совға…»

У қулаб тушмасликка тиришиб, бир тўхтаб, бир юриб борар, унда-мунда учраб қолувчилар шоша-пиша ўзларини четга олишар, баъзилари ғижиниб, сўкиниб қолишар эди…

Бойхон бир амаллаб ўша дўконга етиб келди. Ичкари кирди. Дўконнинг чароғонлигидан кўзлари қамашиб, бир зум нафас ростлаш дардида четроққа тисарилди.

Ичкарида одам гавжум. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Ғала-ғовур авжида.

Бойхон бир амаллаб пештахтага яқинлашди. Юраги нечундир, ўз-ўзидан Гурс-гурс ура кетди.

«Ҳов, қушлар, — деди хаёлан у. – шошманг, биз сизларга қўналға чизиб берамиз. Биз ҳам…»

Бойхон сотувчи хотин ва харидорларнинг ўзига ажабланиб-ажабланиб тикилаётганини кўриб сал сергак тортди. Афтидан, у хаёлида эмас, ташида ғулдираганди.
Бойхон беўхшов ишшайиб яна тасвирга суқланиб тикила бошлади.

— Хизмат, укагинам. – деб сўради сотувчи Хотин, шекилли, у «укагинасини» таниган эди.

Бойхон илжая-илжая:
— Опа, анови… — деди зўрға.

Сотувчи у гапини тугатмасданоқ ўша сопол кўзачани дўқиллатиб пуштахтага қўйди.

Бойхон ишшайиб уни ўзига имлади:
— Опа, қулоғингизга бир гапим бор эди.

Сотувчининг энсаси қотди:
— Айтаверинг.

— шу.. илтимос, — деб ғўлдиради Бойхон кўзачани қўли билан силай туриб, — шунингизни насияга бериб туринг, жо-он опа, эртан пул опкеламан, хўп.

Сотувчи Бойхонга қайрилиб ҳам қарамай, кўзачани кўтарди-ю, жойига қўйди.

Шу чоғ бошқа бир харидор энтикиб турган Бойхонни туртиб юборгудек бўлиб ўтди-да:
— Ие, кўзачани бу ёққа узатинг, — деди сотувчига қарата, — кўрайлик-чи…

Бойхон сергакланиб ёнига қаради.
— Ўв, бу… меники…

Харидор ҳеч вақога тушунмай бир Бойхонга, бир сотувчига ҳайрон тикилди.

— Сал кайфи тароқ, эътибор берманг, — деди сотувчи қўл силтаб. – харидор оқилона бош чайқаб пул санаркан, Бойхон пештахта устида ётган кўзачага чанг солди.
— Бу меники… меники…

Харидор одоб билан ёпишқоқни орқага суриб қўйди.

— Қандай тузсиз одамсиз, — деди у Бойхоннинг тирсаги теккан костюмини қоқа туриб.

Бойхон шаштидан қайтмади.
— Меники… Совға қиламан…

Унинг ёшдан хира тортган кўзлари сопол кўзачадан бошқа ҳеч нимани кўрмас, қулоқлари ҳеч қандай ҳай-ҳайлашни эшитмас, Айни чоғда тинмай алжирашни, жанжал-тўполон кўтаришни жуда-жуда истар эди.

Бўлинма олдида томоша талаблар тўплана бошладилар.

Шу пайт аллақаердан айиқдай бақувват эркак сотувчи пайдо бўлди-да, Бойхонни осонгина қўлтиқлаб ташқарии томон судраб кетди. Бойхон жон аччиғида типирлаб қаршилик қилишга уринди. Аммо зум ўтмай ўзини ойнабанд эшик орасида кўрди. Совуқ ҳавода эти жунжикди.

— Йўқол! – деди сотувчи оёғи билан ерни тапиллатиб, гўё ёш болани ҳайдагандай. – Йўқолмасанг ҳозир мелиса чақираман…

Барзанги мушти билан яна бир бор пўписа қилди-ю ўзини ичкари олди.

Бойхон қаёққа юрарини билмай анча вақт эшик олдида гарангсиб туриб қолди. Унинг қулаб тушгдай чайқалаётганини, ғулдураб, тушунуксиз сўкинаётганини кўрган ўтиб-қайтувчилар ўзларини дарҳол четга тортишарди.

Қоронғулик тобора қуюқлашарди…

КЎНГИЛ СЕЗИБ ТУРИБДИ

Шомғалат бир пайтда вокзал биқинидаги бефайз қаҳвахонанинг нимқоронғи, холигина бурчагида бемалол еб-ичиб, ҳи­ринг­лашиб, пичирлашиб ўтирган, ёшлари қирқларни қоралаб қолган, афт-ангорларидан, гап-сўзларидан савдобоп мол келтириш дардида пойтахтга отланган бозорчи хотинлар қавмидан эканлиги, бироқ бугун пешин маҳали ўша шаҳри азимга жўнаб кетган автобусга улгуролмай, энди амал-тақал чиқиб олиш илинжида тунги поездни кутишаётганлиги рўй-рост кўриниб, сезилиб турган гумбаздай-гумбаздай икки аёл девордаги сар­ғиш бўёқ юқи теккан соатга аҳён-аҳён кўз ташлаб қўйишарди.

— Нози… — деди дугонасига қадаҳдаги қип-қизил мусалласдан ҳўплаб-ҳўплаб олган аёл мас­тона, сирли сузилиб, — сенга бир сирни очсам, хафа бўл­майсанми?

Баҳузур гўшт чайнаётган Назокат бироз сергакланди.

— Гапиравергин, қулоғим сенда, дугонажон.
— Эринг сенга хиёнат қилиб юрибди.

— Ўйламай гапирган, оғриқсиз ўлади, — деди Нозокат қўлидаги санчқини емак столи устига қарсиллатиб ташларкан, — Гавҳар, исботинг бўлмаса, бундай гапларни гапирмагин, хўпми?

— Сенинг эринг хиёнаткор, беномус, палид одам!

Дугонасининг қатъий бир товушда дона-дона таъкидлаб гапириши Назокатни хийла довдиратди.

— Исботлаб бера оласанми?
— Кўнгил сезиб турибди. Биласан-ку, менинг кўнглим сезган нарсалар, кўпинча рост бўлиб чиқади.

Назокатнинг баттар дами ичига тушиб кетди. Ҳа, у Гавҳарни билади, жуда яхши билади, бу аёл бозорчи хотинлар орасида “Қора фолбин” лақаби билан машҳур, у “кўнгил сезиб турибди”, дея гап бошладими, тамом, ҳамма бирдан ҳушёр тортади, чунки Гавҳар одатда ўз башоратларини айнан шундай ибора билан бошлайди: “Кўнгил сезиб турибди, эртага бозорни назоратчилар босади… кўнгил сезиб турибди, бугун савдо яхши бўлмайди, кўнгил сезиб турибди, фалончахон, сиз бир-икки кун бозорга келолмайсиз…” Ажабо, минг ажабо, Гавҳарнинг айтганлари, охир-оқибат, чин бўлиб чиқади!

Бир гал пойтахтдаги улгуржи бозордан харид қилинган молларни ҳамма одатдагидай автобусга юклай бошлади. Гавҳар эса Назокатни чеккага имлаб шивирлади: “Енгил уловда кетамиз, иккимизнинг молларимиз битта машинага юк бўлади”.

Назокат ҳамишагидай автобусда кетишлари маъқуллигини айтиб қаршилик кўрсатган бўлди.

“Кўнгил сезиб турибди, бу гал автобус панд берадиганга ўхшайди, кел, яхшиси, тингчгина бирор енгил уловда кетаверайлик”, — деди Гавҳар.

Ноилож рози бўлган Назокат тез орада эшитдики, чиндан ҳам ўша сафар автобус қай бир манзилда бузилиб, савдогарлар икки кун йўлда қолиб кетишган экан! Ўшанда Назокат дугонасининг чиндан ҳам илоҳий бир хислат, сезги соҳибаси эканлигига ишониб қолган эди.

“Эй, Гавҳар, — деб чувиллашади баъзан бозорчилар, — яхши нарсалар ҳақида, қувончдан, бахтдан башорат қилсангиз-чи”.

Гавҳар аввал кулади, сўнг маъюс нигоҳларини қайларгадир олиб қочади: “Сиз айтган нарсаларни қайдан топаман, ахир ҳаётнинг турган битгани ташвиш-таҳлика-ку… Аслида бунга башорат ҳам керак эмас…”

Аммо бозорчилар Гавҳарнинг эътирозларига эътибор беришмайди, эътибор беришса-да, унинг сал-пал китобийроқ гапларни кўп ҳам тушунишмайди, ундан фақат ва фақат яхши муждалар кутишади.

Мана, бугун Назокат ҳам ўша “Қора фолбин”нинг қоп-қора, совуқ башоратига дуч келиб ўтирибди.

Дугонасининг бўшашиб хаёлчан туриб қолганини пайқади, шекилли Гавҳар овозини яна бир парда баланд кўтарди.

— Сенинг эринг хиёнаткор, беномус, палид одам, ишонмасанг, кел, гаров ўйнаймиз.

— Гаров?! Нима тикамиз гаровга?
— Пул. Ютқазган…

Гавҳар гаров баҳосини тилга олди. Бунча пулни энг учар савдогар ҳам бир ой ичида топиши гумон эди. Назокат яна саросималаниб қолди. Бунча маблағни бой бериб қўйиш эри ўйнаш орттиргандан ҳам кўра кўпроқ азият етказарди унга.

— Кайфинг ошиб қолли санинг, — деб минғирлади Назокат ўзича сир бой бермай, шиша тубидаги мусалласни қадаҳларга қуяр экан, — икки қулоғинг билан ҳам яхшилаб эшитиб олгин, эрим мени қаттиқ севади, жонидан ҳам ортиқ севади.

Гавҳар мастона пихиллаб кулди.

— Сени-я?! Шу қадди-қоматинг учун-а?! Урғочи филдан нари-берисан-ку…

— Гап қоматда ё чиройда эмас… — деб яна ожизона минғирлади Назокат, — эрим мени севади, тамом-вассалом…

У илгари мактабда муаллималик қилиб юрган кезлари бундай бесўнақай мавжудотга айланиб қолиши, ҳатто хаёлига ҳам келмаган, хипча қоматига хўб ярашган либосларда гул-чечакдек яшнаб, антиқа атир-упалар хушбўйига беланиб, ўша чоғлар ёш бўлишига қарамай йирик бир заводда йирик мутахассислар қаторида саналувчи эрининг меҳр-муҳаббатига кўмилиб, ширин-шакар уч нафар фарзанднинг саодатманд онасига айланиб, бахт-иқболдан чарақлаб-ярақлаб юрарди. Аммо эртак-чўпчакларда айтилгандек, қора дев афсуни етдими ё замона зайли эврилдими, ўша улкан корхона косодга учраб эр ишсиз қолди-ю, бир йилча бекор ивирсиб юргач, ўзини бозорга урди, гоҳ пойтахтдан, гоҳ қай бир чегарадош чет юртлардан кийим-кечак, болаларбоп буюмлар келтириб туман марказидаги бесаришта бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрди. Олатасир кунларнинг бирида пулини белига тугиб, сотишга арзигулик мол келтириш дардида қай бир манзилларни кўзлаб кетган эр, орадан беш-олти кун ўтиб, эзгин-тўзғин ҳолда, кўмирдай қорайиб, бўм-бўш қўл билан қайтиб келди.

— Товаримни тортиб олишди, бор-йўғимдан айрилдим, — деб ҳасрат қилди у юрак-бағри эзилиб, ҳамдард бир тарзда ёнгинасида ўтирган завжасига кечки пайт.

Назокат уни юпатган, овутган бўлди. Эр бир ҳафтача уйида қамалиб, ўз ёғига ўзи қовурилиб ётди.

— Беҳуда куйиниб, вақтни бой бергандан фойда йўқ, — деб эрига суйкалди Назокат, — тирикчилик бизнинг кўз ёшларимизга ишонмайди.

— Сенга бир гап айтайми?
— Айтинг.

Эр завжасига беадоқ умид ва илинж билан термилди.

— Хотин-қизларга кўп тир­ғалшмайди, шунинг учун ҳозир товар опкелишга асосан аёллар боришяпти”

Назокат эрини тушунди. У ўз завжасини ҳам савдо-сотиқ жаб­ҳасига чорларди. Муаллима аёл аввалига кулибгина эрини рад этди, ҳарчанд уринса-да, ўзини катта қоп орқалаган, ҳаллослаб югургилаган ҳолда тасаввур қилолмади, аммо бир куни ўрта яшар, камбағалгина ҳамкасабалардан бири ўзини ўзи осиб ҳаётдан кўз юмди-ю, Назокатнинг кўзлари мошдай очилди.

— Нега ўз жонига қасд қилибди? — деб тўнғиллади эри хотинидан совуқ хабарни эшитгач.

— Қизини унаштирган экан, тузукроқ сеп қилолмабди, қуда томон айниб қолган эмиш, шўрлик бир бева аёл эди.

— Иснодга чидай олмагандир-да, — деб оғир сўлиш олди эр, — ҳозир қизи бор оилаларга жуда қийин бўлиб кетди. Туғилгандаёқ уларга сеп йиғиб борилмаса, кейин қийин бўлади.

Назокат нариги хонада дарс тайёрлаб ўтирган болалари томон беихтиёр кўз ташлаб олди.

— Сиз ҳам аза очишни бас қилиб, бирор ишнинг бошини тутсангиз яхши бўларди.

— Менга ақл ўргатма, — деб ўшқирди эр, — нима қилишни ўзим яхши биламан. Мен бозорма-бозор юриб пул топсам, ўйнашимга ташимаймайман шу уйга, шу рўзғорга опкеламан, тушундингми? Ҳали машина олишимиз, уйни қайта қуришимиз керак, битта менинг топганим нима бўлади, сенинг олган ойлигинг пардоз-андозингдан ортмайди, оти улуғ, супраси қуруғ, э, ўргилдим…

— Нима қил дейсиз? — бўшашибгина сўради Назокат.

— Ўша гап. Сен товар келтириб турсанг, мен унга-бунга улгуржи ўтказаман, қолган-қутганини бир чеккада ўтириб сотаман, ана, ўшанда кўрасан ишимизнинг гуркирашини.

Муаллима аёл ўйланиб қолди.

— Бўпти, эртагаёқ ишдан бўшайман, — деди Назокат нариги хонадаги қизлари томон яна бир кўз ташлаб оларкан.

Эр мамнун илжайди.

— А-а, бу бошқа гап!

Назокат аввалига бегона қўрага қамалган қўзидай бозорчи хотинлар тўпига кўниколмай юрди. Бора-бора охири уларсиз туролмайдиган бўлиб қолди, шўх ўқувчи болаларнинг эмас, бозорнинг ғала-ғовури, варақланаётган китобнинг эмас, саналаётган даста-даста пулнинг шитир-шитири кўнглини забт этди. Гавҳар илк учрашишгандаёқ унга ёқиб қолди, ҳартугул, иккиси ҳам олий маълумотли, ўқмишли, дид-фаросатлари уйғун эди. Уларнинг худди эгизаклардек юриш-туришларини кўрганлар ҳавас қилишарди.

Мана шундай ҳамдард, ҳамнафас дугона дабдурустдан, ҳе йўқ, бе йўқ, унинг эрини хиёнаткорликда айблаб ўтирибди-я?! Ё ростдан ҳам бирор асоси бормикан? Жуда ишонч билан гапиряпти-ку?!

Биққи семиз, қўйдай ювош, ҳамиша жонсарак, хотини келтирган молларни пишнаб-пишқириб растама-раста тарқатиб юрадиган эр кўз ўнгида яна бир карра жонланди-ю, Назокат дадил бош кўтариб Гавҳарга юзланди.

— Илмий иш ишқида ёниб юрган пайтларинг сени эринг ташлаб кетган, шунинг учун ҳам эркак зотини ёмон кўрасан, шунинг учун ҳам менинг эримни бадном қилмоқчисан.

— Эрим хиёнат қилмаган, — деди чўпча билан тишлари орасини тозалаб ўтирган Гавҳар бепарво, — бошқани севиб қолиб, ўша билан кетган.

— Демак, фикрингдан қайтмайсан, эримни хиёнатда айблайверасан, шундайми?
— Шундай. Масалан, эринг ҳозир қаерда?

— Қаерда бўларди, уйда.
— Болаларинг-чи.

— Ҳозир таътил пайти, уларни тоққа жўнатиб юбордик, қариндошларникида бироз дам олиб келишади, тоза ҳаво, деганларидай.
— Болаларни жўнатиш фикри кимдан чиқди?

— Бу… — Назокат чимирилган кўйи ўйланиб қолди, — бу… эримдан чиқди, лекин менга ҳам ёқди.

Гавҳар мастона шарақлаб кулди.

— Демак, фаришта эринг уйда ёлғиз пашша қўриб ўтирган экан-да.

— Эй, — деди Назокат уриш­қоқ хўроздай хезланиб, — нимага шама қиляпсан, эринг ўйнашини уйига бошлаб келиб маишат қилиб ўтирибди демоқчимисан?

— Балки…
— Юр, ҳозироқ бориб кўрамиз.

— Қўйсанг-чи, — деб қўл силтади Гавҳар, — ҳазиллашдим, сени бир синаб кўрай дегандим. Ишондим, эринг фаришта экан.

Дугонанинг туйқус ортга чекингани, ичилган мусалласнинг ҳарорати Назокатни баттар жунбишга келтирди.

— Йўқ, энди гапингдан тонмагин! Агар энди фикрингдан қайтсанг, сени умуман ҳурмат қилмай қўяман.

— Нози, кел, қўйгин шу машмашани, узр, қўпол ҳазил қилдим, — деди Гавҳар мастона сузилиб, — очиғи, сенга… хосларга хос бир тарзда… рамзий гап қилмоқчи эдим… ўқмишлисан, китоб кўргансан, деб ўйлагандим… сен масалани чуқурлаштириб юбординг…

Назокат дугонасига синчков назар ташларкан, унинг хийла алжиб қолганини пайқади.

— Хўш, гаров нима бўлади? — деди Назокат дугонасининг муқаррар бой беришига буткул ишонч ҳосил қилиб.
— Қанақа гаров? Мен айтган пайт сен кўнмадинг-ку… қўл ташлашмадинг, энди у бекор.

— Бекормас! — Назокат бир интилиб дугонасининг қўш-қўш узуклар тақилган лўппи панжаларини кафтига олди. — Мана! Гаров кучга кирди!
— Қўйсанг-чи, Назо, сен ютқа­засан, кўнгил сезиб турибди.

— Э, ўргилдим кўнглингдан… таниш киракашим бор, ҳозир чақираман, бизникига бориб келамиз.
— Поезд-чи…

Назокат девордаги соат милларига тезгина кўз ташлаб олди.

— Э-э… поезд келишига ҳали вақт кўп. Таксида ғирра борамиз-у қайтамиз, нари-бериси бир соатда улгурамиз.

Ширакайф Гавҳар юмилиб-юмилиб кетаётган кўзларини аранг очиб ғудранди.

— Ихтиёринг… аммо… кўнгил сезиб турибди…

Назокат унинг гапларига эътибор бермай қайроқтошдай телефонини қўлига олиб шоша-пиша таниш киракашнинг рақамларини терди…

* * *

Тун. Зим-зиё ёз туни. Бутун борлиқ гўё қари жодугарнинг қоп-қора ридосига бурканган. Ҳаво ўз ҳароратидан ўзи димиқиб тўлғанади. Тўлғанишидан илиқ, ёқимсиз эпкин қўзғалади.

Икки аёл ўтирган енгил улов бир зумда шаҳарчани тарк этиб катта анҳор бўйлаб ястаниб ётган маҳалла томон бурилди. Фаранинг ўткир нурлари кенг-мўл кўча кўйни қатор-қатор ҳовли жойларни ялаб-юлқаб ўтади.

— Шу ерда тўхтанг, — деди Назокат бир пайт, — биз тезда чиқамиз, кутиб туринг.
— Хўп, опагинам, хўп, — деди ҳайдовчи тавозе билан бош ирғаб.

Назокат бир мудраб, бир норизо ғудраниб келаётган Гав­ҳарни қўлтиқлаб машинадан туширди.

— Барибир сен ютқазасан, Назо… — деб ғингшиди у қурқшоқ лабларини ялаб, — кўнгил сезиб турибди.

Назокат гаровчи дугонани дарвозаси ёнига етаклаб борди.

— Бўпти, кўп гапирма, ҳозир мен дарвозани очаман.

Назокат ён сумкасини кавлаб калит излашга тушди. Шундагина у қўллари беихтиёр қалтираётганини, юрагида қандайдир ғашлик кезинаётганини пайқади.

— Овоз чиқармай, ортимдан киргин, — деб шивирлади у ниҳоят дарвозани очаркан, — ҳозир ҳаммаси маълум бўлади.

Ҳовли жимжит. Уй пештоқидаги хира чироқ теваракни ола-чалпоқ ёритади. Ҳовли этагидаги дов-дарахтлар, бостирма ҳурпайиб кўзга ташланади.

Аёллар бир-бирини қўлтиқлашиб даҳлиз томонга юришди. Шу пайт ичкаридан қиз боланинг қўнғироқдай жарангдор кулгиси эшитилди-ю, улар жойларида тахтадай қотиб қолишди, сўнг ялт этиб бир-бирига қарашди. Гавҳар ғолибона илжайиб пичирлади.

— Кўнгил сезиб турибди…

Назокат беихтиёр дугонасини итариб юборди. Гавҳар гандираклаган кўйи сал наридаги ёғоч ўриндиққа ўтириб қолди. Назокат шахт билан даҳлиз эшигини очди. Очди-ю, бир зум гангиган кўйи карахт туриб қолди.

Катта зал тўрида баҳайбат телевизор экрани ранг-баранг жилоларда порлаб турар, жилолар ичида, ёрқин тасвирлар қўйнида бир гўзал қиз фавворалар билан ўйнашиб қаҳ-қаҳ отиб куларди. Телевизор қаршисидаги юмшоқ курсида, тепасочлари эрта тўкила бошлаган, биққи семиз, қориндор бир мавжудот ухлаб ётар, юз-кўзини қоплаб қолган, бахтиёр оила ҳақида ҳикоя қилувчи суратлар билан безатилган газета варағи ғафлат хуррагидан уста масхарабоздек қилпиллар эди.

Назокат ён-атрофига аланглаган кўйи ичкарига юрди. Шу пайт курсига ястаниб ётган қора шарпадан безовталанди шекилли лапанглаганича ўрнидан турди.

— Ия, бу сенмисан, Назокат?! — деб тўнғиллади у кўзларини ишқалаб, — на мунча тез қайтдинг? Юкинг қани?

Назокат қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Сўнг ташқарига телбавор отилди.

— Мен ютдим! Эй, Гавҳар! Эй, Қора фолбин! Қани, гаров пулини тайёрла!

Бу орада дугона қоп-қора зулматга қоришиб, ўша ёғоч ўридиқда ҳануз мудраб ўтирар, аҳён-аҳён димоғида ғудраниб қўярди:

— Кўнгил сезиб турибди….сен ютқазасан….

6-8.jpgLuqmon BO‘RIXON
IKKI HIKOYA
07

Yaxshiasar.jpg Luqmon Bo‘rixon 1965 yil 15 fevralda Qash­­qadaryo viloya­tining o‘uzor tumanidagi Yangiobod qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1991). Dastlabki hikoyasi — «Begimqul katta» (1987). Shundan so‘ng yozuvchining «Yalangoyoq» (1991), «Sirli muallim» (2006), «Xizr ko‘rgan yigit» (2007) cingari hikoya va qissalar to‘plamlari nashr etilgan. «Jaziramadagi odamlar» (2005) romani muallifi.

07

KUTILGAN KUN

Bir yorug‘lik izlaymiz hamon…
Rauf PARFI

…Boyxon bu kunni ilhaq kutgan edi. Uzoq dashtda uloqib qolgan, iror o‘tkinchi ulov sharpasiga umidvor ko‘z tikkan yo‘lovchidan u ham shu kunga mushtoq edi.

Boyxon tanasi taram-taram bo‘lib ketgan daraxtga behol suyanib, chuqur-chuqur nafas oldi. Kulrang qorong‘ulikka cho‘mib borayotgan katta-kichik daraxtlar, baland-u past imoratlar, keng yo‘lda g‘iz-g‘iz o‘tib qaytayotgan mashinalar ko‘z o‘ngida betinim chayqalardi. Oyoqlari ostida bo‘sh-bo‘sh aroq shishalari, kolbasa burdalari-yu g‘ijimlangan qog‘oz parchalari sochilib yotardi.

Boyxonning yuragi uvushdi. Barcha qilmishlari ko‘z oldidan ayqash-uyqash bo‘lib o‘tdi-yu ko‘ngli g‘ashlandi. «Endi hech o‘ngarilmasligim, tayin, oxirgi umidim ham kul bo‘ldi, tamom», deb o‘yladi u ruhsizlanib.

…Boyxon bu kunni ixlos bilan kutgandi. Go‘yo bu kun u bir yumalab boshqa xil odamga aylanib qoladiganday, jikkak, tajang Boyxonning o‘rnida etli- so‘lli, kelishgan Boyxon taltayib turadiganday edi… Eh, bu kun, bu kun…

U bir quchoq sovg‘a keltirib, xotinini tug‘ilgan kuni bilan qutlamoqchi, uning lablarida shirin bir tabassum ko‘rmoqchi, so‘ngra esa o‘zi orzu qilgan o‘sha o‘rik gullari iforiga burkanib, hamma-hammasini – o‘z hayotini, turmushini qaytadan boshlamoqchi edi. Shu boisdan tong bo‘zarmasdanoq shoshilib, ammo tetik va allanechuk xush kayfiyatda ko‘chaga otilgan, xotini – ikki oylik kelinchak orqasidan ajablanib qarab qolgandi.

Boyxonning kasbi betayin edi. U bir vaqtlar motor zavodida xizmat qilar, ishga shirakayf kelsa-da, berilgan topshiriqlarni tuzukkina do‘ndirar edi. Biroq orada aroqxo‘rlikka qarshi kurash boshlanib ketdiyu, namunam sifatida uning kovushini to‘g‘rilab qo‘yishdi. Boyxon shu-shu hech joydan ish topolmadi. Oxiri mardikorlikka kuni qoldi.

U la’nati shu ichkilikbozlikni tashlashga necha marta so‘z berar, lekin uch-to‘rt kun o‘tmasdanoq, «o‘zi bilmay» yana echki qasamga aylanib – uyiga odatdagidek chayqalganicha kirib kelar, boshini xam qilgan ko‘yi keksa onasining beozorgina nolishlarini tinglar edi.

Boyxon yaqinda uylandi. To‘g‘rirog‘i, uni uylantirishdi. Aka-opalari –o‘lni-qo‘lga berib, onalari bilan obdon maslahatlashib kelin topdilar. Kelin – Yangi daha tomonda yashovchi ammasining qizi bo‘ldi. Ammasi to‘ydan so‘ng ularnikiga tez-tez kelib turar, biroq har tashrifida kuyovini ta’nayu tanbehlar toshbo‘ronida ezib tashlar edi: «Hoy, jiyan, soqol-poqolni mundog‘ qirtishlab yursangiz bo‘lmaydimi?.. Hoy, yigit, qachon siz ham mundog‘ odamga o‘xshab uyga oylik ko‘tarib kelasiz?.. Rahmatli akaning arvohlari hurmati, gulday qizimni bir yalangoyoqqa qo‘shdim, esam…»
Ammaning uzundan-uzoq oh-voyini Boyxon toqat bilan eshitardi-yu, biroq kelin, «Oyi, bo‘ldi, bas!» deganday ovozsiz iltijo qilardi.

Ammasining qizi Sarg‘ishdan kelgan, yuzlari cho‘zinchoq, qoshlari siyrak, qo‘ng‘irtob ko‘zlari o‘ychan bo‘lib, ishqilib, gulday emasdi. Lekin, tillo ekan. U kelin bo‘lib keldi-yu, harobgina hovlichaga fayz kirib qoldi. Ammo Boyxonda hche bir o‘zgarish sezilmasdi. U har erta bir yoqLarga gumm bo‘lar, allakimlargadir yollanib, ishlab topgan va besh-olti so‘mini kechqurun xotinining oldiga uyalib, avaylabgina qo‘yar edi. Biroq ahr uch-to‘rt kunda gandiraklaganicha g‘o‘ddayib bo‘sag‘ada paydo bo‘lishini ham tashlamasdi.

Boyxon mast chog‘lari, negadir, ko‘proq iymanar, xotinining ayuhannos solishini, «ketaman», deya po‘pisa qilishini, uvvos tortib yig‘lashini juda-juda istar edi. Xotini esa hech bir jirkanmay, hayiqmay, erining iflos kiyimlarini yechar, yuvintirardi.

Boyxon ko‘pincha kechki yemakdan so‘ng muzday deraza oynasiga tanglay tirab, mahzun qorong‘ulikka cho‘mgan torgina hovlidagi sovuq urgan o‘rik daraxtiga so‘zsiz tikilardi. Necha-necha bahorlardan beri gullamaydigan, g‘uj-g‘uj yaproqlari kuzning olovli dami yetmasdanoq Sarg‘ayib, qovjirab bitadigan bu daraxt, sertomir qadoq qo‘llardek shoxlarini ko‘kka cho‘zib, nelarnidir falakdan so‘rayotganday sovuq shamolda diydirab, chayqalib turar edi.

«Baribir meni tashlab ketadi», deb o‘ylardi u xotini haqida, derazadan horg‘in ko‘zlarini uzmay.

Lekin xotinida ketib qolish niyati yo‘qqa o‘xshardi. U ertayu kech hovlida ktsymalanar – supirib-sidirar, yuvib-tarar, keksa qaynonasiga girdikapalak bo‘lar edi. U g‘imir-g‘imirlari, Ayniqsa Boyxon uyda paytlari avjiga chiqar, hoynahoy, Eri bilan yuzma-yuz, bekorchi o‘tirishdan, gap topolmay qiynalishdan benihoya cho‘chir edi. Shu sababli harqalay Boyxon xotiniga tik qaramoqqa botinolmasdi. Ba’zan Boyxonning o‘z-o‘zidan zavqi jo‘shar, kelinchakni erkalagisi, mehribonliklar ko‘rsatgisi kelar, lekin bunga jur’at etolmas, to‘g‘rirog‘i bu xil yaqinlikda o‘zini mutlaqo haqsiz, deb hisoblar, butun bor-yo‘g‘i, yurish-turishi bilan xotini oldida o‘zini muttahamday his etardi!

Ammo kunlar ketidan kunlar o‘tarkan, yurak bag‘rida tosh bo‘lib yotgan kuz qatlamlari Allaqanday anglab bo‘lmas olov taftidan asta-sekin erib ketayotganni Boyxon payqab borardi. Mardikorlikdan qaytishda uy tomon ixtiyorsiz katta-katta qAdam tashlashi, tez orada ro‘y beradigan ko‘zlar to‘qnashuvini his qilib entikishi, uyida – yumshoq o‘ringa so‘zsiz cho‘zilisharkan, saharning yana uch-to‘rt barobar uzaymog‘ini istashi, xuddi shu antiqa qiliqlaridan dalolat berib turardi. Lekin jamiki noumid va noshukur bandalar kabi Boyxon ham ko‘ngliga alangalanib kelayotgan orombaxsh olovga shubhayu gumonlar suvini purkar, o‘zini-o‘zi tushnkunlik, ruhsizlik tig‘iga tutib berar edi.

«U baribir men bilan yashamaydi, — deb o‘ylardi Boyxon. – Yana besh-olti kundan so‘ng onasinikiga jo‘navoradi…»

Biroq uch kuncha burungi bir hodisa uni butkul boshqa o‘zanga burib yubordi.

O‘sha kuni omadi yurishmagan Boyxon tushdan so‘ng shalvirabgina uyiga qaytgandi. U hovli eshigidan oyog‘ini oshirdi-yu, ajoyib manzaraning guvohi bo‘ldi.

Sochini chiroyli turmaklab, duracha bilan tang‘ib olgan xotini o‘sha o‘rik daraxtining shoxlariga kir yoymoqda edi. Durrachasi tegidan chiqib turgan, shamolda hilpirayotgan uzun-uzun soch tolalariga daraxtning nurdek ingichka bir shoxi go‘yo o‘pmoqchiday ohista-ohista silanar, kelinchak esa shirin-shakar xayollar og‘ushida zavqlanib betinim iljayardi.

Boyxon bu xushmanzarani to‘rt-besh daqiqa – to unga xotinining ko‘zi tushgunicha tomosha qilib turarkan, nogoh, dimog‘iga gup etib o‘rik gullarining ifori urilgandek tuyuldi. Boshi aylanib ketdi.
Xotini u tomon ilkis nazar tashladi-yu, ikkovlari baravar iljaydilar. Bu ularning bir-biroviga birinchi samimiy tabassumi edi.

O‘sha kuni kechki taomdan so‘ng Boyxon odatdagidek derazaning sovuq oynasiga yuzma-yuz bo‘larkan xayolga chulg‘andi. «Yo‘q, bunday yashab bo‘lmaydi. Odamsifat bo‘lishim kerak, odam…»

U deraza yonida uzoq turmadi. Bir payt miyasiga kelgan ajoyib fikrdan sevinib, qalqib ketdi. Allanimalarni tikib-bichib o‘tirgan xotini bu holni sezmadi.

«Nahotki, uch kundan so‘ng uning tug‘ilgan kuni?! Balki adashayotgandirman?»
Boyxon zo‘r diqqat bilan xotirasini titkilab chiqdiv a adashmaganiga yana bir bor amin bo‘ldi.

O‘sha choshgoh –hukumat nigohidan o‘tkazuvchi tannoz xodima o‘z qalin daftariga yosh kelin-kuyovlarning ism-shariflariyu tug‘ilgan yil, oylarini qayd etayotgan chog‘i u o‘z qallig‘ining tavallud kuniga negadir, qiziqsinib qaragan va yaxshigina eslab qolgandi.

…Boyxon bu kunni entikib kutgan edi. Miyasiga ajoyib fikr urilgan o‘sha oqshomdan boshlab uch kun betinim o‘zicha turli-tuman rejalar tuzdi. Hayajonlandi. Hovliqdi.

Nihoyat, o‘sha arzanda kun ham yetib keldi-yu tong qrong‘usida ikki oylik kelinchakni sarosimada qoldirib ko‘chaga otildi. Ammo ko‘cha eshigi orqasida xotini yuvib-dazmollangan shimni obdon g‘ijimlashni unutmadi, unda-munda uchrab qoladigan o‘ziga o‘xshash betayin og‘aynilarining «po‘rim kuyov bola» deya masxara qilishidan uyaldi.

…Boyxon bu kunni shirin xayollar og‘ushida kutgan edi. Shuning uchun ham naq tushga dovur qora terga botib suvoq qilarkan, charchash o‘rniga tobora g‘ayrati qaynab, yuz-ko‘zidan tabassum arimadi. Nihoyat, mardikorining antiqa hatti-harakatlaridan lol bo‘lgan tepakal xo‘jayin qayta-qayta sanab uzatgan pulni changallaganicha hovliqib ko‘chaga otildi.

U xotiniga qanday sovg‘a olishini huv o‘sha oqshomdayoq diliga tugib qo‘ygan, har eslaganda to‘lqinlanib-talqinlanib yurgandi. Ko‘z ostidagi bu tortib – sopol ko‘zacha edi. Boyxon uni ilk marta, bir oycha avval, aroq qahatchiligi sabab arzon atir ilinjida mashhur do‘kon bo‘ylab ho‘b izg‘ib yurarkan, tepasiga «Podarki» deb yozilgan bo‘linma sotuvchisi iddao bilan ko‘rgazmaga qo‘yayotgan payt ko‘rib qolgandi. O‘shanda u sopol ko‘zachaning bejirim va yaltiroqligiga, shunchaki qiziqsinib qarab turgan, so‘ngra badaniga Sarg‘ish bo‘yoq bilan tasivrlangan bir juft qushga siyrak kipriklarini pirpirata-pirpirata uzoq vaqt angraygandi.

Uning nazarida qushlar qop-qora tun aro horg‘in uchib borishar, mitti ko‘zlarida shubha-yu hadik, umidsizlik va alamzadalik qalqib turar, chor-atrofda hech bir qo‘nalg‘a belgisi ko‘rinmas edi.
Boyxon o‘shanda sopol ko‘zachaga tikilib turarkan tizzalariga, barmoq uchlariga titroq inayotganini, yuragi alg‘ov-dalg‘ov bo‘lib ketayotganini sezdi. Beixtiyor qushlarning oyoqchalari tagiga oppoq gullagan o‘rik shoxi tasvirini tushirgisi va qushlarni shu yerga qo‘ndirib chek-chegarasiz parvozni butkul tugatgisi kelib ketgandi.

Shu-shu bo‘ldiyu, u bu mo‘’jaz do‘konga tez-tez kelib turadigan, g‘oyat antiqa tuyulgan o‘sha sopol ko‘zachaga hiyla vaqt hayratlanib tikiladigan tashvish orttirdi. Biroq uning daydilarcha ivirsishi do‘konchilarni shubhalantirib qo‘ydi shekilli, kuni kecha Boyxon peshtaxta yonida paydo bo‘lishi bilanoq, «xizmat, ukaginam» deb so‘radi sotuvchi ayol pardoz-andozdan andak to‘xtab.
— Anavi ko‘zachangiz… — g‘o‘ldiradi Boyxon, — juda zo‘r ekan.

U, negadir sotuvchining «ha, judayam ajoyib, menga ham yoqadi», deyishini, so‘ngra o‘zi tasvirdagi uchib borayotgan qushlar haqida to‘lib-toshib gapirishini, xotiniga shu ko‘zachani sovg‘a qilmoqchi ekanligini aytib maslahatlashishni juda-juda istagan, hatto, shunday bo‘lishiga qattiq ishongan edi.

Ammo sotuvchi ayol allaqanday g‘ashlangan qiyofada hech gap-so‘zsiz u ishora qilgan matohni olib uzatmoqqa shaylandi.

— Yo‘q-yo‘q, hozirmas, — deb yubordi shosha-pisha Boyxon, xuddi qo‘qqis shirin uyqudan uyg‘ongandek. – ertaga olaman.

Sotuvchi ayol yelka uchirdi:
— Ixtiyoringiz, lekin shu oxirgisi…

…Boyxon bu kunni intiq kutgan edi. Shuning uchun ham xotinining kechqurun quvonch va mehrdan lov-lov qizarishini xayolida jonlantira-jonlantira entikkancha ketib borardi. Ammo…

Ammo katta chorraha biqinidagi har bir tosh-kesagigacha o‘ziga tanish bo‘lgan ichimliklar do‘konchasi yonidan o‘tayotganida qadamlari beixtiyor sekinlashdi. Axir u yerda baqaloq sotuvchi turli ichimliklarga limmo-lim yog‘och qutilarni g‘ayrat bilan ichkariga tashirdi-da.

«Ob-bo, zap ustidan chiqibman-u, deb yuborganini Boyxonning o‘zi ham sezmay qoldi. Lekin darov sergak tortdi. Qayga, ne sababdan ketayotganini esladi.

Ichimliklar do‘konchasi yonida odamlar daqiqa sayin ko‘payib, g‘ala-g‘ovur bilan navbat talashardilar.

Boyxon cho‘ntagidagi pullarni kaftida siqqancha yo‘lida davom etdi. «Ko‘proq pulim bo‘lganda, ikkoviga olib qo‘ysam yaxshi edida», deb o‘yladi u pullarini yanada mahkamroq siqimlab.

«Ozgina yutib olganimda charchoqlarim tarqab bir huzurlanardima», deb o‘yladi Boyxon negadir asabiylashib. Uning qadamlari o‘z-o‘zidan susaya-susaya, nihoyat, harakatdan to‘xtadi. Uch-to‘rt shisha aroq quchoqlab shodon ketayotgan ur-to‘polon bilan navbat talashayotgan kishilarga sarosimalanib termuldi.

«Bir shishaga-ku qurbim yetar-ov», deb o‘yladi Boyxon olomon tomon beixtiyor uch-to‘rt qAdam tashlab. – Bir donagina atirgul olsam ham bo‘ladi-ku, axir sovg‘aning katta-kichichi, yaxshi-yomoni yo‘q».
Boyxon cho‘ntagiga qo‘l soldi. Lekin, shu lahzayoq, xotinining huvv, o‘sha o‘rik tagidagi tabassumi «lop» etib ko‘z oldiga keldi-yu, shashtidan qaytdi.

«Yo‘q, buguncha ichmayman», deb o‘yladi u qo‘llarini musht qilib. Boyxon iziga qayrildi-da, yo‘liga ravona bo‘lishga chog‘landi. Shu payt olomon orasidan sirg‘alib chiqayotgan ikki sayoq og‘aynisiga ko‘zi tushdi-yu ko‘ngli ravshan tortib ketdi.

Boyxon darhol gumm bo‘lish o‘rniga beixtiyor odimlashi susaydi, anavilarning nazariga tushish uchun pinhona hujum boshladi.

«Do‘stlardan qochish yaxshimas», deya o‘yladi u o‘z-o‘zini aldab. Nihoyat, orqadan tanish hushtak ovozi yangradi. Shusiz ham toqati toq bo‘lib turgan Boyxon «yalt» etib o‘girildi.

Uch-to‘polonda terlab ketgan, soch-soqoli o‘siq, ko‘zlari qizargan og‘aynilar yetib kelishdi. QisqAgina hol-ahvol so‘rashdilar.

— Bu, deyman, tomoqlar qurib bitibdi-yov, a, — dedi sheriklardan biri Boyxonga qarata.

Boyxon aybdorona iljaydi.
— Yur, biz bilan, — sirli ko‘z qisishdi og‘aynilar.

Boyxon botinolmaygina ming‘illadi:
— Yo‘g‘-e, Ishim bor-da…

Ikkovlon barobariga xoxolashdi.
— Ha, endi, — dedi aroq qo‘ltiqlagani. – uylangandan so‘ng qiyin-da…

Sherigi LuqmA tashladi:
— Ayniqsa, xotinidan qo‘rqadiganga.

— Men hech kimdan qo‘rqmayman, — dedi Boyxon qo‘rslik bilan. Shu tobda barii shirin o‘y-xayollariyu, sovg‘a olish ko‘yida halloslab yurishlari o‘ziga erish tuyulib ketdi.
— Qo‘rqmasligingni hali isbotlagan emassan, — dedi og‘aynilar oldin-kuyetin.

Boyxon bu qochiriqni deyarli eshitmadi, chunki u Ayni paytda g‘oyat parishon turib, xotinidan qo‘rqar-qo‘rqmasligini o‘zicha, rostakamiga o‘ylab ko‘rmoqda edi.
og‘aynilar betoqatlandi:
— Yuarsanmi, yo‘qmi?!

Boyxon bir cho‘chib tushdi-da, indamay ularga ergashdi. «Ozroq ichsam o‘lmasman», deb o‘yladi u o‘z-o‘zidan g‘azablanib. «Xotinni tabriklash qochmas…»
Ular o‘zlariga qadrdon daraxtzorga yo‘l olishdi.

Boyxon boshqa hech vaqoni ro‘yirost eslayolmaydi. Agar adashmasa, u boshi sal qizigach, odatdagiday sahiyligi tutib cho‘ntagidagi bor pulni o‘rtaga tashlagan, og‘aynilardan chaqqonrog‘i shartta olib,yana do‘konga yugurgan…

…Boyxon bu kunni zor-zor kutgan edi. Endi esa ko‘ngli aynib, qaqshab-titrab, daraxtga madorsiz suyanib turar, kimgadir tinmay aljiragisi, ho‘ng-ho‘ng yig‘lagisi kelar, boyagina nafrat va masxaraga limmo-lim yuragi yana qurib-qovjirab, halim tortib borar edi.

«Ketgin, meni tashlab ketaqolgin. Shuncha xorlik, shuncha zorlik senga zarilmi? Yuzimga miriqib tufla, dunyoni boshingga ko‘tarib qarg‘a, lekin meni tashlab ket».

Boyxon xotiniga xayolan murojaat qilarkan, o‘sha o‘rik daraxti yonidagi mehrli tabassum, hovli bo‘ylab sassiz kuymalanishlar ko‘z oldidan lop-lop o‘tdi-yu o‘z-o‘zidan o‘pkasi to‘lib, xo‘rligi keldi. Lekin ho‘ngrab yubormaslik uchun gandiraklaganicha yurib ketdi.

Kech kuzning erta qorong‘uligi quyilib kelar, biroq, ko‘cha-ko‘yda odamlar hali gavjum, mashinalar vag‘illab o‘tib qaytar edi. Yog‘in-sochindan darak bo‘lmasa-da, havo xiyla sovuq.
«Yo‘q, men baribir o‘shani obboraman, — deb o‘yladi Boyxon gandiraklab yurib borarkan, — sovg‘a qilaman, sovg‘a…»

U qulab tushmaslikka tirishib, bir to‘xtab, bir yurib borar, unda-munda uchrab qoluvchilar shosha-pisha o‘zlarini chetga olishar, ba’zilari g‘ijinib, so‘kinib qolishar edi…

Boyxon bir amallab o‘sha do‘konga yetib keldi. Ichkari kirdi. Do‘konning charog‘onligidan ko‘zlari qamashib, bir zum nafas rostlash dardida chetroqqa tisarildi.

Ichkarida odam gavjum. Sotuvchilarning qo‘li-qo‘liga tegmaydi. G‘ala-g‘ovur avjida.

Boyxon bir amallab peshtaxtaga yaqinlashdi. Yuragi nechundir, o‘z-o‘zidan Gurs-gurs ura ketdi.

«Hov, qushlar, — dedi xayolan u. – shoshmang, biz sizlarga qo‘nalg‘a chizib beramiz. Biz ham…»

Boyxon sotuvchi xotin va xaridorlarning o‘ziga ajablanib-ajablanib tikilayotganini ko‘rib sal sergak tortdi. Aftidan, u xayolida emas, tashida g‘uldiragandi.
Boyxon beo‘xshov ishshayib yana tasvirga suqlanib tikila boshladi.

— Xizmat, ukaginam. – deb so‘radi sotuvchi Xotin, shekilli, u «ukaginasini» tanigan edi.

Boyxon iljaya-iljaya:
— Opa, anovi… — dedi zo‘rg‘a.

Sotuvchi u gapini tugatmasdanoq o‘sha sopol ko‘zachani do‘qillatib pushtaxtaga qo‘ydi.

Boyxon ishshayib uni o‘ziga imladi:
— Opa, qulog‘ingizga bir gapim bor edi.

Sotuvchining ensasi qotdi:
— Aytavering.

— shu.. iltimos, — deb g‘o‘ldiradi Boyxon ko‘zachani qo‘li bilan silay turib, — shuningizni nasiyaga berib turing, jo-on opa, ertan pul opkelaman, xo‘p.

Sotuvchi Boyxonga qayrilib ham qaramay, ko‘zachani ko‘tardi-yu, joyiga qo‘ydi.

Shu chog‘ boshqa bir xaridor entikib turgan Boyxonni turtib yuborgudek bo‘lib o‘tdi-da:
— Ie, ko‘zachani bu yoqqa uzating, — dedi sotuvchiga qarata, — ko‘raylik-chi…

Boyxon sergaklanib yoniga qaradi.
— O‘v, bu… meniki…

Xaridor hech vaqoga tushunmay bir Boyxonga, bir sotuvchiga hayron tikildi.

— Sal kayfi taroq, e’tibor bermang, — dedi sotuvchi qo‘l siltab. – xaridor oqilona bosh chayqab pul sanarkan, Boyxon peshtaxta ustida yotgan ko‘zachaga chang soldi.
— Bu meniki… meniki…

Xaridor odob bilan yopishqoqni orqaga surib qo‘ydi.

— Qanday tuzsiz odamsiz, — dedi u Boyxonning tirsagi tekkan kostyumini qoqa turib.

Boyxon shashtidan qaytmadi.
— Meniki… Sovg‘a qilaman…

Uning yoshdan xira tortgan ko‘zlari sopol ko‘zachadan boshqa hech nimani ko‘rmas, quloqlari hech qanday hay-haylashni eshitmas, Ayni chog‘da tinmay aljirashni, janjal-to‘polon ko‘tarishni juda-juda istar edi.

Bo‘linma oldida tomosha talablar to‘plana boshladilar.

Shu payt allaqayerdan ayiqday baquvvat erkak sotuvchi paydo bo‘ldi-da, Boyxonni osongina qo‘ltiqlab tashqarii tomon sudrab ketdi. Boyxon jon achchig‘ida tipirlab qarshilik qilishga urindi. Ammo zum o‘tmay o‘zini oynaband eshik orasida ko‘rdi. Sovuq havoda eti junjikdi.

— Yo‘qol! – dedi sotuvchi oyog‘i bilan yerni tapillatib, go‘yo yosh bolani haydaganday. – Yo‘qolmasang hozir melisa chaqiraman…

Barzangi mushti bilan yana bir bor po‘pisa qildi-yu o‘zini ichkari oldi.

Boyxon qayoqqa yurarini bilmay ancha vaqt eshik oldida garangsib turib qoldi. Uning qulab tushgday chayqalayotganini, g‘uldurab, tushunuksiz so‘kinayotganini ko‘rgan o‘tib-qaytuvchilar o‘zlarini darhol chetga tortishardi.

Qorong‘ulik tobora quyuqlashardi…

KO‘NGIL SЕZIB TURIBDI

Shomg‘alat bir paytda vokzal biqinidagi befayz qahvaxonaning nimqorong‘i, xoligina burchagida bemalol yeb-ichib, hi­ring­lashib, pichirlashib o‘tirgan, yoshlari qirqlarni qoralab qolgan, aft-angorlaridan, gap-so‘zlaridan savdobop mol keltirish dardida poytaxtga otlangan bozorchi xotinlar qavmidan ekanligi, biroq bugun peshin mahali o‘sha shahri azimga jo‘nab ketgan avtobusga ulgurolmay, endi amal-taqal chiqib olish ilinjida tungi poyezdni kutishayotganligi ro‘y-rost ko‘rinib, sezilib turgan gumbazday-gumbazday ikki ayol devordagi sar­g‘ish bo‘yoq yuqi tekkan soatga ahyon-ahyon ko‘z tashlab qo‘yishardi.

— Nozi… — dedi dugonasiga qadahdagi qip-qizil musallasdan ho‘plab-ho‘plab olgan ayol mas­tona, sirli suzilib, — senga bir sirni ochsam, xafa bo‘l­maysanmi?

Bahuzur go‘sht chaynayotgan Nazokat biroz sergaklandi.

— Gapiravergin, qulog‘im senda, dugonajon.
— Ering senga xiyonat qilib yuribdi.

— O‘ylamay gapirgan, og‘riqsiz o‘ladi, — dedi Nozokat qo‘lidagi sanchqini yemak stoli ustiga qarsillatib tashlarkan, — Gavhar, isboting bo‘lmasa, bunday gaplarni gapirmagin, xo‘pmi?

— Sening ering xiyonatkor, benomus, palid odam!

Dugonasining qat’iy bir tovushda dona-dona ta’kidlab gapirishi Nazokatni xiyla dovdiratdi.

— Isbotlab bera olasanmi?
— Ko‘ngil sezib turibdi. Bilasan-ku, mening ko‘nglim sezgan narsalar, ko‘pincha rost bo‘lib chiqadi.

Nazokatning battar dami ichiga tushib ketdi. Ha, u Gavharni biladi, juda yaxshi biladi, bu ayol bozorchi xotinlar orasida “Qora folbin” laqabi bilan mashhur, u “ko‘ngil sezib turibdi”, deya gap boshladimi, tamom, hamma birdan hushyor tortadi, chunki Gavhar odatda o‘z bashoratlarini aynan shunday ibora bilan boshlaydi: “Ko‘ngil sezib turibdi, ertaga bozorni nazoratchilar bosadi… ko‘ngil sezib turibdi, bugun savdo yaxshi bo‘lmaydi, ko‘ngil sezib turibdi, falonchaxon, siz bir-ikki kun bozorga kelolmaysiz…” Ajabo, ming ajabo, Gavharning aytganlari, oxir-oqibat, chin bo‘lib chiqadi!

Bir gal poytaxtdagi ulgurji bozordan xarid qilingan mollarni hamma odatdagiday avtobusga yuklay boshladi. Gavhar esa Nazokatni chekkaga imlab shivirladi: “Yengil ulovda ketamiz, ikkimizning mollarimiz bitta mashinaga yuk bo‘ladi”.

Nazokat hamishagiday avtobusda ketishlari ma’qulligini aytib qarshilik ko‘rsatgan bo‘ldi.

“Ko‘ngil sezib turibdi, bu gal avtobus pand beradiganga o‘xshaydi, kel, yaxshisi, tingchgina biror yengil ulovda ketaveraylik”, — dedi Gavhar.

Noiloj rozi bo‘lgan Nazokat tez orada eshitdiki, chindan ham o‘sha safar avtobus qay bir manzilda buzilib, savdogarlar ikki kun yo‘lda qolib ketishgan ekan! O‘shanda Nazokat dugonasining chindan ham ilohiy bir xislat, sezgi sohibasi ekanligiga ishonib qolgan edi.

“Ey, Gavhar, — deb chuvillashadi ba’zan bozorchilar, — yaxshi narsalar haqida, quvonchdan, baxtdan bashorat qilsangiz-chi”.

Gavhar avval kuladi, so‘ng ma’yus nigohlarini qaylargadir olib qochadi: “Siz aytgan narsalarni qaydan topaman, axir hayotning turgan bitgani tashvish-tahlika-ku… Aslida bunga bashorat ham kerak emas…”

Ammo bozorchilar Gavharning e’tirozlariga e’tibor berishmaydi, e’tibor berishsa-da, uning sal-pal kitobiyroq gaplarni ko‘p ham tushunishmaydi, undan faqat va faqat yaxshi mujdalar kutishadi.

Mana, bugun Nazokat ham o‘sha “Qora folbin”ning qop-qora, sovuq bashoratiga duch kelib o‘tiribdi.

Dugonasining bo‘shashib xayolchan turib qolganini payqadi, shekilli Gavhar ovozini yana bir parda baland ko‘tardi.

— Sening ering xiyonatkor, benomus, palid odam, ishonmasang, kel, garov o‘ynaymiz.

— Garov?! Nima tikamiz garovga?
— Pul. Yutqazgan…

Gavhar garov bahosini tilga oldi. Buncha pulni eng uchar savdogar ham bir oy ichida topishi gumon edi. Nazokat yana sarosimalanib qoldi. Buncha mablag‘ni boy berib qo‘yish eri o‘ynash orttirgandan ham ko‘ra ko‘proq aziyat yetkazardi unga.

— Kayfing oshib qolli saning, — deb ming‘irladi Nazokat o‘zicha sir boy bermay, shisha tubidagi musallasni qadahlarga quyar ekan, — ikki qulog‘ing bilan ham yaxshilab eshitib olgin, erim meni qattiq sevadi, jonidan ham ortiq sevadi.

Gavhar mastona pixillab kuldi.

— Seni-ya?! Shu qaddi-qomating uchun-a?! Urg‘ochi fildan nari-berisan-ku…

— Gap qomatda yo chiroyda emas… — deb yana ojizona ming‘irladi Nazokat, — erim meni sevadi, tamom-vassalom…

U ilgari maktabda muallimalik qilib yurgan kezlari bunday beso‘naqay mavjudotga aylanib qolishi, hatto xayoliga ham kelmagan, xipcha qomatiga xo‘b yarashgan liboslarda gul-chechakdek yashnab, antiqa atir-upalar xushbo‘yiga belanib, o‘sha chog‘lar yosh bo‘lishiga qaramay yirik bir zavodda yirik mutaxassislar qatorida sanaluvchi erining mehr-muhabbatiga ko‘milib, shirin-shakar uch nafar farzandning saodatmand onasiga aylanib, baxt-iqboldan charaqlab-yaraqlab yurardi. Ammo ertak-cho‘pchaklarda aytilgandek, qora dev afsuni yetdimi yo zamona zayli evrildimi, o‘sha ulkan korxona kosodga uchrab er ishsiz qoldi-yu, bir yilcha bekor ivirsib yurgach, o‘zini bozorga urdi, goh poytaxtdan, goh qay bir chegaradosh chet yurtlardan kiyim-kechak, bolalarbop buyumlar keltirib tuman markazidagi besarishta bozorda savdo-sotiq bilan shug‘ullanib yurdi. Olatasir kunlarning birida pulini beliga tugib, sotishga arzigulik mol keltirish dardida qay bir manzillarni ko‘zlab ketgan er, oradan besh-olti kun o‘tib, ezgin-to‘zg‘in holda, ko‘mirday qorayib, bo‘m-bo‘sh qo‘l bilan qaytib keldi.

— Tovarimni tortib olishdi, bor-yo‘g‘imdan ayrildim, — deb hasrat qildi u yurak-bag‘ri ezilib, hamdard bir tarzda yonginasida o‘tirgan zavjasiga kechki payt.

Nazokat uni yupatgan, ovutgan bo‘ldi. Er bir haftacha uyida qamalib, o‘z yog‘iga o‘zi qovurilib yotdi.

— Behuda kuyinib, vaqtni boy bergandan foyda yo‘q, — deb eriga suykaldi Nazokat, — tirikchilik bizning ko‘z yoshlarimizga ishonmaydi.

— Senga bir gap aytaymi?
— Ayting.

Er zavjasiga beadoq umid va ilinj bilan termildi.

— Xotin-qizlarga ko‘p tir­g‘alshmaydi, shuning uchun hozir tovar opkelishga asosan ayollar borishyapti”

Nazokat erini tushundi. U o‘z zavjasini ham savdo-sotiq jab­hasiga chorlardi. Muallima ayol avvaliga kulibgina erini rad etdi, harchand urinsa-da, o‘zini katta qop orqalagan, halloslab yugurgilagan holda tasavvur qilolmadi, ammo bir kuni o‘rta yashar, kambag‘algina hamkasabalardan biri o‘zini o‘zi osib hayotdan ko‘z yumdi-yu, Nazokatning ko‘zlari moshday ochildi.

— Nega o‘z joniga qasd qilibdi? — deb to‘ng‘illadi eri xotinidan sovuq xabarni eshitgach.

— Qizini unashtirgan ekan, tuzukroq sep qilolmabdi, quda tomon aynib qolgan emish, sho‘rlik bir beva ayol edi.

— Isnodga chiday olmagandir-da, — deb og‘ir so‘lish oldi er, — hozir qizi bor oilalarga juda qiyin bo‘lib ketdi. Tug‘ilgandayoq ularga sep yig‘ib borilmasa, keyin qiyin bo‘ladi.

Nazokat narigi xonada dars tayyorlab o‘tirgan bolalari tomon beixtiyor ko‘z tashlab oldi.

— Siz ham aza ochishni bas qilib, biror ishning boshini tutsangiz yaxshi bo‘lardi.

— Menga aql o‘rgatma, — deb o‘shqirdi er, — nima qilishni o‘zim yaxshi bilaman. Men bozorma-bozor yurib pul topsam, o‘ynashimga tashimaymayman shu uyga, shu ro‘zg‘orga opkelaman, tushundingmi? Hali mashina olishimiz, uyni qayta qurishimiz kerak, bitta mening topganim nima bo‘ladi, sening olgan oyliging pardoz-andozingdan ortmaydi, oti ulug‘, suprasi qurug‘, e, o‘rgildim…

— Nima qil deysiz? — bo‘shashibgina so‘radi Nazokat.

— O‘sha gap. Sen tovar keltirib tursang, men unga-bunga ulgurji o‘tkazaman, qolgan-qutganini bir chekkada o‘tirib sotaman, ana, o‘shanda ko‘rasan ishimizning gurkirashini.

Muallima ayol o‘ylanib qoldi.

— Bo‘pti, ertagayoq ishdan bo‘shayman, — dedi Nazokat narigi xonadagi qizlari tomon yana bir ko‘z tashlab olarkan.

Er mamnun iljaydi.

— A-a, bu boshqa gap!

Nazokat avvaliga begona qo‘raga qamalgan qo‘ziday bozorchi xotinlar to‘piga ko‘nikolmay yurdi. Bora-bora oxiri ularsiz turolmaydigan bo‘lib qoldi, sho‘x o‘quvchi bolalarning emas, bozorning g‘ala-g‘ovuri, varaqlanayotgan kitobning emas, sanalayotgan dasta-dasta pulning shitir-shitiri ko‘nglini zabt etdi. Gavhar ilk uchrashishgandayoq unga yoqib qoldi, hartugul, ikkisi ham oliy ma’lumotli, o‘qmishli, did-farosatlari uyg‘un edi. Ularning xuddi egizaklardek yurish-turishlarini ko‘rganlar havas qilishardi.

Mana shunday hamdard, hamnafas dugona dabdurustdan, he yo‘q, be yo‘q, uning erini xiyonatkorlikda ayblab o‘tiribdi-ya?! Yo rostdan ham biror asosi bormikan? Juda ishonch bilan gapiryapti-ku?!

Biqqi semiz, qo‘yday yuvosh, hamisha jonsarak, xotini keltirgan mollarni pishnab-pishqirib rastama-rasta tarqatib yuradigan er ko‘z o‘ngida yana bir karra jonlandi-yu, Nazokat dadil bosh ko‘tarib Gavharga yuzlandi.

— Ilmiy ish ishqida yonib yurgan paytlaring seni ering tashlab ketgan, shuning uchun ham erkak zotini yomon ko‘rasan, shuning uchun ham mening erimni badnom qilmoqchisan.

— Erim xiyonat qilmagan, — dedi cho‘pcha bilan tishlari orasini tozalab o‘tirgan Gavhar beparvo, — boshqani sevib qolib, o‘sha bilan ketgan.

— Demak, fikringdan qaytmaysan, erimni xiyonatda ayblayverasan, shundaymi?
— Shunday. Masalan, ering hozir qayerda?

— Qayerda bo‘lardi, uyda.
— Bolalaring-chi.

— Hozir ta’til payti, ularni toqqa jo‘natib yubordik, qarindoshlarnikida biroz dam olib kelishadi, toza havo, deganlariday.
— Bolalarni jo‘natish fikri kimdan chiqdi?

— Bu… — Nazokat chimirilgan ko‘yi o‘ylanib qoldi, — bu… erimdan chiqdi, lekin menga ham yoqdi.

Gavhar mastona sharaqlab kuldi.

— Demak, farishta ering uyda yolg‘iz pashsha qo‘rib o‘tirgan ekan-da.

— Ey, — dedi Nazokat urish­qoq xo‘rozday xezlanib, — nimaga shama qilyapsan, ering o‘ynashini uyiga boshlab kelib maishat qilib o‘tiribdi demoqchimisan?

— Balki…
— Yur, hoziroq borib ko‘ramiz.

— Qo‘ysang-chi, — deb qo‘l siltadi Gavhar, — hazillashdim, seni bir sinab ko‘ray degandim. Ishondim, ering farishta ekan.

Dugonaning tuyqus ortga chekingani, ichilgan musallasning harorati Nazokatni battar junbishga keltirdi.

— Yo‘q, endi gapingdan tonmagin! Agar endi fikringdan qaytsang, seni umuman hurmat qilmay qo‘yaman.

— Nozi, kel, qo‘ygin shu mashmashani, uzr, qo‘pol hazil qildim, — dedi Gavhar mastona suzilib, — ochig‘i, senga… xoslarga xos bir tarzda… ramziy gap qilmoqchi edim… o‘qmishlisan, kitob ko‘rgansan, deb o‘ylagandim… sen masalani chuqurlashtirib yubording…

Nazokat dugonasiga sinchkov nazar tashlarkan, uning xiyla aljib qolganini payqadi.

— Xo‘sh, garov nima bo‘ladi? — dedi Nazokat dugonasining muqarrar boy berishiga butkul ishonch hosil qilib.
— Qanaqa garov? Men aytgan payt sen ko‘nmading-ku… qo‘l tashlashmading, endi u bekor.

— Bekormas! — Nazokat bir intilib dugonasining qo‘sh-qo‘sh uzuklar taqilgan lo‘ppi panjalarini kaftiga oldi. — Mana! Garov kuchga kirdi!
— Qo‘ysang-chi, Nazo, sen yutqa­zasan, ko‘ngil sezib turibdi.

— E, o‘rgildim ko‘nglingdan… tanish kirakashim bor, hozir chaqiraman, biznikiga borib kelamiz.
— Poyezd-chi…

Nazokat devordagi soat millariga tezgina ko‘z tashlab oldi.

— E-e… poyezd kelishiga hali vaqt ko‘p. Taksida g‘irra boramiz-u qaytamiz, nari-berisi bir soatda ulguramiz.

Shirakayf Gavhar yumilib-yumilib ketayotgan ko‘zlarini arang ochib g‘udrandi.

— Ixtiyoring… ammo… ko‘ngil sezib turibdi…

Nazokat uning gaplariga e’tibor bermay qayroqtoshday telefonini qo‘liga olib shosha-pisha tanish kirakashning raqamlarini terdi…

* * *

Tun. Zim-ziyo yoz tuni. Butun borliq go‘yo qari jodugarning qop-qora ridosiga burkangan. Havo o‘z haroratidan o‘zi dimiqib to‘lg‘anadi. To‘lg‘anishidan iliq, yoqimsiz epkin qo‘zg‘aladi.

Ikki ayol o‘tirgan yengil ulov bir zumda shaharchani tark etib katta anhor bo‘ylab yastanib yotgan mahalla tomon burildi. Faraning o‘tkir nurlari keng-mo‘l ko‘cha ko‘yni qator-qator hovli joylarni yalab-yulqab o‘tadi.

— Shu yerda to‘xtang, — dedi Nazokat bir payt, — biz tezda chiqamiz, kutib turing.
— Xo‘p, opaginam, xo‘p, — dedi haydovchi tavoze bilan bosh irg‘ab.

Nazokat bir mudrab, bir norizo g‘udranib kelayotgan Gav­harni qo‘ltiqlab mashinadan tushirdi.

— Baribir sen yutqazasan, Nazo… — deb g‘ingshidi u qurqshoq lablarini yalab, — ko‘ngil sezib turibdi.

Nazokat garovchi dugonani darvozasi yoniga yetaklab bordi.

— Bo‘pti, ko‘p gapirma, hozir men darvozani ochaman.

Nazokat yon sumkasini kavlab kalit izlashga tushdi. Shundagina u qo‘llari beixtiyor qaltirayotganini, yuragida qandaydir g‘ashlik kezinayotganini payqadi.

— Ovoz chiqarmay, ortimdan kirgin, — deb shivirladi u nihoyat darvozani ocharkan, — hozir hammasi ma’lum bo‘ladi.

Hovli jimjit. Uy peshtoqidagi xira chiroq tevarakni ola-chalpoq yoritadi. Hovli etagidagi dov-daraxtlar, bostirma hurpayib ko‘zga tashlanadi.

Ayollar bir-birini qo‘ltiqlashib dahliz tomonga yurishdi. Shu payt ichkaridan qiz bolaning qo‘ng‘iroqday jarangdor kulgisi eshitildi-yu, ular joylarida taxtaday qotib qolishdi, so‘ng yalt etib bir-biriga qarashdi. Gavhar g‘olibona iljayib pichirladi.

— Ko‘ngil sezib turibdi…

Nazokat beixtiyor dugonasini itarib yubordi. Gavhar gandiraklagan ko‘yi sal naridagi yog‘och o‘rindiqqa o‘tirib qoldi. Nazokat shaxt bilan dahliz eshigini ochdi. Ochdi-yu, bir zum gangigan ko‘yi karaxt turib qoldi.

Katta zal to‘rida bahaybat televizor ekrani rang-barang jilolarda porlab turar, jilolar ichida, yorqin tasvirlar qo‘ynida bir go‘zal qiz favvoralar bilan o‘ynashib qah-qah otib kulardi. Televizor qarshisidagi yumshoq kursida, tepasochlari erta to‘kila boshlagan, biqqi semiz, qorindor bir mavjudot uxlab yotar, yuz-ko‘zini qoplab qolgan, baxtiyor oila haqida hikoya qiluvchi suratlar bilan bezatilgan gazeta varag‘i g‘aflat xurragidan usta masxarabozdek qilpillar edi.

Nazokat yon-atrofiga alanglagan ko‘yi ichkariga yurdi. Shu payt kursiga yastanib yotgan qora sharpadan bezovtalandi shekilli lapanglaganicha o‘rnidan turdi.

— Iya, bu senmisan, Nazokat?! — deb to‘ng‘illadi u ko‘zlarini ishqalab, — na muncha tez qaytding? Yuking qani?

Nazokat qah-qah otib kulib yubordi. So‘ng tashqariga telbavor otildi.

— Men yutdim! Ey, Gavhar! Ey, Qora folbin! Qani, garov pulini tayyorla!

Bu orada dugona qop-qora zulmatga qorishib, o‘sha yog‘och o‘ridiqda hanuz mudrab o‘tirar, ahyon-ahyon dimog‘ida g‘udranib qo‘yardi:

— Ko‘ngil sezib turibdi….sen yutqazasan…

Luqmon Bo’rixon. Chorbog’ qo’riqchisi yoxud Xizr ko’rgan yigit (Qissa) by Khurshid Davron on Scribd

005

(Tashriflar: umumiy 683, bugungi 1)

Izoh qoldiring