Luqmon Bo‘rixon. Quyosh hali botmagan & O‘rolboy Qobil. Oriyat toji yoxud ikki yigit va bir qiz & Luqmon Bo’rixon ‘Hammasi hayot haqida’ teledasturida

Ashampoo_Snap_2017.08.14_23h25m39s_001_.png    Адиб қаламга олган воқеалар ўтган асрнинг саксонинчи ва тўқсонинчи йилларда замона зайли туфайли тоғдан чўлга кўчирилган Кенгсой қишлоғида бўлиб ўтади. Асар бош қаҳрамони Норсоатларнинг оиласи отасининг вафотидан сўнг марҳумнинг дўсти, чўлдаги хўжалик раиси Қувондиқ акани қора тортиб даштда ташкил топган совхозга кўчиб келишади. Шу орада посёлкада кутилмаган воқеа содир бўлади. Тирноққа зор уста Абил ва Улдон чеча Танзила исмли қизчани асраб олишди.

Ўролбой ҚОБИЛ
ОРИЯТ ТОЖИ ЁХУД ИККИ ЙИГИТ ВА БИР ҚИЗ
Луқмон Бўрихоннинг янги қиссаси ўқиб
07

 Ўролбой ҚОБИЛ.png  Ўролбой Қобил 1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Мактабда муаллим бўлиб узоқ йиллар ишлади. Ҳозир нафақада. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган.

07

Луқмон Бўрихон бугунги замонавий ўзбек адабиёти насрининг пешқадам вакилларидан. Адибнинг “Хизр кўрган йигит”, “Сирли муаллим”, “Жазирамадаги одамлар”, “Тун қаъридаги шуъла”, “Темир йўл” каби китобларига жамланган ўнлаб ҳикоялари, қиссалари ва романи аллақачон ўзининг ўқувчиларини топган. Сермаҳсул ижодкорнинг 2016 йил “Ёшлик” журналининг 1 ва 2 сонларида “Қуёш ҳали ботмаган” номли янги қиссаси эълон қилинди.

Адиб қаламга олган воқеалар ўтган асрнинг саксонинчи ва тўқсонинчи йилларда замона зайли туфайли тоғдан чўлга кўчирилган Кенгсой қишлоғида бўлиб ўтади. Асар бош қаҳрамони Норсоатларнинг оиласи отасининг вафотидан сўнг марҳумнинг дўсти, чўлдаги хўжалик раиси Қувондиқ акани қора тортиб даштда ташкил топган совхозга кўчиб келишади. Шу орада посёлкада кутилмаган воқеа содир бўлади. Тирноққа зор уста Абил ва Улдон чеча Танзила исмли қизчани асраб олишди.

Норсоат уч-тўрт бош қўй-эчкисини зовур тарафга ўтлатгани хайдаб бориб, “ҳинду”лар галасига дуч келади. Тўдабоши эса Қувондиқ раиснинг ўғли Даврон бўлиб, уларнинг шиори “Қуёш ҳали ботмаган” деган ажабтовур сўздан иборат эди. Норсаотнинг улар билан илк танишуви кураш тушиш билан бошланди ва у ғолиб чиқди. Тўдабоши эса худди кинолардагидек уни:  “Ҳалол. Сен ғолибсан, Норсоат ўғлон!” — дея қутлайди.

Шундай қилиб у “Кенгсой бургутлари” сафига қабул қилинди.

Норсоатнинг асранди қиз Танзила билан илк танишуви ҳам ғалати бўлди. Янги хонадонга ўрганиши қийин бўлган қизча қочишга тушади. Норсоатни кўрган Улдон чеча эса:
“Соатжон, югур ановининг ортидан, қочиб кетаяпти, айланай сендан, югур, ушлаб кел!”-илтимос қилади. Бола қизни тутиб келади ва улар шу аснода танишади. Аммо қайсар қочоқ қиз бу ҳаракатини яна бир неча бор такрорлайди.

Хўжалик раиси Қувондиқ ака эл орасида Қувондиқ қайсар номини олган танти ва тўпори одам. Раисни казо-казолар ҳам хурмат қилишар, у меҳрибон ва ҳазилкаш, бироқ, иш борасида қаттиқўл эди.

Аммо, Қувондиқ раиснинг ҳам ўзига яраша “дарди” бор. У қизларини узатиб қутилган, лекин ношуд ва нокобил икки ўғли уни куйдирарди. Отасининг қўллови боис институтни амаллаб битирган тўнғич ўғли шаҳарда яшар, қирқни қоралаган бўлсада, тузукроқ амалга эришолмаган, оиласини отасининг ҳисобидан тебратар, иккинчи ўғли эса ичкиликка ружу қўйган, хотинини ҳайдаб, уч болали ўйинчи аёл билан туман марказида яшар, отарчилик ва ўртакашлик қилар, бироқ акасидан фарқли ўлароқ отасидан кўмак сўрамас, уйига ҳам кам келарди.

Раиснинг бор умиди кенжаси Даврондан эди.

У эса раиснинг арзанда боласига ўхшамас, отасини орқа қилмас, ҳаммани тенг билар, хушомадларга парво қилмасди.

“Биз ҳали Абсал полвонни танимас эдик”…

Ўспиринлар кураш тушишга ишқибоз бўлишди. Тўйларда, байрамларда бўладиган олиш яъни, кураш мусобақаларида иштирок этишар, гоҳида мағлуб, гоҳ ғолиб бўлишарди. Ўғлидаги курашга бўлган иштиёқни сезган раис ўғли ва Норсоатни эл орасида Абсал полвон деб ном олган одамга шогирдликка беради. Йигитчалар бир ой ичида номдор полвондан фақат кураш сирларини эмас, балки ҳаёт сабоқларини ҳам олишди. Улар полвондан уч нарсага ҳоким ва уч нарсанинг кули бўлиши лозимлиги ўрганишди. Аммо, Абсал полвон курашчи қули бўлиш деган ҳикматининг ҳақиқат, ор-номус ва учинчиси нима эканлигини атай айтмайди. Уни ҳаётда ўзларининг билиб оласизлар деди. Дарвоқе, асар қаҳрамонлари бўлган йигитчалар устозларидан қадимий сибизға чалиш сирларини ҳам ўрганиб қайтишди.

Кўнгилни билиб бўлмас экан. Норсоатнинг ишқи Танзилага тўшди. Севмоқ айб эмас. Шоир айтганидек “улар муҳаббат ёшида эди”лар. Шу орада ишқ дардига мубтало бўлган Норсоат Давронга секин деди:

“-Ўша учинчи нарсани топдим.
-Топдинг? Нима экан?
-Севги. Полвон ор-номуснинг, севгининг қули бўлиши керак. Ўзим ўйлаб топдим.”

Орадан йиллар ўтди. “Кенгсой бургут”лари ҳам мактабни битириб “тўзиб” кетишди. Норсоат ва Даврон эса ўқишга кириш учун пойтахтга жўнади. Аммо, уларга имтиҳон топшириш насиб этмади. Давроннинг бир нотаниш жувонга тегажоғлик қилгани қимматга тушди. Норсоат ҳам дўстини милициядан қутқараман деб имтиҳонни ўтказиб юборди. Танзила эса техникумга ўқишга киради. Икки дўст пахта теришга кетган қизни кўргани чўлга бориб келишди. Кўп ўтмай уларни ҳарбий хизматга олиб кетишди. Дўстлар икки йил айро яшади. Ниҳоят йигитлар ҳарбийдан уйга қайтишди ва қиз сабаб икки дўстнинг орасидан ола мушук ўтди. Кутилмаганда Даврон дўстига Танзилага совчи юбормоқчи эканини айтиб қолади ва улар ўртасида даҳанаки жанг бошланади. Улар Тўхтасин домланинг тўйда совринга қизни тикиб кураш тушади. Олишув чоғида Норсоат рақибига тақиқланган усулини қўллаб уни йиқитади. Буни тўй баковули, тамошабинлар ҳам сезишмайди.

Даврон эса рақибининг ғирромлик қилганини ҳар қанча ўринмасин исботлай олмади. Икки дўст энди бир-бирига ашаддий рақибларга айланди. Дўстининг номардлигига чидай олмаган Даврон шаҳарга кетди. Норсоат эса ўзининг дўстига ғирромлик қилганидан эзилар, аммо буни ҳеч кимга айтолмасди. У Танзилани излаб шаҳарга боради ва қизга ўзининг қилмиши айтишга куч топади. Танзила эса кутилмаганда:

“Нима, мен ғирромчиликка арзимайманми?-деб шарақлаб кулиб юборди у”.

Шу орада севишганларнинг никоҳ туйи бўлиб ўтди. Даврон олийгоҳга ўқишга кириб, кураш мусобақаларида бирин-кетин ғолиб чиқаверди.

Норсоатни эса ҳамон дўстига нисбатан қилган ғирромлиги қийнарди. У тушкунликка тушиб, ичкиликка ўрганди. Танзила эрига:

“Даврондан қаерингиз кам? Сиз ҳам шуғулланинг, машқ қилинг, сал кам бекорчисиз-ку, кейин уни бирор даврада топинг-да кўтариб уринг, иккинчи мен зўрман деб бўкирмайдиган қилинг. Масаланинг ечими шу”.

Шу орада полвонларнинг устози Абсал полвон оламдан ўтади ва дафн маросимида рақиблар учрашди ва бир ойдан сўнг номдор полвоннинг хотира турнирида қайта кураш тушишга келишиб олишди.

Ниҳоят ўша кун келди. Норсоат рақибининг ўзидан анча кучли эканини сезди. Аммо кутилмаганда Даврон атай йиқилиб берди ва баковулдан микрофонни олиб: ”Норсоат энг кучли полвон экан” деб ҳайқирди.

Норсоат даврадан чиқиб Давронни излаб топди ва ундан чин дилдан кечирим сўради. Даврон унга:
“Йўқ, сенга тенг келолмайман, сен мардларча севгининг қули бўлолдинг, мен эса ҳали севгининг ўзини ҳам тополганим йўқ”,-деди.

Икки дўст қўлини ҳавога сирмаб хайқирди:

“Қуёш ҳали ботмаган!”

Қиссасини мутолаа қилар экансиз, беихтиёр болалик ва ўспиринлик пайтларингиз ёдингизда қайта жонланади. Асарда тилга олинган барча қаҳрамонлар сиз учун бегона эмас, сиз уларни яхши танийсиз. Норсоатнинг Танзилага бўлган илк муҳаббати юрагингизда ажабтовур хотираларни уйғотади. Қизга юрагидаги оташин севгисини изҳор этмоққа маъшуқ учун нақ беш йил кетди. Қиз бечора биргина шу сўзни қанчалар интиқиб кутмади, дейсиз. Шу ўринда сиз Давронни ҳам ёқтириб қоласиз. Унинг қайсарлиги, дангаллиги, мардлиги ва метин иродасига қойил қоласиз. Унинг баъзида ҳаддан ошириб юборган хурмача қилиқлари ҳам ўзига қанчалик ярашган. Шу қилиқлари бўлмаса, образ тўлақонли чиқмас эди.

Танзила адиб яратган энг мукаммал образ. Унинг характеридаги кўпгина жиҳатлари, уятчанлиги, тоқатлилиги, аҳдига содиқлиги ва фавқулотда жасурлиги қайси бир томонлари билан машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг Жамиласини ёдингизга солади. Абсал полвон эса элнинг ори ва шаънини ҳар қандай манфаатдан устун қўядиган одам. Унинг қадимий сибизғани чалиши эса муаллифнинг кашфиёти. Бизнинг наздимизда бу образ Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасидаги Бўри полвон образининг давоми дегимиз келади.

Асарни ўқир экансиз, унда Қашқа воҳаси одамларига хос такаллуф ва шевалар моҳирлик билан қўлланганини ҳис қиласиз.

Биз истеъдодли адиб Луқмон Бўрихонни янги асар билан қутлар эканмиз, ёзувчидан элга манзур бўладиган асарлар кутиб қоламиз.

Луқмон БЎРИХОН
ҚУЁШ ҲАЛИ БОТМАГАН
07

luqmon_borixon-640x400.jpgЛуқмон Бўрихон 1965 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида таваллуд топган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. “Жазирамадаги одамлар”, “Темирйўл”, “Хизр кўрган йигит” каби қатор роман, қисса ва ҳикоялар муаллифи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

07

Биз Абсал полвонни унутган эдик.

Даврон айтгандай, у билан томиримиз туташ экан. Икковимизни бир кунда аскарликка олиб кетишди. Биз чиққан поезд уч кечаю уч кундуз, гоҳ тўхтаб, гоҳ тезлашиб, гоҳ имиллаб йўл босди. Россиянинг қай бир шаҳрида Даврон билан ажралишдик. Уларни ўша ерда поезддан туширишди. Назаримда, бутун борлиқ бирдан ҳувиллаб қолгандек туюлди. Тағин ярим кун йўл босиб, қалин ўрмонлар, тунд қишлоғу кентлар оша ниҳоят, Красноярск деган шаҳарга етиб келдик.

Қизил погон таққан қўшинлар сафига тушдим. Мен машаққатли машқ-машғулотлар, қатъий, бешафқат тартиблардан кўра соғинчдан ва яна соғинчдан қийналдим. Қишлоғимни, уйим, меҳрибон онажонимни қўмсайман, имкон топсам, ўша ёқларга қуш бўлиб учсам дейман. Танзила! Менинг ҳуркак жайроним, менинг хумор кўзлигим. У ҳамиша, ҳар соат, ҳар лаҳза хаёлларим меҳробида эди! Сафда юрганимда, қоровулга чиққанимда, машқ-машғулот пайтлари у шундоққина қаршимда уялибгина, жилмайибгина тургандек, мени кучли ва оқил бўлишга ундаётгандек туюларди. Танзила кўриб турибди деган тасаввурда номуносиб, ножоиз хатти-ҳаракатлардан ўзимни тияр, доимо жиддий, хушсурат, хушмуомала аскар бўлишга ҳаракат қилар эдим.

Бизнинг қисмда бир қараганда ҳарбий низом, интизом яхши йўлга қўйилгандек кўринса ҳам, аммо ичидан ириган экан. Ҳамма ёқда миллатчилик, айирмачилик уфуриб турарди. Кавказликлар, Ўрта Осиёликлар, тағин аллақандай тўдалар тараф-тараф бўлиб тўс-тўполон кўтаришар, муштлашишар эди. Шундай кезлари Даврон, менинг жонажон дўстим эсимга тушади. Жўра, бу ер асил сен боп қисм экан, деб қўяман ўзимга ўзим. Аммо биз ҳам бўш келмадик. Конибодомлик худди Даврондек ёвқур, ботир самбочи бола ҳаммамизнинг бошимизни бириктирди. Бутун қисмни қўлга олиб қўйган бўлмасак-да, ишқилиб, ҳақ-ҳуқуқимизни, шаънимизни ҳимоя қилиб юрдик. Мен бу ердаги қуролдош, елкадош дўстларимга вақт топилди дегунча Даврон ҳақида, унинг шонли-шавкатли қилмишлари ҳақида гапириб берардим. Гапирганим сайин уни соғиниб, жуда соғиниб кетаётганимни ҳис қилардим.

“Даврон қаёнда, таништириб қўясан бизни”, – дер эди ўша конибодомлик дўстим, ўзбекча-тожикча сўзларни қориштириб.
“Албатта, – дердим мен ҳам тўлқинланиб, – хизматдан сўнг тўппа-тўғри бизнинг қишлоққа борамиз. Ҳаммани қўй сўйиб меҳмон қиламан”.

Сафдошларим тантанали таклифимни шоду хуррамлик билан қабул қилган бўлишар, ўз навбатида, бошқалар ҳам галма-галига мен каби саховатпешалик намойиш этишар, хуллас, биқиқ, озурда ҳаётимизни шу тахлит, меҳмондорчилигу зиёфатларга бой келажак умиди билан нурлантирар эдик. Хизматнинг учинчи ойи бошланган кунлар Даврондан хат олдим. Омск деган шаҳардаги қурилиш батальонига тушибди. Ҳеч қурса, десант қўшинларида хизмат қилишни бўйнига олиб қўйган дўстимнинг кутилмаган омадсизликдан нақадар тажанглашгани, жазаваси тутгани хатнинг ҳар бир сатрида силқиб турарди. Мен уни юпатган бўлдим. Биз бир-биримизга яна бир йилча узуқ-юлуқ мактублар битиб турдик. Сўнгра, кўп хизмат қилиб қўйган димоғдор ҳарбийларга айландик шекилли, ғўр аскарларга хос бундай ёзишмаларни баб-баравар тўхтатдик.

Танзиладан, менинг Танзиламдан роппа-роса олти ойгача ҳеч қандай хат-хабар бўлмади. Шу пайтга қадар унинг пайкал бўйида, “Ўзингизни эҳтиёт қилинг” деган ўша соҳир сўзларидан куч-қувват олиб, бир-биридан ширин хаёллар суриб, ўз-ўзимни руҳлантириб юрдим. Аммо бу куч-қувват манбаи ҳам дам сайин соб бўлиб бораётган, мавҳум жим-житликдан юрагимга хавотир оралаб, ич-ичимда яна шубҳа-гумонлар ғимирлай бошлаган эди. Ўзим жон-жон деб мактуб жўнатардиму, лекин ёзган хатим бировлар қўлига тушиб, моҳитобим номаъқул гап-сўзларга қолишидан қўрқдим. Соғинчдан силлам қуриб, дунё кўзимга қоронғу кўриниб юрган рангсиз, нурсиз кунларнинг бирида, ниҳоят, нажоткор нома етиб келди! Йўқ, мен мактуб эмас, бир олам қувонч, умид ва ишонч олдим!

Танзиланинг номасида умумий дарак, сўроқ гаплардан бошқа, мен интиқ кутган қизнинг кўнгил сирларидан муждалар берувчи сирли сўзлар сезилмаса-да, саҳрода сулайиб, судралиб булоқ бошига етиб олган сайёҳдек, чексиз бахтиёр эдим. Моҳитобимнинг биринчи бўлиб хат жўнатгани, битиги охирида мактуб жавобини уйларига эмас, жилдда кўрсатилган манзил бўйича, техникум ётоқхонасига ёзишимни илтимос қилгани мен илҳақ кутган алоҳида аломатлар каби туюлиб, қалбимни масрур-мағрур ҳисларга чулғарди! Мустаҳкам қалъани забт этган қўмондондай теваракка ғолибона қарай бошладим.

Хизмат охирлаганга қадар Танзиладан роппа-роса ўн бешта хат олдим. Юрак қоним билан тўлиб-тошиб жавоблар ёздим. Лекин қанчалар қасд қилсам-да, қанчалар ўзимни мажбурласам-да, “Сени севаман”, деган бир жуфт сўзни очиқ-ошкора битишга ҳеч журъатим етмади. Олис-олисларда қолиб кетган пайкал бўйидаги ўша пичирлашлар, ўзи мактуб ёзгани, яширин манзил тайинлагани қиз кўнглидан етарли ишора дея ўз-ўзимни овутдим.

Шу севинч, шу юпанч билан икки йиллик ҳарбий хизмат амал-тақал ўтди-кетди. Ўшанда биз нафақат зиммамиздаги аскарлик бурчимизни, балки бутун бошли Шўролар Иттифоқи Армиясини тугатиб, тўзитиб қайтдик. Улкан бир мамлакатнинг улкан қўшинлари сафида хизмат қилган сўнгги аскарлар бўлдик. Ўша пайтлар миллий республикалар Иттифоқнинг занглаган занжиридан бўшалиб, алоҳида-алоҳида давлатларга бўлиниб кетди. Жумладан, жонажон Ўзбекистонимиз ҳам мустақилликка эришганини эшитиб хўб хурсанд бўлдик.

Аммо Даврон иккимизнинг томирларимиз туташлиги чин экан! Воажаб, аскарликка қандай бирга кетган бўлсак, худди шундай, қўл ушлашиб шоду хуррам қишлоққа кириб бордик. Аслида ҳаммаси Тошкент вокзалида тасодифан тўқнашиб қолганимиздан бошланди. Ўшанда мен поезддан тушиб, одамлар оқимига қўшилиб эндигина вокзал майдонига чиққан, хира киракашларнинг хуружидан безиб, аланглаган кўйи атрофдан хилватроқ жой излаётган эдим. Воажаб, мендан ўн-ўн беш қадам нарида сержантлик пагонларига, енг ёқаларига зарҳал жияклар тикилган, кўксига Армияда мавжуд-номавжуд жамики нишону орденлардан намуналар таққан, камари тўқасию, мундири тугмалари тилладек ялтираётган аскар ҳам бир тўп киракашлар тажовузидан тажанглашиб худди мен каби пана жой қидириб теваракка термулаётган экан! Даврон! Ногоҳ бир-биримизга кўзимиз тушди. Йўқ, назаримда, у биринчи бўлиб мени кўриб қолди.

– Эй! Эй! – деб қичқирди қўлидан тутган нусхаларни нари-бери суриб, мен томон юраркан. – Эй! Стой, кто идёт?
– Рядовой Норсоат! – дея товуш бердим мен ҳам, у тарафга секин борарканман.
– Пароль!

Мен анъанавий тарзда ўнг қўлимни мушт тугиб баланд кўтардим. У ҳам илкини ҳавога сермади, шу лаҳзада иккимиз баб-баравар ҳайқириб юбордик:

– Қуёш ҳали ботмаган!

Ҳайқириғимиздан тунд шаҳар товланиб кетгандай бўлди.

Биз бир-биримизнинг бағримизга отилдик. Қувончдан, ҳаяжондан иккимизнинг ҳам тилимизга тузукроқ сўз келмай, нуқул илжаямиз-жилмаямиз, намланган кўзларимизни яширишга уринамиз.

Йўловчилар, киракашлар, меҳмонлару мезбонлар бизларга ажабланиб, ҳавасланиб қарашар, уларнинг ҳам юз-кўзида табассум, хайрихоҳлик кезинар эди. Афсус, ҳануз бизларни уй-уйимизга элтиб қўйиш илинжида турган талабгорларни ноумид қилиб, иккимиз поездда вилоят марказига етиб олдик. Аммо бу ерда барибир аллакимнинг сутранг “Жигули”сига ўтиришга мажбур бўлдик.

Давроннинг йўл бўйи жағи жағига тегмади. Гаплари қанчалик чин ё ўтриклигини билмадим, тўлқинланиб айтишларига қараганда дўстим икки йил худди курортда юргандай мазза қилибди. Жангарилиги, тўс-тўполонлари жонига теккан командирлари уни бир гуруҳ аскарга бригадир этиб тайинлаб, аллақандай заводга ишга юборишибди. Алоҳида ётоқ, алоҳида ошхона, бир-биридан гўзал, бир-биридан жозибали завод ходималари Давроннинг хизматида бўлган эмиш.

– Ўлай агар, ҳали-ҳали кўз олдимда, – дерди у қиз-аёллар ҳақида гапирган чоғ кўзлари порлаб, лаблари тамшаниб, – Аня, Люба… эҳ, уларни эсласам ҳозироқ ўша Ўмскка қайтгим келяпти.

Билмадим, дўстимни қаттиқ соғинганимданми, ё уйга қайтиш суруриданми ё… ё анча улғайиб, тўшак саргузаштларига қизиқишим ортганиданми, ҳарқалай, Давроннинг олди-қочди, беодоб ҳангомаларини илгаригидек уятдан қизариб-бўзармай, мароқ билан тинглардим.
– Хўш, ўзингда нима гаплар? Икки йил қалай ўтди? – деб сўраб қолди у, ниҳоят менинг ҳам Армиядан қайтаётганим эсига тушиб, – миқ этмайсан, гапир-да.

Мен қувлик билан кўз қисдим-да:
– Бизда бундай воқеалар йўқ, жўра, ҳар куни полигон, ҳар куни елкада қурол, ҳар куни машқ-машғулот, – деб жанговар қисмга тушганимни писанда қилдим.
Писандам қоқ нишонга тегди шекилли, Давроннинг қошлари чимирилиб, қўллари мушт бўлиб тугила бошлади. Мен яна атай пишанг берган бўлдим.
– Бизники ВВнинг десантлашган полки эди-да.
– Энағарлар, мени боплашди, – деб тўнғиллади гапларимдан тоқати тоқ бўлган Даврон, – анави военком сени флотга ё десантга жўнатаман деб ваъда берганди, ҳали борай, маразнинг тумшуғини эзаман.
Мен, ниҳоят, Давронни бурчакка қисганимдан ғолибона илжайиб қўйдим. Аслида эса йўловчилар жанговар қисмда хизмат қилган менга эмас, серҳашам мундир кийган Давронга қизиқсиниб, ҳавас билан қарашар, баъзи бировлар беихтиёр эҳтиром кўрсатар эди.
– Барибир курашни ташламадим, – деди дўстим алам-нафрат бироз босилгач, – эртаю кеч заводнинг спорт залида шуғулландим. Ҳатто бир-иккита шогирд ҳам тайёрладим.
Ҳа, Давроннинг бу гаплари чин эди. Бақувват, кенг елкалари, бўртиб турган мускул-мушаклар шу ҳақиқатдан дарак бериб турарди.
Биз ўтирган “Жигули” вилоят марказидан чиқиб қўриқ туманлар томон бурилгандаёқ димоғимга таниш, жуда таниш бир ҳид урилди. Адашмасам, бу чувилган кўсакнинг, эзилган ғўзапоянинг иси эди. Тор шаҳару қалин ўрмонларга ўрганиб қолган бўлсам керак, бепоён кенгликларга боқиб кўзим тинар, қадрдон бўйлардан бошим енгил айланар эди.
– Мен бу қолоқ чўлу биёбонингда яшай олмайман, – деди машина ойнасидан ўйчан қараб бораётган Даврон, – кетаман, яна ортимга қайтиб кетаман.
Мен индамай бош ирғаб қўя қолдим. Чунки айни пайтда ғалати бир завқу шавқ қўйнида эдим. Ярим очиқ ойнадан ёприлиб кираётган шабада юз-кўзларимни эркалаб силарди, пайкаллар, дов-дарахтлар, уйлар дийдорлашиш учун қаршимга отилиб чиқаётгандек туюларди. Худди шу чўлу биёбон мен учун оламнинг маркази, энг сўлим, энг гўзал гўшаларнинг энг сўлими, энг гўзали эди. Чунки… чунки бу ерда Танзила деган сулув ва оқила қиз яшайди. Илҳақ-интизор йўлларимга кўз тикиб турибди. Шундай соҳибжамол, шундай маъсума қизни бағрида ўстирган чўлга минг карра таъзим, минг карра қуллуқ. Мен сизни соғиндим, қадрдон дала-дашт! Мен сизни соғиндим, эй, сертупроқ йўллар! Эй, бепоён янтоқзорлар, сизни дунёнинг энг кўркам боғ-роғларига ҳам алишмайман!
Аммо менинг бу фараҳбахш ўйларим, сурурим кўпга чўзилмади.
– Танзилалар ҳали теримдан қайтмагандир-а…
Даврон туйқус айтган бу гапдан худди янтоқ устига ағнагандай бир сапчиб тушдим.
– Нима? А? Ҳа-а… билмадим, – деб ғудрандим аранг.
Дўстим елкамга шўхчан бир туртиб қўйди.
– Танзилани кўрсам, биласанми нима қиламан?
Менинг миқ этишга ҳам қурбим етмади.
– Юзидан бир ўпаману манави медалларнинг ҳаммасини унга тақиб қўяман, – деб ҳиринглади Даврон.
– Ўчир овозингни! – беихтиёр қичқириб юбордим мен унга хезланиб, – тилингни тий.
– Бўкирма-е, сенда медал-педал йўқлигига шама қилмаяпман, кўнглинг нозик бўп кетибди-я, дарров хафа бўлдинг.
– Мен… мен… – дея ҳануз алам-изтиробда тутоқиб гапимни ҳам йўқотиб қўйдим.
Ҳайдовчи пешойна орқали бизга ажабсиниб, қизиқсиниб қараб қўярди.
– Нега унга медал тақишимни билмасанг, билиб қўй. Менга энг кўп хат ёзган Танзила бўлди. Бунинг учун қизни тақдирлашим керак-ку, тўғрими? Роппа-роса ўттизта хат олдим Танзиладан! Ўттизта-я?! Ҳатто, жавоб беришгаям эриниб қолдим…
Давроннинг сўнгги сўзлари деярли қулоғимга кирмади. Гўё ўттиз қулоч ер қаърига кириб кетгандай бўлдим. Кўз олдимни хира бир туман қоплаб олди. Ҳозиргина юз-кўзимни эркалаб силаётган юртим шамоли, бамисли миямда чархдай ғувуллаб бир сўзни бетиним айлантирарди: “Ўттизта-я?!” “Ўттизта-я?!”
Йўл бўйидаги дов-дарахтлар, уйлар қўпорилиб устимга қулаётганга ўхшарди.
“Ҳаммаси аён, ҳаммаси энди маълум, – деб ўйлардим изтироб билан, – бу иккови аллақачонлар ваъдалашган, Танзила уни зор-интизор кутяпти! Мен… мен етим қўзи ўзимча нималарни орзу қилиб юрибман-а?! Саробга интилиб яшабман-а?! Кўнглимга қараб, мусофирчиликда шу шўрлик ҳам хафа бўлмасин деб менга аранг ўн бешта хат ёзган, меҳрини, севгисини манови махлуққа жўнатган. Ўттизта-я?!”
Йўқ, ўша куни мен қадрдон қўриққа, қадрдон қишлоғимга кириб бормадим. Аксинча, жазирама остида сарғайиб сўлган, қовжираб қуриган чўлу биёбон, топталган, тўзғиган, эзилган дала-дашт, ҳурпайган, ҳувуллаган, ҳориган тош-бетон иморатлар кўзларимга, юрагимга, онг-шууримга бостириб кирди. Кенгсойнинг тап-тақир қиридай безрайган, жонсиз ва карахт эдим.
Атрофимда минг айланиб минг ўргилаётган, мени ўтқизгали жой тополмаётган, кўзларидан шашқатор ёшлар оқаётган онажоним, шоду хуррам қавму қариндош паришон ҳолимни йўл азобига, чарчаганликка йўйишди, бемалол дам олишимга шарт-шароит яратиб берган бўлишди.
Танзила чиндан ҳам ҳали пахта йиғим-теримидан қайтмаган экан! Вилоят педагог кадрлар тайёрлов техникуми талабаси! Қанақа педагог… беҳаё, масхарабоз у! Сойга етаклаб бориб, суғормай қайтарадиган айёр алвасти! Тамом, бу қиз энди менга бегона, кўрмайин-куймайин…
Мен шундай қатъий қарорга келган эдим. Мен шундай бир сўзли, собит ирода, ўз қадр-қимматини юксак қадрлайдиган инсон эдим. Аммо… негадир сибизға чалгим, сибизға нолаларига қўшилиб қайларгадир бош олиб, йўқ бўлиб кетгим келарди. Бироқ қай гўрга ҳам борардим. Менинг ановиники каби Ўмск деган шаҳрим бўлмаса?!
– Эна, сизга илгари бир сибизға бериб қўйгандим, шу турибдими? – деб сўрадим бир оқшом.
Рўзғор ташвишлари билан куймаланиб юрган онам дарсларга ҳамиша тайёр аълочи ўқувчидай, юзлари ёришиб бирдан жавоб берди.
– Ҳа, болам, турибди. Тўйингга аталган сандиқнинг тубига ташлаб қўйибман.
Бу жавоб юзимга яна бир тарсакидай тегди, қароримда қатъий туришга, ҳаётга ҳушёр қарашга, тўй қилишга онажоним илҳақ эканлигини англашга, демакки, ўзимга муносиб ёр топишга ундади.
Мен хаёлан қаллиғ қидириб баъзан беихтиёр кўча-кўйга чиқиб кетардим. Бироқ… нигоҳларим таниш, жуда таниш бир чеҳрани излар, кўнглим аллақандай мўъжизаларни орзиқиб кутар, ўша қадрдон муюлишда, қизил этик фитнаси каби не бир қақшатгич зарбаларнинг гувоҳи бўлган ўша қайрағоч ёнида қадамларим ўз-ўзидан секинлашар, юрагимга лаззатли бир изтироб, оғриқ қуйилиб келар эди. Ҳар заррасидан соғинч, соғинч ва яна соғинч силқиб турган бир шивир лабларимдан сидрилиб кетарди: “Танзила! Менинг жоним, менинг моҳитобим”.
Ўша кунлар биз иззат-икромга кўмилиб кетган эдик. Қўни-қўшнилар, ҳамқишлоқлар бири қўйиб-бири олиб ҳарбий хизматдан қайтганларни уйларига таклиф этишар, алоҳида эҳтиром билан қурблари етганича меҳмон қилишар эди. Ўша куз, айниқса, аскарликдан келганлар орасида раиснинг боласи борлиги кенгсойликларни одатдан ташқари сертакаллуф, серҳиммат, сермулоҳаза қилиб юборди. Эртаю кеч зиёфатлардан бўшамай қолдик. Қувондиқ қайсарнинг ҳар қатида мамнунлик, масрурлик ва мағрурлик қалқиб турган гулдурос гап-сўзларидан, қувноқ қаҳ-қаҳаларидан мудроқ дала-дашт сесканиб тушгандек, қип-яланғоч, қовжироқ ғўзапоялар қайта гуркираб, қайта ҳосил бергудек бўларди. Ўша мавсум ҳукуматга пахта топшириш режасини одатдагидан ҳам ортиқ бажарганлиги, иззат-обрўси, мол-давлати уйган пахта хирмонидан ҳам зиёда бўлганлиги, алп қомат, бургут нигоҳ, шер панжа боласининг ҳарбийдан кучига-куч, ақлига-ақл қўшилиб қайтганлиги, Давронининг бошқа тенг-тўшларига ўхшамай, ҳатто, аскарликда ҳам чекиш-ичиш иллатларидан йироқ бўлганлиги раисни гўё яна ўн ёшга яшартириб, тик қаддини яна тиклаб, юз-кўзини нурлантириб юборган, у ўзининг қалб туғёнларини, фахрини, қувончини, сурурини эл-улусдан илгаригидек яширолмай қолган эди.
– Мана, мустақиллик даврига ҳам етиб келдик, – деб карилларди Қувондиқ ака баъзи бир давраларда, – замон тез ўзгаряпти, энди-и-и… эс-ҳушли, ақл-фаросатли, мустақил фикрли ёшларга жойларни бўшатиб беришга аста-а-а… тараддуд кўра беришимиз керак.
Унинг ғамхўр, меҳрибон халқ оталарига хос сўзларида, раисликдек сермашаққат, серташвиш лавозимга муносиб ворис изидан келаётганига, кенгсойликлар бу борада ҳеч ўйланмай, ҳеч қайғурмай бутун диққат-эътиборни улкан бунёдкорлик ишларига қаратишлари зарурлигига нозик ишора сезиларди.
Ҳа, Даврон дўстим ота амалини эгаллашга лойиқ, ҳар томонлама етук, тўкис йигит эди. Биз қайтгандан уч кун ўтар-ўтмас у туман марказидаги ҳосил байрамида уюштирилган кураш томошасида кетма-кет уч талабгорнинг курагини ерга босиб яна шон-шуҳрат қучди, аскарлик мақомидан яна полвонлик мақомига қайтди. Ўша тантанада мен қатнашмадим. Ўттизта хат бошимга солган ўттиз минг дарду ҳасрат оловида қуриб-ўртаниб, гўё ҳаммасига Даврон айбдордек, дўстимдан ўзимча аразлаб, унга гап қўшмай юргандим. Давроннинг бир курашда кетма-кет уч ютуқни қўлга киритганини эшитиб ичим қизиб қолди.
Дилгир, зерикарли оқшомлардан бири эди. Мактаб директори хонадонида меҳмон бўлиб ўтирардик.
– Энди-и… полвонжонлар, – деб қолди устоз зиёфат охирлаётган пайт бир менга, бир Давронга хокисоргина кўз ташлаб, – биз ҳам кенжатойнинг қўлини ҳалоллатайлик деб йиғиниб ётибмиз. Кейинги ойда, насиб этса, бир тўйча ўтказамиз. Бошқаларникидай данғиллама қилишга бизнинг қурбимиз етмайди. Кичкинагина кураш томошаси ўтказамиз. Энди-и-и… кичкина кураш экан деб бошқа ёққа қочиб кетмангизлар. Икковингиз даврани қизитиб турингизлар! Майлими?
– Хўп, хўп, домилла, – деб Даврон ҳам, мен ҳам қўлимизни кўксимизга қўйдик.
Вақт алламаҳал бўлганда меҳмондорчиликдан чиқдик. Почта идораси ёнида бошқалар билан хайрлашиб уй томон ёлғиз жўнадим.
Қоп-қора осмон тоқида тўлин ой ўйчан ва хомуш термулиб турар, кеч кузнинг салқин эпкинидан дов-дарахтларнинг қовжироқ барглари ҳазин шитирлар, ойнинг зардобтус ёғдуларига бурканиб ётган кўча-кўй, экинзорлар ҳорғин ва паришон мудрар эди.
Мен таниш муюлишга етиб, қадрдон қайрағоч ёнидан ўтарканман, ногоҳ қулоғимга соҳир бир сас ғира-шира чалинди:
– Соат ака.
Мен тошдай қотдим. Эшитганларим рўё бўлиб чиқишидан чўчиб, ҳатто товуш таралган тарафга қарашга ҳам ботина олмадим.
– Соат ака…
Бу соҳир сас сим-сим ой нурларига қоришиб ичу ташимни ёритиб юборди, изтиробдан чатнаб юрган юрагимга урилиб, бутун борлиғимда акс-садо берди. Акс-садодан гангиб, эмраниб қайрағоч томон қарадим. Дарахт соясидан Танзила, менинг Танзилам чиқиб келди! Эгнида беллари сириб боғланган узун халат, бошида қия қўндирилган дуррача, дуррача жиягидан кўпириб чиққан қуюқ, жингалак сочлари эпкинда титраниб турибди! Қийиқ қошлар, лўппи юзлар, ҳаммаси – ўша-ўша, фақатгина бўйига бўй қўшилиб, нозик қадлари андак тўлишиб, яна ҳам жозибали, яна ҳам сулув бўлиб кетибди.
– Ассалому алайкум, Соат ака, – деди қиз совуқданми, ҳаяжонданми қалтираб, – яхши етиб келдингизми, хизматлар билан қийналмадингизми, дўстларингиз омонми…
Танзила тантанали тадбирга тайёрланган талабадай тўлиб-тошиб, титраниб-тебраниб, тез-тез гапираркан, товуши тобора тўниб, сўниб борар, энтикар, қўлларини гоҳ кўксига қўйиб, гоҳ ёнига туширар эди.
– Салом, Танзила… мана, қайтдик, – дедим у томон бир қадам ташлаб.
Қиз илкис икки қадам ортга тисарилди. Шунда… шунда унинг жиққа ёш кўзлари ой нурида йилтиллаб кетди.
– Нега?.. – дедим аъзои баданимга ширин бир титроқ иниб, – нега йиғлаяпсан, Танзила?
Қиз худди айб устида қўлга тушгандай кафтларини юзига босди. Аммо бот-бот силкинаётган елкалари унинг унсиз йиғлаётганидан дарак берарди.
– Танзила, – мен уни овутиш илинжида билагига қўл чўздим.
Қиз яна илкис тисарилди. Кафтлари билан кўз ёшларини шоша-пиша артаркан:
– Қўйинг-е… – деб пичирлади.
Сўнг чуқур бир хўрсиниб уйлари томон югургилаб кетди.
Мен изидан лолу ҳайрон қараб қолдим. Тўлин ойдан сим-сим ёғдулар эмас, севинч, севинч ва яна севинч сочилаётгандай, кўзимга, кўнглимга, шууримга сим-сим сингиб бораётгандай эди. Негадир қаҳ-қаҳ отиб кулгим, сакраб-сакраб ўйнагим, шўх-шўх қўшиқлар куйлагим келарди. Қиз кўзидаги шашқатор ёш менинг кўнгил ғуборларимни, аччиқ алам-изтиробларимни, шубҳа-гумонларимни буткул ювиб кетгандай бўлди. Юрагимни лаззатбахш ором ва таскин эгаллади.
Ўша тун, ўша нурли, файзли кеча тўлин ой ҳамроҳим, сирдошим бўлди. Унинг заррин ёғдуларидан арқон эшиб, арғимчоқ учдим, қишлоқ биқинидаги пайкал бўйида мажнунона кезиниб юрдим.
“Наҳотки, Танзила ҳам мени севса?! – деб ўйлайман тўлқинланиб. – Ҳа, аниқ севади! Ахир соғинганидан, ўртанганидан йиғлади-ку! Қизлар ўзи шунақа бўлади. Армияда бир билағон дўстим севиб қолган қизлар кўз ёшларга зўр беради деганди, бундан чиқди… Танзила мени севади.”
Мен шундай фараҳли хаёллар етовида кезинарканман, неча-неча кундан бери елкамни ўттиз ботмон юкдай босиб турган ўша ўттизта хат муаммоси ҳам осонгина, жўнгина ҳал бўлди-қўйди.
“Шу ҳам гап бўлди-ю, – деб ўйладим ўз-ўзимдан таажжубланиб, – балки менга элликта, юзта хат ёзгандир, шунчаки, улар қўлимга етиб бормагандир, – сафдошларимдан униси-буниси олиб, менга беришни унутгандир… Умуман, гап хатларнинг сонида эмас-ку, ҳамма гап уларнинг мен учун, менга атаб ёзилганида-ку! Эҳ, қандай чиройли, сермазмун хатлар эди. Ҳаммаси эсимда, нуқта, вергулларигача эсимда…
Ҳа, рост, аскарлик давримда Танзиладан келган ҳар бир мактубни қайта-қайта ўқийвериб, бир пайтлар, мулла Мирза қўярда-қўймай ўргатган муқаддас суралардай ёдлаб олардим. Бу ҳам етмагандай, юрагим тафтини боссин деб, унинг сўнгги хатларини кўкрак чўнтагимга уч-тўрт кун солиб юрардим. (Аслида бошқа қулайроқ кисса йўқ ҳам эдику-я!) Ажаб, сафдош, қуролдош дўстларим ўзлари билан севишган, ваъдалашган қизларнинг суратларини ёнларида олиб юришар, бошқаларга кўрсатиб мақтанишар, ҳатто, айрим ишқий саргузаштларини оқизмай-томизмай айтиб беришар эди. Мен эса Танзиладан келган хатларни уларга кўрсатиш нари турсин, ҳатто қизнинг номини бошқалар олдида тилга олишдан ҳам ўзимни тиярдим, уни ҳамма-ҳаммадан, ҳатто ўзимдан ҳам қизғанардим. Ўша конибодомлик самбочи дўстим кўнгил кечинмаларимни зийраклик билан пайқаб, қойил қолганнамо бош чайқарди.
“Сен, жўра, ҳаққий эркак, – дерди у ўзбекча-тожикча қориштириб, – нағз дедитона ба бозор андахта намешад”.
Дўстимнинг эътирофлари менга мойдек ёқарди. Олис-олисларда Танзилам миннатдорона жилмайиб қўйганини ҳис қилиб, ўз-ўзимдан севиниб, ҳовлиқиб қолардим.
Ўша тўлин ой балққан кеча у ўз дил изҳорини кўз ёшлари билан баён этди. Бу кўз ёшлар менинг сўнишга, сўлишга шайланаётган севгимга бамисли оби ҳаёт бўлиб томди. Менинг муҳаббатим, менинг севгим кеч кузнинг ўша кечасида қайта гуллаб юборди.
Мен бахтиёр эдим, мен мамнун эдим. Онажоним эртаси куни ранг-рўйимдаги ўзгаришларни кўриб шодланди, ўз-ўзича пичирлаб дуолар ўқиди, юз-кўзимга меҳр билан термулди.
– Ана энди пича чеҳранг очилди, болам. Шу пайтгача қош-қобоғинг уйилиб мени қўрқитиб юриб эдинг.
Даврон ҳам менинг бир кечада хуш-хандон дўстга айланиб қолганимдан таажжубга тушди. Лекин эзмаланиб, тафсилотларини сўраб-суриштириб ўтирмади. Биз яна қўлни қўлга бердик. Биз яна узоқ-яқиндаги тўй-ҳашамларда кураш тушиб донг тарата бошладик.
Мен туну кун яна Танзила ҳақида ўйлардим. Унинг ишқи қалбимда аввалгидан ҳам баттар аланга олди. Мен қизга севги изҳор қилиш, у билан ваъдалашиш пайига тушдим, уни ёлғиз, овлоқда учратиш илинжида жума кунлари, Танзила шаҳардан қайтар пайтлари, почта биноси қаршисидаги автобус бекати яқинида ивирсиб юрдим. Аммо у-бу сабабларга кўра ҳеч режам амалга ошмади.
“Яхшиси, ўқиш жойига борсам-чи?!” – деган ўй туйқус бир куни хаёлимга урилди. Бу режа ҳар томонлама қулай, самарадор эканлиги яққол кўриниб турарди. Мен барча имкону шарт-шароитларни чамалаб, келгуси ҳафта пайшанба куни шаҳарга тушишга қатъий қарор қилдим. Аммо… минг афсуски… режаларим буткул барбод бўлди. Ҳаётим, қисматим ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
Давроннинг “Жигули”сида туман марказидан келаётган эдик. Бир пайт дўстим ўйчан бир қиёфада машинани йўл бўйига тўхтатди.
– Жўра, бир маслаҳатли иш бор-да, – деди у қандайдир хижолатомуз илжайиб. – Биласан-ку, сендан яширадиган ҳеч сирим йўқ.
– Гапиравер, – дедим қизиқсиниб.
– Уйлантириб қўяйлик, деб уйдагилар тоза гаранг қиляпти. Биласан, ўзимга қолса ҳали бундай ниятим йўқ, ҳали ўқимоқчиман, ҳали Россияга қайтиб кетишим ҳам мумкин.
– Уйдагиларга шундай деб тушунтир-да…
– Кўп гапирдим, барибир фойдаси бўлмаяпти. Қаридим, чарчадим, менга келин керак, деб, айниқса, энам оёқ тираб турибди.
– Қийин бўпти сенга, – деб ўзимча истеҳзо қилган бўлдим.
– Отамнинг гапи менга маъқул бўлди, – деди Даврон ўз-ўзига сўзлагандай, – уйлан, келинни келтириб қўй, кейин тўрт томонинг қибла, деди. Шунга-а-а… ўйланиб турибман, кимга уйлансам экан…
Дўстим худди бозордан мол танлаётгандай бир-икки қизнинг номини тилга олди. Сўнг ғижиниб қўл силтади.
– Сенга шаҳарлик қизлар ярашади, – деб қўйдим мен.
Бир пайт Давроннинг хаёлчан чеҳраси ёришиб кетгандай бўлди, лабларига табассум югурди.
– Айтганча, Танзила-чи?! Танзилага уйлансам бўлмайдими? Қайси қиздан қаери кам, а, сен нима дейсан? Боя шаҳарлик қизлар деганингда шу эсимга тушиб кетди, раҳмат, сенга, жўра, ростдан ҳам у шаҳарлик гўзаллардан қолишмайди.
Кўз олдим қоронғулашиб, бошим ғувуллаб, Давроннинг вайсашлари элас-элас эшитила бошлади.
– Эй, нега ўчиб қолдинг? – дея у елкамга шўх-шаън туртди, – мастмисан, нима бало? Айт, нима қилай, дўстга ўхшаб маслаҳат бер-да.
– Танзилани тилга олма, – дедим аранг.
– Нима?! Нега… тилга олмай?
– У… у меники…
– Сеники?! Ух, ти, писмиқи, қойилман сенга! Менга бир оғиз айтмай, зимдан иш пишитиб юрган экансан-да, а? Нон синдирдиларингми?
– Йў-ўқ, ҳали…
– Ё ҳали овлоқ-овлоқда учрашиб, аҳду паймон қилиб юрибсизларми?
Мен “ҳа” дейишга ботина олмадим. Ёлғон гапирсам, Даврон эртагаёқ овоза қилиб юбориши аниқ, бу уйдирма Танзиланинг қулоғига етиб борса… қизни бепичоқ сўйган бўламан-ку!
– Йўқ, ҳали ваъдалашмадик, – дедим овозим қалтираб.
Даврон нописанд бир тарзда машина ўриндиғига ястаниб кулди.
– Танзила ваъда бермаган, нон ҳам синдирилмаган, буёғи қизиқ бўлди-ку, нимага ишониб у меники, деяпсан?
– Танзилани севаман, жонимдан ҳам ортиқ кўраман.
– Мана, мен ҳам севаман энди, бу ҳали ҳеч нимани ҳал қилмайди. Соат, – деди дўстим туйқус жиддий тортиб, – агар Танзила ҳам сенга севаман деб айтган бўлганида қўлимни кўксимга қўйиб, бемаза гапларим учун сендан кечирим сўрардим, сенга ҳеч қачон халақит бермасдим.
– Мен Танзилани севаман, – деб ғудрандим мен, ўзимни оқлашга бошқа сўз тополмай.
– Соат, мени биласан-ку, бир айтдимми, кейин ортимга қайтолмайман. Бўпти, сен учун са-ал чекинаман, гап бундай, эртагаёқ Танзилага совчи юбораман, агар у рад этса, тамом, яна қўлим кўксимда, бир чеккага чиқаман, кейин, уни севасанми, пишириб ейсанми, бу ўзингга ҳавола. Қалай, таклифим маъқулми?
Мен лом-мим деёлмай, ич-ичимда инграб қўйдим, холос.
Совчилар! Даврон, раиснинг арзанда ўғли совчи қўйса, ким рад эта олади, ким?! Мулла Мирзами, уста Абилми, Улдон чечами? Йў-ўқ, қайтам, қувонишиб ҳали совчиликдан гап очилмай туриб ҳаммалари бош эгишади. Устига-устак, Қувондиқ қайсар бир пайтлар ҳадя этган соғин сигир шунча йиллардан бери ўзидан кўпайиб, бутун уруғ-аймоғи билан оғилда мўъраб турибди. Анови қизил этикнинг жозибаси ҳам ҳали-ҳали кўзни қамаштирса керак. Ким билади, менга номаълум яна қанчадан-қанча совға-саломлар совчиларнинг тилини бурро, қўлини узун қилишга шай тургандир?!
– Хўш, таклифим маъқулми, мулла Норсоат? – деди Даврон ғолибона илжайиб, – совчиларни эртагаёқ жўнатаман.
– Йўқ! Йўқ! – беихтиёр бўкириб юбордим мен.
Давроннинг қошлари чимирилиб, кўзлари қисилиб, бурун катаклари пир-пир уча бошлади. Бу… бу қиёфа менга таниш, жуда-жуда таниш. Бу шунчаки жаҳлдан эмас, дўстим яна ҳам қатъийлашганидан, ушлаган жойини узиб олишга шайланганидан дарак берарди.
– Соат, Танзилани севишингга мен ҳали ишониб қолганим йўқ. Сен, шунчаки, қизни мендан қизғанаяпсан, мендан, жонажон дўстингдан! Сен… сен йўлимга атай тўғаноқ бўляпсан. Мен буни дўстликка хиёнат деб ҳисоблайман.
– Даврон, гапларим чин, мен уни қаттиқ севаман, болаликдан бери севаман, айтганларимга ишон, ҳар куни, ҳар дақиқа шу қизни ўйлайман.
– Ўчир, ўчир овозингни! Танзилани севишингни менга ҳеч қачон айтмагансан, ана, боя тан олдинг, унинг ўзигаям ҳеч нарса гапирмагансан. Ўв, Танзила томонга биринчи қадамни мен ташладим, мен! Демак, биринчи бўлиб мен совчи жўнатаман. Мен биринчи бўлиб Танзилани тилга олганим сенга ёқмаяпти, шунинг учун тизинглаяпсан, севаман деб баҳона қилаяпсан.
– Йўқ, совчи юборишингга йўл қўймайман!
– Мен билан урушмоқчимисан? – деди Даврон қаддини бироз кериб. Унинг қароқларида қип-қизил шафақ аксланиб турарди.
– Керак бўлса, урушаман, – дедим мен ҳам қўлларимни мушт қилиб, – биламан, сен зўрсан, отангнинг ҳам қўли узун, каттакон, мени ўлдирасизлар, лекин Танзилани ҳеч қачон сенга бериб қўймайман!
Даврон истеҳзоли тиржайди.
– Энди шундай шатталик йўлига ўтдингми? Нега отамни ўртага тиқаяпсан? Эй, отамни бирор ерда пеш қилганимни ҳеч кўрганмисан, а, кўрганмисан? Нега тирриқлик қиляпсан?
– Урушаман десанг урушаман, – дедим бироз бўшашиб.
Даврон панжаларини паншахадай кериб юзини бир сидириб ташлади. Одатда, у ўзини аранг босиб, жаҳлини пасайтириш учун шундай ҳаракат қиларди.
– Соат, – деди дўстим ҳануз товуши темирдай жаранглаб, – тўйимнинг курашини қизитиб берасизлар деганди домилла, эсингдами? Индин тўй, кечки пайт кураш. Кел, икковимиз масалани бошқача ҳал қиламиз.
– Қандай?
– Ота-боболаримиз анъанаси бўйича ҳал қиламиз. Икковимиз курашамиз. Ғолиб Танзилага эгалик қилади. Ҳам домилланинг тўйи қизийди. Қалай? Бу гапга кўнарсан энди, а?
Ҳа, Даврон мени бурчакка қисган эди! Унинг таклифига рози бўлишликдан бошқа иложим қолмади.
– Бўпти, курашамиз, – дедим қатъий, – лекин… лекин бу келишув ўртамизда, ҳеч ким билмасин.
Даврон асабий бир тарзда хохолаб кулди.
– Эй, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, деган мақол бор-а. Сен нимадан қўрқаяпсан?
– Мен ҳеч нарсадан қўрқмаяпман. Танзила гап-сўзга қолмасин тағин деяпман.
– Эй, қизни қўй, сен ўзингнинг шаънингни ўйла. Йигитнинг ори бут бўлса, қизларга кийимнинг кераги йўқ, шуни унутма. Мен сенинг таклифингга кўнмайман. Бундай ими-жимида беллашиш ота-боболар удумига тўғри келмайди. Ҳаммаси ошкора, очиқ бўлиши керак.
– Бўпти, билганингни қил, – дедим алам билан қўл силтаб.
– Демак, келишдик. Индин, кечки пайт ҳаммаси ҳалоллик билан ҳал бўлади, – деди Даврон ғолибона илжайиб, – энди-и, жўра, машинамдан тушинг. Шу лаҳзадан бошлаб икковимиз бир-биримизга ашаддий душманмиз. Орани очиқ қилгач, қўл ташлашиб, тўн ёпишиб, қайта дўст тутинамиз. Қани, туш машинадан!
Мен ғазаб ва нафрат ичида каловланиб машинадан тушиб қолдим. Даврон “Жигули”ни ўт олдириб, ҳануз илжайган кўйи очиқ ойнадан қўлини чиқариб анъанавий тарзда баланд кўтарди.
– Қуёш ҳали ботмаган!
– Қуёш ҳали ботмаган! – такрорладим мен ҳам ҳавога қўл сермаб.
Аммо қуёш аллақачон қип-қизил қондек шафаққа беланиб уфққа бош қўйган эди.
Мен жим-жит йўл бўйида сўппайиб қолиб кетдим.
Ён-атрофим бийдай дала-дашт. Шом қоронғулиги мени тобора қаърига тортиб борар, йўл бўйидаги яккам-дуккам дарахтларда чуғурчуқлар безовта чуғурлашар эди. Сал кам ўн чақирим наридаги қишлоғим томон ҳорғин ва эзгин жўнадим. Унда-мунда хира, митти юлдузлар гўё ҳоли забунимга ачингандай жонсарак милтиллайди.
Мен аллақачон мағлуб эдим. Даврон илк ҳамладаёқ мени ерпарчин қилди. Ҳамла?! Бундай дейишим тўғримикан. Умуман, дўстимни маломат қилишга ҳақлиманми? Ахир, Даврон бирор гапида ҳам адолат чегарасидан чиқмади-ку! Аслида ҳамма-ҳаммасига ўзим айбдорман. Ношуд-ландовурлигимдан хафа бўлишим керак. Ахир… ахир Танзилага бир оғиз кўнглимни ёриб, унинг умидбахш, нажотбахш ваъдасини олиб қўйганимда бундай кўргуликларга йўлиқиб юрмасдим. Агар Танзила билан аҳду паймон қилганимда, раис тугул, шаҳаншоҳнинг боласи совчи қўйганида ҳам заррача қўрқмасдим. Чунки биламан, ич-ичимдан сезаман, Танзила аҳдига вафодор қиз. Аммо… минг афсуски, шу пайтгача унга на севгимни айтдим, на ваъдалашдим.
Мен шундай ҳасратли ўйлар исканжасида ийғаланиб, сийқаланиб борарканман, қишлоқ яна минг-минг чақирим нарига сурилишини, унга ҳеч қачон, ҳеч қачон етолмаслигимни жуда-жуда истардим. Қани энди, парча тошга айлансаму, шу ерларда умрбод қолиб кетсам деган орзу хаёлимда бот-бот чарх урарди.
Мен ўзи недан умидворман? Танзиланинг гоҳ кулганига, гоҳ йиғлаганига қараб ўзимча фол очиб юрибман холос. Ўша тунги кўз ёшларини кўриб, бу севинч, бу соғинч, бу севги изтиробларидан, дея ўз-ўзимни ишонтирдим, қувондим, керилдим, ғурурландим. Аслида бошқача бўлса-чи? Балки Танзила афсус-надоматдан, хижолатпазликдан йиғлагандир ўша кеч? Менинг ўзимча севиб, куйиб, ўртаниб юрганимни пайқагану, муҳаббатимни кўз ёшлари билан рад этгандир, кўнглим Даврон акамда, демоқчи бўлгандир, бесамар қийнаб қўйгани учун мендан кечирим сўрашга урингандир?! Анови ўттизта хат-чи? Ўша тўлин ойли тунда, қизнинг кўз ёшларидан маст бўлиб ўттиз хил баҳоналар билан уларни ҳам ўзимники қилиб олдим. Аслида ўша мактубларда нелар ёзилган, билмайман-ку, ахир! Давроннинг ҳалиги ғолибона илжайишлари, қатъий гап-сўзлари балки беҳуда эмасдир? Иккови аллақачон аҳду паймон қилиб, энди мени мазахлашга ўтишгандир?
Мен кимсасиз, жим-жит йўл бўйлаб, тункезар арвоҳдай бесару сомон кетиб борарканман, кўнглимда кечган сўнгги шубҳа-гумонларга чиппа-чин ишониб, бўғзимга алам ва нафрат тиқилиб, сассиз, унсиз бўзлаб борардим.
Шу орада қишлоқ тарафга тиркама таққан бир трактор тариллаб, бир мотоцикл пат-патлаб, тун сукунатини, менинг хаёлларимни парча-парчалаб ўтиб кетди.
Мен шоша-пиша ўзимни дарахтлар панасига олдим. Назаримда, фаралар нури ичи-ташимни ёритиб, бор сир-асроримни ошкор этадигандек, кўрганлар устимдан мириқиб куладигандек туюларди. Аммо бу қилиғимдан ўзимнинг энсам қотди. Ҳозир-ку амал-тақал яшириниб қолдим, эрта-индин рўй берадиган шармандаликдан қандай қутуламан, деган ўй бутун борлигимни тилкалаб турарди.
Қоп-қора осмоннинг бир чеккасида занглаган темир баркашдай тўлин ой кўринди. Унинг сарғиш ёғдулари остида олис-олислардаги уйлар, иморатлар ғира-шира кўзга ташланарди. Борлиқ сирли, ваҳимали бир сукут оғушида тек қотган эди.
Ой нурларига чулғанганимданми ё ғуж-ғуж юлдузларнинг шўх-шаън жимирлашиданми, ҳар нечук, кўнглим андак ёришиб, таскин топгандай бўлди. Йўқ, йўқ, адашибман, аслида хаёлимнинг бир чеккагинасида милтиллаб турган, дўстим, шунчаки, ҳазиллашди, ҳозир бирор дарахт панасидан қаҳ-қаҳ уриб олдимга отилиб чиқади, деган ўй машинадан тушиб қолганимдан буён умидвор қилиб турган экан. Шу илинжда қаршимда кўринган қорага талпиниб, бир мўъжиза кутиб бораётган эканман. Афсус, умидларим сароб бўлиб чиқди.
Шу алфозда қоқилиб-сурилиб, гоҳ имиллаб, гоҳ тезлашиб бир соатча йўл юрдим. Ниҳоят, қишлоқ биқинидаги, “Кенгсой бургутлари”нинг доимий қўналғаларидан бири бўлган тутзорга етиб келдим. Шу пайт йўл чеккасида қийшайибгина турган енгил машинани кўзим илғаб қолди.
“Ия, дўстимники-ку?! Қўналғамизда кутиб турган экан-да, ярамас ҳазилкаш!” – деган ўйдан бутун борлиғимга қувонч югурди. Беихтиёр қадамларим илдамлашди.
Ҳа, Даврон чиндан ҳам кутиб турган экан! Аммо ёлғиз эмас, ёнида “Кенгсой бургутлари”дан бўлган, иккитаси касаллиги туфайли ҳарбий хизматдан қутулиб қолган, иккитаси бир ҳафта бурун аскарликдан қайтган, тўрт нафар дўстимиз ҳам ҳурпайиб турарди.
– Гап бундай, бургутлар, – деб тантанавор, баланд бир товушда сўз бошлади Даврон, – Норсоат дўстим билан нозик бир масалада тўқнашиб қолдик. Бу ҳақда боя сизларга айтдим. Индин мактабимиз директори, Тўхтасин домланинг тўйида икковимиз курашиб масалани ҳал қиламиз. Муқаддас тутзоримиз, тўлин ой, маржон юлдузлар гувоҳлигида, сизларнинг ҳузурингизда онт ичиб айтаманки, ҳаммаси ота-боболар удуми бўйича, ҳалоллик ва мардлик асосида бўлиб ўтади…
Давроннинг болалигимиздан бери таниш, ҳатто, ўша Ўмскдаги Аня-Маняларнинг ноз-карашмалари ҳам йўқ қила олмаган, ғирт китобий тилда баландпарвоз гапиришлари, ўнг қўлини бош узра кўтариб, чап қўлини кўкракда тутиб туришлари бизга ҳам ҳеч бир ғайритабиий туюлмас эди.
Унинг айтганларини сомеъ бўлиб эшитдик. Айниқса, мен суд ҳукмига қулоқ тутган тутқундай итоаткорона бош эгиб, ерга кириб кетгудек бўлиб турардим.
– Шайх, Ғиёс, – деди Даврон ёнидаги болаларга юзланиб, – икковингиз Норсоат тараф, унинг олдига ўтинглар. Бу ажралиш вақтинча, курашдан кейин ҳаммамиз ҳамишагидай дўст бўп кетаверамиз.
Даврон ўз тарафдорларини олиб машинасига ўтирдию, шиддат билан жўнаб кетди. Биз “Жигули”нинг қип-қизил чўғдай милтиллаб, тобора узоқлашиб бораётган орқа чироқларига хомуш ва ўйчан термулиб анча пайт тек туриб қолдик.
Ҳойнаҳой, кўнглимни кўтаришга шайланди, шекилли, бироздан сўнг Ғиёс:
– Домилланинг тўйи роса қизийдиган бўлди-да, – деди кафтларини бир-бирига ишқалаб, – ҳаяжонли, эсда қоладиган, қизиқ кураш томоша қиламиз.
Мен ҳасрат тўла нигоҳларимни ситилиб кетган кўз ёшлардек ғуж-ғуж юлдузларга қададим: “Бу сенга қизиқ, сенга завқли, Ғиёсбой… Менинг дардимни қайдан ҳам билардинг…”
Шайхали ҳам елкамга дўстона қўл ташлаб ҳамдардларча далда берган бўлди.
– Давроннинг мақтанишларидан қўрқма. Бир қўлдан қолдирмайсан уни, биз сенга ишонамиз.
Ўша тунги, Даврончасига айтганда, муқаддас тутзор, маржон юлдузлару тўлин ой гувоҳлигида аҳдлашганимиз, қасдлашганимиз бутун қишлоққа овоза бўлиб кетган экан.
Мен буни тўй оқшомида, кураш томошаси бошланиш арафасида, қисматимдай қоп-қора қоронғуликка қоришиб кимнингдир ғилдираклари ўрнига синиқ ғишт бўлаклари қалаб қўйилган, носоз юк машинаси панасида, тарафкаш дўстларимни, умидбахш бир мўъжизани кутиб турганимда ногоҳ билиб қолдим.
Уч-тўрт шарпа бўлажак кураш майдони томон гурунглашиб боришарди.
– Ие, шундай бўптима-ей…
– Ҳа, қишлоғимизнинг кўзга суртган икки полвони қиз талашиб қопти.
– Қайси қизни?
– Абилнинг асранди арзандаси бор-ку, шуни.
– Обб-о-ей, оббо… курашда ким енгса, қиз шуники бўлармишми?
– Ҳа, иккови қаттиқ гаровлашган.
– Бу гап аввал қай биридан чиқди экан?
– Кимдан бўларди, раиснинг анови эркатойидан-да, доим бемаза ишларни бошлаб юради. Болалигидан бери шундай бузғунчи, жанжалкаш.
– Ҳеч олди қайтмаган-да, бу боланинг. Ҳамма нарсанинг эгаси ўзимман деб ўрганган, ҳеч кимни юз-хотир қилмайди.
– Норсоатбой би-и-р шохини синдирса, яхши бўларди-да.
– Ким билади, у ҳам бир шўр етим-да, қўрққанидан йиқилиб берар аввали.
– Абилбойнинг аҳволи қандай? Қулоғига етибдими бу талаш?
– Раиснинг ули қизига ошиқ бўп қолганидан димоғи чоғ деб айтди биров, яна билмадим…
– Йиқитсаям, йиқилсаям, раиснинг боласини деса керак у.
Одамлар тўпи шу тарзда гурунглашган кўйи олдимдан ўтиб кетди. Уларнинг менга тарафдорлиги ичимни илитиб, кўнглимни кўтарган эса-да, бироқ бизларнинг гаровлашганимиз овоза бўлиб кетганидан дилим ғаш, таъбим тирриқ эди.
Кўп ўтмай Шайхали ва Ғиёс ёнимга келишди. Учовимиз икки кун давомида зовур ортидаги пайкал бўйида машғулот ўтказган эдик. Гоҳ униси, гоҳ буниси мен билан олишди. Мен уларни чирпирак қилиб улоқтираман. Улоқтирар эканман, икковини қўшган тақдирда ҳам битта Даврон бўлолмаслигини ич-ичимдан ҳис этаман. Содда дўстларим эса мени астойдил алқашади: “Қойил, қўш ҳўкиздан ҳам кучинг кўп. Рост, сен ғолиб бўласан”.
Биз кечки пайт тўйхона ёнида учрашишга келишиб хайрлашган эдик. Мана, улар ҳовлиққан кўйи етиб келишди.
– Юр, кураш ҳам бошланиб кетди, – деди Ғиёс майдон томон аланглаб. – Давронларнинг жойлашиб олганига анча бўлди.
Катта полвонларга хос тарзда, бошимдаги жун қалпоқни кўзларимгача бостириб, қалин чопонимга бурканиб, икковининг ўртасига суқулиб, одамлардан паналаган кўйи кураш майдони томон юрдим.
– Қўрқма, ҳаяжонланма, барибир сен ютасан, – деб қўяди Шайхали.
Қор-қировсиз кириб келган қиш димоғидан совуқ ҳаво пуркаб турарди. Бир ҳафтача бурун енгил ёғиб ўтган ёмғирдан намиққан далалардан чиркин ўт-ўланлар, хазон иси анқийди.
Баланд устунларга тортилган симларга осилган лампа чироқлар ёғдусидан чор-атроф чароғон эди. Кураш майдони теграсида қари-қартанг қўр солиб ўтирар, улар ортида ёш-яланглар тик туриб полвонларни кузатар эди. Тўп-тўп томошаталаблар майдонга тақаб қўйилган юк машиналари, трактор тиркамалари устида туриб даврага завқ-шавқ билан тикилишиб қийқиришар, ирғишлашар эди.
Давра баковули ўша машҳур Эргаш мироб экан. Бир пайтлар Даврон унга ҳурматсизлик кўрсатганини, курашни ғирром баҳоладингиз деб юзига солганини ҳисобга олсак, бу ҳакам ҳам менга тарафкаш бўлиб чиқарди.
– Ҳа, полвонжонлар, бўшашманглар, жонли-жонли олишинглар, – дея чиркин сомон, ёғоч қириндиси қалин тўшалган ҳоварда беллашаётган ўспиринлар атрофида айланиб турарди у, – зот кам бўлса, ҳали яна қўшаман.
Худди шу гапни кутиб тургандай чорпахил, хумкалла ёш полвон рақибини чалпак қилиб ерга урди.
Давра гувуллаб юборди.
– Ҳалол, жигитнинг ҳақини беринг, – деб қичқирди баковул.
Биз томошабинлар тўдасини ёриб, ўзимизга қулайроқ жойга ўрнашиб олдик.
Ажаб! Ҳалиги гурунгдан руҳланиб ўзимга ишонч ортдими, ё даврага суқулиб, беллашаётганларни кўриб полвонлик томирим қабардими, ҳарнечук, бироз хотиржам тортиб қолган эдим. Даврон гаровга чорлаган ўша тундан бери юрагимни ғижимлаб ётган алам-изтироб, уят-андиша, қўрқув қайларгадир бекиниб қолгандай эди.
Мен зимдан ён-веримга кўз ташладим. Тўй эгаси – Тўхтасин домла бир пайтлар таъкидлагандай, кичкина кураш мусобақаси бўлишига қарамай, томошаталабларнинг ҳаддан зиёд кўплиги бизнинг талашимиз, гаровимиз бутун қишлоққа ёйилганидан дарак берарди. Ҳатто давранинг бир четида хотин-қизлар ҳам майдонни ҳуркибгина кузатиб турарди.
“Танзила ҳам шу ерда-ёв, ахир бугун якшанба” – шу фикр хаёлимдан лип этиб ўтди. Аммо йиғилган аёллар орасидан уни илғай олмадим. Шу орада Давронга кўзим тушиб қолди. У давранинг кунботар томонида, ўз тарафкашлари орасида, худди менга ўхшаб кийимларига бурканиб, кураш тушаётганларни нохуш кузатиб, ўз гали келишини бетоқат кутиб турарди.
Давра яна қийқириб юборди. Похол тўшамага қоришиб қолган мағлуб полвон гангиган кўйи ўрнидан турди. Ғолиб эса кўкрак кериб баковул ёрдамчиси қўлидан ўз совринини олди. Мағлубнинг орига чиққан, баланд бўйли, мушак-мускуллари бўртиқ йигит давра бўйлаб оҳиста айланарди.
– Жартепалик Нозим полвон! – дея уни томошабинларга таништирди баковул.
Ғолиб полвон совринни шерикларига топшириб яна майдонга қайтди.
Тўлин ой, кўк тўла юлдузлар ҳам, назаримда даврага яқин келиб, беллашувларни ажабланиб кузатаётганга ўхшарди.
Мен яна ён-веримни зимдан кузатдим.
Ҳурматли меҳмонлар ўрнашган жойда Қувондиқ қайсар кўринмас эди. Даврон иккимиз машинада айтишиб, қизаришиб қолган куни у пешин пайти аллақандай катта мажлис баҳонасида вилоят марказига жўнаб кетганини эшитгандим. Афтидан, у ёқдан ҳали қайтмаганга ўхшайди. Бироқ бундан на қувонч, на ташвиш ҳис этдим.
Томошабинларнинг қийқириғи, ғала-ғовури остида кураш қизғин давом этарди. Бир пайт тўй эгаси Тўхтасин домла лапанглаб баковулнинг ёнига келди-да, унинг қулоғига алланеларнидир узоқ шивирлади. Эргаш мироб мамнун бир қиёфада бош ирғаб турди. Шу орада ҳарсиллаб олишиб ётган полвонлардан бири рақибини белидан қучиб даст кўтарди, аммо зил-замбил юкдан ногоҳ ўзи қалқиб кетиб, чалқанчасига қулади, рақиби уни шу ҳолатда босиб қолди. Давра қийқириб юборди.
– Ҳалол! Аброр полвон ғолиб! – дея эълон қилди баковул.
Мен йиқилган курашчини яхши танирдим. Маҳоратли, чапдаст полвонлардан. Аммо ҳозир қўпол хатога йўл қўйганини кўриб, ўз ташвишимни ҳам унутиб, хаёлан унга дакки бера кетдим.
– Халойи-и-иқ! – деб қолди бир пайт Эргаш мироб қўлларини баланд кўтариб, – тўй эгаси камтар, камсуқум одамлигидан хабарингиз бор. Шунинг учун бугунги курашимизга биттагина тобоқ қўймоқчи. Ҳозир шу тобоқ учун бўладиган беллашувни томоша қиламиз-да, кейин оқсоқоллардан бир дуо олиб курашимизни якунлаймиз.
Баковул шундай деди-да, ёрдамчиси узатган оқ матони олиб ўртага қўйди.
– Мана, тобоқ! Шу тобоқни ердан оладиган талабгор полвон борми?! Зоти катта бир ҳўкиз! Қани…
Эргаш мироб сўзини тугатар-тугатмас Даврон майдонга отилиб чиқдию, ўртадаги оқ матони қўлига олиб, катта полвонларга хос бир тарзда манглайига тегизиб қўйиб, даврани бир айланиб, сўнг яна жойига бориб ўтирди.
– Тобоқни Даврон полвон кўтарди! – деб эълон қилди баковул, – қани, ораларингизда унга талабгор борми?!
Даврон давра айлана бошлагандаёқ Шайхали устимдаги тўнимни, Ғиёс бошимдаги қалпоғимни ечиб олиб, мени курашга шайлаб туришарди. Мен Мулла Мирзадан ўрганган оятларни чала-чулпа ўқиган кўйи, адашмасам, гаровлашган кунимиздан бери ўз-ўзимга бешинчи бор дам сола бошладим. Эргаш мироб яна қайта талабгорлар чорлаган пайт Шайхали елкамга туртди.
– Соат, давай, омад сенга! Худо қўлласин!
Мен белбоғимни қайта боғлай-боғлай ўртага чиқдим.
– Талабгор даврага тушди! – деб эълон қилди баковул, афт-ангоридаги айёрона ифодага қараганда, у ҳам ҳамма шов-шувдан хабардорга ўхшарди, – ўзимизнинг Норсоат полвон! Ўртадаги зотга тўй эгасининг жияни томонидан яна эллик сўм қўшилди, бир ҳўкизу эллик сўм! Бу ҳали ҳаммаси эмас… ғолибни яна бир ажойиб мукофот кутиб турибди, уни икковлари яхши билишади.
Томошабинлар тарафдан қиқирлаган, пихиллаган кулгулар эшитилди.
Мен устоз Абсал полвон ўргатганларига амал қилиб атрофимга алангламай оёқ остидаги похол, қиринди тўшамадан кўз узмай давра айланардим. Даврон мендан сал олдинда, қўлларини белбоғига тираб, гердайган кўйи лапанглаб одимларди.
– Қани, полвонжонлар, бошланглар, давра совимасин, – деди баковул қўлидаги хивични сермаб.
Даврон илкис ортга бурилдию қўлларини ҳаволатиб ҳужумга ўтди. Мен ҳам товонларимни тўшамага маҳкам тираб ҳимоя маррасини эгалладим. Давра туйқус жим-жит бўлиб қолди. Рақибим одатдагидек чалғитувчи ҳаракатлар қилиб ўтирмай, шиддат билан ташландию яктагим ёқасидан тутди. Мен унинг белбоғига қўл чўздим. Аммо Даврон ушлашимга йўл қўймай зарб билан силтаб тортди. Мен ногоҳ тиззалаб қолдим. Давра гувуллаб юборди. Рақибим яна бир силтаб устимга ўзини ташлаганда борми, мен тўшамага тўшалиб қолишим тайин эди. Аммо… аммо у ҳеч кутилмаган пайт ёқамни қўйиб юборди-да, яна шиддат билан давра айлана бошлади. Мен ҳам тиззалаб қолган жойимдан туриб, яктагимнинг елкамдан сидирилиб тушган ёқаларини тўғриладим. Давроннинг фавқулодда жўмардлиги мени аллақачон руҳан синдиргандай, куч-қувватимнинг ярмини кесиб кетгандай туюларди. Бел-билакларимга бироз титроқ кирди.
Биз яна юзлашдик. Бу гал мен рақибимнинг белбоғию яктагини маҳкам сиқимлаб, ўзим томон зарб билан тортдиму, оёқлари орасига чил солдим. Бироқ Даврон оёқ бўғинларини таранг ростлаб чилимни чиқариб юборди. Шу аснода белларимдан маҳкам қучиб мени азот кўтардию чап елкасидан ошириб ерга ташлади. Мен чалпак бўлиб тушаётган бир пайтимда ўзимни аранг ўнглаб юз тубан йиқилдим.
Давра яна гувиллаб юборди.
Даврон яна шиддат билан, бошини мағрур тутган кўйи давра айлана бошлади. Мен ҳам апил-тапил ўрнимдан турдим-да, бўшашган белбоғимни қайта боғлай-боғлай унинг изидан одимлай бошладим. Давроннинг мендан бу қадар кучли, чаққон ва маҳоратли эканлигини авваллари жиддий беллашиб кўрмаганимиз учунми, ҳарқалай, билмас эканман. Мен хийла довдираб қолдим. На икки кунлик бетиним машғулотларим, на устоз ўгитлари, на мулла Мирзадан ўрганган дуоларим менга ёрдам берарди. Ҳар қадамидан шиддат, куч, ишонч ёғилиб турган рақибимга зимдан кўз ташларканман, навбатдаги қафасда масалам ҳал бўлишини кўнглим сезарди.
Аммо ғолибона тиржайган шарпа қучоғида тўлғонаётган Танзила хаёлимда жонланардию, худди димоғига сунъий нафас юборилган беҳуш бемордай сапчиб-сапчиб тушардим.
– Ҳа, полвонжонлар, – дея хитоб қилди баковул, – мунча кўп айланиб қолдиларингиз, нима, чарчадиларингизми? Ўрин-тўшак қилиб берайликми?
Даврада гурр кулгу кўтарилди.
Биз яна бетма-бет келдик. Даврон бирдан ўзига тортиб усул қўллашга уринди. Мен қаттиқ ҳимояландим. Рақибим гоҳ ўнгдан, гоҳ чапдан яқинлашмоқчи бўлар, турли алдамчи ҳаракатлар қилар, мен кўкрагига тираб олган қўлларимни сидириб ташлашга уринар эди. Аммо барибир ҳимоямни ёриб ўтолмай мени қўйиб юборди-да, яна жаҳл билан давра айлана бошлади. Ниҳоят, бу сафар ҳам аранг қутулиб қолдим.
Томошаталабларнинг мен усул қилганда қийқиришиб, Даврон ҳужум бошлаганда жимиб қолишлари ҳам, уларнинг ким тарафда эканлигини очиқ-ойдин кўрсатарди. Устига-устак, Қувондиқ қайсарнинг томошада йўқлиги ҳам кучлар нисбатини мен томон босар эди. Бироқ, бундай устунликдан қандай наф? Мен тобора чарчаб, заифлашиб, Даврон эса тобора қутуриб, жунунга кириб борарди.
“Йиқилишга ҳаққим йўқ, сира ҳаққим йўқ, одамлар ҳам менга ихлосманд, – деган ўй хаёлимда чарх уриб айланарди, – нима қилиб бўлсаям енгишим керак. Танзиласиз ҳаёт менга ҳаром!”
Даврон кимдир идишда узатган сувдан ҳўплаб бир ғарғара қилди-да, оғзидаги сувни қўлларига пуркаб, бармоқларини намлаб яна жўшқин ўйноқлаганича майдонга қайтди. Шу галгиси сўнгги беллашув бўлишини юрагим сезди. Шу баробарида кўнглимнинг бир бурчагида биқиниб ётган нопок, ғирром бир режа шиллиққуртдай судралиб чиқди.
“Конибодомлик дўстим ўргатган усулни қўллайман. Самбода қатъий тақиқланган деб огоҳлантирганди, шекилли… – деб ўйладим рақибнинг бақувват қўлларидан кўз узмай, – бошқа иложим йўқ, ё, Худойим, ўзинг кечир, Танзилани бировларга бериб қўёлмайман”.
Мен пайт пойлай бошладим. Даврон усул қўллаш илинжида оёқларимдан кўз узмай ирғишлаётган пайт чап илкининг бармоқлари орасига панжаларимни тароқдай тиқиб, иккинчи қўлим билан ўнг тирсаги устидан маҳкам тутдим. Сўнг рақибим яқин келишига атай қўйиб бердим. Даврон мени довдираб қолди деган ўйда шиддат билан усул қўлламоқчи бўлди. Аммо мен қайириб юборган бармоғининг оғриғидан бирдан бўшашиб кетди.
– Ах! – деди афти буришиб.
Мен шу лаҳзадаёқ ўнг қўлини билагим билан ўраб билагини тирсагидан қайириб юбордим. Даврон бемисл оғриқдан кўзларини чирт юмиб, ёнбошга қулай бошлади.
Мен яшин тезлигида уни усулга олдиму, белимдан ошириб ерга урдим.
Давра гулдурос солиб ҳайқириб юборди.
– Ҳало-о-ол!
Мен чалпак бўлиб тушган Давроннинг кўкрагидан босиб турардим. Каллам карахт, кўзим кўр, қулоғим кар эди.
– Ҳалол, – дея елкамга туртди баковул, – қўйворинг энди уни.
Шу аснода ўртага отилиб чиққан Шайхали ва Ғиёс мени етаклаб майдондан олиб чиқиб, елкамга тўнимни ташлашди, бошимга жун қалпоғимни кийдиришди.
Томошаталаблар тобора кучлироқ қийқириб, ҳайқириб, ғолибни олқишлашар эди.
– Эй! Эй, халойиқ! – деб қичқирди Даврон ўнг қўлини силаган кўйи ўрнидан тураркан, – Норсоат номардлик қилди, қўлимни қайириб юборди. Ғирром бу!
Теварак-атрофдан масхараомуз кулгулар, истеҳзоли қийқириқлар эшитилди.
– Йиқилган олишга тўймайди, Давронбой!
– Яна қандай баҳоналаринг бор?
– Хархашани отангга қиласан!
Шу орада баковул ёрдамчиси келиб менга соврин пулини узатди.
– Мана, Норсоатбой, олинг, она сутидай ҳалол сизга. Ҳўкизни эртага тўйхонадан етаклаб кетасиз.
Мен ҳануз карахт ва паришон эдим. Баковул ёрдамчисининг гаплари деярли қулоғимга кирмади. Шайхали бир интилиб унинг қўлидан пулни олди.
– Эй! Эй, яхшилар! – дея Даврон қўлларини қанотдай ёйиб жавдираган кўйи у ён-бу ён югургилай бошлади, – бу номардлик-ку?! Қўлимни синдириб қўйишига сал қолди! Агар алдаётган бўлсам, мени полвон пири урсин!
Эргаш мироб кинояли кулимсираб унинг қўлидан тутди-да тарафкашлари турган тарафга етаклади.
Даврон адашиб қолган ёш боладай атрофга аланглади. У, афтидан, мени изларди.
– Эй, Норсоат! – деб бақирди у алам билан, – мард бўлсанг майдонга чиқ! Айбингни тан ол!
Ғала-ғовур, қаҳ-қаҳаларга кўмилган давра унга эътибор ҳам бермади.
– Қани, оқсоқоллар! – деди баковул қариялар тўпига юзланиб, – чиройли бир дуо қилиб, курашни якунлайлик. Оми-и-ин!
– Оми-и-н!
Мен кўзларимни кўкка опқочдим. Милтиллаган юлдузлар гўё ҳуркиб, уялиб ғуж-ғуж тўпланиб олгандек эди. Сап-сариқ тўлин ой баттар сарғайиб, сўлиб, беҳол бўзариб турарди.
Оломон дувва қўзғалди. Майдонга тақаб қўйилган тракторлар тариллаб, юк машиналар гуриллаб жилди. Уларнинг фараларидан таралган ёғду яқин-узоқдаги уйларни, ғўзапоя, хас-хашак ғарамларини ола-чалпоқ ёритди. Ғала-ғовур, кулгулару қийқириқлар ҳар ён-ҳар ён тўзиб қолди.
Ана, Даврон! У ўзини етаклаб кетишга уринган тарафкашларини силтаб ташлаб бўм-бўш майдонда, похол тўшама устида жазава билан юриниб турарди.
– Эй, Норсоат, эй, қўрқоқ, қаердасан, мард бўлсанг майдонга чиқ! Ҳали орамиз очиқ эмас, – деб бўкирарди у атрофга аланглаб.
Биз ғилдираклари ўрнига ғишт қалаб қўйилган, носоз ўша юк машинаси биқинида турардик.
– Қўйгин, унга эътибор берма, кетдик, – деди Шайхали билагимдан тортиб.
Ғиёс ҳам беҳафсала қўл силтади.
– Энди тонг отгунча шу, бўкириб тураверади.
Аммо менинг жойимдан жилгим йўқ эди. Қандайдир куч Давроннинг ёнига чопиб боришга, елкаларига дўстона қўл ташлаб, кечирим сўрашга ундарди.
– Эй, номард, яхшиликча айбингни тан олмасанг, полвон пири қарғайди сени, улуғ аждодлар руҳи уради!
Дўстим шу аҳволда ҳам китобий, тантанавор ибораларни тилдан қўймай, ихлосу икром билан такрорларди.
Бир пайт, билмадим қайдан чиқди, қизғиш-сарғиш либоси лампа чироқлар ёғдусида оловдай ловуллаб турган Танзила қунишган кўйи Давроннинг шундоққина қаршисида пайдо бўлди.
– Оҳ, Танзила! Соҳибжамол фаришта! – деди у худди кинолардаги рицарлар каби қиз қаршисида тиз чўкиб, – биз ҳаммасини ота-боболар удуми бўйича ўтказишга келишгандик, лекин Норсоат ғирромлик қилди, қўлимни қайириб мени йиқитди, ўзинг изн бер, курашни сенинг кўз олдингда қайта ўтказайлик.
Даврон гапирган сайин жўшиб, қулочини кенг ёйиб қиз томонга судракланиб яқинлашарди. Мен эса бу ёқда рашк-алам оловида қоврилиб, қўлларимни мушт қилиб майдон тараф ўқдек учишга шайланардим. Назаримда, Танзила ҳозироқ ўзини найранг қурбони қучоғига ташлаб, юз-кўзларини силаб, севгисига иқрор бўладигандек, Даврон уни озод кўтариб, теваракка ғолибона боқиб қоронғулик қаърига сингиб кетадигандек туюларди. Агар… шу тасаввурим чин бўлиб чиқса, мен қарчиғайдай учиб бориб иккисини ҳам бурдалаб ташлашга тайёр эдим.
Аммо… аммо бир пайт Танзила тўлиб-тошиб ҳасрат қилаётган Давроннинг юзига тарсаки тортиб юборди! Сўнг нимадир дедию кафтларини юзига босиб, тўйхона тарафга тез-тез юриб кетди.
Ўртаниб ўрмалаётган полвон лампа чироқлар ёғдуси остида ҳануз тиз чўккан кўйи ҳайкалдай қотиб қолди. Унинг шу туриши китоблардаги антик давр юнон-рум қаҳрамонлари тасвирини эслатиб юборарди.
Бир маҳал ёнгинамиздан қандайдир машина шитоб билан ўтдию майдон қаршисига бориб тўхтади. Ундан милиция мундиридаги уч барваста йигит тушиб хас-хашак тўшамаси устида ҳануз паришон ўтирган Даврон томон юришди. Улардан бири Ҳалим Норбўта ўғли, участка нозири эди. Ҳойнаҳой, шов-шувлар қулоғига етиб бориб, Тўхтасин домланинг тўйида катта жанжал чиқишидан хавотирланиб у бошқармадан ёрдам кучлари чақиртириб қўйган, вазиятни зимдан кузатиб турган эди.
Даврон мундирли тартибот посбонларини кўрдию ирғиб ўрнидан турди. Ҳалим Норбўта ўғли унга нимадир деди.
– Менми жиноятчи?! – деб туйқус қичқириб юборди Даврон силтаниб, – жиноятчи ғирром ғалабасидан шишиниб уйида ўтирибди! У қилмиши учун қонун олдида, халқ олдида жавоб бериши керак. Удумларимизни оёқости қилди, номард!
Икки барваста посбон оркаш полвоннинг икки ёнидан тутиб машина томон ишора қилишди. Йўқ, Даврон ортиқча жазавасиз уларга буйсунди, афтидан, пойтахтдаги ўша уч суткалик таълим-тарбия ҳали-ҳануз таъсирини йўқотмаган экан.
– Кетдик, – деб чуқур тин олди ёнимдаги Ғиёс, – бўлди, энди тинчиди.
Йўқ, Даврон ҳали тинчимаган экан. Машина ёнига етган пайт у посбонлар етовидан бир силтаниб чиқди-да ўнг қўлини мушт қилиб боши узра баланд кўтарди.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Унинг алам ва изтиробга лиммо-лим қийқириғидан ғуж-ғуж юлдузлар пирпираб кетгандай бўлди.
– Қуёш ҳали ботмаган! – беихтиёр пичирладик биз ҳам.
Даврон ўтқазилган машина яна шитоб билан жилди. Бир жуфт фаранинг ўткир нурлари ён-атрофни бир ялаб ўтди.

Танзила сермаган ўша тарсаки гўё Давронга эмас, менга тегиб кўзларимдан ўт чақнаб, карахтлигим тарқаб, хийла ҳушёр тортиб қолган эдим. Кўзларимда чатнаган ўт шуъласида қалтис қилмишимнинг бутун шармисорлиги, ваҳимаси яққол кўриниб кетди. Ғиёс ва Шайхали ҳамроҳлигида уй томон борарканман, ич-ичимда таваллолар қилиб Даврондан, Танзиладан, барча-барчадан узрлар сўрардим. Айниқса, кафтларини юзига босиб кетаётган Танзила кўз олдимда бот-бот жонланиб, фариштадай покиза бир қизни қандай номаъқул гап-сўзга гирифтор қилганимни етмиш икки томирим билан ҳис этиб ўкириб юборгим келарди.
Дўстлар билан кўча бошида хайрлашдик. Бўлиб ўтган машмашалар уларнинг ҳам тинкасини қуритган, шекилли, ортиқча гап сўз қилмай, уй-уйларига юзланишди.
Мен ўша таниш муюлишда, ўша қайрағоч ёнида Танзилани кутиб туришни ўйлаган эдим. Аммо ич-ичимдаги алланедир бунга монелик қиларди. Гўё исқирт, ифлос бир балчиққа ботиб қолганману, бу аҳволда Танзилага кўринишни истамасдим. Қалбим, онг-шуурим бўм-бўш бир тарзда уйга кириб бордим.
Онажоним, янгам ва акам мени кутиб ўтирган экан.
Акам бўлиб ўтган кураш тафсилотларини тўлқинланиб айтиб берган шекилли, янгам мени кўрдию шўх-шаън кўз қисиб қўйди.
– Болам, бу нима қилганларинг, болам, – деб зорланди онажоним рўмоли учи билан оғзини бекитиб, – ҳаммаёққа шарманда бўлдик-ку, Танзила бечора энди қандай бош кўтариб юради?
– Хола, мунча ваҳима қилаверманг, – деб чимирилди янгам, – қишлоқнинг энг зўр йигитлари уни деб ёқалашса, қиз хафа бўладими, қайтам боши осмонга етади. Қани эди биз учун ҳам биров гаровлашса.
– Эй, ўчир овозингни, – деб пўписа қилган бўлди акам хотинига.
– Ўҳў-ў, сиз нега нам тортаяпсиз? Гаровда бой бериб қўйишингизни биласиз-да, а…
Акам индамай унга ўқрайиб қўйди.
– Янга, илиқ сув қилиб беринг, ювиниб олай, – дедим пичирлаб.
– Хўп, полвонжон, хўп, – деди янгам илдамгина ўрнидан туриб, сўнг айёрона кулимсиради, – шунча дардингиз бор экан, армияга кетишдан аввал ўзимга сал шипшиб қўймайсизми, қайнигинам, ҳаммасини ҳал қилиб қўярдим.
Акам ғижиниб бош чайқади.
– Эй, кўп гапирма, шусиз ҳам Норсоат роса чарчади.
Мен кўрпачага тиззалаб онажонимнинг елкасига суйкалдим.
– Эна-а, кечиринг, шундай бўп қолди-да. Давроннинг ўзи гаранг қилди.
– Вой, болам-ей, – деб онажоним сочларимни силади, – сенлар бу ёқда шохлашиб ётсаларинг, Танзила бошқа бировни деса-чи.
Мен беихтиёр онажонимнинг рўмолига юзларимни яширдим.
– Йўқ, эна-а, йўқ, ундай деманг.
Акам тиззаларига шапатилаб хохолаб кулди.
Ўша тун янгам илитган сувда обдон ювиндим. Бел-билакларим қақшаб оғрирди. Бир пайт акам имлаб уйга чақириб олди.
– Норсоат, асабларинг чатнаб кетди, – деди акам бир пиёлани тўлғазиб ароқ қуяркан, – шуни ичиб юбор, эсам, ухлаёлмайсан.
Мен беихтиёр буйсундим. Аччиқ суюқлик ич-ичимни куйдириб ўтди. Аммо алланечук енгил тортдим. Шундагина қорним ниҳоятда очиққанини ҳис этдим.
– Яна қуйинг, – дедим бир бўлак яхна гўштни ҳузурланиб чайнар эканман, – ўлдирса, бирдан ўлдирсин.
Чиндан ҳам иккинчи пиёлани бўшатиб апил-тапил овқатландиму ўликдай қотдим. Эрталаб уйғонганимда кун хийла ёришиб қолган экан. Яхши дам олганман шекилли, суякларим енгил, миям тиниқ эди.
– Тўхтасин домланикига бораркансиз, тайинлаб кетишди, – деди янгам юз-қўлимни ювиб дастурхон ёнига ўтирган пайтим, – Қувондиқ раис ҳам ўша ерда эмиш.
Онам менга ташвишланиб тикилди.
– Нима қилиб қўйдинг-а, болам. Энди раис бизни тинч қўядими?
Бўлиб ўтган воқеалар яна эсимга тушиб кўнглим бирдан ғаш тортиб қолди. Аммо сир бой бермай:
– Кеча баковул ҳўкизни тўйхонадан опкетасан, деб айтганди, шунга чақиришгандир-да, – дедим бир бурда нонни зўрға ютиб.
Ҳаво тунд, андак совуқ эди. Юлинган товуқ патларидай тўзғин булутлар кўкда сузиб юрарди. Мактаб томондан болалар қий-чуви эшитилади.
Мен чопонимга бурканиб тўйхонага кириб бордим. Ҳовли ўртасидаги қалин кўрпачалар тўшалган чорпояда, ош-овқатлар мўл-кўл дастурхон атрофида, бир тўп оқсоқоллар ўртасида Қувондиқ қайсар ҳамишагидек гулдурос овозда гурунг бериб, ҳаммани оғзига қаратиб ўтирарди.
– Бундан кейин райком, обком деган хўжайинлар бўлмайди, эшон буважон, бундан кейин ҳокимлар раҳбарлик қилади.
Мен раис эҳтиром билан мурожаат қилаётган оппоқ соқолли, қошлари қалин, ранг-рўйи тиниқ, ўсиқ соқолларига қуюқ оқ оралаган Карамхон эшон бовани таниб негадир кўнглим ёришиб кетди.
– Ассалому алайкум!
Қироат билан салом бердим-да, чорпоя атрофини чаққонгина айланиб аввал эшон бова билан, сўнг бошқалар билан қўл узатиб кўришиб чиқдим. Қувондиқ қайсар баҳайбат кафтлари орасига қўлларимни оларкан, қизғин силкитиб қўйгандай бўлди.
– Кеча қишлоғимизда кўп ғала-ғовур бўпти, сиз ҳам эшитдингизма, эшон бува, – деб илжайди раис, – айниқса, Тўхтасин домилланинг кураши хўб бошқача бўпти-да.
– Ҳа, эшитдим.
– Бизнинг болалар бир бемаза иш қилишибди-да.
– Э, бемаза жойи йўқ, – деди жилмайиб эшон бова, – ёшлик шуниси билан қизиқ-да, шундай ажойиботлар эсда қолади-да.
Оқсоқоллардан бири гурунгга аралашди.
– Чин айтасиз, тақсир, кечаги кураш жуда қизиқарли бўлди. Ҳатто бизнинг ҳам майдонга тушгимиз келиб кетди.
Мен чорпоя қаршисидаги, устига кўрпача ташланган узун ўриндиқнинг бир четида тавозе билан ўтирардим.
– Эшон бова, бу жигитни танидингизми, – деб қолди Қувондиқ қайсар менга ишора қилиб, – раҳматли Эшқобил ошнамнинг ули, Норсоат полвон.
– Ёшларни бир кўрганда таниб олишим қийин-да, лекин раҳматли Эшқобилбой жуда яхши одам эди.
– Шу жигит билан бизнинг ўғил кечаги ҳангомаларнинг бошида турган.
– Ҳа, шундайми, – деб кулимсиради Карамхон ҳазрат.
Шу пайт дарвозадан ҳурпайган кўйи Даврон кириб келди. Икки ёнга синган қанотдай осилиб турган калта чарм камзули, чала-ярим ўтказилган қалин кўйлак тугмалари унинг истар-истамас, нари-бери кийинганидан дарак берарди. Назаримда, Қувондиқ қайсар тўй баҳона узоқ-узоқлардан келган Карамхон эшоннинг олдида бизни яраштириб қўйиш учун атай чақиртирган эди.
– Бизнинг ўғил шу жигит, – деб қўйди раис.
Даврон ҳам худди мен каби чорпоядагилар билан кўришиб чиқди-да, ўриндиқнинг нариги чеккасига омонатгина кет қўйди.
– Норсоатга яқинроқ ўтир, – деди Қувондиқ қайсар қўрс бир товушда, – дўстлар ҳам шундай аразлашадими?
Даврон яна ирғиб ўрнидан турди.
– Бу менинг дўстим эмас. Номард, ғирром одам билан ҳеч қачон дўст тутинмайман.
– Полвончиликда шундай-шундай бўп туради-да, – деб бош ирғади оқсоқоллардан бири, – энди ярашинглар, уят бўлади.
– Майли, мен ярашаман. Лекин аввал манови номардлик қилганини очиқ тан олсин.
– Эй, гурри, – Қувондиқ қайсар ўғлига қаҳр билан қаради, – эшон буванинг олдида томоша кўрсатма, жойингга ўтир, йиқилишга йиқилибсан, энди нима… арпа уни баҳона бўп қолдими?
Даврон бир сапчиб тушди. Сўнг:
– Менга ишонмаяпсизлар-а, – деди орқага аста-секин тисарилар экан, – мановининг қилмишини маъқуллаб турибсизлар-а, унда… мен охирги сўзимни айтаман, бу қишлоқда ё номард Норсоат яшайди, ё мен… Хайр.
Даврон илкис бурилдию кўча томон югургилаб кетди. Кета-кета дарвоза ёнида одатдагидай қўлини боши узра тўлғади.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Унинг товуши бу гал анча паст, лекин таҳдидли, тазйиқли тарзда чорпоягача етиб келди.
– Бизнинг ўғил шундай тентак-да, – деб қўйди хижолатомуз Қувондиқ қайсар.
– Ундай гапни қўйинг, раис, бунинг ҳаммаси яхшиликка, – деди Карамхон эшон бова бош ирғаб, – ҳали ҳаммаларингиз кўп хурсанд бўп қоласизлар. Қани, ҳозир шу икки полвон болаларнинг ҳақига би-ир дуо қилайлик, оми-и-ин… – у киши қўлларини фотиҳага очиб, кўзларини ярим юмиб, арабий лаҳжада узоқ пичирлади, сўнг овозини баландлатиб қўшимча қилди, – илоё, йигитларимизнинг манглайида иқболи порлаб турсин, эл-юртнинг орини кўтариб, қўшгани билан қўша қариб, ўзларидан кўпайиб юришсин, омин!
– Оми-и-н! – дея фотиҳага қўшилди чорпояда ўтирганлар, жонсарак юрган хизматчилар, каттаю кичик барчаси.
Ўша чошгоҳ узундан-узун қилинган дуо Давронга етиб борган-бормагани менга қоронғу, аммо кечга яқин маълум бўлдики, оркаш полвон тўйхонадан чиқа солиб, тўппа-тўғри уйига келиб, кийим-кечак, лаш-лушларини бир жомадонга жойлаб аллақаёққадир жўнаб кетибди!
Мен ҳам қишлоқда қолмадим. Кутилмаган машмашалар босилгунча қўни-қўшни кўзига кўринмай турсин дедими, ҳарқалай, онажоним, мени қўярда-қўймай, ўша ишбилармон поччамларникига жўнатиб юборди. Опанглар бир оғил қуришган экан, ҳали томини ёпишга улгурмабди, ёғин бошланиб кетмасидан шугинани бутлаб олай деб поччанг бечора бир ўзи тиришиб ётган эмиш, бориб, уч-тўрт кун қабатида тургин, деди.
Онажонимнинг қийин-қистови, очиғи, менга ҳам маъқул тушди. Чунки ўзимнинг ҳам бир ёқларга бош олиб кетгим келиб юрганди. Эшон бова оқ фотиҳа берганининг эртаси куни, ҳали Танзила билан гаплашиб ололмаганимдан кўнглим ғаш бўлса-да, сафар тўрвасини орқаладим.
Ўша йили қиш ботиниб-ботинмай бўсағада узоқ туриб қолди. Декабр ойи соб бўлиб бораётганига қарамай, Тўхтасин домланинг тўйидан роппа-роса бир ҳафтача аввал андаккина намлаб ўтган ёмғирдан бошқа осмондан бирор томчи тушмади. Гоҳо кўк юзига бир-бирини туртиб, суриб-судраклаб баҳайбат, қоп-қора булутлар чиқар, қанчадир пайт ўзларини тантанавор намойиш этишгач, ортларида совуқ, муздек ҳаво қолдириб олис-олислардаги тоғлар тараф бош олиб кетишар эди.
Қассобга ёғ, эчкига жон қайғуси деганлари чин экан. Ҳамма ёғин бўлмаётганидан нолиб, кўкка умидвор термулиб юрган бир пайтда, поччам чала ишларини чамалаб, яна бир ҳафтача кун очиқ бўлсин-да, деб ўзича илтижо қиларди. Икковимиз қаттиқ киришиб тўрт кун ичида томни ёпдик, хашак ғарами устини сув ўтмас мато билан қопладик.
“Сизларнинг жойларингиздан бу ер яхши, сув мўл, чорвага ҳам, деҳқончиликка ҳам қулай, – деб қолди поччам қайтар куним, – олдимизга кўчиб келсаларингиз маъқул иш бўларди-да, аввал ҳам энангизга айтгандим, улим армиядан келсин-чи, маслаҳатлашамиз деганди”.
Менинг томоғимдан нон ўтмай қолди.
“Кўчамиз?! Қаёққа. Танзилани ташлаб-а?” – деган ўй мени дарҳол оёққа турғазди. Ҳозироқ жўнаб кетмасам, гўё улар мени умрбод ушлаб қоладигандек, Танзилани бошқа ҳеч қачон кўролмайдигандек туюлди. Менинг ҳовлиқиб, шошиб қолганимдан опам ҳам, эри ҳам ҳайрон, таклифим ёқиб тушди, деган хаёлда поччам мамнун илжаяди.
Ҳатто мени ўзининг “Москвич” машинасида шаҳаргача олиб келиб қўйди.
– Тўйга айтиш эсдан чиқмасин, – деди у кулиб.
– Ҳали эрта, – дедим ичимни ит тирнаб.
– Қўрқманг, оз қолди, – деди у шўх-шаън кўз қисиб.
Ҳа, поччам ҳам унча-мунча авлиёдан қолишмас экан!
Қишлоққа келдиму уйимизда бошланиб кетган тўй тараддудини кўриб бунга амин бўлдим. Онажоним қувончдан ўзини қўярга жой тополмайди, янгамнинг ҳам юз-кўзи тўла табассум, акам бир гапириб ўн кулади. Хонадонимиз нурга, файзга тўлиб-тошиб кетган эди. Тафсилотларни кейин эшитиб билдим.
Мен поччамникига кетгач, эртаси куни уйимизга Қувондиқ ака одатдагидек гулдурос солиб кириб келибди. Сўнг акамни етаклаб тўппа-тўғри уста Абилникига бошлаб борибди. Мулла Мирзани ҳам аллақачон чақиртириб қўйган экан. Раисимиз бирдан масалани кўндаланг қўйибди. Абилбой, бир фарзандингизни иккита қилгани келдик, бизнинг Норсоатбой сизнинг хонадонингизга муносиб куёв эмас, ўғил бўлади, қизингиз Танзилаойга совчиликка келдик, дебди. Мулла Мирза таомилга кўра, бир-икки кун муҳлат беринг, ўйлашиб, маслаҳатлашиб кўрайлик, деб тихирлик қилган чоғ, Қувондиқ қайсар хохолаб кулганича, қариянинг ихчамгина жуссасини баҳайбат қучоқларига олиб, хушомад сўзлардан айтиб уни ҳам оп-осон кўндирибди. Ҳатто раисимиз ошхонада карахт турган Танзиланинг ёнига бориб, алланелардир деб, қизни бир қизартириб, бир кулдирган эмиш.
– Шу куннинг ўзидаёқ, кечки пайт, бир қўйни сўйиб, оқсоқолларни чақириб, устаникида нон синдирдик, тўй маслаҳатини ҳам пишитиб олдик, – дея ҳикоясини якунлади акам.
Мен ҳайрону лол эдим. Қувончу ҳаяжондан ўзимни қўярга жой тополмай, гоҳ уйга кираман, гоҳ кўчага чиқаман. Бир пайт… бир пайт ҳовлиққан кўйи кийинишга тушдим ва… тахтадай қотиб қолдим! Ахир, мен… мен хушхабарни етказиш учун Давроннинг ёнига шошилаётган эдим! Ё, Худо, бу қандай сиру синоат, ўз шодлигимдан ўзим маст бўлиб, дўстимдан, азиз, ягона дўстимдан ажралиб қолганимни унутдимми?
Мен бўшашган кўйи кўрпача устига ялпайиб қолдим.
Даврон шу кетганича қишлоққа қайтмади. Миш-мишларга қараганда, мен тўй тараддуди устидан чиқиб қолган ўша кунлар у вилоят марказида, акасининг уйида биқиниб юрган экан.
Унаштирув ҳақидаги хушхабар ҳам мени тинчлантира олмади. Мен Танзиладан хавотирда эдим. “Наҳотки, у оп-осон рози бўлган? Ё ота-она қистовидан, раиснинг аралашувидан ноилож кўндимикан? Йўқ, у билан гаплашиб кўришим керак. Қилмишларимни очиқ-ойдин айтиб, Танзиладан узр сўрашим шарт. Бутун бир қишлоқни найрангимга жўнгина ишонтиргандирман, лекин Танзилани ҳеч қачон алдамайман, алдай олмайман! Мен чимилдиққа ёруғ юз, тоза юрак билан киришим керак”.
Шундай ўйлар силсиласида Танзиланинг шанба-якшанба қишлоққа келишини ҳам кутмай шаҳарга отландим. Аммо автобусда тиқилиб, таниш-билишларнинг кўзига кўриниб, улар билан гаплашиб юришга тобу тоқатим йўқ эди. Кўнглим ёлғизликни, беадоқ хаёллар оғушида лаззатланишни, ўртанишни тусарди. Шу сабабли катта трассагача яёв чиқишга, у ердан бирор бир кўликка илашиб кетишга қарор қилдим.
Офтоб обдон артилган аскар тугмасидай ялтираб турган илиққина кун эди. Қаршимдан эсган енгил шамол қовжироқ ўт-ўланлар исини димоққа келтириб урарди.
Мен шағал тўшамали йўл чети бўйлаб кетарканман ненидир, кимнидир унутиб қолдиргандай ортимга, атрофимга беихтиёр аланглаб олардим. Соғинчми, интиқликми, юрагимдан зардобдай сизиб турарди.
Ана, излаганим, ана! “Кенгсой бургутлари”нинг муқаддас макони ҳисобланмиш тутзор ёнидан ўтаётган чоғим мен уни кўрдим! Ёвқур, мағрур қиёфаси кўз олдимда жонланиб, ўктам овози, завқли кулгулари қулоқларим остида жаранглаб энтикиб қолдим. Аммо у менга қарамади. Жазава билан силкиниб йўл бўйлаб кета бошлади. Мен эмрана-эмрана эргашдим.
“Даврон, кечир мени, дўстим! Кетма, қишлоққа қайт, жўра! Сени жуда соғиндим. Худди ярмим йўқдай юрибман. Ахир томиримиз туташ дегандинг-ку, мени қандай ташлаб кетасан. Сенга айтар гапларим кўп, дўстим. Қайтсанг, майли, сен истагандай кечирим сўрайман.”
Аммо Даврон қайрилиб ҳам қарамади. Ердан кўз узмай, қўлларини асабий тўлғаб-тўлғаб кетиб борарди.
“Эй, шошмагин, бироз тўхтаб гапимни эшит. Аслида ҳаммасини ўзинг бошладинг-ку, Танзилани севмайсан-ку, нега унга тўсатдан чиппа ёпишиб олдинг, ҳайронман. Даврон, кечир мени, ўша куни бошқа иложим қолмади. Ахир, севган қизимни оп-осон бировларга топшириб қўймайман-ку. Дўстим, ҳозир менга жуда-жуда кераксан, сенсиз худди пайпасланиб юрган кўрга ўхшаб қолдим. Даврон, майли, мени тепкилаб ташла, суякларимни синдир, лекин ёнимга қайт, дўстим, ёнимга қайт…”
Бироқ у барибир қайтмади. Қайларгадир сингиб йўқолди. Мен машиналар сигналидан чўчиб атрофимга алангладим. Шаҳар! Ажаб, минг бир хаёл, минг бир изтиробу тавба-тазаррулар гирдобида чарх уриб, қачон, қандай вилоят марказига етиб келганимни ҳам билмай қолибман.
Шаҳар тунд ва паришон эди. Кўча-кўй, бекатлар одамлар билан гавжум. Машиналар у ён-бу ён чинқириб елади. Қурум ичидан, чиркин чиқиндилар бадбўйидан кўнгил айнийди.
Танзилалар ўқийдиган техникум шундоққина катта йўл бўйида экан. Афтидан дарс пайти бўлса керак. Темир панжара билан ўралган ҳовлида бир-икки жонсарак юрган ёш-ялангдан бошқа ҳеч ким кўринмайди.
Мен атрофимга аланглаган кўйи қўш қават, узун бинонинг қўш табақа, ранги униқиб, бўёқлари кўчиб қолган кириш эшигига яқин бордим. Шу пайт эшик шарақлаб очилдию уч нафар қиз бир-бирини туртиб-суриб, баралла кулишиб ташқарига отилиб чиқди. Олдда келаётган, сарғиш кўйлак устидан гулдор жемпер кийган, қўлида бир жуфт дафтар тутган қиз ногоҳ оёғимни босиб олди.
– Вой, кечирасиз.
Қиз шундай дея юзимга қарадию тахтадай қотди.
Мен эса аллақачон унга анграйиб қолган эдим.
– Танзила?!
Менга бир лаҳза, бир лаҳзагина юзланган чеҳра беҳад сулув, беҳад жозибали эди! Манглайни қоплаб турган жингил-жингил соч толалари, тип-тиниқ юз, қоп-қора, қиличдек қошлар, узун-узун киприклар остидаги ҳуркак кўзлар, ҳамма-ҳаммаси, мени буткул сеҳрлаб қўйди. Бундай гўзалликка эришиш учун неча-неча давронларнинг қўли тугул, бўйнини ҳам қайириб юборишга тайёрлигимни ич-ичимдан ҳис қилдим, ҳатто, ўзимни айбдор санаб йўл-йўлакай тавба-тазарру қилганимдан уялиб кетдим.
– Танзила, мен… сенинг олдингга…
– Нега келдингиз? – деди қиз чимрилиб. Сўнг илкис бурилдию қўлидаги дафтарини юзига тутиб бинонинг орқа тарафига югургилаб кетди. Мен унга эргашдим. Икки дугона ажабланиб, қизиқсиниб бизни андак кузатиб тургач, ўзаро маъноли кўз уриштириб, кулишиб кўча томон кетди.
Танзила ҳовли тўридаги, ўсиқ буталар панасидаги суянчиғи синиқ ёғоч ўриндиққа бориб ўтирди. У дафтарини юзига босган кўйи силкиниб-силкиниб йиғларди.
– Танзила, сенга айтар гапларим бор, – дедим қиз қаршисида саросималаниб турарканман.
У илкис бош кўтарди. Қоп-қора кўзлари жиққа-жиққа ёш эди.
– Ҳамма гапларингизни Қувондиқ ака етказди. Яна нима демоқчисиз?
– Мен сени севаман… жонимдан ҳам ортиқ кўраман, – дедим ботинмайгина унинг ёнига ўтирарканман.
Танзила дафтар тутган қўлларини тиззалари устида қовуштирган кўйи, қаршисидаги қип-яланғоч атиргул бутасига термулиб, лаблари қимтиниб унсиз йиғларкан, сизиб чиққан ғунчасимон кўз ёшлари бир лаҳзагина ёноқларида туриб қоларди.
Мен қовушган қўллар устига оҳиста қўлимни қўйдим. Ўз дард-аламлари билан андармон бўлиб қолдими ё ҳоли забунимга ачиндими, ишқилиб, Танзила мени силтаб ташламади.
– Илтимос, ишон, – дедим вазиятдан ботирланиб, – сени жуда қаттиқ севаман. Сени ҳаммадан, ҳатто, ўзимдан ҳам қизғанаман.
Танзила ҳиқиллаб, шўрқиллаб чуқур тин олди.
– Бор-йўғи бир жуфт сўз экан-ку, мен… мен шуни беш йил кутдим. Беш йил-а… ҳар учрашганда юрагим қинидан чиққудай бўлади, ҳозир айтади, ҳозир айтади, деб ўйлайман, ўзимча бир кулиб қочиб кетишга чоғланаман.
– Беш йил дейсан-а, эҳе-е, тутзорда иккимиз қувлашгандан бери мен фақат сени ўйлайман, кечаю кундуз ўйлайман.
– Сиз эса… – деб давом этди Танзила гўё гапларимни эшитмай, – мени кўрсангиз отамнинг ҳол-аҳволини сўрайсиз, бобомни эслаб қоласиз, бир дарсларни муҳокама қиласиз, бир этигим билан қизиқасиз, бор-йўғи бир жуфт сўздан эса дарак йўқ.
– Танзила… мен севгимни айтишга жуда кўп уриндим, лекин доим сени хафа қилиб қўйишдан қўрқдим, менга бошқа кўринмай қолсанг, ўлиб қолардим, чин.
Қиз тегиб-тегмай турган бармоқларим остидан ўнг қўлини тортиб олди-да, кафти билан юз-кўзларини артди ва… билибми-билмайми, қўлини яна қўлим устига қўйди! Аъзои баданимга ёқимли бир титроқ инди.
– Қайнилар кўпинча янгалар билан сирдош бўлармиш, – деб пичирлади у, – бирор нарса айтгансизми деб Салима чечамнинг оғзига қарайман, қаёқда, зарил гапни ололмай, уйга музлаб қайтаман, балки, дўсти билан дардлашгандир деб Даврон акамга юкиниб бораман, армияда бўлган пайтларингиз, унга ҳам жуда кўп хат ёздим, жавоблар ичидан, сенга бир сирни очаман, дўстимнинг дарди қаттиқ, деган сўзларни интиқ излайман, лекин умидларим чил-парчин бўлди.
Давроннинг номи тилга кўчдию, юрагимнинг бир чеккасида биқиниб ётган шилимшиқ ғашлик яна буруқсиб кўтарилди, ҳозиргина тўлқинланиб турган туйғулар қайларгадир чекиниб кетди.
“Ҳаммасини очиқ-ойдин қилишим керак, – деб ўйладим таъбим тирриқ тортиб, – айбимни тан олишим, кечирим сўрашим шарт, эрта-индин кеч бўлади”.
Танзила бир нуқтага тикилган кўйи худди ўз-ўзига гапиргандай ҳануз ўпка-гина қиларди.
– Ҳаммаси бошқача бўлишини кутгандим, минг хил орзулар қилгандим, энди ўйлаб кўрсам, ғирт содда, тентак, хаёлпараст эканман, нималарни тасаввур этганимни эсласам, ҳозир ҳам уялиб кетаман. Домланинг тўйи куни… – қиз ортиқ гапиролмай, шартта қўлимни силтаб ташладию дафтари билан яна юзини бекитди.
– Танзила, – дедим юрак ютиб, – мени кечир, ҳаммаси учун кечир, айниқса, ўша воқеалар учун алоҳида узр сўрайман, аслида ҳаммасини Даврон бошлади.
– “Даврон бошлади” дейсизми, – Танзила дафтарини тушириб, яна қип-яланғоч атиргул бутасига хаёлчан тикилиб қолди.
– Ҳа, ҳамма қилғиликни у бошлади.
– Айтдим-ку, ғирт тентак, хаёлпарастман деб. Даврон бирор ножўя гап айтган бўлса, мени ҳимоя қилиб чиққансиз, деб ўз бошимга қувониблар юрибман-а… Ҳатто, ўқишдаги дугоналаримга ҳам мақтаниб қўйибман.
Билмадим, қандай эпладим, бу гал гапимни дарров ўнглаб олдим.
– Тўғри, тўғри ўйлапсан, чиндан ҳам Даврон бир-икки номаъқул гапирганди, икковимиз жанжаллашиб қолдик. Кейин… курашадиган бўлдик.
Қиз индамай, ўқталган найзадай шох-шаббаларга хаёлчан термулиб тураверди. Назаримда у, хиёнаткорона қилмишимга иқрор бўлишимни илҳақ кутарди.
– Танзила, – дедим яна юрак ютиб, – мен… мен сени алдаёлмайман, тўғриси, пок муҳаббатга ёлғон аралашишини истамайман.
Қиз ҳуркак кўзларини жовдиратиб, узун-узун киприкларини пирпиратиб юзимга хавотир билан қаради.
– Тинчликми?
– Мен… ўша куни ғирром курашдим, номардлик қилдим…
Танзила яна дафтарини юзига тутди. Елкалари, соч турмаклари силкина бошлади. Мен унинг уввос тортиб йиғлаб юборишини кутгандим. Аммо…
– Нима, мен ғирромчиликка арзимайманми? – деб шарақлаб кулиб юборди у, – ҳалол курашганингизда икки қўлни бурунга тиқиб қолиб кетардингиз-да.
– Мен… номардман…
Шу пайт… шу пайт Танзила ногоҳ елкамга бошини қўйди. Гўё шундоққина кўз олдимда рангин-рангин капалаклар қанот ёйиб юборгандай бўлди. Мен уларни чўчитиб юборишдан, қалтис қимирлаб бирортасини бехосдан эзиб қўйишдан қўрқиб, нафасимни ичга ютганча тахтадай қотдим.
– Қўрқманг, – деб пичирлади қиз, – мен на Ойбарчинман, на малика Дилоромман… ўша Давронингиз минг марта мардлик пеш қилсаям барибир унга тегмасдим.
Танзиланинг сўзлари деярли қулоғимга кирмади. Унинг кўксим томон эгилган боши таниш, жуда таниш манзарани эсимга солар, ўша болалик, ўша тутзор, болалар қий-чувидан чўчиб мен томон талпинган қизалоқ кўз олдимда жонланар, худди ўша лаҳзадаги каби ўзимни мард, жасур ҳис этиб, таниш, жуда таниш туйғулардан бошим мастона айланар эди.
– Танзила… жоним… жаҳоним…
– Мен сиз учун яралганман, – деб пичирлади қиз, – бунга ўша тутзор бўйидаёқ ишонганман.
– Биз бир-биримиз учун яралганмиз.
Мен қизни оҳиста қучоғимга тортдим.

Биз Абсал полвонни унутган эдик.

Қиш ўтиб, баҳор энди бўй кўрсатган кунларнинг бирида, Танзила амалий машғулотга чиқиб, қишлоғимиз мактабига қатнаб юрган пайтлари иккимизнинг никоҳ тўйимиз бўлиб ўтди. Тўйга яна Қувондиқ қайсарнинг ўзи бош-қош бўлди. Шаҳардан машҳур ҳофизларни чорлатди. Даврон ўша-ўша кетган кўйи қишлоққа қайтиб қадам босмади. Пойтахтга бориб, у ерда қандайдир тайёрлов курсида таҳсил олаётгани ҳақидаги гап-сўзлар қулоғимга чалинди. Қувондиқ аканинг хотиржам қиёфада, ҳамишагидек гулдираб юриши ҳам ўғли масаласида ҳеч бир муаммо йўқлигидан дарак берарди.
Мен дўстимдан айрилиб қолган эдим! Муҳаббат можаролари тиниб-тинчиб, эртак эркаларидек мурод-мақсадимга етган бўлсам-да, кўнглим ғаш, руҳим безовта эди. Ногоҳ ноёб нарсани синдириб қўйиб, катталарнинг муқаррар жазосини кутаётган болакайдай жовдирардим. Йўқ, йўқ, гавжум жойда иштони йиртиғини яширишга беҳуда уринаётган нодон довдирга ўхшардим. Фақатгина Танзиланинг севги-муҳаббатга лиммо-лим қарашлари, бахт уфуриб турган ифорлари, сирли шивир-шивирлари вақтинчалик оғриқ қолдирувчи малҳам каби мени овутар, ёруғлик ваъда қилар, юрагимга таскин берар эди.
Айниқса, тантанали тўйимиз куни Давроннинг ўрни жуда-жуда билинди. Гарчанд биқинимда Ғиёс куёвжўра сифатида ғўддайиб турган бўлса-да, ўзимни тубсиз жар лабида ҳис қилиб, ёнимга қарашга ҳам ботинмай беихтиёр келиннинг пинжига тиқилар эдим. Менинг талпинишларимни ўзича тушунган Танзила уялиб, саросималаниб тирсагимга туртиб қўярди. Тўй дастурхонидан бош кўтармай еб-ичаётган меҳмонлар, назаримда, истеҳзо, пичинг билан пичирлашаётгандай, қўлларини бигиздай нуқиб, дўстига хиёнаткор, номард нусха сифатида мени маломат қилаётгандай туюларди. Ҳатто тенг-тўшларим ўтирган тарафдан Даврон номи бир-икки тилга олингандек, кимлардир мен томонга тиржайганча тикилиб қўйгандек бўлди.
Асал ойининг тотли-тотли кунлари ҳам менга татимади. Асал ойи ҳам юрагимдаги заҳру зардобни босолмади. Мен, ниҳоят, қатъий қарорга келдим. Тошкентга бориб, Давронни топиб, у истаган шарт бўйича кечирим сўрашга аҳд қилдим. Бағрим қонидан қизарган шомларнинг бирида, дўстимнинг манзилини билиш илинжида Қувондиқ аканинг дарвозасига кўндаланг бўлдим. Туйқус ичкаридан қаттиқ-қуруқ товушлар эшитилди.
“Болагинамни юз-хотир қилмадингиз, аввалу охир ўзингиз бош-қош бўлиб анови етимчанинг қўйнига солиб қўйдингиз”.
“Атай шундай қилдим деяпман-ку сенга, хотин, келиб-келиб бир ташландиқ, асранди қизни ўғлимизга раво кўраманми? На отасининг тайини бор, на онасининг. Менинг ҳам чапга-ўнгга бесар-бесар юрган пайтларим кўп эди. Айтиб бўладими, бу қизнинг бино бўлишига ҳисса қўшган бўп чиқмайин тағин. Шуйтиб бу масалани тезроқ бир ёқли қилайин, Давроннинг кўнгли бўлса, кўнглини совутайин дедим”.
“Бемаза гапларни қўйинг. Бояги айтганим қачон бўлади. Давронжонимни соғиниб кетдим, болам бечора шунинг дастидан уйга келолмаяпти”.
Мен оёқлари остида ногоҳ илон кўриб қолган йўловчидай бир зум карахт бўлиб қотдиму, сўнг аста-аста тисарилиб катта кўчага чиқиб олдим.
Қишлоқ шомнинг кирчил, хира пардасига бурканган эди. Кўм-кўк осмон мағзава тўла тоғорадек бошим узра чайқалиб турарди. Қай бир ҳовлидан гўнг, чиркин хас-хашак ҳиди анқийди.
Мен яғринига аччиқ-аччиқ қамчи тушган қирчанғидай уйимиз томон чопиб кетдим. Баланд-паст иморатлар, дов-дарахтлар кўз ўнгимда чарх уриб айланарди. Бир пайтлар мол дориган экинзори ёққа поччамнинг шундай талваса билан югурганини кўрганман. Бир маҳаллар тоғ этагидаги қишлоғимизда сел йўлида қолиб кетган қўй-қўзиларини ҳайдаш учун шу тахлит қуюндай қўзғалган қўшнимизни эслайман. Менинг эса қаровсиз қолган на полиз-пайкалим, на мол-ҳолим бор эди. Мен Танзиламнинг, моҳитабонимнинг, жону жаҳонимнинг олдига елдек елиб борардим! Ўй-хаёлимда у ҳозиргина ичкарида шаънига айтилган нолойиқ, номаъқул сўзларни эшитиб қолгандек, бир қоронғу бурчакка қисилиб, зор-зор йиғлаб ўтиргандек туюлар, уни тезроқ бағримга босиб юпатгим, сассиқ ғийбатлардан, бало-қазолардан тоғдай туриб қўриқлагим келар эди.
– Танзила, Танзила! – деб қичқирдим ҳансираб, ҳовлиқиб ҳовлимизга кириб борарканман.
Ўчоқбошида куймаланиб юрган икки ойлик гўзал келинчак хавотир билан қаршимга отилиб чиқди.
– Лаббай.
– Ичкарига киргин, гап бор.
Танзила таажжубланган кўйи пешбандига қўлларини арта-арта изимдан эргашди. Икковимизга ажратилган хонадан оҳорли либосларнинг, атир-упаларнинг хуш ифори уфуриб турарди.
– Нима дейсиз? Тезроқ бўла қолинг, ишларим кўп, – деди яп-янги хотиним тантиғланиб.
Мен гап-сўзсиз уни қучоғимга тортдиму юз-кўзларидан ютоқиб ўпа кетдим.
– Вой, нима қиляпсиз? – деди Танзила таажжуб ва ноз аралаш бир товушда, – мастмисиз, нима бало?
– Ҳа, мастман, ишқингдан, севгингдан мастман. Танзила, жону жаҳоним, сени кўзим қорачиғидай асрайман, қайғудан бир томчи ҳам ёш тўкишингга йўл қўймайман. Сенинг шаънинг менинг шаъним…
Қучоғимдан амал-тақал бўшаган хотиним сочларимни силади.
– Нега бу гапларни гапиряпсиз, билмадиму… лекин мен сизга жуда қаттиқ ишонаман!
– Ўша тутзордаги келишувимиз эсингдами?
– Эсимда, – деб сирли шивирлади Танзила, – Сени ҳамиша ҳимоя қиламан, қочсанг бирга қочамиз дегандингиз. Худди кечагидек эсимда…
– Унда… қочамиз!
– Қочамиз?! Қаёққа?
– Бу ерлардан бош олиб кетамиз.
– Вой, энамлар-чи, чечамлар…
– Уларни ҳам олиб кетамиз.
– Сиз дунёнинг нариги чеккасига бошласангиз ҳам мен тайёрман. Ахир, иккимиз бир жону бир танмиз-ку, шундайми?
Мен жавоб ўрнида хотинимни бўсаларга кўмиб ташладим.
– Эна, опамларнинг олдига энди кўчиб бораверсак ҳам бўлар, – деб гап бошладим ўша куни кечки овқат пайти, – мана, тўй ҳам ўтди.
Онажонимнинг кўзларида қувонч пайдо бўлди.
– Чин айтасан, болам. Қувондиқ аканинг олдидаям кўп бесаранжом бўп қоляпман.
Акам ва янгам ҳам ўзаро кўз уриштириб, бош ирғаб қўйишди.
Орадан бир ойча ўтиб биз Кенгсойни тарк этдик. Бир пайтлар Қувондиқ қайсар хушхандон қарши олгани каби поччам ҳам оиламизни қучоқ очиб кутиб олди. Шаҳарга кўчиб кетган бир шоиртабиат кишининг кенг-мўл ҳовлиси биз учун ҳозирлаб қўйилган экан. Бу ердаги шарт-шароитларни кўриб ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Поччамнинг меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги, опамнинг ҳам ундан сира қолишмаслиги жонимизга аро кирди. Акам яна гаражга ишга жойлашди. Янгам иккиси оламшумул режаларни тузган бўлишса керак, турмушнинг яна эски ҳаммом-эски тос, тарзида давом этишидан андак ранжишди.
“Нормуродбой, кўп тажанглашманг, – деди поччам сирли илжайиб, – сиз ҳозирча шу ерга илашиб туринг, ҳали зўр гап бор”.
Мен опамнинг ёнига, қишлоқдаги ҳайҳотдай, аммо ичида сотишга арзигулик моли йўқ магазинга ишга кирдим. Танзила шундоққина уйимиз қаршисидаги мактабга бошланғич синф муаллимаси сифатида ўрнашди.
Биз Кенгсойдан кўчиш ташвишлари билан чопа-чоп қилиб юрган кезларимиз Улдон чеча ва уста Абилнинг қовоқ-тумшуғи осилиб кетган эди. Илгари ҳам маълуму машҳур раис билан қуда бўлишдек бахтдан айирган Қоработир сифатида мени унчалик хушлашмас, шу баробарида, арзанда қизнинг кўнгил майлига қарши боришолмас, қисқача айтганда, ёниб-ёнмай, ўчиб-ўчмай, ҳўл ўтиндек тутаб юришарди. Кўчиб кетишимизга ҳам тишни-тишга босиб аранг рози бўлдилар.
Танзила! Менинг Танзилам, менинг моҳитобоним эса ўзга бир дунё эди! Мулла Мирза айтгандай, чиндан ҳам эни бошқага ўхшарди унинг! Қувондиқ қайсарнинг дарвозаси ёнидан гангиб, ўртаниб, жуфти ҳалолимни юпатиш, ҳимоя қилиш ниятида ҳовлиқиб уйга келганимда, қандайдир нохушлик юз берганини у ҳам гап-сўзсиз, ҳеч бир изоҳсиз англади. Ўшанда мен Танзилани эмас, сочларимни силаган кўйи Танзила мени овутди, режаларимга далда бўлди, кўчиш машаққатларига ҳам матонат билан бардош берди, бир оғиз ҳам нолимади, норизо чимирилмади. Киришимлилиги, хушмуомалалиги учунми, янги макон тутган жойимизда ҳам қўни-қўшни, маҳалла-кўй билан тезгина тил топишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Ҳатто, иш масаласини ҳам бошқаларнинг аралашувисиз, ўзи оп-осон ҳал қилди-қўйди. Назаримда, у менга эмас, тобора мен Танзилага суяниб, чексиз меҳр-муҳаббати остидан паноҳ топиб борардим.
Биз янги манзил-маконимизга шу тахлит аста-секин кўника бошладик. Кунлар кетидан кунлар, ойлар ортидан ойлар шитоб билан ўтарди.
Мен барибир бу ерда ҳам ҳаловат топмадим. Ўзимни жанг майдонини ташлаб, шармандаларча қочиб қолган аскардек ҳис қилар, Кенгсойда ўта муҳим, ўта зарил алланеларнидир унутиб қолдирганга ўхшар эдим. Назаримда, у ёқда ҳамма номард, ғирром полвон сифатида мени масхаралаб, устимдан қотиб-қотиб кулиб ётгандай туюлар, оғир, эзгин хаёллар исканжасида ўзимни қўярга жой излаб қолардим.
Шу орада Давроннинг университет талабаси бўлганлиги, кураш билан ҳамишагидек ҳормай-толмай шуғулланиб юрганлиги ҳақидаги гап-сўзлар қулоғимга чалинди. Яна бир қанча муддатдан сўнг, жиддий бир мусобақанинг ғолиби сифатида унинг номи ҳам радиоэшиттиришда тилга олиб ўтилди.
Бу пайтлар мен курашлардан хийла совиб қолган эдим. Давраларга, майдонларга яқин боришга қандайдир қўрқувми, уятми монелик қиларди. Томошаталабларнинг тийиқсиз қийқириқларини эшитишга тобу тоқатим йўқ эди. Ўзимни тирикчилик ташвишлари билан овутишга зўр бериб уринар, кўча-кўйда, дала-даштда далли-девоналарча кезиниб, ҳоли забунимни ўнглашга ўзимча чора-тадбирлар излардим. Излай-излай дилгир кунларнинг бирида каллам тўқиллаб шароб шишасига урилди. Ҳаш-паш дегунча ичкиликбозга айландим. Ширакайф чоғларим бепоён пайкал чеккаларида ёлғиз кезиш жону дилим эди. Зовур ёқасидаги тупроқ уюми устида мағрур ўтирган Давронни кўрардим.
“Қуёш ҳали ботмаган!” – деб қичқирардим ҳавога мушт ўқталиб.
Аммо дўстим жавоб бермас эди.
“Жавоб бермайсан-а, жавоб беришни истамайсан-а, – дердим хўрлигим тошиб, – менинг қуёшим аллақачон ботганини биласан-да, шундайми?”
Даврондан ҳеч бир садо чиқмайди. Мен ҳиқиллаб йиғлайман. Айтиб-айтиб бўзлайман.
“Айтганинг чин экан, дўстим, полвон пирлари мени қарғашди, мени дуоибад қилишди. Юрагимга ҳеч тузалмас жароҳат орттириб олдим. Унинг оғриғини, азобини ўзгинам биламан, кечалар тўлғониб чиқаман, Даврон! Бу дардимнинг давоси сенинг қўлингда, дўстим. Кел, оёқларингга бош урай, истаган шартингга кўнайин, фақат мени тезроқ қутқар!”
Тупроқ тепа устидаги шарпадан яна садо бўлмас эди. Мен алам-изтиробдан тутоқа бошлардим.
“Сени зўр бўп кетган деб эшитдим. Кел, зўрлигингни кўрсат, мени чавақлаб ташла, мажақлаб анови зовурга улоқтир! Шунда кўнглинг тўладими, дўстим”.
Мен беҳол ўтириб қоламан. Даврон ҳам аста-секин кўз олдимдан йўқолади. Қишлоққа қайтаман. Магазинга яшириб қўйган ароғимдан бўкиб-бўкиб ичаман. Девору томлар, кўча-кўй, дов-дарахтлар кўз олдимда чирпирак айлана бошлайди. Қайлардадир йиқилиб қоламан, яна туриб, амал-тақал уйга етиб оламан.
Танзила менинг ичкиликка берилиб қолганимни зўр бериб онамдан яширишга уринар, тунлари уйга қайтгунимга қадар дарвоза ёнида дардисар эрни кутиб ўтирар, маст-аласт шарпам пайдо бўлди дегунча, лошимни судраклаб, ими-жимида ётоққа киргизиб олар, бош-адоқ ювиб-чайиб кўрпага ўраб ташлар эди.

Биз Абсал полвонни унутган эдик.

Янги манзил-маконга кўчиб келганимизнинг иккинчи йили Танзила кўҳликкина қизалоқ туғиб берди. Бошим кўкка етди. Оиламиз қувончга кўмилди. Аммо мен ҳануз шароб шишаси билан ошно эдим. Кунора бўсағада чайқалган кўйи пайдо бўлардим.
Қишнинг узун тунларидан бири эди. Кечки пайт қишлоқдаги бир-икки бекорчихўжалар билан қарта ўйнаб, ароқ ичиб уйга қайтдим. Танзилам одатдагидек бир оғиз ҳам эътироз билдирмай, бирор марта ҳам норизо чимирилмай мени ўрнимга ётқизиб қўйди. Ҳамишагидек донг қотиб қолдим. Бир пайт… туш кўрдимми ё қандайдир аломат зоҳир бўлдими, билмадим, тутзор бўйлаб чопиб бораётган қизалоқ, қаҳ-қаҳ отиб кулганича уни қувлаб бораётган Қувондиқ қайсар кўз олдимдан лип-лип ўтди. Ия, Танзила-ку, уни қутқаришим керак, уни ҳимоя қилишим шарт, дедим ўзимга ўзим. Қизиқ, кўзим очиқ, фикрим тиниқ эди! Қўрқа-писа бошимни ёстиқдан кўтардим. Тунчироқнинг сарғиш ёғдусида ҳужрамиз ғира-шира ёришиб турарди. Ногоҳ қулоғимга шўрқиллаган йиғи саси эшитилди. Аввалига ишонмадим. Нафасимни ичимга ютиб, тахтадай қотдим. Чиндан ҳам хонамнинг бир бурчидан йиғи саси келарди. Илкис ўрнимдан туриб товуш келган тарафга қарадим.
Танзила! Менинг Танзилам, менинг моҳитобоним, менинг жону жаҳоним бир бурчакка қисилиб, бир пайтлар, раиснинг дарвозаси ёнидан ўртаниб қайтган чоғимда тасаввур қилганимдек унсиз, куйиниб йиғлаб ўтирарди.
– Танзила, жоним, сенга нима бўлди? – деб сўрадим унинг ёнига бориб, – мазанг йўқми?
Хотиним кафтини юзига босиб ҳўнграб юборди.
– Ҳа, мазам йўқ, касалман. Ичим куйиб кетган. Хўш, нима қилиб бера оласиз? Қўлингиздан нима келади ўзи?
– Сен учун ўлишга ҳам тайёрман.
– Ўлмайсиз, биров учун ўлолмайсиз, – деди Танзила кўз ёшларга қоришиб юзимга тик қарар экан, – бошқаларни тириклай кўмишни биласиз фақат.
Хотинимнинг кетма-кет отилган ўқдай сўзлари аниқ нишонга тегди. Мен каловланиб кўрпачага ўтириб қолдим. Ҳақ эътироз олдида тилим лол эди.
– Сен учун ғирромлик қилдим деганингизга ишониб юрибман-а, – деди Танзила кўз ёшларини енгига артиб, – сиз фақат ўзингизни ўйлагансиз, йиқилиб, шарманда бўлишдан қўрққансиз.
– Худо ҳаққи…
– Худони аралаштирманг, – деб ожизона бошлаган эътирозимни шартта бўлди у, – сиз айтгандай бўлса, мана, мен, муродингизга етдингиз-ку, яна нима керак?
– Очиғи… барибир кўнглим ғаш, жоним, дилим вайрон. Худди бир ифлос ўрага тушиб кетганману… ҳеч тоза бўлолмаяпман.
– Шунинг учун ароққа чўмиляпман денг…
– Истеҳзо қилма, илтимос.
– Ароқхўрлик муаммони ҳал қилмайди-ку, эркак бўлсангиз, ҳаммасини эркакча ҳал қилинг.
Хотинимнинг талабини ўзимча тушуниб юрагим шув этиб кетди.
– Нима?! Қандай қилиб?
– Даврондан қаерингиз кам? Сиз ҳам шуғулланинг, машқ қилинг, сал кам бекорчисиз-ку, кейин уни бирор даврада топинг-да кўтариб ерга уринг, иккинчи мен зўрман деб бўкирмайдиган қилинг. Масаланинг ечими шу.
Танзиланинг тарсакидай тарсиллаган сўзларидан ногоҳ кўзим чарақлаб очилгандай бўлди.
“Ҳа, мулла Мирза ҳақ, эни бошқа бунинг, оқилагинам, шугина оддий ечимга ҳам ақлим етмабди-я менинг”, – деган ўй хаёлимдан лип этиб ўтди.
– Жоним, мени кечир, – дедим унга ёш боладай суйкалиб, – энди сира ичмайман, сен айтгандай қиламан.
Танзила худди ўша кўчиш арафасидаги каби сочларимни силаб мени овутди, оқилалиги, меҳри паноҳига олди.
– Ароқ одамни адои тамом қилади. Ҳечқурса, қизимизни, онангизни ўйланг. Бундай ожиз бўп юриш сизга ярашмайди. Сиз менинг мардимсиз, ҳимоячимсиз, тоғдай суянчиғимсиз. Қуёш ҳали ботмаган, эсдан чиқарманг.
Ўша тун мен онадан қайта туғилгандай бўлдим. Ўша тун эртак қаҳрамонларидек бир думалаб алп қомат баҳодирга айланиб қолдим.
Юпанч, овунч, таскин ва илинж шарпаларига қоришиб кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Биз эру хотиннинг ўша тундаги аҳдимиз, шаҳдимизга гўё қасдма-қасд пойтахтдан бир-биридан шов-шувли, бир-биридан ҳайратланарли хабарлар келарди. Давроннинг кураш бўйича аввал Ўзбекистон, кейинроқ Осиё чемпиони бўлганлиги ҳақида эшитдик. Газетаю журналларда, телевизор-радиоларда унинг номи тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Ҳатто бир гал Даврон Тиркашевнинг вилоятимизга ташриф буюриб, меҳнаткашлар билан учрашувлар ўтказгани тўғрисида ахборот берувчи телелавҳани ўзим ҳам кўрдим. Ўша-ўша, ўктам қиёфали, бургут нигоҳли кенгсойлик полвон казо-казо раҳбарлар орасида бахтиёр жилмайиб турар, ёшу қари унга ҳавасу ҳайрат билан термулар эди. Мен экран қаршисида бақадай бақрайиб ўтирарканман йўқотган дўстимни соғинганимни, жуда-жуда соғинганимни яна бир карра ҳис этдим.
Бу ёқда Танзила ҳам бўш келмади. Яна битта қизалоқ туғиб берди. Устига устак, вилоят марказидаги педагогика институтини сиртдан амал-тақал битириб, мактаб директори ўринбосари лавозимини эгаллади. Рўзғорнинг ҳам ўтидан кириб кулидан чиқади. Энг муҳими, вақти-вақти билан бошимни силаб мени овутади, юпатади, меҳр-муҳаббати остидан паноҳ беради.
Мен хотиним ўғил туғса-ю, соғинчим, садоқатим, тавба-тазарруим тимсоли сифатида Даврон деб боламга исм қўйсам деган орзуда эмраниб юрардим. Аммо бир куни Танзила қизалоғимни қўлимга тутқазаркан:
– Ўғил кўрсам, отини Пўлат деб қўямиз, – деди худди ичимдагини пайқагандай, – пўлатдай мустаҳкам, чидамли одам бўлсин, отасига ўхшаб мўрт, идраган нарса бўлмасин.
Танзиланинг чин-ҳазил айтганларидан менинг тағин бўшашиб, тоб ташлай бошлаганимдан огоҳлантириш, ҳали-ҳали уруш сўқмоғида эканлигимни яна бир карра уқтириш шундоққина силқиб турарди.
“Ҳа, мулла Мирза ҳақ, бугинанинг эни бошқа”, – деб ўйлайман хотинимнинг қатъият қалққан гўзал чеҳрасига завқ билан термулиб.
Ўша тунги аҳду паймондан сўнг ичкиликбозликни тарк этган бўлсам-да, аммо Танзила тайинлаган машқ-машғулотларни мунтазам олиб боролмадим. Устига-устак, Даврон қучган шон-шуҳратнинг ўзиёқ ҳар гал хаёлимга келган маҳал, хотинимнинг ибораси билан айтганда, мени кўтариб ерга урар, руҳимни синдирар, даъволардан воз кечишга ундар эди. Бир неча марта поччам қўярда-қўймай даврага туширди. Майда-чуйда полвонларни йиқитиб, худди оламшумул вазифани уддалагандай хотинимнинг ҳузурига мағрур кириб келдим.
Бир куни негадир тушимга Карамхон эшон бова кирди. Тўхтасин домланинг ўша чорпоясидами, ё ўша кунги кураш даврасидами, оппоқ либосларга бурканиб, мамнун бош ирғаб ўтирибди.
“Ҳаммаси яхшиликка, ҳали ҳаммангиз кўп хурсанд бўп қоласизлар” – дер эмиш, худди ўша кунги гапларини такрорлаб.
Чўчиб уйғониб, ғалати бир ҳислар оғушида анча пайт ўтириб қолдим. Нонушта пайти тушимни онамга айтиб бердим. Онам ўзича эшон бовани ғойибона тавоф қилиб менга юзланди:
“Эшонимизга бир қўчқор атаб қўйгин, йўлларинг тушганда ташлаб келасизлар”.
Вақт шитоб билан ўтар, замон, давр кундан кунга ўзгариб борарди. Бир пайтлар давлат мулки саналмиш иморатлар, қурилмалар, техникалар зари-зўри бор одамлар ўртасида тарака-тақсим қилина бошланди. Совхоз, колхоз деган тузилмалар ўрнида катта-кичик фермер хўжаликлари ташкил этишга киришилди. Замона бойлари, замона зўрлари бўй кўрсатиб қолди.
Биз янги манзил-маконга кўчиб келган чоғларимиз акамни гаражга, мени қишлоқ магазинига ишга жойлаган поччам ўша пайтлардаёқ узоқни кўзлаб режа тузган экан. Кейинчалик, гараж мудири лавозимини эгаллаган акам поччамнинг йўл-йўриқлари, қўллаб-қувватлаши шарофатидан бу ҳайҳотдай иморатни ўз номига хатлаб мулкдор тоифага айланиб олди. Кенг-мўл, мустаҳкам қишлоқ магазини эса опамнинг хусусий дўконига дўнди. Мен ҳам тала-тўпда қуруқ қолмай каттагина унумдор ер майдонига фермер сифатида эга бўлиб олдим. Поччамнинг ўзи эса туман ҳокимиятига ишга ўтиб кетди.
Кенгсой томонларда ҳам торта-торт, ола-ол авжида экан. Охир-оқибат, тақдирга тан берганиданми ё кетма-кет, бир-биридан ширин икки неварага бобо бўлганиданми, ишқилиб, хийлагина чеҳраси очилиб, хушмуомала бўлиб қолган қайнотамнинг куйиниб, ғижиниб айтишича, эски ширкат хўжалигини Қувондиқ қайсар бус-бутунича яна ўз қўлига олибди. Шаҳардаги катта ўғли қишлоққа кўчиб бориб, суғоришга ўнғай, энг унумдор ерларни эгаллаб, куни кеча отасиникидан ош-овқат ташиб юрган ношуд нусхадан бой-бадавлат ишбилармонга эврилиб, кекириб, босар-тусарини билмай юрган эмиш. Қувондиқ қайсарнинг шунча обрў-эътибори, куч-қудрати етмагандай, Давроннинг ҳам шон-шуҳрати, иззат-ҳурмати қўшилиб Тиркашевларнинг ҳатто пишагини ҳам биров пишт деёлмай қолибди.
Мен Даврон ҳақидаги ҳар бир хабарни, ҳар бир миш-мишни нафас олмай эшитардим. Бундай жонсаракликларимда шояд у мени кечирган бўлса, деган илинж-умид милтиллабгина турарди.
Бир куни шаҳарда Шайхалини учратиб қолдим.
– Даврон шишингандан-шишинди-да, – деди у гапдан-гап чиқиб, – аллатовур қоп-қора машинада уч марта қишлоққа келиб кетди. Каттаконлар атрофида хизматкордай чирқиллаб айланади, биргина сўзига маҳтал. Лекин барибир оқибатли жигит Даврон. Кўп қишлоқдошларнинг мушкулини осон қилиб берди.
Эҳ, менинг мушкул-муаммоим-чи?! Бу қачон бартараф бўлади, қачон? Танзиланинг тинимсиз таълим-тарбияларига қарамай, аскар баданида қолган қўрғошин парчасидай, юрагимдаги дард-изтироб ўқтин-ўқтин қўзғалиб мени безовта қилар, яна дунё кўзимга қоронғу кўриниб қолар эди. Шундай кезлар экин-тикинни баҳона қилиб дала-даштимга чиқиб кетаман. Полвон пирларига таваллолар қилиб тавбалар қиламан. Қизиқ, шундай пайтлар яна ўша кўрган тушим, эшон бовамнинг айтганлари, ҳаммаси яхшиликка, деганлари ёдимга тушиб алланечук таскин топгандек бўламан. Юрагимда умид, илинж, иштиёқ яна тирила бошлайди.
Биз Абсал полвонни мангу йўқотиб қўйдик.
Илиқ баҳор кунларининг бирида Абсал полвоннинг ўлими ҳақидаги совуқ хабар бизга ҳам етиб келди. Бирдан ўйинчоғи яшириб қўйган жойида йўқлигини билган бола аҳволига тушиб, кўз олдимни кирчил бир парда қоплади, уй-иморатлар, дов-дарахтлар қайларгадир сингиб-йитиб, бўм-бўш бўшлиқ ичида ели чиққан пуфакдек муаллақ қотдим. Поччамнинг “Нексия”сига ўтириб пешинга мўлжалланган дафн маросимига улгуриш учун шоша-пиша йўлга тушарканмиз, теварагимдагилар жонсиз бир шарпалардек туюлар, товушлар, йиғилар, кулгулар олис-олислардан эшитилар эди.
Шу йил баҳор ҳаддан ташқари серёғин, инжиқ ва серташвиш келган эди. Сел-тошқинлар, шилта-шалабболар, лой кўпчиган далалар ҳатто, ҳамиша қор-ёмғирга ташна чўлликларни ҳам буткул безор қилиб юборди. Омонат деворлар қулади, илма-тешик томлардан сув сизиб ўтди, қадалган уруғлар чириди, энг ёмони, чигит экиш ишлари кечикиб кетди. Куни кеча чўл осмонини тилкалаб чақмоқ чаққани, қаерларгадир дўл ёққани ҳам рост. Демак, устоз Абдусаломнинг қазоси ҳақидаги миш-мишларда ҳам жон борга ўхшайди. Кимдир уни яшин урибди деса, тағин биров дўлда қолган экинзорига ачиниб сибизға чалиб ўтирган ерида жон берибди, дея сирли пичирларди.
– Эҳ, бу дунёнинг ишлари, – деб афсус билан бош чайқади поччам, машинасини катта йўл бўйлаб елдириб бораркан, – шундай одам ҳам қазо қилибди-я.
Орқа ўриндиққа ястаниб олган акам тили тагига носвой ташлашга чоғланган кўйи гапга аралашди.
– Шу… Абсал полвонларга етарли шарт-шароит қилиб берилганда дунёнинг ўн карра чемпиони бўларди-ёв.
– Бу киши ундай шов-шувларга умуман қизиқмаган, – деди поччам кескин бош чайқаб, – овлоқ-овлоқ яшашга интилган, бир мулла, Абсалом акани полвон пирлари шунга ундаган деб айтганди, гаплари чинга ўхшайди.
Мен машина ойнасидан қўнғиртус, полвоннинг кенг яғринидай ястаниб ётган дала-даштга ўйчан тикиламан. Алпқомат устоз, унинг тоғдек тебрана-тебрана сибизға чалишлари лип-лип кўз олдимдан ўтади, донишмандларга хос гап-сўзлари қулоқларим остида жаранглагандай бўлади.
Ичимни беадоқ афсус-надомат кемириб борарди. Абдусалом акани ҳечқурса, бирор марта бориб кўрмаганимдан, у киши чалган сибизға нолаларидан маст бўлмаганимдан ўкиндим. Ҳарбий хизмат чоғи уйни, қишлоқни, қавму қариндошни, хуллас, олис ва овлоқ чўллар қўйнида қолиб кетган жамики кўрган-билган-таниган инсонларимни қаттиқ қўмсаганимдан бўлса керак, устоз Абдусалом ҳам ёдимга тушиб, у кишини аскарликдан қайтгандаёқ зиёрат этишни, тўйимизга алоҳида, тантанали таклиф этишни кўнгилга туккандим. Бироқ кутилмаган ташвишлар билан бўлибми, ё ўзим бепарво, бебурд одамманми, ишқилиб, кўнгилдаги режа кўнгилда кўмилиб қолиб кетди. Қисмат мени яна бир бор ғижимлаб ташлади. Мен ҳам дўстидан, ҳам устозидан ажралиб қолган ғариб, бечора инсон эдим.
Ниҳоят, кўзланган манзилга етиб келдик. Тўп-тўп одамлар азадор хонадон томон шоша-пиша боришарди. Йўл бўйларида турли-туман автоуловлар тирбанд тизилган.
– Ия, вилоят ҳокими шу ерда-ёв, ана, машинаси, – деди поччам баланд бир иморат ёнида турган қоп-қора машинага ишора қилиб.
Акам ҳам ён-верига аланглаб:
– Тошкентдан ҳам меҳмонлар борга ўхшайди, – деб қўйди.
“Даврон ҳам келган!” – деган ўй хаёлимдан шувуллаб ўтди. Шу ўй баробарида юрагимга қандайдир таҳлика, титроқ сизиб кирди.
Азадор хонадон томондан аёл-бола-чақаларнинг уввос йиғиси баралла эшитила бошлади.
Биз адашмаган эканмиз.
Жаноза ўқилиб, тобут ердан кўтарилиб, қўлма-қўл бўла бошлаганида бир тўп амалдорнамо одамлар орасида хомуш қўзғалаётган Давронга кўзим тушди. Бошига омонат қўндирилган оппоқ ҳожи қалпоқ, эгнидаги қимматбаҳо, қоп-қора чарм камзул, баланд, тик қомат уни йиғилганлар ичидан яққол ажратиб турарди. Даврон қўлдан-қўлга, елкадан-елкага ўтаётган тобут томон ҳар гал интилганда жонсарак оломон беихтиёр унга йўл бўшатар, кимдир таниб, кимдир танимай афт-ангорига бир зум анграяр эди.
“Аллатовур, аллатовур одамлар ҳам кепти, – дея ҳайратомуз шивирлади кимдир, – катта ҳоким бова ҳам шу ерда! Полвоннинг обрўси зўр экан-да, а?!
Ёнидаги ҳамроҳи хомуш бош ирғади.
“Бечора умрида мунча иззат кўрмаганди. Тирилиб кетмасайди деб қўрқаман”.
Тобут катта йўл бўйида ҳозирлаб қўйилган юк машинасининг устига авайлабгина қўйилди. Бир тўп ҳассакашлар, қавму қариндош ихраб-сихраб кузов устига чиқиб, тобут теварагини ўраб олишди. Дафн маросимига йиғилганлар бир зум тўзиб, кимдир пою пиёда, кимдир автоуловда қабристон томонга жилишди.
Чор-атроф алланечук маҳзун сукутга толган эди. Баҳорнинг боди шамоли ҳам каловланиб дов-дарахтлар, экинзорлар оралаб кетди. Қуюқ, ям-яшил япроқлар тебраниб-тебраниб маҳзун шитирлайди. Кўм-кўк майсалар тўлиб-тошган хўрликдек безовта чайқалади.
Дафн маросими узоқ давом этди. Биз қабристондан азадор хонадонга яна қайтганимизда қуёш хийла қиялаб қолган эди.
– Ҳокимлар кетгунча чеккароққа чиқиб турамиз, – деди поччам машинаси эшигини очаркан.
Шу пайт беқасам тўн кийиб белини маҳкам боғлаб олган ҳассакашлардан бири ёнимизга келди.
– Сизни биров чақиряпти, – деди у менга юзланиб.
Беихтиёр ҳассакашга эргашарканман:
– Ҳозир келаман, – деб қўйдим поччамга бош ирғаб.
Акам ҳам ажабланган кўйи ортимдан қараб қолди.
– Мана шу ҳовлига киринг, – деб пичирлади ҳассакаш азадор хонадонга яқин уйлардан бирининг ёнида тўхтаб, – сизни кутиб туришибди.
Бўёқлари офтобдан униққан дарвозани қия очиб ичкарига оёқ оширдим. Шундоққина рўпарамда, темир суянчиқли чорпояга тирсак тираган кўйи Даврон турарди! Унинг менга тик қадалган совуқ нигоҳларини кўриб негадир тўхтаб қолдим.
– Сиз ҳам жанозага келдингизми? – деди истеҳзо билан Даврон, – бетингиз билан кетингиз бирми дейман.
Ажаб! Таҳлика, ҳаяжонларим бир лаҳзада тутундай тарқаб кетди. Ҳатто қаршимдаги мана шу без, терс нусхани шунча пайтдан бери соғиниб, хаёлан оёғига бош уриб юрганларимдан хижолат тортдим.
– Сен ўзинг шундайсан. – дедим Давронга тик қараб, – устозни бир тийинга олмай, чираниб юришларинг эсингдан чиқдими?
– Сен устозни тилга олма, нолойиқ, номуносиб жипириқсан.
– Шуни айтгани чақирдингми? Гапинг бўлса, гапир! Сен билан ғижиллашиб туришга вақтим йўқ.
Даврон суянчиқдан тирсагини олиб қад керди.
– Вой-бў-ўй, ҳам ғарлик, ҳам ўрлик-ку бу ёғи. Эй, биласанми, ҳали орамиз очилмаган.
– Бўпти, очамиз, – дедим тобора полвонлик қоним кўпириб, – қачон, қаерда, айт, мен тайёр. Кўрсат майдонни!
Мендан бундай муомалани кутмаганми, Даврон бир зум саросималаниб кинояли тиржайган кўйи бош чайқаб турди.
– Яхши, бу гапинг менга ёқди, – деди яна совуққон бир оҳангда, – вилоят раҳбарлари, бир мастер класс ўтиб беринг, деб ҳоли жонимга қўйишмаяпти, бир ойдан сўнг Абдусалом полвон хотирасига ёш курашчилар ўртасида турнир ўтказамиз, дедим, шунда мастер класс ҳам бўлишини айтдим.
– Хўп, яхши, – тўнғиллаб қўйдим мен.
– Тошкентдан зўр-зўр чемпионларни опкелишимни тайинлашяпти. Мен рози бўлгандай индамай қўйдим. Аслида ҳеч кимни опкелмайман. Икковимиз олишамиз, икковимиз орани очиқ қиламиз, тушундингми?
Даврон сўнгги сўзларни айтаркан, қошлари чимирилиб, кўзларидан шафқатсиз учқунлар сачраб кетди.
– Розиман, қаёққа десанг бораман.
– Турнир Кенгсойда бўлиб ўтади. Келгуси ойнинг сўнгги шанбасига белгилаймиз. Қўрқма, ҳаммасини ўзим ташкил этаман, ҳокимлар гапимга киради.
– Менга барибир, орани очиқ қилишга тайёрман. Ҳаммаси жонга тегди ўзи.
– Ўв, – деб яна истеҳзоли тиржайди Даврон, – шартимиз ҳали ўз кучида, унутма шуни.
Мен индамай яна темир дарвозага юзландим.

Биз Абсал полвонни мангу йўқотиб қўйган эдик.

– Кенгсойга ҳам яқинлашиб қолдик, эй, уйғон!
Поччамнинг чорловига эътибор бермаган бўлдим.
Йўлга чиққанимиздан бери машина ўриндиғи суянчиғига бош қўйиб, кўзларимни юмиб, бир оғиз ҳам гапирмай келаётганим учун у ҳойнаҳой мени аллақачон ухлаб қолган деган хаёлга борди. Қани энди чиндан ҳам донг қотиб ётган бўлсам?! Қани энди, бир умр қароқларим очилмаса? Ахир, Кенгсойда, беғубор болалигим, шўх-шаън ўсмирлик даврим ўтган бу қишлоқда мени бемисл шармандалик кутиб турибди-ку?! Газеталарда ёзишгандай, икки марта Ўзбекистон, бир карра Осиё чемпиони, қатор халқаро мусобақалар совриндори Д. Тиркашев енг шимариб, қасос оловида ёниб, йўлларимга маҳтал кўз тиккан-ку!
Мана, устоз Абдусаломнинг жанозасидан бери роппа-роса бир ой ўтди. Бир ой мени Давроннинг совуқ нигоҳлари, истеҳзолари, кинояли кулишлари таъқиб қилиб турди. Ўша куни беаёв, бешафқат рақибим билан аҳдлашиб, қасдлашиб машина ёнига қайтганимда поччам ва акам менга ажабсиниб, хавотирланиб кўз тикишди.
“Еттилик худойига ҳамма шогирдлар йиғилиши шарт экан, шуни тайинлагани чақиришибди”, – деб қўйдим ўзимча қўл силтаб.
Аммо асабийликданми, ҳаяжонданми ҳануз бўғинларим бўшашиб турарди. Акам дарров хотиржам тортиб, тили тагига яна носвой ташлаб олган бўлса-да, поччам гапларимга ишонқирамай йўл-йўлакай менга саволчан-синовчан кўз ташлаб қўяр эди. Барибир чидаёлмай ўша куни кечки пайт поччамга дардимни айтдим. У киши ҳам бир пайтлар, ярим тунда хотиним айтган гапларни худди келишиб олгандай такрорлади.
“Раиснинг шу арзандасидан қаеринг кам, а, ниманг кам? Сен ҳам шуғуллан, машқ қил, кўтариб ерга ур шу чемпионини, иккинчи мен зўрман деб бошқа мақтанмайдиган бўлсин”.
Поччам шунчаки панд-насиҳат билан чекланиб қолмади. Мени ҳар куни туман марказига олиб бориб, кечгача спорт билан шуғулланишга мажбур қилди. Ҳатто шаҳардан қачонлардир дзюдо бўйича хизмат кўрсатган, ёши қирқни қийиб ўтган Салмон исмли чечен мураббийни мўмайгина ҳақ эвазига ёллаб, иззат-икром билан бошлаб келди. Аммо унга асл мақсадимизни айтмадик. Салмон биз кутгандан ҳам ортиқ қаттиққўл, инжиқ, ўз ишига пухта чиқиб қолди. У икки ҳафта бетиним шуғуллантириб мени полвон суроб қилиб қўйди. Аммо Давроннинг совуқ нигоҳларини, кинояли кулишларию ғолибона истеҳзоларини эсласам яна ичимдан ириб жўнардим. Ўша куни у билан тиккама-тикка тиллашишга қандай журъат этганимга ўзим ҳам ҳайрон эдим. Ўша журъат, ўша ўрлик саҳро саробидай қайларгадир сингиб йўқолди.
Кун бўйи машқ-машғулотларда чарчаганимдан, бу ёғи таъбим тирриқлигидан ҳарчанд уринсам-да уйда қош-қобоғим очилмас эди. Бу ҳолни Танзила ҳали-ҳануз устозим қазосига қайғуриб юрганимдан деб билибми, ҳарнечук, ортиқча сўроқ-терговга олмай, кўнглимга қарарди.
Мен, айниқса, турнирнинг айнан Кенгсойда бўлиб ўтиши ҳақида даҳшат ва ваҳимага тушиб ўйлардим. Қанчалар ёвузона режа бу?!
Биринчи жаҳон урушида енгилган Германия лашкарбошиларини ғолиб Франция ҳукумати қандайдир ўрмон қўйнида, қандайдир вагон ичида таслим бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатга имзо чектирган экан. Аммо шундай шармандали мағлубият ҳам немислар кўнглидан ватанпарварлик туйғусини, қасос ҳиссини йўқ қила олмабди. Германияликлар ўша қора кунга гувоҳ вагонни бир омборхонага яшириб қўйишган эмиш. Иккинчи жаҳон уруши даврида Францияни бир ҳамла билан тиз чўктирган Германия ўша вагонни ўша ўрмонга олиб келган, мағлуб тараф унинг ичида енгилганлиги ҳақидаги қоғозга қўл қўйган экан.
Тарих дарсларидан ҳам тузуккина баҳолар олиб юрадиган Даврон, ҳойнаҳой, шу воқеани эслаган ва мени шу тарзда жазолашни дилига туккан кўринади. Ҳа, бу чемпион, ниҳоят, қочоқ қашқирни қора қафасга қамади! Мени энди на Салмоннинг мураббийлиги, на Танзила, на поччамнинг таскин-тасаллиси қутқара олади. Мен Кенгсойда, қадрдон қишлоғимда, элу халқ кўз ўнгида шармандаю шармисор бўлишга маҳкумман, маҳкум. Аслида ҳам… бу барибир қачонлардир содир бўлиши керак эди.
Мен умидсизлана бошладим. Узун тиғли пичоқни қайраб сафар халтамга солиб қўйдим.
“Ўлдираман! Авал унга, кейин ўзимга пичоқ ураман!” – деган ўй калламда чарх уриб юрарди.
Поччам сўнгги режаларимдан бехабар, худди кўпкарига кирар отни кўздан кечираётгандек, мени тез-тез кўрикдан ўтказади, бел-билакларимни ушлаб-ушлаб ўзича мамнун бош ирғайди.
“Хоразмча айтганда, жанли, бир чемпионга шуёғи ҳам етиб-ортади” – деб қўяди илжайиб.
Бироқ шу кез шундоққина қаршимда бошқа бир илжайган, тиржайган башара мени таъқиб қилиб турганини билмайди.
“Ўв, шартларимиз ҳали кучида, унутма шуни”.
Давроннинг совуққонлик билан айтган бу гаплари қулоқларим остида бот-бот акс-садо бериб аъзои баданларимни музлатиб юборади. Унинг неларни назарда тутганини тусмоллар эканман, алам, ғазаб, хавотир юрагимни ғижимлай бошлайди.
Хотинини қиморга ютқазиб қўйганлар, қарзга ботиб, эвазига аёлини қўш-қўллаб тутқазганлар қисмати ҳақида эшитганларим бир-бир хаёлимда айланади.
“Ҳеч қачон! Ҳеч қачон! – деб ич-ичимда бўкираман сафар тўрвамдаги пичоқни пайпаслаб. – Кўзим очиқ экан, бунга ҳеч қачон йўл қўймайман”.
Поччам кеча эртароқ уйқуга ётиб, яхшилаб дам олишимни тайинлаган эди. Аммо алам-изтироб исканжасида мижжа қоқмадим. Болалик хотиралари, севги кечинмалари бир-бир кўз олдимдан капалакдек қанот қоқиб ўтди, хаёлларим сертупроқ йўлнинг чанг-тўзонларидек тўзиди. Ширингина ухлаб ётган қизалоқларимга, моҳитобон Танзиламга термулиб тўймайман. Мен тўлғонавериб уларни безовта қилишдан қўрқиб, бир пайтлар хотиним қимтинибгина ўтириб, унсиз йиғлаган бурчакка тиқилиб олдим. Хўрлигим тошди. Кўзларимдан силқиб чиққан ёшни кафтларим билан артиб, ўкириб юбормаслик учун тахмондаги кўрпачаларга юзимни босдим.
Бир пайт Танзила илкис бошини кўтарди. Қизалоқларим устидаги ёпинчиқни тўғрилаб қўйган бўлди-да, шарпадай сирпаниб, тунчироқнинг сарғиш-қизғиш ёғдуларига қоришиб ёнимга келди. Бўйнимдан ҳеч гап-сўзсиз қучиб, бошимни кўкрагига босди:
“Ҳаммасидан хабарим бор, – деб пичирлади сочларимни силаб, – кенгсойликлар манглайингизга номард деган тамға босиб жўнатишсаям мен сиздан воз кечмайман. Менинг ор-номусим ҳам, шон-шуҳратим ҳам сиз-ку! Сизнинг кимлигингизни Танзиланинг юраги ўша тутзор ёқасидаёқ билиб бўлган. Бутун дунё бошингиздан маломат ёғдирсаям у ҳеч қачон ўчмайди. Номаъқул хаёлларни калладан чиқариб, энди бироз дам олинг”.
Ажаб, хотинимнинг шивирларини алладай тинглаб ўтирган жойимда кўзим илашибди! Эрталаб алланечук тетикланиб, фикрларим тиниқлашиб турдим.
– Эй, эй, полвон, – деб елкамга туртди поччам машинасини бир чеккада тўхтатиб, – Кенгсойга келдик, уйғонсанг-чи.
Мен оғир қўзғалиб кўзларимни очдим.
Чор-атроф шомнинг куйган кулидай кирчил кўйлагига бурканган эди. Таниш тутзор, таниш йўллар, узоқдаги уй-иморатлар ғира-шира кўзга ташланади. Ёнгинамиздан беш-олтита қўй-қўзини ҳайдаб ўтаётган қарияни поччам гапга тутди.
– Ассалому алайкум, боважон, ҳорманг. Кенгсой шуми?
– Ваалайкум, ҳа, шу.
– Қишлоқда нима гаплар, бова?
– Тўй бўлаяпти, томоша бўлаяпти. Қувондиқ қайсар чошгоҳдан бери бутун қишлоққа ош тортиб ётибди. Казо-казо каттаконлар ҳам шу ерда. Ҳозир олиш бошланади.
Чол молларини ҳайдаганича биздан узоқлашди.
– Умуман олганда, бунақа расмий турнирлар кундузи бўларди, нега булар, кечки пайт ўтказяпти, билмадим, – деб қўйди поччам ажабланиб.
Сабабини жуда яхши билсам-да, мен индамай елка қисиб қўя қолдим.
Катта йўл тарафдан шитоб билан келган икки машина чироқларини ёқиб-ўчириб, ёнгинамиздан ғизиллаб ўтиб кетди. Ҳойнаҳой, улар ҳам кураш томошасига ошиқаётган эди.
– Биз ҳам секи-ин бораверамиз, биратўла кийиниб олгин, – деди поччам маъноли бош ирғаб.
Мен интилиб орқа ўриндиқдаги сафар халтамни олдим-да машинадан тушдим. Қадрдон қишлоққа қадам қўйганимни қутлаётгандай енгил эпкин юз-кўзларимни силаб ўтди. Димоғимга таниш, жуда таниш дала-дашт иси гупиллаб урилди.
Назаримда, тутзор тарафдан “Кенгсой бургутлари” қийқиришган кўйи отилиб чиқадигандек, қўрқинчли тушимни тўзитиб, мени оғир, талвасали уйқудан уйғотиб юборадигандек эди. Афсуски ҳаммаси ҳушимда, кўзим тийра, ақлим тиниқ ҳолимда рўй берарди. Сал наридаги тутзор ҳам шамолда шитирлаб, гўё менга ҳамдардлик билдирарди.
Мен эгнимга полвонлик яктагимни, оёғимга махсус чарм пойафзалимни кийиб, яна чопонимга бурканиб оларканман, сафар халтамдаги ўткир тиғ пичоғимни пайпаслаб қўйдим. Танзиланинг дил изҳорларига қарамай, қалтис режам ҳали-ҳануз кўнглимнинг бир чеккасида пусиб-пойлаб турарди.
– Бўл, тезроқ, бошланиб кетди-ёв, – деб қўйди поччам машина моторини ўт олдириб.
Худди унинг тусмолини тасдиқлагандай қишлоқ томондан томошаталабларнинг ҳайқириғи осмонга ўрлади.
Машина қўзғалди.

Биз Абсал полвонни мангу йўқотиб қўйган эдик.

Қишлоқ кўтарма полвоннинг кўнглидай ўз қувончига ўзи қоришиб ётарди. Кўча-кўй супириб-сидирилган, баланд иморатлар пештоқига, йўл бўйларига ҳар хил шиорлар, байроқлар осилган эди. Сон-саноқсиз лампа-чироқлардан чароғон мактаб стадионида одам қайнайди. Дуч келган жойга қантариб қўйилган машиналар оралаб яшинмачоқ ўйнаётган қора-қура болакайлар у ён-бу ён ғир-ғир югуришади. Тиллатусда товланиб турган стадионда ғала-ғовур, қий-чув авжида эди.
Кенг майдоннинг тўрт тарафида, мактабдан ташиб чиқилган қатор-қатор парта, стол-стулларда меҳмон нусхалар, аёллар, қари-қартанглар ўтиришар, ўриндиқ тегмаган томошаталаблар одатдагидек бир-бирини итариб-суриб тик туришар, давранинг уч-тўрт жойида жуфт-жуфт бўлиб беллашаётган полвон болакайларни завқ-шавқ билан кузатишар, аҳён-аҳён курашчилардан бирортаси рақибини йиқитган пайт, гувуллаб юборишар эди. Биз ҳам томошабинлар сийракроқ жойдан суқилиб, қулайроқ ўрнашиб олдик. Давра тўридаги, алоҳида ясатилган жойда қўр тўккан казо-казо раҳбарларни олисдан кўргандаёқ поччам эгилиб-букилиб, қўли кўксидан тушмай қолди. Илгариги амалдорлик шляпаси ўрнига дўппини дол қўндирган Қувондиқ қайсар ҳам раҳбарлар тўпида ҳар доимгидек қоядай қад кериб майдонни лоқайд ва нописанд кузатиб ўтирарди.
– Хап-па-а!
Қотмагина ёш полвон шундай чинқириқ билан рақибини бошидан ошириб ташлади.
Давра яна гувиллаб юборди.
Аҳён-аҳён ҳуштагини чуриллатиб, курашчилар атрофида чарх уриб айланаётган, спорт либослари лампачироқ ёғдусида ялт-юлт қилаётган ҳакамлар, ҳар-ҳар жойда, мураббийлар назоратида, яктак кийиб, бел боғлаб шайланган болалар, полвонларнинг оти-зотини, соврин-совғаларни микрофонда эълон қилишлар даврага чала расмий тус берган бўлса-да, майдонга қалин тўшалган хас-хашак, ғала-ғовур, қийқириқлар тўй-ҳашамлардаги одатий кураш томошаларини эслатар эди. Мен, айниқса, баррагина курашчиларнинг чапдаст-чаққон беллашувини кўриб болалик чоғларим, Даврон билан давраларда завқ-шавққа кўмилиб юрган кезларим кўз олдимда лип-лип жонланиб, ғалати ҳислар оғушида қолган эдим. Қошимгача қоплаб турган қалпоқ остидан атрофимга кўз югуртириб, дўсту қадрдонларни, таниш-билишларни илҳақ-интизор излайман. Аммо одам кўплигиданми ё безовта бир тарзда турганимданми, ҳар нечук, ён-веримда бирорта ҳам қадрдон қиёфани илғай олмадим. Фақатгина майдондаги ҳакамлар ёнида, тантана эгаси ўрнидами ё турнирнинг алоҳида қаҳрамони сифатидами, вазмин кезиниб турган Давронга кўзим тушарди.
– Ҳало-о-ол! – туйқус ҳайқириб юборди оломон.
Улар алоҳида олқишлаганидан ҳозиргина рақибини йиқитган ўспирин кенгсойлик бўлса керак, деган хаёлга бордим. Шу орада майдоннинг бир чеккасида кўпдан бери бир-бирини йиқитолмай, суришиб-тирашиб юрган полвонларни ҳакам ажратиб, дуранг натижа эълон қилди, аммо қайноқ қон ёшлар алланима дея силкинишиб, қарорга норозилик билдирган бўлишди.
Мағлублар бош эгиб, ғолиблар гердайиб, соврин-совғани олиб даврани тарк этишар, майдонда янги-янги жуфтликлар пайдо бўлишар, бош ҳакам эринмай, қоғоздаги ёзувларга қараб уларни микрофон орқали халққа таништирар, қўйилган совринни эълон қилар эди.
– Ушбу жуфтликка, туман соғлиқни сақлаш бўлими томонидан энг кам иш ҳақи баробарида мукофот ажратилган! Марҳамат, ҳалол курашиб, совринга эгалик қилинг, азиз ёшлар!
Давра эшитганларини қийқирган кўйи маъқуллаб қўяди.
Тўнкарилган қозондек қоп-қора осмон тоқида юлдузлар ғужғон ўйнайди. Гўё улар ҳам ҳуркиб, милтираб кураш майдонини кузатишади.
“Бизнинг яна қасдлашганимиздан одамлар хабардормикан, – деб ўйлайман ён-веримдагиларнинг юз-кўзига синчков қараб, – йўқ, менимча, Даврон бу гал сир сақлаган кўринади”.
Поччам кураш томошаси бир чеккада қолиб, ҳали-ҳануз казо-казоларни ихлос билан кузатар, ҳойнаҳой, уларга кўриниш, қўл олиб кўришиш иштиёқида ёнар эди.
Бир пайт бош ҳакам микрофонни қитирлатиб судраган кўйи ўртага чиқди.
– Ҳурматли кенгсойликлар, азиз меҳмонлар, – деб эҳтиром билан гап бошлади у атрофига аланглаб, – халқимизнинг ардоқли фарзанди, марҳум Абдусалом полвоннинг хотирасига бағишланган турниримиз, вилоят ёш курашчилари ўртасидаги мусобақа давом этади. Сир эмас, бугунги тадбиримизга туманимизнинг, вилоятимизнинг, қолаверса, бутун республиканинг фахр-ифтихори бўлмиш, кураш бўйича Осиё чемпиони, қатор халқаро мусобақалар совриндори Давронбек Тиркашев ташриф буюрган!
Давра гулдурос солиб ҳайқириб қўйди. Айниқса, ўз мураббийлари ёнида тўп-тўп турган болалар алоҳида ҳурмат-иззат кўрсатиб қарсак чалиб юборишди.
– Шунинг учун, шунинг учун… – дея бош ҳакам қўл кўтариб, даврани тинчлантирган бўлди, – бу ерда ўтирган муҳтарам раҳбарларимиздан, ҳурматли оқсоқоллардан бир таклиф тушаяпти. Давронбекнинг курашини ҳам би-ир томоша қилайлик, кенгсойлик полвонимиз ёшларга ўз маҳоратини кўрсатсин, дейишяпти улар. Сизлар бу таклифга қандай қарайсизлар?! Ана ундан кейин мусобақамиз яна давом этаверади.
Давра қий-чув, қийқириқлар билан бош ҳакамнинг гапларини маъқуллаган бўлди. Айниқса, ёш полвонлар шавққа тўлиб-тошиб чапак чалишар, бетиним ирғишлашар эди.
– Бу ерда катта полвонлар кўринмаяпти, Давронбекка талабгор топилармикан? – деб қичқирди кимдир.
Бош ҳакам унинг гапини маъқуллагандай бош ирғаб илжайди.
– Худога шукур, юртимиз полвонлар юрти. Чемпионни бир кўрсам, гупиллатиб ерга урсам, деб чекка-чуккада юрган азаматлар топилиб қолса керак.
Даврада гурр кулгу кўтарилди.
Мендан кўра кўпроқ ҳаяжонланаётган поччам қўлимни маҳкам қисиб, силкитиб қўйди.
Шу пайт казо-казоларнинг яқинида қўл қовуштириб турган Даврон вазмин қадамлар билан ўртага чиқди-да, томошабинларнинг олқишу қарсакларига кўмилиб тўрт томонга ўзича таъзим қилган бўлди. Сўнг бош ҳакамнинг қўлидан микрофонни олиб:
– Энг аввало эътибор учун раҳмат, – дея ўнг кафтини яна кўксига қўйди, – биз халқ хизматидаги ўғиллармиз, шунинг учун оқсоқолларнинг таклифини қабул қиламан.
Даврада тағин қий-чув кўкка ўрлади.
– Лекин бир илтимосим бор, – деб гапида давом этди Даврон бош ҳакамга юзланиб, – бизнинг кураш расмий эмас, шунчаки, халқона бўлади, шунинг учун тўй-томошаларда баковуллик қилиб юрган юртдошларимиздан бирини таклиф этсак, бизнинг курашни кузатиб турсалар.
– Марҳамат, жуда яхши, – деб чинқирди бош ҳакам, – сиз ўзингиз айнан ким баковул бўлишини истайсиз?
Даврон атрофга ўзича бир аланглаб қўйди.
– Мен қишлоғимиздаги жуда кўп кураш томошаларида баковуллик қилган Эргаш акани танлаган бўлардим. Агар у киши даврада бўлсалар, марҳамат, ўртага чиқсалар. Бу киши ҳалоллиги, холислиги билан ҳар доим элнинг ҳурматини қозониб келган.
– Эргаш ака, шу ердамисиз – деб чорлади бош ҳакам чемпионнинг қўлидан микрофонни олиб. – Марҳамат, майдонга чиқинг.
Даврада ғала-ғовур, жонсараклик қўпди.
“Ах, мараз, ҳаммасини пухта ўйлабди! Домланинг тўйини айнан такрорламоқчи бу!” – деган хаёл бутун вужудимда чақмоқдай чақиб ўтди.
Бироздан сўнг давранинг қай бир бурчидан Эргаш мироб сидрилиб ўртага чиқди. Анча тўлишиб, лапанглаб қолибди. Ҳатто соқол ҳам қўйиб юборибди. Томошабинлар қийқириқлар билан уни ҳам олқишлаб қўйган бўлишди.
– Барибир чемпионимизга талабгор чиқмайди, ўзим олишадиганга ўхшайман, – деб ҳазил қилган бўлди Эргаш ака.
Шу орада полвонлик либосларини кийиб ўртага чиққан Даврон даврани вазмин айлана бошлади. Казо-казолар тўпи ҳам аввалу охир воқеаларни қизиқиш билан кузатиб ўтирарди.
– Шаҳри Тошкентдан келган Даврон полвон Қувондиқ ўғли! Қани, унга талабгор борми? – дея қичқирди бир соатлик баковул у ён-бу ён юзланиб.
“Уккағар, писмиқи, – хаёлимдан ўтди менинг, – атай “Қувондиқ ўғли” деб қўйди. Собиқ раисга яхши кўринмоқчи”.
– Қани, давра совимасин, полвонжонлар, майдон маҳтал бўлмасин, – деб яна ҳайқирди Эргаш мироб.
Поччам кўзлари чақнаб елкамдан қучди.
– Худо юзингни ёруғ қилсин, қайним, қани, чиқа қол.
Мен одамлар дабдурустдан таниб қолишидан чўчиб, чопонимни, қалпоғимни ечмай ўртага оёқ босдим. Аммо уч-тўрт қадам қўяр-қўймасим:
– Ия, бу ўзимизнинг Норсоат-ку! – дея қичқириб юборди кимдир.
Даврада ғала-ғовур, шивир-шивир жонланди. Туйқус мени таниб қолган баковулнинг ҳам ранг-рўйи ўзгариб, виқор билан юриниб турган жойида таққа тўхтади, казо-казолар томонга хавотирли кўз ташлаб қўйди. Фақатгина Даврон бу воқеаларнинг ўзига сира дахли йўқдай, оёқ остидаги похол тўшамадан кўз узмай давра айланиб турарди.
Мен яна жойимга қайтиб, чопонимни, қалпоғимни ечиб поччамга тутқазарканман, теваракдаги шивир-шивирлар қулоғимга чалинди.
“Илгари бир тўйда Давронни шу чалпак қилиб урганди”.
“Эсим-да, қандайдир қизни талашиб, гаров ўйнашган”.
“Ғирром олишган экан деб мен эшитиб эдим”.
“Ўша қиз кейин нима бўлди экан?”
“Билмадим… бошқа бировга тегиб кетди-ёв”.
“Кетдик, кенгсойликлардан сўраймиз”.
“Матч реванш…” – деди пихиллаб кимдир.
Одамларнинг гап-сўзларидан, давранинг завқ-шавқидан мен анча тетиклашиб, жўшиб қолган эдим.
– Норсоат полвон Эшқобил ўғли, – деб баковул мени даврага таништирган бўлди, сўнг бош ҳакам қўлига тутқазган бир парча қоғозга кўз югуртириб эълон қилди, – бу курашчиларга вилоят ҳокимлигининг махсус соврини тикилди-и-и!..
Биз юзма-юз келдик.
Даврон бир интилиб ёқамдан тутди. Мен бир қўлим билан унинг билагига, иккинчиси билан белбоғига чанг солдим. Бироқ бамисли улкан қоянинг бўртиқ тошини ушлагандай бўлдим. Даврон мени бироз судраклаб, сўнг қўйиб юборди-да давра айлана кетди.
Боягина баданимга югурган тетикликдан асар ҳам қолмади. Ахир, ушлашгандаёқ рақибимнинг бармоқ учларигача куч-қувватга тўлалигини, метиндек мустаҳкамлигини яққол ҳис қилдим!
– Ҳа, полвонжонлар, бўшашманглар, – деб қўйди баковул.
Яна бир-биримизга ташландик. Бу гал Даврон ботинмагандай белбоғимдан тутди. Мен унинг ёқасидан ғижимлаб ушладим. Ушладиму одатий бир тарзда рақибимни куч билан силтаб тортдим. Билмадим, чиндан мувозанатни йўқотдими ё атай қилдими, Даврон ногоҳ похол тўшама устига тиззалаб қолди.
Давра гувуллаб юборди.
“Домланинг тўйида мен ҳам иккинчи қафасда чўк тушгандим” – деган ўй лоп этиб хаёлимдан ўтди.
Мен рақибим ёқасини бўшатиб давра айлана кетдим. Даврон ҳам белбоғини қайта боғлай-боғлай изимдан эргашди. Томошабинлар орасида менга ҳайратомуз, хайрихоҳ тикилган нигоҳларни илғарканман, бел-билакларимга яна андак тетиклик инди.
Чемпион шартта ортга бурилди-да, кўзларида алланечук учқунлар порлаб ҳужумга ўтди. Мен қўлларимни олдга чўзиб яна ёқадан тутишни мўлжалладим. Бироқ шу пайт ўнг бармоқларим орасидан Даврон бақувват панжаларини ўтказиб олиб, иккинчи қўли билан чап тирсагимдан тутди. Мен беихтиёр рақибнинг кўзларига қарадим.
– Шунақамиди усулинг? – деб пичирлади у юзларида истеҳзо ўйнаб.
Муқаррар оғриқни ҳис қилиб афтим буришиб кетди.
– Шу билан кўнглинг тўлса, қайириб юбора қол…
Аммо Даврон бир силтаниб мени бўшатди-ю, яна вазмин, ўйчан алфозда давра айлана бошлади. Тақиқланган самбо усулининг бояги таҳдидидан мен ҳануз довдираб турардим.
“Ҳал қилувчи қафас бўлади ҳозир”, – хаёлимдан лип ўтди менинг.
Каловланиб давра айланарканман, бирор баҳона билан жойимга бориб, пичоқни қўйнимга солиб олиш режасини тузардим. Аммо фурсат етмади.
Биз яна бетма-бет ҳужумга ўтдик. Бу гал Даврон оп-осон ҳам ёқамдан, ҳам белбоғимдан маҳкам тутди. Рақибимнинг яктагини омонатгина ушлаган қўлларим деярли бемажол осилиб турарди. Рақиб бу ҳолатда мени бемалол белидан ошириб ерга уриши тайин эди. Аммо Даврон кутилмаганда бир-икки усуллар қўллаган бўлдию, худди менинг силтовимдан силкингандай бир пайт дустаман қулади.
Давра яна гувиллаб юборди.
Мен… мен… Даврон атай йиқилганини етмиш икки томирим билан ҳис қилиб турардим. Эс-ҳушим карахт қотди.
Бир пайт рақибим гўё аранг қўзғалиб ўрнидан турди-да, қўлларини ёйиб, баковулга бош чайқади.
– Бўлди. Мен бошқа олиша олмайман. Тан бердим.
Даврага туйқус жимлик инди.
– Яхши эшитмай қолдим, Давронбой, – деб талмовсиради баковул – бироз дам олмоқчимисиз?
Аммо Даврон вазмин қадамлар билан бориб бош ҳакамнинг қўлидан микрофонни олди.
– Ҳурматли юртдошлар, – деди гўёки ҳансираб, – тўғриси, дунё кезиб, қанча-қанча мусобақаларда қатнашиб, мен ҳали бундай полвонни учратмадим. Мен унга тан бериб, даврадан чиқаман. Ўз қишлоғимда елкам ер искашини хоҳламайман. Билмаганлар билиб қўйсин, Норсоат дунёдаги энг кучли полвон экан.
Даврон шундай дедию, бош ҳакам узатган тўнни елкасига илиб, яна тўрт томонга таъзим қилди.
Давра гувуллаб, гулдурос қарсак чалиб юборди.
Мен ҳангу манг, кўру кар ҳолатда жойимда қотиб қолган эдим. Поччам чопқиллаб келиб қўлимдан етаклаб кетди.
Даврон яна микрофонни қўлига олди.
– Азиз юртдошларим, сизлардан, мана бу ерда ўтирган устоз Абдусалом аканинг фарзандларидан, оқсоқоллардан бир илтимосим бор эди. Агар мени чинданам яхши кўрсаларингиз, устоздан ёдгорлик қолган сибизғани менга берсангизлар, илтимос.
Давра яна гулдурос қарсаклар, қийқириқлар билан чемпионни олқишлашди.
Бу орада оёққа туриб кетган Қувондиқ қайсар қоядай қад кериб чор-атрофга мамнун илжайганча кўз ташлар, кимларгадир алланима дея бош ирғар эди.
Мен ич-ичимдан қуюндай қўзғалган қувончу хўрликка қоришиб Даврондан кўз узмай турардим. Дўстим ёнидаги бош ҳакамга нимадир дедию секин сидрилиб давра ташқарисига чиқиб кетди.
– Қани, ёш полвонлар, яна даврага марҳамат, – деди бош ҳакам тағин микрофонни қўлига олиб.
Мен ҳам одамларни суриб-туртиб давра ташига чиқдим. Муздек эпкин юз-кўзимни хуш силаб ўтди.
Юрагим гурс-гурс урган кўйи Даврон кетган томонни тусмоллаб жўнадим. Адашмаган эканман. Дўстим елкасига оғир юк ортилган ҳаммолдай машиналар томон оғир-оғир одимларди. Ортидан югурдим.
– Даврон, – дедим товушим титраб, – дўстим…
У оҳиста ортига ўгирилди. Мен уч-тўрт қадам берида беихтиёр тўхтаб қолдим.
– Нега ундай қилдинг, нега?
– Сен… сен ростданам дунёдаги энг кучли, энг довюрак полвонсан, Норсоат.
Томоғимга тиқилган қувончу хўрлик кўзларимдан тирқираб чиқа бошлади.
– Кечир мени, дўстим, илтимос, кечир.
– Йўқ, сен кечир, – деди Даврон ҳам товуши титраб, – сенга кўп озор бердим.
Овозим тобора хириллаб, сўник чиқарди.
– Сен мард, ҳалол инсонсан…
– Йўқ, сенга тенг келолмайман, – деди Даврон кафтларини кўзига тегизиб оларкан, – сен мардларча севгининг қули бўлолдинг, мен эса ҳали севгининг ўзини ҳам тополганим йўқ.
Биз юзма-юз туриб қолдик.
– Қанчадан-қанча майдонга тушдим, не бир полвонларни йиқитдим, – деди Даврон чуқур тин олиб, – лекин доим ўзимни мағлубдай ҳис қилдим, ҳеч кўнглим кўтарилмади.
– Нега, ахир…
– Чунки Танзила урган шапалоқнинг аччиғи, кўзларидаги нафрат мени доим қувиб юрди.
– Илтимос, бизни кечир, Даврон, – дедим очиқ-ошкора кўз ёшларга қоришиб.
Дўстим оғир-оғир бош чайқаб, узун уфф тортиб юборди.
– Дунё кезиб, икки ҳақиқатни англадим, Норсоат, энг биринчиси чин полвоннинг жойи панада экан, шуни билдим. Иккинчиси… ҳар полвоннинг ўз сибизғаси бўлсин экан…
– Устознинг гўри нурга тўлсин, илоё.
– Ҳа, у инсон минг-минг марта ҳақ экан.
Биз Абсал полвонни яна қайта топиб олган эдик.
– Ҳали ҳам девдай кучли экансан.
– Мен тоққа туртиниб кетгандай бўлдим боя.
– Норсоат, – деди дўстим мушт қилиб тугилган қўлини боши узра кўтараркан.
– Даврон, – дедим мен ҳам ҳавога қўл сермаб.
– Қуёш ҳали ботмаган!
Иккимизнинг ҳайқириғимиздан кўк тўла юлдузлар тўзиб елкамизга сочилгандай бўлди.

“Ёшлик”, 2015 йил 1-2-сонлар

Adib qalamga olgan voqealar o‘tgan asrning saksoninchi va to‘qsoninchi yillarda zamona zayli tufayli tog‘dan cho‘lga ko‘chirilgan Kengsoy qishlog‘ida bo‘lib o‘tadi. Asar bosh qahramoni Norsoatlarning oilasi otasining vafotidan so‘ng marhumning do‘sti, cho‘ldagi xo‘jalik raisi Quvondiq akani qora tortib dashtda tashkil topgan sovxozga ko‘chib kelishadi. Shu orada posyolkada kutilmagan voqea sodir bo‘ladi. Tirnoqqa zor usta Abil va Uldon checha Tanzila ismli qizchani asrab olishdi.

O‘rolboy QOBIL
ORIYAT TOJI YOXUD IKKI YIGIT VA BIR QIZ
Luqmon Bo‘rixonning yangi qissasi o‘qib
07

  O‘rolboy Qobil 1955 yilda Qamashi tumani Do‘ngsanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining tarix fakultetida tahsil olgan. Maktabda muallim bo‘lib uzoq yillar ishladi. Hozir nafaqada. Uning “Kechikkan karvon qo‘ng‘irog‘i”, “Adir ortidagi qishloq”, “Jonbo‘zsoyliklar”, “O‘lanlarda kuylanar umr”, “Faqat go‘zal so‘z ayt”, “Ena tuproq”, “Qamashi va qamashiliklar” , “Elda e’zoz topganlar” kabi nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan.

07

Luqmon Bo‘rixon bugungi zamonaviy o‘zbek adabiyoti nasrining peshqadam vakillaridan. Adibning “Xizr ko‘rgan yigit”, “Sirli muallim”, “Jaziramadagi odamlar”, “Tun qa’ridagi shu’la”, “Temir yo‘l” kabi kitoblariga jamlangan o‘nlab hikoyalari, qissalari va romani allaqachon o‘zining o‘quvchilarini topgan. Sermahsul ijodkorning 2016 yil “Yoshlik” jurnalining 1 va 2 sonlarida “Quyosh hali botmagan” nomli yangi qissasi e’lon qilindi.

Adib qalamga olgan voqealar o‘tgan asrning saksoninchi va to‘qsoninchi yillarda zamona zayli tufayli tog‘dan cho‘lga ko‘chirilgan Kengsoy qishlog‘ida bo‘lib o‘tadi. Asar bosh qahramoni Norsoatlarning oilasi otasining vafotidan so‘ng marhumning do‘sti, cho‘ldagi xo‘jalik raisi Quvondiq akani qora tortib dashtda tashkil topgan sovxozga ko‘chib kelishadi. Shu orada posyolkada kutilmagan voqea sodir bo‘ladi. Tirnoqqa zor usta Abil va Uldon checha Tanzila ismli qizchani asrab olishdi.

Norsoat uch-to‘rt bosh qo‘y-echkisini zovur tarafga o‘tlatgani xaydab borib, “hindu”lar galasiga duch keladi. To‘daboshi esa Quvondiq raisning o‘g‘li Davron bo‘lib, ularning shiori “Quyosh hali botmagan” degan ajabtovur so‘zdan iborat edi. Norsaotning ular bilan ilk tanishuvi kurash tushish bilan boshlandi va u g‘olib chiqdi. To‘daboshi esa xuddi kinolardagidek uni: “Halol. Sen g‘olibsan, Norsoat o‘g‘lon!” — deya qutlaydi.

Shunday qilib u “Kengsoy burgutlari” safiga qabul qilindi.

Norsoatning asrandi qiz Tanzila bilan ilk tanishuvi ham g‘alati bo‘ldi. Yangi xonadonga o‘rganishi qiyin bo‘lgan qizcha qochishga tushadi. Norsoatni ko‘rgan Uldon checha esa:
“Soatjon, yugur anovining ortidan, qochib ketayapti, aylanay sendan, yugur, ushlab kel!”-iltimos qiladi. Bola qizni tutib keladi va ular shu asnoda tanishadi. Ammo qaysar qochoq qiz bu harakatini yana bir necha bor takrorlaydi.

Xo‘jalik raisi Quvondiq aka el orasida Quvondiq qaysar nomini olgan tanti va to‘pori odam. Raisni kazo-kazolar ham xurmat qilishar, u mehribon va hazilkash, biroq, ish borasida qattiqo‘l edi.

Ammo, Quvondiq raisning ham o‘ziga yarasha “dardi” bor. U qizlarini uzatib qutilgan, lekin noshud va nokobil ikki o‘g‘li uni kuydirardi. Otasining qo‘llovi bois institutni amallab bitirgan to‘ng‘ich o‘g‘li shaharda yashar, qirqni qoralagan bo‘lsada, tuzukroq amalga erisholmagan, oilasini otasining hisobidan tebratar, ikkinchi o‘g‘li esa ichkilikka ruju qo‘ygan, xotinini haydab, uch bolali o‘yinchi ayol bilan tuman markazida yashar, otarchilik va o‘rtakashlik qilar, biroq akasidan farqli o‘laroq otasidan ko‘mak so‘ramas, uyiga ham kam kelardi.

Raisning bor umidi kenjasi Davrondan edi.

U esa raisning arzanda bolasiga o‘xshamas, otasini orqa qilmas, hammani teng bilar, xushomadlarga parvo qilmasdi.

“Biz hali Absal polvonni tanimas edik”…

O‘spirinlar kurash tushishga ishqiboz bo‘lishdi. To‘ylarda, bayramlarda bo‘ladigan olish ya’ni, kurash musobaqalarida ishtirok etishar, gohida mag‘lub, goh g‘olib bo‘lishardi. O‘g‘lidagi kurashga bo‘lgan ishtiyoqni sezgan rais o‘g‘li va Norsoatni el orasida Absal polvon deb nom olgan odamga shogirdlikka beradi. Yigitchalar bir oy ichida nomdor polvondan faqat kurash sirlarini emas, balki hayot saboqlarini ham olishdi. Ular polvondan uch narsaga hokim va uch narsaning kuli bo‘lishi lozimligi o‘rganishdi. Ammo, Absal polvon kurashchi quli bo‘lish degan hikmatining haqiqat, or-nomus va uchinchisi nima ekanligini atay aytmaydi. Uni hayotda o‘zlarining bilib olasizlar dedi. Darvoqe, asar qahramonlari bo‘lgan yigitchalar ustozlaridan qadimiy sibizg‘a chalish sirlarini ham o‘rganib qaytishdi.

Ko‘ngilni bilib bo‘lmas ekan. Norsoatning ishqi Tanzilaga to‘shdi. Sevmoq ayb emas. Shoir aytganidek “ular muhabbat yoshida edi”lar. Shu orada ishq dardiga mubtalo bo‘lgan Norsoat Davronga sekin dedi:

“-O‘sha uchinchi narsani topdim.
-Topding? Nima ekan?
-Sevgi. Polvon or-nomusning, sevgining quli bo‘lishi kerak. O‘zim o‘ylab topdim.”

Oradan yillar o‘tdi. “Kengsoy burgut”lari ham maktabni bitirib “to‘zib” ketishdi. Norsoat va Davron esa o‘qishga kirish uchun poytaxtga jo‘nadi. Ammo, ularga imtihon topshirish nasib etmadi. Davronning bir notanish juvonga tegajog‘lik qilgani qimmatga tushdi. Norsoat ham do‘stini militsiyadan qutqaraman deb imtihonni o‘tkazib yubordi. Tanzila esa texnikumga o‘qishga kiradi. Ikki do‘st paxta terishga ketgan qizni ko‘rgani cho‘lga borib kelishdi. Ko‘p o‘tmay ularni harbiy xizmatga olib ketishdi. Do‘stlar ikki yil ayro yashadi. Nihoyat yigitlar harbiydan uyga qaytishdi va qiz sabab ikki do‘stning orasidan ola mushuk o‘tdi. Kutilmaganda Davron do‘stiga Tanzilaga sovchi yubormoqchi ekanini aytib qoladi va ular o‘rtasida dahanaki jang boshlanadi. Ular To‘xtasin domlaning to‘yda sovringa qizni tikib kurash tushadi. Olishuv chog‘ida Norsoat raqibiga taqiqlangan usulini qo‘llab uni yiqitadi. Buni to‘y bakovuli, tamoshabinlar ham sezishmaydi.

Davron esa raqibining g‘irromlik qilganini har qancha o‘rinmasin isbotlay olmadi. Ikki do‘st endi bir-biriga ashaddiy raqiblarga aylandi. Do‘stining nomardligiga chiday olmagan Davron shaharga ketdi. Norsoat esa o‘zining do‘stiga g‘irromlik qilganidan ezilar, ammo buni hech kimga aytolmasdi. U Tanzilani izlab shaharga boradi va qizga o‘zining qilmishi aytishga kuch topadi. Tanzila esa kutilmaganda:

“Nima, men g‘irromchilikka arzimaymanmi?-deb sharaqlab kulib yubordi u”.

Shu orada sevishganlarning nikoh tuyi bo‘lib o‘tdi. Davron oliygohga o‘qishga kirib, kurash musobaqalarida birin-ketin g‘olib chiqaverdi.

Norsoatni esa hamon do‘stiga nisbatan qilgan g‘irromligi qiynardi. U tushkunlikka tushib, ichkilikka o‘rgandi. Tanzila eriga:

“Davrondan qayeringiz kam? Siz ham shug‘ullaning, mashq qiling, sal kam bekorchisiz-ku, keyin uni biror davrada toping-da ko‘tarib uring, ikkinchi men zo‘rman deb bo‘kirmaydigan qiling. Masalaning yechimi shu”.

Shu orada polvonlarning ustozi Absal polvon olamdan o‘tadi va dafn marosimida raqiblar uchrashdi va bir oydan so‘ng nomdor polvonning xotira turnirida qayta kurash tushishga kelishib olishdi.

Nihoyat o‘sha kun keldi. Norsoat raqibining o‘zidan ancha kuchli ekanini sezdi. Ammo kutilmaganda Davron atay yiqilib berdi va bakovuldan mikrofonni olib: ”Norsoat eng kuchli polvon ekan” deb hayqirdi.

Norsoat davradan chiqib Davronni izlab topdi va undan chin dildan kechirim so‘radi. Davron unga:
“Yo‘q, senga teng kelolmayman, sen mardlarcha sevgining quli bo‘lolding, men esa hali sevgining o‘zini ham topolganim yo‘q”,-dedi.

Ikki do‘st qo‘lini havoga sirmab xayqirdi:

“Quyosh hali botmagan!”

Qissasini mutolaa qilar ekansiz, beixtiyor bolalik va o‘spirinlik paytlaringiz yodingizda qayta jonlanadi. Asarda tilga olingan barcha qahramonlar siz uchun begona emas, siz ularni yaxshi taniysiz. Norsoatning Tanzilaga bo‘lgan ilk muhabbati yuragingizda ajabtovur xotiralarni uyg‘otadi. Qizga yuragidagi otashin sevgisini izhor etmoqqa ma’shuq uchun naq besh yil ketdi. Qiz bechora birgina shu so‘zni qanchalar intiqib kutmadi, deysiz. Shu o‘rinda siz Davronni ham yoqtirib qolasiz. Uning qaysarligi, dangalligi, mardligi va metin irodasiga qoyil qolasiz. Uning ba’zida haddan oshirib yuborgan xurmacha qiliqlari ham o‘ziga qanchalik yarashgan. Shu qiliqlari bo‘lmasa, obraz to‘laqonli chiqmas edi.

Tanzila adib yaratgan eng mukammal obraz. Uning xarakteridagi ko‘pgina jihatlari, uyatchanligi, toqatliligi, ahdiga sodiqligi va favqulotda jasurligi qaysi bir tomonlari bilan mashhur adib Chingiz Aytmatovning Jamilasini yodingizga soladi. Absal polvon esa elning ori va sha’nini har qanday manfaatdan ustun qo‘yadigan odam. Uning qadimiy sibizg‘ani chalishi esa muallifning kashfiyoti. Bizning nazdimizda bu obraz Tog‘ay Murodning “Yulduzlar mangu yonadi” qissasidagi Bo‘ri polvon obrazining davomi degimiz keladi.

Asarni o‘qir ekansiz, unda Qashqa vohasi odamlariga xos takalluf va shevalar mohirlik bilan qo‘llanganini his qilasiz.

Biz iste’dodli adib Luqmon Bo‘rixonni yangi asar bilan qutlar ekanmiz, yozuvchidan elga manzur bo‘ladigan asarlar kutib qolamiz.

Luqmon BO‘RIXON
QUYOSH HALI BOTMAGAN
07

08Luqmon Bo‘rixon 1965 yilda Qashqadaryo viloyatining G‘uzor tumanida tavallud topgan. ToshDU (hozirgi O‘zMU)ning jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Jaziramadagi odamlar”, “Temiryo‘l”, “Xizr ko‘rgan yigit” kabi qator roman, qissa va hikoyalar muallifi. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.

07

Biz Absal polvonni unutgan edik.

Davron aytganday, u bilan tomirimiz tutash ekan. Ikkovimizni bir kunda askarlikka olib ketishdi. Biz chiqqan poyezd uch kechayu uch kunduz, goh to‘xtab, goh tezlashib, goh imillab yo‘l bosdi. Rossiyaning qay bir shahrida Davron bilan ajralishdik. Ularni o‘sha yerda poyezddan tushirishdi. Nazarimda, butun borliq birdan huvillab qolgandek tuyuldi. Tag‘in yarim kun yo‘l bosib, qalin o‘rmonlar, tund qishlog‘u kentlar osha nihoyat, Krasnoyarsk degan shaharga yetib keldik.

Qizil pogon taqqan qo‘shinlar safiga tushdim. Men mashaqqatli mashq-mashg‘ulotlar, qat’iy, beshafqat tartiblardan ko‘ra sog‘inchdan va yana sog‘inchdan qiynaldim. Qishlog‘imni, uyim, mehribon onajonimni qo‘msayman, imkon topsam, o‘sha yoqlarga qush bo‘lib uchsam deyman. Tanzila! Mening hurkak jayronim, mening xumor ko‘zligim. U hamisha, har soat, har lahza xayollarim mehrobida edi! Safda yurganimda, qorovulga chiqqanimda, mashq-mashg‘ulot paytlari u shundoqqina qarshimda uyalibgina, jilmayibgina turgandek, meni kuchli va oqil bo‘lishga undayotgandek tuyulardi. Tanzila ko‘rib turibdi degan tasavvurda nomunosib, nojoiz xatti-harakatlardan o‘zimni tiyar, doimo jiddiy, xushsurat, xushmuomala askar bo‘lishga harakat qilar edim.

Bizning qismda bir qaraganda harbiy nizom, intizom yaxshi yo‘lga qo‘yilgandek ko‘rinsa ham, ammo ichidan irigan ekan. Hamma yoqda millatchilik, ayirmachilik ufurib turardi. Kavkazliklar, O‘rta Osiyoliklar, tag‘in allaqanday to‘dalar taraf-taraf bo‘lib to‘s-to‘polon ko‘tarishar, mushtlashishar edi. Shunday kezlari Davron, mening jonajon do‘stim esimga tushadi. Jo‘ra, bu yer asil sen bop qism ekan, deb qo‘yaman o‘zimga o‘zim. Ammo biz ham bo‘sh kelmadik. Konibodomlik xuddi Davrondek yovqur, botir sambochi bola hammamizning boshimizni biriktirdi. Butun qismni qo‘lga olib qo‘ygan bo‘lmasak-da, ishqilib, haq-huquqimizni, sha’nimizni himoya qilib yurdik. Men bu yerdagi quroldosh, yelkadosh do‘stlarimga vaqt topildi deguncha Davron haqida, uning shonli-shavkatli qilmishlari haqida gapirib berardim. Gapirganim sayin uni sog‘inib, juda sog‘inib ketayotganimni his qilardim.

“Davron qayonda, tanishtirib qo‘yasan bizni”, – der edi o‘sha konibodomlik do‘stim, o‘zbekcha-tojikcha so‘zlarni qorishtirib.
“Albatta, – derdim men ham to‘lqinlanib, – xizmatdan so‘ng to‘ppa-to‘g‘ri bizning qishloqqa boramiz. Hammani qo‘y so‘yib mehmon qilaman”.

Safdoshlarim tantanali taklifimni shodu xurramlik bilan qabul qilgan bo‘lishar, o‘z navbatida, boshqalar ham galma-galiga men kabi saxovatpeshalik namoyish etishar, xullas, biqiq, ozurda hayotimizni shu taxlit, mehmondorchiligu ziyofatlarga boy kelajak umidi bilan nurlantirar edik. Xizmatning uchinchi oyi boshlangan kunlar Davrondan xat oldim. Omsk degan shahardagi qurilish bataloniga tushibdi. Hech qursa, desant qo‘shinlarida xizmat qilishni bo‘yniga olib qo‘ygan do‘stimning kutilmagan omadsizlikdan naqadar tajanglashgani, jazavasi tutgani xatning har bir satrida silqib turardi. Men uni yupatgan bo‘ldim. Biz bir-birimizga yana bir yilcha uzuq-yuluq maktublar bitib turdik. So‘ngra, ko‘p xizmat qilib qo‘ygan dimog‘dor harbiylarga aylandik shekilli, g‘o‘r askarlarga xos bunday yozishmalarni bab-baravar to‘xtatdik.

Tanziladan, mening Tanzilamdan roppa-rosa olti oygacha hech qanday xat-xabar bo‘lmadi. Shu paytga qadar uning paykal bo‘yida, “O‘zingizni ehtiyot qiling” degan o‘sha sohir so‘zlaridan kuch-quvvat olib, bir-biridan shirin xayollar surib, o‘z-o‘zimni ruhlantirib yurdim. Ammo bu kuch-quvvat manbai ham dam sayin sob bo‘lib borayotgan, mavhum jim-jitlikdan yuragimga xavotir oralab, ich-ichimda yana shubha-gumonlar g‘imirlay boshlagan edi. O‘zim jon-jon deb maktub jo‘natardimu, lekin yozgan xatim birovlar qo‘liga tushib, mohitobim noma’qul gap-so‘zlarga qolishidan qo‘rqdim. Sog‘inchdan sillam qurib, dunyo ko‘zimga qorong‘u ko‘rinib yurgan rangsiz, nursiz kunlarning birida, nihoyat, najotkor noma yetib keldi! Yo‘q, men maktub emas, bir olam quvonch, umid va ishonch oldim!

Tanzilaning nomasida umumiy darak, so‘roq gaplardan boshqa, men intiq kutgan qizning ko‘ngil sirlaridan mujdalar beruvchi sirli so‘zlar sezilmasa-da, sahroda sulayib, sudralib buloq boshiga yetib olgan sayyohdek, cheksiz baxtiyor edim. Mohitobimning birinchi bo‘lib xat jo‘natgani, bitigi oxirida maktub javobini uylariga emas, jildda ko‘rsatilgan manzil bo‘yicha, texnikum yotoqxonasiga yozishimni iltimos qilgani men ilhaq kutgan alohida alomatlar kabi tuyulib, qalbimni masrur-mag‘rur hislarga chulg‘ardi! Mustahkam qal’ani zabt etgan qo‘mondonday tevarakka g‘olibona qaray boshladim.

Xizmat oxirlaganga qadar Tanziladan roppa-rosa o‘n beshta xat oldim. Yurak qonim bilan to‘lib-toshib javoblar yozdim. Lekin qanchalar qasd qilsam-da, qanchalar o‘zimni majburlasam-da, “Seni sevaman”, degan bir juft so‘zni ochiq-oshkora bitishga hech jur’atim yetmadi. Olis-olislarda qolib ketgan paykal bo‘yidagi o‘sha pichirlashlar, o‘zi maktub yozgani, yashirin manzil tayinlagani qiz ko‘nglidan yetarli ishora deya o‘z-o‘zimni ovutdim.

Shu sevinch, shu yupanch bilan ikki yillik harbiy xizmat amal-taqal o‘tdi-ketdi. O‘shanda biz nafaqat zimmamizdagi askarlik burchimizni, balki butun boshli Sho‘rolar Ittifoqi Armiyasini tugatib, to‘zitib qaytdik. Ulkan bir mamlakatning ulkan qo‘shinlari safida xizmat qilgan so‘nggi askarlar bo‘ldik. O‘sha paytlar milliy respublikalar Ittifoqning zanglagan zanjiridan bo‘shalib, alohida-alohida davlatlarga bo‘linib ketdi. Jumladan, jonajon O‘zbekistonimiz ham mustaqillikka erishganini eshitib xo‘b xursand bo‘ldik.

Ammo Davron ikkimizning tomirlarimiz tutashligi chin ekan! Voajab, askarlikka qanday birga ketgan bo‘lsak, xuddi shunday, qo‘l ushlashib shodu xurram qishloqqa kirib bordik. Aslida hammasi Toshkent vokzalida tasodifan to‘qnashib qolganimizdan boshlandi. O‘shanda men poyezddan tushib, odamlar oqimiga qo‘shilib endigina vokzal maydoniga chiqqan, xira kirakashlarning xurujidan bezib, alanglagan ko‘yi atrofdan xilvatroq joy izlayotgan edim. Voajab, mendan o‘n-o‘n besh qadam narida serjantlik pagonlariga, yeng yoqalariga zarhal jiyaklar tikilgan, ko‘ksiga Armiyada mavjud-nomavjud jamiki nishonu ordenlardan namunalar taqqan, kamari to‘qasiyu, mundiri tugmalari tilladek yaltirayotgan askar ham bir to‘p kirakashlar tajovuzidan tajanglashib xuddi men kabi pana joy qidirib tevarakka termulayotgan ekan! Davron! Nogoh bir-birimizga ko‘zimiz tushdi. Yo‘q, nazarimda, u birinchi bo‘lib meni ko‘rib qoldi.

– Ey! Ey! – deb qichqirdi qo‘lidan tutgan nusxalarni nari-beri surib, men tomon yurarkan. – Ey! Stoy, kto idyot?
– Ryadovoy Norsoat! – deya tovush berdim men ham, u tarafga sekin borarkanman.
– Parol!

Men an’anaviy tarzda o‘ng qo‘limni musht tugib baland ko‘tardim. U ham ilkini havoga sermadi, shu lahzada ikkimiz bab-baravar hayqirib yubordik:

– Quyosh hali botmagan!

Hayqirig‘imizdan tund shahar tovlanib ketganday bo‘ldi.

Biz bir-birimizning bag‘rimizga otildik. Quvonchdan, hayajondan ikkimizning ham tilimizga tuzukroq so‘z kelmay, nuqul iljayamiz-jilmayamiz, namlangan ko‘zlarimizni yashirishga urinamiz.

Yo‘lovchilar, kirakashlar, mehmonlaru mezbonlar bizlarga ajablanib, havaslanib qarashar, ularning ham yuz-ko‘zida tabassum, xayrixohlik kezinar edi. Afsus, hanuz bizlarni uy-uyimizga eltib qo‘yish ilinjida turgan talabgorlarni noumid qilib, ikkimiz poyezdda viloyat markaziga yetib oldik. Ammo bu yerda baribir allakimning sutrang “Jiguli”siga o‘tirishga majbur bo‘ldik.

Davronning yo‘l bo‘yi jag‘i jag‘iga tegmadi. Gaplari qanchalik chin yo o‘trikligini bilmadim, to‘lqinlanib aytishlariga qaraganda do‘stim ikki yil xuddi kurortda yurganday mazza qilibdi. Jangariligi, to‘s-to‘polonlari joniga tekkan komandirlari uni bir guruh askarga brigadir etib tayinlab, allaqanday zavodga ishga yuborishibdi. Alohida yotoq, alohida oshxona, bir-biridan go‘zal, bir-biridan jozibali zavod xodimalari Davronning xizmatida bo‘lgan emish.

– O‘lay agar, hali-hali ko‘z oldimda, – derdi u qiz-ayollar haqida gapirgan chog‘ ko‘zlari porlab, lablari tamshanib, – Anya, Lyuba… eh, ularni eslasam hoziroq o‘sha O‘mskka qaytgim kelyapti.

Bilmadim, do‘stimni qattiq sog‘inganimdanmi, yo uyga qaytish sururidanmi yo… yo ancha ulg‘ayib, to‘shak sarguzashtlariga qiziqishim ortganidanmi, harqalay, Davronning oldi-qochdi, beodob hangomalarini ilgarigidek uyatdan qizarib-bo‘zarmay, maroq bilan tinglardim.
– Xo‘sh, o‘zingda nima gaplar? Ikki yil qalay o‘tdi? – deb so‘rab qoldi u, nihoyat mening ham Armiyadan qaytayotganim esiga tushib, – miq etmaysan, gapir-da.

Men quvlik bilan ko‘z qisdim-da:
– Bizda bunday voqealar yo‘q, jo‘ra, har kuni poligon, har kuni yelkada qurol, har kuni mashq-mashg‘ulot, – deb jangovar qismga tushganimni pisanda qildim.
Pisandam qoq nishonga tegdi shekilli, Davronning qoshlari chimirilib, qo‘llari musht bo‘lib tugila boshladi. Men yana atay pishang bergan bo‘ldim.
– Bizniki VVning desantlashgan polki edi-da.
– Enag‘arlar, meni boplashdi, – deb to‘ng‘illadi gaplarimdan toqati toq bo‘lgan Davron, – anavi voyenkom seni flotga yo desantga jo‘nataman deb va’da bergandi, hali boray, marazning tumshug‘ini ezaman.
Men, nihoyat, Davronni burchakka qisganimdan g‘olibona iljayib qo‘ydim. Aslida esa yo‘lovchilar jangovar qismda xizmat qilgan menga emas, serhasham mundir kiygan Davronga qiziqsinib, havas bilan qarashar, ba’zi birovlar beixtiyor ehtirom ko‘rsatar edi.
– Baribir kurashni tashlamadim, – dedi do‘stim alam-nafrat biroz bosilgach, – ertayu kech zavodning sport zalida shug‘ullandim. Hatto bir-ikkita shogird ham tayyorladim.
Ha, Davronning bu gaplari chin edi. Baquvvat, keng yelkalari, bo‘rtib turgan muskul-mushaklar shu haqiqatdan darak berib turardi.
Biz o‘tirgan “Jiguli” viloyat markazidan chiqib qo‘riq tumanlar tomon burilgandayoq dimog‘imga tanish, juda tanish bir hid urildi. Adashmasam, bu chuvilgan ko‘sakning, ezilgan g‘o‘zapoyaning isi edi. Tor shaharu qalin o‘rmonlarga o‘rganib qolgan bo‘lsam kerak, bepoyon kengliklarga boqib ko‘zim tinar, qadrdon bo‘ylardan boshim yengil aylanar edi.
– Men bu qoloq cho‘lu biyoboningda yashay olmayman, – dedi mashina oynasidan o‘ychan qarab borayotgan Davron, – ketaman, yana ortimga qaytib ketaman.
Men indamay bosh irg‘ab qo‘ya qoldim. Chunki ayni paytda g‘alati bir zavqu shavq qo‘ynida edim. Yarim ochiq oynadan yoprilib kirayotgan shabada yuz-ko‘zlarimni erkalab silardi, paykallar, dov-daraxtlar, uylar diydorlashish uchun qarshimga otilib chiqayotgandek tuyulardi. Xuddi shu cho‘lu biyobon men uchun olamning markazi, eng so‘lim, eng go‘zal go‘shalarning eng so‘limi, eng go‘zali edi. Chunki… chunki bu yerda Tanzila degan suluv va oqila qiz yashaydi. Ilhaq-intizor yo‘llarimga ko‘z tikib turibdi. Shunday sohibjamol, shunday ma’suma qizni bag‘rida o‘stirgan cho‘lga ming karra ta’zim, ming karra qulluq. Men sizni sog‘indim, qadrdon dala-dasht! Men sizni sog‘indim, ey, sertuproq yo‘llar! Ey, bepoyon yantoqzorlar, sizni dunyoning eng ko‘rkam bog‘-rog‘lariga ham alishmayman!
Ammo mening bu farahbaxsh o‘ylarim, sururim ko‘pga cho‘zilmadi.
– Tanzilalar hali terimdan qaytmagandir-a…
Davron tuyqus aytgan bu gapdan xuddi yantoq ustiga ag‘naganday bir sapchib tushdim.
– Nima? A? Ha-a… bilmadim, – deb g‘udrandim arang.
Do‘stim yelkamga sho‘xchan bir turtib qo‘ydi.
– Tanzilani ko‘rsam, bilasanmi nima qilaman?
Mening miq etishga ham qurbim yetmadi.
– Yuzidan bir o‘pamanu manavi medallarning hammasini unga taqib qo‘yaman, – deb hiringladi Davron.
– O‘chir ovozingni! – beixtiyor qichqirib yubordim men unga xezlanib, – tilingni tiy.
– Bo‘kirma-ye, senda medal-pedal yo‘qligiga shama qilmayapman, ko‘ngling nozik bo‘p ketibdi-ya, darrov xafa bo‘lding.
– Men… men… – deya hanuz alam-iztirobda tutoqib gapimni ham yo‘qotib qo‘ydim.
Haydovchi peshoyna orqali bizga ajabsinib, qiziqsinib qarab qo‘yardi.
– Nega unga medal taqishimni bilmasang, bilib qo‘y. Menga eng ko‘p xat yozgan Tanzila bo‘ldi. Buning uchun qizni taqdirlashim kerak-ku, to‘g‘rimi? Roppa-rosa o‘ttizta xat oldim Tanziladan! O‘ttizta-ya?! Hatto, javob berishgayam erinib qoldim…
Davronning so‘nggi so‘zlari deyarli qulog‘imga kirmadi. Go‘yo o‘ttiz quloch yer qa’riga kirib ketganday bo‘ldim. Ko‘z oldimni xira bir tuman qoplab oldi. Hozirgina yuz-ko‘zimni erkalab silayotgan yurtim shamoli, bamisli miyamda charxday g‘uvullab bir so‘zni betinim aylantirardi: “O‘ttizta-ya?!” “O‘ttizta-ya?!”
Yo‘l bo‘yidagi dov-daraxtlar, uylar qo‘porilib ustimga qulayotganga o‘xshardi.
“Hammasi ayon, hammasi endi ma’lum, – deb o‘ylardim iztirob bilan, – bu ikkovi allaqachonlar va’dalashgan, Tanzila uni zor-intizor kutyapti! Men… men yetim qo‘zi o‘zimcha nimalarni orzu qilib yuribman-a?! Sarobga intilib yashabman-a?! Ko‘nglimga qarab, musofirchilikda shu sho‘rlik ham xafa bo‘lmasin deb menga arang o‘n beshta xat yozgan, mehrini, sevgisini manovi maxluqqa jo‘natgan. O‘ttizta-ya?!”
Yo‘q, o‘sha kuni men qadrdon qo‘riqqa, qadrdon qishlog‘imga kirib bormadim. Aksincha, jazirama ostida sarg‘ayib so‘lgan, qovjirab qurigan cho‘lu biyobon, toptalgan, to‘zg‘igan, ezilgan dala-dasht, hurpaygan, huvullagan, horigan tosh-beton imoratlar ko‘zlarimga, yuragimga, ong-shuurimga bostirib kirdi. Kengsoyning tap-taqir qiriday bezraygan, jonsiz va karaxt edim.
Atrofimda ming aylanib ming o‘rgilayotgan, meni o‘tqizgali joy topolmayotgan, ko‘zlaridan shashqator yoshlar oqayotgan onajonim, shodu xurram qavmu qarindosh parishon holimni yo‘l azobiga, charchaganlikka yo‘yishdi, bemalol dam olishimga shart-sharoit yaratib bergan bo‘lishdi.
Tanzila chindan ham hali paxta yig‘im-terimidan qaytmagan ekan! Viloyat pedagog kadrlar tayyorlov texnikumi talabasi! Qanaqa pedagog… behayo, masxaraboz u! Soyga yetaklab borib, sug‘ormay qaytaradigan ayyor alvasti! Tamom, bu qiz endi menga begona, ko‘rmayin-kuymayin…
Men shunday qat’iy qarorga kelgan edim. Men shunday bir so‘zli, sobit iroda, o‘z qadr-qimmatini yuksak qadrlaydigan inson edim. Ammo… negadir sibizg‘a chalgim, sibizg‘a nolalariga qo‘shilib qaylargadir bosh olib, yo‘q bo‘lib ketgim kelardi. Biroq qay go‘rga ham borardim. Mening anoviniki kabi O‘msk degan shahrim bo‘lmasa?!
– Ena, sizga ilgari bir sibizg‘a berib qo‘ygandim, shu turibdimi? – deb so‘radim bir oqshom.
Ro‘zg‘or tashvishlari bilan kuymalanib yurgan onam darslarga hamisha tayyor a’lochi o‘quvchiday, yuzlari yorishib birdan javob berdi.
– Ha, bolam, turibdi. To‘yingga atalgan sandiqning tubiga tashlab qo‘yibman.
Bu javob yuzimga yana bir tarsakiday tegdi, qarorimda qat’iy turishga, hayotga hushyor qarashga, to‘y qilishga onajonim ilhaq ekanligini anglashga, demakki, o‘zimga munosib yor topishga undadi.
Men xayolan qallig‘ qidirib ba’zan beixtiyor ko‘cha-ko‘yga chiqib ketardim. Biroq… nigohlarim tanish, juda tanish bir chehrani izlar, ko‘nglim allaqanday mo‘’jizalarni orziqib kutar, o‘sha qadrdon muyulishda, qizil etik fitnasi kabi ne bir qaqshatgich zarbalarning guvohi bo‘lgan o‘sha qayrag‘och yonida qadamlarim o‘z-o‘zidan sekinlashar, yuragimga lazzatli bir iztirob, og‘riq quyilib kelar edi. Har zarrasidan sog‘inch, sog‘inch va yana sog‘inch silqib turgan bir shivir lablarimdan sidrilib ketardi: “Tanzila! Mening jonim, mening mohitobim”.
O‘sha kunlar biz izzat-ikromga ko‘milib ketgan edik. Qo‘ni-qo‘shnilar, hamqishloqlar biri qo‘yib-biri olib harbiy xizmatdan qaytganlarni uylariga taklif etishar, alohida ehtirom bilan qurblari yetganicha mehmon qilishar edi. O‘sha kuz, ayniqsa, askarlikdan kelganlar orasida raisning bolasi borligi kengsoyliklarni odatdan tashqari sertakalluf, serhimmat, sermulohaza qilib yubordi. Ertayu kech ziyofatlardan bo‘shamay qoldik. Quvondiq qaysarning har qatida mamnunlik, masrurlik va mag‘rurlik qalqib turgan gulduros gap-so‘zlaridan, quvnoq qah-qahalaridan mudroq dala-dasht seskanib tushgandek, qip-yalang‘och, qovjiroq g‘o‘zapoyalar qayta gurkirab, qayta hosil bergudek bo‘lardi. O‘sha mavsum hukumatga paxta topshirish rejasini odatdagidan ham ortiq bajarganligi, izzat-obro‘si, mol-davlati uygan paxta xirmonidan ham ziyoda bo‘lganligi, alp qomat, burgut nigoh, sher panja bolasining harbiydan kuchiga-kuch, aqliga-aql qo‘shilib qaytganligi, Davronining boshqa teng-to‘shlariga o‘xshamay, hatto, askarlikda ham chekish-ichish illatlaridan yiroq bo‘lganligi raisni go‘yo yana o‘n yoshga yashartirib, tik qaddini yana tiklab, yuz-ko‘zini nurlantirib yuborgan, u o‘zining qalb tug‘yonlarini, faxrini, quvonchini, sururini el-ulusdan ilgarigidek yashirolmay qolgan edi.
– Mana, mustaqillik davriga ham yetib keldik, – deb karillardi Quvondiq aka ba’zi bir davralarda, – zamon tez o‘zgaryapti, endi-i-i… es-hushli, aql-farosatli, mustaqil fikrli yoshlarga joylarni bo‘shatib berishga asta-a-a… taraddud ko‘ra berishimiz kerak.
Uning g‘amxo‘r, mehribon xalq otalariga xos so‘zlarida, raislikdek sermashaqqat, sertashvish lavozimga munosib voris izidan kelayotganiga, kengsoyliklar bu borada hech o‘ylanmay, hech qayg‘urmay butun diqqat-e’tiborni ulkan bunyodkorlik ishlariga qaratishlari zarurligiga nozik ishora sezilardi.
Ha, Davron do‘stim ota amalini egallashga loyiq, har tomonlama yetuk, to‘kis yigit edi. Biz qaytgandan uch kun o‘tar-o‘tmas u tuman markazidagi hosil bayramida uyushtirilgan kurash tomoshasida ketma-ket uch talabgorning kuragini yerga bosib yana shon-shuhrat quchdi, askarlik maqomidan yana polvonlik maqomiga qaytdi. O‘sha tantanada men qatnashmadim. O‘ttizta xat boshimga solgan o‘ttiz ming dardu hasrat olovida qurib-o‘rtanib, go‘yo hammasiga Davron aybdordek, do‘stimdan o‘zimcha arazlab, unga gap qo‘shmay yurgandim. Davronning bir kurashda ketma-ket uch yutuqni qo‘lga kiritganini eshitib ichim qizib qoldi.
Dilgir, zerikarli oqshomlardan biri edi. Maktab direktori xonadonida mehmon bo‘lib o‘tirardik.
– Endi-i… polvonjonlar, – deb qoldi ustoz ziyofat oxirlayotgan payt bir menga, bir Davronga xokisorgina ko‘z tashlab, – biz ham kenjatoyning qo‘lini halollataylik deb yig‘inib yotibmiz. Keyingi oyda, nasib etsa, bir to‘ycha o‘tkazamiz. Boshqalarnikiday dang‘illama qilishga bizning qurbimiz yetmaydi. Kichkinagina kurash tomoshasi o‘tkazamiz. Endi-i-i… kichkina kurash ekan deb boshqa yoqqa qochib ketmangizlar. Ikkovingiz davrani qizitib turingizlar! Maylimi?
– Xo‘p, xo‘p, domilla, – deb Davron ham, men ham qo‘limizni ko‘ksimizga qo‘ydik.
Vaqt allamahal bo‘lganda mehmondorchilikdan chiqdik. Pochta idorasi yonida boshqalar bilan xayrlashib uy tomon yolg‘iz jo‘nadim.
Qop-qora osmon toqida to‘lin oy o‘ychan va xomush termulib turar, kech kuzning salqin epkinidan dov-daraxtlarning qovjiroq barglari hazin shitirlar, oyning zardobtus yog‘dulariga burkanib yotgan ko‘cha-ko‘y, ekinzorlar horg‘in va parishon mudrar edi.
Men tanish muyulishga yetib, qadrdon qayrag‘och yonidan o‘tarkanman, nogoh qulog‘imga sohir bir sas g‘ira-shira chalindi:
– Soat aka.
Men toshday qotdim. Eshitganlarim ro‘yo bo‘lib chiqishidan cho‘chib, hatto tovush taralgan tarafga qarashga ham botina olmadim.
– Soat aka…
Bu sohir sas sim-sim oy nurlariga qorishib ichu tashimni yoritib yubordi, iztirobdan chatnab yurgan yuragimga urilib, butun borlig‘imda aks-sado berdi. Aks-sadodan gangib, emranib qayrag‘och tomon qaradim. Daraxt soyasidan Tanzila, mening Tanzilam chiqib keldi! Egnida bellari sirib bog‘langan uzun xalat, boshida qiya qo‘ndirilgan durracha, durracha jiyagidan ko‘pirib chiqqan quyuq, jingalak sochlari epkinda titranib turibdi! Qiyiq qoshlar, lo‘ppi yuzlar, hammasi – o‘sha-o‘sha, faqatgina bo‘yiga bo‘y qo‘shilib, nozik qadlari andak to‘lishib, yana ham jozibali, yana ham suluv bo‘lib ketibdi.
– Assalomu alaykum, Soat aka, – dedi qiz sovuqdanmi, hayajondanmi qaltirab, – yaxshi yetib keldingizmi, xizmatlar bilan qiynalmadingizmi, do‘stlaringiz omonmi…
Tanzila tantanali tadbirga tayyorlangan talabaday to‘lib-toshib, titranib-tebranib, tez-tez gapirarkan, tovushi tobora to‘nib, so‘nib borar, entikar, qo‘llarini goh ko‘ksiga qo‘yib, goh yoniga tushirar edi.
– Salom, Tanzila… mana, qaytdik, – dedim u tomon bir qadam tashlab.
Qiz ilkis ikki qadam ortga tisarildi. Shunda… shunda uning jiqqa yosh ko‘zlari oy nurida yiltillab ketdi.
– Nega?.. – dedim a’zoi badanimga shirin bir titroq inib, – nega yig‘layapsan, Tanzila?
Qiz xuddi ayb ustida qo‘lga tushganday kaftlarini yuziga bosdi. Ammo bot-bot silkinayotgan yelkalari uning unsiz yig‘layotganidan darak berardi.
– Tanzila, – men uni ovutish ilinjida bilagiga qo‘l cho‘zdim.
Qiz yana ilkis tisarildi. Kaftlari bilan ko‘z yoshlarini shosha-pisha artarkan:
– Qo‘ying-ye… – deb pichirladi.
So‘ng chuqur bir xo‘rsinib uylari tomon yugurgilab ketdi.
Men izidan lolu hayron qarab qoldim. To‘lin oydan sim-sim yog‘dular emas, sevinch, sevinch va yana sevinch sochilayotganday, ko‘zimga, ko‘nglimga, shuurimga sim-sim singib borayotganday edi. Negadir qah-qah otib kulgim, sakrab-sakrab o‘ynagim, sho‘x-sho‘x qo‘shiqlar kuylagim kelardi. Qiz ko‘zidagi shashqator yosh mening ko‘ngil g‘uborlarimni, achchiq alam-iztiroblarimni, shubha-gumonlarimni butkul yuvib ketganday bo‘ldi. Yuragimni lazzatbaxsh orom va taskin egalladi.
O‘sha tun, o‘sha nurli, fayzli kecha to‘lin oy hamrohim, sirdoshim bo‘ldi. Uning zarrin yog‘dularidan arqon eshib, arg‘imchoq uchdim, qishloq biqinidagi paykal bo‘yida majnunona kezinib yurdim.
“Nahotki, Tanzila ham meni sevsa?! – deb o‘ylayman to‘lqinlanib. – Ha, aniq sevadi! Axir sog‘inganidan, o‘rtanganidan yig‘ladi-ku! Qizlar o‘zi shunaqa bo‘ladi. Armiyada bir bilag‘on do‘stim sevib qolgan qizlar ko‘z yoshlarga zo‘r beradi degandi, bundan chiqdi… Tanzila meni sevadi.”
Men shunday farahli xayollar yetovida kezinarkanman, necha-necha kundan beri yelkamni o‘ttiz botmon yukday bosib turgan o‘sha o‘ttizta xat muammosi ham osongina, jo‘ngina hal bo‘ldi-qo‘ydi.
“Shu ham gap bo‘ldi-yu, – deb o‘yladim o‘z-o‘zimdan taajjublanib, – balki menga ellikta, yuzta xat yozgandir, shunchaki, ular qo‘limga yetib bormagandir, – safdoshlarimdan unisi-bunisi olib, menga berishni unutgandir… Umuman, gap xatlarning sonida emas-ku, hamma gap ularning men uchun, menga atab yozilganida-ku! Eh, qanday chiroyli, sermazmun xatlar edi. Hammasi esimda, nuqta, vergullarigacha esimda…
Ha, rost, askarlik davrimda Tanziladan kelgan har bir maktubni qayta-qayta o‘qiyverib, bir paytlar, mulla Mirza qo‘yarda-qo‘ymay o‘rgatgan muqaddas suralarday yodlab olardim. Bu ham yetmaganday, yuragim taftini bossin deb, uning so‘nggi xatlarini ko‘krak cho‘ntagimga uch-to‘rt kun solib yurardim. (Aslida boshqa qulayroq kissa yo‘q ham ediku-ya!) Ajab, safdosh, quroldosh do‘stlarim o‘zlari bilan sevishgan, va’dalashgan qizlarning suratlarini yonlarida olib yurishar, boshqalarga ko‘rsatib maqtanishar, hatto, ayrim ishqiy sarguzashtlarini oqizmay-tomizmay aytib berishar edi. Men esa Tanziladan kelgan xatlarni ularga ko‘rsatish nari tursin, hatto qizning nomini boshqalar oldida tilga olishdan ham o‘zimni tiyardim, uni hamma-hammadan, hatto o‘zimdan ham qizg‘anardim. O‘sha konibodomlik sambochi do‘stim ko‘ngil kechinmalarimni ziyraklik bilan payqab, qoyil qolgannamo bosh chayqardi.
“Sen, jo‘ra, haqqiy erkak, – derdi u o‘zbekcha-tojikcha qorishtirib, – nag‘z deditona ba bozor andaxta nameshad”.
Do‘stimning e’tiroflari menga moydek yoqardi. Olis-olislarda Tanzilam minnatdorona jilmayib qo‘yganini his qilib, o‘z-o‘zimdan sevinib, hovliqib qolardim.
O‘sha to‘lin oy balqqan kecha u o‘z dil izhorini ko‘z yoshlari bilan bayon etdi. Bu ko‘z yoshlar mening so‘nishga, so‘lishga shaylanayotgan sevgimga bamisli obi hayot bo‘lib tomdi. Mening muhabbatim, mening sevgim kech kuzning o‘sha kechasida qayta gullab yubordi.
Men baxtiyor edim, men mamnun edim. Onajonim ertasi kuni rang-ro‘yimdagi o‘zgarishlarni ko‘rib shodlandi, o‘z-o‘zicha pichirlab duolar o‘qidi, yuz-ko‘zimga mehr bilan termuldi.
– Ana endi picha chehrang ochildi, bolam. Shu paytgacha qosh-qobog‘ing uyilib meni qo‘rqitib yurib eding.
Davron ham mening bir kechada xush-xandon do‘stga aylanib qolganimdan taajjubga tushdi. Lekin ezmalanib, tafsilotlarini so‘rab-surishtirib o‘tirmadi. Biz yana qo‘lni qo‘lga berdik. Biz yana uzoq-yaqindagi to‘y-hashamlarda kurash tushib dong tarata boshladik.
Men tunu kun yana Tanzila haqida o‘ylardim. Uning ishqi qalbimda avvalgidan ham battar alanga oldi. Men qizga sevgi izhor qilish, u bilan va’dalashish payiga tushdim, uni yolg‘iz, ovloqda uchratish ilinjida juma kunlari, Tanzila shahardan qaytar paytlari, pochta binosi qarshisidagi avtobus bekati yaqinida ivirsib yurdim. Ammo u-bu sabablarga ko‘ra hech rejam amalga oshmadi.
“Yaxshisi, o‘qish joyiga borsam-chi?!” – degan o‘y tuyqus bir kuni xayolimga urildi. Bu reja har tomonlama qulay, samarador ekanligi yaqqol ko‘rinib turardi. Men barcha imkonu shart-sharoitlarni chamalab, kelgusi hafta payshanba kuni shaharga tushishga qat’iy qaror qildim. Ammo… ming afsuski… rejalarim butkul barbod bo‘ldi. Hayotim, qismatim ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ketdi.
Davronning “Jiguli”sida tuman markazidan kelayotgan edik. Bir payt do‘stim o‘ychan bir qiyofada mashinani yo‘l bo‘yiga to‘xtatdi.
– Jo‘ra, bir maslahatli ish bor-da, – dedi u qandaydir xijolatomuz iljayib. – Bilasan-ku, sendan yashiradigan hech sirim yo‘q.
– Gapiraver, – dedim qiziqsinib.
– Uylantirib qo‘yaylik, deb uydagilar toza garang qilyapti. Bilasan, o‘zimga qolsa hali bunday niyatim yo‘q, hali o‘qimoqchiman, hali Rossiyaga qaytib ketishim ham mumkin.
– Uydagilarga shunday deb tushuntir-da…
– Ko‘p gapirdim, baribir foydasi bo‘lmayapti. Qaridim, charchadim, menga kelin kerak, deb, ayniqsa, enam oyoq tirab turibdi.
– Qiyin bo‘pti senga, – deb o‘zimcha istehzo qilgan bo‘ldim.
– Otamning gapi menga ma’qul bo‘ldi, – dedi Davron o‘z-o‘ziga so‘zlaganday, – uylan, kelinni keltirib qo‘y, keyin to‘rt tomoning qibla, dedi. Shunga-a-a… o‘ylanib turibman, kimga uylansam ekan…
Do‘stim xuddi bozordan mol tanlayotganday bir-ikki qizning nomini tilga oldi. So‘ng g‘ijinib qo‘l siltadi.
– Senga shaharlik qizlar yarashadi, – deb qo‘ydim men.
Bir payt Davronning xayolchan chehrasi yorishib ketganday bo‘ldi, lablariga tabassum yugurdi.
– Aytgancha, Tanzila-chi?! Tanzilaga uylansam bo‘lmaydimi? Qaysi qizdan qayeri kam, a, sen nima deysan? Boya shaharlik qizlar deganingda shu esimga tushib ketdi, rahmat, senga, jo‘ra, rostdan ham u shaharlik go‘zallardan qolishmaydi.
Ko‘z oldim qorong‘ulashib, boshim g‘uvullab, Davronning vaysashlari elas-elas eshitila boshladi.
– Ey, nega o‘chib qolding? – deya u yelkamga sho‘x-sha’n turtdi, – mastmisan, nima balo? Ayt, nima qilay, do‘stga o‘xshab maslahat ber-da.
– Tanzilani tilga olma, – dedim arang.
– Nima?! Nega… tilga olmay?
– U… u meniki…
– Seniki?! Ux, ti, pismiqi, qoyilman senga! Menga bir og‘iz aytmay, zimdan ish pishitib yurgan ekansan-da, a? Non sindirdilaringmi?
– Yo‘-o‘q, hali…
– Yo hali ovloq-ovloqda uchrashib, ahdu paymon qilib yuribsizlarmi?
Men “ha” deyishga botina olmadim. Yolg‘on gapirsam, Davron ertagayoq ovoza qilib yuborishi aniq, bu uydirma Tanzilaning qulog‘iga yetib borsa… qizni bepichoq so‘ygan bo‘laman-ku!
– Yo‘q, hali va’dalashmadik, – dedim ovozim qaltirab.
Davron nopisand bir tarzda mashina o‘rindig‘iga yastanib kuldi.
– Tanzila va’da bermagan, non ham sindirilmagan, buyog‘i qiziq bo‘ldi-ku, nimaga ishonib u meniki, deyapsan?
– Tanzilani sevaman, jonimdan ham ortiq ko‘raman.
– Mana, men ham sevaman endi, bu hali hech nimani hal qilmaydi. Soat, – dedi do‘stim tuyqus jiddiy tortib, – agar Tanzila ham senga sevaman deb aytgan bo‘lganida qo‘limni ko‘ksimga qo‘yib, bemaza gaplarim uchun sendan kechirim so‘rardim, senga hech qachon xalaqit bermasdim.
– Men Tanzilani sevaman, – deb g‘udrandim men, o‘zimni oqlashga boshqa so‘z topolmay.
– Soat, meni bilasan-ku, bir aytdimmi, keyin ortimga qaytolmayman. Bo‘pti, sen uchun sa-al chekinaman, gap bunday, ertagayoq Tanzilaga sovchi yuboraman, agar u rad etsa, tamom, yana qo‘lim ko‘ksimda, bir chekkaga chiqaman, keyin, uni sevasanmi, pishirib yeysanmi, bu o‘zingga havola. Qalay, taklifim ma’qulmi?
Men lom-mim deyolmay, ich-ichimda ingrab qo‘ydim, xolos.
Sovchilar! Davron, raisning arzanda o‘g‘li sovchi qo‘ysa, kim rad eta oladi, kim?! Mulla Mirzami, usta Abilmi, Uldon chechami? Yo‘-o‘q, qaytam, quvonishib hali sovchilikdan gap ochilmay turib hammalari bosh egishadi. Ustiga-ustak, Quvondiq qaysar bir paytlar hadya etgan sog‘in sigir shuncha yillardan beri o‘zidan ko‘payib, butun urug‘-aymog‘i bilan og‘ilda mo‘’rab turibdi. Anovi qizil etikning jozibasi ham hali-hali ko‘zni qamashtirsa kerak. Kim biladi, menga noma’lum yana qanchadan-qancha sovg‘a-salomlar sovchilarning tilini burro, qo‘lini uzun qilishga shay turgandir?!
– Xo‘sh, taklifim ma’qulmi, mulla Norsoat? – dedi Davron g‘olibona iljayib, – sovchilarni ertagayoq jo‘nataman.
– Yo‘q! Yo‘q! – beixtiyor bo‘kirib yubordim men.
Davronning qoshlari chimirilib, ko‘zlari qisilib, burun kataklari pir-pir ucha boshladi. Bu… bu qiyofa menga tanish, juda-juda tanish. Bu shunchaki jahldan emas, do‘stim yana ham qat’iylashganidan, ushlagan joyini uzib olishga shaylanganidan darak berardi.
– Soat, Tanzilani sevishingga men hali ishonib qolganim yo‘q. Sen, shunchaki, qizni mendan qizg‘anayapsan, mendan, jonajon do‘stingdan! Sen… sen yo‘limga atay to‘g‘anoq bo‘lyapsan. Men buni do‘stlikka xiyonat deb hisoblayman.
– Davron, gaplarim chin, men uni qattiq sevaman, bolalikdan beri sevaman, aytganlarimga ishon, har kuni, har daqiqa shu qizni o‘ylayman.
– O‘chir, o‘chir ovozingni! Tanzilani sevishingni menga hech qachon aytmagansan, ana, boya tan olding, uning o‘zigayam hech narsa gapirmagansan. O‘v, Tanzila tomonga birinchi qadamni men tashladim, men! Demak, birinchi bo‘lib men sovchi jo‘nataman. Men birinchi bo‘lib Tanzilani tilga olganim senga yoqmayapti, shuning uchun tizinglayapsan, sevaman deb bahona qilayapsan.
– Yo‘q, sovchi yuborishingga yo‘l qo‘ymayman!
– Men bilan urushmoqchimisan? – dedi Davron qaddini biroz kerib. Uning qaroqlarida qip-qizil shafaq akslanib turardi.
– Kerak bo‘lsa, urushaman, – dedim men ham qo‘llarimni musht qilib, – bilaman, sen zo‘rsan, otangning ham qo‘li uzun, kattakon, meni o‘ldirasizlar, lekin Tanzilani hech qachon senga berib qo‘ymayman!
Davron istehzoli tirjaydi.
– Endi shunday shattalik yo‘liga o‘tdingmi? Nega otamni o‘rtaga tiqayapsan? Ey, otamni biror yerda pesh qilganimni hech ko‘rganmisan, a, ko‘rganmisan? Nega tirriqlik qilyapsan?
– Urushaman desang urushaman, – dedim biroz bo‘shashib.
Davron panjalarini panshaxaday kerib yuzini bir sidirib tashladi. Odatda, u o‘zini arang bosib, jahlini pasaytirish uchun shunday harakat qilardi.
– Soat, – dedi do‘stim hanuz tovushi temirday jaranglab, – to‘yimning kurashini qizitib berasizlar degandi domilla, esingdami? Indin to‘y, kechki payt kurash. Kel, ikkovimiz masalani boshqacha hal qilamiz.
– Qanday?
– Ota-bobolarimiz an’anasi bo‘yicha hal qilamiz. Ikkovimiz kurashamiz. G‘olib Tanzilaga egalik qiladi. Ham domillaning to‘yi qiziydi. Qalay? Bu gapga ko‘narsan endi, a?
Ha, Davron meni burchakka qisgan edi! Uning taklifiga rozi bo‘lishlikdan boshqa ilojim qolmadi.
– Bo‘pti, kurashamiz, – dedim qat’iy, – lekin… lekin bu kelishuv o‘rtamizda, hech kim bilmasin.
Davron asabiy bir tarzda xoxolab kuldi.
– Ey, oshing halol bo‘lsa, ko‘chada ich, degan maqol bor-a. Sen nimadan qo‘rqayapsan?
– Men hech narsadan qo‘rqmayapman. Tanzila gap-so‘zga qolmasin tag‘in deyapman.
– Ey, qizni qo‘y, sen o‘zingning sha’ningni o‘yla. Yigitning ori but bo‘lsa, qizlarga kiyimning keragi yo‘q, shuni unutma. Men sening taklifingga ko‘nmayman. Bunday imi-jimida bellashish ota-bobolar udumiga to‘g‘ri kelmaydi. Hammasi oshkora, ochiq bo‘lishi kerak.
– Bo‘pti, bilganingni qil, – dedim alam bilan qo‘l siltab.
– Demak, kelishdik. Indin, kechki payt hammasi halollik bilan hal bo‘ladi, – dedi Davron g‘olibona iljayib, – endi-i, jo‘ra, mashinamdan tushing. Shu lahzadan boshlab ikkovimiz bir-birimizga ashaddiy dushmanmiz. Orani ochiq qilgach, qo‘l tashlashib, to‘n yopishib, qayta do‘st tutinamiz. Qani, tush mashinadan!
Men g‘azab va nafrat ichida kalovlanib mashinadan tushib qoldim. Davron “Jiguli”ni o‘t oldirib, hanuz iljaygan ko‘yi ochiq oynadan qo‘lini chiqarib an’anaviy tarzda baland ko‘tardi.
– Quyosh hali botmagan!
– Quyosh hali botmagan! – takrorladim men ham havoga qo‘l sermab.
Ammo quyosh allaqachon qip-qizil qondek shafaqqa belanib ufqqa bosh qo‘ygan edi.
Men jim-jit yo‘l bo‘yida so‘ppayib qolib ketdim.
Yon-atrofim biyday dala-dasht. Shom qorong‘uligi meni tobora qa’riga tortib borar, yo‘l bo‘yidagi yakkam-dukkam daraxtlarda chug‘urchuqlar bezovta chug‘urlashar edi. Sal kam o‘n chaqirim naridagi qishlog‘im tomon horg‘in va ezgin jo‘nadim. Unda-munda xira, mitti yulduzlar go‘yo holi zabunimga achinganday jonsarak miltillaydi.
Men allaqachon mag‘lub edim. Davron ilk hamladayoq meni yerparchin qildi. Hamla?! Bunday deyishim to‘g‘rimikan. Umuman, do‘stimni malomat qilishga haqlimanmi? Axir, Davron biror gapida ham adolat chegarasidan chiqmadi-ku! Aslida hamma-hammasiga o‘zim aybdorman. Noshud-landovurligimdan xafa bo‘lishim kerak. Axir… axir Tanzilaga bir og‘iz ko‘nglimni yorib, uning umidbaxsh, najotbaxsh va’dasini olib qo‘yganimda bunday ko‘rguliklarga yo‘liqib yurmasdim. Agar Tanzila bilan ahdu paymon qilganimda, rais tugul, shahanshohning bolasi sovchi qo‘yganida ham zarracha qo‘rqmasdim. Chunki bilaman, ich-ichimdan sezaman, Tanzila ahdiga vafodor qiz. Ammo… ming afsuski, shu paytgacha unga na sevgimni aytdim, na va’dalashdim.
Men shunday hasratli o‘ylar iskanjasida iyg‘alanib, siyqalanib borarkanman, qishloq yana ming-ming chaqirim nariga surilishini, unga hech qachon, hech qachon yetolmasligimni juda-juda istardim. Qani endi, parcha toshga aylansamu, shu yerlarda umrbod qolib ketsam degan orzu xayolimda bot-bot charx urardi.
Men o‘zi nedan umidvorman? Tanzilaning goh kulganiga, goh yig‘laganiga qarab o‘zimcha fol ochib yuribman xolos. O‘sha tungi ko‘z yoshlarini ko‘rib, bu sevinch, bu sog‘inch, bu sevgi iztiroblaridan, deya o‘z-o‘zimni ishontirdim, quvondim, kerildim, g‘ururlandim. Aslida boshqacha bo‘lsa-chi? Balki Tanzila afsus-nadomatdan, xijolatpazlikdan yig‘lagandir o‘sha kech? Mening o‘zimcha sevib, kuyib, o‘rtanib yurganimni payqaganu, muhabbatimni ko‘z yoshlari bilan rad etgandir, ko‘nglim Davron akamda, demoqchi bo‘lgandir, besamar qiynab qo‘ygani uchun mendan kechirim so‘rashga uringandir?! Anovi o‘ttizta xat-chi? O‘sha to‘lin oyli tunda, qizning ko‘z yoshlaridan mast bo‘lib o‘ttiz xil bahonalar bilan ularni ham o‘zimniki qilib oldim. Aslida o‘sha maktublarda nelar yozilgan, bilmayman-ku, axir! Davronning haligi g‘olibona iljayishlari, qat’iy gap-so‘zlari balki behuda emasdir? Ikkovi allaqachon ahdu paymon qilib, endi meni mazaxlashga o‘tishgandir?
Men kimsasiz, jim-jit yo‘l bo‘ylab, tunkezar arvohday besaru somon ketib borarkanman, ko‘nglimda kechgan so‘nggi shubha-gumonlarga chippa-chin ishonib, bo‘g‘zimga alam va nafrat tiqilib, sassiz, unsiz bo‘zlab borardim.
Shu orada qishloq tarafga tirkama taqqan bir traktor tarillab, bir mototsikl pat-patlab, tun sukunatini, mening xayollarimni parcha-parchalab o‘tib ketdi.
Men shosha-pisha o‘zimni daraxtlar panasiga oldim. Nazarimda, faralar nuri ichi-tashimni yoritib, bor sir-asrorimni oshkor etadigandek, ko‘rganlar ustimdan miriqib kuladigandek tuyulardi. Ammo bu qilig‘imdan o‘zimning ensam qotdi. Hozir-ku amal-taqal yashirinib qoldim, erta-indin ro‘y beradigan sharmandalikdan qanday qutulaman, degan o‘y butun borligimni tilkalab turardi.
Qop-qora osmonning bir chekkasida zanglagan temir barkashday to‘lin oy ko‘rindi. Uning sarg‘ish yog‘dulari ostida olis-olislardagi uylar, imoratlar g‘ira-shira ko‘zga tashlanardi. Borliq sirli, vahimali bir sukut og‘ushida tek qotgan edi.
Oy nurlariga chulg‘anganimdanmi yo g‘uj-g‘uj yulduzlarning sho‘x-sha’n jimirlashidanmi, har nechuk, ko‘nglim andak yorishib, taskin topganday bo‘ldi. Yo‘q, yo‘q, adashibman, aslida xayolimning bir chekkaginasida miltillab turgan, do‘stim, shunchaki, hazillashdi, hozir biror daraxt panasidan qah-qah urib oldimga otilib chiqadi, degan o‘y mashinadan tushib qolganimdan buyon umidvor qilib turgan ekan. Shu ilinjda qarshimda ko‘ringan qoraga talpinib, bir mo‘’jiza kutib borayotgan ekanman. Afsus, umidlarim sarob bo‘lib chiqdi.
Shu alfozda qoqilib-surilib, goh imillab, goh tezlashib bir soatcha yo‘l yurdim. Nihoyat, qishloq biqinidagi, “Kengsoy burgutlari”ning doimiy qo‘nalg‘alaridan biri bo‘lgan tutzorga yetib keldim. Shu payt yo‘l chekkasida qiyshayibgina turgan yengil mashinani ko‘zim ilg‘ab qoldi.
“Iya, do‘stimniki-ku?! Qo‘nalg‘amizda kutib turgan ekan-da, yaramas hazilkash!” – degan o‘ydan butun borlig‘imga quvonch yugurdi. Beixtiyor qadamlarim ildamlashdi.
Ha, Davron chindan ham kutib turgan ekan! Ammo yolg‘iz emas, yonida “Kengsoy burgutlari”dan bo‘lgan, ikkitasi kasalligi tufayli harbiy xizmatdan qutulib qolgan, ikkitasi bir hafta burun askarlikdan qaytgan, to‘rt nafar do‘stimiz ham hurpayib turardi.
– Gap bunday, burgutlar, – deb tantanavor, baland bir tovushda so‘z boshladi Davron, – Norsoat do‘stim bilan nozik bir masalada to‘qnashib qoldik. Bu haqda boya sizlarga aytdim. Indin maktabimiz direktori, To‘xtasin domlaning to‘yida ikkovimiz kurashib masalani hal qilamiz. Muqaddas tutzorimiz, to‘lin oy, marjon yulduzlar guvohligida, sizlarning huzuringizda ont ichib aytamanki, hammasi ota-bobolar udumi bo‘yicha, halollik va mardlik asosida bo‘lib o‘tadi…
Davronning bolaligimizdan beri tanish, hatto, o‘sha O‘mskdagi Anya-Manyalarning noz-karashmalari ham yo‘q qila olmagan, g‘irt kitobiy tilda balandparvoz gapirishlari, o‘ng qo‘lini bosh uzra ko‘tarib, chap qo‘lini ko‘krakda tutib turishlari bizga ham hech bir g‘ayritabiiy tuyulmas edi.
Uning aytganlarini some’ bo‘lib eshitdik. Ayniqsa, men sud hukmiga quloq tutgan tutqunday itoatkorona bosh egib, yerga kirib ketgudek bo‘lib turardim.
– Shayx, G‘iyos, – dedi Davron yonidagi bolalarga yuzlanib, – ikkovingiz Norsoat taraf, uning oldiga o‘tinglar. Bu ajralish vaqtincha, kurashdan keyin hammamiz hamishagiday do‘st bo‘p ketaveramiz.
Davron o‘z tarafdorlarini olib mashinasiga o‘tirdiyu, shiddat bilan jo‘nab ketdi. Biz “Jiguli”ning qip-qizil cho‘g‘day miltillab, tobora uzoqlashib borayotgan orqa chiroqlariga xomush va o‘ychan termulib ancha payt tek turib qoldik.
Hoynahoy, ko‘nglimni ko‘tarishga shaylandi, shekilli, birozdan so‘ng G‘iyos:
– Domillaning to‘yi rosa qiziydigan bo‘ldi-da, – dedi kaftlarini bir-biriga ishqalab, – hayajonli, esda qoladigan, qiziq kurash tomosha qilamiz.
Men hasrat to‘la nigohlarimni sitilib ketgan ko‘z yoshlardek g‘uj-g‘uj yulduzlarga qadadim: “Bu senga qiziq, senga zavqli, G‘iyosboy… Mening dardimni qaydan ham bilarding…”
Shayxali ham yelkamga do‘stona qo‘l tashlab hamdardlarcha dalda bergan bo‘ldi.
– Davronning maqtanishlaridan qo‘rqma. Bir qo‘ldan qoldirmaysan uni, biz senga ishonamiz.
O‘sha tungi, Davronchasiga aytganda, muqaddas tutzor, marjon yulduzlaru to‘lin oy guvohligida ahdlashganimiz, qasdlashganimiz butun qishloqqa ovoza bo‘lib ketgan ekan.
Men buni to‘y oqshomida, kurash tomoshasi boshlanish arafasida, qismatimday qop-qora qorong‘ulikka qorishib kimningdir g‘ildiraklari o‘rniga siniq g‘isht bo‘laklari qalab qo‘yilgan, nosoz yuk mashinasi panasida, tarafkash do‘stlarimni, umidbaxsh bir mo‘’jizani kutib turganimda nogoh bilib qoldim.
Uch-to‘rt sharpa bo‘lajak kurash maydoni tomon gurunglashib borishardi.
– Ie, shunday bo‘ptima-yey…
– Ha, qishlog‘imizning ko‘zga surtgan ikki polvoni qiz talashib qopti.
– Qaysi qizni?
– Abilning asrandi arzandasi bor-ku, shuni.
– Obb-o-yey, obbo… kurashda kim yengsa, qiz shuniki bo‘larmishmi?
– Ha, ikkovi qattiq garovlashgan.
– Bu gap avval qay biridan chiqdi ekan?
– Kimdan bo‘lardi, raisning anovi erkatoyidan-da, doim bemaza ishlarni boshlab yuradi. Bolaligidan beri shunday buzg‘unchi, janjalkash.
– Hech oldi qaytmagan-da, bu bolaning. Hamma narsaning egasi o‘zimman deb o‘rgangan, hech kimni yuz-xotir qilmaydi.
– Norsoatboy bi-i-r shoxini sindirsa, yaxshi bo‘lardi-da.
– Kim biladi, u ham bir sho‘r yetim-da, qo‘rqqanidan yiqilib berar avvali.
– Abilboyning ahvoli qanday? Qulog‘iga yetibdimi bu talash?
– Raisning uli qiziga oshiq bo‘p qolganidan dimog‘i chog‘ deb aytdi birov, yana bilmadim…
– Yiqitsayam, yiqilsayam, raisning bolasini desa kerak u.
Odamlar to‘pi shu tarzda gurunglashgan ko‘yi oldimdan o‘tib ketdi. Ularning menga tarafdorligi ichimni ilitib, ko‘nglimni ko‘targan esa-da, biroq bizlarning garovlashganimiz ovoza bo‘lib ketganidan dilim g‘ash, ta’bim tirriq edi.
Ko‘p o‘tmay Shayxali va G‘iyos yonimga kelishdi. Uchovimiz ikki kun davomida zovur ortidagi paykal bo‘yida mashg‘ulot o‘tkazgan edik. Goh unisi, goh bunisi men bilan olishdi. Men ularni chirpirak qilib uloqtiraman. Uloqtirar ekanman, ikkovini qo‘shgan taqdirda ham bitta Davron bo‘lolmasligini ich-ichimdan his etaman. Sodda do‘stlarim esa meni astoydil alqashadi: “Qoyil, qo‘sh ho‘kizdan ham kuching ko‘p. Rost, sen g‘olib bo‘lasan”.
Biz kechki payt to‘yxona yonida uchrashishga kelishib xayrlashgan edik. Mana, ular hovliqqan ko‘yi yetib kelishdi.
– Yur, kurash ham boshlanib ketdi, – dedi G‘iyos maydon tomon alanglab. – Davronlarning joylashib olganiga ancha bo‘ldi.
Katta polvonlarga xos tarzda, boshimdagi jun qalpoqni ko‘zlarimgacha bostirib, qalin choponimga burkanib, ikkovining o‘rtasiga suqulib, odamlardan panalagan ko‘yi kurash maydoni tomon yurdim.
– Qo‘rqma, hayajonlanma, baribir sen yutasan, – deb qo‘yadi Shayxali.
Qor-qirovsiz kirib kelgan qish dimog‘idan sovuq havo purkab turardi. Bir haftacha burun yengil yog‘ib o‘tgan yomg‘irdan namiqqan dalalardan chirkin o‘t-o‘lanlar, xazon isi anqiydi.
Baland ustunlarga tortilgan simlarga osilgan lampa chiroqlar yog‘dusidan chor-atrof charog‘on edi. Kurash maydoni tegrasida qari-qartang qo‘r solib o‘tirar, ular ortida yosh-yalanglar tik turib polvonlarni kuzatar edi. To‘p-to‘p tomoshatalablar maydonga taqab qo‘yilgan yuk mashinalari, traktor tirkamalari ustida turib davraga zavq-shavq bilan tikilishib qiyqirishar, irg‘ishlashar edi.
Davra bakovuli o‘sha mashhur Ergash mirob ekan. Bir paytlar Davron unga hurmatsizlik ko‘rsatganini, kurashni g‘irrom baholadingiz deb yuziga solganini hisobga olsak, bu hakam ham menga tarafkash bo‘lib chiqardi.
– Ha, polvonjonlar, bo‘shashmanglar, jonli-jonli olishinglar, – deya chirkin somon, yog‘och qirindisi qalin to‘shalgan hovarda bellashayotgan o‘spirinlar atrofida aylanib turardi u, – zot kam bo‘lsa, hali yana qo‘shaman.
Xuddi shu gapni kutib turganday chorpaxil, xumkalla yosh polvon raqibini chalpak qilib yerga urdi.
Davra guvullab yubordi.
– Halol, jigitning haqini bering, – deb qichqirdi bakovul.
Biz tomoshabinlar to‘dasini yorib, o‘zimizga qulayroq joyga o‘rnashib oldik.
Ajab! Haligi gurungdan ruhlanib o‘zimga ishonch ortdimi, yo davraga suqulib, bellashayotganlarni ko‘rib polvonlik tomirim qabardimi, harnechuk, biroz xotirjam tortib qolgan edim. Davron garovga chorlagan o‘sha tundan beri yuragimni g‘ijimlab yotgan alam-iztirob, uyat-andisha, qo‘rquv qaylargadir bekinib qolganday edi.
Men zimdan yon-verimga ko‘z tashladim. To‘y egasi – To‘xtasin domla bir paytlar ta’kidlaganday, kichkina kurash musobaqasi bo‘lishiga qaramay, tomoshatalablarning haddan ziyod ko‘pligi bizning talashimiz, garovimiz butun qishloqqa yoyilganidan darak berardi. Hatto davraning bir chetida xotin-qizlar ham maydonni hurkibgina kuzatib turardi.
“Tanzila ham shu yerda-yov, axir bugun yakshanba” – shu fikr xayolimdan lip etib o‘tdi. Ammo yig‘ilgan ayollar orasidan uni ilg‘ay olmadim. Shu orada Davronga ko‘zim tushib qoldi. U davraning kunbotar tomonida, o‘z tarafkashlari orasida, xuddi menga o‘xshab kiyimlariga burkanib, kurash tushayotganlarni noxush kuzatib, o‘z gali kelishini betoqat kutib turardi.
Davra yana qiyqirib yubordi. Poxol to‘shamaga qorishib qolgan mag‘lub polvon gangigan ko‘yi o‘rnidan turdi. G‘olib esa ko‘krak kerib bakovul yordamchisi qo‘lidan o‘z sovrinini oldi. Mag‘lubning origa chiqqan, baland bo‘yli, mushak-muskullari bo‘rtiq yigit davra bo‘ylab ohista aylanardi.
– Jartepalik Nozim polvon! – deya uni tomoshabinlarga tanishtirdi bakovul.
G‘olib polvon sovrinni sheriklariga topshirib yana maydonga qaytdi.
To‘lin oy, ko‘k to‘la yulduzlar ham, nazarimda davraga yaqin kelib, bellashuvlarni ajablanib kuzatayotganga o‘xshardi.
Men yana yon-verimni zimdan kuzatdim.
Hurmatli mehmonlar o‘rnashgan joyda Quvondiq qaysar ko‘rinmas edi. Davron ikkimiz mashinada aytishib, qizarishib qolgan kuni u peshin payti allaqanday katta majlis bahonasida viloyat markaziga jo‘nab ketganini eshitgandim. Aftidan, u yoqdan hali qaytmaganga o‘xshaydi. Biroq bundan na quvonch, na tashvish his etdim.
Tomoshabinlarning qiyqirig‘i, g‘ala-g‘ovuri ostida kurash qizg‘in davom etardi. Bir payt to‘y egasi To‘xtasin domla lapanglab bakovulning yoniga keldi-da, uning qulog‘iga allanelarnidir uzoq shivirladi. Ergash mirob mamnun bir qiyofada bosh irg‘ab turdi. Shu orada harsillab olishib yotgan polvonlardan biri raqibini belidan quchib dast ko‘tardi, ammo zil-zambil yukdan nogoh o‘zi qalqib ketib, chalqanchasiga quladi, raqibi uni shu holatda bosib qoldi. Davra qiyqirib yubordi.
– Halol! Abror polvon g‘olib! – deya e’lon qildi bakovul.
Men yiqilgan kurashchini yaxshi tanirdim. Mahoratli, chapdast polvonlardan. Ammo hozir qo‘pol xatoga yo‘l qo‘yganini ko‘rib, o‘z tashvishimni ham unutib, xayolan unga dakki bera ketdim.
– Xaloyi-i-iq! – deb qoldi bir payt Ergash mirob qo‘llarini baland ko‘tarib, – to‘y egasi kamtar, kamsuqum odamligidan xabaringiz bor. Shuning uchun bugungi kurashimizga bittagina toboq qo‘ymoqchi. Hozir shu toboq uchun bo‘ladigan bellashuvni tomosha qilamiz-da, keyin oqsoqollardan bir duo olib kurashimizni yakunlaymiz.
Bakovul shunday dedi-da, yordamchisi uzatgan oq matoni olib o‘rtaga qo‘ydi.
– Mana, toboq! Shu toboqni yerdan oladigan talabgor polvon bormi?! Zoti katta bir ho‘kiz! Qani…
Ergash mirob so‘zini tugatar-tugatmas Davron maydonga otilib chiqdiyu, o‘rtadagi oq matoni qo‘liga olib, katta polvonlarga xos bir tarzda manglayiga tegizib qo‘yib, davrani bir aylanib, so‘ng yana joyiga borib o‘tirdi.
– Toboqni Davron polvon ko‘tardi! – deb e’lon qildi bakovul, – qani, oralaringizda unga talabgor bormi?!
Davron davra aylana boshlagandayoq Shayxali ustimdagi to‘nimni, G‘iyos boshimdagi qalpog‘imni yechib olib, meni kurashga shaylab turishardi. Men Mulla Mirzadan o‘rgangan oyatlarni chala-chulpa o‘qigan ko‘yi, adashmasam, garovlashgan kunimizdan beri o‘z-o‘zimga beshinchi bor dam sola boshladim. Ergash mirob yana qayta talabgorlar chorlagan payt Shayxali yelkamga turtdi.
– Soat, davay, omad senga! Xudo qo‘llasin!
Men belbog‘imni qayta bog‘lay-bog‘lay o‘rtaga chiqdim.
– Talabgor davraga tushdi! – deb e’lon qildi bakovul, aft-angoridagi ayyorona ifodaga qaraganda, u ham hamma shov-shuvdan xabardorga o‘xshardi, – o‘zimizning Norsoat polvon! O‘rtadagi zotga to‘y egasining jiyani tomonidan yana ellik so‘m qo‘shildi, bir ho‘kizu ellik so‘m! Bu hali hammasi emas… g‘olibni yana bir ajoyib mukofot kutib turibdi, uni ikkovlari yaxshi bilishadi.
Tomoshabinlar tarafdan qiqirlagan, pixillagan kulgular eshitildi.
Men ustoz Absal polvon o‘rgatganlariga amal qilib atrofimga alanglamay oyoq ostidagi poxol, qirindi to‘shamadan ko‘z uzmay davra aylanardim. Davron mendan sal oldinda, qo‘llarini belbog‘iga tirab, gerdaygan ko‘yi lapanglab odimlardi.
– Qani, polvonjonlar, boshlanglar, davra sovimasin, – dedi bakovul qo‘lidagi xivichni sermab.
Davron ilkis ortga burildiyu qo‘llarini havolatib hujumga o‘tdi. Men ham tovonlarimni to‘shamaga mahkam tirab himoya marrasini egalladim. Davra tuyqus jim-jit bo‘lib qoldi. Raqibim odatdagidek chalg‘ituvchi harakatlar qilib o‘tirmay, shiddat bilan tashlandiyu yaktagim yoqasidan tutdi. Men uning belbog‘iga qo‘l cho‘zdim. Ammo Davron ushlashimga yo‘l qo‘ymay zarb bilan siltab tortdi. Men nogoh tizzalab qoldim. Davra guvullab yubordi. Raqibim yana bir siltab ustimga o‘zini tashlaganda bormi, men to‘shamaga to‘shalib qolishim tayin edi. Ammo… ammo u hech kutilmagan payt yoqamni qo‘yib yubordi-da, yana shiddat bilan davra aylana boshladi. Men ham tizzalab qolgan joyimdan turib, yaktagimning yelkamdan sidirilib tushgan yoqalarini to‘g‘riladim. Davronning favqulodda jo‘mardligi meni allaqachon ruhan sindirganday, kuch-quvvatimning yarmini kesib ketganday tuyulardi. Bel-bilaklarimga biroz titroq kirdi.
Biz yana yuzlashdik. Bu gal men raqibimning belbog‘iyu yaktagini mahkam siqimlab, o‘zim tomon zarb bilan tortdimu, oyoqlari orasiga chil soldim. Biroq Davron oyoq bo‘g‘inlarini tarang rostlab chilimni chiqarib yubordi. Shu asnoda bellarimdan mahkam quchib meni azot ko‘tardiyu chap yelkasidan oshirib yerga tashladi. Men chalpak bo‘lib tushayotgan bir paytimda o‘zimni arang o‘nglab yuz tuban yiqildim.
Davra yana guvillab yubordi.
Davron yana shiddat bilan, boshini mag‘rur tutgan ko‘yi davra aylana boshladi. Men ham apil-tapil o‘rnimdan turdim-da, bo‘shashgan belbog‘imni qayta bog‘lay-bog‘lay uning izidan odimlay boshladim. Davronning mendan bu qadar kuchli, chaqqon va mahoratli ekanligini avvallari jiddiy bellashib ko‘rmaganimiz uchunmi, harqalay, bilmas ekanman. Men xiyla dovdirab qoldim. Na ikki kunlik betinim mashg‘ulotlarim, na ustoz o‘gitlari, na mulla Mirzadan o‘rgangan duolarim menga yordam berardi. Har qadamidan shiddat, kuch, ishonch yog‘ilib turgan raqibimga zimdan ko‘z tashlarkanman, navbatdagi qafasda masalam hal bo‘lishini ko‘nglim sezardi.
Ammo g‘olibona tirjaygan sharpa quchog‘ida to‘lg‘onayotgan Tanzila xayolimda jonlanardiyu, xuddi dimog‘iga sun’iy nafas yuborilgan behush bemorday sapchib-sapchib tushardim.
– Ha, polvonjonlar, – deya xitob qildi bakovul, – muncha ko‘p aylanib qoldilaringiz, nima, charchadilaringizmi? O‘rin-to‘shak qilib beraylikmi?
Davrada gurr kulgu ko‘tarildi.
Biz yana betma-bet keldik. Davron birdan o‘ziga tortib usul qo‘llashga urindi. Men qattiq himoyalandim. Raqibim goh o‘ngdan, goh chapdan yaqinlashmoqchi bo‘lar, turli aldamchi harakatlar qilar, men ko‘kragiga tirab olgan qo‘llarimni sidirib tashlashga urinar edi. Ammo baribir himoyamni yorib o‘tolmay meni qo‘yib yubordi-da, yana jahl bilan davra aylana boshladi. Nihoyat, bu safar ham arang qutulib qoldim.
Tomoshatalablarning men usul qilganda qiyqirishib, Davron hujum boshlaganda jimib qolishlari ham, ularning kim tarafda ekanligini ochiq-oydin ko‘rsatardi. Ustiga-ustak, Quvondiq qaysarning tomoshada yo‘qligi ham kuchlar nisbatini men tomon bosar edi. Biroq, bunday ustunlikdan qanday naf? Men tobora charchab, zaiflashib, Davron esa tobora quturib, jununga kirib borardi.
“Yiqilishga haqqim yo‘q, sira haqqim yo‘q, odamlar ham menga ixlosmand, – degan o‘y xayolimda charx urib aylanardi, – nima qilib bo‘lsayam yengishim kerak. Tanzilasiz hayot menga harom!”
Davron kimdir idishda uzatgan suvdan ho‘plab bir g‘arg‘ara qildi-da, og‘zidagi suvni qo‘llariga purkab, barmoqlarini namlab yana jo‘shqin o‘ynoqlaganicha maydonga qaytdi. Shu galgisi so‘nggi bellashuv bo‘lishini yuragim sezdi. Shu barobarida ko‘nglimning bir burchagida biqinib yotgan nopok, g‘irrom bir reja shilliqqurtday sudralib chiqdi.
“Konibodomlik do‘stim o‘rgatgan usulni qo‘llayman. Samboda qat’iy taqiqlangan deb ogohlantirgandi, shekilli… – deb o‘yladim raqibning baquvvat qo‘llaridan ko‘z uzmay, – boshqa ilojim yo‘q, yo, Xudoyim, o‘zing kechir, Tanzilani birovlarga berib qo‘yolmayman”.
Men payt poylay boshladim. Davron usul qo‘llash ilinjida oyoqlarimdan ko‘z uzmay irg‘ishlayotgan payt chap ilkining barmoqlari orasiga panjalarimni taroqday tiqib, ikkinchi qo‘lim bilan o‘ng tirsagi ustidan mahkam tutdim. So‘ng raqibim yaqin kelishiga atay qo‘yib berdim. Davron meni dovdirab qoldi degan o‘yda shiddat bilan usul qo‘llamoqchi bo‘ldi. Ammo men qayirib yuborgan barmog‘ining og‘rig‘idan birdan bo‘shashib ketdi.
– Ax! – dedi afti burishib.
Men shu lahzadayoq o‘ng qo‘lini bilagim bilan o‘rab bilagini tirsagidan qayirib yubordim. Davron bemisl og‘riqdan ko‘zlarini chirt yumib, yonboshga qulay boshladi.
Men yashin tezligida uni usulga oldimu, belimdan oshirib yerga urdim.
Davra gulduros solib hayqirib yubordi.
– Halo-o-ol!
Men chalpak bo‘lib tushgan Davronning ko‘kragidan bosib turardim. Kallam karaxt, ko‘zim ko‘r, qulog‘im kar edi.
– Halol, – deya yelkamga turtdi bakovul, – qo‘yvoring endi uni.
Shu asnoda o‘rtaga otilib chiqqan Shayxali va G‘iyos meni yetaklab maydondan olib chiqib, yelkamga to‘nimni tashlashdi, boshimga jun qalpog‘imni kiydirishdi.
Tomoshatalablar tobora kuchliroq qiyqirib, hayqirib, g‘olibni olqishlashar edi.
– Ey! Ey, xaloyiq! – deb qichqirdi Davron o‘ng qo‘lini silagan ko‘yi o‘rnidan turarkan, – Norsoat nomardlik qildi, qo‘limni qayirib yubordi. G‘irrom bu!
Tevarak-atrofdan masxaraomuz kulgular, istehzoli qiyqiriqlar eshitildi.
– Yiqilgan olishga to‘ymaydi, Davronboy!
– Yana qanday bahonalaring bor?
– Xarxashani otangga qilasan!
Shu orada bakovul yordamchisi kelib menga sovrin pulini uzatdi.
– Mana, Norsoatboy, oling, ona sutiday halol sizga. Ho‘kizni ertaga to‘yxonadan yetaklab ketasiz.
Men hanuz karaxt va parishon edim. Bakovul yordamchisining gaplari deyarli qulog‘imga kirmadi. Shayxali bir intilib uning qo‘lidan pulni oldi.
– Ey! Ey, yaxshilar! – deya Davron qo‘llarini qanotday yoyib javdiragan ko‘yi u yon-bu yon yugurgilay boshladi, – bu nomardlik-ku?! Qo‘limni sindirib qo‘yishiga sal qoldi! Agar aldayotgan bo‘lsam, meni polvon piri ursin!
Ergash mirob kinoyali kulimsirab uning qo‘lidan tutdi-da tarafkashlari turgan tarafga yetakladi.
Davron adashib qolgan yosh boladay atrofga alangladi. U, aftidan, meni izlardi.
– Ey, Norsoat! – deb baqirdi u alam bilan, – mard bo‘lsang maydonga chiq! Aybingni tan ol!
G‘ala-g‘ovur, qah-qahalarga ko‘milgan davra unga e’tibor ham bermadi.
– Qani, oqsoqollar! – dedi bakovul qariyalar to‘piga yuzlanib, – chiroyli bir duo qilib, kurashni yakunlaylik. Omi-i-in!
– Omi-i-n!
Men ko‘zlarimni ko‘kka opqochdim. Miltillagan yulduzlar go‘yo hurkib, uyalib g‘uj-g‘uj to‘planib olgandek edi. Sap-sariq to‘lin oy battar sarg‘ayib, so‘lib, behol bo‘zarib turardi.
Olomon duvva qo‘zg‘aldi. Maydonga taqab qo‘yilgan traktorlar tarillab, yuk mashinalar gurillab jildi. Ularning faralaridan taralgan yog‘du yaqin-uzoqdagi uylarni, g‘o‘zapoya, xas-xashak g‘aramlarini ola-chalpoq yoritdi. G‘ala-g‘ovur, kulgularu qiyqiriqlar har yon-har yon to‘zib qoldi.
Ana, Davron! U o‘zini yetaklab ketishga uringan tarafkashlarini siltab tashlab bo‘m-bo‘sh maydonda, poxol to‘shama ustida jazava bilan yurinib turardi.
– Ey, Norsoat, ey, qo‘rqoq, qayerdasan, mard bo‘lsang maydonga chiq! Hali oramiz ochiq emas, – deb bo‘kirardi u atrofga alanglab.
Biz g‘ildiraklari o‘rniga g‘isht qalab qo‘yilgan, nosoz o‘sha yuk mashinasi biqinida turardik.
– Qo‘ygin, unga e’tibor berma, ketdik, – dedi Shayxali bilagimdan tortib.
G‘iyos ham behafsala qo‘l siltadi.
– Endi tong otguncha shu, bo‘kirib turaveradi.
Ammo mening joyimdan jilgim yo‘q edi. Qandaydir kuch Davronning yoniga chopib borishga, yelkalariga do‘stona qo‘l tashlab, kechirim so‘rashga undardi.
– Ey, nomard, yaxshilikcha aybingni tan olmasang, polvon piri qarg‘aydi seni, ulug‘ ajdodlar ruhi uradi!
Do‘stim shu ahvolda ham kitobiy, tantanavor iboralarni tildan qo‘ymay, ixlosu ikrom bilan takrorlardi.
Bir payt, bilmadim qaydan chiqdi, qizg‘ish-sarg‘ish libosi lampa chiroqlar yog‘dusida olovday lovullab turgan Tanzila qunishgan ko‘yi Davronning shundoqqina qarshisida paydo bo‘ldi.
– Oh, Tanzila! Sohibjamol farishta! – dedi u xuddi kinolardagi ritsarlar kabi qiz qarshisida tiz cho‘kib, – biz hammasini ota-bobolar udumi bo‘yicha o‘tkazishga kelishgandik, lekin Norsoat g‘irromlik qildi, qo‘limni qayirib meni yiqitdi, o‘zing izn ber, kurashni sening ko‘z oldingda qayta o‘tkazaylik.
Davron gapirgan sayin jo‘shib, qulochini keng yoyib qiz tomonga sudraklanib yaqinlashardi. Men esa bu yoqda rashk-alam olovida qovrilib, qo‘llarimni musht qilib maydon taraf o‘qdek uchishga shaylanardim. Nazarimda, Tanzila hoziroq o‘zini nayrang qurboni quchog‘iga tashlab, yuz-ko‘zlarini silab, sevgisiga iqror bo‘ladigandek, Davron uni ozod ko‘tarib, tevarakka g‘olibona boqib qorong‘ulik qa’riga singib ketadigandek tuyulardi. Agar… shu tasavvurim chin bo‘lib chiqsa, men qarchig‘ayday uchib borib ikkisini ham burdalab tashlashga tayyor edim.
Ammo… ammo bir payt Tanzila to‘lib-toshib hasrat qilayotgan Davronning yuziga tarsaki tortib yubordi! So‘ng nimadir dediyu kaftlarini yuziga bosib, to‘yxona tarafga tez-tez yurib ketdi.
O‘rtanib o‘rmalayotgan polvon lampa chiroqlar yog‘dusi ostida hanuz tiz cho‘kkan ko‘yi haykalday qotib qoldi. Uning shu turishi kitoblardagi antik davr yunon-rum qahramonlari tasvirini eslatib yuborardi.
Bir mahal yonginamizdan qandaydir mashina shitob bilan o‘tdiyu maydon qarshisiga borib to‘xtadi. Undan militsiya mundiridagi uch barvasta yigit tushib xas-xashak to‘shamasi ustida hanuz parishon o‘tirgan Davron tomon yurishdi. Ulardan biri Halim Norbo‘ta o‘g‘li, uchastka noziri edi. Hoynahoy, shov-shuvlar qulog‘iga yetib borib, To‘xtasin domlaning to‘yida katta janjal chiqishidan xavotirlanib u boshqarmadan yordam kuchlari chaqirtirib qo‘ygan, vaziyatni zimdan kuzatib turgan edi.
Davron mundirli tartibot posbonlarini ko‘rdiyu irg‘ib o‘rnidan turdi. Halim Norbo‘ta o‘g‘li unga nimadir dedi.
– Menmi jinoyatchi?! – deb tuyqus qichqirib yubordi Davron siltanib, – jinoyatchi g‘irrom g‘alabasidan shishinib uyida o‘tiribdi! U qilmishi uchun qonun oldida, xalq oldida javob berishi kerak. Udumlarimizni oyoqosti qildi, nomard!
Ikki barvasta posbon orkash polvonning ikki yonidan tutib mashina tomon ishora qilishdi. Yo‘q, Davron ortiqcha jazavasiz ularga buysundi, aftidan, poytaxtdagi o‘sha uch sutkalik ta’lim-tarbiya hali-hanuz ta’sirini yo‘qotmagan ekan.
– Ketdik, – deb chuqur tin oldi yonimdagi G‘iyos, – bo‘ldi, endi tinchidi.
Yo‘q, Davron hali tinchimagan ekan. Mashina yoniga yetgan payt u posbonlar yetovidan bir siltanib chiqdi-da o‘ng qo‘lini musht qilib boshi uzra baland ko‘tardi.
– Quyosh hali botmagan!
Uning alam va iztirobga limmo-lim qiyqirig‘idan g‘uj-g‘uj yulduzlar pirpirab ketganday bo‘ldi.
– Quyosh hali botmagan! – beixtiyor pichirladik biz ham.
Davron o‘tqazilgan mashina yana shitob bilan jildi. Bir juft faraning o‘tkir nurlari yon-atrofni bir yalab o‘tdi.

Tanzila sermagan o‘sha tarsaki go‘yo Davronga emas, menga tegib ko‘zlarimdan o‘t chaqnab, karaxtligim tarqab, xiyla hushyor tortib qolgan edim. Ko‘zlarimda chatnagan o‘t shu’lasida qaltis qilmishimning butun sharmisorligi, vahimasi yaqqol ko‘rinib ketdi. G‘iyos va Shayxali hamrohligida uy tomon borarkanman, ich-ichimda tavallolar qilib Davrondan, Tanziladan, barcha-barchadan uzrlar so‘rardim. Ayniqsa, kaftlarini yuziga bosib ketayotgan Tanzila ko‘z oldimda bot-bot jonlanib, farishtaday pokiza bir qizni qanday noma’qul gap-so‘zga giriftor qilganimni yetmish ikki tomirim bilan his etib o‘kirib yuborgim kelardi.
Do‘stlar bilan ko‘cha boshida xayrlashdik. Bo‘lib o‘tgan mashmashalar ularning ham tinkasini quritgan, shekilli, ortiqcha gap so‘z qilmay, uy-uylariga yuzlanishdi.
Men o‘sha tanish muyulishda, o‘sha qayrag‘och yonida Tanzilani kutib turishni o‘ylagan edim. Ammo ich-ichimdagi allanedir bunga monelik qilardi. Go‘yo isqirt, iflos bir balchiqqa botib qolganmanu, bu ahvolda Tanzilaga ko‘rinishni istamasdim. Qalbim, ong-shuurim bo‘m-bo‘sh bir tarzda uyga kirib bordim.
Onajonim, yangam va akam meni kutib o‘tirgan ekan.
Akam bo‘lib o‘tgan kurash tafsilotlarini to‘lqinlanib aytib bergan shekilli, yangam meni ko‘rdiyu sho‘x-sha’n ko‘z qisib qo‘ydi.
– Bolam, bu nima qilganlaring, bolam, – deb zorlandi onajonim ro‘moli uchi bilan og‘zini bekitib, – hammayoqqa sharmanda bo‘ldik-ku, Tanzila bechora endi qanday bosh ko‘tarib yuradi?
– Xola, muncha vahima qilavermang, – deb chimirildi yangam, – qishloqning eng zo‘r yigitlari uni deb yoqalashsa, qiz xafa bo‘ladimi, qaytam boshi osmonga yetadi. Qani edi biz uchun ham birov garovlashsa.
– Ey, o‘chir ovozingni, – deb po‘pisa qilgan bo‘ldi akam xotiniga.
– O‘ho‘-o‘, siz nega nam tortayapsiz? Garovda boy berib qo‘yishingizni bilasiz-da, a…
Akam indamay unga o‘qrayib qo‘ydi.
– Yanga, iliq suv qilib bering, yuvinib olay, – dedim pichirlab.
– Xo‘p, polvonjon, xo‘p, – dedi yangam ildamgina o‘rnidan turib, so‘ng ayyorona kulimsiradi, – shuncha dardingiz bor ekan, armiyaga ketishdan avval o‘zimga sal shipshib qo‘ymaysizmi, qayniginam, hammasini hal qilib qo‘yardim.
Akam g‘ijinib bosh chayqadi.
– Ey, ko‘p gapirma, shusiz ham Norsoat rosa charchadi.
Men ko‘rpachaga tizzalab onajonimning yelkasiga suykaldim.
– Ena-a, kechiring, shunday bo‘p qoldi-da. Davronning o‘zi garang qildi.
– Voy, bolam-yey, – deb onajonim sochlarimni siladi, – senlar bu yoqda shoxlashib yotsalaring, Tanzila boshqa birovni desa-chi.
Men beixtiyor onajonimning ro‘moliga yuzlarimni yashirdim.
– Yo‘q, ena-a, yo‘q, unday demang.
Akam tizzalariga shapatilab xoxolab kuldi.
O‘sha tun yangam ilitgan suvda obdon yuvindim. Bel-bilaklarim qaqshab og‘rirdi. Bir payt akam imlab uyga chaqirib oldi.
– Norsoat, asablaring chatnab ketdi, – dedi akam bir piyolani to‘lg‘azib aroq quyarkan, – shuni ichib yubor, esam, uxlayolmaysan.
Men beixtiyor buysundim. Achchiq suyuqlik ich-ichimni kuydirib o‘tdi. Ammo allanechuk yengil tortdim. Shundagina qornim nihoyatda ochiqqanini his etdim.
– Yana quying, – dedim bir bo‘lak yaxna go‘shtni huzurlanib chaynar ekanman, – o‘ldirsa, birdan o‘ldirsin.
Chindan ham ikkinchi piyolani bo‘shatib apil-tapil ovqatlandimu o‘likday qotdim. Ertalab uyg‘onganimda kun xiyla yorishib qolgan ekan. Yaxshi dam olganman shekilli, suyaklarim yengil, miyam tiniq edi.
– To‘xtasin domlanikiga borarkansiz, tayinlab ketishdi, – dedi yangam yuz-qo‘limni yuvib dasturxon yoniga o‘tirgan paytim, – Quvondiq rais ham o‘sha yerda emish.
Onam menga tashvishlanib tikildi.
– Nima qilib qo‘yding-a, bolam. Endi rais bizni tinch qo‘yadimi?
Bo‘lib o‘tgan voqealar yana esimga tushib ko‘nglim birdan g‘ash tortib qoldi. Ammo sir boy bermay:
– Kecha bakovul ho‘kizni to‘yxonadan opketasan, deb aytgandi, shunga chaqirishgandir-da, – dedim bir burda nonni zo‘rg‘a yutib.
Havo tund, andak sovuq edi. Yulingan tovuq patlariday to‘zg‘in bulutlar ko‘kda suzib yurardi. Maktab tomondan bolalar qiy-chuvi eshitiladi.
Men choponimga burkanib to‘yxonaga kirib bordim. Hovli o‘rtasidagi qalin ko‘rpachalar to‘shalgan chorpoyada, osh-ovqatlar mo‘l-ko‘l dasturxon atrofida, bir to‘p oqsoqollar o‘rtasida Quvondiq qaysar hamishagidek gulduros ovozda gurung berib, hammani og‘ziga qaratib o‘tirardi.
– Bundan keyin raykom, obkom degan xo‘jayinlar bo‘lmaydi, eshon buvajon, bundan keyin hokimlar rahbarlik qiladi.
Men rais ehtirom bilan murojaat qilayotgan oppoq soqolli, qoshlari qalin, rang-ro‘yi tiniq, o‘siq soqollariga quyuq oq oralagan Karamxon eshon bovani tanib negadir ko‘nglim yorishib ketdi.
– Assalomu alaykum!
Qiroat bilan salom berdim-da, chorpoya atrofini chaqqongina aylanib avval eshon bova bilan, so‘ng boshqalar bilan qo‘l uzatib ko‘rishib chiqdim. Quvondiq qaysar bahaybat kaftlari orasiga qo‘llarimni olarkan, qizg‘in silkitib qo‘yganday bo‘ldi.
– Kecha qishlog‘imizda ko‘p g‘ala-g‘ovur bo‘pti, siz ham eshitdingizma, eshon buva, – deb iljaydi rais, – ayniqsa, To‘xtasin domillaning kurashi xo‘b boshqacha bo‘pti-da.
– Ha, eshitdim.
– Bizning bolalar bir bemaza ish qilishibdi-da.
– E, bemaza joyi yo‘q, – dedi jilmayib eshon bova, – yoshlik shunisi bilan qiziq-da, shunday ajoyibotlar esda qoladi-da.
Oqsoqollardan biri gurungga aralashdi.
– Chin aytasiz, taqsir, kechagi kurash juda qiziqarli bo‘ldi. Hatto bizning ham maydonga tushgimiz kelib ketdi.
Men chorpoya qarshisidagi, ustiga ko‘rpacha tashlangan uzun o‘rindiqning bir chetida tavoze bilan o‘tirardim.
– Eshon bova, bu jigitni tanidingizmi, – deb qoldi Quvondiq qaysar menga ishora qilib, – rahmatli Eshqobil oshnamning uli, Norsoat polvon.
– Yoshlarni bir ko‘rganda tanib olishim qiyin-da, lekin rahmatli Eshqobilboy juda yaxshi odam edi.
– Shu jigit bilan bizning o‘g‘il kechagi hangomalarning boshida turgan.
– Ha, shundaymi, – deb kulimsiradi Karamxon hazrat.
Shu payt darvozadan hurpaygan ko‘yi Davron kirib keldi. Ikki yonga singan qanotday osilib turgan kalta charm kamzuli, chala-yarim o‘tkazilgan qalin ko‘ylak tugmalari uning istar-istamas, nari-beri kiyinganidan darak berardi. Nazarimda, Quvondiq qaysar to‘y bahona uzoq-uzoqlardan kelgan Karamxon eshonning oldida bizni yarashtirib qo‘yish uchun atay chaqirtirgan edi.
– Bizning o‘g‘il shu jigit, – deb qo‘ydi rais.
Davron ham xuddi men kabi chorpoyadagilar bilan ko‘rishib chiqdi-da, o‘rindiqning narigi chekkasiga omonatgina ket qo‘ydi.
– Norsoatga yaqinroq o‘tir, – dedi Quvondiq qaysar qo‘rs bir tovushda, – do‘stlar ham shunday arazlashadimi?
Davron yana irg‘ib o‘rnidan turdi.
– Bu mening do‘stim emas. Nomard, g‘irrom odam bilan hech qachon do‘st tutinmayman.
– Polvonchilikda shunday-shunday bo‘p turadi-da, – deb bosh irg‘adi oqsoqollardan biri, – endi yarashinglar, uyat bo‘ladi.
– Mayli, men yarashaman. Lekin avval manovi nomardlik qilganini ochiq tan olsin.
– Ey, gurri, – Quvondiq qaysar o‘g‘liga qahr bilan qaradi, – eshon buvaning oldida tomosha ko‘rsatma, joyingga o‘tir, yiqilishga yiqilibsan, endi nima… arpa uni bahona bo‘p qoldimi?
Davron bir sapchib tushdi. So‘ng:
– Menga ishonmayapsizlar-a, – dedi orqaga asta-sekin tisarilar ekan, – manovining qilmishini ma’qullab turibsizlar-a, unda… men oxirgi so‘zimni aytaman, bu qishloqda yo nomard Norsoat yashaydi, yo men… Xayr.
Davron ilkis burildiyu ko‘cha tomon yugurgilab ketdi. Keta-keta darvoza yonida odatdagiday qo‘lini boshi uzra to‘lg‘adi.
– Quyosh hali botmagan!
Uning tovushi bu gal ancha past, lekin tahdidli, tazyiqli tarzda chorpoyagacha yetib keldi.
– Bizning o‘g‘il shunday tentak-da, – deb qo‘ydi xijolatomuz Quvondiq qaysar.
– Unday gapni qo‘ying, rais, buning hammasi yaxshilikka, – dedi Karamxon eshon bova bosh irg‘ab, – hali hammalaringiz ko‘p xursand bo‘p qolasizlar. Qani, hozir shu ikki polvon bolalarning haqiga bi-ir duo qilaylik, omi-i-in… – u kishi qo‘llarini fotihaga ochib, ko‘zlarini yarim yumib, arabiy lahjada uzoq pichirladi, so‘ng ovozini balandlatib qo‘shimcha qildi, – iloyo, yigitlarimizning manglayida iqboli porlab tursin, el-yurtning orini ko‘tarib, qo‘shgani bilan qo‘sha qarib, o‘zlaridan ko‘payib yurishsin, omin!
– Omi-i-n! – deya fotihaga qo‘shildi chorpoyada o‘tirganlar, jonsarak yurgan xizmatchilar, kattayu kichik barchasi.
O‘sha choshgoh uzundan-uzun qilingan duo Davronga yetib borgan-bormagani menga qorong‘u, ammo kechga yaqin ma’lum bo‘ldiki, orkash polvon to‘yxonadan chiqa solib, to‘ppa-to‘g‘ri uyiga kelib, kiyim-kechak, lash-lushlarini bir jomadonga joylab allaqayoqqadir jo‘nab ketibdi!
Men ham qishloqda qolmadim. Kutilmagan mashmashalar bosilguncha qo‘ni-qo‘shni ko‘ziga ko‘rinmay tursin dedimi, harqalay, onajonim, meni qo‘yarda-qo‘ymay, o‘sha ishbilarmon pochchamlarnikiga jo‘natib yubordi. Opanglar bir og‘il qurishgan ekan, hali tomini yopishga ulgurmabdi, yog‘in boshlanib ketmasidan shuginani butlab olay deb pochchang bechora bir o‘zi tirishib yotgan emish, borib, uch-to‘rt kun qabatida turgin, dedi.
Onajonimning qiyin-qistovi, ochig‘i, menga ham ma’qul tushdi. Chunki o‘zimning ham bir yoqlarga bosh olib ketgim kelib yurgandi. Eshon bova oq fotiha berganining ertasi kuni, hali Tanzila bilan gaplashib ololmaganimdan ko‘nglim g‘ash bo‘lsa-da, safar to‘rvasini orqaladim.
O‘sha yili qish botinib-botinmay bo‘sag‘ada uzoq turib qoldi. Dekabr oyi sob bo‘lib borayotganiga qaramay, To‘xtasin domlaning to‘yidan roppa-rosa bir haftacha avval andakkina namlab o‘tgan yomg‘irdan boshqa osmondan biror tomchi tushmadi. Goho ko‘k yuziga bir-birini turtib, surib-sudraklab bahaybat, qop-qora bulutlar chiqar, qanchadir payt o‘zlarini tantanavor namoyish etishgach, ortlarida sovuq, muzdek havo qoldirib olis-olislardagi tog‘lar taraf bosh olib ketishar edi.
Qassobga yog‘, echkiga jon qayg‘usi deganlari chin ekan. Hamma yog‘in bo‘lmayotganidan nolib, ko‘kka umidvor termulib yurgan bir paytda, pochcham chala ishlarini chamalab, yana bir haftacha kun ochiq bo‘lsin-da, deb o‘zicha iltijo qilardi. Ikkovimiz qattiq kirishib to‘rt kun ichida tomni yopdik, xashak g‘arami ustini suv o‘tmas mato bilan qopladik.
“Sizlarning joylaringizdan bu yer yaxshi, suv mo‘l, chorvaga ham, dehqonchilikka ham qulay, – deb qoldi pochcham qaytar kunim, – oldimizga ko‘chib kelsalaringiz ma’qul ish bo‘lardi-da, avval ham enangizga aytgandim, ulim armiyadan kelsin-chi, maslahatlashamiz degandi”.
Mening tomog‘imdan non o‘tmay qoldi.
“Ko‘chamiz?! Qayoqqa. Tanzilani tashlab-a?” – degan o‘y meni darhol oyoqqa turg‘azdi. Hoziroq jo‘nab ketmasam, go‘yo ular meni umrbod ushlab qoladigandek, Tanzilani boshqa hech qachon ko‘rolmaydigandek tuyuldi. Mening hovliqib, shoshib qolganimdan opam ham, eri ham hayron, taklifim yoqib tushdi, degan xayolda pochcham mamnun iljayadi.
Hatto meni o‘zining “Moskvich” mashinasida shahargacha olib kelib qo‘ydi.
– To‘yga aytish esdan chiqmasin, – dedi u kulib.
– Hali erta, – dedim ichimni it tirnab.
– Qo‘rqmang, oz qoldi, – dedi u sho‘x-sha’n ko‘z qisib.
Ha, pochcham ham uncha-muncha avliyodan qolishmas ekan!
Qishloqqa keldimu uyimizda boshlanib ketgan to‘y taraddudini ko‘rib bunga amin bo‘ldim. Onajonim quvonchdan o‘zini qo‘yarga joy topolmaydi, yangamning ham yuz-ko‘zi to‘la tabassum, akam bir gapirib o‘n kuladi. Xonadonimiz nurga, fayzga to‘lib-toshib ketgan edi. Tafsilotlarni keyin eshitib bildim.
Men pochchamnikiga ketgach, ertasi kuni uyimizga Quvondiq aka odatdagidek gulduros solib kirib kelibdi. So‘ng akamni yetaklab to‘ppa-to‘g‘ri usta Abilnikiga boshlab boribdi. Mulla Mirzani ham allaqachon chaqirtirib qo‘ygan ekan. Raisimiz birdan masalani ko‘ndalang qo‘yibdi. Abilboy, bir farzandingizni ikkita qilgani keldik, bizning Norsoatboy sizning xonadoningizga munosib kuyov emas, o‘g‘il bo‘ladi, qizingiz Tanzilaoyga sovchilikka keldik, debdi. Mulla Mirza taomilga ko‘ra, bir-ikki kun muhlat bering, o‘ylashib, maslahatlashib ko‘raylik, deb tixirlik qilgan chog‘, Quvondiq qaysar xoxolab kulganicha, qariyaning ixchamgina jussasini bahaybat quchoqlariga olib, xushomad so‘zlardan aytib uni ham op-oson ko‘ndiribdi. Hatto raisimiz oshxonada karaxt turgan Tanzilaning yoniga borib, allanelardir deb, qizni bir qizartirib, bir kuldirgan emish.
– Shu kunning o‘zidayoq, kechki payt, bir qo‘yni so‘yib, oqsoqollarni chaqirib, ustanikida non sindirdik, to‘y maslahatini ham pishitib oldik, – deya hikoyasini yakunladi akam.
Men hayronu lol edim. Quvonchu hayajondan o‘zimni qo‘yarga joy topolmay, goh uyga kiraman, goh ko‘chaga chiqaman. Bir payt… bir payt hovliqqan ko‘yi kiyinishga tushdim va… taxtaday qotib qoldim! Axir, men… men xushxabarni yetkazish uchun Davronning yoniga shoshilayotgan edim! Yo, Xudo, bu qanday siru sinoat, o‘z shodligimdan o‘zim mast bo‘lib, do‘stimdan, aziz, yagona do‘stimdan ajralib qolganimni unutdimmi?
Men bo‘shashgan ko‘yi ko‘rpacha ustiga yalpayib qoldim.
Davron shu ketganicha qishloqqa qaytmadi. Mish-mishlarga qaraganda, men to‘y taraddudi ustidan chiqib qolgan o‘sha kunlar u viloyat markazida, akasining uyida biqinib yurgan ekan.
Unashtiruv haqidagi xushxabar ham meni tinchlantira olmadi. Men Tanziladan xavotirda edim. “Nahotki, u op-oson rozi bo‘lgan? Yo ota-ona qistovidan, raisning aralashuvidan noiloj ko‘ndimikan? Yo‘q, u bilan gaplashib ko‘rishim kerak. Qilmishlarimni ochiq-oydin aytib, Tanziladan uzr so‘rashim shart. Butun bir qishloqni nayrangimga jo‘ngina ishontirgandirman, lekin Tanzilani hech qachon aldamayman, alday olmayman! Men chimildiqqa yorug‘ yuz, toza yurak bilan kirishim kerak”.
Shunday o‘ylar silsilasida Tanzilaning shanba-yakshanba qishloqqa kelishini ham kutmay shaharga otlandim. Ammo avtobusda tiqilib, tanish-bilishlarning ko‘ziga ko‘rinib, ular bilan gaplashib yurishga tobu toqatim yo‘q edi. Ko‘nglim yolg‘izlikni, beadoq xayollar og‘ushida lazzatlanishni, o‘rtanishni tusardi. Shu sababli katta trassagacha yayov chiqishga, u yerdan biror bir ko‘likka ilashib ketishga qaror qildim.
Oftob obdon artilgan askar tugmasiday yaltirab turgan iliqqina kun edi. Qarshimdan esgan yengil shamol qovjiroq o‘t-o‘lanlar isini dimoqqa keltirib urardi.
Men shag‘al to‘shamali yo‘l cheti bo‘ylab ketarkanman nenidir, kimnidir unutib qoldirganday ortimga, atrofimga beixtiyor alanglab olardim. Sog‘inchmi, intiqlikmi, yuragimdan zardobday sizib turardi.
Ana, izlaganim, ana! “Kengsoy burgutlari”ning muqaddas makoni hisoblanmish tutzor yonidan o‘tayotgan chog‘im men uni ko‘rdim! Yovqur, mag‘rur qiyofasi ko‘z oldimda jonlanib, o‘ktam ovozi, zavqli kulgulari quloqlarim ostida jaranglab entikib qoldim. Ammo u menga qaramadi. Jazava bilan silkinib yo‘l bo‘ylab keta boshladi. Men emrana-emrana ergashdim.
“Davron, kechir meni, do‘stim! Ketma, qishloqqa qayt, jo‘ra! Seni juda sog‘indim. Xuddi yarmim yo‘qday yuribman. Axir tomirimiz tutash deganding-ku, meni qanday tashlab ketasan. Senga aytar gaplarim ko‘p, do‘stim. Qaytsang, mayli, sen istaganday kechirim so‘rayman.”
Ammo Davron qayrilib ham qaramadi. Yerdan ko‘z uzmay, qo‘llarini asabiy to‘lg‘ab-to‘lg‘ab ketib borardi.
“Ey, shoshmagin, biroz to‘xtab gapimni eshit. Aslida hammasini o‘zing boshlading-ku, Tanzilani sevmaysan-ku, nega unga to‘satdan chippa yopishib olding, hayronman. Davron, kechir meni, o‘sha kuni boshqa ilojim qolmadi. Axir, sevgan qizimni op-oson birovlarga topshirib qo‘ymayman-ku. Do‘stim, hozir menga juda-juda keraksan, sensiz xuddi paypaslanib yurgan ko‘rga o‘xshab qoldim. Davron, mayli, meni tepkilab tashla, suyaklarimni sindir, lekin yonimga qayt, do‘stim, yonimga qayt…”
Biroq u baribir qaytmadi. Qaylargadir singib yo‘qoldi. Men mashinalar signalidan cho‘chib atrofimga alangladim. Shahar! Ajab, ming bir xayol, ming bir iztirobu tavba-tazarrular girdobida charx urib, qachon, qanday viloyat markaziga yetib kelganimni ham bilmay qolibman.
Shahar tund va parishon edi. Ko‘cha-ko‘y, bekatlar odamlar bilan gavjum. Mashinalar u yon-bu yon chinqirib yeladi. Qurum ichidan, chirkin chiqindilar badbo‘yidan ko‘ngil ayniydi.
Tanzilalar o‘qiydigan texnikum shundoqqina katta yo‘l bo‘yida ekan. Aftidan dars payti bo‘lsa kerak. Temir panjara bilan o‘ralgan hovlida bir-ikki jonsarak yurgan yosh-yalangdan boshqa hech kim ko‘rinmaydi.
Men atrofimga alanglagan ko‘yi qo‘sh qavat, uzun binoning qo‘sh tabaqa, rangi uniqib, bo‘yoqlari ko‘chib qolgan kirish eshigiga yaqin bordim. Shu payt eshik sharaqlab ochildiyu uch nafar qiz bir-birini turtib-surib, baralla kulishib tashqariga otilib chiqdi. Oldda kelayotgan, sarg‘ish ko‘ylak ustidan guldor jemper kiygan, qo‘lida bir juft daftar tutgan qiz nogoh oyog‘imni bosib oldi.
– Voy, kechirasiz.
Qiz shunday deya yuzimga qaradiyu taxtaday qotdi.
Men esa allaqachon unga angrayib qolgan edim.
– Tanzila?!
Menga bir lahza, bir lahzagina yuzlangan chehra behad suluv, behad jozibali edi! Manglayni qoplab turgan jingil-jingil soch tolalari, tip-tiniq yuz, qop-qora, qilichdek qoshlar, uzun-uzun kipriklar ostidagi hurkak ko‘zlar, hamma-hammasi, meni butkul sehrlab qo‘ydi. Bunday go‘zallikka erishish uchun necha-necha davronlarning qo‘li tugul, bo‘ynini ham qayirib yuborishga tayyorligimni ich-ichimdan his qildim, hatto, o‘zimni aybdor sanab yo‘l-yo‘lakay tavba-tazarru qilganimdan uyalib ketdim.
– Tanzila, men… sening oldingga…
– Nega keldingiz? – dedi qiz chimrilib. So‘ng ilkis burildiyu qo‘lidagi daftarini yuziga tutib binoning orqa tarafiga yugurgilab ketdi. Men unga ergashdim. Ikki dugona ajablanib, qiziqsinib bizni andak kuzatib turgach, o‘zaro ma’noli ko‘z urishtirib, kulishib ko‘cha tomon ketdi.
Tanzila hovli to‘ridagi, o‘siq butalar panasidagi suyanchig‘i siniq yog‘och o‘rindiqqa borib o‘tirdi. U daftarini yuziga bosgan ko‘yi silkinib-silkinib yig‘lardi.
– Tanzila, senga aytar gaplarim bor, – dedim qiz qarshisida sarosimalanib turarkanman.
U ilkis bosh ko‘tardi. Qop-qora ko‘zlari jiqqa-jiqqa yosh edi.
– Hamma gaplaringizni Quvondiq aka yetkazdi. Yana nima demoqchisiz?
– Men seni sevaman… jonimdan ham ortiq ko‘raman, – dedim botinmaygina uning yoniga o‘tirarkanman.
Tanzila daftar tutgan qo‘llarini tizzalari ustida qovushtirgan ko‘yi, qarshisidagi qip-yalang‘och atirgul butasiga termulib, lablari qimtinib unsiz yig‘larkan, sizib chiqqan g‘unchasimon ko‘z yoshlari bir lahzagina yonoqlarida turib qolardi.
Men qovushgan qo‘llar ustiga ohista qo‘limni qo‘ydim. O‘z dard-alamlari bilan andarmon bo‘lib qoldimi yo holi zabunimga achindimi, ishqilib, Tanzila meni siltab tashlamadi.
– Iltimos, ishon, – dedim vaziyatdan botirlanib, – seni juda qattiq sevaman. Seni hammadan, hatto, o‘zimdan ham qizg‘anaman.
Tanzila hiqillab, sho‘rqillab chuqur tin oldi.
– Bor-yo‘g‘i bir juft so‘z ekan-ku, men… men shuni besh yil kutdim. Besh yil-a… har uchrashganda yuragim qinidan chiqquday bo‘ladi, hozir aytadi, hozir aytadi, deb o‘ylayman, o‘zimcha bir kulib qochib ketishga chog‘lanaman.
– Besh yil deysan-a, ehe-ye, tutzorda ikkimiz quvlashgandan beri men faqat seni o‘ylayman, kechayu kunduz o‘ylayman.
– Siz esa… – deb davom etdi Tanzila go‘yo gaplarimni eshitmay, – meni ko‘rsangiz otamning hol-ahvolini so‘raysiz, bobomni eslab qolasiz, bir darslarni muhokama qilasiz, bir etigim bilan qiziqasiz, bor-yo‘g‘i bir juft so‘zdan esa darak yo‘q.
– Tanzila… men sevgimni aytishga juda ko‘p urindim, lekin doim seni xafa qilib qo‘yishdan qo‘rqdim, menga boshqa ko‘rinmay qolsang, o‘lib qolardim, chin.
Qiz tegib-tegmay turgan barmoqlarim ostidan o‘ng qo‘lini tortib oldi-da, kafti bilan yuz-ko‘zlarini artdi va… bilibmi-bilmaymi, qo‘lini yana qo‘lim ustiga qo‘ydi! A’zoi badanimga yoqimli bir titroq indi.
– Qaynilar ko‘pincha yangalar bilan sirdosh bo‘larmish, – deb pichirladi u, – biror narsa aytgansizmi deb Salima chechamning og‘ziga qarayman, qayoqda, zaril gapni ololmay, uyga muzlab qaytaman, balki, do‘sti bilan dardlashgandir deb Davron akamga yukinib boraman, armiyada bo‘lgan paytlaringiz, unga ham juda ko‘p xat yozdim, javoblar ichidan, senga bir sirni ochaman, do‘stimning dardi qattiq, degan so‘zlarni intiq izlayman, lekin umidlarim chil-parchin bo‘ldi.
Davronning nomi tilga ko‘chdiyu, yuragimning bir chekkasida biqinib yotgan shilimshiq g‘ashlik yana buruqsib ko‘tarildi, hozirgina to‘lqinlanib turgan tuyg‘ular qaylargadir chekinib ketdi.
“Hammasini ochiq-oydin qilishim kerak, – deb o‘yladim ta’bim tirriq tortib, – aybimni tan olishim, kechirim so‘rashim shart, erta-indin kech bo‘ladi”.
Tanzila bir nuqtaga tikilgan ko‘yi xuddi o‘z-o‘ziga gapirganday hanuz o‘pka-gina qilardi.
– Hammasi boshqacha bo‘lishini kutgandim, ming xil orzular qilgandim, endi o‘ylab ko‘rsam, g‘irt sodda, tentak, xayolparast ekanman, nimalarni tasavvur etganimni eslasam, hozir ham uyalib ketaman. Domlaning to‘yi kuni… – qiz ortiq gapirolmay, shartta qo‘limni siltab tashladiyu daftari bilan yana yuzini bekitdi.
– Tanzila, – dedim yurak yutib, – meni kechir, hammasi uchun kechir, ayniqsa, o‘sha voqealar uchun alohida uzr so‘rayman, aslida hammasini Davron boshladi.
– “Davron boshladi” deysizmi, – Tanzila daftarini tushirib, yana qip-yalang‘och atirgul butasiga xayolchan tikilib qoldi.
– Ha, hamma qilg‘ilikni u boshladi.
– Aytdim-ku, g‘irt tentak, xayolparastman deb. Davron biror nojo‘ya gap aytgan bo‘lsa, meni himoya qilib chiqqansiz, deb o‘z boshimga quvoniblar yuribman-a… Hatto, o‘qishdagi dugonalarimga ham maqtanib qo‘yibman.
Bilmadim, qanday epladim, bu gal gapimni darrov o‘nglab oldim.
– To‘g‘ri, to‘g‘ri o‘ylapsan, chindan ham Davron bir-ikki noma’qul gapirgandi, ikkovimiz janjallashib qoldik. Keyin… kurashadigan bo‘ldik.
Qiz indamay, o‘qtalgan nayzaday shox-shabbalarga xayolchan termulib turaverdi. Nazarimda u, xiyonatkorona qilmishimga iqror bo‘lishimni ilhaq kutardi.
– Tanzila, – dedim yana yurak yutib, – men… men seni aldayolmayman, to‘g‘risi, pok muhabbatga yolg‘on aralashishini istamayman.
Qiz hurkak ko‘zlarini jovdiratib, uzun-uzun kipriklarini pirpiratib yuzimga xavotir bilan qaradi.
– Tinchlikmi?
– Men… o‘sha kuni g‘irrom kurashdim, nomardlik qildim…
Tanzila yana daftarini yuziga tutdi. Yelkalari, soch turmaklari silkina boshladi. Men uning uvvos tortib yig‘lab yuborishini kutgandim. Ammo…
– Nima, men g‘irromchilikka arzimaymanmi? – deb sharaqlab kulib yubordi u, – halol kurashganingizda ikki qo‘lni burunga tiqib qolib ketardingiz-da.
– Men… nomardman…
Shu payt… shu payt Tanzila nogoh yelkamga boshini qo‘ydi. Go‘yo shundoqqina ko‘z oldimda rangin-rangin kapalaklar qanot yoyib yuborganday bo‘ldi. Men ularni cho‘chitib yuborishdan, qaltis qimirlab birortasini bexosdan ezib qo‘yishdan qo‘rqib, nafasimni ichga yutgancha taxtaday qotdim.
– Qo‘rqmang, – deb pichirladi qiz, – men na Oybarchinman, na malika Diloromman… o‘sha Davroningiz ming marta mardlik pesh qilsayam baribir unga tegmasdim.
Tanzilaning so‘zlari deyarli qulog‘imga kirmadi. Uning ko‘ksim tomon egilgan boshi tanish, juda tanish manzarani esimga solar, o‘sha bolalik, o‘sha tutzor, bolalar qiy-chuvidan cho‘chib men tomon talpingan qizaloq ko‘z oldimda jonlanar, xuddi o‘sha lahzadagi kabi o‘zimni mard, jasur his etib, tanish, juda tanish tuyg‘ulardan boshim mastona aylanar edi.
– Tanzila… jonim… jahonim…
– Men siz uchun yaralganman, – deb pichirladi qiz, – bunga o‘sha tutzor bo‘yidayoq ishonganman.
– Biz bir-birimiz uchun yaralganmiz.
Men qizni ohista quchog‘imga tortdim.

Biz Absal polvonni unutgan edik.

Qish o‘tib, bahor endi bo‘y ko‘rsatgan kunlarning birida, Tanzila amaliy mashg‘ulotga chiqib, qishlog‘imiz maktabiga qatnab yurgan paytlari ikkimizning nikoh to‘yimiz bo‘lib o‘tdi. To‘yga yana Quvondiq qaysarning o‘zi bosh-qosh bo‘ldi. Shahardan mashhur hofizlarni chorlatdi. Davron o‘sha-o‘sha ketgan ko‘yi qishloqqa qaytib qadam bosmadi. Poytaxtga borib, u yerda qandaydir tayyorlov kursida tahsil olayotgani haqidagi gap-so‘zlar qulog‘imga chalindi. Quvondiq akaning xotirjam qiyofada, hamishagidek guldirab yurishi ham o‘g‘li masalasida hech bir muammo yo‘qligidan darak berardi.
Men do‘stimdan ayrilib qolgan edim! Muhabbat mojarolari tinib-tinchib, ertak erkalaridek murod-maqsadimga yetgan bo‘lsam-da, ko‘nglim g‘ash, ruhim bezovta edi. Nogoh noyob narsani sindirib qo‘yib, kattalarning muqarrar jazosini kutayotgan bolakayday jovdirardim. Yo‘q, yo‘q, gavjum joyda ishtoni yirtig‘ini yashirishga behuda urinayotgan nodon dovdirga o‘xshardim. Faqatgina Tanzilaning sevgi-muhabbatga limmo-lim qarashlari, baxt ufurib turgan iforlari, sirli shivir-shivirlari vaqtinchalik og‘riq qoldiruvchi malham kabi meni ovutar, yorug‘lik va’da qilar, yuragimga taskin berar edi.
Ayniqsa, tantanali to‘yimiz kuni Davronning o‘rni juda-juda bilindi. Garchand biqinimda G‘iyos kuyovjo‘ra sifatida g‘o‘ddayib turgan bo‘lsa-da, o‘zimni tubsiz jar labida his qilib, yonimga qarashga ham botinmay beixtiyor kelinning pinjiga tiqilar edim. Mening talpinishlarimni o‘zicha tushungan Tanzila uyalib, sarosimalanib tirsagimga turtib qo‘yardi. To‘y dasturxonidan bosh ko‘tarmay yeb-ichayotgan mehmonlar, nazarimda, istehzo, piching bilan pichirlashayotganday, qo‘llarini bigizday nuqib, do‘stiga xiyonatkor, nomard nusxa sifatida meni malomat qilayotganday tuyulardi. Hatto teng-to‘shlarim o‘tirgan tarafdan Davron nomi bir-ikki tilga olingandek, kimlardir men tomonga tirjaygancha tikilib qo‘ygandek bo‘ldi.
Asal oyining totli-totli kunlari ham menga tatimadi. Asal oyi ham yuragimdagi zahru zardobni bosolmadi. Men, nihoyat, qat’iy qarorga keldim. Toshkentga borib, Davronni topib, u istagan shart bo‘yicha kechirim so‘rashga ahd qildim. Bag‘rim qonidan qizargan shomlarning birida, do‘stimning manzilini bilish ilinjida Quvondiq akaning darvozasiga ko‘ndalang bo‘ldim. Tuyqus ichkaridan qattiq-quruq tovushlar eshitildi.
“Bolaginamni yuz-xotir qilmadingiz, avvalu oxir o‘zingiz bosh-qosh bo‘lib anovi yetimchaning qo‘yniga solib qo‘ydingiz”.
“Atay shunday qildim deyapman-ku senga, xotin, kelib-kelib bir tashlandiq, asrandi qizni o‘g‘limizga ravo ko‘ramanmi? Na otasining tayini bor, na onasining. Mening ham chapga-o‘ngga besar-besar yurgan paytlarim ko‘p edi. Aytib bo‘ladimi, bu qizning bino bo‘lishiga hissa qo‘shgan bo‘p chiqmayin tag‘in. Shuytib bu masalani tezroq bir yoqli qilayin, Davronning ko‘ngli bo‘lsa, ko‘nglini sovutayin dedim”.
“Bemaza gaplarni qo‘ying. Boyagi aytganim qachon bo‘ladi. Davronjonimni sog‘inib ketdim, bolam bechora shuning dastidan uyga kelolmayapti”.
Men oyoqlari ostida nogoh ilon ko‘rib qolgan yo‘lovchiday bir zum karaxt bo‘lib qotdimu, so‘ng asta-asta tisarilib katta ko‘chaga chiqib oldim.
Qishloq shomning kirchil, xira pardasiga burkangan edi. Ko‘m-ko‘k osmon mag‘zava to‘la tog‘oradek boshim uzra chayqalib turardi. Qay bir hovlidan go‘ng, chirkin xas-xashak hidi anqiydi.
Men yag‘riniga achchiq-achchiq qamchi tushgan qirchang‘iday uyimiz tomon chopib ketdim. Baland-past imoratlar, dov-daraxtlar ko‘z o‘ngimda charx urib aylanardi. Bir paytlar mol dorigan ekinzori yoqqa pochchamning shunday talvasa bilan yugurganini ko‘rganman. Bir mahallar tog‘ etagidagi qishlog‘imizda sel yo‘lida qolib ketgan qo‘y-qo‘zilarini haydash uchun shu taxlit quyunday qo‘zg‘algan qo‘shnimizni eslayman. Mening esa qarovsiz qolgan na poliz-paykalim, na mol-holim bor edi. Men Tanzilamning, mohitabonimning, jonu jahonimning oldiga yeldek yelib borardim! O‘y-xayolimda u hozirgina ichkarida sha’niga aytilgan noloyiq, noma’qul so‘zlarni eshitib qolgandek, bir qorong‘u burchakka qisilib, zor-zor yig‘lab o‘tirgandek tuyular, uni tezroq bag‘rimga bosib yupatgim, sassiq g‘iybatlardan, balo-qazolardan tog‘day turib qo‘riqlagim kelar edi.
– Tanzila, Tanzila! – deb qichqirdim hansirab, hovliqib hovlimizga kirib borarkanman.
O‘choqboshida kuymalanib yurgan ikki oylik go‘zal kelinchak xavotir bilan qarshimga otilib chiqdi.
– Labbay.
– Ichkariga kirgin, gap bor.
Tanzila taajjublangan ko‘yi peshbandiga qo‘llarini arta-arta izimdan ergashdi. Ikkovimizga ajratilgan xonadan ohorli liboslarning, atir-upalarning xush ifori ufurib turardi.
– Nima deysiz? Tezroq bo‘la qoling, ishlarim ko‘p, – dedi yap-yangi xotinim tantig‘lanib.
Men gap-so‘zsiz uni quchog‘imga tortdimu yuz-ko‘zlaridan yutoqib o‘pa ketdim.
– Voy, nima qilyapsiz? – dedi Tanzila taajjub va noz aralash bir tovushda, – mastmisiz, nima balo?
– Ha, mastman, ishqingdan, sevgingdan mastman. Tanzila, jonu jahonim, seni ko‘zim qorachig‘iday asrayman, qayg‘udan bir tomchi ham yosh to‘kishingga yo‘l qo‘ymayman. Sening sha’ning mening sha’nim…
Quchog‘imdan amal-taqal bo‘shagan xotinim sochlarimni siladi.
– Nega bu gaplarni gapiryapsiz, bilmadimu… lekin men sizga juda qattiq ishonaman!
– O‘sha tutzordagi kelishuvimiz esingdami?
– Esimda, – deb sirli shivirladi Tanzila, – Seni hamisha himoya qilaman, qochsang birga qochamiz degandingiz. Xuddi kechagidek esimda…
– Unda… qochamiz!
– Qochamiz?! Qayoqqa?
– Bu yerlardan bosh olib ketamiz.
– Voy, enamlar-chi, chechamlar…
– Ularni ham olib ketamiz.
– Siz dunyoning narigi chekkasiga boshlasangiz ham men tayyorman. Axir, ikkimiz bir jonu bir tanmiz-ku, shundaymi?
Men javob o‘rnida xotinimni bo‘salarga ko‘mib tashladim.
– Ena, opamlarning oldiga endi ko‘chib boraversak ham bo‘lar, – deb gap boshladim o‘sha kuni kechki ovqat payti, – mana, to‘y ham o‘tdi.
Onajonimning ko‘zlarida quvonch paydo bo‘ldi.
– Chin aytasan, bolam. Quvondiq akaning oldidayam ko‘p besaranjom bo‘p qolyapman.
Akam va yangam ham o‘zaro ko‘z urishtirib, bosh irg‘ab qo‘yishdi.
Oradan bir oycha o‘tib biz Kengsoyni tark etdik. Bir paytlar Quvondiq qaysar xushxandon qarshi olgani kabi pochcham ham oilamizni quchoq ochib kutib oldi. Shaharga ko‘chib ketgan bir shoirtabiat kishining keng-mo‘l hovlisi biz uchun hozirlab qo‘yilgan ekan. Bu yerdagi shart-sharoitlarni ko‘rib hammamiz xursand bo‘ldik. Pochchamning mehnatkashligi, tadbirkorligi, opamning ham undan sira qolishmasligi jonimizga aro kirdi. Akam yana garajga ishga joylashdi. Yangam ikkisi olamshumul rejalarni tuzgan bo‘lishsa kerak, turmushning yana eski hammom-eski tos, tarzida davom etishidan andak ranjishdi.
“Normurodboy, ko‘p tajanglashmang, – dedi pochcham sirli iljayib, – siz hozircha shu yerga ilashib turing, hali zo‘r gap bor”.
Men opamning yoniga, qishloqdagi hayhotday, ammo ichida sotishga arzigulik moli yo‘q magazinga ishga kirdim. Tanzila shundoqqina uyimiz qarshisidagi maktabga boshlang‘ich sinf muallimasi sifatida o‘rnashdi.
Biz Kengsoydan ko‘chish tashvishlari bilan chopa-chop qilib yurgan kezlarimiz Uldon checha va usta Abilning qovoq-tumshug‘i osilib ketgan edi. Ilgari ham ma’lumu mashhur rais bilan quda bo‘lishdek baxtdan ayirgan Qorabotir sifatida meni unchalik xushlashmas, shu barobarida, arzanda qizning ko‘ngil mayliga qarshi borisholmas, qisqacha aytganda, yonib-yonmay, o‘chib-o‘chmay, ho‘l o‘tindek tutab yurishardi. Ko‘chib ketishimizga ham tishni-tishga bosib arang rozi bo‘ldilar.
Tanzila! Mening Tanzilam, mening mohitobonim esa o‘zga bir dunyo edi! Mulla Mirza aytganday, chindan ham eni boshqaga o‘xshardi uning! Quvondiq qaysarning darvozasi yonidan gangib, o‘rtanib, jufti halolimni yupatish, himoya qilish niyatida hovliqib uyga kelganimda, qandaydir noxushlik yuz berganini u ham gap-so‘zsiz, hech bir izohsiz angladi. O‘shanda men Tanzilani emas, sochlarimni silagan ko‘yi Tanzila meni ovutdi, rejalarimga dalda bo‘ldi, ko‘chish mashaqqatlariga ham matonat bilan bardosh berdi, bir og‘iz ham nolimadi, norizo chimirilmadi. Kirishimliligi, xushmuomalaligi uchunmi, yangi makon tutgan joyimizda ham qo‘ni-qo‘shni, mahalla-ko‘y bilan tezgina til topishib, apoq-chapoq bo‘lib ketdi. Hatto, ish masalasini ham boshqalarning aralashuvisiz, o‘zi op-oson hal qildi-qo‘ydi. Nazarimda, u menga emas, tobora men Tanzilaga suyanib, cheksiz mehr-muhabbati ostidan panoh topib borardim.
Biz yangi manzil-makonimizga shu taxlit asta-sekin ko‘nika boshladik. Kunlar ketidan kunlar, oylar ortidan oylar shitob bilan o‘tardi.
Men baribir bu yerda ham halovat topmadim. O‘zimni jang maydonini tashlab, sharmandalarcha qochib qolgan askardek his qilar, Kengsoyda o‘ta muhim, o‘ta zaril allanelarnidir unutib qoldirganga o‘xshar edim. Nazarimda, u yoqda hamma nomard, g‘irrom polvon sifatida meni masxaralab, ustimdan qotib-qotib kulib yotganday tuyular, og‘ir, ezgin xayollar iskanjasida o‘zimni qo‘yarga joy izlab qolardim.
Shu orada Davronning universitet talabasi bo‘lganligi, kurash bilan hamishagidek hormay-tolmay shug‘ullanib yurganligi haqidagi gap-so‘zlar qulog‘imga chalindi. Yana bir qancha muddatdan so‘ng, jiddiy bir musobaqaning g‘olibi sifatida uning nomi ham radioeshittirishda tilga olib o‘tildi.
Bu paytlar men kurashlardan xiyla sovib qolgan edim. Davralarga, maydonlarga yaqin borishga qandaydir qo‘rquvmi, uyatmi monelik qilardi. Tomoshatalablarning tiyiqsiz qiyqiriqlarini eshitishga tobu toqatim yo‘q edi. O‘zimni tirikchilik tashvishlari bilan ovutishga zo‘r berib urinar, ko‘cha-ko‘yda, dala-dashtda dalli-devonalarcha kezinib, holi zabunimni o‘nglashga o‘zimcha chora-tadbirlar izlardim. Izlay-izlay dilgir kunlarning birida kallam to‘qillab sharob shishasiga urildi. Hash-pash deguncha ichkilikbozga aylandim. Shirakayf chog‘larim bepoyon paykal chekkalarida yolg‘iz kezish jonu dilim edi. Zovur yoqasidagi tuproq uyumi ustida mag‘rur o‘tirgan Davronni ko‘rardim.
“Quyosh hali botmagan!” – deb qichqirardim havoga musht o‘qtalib.
Ammo do‘stim javob bermas edi.
“Javob bermaysan-a, javob berishni istamaysan-a, – derdim xo‘rligim toshib, – mening quyoshim allaqachon botganini bilasan-da, shundaymi?”
Davrondan hech bir sado chiqmaydi. Men hiqillab yig‘layman. Aytib-aytib bo‘zlayman.
“Aytganing chin ekan, do‘stim, polvon pirlari meni qarg‘ashdi, meni duoibad qilishdi. Yuragimga hech tuzalmas jarohat orttirib oldim. Uning og‘rig‘ini, azobini o‘zginam bilaman, kechalar to‘lg‘onib chiqaman, Davron! Bu dardimning davosi sening qo‘lingda, do‘stim. Kel, oyoqlaringga bosh uray, istagan shartingga ko‘nayin, faqat meni tezroq qutqar!”
Tuproq tepa ustidagi sharpadan yana sado bo‘lmas edi. Men alam-iztirobdan tutoqa boshlardim.
“Seni zo‘r bo‘p ketgan deb eshitdim. Kel, zo‘rligingni ko‘rsat, meni chavaqlab tashla, majaqlab anovi zovurga uloqtir! Shunda ko‘ngling to‘ladimi, do‘stim”.
Men behol o‘tirib qolaman. Davron ham asta-sekin ko‘z oldimdan yo‘qoladi. Qishloqqa qaytaman. Magazinga yashirib qo‘ygan arog‘imdan bo‘kib-bo‘kib ichaman. Devoru tomlar, ko‘cha-ko‘y, dov-daraxtlar ko‘z oldimda chirpirak aylana boshlaydi. Qaylardadir yiqilib qolaman, yana turib, amal-taqal uyga yetib olaman.
Tanzila mening ichkilikka berilib qolganimni zo‘r berib onamdan yashirishga urinar, tunlari uyga qaytgunimga qadar darvoza yonida dardisar erni kutib o‘tirar, mast-alast sharpam paydo bo‘ldi deguncha, loshimni sudraklab, imi-jimida yotoqqa kirgizib olar, bosh-adoq yuvib-chayib ko‘rpaga o‘rab tashlar edi.

Biz Absal polvonni unutgan edik.

Yangi manzil-makonga ko‘chib kelganimizning ikkinchi yili Tanzila ko‘hlikkina qizaloq tug‘ib berdi. Boshim ko‘kka yetdi. Oilamiz quvonchga ko‘mildi. Ammo men hanuz sharob shishasi bilan oshno edim. Kunora bo‘sag‘ada chayqalgan ko‘yi paydo bo‘lardim.
Qishning uzun tunlaridan biri edi. Kechki payt qishloqdagi bir-ikki bekorchixo‘jalar bilan qarta o‘ynab, aroq ichib uyga qaytdim. Tanzilam odatdagidek bir og‘iz ham e’tiroz bildirmay, biror marta ham norizo chimirilmay meni o‘rnimga yotqizib qo‘ydi. Hamishagidek dong qotib qoldim. Bir payt… tush ko‘rdimmi yo qandaydir alomat zohir bo‘ldimi, bilmadim, tutzor bo‘ylab chopib borayotgan qizaloq, qah-qah otib kulganicha uni quvlab borayotgan Quvondiq qaysar ko‘z oldimdan lip-lip o‘tdi. Iya, Tanzila-ku, uni qutqarishim kerak, uni himoya qilishim shart, dedim o‘zimga o‘zim. Qiziq, ko‘zim ochiq, fikrim tiniq edi! Qo‘rqa-pisa boshimni yostiqdan ko‘tardim. Tunchiroqning sarg‘ish yog‘dusida hujramiz g‘ira-shira yorishib turardi. Nogoh qulog‘imga sho‘rqillagan yig‘i sasi eshitildi. Avvaliga ishonmadim. Nafasimni ichimga yutib, taxtaday qotdim. Chindan ham xonamning bir burchidan yig‘i sasi kelardi. Ilkis o‘rnimdan turib tovush kelgan tarafga qaradim.
Tanzila! Mening Tanzilam, mening mohitobonim, mening jonu jahonim bir burchakka qisilib, bir paytlar, raisning darvozasi yonidan o‘rtanib qaytgan chog‘imda tasavvur qilganimdek unsiz, kuyinib yig‘lab o‘tirardi.
– Tanzila, jonim, senga nima bo‘ldi? – deb so‘radim uning yoniga borib, – mazang yo‘qmi?
Xotinim kaftini yuziga bosib ho‘ngrab yubordi.
– Ha, mazam yo‘q, kasalman. Ichim kuyib ketgan. Xo‘sh, nima qilib bera olasiz? Qo‘lingizdan nima keladi o‘zi?
– Sen uchun o‘lishga ham tayyorman.
– O‘lmaysiz, birov uchun o‘lolmaysiz, – dedi Tanzila ko‘z yoshlarga qorishib yuzimga tik qarar ekan, – boshqalarni tiriklay ko‘mishni bilasiz faqat.
Xotinimning ketma-ket otilgan o‘qday so‘zlari aniq nishonga tegdi. Men kalovlanib ko‘rpachaga o‘tirib qoldim. Haq e’tiroz oldida tilim lol edi.
– Sen uchun g‘irromlik qildim deganingizga ishonib yuribman-a, – dedi Tanzila ko‘z yoshlarini yengiga artib, – siz faqat o‘zingizni o‘ylagansiz, yiqilib, sharmanda bo‘lishdan qo‘rqqansiz.
– Xudo haqqi…
– Xudoni aralashtirmang, – deb ojizona boshlagan e’tirozimni shartta bo‘ldi u, – siz aytganday bo‘lsa, mana, men, murodingizga yetdingiz-ku, yana nima kerak?
– Ochig‘i… baribir ko‘nglim g‘ash, jonim, dilim vayron. Xuddi bir iflos o‘raga tushib ketganmanu… hech toza bo‘lolmayapman.
– Shuning uchun aroqqa cho‘milyapman deng…
– Istehzo qilma, iltimos.
– Aroqxo‘rlik muammoni hal qilmaydi-ku, erkak bo‘lsangiz, hammasini erkakcha hal qiling.
Xotinimning talabini o‘zimcha tushunib yuragim shuv etib ketdi.
– Nima?! Qanday qilib?
– Davrondan qayeringiz kam? Siz ham shug‘ullaning, mashq qiling, sal kam bekorchisiz-ku, keyin uni biror davrada toping-da ko‘tarib yerga uring, ikkinchi men zo‘rman deb bo‘kirmaydigan qiling. Masalaning yechimi shu.
Tanzilaning tarsakiday tarsillagan so‘zlaridan nogoh ko‘zim charaqlab ochilganday bo‘ldi.
“Ha, mulla Mirza haq, eni boshqa buning, oqilaginam, shugina oddiy yechimga ham aqlim yetmabdi-ya mening”, – degan o‘y xayolimdan lip etib o‘tdi.
– Jonim, meni kechir, – dedim unga yosh boladay suykalib, – endi sira ichmayman, sen aytganday qilaman.
Tanzila xuddi o‘sha ko‘chish arafasidagi kabi sochlarimni silab meni ovutdi, oqilaligi, mehri panohiga oldi.
– Aroq odamni adoi tamom qiladi. Hechqursa, qizimizni, onangizni o‘ylang. Bunday ojiz bo‘p yurish sizga yarashmaydi. Siz mening mardimsiz, himoyachimsiz, tog‘day suyanchig‘imsiz. Quyosh hali botmagan, esdan chiqarmang.
O‘sha tun men onadan qayta tug‘ilganday bo‘ldim. O‘sha tun ertak qahramonlaridek bir dumalab alp qomat bahodirga aylanib qoldim.
Yupanch, ovunch, taskin va ilinj sharpalariga qorishib kunlar, oylar, yillar o‘tdi. Biz eru xotinning o‘sha tundagi ahdimiz, shahdimizga go‘yo qasdma-qasd poytaxtdan bir-biridan shov-shuvli, bir-biridan hayratlanarli xabarlar kelardi. Davronning kurash bo‘yicha avval O‘zbekiston, keyinroq Osiyo chempioni bo‘lganligi haqida eshitdik. Gazetayu jurnallarda, televizor-radiolarda uning nomi tez-tez tilga olinadigan bo‘lib qoldi. Hatto bir gal Davron Tirkashevning viloyatimizga tashrif buyurib, mehnatkashlar bilan uchrashuvlar o‘tkazgani to‘g‘risida axborot beruvchi telelavhani o‘zim ham ko‘rdim. O‘sha-o‘sha, o‘ktam qiyofali, burgut nigohli kengsoylik polvon kazo-kazo rahbarlar orasida baxtiyor jilmayib turar, yoshu qari unga havasu hayrat bilan termular edi. Men ekran qarshisida baqaday baqrayib o‘tirarkanman yo‘qotgan do‘stimni sog‘inganimni, juda-juda sog‘inganimni yana bir karra his etdim.
Bu yoqda Tanzila ham bo‘sh kelmadi. Yana bitta qizaloq tug‘ib berdi. Ustiga ustak, viloyat markazidagi pedagogika institutini sirtdan amal-taqal bitirib, maktab direktori o‘rinbosari lavozimini egalladi. Ro‘zg‘orning ham o‘tidan kirib kulidan chiqadi. Eng muhimi, vaqti-vaqti bilan boshimni silab meni ovutadi, yupatadi, mehr-muhabbati ostidan panoh beradi.
Men xotinim o‘g‘il tug‘sa-yu, sog‘inchim, sadoqatim, tavba-tazarruim timsoli sifatida Davron deb bolamga ism qo‘ysam degan orzuda emranib yurardim. Ammo bir kuni Tanzila qizalog‘imni qo‘limga tutqazarkan:
– O‘g‘il ko‘rsam, otini Po‘lat deb qo‘yamiz, – dedi xuddi ichimdagini payqaganday, – po‘latday mustahkam, chidamli odam bo‘lsin, otasiga o‘xshab mo‘rt, idragan narsa bo‘lmasin.
Tanzilaning chin-hazil aytganlaridan mening tag‘in bo‘shashib, tob tashlay boshlaganimdan ogohlantirish, hali-hali urush so‘qmog‘ida ekanligimni yana bir karra uqtirish shundoqqina silqib turardi.
“Ha, mulla Mirza haq, buginaning eni boshqa”, – deb o‘ylayman xotinimning qat’iyat qalqqan go‘zal chehrasiga zavq bilan termulib.
O‘sha tungi ahdu paymondan so‘ng ichkilikbozlikni tark etgan bo‘lsam-da, ammo Tanzila tayinlagan mashq-mashg‘ulotlarni muntazam olib borolmadim. Ustiga-ustak, Davron quchgan shon-shuhratning o‘ziyoq har gal xayolimga kelgan mahal, xotinimning iborasi bilan aytganda, meni ko‘tarib yerga urar, ruhimni sindirar, da’volardan voz kechishga undar edi. Bir necha marta pochcham qo‘yarda-qo‘ymay davraga tushirdi. Mayda-chuyda polvonlarni yiqitib, xuddi olamshumul vazifani uddalaganday xotinimning huzuriga mag‘rur kirib keldim.
Bir kuni negadir tushimga Karamxon eshon bova kirdi. To‘xtasin domlaning o‘sha chorpoyasidami, yo o‘sha kungi kurash davrasidami, oppoq liboslarga burkanib, mamnun bosh irg‘ab o‘tiribdi.
“Hammasi yaxshilikka, hali hammangiz ko‘p xursand bo‘p qolasizlar” – der emish, xuddi o‘sha kungi gaplarini takrorlab.
Cho‘chib uyg‘onib, g‘alati bir hislar og‘ushida ancha payt o‘tirib qoldim. Nonushta payti tushimni onamga aytib berdim. Onam o‘zicha eshon bovani g‘oyibona tavof qilib menga yuzlandi:
“Eshonimizga bir qo‘chqor atab qo‘ygin, yo‘llaring tushganda tashlab kelasizlar”.
Vaqt shitob bilan o‘tar, zamon, davr kundan kunga o‘zgarib borardi. Bir paytlar davlat mulki sanalmish imoratlar, qurilmalar, texnikalar zari-zo‘ri bor odamlar o‘rtasida taraka-taqsim qilina boshlandi. Sovxoz, kolxoz degan tuzilmalar o‘rnida katta-kichik fermer xo‘jaliklari tashkil etishga kirishildi. Zamona boylari, zamona zo‘rlari bo‘y ko‘rsatib qoldi.
Biz yangi manzil-makonga ko‘chib kelgan chog‘larimiz akamni garajga, meni qishloq magaziniga ishga joylagan pochcham o‘sha paytlardayoq uzoqni ko‘zlab reja tuzgan ekan. Keyinchalik, garaj mudiri lavozimini egallagan akam pochchamning yo‘l-yo‘riqlari, qo‘llab-quvvatlashi sharofatidan bu hayhotday imoratni o‘z nomiga xatlab mulkdor toifaga aylanib oldi. Keng-mo‘l, mustahkam qishloq magazini esa opamning xususiy do‘koniga do‘ndi. Men ham tala-to‘pda quruq qolmay kattagina unumdor yer maydoniga fermer sifatida ega bo‘lib oldim. Pochchamning o‘zi esa tuman hokimiyatiga ishga o‘tib ketdi.
Kengsoy tomonlarda ham torta-tort, ola-ol avjida ekan. Oxir-oqibat, taqdirga tan berganidanmi yo ketma-ket, bir-biridan shirin ikki nevaraga bobo bo‘lganidanmi, ishqilib, xiylagina chehrasi ochilib, xushmuomala bo‘lib qolgan qaynotamning kuyinib, g‘ijinib aytishicha, eski shirkat xo‘jaligini Quvondiq qaysar bus-butunicha yana o‘z qo‘liga olibdi. Shahardagi katta o‘g‘li qishloqqa ko‘chib borib, sug‘orishga o‘ng‘ay, eng unumdor yerlarni egallab, kuni kecha otasinikidan osh-ovqat tashib yurgan noshud nusxadan boy-badavlat ishbilarmonga evrilib, kekirib, bosar-tusarini bilmay yurgan emish. Quvondiq qaysarning shuncha obro‘-e’tibori, kuch-qudrati yetmaganday, Davronning ham shon-shuhrati, izzat-hurmati qo‘shilib Tirkashevlarning hatto pishagini ham birov pisht deyolmay qolibdi.
Men Davron haqidagi har bir xabarni, har bir mish-mishni nafas olmay eshitardim. Bunday jonsarakliklarimda shoyad u meni kechirgan bo‘lsa, degan ilinj-umid miltillabgina turardi.
Bir kuni shaharda Shayxalini uchratib qoldim.
– Davron shishingandan-shishindi-da, – dedi u gapdan-gap chiqib, – allatovur qop-qora mashinada uch marta qishloqqa kelib ketdi. Kattakonlar atrofida xizmatkorday chirqillab aylanadi, birgina so‘ziga mahtal. Lekin baribir oqibatli jigit Davron. Ko‘p qishloqdoshlarning mushkulini oson qilib berdi.
Eh, mening mushkul-muammoim-chi?! Bu qachon bartaraf bo‘ladi, qachon? Tanzilaning tinimsiz ta’lim-tarbiyalariga qaramay, askar badanida qolgan qo‘rg‘oshin parchasiday, yuragimdagi dard-iztirob o‘qtin-o‘qtin qo‘zg‘alib meni bezovta qilar, yana dunyo ko‘zimga qorong‘u ko‘rinib qolar edi. Shunday kezlar ekin-tikinni bahona qilib dala-dashtimga chiqib ketaman. Polvon pirlariga tavallolar qilib tavbalar qilaman. Qiziq, shunday paytlar yana o‘sha ko‘rgan tushim, eshon bovamning aytganlari, hammasi yaxshilikka, deganlari yodimga tushib allanechuk taskin topgandek bo‘laman. Yuragimda umid, ilinj, ishtiyoq yana tirila boshlaydi.
Biz Absal polvonni mangu yo‘qotib qo‘ydik.
Iliq bahor kunlarining birida Absal polvonning o‘limi haqidagi sovuq xabar bizga ham yetib keldi. Birdan o‘yinchog‘i yashirib qo‘ygan joyida yo‘qligini bilgan bola ahvoliga tushib, ko‘z oldimni kirchil bir parda qopladi, uy-imoratlar, dov-daraxtlar qaylargadir singib-yitib, bo‘m-bo‘sh bo‘shliq ichida yeli chiqqan pufakdek muallaq qotdim. Pochchamning “Neksiya”siga o‘tirib peshinga mo‘ljallangan dafn marosimiga ulgurish uchun shosha-pisha yo‘lga tusharkanmiz, tevaragimdagilar jonsiz bir sharpalardek tuyular, tovushlar, yig‘ilar, kulgular olis-olislardan eshitilar edi.
Shu yil bahor haddan tashqari seryog‘in, injiq va sertashvish kelgan edi. Sel-toshqinlar, shilta-shalabbolar, loy ko‘pchigan dalalar hatto, hamisha qor-yomg‘irga tashna cho‘lliklarni ham butkul bezor qilib yubordi. Omonat devorlar quladi, ilma-teshik tomlardan suv sizib o‘tdi, qadalgan urug‘lar chiridi, eng yomoni, chigit ekish ishlari kechikib ketdi. Kuni kecha cho‘l osmonini tilkalab chaqmoq chaqqani, qayerlargadir do‘l yoqqani ham rost. Demak, ustoz Abdusalomning qazosi haqidagi mish-mishlarda ham jon borga o‘xshaydi. Kimdir uni yashin uribdi desa, tag‘in birov do‘lda qolgan ekinzoriga achinib sibizg‘a chalib o‘tirgan yerida jon beribdi, deya sirli pichirlardi.
– Eh, bu dunyoning ishlari, – deb afsus bilan bosh chayqadi pochcham, mashinasini katta yo‘l bo‘ylab yeldirib borarkan, – shunday odam ham qazo qilibdi-ya.
Orqa o‘rindiqqa yastanib olgan akam tili tagiga nosvoy tashlashga chog‘langan ko‘yi gapga aralashdi.
– Shu… Absal polvonlarga yetarli shart-sharoit qilib berilganda dunyoning o‘n karra chempioni bo‘lardi-yov.
– Bu kishi unday shov-shuvlarga umuman qiziqmagan, – dedi pochcham keskin bosh chayqab, – ovloq-ovloq yashashga intilgan, bir mulla, Absalom akani polvon pirlari shunga undagan deb aytgandi, gaplari chinga o‘xshaydi.
Men mashina oynasidan qo‘ng‘irtus, polvonning keng yag‘riniday yastanib yotgan dala-dashtga o‘ychan tikilaman. Alpqomat ustoz, uning tog‘dek tebrana-tebrana sibizg‘a chalishlari lip-lip ko‘z oldimdan o‘tadi, donishmandlarga xos gap-so‘zlari quloqlarim ostida jaranglaganday bo‘ladi.
Ichimni beadoq afsus-nadomat kemirib borardi. Abdusalom akani hechqursa, biror marta borib ko‘rmaganimdan, u kishi chalgan sibizg‘a nolalaridan mast bo‘lmaganimdan o‘kindim. Harbiy xizmat chog‘i uyni, qishloqni, qavmu qarindoshni, xullas, olis va ovloq cho‘llar qo‘ynida qolib ketgan jamiki ko‘rgan-bilgan-tanigan insonlarimni qattiq qo‘msaganimdan bo‘lsa kerak, ustoz Abdusalom ham yodimga tushib, u kishini askarlikdan qaytgandayoq ziyorat etishni, to‘yimizga alohida, tantanali taklif etishni ko‘ngilga tukkandim. Biroq kutilmagan tashvishlar bilan bo‘libmi, yo o‘zim beparvo, beburd odammanmi, ishqilib, ko‘ngildagi reja ko‘ngilda ko‘milib qolib ketdi. Qismat meni yana bir bor g‘ijimlab tashladi. Men ham do‘stidan, ham ustozidan ajralib qolgan g‘arib, bechora inson edim.
Nihoyat, ko‘zlangan manzilga yetib keldik. To‘p-to‘p odamlar azador xonadon tomon shosha-pisha borishardi. Yo‘l bo‘ylarida turli-tuman avtoulovlar tirband tizilgan.
– Iya, viloyat hokimi shu yerda-yov, ana, mashinasi, – dedi pochcham baland bir imorat yonida turgan qop-qora mashinaga ishora qilib.
Akam ham yon-veriga alanglab:
– Toshkentdan ham mehmonlar borga o‘xshaydi, – deb qo‘ydi.
“Davron ham kelgan!” – degan o‘y xayolimdan shuvullab o‘tdi. Shu o‘y barobarida yuragimga qandaydir tahlika, titroq sizib kirdi.
Azador xonadon tomondan ayol-bola-chaqalarning uvvos yig‘isi baralla eshitila boshladi.
Biz adashmagan ekanmiz.
Janoza o‘qilib, tobut yerdan ko‘tarilib, qo‘lma-qo‘l bo‘la boshlaganida bir to‘p amaldornamo odamlar orasida xomush qo‘zg‘alayotgan Davronga ko‘zim tushdi. Boshiga omonat qo‘ndirilgan oppoq hoji qalpoq, egnidagi qimmatbaho, qop-qora charm kamzul, baland, tik qomat uni yig‘ilganlar ichidan yaqqol ajratib turardi. Davron qo‘ldan-qo‘lga, yelkadan-yelkaga o‘tayotgan tobut tomon har gal intilganda jonsarak olomon beixtiyor unga yo‘l bo‘shatar, kimdir tanib, kimdir tanimay aft-angoriga bir zum angrayar edi.
“Allatovur, allatovur odamlar ham kepti, – deya hayratomuz shivirladi kimdir, – katta hokim bova ham shu yerda! Polvonning obro‘si zo‘r ekan-da, a?!
Yonidagi hamrohi xomush bosh irg‘adi.
“Bechora umrida muncha izzat ko‘rmagandi. Tirilib ketmasaydi deb qo‘rqaman”.
Tobut katta yo‘l bo‘yida hozirlab qo‘yilgan yuk mashinasining ustiga avaylabgina qo‘yildi. Bir to‘p hassakashlar, qavmu qarindosh ixrab-sixrab kuzov ustiga chiqib, tobut tevaragini o‘rab olishdi. Dafn marosimiga yig‘ilganlar bir zum to‘zib, kimdir poyu piyoda, kimdir avtoulovda qabriston tomonga jilishdi.
Chor-atrof allanechuk mahzun sukutga tolgan edi. Bahorning bodi shamoli ham kalovlanib dov-daraxtlar, ekinzorlar oralab ketdi. Quyuq, yam-yashil yaproqlar tebranib-tebranib mahzun shitirlaydi. Ko‘m-ko‘k maysalar to‘lib-toshgan xo‘rlikdek bezovta chayqaladi.
Dafn marosimi uzoq davom etdi. Biz qabristondan azador xonadonga yana qaytganimizda quyosh xiyla qiyalab qolgan edi.
– Hokimlar ketguncha chekkaroqqa chiqib turamiz, – dedi pochcham mashinasi eshigini ocharkan.
Shu payt beqasam to‘n kiyib belini mahkam bog‘lab olgan hassakashlardan biri yonimizga keldi.
– Sizni birov chaqiryapti, – dedi u menga yuzlanib.
Beixtiyor hassakashga ergasharkanman:
– Hozir kelaman, – deb qo‘ydim pochchamga bosh irg‘ab.
Akam ham ajablangan ko‘yi ortimdan qarab qoldi.
– Mana shu hovliga kiring, – deb pichirladi hassakash azador xonadonga yaqin uylardan birining yonida to‘xtab, – sizni kutib turishibdi.
Bo‘yoqlari oftobdan uniqqan darvozani qiya ochib ichkariga oyoq oshirdim. Shundoqqina ro‘paramda, temir suyanchiqli chorpoyaga tirsak tiragan ko‘yi Davron turardi! Uning menga tik qadalgan sovuq nigohlarini ko‘rib negadir to‘xtab qoldim.
– Siz ham janozaga keldingizmi? – dedi istehzo bilan Davron, – betingiz bilan ketingiz birmi deyman.
Ajab! Tahlika, hayajonlarim bir lahzada tutunday tarqab ketdi. Hatto qarshimdagi mana shu bez, ters nusxani shuncha paytdan beri sog‘inib, xayolan oyog‘iga bosh urib yurganlarimdan xijolat tortdim.
– Sen o‘zing shundaysan. – dedim Davronga tik qarab, – ustozni bir tiyinga olmay, chiranib yurishlaring esingdan chiqdimi?
– Sen ustozni tilga olma, noloyiq, nomunosib jipiriqsan.
– Shuni aytgani chaqirdingmi? Gaping bo‘lsa, gapir! Sen bilan g‘ijillashib turishga vaqtim yo‘q.
Davron suyanchiqdan tirsagini olib qad kerdi.
– Voy-bo‘-o‘y, ham g‘arlik, ham o‘rlik-ku bu yog‘i. Ey, bilasanmi, hali oramiz ochilmagan.
– Bo‘pti, ochamiz, – dedim tobora polvonlik qonim ko‘pirib, – qachon, qayerda, ayt, men tayyor. Ko‘rsat maydonni!
Mendan bunday muomalani kutmaganmi, Davron bir zum sarosimalanib kinoyali tirjaygan ko‘yi bosh chayqab turdi.
– Yaxshi, bu gaping menga yoqdi, – dedi yana sovuqqon bir ohangda, – viloyat rahbarlari, bir master klass o‘tib bering, deb holi jonimga qo‘yishmayapti, bir oydan so‘ng Abdusalom polvon xotirasiga yosh kurashchilar o‘rtasida turnir o‘tkazamiz, dedim, shunda master klass ham bo‘lishini aytdim.
– Xo‘p, yaxshi, – to‘ng‘illab qo‘ydim men.
– Toshkentdan zo‘r-zo‘r chempionlarni opkelishimni tayinlashyapti. Men rozi bo‘lganday indamay qo‘ydim. Aslida hech kimni opkelmayman. Ikkovimiz olishamiz, ikkovimiz orani ochiq qilamiz, tushundingmi?
Davron so‘nggi so‘zlarni aytarkan, qoshlari chimirilib, ko‘zlaridan shafqatsiz uchqunlar sachrab ketdi.
– Roziman, qayoqqa desang boraman.
– Turnir Kengsoyda bo‘lib o‘tadi. Kelgusi oyning so‘nggi shanbasiga belgilaymiz. Qo‘rqma, hammasini o‘zim tashkil etaman, hokimlar gapimga kiradi.
– Menga baribir, orani ochiq qilishga tayyorman. Hammasi jonga tegdi o‘zi.
– O‘v, – deb yana istehzoli tirjaydi Davron, – shartimiz hali o‘z kuchida, unutma shuni.
Men indamay yana temir darvozaga yuzlandim.

Biz Absal polvonni mangu yo‘qotib qo‘ygan edik.

– Kengsoyga ham yaqinlashib qoldik, ey, uyg‘on!
Pochchamning chorloviga e’tibor bermagan bo‘ldim.
Yo‘lga chiqqanimizdan beri mashina o‘rindig‘i suyanchig‘iga bosh qo‘yib, ko‘zlarimni yumib, bir og‘iz ham gapirmay kelayotganim uchun u hoynahoy meni allaqachon uxlab qolgan degan xayolga bordi. Qani endi chindan ham dong qotib yotgan bo‘lsam?! Qani endi, bir umr qaroqlarim ochilmasa? Axir, Kengsoyda, beg‘ubor bolaligim, sho‘x-sha’n o‘smirlik davrim o‘tgan bu qishloqda meni bemisl sharmandalik kutib turibdi-ku?! Gazetalarda yozishganday, ikki marta O‘zbekiston, bir karra Osiyo chempioni, qator xalqaro musobaqalar sovrindori D. Tirkashev yeng shimarib, qasos olovida yonib, yo‘llarimga mahtal ko‘z tikkan-ku!
Mana, ustoz Abdusalomning janozasidan beri roppa-rosa bir oy o‘tdi. Bir oy meni Davronning sovuq nigohlari, istehzolari, kinoyali kulishlari ta’qib qilib turdi. O‘sha kuni beayov, beshafqat raqibim bilan ahdlashib, qasdlashib mashina yoniga qaytganimda pochcham va akam menga ajabsinib, xavotirlanib ko‘z tikishdi.
“Yettilik xudoyiga hamma shogirdlar yig‘ilishi shart ekan, shuni tayinlagani chaqirishibdi”, – deb qo‘ydim o‘zimcha qo‘l siltab.
Ammo asabiylikdanmi, hayajondanmi hanuz bo‘g‘inlarim bo‘shashib turardi. Akam darrov xotirjam tortib, tili tagiga yana nosvoy tashlab olgan bo‘lsa-da, pochcham gaplarimga ishonqiramay yo‘l-yo‘lakay menga savolchan-sinovchan ko‘z tashlab qo‘yar edi. Baribir chidayolmay o‘sha kuni kechki payt pochchamga dardimni aytdim. U kishi ham bir paytlar, yarim tunda xotinim aytgan gaplarni xuddi kelishib olganday takrorladi.
“Raisning shu arzandasidan qayering kam, a, nimang kam? Sen ham shug‘ullan, mashq qil, ko‘tarib yerga ur shu chempionini, ikkinchi men zo‘rman deb boshqa maqtanmaydigan bo‘lsin”.
Pochcham shunchaki pand-nasihat bilan cheklanib qolmadi. Meni har kuni tuman markaziga olib borib, kechgacha sport bilan shug‘ullanishga majbur qildi. Hatto shahardan qachonlardir dzyudo bo‘yicha xizmat ko‘rsatgan, yoshi qirqni qiyib o‘tgan Salmon ismli chechen murabbiyni mo‘maygina haq evaziga yollab, izzat-ikrom bilan boshlab keldi. Ammo unga asl maqsadimizni aytmadik. Salmon biz kutgandan ham ortiq qattiqqo‘l, injiq, o‘z ishiga puxta chiqib qoldi. U ikki hafta betinim shug‘ullantirib meni polvon surob qilib qo‘ydi. Ammo Davronning sovuq nigohlarini, kinoyali kulishlariyu g‘olibona istehzolarini eslasam yana ichimdan irib jo‘nardim. O‘sha kuni u bilan tikkama-tikka tillashishga qanday jur’at etganimga o‘zim ham hayron edim. O‘sha jur’at, o‘sha o‘rlik sahro sarobiday qaylargadir singib yo‘qoldi.
Kun bo‘yi mashq-mashg‘ulotlarda charchaganimdan, bu yog‘i ta’bim tirriqligidan harchand urinsam-da uyda qosh-qobog‘im ochilmas edi. Bu holni Tanzila hali-hanuz ustozim qazosiga qayg‘urib yurganimdan deb bilibmi, harnechuk, ortiqcha so‘roq-tergovga olmay, ko‘nglimga qarardi.
Men, ayniqsa, turnirning aynan Kengsoyda bo‘lib o‘tishi haqida dahshat va vahimaga tushib o‘ylardim. Qanchalar yovuzona reja bu?!
Birinchi jahon urushida yengilgan Germaniya lashkarboshilarini g‘olib Fransiya hukumati qandaydir o‘rmon qo‘ynida, qandaydir vagon ichida taslim bo‘lganligi haqidagi hujjatga imzo chektirgan ekan. Ammo shunday sharmandali mag‘lubiyat ham nemislar ko‘nglidan vatanparvarlik tuyg‘usini, qasos hissini yo‘q qila olmabdi. Germaniyaliklar o‘sha qora kunga guvoh vagonni bir omborxonaga yashirib qo‘yishgan emish. Ikkinchi jahon urushi davrida Fransiyani bir hamla bilan tiz cho‘ktirgan Germaniya o‘sha vagonni o‘sha o‘rmonga olib kelgan, mag‘lub taraf uning ichida yengilganligi haqidagi qog‘ozga qo‘l qo‘ygan ekan.
Tarix darslaridan ham tuzukkina baholar olib yuradigan Davron, hoynahoy, shu voqeani eslagan va meni shu tarzda jazolashni diliga tukkan ko‘rinadi. Ha, bu chempion, nihoyat, qochoq qashqirni qora qafasga qamadi! Meni endi na Salmonning murabbiyligi, na Tanzila, na pochchamning taskin-tasallisi qutqara oladi. Men Kengsoyda, qadrdon qishlog‘imda, elu xalq ko‘z o‘ngida sharmandayu sharmisor bo‘lishga mahkumman, mahkum. Aslida ham… bu baribir qachonlardir sodir bo‘lishi kerak edi.
Men umidsizlana boshladim. Uzun tig‘li pichoqni qayrab safar xaltamga solib qo‘ydim.
“O‘ldiraman! Aval unga, keyin o‘zimga pichoq uraman!” – degan o‘y kallamda charx urib yurardi.
Pochcham so‘nggi rejalarimdan bexabar, xuddi ko‘pkariga kirar otni ko‘zdan kechirayotgandek, meni tez-tez ko‘rikdan o‘tkazadi, bel-bilaklarimni ushlab-ushlab o‘zicha mamnun bosh irg‘aydi.
“Xorazmcha aytganda, janli, bir chempionga shuyog‘i ham yetib-ortadi” – deb qo‘yadi iljayib.
Biroq shu kez shundoqqina qarshimda boshqa bir iljaygan, tirjaygan bashara meni ta’qib qilib turganini bilmaydi.
“O‘v, shartlarimiz hali kuchida, unutma shuni”.
Davronning sovuqqonlik bilan aytgan bu gaplari quloqlarim ostida bot-bot aks-sado berib a’zoi badanlarimni muzlatib yuboradi. Uning nelarni nazarda tutganini tusmollar ekanman, alam, g‘azab, xavotir yuragimni g‘ijimlay boshlaydi.
Xotinini qimorga yutqazib qo‘yganlar, qarzga botib, evaziga ayolini qo‘sh-qo‘llab tutqazganlar qismati haqida eshitganlarim bir-bir xayolimda aylanadi.
“Hech qachon! Hech qachon! – deb ich-ichimda bo‘kiraman safar to‘rvamdagi pichoqni paypaslab. – Ko‘zim ochiq ekan, bunga hech qachon yo‘l qo‘ymayman”.
Pochcham kecha ertaroq uyquga yotib, yaxshilab dam olishimni tayinlagan edi. Ammo alam-iztirob iskanjasida mijja qoqmadim. Bolalik xotiralari, sevgi kechinmalari bir-bir ko‘z oldimdan kapalakdek qanot qoqib o‘tdi, xayollarim sertuproq yo‘lning chang-to‘zonlaridek to‘zidi. Shiringina uxlab yotgan qizaloqlarimga, mohitobon Tanzilamga termulib to‘ymayman. Men to‘lg‘onaverib ularni bezovta qilishdan qo‘rqib, bir paytlar xotinim qimtinibgina o‘tirib, unsiz yig‘lagan burchakka tiqilib oldim. Xo‘rligim toshdi. Ko‘zlarimdan silqib chiqqan yoshni kaftlarim bilan artib, o‘kirib yubormaslik uchun taxmondagi ko‘rpachalarga yuzimni bosdim.
Bir payt Tanzila ilkis boshini ko‘tardi. Qizaloqlarim ustidagi yopinchiqni to‘g‘rilab qo‘ygan bo‘ldi-da, sharpaday sirpanib, tunchiroqning sarg‘ish-qizg‘ish yog‘dulariga qorishib yonimga keldi. Bo‘ynimdan hech gap-so‘zsiz quchib, boshimni ko‘kragiga bosdi:
“Hammasidan xabarim bor, – deb pichirladi sochlarimni silab, – kengsoyliklar manglayingizga nomard degan tamg‘a bosib jo‘natishsayam men sizdan voz kechmayman. Mening or-nomusim ham, shon-shuhratim ham siz-ku! Sizning kimligingizni Tanzilaning yuragi o‘sha tutzor yoqasidayoq bilib bo‘lgan. Butun dunyo boshingizdan malomat yog‘dirsayam u hech qachon o‘chmaydi. Noma’qul xayollarni kalladan chiqarib, endi biroz dam oling”.
Ajab, xotinimning shivirlarini alladay tinglab o‘tirgan joyimda ko‘zim ilashibdi! Ertalab allanechuk tetiklanib, fikrlarim tiniqlashib turdim.
– Ey, ey, polvon, – deb yelkamga turtdi pochcham mashinasini bir chekkada to‘xtatib, – Kengsoyga keldik, uyg‘onsang-chi.
Men og‘ir qo‘zg‘alib ko‘zlarimni ochdim.
Chor-atrof shomning kuygan kuliday kirchil ko‘ylagiga burkangan edi. Tanish tutzor, tanish yo‘llar, uzoqdagi uy-imoratlar g‘ira-shira ko‘zga tashlanadi. Yonginamizdan besh-oltita qo‘y-qo‘zini haydab o‘tayotgan qariyani pochcham gapga tutdi.
– Assalomu alaykum, bovajon, hormang. Kengsoy shumi?
– Vaalaykum, ha, shu.
– Qishloqda nima gaplar, bova?
– To‘y bo‘layapti, tomosha bo‘layapti. Quvondiq qaysar choshgohdan beri butun qishloqqa osh tortib yotibdi. Kazo-kazo kattakonlar ham shu yerda. Hozir olish boshlanadi.
Chol mollarini haydaganicha bizdan uzoqlashdi.
– Umuman olganda, bunaqa rasmiy turnirlar kunduzi bo‘lardi, nega bular, kechki payt o‘tkazyapti, bilmadim, – deb qo‘ydi pochcham ajablanib.
Sababini juda yaxshi bilsam-da, men indamay yelka qisib qo‘ya qoldim.
Katta yo‘l tarafdan shitob bilan kelgan ikki mashina chiroqlarini yoqib-o‘chirib, yonginamizdan g‘izillab o‘tib ketdi. Hoynahoy, ular ham kurash tomoshasiga oshiqayotgan edi.
– Biz ham seki-in boraveramiz, birato‘la kiyinib olgin, – dedi pochcham ma’noli bosh irg‘ab.
Men intilib orqa o‘rindiqdagi safar xaltamni oldim-da mashinadan tushdim. Qadrdon qishloqqa qadam qo‘yganimni qutlayotganday yengil epkin yuz-ko‘zlarimni silab o‘tdi. Dimog‘imga tanish, juda tanish dala-dasht isi gupillab urildi.
Nazarimda, tutzor tarafdan “Kengsoy burgutlari” qiyqirishgan ko‘yi otilib chiqadigandek, qo‘rqinchli tushimni to‘zitib, meni og‘ir, talvasali uyqudan uyg‘otib yuboradigandek edi. Afsuski hammasi hushimda, ko‘zim tiyra, aqlim tiniq holimda ro‘y berardi. Sal naridagi tutzor ham shamolda shitirlab, go‘yo menga hamdardlik bildirardi.
Men egnimga polvonlik yaktagimni, oyog‘imga maxsus charm poyafzalimni kiyib, yana choponimga burkanib olarkanman, safar xaltamdagi o‘tkir tig‘ pichog‘imni paypaslab qo‘ydim. Tanzilaning dil izhorlariga qaramay, qaltis rejam hali-hanuz ko‘nglimning bir chekkasida pusib-poylab turardi.
– Bo‘l, tezroq, boshlanib ketdi-yov, – deb qo‘ydi pochcham mashina motorini o‘t oldirib.
Xuddi uning tusmolini tasdiqlaganday qishloq tomondan tomoshatalablarning hayqirig‘i osmonga o‘rladi.
Mashina qo‘zg‘aldi.

Biz Absal polvonni mangu yo‘qotib qo‘ygan edik.

Qishloq ko‘tarma polvonning ko‘ngliday o‘z quvonchiga o‘zi qorishib yotardi. Ko‘cha-ko‘y supirib-sidirilgan, baland imoratlar peshtoqiga, yo‘l bo‘ylariga har xil shiorlar, bayroqlar osilgan edi. Son-sanoqsiz lampa-chiroqlardan charog‘on maktab stadionida odam qaynaydi. Duch kelgan joyga qantarib qo‘yilgan mashinalar oralab yashinmachoq o‘ynayotgan qora-qura bolakaylar u yon-bu yon g‘ir-g‘ir yugurishadi. Tillatusda tovlanib turgan stadionda g‘ala-g‘ovur, qiy-chuv avjida edi.
Keng maydonning to‘rt tarafida, maktabdan tashib chiqilgan qator-qator parta, stol-stullarda mehmon nusxalar, ayollar, qari-qartanglar o‘tirishar, o‘rindiq tegmagan tomoshatalablar odatdagidek bir-birini itarib-surib tik turishar, davraning uch-to‘rt joyida juft-juft bo‘lib bellashayotgan polvon bolakaylarni zavq-shavq bilan kuzatishar, ahyon-ahyon kurashchilardan birortasi raqibini yiqitgan payt, guvullab yuborishar edi. Biz ham tomoshabinlar siyrakroq joydan suqilib, qulayroq o‘rnashib oldik. Davra to‘ridagi, alohida yasatilgan joyda qo‘r to‘kkan kazo-kazo rahbarlarni olisdan ko‘rgandayoq pochcham egilib-bukilib, qo‘li ko‘ksidan tushmay qoldi. Ilgarigi amaldorlik shlyapasi o‘rniga do‘ppini dol qo‘ndirgan Quvondiq qaysar ham rahbarlar to‘pida har doimgidek qoyaday qad kerib maydonni loqayd va nopisand kuzatib o‘tirardi.
– Xap-pa-a!
Qotmagina yosh polvon shunday chinqiriq bilan raqibini boshidan oshirib tashladi.
Davra yana guvillab yubordi.
Ahyon-ahyon hushtagini churillatib, kurashchilar atrofida charx urib aylanayotgan, sport liboslari lampachiroq yog‘dusida yalt-yult qilayotgan hakamlar, har-har joyda, murabbiylar nazoratida, yaktak kiyib, bel bog‘lab shaylangan bolalar, polvonlarning oti-zotini, sovrin-sovg‘alarni mikrofonda e’lon qilishlar davraga chala rasmiy tus bergan bo‘lsa-da, maydonga qalin to‘shalgan xas-xashak, g‘ala-g‘ovur, qiyqiriqlar to‘y-hashamlardagi odatiy kurash tomoshalarini eslatar edi. Men, ayniqsa, barragina kurashchilarning chapdast-chaqqon bellashuvini ko‘rib bolalik chog‘larim, Davron bilan davralarda zavq-shavqqa ko‘milib yurgan kezlarim ko‘z oldimda lip-lip jonlanib, g‘alati hislar og‘ushida qolgan edim. Qoshimgacha qoplab turgan qalpoq ostidan atrofimga ko‘z yugurtirib, do‘stu qadrdonlarni, tanish-bilishlarni ilhaq-intizor izlayman. Ammo odam ko‘pligidanmi yo bezovta bir tarzda turganimdanmi, har nechuk, yon-verimda birorta ham qadrdon qiyofani ilg‘ay olmadim. Faqatgina maydondagi hakamlar yonida, tantana egasi o‘rnidami yo turnirning alohida qahramoni sifatidami, vazmin kezinib turgan Davronga ko‘zim tushardi.
– Halo-o-ol! – tuyqus hayqirib yubordi olomon.
Ular alohida olqishlaganidan hozirgina raqibini yiqitgan o‘spirin kengsoylik bo‘lsa kerak, degan xayolga bordim. Shu orada maydonning bir chekkasida ko‘pdan beri bir-birini yiqitolmay, surishib-tirashib yurgan polvonlarni hakam ajratib, durang natija e’lon qildi, ammo qaynoq qon yoshlar allanima deya silkinishib, qarorga norozilik bildirgan bo‘lishdi.
Mag‘lublar bosh egib, g‘oliblar gerdayib, sovrin-sovg‘ani olib davrani tark etishar, maydonda yangi-yangi juftliklar paydo bo‘lishar, bosh hakam erinmay, qog‘ozdagi yozuvlarga qarab ularni mikrofon orqali xalqqa tanishtirar, qo‘yilgan sovrinni e’lon qilar edi.
– Ushbu juftlikka, tuman sog‘liqni saqlash bo‘limi tomonidan eng kam ish haqi barobarida mukofot ajratilgan! Marhamat, halol kurashib, sovringa egalik qiling, aziz yoshlar!
Davra eshitganlarini qiyqirgan ko‘yi ma’qullab qo‘yadi.
To‘nkarilgan qozondek qop-qora osmon toqida yulduzlar g‘ujg‘on o‘ynaydi. Go‘yo ular ham hurkib, miltirab kurash maydonini kuzatishadi.
“Bizning yana qasdlashganimizdan odamlar xabardormikan, – deb o‘ylayman yon-verimdagilarning yuz-ko‘ziga sinchkov qarab, – yo‘q, menimcha, Davron bu gal sir saqlagan ko‘rinadi”.
Pochcham kurash tomoshasi bir chekkada qolib, hali-hanuz kazo-kazolarni ixlos bilan kuzatar, hoynahoy, ularga ko‘rinish, qo‘l olib ko‘rishish ishtiyoqida yonar edi.
Bir payt bosh hakam mikrofonni qitirlatib sudragan ko‘yi o‘rtaga chiqdi.
– Hurmatli kengsoyliklar, aziz mehmonlar, – deb ehtirom bilan gap boshladi u atrofiga alanglab, – xalqimizning ardoqli farzandi, marhum Abdusalom polvonning xotirasiga bag‘ishlangan turnirimiz, viloyat yosh kurashchilari o‘rtasidagi musobaqa davom etadi. Sir emas, bugungi tadbirimizga tumanimizning, viloyatimizning, qolaversa, butun respublikaning faxr-iftixori bo‘lmish, kurash bo‘yicha Osiyo chempioni, qator xalqaro musobaqalar sovrindori Davronbek Tirkashev tashrif buyurgan!
Davra gulduros solib hayqirib qo‘ydi. Ayniqsa, o‘z murabbiylari yonida to‘p-to‘p turgan bolalar alohida hurmat-izzat ko‘rsatib qarsak chalib yuborishdi.
– Shuning uchun, shuning uchun… – deya bosh hakam qo‘l ko‘tarib, davrani tinchlantirgan bo‘ldi, – bu yerda o‘tirgan muhtaram rahbarlarimizdan, hurmatli oqsoqollardan bir taklif tushayapti. Davronbekning kurashini ham bi-ir tomosha qilaylik, kengsoylik polvonimiz yoshlarga o‘z mahoratini ko‘rsatsin, deyishyapti ular. Sizlar bu taklifga qanday qaraysizlar?! Ana undan keyin musobaqamiz yana davom etaveradi.
Davra qiy-chuv, qiyqiriqlar bilan bosh hakamning gaplarini ma’qullagan bo‘ldi. Ayniqsa, yosh polvonlar shavqqa to‘lib-toshib chapak chalishar, betinim irg‘ishlashar edi.
– Bu yerda katta polvonlar ko‘rinmayapti, Davronbekka talabgor topilarmikan? – deb qichqirdi kimdir.
Bosh hakam uning gapini ma’qullaganday bosh irg‘ab iljaydi.
– Xudoga shukur, yurtimiz polvonlar yurti. Chempionni bir ko‘rsam, gupillatib yerga ursam, deb chekka-chukkada yurgan azamatlar topilib qolsa kerak.
Davrada gurr kulgu ko‘tarildi.
Mendan ko‘ra ko‘proq hayajonlanayotgan pochcham qo‘limni mahkam qisib, silkitib qo‘ydi.
Shu payt kazo-kazolarning yaqinida qo‘l qovushtirib turgan Davron vazmin qadamlar bilan o‘rtaga chiqdi-da, tomoshabinlarning olqishu qarsaklariga ko‘milib to‘rt tomonga o‘zicha ta’zim qilgan bo‘ldi. So‘ng bosh hakamning qo‘lidan mikrofonni olib:
– Eng avvalo e’tibor uchun rahmat, – deya o‘ng kaftini yana ko‘ksiga qo‘ydi, – biz xalq xizmatidagi o‘g‘illarmiz, shuning uchun oqsoqollarning taklifini qabul qilaman.
Davrada tag‘in qiy-chuv ko‘kka o‘rladi.
– Lekin bir iltimosim bor, – deb gapida davom etdi Davron bosh hakamga yuzlanib, – bizning kurash rasmiy emas, shunchaki, xalqona bo‘ladi, shuning uchun to‘y-tomoshalarda bakovullik qilib yurgan yurtdoshlarimizdan birini taklif etsak, bizning kurashni kuzatib tursalar.
– Marhamat, juda yaxshi, – deb chinqirdi bosh hakam, – siz o‘zingiz aynan kim bakovul bo‘lishini istaysiz?
Davron atrofga o‘zicha bir alanglab qo‘ydi.
– Men qishlog‘imizdagi juda ko‘p kurash tomoshalarida bakovullik qilgan Ergash akani tanlagan bo‘lardim. Agar u kishi davrada bo‘lsalar, marhamat, o‘rtaga chiqsalar. Bu kishi halolligi, xolisligi bilan har doim elning hurmatini qozonib kelgan.
– Ergash aka, shu yerdamisiz – deb chorladi bosh hakam chempionning qo‘lidan mikrofonni olib. – Marhamat, maydonga chiqing.
Davrada g‘ala-g‘ovur, jonsaraklik qo‘pdi.
“Ax, maraz, hammasini puxta o‘ylabdi! Domlaning to‘yini aynan takrorlamoqchi bu!” – degan xayol butun vujudimda chaqmoqday chaqib o‘tdi.
Birozdan so‘ng davraning qay bir burchidan Ergash mirob sidrilib o‘rtaga chiqdi. Ancha to‘lishib, lapanglab qolibdi. Hatto soqol ham qo‘yib yuboribdi. Tomoshabinlar qiyqiriqlar bilan uni ham olqishlab qo‘ygan bo‘lishdi.
– Baribir chempionimizga talabgor chiqmaydi, o‘zim olishadiganga o‘xshayman, – deb hazil qilgan bo‘ldi Ergash aka.
Shu orada polvonlik liboslarini kiyib o‘rtaga chiqqan Davron davrani vazmin aylana boshladi. Kazo-kazolar to‘pi ham avvalu oxir voqealarni qiziqish bilan kuzatib o‘tirardi.
– Shahri Toshkentdan kelgan Davron polvon Quvondiq o‘g‘li! Qani, unga talabgor bormi? – deya qichqirdi bir soatlik bakovul u yon-bu yon yuzlanib.
“Ukkag‘ar, pismiqi, – xayolimdan o‘tdi mening, – atay “Quvondiq o‘g‘li” deb qo‘ydi. Sobiq raisga yaxshi ko‘rinmoqchi”.
– Qani, davra sovimasin, polvonjonlar, maydon mahtal bo‘lmasin, – deb yana hayqirdi Ergash mirob.
Pochcham ko‘zlari chaqnab yelkamdan quchdi.
– Xudo yuzingni yorug‘ qilsin, qaynim, qani, chiqa qol.
Men odamlar dabdurustdan tanib qolishidan cho‘chib, choponimni, qalpog‘imni yechmay o‘rtaga oyoq bosdim. Ammo uch-to‘rt qadam qo‘yar-qo‘ymasim:
– Iya, bu o‘zimizning Norsoat-ku! – deya qichqirib yubordi kimdir.
Davrada g‘ala-g‘ovur, shivir-shivir jonlandi. Tuyqus meni tanib qolgan bakovulning ham rang-ro‘yi o‘zgarib, viqor bilan yurinib turgan joyida taqqa to‘xtadi, kazo-kazolar tomonga xavotirli ko‘z tashlab qo‘ydi. Faqatgina Davron bu voqealarning o‘ziga sira daxli yo‘qday, oyoq ostidagi poxol to‘shamadan ko‘z uzmay davra aylanib turardi.
Men yana joyimga qaytib, choponimni, qalpog‘imni yechib pochchamga tutqazarkanman, tevarakdagi shivir-shivirlar qulog‘imga chalindi.
“Ilgari bir to‘yda Davronni shu chalpak qilib urgandi”.
“Esim-da, qandaydir qizni talashib, garov o‘ynashgan”.
“G‘irrom olishgan ekan deb men eshitib edim”.
“O‘sha qiz keyin nima bo‘ldi ekan?”
“Bilmadim… boshqa birovga tegib ketdi-yov”.
“Ketdik, kengsoyliklardan so‘raymiz”.
“Match revansh…” – dedi pixillab kimdir.
Odamlarning gap-so‘zlaridan, davraning zavq-shavqidan men ancha tetiklashib, jo‘shib qolgan edim.
– Norsoat polvon Eshqobil o‘g‘li, – deb bakovul meni davraga tanishtirgan bo‘ldi, so‘ng bosh hakam qo‘liga tutqazgan bir parcha qog‘ozga ko‘z yugurtirib e’lon qildi, – bu kurashchilarga viloyat hokimligining maxsus sovrini tikildi-i-i!..
Biz yuzma-yuz keldik.
Davron bir intilib yoqamdan tutdi. Men bir qo‘lim bilan uning bilagiga, ikkinchisi bilan belbog‘iga chang soldim. Biroq bamisli ulkan qoyaning bo‘rtiq toshini ushlaganday bo‘ldim. Davron meni biroz sudraklab, so‘ng qo‘yib yubordi-da davra aylana ketdi.
Boyagina badanimga yugurgan tetiklikdan asar ham qolmadi. Axir, ushlashgandayoq raqibimning barmoq uchlarigacha kuch-quvvatga to‘laligini, metindek mustahkamligini yaqqol his qildim!
– Ha, polvonjonlar, bo‘shashmanglar, – deb qo‘ydi bakovul.
Yana bir-birimizga tashlandik. Bu gal Davron botinmaganday belbog‘imdan tutdi. Men uning yoqasidan g‘ijimlab ushladim. Ushladimu odatiy bir tarzda raqibimni kuch bilan siltab tortdim. Bilmadim, chindan muvozanatni yo‘qotdimi yo atay qildimi, Davron nogoh poxol to‘shama ustiga tizzalab qoldi.
Davra guvullab yubordi.
“Domlaning to‘yida men ham ikkinchi qafasda cho‘k tushgandim” – degan o‘y lop etib xayolimdan o‘tdi.
Men raqibim yoqasini bo‘shatib davra aylana ketdim. Davron ham belbog‘ini qayta bog‘lay-bog‘lay izimdan ergashdi. Tomoshabinlar orasida menga hayratomuz, xayrixoh tikilgan nigohlarni ilg‘arkanman, bel-bilaklarimga yana andak tetiklik indi.
Chempion shartta ortga burildi-da, ko‘zlarida allanechuk uchqunlar porlab hujumga o‘tdi. Men qo‘llarimni oldga cho‘zib yana yoqadan tutishni mo‘ljalladim. Biroq shu payt o‘ng barmoqlarim orasidan Davron baquvvat panjalarini o‘tkazib olib, ikkinchi qo‘li bilan chap tirsagimdan tutdi. Men beixtiyor raqibning ko‘zlariga qaradim.
– Shunaqamidi usuling? – deb pichirladi u yuzlarida istehzo o‘ynab.
Muqarrar og‘riqni his qilib aftim burishib ketdi.
– Shu bilan ko‘ngling to‘lsa, qayirib yubora qol…
Ammo Davron bir siltanib meni bo‘shatdi-yu, yana vazmin, o‘ychan alfozda davra aylana boshladi. Taqiqlangan sambo usulining boyagi tahdididan men hanuz dovdirab turardim.
“Hal qiluvchi qafas bo‘ladi hozir”, – xayolimdan lip o‘tdi mening.
Kalovlanib davra aylanarkanman, biror bahona bilan joyimga borib, pichoqni qo‘ynimga solib olish rejasini tuzardim. Ammo fursat yetmadi.
Biz yana betma-bet hujumga o‘tdik. Bu gal Davron op-oson ham yoqamdan, ham belbog‘imdan mahkam tutdi. Raqibimning yaktagini omonatgina ushlagan qo‘llarim deyarli bemajol osilib turardi. Raqib bu holatda meni bemalol belidan oshirib yerga urishi tayin edi. Ammo Davron kutilmaganda bir-ikki usullar qo‘llagan bo‘ldiyu, xuddi mening siltovimdan silkinganday bir payt dustaman quladi.
Davra yana guvillab yubordi.
Men… men… Davron atay yiqilganini yetmish ikki tomirim bilan his qilib turardim. Es-hushim karaxt qotdi.
Bir payt raqibim go‘yo arang qo‘zg‘alib o‘rnidan turdi-da, qo‘llarini yoyib, bakovulga bosh chayqadi.
– Bo‘ldi. Men boshqa olisha olmayman. Tan berdim.
Davraga tuyqus jimlik indi.
– Yaxshi eshitmay qoldim, Davronboy, – deb talmovsiradi bakovul – biroz dam olmoqchimisiz?
Ammo Davron vazmin qadamlar bilan borib bosh hakamning qo‘lidan mikrofonni oldi.
– Hurmatli yurtdoshlar, – dedi go‘yoki hansirab, – to‘g‘risi, dunyo kezib, qancha-qancha musobaqalarda qatnashib, men hali bunday polvonni uchratmadim. Men unga tan berib, davradan chiqaman. O‘z qishlog‘imda yelkam yer iskashini xohlamayman. Bilmaganlar bilib qo‘ysin, Norsoat dunyodagi eng kuchli polvon ekan.
Davron shunday dediyu, bosh hakam uzatgan to‘nni yelkasiga ilib, yana to‘rt tomonga ta’zim qildi.
Davra guvullab, gulduros qarsak chalib yubordi.
Men hangu mang, ko‘ru kar holatda joyimda qotib qolgan edim. Pochcham chopqillab kelib qo‘limdan yetaklab ketdi.
Davron yana mikrofonni qo‘liga oldi.
– Aziz yurtdoshlarim, sizlardan, mana bu yerda o‘tirgan ustoz Abdusalom akaning farzandlaridan, oqsoqollardan bir iltimosim bor edi. Agar meni chindanam yaxshi ko‘rsalaringiz, ustozdan yodgorlik qolgan sibizg‘ani menga bersangizlar, iltimos.
Davra yana gulduros qarsaklar, qiyqiriqlar bilan chempionni olqishlashdi.
Bu orada oyoqqa turib ketgan Quvondiq qaysar qoyaday qad kerib chor-atrofga mamnun iljaygancha ko‘z tashlar, kimlargadir allanima deya bosh irg‘ar edi.
Men ich-ichimdan quyunday qo‘zg‘algan quvonchu xo‘rlikka qorishib Davrondan ko‘z uzmay turardim. Do‘stim yonidagi bosh hakamga nimadir dediyu sekin sidrilib davra tashqarisiga chiqib ketdi.
– Qani, yosh polvonlar, yana davraga marhamat, – dedi bosh hakam tag‘in mikrofonni qo‘liga olib.
Men ham odamlarni surib-turtib davra tashiga chiqdim. Muzdek epkin yuz-ko‘zimni xush silab o‘tdi.
Yuragim gurs-gurs urgan ko‘yi Davron ketgan tomonni tusmollab jo‘nadim. Adashmagan ekanman. Do‘stim yelkasiga og‘ir yuk ortilgan hammolday mashinalar tomon og‘ir-og‘ir odimlardi. Ortidan yugurdim.
– Davron, – dedim tovushim titrab, – do‘stim…
U ohista ortiga o‘girildi. Men uch-to‘rt qadam berida beixtiyor to‘xtab qoldim.
– Nega unday qilding, nega?
– Sen… sen rostdanam dunyodagi eng kuchli, eng dovyurak polvonsan, Norsoat.
Tomog‘imga tiqilgan quvonchu xo‘rlik ko‘zlarimdan tirqirab chiqa boshladi.
– Kechir meni, do‘stim, iltimos, kechir.
– Yo‘q, sen kechir, – dedi Davron ham tovushi titrab, – senga ko‘p ozor berdim.
Ovozim tobora xirillab, so‘nik chiqardi.
– Sen mard, halol insonsan…
– Yo‘q, senga teng kelolmayman, – dedi Davron kaftlarini ko‘ziga tegizib olarkan, – sen mardlarcha sevgining quli bo‘lolding, men esa hali sevgining o‘zini ham topolganim yo‘q.
Biz yuzma-yuz turib qoldik.
– Qanchadan-qancha maydonga tushdim, ne bir polvonlarni yiqitdim, – dedi Davron chuqur tin olib, – lekin doim o‘zimni mag‘lubday his qildim, hech ko‘nglim ko‘tarilmadi.
– Nega, axir…
– Chunki Tanzila urgan shapaloqning achchig‘i, ko‘zlaridagi nafrat meni doim quvib yurdi.
– Iltimos, bizni kechir, Davron, – dedim ochiq-oshkora ko‘z yoshlarga qorishib.
Do‘stim og‘ir-og‘ir bosh chayqab, uzun uff tortib yubordi.
– Dunyo kezib, ikki haqiqatni angladim, Norsoat, eng birinchisi chin polvonning joyi panada ekan, shuni bildim. Ikkinchisi… har polvonning o‘z sibizg‘asi bo‘lsin ekan…
– Ustozning go‘ri nurga to‘lsin, iloyo.
– Ha, u inson ming-ming marta haq ekan.
Biz Absal polvonni yana qayta topib olgan edik.
– Hali ham devday kuchli ekansan.
– Men toqqa turtinib ketganday bo‘ldim boya.
– Norsoat, – dedi do‘stim musht qilib tugilgan qo‘lini boshi uzra ko‘tararkan.
– Davron, – dedim men ham havoga qo‘l sermab.
– Quyosh hali botmagan!
Ikkimizning hayqirig‘imizdan ko‘k to‘la yulduzlar to‘zib yelkamizga sochilganday bo‘ldi.

“Yoshlik”, 2015 yil 1-2-sonlar

08

(Tashriflar: umumiy 5 578, bugungi 1)

Izoh qoldiring