«Mashhur bokschi bo’laman deb o’ylamaganman». Jahon chempioni Rufat Risqiyev bilan suhbat.

021

Роппа-роса 40 йил аввал, 1974 йилнинг 30 августида ватандошимиз Руфат Рисқиев бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлган эди.

Ўзбекистон бокс тарихидаги ( қолаверса, собиқ СССР бокси тарихида) биринчи жаҳон чемпиони, 1976 йилги Монреаль Олимпиадаси кумуш медали соҳиби Руфат Асадович Рисқиевнинг номи муносиб равишда жаҳон спорти  тарихида Муҳаммад Али, Теофил Стивенсон, Жо Фрезер, Борис Лагутин каби атоқли  қўлқоп  усталари қаторида тилга олинади.

04
011Ўзбекистонлик таниқли боксчи, 75 кг вазн тоифасида 1974 йилги Жаҳон чемпиони, 1976 йилги Монреал Олимпиада Ўйинлари Кумуш медали совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони Руфат Асадович Рисқиев 1949 йилнинг 2 октябрида Тошкент шаҳрида дунёга келган.

Руфат Асадович бокс билан шуғулланишни 14 ёшида бошлаган. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тугатган. Таниқли боксчи рингда аъло даражадаги кураш тактикасини намойиш қилган. Ҳар иккала қўли билан ҳам аниқ зарба беришга қодир бўлган Руфат Рисқиев аксарият ҳолларда ўтказган жангларида муддатидан илгари ғалаба қозонган.

У ҳаваскор боксчиларнинг 1974 йилда Кубада бўлиб ўтган илк Очиқ чемпионатида иштирок этиб жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган илк совет ва ўзбек боксчисидир.

Таниқли боксчи Австрия, Бўлғористон, Можаристон, Польша, собиқ Чехословакия, собиқ Югославияда ўтказилган халқаро турнирларда ҳам иштирок этиб, ғалаба қозонган.

04
011

«МАШҲУР БОКСЧИ БЎЛАМАН ДЕБ ЎЙЛАМАГАНМАН»
Илк ўзбек  жаҳон чемпиони  Руфат РИСҚИЕВ билан суҳбат
Адиба УМИРОВА суҳбатлашди

023Мусобақада менинг оғирлигим бўйича 27 боксчи рингга чиққан. Дастлабки учрашувда чап қўлимни, иккинчисида ўнг қўлимни, учинчисида яна чап қўлимни синдирганман. Рингда йиқилганимда юзгача санашганларида ҳам турмайман деб ўз-ўзимни ишонтиргандим. Шунда ўз қарамоғимга олган раҳматли тоғамнинг қизлари Тамара ва Кларалар кўз олдимдан ўтди. Агар ўрнимдан турсам 500 рубл беришар, уларга совға-салом олиб борсам, деган хаёлда турдим.

—————————
Менинг биринчи тренерим С. Жаксон бўлган. Кейин Алексей Баранов бўлган. Охирида Борис Гранаткин бўлган. С. Жаксон менга биринчи бўлиб бокс алифбосини ўргатган. Алексей Андреевич менга бокс мактабини ўргатган. Гранаткин эса, бокс Олий мактабидан сабоқ берган.
———————————-

— Руфат ака, сизни элимиз, бокс мухлислари ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби (1974 йил Гавана, Куба) Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби (1976 йил Монреал, Канада) собиқ иттифоқ чемпиони (1973 ва 1976 йиллар), собиқ бутуниттифоқ миқёсидаги спартакиа­далар ғолиби (1971 ва 1975 йиллар) АҚШ, Австрия, Югос­лавия, Испания каби давлатларда ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган халқаро турнирлар ғолиби сифатида яхши танишади. Мустақиллик шарофати туфайли эса “Буюк хизматлари учун” ва “Эл-юрт хурмати” орденлари билан тақдирландингиз. Ҳали-ҳануз бокс ишқибозларини чиройли, бетакрор ўйинларингиз, кучли зарбаларингиз, ишончли ғалабаларингиз ҳаяжонга солади.

Лекин… негадир, ҳаётингиздаги кескин характерга эга бўлган мусобақаларда рақибларни олов қалб, кучли қақшатқич зарбалар билан енгиб, “тошкентлик йўлбарс” деган номга сазовор бўлган боксчининг ҳар бир нарсага таъсирчанлиги, кўнгилчанлиги ҳам кўпчилик учун ҳайратланарли. Назаримда, бу камтарлик, одамийлик туйғулари болалик чоғингизданоқ шуурингизга сингиб кетганга ўхшайди…

— Отам вафот этганида онам 28 ёшида қолган. Онам эртадан кечгача бизга овқат олиб келиш учун тинмай ишларди. Шу билангина қора қозонимиз қайнаб турарди. Отам вафот этганига уч йил бўлгандан ке­йин онам бизга мато сотиб олиб келиб, кийим-кечак тикиб берганлиги ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Болалик давримнинг асосий қисми кўчада, яъни маҳалладаги болалар билан кечди. Айнан ўша болалар билан дастлаб акробатика кейин эса, бокс тўгарагига қатнашдим. Устозим Жексондан дастлаб бокс сабоқларини олганман. Кейин акам Алишер Алексей Барановга шогирдликка мажбурлаб олиб борган. Бошида унга шогирд тушишни хоҳламаганман. Лекин бир томондан яхши бўлган. Кейинчалик мураббий Борис Гранаткин қўлида маҳоратни ўтагандим. Ўшанда мени ҳеч ким, ҳатто ўзим ҳам келажакда машҳур боксчи бўламан деб хаёлимга келтирмаганман. Тажриба ошириш учун 11 ёшимда Тошкентда ўтказилган очиқ рингда иштирок этганман. 17 ёшимда Эстонияда ўтказилган олимпиадада қатнашиб биринчи ўринни эгаллаган эдим. Аста-секин республика, собиқ иттифоқ ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда иштирок этдим.

————————
Таниқли боксчи Руслан Чагаевга зарба беришни ўргатганман. Зарба бериш техникасини яхши эгаллагани учун Америкада “Оқ Тайсон” лақабини олган. Кейин Рустам Саидовга ҳам зарба беришни ўргатганман. Яъни, мен техник, тактик жиҳатларини ўргатиб, бокснинг олий мактабидан сабоқ беришим мумкин. Руслан Чагаевни бемалол шогирдим деб айта оламан.
——————-

– Жаҳон чемпиони. Қандай жарангдор. Бу сўзлар ҳар қандай спортчини ҳам ил­ҳомлантириб юборади. Эътиборли томони шундаки, Куба пойтахти Гаванада ўтказилган ҳаваскор боксчиларнинг илк жаҳон чемпионатида қатнашиб, биринчилар қаторида олтин медални қўлга киритганлигингиз ҳақида ҳалигача тўлқинланиб ёзадилар, тилдан қўймайдилар. Барча муваффақиятларингизнинг сири нимада деб ўйлайсиз?

055— 1974 йилда Бутунжаҳон бокс уюшмасининг (AIBA) фавқулодда конгресси ҳар тўрт йилда бир марта ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионатини ташкиллаштириш ҳақидаги қарорининг ижроси асосида жаҳон чемпионати ўтказилганди. Чемпионатда шаҳар, Ўзбекистон, собиқ иттифоқ биринчилигини қўлга киритганлигим учун қатнашишга мушарраф бўлганман. Мусобақада менинг оғирлигим бўйича 27 боксчи рингга чиққан. Дастлабки учрашувда чап қўлимни, иккинчисида ўнг қўлимни, учинчисида яна чап қўлимни синдирганман. Рингда йиқилганимда юзгача санашганларида ҳам турмайман деб ўз-ўзимни ишонтиргандим. Шунда ўз қарамоғимга олган раҳматли тоғамнинг қизлари Тамара ва Кларалар кўз олдимдан ўтди. Агар ўрнимдан турсам 500 рубл беришар, уларга совға-салом олиб борсам, деган хаёлда турдим. Ўша йилнинг 17-31 августида кечган мусобақада жаҳон чемпионлигига сазовор бўлдим. Мусобақа тугагач, икки қўлим гипсда узоқ вақт шифохонада ётдим. Уч марта рингда жангларни жароҳатланган қўлларим билан ўтказганман. Айниқса, 1976 йил Монреалда ўтказилган ХХИ ёзги олимпиададан кейин умуман боксни ташлашга қарор қилдим. Шу-шу рингга қайтиб чиқмадим.

————————
Боксдаги бутун фаолиятингиз давомида энг кучли рақибим украиналик боксчи Анатолий Креманов бўлган. У билан олти марта рингга чиққан бўлсак-да, ҳисобимиз 3:3 бўлган. Еттинчи гал чиқишимиз керак бўлганда эса, ростини айтсам, у қўрққан, рингга чиқмаган, касал бўлдим деб, қолиб кетган.
————————-

— Нега фаолиятингизнинг айни гуллаган даврида?..

— Олимпиада ўйинларининг финалида энг оғир вазнда профессионаллар ўртасида бўлажак жаҳон чемпионатида жаҳон чемпиони Майкл Спинсга қарши рингга чиқдим. Украинада, Венгрияда, Кубада жароҳатланган қўлларим ҳали битмасдан туриб, жангга киргандим. Агар даволанганимда албатта, мусобақада ғолибликни қўлга киритардим. Кейин ёнимда устозим Гранаткин ҳам бўлмаган. Олимпиадада ютсам ҳам, ютмасам ҳам барибир боксдан кетардим. Чунки 12 ёшимдан 27 ёшимгача мусобақаларда иштирок этавериб, тугагандим. Ҳаётнинг менга қизиғи қолмаганди. Чунки шунча йил фақат боксга тушдим. Шахсий ҳаётим бўлмаган. Дўстларимнинг оиласи, фарзанд­лари бор эди. Боксни ташлаганимдан сўнг онам мени уйлантириб қўйди. Шундан бери оиламга, фарзандларимга меҳрим тушиб яшаяпман.

——————-
Барча унвонларим ичида энг қадрлиси, албатта, ҳаҳон чемпиони унвони. Ўшанда ҳам қўлларим уч жойидан синган – чап қўлим икки жойидан, ўнг қўлим бир жойидан… Тўрт учрашувни синган қўлларим билан олиб борганман. Бўйим 1метр 84 сантиметр, вазним 75 кг бўлган. Биринчи учрашувда канадалик, иккинчисида аргентиналик (ўшанда чап қўлимни синдирганман), учинчисида бўлғористонлик (унда ўнг қўлимни синдирганман), тўртинчисида олмониялик ва ниҳоят финалда руминиялик боксчи билан рингга чиққанман.

———————————-

— Кўпинча спортчилар билан суҳбатлашганимда «Бокс спортнинг энг мураккаб, энг машаққатли тури. Рингга чиқдингми ё ҳаётинг, ё мамотинг ҳал бўлади», дея эътироф этишади. Сизнингча бокс нима?

09a— Бокс — мардлар майдони. Бунда довюрак, ақлли спортчилар ғалаба қозонади. Баъзан боксга қизиқиб, машаққатидан, меҳнатидан қочадиган спортчиларга майдонга чиқишга қурбинг етмаса бу йўлни танлаб нима қиласан? Танладингми, заҳматига чида-да. Ўғил бола бўлсанг, нолима дейман. Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоасида маслаҳатчи бўлиб фаолият кўрсатаётган эканман, боксчиларнинг машғулотларини кўриб, маслаҳатлар бераман.

— Сиз спортда эришган ютуқларни нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам фахр-ифтихор билан тилга олишади. Баъзан оламшумул мусобақаларни кузатиб туриб, ўзингизни ҳам рингга тушган чоғларингизни соғиниб қолсангиз керак-а…

— Спорт туфайли дунёнинг 35 га яқин мамлакатида мусобақаларда, халқаро миқёсдаги учрашувларда иштирок этдим. Ҳар бир мусобақа ҳаётимдаги энг унутилмас, энг гўзал лаҳзалардир. Бугун катта-кичик воқеалар спорт тарихида хотира бўлиб муҳрланди. Лекин мени ҳар доим ютуғлару ғалабалар билан табриклашга ўрганиб қолган томошабинлар, 35 йилдан бери кўчада, бозорда, байрамда ҳатто автобусда ҳам мендан фақат бокс ҳақида сўрашади. Ҳозир 58 ёшдаман. Бокс жонимга теккан. Мусобақалардан чарчаганман. Худонинг берган куни бокс ҳақида гапириш мен учун оғир. Авваллари бокс ҳақида умуман гапирмасдим. Икки-уч йилдан бери бокс ҳақига гапиряпман. Биласизми, спорт шоу эмас, боксчи рингдаги жангларини қандай кечганлигини ўзи яхши билади. Машаққатларини ҳамма билиши шарт эмас.

——————-
Эй, албатта, армоним бор! Бу Олимпиада Ўйинларида Олтин медаль ололмаганим… Яъни иккинчи ўринни олганим. Ўшанда ҳам бу менинг айбим эмас, секундантимнинг айби бўлган. Мен унга рингга чиққан пайтимда менга шу-шу гапларни айтиб туринг деб айтганман. Чунки рингга чиққан пайтингизда умуман бошқача аҳволга тушасиз-да….Шунинг учун ҳам боксчига гапириб туриш керак. Секундантим эса, бундай қилмаган. У Слава Ленишев деган боксчининг тренери эди. Слава Ленишев менинг рақибим эди. Мен Жаҳон чемпиони, у Олимпиада чемпиони эди. Лекин ўша галги Ўйинларга бормаганди. Чунки мен Славани ютиб, боргандим. Олимпиадада тренер битта бўлади, унинг ўзи ҳаммага қарайди. Шунинг учун ҳам атайлабдан гапирмаган. Мен буни билмасдан ўзимга дўст деб юрардим. Рингга чиққан пайтингизда эса, ҳамма нарса эсингиздан чиқиб қолади.
———

— Келинг, суҳбатимизга “лирик” чекиниш қилсак-да, мавзуни сизнинг куй-қўшиққа, адабиётга бўлган меҳр-муҳаббатингизга боғласак…

044— Э, бормисиз, шундай мавзулардан ҳам сўз очинг. Биласизми, мусобақалардан, спартакиадалардан бўш қолган пайт­ларимда гитара чалардим. Ўзбек мумтоз куйларини эшитаман. Жаҳон адабиётига мурожаат қиламан. Авваллари чет эллик спортчи дўстларим билан буюк бобокалонларимиз ҳақида гаплашиб қолсак, бундан бир минг йил олдин Абу Али ибн Сино одамни операция қилганлигини, Беруний ернинг шар шаклида эканлигини айтганлигини, Мирзо Улуғбек эса йилни санаб ҳисобига етганлигини айтсам ҳайратланишарди. Юртимизга бир марта ташриф буюришни орзу қилишарди. Дунё­нинг қанча мамлакатларида бўлмай, она юртимдек жаннатмакон ўлкани ҳеч қаерда кўрмадим.

— Мустақиллик шарофати билан улкан хизматларингиз муносиб тақдирланди. Олимпиа шон-шуҳрати музейида фаолиятингизга бағишланган алоҳида бўлим очилди. Спортчи учун дунёда бундан ортиқроқ бахт бўлмаса керак?

— 1990 йилнинг ўрталарида ҳаётимда кутилмаган ўзгаришлар рўй бера бошлади. 50 ёшга тўлганимда давлатимиз меҳнатимни инобатга олиб бир неча мукофотлар билан тақдирлади. Олимпиа шон-шуҳрати музе­йида фаолиятимга бағишланган алоҳида бўлим очилганлиги мамлакатимизнинг спортга бўлган ҳурмат-эътиборининг ёрқин намунаси бўлди. Ундан ташқари мен ҳақимда китоблар чоп этилганлиги руҳиятимни кўтарди.

— Хонадонингизга ташриф буюрганимда 85 ёшни қаршилаётган муҳтарама волидангиз Тўрахон ая мени кутиб олар экан, хотираларини эслаб «Руфатжонни мусобақалардан соғ-омон қайтишини интизорлик билан юрак ҳовучлаб кутардим. Телевизордан ўйинларини томоша қилар эканман, унга тушган калтак мени бошимга тушгандек бўларди. Ғалабасини эшитсам бўлди, ўша заҳоти елкамдан тоғ ағдарилгандек енгиллашардим. Бугун Руфатжон билан бутун Ўзбекистон фахрланади» деган сўзларидан таъсирланиб кетдим. Беихтиёр инсон барибир оила-аъзоларига, қадр­донларига азиз эканлигини юракдан ҳис этдим. Шундай эмасми?

— Онам ҳар доим мусобақалардан қайтсам, йўлимга югуриб чиқиб: «ютдингми болам», деб савол берарди. Ютдим десам, бироз хавотирланиб:
«Рақибингни оғирроқ урмадингми, унинг ҳам онаси бор-да», дердилар. Бир куни мусобақадан қайтаётганимда кимдир онамга телефон қилиб, «Руфат ўлди» деган совуқ хабарни айтишибди. Ўшанда онамнинг ҳоли нима кечганлигини билсангиз эди. Ҳозир ҳар доим онамнинг ёнидаман. Турмуш ўртоғим Маъмурахон врач. Фарзандларим олий маълумотли. Ўғилларим спортни севишади, лекин улардан боксчи чиқмади.

Манба: «Ҳуррият» газетаси,2008,май

01

(Tashriflar: umumiy 567, bugungi 1)

2 izoh

  1. Men Husanov Ravshanjon 1999-yil tog’ilganman Qarshi shahridanman meni o’zim ham boks bilan shug’ilanaman «LOKAMATIV» ZALIDA 3 yidan biri shug’ilanaman men Muhammad Qodir akamga sizga vayana boshqa boksyorlarga o’xshashni hohlayman va Shunga ereshaman

Izoh qoldiring