Muhammad Ochilning «So’z dunyosi»dan sochqilari va Fernan Leje haqida she’r.

077
Муҳаммад Очилнинг «Китоб дунёси» газетасида босилган сочқиларини ўқир эканман, унинг «Ёзмоққа уринаётганларимни қаердадир ўқигандим ёки эшитгандим» деб бошлаган бир сочқисини ўқидиму 1978 йили айнан шу мавзуда ёзган шеъримни эсладим. Шеър  1983 йили нашр этилган «Учиб бораман қушлар билан» номли китобимда  илк бор эълон қилинган эди.  Муҳаммад дўстим ё менинг шеъримни ёки менга мавзу берган Фернан Леже мактубини ўқиган бўлса керак деб ўйладим. Бугун Муҳаммад Очил сочқиларига қўшиб ўша шеъримни ҳам тақдим этмоқдаман.

013

Муҳаммад   Очил
“СЎЗ ДУНЁСИ”ДАН СОЧҚИЛАР

* * *

ОИЛА таъбир жоиз топилса, КИТОБга менгзагулик Оиланинг катта-кичиги бўлганидек, китобнинг ҳам шаклу шамойили турлича келади. Шу маънода китобнинг муқовасини – ОТАга, ички-серҳашам, нозикроқ жилдини – ОНАга, “боб”, “бўлимлар”ини БОЛАЛАРга, сўзлар нақшланган саҳифаларини эса – ўтган, ўтаётган рўз-кунларимизга қиёс қилгулик.

Гар шундай муқояланса, КИТОБ муқоваси ўз ички варақ, саҳифаларини чанг-чунг, доғ-дуғдан асрагандек, ОТА-ОНА ҳам ўз фарзандлари учун турли бало- қазоларга қалқон келади…

Яхши КИТОБ дилингга, дидингга ўтирса, бир умр дўст тутинасан. Яхши ОИЛА ҳам шундай… Меҳрли келади. Аммо, яхши муқоваланган, безаклари ҳашамдор КИТОБнинг баъзида савияси паст бўлганидек, таассуфки, баъзан яхши ОТА-ОНАдан ноқобил фарзандлар ҳам бўй тортиши бор гап…

* * *

У на шоир, на ёзувчи ва на олим… Оддийгина, одмигина одам эди. Туриш-турмуши, ранги-рафтори, ҳусни-важоҳати ҳам ҳеч кимни ҳайратга солмасди. Яна бир “нуқси” йиққан китоблари билан мақтанарди, яккаш…

Аммо, ана шу оддийгина, одмигина, кўримсизгина одам кирган ҳар қандай давра дарҳол яшнаб кетарди. Суҳбату гурунгга, баҳсу мулоқотга ўзгача файз, ўзгача таъм-тароват инарди. Бу ҳолдан кимдир, бир гал ўз ҳайратини яширолмади:

– Кўринишга қараб кўрмана бериб бўлмасканда?! Қаранг, қандай сири-синоати борки, бу одамнинг истараси бунчалар иссиқ, сўзи-суҳбати эса қанчалар дил тортар-а?!

Даврадошлардан кимдир, назаримда бу саволга жўяли жавоб топа олди:

– Сири оддий. Сабабики, бу одамдан ҳамиша яхши китобнинг иси келиб туради!..

* * *

Илк ўқиган китобим ёдимда. Қандайдир байрамда колхозимиз раиси биз болаларни сийлади. Ўзининг қизига қўшиб, яна беш-олти аълочи, биринчи синф ўқувчиларини шаҳарга олиб тушди. Дўкондан ҳар биримизга биттадан рангли қалам, расм чизиладиган дафтар ва суратли китоб совға қилди.

“Алифбе”ни эндигина “хатм” қилган биз болалар учун бу зўр мурувват эди. Китобда нима ҳақда сўз бориши ҳамон хотирамдан ўчгани йўқ. “Сичқонлар тўпланишиб, ёвуз душмани – Мушукдан қай тариқа халос бўлишлари” мумкин эканлиги ҳақида талашиб-тортишади. Узоқ мунозарадан сўнг, алқисса, улардан ақллироғи шундай таклиф киритади.

– Мушукнинг бўйнига қўнғироқ осиш керак! Шунда ҳаммамиз хавфдан қутиламиз. Негаки, ёвуз маҳлуқ қаерда бўлмасин, қўнғироқ жаранги ундан бизни огоҳ этиб туради…

Бу маъноли “таклиф” маъқул тушиб, ҳамма олқишлайди. Бироқ, биргина кўпни кўрган, кекса сичқон бош чайқаб, эътироз билдиради.

– Таклиф, жўялику-я! Аммо, айтинглар-чи, ўша қўнғироқни мушукнинг бўйнига хўш, ким ила олади?!

…Орадан эллик йилдан ошиқ вақт ўтди. Ҳамон ўйлайман: “Бояқиш сичқонлар! Мушукнинг бўйнига қўнғироқ осиш йўлини топа олишдимикин?”

Ана шу саволга жавоб бера оладиган китобни излайман, ҳамон…

* * *

Доро – қаҳрли, қаттол ва қудратли шоҳ эди. Месопотамия – икки дарё оралиғидаги Боғдоду Бобил – Бақтрия, Мидия-ю Марғиёна – Мисрни забт этгач, унинг қудрати янада ошди. Талон-тарож, сийму зар, зарби-зўрлик баробарида, шон-шуҳрат дардига мубтало Доро энди ўз номини тарихда қолдириш ҳақида қайғура бошлади. Шу мақсадда у ҳузурига доно маслаҳатгўйи, кекса Коҳинни чорлабди.

– Менга айт-чи, эй донишмандлар донишманди! Яна қанча мамлакатни мавҳ этсам, номим тарихда мангу қолади?!

Оқ соч Коҳин бош чайқабди.

– Йўқ, шаҳаншоҳ! Жаҳолат ва залолат – инсонлар қонини тўкиш орқали қолдирилган ном фақат нафрат ва лаънатга лойиқ!!!

– Унда нима маслаҳат берасан?! – ғазабини ичига ютибди Доро. – Айт… юлдузларга етадиган юксак минора кўтартирайми? Ёки, ёқут, зумрад, олтин каби қимматбахо тошлардан сочиб йўл солайми? Сув остида сарой барпо этайми?! Айт нима қилай? Қудратимни, нимада кўрсатай? Тўғригўй экансан, тўғри маслаҳатингни бер!

Коҳин узоқ ўйга толибди. Ниҳоят, чеҳраси ёришганча дебди:

– Дунёда ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, йиллар шамоли емира олмайдиган бир мўъжиза мавжуд. У ҳам бўлса – СЎЗ. Шу боис, маслаҳатим сенга… Зафарли юришларинг ўз йўлига, аммо кўпроқ амалга оширган хайрли-савобли, эзгу-амалларингни ёзиб қолдир. Келгуси наслларинг қандай хулоса чиқариши эса, фақат уларнинг ўзига боғлиқ.

Донишманднинг таклифи Дорога маъқул тушибди. Фақат у ўз қудратини намойиш этиб, “ўтда ёнмаслиги”, ”сувда чўкмаслиги” ва “шамоллар учириб кетмаслиги” учун ёзилажак “тарих”ни дарахт пўстлоғи, папирус қоғози, сопол парчасига эмас, балки баланд тоғ чўққисида муҳрлашга буйруқ берибди. Шоҳ амри – вожиб. Сон-саноқсиз меъмор, наққошлар, сангтарошлар Теҳрон – Боғдод йўлидаги Биҳиштун тоғ чўққисига кўтарилишга, булут остидаги қоя тошларга “Доро дастхати”ни битишга маҳкум этилибдилар.

Тақдир ҳукми эса ажаб. Доро нечоғлик қудратли бўлмасин, абадийлик унга эмас, тошларда муҳрланган миххат “ёзувлар”га насиб этган кўринади…

* * *

Анча йиллар бурун эди. Талабаларга дарс ўтаётгандим. Сабоқ сўнгида, одатий тарзда кейинги ўтилажак мавзу ҳақида “топшириқ” бердим.

– Навбатдаги дарсимизда адиб Абдулла Қаҳҳор ижоди ҳақида сўз юритамиз! Маъқулми?..

Бир талаба қўлини даст кўтарди:

– Шу мавзу шартмикин, домла! Ахир… бу ёзувчи ҳам бошқаларига ўхшаб, шўро даврининг маддоҳларидан бири бўлган-ку?!

Юрагимда санчиқ турди. Негаки, севимли, ардоқли ёзувчиларимдан бир бу – Абдулла Қаҳҳор эди! Иш столим устида ҳам, тунги чироғим тагида ҳам, ҳамиша ана шу адибнинг бирор бир китоби муқим туради. Шу боис, зардобли ютиниб олгач, ўзимни босиб, жавоб беришга шайландим. Аммо, шу аснода қўнғироқ жаранги эшитилди. Шошиб, папкамни титкиладим. Хайрият… Озод Шарофиддиновнинг китобини олиб, талабанинг қўлига тутқаздим.

– Ўқи ва уқи! Ишонаманки, саволингга жавоб топасан…

Галдаги сабоқда талаба ёнимга келиб “узр” сўради. Афтидан, Озод домла ўз сўзлари билан Абдулла Қаҳҳорнинг буюк адиблигига, ҳозирги замонда ҳам “эскирмаганлиги”га ишонтира олган эди.

Эътиборли жиҳати эса, ўша талаба, узр, ҳозирда ёш тадқиқотчи “Абдулла Қаҳҳор ижоди” борасида жиддий илмий изланиш билан банд…

* * *

Маҳалламизда кетма-кет “Озиқ-овқатлар”, “Техник жиҳозлар”, “Атир-упа” мини-маркетлари, “Сартарошхона”, “Дорихона”… очган тадбиркор йигитни табриклаш баробарида, йўл-йўлакай тилак билдирдим.

– Навбатдаги савдо дўконингиз, албатта “Китоб дунёси” бўлар-а?!

Тадбиркор афтимга ажабланиб боқди. Сўнг елка учирди.

– Ҳаётда орқада қолганмисиз, дейман?! Нима, китоб дўкони очиб касодга учрайми?!..

Титраб кетдим, кўзларимни юмдим. Ёмон туш кўриб, босинқираётганга ўхшардим. Ишқилиб, тушимнинг таъбири терс чиқсинда!

* * *

Ёзмоққа уринаётганларимни қаердадир ўқигандим ёки эшитгандим. Ибратомузлиги боис сизга ҳам илиндим.

…Шаҳар марказий хиёбони. Йилнинг тўрт фаслида ҳам бу жойдан одам аримасди. Шу сабабдан, кўзи ожиз тиланчи ҳам ушбу манзилгоҳни муқим макон этганди. Садақа берувчиларнинг раҳмини келтириш учун кўрнинг бўйнидаги “тахтача”да қуйидаги сўзлар ёзилганди: “Ожиз кимсага раҳм қилинг!”

Баҳор нафаси сезилиб қолган кунларнинг бирида унинг ёнига бир киши келиб тўхтади. Тахтачадаги “ёзув”ни диққат билан ўқигач, кисса ковлади. Аммо, қўли қуруқ чиқди. Шунда у таскин тариқасида кўр тиланчига шундай деди:

– Сизга мурувват қилмоқчи эдим, афсус… Ҳа, майли, рози бўлсангиз кўмагимни бошқача тарзда ҳадя этсам!

Шундай дея зиёлинамо киши, кўр бўйнидаги “тахтача”ни олиб, орқа томонига нималарнидир ёзиб, сўнг қайта узатди.

– Мана шу ҳолда… Ишонаманки, сизга садақа берувчилар сони кўпаяди!

Бир ҳафта ўтгач зиёлимонанд киши хиёбонда пайдо бўлиб, кўзи ожиз тиланчидан “ҳол-аҳвол” сўради.

– Мени эслаябсизми?! Хўш-ш, ишлар қалай?!

– Раҳмат, сизга яхши киши! – дебди унга жавобан тиланчи миннатдорчилик тариқасида. – Келиб кетганингиздан сўнг, ҳақиқатда саховат кўрсатадиганлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда! Сир бўлмаса, айтинг. Бу “мўъжиза”ни қандай қилиб амалга оширдингиз?!

– Хеч қандай сири йўқ, – деди зиёлимонанд киши. – Шунчаки, тахтачаннгиздаги сўзларга бироз жило бердим. Бошқача айтсам, бўйнингизга осиғлик: “Ожиз кимсага раҳм қилинг!” деган “ёзув”ни: “Баҳор келаябди! Аммо, мен уни яна кўролмайман!” дея ўзгартирдим, холос.

Бу зиёлимонанд киши ШОИР эди…

* * *

Китоб ўқимаган одам. Сени нимага (кимга? дейишга истиҳола қилдим) ўхшатиш мумкин?! Назаримда сен шоирнинг “Тилла балиқча”сига қиёс қилгулик. Китоб ўқимаган одам ҳам сендек оламни фақат биқиқ ва тор кўради. Чириган хазонлар, кўлмак сув унинг учун гўёки бойлик, оламнинг рангин манзаралари… Афсуски кўлмакдаги бу жонивор бу ёруғ дунёда ҳудудсиз баҳру уммонлар, камалакнинг етти ранги жилоланадиган шалолалар, пўртаналар… борлигини билмайди, билолмайди!

099

Хуршид Даврон
САНЪАТНИНГ ҚУДРАТИ ЁХУД ФЕРНАН ЛЕЖЕ* ҲАҚИДА ҲИКОЯ

У билан тўшакда аёллар эмас,
Ёлғиз ухларди тунлар мириқиб.
Мусаввир ёш эди, жуда ёш эди,
Дўкондор бошидек чўнтак бўш эди.
Ором нима билмас! Билмас нима бахт
Мангу ҳамроҳ эди унга фақат дард.

Ҳар кун қадам ташлар бир йўналишда –
Ҳайрати, ҳасрати бўлиб ҳамроҳи –
Саҳарда уйидан устахонага,
Устахонадан уйга оқшом тушганда.
Бошқа ерга кирай деса, вақти йўқ.
Фоҳиша хотинлар, чўнтаккесарлар
Бижғиган кўчадан уйга қайтаркан,
Ўткир май ё қаҳва олар дўкондан.
Бутхона бор эди йўлнинг устида –
Ренесанс дунёсин мовий парчаси.
Мусаввир, албатта, бир тўхтаб олиб,
Сеҳрли рангларга термилар эди.

Бир кун шом бутхона олдида ногоҳ
Пайдо бўлиб қолди кўзи кўр гадо.
Тахтидан айрилган шоҳдек аянчли,
Кўзлари – чироғи ўчган дераза.
Қиш эди, осмондан ёғиларди қор,
Эзилиб куйларди кечки бутхона.
Болалар қорбўрон билан овора,
Диллари қувончга, ҳайратга тўла.

Мусаввир тўхтади. Кузатди узоқ
Тиланчининг қайғу босган юзини.
Кейин у кўр гадо оёғи остида
Турган шляпага бориб энгашди:
Нурсиз қабоқ каби бўмбўш эди у.
Фақат қор учқуни айланиб тушар,
Фақат қор учқуни айланиб тушар,
Эгасидек исқирт, оч шляпага.
Тиланчи чол эса сезиб тургандай,
Уни қўлга олиб шошмай қоқарди.
Қоақарди эринмай, ҳавсала билан
Ва яна ўрнига қўярди уни.

Мусаввир эзилиб ортига қайтди,
Совуқ устахона қучаркан уни.
Кўз ўнгида турар нурсиз дераза,
Кўрарди эгасиз, вайрона уйни.
…Тонг пайти қўлтиқда бўзни кўтариб,
Тиланчи олдига келди мусаввир.
Суяб қўйди тиланчи тиззасига
Тун бўйи ухламай чизган расмни.

Унда гуллар аста-секин очилар эди,
Гул шуъласи тараларди, сочилар эди.

Гуллар…
Гуллар ҳаётдек гўзал,
Қуёш кипригидан тўкилган кўз ёш.
Гуллар иси бамисли қуёш
Қор босган кўчани чулғарди,гўё
Қиш эмас, айни навбаҳор эди.
Расмнинг остида ёзув бор эди:

«ГУЛЛАР ОЧИЛАДИ, МЕН ЭСА УЛАРНИ КЎРА ОЛМАЙМАН! »

Гуллардан маст бўлди оппоқ бутхона,
Девордан кўчага талпинди Исо,
Унинг танасидан жўшиб турган қон
Мана шу гуллардек чиройли эди.
Одамлар бирма-бир танга ташлашар,
Болалар кўзида ўйғонди шафқат.
Чақаларда қолган қўллар тафтидан
Эфир шляпага қўнган оппоқ қор.

Мақсадга ўтайлик:
Йиллар ўтиб кетди ўқ мисол учқур,
Кўр тиланчи ўлди.
Ўлди саҳарда
Ва мусаввир чизган расм олдида
Бугун бошқа гадо тилар садақа.

1978

* Фернан Леже (1881-1955) П.Пикассо, Ж.Браклар билан биргаликда тасвирий санъатдаги кубизм оқимига асос солган франсуз мусаввири.

(Tashriflar: umumiy 41, bugungi 1)

Izoh qoldiring