Nazar Eshonqul. Qultoy

003     Ҳикоя қаҳрамонининг номи Улжон. У мол изидан таёқ судраб, умри қиру адрларда ўтаётган барзанги бир йигит. Улжон шу қадар ҳайвонлашганки, одамга ҳам молдан паст назар билан қарайди. Хотин зотини ҳақоратлаш ва уришдан ич-ичдан мароқланади (Иброҳим Ҳаққулнинг «Эврилиш товуши» мақоласидан).

Назар ЭШОНҚУЛ
ҚУЛТОЙ
087

…Кетсин мендан оҳу войим,
Обод бўлсин мазгил жойим,
Дуо қилган, қиблагойим,
Отам Қултой, хуш қол энди…
«Алпомиш» достонидан Алпомиш сўзи

Юзи аралаш тушган қамчидан сўнг орқасидан тепки еди — кўпкариларда ўзларига йўл очиш учун олдини тўсган отларнинг биқинига тепиб ўрганган қайнилар бу барзанги ва на хотинни, на рўзғорни биладиган, умри молнинг изидан таёқ судраб, қир-у адирларда ўтаётган ва шунга яраша куч-қувватга тўлиб турган одамни бошқа жойига тепиб йиқитиб бўлмаслигини, хотинидан бошқа ҳеч кимга айтмаган сирини — айнан шу чап оёғини қирнинг устида бўри ғажиб, қувватсиз бўлиб қолганини билишгандай мўлжалдан адашмай нақ тиззасига, бўрининг тишлари қолган ва беш йилдан бери намгарчилик пайтлари зирқираб, азоб берадиган чандиқ устига орқа тарафдан кетма-кет зарба беришди — Улжоннинг кўзидан ўт чақнаб кетди. У оёғим синди деб ўйлади ва шунинг учун энди нима қилиб бўлса ҳам моматалоқ бўлиб кетмасин деб, бир пайтлар Ражаб чўпон билан Толли яйловида муз ёғаётган дўл остида қолиб, устига эшакнинг жабдуғини ёпиниб қутулиб қолишгандай, дўлдай ёғилаётган қамчилардан ҳимояланиш учун юзини қўллари билан тўсганча ҳар қандай ҳўкизни орқа оёғидан бир тортиб, қассобларга боғлаб берадиган чайир панжаларига агар биронтасининг ақалли балоғи илашиб қолса ҳам худди қутурган шердай тагига тортиб, тилка-пора қиладигандек, қайниларининг яқин келишини пешонасидан сизаётган қондан ачишиб турган кўзларини қисиб олганча пойлаб ётар, қайнилар ҳам ичидагини билиб туришгандай оёқларини унинг қўллари етмайдиган масофада сақлаб, худди пахта савалашаётгандай бири қўйиб, бири қамчилар, Улжон энди тақдирга тан берган кўйи, кўз олдига негадир ҳали қулоғи кесилмаган кучуги келган, кейин булар мени ўлдириб қўйса, изимдан йиғлаб қоладиганим ҳам йўқ, анови эси кирди-чиқди маймоққа эса мен ўламанми, қоламанми, фарқи йўқ, у мендан кейин ҳам этагига тезак йиғиб, ўтган-кетганга ишшайиб юраверади деган жосусона фикр лип этиб ўтганди-ю томоғига аламли хўрсиниқ тиқилиб, ҳатто қаршилик қилиш ҳақида ўйлашга ҳам қурби келмай, бўшашганча, ўзи неча марта кўзига қараб туриб, бўғизлаб ташлаган новвосларнинг жонҳолатда пишқиргани каби ҳансираб ётаркан, бирдан аёлнинг чинқириғини эшитди-қайдандир маймоқланиб Арзихол пайдо бўлганди; у қайниларнинг атайлаб учига қотирилган тери ўрнатилган қамчилари моматалоқ қилаётган Улжоннинг бошига ўзини ташлади: энди қамчилар аёлнинг елкаси аралаш визиллар, Арзихол бор овози билан қишлоқдошларини ёрдамга чақирганча, худди ёш гўдагини бағрига олиб, бостириб келаётган бало-қазолардан асраётгандай Улжоннинг бошини товон-у бармоқлари бирлашиб кетган майиб оёқлар билан туғилгани ва айни шу нуқсони учун соғлом ва нуқсонсиз одамлар дунёсида бир умрга бўйнини қисиб, бошини эгиб юришга маҳкум этилгани бери бошидан аримаган ҳақорат ва хўрликдан йилма-йил кичрайиб бораётган миттигина жуссаси билан тўсиб олганди. Улжон нақ бурнига тегиб турган аёлнинг кўкрагидан ачимсиқ тер ва ўзига жуда таниш бўлган кўкрак ҳидини тўйди: бир зум у бу ҳид қаердан келаётганини ва бу ҳид димоғида қачон ва қандай ўрнашиб қолганини англолмай, ўзини калтаклашаётганини ҳам унутиб, беихтиёр худди эмаётгандек тамшанди. Тамшанди-ю, кейинчалик шу ҳолатини эслаб жаҳли чиқди, сал бўлмаса, иккита сигирнинг оёғини гаврони билан уриб синдираёзди. Икки-уч ойдан кейин хотини уйга қайтиб, боласини эмизиб турганини кўрди-да, яна ўша ҳид эсига тушди. Бу ҳид жуда таниш, шу билан бирга нотаниш эди. Қисир сигирдан фарқи йўқ, бир маймоқ тўқолнинг кўкрак ҳиди ўзига таниш бўлиши ғазабини келтирди ва отасидан ўрганган одатини қилди: подага қўшиш учун сигирни етаклаб чиққан Арзихолниннг елкасига алам билан гаврон туширди. Бу марта аёлни аяди, гавроннинг учигина тегди. Арзихол унинг қўрс ва қўпол муомаласига ўрганиб кетганди. Елкасига гаврон тушганда майишиб кетар, оғриқни билдирмай унга ожиз ва ялинчоқ тарзда тикилганча маймоқ оёқларини судраб, нари кетарди. Шундай пайтлари Улжон Ражаб чўпондан ўрганган сўзлар билан «Энағар, маймоқ!» деб сўкинарди. Ражаб чўпон одамови ва қаҳри қаттиқ одам эди. Унга мол билан одамнинг фарқ йўқ, ким жаҳлини чиқарса, узун гаврони билан тушириб қолар, шунинг учун терсоталиклар уни кўпам давраларга қўшавермас, у подаси билан яйловда қанча юрса, қишлоқ шунча тинч бўлади дейишарди. Унинг ана шу қўрс ва ўзига ёқмаган ҳар қандай масалага гаврон билан аралашиш одати, гарчи пушти камаридан тушган фарзанди бўлмаса ҳам Улжонга тўлиқ кўчиб ўтганди. Ражаб чўпон қаҳри қаттиқ бўлгани билан мижғов эмасди. Улжоннинг асранди эканини бирон марта ҳам юзига солмади, шу сабабли Улжон бу уйга асранди экани хаёлига ҳам келмасди. Бола қизи билан кўкрак талашиб катта бўла бошлагач, бировнинг фарзанди экани ҳам Ражабнинг эсидан чиқиб кетди ва у олти ёшга кириши билан ўзига қўшиб, подага олиб кетди. Шундан сўнг гоҳ Чит устидаги, гоҳ Толлидаги яйловларда ойлаб қолиб кетишар, ота-бола пода кетидан юриб, ўз изларидан худди ўз умрларининг ёрқин ва навқирон даврларини бирма-бир ёқиб, кейин ўчиришаётгандек тутаб ётган ўчоқлар билан бирга мол тезаклари қолдирганча, гавронлари билан сигир оёқлари-ю ўзларига ёқмаган одамлар елкасига жиззаки феълларининг асоратларини чизиб, ўзларининг гоҳ юввош, гоҳ зардали кайфиятлари каби ўзгарувчан фасллар-у йилларни бу тоғ яйловлари ва дашту-далаларга бирма-бир алмаштириб чиқишарди. Улжон мактабда ўқимади, унинг борлигини биров эсламади ҳам. Шунинг учун худди дашт бўриси каби жиззаки ва циркаси сув кўтармайдиган қизиққон бўлиб ўсди. Орадан йиллар ўтиб, балоғат ёшига етгандагина, ҳужжат кераклиги ёдига тушишдими, Ражаб чўпон бир қўзили қўйга эски таниши орқали туғилганлик гувоҳномасини тўғирлаб олди. Шундай қилиб, Улжоннинг асранди фарзанд экани ҳам, кенжа қизи икки ойлик бўлганда, баҳорнинг охирларида безгак тутиб ётган хотини касал ҳолида отасиникига кетиб, қўлида бир ҳафталик бола кўтариб келгани ҳам эсидан чиқиб кетди. Ўшанда у хотинининг қўлидаги эти ҳилвираб ётган чақалоқни кўриб, отасиникида икки кун қолиб кетгани учун гаврон билан савламоқчи бўлди-ю, аммо хотинининг ўзига ялиниб, илтижо билан титраб, безгак тутиб турганини кўргач индамади. Устма-уст қиз туғиб, мендан калтак еявергани учун ҳам бу болани олиб келган деб ўйлади ўзича. «Бир қариндошимиз туққан куни ўлиб қолибди, қизинг ҳали сутдан чиқмаган деб менга беришди, бу энди бизнинг боламиз, отаси» деди Роҳат. Ражаб энди туғилган қўзичоқдай бўлиб ётган чақалоққа қаради-ю, бошқа бу бола кимнинг боласи, қандай қариндоши бўлади, қайнотаси нега касал хотинини айнан шу кунлари Читга шошлинч чақирди ва хотини қандай қилиб бу болани олиб келди, қайта суриштириб ўтирмади. Ҳатто унга исм қўйиш ҳам эсдан чиқиб кетди. Орадан бир ҳафта ўтмай хотини безгакдан қалтираб иккита чақалоқни боқишга қийналаётганини айтди ва отасининг уйида ўтириб қолган маймоқ синглисини олиб келишини сўради. Ражаб чўпон индамади. Хотини куви пишишга ҳам қурби етмай қолганини ва кундан кун худди кузги шувоқдек тўкилиб бораётганини биларди—Арзихолни қайнотаси бир сўз демай, худди бу эр олмас қиздан безор бўлишгандек, битта эшак қулоғича келадиган бўғчага ўралган кийимлари билан ташлаб кетди. Ҳатто куёвнинг кўзларига қарамади ҳам. Ражабнинг майдакашлик одати йўқ эди. Бунга эътибор ҳам бергани йўқ. Кейинчалик бола юра бошлаганда Ражаб боланинг бўлиқ оёқларига қараб туриб, хотинига «Бу энди бизнинг ул бўлди, Улжон қўяқол» деди. Шундай қилиб, Читлик бола Ражаб чўпоннинг меросхўри бўлиб қолди ва Арзихол ҳам қайтиб отасиникига кетмади. Улжоннинг ҳам асранди экани баъзида келиб, отасининг уйи-ю молига иддао қилиб кетадиган қизлари демаса, ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Аммо қизлар Ражаб чўпоннинг Улжонга бўлган муносабатини кўриб, бу ҳақда очиқ-ошкора оғиз очишмасди. Роҳат тўшакка михланиб қолгандан кейин бутун рўзғор мўйлови сабза уриб, отасидай бағритош ва қўпол бўлиб вояга етаётган Улжоннинг турткилашлари-ю қамчиларидан қирқдан ошар-ошмай муштдай бўлиб қолган шу маймоқ аёлга, Ражаб чўпондан сўнг қишлоқнинг подаси эса Улжонга қолди.

Улжон Арзихолни бошидаёқ ёқтирмасди: у бу мажруҳ аёл нега ўзлари билан яшаётганини узоқ вақтгача тушунмади — кейин эса онасининг ўрнидан туролмай ётганда ёлғиз шу майиб холаси кунига яраётганини кўрганда, баттар ғаши келди: унга бу аёлнинг бирон ишни эплаб қилолмаслиги, иш буюрса, ҳамиша чаласи бўлиши, чироқ ёққанда, шишаси ёрилиши, идиш ювганда коса синдириши, нон ёп деса, хамир оқиб кетиб, нонсиз қолишлари, соғиб олган сутига, албатта, мол гўнги қўшилиб қолиши, умуман, аёлга хос бўлган жуда кўп фазилатлар бу Худо урганда йўқлиги унинг ғашини келтирар, устига устак бу аёлга раҳм қиладиган, унга ачинадиган одамнинг ўзи йўқ, отасидан тортиб, опаларигача Арзихолга бир кераксиз ва ортиқча буюмга қарагандай қарашар, боболари билан тоғалари ҳам Читдан қидириб келишганда Арзихол билан номига сўрашар, гўё у аллақачон ўлиб кетгандай, бу майиб аёл бир бегонадай, унинг ҳали ҳам ўша отаси билан олиб келган бўғчадаги кийимлари устига илиниб турган абгор қиёфасига эътибор ҳам беришмас, Роҳат эса касаллик ҳеч кимга кераги бўлмаган бир маймоқни эмас, айнан ўзини танлаб, ҳаёт шамларини бирма-бир ўчираётгани учун алами келгандек ётган жойида Арзихолни «Сен тўқол, мени ўзингдай бебурд қиласан, мени иснодга қўясан» деб қарғанар, кўзи тушган жойда уни гўрдан олиб, гўрга тиқар, шунда ҳам бу аёл хўрлик ва ҳақоратга лойиқдай бирон эътироз билдириш тугул, ҳамиша қўрқиб, ҳуркиб, бурчак-бурчакларга бекиниб, бировларнинг кўзига кўринмай яшар, бу эса Улжоннинг ғашини баттар келтирар, уни кўрган жойда турткилаб ўтар ва ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб сўкарди.

Қайниларининг қирдан ошиб келаётганини кўргандаёқ Улжон буларнинг нияти бузуқлигини билганди. Аммо том айланиб қочишга ё бекинишга ғурури йўл қўймади. Отнинг абзалини тортганча уларни пойлаб тураверди. Биринчи қамчи келиб тушганда, от ҳуркиб, қочиб қолди. Қишлоқда ҳар ким ўз иши билан банд, тўртта барзангининг қишлоқдаги ҳар қандай йигитни бир чўқишда қочирадиган Улжондай одамни уйига келиб калтаклаши хаёлларига ҳам келмасди. Аммо қайнилар бир сўз демай куёвни савалашга тушишди. Товуқларга дон бериб, катакдан ўрмалаб чиқаётган Арзихол кўриб қолиб, ўзини устига ташлаб, бор овози билан бутун қишлоқни оёққа турғизгандагина қишлоқдошлари ажабланган кўйи бирин-кетин югуриб кела бошлашди.
Бойқул чол Қўшкўллик қайниларни жеркиб берди.
— Сингилларингни ҳайдаб юборган бўлса, қамчи билан қўшасизларми? Ҳе, ўргилдим сизлардай оркашлардан.
— Синглимиз энди бу ҳўкизнинг уйига ўлса ҳам келмайди! Бунга бошқа хотин топиб беринглар! — деди ўртанча қайни.

У жимитдай гавдаси билан Улжоннинг бошини тўсиб олган Арзихолнинг елкаси оша қамчи туширганда акасидан бир қамчи еб, бўйнини ушлаб турарди.

Қайнилар от чопиб, қишлоқларининг орини кўтариб юрган одамлар эди. Кекса чол билан тортишиб ўтиришмади. Бундан ташқари терсоталиклар ҳам ўз қишлоқларига қамчи кўтариб бостириб келишганидан нафсонияти қўзғалиб, бири таёқ, бири паншаха кўтариб олишган, важоҳатларидан ака-укаларни ғажиб ташлагудек кўринишарди. Улар отларига миниб, бир сўз демай жўнаб қолишди. Арзихол юзидан сизаётган қон бўйни орқали ичига оқиб кетаётганидан бехабар Улжоннинг юзидаги жароҳат изларини рўмоли учи билан артар, нарига учиб кетган телпагини қоқиб бошига кийдирарди. Унинг меҳрибончилиги Улжоннинг жаҳлини чиқарди. У ўзига келиб, аёлни итариб юбориб, ҳали қирга етмаган қайниларига бир кўз ташлаб, омборга қараб югурди. Арзихол унинг нима учун омборга кирганини билди. Маймоқланиб, Бойқул чолга нимадир деб ғулдураганча, изидан чопди ва омборнинг эшигига таёқ ўтказиб қўйди. Ичкаридан Улжон эшикни тепиб бақираётгани эшитилди. Улжон бир илож қилиб, эшикни бузиб, қўлида милтиқ билан  чиққанда қайнилар аллақачон қир ошиб кетганди. Улжон аламига чидолмай қўндоқ билан Арзихолни бир уриб йиқитди.
— Энағар маймоқ, уларнинг ўрнига сени ўлдираман!

Улжон хотинининг кетиб қолиши-ю, қайниларининг ўзини савалашгани аламини биратўла маймоқ аёлдан олди: ҳар доим подадан қайтганда Ражаб чўпон оёқ остида ётмаслик учун ўргатган жойга — айвоннинг шифтига тиқиб қўйилган узун ирғай таёқ билан Арзихолни солиб қолди. Аёл сал бўлмаса икки қадамга, айвонга териб қўйилган буғдой қоплари устига учиб бориб тушди: унинг жимитдай танаси худди коптокдай юқорига кўтарилиб тушганини бу ерга нафсониятлари қўзғалиб эмас, кўпроқ томоша учун келган терсоталиклар аниқ кўришди. Арзихол Улжонга ожизона ва заиф овозда нимадир демоқчи бўлди, мусичанинг қуриллашидай овоз чиқарди, аммо ҳеч нарса демади, таёқ тушиши билан бошидан учиб тушган рўмолини олиб, эсига тушгандагина қатиққа ювиладиган сочи патак бўлиб ётган тўзғоқ бошига ташлаб, Улжоннинг кўзидан яшириниш учун молхона тарафга пилдираб ўтиб кетди.

Кечга яқин Ўрол уста қоп-қорайиб кетган таёқ ўрнини кўриб, заифлашиб қолган тирсакни ушлаб кўраркан, аёлчалиш қилиб қарғанди:
— Ҳўкиздай бўлмай ўл-да, сен, Улжон. Келиб-келиб бир майибга кучинг етдими? Қўлини синдириб қўйибсан-ку, жувонмарг.
Арзихолнинг оғриқдан кўкариб кетган юзига қараб, ўзи устани бошлаб келиб, ўзи дакки эшитаётгани жаҳлини келтирдими, ё қилган ишидан уялдими, Улжон чолга бир оғиз гап қайтармай нари кетди.
— Уни қарғаманг, уста бова, — деди Арзихол оғриқдан терлаб, инқилларкан. — Айб ўзимда. Ўзим йиқилиб тушдим. Хотинини мен сиғдирмадим. Мени деб кетиб қолди. Нима қилай, мен бир Худо урган аёл эканман. Бунга ҳам дардисар бўлдим. Ўзи опамнинг ўрнига мен ўлиб кетсам бўларди.

Терсоталикларнинг биронтаси Улжонни койий бошласа ва у ҳақда ёмон фикр билдирса, Арзихол бирдан уни «Аслида айб менда, опамнинг ўрнига мен ўлиб кетсам яхши бўларди» деган сўзлар билан ҳимоя қилишга тушарди. Роҳат одам танимай, кўзлари орқали рози-ризолик қилиб ётаркан, Арзихол розилик сўраш ўрнига «Сизнинг ўрнинигзда мен ўлсам яхши бўларди, Улжон ҳам шуни истаяпти», деб йиғлаганини ҳали ҳалигача қишлоқдошлари эслаб юришарди. Терсоталиклар бу мажруҳ аёлнинг ҳамиша ўзи қилмаган айбни бўйнига олиши ва ҳамиша ҳуркак, бир нарсадан хавотирда юргандай доимо Улжоннинг олдида қалтираб туриши, Улжон деса касаллигига қарамай ўрнидан туриб кетиши, Улжон келмаса кечалари токи у келгунча мижжа қоқмай чиқиши, баъзида оч кетганда, овқат кўтариб, майиб ҳолига қарамай, икки қир нарига — яйловга пиёда бориб келиши, болалари ва хотинининг тайёр чўриси бўлиб қолганининг сабаби — аёл унга ўрганиб қолган, шу сабабли Улжоннинг уйдан ҳайдаб юборишидан қўрқади, пода изидан юравериб, ўзи ҳам ҳўкизга ўхшаб қолган бу ёввойи уни ҳайдаб юборишдан ҳам қайтмайди, шунинг учун ҳам бу аёл ўзига шунча азоб берган одамга барибир меҳрибонлик қилаверади, чунки бу асрандини чақалоқлигидан ўзи кўтариб катта қилган, ўз боласидай бўлиб қолган, бир уйга бека бўлиш бахтидан маҳрум бўлган шўрликнинг шу чўпондан бошқа бу дунёда овунчоғи қолмаган, фақат шу Улжонга бўлган меҳргина бу бебахтни дунёда ушлаб турибди дейишарди.

Ўрол уста ўшанда қарийиб ўттиз йилдан бери Ражаб чўпоннинг уйида ярим жон ва миттигина бўлишига қарамай, қўли косов, сочи супурги бўлиб қолган аёлнинг йиқилиб тушганига ишонмаганди: таёқнинг ўрни билиниб турарди. Арзихол ҳеч қачон бирон кишига айтмаган бўлса ҳам унинг гоҳ пешонаси, гоҳ юзи шилиниб, кўкариб юрганини кўрган қишлоқдошлари бу Улжоннинг иши эканини билишарди. Уста Ўрол тухум суртиб, Арзихолни додлатиб, тирсакни худди мунчоқ тераётгандай силаб-ишқалади, цинган суякларни қўли билан текислаб бўлгач, чорчўп қилиб боғлаб қўйди. Оғриқ қолгандек бўлди-ю, аммо Арзихолнинг тирсаги йиллар ўтиши билан қалтирайдиган, кейин эса, салга чиқиб кетадиган даражада мўртлашиб қолди. Орадан йиллар ўтиб, Арзихолнинг чиқиб кетган тирсагини худди қўғирчоқнинг қўлидек жойига солиб қўйишга Улжоннинг болалари ҳам ўрганиб кетишди, тирсакни жойига солиш пайти аёл дод-вой қилиб турганда, Улжон секин уйдан чиқиб кетар, шунча йиллар ўтган бўлса ҳам негадир қайнилари келиб кетганда алам устида Арзихолни калтаклагани ёдидан чиқмас ва ўша кунги тер ҳиди келаётган кўкрак ҳидини димоғида туярди. Ваҳоланки, у бу маймоқни жаҳл устида таёқ билан солиб, майиб қилиб қўяй деган ҳолатлар умри давомида кўп бўлган, буларнинг биронтаси ҳам эсида қолиш тугул, ҳатто бир мўйини қилт эттирганини эслолмасди. Нега айнан ўша кунги воқеа ёдида бунчалик узоқ сақланиб қолганини тушунмасди. Энг кайвони кампирлару оқсоқолларнинг ҳам қўлидан келмагач, терсоталикларни ҳайратга солиб, пою-пиёда маймоқланиб Қўшкўлга кириб борган Арзихол билан бирга уйига қайтгани сабабли сингиллари билан юз кўришмас бўлиб кетгани учунми ё турмуш дегани чимилдиқдаги энтикишдан бошқа нарса эканлиги туфайлими, хотинининг тобора инжиқ ва мижғов бўлиб бораётганига қарамай изма-из туғилаётган болалар ўша кунги калтакланганининг аламини ҳам, хотинининг заиф жойини сотиб қўйганини ҳам, қайнилари уни уриш учун айнан ўша заиф жойидан фойдаланишганини ҳам, ўша куни Арзихолни жаҳл устида уриб, биринчи марта чеккан хижолатини ҳам унинг хотирасидан суриб чиқаришди, аммо ачимсиқ, тер таъми бор кўкрак ҳиди эсидан чиқмади. У бу ҳидни илгари қаерда ҳидлаганман деб кенг водийда ёйилиб ўтлаётган подаларга худди ўз мулкини кузатиб турган шаҳоншоҳдай серсолиб қараганча, Арзихолнининг гоҳ елкаси, гоҳ оёғига тушавериб, ўзи ҳам аёлнинг билак ва елкаларига қўшилиб, йилма-йил ейилиб-силлиқланиб бораётган таёққа суяниб, азобли ўйининг тагига етишга уринарди. У йилларнинг уваланиб кетган кесаклари ва сувоқлари остида қолган йилтиллаб турган ўша хотирасини топгандек бўлди: Арзихол маймоқ чақалоқлигида ўзини овутиш учун кўкрак берган, шу йўл билан Роҳат онаси йўқ пайтлари, кейин эса, касал бўлгандан кейин ҳамиша тер ҳиди келаётган, оёқларидек заиф ва ҳаёт асари йўқ, худди сузмаси ачиб қолган халтадек сўлғин, сассиқ кўкрагини оғзига тутган, ҳид ўшандан димоғида қолган деб ўйлади ва бу уни баттар тутоқтириб юборди — у бу маймоқни эр ҳам олмагандан кейин менга кўкрагини бериб, ўзини овутган, шунинг учун мени худди ўзи туғиб қўйгандай меҳрибонлик қилган, бу ҳид ўша пайтлардан хотирамда қолган деган хулосага келди: бу унинг жаҳлини баттар қўзғади, агар шу пайт маймоқ олдида бўлганда, гаврони билан елкасига солиб қолишдан ва соғ қўлини ҳам майиб қилишдан қайтмасди. Шунинг учун у кейинчалик ҳам Арзихолнинг майиб оёғига қўшилиб, ўнг қўли ҳам бутунлай ишламай қолганда, бирон марта ўзини айбдордай ҳис қилмади: аксинча, унинг бир пайтлар, онаси ўрнига ўзининг шўрланган теридай кўкрагини тутгани учун кечиролмади. Улжоннинг аёлга бўлган бундай муносабати кейинчалик унинг болаларига ҳам ўтди: эсини таниётган болалари ҳам чақалоқларнинг иштонини ювишми, тезакдан гувала қилишми, қозон остига олов ёқишми, қиш кунлари қуриган юлғун териб, тўқайзор титиб юришми, ҳаммаси маймоқ аёлнинг чекига тушганидан заррача ҳам ажабланишмай қўйишган, уни момоларининг синглиси деб эмас, уйларидаги ўзлари қилишга ирганадиган ёки қўллари бормайдиган қора ишларни бажаришга маҳкум этилган чўри деб тасаввур қилишар, Роҳат ўлгандан кейин Арзихол сичқон ҳиди босиб кетган омборга кўчиб ўтган — Улжон нозик меҳмонларга атайлаб тоғда отиб келган, шамолда қуритиб, қотириш учун омборни тўлдириб илиб ташлаган ва қотгани сайин шунча мазаси чиқадиган тўнғиз этлари билан бирга бу аёлнинг умри ҳам кичкина ҳужрада йилма-йил қуруқшиб борарди.

Аслида хотинининг кетиб қолишида Арзихолнинг айби йўқ эди. Арзихол келинни ҳайдатиб юбориш тугул, унга ўқрайиб қарашга ҳам юраги бетламаган, аксинча, келин келган куниданоқ бу маймоқ аёлга бутун жасадини ташлаб олганди. Олдинига номига бўлса ҳам Улжоннинг онаси ўрнидаги холаси, шуларнинг хизматини қиласан дейишди келинга. Аммо Арзихол келинга хизмат қилдиришга имкон ҳам қолдирмади. Ҳали чилласи чиқмаган деб уй юмушларини ўз зиммасига олди — келиннинг бахти бор экан — чимилдиқдалигидаёқ текин хизматкорга эга бўлди. Келин пода изидан кетган, баъзи кечалари туни билан ҳам яйловда тунаб қоладиган куёвни кутиб ўтирган тунларда Арзихол уни овутишга уринарди — ҳали ҳеч кимга, ҳатто ўз опасига ҳам айтмаган сирларини шивирлаб айтиб, келиннинг куёви келмаётганидан пайдо бўлган ҳижронини бироз бўлса ҳам босишга уринарди. Келин биринчи бор кўргандаёқ бу аёлнинг оёғини тўғрилаб босишдан бошқа армони бўлмаса керак, бундай аёлда орзу-ҳавас нима қилади деб хато ўйлаганини ўша кунлари билиб қолди. Зеро Арзихолнинг ана шу сиридан бошқа биронта ҳам бошқаларга айтишга арзигулик хотираси йўқ эди. Шунинг учун чилласининг чанқоғини босолмаган келинга шу хотирани айтиб, чимилдиқдан чиқмасдан куёвдан норози бўлаётган келинни чалғитишга уринганди. Шундан бошқа нияти йўқ эди. У келинга уялиброқ, лекин хўрсиниқ билан бир чавондоз йигитга кўнгли тушганини, ўзларига маймоқ келинни муносиб кўрмаган ота-онасидан нолиб, у йигит ҳу анови қир ортидаги қишлоқдан келиб, тўқайзорда учрашиб турганини, Арзихол ҳам уйларидаги сув тўла челакларни ўрага ағдариб, тез-тез сув олиб келиш учун дарё бўйига—ўша тўқайга тез-тез бориб туришини, йигитнинг қамчисига каштали бандак тўқиб берганини, кейин нима бўлиб, чавондоз йигит кўринмай қолганини, орадан ойлар ўтса ҳам ундан хабар бўлмаганини, у эса юрак ютиб бировга бу ҳақда гапиролмаганини, ҳали ҳам ўша йигит навқирон ва ўктам қиёфада, юлғун ва зирк билан тўлган тўқайда юргандек, ўша тўқайга боргиси, уни кўриб, кўкрагига бош қўйиб шунча йиллик айрилиқ учун гина қилиб, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келишини айтиб қўйди. Ўша пайти келин бу гапларни бирон кишига гуллаб қўймасликка ваъда берганди. Аммо болалар туғилиб, Улжоннинг холасига бўлган қўпол-қўрс муомаласи аста-секин келиннинг ҳам бетини қотирди—у ҳам Арзихолга эрига ўхшаб муомала қилишни ўрганди. Олдинма-кетин туғилаётган болаларнинг бешигини тебратавериб аёлнинг қўллари чилвирдай эшилди, кейин эса кўтаравериб, елкасининг яғири чиқди. Аммо буни аёл бир марта ҳам на Улжоннинг, на келиннинг юзига солгани йўқ. Аксинча у худди ўз невараларини бағрига олиб, тарбия қилаётгандай болаларнинг на хархашасидан, на тўполонидан безор бўлар, болалар уни қийнаган сайин аёлнинг уларга меҳри ийиб, кўпроқ суйиб борар, болалар уни гоҳ от, гоҳ эшак қилиб миниб, бутун ҳовлини айланиб юрганини кўрганда Улжон асли бу маймоқнинг эси йўқ, бунинг ўзини тарбиялаш керак олдин, у томонидан бу томони яқин қолган кампир ҳам  шунақа қилиб болалар билан ўйнайдими деб ўйлар ва шундай бир аёлни ўзига дардисар қилиб ташлаб кетган онасидан норози бўлиб, қўлидаги гавронни ғазаб билан ушлаб қўярди. Келин ҳам энди унга бир хизматкорга қарагандай қарар, уй ишлари-ю, супур-сидир, мол-ҳолга ва болаларга қараш Арзихолнинг зиммасида эди. Йиллар ўтиши ва чимилдиқдан узоқлашиб, турмушнинг бетийиқ эҳтиросларига ўралашиб қолган келин берган ваъдасини унутди. Бир куни Улжон дастурхон устида қир ортидаги бир чавондозни байтали тепиб ўлдирганини айтиб, жанозага бораяпман деб, хотинини шошира бошлади.
— Энағарни бедов эмас, байтал тепиб ўлдирибди. Худди ўч олгандек, нақ қаншарига тепибди, — деди у.—Бойқул чол кутиб турибди. Худди ўзи борса қирда бўри ейдигандай… Тез бўл…

Шунда келин бефаросатлик қилди.
— Бу, ҳалиги, сиз билан ваъдалашиб юрган чавондоз эмасми, — деди пичинг аралаш келин бир четда Улжоннинг хуржунини омбордан олиб чиққан Арзихолга. — Ҳали поччамнинг азасига бораяпман денг…

Улжон ажабланиб хотинига қаради. Арзихол эса тахтадай қотиб қолди — у ҳозир ҳаммаси тугайдигандек, Улжон унинг сирини билиб, терисига сомон тиқадигандек гезариб-қалтираб турарди. Унинг юзи бунчалик оқариб кетганини ва бунчалик саросимага тушганини ҳали ҳеч ким кўрмаганди. Унинг юзи кечириб бўлмас гуноҳ устида қўлган тушгандек оқариб кетганди. Аммо Улжон хотинининг гапидан бошқа маъно туйди: бир ҳафта олдин келиннинг холаси тўй қилганда Улжон «Поччангнинг олдида тўй қарзим йўқ, мен тўй қилганимда ҳам келгани йўқ, орамиз очиқ» деганди. Бир ҳафтадан бери тўмтайиб юрган хотини қош қўяман деб кўз чиқарганини кеч англади, пичинги қимматга тушди.

Безрайиб турган Арзихол аралашишга улгурмади, келин фақат қариндошларининг тўй-азасига бормай қўйгани учун эмас, эри йилнинг уч фаслини яйловда ўтказаётгани ва ўзининг гулдай умри иккита чурвақанинг биғиллаши билан ўтиб бораётгани учун тўлиб турган эканми, тилига келганини оғзи чарчагунча гапирди, Улжон ҳам қўли чарчагунча уни савалади. Улжон кетгач, елкаси маматалоқ бўлган келин болаларини олиб, Қўшкўлга, отасиникига кетиб қолди. Арзихол Қўшкўл қиригача ялиниб борса ҳам келин қайрилиб қарамади: у келиннинг изидан токи қош қорайгунча қараб ўтирган қир устида эртасига тўртта отлиқ пайдо бўлди….

* * *

Ўзига тенгдош аёллар аллақачон келинли бўлиб, болалар-у набиралар, келинлару қизлар парваришида, етти қават кўрпа устида соғликларидан нолий бошлаганда ҳам Арзихол на соғлигидан, на турмушидан нолир, ҳали ҳам отаси Ражаб чўпонникига опасининг хизматини қилиш учун ташлаб кетган ўша сунбула оқшомидек тонгдан шомгача Улжоннинг йилма-йил каттариб бораётган ғалвали рўзғорида, қўзи изидан тўқайзору баҳор пайтлари худди дунё ўткинчилигини таъкидлаётгандек шошиб-тўлиқиб оқадиган дарё бўйида, пода тезаги тушган қиру адирда, қишлоқнинг миш-мишлару ғурбат кўмилган чанг кўчаларида ўзининг шум тақдирини етаклаб юргандек куймаланиб юрар, уни майиб қилиб яратган тақдир худди уни энди сийлаётгандек ёши ўтган сайин у тетиклашиб, кучга тўлиб борар, янаям жонсарак бўлиб қолган, кечаси ҳаммадан кейин ётар, очилиб қолган болаларнинг ва Улжоннинг устини ёпиб қўяр, совуб қолган печкага тезак ташлар, ухлаб ётган келиннинг уйғониб қолишидан хавотирланиб, нафасини ичига ютиб бешик тебратиб чиқар, кейин алламаҳалда йиллар-у фасллар қор ва ёмғир қиёфасида емиравериб, каламушнинг уясидай ғариб қилиб қўйган омборга кириб кетар, эрталаб эса маймоқланиб ё офтобани, ё сут тўла кадини ағдариб юборган шовқин билан бошқаларни уйғотар, энди товуши дўриллай бошлаган Улжоннинг болалари ҳам уни худди оталаридай жеркир, келин эса тиним бермай юмушга кўмиб ташлар, у эса яроқсиз бўлиб қолгач ташлаб юбориладиган буюмга ўхшаб бу уйдан ҳайдалишдан чўчигандек ҳеч бир ишдан бўйин товламас, у ўзини кераксиз бўлиб қолаяпман деб ўйлагани сайин Улжоннинг болаларидан тортиб, ўзи ҳам кампирга кўпроқ суяниб борар, унинг оғриб ё касал бўлиб ётиб қолишини тасаввур ҳам қилишолмасди. Худди ўзи чиқмаса, қишлоқ моли ўрмайдигандек, Улжонни пода изидан Азлар қиригача кузатиб қўяр, агар кеч қолса, ҳеч кимга айтмай яна ўша қирга, чайир ва темирдай мустаҳкам илдизлари тошларни ёриб, қояга чирмовуқдай ёпишиб олган, шохлари қуриб-қақшаб кетганига қарамай энг баланд новдасида ҳали жўшқинлик ва кўклам ҳиди барқ уриб турган, бир жуфт ғуддасини худди бутун дунёга кўз-кўз қилаётгандай силкитиб қўядиган ва табиатнинг фасллар қиёфасида гоҳ изғирин, гоҳ жазира, гоҳ сел бўлиб келадиган барча синовларига матонат билан дош бериб келаётган ёлғиз кекса заранг дарахти ёнига бориб, хира торта бошлаган кўзларини олис яйловларга тикиб, чўккалаб ўтириб олар, гўё кекса заранг билан сабр ва матонат борасида баҳс бойлашаётгандай токи узоқлардан келаётган поданинг чанги кўринмагунча шу ҳолатда қилт этмай ўтираверар, пода кўриниши билан маймоқланиб, туртиниб-суртиниб, пешвоз чиқар, қарийб эллик йилдан бери ёлғизликдан зериккан дарахт эса уни қўйиб юбормаслик учун жулдур кийимларидан бир парча юлиб қолганини ҳам, кейин асов шамолда худди ғолиблик туғидай лахтакни ҳилпиратиб турганини ҳам сезмай, Улжон сари отиларди. Аёл қариган сайин жонсарак, ҳаракатчан, серғайрат бўлиб борар, энди уни бошқа терсоталакларнинг ҳам хизматини қилиб, турли ҳовлиларда ғимирлаб юрганини кўриб қолишарди.

Уни кўрганда ўз қисматдошини топгандай шабада тили билан овоз чиқарадиган зарангнинг зорланишлари ҳам, маймоқ кампирнинг худди жандасини судраб юрган дарвишдай ойма-ой тўкилиб бораётган танасини бошқаларга билдирмаслик учун азод кўтариб юриши ҳам энди пешонасига ёзилган тақдири азал ҳукмини ўзгартиролмади: Арзихол бир умр қўрққан нарса кузнинг ўрталарида тегирмондан ярим халта ун торттириб келгандан сўнг содир бўлди — у бирдан ётиб қолди — худди жон томири узилиб кетгандай кундан кунга юзларидан ҳаёт асари йўқола бошлади. Шу ётиш билан хазонрезгини ўтказиб, қишнинг нақ чилласида қайтиш қилди. Туфласа тупук музлайдиган тонгда уни сўнгги манзилга кузатишга ўнтача терсоталик ва ҳали бетлари қотмаган қариндошлар йиғилишди: бу ерга йиғилганлар азага келгандан кўра чет қишлоқдан келиб, бошқалар бир неча кунда эгаллаб оладиган терсоталикларнинг кўнглига қирқ йилдан ортиқ яшаб ҳам киролмаган, кириш у ёқда турсин, кириш эшигини тақиллатиб ҳам кўрмаган ва шунча  йиллардан бери ўзининг маймоқ оёғини, қирқ йилча бирга яшаб ҳам сирли ва номаълум бўлиб қолган кўнглини ўзларидан яшириб ўтган мажруҳ аёлнинг ҳеч қурса сўнгги кунида, худди қулаган қалъага бостириб кирган қўшиндай, унинг бор сирини энди фош қилиш мақсадида йиғилишгандай эди: Улжон ҳам айни шундай кунда ўзини ташвишга қўйганидан норози тўнғилларди.
— Бу маймоқнинг ўлган куни ҳам ўзига ўхшаган ташвиш бўлди-я…

У бу гапларни атайин бошқаларга эшиттириб айтди, шу йўл билан касал онаси ўлгандан сўнг ҳам Читга қайтариб олиб кетмай ўзининг бошига мажруҳ аёлни дардисар қилиб қўйгани учун бобоси билан тоғасини чақиб олмоқчи эди. Бобосининг энди парти кетиб, шарти қолганди, унинг гапига парво қилмади — у ўзининг дармонсизликдан осилиб тушаётган бошини зўрға кўтариб турар, тоғаси эса ўзини эшитмаганга соларди.

Улжон номига бўлса ҳам чолларнинг қистови билан майит ётган омборхона туйнуги олдида туриб, рўмолча билан кўзларини ишқалаган бўлди, таёққа суяниб, «холам-ов» деди. Унинг бу йўқлови тинч осмонда момоқалдироқ гумбурлагандай таъсир қилди, йўқловдан кўра зардага ўхшаб эшитилди. Азага келганларнинг кулгуси қистади. Чоллар ёши қирқдан ошиб ҳам эл русумини тушунмаган бу бесўнақай ва қўрс одамдан норози бўлиб бош чайқаб қўйишди. Шунда кимдир келиб, Улжоннинг қўлтиғидан олди. Улжон секин бурилиб, кенжа тоғасини кўрди. Тоғаси Читдан эрталаб икки киши отда суяб зўрға олиб келган ва айвоннинг бир четида тагига омонат тўшалган пўстакда ўтирган бобоси чақираётганини шивирлаб тушунтирди. Улжон кўпам жини суймайдиган ва шунча йилдан бери онда-сонда боболигини эслаб қоладиган, шунда ҳам бирров келиб, тез жўнаб кетадиган чолнинг ўзида нима гапи бўлиши мумкинлигига ажабланиб, лайлак юриш қилиб, чолнинг олдига борди-да, «Нима дейсиз?» дегандай сурлик билан таёққа суяниб турди. Бобоси худди айбдордай бошини эгиб олганди. Кейин қариликданми ёки барибир маймоқ ва мажруҳ бўлса ҳам фарзанди ўзидан олдин дунёдан ўтганидан эзилганиданми, кўзлари ёшга тўлиб, хириллоқ товушда деди:
— Онам деб йўқланг, болам. Онам денг.

Улжоннинг ғаши келди. Энди шу етмай турувди деб ўйлади.
— Нега она деб чақираман? Онам ўлиб кетганига ўттиз йилдан ошди.
Бобоси чуқур хўрсинди. Кўзларини олиб қочди. Кейин пичирлади:
— Арзихол сизнинг туққан онангиз бўлади, болам. Салом чавондоз бадном қилиб кетгач сизни Роҳатга бердик. Аслида сизни Арзихолнинг ўзи эмизиб катта қилди, болам… У сизнинг ҳақиқий онангиз…

Чол бошқа ҳеч нарса демади. Куннинг аёзини жунлар ичига кириб олиб енгмоқчидай, пўстакни оёқларига ўраб, кўзларини юмиб олди ва шу билан ўзининг сўнгсиз дардларига ва маймоқ қизини исноддан қутқариш учун ўйлаб топган ўша олис хотирасига кўмилиб кетди.

Улжон эса «Бу эсини еган нима деяпти?!» дегандек тоғасига қаҳр билан қаради. Тоғаси бошқалар эшитиб қолишидан қўрққандек, отасининг гапини тасдиқлаб, «Шундай!» дегандек индамай бош ирғади ва у ҳам бу бетийиқ жияни таёқ билан солиб қолишидан қўрққандек нари кетди. Улжон худди бу азали ҳовлининг безовта ҳилпираётган яловидай юзи пирпираб, атрофга илинж билан тикилар, кимдир бу гапларни ёлғон дейишини кутар, аммо ҳамма ўз иши билан банд ва бу гапни инкор қиладиган марднинг ўзи бу ҳовлида кўринмасди. Шунда аввал қайнилари калтаклашга келган кунда туйган кўкрак ҳидини димоғи тагида туйди, кейин бу ҳид унинг аллақачон зулмат қаърига сингиб кетган хотирасини — ўзининг тамшаниб эмаётганини ва ўзига ҳам гуноҳкорона, ҳам қўрқув билан боқиб турган ёш ва опасининг навбатдаги қарғишидан дилдираб турган Арзихолни лип этиб ёритиб юборди.

Улжонни қабр тепасида ёлғиз қолдиришди. Унинг қирқ йилдан ошиқ елкасидан қўймаган ва азада суяниб турган таёғини бу аёлнинг ҳам изидан йиғлаб қолган кишиси бор дейишгандай шунчаки удум учун қабрга тиқиб қўйишди. Энди Улжон дастлаб Ражаб чўпоннинг, кейин эса қарийб ўттиз йил ўзининг қўли билан гоҳ ўчоқ бошида бутун ҳовлини тутунга тўлдириб юборгани, гоҳ куви пишаман деб ёғи билан қўшиб ағдариб қўйгани учун, гоҳ сигирни эмиб ётган бузоқ олдида, гоҳ хамири оқиб кетган тандир бошида Арзихолни таъқиб этган, қачон жаҳли чиқса, қачон қаҳри қўзиса, нуқул оёғи остида ўралашадиган, урган сари ургиси, хўрлаган сайин хўрлагиси келаверадиган, шунча хўрликларга индамай чидаб, яна мени ур дегандай қаршисида пайдо бўладиган, нимжон ва мажруҳ аёлни гоҳ турткилаб, гоҳ савалаб, ўзи ҳам энди савалаган сайин бир қучоқ қуриган ўтиндай кўтариб келишиб, манови дўмпайиб турган қабрга тиқишган аёлнинг устихонлари каби силлиқлашиб-ингичкалашиб қолган ва Улжон учун бу ҳаётда подасининг изидан эргашиб юрадиган итчалик ҳам қадри бўлмаган жимитдай жуссали аёлга берилган шунча йиллик хўрликларига «мана, мен гувоҳман» деётгандек қад кериб турган таёқ билан юзма-юз турарди.

qultoy

Nazar Eshonqul
QULTOY
087

..Ketsin mendan ohu voyim,
Obod bo‘lsin mazgil joyim,
Duo qilgan, qiblagoyim,
Otam Qultoy, xush qol endi…

«Alpomish» dostonidan Alpomish so‘zi

Yuzi aralash tushgan qamchidan soʻng orqasidan tepki yedi — koʻpkarilarda oʻzlariga yoʻl ochish uchun oldini toʻsgan otlarning biqiniga tepib oʻrgangan qaynilar bu barzangi va na xotinni, na roʻzgʻorni biladigan, umri molning izidan tayoq sudrab, qir-u adirlarda oʻtayotgan va shunga yarasha kuch-quvvatga toʻlib turgan odamni boshqa joyiga tepib yiqitib boʻlmasligini, xotinidan boshqa hech kimga aytmagan sirini — aynan shu chap oyogʻini qirning ustida boʻri gʻajib, quvvatsiz boʻlib qolganini bilishganday moʻljaldan adashmay naq tizzasiga, boʻrining tishlari qolgan va besh yildan beri namgarchilik paytlari zirqirab, azob beradigan chandiq ustiga orqa tarafdan ketma-ket zarba berishdi — Uljonning koʻzidan oʻt chaqnab ketdi. U oyogʻim sindi deb oʻyladi va shuning uchun endi nima qilib boʻlsa ham momataloq boʻlib ketmasin deb, bir paytlar Rajab choʻpon bilan Tolli yaylovida muz yogʻayotgan doʻl ostida qolib, ustiga eshakning jabdugʻini yopinib qutulib qolishganday, doʻlday yogʻilayotgan qamchilardan himoyalanish uchun yuzini qoʻllari bilan toʻsgancha har qanday hoʻkizni orqa oyogʻidan bir tortib, qassoblarga bogʻlab beradigan chayir panjalariga agar birontasining aqalli balogʻi ilashib qolsa ham xuddi quturgan sherday tagiga tortib, tilka-pora qiladigandek, qaynilarining yaqin kelishini peshonasidan sizayotgan qondan achishib turgan koʻzlarini qisib olgancha poylab yotar, qaynilar ham ichidagini bilib turishganday oyoqlarini uning qoʻllari yetmaydigan masofada saqlab, xuddi paxta savalashayotganday biri qoʻyib, biri qamchilar, Uljon endi taqdirga tan bergan koʻyi, koʻz oldiga negadir hali qulogʻi kesilmagan kuchugi kelgan, keyin bular meni oʻldirib qoʻysa, izimdan yigʻlab qoladiganim ham yoʻq, anovi esi kirdi-chiqdi maymoqqa esa men oʻlamanmi, qolamanmi, farqi yoʻq, u mendan keyin ham etagiga tezak yigʻib, oʻtgan-ketganga ishshayib yuraveradi degan josusona fikr lip etib oʻtgandi-yu tomogʻiga alamli xoʻrsiniq tiqilib, hatto qarshilik qilish haqida oʻylashga ham qurbi kelmay, boʻshashgancha, oʻzi necha marta koʻziga qarab turib, boʻgʻizlab tashlagan novvoslarning jonholatda pishqirgani kabi hansirab yotarkan, birdan ayolning chinqirigʻini eshitdi-qaydandir maymoqlanib Arzixol paydo boʻlgandi; u qaynilarning ataylab uchiga qotirilgan teri oʻrnatilgan qamchilari momataloq qilayotgan Uljonning boshiga oʻzini tashladi: endi qamchilar ayolning yelkasi aralash vizillar, Arzixol bor ovozi bilan qishloqdoshlarini yordamga chaqirgancha, xuddi yosh goʻdagini bagʻriga olib, bostirib kelayotgan balo-qazolardan asrayotganday Uljonning boshini tovon-u barmoqlari birlashib ketgan mayib oyoqlar bilan tugʻilgani va ayni shu nuqsoni uchun sogʻlom va nuqsonsiz odamlar dunyosida bir umrga boʻynini qisib, boshini egib yurishga mahkum etilgani beri boshidan arimagan haqorat va xoʻrlikdan yilma-yil kichrayib borayotgan mittigina jussasi bilan toʻsib olgandi. Uljon naq burniga tegib turgan ayolning koʻkragidan achimsiq ter va oʻziga juda tanish boʻlgan koʻkrak hidini toʻydi: bir zum u bu hid qaerdan kelayotganini va bu hid dimogʻida qachon va qanday oʻrnashib qolganini anglolmay, oʻzini kaltaklashayotganini ham unutib, beixtiyor xuddi emayotgandek tamshandi. Tamshandi-yu, keyinchalik shu holatini eslab jahli chiqdi, sal boʻlmasa, ikkita sigirning oyogʻini gavroni bilan urib sindirayozdi. Ikki-uch oydan keyin xotini uyga qaytib, bolasini emizib turganini koʻrdi-da, yana oʻsha hid esiga tushdi. Bu hid juda tanish, shu bilan birga notanish edi. Qisir sigirdan farqi yoʻq, bir maymoq toʻqolning koʻkrak hidi oʻziga tanish boʻlishi gʻazabini keltirdi va otasidan oʻrgangan odatini qildi: podaga qoʻshish uchun sigirni yetaklab chiqqan Arzixolninng yelkasiga alam bilan gavron tushirdi. Bu marta ayolni ayadi, gavronning uchigina tegdi. Arzixol uning qoʻrs va qoʻpol muomalasiga oʻrganib ketgandi. Yelkasiga gavron tushganda mayishib ketar, ogʻriqni bildirmay unga ojiz va yalinchoq tarzda tikilgancha maymoq oyoqlarini sudrab, nari ketardi. Shunday paytlari Uljon Rajab choʻpondan oʻrgangan soʻzlar bilan «Enagʻar, maymoq!» deb soʻkinardi. Rajab choʻpon odamovi va qahri qattiq odam edi. Unga mol bilan odamning farq yoʻq, kim jahlini chiqarsa, uzun gavroni bilan tushirib qolar, shuning uchun tersotaliklar uni koʻpam davralarga qoʻshavermas, u podasi bilan yaylovda qancha yursa, qishloq shuncha tinch boʻladi deyishardi. Uning ana shu qoʻrs va oʻziga yoqmagan har qanday masalaga gavron bilan aralashish odati, garchi pushti kamaridan tushgan farzandi boʻlmasa ham Uljonga toʻliq koʻchib oʻtgandi. Rajab choʻpon qahri qattiq boʻlgani bilan mijgʻov emasdi. Uljonning asrandi ekanini biron marta ham yuziga solmadi, shu sababli Uljon bu uyga asrandi ekani xayoliga ham kelmasdi. Bola qizi bilan koʻkrak talashib katta boʻla boshlagach, birovning farzandi ekani ham Rajabning esidan chiqib ketdi va u olti yoshga kirishi bilan oʻziga qoʻshib, podaga olib ketdi. Shundan soʻng goh Chit ustidagi, goh Tollidagi yaylovlarda oylab qolib ketishar, ota-bola poda ketidan yurib, oʻz izlaridan xuddi oʻz umrlarining yorqin va navqiron davrlarini birma-bir yoqib, keyin oʻchirishayotgandek tutab yotgan oʻchoqlar bilan birga mol tezaklari qoldirgancha, gavronlari bilan sigir oyoqlari-yu oʻzlariga yoqmagan odamlar yelkasiga jizzaki fe’llarining asoratlarini chizib, oʻzlarining goh yuvvosh, goh zardali kayfiyatlari kabi oʻzgaruvchan fasllar-u yillarni bu togʻ yaylovlari va dashtu-dalalarga birma-bir almashtirib chiqishardi. Uljon maktabda oʻqimadi, uning borligini birov eslamadi ham. Shuning uchun xuddi dasht boʻrisi kabi jizzaki va sirkasi suv koʻtarmaydigan qiziqqon boʻlib oʻsdi. Oradan yillar oʻtib, balogʻat yoshiga yetgandagina, hujjat kerakligi yodiga tushishdimi, Rajab choʻpon bir qoʻzili qoʻyga eski tanishi orqali tugʻilganlik guvohnomasini toʻgʻirlab oldi. Shunday qilib, Uljonning asrandi farzand ekani ham, kenja qizi ikki oylik boʻlganda, bahorning oxirlarida bezgak tutib yotgan xotini kasal holida otasinikiga ketib, qoʻlida bir haftalik bola koʻtarib kelgani ham esidan chiqib ketdi. Oʻshanda u xotinining qoʻlidagi eti hilvirab yotgan chaqaloqni koʻrib, otasinikida ikki kun qolib ketgani uchun gavron bilan savlamoqchi boʻldi-yu, ammo xotinining oʻziga yalinib, iltijo bilan titrab, bezgak tutib turganini koʻrgach indamadi. Ustma-ust qiz tugʻib, mendan kaltak yeyavergani uchun ham bu bolani olib kelgan deb oʻyladi oʻzicha. «Bir qarindoshimiz tuqqan kuni oʻlib qolibdi, qizing hali sutdan chiqmagan deb menga berishdi, bu endi bizning bolamiz, otasi» dedi Rohat. Rajab endi tugʻilgan qoʻzichoqday boʻlib yotgan chaqaloqqa qaradi-yu, boshqa bu bola kimning bolasi, qanday qarindoshi boʻladi, qaynotasi nega kasal xotinini aynan shu kunlari Chitga shoshlinch chaqirdi va xotini qanday qilib bu bolani olib keldi, qayta surishtirib oʻtirmadi. Hatto unga ism qoʻyish ham esdan chiqib ketdi. Oradan bir hafta oʻtmay xotini bezgakdan qaltirab ikkita chaqaloqni boqishga qiynalayotganini aytdi va otasining uyida oʻtirib qolgan maymoq singlisini olib kelishini soʻradi. Rajab choʻpon indamadi. Xotini kuvi pishishga ham qurbi yetmay qolganini va kundan kun xuddi kuzgi shuvoqdek toʻkilib borayotganini bilardi—Arzixolni qaynotasi bir soʻz demay, xuddi bu er olmas qizdan bezor boʻlishgandek, bitta eshak qulogʻicha keladigan boʻgʻchaga oʻralgan kiyimlari bilan tashlab ketdi. Hatto kuyovning koʻzlariga qaramadi ham. Rajabning maydakashlik odati yoʻq edi. Bunga e’tibor ham bergani yoʻq. Keyinchalik bola yura boshlaganda Rajab bolaning boʻliq oyoqlariga qarab turib, xotiniga «Bu endi bizning ul boʻldi, Uljon qoʻyaqol» dedi. Shunday qilib, Chitlik bola Rajab choʻponning merosxoʻri boʻlib qoldi va Arzixol ham qaytib otasinikiga ketmadi. Uljonning ham asrandi ekani ba’zida kelib, otasining uyi-yu moliga iddao qilib ketadigan qizlari demasa, hech kimning xayoliga kelmasdi. Ammo qizlar Rajab choʻponning Uljonga boʻlgan munosabatini koʻrib, bu haqda ochiq-oshkora ogʻiz ochishmasdi. Rohat toʻshakka mixlanib qolgandan keyin butun roʻzgʻor moʻylovi sabza urib, otasiday bagʻritosh va qoʻpol boʻlib voyaga yetayotgan Uljonning turtkilashlari-yu qamchilaridan qirqdan oshar-oshmay mushtday boʻlib qolgan shu maymoq ayolga, Rajab choʻpondan soʻng qishloqning podasi esa Uljonga qoldi.

Uljon Arzixolni boshidayoq yoqtirmasdi: u bu majruh ayol nega oʻzlari bilan yashayotganini uzoq vaqtgacha tushunmadi — keyin esa onasining oʻrnidan turolmay yotganda yolgʻiz shu mayib xolasi kuniga yarayotganini koʻrganda, battar gʻashi keldi: unga bu ayolning biron ishni eplab qilolmasligi, ish buyursa, hamisha chalasi boʻlishi, chiroq yoqqanda, shishasi yorilishi, idish yuvganda kosa sindirishi, non yop desa, xamir oqib ketib, nonsiz qolishlari, sogʻib olgan sutiga, albatta, mol goʻngi qoʻshilib qolishi, umuman, ayolga xos boʻlgan juda koʻp fazilatlar bu Xudo urganda yoʻqligi uning gʻashini keltirar, ustiga ustak bu ayolga rahm qiladigan, unga achinadigan odamning oʻzi yoʻq, otasidan tortib, opalarigacha Arzixolga bir keraksiz va ortiqcha buyumga qaraganday qarashar, bobolari bilan togʻalari ham Chitdan qidirib kelishganda Arzixol bilan nomiga soʻrashar, goʻyo u allaqachon oʻlib ketganday, bu mayib ayol bir begonaday, uning hali ham oʻsha otasi bilan olib kelgan boʻgʻchadagi kiyimlari ustiga ilinib turgan abgor qiyofasiga e’tibor ham berishmas, Rohat esa kasallik hech kimga keragi boʻlmagan bir maymoqni emas, aynan oʻzini tanlab, hayot shamlarini birma-bir oʻchirayotgani uchun alami kelgandek yotgan joyida Arzixolni «Sen toʻqol, meni oʻzingday beburd qilasan, meni isnodga qoʻyasan» deb qargʻanar, koʻzi tushgan joyda uni goʻrdan olib, goʻrga tiqar, shunda ham bu ayol xoʻrlik va haqoratga loyiqday biron e’tiroz bildirish tugul, hamisha qoʻrqib, hurkib, burchak-burchaklarga bekinib, birovlarning koʻziga koʻrinmay yashar, bu esa Uljonning gʻashini battar keltirar, uni koʻrgan joyda turtkilab oʻtar va oʻtirsa oʻpoq, tursa soʻpoq deb soʻkardi.

Qaynilarining qirdan oshib kelayotganini koʻrgandayoq Uljon bularning niyati buzuqligini bilgandi. Ammo tom aylanib qochishga yo bekinishga gʻururi yoʻl qoʻymadi. Otning abzalini tortgancha ularni poylab turaverdi. Birinchi qamchi kelib tushganda, ot hurkib, qochib qoldi. Qishloqda har kim oʻz ishi bilan band, toʻrtta barzangining qishloqdagi har qanday yigitni bir choʻqishda qochiradigan Uljonday odamni uyiga kelib kaltaklashi xayollariga ham kelmasdi. Ammo qaynilar bir soʻz demay kuyovni savalashga tushishdi. Tovuqlarga don berib, katakdan oʻrmalab chiqayotgan Arzixol koʻrib qolib, oʻzini ustiga tashlab, bor ovozi bilan butun qishloqni oyoqqa turgʻizgandagina qishloqdoshlari ajablangan koʻyi birin-ketin yugurib kela boshlashdi.

Boyqul chol Qoʻshkoʻllik qaynilarni jerkib berdi.
— Singillaringni haydab yuborgan boʻlsa, qamchi bilan qoʻshasizlarmi? He, oʻrgildim sizlarday orkashlardan.
— Singlimiz endi bu hoʻkizning uyiga oʻlsa ham kelmaydi! Bunga boshqa xotin topib beringlar! — dedi oʻrtancha qayni.

U jimitday gavdasi bilan Uljonning boshini toʻsib olgan Arzixolning yelkasi osha qamchi tushirganda akasidan bir qamchi yeb, boʻynini ushlab turardi.

Qaynilar ot chopib, qishloqlarining orini koʻtarib yurgan odamlar edi. Keksa chol bilan tortishib oʻtirishmadi. Bundan tashqari tersotaliklar ham oʻz qishloqlariga qamchi koʻtarib bostirib kelishganidan nafsoniyati qoʻzgʻalib, biri tayoq, biri panshaxa koʻtarib olishgan, vajohatlaridan aka-ukalarni gʻajib tashlagudek koʻrinishardi. Ular otlariga minib, bir soʻz demay joʻnab qolishdi. Arzixol yuzidan sizayotgan qon boʻyni orqali ichiga oqib ketayotganidan bexabar Uljonning yuzidagi jarohat izlarini roʻmoli uchi bilan artar, nariga uchib ketgan telpagini qoqib boshiga kiydirardi. Uning mehribonchiligi Uljonning jahlini chiqardi. U oʻziga kelib, ayolni itarib yuborib, hali qirga yetmagan qaynilariga bir koʻz tashlab, omborga qarab yugurdi. Arzixol uning nima uchun omborga kirganini bildi. Maymoqlanib, Boyqul cholga nimadir deb gʻulduragancha, izidan chopdi va omborning eshigiga tayoq oʻtkazib qoʻydi. Ichkaridan Uljon eshikni tepib baqirayotgani eshitildi. Uljon bir iloj qilib, eshikni buzib, qoʻlida miltiq bilan chiqqanda qaynilar allaqachon qir oshib ketgandi. Uljon alamiga chidolmay qoʻndoq bilan Arzixolni bir urib yiqitdi.
— Enagʻar maymoq, ularning oʻrniga seni oʻldiraman!

Uljon xotinining ketib qolishi-yu, qaynilarining oʻzini savalashgani alamini biratoʻla maymoq ayoldan oldi: har doim podadan qaytganda Rajab choʻpon oyoq ostida yotmaslik uchun oʻrgatgan joyga — ayvonning shiftiga tiqib qoʻyilgan uzun irgʻay tayoq bilan Arzixolni solib qoldi. Ayol sal boʻlmasa ikki qadamga, ayvonga terib qoʻyilgan bugʻdoy qoplari ustiga uchib borib tushdi: uning jimitday tanasi xuddi koptokday yuqoriga koʻtarilib tushganini bu yerga nafsoniyatlari qoʻzgʻalib emas, koʻproq tomosha uchun kelgan tersotaliklar aniq koʻrishdi. Arzixol Uljonga ojizona va zaif ovozda nimadir demoqchi boʻldi, musichaning qurillashiday ovoz chiqardi, ammo hech narsa demadi, tayoq tushishi bilan boshidan uchib tushgan roʻmolini olib, esiga tushgandagina qatiqqa yuviladigan sochi patak boʻlib yotgan toʻzgʻoq boshiga tashlab, Uljonning koʻzidan yashirinish uchun molxona tarafga pildirab oʻtib ketdi.

Kechga yaqin Oʻrol usta qop-qorayib ketgan tayoq oʻrnini koʻrib, zaiflashib qolgan tirsakni ushlab koʻrarkan, ayolchalish qilib qargʻandi:

— Hoʻkizday boʻlmay oʻl-da, sen, Uljon. Kelib-kelib bir mayibga kuching yetdimi? Qoʻlini sindirib qoʻyibsan-ku, juvonmarg.

Arzixolning ogʻriqdan koʻkarib ketgan yuziga qarab, oʻzi ustani boshlab kelib, oʻzi dakki eshitayotgani jahlini keltirdimi, yo qilgan ishidan uyaldimi, Uljon cholga bir ogʻiz gap qaytarmay nari ketdi.

— Uni qargʻamang, usta bova, — dedi Arzixol ogʻriqdan terlab, inqillarkan. — Ayb oʻzimda. Oʻzim yiqilib tushdim. Xotinini men sigʻdirmadim. Meni deb ketib qoldi. Nima qilay, men bir Xudo urgan ayol ekanman. Bunga ham dardisar boʻldim. Oʻzi opamning oʻrniga men oʻlib ketsam boʻlardi.

Tersotaliklarning birontasi Uljonni koyiy boshlasa va u haqda yomon fikr bildirsa, Arzixol birdan uni «Aslida ayb menda, opamning oʻrniga men oʻlib ketsam yaxshi boʻlardi» degan soʻzlar bilan himoya qilishga tushardi. Rohat odam tanimay, koʻzlari orqali rozi-rizolik qilib yotarkan, Arzixol rozilik soʻrash oʻrniga «Sizning oʻrninigzda men oʻlsam yaxshi boʻlardi, Uljon ham shuni istayapti», deb yigʻlaganini hali haligacha qishloqdoshlari eslab yurishardi. Tersotaliklar bu majruh ayolning hamisha oʻzi qilmagan aybni boʻyniga olishi va hamisha hurkak, bir narsadan xavotirda yurganday doimo Uljonning oldida qaltirab turishi, Uljon desa kasalligiga qaramay oʻrnidan turib ketishi, Uljon kelmasa kechalari toki u kelguncha mijja qoqmay chiqishi, ba’zida och ketganda, ovqat koʻtarib, mayib holiga qaramay, ikki qir nariga — yaylovga piyoda borib kelishi, bolalari va xotinining tayyor choʻrisi boʻlib qolganining sababi — ayol unga oʻrganib qolgan, shu sababli Uljonning uydan haydab yuborishidan qoʻrqadi, poda izidan yuraverib, oʻzi ham hoʻkizga oʻxshab qolgan bu yovvoyi uni haydab yuborishdan ham qaytmaydi, shuning uchun ham bu ayol oʻziga shuncha azob bergan odamga baribir mehribonlik qilaveradi, chunki bu asrandini chaqaloqligidan oʻzi koʻtarib katta qilgan, oʻz bolasiday boʻlib qolgan, bir uyga beka boʻlish baxtidan mahrum boʻlgan shoʻrlikning shu choʻpondan boshqa bu dunyoda ovunchogʻi qolmagan, faqat shu Uljonga boʻlgan mehrgina bu bebaxtni dunyoda ushlab turibdi deyishardi.

Oʻrol usta oʻshanda qariyib oʻttiz yildan beri Rajab choʻponning uyida yarim jon va mittigina boʻlishiga qaramay, qoʻli kosov, sochi supurgi boʻlib qolgan ayolning yiqilib tushganiga ishonmagandi: tayoqning oʻrni bilinib turardi. Arzixol hech qachon biron kishiga aytmagan boʻlsa ham uning goh peshonasi, goh yuzi shilinib, koʻkarib yurganini koʻrgan qishloqdoshlari bu Uljonning ishi ekanini bilishardi. Usta Oʻrol tuxum surtib, Arzixolni dodlatib, tirsakni xuddi munchoq terayotganday silab-ishqaladi, singan suyaklarni qoʻli bilan tekislab boʻlgach, chorchoʻp qilib bogʻlab qoʻydi. Ogʻriq qolgandek boʻldi-yu, ammo Arzixolning tirsagi yillar oʻtishi bilan qaltiraydigan, keyin esa, salga chiqib ketadigan darajada moʻrtlashib qoldi. Oradan yillar oʻtib, Arzixolning chiqib ketgan tirsagini xuddi qoʻgʻirchoqning qoʻlidek joyiga solib qoʻyishga Uljonning bolalari ham oʻrganib ketishdi, tirsakni joyiga solish payti ayol dod-voy qilib turganda, Uljon sekin uydan chiqib ketar, shuncha yillar oʻtgan boʻlsa ham negadir qaynilari kelib ketganda alam ustida Arzixolni kaltaklagani yodidan chiqmas va oʻsha kungi ter hidi kelayotgan koʻkrak hidini dimogʻida tuyardi. Vaholanki, u bu maymoqni jahl ustida tayoq bilan solib, mayib qilib qoʻyay degan holatlar umri davomida koʻp boʻlgan, bularning birontasi ham esida qolish tugul, hatto bir moʻyini qilt ettirganini eslolmasdi. Nega aynan oʻsha kungi voqea yodida bunchalik uzoq saqlanib qolganini tushunmasdi. Eng kayvoni kampirlaru oqsoqollarning ham qoʻlidan kelmagach, tersotaliklarni hayratga solib, poyu-piyoda maymoqlanib Qoʻshkoʻlga kirib borgan Arzixol bilan birga uyiga qaytgani sababli singillari bilan yuz koʻrishmas boʻlib ketgani uchunmi yo turmush degani chimildiqdagi entikishdan boshqa narsa ekanligi tufaylimi, xotinining tobora injiq va mijgʻov boʻlib borayotganiga qaramay izma-iz tugʻilayotgan bolalar oʻsha kungi kaltaklanganining alamini ham, xotinining zaif joyini sotib qoʻyganini ham, qaynilari uni urish uchun aynan oʻsha zaif joyidan foydalanishganini ham, oʻsha kuni Arzixolni jahl ustida urib, birinchi marta chekkan xijolatini ham uning xotirasidan surib chiqarishdi, ammo achimsiq, ter ta’mi bor koʻkrak hidi esidan chiqmadi. U bu hidni ilgari qaerda hidlaganman deb keng vodiyda yoyilib oʻtlayotgan podalarga xuddi oʻz mulkini kuzatib turgan shahonshohday sersolib qaragancha, Arzixolnining goh yelkasi, goh oyogʻiga tushaverib, oʻzi ham ayolning bilak va yelkalariga qoʻshilib, yilma-yil yeyilib-silliqlanib borayotgan tayoqqa suyanib, azobli oʻyining tagiga yetishga urinardi. U yillarning uvalanib ketgan kesaklari va suvoqlari ostida qolgan yiltillab turgan oʻsha xotirasini topgandek boʻldi: Arzixol maymoq chaqaloqligida oʻzini ovutish uchun koʻkrak bergan, shu yoʻl bilan Rohat onasi yoʻq paytlari, keyin esa, kasal boʻlgandan keyin hamisha ter hidi kelayotgan, oyoqlaridek zaif va hayot asari yoʻq, xuddi suzmasi achib qolgan xaltadek soʻlgʻin, sassiq koʻkragini ogʻziga tutgan, hid oʻshandan dimogʻida qolgan deb oʻyladi va bu uni battar tutoqtirib yubordi — u bu maymoqni er ham olmagandan keyin menga koʻkragini berib, oʻzini ovutgan, shuning uchun meni xuddi oʻzi tugʻib qoʻyganday mehribonlik qilgan, bu hid oʻsha paytlardan xotiramda qolgan degan xulosaga keldi: bu uning jahlini battar qoʻzgʻadi, agar shu payt maymoq oldida boʻlganda, gavroni bilan yelkasiga solib qolishdan va sogʻ qoʻlini ham mayib qilishdan qaytmasdi. Shuning uchun u keyinchalik ham Arzixolning mayib oyogʻiga qoʻshilib, oʻng qoʻli ham butunlay ishlamay qolganda, biron marta oʻzini aybdorday his qilmadi: aksincha, uning bir paytlar, onasi oʻrniga oʻzining shoʻrlangan teriday koʻkragini tutgani uchun kechirolmadi. Uljonning ayolga boʻlgan bunday munosabati keyinchalik uning bolalariga ham oʻtdi: esini taniyotgan bolalari ham chaqaloqlarning ishtonini yuvishmi, tezakdan guvala qilishmi, qozon ostiga olov yoqishmi, qish kunlari qurigan yulgʻun terib, toʻqayzor titib yurishmi, hammasi maymoq ayolning chekiga tushganidan zarracha ham ajablanishmay qoʻyishgan, uni momolarining singlisi deb emas, uylaridagi oʻzlari qilishga irganadigan yoki qoʻllari bormaydigan qora ishlarni bajarishga mahkum etilgan choʻri deb tasavvur qilishar, Rohat oʻlgandan keyin Arzixol sichqon hidi bosib ketgan omborga koʻchib oʻtgan — Uljon nozik mehmonlarga ataylab togʻda otib kelgan, shamolda quritib, qotirish uchun omborni toʻldirib ilib tashlagan va qotgani sayin shuncha mazasi chiqadigan toʻngʻiz etlari bilan birga bu ayolning umri ham kichkina hujrada yilma-yil quruqshib borardi.

Aslida xotinining ketib qolishida Arzixolning aybi yoʻq edi. Arzixol kelinni haydatib yuborish tugul, unga oʻqrayib qarashga ham yuragi betlamagan, aksincha, kelin kelgan kunidanoq bu maymoq ayolga butun jasadini tashlab olgandi. Oldiniga nomiga boʻlsa ham Uljonning onasi oʻrnidagi xolasi, shularning xizmatini qilasan deyishdi kelinga. Ammo Arzixol kelinga xizmat qildirishga imkon ham qoldirmadi. Hali chillasi chiqmagan deb uy yumushlarini oʻz zimmasiga oldi — kelinning baxti bor ekan — chimildiqdaligidayoq tekin xizmatkorga ega boʻldi. Kelin poda izidan ketgan, ba’zi kechalari tuni bilan ham yaylovda tunab qoladigan kuyovni kutib oʻtirgan tunlarda Arzixol uni ovutishga urinardi — hali hech kimga, hatto oʻz opasiga ham aytmagan sirlarini shivirlab aytib, kelinning kuyovi kelmayotganidan paydo boʻlgan hijronini biroz boʻlsa ham bosishga urinardi. Kelin birinchi bor koʻrgandayoq bu ayolning oyogʻini toʻgʻrilab bosishdan boshqa armoni boʻlmasa kerak, bunday ayolda orzu-havas nima qiladi deb xato oʻylaganini oʻsha kunlari bilib qoldi. Zero Arzixolning ana shu siridan boshqa bironta ham boshqalarga aytishga arzigulik xotirasi yoʻq edi. Shuning uchun chillasining chanqogʻini bosolmagan kelinga shu xotirani aytib, chimildiqdan chiqmasdan kuyovdan norozi boʻlayotgan kelinni chalgʻitishga uringandi. Shundan boshqa niyati yoʻq edi. U kelinga uyalibroq, lekin xoʻrsiniq bilan bir chavondoz yigitga koʻngli tushganini, oʻzlariga maymoq kelinni munosib koʻrmagan ota-onasidan nolib, u yigit hu anovi qir ortidagi qishloqdan kelib, toʻqayzorda uchrashib turganini, Arzixol ham uylaridagi suv toʻla chelaklarni oʻraga agʻdarib, tez-tez suv olib kelish uchun daryo boʻyiga—oʻsha toʻqayga tez-tez borib turishini, yigitning qamchisiga kashtali bandak toʻqib berganini, keyin nima boʻlib, chavondoz yigit koʻrinmay qolganini, oradan oylar oʻtsa ham undan xabar boʻlmaganini, u esa yurak yutib birovga bu haqda gapirolmaganini, hali ham oʻsha yigit navqiron va oʻktam qiyofada, yulgʻun va zirk bilan toʻlgan toʻqayda yurgandek, oʻsha toʻqayga borgisi, uni koʻrib, koʻkragiga bosh qoʻyib shuncha yillik ayriliq uchun gina qilib, toʻyib-toʻyib yigʻlagisi kelishini aytib qoʻydi. Oʻsha payti kelin bu gaplarni biron kishiga gullab qoʻymaslikka va’da bergandi. Ammo bolalar tugʻilib, Uljonning xolasiga boʻlgan qoʻpol-qoʻrs muomalasi asta-sekin kelinning ham betini qotirdi—u ham Arzixolga eriga oʻxshab muomala qilishni oʻrgandi. Oldinma-ketin tugʻilayotgan bolalarning beshigini tebrataverib ayolning qoʻllari chilvirday eshildi, keyin esa koʻtaraverib, yelkasining yagʻiri chiqdi. Ammo buni ayol bir marta ham na Uljonning, na kelinning yuziga solgani yoʻq. Aksincha u xuddi oʻz nevaralarini bagʻriga olib, tarbiya qilayotganday bolalarning na xarxashasidan, na toʻpolonidan bezor boʻlar, bolalar uni qiynagan sayin ayolning ularga mehri iyib, koʻproq suyib borar, bolalar uni goh ot, goh eshak qilib minib, butun hovlini aylanib yurganini koʻrganda Uljon asli bu maymoqning esi yoʻq, buning oʻzini tarbiyalash kerak oldin, u tomonidan bu tomoni yaqin qolgan kampir ham shunaqa qilib bolalar bilan oʻynaydimi deb oʻylar va shunday bir ayolni oʻziga dardisar qilib tashlab ketgan onasidan norozi boʻlib, qoʻlidagi gavronni gʻazab bilan ushlab qoʻyardi. Kelin ham endi unga bir xizmatkorga qaraganday qarar, uy ishlari-yu, supur-sidir, mol-holga va bolalarga qarash Arzixolning zimmasida edi. Yillar oʻtishi va chimildiqdan uzoqlashib, turmushning betiyiq ehtiroslariga oʻralashib qolgan kelin bergan va’dasini unutdi. Bir kuni Uljon dasturxon ustida qir ortidagi bir chavondozni baytali tepib oʻldirganini aytib, janozaga borayapman deb, xotinini shoshira boshladi.
— Enagʻarni bedov emas, baytal tepib oʻldiribdi. Xuddi oʻch olgandek, naq qanshariga tepibdi, — dedi u.—Boyqul chol kutib turibdi. Xuddi oʻzi borsa qirda boʻri yeydiganday… Tez boʻl…

Shunda kelin befarosatlik qildi.
— Bu, haligi, siz bilan va’dalashib yurgan chavondoz emasmi, — dedi piching aralash kelin bir chetda Uljonning xurjunini ombordan olib chiqqan Arzixolga. — Hali pochchamning azasiga borayapman deng…

Uljon ajablanib xotiniga qaradi. Arzixol esa taxtaday qotib qoldi — u hozir hammasi tugaydigandek, Uljon uning sirini bilib, terisiga somon tiqadigandek gezarib-qaltirab turardi. Uning yuzi bunchalik oqarib ketganini va bunchalik sarosimaga tushganini hali hech kim koʻrmagandi. Uning yuzi kechirib boʻlmas gunoh ustida qoʻlgan tushgandek oqarib ketgandi. Ammo Uljon xotinining gapidan boshqa ma’no tuydi: bir hafta oldin kelinning xolasi toʻy qilganda Uljon «Pochchangning oldida toʻy qarzim yoʻq, men toʻy qilganimda ham kelgani yoʻq, oramiz ochiq» degandi. Bir haftadan beri toʻmtayib yurgan xotini qosh qoʻyaman deb koʻz chiqarganini kech angladi, pichingi qimmatga tushdi.

Bezrayib turgan Arzixol aralashishga ulgurmadi, kelin faqat qarindoshlarining toʻy-azasiga bormay qoʻygani uchun emas, eri yilning uch faslini yaylovda oʻtkazayotgani va oʻzining gulday umri ikkita churvaqaning bigʻillashi bilan oʻtib borayotgani uchun toʻlib turgan ekanmi, tiliga kelganini ogʻzi charchaguncha gapirdi, Uljon ham qoʻli charchaguncha uni savaladi. Uljon ketgach, yelkasi mamataloq boʻlgan kelin bolalarini olib, Qoʻshkoʻlga, otasinikiga ketib qoldi. Arzixol Qoʻshkoʻl qirigacha yalinib borsa ham kelin qayrilib qaramadi: u kelinning izidan toki qosh qorayguncha qarab oʻtirgan qir ustida ertasiga toʻrtta otliq paydo boʻldi….

* * *

Oʻziga tengdosh ayollar allaqachon kelinli boʻlib, bolalar-u nabiralar, kelinlaru qizlar parvarishida, yetti qavat koʻrpa ustida sogʻliklaridan noliy boshlaganda ham Arzixol na sogʻligidan, na turmushidan nolir, hali ham otasi Rajab choʻponnikiga opasining xizmatini qilish uchun tashlab ketgan oʻsha sunbula oqshomidek tongdan shomgacha Uljonning yilma-yil kattarib borayotgan gʻalvali roʻzgʻorida, qoʻzi izidan toʻqayzoru bahor paytlari xuddi dunyo oʻtkinchiligini ta’kidlayotgandek shoshib-toʻliqib oqadigan daryo boʻyida, poda tezagi tushgan qiru adirda, qishloqning mish-mishlaru gʻurbat koʻmilgan chang koʻchalarida oʻzining shum taqdirini yetaklab yurgandek kuymalanib yurar, uni mayib qilib yaratgan taqdir xuddi uni endi siylayotgandek yoshi oʻtgan sayin u tetiklashib, kuchga toʻlib borar, yanayam jonsarak boʻlib qolgan, kechasi hammadan keyin yotar, ochilib qolgan bolalarning va Uljonning ustini yopib qoʻyar, sovub qolgan pechkaga tezak tashlar, uxlab yotgan kelinning uygʻonib qolishidan xavotirlanib, nafasini ichiga yutib beshik tebratib chiqar, keyin allamahalda yillar-u fasllar qor va yomgʻir qiyofasida yemiraverib, kalamushning uyasiday gʻarib qilib qoʻygan omborga kirib ketar, ertalab esa maymoqlanib yo oftobani, yo sut toʻla kadini agʻdarib yuborgan shovqin bilan boshqalarni uygʻotar, endi tovushi doʻrillay boshlagan Uljonning bolalari ham uni xuddi otalariday jerkir, kelin esa tinim bermay yumushga koʻmib tashlar, u esa yaroqsiz boʻlib qolgach tashlab yuboriladigan buyumga oʻxshab bu uydan haydalishdan choʻchigandek hech bir ishdan boʻyin tovlamas, u oʻzini keraksiz boʻlib qolayapman deb oʻylagani sayin Uljonning bolalaridan tortib, oʻzi ham kampirga koʻproq suyanib borar, uning ogʻrib yo kasal boʻlib yotib qolishini tasavvur ham qilisholmasdi. Xuddi oʻzi chiqmasa, qishloq moli oʻrmaydigandek, Uljonni poda izidan Azlar qirigacha kuzatib qoʻyar, agar kech qolsa, hech kimga aytmay yana oʻsha qirga, chayir va temirday mustahkam ildizlari toshlarni yorib, qoyaga chirmovuqday yopishib olgan, shoxlari qurib-qaqshab ketganiga qaramay eng baland novdasida hali joʻshqinlik va koʻklam hidi barq urib turgan, bir juft gʻuddasini xuddi butun dunyoga koʻz-koʻz qilayotganday silkitib qoʻyadigan va tabiatning fasllar qiyofasida goh izgʻirin, goh jazira, goh sel boʻlib keladigan barcha sinovlariga matonat bilan dosh berib kelayotgan yolgʻiz keksa zarang daraxti yoniga borib, xira torta boshlagan koʻzlarini olis yaylovlarga tikib, choʻkkalab oʻtirib olar, goʻyo keksa zarang bilan sabr va matonat borasida bahs boylashayotganday toki uzoqlardan kelayotgan podaning changi koʻrinmaguncha shu holatda qilt etmay oʻtiraverar, poda koʻrinishi bilan maymoqlanib, turtinib-surtinib, peshvoz chiqar, qariyb ellik yildan beri yolgʻizlikdan zerikkan daraxt esa uni qoʻyib yubormaslik uchun juldur kiyimlaridan bir parcha yulib qolganini ham, keyin asov shamolda xuddi gʻoliblik tugʻiday laxtakni hilpiratib turganini ham sezmay, Uljon sari otilardi. Ayol qarigan sayin jonsarak, harakatchan, sergʻayrat boʻlib borar, endi uni boshqa tersotalaklarning ham xizmatini qilib, turli hovlilarda gʻimirlab yurganini koʻrib qolishardi.

Uni koʻrganda oʻz qismatdoshini topganday shabada tili bilan ovoz chiqaradigan zarangning zorlanishlari ham, maymoq kampirning xuddi jandasini sudrab yurgan darvishday oyma-oy toʻkilib borayotgan tanasini boshqalarga bildirmaslik uchun azod koʻtarib yurishi ham endi peshonasiga yozilgan taqdiri azal hukmini oʻzgartirolmadi: Arzixol bir umr qoʻrqqan narsa kuzning oʻrtalarida tegirmondan yarim xalta un torttirib kelgandan soʻng sodir boʻldi — u birdan yotib qoldi — xuddi jon tomiri uzilib ketganday kundan kunga yuzlaridan hayot asari yoʻqola boshladi. Shu yotish bilan xazonrezgini oʻtkazib, qishning naq chillasida qaytish qildi. Tuflasa tupuk muzlaydigan tongda uni soʻnggi manzilga kuzatishga oʻntacha tersotalik va hali betlari qotmagan qarindoshlar yigʻilishdi: bu yerga yigʻilganlar azaga kelgandan koʻra chet qishloqdan kelib, boshqalar bir necha kunda egallab oladigan tersotaliklarning koʻngliga qirq yildan ortiq yashab ham kirolmagan, kirish u yoqda tursin, kirish eshigini taqillatib ham koʻrmagan va shuncha yillardan beri oʻzining maymoq oyogʻini, qirq yilcha birga yashab ham sirli va noma’lum boʻlib qolgan koʻnglini oʻzlaridan yashirib oʻtgan majruh ayolning hech qursa soʻnggi kunida, xuddi qulagan qal’aga bostirib kirgan qoʻshinday, uning bor sirini endi fosh qilish maqsadida yigʻilishganday edi: Uljon ham ayni shunday kunda oʻzini tashvishga qoʻyganidan norozi toʻngʻillardi.
— Bu maymoqning oʻlgan kuni ham oʻziga oʻxshagan tashvish boʻldi-ya…

U bu gaplarni atayin boshqalarga eshittirib aytdi, shu yoʻl bilan kasal onasi oʻlgandan soʻng ham Chitga qaytarib olib ketmay oʻzining boshiga majruh ayolni dardisar qilib qoʻygani uchun bobosi bilan togʻasini chaqib olmoqchi edi. Bobosining endi parti ketib, sharti qolgandi, uning gapiga parvo qilmadi — u oʻzining darmonsizlikdan osilib tushayotgan boshini zoʻrgʻa koʻtarib turar, togʻasi esa oʻzini eshitmaganga solardi.

Uljon nomiga boʻlsa ham chollarning qistovi bilan mayit yotgan omborxona tuynugi oldida turib, roʻmolcha bilan koʻzlarini ishqalagan boʻldi, tayoqqa suyanib, «xolam-ov» dedi. Uning bu yoʻqlovi tinch osmonda momoqaldiroq gumburlaganday ta’sir qildi, yoʻqlovdan koʻra zardaga oʻxshab eshitildi. Azaga kelganlarning kulgusi qistadi. Chollar yoshi qirqdan oshib ham el rusumini tushunmagan bu besoʻnaqay va qoʻrs odamdan norozi boʻlib bosh chayqab qoʻyishdi. Shunda kimdir kelib, Uljonning qoʻltigʻidan oldi. Uljon sekin burilib, kenja togʻasini koʻrdi. Togʻasi Chitdan ertalab ikki kishi otda suyab zoʻrgʻa olib kelgan va ayvonning bir chetida tagiga omonat toʻshalgan poʻstakda oʻtirgan bobosi chaqirayotganini shivirlab tushuntirdi. Uljon koʻpam jini suymaydigan va shuncha yildan beri onda-sonda boboligini eslab qoladigan, shunda ham birrov kelib, tez joʻnab ketadigan cholning oʻzida nima gapi boʻlishi mumkinligiga ajablanib, laylak yurish qilib, cholning oldiga bordi-da, «Nima deysiz?» deganday surlik bilan tayoqqa suyanib turdi. Bobosi xuddi aybdorday boshini egib olgandi. Keyin qarilikdanmi yoki baribir maymoq va majruh boʻlsa ham farzandi oʻzidan oldin dunyodan oʻtganidan ezilganidanmi, koʻzlari yoshga toʻlib, xirilloq tovushda dedi:
— Onam deb yoʻqlang, bolam. Onam deng.

Uljonning gʻashi keldi. Endi shu yetmay turuvdi deb oʻyladi.
— Nega ona deb chaqiraman? Onam oʻlib ketganiga oʻttiz yildan oshdi.

Bobosi chuqur xoʻrsindi. Koʻzlarini olib qochdi. Keyin pichirladi:
— Arzixol sizning tuqqan onangiz boʻladi, bolam. Salom chavondoz badnom qilib ketgach sizni Rohatga berdik. Aslida sizni Arzixolning oʻzi emizib katta qildi, bolam… U sizning haqiqiy onangiz…

Chol boshqa hech narsa demadi. Kunning ayozini junlar ichiga kirib olib yengmoqchiday, poʻstakni oyoqlariga oʻrab, koʻzlarini yumib oldi va shu bilan oʻzining soʻngsiz dardlariga va maymoq qizini isnoddan qutqarish uchun oʻylab topgan oʻsha olis xotirasiga koʻmilib ketdi.

Uljon esa «Bu esini yegan nima deyapti?!» degandek togʻasiga qahr bilan qaradi. Togʻasi boshqalar eshitib qolishidan qoʻrqqandek, otasining gapini tasdiqlab, «Shunday!» degandek indamay bosh irgʻadi va u ham bu betiyiq jiyani tayoq bilan solib qolishidan qoʻrqqandek nari ketdi. Uljon xuddi bu azali hovlining bezovta hilpirayotgan yaloviday yuzi pirpirab, atrofga ilinj bilan tikilar, kimdir bu gaplarni yolgʻon deyishini kutar, ammo hamma oʻz ishi bilan band va bu gapni inkor qiladigan mardning oʻzi bu hovlida koʻrinmasdi. Shunda avval qaynilari kaltaklashga kelgan kunda tuygan koʻkrak hidini dimogʻi tagida tuydi, keyin bu hid uning allaqachon zulmat qa’riga singib ketgan xotirasini — oʻzining tamshanib emayotganini va oʻziga ham gunohkorona, ham qoʻrquv bilan boqib turgan yosh va opasining navbatdagi qargʻishidan dildirab turgan Arzixolni lip etib yoritib yubordi.

Uljonni qabr tepasida yolgʻiz qoldirishdi. Uning qirq yildan oshiq yelkasidan qoʻymagan va azada suyanib turgan tayogʻini bu ayolning ham izidan yigʻlab qolgan kishisi bor deyishganday shunchaki udum uchun qabrga tiqib qoʻyishdi. Endi Uljon dastlab Rajab choʻponning, keyin esa qariyb oʻttiz yil oʻzining qoʻli bilan goh oʻchoq boshida butun hovlini tutunga toʻldirib yuborgani, goh kuvi pishaman deb yogʻi bilan qoʻshib agʻdarib qoʻygani uchun, goh sigirni emib yotgan buzoq oldida, goh xamiri oqib ketgan tandir boshida Arzixolni ta’qib etgan, qachon jahli chiqsa, qachon qahri qoʻzisa, nuqul oyogʻi ostida oʻralashadigan, urgan sari urgisi, xoʻrlagan sayin xoʻrlagisi kelaveradigan, shuncha xoʻrliklarga indamay chidab, yana meni ur deganday qarshisida paydo boʻladigan, nimjon va majruh ayolni goh turtkilab, goh savalab, oʻzi ham endi savalagan sayin bir quchoq qurigan oʻtinday koʻtarib kelishib, manovi doʻmpayib turgan qabrga tiqishgan ayolning ustixonlari kabi silliqlashib-ingichkalashib qolgan va Uljon uchun bu hayotda podasining izidan ergashib yuradigan itchalik ham qadri boʻlmagan jimitday jussali ayolga berilgan shuncha yillik xoʻrliklariga «mana, men guvohman» deyotgandek qad kerib turgan tayoq bilan yuzma-yuz turardi.

Саҳифани безашда мусаввир Алишер Алиқуловнинг асаридан фойдаланилди.

003

(Tashriflar: umumiy 140, bugungi 1)

Izoh qoldiring