Mayev va uning «Buxoro xonligi ocherklari» kitobi haqida

buhara

Николай Александрович Маев (1835-1896 йй)-статист, ёзувчи, Ўрта Осиё тадқиқотчиси, 1855 йилда Санкт-Петербургдаги гимназияни тамомлагач, 1855-1863 йилларда Қримдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган. Ҳарбий хизматдан сўнг Санкт-Петербург университетининг физика-математика факультетига ўқишга кириб, 1869 йилда тугатган.
1869 йилда Туркистонга келиб, гвардия пиёда қўшинлари хизматига кирган. «Туркестанские ведомости» газетасига асос солган ва унинг биринчи муҳаррири бўлган. Рус ҳукумати томонидан Хива ва Қўқонга уюштирилган ҳарбий юришларда қатнашган.
Туркистон ўлкасининг деярли барча жойларида бўлган. Айниқса, 1875 йилда Ўрта Осиёнинг тарихий ва жўғрофий ўрнини илмий жиҳатдан ўрганиш мақсадида Кривцов ва Бекчуринлар билан биргаликда амалга оширган саёҳати ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу саёҳат давомида Н.А.Маев Бухоро хонлиги тарихи, этнографияси, жўғрофий ўрни ҳақидаги маълумотлардан ташқари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига оид муҳим маълумотларни тўплади.
Айниқса, 1879 йилда чоп этилган «Бухоро хонлиги очерклари» номли асари Сурхон воҳасидаги халқларнинг XIX аср иккинчи ярмига оид ижтимоий-иқтисодий тарихи ва турмуш тарзи, этнографияси, ўша даврдаги мавжуд шаҳарлар, туманлар ва қишлоқлар ҳамда у ер-да ҳаёт кечирган воҳа халқларининг тарихини ўрганишда нодир манба бўлиб ҳисобланади.
Н.А.Маевнинг «Бухоро хонлиги очерклари» номли асари 1879 йилда Санкт-Петербургда «Туркистон ўлкасининг статистикаси учун материаллар» номли йилномада Н.А.Маевнинг таҳрири остида нашр этилган. Ушбу асар ўлкамиз тарихига оид қимматли маълумотларни ўзида мужассам этганлиги ва саноқли нусхаларда чоп этилганлигини (асарнинг вилоятдаги яккаю-ягона нусхаси Термиз Археология музейи архивида сақланади) ҳисобга олиб, уни ўзбек тилига таржима қилишга қарор қилдик ва ўзбек тилида биринчи марта китобхонлар ҳукмига ҳавола этмоқдамиз.

И.БОТИРОВ
Археология музейи директори, таржимон.

МАЕВ НИКОЛАЙ АЛЕКСАНДРОВИЧ ВА УНИНГ «БУХОРО ХОНЛИГИ ОЧЕРКЛАРИ» КИТОБИ ҲАҚИДА

XIX асрнинг 60-йиллари бошларига келиб Англия Афғонистонга чиқиш учун қулай ҳисобланган Ҳиндистоннинг шимолий-ғарбий ҳудудларини босиб олишга киришди.

Ушбу ҳаракатлар Россия ҳарбий доираси вакиллари ўртасида катта хавотир уйғотди. Шу сабабдан Петербургдаги Россия Ташқи Ишлар Маҳкамасининг генерал-адъютанти Д.А.Милютин бошчилигида Ҳиндистонни босиб олишнинг ҳарбий режалари ишлаб чиқишга киришилди.

Аммо рус ҳарбий қўшинларининг ҳаракати учун чет эллик сайёҳларнинг узуқ-юлуқ маълумотларини ҳисобга олмаганда, Ўрта Осиё ерлари ҳақида батафсил маълумотлар умуман йўқ эди.

Натижада Ўрта Осиёнинг Амударё орқали Афғонистон бўйлаб ўтган чегара ҳудудларига рус ва инглиз ҳарбий зобитлари, ҳарбий сураткашлар ва саёҳатчилар тез-тез кела бошладилар.

Айниқса, 1820 йилда Бухородаги рус элчихонасининг котиби Г.Майендорф томонидан Бухородан Эски Термизга уюштирган саёҳатидан сўнг, «1820 йилда Оренбургдан Бухорога саёҳат» номли китоби 1826 йилда Парижда босилиб чиқди. Майендорф Афғонистон билан чегарадош Эски Термиз ҳақида, «Бу шаҳар Амударёнинг ўнг қирғоғида (чап қирғоқнинг қарама-қаршисида) жойлашган бўлиб, у ерда тош ва шағалтош, пахсадан қилинган уйларнинг харобаларидан бошқа нарса кўринмайди» деб ёзади1.

Майендорф маълумотларидан шу нарса маълум бўладики, чегарадаги Эс-ки Термиз ҳудуди ҳали археологик тадқиқотларга жалб этилмаган бўлиб, фақат ҳудудни кузатув орқали ўрганиш ҳолати ҳукмронлик қилар эди.

1835 йилда Санкт-Петербургда нашр этилган тилшунослик энциклопедиясининг «Оксус» номли мақоласида Эски Термиз ҳақида маълумотлар келтирилади: «Кўлобдан бошланиб Турон паст текислиги қисмида Ҳисор водийси ястаниб ётади ва Балхни Ўкуздан ажратиб турган Қундузсой ва Ҳулутсой водийларининг қарама-қаршисида Балхнинг деярли бир хил меридианида эски Термиз харобалари жойлашган» .

1850 йилда Москвада нашр этилган Александр Борнснинг «Бухорога саёҳат»номли китобида эски Термиз ҳақида фақат эслатиб ўтилади, холос.

Эски Термиз харобалари ҳақида тўлиқроқ маълумот беришга ҳаракат қилган ғарб адабиёти вакилларидан бири инглиз географи Генри Юль ҳисобланади. Унинг 1872 йилда чоп этилган «Вуд саёҳати» номли китобининг сўз бошисида «..Окс дарёси бўйида жойлашган ва Чингизхон томонидан вайрон этилган Термиз жуда қадимий ва машҳур шаҳарлардан бири бўлиб ҳисобланади». Юқорида Термиз ҳақида келтирилган маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Рус империяси учун Ўрта Осиё ҳудудларини географик жиҳатдан ўрганишда Термиз ўзининг жойлашувига кўра муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган.

1875 йилда Туркистон генерал губернатори К.П.Кауфманнинг буйруғига кўра Ҳисор тизма тоғларидан то Амударёгача ва Кўлоб беклигигача бўлган ҳудудни чуқур ўрганиш мақсадида экспедиция ташкил этилади.

Шу сабабли К.П.Кауфман 1874 йил 17 сентябрда Бухоро амирига хат билан мурожаат этиб, экспедиция аъзоларини Шарқий Бухоро ерларига киришга рухсат беришни ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни сўрайди. К.П.Кауфман экспедицияга раҳбарлик қилишни «Туркистон хабарлари» газетасининг муҳаррири Н.А.Маевга топширади.

Н.А.Маев Туркистон ўлкаси бўйича статистика ва этнографияга оид асарлари билан машҳур кишилардан бири эди.

Н.А.Маевнинг асосий касби ҳарбий соҳа бўлишига қарамасдан, у археология, тарих ва этнография фанларига жуда ҳам қизиққан.

Петербургда нашр қилинган «Аскарларга ўқиш учун» номли журналда унинг «Москва тарихий обидалари», «Қисқача рус тарихи», «Севастополь ва унинг жасур ҳимоячилари», «Бородино жанги», «Подшо Буюк Пётр», «Апостоль князь Владимир» сингари илмий мақолалари чоп этилган эди.

Шунингдек, Н.А.Маев Россия Халқ таълими вазирлигининг журнали билан илмий ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, Петербургдан Тошкентга келгач, тарихий ва археологик мавзулар бўйича кўплаб маълумотларни ўз ичига олган илмий мақолаларини юбориб турган. «Денгиз хабарлари», «Аскарларга ўқиш учун» журналларига раҳбарлик қилган генерал-майор А.Гейрот Н.А. Маевни редакциянинг энг серғайрат ва иқтидорли мухбирларидан бири сифатида таърифлаган эди. Н.А.Маев «Туркистон хабарлари» номли газетани ташкил этишнинг лойиҳасини тузиш чоғида Туркистон ўлкасининг тарихи, географияси, этнографияси ва статистикасига доир махсус рукн очишни таклиф этган эди.Россия Халқ таълими вазирлиги журналининг бошлиғи томонидан Н.А.Маев ҳақида маълумот беришни сўраб мурожаат этган Туркистон генерал-губернаторига ёзган жавобида «.. Н.А. Маев кейинги пайтларда журналнинг энг иқтидорли ходимларидан бири бўлиб, соф рус тилида чиройли ва маъноли мақолалар ёза олади» деб таърифлаган эди.

Н.А.Маев ҳақиқатан ҳам дунёқараши кенг ва билимдон киши бўлганлигини унинг 1875 йил 15 февралда рус дипломатиясининг йирик амалдорларидан бири А.А.Вайнбергга ёзган хатидан ҳам билиб олса бўлади.

Унда, жумладан, шундай дейилган эди: «Ҳурматли жаноб Аркадий Августович! Самарқанддан 330 версть узоқликда Бухоро амирлиги ҳудуди жойлашган. Аммо ушбу амирликнинг амир ўғли Саид Абдул Мўмин томонидан бошқарилаётган Ҳисор беклиги ҳудудларига ҳозирча бирорта европаликнинг оёғи етмаган. Ҳисор мулкликларининг географияси ҳақида умуман ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Ҳаттоки, Ҳисор деган шаҳарнинг ўзи борми ёки бу вилоят номими (ҳудди Шаҳрисабз сингари) буни ҳам билмаймиз.

Шу сабабли ҳурматли Аркадий Августович, шу йилнинг баҳорида Ҳисор мулклигига ташриф буюришга рухсат этишингизни сўрайман.

Ушбу ташриф илмий экспедиция сифатида ташкил этилишини истар эдим. Турли ҳил баландликларнинг барометрик ва астрономик нуқталарини аниқлаш мақсадида Тошкент обсерваторияси директорининг ёрдамчиси астроном Шварц мен билан илмий сафарга чиқишга тайёр турибди. Бундан ташқари, экспедициянинг асосий натижаларидан бири сифатида Ҳисор беклигининг аниқ ва тўлиқ харитасини тузиш жуда муҳим деб ҳисоблайман. Шу нуқтаи назардан ўлканинг этнографияси ва географиясига доир маълумотларни тўплашни ботаникага оид коллекцияларни йиғишни ва экспедиция сафарини батафсил ёзиб боришни ўз зиммамга оламан. Ушбу иш фанга беқиёс даражада янги қимматли маълумотларни берган ҳисса бўлиб қўшилар эди.

Шундай қилиб, Ҳисор экспедицияси таркибига Н.А.Маев Ф.Шварцдан ташқари Китобдан қаршигача бўлган йўлни белгилашга масъул бўлган подпоручик Д.М.Вишневский, таржимон Ю.Казбеков, фотограф Кривцовлар киритилади.

А.А.Вайнберг узоқни кўра билувчи дипломат сифатида Ҳисор экспедициясининг ташкил этилиши ва Бухоро амири томонидан экспедициянинг Бухоро амирлиги ҳудудида фаолият юритиши учун рухсат олинишига эришди.

Н.А.Маев экспедицияси Ҳисор тизма тоғларидан то Амударёга қадар бўлган ерларни ўрганиш мақсадида 1875 йил сентябрь ойининг 3-ўн кунлигида Самарқанддан йўлга чиқди.

Экспедиция аъзоларини сафар давомида 5 кишидан иборат отлиқ казаклар ва Бухоро амири томонидан юборилган отлиқ йигитлар кузатиб борди.

Н.Маевнинг «Бухоро хонлиги очерклари» асари 2 та қисм, 9 та бўлимдан иборат. Ушбу асарда Н.Маев экспедициясининг Самарақанддан Шаҳрисабзга сафари баъзи тарихий манбаларда 1875 йил 27 сентябрда Китобга кириб келганлиги қайд этилган бўлсада, сафарнинг тугаш санаси аниқ кўрсатилмаган.

Аммо Н.А.Маев экспедицияси сафарни якунлаб, Шаҳрисабзга 40 кундан сўнг қайтиб келганлигини ҳисобга олсак, экспедиция сафари 1875 йил 14 ноябрда поёнига етганлиги маълум бўлади.
Н.Маев Самарқанддан Шаҳрисабзга йўлга чиқар экан, улар ўртасида жойлашган қишлоқларнинг ишлаб чиқариш ҳаёти, хўжалиги, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида қимматли маълумотларни беради. Масалан, Зарафшон округининг аҳолиси фақат ёмғир сувларидан етиштириладиган экинлар туфайли буғдой билан таъминланишини, Зарафшон водийсининг ҳамма жойида ҳам сунъий суғориш ишлари мушкуллигини қайд этади.

Шунингдек, Қоратепа, Қайнар, Ўрисқишлоқ, Работак қишлоқлари ҳақида қизиқарли маълумотларни келтиради. Айниқса, Китоб ва Шаҳрисабзнинг ягона девор (чим) билан ўраб олинган улкан боғлари, ишлов берилган экин майдонлари ҳақида, қари-йиб юз йиллик ям-яшил қайрағочлар ҳақида завқланиб ёзади.

Экспедиция аъзоларини Китоб шаҳрида Китоб беги Абдужалилбек кутиб олади, ўзбекона урф-одатларга хос меҳмоннавозлик ва ҳурмат кўрсатади. Н.А.Маев Китоб бегининг саройи ниҳоятда тоза ва саранжом-саришта эканлигини қайд этади. Н.Маев гувоҳлик беришича, 1875 йил 30 сентябрда рамазон ойи кириб келган. Ўша йили 4 октябрь куни эса Бухоро амири Музаффархон Шаҳрисабзга келган. Асарда Шаҳрисабз аҳолисининг таркиби, яҳудийларнинг ижтимоий қатламдаги ўрни, шаҳардаги иқтисодий ва маданий ҳаёт, шаҳардаги амир дам оладиган Ўрда қўрғон ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Экспедиция аъзолари Бухоро амири 51 ёшли Музаффар Баҳодирхон томонидан Шаҳрисабзда, Ўрда қўрғонда 1875 йил 5 октябрь, шанба куни қабул қилинган.

Энг қизиғи, амир Музаффархон расмчи Кривцов томонидан илк марта суратга олинади ва биринчи маротаба расм унча муваффақиятли чиқмагани учун, амир байрамона, зар чопонида иккинчи маротаба расмга туширилган.

Асарнинг «Шаҳрисабз-дан Бухорогача» номли бўлимида Чироқчи ва Яккабоғ бекликлари, Тизобкент, Қорабоғ, Қоратикан қишлоқлари ҳақида маълумот бериб ўтилади.

Айниқса, Қарши шаҳри ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда қизиқарлидир. Қарши шаҳар сифатида маъмурий жиҳатдан эмас, кўпроқ савдо-сотиқ ишлари учун қулай географик жойлашган шаҳар бўлгани учун, тез тараққий этаётганлигини қайд этади. «Қарши кўчаларидан айланиб ўтсангиз, шовқинли бозорда ҳамиша ишлаб турган ва нима биландир банд одамларни кўрасиз. Бу ерда сиз юзидан муғомбирлик билиниб турган тожикни ҳам, ўзбекни ҳам, қўй жунидан тайёрланган катта қора телпак кийиб олган дашт фарзанди туркманни ҳам кўрасиз» -деб таъкидлайди.

Н.Маев шаҳарда 14 масжид, янги қурилган Шермуҳаммадбек мадрасаси ҳақида маълумотларни келтиради. Шаҳарнинг Регистон майдонида Абдуллахон мадрасаси ва жума намоз масжиди борлигини айтади. Хонликда Шаҳрисабз анорлари ва Китоб узумлари қандай машҳур бўлса, қарши тамакиси ҳам шундай машҳурлигини таъкидлайди. Косонни Қаршининг йўлдош шаҳарчаси ва катта савдо қишлоғи сифатида таърифлайди. Косондан 1 тош узоқликдаги Касби, Ўби, Хитой, Маймана қишлоқлари ҳақида маълумотлар беради. Асардаги энг қимматли маълумотлардан бири сифатида Бухоро савдогарларининг манфаати ва эҳтиёжлари учун Абдуллахон томонидан қурилган кўплаб сардобалар ва работларни кўрсатиш мумкин. Н.А.Маев экспедицияси хонликнинг маркази Бухоро шаҳри, бозори, аҳолиси, арки, амирнинг қабул маросими ҳақида муҳим маълумотларни беради.

Айниқса, амир саройи дарвозаси ёнида Бухоро музейи ҳақида берган маълумоти ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Масалан, Н.А.Маевнинг ёзишича, Бухоро музейи сарой дарвозасининг ёнида жойлашган бўлиб, музей хонасида узунлиги бир саржин келадиган қамчи илиб қўйилган. Айтишларича, бу ерда илгари еттита ана шундай қамчин бўлиб, қолган олтитасини амир Насрулло Бухоронинг авлиё кишилари ва дарвешларига муқаддас матоҳ сифатида бўлиб берган экан. Худди шу ерда қандайдир авлиёнинг илон кўринишидаги ҳассаси, ҳар хил ойболталар, яқинда Маккадан қайтган ҳожилар томонидан топширилган номаълум дарахт танасининг бир қисми билан дарахтнинг ғадир-будур илдизлари сақланган.

Ушбу маълумот ҳозирги кундаги Бухоро музей қўриқхонаси ходимлари учун музей тарихини яратишда жуда асқотиши мумкин.

Шунингдек, Н.А.Маев Бухоро саройининг ички ва ташқи тузилиши, амир саройидаги қабул маросими, Бухоронинг мадрасалари ҳақида эътиборли ва қизиқарли маълумотларни келтирган. Асарда Баҳовуддин Нақшбандий ва унинг шахси ҳамда тариқати билан боғлиқ кўплаб маълумотлар мавжуд.

Асарда Бухоро яқинида жойлашган Кармана шаҳри ва амирнинг суюкли 16 ёшли ўғли Саид Абдуллаҳадхон ҳақида маълумотлар берилиб, айнан Саид Абдуллаҳадхон амирнинг вориси бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр билдиради. Кейинчалик ҳаёт Н.А.Маевнинг тахминларини тасдиқлади. Асарнинг иккинчи қисми «Ҳисор ўлкаси очерклари» деб аталади. Иккинчи қисмнинг биринчи бўлими Қаршидан Дарбандгача кузатувларни ўз ичига олади.

Амударё ҳавзасидаги Ҳисор ўлкасида жойлашган Бухоро бекликлари ҳақида Россия империяси узуқ-юлуқ маълумотларга эга бўлиб, бу ҳудудлар ҳақида тузилган хариталар ҳам турлича ҳамда, бир-биридан мутлақо фарқ қилар эди.

Шунингдек, Ҳисор вилоятига қарашли шаҳарларнинг номи ва жойлашуви ҳақида ҳам турли хил фикрлар ва маълумотлар мавжуд эди.

Масалан, Денов шаҳри ҳақида Дихнов (Федченко), Деинов (Хаников), Сариосиё ҳақида Сарисиё (Федченко) каби фикрлар айтилар эди.

Бу жуғрофий чалкашликларни Н.А.Маев аниқлаши лозим эди.

Ўша пайтда Ҳисор ўлкаси 9 та бекликка бўлинган бўлиб, улар қуйидагилар эди: 1. Бойсун. 2.Шеробод. 3.Денов. 4.Юрчи. 5.Ҳисор. 6.Балжувон. 7.Кўлоб. 8.Қўрғонтепа. 9.Қабодиён.

Қарши билан Бойсун беклиги ўртасида жойлашган Ғузор беклиги ҳақида кўплаб қимматли маълумотлар келтирилган.

Масалан, Пошхурт қизил тузи юқори сифатли бўлиб, бутун Бухоро ва Зарафшон ўлкаларида Ғузор тузи номи билан машҳур бўлган.

Пошхурт ёки Ғузор тузининг омборхоналари Қаршида жойлашган бўлиб, у ердан Бухорога олиб кетилган. Шунингдек, дашт йўлидан Косон қишлоғи орқали (Қаршидан 24 версть) Карманага ва у ердан Самарқандга ташилган.
Ғузор жанубдан 1 тош узоқликда кўриниб турадиган кенг ва текис йўлларга эга тоза ва озода, ёқимтой шаҳарча ҳисобланган.

Ғузор ўзининг қулай жойлашуви туфайли олижаноб табиий кўринишга эга бўлган. Қандайдир Осиё меъморчилигига хос кўримсиз масжид ёки ингичка узун устунлар кўтариб турган айвонлар узоқдан ёзнинг иссиқ қуёши нурлари остида ниҳоятда чиройли ва ҳашамдор бўлиб кўриниб турган.

Шунингдек, худди шу ерда Чакчак водийси, Темир дарвоза дараси ва Эски Термиз билан боғлиқ тарихий манбалардан олинган маълумотларни келтиради. Машҳур испан сайёҳи Руи Гонзалес де Клавихонинг Термиздан 1404 йил 22 август жума куни йўлга чиқиб 28 август пайшанба куни Кеш шаҳрига етиб келганлигини таъкидлайди. Н.А. Маев ўз фикрини асослашга уриниб, бу маълумот Петербургдаги Соболев кутубхонасида ягона нусхада сақлаб қолинган 1782 йил Мадридда чоп этилган Клавихо китобидан олинган деб кўрсатади.

Н.А.Маев экспедицияси Сурхондарё вилояти ҳудудига кириб келар экан, ҳозирги кун китобхони учун ниҳоятда қимматли маълумотларни келтиради. Жумладан, Дарбанд, Пошхурт, Мунчоқ, Эгарчи, Лайлагон, Сероб (Сайроб) қишлоқлари ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилади. Агар Дарбандда яшовчи тожик аҳолиси умуман ўзбек тилига тушунмайди ва у бу борада Ўрта Осиёда ягона деб ҳисобласа, Сайробнинг чиноридан ҳайратга тушиб, уни «Бобочинор» деб атайди.

Маевнинг Шеробод билан боғлиқ келтирган маълумотлари диққатга сазовордир.

Н.А.Маев таърифича, Шеробод шаҳри Шеробод воҳасининг маъмурий ва савдо марказидир. Шеробод бозорига Бухоро ва Балхнинг савдогарлари келишади. Бу ердан Бухоро ва Қаршига жўнатиладиган қўйлар ва пахта тойлари сотиб олинади, деб маълумот беради.

Айниқса, Шеробод қалъаси ҳақида ёзар экан, уни уч қатор девор билан ўраб олинган тепалик устида қурилганлигини таъкидлайди. Пастда эса қалъадан туриб қараганда бекнинг меҳмонхонаси ва чиройли, озода айвони худди ажойиб ўйинчоққа ўхшаб кўринишини ёзади. Шуни айтиш керакки, Н.А.Маевнинг Шеробод бегининг қалъа пастидаги меҳмонхона ҳақидаги маълумоти Мирза Салимбекнинг «Тарихи Салими» асарида ҳам тасдиқланади.

Асарда давлатлар ўртасидаги сиёсий муносабатлар ҳам қисман учрайди. Жумладан, афғон амири Шералихон ва унинг сиёсий рақиби Абдураҳмон ўртасидаги сиёсий низолар ҳақида сўз юритилади. Шу сабабли Афғонистон билан чегарадош Шеробод беклигида экспедиция аъзолари фаолият кўрсатган пайтда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун Бухоро амирининг фармонига биноан, Юнусхўжа Эшон махсус шуғулланади.

Асарда Шеробод беклигига қарашли Пошхурт, Чўчқагузар, Тал- лашқон, Навбоғ, Бешқўтон, Қоракамар, Шўроб ва Паттакесар қишлоқлари ҳақида муҳим маълумотлар берилган.

Бойсун тоғларининг манзараси, бойсунлик қўнғиротлар, Бойсундан Деновгача борадиган йўллар ҳақидаги маълумотлар китобхонда катта қизиқиш уйғотади. Муаллиф Сурхон дарёсини Сурхон воҳасининг «Қон томири» деб атайди. Биз Маевнинг маълумотларидан, XIX аср охирларида «Сурхон дарёсининг қирғоғи текис бўлиб, унда жийда, янтоқ, шўра, қамишлар шу қадар қалин бўлиб ўсадики, оқибатда қалин чангалзор ҳосил бўлиб, унда йўлбарс, ёввойи чўчқа ва бошқа ҳайвонлар» гавжум яшаганлигини билиб оламиз.

Асарнинг сўнгги қисмида Ҳисор, Кўлоб ва Қабодиён бекликлари билан боғлиқ маълумотлар ҳам келтирилган. Ушбу бекликларнинг географик тузилиши, табиати, тарихи, этнографиясига доир кўплаб маълумотлар мавжуд.

Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, Н.А.Маевнинг «Бухоро хонлиги очерклари» асари XIX аср охирида яшаган Ўзбекистон ва Сурхондарё халқлари тарихини ўрганишда муҳим тарихий манбалардан биридир.

Асарда экспедиция аъзолари босиб ўтган йўл бўйлаб тоғ тизмалари, дарёлар, булоқлар, савдо алоқалари амалга оширилган йўллар, сардобалар ва карвонсаройлар, аҳоли манзилгоҳлари ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. Ана шу ноёб муҳим тарихий маълумотлар ўсиб келаётган ёш авлодимиз вакиллари томонидан ўзлаштирилиши ва ундан кенг фойдаланиши учун имкониятни яратиш асар таржима қилинишининг асосий сабабларидан биридир. Бундан ташқари, ушбу асардан тарихчилар, археологлар, табиатшунослар, географлар, этнографлар ўз фаолиятида кенг фойдаланишлари мумкин.

link
Mayevning 1879 yilda rus tilida nashr etigan kitobini quyidagi bog’lanma orqali yuklab olishingiz mumkin.

(Tashriflar: umumiy 1 075, bugungi 1)

Izoh qoldiring