Nurulloh Muhammad Raufxon: Adabiyot qadim o’zanlarga qaytadi.

077
Адабиёт сўз демак. Сўз эса инсонга ўзини ва Яратганини танитиш воситасидир. Ўзини, ўзлигини билмаган Яратганини ҳам билмайди-танимайди, Яратганини танимаган ҳеч қачон ўзини танимайди. Танийман деб ўйлайди, аммо ўзи ҳақида хато тасаввурларда умри ўтади. Адабиёт агар одамни шу хатоликдан қутқариб, унга аслини танитса, асосий вазифасини бажарган бўлади.

08
АДАБИЁТ ҚАДИМ ЎЗАНЛАРГА ҚАЙТАДИ
Адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан суҳбат
Сирожиддин Иброҳим суҳбатлашди

1. Ассалому алайкум, Нуруллоҳ ака! Билишимча, Олий ўқув юртида ўқишни тамомлагач, Сурхондарёнинг чекка туманларидан бирида ўқитувчилик қилган экансиз. Шунинг тарихини сўзлаб берсангиз.

— Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг Ўзбек филологияси бўлимини қизил диплом билан битирганман. У замонги тартибга кўра, битирувчилар мутахассислигига бўйича жойларга тақсим қилинарди. Мени маориф сохасига йўллашган. Аммо мен ёзувчи бўлмоқчи, бунинг учун пойтахтдаги ижодий муҳитдан узоқлашмай, биронта таҳририятдами, нашриётдами ишламоқчи эдим. Шу ниятда Тошкент кўчаларида санқиб юрганимда эндигина тета-поя бўлаётган ижодимдан озгина хабари бор айрим ёзувчи акаларим тавсияси билан радиога ишга бордим. Уч ойча ойлик олмасдан ишладим ҳам. Лекин ҳадеганда буйруқ чиқавермади. Росмана ишга ўтишимга университетдан менга берилган ўша йўлланма халақит қилиб, Маориф вазирлигидан розилик опкелишим керак бўлди. Ўша пайтда маориф вазири бўлиб ишлаган Саид Шермуҳаммедов дардимни тинглади-да, ижобий ҳал этинг, дея ишимни ўринбосарларидан бирига топширди. Ҳозир у одамнинг исми эсимда йўқ, аммо-лекин менинг ўқитувчи бўлиб Сурхондарёга бориб қолишимга ўша ўринбосарнинг битта гапи сабаб бўлди. Гап орасида у: “Ҳаммаларингни ўқитувчи ўқитган-у, нимага мактабга бориб ишлашдан қочасизлар?” деб қолди. Қайсарлигим тутди. “Бўлди! Мени мактабга юборинг!” деб туриб олдим. Вазирдан бошқача топшириқ олган ўринбосар олдинига мени жаҳлдан қайтармоқчи бўлди, гапимда туриб олганимдан кейин, чорасиз: “Қаерга?” деб сўради. “Менга деса Афғонистонга жўнатинг!” дедим шиддат билан. Ўша пайтлар Афғонистон советнинг қўлида эди. “Э, ука, мен у ёққа жўнатолмайман”, деди ялинганнамо оҳангда. “Бўлмаса, Сурхондарёга юборинг! Унинг ҳам энг чеккасига – одам оёғи етмаган чўлига!” дедим.
Энди ўйлаб қарасам, тақдир мана шунақа сабаблар ила юзага чиқар экан. Ўзим фарғоналикман, паспортим Тошкентга рўйхатга қўйилган, аммо тақдиримнинг кичкина бир бўлдаги Сурхондарёдай ажойиб бир диёрга шу тариқа боғланиб қолди! “Ленин йўли” (ҳозирги “Қизириқ”) туманига шуйтиб ўқитувчи бўлиб бориб қолганман.

2. Ўша дамлар билан болғлиқ айрим хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— 1981 йил кузи эди. Сурхон – Шеробод чўлининг ўртасида, Ленин йўли билан Шеробод туманларининг қоқ чегарасида у қишлоқ тўрт-беш йил нари-берисида пайдо бўлган экан. Мен борганимда учта кўча чиққан, икки томонига уйлар қурилган, лекин экилган кўчатлар ҳали ёш, қишлоққа ҳатто чироқ келмаган эди. Саккиз йиллик тўлиқсиз ўрта мактабда саккизта фандан дарс берганман! Адабиёт, тил, тарих, география, мусиқа в.ҳ. Ҳатто 2-синфга бошланғичдан дарс берганман. Мактабда ўқитувчи етишмасди-да. Директор (раҳматли)дан ташқари бор-йўғи етти нафар ўқитувчи ишлар эдик. Қишлоқ янги, аҳоли кам бўлгани учун ўқувчилар ҳам жуда оз эди – бошланғичларда сал кўп-у, каттароқ синфларда етти-саккиз нафар бола ўқирди, холос.
Кичикроқ бир синф хонасидан жой қилиб беришган, бир ўзим тураман. Қишлоқ аҳли омон бўлсин, мени беганасиратмади, иссиқ-совуғимдан доим хабар олиб турди. Ҳалигача борди-келдимиз узилмаган, онда-сонда хабарлашиб турамиз. Аччиқ-ширин хотираларим жуда кўп. Майли, иккитасини айтай. Иккаласи ҳам қизиқ бир воқеага боғлиқ.

1982 йил баҳорида республиканинг ўша кезлардаги бошлиғи (ЎзКомпартия биринчи котиби) Шароф Рашидов Сурхондарёга келадиган, мактабимиз қаршисидаги йўлдан ўтадиган бўлиб қолди. Ташлама ариқнинг у юзидаги 8-совхозда Шоймардон Қудратов, бизнинг Будённый совхозимизда Абдусаттор Қурбонов директорлик қиларди. Иккаласи ҳам машҳур механизатор, минг тоннадан ошириб пахта терганлардан! Қаҳрамон! Шароф Рашидов ҳам шунинг учун иккала қаҳрамон ҳудудидан ўтмоқчи бўлгандир-да. Шу муносабат билан:

Биринчи хотира. Район маориф бўлимидан “Мактабда бир ҳафтага ўқишлар тўхтатилсин, йўл чеккалари янтоқ ва тошлардан тозалансин!” деган топшириқ келди. Мен кечаги талаба, эндиги ёш ўқитувчи, унинг устига, бу ерларга меҳмон – бирдан ўжарлигим тутиб қолди: “Ўқишлар тўхтамайди! Рашидов келса, бир чеккадан ўтиб кетаверсин, болалар дарсдан қолмасин!” дедим. Ўзи мендек бир “фарғоначи”нинг Тошкентдек катта шаҳарни ташлаб у ёқларга бориб қолганим сабабини билолмай боши қотган домлалар бу гапимдан кейин тамоман довдираб қолишди. Директор вазиятни тушунтирмоқчи бўлди: “Рашидов… ў-ў, жуда катта одам!” деган маъноларда анча қисти-бастига олиб кўрди. Мен ҳам қайсарлигимдан қайтмадим: “Нима қипти? Чўлда янтоқ ўсади-да! Йўл чеккаларида тош-пош бўлади-да! Рашидов ёзувчи одам, буларни кўрса, қайтага кўзи яшнайди!” дедим. Улар “у” деса, мен “бу” дедим. Охири келишдик: ҳафта давомида менинг дарсларим тўхтамайди, ҳар бир синф менинг соатим пайти келиб ўқиб кетади, бошқа пайт тошини тераверади!
Бу воқеа қишлоқда шов-шув бўлиб, ҳамма мени баттар яхши кўриб қолди.

Иккинчи хотира. Қишлоқда Тожи бова исмли бир “пронтавик” бўларди, Аллоҳ раҳматига олсин, қурайшийлар қабиласининг бошлиғи эди гўё. Ўзиям ғужғурдай одам, юзи саҳройи арабларнинг юзидек қоп-қора. Бутун қишлоқ унинг гапига юради, ҳамма ундан қандайдир ҳайиқиб туради. Шу одам кўпинча темирдан баланд қилиб ясалган шийпонида ўтиради. Чой ичади, йўл қарайди. Дейлик, дўппилими-шляпалими кимдир бир бегона қишлоқ оралаб қолса, дарров ўғилларидан бирини югуртириб, “бойнағи меҳмонни” уйига чақиртириб келади, бир пиёла чой бериб, кўзига тикилиб, келиш сабабларини сўраб-суриштиради. Ё масалани шу ернинг ўзида ҳал қилиб юборади, ё ўзи ҳалиги одам билан қўшилиб у келаётган хонадонга боради-да, мушкулни ечиб беради. (Бу одам ҳақида жуда ширин ва ажабтовур хотиралар қолган менда, кўп йиллардан бери орзуим бор, Аллоҳ насиб қилса, “Тожи бова” сарлавҳали бирнима ёзаман.)

Хуллас, қишлоқ чеккасидан “Рашидип бова”нинг ўтишини билиб, Тожи бова ирғай таёғи билан “Райқўм бова”нинг эшигини тақиллатиб боради. Табиий, у бова бу бовани эскидан танийди, “Яна бир балони бошлаб келди-ёв!” деб тиззаси қалтирайди. “Келинг-келинг, Таажи бова, хизмат?” дейди. “Келдик, – дейди Тожи бова. У ёқ-бу ёқдан гапни айлантириб келиб, асосий масалага кўчади: – Шуйтиб, Райқўм бова, бизлардинг чўлимиздан Рашидип бова ўтарканма?” дейди.

Райқўм бова зийрак, ичига хавотир оралайди. “Шунақа гап бор, лекин ўтаами-жўқми – аниқмас”, дейди чалғитиш учун. Тожи бова чалғимайди: “Бўмаса гап бундай, Райқўм бова, рухсат берсанг, қишлоғимиздан тўрт-беш пронтавик нон-туз билан Коттанинг йўлиға чиқсак, ҳурматини жойиға қўйсак”, дейди. Райқўм бова карахт: “Тўхтамайди…” дея олади, холос.

Тожи бова бўш келмайди: “Нимага тўхтамаскан, Рашидип боваям урушда қатнашган, бирга-бирга жанг қиғанмиз, кўкракларимизга ордин-пординларимизни тақиб чиқсак, босиб ўтиб кетмас!” дейди. Райқўм бованинг пешонасига тер тепчийди: “Нима қилмоқчисиз, Таажи бова? Райўнимизди жузини жерга қаратасма?!” деди ялингансимон оҳангда.

Тожи бова шуйтиб Райқўм бовани бир эсанкиратиб олгач, салмоқлаб асосий ниятини очиқлайди: “Йўқ, Райқўм бова, райўнимизди жузини жерга қаратмаймиз, райўнимизди аврўйини кўтариб берамиз. Биздақа оқсоқолларни кўриб, Котта тўхтайдими? Тўхтайди. Кейин уйга таклип қиламиз, бир пиёла чойимиз бор, деймиз. Рашидип бова йўқ демайди. Уям пронтавик, ахир! Уйга кирамиз. Иликтир чойнакти симини тўкти тешигига тиқамиз. Ана ундан кейин пронт хотираларидан олиб гурунглашиб ўтирамиз. Ўтироврамиз… ўтироврамиз… чой сира қайнамайди. Тураман деса, чой ичиб кетинг, деймиз. Шунча вақт ўтди, нимага қайнамаяпти, деса… нима деймиз? Ий, айтгандай, бизди қишлоққа ҳали чироқ келмаган эди, деймиз…”

Натижани тахмин қилгандирсизлар: уч-тўрт кун ичида қишлоқ қурилиш майдонига айланиб кетди. Симёғочлар ўрнатилди, симлар тортилди, то йўлимиздан “Рашидип бова” ўтгунча уйларда чироқ ёнди. Баҳонада мактабимизга ҳам Илич чироғи келди!

Тожи бова шунақа хайрли орачилиги кўп аломат инсон эди!
Яна битта хотирамни ҳам айтмасам бўлмас экан: мен шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб юрганимда “Ёшлик” жўрнолининг 1982 йил 2-сонида “Ютуқ” номли илк ҳикоям ўтган аср 80-йилларининг машҳур ёзувчиларидан Ўткир Ҳошимов “Оқ йўл”и билан эълон қилинган! Муаллифи таништирилган жойда “Сурхондарё вилояти Ленин йўли районида ўқитувчи бўлиб ишлайди” деб ёзиб мени бу унутилмас диёрга мангуга рўйхатлаб қўйди.

3. Адабиёт бандани Аллоҳга элтувчи восита, дейишади. Шайх Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румий, Шайх Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб… каби аждодларимиз кишилик жамиятига қолдирган маънавий мерослари ғоявий асосида шак-шубҳасиз Аллоҳ ишқи мавжланиб туради. Бугунги адабиётимизга ҳам шундай қарай оламизми?

— Адабиёт сўз демак. Сўз эса инсонга ўзини ва Яратганини танитиш воситасидир. Ўзини, ўзлигини билмаган Яратганини ҳам билмайди-танимайди, Яратганини танимаган ҳеч қачон ўзини танимайди. Танийман деб ўйлайди, аммо ўзи ҳақида хато тасаввурларда умри ўтади. Адабиёт агар одамни шу хатоликдан қутқариб, унга аслини танитса, асосий вазифасини бажарган бўлади. Сиз санаган буюкларимиз худди шу маънода бизлардан анча устундирлар. Ўтмишда адиб ва шоирларимиз деярли ҳаммаси имонни қаттиқ ушлаганларидан бутун ижодларини жамиятни тўғри йўлда тарбиялашга хизмат қилдирганлар. Афсус, кейинги 130 йил мусулмон Туркистон халқлари ғайридин ёки динсиз ўрис-совет босқини остида яшашга мажбур бўлди. Натижада умуман маънавиятга, хоссатан адабиётга қарашларимиз ҳам худосизлик мафкураси туфайли анча бузилиб кетди. Ўзимиз айниганроқ бўлсак ҳам, хайрият, у буюкларимизни буткул тарих саҳифаларидан ўчириб ташламадик. Улардан фойдаланяпмиз. Бугун халқимиз ўзлигига қайтиш йўлига чиққан. Аллоҳ хоҳласа, қадим ўзанларини қайтадан топади, ўзлигига қайтади. Бунда шу улуғларимиз асарлари ҳам яна буюк хизматлар қилади, деб ўйлайман.

4. Севимли шоиримиз Асқар Маҳкамнинг “Адабиётда янги сўз бўлмайди, рост сўз бўлиши мумкин”, деган фикрини қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?

— Асқар Маҳкам кучли шоир эди, унинг шеърлари ҳали чин баҳосини олмади. Лекин бу фикри менга ғализроқ туюлди. Чиройли гапга ўхшайди, аммо синчиклаб боқсангиз, мантиқ бир оз тушунарсиз. Агар “сўз” деганда ғояни назарда тутган бўлса, унда тушунса бўлади. Чунки тирикликнинг энг буюк ғоясини Яратувчимизнинг Ўзи бизларга аниқ-тиниқ билдириб қўйган: “Мен инсонларни ва жинларни фақат Ўзимга қуллик қилишлари учун яратдим!” деган. Бундан тўғри, бундан катта ва бундан янги ғоя йўқ, албатта. (Асқар Маҳкам ўзи асосан мана шу ғояга таянган ҳолда ижод қилди!) Бор бўлса ҳам, қолган ҳаммаси бу бош ғоя олдида майда-чуйда гап-сўзлардир. Яратилиш ғоясига ишониш ва ишонмасликда инсоният иккига ажралади. Ишонмаганлар ҳар хил майда-чуйда, ёлғон-яшиқ гап-сўзларни ҳам улуғ санаб, ўзларича турли-туман “ғоя”лар яратиб олишган, аммо, Қуръони карим таъбири билан айтганда, “Улар адашувдалар… лекин ўзлари билмаслар…”

Сўзнинг икки юзи бўлади: кўриб турганимиз таш юзи бўлса, бизга кўринмайдиган ич юзи ҳам бор ва мана шу ич юзи туфайли адабиёт доим янги-янги сўзларни ўртага ташлаб туради. Раҳматли Асқар сўзнинг таш юзини назарда тутиб, “Сўзлар ўша-ўша, эски, аммо янгича фикрни янгича ифода билан рост сўзласа ҳам, ёлғон сўзласа ҳам бўлади”, деяётганга ўхшайди. Бу маънода ҳам шоир ўзининг шу ўлчовига бутун ижодида содиқ қолди. 1988 йили чоп этилган илк китобидаги илк (“Она сўз”) шеърида:

Кўзларимда тош қотди ўтлар –
хаёлимнинг култўдалари,

тиз чўктириб чўқинтирдилар
изтиробнинг тош буддалари.
Қўлларимни кушод ёздим мен,
оч қузғунлар талаб ташлади.
Юрагимга нечун ботдинг сен —
Қовурғамнинг ханжар тишлари?!
Ва қорилиб кетдим ўзимга,
Ёриб чиқди кафтимдан юрак.
Энди фақат Она Сўзимга
Қолди мангу содиқ яшамак!

деб ижодий ўлчовини қатъий белгилаб олган эди. Она Сўзга содиқ яшаш, бир сўз билан айтганда, ростлик деганидир. Ўзининг шу бош ўлчовидан чиқиб келиб, Асқар сўзларни силаб-сийпалаб ўтирмасди, кўнглидагини шафқатсизларча ростлик билан қоғозга тўкарди-қўярди.
Бир шеърида айрим машҳур халқ мақолларига бошқача нигоҳ ташлаб кўради:

Қилич эгилган бошларнигина кесади.
Қайсар бошларга ўтмайди қилич.
Баъзан яхшиликка ҳам илон инидан чиқмайди,
Баъзида яхшиликка ҳам қилич қинидан чиқади.
Баъзан эса,
Эгилган бошларнигина кесади қилич!..

Сўзлар ўша-ўша – эски, лекин фикрнинг ростлигига, шоирнинг рост сўзлаётганига шубҳа қилмайсиз.

5. Кўплаб ғарб адиблари қандайдир ўзлари ясаган ғоялар устига амаллаб қурган, тўплаган тажрибалари билан сайқал бериб ёзган асарлари бир муддат шов-шув бўлиб, сўнг кўпинча ном-нишонсиз йитиб кетганига гувоҳ бўлаётирмиз. Шу ҳақида мулоҳазаларингизни билмоқчи эдим.

— Бундан олдинги саволингизга жавобим, айни чоқда, тирикликнинг, демак, адабиётнинг бош ғоясига муносабат маъносида бу саволингизга ҳам жавоб бўла олади. Уларнинг тез орада ном-нишонсиз йитиб кетишига сабаб шаклга ва алдамчи туйғуларга берилиб кетганидан деб ўйлайман. Лекин адабий маҳорат бошқа масала эканини унутмайлик. Ғарб бўладими, Шарқ бўладими, бадиий йўллар, ифодалар борасида қанақа янгилик ёки устунлик яратса, тажриба маъносида бир-биридан ўрганса арзийди, бир-бирига ўрнак бўла олади.

6. Наср марказида поэзия туриши керакми?

— Бу гапни ҳам ким қандай тушунишига боғлиқ. Шеърият насрнинг марказида туриши шарт эмас, аммо, менимча, ҳар қандай дағал насрнинг ҳам томирида қандайдир миқдорда шеъриятнинг улуши оқади. Бусиз мумкин эмас. Нозик туйғулар нозик оҳангларда ифодаланар экан, наср қони таркибида ҳам албатта шеър ҳужайралари бўлади-да! Масалан, “Ўткан кунлар”ни олайлик. Ўзи буюк насрий асар, аммо бошқа томондан қарасангиз, нақадар гўзал шеър, деб юборасиз. Ичига кириб, берилиб ўқий бошласангиз, юрагингизни жунбушга келтирадиган, бутун онгу фикрингизни ўзига буткул ром этиб оладиган кўринмас-сезилмас оҳанглар қучоғига сингиб кетасиз. Шўрлик ўқувчини мана шу ҳолатга солган нарса “Ўткан кунлар”нинг шеъриятидир!
Сиқиқлигидан нисбатан қуруқроқ бўлиб туюладиган Абдулла Қаҳҳор насрида ҳам синчков ўқувчи қандайдир миқдорда ички бир оҳангни илғай олади.
Яъни, ҳар қандай насрнинг ҳам ич-ичида бир чимдим шеърияти бўлмаса, юракка таъсири кучсизлашади, демоқчиман.

7. Миллатпарвар ва эътиқоди мустаҳкам шоир Шавкат Раҳмон (Аллоҳ раҳмат этсин!)нинг ”Абадият оралаб” китоби нашрига бош-қош бўлдингиз, сўзбоши ёздингиз. Сизга шоир шеъриятининг қайси томонлари ёқади?

— Ўҳ-ҳў, Шавкат Раҳмон ўзбек адабиётининг буюк шоири! Ҳамма томони ёқади. Бадиияти ҳам, ғоялари ҳам, сўз ишлатиш усулларию шоирнинг шахсияти ҳам! Балки адабиётимизда ёрқин из қолдириб кетганининг сабаби шу саналган унсурлар бир шахсиятда бир бутунлик ҳосил қилганидир. Айтганингиздек, Шавкат Раҳмон чинакам миллатпарвар эди. Улуғ шоирларимиз Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш каби, советнинг онгу кўзини шамғалат қилиб, мафкуравий қафасини ёриб чиқиб, ҳақиқий миллий ғояларни куйлаб ўтди.
“Абадият оралаб”ни сайланма демадик, шеърлар дедик, лекин ҳеч қайси сайланмадан қолишмайдиган, аксинча, абадиятлар оралаб ҳам яшайдиган бир китоб бўлди. Одатда, сайланмалар адиб ё шоир ижодининг ўндан ё бешдан бири сайланиб тузилади. Шавкат аканинг, битта-иккита қўлёзмаси кирмай қолмаган бўлса билмадим-у, аммо ҳамма шеъри ўзи шу. Демоқчиманки, Шавкат Раҳмон бизга иш қолдирмаган, ёзишдаёқ ўзи сайлаб-сайлаб шеър ёзган экан. Ичида китобга киргизмаса бўлаверадиган бўш шеър топилмади. Албатта, бу саволингизга яна узоқ жавоб беришим ҳам мумкин эди, лекин китобга ёзган сўзбошимда кўнглимдаги гаплар етарлича айтилган. Бу саволга тўлиқ жавоб ўша сўзбошимдир.

099
Суратда (ўнгдан чапга): Хуршид Даврон, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Усмон Азим ва Набижон Боқий 2013 йил 12 сентябрда Шавкат Раҳмон таваллуд куни муносабати билан тўпланишган.

8. Сўнгги ёзган ҳикояларингизни адабий жамоатчилик қизғин кутиб олди. Натижада бўлғуси ижодингизга ҳам қизиқиш ортиб боряпти. Ижодий ишларингизга Аллоҳдан мадад тилаган ҳолда, кўнглингизга туккан режаларингизни билгим келди: нималар ёзяпсиз?

— Бошида кўпчилик билан шерикликда чиқарилган тўпламни ҳам қўшганда, қисса ва ҳикоялардан иборат уч китоб, бир бадиий филм ва Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони асосида ёзилган киноқиссадан кейин – 1990 йилдан бу ёғи ўн саккиз йил бадиий асар ёзмадим ҳисоб. Бир-икки мақола, уч-тўртта китоб таржимани ҳисобга олмаганда, албатта. Ана шу ўн саккиз йиллик танаффусдан сўнг учтагина ҳикоя, бир нечта адабий мақола ёздим. Бу орада дунёқарашим анча-мунча ўзгаришга юз тутганидек, бу нарсалар шаклу шамойили ҳам, ёзилиш услуби ҳам олдингилардан тубдан бошқача туғилди. Айтганингиздек, уларни ўқувчи мен кутганимдан ҳам юқори баҳолаб қаршилади. Бу нарса менга қўшимча масъулият юклайди, албатта. Ҳозир анча йиллардан бери ўйимда пишитиб юрганим бир қисса ва бир романни ёзишга ўтирганман. Дуо қилиб турсангиз, бу йил иккаласини ҳам тугатиш ҳаракатидаман. Орада беш-олти ҳикоя ҳам қоғозга тушиб қолса, ажабмас.

9. Кўнглингизда ўқувчиларимизга айтадиган яна қандай гапларингиз бор?
Ўйларингиз, мулоҳазаларингиз…

— Суҳбатимиз бошида айтганимдек, Сурхондарё менинг ҳаётимда айрича ўрин тутади: оз бўлса ҳам, бу тупроқларда яшадим; одамларини чин юракдан севиб қолдим – ҳали бир ой яшамасимданоқ Тошкентга тилпон қилиб, ёзувчи акаларимиздан Сурхондарёни танитадиган китоблар юборишларини илтимос қилганим эсимда; бундан ташқари, талабалигимда илк ҳикояларим Шукур Холмирзаевдек забардаст ёзувчимизнинг назарига тушди; бошқа бир бойсунлик катта ёзувчимиз Эркин Аъзам эса, ижодда ҳам, муҳаррирликда ҳам менинг ҳар бир қадамимни кузатиб-йўллаб турди ва ҳамон қимматли маслаҳатлари билан менга устозлик қилиб келяпти. Шу маъноларда мени бемалол сурхондарёлик деса ҳам бўлаверади. Ҳалигача юрагим бу томонларга талпиниб туради. Ҳатто ўн йилча бурун бутун оиламни олиб келиб, яшаган қишлоғимни, ишлаган мактабимни кўрсатиб, икки-уч кун меҳмон бўлиб кетдим. Албатта, у замонги кўп кишилар оламдан ўтиб кетибди, ҳаммаларини Аллоҳ раҳматига олсин, лекин уларнинг болалари ҳамон мени эслашади. Айниқса, ўзим ўқитган ўқувчиларим!.. Ўша келганимизда бир собиқ ўқувчим – эндиликда уч-тўрт боланинг онаси бўлган келин ўзининг қайнонаси ва менинг хотиниму болаларим олдида мени қучоқлаб ўпиб олса бўладими! Кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ҳолбуки, мен у қишлоқда бор-йўғи бир ўқув йилига яқин ишлаганман, холос. Ана шунақа.
Мен сизларни соғинаман, азиз ҳамқишлоқларим…

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Барчамизга яхшиликларни ёр айласин!

(Tashriflar: umumiy 37, bugungi 1)

3 izoh

  1. Bu ajoyib inson bilan qog’ozga tushgan suhbatdan siz azizlar ham bahramand bo’layotganlaringizdan mamnunman. Buning uchun ustoz Xurshid Davrondan minnatddormiz.

  2. Ушбу суҳбат жуда мароқли бўлибди. Айниқса устоз Шавкат Раҳмонни хотирлаб ёзган сўзлари менга қаттиқ таъсир қилди. Биламан, Шавкат ака ҳали кўп ўқилади ва ўрганилади. Нуруллоҳ акага ҳам ишларига омад тилаймиз. Яхши суҳбат бўлибди…

Izoh qoldiring