Olim Otaxon. Qarovsiz uy

057     Ўғлим айтган уй мактабдан берироқда, ташландиқ майдон кунжагидаги жин кўчанинг оғзида бўлиб, маҳаллада отнинг қашқасидек барчага маълум эди. Бу уй ҳақида шунчалик ғаройиб миш-мишлар юрар эди-ки, қайси бирига ишонишингни ҳам билмайсан киши. Эсимда, болалигимизда қош қорайган маҳал шу майдон олдидан юрагимизни ҳовучлаб ўтардик…

Олим ОТАХОН
ҚАРОВСИЗ УЙ
006

002   Олим Отахон 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини тамомлаган (1974). Дастлабки тўплами — «Болалик кабутарлари» (1981). Шундан сўнг ёзувчининг «Оқшом хаёллари» (1986), «Озод қушлар ҳақида қисса» (1988), «Адоқсиз кўчалар» (1990) каби насрий асарлари нашр этилган , Акутагава Рюноскэ, Ясунари Кавабата, Хорхе Луис Борхес, Фёдор Достоевcкий, Ҳулио Кортасар, Жек Лондон, Уильям Фолкнер каби жаҳон адабиётининг улуғ намоёндалари асарларини ўзбек тилига ўгирган.

006

003Ўғлим айтган уй мактабдан берироқда, ташландиқ майдон кунжагидаги жин кўчанинг оғзида бўлиб, маҳаллада отнинг қашқасидек барчага маълум эди. Бу уй ҳақида шунчалик ғаройиб миш-мишлар юрар эди-ки, қайси бирига ишонишингни ҳам билмайсан киши. Эсимда, болалигимизда қош қорайган маҳал шу майдон олдидан юрагимизни ҳовучлаб ўтардик. Чунки у ерда жин-ажиналар, парилар бор, чалиб кетади, деб қулоғимизга қуйишган — қўрқардик. Миш-мишлар ўз йўлига, лекин уй чинданам сирли эди. Қишин-ёзин қулфланган бўлар, шу ёшга кириб эшигининг очилганини кўрмагандим. Ҳолбуки, ёзнинг чилласи тугаб августдан қишгача – қалин қор ёққунга довур худонинг берган куни ўша майдондан бери келмасдик. Чиллак, тўп тепиш, бекинмачоқ, қувлашмачоқ, бу ёғи ёнғоқ ўйин, ланка, қорбўрон — қисқаси барча ўйинларимиз, асосан, ўша ерда ўтар, бинобарин, уй ҳамиша кўз олдимизда бўлганди.

Илгари шикаст-рехтини тузатиб, сувоғи кўчган жойини суватиб, оқлатиб, тунукасию эшик-ромларни бўятиб турадиган Собир ака бўлар эди. Мана шу Собир ака оламдан ўтди-ю, уй қаровсиз қолди. Шунга ҳам саккиз йил бўпти. Собир ака асли бу маҳаллалик эмас, узун-қулоқ гапларга қараганда, тахтапуллик Ино баққол деган тажанг, сиркаси сув кўтармайдиган кишининг кенжа ўғли экан-у, отаси оқ қилгандан кейин бу ерга — бувисиникига кўчиб келган экан. Холалари узатилиб кетгач, бева кампир — уни Тилла ойи дейишарди — уйни “шўрпешона “ набирасига хатлаб берган экан. Собир ака оила қурганми, бола-чақаси бормиди, йўқмиди, билмайман, лекин узоқ йиллар давомида Эски жўвадаги босмахонада ишлагани, Тилла ойининг вафотидан кейин руҳий касалга чалиниб, арзимаган нафақа билан кун кечирганидан озми-кўпми хабарим бор эди. У кишини кўча-кўйда кўп кўрар, лекин ақалли бир марта бўлсин, гаплашмагандим. Ҳозиргидек эсимда: бошида униққан кўк дўппи, кампирдаҳан, чувак юзли, бир кўзига оқ тушган, тиниб-тинчимас одам эди. Қачон қараманг эски газеталар, қоғоз парчаларини териб ахлат уюмларини титиб юрарди. Маҳаллада биров у билан самоварда – бир пиёла чой ичмаган, кўнгли тортмаганми ёки ирим қилишганми, хуллас, ундан қочишарди. Лекин гоҳо беозор эди, бояқиш, деб эслаб қўйишарди.

Саккиз йил аввал шу Собир ака қазо қилди-ю, уй қаровсиз қолди. Инсофли, диёнатли экан, жиянлари, катта холасининг куёвлари уни шу ердан чиқаришди, таомилга биноан, ерга топширишди, еттиси, бош ҳадми, йигирма сингари маросимларини бекаму кўст ўтказгач, дарвозага отнинг калласидек қулф осиб жўнаб кетишди. Шундан кейин бирон йил ора-чира келиб туришди-ю, охири, кеч кузда дарвозага Х шаклида тахта қоқиб, ҳеч кимга ҳеч нима демай дом-дараксиз кетишди. Маҳаллада оғзига кучи етганлар парво қилмади, оғзига кучи етмаганларнинг бири ундоқ деди, бири мундоқ деди – хуллас, яна гап кўпайди, миш-миш тарқалди. Битта-яримта қўшнилар маҳалла оқсоқолига, шу уй чироғини ёқиб ўтирсам, Тилла кампирнинг арвоҳи шод бўлармиди, деган мазмунда гап қистирган экан, балога қолибди. Бу гаплар қанчалик тўғри-нотўғри, билмайман, лекин бора-бора дарвозага қўшқулф урилгани етмай, тахта қоқиб ташланган уйдан файз кетиб, деворлари нуради, бўёқлари кўчиб тушди, узун-қулоқ гаплар ҳам секин-аста унутила бошлади.

Шу миш-мишлардан биттаси ҳозиргина эшитгандек эсимда қолган. Эмишки, бир куни кечаси маҳалланинг айқирган йигитлари гапдан кейин уйларига тарқалмай ўша майдонда туришган экан, кимдир Собир ака уйининг чордоғида чироқ ёниб-ўчаётганини пайқаб қолибди. Қараб турса, чироқ шуъласи чордоқнинг нариги бошига бориб бирдан ўчибди-ю, ярим тунда гала-гала қушлар йигитларнинг устига ёпирилибди. Қушлар оппоқ эмиш. Улфатда сал восвосроқ йигит бор экан, қўрққанидан додлаб юборибди. Шунда ўша йигитнинг оғзи қийшайиб қолганмиш. Қизиғи шундаки, ҳозир ўша йигитнинг оғзи чинданам қийшиқ. Аммо шу чоққача биров бунинг сабаби ҳақида ўзидан ботиниб сўраган эмас. Ўшанда мени бир ҳафта мактабга юборишмаган эди.

Агар ўғлимнинг қўлидаги китобни кўриб: “Қаердан олдинг?” — деб сўрамаганимда, очиғи, шунча йилдан буён бирон марта хаёлимдан ўтмаган уйни эсламаган бўлардим. Йўқ, ўғлим кўзларини айбдорона пирпиратиб, учи қорайган бармоқларини ишқайтуриб аста бурнини тортиб қўйди.

— … дан олдим.
— У ерда нима қилиб юрибсан? Девордан ошиб тушдингми? — деб сўрадим ўдағайлаб. У кўзларини яна пирпиратиб қўйди-да, бошини қуйи солганча минғирлади:
— Ошиб тушганим йўқ. Эшикдан кирдим.

Қулоқларимга ишонмай тусмоллаб сўрадим:
— Эшикдан дедингми? Очиқ эканми?

— Эшиги йўқ… Олиб кетишган… — Ўғлим ажабланаётганимни тушунмай елка қисди.

— Кўз олдимга майдонга қарата қурилган баланд иморатнинг Х шаклида тахта қоқилган дарвозаси келди-ю, ҳеч нарса тушунмай бошим қотди.

— Тушунтириброқ гапир, эшикни ким олиб кетади?
— Билмайман. Олиб кетишаётганини болалар кўришган экан.

Мен ҳар қанча ҳижжалаб сўрамай тайинли жавоб эшитмаслигимни ёки эшитган тақдирда ҳам тушунолмаслигимни фаҳмлаб ўша уйдан олиб чиққан китобни қўлга олдим.

Китоб ниҳоятда эски бўлиб ноёб ва тарихий аҳамиятга эга қўлёзмадек таассурот қолдирарди. Мен китобни варақлашга тушдим. Унинг қалин, залварли муқоваси бамисли жавон оҳиста сассиз очилди. Титул варағи занг босган тунука, дейсиз: сарғайиб кетган, чанг, сиёҳқалам билан турли белгилар қўйилган бу – узоқ йиллар давомида қайта-қайта ўқилганлигидан дарак берарди. Лекин варақнинг одатда қайси босмахонада босилгани, ноширни исм-шарифи, қаерда чоп этилгани қайд этиб ёзилмаган ҳам эди. Аммо кейинги саҳифани очганимни биламан, кўз ўнгим жимирлашиб кетди, худди тилла суви юритилгандек жилоланарди. Гард қўнмаган беғубор саҳифалардан осойишталик таралаётгандек бўларди. Китобнинг ҳошияларига тушуниб бўлмайдиган белгилар қўйилгани билан матн узоқ сақланиши учун устида нафис зарҳал юритилгандир. Зар ҳошия, сўзлар нақшинкор араб алифбосида зар билан ёзилгандек — ноёб китоб! Эски имлони ўрганмаганимга жуда афсусландим ва ҳам қизиқсиниб, ҳам қўрқа-писа китобга қараб қўяётган ўғлимга юзландим.

— Фақат шуми? Яна нима олиб чиқдинг у ердан?
— Бошқа нарсалар ҳам бор … — деди у қўрқа-писа.

Мен оромкурсига ўтирдим. Ўғлим ҳозир келаман, деганча югуриб чиқиб кетди. Чуқур хўрсиниб китобни яна варақлашга тушдим. Унинг ипакдай майин саҳифалари орасига нафис хитой қоғози қўйилган, етти жойига митти попукли заррин ип жойлашган эди. Ўғлим қўлида алланимабалоларни кўтариб кирганида мен китобни қайтадан варақлаб чиқишга улгурган эдим.

— Бошқа болалар ҳам бормиди? — деб сўрадим унинг қўлидаги буюмларга аҳамият бермай.
— Ҳа, тўрт киши эдик, — деб жавоб қилди у энди бемалолроқ.

— Нега китоб олдинг? Бошингга урасанми буни?
— Ичида хитой қоғози бор экан…

Лабимни тишлаб бошимни сарак-сарак қилганча дам унга, дам китобга разм солдим. Минг қилса ҳам бола-да — бекорга чўғ билан ёқутни ажратолмайдими? Мен гап тушунтириб ўтиришдан фойда йўқлигини сезиб қўлидаги буюмларни олдим-да, кўздан кечира бошладим. Булар ҳалқалари ниҳоятда нафис соат занжири — бешбурчакли бўлганиданми ҳалқачалар янада нафисроқ кўринарди; иккинчиси сурнай нили эди — буни нима қилади, ҳайронман; учинчи буюм каптар тухумидек келадиган бир ёни тешик золдир… Афтидан сим каравот қулоғидан бураб олинганди.

— Бу нимага керак? — деб сўрадим хунобим ошиб.

У индамади. Дарвоқе, нима деб жавоб берсин — унинг ёшида ҳамма нарса керак, керакмас нарсанинг ўзи йўқ!

Мен зўлдирни столга ташладим-да, унинг думалаб келишига қараб турдим.
— Қулоғингда бўлсин, иккинчи ўша уйга қадам босма! Бор энди!

Ўғлим норози қиёфада бош силкиб хонадан чиқиб кетди. Ёлғиз қолгач, яна қизиқсиниб, китобни қўлимга олиб, у ёқ-бу ёғини кўздан кечирган бўлдим-да, бирдан ўша уйни бориб кўриш учун отланишга тушдим.

Чиндан ҳам уйнинг дарвозаси йўқ эди, унинг ўрни ўранинг оғзидек очилиб қолган, уй гўё оғзини карракдек очиб турган афсонавий қанотли аждарга ўхшарди, деразаларини ҳам суғуриб ёки қўпориб олиб кетишган эди. Юрагимга совуқ бир ғашлик чўкиб этим жимирлашди, эшик-ромсиз дуппа-дуруст уй жуда нохуш, ҳатто хунук таассурот қолдираркан. Уйга кирмай шу ердан изимга қайтдим. Озгина юриб кўнглим бўлмай ортимга ўгирилиб қарадим-у, донг қотиб қолдим. Дастлаб ғира-ширада тобут бўлиб кўринди — кап-катта иккита одам зил-замбил бир нимани икки томонидан елкаларида кўтариб ўша уйдан чиқиб келишарди. Улар нафас ростлагани дарвоза олдида пича тўхташганида синчиклаб разм солдим: бири — ёши 45-50 ларга чиққан, миқтидан келган йигит бўлиб, болалигимизда ажина чалиб, оғзи қийшайиб қолган Отавой ака деган кишининг амакиваччаси эди. Янглишмасам, у каптарвоз эди — на ишининг, на гапининг тайини йўқ, чапани бўлиб чапани эмас, ўлгудек сурбет, сўққабош йигит эди. Беихтиёр уларнинг ортидан қараб қолдим. Мени пайқашдими, иккови тез-тез юриб майдоннинг нариги бошидаги тор кўчага сингиб кетишди. Шу чоқ уй олдида уч-тўртта бола пайдо бўлди — иккитаси қоп орқалаган, биттаси замбилғалтакка бир нималарни ортиб олган эди. Болалар майдон ўртасига боргач, бир зум тараддудланиб, сўнг бояги кишилар сингари тор кўча томон бурилишди. Мен серрайиб турардим. Тушимми, ўнгимми?!

Уйга келасолиб кўрганларимни оқизмай-томизмай хотинимга сўзлаб бердим, у ҳам эшитиб юрган бир-иккита воқеадан гап очди. Маълум бўлишича, ўша уйда умуман одамзодга зарур биронта рўзғор асбоби ва, ҳатто, биронта буюм қолмабди. Ҳаммаси бир ой муқаддам уч-тўртта одам куппа-кундузи дарвозани ошиқ-мошиғи билан суғуриб, машинага ортиб кетганидан бошланибди. Улар аввал обдон маслаҳатлашиб, кейин бемалол ишга киришганидан қўши-қўшнилар аҳамият қилишмаган экан. Ўшандан буён ҳар куни кечаси атроф кўчалардан ҳар хил бегона, нотаниш ва, ҳатто, умуман миллати номаълум одамлар ёпирилиб керак ускуналарни ташиб кета бошлаганмиш.

— Иққи хола айтиб бердилар, гузарга чиққан эканлар, шунақа дейишибди… — Хотиним гапини чала қолдириб ҳовлиққанча ошхонага кириб кетди.

Ўша куниёқ кечқурун ўғлимни чақириб гапга солдим, у ёқ-бу ёқдан савол бериб айлантириб кўрдим — бирор янги гап чиқиб қолар, деб ўйлагандирман-да — йўқ, қаёқдаги куракда турмайдиган гаплардан нарига ўтмади. Мен бир нарсани тушунмаслик тугул, негадир тушунишни истамас, ичимда аллақандай бир куч тўғри мулоҳаза юритишимга монелик қилаётганга ўхшарди. Одамларга бир нима бўлганми, дея ўйлардим ўзимча, муттаҳамлик ҳам эви билан-да, бировнинг уйини талон-тарож қилишлари қолувди энди. Дарҳақиқат бу талон-тарождан бошқа нарса эмасди!

Ўша куни ярим кечага довур кўзимга уйқу келмади, хаёлнинг бир кўчасига кириб чиқар, лекин на бир жўяли жавоб топар ва на хотиржам бўла олардим. Дафъатан уйни кўргим келиб дам сайин бетоқат бўлаверганимдан ўрнимдан туриб ҳовлига чиқдим. Ҳаво салқин, кеч кузнинг рутубатли туни эди. Ой ўчай-ўчай деб турган фонус каби сарғиш нур сочар, қўшни уй томи оша ҳовлимизга мўралаган баҳайбат ёнғоқ шохлари тебранар, мен фикру зикримни эгаллаган машъум уйни калламдан чиқариб юборолмасдим. Бамисли уйнинг харобага айланишида ёки айланаётганида аллақандай каромат бордек ва бу каромат нимадан иборат экани ёлғиз менга аёндек эди…

Эртасига эрталаб кўзимни очган заҳотим уйни эсладим, ишга отлангунимча кўнглим ёришмай охири хотинимга ёрилдим.

— Биласанми, ўша уй калламдан кетмай қолди, ҳатто тушимга ҳам кириб чиқди. Эрталаб кўзимни очганимни биламан, кўнглимга бехосият гап келди. Агар шу уйга бир нима бўлса, мана кўрасан, касри бутун маҳаллага уради.

— Нима бало, чап ёнбошингиз билан турдингизми? Уймиди у, гўристонга ўхшамай ўлсин! Маҳаллага нима қипти? — деди жиғибийрон бўлиб.

Унинг гапларини эшитиб туриб ҳайрон бўлдим, чунки хотиним жуда иримчи эди. Шу пайтгача куракда турмайдиган бехосият тушини айта бошласа, доим мен жеркиб ташлардим, ҳозир эса, аксинча, мен тушимни гапирсам, у менга танбеҳ беряпти. Тавба!

“Агар уйни бир кўрганда гапимга ишонарди”, дея кўнглимдан кечди, ярим соатдан сўнг уй олдида турганимда. Худди одамлар кечаси билан бузиб, керакли ускуналарини ташмалаб кетгандек уй кечагидан бешбаттар хароб аҳволга келган эди. Дабдурустдан кўзи тушган одамда аллазамонлардан бери қаровсиз ётган вайрона каби нохуш таассурот қолдирарди. Юрагим ачишиб шу бугуноқ маҳалла оқсоқолига учрашишни кўнглимга тугиб, ишга жўнадим. Аммо тушдан кейин худди бир кўнгилсиз ҳодисани кўнглим сезгандек бетоқат бўла бошладим. Уй бузилиб кетса, албатта, бирон кор-ҳол рўй беради, деган хаёлдан юрагим ғашланарди.

Тушликдан сўнг ҳамхонамга уй ҳақида ёрилдим. У гапимни жимгина тинглагач, оҳиста хўрсиниб дераза олдига борди ва кўксини силай-силай бош чайқади:

— Э, аттанг! — деди у менга юзланиб, — гарчи озгина қўшиб-чатиб гапирган бўлсангиз ҳам тасаввур қиляпман. Шундай уйнинг, обод маҳалланинг қоқ ўртасидаги уйнинг таназзули ниҳоятда кўнгилсиз. Мен шумшук, бехосият ҳодиса дейишни истардим. Лекин нима қилиш керак? Тўхтанг… Биласизми нима? Калламга бир фикр келди, зудлик билан сотиб олинг. Қарз-ҳавола кўтарсангиз ҳам сотиб олинг. Ана шундагина уйни сақлаб қоласиз. Акс ҳолда… Мени кечирасиз-у, одамлар ваҳший бўлиб кетишган. Уларга барибир уйми, маҳаллами, шаҳарми ва ҳоказо, ва ҳоказо…

Дарҳақиқат энг тўғри йўл шу — сотиб олиш керак!

Маҳалла қўмитасининг раиси эса ниятимни эшитиб кулди:
— Жиян, агар сотадиган бўлишса оладиган сон мингта, ҳамма бало шундаки, сотишмаяпти, сотишмайди ҳам.

— Нега, барибир турибди-ку!
— Ҳа, турибди. Лекин минг афсус, уй эгалари улар — нима қилса ўзлари билади.

— Бу аҳволда бир ойга ҳам қолмай уйдан бир дона ғишт ҳам қолмайди, — гапимни тушунтиролмаётганимдан тобора аччиғлана бошладим.
— Жиян, ваҳима кўтарманг. Бировнинг уйини бировга буздириб қўядиган замонмас ҳозир.

Мен бир нарсага ҳайрон бўлардим, ташвишимни кимга айтмай ҳамма юпатишга, кўнглимни кўтаришга ҳамда худди мени васвасадан қутқармоқчидек ёлғон-яшиқ таскин-тасалли билан далда беришга тиришарди. Гўё ҳаммалари келишиб олгандек — биров қани юр-чи, кўрайлик. Нима гап ўзи, демас, менинг куюниб айтган сўзларимни жимгина тинглар, шошилмай, йўлига бир нарсаларни сўраб, ўзича вазиятни ойдинлаштирар ва оқибат худди шу ернинг ўзида менга насиҳат қила бошлар ёки боя айтганимдек юпатишга тушарди.

Маҳалла қўмитасининг раиси менга оталик қилиб бўлгач, бир воқеани айтиб берди:
— Биласизми, кимлигини айтмайман-у, лекин ўзимизнинг маҳалладан бир туппа-тузук одам келиб нима дейди денг: “Маҳсум ака, назаримда маҳаллада бегона одамлар кўпайиб кетяпти, бир суриштирмасангиз бўлмайди, шубҳали эмиш”. Аввал тушунмадим, қанақа бегона одамлар, қаерда кўрдинг, қаердан келибди улар, деб сўрадим. Ҳеч вақони билмайди, кимлигини ҳам билмайди, келиб бошимни қотиряпти.

Туйқус хаёлимга бир фикр келди-ю бўшашиб кетдим, сал ўтмай ўзимни босиб базўр сўрадим:
— Қанақа бегона одамлар?

— Э-э, қанақасига бегона одамлар бўлсин! Бегона одам қоптими ҳозир, — Маҳсум ака гўштдор кафти билан столга қарсиллатиб урди. — Бу ҳаммаси мановининг оқибати, ука, мановининг, — у шундай дея, томоғига чертиб қўйди.
— Балки гапида жон бордир? — дедим гумонсираб.

Маҳсум ака бирдан жиддий тортиб, икки қўлини столга қўйди-да, мен томонга эгилди.
— Ана кўрдингизми, жиян, бунга ишқибоз бўлиш керак эмас…

Қисқаси, унинг олдидан қон бўлиб, бунинг устига асабларим бузилиб чиқдим. Йўлда келяпман-у, нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлаб ўйимнинг тагига етолмайман. Зудлик билан бирон чора кўрмаса бўлмайди. Бояги бегона одамлар ҳақидаги гап ёдимга тушиб баттар бўғилдим. Бир маҳал қарасам, ўша машъум уй қаршисида турибман. Уйнинг у ёғига ўтдим, бу ёғига ўтдим, сал нарироқ бориб кузатдим, охири сабрим чидамай дарвозахонага кирдим. Ундан ҳовлига ўтдим-у, ҳовлидаги манзарани тасвирлашга тилим ожизлик қилади: ташландиқ майдондан заррача фарқи йўқ: кунга қарата қурилган айвон зинаси бутунлай бузиб ташланган, деразаларда биронта ойна қолмаган, қисқаси, олиб кетиш мумкин ускуна борки, ҳаммаси ташиб кетилган эди. Ҳатто ток сўриларига ишлатилган қувурларни ҳам қўйишмаганди. Ҳовлини айланиб чиққач, шунга амин бўлдим. Аммо хоналарни кириб кўришга юрагим чидамади, майдонга чиққанимда рўпарада, майдоннинг нариги тарафида турган бир гала одамга кўзим тушди. Улар уйдан нигоҳларини узмай туришарди: юрагим шув этди. Лекин ўзимни қўлга олиб ҳеч нарса сезмаган кишидек ўша ёқа юрдим. Уларга яқинлашгач, чўчитиб юбормаслик учун иложи борича ўзимни хотиржам айланиб юрган одамдек тутишга уриндим. Бу одамларнинг биронтасини танимадим, ҳаммалари аллақандай ташвишманд, кўзлари чақчайган эди. Дафъатан Маҳсум ака айтган бегона одамлар эсимга тушиб, юрагим орқасига тортиб кетди. Аммо улар менга қайрилиб ҳам қарашмади, ҳатто мени кўрмагандек ёки сезмагандек ғайритабиий харислик билан ўлжасининг тепасида турган йиртқичдек кўзлари чақнаб, ўтдек ёниб, уйдан кўз ололмасдилар.

Мен уларнинг ёнидан ўтиб майдон оғзи томон юрдим ва сал нари боргач, тўхтаб секин ўгирилдим: улар ҳовлиққанча уй томон юришди, мен то улар уйга кириб кўздан ғойиб бўлгунча қараб турдим-да, сўнг ночор бош чайқаб жўнадим.

Мен бу уйни сақлаб қолиш учун кескин чоралар кўриш лозимлигини, акс ҳолда уни қўлдан чиқариб юбориш мумкинлигини энди равшан англагандим.

Индинига уйни бирров кўриб кетишга ҳамкасбимни кўндирдим-да, ишдан кейин қўярда-қўймай ўзим билан бирга олиб кетдим. Йўлга чиққанимизда томчилай бошлаган ёмғир майдонга етиб келганимизда шаррос қуяётган эди. Ҳаммаёқ лой, сирпанчиқ, ёмғир ҳам кўз очирмайди. Дарвозахонага кириб, шу ердан ҳовлини кузата бошладик. Ҳовлининг ўртасига сув тўпланган, уйнинг деворларидан лой оқиб тушарди. Икковимиз палахса-палахса кўчириб ташланган цемент йўлкалар, бағазлари олиб кетилгани учун ерда чувашиб ётган ток заранглари, ярим хароба айвонни фаромуш кўздан кечиргач, шеригим ёмғирга ҳам қарамай ҳовли этагидаги икки уй билан даҳлизни кўргани кетди. Лекин у ердан тез қайтиб чиқди.

— Адойи тамом бўлибди, — деди у беш дақиқадан сўнг ёмғир суви оқиб тушаётган юзини дастрўмол билан артаркан, — пол тахталари кўчирилган, токчалари бузиб ташланган, барака топгурлардан, ҳатто тоқилар ҳам қолмабди.

Мен ташвиш билан унинг юзига тикилдим.

— Зудлик билан, иложи бўлса эртагаёқ райисполкомга чиқишдан бошқа иложингиз қолмабди… Бу аҳволда… — У қўлларини ёйиб елка қисди.

Кунга қараган уйга киришнинг иложи йўқ, зина бузилиб, ғиштлари олиб кетилган, ҳаммаёқ лойлигидан тирмашиб чиқиб бўлмасди. Шеригим аввалига амаллаб чиқмоқчи ҳам бўлди, аммо шу уринишига яраша ичкарида чироқ йўқлигини кўриб ниятидан қайтди. Мен худди мадад сўрагандек унга тикилдим, агар бир оғиз айтса ҳозироқ шу уйга кўчиб келиб, уни қўриқлаб ўтиришга тайёр эдим. Шеригим аҳволимни тушундими, ўзича ҳамдардлик изҳор қилган бўлди.

— Тушунаман, тушунаман. Минг афсуслар бўлсинки, қўлимдан ҳеч нима келмайди…

Уйдан чиққанимизда шаррос қуяётган ёмғирга қарамай майдонда бир тўда кишилар тўпланиб туришарди. Уларни кўриб, беихтиёр шеригимнинг билагидан ушладим. Бармоқларим титрар, оёқларимдан мадор кетиб борарди.

— Анавиларми? — деди шеригим пешонаси тиришиб.
— Йўқ, — дедим мен алам билан тишимни тишимга босиб. — Булар бошқалари бўлса керак.

— Эҳтимол, маҳалла қўмитасининг раиси айтган бегоналардир…
— Балки, — дедим уларга тикилиб қарар эканман.

Худди кечагидек бу сафар ҳам биз нари кетишимиз билан одамлар уйга қараб югуришди. Шеригим билан келишиб олгандек, дарҳол уй ёнига қайтдик. Ичкаридан пайдар-пай гурсиллаган товушлар эшитилди. Бу товушлар ҳовлидан эмас, хоналардан келаётганга ўхшар — бўғиқ, аллақандай эҳтиётлик билан урилаётгандек эди…

Мен қиялаб ёғаётган ёмғир пардаси оралаб хавотир ичида уйга тикилдим. Худди ана — ҳозир бирин-кетин уй деворлари қулайдигандек юрагим увишарди. Аммо бу чақирилмаган одамларни қувиб чиқаришга ботинолмас, зеро бунга ҳақим ҳам йўқ эди. Ярим соатдан сўнг бу машъум уйни ташлаб кетдик. Кўчага чиққач, кийимингизни қуритиб кетарсиз, деган шама билан уйга таклиф қилгандим шеригим унамади, хайрлашаётиб кафтимни дўстона қисди-да:
— Омон бўлинг, хизматингизга тайёрман, — дея кулимсираб қўйди.

Хуллас, уй фикр-зикримнигина эмас, бутун борлиғимни эгаллаб олганди. Ундан қутулишнинг иккита чораси бор: ё қандай бўлмасин сотиб олиш, ёки унутиш… Аммо унутиш қийин, бунга кўзим етарди. Лекин чўзиб ўтириш ҳам ярамас, тез ҳаракат қилиш лозим эди. Охири масалани кўндаланг қўйгани ижроқўмга чиқишга қарор қилдим.

Туман ижроия комитетига кетаётиб, агар рози бўлишмаса, уйнинг баҳридан ўтаман — бораман-у, бутунлай бузиб ташлайман, деган хаёлга келдим.

Аммо тумандагилар бирор жўяли мулоҳаза билдиришмади, бунинг устига аниқ жавоб ҳам беришмади. Улар ниятимни маъқуллаган ҳолда мужмалгина қилиб, уч кундан кейин хабар олинг, дейишди. Ҳозирги вазиятда уч кун тугул, бир кун ҳам кутиб бўлмасди. Назаримда, агар тез олди олинмаса, бир-икки кун ичида уйдан ном-нишон қолмайдигандек.

Начора, қўлингдан бирон иш келмагандан кейин кўнмай қаёққа борардинг. Уч кунгача ичим қизиб бошим оғриб ишга бориб-келиб юрдим. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам уйдан хабар олгани югураман, хун бўлиб уйга тикиламан, юрагим ачишади, эзиламан. Кечқурун эрталабки манзарани тополмайман, эртасига эса яна бутунлай ўзгача аҳвол — уйнинг куни битган, худди ёниб тутаётган шамнинг ҳам дақиқа сайин кичрайиб, тугаб бораётгани равшан кўриниб тургани каби уйнинг ҳам кун сайин тугаб бораётгани сезиларди.

Мен ҳар сафар қадрдон кишисининг қабрини зиёрат қилгани келган одамдек ўртаниб, титраб-қақшаб баъзан кўнглим бузилиб уйга тикилар, сўнг алланечук ҳасрат ва умидсиз кайфиятда қайтиб кетардим. Белгиланган куни ижроия комитетига бориб, яна уч-тўрт кун кутишга тўғри келади, дейишганда, бирдан ўша уй эгалари – марҳум Собир аканинг жиянлари билан куёвларидан бирортасини олиш керак, деган ўй калламга урилди. Сўраб-суриштирдим. Оқлонда яшайдиган жиянларининг уйини топиб бордим, эшикни хушрўйгина келин очди:

— Ким керак сизга? — деди у ва бир қадам орқага тисарилди.
— Зайнаб кеннойи бормилар? — дедим ҳаяжонимни босиб.

Келин бош чайқади.

— Зарур ишим бор эди, қаердалар?
— Ойим ўн кундан кейин келадилар. Нима ишингиз бор эди?

Мен азбаройи довдираб қолганимдан бир амаллаб ўзимни таништириб, мақсадимни айтдим.

— Илтимос қиламан, синглим, қариндошларингиздан биронтасининг уйини айтиб беролмайсизми?
— Овора бўлманг. Уй бизники эмас. Шунча уриниб ҳам, ҳужжатларни тўғрилай олишмади. Қаровсиз уй…

Кўз олдим қоронғилашиб, тилим калимага келмай қолди, нима деяримни, нима қиларимни билмай хайр-маъзурни насия қилиб жўнадим.

Кўчада мадорим қуриб, кўзим тиниб, бир ерда ўтириб қолдим. Этим учиб, безгак тутгандек қалтирай бошладим. Қаерга кетяпман, билмайман, лекин бошим оққан томонга эмас, ўз-ўзидан ўша уй томонга бораётганимни элас-элас илғардим. Уй яқинига бормай, берироқда деворга суяниб разм солдим, уйнинг тунукасини кўчириб кетишганди. Мен беҳолгина кўзимни юмдим. Шу кўйи қанча турганимни билмайман, бир вақт биров қаттиқ туртди. Зум ўтмай ундан ҳам қаттиқроқ туртди. Қарасам ҳеч ким йўқ, шалвираганча кета бошладим. Майдон олдига борганимда бир нима гурсиллаб қулади, базўр ўгирилиб қарадим. Ҳозиргина мен суяниб турган девор қулаган, тўғрироғи қулатилган эди.

Ўз уйимга аранг етиб бордим, аъзойи-баданим қақшарди, авзойимни кўриб хотинимнинг эс-хонаси чиқиб кетди.

— Сизга нима бўлди? Тобингиз йўқми?..

— Уй тамом бўляпти… қаровсиз уй… — дедим кўзларимни юмиб ва йиқилиб тушмаслик учун эшик кесакисидан ушладим.
— Нима тамом, нима бўлди, тушунтириброқ гапирсангиз-чи?

Бироқ, тушунтириб берадиган ҳолим йўқ эди бориб каравотга ўзимни ташладим. Шу ётганча, икки кун алаҳлаб, иситма ичида ҳушсиз ётиб, учинчи куни ўзимга келдим. Тинка-мадорим қуриган, ўрнимдан турай десам, мадор йўқ — тиззаларим қалтирайди, бошим айланиб йиқилиб тушай дейман. Тўртинчи куни эрталаб, инқиллаб-синқиллаб ўрнимдан турдим-да, хотинимнинг ҳай-ҳайлашига қарамай кўчага чиқдим. Вужудим ҳамон зирқираб оғрийди, куз шамоли суяк-суягимдан ўтади.

Йўлда тўхтаб-тўхтаб, куч йиғиб, аранг майдонга етиб борганимда қора терга тушдим. Юрагимда бир илинж милтиллаб ёнар, мен қандай бўлмасин сўнаётган шу умид учқунини ўчирмаслик ташвишини чекар, бу эса ўша машъум қаровсиз уй тақдирига боғлиқ эди.

Мана, майдон, озгина юрилса, чап қўлда уй. Йўқ, уйни барибир, сақлаб қоламан, нима бўлган тақдирда ҳам, чунки бу уй… Мен майдонга кўз югуртирдим. Майдон қабристондек жимжит эди. Нигоҳим билан уйни изладим, аммо ҳарчанд излаганим билан тополмадим — кечагина майдоннинг бир қисмини эгаллаб турган уйни ер ютгандек эди…

1984

004

Olim OTAXON
QAROVSIZ UY
006

002 Olim Otaxon 1951 yilda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini tamomlagan (1974). Dastlabki to’plami — «Bolalik kabutarlari» (1981). Shundan so’ng yozuvchining «Oqshom xayollari» (1986), «Ozod qushlar haqida qissa» (1988), «Adoqsiz ko’chalar» (1990) kabi nasriy asarlari nashr etilgan , Akutagava Ryunoske, Yasunari Kavabata, Xorxe Luis Borxes, Fyodor Dostoevckiy, Hulio Kortasar, Jek London, Uil`yam Folkner kabi jahon adabiyotining ulug’ namoyondalari asarlarini o’zbek tiliga o’girgan.

006

003O’g’lim aytgan uy maktabdan beriroqda, tashlandiq maydon kunjagidagi jin ko’chaning og’zida bo’lib, mahallada otning qashqasidek barchaga ma’lum edi. Bu uy haqida shunchalik g’aroyib mish-mishlar yurar edi-ki, qaysi biriga ishonishingni ham bilmaysan kishi. Esimda, bolaligimizda qosh qoraygan mahal shu maydon oldidan yuragimizni hovuchlab o’tardik. Chunki u yerda jin-ajinalar, parilar bor, chalib ketadi, deb qulog’imizga quyishgan — qo’rqardik. Mish-mishlar o’z yo’liga, lekin uy chindanam sirli edi. Qishin-yozin qulflangan bo’lar, shu yoshga kirib eshigining ochilganini ko’rmagandim. Holbuki, yozning chillasi tugab avgustdan qishgacha – qalin qor yoqqunga dovur xudoning bergan kuni o’sha maydondan beri kelmasdik. Chillak, to’p tepish, bekinmachoq, quvlashmachoq, bu yog’i yong’oq o’yin, lanka, qorbo’ron — qisqasi barcha o’yinlarimiz, asosan, o’sha yerda o’tar, binobarin, uy hamisha ko’z oldimizda bo’lgandi.

Ilgari shikast-rextini tuzatib, suvog’i ko’chgan joyini suvatib, oqlatib, tunukasiyu eshik-romlarni bo’yatib turadigan Sobir aka bo’lar edi. Mana shu Sobir aka olamdan o’tdi-yu, uy qarovsiz qoldi. Shunga ham sakkiz yil bo’pti. Sobir aka asli bu mahallalik emas, uzun-quloq gaplarga qaraganda, taxtapullik Ino baqqol degan tajang, sirkasi suv ko’tarmaydigan kishining kenja o’g’li ekan-u, otasi oq qilgandan keyin bu yerga — buvisinikiga ko’chib kelgan ekan. Xolalari uzatilib ketgach, beva kampir — uni Tilla oyi deyishardi — uyni “sho’rpeshona “ nabirasiga xatlab bergan ekan. Sobir aka oila qurganmi, bola-chaqasi bormidi, yo’qmidi, bilmayman, lekin uzoq yillar davomida Eski jo’vadagi bosmaxonada ishlagani, Tilla oyining vafotidan keyin ruhiy kasalga chalinib, arzimagan nafaqa bilan kun kechirganidan ozmi-ko’pmi xabarim bor edi. U kishini ko’cha-ko’yda ko’p ko’rar, lekin aqalli bir marta bo’lsin, gaplashmagandim. Hozirgidek esimda: boshida uniqqan ko’k do’ppi, kampirdahan, chuvak yuzli, bir ko’ziga oq tushgan, tinib-tinchimas odam edi. Qachon qaramang eski gazetalar, qog’oz parchalarini terib axlat uyumlarini titib yurardi. Mahallada birov u bilan samovarda – bir piyola choy ichmagan, ko’ngli tortmaganmi yoki irim qilishganmi, xullas, undan qochishardi. Lekin goho beozor edi, boyaqish, deb eslab qo’yishardi.

Sakkiz yil avval shu Sobir aka qazo qildi-yu, uy qarovsiz qoldi. Insofli, diyonatli ekan, jiyanlari, katta xolasining kuyovlari uni shu yerdan chiqarishdi, taomilga binoan, yerga topshirishdi, yettisi, bosh hadmi, yigirma singari marosimlarini bekamu ko’st o’tkazgach, darvozaga otning kallasidek qulf osib jo’nab ketishdi. Shundan keyin biron yil ora-chira kelib turishdi-yu, oxiri, kech kuzda darvozaga X shaklida taxta qoqib, hech kimga hech nima demay dom-daraksiz ketishdi. Mahallada og’ziga kuchi yetganlar parvo qilmadi, og’ziga kuchi yetmaganlarning biri undoq dedi, biri mundoq dedi – xullas, yana gap ko’paydi, mish-mish tarqaldi. Bitta-yarimta qo’shnilar mahalla oqsoqoliga, shu uy chirog’ini yoqib o’tirsam, Tilla kampirning arvohi shod bo’larmidi, degan mazmunda gap qistirgan ekan, baloga qolibdi. Bu gaplar qanchalik to’g’ri-noto’g’ri, bilmayman, lekin bora-bora darvozaga qo’shqulf urilgani yetmay, taxta qoqib tashlangan uydan fayz ketib, devorlari nuradi, bo’yoqlari ko’chib tushdi, uzun-quloq gaplar ham sekin-asta unutila boshladi.

Shu mish-mishlardan bittasi hozirgina eshitgandek esimda qolgan. Emishki, bir kuni kechasi mahallaning ayqirgan yigitlari gapdan keyin uylariga tarqalmay o’sha maydonda turishgan ekan, kimdir Sobir aka uyining chordog’ida chiroq yonib-o’chayotganini payqab qolibdi. Qarab tursa, chiroq shu’lasi chordoqning narigi boshiga borib birdan o’chibdi-yu, yarim tunda gala-gala qushlar yigitlarning ustiga yopirilibdi. Qushlar oppoq emish. Ulfatda sal vosvosroq yigit bor ekan, qo’rqqanidan dodlab yuboribdi. Shunda o’sha yigitning og’zi qiyshayib qolganmish. Qizig’i shundaki, hozir o’sha yigitning og’zi chindanam qiyshiq. Ammo shu choqqacha birov buning sababi haqida o’zidan botinib so’ragan emas. O’shanda meni bir hafta maktabga yuborishmagan edi.

Agar o’g’limning qo’lidagi kitobni ko’rib: “Qaerdan olding?” — deb so’ramaganimda, ochig’i, shuncha yildan buyon biron marta xayolimdan o’tmagan uyni eslamagan bo’lardim. Yo’q, o’g’lim ko’zlarini aybdorona pirpiratib, uchi qoraygan barmoqlarini ishqayturib asta burnini tortib qo’ydi.

— … dan oldim.
— U yerda nima qilib yuribsan? Devordan oshib tushdingmi? — deb so’radim o’dag’aylab. U ko’zlarini yana pirpiratib qo’ydi-da, boshini quyi solgancha ming’irladi:
— Oshib tushganim yo’q. Eshikdan kirdim.

Quloqlarimga ishonmay tusmollab so’radim:
— Eshikdan dedingmi? Ochiq ekanmi?

— Eshigi yo’q… Olib ketishgan… — O’g’lim ajablanayotganimni tushunmay yelka qisdi.

— Ko’z oldimga maydonga qarata qurilgan baland imoratning X shaklida taxta qoqilgan darvozasi keldi-yu, hech narsa tushunmay boshim qotdi.

— Tushuntiribroq gapir, eshikni kim olib ketadi?
— Bilmayman. Olib ketishayotganini bolalar ko’rishgan ekan.

Men har qancha hijjalab so’ramay tayinli javob eshitmasligimni yoki eshitgan taqdirda ham tushunolmasligimni fahmlab o’sha uydan olib chiqqan kitobni qo’lga oldim.

Kitob nihoyatda eski bo’lib noyob va tarixiy ahamiyatga ega qo’lyozmadek taassurot qoldirardi. Men kitobni varaqlashga tushdim. Uning qalin, zalvarli muqovasi bamisli javon ohista sassiz ochildi. Titul varag’i zang bosgan tunuka, deysiz: sarg’ayib ketgan, chang, siyohqalam bilan turli belgilar qo’yilgan bu – uzoq yillar davomida qayta-qayta o’qilganligidan darak berardi. Lekin varaqning odatda qaysi bosmaxonada bosilgani, noshirni ism-sharifi, qaerda chop etilgani qayd etib yozilmagan ham edi. Ammo keyingi sahifani ochganimni bilaman, ko’z o’ngim jimirlashib ketdi, xuddi tilla suvi yuritilgandek jilolanardi. Gard qo’nmagan beg’ubor sahifalardan osoyishtalik taralayotgandek bo’lardi. Kitobning hoshiyalariga tushunib bo’lmaydigan belgilar qo’yilgani bilan matn uzoq saqlanishi uchun ustida nafis zarhal yuritilgandir. Zar hoshiya, so’zlar naqshinkor arab alifbosida zar bilan yozilgandek — noyob kitob! Eski imloni o’rganmaganimga juda afsuslandim va ham qiziqsinib, ham qo’rqa-pisa kitobga qarab qo’yayotgan o’g’limga yuzlandim.

— Faqat shumi? Yana nima olib chiqding u yerdan?
— Boshqa narsalar ham bor … — dedi u qo’rqa-pisa.

Men oromkursiga o’tirdim. O’g’lim hozir kelaman, degancha yugurib chiqib ketdi. Chuqur xo’rsinib kitobni yana varaqlashga tushdim. Uning ipakday mayin sahifalari orasiga nafis xitoy qog’ozi qo’yilgan, yetti joyiga mitti popukli zarrin ip joylashgan edi. O’g’lim qo’lida allanimabalolarni ko’tarib kirganida men kitobni qaytadan varaqlab chiqishga ulgurgan edim.

— Boshqa bolalar ham bormidi? — deb so’radim uning qo’lidagi buyumlarga ahamiyat bermay.
— Ha, to’rt kishi edik, — deb javob qildi u endi bemalolroq.

— Nega kitob olding? Boshingga urasanmi buni?
— Ichida xitoy qog’ozi bor ekan…

Labimni tishlab boshimni sarak-sarak qilgancha dam unga, dam kitobga razm soldim. Ming qilsa ham bola-da — bekorga cho’g’ bilan yoqutni ajratolmaydimi? Men gap tushuntirib o’tirishdan foyda yo’qligini sezib qo’lidagi buyumlarni oldim-da, ko’zdan kechira boshladim. Bular halqalari nihoyatda nafis soat zanjiri — beshburchakli bo’lganidanmi halqachalar yanada nafisroq ko’rinardi; ikkinchisi surnay nili edi — buni nima qiladi, hayronman; uchinchi buyum kaptar tuxumidek keladigan bir yoni teshik zoldir… Aftidan sim karavot qulog’idan burab olingandi.

— Bu nimaga kerak? — deb so’radim xunobim oshib.

U indamadi. Darvoqe, nima deb javob bersin — uning yoshida hamma narsa kerak, kerakmas narsaning o’zi yo’q!

Men zo’ldirni stolga tashladim-da, uning dumalab kelishiga qarab turdim.
— Qulog’ingda bo’lsin, ikkinchi o’sha uyga qadam bosma! Bor endi!

O’g’lim norozi qiyofada bosh silkib xonadan chiqib ketdi. Yolg’iz qolgach, yana qiziqsinib, kitobni qo’limga olib, u yoq-bu yog’ini ko’zdan kechirgan bo’ldim-da, birdan o’sha uyni borib ko’rish uchun otlanishga tushdim.

Chindan ham uyning darvozasi yo’q edi, uning o’rni o’raning og’zidek ochilib qolgan, uy go’yo og’zini karrakdek ochib turgan afsonaviy qanotli ajdarga o’xshardi, derazalarini ham sug’urib yoki qo’porib olib ketishgan edi. Yuragimga sovuq bir g’ashlik cho’kib etim jimirlashdi, eshik-romsiz duppa-durust uy juda noxush, hatto xunuk taassurot qoldirarkan. Uyga kirmay shu yerdan izimga qaytdim. Ozgina yurib ko’nglim bo’lmay ortimga o’girilib qaradim-u, dong qotib qoldim. Dastlab g’ira-shirada tobut bo’lib ko’rindi — kap-katta ikkita odam zil-zambil bir nimani ikki tomonidan yelkalarida ko’tarib o’sha uydan chiqib kelishardi. Ular nafas rostlagani darvoza oldida picha to’xtashganida sinchiklab razm soldim: biri — yoshi 45-50 larga chiqqan, miqtidan kelgan yigit bo’lib, bolaligimizda ajina chalib, og’zi qiyshayib qolgan Otavoy aka degan kishining amakivachchasi edi. Yanglishmasam, u kaptarvoz edi — na ishining, na gapining tayini yo’q, chapani bo’lib chapani emas, o’lgudek surbet, so’qqabosh yigit edi. Beixtiyor ularning ortidan qarab qoldim. Meni payqashdimi, ikkovi tez-tez yurib maydonning narigi boshidagi tor ko’chaga singib ketishdi. Shu choq uy oldida uch-to’rtta bola paydo bo’ldi — ikkitasi qop orqalagan, bittasi zambilg’altakka bir nimalarni ortib olgan edi. Bolalar maydon o’rtasiga borgach, bir zum taraddudlanib, so’ng boyagi kishilar singari tor ko’cha tomon burilishdi. Men serrayib turardim. Tushimmi, o’ngimmi?!

Uyga kelasolib ko’rganlarimni oqizmay-tomizmay xotinimga so’zlab berdim, u ham eshitib yurgan bir-ikkita voqeadan gap ochdi. Ma’lum bo’lishicha, o’sha uyda umuman odamzodga zarur bironta ro’zg’or asbobi va, hatto, bironta buyum qolmabdi. Hammasi bir oy muqaddam uch-to’rtta odam kuppa-kunduzi darvozani oshiq-moshig’i bilan sug’urib, mashinaga ortib ketganidan boshlanibdi. Ular avval obdon maslahatlashib, keyin bemalol ishga kirishganidan qo’shi-qo’shnilar ahamiyat qilishmagan ekan. O’shandan buyon har kuni kechasi atrof ko’chalardan har xil begona, notanish va, hatto, umuman millati noma’lum odamlar yopirilib kerak uskunalarni tashib keta boshlaganmish.

— Iqqi xola aytib berdilar, guzarga chiqqan ekanlar, shunaqa deyishibdi… — Xotinim gapini chala qoldirib hovliqqancha oshxonaga kirib ketdi.

O’sha kuniyoq kechqurun o’g’limni chaqirib gapga soldim, u yoq-bu yoqdan savol berib aylantirib ko’rdim — biror yangi gap chiqib qolar, deb o’ylagandirman-da — yo’q, qayoqdagi kurakda turmaydigan gaplardan nariga o’tmadi. Men bir narsani tushunmaslik tugul, negadir tushunishni istamas, ichimda allaqanday bir kuch to’g’ri mulohaza yuritishimga monelik qilayotganga o’xshardi. Odamlarga bir nima bo’lganmi, deya o’ylardim o’zimcha, muttahamlik ham evi bilan-da, birovning uyini talon-taroj qilishlari qoluvdi endi. Darhaqiqat bu talon-tarojdan boshqa narsa emasdi!

O’sha kuni yarim kechaga dovur ko’zimga uyqu kelmadi, xayolning bir ko’chasiga kirib chiqar, lekin na bir jo’yali javob topar va na xotirjam bo’la olardim. Daf’atan uyni ko’rgim kelib dam sayin betoqat bo’laverganimdan o’rnimdan turib hovliga chiqdim. Havo salqin, kech kuzning rutubatli tuni edi. Oy o’chay-o’chay deb turgan fonus kabi sarg’ish nur sochar, qo’shni uy tomi osha hovlimizga mo’ralagan bahaybat yong’oq shoxlari tebranar, men fikru zikrimni egallagan mash’um uyni kallamdan chiqarib yuborolmasdim. Bamisli uyning xarobaga aylanishida yoki aylanayotganida allaqanday karomat bordek va bu karomat nimadan iborat ekani yolg’iz menga ayondek edi…

Ertasiga ertalab ko’zimni ochgan zahotim uyni esladim, ishga otlangunimcha ko’nglim yorishmay oxiri xotinimga yorildim.

— Bilasanmi, o’sha uy kallamdan ketmay qoldi, hatto tushimga ham kirib chiqdi. Ertalab ko’zimni ochganimni bilaman, ko’nglimga bexosiyat gap keldi. Agar shu uyga bir nima bo’lsa, mana ko’rasan, kasri butun mahallaga uradi.

— Nima balo, chap yonboshingiz bilan turdingizmi? Uymidi u, go’ristonga o’xshamay o’lsin! Mahallaga nima qipti? — dedi jig’ibiyron bo’lib.

Uning gaplarini eshitib turib hayron bo’ldim, chunki xotinim juda irimchi edi. Shu paytgacha kurakda turmaydigan bexosiyat tushini ayta boshlasa, doim men jerkib tashlardim, hozir esa, aksincha, men tushimni gapirsam, u menga tanbeh beryapti. Tavba!

“Agar uyni bir ko’rganda gapimga ishonardi”, deya ko’nglimdan kechdi, yarim soatdan so’ng uy oldida turganimda. Xuddi odamlar kechasi bilan buzib, kerakli uskunalarini tashmalab ketgandek uy kechagidan beshbattar xarob ahvolga kelgan edi. Dabdurustdan ko’zi tushgan odamda allazamonlardan beri qarovsiz yotgan vayrona kabi noxush taassurot qoldirardi. Yuragim achishib shu bugunoq mahalla oqsoqoliga uchrashishni ko’nglimga tugib, ishga jo’nadim. Ammo tushdan keyin xuddi bir ko’ngilsiz hodisani ko’nglim sezgandek betoqat bo’la boshladim. Uy buzilib ketsa, albatta, biron kor-hol ro’y beradi, degan xayoldan yuragim g’ashlanardi.

Tushlikdan so’ng hamxonamga uy haqida yorildim. U gapimni jimgina tinglagach, ohista xo’rsinib deraza oldiga bordi va ko’ksini silay-silay bosh chayqadi:

— E, attang! — dedi u menga yuzlanib, — garchi ozgina qo’shib-chatib gapirgan bo’lsangiz ham tasavvur qilyapman. Shunday uyning, obod mahallaning qoq o’rtasidagi uyning tanazzuli nihoyatda ko’ngilsiz. Men shumshuk, bexosiyat hodisa deyishni istardim. Lekin nima qilish kerak? To’xtang… Bilasizmi nima? Kallamga bir fikr keldi, zudlik bilan sotib oling. Qarz-havola ko’tarsangiz ham sotib oling. Ana shundagina uyni saqlab qolasiz. Aks holda… Meni kechirasiz-u, odamlar vahshiy bo’lib ketishgan. Ularga baribir uymi, mahallami, shaharmi va hokazo, va hokazo…

Darhaqiqat eng to’g’ri yo’l shu — sotib olish kerak!

Mahalla qo’mitasining raisi esa niyatimni eshitib kuldi:
— Jiyan, agar sotadigan bo’lishsa oladigan son mingta, hamma balo shundaki, sotishmayapti, sotishmaydi ham.

— Nega, baribir turibdi-ku!
— Ha, turibdi. Lekin ming afsus, uy egalari ular — nima qilsa o’zlari biladi.

— Bu ahvolda bir oyga ham qolmay uydan bir dona g’isht ham qolmaydi, — gapimni tushuntirolmayotganimdan tobora achchig’lana boshladim.
— Jiyan, vahima ko’tarmang. Birovning uyini birovga buzdirib qo’yadigan zamonmas hozir.

Men bir narsaga hayron bo’lardim, tashvishimni kimga aytmay hamma yupatishga, ko’nglimni ko’tarishga hamda xuddi meni vasvasadan qutqarmoqchidek yolg’on-yashiq taskin-tasalli bilan dalda berishga tirishardi. Go’yo hammalari kelishib olgandek — birov qani yur-chi, ko’raylik. Nima gap o’zi, demas, mening kuyunib aytgan so’zlarimni jimgina tinglar, shoshilmay, yo’liga bir narsalarni so’rab, o’zicha vaziyatni oydinlashtirar va oqibat xuddi shu yerning o’zida menga nasihat qila boshlar yoki boya aytganimdek yupatishga tushardi.

Mahalla qo’mitasining raisi menga otalik qilib bo’lgach, bir voqeani aytib berdi:
— Bilasizmi, kimligini aytmayman-u, lekin o’zimizning mahalladan bir tuppa-tuzuk odam kelib nima deydi deng: “Mahsum aka, nazarimda mahallada begona odamlar ko’payib ketyapti, bir surishtirmasangiz bo’lmaydi, shubhali emish”. Avval tushunmadim, qanaqa begona odamlar, qaerda ko’rding, qaerdan kelibdi ular, deb so’radim. Hech vaqoni bilmaydi, kimligini ham bilmaydi, kelib boshimni qotiryapti.

Tuyqus xayolimga bir fikr keldi-yu bo’shashib ketdim, sal o’tmay o’zimni bosib bazo’r so’radim:
— Qanaqa begona odamlar?

— E-e, qanaqasiga begona odamlar bo’lsin! Begona odam qoptimi hozir, — Mahsum aka go’shtdor kafti bilan stolga qarsillatib urdi. — Bu hammasi manovining oqibati, uka, manovining, — u shunday deya, tomog’iga chertib qo’ydi.
— Balki gapida jon bordir? — dedim gumonsirab.

Mahsum aka birdan jiddiy tortib, ikki qo’lini stolga qo’ydi-da, men tomonga egildi.
— Ana ko’rdingizmi, jiyan, bunga ishqiboz bo’lish kerak emas…

Qisqasi, uning oldidan qon bo’lib, buning ustiga asablarim buzilib chiqdim. Yo’lda kelyapman-u, nima qilish kerakligi haqida o’ylab o’yimning tagiga yetolmayman. Zudlik bilan biron chora ko’rmasa bo’lmaydi. Boyagi begona odamlar haqidagi gap yodimga tushib battar bo’g’ildim. Bir mahal qarasam, o’sha mash’um uy qarshisida turibman. Uyning u yog’iga o’tdim, bu yog’iga o’tdim, sal nariroq borib kuzatdim, oxiri sabrim chidamay darvozaxonaga kirdim. Undan hovliga o’tdim-u, hovlidagi manzarani tasvirlashga tilim ojizlik qiladi: tashlandiq maydondan zarracha farqi yo’q: kunga qarata qurilgan ayvon zinasi butunlay buzib tashlangan, derazalarda bironta oyna qolmagan, qisqasi, olib ketish mumkin uskuna borki, hammasi tashib ketilgan edi. Hatto tok so’rilariga ishlatilgan quvurlarni ham qo’yishmagandi. Hovlini aylanib chiqqach, shunga amin bo’ldim. Ammo xonalarni kirib ko’rishga yuragim chidamadi, maydonga chiqqanimda ro’parada, maydonning narigi tarafida turgan bir gala odamga ko’zim tushdi. Ular uydan nigohlarini uzmay turishardi: yuragim shuv etdi. Lekin o’zimni qo’lga olib hech narsa sezmagan kishidek o’sha yoqa yurdim. Ularga yaqinlashgach, cho’chitib yubormaslik uchun iloji boricha o’zimni xotirjam aylanib yurgan odamdek tutishga urindim. Bu odamlarning birontasini tanimadim, hammalari allaqanday tashvishmand, ko’zlari chaqchaygan edi. Daf’atan Mahsum aka aytgan begona odamlar esimga tushib, yuragim orqasiga tortib ketdi. Ammo ular menga qayrilib ham qarashmadi, hatto meni ko’rmagandek yoki sezmagandek g’ayritabiiy xarislik bilan o’ljasining tepasida turgan yirtqichdek ko’zlari chaqnab, o’tdek yonib, uydan ko’z ololmasdilar.

Men ularning yonidan o’tib maydon og’zi tomon yurdim va sal nari borgach, to’xtab sekin o’girildim: ular hovliqqancha uy tomon yurishdi, men to ular uyga kirib ko’zdan g’oyib bo’lguncha qarab turdim-da, so’ng nochor bosh chayqab jo’nadim.

Men bu uyni saqlab qolish uchun keskin choralar ko’rish lozimligini, aks holda uni qo’ldan chiqarib yuborish mumkinligini endi ravshan anglagandim.

Indiniga uyni birrov ko’rib ketishga hamkasbimni ko’ndirdim-da, ishdan keyin qo’yarda-qo’ymay o’zim bilan birga olib ketdim. Yo’lga chiqqanimizda tomchilay boshlagan yomg’ir maydonga yetib kelganimizda sharros quyayotgan edi. Hammayoq loy, sirpanchiq, yomg’ir ham ko’z ochirmaydi. Darvozaxonaga kirib, shu yerdan hovlini kuzata boshladik. Hovlining o’rtasiga suv to’plangan, uyning devorlaridan loy oqib tushardi. Ikkovimiz palaxsa-palaxsa ko’chirib tashlangan sement yo’lkalar, bag’azlari olib ketilgani uchun yerda chuvashib yotgan tok zaranglari, yarim xaroba ayvonni faromush ko’zdan kechirgach, sherigim yomg’irga ham qaramay hovli etagidagi ikki uy bilan dahlizni ko’rgani ketdi. Lekin u yerdan tez qaytib chiqdi.

— Adoyi tamom bo’libdi, — dedi u besh daqiqadan so’ng yomg’ir suvi oqib tushayotgan yuzini dastro’mol bilan artarkan, — pol taxtalari ko’chirilgan, tokchalari buzib tashlangan, baraka topgurlardan, hatto toqilar ham qolmabdi.

Men tashvish bilan uning yuziga tikildim.

— Zudlik bilan, iloji bo’lsa ertagayoq rayispolkomga chiqishdan boshqa ilojingiz qolmabdi… Bu ahvolda… — U qo’llarini yoyib yelka qisdi.

Kunga qaragan uyga kirishning iloji yo’q, zina buzilib, g’ishtlari olib ketilgan, hammayoq loyligidan tirmashib chiqib bo’lmasdi. Sherigim avvaliga amallab chiqmoqchi ham bo’ldi, ammo shu urinishiga yarasha ichkarida chiroq yo’qligini ko’rib niyatidan qaytdi. Men xuddi madad so’ragandek unga tikildim, agar bir og’iz aytsa hoziroq shu uyga ko’chib kelib, uni qo’riqlab o’tirishga tayyor edim. Sherigim ahvolimni tushundimi, o’zicha hamdardlik izhor qilgan bo’ldi.

— Tushunaman, tushunaman. Ming afsuslar bo’lsinki, qo’limdan hech nima kelmaydi…

Uydan chiqqanimizda sharros quyayotgan yomg’irga qaramay maydonda bir to’da kishilar to’planib turishardi. Ularni ko’rib, beixtiyor sherigimning bilagidan ushladim. Barmoqlarim titrar, oyoqlarimdan mador ketib borardi.

— Anavilarmi? — dedi sherigim peshonasi tirishib.
— Yo’q, — dedim men alam bilan tishimni tishimga bosib. — Bular boshqalari bo’lsa kerak.

— Ehtimol, mahalla qo’mitasining raisi aytgan begonalardir…
— Balki, — dedim ularga tikilib qarar ekanman.

Xuddi kechagidek bu safar ham biz nari ketishimiz bilan odamlar uyga qarab yugurishdi. Sherigim bilan kelishib olgandek, darhol uy yoniga qaytdik. Ichkaridan paydar-pay gursillagan tovushlar eshitildi. Bu tovushlar hovlidan emas, xonalardan kelayotganga o’xshar — bo’g’iq, allaqanday ehtiyotlik bilan urilayotgandek edi…

Men qiyalab yog’ayotgan yomg’ir pardasi oralab xavotir ichida uyga tikildim. Xuddi ana — hozir birin-ketin uy devorlari qulaydigandek yuragim uvishardi. Ammo bu chaqirilmagan odamlarni quvib chiqarishga botinolmas, zero bunga haqim ham yo’q edi. Yarim soatdan so’ng bu mash’um uyni tashlab ketdik. Ko’chaga chiqqach, kiyimingizni quritib ketarsiz, degan shama bilan uyga taklif qilgandim sherigim unamadi, xayrlashayotib kaftimni do’stona qisdi-da:
— Omon bo’ling, xizmatingizga tayyorman, — deya kulimsirab qo’ydi.

Xullas, uy fikr-zikrimnigina emas, butun borlig’imni egallab olgandi. Undan qutulishning ikkita chorasi bor: yo qanday bo’lmasin sotib olish, yoki unutish… Ammo unutish qiyin, bunga ko’zim yetardi. Lekin cho’zib o’tirish ham yaramas, tez harakat qilish lozim edi. Oxiri masalani ko’ndalang qo’ygani ijroqo’mga chiqishga qaror qildim.

Tuman ijroiya komitetiga ketayotib, agar rozi bo’lishmasa, uyning bahridan o’taman — boraman-u, butunlay buzib tashlayman, degan xayolga keldim.

Ammo tumandagilar biror jo’yali mulohaza bildirishmadi, buning ustiga aniq javob ham berishmadi. Ular niyatimni ma’qullagan holda mujmalgina qilib, uch kundan keyin xabar oling, deyishdi. Hozirgi vaziyatda uch kun tugul, bir kun ham kutib bo’lmasdi. Nazarimda, agar tez oldi olinmasa, bir-ikki kun ichida uydan nom-nishon qolmaydigandek.

Nachora, qo’lingdan biron ish kelmagandan keyin ko’nmay qayoqqa borarding. Uch kungacha ichim qizib boshim og’rib ishga borib-kelib yurdim. Ertalab ham, kechqurun ham uydan xabar olgani yuguraman, xun bo’lib uyga tikilaman, yuragim achishadi, ezilaman. Kechqurun ertalabki manzarani topolmayman, ertasiga esa yana butunlay o’zgacha ahvol — uyning kuni bitgan, xuddi yonib tutayotgan shamning ham daqiqa sayin kichrayib, tugab borayotgani ravshan ko’rinib turgani kabi uyning ham kun sayin tugab borayotgani sezilardi.

Men har safar qadrdon kishisining qabrini ziyorat qilgani kelgan odamdek o’rtanib, titrab-qaqshab ba’zan ko’nglim buzilib uyga tikilar, so’ng allanechuk hasrat va umidsiz kayfiyatda qaytib ketardim. Belgilangan kuni ijroiya komitetiga borib, yana uch-to’rt kun kutishga to’g’ri keladi, deyishganda, birdan o’sha uy egalari – marhum Sobir akaning jiyanlari bilan kuyovlaridan birortasini olish kerak, degan o’y kallamga urildi. So’rab-surishtirdim. Oqlonda yashaydigan jiyanlarining uyini topib bordim, eshikni xushro’ygina kelin ochdi:

— Kim kerak sizga? — dedi u va bir qadam orqaga tisarildi.
— Zaynab kennoyi bormilar? — dedim hayajonimni bosib.

Kelin bosh chayqadi.

— Zarur ishim bor edi, qaerdalar?
— Oyim o’n kundan keyin keladilar. Nima ishingiz bor edi?

Men azbaroyi dovdirab qolganimdan bir amallab o’zimni tanishtirib, maqsadimni aytdim.

— Iltimos qilaman, singlim, qarindoshlaringizdan birontasining uyini aytib berolmaysizmi?
— Ovora bo’lmang. Uy bizniki emas. Shuncha urinib ham, hujjatlarni to’g’rilay olishmadi. Qarovsiz uy…

Ko’z oldim qorong’ilashib, tilim kalimaga kelmay qoldi, nima deyarimni, nima qilarimni bilmay xayr-ma’zurni nasiya qilib jo’nadim.

Ko’chada madorim qurib, ko’zim tinib, bir yerda o’tirib qoldim. Etim uchib, bezgak tutgandek qaltiray boshladim. Qaerga ketyapman, bilmayman, lekin boshim oqqan tomonga emas, o’z-o’zidan o’shauy tomonga borayotganimni elas-elas ilg’ardim. Uy yaqiniga bormay, beriroqda devorga suyanib razm soldim, uyning tunukasini ko’chirib ketishgandi. Men beholgina ko’zimni yumdim. Shu ko’yi qancha turganimni bilmayman, bir vaqt birov qattiq turtdi. Zum o’tmay undan ham qattiqroq turtdi. Qarasam hech kim yo’q, shalviragancha keta boshladim. Maydon oldiga borganimda bir nima gursillab quladi, bazo’r o’girilib qaradim. Hozirgina men suyanib turgan devor qulagan, to’g’rirog’i qulatilgan edi.

O’z uyimga arang yetib bordim, a’zoyi-badanim qaqshardi, avzoyimni ko’rib xotinimning es-xonasi chiqib ketdi.

— Sizga nima bo’ldi? Tobingiz yo’qmi?..

— Uy tamom bo’lyapti… qarovsiz uy… — dedim ko’zlarimni yumib va yiqilib tushmaslik uchun eshik kesakisidan ushladim.
— Nima tamom, nima bo’ldi, tushuntiribroq gapirsangiz-chi?

Biroq, tushuntirib beradigan holim yo’q edi borib karavotga o’zimni tashladim. Shu yotgancha, ikki kun alahlab, isitma ichida hushsiz yotib, uchinchi kuni o’zimga keldim. Tinka-madorim qurigan, o’rnimdan turay desam, mador yo’q — tizzalarim qaltiraydi, boshim aylanib yiqilib tushay deyman. To’rtinchi kuni ertalab, inqillab-sinqillab o’rnimdan turdim-da, xotinimning hay-haylashiga qaramay ko’chaga chiqdim. Vujudim hamon zirqirab og’riydi, kuz shamoli suyak-suyagimdan o’tadi.

Yo’lda to’xtab-to’xtab, kuch yig’ib, arang maydonga yetib borganimda qora terga tushdim. Yuragimda bir ilinj miltillab yonar, men qanday bo’lmasin so’nayotgan shu umid uchqunini o’chirmaslik tashvishini chekar, bu esa o’sha mash’um qarovsiz uy taqdiriga bog’liq edi.

Mana, maydon, ozgina yurilsa, chap qo’lda uy. Yo’q, uyni baribir, saqlab qolaman, nima bo’lgan taqdirda ham, chunki bu uy… Men maydonga ko’z yugurtirdim. Maydon qabristondek jimjit edi. Nigohim bilan uyni izladim, ammo harchand izlaganim bilan topolmadim — kechagina maydonning bir qismini egallab turgan uyni yer yutgandek edi…

1984

004

(Tashriflar: umumiy 70, bugungi 1)

Izoh qoldiring