O’tkir Hoshimov. Urushning so’nggi qurboni & O’tkir Hoshimov. Sevgi qissalari

077    Бирдан хаёлига келган фикрдан унинг вужуди титраб кетди. Қора кунлари учун, не умидлар билан тишида тишлаб юрган ғунажинини ўғирлагани учун, ўлим тўшагида ётган укасининг охирги насибасидан маҳрум қилгани учун, нон пули бўлар деб етиштирган мевасидан жудо қилаётгани учун шундоқ қасос олсинки, ўша худо бехабарлардан.

Ўткир ҲОШИМОВ
УРУШНИНГ СЎНГГИ ҚУРБОНИ
08

09   Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). ТошДУнинг филология факултетининг журналистика бўлимини тугатган (1964). Илк китоби — «Пўлат чавандоз» (1962, очерклар тўплами). Биринчи йирик насрий асари — «Чўл ҳавоси» (1963). «Одамлар нима деркин» (1965), «Шамол эсаверади» (1966), «Қалбингга қулоқ сол» (1973), «Баҳор қайтмайди» (1970), «Дунёнинг ишлари» (1982) қиссалари ҳамда «Нур борки, соя бор» (1976), «Икки эшик ораси» (1986), «Тушда кечган умрлар» (1994) романлари нашр этилган.
Ёзувчининг бир қанча асарлари экранлаштирилган. «Хазон бўлган баҳор», «Инсон садоқати» (1975), «Виждон дориси», «Тўйлар муборак» (1979), «Қатағон» каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» (2001) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1986). «Меҳнат шуҳрати» (1996), «Буюк хизматлари учун» (2001) орденлари билан мукофотланган. 2013 йил 24 май куни вафот этган.

08

Шоикром айвон тўридаги сандал четида хомуш ўтирарди. Аллақачон баҳор келиб, кунлар исиб кетганига қарамай, ҳамон сандал олиб ташланмагани, аммо ҳеч ким бу тўғрида ўйлаб кўрмаганини у энди пайқагандай ғаши келди. Бўз кўрпа устидан ёпилган, шинни доғи қотган қуроқ дастурхон ҳам ҳозиргина гўжадан бўшаган споол товоқ, банди куйган ёғоч қошиқ ҳам унинг кўзига хунук кўриниб кетди. Аммо бепарволик билан қўл силтади-ю, дўпписини сандал устига ташлаб ёнбошлади.

Ярим кеча бўлиб қолган, атроф жимжит. Фақат олисларда ит улийди. Айвон тўсинидаги узун михга илиғлиқ лампочка хира нур таратади. Чироқ атрофида ўралашган чивинлар бир зум тинмайди. Ҳовлининг ярмигача ариқ тортиб экилган қулупнай пушталари орасида сув ялтирайди. Онда-сонда ранг олган қулупнайлар кўзга ташланиб қолади. Қаёқдандир шамол келди. Ҳовли этагидаги ёнғоқ шохлари бир гувиллаб қўйди. Шоикром уйқу элита бошлаган кўзлари билан ўша томонга қаради-ю, тер ҳиди анқиб турган лўлаболишга бошини ташлади. Шу ондаёқ яна ўша товоққа, банди куйган қошиққа кўзи тушиб, тағин ғашланди. “Зиқна бўлмай ўл!- деб ўйлади хотинини сўкиб.-Азалдан қурумсоқ эди, замон оғирлашгандан буён баттар бўлди”.

Ичкарида чақалоқ йиғлади. Бешикнинг ғирчиллагани эшитилди. Бола худди шуни кутиб тургандай, баттар биғиллай бошлади. Каттаси ҳам уйғониб кетди шекилли, қўшилишиб йиғилишга тушди.
Шоикром силтаниб қаддини ростлади.
— Овозини ўчир, Хадича!
Ичкаридан хотинининг бешикни муштлагани, зардали товуши эшитилди:
— Овози ўчса кошкийди! Тўққиз кечасида жин теккан бунга!
“ Камбағалнинг эккани унмайди, боласи кўпаяди ўзи,- деб ўйлади Шоикром ижарғаниб. – Шу кунимдан кўра урушга бориб ўлиб кета қолганим яхшийди”.

Уни урушга олишмади. Тўқимачилик комбинатида монтёр етишмасмиди, ё ўзи яхши ишлармиди, ҳар қалай, уни олиб қолишди. Шоикром уруш бошланишидан сал олдин уйланган эди. Уруш бўлди-ю, замон ўзгариб кетди. Бир хил одамлар тирноққа зор. Унинг хотини бўлса, ёнидан ўтиб кетса ҳам бошқоронги бўлаверади. Худо бергандан кейин ташлаб бўлармишми, деб кетма-кет учта қиз туғиб берди. Урушнинг қора қаноти узоқлаб кетган бўлсаям, ҳамон унинг сояси одамлар бошига кўланка ташлаб турибди. Ҳали у қўшниникида аза очилади, ҳали бу қўшниникида.

Ҳовли этагидаги пастак эшик ғийқиллади. Шоикром кафти билан кўзини чироқдан пана қилиб қаради-ю, шу томонга келаётган онасини кўрди. У уйланганидан кейин отадан қолган ҳовлини ўртадан икки пахса девор олиб бўлишган. Бунгаям бир чеккаси Хадичанинг инжиқлиги сабаб бўлган эди. Ҳар хил икир-чикир гаплар чиқаверганидан кейин Умри хола рўзғоринг бошқа бўлса ўзингга қайишасан, деб уларнинг қозонини бошқа қилиб берди. Ўзи кичик ўғли Шонеъмат билан нариги ҳовлида қолди.

Ранги униққан чит кўйлак устидан нимча кийиб олган Умри хола шарпадай унсиз юриб келди-да, япалоқ “мусулмон” ғиштдан ясалган зинадан айвонга кўтарилди.
— Ҳали ухламовмидинг? – деди у зинадан энкайиб чиқаётганида сурилиб кетган рўмолини қайта ўраб.
— Кўрмайсизми, чақалоқ тинчимаяпти. Ўзим итдай чарчаганман.
— Бола бўлгандан кейин йиғлайди-да,- деди Умри хола юпатувчи товушда.- Ётавер, болам.- У ян ўша унсиз одимлар билан ичкари уйга кириб кетди.

Қайнана- келин бир бало қилиб, болаларни тинчитишди. Кейин икковлари бошлашиб чиқишди. Хадича бир қўлида чойнак-пиёла, бир қўлида зоғора нон келтириб, дастурхон устига қўйди.
— Чой ўлиб қопти,- деди у зоғора ушатаркан.
Умри хола Шоикромнинг ёнбошига, шапарак кўрпачага ўтирди.
— Ол ўзинг ҳам,-деди у томирлари бўртиб чиққан қўллари билан, сочилган увоқларни йиғиб оғзига соларкан. Шоикрром онасининг бармоқлари тарс-тарс ёрилиб кетрганинг энди пайқади. Илгари ҳам шунақамиди, йўқмиди, эслай олмади.
— Овқатингдан қолмадими? – деди у чўккалаб ўтирганча чой қуяётган хотинига қараб.

Хадичанинг узунчоқ сарғиш юзи қизарди. Айбдордек маҳзун товушда узр сўради:
— Қолмовди-я.
Шоикром унинг қизарганидан ёлғон гапираётганини сезди. Ким билсин, эрталаб ўзига иситиб бериш учун шунақа деяётгандир…
— Йўқ, болам, овқат керакмас,- деди Умри хола шошилиб.- Хаёл суриб ётибуйқум ўчиб кетди…- У бир лаҳза жим қолди-да, ўзига гапиргандай секин қўшиб қўйди. – Пайшанба куни Комил тайибнинг уйига борувдим. Ҳар куни наҳорга бир косадан қўй сути ичса, дард кўрмагандай бўлиб кетади, деди.

— Ҳозир қўй сути қатта,- деди Хадича.- Сигир сути отлиққа ёғ-у… шу пайтда сигиримиз туққан бўларди-я.
Шоикром хотинининг гапини эшитмади. Бирдан унинг кўз ўнгида пастак дераза остида шифтга тикилиб ётган укаси жонланди. Бир ҳовлида туриб ўн кундан буён ҳолини сўрамаганига афсусланиб, ичидан хўрсиниқ келди. Шонеъмат Россиядан кўчириб келтирилган завод қурилишида ишлай бошлаганида уни урушга олишмаганидан Шоикром суюнган эди. Гап бошқа ёқда экан. Укаси сил экан. Шунинг учун қолдиришган экан. Мана, уч ойдирки, ерга ёпишиб ётибди.

Шоикром ўн кунча илгари ишга кетаётиб бирров кириб укасидан ҳол сўраган эди. Ўшанда Шонеъматнинг қоқ суяк бўлиб қолганини, катта-катта кўзлари нимагадир чуқур маъно билан ўзига тикилганини кўрган эди.
“Яқинда ўлади, — деб ўйлади у онасининг кўзига қарамасликка ҳаракат қилиб, — барибир ўлади”.
— Тузукми? – деди у ҳаммаси учун ўзи айбдордай қовоғини солиб.
— Шукур,- Умри хола қулт этиб ютинди.- Ҳозир ухлади.- онаси шу топда чиқиб овора бўлмагин, деган маънода гапирганини Шоикром тушунди.
— Эрталаб хабар оламан,- деди у онаси ўрнидан турганида.
— Сендан нега гина қиларкан, болам,- деди Умри хола айвон лабида тўхтаб.- Кўриб турибди-ку. Эрталаб чиқиб кетасан, ярим кечада қайтасан. Бу кунлар унут бўлиб кетади, болам.- Зинага ечган калишининг бир пойи тўнкарилиб қолган экан, умри хола оёғининг учи билантўғрилайман деб, анча овора бўлди. Кейин зиналардан энкайиб тушди-ю, шарпадай унсиз юрганча, ҳовли этагига қараб кетди. Пастак эшик ғийқиллаб очилиб ёпилди.

— Падарига лаънат шунақа турмушнинг! – деди Шоикром бўғилиб. Кейин дастурхонни йигиъштираётган хотинига ўшқирди.- Сениям падарингга лаънат! Тумшуғингни тагидан сигирингни етаклаб кетса-ю, анқайиб ўтирсанг.
— Нега менга ўдағайлайсиз?- Хадича товоқни қошиққа уриб, йиғламсиради.- Нима, мениям Илҳом самоварчининг хотинидай сўйиб кетсинмиди? Сиз кечалари сменда бўлсангиз. Мен учта жўжа билан жонимни ҳовучлаб ўтирганим етмайдими?!

Шоикром хотинини тарсакилаб юбормаслик учун юзини ўгириб, тишини ғижирлатди.
Сув қалқиса, лойқаси юқорига чиққандай, замон қалқигандан буён ёмон кўпайди. Эрта баҳорда уларнинг туғай деб турган сигирини ўғирлаб кетишди. Ўша кеча шоикром тунги сменада эди. Кечаси билан шаррос жала қуйиб чиқди. Шоикром тонг-саҳарда бир нимани сезгандай кўнгли ғаш тортиб, уйига қайтди. Келса хотини, болалари, онаси дод солиб ўтиришибди. Хадича оғироёқ эмасми, ўзи билан ўзи овора бўлиб билолмай қолибди. Эрталаб турса кўча эшик ланг очиқ, ёнғоққа боғлоқлиқ сигир йўқ.
“Шу пайтгача сигир туғарди, укамнинг оғзига ақалли бир коса сут тутардим, — деб ўйлади Шоикром ўкиниб.- Қани ўшалар қўлимга тушса, чопиб ташлардим”.

Шундоқ деди-ю, эгаси минг пойласин, ўғри-бир мана, бундан икки ойча илгари Илҳом самоварчининг хотинини пичоқлаб кетишди. Бечоранинг битта-ю битта эчкиси бор экан. Ҳовлига ўғри тушганини билиб, хотин шўрлик дод солибди. Эри чохонада экан. Югуриб бориб эчкининг арқонидан ушлаганми, хуллас, етиб келган қўни- қўшнилар қора қонига беланиб ётганини кўришибди.
— Шу кунда яна ўғри оралаб қолди, — деди Хадича кўрпачани қоқиб танча четига соларкан.- Қулупнай қизармасидан битта қўймай териб кетяпти.
-Ваҳима қилма!- деди Шоикром қовоғини ўйиб.- Болалар териб егандир. Ўғри қулупнайга келадими?
— Оғзига бир дона олган бўлса буюрмасин. Нега келмас экан? Бир ҳовучини опчиқиб сотса бир коса жўхори беради. Ана, бориб қаранг, деворнинг бир чети ўпирилиб ётибди!

— Ваҳима қилма!- деди Шоикром яна ғўлдираб. Аммо бу сафар ўзининг ҳам юраги сесканиб кетганини пайқади. Кўнглида пайдо бўлган ғашликни сездирмаслик учун ҳовлига тушди. Секин юриб, қулупнай пушталари олдига келди. Ариқлардаги сув чироқ нурида ялтираб, шамолда жимирлар, маржондай терилиб ранг олганқулупнайлар сувга тегай-тегай деб турарди.
“Рост-да,- деб ўйлади у пушталар атрофида айланаркан,- бир ҳовуч қулупнайга бир товоқ жўхори беради. Тансиқ нарса… хадича ёлғон гапирмайди. Болалар еган бўлса, буюрмасин, деяпти-ку. Пишиқ, йўлатмайди…”
Бултур хотини худди шу қулупнай туфайли онасини ҳам қаттиқ ранжитган эди. Умри хола бир ховуч қулупнай олган экан, хадича болаларга нон пули бўлар деб экканмиз, норасталарнинг насибасига тегманг, деб бобиллаб берибди.

Шоикром ўшанда онасининг ёз бўйикелини биланюзкўрмас бўлиб юрганини эслади-да, яна ўша гап хаёлига келди. “Хадича анойи эмас, қурумсоқ…”
У айланиб ёнғоқ тагига борди. Борди-ю, чиндан ҳам кўча томондаги деворнинг бир четиўпирилганини, остига тупроқ тўкилганини кўриб, юраги орқасига тортиб кетди.Назарида деворнинг кемтик жойидан биров мўралаб тургандай бўлди. Ёнғоқ шохларининг шамолда вишиллаши ҳам, оёғи остида тўкилиб ётган девор тпроғи ҳам шубҳали, ваҳимали кўриниб, дарров орқасига қайтди.
Хадича аллақачон уйга кириб кетибди. У чироқни ўчириб, сандал четига ётди-ю, кўнглидаги ғулғула кучайиб кетаверди.

Кузда ўзи билан ишлайдиган йигитнинг ҳовлисидаги сўритокдан ғарқ пишиб ётган узумларини ўғирланвб кетишганини эслади. Шамол борган сари авжга чиқар, ҳовлидагиёнғоқ барглари шовиллаб, шохлари ғирчиллар, аллаким шип-шип қадам босиб, айвон лабига келаётгандай бўларди.
Хадича рост айтади. У кечалари сменада бўлса, хотини учта жўжа билан жон ҳовучлаб тонг оттирса, ўғрига ўлжанини катта-кичиги борми? Қўлига нима илинса олаверади-да. Борди-ю, ўзи йўғида уйини ўғри босса, хотини дод солса, пичоқлаб ташласа. У ёқдан онаси чиқса, униям пичоқласа… “ Виждонсиз! Одамларнинг бошига кулфат тушганидан фойдаланиб қоладиганларни қириш керак”.

Бирдан хаёлига келган фикрдан унинг вужуди титраб кетди. Қора кунлари учун, не умидлар билан тишида тишлаб юрган ғунажинини ўғирлагани учун, ўлим тўшагида ётган укасининг охирги насибасидан маҳрум қилгани учун, нон пули бўлар деб етиштирган мевасидан жудо қилаётгани учун шундоқ қасос олсинки, ўша худо бехабарлардан.

У ўрнидан сакраб туриб кетди. Чироқни ёқиб, отилиб ҳовлига тушди. Ҳамон шамол ўкирар, осмоннинг гоҳ у, гоҳ бу бурчида чақмоқ ярақлаб, ёнғоқ шохлари шубҳали ғийқиллар, аммо энди булар уни қўрқитолмас эди. У ёнбошидаги ошхонага кирди-ю, чўнтагидан гугурт олиб чақди. Титроқ қўллари билан қорайиб кетган девордаги михга илиғлиқ турган икки ўрам симни олди. Бир вақтлар урушдан олдин у бу симларни базмларга олиб борар, одамларнинг ҳовлисини машъаладай ёритиб берарди. Эндиям яхшиликка хизмат қилсин!
“Менга деса отиб юбормайдими! – деб ўйлади у айвон лабига чўққайиб ўтирганича усти ёпиқ симни очиқ симга илдам уларкан.- Ҳарна битта ҳаромхўрни ўлдирганим. Биттаси ўлса, бошқалари адабини ейди”.
У чақон ҳаракат қилар, аъзойи бадани терлаб кетган, аммо буни ўзи пайқамас, фақат бир сўзни такрорларди: “Менга деса отиб юбормайдими!”

У симнинг очиқ қисмини қулупнай пушталари устига улоқтирди. Сим илондай биланглаб пушта устига тушди. Ёпиқ қисмини айвон тагидан олиб ўтди-да, бир учини устундаги илгакка тиқиб қўйди. Кейин бирдан болалар кечаси ҳовлига тушса нима бўлади, деган хаёл миясига урилди-ю, уйга кирди. Хадича ётган жойида уйқусираб бошини кўтарди.
— Ҳа?
— Ҳовлига чиқма, болалар ҳам чиқмасин, ўлади! – деди Шоикром кўзлари ёниб.

Хадича ҳеч нимага тушунмади шекилли, “хўп” деди-ю, бошини ёстиққа ташлади. Зум ўтмай текис, чуқур нафас ола бошлади. Шоикром айвон чироғини ўчириб, яна уйга кирди. Ҳар эҳтимолга қаршу шундоқ эшик тагига, наматга кўндаланг ётиб олди.
“Менга деса отиб ташламайдими? “ деб ўйлади яна ўшандай зарда билан. Шу топда негадир болаларини эмас, хотинини ҳам эмас, укасини ўйлади. Шонеъмат болалигида ҳам заифгина эди. Шоикром уни ҳар куни мактабдан ўзи олиб келар, иккинчи сменада дарс тугагунча пойлаб ўтирарди. Отаси ўлганида Шоикром олтинчида, укаси иккинчида ўқирди. Ўшанда Шонеъмат йиғламаган, аммо ичикиб касал бўлиб қолганди. Она-бола уни авайлаб катта қилишди. Энди бўлса, беш кунлиги қолдими йўқми, ака бўлиб хабар ҳам ололмайди.

Шоикром ухламадими, йўқми, билолмади. Бир маҳал бола йиғладими, ё ташқарида шамолнинг гувиллаши аралаш даҳшатли бир фарёд қулоғига кирдими, англай олмай қолди. Сапчиб ўрнидан туриб кетди. Айвон чироғини ёқиши билан қулупнай пуштасида мук тушиб ётган одам гавдасини кўрди-ю, даҳшатдан қотиб қолди. Шу ондаёқ хато қилганини, қотиллик қилганини пайқади. Сим учини шартта илгакдан юлиб олиб, ҳовлига отилди. “Бошқалари қочди” деган фикр лип этиб хаёлидан ўтди. Пушталар устида сакраб-сакраб юриб бораркан, оёғи ботиб кетаётганини пайқади. Кейин ғужунак бўлиб ётган одамдан уч қадам берироқда тўхтади-ю, бирдан чўккалаб қолди. Бир лаҳза кўзлари олайиб тикилиб турди-да, кўксидан шамол ғувурини ҳам, ўз вужудини ҳам ларзага солувчи бир нидо отилиб чиқди:
— Ойи-и-и!

У бошидан ҳуши учиб бораётганини элас-елас ҳис қилиб ўзини ерга отди. Титроқ қўллари билан лой чангаллаганча чўккалаб кўксига муштлай кетди.
— Ойи! Ойижон !
Умри хола бир қўли билан униққан чит кўйлагининг этагини маҳкам чангаллаб олган, этак ичида икки ҳовуч пишган-пишмаган аралаш қулупнайлар кўриниб турар, бошқа қўли билан эса илондек симни ушлаб турарди. Шоикром унинг қулупнай қизили юққан, ёрилиб кетган бармоқларини, бўртган томирларини аниқ кўрди. Нарироқда, лойли ариқ ичида унинг калиши ётар, чамаси, сим оёғига текканида юлиб олмоқчи бўлган-у, қўлига ўралашиб йиқилган эди.

Шоикром лойли марзадан эмаклаб борганча, ўзини онасининг қучоғига отди.
— Ойижон, очинг кўзингизни!- деди у гезариб кетган лаблари билан онасининг муздай юзидан ўпиб.
У анчадан кейин ўзига келди-ю, тепасида хотини турганини, қизчалари йиғлаётганини пайқади. Бошини кўтариши билан марза четида чўнқайиб ўтирган Шонеъматга кўзи тушди. Неча ҳафталардан буён ўрнидан жилмай ётган укаси, афтидан, қандайдир куч топиб эмаклаб чиққан, кўйлагининг елкалари осилиб турар, катта-катта кўзлари ваҳима билан боқар эди.

-Нима қилиб қўйдим, укам! – деди Шоикром яна балчиққа беланган кафти билан юзини чангаллаб. Кейин яна онасининг устига ўзини ташлади. У онасини кўтаришга уринар, аммо онасининг икки букланган гавдаси негадир ҳеч тикланмас эди.
— Сут ичмай заҳар ичсам бўлмасмиди, — деди Шонеъмат овози титраб.

Шоикром бу ожиз, титроқ товушдан сесканиб, укасига тикилиб қолди.
— Заҳар ичсам бўлмасмиди,- деди Шонеъмат яна ўша оҳангда. Афтидан, у йиғлай олмас, йиғлашга мадори етмасди.- Кечаям айтувдим, кўнмадилар. Қулупнайга сут алишади, дедилар.
Шоикром бошқа ҳеч нимани эшитмади. Эшитолмади. Фойдаси ҳам йўқ эди.

* * *

Умри холани пешин намозига чиқаришди. Гўристондан чиқиб келишаётганида Шоикром одамларнинг ўзаро гапини эшитиб қолди.
— Уруш тамом бўпти, эшитдингизми?

1967

099

O’tkir HOSHIMOV
URUSHNING SO’NGGI QURBONI
08

  O’tkir Hoshimov 1941 yil 5 avgustda Toshkent shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1991). ToshDUning filologiya fakultetining jurnalistika bo’limini tugatgan (1964). Ilk kitobi — «Po’lat chavandoz» (1962, ocherklar to’plami). Birinchi yirik nasriy asari — «Cho’l havosi» (1963). «Odamlar nima derkin» (1965), «Shamol esaveradi» (1966), «Qalbingga quloq sol» (1973), «Bahor qaytmaydi» (1970), «Dunyoning ishlari» (1982) qissalari hamda «Nur borki, soya bor» (1976), «Ikki eshik orasi» (1986), «Tushda kechgan umrlar» (1994) romanlari nashr etilgan.
Yozuvchining bir qancha asarlari ekranlashtirilgan. «Xazon bo’lgan bahor», «Inson sadoqati» (1975), «Vijdon dorisi», «To’ylar muborak» (1979), «Qatag’on» kabi drama, komediya, bir qator kinostsenariylar muallifi. «Daftar hoshiyasidagi bitiklar» (2001) kitobi ijtimoiy-ma’naviy hayotda muayyan iz qoldirgan.Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1986). «Mehnat shuhrati» (1996), «Buyuk xizmatlari uchun» (2001) ordenlari bilan mukofotlangan. 2013 yil 24 may kuni vafot etgan.

08

Shoikrom ayvon to’ridagi sandal chetida xomush o’tirardi. Allaqachon bahor kelib, kunlar isib ketganiga qaramay, hamon sandal olib tashlanmagani, ammo hech kim bu to’g’rida o’ylab ko’rmaganini u endi payqaganday g’ashi keldi. Bo’z ko’rpa ustidan yopilgan, shinni dog’i qotgan quroq dasturxon ham hozirgina go’jadan bo’shagan spool tovoq, bandi kuygan yog’och qoshiq ham uning ko’ziga xunuk ko’rinib ketdi. Ammo beparvolik bilan qo’l siltadi-yu, do’ppisini sandal ustiga tashlab yonboshladi.
Yarim kecha bo’lib qolgan, atrof jimjit. Faqat olislarda it uliydi. Ayvon to’sinidagi uzun mixga ilig’liq lampochka xira nur taratadi. Chiroq atrofida o’ralashgan chivinlar bir zum tinmaydi. Hovlining yarmigacha ariq tortib ekilgan qulupnay pushtalari orasida suv yaltiraydi. Onda-sonda rang olgan qulupnaylar ko’zga tashlanib qoladi. Qayoqdandir shamol keldi. Hovli etagidagi yong’oq shoxlari bir guvillab qo’ydi. Shoikrom uyqu elita boshlagan ko’zlari bilan o’sha tomonga qaradi-yu, ter hidi anqib turgan lo’labolishga boshini tashladi. Shu ondayoq yana o’sha tovoqqa, bandi kuygan qoshiqqa ko’zi tushib, tag’in g’ashlandi. “Ziqna bo’lmay o’l!- deb o’yladi xotinini so’kib.-Azaldan qurumsoq edi, zamon og’irlashgandan buyon battar bo’ldi”.
Ichkarida chaqaloq yig’ladi. Beshikning g’irchillagani eshitildi. Bola xuddi shuni kutib turganday, battar big’illay boshladi. Kattasi ham uyg’onib ketdi shekilli, qo’shilishib yig’ilishga tushdi.
Shoikrom siltanib qaddini rostladi.
— Ovozini o’chir, Xadicha!
Ichkaridan xotinining beshikni mushtlagani, zardali tovushi eshitildi:
— Ovozi o’chsa koshkiydi! To’qqiz kechasida jin tekkan bunga!
“ Kambag’alning ekkani unmaydi, bolasi ko’payadi o’zi,- deb o’yladi Shoikrom ijarg’anib. – Shu kunimdan ko’ra urushga borib o’lib keta qolganim yaxshiydi”.
Uni urushga olishmadi. To’qimachilik kombinatida montyor yetishmasmidi, yo o’zi yaxshi ishlarmidi, har qalay, uni olib qolishdi. Shoikrom urush boshlanishidan sal oldin uylangan edi. Urush bo’ldi-yu, zamon o’zgarib ketdi. Bir xil odamlar tirnoqqa zor. Uning xotini bo’lsa, yonidan o’tib ketsa ham boshqorongi bo’laveradi. Xudo bergandan keyin tashlab bo’larmishmi, deb ketma-ket uchta qiz tug’ib berdi. Urushning qora qanoti uzoqlab ketgan bo’lsayam, hamon uning soyasi odamlar boshiga ko’lanka tashlab turibdi. Hali u qo’shninikida aza ochiladi, hali bu qo’shninikida.
Hovli etagidagi pastak eshik g’iyqilladi. Shoikrom kafti bilan ko’zini chiroqdan pana qilib qaradi-yu, shu tomonga kelayotgan onasini ko’rdi. U uylanganidan keyin otadan qolgan hovlini o’rtadan ikki paxsa devor olib bo’lishgan. Bungayam bir chekkasi Xadichaning injiqligi sabab bo’lgan edi. Har xil ikir-chikir gaplar chiqaverganidan keyin Umri xola ro’zg’oring boshqa bo’lsa o’zingga qayishasan, deb ularning qozonini boshqa qilib berdi. O’zi kichik o’g’li Shone’mat bilan narigi hovlida qoldi.
Rangi uniqqan chit ko’ylak ustidan nimcha kiyib olgan Umri xola sharpaday unsiz yurib keldi-da, yapaloq “musulmon” g’ishtdan yasalgan zinadan ayvonga ko’tarildi.
— Hali uxlamovmiding? – dedi u zinadan enkayib chiqayotganida surilib ketgan ro’molini qayta o’rab.
— Ko’rmaysizmi, chaqaloq tinchimayapti. O’zim itday charchaganman.
— Bola bo’lgandan keyin yig’laydi-da,- dedi Umri xola yupatuvchi tovushda.- Yotaver, bolam.- U yan o’sha unsiz odimlar bilan ichkari uyga kirib ketdi.
Qaynana- kelin bir balo qilib, bolalarni tinchitishdi. Keyin ikkovlari boshlashib chiqishdi. Xadicha bir qo’lida choynak-piyola, bir qo’lida zog’ora non keltirib, dasturxon ustiga qo’ydi.
— Choy o’lib qopti,- dedi u zog’ora ushatarkan.
Umri xola Shoikromning yonboshiga, shaparak ko’rpachaga o’tirdi.
— Ol o’zing ham,-dedi u tomirlari bo’rtib chiqqan qo’llari bilan, sochilgan uvoqlarni yig’ib og’ziga solarkan. Shoikrrom onasining barmoqlari tars-tars yorilib ketrganing endi payqadi. Ilgari ham shunaqamidi, yo’qmidi, eslay olmadi.
— Ovqatingdan qolmadimi? – dedi u cho’kkalab o’tirgancha choy quyayotgan xotiniga qarab.
Xadichaning uzunchoq sarg’ish yuzi qizardi. Aybdordek mahzun tovushda uzr so’radi:
— Qolmovdi-ya.
Shoikrom uning qizarganidan yolg’on gapirayotganini sezdi. Kim bilsin, ertalab o’ziga isitib berish uchun shunaqa deyayotgandir…
— Yo’q, bolam, ovqat kerakmas,- dedi Umri xola shoshilib.- Xayol surib yotibuyqum o’chib ketdi…- U bir lahza jim qoldi-da, o’ziga gapirganday sekin qo’shib qo’ydi. – Payshanba kuni Komil tayibning uyiga boruvdim. Har kuni nahorga bir kosadan qo’y suti ichsa, dard ko’rmaganday bo’lib ketadi, dedi.
— Hozir qo’y suti qatta,- dedi Xadicha.- Sigir suti otliqqa yog’-u… shu paytda sigirimiz tuqqan bo’lardi-ya.
Shoikrom xotinining gapini eshitmadi. Birdan uning ko’z o’ngida pastak deraza ostida shiftga tikilib yotgan ukasi jonlandi. Bir hovlida turib o’n kundan buyon holini so’ramaganiga afsuslanib, ichidan xo’rsiniq keldi. Shone’mat Rossiyadan ko’chirib keltirilgan zavod qurilishida ishlay boshlaganida uni urushga olishmaganidan Shoikrom suyungan edi. Gap boshqa yoqda ekan. Ukasi sil ekan. Shuning uchun qoldirishgan ekan. Mana, uch oydirki, yerga yopishib yotibdi.
Shoikrom o’n kuncha ilgari ishga ketayotib birrov kirib ukasidan hol so’ragan edi. O’shanda Shone’matning qoq suyak bo’lib qolganini, katta-katta ko’zlari nimagadir chuqur ma’no bilan o’ziga tikilganini ko’rgan edi.
“ Yaqinda o’ladi, — deb o’yladi u onasining ko’ziga qaramaslikka harakat qilib, — baribir o’ladi”.
— Tuzukmi? – dedi u hammasi uchun o’zi aybdorday qovog’ini solib.
— Shukur,- Umri xola qult etib yutindi.- Hozir uxladi.- onasi shu topda chiqib ovora bo’lmagin, degan ma’noda gapirganini Shoikrom tushundi.
— Ertalab xabar olaman,- dedi u onasi o’rnidan turganida.
— Sendan nega gina qilarkan, bolam,- dedi Umri xola ayvon labida to’xtab.- Ko’rib turibdi-ku. Ertalab chiqib ketasan, yarim kechada qaytasan. Bu kunlar unut bo’lib ketadi, bolam.- Zinaga yechgan kalishining bir poyi to’nkarilib qolgan ekan, umri xola oyog’ining uchi bilanto’g’rilayman deb, ancha ovora bo’ldi. Keyin zinalardan enkayib tushdi-yu, sharpaday unsiz yurgancha, hovli etagiga qarab ketdi. Pastak eshik g’iyqillab ochilib yopildi.
— Padariga la’nat shunaqa turmushning! – dedi Shoikrom bo’g’ilib. Keyin dasturxonni yigi’shtirayotgan xotiniga o’shqirdi.- Seniyam padaringga la’nat! Tumshug’ingni tagidan sigiringni yetaklab ketsa-yu, anqayib o’tirsang.
— Nega menga o’dag’aylaysiz?- Xadicha tovoqni qoshiqqa urib, yig’lamsiradi.- Nima, meniyam Ilhom samovarchining xotiniday so’yib kjetsinmidi? Siz kechalari smenda bo’lsangiz. Men uchta jo’ja bilan jonimni hovuchlab o’tirganim yetmaydimi?!
Shoikrom xotinini tarsakilab yubormaslik uchun yuzini o’girib, tishini g’ijirlatdi.
Suv qalqisa, loyqasi yuqoriga chiqqanday, zamon qalqigandan buyon yomon ko’paydi. Erta bahorda ularning tug’ay deb turgan sigirini o’g’irlab ketishdi. O’sha kecha shoikrom tungi smenada edi. Kechasi bilan sharros jala quyib chiqdi. Shoikrom tong-saharda bir nimani sezganday ko’ngli g’ash tortib, uyiga qaytdi. Kelsa xotini, bolalari, onasi dod solib o’tirishibdi. Xadicha og’iroyoq emasmi, o’zibilan o’zi ovora bo’lib bilolmay qolibdi. Ertalab tursa ko’cha eshik lang ochiq, yong’oqqa bog’loqliq sigir yo’q.
“ Shu paytgacha sigir tug’ardi, ukamning og’ziga aqalli bir kosa sut tutardim, — deb o’yladi Shoikrom o’kinib.- Qani o’shalar qo’limga tushsa, chopib tashlardim”.
Shundoq dedi-yu, egasi ming poylasin, o’g’ri-bir.mana, bundan ikki oycha ilgari Ilhom samovarchining xotinini pichoqlab ketishdi. Bechoraning bitta-yu bitta echkisi bor ekan. Hovliga o’g’ri tushganini bilib, xotin sho’rlik dod solibdi. Eri chyxonada ekan. Yugurib borib echkining arqonidan ushlaganmi, xullas, yetib kelgan qo’ni- qo’shnilar qora qoniga belanib yotganini ko’rishibdi.
— Shu kunda yana og’ri oralab qoldi, — dedi Xadicha ko’rpachani qoqib tancha chetiga solarkan.- Qulupnay qizarmasidan bitta qo’ymay terib ketyapti.
-Vahima qilma!- dedi shoikrom qovog’ini u’yib.- Bolalar terib yegandir. O’g’ri qulupnayga keladimi?
— Og’ziga bir dona olgan bo’lsa buyurmasin. Nega kelmas ekan? Bir hovuchini opchiqib sotsa bir kosa jo’xori beradi. Ana, borib qarang, devorning bir cheti o’pirilib yotibdi!
— Vahima qilma!-= dedi Shoikrom yana g’o’ldirab. Ammo bu safar o’zining ham yuragi seskanib ketganini payqadi. Ko’nglida paydo bo’lgan g’ashlikni sezdirmaslik uchun hovliga tushdi. Sekin yurib, qulupnay pushtalari oldiga keldi. Ariqlardagi suv chiroq nurida yaltirab, shamolda jimirlar, marjonday terilib rang olganqulupnaylar suvga tegay-tegay deb turardi.
“ Rost-da,- deb o’yladi u pushtalar atrofida aylanarkan,- bir hovuch qulupnayga bir tovoq jo’xori beradi. Tansiq narsa… xadicha yolg’on gapirmaydi. Bolalar yeganbo’lsa, buyurmasin, deyapti-ku. Pishiq, yo’latmaydi…”
Bultur xotini xuddi shu qulupnay tufayli onasini ham qattiq ranjitgan edi. Umri xola bir xovuch qulupnay olgan ekan, xadicha bolalarga non puli bo’lar deb ekkanmiz, norastalarning nasibasiga tegmang, deb bobillab beribdi.
Shoikrom o’shanda onasining yoz bo’yikelini bilanyuzko’rmas bo’lib yurganini esladi-da, yana o’sha gap xayoliga keldi. “Xadicha anoyi emas, qurumsoq…”
U aylanib yong’oq tagiga bordi. Bordi-yu, chindan ham ko’cha tomondagi devorning bir chetio’pirilganini, ostiga tuproq to’kilganini ko’rib, yuragi orqasiga tortib ketdi.Nazarida devorning kemtik joyidan birov mo’ralab turganday bo’ldi. Yong’oq shoxlarining shamolda vishillashi ham, oyog’i ostida to’kilib yotgan devor tprog’i ham shubhali, vahimali ko’rinib, darrov orqasiga qaytdi.
Xadicha allaqachon uyga kirib ketibdi. U chiroqni o’chirib, sandal chetiga yotdi-yu, ko’nglidagi g’ulg’ula kuchayib ketaverdi.
Kuzda o’zi bilan ishlaydigan yigitning hovlisidagi so’ritokdan g’arq pishib yotgan uzumlarini o’g’irlanvb ketishganini esladi. Shamol borgan sari avjga chiqar, hovlidagiyong’oq barglari shovillab, shoxlari g’irchillar, allakim ship-ship qadam bosib, ayvon labiga kelayotganday bo’lardi.
Xadicha rost aytadi. U kechalari smenada bo’lsa, xotini uchta jo’ja bilan jon hovuchlab tong ottirsa, o’g’rigao’ljanini katta-kichigi bormi? Qo’liga nima ilinsa olaveradi-da. Bordi-yu, o’zi yo’g’ida uyini o’g’ri bossa, xotini dod solsa, pichoqlab tashlasa. U yoqdan onasi chiqsa, uniyam pichoqlasa… “ Vijdonsiz! Odamlarning boshiga kulfat tushganidan foydalanib qoladiganlarni qirish kerak”.
Birdan xayoliga kelgan fikrdan uning vujudi titrab ketdi. Qora kunlari uchun, ne umidlar bilan tishidatishlab yurgan g’unajinini o’g’irlagani uchun, o’lim to’shagida yotgan ukasining oxirgi nasibasidan mahrum qilgani uchun, non puli bo’lar deb yetrishtirgan mevasidan judo qilayotgani uchun shundoq qasos olsinki, o’sha xudo bexabarlardan.
U o’rnidan sakrab turib ketdi. Chiroqni yoqib, otilib hovliga tushdi. Hamon shamol o’kirar, osmonning goh u, goh bu burchida chaqmoq yaraqlab, yong’oq shoxlari shubhali g’iyqillar, ammo endi bular uni qo’rqitolmas edi. U yonboshidagi oshxonaga kirdi-yu, cho’ntagidan gugurt olib chaqdi. Titroq qo’llari bilan qorayib ketgan devordagi mixga ilig’liq turgan ikki o’ram simni oldi. Bir vaqtlar urushdan oldin u bu simlarni bazmlarga olib borar, odamlarning hovlisini mash’aladay yoritib berardi. Endiyam yaxshilikka xizmat qilsin!
“ Menga desa otib yubormaydimi! – deb o’yladi u ayvon labiga cho’qqayib o’tirganicha usti yopiq simni ochiq simga ildam ularkan.- Harna bitta haromxo’rni o’ldirganim. Bittasi o’lsa, boshqalari adabini yeydi”.
U chaqqn harakat qilar, a’zoyi badani terlab ketgan, ammo buni o’zi payqamas, faqat bir so’zni takrorlardi: “ Menga desa otib yubormaydimi!”
U simning ochiq qismini qulupnay pushtalari ustiga uloqtirdi. Sim ilonday bilanglab pushta ustiga tushdi. Yopiq qismini ayvon tagidan olib o’tdi-da, bir uchini ustundagi ilgakka tiqib qo’ydi. Keyin birdan bolalar kechasi hovliga tushsa nima bo’ladi, degan xayol miyasiga urildi-yu, uyga kirdi. Xadicha yotgan joyida uyqusirab boshini ko’tardi.
— Ha?
— Hovliga chiqma, bolalar ham chiqmasin, o’ladi! – dedi Shoikrom ko’zlari yonib.
Xadicha hech nimaga tushunmadi shekilli, “xo’p” dedi-yu, boshini yostiqqa tashladi. Zum o’tmay tekis, chuqur nafas ola boshladi. Shoikrom ayvon chirog’ini o’chirib, yana uyga kirdi. Har ehtimolga qarshu shundoq eshik tagiga, namatga ko’ndalang yotib oldi.
“ Menga desa otib tashlamaydimi? “ deb o’yladi yana o’shanday zarda bilan. Shu topda negadir bolalarini emas, xotinini ham emas, ukasini o’yladi. Shone’mat bolaligida ham zaifgina edi. Shoikrom uni har kuni maktabdan o’zi olib kelar, ikkinchi smenada dars tugaguncha poylab o’tirardi. Otasi o’lganida Shoikrom oltinchida, ukasi ikkinchida o’qirdi. O’shanda Shone’mat yig’lamagan, ammo ichikib kasal bo’lib qolgandi. Ona-bola uni avaylab katta qilishdi. Endi bo’lsa, besh kunligi qoldimi yo’qmi, aka bo’lib xabar ham ololmaydi.
Shoikrom uxlamadimi, yo’qmi, bilolmadi. Bir mahal bola yig’ladimi, yo tashqarida shamolning guvillashi aralash dahshatli bir faryod qulog’iga kirdimi, anglay olmay qoldi. Sapchib o’rnidan turib ketdi. Ayvon chirog’ini yoqishi bilan qulupnay pushtasida muk tushib yotgan odam gavdasini ko’rdi-yu, dahshatdan qotib qoldi. Shu ondayoq xato qilganini, qotillik qilganini payqadi. Sim uchini shartta ilgakdan yulib olib, hovliga otildi. “Boshqalari qochdi” degan fikr lip etib xayolidan o’tdi. Pushtalar ustida sakrab-sakrab yurib borarkan, oyog’i botib ketayotganini payqadi. Keyin g’ujunak bo’lib yotgan odamdan uch qadam beriroqda to’xtadi-yu, birdan cho’kkalab qoldi. Bir lahza ko’zlari olayib tikilib turdi-da, ko’ksidan shamol g’uvurini ham, o’z vujudini ham larzaga soluvchi bir nido otilib chiqdi:
— Oyi-i-i!
U boshidan hushi uchibborayotganini elas-elas his qilib o’zini yerga otdi. Titroq qo’llari bilan loy changallaganchacho’kkalab ko’ksiga mushtlay ketdi.
— Oyi! Oyijon !
Umri xola bir qo’li bilan uniqqan chit ko’ylagining etagini mahkam changallab olgan, etak ichida ikki hovuch pishgan-pishmagan aralash qulupnaylar ko’rinib turar, boshqa qo’li bilan esa ilondek simni ushlab turardi. Shoikrom uning qulupnay qizili yuqqan, yorilib ketgan barmoqlarini, bo’rtgan tomirlarini aniq ko’rdi. Nariroqda, loyli ariq ichida uning kalishi yotar, chamasi, sim oyog’iga tekkanida yulib olmoqchi bo’lgan-u, qo’liga o’ralashib yiqilgan edi.
Shoikrom loyli marzadan emaklab borgancha, o’zini onasining quchog’iga otdi.
— Oyijon, oching ko’zingizni!- dedi u gezarib ketgan lablari bilan onasining muzday yuzidan o’pib.
U anchadan keyin o’ziga keldi-yu, tepasida xotini turganini, qizchalari yig’layotganini payqadi. Boshini ko’tarishi bilan marza chetida cho’nqayib o’tirgan Shone’matga ko’zi tushdi. Necha haftalardan buyon o’rnidan jilmay yotgan ukasi, aftidan, qandaydir kuch topib emaklab chiqqan, ko’ylagining yelkalari osilib turar, katta-katta ko’zlari vahima bilan boqar edi.
-Nima qilib qo’ydim, ukam! – dedi Shoikrom yana balchiqqa belangan kafti bilan yuzini changallab. Keyin yana onasining ustiga o’zini tashladi. U onasini ko’tarishga urinar, ammo onasining ikki buklangan gavdasi negadir hech tiklanmas edi.
— Sut ichmay zahar ichsam bo’lmasmidi, — dedi Shone’mat ovozi titrab.
Shoikrom bu ojiz, titroq tovushdan seskanib, ukasiga tikilib qoldi.
— Zahar ichsam bo’lmasmidi,- dedi Shone’mat yana o’sha ohangda. Aftidan, u yig’lay olmas, yig’lashga madoriyetmasdi.- Kechayam aytuvdim, ko’nmadilar. Qulupnayga sut alishadi, dedilar.
Shoikrom boshqa hech nimani eshitmadi. Eshitolmadi. Foydasi ham yo’q edi.

* * *

Umri xolani peshin namoziga chiqarishdi. Go’ristondan chiqib kelishayotganida Shoikrom odamlarningo’zaro gapini eshitib qoldi.
— Urush tamom bo’pti, eshitdingizmi?

1967

080

(Tashriflar: umumiy 81 209, bugungi 1)

57 izoh

  1. «Urushning so‘nggi qurboni»asari juda ham qiziqarli asar vashu bilan birga insonni o‘ziga jalb qila oladigan asar hamdir bu asarni o‘qiyotgan har bir inson 7 dan to 70 gacha bo‘lgan insonlar birday qiziqib sevib o‘qisa bo‘ladigan eng yaxshi malakali kitobdir

  2. Juda zo’r hikoya ekan.Sizlarga ham rahmat.lekin bazi bir joylaridagi so’zlar bir biriga qo’shilib ketgan ekan

  3. Zor hikoya men6chi sinfda òqiyman bu yangi kitobizi scanida bor ekan
    Raxmat shunaqa hikoyalar toplamini chiqarilar endi

  4. ,,Сигир тугган буларди-я» деб кайси образ айтган ?

  5. Juda qiziq hikoya ekan menga u hikoya judayam yoqdi men u kitoni yana qaytabtan õqib chiqyapman. Menga u kitob judayam yoqdi sizlarga ham tavsiya qilaman. Men õzi 12yoshdaman Jizzaxdanman

  6. Assalomu alaykum.Men 6-sinfda õqiyman.Menga shu asarni õqish berilgan edi.Men buni õqidim.Menga juda yoqdi.Oila a’zolarimga ham yoqdi.Umuman gap bõlishi mumkin emas.JUDDA JUDDA ZÕR ekan.Men bu asarni yozganga va chop etganga KATTAKON minnatdorchilik bildiraman.

  7. Salom menga bu asar juda ham yoqdi kitibimizda oxirigacha berilmagani uchun hafa bolgandim ammo bu yerda toliq hikoyani mazza qilib oqidim bazibir hatolarini aytmaganda

  8. Rahmat judayam zor ekan
    ♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♡♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎♥︎◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◇◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆◆♡♡♥︎♥︎◇◇◆◆♡♡♥︎♥︎◇◇◆◆♡♡♥︎♥︎◇◇◆◆◆◇◇♥︎♥︎♡♡◆◆◇◇♥︎♥︎♡♡◆◆◇◇♥︎♥︎◇
    ☆★☆★☆★☆★☆★☆★☆★☆★☆★☆★☆★☆★☆

  9. MEN 6 — SINIFDA OʻQIYMAN BIZNING KITOBIMIZDA BU ASAR TOʻLIQ BERILMAGANLIGI UCHUN BUNI INTERNETDAN QIDIRGAN EDIM VA ENDI TOʻLIQ OʻQIB CHIQDIM QOIL JUDA TASIRLI AJOYIB ASAR EKAN!!!!

  10. Men 6-sinifda õqiyman meni kitobimda hamasi tõliģ emas edi men internetda qidirdi va topdim men hamasini õqib tasirlandim

  11. Juda zõr asar ekan bu asarni bizning kitobinizga berilgani sabab õpib chiqdim. Juda tasirlanib ketdim hatto yiģladim ham.Menga yoqdi ozgina kamchiliklarini aytmasak.

Izoh qoldiring