Ozod Mo’min. Buyuk Amir Temurning yoquti.

Ashampoo_Snap_2017.10.09_16h38m24s_003_.png12 ноябр — таниқли адиб Озод Мўмин таваллуд топган кун

Орадан олтмиш йилдан кўпроқ вақт ўтди. 1912 йили улкан ёқутдаги ёзувлар инглиз жавоҳиршуноси Жеймс Ҳерберт Смитнинг диққатини ўзига тортди. Ундаги энг йирик битикларни арабча алифбени билувчиларга ўқитиб кўрди. Таржима қилдирди. Унда: «Бу, Исфаҳонга 1153 йил Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир», деб ёзилганди.

Озод МЎЪМИН
БУЮК АМИР ТЕМУР ЁҚУТИ
 Tарихий воқеаномалар
09

Мен роппа-роса ўн йил, яъни 1980 – 1990 йилларда қимматбаҳо тошларнинг табиий хусусиятларини ўрганиш билан шуғулланганман.

Ўша пайтлардаги илмий ва техник ишларим ҳозирги пайтда, барча қимматбаҳо тошлар илми – геммология саноати ривожланган мамлакатларда кенг қўлланилаётган бир қанча қурилма-асбобларга асос солган. Мен ҳозирги пайтда уларга муаллифлик ҳуқуқимни пеш қила олмайман, сабаби Совет Иттифоқи Патентлик бюроси бошқа юртларда ҳам ҳимояланувчи ҳужжат бера олмаган. Айтилган йиллардаги меҳнатларим, чеккан заҳматларим, чидам ва сабр-тоқатларим ўз самарасини берган — менга Совет Иттифоқи ихтирочиси медали топширилган ва тадқиқотларим асосида физика-математика фанлари номзоди шарафини ёқлаганман.

Мен олиб борган илмий изланишларим мобайнида қимматбаҳо тошларнинг жуда ажойиб хоссалари мавжудлигига, катта ахборот манбаи эканлигига чин дилдан ишонганман. Уларнинг қалбларни қитиқловчи оҳанрабо нурлари, турли ажабтовур жилваларида нафақат шеърият, нафақат севги ва муҳаббат, балки ҳаётнинг, шафқатсиз, ҳийлакор ҳаётнинг драматик насри, бўялмаган тарихи ҳам мужассамлашганлигини ҳис этганман.

Мен мана шу ўтган йиллар ичида фантастик асарлар ҳам ёзишни бошлаганман. Бадиий ижод менга келажакка умид бағишлаб, кўнглимда қувонч ва ишонч уйғотган бўлса-да, негадир қимматбаҳо тошлар ҳақида, улар билан боғлиқ бирор асар ёзишга ҳаракат қилмаганман. Сабабини билмайман. Кўнглимга йилт этган қандайдир фикрлар келган бўлиши мумкин албатта. Аммо, жиддий туртки бўлмаган. Ҳаттоки, уйғур ва татар халқининг фарзанди, геология-минералогия фанлари номзоди, ажойиб фантаст-ёзувчи Спартак Ахметовнинг “Шоҳ” олмоси” номли қиссасини ўқиганим, бу муаллиф билан яқиндан танишганим, у менинг асарларим таржимони бўлгани ҳам таъсир қилмаган. Бунинг асл моҳиятини кейинроқ тушундим: ўша йилларда мени асосан атрофимдаги инсонларнинг, аниқроғи илмий раҳбаримнинг ўз ваъдасида турмаслик учун турли ҳийла-найранглар уюштира берганлиги онгимни уларга қарши яширин кураш олиб боришга доимий куч сарфлашга мажбур этаберган ва асосий мақсадим тайёр илмий ишимни нима қилиб бўлса ҳам ёқлашга қаратилгани экан. Бу хилдаги одамлар – уларни бундай деб атамаса ҳам бўлади – ўз хизмат юкларини бошқаларга ағдариш, ортиқча меҳнат қилмай, хотиржам ва тўқ турмушларини таъминлаш мақсадида бошқа бир инсоннинг меҳнатини рўёбга чиқармайдилар, турли тўсиқлар қўядилар, унинг ўтаётган умрини сариқ чақага ҳам олмайдилар. Ўзига боғлиқ одамнинг иродасини бўшаштиришга, куч-қувватини кишанлашга уринадилар. Мен йиллар давомида бу кишанларни парчалашга ҳаракат қилдим ва охир-оқибатда мақсадимга етдим. Бунинг учун, мен Яратганга чексиз шукурлар қиламан ва менга зулм қилган кишининг ажрини Энг Буюк Зотга ҳавола этаман.

Бу менинг ҳаётимнинг кичик бўлагининг жуда қисқа тарихи.

Мен ўша йилларда қимматбаҳо тошлар ҳақидаги турли ҳужжатлар, қўлёзмалар ва китоблар билан танишганман. Ана улар тошларни тилга киритганлар, мени ажиб, қизиқарли дунёга олиб кирганлар.

Қимматбаҳо биллур тошларга бағишланган бир қўлёзмада жаноҳирлар султони – олмос тўғрисида мана бундай дейилган экан: «… Инсон олмосни чап томонида олиб юриши лозим, токи у юракка қувват ва дармон берсин. Олмос эр кишига матонат ва мардлик бахш этади, унинг жисмоний қудратини асрайди. Агар у ҳақ иш учун курашаётган бўлса, душманни енгишга ёрдам беради. Олмос ақлни ҳам пешлайди, ғаму кулфатни нари суради ва инс-жинсларни ҳайдайди. Кимда ким олмос эгасини балога гирифтор қилмоқ истаб, сеҳр-жоду ишлатса, барча кўргиликлар унинг ўз бошига қайтади. Олмос олиб юрган кишига ҳеч бир йиртқич ҳайвон яқинлашишга жазм этмайди. Бу биллур тош одамни фақат эзгу ишларга ундайди, баъзи касалликлардан ҳам фориғ этади. Бироқ олмосни фақат тўғрилик ва олижаноблик билан қўлга киритиш жоиз, қаллоблик ва зўравонлик эвазига эгалланган биллур тошнинг ижобий таъсири йўқолади. Гуноҳга ва ношаръий ишларга мойил кишининг олмос олиб юриши умуман бефойда…»

Ҳа, инсон қадимдан илоҳиётга ишонган, ҳар бир жисмда ўзига хос бир қувват, ўзига хос бир мўъжиза мавжуд эканлигини ўзича кашф қилган. Бу мўъжизавий қувватнинг фақат эзгуликка хизмат этишини таъкидлаган. Бу хислатларни балки вақти келиб илмий нуқтаи назардан исботлаш мумкин бўлар. Ҳозир мен ҳам тошларни сўзлатиш учун ғайриоддий бир усулга мурожаат этмоқчиман, яъни фантастика мен учун севимли адабий жанр бўлгани сабабли, унинг усулларидан фойдаланаман. Бу жуда холисанлилло бадиий йўл. Ишонтириб айтаманки, суҳбатдошликка чақирилаётган камёб жавоҳир сизни ва мени асло алдамагай, зотан чинни ёлғонга, ёлғонни чинга айлантиришдан, ўзини доно кўрсатиб, бошқа бировни, ўзидан жабр кўрган одамни чекка-чеккаларда қоралаб, камситиб юрадиган нусхага у асло ўхшамайди. Бундай ишдан унга бирон-бир наф йўқ. Унинг бола-чақаси йўқки, тўғри йўл билан боқолмай, товламачилик қилса…

Мен илмий тадқиқотларимда асосан лазер нурлари билан қимматбаҳо биллур тошларнинг ўзаро таъсирини ўрганганим туфайли, мана бундай шартли фантастик ҳолатни қабул қилишни лозим топдим: кичик қувватли, гелий ва неон газлари аралашмаси ёрдамида ҳосил қилинадиган лазер нурига (катта қувватли нур тошга зарар етказиши мумкин) махсус йўл билан ўз саволларимни киритаман-да, уни тош вужудига юбораман. Тош албатта саволларимни англайди ва текис, силлиқ юзаларида синган, қайтган нурлар воситасида жавоб беради. Тош қаърида битмас-туганмас ахборот ётибди. Ана шу ахборот қайтаётган нурларга албатта «илашади». Қайтган лазер нурини махсус асбоб ва комньютерда тадқиқ қилиб, жавобларни англайман. Компьютер экрани менга барча жавобларни ёзиб беради. Сиз ҳам шундай ҳолни тасаввур этинг ва қабул қилинг.

* * *

Менинг суҳбатдошим – Шарқда «Чироғи олам» (Баъзи манбаъларда уни Хирожи олам» деб ҳам аташади. Хуршид Даврон изоҳи), Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталмиш қимматбаҳо тошдир. Унинг билан қилган мулоқотим мобайнида кўп нарсаларни билиб оласиз. Ушбу жавоҳир Ўзбекистонда эмас, Буюк Британия қироллиги саройида сақланаётганлиги учун мен сафар қиламан.

Мен Англияга боришга рухсатнома олдим ва Лондонга қараб учдим.

Самолет “Хитроу” аэропортига қўнгач, таксига ўтириб, тўппа-тўғри Буюк Британия қироллигининг Букинхем саройига йўл олдим. Ва боришим билан сарой ходимларидан фақат битта нарсани, «Ҳиндистон» хонасида сақланувчи ўта ноёб жавоҳирни – Шарқда «Чироғи олам», Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталмиш қимматбаҳо тошни кўрсатишларини ҳамда у билан суҳбатлашишга рухсат этишларини сўрадим. Ҳеч ким монелик билдирмади.

<_f6a890b3ea16e2e452c66ef69226bc19.jpg

s640x480.jpgМен олиб борган лазерли асбобим ва компьютерни яхшилаб созладим-да, суҳбатни бошладим. Қулоқ тутинг, азизлар!

* * *

– Ҳурматли «Чироғи олам» ёхуд «Буюк Амир Темур ёқути», сиз жуда яхши биласизки, гўзаллик, камёблик ва чидамлилик қимматбаҳо тошнинг уч асосий сифатидир. Бу белгиларнинг бирортаси етишмайдиган биллур тош қимматбаҳо ҳисоблана олмайди. Жавоҳир кўзни, дилни қувнатиши керак, деган гап – оддий ҳақиқатдир. Инсоният бутун тарихи мобайнида турли жавоҳирларни топишга, уларнинг хусусиятларини илмий томондан ўрганишга интилган. Бизнинг қадимий юртимиз ва халқимизнинг буюк вакиллари бўлмиш Абу Райҳон Беруний ҳамда Абу Али ибн Сино қимматбаҳо тошлар ҳақида махсус китоблар битишган. Берунийнинг «Жавоҳирлар тўғрисидаги маълумотлар (Минералогия)» рисоласи ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу илмий монография жаҳоннинг турли тилларида ҳамон қайта-қайта чоп этилиб келинаётир. Ибн Синонинг худди шундай китобидаги маълумотлардан бутун жаҳон олимлари то XX асргача фондаланиб келишган.

–Ҳурматли тадқиқотчи, бу гапларингизнинг мен учун бирон-бир илиқ-иссиқ жойи йўқ. Қимматбаҳо тошларни X асрлик Абу Райҳон Беруний ўрганадими ёки XX асрлик инглиз жавоҳиршуноси Ҳерберт Смит текширадими, менга барибир.

– Булар сиз учун эмас, ўқувчилар учун муҳим. Энди сизни таништирай. Шундан сўнг сизга бир қанча саволлар бераман.
– Марҳамат.

– Сиз бутун дунё тарихидаги энг ноёб ёқут ҳисобланасиз. Ҳажми ва оғирлиги жиҳатидан сизнинг ҳеч бўлмаса ярмингизчалик келадиган ёқут шу вақтгача топилмаган. Оғирлигингиз 361 карат (1 карат—0,2 г). Мана, кўриб турибман, сиз ўзингиздан кичик учта ёқут, бир қанча йирик дур ва зумрадлар қадаб ясалган тақинчоқнинг марказий қисмисиз. Гапларим тўғрими?
– Ҳа.

Мен яна савол бердим.
– Маълумки, сизни бобомиз Буюк Амир Темурнинг ёқути деб аташади. Буюк Амир, ўзларининг гаплари бўйича «бутун дунёдаги разил жиноятчиларнинг ёстиғини қуритиш нияти билан» умр кечирганлар. 1398 йили Деҳли шаҳрини ўз тасарруфларига олган пайтларида, сизни у кишига туҳфа этишган. Янглишмадимми?
– Йўқ. Жуда аниқ.

– Энди мен холис тингловчи бўлиб тураман. Сиз ўз тарихингизни баён қилаверинг. Мен вақти-вақти билан ганингизни бўлсам, маъзур тутасиз, келишдикми?

– Розиман.
– У ҳолда бошлайверинг.

* * *

1398 йили Буюк Амир Темурга жанубий ўлкаларга ҳукмронлик қилаётган набираси Пирмуҳаммаддан нома келди. У ўзи идора қилаётган ерларни кенгайтиришга уриниб, Синд диёрининг катта шаҳарларидан бири Мултонни ишғол қилибди. Бу жойларда мўмин мусулмонлар кам-у оташпараст – кофирлар мўл экан. Улар мўминларга ола қарарканлар.

Буюк Амирнинг жаҳли чиқди. Албатта, ундайлар ўз жазосини олиши ёки ҳақ йўлга кириши даркор. У ислом дини йўлида кўп заҳматлар чекди, қийинчиликларга кўнди. Бироқ ҳаракатсиз, роҳат-фароғатда яшаш унга ёт. У ҳақиқат учун, Муҳаммаднинг қутлуғ байроғини юқорироқ кўтарши учун қўшин суришдан чарчамайди.

Шунинг учун, у дарҳол қўшинни йиғиб сафар тадоригини кўра бошлади. Шу жараёнда Ҳинд ўлкасидан ҳам хабарлар келди. Деҳли султони Ферузшоҳнинг мангулик дунёсига ўтганидан сўнг, Ҳиндистоннинг кўп шаҳарларидаги бутпараст, оташпараст кофирлар мусулмонларни чиқиштирмай қўйибдилар, эзиб янча бошлабдилар. Бундай рўй бераётган ҳодисалар ҳам соҳибқироннинг ғазабини қўзғатди. Демак, жиддий урушга тайёргарлик кўриш керак.

Амир Темур қўшини Деҳлига яқинлашгунча, йўл-йўлакай барча ерларда ҳаққоний тартиблар ўрнатилиб, ёмонлар жазоланиб борди. Ниҳоят. 1398 йил 11 декабрда соҳибқирон Деҳли остоналарига етиб келди. Энди ҳақиқий жанг бўлиши керак эди. Буюк Амир 13 декабрда шаҳзодаларни, амирларни, саркардаларни, сарой аёнларини ва ўн минг кишилик хос навкарларини Ферузшоҳ мақбараси олдига йиғиб, мажлис қурди.

Соҳибқирон душман билан қай тахлитда ва усулда жанг олиб бориш, уни қандай қилиб эсанкиратиш ҳамда қай йўл билан жанг гирдобидан чиқиш лозимлигини тушунтирди. Ҳар бир кишининг жанг пайтидаги вазифасини, ким марказда, ким чап ва ўнг қанотда юришини белгилади. Душман ҳужумини қай усулда даф этишни англатди.

Мажлис аҳли тарқалгач, соқибқирон мунажжимлардан юлдузларнинг қандай ҳолатда эканлигини сўради. Улар аниқ бир фикр изҳор қила олмадилар. Эртаси бомдод намозидан сўнг, Буюк Амир Темур Тангрининг меҳрибонлигига ишониб, Қуръонни очди ва фол кўрди. Унда ушбу сура намоён бўлди: «Ҳақиқатдан ҳам бу ердаги ҳаёт нимага ўхшайди? У осмондан ёғадиган, ўсимликлар шимадиган, одам ва ҳайвонлар ичадиган сувнинг ўзи. Ер юзи чиройли яшил либослар кийганда, улар бу иш ўзлариники деб хаёл қиладилар, ҳолбуки бу нарса бир кунда бизнинг амримиз билан рўй берган ва олдин бундай эмас эди». Бу сура соҳибқирон рақибларининг янглиш фикрлари ва хатоларига, ҳинд қўшинларининг саркардаси бўлмиш Маллухон ўй-ниятларига ишора эди. Буюк Амир яна бир бор фол кўриб, «Асалари» сурасидаги ушбу сўзларни очди: «Оллоҳ, бизга икки қулни, яъни ҳеч ким ҳамда ҳеч нарсага ҳукмронлик қилолмайдиганни ва биз аъло мазмунли қилиб яратганимиз, шунинг учун яширин ҳамда очиқ равишда қурбонлик қилиб турувчини солиштиринг, деганлар». Соҳибқирон бу икки сурани таҳлил қилиб, ўзининг бахт юлдузи ярқираётганини ҳис қилди.

17 декабрь куни Соҳибқирон отга минди ва қўшинини сафлади. Асосий отлиқ қўшин марказга тизилди. Унинг олдида илғор қисм — жангни бошлаб берувчилар, орқасида эса қароргоҳ билан заҳира аскарлар жойлаштирилди. Буюк Амир Темур қанотларга ҳам эътибор берди. Иккала томонга алоҳида-алоҳида қисмлардан иборат бўлган отлиқ жангчи бўлинмаларини — канбулларни сафлади. Одатда, марказий қўшин асосий жангни олиб борар, канбуллар эса душманнинг ўнг ва чап қанотини ёриб кирншга ва айланиб ўтиб орқадан зарба беришга уринардилар. Канбуллар энг ботир ва тажрибали жангчилар эдилар. Ўнг қанотни шаҳзода Пирмуҳаммад, шаҳзода Сулаймоншоҳ ва бошқа амирлар, чап қанотни шаҳзода Султон Ҳусайн, шаҳзода Халил Султон, Жаҳоншоҳ ва бошқа амирлар, илғор қисмни шаҳзода Рустам, амир Шайх Нуриддин, амир Шоҳ-Малик, Оллоҳдод ва бошқа амирлар жангга солдилар. Соҳибқирон қўшин марказида турди.

Султон Маҳмуд Деҳлавий ва саркарда Маллухон ўн минг отлиқ, йигирма минг сараланган пиёдаларни сафладилар. Тўфон пайтидаги денгиздек пишқириб турган 120 та уруш филларини ҳам жангга ҳозирладилар. Ҳар бири тоғдек келадиган бу филларнинг устидаги тахтиравонларга камон отувчилар жойлаштирилди. Филларнинг хартумлари бир-бирлари билан боғланди, улар орасидан ёриб кириш мушкул эди. Ҳинд қўшинларида яна бир қурол бор эдики, Султон Маҳмуд Деҳлавий унга катта умид боғлаганди. Бу, узоқдан туриб ҳам душманни ажал комига равона қилувчи «ўқ отар» эди. «Ўқ отар» Темур қўшинини эсанкиратиб қўяди, деб хаёл қилди ҳинд султони.

Афсуски, у янглишганди. Соҳибқирон бундай қуролни 1379 йилдаёқ Урганч қамали вақтида ишлатган, буюк Амирнинг қўшини ундан зарра чўчимади.
Соҳибқирон Бахали тепалигига қароргоҳ қуриб, сарой ходими мавлоно Насриддин Умарга шу ерга жойнамоз солишни буюрди ва икки ракаат намоз ўқиб, Оллоҳдан ёрдам ҳамда жангда мадад сўради.

Ниҳоят икки денгиз жунбушга келиб чайқалди ва қирғинбарот жанг бошланди. Соҳибқироннинг илғор қисми филлар қаторига ҳужум қилиб, бу ҳаракатланувчи тоғларнинг орасидан ёриб киришга муваффақ бўлди. Улар филбонларни, камончиларни йиқита бошладилар, каллалар чавгон тўпларидек туёқлар орасига думалаб тушар, қонлар фавворадек отиларди. Душман ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатар, матонат билан жанг қиларди.

Бу муҳорабани тўлиқ тасвирлашга тил ҳам, қалам ҳам ожиз. Ботирлик ва аёвсизлик, тажриба ва ғўрлик, баҳодирона ҳайқириқлар-у, қилич-найзаларнинг жаранги, кесилган бошлар-у, дарё-дарё қон оқимлари — барчаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Филларнинг бўкиришлари, ярадорларнинг дод-войи чор атрофпи тутди. Ҳа, уруш кўнгли юмшоқ, заиф кишиларнинг иши эмас. Заифлар, кўнгли бўшлар, қўрқоқлар инсониятнинг бутун тарихи мобайнида қулликка маҳкум бўлиб келганлар. Қўйдек беозорлик, ҳийлакор душманнинг сўзларига лаққа ишониб юравериш ҳар қандай халқни, айниқса, ўз тарихини, инсоний иззатини унутиб қўйган халқни бошқаларга қарам қилиб қўяди. У пахта экиб, бир парча читга зор бўлади, буғдой ундириб, нон еёлмайди, олтин қазиб олиб, чақага зориқади.

Душман қаршилиги бора-бора сусайди. Ахир, қандай қилиб сув томчиси қалъа деворига таъсир кўрсатолсин?.. Султон Маҳмуд ва саркарда Маллухон бир сиқим аскарлар билан қочиб қолдилар. Бироқ, кейинчалик улар буюк Амир Темур пойига бош уриб, қаршилик кўрсатганликлари учун кечирим сўраб келдилар.

Жанг тугади. Деҳли таслим бўлди. Шаҳарга кириш маросими эртанги кунга белғиланди.

18 декабрь куни соҳибқирон ўз аёнлари билан Деҳлининг Майдон дарвозасига яқинлашди. Бу ерда уни тантана билан шаҳарнинг саидлари, буюк кишилари, казо-казолари кутиб олишди. Улар Буюк Амир Темурнинг оёқларини ўпиб, ноёб совғалар топширдилар. Бундан буён Деҳлида ҳақиқат, тинчлик, бахт-саодат ҳукм суришига ишонч билдирдилар…

Туҳфалар орасида дуру жавоҳирлар ҳам мўл эди. Уларнинг ичида жуда ҳам катта, оловдек ёниб турган, қип-қизил «Чироғи олам» деб ном олган бир ёқут кўзни қамаштириб жило сочарди…

Бу ёқут соҳибқироннинг Самарқанддаги йигирма беш минг ноёб жавоҳирлари қаторидан ўрин олди.

«Чироғи олам» юзига буюк Амир Темур номи ўйиб ёзиб қўйилди.
Қани ўша йигирма беш минг ноёб жавоҳир?!!
Қайларга йўқолди улар?..

Вақт деб аталмиш тўфон нафақат уларни, халқ орасидаги жуда кўп инжу-жавоҳирдек кишиларни ҳам эзди-янчди, олиб кетди…

* * *

– Ҳурматли «Чироғи олам», сиз ана ўша вақт — 1398 йил 18 декабрдан бошлаб Буюк Амир Темур бобомизнинг кўзларини, дилларини қувнатгансиз. Бироқ соҳибқирон 1405 йил 18 февраль кечаси фонийдан бақога ўтганлар. Шундан сўнг сизга ким эгалик қилди? Ким сизнинг гўзалтигингиз, ноёб хислатли қувватингиздан баҳрамад бўлган?

* * *

Буюк Амир Темур ўз васиятида амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирни Самарқанд тахтига валиаҳд ва қойиммақом деб эълон қилди. Ҳузурида турган барча фарзанд ва аъёнларга мамлакат ва миллатнинг, халқ ҳамда лашкарнинг аҳволидан доимо бохабар бўлиб туришни буюрди.

Бироқ ҳар қандай эзгу тилак ва ниятлар ҳамиша ҳам ижобат бўлавермас экан. Темурийзодаларда оқаётган Буюк Амир Темур қони ўз ишини қилди. Бир Буюк иккинчи Буюкка бўйсунишни истамади. Қариндошлик, ака-укалик бир чеккага йиғиштириб қўйилди. Натижа маълум: буюк Амир Темур мамлакати — Қора, Эгей ва Ўрта ер денгизларидан то Ҳиндистопнннг шарқий чегаралари, Мўғулистон ва Хитойгача, Ҳинд океанидан бошлаб Москвани, Днепр бўйларини ўз ичига олган ҳудуддаги улкан империя бирлигини йўқотди.

«Чироғи олам», бир неча йиллардан сўнг, ноҳақлик йўлига тушиб, вазиятдан фойдаланиб, бобосининг васиятини писанд қилмай Самарқанд тахтини эгаллаган, Буюк Амир Темурнинг улкан бойликларни талон-тарож қилган калтабин набира Халил Султонни мағлуб этиб, мамлакатда ниҳоят мўътадиллик ўрнатган амирзода Шоҳруҳ Мирзо қўлига ўтди.

У ҳам ёқутнинг жилвасидан ҳайратга тушди ва унинг юзига номини битдирди.

1409 йилда Шоҳруҳ Мирзо ўз давлати пойтахтини Ҳиротга кўчирди ва Самарқанд ҳукмронлигини ўғли, ўн беш ёшли Мирзо Улуғбек Муҳаммад Тарағайга тоиширди. «Чироғи олам» ўзининг янги муносиб эгасини топди.

Балки… Балки, ўн ёшига қадар буюк бобоси билан жангу жадалларда бирга юрган, соҳибқироннинг севимли ва доно аёли Сароймулкхоним қўлида тарбия топган ҳамда ажойиб эртакчи, шоир ва олим Ориф Озарийдек мураббийга эга бўлган зот ўша машҳур «Чироғи олам» билан болалигида ҳам мулоқотда бўлгандир. Ёқутнинг юзидан, вужудидан таралаётган нур, жило яна бир буюк зот – Олим ва амир Мирзо Улуғбек қалбига сеҳрли таъсири билан коинот сирларини ўрганиш истагини солгандир. Балки, Буюк Амир Темурнинг бақувват вужуди ва руҳи кучининг маълум қисми тошга жойлашгандир ва кейинчалик ўша куч буюк Набирага шиддат ва билим, иштиёқ ва ишонч ато этгандир. Ким билади… Афсуски, Букинхем саройининг «Ҳиндистон» хонасидаги ёқут бу ҳақда ҳеч нарса демади.

1449 йил октябрининг охирида Мирзо Улуғбек ўзига ҳамроҳ қилиб берилган Ҳожи Муҳаммад Хисрав билан Самарқандни тарк этди. У ҳажга отланган эди. Куни кеча қудратли ҳукмдор ва буюк олим бўлиб давр сураётган зотни бор-йўғи бир неча навкар кузатиб борар эди. Сабаби, унинг фарзанди ўзига қарши уруш очиб, тахтни эгаллаган ва отасини ҳажга жўнатган эди. Шунинг учун, Мирзо Улуғбекнинг кўнглини ғам ва ғубор эгаллаган эди. Отлиқлар биринчи довондан ўтиб улгурмаган ҳам эдиларки, орқадан чопар етиб келди. У Мирзога янги ҳукмдор – ўғли Абдулатифнинг фармойишини топширди. Бунга кўра Улуғбек подшоҳларга хос йўл анжомларига эга бўлиши учун қўшни қишлоққа кириб, кутиб туриши лозим эди. Буюк олимнинг кайфияти баттар бузилди. Қалби қандайдир бир ғаламисликни туйди… Аммо, чора йўқ! Бугун у – мағлуб кимса.

Улар қўнган қўрғон ҳувиллаб ётарди. Теварак-атроф жимжит. Ҳаво совуқ, этни жунжиктиради. Навкарлар ҳовлига гулхан ёқиб, қозон осишди. Гўшт солинган қозон биқирлаб қайнай бошлади. Қанийди, тезроқ пишса. Овқатланишарди-да, уйқуга кетишарди. Собиқ ҳукмдорнинг авзойи ҳамон бузуқ эди. Бу ҳолат бесабаб эмас экан, шу вақтда ҳовлига Мирзо Улуғбекни хушламай юрувчиларнинг бири – Аббос исмли аён бир шериги билан кириб келди ва дафъатан шоҳга ташланди. Икки йил аввал Мирзо унинг отасини катта гуноҳлари учун ўлимга ҳукм этганди. Аббос янги ҳукмдор – Абдулатифнинг олдига кириб, мен отамнинг хунини олишим керак, рухсат беринг, ўз вазифамни бажаришим керак, деганди ва бунга изн олганди, яъни шоҳлик қилаётган ўғил ўз отасининг ўлдирилишига рози бўлганди!..

Улуғбекнинг навкарлари ва Ҳожи Муҳаммад Хисрав қўрқиб кетиб, уйнинг бурчагига бориб бекиндилар. Ҳамроҳлар ўз бурчларига содиқ қолиб, курашиш ўрнига жонларини аяб, буюк зотнинг калласи олинишига мўлтайиб қараб туравердилар… Улар, уч-тўрт қуролланган киши бўлатуриб, икки қотилга қарши чиқишга ботинмадилар…

* * *

Ҳа, ботинмадилар!
Аниқроғи, қўрқоқлик қилдилар.
Қўрқоқлар ўлмайдилар, яшайдилар. Лекин, одатда, қул мисол умр кечирадилар. Бошқаларни сотиб, бола-чақа боқадилар.
Ботирлар, ботинувчилар одатда ғалаба қозонадилар. Уларга қулликдан кўра ботиниб яшашни афзал кўрадилар. Ва бу дунёни бошқарадилар.
Қайси халқнинг ботинувчилари кўп бўлса, у ғолиб ҳалқдир…

* * *

«Буюк Амир Темур ёқути»! Сен жуда кўп йиллар темурийзодаларнинг мулки ҳисобланиб, Самарқанд хазинасининг кўрки бўлиб турдинг. Чўғдек юзингга учинчи ёзув ҳам туширилди. Имоним комил, сен бу ҳарфлар тизмасидан фахрлангансан. Чунки Мирзо Улуғбек номи фақат сенга эмас, фалакдаги юлдузларга ҳам битилган.

* * *

Сафавийлар…

Сиз Эрон ва Озарбайжонда узоқ давр ҳукмронлик қилган бу шоҳлар сулоласи ҳақида эшитганмисиз? Агар озгина бўлса ҳам тарихга қизиқсангиз, албатта билишингиз керак. Ҳар қандай онгли инсон ўз халқининг, ўз ватанининг тарихига, ўтмишини яхши билиши керак.

Сафавийлар энг аввало туркийлардир.
Ушбу кунларда турк деганда фақат Туркияда яшовчи халқ тушуниладиган калтафаҳмлик замони ўтди. Улар ҳам, озарбайжонлар ҳам Сирдарё бўйларида яшаган Салжуқ бошчилигидаги катта туркий уруғнинг авлодларидир.

Сафавийлар Ордобилда (ҳозирги Эрон ҳудудида) яшовчи шайхлардан чиққан сулоладир. Бу авлодиинг ҳам сенга, «Буюк Амир Темур ёқути», алоқаси бор. Ўзинг нима дейсан, вужудингда ахборот қолганми бу ҳақда?

–Маълумот бор. Фақат жуда оз. Менинг сиртимга яна бир шоҳ – Аббос Сафавийнинг номи ёзилганини биламан холос. Лекин, минг афсуски, вақти келиб, бу ёзув ҳам, илгариги битиклар ҳам – барчаси ўчирилди. Қип-қизил чўғдек вужудим нола чекди, бироқ фойдаси йўқ эди. Ана шу оғриқлар кўп воқеаларнинг ёдимдан чиқишига сабаб бўлди.

–Майли, начора. Мен ўзим баъзи бир тахминлар қилишга уриниб кўраман. Сафавийларнинг Самарқанд шоҳлари билан бўлган алоқаларини билмоқ лозимдир.

* * *

Биринчи тахмин.

Темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Қуюндай бостириб келган Шайбонийхон ҳаддан ташқари кучли эди. Бобур Қобулга бориб ўрнашди. Хуросон султони темурийзода Ҳусайн Бойқаро ёрдам қўлини чўзишга улгурмай вафот этди. Унинг ўғиллари Баддиузамон ва Музаффар Мирзо ўзаро келишолмай, Ҳиротда қўш подшоҳликни ўрнатдилар. Алоҳида сарой, алоҳида аёнлар ва амирлар ҳамда алоҳида қўшин. Шайбонийхон бундай қўш ҳокимлик – йўқ ҳокимлик эканлигини исботлади. 1507 йили Хуросон ерлари шайбонийлар давлатига қўшиб олинди. Бироқ уч йил ўтгач, сафавийлар сулоласининг биринчи вакили Исмоил Сафавий бу саркардани жанғда енгди. Шайбонийхон ҳалок бўлди. Лекин унинг давлати ҳали бақувват эди. Шунга қарамай, Заҳириддин Муҳаммад Бобур пайтдан фойдаланишга, Мовароуннаҳрга шоҳ бўлиб олишга ҳаракат қилди. У Исмоил Сафавийдан ёрдам олиб, 1512 йил Самарқандии қайта эгаллади. Бу машҳур шаҳар охирги марта темурийзодалар қўлига ўтди. Исмоил Сафавийнинг ёрдамчи қўшини асосан шиа мазҳабидаги кишилардан иборат эди. Сунний бўлмиш мовароуннаҳрликлар бу одамларни – қизилбошларни чиқиштирмадилар (уларнинг қизилбош деб аталишларига сабаб, бу кишилар ўн икки шиа имомлари шарафига ўн икки йўллик қизил салла ўраб юрардилар). Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёрдамчи қўшинга қуюқ совғалар бериб, жўнатиб юборишга мажбур бўлди.
Балки, ана шу қуюқ совғалар, Исмоилшоҳга ҳадя этилган туҳфалар орасида сен ҳам бормидинг, «Чироғи олам»!

* * *
2-тахмин.

1599 йилда шайбонийзодаларнинг охирги вакили Абдумўмин ҳалок бўлди. Мовароуннаҳрда яна ўзаро урушлар авж олди. Бу ҳол сафавийлар шоҳи Аббосга қўл келди. У Сабзавор билан Машҳадни босиб олди. Кейинроқ Ҳиротга ҳам ҳужум қилди. Тошкент томонга қозоқ султони Таваккал қўшин тортиб келди. Хонсиз қолган ўлка яна талон-тарож бўлиш арафасида эди.
Шайбонийлар давлатининг амирлари Бухорода истиқомат қилаётган аштархонлик (астрахонлик) шаҳзода Жонибек Султонни хон қилиб кўтаришга келишдилар. Жонибек Султон 1583-1598 йилларда ҳукмронлик қилган шайбонийзода Абдуллахоннинг (бу хоннинг ҳаёти ва қаҳрамонликлари тўғрисида Ҳофиз Таниш Бухорий томонидан ёзилган «Абдулланома» китоби мавжуд) синглисига уйланганди, шу боис у шайбонийзодаларга қариндош ҳисобланарди. Лекин Жонибек Султон тахтдан воз кечди. Натижада унинг катта ўғли Динмуҳаммад хон этиб сайланди. Бу пайтда у сафавийлар қамал қилиб турган шаҳар – Обивардда эди. У Бухорога етиб кела олмади, йўлда ҳалок бўлди. Шундан сўнг, иккинчи ўғил Боқиймуҳаммад хонликка кўтарилди, учинчи фарзанд Валимуҳаммад эса валиаҳд деб эълон қилинди ва урф-одатга кўра Балхга ноиб этиб жўнатилди. Шундай қилиб, юртимизда янги сулола – аштархонийлар ҳукмронлик қила бошладилар. Бу 1599 йил рўй берди.

* * *

Валимуҳаммадхон чуқур ўйга чўмди. Фалакнинг ўйини жуда ажаб экан. У ёшлигида ҳеч қачон хонликни орзу қилмаган эди. Унинг нияти, нари борса, бирор вилоятга ҳукмронлик қилиш, адолатли сиёсат юритиш ва шайбонийзодалар олдида обрў-эътибор қозониш эди. Лекин мана олти йилдирки, акаси Боқиймуҳаммадхон вафот этгандан бери бутун Мовароуннаҳр тож-тахти ўзиники. Аввалига уни валиаҳд деб эълон қилиб, Балхга ноиб этиб юборишди. Сўнг, яна Бухорога қайтди. Азим мамлакатнинг азим бойликлари, хазинаси ўзининг ихтиёрида. Сандиқ-сандиқ олтинлар, сандиқ-сандиқ дуру-жавоҳирлар ҳар қандай кимсанинг бошини айлантириб қўяди, буларга эга чиқиш ҳавасини уйғотади, буюк мамлакат одамларига ҳукмронлик қилиш орзусини қўзғатади. Мана, ўз қариндоши Имомқули, жуда аҳмоқ экан, шу кўйга тушибди. Валимуҳаммадхондек кимсанинг кўзини шамғалат қилиб, барча амирларни ўз томонига оғдирибди. Энди суиқасд уюштирмоқчи. Ҳозир куч унинг томонида. Нима қилса экан? Бу рақобатчилик беомон. Бунинг устига икки ўғли ҳам нобуд бўлиши мумкин. Лекин Имомқули чучварани хом санабди. Валимуҳаммадхон унинг ўзини янчади.
Кеч тушиб қолганига қарамай, хон хазиначини ва шаҳзодаларни ҳузурига чорлади…

Вақт ярим кечадан ўтар-ўтмас улар қиёфаларини ўзгартириб, бир нечта навкарлар билан бирга шаҳар дарвозаларидан чиқишга улгурдилар…
Сафавийлар давлатининг пойтахти Табриз уларни илиқ кутиб олди. Аббос Сафавийнинг муҳташам саройи Валимуҳаммадхоннинг пойқадамига мунтазир эканлиги билдирилди. Мовароуннаҳр хони Озарбайжон ва Эрон шоҳи ҳузурига кирди. Валимуҳаммадхон олиб келган ноёб ва қимматбаҳо совғаларини шоҳга топширди. У энг камёб жавоҳирни алоҳида тортиқ қилди.

– Ҳазратим! Мана бу совға хазинангизнинг кўрки бўлғусидир. Бундай ноёб ёқутни дунё юзида ҳали ҳеч ким кўрмаган. Бу, «Чироғи олам» номи билан донг таратган жавоҳирдир.

Аббос Сафавийнинг кўзлари чақнади, чеҳрасига табассум югурди.
– Ғоят миннатдорман, олий ҳазрат! – деди у, улкан ёқутни қўлига олар экан. – Бунинг юзига ҳарфлар ҳам битмишмилар! Буюк Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо,

Мирзо Улуғбекларнинг муборак номлари-ку, бу! Ҳа, биз ҳам буюрурмиз. Бу ажойиб дурдона юзига биз ҳам исмимизни битсак, хато бўлмас деб умид қилурмиз…
– Албатта, онҳазрат! – хитоблар эшитилди атрофдан.

Аббосшоҳ сўзларини давом этдирди:
– Олий ҳазрат! Сиз ёрдамга муҳтож бўлиб қолган экансиз, биз буни дариғ тутмаюрмиз. Ички душманларингизни енгиб, тож-тахтингизни, иншаолло, қайтариб олиюрсиз. Давлатларимиз орасидаги муносабатлар келгусида фақат дўстона бўлур, деб умид қилиюрмиз. Истаган кунингиз етарли қўшин ва саркардалар азми-ихтиёрингизда бўлур. Аммо, бирор ҳафта дам олинг, ҳордиқ чиқаринг…

Бу воқеа 1611 йил бўлиб ўтди. «Чироғи олам»га Аббос Сафавийнинг ҳам номи битилди.

Валимуҳаммадхон бошчилигидаги сафавийлар қўшинининг яқинлашиб келаётганини кўрган Бухоро саросимага тушди. Тахтни эгаллаб олган Имомқулихон дарҳол қозоқларга чопар юбориб, ёрдам сўради. Улар қўшин жўнатдилар. Жанг жуда даҳшатли бўлди. Бунда сафавий қўшинлари енгилдилар. Валимуҳаммадхон асир олиниб, ўлдирилди.

* * *

– Ҳурматли «Чироғи олам»! Мана, сенинг сафавийлар қўлига тушишингнинг икки тахмини. Қайси бири ҳақиқат, буни ўқувчиларнинг дилларига ҳавола.

* * *

– Ҳурматли «Чироғи олам»! Энди сен менга айт. Аббос Сафавий нима учун сендек дунёда ягона жавоҳирни бобурийлар давлати ҳукмдорига — Жаҳонгиршоҳга тақдим қилган? Ёки бобурийлар сени сафавийлардан тортиб олишганми?

* * *

Аббос Сафавий ўз давлати чегараларини кенгайтиришга, ҳокимиятни мустаҳкамлашга катта аҳамият берган ҳукмдорлардан эди.
Бунинг учун у ҳеч нарсани аямаган.

Мовароуннаҳрдаги аштархонийлар давлати мустаҳкамлангач, у бутун диққат-эътиборини муҳим савдо йўли, бой-бадавлат ўлка маркази ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган – Қандаҳорга қаратди. Бу ўлка у пайтда бобурийларга – Акбаршоҳнинг ўғли Жаҳонгиршоҳга бўйсунарди.

Акбаршоҳ 1605 йил 17 октябрда вафот этди. У ўлими олдидан ўғли Салимни чақириб, шоҳона кийим, салла кийгизди, камарига ўзининг севимли ханжарини тақиб қўйди ва шу кундан эътиборан у валиаҳд эканлигини эълон қилди. Салим шу йил 24 октябрдан Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ номи билан бобурийлар тахтига ўтирди.

Аббос Сафавий 1606 йилда биринчи бор Қандаҳорни эгаллашга уриниб кўрди. Бироқ ҳаракатлари зое кетди. Аббосшоҳ бу билан тинчлана қолмади. Нима қилиб бўлса ҳам ўз мақсадига эришишга интилди…

* * *

Мен жаҳон киносанъати дурдоналаридан ҳисобланмиш, учта катта қисмдан иборат бўлган «Чўқинтирган ота» («Крестный отец») фильмини 1990 йилда кўрдим. Холливуднинг машҳур кинорежиссёрларидан бири Френсис Копполанинг бу киноасари Марио Пьюзонинг шу номли романи асосида олинган. Фильмда Американинг кучли мафияларидан бири «отахони» ва «валиаҳди»нинг ҳаёти юксак санъаткорлик билан тасвирлаб берилган. Бу фильм 70-йилларда бутун жаҳонда катта шов-шув ва баҳсларга сабаб бўлганди. Бу киноасардан сўз очишимнинг маъниси шуки, «отахон» «тахтини» ўз «валиаҳди»га топширар экан, васият қилади: «Ўғлим, сен дўстларингни ўзингга яқин тут. Душманларингни эса улардан ҳам яқинроқда ушла. Чунки улар нима ҳақда ўйлаётганидан, қандай мақсадларни кўзлаётганидан бохабар бўлиб туришинг керак. Қулай пайт келганда уларга бешафқат бўл…»

Аббосшоҳ ўз асрида кинорежиссер Френсис Копполанинг бу киноасарини, табиийки, томоша қилмаган. Бироқ унинг қонидаги ҳукмдорлик генлари уни мафия «отахони» – Дон Корнеоле усулини қўллашга ундаган.

* * *

…1611 йили бобурийлар саройига Аббос Сафавийнинг элчилари катта совға-саломлар билан кириб келдилар. Улар бу ташрифларининг сабабини, албатта, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни ўрнатиш йўлидаги эзгу қадам деб айтдилар. Бу ниятнинг самимийлигини исботлаш учун бошқа қимматбаҳо туҳфалар қатори «Чироғи оламни» ҳам инъом этдилар…

Натижада, ушбу жавоҳир яна темурийлар қўлига ўтди.

Аббосшоҳнинг элчиси Аграда икки йил яшади. Атрофни обдон кузатди. Саройидаги гап-сўзлардан, сир-асрорлардан хабардор бўлиб турди. Бобурийлар ҳам дўстона қўл узатиб, 1613 йили ўз вакилларини Табризга юбордилар. Сафавийлар бу билан чекланмадилар. 1615 йилда улар яна ўз одамларини Ҳиндистонга жўнатдилар. Кўп вақт ўтмай, 1617 йил Аббос Сафавий яна ўз элчиларини Жаҳонгиршоҳ ҳузурига жуда катта туҳфалар билан юборди. Бироқ Озар ва Эрон элининг подшоҳи бу билан қониқмай, уч йил ўтгач, яна бир қатор одамларни совга-саломлар билан Ҳиндистонга жўнатди. У бу йўл билан икки қуённи урди, яъни, биринчидан, бобурийлар сафавийларнинг муносабати чиндан ҳам самимий эканлигига ишониб қолдилар, иккинчидан, у Ҳиндистондаги ички вазиятдан бохабар бўлиб турди. Бу пайтга келиб, Жаҳонгиршоҳ Қандаҳор ҳимоясига яхши эътибор бермай қўйди, сарой эса ўзаро ички жанжаллар гирдобига тушиб қолди. Бу вазиятдан фойдаланмаслик мумкин эмас эди. 1622 йилда қулай фурсат туғилди ва Аббосшоҳ кутилмаганда ҳужум уюштириб, Қандаҳорни қамал қилди ва қирқ беш кун деганда шаҳарни эгаллади.

Жаҳонгиршоҳ ўғли Шоҳ Жаҳонга катта қўшин бериб, Қандаҳорни қайтариб олишни буюрди. Шоҳ Жаҳон эса бетоб ётган отасини ташлаб узоққа кетса, тож-тахтдан ажралиб қолишини ўйлаб, бу фармонга бўйсунмади.

* * *

«Чироғи олам”даги ёзувларнинг ўчирилишига доир тахмин.

Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ қаттиқ изтиробга тушди. Аббос Сафавийнинг маккорлиги уни қаҳр-ғазабга тўлдирди. Наҳотки инсон шу даражада тилёғлама бўлиши мумкин?! Ахир, у ҳам туркий ва мусулмон-ку! Ҳа, душман барибир душман экан. Шоҳлар буни жуда яхши билишлари лозим. Ғанимнинг ширин гапларига, совға-саломларига асло учмаслик керак эди.

Жаҳонгиршоҳ ҳузурига ҳеч кимни киритмасликни буюриб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. У жуда одил подшоҳ деб ном чиқарган эди, бироқ жаҳли чиққанда ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлиб кетиши ҳеч гап эмасди, шунинг учун кўп аёнлари унинг тўсатдан келадиган ғазабидан чўчишарди. Жаҳонгиршоҳ табиатни севар, нозик ҳис-туйғуларга бой, адабиёт жони-дили эди. У ўз қўли билан «Жаҳонгиршоҳ тузуклари» деган асар ҳам битганди.

Ниҳоят, у озроқ чалғиш ниятида қўлига қалам олди. Бироқ, дилиини мушук тимдалайверди. Қаламни қўйиб, ўйга чўмди. Дафъатан ёдига жавоҳиротлар тушди. Ҳа, жавоҳирлар жилваси қалбидаги ғуборни оз бўлса-да, тарқатиши мумкин. У дунёда фақат ўзида мужассамлашган ноёб тошларни вақти-вақти билан томоша қилиб, завқланиб туришни жуда севарди. Шу заҳотиёқ у хазиначини чақириб, жавоҳиротларни келтиришни буюрди.
Мана бу «Кўҳи нур!» Яъни, нур тоғи. Бундан таралаётган нозик жилва, сеҳрли қўшиқни қаранг-а! Мана куч, мана қудрат!.. Гўзаллик доимо катта куч бўлиб келган. Ғоят ноёб тош. Бундаги ажиб нурлар ҳар қандай дилғуборликдан халос қилади, танга қувват, қалбга ишонч бахш этади… Буниси «Чироғи олам»! Жуда антиқа ёқут! Ҳақиқатдан ҳам. олам чироғи! Мана, юзасига ёзувлар ҳам битилган: «Буюк Амир Темур», «Шоҳруҳ Мирзо», «Мирзо Улуғбек» — барчаси ўзининг бобокалонлари. Ия?! Анави итнинг номи нима қилиб юрибди бу ерда?! «Аббос Сафавий?!» Бу қандай малъунлик! Ул номуборак қизилбошнинг номи тезда йўқотилиши лозим!

Жаҳонгиршоҳ хизматга шай бўлиб турган мулозимга буюрди
– Тезда сарой заргарини чақир!

Заргар зудлик билан етиб келди.
– Сен манави ёқутдаги лаънати қизилбошнинг номини ўчир! Унинг ўрнига отам Акбаршоҳ ва менинг исм-шарифимни бит. Тезликда!

Жаҳонгиршоҳ шундай ғазабли қиёфада, шундай кескин буйруқ бердики, заргар бирон бир ортиқча калима дейишга жазм этмади. Фақатгина: «Хўп, бўлади, ҳазратим!», дея олди ва ёқутни олиб, устахонага йўналди.
Эвоҳ! Заргар шоҳ амрини яхши англамай қолган эди. У «Чироғи олам»даги барча ёзувларни ўчирди! Барча ёзувларни ўчирди…

Шундай қилиб, буюк Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо ва Мирзо Улуғбекларнинг муборак номлари буюк ёқутни тарк этдилар.

* * *

Ҳурматли «Чироғи олам»! Бундан кейин бошингдан нелар кечди? Неларни кўрдинг? Неларни эшитдинг?

* * *

Жаҳонгиршоҳ 1627 йилнинг октябрь ойида вафот этди. Унинг катта ўғли Шоҳ Жаҳон бу пайтда Декан вилоятида жанглар олиб бораётган эди. Шунинг учун унинг укаси Шаҳриёр фурсатдан фойдалаииб тахтни эгаллашга интилди. Бироқ саройдаги юқори мавқели аёнлардан бири. Жаҳонгиршоҳнинг кенжа хотини Нуржаҳонга амаки ва шаҳзода Шоҳ Жаҳонга қайнота бўлмиш Асафхон (унинг қизи Мумтоз Маҳал Шоҳ Жаҳоннинг суюкли хотини эди) бунга халақит берди. Асафхон Жаҳонгиршоҳнинг 1622 йилда вафот этган ўғли Хусравнинг ҳали ёш бўлган фарзанди Давар Бахшни вақтинчалик тахтга ўтқазиб, Шаҳриёрга қарши жангга кирди ва уни қўлга тушириб, кўзларига мил торттирди. Шоҳ Жаҳон етиб келгач, Давар Бахш Эронга жўнатилди ва 1628 йилнинг февралида Шоҳ Жаҳон бобурийлар тахтига ўтирди.

Шоҳ Жаҳон ажойиб ҳукмдор эди. У одил шоҳ сифатида ном чиқарган. 1630 – 1632 йилларда Декан ва Гужарат вилоятларида рўй берган очарчилик пайтида халққа катта ғамхўрлик қилганди. Шоҳ Жаҳон антиқа иншоотлар, бинолар қуришга ҳам аҳамият берган. Айниқса, унинг номини абадийлаштирган муҳташам бино — Тож Маҳал мақбараси бутун дунёга маълуму машҳур. Агра шаҳридаги бу мўъжиза унинг хотини Мумтоз Маҳалга атаб қурилган. Бундан ташқари, Шоҳ Жаҳон ўзининг Деҳлидаги саройида ажиб бир тахт ясатдирган. Уни «Товус тахт» деб атаганлар. Тахт турли қимматбаҳо жавоҳирлар, шу жумладан «Чироғи олам» ва «Кўҳи нур» билан ҳам безатилган. Шоҳ Жаҳон ҳам «Чироғи олам»га ўз номини ёздирган, лекин Шоҳ Жаҳон деб эмас, балки Соҳибқирони Соний, яъни Иккинчи Буюк Амир Темур деб.

1657 йил 6 сентябрда Шоҳ Жаҳон тўсатдан касал бўлиб, мамлакатни бошқара олмай қолди. Шу кундан бошлаб, буюклик қони гупуриб ураётган фарзандлар орасида шоҳлик тахти учун кураш авж олди. Доро, Шужоъ, Аврангзеб ва Муродларнинг ҳар бирида бунга истак ва куч бор эди. Доро Шоҳ Жаҳоннинг севимли ўғли эди, у валиаҳд деб ҳам эълон қилинганди, бироқ у жангларда чиниқмаган, хавф-хатарларга бош суқмаган, лашкар билан алоқаси аъло эмасди. Кейинги ўғил Шужоъ ҳукмдорлик тажрибасига эга эди: у ўн етти йил Бенгалияни бошқарганди. Шужоъ куч-ғайратли кимса эди-ю, лекин узоқ чўзилувчи жангларни олиб боролмасди. Стратегияда оқсарди. Учинчи фарзанд Аврангзеб эса совуққон, тажрибали саркарда ҳисобланар, сарой аёнлари уни кучли шахс сифатида ҳурмат қилишарди. Кенжа ўғил Мурод эса ҳис-ҳаяжонли, гўзаллик ва зиёфатларни хуш кўрувчи бўлса-да, жуда жасур йигит эди.

Жангларда Аврангзеб ўзининг ўткир қобилиятини намойиш қилиб, тахтни эгаллади. Бу 1659 йил июнь ойида рўй берди. У бироз тузалиб, оёққа турган отаси Шоҳ Жаҳонни давлат ишларига аралаштирмай қўйди. Шоҳ Жаҳон 1666 йил 22 январда вафот этди.

Аврангзеб шоҳ Оламгир номи билан иш юритди. У 1707 йилгача ҳукмронлик қилди. Унинг номи «Чироғи олам»га 1659 йилда ёзиб қўйилган. Бобурийлар буюк империясининг энг юксалган вақти шоҳ Оламгир даврига тўғри келади. Аврангзебга ҳозирги Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон, Афғонистон ва Эроннинг катта бир қисми қарам эди. IIIоҳ Оламгир ҳақида солномачилар ҳам, чет эллик саёҳатчилар ҳам фақат яхши гаплар ёзиб қолдиришган. Унинг жуда ўқимишли, билимли кимса бўлгани алоҳида таъкидланган. Айниқса, шоҳнинг «Оламгир фатволари» асари давлат қонунчилигининг ягона китоби сифатида қўлланилган. Ҳиндистонда яқин-яқинларгача шу қонунлардан фойдаланиб келишган. Ҳинд тарихчилари Оламгирни «икки энг буюк бобурийнинг бири» (биринчиси — Акбаршоҳ), деб шарафлашган.

* * *

Аврангзебнинг вафотидан сўнг, бобурийлар тахтига унинг катта ўғли Муаззам олти йил эгалик қилди. У Баҳодиршоҳ номи билан маълум. Баҳодиршоҳ шунча вақт ичида ўз номини «Чироғи олам»га ёздирмади. Сабаби номаълум. У 1712 йилнинг февралида вафот этди. Тахтга Баҳодиршоҳнинг катта ўғли Жаҳондоршоҳ ўтирди. Бироқ у бир йилгина ҳукмронлик қила олди. У ўзига қарши чиққан амакиваччаси Муҳаммад Фаррух Сайёр қўшини билан жангда мағлубиятга учради ва ўлдирилди. Муҳаммад Фаррух Сайёр Баҳодиршоҳнинг иккинчи ўғли Азим уш-Шоннинг фарзанди эди. Жаҳондоршоҳнинг ҳам номи «Чироғи олам»га битилмаган. 1713-1719 йилларда шоҳлик қилган Фаррух Сайёр ўз исмини бу жавоҳирга ёздирган. Бу ҳукмдор бўшанг, тилёғлама ва қўрқоқ одам таассуротини қолдирган. У ҳукумат ишларини тахтга чиқишга ёрдам берган балхлик ака-ука сайидлар — Ҳасан Али ва Ҳусан Алига бериб қўйган. Кейинроқ, уларни саройдан четлаштирмоқчи бўлган, лекин бу курашда енгилган ва ўлдирилган. Натижада тахтга Баҳодиршоҳнинг учинчи ўғли Рафи уш-Шоннинг фарзанди Рафи уд-Даражат бошқа исм – Шоҳ Олам номи билан ўтирди. У силга чалинган эди, шунинг учун тез орада вафот этди. Унинг ўрнини эгаллаган укаси Рафи уд-Довла ҳам касалманд бўлиб, бу дунёда кўп яшай олмади. Бу ҳодисаларнинг барчаси 1719 йил мобайнида рўй берган.

Ниҳоят, Бобурийларнинг буюк империясига Баҳодиршоҳнинг тўртинчи ўғли Жаҳоншоҳнинг фарзанди Равшан Ахтар эгалик қила бошлади. У тарихга Муҳаммад Гўрхон номи билан кирган. Муҳаммадшоҳнинг ҳукмронлиги 1748 йилгача, то вафотига қадар давом этди. Бироқ бу давр буюк Бобурийлар империясининг инқирозга юз тута бошлаш вақти ҳисобланади. Муҳаммадшоҳ ҳарбий кучларни такомиллаштиришга, мустаҳкамлашга эътибор бермади, кўнгилхушликларга берилди. Атрофига тилёғлама, лаганбардорларни йиғди. 1739 йилда унинг аҳмоқликларидан фойдаланиб, ўзи туркий бўлган, лекин Эронга ҳукмдорлик қилаётган Нодиршоҳ Ҳиндистонга ҳужум қилиб келиб, унинг анча бойликларни талаб кетди.

* * *

Ҳа, бу жуда таниш манзара. XIX асрда ҳам Туркистондаги хонлик, амирликларида худди шундай аҳвол ҳукмрон эди. Улар ҳам ҳарбий кучларни такомиллаштириш, мустаҳкамлашга эътибор қилишмаган. Бўлма-са, замбараклар қуйишни ўрганиш, замонавий қуролларни қўлга киритиш унча мушкул иш эмасди. Пул — маблағлар етарли эди. Аммо… Ўзаро ички жанжаллар, очкўзлик, тилёғламалик ва хурофотга ҳаддан ташқари берилиш, уни сиёсий қуролга айлантириш ҳамда жаҳон илм-фани ютуқларидан баҳраманд бўлишга интилмаслик юртимизни ночор аҳволга солиб қўйган эди.

* * *

Муҳаммад Гўрхондан сўнг, бобурийлар тахти унинг ўғли Аҳмадшоҳга ўтди. У 1748-1754 йилларда ҳукмронлик қилди. Ундан сўнг Оламгир II (1754-1759 йиллар), Шоҳ Олам II (1759-1806 йиллар), Акбаршоҳ II (1806-1837 йиллар) ва Баҳодиршоҳ II (1837-1857 йиллар) бобурийлар тахти эгаси бўлдилар. Ўн тўққизинчи асрнинг бошида инглиз қўшинлари Деҳлини эгалладилар. Ҳиндистоннинг катта қисми Буюк Британия мустамлакасига айланди. Буюк Бобурийлар империясининг ерлари анча камайди. Бу сулоланинг ҳукмронлиги 1857 йили Баҳодиршоҳ II нинг ҳалокати билан тугади. Шу йили инглизлар хизматидаги ҳинд сипоҳийлари Баҳодиршоҳ II бошчилигида мустамлакачиларни ҳайдаб чиқаришга уриниб, қўзғолон кўтардилар. Бу қўзғолон бостирилди. Иштирокчилар, шу жумладан Баҳодиршоҳ II ҳам, замбаракнинг оғзига боғлаб отилиб, тилка-пора қилиндилар.

* * *

–Ҳурматли «Чироғи олам»! Ҳикоянгнинг бу қисми қалбимга маъюслик солди. Менга айт, ахир сени Нодиршоҳ 1739 йилда Исфаҳонга олиб кетган-ку, нега буни баён этмаяпсан?
–Ҳар бир воқеа-ҳодисотда мантиқ бўлиши даркор. Мени узоқ вақтлар қалб қўри билан иситиб, асраб келган бобурийлар тарихини қисқа бўлса ҳам айтиб беришим керак эди. Мана энди кейинги воқеа-ҳодисаларни баён қиламан.

* * *

«Бу, Исфаҳонга 1153 йили Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир».
Бу ёзувни Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ 1739 йили (ҳижрий 1153 й.) Ҳиндистонга бостириб бориб, «Буюк Амир Темур ёқути»ни қўлга киритгач, тош юзасига ёздирган. Ана шу битик кейинчалик жавоҳирот тақдирида маълум аҳамият касб этди. Бу ҳақда кейинроқ ёзаман.

Нодиршоҳ туркий халқ вакили бўлиб, афшар уруғига мансуб эди. У 1688 йили Хуросоннинг Обивард шаҳрида таваллуд топган. Нодирнинг ёшлигидаёқ намоёнлашган ноёб саркардалик истеъдоди, ботирлиги ва зийраклиги, уни юксакларга олиб чиқди. У 1722 йили Обивард ҳокими Бобо Алибекнинг ўнг қўл ёрдамчисига айланди. Унга куёв ҳам бўлди. Бобо Алибекни Оллоҳ ўз даргоҳига чақиргач, Нодир Обивард бошқарувини ўз қўлига олди. Кўп ўтмай, Хуросон ҳукмдори Малик Маҳмудхон хизматига кирди. 1726 йилда сафавийлар сулоласининг энг охирги шоҳи Таҳмосибга бу ажойиб саркарда жуда ёқиб қолди. Шоҳ саркарда Нодирни ўз хизматига чақириб, унга Таҳмосибқулихон деган янги исм берди. Сўнг, унга мамлакатга тажовуз қилаётган афғон уруғларининг адабини бериб қўйишни топширди. Нодир 1729 йилда Хуросонга келиб ўрнашиб олган афғонларни жангда енгди, бироқ 1730 йили Эронга қайтиб кетди. Бунга усмоний туркларнинг сафавийлар ерига ҳужум қилгани сабаб бўлди. Уларга қарши курашмаса бўлмасди. Афғонларнинг абдали уруғи ҳокими Зулфиқорхон қулай фурсатдан фойдаланиб, яна Ҳиротни эгаллади ва ўзини шаҳар ҳокими деб эълон қилди. Нодир усмоний туркларни улоқтиргач, орқага қайтди. Ўзининг ўттиз минг кишилик қўшини билан яна Ҳиротга ҳужум қилди ва уни эгаллади. Зулфиқорхон рақиби Нодирнинг кучини яхши билгани учун, ҳокимликни вазири, ўзига қарши фитна тайёрлаётган Оллоёрхонга совға қилиб, Қандаҳорга қочиб кетди. Бироқ Қандаҳор ҳокими Ҳусайншоҳга вазир Оллоёрхоннинг мағлубияти хабари етиб келгач, у Зулфиқорхондан шубҳаланиб, уни ва укаси Аҳмадхонни зиндонга ташлатди. Аҳмадхон ўз акасидан йигирма беш ёш кичик бўлиб, онаси бошқа эди.

Нодир Ҳиротни қайтадан олаётган вақтда Таҳмосиб Сафавий усмоний турклар билан шундай бир ноўрин сулҳ туздики, ундан кўпчилик, шу жумладан Нодир ҳам жуда норози бўлди. 1732 йилда Нодир Исфаҳонга келди ва барча саркарда-ю сарой аъёнларни йиғиб, қурултой ўтказди. Қурултой Таҳмосибни тахтдан туширишга, унинг саккиз ойлик ўғли Аббосни шоҳ деб эълон қилишга қарор қилди. Нодир эса Аббос III номидан иш юритишни ўз зиммасига олди.
У ҳукмронлигини жуда муваффақиятли бошлади. 1733-1735 йилларда Туркия билан зафарли кураш олиб борди. Кавказ, Каспий олди ерларини забт этди. Шервонга (ҳозирги шўро Озарбайжони) укаси Иброҳимхонни ҳоким қилиб тайинлади. Эроннинг барча қўлдан чиққан ерларини қайта ўзига бўйсундирди. 1736 йили Муғон чўлида Катта қурултой чақирилди. Қурултойга йиғилган барча саркардалар, сарой аёнлари, дин пешволари буюк ишлар қилаётган Нодирдан Эрон тахтини расман эгаллашни илтимос қилдилар. Нодир бунга дарҳол рози бўлмади, шарт қўйди. (Аксарин китобларда бу жуда ҳайратланарли шарт ҳақида ёзилмаган.) Унинг шарти мазмуни шу эдики, барча шиа мазҳабидаги олий ва оддий кишилар суннийликни қабул қилишлари лозим. Фақат шундагина Нодир тахтга ўтириш, давлатни бошқариш азобини тортишга розидир. Ҳеч ким бу шартга қарши чиқ ишга жазм этмади ва 8 март куни Нодирга тож кийдириш маросими ўтказилди. Бу воқеа Нодиршоҳнинг буюк саркардагина эмас, ўткир сиёсатчи эканлигини ҳам кўрсатди.

1736 йилнинг ноябрь ойида Нодиршоҳ Қандаҳор шаҳри томон йўлга тушди. Бу маскан ва унинг атрофлари асрлар давомида бобурийлар ва сафавийлар ўртасида талаш бўлиб келарди. Бу пайтда у афғонлар қўлида эди. У ерда 1709 йилдан бошлаб афғон Ҳусайншоҳ ҳукмдорлик қиларди. Нодиршоҳ Қандаҳорни узоқ вақт қамал қилиб, 1738 йилнинг март ойида қўлга киритди. Май ойида эса Ҳинд сари юзланди.

* * *

Бобурийлар авлоди Муҳаммад Гўрхон ҳокимияти, айтиб ўтилганидек, бўш-баёвгина эди. Нодиршоҳ, ҳаттоки, Муҳаммадшоҳ қўшинларининг кучсизлигини, ландовурлигини кўриб ҳайратга тушган. Сарой аёнларининг тилёғлама, бебурдлигидан жаҳли чиққан. У Муҳаммадшоҳга бундай аёнлардан, хусусан Низом ул-Мулк ва Саодатхондан воз кечиш лозим, деган маслаҳатни ҳам берган.

Нодиршоҳ Деҳлига яқинлашгунча жиддий қаршиликка учрамади. У Панжоб вилоятини эгаллагачгина, Низом ул-Мулк бошчилик қилаётган Муҳаммадшоҳ қўшинлари Карнал қалъасида мустаҳкамландилар. Нодиршоҳ бу қўшин билан жангга киришмади, айланиб ўтиб, Панипатни олди ва Деҳли билан Карнал ўртасидаги алоқани узди. Фақат шундан сўнг, икки қўшин ўртасида жанг бошланди. Нодиршоҳда эллик беш минг жангчи, бобурийларда етмиш беш минглик лашкар бор эди. Жанг уч соат давом этди, бунда асосан ҳиндлар емиш бўлдилар, улардан саккиз минг киши ҳалок бўлди. Шундан кейин томонлар сулҳ тузишга келишдилар. Бобурийлар беш миллион рупий тўлашга, Нодиршоҳ эса, бу пул эвазига ўз қўшинини олиб чиқиб кетишга рози бўлдилар. Аммо Муҳаммадшоҳ саройидаги ғаламисликлар бу сулҳни бузди. Айни шу кунларда бобурийлар саройининг бахшилари амири Хон Даврон вафот этиб, унинг ўрнига Низом ул-Мулкнинг катта ўғли ўтказилади ва Нодиршоҳ қароргоҳида гаровга ушлаб турилган бошқа аъён, асли нишопурлик Саодатхоннинг бунга ғайирлиги келади. У Нодиршоҳ қабулига киришни сўрайди.

* * *

– Ҳазрат! – деди Саодатхон тиз чўкиб, бошини эгиб таъзим қилар экан. – Сиз Ҳиндистондан арзимас ўлжа билан кетаётирсиз!
– Наҳотки?

Нодиршоҳнинг қовоқлари уюлди. «Бу қанақаси бўлди? Мени чалғитишмоқчими? Қани эшитайлик-чи», кўнглидан ўтказди у.
– Гапираверинг, тортинманг, муҳтарам Саодатхон!

Саодатхон илтижоли, муте ва айни найтда очкўзлик, алам ялтираётган кўзларини Нодиршоҳга тикди.

– Ҳазратим! Сиз Деҳлига кирмай, чакки иш қиляпсиз! Сизга ваъда қилинган беш миллион рупий ҳам ўлжа бўлибдими? Деҳли хазинасидан кам деганда икки юз миллион рупийлик тилла оласиз. У ердаги жавоҳиротлар эса, оламда ягона. «Кўҳи нур» олмоси ҳақида эшитмаганмисиз? «Чироғи олам»дек ёқут ер юзида ягона! «Шоҳ» деб номланган яхлит олмос эса жуда ажиб. Шундай жавоҳиротларни ташлаб кетаверасизми?

Нодиршоҳ ҳайрат оғушига чўмди. «Наҳотки! Бу малъун алдамаётирми? Мақсади не? Агар бунинг гап лари чин бўлса, шунча бойлпкни индамай ташлаб кетавериш ҳам аҳмоқлик».

– Муҳтарам Саодатхон! Мен ғоят ҳайратдаман. Нега сиз шоҳингизга хиёнат қилиб, мени яна жангга ундаётирсиз? Мақсадингиз нима?

– Ҳазратим, Муҳаммадшоҳ бутунлай Низом ул-Мулк измига тушиб қолган. Биздек содиқ, меҳнаткаш аъёнларнинг чеккан заҳматлари инобатга олинмай, обрў-эътиборларимиз топталаётир. Шу боис мен сизнинг буюк жасоратли ва баҳодирликда ягона сиймоингизни кўриб, хизматингизга ўтгани шайландим. Шояд, ушбу хизматим туфайли, сиз Муҳаммад Гўрхонни янчганингиздан сўнг, менга лойиқ бир мансаб берсангиз, сизга итдек содиқ аён бўлиб қолар эдим. Менинг асл Ватаним ҳам Эрондир.

Нодиршоҳ яна ўйга чўмди. Ўз пирига содиқ бўлмаган кимса, бошқа бировга вафодор бўлармиди.

– Муҳтарам Саодатхон! Қимматли маълумотингиз учун ташаккур. Биз албатта Деҳлига кирамиз, осори-атиқаларни томоша қиламиз. Ўзимизга аталган туҳфаларни оламиз. Лекин Муҳаммадшоҳни янчиш менинг дилимда йўқдир. Ул зот шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқирон авлодидандирлар. Ислом дини йўлида улкан хизматлар қилган буюк темурийлар сулоласини туга-тишни истамасман. Тарихда бундай ном қолдириш асло жоиз эмас… Сиз кўрсатган хизматингизга миннатдорчилик рамзи сифатида туҳфамизни қабул этинг. – Нодиршоҳ ўз мулозимларига ўгирилди. – Зарбоф чопон!

Саодатхоннинг елкасига зарбоф чопон ёйилди. У индамай таъзим қилди-да: «Қуллуқ, ҳазрат!» – дея орқаси билан юриб, қароргоҳни тарк этди.

Бир неча кундан сўнг Нодиршоҳ Муҳаммад Гўрхонни ўз қароргоҳига таклиф қилиб, меҳмондорчилик уюштирди. Меҳмондорчиликдан сўнг қисқа музокара бўлиб ўтди. Шундан кейин икки шоҳ вакили ҳинд қўшинларига яқинлашиб, янги сулҳ тузилганлигини ҳамма тарқалиши мумкинлигини айтишди. Ҳиндлар уйларига равона бўлдилар. Нодиршоҳ меҳмонларни кузатар экан, яқин кунларда Деҳлини зиёрат қилиш ниятида эканлигини айтди.

1739 йил 20 март куни у Деҳлига кириб борди. Уни катта дабдаба билан кутиб олдилар.

Бир неча кун аввалги музокарадан икки шоҳнннг қандай суҳбат қурганлари менга номаълум, бироқ Деҳлидаги учрашувда Нодиршоҳ Муҳаммад Гўрхонни Ҳиндистон ҳукмдори сифатида тан олишни эълон қилди. Муҳаммадшоҳ эса бунинг эвазига, минатдорчилик билдириб, сарой хазинасидаги олтин-кумушлар ва жавоҳиротларни Эрон шоҳига инъом этди. 21 март куни бомдод намозида эса Нодиршоҳнинг номи хутбага қўшиб ўқилди.
Нодиршоҳ Ҳиндистондан олтин, кумуш ва жавоҳпротларни қўшиб ҳисоблаганда етти юз миллион рупийлик ўлжа олиб қайтди. Бобурийларнинг ғарбий ерлари унинг давлатига қўшиб олинди.

Шундай қилиб «Кўҳи нур», «Шоҳ» олмослари, «Чироғи олам» ёқути Исфахонга қараб йўл олди. Шунинг билан «Буюк Амир Темур ёқути» темурийлар қўлидан кетди.

The-Koh-i-Noor-Diamond.jpg«Кўҳи Нур» олмоси

2.jpg«Шоҳ» олмоси

* * *

– Эй, ёқутлар ёқути «Чироғи олам»! Энди юзинга битилган энг охирги исм эгаси – Аҳмадшоҳ Дурроний ҳақида сўзлаб бер. Сенга қачон на қандай қилиб афғон халқини давлатли қилган, Афғонистон деган юртни ташкил этган зот номини муҳрлашди? Ахир, ўша давргача – XVIII асрнинг охиригача – бундай номли мамлакат бўлмаган-ку!

* * *

Нодиршоҳ Ҳиндистонга юриш қилишдан бир йил аввал, 1738 йилда Қандаҳорни эгаллагани сизга маълум. Ўшанда, у шароитни ўрганиб чиқиб, афғонларнинг ҳеч бир намояндасини жазоламаганди, фақат ишончга сазовор бўлолмаган саркарда Саид ал-Носирийнинг кўзларига мил торттирганди. Саккиз йилдан бери зиндонда ётган Ҳирот ҳокими Зулфиқорхон ва унинг укаси Аҳмадхонни озод қилганди. Зулфиқорхоннинг кучли шахс эканлигини билгани учун унга мол-мулк бериб, Мозандаронга ҳоким қилиб жўнатганди. Аҳмадхон ҳам акаси билан кетишга буйруқ олганди.
Нодиршоҳ Ҳинд сафаридан қайтаётиб, ўз она ватани Хуросонда тўхтади. Ғалаба билан келаётган буюк шоҳни қутлаш учун Хуросоннинг барча сардорлари, давлат аёнлари унга пешвоз чиқдилар. Улар орасида Мозандарондан етиб келган ўн саккиз яшар Аҳмадхон ҳам бор эди.

* * *

Нодиршоҳ Ҳиротда дам олар экан, янги бир юриш ҳақидаги ўй унга тинчлик бермай қўйди. Мана, у усмонийларнинг адабини берди – яқин орада бош суқишмайди, русларни Каспий бўйларидан ҳайдади – у ерлардаги мусулмонлар жуда миннатдор, Ҳинддан катта ўлжа олиб қайтди – ўзларидан кўришсин. Афғонлар юрти ҳам ўзиники – одамлари унга садоқатли. Энди бир Бухоро-ю, Хевага ташриф буюриб, ўзининг кучини кўрсатиб қўйса, давлатининг чегаралари анча кенгаярди. Бунга қувват етарли. Лашкар жангга шай. Янги-янги ўлжалар иштиёқида ёниб турибди. Қўшилгаи афғон жангчилари ҳам катта куч. Саркарда афғон Нурмуҳаммад Хилзой уларни яхши бошқаради. Унга ёрдамчилар ҳам зарур. Ўзи топа қолсин. Аммо, барибир, уларни назардан ўтказиш лозим. Ҳа, айтгандай, Аҳмадхонни ҳам унутмаслик керак. Насл-насабли. Яхши тарбия олган.

Нодиршоҳ ҳузурига Нурмуҳаммад Хилзойни чақириб, у билан суҳбат қуриб бўлгач, мулозимларга буюрди:
– Аҳмадхонни чақиринг!

Аҳмадхон кириб салом берди-да, таъзим қилди.

– Сенинг ажойиб, ботир йигит эканлигингиздан хабарим бор, – деди Нодиршоҳ. – Шу боис, мен сени афғон қўшини бўлинмаларининг бирига бошлиқ қилиб тайинлашни лозим топдим.
– Қуллуқ, ҳазратим! Ўла-ўлгунимча хизматигиздаман. Ишончингизни шараф билан оқлашга интиламан!

Нодиршоҳ ўт-оловдек ёниб, асов отдек пишқириб турган, айни кучга кирган бу йигитга қараб жилмайди.
– Биз яқин ойларда Бухоро томон юриш қиламиз. Агар жангларда шижоат ва матонат кўрсатсанг, мавқеинг янада ошади.
– Қуллуқ, ҳазратим!

* * *

Аҳмадхон фақат Бухоро юришида эмас, Арманистонни забт этишда, Доғистондан русларни қувиш жангларида ҳам юксак маҳорат ва жасурлик кўрсатдики, натижада у Нодиршоҳнинг энг ишончли кишиларидан бирига айланди. У афғонларнинг абдали қабиласи жангчиларигагина эмас, ёлланма ўзбек отлиқ аскарларига ҳам қўмондонлик қила бошлади.

1747 йилга келиб, Эрон давлати мустаҳкамлангач, туркий Нодиршоҳ форсий аёнларга керак бўлмай қолди. Баъзи намояндалар уни йўқотиш тадоригини кўра бошладилар ва саройда фисқ-фужурни авж олдирдилар. “Нега бизга бу келгинди туркий шоҳлик қилаяпти?! Нима, форсийлар давлатни бошқара олмайдиларми?” каби гапларни кўпайтирдилар. Буни сезган Нодиршоҳ ўзига кўпроқ афғонларни – Нурмуҳаммад Хилзой ва Аҳмадхон Абдалини яқин ола бошлади. Бу эса форсийларнинг янада ғазабини қўзғади. Улар Нодиршоҳни узил-кесил йўқотиш пайига тушдилар. Бундан хабар топган шоҳ уларнинг баъзиларини жазолашга қарор қилди. Лекин улгурмади. 1747 йил 20 июнда, қўзғолон кўтарган курдларни тинчитиш вақтида, Фатҳобод яқинидаги тепаликка қароргоҳ қурган Нодиршоҳ ўлдирилди. (Бу тепалик ҳозир Нодиртепа деб аталади.) Бундан хабар топган қўшиннинг эроний қисми ғалаёнга келиб, Нодиршоҳнинг доимо ўзи билан олиб юрувчи ҳарами ва ҳазинасини талаш мақсадига тушдилар. Лекин Аҳмадхон саркарда Нурмуҳаммад Хилзойнинг барча афғон жангчиларига ва ёлланма ўзбек отлиқ аскарларига таяниб, Нодиршоҳнинг ҳарамини ва ҳазинасини тарождан сақлаб қолди. Эроний қўшин жасур ўзбек ва афғон лашкарларига қарши чиқишга жазм қила олмади. Бундан миннатдор бўлган Нодиршоҳнинг бош хотини Аҳмадхонга ўз ҳурматини изҳор этиб, совғалар жўнатди. Во ажаб! Бу туҳфалар ичида оламга донг таратган «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам» бор эди!..

* * *

Мен бу маълумотдан ҳайратга тушдим. Менинг ҳаёт тажрибам, ўқиганларим, кузатишларим кўпинча садоқат ва жасурлик, раҳнамосига бўлган ҳурмат ва эътиқод каби хусусиятларнинг бундай даражада тақдирланишини кўрсатмаганди. Аксарият, макр-ҳийла, хиёнат, зўравонлик ғалаба қилишини кузатгандим. Нега бу ерда ҳаётнинг аччиқ қонуни ўз кучини ишлатмади? Малика икки оғиз миннатдорчилик номасини юборса ҳам бўларди-ку. Мулоҳаза қилиб кўрсам, ҳаётдаги ҳар бир қонуннинг бажарилишида худди физика қонунларига монанд, маълум бир чегаралар мавжуд экан. Агар ана шундай чегаравий шартлар аввалдан киритилиб, унга қатъий амал қилинса, керакли натижани олишинг мумкин экан. Ушбу ҳодисотда Аҳмадхоннинг кўнгли поклиги, садоқати, эътиқоди ва раҳнамосининг олижаноблиги, насл-насаблилиги чегаравий шартлардир.
Аҳмадхон бундан кейин ҳам ўз юрти учун янада буюк ишларни амалга оширди. Унинг, вафот этган бўлса ҳам, раҳнамосига садоқати келгуси ҳаётидаги муваффақиятларга туртки бўлиб хизмат қилди.

* * *

Нодиршоҳнинг ўлимидан сўнг, Аҳмадхон ва саркарда Нурмуҳаммад Хилзой Эроннинг ички ишларига аралашишни истамай, барча қўшинлари билан Қандаҳорга қайтдилар ва фурсатдан фойдаланиб, мустақил афғон давлатини тузишга қарор қилдилар. Олдинда Афғонистоннинг подшоҳини сайлаш муаммоси кўндаланг бўлиб турарди. Бунинг учун Қандаҳорга барча афғон қабилаларининг сардорлари жирғага йиғилдилар.
Жирға ўн кун мобайнида бир қарорга келолмади. Шартга кўра, сайланувчи шоҳ қатнашувчиларнинг ярмидан кўпини эмас, ҳаммани қаноатлантириши керак эди. Кўпгина йирик қабилаларнинг бошлиқлари, хусусан, Нурмуҳаммад Хилзой ҳам ўз номзодларини ўтказа олмадилар. Шунча кун мобайнида Аҳмадхон ўз номзоди ҳақида чурқ этиб оғиз очмади. Бироқ ўнинчи куни қатнашувчиларнинг бири – Қобул ҳокими Собиршоҳ Аҳмадхонни подшоҳ этиб сайлашни таклиф қилди. «У, – деди Собиршоҳ, – қалби пок инсон, ёш бўлса-да, катта ҳарбий ва ҳаётий тажрибага эга!» Бу таклифга ҳеч ким қарши фикр айтолмади. Шундай қилиб, йигирма беш ёшли Аҳмадхон Афғонистон шоҳи қилиб сайланди. Бу 1747 йил октябрь ойида содир бўлди.

Аҳмадшоҳнинг номи фақат «Чироғи олам»нинг ёниқ юзидагина эмас, Ўрта Осиёнинг тарихида ҳам ўчмас из қолдирди. У Афғонистон давлатига асос солди. Унгача бундай давлат бўлмаганди. Ўша даврдан бери Афғонистон ўз мустақиллигини йўқотмади.
Аҳмадшоҳ ажойиб инсон бўлгани учун Даврон Дури, кейинчалик Дурроний деб аталди. У афғон шоҳларининг дурронийлар сулоласини вужудга келтирди.

Аҳмадшоҳ Дурроний 1773 йили вафот этиб, ўзидан сўнг қирқ миллион аҳолиси, катта хазинаси ва кучли қўшини бўлган давлатни ўғли Темуршоҳга қолдирди.

* * *

– Ҳурматли «Буюк Амир Темур ёқути!» Энди айт-чи, сен қандай қилиб ўз Ватанингдан, Амир Темур авлодларидан узоқдаги Буюк Британия оролига бориб қолдинг?

* * *

Темуршоҳ Дурроний пойтахтни Қандаҳордан Қобулга кўчирди. Хазина, шу жумладан «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам» ҳам у ерга олиб кетилди.
1793 йили Темуршоҳ вафот этди. Тахтга унинг йигирма уч ўғлининг бешинчиси Замон Мирзо ўтирди. Шу вақтдан Дурронийлар давлатида нотинчлик ҳукм сура бошлади. Панжоб вилояти қўлдан кетди. У сикхларга қарам бўлиб қолди. 1799 йили Замоншоҳ ўн тўққиз ёшли сикх рожаси Ранжит Сингх билан қўшилиб, Панжобни қайта эгаллашга уринди, лекин натижага эришолмади. Ранжит Сингх эса Лоҳурни забт этишга муваффақ бўлди. Замон Мирзонинг ҳукмдорлиги узоққа чўзилмади, 1800 йили укаси Маҳмуд уни тахтдан қулатиб, кўзларига мил торттирди. Бироқ уч йил ўтгач, у ҳам бошқа ука – Шужоъ ул-Мулк томонидан ағдарилди. Шужоъ ул-Мулкни халқ ва сарой аҳли унча хуш кўрмади. Зийраклик, ҳушёрлик каби хислатлар унга ёт эди. Тез орада хазина ҳам бўшаб қолди. Натижада, 1813 йили сарой аёнлари тахтга яна қайта Маҳмудни чиқардилар. Шужоъ ул-Мулк эса Лоҳурга қочишга мажбур бўлди. У ўзи билан барча жавоҳирларни, хусусан «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам»ни ҳам олиб кетди. Шужоъ ул-Мулк кўп йиллар Ранжит Сингх паноҳида яшади. Вақти келиб, сикх рожаси Шужоъ ул-Мулкнинг жавоҳирларидан хабар топди ва бошпана эвазига уларни ўзига беришни талаб қилди.

* * *

Шужоъ ул-Мулк рози бўлмади. Бу жавоҳирлардан ажраш – омад ва бахтдан ажраш демак эди.
– Марҳаматли рожа, афсуски, сиз мендан бажариш мумкин бўлмаган ипши сўраяпсиз. Мен сизга жонимни беришга тайёрман, лекин «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам»ни беролмайман.

Ранжит Сингх ғазабланди. «Бу қандай кўрнамаклик! Мен унинг ҳаётини сақлаб қолган бўлсам, бошпана бериб, шоҳона турмуш кечиришига барча имкониятларни яратсам-у, у мендан жавоҳирларни қизганса?! Йўқ, бу тузни ичиб, тузлуққа тупурувчи одамдан ноёб жавоҳирларни куч билан бўлса-да, тортиб олиш керак.
– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Биз ахир дўстмиз. Менинг уйим – сизнинг уйингиз. Менинг бойлигим, қудратим – сизнинг ҳам бойлигингиз, куч-қудратингиздир. Наҳотки, сиз ўз дўстингиздан қандайдир жавоҳирларни аясангиз?

Шужоъ ул-Мулк бошини хам қилди.
– Минг бор узр, марҳаматли рожа! Бу жавоҳиротлар бобом Аҳмадшоҳдан эсдаликдир. Тошлар бобомизга омад ва бахт келтирган, таналарига куч, қувонч, ўзларига бардамлик бахш этган. Ул киши йигитлик чоғларидаёқ Афғонистон шоҳи этиб сайланганлар. Жавоҳиротларнинг вақти келиб менга ҳам омад, куч-қудрат келтиришига ишонаман. Уларни йўқотиш – барча умидларимни йўқотишдир. Майли, истаган бошқа жавоҳирларни олинг. Лекин, бу икки тошни асло ҳадя этолмайман…

Рожанинг тошларга бўлган ҳаваси янада ортди. Демак, «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам» ноёб жавоҳиргина эмас, сеҳрли хусусиятга ҳам эга экан-да! У ҳолда уларни албатта тортиб олиш зарур.
– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Гапларингиз дилимни юмшатди. Аммо, айтинг-чи, уларга назар ташлаш ҳам мумкин эмасми?
– Марҳаматли рожа! Келинг, шу тошлар ҳақида сўзлашмайлик.

Ранжит Сингхнинг ғазаби қайнади.
– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Тузни ичиб, тузлуққа тупурманг! Жавоҳирларни қаерга яширгансиз!?
– Афсуски, марҳаматли рожа, бу нарсани айтолмайман.

Ранжит Сингх мулозимларига ўгирилди. Унинг қорача юзи янада қорайиб кетганди.
– Мана бу кўрнамакни зиндонга ташланг! Овқат ва сув берманг!

Шужоъ ул-Мулк банди қилиб олиб чиқиб кетилди. Икки кун ўтгач, ҳолсизланиб қолган Шужоъ ул-Мулк яна рожа ҳузурига келтирилди.
– Хўш, олийзот Шужоъ ул-Мулк, энди айтарсиз, жавоҳирларнинг қаердалигини. Огоҳлантириб қўяй, агар яна ўжарлик қилсангиз, мулозимларимга буюраман, сизни ўласи қилиб калтаклашади.

Шужоъ ул-Мулк киртайиб қолган нурсиз кўзларини унга тикди. Сувсизликдан ёрилган лабларини қимтиди.
– Марҳаматли рожа, майли калтаклатинг…

Рожа мулозимларга имлади. Улар шу заҳотиёқ қувғин қилинган афғон шоҳини олиб чиқиб, роса калтаклашди. Сўнг рожа ҳузурига судраб келишди. Ранжит Сингх Шужоъ ул-Мулкка яқинлашди.
– Нега? – деди у дарғазаб оҳангда. – Нега айтмаётирсиз? Ахир ўлиб кетасиз-ку!

Шужоъ ул-Мулк ўзи нариги дунёга равона бўлса, рожа жавоҳирларни топа олмаслигини билар эди. Ранжит уни ўлдиролмайди. Шунинг учун кўзларини юмиб очди. Бу, «майли, ўлсам ўлақолай», дегани эди. Рожа буни яхши англади ва бошқача қарорга келди.

– Олийзот Шужоъ ул-Мулк! Энди ўзингиздан кўринг! Сизни ўлдиртирмайман, лекин жазосиз ҳам қолдирмайман. Мен сизнинг кўзларингизга мил торттираман. Шундан кейин кўрасиз, ўша жавоҳиротлар сизга қандай омад ва бахт келтиришини! – Ранжит Сингх мулозимларга ўгирилди.— Жаллодни чақиринг! Айтинг, бунинг кўзларини ўйсин!

Жаллод ҳозир бўлди. Милни ушлаб, Шужоъ ул-Мулк кўзларини ўзига қаратди. Айни шу дамда қувғиндаги шоҳ базўр сўз қотди:
– Тўхта… Рожани чақир… Айтаман…

Шундай қилиб, «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам» сикх рожаси Ранжит Сингхга ўтиб қолди. Шужоъ ул-Мулк эса инглизлар томонидан забт этилган ерларга –– Лудхианага кетди. Улар қувғиндаги шоҳга бошпана бериб, нафақа тайинладилар.

* * *

Ранжит Сингх ўз ерларини то 1823 йилгача кенгайтириб борди. Балки чиндан ҳам унга жавоҳиротлар омад ва қудрат бағишлагандир?! Бироқ у инглизлар босиб олган ерларни тортиб ололмади. У афғонлардан Кашмирни, Пешоварни олди, холос. Унинг давлати кенгайиб, анча мустаҳкамланди.

Ранжит Сингх 1839 йил 27 июнда вафот этди. Унинг валиаҳди Кхаран Сингх узоқ вақт подшоҳлик қилолмади, 1840 йилнинг ноябрида оламдан ўтди. Тахтга Ранжит Сингхнинг иккинчи ўғли Шер Сингх ўтирди. У 1843 йилнинг сентябрь ойидаги ички тўполонларда ўлдирилди. Шундан сўнг тахтга Ранжит Сингхнинг энг кичик фарзанди олти ёшлик Далип Сингх ўтқазилди.

Бу вақтда мустамлакачи инглизларнинг Ҳиндистондаги кучлари ошиб бормоқда эди. Уларнинг босқинчи қўшинлари Панжобни ҳам истило қилишга узоқ уринишди. Ва ниҳоят, иккинчи сикх урушидан сўнг. 1849 йилда Лоҳур эгалланди. Ўн икки ёшли рожа Далип Сингх бир умрлик нафақа эвазига тахтдан ва хазинадан, шу жумладан, жавоҳиротлардан воз кечиш «сулҳи»га кўл қўйишга мажбур этилди. Шундай қилиб, «Кўҳи нур» ва «Чироғи олам» инглизларнинг мустамлакачи “Ост-Инд” компанияси қўлига тушди.

Бу комнаниянинг мутахассислари «Чироғи олам»нинг ўта ноёб тош эканлигини англай олмадилар. Улар асосан «Кўҳи нур»га эътибор қилиб, уни Англия қироличаси Викторияга туҳфа этдилар. Кейинчалик, 1851 йилда Англия пойтахти Лондонда барча талон-тарож қилинган жавоҳирларнипг катта кўргазмаси уюштирнлди. У ерга қўйилган «Чироғи олам»га мана бундай изоҳ берилгаиди: «Тўртта катта шпинель-ёқутдаи иборат тақинчоқ». Шундан қилиб, «Чироғи олам»нинг ўзи ҳам, номи ҳам бир неча ўн йилликларга унут бўлиб кетди.

Орадан олтмиш йилдан кўпроқ вақт ўтди. 1912 йили улкан ёқутдаги ёзувлар инглиз жавоҳиршуноси Жеймс Ҳерберт Смитнинг диққатини ўзига тортди. Ундаги энг йирик битикларни арабча алифбени билувчиларга ўқитиб кўрди. Таржима қилдирди. Унда: «Бу, Исфаҳонга 1153 йил Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир», деб ёзилганди. «Демак, бу ёқут Буюк Амир Темурнинг жавоҳири экан», деган хулосага келди жавоҳиршунос ва уни шу ном билан атай бошлади. Нодиршоҳнинг битиги ёқутга янги ном берилишига сабаб бўлди. Кейинчалик, унинг дунёга машҳур «Чироғи олам» жавоҳири эканлиги аниқланди. Ҳозир ҳам у Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталиб келинади.

«Чироғи олам» тарихидаги яна бир диққатга сазовор жой шундаки, у «Кўҳи нур» билан 1612 йилдан бери «ажралмас дўст» сифатида «саёҳат» қилган.

* * *

«Буюк Амир Темур ёқути»нинг ҳикояси тугади.

Мен унга миннатдорчилик билдириб, сертуман Альбион деб ҳам аталувчи Британия оролини тарк этдим. «Чироғи олам» билан хайрлашиш оғир бўлди. «Мени ҳам Буюк Амир Темур авлодлари яшаётган серқуёш, ёруғ, нурли ўлкангга олиб кет!— илтимос қилди у компьютер экрани орқали. – Мен олам чироғи бўлганим билан, ўз юртимнинг ёруғ нурларни тўйиб эмиб турмасам, нозик жилолар таратолмайман». «Афсуски, – дедим мен, – Буюк Амир Темур авлодлари сени ҳам асрай олишмаган. Мени кечир, сени олиб кетолмайман. Аммо менинг қалбим ва ушбу сатрлардан сенинг мавжудлигингни билган ўзбек халқининг қалби ҳам доимо сени ёдда тутади. Балки, келажакда қандайдир бир ижобий воқеа рўй бериб, ўзимизга қайтиб келарсан……»
Шундан сўнг, ота-боболарим ва ўзимнинг туғилиб ўсган шаҳрим – азим Тошкентга қайтдим.

* * *

Ёзиб олган маълумотларим, кечинмаларим битилган қоғозларга тикилдим ва бундан кўп фойда йўқлигини англадим. Ўзимнинг ўтган ҳаётим кўз олдимда туриб қолди.
Мен нимани ният қилган, қандай мақсадга интилган бўлсам, ўшанга эришяпман. Бироқ бу нарсаларнинг бари осонлик билан амалга ошаётгани йўқ. Орзуларим кечикиб ушаляпти. Вақт  кўп кетяпти. Умр ўтмоқда. Аммо ўзимни овутишим мумкин: ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлгани ҳам дуруст.
Мен ўз халқимнинг бир заррасиман. Унинг бир вакилиман. Халқимга тегишли нуқсонларнинг ва фазилатларнинг бир қисми менинг қонимда ҳам бор. Балки, мендаги ҳолат, ҳаётимнинг кечиши ҳам халқимдаги ҳолатнинг бир инъикосидир. Агар халқ билан шахс ўртасидаги мен айтган алоқанинг озми-кўпми мавжудлигини ҳаёт қонуни деб ҳисобласак, демак Ватанимиз охир-оқибатда, ҳеч бўлмагандан кўра, кеч бўлса-да, «Буюк Амир Темур ёқути» ёхуд «Чироғи олам»га яна эгалик қилар?!

   Oradan oltmish yildan ko‘proq vaqt o‘tdi. 1912 yili ulkan yoqutdagi yozuvlar ingliz javohirshunosi Jeyms Herbert Smitning diqqatini o‘ziga tortdi. Undagi eng yirik bitiklarni arabcha alifbeni biluvchilarga o‘qitib ko‘rdi. Tarjima qildirdi. Unda: «Bu, Isfahonga 1153 yil Hindistondan olib kelingan yoqut, shohlar shohi Sulton Sohibqironning yigirma besh ming asl javohirotlaridan biridir», deb yozilgandi.

Ozod MO‘’MIN
BUYUK AMIR TЕMUR YOQUTI
Tarixiy voqeanomalar
09

Men roppa-rosa o‘n yil, ya’ni 1980 – 1990 yillarda qimmatbaho toshlarning tabiiy xususiyatlarini o‘rganish bilan shug‘ullanganman.

O‘sha paytlardagi ilmiy va texnik ishlarim hozirgi paytda, barcha qimmatbaho toshlar ilmi – gemmologiya sanoati rivojlangan mamlakatlarda keng qo‘llanilayotgan bir qancha qurilma-asboblarga asos solgan. Men hozirgi paytda ularga mualliflik huquqimni pesh qila olmayman, sababi Sovet Ittifoqi Patentlik byurosi boshqa yurtlarda ham himoyalanuvchi hujjat bera olmagan. Aytilgan yillardagi mehnatlarim, chekkan zahmatlarim, chidam va sabr-toqatlarim o‘z samarasini bergan — menga Sovet Ittifoqi ixtirochisi medali topshirilgan va tadqiqotlarim asosida fizika-matematika fanlari nomzodi sharafini yoqlaganman.

Men olib borgan ilmiy izlanishlarim mobaynida qimmatbaho toshlarning juda ajoyib xossalari mavjudligiga, katta axborot manbai ekanligiga chin dildan ishonganman. Ularning qalblarni qitiqlovchi ohanrabo nurlari, turli ajabtovur jilvalarida nafaqat she’riyat, nafaqat sevgi va muhabbat, balki hayotning, shafqatsiz, hiylakor hayotning dramatik nasri, bo‘yalmagan tarixi ham mujassamlashganligini his etganman.

Men mana shu o‘tgan yillar ichida fantastik asarlar ham yozishni boshlaganman. Badiiy ijod menga kelajakka umid bag‘ishlab, ko‘nglimda quvonch va ishonch uyg‘otgan bo‘lsa-da, negadir qimmatbaho toshlar haqida, ular bilan bog‘liq biror asar yozishga harakat qilmaganman. Sababini bilmayman. Ko‘nglimga yilt etgan qandaydir fikrlar kelgan bo‘lishi mumkin albatta. Ammo, jiddiy turtki bo‘lmagan. Hattoki, uyg‘ur va tatar xalqining farzandi, geologiya-mineralogiya fanlari nomzodi, ajoyib fantast-yozuvchi Spartak Axmetovning “Shoh” olmosi” nomli qissasini o‘qiganim, bu muallif bilan yaqindan tanishganim, u mening asarlarim tarjimoni bo‘lgani ham ta’sir qilmagan. Buning asl mohiyatini keyinroq tushundim: o‘sha yillarda meni asosan atrofimdagi insonlarning, aniqrog‘i ilmiy rahbarimning o‘z va’dasida turmaslik uchun turli hiyla-nayranglar uyushtira berganligi ongimni ularga qarshi yashirin kurash olib borishga doimiy kuch sarflashga majbur etabergan va asosiy maqsadim tayyor ilmiy ishimni nima qilib bo‘lsa ham yoqlashga qaratilgani ekan. Bu xildagi odamlar – ularni bunday deb atamasa ham bo‘ladi – o‘z xizmat yuklarini boshqalarga ag‘darish, ortiqcha mehnat qilmay, xotirjam va to‘q turmushlarini ta’minlash maqsadida boshqa bir insonning mehnatini ro‘yobga chiqarmaydilar, turli to‘siqlar qo‘yadilar, uning o‘tayotgan umrini sariq chaqaga ham olmaydilar. O‘ziga bog‘liq odamning irodasini bo‘shashtirishga, kuch-quvvatini kishanlashga urinadilar. Men yillar davomida bu kishanlarni parchalashga harakat qildim va oxir-oqibatda maqsadimga yetdim. Buning uchun, men Yaratganga cheksiz shukurlar qilaman va menga zulm qilgan kishining ajrini Eng Buyuk Zotga havola etaman.

Bu mening hayotimning kichik bo‘lagining juda qisqa tarixi.

Men o‘sha yillarda qimmatbaho toshlar haqidagi turli hujjatlar, qo‘lyozmalar va kitoblar bilan tanishganman. Ana ular toshlarni tilga kiritganlar, meni ajib, qiziqarli dunyoga olib kirganlar.

Qimmatbaho billur toshlarga bag‘ishlangan bir qo‘lyozmada janohirlar sultoni – olmos to‘g‘risida mana bunday deyilgan ekan: «… Inson olmosni chap tomonida olib yurishi lozim, toki u yurakka quvvat va darmon bersin. Olmos er kishiga matonat va mardlik baxsh etadi, uning jismoniy qudratini asraydi. Agar u haq ish uchun kurashayotgan bo‘lsa, dushmanni yengishga yordam beradi. Olmos aqlni ham peshlaydi, g‘amu kulfatni nari suradi va ins-jinslarni haydaydi. Kimda kim olmos egasini baloga giriftor qilmoq istab, sehr-jodu ishlatsa, barcha ko‘rgiliklar uning o‘z boshiga qaytadi. Olmos olib yurgan kishiga hech bir yirtqich hayvon yaqinlashishga jazm etmaydi. Bu billur tosh odamni faqat ezgu ishlarga undaydi, ba’zi kasalliklardan ham forig‘ etadi. Biroq olmosni faqat to‘g‘rilik va olijanoblik bilan qo‘lga kiritish joiz, qalloblik va zo‘ravonlik evaziga egallangan billur toshning ijobiy ta’siri yo‘qoladi. Gunohga va noshar’iy ishlarga moyil kishining olmos olib yurishi umuman befoyda…»

Ha, inson qadimdan ilohiyotga ishongan, har bir jismda o‘ziga xos bir quvvat, o‘ziga xos bir mo‘’jiza mavjud ekanligini o‘zicha kashf qilgan. Bu mo‘’jizaviy quvvatning faqat ezgulikka xizmat etishini ta’kidlagan. Bu xislatlarni balki vaqti kelib ilmiy nuqtai nazardan isbotlash mumkin bo‘lar. Hozir men ham toshlarni so‘zlatish uchun g‘ayrioddiy bir usulga murojaat etmoqchiman, ya’ni fantastika men uchun sevimli adabiy janr bo‘lgani sababli, uning usullaridan foydalanaman. Bu juda xolisanlillo badiiy yo‘l. Ishontirib aytamanki, suhbatdoshlikka chaqirilayotgan kamyob javohir sizni va meni aslo aldamagay, zotan chinni yolg‘onga, yolg‘onni chinga aylantirishdan, o‘zini dono ko‘rsatib, boshqa birovni, o‘zidan jabr ko‘rgan odamni chekka-chekkalarda qoralab, kamsitib yuradigan nusxaga u aslo o‘xshamaydi. Bunday ishdan unga biron-bir naf yo‘q. Uning bola-chaqasi yo‘qki, to‘g‘ri yo‘l bilan boqolmay, tovlamachilik qilsa…

Men ilmiy tadqiqotlarimda asosan lazer nurlari bilan qimmatbaho billur toshlarning o‘zaro ta’sirini o‘rganganim tufayli, mana bunday shartli fantastik holatni qabul qilishni lozim topdim: kichik quvvatli, geliy va neon gazlari aralashmasi yordamida hosil qilinadigan lazer nuriga (katta quvvatli nur toshga zarar yetkazishi mumkin) maxsus yo‘l bilan o‘z savollarimni kiritaman-da, uni tosh vujudiga yuboraman. Tosh albatta savollarimni anglaydi va tekis, silliq yuzalarida singan, qaytgan nurlar vositasida javob beradi. Tosh qa’rida bitmas-tuganmas axborot yotibdi. Ana shu axborot qaytayotgan nurlarga albatta «ilashadi». Qaytgan lazer nurini maxsus asbob va komnyuterda tadqiq qilib, javoblarni anglayman. Kompyuter ekrani menga barcha javoblarni yozib beradi. Siz ham shunday holni tasavvur eting va qabul qiling.

* * *

Mening suhbatdoshim – Sharqda «Chirog‘i olam» (Ba’zi manba’larda uni Xiroji olam» deb ham atashadi. Xurshid Davron izohi), G‘arbda «Buyuk Amir Temur yoquti» deb atalmish qimmatbaho toshdir. Uning bilan qilgan muloqotim mobaynida ko‘p narsalarni bilib olasiz. Ushbu javohir O‘zbekistonda emas, Buyuk Britaniya qirolligi saroyida saqlanayotganligi uchun men safar qilaman.

Men Angliyaga borishga ruxsatnoma oldim va Londonga qarab uchdim.

Samolet “Xitrou” aeroportiga qo‘ngach, taksiga o‘tirib, to‘ppa-to‘g‘ri Buyuk Britaniya qirolligining Bukinxem saroyiga yo‘l oldim. Va borishim bilan saroy xodimlaridan faqat bitta narsani, «Hindiston» xonasida saqlanuvchi o‘ta noyob javohirni – Sharqda «Chirog‘i olam», G‘arbda «Buyuk Amir Temur yoquti» deb atalmish qimmatbaho toshni ko‘rsatishlarini hamda u bilan suhbatlashishga ruxsat etishlarini so‘radim. Hech kim monelik bildirmadi.

<_f6a890b3ea16e2e452c66ef69226bc19.jpg

s640x480.jpgMen olib borgan lazerli asbobim va kompyuterni yaxshilab sozladim-da, suhbatni boshladim. Quloq tuting, azizlar!

* * *

– Hurmatli «Chirog‘i olam» yoxud «Buyuk Amir Temur yoquti», siz juda yaxshi bilasizki, go‘zallik, kamyoblik va chidamlilik qimmatbaho toshning uch asosiy sifatidir. Bu belgilarning birortasi yetishmaydigan billur tosh qimmatbaho hisoblana olmaydi. Javohir ko‘zni, dilni quvnatishi kerak, degan gap – oddiy haqiqatdir. Insoniyat butun tarixi mobaynida turli javohirlarni topishga, ularning xususiyatlarini ilmiy tomondan o‘rganishga intilgan. Bizning qadimiy yurtimiz va xalqimizning buyuk vakillari bo‘lmish Abu Rayhon Beruniy hamda Abu Ali ibn Sino qimmatbaho toshlar haqida maxsus kitoblar bitishgan. Beruniyning «Javohirlar to‘g‘risidagi ma’lumotlar (Mineralogiya)» risolasi hozirgi davrda ham o‘z ahamiyatini yo‘qotmagan. Bu ilmiy monografiya jahonning turli tillarida hamon qayta-qayta chop etilib kelinayotir. Ibn Sinoning xuddi shunday kitobidagi ma’lumotlardan butun jahon olimlari to XX asrgacha fondalanib kelishgan.

–Hurmatli tadqiqotchi, bu gaplaringizning men uchun biron-bir iliq-issiq joyi yo‘q. Qimmatbaho toshlarni X asrlik Abu Rayhon Beruniy o‘rganadimi yoki XX asrlik ingliz javohirshunosi Herbert Smit tekshiradimi, menga baribir.

– Bular siz uchun emas, o‘quvchilar uchun muhim. Endi sizni tanishtiray. Shundan so‘ng sizga bir qancha savollar beraman.
– Marhamat.

– Siz butun dunyo tarixidagi eng noyob yoqut hisoblanasiz. Hajmi va og‘irligi jihatidan sizning hech bo‘lmasa yarmingizchalik keladigan yoqut shu vaqtgacha topilmagan. Og‘irligingiz 361 karat (1 karat—0,2 g). Mana, ko‘rib turibman, siz o‘zingizdan kichik uchta yoqut, bir qancha yirik dur va zumradlar qadab yasalgan taqinchoqning markaziy qismisiz. Gaplarim to‘g‘rimi?
– Ha.

Men yana savol berdim.
– Ma’lumki, sizni bobomiz Buyuk Amir Temurning yoquti deb atashadi. Buyuk Amir, o‘zlarining gaplari bo‘yicha «butun dunyodagi razil jinoyatchilarning yostig‘ini quritish niyati bilan» umr kechirganlar. 1398 yili Dehli shahrini o‘z tasarruflariga olgan paytlarida, sizni u kishiga tuhfa etishgan. Yanglishmadimmi?
– Yo‘q. Juda aniq.

– Endi men xolis tinglovchi bo‘lib turaman. Siz o‘z tarixingizni bayon qilavering. Men vaqti-vaqti bilan ganingizni bo‘lsam, ma’zur tutasiz, kelishdikmi?

– Roziman.
– U holda boshlayvering.

* * *

1398 yili Buyuk Amir Temurga janubiy o‘lkalarga hukmronlik qilayotgan nabirasi Pirmuhammaddan noma keldi. U o‘zi idora qilayotgan yerlarni kengaytirishga urinib, Sind diyorining katta shaharlaridan biri Multonni ishg‘ol qilibdi. Bu joylarda mo‘min musulmonlar kam-u otashparast – kofirlar mo‘l ekan. Ular mo‘minlarga ola qararkanlar.

Buyuk Amirning jahli chiqdi. Albatta, undaylar o‘z jazosini olishi yoki haq yo‘lga kirishi darkor. U islom dini yo‘lida ko‘p zahmatlar chekdi, qiyinchiliklarga ko‘ndi. Biroq harakatsiz, rohat-farog‘atda yashash unga yot. U haqiqat uchun, Muhammadning qutlug‘ bayrog‘ini yuqoriroq ko‘tarshi uchun qo‘shin surishdan charchamaydi.

Shuning uchun, u darhol qo‘shinni yig‘ib safar tadorigini ko‘ra boshladi. Shu jarayonda Hind o‘lkasidan ham xabarlar keldi. Dehli sultoni Feruzshohning mangulik dunyosiga o‘tganidan so‘ng, Hindistonning ko‘p shaharlaridagi butparast, otashparast kofirlar musulmonlarni chiqishtirmay qo‘yibdilar, ezib yancha boshlabdilar. Bunday ro‘y berayotgan hodisalar ham sohibqironning g‘azabini qo‘zg‘atdi. Demak, jiddiy urushga tayyorgarlik ko‘rish kerak.

Amir Temur qo‘shini Dehliga yaqinlashguncha, yo‘l-yo‘lakay barcha yerlarda haqqoniy tartiblar o‘rnatilib, yomonlar jazolanib bordi. Nihoyat. 1398 yil 11 dekabrda sohibqiron Dehli ostonalariga yetib keldi. Endi haqiqiy jang bo‘lishi kerak edi. Buyuk Amir 13 dekabrda shahzodalarni, amirlarni, sarkardalarni, saroy ayonlarini va o‘n ming kishilik xos navkarlarini Feruzshoh maqbarasi oldiga yig‘ib, majlis qurdi.

Sohibqiron dushman bilan qay taxlitda va usulda jang olib borish, uni qanday qilib esankiratish hamda qay yo‘l bilan jang girdobidan chiqish lozimligini tushuntirdi. Har bir kishining jang paytidagi vazifasini, kim markazda, kim chap va o‘ng qanotda yurishini belgiladi. Dushman hujumini qay usulda daf etishni anglatdi.

Majlis ahli tarqalgach, soqibqiron munajjimlardan yulduzlarning qanday holatda ekanligini so‘radi. Ular aniq bir fikr izhor qila olmadilar. Ertasi bomdod namozidan so‘ng, Buyuk Amir Temur Tangrining mehribonligiga ishonib, Qur’onni ochdi va fol ko‘rdi. Unda ushbu sura namoyon bo‘ldi: «Haqiqatdan ham bu yerdagi hayot nimaga o‘xshaydi? U osmondan yog‘adigan, o‘simliklar shimadigan, odam va hayvonlar ichadigan suvning o‘zi. Yer yuzi chiroyli yashil liboslar kiyganda, ular bu ish o‘zlariniki deb xayol qiladilar, holbuki bu narsa bir kunda bizning amrimiz bilan ro‘y bergan va oldin bunday emas edi». Bu sura sohibqiron raqiblarining yanglish fikrlari va xatolariga, hind qo‘shinlarining sarkardasi bo‘lmish Malluxon o‘y-niyatlariga ishora edi. Buyuk Amir yana bir bor fol ko‘rib, «Asalari» surasidagi ushbu so‘zlarni ochdi: «Olloh, bizga ikki qulni, ya’ni hech kim hamda hech narsaga hukmronlik qilolmaydiganni va biz a’lo mazmunli qilib yaratganimiz, shuning uchun yashirin hamda ochiq ravishda qurbonlik qilib turuvchini solishtiring, deganlar». Sohibqiron bu ikki surani tahlil qilib, o‘zining baxt yulduzi yarqirayotganini his qildi.

17 dekabr kuni Sohibqiron otga mindi va qo‘shinini safladi. Asosiy otliq qo‘shin markazga tizildi. Uning oldida ilg‘or qism — jangni boshlab beruvchilar, orqasida esa qarorgoh bilan zahira askarlar joylashtirildi. Buyuk Amir Temur qanotlarga ham e’tibor berdi. Ikkala tomonga alohida-alohida qismlardan iborat bo‘lgan otliq jangchi bo‘linmalarini — kanbullarni safladi. Odatda, markaziy qo‘shin asosiy jangni olib borar, kanbullar esa dushmanning o‘ng va chap qanotini yorib kirnshga va aylanib o‘tib orqadan zarba berishga urinardilar. Kanbullar eng botir va tajribali jangchilar edilar. O‘ng qanotni shahzoda Pirmuhammad, shahzoda Sulaymonshoh va boshqa amirlar, chap qanotni shahzoda Sulton Husayn, shahzoda Xalil Sulton, Jahonshoh va boshqa amirlar, ilg‘or qismni shahzoda Rustam, amir Shayx Nuriddin, amir Shoh-Malik, Ollohdod va boshqa amirlar jangga soldilar. Sohibqiron qo‘shin markazida turdi.

Sulton Mahmud Dehlaviy va sarkarda Malluxon o‘n ming otliq, yigirma ming saralangan piyodalarni safladilar. To‘fon paytidagi dengizdek pishqirib turgan 120 ta urush fillarini ham jangga hozirladilar. Har biri tog‘dek keladigan bu fillarning ustidagi taxtiravonlarga kamon otuvchilar joylashtirildi. Fillarning xartumlari bir-birlari bilan bog‘landi, ular orasidan yorib kirish mushkul edi. Hind qo‘shinlarida yana bir qurol bor ediki, Sulton Mahmud Dehlaviy unga katta umid bog‘lagandi. Bu, uzoqdan turib ham dushmanni ajal komiga ravona qiluvchi «o‘q otar» edi. «O‘q otar» Temur qo‘shinini esankiratib qo‘yadi, deb xayol qildi hind sultoni.

Afsuski, u yanglishgandi. Sohibqiron bunday qurolni 1379 yildayoq Urganch qamali vaqtida ishlatgan, buyuk Amirning qo‘shini undan zarra cho‘chimadi.
Sohibqiron Baxali tepaligiga qarorgoh qurib, saroy xodimi mavlono Nasriddin Umarga shu yerga joynamoz solishni buyurdi va ikki rakaat namoz o‘qib, Ollohdan yordam hamda jangda madad so‘radi.

Nihoyat ikki dengiz junbushga kelib chayqaldi va qirg‘inbarot jang boshlandi. Sohibqironning ilg‘or qismi fillar qatoriga hujum qilib, bu harakatlanuvchi tog‘larning orasidan yorib kirishga muvaffaq bo‘ldi. Ular filbonlarni, kamonchilarni yiqita boshladilar, kallalar chavgon to‘plaridek tuyoqlar orasiga dumalab tushar, qonlar favvoradek otilardi. Dushman ham qattiq qarshilik ko‘rsatar, matonat bilan jang qilardi.

Bu muhorabani to‘liq tasvirlashga til ham, qalam ham ojiz. Botirlik va ayovsizlik, tajriba va g‘o‘rlik, bahodirona hayqiriqlar-u, qilich-nayzalarning jarangi, kesilgan boshlar-u, daryo-daryo qon oqimlari — barchasi ayqash-uyqash bo‘lib ketdi. Fillarning bo‘kirishlari, yaradorlarning dod-voyi chor atrofpi tutdi. Ha, urush ko‘ngli yumshoq, zaif kishilarning ishi emas. Zaiflar, ko‘ngli bo‘shlar, qo‘rqoqlar insoniyatning butun tarixi mobaynida qullikka mahkum bo‘lib kelganlar. Qo‘ydek beozorlik, hiylakor dushmanning so‘zlariga laqqa ishonib yuraverish har qanday xalqni, ayniqsa, o‘z tarixini, insoniy izzatini unutib qo‘ygan xalqni boshqalarga qaram qilib qo‘yadi. U paxta ekib, bir parcha chitga zor bo‘ladi, bug‘doy undirib, non yeyolmaydi, oltin qazib olib, chaqaga zoriqadi.

Dushman qarshiligi bora-bora susaydi. Axir, qanday qilib suv tomchisi qal’a devoriga ta’sir ko‘rsatolsin?.. Sulton Mahmud va sarkarda Malluxon bir siqim askarlar bilan qochib qoldilar. Biroq, keyinchalik ular buyuk Amir Temur poyiga bosh urib, qarshilik ko‘rsatganliklari uchun kechirim so‘rab keldilar.

Jang tugadi. Dehli taslim bo‘ldi. Shaharga kirish marosimi ertangi kunga belg‘ilandi.

18 dekabr kuni sohibqiron o‘z ayonlari bilan Dehlining Maydon darvozasiga yaqinlashdi. Bu yerda uni tantana bilan shaharning saidlari, buyuk kishilari, kazo-kazolari kutib olishdi. Ular Buyuk Amir Temurning oyoqlarini o‘pib, noyob sovg‘alar topshirdilar. Bundan buyon Dehlida haqiqat, tinchlik, baxt-saodat hukm surishiga ishonch bildirdilar…

Tuhfalar orasida duru javohirlar ham mo‘l edi. Ularning ichida juda ham katta, olovdek yonib turgan, qip-qizil «Chirog‘i olam» deb nom olgan bir yoqut ko‘zni qamashtirib jilo sochardi…

Bu yoqut sohibqironning Samarqanddagi yigirma besh ming noyob javohirlari qatoridan o‘rin oldi.

«Chirog‘i olam» yuziga buyuk Amir Temur nomi o‘yib yozib qo‘yildi.
Qani o‘sha yigirma besh ming noyob javohir?!!
Qaylarga yo‘qoldi ular?..

Vaqt deb atalmish to‘fon nafaqat ularni, xalq orasidagi juda ko‘p inju-javohirdek kishilarni ham ezdi-yanchdi, olib ketdi…

* * *

– Hurmatli «Chirog‘i olam», siz ana o‘sha vaqt — 1398 yil 18 dekabrdan boshlab Buyuk Amir Temur bobomizning ko‘zlarini, dillarini quvnatgansiz. Biroq sohibqiron 1405 yil 18 fevral kechasi foniydan baqoga o‘tganlar. Shundan so‘ng sizga kim egalik qildi? Kim sizning go‘zaltigingiz, noyob xislatli quvvatingizdan bahramad bo‘lgan?

* * *

Buyuk Amir Temur o‘z vasiyatida amirzoda Pirmuhammad Jahongirni Samarqand taxtiga valiahd va qoyimmaqom deb e’lon qildi. Huzurida turgan barcha farzand va ayonlarga mamlakat va millatning, xalq hamda lashkarning ahvolidan doimo boxabar bo‘lib turishni buyurdi.

Biroq har qanday ezgu tilak va niyatlar hamisha ham ijobat bo‘lavermas ekan. Temuriyzodalarda oqayotgan Buyuk Amir Temur qoni o‘z ishini qildi. Bir Buyuk ikkinchi Buyukka bo‘ysunishni istamadi. Qarindoshlik, aka-ukalik bir chekkaga yig‘ishtirib qo‘yildi. Natija ma’lum: buyuk Amir Temur mamlakati — Qora, Egey va O‘rta yer dengizlaridan to Hindistopnnng sharqiy chegaralari, Mo‘g‘uliston va Xitoygacha, Hind okeanidan boshlab Moskvani, Dnepr bo‘ylarini o‘z ichiga olgan hududdagi ulkan imperiya birligini yo‘qotdi.

«Chirog‘i olam», bir necha yillardan so‘ng, nohaqlik yo‘liga tushib, vaziyatdan foydalanib, bobosining vasiyatini pisand qilmay Samarqand taxtini egallagan, Buyuk Amir Temurning ulkan boyliklarni talon-taroj qilgan kaltabin nabira Xalil Sultonni mag‘lub etib, mamlakatda nihoyat mo‘’tadillik o‘rnatgan amirzoda Shohruh Mirzo qo‘liga o‘tdi.

U ham yoqutning jilvasidan hayratga tushdi va uning yuziga nomini bitdirdi.

1409 yilda Shohruh Mirzo o‘z davlati poytaxtini Hirotga ko‘chirdi va Samarqand hukmronligini o‘g‘li, o‘n besh yoshli Mirzo Ulug‘bek Muhammad Tarag‘ayga toishirdi. «Chirog‘i olam» o‘zining yangi munosib egasini topdi.

Balki… Balki, o‘n yoshiga qadar buyuk bobosi bilan jangu jadallarda birga yurgan, sohibqironning sevimli va dono ayoli Saroymulkxonim qo‘lida tarbiya topgan hamda ajoyib ertakchi, shoir va olim Orif Ozariydek murabbiyga ega bo‘lgan zot o‘sha mashhur «Chirog‘i olam» bilan bolaligida ham muloqotda bo‘lgandir. Yoqutning yuzidan, vujudidan taralayotgan nur, jilo yana bir buyuk zot – Olim va amir Mirzo Ulug‘bek qalbiga sehrli ta’siri bilan koinot sirlarini o‘rganish istagini solgandir. Balki, Buyuk Amir Temurning baquvvat vujudi va ruhi kuchining ma’lum qismi toshga joylashgandir va keyinchalik o‘sha kuch buyuk Nabiraga shiddat va bilim, ishtiyoq va ishonch ato etgandir. Kim biladi… Afsuski, Bukinxem saroyining «Hindiston» xonasidagi yoqut bu haqda hech narsa demadi.

1449 yil oktyabrining oxirida Mirzo Ulug‘bek o‘ziga hamroh qilib berilgan Hoji Muhammad Xisrav bilan Samarqandni tark etdi. U hajga otlangan edi. Kuni kecha qudratli hukmdor va buyuk olim bo‘lib davr surayotgan zotni bor-yo‘g‘i bir necha navkar kuzatib borar edi. Sababi, uning farzandi o‘ziga qarshi urush ochib, taxtni egallagan va otasini hajga jo‘natgan edi. Shuning uchun, Mirzo Ulug‘bekning ko‘nglini g‘am va g‘ubor egallagan edi. Otliqlar birinchi dovondan o‘tib ulgurmagan ham edilarki, orqadan chopar yetib keldi. U Mirzoga yangi hukmdor – o‘g‘li Abdulatifning farmoyishini topshirdi. Bunga ko‘ra Ulug‘bek podshohlarga xos yo‘l anjomlariga ega bo‘lishi uchun qo‘shni qishloqqa kirib, kutib turishi lozim edi. Buyuk olimning kayfiyati battar buzildi. Qalbi qandaydir bir g‘alamislikni tuydi… Ammo, chora yo‘q! Bugun u – mag‘lub kimsa.

Ular qo‘ngan qo‘rg‘on huvillab yotardi. Tevarak-atrof jimjit. Havo sovuq, etni junjiktiradi. Navkarlar hovliga gulxan yoqib, qozon osishdi. Go‘sht solingan qozon biqirlab qaynay boshladi. Qaniydi, tezroq pishsa. Ovqatlanishardi-da, uyquga ketishardi. Sobiq hukmdorning avzoyi hamon buzuq edi. Bu holat besabab emas ekan, shu vaqtda hovliga Mirzo Ulug‘bekni xushlamay yuruvchilarning biri – Abbos ismli ayon bir sherigi bilan kirib keldi va daf’atan shohga tashlandi. Ikki yil avval Mirzo uning otasini katta gunohlari uchun o‘limga hukm etgandi. Abbos yangi hukmdor – Abdulatifning oldiga kirib, men otamning xunini olishim kerak, ruxsat bering, o‘z vazifamni bajarishim kerak, degandi va bunga izn olgandi, ya’ni shohlik qilayotgan o‘g‘il o‘z otasining o‘ldirilishiga rozi bo‘lgandi!..

Ulug‘bekning navkarlari va Hoji Muhammad Xisrav qo‘rqib ketib, uyning burchagiga borib bekindilar. Hamrohlar o‘z burchlariga sodiq qolib, kurashish o‘rniga jonlarini ayab, buyuk zotning kallasi olinishiga mo‘ltayib qarab turaverdilar… Ular, uch-to‘rt qurollangan kishi bo‘laturib, ikki qotilga qarshi chiqishga botinmadilar…

* * *

Ha, botinmadilar!
Aniqrog‘i, qo‘rqoqlik qildilar.
Qo‘rqoqlar o‘lmaydilar, yashaydilar. Lekin, odatda, qul misol umr kechiradilar. Boshqalarni sotib, bola-chaqa boqadilar.
Botirlar, botinuvchilar odatda g‘alaba qozonadilar. Ularga qullikdan ko‘ra botinib yashashni afzal ko‘radilar. Va bu dunyoni boshqaradilar.
Qaysi xalqning botinuvchilari ko‘p bo‘lsa, u g‘olib halqdir…

* * *

«Buyuk Amir Temur yoquti»! Sen juda ko‘p yillar temuriyzodalarning mulki hisoblanib, Samarqand xazinasining ko‘rki bo‘lib turding. Cho‘g‘dek yuzingga uchinchi yozuv ham tushirildi. Imonim komil, sen bu harflar tizmasidan faxrlangansan. Chunki Mirzo Ulug‘bek nomi faqat senga emas, falakdagi yulduzlarga ham bitilgan.

* * *

Safaviylar…

Siz Eron va Ozarbayjonda uzoq davr hukmronlik qilgan bu shohlar sulolasi haqida eshitganmisiz? Agar ozgina bo‘lsa ham tarixga qiziqsangiz, albatta bilishingiz kerak. Har qanday ongli inson o‘z xalqining, o‘z vatanining tarixiga, o‘tmishini yaxshi bilishi kerak.

Safaviylar eng avvalo turkiylardir.
Ushbu kunlarda turk deganda faqat Turkiyada yashovchi xalq tushuniladigan kaltafahmlik zamoni o‘tdi. Ular ham, ozarbayjonlar ham Sirdaryo bo‘ylarida yashagan Saljuq boshchiligidagi katta turkiy urug‘ning avlodlaridir.

Safaviylar Ordobilda (hozirgi Eron hududida) yashovchi shayxlardan chiqqan suloladir. Bu avlodiing ham senga, «Buyuk Amir Temur yoquti», aloqasi bor. O‘zing nima deysan, vujudingda axborot qolganmi bu haqda?

–Ma’lumot bor. Faqat juda oz. Mening sirtimga yana bir shoh – Abbos Safaviyning nomi yozilganini bilaman xolos. Lekin, ming afsuski, vaqti kelib, bu yozuv ham, ilgarigi bitiklar ham – barchasi o‘chirildi. Qip-qizil cho‘g‘dek vujudim nola chekdi, biroq foydasi yo‘q edi. Ana shu og‘riqlar ko‘p voqealarning yodimdan chiqishiga sabab bo‘ldi.

–Mayli, nachora. Men o‘zim ba’zi bir taxminlar qilishga urinib ko‘raman. Safaviylarning Samarqand shohlari bilan bo‘lgan aloqalarini bilmoq lozimdir.

* * *

Birinchi taxmin.

Temuriyzoda Zahiriddin Muhammad Bobur o‘z yurtini tashlab ketishga majbur bo‘ldi. Quyunday bostirib kelgan Shayboniyxon haddan tashqari kuchli edi. Bobur Qobulga borib o‘rnashdi. Xuroson sultoni temuriyzoda Husayn Boyqaro yordam qo‘lini cho‘zishga ulgurmay vafot etdi. Uning o‘g‘illari Baddiuzamon va Muzaffar Mirzo o‘zaro kelisholmay, Hirotda qo‘sh podshohlikni o‘rnatdilar. Alohida saroy, alohida ayonlar va amirlar hamda alohida qo‘shin. Shayboniyxon bunday qo‘sh hokimlik – yo‘q hokimlik ekanligini isbotladi. 1507 yili Xuroson yerlari shayboniylar davlatiga qo‘shib olindi. Biroq uch yil o‘tgach, safaviylar sulolasining birinchi vakili Ismoil Safaviy bu sarkardani jang‘da yengdi. Shayboniyxon halok bo‘ldi. Lekin uning davlati hali baquvvat edi. Shunga qaramay, Zahiriddin Muhammad Bobur paytdan foydalanishga, Movarounnahrga shoh bo‘lib olishga harakat qildi. U Ismoil Safaviydan yordam olib, 1512 yil Samarqandii qayta egalladi. Bu mashhur shahar oxirgi marta temuriyzodalar qo‘liga o‘tdi. Ismoil Safaviyning yordamchi qo‘shini asosan shia mazhabidagi kishilardan iborat edi. Sunniy bo‘lmish movarounnahrliklar bu odamlarni – qizilboshlarni chiqishtirmadilar (ularning qizilbosh deb atalishlariga sabab, bu kishilar o‘n ikki shia imomlari sharafiga o‘n ikki yo‘llik qizil salla o‘rab yurardilar). Zahiriddin Muhammad Bobur yordamchi qo‘shinga quyuq sovg‘alar berib, jo‘natib yuborishga majbur bo‘ldi.
Balki, ana shu quyuq sovg‘alar, Ismoilshohga hadya etilgan tuhfalar orasida sen ham bormiding, «Chirog‘i olam»!

* * *
2-taxmin.

1599 yilda shayboniyzodalarning oxirgi vakili Abdumo‘min halok bo‘ldi. Movarounnahrda yana o‘zaro urushlar avj oldi. Bu hol safaviylar shohi Abbosga qo‘l keldi. U Sabzavor bilan Mashhadni bosib oldi. Keyinroq Hirotga ham hujum qildi. Toshkent tomonga qozoq sultoni Tavakkal qo‘shin tortib keldi. Xonsiz qolgan o‘lka yana talon-taroj bo‘lish arafasida edi.
Shayboniylar davlatining amirlari Buxoroda istiqomat qilayotgan ashtarxonlik (astraxonlik) shahzoda Jonibek Sultonni xon qilib ko‘tarishga kelishdilar. Jonibek Sulton 1583-1598 yillarda hukmronlik qilgan shayboniyzoda Abdullaxonning (bu xonning hayoti va qahramonliklari to‘g‘risida Hofiz Tanish Buxoriy tomonidan yozilgan «Abdullanoma» kitobi mavjud) singlisiga uylangandi, shu bois u shayboniyzodalarga qarindosh hisoblanardi. Lekin Jonibek Sulton taxtdan voz kechdi. Natijada uning katta o‘g‘li Dinmuhammad xon etib saylandi. Bu paytda u safaviylar qamal qilib turgan shahar – Obivardda edi. U Buxoroga yetib kela olmadi, yo‘lda halok bo‘ldi. Shundan so‘ng, ikkinchi o‘g‘il Boqiymuhammad xonlikka ko‘tarildi, uchinchi farzand Valimuhammad esa valiahd deb e’lon qilindi va urf-odatga ko‘ra Balxga noib etib jo‘natildi. Shunday qilib, yurtimizda yangi sulola – ashtarxoniylar hukmronlik qila boshladilar. Bu 1599 yil ro‘y berdi.

* * *

Valimuhammadxon chuqur o‘yga cho‘mdi. Falakning o‘yini juda ajab ekan. U yoshligida hech qachon xonlikni orzu qilmagan edi. Uning niyati, nari borsa, biror viloyatga hukmronlik qilish, adolatli siyosat yuritish va shayboniyzodalar oldida obro‘-e’tibor qozonish edi. Lekin mana olti yildirki, akasi Boqiymuhammadxon vafot etgandan beri butun Movarounnahr toj-taxti o‘ziniki. Avvaliga uni valiahd deb e’lon qilib, Balxga noib etib yuborishdi. So‘ng, yana Buxoroga qaytdi. Azim mamlakatning azim boyliklari, xazinasi o‘zining ixtiyorida. Sandiq-sandiq oltinlar, sandiq-sandiq duru-javohirlar har qanday kimsaning boshini aylantirib qo‘yadi, bularga ega chiqish havasini uyg‘otadi, buyuk mamlakat odamlariga hukmronlik qilish orzusini qo‘zg‘atadi. Mana, o‘z qarindoshi Imomquli, juda ahmoq ekan, shu ko‘yga tushibdi. Valimuhammadxondek kimsaning ko‘zini shamg‘alat qilib, barcha amirlarni o‘z tomoniga og‘diribdi. Endi suiqasd uyushtirmoqchi. Hozir kuch uning tomonida. Nima qilsa ekan? Bu raqobatchilik beomon. Buning ustiga ikki o‘g‘li ham nobud bo‘lishi mumkin. Lekin Imomquli chuchvarani xom sanabdi. Valimuhammadxon uning o‘zini yanchadi.
Kech tushib qolganiga qaramay, xon xazinachini va shahzodalarni huzuriga chorladi…

Vaqt yarim kechadan o‘tar-o‘tmas ular qiyofalarini o‘zgartirib, bir nechta navkarlar bilan birga shahar darvozalaridan chiqishga ulgurdilar…
Safaviylar davlatining poytaxti Tabriz ularni iliq kutib oldi. Abbos Safaviyning muhtasham saroyi Valimuhammadxonning poyqadamiga muntazir ekanligi bildirildi. Movarounnahr xoni Ozarbayjon va Eron shohi huzuriga kirdi. Valimuhammadxon olib kelgan noyob va qimmatbaho sovg‘alarini shohga topshirdi. U eng kamyob javohirni alohida tortiq qildi.

– Hazratim! Mana bu sovg‘a xazinangizning ko‘rki bo‘lg‘usidir. Bunday noyob yoqutni dunyo yuzida hali hech kim ko‘rmagan. Bu, «Chirog‘i olam» nomi bilan dong taratgan javohirdir.

Abbos Safaviyning ko‘zlari chaqnadi, chehrasiga tabassum yugurdi.
– G‘oyat minnatdorman, oliy hazrat! – dedi u, ulkan yoqutni qo‘liga olar ekan. – Buning yuziga harflar ham bitmishmilar! Buyuk Amir Temur, Shohruh Mirzo,

Mirzo Ulug‘beklarning muborak nomlari-ku, bu! Ha, biz ham buyururmiz. Bu ajoyib durdona yuziga biz ham ismimizni bitsak, xato bo‘lmas deb umid qilurmiz…
– Albatta, onhazrat! – xitoblar eshitildi atrofdan.

Abbosshoh so‘zlarini davom etdirdi:
– Oliy hazrat! Siz yordamga muhtoj bo‘lib qolgan ekansiz, biz buni darig‘ tutmayurmiz. Ichki dushmanlaringizni yengib, toj-taxtingizni, inshaollo, qaytarib oliyursiz. Davlatlarimiz orasidagi munosabatlar kelgusida faqat do‘stona bo‘lur, deb umid qiliyurmiz. Istagan kuningiz yetarli qo‘shin va sarkardalar azmi-ixtiyoringizda bo‘lur. Ammo, biror hafta dam oling, hordiq chiqaring…

Bu voqea 1611 yil bo‘lib o‘tdi. «Chirog‘i olam»ga Abbos Safaviyning ham nomi bitildi.

Valimuhammadxon boshchiligidagi safaviylar qo‘shinining yaqinlashib kelayotganini ko‘rgan Buxoro sarosimaga tushdi. Taxtni egallab olgan Imomqulixon darhol qozoqlarga chopar yuborib, yordam so‘radi. Ular qo‘shin jo‘natdilar. Jang juda dahshatli bo‘ldi. Bunda safaviy qo‘shinlari yengildilar. Valimuhammadxon asir olinib, o‘ldirildi.

* * *

– Hurmatli «Chirog‘i olam»! Mana, sening safaviylar qo‘liga tushishingning ikki taxmini. Qaysi biri haqiqat, buni o‘quvchilarning dillariga havola.

* * *

– Hurmatli «Chirog‘i olam»! Endi sen menga ayt. Abbos Safaviy nima uchun sendek dunyoda yagona javohirni boburiylar davlati hukmdoriga — Jahongirshohga taqdim qilgan? Yoki boburiylar seni safaviylardan tortib olishganmi?

* * *

Abbos Safaviy o‘z davlati chegaralarini kengaytirishga, hokimiyatni mustahkamlashga katta ahamiyat bergan hukmdorlardan edi.
Buning uchun u hech narsani ayamagan.

Movarounnahrdagi ashtarxoniylar davlati mustahkamlangach, u butun diqqat-e’tiborini muhim savdo yo‘li, boy-badavlat o‘lka markazi hamda strategik ahamiyatga ega bo‘lgan – Qandahorga qaratdi. Bu o‘lka u paytda boburiylarga – Akbarshohning o‘g‘li Jahongirshohga bo‘ysunardi.

Akbarshoh 1605 yil 17 oktyabrda vafot etdi. U o‘limi oldidan o‘g‘li Salimni chaqirib, shohona kiyim, salla kiygizdi, kamariga o‘zining sevimli xanjarini taqib qo‘ydi va shu kundan e’tiboran u valiahd ekanligini e’lon qildi. Salim shu yil 24 oktyabrdan Nuriddin Muhammad Jahongirshoh nomi bilan boburiylar taxtiga o‘tirdi.

Abbos Safaviy 1606 yilda birinchi bor Qandahorni egallashga urinib ko‘rdi. Biroq harakatlari zoye ketdi. Abbosshoh bu bilan tinchlana qolmadi. Nima qilib bo‘lsa ham o‘z maqsadiga erishishga intildi…

* * *

Men jahon kinosan’ati durdonalaridan hisoblanmish, uchta katta qismdan iborat bo‘lgan «Cho‘qintirgan ota» («Krestnыy otes») filmini 1990 yilda ko‘rdim. Xollivudning mashhur kinorejissyorlaridan biri Frensis Koppolaning bu kinoasari Mario Pyuzoning shu nomli romani asosida olingan. Filmda Amerikaning kuchli mafiyalaridan biri «otaxoni» va «valiahdi»ning hayoti yuksak san’atkorlik bilan tasvirlab berilgan. Bu film 70-yillarda butun jahonda katta shov-shuv va bahslarga sabab bo‘lgandi. Bu kinoasardan so‘z ochishimning ma’nisi shuki, «otaxon» «taxtini» o‘z «valiahdi»ga topshirar ekan, vasiyat qiladi: «O‘g‘lim, sen do‘stlaringni o‘zingga yaqin tut. Dushmanlaringni esa ulardan ham yaqinroqda ushla. Chunki ular nima haqda o‘ylayotganidan, qanday maqsadlarni ko‘zlayotganidan boxabar bo‘lib turishing kerak. Qulay payt kelganda ularga beshafqat bo‘l…»

Abbosshoh o‘z asrida kinorejisser Frensis Koppolaning bu kinoasarini, tabiiyki, tomosha qilmagan. Biroq uning qonidagi hukmdorlik genlari uni mafiya «otaxoni» – Don Korneole usulini qo‘llashga undagan.

* * *

…1611 yili boburiylar saroyiga Abbos Safaviyning elchilari katta sovg‘a-salomlar bilan kirib keldilar. Ular bu tashriflarining sababini, albatta, ikki davlat o‘rtasidagi do‘stona aloqalarni o‘rnatish yo‘lidagi ezgu qadam deb aytdilar. Bu niyatning samimiyligini isbotlash uchun boshqa qimmatbaho tuhfalar qatori «Chirog‘i olamni» ham in’om etdilar…

Natijada, ushbu javohir yana temuriylar qo‘liga o‘tdi.

Abbosshohning elchisi Agrada ikki yil yashadi. Atrofni obdon kuzatdi. Saroyidagi gap-so‘zlardan, sir-asrorlardan xabardor bo‘lib turdi. Boburiylar ham do‘stona qo‘l uzatib, 1613 yili o‘z vakillarini Tabrizga yubordilar. Safaviylar bu bilan cheklanmadilar. 1615 yilda ular yana o‘z odamlarini Hindistonga jo‘natdilar. Ko‘p vaqt o‘tmay, 1617 yil Abbos Safaviy yana o‘z elchilarini Jahongirshoh huzuriga juda katta tuhfalar bilan yubordi. Biroq Ozar va Eron elining podshohi bu bilan qoniqmay, uch yil o‘tgach, yana bir qator odamlarni sovga-salomlar bilan Hindistonga jo‘natdi. U bu yo‘l bilan ikki quyonni urdi, ya’ni, birinchidan, boburiylar safaviylarning munosabati chindan ham samimiy ekanligiga ishonib qoldilar, ikkinchidan, u Hindistondagi ichki vaziyatdan boxabar bo‘lib turdi. Bu paytga kelib, Jahongirshoh Qandahor himoyasiga yaxshi e’tibor bermay qo‘ydi, saroy esa o‘zaro ichki janjallar girdobiga tushib qoldi. Bu vaziyatdan foydalanmaslik mumkin emas edi. 1622 yilda qulay fursat tug‘ildi va Abbosshoh kutilmaganda hujum uyushtirib, Qandahorni qamal qildi va qirq besh kun deganda shaharni egalladi.

Jahongirshoh o‘g‘li Shoh Jahonga katta qo‘shin berib, Qandahorni qaytarib olishni buyurdi. Shoh Jahon esa betob yotgan otasini tashlab uzoqqa ketsa, toj-taxtdan ajralib qolishini o‘ylab, bu farmonga bo‘ysunmadi.

* * *

«Chirog‘i olam”dagi yozuvlarning o‘chirilishiga doir taxmin.

Nuriddin Muhammad Jahongirshoh qattiq iztirobga tushdi. Abbos Safaviyning makkorligi uni qahr-g‘azabga to‘ldirdi. Nahotki inson shu darajada tilyog‘lama bo‘lishi mumkin?! Axir, u ham turkiy va musulmon-ku! Ha, dushman baribir dushman ekan. Shohlar buni juda yaxshi bilishlari lozim. G‘animning shirin gaplariga, sovg‘a-salomlariga aslo uchmaslik kerak edi.

Jahongirshoh huzuriga hech kimni kiritmaslikni buyurib, u yoqdan-bu yoqqa yura boshladi. U juda odil podshoh deb nom chiqargan edi, biroq jahli chiqqanda haddan tashqari qattiqqo‘l bo‘lib ketishi hech gap emasdi, shuning uchun ko‘p ayonlari uning to‘satdan keladigan g‘azabidan cho‘chishardi. Jahongirshoh tabiatni sevar, nozik his-tuyg‘ularga boy, adabiyot joni-dili edi. U o‘z qo‘li bilan «Jahongirshoh tuzuklari» degan asar ham bitgandi.

Nihoyat, u ozroq chalg‘ish niyatida qo‘liga qalam oldi. Biroq, diliini mushuk timdalayverdi. Qalamni qo‘yib, o‘yga cho‘mdi. Daf’atan yodiga javohirotlar tushdi. Ha, javohirlar jilvasi qalbidagi g‘uborni oz bo‘lsa-da, tarqatishi mumkin. U dunyoda faqat o‘zida mujassamlashgan noyob toshlarni vaqti-vaqti bilan tomosha qilib, zavqlanib turishni juda sevardi. Shu zahotiyoq u xazinachini chaqirib, javohirotlarni keltirishni buyurdi.
Mana bu «Ko‘hi nur!» Ya’ni, nur tog‘i. Bundan taralayotgan nozik jilva, sehrli qo‘shiqni qarang-a! Mana kuch, mana qudrat!.. Go‘zallik doimo katta kuch bo‘lib kelgan. G‘oyat noyob tosh. Bundagi ajib nurlar har qanday dilg‘uborlikdan xalos qiladi, tanga quvvat, qalbga ishonch baxsh etadi… Bunisi «Chirog‘i olam»! Juda antiqa yoqut! Haqiqatdan ham. olam chirog‘i! Mana, yuzasiga yozuvlar ham bitilgan: «Buyuk Amir Temur», «Shohruh Mirzo», «Mirzo Ulug‘bek» — barchasi o‘zining bobokalonlari. Iya?! Anavi itning nomi nima qilib yuribdi bu yerda?! «Abbos Safaviy?!» Bu qanday mal’unlik! Ul nomuborak qizilboshning nomi tezda yo‘qotilishi lozim!

Jahongirshoh xizmatga shay bo‘lib turgan mulozimga buyurdi
– Tezda saroy zargarini chaqir!

Zargar zudlik bilan yetib keldi.
– Sen manavi yoqutdagi la’nati qizilboshning nomini o‘chir! Uning o‘rniga otam Akbarshoh va mening ism-sharifimni bit. Tezlikda!

Jahongirshoh shunday g‘azabli qiyofada, shunday keskin buyruq berdiki, zargar biron bir ortiqcha kalima deyishga jazm etmadi. Faqatgina: «Xo‘p, bo‘ladi, hazratim!», deya oldi va yoqutni olib, ustaxonaga yo‘naldi.
Evoh! Zargar shoh amrini yaxshi anglamay qolgan edi. U «Chirog‘i olam»dagi barcha yozuvlarni o‘chirdi! Barcha yozuvlarni o‘chirdi…

Shunday qilib, buyuk Amir Temur, Shohruh Mirzo va Mirzo Ulug‘beklarning muborak nomlari buyuk yoqutni tark etdilar.

* * *

Hurmatli «Chirog‘i olam»! Bundan keyin boshingdan nelar kechdi? Nelarni ko‘rding? Nelarni eshitding?

* * *

Jahongirshoh 1627 yilning oktyabr oyida vafot etdi. Uning katta o‘g‘li Shoh Jahon bu paytda Dekan viloyatida janglar olib borayotgan edi. Shuning uchun uning ukasi Shahriyor fursatdan foydalaiib taxtni egallashga intildi. Biroq saroydagi yuqori mavqeli ayonlardan biri. Jahongirshohning kenja xotini Nurjahonga amaki va shahzoda Shoh Jahonga qaynota bo‘lmish Asafxon (uning qizi Mumtoz Mahal Shoh Jahonning suyukli xotini edi) bunga xalaqit berdi. Asafxon Jahongirshohning 1622 yilda vafot etgan o‘g‘li Xusravning hali yosh bo‘lgan farzandi Davar Baxshni vaqtinchalik taxtga o‘tqazib, Shahriyorga qarshi jangga kirdi va uni qo‘lga tushirib, ko‘zlariga mil torttirdi. Shoh Jahon yetib kelgach, Davar Baxsh Eronga jo‘natildi va 1628 yilning fevralida Shoh Jahon boburiylar taxtiga o‘tirdi.

Shoh Jahon ajoyib hukmdor edi. U odil shoh sifatida nom chiqargan. 1630 – 1632 yillarda Dekan va Gujarat viloyatlarida ro‘y bergan ocharchilik paytida xalqqa katta g‘amxo‘rlik qilgandi. Shoh Jahon antiqa inshootlar, binolar qurishga ham ahamiyat bergan. Ayniqsa, uning nomini abadiylashtirgan muhtasham bino — Toj Mahal maqbarasi butun dunyoga ma’lumu mashhur. Agra shahridagi bu mo‘’jiza uning xotini Mumtoz Mahalga atab qurilgan. Bundan tashqari, Shoh Jahon o‘zining Dehlidagi saroyida ajib bir taxt yasatdirgan. Uni «Tovus taxt» deb ataganlar. Taxt turli qimmatbaho javohirlar, shu jumladan «Chirog‘i olam» va «Ko‘hi nur» bilan ham bezatilgan. Shoh Jahon ham «Chirog‘i olam»ga o‘z nomini yozdirgan, lekin Shoh Jahon deb emas, balki Sohibqironi Soniy, ya’ni Ikkinchi Buyuk Amir Temur deb.

1657 yil 6 sentyabrda Shoh Jahon to‘satdan kasal bo‘lib, mamlakatni boshqara olmay qoldi. Shu kundan boshlab, buyuklik qoni gupurib urayotgan farzandlar orasida shohlik taxti uchun kurash avj oldi. Doro, Shujo’, Avrangzeb va Murodlarning har birida bunga istak va kuch bor edi. Doro Shoh Jahonning sevimli o‘g‘li edi, u valiahd deb ham e’lon qilingandi, biroq u janglarda chiniqmagan, xavf-xatarlarga bosh suqmagan, lashkar bilan aloqasi a’lo emasdi. Keyingi o‘g‘il Shujo’ hukmdorlik tajribasiga ega edi: u o‘n yetti yil Bengaliyani boshqargandi. Shujo’ kuch-g‘ayratli kimsa edi-yu, lekin uzoq cho‘ziluvchi janglarni olib borolmasdi. Strategiyada oqsardi. Uchinchi farzand Avrangzeb esa sovuqqon, tajribali sarkarda hisoblanar, saroy ayonlari uni kuchli shaxs sifatida hurmat qilishardi. Kenja o‘g‘il Murod esa his-hayajonli, go‘zallik va ziyofatlarni xush ko‘ruvchi bo‘lsa-da, juda jasur yigit edi.

Janglarda Avrangzeb o‘zining o‘tkir qobiliyatini namoyish qilib, taxtni egalladi. Bu 1659 yil iyun oyida ro‘y berdi. U biroz tuzalib, oyoqqa turgan otasi Shoh Jahonni davlat ishlariga aralashtirmay qo‘ydi. Shoh Jahon 1666 yil 22 yanvarda vafot etdi.

Avrangzeb shoh Olamgir nomi bilan ish yuritdi. U 1707 yilgacha hukmronlik qildi. Uning nomi «Chirog‘i olam»ga 1659 yilda yozib qo‘yilgan. Boburiylar buyuk imperiyasining eng yuksalgan vaqti shoh Olamgir davriga to‘g‘ri keladi. Avrangzebga hozirgi Hindiston, Bangladesh, Pokiston, Afg‘oniston va Eronning katta bir qismi qaram edi. IIIoh Olamgir haqida solnomachilar ham, chet ellik sayohatchilar ham faqat yaxshi gaplar yozib qoldirishgan. Uning juda o‘qimishli, bilimli kimsa bo‘lgani alohida ta’kidlangan. Ayniqsa, shohning «Olamgir fatvolari» asari davlat qonunchiligining yagona kitobi sifatida qo‘llanilgan. Hindistonda yaqin-yaqinlargacha shu qonunlardan foydalanib kelishgan. Hind tarixchilari Olamgirni «ikki eng buyuk boburiyning biri» (birinchisi — Akbarshoh), deb sharaflashgan.

* * *

Avrangzebning vafotidan so‘ng, boburiylar taxtiga uning katta o‘g‘li Muazzam olti yil egalik qildi. U Bahodirshoh nomi bilan ma’lum. Bahodirshoh shuncha vaqt ichida o‘z nomini «Chirog‘i olam»ga yozdirmadi. Sababi noma’lum. U 1712 yilning fevralida vafot etdi. Taxtga Bahodirshohning katta o‘g‘li Jahondorshoh o‘tirdi. Biroq u bir yilgina hukmronlik qila oldi. U o‘ziga qarshi chiqqan amakivachchasi Muhammad Farrux Sayyor qo‘shini bilan jangda mag‘lubiyatga uchradi va o‘ldirildi. Muhammad Farrux Sayyor Bahodirshohning ikkinchi o‘g‘li Azim ush-Shonning farzandi edi. Jahondorshohning ham nomi «Chirog‘i olam»ga bitilmagan. 1713-1719 yillarda shohlik qilgan Farrux Sayyor o‘z ismini bu javohirga yozdirgan. Bu hukmdor bo‘shang, tilyog‘lama va qo‘rqoq odam taassurotini qoldirgan. U hukumat ishlarini taxtga chiqishga yordam bergan balxlik aka-uka sayidlar — Hasan Ali va Husan Aliga berib qo‘ygan. Keyinroq, ularni saroydan chetlashtirmoqchi bo‘lgan, lekin bu kurashda yengilgan va o‘ldirilgan. Natijada taxtga Bahodirshohning uchinchi o‘g‘li Rafi ush-Shonning farzandi Rafi ud-Darajat boshqa ism – Shoh Olam nomi bilan o‘tirdi. U silga chalingan edi, shuning uchun tez orada vafot etdi. Uning o‘rnini egallagan ukasi Rafi ud-Dovla ham kasalmand bo‘lib, bu dunyoda ko‘p yashay olmadi. Bu hodisalarning barchasi 1719 yil mobaynida ro‘y bergan.

Nihoyat, Boburiylarning buyuk imperiyasiga Bahodirshohning to‘rtinchi o‘g‘li Jahonshohning farzandi Ravshan Axtar egalik qila boshladi. U tarixga Muhammad Go‘rxon nomi bilan kirgan. Muhammadshohning hukmronligi 1748 yilgacha, to vafotiga qadar davom etdi. Biroq bu davr buyuk Boburiylar imperiyasining inqirozga yuz tuta boshlash vaqti hisoblanadi. Muhammadshoh harbiy kuchlarni takomillashtirishga, mustahkamlashga e’tibor bermadi, ko‘ngilxushliklarga berildi. Atrofiga tilyog‘lama, laganbardorlarni yig‘di. 1739 yilda uning ahmoqliklaridan foydalanib, o‘zi turkiy bo‘lgan, lekin Eronga hukmdorlik qilayotgan Nodirshoh Hindistonga hujum qilib kelib, uning ancha boyliklarni talab ketdi.

* * *

Ha, bu juda tanish manzara. XIX asrda ham Turkistondagi xonlik, amirliklarida xuddi shunday ahvol hukmron edi. Ular ham harbiy kuchlarni takomillashtirish, mustahkamlashga e’tibor qilishmagan. Bo‘lma-sa, zambaraklar quyishni o‘rganish, zamonaviy qurollarni qo‘lga kiritish uncha mushkul ish emasdi. Pul — mablag‘lar yetarli edi. Ammo… O‘zaro ichki janjallar, ochko‘zlik, tilyog‘lamalik va xurofotga haddan tashqari berilish, uni siyosiy qurolga aylantirish hamda jahon ilm-fani yutuqlaridan bahramand bo‘lishga intilmaslik yurtimizni nochor ahvolga solib qo‘ygan edi.

* * *

Muhammad Go‘rxondan so‘ng, boburiylar taxti uning o‘g‘li Ahmadshohga o‘tdi. U 1748-1754 yillarda hukmronlik qildi. Undan so‘ng Olamgir II (1754-1759 yillar), Shoh Olam II (1759-1806 yillar), Akbarshoh II (1806-1837 yillar) va Bahodirshoh II (1837-1857 yillar) boburiylar taxti egasi bo‘ldilar. O‘n to‘qqizinchi asrning boshida ingliz qo‘shinlari Dehlini egalladilar. Hindistonning katta qismi Buyuk Britaniya mustamlakasiga aylandi. Buyuk Boburiylar imperiyasining yerlari ancha kamaydi. Bu sulolaning hukmronligi 1857 yili Bahodirshoh II ning halokati bilan tugadi. Shu yili inglizlar xizmatidagi hind sipohiylari Bahodirshoh II boshchiligida mustamlakachilarni haydab chiqarishga urinib, qo‘zg‘olon ko‘tardilar. Bu qo‘zg‘olon bostirildi. Ishtirokchilar, shu jumladan Bahodirshoh II ham, zambarakning og‘ziga bog‘lab otilib, tilka-pora qilindilar.

* * *

–Hurmatli «Chirog‘i olam»! Hikoyangning bu qismi qalbimga ma’yuslik soldi. Menga ayt, axir seni Nodirshoh 1739 yilda Isfahonga olib ketgan-ku, nega buni bayon etmayapsan?
–Har bir voqea-hodisotda mantiq bo‘lishi darkor. Meni uzoq vaqtlar qalb qo‘ri bilan isitib, asrab kelgan boburiylar tarixini qisqa bo‘lsa ham aytib berishim kerak edi. Mana endi keyingi voqea-hodisalarni bayon qilaman.

* * *

«Bu, Isfahonga 1153 yili Hindistondan olib kelingan yoqut, shohlar shohi Sulton Sohibqironning yigirma besh ming asl javohirotlaridan biridir».
Bu yozuvni Eron hukmdori Nodirshoh 1739 yili (hijriy 1153 y.) Hindistonga bostirib borib, «Buyuk Amir Temur yoquti»ni qo‘lga kiritgach, tosh yuzasiga yozdirgan. Ana shu bitik keyinchalik javohirot taqdirida ma’lum ahamiyat kasb etdi. Bu haqda keyinroq yozaman.

Nodirshoh turkiy xalq vakili bo‘lib, afshar urug‘iga mansub edi. U 1688 yili Xurosonning Obivard shahrida tavallud topgan. Nodirning yoshligidayoq namoyonlashgan noyob sarkardalik iste’dodi, botirligi va ziyrakligi, uni yuksaklarga olib chiqdi. U 1722 yili Obivard hokimi Bobo Alibekning o‘ng qo‘l yordamchisiga aylandi. Unga kuyov ham bo‘ldi. Bobo Alibekni Olloh o‘z dargohiga chaqirgach, Nodir Obivard boshqaruvini o‘z qo‘liga oldi. Ko‘p o‘tmay, Xuroson hukmdori Malik Mahmudxon xizmatiga kirdi. 1726 yilda safaviylar sulolasining eng oxirgi shohi Tahmosibga bu ajoyib sarkarda juda yoqib qoldi. Shoh sarkarda Nodirni o‘z xizmatiga chaqirib, unga Tahmosibqulixon degan yangi ism berdi. So‘ng, unga mamlakatga tajovuz qilayotgan afg‘on urug‘larining adabini berib qo‘yishni topshirdi. Nodir 1729 yilda Xurosonga kelib o‘rnashib olgan afg‘onlarni jangda yengdi, biroq 1730 yili Eronga qaytib ketdi. Bunga usmoniy turklarning safaviylar yeriga hujum qilgani sabab bo‘ldi. Ularga qarshi kurashmasa bo‘lmasdi. Afg‘onlarning abdali urug‘i hokimi Zulfiqorxon qulay fursatdan foydalanib, yana Hirotni egalladi va o‘zini shahar hokimi deb e’lon qildi. Nodir usmoniy turklarni uloqtirgach, orqaga qaytdi. O‘zining o‘ttiz ming kishilik qo‘shini bilan yana Hirotga hujum qildi va uni egalladi. Zulfiqorxon raqibi Nodirning kuchini yaxshi bilgani uchun, hokimlikni vaziri, o‘ziga qarshi fitna tayyorlayotgan Olloyorxonga sovg‘a qilib, Qandahorga qochib ketdi. Biroq Qandahor hokimi Husaynshohga vazir Olloyorxonning mag‘lubiyati xabari yetib kelgach, u Zulfiqorxondan shubhalanib, uni va ukasi Ahmadxonni zindonga tashlatdi. Ahmadxon o‘z akasidan yigirma besh yosh kichik bo‘lib, onasi boshqa edi.

Nodir Hirotni qaytadan olayotgan vaqtda Tahmosib Safaviy usmoniy turklar bilan shunday bir noo‘rin sulh tuzdiki, undan ko‘pchilik, shu jumladan Nodir ham juda norozi bo‘ldi. 1732 yilda Nodir Isfahonga keldi va barcha sarkarda-yu saroy ayonlarni yig‘ib, qurultoy o‘tkazdi. Qurultoy Tahmosibni taxtdan tushirishga, uning sakkiz oylik o‘g‘li Abbosni shoh deb e’lon qilishga qaror qildi. Nodir esa Abbos III nomidan ish yuritishni o‘z zimmasiga oldi.
U hukmronligini juda muvaffaqiyatli boshladi. 1733-1735 yillarda Turkiya bilan zafarli kurash olib bordi. Kavkaz, Kaspiy oldi yerlarini zabt etdi. Shervonga (hozirgi sho‘ro Ozarbayjoni) ukasi Ibrohimxonni hokim qilib tayinladi. Eronning barcha qo‘ldan chiqqan yerlarini qayta o‘ziga bo‘ysundirdi. 1736 yili Mug‘on cho‘lida Katta qurultoy chaqirildi. Qurultoyga yig‘ilgan barcha sarkardalar, saroy ayonlari, din peshvolari buyuk ishlar qilayotgan Nodirdan Eron taxtini rasman egallashni iltimos qildilar. Nodir bunga darhol rozi bo‘lmadi, shart qo‘ydi. (Aksarin kitoblarda bu juda hayratlanarli shart haqida yozilmagan.) Uning sharti mazmuni shu ediki, barcha shia mazhabidagi oliy va oddiy kishilar sunniylikni qabul qilishlari lozim. Faqat shundagina Nodir taxtga o‘tirish, davlatni boshqarish azobini tortishga rozidir. Hech kim bu shartga qarshi chiq ishga jazm etmadi va 8 mart kuni Nodirga toj kiydirish marosimi o‘tkazildi. Bu voqea Nodirshohning buyuk sarkardagina emas, o‘tkir siyosatchi ekanligini ham ko‘rsatdi.

1736 yilning noyabr oyida Nodirshoh Qandahor shahri tomon yo‘lga tushdi. Bu maskan va uning atroflari asrlar davomida boburiylar va safaviylar o‘rtasida talash bo‘lib kelardi. Bu paytda u afg‘onlar qo‘lida edi. U yerda 1709 yildan boshlab afg‘on Husaynshoh hukmdorlik qilardi. Nodirshoh Qandahorni uzoq vaqt qamal qilib, 1738 yilning mart oyida qo‘lga kiritdi. May oyida esa Hind sari yuzlandi.

* * *

Boburiylar avlodi Muhammad Go‘rxon hokimiyati, aytib o‘tilganidek, bo‘sh-bayovgina edi. Nodirshoh, hattoki, Muhammadshoh qo‘shinlarining kuchsizligini, landovurligini ko‘rib hayratga tushgan. Saroy ayonlarining tilyog‘lama, beburdligidan jahli chiqqan. U Muhammadshohga bunday ayonlardan, xususan Nizom ul-Mulk va Saodatxondan voz kechish lozim, degan maslahatni ham bergan.

Nodirshoh Dehliga yaqinlashguncha jiddiy qarshilikka uchramadi. U Panjob viloyatini egallagachgina, Nizom ul-Mulk boshchilik qilayotgan Muhammadshoh qo‘shinlari Karnal qal’asida mustahkamlandilar. Nodirshoh bu qo‘shin bilan jangga kirishmadi, aylanib o‘tib, Panipatni oldi va Dehli bilan Karnal o‘rtasidagi aloqani uzdi. Faqat shundan so‘ng, ikki qo‘shin o‘rtasida jang boshlandi. Nodirshohda ellik besh ming jangchi, boburiylarda yetmish besh minglik lashkar bor edi. Jang uch soat davom etdi, bunda asosan hindlar yemish bo‘ldilar, ulardan sakkiz ming kishi halok bo‘ldi. Shundan keyin tomonlar sulh tuzishga kelishdilar. Boburiylar besh million rupiy to‘lashga, Nodirshoh esa, bu pul evaziga o‘z qo‘shinini olib chiqib ketishga rozi bo‘ldilar. Ammo Muhammadshoh saroyidagi g‘alamisliklar bu sulhni buzdi. Ayni shu kunlarda boburiylar saroyining baxshilari amiri Xon Davron vafot etib, uning o‘rniga Nizom ul-Mulkning katta o‘g‘li o‘tkaziladi va Nodirshoh qarorgohida garovga ushlab turilgan boshqa ayon, asli nishopurlik Saodatxonning bunga g‘ayirligi keladi. U Nodirshoh qabuliga kirishni so‘raydi.

* * *

– Hazrat! – dedi Saodatxon tiz cho‘kib, boshini egib ta’zim qilar ekan. – Siz Hindistondan arzimas o‘lja bilan ketayotirsiz!
– Nahotki?

Nodirshohning qovoqlari uyuldi. «Bu qanaqasi bo‘ldi? Meni chalg‘itishmoqchimi? Qani eshitaylik-chi», ko‘nglidan o‘tkazdi u.
– Gapiravering, tortinmang, muhtaram Saodatxon!

Saodatxon iltijoli, mute va ayni naytda ochko‘zlik, alam yaltirayotgan ko‘zlarini Nodirshohga tikdi.

– Hazratim! Siz Dehliga kirmay, chakki ish qilyapsiz! Sizga va’da qilingan besh million rupiy ham o‘lja bo‘libdimi? Dehli xazinasidan kam deganda ikki yuz million rupiylik tilla olasiz. U yerdagi javohirotlar esa, olamda yagona. «Ko‘hi nur» olmosi haqida eshitmaganmisiz? «Chirog‘i olam»dek yoqut yer yuzida yagona! «Shoh» deb nomlangan yaxlit olmos esa juda ajib. Shunday javohirotlarni tashlab ketaverasizmi?

Nodirshoh hayrat og‘ushiga cho‘mdi. «Nahotki! Bu mal’un aldamayotirmi? Maqsadi ne? Agar buning gap lari chin bo‘lsa, shuncha boylpkni indamay tashlab ketaverish ham ahmoqlik».

– Muhtaram Saodatxon! Men g‘oyat hayratdaman. Nega siz shohingizga xiyonat qilib, meni yana jangga undayotirsiz? Maqsadingiz nima?

– Hazratim, Muhammadshoh butunlay Nizom ul-Mulk izmiga tushib qolgan. Bizdek sodiq, mehnatkash ayonlarning chekkan zahmatlari inobatga olinmay, obro‘-e’tiborlarimiz toptalayotir. Shu bois men sizning buyuk jasoratli va bahodirlikda yagona siymoingizni ko‘rib, xizmatingizga o‘tgani shaylandim. Shoyad, ushbu xizmatim tufayli, siz Muhammad Go‘rxonni yanchganingizdan so‘ng, menga loyiq bir mansab bersangiz, sizga itdek sodiq ayon bo‘lib qolar edim. Mening asl Vatanim ham Erondir.

Nodirshoh yana o‘yga cho‘mdi. O‘z piriga sodiq bo‘lmagan kimsa, boshqa birovga vafodor bo‘larmidi.

– Muhtaram Saodatxon! Qimmatli ma’lumotingiz uchun tashakkur. Biz albatta Dehliga kiramiz, osori-atiqalarni tomosha qilamiz. O‘zimizga atalgan tuhfalarni olamiz. Lekin Muhammadshohni yanchish mening dilimda yo‘qdir. Ul zot shohlar shohi Sulton Sohibqiron avlodidandirlar. Islom dini yo‘lida ulkan xizmatlar qilgan buyuk temuriylar sulolasini tuga-tishni istamasman. Tarixda bunday nom qoldirish aslo joiz emas… Siz ko‘rsatgan xizmatingizga minnatdorchilik ramzi sifatida tuhfamizni qabul eting. – Nodirshoh o‘z mulozimlariga o‘girildi. – Zarbof chopon!

Saodatxonning yelkasiga zarbof chopon yoyildi. U indamay ta’zim qildi-da: «Qulluq, hazrat!» – deya orqasi bilan yurib, qarorgohni tark etdi.

Bir necha kundan so‘ng Nodirshoh Muhammad Go‘rxonni o‘z qarorgohiga taklif qilib, mehmondorchilik uyushtirdi. Mehmondorchilikdan so‘ng qisqa muzokara bo‘lib o‘tdi. Shundan keyin ikki shoh vakili hind qo‘shinlariga yaqinlashib, yangi sulh tuzilganligini hamma tarqalishi mumkinligini aytishdi. Hindlar uylariga ravona bo‘ldilar. Nodirshoh mehmonlarni kuzatar ekan, yaqin kunlarda Dehlini ziyorat qilish niyatida ekanligini aytdi.

1739 yil 20 mart kuni u Dehliga kirib bordi. Uni katta dabdaba bilan kutib oldilar.

Bir necha kun avvalgi muzokaradan ikki shohnnng qanday suhbat qurganlari menga noma’lum, biroq Dehlidagi uchrashuvda Nodirshoh Muhammad Go‘rxonni Hindiston hukmdori sifatida tan olishni e’lon qildi. Muhammadshoh esa buning evaziga, minatdorchilik bildirib, saroy xazinasidagi oltin-kumushlar va javohirotlarni Eron shohiga in’om etdi. 21 mart kuni bomdod namozida esa Nodirshohning nomi xutbaga qo‘shib o‘qildi.
Nodirshoh Hindistondan oltin, kumush va javohprotlarni qo‘shib hisoblaganda yetti yuz million rupiylik o‘lja olib qaytdi. Boburiylarning g‘arbiy yerlari uning davlatiga qo‘shib olindi.

Shunday qilib «Ko‘hi nur», «Shoh» olmoslari, «Chirog‘i olam» yoquti Isfaxonga qarab yo‘l oldi. Shuning bilan «Buyuk Amir Temur yoquti» temuriylar qo‘lidan ketdi.

The-Koh-i-Noor-Diamond.jpg«Ko‘hi Nur» olmosi

2.jpg“Shoh” olmosi

* * *

– Ey, yoqutlar yoquti «Chirog‘i olam»! Endi yuzinga bitilgan eng oxirgi ism egasi – Ahmadshoh Durroniy haqida so‘zlab ber. Senga qachon na qanday qilib afg‘on xalqini davlatli qilgan, Afg‘oniston degan yurtni tashkil etgan zot nomini muhrlashdi? Axir, o‘sha davrgacha – XVIII asrning oxirigacha – bunday nomli mamlakat bo‘lmagan-ku!

* * *

Nodirshoh Hindistonga yurish qilishdan bir yil avval, 1738 yilda Qandahorni egallagani sizga ma’lum. O‘shanda, u sharoitni o‘rganib chiqib, afg‘onlarning hech bir namoyandasini jazolamagandi, faqat ishonchga sazovor bo‘lolmagan sarkarda Said al-Nosiriyning ko‘zlariga mil torttirgandi. Sakkiz yildan beri zindonda yotgan Hirot hokimi Zulfiqorxon va uning ukasi Ahmadxonni ozod qilgandi. Zulfiqorxonning kuchli shaxs ekanligini bilgani uchun unga mol-mulk berib, Mozandaronga hokim qilib jo‘natgandi. Ahmadxon ham akasi bilan ketishga buyruq olgandi.
Nodirshoh Hind safaridan qaytayotib, o‘z ona vatani Xurosonda to‘xtadi. G‘alaba bilan kelayotgan buyuk shohni qutlash uchun Xurosonning barcha sardorlari, davlat ayonlari unga peshvoz chiqdilar. Ular orasida Mozandarondan yetib kelgan o‘n sakkiz yashar Ahmadxon ham bor edi.

* * *

Nodirshoh Hirotda dam olar ekan, yangi bir yurish haqidagi o‘y unga tinchlik bermay qo‘ydi. Mana, u usmoniylarning adabini berdi – yaqin orada bosh suqishmaydi, ruslarni Kaspiy bo‘ylaridan haydadi – u yerlardagi musulmonlar juda minnatdor, Hinddan katta o‘lja olib qaytdi – o‘zlaridan ko‘rishsin. Afg‘onlar yurti ham o‘ziniki – odamlari unga sadoqatli. Endi bir Buxoro-yu, Xevaga tashrif buyurib, o‘zining kuchini ko‘rsatib qo‘ysa, davlatining chegaralari ancha kengayardi. Bunga quvvat yetarli. Lashkar jangga shay. Yangi-yangi o‘ljalar ishtiyoqida yonib turibdi. Qo‘shilgai afg‘on jangchilari ham katta kuch. Sarkarda afg‘on Nurmuhammad Xilzoy ularni yaxshi boshqaradi. Unga yordamchilar ham zarur. O‘zi topa qolsin. Ammo, baribir, ularni nazardan o‘tkazish lozim. Ha, aytganday, Ahmadxonni ham unutmaslik kerak. Nasl-nasabli. Yaxshi tarbiya olgan.

Nodirshoh huzuriga Nurmuhammad Xilzoyni chaqirib, u bilan suhbat qurib bo‘lgach, mulozimlarga buyurdi:
– Ahmadxonni chaqiring!

Ahmadxon kirib salom berdi-da, ta’zim qildi.

– Sening ajoyib, botir yigit ekanligingizdan xabarim bor, – dedi Nodirshoh. – Shu bois, men seni afg‘on qo‘shini bo‘linmalarining biriga boshliq qilib tayinlashni lozim topdim.
– Qulluq, hazratim! O‘la-o‘lgunimcha xizmatigizdaman. Ishonchingizni sharaf bilan oqlashga intilaman!

Nodirshoh o‘t-olovdek yonib, asov otdek pishqirib turgan, ayni kuchga kirgan bu yigitga qarab jilmaydi.
– Biz yaqin oylarda Buxoro tomon yurish qilamiz. Agar janglarda shijoat va matonat ko‘rsatsang, mavqeing yanada oshadi.
– Qulluq, hazratim!

* * *

Ahmadxon faqat Buxoro yurishida emas, Armanistonni zabt etishda, Dog‘istondan ruslarni quvish janglarida ham yuksak mahorat va jasurlik ko‘rsatdiki, natijada u Nodirshohning eng ishonchli kishilaridan biriga aylandi. U afg‘onlarning abdali qabilasi jangchilarigagina emas, yollanma o‘zbek otliq askarlariga ham qo‘mondonlik qila boshladi.

1747 yilga kelib, Eron davlati mustahkamlangach, turkiy Nodirshoh forsiy ayonlarga kerak bo‘lmay qoldi. Ba’zi namoyandalar uni yo‘qotish tadorigini ko‘ra boshladilar va saroyda fisq-fujurni avj oldirdilar. “Nega bizga bu kelgindi turkiy shohlik qilayapti?! Nima, forsiylar davlatni boshqara olmaydilarmi?” kabi gaplarni ko‘paytirdilar. Buni sezgan Nodirshoh o‘ziga ko‘proq afg‘onlarni – Nurmuhammad Xilzoy va Ahmadxon Abdalini yaqin ola boshladi. Bu esa forsiylarning yanada g‘azabini qo‘zg‘adi. Ular Nodirshohni uzil-kesil yo‘qotish payiga tushdilar. Bundan xabar topgan shoh ularning ba’zilarini jazolashga qaror qildi. Lekin ulgurmadi. 1747 yil 20 iyunda, qo‘zg‘olon ko‘targan kurdlarni tinchitish vaqtida, Fathobod yaqinidagi tepalikka qarorgoh qurgan Nodirshoh o‘ldirildi. (Bu tepalik hozir Nodirtepa deb ataladi.) Bundan xabar topgan qo‘shinning eroniy qismi g‘alayonga kelib, Nodirshohning doimo o‘zi bilan olib yuruvchi harami va hazinasini talash maqsadiga tushdilar. Lekin Ahmadxon sarkarda Nurmuhammad Xilzoyning barcha afg‘on jangchilariga va yollanma o‘zbek otliq askarlariga tayanib, Nodirshohning haramini va hazinasini tarojdan saqlab qoldi. Eroniy qo‘shin jasur o‘zbek va afg‘on lashkarlariga qarshi chiqishga jazm qila olmadi. Bundan minnatdor bo‘lgan Nodirshohning bosh xotini Ahmadxonga o‘z hurmatini izhor etib, sovg‘alar jo‘natdi. Vo ajab! Bu tuhfalar ichida olamga dong taratgan «Ko‘hi nur» va «Chirog‘i olam» bor edi!..

* * *

Men bu ma’lumotdan hayratga tushdim. Mening hayot tajribam, o‘qiganlarim, kuzatishlarim ko‘pincha sadoqat va jasurlik, rahnamosiga bo‘lgan hurmat va e’tiqod kabi xususiyatlarning bunday darajada taqdirlanishini ko‘rsatmagandi. Aksariyat, makr-hiyla, xiyonat, zo‘ravonlik g‘alaba qilishini kuzatgandim. Nega bu yerda hayotning achchiq qonuni o‘z kuchini ishlatmadi? Malika ikki og‘iz minnatdorchilik nomasini yuborsa ham bo‘lardi-ku. Mulohaza qilib ko‘rsam, hayotdagi har bir qonunning bajarilishida xuddi fizika qonunlariga monand, ma’lum bir chegaralar mavjud ekan. Agar ana shunday chegaraviy shartlar avvaldan kiritilib, unga qat’iy amal qilinsa, kerakli natijani olishing mumkin ekan. Ushbu hodisotda Ahmadxonning ko‘ngli pokligi, sadoqati, e’tiqodi va rahnamosining olijanobligi, nasl-nasabliligi chegaraviy shartlardir.
Ahmadxon bundan keyin ham o‘z yurti uchun yanada buyuk ishlarni amalga oshirdi. Uning, vafot etgan bo‘lsa ham, rahnamosiga sadoqati kelgusi hayotidagi muvaffaqiyatlarga turtki bo‘lib xizmat qildi.

* * *

Nodirshohning o‘limidan so‘ng, Ahmadxon va sarkarda Nurmuhammad Xilzoy Eronning ichki ishlariga aralashishni istamay, barcha qo‘shinlari bilan Qandahorga qaytdilar va fursatdan foydalanib, mustaqil afg‘on davlatini tuzishga qaror qildilar. Oldinda Afg‘onistonning podshohini saylash muammosi ko‘ndalang bo‘lib turardi. Buning uchun Qandahorga barcha afg‘on qabilalarining sardorlari jirg‘aga yig‘ildilar.
Jirg‘a o‘n kun mobaynida bir qarorga kelolmadi. Shartga ko‘ra, saylanuvchi shoh qatnashuvchilarning yarmidan ko‘pini emas, hammani qanoatlantirishi kerak edi. Ko‘pgina yirik qabilalarning boshliqlari, xususan, Nurmuhammad Xilzoy ham o‘z nomzodlarini o‘tkaza olmadilar. Shuncha kun mobaynida Ahmadxon o‘z nomzodi haqida churq etib og‘iz ochmadi. Biroq o‘ninchi kuni qatnashuvchilarning biri – Qobul hokimi Sobirshoh Ahmadxonni podshoh etib saylashni taklif qildi. «U, – dedi Sobirshoh, – qalbi pok inson, yosh bo‘lsa-da, katta harbiy va hayotiy tajribaga ega!» Bu taklifga hech kim qarshi fikr aytolmadi. Shunday qilib, yigirma besh yoshli Ahmadxon Afg‘oniston shohi qilib saylandi. Bu 1747 yil oktyabr oyida sodir bo‘ldi.

Ahmadshohning nomi faqat «Chirog‘i olam»ning yoniq yuzidagina emas, O‘rta Osiyoning tarixida ham o‘chmas iz qoldirdi. U Afg‘oniston davlatiga asos soldi. Ungacha bunday davlat bo‘lmagandi. O‘sha davrdan beri Afg‘oniston o‘z mustaqilligini yo‘qotmadi.
Ahmadshoh ajoyib inson bo‘lgani uchun Davron Duri, keyinchalik Durroniy deb ataldi. U afg‘on shohlarining durroniylar sulolasini vujudga keltirdi.

Ahmadshoh Durroniy 1773 yili vafot etib, o‘zidan so‘ng qirq million aholisi, katta xazinasi va kuchli qo‘shini bo‘lgan davlatni o‘g‘li Temurshohga qoldirdi.

* * *

– Hurmatli «Buyuk Amir Temur yoquti!» Endi ayt-chi, sen qanday qilib o‘z Vataningdan, Amir Temur avlodlaridan uzoqdagi Buyuk Britaniya oroliga borib qolding?

* * *

Temurshoh Durroniy poytaxtni Qandahordan Qobulga ko‘chirdi. Xazina, shu jumladan «Ko‘hi nur» va «Chirog‘i olam» ham u yerga olib ketildi.
1793 yili Temurshoh vafot etdi. Taxtga uning yigirma uch o‘g‘lining beshinchisi Zamon Mirzo o‘tirdi. Shu vaqtdan Durroniylar davlatida notinchlik hukm sura boshladi. Panjob viloyati qo‘ldan ketdi. U sikxlarga qaram bo‘lib qoldi. 1799 yili Zamonshoh o‘n to‘qqiz yoshli sikx rojasi Ranjit Singx bilan qo‘shilib, Panjobni qayta egallashga urindi, lekin natijaga erisholmadi. Ranjit Singx esa Lohurni zabt etishga muvaffaq bo‘ldi. Zamon Mirzoning hukmdorligi uzoqqa cho‘zilmadi, 1800 yili ukasi Mahmud uni taxtdan qulatib, ko‘zlariga mil torttirdi. Biroq uch yil o‘tgach, u ham boshqa uka – Shujo’ ul-Mulk tomonidan ag‘darildi. Shujo’ ul-Mulkni xalq va saroy ahli uncha xush ko‘rmadi. Ziyraklik, hushyorlik kabi xislatlar unga yot edi. Tez orada xazina ham bo‘shab qoldi. Natijada, 1813 yili saroy ayonlari taxtga yana qayta Mahmudni chiqardilar. Shujo’ ul-Mulk esa Lohurga qochishga majbur bo‘ldi. U o‘zi bilan barcha javohirlarni, xususan «Ko‘hi nur» va «Chirog‘i olam»ni ham olib ketdi. Shujo’ ul-Mulk ko‘p yillar Ranjit Singx panohida yashadi. Vaqti kelib, sikx rojasi Shujo’ ul-Mulkning javohirlaridan xabar topdi va boshpana evaziga ularni o‘ziga berishni talab qildi.

* * *

Shujo’ ul-Mulk rozi bo‘lmadi. Bu javohirlardan ajrash – omad va baxtdan ajrash demak edi.
– Marhamatli roja, afsuski, siz mendan bajarish mumkin bo‘lmagan ipshi so‘rayapsiz. Men sizga jonimni berishga tayyorman, lekin «Ko‘hi nur» va «Chirog‘i olam»ni berolmayman.

Ranjit Singx g‘azablandi. «Bu qanday ko‘rnamaklik! Men uning hayotini saqlab qolgan bo‘lsam, boshpana berib, shohona turmush kechirishiga barcha imkoniyatlarni yaratsam-u, u mendan javohirlarni qizgansa?! Yo‘q, bu tuzni ichib, tuzluqqa tupuruvchi odamdan noyob javohirlarni kuch bilan bo‘lsa-da, tortib olish kerak.
– Oliyzot Shujo’ ul-Mulk! Biz axir do‘stmiz. Mening uyim – sizning uyingiz. Mening boyligim, qudratim – sizning ham boyligingiz, kuch-qudratingizdir. Nahotki, siz o‘z do‘stingizdan qandaydir javohirlarni ayasangiz?

Shujo’ ul-Mulk boshini xam qildi.
– Ming bor uzr, marhamatli roja! Bu javohirotlar bobom Ahmadshohdan esdalikdir. Toshlar bobomizga omad va baxt keltirgan, tanalariga kuch, quvonch, o‘zlariga bardamlik baxsh etgan. Ul kishi yigitlik chog‘laridayoq Afg‘oniston shohi etib saylanganlar. Javohirotlarning vaqti kelib menga ham omad, kuch-qudrat keltirishiga ishonaman. Ularni yo‘qotish – barcha umidlarimni yo‘qotishdir. Mayli, istagan boshqa javohirlarni oling. Lekin, bu ikki toshni aslo hadya etolmayman…

Rojaning toshlarga bo‘lgan havasi yanada ortdi. Demak, «Ko‘hi nur» va «Chirog‘i olam» noyob javohirgina emas, sehrli xususiyatga ham ega ekan-da! U holda ularni albatta tortib olish zarur.
– Oliyzot Shujo’ ul-Mulk! Gaplaringiz dilimni yumshatdi. Ammo, ayting-chi, ularga nazar tashlash ham mumkin emasmi?
– Marhamatli roja! Keling, shu toshlar haqida so‘zlashmaylik.

Ranjit Singxning g‘azabi qaynadi.
– Oliyzot Shujo’ ul-Mulk! Tuzni ichib, tuzluqqa tupurmang! Javohirlarni qayerga yashirgansiz!?
– Afsuski, marhamatli roja, bu narsani aytolmayman.

Ranjit Singx mulozimlariga o‘girildi. Uning qoracha yuzi yanada qorayib ketgandi.
– Mana bu ko‘rnamakni zindonga tashlang! Ovqat va suv bermang!

Shujo’ ul-Mulk bandi qilib olib chiqib ketildi. Ikki kun o‘tgach, holsizlanib qolgan Shujo’ ul-Mulk yana roja huzuriga keltirildi.
– Xo‘sh, oliyzot Shujo’ ul-Mulk, endi aytarsiz, javohirlarning qayerdaligini. Ogohlantirib qo‘yay, agar yana o‘jarlik qilsangiz, mulozimlarimga buyuraman, sizni o‘lasi qilib kaltaklashadi.

Shujo’ ul-Mulk kirtayib qolgan nursiz ko‘zlarini unga tikdi. Suvsizlikdan yorilgan lablarini qimtidi.
– Marhamatli roja, mayli kaltaklating…

Roja mulozimlarga imladi. Ular shu zahotiyoq quvg‘in qilingan afg‘on shohini olib chiqib, rosa kaltaklashdi. So‘ng roja huzuriga sudrab kelishdi. Ranjit Singx Shujo’ ul-Mulkka yaqinlashdi.
– Nega? – dedi u darg‘azab ohangda. – Nega aytmayotirsiz? Axir o‘lib ketasiz-ku!

Shujo’ ul-Mulk o‘zi narigi dunyoga ravona bo‘lsa, roja javohirlarni topa olmasligini bilar edi. Ranjit uni o‘ldirolmaydi. Shuning uchun ko‘zlarini yumib ochdi. Bu, «mayli, o‘lsam o‘laqolay», degani edi. Roja buni yaxshi angladi va boshqacha qarorga keldi.

– Oliyzot Shujo’ ul-Mulk! Endi o‘zingizdan ko‘ring! Sizni o‘ldirtirmayman, lekin jazosiz ham qoldirmayman. Men sizning ko‘zlaringizga mil torttiraman. Shundan keyin ko‘rasiz, o‘sha javohirotlar sizga qanday omad va baxt keltirishini! – Ranjit Singx mulozimlarga o‘girildi.— Jallodni chaqiring! Ayting, buning ko‘zlarini o‘ysin!

Jallod hozir bo‘ldi. Milni ushlab, Shujo’ ul-Mulk ko‘zlarini o‘ziga qaratdi. Ayni shu damda quvg‘indagi shoh bazo‘r so‘z qotdi:
– To‘xta… Rojani chaqir… Aytaman…

Shunday qilib, «Ko‘hi nur» va «Chirog‘i olam» sikx rojasi Ranjit Singxga o‘tib qoldi. Shujo’ ul-Mulk esa inglizlar tomonidan zabt etilgan yerlarga –– Ludxianaga ketdi. Ular quvg‘indagi shohga boshpana berib, nafaqa tayinladilar.

* * *

Ranjit Singx o‘z yerlarini to 1823 yilgacha kengaytirib bordi. Balki chindan ham unga javohirotlar omad va qudrat bag‘ishlagandir?! Biroq u inglizlar bosib olgan yerlarni tortib ololmadi. U afg‘onlardan Kashmirni, Peshovarni oldi, xolos. Uning davlati kengayib, ancha mustahkamlandi.

Ranjit Singx 1839 yil 27 iyunda vafot etdi. Uning valiahdi Kxaran Singx uzoq vaqt podshohlik qilolmadi, 1840 yilning noyabrida olamdan o‘tdi. Taxtga Ranjit Singxning ikkinchi o‘g‘li Sher Singx o‘tirdi. U 1843 yilning sentyabr oyidagi ichki to‘polonlarda o‘ldirildi. Shundan so‘ng taxtga Ranjit Singxning eng kichik farzandi olti yoshlik Dalip Singx o‘tqazildi.

Bu vaqtda mustamlakachi inglizlarning Hindistondagi kuchlari oshib bormoqda edi. Ularning bosqinchi qo‘shinlari Panjobni ham istilo qilishga uzoq urinishdi. Va nihoyat, ikkinchi sikx urushidan so‘ng. 1849 yilda Lohur egallandi. O‘n ikki yoshli roja Dalip Singx bir umrlik nafaqa evaziga taxtdan va xazinadan, shu jumladan, javohirotlardan voz kechish «sulhi»ga ko‘l qo‘yishga majbur etildi. Shunday qilib, «Ko‘hi nur» va «Chirog‘i olam» inglizlarning mustamlakachi “Ost-Ind” kompaniyasi qo‘liga tushdi.

Bu komnaniyaning mutaxassislari «Chirog‘i olam»ning o‘ta noyob tosh ekanligini anglay olmadilar. Ular asosan «Ko‘hi nur»ga e’tibor qilib, uni Angliya qirolichasi Viktoriyaga tuhfa etdilar. Keyinchalik, 1851 yilda Angliya poytaxti Londonda barcha talon-taroj qilingan javohirlarnipg katta ko‘rgazmasi uyushtirnldi. U yerga qo‘yilgan «Chirog‘i olam»ga mana bunday izoh berilgaidi: «To‘rtta katta shpinel-yoqutdai iborat taqinchoq». Shundan qilib, «Chirog‘i olam»ning o‘zi ham, nomi ham bir necha o‘n yilliklarga unut bo‘lib ketdi.

Oradan oltmish yildan ko‘proq vaqt o‘tdi. 1912 yili ulkan yoqutdagi yozuvlar ingliz javohirshunosi Jeyms Herbert Smitning diqqatini o‘ziga tortdi. Undagi eng yirik bitiklarni arabcha alifbeni biluvchilarga o‘qitib ko‘rdi. Tarjima qildirdi. Unda: «Bu, Isfahonga 1153 yil Hindistondan olib kelingan yoqut, shohlar shohi Sulton Sohibqironning yigirma besh ming asl javohirotlaridan biridir», deb yozilgandi. «Demak, bu yoqut Buyuk Amir Temurning javohiri ekan», degan xulosaga keldi javohirshunos va uni shu nom bilan atay boshladi. Nodirshohning bitigi yoqutga yangi nom berilishiga sabab bo‘ldi. Keyinchalik, uning dunyoga mashhur «Chirog‘i olam» javohiri ekanligi aniqlandi. Hozir ham u G‘arbda «Buyuk Amir Temur yoquti» deb atalib kelinadi.

«Chirog‘i olam» tarixidagi yana bir diqqatga sazovor joy shundaki, u «Ko‘hi nur» bilan 1612 yildan beri «ajralmas do‘st» sifatida «sayohat» qilgan.

* * *

«Buyuk Amir Temur yoquti»ning hikoyasi tugadi.

Men unga minnatdorchilik bildirib, sertuman Albion deb ham ataluvchi Britaniya orolini tark etdim. «Chirog‘i olam» bilan xayrlashish og‘ir bo‘ldi. «Meni ham Buyuk Amir Temur avlodlari yashayotgan serquyosh, yorug‘, nurli o‘lkangga olib ket!— iltimos qildi u kompyuter ekrani orqali. – Men olam chirog‘i bo‘lganim bilan, o‘z yurtimning yorug‘ nurlarni to‘yib emib turmasam, nozik jilolar taratolmayman». «Afsuski, – dedim men, – Buyuk Amir Temur avlodlari seni ham asray olishmagan. Meni kechir, seni olib ketolmayman. Ammo mening qalbim va ushbu satrlardan sening mavjudligingni bilgan o‘zbek xalqining qalbi ham doimo seni yodda tutadi. Balki, kelajakda qandaydir bir ijobiy voqea ro‘y berib, o‘zimizga qaytib kelarsan……»
Shundan so‘ng, ota-bobolarim va o‘zimning tug‘ilib o‘sgan shahrim – azim Toshkentga qaytdim.

* * *

Yozib olgan ma’lumotlarim, kechinmalarim bitilgan qog‘ozlarga tikildim va bundan ko‘p foyda yo‘qligini angladim. O‘zimning o‘tgan hayotim ko‘z oldimda turib qoldi.
Men nimani niyat qilgan, qanday maqsadga intilgan bo‘lsam, o‘shanga erishyapman. Biroq bu narsalarning bari osonlik bilan amalga oshayotgani yo‘q. Orzularim kechikib ushalyapti. Vaqt ko‘p ketyapti. Umr o‘tmoqda. Ammo o‘zimni ovutishim mumkin: hech bo‘lmagandan ko‘ra, kech bo‘lgani ham durust.
Men o‘z xalqimning bir zarrasiman. Uning bir vakiliman. Xalqimga tegishli nuqsonlarning va fazilatlarning bir qismi mening qonimda ham bor. Balki, mendagi holat, hayotimning kechishi ham xalqimdagi holatning bir in’ikosidir. Agar xalq bilan shaxs o‘rtasidagi men aytgan aloqaning ozmi-ko‘pmi mavjudligini hayot qonuni deb hisoblasak, demak Vatanimiz oxir-oqibatda, hech bo‘lmagandan ko‘ra, kech bo‘lsa-da, «Buyuk Amir Temur yoquti» yoxud «Chirog‘i olam»ga yana egalik qilar?!

09

(Tashriflar: umumiy 2 459, bugungi 1)

Izoh qoldiring