Poyon Ravshanov. So’z allomasi / To’ra Nafasov. «Baliqchi» so’zining ma’nosi.

025
Ўзбекистонда Тўра Нафасовдек зукко ва фидойи олимлар борлигидан фахрланаман. Олимнинг Ўзбек Сўзи йўлида қилаётган залворли ва машаққатли изланишлари ҳақида ўйлаганимда ҳар гал Амир Темур ва чумоли ҳақидаги ривоят эсимга тушади. Чумолидек тиришқоқ бўлган олимгина Ҳимолайдек улкан ва чўққиси кўринмас тоғ — Ўзбек тили ҳайбати олдида чўчимай, чўққи томон йўл излайди ва бутун йўли давомида ҳар бир гиёҳ, ҳар бир оғоч, ҳар бир тош сирини билишга интилади. Тўра Нафасов, ҳурматли Поён ака эътироф этганидек, «Ярим аср давомида 500 дан зиёд мақола, 30 га яқин китоб, дарслик, қўлланмалар яратди, минглаб шогирдларга устозлик қилди,ўзбек тилшунослари орасида кўзга кўринган мартаба ва мақомга кўтарилди. Алқисса, булар бари бир тараф, 1988 йилда, 50 ёш устида яратилган «Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати» асари бир тараф, десам кўнглимдан кўп йиллар давомида кечган хулосани ошкор этган бўламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

022
Поён Равшанов
СЎЗШУНОС АЛЛОМА

Олимлар кўп, алломалар эса оз бўлади. Ўрта асрларда таниқли илм ва ижод аҳлига «мавлоно» рутбаси берилган бўлса, уларга устод мақомида бўлган зотлар «мавлавий» деб улуғланган. Тарихий истилоҳлар намоён этганидек, юртимиз азалдан илм-фан диёри бўлиб келган. Бу ҳақда мушоҳада қилароқ, аллома дўстим Тўра Нафас ҳаёт йўлига, илмий фаолиятига бир қур назар ташлаш истаги пайдо бўлди.

Мен уни кўп қатори олимлардан эмас, замон ва макон аршинларига мувофиқ келадиган етук аллома деб биламан. Бу фикрни айтишим сабаби профессор Тўра Нафаснинг илмдаги йўли қандай бошланганлигининг, муваффақиятларга қандай эришганлигининг бошдан-оёқ шоҳиди бўлганлигимда.

Бундан роппа-роса ярим аср муқаддам, 1958 йилнинг август ойида Тўра Нафас билан Самарқандда, Ўзбекистон Давлат университетининг Бош биносида, кириш имтиҳони олинаётган 21-хонада дуч келганман. Мен саволларга жавоб беришга тайёрланиб ўтирган эдим. Қотмадан келган, қорачароқ бир абитуриент жавоб бературиб, имтиҳон олаётган домлага, «савол беринг, мен «4» га рози эмасман», деб қолди. Шу талабни қилмаганда, эҳтимол, уни эслаб қолмаган бўлармидим. Бу дадил, ўзига ишонадиган йигит, кейин талаба бўлгач, билдимки, Тўра Нафас экан. Унинг ёши биздан бироз катта (1938 йил), мактабни тугаллаб бир йил муаллимлик қилган, Самарқандда жисмоний тарбия техникумини ҳам битиришга муваффақ бўлган экан. Шу йили ЎзДУнинг (орадан бир йил ўтиб, у Самарқанд Давлат университети деб аталадиган бўлди) филология факультетига 25 талаба қабул қилинди. Омадни қаранг, мактабни нишон билан тугатган ўқувчиларга имтиҳонсиз кириш имтиёзи шу йил бекор қилинган, камина ҳам шу боис кириш имтиҳонлари топширган эдим. 1 сентябрдан кейин маълум бўлдики, Қашқадарёдан Тўра Нафас, Қўйли Хуррамов, Саидмурод Маҳмадалиев, Тошниёз Рўзибоев, Исомиддин Исломов ва мен талаба бўлган эканмиз. Тўра Нафас кириш имтиҳонида (ўзбек тили ва адабиётидан оғзаки) тортишган, ҳақини талаб қилган домла кейинчалик филология фанлари доктори, профессор Абдужаббор Мухторов ва доцент Кимё Аҳмаджоновалар эканлигини ҳам дарслар давомида билиб олдик. Тўра Нафасга, ёдимда, имтиҳон олувчилар хоҳламайроқ бир-икки савол бердилар. Жавоб аниқ бўлгач, ўйланиб қолишди ва атай мураккаб синов йўлини тутдилар. Абитуриент Тўра Нафас савол қопқонларини илм калити билан бирин-кетин очиб, «баҳонгиз беш!» дейишларига эришди. Эллик йилдирки бу воқеа ҳали ҳануз ёдимдан кўтарилмайди. Талабгор кўп, улар орасидан 25 та талабани танлаб олиш имтиҳон олувчиларга осон кечмаган. Уларнинг масъулиятни англаши, ҳалоллиги ҳамон мени қойил қолдиради.

Қашқадарёлик талабалар (Тошниёз Рўзибоев, раҳматли, 2-курсдан сиртқига ўтиб кетган эди) беш йил давомида жуда зўр ўқишди. Учаламиз -Тўра Нафас, Қўйли Хуррамов ва камина имтиёзли дипломга сазовор бўлдик. Раҳматли Исомиддин Исломов ва Саидмурод Маҳмадалиев ҳам яхши хатми кутуб қилган эдилар. Гуруҳимиздан таниқли илм-фан кишилари етишдилар. Улар орасида Бойқўзи Турдиалиев (Наманган, Аллоҳ раҳмат қилсин), Усмон Санақулов (Бухоро) фан доктори, Тўра Нафас, Эргаш Қиличев (Бухоро) профессор унвони соҳиби бўлдилар. Жаҳонгир Қўчқоров (Самарқанд), Қўйли Хуррамов фан номзодлари даражасига эришдилар. Ўсар Саидов (Гулистон) ва Исомиддин Исломов (уларни Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) олий ўқув юртларида таҳсил бердилар. Муҳаммад Саломни таниқли адиб сифатида республикамиз билади. Яқинда оламдан ўтган дўстимиз Эркин Неъматов (Ургут) ажойиб шоир ва моҳир журналист эди. Ушбу зикрлардан 1958 йилги талаба танловининг ҳалоллик ва қаттиққўллик билан амалга ошганлигини тасаввур этиш мумкин.

Самарқанднинг Боғи шамол даҳасида, Шура хола деганнинг каталакдай ҳужрасида 20-30 абитуриент 40 кунга яқин тайёрланиб, шулардан Қўйли Хуррамов ва мен ЎзДУ га, Элмурод Қурбонов қишлоқ хўжалиги институтига киришга муваффақ бўлдик. Раҳматли Холбозор Тоғаевнинг омади чопмади ва бир йилдан кейин талабаликка эришди.

Буларни эслашимдан чиқадиган маъни шундаки, талаба бўлишлик биринчи довон бўлса, ўқиб-ўзлаштириб кетиш янада баланд, янада машаққатли, кўп босқичли чўққилар эканки, улардан сабот билан ўта олганларга истиқбол йўллари бағрини очаркан. Ижтимоий-гуманитар фанларни жуда хоҳиш билан ўрганар эдик. Аммо, «ҳарбий иш» деган бир машғулот бор эдики, биз кеча қишлоқдан борган, рус тилини билмайдиганлар нари турсин, ҳарбий хизматдан қайтиб, ўқишга кирган рус йигитлари ҳам уни ўзлаштира олмай, дод дейишарди. Биринчи курсда шу фандан имтиҳон бўлди. Уни ёши 50 дан ошиб қолган полковник Скок қабул қилган эди. Пиёда қўшинларнинг 99 моддадан иборат низомини ёддан билиш шарт, ҳар бир билетга ундан истисносиз саволлар киритилганди. Ётоқхонада Тўра Нафас, Қўйли Хуррам бирга турардик. 30 та талаба иккинчи қаватдаги битта катта хонада яшардик. Бу ерда дарс қилишнинг иложи йўқ эди. Тўра Нафас билан яқинлашиб, дўстлашиб кетганимиз сабаб (орада 3 ойлик пахта териш мавсумини ўтказган эдик), кеч тушиши билан ётоқхонадан бир қадам бўлган факультет биноси (ҳозирги хорижий тиллар институти)га бориб, ўзимиз ўқийдиган хонада мутолаа қилардик. Уставни 3-4 кун ичида қори мисоли ёдлаб олдик. Казаков деган армиядан қайтган рус йигити имтиҳондан уч баҳо олди, Тўра Нафас ва камина 5 га эришдик. Шу имтиҳондан кейин гуруҳимиз сафи сийраклашиб қолди, ўта олмаганлар ё талабалар сафидан четлаштирилди ё сиртқида ўқишга мажбур бўлдилар. Тўра Нафас шу тариқа биринчи курсда, энг оғир, мутлақо ён бериш, қайта топшириш нималигини билмайдиган фандан улоқни ажратиб чиққан, бутун факультетда танилган, машҳурликнинг тамал тошини қўя олган эди.

1958-1963 йилларда, биз таҳсил олган даврда, филология факультетида академиклар Воҳид Абдуллаев, Ботурхон Валихўжаев, профессорлар Орифжон Икромов, Маҳмудали Юнусов, Худойберди Дониёров, Сайдулла Мирзаев, Нуриддин Шукуров, Улуғ Турсунов, Абдужаббор Мухторов, Абдулла Сулаймонов, Ваҳоб Эгамов, Ҳамдам Бердиёров сингари республикамизда довруғ ёйган олимлар ишлашарди. Ўша йилларда Самарқанд Давлат университетининг илмий нуфузи жуда баланд эди. Илм-фаннинг қадри юқори бўлган жойда аъло ўқийдиган талаба тез кўзга ташланади. Тўра Нафаснинг аввал бошданоқ тилшуносликка рағбати кучли эди. У қаттиқ меҳнат қиларди, ҳар бир ютуққа тиришқоқлик билан эришарди. Тўра Нафас семестрдан семестргача уйига ҳам бормасди, ҳолбуки, унинг Чироқчида, қишлоғи Давтошда оиласи бор, уйланган эди. Отаси, раҳматли Нафас Суяров Чироқчининг кайвони муаллимларидан бўлган. Унинг хонадонида кўп фарзандлар вояга етган. Тўнғичи Тўрага отасининг меҳри бўлакча эди. Ўғлининг зукколиги, тамкин ва меҳнаткашлиги уни қувонтирарди. Оиладаги муҳит фарзандлар тарбиясини белгиловчи омил эди.

Тўра иккинчи курсда ўқиётганида Пастдарғомдаги собиқ «Москва» хўжалиги далаларидан энг кўп пахта терган талаба сифатида республика Олий советининг фахрий ёрлиғини олишга эришганди. Шу йили, иккинчи курсда 3 январга қадар пахтада бўлган эдик. Бу даромад хотираларни эслашдан мақсадим, бугунда таниқли аллома, тилшунослик фани ривожига улкан ҳисса қўшган қадрли дўстим, профессор Тўра Нафаснинг илм-фандаги йўли осон кечмаганлигини, уни қатъият, катта меҳнат, беназир муҳаббат билан ишғол этганлигини таъкидлашдир.

Тил соҳасидаги иқтидор Тўрада бўлакча эди. У туғилиб ўсган Зарафшон тизма тоғининг Қалқама беткайида қадимий манзиллар кўп бўлиб, номлари қандайдир сирли туюларди. Оқчава, Давтош, Говхона, Лангар, Тарағай… Мактабда ўқиб юрган пайтида бу номларнинг маънолари нималиги ҳақидаги саволлари жавобсиз қолган. Университетни битиришдаги диплом иши ҳам тилшуносликка оид бўлиб, ҳимоя катта қизиқишларга сабаб бўлган эди. Давлат имтиҳон ҳайъатининг раиси, профессор Мустақим Мирзаев ёш тилшуноснинг илмий-тадқиқотчилик салоҳиятига юқори баҳо берган эди.

Самарқанд Давлат университетини имтиёзли диплом билан тамомлаган Тўра Нафас 1963 йилнинг ёзида Қарши Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти кафедрасига ўқитувчи бўлиб келди. Уни бу ерда танишарди. Қарши билан Самарқанд олий ўқув юртлари алоқаси яхши бўлиб, Амир Ҳазратқулов, Тоғай Ўринов, Вафо Эгамбердиев, Абдумўмин Қаҳҳоров, Турсун Бозоров каби тадқиқотчилар аспирантурани Самарқанд Давлат университетида ўтар эдилар. Талаба Тўра Нафаснинг факультетдаги обрўси, тилшунослик тўгарагида, конференцияларда маърузалар билан фаол қатнашуви қаршилик тадқиқотчиларда яхши тасаввур уйғотган эди. Кафедра мудири, доцент Таслия Ядиханова Самарқанд Давлат университети битирувчисини улар тавсиясига кўра ўқитувчиликка сипориш этган эди. Институт ўқитувчилиги масъулияти катта эди. Ўша вақтда пахта йиғим-теримига икки-уч ойлаб вақт кетарди. Ёш ўқитувчилар бутун мавсум давомида талабалар билан бирга бўларди.

Илмий иш қиламан деган киши ҳар қандай вазиятда ҳам имкон топа олади. Тўра Нафас институтда ишлаш баробарида илмий изланишга вақт топа олди. Унинг дастлабки илмий мақоласи ҳам фандаги топилдиқлиги билан ажралиб туради. «Туркий тиллардан рус тилига ўзлашган лексик элементлар» ҳақидаги мақола (1965 й.) шўро салтанати авж бир даврда она тилимизнинг қудратини томчида қуёш акс этгандек намоён қилган эди. Бу вақтда бир кўп тилшунослар, аксинча, рус тилининг «ҳаётбахш» таъсирини ёзиб чарчамас эдилар. Шундан сўнг тадқиқотчилик, аспирантура, диссертация ҳимояси амалга ошди. Тўра Нафаснинг илмдаги бахти яхши устозга йўлиққанида ҳам эди. Порсо Шамсиев билан Собиржон Иброҳимов ўзбек луғатчилигининг даҳолари эди, десам сира муболаға бўлмайди. Бу буюк алломалар тузган «Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғати» китоби ярим асрдан ошдики, тенгсизлик қимматини сақлаб келаяпти. Собиржон Иброҳимов шогирди Тўра Нафасдаги истеъдодни, меҳнатсеварликни кўзланган илмий муддаога меҳр билан йўналтирди. Унинг раҳбарлигида Қашқадарё вилояти жой номлари биринчи бор кўламли равишда ўрганилди.

Тўра Нафас олимлик даражасига эришганидан сўнг тадқиқот ишларини собитқадамлик билан давом эттирди. Мақолалар изма-из чиқа бошлади, рисолалар, услубий қўлланмалар юзага келди. Табиатан тамкин, вақт қадрига етадиган олим ўзбек тилшунослигининг энг қийин, очилмаган қўриғини танлаганди. Жой номлари дунё тилшуносларини ҳам қизиқтириб, ҳам қийнаб келаётган улкан муаммолардан ҳисобланади. Умуман, сўз тарихи изланувчидан кенг қамровли билимни ва кўп тилларни истифода этишни талаб қилади. Жой номлари, айни вақтда, тарихнинг тилмочи эканлигини ҳам унутиб бўлмайди. Тўра Нафас мактаб ўқувчилигида қишлоғининг номи нега Давтош бўлганлигига қизиққан бўлса, тадқиқотчи сифатида ўз вилояти жой номларининг илмий ечимини ишлаб чиқди. Олимлик маснадига кўтарилгач, Ўзбекистон топонимларини тадқиқ этишга бел боғлади. Тўра Нафас ярим аср давомида 500 дан зиёд мақола, 30 га яқин китоб, дарслик, қўлланмалар яратди, минглаб шогирдларга устозлик қилди, халқаро анжуманларда иштирок этди, профессор, кафедра мудири, факультет декани бўлди, ўзбек тилшунослари орасида кўзга кўринган мартаба ва мақомга кўтарилди. Булар ҳақида батафсил гапирсам, катта бир рисола вужудга келади. Алқисса, булар бари бир тараф, 1988 йилда, 50 ёш устида яратилган «Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати» асари бир тараф, десам кўнглимдан кўп йиллар давомида кечган хулосани ошкор этган бўламан. «Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати» китоби тилшунослигимизда воқеа асар. Унинг қимматини сўз билан ифода этиш мушкул. Битта жой номини илмий изоҳлаш учун юзлаб китоблар ўрганилади. Тўра Нафас асарида зикр этилган топонимлар миқдори Ўзбекистон сарҳади билан белгиланади. Шундай экан, аллома республика жой номларини, аввало, тўплашга қанча вақт сарфлади, уларни изоҳлашга-чи? Яхши биламан, Тўра Нафас 1964 йилдан бошлаб чорак аср давомида ёзги таътилни уйда эмас, қишлоқма-қишлоқ кезиб ўтказди. Мен 2006 йилда «Бўйдоқ, ўлим ва луғат» деган бир манзума ёзганман. Шу манзумани аллома дўстим Тўра Нафасга бағишлаганман. Унда умрини илмга бағишлаб, уйланиш хаёлга келмаган олимга подшоҳнинг ўлим жазосини тайинлаши, бу ҳукмдан унинг она тили луғатини тузиб қутилиб қолиши ифода этилган. Рамзий маънода луғатчиликнинг, сўз маъносини тадқиқ этишнинг нечоғлик машаққатли эканлиги кўрсатилган эди. «Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати» китоби мисли дарвеш эл-юрт кезган, турли тиллардаги манбаларни ҳассослик билан ўрганган матонатли тадқиқотчининг юрак қони билан битилган эди.

Тўра Нафас ўз шахсида жамғарган билимга ҳайратланмай бўлмайди. Юртимиздаги аксар жой номлари энг камида 3 минг йиллик тарихга эга. Нахшаб, Насаф, Косон, Касби, Сариосиё, Чақар, Денов, Искифағн, Ғузор ва бошқа неча юзлаб топонимий истилоҳларнинг илмий мағзини чақиш учун ўнлаб фанларни, аввало, тарихни, географияни, этнографияни, фольклорни теран истифода этиш талаб қилинади. Манбаларнинг аксарияти араб, форс, хитой ва рус тилида эканлигини ҳам назардан қочириб бўлмайди. Араб ёзувидан хабардор бўлмаган, форсий (аниқроғи қадимги сўғдий) тил моҳиятини англамаган тилшунос, ҳеч қачон жой номларини меъёрига етказиб ёхуд аслига монанд изоҳлай олмайди. Бунинг учун Маҳмуд Кошғарий жасоратини эслаш кифоя. Тилшунос олим ўз муҳитида таниқли бўлиши мумкин. Улар орасида сўзни изоҳловчилар, сўзшуносларгина элда машҳур бўладилар.

Мустақиллик туфайли вилоятлар, туманлар, қишлоқлар тарихи яратилмоқда. Шу мавзудаги қайси бир рисолани қўлга олманг, иқтибоснинг энг кўпи «Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати»дан олинган. Айрим ҳалол, инсофли муаллифлар профессор Тўра Нафасга шу асари учун миннатдорчилик ҳам билдирадилар. Тўра Нафас, ҳеч бир муболағасиз, устози Собиржон Иброҳимов кўтарилган чўққини ўз йўли, билими, маҳорати билан забт эта олди. «Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати» ҳали неча бир авлодларга хизмат қилади, илм аҳлининг стол усти китоби бўлиб қолади.

Бир неча йил бурун Тошкентда Тўра Нафас иккимиз раҳматли Бўрибой Аҳмедов билан учрашган эдик. Мен домлага дўстимни таништиргач, у «э, Тўравой сизмисиз», деб унинг қўлини қайта маҳкам қисди. Бўрибой Аҳмедов ўшанда изоҳли луғат ишини давом эттиришни, мисоли А.Даль сингари ўзбек тилининг жой номлари қомусини яратишни маслаҳат берган эди. Дўстим, қадрдоним, сўзшунос аллома Тўра Нафас мўътабар 70 ёшга тўлди. Умид қиламизки, шундай қомус яратилади. Бу йўлда унга мустаҳкам соғлик, улкан илмий ютуқлар тилакдошимиз.

«Қашқадарё» газетаси саҳифасидан олинди

03

Тўра Нафасов
«БАЛИҚЧИ» НОМИНИНГ МАЪНОСИ

«Балиқчи» тарзида ёки шу сўз ёрдамида ясалган қўшма номлар Ўзбекистонда талайгина. Унинг яратилиш тарихи, тилда қўлланиши, маъно ва вазифасини аниқлаш тилшунослик, тарих, этнография фанлари учун муҳим аҳамиятга эга.

У тарихан ясама сўз: балиқ + чи. Ўзак сўзнинг балиқ (сув ҳайвони) тушунчасига мутлақо алоқаси йўқ. У туркий, мўғул, тунгус-манжур тилларига мансуб энг қадимий сўзлардан саналади. Қадимги туркий ёдномаларида — балық. Тўнюқуқ ёдгорлиги, Манихей ва Турфон матнларида хам балық — шаҳарни билдиради. Масалан: уч ўтуз балық сыды — 23 шаҳарни вайрон қилдилар. Турфон воҳасидан топилган битикларда ўқиймиз: эртмиш ўдун бир улуғ балық бор эрти — қадим замонларда бир буюк (улуғ) шаҳар бор эди. Эл-тарас ҳоқон шарафига 690—693 йилларда битилган ёдномаларда балиқ сўзи қўрғон маъносида: қамуқ балиққа тэгдим — кўп қўрғонларга ҳужум қилдим. Уйғур ёзувида битилган Манихей матнларида балиқ сўзи кўп ишлатилган: балиқдин балиққа, улушдин улушқа, элдин элга тингчи, савчи бўлуп юрудимиз эрсар — шаҳардан шаҳарга, қишлоқдан қишлоққа, элдан элга сўз олиб борувчи, совчи бўлиб юрсак. Қадимий ёдномаларда у ўрду (қаср), улуш (қишлоқ) каби маъноси яқин сўзлар билан жуфт сўз шаклида ҳам қўлланилган: балық ўрду — шаҳар ва қаср, улуш балық— қишлоқ ва шаҳар.

Академик В. В. Бартольд балық, балығ сўзининг Ўрхун-Енисей ёдгорликларида қайд этилганлигига асосланиб, барча туркий тиллар учун умумий эканлигини кўрсатган. В. В. Радлов луғатига ҳам бу сўзнинг қадимги туркий битиклардаги маъноси асос қилиб олинган, унда балық, палық — шаҳар, қўрғон деб изоҳланган.

Балық, балығ, палық, балых, балук сўзи, айниқса, V—XI асрлар ёдгорликларида кўп учрайди. М. Кошғарийнинг таъкидлашича, X—XI асрларда бу сўз анча эскирган. Халқ нутқидаги бу ҳолатни тўғри англаган М. Кошғарий шундай ёзади: «балық — жоҳилия давридаги (ислом пайдо бўлишидан олдинги давр—Т. Н.) турклар ва уйғурлар тилида — шаҳар. Уйғурларнинг энг катта шаҳарларига Бэш балық дейилиши шундандир. Бэш балық беш шаҳар демакдир. Уйғурлар бошқа бир шаҳарларига Янги балық — янги шаҳар дейдилар». XIII асрда яратилган Ўғузхон ҳақидаги ёдгорликларда бу сўзнинг балуқ кўриниши қайд этилган.

Туркий, мўғул ҳамда тунгус-манжур тилларидаги манбаларнинг қиёси шуни кўрсатадики, мазкур сўзнинг энг сўнгги маъноси шаҳардир. Бу маъно шаҳарларнинг юзага келиши, тараққиёти ва йириклашуви билан боғлиқ. Унинг энг қадимий ва пировард маъноси ўртасида мантиқий-моддий алоқадорлик билан бир қаторда, фарқи ҳам бор. Фарқ шундаки, балық сўзининг туркий тиллардаги қадимий маънолари — девор, деворли тўсиқ, девор билан ўралган жой (шаҳар, қўрғондир). Шу маъно сариқ уйғурлар тилида сақланган, холос. Академик В. В. Радлов «Туркий тиллар луғати тажрибаси» асарида бу сўз қўрғон маъносига эга эканини кўрсатган. Бешбалық кўринишидаги қўшма номларнинг яратилишига қўрғон маъноси асос бўлган.

Балық сўзининг ўзак тузилиши ҳақида ҳам турли мулоҳазалар мавжуд. С. Е. Малов мазкур сўз лой маъносидаги бал сўзидан ясалган, дейди. Г. Дёрфер бу сўз маъносидаги ўсишни қуйидагича эътироф этган: лой девор билан ўралган жой — шаҳар. Қадимги уйғур тилидаги балақасун, балқасу(н), ҳозирги мўғул тилидаги балғас (шаҳар), бурятча балғааҳан сўзларининг келиб чиқиши бир эканлиги маълум. Туркий тиллар тарихининг теран билимдони Э. В. Севортяннинг аниқлашича, мўғул тилларидаги бу сўзнинг тузилиши туркий балық — балқ — балақа (шаҳар) сўзи билан мантиқан ўзакдош. Энг қадимий туркий тил хусусиятларини ўзида сақлаб келувчи ёқут тилида балаған— уй-жой, турар-жой, ёғоч уй, кулба, қишги ёки ёзги қора уй, чўп-ходадан тикланган уй маъносида ишлатилади.

Бу сўз кейинчалик ёқут ва мўғул тилларидан тунгус-манжур тилларига ўзлашган. Эвенк, эвен, негидал тилларида балаған, удей ва орок тилларида балаға, балақа — турар-жой, гўша, ёғоч уй, қишлиқ уй, ертўла, ёғоч ғўласидан қилинган чайла, барак; звенк тилида балаған — турар-жой, уй; эвен тилида балағамийа — эски бино (иморат), балаған — ёғоч уй; эвен тилининг баргузин шевасида балғаҳун — ёзлик тураржой, уй. Бу шевага балғаҳун сўзи мўғул тилидан ўтган. Манжур тилида фалға — қишлоқ, слобода (500 уйлик), даҳа (10 уйлик), уйлар қатори, махсус яшаш жойига эга бўлган уруғ. Қалмиқ тилида балғад шаклида, маъноси — қишлоқ, шаҳар. Тунгус-манжур тилларига туркий ва мўғул тиллардан ўтганлиги учун ҳам товуш, ҳам ўзак тузилишида фарқлар бор.

Н. А. Баскаковнинг аниқлашича, туркий, мўғул ва тунгус-манжур тилларига тегишли бу сўзнинг энг қадимий асоси — палға, палғ. У, аслида, угор тилига оид. Бу тилдан бошқа тилларга инсониятнинг ўтроқлашиш палласида ўтган.

Балиқ таркибий қисмли номлар V—XI асрларда яратилган. С. Е. Маловнинг таъкидига кўра, Урумчи билан Гучен оралиғида X—XI асрларда туркий халқлар — уйғурлар вилоятида беш шаҳар бўлган: Сулми, Қўйу, Йанбалық, Бэшбалық, Йангибалық. М. Кошғарий бу шаҳарларни Искандар Зулқарнайн бино қилган дейди. Академик В. В. Бартольд асарларида ва бошқа тирихий манбаларда балық сўзидан ясалган ўрта асрлардаги бир қанча шаҳар ва қишлоқлар номи қайд этилган: Илибалиқ — ҳозирги Илийск, Или дарёси бўйидаги шаҳар. Ўрдубалық — ўрта асрлардаги уйғур шаҳарларидан бири. Тарғубалық — ўрта аср Мўғулистонида Ўрхун дарёси бўйидаги қўрғон, Ғубалық, яъни Қуз балық — Баласағуннинг туркий номи. Байбалық — Селенга дарёси бўйидаги уйғур шаҳри. Бу ном Шимолий Мўғулистонда топилган Мўйун чуру битикларида ҳам зикр этилган.

«Алтун яруқ»да тилга олинган йирик аҳоли масканларидан бирининг номи Учағандир. Бу ном икки битикда Учаған балық, Учаған улуш тарзида ишлатилган. Демак, балиқ ва улуш сўзлари деярли маънодош бўлган. XI асрда улуш сўзи қишлоқни англатган. Баранас балық — XII—XIV асрларга оид уйғур ҳужжатларида қайд этилган шаҳар (Баранас, Баранаси—санскрит тилига хос ном). Қузбалық — Қадимги Еттисув вилоятининг маркази — Баласағун шаҳри номларидан бири эканлиги «Абдулланома» асарида алоҳида таъкидланган. Баласағун ўтмишда Қуз улуш ҳам дейилганлиги маълум. Қузбалық айрим манбаларда Ғубалик (русчаси Гобалик) ҳам битилган. Балиқ сўзи билан ясалган қадимий номларнинг айримлари ҳозиргача сақланиб қолинган. Шоир Миртемирнинг ёзишича, унинг туғилган қишлоғи саҳро томонидаги қадимий шаҳар ўрни — тепалик номи — Бойбалх. Шубҳасиз, унинг азалий шакли Бойбалиқ бўлган.

Кўринадики, балиқ сўзи қўз, бай, ўрду, беш, янги каби турдош отлар билан бирикиб, муайян жойнинг турли хусусиятларини билдирувчи янги номлар яратган.

Масалан, Или азалдан дарё номи бўлган, унинг бўйидаги шаҳарни туркий халқлар Илибалиқ деб юритганлар. Вавилон эса қадимги туркий ёдномаларда Бобил балиқ тарзида битилганлиги маълум. Бу ном XII—XIV аср уйғур ёдгорликларида ҳам учрайди. Баласағун номининг томири ҳам шу сўзга дахлдор. Товуш тузилиши унинг мўғулча шаклига яқин. Қадимги мўғул тилида балақасун, балғасун, балғасу(н) — Баласағун. Сўнгги бўғинларида товуш алмашиниши юз берган.

Шарқнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Балх номи балиқ сўзининг сал ўзгарган шакли деб тахмин қилиш мумкин.

В. В. Бартольднинг ёзишича, тўғуз ўғузларнинг ёзги қароргоҳи Панжикат ўтмишда Панжикас деб ҳам аталган, у туркий бешбалиқнинг форсча ўгирмасидир. «Ҳудуд ул-олам»да бу шаҳар Тангритоғнинг шимолида ўрнашганлиги қайд этилган.

Угор тилидан палғ сўзи туркий тилларга ўтгач, турли маъноларга эга бўлган. Унга ясовчи қўшимча қўшилиб қўшма сўзлар ясалган: балықчи, балықсы. Бу сўз дастлаб ўтроқ аҳоли — шаҳар ё қишлоқда доимий яшовчи, шаҳарлик маъносини билдирган. Кейинчалик бу маъно қатъийлашиб, аниқлашиб борган. Тарихчи Р. Г. Кузеевнинг таъкидлашича, бошқирд тилида балықсы — истеҳкомли шаҳар қўриқчиси, яъни шаҳарни талончи кўчманчилар ҳужумидан сақловчи киши(лар)дир. Н. Логофет XIX аср охирида 102 ўзбек уруғини қайд этар экан, балиқчи деган ўзбек уруғини ҳам санаб ўтган. Қозоқларнинг улуғ жузида ҳам балық, балықчи уруғи борлиги маълум. С. М. Абрамзоннинг ёзишича, балықчи уруғи қирғизларнинг сару қабиласига мансубдир. Академик С. П. Толстов балықсы, балықчы уруғи ёвмут туркманларида мавжудлигини қайд этган. Балықчы уруғи туваларда ҳам учрашини тарихшунос Л. П. Потапов аниқлаган.

Чорвадор қипчоқ туркий халқларда пайдо бўлган балықчи, балықсы каби атамалар ҳозиргача турли туманларда аҳоли масканлари номи сифатида сақланиб келмоқда.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 10-сон

(Tashriflar: umumiy 375, bugungi 1)

Izoh qoldiring