Adib va tarixchi olim Poyon Ravshanov vafot etdi & Umid Bekmuhammad. Poyon Ravshanovning poyonsiz mavzulari

034Ўзбек адабиёти ва тарихчилиги ривожига, хусусан, Амир Темур шахсияти ва давлатчилиги тарихини изчил тадқиқ этишга муносиб ҳисса қўшган, миллий тарихимизга оид кўплаб бадиий асарлар муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Поён ака Равшанов вафот этди.Илоҳим, Яратган ўз раҳматига олган бўлсин. Инна лиллаҳи ва илаҳи рожиун.

  Профессор Наим Каримов олим ҳақида шундай ёзган эди: “Бахтимизга шундай инсонлар борки, улар ҳеч нарсага қарамай, азиз умрларининг неваралар бағрида, иззат-икромда кечириши мумкин бўлган йилларини мустамлакачилик ва қатағончилик даврини ва шу мудҳиш даврнинг қурбонлари ҳаётини ўрганишга, қай бир йўл билан бўлса-да, шу қурбонларнинг унутилган номларини тиклаш ва халққа етказишга ҳаракат қилмоқдалар. Шундай фидоийи олимлардан бири Поён Равшановдир. Бу тиниб тинчимас олим қизғин илмий фаолият билан шуғулланиб, ўзбек халқи тарихининг турли даврларига бағишланган ўнлаб китоб ва рисолаларини, кўплаб илмий ва илмий-оммабоп мақолаларини эълон қилиб, мустақиллик йилларида фаолият кўрсатаётган тарихчиларнинг олдинги сафига чиқиб олди.Унинг шўро мустамлакачилиги даври тарихига, шу жумладан, сиёсий қатағон даври ва шу давр қурбонларини ўрганишга бағишланган илмий асарлари жамиятимизнинг ижтимоий, маърифий ва маънавий ҳаётида катта акс садо берди. Олимнинг ўз ватандошлари олдидаги, тарих фани олдидаги бурчини фидойилик билан ўтаётганлиги алоҳида эътиборга сазовор”.
045 Поён Равшан (Поён Равшанов) — 1941 йилда Қамаши тумандаги Катта Дўстберди қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугаллаб, 1958 йилда Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг филология факултетига ўқишга киради. 1963 йилда дорилфунунни имтиёзли диплом билан тамомлаб, Самарқанд вилояти газетасида адабий ходим бўлиб ишлади. 1964 йилдан то бугунгача Қарши Давлат педагогика институтида фаолият кўрсатиб келди.
   Поён Равшан чорак асрдан ортиқ вақт давомида Насаф ва Кеш (Шаҳрисабз) узоқ ўтмишида шаклланган адабий ҳаёт тарихини тадқиқ этган адабиётшунос олимдир. У Қашқадарё тарихига, маданияти, илм-фани ва адабий муҳитига доир бир қатор мақолалар, рисолалар муаллифи. Олимнинг «Адабий саҳифалар» (1985), «Тарих бадиияти» (1989), «Адабиёт ва таълим» (1991), «Қашқадарё тарихи (энг қадимги даврлардан ХIХ аср II ярмига қадар)» (1995) каби китобларида Қашқадарё воҳасининг тарихи ва маданий ҳаёти ўтмиши ёритилган.
Поён Равшановнинг «Алишер Навоий шажараси», «Амир Темур муҳри» мақолалари, ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш ўйғотган эди. Шунингдек, олимниниг бир нечата тарихга оид китоблари, жумладан, «Туркий қавмлар тарихи», «Саиднаби Қоровулбеги», «Завол», «Соҳибқирон туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси», «Ўзбекистоннинг янги тарихи» (ҳам муаллифликда) сингари асарларни чоп этилган. Олим томонидан нашрга тайёрланган Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» асари ҳам катта қизиқиш уйғотган эди.

«Хуршид Даврон кутубхонаси»  кўп сонли муштарийлари номидан марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдиради.

033  Поён Равшанов учун мавзулар ҳам поёнсиз. Поён акани ана шу сабабларга кўра том маънодаги зиёли, олим деса бўлади. Аслида ҳам зиёли, илму фан ходими янгиликлардан, соҳадаги ўзгаришлар, умуман ижтимоий жараёндан хабардор, кенг дунёқарашли шахс бўлмоғи лозим. Профессор Поён Равшанов ана шундай, том маънода, зиёли, янгиликлардан, ижтимоий жараёндан хабардор, кенг дунёқарашли шахсдир.

Умид Бекмуҳаммад
ПОЁН РАВШАНОВНИНГ ПОЁНСИЗ МАВЗУЛАРИ
022

  Қарши шаҳри пойтахт Тошкентдан 417 км узоқликда жойлашган. Поён Равшанов Самарқанд Давлат Университетида ўқиган йилларни ҳисобга олмаганда, бир умр Қашқадарё заминида яшаб, ишлаб келмоқда.Тўғри, бир оз муддат Тошкентда — Ўзбекистоннинг янги тарихи биринчи жилдини ҳаммуаллифлар билан ёзаётган пайтда давлат ва жамият қурилиши академиясининг «Янги тарих» марказида ишлаб, пойтахтда истиқомат қилди. Аммо мудом Қарши Давлат Университетида турли вазифаларда ишлаб келди.Бироқ мақола, китоб чиқариш, турли илмий конференцияларда қатнашиш истагида доимо пойтахтга келиб турди.Пойтахтда яшаётган илм, ижод аҳлиданда кўп китоблар чоп этдириб, обрў эътибор қозонди.

Одатда биз ижоду илм, санъат аҳли номини тилга олганда, уларнинг фаолияти тўғрисида сўз кетса, ўша инсоннинг қай жойда яшаётганини, ишлаётганини тилга олишга, шу ақида-яъни фалончи пойтахтда яшаб, ишлаб ижоду илм билан шуғулланаяпти, фалон деган асарини чиқарибди дея масалага ёндошадиган бўлиб қолганмиз.Бу ҳолат ғарбда кенг тарқалган “ истеъдодлар қишлоқда туғилиб, Парижда вафот этишади” деган ақидани эсга солади.

Аслида эса ижоду илм билан шуғулланиш, бадиий баркамол асар ёхуд илмий теран монография яратиш учун марказда яшаш шарт эмас. Албатта, буни туғилган гўшага меҳр дея баландпарвоз сўз билан изоҳламай тақдири азал деб қарамоқ керак. Тўғри, пойтахтда яшаб ижоду илм билан шуғулланиш катта имкониятлар дарвозасининг эшигини чертиш дегани.Яъни, адабиёт, илм оламининг сарчашмасида юриш, ўзини кўрсатиш майдони ҳам.

Бироқ бир умр Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшаб ижод этган Ўзбекистон, Қорақалпоғистон,Туркманистон ва Татаристон халқ артисти Отажон Худойшукуров, Фарғонанинг Олтиариғидаги қишлоқда яшаган марҳум Охунжон Мадалиев, Самарқанд Университетида ишлаган Ботирхон Валихўжаев,Бухоро Университетида илмий ишлар қилган Садриддин Салим Бухорий,Андижонлик қатағон ва коллективлаштириш даври бўйича етук мутахассис, профессор Рустамбек Шамсутдинов ва бошқа яна кўплаб вилоятларда яшаб ижод қилган, қилаётган илму фан , адабиёт ва санъат фидойилари пойтахтдаги ижоду илм аҳлиданда кўпроқ ўз соҳаларига ҳиссасини қўшиб келмоқдалар.

Қолаверса, улар сабаб вилоятларда маънавий-маърифий соҳаларда олға силжиш, тараққиётга интилиш бор ва ул зотлар том маънода ўзларида ўзбек зиёлисидек маърифий қиёфани яратганлар.Ана шулар туфайли вилоятларда ёшлар уларга эргашиб, ижоду илм оламига кириб келмоқда.Бу эса устоз-шогирдчилик анаъанасининг давом этишигаям сабаб бўлмоқда.

Шу боис у Устюртда ёки Олтиариқда яшайдими, ишдан кейин ўз хоббисига кўра бирон машғулот билан шуғулланадими, ёхуд дўстлар билан гурунглашиб кексалик гаштини сурганича неваралар, дўсту ёрлар ардоғида юрадими, энг асосийси, ўз даврида, ундан кейинги авлод ҳаётини ўрганадиган асар қолдира билишдадир.

Шукрки, филология фанлари номзоди, профессор Поён Равшанов ўзидан умрибоқий асарлар қолдира биладиган даражага етган олимдир. “Ўзбек адабиёти тарихидан амалий машғулотлар”, “Тарих бадиияти”, “Завол”, “Ватан тарихидан”, “Мозий сабоғи”, “Қоровулбеги қисмати”, “Малика Кенагас ойим ёхуд Амир Насруллонинг ўлими қиссаси”, “Қамоқ салтанати”, “Қўлга тушган қасоскорлар”, “Жейнов тарихи”, “Ҳофиз Рўзибой Машраб”, “Аждодларимиз қадри”, “амир туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси”, “Амир Темур хонадони”, “Қашқадарё тарихи” каби 20дан зиёд китобларни ёзиб чоп этдирди. “Амирлашкар Алимқули” қўёзмасини , Салоҳиддин Тошкандийнинг ”Темурнома”, Ҳасан Абушийнинг “Туркий қавмлар тарихи” асарларини ҳозирги имлога ўгириб, нашр қилдирди.

Поён домланинг илмий, ижодий ишларини эътироф этган юртдоши, қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов “ ..унинг шахсида икки қирра, назаримда, алоҳида ажралиб туради-илм ва ижод, ифодали қилиб айтиладиган бўлса, булар унинг икки қаноти. Адабиётшунослик соҳасида ўз йўлига эга бўлган олим тарихни ҳам теран идрок эта олиши, аслида, ҳайратга боис бўлмаслиги лозим. Нега деганда, бу хил фазилат олимларимизга азалий бобомерос. Ўтмишда олим бўлмаганки, шеър битмаган бўлса. Аҳли шоирлар орасида тарих ва хотиранома ёзмаганлари кам топилади.Поён Равшанов “Қашқадарё тарихи”ни яратиб, инсоф юзасидан айтиш жоизки, ўзига ҳайкал тиклади. Бу салмоқли асар воҳанинг қарийиб уч минг йиллик кечмишини қамрайди.Бу хилдаги китобларни ёзмоқ учун билимдан ташқари, катта қалб, юртга буюк муҳаббат бўлмоғи лозим, албатта.Дўстимизда булар жамулжам”, дея қашқадарёлик профессорга баҳо берганди.

1941 йилда туғилган бўлишига қарамай, Поён аканинг ҳаракатчанлиги, ўз устида тинимсиз ишлаши, кўплаб ёшларни ўз атрофига жипслаштириб уларнинг илмий ишларини ёқлашга, мақола, китобларини нашр этишга ёрдам бериши боис, домлани ёшларнинг севимли мураббийси, фан фидойиси деб аташ мумкин.

Ҳақиқатда ҳам, кўпчилик олимлар илмий даража, унвон олиб бўлдим, уй-жойим ,машинам бор, китобларим чиқди, энди дўстлар билан отамлашиб юрайди, дея бепарво бўлиб қолади.Ҳаттоки, ўз соҳасидаги янгиликларга, ижтимоий-сиёсий жараёнга ҳам мутлақо қизиқмай қўяди.

Иброҳим Ҳаққул ибораси билан айтганда, “илм ва китоб-қарийиб эгизак тушунча.Қанча кўп ўқилса, илм шунча чуқурлашади.Аммо ҳамиша ва ҳаммада ҳам шундай бўлавермайди. Китоб ўқиш ва китобга муносабатни жўн фаҳмлайдиган кимсалар гоҳо зўр олим деганда “иқтибос қироллари”ни назарда тутади.Бировларнинг фикр мулоҳазасини қўштирноққа олиб, қўштирноқдан чиқариш билан илм-фан олдинга силжимаслигини уларга тушунтириб бўлмайди”.

Бундай ҳолатни афсуски илму фанга хиёнат деб баҳолаш мумкин.Чунки илм билан фақат фалон ёшдан фалон ёшгача ёки илмий даража, унвонни қўлга киритгунча эмас, доимий равишда шуғулланиш, фан янгиликлари, соҳадаги, ижтимоий жараёндаги ўзгаришлардан хабардор бўлиб турмоқ лозим.Негаки, ҳадисда айтилганидек, “Бешикдан то қабргача илм изла”.

Бундан ташқари кўпчилик тадқиқотчилар ёқлаш осонроқ бўлган мавзуни илмий иш қилиб оладилар ёки Абдулла Қаҳҳор айтганидек, “Бўри тишига кислотанинг таъсири” мавзуи каби, на илму фанга, на ҳаётга фойдаси бўлмаган ишлар билан машғул бўлишади.

Фидойи олим Иброҳим Ҳаққул “Мерос ва моҳият” (Т, “Маънавият “нашриёти, 2008 йил) китобида шу мавзуда бундай ёзадилар: ”Менинг илм-фан ва олимлар тўғрисидаги тасаввурим Тошкентга келгунимга қадар (Иброҳим ака Бухоро педагогика институтини тугатиб, вилоятда бир муддат ишлагач, 1970 йилларда пойтахтга ишга келганлар-У.Б.) мутлақо бошқача эди.Йиллар ўтгани сайин хаёл ва ҳаёт, тасаввур ва ҳақиқатнинг ўртасидаги фарқ еру осмон қадар катта эканини; илм номи, олимлик унвони ила амалга ошириладиган ишлар орасида на шахс, на миллат манфаатига бир чақалик фойдаси тегмайдиган “тадқиқот”лар ҳам қанчалик кўплигини билдим.Баъзида битта ҳақиқий олим-улкан тадқиқотчи атрофида фикр-қарашлари беҳад тор ўнлаб майда, тасодифий кимсалар ғимирлаб юришига ишонч ҳосил қилдим.Уларнинг бирлари “илми ғийбат ва фитна”га моҳир бўлса, яна бошқалари “илми хусумат” пешвоси.Айримлари ўлгудай ланж ва латтачайнар бўлса, баъзилари беҳад қув ва маккордир…”.

Баъзида илмий иш қилиш ҳоҳиши бор инсонлардан шундай гап-сўзларни эшитиб қоламиз:
— Журналга мақола бермоқчи эдим, афсуски у нашр Олий аттестация комиссияси учун диссертация ҳимоя қилишда ҳисобга олинмас экан, шу сабаб ёзганимни чиқариш учун бошқа нашр ахтараяпман…
-Илмий раҳбарликка ОАК да гап-сўзи ўтадиган забардаст кишини танлашим керак…
-Бир амаллаб илмий ишимни ҳимоя қилсам бўлди, у ёғига худо пошшо…
-Мени мавзунинг қандайлиги эмас, тезроқ илмий ишни ёқлаш қизиқтиради…

…Афсуски, бу сингари гап-сўзларни илмий иш қилиш истаги бўлган, шу орқали бирор “ёғлироқ иш”га ўтиш ниятидаги кишилардан тез-тез эшитиш мумкин.Бундай тоифаларни фанни тараққий қилдириш, илмга ҳисса қўшиш эмас, фақат диплом қизиқтиради холос.Яна шундай тоифалар борки, ўзи танлаб олган мавзудан бошқа бирор бир нарсага қизиқмайди.Фақат бир хил мавзу атрофида мақола ёзади, китоб ўқийди.Жамиятда нима бўлаяпди, илмда қандай ўзгаришлар юз бераяпди, дунё фани, истиқболи қандай мутлақо қизиғи йўқ.Унга бир амаллаб илмий ишни ёқлаб, диплом олса бўлгани.Баъзи илмий раҳбарлар эса шогирдни “соғиб ичиш”ни яхши кўришади. Йиллаб ишни чўзиб юраверишади.Баъзилари мақолани ҳам тузук ёзаолмайдиган шогирдини ўзи ёзган, шогирдининг бақувват отаси ҳомийлигида чиқарилаётган китобга ҳаммуаллиф қилиб қўяди.

Айримлари бўлса фақат назариядан ўзича билағон , аллома.Бир танишим “….вилоят тараққиётида фермерчилик ҳаракати” (…фалон туман” мисолида…фалон йилларда)” мавзусида номзодлик ишини ёқлаганди. Аммо ўзининг фермери бирон мартаям пахта, ғалла режасини бажармаган.Оқибатда қарздор бўлиб, тугатиб юборилди.Бошқаси эса “…саноат корхоналари…ўрни ва роли…” мавзуида илмий ишини ёқлаб, кўп ўтмай бир корхонага раҳбар бўлиб ўтди.Аммо ўша корхонани бир йил ҳам тузукроқ бошқаролмай, қарзга ботириб “ўз аризасига кўра” ишдан бўшади.

…Диссертация ёқлаш ҳоҳишидагиларнинг, ҳаттоки, баъзилари, ўзи танлаган мавзу, соҳа доирасидагина фикр юритишади ёки сўраган саволингизгаям шундан келиб чиқиб жавоб беришади.Яъни уларнинг танлаган мавзуси каби фикрлаши, дунёқарашиям тор доирададир. Хуллас, бу мавзуда…мисоллар кўп ва шуларнинг ўзи бир илмий ишга тайёр мавзудир… Мен бундайларга Иброҳим Ҳаққулнинг “Мерос ва моҳият” китобидаги “Илмни ким воситаи жоҳ этар” мақоласини ўқишни тавсия этардим..

…Поён ака мутахассислигига кўра, филолог.Илмий иши ҳам шу соҳадан.Аммо профессор Равшанов яратган тарихий мавзудаги китоблар ҳар қандай етук тарихчиникиданда юксакроқ савияда.Қолаверса, домла фақат ёқлаган илмий иши мавзусида китоб, мақола ёзмайди.Поён аканинг исми-жисмига монанд, қизиқиши, танлаган мавзулариям поёнсиз.Гоҳ араблар истилоси , гоҳида Амир Темур ва темурийлар даври ҳақида, гоҳ Бухоро амирлиги, Насруллохон даври, баъзида Навоий ҳазратлари, гоҳида чор ва шўро мустамлакачилиги пайтидаги қатағон ва қирғинлар тўғрисида китоблар ёзиб чоп этдиради.

Шу боисдан Поён Равшанов учун мавзулар ҳам поёнсиз. Поён акани ана шу сабабларга кўра том маънодаги зиёли, олим деса бўлади. Аслида ҳам зиёли, илму фан ходими янгиликлардан, соҳадаги ўзгаришлар, умуман ижтимоий жараёндан хабардор, кенг дунёқарашли шахс бўлмоғи лозим. Профессор Поён Равшанов ана шундай, том маънода, зиёли, янгиликлардан, ижтимоий жараёндан хабардор, кенг дунёқарашли шахсдир.

Домланинг илмга фидойилиги шундаки, у шунча китобларим чиқди, илмий даража, унвонлар олдим, бўлар энди дея ўйламайди.Ҳамиша илму фан, ижод билан ҳам доимо шуғулланади.Ҳар доим тарихий қўлёзма, ҳужжатларни излаш, уларни ўрганиш, бошқа манбалар билан таққослаш, шулардан келиб чиқиб холис ва ҳаққоний хулоса чиқаришга ҳаракат қилади.Ҳаттоки, ўз шогирдларини ҳам шундай ишлаш тартибига чорлаб туради.

Профессор Наим Каримов ибораси билан айтганда, “бахтимизга шундай инсонлар борки, улар ҳеч нарсага қарамай, азиз умрларининг неваралар бағрида, иззат-икромда кечириши мумкин бўлган йилларини мустамлакачилик ва қатағончилик даврини ва шу мудҳиш даврнинг қурбонлари ҳаётини ўрганишга, қай бир йўл билан бўлса-да, шу қурбонларнинг унутилган номларини тиклаш ва халққа етказишга ҳаракат қилмоқдалар.Шундай фидоийи олимлардан бири Поён Равшановдир. Бу тиниб тинчимас олим қизғин илмий фаолият билан шуғулланиб, ўзбек халқи тарихининг турли даврларига бағишланган ўнлаб китоб ва рисолаларини, кўплаб илмий ва илмий-оммабоп мақолаларини эълон қилиб, мустақиллик йилларида фаолият кўрсатаётган тарихчиларнинг олдинги сафига чиқиб олди.Унинг шўро мустамлакачилиги даври тарихига, шу жумладан, сиёсий қатағон даври ва шу давр қурбонларини ўрганишга бағишланган илмий асарлари жамиятимизнинг ижтимоий, маърифий ва маънавий ҳаётида катта акс садо берди. Олимнинг ўз ватандошлари олдидаги, тарих фани олдидаги бурчини фидойилик билан ўтаётганлиги алоҳида эътиборга сазовор”.

Маълумки, истиқлолдан кейинги даврда тарихчиларга яратилган шароит, яъни турли архивларда ишлаш имконияти яратилган бўлишига қарамай, қатағон давридаги қамоқхоналар тўғрисида шу пайтгача бирон бир асар ёзилмай келинаётганди.Тўғри, андижонлик профессор Р.Шамсутдинов 2005 йилда “Репрессия” китобининг 1-жилдини “Шарқ” нашриётида чоп этдириб, собиқ иттифоқ пайтидаги ГУЛАГлар тўғрисида ғоятда қимматли маълумотлар бериб ўтганди.Шу каби Р.Шамсутдиновнинг бошқа асарларидаям қатағон даври, терговчилар қўллаган қийноқлар, қатағон давр жабрдийдалари тўғрисида тўхталиб ўтилганди.

Шу ўринда Россия ва Қозоғистонда ГУЛАГлар, ВЧК,ГПУ, ОГПУ,НКВД , Лубянка тўғрисида юзлаб китоблар, ҳужжатлар тўпламлари нашр этилганини таъкидлаб ўтмоқ керак.

Ана шу ҳолатдан воқиф олим, қолаверса мустамлакачилик даври жабрдийдаларининг руҳи поклари олдида ўзини маънан масъул зиёли деб билган Поён ака, “Қамоқ салтанати” ( “Янги аср авлоди” нашриёти, Тошкент, 2014) номли ҳужжатли роман яратди. Наим Каримов таъкидлаганларидек, “унинг сўнгги йилларда Қашқадарё вилоят архивидан машъум Давлат Сиёсий Бошқармаси (ГПУ)нинг қонли фаолиятига оид ҳужжатларни топиши шўро давлатининг хунрезлик сиёсатини мазкур вилоят мисолида, айниқса, ёрқин ва яққол кўриш имконини берди.у қоғози эскириб, ёзувлари хира тортиб кетган, ўзидан заҳарли ҳид таратаётган ҳужжатларни бирма-бир варақлаб, қунт билан ўрганиб, ўтган асрнинг 20-йилларида шўрлик қашқадарёликларнинг бошларига тушган бало-қазоларни халққа етказишга аҳд қилди”.

Асрлар давомида табаррук даргоҳ деб билинган масжид, мадрасаларнинг қамоқхоналарга айлантирилгани, у ердаги уқубатли маҳкумлар ҳаёти Поён Равшановнинг “Қамоқ салтанати” китобида батафсил тасвирланган. Айтиш мумкинки, 74 ёшга кирган, кексалигига қарамай ёшларга хос шижоат билан илм ва ижод борасида илдам қалам тебратаётган домланинг ушбу китоби ғоятда катта меҳнатлар самараси, ҳаж ибодатига мушарраф бўлган домла учун савобли ишдир.
Баъзи ўзини олим санаган дипломли бандалар борки, уларни ўқитган талабасию, туғилган қишлоқдошидан бошқа биров танимайди.Аммо Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги Катта Дўстберди қишлоғида туғилган Поён акани бугун илмга, ижодга, китобга ихлос қўйган киши борки танийди, ҳурмат қилади.Бу чинакам олим , зиёли учун катта шарафдир.

Умрининг кексалик фаслини ана шундай изланишда ўтказаётган олимга, янада куч-қувват, соғлиқ, илм ва ижод борасидаги ишларига омад тилаган ҳолда ташаккур билдириб қоламиз.

Поён РАВШАНОВ
ИККИ МАҚОЛА
022

   Поён Равшан (Поён Равшанов) — 1941 йилда Қамаши тумандаги Катта Дўстберди қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни медал билан тугаллаб, 1958 йилда Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг филология факултетига ўқишга киради. 1963 йилда дорилфунунни имтиёзли диплом билан тамомлаб, Самарқанд вилояти газетасида адабий ходим бўлиб ишлайди. 1964 йилдан то бугунгача Қарши Давлат педагогика институтида фаолият кўрсатиб келади.
Поён Равшан чорак асрдан ортиқ вақт давомида Насаф ва Кеш (Шаҳрисабз) узоқ ўтмишида шаклланган адабий ҳаёт тарихини тадқиқ этган адабиётшунос олимдир. У Қашқадарё тарихига, маданияти, илм-фани ва адабий муҳитига доир бир қатор мақолалар, рисолалар муаллифи. Олимнинг «Адабий саҳифалар» (1985), «Тарих бадиияти» (1989), «Адабиёт ва таълим» (1991), «Қашқадарё тарихи (энг қадимги даврлардан ХIХ аср II ярмига қадар)» (1995) каби китобларида Қашқадарё воҳасининг тарихи ва маданий ҳаёти ўтмиши ёритилган.
Поён Равшановнинг «Алишер Навоий шажараси», «Амир Темур муҳри» мақолалари, ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш ўйғотган эди. БуШунингдек, олимниниг бир нечата тарихга оид китоблари, жумладан, «Туркий қавмлар тарихи», «Саиднаби Қоровулбеги», «Завол», «Соҳибқирон туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси», «Ўзбекистоннинг янги тарихи» (ҳам муаллифликда) сингари асарларни чоп этилган. Олим томонидан нашрга тайёрланган Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома» асари ҳам катта қизиқиш уйғотган эди.

022

АМИР ТЕМУРНИНГ МУҲРИ

Улуғ Темур авлодиман,
Гар бўлсамда озари,
Табаррукдир, зиёратгоҳ
Менга онинг мозори.
Улуғбекнинг пойин излаб,
Зарафшондан ўтганман,
Самарқанднинг тарихини
Юрагимга битганман.

Мақсуд Шайхзода

Бу кўҳна дунё юртларни бузган, элатларни қирган қанчадан-қанча жаҳонгирларни билади: Искандару Доро, Муовияю Қутайба, Чингизу Боту, Наполеон ва, ниҳоят, Гитлер… Баъзи илмий фаразларга кўра, башариятнинг кейинги уч минг йиллик тарихида жами 2600 йил урушлар билан кечган экан.

Ўтмиш муаррихлари инсоният тарихига ўзгартиришлар киритган жаҳонгирлар табиат тақозасига кўра аҳён-аҳёнда туғилишини қайд этганлар. Мунажжимлар Чингизхон, амир Темур ва Абдуллахонларнинг (XVI аср) соҳибқирон бўлиб туғилганлигини каромат қилганлар. Айтишларича, Чингизхон ўнг қўлининг кафтида қон чангаллаб туғилганлиги унинг кейинчалик қонхўр бўлишига ишора экан. Илми нужум далолатига кўра, икки бахт сайёраси — Ноҳид (Венера) ва Муштарий (Юпитер) бир-бири билан яқинлашган вақтда туғилган бола соҳибқирон бўлар эмиш. Соҳибқиронликни табиат ҳодисаларига аниқроғи, юлдузлар ҳолатига боғлаш қанчалик ҳақиқатга тўғри келади, бу тўғрида бирон нарса дейиш қийин, аммо соҳибқиронларнинг қон тўкиб, юрт олиши бобида ўтмиш олимлари янглишмаганлар.

Амир Темур тарихан ўта мураккаб вазиятда сиёсат майдонига кирди. XIII асрнииг биринчи чорагида босиб олинган, асоратга солинган Мовароуннаҳр ва Хуросон, қолаверса, бепоён рус тупроғида ҳамон мўғуллар истибдоди давом этаётган эди. Мовароуннаҳр Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойнинг суюрғол мулкига айлантирилиб, қарийб бир ярим асрдан буён унинг уруғ-аймоқлари бу ўлканинг қонини зулукдек сўрмоқда эдилар. Чиғатой улуси Еттисувдан то жанубий Хоразм ерларини қамровчи улкан сарҳадга ёйилган бўлиб, маълум муддат (1318—1347) унинг пойтахти Насаф — Қарши шаҳри бўлиб турди.

XIV асрнинг 60-йилларида, яъни Темур сиёсат саҳнасига кириб келганда босқинчи мўғул ҳукмдорларидан путур кета бошлаганди. Насафни пойтахтга айлантирган Кебекхон (1318—1326) мажусий эди. Кебекхонни ўлдириб, ҳокимият тепасига чиққан Тармаширин (1326—1334) мусулмон динини қабул қилади. Мўғул ҳукмдорининг маҳаллий аҳоли динига кириши шунчаки юмшоқкўнгиллик оқибати эмасди, албатта. Агар Тармаширин мусулмон бўлиб, «Алоуддин» — дин улуғи унвонини олган бўлса, унинг ўрнига тахтга чиққан Бўзан мўғул феодалларининг исломни қабул қилишига чек қўяди.

Чингизхон вафотидан кейин жуда иноқ, босиб олинган ўлкаларни баҳамжиҳатлик билан идора қилиб келаётган унинг авлодлари XIV асрнинг иккинчи чорагидан эътиборан бир-бири билан жиққамушт бўла бошлади. Ҳокимият учун кураш борган сари авж олди. Бўзанни ўлдириб, ҳокимиятни қўлга олган Қозонхон ибн Яссавир ўғлон яна қароргоҳни Қарши шаҳрига (Бўзан уни Илига кўчирган эди) олиб келади. Қозонхон ҳам уруғ-аймоғи билан бўлган ўзаро курашларга дош беролмади. Унинг кушандаси амир Қозоғон бўлди. Ҳирот яқинидаги Дари занги деган жойда бўлган жангда гарчи Қозонхоннинг қўли баланд келган бўлса-да, кўзига ёй ўқи тегиб, ногирон бўлиб қолади. 1347 йилда Қозоғон билан бўлган иккинчи жангда унинг куни битади. Қозоғон тахтга Дошмандчи ўғлонни (у Чингизнинг ўғли Угедай насабидан эди) чиқаради. Бир йилга етар-етмас Дошмандчи ўғлон ҳам фитнанинг қурбони бўлади.

Амир Қозоғон Балхда кучли қўшинга эга эди. Бу сафар ҳам Мовароуннаҳр тахтига ўз одами Боёнқулини қўйишга эришади. Қозоғоннинг ўғли Абдуллоҳ ҳам босқинчилик бобида отасидан қолишмас, мулк чегараларини кенгайтиришга интиларди. Жумладан, у 1363 йилда Хоразмга босқин қилади ва талайди. 1367 йилга келиб, ўзаро жангларнинг бирида мўғул амири Қутлуғ Темур Бўлдай амир Қозоғонни ясоққа етказади. Отаси ўрнига тахтга чиққан Абдуллоҳ саройида фисқу фужур зўраяди. Масалан, у Боёнқулини хотини билан бўлган ишқий можаро туфайли қатл этади. Мўғул феодалларининг жирканч маиший ҳаёт тарзи, ҳокимият учун тубан талашишлари одатдаги бир ҳол бўлиб қолган эди.

Кебекхон давридаёқ бўлиниб кета бошлаган мўғуллар Мовароуннаҳр тупроғида заифлашиб қолганди. Хуросонда ҳам аҳвол шундай эди. Шу боисдан Хуросонда мўғул босқинчиларига қарши ҳаёт-мамот жангига киришган сарбадорлар 1337 йилдан то 1381 йилга қадар, яъни ҳокимиятни амир Темурга ихтиёрий топширгунга қадар мустақил давлат тузишга муваффақ бўлган эдилар. Сарбадорлик ҳаракати Мовароуннаҳрга ҳам ёйила бошлаган, Самарқанд унинг марказига айланганди. Лекин ҳали сарбадорлик бу ўлкада очиқ курашга ўтмаганди.
Вазиятни ҳисобга олган, мўғулларга қарши халқ кайфиятини яхши билган маҳаллий турк феодаллари ҳам у ёки бу мўғул амири тарафида туриб, ҳокимият учун бўлган курашларда қатнаша бошлайдилар. Масалан, XV аср тарихчиси Фосиҳ Аҳмад Хавофийнинг «Мужмал-и Фосиҳий» (1441) асарида олимларимиз назаридан четда қолган бир далил бор. Унда таъкидланишича, 1358 йилда амир Қозоғоннинг ўғли Абдуллоҳга қарши кураш бошлаган мўғул амири Баён Сўлдуз ёнида Ҳожи Барлос ҳам бўлган. Улар амир Абдуллоҳга қарши иттифоқ бўлиб, қўлга киритилган вилоятларни ўзаро тақсимлаб олиш шарти билан курашганлар. Ҳожи Барлос, бу ўша — Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг ҳокимн, ўзбекнинг барлос уруғидан бўлган, амир Темурнинг амакиси эди.

Айрим тарихий асарларда, хусусан, академик В. Б. Бартольднинг илмий ишларида ҳам XIV асрда маҳаллий феодалларнинг ҳоким мўғуллар билан муносабати қандай бўлганлиги маълум эмас, дейилади. Маҳаллий феодаллар, жумладан, барлос беклари мўғул амирлари билан яхши алоқада бўлган. Давр тақозасига кўра мўғул амирлари ҳам энг камида маҳаллий феодаллар фикри билан ҳисоблашадиган бўлиб қолган.
Амир Абдуллоҳни енгиб, уни Андараб томонга қочиб кетишга мажбур қилган Баён Сўлдуз ва Ҳожи Барлос Мовароуннаҳрнинг бир қисмини қўлга киритадилар, уни ўзаро бўлиб олиб идора қила бошлайдилар. Ҳожи Барлосга Кеш вилояти тегади. Бу воқеа 1358 йилда рўй берди. Шу тариқа Мовароуннаҳрда ҳокимият қарийб бир ярим асрдан сўнг маҳаллий аҳоли вакили қўлига ўтади.

Тарих дарсликларимиздаги яна бир қусур шундаки, XIV асрнинг 30-йилларига келиб Хуросонда маҳаллий ақолининг ватанпарвар ва илғор қисми бўлган сарбадорлар ҳукмрон мўғуллардан кичик бир территорияни озод қилиб, пойтахти Сабзавор шаҳри бўлган мустақил сарбадорлар давлати тузганлиги айтилади. Бироқ, Шаҳрисабз вилоятининг Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб (бундан кейин, 1361—1362 йил оралигида Самарқандда қам сарбадорлар ҳокимиятни қўлга киритадилар), 140 йил давом этган мўғул ҳукмронлигидан сўнг озодликни қўлга киритганлиги ҳақида лом-мим дейилмайди. Тўғри, дарсликларда ҳокимият маҳаллий феодал Ҳожи Барлос қўлига ўтганлиги ҳақида бир жумла келтирилади-ю, мўғул асоратидан қутилиш, ўша замонда халқимизнинг озодликка эришгани ҳақида айтиш негадир, «унутилади».

Тарихий фактларни ҳаққоний таҳлил этиш, замонга нисбат бериб шарҳлаш жуда муҳим. Бу халқимизнинг мўғул босқинчиларига қарши бир ярим аср давомида олиб борган озодлик кураши саҳифаларини ойдинлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга бўлган жиҳатлардан биридир. Зеро, XIV асрнинг 50-йилларига келиб, Самарқандда, шунингдек, унга қўшни бўлган Шаҳрисабз ва Қаршида босқинчиларга қарши кураш тобора алангаланаётган эди. Бу эса Ҳожи Барлоснинг гарчи мустақил бўлмаса-да, Баён Сулдуз билан биргаликда олиб борган курашида маълум даражада акс этади. Бу жанг натижасида Шаҳрисабз вилояти қўлга киритиладики, бу енгиб бўлмас деб қаралган мўғулларга қарши озодлик курашининг илк самараси эди. Ҳолбуки, Маҳмуд Торобийдан кейин тўлиқ бир аср ўтган бўлса-да, босқинчиларга қарши қўзғалишга ҳеч ким ботина олмаганди. Шаҳрисабз ва Хуросонда ҳокимиятни қўлга олган (албатта, кичик территорияда) сарбадорлар довруғи ёйилган, бунга навкарлар ва ёшларнинг катта бир қисми қизиқиш билан қарарди. Самарқанд сарбадорлари билан зимдан тил бириктирган, озодлик курашига бош қўшганлар сафида Ҳожи Барлоснинг амакиваччаси Темур ибн Тарағай ҳам бўлган дейишга баъзи асослар бор. Бу амир Темурнинг кейинги фаолиятида яққол кўринади.

Мўғулистонда 1348 йилда ҳокимиятга эришган Тўқлуғ Темур Мовароуннаҳрда — бобоси Чиғатой улусида юз бераётган воқеаларга бефарқ қараб туролмайди. Тўқлуғ Темур Чиғатойнинг набираси Дувахоннинг ўғли Эминхўжанинг ўғли бўлиб, амир Пўлодчи томонидан 18 ёшида хонликка кўтарилган эди. Йигирма тўрт ёшида исломни қабул қилган Тўқлуғ Темур Мовароуннаҳрни босиб олишга ўзини шаръан ҳам ҳақли ҳисобларди. Кейинги пайтда бу юртда маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳокимиятни тортиб олиш пайига тушиб қолганликлари, унинг азалий режасини амалга оширишга туртки бўлади. У 1359 йилда катта қўшин тортиб Мовароуннаҳрга — Кеш вилоятига йўл олади.

Шаҳрисабз вилоятини қисқа вақт идора қилиб турган Ҳожи Барлос мўғул хонининг йўл-йўлакай эришаётган ғалабаларидан ваҳимага тушиб қолади. Оз сонли йигитлар билан Тўқлуғ Темурга қарши туриб бўлмайди, ён-атрофдаги амирлардан нажот йўқ, ҳаммаси мўғуллар… Амир Ҳожи Барлос Тўқлуғ Темурнинг асосий зарбаси ўзига қаратилганини яхши англаб, Хуросонга қочиб кетишдан бўлак чора тополмайди. Ҳожи Барлос бу қарорга осонликча келмаган, албатта. Оғир дамда юртни ташлаб кетиш ўзи учун қанчалик қимматга тушишини у яхши билган. Хуллас, Ҳожи Барлос ўзига содиқ кишилар кузатувида Амударё бўйига етиб келади. Уни қўриқлаб келганлар орасида амакиваччаси Темур ҳам бор эди. Ҳожи Барлос унга ишонар, Хуросонда, мусофирликда юрганимда таянч бўлар, деб умид қиларди. Кутилмаганда, Темур Шаҳрисабзга қайтажагини айтади. Амакисига: «Сиз бораверинг, қийин кунда мен эл ичида бўлишим керак», дейди. Унда орият, ҳамият кучли бўлган. Амакисини Темур қаттиқ ҳурмат қилган (бунга ҳали ишонч ҳосил қиламиз), Ҳожи Барлос нима бўлганда ҳам, мўғуллардан вилоятини мустақил қилиб олган биринчи киши эди-да. Лекин, унинг бу кетиши… Ҳожи Барлос Тўқлуғ Темурга бўйсуниб, молу мулк тўлаб, амалида қолиши мумкин эмасмиди? Йўқ, бўлмас эди. Чунки, Ҳожи Барлос ҳокимиятни куч билан олганди, Чингиз авлодига қўл кўтарган киши асло кечирилмаган. Энди, Темурнинг орияти масаласига келсак, юрт тинч вақтда Ҳожи Барлос (ва унинг яқинлари, жумладан, Тарағай оиласи ҳам) фароғатда яшарди. Эл бошига қузғун ёпирилганда, ноннинг гулини еган Ҳожи Барлос жонини қутқаришга тушиб қолди, хиёнат йўлига кирди. Жўмардлик руҳида тарбияланган Темур бу йўлни қабул қилолмайди. Ҳожи Барлоснинг яқин қариндоши сифатида исноднинг олдини олишга шошилади. Иккинчидан, Шаҳрисабз вилояти беэга, Тўқлуғ Темур бўлса ҳали йўлда. Ҳокимиятни олиш учун бундан қулай фурсат бўлиши мумкинми?!

Йигирма тўрт ёшли Темурнинг мўр-малахдек душман бостириб келаётган Шаҳрисабзга қайтиш ҳақидаги аҳди ўлим ва ҳаёт гарови эди. Наҳотки, шундай қалтис вақтда у ҳокимиятга интилган бўлса? Темур, кейинчалик қурултойларда, ҳарбий кўрикларда амир ва навкарларига бир нақлни такрор-такрор айтар экан: Икки сайёҳ бири араб, бири эрони, беҳудуд саҳрода адашиб қолибди. Қуёшнинг оловли тафти йўловчиларни ҳолдан тойдирибди. Эрони сувини аллақачон ичиб тугатган, арабнинг кўзачасида бир ичим сув қолган. Сувсизликдан лаблари қовжираб, сулайиб бораётган эрони ҳамроҳи арабга айтибди: «Араб халқи олижаноб бўлади деб эшитганим бор, шу рост бўлса, сувингни менга беру, халқингнинг олижаноблигини кўрсат». Араб сувни унга берса, шаксиз ўлишини билса ҳам «арабларнинг олижаноблиги олдида менинг ўлимим ҳеч нарса эмас, мен халқим удумига шак келтирмайман», деб сувни унга беради. Иттифоқо, бу икки сайёҳ омон қолиб, Темур лашкарига қўшилган. Амир Темур уларни беҳад сийлаган экан.

Тўқлуғ Темур «олса мол, олмаса жон» қабилида олдига чиққан Темурга Кеш вилоятини инъом қилади. Афсуски, тарихий манбалар унинг бунга қандай эришганлигини ёритмайди. Табиийки, бу сулҳ ва вассаллик катта товон ва ҳар йили тўлаб туриладиган молу ашё эвазига бўлган. Бу воқеа 1360 йилда рўй беради. Тўқлуғ Темур изига қайтади. Мовароуннаҳрда осойиш юз бергач, қочиб кетган амир Ҳожи Барлос Шаҳрисабзга қайтади. Бир йилга яқин Кеш ҳокими бўлиб турган Темур, Фасиҳ Хавофий айтганидек, «ҳокимнятни бошқариш учун келган» амакисига жойни бўшатиб беради. Юзи шувит Ҳожи Барлосни дарвозадан киритмаслик ўрнига, тахтни унга топширади. Хўш, буни қандай баҳолаш керак? Ҳокимият учун ота болани аямаган даврда бу қандай жўмардлик эди? Табиийки, саволлар кўп. Бизга маълум манбалар эса бу сўроқлар қаршисида ожиз.
Темур ўзига садоқатли йигитлар билан Балхга, амир Ҳусайн ибн Мусаллаб олдига кетади. Бу Ҳожи Барлосга нисбатан норозилик белгиси эмасмикин, бирон нарса дейиш қийин. Воқеаларнинг кейинги ривожи ўқувчиларга яхши маълум. Ҳусайн хизматига кирган Темур ўзини тутиб олади, атрофига аксар жангари, ҳеч нарсадан қайтмайдиган катта қўшин тўплайди. Ниҳоят, 1370 йилнинг 10 апрелида Балхда амир Ҳусайнни енгиб, Мовароуннаҳр тахтини қўлга киритади.

Амир Темур 736 сичқон йилида, шаъбон ойининг 25 кунида (9 апрель 1336 йил) Шаҳрисабздан ўн уч чақирим бўлган Хўжа Илғор қишлоғида туғилган. Ҳозир бу қишлоқ Яккабоғ районига қарашли. Академик Бартольднинг шаҳодат беришича, асримиз бошларида қишлоқ аҳолиси унга амир Темурнинг шу қишлоқда туғилганини сўзлаб берган эканлар. Темурнинг отаси Тарағай Муҳаммад, онаси Тегина хотун бўлган. Қорача — Тарағай ва Ҳожи Барлосга тўртинчи бобо бўлган. Тарағай барлос уруғининг нуфузли бекларидан ҳисобланган. Унинг мўғуллар билан ҳам борди-келдиси бўлиб, жумладан, амир Ҳамиднинг отаси билан дўст тутинган. Тарағай Муҳаммад тақводор киши сифатида, шайхлар билан яхши муносабатга киришган.

Исломнинг нуфузли шайхлари билан яқин алоқалар боғлаш ҳам маълум мақсадни кўзда тутганга ўхшайди. Масалан, Темур ёшлигида Қашқа воҳасининг таниқли руҳонийси шайх Шамсиддин Кулол ҳузурига боради. Бу пайт шайх ибодат билан машғул бўлган. Ёш бекзода уни сабр-тоқат билан кутиб туради. Узоқ чўзилган зикру ибодатдан сўнг, шайх уни жуда яхши қабул қилади, сабр-матонати учун алқаб, дуо қилади. Темур, кейинчалик, ўзининг ғалабаларини шу фотиҳага боғлагани маълум. Бундан чиқадики, Темур ёшлигидаёқ курашишни мақсад қилиб қўйган. Кимга қарши курашиш масаласи ҳам ўша пайтлардаёқ аниқ қилиб қўйилган кўринади. Буни Темурнинг муҳри (печати) билан боғлаб тушунтириш мумкин. Демак, эндиги гап амир Темурнинг муҳри ҳақида.

Амир Темур 1370 йилдан то 1402 йилгача, Карл Маркс таъбири билан айтадиган бўлсак, ўз салтанатини Шарқда то Хитой деворига қадар, Шимолда — Москвага қадар, Ғарбда — Ўрта Ер денгизи қирғоқларига қадар, Жанубда — Миср чегараларига қадар кенгайтиради. Бунга 18 уруш натижасида эришади. Фосиҳ Хавофийнинг «Мужмал-и Фосиҳий» асарида берилган хронология асосида ҳисоблаб чиқилганда, амир Темурнинг 1370 йилдан то сўнгги нафасига қадар 30 мартадан зиёд ҳарбий юришлар қилганлиги маълум бўлади. У қарийб 25 йил давомида, асосан, мўғул босқинчиларига қарши курашди. Ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, босқинчилик юришларини амалга оширди, Эронни, Ироқни, Туркия ва Ҳиндистонни ишғол этди.

Бениҳоя катта империяга эга бўлган Темур ўзини хон атамаган. Аксинча, Чингизхон уруғидан бўлган кишилардан қўғирчоқ хонлар (масалан, Қобулшоҳ, Суюрғатмиш, Султон Маҳмудхон) қўйиб, фармонларни улар номидан эълон қилган. Табиийки, бу фармонларда амир Темурнинг бодоми муҳри ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Фармонларда шу муҳр бўлгандагина у кучга кирган.

Академик В. В. Бартольднинг тарихий манбаларга асосланиб ёзишича, амир Темурнинг муҳрида (шунингдек, узугида ҳам) иккита сўз бор экан: «Рости ва расти». «Форсча — русча луғат»нинг Москва, 1983) биринчи жилдида «рости — адолат, ҳақиқат», «расти — қутилиш, озодлик» (707; 721-бетлар) деб изоҳланган. Бинобарин, амир Темурнинг муҳридаги сўзлар «озодлик ва адолат» маъносини англатади.

Академик Иброҳим Мўмииов «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» номли ажойиб рисоласида, бу сўзларни Шарафуддин Али Яздийнинг маълумотига асосланиб, «Рости — дурусти» (ҳақиқат — сиҳатлик) деб келтириб ўтади. Темур муҳридаги бу икки сўзни яна бошқача ўқиш ҳоллари ҳам бор. Жумладан. Г. Вамбери «Бухоро тарихи» асарида бу сўзларни «Расти-русти» (Ҳақиқат ва халоскорлик) деб ўгирган экан. Фикримизча, XV асрнинг биринчи манбалари билаи иш кўрган, Ўрта Осиё, хусусан, Темурийлар тарихини мукаммал билган академик В. В. Бартольднинг шарҳи тўғри. Шунингдек, Г. Вамбери ҳам сўзларни асл маъносига жуда яқин изоҳлаган. «Рости» ва «Расти» сўзларининг синонимлари адолат, ҳақиқат, қутилиш, халоскорлик маъноларида келади. Бу «форсча-русча луғат»да ҳам, «Тожикча-русча луғат»да (Москва, 1969) ҳам акс этган.

Йигитлик чоғларидаёқ Темурнинг шиорига айланган бу икки сўзни ҳиротлик шайх Зайниддин Абу Бакр ат Таёбодий айтганлиги манбалардан маълум. Лекин шу ўринда бир аниқлик зарурга ўхшайди. Чунки бу икки сўзни Темур 21 ёшида ўз фаолияти учун шиор қилиб олади. Шундай экан, бу сўзларни унга шайх Зайниддин Таёбодийнинг айтганлиги шубҳа туғдиради. Амир Темур 1481 йилда Ҳирирудга яқин Кўҳсангдаги Таёбод қишлоғида яшовчи шайх Зайниддин Таёбодий билан учрашган. Бу пайтда у 45 ёшга кирган бўлиб, Мовароуннаҳрни мўғуллардан тозалаб, Хуросонни ҳам бирин-кетин босқинчилардан тортиб олаётган эди. Шундай экан, унинг муҳридаги сўзлар Зайниддин Таёбодий томонидан эмас, балки ундан анча олдин, яъни 24 йил муқаддам қаршилик шайх Шамсуддин Кулол томонидан айтилган бўлади. Бундан чиқадиган маъно шуки, Қашқа воҳасидаги ватанпарвар дин арбоблари ҳам мўғулларга қарши кайфиятда бўлганлар. Юқорида зикр этганимиз мўғул хони Тармаширин мусулмончиликни қабул қилиши ҳам ўлкада катта куч бўлган исломга ён беришнинг оқибати эди.

Амир Темурнинг ўз муҳрига туширилган сўзларга қанчалик амал қилганлиги тарихдан яхши маълум. Унинг сиёсий жаҳонгирлик фаолияти икки даврга бўлиниши ҳам бежиз эмас. 1370 йилдан то 1386 йилга қадар Темур ўз давлатини мустаҳкамлаш, Мовароуннаҳрдан мўғулларни қувиб юбориш, муҳрига туширилганидек, қутилиш, озодлик ишлари билан шуғулланди. 1386 йилдан бошлаб эса унинг тарихда машҳур уч, беш ва етти йиллик жаҳонгирлик юришлари амалга оширилди. Темур империясида 800 минг кишилик қўшин мавжуд бўлганлиги қайд этилган. У, масалан, Ҳиндистонга, Туркия султони Боязид ва Тўхтамишхон устига 200 минг лашкар тортиб боргани маълум. Темур қўшинда темир интизом ўрнатган, ҳар бир туман (ўн минглик) учун алоҳида рангдаги бош кийимлари жорий қилган. Академик В. В. Бартольд Темур жангчиларининг рицарлик руҳида тарбия олганликларини айтади. Темурнинг ўзи ҳам шижоатли, довюрак киши бўлган. 1362 йилда Сейистонда бўлган жангда ўнг қўлини тирсагидан камон ўқи яралайди. Шунда ҳам у жанг майдонини ташлаб кетмайди. Ваҳоланки, шу ўқ заҳми йиллар давомида унинг майиб бўлиб қолишига сабаб бўлган, ўнг қўли ва ўнг оёғида суяк сили авж олиб, оёғи букилмайдиган бўлиб қолади. Амир Темур ўч олишни ҳам яхши билган. Орадан ўн бир йил ўтиб, 1383 йилда Сейистонни забт этишда, бир вақтлар уни камон ўқи билан яралаган киши қўлга тушади. Темур уни ҳам камондан отиб ўлдиришга буйруқ беради. Ёки Хоразм амири Юсуф Сўфи Темурни яккама-якка жангга чорлайди-ю, ўзи бунга ботина олмайди. Бу воқеа 1379 йилда, Урганч қамалида содир бўлган. Қирқ уч ёшли Темур шартлашилган жойга келади, аммо Юсуф Сўфи қўрқоқлик қилиб, ўз шартини бузади.

Ҳақиқатан ҳам Темур, академик Бартольд айтганидек, энг аввало ҳарбий, сўнг ҳукмдор, энг охирида эса мусулмон эди. Унинг ўз пойтахти Самарқандда бир йилга яқин тинч ўтиргани маълум эмас. Ҳар олти ойга қолмай гоҳ Мўғулистонга, гоҳ Хоразмга, гоҳ Эронга, гоҳ Ҳиндистонга, гоҳ Туркияга қўшин тортади. Шунга қарамай, Темур Самарқандда истироҳат боғлари, қасрлар қурдирганки, буларда Темур бўлмаган вақтда камбағал ҳам, бой ҳам бемалол сайр қилиб юрган. Яна академик Бартольд таъбири билан айтганда, Темур қасрлари ва боғларининг қулфи ҳам, девори ҳам бўлмаган.

Темурни тушуниш ниҳоятда қийин, жаҳонгирлар ичида у каби мураккаби ўтмаган бўлса керак. Масалан, Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» асарида шундай бир воқеа келтирилади. Кейинчалик Темурнинг ишончли саркардаси даражасига кўтарилган амир Шоҳ Малик (XVI асрда яшаган шоир Муҳаммад Солиҳнинг бобоси) ёшлигида юз берган бир ҳодисани сўзлаб берган экан: «Бир куни онҳазрат (Темур) мени хос хилватга чақириб, буюрди: «Амирлар фалон подшоҳнинг қонидан ўтишимни сўрадилар, мен уларнинг сўзларига қулоқ солмадим. Улар буни яна арзга етакзадилар, мен эса ман қиламан. Сен эса шундай қилишинг керак: мен уларнинг сўзига қулоқ солмай турган вақтимда ўрнингдан туриб орқага чекинасан-у, аммо яна шу ҳақда сўз очилганда, қўрқмасдан олдинга чиқиб тез чўкасан. Шундай қилиб, амир Шоҳ Малик бир неча бор тиз чўкиб, илтижо қилгач, онҳазрат: «Амирлар айтган бу сўзларга мен илтифот кўргазмаган эдим, энди агар бу гўдакнинг сўзини эшитмасам, дили оғрийди ва ўз тенгқурлари орасида шарманда бўлади», — деди ва унинг талаб-илтимосини қабул қилди».

Чиндан ҳам, бундай воқеалар анчагина бўлган. Фосиҳ Хавофий ўз асарларида ана шундай гуноҳидан ўтилганлардан бир нечасини тилга олади. Масалан, 1388 йилда амир Темур Хоразмга, Тўхтамиш устига юриш қилганда асирга тушган Айди Берди Бахши ҳукмдан озод этилган.

Амир Темур ўзига бўйин эгганни сийлаган, олдига совға салом, пешкаш билан чиққан шаҳар ҳокимларини ўз ўрнида қолдирган. Аксинча, халққа зулм ўтказувчи ҳокимларни аёвсиз жазолаган. Ҳокимиятни эндигина қўлга олган кезларида мўғулларга қарши курашда уни қўлламаган жалойирларни қириб, қолганини Хўжанд атрофидан тариқдек тирқиратиб юборади. Олтин Ўрдага майли бўлган Хоразмни неча бор қон-қақшатиб, охири Урганчни ер билан яксон қилиб, аҳолисининг бир қисмини Самарқандга ҳайдаб келади.

1403 йилда Шероз ҳокими Қутбиддин садрнинг ўз халқига ҳаддан зиёд зулм ўтказаётгани хабари етиб келади. Амир Темур Қутбиддин садрни тутдириб, оёқ-қўлини михлатиб ташлайди. Халққа садрдан ўтган жафони бартараф қилиш учун махсус одам тайинлайди.

Кишини ҳайратга соладиган нарса шундаки, танг вазиятларда ҳам Темур ўз фикрини, қарашларини ўзгартирмаган. Унинг сарбадорлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиши йигирма ёшларида юз берган. Самарқандда сарбадорлар мўғул хони Илёсхўжага қарши курашиб, 1362 йилда шаҳарни тузоққа илинтиради. Жуда кўпчилик ўлдириб юборилади.

Ўша пайтлар ҳокимиятга эришган Темур амир Ҳусайнни бир амаллаб кўндириб, мадраса талабаси, ўз тенгқури, оташин нотиқ Мавлонозода ҳаётини сақлаб қолади. 1366 йилда амир Ҳусайн Самарқандда Темурнинг дўстларини исёнда гумон қилиб, ҳибсга олади. Темур бисотидаги бор нарсаларни, жумладан хотини, амир Ҳусайннинг синглиси Улжой Турконнинг қулоғидаги олтин сирғани тавонга қўшиб тўлаб, уларни қутқариб олади. Бу сирғани амир Ҳусайн тўй кунлари синглисига ўзи совға қилган эди.
Айниқса, бу жиҳатдан Тўхтамишга кўрсатилган мурувват эътиборга лойиқ. 1376 йилда Темур ҳузурига паноҳ истаб келган Манқишлоқ ҳокими Тўйхўжанинг (Тўйхўжа ўзбек эди) ўғли Тўхтамишни Темур фарзанд ўрнида кўриб, унга Ўтрор ва Саброн вилоятларини беради. Сўнг, Темур қўллаб-қувватлаши туфайли, Тўхтамиш катта қўшин билан ўз душмани Ўрусхон устига отланади (Ўрусхон отасини ўлдирган эди). Жангда Ўрусхоннинг ўғли Қутлуғ бўға ўлдирилади. Дарғазаб бўлган Ўрусхон амир Темурга дўқ-пўписали мактуб ёзиб, ўғлининг хуни учун Тўхтамишни беришини сўрайди. Амир Темур унинг ғазабнок хатини келтирган элчига шундай жавоб берган экан:

Бор ва айтғил мендан Ўрусхонга:
«Дарё қушин ёмғир билан қурқутма».

Темур ўзи иштирок этган жангда Ўрусхон ҳам шаҳид бўлади, шу воқеадан кўп ўтмай Тўхтамиш Дашти Қипчоқнинг (Волгадан Днепргача бўлган ерлар) ҳукмдори қилиб тайинланади. Тўхтамиш хусусида Темур қаттиқ янглишганди. У Темурнинг тузини оқламади. Темур Тўхтамишга қарши бир неча бор шиддатли жанглар олиб борди ва охирида уни мағлуб қилишга эришди. Бу жуда кўп вақт ва жуда кўп кучни олди, қонларнинг дарё бўлиб оқишига сабаб бўлди.

Фосиҳ Хавофий 1381—1382 йил воқеалари солномасини ёзар экан, амир Темурнинг Хуросондаги Худошод қишлоғи аҳолисини қирганини тилга олади. Бу қирғиннинг сабаби, қишлоқ аҳли Ҳожи Барлосни ўлдирганликлари эди. Демак, 1363 йилда амир Ҳусайн ва Темур Шаҳрисабзни босиб олганларида Ҳожи барлос иккинчи марта Хуросонга қочган ва Худошод деган жойда ўрнашган экан. Амакисига Шаҳрисабзни бўшатиб берган, айни вақтда унга ҳужум уюштирган, Хожи Барлоснинг вилоятдан чиқиб кетишига сабаб бўлган Темур, орадан ўн саккиз йил ўтказиб, унинг қасоси учун қишлоқ аҳлини қириб ташлайди. Куёви Абулфатҳ хиёнат учун қатл этилади-ю, Туркияда султон Боязид билан бўлган жангларда душман томонига ўтиб курашган, сотқин набираси Ҳусайн шаҳзодалик кийимларини алмаштириш билан қутилиб қолади.

Амир Темурнинг оилавий ҳаёти ҳам чигал ва мураккаб. Ўша даврлар удумига кўра, Темур ҳам эрта уйланган. 1362 йилда амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғани олгунга қадар Темурнинг икки ўғли бўлган: булар 1354 йилда туғилган Умаршайх ва 1356 йилда туғилган Жаҳонгир. Жаҳонгирнинг онаси Нурмиш оға бўлган. Бу икки шаҳзода бир онадан туғилганми-йўқми аниқ эмас.

Темур хотинларига мурувватли бўлган. Уларга атаб қасрлар, боғлар барпо этган. «Боғи беҳишт» Туман оғага аталган бўлса, «кичик малика» — Тўкал хоним учун «Боғи Дилкушо» обод қилинган. Тўкал хоним тўйи тараддуди узоқ чўзилган. Мўғул хони Хизрхўжанинг қизи бўлган Тўкал хонимни олиш учун жуда кўп дипломатик куч ишлатишга тўғри келган. Ниҳоят, 1397 йилда у Мўғулистондан келаётган маликани кутиб олиш учун йўлга чиқади. Йўл-йўлакай Оҳангаронда тўхтаб ҳордиқ олади. Сўнг Ясса шаҳрига қараб йўлга чиқади. Тўкал хонимни кутиб олиш баҳонасида Аҳмад Яссавий қабри устига улкан мақбара қурдиради. Бу унинг дин аҳлига кўрсатган биринчи ошкора саховати эди.

1370 йилда Темур амир Ҳусайнни енгиб, Мовароуннаҳр тахтини қўлга киритгач, унинг ҳарамига ҳамда тўрттала хотинига эга бўлади. Амир Ҳусайн хотинлари орасида Сарой Мулк хоним унга маъқул келади, қолганларини ўз амир-амалдорларига улашиб юборади, масалан, Тармашириннинг қизини жалойир беги Баҳромга беради. Сарой Мулк хоним оқила аёл бўлган. Темурдан беш ёш кичик бўлган Сарой Мулк хоним Қозонхоннинг қизи бўлиб, отаси Қаршида турганда, 1441 йилда туғилади. «Биби хоним» деб улуғланган бу малика Темурдан фарзанд кўрмаган. Айрим манбаларда унинг Шоҳруҳнинг онаси эканлиги айтилади. Бу тўғри эмас. Шоҳруҳнинг онаси Темурнинг канизакларидан бири Тоғай Туркон оғадир.

Темурнинг хотинлари орасида гўзал Чўлпон Мулкнинг тақдири фожиали кечган. Мўғул амири Ҳожибекнинг қизи бўлган Чўлпон Мулк ҳусн-тароватда беқиёс эди. У Темурнинг 1391, 1393 йилги юришларида бирга бўлган. Жаҳонгир бу сулув, шаддод, эркка талпинган маликани аёвсиз қатл эттиради. Элас етиб келган хабарларга кўра, у соҳибқирон кўнглига шубҳа туширган, садоқат чегарасини бузган.

Тарихий манбаларда Темурнинг тўрт ўғли (Умаршайх, Жаҳонгир — булар отаси тириклигида ҳалок бўлган, Мироншоҳ ва Шоҳруҳ) ва қизлари бўлганлиги айтилади. Қизларидан бири Султон Бахт бегим амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғадан туғилган. Султон Бахт бегим эркак табиатли, жанговар қиз бўлган. Кўпинча, сипоҳи либосида, ҳатто жанг майдонларида ҳам пайдо бўлган. Турмушга ҳам анча кечикиб чиққан. Академик Бартольд, тарихий манбаларга асосланиб, Темурнинг зиёфат ва базмларида малика ва маликазодаларнинг эркин, очиқ ўтиришганини қайд қилади.

Амир Темур 1404 йилда Хитойни босиб олиш учун қўшин тортиб, Оқсулот деган жойга тушади. Бу ерда 28 кун турган амир 1404 йилнинг 25 декабрида Ўтрорга етиб келади. Ўтрорда қирқ кун ором олади, шаҳарни кўздан кечиради, шахмат ва нард ўйнаш билан кунларни ўтказади. Шаҳар ҳокими Бердибекнинг уйи унинг сўнгги маизили бўлиб қолади. Шунча мамлакатни олган жаҳонгирга ўз-уйида, пойтахтда ўлиш ҳам насиб этмади. Бердибек амир Темурнинг энг ишончли вазири шайх Нуриддиннинг укаси эди.

Совуқ тушиб қолгани учун Темур қўшин бошлиқларини, амирларини қишлаш учун Тошкентга жўнатиб юборади. Унинг ёнида фақат амир Шоҳ Малик, шайх Нуриддин ва Хожа Юсуфларгина қолади.

1405 йилнинг 5 феврали куни амир Темур ўзини лоҳас сезади. Шу куни унинг қовоғи солиқ, шахматга ҳам қўли бормайди. Амирнинг шахсий табиби Фазлуллоҳ Табризий ҳар қанча муолажа қилса-да, наф қилмайди, аксинча, касаллик зўрайиб, бирининг орқасидан иккинчисини етаклаб кела бошлайди. Бир томони кексалик (ёш ҳам 70 га бориб қолган эди), иккинчи томони ўттиз беш йиллик жангу жадал, тинимсиз қон кечиш, қувҳа-қув ўз кучини кўрсатаётган эди. Жаҳонгир ётиб қолганининг ўнинчи ёки ўн биринчи куни шаҳзодаларни, амир ва вазирларини ёнига чорлаб, бемажолликдан, ёинки, одатий қувликдан бўлса керак, бармоқлари билан ишора қилади. Аввал бир бармоғини, сўнг иккинчи бармоғини кўтаради. «Нима демоқчиман» деб кўзи билан имо қилади. Тўпланганлар саросимага тушиб, шивир-шивир қилишади. Ниҳоят, улар бамаслаҳат: «Онҳазрат, сиз даволашнинг яна битта-иккита усули қолди, шуни ҳам ўйлаб кўринглар демоқчисиз», дейишади. Бор кучини тилига тўплаган амир, зўрға: «Яна бир-икки кундан сўнг ораларингда бўлмайман, демоқчи эдим», дейди. Ҳақиқатан ҳам, у янглишмаган эди. Касалликнинг ўн учинчи куни — 18 февралда оламни титратган амир Темур вафот этади. Темур касал бўлиб ётганда, кўп май ичиш асар қилдимикан, деган шубҳалар ҳам бўлган. Амир Темур буни қатъиян рад этган ва умрида ичкиликни хўпламаганлигини зикр қилган.

Амир Темур вафот этганда унинг авлоди — ўғил ва набиралари 36 киши эди. Ўттиз олти нафар тахт даъвогари учи-қуйруғи йўқ мулкларни бўлиб олиш учун Хуросону Мовароуннаҳр бўйлаб от қўйдилар. Ҳаш-паш дегунча, улкан империя тўзғиб кетди. Темурнинг садоқатли вазирлари ҳам бу курашларда четда қолмадилар. Шайх Нуриддин Темурнинг қабри совумасдан унинг суюкли хотини Туман оғани хотинликка олди. Биби хоним ва Тўкал хонимлар эса заҳарлаб ўлдирилди…

Яна амир Темурнинг муҳрини эсга оламиз. Увдаги «озодлик» ва «адолат» сўзлари кишини қаттиқ ўйлантиради. Амир Темур даврида адолат кучлининг кучсиз устидан ўтказадиган сиёсатига асослаиган. Масалан, Темур Эронга қилинган беш йиллик юришдан ғолиб бўлган, катта бойлик билан қайтгач, Самарқанд аҳолисини уч йиллик солиқдан озод қилган. Энди, муҳрдаги биринчи сўзга — қутилиш, озодликка келсак, буни ҳам ҳаққонийроқ баҳолашимизга тўғри келади. Йигирма бир ёшидаёқ мўғулларни ўлкадан ҳайдаб чиқаришни аҳд қилган, Мовароуннаҳрни, Хуросонни ва рус тупроғини бир ярим асрдан зиёд давом этган мўғул-татар зулмидан холос қилди. Йирик рус совет тарихнавислари В. Д. Греков ва А. Ю. Якубовскийлар жуда тўғри таъкидлаганидек, Темурнинг 1395 йилда Тўхтамиш устидан қозонган ғалабаси нафақат Ўрта Осиё учун, балки жанубий-шарқий Европа ва Рус учун ҳам катта аҳамият касб этди. Рязань ерларини талаган Темур, айни вақтда, ўзи хаёлига келтирмагани ҳолда рус ерларига озодликка чиқишда ёрдам кўрсатди.

Очиғини айтиш керакки, Темур муҳридаги «Озодлик» ва «Адолат» сўзларини ҳали муфассал шарҳлаш, важоҳатли амир шахсидаги икки Темурни фарқлаб кўрсатиш лозим бўлади.

Манба: “Ёшлик” журнали, 1989 йил, 10-сон

07Мироншоҳ мирзонинг узук-муҳри

БЕҲБУДИЙНИНГ СЎНГГИ МАНЗИЛИ

Беҳбудий 1918 йили шўролар томонидан ваҳшийларча бостирилган Туркистон мухториятининг ғоявий асосчиларидан бири бўлиб, мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам обрў-эътибори ниҳоятда баланд эди. Бухоро ва Хива хонликларини босиб олиш учун зимдан тараддуд кўраётган большевиклар маърифат ва миллий озодлик ғояси билан яшаган Беҳбудий сингари буюк сиймолардан хавфсирарди.

“ЎзАС”нинг 2008 йил 22 август сонида эълон қилинган “Беҳбудийнинг сўнгги кунлари” мақоламизда Қашқадарё вилоят архив ишлари ҳудудий бошқармаси хазинасидан топилган маълумотлар асосида буюк маърифатпарварнинг сўнгги кунларига доир мавҳумликни ойдинлаштиришга ҳаракат қилгандик. Вилоят ҳокимлиги архивидан яқинда топилган 34-жамғарма 1-рўйхатдаги 55-ишга доир қайдлар эса Беҳбудийнинг сўнгги манзилини аниқлашга доир изланишларимизга туртки бўлди.

Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бошида юз берган ур-тўполонлар даврида миллатнинг ўзлигини англаш жараёнига оловдан қўрққандай ҳадиксираб қараган озодлик душманлари томонидан сирли равишда ўлдирилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўнгги манзили қаердалиги кўп муаллифлар томонидан ўртага қўйилган бўлса-да, ҳануз бир тўхтамга келинмаган.

Беҳбудий мураккаб сиёсий даврда фаолият кўрсатган эди. Бир тарафдан Россиянинг вассал тариқасида мустақил ҳукм суриб келаётган Бухоро амирлигини бутунлай қўл остига олиш ҳаракатини кучайтириши, иккинчи ёқдан амирлик ичида зиёлилар норозилиги ўсиб, “Ёш бухороликлар”нинг тузумни ағдаришга интилиши амирликнинг қатъий чоралар кўришига сабаб бўлганди.

Шўролар дастлаб миллатнинг таниқли зиёлилари, тараққиёт тарафдорларини турли йўллар билан ўз сафига оғдиришга эътибор қаратади. Фуқаропарварлик, тенглик каби сўзлар ўша вақтда миллатнинг бу тоифасини ишонтириб, оҳанрабодек ўзига жалб этганди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам бу шиорлардан усталик билан фойдаланган шўро ҳукуматига бир қадар ишонч билан қарагани табиий. Бироқ у тез орада шўроларнинг алдовлари моҳиятини тушуниб етади. Таниқли беҳбудийшунос олим Бегали Қосимов эътироф этганидек, «миллат, миллий тараққиётни инкор этган шўролар йўли алдов ва зўравонликка асосланганини Беҳбудий биларди». Ишонч ва орзулари поймол бўлган Беҳбудий 1918-1919 йиллари қаттиқ пушаймонликни бошдан кечиради ва бир муддат шўролар ҳукмронлиги остидаги юртдан узоқроқда бўлишни хоҳлайди. Бухородан ҳам нажот йўқ, амир Беҳбудийни хуш кўрмайди. Негаки, 1919 йил баҳорида “Ёш бухороликлар”нинг амирни ағдаришга доир ҳаракатлари кучая бошлаганди.

Бу пайтда амирлик шўроларнинг бостириб келиши, фитна уюштиришига қарши чегараларни мустаҳкамлай бошлаган. Асосан Туркистон генерал губернаторлиги қарамоғидаги мулклардан келувчи карвон ва йўловчилар қаттиқ назорат остига олинган. Тахтиқорача довонида ҳарбий қувватни ошириш учун 18 миллион сўм сарфланган. Беҳбудийнинг 1919 йил 25 мартдаги хориж сафари амирлик сарҳадларини қўриқлаш кучайган шу даврга тўғри келган.

Хўш, Беҳбудийдан қутилиш кимлар учун керак эди? Қизил салтанат Бухоро амирлигини забт этишга жон-жаҳди билан интилаётгани, амирликнинг ҳам унга қарши курашга шай эканини ҳисобга олсак, Беҳбудийни йўқ қилишдан қайси тараф кўпроқ манфаатли эди, деган савол келиб чиқади. Ғирром сиёсатини мустаҳкамлаш учун шўроларнинг Беҳбудий сингари халқ ҳурматига сазовор кишиларга эҳтиёжи катта эди. Амирлик эса “Ёш бухороликлар”нинг жиддий кучга айланганини била туриб, Беҳбудийдек раҳнамони ўлдиришга ботина олмасди. Бундай ҳаракат ловуллай деб турган гулханга мой қуйиш билан баробар бўларди. Аслида-ку, икки тараф ҳам ўз мақсади йўлида ўнлаб Беҳбудийлардан воз кечишга тайёр эди. Шу сабабли қулайроқ имкониятни кутиш улар учун мақсадга мувофиқ эди. Воқеалар ривожида шундай вазият вужудга келади. Беҳбудий Тахтиқорача довонида қўлга олиниб, ҳамроҳларининг ҳам шахси аниқлангач, Қарши беги Тоғайбек орқали Бухорога хабар етказилади.

Шўро ҳукумати бўлажак босқин учун барча имкониятни ишга солган, махфий хизматни йўлга қўйганди. Унинг хуфялари нафақат амир саройи, қўшинлари, шу билан бирга, амирликка қарашли шаҳар ва қишлоқларда ҳам пайдо бўлади. Маълумот тўплаш ва шу асосда иш кўриш ГПУнинг асосий фаолияти эди. Беҳбудийнинг сафари, қўлга олиниши, ўлдирилиши билан боғлиқ воқеалар ҳам унинг назаридан четда эмасди.

1920 йил 2 сентябрда “инқилоб” деган сохта ниқоб билан хаспўшланган босқинчилик натижасида Бухоронинг катта ҳарбий куч билан босиб олиниши унга қарши озодлик ҳаракатини туғдирмаслиги мумкин эмасди. Шўролар ана шу миллий озодлик ҳаракатини ўзларининг ғоявий мақсадидан келиб чиқиб, ”аксилинқилобий ҳаракат”, ҳаракат раҳнамоларини эса ”аксилинқилобий ташкилот”, деб атаган. Шунинг учун ҳам Қашқадарё вилоят архив ишлари бошқармаси хазинасидаги 172-жамғарма 2-рўйхатдаги 20-ишда 1920 йили шўро тузумига қарши “аксилинқилобий ташкилот” тузилгани, унинг шўроларга қарши фаол иш олиб боргани ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ҳужжатда ватанпарварлик-норозилик ҳаракати тўғрисида ҳозиргача бирор манбада тилга олинмаган ҳайратомуз далилларга ҳам дуч келамиз.

1926 йили шўролар ана шу ҳаракат раҳбарларини қамоққа олган. Улар ҳибсга олингунга қадар арқон узун ташлаб қўйилган. Бош сиёсий бошқарманинг тергов бўлими бошлиғи Д.М. Епифанов 1926 йилнинг 20 мартида шу «жиноий» иш юзасидан ёзган ўн бетлик айблов маърузасида қуйидаги маълумотларни қайд этади:
«…Мафкурасига кўра ашаддий монархистлар бўлган амирлик ҳимоячилари Мирзо Наврўз Пўлатов, Эрка амин Дўстмуродов, Муҳаммад Раҳим Абдусатторов, Абдурасулқулбек Абдусатторов, Мулла Тожиддин Салимов, Хўжаназар Инатуллаев, Хожи Абдуазиз мулла Боқихўжаев ва мулла Неъмат Шодмоновлар 1919-1920 йилларда Қарши беги Тоғайбек (ҳозирги кунда Афғонистонда) ва Қарши оғолиғи Нуриддин хўжа (аксилинқилобий фаолияти учун отилган) раҳбарлигида Қарши шаҳрида аксилинқилобий ташкилот тузадилар. Ташкилот аъзолари сони етмишга етган. Мазкур ташкилот Бухорода амир тахтдан қулагач, шўро ҳокимиятини ағдариб ташлашни ягона мақсад қилиб олади ва Афғонистонга қочган амирни қайтариш ҳаракатини бошлаб юборади…
Қарши шаҳрига қизил армиянинг олиб кирилиши (28 август 1920 йил) муносабати билан аксилинқилобий ташкилот аҳоли ўртасида қуролли қўзғолон кўтариш ҳақида тинимсиз ташвиқот олиб борган. Қуролли қўзғолон шўро ҳукуматига ва қизил армияга қарши амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Аксилинқилобий ташкилот аҳолининг омилигидан фойдаланиб, ўз мақсадига эришишга муваффақ бўлади.

Юқорида номлари айтилган кишилар кўнгиллиларнинг ғоявий раҳбарлари сифатида қўзғолон бошида турадилар, ҳар бири алоҳида гуруҳни бошқариб, қизил армияга қарши курашадилар. Муҳаммад Раҳимбек ва Хўжаназар Инатуллаев бош бўлган қўзғолончиларнинг биринчи ҳаракати Қарши темир йўли шохобчасини қўпориб ташлаш бўлади. Темир йўл ашёлари талон-тарож этилади, ишчилар ва темир йўл ходимлари қамоққа олинади, калтакланади, отиб ташланади. Худди шундай манзара Қарши шаҳрида ҳам вужудга келади. “Ёш бухороликлар”нинг инқилобчи арбоблари ялпи равишда қамоққа олинади, улардан бири таниқли арбоб бўлган Беҳ¬будий жунбушга келган собиқ амир амалдорлари томонидан оломон қилиниб, ур-калтак қилинади. Натижада ўртоқ Беҳбудий ваҳшийларча ўлдирилади».

Д.М. Епифановнинг маърузасини мушоҳада қилиб кўрайлик. Саид Олимхон 1920 йилнинг 2 сентябрида тахтдан ағдарилган ва, Епифанов таъкидлаганидек, тез орада Қаршига етиб келган. Тоғайбек қасрида амирга ишончли амалдорлар тўпланган. Амир йиғилганларга ўзи Шарқий Бухорода куч тўплаши, Қаршида эса шўроларга қарши курашни ташкил этиш фикрини билдирган. Амир сентябр бошларида жўнаб кетгач, унинг ҳимоячилари қизилларга қарши тезкор фао¬лият бошлайди. Тўрт-беш кун давомида шаҳар ғалаён ичида қолади. Шўро тарафдорларини маҳв этиш учун ён-атрофдаги қишлоқлардан кўнгиллилар кела бошлайди.

Д.М. Епифанов тергов бўлими бошлиғидан вилоят бош сиёсий бошқармаси бўлими бошлиғи ўринбосари даражасига кўтарилади. У қўзғолон раҳбарларини айблаган маърузасида Маҳмудҳўжа Беҳбудий фожеасини “аксилинқилобчилар”га қарши кучли бир далил сифатида келтириб ўтган. Бу “жиноий иш”ни кўриш 1926 йили бошланиб, бир-бир ярим йил давом этган. Гумон қилинган шахсларнинг ҳаммаси қаттиқ жазога тортилган.
Тергов бўлими томонидан ёзилган ушбу маърузада қимматли тарихий далил мавжуд. Беҳбудий ҳозирга қадар тахмин қилиб келинганидек, 1919 йилнинг мартида эмас, 1920 йилнинг сентябри бошларида шаҳид қилинган экан. Айрим маълумотларга кўра, қуролли қўзғолон 6-11 сентябрда бўлиб ўтган. Беҳбудийнинг ўлимига эса шўро ва амирлик баб-баравар жавобгардир. Амир Олимхон Беҳбудийни қатл қилишдан кўра гаровда ушлаб туришни афзал билган ва бунга сабаблар етарли эди. Бир томони, унинг орқасида жадидлар ва шўро ҳукумати турибди, деб ўйлаган бўлса, иккинчи ёқдан Туркиянинг Беҳбудийни билиши ҳам эътибордан четда эмасди. Амирлик шўроларга қарши курашда Туркия ёрдамига умид боғлаб келарди. Шу мулоҳазаларга кўра Файзулла Хўжаевга нисбатан анча муло¬йим курашчи бўлган Беҳбудийни ўлдиришга амирлик шошилмаган. Шўролар Бухорода даҳшатли қирғинни уюштирмаганда амир тахтини ташлаб кетмас, Беҳбудийдек тараққийпарвар сиймо фожеаси ҳам юз бермаган бўлур эди.

Беҳбудий, баъзи ишораларга кўра Қаршининг «Кўҳна Чорсу» маҳалласидаги 21-уйда (Шариф Қозижон деган кишининг тўққиз хонали ҳовлисида) тутқунликда яшаган. Бу маҳалла шаҳар қалъасининг кун чиқар тарафида бўлиб, “Тутак дарвоза”га туташиб кетган. Шариф Қозижонга келадиган бўлсак, у жадидларга мойил киши бўлган. Шўро ҳукумати билан унинг ўртасида олдиндан алоқа йўлга қўйилган, чоғи. Сабаби 1926 йилга келиб унинг ўша тўққиз хонали уйи вилоят судига ижарага берилади.

Қизил армиянинг 13-ўқчи корпуси қўзғолонни бир ҳафта мобайнида бостириб, ғалаёнчиларни деярли қириб ташлайди. Ўлдирилган “Ёш бухороликлар”, уларнинг раҳбарлари, амирликдан норози бўлган қаршиликларнинг майитлари асосан “Эшони шаҳид” қабристонига дафн этилади. Овруполик темирйўлчилар жасади эса вокзал ғарбидаги рус мозоротига кўмилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва ҳамроҳларининг хоки ҳам “Эшони шаҳид” қабристонига қўйилади. Айтишларича, Беҳбудий қабри “Эшони шаҳид” мақбараси яқинида бўлган. Бир неча йил давомида унинг марқади эътиборда бўлиб келган. Лекин жадидларга — озодлик курашчиларига нисбатан 30-йиллар сўнгларига келиб шўролар муносабати ўзгаргач, Беҳбудий ҳам, қабри ҳам унутилади.

Ана шу “унутиш” туфайли буюк маърифатпарвар бобомизнинг мозори бор ёки йўқлиги бугунги авлод вакиллари учун номаълум бўлиб келаётган эди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги архивидан яқинда топилган 34-жамғарма 1-рўйхатдаги 55-ишга доир қайдлар эса масалага ойдинлик киритди. Мазкур жилднинг 7-саҳифасига муҳрланган сатрлар 1925 йилнинг 19 июнига тааллуқли. 1924-1925 йилларда воҳада озодлик ҳаракати кучларига (шўролар талқинида “аксилинқилобчилар”, “босмачилар”) қарши кураш кучайтирилган эди. Шу мақсадда тузилган вилоят комиссияси уларни тугатиш бўйича “зарбдор ойлик” эълон қилади. Комиссия мажлисининг 3-қарорига доир ҳужжатда Беҳбудий қабри ҳам тилга олинган.

Қарорда “зарбдор ойлик”нинг сафарбарлик аҳамиятини кучайтириш, халқни оғдириш руҳини ошириш учун Қарши шаҳрида оммавий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Жумладан, биринчи бандда 1925 йил 17 апрелда “босмачилик”ка қарши кураш бўйича тунда сиёсий намойиш ўтказишга кўрсатма берилган. Қарорнинг иккинчи бандида вилоят фирқа қўмитаси маблағидан шаҳар милицияси бошлиғи Исохон Зокировга кўчаларга машъалалар ўрнатиш учун ўттиз сўм ажратиш белгиланган. Қарорнинг ўша бандини айнан келтирамиз:

“Ўртоқ Зокировга митинглар бўлиб ўтадиган қуйидаги жойларда, савдо муассасаларида милиция кучи билан ёритиш ишларини ташкиллаштириш топширилсин:
а) Регистон майдонида,
б) Эски қалъа ёнида (қардошлик мозорида),
в) Қўрғонча маҳалласида,
г) Беҳбудий қабри ёнида.
Ўртоқ Зокировга намойишчилар ҳаракатга келган вақтда мушакбозлик — ракеталар отишни ташкил этиш топширилсин”.

Маълум бўляптики, баъзи тахминларда айтилганидек, Беҳбудий қабри ўша пайтдаёқ текислаб юборилмаган. Шўролар ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш, халқ озодлик ҳаракатини тор-мор этиш учун қақшатқич кураш олиб борган 1925 йилда у мавжуд бўлган. Мустабид тузум пешволари қадим Туркистоннинг машҳур сиймоларидан бири, буюк маърифатпарварнинг қабридан ҳам ғоявий мақсади йўлида фойдаланиб, унинг руҳини топтаган.
Мен шу шаҳарда яшаган фолклоршунос Чори Ҳамро, филология фанлари номзоди Абдумўмин Қаҳҳоров ва бошқа кексаларнинг бир пайтлар ўзлари пионерлик ва комсомол аъзолигига қабул қилинган тадбирлар “Эшони шаҳид” қабристонидаги Беҳбудий қабри ёнида ўтказилганини ҳикоя қилганларига кўп бор гувоҳ бўлганман. Улар бу ҳақда бизга сўзлаган олтмишинчи-етмишинчи йиллар шўро ҳокимиятининг энг гуллаган даври эди. Бу ҳақда масала кўтариш ёхуд уни матбуотда ёзиб чиқишнинг мавриди эмасди. Мазкур қабристонга кираверишда катта йўлак, йўлакнинг икки тарафида ҳовуз ва қудуқ бўлган. Дарвозадан эллик қадам ичкарида “Эшони шаҳид” мақбараси, унинг қуйи этагига яқин жойда Беҳбудийнинг қабри бўлган. Қабр устига айвон ҳам тикланган.
Шу ўринда мазкур қабристон ҳақида бир-икки оғиз сўз: нақл этилишича, Эшони шаҳид — “Кўкгумбаз” масжидининг имоми Абдуллатиф ан-Насафий 1737 йили Нодиршоҳ Афшорнинг ўғли Ризоқулихонга қарши жангда ҳалок бўлган. Босқинчиларга қарши курашда ҳалок бўлган ватанпарварлар шаҳарнинг кунчиқар тарафида, яъни ўша жанг бўлиб ўтган жойда дафн этилган. Шаҳид бўлганларнинг қабрлари катта мозоротни ташкил этган.
Элу юртда обрў-эътибори юқори бўлгани боис Беҳбудийнинг хоки иззат-ҳурмат билан “Эшони шаҳид” мақбараси ёнига қўйилади. Шаҳарни қайта эгаллаган шўролар 1936 йилгача буюк сиймонинг сўнгги манзилини “қизил қадамжо”га айлантирган. 1926-1936 йилларда шаҳар ҳам Беҳбудий номи билан аталган.

Ўз мафкурасини мустабидлик аршинига мувофиқлаштиришга устаси фаранг бўлган “болшевик”лар ҳокимиятни мустаҳкамлаб олгач, Беҳбудий обрўсидан фойдаланиш сиёсатини ўзгартиради. 1937 йилги қатағонлар даврида тириклар билан бирга марҳумлар ҳам инкор этилади. Шаҳар номи ўзгартирилади. Беҳбудийнинг номи пинҳона таъқиб остига олинади. Буюк зотнинг қабри эътибордан қолади, бу жойда энди тантаналар ўтмайди, қабр айвони бузилиб кетади. Кейинчалик айвон лоши остида қабр кўмилиб, фақат шимолий қисми кўриниб турадиган ҳолга келади.

Икки йил муқаддам мазкур қабристонни яхши биладиган Ғаффор Давлатов билан Беҳбудий хоки қўйилган деб келинаётган мазкур жойда дуойи фотиҳа қилган эдик. Вилоят ҳокимлиги архивидан яқинда топилган қайдномада Беҳбудий қабрининг тилга олингани туфайли буюк сиймонинг сўнгги манзили тўғрисида муайян хулосага келсак бўлади, деб ўйлайман. Демоқчимизки, Беҳбудийнинг қабри “Эшони шаҳид” қабристонидадир. Айни чоғда 1926-1936 йилларнинг матбуот нашрлари ҳамда архив ҳужжатхоналаридан бу борада янада аниқроқ маълумотларни излаш бўйича амалга ошираётган ишларимиз ҳам давом этади.

Истиқлол шарофати билан юртимиз озодлиги йўлида шаҳид бўлган қатағон қурбонлари хотирасини азиз ва мўътабар билаётганлигимиз бизни шунга зиммадор этади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 30-сонидан олинди.

05Oʼzbek adabiyoti va tarixchiligi rivojiga, xususan, Аmir Temur shaxsiyati va davlatchiligi tarixini izchil tadqiq etishga munosib hissa qoʼshgan, milliy tariximizga oid koʼplab badiiy asarlar muallifi, Oʼzbekistonda xizmat koʼrsatgan yoshlar murabbiysi Poyon aka Ravshanov vafot etdi.Ilohim, Yaratgan oʼz rahmatiga olgan boʼlsin. Inna lillahi va ilahi rojiun.

Professor Naim Karimov olim haqida shunday yozgan edi: “Baxtimizga shunday insonlar borki, ular hech narsaga qaramay, aziz umrlarining nevaralar bagʼrida, izzat-ikromda kechirishi mumkin boʼlgan yillarini mustamlakachilik va qatagʼonchilik davrini va shu mudhish davrning qurbonlari hayotini oʼrganishga, qay bir yoʼl bilan boʼlsa-da, shu qurbonlarning unutilgan nomlarini tiklash va xalqqa yetkazishga harakat qilmoqdalar. Shunday fidoiyi olimlardan biri Poyon Ravshanovdir. Bu tinib tinchimas olim qizgʼin ilmiy faoliyat bilan shugʼullanib, oʼzbek xalqi tarixining turli davrlariga bagʼishlangan oʼnlab kitob va risolalarini, koʼplab ilmiy va ilmiy-ommabop maqolalarini eʼlon qilib, mustaqillik yillarida faoliyat koʼrsatayotgan tarixchilarning oldingi safiga chiqib oldi.Uning shoʼro mustamlakachiligi davri tarixiga, shu jumladan, siyosiy qatagʼon davri va shu davr qurbonlarini oʼrganishga bagʼishlangan ilmiy asarlari jamiyatimizning ijtimoiy, maʼrifiy va maʼnaviy hayotida katta aks sado berdi. Olimning oʼz vatandoshlari oldidagi, tarix fani oldidagi burchini fidoyilik bilan oʼtayotganligi alohida eʼtiborga sazovor”.
045Poyon Ravshan (Poyon Ravshanov) — 1941 yilda Qamashi tumandagi Katta Doʼstberdi qishlogʼida tugʼilgan. Oʼrta maktabni tugallab, 1958 yilda Аlisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining filologiya fakultetiga oʼqishga kiradi. 1963 yilda dorilfununni imtiyozli diplom bilan tamomlab, Samarqand viloyati gazetasida adabiy xodim boʼlib ishladi. 1964 yildan to bugungacha Qarshi Davlat pedagogika institutida faoliyat koʼrsatib keldi.
Poyon Ravshan chorak asrdan ortiq vaqt davomida Nasaf va Kesh (Shahrisabz) uzoq oʼtmishida shakllangan adabiy hayot tarixini tadqiq etgan adabiyotshunos olimdir. U Qashqadaryo tarixiga, madaniyati, ilm-fani va adabiy muhitiga doir bir qator maqolalar, risolalar muallifi. Olimning «Аdabiy sahifalar» (1985), «Tarix badiiyati» (1989), «Аdabiyot va taʼlim» (1991), «Qashqadaryo tarixi (eng qadimgi davrlardan XIX asr II yarmiga qadar)» (1995) kabi kitoblarida Qashqadaryo vohasining tarixi va madaniy hayoti oʼtmishi yoritilgan.
Poyon Ravshanovning «Аlisher Navoiy shajarasi», «Аmir Temur muhri» maqolalari, ham oʼquvchilarda katta qiziqish oʼygʼotgan edi. Shuningdek, olimninig bir nechata tarixga oid kitoblari, jumladan, «Turkiy qavmlar tarixi», «Saidnabi Qorovulbegi», «Zavol», «Sohibqiron tugʼilgan joy yoxud Zanjirsaroy qissasi», «Oʼzbekistonning yangi tarixi» (ham mualliflikda) singari asarlarni chop etilgan. Olim tomonidan nashrga tayyorlangan Salohiddin Toshkandiyning «Temurnoma» asari ham katta qiziqish uygʼotgan edi.

Umid Bekmuhammad
POYON RAVSHANOVNING POYONSIZ MAVZULARI
022

Qarshi shahri poytaxt Toshkentdan 417 km uzoqlikda joylashgan. Poyon Ravshanov Samarqand Davlat Universitetida o’qigan yillarni hisobga olmaganda, bir umr Qashqadaryo zaminida yashab, ishlab kelmoqda.To’g’ri, bir oz muddat Toshkentda — O’zbekistonning yangi tarixi birinchi jildini hammualliflar bilan yozayotgan paytda davlat va jamiyat qurilishi akademiyasining «Yangi tarix» markazida ishlab, poytaxtda istiqomat qildi. Ammo mudom Qarshi Davlat Universitetida turli vazifalarda ishlab keldi.Biroq maqola, kitob chiqarish, turli ilmiy konferentsiyalarda qatnashish istagida doimo poytaxtga kelib turdi.Poytaxtda yashayotgan ilm, ijod ahlidanda ko’p kitoblar chop etdirib, obro’ e’tibor qozondi.

Odatda biz ijodu ilm, san’at ahli nomini tilga olganda, ularning faoliyati to’g’risida so’z ketsa, o’sha insonning qay joyda yashayotganini, ishlayotganini tilga olishga, shu aqida-ya’ni falonchi poytaxtda yashab, ishlab ijodu ilm bilan shug’ullanayapti, falon degan asarini chiqaribdi deya masalaga yondoshadigan bo’lib qolganmiz.Bu holat g’arbda keng tarqalgan “ iste’dodlar qishloqda tug’ilib, Parijda vafot etishadi” degan aqidani esga soladi.

Aslida esa ijodu ilm bilan shug’ullanish, badiiy barkamol asar yoxud ilmiy teran monografiya yaratish uchun markazda yashash shart emas. Albatta, buni tug’ilgan go’shaga mehr deya balandparvoz so’z bilan izohlamay taqdiri azal deb qaramoq kerak. To’g’ri, poytaxtda yashab ijodu ilm bilan shug’ullanish katta imkoniyatlar darvozasining eshigini chertish degani.Ya’ni, adabiyot, ilm olamining sarchashmasida yurish, o’zini ko’rsatish maydoni ham.

Biroq bir umr Qoraqalpog’istonning To’rtko’l tumanida yashab ijod etgan O’zbekiston, Qoraqalpog’iston, Turkmaniston va Tatariston xalq artisti Otajon Xudoyshukurov, Farg’onaning Oltiarig’idagi qishloqda yashagan marhum Oxunjon Madaliev, Samarqand Universitetida ishlagan Botirxon Valixo’jaev,Buxoro Universitetida ilmiy ishlar qilgan Sadriddin Salim Buxoriy,Andijonlik qatag’on va kollektivlashtirish davri bo’yicha yetuk mutaxassis, professor Rustambek Shamsutdinov va boshqa yana ko’plab viloyatlarda yashab ijod qilgan, qilayotgan ilmu fan , adabiyot va san’at fidoyilari poytaxtdagi ijodu ilm ahlidanda ko’proq o’z sohalariga hissasini qo’shib kelmoqdalar.

Qolaversa, ular sabab viloyatlarda ma’naviy-ma’rifiy sohalarda olg’a siljish, taraqqiyotga intilish bor va ul zotlar tom ma’noda o’zlarida o’zbek ziyolisidek ma’rifiy qiyofani yaratganlar.Ana shular tufayli viloyatlarda yoshlar ularga ergashib, ijodu ilm olamiga kirib kelmoqda.Bu esa ustoz-shogirdchilik ana’anasining davom etishigayam sabab bo’lmoqda.

Shu bois u Ustyurtda yoki Oltiariqda yashaydimi, ishdan keyin o’z xobbisiga ko’ra biron mashg’ulot bilan shug’ullanadimi, yoxud do’stlar bilan gurunglashib keksalik gashtini surganicha nevaralar, do’stu yorlar ardog’ida yuradimi, eng asosiysi, o’z davrida, undan keyingi avlod hayotini o’rganadigan asar qoldira bilishdadir.

Shukrki, filologiya fanlari nomzodi, professor Poyon Ravshanov o’zidan umriboqiy asarlar qoldira biladigan darajaga yetgan olimdir. “O’zbek adabiyoti tarixidan amaliy mashg’ulotlar”, “Tarix badiiyati”, “Zavol”, “Vatan tarixidan”, “Moziy sabog’i”, “Qorovulbegi qismati”, “Malika Kenagas oyim yoxud Amir Nasrulloning o’limi qissasi”, “Qamoq saltanati”, “Qo’lga tushgan qasoskorlar”, “Jeynov tarixi”, “Hofiz Ro’ziboy Mashrab”, “Ajdodlarimiz qadri”, “amir tug’ilgan joy yoxud Zanjirsaroy qissasi”, “Amir Temur xonadoni”, “Qashqadaryo tarixi” kabi 20dan ziyod kitoblarni yozib chop etdirdi. “Amirlashkar Alimquli” qo’yozmasini , Salohiddin Toshkandiyning ”Temurnoma”, Hasan Abushiyning “Turkiy qavmlar tarixi” asarlarini hozirgi imloga o’girib, nashr qildirdi.

Poyon domlaning ilmiy, ijodiy ishlarini e’tirof etgan yurtdoshi, qahramon shoirimiz Abdulla Oripov “ ..uning shaxsida ikki qirra, nazarimda, alohida ajralib turadi-ilm va ijod, ifodali qilib aytiladigan bo’lsa, bular uning ikki qanoti. Adabiyotshunoslik sohasida o’z yo’liga ega bo’lgan olim tarixni ham teran idrok eta olishi, aslida, hayratga bois bo’lmasligi lozim. Nega deganda, bu xil fazilat olimlarimizga azaliy bobomeros. O’tmishda olim bo’lmaganki, she’r bitmagan bo’lsa. Ahli shoirlar orasida tarix va xotiranoma yozmaganlari kam topiladi.Poyon Ravshanov “Qashqadaryo tarixi”ni yaratib, insof yuzasidan aytish joizki, o’ziga haykal tikladi. Bu salmoqli asar vohaning qariyib uch ming yillik kechmishini qamraydi.Bu xildagi kitoblarni yozmoq uchun bilimdan tashqari, katta qalb, yurtga buyuk muhabbat bo’lmog’i lozim, albatta.Do’stimizda bular jamuljam”, deya qashqadaryolik professorga baho bergandi.

1941 yilda tug’ilgan bo’lishiga qaramay, Poyon akaning harakatchanligi, o’z ustida tinimsiz ishlashi, ko’plab yoshlarni o’z atrofiga jipslashtirib ularning ilmiy ishlarini yoqlashga, maqola, kitoblarini nashr etishga yordam berishi bois, domlani yoshlarning sevimli murabbiysi, fan fidoyisi deb atash mumkin.

Haqiqatda ham, ko’pchilik olimlar ilmiy daraja, unvon olib bo’ldim, uy-joyim ,mashinam bor, kitoblarim chiqdi, endi do’stlar bilan otamlashib yuraydi, deya beparvo bo’lib qoladi.Hattoki, o’z sohasidagi yangiliklarga, ijtimoiy-siyosiy jarayonga ham mutlaqo qiziqmay qo’yadi.

Ibrohim Haqqul iborasi bilan aytganda, “ilm va kitob-qariyib egizak tushuncha.Qancha ko’p o’qilsa, ilm shuncha chuqurlashadi.Ammo hamisha va hammada ham shunday bo’lavermaydi. Kitob o’qish va kitobga munosabatni jo’n fahmlaydigan kimsalar goho zo’r olim deganda “iqtibos qirollari”ni nazarda tutadi.Birovlarning fikr mulohazasini qo’shtirnoqqa olib, qo’shtirnoqdan chiqarish bilan ilm-fan oldinga siljimasligini ularga tushuntirib bo’lmaydi”.

Bunday holatni afsuski ilmu fanga xiyonat deb baholash mumkin.Chunki ilm bilan faqat falon yoshdan falon yoshgacha yoki ilmiy daraja, unvonni qo’lga kiritguncha emas, doimiy ravishda shug’ullanish, fan yangiliklari, sohadagi, ijtimoiy jarayondagi o’zgarishlardan xabardor bo’lib turmoq lozim.Negaki, hadisda aytilganidek, “Beshikdan to qabrgacha ilm izla”.

Bundan tashqari ko’pchilik tadqiqotchilar yoqlash osonroq bo’lgan mavzuni ilmiy ish qilib oladilar yoki Abdulla Qahhor aytganidek, “Bo’ri tishiga kislotaning ta’siri” mavzui kabi, na ilmu fanga, na hayotga foydasi bo’lmagan ishlar bilan mashg’ul bo’lishadi.

Fidoyi olim Ibrohim Haqqul “Meros va mohiyat” (T, “Ma’naviyat “nashriyoti, 2008 yil) kitobida shu mavzuda bunday yozadilar: ”Mening ilm-fan va olimlar to’g’risidagi tasavvurim Toshkentga kelgunimga qadar (Ibrohim aka Buxoro pedagogika institutini tugatib, viloyatda bir muddat ishlagach, 1970 yillarda poytaxtga ishga kelganlar-U.B.) mutlaqo boshqacha edi.Yillar o’tgani sayin xayol va hayot, tasavvur va haqiqatning o’rtasidagi farq yeru osmon qadar katta ekanini; ilm nomi, olimlik unvoni ila amalga oshiriladigan ishlar orasida na shaxs, na millat manfaatiga bir chaqalik foydasi tegmaydigan “tadqiqot”lar ham qanchalik ko’pligini bildim.Ba’zida bitta haqiqiy olim-ulkan tadqiqotchi atrofida fikr-qarashlari behad tor o’nlab mayda, tasodifiy kimsalar g’imirlab yurishiga ishonch hosil qildim.Ularning birlari “ilmi g’iybat va fitna”ga mohir bo’lsa, yana boshqalari “ilmi xusumat” peshvosi.Ayrimlari o’lguday lanj va lattachaynar bo’lsa, ba’zilari behad quv va makkordir…”.

Ba’zida ilmiy ish qilish hohishi bor insonlardan shunday gap-so’zlarni eshitib qolamiz:
— Jurnalga maqola bermoqchi edim, afsuski u nashr Oliy attestatsiya komissiyasi uchun dissertatsiya himoya qilishda hisobga olinmas ekan, shu sabab yozganimni chiqarish uchun boshqa nashr axtarayapman…
-Ilmiy rahbarlikka OAK da gap-so’zi o’tadigan zabardast kishini tanlashim kerak…
-Bir amallab ilmiy ishimni himoya qilsam bo’ldi, u yog’iga xudo poshsho…
-Meni mavzuning qandayligi emas, tezroq ilmiy ishni yoqlash qiziqtiradi…

…Afsuski, bu singari gap-so’zlarni ilmiy ish qilish istagi bo’lgan, shu orqali biror “yog’liroq ish”ga o’tish niyatidagi kishilardan tez-tez eshitish mumkin.Bunday toifalarni fanni taraqqiy qildirish, ilmga hissa qo’shish emas, faqat diplom qiziqtiradi xolos.Yana shunday toifalar borki, o’zi tanlab olgan mavzudan boshqa biror bir narsaga qiziqmaydi.Faqat bir xil mavzu atrofida maqola yozadi, kitob o’qiydi.Jamiyatda nima bo’layapdi, ilmda qanday o’zgarishlar yuz berayapdi, dunyo fani, istiqboli qanday mutlaqo qizig’i yo’q.Unga bir amallab ilmiy ishni yoqlab, diplom olsa bo’lgani.Ba’zi ilmiy rahbarlar esa shogirdni “sog’ib ichish”ni yaxshi ko’rishadi. Yillab ishni cho’zib yuraverishadi.Ba’zilari maqolani ham tuzuk yozaolmaydigan shogirdini o’zi yozgan, shogirdining baquvvat otasi homiyligida chiqarilayotgan kitobga hammuallif qilib qo’yadi.

Ayrimlari bo’lsa faqat nazariyadan o’zicha bilag’on , alloma.Bir tanishim “….viloyat taraqqiyotida fermerchilik harakati” (…falon tuman” misolida…falon yillarda)” mavzusida nomzodlik ishini yoqlagandi. Ammo o’zining fermeri biron martayam paxta, g’alla rejasini bajarmagan.Oqibatda qarzdor bo’lib, tugatib yuborildi.Boshqasi esa “…sanoat korxonalari…o’rni va roli…” mavzuida ilmiy ishini yoqlab, ko’p o’tmay bir korxonaga rahbar bo’lib o’tdi.Ammo o’sha korxonani bir yil ham tuzukroq boshqarolmay, qarzga botirib “o’z arizasiga ko’ra” ishdan bo’shadi.

…Dissertatsiya yoqlash hohishidagilarning, hattoki, ba’zilari, o’zi tanlagan mavzu, soha doirasidagina
fikr yuritishadi yoki so’ragan savolingizgayam shundan kelib chiqib javob berishadi.Ya’ni ularning tanlagan mavzusi kabi fikrlashi, dunyoqarashiyam tor doiradadir. Xullas, bu mavzuda…misollar ko’p va shularning o’zi bir ilmiy ishga tayyor mavzudir… Men bundaylarga Ibrohim Haqqulning “Meros va mohiyat” kitobidagi “Ilmni kim vositai joh etar” maqolasini o’qishni tavsiya etardim..

…Poyon aka mutaxassisligiga ko’ra, filolog.Ilmiy ishi ham shu sohadan.Ammo professor Ravshanov yaratgan tarixiy mavzudagi kitoblar har qanday yetuk tarixchinikidanda yuksakroq saviyada.Qolaversa, domla faqat yoqlagan ilmiy ishi mavzusida kitob, maqola yozmaydi.Poyon akaning ismi-jismiga monand, qiziqishi, tanlagan mavzulariyam poyonsiz.Goh arablar istilosi , gohida Amir Temur va temuriylar davri haqida, goh Buxoro amirligi, Nasrulloxon davri, ba’zida Navoiy hazratlari, gohida chor va sho’ro mustamlakachiligi paytidagi qatag’on va qirg’inlar to’g’risida kitoblar yozib chop etdiradi.

Shu boisdan Poyon Ravshanov uchun mavzular ham poyonsiz. Poyon akani ana shu sabablarga ko’ra tom ma’nodagi ziyoli, olim desa bo’ladi. Aslida ham ziyoli, ilmu fan xodimi yangiliklardan, sohadagi o’zgarishlar, umuman ijtimoiy jarayondan xabardor, keng dunyoqarashli shaxs bo’lmog’i lozim. Professor Poyon Ravshanov ana shunday, tom ma’noda, ziyoli, yangiliklardan, ijtimoiy jarayondan xabardor, keng dunyoqarashli shaxsdir.

Domlaning ilmga fidoyiligi shundaki, u shuncha kitoblarim chiqdi, ilmiy daraja, unvonlar oldim, bo’lar endi deya o’ylamaydi.Hamisha ilmu fan, ijod bilan ham doimo shug’ullanadi.Har doim tarixiy qo’lyozma, hujjatlarni izlash, ularni o’rganish, boshqa manbalar bilan taqqoslash, shulardan kelib chiqib xolis va haqqoniy xulosa chiqarishga harakat qiladi.Hattoki, o’z shogirdlarini ham shunday ishlash tartibiga chorlab turadi.

Professor Naim Karimov iborasi bilan aytganda, “baxtimizga shunday insonlar borki, ular hech narsaga qaramay, aziz umrlarining nevaralar bag’rida, izzat-ikromda kechirishi mumkin bo’lgan yillarini mustamlakachilik va qatag’onchilik davrini va shu mudhish davrning qurbonlari hayotini o’rganishga, qay bir yo’l bilan bo’lsa-da, shu qurbonlarning unutilgan nomlarini tiklash va xalqqa yetkazishga harakat qilmoqdalar.Shunday fidoiyi olimlardan biri Poyon Ravshanovdir. Bu tinib tinchimas olim qizg’in ilmiy faoliyat bilan shug’ullanib, o’zbek xalqi tarixining turli davrlariga bag’ishlangan o’nlab kitob va risolalarini, ko’plab ilmiy va ilmiy-ommabop maqolalarini e’lon qilib, mustaqillik yillarida faoliyat ko’rsatayotgan tarixchilarning oldingi safiga chiqib oldi.Uning sho’ro mustamlakachiligi davri tarixiga, shu jumladan, siyosiy qatag’on davri va shu davr qurbonlarini o’rganishga bag’ishlangan ilmiy asarlari jamiyatimizning ijtimoiy, ma’rifiy va ma’naviy hayotida katta aks sado berdi. Olimning o’z vatandoshlari oldidagi, tarix fani oldidagi burchini fidoyilik bilan o’tayotganligi alohida e’tiborga sazovor”.

Ma’lumki, istiqloldan keyingi davrda tarixchilarga yaratilgan sharoit, ya’ni turli arxivlarda ishlash imkoniyati yaratilgan bo’lishiga qaramay, qatag’on davridagi qamoqxonalar to’g’risida shu paytgacha biron bir asar yozilmay kelinayotgandi.To’g’ri, andijonlik professor R.Shamsutdinov 2005 yilda “Repressiya” kitobining 1-jildini “Sharq” nashriyotida chop etdirib, sobiq ittifoq paytidagi GULAGlar to’g’risida g’oyatda qimmatli ma’lumotlar berib o’tgandi.Shu kabi R.Shamsutdinovning boshqa asarlaridayam qatag’on davri, tergovchilar qo’llagan qiynoqlar, qatag’on davr jabrdiydalari to’g’risida to’xtalib o’tilgandi.

Shu o’rinda Rossiya va Qozog’istonda GULAGlar, VCHK,GPU, OGPU,NKVD , Lubyanka to’g’risida yuzlab
kitoblar, hujjatlar to’plamlari nashr etilganini ta’kidlab o’tmoq kerak.

Ana shu holatdan voqif olim, qolaversa mustamlakachilik davri jabrdiydalarining ruhi poklari oldida o’zini ma’nan mas’ul ziyoli deb bilgan Poyon aka, “Qamoq saltanati” ( “Yangi asr avlodi” nashriyoti, Toshkent, 2014) nomli hujjatli roman yaratdi. Naim Karimov ta’kidlaganlaridek, “uning so’nggi yillarda Qashqadaryo viloyat arxividan mash’um Davlat Siyosiy Boshqarmasi (GPU)ning qonli faoliyatiga oid hujjatlarni topishi sho’ro davlatining xunrezlik siyosatini mazkur viloyat misolida, ayniqsa, yorqin va yaqqol ko’rish imkonini berdi.u qog’ozi eskirib, yozuvlari xira tortib ketgan, o’zidan zaharli hid taratayotgan hujjatlarni birma-bir varaqlab, qunt bilan o’rganib, o’tgan asrning 20-yillarida sho’rlik qashqadaryoliklarning boshlariga tushgan balo-qazolarni xalqqa yetkazishga ahd qildi”.

Asrlar davomida tabarruk dargoh deb bilingan masjid, madrasalarning qamoqxonalarga aylantirilgani, u yerdagi uqubatli mahkumlar hayoti Poyon Ravshanovning “Qamoq saltanati” kitobida batafsil tasvirlangan. Aytish mumkinki, 74 yoshga kirgan, keksaligiga qaramay yoshlarga xos shijoat bilan ilm va ijod borasida ildam qalam tebratayotgan domlaning ushbu kitobi g’oyatda katta mehnatlar samarasi, haj ibodatiga musharraf bo’lgan domla uchun savobli ishdir.
Ba’zi o’zini olim sanagan diplomli bandalar borki, ularni o’qitgan talabasiyu, tug’ilgan qishloqdoshidan boshqa birov tanimaydi.Ammo Qashqadaryoning Qamashi tumanidagi Katta Do’stberdi qishlog’ida tug’ilgan Poyon akani bugun ilmga, ijodga, kitobga ixlos qo’ygan kishi borki taniydi, hurmat qiladi.Bu chinakam olim , ziyoli uchun katta sharafdir.

Umrining keksalik faslini ana shunday izlanishda o’tkazayotgan olimga, yanada kuch-quvvat, sog’liq, ilm va ijod borasidagi ishlariga omad tilagan holda tashakkur bildirib qolamiz.

Poyon RAVSHANOV
IKKI MAQOLA
022

Poyon Ravshan (Poyon Ravshanov) — 1941 yilda Qamashi tumandagi Katta Do’stberdi qishlog’ida tug’ilgan. O’rta maktabni medal bilan tugallab, 1958 yilda Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining filologiya fakultetiga o’qishga kiradi. 1963 yilda dorilfununni imtiyozli diplom bilan tamomlab, Samarqand viloyati gazetasida adabiy xodim bo’lib ishlaydi. 1964 yildan to bugungacha Qarshi Davlat pedagogika institutida faoliyat ko’rsatib keladi.
Poyon Ravshan chorak asrdan ortiq vaqt davomida Nasaf va Kesh (Shahrisabz) uzoq o’tmishida shakllangan adabiy hayot tarixini tadqiq etgan adabiyotshunos olimdir. U Qashqadaryo tarixiga, madaniyati, ilm-fani va adabiy muhitiga doir bir qator maqolalar, risolalar muallifi. Olimning «Adabiy sahifalar» (1985), «Tarix badiiyati» (1989), «Adabiyot va ta’lim» (1991), «Qashqadaryo tarixi (eng qadimgi davrlardan XIX asr II yarmiga qadar)» (1995) kabi kitoblarida Qashqadaryo vohasining tarixi va madaniy hayoti o’tmishi yoritilgan.
Poyon Ravshanovning «Alisher Navoiy shajarasi», «Amir Temur muhri» maqolalari, ham o’quvchilarda katta qiziqish o’yg’otgan edi. BuShuningdek, olimninig bir nechata tarixga oid kitoblari, jumladan, «Turkiy qavmlar tarixi», «Saidnabi Qorovulbegi», «Zavol», «Sohibqiron tug’ilgan joy yoxud Zanjirsaroy qissasi», «O’zbekistonning yangi tarixi» (ham mualliflikda) singari asarlarni chop etilgan. Olim tomonidan nashrga tayyorlangan Salohiddin Toshkandiyning «Temurnoma» asari ham katta qiziqish uyg’otgan edi.

022

AMIR TEMURNING MUHRI

Ulug’ Temur avlodiman,
Gar bo’lsamda ozari,
Tabarrukdir, ziyoratgoh
Menga oning mozori.
Ulug’bekning poyin izlab,
Zarafshondan o’tganman,
Samarqandning tarixini
Yuragimga bitganman.

Maqsud Shayxzoda

Bu ko‘hna dunyo yurtlarni buzgan, elatlarni qirgan qanchadan-qancha jahongirlarni biladi: Iskandaru Doro, Muoviyayu Qutayba, Chingizu Botu, Napoleon va, nihoyat, Gitler… Ba’zi ilmiy farazlarga ko‘ra, bashariyatning keyingi uch ming yillik tarixida jami 2600 yil urushlar bilan kechgan ekan.

O‘tmish muarrixlari insoniyat tarixiga o‘zgartirishlar kiritgan jahongirlar tabiat taqozasiga ko‘ra ahyon-ahyonda tug‘ilishini qayd etganlar. Munajjimlar Chingizxon, amir Temur va Abdullaxonlarning (XVI asr) sohibqiron bo‘lib tug‘ilganligini karomat qilganlar. Aytishlaricha, Chingizxon o‘ng qo‘lining kaftida qon changallab tug‘ilganligi uning keyinchalik qonxo‘r bo‘lishiga ishora ekan. Ilmi nujum dalolatiga ko‘ra, ikki baxt sayyorasi — Nohid (Venera) va Mushtariy (Yupiter) bir-biri bilan yaqinlashgan vaqtda tug‘ilgan bola sohibqiron bo‘lar emish. Sohibqironlikni tabiat hodisalariga aniqrog‘i, yulduzlar holatiga bog‘lash qanchalik haqiqatga to‘g‘ri keladi, bu to‘g‘rida biron narsa deyish qiyin, ammo sohibqironlarning qon to‘kib, yurt olishi bobida o‘tmish olimlari yanglishmaganlar.

Amir Temur tarixan o‘ta murakkab vaziyatda siyosat maydoniga kirdi. XIII asrniig birinchi choragida bosib olingan, asoratga solingan Movarounnahr va Xuroson, qolaversa, bepoyon rus tuprog‘ida hamon mo‘g‘ullar istibdodi davom etayotgan edi. Movarounnahr Chingizxonning ikkinchi o‘g‘li Chig‘atoyning suyurg‘ol mulkiga aylantirilib, qariyb bir yarim asrdan buyon uning urug‘-aymoqlari bu o‘lkaning qonini zulukdek so‘rmoqda edilar. Chig‘atoy ulusi Yettisuvdan to janubiy Xorazm yerlarini qamrovchi ulkan sarhadga yoyilgan bo‘lib, ma’lum muddat (1318—1347) uning poytaxti Nasaf — Qarshi shahri bo‘lib turdi.

XIV asrning 60-yillarida, ya’ni Temur siyosat sahnasiga kirib kelganda bosqinchi mo‘g‘ul hukmdorlaridan putur keta boshlagandi. Nasafni poytaxtga aylantirgan Kebekxon (1318—1326) majusiy edi. Kebekxonni o‘ldirib, hokimiyat tepasiga chiqqan Tarmashirin (1326—1334) musulmon dinini qabul qiladi. Mo‘g‘ul hukmdorining mahalliy aholi diniga kirishi shunchaki yumshoqko‘ngillik oqibati emasdi, albatta. Agar Tarmashirin musulmon bo‘lib, «Alouddin» — din ulug‘i unvonini olgan bo‘lsa, uning o‘rniga taxtga chiqqan Bo‘zan mo‘g‘ul feodallarining islomni qabul qilishiga chek qo‘yadi.

Chingizxon vafotidan keyin juda inoq, bosib olingan o‘lkalarni bahamjihatlik bilan idora qilib kelayotgan uning avlodlari XIV asrning ikkinchi choragidan e’tiboran bir-biri bilan jiqqamusht bo‘la boshladi. Hokimiyat uchun kurash borgan sari avj oldi. Bo‘zanni o‘ldirib, hokimiyatni qo‘lga olgan Qozonxon ibn Yassavir o‘g‘lon yana qarorgohni Qarshi shahriga (Bo‘zan uni Iliga ko‘chirgan edi) olib keladi. Qozonxon ham urug‘-aymog‘i bilan bo‘lgan o‘zaro kurashlarga dosh berolmadi. Uning kushandasi amir Qozog‘on bo‘ldi. Hirot yaqinidagi Dari zangi degan joyda bo‘lgan jangda garchi Qozonxonning qo‘li baland kelgan bo‘lsa-da, ko‘ziga yoy o‘qi tegib, nogiron bo‘lib qoladi. 1347 yilda Qozog‘on bilan bo‘lgan ikkinchi jangda uning kuni bitadi. Qozog‘on taxtga Doshmandchi o‘g‘lonni (u Chingizning o‘g‘li Ugeday nasabidan edi) chiqaradi. Bir yilga yetar-etmas Doshmandchi o‘g‘lon ham fitnaning qurboni bo‘ladi.

Amir Qozog‘on Balxda kuchli qo‘shinga ega edi. Bu safar ham Movarounnahr taxtiga o‘z odami Boyonqulini qo‘yishga erishadi. Qozog‘onning o‘g‘li Abdulloh ham bosqinchilik bobida otasidan qolishmas, mulk chegaralarini kengaytirishga intilardi. Jumladan, u 1363 yilda Xorazmga bosqin qiladi va talaydi. 1367 yilga kelib, o‘zaro janglarning birida mo‘g‘ul amiri Qutlug‘ Temur Bo‘lday amir Qozog‘onni yasoqqa yetkazadi. Otasi o‘rniga taxtga chiqqan Abdulloh saroyida fisqu fujur zo‘rayadi. Masalan, u Boyonqulini xotini bilan bo‘lgan ishqiy mojaro tufayli qatl etadi. Mo‘g‘ul feodallarining jirkanch maishiy hayot tarzi, hokimiyat uchun tuban talashishlari odatdagi bir hol bo‘lib qolgan edi.

Kebekxon davridayoq bo‘linib keta boshlagan mo‘g‘ullar Movarounnahr tuprog‘ida zaiflashib qolgandi. Xurosonda ham ahvol shunday edi. Shu boisdan Xurosonda mo‘g‘ul bosqinchilariga qarshi hayot-mamot jangiga kirishgan sarbadorlar 1337 yildan to 1381 yilga qadar, ya’ni hokimiyatni amir Temurga ixtiyoriy topshirgunga qadar mustaqil davlat tuzishga muvaffaq bo‘lgan edilar. Sarbadorlik harakati Movarounnahrga ham yoyila boshlagan, Samarqand uning markaziga aylangandi. Lekin hali sarbadorlik bu o‘lkada ochiq kurashga o‘tmagandi.

Vaziyatni hisobga olgan, mo‘g‘ullarga qarshi xalq kayfiyatini yaxshi bilgan mahalliy turk feodallari ham u yoki bu mo‘g‘ul amiri tarafida turib, hokimiyat uchun bo‘lgan kurashlarda qatnasha boshlaydilar. Masalan, XV asr tarixchisi Fosih Ahmad Xavofiyning «Mujmal-i Fosihiy» (1441) asarida olimlarimiz nazaridan chetda qolgan bir dalil bor. Unda ta’kidlanishicha, 1358 yilda amir Qozog‘onning o‘g‘li Abdullohga qarshi kurash boshlagan mo‘g‘ul amiri Bayon So‘lduz yonida Hoji Barlos ham bo‘lgan. Ular amir Abdullohga qarshi ittifoq bo‘lib, qo‘lga kiritilgan viloyatlarni o‘zaro taqsimlab olish sharti bilan kurashganlar. Hoji Barlos, bu o‘sha — Kesh (Shahrisabz) viloyatining hokimn, o‘zbekning barlos urug‘idan bo‘lgan, amir Temurning amakisi edi.

Ayrim tarixiy asarlarda, xususan, akademik V. B. Bartoldning ilmiy ishlarida ham XIV asrda mahalliy feodallarning hokim mo‘g‘ullar bilan munosabati qanday bo‘lganligi ma’lum emas, deyiladi. Mahalliy feodallar, jumladan, barlos beklari mo‘g‘ul amirlari bilan yaxshi aloqada bo‘lgan. Davr taqozasiga ko‘ra mo‘g‘ul amirlari ham eng kamida mahalliy feodallar fikri bilan hisoblashadigan bo‘lib qolgan.

Amir Abdullohni yengib, uni Andarab tomonga qochib ketishga majbur qilgan Bayon So‘lduz va Hoji Barlos Movarounnahrning bir qismini qo‘lga kiritadilar, uni o‘zaro bo‘lib olib idora qila boshlaydilar. Hoji Barlosga Kesh viloyati tegadi. Bu voqea 1358 yilda ro‘y berdi. Shu tariqa Movarounnahrda hokimiyat qariyb bir yarim asrdan so‘ng mahalliy aholi vakili qo‘liga o‘tadi.

Tarix darsliklarimizdagi yana bir qusur shundaki, XIV asrning 30-yillariga kelib Xurosonda mahalliy aqolining vatanparvar va ilg‘or qismi bo‘lgan sarbadorlar hukmron mo‘g‘ullardan kichik bir territoriyani ozod qilib, poytaxti Sabzavor shahri bo‘lgan mustaqil sarbadorlar davlati tuzganligi aytiladi. Biroq, Shahrisabz viloyatining Movarounnahrda birinchi bo‘lib (bundan keyin, 1361—1362 yil oraligida Samarqandda qam sarbadorlar hokimiyatni qo‘lga kiritadilar), 140 yil davom etgan mo‘g‘ul hukmronligidan so‘ng ozodlikni qo‘lga kiritganligi haqida lom-mim deyilmaydi. To‘g‘ri, darsliklarda hokimiyat mahalliy feodal Hoji Barlos qo‘liga o‘tganligi haqida bir jumla keltiriladi-yu, mo‘g‘ul asoratidan qutilish, o‘sha zamonda xalqimizning ozodlikka erishgani haqida aytish negadir, «unutiladi».

Tarixiy faktlarni haqqoniy tahlil etish, zamonga nisbat berib sharhlash juda muhim. Bu xalqimizning mo‘g‘ul bosqinchilariga qarshi bir yarim asr davomida olib borgan ozodlik kurashi sahifalarini oydinlashtirishda beqiyos ahamiyatga ega bo‘lgan jihatlardan biridir. Zero, XIV asrning 50-yillariga kelib, Samarqandda, shuningdek, unga qo‘shni bo‘lgan Shahrisabz va Qarshida bosqinchilarga qarshi kurash tobora alangalanayotgan edi. Bu esa Hoji Barlosning garchi mustaqil bo‘lmasa-da, Bayon Sulduz bilan birgalikda olib borgan kurashida ma’lum darajada aks etadi. Bu jang natijasida Shahrisabz viloyati qo‘lga kiritiladiki, bu yengib bo‘lmas deb qaralgan mo‘g‘ullarga qarshi ozodlik kurashining ilk samarasi edi. Holbuki, Mahmud Torobiydan keyin to‘liq bir asr o‘tgan bo‘lsa-da, bosqinchilarga qarshi qo‘zg‘alishga hech kim botina olmagandi. Shahrisabz va Xurosonda hokimiyatni qo‘lga olgan (albatta, kichik territoriyada) sarbadorlar dovrug‘i yoyilgan, bunga navkarlar va yoshlarning katta bir qismi qiziqish bilan qarardi. Samarqand sarbadorlari bilan zimdan til biriktirgan, ozodlik kurashiga bosh qo‘shganlar safida Hoji Barlosning amakivachchasi Temur ibn Tarag‘ay ham bo‘lgan deyishga ba’zi asoslar bor. Bu amir Temurning keyingi faoliyatida yaqqol ko‘rinadi.

Mo‘g‘ulistonda 1348 yilda hokimiyatga erishgan To‘qlug‘ Temur Movarounnahrda — bobosi Chig‘atoy ulusida yuz berayotgan voqealarga befarq qarab turolmaydi. To‘qlug‘ Temur Chig‘atoyning nabirasi Duvaxonning o‘g‘li Eminxo‘janing o‘g‘li bo‘lib, amir Po‘lodchi tomonidan 18 yoshida xonlikka ko‘tarilgan edi. Yigirma to‘rt yoshida islomni qabul qilgan To‘qlug‘ Temur Movarounnahrni bosib olishga o‘zini shar’an ham haqli hisoblardi. Keyingi paytda bu yurtda mahalliy aholi vakillarining hokimiyatni tortib olish payiga tushib qolganliklari, uning azaliy rejasini amalga oshirishga turtki bo‘ladi. U 1359 yilda katta qo‘shin tortib Movarounnahrga — Kesh viloyatiga yo‘l oladi.

Shahrisabz viloyatini qisqa vaqt idora qilib turgan Hoji Barlos mo‘g‘ul xonining yo‘l-yo‘lakay erishayotgan g‘alabalaridan vahimaga tushib qoladi. Oz sonli yigitlar bilan To‘qlug‘ Temurga qarshi turib bo‘lmaydi, yon-atrofdagi amirlardan najot yo‘q, hammasi mo‘g‘ullar… Amir Hoji Barlos To‘qlug‘ Temurning asosiy zarbasi o‘ziga qaratilganini yaxshi anglab, Xurosonga qochib ketishdan bo‘lak chora topolmaydi. Hoji Barlos bu qarorga osonlikcha kelmagan, albatta. Og‘ir damda yurtni tashlab ketish o‘zi uchun qanchalik qimmatga tushishini u yaxshi bilgan. Xullas, Hoji Barlos o‘ziga sodiq kishilar kuzatuvida Amudaryo bo‘yiga yetib keladi. Uni qo‘riqlab kelganlar orasida amakivachchasi Temur ham bor edi. Hoji Barlos unga ishonar, Xurosonda, musofirlikda yurganimda tayanch bo‘lar, deb umid qilardi. Kutilmaganda, Temur Shahrisabzga qaytajagini aytadi. Amakisiga: «Siz boravering, qiyin kunda men el ichida bo‘lishim kerak», deydi. Unda oriyat, hamiyat kuchli bo‘lgan. Amakisini Temur qattiq hurmat qilgan (bunga hali ishonch hosil qilamiz), Hoji Barlos nima bo‘lganda ham, mo‘g‘ullardan viloyatini mustaqil qilib olgan birinchi kishi edi-da. Lekin, uning bu ketishi… Hoji Barlos To‘qlug‘ Temurga bo‘ysunib, molu mulk to‘lab, amalida qolishi mumkin emasmidi? Yo‘q, bo‘lmas edi. Chunki, Hoji Barlos hokimiyatni kuch bilan olgandi, Chingiz avlodiga qo‘l ko‘targan kishi aslo kechirilmagan. Endi, Temurning oriyati masalasiga kelsak, yurt tinch vaqtda Hoji Barlos (va uning yaqinlari, jumladan, Tarag‘ay oilasi ham) farog‘atda yashardi. El boshiga quzg‘un yopirilganda, nonning gulini yegan Hoji Barlos jonini qutqarishga tushib qoldi, xiyonat yo‘liga kirdi. Jo‘mardlik ruhida tarbiyalangan Temur bu yo‘lni qabul qilolmaydi. Hoji Barlosning yaqin qarindoshi sifatida isnodning oldini olishga shoshiladi. Ikkinchidan, Shahrisabz viloyati beega, To‘qlug‘ Temur bo‘lsa hali yo‘lda. Hokimiyatni olish uchun bundan qulay fursat bo‘lishi mumkinmi?!

Yigirma to‘rt yoshli Temurning mo‘r-malaxdek dushman bostirib kelayotgan Shahrisabzga qaytish haqidagi ahdi o‘lim va hayot garovi edi. Nahotki, shunday qaltis vaqtda u hokimiyatga intilgan bo‘lsa? Temur, keyinchalik qurultoylarda, harbiy ko‘riklarda amir va navkarlariga bir naqlni takror-takror aytar ekan: Ikki sayyoh biri arab, biri eroni, behudud sahroda adashib qolibdi. Quyoshning olovli tafti yo‘lovchilarni holdan toydiribdi. Eroni suvini allaqachon ichib tugatgan, arabning ko‘zachasida bir ichim suv qolgan. Suvsizlikdan lablari qovjirab, sulayib borayotgan eroni hamrohi arabga aytibdi: «Arab xalqi olijanob bo‘ladi deb eshitganim bor, shu rost bo‘lsa, suvingni menga beru, xalqingning olijanobligini ko‘rsat». Arab suvni unga bersa, shaksiz o‘lishini bilsa ham «arablarning olijanobligi oldida mening o‘limim hech narsa emas, men xalqim udumiga shak keltirmayman», deb suvni unga beradi. Ittifoqo, bu ikki sayyoh omon qolib, Temur lashkariga qo‘shilgan. Amir Temur ularni behad siylagan ekan.

To‘qlug‘ Temur «olsa mol, olmasa jon» qabilida oldiga chiqqan Temurga Kesh viloyatini in’om qiladi. Afsuski, tarixiy manbalar uning bunga qanday erishganligini yoritmaydi. Tabiiyki, bu sulh va vassallik katta tovon va har yili to‘lab turiladigan molu ashyo evaziga bo‘lgan. Bu voqea 1360 yilda ro‘y beradi. To‘qlug‘ Temur iziga qaytadi. Movarounnahrda osoyish yuz bergach, qochib ketgan amir Hoji Barlos Shahrisabzga qaytadi. Bir yilga yaqin Kesh hokimi bo‘lib turgan Temur, Fasih Xavofiy aytganidek, «hokimnyatni boshqarish uchun kelgan» amakisiga joyni bo‘shatib beradi. Yuzi shuvit Hoji Barlosni darvozadan kiritmaslik o‘rniga, taxtni unga topshiradi. Xo‘sh, buni qanday baholash kerak? Hokimiyat uchun ota bolani ayamagan davrda bu qanday jo‘mardlik edi? Tabiiyki, savollar ko‘p. Bizga ma’lum manbalar esa bu so‘roqlar qarshisida ojiz.

Temur o‘ziga sadoqatli yigitlar bilan Balxga, amir Husayn ibn Musallab oldiga ketadi. Bu Hoji Barlosga nisbatan norozilik belgisi emasmikin, biron narsa deyish qiyin. Voqealarning keyingi rivoji o‘quvchilarga yaxshi ma’lum. Husayn xizmatiga kirgan Temur o‘zini tutib oladi, atrofiga aksar jangari, hech narsadan qaytmaydigan katta qo‘shin to‘playdi. Nihoyat, 1370 yilning 10 aprelida Balxda amir Husaynni yengib, Movarounnahr taxtini qo‘lga kiritadi.

Amir Temur 736 sichqon yilida, sha’bon oyining 25 kunida (9 aprel 1336 yil) Shahrisabzdan o‘n uch chaqirim bo‘lgan Xo‘ja Ilg‘or qishlog‘ida tug‘ilgan. Hozir bu qishloq Yakkabog‘ rayoniga qarashli. Akademik Bartoldning shahodat berishicha, asrimiz boshlarida qishloq aholisi unga amir Temurning shu qishloqda tug‘ilganini so‘zlab bergan ekanlar. Temurning otasi Tarag‘ay Muhammad, onasi Tegina xotun bo‘lgan. Qoracha — Tarag‘ay va Hoji Barlosga to‘rtinchi bobo bo‘lgan. Tarag‘ay barlos urug‘ining nufuzli beklaridan hisoblangan. Uning mo‘g‘ullar bilan ham bordi-keldisi bo‘lib, jumladan, amir Hamidning otasi bilan do‘st tutingan. Tarag‘ay Muhammad taqvodor kishi sifatida, shayxlar bilan yaxshi munosabatga kirishgan.

Islomning nufuzli shayxlari bilan yaqin aloqalar bog‘lash ham ma’lum maqsadni ko‘zda tutganga o‘xshaydi. Masalan, Temur yoshligida Qashqa vohasining taniqli ruhoniysi shayx Shamsiddin Kulol huzuriga boradi. Bu payt shayx ibodat bilan mashg‘ul bo‘lgan. Yosh bekzoda uni sabr-toqat bilan kutib turadi. Uzoq cho‘zilgan zikru ibodatdan so‘ng, shayx uni juda yaxshi qabul qiladi, sabr-matonati uchun alqab, duo qiladi. Temur, keyinchalik, o‘zining g‘alabalarini shu fotihaga bog‘lagani ma’lum. Bundan chiqadiki, Temur yoshligidayoq kurashishni maqsad qilib qo‘ygan. Kimga qarshi kurashish masalasi ham o‘sha paytlardayoq aniq qilib qo‘yilgan ko‘rinadi. Buni Temurning muhri (pechati) bilan bog‘lab tushuntirish mumkin. Demak, endigi gap amir Temurning muhri haqida.

Amir Temur 1370 yildan to 1402 yilgacha, Karl Marks ta’biri bilan aytadigan bo‘lsak, o‘z saltanatini Sharqda to Xitoy devoriga qadar, Shimolda — Moskvaga qadar, G‘arbda — O‘rta Yer dengizi qirg‘oqlariga qadar, Janubda — Misr chegaralariga qadar kengaytiradi. Bunga 18 urush natijasida erishadi. Fosih Xavofiyning «Mujmal-i Fosihiy» asarida berilgan xronologiya asosida hisoblab chiqilganda, amir Temurning 1370 yildan to so‘nggi nafasiga qadar 30 martadan ziyod harbiy yurishlar qilganligi ma’lum bo‘ladi. U qariyb 25 yil davomida, asosan, mo‘g‘ul bosqinchilariga qarshi kurashdi. O‘z hokimiyatini mustahkamlab olgach, bosqinchilik yurishlarini amalga oshirdi, Eronni, Iroqni, Turkiya va Hindistonni ishg‘ol etdi.

Benihoya katta imperiyaga ega bo‘lgan Temur o‘zini xon atamagan. Aksincha, Chingizxon urug‘idan bo‘lgan kishilardan qo‘g‘irchoq xonlar (masalan, Qobulshoh, Suyurg‘atmish, Sulton Mahmudxon) qo‘yib, farmonlarni ular nomidan e’lon qilgan. Tabiiyki, bu farmonlarda amir Temurning bodomi muhri hal qiluvchi ahamiyatga ega bo‘lgan. Farmonlarda shu muhr bo‘lgandagina u kuchga kirgan.

Akademik V. V. Bartoldning tarixiy manbalarga asoslanib yozishicha, amir Temurning muhrida (shuningdek, uzugida ham) ikkita so‘z bor ekan: «Rosti va rasti». «Forscha — ruscha lug‘at»ning Moskva, 1983) birinchi jildida «rosti — adolat, haqiqat», «rasti — qutilish, ozodlik» (707; 721-betlar) deb izohlangan. Binobarin, amir Temurning muhridagi so‘zlar «ozodlik va adolat» ma’nosini anglatadi.

Akademik Ibrohim Mo‘miiov «Amir Temurning O‘rta Osiyo tarixida tutgan o‘rni va roli» nomli ajoyib risolasida, bu so‘zlarni Sharafuddin Ali Yazdiyning ma’lumotiga asoslanib, «Rosti — durusti» (haqiqat — sihatlik) deb keltirib o‘tadi. Temur muhridagi bu ikki so‘zni yana boshqacha o‘qish hollari ham bor. Jumladan. G. Vamberi «Buxoro tarixi» asarida bu so‘zlarni «Rasti-rusti» (Haqiqat va xaloskorlik) deb o‘girgan ekan. Fikrimizcha, XV asrning birinchi manbalari bilai ish ko‘rgan, O‘rta Osiyo, xususan, Temuriylar tarixini mukammal bilgan akademik V. V. Bartoldning sharhi to‘g‘ri. Shuningdek, G. Vamberi ham so‘zlarni asl ma’nosiga juda yaqin izohlagan. «Rosti» va «Rasti» so‘zlarining sinonimlari adolat, haqiqat, qutilish, xaloskorlik ma’nolarida keladi. Bu «forscha-ruscha lug‘at»da ham, «Tojikcha-ruscha lug‘at»da (Moskva, 1969) ham aks etgan.

Yigitlik chog‘laridayoq Temurning shioriga aylangan bu ikki so‘zni hirotlik shayx Zayniddin Abu Bakr at Tayobodiy aytganligi manbalardan ma’lum. Lekin shu o‘rinda bir aniqlik zarurga o‘xshaydi. Chunki bu ikki so‘zni Temur 21 yoshida o‘z faoliyati uchun shior qilib oladi. Shunday ekan, bu so‘zlarni unga shayx Zayniddin Tayobodiyning aytganligi shubha tug‘diradi. Amir Temur 1481 yilda Hirirudga yaqin Ko‘hsangdagi Tayobod qishlog‘ida yashovchi shayx Zayniddin Tayobodiy bilan uchrashgan. Bu paytda u 45 yoshga kirgan bo‘lib, Movarounnahrni mo‘g‘ullardan tozalab, Xurosonni ham birin-ketin bosqinchilardan tortib olayotgan edi. Shunday ekan, uning muhridagi so‘zlar Zayniddin Tayobodiy tomonidan emas, balki undan ancha oldin, ya’ni 24 yil muqaddam qarshilik shayx Shamsuddin Kulol tomonidan aytilgan bo‘ladi. Bundan chiqadigan ma’no shuki, Qashqa vohasidagi vatanparvar din arboblari ham mo‘g‘ullarga qarshi kayfiyatda bo‘lganlar. Yuqorida zikr etganimiz mo‘g‘ul xoni Tarmashirin musulmonchilikni qabul qilishi ham o‘lkada katta kuch bo‘lgan islomga yon berishning oqibati edi.

Amir Temurning o‘z muhriga tushirilgan so‘zlarga qanchalik amal qilganligi tarixdan yaxshi ma’lum. Uning siyosiy jahongirlik faoliyati ikki davrga bo‘linishi ham bejiz emas. 1370 yildan to 1386 yilga qadar Temur o‘z davlatini mustahkamlash, Movarounnahrdan mo‘g‘ullarni quvib yuborish, muhriga tushirilganidek, qutilish, ozodlik ishlari bilan shug‘ullandi. 1386 yildan boshlab esa uning tarixda mashhur uch, besh va yetti yillik jahongirlik yurishlari amalga oshirildi. Temur imperiyasida 800 ming kishilik qo‘shin mavjud bo‘lganligi qayd etilgan. U, masalan, Hindistonga, Turkiya sultoni Boyazid va To‘xtamishxon ustiga 200 ming lashkar tortib borgani ma’lum. Temur qo‘shinda temir intizom o‘rnatgan, har bir tuman (o‘n minglik) uchun alohida rangdagi bosh kiyimlari joriy qilgan. Akademik V. V. Bartold Temur jangchilarining ritsarlik ruhida tarbiya olganliklarini aytadi. Temurning o‘zi ham shijoatli, dovyurak kishi bo‘lgan. 1362 yilda Seyistonda bo‘lgan jangda o‘ng qo‘lini tirsagidan kamon o‘qi yaralaydi. Shunda ham u jang maydonini tashlab ketmaydi. Vaholanki, shu o‘q zahmi yillar davomida uning mayib bo‘lib qolishiga sabab bo‘lgan, o‘ng qo‘li va o‘ng oyog‘ida suyak sili avj olib, oyog‘i bukilmaydigan bo‘lib qoladi. Amir Temur o‘ch olishni ham yaxshi bilgan. Oradan o‘n bir yil o‘tib, 1383 yilda Seyistonni zabt etishda, bir vaqtlar uni kamon o‘qi bilan yaralagan kishi qo‘lga tushadi. Temur uni ham kamondan otib o‘ldirishga buyruq beradi. Yoki Xorazm amiri Yusuf So‘fi Temurni yakkama-yakka jangga chorlaydi-yu, o‘zi bunga botina olmaydi. Bu voqea 1379 yilda, Urganch qamalida sodir bo‘lgan. Qirq uch yoshli Temur shartlashilgan joyga keladi, ammo Yusuf So‘fi qo‘rqoqlik qilib, o‘z shartini buzadi.

Haqiqatan ham Temur, akademik Bartold aytganidek, eng avvalo harbiy, so‘ng hukmdor, eng oxirida esa musulmon edi. Uning o‘z poytaxti Samarqandda bir yilga yaqin tinch o‘tirgani ma’lum emas. Har olti oyga qolmay goh Mo‘g‘ulistonga, goh Xorazmga, goh Eronga, goh Hindistonga, goh Turkiyaga qo‘shin tortadi. Shunga qaramay, Temur Samarqandda istirohat bog‘lari, qasrlar qurdirganki, bularda Temur bo‘lmagan vaqtda kambag‘al ham, boy ham bemalol sayr qilib yurgan. Yana akademik Bartold ta’biri bilan aytganda, Temur qasrlari va bog‘larining qulfi ham, devori ham bo‘lmagan.

Temurni tushunish nihoyatda qiyin, jahongirlar ichida u kabi murakkabi o‘tmagan bo‘lsa kerak. Masalan, Abdurazzoq Samarqandiyning «Matlai sa’dayn va majmai bahrayn» asarida shunday bir voqea keltiriladi. Keyinchalik Temurning ishonchli sarkardasi darajasiga ko‘tarilgan amir Shoh Malik (XVI asrda yashagan shoir Muhammad Solihning bobosi) yoshligida yuz bergan bir hodisani so‘zlab bergan ekan: «Bir kuni onhazrat (Temur) meni xos xilvatga chaqirib, buyurdi: «Amirlar falon podshohning qonidan o‘tishimni so‘radilar, men ularning so‘zlariga quloq solmadim. Ular buni yana arzga yetakzadilar, men esa man qilaman. Sen esa shunday qilishing kerak: men ularning so‘ziga quloq solmay turgan vaqtimda o‘rningdan turib orqaga chekinasan-u, ammo yana shu haqda so‘z ochilganda, qo‘rqmasdan oldinga chiqib tez cho‘kasan. Shunday qilib, amir Shoh Malik bir necha bor tiz cho‘kib, iltijo qilgach, onhazrat: «Amirlar aytgan bu so‘zlarga men iltifot ko‘rgazmagan edim, endi agar bu go‘dakning so‘zini eshitmasam, dili og‘riydi va o‘z tengqurlari orasida sharmanda bo‘ladi», — dedi va uning talab-iltimosini qabul qildi».

Chindan ham, bunday voqealar anchagina bo‘lgan. Fosih Xavofiy o‘z asarlarida ana shunday gunohidan o‘tilganlardan bir nechasini tilga oladi. Masalan, 1388 yilda amir Temur Xorazmga, To‘xtamish ustiga yurish qilganda asirga tushgan Aydi Berdi Baxshi hukmdan ozod etilgan.

Amir Temur o‘ziga bo‘yin egganni siylagan, oldiga sovg‘a salom, peshkash bilan chiqqan shahar hokimlarini o‘z o‘rnida qoldirgan. Aksincha, xalqqa zulm o‘tkazuvchi hokimlarni ayovsiz jazolagan. Hokimiyatni endigina qo‘lga olgan kezlarida mo‘g‘ullarga qarshi kurashda uni qo‘llamagan jaloyirlarni qirib, qolganini Xo‘jand atrofidan tariqdek tirqiratib yuboradi. Oltin O‘rdaga mayli bo‘lgan Xorazmni necha bor qon-qaqshatib, oxiri Urganchni yer bilan yakson qilib, aholisining bir qismini Samarqandga haydab keladi.

1403 yilda Sheroz hokimi Qutbiddin sadrning o‘z xalqiga haddan ziyod zulm o‘tkazayotgani xabari yetib keladi. Amir Temur Qutbiddin sadrni tutdirib, oyoq-qo‘lini mixlatib tashlaydi. Xalqqa sadrdan o‘tgan jafoni bartaraf qilish uchun maxsus odam tayinlaydi.

Kishini hayratga soladigan narsa shundaki, tang vaziyatlarda ham Temur o‘z fikrini, qarashlarini o‘zgartirmagan. Uning sarbadorlar bilan mustahkam aloqa o‘rnatishi yigirma yoshlarida yuz bergan. Samarqandda sarbadorlar mo‘g‘ul xoni Ilyosxo‘jaga qarshi kurashib, 1362 yilda shaharni tuzoqqa ilintiradi. Juda ko‘pchilik o‘ldirib yuboriladi.

O‘sha paytlar hokimiyatga erishgan Temur amir Husaynni bir amallab ko‘ndirib, madrasa talabasi, o‘z tengquri, otashin notiq Mavlonozoda hayotini saqlab qoladi. 1366 yilda amir Husayn Samarqandda Temurning do‘stlarini isyonda gumon qilib, hibsga oladi. Temur bisotidagi bor narsalarni, jumladan xotini, amir Husaynning singlisi Uljoy Turkonning qulog‘idagi oltin sirg‘ani tavonga qo‘shib to‘lab, ularni qutqarib oladi. Bu sirg‘ani amir Husayn to‘y kunlari singlisiga o‘zi sovg‘a qilgan edi.

Ayniqsa, bu jihatdan To‘xtamishga ko‘rsatilgan muruvvat e’tiborga loyiq. 1376 yilda Temur huzuriga panoh istab kelgan Manqishloq hokimi To‘yxo‘janing (To‘yxo‘ja o‘zbek edi) o‘g‘li To‘xtamishni Temur farzand o‘rnida ko‘rib, unga O‘tror va Sabron viloyatlarini beradi. So‘ng, Temur qo‘llab-quvvatlashi tufayli, To‘xtamish katta qo‘shin bilan o‘z dushmani O‘rusxon ustiga otlanadi (O‘rusxon otasini o‘ldirgan edi). Jangda O‘rusxonning o‘g‘li Qutlug‘ bo‘g‘a o‘ldiriladi. Darg‘azab bo‘lgan O‘rusxon amir Temurga do‘q-po‘pisali maktub yozib, o‘g‘lining xuni uchun To‘xtamishni berishini so‘raydi. Amir Temur uning g‘azabnok xatini keltirgan elchiga shunday javob bergan ekan:

Bor va aytg‘il mendan O‘rusxonga:

«Daryo qushin yomg‘ir bilan qurqutma».

Temur o‘zi ishtirok etgan jangda O‘rusxon ham shahid bo‘ladi, shu voqeadan ko‘p o‘tmay To‘xtamish Dashti Qipchoqning (Volgadan Dneprgacha bo‘lgan yerlar) hukmdori qilib tayinlanadi. To‘xtamish xususida Temur qattiq yanglishgandi. U Temurning tuzini oqlamadi. Temur To‘xtamishga qarshi bir necha bor shiddatli janglar olib bordi va oxirida uni mag‘lub qilishga erishdi. Bu juda ko‘p vaqt va juda ko‘p kuchni oldi, qonlarning daryo bo‘lib oqishiga sabab bo‘ldi.

Fosih Xavofiy 1381—1382 yil voqealari solnomasini yozar ekan, amir Temurning Xurosondagi Xudoshod qishlog‘i aholisini qirganini tilga oladi. Bu qirg‘inning sababi, qishloq ahli Hoji Barlosni o‘ldirganliklari edi. Demak, 1363 yilda amir Husayn va Temur Shahrisabzni bosib olganlarida Hoji barlos ikkinchi marta Xurosonga qochgan va Xudoshod degan joyda o‘rnashgan ekan. Amakisiga Shahrisabzni bo‘shatib bergan, ayni vaqtda unga hujum uyushtirgan, Xoji Barlosning viloyatdan chiqib ketishiga sabab bo‘lgan Temur, oradan o‘n sakkiz yil o‘tkazib, uning qasosi uchun qishloq ahlini qirib tashlaydi. Kuyovi Abulfath xiyonat uchun qatl etiladi-yu, Turkiyada sulton Boyazid bilan bo‘lgan janglarda dushman tomoniga o‘tib kurashgan, sotqin nabirasi Husayn shahzodalik kiyimlarini almashtirish bilan qutilib qoladi.

Amir Temurning oilaviy hayoti ham chigal va murakkab. O‘sha davrlar udumiga ko‘ra, Temur ham erta uylangan. 1362 yilda amir Husaynning singlisi O‘ljoy Turkon og‘ani olgunga qadar Temurning ikki o‘g‘li bo‘lgan: bular 1354 yilda tug‘ilgan Umarshayx va 1356 yilda tug‘ilgan Jahongir. Jahongirning onasi Nurmish og‘a bo‘lgan. Bu ikki shahzoda bir onadan tug‘ilganmi-yo‘qmi aniq emas.

Temur xotinlariga muruvvatli bo‘lgan. Ularga atab qasrlar, bog‘lar barpo etgan. «Bog‘i behisht» Tuman og‘aga atalgan bo‘lsa, «kichik malika» — To‘kal xonim uchun «Bog‘i Dilkusho» obod qilingan. To‘kal xonim to‘yi taraddudi uzoq cho‘zilgan. Mo‘g‘ul xoni Xizrxo‘janing qizi bo‘lgan To‘kal xonimni olish uchun juda ko‘p diplomatik kuch ishlatishga to‘g‘ri kelgan. Nihoyat, 1397 yilda u Mo‘g‘ulistondan kelayotgan malikani kutib olish uchun yo‘lga chiqadi. Yo‘l-yo‘lakay Ohangaronda to‘xtab hordiq oladi. So‘ng Yassa shahriga qarab yo‘lga chiqadi. To‘kal xonimni kutib olish bahonasida Ahmad Yassaviy qabri ustiga ulkan maqbara qurdiradi. Bu uning din ahliga ko‘rsatgan birinchi oshkora saxovati edi.

1370 yilda Temur amir Husaynni yengib, Movarounnahr taxtini qo‘lga kiritgach, uning haramiga hamda to‘rttala xotiniga ega bo‘ladi. Amir Husayn xotinlari orasida Saroy Mulk xonim unga ma’qul keladi, qolganlarini o‘z amir-amaldorlariga ulashib yuboradi, masalan, Tarmashirinning qizini jaloyir begi Bahromga beradi. Saroy Mulk xonim oqila ayol bo‘lgan. Temurdan besh yosh kichik bo‘lgan Saroy Mulk xonim Qozonxonning qizi bo‘lib, otasi Qarshida turganda, 1441 yilda tug‘iladi. «Bibi xonim» deb ulug‘langan bu malika Temurdan farzand ko‘rmagan. Ayrim manbalarda uning Shohruhning onasi ekanligi aytiladi. Bu to‘g‘ri emas. Shohruhning onasi Temurning kanizaklaridan biri Tog‘ay Turkon og‘adir.

Temurning xotinlari orasida go‘zal Cho‘lpon Mulkning taqdiri fojiali kechgan. Mo‘g‘ul amiri Hojibekning qizi bo‘lgan Cho‘lpon Mulk husn-tarovatda beqiyos edi. U Temurning 1391, 1393 yilgi yurishlarida birga bo‘lgan. Jahongir bu suluv, shaddod, erkka talpingan malikani ayovsiz qatl ettiradi. Elas yetib kelgan xabarlarga ko‘ra, u sohibqiron ko‘ngliga shubha tushirgan, sadoqat chegarasini buzgan.

Tarixiy manbalarda Temurning to‘rt o‘g‘li (Umarshayx, Jahongir — bular otasi tirikligida halok bo‘lgan, Mironshoh va Shohruh) va qizlari bo‘lganligi aytiladi. Qizlaridan biri Sulton Baxt begim amir Husaynning singlisi O‘ljoy Turkon og‘adan tug‘ilgan. Sulton Baxt begim erkak tabiatli, jangovar qiz bo‘lgan. Ko‘pincha, sipohi libosida, hatto jang maydonlarida ham paydo bo‘lgan. Turmushga ham ancha kechikib chiqqan. Akademik Bartold, tarixiy manbalarga asoslanib, Temurning ziyofat va bazmlarida malika va malikazodalarning erkin, ochiq o‘tirishganini qayd qiladi.

Amir Temur 1404 yilda Xitoyni bosib olish uchun qo‘shin tortib, Oqsulot degan joyga tushadi. Bu yerda 28 kun turgan amir 1404 yilning 25 dekabrida O‘trorga yetib keladi. O‘trorda qirq kun orom oladi, shaharni ko‘zdan kechiradi, shaxmat va nard o‘ynash bilan kunlarni o‘tkazadi. Shahar hokimi Berdibekning uyi uning so‘nggi maizili bo‘lib qoladi. Shuncha mamlakatni olgan jahongirga o‘z-uyida, poytaxtda o‘lish ham nasib etmadi. Berdibek amir Temurning eng ishonchli vaziri shayx Nuriddinning ukasi edi.

Sovuq tushib qolgani uchun Temur qo‘shin boshliqlarini, amirlarini qishlash uchun Toshkentga jo‘natib yuboradi. Uning yonida faqat amir Shoh Malik, shayx Nuriddin va Xoja Yusuflargina qoladi.

1405 yilning 5 fevrali kuni amir Temur o‘zini lohas sezadi. Shu kuni uning qovog‘i soliq, shaxmatga ham qo‘li bormaydi. Amirning shaxsiy tabibi Fazlulloh Tabriziy har qancha muolaja qilsa-da, naf qilmaydi, aksincha, kasallik zo‘rayib, birining orqasidan ikkinchisini yetaklab kela boshlaydi. Bir tomoni keksalik (yosh ham 70 ga borib qolgan edi), ikkinchi tomoni o‘ttiz besh yillik jangu jadal, tinimsiz qon kechish, quvha-quv o‘z kuchini ko‘rsatayotgan edi. Jahongir yotib qolganining o‘ninchi yoki o‘n birinchi kuni shahzodalarni, amir va vazirlarini yoniga chorlab, bemajollikdan, yoinki, odatiy quvlikdan bo‘lsa kerak, barmoqlari bilan ishora qiladi. Avval bir barmog‘ini, so‘ng ikkinchi barmog‘ini ko‘taradi. «Nima demoqchiman» deb ko‘zi bilan imo qiladi. To‘planganlar sarosimaga tushib, shivir-shivir qilishadi. Nihoyat, ular bamaslahat: «Onhazrat, siz davolashning yana bitta-ikkita usuli qoldi, shuni ham o‘ylab ko‘ringlar demoqchisiz», deyishadi. Bor kuchini tiliga to‘plagan amir, zo‘rg‘a: «Yana bir-ikki kundan so‘ng oralaringda bo‘lmayman, demoqchi edim», deydi. Haqiqatan ham, u yanglishmagan edi. Kasallikning o‘n uchinchi kuni — 18 fevralda olamni titratgan amir Temur vafot etadi. Temur kasal bo‘lib yotganda, ko‘p may ichish asar qildimikan, degan shubhalar ham bo‘lgan. Amir Temur buni qat’iyan rad etgan va umrida ichkilikni xo‘plamaganligini zikr qilgan.

Amir Temur vafot etganda uning avlodi — o‘g‘il va nabiralari 36 kishi edi. O‘ttiz olti nafar taxt da’vogari uchi-quyrug‘i yo‘q mulklarni bo‘lib olish uchun Xurosonu Movarounnahr bo‘ylab ot qo‘ydilar. Hash-pash deguncha, ulkan imperiya to‘zg‘ib ketdi. Temurning sadoqatli vazirlari ham bu kurashlarda chetda qolmadilar. Shayx Nuriddin Temurning qabri sovumasdan uning suyukli xotini Tuman og‘ani xotinlikka oldi. Bibi xonim va To‘kal xonimlar esa zaharlab o‘ldirildi…

Yana amir Temurning muhrini esga olamiz. Uvdagi «ozodlik» va «adolat» so‘zlari kishini qattiq o‘ylantiradi. Amir Temur davrida adolat kuchlining kuchsiz ustidan o‘tkazadigan siyosatiga asoslaigan. Masalan, Temur Eronga qilingan besh yillik yurishdan g‘olib bo‘lgan, katta boylik bilan qaytgach, Samarqand aholisini uch yillik soliqdan ozod qilgan. Endi, muhrdagi birinchi so‘zga — qutilish, ozodlikka kelsak, buni ham haqqoniyroq baholashimizga to‘g‘ri keladi. Yigirma bir yoshidayoq mo‘g‘ullarni o‘lkadan haydab chiqarishni ahd qilgan, Movarounnahrni, Xurosonni va rus tuprog‘ini bir yarim asrdan ziyod davom etgan mo‘g‘ul-tatar zulmidan xolos qildi. Yirik rus sovet tarixnavislari V. D. Grekov va A. Yu. Yakubovskiylar juda to‘g‘ri ta’kidlaganidek, Temurning 1395 yilda To‘xtamish ustidan qozongan g‘alabasi nafaqat O‘rta Osiyo uchun, balki janubiy-sharqiy Yevropa va Rus uchun ham katta ahamiyat kasb etdi. Ryazan yerlarini talagan Temur, ayni vaqtda, o‘zi xayoliga keltirmagani holda rus yerlariga ozodlikka chiqishda yordam ko‘rsatdi.

Ochig‘ini aytish kerakki, Temur muhridagi «Ozodlik» va «Adolat» so‘zlarini hali mufassal sharhlash, vajohatli amir shaxsidagi ikki Temurni farqlab ko‘rsatish lozim bo‘ladi.

Manba: “Yoshlik” jurnali, 1989 yil, 10-son

 

BEHBUDIYNING SO’NGGI MANZILI

Behbudiy 1918 yili sho‘rolar tomonidan vahshiylarcha bostirilgan Turkiston muxtoriyatining g‘oyaviy asoschilaridan biri bo‘lib, mamlakat ichkarisida ham, undan tashqarida ham obro‘-e’tibori nihoyatda baland edi. Buxoro va Xiva xonliklarini bosib olish uchun zimdan taraddud ko‘rayotgan bolsheviklar ma’rifat va milliy ozodlik g‘oyasi bilan yashagan Behbudiy singari buyuk siymolardan xavfsirardi.

“O‘zAS”ning 2008 yil 22 avgust sonida e’lon qilingan “Behbudiyning so‘nggi kunlari” maqolamizda Qashqadaryo viloyat arxiv ishlari hududiy boshqarmasi xazinasidan topilgan ma’lumotlar asosida buyuk ma’rifatparvarning so‘nggi kunlariga doir mavhumlikni oydinlashtirishga harakat qilgandik. Viloyat hokimligi arxividan yaqinda topilgan 34-jamg‘arma 1-ro‘yxatdagi 55-ishga doir qaydlar esa Behbudiyning so‘nggi manzilini aniqlashga doir izlanishlarimizga turtki bo‘ldi.

O‘tgan asrning yigirmanchi yillari boshida yuz bergan ur-to‘polonlar davrida millatning o‘zligini anglash jarayoniga olovdan qo‘rqqanday hadiksirab qaragan ozodlik dushmanlari tomonidan sirli ravishda o‘ldirilgan Mahmudxo‘ja Behbudiyning so‘nggi manzili qaerdaligi ko‘p mualliflar tomonidan o‘rtaga qo‘yilgan bo‘lsa-da, hanuz bir to‘xtamga kelinmagan.

Behbudiy murakkab siyosiy davrda faoliyat ko‘rsatgan edi. Bir tarafdan Rossiyaning vassal tariqasida mustaqil hukm surib kelayotgan Buxoro amirligini butunlay qo‘l ostiga olish harakatini kuchaytirishi, ikkinchi yoqdan amirlik ichida ziyolilar noroziligi o‘sib, “Yosh buxoroliklar”ning tuzumni ag‘darishga intilishi amirlikning qat’iy choralar ko‘rishiga sabab bo‘lgandi.

Sho‘rolar dastlab millatning taniqli ziyolilari, taraqqiyot tarafdorlarini turli yo‘llar bilan o‘z safiga og‘dirishga e’tibor qaratadi. Fuqaroparvarlik, tenglik kabi so‘zlar o‘sha vaqtda millatning bu toifasini ishontirib, ohanrabodek o‘ziga jalb etgandi. Mahmudxo‘ja Behbudiy ham bu shiorlardan ustalik bilan foydalangan sho‘ro hukumatiga bir qadar ishonch bilan qaragani tabiiy. Biroq u tez orada sho‘rolarning aldovlari mohiyatini tushunib yetadi. Taniqli behbudiyshunos olim Begali Qosimov e’tirof etganidek, «millat, milliy taraqqiyotni inkor etgan sho‘rolar yo‘li aldov va zo‘ravonlikka asoslanganini Behbudiy bilardi». Ishonch va orzulari poymol bo‘lgan Behbudiy 1918-1919 yillari qattiq pushaymonlikni boshdan kechiradi va bir muddat sho‘rolar hukmronligi ostidagi yurtdan uzoqroqda bo‘lishni xohlaydi. Buxorodan ham najot yo‘q, amir Behbudiyni xush ko‘rmaydi. Negaki, 1919 yil bahorida “Yosh buxoroliklar”ning amirni ag‘darishga doir harakatlari kuchaya boshlagandi.

Bu paytda amirlik sho‘rolarning bostirib kelishi, fitna uyushtirishiga qarshi chegaralarni mustahkamlay boshlagan. Asosan Turkiston general gubernatorligi qaramog‘idagi mulklardan keluvchi karvon va yo‘lovchilar qattiq nazorat ostiga olingan. Taxtiqoracha dovonida harbiy quvvatni oshirish uchun 18 million so‘m sarflangan. Behbudiyning 1919 yil 25 martdagi xorij safari amirlik sarhadlarini qo‘riqlash kuchaygan shu davrga to‘g‘ri kelgan.

Xo‘sh, Behbudiydan qutilish kimlar uchun kerak edi? Qizil saltanat Buxoro amirligini zabt etishga jon-jahdi bilan intilayotgani, amirlikning ham unga qarshi kurashga shay ekanini hisobga olsak, Behbudiyni yo‘q qilishdan qaysi taraf ko‘proq manfaatli edi, degan savol kelib chiqadi. G‘irrom siyosatini mustahkamlash uchun sho‘rolarning Behbudiy singari xalq hurmatiga sazovor kishilarga ehtiyoji katta edi. Amirlik esa “Yosh buxoroliklar”ning jiddiy kuchga aylanganini bila turib, Behbudiydek rahnamoni o‘ldirishga botina olmasdi. Bunday harakat lovullay deb turgan gulxanga moy quyish bilan barobar bo‘lardi. Aslida-ku, ikki taraf ham o‘z maqsadi yo‘lida o‘nlab Behbudiylardan voz kechishga tayyor edi. Shu sababli qulayroq imkoniyatni kutish ular uchun maqsadga muvofiq edi. Voqealar rivojida shunday vaziyat vujudga keladi. Behbudiy Taxtiqoracha dovonida qo‘lga olinib, hamrohlarining ham shaxsi aniqlangach, Qarshi begi Tog‘aybek orqali Buxoroga xabar yetkaziladi.

Sho‘ro hukumati bo‘lajak bosqin uchun barcha imkoniyatni ishga solgan, maxfiy xizmatni yo‘lga qo‘ygandi. Uning xufyalari nafaqat amir saroyi, qo‘shinlari, shu bilan birga, amirlikka qarashli shahar va qishloqlarda ham paydo bo‘ladi. Ma’lumot to‘plash va shu asosda ish ko‘rish GPUning asosiy faoliyati edi. Behbudiyning safari, qo‘lga olinishi, o‘ldirilishi bilan bog‘liq voqealar ham uning nazaridan chetda emasdi.

1920 yil 2 sentyabrda “inqilob” degan soxta niqob bilan xaspo‘shlangan bosqinchilik natijasida Buxoroning katta harbiy kuch bilan bosib olinishi unga qarshi ozodlik harakatini tug‘dirmasligi mumkin emasdi. Sho‘rolar ana shu milliy ozodlik harakatini o‘zlarining g‘oyaviy maqsadidan kelib chiqib, ”aksilinqilobiy harakat”, harakat rahnamolarini esa ”aksilinqilobiy tashkilot”, deb atagan. Shuning uchun ham Qashqadaryo viloyat arxiv ishlari boshqarmasi xazinasidagi 172-jamg‘arma 2-ro‘yxatdagi 20-ishda 1920 yili sho‘ro tuzumiga qarshi “aksilinqilobiy tashkilot” tuzilgani, uning sho‘rolarga qarshi faol ish olib borgani haqida hikoya qilinadi. Bu hujjatda vatanparvarlik-norozilik harakati to‘g‘risida hozirgacha biror manbada tilga olinmagan hayratomuz dalillarga ham duch kelamiz.

1926 yili sho‘rolar ana shu harakat rahbarlarini qamoqqa olgan. Ular hibsga olingunga qadar arqon uzun tashlab qo‘yilgan. Bosh siyosiy boshqarmaning tergov bo‘limi boshlig‘i D.M. Yepifanov 1926 yilning 20 martida shu «jinoiy» ish yuzasidan yozgan o‘n betlik ayblov ma’ruzasida quyidagi ma’lumotlarni qayd etadi:

«…Mafkurasiga ko‘ra ashaddiy monarxistlar bo‘lgan amirlik himoyachilari Mirzo Navro‘z Po‘latov, Erka amin Do‘stmurodov, Muhammad Rahim Abdusattorov, Abdurasulqulbek Abdusattorov, Mulla Tojiddin Salimov, Xo‘janazar Inatullaev, Xoji Abduaziz mulla Boqixo‘jaev va mulla Ne’mat Shodmonovlar 1919-1920 yillarda Qarshi begi Tog‘aybek (hozirgi kunda Afg‘onistonda) va Qarshi og‘olig‘i Nuriddin xo‘ja (aksilinqilobiy faoliyati uchun otilgan) rahbarligida Qarshi shahrida aksilinqilobiy tashkilot tuzadilar. Tashkilot a’zolari soni yetmishga yetgan. Mazkur tashkilot Buxoroda amir taxtdan qulagach, sho‘ro hokimiyatini ag‘darib tashlashni yagona maqsad qilib oladi va Afg‘onistonga qochgan amirni qaytarish harakatini boshlab yuboradi…

Qarshi shahriga qizil armiyaning olib kirilishi (28 avgust 1920 yil) munosabati bilan aksilinqilobiy tashkilot aholi o‘rtasida qurolli qo‘zg‘olon ko‘tarish haqida tinimsiz tashviqot olib borgan. Qurolli qo‘zg‘olon sho‘ro hukumatiga va qizil armiyaga qarshi amalga oshirilishi ko‘zda tutilgan edi. Aksilinqilobiy tashkilot aholining omiligidan foydalanib, o‘z maqsadiga erishishga muvaffaq bo‘ladi.

Yuqorida nomlari aytilgan kishilar ko‘ngillilarning g‘oyaviy rahbarlari sifatida qo‘zg‘olon boshida turadilar, har biri alohida guruhni boshqarib, qizil armiyaga qarshi kurashadilar. Muhammad Rahimbek va Xo‘janazar Inatullaev bosh bo‘lgan qo‘zg‘olonchilarning birinchi harakati Qarshi temir yo‘li shoxobchasini qo‘porib tashlash bo‘ladi. Temir yo‘l ashyolari talon-taroj etiladi, ishchilar va temir yo‘l xodimlari qamoqqa olinadi, kaltaklanadi, otib tashlanadi. Xuddi shunday manzara Qarshi shahrida ham vujudga keladi. “Yosh buxoroliklar”ning inqilobchi arboblari yalpi ravishda qamoqqa olinadi, ulardan biri taniqli arbob bo‘lgan Beh­budiy junbushga kelgan sobiq amir amaldorlari tomonidan olomon qilinib, ur-kaltak qilinadi. Natijada o‘rtoq Beh­budiy vahshiylarcha o‘ldiriladi».

D.M. Yepifanovning ma’ruzasini mushohada qilib ko‘raylik. Said Olimxon 1920 yilning 2 sentyabrida taxtdan ag‘darilgan va, Yepifanov ta’kidlaganidek, tez orada Qarshiga yetib kelgan. Tog‘aybek qasrida amirga ishonchli amaldorlar to‘plangan. Amir yig‘ilganlarga o‘zi Sharqiy Buxoroda kuch to‘plashi, Qarshida esa sho‘rolarga qarshi kurashni tashkil etish fikrini bildirgan. Amir sentyabr boshlarida jo‘nab ketgach, uning himoyachilari qizillarga qarshi tezkor fao­liyat boshlaydi. To‘rt-besh kun davomida shahar g‘alayon ichida qoladi. Sho‘ro tarafdorlarini mahv etish uchun yon-atrofdagi qishloqlardan ko‘ngillilar kela boshlaydi.

D.M. Yepifanov tergov bo‘limi boshlig‘idan viloyat bosh siyosiy boshqarmasi bo‘limi boshlig‘i o‘rinbosari darajasiga ko‘tariladi. U qo‘zg‘olon rahbarlarini ayblagan ma’ruzasida Mahmudho‘ja Behbudiy fojeasini “aksilinqilobchilar”ga qarshi kuchli bir dalil sifatida keltirib o‘tgan. Bu “jinoiy ish”ni ko‘rish 1926 yili boshlanib, bir-bir yarim yil davom etgan. Gumon qilingan shaxslarning hammasi qattiq jazoga tortilgan.

Tergov bo‘limi tomonidan yozilgan ushbu ma’ruzada qimmatli tarixiy dalil mavjud. Behbudiy hozirga qadar taxmin qilib kelinganidek, 1919 yilning martida emas, 1920 yilning sentyabri boshlarida shahid qilingan ekan. Ayrim ma’lumotlarga ko‘ra, qurolli qo‘zg‘olon 6-11 sentyabrda bo‘lib o‘tgan. Behbudiyning o‘limiga esa sho‘ro va amirlik bab-baravar javobgardir. Amir Olimxon Behbudiyni qatl qilishdan ko‘ra garovda ushlab turishni afzal bilgan va bunga sabablar yetarli edi. Bir tomoni, uning orqasida jadidlar va sho‘ro hukumati turibdi, deb o‘ylagan bo‘lsa, ikkinchi yoqdan Turkiyaning Behbudiyni bilishi ham e’tibordan chetda emasdi. Amirlik sho‘rolarga qarshi kurashda Turkiya yordamiga umid bog‘lab kelardi. Shu mulohazalarga ko‘ra Fayzulla Xo‘jaevga nisbatan ancha mulo­yim kurashchi bo‘lgan Behbudiyni o‘ldirishga amirlik shoshilmagan. Sho‘rolar Buxoroda dahshatli qirg‘inni uyushtirmaganda amir taxtini tashlab ketmas, Behbudiydek taraqqiyparvar siymo fojeasi ham yuz bermagan bo‘lur edi.

Behbudiy, ba’zi ishoralarga ko‘ra Qarshining «Ko‘hna Chorsu» mahallasidagi 21-uyda (Sharif Qozijon degan kishining to‘qqiz xonali hovlisida) tutqunlikda yashagan. Bu mahalla shahar qal’asining kun chiqar tarafida bo‘lib, “Tutak darvoza”ga tutashib ketgan. Sharif Qozijonga keladigan bo‘lsak, u jadidlarga moyil kishi bo‘lgan. Sho‘ro hukumati bilan uning o‘rtasida oldindan aloqa yo‘lga qo‘yilgan, chog‘i. Sababi 1926 yilga kelib uning o‘sha to‘qqiz xonali uyi viloyat sudiga ijaraga beriladi.

Qizil armiyaning 13-o‘qchi korpusi qo‘zg‘olonni bir hafta mobaynida bostirib, g‘alayonchilarni deyarli qirib tashlaydi. O‘ldirilgan “Yosh buxoroliklar”, ularning rahbarlari, amirlikdan norozi bo‘lgan qarshiliklarning mayitlari asosan “Eshoni shahid” qabristoniga dafn etiladi. Ovrupolik temiryo‘lchilar jasadi esa vokzal g‘arbidagi rus mozorotiga ko‘miladi. Mahmudxo‘ja Behbudiy va hamrohlarining xoki ham “Eshoni shahid” qabristoniga qo‘yiladi. Aytishlaricha, Behbudiy qabri “Eshoni shahid” maqbarasi yaqinida bo‘lgan. Bir necha yil davomida uning marqadi e’tiborda bo‘lib kelgan. Lekin jadidlarga — ozodlik kurashchilariga nisbatan 30-yillar so‘nglariga kelib sho‘rolar munosabati o‘zgargach, Behbudiy ham, qabri ham unutiladi.

Ana shu “unutish” tufayli buyuk ma’rifatparvar bobomizning mozori bor yoki yo‘qligi bugungi avlod vakillari uchun noma’lum bo‘lib kelayotgan edi. Qashqadaryo viloyati hokimligi arxividan yaqinda topilgan 34-jamg‘arma 1-ro‘yxatdagi 55-ishga doir qaydlar esa masalaga oydinlik kiritdi. Mazkur jildning 7-sahifasiga muhrlangan satrlar 1925 yilning 19 iyuniga taalluqli. 1924-1925 yillarda vohada ozodlik harakati kuchlariga (sho‘rolar talqinida “aksilinqilobchilar”, “bosmachilar”) qarshi kurash kuchaytirilgan edi. Shu maqsadda tuzilgan viloyat komissiyasi ularni tugatish bo‘yicha “zarbdor oylik” e’lon qiladi. Komissiya majlisining 3-qaroriga doir hujjatda Behbudiy qabri ham tilga olingan.

Qarorda “zarbdor oylik”ning safarbarlik ahamiyatini kuchaytirish, xalqni og‘dirish ruhini oshirish uchun Qarshi shahrida ommaviy tadbirlar o‘tkazish ko‘zda tutilgan. Jumladan, birinchi bandda 1925 yil 17 aprelda “bosmachilik”ka qarshi kurash bo‘yicha tunda siyosiy namoyish o‘tkazishga ko‘rsatma berilgan. Qarorning ikkinchi bandida viloyat firqa qo‘mitasi mablag‘idan shahar militsiyasi boshlig‘i Isoxon Zokirovga ko‘chalarga mash’alalar o‘rnatish uchun o‘ttiz so‘m ajratish belgilangan. Qarorning o‘sha bandini aynan keltiramiz:

“O‘rtoq Zokirovga mitinglar bo‘lib o‘tadigan quyidagi joylarda, savdo muassasalarida militsiya kuchi bilan yoritish ishlarini tashkillashtirish topshirilsin:

a) Registon maydonida,

b) Eski qal’a yonida (qardoshlik mozorida),

v) Qo‘rg‘oncha mahallasida,

g) Behbudiy qabri yonida.

O‘rtoq Zokirovga namoyishchilar harakatga kelgan vaqtda mushakbozlik — raketalar otishni tashkil etish topshirilsin”.

Ma’lum bo‘lyaptiki, ba’zi taxminlarda aytilganidek, Behbudiy qabri o‘sha paytdayoq tekislab yuborilmagan. Sho‘rolar o‘z hukmronligini mustahkamlash, xalq ozodlik harakatini tor-mor etish uchun qaqshatqich kurash olib borgan 1925 yilda u mavjud bo‘lgan. Mustabid tuzum peshvolari qadim Turkistonning mashhur siymolaridan biri, buyuk ma’rifatparvarning qabridan ham g‘oyaviy maqsadi yo‘lida foydalanib, uning ruhini toptagan.

Men shu shaharda yashagan folklorshunos Chori Hamro, filologiya fanlari nomzodi Abdumo‘min Qahhorov va boshqa keksalarning bir paytlar o‘zlari pionerlik va komsomol a’zoligiga qabul qilingan tadbirlar “Eshoni shahid” qabristonidagi Behbudiy qabri yonida o‘tkazilganini hikoya qilganlariga ko‘p bor guvoh bo‘lganman. Ular bu haqda bizga so‘zlagan oltmishinchi-etmishinchi yillar sho‘ro hokimiyatining eng gullagan davri edi. Bu haqda masala ko‘tarish yoxud uni matbuotda yozib chiqishning mavridi emasdi. Mazkur qabristonga kiraverishda katta yo‘lak, yo‘lakning ikki tarafida hovuz va quduq bo‘lgan. Darvozadan ellik qadam ichkarida “Eshoni shahid” maqbarasi, uning quyi etagiga yaqin joyda Behbudiyning qabri bo‘lgan. Qabr ustiga ayvon ham tiklangan.

Shu o‘rinda mazkur qabriston haqida bir-ikki og‘iz so‘z: naql etilishicha, Eshoni shahid — “Ko‘kgumbaz” masjidining imomi Abdullatif an-Nasafiy 1737 yili Nodirshoh Afshorning o‘g‘li Rizoqulixonga qarshi jangda halok bo‘lgan. Bosqinchilarga qarshi kurashda halok bo‘lgan vatanparvarlar shaharning kunchiqar tarafida, ya’ni o‘sha jang bo‘lib o‘tgan joyda dafn etilgan. Shahid bo‘lganlarning qabrlari katta mozorotni tashkil etgan.

Elu yurtda obro‘-e’tibori yuqori bo‘lgani bois Behbudiyning xoki izzat-hurmat bilan “Eshoni shahid” maqbarasi yoniga qo‘yiladi. Shaharni qayta egallagan sho‘rolar 1936 yilgacha buyuk siymoning so‘nggi manzilini “qizil qadamjo”ga aylantirgan. 1926-1936 yillarda shahar ham Behbudiy nomi bilan atalgan.

O‘z mafkurasini mustabidlik arshiniga muvofiqlashtirishga ustasi farang bo‘lgan “bolshevik”lar hokimiyatni mustahkamlab olgach, Behbudiy obro‘sidan foydalanish siyosatini o‘zgartiradi. 1937 yilgi qatag‘onlar davrida tiriklar bilan birga marhumlar ham inkor etiladi. Shahar nomi o‘zgartiriladi. Behbudiyning nomi pinhona ta’qib ostiga olinadi. Buyuk zotning qabri e’tibordan qoladi, bu joyda endi tantanalar o‘tmaydi, qabr ayvoni buzilib ketadi. Keyinchalik ayvon loshi ostida qabr ko‘milib, faqat shimoliy qismi ko‘rinib turadigan holga keladi.

Ikki yil muqaddam mazkur qabristonni yaxshi biladigan G‘affor Davlatov bilan Behbudiy xoki qo‘yilgan deb kelinayotgan mazkur joyda duoyi fotiha qilgan edik. Viloyat hokimligi arxividan yaqinda topilgan qaydnomada Behbudiy qabrining tilga olingani tufayli buyuk siymoning so‘nggi manzili to‘g‘risida muayyan xulosaga kelsak bo‘ladi, deb o‘ylayman. Demoqchimizki, Behbudiyning qabri “Eshoni shahid” qabristonidadir. Ayni chog‘da 1926-1936 yillarning matbuot nashrlari hamda arxiv hujjatxonalaridan bu borada yanada aniqroq ma’lumotlarni izlash bo‘yicha amalga oshirayotgan ishlarimiz ham davom etadi.

Istiqlol sharofati bilan yurtimiz ozodligi yo‘lida shahid bo‘lgan qatag‘on qurbonlari xotirasini aziz va mo‘‘tabar bilayotganligimiz bizni shunga zimmadar etadi.

“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 2010 yil 30-sonidan olindi.

98

(Tashriflar: umumiy 1 818, bugungi 1)

1 izoh

  1. MINNATDORCHILIK VA CHEKSIZ TASHAKKUR. Men uchun ardoqli bo’lgan shoir Hurshid Davron va haqgo’y ijodkor, tolmas munaqqid Umid Bekmuhammadga 2015 yil 08.04.da berilgan «Poyon Ravshanovning poyonsiz mavzulari» nomli dilga rag’bat baxsh etuvchi asarlari uchun minnatdorchilik va cheksiz tashakkur izhor etishdan mamnunman. Kaminaning hayotim va faoliyatimga xolisona baho berish, yozganlarimga e’tibor katta g’urur bag’ishladi. Yaxshilik sharofati barqaror bo’lishini, bu bobdagi sa’y-harakatlaringiz ajrlarga burkanishini tilab qolaman. Poyon RAVSHANOV, Qarshi shahri. 6 may, 2015 yil. +998906175005

Izoh qoldiring