Rumer Goden. «Gulbadan» kitobidan parchalar

033

Таниқли инглиз адибаси Маргарет Румер Годеннинг “Гулбадан” асари 1980 йили яратилган бўлиб, унда буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг зийрак ва оқила қизи, ноёб ақл-заковат соҳибаси, темурий малика, муаррих Гулбадан бегимнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар муаллиф томонидан қизиқарли илмий-публицистик йўсинда ҳикоя қилинади. Асарнинг бундан олдин тақдим этилган «Бобуршоҳ» бобини мана бу саҳифада ўқинг.

007
Румер Годен
«ГУЛБАДАН»ДАН ПАРЧАЛАР
Таржимон: Холида Сўфиева
003

022Таниқли инглиз адибаси Маргарет Румер Годеннинг номи (1907-1998) шоира, журналист ва тарихий асарлар муаллифи сифатида Буюк Британия ва Ҳиндистон адабий жамоатчилиги орасида яхши маълум. Унинг турли мавзудаги олтмишдан ортиқ китоблари нашр этилган.
«Гулбадан» асари 1980-йили яратилган бўлиб, буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг оқила қизи, темурий малика, муаррих Гулбадан бегимнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни муаллиф қизиқарли илмий-публитсистик йўсинда ҳикоя қилади.
Муаллиф Ҳиндистонда уч ярим асрдан зиёд вақт ҳукм сурган бобурийлар салтанатининг ёрқин намояндаларидан бири бўлган, ноёб истеъдод ва ақл-заковат соҳибаси Гулбадан бегим шахсиятини ўша даврнинг мураккаб ва долғали тарихий воқеалари, тож-у тахт курашлари, инсон руҳининг поёнсиз ғалаёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос талқин ва маҳорат билан акс эттиради.

06

* * *

Гулбадан бегим ўз шахсияти ҳақида сўз юритганда оқилалик билан ўзини «бу ҳақир», яъни «бу ожиз банда» деб атарди. Аслида эса у нафақат оддий банда, балки Ҳиндистондаги буюк бобурийлар сулоласининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳ Ғозийнинг кенжа қизи эди. У эртакларда учрайдиган афсонавий қаҳрамонларга хос нафис исм — Гулбадан деган гўзал бир ном билан аталарди. Умрининг тўфонли ва шиддатли дамларида ҳам у ўзининг «Гулбадан»лигини сақлаб қола олган мўтабар бир инсон эди.

У 1522- ёки 1523-йилда Қобулда таваллуд топган. У замонларда Шарқда қиз болаларнинг (ҳатто у аслзодалардан бўлса ҳам) туғилган санасини қайд этиш жоиз эмас эди. Борди-ю фалакнинг гардиши бир айланиб, у Лондонда таваллуд топганида, унинг қироли Генрих ВИИИ бўлган бўлур эди. Маълумки, Генрих ВИИИ Гулбаданнинг отаси Бобуршоҳ цингари «эътиқод ҳимоячиси» унвонига сазовор бўлган иймон-эътиқодли ҳукмдор эди.

Гулбадан иймони бутун, тақводор муслима эди.

* * *

Гулбадан уч буюк ҳукмдор — отаси Бобуршоҳ, акаси Ҳумоюншоҳ ва жияни Акбаршоҳ даврини қамраб олган ўта мураккаб замонда умргузаронлик қилди ва Акбаршоҳ вафотидан икки йил аввал бу фоний дунёни тарк этди. Бу ҳукмдорлар орасида энг машҳури Акбаршоҳ бўлса-да, Гулбадан отаси ва акасини ниҳоятда улуғлар эди. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, агар Акбаршоҳ бўлмаганда, Гулбаданнинг мавқе-мартабаси бунчалар юқори улуғланмаган, унинг номи ўша даврда яшаган юзлаб маликалар цингари парда ортида, омма назарига тушмасдан қолиб кетган бўларди. Ва табиийки, унинг умр ва ижод йўли ҳақидаги ҳақиқатни очиб бериш ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Ўша давр муаррихлари томонидан зикр этилган маълумотларда Гулбаданнинг исми бошқа тарихий шахсларнинг номлари соясида қолиб кетаётган бир пайтда (1587-1590 йилларда) Акбаршоҳ бобоси Бобуршоҳ ва отаси Ҳумоюншоҳнинг ҳукмдорлик фаолияти ҳақида тарихий бир асар яратиш ҳақида фармони олий қабул қилди.

* * *

Гулбадан бегимнинг ушбу асарида асосан тарихий шахсларнинг хусусиятларини тасвирлашга кўпроқ ўрин берилган. Бироқ асарда келтирилган баъзи бир сана ва воқеалар баёнида жузъий чалкашликлар ҳам учрайди. Масалан, муаллиф Бобуршоҳнинг 18 нафар ўғил-қизи бўлгани ҳақида сўз юритади, бироқ уларни номма-ном санаганда 16 та фарзанд номи тилга олинади.

Шуни айтиш керакки, бу асар фақат уч нусхада кўчирилган. У пайтларда босмахоналар бўлмаган ва Боязид девонхонасида тўққизта хаттот бўлиб, улар томонидан кўчирилган уч нусханинг бир нусхасигина сақланган, қолганлари эса, афсуски, бундан уч юз йил муқаддам йўқолиб кетган.

* * *

Гулбаданнинг нурли қалами билан тасвирланган хотиранома узоқ ўтмишда бўлиб ўтган воқеаларни шунчалик аниқ ва ҳаққоний тарзда баён қиладики, ўқувчи гўёки телескопга тикилиб, кўҳна тарих саҳналарини яққол тасаввур этади. Олис ўтмиш қаърида подшоҳ отасининг Қобулдаги саройининг улкан деворлари устидан пастга тикилиб турган кичик маликани кўргандек бўласиз. Муаллиф шаҳар қалъаси девори устидан туриб навбатдаги рақибига қарши жангга шайланаётган ёки эришган ғалабасини нишонлаётган сарбозларни кузатиб турган аёлларнинг ички дунёсини маҳорат билан тасвирлаб беради. Шаҳар атрофидаги боғларда осудалик ҳукм сураётгани, воҳанинг қорли тоғлари узра осмонга кўтарилаётган чанг булутига кўз тикиб турган кичик малика қиёфаси кўз олдимизда намоён бўлади. Осмон узра кўтарилаётган чанг эса у орзиқиб кутаётган подшоҳ отасидан хабар етказувчи чопарнинг яқинлашиб келаётганидан далолат беради.

Муаллиф, тахминан 2-3 ёшида экан, отаси Бобур подшоҳни аъёнлари, амир ва беклари, яловбардорлари ва навкарлари билан навбатдаги ҳарбий юришга отланаётган ҳолда кўрганини эслайди…

* * *

Бобур бунёд этган давлат, гарчи боболариники цингари бепоён минтақаларга ёйилмаган бўлса-да, у ўз салтанатининг султони, буюк императори даражасига кўтарилди. Ўз мулкида бошқарув тизимини маҳкам тутиб, уни моҳирлик билан идора қилди. Бу ўлкани 332 йил давомида маҳорат билан бошқарган буюк сулолага асос солди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Чингизхон ҳам, Амир Тэмур ҳам давлат тепасига Бобур каби 12 ёшлик пайтида келмаган, у кўрган азоб-уқубат, йўқчилик, беморлик ва мушкулотларни бошдан кечирмаган.

* * *

Афғонистондаги қадимий шаҳарлардан бўлмиш Қобул ҳукмдори темурий шаҳзодаларнинг сўнгги сулоласига мансуб бўлиб, Бобурнинг амакиларидан бири эди. Яқиндагина вафот этган бу ҳукмдордан кейин шаҳар тахт учун курашаётган ворислар ўртасида талонда қолган эди. Бу ҳол Бобур учун қулай имконият туғдирарди-ю, бироқ у ҳали олисдаги умид юлдузи эди, холос. Яқин кишилари ва чоғроқ қўшини билан Бобур ўз бахтини синаб кўриш учун Ҳиндикушнинг кимсасиз яйдоқ чўллари-ю ўткир тик қоялари ва тоғ тизмалари оша кеча-ю кундуз тин олмай йўл босди. Ва ниҳоят, бир куни тунда довонлардан бирининг тепасида туриб, илгари ҳеч кўрмаган манзарага дуч келди: «Сухайл юлдузи ғайритабиий бир тарзда чарақлаб ёғду сочиб турарли. «…дедимким, Сухайл бўлмаған. Дедимким, Сухайлдур. Шунда навкарлардин бири шундай хитоб қилди: «О, Сухайл, сенинг ёғдуларинг сочилган кишига омад келтирурсен».

033

007
Rumer Goden
«GULBADAN»DAN PARCHALAR
Tarjimon: Xolida So’fieva
003

Taniqli ingliz adibasi Margaret Rumer Godenning nomi (1907-1998) shoira, jurnalist va tarixiy asarlar muallifi sifatida Buyuk Britaniya va Hindiston adabiy jamoatchiligi orasida yaxshi ma’lum. Uning turli mavzudagi oltmishdan ortiq kitoblari nashr etilgan.
«Gulbadan» asari 1980-yili yaratilgan bo’lib, buyuk shoh va shoir Zahiriddin Muhammad Boburning oqila qizi, temuriy malika, muarrix Gulbadan begimning hayoti va faoliyati haqidagi ma’lumotlarni muallif qiziqarli ilmiy-publitsistik yo’sinda hikoya qiladi.Muallif Hindistonda uch yarim asrdan ziyod vaqt hukm surgan boburiylar saltanatining yorqin namoyandalaridan biri bo’lgan, noyob iste’dod va aql-zakovat sohibasi Gulbadan begim shaxsiyatini o’sha davrning murakkab va dolg’ali tarixiy voqealari, toj-u taxt kurashlari, inson ruhining poyonsiz g’alayonlari bilan uzviy bog’liq holda, o’ziga xos talqin va mahorat bilan aks ettiradi.

06

* * *

Gulbadan begim o`z shaxsiyati haqida so`z yuritganda oqilalik bilan o`zini «bu haqir», ya’ni «bu ojiz banda» deb atardi. Aslida esa u nafaqat oddiy banda, balki Hindistondagi buyuk boburiylar sulolasining asoschisi Zahiriddin Muhammad Bobur podshoh G`oziyning kenja qizi edi. U ertaklarda uchraydigan afsonaviy qahramonlarga xos nafis ism — Gulbadan degan go`zal bir nom bilan atalardi. Umrining to`fonli va shiddatli damlarida ham u o`zining «Gulbadan»ligini saqlab qola olgan mo`tabar bir inson edi.

U 1522- yoki 1523-yilda Qobulda tavallud topgan. U zamonlarda Sharqda qiz bolalarning (hatto u aslzodalardan bo`lsa ham) tug`ilgan sanasini qayd etish joiz emas edi. Bordi-yu falakning gardishi bir aylanib, u Londonda tavallud topganida, uning qiroli Genrix VIII bo`lgan bo`lur edi. Ma’lumki, Genrix VIII Gulbadanning otasi Boburshoh singari «e’tiqod himoyachisi» unvoniga sazovor bo`lgan iymon-e’tiqodli hukmdor edi.

Gulbadan iymoni butun, taqvodor muslima edi.

* * *

Gulbadan uch buyuk hukmdor — otasi Boburshoh, akasi Humoyunshoh va jiyani Akbarshoh davrini qamrab olgan o`ta murakkab zamonda umrguzaronlik qildi va Akbarshoh vafotidan ikki yil avval bu foniy dunyoni tark etdi. Bu hukmdorlar orasida eng mashhuri Akbarshoh bo`lsa-da, Gulbadan otasi va akasini nihoyatda ulug`lar edi. Biroq shuni ham unutmaslik kerakki, agar Akbarshoh bo`lmaganda, Gulbadanning mavqe-martabasi bunchalar yuqori ulug`lanmagan, uning nomi o`sha davrda yashagan yuzlab malikalar singari parda ortida, omma nazariga tushmasdan qolib ketgan bo`lardi. Va tabiiyki, uning umr va ijod yo`li haqidagi haqiqatni ochib berish ham hech kimning xayoliga kelmasdi. O`sha davr muarrixlari tomonidan zikr etilgan ma’lumotlarda Gulbadanning ismi boshqa tarixiy shaxslarning nomlari soyasida qolib ketayotgan bir paytda (1587-1590 yillarda) Akbarshoh bobosi Boburshoh va otasi Humoyunshohning hukmdorlik faoliyati haqida tarixiy bir asar yaratish haqida farmoni oliy qabul qildi.

* * *

Gulbadan begimning ushbu asarida asosan tarixiy shaxslarning xususiyatlarini tasvirlashga ko`proq o`rin berilgan. Biroq asarda keltirilgan ba’zi bir sana va voqealar bayonida juz’iy chalkashliklar ham uchraydi. Masalan, muallif Boburshohning 18 nafar o`g`il-qizi bo`lgani haqida so`z yuritadi, biroq ularni nomma-nom sanaganda 16 ta farzand nomi tilga olinadi.

Shuni aytish kerakki, bu asar faqat uch nusxada ko`chirilgan. U paytlarda bosmaxonalar bo`lmagan va Boyazid devonxonasida to`qqizta xattot bo`lib, ular tomonidan ko`chirilgan uch nusxaning bir nusxasigina saqlangan, qolganlari esa, afsuski, bundan uch yuz yil muqaddam yo`qolib ketgan.

* * *

Gulbadanning nurli qalami bilan tasvirlangan xotiranoma uzoq o`tmishda bo`lib o`tgan voqealarni shunchalik aniq va haqqoniy tarzda bayon qiladiki, o`quvchi go`yoki teleskopga tikilib, ko`hna tarix sahnalarini yaqqol tasavvur etadi. Olis o`tmish qa’rida podshoh otasining Qobuldagi saroyining ulkan devorlari ustidan pastga tikilib turgan kichik malikani ko`rgandek bo`lasiz. Muallif shahar qal’asi devori ustidan turib navbatdagi raqibiga qarshi jangga shaylanayotgan yoki erishgan g`alabasini nishonlayotgan sarbozlarni kuzatib turgan ayollarning ichki dunyosini mahorat bilan tasvirlab beradi. Shahar atrofidagi bog`larda osudalik hukm surayotgani, vohaning qorli tog`lari uzra osmonga ko`tarilayotgan chang bulutiga ko`z tikib turgan kichik malika qiyofasi ko`z oldimizda namoyon bo`ladi. Osmon uzra ko`tarilayotgan chang esa u orziqib kutayotgan podshoh otasidan xabar yetkazuvchi choparning yaqinlashib kelayotganidan dalolat beradi.

Muallif, taxminan 2-3 yoshida ekan, otasi Bobur podshohni a’yonlari, amir va beklari, yalovbardorlari va navkarlari bilan navbatdagi harbiy yurishga otlanayotgan holda ko`rganini eslaydi…

* * *

Bobur bunyod etgan davlat, garchi bobolariniki singari bepoyon mintaqalarga yoyilmagan bo`lsa-da, u o`z saltanatining sultoni, buyuk imperatori darajasiga ko`tarildi. O`z mulkida boshqaruv tizimini mahkam tutib, uni mohirlik bilan idora qildi. Bu o`lkani 332 yil davomida mahorat bilan boshqargan buyuk sulolaga asos soldi.

Shuni alohida ta’kidlash lozimki, Chingizxon ham, Amir Тemur ham davlat tepasiga Bobur kabi 12 yoshlik paytida kelmagan, u ko`rgan azob-uqubat, yo`qchilik, bemorlik va mushkulotlarni boshdan kechirmagan.

* * *

Afg`onistondagi qadimiy shaharlardan bo`lmish Qobul hukmdori temuriy shahzodalarning so`nggi sulolasiga mansub bo`lib, Boburning amakilaridan biri edi. Yaqindagina vafot etgan bu hukmdordan keyin shahar taxt uchun kurashayotgan vorislar o`rtasida talonda qolgan edi. Bu hol Bobur uchun qulay imkoniyat tug`dirardi-yu, biroq u hali olisdagi umid yulduzi edi, xolos. Yaqin kishilari va chog`roq qo`shini bilan Bobur o`z baxtini sinab ko`rish uchun Hindikushning kimsasiz yaydoq cho`llari-yu o`tkir tik qoyalari va tog` tizmalari osha kecha-yu kunduz tin olmay yo`l bosdi. Va nihoyat, bir kuni tunda dovonlardan birining tepasida turib, ilgari hech ko`rmagan manzaraga duch keldi: «Suxayl yulduzi g`ayritabiiy bir tarzda charaqlab yog`du sochib turarli. «…dedimkim, Suxayl bo`lmag`an. Dedimkim, Suxayldur. Shunda navkarlardin biri shunday xitob qildi: «O, Suxayl, sening yog`dularing sochilgan kishiga omad keltirursen».

06

(Tashriflar: umumiy 106, bugungi 1)

Izoh qoldiring