23 декабрь — Устоз адиб Асқад Мухтор таваллуд топган кун
Кейинги авлодлар томонидан «Устоз» деб улуғланган Асқад Мухтор лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган. У бутун умри давомида шеъриятга «қалбга қанот», «дардга даво» берувчи деб қараган ижодкордир.
Асқад МУХТОР
«БИЗНИНГ БОҒДА» ТУРКУМИДАН
Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрда Фарғона шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). 11 ёшида отадан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор Ўрта Осиё Давлат университетига (1938) кириб ўқийди. Сўнг Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлайди. Ёш ижодкорнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очди. У республика марказий газеталарининг таҳририятларида бўлим мудири, масъул котиб, «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир (1960-1965), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлайди. «Гулистон» журнали ва «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигига муҳаррирлик қилади.
Дастлабки достони «Бизнинг авлодлар» 1939 йили эълон қилинган. «99 миниатюра» (1962), Йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар муаллифи. «Бўронларда бордек ҳаловат», «Дарёлар туташган жойда», «Қорақалпоқ қиссаси», «Бухоронинг жин кўчалари» номли қиссалари ҳамда «Опа-сингиллар»,»Туғилиш», «Давр менинг тақдиримда», «Амударё», «Чинор» каби романлари бор. «Тонг билан учрашув» (1987) пьесалар тўплами нашр этилган.
Софокл, Р.Тагор, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, В.В.Маяковский, М.Горький, Т.Шевченко, А.Блок, А.Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1972).
1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.
ТУН УЙ СУРАР
Бизнинг боғда оқшом пайтлари,
Йиғиб олганида кун шуъласини,
Ўтлар орасида яшил чигиртка
Бошлайди тинимсиз ашуласини.
Бу кичкина жоннинг сўзсиз қўшиғин
Асли фидойилик деса бўлади.
«Ҳаёт бор…»—тун бўйи ўжар бир таъкид
Катта сукунатнинг жонли бўлаги.
Шу чириллаш борки, назаримда,
Тун ўй сурар, табиат тугал.
У бўлмаса сўқир кечалари
Руҳимиз ҳувиллаб қоларди ҳар гал.
Қашшоқроқ бўларди тун манзараси,
Бундай сеҳрий таъсир этмасди
Ҳам умумжаҳоний гармонияда
Бир азалий оҳанг етмасди…
* * *
Бизнинг боғда чиқсанг оқшом сайрига,
Ё оралаб юрсанг сен ишкомларни,
Чўчитмагил севишганларни,
Осмонларда сезсин ўзни, майлига.
Бу лаҳзалар бир умрга татир,
Бу лаҳзалар синар ёшлик сабрини.
Биз шуларни кўриб биламиз ахир
Тунги юлдузларнинг қадрини.
ОЛМА ТЎКИЛДИ
Мева тўкилади. Боғлар димиққан.
Тунлари «топ» этиб олма тушади.
Тонгги ўйларимдай тиниб-тиниққан
Оғир сукунатнинг бағрин тешади.
Бўғиқ, узуқ товуш. Унда нимадир
Сўзлайди ҳикматдан, қисматдан.
Кимнингдир уйқусин бузар, кимгадир
Заминнинг жозиба кучин эслатган…
Мен сезаман унда сеҳрий аломат,
Шошқин, эҳтиёткор товуш…
Сен мудраб Кутасан…
Одамнинг ҳаёти узра
Нимадир туради шундай омонат.
Қачондир сарфланган куч уни аввал
Аста кимирлатар… Узар бандидан.
«Топ-топ» деган сари йўқотгандай ҳар гал,
Она айрилади бир фарзандидан.
Узуқ, бўғиқ товуш…
Унда нимадир бор
Қадимий дунёдан, қисматдан.
Етилиш, паймона, муддатдан…
Олма тўкилади. Уйлар беқарор.
Хай, тўкилиш учун ҳар зот пишади.
Олмадек сеҳрий чарх айланар.
Фасллар давраси яна тугалланар…
Тонглари «топ» этиб олма тушади.
* * *
Азизим Александр Удаловга
Боғда, узоқлардан келтириб, дўстим
Бир қайин ўтқазиб қўйганди.
Шу меҳмон ўз тенгги чинор ёнида
Эрта баҳордаёқ аста уйғонди.
Уйғонди-ю, ҳамон кўм-кўк уйқусини,
Майин уйқусини қувлаётгандай.
Эс-эс хотирлайди ўрмонларни гўё,
Тушда кўрдимми, деб ўйлаётгандай.
* * *
Бизнинг боғда ҳар тонг аста янграр
Муҳаббат қисмати тўғрисида куй.
Ҳорғин кўзларимни ювар оҳанглар,
Назаримда, куйчи жиндек художўй.
Куй ғамгин бўлса ҳам, бечора нетсин,
Уйқусиз тунларим ёлғиз эмасман,
Раҳматдан ўзгани унга демасман,
Шунча орзиқтирган васлига етсин.
* * *
Бизнинг боғда биринчи қор ёғди.
Уйга ёмонликлар келмайди сира.
Сен менинг қоримсан, биринчи қорим,
Гўё бутун олам сендай бокира.
Бутун олам шундай оппоқ тинлик,
Баҳор гулларининг ҳиди келади.
Баҳор гулларидек, қор тагида мудрар
Одамларнинг эзгу тилаги.
* * *
Бизнинг боғда тун чўккан маҳал
Қалбни увиштирар укки ноласи.
Биров дер, у чорлар бадбахт қисматини,
Биров дер, қарғармиш ўгай боласин.
Мусибатдай совуқ, узоқ, гоҳ яқин,
Балки гадо фолбин, балки жиннидир.
У ўзи бегона кўздан яширин,
Лекин чақиради ҳамон кимнидир.
Бетиним саннайди, назаримда тунни
Қора бўлакларга бўлиб чиқади.
Нимага ўхшатсанг, нима десанг ҳам
Бир ғамгин афсона бўлиб чиқади.
Оқлолмаган эмиш она сутини,
Оқ сут тилар эмиш, деган гап…
Бу ҳам—эртак. Шундай сўлим тунда
Эртак рўпарангдан чиқса не ажаб!
Ҳаёт шу экан-да: ёғду ва зулмат,
Қишу ёз, ўнгу туш, тирик ва ўлик…
Шусиз бўлмас экан тугаллик сира,
Ҳатто қуш наъмаси: гўзал ва хунук.
* * *
Бизнинг боғда шифобахш ўт бор,
Халқ унинг отини баргизуб демиш.
Чунки ўша ўтни тунлари бедор
Юлдузлар нур билан суғорар эмиш.
Сиз биласиз менинг ёнишларим,
Сатрларга кўчган қалб чўғимни,
О, юлдузлар, тунги танишларим,
Нур билан суғоринг шу қўшиғимни.
Эҳтимол, шунда у бирон кимсанинг
Юрак ярасига малҳам бўларди.
Гулдек очиларди замин . инсоннинг
Атиги бир зумга ариса дарди.
* * *
Кузги еллар, хазонрез еллар,
Боғлардан боғларга кўчасиз.
Гуллар хушбўйини,
Олтин баргларини
Қаёқларга олиб учасиз?
Яланғоч шохларда изғиб,
Кўчиб кетган
Қушлар уясини титасиз.
Кўз олдимда тортқилаб, юлқиб,
Ёз ҳуснини олиб кетасиз.
Аммо мен биламан —
Олиб кетолмайсиз
Умрим баҳорининг бир япроғини.
Кўклам шаббодаси бўлиб қайтарсиз
Ғарқ пишган боғларим соғиниб.
УМР
Куни кеча шу сўрида ётганимда
Ой шуъласи тушмас эди юзларимга:
Япроқпарнинг титроқ, яшил шарпалари
Ором олиб келар эди кўзларимга.
Бугун бўлса танга-танга нур тушипти.
Мижжам ҳорғин, уйқу бермас ёруғ юлдуз.
Бирданига юрагим шув этиб кетди:
Куз келипти, куз…
* * *
Мен сени ўйлайман,
ўйларим чексиз,
Шундай чексиз бўлсин бахтли кезларинг.
Мен сени ўйлайман.
ўйларим тенгсиз.
Шундай тенгсиз сенинг тиниқ кўзларинг.
Мен сени ўйлайман,
ўйларим узун,
Ки ундан шундайин бир арқон ўрсам,
Чирмаб тутиб берсам севган юлдузинг
Сўнгра сен кўксингда порлатиб юрсанг.
Мен сени ўйлайман…
* * *
Орадан гап қочса, ярадай қийнар.
Шундай из қолдирар сўзнинг қамчиси
Гоҳ тун сукутида эшитиб қоламан —
Гурс этиб тушади кўз ёш томчиси.
Нима гап ўзи?
Наҳот кўкдан узилиб тушган бўлса
Никоҳ ёшимизнинг ёруғ юлдузи…
ГУЛЛАР
Лола гулханлари йўл ёқасида…
Умримда жуда кўп йўллар босдим мен
Баҳор эпкинидан юрак орзиқади,
Йўллардан ҳам кўпроқ гуллар босдим мен.
Кўксим билан босдим,
ездим пошнам билан,
Чаманлар, чаманлар топтадим!
Балки шунинг учун
йигирма йил излаб,
Гулгун юзларингдан ором топмадим.
Балки ўша йиллар
дил хазинасидан
Қандайдир жавоҳир йўқотдим.
Ёвга ўқ отишим керак эди менинг,
Гулларни кўрмадим.
Ёвга ўқ отдим.
Шошиш зарур эди,
шошиш, отиш зарур,
Мен ўлим гирдоби бўлишим керак.
Тунлар созлиқларда ўрмаларканман,
Гулларнинг инфашин тингларди юрак.
Ҳа, кўп гул босдим мен.
Ўрни тўлармикан
Гул бўлиб очилса ҳар қалб тепиши?
Қирда лола фасли чалқанча ётиб,
Борлиқни унутгинг келади киши.
Мени нафратламас лолам, жонгинам,
У ҳамон меҳр ила менга боқади.
Мен қулоқ соламан:
томирларидан,
Мангулик шарбати силқиб оқади.
Гулгун ёноғида шабнам қатралари…
Негадир эслайман болаларимни.
Борлиқни унутиш керак эмас, йўқ,
Ардоқлайман лолаларимни!
Этик пошнасидан ардоклайман, ўкдан,
Довул турса — қалқон бўламан!
Ўлсам, фақат Белоянис каби
Тишимда гул тишлаб ўламан.
Тишимда гул тишлаб ўламан…
Саҳифани безашда Хуршид Даврон томонидан олинган суратлар асосида тайёрланган коллажлардан фойдаланилди
23 dekabr — Ustoz adib Asqad Muxtor tavallud topgan kun
Keyingi avlodlar tomonidan «Ustoz» deb ulug’langan Asqad Muxtor lirik shoir, taniqli adib, mohir tarjimon sifatida o’zbek madaniyati taraqqiyotiga katta hissa qo’shgan. U butun umri davomida she’riyatga «qalbga qanot», «dardga davo» beruvchi deb qaragan ijodkordir.
Asqad MUXTOR
«BIZNING BOG’DA» TURKUMIDAN
Asqad Muxtor 1920 yil 23 dekabrda Farg’ona shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1980). 11 yoshida otadan yetim qolib, bolalar uyida tarbiyalangan. Maktabni tugatgach, Asqad Muxtor O’rta Osiyo Davlat universitetiga (1938) kirib o’qiydi. So’ng Andijon pedagogika institutida o’zbek adabiyoti kafedrasining mudiri bo’lib ishlaydi. Yosh ijodkorning Toshkentga kelishi uning faoliyatida yangi sahifa ochdi. U respublika markaziy gazetalarining tahririyatlarida bo’lim mudiri, mas’ul kotib, «Sharq yulduzi» jurnalida bosh muharrir (1960-1965), O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida kotib (1957) bo’lib ishlaydi. «Guliston» jurnali va «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftaligiga muharrirlik qiladi.
Dastlabki dostoni «Bizning avlodlar» 1939 yili e’lon qilingan. «99 miniatyura» (1962), Yigirmadan ortiq she’riy to’plamlar muallifi. «Bo’ronlarda bordek halovat», «Daryolar tutashgan joyda», «Qoraqalpoq qissasi», «Buxoroning jin ko’chalari» nomli qissalari hamda «Opa-singillar»,»Tug’ilish», «Davr mening taqdirimda», «Amudaryo», «Chinor» kabi romanlari bor. «Tong bilan uchrashuv» (1987) p`esalar to’plami nashr etilgan.
Sofokl, R.Tagor, A.S.Pushkin, M.YU.Lermontov, V.V.Mayakovskiy, M.Gor`kiy, T.Shevchenko, A.Blok, A.Korneychuk asarlari Asqad Muxtor tarjimasida o’zbek kitobxonlarining ma’naviy mulkiga aylangan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1972).
1997 yil 17 aprelda Toshkent shahrida vafot etgan.
TUN UY SURAR
Bizning bog’da oqshom paytlari,
Yig’ib olganida kun shu’lasini,
O’tlar orasida yashil chigirtka
Boshlaydi tinimsiz ashulasini.
Bu kichkina jonning so’zsiz qo’shig’in
Asli fidoyilik desa bo’ladi.
«Hayot bor…»—tun bo’yi o’jar bir ta’kid
Katta sukunatning jonli bo’lagi.
Shu chirillash borki, nazarimda,
Tun o’y surar, tabiat tugal.
U bo’lmasa so’qir kechalari
Ruhimiz huvillab qolardi har gal.
Qashshoqroq bo’lardi tun manzarasi,
Bunday sehriy ta’sir etmasdi
Ham umumjahoniy garmoniyada
Bir azaliy ohang yetmasdi…
* * *
Bizning bog’da chiqsang oqshom sayriga,
YO oralab yursang sen ishkomlarni,
Cho’chitmagil sevishganlarni,
Osmonlarda sezsin o’zni, mayliga.
Bu lahzalar bir umrga tatir,
Bu lahzalar sinar yoshlik sabrini.
Biz shularni ko’rib bilamiz axir
Tungi yulduzlarning qadrini.
OLMA TO’KILDI
Meva to’kiladi. Bog’lar dimiqqan.
Tunlari «top» etib olma tushadi.
Tonggi o’ylarimday tinib-tiniqqan
Og’ir sukunatning bag’rin teshadi.
Bo’g’iq, uzuq tovush. Unda nimadir
So’zlaydi hikmatdan, qismatdan.
Kimningdir uyqusin buzar, kimgadir
Zaminning joziba kuchin eslatgan…
Men sezaman unda sehriy alomat,
Shoshqin, ehtiyotkor tovush…
Sen mudrab Kutasan…
Odamning hayoti uzra
Nimadir turadi shunday omonat.
Qachondir sarflangan kuch uni avval
Asta kimirlatar… Uzar bandidan.
«Top-top» degan sari yo’qotganday har gal,
Ona ayriladi bir farzandidan.
Uzuq, bo’g’iq tovush…
Unda nimadir bor
Qadimiy dunyodan, qismatdan.
Yetilish, paymona, muddatdan…
Olma to’kiladi. Uylar beqaror.
Xay, to’kilish uchun har zot pishadi.
Olmadek sehriy charx aylanar.
Fasllar davrasi yana tugallanar…
Tonglari «top» etib olma tushadi.
* * *
Azizim Aleksandr Udalovga
Bog’da, uzoqlardan keltirib, do’stim
Bir qayin o’tqazib qo’ygandi.
Shu mehmon o’z tenggi chinor yonida
Erta bahordayoq asta uyg’ondi.
Uyg’ondi-yu, hamon ko’m-ko’k uyqusini,
Mayin uyqusini quvlayotganday.
Es-es xotirlaydi o’rmonlarni go’yo,
Tushda ko’rdimmi, deb o’ylayotganday.
* * *
Bizning bog’da har tong asta yangrar
Muhabbat qismati to’g’risida kuy.
Horg’in ko’zlarimni yuvar ohanglar,
Nazarimda, kuychi jindek xudojo’y.
Kuy g’amgin bo’lsa ham, bechora netsin,
Uyqusiz tunlarim yolg’iz emasman,
Rahmatdan o’zgani unga demasman,
Shuncha orziqtirgan vasliga yetsin.
* * *
Bizning bog’da birinchi qor yog’di.
Uyga yomonliklar kelmaydi sira.
Sen mening qorimsan, birinchi qorim,
Go’yo butun olam senday bokira.
Butun olam shunday oppoq tinlik,
Bahor gullarining hidi keladi.
Bahor gullaridek, qor tagida mudrar
Odamlarning ezgu tilagi.
* * *
Bizning bog’da tun cho’kkan mahal
Qalbni uvishtirar ukki nolasi.
Birov der, u chorlar badbaxt qismatini,
Birov der, qarg’armish o’gay bolasin.
Musibatday sovuq, uzoq, goh yaqin,
Balki gado folbin, balki jinnidir.
U o’zi begona ko’zdan yashirin,
Lekin chaqiradi hamon kimnidir.
Betinim sannaydi, nazarimda tunni
Qora bo’laklarga bo’lib chiqadi.
Nimaga o’xshatsang, nima desang ham
Bir g’amgin afsona bo’lib chiqadi.
Oqlolmagan emish ona sutini,
Oq sut tilar emish, degan gap…
Bu ham—ertak. Shunday so’lim tunda
Ertak ro’parangdan chiqsa ne ajab!
Hayot shu ekan-da: yog’du va zulmat,
Qishu yoz, o’ngu tush, tirik va o’lik…
Shusiz bo’lmas ekan tugallik sira,
Hatto qush na’masi: go’zal va xunuk.
* * *
Bizning bog’da shifobaxsh o’t bor,
Xalq uning otini bargizub demish.
Chunki o’sha o’tni tunlari bedor
Yulduzlar nur bilan sug’orar emish.
Siz bilasiz mening yonishlarim,
Satrlarga ko’chgan qalb cho’g’imni,
O, yulduzlar, tungi tanishlarim,
Nur bilan sug’oring shu qo’shig’imni.
Ehtimol, shunda u biron kimsaning
Yurak yarasiga malham bo’lardi.
Guldek ochilardi zamin . insonning
Atigi bir zumga arisa dardi.
Sahifani bezashda Xurshid Davron tomonidan olingan suratlar asosida tayyorlangan kollajlardan foydalanildi