Takomil mashaqqatlari. Adabiyotshunos Sa’dulla Quronov va yozuvchi Ulug’bek Hamdam suhbati

Ashampoo_Snap_2017.10.06_08h33m47s_003_.png   Бутун бошли жамиятнинг манқуртлашиши эса жуда ёмон ҳол. Ёмонлиги шундаки, жараён бир бошландими, ҳеч ким унинг олдини ололмайди. Олдини оламан, деганни жиннига чиқаради. Ким, дейсизми? Жамиятнинг ўзи!

  ТАКОМИЛ МАШАҚҚАТЛАРИ
Адабиётшунос Саъдулла Қуронов ва
ёзувчи Улуғбек Ҳамдам суҳбати
09

Без названия.jpgСаъдулла Қуронов: Ассалому алайкум, Улуғбек ака! Сизнинг “Тафаккур” журналида (2012) эълон қилинган “Янги инсон” номли достонингиз кенг адабий жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинган эди. Менимча, достон сўнгги йилларда ўқувчининг чин эҳтиёжидаги асарлардан бири сифатида дунёга келган. Зеро, асарда замондош – янги инсоннинг ижтимоий, руҳий ҳамда маънавий қиёфаси турли ракурслардан, шу билан бирга, яхлит тасвирлаб берилади.

Маълумки, “Янги инсон” тушунчаси илк бор Уйғониш даври мутафаккирлари томонидан ўзларини ўрта аср кишиларидан фарқлаш мақсадида қўлланган. Аслида эса, бу тушунча ҳар қандай ўтиш даврида файласуфу ижодкорларни ўйлантириши табиий. Зотан, бундай давр кишиси ўзидан аввалги авлодни танқид қиларкан, дунёни қайта қура оладиган “Янги инсон”ни тасавваур қилади ва бу тасаввурини рўёбга чиқаришга интилади. Маданият тарихида бунга мисоллар жуда кўплаб топилади. Маърифатчилар, ҳатто, модернистлар ҳам “Янги инсон” сиймосида нурли келажакни башорат қилишган. Шу нуқтаи назардан қарасак, табиий савол туғилади: нега бугунги кун зиёлиси “янги инсон”нинг ўзини танқид қилишга кўпроқ мойил? Мана, сизнинг достонингизда ҳам “Янги инсон” ўзлигини унутиб, тубсиз жар ёқалаб бораётган замондош сифатида тасвирланган. Нега “Янги инсон”нинг ижтимоий функцияси ва бадиий талқини бу қадар кескин ўзгариб кетди? Сиз “Янги инсон” билан дунёнинг эртасини қандай тасаввур қиласиз?

4001.jpgУлуғбек Ҳамдам: Ваалайкум ассалом, Саъдулла! Тўғри, “Янги инсон” тушунчаси бутунлай янги ҳодиса эмас. У аввалги даврларда ҳам вақти-вақти билан “туғилиб”, ўз вазифасини у ёки бу даражада бажарган. Аммо ҳар бир давр кишилари “Янги инсон”га янги маъно юклаб, бу тушунчани янгитдан яшаганлар. Маънони атайин юкламаганлар, албатта. Уни ҳар бир даврнинг мазмун-моҳияти, сиёсий, иқтисодий ва маънавий шарт-шароити белгилаб берган, беради. Ҳозир ҳам тахминан шундай бўлмоқда. Ўтмишда “Янги инсон”га асосан эзгу ниятлару орзу-умидларнинг юкланиши табиий эди. Чунки у вақтдаги “Янги инсон” хос одам эди. Тарихдан маълумки, хослар (жамиятнинг элита қисми) жамиятни тараққиёт сари етаклаган. Ҳозирда бутун дунё жамиятларида пайдо бўлган “Янги инсон” эса авом (омма) вакили.

Бунинг маъноси шуки, янги “Янги инсон” ейди, ичади, кияди, кезади, ишратга берилади ва ҳ.к… Яъни у том маънода истеъмолчи. Унинг бош хусусияти истеъмолчилигида. Асло яратувчилигида эмас. Ҳа, бугунги “Янги инсон” яратувчи эмас. Эски “Янги инсон” исътемол қилиш билан бирга яратар эди, у яратувчи (бу ўринда “яратувчи” сўзи янгиликлар кашф қилиб, жамиятни илгарилашига сабаблар ўйлаб топувчи маъносида ишлатилмоқда) эди. Янги “Янги инсон” эса сарфловчи, совурувчидир. Ачинарлиси шундаки, совурувчи яратувчининг ўрнига келди. Истеъмолчи-авом бир вақтлардаги ҳамма учун намуна бўлган яратувчи-хосни четга улоқтириб ташлади. “Тахти равон”га чиқиб олган истеъмолчи-авомда яратувчи-хоснинг даражасидан, андак муболаға билан айтганда, асар ҳам йўқ. Кўриниб турибдики, янги “Янги инсон” башариятни тараққиёт сари эмас, балки жарлик, таназзул сари судрайдиган моҳиятга эга. У шундай дастурланган.

Бинобарин, “Янги инсон” достонида тавсифланган кимса – аксилқаҳрамон бўлиб, бу мени ижодкор сифатида яхшигина хушёр торттиради. Ахир, шу чоққача каминанинг барча асарлари бош қаҳрамонлари эзгулик, ёруғлик, адолат томонида туриб курашган, изтироб чеккан инсонлар эди-да. Энди кўрингки, ишимиз аксилқаҳрамонларга тушиб ўтирибди… Аммо достонда аксилқаҳрамон ўз ҳолига ташлаб қўйилган эмас. Аксилқаҳрамоннинг ёнида унга ва унга эргашганларга танбеҳ бериб, “бу йўлнинг давомида тубсиз жарлик бор!” дея огоҳлантириб тургувчи ровий образи бор. Энди ҳамма гап ровийнинг огоҳлантиришларига қулоқ тутгувчи ўқувчининг бор-йўқлигида қоляпти…

“Янги инсон”га маданият тарихида эътибор берилган, деганингиз орий рост. Узоққа бормайлик, ХХ асрда испан эстети ва файласуфи О.И. Гассет “Янги инсон”ни қайсидир маънода “омма” деб атаганди. Эсланг, унинг “Омма қўзғалони” деган катта тадқиқот-мақоласи бор. Талабалик пайтларимиз мақола билан илк танишган кезларимизда, Гассет илгари сурган айрим фикрлар ҳаётдан, ҳеч қурса, бизни қуршаб турдан ҳаётдан анча йироқ қарашлар маҳсулидек туюлганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади, бор-йўғи чорак аср денг, натижада кўриб турибмизки, атрофимизда мақолада таърифи келтирилган “омма” пайдо бўлиб улгурди. Улгурдигина эмас, маънавий ҳаққи бўлмагани ҳолда, Гассет айтганидек, ҳамма жойга суқилиб кириб, у ердан муносиб одамларни — хосларни қувиб солди, солмоқда. Хўш, оммани ким ёки нима пайдо қилди? Ҳаёт, унинг қонун-қоидаларими? Ана шу қонун-қоидалар бўйича ҳаракатланаётган капиталистик муносабатларми?.. Албатта, шулар. Бу муносабатлар пайдо қилган хилқатни мен “Янги инсон” деб атадим. Омма у — ҳамма. Ҳаммани бирданига аниқ қилиб қўл билан кўрсатиб бўлмайди. (Гассет бу билан “Янги инсон”нинг қиёфасизлигига урғу берган, аслида). Мен оммадан фардни ажратиб олдим ва унга “Янги инсон” деб ном бердим. Ва унинг сифатларини бирма бир санаб, “Мана шу ярамас — сенсан!” дея юзига кўлимни бигиз қилиб кўрсатдим. Токи, атрофимизда пайдо бўлиб, тобора урчиб бораётган, йўлида учраган ҳамма нарсани мўри малахдек ютиб, совуриб бораётган кас ўзининг кимлигини, кимларнинг ўрнига келиб, қандай бемаза ишлар қилаётгани билсин! Аслида, бу гапим чучварани хом санашдек гап. “Янги инсон” ҳеч қачон ҳеч нимани билмайди. Қандай ҳам билсин? Ахир, у – “Янги инсон”. Унинг истеъмол қилишдек битмас-туганмас юмуши бор. У бундан ортмайди. Унинг ичида соат механизмидек расо ишлайдиган дастур изн бермайди бунга. Уни “Янги инсон”га айланмаган озсонли хослар билиши зарур, токи ўзини “Янги инсон”га айланишдек ҳалокатдан қўрисин. Агар қўлидан келса, албатта… Достон шу ниятда ёзилди. Яна ўтмишда “Янги инсонлик” қанчалик илғор ва муборак мақом бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб, у, асосан, инсоният томонидан шу кунгача яратилган барча эзгу амалларни, маданиятларни, муносабатларни, санъат ва адабиёт асарларини сарфловчи, уларни ўз жиғилдонига ҳеч бир андишасиз уриб соб қилгувчи, алалоқибат, ҳаммани тубсиз жарлик сари судровчи ўта хавфли мутант махлуқ эканлигини айтиш учун ҳам ёзилди.

С. Қуронов: Юқорида бир ўринда “ҳамма гап ровийнинг огоҳлантиришларига қулоқ тутгувчи ўқувчининг бор-йўқлигида қоляпти…” дедингиз. Адабиётнинг тақдирида, унинг қандайлиги ва қайси томонга кетишида ўқувчининг ўрни шу даражада муҳимми?..

У. Ҳамдам: Ўқувчи, унинг савияси масаласи адабиётда жуда муҳим, деб ўйлайман. Кузатишларим шундай ўйлашга туртки беради. Бир пайтлар, айтайлик, 80-йилларда Э. Воҳидов, А. Орипов, Р. Парфи, О. Матчон, Ҳ. Худойбердиева каби шоирларимизнинг шеърлари кўпчилик ўқувчилар учун тушунарли эди. Яъни ўша пайтдаги ўқувчилар асосий қисмининг бадиий-эстетик даражаси бугунги кунда бадиий диди етарлича камол топган аксар ўқувчилар учунгина тушунарли бўлган шоирларимизнинг шеърларини ҳеч бир қийинчиликсиз қабул қила оларди. Хўш, бугун-чи?

Бугун аҳвол бутунлай бошқача. Бугун ўша умумий даража бир поғона пастга тушгандек туюлади. Чунки 25 йил аввал зўриқишсиз тушунилган, севилган адабиёт бугунги кунда, не ажабки, асосий ўқувчилар оммаси учун қўл етмайдиган юксаклик бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, бадиий асарни маънавият маҳсули деб олсак, унинг ўз вазифасини том маънода бажариши ўқувчига ва унинг бадиий-эстетик савиясига кўп жиҳатдан боғлиқ. Масаланинг бу томонини кўпинча унутиб қўямиз. Ўқувчини унутамиз. “Яхши асар ёзинг!” дея ижодкорга мурожаатлар қиламиз. Лекин уни ҳазм қилиб, қадрига етгувчи ўқувчини тарбиялаш ҳеч кимнинг ақлига келмайди. Ўзбек насрида, хусусан, ҳикоячилигида 10-15 та шундай ҳикоялар яратилдики, улар ўзининг бадиий-эстетик ва фалсафий қимматига кўра ҳатто жаҳон ичра энг илғор адабиёт намуналаридир. Лекин ўшаларни тушуниб, мағзини чақиб оладиган ўқувчи — анқонинг уруғи. Бу ноёб уруғнинг сони, нари борса, шу ҳикоялар миқдори қадар, тамом-васалом! Зеро, адабиётнинг тўлақонли система бўлиши учун ижодкор, асар ва ўқувчи учлиги лозим. Ўқувчисиз адабиёт ўз мақсадига эришолмайди. У бир қаноти синган қушдек гап: парвоз ҳақида фақат хаёл суриши мумкин. Айни дамда, ўқувчида ҳам ўқувчи борлигини ёдда тутмоқ керак.

Ҳар бир халқнинг ўзига муносиб раҳбари бўлганидек, у ёки бу мамлакатнинг ижодкори ҳам ўқувчисига яраша бўлади. Ҳаётий бир мисол келтираман: Уйимга сентехник чақирдим. У рус миллатига мансуб эди. Бир неча кун ишлагани боис, ҳар хил мавзуларда суҳбатлашиб қолдик ва у каминанинг ёзувчи эканлигидан хабар топиб, “русчада ниманг чиққан?” дея сўради. Мен унга “Бунт и смирение” деган романимни ўқишга бердим. Икки кун ўтар-ўтмас рус сантехниги иш асносида мен билан роман тўғрисида баҳслаша кетди. Жўяли баҳс қилди ўзиям. Бу ерда гап кимнинг ҳақли бўлиб, кимнинг ноҳақлигида эмас, йўқ, мен эътиборни бошқа томонга қаратмоқчиман: баҳслашаётганларнинг бири ўрта маълумотли, оддий рус миллатига мансуб сантехник эди, иккинчиси эса олий маълумотли, филология фанлари номзоди, ёзувчи, шоир ва адабиётшунос, яъни камина эди.

Мен XIX ва XX асрларда рус адабиётининг нега бунчалар баланд парвоз қилганию Пушкин, Достоевский, Толстой, Чехов, Гоголь каби адибларнинг пайдо бўлиши сабабларидан бирини, ўта жиддийларидан бирини ҳаётим мисолида тушунгандек бўлдим ўшанда. Ҳатто сантехниклар орасида бадиий асар ва унда кўтарилаётган муаммолар ҳақида баланд мубоҳасаларга қодир мана шундай ўқувчилар бор экан, бу халққа муносиб ёзувчию шоир ҳам ҳамиша туғилиб, шаклланиб етишади, етишаверади. Ажаб, ушбу фикрдан тескари фикр ҳам келиб чиқар экан: ўқувчининг савияси қанча паст бўлса, худди шундай савиядаги “шаир” ё “ёзғучи” ҳам ҳар қадамда тиржайиб қаршингиздан чиқиб тураверади…

Баъзан бўлажак мутахасис-ўқувчиларнинг савиясига қараб туриб, хафа бўлиб кетасан, киши. “Ажойиб кунларнинг бири”да худди шундай ўқувчилар, яъни бўлғуси филологлар Эркин Воҳидовдек улуғ шоир билан учрашувга шиғир ёзадиган бир шаирнинг китобини кўтариб борганига нима дейсиз?!…

Воқеани баён этай: кунлардан бир кун икки талаба олдимга шеъру мақола кўтариб келишди-да, куни кеча факультетда бўлиб ўтган учрашувни айтиб қолишди. Унга кўра, Ўзбекистон халқ шоири, юрт қаҳрамони Эркин Воҳидов билан учрашув бўлади. Унда филолог-талабалар иштирок этишади. Биласизми, Эркин Воҳидовдек замонамизнинг улуғ шоири билан учрашувга талабаларнинг аксари кимнинг китобини кўтариб боришади? Навоийнинг дейсизми? Қани эди. Адашдингиз. Шиғир ёзувчи бир шаирнинг китобини! (Ҳайтовур, улуғ шоирга қарата: “Имзо чекиб беринг шу китобга!” дейишмаптиям…). Демак, бўлғуси адабиётчилар шоир билан шаирнинг фарқига бормайди. Эртага битириб чиққандан кейин ёш авлодга ҳам шаирларни тарғиб қилади. Натижада уларнинг таъсирида улғайган миллатдошларимизнинг савияси шаирларнинг даражасидан кўп-да узоққа бормайди, билъакс, “Мен севаман, сен севасанми?” дея ўтади.

Менинг шиғирчига ва унинг каби ёзадиганларга зарра ғаразим йўқ. Менинг дардим ўқувчи ва унинг савиясида. Ана шу жиддий муаммо! Ҳар доим эътибордан қолиб келаётган муаммо! Шиғирчилар келиб кетишаверади… Дарвоқе, шундаймикин? Улар чинданам кетишармикин?.. Назаримда, бу ўқувчига, унинг савиясига боғлиқ. Ўқувчи ўзининг баланд савияси билангина шиғирчиларни бу юртдан қувиб солиши мумкин. Йўқ, улар жисман яшайверади, маънан шиғир ёзишни ўзларига эп кўришмайди. Бунинг бошқа йўли йўқ. Демак, юксак дидли ўқувчи ҳақида қайғурмоқ керак, токи, ижодкор ўз-ўзидан ўқувчига тенглашишга мажбур бўлсин! Демак, юксак дидли ўқувчиси бор миллатнинг адабиёти ҳам юксак бўлади!

Мен авлодлар дунёқараши ўртасида, дидлар ўртасида катта фарқлар бўлиши мумкинлигини тушунаман. 90-йилларнинг ўрталарида бир ёш шоир мен ёқтириб ўқиган анъанавий шеърлардан (мас.,“Ўксиб-ўксиб ахтараман нур, Қоронғуда бўлгайман адо. Қўнғироқлар садоси келур, Қандай машъум бу гўзал садо!” кабилардан) унча мутаассир бўлмаслигини, аксинча, қофиясиз, ритми синиқ, лекин кучли маънони бағрига яширган асарлардан завқ туйишини айтган эди. Мисол учун дея “Кўзларимда иккита шовқин…” деган мисрани айтган ва уни берилиб таҳлил қилган эди. Мен ёш дўстимни тушунган, қабул қилган ва ўқиган шеъри (мисраси)дан бадиий-эстетик завқ туйган эдим. Нима бўлганда ҳам, у ўқиган шеърда чиндан-да залворли юк бор эди. Шуларни эътироф этган ҳолда, ёш дўстимга эътирозларимни ҳам билдирган эдим: яхши асар бармоқда ҳам, арузда ҳам, сочмада ҳам ёзилиши мумкин. Уни шакли туфайли ёқтириш ёки ёқтирмаслик санъатдаги турфалик моҳиятини, шакллар ўйинини тушунмасликдир. Нафақат ҳаётдаги, айни дамда, санъатдаги толерантлик ҳам улуғ неъмат. Бинобарин, бадиий асар қайси изм ё шаклда ёзилган бўлмасин, унинг тақдирини истеъдод ҳал қилади. Биз бадиий асарни шу позициядан туриб баҳолашни ўрганишимиз керак…

Аммо бугунги кун ўқувчиси ёқтириб ўқиётган шеърларнинг катта бир қисмини шеър деб бўлмайди. Уларда на маза бор, на матра. Бу нимадан далолат? Санъатнинг инқирозиданми? Дидларнинг ўтмаслашишиданми? “Янги инсон”нинг шаклланиб бораётганиданми? Омма қўзғалониданми?..

Афсуски, айтилганларнинг ҳаммасида жон бор. Қидирилса, муаммонинг яна ўнлаб сабаблари ҳам топилади. Хўш, чора-чи, борми чора?.. Бу, менимча, кўпчилик зиёли қатламнинг юрак-бағрида яшаб келаётган ҳайқириқ-савол бўлса, ажабмас. “Лаънати саволлар” деган саволлар пайдо бўлганди ўтган асрларда жаҳон бадиий-фалсафий тафаккур оламида . Адашмасам, жавоби йўқ саволларни шундай аташарди.

Ўйлашимча, чорасизликдан яхшироқ чора ҳам бор. Лекин у инсонлардан жуда катта қурбонликни — чинакам санъату адабиёт йўлида умрларни фидо этиб ўтишни талаб қилади. Жавоб сўз билан эмас, бардош ва юксаклик билан яшаладиган умр ила берилади. Яна, юқорида таъкидланганидек, юксак дидли ўқувчини тарбиялаб етиштириш лозим. Шундагина нимадир яхши томонга, тўғри томонга ўзгариши мумкин.

C. Қуронов: Жамиятда авлодлар алмашинувини эстафетали югуришга қиёслаш мумкин. Бунда эстафета таёқчасини қабул қилиб олаётган югурак таёқчани жамоадошидан шунчаки тортиб олмайди, балки тезлик олгунича у билан бирга югуради. Негаки, маррага етиб олиш учун жамоанинг ҳар бир аъзоси тенг масъул. Мана, сиз охирги йилларда педагог сифатида фаолият юритяпсиз. Ёшлар билан ишлаш жараёнида уларнинг ўй-хаёллари, юмушлари ва мақсадлари ҳақида яқиндан бохабарсиз. Хўш бугунги ёш авлод ҳақида нималар дея оласиз? Улар таёқчани қабул қилиб олиш учун қўлларини вақтида узатишармикан? Сизнинг авлод-чи: таёқчани вақтида узатиш ва тезлик ола билгунларича ёнма-ён чопиб боришга қодирмикан?

У. Ҳамдам: Таёқча икки авлод ўртасида бир эмас, бир неча бор ерга тушиб кетиб, уни қўлга олиш учун анча-мунча вақт йўқотиб бўлинди. Бу нарсани мен, аввало, зиёли сифатида айтаётирман. Қолаверса, ҳам адабиётшунос олим, ҳам филолог-педагог сифатида. Илгарироқ бир суҳбатда (2001 йил “Ёш куч” журналида “Адабиётга эътибор — инсонга эътибор” номли) “Йўқотилган авлод” иборасини қўллаганман. Чунки мустақилликнинг дастлабки мураккаб йилларида инсон эътибори асосан моддиятга йўналтирилди. Ҳар қанча саъй-ҳаракатларга қарамай, тарозининг маънавият палласи ҳавода муаллақ қолди. Натижада янги авлоднинг тўлақонли авлод бўлиб шаклланиши қийин кечди. “Мувозанат” романим шу туфайли ёзилганди. Мен тенги авлод ана шу қийинчиликлар гирдобида катта ҳаётга қадам қўйди. Шу маънода менинг авлодим тегирмон ичига бир тушиб чиқди. Тегирмондан бутун чиқдими ё майиб – бунинг жавоби оғир. Ҳар ҳолда, парчаланганлар орамизда талай. Чунки соҳанинг ҳақиқий мутахассиси бўлиши керак қанчадан қанча авлоддошларимиз тирикчилик кўйида бутунлай бошқа соҳаларга кетиб қолишди. Аммо, бундан қатъи назар, замон тегирмонидан омон чиққан озсонли тенгдошларим ҳам борки, уларнинг ҳар бири бутун бошли авлод амалга ошириши мумкин бўлган ишларга қодирдир, деб ўйлагим келади. Чунки замон, унинг муракабликлари авлоддошларимни шундай тарбия қилди, тоблади. Бадиий ижод, одатда, шу каби зиддиятли даврларда қаддини тиклайди. Демак, мазкур мулоҳазалар бадиий ижод бобида ўйлаганларимдир.

Илм ва педагогикада аҳвол сал бошқачароқ. Бу соҳалардаги етишмовчилик, узилиш яхши натижаларга олиб бормайди. Чунки бу соҳадаги янги авлодни етишмовчилик ва камчиликлар ичида бутун қилиб тарбиялаш мумкин эмас. Шу маънода мен тенги авлоднинг сизга бериши керак бўлган эстафета таёқчасининг ерга тушиб кетгани табиий эди. Биргина адабиётшунослик илмини олинг. Кекса авлод бор ва у ҳамон сафда. Аммо улар ҳам сийраклашиб бормоқда. Энди янги авлодни тарбиялаймиз, дея ҳаракат қилаяпмиз. Бу яхши. Лекин қани орада турган, кекса авлодга муносиб, ёш авлодга эса ибрат бўлгулик ўрта авлод? Ўрта авлодни “мана – у”, дейдиган даражадаги қиёфаси йўқ экан, янгисини қандай тарбиялаймиз? Илмга мунтазам равишдаги, етарли даражадаги моддий-маънавий эътиборнинг бўлмаганлиги, илмий даража олишда йиллар давомида ҳукм сурган тутуриқсиз тутимлар ўрта авлодни мана шундай майиб қилиб қўйди. (Йўқса, “Биз ҳам юксакларга тиккадик кўзни!” деганлар орамизда мўл эди) Бугунги кунда илмий кенгашлар жамоаси анча ғариб ҳолга тушиб қолганлиги мазкур аччиқ ҳақиқат билангина изоҳланади. Мен бир нарсани тушунмайман: ўзи шусиз ҳам бир аҳволда бўлган илм аҳли қаршисига сунъий тўсиқларни ким қўйяпти? Нега қўйяпти? Бундан кўзланган мақсад нима?.. Янгиликлар, ўзгаришлар бундай қилинмайди-ку, ахир!.. Лекин ҳозир ҳам кеч эмас. Илм соҳасида ҳар йили, ҳар ойда ўзгаришлар қилмасдан, жамиятни, соҳа вакиллари ҳаёт тарзларини, керак бўлса, ўй-хаёлларини тартибга солишга, ҳаётни ҳам, хаёлни ҳам илмга, фақат илмга йўналтира оладиган, узоқни кўзлайдиган оқилона сиёсат юргизиш керак, деб ўйлайман. Боши-кети йўқ ўзгаришлар ичида қолиш инсонни бахтсиз қилишини ҳисобга олсак, ҳар бир соҳада муайян йилларга ярагулик тизимларни яратиш ҳақида бош қотиришимиз зарур бўлади. Бугун бундай, эртага ундай жадвални тўлдириш билан узоққа бориб бўлмайди. Қоғозга топинишдан халос бўлмоқ керак, Саъдулла!

Акси тақдирда, ўзга миллатларнинг китобларини таржима қилиб, шарҳлар ёзишдан бошқасига ярамайдиган, мева тугадиган асосий дарахтнинг ёнидан нимжонгина бўй чўзиб чиқадиган бачки авлодларни етиштирамиз, холос. Кимдаким, миллатимизни ўзгаларга мудом тобе бўлишини истаса, илмни ўз ҳолига қўймай, унга бюрократик тўсиқлар яратади. Илму фан соҳасидаги чекловларга чек қўйиш вақти аллақачон келган!

Ёш авлоднинг орасида кўзлари чақнаб турган, билимга, янгиликка ўч йигит қизлар кўп. Менинг улардан умидим катта. Энди уларни адолатсизлик, бюрократия, қоғозбозлик ва коррупция деган оғир тошларнинг остида эзиб қўймасак, бас, янги авлод қаддини ростлаб, ўз куч-қудратини намойиш эта олади. Фақат шундагина ёш авлод эстафета таёқчасини ўз вақтида, муносиб тарзда навбатдаги бўғинга узатади. Асосийси, ерга туширмасдан…

С. Қуронов: Адабиётшуносликда бадиий асарнинг башорат қилиш функцияси борлиги ҳақида айтилади. Чингиз Айтматовнинг манқурт фожеаси ҳақида ёзганларини ўқиб, “Аллоҳ асрасин” деб юборади, киши. Албатта, манқурт одамлар ҳамма даврларда ҳам бўлган. Аммо бутун бир жамиятнинг манқуртлашиши кузатилмаган бўлса керак. Замона файласуфлари такидлашича, биз постиндустриал, ахборотлашган жамиятда яшаяпмиз. Бу жамиятнинг ҳар бир бўғини, ҳар бир шахс ҳаёти ахборот билан чамбарчас боғлиқ. Ахборотнинг ўзи эса ҳалигача тушуниш, бошқариш қийин бўлган мураккаб ҳодисалигича қолмоқда. Бу ҳодиса бугун жамиятимизга ахборот террори, ахборот блокадаси, ахборот диверсияси каби кўринишлар билан хавф солиб турибди. У оммани манқуртлаштириб, замонавий тил билан айтганда, зомбилаштириб бормаяптимикан? Айнан бизнинг заминда касалликнинг қайси белгилари кузатиляпти? Бунга қарши бирор чора-тадбирни таклиф қила оласизми?

У. Ҳамдам: Академик Юрий Борев шу пайтгача инсоният амал қилган парадигмалар мавжуд эди, энди бўлса йўқ, дейди. Бу нима дегани? Содда тил билан айтганда, инсоният юриши керак бўлган янги йўл йўқ, дегани. Башар тарихига назар ташласангиз, дунёга бундай парадигмани гоҳ Шарқ, гоҳ Ғарб тақдим қилганлигини кўрамиз. Бугун-чи? Бугун ана шундай йўлнинг янги модели на Ғарбда ва на Шарқда топиляпти. Нега? Чунки, назаримда, ҳаммасининг замирида цивилизация суръатининг шиддатли тус олгани билан боғлиқ сабаблар қалашиб кетди. Инсон ҳаётида юз бераётган энг сўнгги янгилик ўзидан аввалги янгилик ўзлаштирилиб, унга тўғри муносабат шакллантирилиб бўлмасдан туриб содир бўляпти. Янгиликлар ўз-ўзидан юз бермайди, балки аввалгисининг қайсидир маънодаги инкори ва янгисининг эътирофига бағишланган дарё-дарё ахборот билан оқиб келади. Натижада, инсоннинг фикру хаёли сиз айтаётган ҳар турли янгиликлар ҳақидаги ахборотлар билан тўлиб тошмоқда.

Осмонўпар бинолар ҳам, олис-олис манзиллар ҳам битта-битта босилган қадамлар ёрдамида забт этилади. Бирваракайига бутун бошли зина ҳатлаб ва ёки фарсаҳ-фарсаҳ масофа сакраб ўтилмайди. Бинобарин, янгиликлар бўронини ҳазм қилолмай қолган бугунги одамийзоднинг кўнгли банд бўлиб қолган эса, не тонг! Кўнгли банд бўлиб турган одамнинг бирдан бир истаги ортиқча овқатдан, юкдан халос бўлиш бўлади. Бундай ҳолда овқат устига овқат ейилмайди. Овқат устига ейилган овқат кўнгилни бадтар айнитади. Янги парадигманинг — йўлнинг йўқлиги шу билан ҳам изоҳланар, эҳтимол. Бошқача айтганда, ҳисобсиз даражадаги хабарлар, янгиликлар бўрони ичра кўзларини юмишга мажбур бўлган бани одамнинг юрар йўлини тополмай қолиши ғоят табиийдир.

Энди сиз айтаётган ахборот террори, ахборот блокадаси, ахборот диверсияси каби замонавий урушнинг турли кўринишлари масаласига келсак, булар ҳам бор гап. Янги урушнинг, мафкуравий урушнинг турли кўринишлари булар. У ёки бу хабар, маълумот, нағма… тинмай инсон эътиборига ҳавола этилаверса, вақтлар ўтиб ўша информация, гарчи ёмон бўлса-да, ўз ишини қилади: инсон ҳаволани қабул қилади, нафақат қабул қилади, айни дамда, уни такрорлай бошлайди. Замонавий зомбилашиш шундай бўлади. Асло инсон бошига, ўтмишда бўлгани каби, туя терисини зўрлаб кийдириб, қуёш тиғига ўтқазиб қўйиш шарт эмас.

Ҳаётий мисол: 90-йилларнинг аввали эди. Биз, талабалар пахта теримида, даладамиз. Ҳавода, очиқ дала бўйлаб ўша пайтда энди-энди урф бўлаётган маза-матрасиз нағмалар янграяпти. Кимнингдир машинасидан, кимнингдир магнитафонидан дегандек, хуллас, ҳар куни топилади бир динғир-динғир. Талабаларга нозир ўлароқ бириктирилган ўқитувчи далани оралаб юраркан: “Жин урсин, шу қўшиқлар роса жонга тегди!” дея норозиланди. Мен ҳам муаллимни дастаклаб нималардир дедим. Шу… Орадан бирон ҳафталар вақт ўтди. Ўқитувчи яна дала айланиб юрар экан, туйқус ўзи танқид қилган нағмани замзама қилиб кетаётганини эшитиб қолдим: “Ия, домла, ўзиз сўкиб, ўзиз хиргойи қиляпсиз-у!?” дедим ажабланиб. “Ҳа, энди нима қилай, кунда беш-ўн мартадан қулоғизга киравергандан кейин истар-истамас хиргойи қилар экансиз-да!” дея жавоб берди у. Бу сафар домла нафақат нағмадан, балки ўзидан-да норози эди. Ҳар ҳолда, менга шундай туюлганди ўшанда.

Энди ўзимча мушоҳада қиламан: биз ёқтирмаган куй, қўшиқ, ғоя, сурат ва ҳ.к…лар ҳадеб онгимизда тиқиштирилаверганидан, ахийри бир кун, ҳатто энг зиёли саналганимиз ҳам унга таслим бўлиб қолар эканмиз-у, бошқалардан нимани кутамиз?.. Шу учун бизни миллат ва инсон сифатида йўлдан оздиришга хизмат қилиши мумкин бўлган ахборотнинг ҳар қандай кўринишини илк бошданоқ йўқ қилиш керак, дея мулоҳаза юритаман ўзимча. Уларни қанот чиқариб, сўнг парвоз қилишига имкон бермаслик лозим. Чунки озгина қўйиб берсангиз, унга бас келиб бўлмайди: иблис янглиғ ичимизга қандай кириб, қонимизга қандай қўшилиб олганини билмай ҳам қоламиз. “Янги инсон” шу мақсадда, “Огоҳ бўлайлик!” деган ниятда ҳам ёзилди.

Бутун бошли жамиятнинг манқуртлашиши эса жуда ёмон ҳол. Ёмонлиги шундаки, жараён бир бошландими, ҳеч ким унинг олдини ололмайди. Олдини оламан, деганни жиннига чиқаради. Ким, дейсизми? Жамиятнинг ўзи! Касалсан, дейди. Асли ўзи носоғлом бўлганлар соғ инсонни руҳий касаллар шафоханасига тиқиб қўяди. Чунки манқуртлашган жамиятдагилар ҳамманинг ўзи каби бўлишини хоҳлайди. Ўзига ўхшамаганни орадан сиқиб чиқаришга уринади ва бунга юз фоиз эришади. Қарабсизки, ўзининг манқурт эканлигини билмаган, аксинча, озод ва ҳурмиз дея қичқириб турадиган манқурт жамиятлар пайдо бўлади. Айтилганлар, бир қараганда, ошириб юборилган гипотезадек туюлиши мумкин. Лекин манқуртлашишнинг айрим хусусиятларини ҳозирданоқ кўпдан кўп дунё жамиятларида, ҳатто энг ривож топганларида ҳам кузатиш мумкин. Чунончи, ҳамма урушга қарши, ҳамма урушни қоралайди, лекин дунёнинг боши урушлардан чиқмаётир. Чунки манқурт тафаккур ҳар қандай йўл билан фойда олишга дастурлашиб бўлган. Энди фойда олишга қарши бўлган ҳар қандай тўсиқ(инсон)лар йўлдан улоқтириб ташланади. Лекин оғизда урушга қарши турилаверади (Симулякр). Чуқуррроқ мулоҳаза қилиб кўрилса, катта моддий фойда олишга муккасидан кетган кучлар бойлик деб аталган, дунё устидан ҳукмронлик ўтказиш деган ғояларга қул бўлиб қолганлигини аён бўлади. Искандарнинг тобутдан чиқариб қўйилган бўш қўлларидан ибрат олишга шошганни учратиш эса, замонавий дунёда тобора мушкуллашиб бормоқда. Босиб ўтилган йўллардан, кечаги куннинг хатолари ва тўғриларидан ибрат олиб, соғлом назар билан келажакка интилиш йўқми, демак, бу ерда манқуртлашишнинг муайян бир кўриниши бор, деб ҳисоблайверинг.

С. Қуронов: Сиз турк тилидан таржима қилган Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” асари шу кунга қадар ўн мартага яқин қайта нашр қилинди. Умуман, Румий асарлари бутун дунёда, айниқса, Европа давлатларида севиб ўқилаётгани, доим энг харидоргир китоблар рўйхатида пешқадамлардан бўлиб тургани маълум. Аммо кўпчилик Румийни фақат мутассаввуф шоир сифатида кўради, ўқийди. Мавлононинг инсоншунослик, руҳшунослик ва жамиятшунослик соҳаларидаги қарашлари эса кўпларга қоронғу. Сиз Румийни таржима қилган ва ўрганган олим сифатида унинг мазкур қарашлари замонавий дунё учун қанчалар аҳамиятли деб биласиз?

У.Ҳамдам: Румий дунёда жуда машҳур сиймо. Шарқнинг бошқа бирор сўфий шоири бу борада Румий ҳазратга тенг келолмаса керак. Умуман, бутун дунёда унинг панжасига ҳақиқий маънода панжа ура оладиган сиймо жуда кам. Румий ҳақида юртимизда ҳам талай китоблар, тақризлар ёзилган. Лекин, шунга қарамай, бу теран уммоннинг тубига ҳали бирон зот етиб боролгани, унинг дуру жавоҳирларини инсониятга кўз-кўз қилолгани йўқ. Ҳар ҳолда, мен шундай ўйлайман. Нари борса, “Румийда манавиндай ривоят бор” дея “Маснавий маънавий”дан ва ёҳуд “Ичиндаги ичиндадир”дан кўп эсланган бирон ривоятни такрорлаб, фикримизни бир кучайтириб оламиз, холос. Бас, бундан чуқурроқ тушишга кўпчилигимиз журъат қилмаймиз. Қилолмаймиз чунки. Тафаккур кучимиз етмайди. Ҳолбуки, Румий асарлари бирмунча содда кўрингани билан, аслида, поёнсиз ва тубсиз уммон. Буни юқорида ҳам айтдик. Уммоннинг бағрига шўнғиб, ҳазратнинг ўз таъбири билан айтганда, ундан бебаҳо марваридлар териш имкони бор экан, бир челак сув билан кифояланиш ўта хунук камтаринлик бўлур эди.

Румий гўзал шеърни ҳам, чуқур ҳикматни ҳам, ҳароратли маърузаларни ҳам асл манзилга бориш йўлидаги воситалар деб билган. Унинг назари ҳамиша моҳиятга қадалган. Румийнинг ўзи буни бот-бот такрорлайди. Лекин моҳият турли-туман шаклларнинг қават-қават либоси ичра яширинган бўлганидан унга ҳар кимнинг ҳам тафаккур зиёси етиб боролмайди. Румий ана шу шакллар кроссвордини осонлик билан ечиб, аслиятга кўз тиккан, аслиятдан рамзлар тилида хабар берган, бунинг уддасидан чиқа олган, ҳам кечанинг, ҳам бугуннинг ва ҳам эртанги куннинг мутафаккир шоири, барча замонлар зиёлиларининг устозидир.

Румийнинг сиз айтган соҳаларга, умуман, фаннинг кўпгина соҳаларига қўшган ҳиссаси беқиёс. Унинг қарашлари фалсафада ҳам тамомила янги бир қарашнинг туғилишига туртки берганлигини Ғарб олимлари қайд этади. Чунончи, Гегель ўзининг дунё яратилишида руҳнинг бирламчи мақомга эга эканлиги ҳақидаги назариясини Румийдан илҳомланиб илгари сурган, дейишади. Ёки ХХ асрда психоанализ отаси деб тан олинган З. Фрейд инсон интилишларию хатти-ҳаракатларида муҳим ўрин тутган жинсий майлни марказга қўйиб, бутун бошли назарий қарашларини тизимга солган эди. Фрейд қарашларида бирёқламалик бор эди, албатта. Буни Фромм ҳам қайд этади. Чунки инсон таврини нафақат биологик, айни замонда, ижтимоий ва руҳий илдизлар ҳам белгилайди. Румий инсоннинг руҳий илдизига ҳам жуда катта аҳамият беради. Шунингдек, биологик майл ўрни ва аҳамиятини ҳам инкор қилмайди, билъакс, эътироф этади. “Ичиндаги чиндадир”да “Қайсга таҳаммулидан ортиқ эҳтирос берилгани учун у мажнунга айланди” деб ёзадики, бу фикр пайига тушсангиз, мажнунликнинг боиси нафақат руҳий ибтидо, айни пайтда, биологик омил ҳам бўлиб чиқади. Ғарб ХХ асрда тизимга солган мазкур қараш Румийда XIII асрдаёқ биргина жумла остига яшириб қўйилган эдики, бу факт унинг инсонни инсон ўлароқ тутиб турган илдизларни нақадар нозик ва теран тушунганлигидан далолатдир.

Румий инсонни яқиндан билади. Буни у айтган, шарҳлаган ҳикматлардан, масаллардан ҳам уқиб олиш мумкин. Аммо у ўзигача мавжуд масални айнан такрорламай, уларга ижодий ёндашади, ўзгартиради, масал ва ривоятларнинг кутилмаган, таъбир жоиз бўлса, румийона маъно қирраларини очиб юборади. Бунинг сабаби Румий демоқчи бўлган маънонинг салафлар масалларга жойлаган маънодан бошқачароқ экани билан изоҳланади. Чунончи, Эзопда эчки ва бўри ҳақида бир масал бор. Унга кўра, томбошида турган эчки пастда юрган бўрини кутилмаганда сўкиб қолади. Шунда бўри эчкига юзланиб, “бу гапни сен эмас, балки сен турган жой айтаяпти” деб жавоб беради. Бундан англашиладики, эчки хавфсиз ерда бўлгани боис, кўнгли тусаган номаъқулчиликни қилаяпти. Румий “Ичиндаги ичиндадир” асарида масалга ўзга тўн кийдиради. У айтадики, шаҳарни юрт амири айланиб юрган эди. Томбошига чиқиб олган бир одам эса турган жойидан амирни ҳақорат қила кетади. Амир дарҳол уни туттириб, зиндонбанд айлайди. Вақтлар ўтиб эса ўзини сўккан одам эсига тушади-да, анави фуқарони олиб келинглар-чи, дея буюради. Ҳузурига келганда амир сўрайди: мени ҳақорат қилган одам сенмидинг? Фуқаро: йўқ, амирим, сени урушган одам ўша томбошида қолди, ҳозир зиндондан чиқиб, қаршингда турган одам бутунлай ўзга одамдир, дея жавоб беради.

Хўш, илдизи битта бўлган масал Эзопда ниманию, Румийда қай маънони англатяпти? Назаримда, Эзопда мартабаси баланд, шу баландлик туфайли жазо олмаслигига ишонган эчки (инсон) нинг ўша мақомдаги кибрли ҳоли баёни бор эса, Румий бу нуқтада тўхтаб қолмайди. Аксинча, давом этиб айтадики, амирни ҳақоратлаган киши бошқа вазиятга тушиб, яъни зиндонда бир муддат ўтиргач, кайфияти, ҳоли, фикрлари ўзгариб, тамомила ўзга одамга айланади. Бу ўринда маъно урғуси инсон ҳолини, фикрларини ўзгартирган вазиятга бериляпти. Инсон жамиятдан узиб олиниб эмас, балки унинг ичида, унинг тартиб-интизоми билан бир ўлароқ ўрганилаяпти. Бошқача айтганда, жамият муҳитининг инсон қарашларидаги ҳиссаси қайд этиляпти. Инсон табиатининг енгил шабада таъсирида у ёқдан бу ёққа айланиб турган япроқдек ўзгарувчанлиги ҳамда бунинг сабаблари очиб ташланяпти.

Дарҳақиқат, инсон қарашлари кўпинча шароитнинг, муҳитнинг, вазиятнинг ҳам маҳсули бўлиб ўзини намоён қилади. Улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой “Тирилиш” романида шундай тоифа инсонлар борки, улар ўз ҳаётлари давомида қанчадир фоиз ўзининг, қанчадир фоиз эса ўзгаларнинг қарашларига суяниб яшайди, дейди. Румий бўлса, нуктадонлик билан инсоннинг ҳатто ўз қарашларининг ҳам турланиши сабабиятига кириб боряпти.

Румий ўз замонида динларни бирлаштирайлик деган румликларга жавобан айтади: “Сиз қандай қилиб динни бир қиласиз? Бу қиёматдагина мумкин. Бу ер дунёдир ва шунинг учун ҳам диннинг бир бўлиши мумкин эмас. Чунки бу ерда улар (одамлар) нинг турли-туман истаги бордир”. Бу ер дунёдир деганда Румий инсонлар томонидан барпо этилган жамиятлар ҳолини назарда тутади. Жамиятларнинг яшаш қонуниятларини яхши билгани учун ҳам бу ерда динлар бир бўлолмайди, деяпти. Чунки жамиятлар кимлардан ташкил топади? Инсонлардан, албатта. Инсонларнинг эса хилма хил орзу ва истаги бўлади. Румий айтади: “инсонда бир қанча нарсалар мавжуд. Масалан, сичқон, қуш… Қуш қафасни юқорига тортса, сичқон тубанга судрайди. Инсонда улар каби яна мингларча йиртқич ҳайвонлар топилади. Қуш қушлигини, сичқон сичқонлигини ташлаб, бирлашсалар, муддао ҳосил бўлади” (“Ичиндаги ичиндадир”. Б.41) Муддо ҳосил бўлади, дегани дин бирлашади, деганидир. Зеро, юқорида диннинг бирлашиб-бирлашмаслиги ҳақида сўз бораётган эди. Лекин Румий бу ер дунёдир, дунёда эса дин бирлашмайди, деган қатъий ҳукмни ўқиган эди. Нега? Сабаб шуки, Румийнинг олим нигоҳи инсонниинг тубини кўриб турибди. Инсон ҳеч қачон ўз истакларидан, орзу ва умидларидан воз кечмайди. Демак, инсонлар томонидан ташкил этилган жамиятларда ҳам турли-туман истаклар, йўллар ва динларнинг яшаши табиий ва доимийдир.

Хуллас, айтилганлар хамир учидан бир патир, холос. Румийнинг жамиятшунос, инсоншунос ва руҳшунос эканлигига бағишланган чинакам тадқиқотлар ҳали олдинда, деб ўйлайман

2017 йил, июн

Манба: «Тафаккур» журнали, 2017/3

voshod01_b_0.jpg Butun boshli jamiyatning manqurtlashishi esa juda yomon hol. Yomonligi shundaki, jarayon bir boshlandimi, hech kim uning oldini ololmaydi. Oldini olaman, deganni jinniga chiqaradi. Kim, deysizmi? Jamiyatning o’zi!

TAKOMIL MASHAQQATLARI
Adabiyotshunos Sa’dulla Quronov va
yozuvchi Ulug’bek Hamdam suhbati
09

fb2b1843f867c9c5215ca522fbbd9da8.jpgSa’dulla Quronov: Assalomu alaykum, Ulug’bek aka! Sizning “Tafakkur” jurnalida (2012) e’lon qilingan “Yangi inson” nomli dostoningiz keng adabiy jamoatchilik tomonidan qizg’in  kutib olingan edi. Menimcha, doston so’nggi yillarda o’quvchining chin ehtiyojidagi asarlardan biri sifatida dunyoga kelgan. Zero, asarda zamondosh – yangi insonning ijtimoiy, ruhiy hamda ma’naviy qiyofasi turli rakurslardan, shu bilan birga,  yaxlit tasvirlab beriladi. 

Ma’lumki, “Yangi inson” tushunchasi ilk bor Uyg’onish davri mutafakkirlari tomonidan o’zlarini o’rta asr kishilaridan farqlash maqsadida qo’llangan. Aslida esa, bu tushuncha har qanday  o’tish davrida faylasufu ijodkorlarni o’ylantirishi tabiiy. Zotan, bunday davr kishisi o’zidan avvalgi avlodni tanqid qilarkan, dunyoni qayta qura oladigan “Yangi inson”ni tasavvaur qiladi va bu tasavvurini ro’yobga chiqarishga intiladi. Madaniyat tarixida bunga misollar juda ko’plab topiladi. Ma’rifatchilar, hatto, modernistlar ham “Yangi inson” siymosida nurli kelajakni bashorat qilishgan. Shu nuqtai nazardan qarasak, tabiiy savol tug’iladi: nega bugungi kun ziyolisi “yangi  inson”ning o’zini tanqid qilishga ko’proq moyil? Mana, sizning dostoningizda ham “Yangi inson” o’zligini unutib, tubsiz jar yoqalab borayotgan zamondosh sifatida tasvirlangan. Nega “Yangi inson”ning ijtimoiy funktsiyasi va badiiy talqini bu  qadar keskin o’zgarib ketdi? Siz “Yangi inson” bilan dunyoning ertasini qanday tasavvur qilasiz?

ulugbek-hamdam.jpgUlug’bek Hamdam: Vaalaykum assalom, Sa’dulla! To’g’ri, “Yangi inson” tushunchasi butunlay yangi hodisa emas. U avvalgi davrlarda ham vaqti-vaqti bilan “tug’ilib”, o’z vazifasini u yoki bu  darajada bajargan. Ammo har bir davr kishilari “Yangi inson”ga yangi ma’no yuklab, bu tushunchani yangitdan yashaganlar. Ma’noni atayin yuklamaganlar, albatta. Uni har bir davrning mazmun-mohiyati, siyosiy, iqtisodiy va ma’naviy shart-sharoiti  belgilab bergan, beradi. Hozir ham taxminan shunday bo’lmoqda. O’tmishda “Yangi inson”ga asosan ezgu niyatlaru orzu-umidlarning yuklanishi tabiiy edi. Chunki u vaqtdagi “Yangi inson” xos odam edi. Tarixdan ma’lumki, xoslar (jamiyatning elita  qismi) jamiyatni taraqqiyot sari yetaklagan. Hozirda butun dunyo jamiyatlarida paydo bo’lgan “Yangi inson” esa avom (omma) vakili.

Buning ma’nosi shuki, yangi “Yangi inson” yeydi, ichadi, kiyadi, kezadi, ishratga beriladi va h.k… Ya’ni u tom ma’noda iste’molchi. Uning bosh xususiyati iste’molchiligida. Aslo  yaratuvchiligida emas. Ha, bugungi “Yangi inson” yaratuvchi emas. Eski “Yangi inson” is’temol qilish bilan birga yaratar edi, u yaratuvchi (bu o’rinda “yaratuvchi” so’zi yangiliklar kashf qilib, jamiyatni ilgarilashiga sabablar o’ylab topuvchi ma’nosida  ishlatilmoqda) edi. Yangi “Yangi inson” esa sarflovchi, sovuruvchidir. Achinarlisi shundaki, sovuruvchi yaratuvchining o’rniga keldi. Iste’molchi-avom bir vaqtlardagi hamma uchun namuna bo’lgan yaratuvchi-xosni chetga uloqtirib tashladi. “Taxti  ravon”ga chiqib olgan iste’molchi-avomda yaratuvchi-xosning darajasidan, andak mubolag’a bilan aytganda, asar ham yo’q. Ko’rinib turibdiki, yangi “Yangi inson” bashariyatni taraqqiyot sari emas, balki jarlik, tanazzul sari sudraydigan mohiyatga ega.  U shunday dasturlangan.

Binobarin, “Yangi inson” dostonida tavsiflangan kimsa – aksilqahramon bo’lib, bu meni ijodkor sifatida yaxshigina xushyor torttiradi. Axir, shu choqqacha kaminaning barcha asarlari bosh  qahramonlari ezgulik, yorug’lik, adolat tomonida turib kurashgan, iztirob chekkan insonlar edi-da. Endi ko’ringki, ishimiz aksilqahramonlarga tushib o’tiribdi… Ammo dostonda aksilqahramon o’z holiga tashlab qo’yilgan emas. Aksilqahramonning  yonida unga va unga ergashganlarga tanbeh berib, “bu yo’lning davomida tubsiz jarlik bor!” deya ogohlantirib turguvchi roviy obrazi bor. Endi hamma gap roviyning ogohlantirishlariga quloq tutguvchi o’quvchining bor-yo’qligida
qolyapti…

“Yangi inson”ga madaniyat tarixida e’tibor berilgan, deganingiz oriy rost. Uzoqqa bormaylik, XX asrda ispan esteti va faylasufi O.I. Gasset “Yangi inson”ni qaysidir ma’noda “omma”  deb atagandi. Eslang, uning “Omma qo’zg’aloni” degan katta tadqiqot-maqolasi bor. Talabalik paytlarimiz maqola bilan ilk tanishgan kezlarimizda, Gasset ilgari surgan ayrim fikrlar hayotdan, hech qursa, bizni qurshab turdan hayotdan ancha yiroq  qarashlar mahsulidek tuyulgandi. Oradan hech qancha vaqt o’tmadi, bor-yo’g’i chorak asr deng, natijada ko’rib turibmizki, atrofimizda maqolada ta’rifi keltirilgan “omma” paydo bo’lib ulgurdi. Ulgurdigina emas, ma’naviy haqqi bo’lmagani holda,  Gasset aytganidek, hamma joyga suqilib kirib, u yerdan munosib odamlarni — xoslarni quvib soldi, solmoqda. Xo’sh, ommani kim yoki nima paydo qildi? Hayot, uning qonun-qoidalarimi? Ana shu qonun-qoidalar bo’yicha harakatlanayotgan kapitalistik  munosabatlarmi?.. Albatta, shular. Bu munosabatlar paydo qilgan xilqatni men “Yangi inson” deb atadim. Omma u — hamma. Hammani birdaniga aniq qilib qo’l bilan ko’rsatib bo’lmaydi. (Gasset bu bilan “Yangi inson”ning qiyofasizligiga urg’u bergan,  aslida). Men ommadan fardni ajratib oldim va unga “Yangi inson” deb nom berdim. Va uning sifatlarini birma bir sanab, “Mana shu yaramas — sensan!” deya yuziga ko’limni bigiz qilib ko’rsatdim. Toki, atrofimizda paydo bo’lib, tobora urchib  borayotgan, yo’lida uchragan hamma narsani mo’ri malaxdek yutib, sovurib borayotgan kas o’zining kimligini, kimlarning o’rniga kelib, qanday bemaza ishlar qilayotgani bilsin! Aslida, bu gapim chuchvarani xom sanashdek gap. “Yangi inson” hech qachon hech  nimani bilmaydi. Qanday ham bilsin? Axir, u – “Yangi inson”. Uning iste’mol qilishdek bitmas-tuganmas yumushi bor. U bundan ortmaydi. Uning ichida soat mexanizmidek raso ishlaydigan dastur izn bermaydi bunga. Uni “Yangi inson”ga aylanmagan  ozsonli xoslar bilishi zarur, toki o’zini “Yangi inson”ga aylanishdek halokatdan qo’risin. Agar qo’lidan kelsa, albatta… Doston shu niyatda yozildi. Yana o’tmishda “Yangi insonlik” qanchalik ilg’or va muborak maqom bo’lgan bo’lsa, hozirgi kunga kelib,  u, asosan, insoniyat tomonidan shu kungacha yaratilgan barcha ezgu amallarni, madaniyatlarni, munosabatlarni, san’at va adabiyot asarlarini sarflovchi, ularni o’z jig’ildoniga hech bir andishasiz urib sob qilguvchi, alaloqibat, hammani tubsiz jarlik sari sudrovchi o’ta xavfli mutant maxluq ekanligini aytish uchun ham yozildi.

S. Quronov: Yuqorida bir o’rinda “hamma gap roviyning ogohlantirishlariga quloq tutguvchi o’quvchining bor-yo’qligida qolyapti…” dedingiz. Adabiyotning taqdirida, uning qandayligi va  qaysi tomonga ketishida o’quvchining o’rni shu darajada muhimmi?..

U. Hamdam: O’quvchi, uning saviyasi masalasi adabiyotda juda muhim, deb o’ylayman. Kuzatishlarim shunday o’ylashga turtki beradi. Bir paytlar, aytaylik, 80-yillarda E. Vohidov, A. Oripov,  R. Parfi, O. Matchon, H. Xudoyberdieva kabi shoirlarimizning she’rlari ko’pchilik o’quvchilar uchun tushunarli edi. Ya’ni o’sha paytdagi o’quvchilar asosiy qismining badiiy-estetik darajasi bugungi kunda badiiy didi yetarlicha kamol topgan aksar  o’quvchilar uchungina tushunarli bo’lgan shoirlarimizning she’rlarini hech bir qiyinchiliksiz qabul qila olardi. Xo’sh, bugun-chi?

Bugun ahvol butunlay boshqacha. Bugun o’sha umumiy daraja bir pog’ona pastga tushgandek tuyuladi. Chunki 25 yil avval zo’riqishsiz tushunilgan, sevilgan adabiyot bugungi kunda, ne ajabki,  asosiy o’quvchilar ommasi uchun qo’l yetmaydigan yuksaklik bo’lib qolmoqda. Holbuki, badiiy asarni ma’naviyat mahsuli deb olsak, uning o’z vazifasini tom ma’noda bajarishi o’quvchiga va uning badiiy-estetik saviyasiga ko’p jihatdan bog’liq.  Masalaning bu tomonini ko’pincha unutib qo’yamiz. O’quvchini unutamiz. “Yaxshi asar yozing!” deya ijodkorga murojaatlar qilamiz. Lekin uni hazm qilib, qadriga yetguvchi o’quvchini tarbiyalash hech kimning aqliga kelmaydi. O’zbek nasrida, xususan,  hikoyachiligida 10-15 ta shunday hikoyalar yaratildiki, ular o’zining badiiy-estetik va falsafiy qimmatiga ko’ra hatto jahon ichra eng ilg’or adabiyot namunalaridir. Lekin o’shalarni tushunib, mag’zini chaqib oladigan o’quvchi — anqoning urug’i. Bu  noyob urug’ning soni, nari borsa, shu hikoyalar miqdori qadar, tamom-vasalom! Zero, adabiyotning to’laqonli sistema bo’lishi uchun ijodkor, asar va o’quvchi uchligi lozim. O’quvchisiz adabiyot o’z maqsadiga erisholmaydi. U bir qanoti singan qushdek gap:  parvoz haqida faqat xayol surishi mumkin. Ayni damda, o’quvchida ham o’quvchi borligini yodda tutmoq kerak.

Har bir xalqning o’ziga munosib rahbari bo’lganidek, u yoki bu mamlakatning ijodkori ham o’quvchisiga yarasha bo’ladi. Hayotiy bir misol keltiraman: Uyimga sentexnik chaqirdim. U rus  millatiga mansub edi. Bir necha kun ishlagani bois, har xil mavzularda suhbatlashib qoldik va u kaminaning yozuvchi ekanligidan xabar topib, “ruschada nimang chiqqan?” deya so’radi. Men unga “Bunt i smirenie” degan romanimni o’qishga berdim. Ikki  kun o’tar-o’tmas rus santexnigi ish asnosida men bilan roman to’g’risida bahslasha ketdi. Jo’yali bahs qildi o’ziyam. Bu yerda gap kimning haqli bo’lib, kimning nohaqligida emas, yo’q, men e’tiborni boshqa tomonga qaratmoqchiman: bahslashayotganlarning  biri o’rta ma’lumotli, oddiy rus millatiga mansub santexnik edi, ikkinchisi esa oliy ma’lumotli, filologiya fanlari nomzodi, yozuvchi, shoir va adabiyotshunos, ya’ni kamina edi.

Men XIX va XX asrlarda rus adabiyotining nega bunchalar baland parvoz qilganiyu Pushkin, Dostoevskiy, Tolstoy, Chexov, Gogol` kabi adiblarning paydo bo’lishi sabablaridan birini, o’ta  jiddiylaridan birini hayotim misolida tushungandek bo’ldim o’shanda. Hatto santexniklar orasida badiiy asar va unda ko’tarilayotgan muammolar haqida baland mubohasalarga qodir mana shunday o’quvchilar bor ekan, bu xalqqa munosib yozuvchiyu  shoir ham hamisha tug’ilib, shakllanib yetishadi, yetishaveradi. Ajab, ushbu fikrdan teskari fikr ham kelib chiqar ekan: o’quvchining saviyasi qancha past bo’lsa, xuddi shunday saviyadagi “shair” yo “yozg’uchi” ham har qadamda tirjayib qarshingizdan chiqib  turaveradi…

Ba’zan bo’lajak mutaxasis-o’quvchilarning saviyasiga qarab turib, xafa bo’lib ketasan, kishi. “Ajoyib kunlarning biri”da xuddi shunday o’quvchilar, ya’ni bo’lg’usi filologlar Erkin  Vohidovdek ulug’ shoir bilan uchrashuvga shig’ir yozadigan bir shairning kitobini ko’tarib borganiga nima deysiz?!…

Voqeani bayon etay: kunlardan bir kun ikki talaba oldimga she’ru maqola ko’tarib kelishdi-da, kuni kecha fakul`tetda bo’lib o’tgan uchrashuvni aytib qolishdi. Unga ko’ra, O’zbekiston xalq  shoiri, yurt qahramoni Erkin Vohidov bilan uchrashuv bo’ladi. Unda filolog-talabalar ishtirok etishadi. Bilasizmi, Erkin Vohidovdek zamonamizning ulug’ shoiri bilan uchrashuvga talabalarning aksari kimning kitobini ko’tarib borishadi?  Navoiyning deysizmi? Qani edi. Adashdingiz. Shig’ir yozuvchi bir shairning kitobini! (Haytovur, ulug’ shoirga qarata: “Imzo chekib bering shu kitobga!” deyishmaptiyam…). Demak, bo’lg’usi adabiyotchilar shoir bilan shairning farqiga bormaydi. Ertaga  bitirib chiqqandan keyin yosh avlodga ham shairlarni targ’ib qiladi. Natijada ularning ta’sirida ulg’aygan millatdoshlarimizning saviyasi shairlarning darajasidan ko’p-da uzoqqa bormaydi, bil’aks, “Men sevaman, sen sevasanmi?” deya  o’tadi.

Mening shig’irchiga va uning kabi yozadiganlarga zarra g’arazim yo’q. Mening dardim o’quvchi va uning saviyasida. Ana shu jiddiy muammo! Har doim e’tibordan qolib kelayotgan muammo!  Shig’irchilar kelib ketishaveradi… Darvoqe, shundaymikin? Ular chindanam ketisharmikin?.. Nazarimda, bu o’quvchiga, uning saviyasiga bog’liq. O’quvchi o’zining baland saviyasi bilangina shig’irchilarni bu yurtdan quvib solishi mumkin. Yo’q, ular  jisman yashayveradi, ma’nan shig’ir yozishni o’zlariga ep ko’rishmaydi. Buning boshqa yo’li yo’q. Demak, yuksak didli o’quvchi haqida qayg’urmoq kerak, toki, ijodkor o’z-o’zidan o’quvchiga tenglashishga majbur bo’lsin! Demak, yuksak didli o’quvchisi bor  millatning adabiyoti ham yuksak bo’ladi!

Men avlodlar dunyoqarashi o’rtasida, didlar o’rtasida katta farqlar bo’lishi mumkinligini tushunaman. 90-yillarning o’rtalarida bir yosh shoir men yoqtirib o’qigan an’anaviy she’rlardan  (mas.,“O’ksib-o’ksib axtaraman nur, Qorong’uda bo’lgayman ado. Qo’ng’iroqlar sadosi kelur, Qanday mash’um bu go’zal sado!” kabilardan) uncha mutaassir bo’lmasligini, aksincha, qofiyasiz, ritmi siniq, lekin kuchli ma’noni bag’riga yashirgan asarlardan  zavq tuyishini aytgan edi. Misol uchun deya “Ko’zlarimda ikkita shovqin…” degan misrani aytgan va uni berilib tahlil qilgan edi. Men yosh do’stimni tushungan, qabul qilgan va o’qigan she’ri (misrasi)dan badiiy-estetik zavq tuygan edim. Nima  bo’lganda ham, u o’qigan she’rda chindan-da zalvorli yuk bor edi. Shularni e’tirof etgan holda, yosh do’stimga e’tirozlarimni ham bildirgan edim: yaxshi asar barmoqda ham, aruzda ham, sochmada ham yozilishi mumkin. Uni shakli tufayli yoqtirish yoki  yoqtirmaslik san’atdagi turfalik mohiyatini, shakllar o’yinini tushunmaslikdir. Nafaqat hayotdagi, ayni damda, san’atdagi tolerantlik ham ulug’ ne’mat. Binobarin, badiiy asar qaysi izm yo shaklda yozilgan bo’lmasin, uning taqdirini iste’dod hal  qiladi. Biz badiiy asarni shu pozitsiyadan turib baholashni o’rganishimiz kerak…

Ammo bugungi kun o’quvchisi yoqtirib o’qiyotgan she’rlarning katta bir qismini she’r deb bo’lmaydi. Ularda na maza bor, na matra. Bu nimadan dalolat? San’atning inqirozidanmi?  Didlarning o’tmaslashishidanmi? “Yangi inson”ning shakllanib borayotganidanmi? Omma qo’zg’alonidanmi?..

Afsuski, aytilganlarning hammasida jon bor. Qidirilsa, muammoning yana o’nlab sabablari ham topiladi. Xo’sh, chora-chi, bormi chora?.. Bu, menimcha, ko’pchilik ziyoli qatlamning yurak-bag’rida yashab kelayotgan hayqiriq-savol bo’lsa, ajabmas. “La’nati savollar” degan savollar paydo bo’lgandi o’tgan asrlarda jahon badiiy-falsafiy tafakkur olamida . Adashmasam, javobi yo’q savollarni shunday atashardi.

O’ylashimcha, chorasizlikdan yaxshiroq chora ham bor. Lekin u insonlardan juda katta qurbonlikni — chinakam san’atu adabiyot yo’lida umrlarni fido etib o’tishni talab qiladi. Javob so’z  bilan emas, bardosh va yuksaklik bilan yashaladigan umr ila beriladi. Yana, yuqorida ta’kidlanganidek, yuksak didli o’quvchini tarbiyalab yetishtirish lozim. Shundagina nimadir yaxshi tomonga, to’g’ri tomonga o’zgarishi mumkin.

C. Quronov: Jamiyatda avlodlar almashinuvini estafetali yugurishga qiyoslash mumkin. Bunda estafeta tayoqchasini qabul qilib olayotgan yugurak tayoqchani jamoadoshidan shunchaki tortib  olmaydi, balki tezlik olgunicha u bilan birga yuguradi. Negaki, marraga yetib olish uchun jamoaning har bir a’zosi teng mas’ul. Mana, siz oxirgi yillarda pedagog sifatida faoliyat yurityapsiz. Yoshlar bilan ishlash jarayonida ularning o’y-xayollari, yumushlari va maqsadlari haqida yaqindan boxabarsiz. Xo’sh bugungi yosh avlod haqida nimalar deya olasiz? Ular tayoqchani qabul qilib olish uchun qo’llarini vaqtida uzatisharmikan? Sizning avlod-chi: tayoqchani vaqtida uzatish va tezlik ola bilgunlaricha yonma-yon chopib borishga qodirmikan?

U. Hamdam: Tayoqcha ikki avlod o’rtasida bir emas, bir necha bor yerga tushib ketib, uni qo’lga olish uchun ancha-muncha vaqt yo’qotib bo’lindi. Bu narsani men, avvalo, ziyoli sifatida  aytayotirman. Qolaversa, ham adabiyotshunos olim, ham filolog-pedagog sifatida. Ilgariroq bir suhbatda (2001 yil “Yosh kuch” jurnalida “Adabiyotga e’tibor — insonga e’tibor” nomli) “Yo’qotilgan avlod” iborasini qo’llaganman. Chunki  mustaqillikning dastlabki murakkab yillarida inson e’tibori asosan moddiyatga yo’naltirildi. Har qancha sa’y-harakatlarga qaramay, tarozining ma’naviyat pallasi havoda muallaq qoldi. Natijada yangi avlodning to’laqonli avlod bo’lib
shakllanishi qiyin kechdi. “Muvozanat” romanim shu tufayli yozilgandi. Men tengi avlod ana shu qiyinchiliklar girdobida katta hayotga qadam qo’ydi. Shu ma’noda mening avlodim tegirmon ichiga bir tushib chiqdi. Tegirmondan butun chiqdimi yo mayib – buning javobi og’ir. Har holda, parchalanganlar oramizda talay. Chunki sohaning haqiqiy mutaxassisi bo’lishi kerak qanchadan qancha avloddoshlarimiz tirikchilik ko’yida butunlay boshqa sohalarga ketib qolishdi. Ammo, bundan qat’i nazar, zamon  tegirmonidan omon chiqqan ozsonli tengdoshlarim ham borki, ularning har biri butun boshli avlod amalga oshirishi mumkin bo’lgan ishlarga qodirdir, deb o’ylagim keladi. Chunki zamon, uning murakabliklari avloddoshlarimni shunday tarbiya qildi, tobladi. Badiiy ijod, odatda, shu kabi ziddiyatli davrlarda qaddini tiklaydi. Demak, mazkur mulohazalar badiiy ijod bobida o’ylaganlarimdir.

Ilm va pedagogikada ahvol sal boshqacharoq. Bu sohalardagi yetishmovchilik, uzilish yaxshi natijalarga olib bormaydi. Chunki bu sohadagi yangi avlodni yetishmovchilik va kamchiliklar ichida  butun qilib tarbiyalash mumkin emas. Shu ma’noda men tengi avlodning sizga berishi kerak bo’lgan estafeta tayoqchasining yerga tushib ketgani tabiiy edi. Birgina adabiyotshunoslik ilmini oling. Keksa avlod bor va u hamon safda. Ammo ular ham  siyraklashib bormoqda. Endi yangi avlodni tarbiyalaymiz, deya harakat qilayapmiz. Bu yaxshi. Lekin qani orada turgan, keksa avlodga munosib, yosh avlodga esa ibrat bo’lgulik o’rta avlod? O’rta avlodni “mana – u”, deydigan darajadagi qiyofasi yo’q  ekan, yangisini qanday tarbiyalaymiz? Ilmga muntazam ravishdagi, yetarli darajadagi moddiy-ma’naviy e’tiborning bo’lmaganligi, ilmiy daraja olishda yillar davomida hukm surgan tuturiqsiz tutimlar o’rta avlodni mana shunday mayib qilib  qo’ydi. (Yo’qsa, “Biz ham yuksaklarga tikkadik ko’zni!” deganlar oramizda mo’l edi) Bugungi kunda ilmiy kengashlar jamoasi ancha g’arib holga tushib qolganligi mazkur achchiq haqiqat bilangina izohlanadi. Men bir narsani tushunmayman: o’zi shusiz ham  bir ahvolda bo’lgan ilm ahli qarshisiga sun’iy to’siqlarni kim qo’yyapti? Nega qo’yyapti? Bundan ko’zlangan maqsad nima?.. Yangiliklar, o’zgarishlar bunday qilinmaydi-ku, axir!.. Lekin hozir ham kech emas. Ilm sohasida har yili, har oyda o’zgarishlar  qilmasdan, jamiyatni, soha vakillari hayot tarzlarini, kerak bo’lsa, o’y-xayollarini tartibga solishga, hayotni ham, xayolni ham ilmga, faqat ilmga yo’naltira oladigan, uzoqni ko’zlaydigan oqilona siyosat yurgizish kerak, deb o’ylayman. Boshi-keti yo’q  o’zgarishlar ichida qolish insonni baxtsiz qilishini hisobga olsak, har bir sohada muayyan yillarga yaragulik tizimlarni yaratish haqida bosh qotirishimiz zarur bo’ladi. Bugun bunday, ertaga unday jadvalni to’ldirish bilan uzoqqa borib bo’lmaydi.  Qog’ozga topinishdan xalos bo’lmoq kerak, Sa’dulla!

Aksi taqdirda, o’zga millatlarning kitoblarini tarjima qilib, sharhlar yozishdan boshqasiga yaramaydigan, meva tugadigan asosiy daraxtning yonidan nimjongina bo’y cho’zib chiqadigan  bachki avlodlarni yetishtiramiz, xolos. Kimdakim, millatimizni o’zgalarga mudom tobe bo’lishini istasa, ilmni o’z holiga qo’ymay, unga byurokratik to’siqlar yaratadi. Ilmu fan sohasidagi cheklovlarga chek qo’yish vaqti allaqachon kelgan!

Yosh avlodning orasida ko’zlari chaqnab turgan, bilimga, yangilikka o’ch yigit qizlar ko’p. Mening ulardan umidim katta. Endi ularni adolatsizlik, byurokratiya, qog’ozbozlik va korruptsiya  degan og’ir toshlarning ostida ezib qo’ymasak, bas, yangi avlod qaddini rostlab, o’z kuch-qudratini namoyish eta oladi. Faqat shundagina yosh avlod estafeta tayoqchasini o’z vaqtida, munosib tarzda navbatdagi bo’g’inga uzatadi. Asosiysi, yerga  tushirmasdan…

S. Quronov: Adabiyotshunoslikda badiiy asarning bashorat qilish funktsiyasi borligi haqida aytiladi. Chingiz Aytmatovning manqurt fojeasi haqida yozganlarini o’qib, “Alloh asrasin”  deb yuboradi, kishi. Albatta, manqurt odamlar hamma davrlarda ham bo’lgan. Ammo butun bir jamiyatning manqurtlashishi kuzatilmagan bo’lsa kerak. Zamona faylasuflari takidlashicha, biz postindustrial, axborotlashgan jamiyatda yashayapmiz. Bu jamiyatning har bir bo’g’ini, har bir shaxs hayoti axborot bilan chambarchas bog’liq. Axborotning o’zi esa haligacha tushunish, boshqarish qiyin bo’lgan murakkab hodisaligicha qolmoqda. Bu hodisa bugun jamiyatimizga axborot terrori, axborot blokadasi, axborot diversiyasi kabi ko’rinishlar bilan xavf solib turibdi. U ommani manqurtlashtirib, zamonaviy til bilan aytganda, zombilashtirib bormayaptimikan? Aynan bizning zaminda kasallikning qaysi belgilari kuzatilyapti? Bunga qarshi biror chora-tadbirni taklif qila olasizmi?

U. Hamdam: Akademik Yuriy Borev shu paytgacha insoniyat amal qilgan paradigmalar mavjud edi, endi bo’lsa yo’q, deydi. Bu nima degani? Sodda til bilan aytganda, insoniyat yurishi kerak bo’lgan yangi yo’l yo’q, degani. Bashar tarixiga nazar tashlasangiz, dunyoga bunday paradigmani goh Sharq, goh G’arb taqdim qilganligini ko’ramiz. Bugun-chi? Bugun ana shunday yo’lning yangi modeli na G’arbda va na Sharqda topilyapti. Nega? Chunki, nazarimda, hammasining zamirida sivilizatsiya sur’atining shiddatli tus olgani bilan bog’liq sabablar qalashib ketdi. Inson hayotida yuz berayotgan eng so’nggi yangilik o’zidan avvalgi yangilik o’zlashtirilib, unga to’g’ri munosabat shakllantirilib bo’lmasdan turib sodir bo’lyapti. Yangiliklar o’z-o’zidan yuz bermaydi, balki avvalgisining qaysidir ma’nodagi inkori va yangisining e’tirofiga bag’ishlangan daryo-daryo axborot bilan oqib keladi. Natijada, insonning fikru xayoli siz aytayotgan har turli yangiliklar haqidagi axborotlar bilan to’lib toshmoqda.

Osmono’par binolar ham, olis-olis manzillar ham bitta-bitta bosilgan qadamlar yordamida zabt etiladi. Birvarakayiga butun boshli zina hatlab va yoki farsah-farsah masofa sakrab  o’tilmaydi. Binobarin, yangiliklar bo’ronini hazm qilolmay qolgan bugungi odamiyzodning ko’ngli band bo’lib qolgan esa, ne tong! Ko’ngli band bo’lib turgan odamning birdan bir istagi ortiqcha ovqatdan, yukdan xalos bo’lish bo’ladi. Bunday holda  ovqat ustiga ovqat yeyilmaydi. Ovqat ustiga yeyilgan ovqat ko’ngilni badtar aynitadi. Yangi paradigmaning — yo’lning yo’qligi shu bilan ham izohlanar, ehtimol. Boshqacha aytganda, hisobsiz darajadagi xabarlar, yangiliklar bo’roni ichra ko’zlarini  yumishga majbur bo’lgan bani odamning yurar yo’lini topolmay qolishi g’oyat tabiiydir.

Endi siz aytayotgan axborot terrori, axborot blokadasi, axborot diversiyasi kabi zamonaviy urushning turli ko’rinishlari masalasiga kelsak, bular ham bor gap. Yangi urushning,  mafkuraviy urushning turli ko’rinishlari bular. U yoki bu xabar, ma’lumot, nag’ma… tinmay inson e’tiboriga havola etilaversa, vaqtlar o’tib o’sha informatsiya, garchi yomon bo’lsa-da, o’z ishini qiladi: inson havolani qabul qiladi, nafaqat qabul  qiladi, ayni damda, uni takrorlay boshlaydi. Zamonaviy zombilashish shunday bo’ladi. Aslo inson boshiga, o’tmishda bo’lgani kabi, tuya terisini zo’rlab kiydirib, quyosh tig’iga o’tqazib qo’yish shart emas.

Hayotiy misol: 90-yillarning avvali edi. Biz, talabalar paxta terimida, daladamiz. Havoda, ochiq dala bo’ylab o’sha paytda endi-endi urf bo’layotgan maza-matrasiz nag’malar yangrayapti.  Kimningdir mashinasidan, kimningdir magnitafonidan degandek, xullas, har kuni topiladi bir ding’ir-ding’ir. Talabalarga nozir o’laroq biriktirilgan o’qituvchi dalani oralab yurarkan: “Jin ursin, shu qo’shiqlar rosa jonga tegdi!” deya  norozilandi. Men ham muallimni dastaklab nimalardir dedim. Shu… Oradan biron haftalar vaqt o’tdi. O’qituvchi yana dala aylanib yurar ekan, tuyqus o’zi tanqid qilgan nag’mani zamzama qilib ketayotganini eshitib qoldim: “Iya, domla, o’ziz so’kib,  o’ziz xirgoyi qilyapsiz-u!?” dedim ajablanib. “Ha, endi nima qilay, kunda besh-o’n martadan qulog’izga kiravergandan keyin istar-istamas xirgoyi qilar ekansiz-da!” deya javob berdi u. Bu safar domla nafaqat nag’madan, balki o’zidan-da norozi edi. Har holda, menga shunday tuyulgandi o’shanda.

Endi o’zimcha mushohada qilaman: biz yoqtirmagan kuy, qo’shiq, g’oya, surat va h.k…lar hadeb ongimizda tiqishtirilaverganidan, axiyri bir kun, hatto eng ziyoli sanalganimiz ham unga taslim  bo’lib qolar ekanmiz-u, boshqalardan nimani kutamiz?.. Shu uchun bizni millat va inson sifatida yo’ldan ozdirishga xizmat qilishi mumkin bo’lgan axborotning har qanday ko’rinishini ilk boshdanoq yo’q qilish kerak, deya mulohaza yuritaman o’zimcha.  Ularni qanot chiqarib, so’ng parvoz qilishiga imkon bermaslik lozim. Chunki ozgina qo’yib bersangiz, unga bas kelib bo’lmaydi: iblis yanglig’ ichimizga qanday kirib, qonimizga qanday qo’shilib olganini bilmay ham qolamiz. “Yangi inson” shu maqsadda, “Ogoh bo’laylik!” degan niyatda ham yozildi.

Butun boshli jamiyatning manqurtlashishi esa juda yomon hol. Yomonligi shundaki, jarayon bir boshlandimi, hech kim uning oldini ololmaydi. Oldini olaman, deganni jinniga chiqaradi.  Kim, deysizmi? Jamiyatning o’zi! Kasalsan, deydi. Asli o’zi nosog’lom bo’lganlar sog’ insonni ruhiy kasallar shafoxanasiga tiqib qo’yadi. Chunki manqurtlashgan jamiyatdagilar hammaning o’zi kabi bo’lishini xohlaydi. O’ziga o’xshamaganni oradan siqib  chiqarishga urinadi va bunga yuz foiz erishadi. Qarabsizki, o’zining manqurt ekanligini bilmagan, aksincha, ozod va hurmiz deya qichqirib turadigan manqurt jamiyatlar paydo bo’ladi. Aytilganlar, bir qaraganda, oshirib yuborilgan gipotezadek tuyulishi mumkin. Lekin manqurtlashishning ayrim xususiyatlarini hozirdanoq ko’pdan ko’p dunyo jamiyatlarida, hatto eng rivoj topganlarida ham kuzatish mumkin. Chunonchi, hamma urushga qarshi, hamma urushni qoralaydi, lekin dunyoning boshi urushlardan chiqmayotir. Chunki manqurt tafakkur har qanday yo’l bilan foyda olishga dasturlashib bo’lgan. Endi foyda olishga qarshi bo’lgan har qanday to’siq(inson)lar yo’ldan uloqtirib tashlanadi. Lekin og’izda urushga qarshi turilaveradi (Simulyakr). Chuqurrroq mulohaza qilib ko’rilsa, katta moddiy foyda olishga mukkasidan ketgan kuchlar boylik deb atalgan, dunyo ustidan hukmronlik o’tkazish degan g’oyalarga qul bo’lib qolganligini ayon bo’ladi. Iskandarning tobutdan chiqarib  qo’yilgan bo’sh qo’llaridan ibrat olishga shoshganni uchratish esa, zamonaviy dunyoda tobora mushkullashib bormoqda. Bosib o’tilgan yo’llardan, kechagi kunning xatolari va to’g’rilaridan ibrat olib, sog’lom nazar bilan kelajakka intilish yo’qmi,  demak, bu yerda manqurtlashishning muayyan bir ko’rinishi bor, deb hisoblayvering.

S. Quronov: Siz turk tilidan tarjima qilgan Jaloliddin Rumiyning “Ichindagi ichindadir” asari shu kunga qadar o’n martaga yaqin qayta nashr qilindi. Umuman, Rumiy asarlari butun dunyoda, ayniqsa, Yevropa davlatlarida sevib o’qilayotgani, doim eng xaridorgir kitoblar ro’yxatida peshqadamlardan bo’lib turgani ma’lum. Ammo ko’pchilik Rumiyni faqat mutassavvuf shoir sifatida ko’radi, o’qiydi. Mavlononing insonshunoslik, ruhshunoslik va jamiyatshunoslik sohalaridagi qarashlari esa ko’plarga qorong’u. Siz Rumiyni tarjima qilgan va o’rgangan olim sifatida uning mazkur qarashlari zamonaviy dunyo uchun qanchalar ahamiyatli deb bilasiz?

U.Hamdam: Rumiy dunyoda juda mashhur siymo. Sharqning boshqa biror so’fiy shoiri bu borada Rumiy hazratga teng kelolmasa kerak. Umuman, butun dunyoda uning panjasiga haqiqiy ma’noda panja ura oladigan siymo juda kam. Rumiy haqida yurtimizda ham talay kitoblar, taqrizlar yozilgan. Lekin, shunga qaramay, bu teran ummonning tubiga hali biron zot yetib borolgani, uning duru javohirlarini insoniyatga ko’z-ko’z qilolgani yo’q.

Har holda, men shunday o’ylayman. Nari borsa, “Rumiyda manavinday rivoyat bor” deya “Masnaviy ma’naviy”dan va yohud “Ichindagi ichindadir”dan ko’p eslangan biron rivoyatni takrorlab, fikrimizni bir kuchaytirib olamiz, xolos. Bas, bundan
chuqurroq tushishga ko’pchiligimiz jur’at qilmaymiz. Qilolmaymiz chunki. Tafakkur kuchimiz yetmaydi. Holbuki, Rumiy asarlari birmuncha sodda ko’ringani bilan, aslida, poyonsiz va tubsiz ummon. Buni yuqorida ham aytdik. Ummonning bag’riga
sho’ng’ib, hazratning o’z ta’biri bilan aytganda, undan bebaho marvaridlar terish imkoni bor ekan, bir chelak suv bilan kifoyalanish o’ta xunuk kamtarinlik bo’lur edi.

Rumiy go’zal she’rni ham, chuqur hikmatni ham, haroratli ma’ruzalarni ham asl manzilga borish yo’lidagi vositalar deb bilgan. Uning nazari hamisha mohiyatga qadalgan. Rumiyning o’zi  buni bot-bot takrorlaydi. Lekin mohiyat turli-tuman shakllarning qavat-qavat libosi ichra yashiringan bo’lganidan unga har kimning ham tafakkur ziyosi yetib borolmaydi. Rumiy ana shu shakllar krossvordini osonlik bilan yechib, asliyatga ko’z tikkan, asliyatdan ramzlar tilida xabar bergan, buning uddasidan chiqa olgan, ham kechaning, ham bugunning va ham ertangi kunning mutafakkir shoiri, barcha zamonlar ziyolilarining ustozidir.

Rumiyning siz aytgan sohalarga, umuman, fanning ko’pgina sohalariga qo’shgan hissasi beqiyos. Uning qarashlari falsafada ham tamomila yangi bir qarashning tug’ilishiga turtki berganligini G’arb olimlari qayd etadi. Chunonchi, Gegel` o’zining dunyo yaratilishida ruhning birlamchi maqomga ega ekanligi haqidagi nazariyasini Rumiydan ilhomlanib ilgari surgan, deyishadi. Yoki XX asrda psixoanaliz otasi deb tan olingan Z. Freyd inson intilishlariyu xatti-harakatlarida muhim o’rin tutgan jinsiy maylni markazga qo’yib, butun boshli nazariy qarashlarini tizimga solgan edi. Freyd qarashlarida biryoqlamalik bor edi, albatta. Buni Fromm ham qayd etadi. Chunki inson tavrini nafaqat biologik, ayni zamonda, ijtimoiy va ruhiy ildizlar ham belgilaydi. Rumiy insonning ruhiy ildiziga ham juda katta ahamiyat beradi. Shuningdek, biologik mayl o’rni va ahamiyatini ham inkor qilmaydi, bil’aks, e’tirof etadi. “Ichindagi chindadir”da “Qaysga tahammulidan ortiq ehtiros berilgani uchun u majnunga aylandi” deb yozadiki, bu fikr payiga tushsangiz, majnunlikning boisi nafaqat ruhiy ibtido, ayni paytda, biologik omil ham bo’lib chiqadi. G’arb XX asrda tizimga solgan mazkur qarash Rumiyda XIII asrdayoq birgina jumla ostiga yashirib qo’yilgan ediki, bu fakt uning insonni inson o’laroq tutib turgan ildizlarni naqadar nozik va teran tushunganligidan dalolatdir.

Rumiy insonni yaqindan biladi. Buni u aytgan, sharhlagan hikmatlardan, masallardan ham uqib olish mumkin. Ammo u o’zigacha mavjud masalni aynan takrorlamay, ularga ijodiy yondashadi, o’zgartiradi, masal va rivoyatlarning kutilmagan, ta’bir joiz bo’lsa, rumiyona ma’no qirralarini ochib yuboradi. Buning sababi Rumiy demoqchi bo’lgan ma’noning salaflar masallarga joylagan ma’nodan boshqacharoq ekani bilan izohlanadi. Chunonchi, Ezopda echki va bo’ri haqida bir masal bor. Unga ko’ra, tomboshida turgan echki pastda yurgan bo’rini kutilmaganda so’kib qoladi. Shunda bo’ri echkiga yuzlanib, “bu gapni sen emas, balki sen turgan joy aytayapti” deb javob beradi. Bundan anglashiladiki, echki xavfsiz yerda bo’lgani bois, ko’ngli tusagan noma’qulchilikni qilayapti. Rumiy “Ichindagi ichindadir” asarida masalga o’zga to’n kiydiradi. U aytadiki, shaharni yurt amiri aylanib yurgan edi. Tomboshiga chiqib olgan bir odam esa turgan joyidan amirni haqorat qila ketadi. Amir darhol uni tuttirib, zindonband aylaydi. Vaqtlar o’tib esa o’zini so’kkan odam esiga tushadi-da, anavi fuqaroni olib kelinglar-chi, deya buyuradi. Huzuriga kelganda amir so’raydi: meni  haqorat qilgan odam senmiding? Fuqaro: yo’q, amirim, seni urushgan odam o’sha tomboshida qoldi, hozir zindondan chiqib, qarshingda turgan odam butunlay o’zga odamdir, deya javob beradi.

Xo’sh, ildizi bitta bo’lgan masal Ezopda nimaniyu, Rumiyda qay ma’noni anglatyapti? Nazarimda, Ezopda martabasi baland, shu balandlik tufayli jazo olmasligiga ishongan echki (inson)ning o’sha maqomdagi kibrli holi bayoni bor esa, Rumiy bu nuqtada to’xtab qolmaydi. Aksincha, davom etib aytadiki, amirni haqoratlagan kishi boshqa vaziyatga tushib, ya’ni zindonda bir muddat o’tirgach, kayfiyati, holi, fikrlari o’zgarib, tamomila o’zga odamga aylanadi. Bu o’rinda ma’no urg’usi inson holini, fikrlarini o’zgartirgan vaziyatga berilyapti. Inson jamiyatdan uzib olinib emas, balki uning ichida, uning tartib-intizomi bilan bir o’laroq o’rganilayapti. Boshqacha aytganda, jamiyat muhitining inson qarashlaridagi hissasi qayd etilyapti. Inson tabiatining yengil shabada ta’sirida u yoqdan bu yoqqa aylanib turgan yaproqdek o’zgaruvchanligi hamda buning sabablari ochib tashlanyapti.

Darhaqiqat, inson qarashlari ko’pincha sharoitning, muhitning, vaziyatning ham mahsuli bo’lib o’zini namoyon qiladi. Ulug’ rus yozuvchisi Lev Tolstoy “Tirilish” romanida shunday toifa insonlar borki, ular o’z hayotlari davomida qanchadir foiz o’zining, qanchadir foiz esa o’zgalarning qarashlariga suyanib yashaydi, deydi. Rumiy bo’lsa, nuktadonlik bilan insonning hatto o’z qarashlarining ham turlanishi sababiyatiga kirib boryapti.

Rumiy o’z zamonida dinlarni birlashtiraylik degan rumliklarga javoban aytadi: “Siz qanday qilib dinni bir qilasiz? Bu qiyomatdagina mumkin. Bu yer dunyodir va shuning uchun ham dinning bir bo’lishi mumkin emas. Chunki bu yerda ular (odamlar) ning turli-tuman istagi bordir”. Bu yer dunyodir deganda Rumiy insonlar tomonidan barpo etilgan jamiyatlar holini nazarda tutadi. Jamiyatlarning yashash qonuniyatlarini yaxshi bilgani uchun ham bu yerda dinlar bir bo’lolmaydi, deyapti. Chunki jamiyatlar kimlardan tashkil topadi? Insonlardan, albatta. Insonlarning esa xilma xil orzu va istagi bo’ladi. Rumiy aytadi: “insonda bir qancha narsalar mavjud. Masalan, sichqon, qush… Qush qafasni yuqoriga tortsa, sichqon tubanga sudraydi. Insonda ular kabi yana minglarcha yirtqich hayvonlar topiladi. Qush qushligini, sichqon sichqonligini tashlab, birlashsalar, muddao hosil bo’ladi” (“Ichindagi ichindadir”. B.41)  Muddo hosil bo’ladi, degani din birlashadi, deganidir. Zero, yuqorida dinning birlashib-birlashmasligi haqida so’z borayotgan edi. Lekin Rumiy bu yer dunyodir, dunyoda esa din birlashmaydi, degan qat’iy hukmni o’qigan edi. Nega? Sabab shuki, Rumiyning olim nigohi insonniing tubini ko’rib turibdi. Inson hech qachon o’z istaklaridan, orzu va umidlaridan voz kechmaydi. Demak, insonlar tomonidan tashkil etilgan jamiyatlarda ham turli-tuman istaklar, yo’llar va dinlarning yashashi tabiiy va doimiydir.

Xullas, aytilganlar xamir uchidan bir patir, xolos. Rumiyning jamiyatshunos, insonshunos va ruhshunos ekanligiga bag’ishlangan chinakam tadqiqotlar hali oldinda, deb  o’ylayman

2017 yil, iyun

Manba: «Tafakkur» jurnali, 2017/3

05

(Tashriflar: umumiy 94, bugungi 1)

Izoh qoldiring