Kengesbay Karimov. Og‘abiy & Anvar Allamberganov. Roman haqida

Ashampoo_Snap_2017.10.01_14h47m07s_002_.png    Саҳифада қорақалпоқ ёзувчиси  Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” романининг биринчи китоби  ва мазкур асар  таҳлил қилинган ҳамда муаллиф маҳорати, асарнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтилган мақола билан билан танишасиз.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ
“ОҒАБИЙ” РОМАНИДА ТАРИХИЙ ҲАҚИҚАТ
ВА МИЛЛИЙ КОЛОРИТ ТАЛҚИНИ
011

Ashampoo_Snap_2017.09.29_17h15m16s_001_.pngАнвар Алламберганов 1991 йил Беруний туманида туғилган. 2007-2010-йиллар Беруний педагогика коллежида, 2010-2014 йиллар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг филология факультетида, 2014-2016-йиллар Нукус давлат педагогика институти магистратура бўлими Ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича таҳсил олган, 2014 йили “Муҳаббат фасли” номли шеърий, 2015 йили “Модернча талқин шукуҳи” (Ф.ф.н., доцент К.Ташанов билан ҳамкорликда) номли илмий китоблари чоп қилинган. Айни пайтда “Тамаддун нури” журнали бўлим муҳаррири лавозимида фаолият юритмоқда.

011

Кенесбай-Каримов1 - копия.jpgКечамиз бугун, бугунимиз эртага, эртамиз кейинги куни албатта тарихга айланиши изоҳ талаб қилмайдиган аксиомадир. Бутун бир миллатнинг ўтмиши ҳақида ҳикоя қилувчи асар ёзмоқ инсоният тарихининг бир бўлагини ёритмоқ билан баробардир. Шу маънода Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” романи адабиётимиз тарихида муҳим ва эътиборга молик ҳодиса бўлиб муҳрланиб қолиши шубҳасиз.
Яқин тарих ҳақида маълумот берувчи “Оғабий” романида қорақалпоқ уруғларининг ўзаро низолари туфайли кечиб ўтилган сарсон-у саргардонлик йўли ва унда кутилмаганда содир бўладиган талофат-у, фалокатлар оқибати, ҳатто ўлимга ҳам олиб келадиган фожеавий ҳолатлар устоз адиб, публицист, шоир ва ёзувчи Кенгесбой Каримов томонидан маҳорат билан очиб берилган десак, янглишмаган бўламиз. Шонли тарихга назар ташлайдиган бўлсак кўзи қора, кўнгли тоза, юраги оқ деб таърифланадиган қорақалпоқ халқи ўз бошидан озмунча синовларни кечирмаганлиги аён бўлади. Муҳтарам биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз асарларидан бирида қуйидагича такидлаган эди: “Қорақалпоқ деганда, бу заҳматкаш халқнинг ўзига хос хусусиятлари, элни эл, юртни юрт қиладиган фазилатлари ҳақида гапирганда, аввало, бизнинг кўз олдимизда ўзининг узоқ тарихи давомида кўп азоб-уқубатлар, қирғин-қатағонларни бошидан кечирган, қанча-қанча оғир йўлларни босиб ўтган, чидамли ва бағрикенг, мард ва матонатли бир халқ сиймоси пайдо бўлади.”[1.6-7]

Қардош қорақалпоқ ёзма адабиёти тарихига назар соладиган бўлсак йилдан йилга янги адабий асарлар билан бойиб, мукаммаллашиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Ўзининг тарихий романлари билан жаҳон адабиёти хазинасига нодир дурдоналарни туҳфа этган қорақалпоқ адабиёти насри яловбардори ҳисобланган Тўлепберген Қайипбергеновнинг муносиб издоши бўлган Кенгесбай Каримовнинг “ОҒАБИЙ” романи чинакам маънода қорақалпоқларнинг яқин тарихи (1800 йиллар атрофи) ҳақида хабар берувчи муҳташам асар саналади. Атоқли адиб ва танқидчи П.Шермуҳаммедов таъкидлаганидек “Тарихий мавзуга мурожаат қилишнинг мураккаб томонлари кўп. Ёзувчи қаламга олган даврни чуқур ўрганиши, тарихий ҳақиқатга тўла роя қилиши зарур [2.195]”, бемалол айтишимиз мумкинки, роман муаллифи юқоридаги талабларга тўла роя қилган. Бу асарнинг биринчи қисми “Шарқ юлдузи” журналининг 2016 йилги 11-12-сонлари, 2017 йил 1-2-3-сонларида Рустам Мусурмон таржимаси билан эълон қилинган.

Ёзувчи тарихий воқеаларни бўяб бежамасдан тасвирлаб, қорақалпоқларнинг ўз уруғлари орасида ички низолар, уруғ-уруғ, қабила-қабила бўлиб бошбошдоқ яшаш, ўзаро нифоқлар миллат истиқболи учун эмас унинг таназзули, инқирози учун хизмат қилишини асарнинг матн ости структураси ва мазмуний қатига сингдириб юборади ҳамда бу ҳақиқатни теран фикрлайдиган ўқувчи англаши учун қаҳрамонлар ҳаётида содир бўлган воқеалар орқали кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. “Ўтмишни қуруқ қайд қилиш эмас, балки юксак бадиий маҳорат воситасида воқеаларни ҳаяжонли картиналарга, тарихий шахсларни жонли бадиий тип даражасига кўтариш, романда бир бутун давр қиёфасини, давр типини яратишга эришилади. Шунинг учун ҳам тарихий романда тарих ҳақиқати бадиий ҳақиқат даражасига ўсиб чиқиши лозимлиги асосий шартлардан бири саналади”[2.290].

Романда воқеалар ривожига туртки берувчи, қаҳрамонларни ҳаракатга келтирувчи жиддий конфликт ташқи таъсир натижасида бўлмай, балки ўзаро келишмовчилик юзасидан келиб чиқади. Роман воқеалари баён қилиниши ва образлар талқинига кўра анъанавий усулдалигини кўришимиз мумкин. Асар мутолаасига киришган ҳар бир ўқувчи, адиб фақат воқеабандликка эмас, ижтимоий-маънавий муаммоларни кўтариш, уларни образлар воситасида ўқувчилар онгига сингдириш, аждодлар ақл-у закосидан ибрат, хатосидан хулоса чиқаришга ундаётганлигини ҳис қилади. Устоз адиб тарихий ҳақиқатни бузмасдан бадиий асарга кўчирган – аждодлар босиб ўтган оғир ва синовли ҳаёт йўлларида кечган воқеаларни романнинг жанрий талабларига мос равишда жойлаштирган, масалан: “Азалдан Туркистонда яшаётган қолин қорақалпоқни жунғорлар чопиб, “отангни ёв чопса, қўшилиб чоп” деганларидай, жунғорлардан сўнг кўп ўтмай қозоқ хонларининг сиқуви билан қорақалпоқларнинг бир бўлаги Сирдарё ёқалаб Тошкент, Фарғона, ундан ўтиб Самарқанд билан Бухорони паноҳ қилган бўлса, бир гуруҳи боболарининг эски юрти Амударёнинг қуйилиши, Орол ёқасига кўчиб келган дейишади”; ёки: “Бийнинг Қумтепа устига тикилган уйини хизматкорлар йиғиб, туяга ортган, Қулчи отбоқари Бўтабекнинг от келтиришини кутиб, баландда турар эди. Кўчга назар ташлади. Кўчиш ота-бобосидан қолган. Олти элат қорақалпоқнинг пешонасига кўчиб-қўниб юриш ёзилганмикин? Ўзи биладиган хитой билан қипчоқ Қўқон ва Бухоро орасида, кенагас билан манғитлар Бухоро ва Хоразм ўртасида жойлашиб, кўчиб-қўнади. Амирнинг буйруғи билан Сир бўйида жойлашган қорақалпоқлар олдига борди. Уларда ҳам аҳвол шу. Ёзда сув бўйига кўчса, қишда қишловга қайтади. Ўтроқлашиб, деҳқончилик қилишга бўйинлари ёр бермайди. Амударёнинг оёғидагилар Хивага фуқаро бўлиб, Чимбой, Қўнғирот, Давқора атрофларида деҳқончилик қилишади, дарёнинг қуйилишидаги кўллар ва денгиз ёқалаганлари балиқ ва ов овлаб, мол боқади, деб эшитган” каби асар қатига сингдирилган тарихий воқеаларнинг теран таҳлили бунга яққол мисол бўла олади. Асарни ўқиш жараёнида муаллифнинг тарих илмидан, (асарнинг асосий воқеалари тарихий манбалар билан ҳамоҳанглиги) диний билимлардан (воқеа бўлаётган вақтнинг қачонлигини билдириш учун намоз вақтлари ва унда ўқиладиган сура ва оятларнинг номланиши ҳамда тартибининг келтирилиши, мусулмонлар учун қатъий қоидаларга айланган амалларнинг баъзи қаҳрамонлар ҳаракати орқали кўрсатиб берилиши (“Астағфирулло, астағфирулло”, деб ёқа ушлашдан, ҳалолланган совлиқларни санашдан бошқа чораси қолмади”; “бисмилло”сини айтиб қуённи бўғизлади…” ), ҳайвонот (асардаги отларнинг таърифи ва таснифи, туялар ҳақидаги айрим фикрлар, бўриларнинг турмуш тарзи ҳақидаги қаторлар, шулар жумласидан “Эрепбой пешонасига битган буйрул отни миниб, емишни олиб кетаверар эди. Минишга яхши, ғайратли буйрулнинг пойгада чопадиган тезлиги йўқ, улоққа ярайдиган чидами бор…”) ва наботот ( туяқорин, явшан, саксовул каби бир қанча ўсимликлар ҳақида келтирилган баъзи маълумотлар), халқ табобати сирларидан (қаҳрамонлар тилидан хасталиклар учун табиий шифо бўлувчи усуллар ва унсурларнинг айтиб ўтилиши), географик билимлардан (табиат фасллари ва унинг инжиқликларидан ҳимояланиш бобида қаҳрамонларнинг устомон хатти-ҳаракатлари), астрономия илмидан (юлдузларга қараб йўл аниқлаш ва вақтни чамалаш) хабардор эканини кўриш мумкин ва буларнинг ҳар бирини персонажларнинг роман миқёсида тутган  ўрнига қараб “едириб” юборишининг ўзи ҳам адибнинг услубий ўзига хослигини таъминловчи омил ҳисобланади.

Шу ўринда адиб, муаллиф тилидан ҳамда персонажлар нутқи орқали қуюқ, қайта ва қайта келтирилиб ўтаётган мақоллари, ҳикматли сўзлари, урф-одат ҳамда анъаналарга тўхталиб ўтиши қорақалпоқ халқига хос бўлган миллий колоритни ўзига хос тарзда кўрсатиб бера олган. Масалан, асардан олинган қуйидаги парчада муаллиф тилидан, асрлар мобайнида қорақалпоқлар учун табиий бир одатга айланган кўриниш ёритиб берилган:

“– Кише, гўшт пишдими? – деди чўнтагидан тузоқларни ерга ташлаб, бир-биридан ажратар экан.
– Турдингми, Оқжигит? – деди савол билан жавоб қайтариб аёл.

Узун бўйли, оқ-сариқдан келган, кўк кўзлари меҳр билан боққан келинчак Қайирнинг туққан онаси, бола эса келинчакнинг тилаб олган ёлғизи эди”. Қорақалпоқларда илгаридан келаётган одат бўйича эсини танигунча онаси ўз боласининг отини айтмай “Оқжигит” дейди, боласи эса ўз навбатида онасини “кише” дея чақиради”. Қаҳрамонлар диалогидан англашилган, қисқача матн мазмунидан ҳам ва ундан кейин келган муаллиф маълумотидан ҳам маълум бўлишича она ва боланинг бир бирига мурожаати бошқа халқларникига қараганда ўзгача. Муаллиф берган маълумотдан олинган парчага эътибор қаратайлик: “қорақалпоқларда илгаридан келаётган одат бўйича…” дея таъкидланиши туфайли тарих қатига назар ташланиб битилаётган асарда бу кўринишдаги ҳолат ўша вақтлардагидан ҳам олдин бўлганлиги ҳақида тушунча берилгандек назаримизда. Диалог орқали бутун миллатга хос бўлган анъанани кўрсатиш билан бир қаторда қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатига ҳам урғу берилган, яъни онанинг болага меҳри “қаҳрамоннинг қиёфаси, моҳияти, ички дунёси диалогларда кўзга ташланади. Маҳорат билан битилган диалогни чақмоққа қиёслаш мумкин: у билан бир зумда қаҳрамоннинг борлиғи, индивидуал қиёфаси ёритилади”[3.195].

Қолаверса адиб миллат ўзига хослигини кўрсатиш учун фақатгина диалоглардан фойдаланиб ёки улар ҳақида алоҳида тўхталмасдан, тасвирлар қатига сингдириб юборган. Масалан асар қаҳрамони Ережебнинг ёши улғайиб қолганлигини унинг қиёфасининг таъриф-у тавсифи орқали ҳам кўрсатиб ўтган. “Эрежеб ҳам хивич отни ташлаб, суннат тўй билан ҳайдар кокил тўйини тўйлаб бўлган, отаси Қулчига ўхшаб бўйчан бўлаётганидан дарак бериб, оқ-сариқ юзига кўк кўзлари ярашиб, овул сўқмоқларини чангитиб чопадиган бола эди”. Суннат қилиш бутун мусулмон оламида, ўғил болалар учун суннат бўлган амал ҳисобланади. Ҳайдар кокил тўйи эса қорақалпоқларнинг одати бўлиб, ўғил фарзанд дунёга келганидан бошлаб то 6-7-ёшларга етгунча бошнинг марказий қисмидаги сочларга тиғ теккизмасдан ўстириб қўйиш ҳамда вақти келганда одатларга биноан уни қирқишда ўтказиладиган тантанали маросим. Бундан ташқари асарда аза маросими кўриниши ҳам таъсирли ва жонли тарзда келтириб ўтилади. “Журинбой йиғлашдан тўхтаб, серрайиб қолди. Сўнг отам замондан келаётган қорақалпоқларнинг удумига амал қилиб, ерга икки букилиб “вой-вой” деб товуш чиқариб, қора уйга қараб юраверди. Бектемирнинг кўкрагида битиб кетган яранинг ўрни “чим” этиб санчди. Гандираклаб кетди. Йиқилмади.

Журин қора уйга кириб “вой-вой” деб дод солар, “онамиздан айрилиб қолдик, жўражон” дея йўқлов айтиб, ер тепиниб йиғлар эди”. Эркакларнинг ҳам ўз ҳамдардлигини сўз орқали ифода этиши ичидаги ўкинч, ўртаниш, йўқотиш ва жудоликни шу “вой-вой”лар билан чиқаришга ҳаракат қилиши, азадорларга ҳамдард эканлигини билдиришини намоён этувчи бу анъана асарда қисқа ва аниқ тасвирланган. Юқорида таъкидлаганимиз миллий колорит билан боғлиқ бўлган урф-одат, анъана, маросим кўринишларидан ташқари, “Оғабий” романида таомланиш, дастурхон бошидаги ўзига хосликлар, сарқит бериш, изн олиш, сафар чоғидаги анъаналар, меҳмондорчилик урф-одатлари каби қорақалпоқ халқи учун хос бўлган удумлар воқеалар жараёни билан параллел равишда кўрсатиб ўтилган.

Муаллиф қаҳрамонлар руҳиятини очиб бериш билан биргаликда, қорақалпоқ халқининг бой оғзаки ижодига эга эканлигини ҳам кўрсатиб ўтган. Асарнинг биринчи қисмидаёқ ишлатилган 100 га яқин мақол, 50 дан зиёд ўхшатишлар халқ достонларида кенг учрайдиган саж санъатининг қўлланилиши ва айнан халқ оғзаки ижоди маҳсули бўлган достонларнинг номи, қаҳрамонларининг жасорати ҳақидаги қуйидаги парчалар яққол мисол бўла олади. “Алпомишнинг Бойчибори билан Қобланнинг Тўричасини тилдан қўймай, шундай тулпори, кескир қиличи, Озувли билан Қоражонни йиқитгудек зўр бўлишни орзу қиладиганлардан бири мана шу Журинбой эди”.

“– Иккимиз Барчинни қандай бўлишамиз? Барчин биров, биз икки дўстмиз-ку,–деди бир куни Ҳакимқул.

Чиндан ҳам қизиқ эди-да. Тўйларда кечқурун жировлар жирлайдиган достонларда “Алпомиш”, “Қоблан”, “Гўрўғли”да сулувлар энг ботир паҳлавонга тегишган. Булар эса икков-ку.” Хулоса қилиб айишимиз мумкинки Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” романи равон ўқилади ва айни пайтда китобхонни ўйлашга, мушоҳада юритишга чорлайди, хаёлларини мозий томон сафарга юборишга ундайди. Ўқувчи aсар мутолааси жараёнида бадиий асар завқи билан биргаликда қорақалпоқ халқининг олис ва оғир кечмиши ҳақида, ўтмиш замонларда олиб борилган сиёсат ҳақида, қиличдек ўткир сўз ўйинлари-ю, қочиримлари ҳақида, бой урф-одат-у анъаналари ҳақида атрофлича маълумот берувчи манба эканлигига амин бўлади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Каримов И.А. “Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ.” 12 -жилд. — Т.: Ўзбекистон, 2004.
2. “ХХ аср адабиётшунослиги ўзбек адабий танқиди антологияси”. Т.: “Турон Иқбол”, 2011.
3. А.Расулов “Бадиийлик безавол янгилик”. Т.: Шарқ 2007.
4. Шарқ юлдузи // 2016-йил 12-сон
5. Шарқ юлдузи // 2017-йил 1-сон
6. Шарқ юлдузи // 2017-йил 2-сон
7. Шарқ юлдузи // 2017-йил 3-сон

Кенгесбой КАРИМОВ
ОҒАБИЙ

Романнинг биринчи китоби
04

Аввалги сўз

a4a.jpgЧимбой шаҳридан чиққан бир тўда одамлар Кегайли кўпригидан ўтгандан сўнг шимоли-ғарбга қараб кетган арава йўлга тушиб олдилар. Елкаларида қалқиб бораётган тобутни галма-гал кўтаришар, қадамларини тезлатиб олға интилар эдилар.

Сўнгги сафарга йўл олган, энди ўзгаларнинг елкасида бораётган одам ушбу йўлга қадар неча-неча сўқмоқлар ила арава йўлларни босиб ўтгани шубҳасиз.

Бундан роппа-роса етмиш йил бурун отаси Қулчи бий бошлаган қорақалпоқларнинг кўчи Бухоро билан Чимбой ўртасида ястаниб ётган Қизилқум саҳроларини босиб ўтганида бугун ўзининг абадий манзилига жўнаб бораётган Эрежеб Оғабий ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган бола эди.

1

Бўрининг узиб-узиб улиган товуши сукунатни бузиб юборди. Итлар бирданига безовталаниб қолди, бир-бирига жўр бўлиб ҳурди. Акс-садолар олис-олисларга таралиб, оҳиста-оҳиста тинди.
Тонг бўзариб отаётир. Ҳали кўкжияккача боши кўтарилмаган қуёшнинг нурлари энг аввало саксовулларнинг учларини ёритиб, аста-секин атрофга ёйила бошлади. Ёғду Бектемир ётган жўлим уйнинг тутундан қорайган чанғароғига тушди-да, сўнгра қора кийиз ёпилган уй ичини ёритди.
Бектемир чанғароққа тушган ёруғликни сезиб, уйғониб кетди. Ўзига келиб ўнг-сўлига боқди, устидаги қашқир ичикни очиб ташлаб, ўрнидан турди-да ташқарига чиқди.
Жўлим уйнинг атрофига тўплаган чорва кавш қайтариб ётибди. Йирик қорамол билан йилқилар уюрини қўриқлаб, от устида мудраган одамнинг бўй-басти аниқ кўринади. Чор-атрофни қуршаган ёввойи чўлнинг  жондори билан қушидан кўчни қўриқлайман деб тун бўйи югурган, сал қимирлаган нарсага шубҳаланиб ҳурган итлар ҳар ерда-ҳар ерда, қуруқроқ ва қулайроқ жой топиб олиб, бошларини олдинги оёқларига қўйганича, сергакликни ҳам эсидан чиқармасдан мудрамоқда. Қулчи бийнинг тепа устига тикилган қора уйи гезариб кўринади.
Бўри яна улиди. Эшитганларнинг юрагини сескантириб юборадиган, ўзида нола қилиш, айни пайтда даҳшату ваҳшатга солиш, соғинчу чорлов оҳангларини жамлаган сирли ва ёввойи товуш бу гал жуда яқин ердан эшитилди.
Ҳаётда хавф-хатар, ўлим ва фожиа билан кўп бора юзма-юз бўлган, тунлари кўзлари ёнган бўриларга бир неча марта дуч келган Бектемирнинг бир аршин келадиган кўкрагининг чап тўши “чим” этди. “Оббо, ёлғиз ўзи йўртиб, якка-ярим юрган мол билан туяни, кези келганда от-уловсиз, қурол-яроқсиз қолган йўловчини олиб ўрганган, ўз навбатида икки оёқли одам боласидан жабр кўрган кўкёл қашқир бўлса керак бу. Оқшом кўчнинг моли ва одамига ёлғиз ҳужум қилишга юраги дов бермай, бир томондан очлик, иккинчи томондан ўчакишганидан изимизга тушганга ўхшайди”, деган фикр келди хаёлига.
Бўрининг улиши хумдек бошини панжалари устига қўйиб мудраётган Бўрибосарни уйғотди-да, “дик” этиб оёққа қалқитди. У ўзининг йўғон ва баланд товушида “вов-ф” этиб ҳурганида кўҳна юртдан овул итларининг галасига илашиб кўчда келаётган, Бўрибосарнинг назарига тушгани учун, унинг панасида юрганига қарамай, келбати манаман деган бўрининг орлонидан қолишмайдиган кўк канжиқ гавдасига мос бўлмаган ингичка товушда “чав-в” этиб қўя қолди. Унинг ортидан қай бири эгаларининг шошилинч тиклаган қўшларини, қай бири устидан юки туширилгандан сўнг ўтласин деб қўйиб юборилган, бироқ кўчдан олислаб кетмаслиги учун тушовланган туяларни паналаган итларнинг ҳурган товушлари Қизилқум қучоғида тўс-тўполон кўтарди. Асосан, юраксиз, қўрқоқроқ кучуклар ҳуришнинг ўрнига ғингшиб, думларини орқа оёқлари орасига қисиб, эгасидан мадад кутиб, улар ётган қўшлар билан жўлим уйларга тақалиб келиб беркина бошлади.
Бу пайтда кўчдагиларнинг ҳаммаси ёппасига уйғониб бўлди.
Кўчнинг йўлга чиққанига бир ҳафта бўлган эди. Ҳар дам сайин узайиб бораётган кун, ҳар дақиқа сайин иссиғи мўл бўлиб бораётган қуёш, бир-бирига эгиз қўзи каби ўхшаш ўркач-ўркач қумтепалар, саксовуллар ва оқбошлар ўсган, бағри ёввойи ҳайвонларга макон бўлган чексиз-чегарасиз саҳро, мана, бир ҳафтадан буён Ақсуватдан изғирин кечада кўчган овул билан йўлдош бўлиб келаётир.
Кўзланган манзилларининг эса етказадиган вақти соати йўқ. Қўзи-улоғи маъраган, бўтаси бўзлаган, қулини кишнаган, етим-есири олис сафарга ярамагани учун яқинлари улар қолган овулни кўзи қия олмай, алағда бўлиб, кўзёшлари тийилмай йиғлаб, изларига қарай-қарай бораётган манзил қаёқда ўзи? Қош қорайгунча қумурсқа қадам билан йўл босиб, қош қорайгандан сўнг кишининг суяк-суягидан ўтиб кетадиган совуқ ва изғиринли баҳор оқшомини бир амаллаб ўтказиш учун машаққат чекиб, омонатгина жўлим уйи борлар уй тикиб, уйи йўқлар қўш қоқиб, абгор бўлиб, оёқ-қўллари қавариб, олға интилганидан мақсад не ўзи? Ростини айтганда, борадиган манзилнинг қаерда эканлигини кўчдаги бир-икки кишидан бошқаси аниқ билмайди. Тўғри, кўпчилик “Ота макон”, “Ота юрт”, “Чимбой”, “Давқора” деган сўзларни эшитган, бироқ у ернинг олис-яқинлигини, қайси тарафда эканлигини, қандай жойлигини тасаввур қила олишмайди. Тонг отгандан кун ботгунга қадар шимоли-ғарбни кўзлаб фақат олға интилишади. Ёнидаги ҳамроҳларидан сўрай дейишса, улар ҳам ўзларига ўхшаган йўлчи, йўлдош… Барчанинг кўнглига ёқиб кетадиган, сирли, юракка яқин “Ота макон”, “Чимбой”, “Давқора” сўзлари чарчаганда мадад бергандек бўладиган, бироқ ўз висолига етказмайдиган гўзалдек олисга қочаверади.
Бектемир товуши эшитилган бўрининг ўзини кўриш умидида атрофга аланг­лади. Бўри кўзга кўринмади. Ҳадеб аланглайверишни ўзига эп кўрмай ичкарига кирди. Олов ёқмади, қумғон қайнатмади, от устида чопаётгандек илдам ҳаракат билан кераганинг бошидаги хуржунни олиб, унинг ичидан айрон тўла меш билан бир бўлак гўшт олиб, това ўрнига қўлланиладиган ялпоқ темирнинг устига қўйди. Чинни идишлар сақланадиган сандиқни авайлаб очди-да ундан пиёла олиб, мешдан айрон қуйди. Овқатланиб бўлиб, хуржуннинг боғини бойлади. Хуржунни, тунда ёпиниб ухлаган қашқир ичигини керагага илди. Керагадан қинга солинган қилич тақилган, бир ёғида ўткир ханжар илинган, тўқаси кумушдан, ўзи ҳўкизнинг терисидан ийланган, эни ярим қарич келадиган камарини олиб белига бойлади. Узунлиги бир қулоч, сопи ўрик ёғочидан, хом теридан ўрилиб, учига қўрғошин қуйилган, йўғонлиги бош бармоқдек келадиган қамчисини чап елкасига ташлаб, дўли узун пилтали милтиғини ўнг елкасига осди-да уйдан чиқди.
Узоқ йўл азобини тортиб, ҳориб-чарчаб келаётган кўчни бўрининг этни жунжиктириб юборадиган ёввойи товуши тонгги ширин уйқудан бехос уйғотган эди. Ҳар ер-ҳар ерда омонат кулбалар билан чодирлардан тутун чиқа бошлади. Туни билан мол-ҳолга қўриқчилик қилган соқчилар аллақачон оёққа турганди. Асосан қўй сурувларини қўриқлаётганлар тинимсиз “ҳайтаа-а-ҳайт, бос, ол” деб шовқин солаётир. Бундан мақсад яна қўйларга ташланиб қолмасин, деган гумон билан бўриларни иложи борича ҳуркитиш.
Бектемир Қулчи бийнинг дўнгда тикилган уйи томон юрди. Бий бийбича тайёрлаган ошга энди қўл узатган экан. Одоб юзасидан дарров изига қайтди. Аллазамонда ичкаридан “Келавер, Бектемир”, – деган овозни эшитгандан сўнг “Ассалому алайкум”, – деб кириб борди-да, алп қоматини сал буккан ҳолда энкайиб тураверди.
– Ваалайкум ассалом, тиззангни бук, – деган сўз буйруқдек эшитилди.
Қисқагина ҳол-аҳвол сўрашувдан сўнг Бектемир:
– Қулчи оға, нима деб буюрасиз, кўч йўлга отланишга тайёрланаверсинми? – деди бийнинг кўзларига тикилиб.
Бий ўйланиб қолди. Бунга сабаб бор эди. Кўчнинг тун қоронғисида қўниб, тонг саҳардан йўлга тушиб йўл жабрини тортиб келаётганига бир ҳафта бўлди, улов тортган, юк ортилган жониворлар чарчаган, одамлар ҳам ҳолдан тойган эди. Шу ерда бир-икки кун қўниб, ҳордиқ чиқариб олишса, чакки бўлмас эди. Охири бир тўхтамга келган бий бошини кўтарди.
– Одамларга айт, ўтовларини бузмасин. Шу ерда бир-икки кун қолиб, дам олишсин. Яна айт, огоҳ бўлишсин, атрофимизда ёлғиз бўри айланиб юрибди, оч қолганми ёки одамга ўчакишганми, ким билади? Хуллас, ҳар нарсага тайёр туринглар.
Шу билан гап тугади. Бектемир дўнгдан пастга тушиб, баланд овозда одамларга мурожаат қилди:
– Халойиқ, ўтовларингиз билан қўшларингизни йиғманглар. Бугун-эрта йўлга чиқмаймиз. Бўридан эҳтиёт бўлинглар, яна қайтариб айтаман, оч бўридан эҳтиёт бўлинглар, – тонгги беғубор ҳавода унинг товуши янграб узоқ-узоқларга тарқалди.
Бепоён кенгликда, Қизилқумнинг қаърида, инсон шовқини кўп замонлардан буён эшитилмаган ерларда одамларнинг товуши янгради, моллар маъраб, қулинлар кишнаб, ёввойи ерда файзли қишлоқ пайдо бўлгандек бўлди. Кўчнинг қўнган ери ҳам оз эмас, тевараги бир от чоптиримдай бор эди. Салкам икки юз чанғароқ саксовуллари қарағайдек ўсган кенг майдонни тўлдириб, минг йиллардан буён мудраб ётган Қизилқум чўлининг юрагини уйқудан уйғотиб юборди. Саксовулнинг йўғон навдасини қайириб юборсанг, “қарс” этиб тубидан синиб тушади. Кеча кечқурун бошпана қура олмаганлар дарҳол саксовул оғочларидан чайла ясашга киришди. Кимдир чақмоқ тошни олиб, қуруқ шох-шабба тўплаб, остига чўлда ўсган хас-хашакдан тутантириқ қилиб, чақмоқ тошни бир-бирига уриб гулхан ёқиш билан овора. Кеча оқшом ўт ёқиб улгурганлар эҳтиёткорлик билан кулнинг остига кўмиб қўйилган қўрни косов билан ковламоқда. Кимлар эса оташкурагини кўтариб, қўшнилардан чўғ олиб келишга бормоқда. Хуллас, ҳар ким ўз ташвиши билан банд.
Кечагина келиб қўнган бўлса-да ўз хатти-ҳаракатлари билан бу ерда биратўла қолишга бел бойлаганга ўхшаб ғимирлаётганларнинг шовури йиртиқ-ямоқ билан амал-тақал қилиб тикланган ғарибгина ўтовларнинг бирида кўрпача устида қўй терисидан тикилган  пўстинига ўраниб ухлаб ётган бир қора болани ҳам уйғотиб юборган эди. У кўзини очиб, уйнинг тутундан қорайиб кетган чанғароғига тикилиб, ташқаридаги ғала-ғовурга қулоқ тутиб бироз ётди. Онаси кўринмайди. Чамаси олов ёқиб, овқат пиширишнинг ғамида юрган бўлса керак. Отаси эса ҳали тунги қўриқчиликдан қайтмаганини англади. “Бу атрофда ов қилинадиган жониворлар кўп бўлса керак”, – деган ўй хаёлига ногаҳонда қаёқдан келди, билмайди. Ана шу қизиқ фикр болани иссиққина ўрнидан туришга ундади. “Эҳ, аттанг, кеча тузоқ ясаб қўйганимда эди, ҳозир ўша тузоқни ўрнатишга борар эдим”. Кўз ўнгида қуён сўқмоқда ўрнатилган тузоқда катталиги улоқдек келадиган қуён типирчилаб ётгандек бўлди. Юраги гурсиллаб, қаттиқ-қаттиқ ура бошлади. Сак­раб ўрнидан турди. Пўстинини кийиб, ташқарига чиқди.
Бола Қулчи бий овулининг келажаги бўлиб ўсиб келаётган, ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги, бўйи йигитларга тенглашиб қолган, гавдаси бақувват, бурни қирра, оғзи катта, кўзлари дўнг пешонасининг остида чуқур жойлашган, қайсар сочлари тикрайиб турарди. Жўралари уни баралла “тандир бош” деб чақиришар эди, боши катта бўлганидан шундай аташса керак, оёқ-қўлининг суяги йирик, моладай оёғи билан йўғон болдирига отасининг этиги зўрға сиғадиган бу боланинг оти Қайирбой эди. Боланинг исмидаги “бой”ини қўшмай “Қайир, Қайир” деб чақираверишгани боис, унинг оти “Қайир” бўлиб кетганди.
Мол жунидан ясалган копток, чиллак, ошиқ ўйинида гердайганларнинг адабини бериб қўядиган, эркатой, ота-онасининг ёлғизи Қайирнинг энг яхши кўрадиган машғулоти от миниш билан овга чиқиш эди. Ақсуватни қўя турганда Томдининг у ёқ-бу ёғидаги тўйнинг пойгаси билан кўпкариси бўлса, отаси Эрепбойнинг пешонасига битган буйрул отни миниб, емишни олиб кетаверар эди. Минишга яхши, ғайратли буйрулнинг пойгада чопадиган тезлиги йўқ, улоққа ярайдиган чидами бор, бироқ кўпкарида тортишишга Қайир ёшлик қиларди. Шу сабабли буйрулнинг устида туриб кўпкарини томоша қилади, пойгада ўзган отларни диққат билан кузатади, сайислар ва чавандозларнинг ҳангомаларига қулоқ тутиб, эрталаб овулига, уйига қайтади. Овчилик деса Қайир ичаётган ошини ерга қўяди.
Онаси саксовулнинг лаққа чўғига қўйилган осма қозонга солинган шўрванинг кўпигини олаётган экан.
– Кише, гўшт пишдими? – деди чўнтагидан тузоқларни ерга ташлаб, бир-биридан ажратар экан.
– Турдингми, Оқжигит? – деди савол билан жавоб қайтариб аёл.
Узун бўйли, оқ-сариқдан келган, кўк кўзлари меҳр билан боққан келинчак Қайирнинг туққан онаси, бола эса келинчакнинг тилаб олган ёлғизи эди. Қорақалпоқларда илгаридан келаётган одат бўйича эсини танигунча онаси тарбиялаган ўз боласининг отини айтмай “Оқжигит” дейди, боласи эса ўз навбатида онасини “кише” дея чақиради.
Тузоқларини созлаб чўнтагига солган бола бетоқат бўлди.
– Гўшт пишдими, кише?
– Ҳозир пишади, озгина сабр қил.
Аёл қандайдир юмуш билан уйга кирди.
Қайирнинг кутишга тоқати етмади. Хаёлида қуёнсўқмоқлар, тузоққа тушиб типирчилаб ётган қуён, катталиги нақд улоқдек келади…
Охири бўлмади. Чўмични олиб, қозонга ботирди. Қайнаб турган шўрвани сузиб, эчкининг чала пишган илигини чиқарди-да, ёғоч товоққа ташлаб юборди. Озгина кутиб турди. Сўнг иликни қўлига олди. Ўнг қўли куя бошлади, чап қўлига олди. Шундай қилиб, бир қўлидан иккинчи қўлига ўтказиб, оғзига олиб борди. Буғи чиқиб турган гўштни тишлади-да, ютишга ҳам улгурмай қозоннинг бошидан узоқлашишга шошилди. Бу ердан тезроқ қорасини ўчирмаса, онаси келиб қолиши турган гап. Чала пишган сур гўштни йўл-йўлакай еб бораётиб гўштнинг ҳали пишмаганини, бироқ обдон тузланиб салқинга осиб қўйилган сур гўшт сувлари қочиб, аллақачон туршакдек қотиб пишиб бўлганини хаёлида ўтказди-да итини чақирди. Уйнинг олдида бир кўзи билан қозонни қўриқлаб ётган келбати икки яшар танадай келадиган, юнги қизил-ола, қулоғи билан думи чўнтоқ қилиб кесилган, қонталаш кўзлари машъаладек ёниб турган Бўрибосар ўз отини эшитиб, ўрнидан илдам турди-да, Қайирнинг ортидан эргашди. Илик кемириб бораётган калта пўстинли бола билан унинг изидан эргашган ит суякдан умидвор бўлиб саксовулзорга кириб, кўздан ғойиб бўлишди.
Кўп ўтмай қуёш бепоён кенгликни ёритиб юборди. Одамлар энди ўз ташвишларидан кўра кўпроқ мол-ҳолнинг аҳволидан хабар олиб ғимирлаша бошлашди. Кечадан буён сув ичмаган молларни қишнинг қор-ёмғиридан пайдо бўлиб, чуқур ерларда йиғилиб қолган кўлмак сувларни яқинроқ ерлардан излаб топиб, суғориш билан банд. Энг асосийси, мол тушиб, оёқлари билан лойқалатмасдан аввал меш, хум ва кўзаларни сувга тўлдириб олишни унутмаслик зарур.
Бектемир ўтовнинг белдовига бойланиб турган, эгари олинмаган темиркўк айғирининг ёнига келиб, оқшом ётар пайт бемалол дам олсин деб бўшатиб қўйган айилни тортиб боғлаб, қил арқонни белдовдан ечиб, эгарнинг бошига илди, отни сувлиқлаб, узангига оёқ қўйди. Ёши қирққа бориб қолган бўлса ҳам ёш йигитдек кўз илғамас чаққонлик билан қуштумшуқ эгарга қўниб олди. Негадир узангига оёқ қўймасданоқ эгарнинг боши билан орқа қошидан ушлаб, отга ирғиб минадиган пайтларини эслаб, хўрсиниб қўйди.
Бемаҳалда сайраган бойўғлидек ёлғиз бўрининг пайдо бўлиши қўшимча ташвиш туғдирди. Бу саҳроларда бўрини учратиш, бўрилар галасининг молга ҳамла қилиши, қўй-эчки, қорамол, йилқини, ҳаттоки, туяни ҳам қашқир ёриб кетиши ҳайрон қоларли ҳодиса эмас. Бироқ бугунги ёлғиз бўрининг этни сескантириб юборадиган ёввойи ва сирли товуши кишини ўйга толдиргудек даражада ёмонликдан огоҳлантиргандек эди. Шунинг учун аҳоли қўнган ерга яқинроқ жойлардан сувнинг дарагини топиш, аниқроғи, тевараги аниқ кўриниб турадиган ўтлоқ ердан молларни жилдиришга ярайдиган яйлов ахтариш учун Бектемирнинг ўзи отланди. Унинг ўзи ҳам остидаги тулпорига ишончи мўл бўлгани туфайли ҳеч кимни ҳамроҳ қилишни истамади. Зоти асл бўлган, дўнан ёшидаги темиркўкка ўзига ишонгандек ишониш мумкин. Жонивор эгасини кўп бора тўполонлардан, кўпкари тортишувлардан, қон тўкилган урушлардан омон-эсон олиб чиққан. Йигитнинг билаги кучли, бўрими, ёввойи ҳайвонми дуч келиб қолса, ўқлаб қўйилган милтиғини елкасидан олиб ўтирмай, бир қулоч келадиган қамчинни олиб, тепасидан бир-икки айлантириб, тортиб юборганида учига қўрғошин қуйилган мустаҳкам қамчининг зарбасига дуч келса, манаман деган арлон қашқир бўлса ҳам йиқилиб, икки-уч юмалаб кетмаса, менга кел.
Шоқол, тулки, бўрсиқ қамчининг бир зарбасидан омон қолмайди. Бундан сал илгарироқ отига кўз тикиб, ялангликда йўлини тўсган беш-олти қароқчи отини тортиб олмоқчи бўлиб қиличларини яланғочлаганида мана шу хом теридан ўрилган қамчи жонига ора кирган эди. Ўшанда қуршовда иложсиз қолган Бектемир ўнг қўли билан илкис олишга қулай бўлиши учун чап ёнига қистириб қўядиган бир қулоч ўрма қамчисини чангаллаб ушлаб, отининг жиловига осилиш учун энкайиб узанган қароқчининг елкасига тортиб юборганда қароқчи отнинг оёғи остига думалаб тушганди. Қолган қароқчилар ҳужумга ўтганда, Бектемир чаққонлик билан қулочини ёйиб юбориб, бошининг устида ўрма қамчисини чарх уриб айлантирган, йўлбошчиси қамчидан теккан зарбадан ерда юмалаб ётганини кўрган қароқчилар Бектемирнинг ёнига яқинлашишга ботина олмай, иккиланиб қолишган. Устидаги чавандоз тақимининг қаттиқ қисилганини сезган темиркўк жонивор ўқдек отилиб, қароқчиларни чангда қолдириб кетган эди ўшанда.
Бектемир отни қистамади. Рўпарасида кўриниб турган тепаликни мўлжаллаб борди-да, қирнинг этагидан баландга чиқди. Бу дўнгликда турган кишига чор-атрофда нима борлиги кафтдагидек аён кўринарди. Пода ётоққа қулай, кенг супага ўхшаган дўнгроқ текисликлар ҳам бор. У ерларда ўт-ўлан мўл бўлмагани билан бироз хавфсиз, атрофга қараганда сурувга яқинлашган қашқир, бўрсиқ, шоқол бирдан кўзга ташланади.
Сувнинг дарагини эшитган одамлар, хотин-халаж, бола-чақалар қай бири меш, қай бири кичикроқ қўшқулоқли хум, баъзилар жез сув идишларини олиб чувиллашиб сувга югуришди. Теварак нотаниш, бунинг устига ўзи кўзга кўринмаса ҳам товуши юракни  така-пука қилган бўридан хавфсираган одамлар сув олиш учун тўп-тўп бўлиб борар эдилар.
Бу пайтда қўй сурувлари, бир-икки уюр йилқи билан қорамоллар каттароқ тепаликлар томонга ҳайдалди. Кўчда Қулчи бийнинг қўй сурувини, қорамол подасини, йилқиларини боқадиган хизматкорлар бор эди. Қолган моли кўпроқ кишилар беш-олти хўжалик бўлиб йиғилиб бир чўпон ёллаганлар. Баъзилар ўз молини ўзи боқар эди.
Бийнинг йилқиси билан туясига, қорамолига, эсингизда бўлса, биз юқорида тилга олган от устида мудраб ўтирган Эрепбой жавобгар. Беш-олтита чўпон унинг буйруғига итоат этиб, қўл остида ишлайди. Қўй сурувини Қулман думчи болалари билан боқади.
Энди қозонга солинган сур этни пишириб, уни чўпонлар сардори бўлган эри Эрепбой билан тилаб олган ёлғизи Қайирбойга илиниб ўтирган келинчак Сарбеканинг ёнига қайтайлик. Ўтовга кириб, ўзига керакли бўлган буюмни излаб бироз ушланиб қолган Сарбека ташқарига чиқиб, ўғли Қайирни топмади. Оч қолгани учун чидамай қайнаб турган қозондан гўшт сузиб олганини ёғоч тобоқда буруқсиб турган буғ ва шўрванинг қолдиғидан пайқади. Шу яқин орада гўшт еб ўтирган бўлса керак, халақит бермайин, дея яна ўз юмуши билан машғул бўлаверди.
Қалин саксовулзорнинг орасидан йўл топиб, излар кўринадиган қумликка чиққандан сўнг Қайир из қидира бошлади. Кўп ўтмай қуён сўқмоққа дуч келди. Қуённинг қумда қолдирган изидан тушиб, қизиқиб юраверганидан кўч қўнган жойдан олислаб кетаверди. Гўштни еб бўлгандан сўнг Қайир четга улоқтириб юборган ошиқ иликни оғзи билан ҳавода илиб олган Бўрибосар сўқмоқ устида суякни ғажиб, пайсаллаб қолди. Бу пайтда янги тушган из қайрилиб кириб кетган чакалакзордаги чоғроққина тешик оғзига овчи болакай илк тузоғини қўйиб улгурган эди. Кўч қўнган манзилдан узоқлашиб кетган сўқмоқда борган сайин излар тобора кўпаяверди. Улар фақат қуённинг излари эмас, тун бўйи ўлжа излаб изғиган шу ернинг маҳаллий “овчи”лари – шоқол, бўрсиқ, тулкининг излари эди. Кутилмаганда четдан сўқмоққа келиб тушган, туянинг изига ўхшаб қумга ялпайиб ботган изни кўрган бола даставвал ҳайрон бўлиб деди: “Бу ниманинг изи экан?” Сўнг хаёлига “бўри” деган сўз келганида қўрқиб кетиб “ота” деб бақириб юборишига сал қолди. Изга диққат билан тикилди, атрофга аланглаб қаради. Устига бостириб келаётган хавф йўқлигини кўриб қўрқув ва ҳаяжон бир оз босилди. Сўнг Бўрибосар ёдига тушиб, изига қайрилиб бир-икки қадам босган эди, ит кўринмади. “Бўрибосар!!!” деб қичқириб юборди. Олислардан “Бўрибосар!” деган товуш акс-садо берганда бу ўзининг товуши эканини англамай, ҳозиргина босилган ваҳимаси тағин кучайиб, кўкрак қафасида алланарса гурсиллаб ура бошлади.
Қайир қўрқоқ болалардан эмасди. Эрка ўсганига қарамасдан оқшомлари йилқичилар билан кимсасиз яйловда қолиб кетганида, қорли бўронларда адашган йилқи уюрларини қидириб топганида, зулматли кечаларда олис-яқин овулларга бориб келганида сира ҳайиққан эмас. Нотаниш ер, отсиз, пиёда экани ва ёлғизлиги туфайли у саросимага тушган бўлса керак. Тўғри, йилқиларни излаганда, овулдан овулга бирон хабарни етказиш ёки аллақандай бошқа юмуш билан борганида остида оти, ёнида содиқ Бўрибосар ити эргашиб юрар эди. Қўрқсанг ёки зериксанг, от билан, ҳеч қурса ит билан сўзлашсанг, суҳбатлашсанг бўлади. Улар гап қайтариб жавоб беролмаса ҳам сўзингга тушунади. Йўлдан адашсанг, “буйрил, ҳой буйрил, сен чамаси йўлдан адашганга ўхшайсан, Ақсуватга олиб борадиган йўл бу эмас эди”, деб отнинг бўйнига шапатилаб уриб қўйсанг, от сенинг гапингни уққан каби пишқириб қўяди-да, кўп ўтмай керакли сўқмоққа бурилиб, кўзлаган манзилингга тўғри олиб боради. Ит ҳам шундай. Шунинг учун Қайир дала-тузда ёлғиз қолганини сезган пайтда итнинг отини айтиб бақириб юборган эди.
Шу орада орқадаги чакалакзор бутоқлари қаттиқ силкиниб, қандайдир бир куч-қудратли махлуқ ҳарсиллаб бола томон келаверди. Бола махлуқ келаётган томонга тикилиб қолди. Кўп ўтмай қудратли махлуқнинг қоп-қора тумшуғи, сўнгра кесик қулоқлари ва боши кўринди. Бу Бўрибосар эди.
Боланинг дуч келган издан қўрққанига ори келди. Ўзидан уялди. Қўрқмас ва ботир эканини исботлашни талаб қилиб турган бир ички товушга қулоқ берган бола изига қайтиш фикридан воз кечиб, туянинг товонига ўхшаб қумга ялпайиб ботган из кетган томонга қадам ташлаб, олға босаверди. У иккиланган пайтда ички товуш “сен қўрқоқ эмассан, сен ботирсан”, дея такрорлайверарди.
Кўп ўтмай сўнгги тузоқни қўйиш пайти ҳам етди. Бола қулайроқ бир ерни топди-да чўнтагидан молнинг оч ичагидан чийралиб, пишитилган ингичка ипни олди. Одатда тузоқнинг бир учи илмоқ қилиниб, ипнинг иккинчи учи шу илмоқдан ўтказилади ва тузоқ қўйиладиган ерда ўсган бирон бақувватроқ бутоққа маҳкам бойланади. Тузоқ қўйиш учун қуённинг ёки бошқа ҳайвон ҳар доим юрадиган йўлнинг энг тор жойи танланади, ўша ердан ўтган жонивор анг­ламай тузоққа илинган пайтда тузоқ ипи тортилиб, ўлжани ушлайди, қутулишга уриниб типирчилаган сайин тузоқнинг ипи уни шунчалик қисиб бораверади.
Бола тузоқ билан андармон бўлиб ўтирганда илгарилаб кетган итнинг ҳургани эшитилди. Қайир товуш чиққан ерга етиб борса, ит қандайдир бир улкан иннинг оғзида турган экан.
Инга кириб-чиққан изларга диққат билан тикилди. Қайирнинг юраги орқасига тортиб кетди. Туянинг товонидек ялпайган из инга кириб кетган эди. “Бўрининг изи, бўрининг изи, ичкарида бўри бор”, деди ички товуш ҳовлиқиб. Шу пайт индан чийиллаган товушлар эшитилгандек бўлди. “Қашқирнинг бўлтириқлари, қашқирнинг бўлтириқлари”, деди ички товуш. Ички товуш алдамаган эди.
Бола ўйланиб қолди. Нима қилиш керак? Бўрибосар “вавф, вавф” этиб инга интилиб, ичкарига кирмоқчи бўлади, бироқ кенг инга боши сиғади-ю, кўкраги билан елкасига келганда иннинг деворига тўсилиб қолаверади.
“Она қашқир инда бўлса керак…”
Бу фикр катта хавф-хатардан дарак берар эди. Итга ишонса бўлади, аммо Қайирнинг ёнида чарм этигининг қўнжига тиқилган, тиғи бир қарич келадиган, бирон хавф туғилди дегунча боланинг қўлида дами қуёш нурида ялтираб пайдо бўладиган қинсиз пичоғидан ўзга яроқ йўқ.
“Дарҳол кетиш керак”, деб буйруқ берди ички товуш.
Кун чошгоҳга яқинлашиб қолди. Қозондаги сур гўшт пишди. Сарбеканинг эри келди. Яқин ерда юрибди дея тусмолланган Қайирдан эса ҳамон дарак йўқ эди.
Отни бойлаб, ичкарига кирган Эрепбойнинг дастлабки сўзи шу бўлди:
– Қайир нега кўринмайди?
– Ҳозиргина шу ерда юрган эди.
– Овқатга чақирмайсанми?
Сарбека қозондаги гўштни товоққа солди. Идишларга иссиқ шўрва қуйди. Қозоннинг қопқоғини маҳкам ёпди. Атрофга сер солиб қаради. Аммо Қайир кўринмади. Сўнг боласини чақириб, қичқирди:
– Оқжигит-у-ув, ҳай Оқжигит!!! Қаёқдасан, тез кела-ғой, эт совуб қолди.
Унинг қичқирганига ҳеч ким жавоб бермади. Бу пайтда Қайир кўч қўнган ердан анча олисда юрган эди.
Гўшт совигунча Қайирдан дарак бўлмади. Ота-онанинг кўнглига ғулғула тушди. Тонг отаётганда бўрининг улигани, энди эса ёлғиз боланинг кўздан ғойиб бўлиши, бунинг устига атроф нотаниш, ёввойи ҳайвонлари билан сўқмоқлари нотаниш. Қайир қаёққа кетди? Соғ-омон бўлса бас, деган хавотир отанинг ҳам, онанинг ҳам ич-этини итдай тирнар эди.
– Бориб қўшниларнинг болаларидан сўрайин қани, балки жўралариникига кетгандир, – деди уйдан чиқишга қарор қилган Эрепбой. “Жўралариникига кетгандир” дея эшиттириб айтган сўзи ўзига ҳам мадад бериб, белига белбоғдек бўлди. Ўйинқароқ бола-ку, ростдан ҳам жўралариникига кетгандир, деб кўнглини хотиржам қилган Эрепбой буйрилга миниб, йилқидан хабар олишга отланди.
Ўша пайтда:
– Олди! Олиб кетди! Ҳайт, ҳайт! Олға, Оқтирноқ, бос, бос! Қашқир олиб кетди!!! – деган товуш эрталабки нонуштасини еб-ичиб ўтирган одамларнинг тинчини бузиб, мазасини қочирди.
Товуш қум тепалик узра ёйилиб ўтлаётган қўй сурувини боқиб юрган чўпонлар тарафдан келган эди. “Қўйларга  қашқир ҳамла қилди”, деб ўйлади Эрепбой. Беихтиёр тонготарда эшитилган этни сескантириб юборувчи даҳшатли сасни эслади. Ўғли Қайирнинг ғойиб бўлиши билан ўша ёввойи сас ўртасида боғлиқлик бор эмасми, деган шубҳа-гумон кўнглининг бир четида пайдо бўлиб, ўтовнинг ўртасида ёқилган оловдан таралган тутун каби аста-секин ўрлай-ўрлай юрак-бағрини тўлдириб юборди. “Эҳ, Қайиржон, қаёқдасан?” дея ҳўнграб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
От бошини буриб, икки-уч жўлим уйлар билан қўшлар ёнида тўхтаб, отдан тушмасдан баланд товушда Қайирнинг дарагини сўради. Дуч келганларнинг Қайирни кўрмадик-билмадик, деган сўзларни эшитган сайин “Қайир қаерда? Омонми ўзи?” деган сўроқлар уяси бузилган арилар галаси янглиғ бошида тинимсиз ғувиллаб чарх урар эди. Дарҳол бир қарорга келди. “Излаш керак! Излаб топиш керак”. Қаёқдан излайди? Теварак от минган одамнинг боши кўринмайдиган даражада саксовулзор. Из! Излар! Атроф қумлик, юмшоқ қумда из қолади-ку, ахир! Албатта қолади. Бўрининг ҳам изи… Қоронғида тусмоллаб юрган одамнинг қўлига тушиб қолган таёқдек бўлиб туюлган из ҳақидаги ўйларга илашиб, эргашиб келган бўри ҳақидаги фикр уни қўрқитиб юборди. Йилқидан хабар олиш ҳақидаги фикридан тез қайтиб, уйига келди. Дуч келган саксовулнинг танасига отни бойлади. От эса саксовулнинг барра новдаларини ўткир тишлари билан “ғарч” этиб узиб олиб, қорувли жағлари билан куртиллатиб чайнай бошлади. Дунёни унутган Эрепбой уйнинг тевараги, ўчоқ бошида босилган сон-саноқсиз оёқ излари орасидан фақатгина бир изни, ўғли Қайирбойнинг изларини ахтара бошлади. Ана, уни таниди. Боланинг излари унга яхши таниш, чунки қишнинг бошида чармдан тикилган этикнинг ултонига ўзи темирдан нағал қоқиб берган эди-да. “Топдим” деб бақириб юборди худди боласини топгандек қувониб. Бу товушни ўтовни ичида нарсаларни йиғиштираётган Сарбека ҳам аниқ эшитиб, боласини кўриш умидида шошилиб ташқарига чиқди. Бироқ арзандаси кўринмади. Йилқига кетган эри эса уйнинг теварагини айланиб, ўз-ўзича ғудраниб юрибди.
– Топдим, шаҳбозим, топдим. Аниқ Қайирнинг изи! – Эрепбой мийиғида кулимсираб из кетган томонга қараб дадил қадам ташлади, кўп ўтмай саксовулзорга кириб ғойиб бўлди.
Боласини кўраман деган хаёл билан уйдан чиққан аёл эрининг нега бундай қилаётганини тушунмай, анграйиб қолаверди.
Бу вақтда қашқир ҳамла қилган қўй сурувининг бош-кетини бир жойга йиғиб, “ҳайта-ҳайт”лаб Қулман бола-чақаси билан югуриб-елиб юрган эди. Бийнинг минг қўйини ҳайдаб, чошгоҳда қумнинг этагида янтоқ билан ёвшан аралаш ўсган ерга ёйиб юбориб, ҳар ким ҳар четдан посбонлик қилиб турган эди. Қўй боқишга ўргатилган туркмани итлар ҳам бор эди. Қаердан писиб келгани номаълум, бир тўп қашқир шундоққина одамларнинг тумшуғининг тагидаги қўйларга ҳамла қилди. Итларнинг чопиб ҳургани, чўпонларнинг таёқларини сермаб, товушлари борича бақирганидан қўрқмасдан сурувнинг бир четидан кириб, кўз-очиб юмгунча беш-олти совлиқни ёриб ташлади. Ҳой-ҳойга қарамай икки қашқир икки қўйни елкасига силкиб олиб, галаси билан қалин саксовулзор орасига сингиб кетди. Чўпонлар ҳам, бутун яйловни бошига кўтариб, тупроқ сочиб югурган итлар ҳам ҳеч илож топа олмай, ҳайрон бўлиб, нима қилишни билмай қолаверди.
Қашқир ёриб кетган тўқлилар ҳалолланди. Дунёда кўз очганидан буён қўй ортидан юрган Қулман думчи шу ёшга кириб икки оёқли одамдан тортинмай куппа-кундуз куни сурувга чопган қашқирларни биринчи марта кўриши эди. Ҳайрон қолганидан: “Астағфирулло, астағфирулло”, деб ёқа ушлашдан, ҳалолланган совлиқларни санашдан бошқа чораси қолмади.
Тонготарда эшитилган бўри улиши, қашқирларни сурувга ҳамла қилиш хаёлини алғов-далғов қилиб юборгани учун Эрепбой ханжари билан елкасидаги қамчисидан бошқа қурол-яроғи йўқлигини унутди. У саксовулзорни ўртасидан қоқ ёриб, ёввойи жониворлар солган билинар билинмасгина кўринган сўқмоқнинг юмшоқ қумидан нағал қоқилган этикнинг изини қувиб бораверди. Ҳар ер-ҳар ерда гоҳ сўқмоқдан чиқиб, гоҳо яна сўқмоққа тушган бир изни ҳам пайқади, бу Бўрибосарнинг изи бўлса керак деб ўйлади. Уйнинг теварагида итнинг кўринмаганини эслаб, Қайирнинг изи ёнидаги белги итнинг изи эканига ишонди ва “ёнида ити бўлса, бехавотир юргандир”, деган ўй билан ўзини ўзи бироз юпатди.
…Юрагининг гурсиллашини босиш учун озгина иккиланиб турган Қайир ўзига келди.
– Кетдик, юр, Бўрибосар! – деб итининг жуни ҳурпайган елкасидан тортди. – Кетдик.
Бундай ҳолатда қурқув асло дўст бўлмайди. Орқа-олдига қарамай типирчилаб қочса, уяга яқин ерда ётган бўлса, қашқир шовқиндан безовталаниб шартта ўрнидан туриб келиши, уянинг ичида бўлса, хавф-хатардан халос бўлдим деган сезим билан индан чиқиши мумкин. Афтидан, она қашқир овга чиққанга ўхшайди, арлон қашқир эса бир бурчакда бўлтириқларни қўриқлаб ётгандир, ким билади. Эҳтиёткорлик – қўрқоқлик эмас. Қайир шарпасизгина изига бурилиб, анча ерга қадар оёғининг учи билан юриб бораверди. Изига қайрилиб қарамади. Ўнг қўлидаги пичоқнинг сопини қаттиқ қисганидан бармоқлари зирқираб кетди. Кўзга кўринмас душманга ташланишга шайлангандек чап қўлининг бармоқлари ҳам букилиб, мушт бўлиб тугилган эди. Шу тарзда юз қадамча юргандан кейин юрак ютиб, орқасига қаради. Боши саватдек бўлгани билан ақли камлигиданми, ё индаги бўри болаларининг исини олиб, уларни бўғиб ташласам, деган ўч биланми, хуллас, Бўрибосар ҳамон қашқир инининг оғзида гоҳ ер тирнаб, гоҳ ириллаб овора бўлиб ётибди. Ҳар қалай, хавфдан қочиб қутулдим, деб ўйлаган тузоқчи бола эркин нафас олиб, чаққон-чаққон одимлаб кетаверди.
Тузоқчи болани ички товуши алдамаган эди. Қашқирнинг уясидан ўн-ўн беш қадам нарироқдаги қалин саксовулнинг панасида ётган қашқир итнинг товушидан безовта бўлиб, аллақачон оёққа турган, машъаладек ёнган кўзлари, думи ва қулоғи кесик, ўзидан анча ҳайбатли ва турқи бегона ҳайвон билан белини боғлаб олган икки оёқли махлуқни кузатаётган эди. Ёввойи, бироқ олдиндан ҳис этадиган ички сезим билан у қулоғи кесилган ҳайвоннинг инга кира олмаслигини билди, сабаби ўша инга ўзи ҳам сиғмасди, икки оёқли махлуқ эса бўлтириқларга ёмонлик қилишни ўйламади. Шунинг учун чўлнинг зийрак ҳайвони бўлган қашқир бу номаълум махлуқларга ўзининг қаерда эканлигини билдиргиси келмай, ўрнидан қўзғалмади. Бироқ инга кираман деб овора бўлган ит ичкарига киришдан умидини узиб, эгасининг изидан сўқмоққа тушгунга қадар улардан кўз узмай, елкасининг ёли ҳурпайиб, олға сакраш учун тайёрланиб, орқасига қараб сал мункайиб, кучли оёқлари мушакларини таранг қилиб, ҳужумга шай ҳолатда тураверди. Ит билан бола кўздан ғойиб бўлгандан кейингина тортилган қайишдек бўлиб таранглашган танасини бирпасга бўшаштирди, елка ёли ётди, эҳтиёткорлик қиламан, деб қўлга тушиб турган ўлжасидан айрилиб қолганидан ғашландими, чўзиб-чўзиб ғингшиб қўйди.
…Эрепбой эса юмшоқ қумда аниқ билиниб турган таниш изни қувиб келаверди. Озгина юргандан сўнг сўқмоқдан бурилиб, чакалакка кирадиган бир туйнукда қурилган тузоққа кўзи тушди. Ўпкасини босиб олиб, олға илгарилайверди. Кўп ўтмай тузоққа тушиб типирчилаб ётган сариқ қулоқ қуёнга дуч келди. Белидан пичоғини чиқариб, тузоқнинг ипини кесиб қўймаслик учун эҳтиёткорлик билан “бисмилло”сини айтиб қуённи бўғизлади. Пичоғини қумга артди. Елкасига осилган, озиқ-овқат солиб юришга мўлжалланиб эчки терисидан тикилган халтага қуённи солди-да, йўлида давом этди.
Қайир овга, тузоқ қўйишга қизиққанидан кўч қўнган жойдан анча йироқлаб кетган эди. Ота-бола чўл ҳайвонлари юрадиган сўқмоқда бир-бирига рўпара келгунича орадан анча вақт ўтди. Иккиси ҳам шитоб билан одимлар эди. Бола қашқирнинг инидан тезроқ узоқлашиш, хавфдан қутулиш учун шошилса, ота боласини, Худодан тилаб олган ёлғизини, қийинчиликка, жабру жафога тўла бу ёруғ оламдаги севинчи ва овунчи бўлган ўғлини омон-эсон кўришга ошиқар эди. Тузоққа тушган қуённи кўрганда машаққатлар чека-чека берч бўлиб қотиб қолган кўнглида қандайдир бир илиқ сезим уйғониб, азобланган жонини роҳатга белагандек бўлди. У қандай сезим эди ўзи? Шундай уқувли, довюрак, қўрқмайдиган ўғли бор эканидан рози бўлган ғурурланиш  сезими эдими у? Ўзи бу ёлғончидан ўтиб кетса, ҳам изида хор-зор бўлмайдиган, ҳаётда ўз ўрнини топадиган ўринбосар ўсиб келаётганига ишончми? Бу нима эканини фарқлаб, теран ўйлаш учун унда фурсат ҳам, шуур ҳам йўқ, ҳозир ўша азамат фарзандининг бошини соғ-омон кўрса, суюнчисига ўтови, бор бойлиги – буйрул оти билан ёлғиз туясини қўшиб бериб юборишга тайёр эди.
Кўп ўтмай ота-бола Қизилқумнинг ёввойи ҳайвонлари солган тор сўқмоқда учрашди. Кўришишдан аввал бир-бирининг оёқ товушларини эшитиб, анча ҳовлиқиб ҳам олишди. Қувончларини яшира олмай, ота олдинда, бола орқада, уларнинг изида келбати икки яшар танадай келадиган кесиқ қулоқли Бўрибосар ғовур-ғувур қилиб келаверишди.
– Қашқирнинг инини кўрдим, – деди Қайир мақтаниб. – Ичида бўлтириқлари ҳам бор. Ғингшиганларини ўз қулоғим билан эшитдим.
– Худо сақлабди. Она қашқир овга чиққанга ўхшайди. Нотаниш ерда ёлғиз юриш жуда хатарли, – деди ота. Товуш оҳангидан онасини хабардор этмай, тузоққа кетгани учун боласидан гина қилганининг маъноси сезилар эди.
Бола эса бир ўзи қўрқмасдан тузоқ қуришга чиққани, қашқирнинг уясини кўргани, ҳаммасидан кўра тузоғига қуён тушгани туфайли ичидаги шодлигини сира яшира олмас эди. Бу шодликни ўз ота-онаси, кўч қўнган жойда қолган жўралари билан баҳам кўришга шошилар, таассуротларини сўзлаб беришга хумор бўлиб келаётир.
Бу дамларда кун ботишга қараб ошиққан, эрта баҳор қуёши туш вақтидан ўтиб, пешинга оға бошлаган, бир ҳафтадан буён тинмай олдинга интилиб келаётган сирли кўчни Қизилқум саҳросининг совуқ изғирин ва хавф-хатарга тўла туни кутаётган эди.

Асар давомини мутолаа қилинг:

Кенгесбой КАРИМОВ. ОҒАБИЙ

IMG_5868.jpg Sahifada qoraqalpoq yozuvchisi Kengesboy Karimovning “Og‘abiy” romanining birinchi kitobi va mazkur asar tahlil qilingan hamda muallif mahorati,  asarning o‘ziga xos jihatlari haqida to‘xtalib o‘tilgan maqola bilan bilan  tanishasiz.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV
“OG‘ABIY” ROMANIDA TARIXIY HAQIQAT
VA MILLIY KOLORIT TALQINI
011

Anvar Allamberganov 1991 yil Beruniy tumanida tug‘ilgan. 2007-2010-yillar Beruniy pedagogika kollejida, 2010-2014 yillar Berdaq nomidagi Qoraqalpoq davlat universitetining filologiya fakultetida, 2014-2016-yillar Nukus davlat pedagogika instituti magistratura bo‘limi O‘zbek tili va adabiyoti mutaxassisligi bo‘yicha tahsil olgan, 2014 yili “Muhabbat fasli” nomli she’riy, 2015 yili “Moderncha talqin shukuhi” (F.f.n., dotsent K.Tashanov bilan hamkorlikda) nomli ilmiy kitoblari chop qilingan. Ayni paytda “Tamaddun nuri” jurnali bo‘lim muharriri lavozimida faoliyat yuritmoqda.

011

Кенесбай-Каримов1.jpgKechamiz bugun, bugunimiz ertaga, ertamiz keyingi kuni albatta tarixga aylanishi izoh talab qilmaydigan aksiomadir. Butun bir millatning o‘tmishi haqida hikoya qiluvchi asar yozmoq insoniyat tarixining bir bo‘lagini yoritmoq bilan barobardir. Shu ma’noda Kengesboy Karimovning “Og‘abiy” romani adabiyotimiz tarixida muhim va e’tiborga molik hodisa bo‘lib muhrlanib qolishi shubhasiz.

Yaqin tarix haqida ma’lumot beruvchi “Og‘abiy” romanida qoraqalpoq urug‘larining o‘zaro nizolari tufayli kechib o‘tilgan sarson-u sargardonlik yo‘li va unda kutilmaganda sodir bo‘ladigan talofat-u, falokatlar oqibati, hatto o‘limga ham olib keladigan fojeaviy holatlar ustoz adib, publitsist, shoir va yozuvchi Kengesboy Karimov tomonidan mahorat bilan ochib berilgan desak, yanglishmagan bo‘lamiz. Shonli tarixga nazar tashlaydigan bo‘lsak ko‘zi qora, ko‘ngli toza, yuragi oq deb ta’riflanadigan qoraqalpoq xalqi o‘z boshidan ozmuncha sinovlarni kechirmaganligi ayon bo‘ladi. Muhtaram birinchi prezidentimiz Islom Abdug‘aniyevich Karimov o‘z asarlaridan birida quyidagicha takidlagan edi: “Qoraqalpoq deganda, bu zahmatkash xalqning o‘ziga xos xususiyatlari, elni el, yurtni yurt qiladigan fazilatlari haqida gapirganda, avvalo, bizning ko‘z oldimizda o‘zining uzoq tarixi davomida ko‘p azob-uqubatlar, qirg‘in-qatag‘onlarni boshidan kechirgan, qancha-qancha og‘ir yo‘llarni bosib o‘tgan, chidamli va bag‘rikeng, mard va matonatli bir xalq siymosi paydo bo‘ladi.”[1.6-7]

Qardosh qoraqalpoq yozma adabiyoti tarixiga nazar soladigan bo‘lsak yildan yilga yangi adabiy asarlar bilan boyib, mukammallashib borayotganligini ko‘rishimiz mumkin. O‘zining tarixiy romanlari bilan jahon adabiyoti xazinasiga nodir durdonalarni tuhfa etgan qoraqalpoq adabiyoti nasri yalovbardori hisoblangan To‘lepbergen Qayipbergenovning munosib izdoshi bo‘lgan Kengesbay Karimovning “OG‘ABIY” romani chinakam ma’noda qoraqalpoqlarning yaqin tarixi (1800 yillar atrofi) haqida xabar beruvchi muhtasham asar sanaladi. Atoqli adib va tanqidchi P.Shermuhammedov ta’kidlaganidek “Tarixiy mavzuga murojaat qilishning murakkab tomonlari ko‘p. Yozuvchi qalamga olgan davrni chuqur o‘rganishi, tarixiy haqiqatga to‘la roya qilishi zarur [2.195]”, bemalol aytishimiz mumkinki, roman muallifi yuqoridagi talablarga to‘la roya qilgan. Bu asarning birinchi qismi “Sharq yulduzi” jurnalining 2016 yilgi 11-12-sonlari, 2017 yil 1-2-3-sonlarida Rustam Musurmon tarjimasi bilan e’lon qilingan.

Yozuvchi tarixiy voqealarni bo‘yab bejamasdan tasvirlab, qoraqalpoqlarning o‘z urug‘lari orasida ichki nizolar, urug‘-urug‘, qabila-qabila bo‘lib boshboshdoq yashash, o‘zaro nifoqlar millat istiqboli uchun emas uning tanazzuli, inqirozi uchun xizmat qilishini asarning matn osti strukturasi va mazmuniy qatiga singdirib yuboradi hamda bu haqiqatni teran fikrlaydigan o‘quvchi anglashi uchun qahramonlar hayotida sodir bo‘lgan voqealar orqali ko‘rsatib berishga harakat qiladi. “O‘tmishni quruq qayd qilish emas, balki yuksak badiiy mahorat vositasida voqealarni hayajonli kartinalarga, tarixiy shaxslarni jonli badiiy tip darajasiga ko‘tarish, romanda bir butun davr qiyofasini, davr tipini yaratishga erishiladi. Shuning uchun ham tarixiy romanda tarix haqiqati badiiy haqiqat darajasiga o‘sib chiqishi lozimligi asosiy shartlardan biri sanaladi”[2.290].

Romanda voqealar rivojiga turtki beruvchi, qahramonlarni harakatga keltiruvchi jiddiy konflikt tashqi ta’sir natijasida bo‘lmay, balki o‘zaro kelishmovchilik yuzasidan kelib chiqadi. Roman voqealari bayon qilinishi va obrazlar talqiniga ko‘ra an’anaviy usuldaligini ko‘rishimiz mumkin. Asar mutolaasiga kirishgan har bir o‘quvchi, adib faqat voqeabandlikka emas, ijtimoiy-ma’naviy muammolarni ko‘tarish, ularni obrazlar vositasida o‘quvchilar ongiga singdirish, ajdodlar aql-u zakosidan ibrat, xatosidan xulosa chiqarishga undayotganligini his qiladi. Ustoz adib tarixiy haqiqatni buzmasdan badiiy asarga ko‘chirgan – ajdodlar bosib o‘tgan og‘ir va sinovli hayot yo‘llarida kechgan voqealarni romanning janriy talablariga mos ravishda joylashtirgan, masalan: “Azaldan Turkistonda yashayotgan qolin qoraqalpoqni jung‘orlar chopib, “otangni yov chopsa, qo‘shilib chop” deganlariday, jung‘orlardan so‘ng ko‘p o‘tmay qozoq xonlarining siquvi bilan qoraqalpoqlarning bir bo‘lagi Sirdaryo yoqalab Toshkent, Farg‘ona, undan o‘tib Samarqand bilan Buxoroni panoh qilgan bo‘lsa, bir guruhi bobolarining eski yurti Amudaryoning quyilishi, Orol yoqasiga ko‘chib kelgan deyishadi”; yoki: “Biyning Qumtepa ustiga tikilgan uyini xizmatkorlar yig‘ib, tuyaga ortgan, Qulchi otboqari Bo‘tabekning ot keltirishini kutib, balandda turar edi. Ko‘chga nazar tashladi. Ko‘chish ota-bobosidan qolgan. Olti elat qoraqalpoqning peshonasiga ko‘chib-qo‘nib yurish yozilganmikin? O‘zi biladigan xitoy bilan qipchoq Qo‘qon va Buxoro orasida, kenagas bilan mang‘itlar Buxoro va Xorazm o‘rtasida joylashib, ko‘chib-qo‘nadi. Amirning buyrug‘i bilan Sir bo‘yida joylashgan qoraqalpoqlar oldiga bordi. Ularda ham ahvol shu. Yozda suv bo‘yiga ko‘chsa, qishda qishlovga qaytadi. O‘troqlashib, dehqonchilik qilishga bo‘yinlari yor bermaydi. Amudaryoning oyog‘idagilar Xivaga fuqaro bo‘lib, Chimboy, Qo‘ng‘irot, Davqora atroflarida dehqonchilik qilishadi, daryoning quyilishidagi ko‘llar va dengiz yoqalaganlari baliq va ov ovlab, mol boqadi, deb eshitgan” kabi asar qatiga singdirilgan tarixiy voqealarning teran tahlili bunga yaqqol misol bo‘la oladi. Asarni o‘qish jarayonida muallifning tarix ilmidan, (asarning asosiy voqealari tarixiy manbalar bilan hamohangligi) diniy bilimlardan (voqea bo‘layotgan vaqtning qachonligini bildirish uchun namoz vaqtlari va unda o‘qiladigan sura va oyatlarning nomlanishi hamda tartibining keltirilishi, musulmonlar uchun qat’iy qoidalarga aylangan amallarning ba’zi qahramonlar harakati orqali ko‘rsatib berilishi (“Astag‘firullo, astag‘firullo”, deb yoqa ushlashdan, halollangan sovliqlarni sanashdan boshqa chorasi qolmadi”; “bismillo”sini aytib quyonni bo‘g‘izladi…” ), hayvonot (asardagi otlarning ta’rifi va tasnifi, tuyalar haqidagi ayrim fikrlar, bo‘rilarning turmush tarzi haqidagi qatorlar, shular jumlasidan “Erepboy peshonasiga bitgan buyrul otni minib, yemishni olib ketaverar edi. Minishga yaxshi, g‘ayratli buyrulning poygada chopadigan tezligi yo‘q, uloqqa yaraydigan chidami bor…”) va nabotot ( tuyaqorin, yavshan, saksovul kabi bir qancha o‘simliklar haqida keltirilgan ba’zi ma’lumotlar), xalq tabobati sirlaridan (qahramonlar tilidan xastaliklar uchun tabiiy shifo bo‘luvchi usullar va unsurlarning aytib o‘tilishi), geografik bilimlardan (tabiat fasllari va uning injiqliklaridan himoyalanish bobida qahramonlarning ustomon xatti-harakatlari), astronomiya ilmidan (yulduzlarga qarab yo‘l aniqlash va vaqtni chamalash) xabardor ekanini ko‘rish mumkin va bularning har birini personajlarning roman miqyosida tutgan o‘rniga qarab “yedirib” yuborishining o‘zi ham adibning uslubiy o‘ziga xosligini ta’minlovchi omil hisoblanadi.

Shu o‘rinda adib, muallif tilidan hamda personajlar nutqi orqali quyuq, qayta va qayta keltirilib o‘tayotgan maqollari, hikmatli so‘zlari, urf-odat hamda an’analarga to‘xtalib o‘tishi qoraqalpoq xalqiga xos bo‘lgan milliy koloritni o‘ziga xos tarzda ko‘rsatib bera olgan. Masalan, asardan olingan quyidagi parchada muallif tilidan, asrlar mobaynida qoraqalpoqlar uchun tabiiy bir odatga aylangan ko‘rinish yoritib berilgan:

“– Kishe, go‘sht pishdimi? – dedi cho‘ntagidan tuzoqlarni yerga tashlab, bir-biridan ajratar ekan.
– Turdingmi, Oqjigit? – dedi savol bilan javob qaytarib ayol.

Uzun bo‘yli, oq-sariqdan kelgan, ko‘k ko‘zlari mehr bilan boqqan kelinchak Qayirning tuqqan onasi, bola esa kelinchakning tilab olgan yolg‘izi edi”. Qoraqalpoqlarda ilgaridan kelayotgan odat bo‘yicha esini taniguncha onasi o‘z bolasining otini aytmay “Oqjigit” deydi, bolasi esa o‘z navbatida onasini “kishe” deya chaqiradi”. Qahramonlar dialogidan anglashilgan, qisqacha matn mazmunidan ham va undan keyin kelgan muallif ma’lumotidan ham ma’lum bo‘lishicha ona va bolaning bir biriga murojaati boshqa xalqlarnikiga qaraganda o‘zgacha. Muallif bergan ma’lumotdan olingan parchaga e’tibor qarataylik: “qoraqalpoqlarda ilgaridan kelayotgan odat bo‘yicha…” deya ta’kidlanishi tufayli tarix qatiga nazar tashlanib bitilayotgan asarda bu ko‘rinishdagi holat o‘sha vaqtlardagidan ham oldin bo‘lganligi haqida tushuncha berilgandek nazarimizda. Dialog orqali butun millatga xos bo‘lgan an’anani ko‘rsatish bilan bir qatorda qahramonlarning ruhiy holatiga ham urg‘u berilgan, ya’ni onaning bolaga mehri “qahramonning qiyofasi, mohiyati, ichki dunyosi dialoglarda ko‘zga tashlanadi. Mahorat bilan bitilgan dialogni chaqmoqqa qiyoslash mumkin: u bilan bir zumda qahramonning borlig‘i, individual qiyofasi yoritiladi”[3.195].

Qolaversa adib millat o‘ziga xosligini ko‘rsatish uchun faqatgina dialoglardan foydalanib yoki ular haqida alohida to‘xtalmasdan, tasvirlar qatiga singdirib yuborgan. Masalan asar qahramoni Yerejebning yoshi ulg‘ayib qolganligini uning qiyofasining ta’rif-u tavsifi orqali ham ko‘rsatib o‘tgan. “Erejeb ham xivich otni tashlab, sunnat to‘y bilan haydar kokil to‘yini to‘ylab bo‘lgan, otasi Qulchiga o‘xshab bo‘ychan bo‘layotganidan darak berib, oq-sariq yuziga ko‘k ko‘zlari yarashib, ovul so‘qmoqlarini changitib chopadigan bola edi”. Sunnat qilish butun musulmon olamida, o‘g‘il bolalar uchun sunnat bo‘lgan amal hisoblanadi. Haydar kokil to‘yi esa qoraqalpoqlarning odati bo‘lib, o‘g‘il farzand dunyoga kelganidan boshlab to 6-7-yoshlarga yetguncha boshning markaziy qismidagi sochlarga tig‘ tekkizmasdan o‘stirib qo‘yish hamda vaqti kelganda odatlarga binoan uni qirqishda o‘tkaziladigan tantanali marosim. Bundan tashqari asarda aza marosimi ko‘rinishi ham ta’sirli va jonli tarzda keltirib o‘tiladi. “Jurinboy yig‘lashdan to‘xtab, serrayib qoldi. So‘ng otam zamondan kelayotgan qoraqalpoqlarning udumiga amal qilib, yerga ikki bukilib “voy-voy” deb tovush chiqarib, qora uyga qarab yuraverdi. Bektemirning ko‘kragida bitib ketgan yaraning o‘rni “chim” etib sanchdi. Gandiraklab ketdi. Yiqilmadi.

Jurin qora uyga kirib “voy-voy” deb dod solar, “onamizdan ayrilib qoldik, jo‘rajon” deya yo‘qlov aytib, yer tepinib yig‘lar edi”. Erkaklarning ham o‘z hamdardligini so‘z orqali ifoda etishi ichidagi o‘kinch, o‘rtanish, yo‘qotish va judolikni shu “voy-voy”lar bilan chiqarishga harakat qilishi, azadorlarga hamdard ekanligini bildirishini namoyon etuvchi bu an’ana asarda qisqa va aniq tasvirlangan. Yuqorida ta’kidlaganimiz milliy kolorit bilan bog‘liq bo‘lgan urf-odat, an’ana, marosim ko‘rinishlaridan tashqari, “Og‘abiy” romanida taomlanish, dasturxon boshidagi o‘ziga xosliklar, sarqit berish, izn olish, safar chog‘idagi an’analar, mehmondorchilik urf-odatlari kabi qoraqalpoq xalqi uchun xos bo‘lgan udumlar voqealar jarayoni bilan parallel ravishda ko‘rsatib o‘tilgan.

Muallif qahramonlar ruhiyatini ochib berish bilan birgalikda, qoraqalpoq xalqining boy og‘zaki ijodiga ega ekanligini ham ko‘rsatib o‘tgan. Asarning birinchi qismidayoq ishlatilgan 100 ga yaqin maqol, 50 dan ziyod o‘xshatishlar xalq dostonlarida keng uchraydigan saj san’atining qo‘llanilishi va aynan xalq og‘zaki ijodi mahsuli bo‘lgan dostonlarning nomi, qahramonlarining jasorati haqidagi quyidagi parchalar yaqqol misol bo‘la oladi. “Alpomishning Boychibori bilan Qoblanning To‘richasini tildan qo‘ymay, shunday tulpori, keskir qilichi, Ozuvli bilan Qorajonni yiqitgudek zo‘r bo‘lishni orzu qiladiganlardan biri mana shu Jurinboy edi”.

“– Ikkimiz Barchinni qanday bo‘lishamiz? Barchin birov, biz ikki do‘stmiz-ku,–dedi bir kuni Hakimqul.

Chindan ham qiziq edi-da. To‘ylarda kechqurun jirovlar jirlaydigan dostonlarda “Alpomish”, “Qoblan”, “Go‘ro‘g‘li”da suluvlar eng botir pahlavonga tegishgan. Bular esa ikkov-ku.” Xulosa qilib ayishimiz mumkinki Kengesboy Karimovning “Og‘abiy” romani ravon o‘qiladi va ayni paytda kitobxonni o‘ylashga, mushohada yuritishga chorlaydi, xayollarini moziy tomon safarga yuborishga undaydi. O‘quvchi asar mutolaasi jarayonida badiiy asar zavqi bilan birgalikda qoraqalpoq xalqining olis va og‘ir kechmishi haqida, o‘tmish zamonlarda olib borilgan siyosat haqida, qilichdek o‘tkir so‘z o‘yinlari-yu, qochirimlari haqida, boy urf-odat-u an’analari haqida atroflicha ma’lumot beruvchi manba ekanligiga amin bo‘ladi.

Foydalanilgan adabiyotlar ro‘yxati:

1. Karimov I.A. “Tinchlik va xavfsizligimiz o‘z kuch-qudratimizga, hamjihatligimiz va qat’iy irodamizga bog‘liq.” 12 -jild. — T.: O‘zbekiston, 2004.
2. “XX asr adabiyotshunosligi o‘zbek adabiy tanqidi antologiyasi”. T.: “Turon Iqbol”, 2011.
3. A.Rasulov “Badiiylik bezavol yangilik”. T.: Sharq 2007.
4. Sharq yulduzi // 2016-yil 12-son
5. Sharq yulduzi // 2017-yil 1-son
6. Sharq yulduzi // 2017-yil 2-son
7. Sharq yulduzi // 2017-yil 3-son

Kengesboy KARIMOV
OG‘ABIY
Romanning birinchi kitobi
04

Avvalgi so‘z

2_3.jpgChimboy shahridan chiqqan bir to‘da odamlar Kegayli ko‘prigidan o‘tgandan so‘ng shimoli-g‘arbga qarab ketgan arava yo‘lga tushib oldilar. Yelkalarida qalqib borayotgan tobutni galma-gal ko‘tarishar, qadamlarini tezlatib olg‘a intilar edilar.
So‘nggi safarga yo‘l olgan, endi o‘zgalarning yelkasida borayotgan odam ushbu yo‘lga qadar necha-necha so‘qmoqlar ila arava yo‘llarni bosib o‘tgani shubhasiz.
Bundan roppa-rosa yetmish yil burun otasi Qulchi biy boshlagan qoraqalpoqlarning ko‘chi Buxoro bilan Chimboy o‘rtasida yastanib yotgan Qizilqum sahrolarini bosib o‘tganida bugun o‘zining abadiy manziliga jo‘nab borayotgan Erejeb Og‘abiy hali o‘n yoshga ham to‘lmagan bola edi.

1

Bo‘rining uzib-uzib uligan tovushi sukunatni buzib yubordi. Itlar birdaniga bezovtalanib qoldi, bir-biriga jo‘r bo‘lib hurdi. Aks-sadolar olis-olislarga taralib, ohista-ohista tindi.
Tong bo‘zarib otayotir. Hali ko‘kjiyakkacha boshi ko‘tarilmagan quyoshning nurlari eng avvalo saksovullarning uchlarini yoritib, asta-sekin atrofga yoyila boshladi. Yog‘du Bektemir yotgan jo‘lim uyning tutundan qoraygan chang‘arog‘iga tushdi-da, so‘ngra qora kiyiz yopilgan uy ichini yoritdi.
Bektemir chang‘aroqqa tushgan yorug‘likni sezib, uyg‘onib ketdi. O‘ziga kelib o‘ng-so‘liga boqdi, ustidagi qashqir ichikni ochib tashlab, o‘rnidan turdi-da tashqariga chiqdi.
Jo‘lim uyning atrofiga to‘plagan chorva kavsh qaytarib yotibdi. Yirik qoramol bilan yilqilar uyurini qo‘riqlab, ot ustida mudragan odamning bo‘y-basti aniq ko‘rinadi. Chor-atrofni qurshagan yovvoyi cho‘lning jondori bilan qushidan ko‘chni qo‘riqlayman deb tun bo‘yi yugurgan, sal qimirlagan narsaga shubhalanib hurgan itlar har yerda-har yerda, quruqroq va qulayroq joy topib olib, boshlarini oldingi oyoqlariga qo‘yganicha, sergaklikni ham esidan chiqarmasdan mudramoqda. Qulchi biyning tepa ustiga tikilgan qora uyi gezarib ko‘rinadi.
Bo‘ri yana ulidi. Eshitganlarning yuragini seskantirib yuboradigan, o‘zida nola qilish, ayni paytda dahshatu vahshatga solish, sog‘inchu chorlov ohanglarini jamlagan sirli va yovvoyi tovush bu gal juda yaqin yerdan eshitildi.
Hayotda xavf-xatar, o‘lim va fojia bilan ko‘p bora yuzma-yuz bo‘lgan, tunlari ko‘zlari yongan bo‘rilarga bir necha marta duch kelgan Bektemirning bir arshin keladigan ko‘kragining chap to‘shi “chim” etdi. “Obbo, yolg‘iz o‘zi yo‘rtib, yakka-yarim yurgan mol bilan tuyani, kezi kelganda ot-ulovsiz, qurol-yaroqsiz qolgan yo‘lovchini olib o‘rgangan, o‘z navbatida ikki oyoqli odam bolasidan jabr ko‘rgan ko‘kyol qashqir bo‘lsa kerak bu. Oqshom ko‘chning moli va odamiga yolg‘iz hujum qilishga yuragi dov bermay, bir tomondan ochlik, ikkinchi tomondan o‘chakishganidan izimizga tushganga o‘xshaydi”, degan fikr keldi xayoliga.
Bo‘rining ulishi xumdek boshini panjalari ustiga qo‘yib mudrayotgan Bo‘ribosarni uyg‘otdi-da, “dik” etib oyoqqa qalqitdi. U o‘zining yo‘g‘on va baland tovushida “vov-f” etib hurganida ko‘hna yurtdan ovul itlarining galasiga ilashib ko‘chda kelayotgan, Bo‘ribosarning nazariga tushgani uchun, uning panasida yurganiga qaramay, kelbati manaman degan bo‘rining orlonidan qolishmaydigan ko‘k kanjiq gavdasiga mos bo‘lmagan ingichka tovushda “chav-v” etib qo‘ya qoldi. Uning ortidan qay biri egalarining shoshilinch tiklagan qo‘shlarini, qay biri ustidan yuki tushirilgandan so‘ng o‘tlasin deb qo‘yib yuborilgan, biroq ko‘chdan olislab ketmasligi uchun tushovlangan tuyalarni panalagan itlarning hurgan tovushlari Qizilqum quchog‘ida to‘s-to‘polon ko‘tardi. Asosan, yuraksiz, qo‘rqoqroq kuchuklar hurishning o‘rniga g‘ingshib, dumlarini orqa oyoqlari orasiga qisib, egasidan madad kutib, ular yotgan qo‘shlar bilan jo‘lim uylarga taqalib kelib berkina boshladi.
Bu paytda ko‘chdagilarning hammasi yoppasiga uyg‘onib bo‘ldi.
Ko‘chning yo‘lga chiqqaniga bir hafta bo‘lgan edi. Har dam sayin uzayib borayotgan kun, har daqiqa sayin issig‘i mo‘l bo‘lib borayotgan quyosh, bir-biriga egiz qo‘zi kabi o‘xshash o‘rkach-o‘rkach qumtepalar, saksovullar va oqboshlar o‘sgan, bag‘ri yovvoyi hayvonlarga makon bo‘lgan cheksiz-chegarasiz sahro, mana, bir haftadan buyon Aqsuvatdan izg‘irin kechada ko‘chgan ovul bilan yo‘ldosh bo‘lib kelayotir.
Ko‘zlangan manzillarining esa yetkazadigan vaqti soati yo‘q. Qo‘zi-ulog‘i ma’ragan, bo‘tasi bo‘zlagan, qulini kishnagan, yetim-yesiri olis safarga yaramagani uchun yaqinlari ular qolgan ovulni ko‘zi qiya olmay, alag‘da bo‘lib, ko‘zyoshlari tiyilmay yig‘lab, izlariga qaray-qaray borayotgan manzil qayoqda o‘zi? Qosh qorayguncha qumursqa qadam bilan yo‘l bosib, qosh qoraygandan so‘ng kishining suyak-suyagidan o‘tib ketadigan sovuq va izg‘irinli bahor oqshomini bir amallab o‘tkazish uchun mashaqqat chekib, omonatgina jo‘lim uyi borlar uy tikib, uyi yo‘qlar qo‘sh qoqib, abgor bo‘lib, oyoq-qo‘llari qavarib, olg‘a intilganidan maqsad ne o‘zi? Rostini aytganda, boradigan manzilning qayerda ekanligini ko‘chdagi bir-ikki kishidan boshqasi aniq bilmaydi. To‘g‘ri, ko‘pchilik “Ota makon”, “Ota yurt”, “Chimboy”, “Davqora” degan so‘zlarni eshitgan, biroq u yerning olis-yaqinligini, qaysi tarafda ekanligini, qanday joyligini tasavvur qila olishmaydi. Tong otgandan kun botgunga qadar shimoli-g‘arbni ko‘zlab faqat olg‘a intilishadi. Yonidagi hamrohlaridan so‘ray deyishsa, ular ham o‘zlariga o‘xshagan yo‘lchi, yo‘ldosh… Barchaning ko‘ngliga yoqib ketadigan, sirli, yurakka yaqin “Ota makon”, “Chimboy”, “Davqora” so‘zlari charchaganda madad bergandek bo‘ladigan, biroq o‘z visoliga yetkazmaydigan go‘zaldek olisga qochaveradi.
Bektemir tovushi eshitilgan bo‘rining o‘zini ko‘rish umidida atrofga alang­ladi. Bo‘ri ko‘zga ko‘rinmadi. Hadeb alanglayverishni o‘ziga ep ko‘rmay ichkariga kirdi. Olov yoqmadi, qumg‘on qaynatmadi, ot ustida chopayotgandek ildam harakat bilan keraganing boshidagi xurjunni olib, uning ichidan ayron to‘la mesh bilan bir bo‘lak go‘sht olib, tova o‘rniga qo‘llaniladigan yalpoq temirning ustiga qo‘ydi. Chinni idishlar saqlanadigan sandiqni avaylab ochdi-da undan piyola olib, meshdan ayron quydi. Ovqatlanib bo‘lib, xurjunning bog‘ini boyladi. Xurjunni, tunda yopinib uxlagan qashqir ichigini keragaga ildi. Keragadan qinga solingan qilich taqilgan, bir yog‘ida o‘tkir xanjar ilingan, to‘qasi kumushdan, o‘zi ho‘kizning terisidan iylangan, eni yarim qarich keladigan kamarini olib beliga boyladi. Uzunligi bir quloch, sopi o‘rik yog‘ochidan, xom teridan o‘rilib, uchiga qo‘rg‘oshin quyilgan, yo‘g‘onligi bosh barmoqdek keladigan qamchisini chap yelkasiga tashlab, do‘li uzun piltali miltig‘ini o‘ng yelkasiga osdi-da uydan chiqdi.
Uzoq yo‘l azobini tortib, horib-charchab kelayotgan ko‘chni bo‘rining etni junjiktirib yuboradigan yovvoyi tovushi tonggi shirin uyqudan bexos uyg‘otgan edi. Har yer-har yerda omonat kulbalar bilan chodirlardan tutun chiqa boshladi. Tuni bilan mol-holga qo‘riqchilik qilgan soqchilar allaqachon oyoqqa turgandi. Asosan qo‘y suruvlarini qo‘riqlayotganlar tinimsiz “haytaa-a-hayt, bos, ol” deb shovqin solayotir. Bundan maqsad yana qo‘ylarga tashlanib qolmasin, degan gumon bilan bo‘rilarni iloji boricha hurkitish.
Bektemir Qulchi biyning do‘ngda tikilgan uyi tomon yurdi. Biy biybicha tayyorlagan oshga endi qo‘l uzatgan ekan. Odob yuzasidan darrov iziga qaytdi. Allazamonda ichkaridan “Kelaver, Bektemir”, – degan ovozni eshitgandan so‘ng “Assalomu alaykum”, – deb kirib bordi-da, alp qomatini sal bukkan holda enkayib turaverdi.
– Vaalaykum assalom, tizzangni buk, – degan so‘z buyruqdek eshitildi.
Qisqagina hol-ahvol so‘rashuvdan so‘ng Bektemir:
– Qulchi og‘a, nima deb buyurasiz, ko‘ch yo‘lga otlanishga tayyorlanaversinmi? – dedi biyning ko‘zlariga tikilib.
Biy o‘ylanib qoldi. Bunga sabab bor edi. Ko‘chning tun qorong‘isida qo‘nib, tong sahardan yo‘lga tushib yo‘l jabrini tortib kelayotganiga bir hafta bo‘ldi, ulov tortgan, yuk ortilgan jonivorlar charchagan, odamlar ham holdan toygan edi. Shu yerda bir-ikki kun qo‘nib, hordiq chiqarib olishsa, chakki bo‘lmas edi. Oxiri bir to‘xtamga kelgan biy boshini ko‘tardi.
– Odamlarga ayt, o‘tovlarini buzmasin. Shu yerda bir-ikki kun qolib, dam olishsin. Yana ayt, ogoh bo‘lishsin, atrofimizda yolg‘iz bo‘ri aylanib yuribdi, och qolganmi yoki odamga o‘chakishganmi, kim biladi? Xullas, har narsaga tayyor turinglar.
Shu bilan gap tugadi. Bektemir do‘ngdan pastga tushib, baland ovozda odamlarga murojaat qildi:
– Xaloyiq, o‘tovlaringiz bilan qo‘shlaringizni yig‘manglar. Bugun-erta yo‘lga chiqmaymiz. Bo‘ridan ehtiyot bo‘linglar, yana qaytarib aytaman, och bo‘ridan ehtiyot bo‘linglar, – tonggi beg‘ubor havoda uning tovushi yangrab uzoq-uzoqlarga tarqaldi.
Bepoyon kenglikda, Qizilqumning qa’rida, inson shovqini ko‘p zamonlardan buyon eshitilmagan yerlarda odamlarning tovushi yangradi, mollar ma’rab, qulinlar kishnab, yovvoyi yerda fayzli qishloq paydo bo‘lgandek bo‘ldi. Ko‘chning qo‘ngan yeri ham oz emas, tevaragi bir ot choptirimday bor edi. Salkam ikki yuz chang‘aroq saksovullari qarag‘aydek o‘sgan keng maydonni to‘ldirib, ming yillardan buyon mudrab yotgan Qizilqum cho‘lining yuragini uyqudan uyg‘otib yubordi. Saksovulning yo‘g‘on navdasini qayirib yuborsang, “qars” etib tubidan sinib tushadi. Kecha kechqurun boshpana qura olmaganlar darhol saksovul og‘ochlaridan chayla yasashga kirishdi. Kimdir chaqmoq toshni olib, quruq shox-shabba to‘plab, ostiga cho‘lda o‘sgan xas-xashakdan tutantiriq qilib, chaqmoq toshni bir-biriga urib gulxan yoqish bilan ovora. Kecha oqshom o‘t yoqib ulgurganlar ehtiyotkorlik bilan kulning ostiga ko‘mib qo‘yilgan qo‘rni kosov bilan kovlamoqda. Kimlar esa otashkuragini ko‘tarib, qo‘shnilardan cho‘g‘ olib kelishga bormoqda. Xullas, har kim o‘z tashvishi bilan band.
Kechagina kelib qo‘ngan bo‘lsa-da o‘z xatti-harakatlari bilan bu yerda birato‘la qolishga bel boylaganga o‘xshab g‘imirlayotganlarning shovuri yirtiq-yamoq bilan amal-taqal qilib tiklangan g‘aribgina o‘tovlarning birida ko‘rpacha ustida qo‘y terisidan tikilgan po‘stiniga o‘ranib uxlab yotgan bir qora bolani ham uyg‘otib yuborgan edi. U ko‘zini ochib, uyning tutundan qorayib ketgan chang‘arog‘iga tikilib, tashqaridagi g‘ala-g‘ovurga quloq tutib biroz yotdi. Onasi ko‘rinmaydi. Chamasi olov yoqib, ovqat pishirishning g‘amida yurgan bo‘lsa kerak. Otasi esa hali tungi qo‘riqchilikdan qaytmaganini angladi. “Bu atrofda ov qilinadigan jonivorlar ko‘p bo‘lsa kerak”, – degan o‘y xayoliga nogahonda qayoqdan keldi, bilmaydi. Ana shu qiziq fikr bolani issiqqina o‘rnidan turishga undadi. “Eh, attang, kecha tuzoq yasab qo‘yganimda edi, hozir o‘sha tuzoqni o‘rnatishga borar edim”. Ko‘z o‘ngida quyon so‘qmoqda o‘rnatilgan tuzoqda kattaligi uloqdek keladigan quyon tipirchilab yotgandek bo‘ldi. Yuragi gursillab, qattiq-qattiq ura boshladi. Sak­rab o‘rnidan turdi. Po‘stinini kiyib, tashqariga chiqdi.
Bola Qulchi biy ovulining kelajagi bo‘lib o‘sib kelayotgan, o‘n uch-o‘n to‘rt yoshlardagi, bo‘yi yigitlarga tenglashib qolgan, gavdasi baquvvat, burni qirra, og‘zi katta, ko‘zlari do‘ng peshonasining ostida chuqur joylashgan, qaysar sochlari tikrayib turardi. Jo‘ralari uni baralla “tandir bosh” deb chaqirishar edi, boshi katta bo‘lganidan shunday atashsa kerak, oyoq-qo‘lining suyagi yirik, moladay oyog‘i bilan yo‘g‘on boldiriga otasining etigi zo‘rg‘a sig‘adigan bu bolaning oti Qayirboy edi. Bolaning ismidagi “boy”ini qo‘shmay “Qayir, Qayir” deb chaqiraverishgani bois, uning oti “Qayir” bo‘lib ketgandi.
Mol junidan yasalgan koptok, chillak, oshiq o‘yinida gerdayganlarning adabini berib qo‘yadigan, erkatoy, ota-onasining yolg‘izi Qayirning eng yaxshi ko‘radigan mashg‘uloti ot minish bilan ovga chiqish edi. Aqsuvatni qo‘ya turganda Tomdining u yoq-bu yog‘idagi to‘yning poygasi bilan ko‘pkarisi bo‘lsa, otasi Erepboyning peshonasiga bitgan buyrul otni minib, yemishni olib ketaverar edi. Minishga yaxshi, g‘ayratli buyrulning poygada chopadigan tezligi yo‘q, uloqqa yaraydigan chidami bor, biroq ko‘pkarida tortishishga Qayir yoshlik qilardi. Shu sababli buyrulning ustida turib ko‘pkarini tomosha qiladi, poygada o‘zgan otlarni diqqat bilan kuzatadi, sayislar va chavandozlarning hangomalariga quloq tutib, ertalab ovuliga, uyiga qaytadi. Ovchilik desa Qayir ichayotgan oshini yerga qo‘yadi.
Onasi saksovulning laqqa cho‘g‘iga qo‘yilgan osma qozonga solingan sho‘rvaning ko‘pigini olayotgan ekan.
– Kishe, go‘sht pishdimi? – dedi cho‘ntagidan tuzoqlarni yerga tashlab, bir-biridan ajratar ekan.
– Turdingmi, Oqjigit? – dedi savol bilan javob qaytarib ayol.
Uzun bo‘yli, oq-sariqdan kelgan, ko‘k ko‘zlari mehr bilan boqqan kelinchak Qayirning tuqqan onasi, bola esa kelinchakning tilab olgan yolg‘izi edi. Qoraqalpoqlarda ilgaridan kelayotgan odat bo‘yicha esini taniguncha onasi tarbiyalagan o‘z bolasining otini aytmay “Oqjigit” deydi, bolasi esa o‘z navbatida onasini “kishe” deya chaqiradi.
Tuzoqlarini sozlab cho‘ntagiga solgan bola betoqat bo‘ldi.
– Go‘sht pishdimi, kishe?
– Hozir pishadi, ozgina sabr qil.
Ayol qandaydir yumush bilan uyga kirdi.
Qayirning kutishga toqati yetmadi. Xayolida quyonso‘qmoqlar, tuzoqqa tushib tipirchilab yotgan quyon, kattaligi naqd uloqdek keladi…
Oxiri bo‘lmadi. Cho‘michni olib, qozonga botirdi. Qaynab turgan sho‘rvani suzib, echkining chala pishgan iligini chiqardi-da, yog‘och tovoqqa tashlab yubordi. Ozgina kutib turdi. So‘ng ilikni qo‘liga oldi. O‘ng qo‘li kuya boshladi, chap qo‘liga oldi. Shunday qilib, bir qo‘lidan ikkinchi qo‘liga o‘tkazib, og‘ziga olib bordi. Bug‘i chiqib turgan go‘shtni tishladi-da, yutishga ham ulgurmay qozonning boshidan uzoqlashishga shoshildi. Bu yerdan tezroq qorasini o‘chirmasa, onasi kelib qolishi turgan gap. Chala pishgan sur go‘shtni yo‘l-yo‘lakay yeb borayotib go‘shtning hali pishmaganini, biroq obdon tuzlanib salqinga osib qo‘yilgan sur go‘sht suvlari qochib, allaqachon turshakdek qotib pishib bo‘lganini xayolida o‘tkazdi-da itini chaqirdi. Uyning oldida bir ko‘zi bilan qozonni qo‘riqlab yotgan kelbati ikki yashar tanaday keladigan, yungi qizil-ola, qulog‘i bilan dumi cho‘ntoq qilib kesilgan, qontalash ko‘zlari mash’aladek yonib turgan Bo‘ribosar o‘z otini eshitib, o‘rnidan ildam turdi-da, Qayirning ortidan ergashdi. Ilik kemirib borayotgan kalta po‘stinli bola bilan uning izidan ergashgan it suyakdan umidvor bo‘lib saksovulzorga kirib, ko‘zdan g‘oyib bo‘lishdi.
Ko‘p o‘tmay quyosh bepoyon kenglikni yoritib yubordi. Odamlar endi o‘z tashvishlaridan ko‘ra ko‘proq mol-holning ahvolidan xabar olib g‘imirlasha boshlashdi. Kechadan buyon suv ichmagan mollarni qishning qor-yomg‘iridan paydo bo‘lib, chuqur yerlarda yig‘ilib qolgan ko‘lmak suvlarni yaqinroq yerlardan izlab topib, sug‘orish bilan band. Eng asosiysi, mol tushib, oyoqlari bilan loyqalatmasdan avval mesh, xum va ko‘zalarni suvga to‘ldirib olishni unutmaslik zarur.
Bektemir o‘tovning beldoviga boylanib turgan, egari olinmagan temirko‘k ayg‘irining yoniga kelib, oqshom yotar payt bemalol dam olsin deb bo‘shatib qo‘ygan ayilni tortib bog‘lab, qil arqonni beldovdan yechib, egarning boshiga ildi, otni suvliqlab, uzangiga oyoq qo‘ydi. Yoshi qirqqa borib qolgan bo‘lsa ham yosh yigitdek ko‘z ilg‘amas chaqqonlik bilan qushtumshuq egarga qo‘nib oldi. Negadir uzangiga oyoq qo‘ymasdanoq egarning boshi bilan orqa qoshidan ushlab, otga irg‘ib minadigan paytlarini eslab, xo‘rsinib qo‘ydi.
Bemahalda sayragan boyo‘g‘lidek yolg‘iz bo‘rining paydo bo‘lishi qo‘shimcha tashvish tug‘dirdi. Bu sahrolarda bo‘rini uchratish, bo‘rilar galasining molga hamla qilishi, qo‘y-echki, qoramol, yilqini, hattoki, tuyani ham qashqir yorib ketishi hayron qolarli hodisa emas. Biroq bugungi yolg‘iz bo‘rining etni seskantirib yuboradigan yovvoyi va sirli tovushi kishini o‘yga toldirgudek darajada yomonlikdan ogohlantirgandek edi. Shuning uchun aholi qo‘ngan yerga yaqinroq joylardan suvning daragini topish, aniqrog‘i, tevaragi aniq ko‘rinib turadigan o‘tloq yerdan mollarni jildirishga yaraydigan yaylov axtarish uchun Bektemirning o‘zi otlandi. Uning o‘zi ham ostidagi tulporiga ishonchi mo‘l bo‘lgani tufayli hech kimni hamroh qilishni istamadi. Zoti asl bo‘lgan, do‘nan yoshidagi temirko‘kka o‘ziga ishongandek ishonish mumkin. Jonivor egasini ko‘p bora to‘polonlardan, ko‘pkari tortishuvlardan, qon to‘kilgan urushlardan omon-eson olib chiqqan. Yigitning bilagi kuchli, bo‘rimi, yovvoyi hayvonmi duch kelib qolsa, o‘qlab qo‘yilgan miltig‘ini yelkasidan olib o‘tirmay, bir quloch keladigan qamchinni olib, tepasidan bir-ikki aylantirib, tortib yuborganida uchiga qo‘rg‘oshin quyilgan mustahkam qamchining zarbasiga duch kelsa, manaman degan arlon qashqir bo‘lsa ham yiqilib, ikki-uch yumalab ketmasa, menga kel.
Shoqol, tulki, bo‘rsiq qamchining bir zarbasidan omon qolmaydi. Bundan sal ilgariroq otiga ko‘z tikib, yalanglikda yo‘lini to‘sgan besh-olti qaroqchi otini tortib olmoqchi bo‘lib qilichlarini yalang‘ochlaganida mana shu xom teridan o‘rilgan qamchi joniga ora kirgan edi. O‘shanda qurshovda ilojsiz qolgan Bektemir o‘ng qo‘li bilan ilkis olishga qulay bo‘lishi uchun chap yoniga qistirib qo‘yadigan bir quloch o‘rma qamchisini changallab ushlab, otining jiloviga osilish uchun enkayib uzangan qaroqchining yelkasiga tortib yuborganda qaroqchi otning oyog‘i ostiga dumalab tushgandi. Qolgan qaroqchilar hujumga o‘tganda, Bektemir chaqqonlik bilan qulochini yoyib yuborib, boshining ustida o‘rma qamchisini charx urib aylantirgan, yo‘lboshchisi qamchidan tekkan zarbadan yerda yumalab yotganini ko‘rgan qaroqchilar Bektemirning yoniga yaqinlashishga botina olmay, ikkilanib qolishgan. Ustidagi chavandoz taqimining qattiq qisilganini sezgan temirko‘k jonivor o‘qdek otilib, qaroqchilarni changda qoldirib ketgan edi o‘shanda.
Bektemir otni qistamadi. Ro‘parasida ko‘rinib turgan tepalikni mo‘ljallab bordi-da, qirning etagidan balandga chiqdi. Bu do‘nglikda turgan kishiga chor-atrofda nima borligi kaftdagidek ayon ko‘rinardi. Poda yotoqqa qulay, keng supaga o‘xshagan do‘ngroq tekisliklar ham bor. U yerlarda o‘t-o‘lan mo‘l bo‘lmagani bilan biroz xavfsiz, atrofga qaraganda suruvga yaqinlashgan qashqir, bo‘rsiq, shoqol birdan ko‘zga tashlanadi.
Suvning daragini eshitgan odamlar, xotin-xalaj, bola-chaqalar qay biri mesh, qay biri kichikroq qo‘shquloqli xum, ba’zilar jez suv idishlarini olib chuvillashib suvga yugurishdi. Tevarak notanish, buning ustiga o‘zi ko‘zga ko‘rinmasa ham tovushi yurakni taka-puka qilgan bo‘ridan xavfsiragan odamlar suv olish uchun to‘p-to‘p bo‘lib borar edilar.
Bu paytda qo‘y suruvlari, bir-ikki uyur yilqi bilan qoramollar kattaroq tepaliklar tomonga haydaldi. Ko‘chda Qulchi biyning qo‘y suruvini, qoramol podasini, yilqilarini boqadigan xizmatkorlar bor edi. Qolgan moli ko‘proq kishilar besh-olti xo‘jalik bo‘lib yig‘ilib bir cho‘pon yollaganlar. Ba’zilar o‘z molini o‘zi boqar edi.
Biyning yilqisi bilan tuyasiga, qoramoliga, esingizda bo‘lsa, biz yuqorida tilga olgan ot ustida mudrab o‘tirgan Erepboy javobgar. Besh-oltita cho‘pon uning buyrug‘iga itoat etib, qo‘l ostida ishlaydi. Qo‘y suruvini Qulman dumchi bolalari bilan boqadi.
Endi qozonga solingan sur etni pishirib, uni cho‘ponlar sardori bo‘lgan eri Erepboy bilan tilab olgan yolg‘izi Qayirboyga ilinib o‘tirgan kelinchak Sarbekaning yoniga qaytaylik. O‘tovga kirib, o‘ziga kerakli bo‘lgan buyumni izlab biroz ushlanib qolgan Sarbeka tashqariga chiqib, o‘g‘li Qayirni topmadi. Och qolgani uchun chidamay qaynab turgan qozondan go‘sht suzib olganini yog‘och toboqda buruqsib turgan bug‘ va sho‘rvaning qoldig‘idan payqadi. Shu yaqin orada go‘sht yeb o‘tirgan bo‘lsa kerak, xalaqit bermayin, deya yana o‘z yumushi bilan mashg‘ul bo‘laverdi.
Qalin saksovulzorning orasidan yo‘l topib, izlar ko‘rinadigan qumlikka chiqqandan so‘ng Qayir iz qidira boshladi. Ko‘p o‘tmay quyon so‘qmoqqa duch keldi. Quyonning qumda qoldirgan izidan tushib, qiziqib yuraverganidan ko‘ch qo‘ngan joydan olislab ketaverdi. Go‘shtni yeb bo‘lgandan so‘ng Qayir chetga uloqtirib yuborgan oshiq ilikni og‘zi bilan havoda ilib olgan Bo‘ribosar so‘qmoq ustida suyakni g‘ajib, paysallab qoldi. Bu paytda yangi tushgan iz qayrilib kirib ketgan chakalakzordagi chog‘roqqina teshik og‘ziga ovchi bolakay ilk tuzog‘ini qo‘yib ulgurgan edi. Ko‘ch qo‘ngan manzildan uzoqlashib ketgan so‘qmoqda borgan sayin izlar tobora ko‘payaverdi. Ular faqat quyonning izlari emas, tun bo‘yi o‘lja izlab izg‘igan shu yerning mahalliy “ovchi”lari – shoqol, bo‘rsiq, tulkining izlari edi. Kutilmaganda chetdan so‘qmoqqa kelib tushgan, tuyaning iziga o‘xshab qumga yalpayib botgan izni ko‘rgan bola dastavval hayron bo‘lib dedi: “Bu nimaning izi ekan?” So‘ng xayoliga “bo‘ri” degan so‘z kelganida qo‘rqib ketib “ota” deb baqirib yuborishiga sal qoldi. Izga diqqat bilan tikildi, atrofga alanglab qaradi. Ustiga bostirib kelayotgan xavf yo‘qligini ko‘rib qo‘rquv va hayajon bir oz bosildi. So‘ng Bo‘ribosar yodiga tushib, iziga qayrilib bir-ikki qadam bosgan edi, it ko‘rinmadi. “Bo‘ribosar!!!” deb qichqirib yubordi. Olislardan “Bo‘ribosar!” degan tovush aks-sado berganda bu o‘zining tovushi ekanini anglamay, hozirgina bosilgan vahimasi tag‘in kuchayib, ko‘krak qafasida allanarsa gursillab ura boshladi.
Qayir qo‘rqoq bolalardan emasdi. Erka o‘sganiga qaramasdan oqshomlari yilqichilar bilan kimsasiz yaylovda qolib ketganida, qorli bo‘ronlarda adashgan yilqi uyurlarini qidirib topganida, zulmatli kechalarda olis-yaqin ovullarga borib kelganida sira hayiqqan emas. Notanish yer, otsiz, piyoda ekani va yolg‘izligi tufayli u sarosimaga tushgan bo‘lsa kerak. To‘g‘ri, yilqilarni izlaganda, ovuldan ovulga biron xabarni yetkazish yoki allaqanday boshqa yumush bilan borganida ostida oti, yonida sodiq Bo‘ribosar iti ergashib yurar edi. Qo‘rqsang yoki zeriksang, ot bilan, hech qursa it bilan so‘zlashsang, suhbatlashsang bo‘ladi. Ular gap qaytarib javob berolmasa ham so‘zingga tushunadi. Yo‘ldan adashsang, “buyril, hoy buyril, sen chamasi yo‘ldan adashganga o‘xshaysan, Aqsuvatga olib boradigan yo‘l bu emas edi”, deb otning bo‘yniga shapatilab urib qo‘ysang, ot sening gapingni uqqan kabi pishqirib qo‘yadi-da, ko‘p o‘tmay kerakli so‘qmoqqa burilib, ko‘zlagan manzilingga to‘g‘ri olib boradi. It ham shunday. Shuning uchun Qayir dala-tuzda yolg‘iz qolganini sezgan paytda itning otini aytib baqirib yuborgan edi.
Shu orada orqadagi chakalakzor butoqlari qattiq silkinib, qandaydir bir kuch-qudratli maxluq harsillab bola tomon kelaverdi. Bola maxluq kelayotgan tomonga tikilib qoldi. Ko‘p o‘tmay qudratli maxluqning qop-qora tumshug‘i, so‘ngra kesik quloqlari va boshi ko‘rindi. Bu Bo‘ribosar edi.
Bolaning duch kelgan izdan qo‘rqqaniga ori keldi. O‘zidan uyaldi. Qo‘rqmas va botir ekanini isbotlashni talab qilib turgan bir ichki tovushga quloq bergan bola iziga qaytish fikridan voz kechib, tuyaning tovoniga o‘xshab qumga yalpayib botgan iz ketgan tomonga qadam tashlab, olg‘a bosaverdi. U ikkilangan paytda ichki tovush “sen qo‘rqoq emassan, sen botirsan”, deya takrorlayverardi.
Ko‘p o‘tmay so‘nggi tuzoqni qo‘yish payti ham yetdi. Bola qulayroq bir yerni topdi-da cho‘ntagidan molning och ichagidan chiyralib, pishitilgan ingichka ipni oldi. Odatda tuzoqning bir uchi ilmoq qilinib, ipning ikkinchi uchi shu ilmoqdan o‘tkaziladi va tuzoq qo‘yiladigan yerda o‘sgan biron baquvvatroq butoqqa mahkam boylanadi. Tuzoq qo‘yish uchun quyonning yoki boshqa hayvon har doim yuradigan yo‘lning eng tor joyi tanlanadi, o‘sha yerdan o‘tgan jonivor ang­lamay tuzoqqa ilingan paytda tuzoq ipi tortilib, o‘ljani ushlaydi, qutulishga urinib tipirchilagan sayin tuzoqning ipi uni shunchalik qisib boraveradi.
Bola tuzoq bilan andarmon bo‘lib o‘tirganda ilgarilab ketgan itning hurgani eshitildi. Qayir tovush chiqqan yerga yetib borsa, it qandaydir bir ulkan inning og‘zida turgan ekan.
Inga kirib-chiqqan izlarga diqqat bilan tikildi. Qayirning yuragi orqasiga tortib ketdi. Tuyaning tovonidek yalpaygan iz inga kirib ketgan edi. “Bo‘rining izi, bo‘rining izi, ichkarida bo‘ri bor”, dedi ichki tovush hovliqib. Shu payt indan chiyillagan tovushlar eshitilgandek bo‘ldi. “Qashqirning bo‘ltiriqlari, qashqirning bo‘ltiriqlari”, dedi ichki tovush. Ichki tovush aldamagan edi.
Bola o‘ylanib qoldi. Nima qilish kerak? Bo‘ribosar “vavf, vavf” etib inga intilib, ichkariga kirmoqchi bo‘ladi, biroq keng inga boshi sig‘adi-yu, ko‘kragi bilan yelkasiga kelganda inning devoriga to‘silib qolaveradi.
“Ona qashqir inda bo‘lsa kerak…”
Bu fikr katta xavf-xatardan darak berar edi. Itga ishonsa bo‘ladi, ammo Qayirning yonida charm etigining qo‘njiga tiqilgan, tig‘i bir qarich keladigan, biron xavf tug‘ildi deguncha bolaning qo‘lida dami quyosh nurida yaltirab paydo bo‘ladigan qinsiz pichog‘idan o‘zga yaroq yo‘q.
“Darhol ketish kerak”, deb buyruq berdi ichki tovush.
Kun choshgohga yaqinlashib qoldi. Qozondagi sur go‘sht pishdi. Sarbekaning eri keldi. Yaqin yerda yuribdi deya tusmollangan Qayirdan esa hamon darak yo‘q edi.
Otni boylab, ichkariga kirgan Erepboyning dastlabki so‘zi shu bo‘ldi:
– Qayir nega ko‘rinmaydi?
– Hozirgina shu yerda yurgan edi.
– Ovqatga chaqirmaysanmi?
Sarbeka qozondagi go‘shtni tovoqqa soldi. Idishlarga issiq sho‘rva quydi. Qozonning qopqog‘ini mahkam yopdi. Atrofga ser solib qaradi. Ammo Qayir ko‘rinmadi. So‘ng bolasini chaqirib, qichqirdi:
– Oqjigit-u-uv, hay Oqjigit!!! Qayoqdasan, tez kela-g‘oy, et sovub qoldi.
Uning qichqirganiga hech kim javob bermadi. Bu paytda Qayir ko‘ch qo‘ngan yerdan ancha olisda yurgan edi.
Go‘sht soviguncha Qayirdan darak bo‘lmadi. Ota-onaning ko‘ngliga g‘ulg‘ula tushdi. Tong otayotganda bo‘rining uligani, endi esa yolg‘iz bolaning ko‘zdan g‘oyib bo‘lishi, buning ustiga atrof notanish, yovvoyi hayvonlari bilan so‘qmoqlari notanish. Qayir qayoqqa ketdi? Sog‘-omon bo‘lsa bas, degan xavotir otaning ham, onaning ham ich-etini itday tirnar edi.
– Borib qo‘shnilarning bolalaridan so‘rayin qani, balki jo‘ralarinikiga ketgandir, – dedi uydan chiqishga qaror qilgan Erepboy. “Jo‘ralarinikiga ketgandir” deya eshittirib aytgan so‘zi o‘ziga ham madad berib, beliga belbog‘dek bo‘ldi. O‘yinqaroq bola-ku, rostdan ham jo‘ralarinikiga ketgandir, deb ko‘nglini xotirjam qilgan Erepboy buyrilga minib, yilqidan xabar olishga otlandi.
O‘sha paytda:
– Oldi! Olib ketdi! Hayt, hayt! Olg‘a, Oqtirnoq, bos, bos! Qashqir olib ketdi!!! – degan tovush ertalabki nonushtasini yeb-ichib o‘tirgan odamlarning tinchini buzib, mazasini qochirdi.
Tovush qum tepalik uzra yoyilib o‘tlayotgan qo‘y suruvini boqib yurgan cho‘ponlar tarafdan kelgan edi. “Qo‘ylarga qashqir hamla qildi”, deb o‘yladi Erepboy. Beixtiyor tongotarda eshitilgan etni seskantirib yuboruvchi dahshatli sasni esladi. O‘g‘li Qayirning g‘oyib bo‘lishi bilan o‘sha yovvoyi sas o‘rtasida bog‘liqlik bor emasmi, degan shubha-gumon ko‘nglining bir chetida paydo bo‘lib, o‘tovning o‘rtasida yoqilgan olovdan taralgan tutun kabi asta-sekin o‘rlay-o‘rlay yurak-bag‘rini to‘ldirib yubordi. “Eh, Qayirjon, qayoqdasan?” deya ho‘ngrab yuborganini o‘zi ham bilmay qoldi.
Ot boshini burib, ikki-uch jo‘lim uylar bilan qo‘shlar yonida to‘xtab, otdan tushmasdan baland tovushda Qayirning daragini so‘radi. Duch kelganlarning Qayirni ko‘rmadik-bilmadik, degan so‘zlarni eshitgan sayin “Qayir qayerda? Omonmi o‘zi?” degan so‘roqlar uyasi buzilgan arilar galasi yanglig‘ boshida tinimsiz g‘uvillab charx urar edi. Darhol bir qarorga keldi. “Izlash kerak! Izlab topish kerak”. Qayoqdan izlaydi? Tevarak ot mingan odamning boshi ko‘rinmaydigan darajada saksovulzor. Iz! Izlar! Atrof qumlik, yumshoq qumda iz qoladi-ku, axir! Albatta qoladi. Bo‘rining ham izi… Qorong‘ida tusmollab yurgan odamning qo‘liga tushib qolgan tayoqdek bo‘lib tuyulgan iz haqidagi o‘ylarga ilashib, ergashib kelgan bo‘ri haqidagi fikr uni qo‘rqitib yubordi. Yilqidan xabar olish haqidagi fikridan tez qaytib, uyiga keldi. Duch kelgan saksovulning tanasiga otni boyladi. Ot esa saksovulning barra novdalarini o‘tkir tishlari bilan “g‘arch” etib uzib olib, qoruvli jag‘lari bilan kurtillatib chaynay boshladi. Dunyoni unutgan Erepboy uyning tevaragi, o‘choq boshida bosilgan son-sanoqsiz oyoq izlari orasidan faqatgina bir izni, o‘g‘li Qayirboyning izlarini axtara boshladi. Ana, uni tanidi. Bolaning izlari unga yaxshi tanish, chunki qishning boshida charmdan tikilgan etikning ultoniga o‘zi temirdan nag‘al qoqib bergan edi-da. “Topdim” deb baqirib yubordi xuddi bolasini topgandek quvonib. Bu tovushni o‘tovni ichida narsalarni yig‘ishtirayotgan Sarbeka ham aniq eshitib, bolasini ko‘rish umidida shoshilib tashqariga chiqdi. Biroq arzandasi ko‘rinmadi. Yilqiga ketgan eri esa uyning tevaragini aylanib, o‘z-o‘zicha g‘udranib yuribdi.
– Topdim, shahbozim, topdim. Aniq Qayirning izi! – Erepboy miyig‘ida kulimsirab iz ketgan tomonga qarab dadil qadam tashladi, ko‘p o‘tmay saksovulzorga kirib g‘oyib bo‘ldi.
Bolasini ko‘raman degan xayol bilan uydan chiqqan ayol erining nega bunday qilayotganini tushunmay, angrayib qolaverdi.
Bu vaqtda qashqir hamla qilgan qo‘y suruvining bosh-ketini bir joyga yig‘ib, “hayta-hayt”lab Qulman bola-chaqasi bilan yugurib-yelib yurgan edi. Biyning ming qo‘yini haydab, choshgohda qumning etagida yantoq bilan yovshan aralash o‘sgan yerga yoyib yuborib, har kim har chetdan posbonlik qilib turgan edi. Qo‘y boqishga o‘rgatilgan turkmani itlar ham bor edi. Qayerdan pisib kelgani noma’lum, bir to‘p qashqir shundoqqina odamlarning tumshug‘ining tagidagi qo‘ylarga hamla qildi. Itlarning chopib hurgani, cho‘ponlarning tayoqlarini sermab, tovushlari boricha baqirganidan qo‘rqmasdan suruvning bir chetidan kirib, ko‘z-ochib yumguncha besh-olti sovliqni yorib tashladi. Hoy-hoyga qaramay ikki qashqir ikki qo‘yni yelkasiga silkib olib, galasi bilan qalin saksovulzor orasiga singib ketdi. Cho‘ponlar ham, butun yaylovni boshiga ko‘tarib, tuproq sochib yugurgan itlar ham hech iloj topa olmay, hayron bo‘lib, nima qilishni bilmay qolaverdi.
Qashqir yorib ketgan to‘qlilar halollandi. Dunyoda ko‘z ochganidan buyon qo‘y ortidan yurgan Qulman dumchi shu yoshga kirib ikki oyoqli odamdan tortinmay kuppa-kunduz kuni suruvga chopgan qashqirlarni birinchi marta ko‘rishi edi. Hayron qolganidan: “Astag‘firullo, astag‘firullo”, deb yoqa ushlashdan, halollangan sovliqlarni sanashdan boshqa chorasi qolmadi.
Tongotarda eshitilgan bo‘ri ulishi, qashqirlarni suruvga hamla qilish xayolini alg‘ov-dalg‘ov qilib yuborgani uchun Erepboy xanjari bilan yelkasidagi qamchisidan boshqa qurol-yarog‘i yo‘qligini unutdi. U saksovulzorni o‘rtasidan qoq yorib, yovvoyi jonivorlar solgan bilinar bilinmasgina ko‘ringan so‘qmoqning yumshoq qumidan nag‘al qoqilgan etikning izini quvib boraverdi. Har yer-har yerda goh so‘qmoqdan chiqib, goho yana so‘qmoqqa tushgan bir izni ham payqadi, bu Bo‘ribosarning izi bo‘lsa kerak deb o‘yladi. Uyning tevaragida itning ko‘rinmaganini eslab, Qayirning izi yonidagi belgi itning izi ekaniga ishondi va “yonida iti bo‘lsa, bexavotir yurgandir”, degan o‘y bilan o‘zini o‘zi biroz yupatdi.
…Yuragining gursillashini bosish uchun ozgina ikkilanib turgan Qayir o‘ziga keldi.
– Ketdik, yur, Bo‘ribosar! – deb itining juni hurpaygan yelkasidan tortdi. – Ketdik.
Bunday holatda qurquv aslo do‘st bo‘lmaydi. Orqa-oldiga qaramay tipirchilab qochsa, uyaga yaqin yerda yotgan bo‘lsa, qashqir shovqindan bezovtalanib shartta o‘rnidan turib kelishi, uyaning ichida bo‘lsa, xavf-xatardan xalos bo‘ldim degan sezim bilan indan chiqishi mumkin. Aftidan, ona qashqir ovga chiqqanga o‘xshaydi, arlon qashqir esa bir burchakda bo‘ltiriqlarni qo‘riqlab yotgandir, kim biladi. Ehtiyotkorlik – qo‘rqoqlik emas. Qayir sharpasizgina iziga burilib, ancha yerga qadar oyog‘ining uchi bilan yurib boraverdi. Iziga qayrilib qaramadi. O‘ng qo‘lidagi pichoqning sopini qattiq qisganidan barmoqlari zirqirab ketdi. Ko‘zga ko‘rinmas dushmanga tashlanishga shaylangandek chap qo‘lining barmoqlari ham bukilib, musht bo‘lib tugilgan edi. Shu tarzda yuz qadamcha yurgandan keyin yurak yutib, orqasiga qaradi. Boshi savatdek bo‘lgani bilan aqli kamligidanmi, yo indagi bo‘ri bolalarining isini olib, ularni bo‘g‘ib tashlasam, degan o‘ch bilanmi, xullas, Bo‘ribosar hamon qashqir inining og‘zida goh yer tirnab, goh irillab ovora bo‘lib yotibdi. Har qalay, xavfdan qochib qutuldim, deb o‘ylagan tuzoqchi bola erkin nafas olib, chaqqon-chaqqon odimlab ketaverdi.
Tuzoqchi bolani ichki tovushi aldamagan edi. Qashqirning uyasidan o‘n-o‘n besh qadam nariroqdagi qalin saksovulning panasida yotgan qashqir itning tovushidan bezovta bo‘lib, allaqachon oyoqqa turgan, mash’aladek yongan ko‘zlari, dumi va qulog‘i kesik, o‘zidan ancha haybatli va turqi begona hayvon bilan belini bog‘lab olgan ikki oyoqli maxluqni kuzatayotgan edi. Yovvoyi, biroq oldindan his etadigan ichki sezim bilan u qulog‘i kesilgan hayvonning inga kira olmasligini bildi, sababi o‘sha inga o‘zi ham sig‘masdi, ikki oyoqli maxluq esa bo‘ltiriqlarga yomonlik qilishni o‘ylamadi. Shuning uchun cho‘lning ziyrak hayvoni bo‘lgan qashqir bu noma’lum maxluqlarga o‘zining qayerda ekanligini bildirgisi kelmay, o‘rnidan qo‘zg‘almadi. Biroq inga kiraman deb ovora bo‘lgan it ichkariga kirishdan umidini uzib, egasining izidan so‘qmoqqa tushgunga qadar ulardan ko‘z uzmay, yelkasining yoli hurpayib, olg‘a sakrash uchun tayyorlanib, orqasiga qarab sal munkayib, kuchli oyoqlari mushaklarini tarang qilib, hujumga shay holatda turaverdi. It bilan bola ko‘zdan g‘oyib bo‘lgandan keyingina tortilgan qayishdek bo‘lib taranglashgan tanasini birpasga bo‘shashtirdi, yelka yoli yotdi, ehtiyotkorlik qilaman, deb qo‘lga tushib turgan o‘ljasidan ayrilib qolganidan g‘ashlandimi, cho‘zib-cho‘zib g‘ingshib qo‘ydi.
…Erepboy esa yumshoq qumda aniq bilinib turgan tanish izni quvib kelaverdi. Ozgina yurgandan so‘ng so‘qmoqdan burilib, chakalakka kiradigan bir tuynukda qurilgan tuzoqqa ko‘zi tushdi. O‘pkasini bosib olib, olg‘a ilgarilayverdi. Ko‘p o‘tmay tuzoqqa tushib tipirchilab yotgan sariq quloq quyonga duch keldi. Belidan pichog‘ini chiqarib, tuzoqning ipini kesib qo‘ymaslik uchun ehtiyotkorlik bilan “bismillo”sini aytib quyonni bo‘g‘izladi. Pichog‘ini qumga artdi. Yelkasiga osilgan, oziq-ovqat solib yurishga mo‘ljallanib echki terisidan tikilgan xaltaga quyonni soldi-da, yo‘lida davom etdi.
Qayir ovga, tuzoq qo‘yishga qiziqqanidan ko‘ch qo‘ngan joydan ancha yiroqlab ketgan edi. Ota-bola cho‘l hayvonlari yuradigan so‘qmoqda bir-biriga ro‘para kelgunicha oradan ancha vaqt o‘tdi. Ikkisi ham shitob bilan odimlar edi. Bola qashqirning inidan tezroq uzoqlashish, xavfdan qutulish uchun shoshilsa, ota bolasini, Xudodan tilab olgan yolg‘izini, qiyinchilikka, jabru jafoga to‘la bu yorug‘ olamdagi sevinchi va ovunchi bo‘lgan o‘g‘lini omon-eson ko‘rishga oshiqar edi. Tuzoqqa tushgan quyonni ko‘rganda mashaqqatlar cheka-cheka berch bo‘lib qotib qolgan ko‘nglida qandaydir bir iliq sezim uyg‘onib, azoblangan jonini rohatga belagandek bo‘ldi. U qanday sezim edi o‘zi? Shunday uquvli, dovyurak, qo‘rqmaydigan o‘g‘li bor ekanidan rozi bo‘lgan g‘ururlanish sezimi edimi u? O‘zi bu yolg‘onchidan o‘tib ketsa, ham izida xor-zor bo‘lmaydigan, hayotda o‘z o‘rnini topadigan o‘rinbosar o‘sib kelayotganiga ishonchmi? Bu nima ekanini farqlab, teran o‘ylash uchun unda fursat ham, shuur ham yo‘q, hozir o‘sha azamat farzandining boshini sog‘-omon ko‘rsa, suyunchisiga o‘tovi, bor boyligi – buyrul oti bilan yolg‘iz tuyasini qo‘shib berib yuborishga tayyor edi.
Ko‘p o‘tmay ota-bola Qizilqumning yovvoyi hayvonlari solgan tor so‘qmoqda uchrashdi. Ko‘rishishdan avval bir-birining oyoq tovushlarini eshitib, ancha hovliqib ham olishdi. Quvonchlarini yashira olmay, ota oldinda, bola orqada, ularning izida kelbati ikki yashar tanaday keladigan kesiq quloqli Bo‘ribosar g‘ovur-g‘uvur qilib kelaverishdi.
– Qashqirning inini ko‘rdim, – dedi Qayir maqtanib. – Ichida bo‘ltiriqlari ham bor. G‘ingshiganlarini o‘z qulog‘im bilan eshitdim.
– Xudo saqlabdi. Ona qashqir ovga chiqqanga o‘xshaydi. Notanish yerda yolg‘iz yurish juda xatarli, – dedi ota. Tovush ohangidan onasini xabardor etmay, tuzoqqa ketgani uchun bolasidan gina qilganining ma’nosi sezilar edi.
Bola esa bir o‘zi qo‘rqmasdan tuzoq qurishga chiqqani, qashqirning uyasini ko‘rgani, hammasidan ko‘ra tuzog‘iga quyon tushgani tufayli ichidagi shodligini sira yashira olmas edi. Bu shodlikni o‘z ota-onasi, ko‘ch qo‘ngan joyda qolgan jo‘ralari bilan baham ko‘rishga shoshilar, taassurotlarini so‘zlab berishga xumor bo‘lib kelayotir.
Bu damlarda kun botishga qarab oshiqqan, erta bahor quyoshi tush vaqtidan o‘tib, peshinga og‘a boshlagan, bir haftadan buyon tinmay oldinga intilib kelayotgan sirli ko‘chni Qizilqum sahrosining sovuq izg‘irin va xavf-xatarga to‘la tuni kutayotgan edi.

Asar davomini mutolaa qiling:

Kengesboy Karimov. Og’abiy.Roman. Lotin

09

(Tashriflar: umumiy 2 798, bugungi 1)

Izoh qoldiring