«Dunyo adabiyoti» turkumi: Borxes.

09
Борхес ўз ижодида ва мутоалага бағишланган мақолаларида Ғарбу Шарқни яхлит кўролган адибдир. У ўз асарларида ва адабий эътиқодида ана шу икки қутбни бирлаштиришга уринган ва бунга бир қадар эришган ҳам. Истеъдодсизлик ўзига бошпана излайди, ўзини шу бошпанага яшириб қўйиб, фош бўлишидан қўрқиб, турли тамғалар отиб, айюҳаннос солади. Истеъдодга эса ўзини нима деб аташларининг қизиғи йўқ; у худди айсбергларни ёриб кетаётган музёрардек тушунча, тасаввур, имконият, миллий қамров чегараларини ёриб, олдинга кетаверади.

06

«Дунё адабиёти» туркуми: Борхес. / «Dunyo adabiyoti» turkumi: Borxes
Муаллиф: Назар Эшонқул./ Muallif: Nazar Eshonqul.
Режиссёр: Аброр Қодиров./ Rejissyor: Abror Qodirov.
Матнни Фахриддин Шамсиматов ўқиган./ Matnni Faxriddin Shamsimatov o’qigan. «Маданият ва маърифат» канали маҳсулоти / «Madaniyat va ma’rifat» telekanali mahsuloti
Тошкент — 2013 йил / Toshkent — 2013 yil

0-24

БОРХЕС
Назар Эшонқул

Жаҳон  бадиий танқидчилигида Борхес ҳақидаги баҳсу мунозаралар 60-йиллардаёқ бошланган эса-да, ҳануз тингани йўқ. Бу мунозараларда асосан Борхес ўзи ким, ёзувчими, шоирми, файласуфми, мутафаккирми ёки китоблардан олган таассуротларини шунчаки ўта шахсий тарзда конспект қилган кишими ёки адабиётларни бир-бирига синтез қилган олимми деган масалалар бир қўзғалиб, бир ўчиб турибди. Бироқ мазкур мунозаралар қизғин тус олган сайин Борхес ижодини таҳлил қилган, қилаётган танқидчилар унинг юқоридаги барча мавзуларга жавоб бера олиши мумкин бўлган йирик истеъдод эканига кўпроқ амин бўлмоқдалар.
Мен 90-йиллар бошида айни адабий силкинишимизга Кортасармонанд ёзувчилар бизга жуда зарур деб ўйлардим. Бироқ, менимча, бизга аввало Борхесмонанд – ўз ва ўзга адабиётни ўз ижодида яхлит ҳолда синтезлай оладиган ёзувчи муҳимга ўхшайди. Агар адабиётимизда Борхес пайдо бўлса, Кортасар албатта пайдо бўлади.
Борхеснинг асарларини ўқиган киши «энг муҳим масалалар» деб тортишаётган, бир-биримизни ғарбпарасту шарқпарастликда айблаётган мунозаралар ўта жўн баҳслар эканига амин бўлади; то истеъдод бўлмас экан, у шарқчи ҳам, ғарбчи ҳам бўлолмайди. Истеъдод бор жойда эса жўғрофия ўз моҳиятини йўқотади, у миллий бўлиш билан бирга умуминсоний бўлади. Ҳар қалай, Борхесни ўқиш адабиётнинг бани башар мулки эканига яна бир бор ишонтради.
Борхес ўз ижодида ва мутоалага бағишланган мақолаларида Ғарбу Шарқни яхлит кўролган адибдир. У ўз асарларида ва адабий эътиқодида ана шу икки қутбни бирлаштиришга уринган ва бунга бир қадар эришган ҳам. Истеъдодсизлик ўзига бошпана излайди, ўзини шу бошпанага яшириб қўйиб, фош бўлишидан қўрқиб, турли тамғалар отиб, айюҳаннос солади. Истеъдодга эса ўзини нима деб аташларининг қизиғи йўқ; у худди айсбергларни ёриб кетаётган музёрардек тушунча, тасаввур, имконият, миллий қамров чегараларини ёриб, олдинга кетаверади. Лотин Америкаси адабиётида Борхес буни исботлаб берган. Шу туфайли мазкур адабиётнинг шон-шуҳрати, шубҳасиз, Борхес билан чамбарчас боғлиқдир. Борхессиз Лотин Америкаси адабиётини ҳеч ким тўлақонли ва бугунги кундагидай илғор адабиёт сифатида тасаввур қилолмайди, шунингдек, Лотин Америкаси адабиётида замонавий биронта машҳур ёзувчи йўқки, ўзини Борхеснинг у ёки бу маънода шогирди деб ҳисобламасин. Кортасар, Маркес, Фуэнтес, Биой Касарес, Сабото ва бошқа ХХ аср 50-йилларида адабиётга кириб келган ёзувчиларнинг ижодида Борхес таъсири улкандир. Итальян, инглиз ва ҳинду қони аралаш, умрининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолганда ҳам мутолаа ва фикрлашдан тўхтамаган Борхес Шарқ ва Ғарб адабиётини ўзаро синтез қилиб, бир-бирига яқинлаштирган ҳамда шу адабиёт анъаналари уйғунлигида Лотин Америкаси адабиётининг илғор йўналишларини белгилаб берган, ўз ижоди билан улкан адабий қомус ярата олган ХХ асрнинг, йирик ёзувчисидир. Лотин Америкаси адабиёти намоёндалари ўзларини «бутун дунё адабиётининг меросхўрларимиз» деб атарканлар, бунда, аввало, Борхес хизматларини назарда тутадилар.
Борхес ижодидан хитой, ҳинд, ислом, евопалик файласуф ва шоирларнинг асарлари, шахслар ҳамда уларнинг инсоният тафаккур ва ижтимоий тарихида тутган ўрни ҳақидаги бадиий хулосалар жой олган, унинг асарлари ичида Муқанна, сарбадорлар, Амир Темур, тасаввуфга бағишланган катта-кичик ҳикоялар, эсселар, шеърлар учрайди. Борхес бутун дунё тафаккур тарихини шунчаки шуҳратпарастлик ёки шунчаки хабардор бўлиб қўйиш учун тадқиқ қилмаган; у мазкур тафаккур маҳсулларидан ҳамиша лаззатланиб мева еган, уларга ХХ асрдаги фикрловчи инсон нуқтаи назаридан баҳо берган, уларни ягона, яхлит ҳолатда адабиётга олиб кира олган.
Борхесни Лотин Америкаси адабиётида ултраистлар отаси сифатида эътироф этсалар-да, шу оқимни Лотин Америка адабиётига олиб кирган бўлса-да, бироқ чин маънода ўзини ултраист деб атамасди, бу оқим Испанияда яшаган пайтлари (1919–1920) Борхес қатнашиб юрган Рафаэл Кансинос бошчилигидаги адабий гуруҳ таъсирида Лотин Америкасига кириб келди. Борхес бу гуруҳ билан икки йил бирга бўлди. У ўзига ултраист деган номни эп кўрмасди, ултраистлар мутлақо жаҳон адабиётини ўқимаган, лекин ўз олдиларига адабиётни янгилашни мақсад қилиб олишганди. Борхес ултраистлардан айнан «адабиётни янгилаш зарур» деган қарашни олди ва фақат шу маънода ватанига қайтгач унга ултраист деган тамға қўйилган бўлиши мумкин. Бироқ антик давр, Шарқ ва Европа адабиёти билимдони Кансинос унда жуда катта таассурот қолдирди. У Консиносдан айнан шу жиҳатни – барча халқлар адабиётининг толмас ўқувчиси бўлишни ўзлаштириди. Тақдирни қарангки, унга ота-бобосидан нафақат катта кутубхона, ёзувчилик лаёқати, балки кўзи ожизлик ҳам мерос бўлиб ўтди. Келиб чиқиши ҳарбий бўлишига қарамай, Борхесларнинг деярли барчаси ёзувчи ёки адабиётга алоқадор кишилар эди. Борхеснинг отаси анархистик кайфиятдаги, кўнгли юмшоқ одам бўлиб, хийла катта кутубхонаси бор эди. У эсселар, сонетлар, мақолалар ёзарди. Умар Хайём тўпламини таржима қилган, кўзи хиралашиб қолишдан олдинроқ «Каудильо» номли роман эълон қилганди. Отасининг холаваччаси Лафинур Аргентинанинг биринчи шоири эди, Лафинур Иккинчи ҳам унчалик машҳур бўлмаган шоир эди. Отасининг она томонидан бобоси эса Аргентинада биринчи газета ташкил қилган киши бўлган. Тақдирига нафақат адабиёт шайдоси бўлиш, балки Аргентинада Перон диктатураси даврида қамоқда ўтириш, шунда ҳам ўз сўзи ва эътиқодида қатъий туриш ёзилган, бутун феъл-атворию ўзини тутиши ҳамда адабиётга муносабатидан ҳам қадим оқсуяклик уфуриб турувчи онаси эса таниқли таржимон эди. У кейинчалик Уильям Сарояннинг арман жамоаси мукофотига сазовор бўлган «Инсоният комедияси»ни таржима қилганди. Готорн ҳикоялари, Риднинг санъатга доир ижодини, Мелвилл, Виржиния Вулф, Фолькнер асарларини испан тилига ўгириб, чоп эттирганди. Борхес ўз хонадонининг интеллектуал бойлигини мерос қилиб олдики, у ҳатто кўзлари ёзувларни ўқий олмай қолганда ҳам лупа орқали мутолаа қилишдан, китоб орқали инсониятни ўрганишдан тўхтамади. Бутунлай кўрлик ҳам уни китобдан айиролмади, унга дунё китобларини ўқиб беришарди, у шу эшитган тассуротларидан асарлар яратарди.
Жаҳон адабиётининг хилма-хил оқимлари, хилма-хил турлари, тарихи, бугуни, турли халққа, минтақага мансуб намояндалари, уларнинг асарлари ҳақида Борхесчалик кўп ёзган ва кўп ўқиган бошқа бир ёзувчини топиш қийин. У классикадан тортиб модернизмгача бўлган бутун бир адабиётни ўз эссе, бадиа, шеър, ҳикоя, маърузаларида жамлаштир олди ва уларга янгича, уйғоқ шахс, уйғоқ ёзувчи – буларнинг ҳаммасига ҳақли меросхўр бўлган ХХ асрнинг уйғоқ инсони нуқтаи назаридан баҳо бера билади. Унинг хоҳ классика бўлсин, хоҳ авангард адабиёт, биронтасини ижирғаниб, назар-писанд қилмай ўқиганини сезмайсиз. Қайси оқимга мансублигидан қатъи назар, ҳар бир асардан маъно, фикр, рамз, сўз, гўзаллик излаб кўрарди. У фавқулодда китобга мубтало бўлганлардан, адабиётнинг хизматкори эди.
Бугун китобдан узоқлашган пайтимизда Борхесдан ўрганишиимз мумкин бўлган жуда кўп жиҳатлар бор. Шулардан биринчиси, шубҳасиз, сўзга бўлган муҳаббатдир. Муҳаббат эса масъулиятни, изтиробни, ёниб туришни талаб қилади. Борхеснинг ҳикматлари, эсселари, ҳикоялари шунчалик сиқиқки, уларнинг ҳар бирини роман қилиш мумкин. Лекин у йирик жанрларни жини суймасди. У ҳикоячи бўлиб туғилди ва ҳикоячи бўлиб оламдан ўтди. У гўзаллик шайдоси эди. Гўзаллик эса худди унинг ҳикоялари каби қисқа, бир лаҳзалик, бир неча сониялик бўлади. Узоқ яшаган гўзаллик қарийди, хунуклашади, сийқалашади. Борхес ҳикоялари ҳам шундай қисқа ва гўзал, сийқаликни, кўпсўзликни ёқтирмайди. Борхес ҳикоялари ўрта аср тасаввуф ҳикоятларига ўхшайди.
Борхес асарларини ўқиган киши фалсафа билан адабиётнинг, назм билан насрнинг ўзаро қоришиқ намунасига дуч келади; унинг асарларини хитой, ҳинд, ислом, антик давр, Рим, Европа фалсафа мактабларидан айро ҳолда ўрганиб бўлмайди. Баъзида Борхес асарларида фалсафа бадиий воситага айланиб қолади; асарни тўлиқ англаш учун ўша фалсафадан хабардорлик ҳам зарур бўладики, Борхес асарларини ҳамма ҳам, воқеапарастликка ўрганган ўқувчи бирдан англаб етолмайди. Бу ҳикоялар маълум интеллектуал тайёргарликни талаб қилади. Ўн-ўн беш йил олдин бир романнавис ўзбек ёзувчиси ўзаро суҳбатларда: «Борхесни роса мақташарди, ўқисам, китоблардан олинган чучмал конспеткларга дуч келдим» – деган гапни айтганди.
Албатта, Борхес оммабоп эмас. У ўз ватанида ҳам токи 1961 йилгача деярли эътибордан четдаги ёзувчи эди; 1961 йили француз тилига асарлари ўгирилгач бир неча ойнинг ўзида аввал Европада, сўнг ўз ватанида энг машҳур ёзувчига айланиб қолди, шу йил адабиётни ва адабиёт услубини янгилашдаги хизматлари учун Абсурд театри отаси Сэмюэл Беккет билан бирга Форментор мукофотига сазовор бўлди ҳамда китоблари барча мамлакатларда минглаб нусхада чоп этила бошлади. Ўз ватанларида энг эътиборсиз саналган интеллектуал адабиёт вакилларининг аксарияти Францияда чоп этилгач шуҳрат топиб кетишларида ўзига хос ҳикмат бор, албатта. Француз адабиёти жаҳон адабиётидаги энг қизиқарли, турли хил оқим, экспериментларга бой, адабиётни янгилашдек буюк мақсадларни ўз олдига қўйган авангард йўналишни бошлаб берган ғоят ранг-баранг адабиётдир. Бодлер, Рембо асарлари модернизмнинг дунёга келишига жуда катта туртки берди. Авангард адабиёт француз адабиёти билан бирга дунё юзини кўргани айни ҳақиқат. Шу сабабли бу адабиётга анча писанда билан қараган Борхеснинг ёзувчилик қадри ҳам шу адабиёт туфайли бирданига жаҳон насри усталари сафига кўтарилди.

borxes Борхес. Ҳазил сурат

Борхесда учта ўзига хос рамз ёки восита бор: кўзгу, ниқоб, туш. Булар моҳиятан очувчи калит вазифасини ўтайди. Одамнинг кўзгуси унинг ўзидир; агар одам ўзини ўз ичкарисидаги кўзгуга солса, юзидаги ниқоб йўқолади, сидирилиб тушади. Одам ўз юзига, асли ниқобига қараб ҳамиша фахрланиб юради. Бу уч нарса инсон онгини чегарадан чиқаришга қодир; агар одам шу уч нарсага ўзини қўйиб берса, у макон ва замон чегарасини – ўзининг алдамчи тасаввурларини фош этиб қўяди. «Кўзгу ва Ниқоб» номли ҳикояда қирол шоирга сарой ҳақида достон ёзишни топширади. Уч йил мобайнида шоир достон ёзишга уч марта киришади. Бироқ ҳаммаси натижасиз тугайди. Охир-оқибат қирол олдига ҳеч қандай қоғозларсиз келиб, достон ўрнига «сарой» сўзининг моҳиятини англатадиган бир сатр – сўз айтади. Шоир бу сатрни айтиб бўлиши билан сарой кўздан ғойиб бўлади, ўша битта сўз сарой ниқобини кўтариб юборади. Энди саройнинг мавжудлигида ҳеч қандай маъно қолмайди, у шу бир сўз билан фош бўлиб қолганди. Буни кашф этган шоир ўзини ўзи ўлдиради, қирол эса садақага кун кўрувчига айланади. Бу ердаги метафора сўз қудратини англатиш билан бирга моҳияти англанган ҳар қандай нарса ўлимга маҳкум деган қадим фалсафий ҳикматни эслатади. Нафақат саройнинг, балки поэзиянинг ҳам моҳиятини очадиган бошқа метафора пайдо бўлса, у ерда поэзия қолмайди, шоирлик ёлғонлашади, яъни поэзиянинг «жоду»лари очилиб қолса, у ерда яланғоч сиймо, яланғоч воқелик қолади. Поэзия, адабиёт ўзининг «жоду»си, сирлилиги, фусуни билан улуғвор – буни Борхес «метафора» деб тушунарди. Яланғоч воқелик бор жойда адабиёт ҳам, гўзаллик ҳам бўлмайди, у ерда, А.Қаҳҳор таъбири билан айтганда, косиббозлик бўлади. Метафора, рамз, тимсол адабиётнинг яшаш имконидир. Адабиётлар тараққиёти – рамзлар тараққиёти, шу сабабли ёзувчининг тили лингвистик ҳодисадан кўра эстетик ҳодисадир. Фусункор реализм рамз ва тил фусунига асосланади. Кўзгу инсонни ўз тасаввуридан чиқиб фикрлашга ўргатса, ниқоб инсоннинг ҳақиқий қиёфасини, туш эса унинг ички дунёсини акс эттиради. Туш кўзгуда аксланган алдамчи қиёфамизнинг, зиёлинамоликка ўрганган ақлимизни фош қилиб қўяди; туш ақл тўсиб, босиб қўйган сезги ва ҳиссиётлардир. Ақл алдайди, бироқ туш алдамайди. Биз фақат уни тушунмаслигимиз мумкин. Агар шу онг ости кечинмаларини кўзгуга солсак, ўзимизда яшириниб ётган турли махлуқларни, йиртқичликларни, ёвузликларни ва «Астирий уйи» ҳикоясидаги каби минотаврларни учратамиз. Борхес услубидаги метафора, рамз, фусун ана шу учта услубий шартлиликка бўйсунади, фусункор реализмда, умуман, бадиий тилда «А» тасвирланади, бироқ гап «Б» ёки «В», «Г» ҳақида кетади, «А» ҳақида эмас. Метафора «А»га ўзини рамзлаштирган «Б» ёки «Г»лардир. Инсоният илк тафаккур жараёнида шу тилда гаплашган; у ўша ибтидоий ақл билан яшинни Худонинг найзаси деб қабул қилган ва ўша ибтидоий метафораси билан инсоният поэтик тафаккурининг юксак чўққисига чиққан. Мифлар шу тилда яратилган. Цивилизация тилни қашшоқлаштириб қўйди. ХХ аср қолоқ ва ҳали ибтидоийликни, атрофга ибтидоий поэтик мушоҳадасини йўқотмаган Лотин Амрикаси ёзувчилари шу тил билан ХХ аср ҳаётини тасвирлаб берди. Шубҳасиз, бунга ўзигача бўлган адабий меросни қайта ўрганиш орқали эришилди. Бунда Борхеснинг хизмати бағоят каттадир. Уни мутолаа қилиш инсон ҳақидаги билимимизни оширади, дунёга ва инсонга кенг қарашни ўргатади. Кўнглимизни гўзаллик билан ошно қилади бизни ўз «менимиз»га яқинлаштиради.

Мақола Назар Эшонқулнинг  «Ижод фалсафаси» китобидан олинди. 

(Tashriflar: umumiy 81, bugungi 1)

Izoh qoldiring