Eshqobil Shukur. Ikki hikoya

97

  У боғламдаги пулларини яна бир бошдан қайта санай бошлади. «Ўн минг, ўн минг бир юз, ўн минг икки юз… Ўн минг уч юз…» Унинг ёнига ўрта яшар бир аёл келиб ўтирди. Кўринишидан аёл шаҳарга меҳмонга келганга ўхшар эди. Аёл йигитдан: «Бодомзор» бекатигача қандай борилади?» деб сўради. У аёлнинг саволини эшитмади, ҳатто уни пайқамади ҳам. Аёл поезд йўналишини бошқалардан сўраб билиш учун ўрнидан туриб нари кетди. «Ўн етти минг уч юз, ўн етти минг тўрт юз…» Шу пайт поезд гувиллаб келиб, бекатда тўхтади.

98
Эшқобил Шукур
ИККИ ҲИКОЯ
09

ПУЛ САНАЁТГАН ОДАМ

«Фақат пул, пул!»
Дея кулдим мен.
Бироқ бир лаҳза ўтмай
Сезиб қолдим
Ўзим ҳам пул ҳақда ўйлаётганимни*.

Исикава Такубоку

Бугун унинг туғилган куни… Тасодифни қарангки, унинг қизи айнан шу куни, июннинг ўн еттисида туғилган. У бугун йигирма еттига, қизчаси эса етти ёшга тўлади. Уйда қўшалоқ байрам. Қанча дўсту ёрлар уларни табриклагани келишади. Айниқса, қизчаси роса яйрайди. Шўх-шаддод, бир гапириб ўн куладиган бу қизалоқ ҳар гал янги йил байрамидан сўнг «Менинг туғилган куним қачон келади?» деб сўрайвериб, ота-онасини безор қилиб юборган. Улар учун йилда икки катта байрам бор: Ўттиз биринчи декабр оқшоми ва июннинг ўн еттиси…

Хотини эрталаб унга торт олиб келишни тайинлаган эди. Қизига аталган совғаларни улар тунов кун хуфиёна тайёрлаб қўйишган. Бу совғаларни кўрган қизалоқ еру кўкка сиғмай қолади. Айни шу куни қизини жуда бахтиёр, шоду хуррам кўриш мақсадида у кейинги ҳафталар ичида тинмай елиб югурди, кечани кундузга уриб ишлаб, маблағ тўплади. У метронинг ўзи юрар зиналаридан пастга тушаётганида бетоқатлик билан жуда шошилаётганини ҳис қилди. Лекин нима учун шошилаётганини ўзи тушунолмади. Кечга довур ҳали вақт кўп, ҳаммасига бемалол улгуради. Шундай бўлса-да, ички бир безовталик, руҳий нотинчлик уни ғайриихтиёрий тарзда шошилтирарди. Қаёққа, нимага, нима учун? У бу саволларга ўзидан жавоб тополмасди ва жавоб излашга тоқати ҳам йўқ эди.

Аксига олиб метрога тушган заҳоти у борадиган йўналишдаги поезд ғизиллаб жўнаб кетди. Мабодо… Мабодо, у шу поездга улгуриб қолганида, бекатга бор-йўғи ўн беш сония олдинроқ етиб келганида, ҳадемай ўзи тушиб қоладиган залолат ўпқонидан қутулиб кетармиди, балки…

У поезд йўлининг лаҳмга кириш жо- йида тепага ўрнатилган электр соатга қаради. Эҳе, кейинги поезд келгунига қадар ҳали беш-олти дақиқа кутиш керак. Xудди шу беш-олти дақиқа унга чексиздай туюлди. Таблодаги соатда эса, зарҳал нурлар билан ёритилган рақамлар имиллашиб бир-бирларига навбат берардилар. Лаҳзалар ўз юкини тортолмай, адашиб, ҳолдан тойган карвон каби ивирсир эди. «Шу беш-олти дақиқа ўтмай қолса-я… Вақт худди шу беш-олти дақиқанинг ичида тинимсиз айланаверса-я…» — деган гумон унинг кўнглига ёқимсиз хавотир солиб ўтди. У кеча қайсидир «олди-қочди» газетада вақтнинг тўхтаб қолиши, вақт жарлиги ҳақида алламбалоларни ўқиган эди. Унда айтилишича, вақт жарлигига тушиб қолган одамлар вақтнинг бошқа ўлчамларида яшашар ва ғаройиб ҳолатларга тушиб қолишар экан.

У баҳайбат мармар устун ёнидаги ёғоч ўтирғичга бориб омонатгина ўтирди-да, яна назорат соатига қаради; ҳали бир дақиқа ҳам ўтмабди. У мармар устунга суянган кўйи, узун оёқларини олдинга узатиб, шимининг ўнг чўнтагидан бир боғлам пул чиқарди-да, агар пул санаб ўтирсам вақтнинг қандай ўтганини сезмай қоламан, деб ўйлади. Нима қипти, буям бекорчиликдаги яна бир бекорчилик-да. Боғламдаги пуллар юзталиклар эди. У санай бошлади ва пул санаётганда ич-ичида қандайдир завқу шавқ пайдо бўлиб келаётганини сезди. «Бир минг бир юз, бир минг икки юз, бир минг уч юз…» У узатган оёқларини йиғиб, бошини келишган кенг елкалари орасига тиқиб, ярим энгашган ҳолда, тирсаклари билан тиззаларига таяниб пулларини санарди. Санаш жараёнида ундаги безовталик ва бетоқатлик ўрнини аллақандай ҳирсий сурур эгаллай бошлади. «Беш минг олти юз, беш минг етти юз, беш минг саккиз юз…» У метро бекатида навбатдаги поездни кутаётган одамларга, бир-бирларига ҳазил-ҳузул қилаётган йигит-қизларга, йўлкира ҳаққининг кўтарилиши ҳақида куйиниб бидирлашаётган аёлларга эътибор ҳам қилмай қўйди. «Тўққиз минг етти юз, тўққиз минг саккиз юз, ва ниҳоят, тўққиз минг тўққиз юз сўм!» Сўнг у пулларни текис тахлаб, бир боғлам қилиб боғлади-да, пул чангаллаган қўлини ҳавода икки уч бор силкитиб қўйди.

У яна соатга қаради: уч дақиқа ўтибди. Поезд яна икки дақиқалардан сўнг келади. Тўққиз минг тўққиз юз!!! Қанийди шу пуллар тўқсон минг бўлиб қолса… У санайверса, санайверса, санайверса… Ҳеч чарчамаса, ахир, пул санашдан ҳам одам чарчар эканми! Чунки, пул санашнинг ҳам ўз завқи бўлади. Пул санаётганингда ўзингни одатдагидан кучлироқ ҳис қиласан. Ё яна санасамикин?.. Бор пулини санаб бўлди, бошқа санайдиган сариқ чақаси ҳам йўқ-ку. Борди-ю, шу пулнинг ўзини қайтариб санайверса-чи?.. Келган жойидан, тўққиз минг тўққиз юзнинг устидан, ўн мингдан бошлаб санаб кетаверса-чи? Ахир… бу ўз-ўзини алдаш эмасми? Йўқ нарсани бор деб хом хаёл қилишдан не наф? Нима қипти, буям бир ўйин, буям бир кўнгилхушлиги. Одамлар бўш вақтларини карта ўйнаб ҳам ўтказишади-да. У пул санаб ўз-ўзини хурсанд қилса, бунинг бировга зиёни тегармиди? Ҳа, буям бир ўйин, вақтни тезроқ, ҳузур билан ўтказиш учун шунчаки бир ўйин! Қолаверса, пул санаётганда уни қийнаётган бетоқатлик йўқолиб, қайтанга кўнгли ёришиб, кўзлари яшнаб боряпти-ку.

У боғламдаги пулларини яна бир бошдан қайта санай бошлади. «Ўн минг, ўн минг бир юз, ўн минг икки юз… Ўн минг уч юз…» Унинг ёнига ўрта яшар бир аёл келиб ўтирди. Кўринишидан аёл шаҳарга меҳмонга келганга ўхшар эди. Аёл йигитдан: «Бодомзор» бекатигача қандай борилади?» деб сўради. У аёлнинг саволини эшитмади, ҳатто уни пайқамади ҳам. Аёл поезд йўналишини бошқалардан сўраб билиш учун ўрнидан туриб нари кетди. «Ўн етти минг уч юз, ўн етти минг тўрт юз…» Шу пайт поезд гувиллаб келиб, бекатда тўхтади. Мовий рангли вагонларнинг барча эшиклари бараварига очилди. Метро бекати бўйлаб ёқимли овоз таралди: «Пахтакор» бекати…» Йўловчилар уриниб-туртиниб поездга чиқа бошлашди. У эса узун бармоқлари орасидан кетма-кет сирғалиб чиқаётган пулларга қараб: «Яна озгина қолди, энди санаб охирига етказай», деб санашда давом этди. Ёқимли овоз яна таъкидлади: «Эшиклар ёпилади. Кейинги бекат… Майли кетаверсин, ҳали унинг вақти кўп. Кейинги поезд билан кетади. «Ўн тўққиз минг етти юз, ўн тўққиз минг саккиз юз!» Поезд жўнаб кетди. У эса, ўйинни тўхтатишни сира истамасди. Аллақандай ноаён завқ ва сурур унинг бутун вужудини эгаллаб, ихтиёрини иродасидан тортиб олаётган эди. У ўзини тўхтатолмади, ўша бир боғлам пулини яна бир бошидан санай кетди. «Ўн тўққиз минг тўққиз юз, йигирма минг…» Қанийди, у пул санашдан сира тўхтамаса… Санайверса, санайверса… Унинг пуллари миллионлардан, миллиардлардан ошиб бораверса… У санайверса… Жоннинг роҳати экан-ку, бу ўйин. «Йигирма тўрт минг уч юз, йигирма тўрт минг тўрт юз…»

Поездлар ҳар беш-олти дақиқада уни чорлаб ҳар икки ёнидан гувиллаб ўтавердилар, унинг эса ўрнидан қўзғалгиси ҳам келмасди. У мук тушганча ўз машғулотини давом эттирар эди. «Эллик беш минг бир юз, эллик беш минг икки юз…» Унинг димоғига гупиллаб атир ҳиди урилди. Бир нозанин чап ёнидан келиб, унга тиқилиброқ ўтирди. Шунда унинг хаёли бир чалғиди-ю, яна пул санашга тушиб кетди. Бошқа пайт бўлганда-ку, у қизга албатта эътибор кўрсатарди, мулозимат ҳам қилиб қўярди. Ахир, йигирма етти ёшли ҳар қандай йигит қўлтиғи остидан туртиниб келаётган бир сулувга қараб қўймай иложи йўқ. Лекин, ҳозир у чалғимаслиги керак.

«Икки юз эллик бир минг икки юз, икки юз эллик бир минг уч юз…» У тобора авжга минар ва ўзи қилаётган ишидан жуда роҳатланарди. Энди у пули бор-йўғи тўққиз минг тўққиз юз сўм эканлигини ҳам унутиб қўйганди. Унинг вужудини, руҳини, онгини ҳузурли бир васваса бутунлай эгаллаб олди. «Уч миллион бир юз эллик минг юз, уч миллион бир юзу эллик минг икки юз…»

* * *

Кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтиб кетавердилар. Поездлар кеча-ю кундуз бир-бирларига қарама-қарши томонга гувиллаб ўтишар, ушбу бекатда бир тўхтаб, нафас ростлаб, яна ўз манзили сари шамолдай тинимсиз елар эдилар. Бора-бора ҳеч ким, ҳатто метрополитен ходимлари ҳам бекатда, ўтирғич устида мук тушган кўйи пул санаб ётган одамга эътибор қилмай қўйишди. У атрофдагиларни бутунлай унутди, атрофдагилар эса уни эсдан чиқаришди. «Тўқсон миллион бир юзу ўттиз икки минг етти юз, тўқсон миллион бир юзу ўттиз икки минг саккиз юз…» У пул санай туриб, ўзининг тобора куч-қудратга тўлиб бораётганини, энди бир ҳамла билан жуда кўп нарсаларга эга бўлиши мумкин эканлигини чуқур ҳис этарди. Бу эса уни яна ва яна санашга ундарди. «Ўн миллиард икки юзу эллик миллион икки юз, ўн миллиард икки юзу эллик миллион уч юз…» У бармоқлари орасидан ўйнаб чиқаётган сон-саноқсиз пуллар тимсолида ҳайбатли қасрлар ва кошоналарни, автойўлларда оққушдай сузиб бораётган энг қимматбаҳо автомобилларни, шоҳона базму жамшидларни, унга сеҳрли ишвалар ва дилтортар нозлар ҳадя этаётган, биттагина имосига илҳақ турган нозанин ойимчаларни, хуллас, унинг кўнгил истакларининг мукаммал ижобатини аён кўрарди. Эгалик ва Ҳукмронлик ҳирси уни юксакларга кўтарар ва мамнун этарди. У ўзини шу дабдабаю асъасалар, кибри ҳавою васвасалар устидан ягона ҳукмрондай сезарди. «Эллик миллиард беш юзу етмиш миллион икки юзу йигирма минг уч юз, эллик миллиард беш юзу етмиш миллион икки юзу йигирма минг тўрт юз…»

* * *

Унинг соч-соқоллари оқариб, юзини ажинлар қоплади, кўзларидан нур кета бошлади. Неча йиллар ўтибдики, у метронинг рутубатли бир бекатида, сип-силлиқ ўтирғичда ўтириб, кеча-ю кундуз уйқу бетини кўрмасдан тобора «семириб» кетаётган рақамларни санарди… Санарди… Аввалги роҳат, ҳузур, завқу шавқ ва нафсоний сурур энди унинг учун оғир ва машаққатли меҳнатга айланиб борарди. У ҳовлиқиб, ҳансираб, гўёки энг муҳим ишга улгуролмай қоладигандай шошилиб… санарди. Энди у нимага, нима учун ва қандай мақсадда пул санаётганини ҳам ўзи билмасди. У ўз ҳаётини йўқотиб қўйганини ҳам англай олмасди. Фақат санаши керак, санаса бўлгани, санашда тўхтаса бас, ўлади, тамом бўлади, бутунлай йитиб кетади. У буни яхши билади. У ўлмаслиги керак!

Поездлар гоҳо чинқириб, гоҳо гувиллаб унинг икки ёнидан елиб ўтишар, миллионлаб йўловчилар ер остидан ер устига қараб шошилишар, метро лаҳмларига қамалиб қолган шамоллар таш- қарига, табиат ва ҳаёт сари интилишарди. У эса ўзлигини унутиб, қартайиб қолган бармоқлари билан пул санарди. «Уч юз миллиард эллик миллион икки юзу ўттиз бир минг уч юз, уч юз миллиард эллик миллион икки юзу ўттиз бир минг тўрт юз…»

* * *

Бир куни у ўзига кулимсираб тикилиб турган бир болага эътибор қилди. Етти ёшлар чамасидаги бу боланинг беғубор чеҳрасида ҳаёт барқ урарди. Унинг катта-катта самимий кўзлари чиройли кулиб турарди. У шунда ўзи унутиб юборган, бир пайтлар ўзи яшаб кўрган ўзга бир ҳаёт, бошқа бир олам бор эканлигини ғира-шира эслагандай бўлди, қотиб қолган кўнглида нимадир қўзғалди. Лекин, чангалидаги титилиб, идраб қолган пулларга кўзи тушиши биланоқ, тағин ўз ишига киришиб кетди. У яна ҳисобдан адашмади. Мабодо, шу дамда саноқдан янглишиб кетганида… Йўқ, йўқ, у чалғимаслиги керак. Бошқа ҳаёт бўлса бордир, аммо унинг ишлари кўп, аллақандай майда-чуйдаларга чалғиб, ўз вазифасидан кечолмайди.

* * *

У кундан-кун қариб-қартайиб, тобора куч-мадордан қолиб борарди. Ўтирган ҳолатда ҳам унинг оёқлари дириллаб, пул санаётган қўллари қалтирайдиган, бели ва елкалари зирқираб оғриб, азоб берадиган бўлиб қолди. Уни рутубат ва уқубат емириб борарди. Ва ниҳоят… Ва ниҳоят бир куни унинг қулоғига кирмай қўйган ўша ёқимли ва жозибали овоз ногаҳон янгради: «Эшиклар ёпилади! Кейинги бекат: «Халқлар дўстлиги!» Поезд вагонларининг ҳамма эшиклари тақа-тақ ёпилди! «Тўққиз юз миллиард тўққиз юз миллион тўққиз юз минг тўққиз юз сўм!» У пул санашнинг охирига етганди. У бир боғлам юз сўмликларни қоқсуяк қўлларида чангаллаган кўйи атрофига аланглади ва бошқа бир оламга тушиб қолгандай ичида ҳайрат ҳам, изтироб ҳам баравар уйғонганини англади. У санашдан тўхтаган эди. Аммо бу пайтда поезднинг барча эшиклари ёпилиб қолган эди. У баҳайбат мармар устунга суянган ҳолатда ҳушидан кетди.

Бироздан сўнг у олағовур товушлар ичида ғира-шира ўзига келди. Кимдир таассуф билан таъна қиларди: «Шундай қариб, мункиллаб қолган чолнинг бир ўзини кўчага чиқариш инсофдан эмас-да.» Яна кимдир унга қўшилди: «Тўғри айтасиз, бу ўзбекчиликдан эмас! Ўғлими, набирасими ёнида юрса бўлмайдими?..» Тағин ачиниш оҳангида бир овоз эшитилди: «Ким билади дейсиз, балки, шўрлик қариянинг ўзидан бошқа ҳеч кими йўқдир. Бўмасам, бир ўзи ўлигини судраб метрода юрармиди?..» Яна биров гапга қўшилди: «Бечора чол метрогача қандай келдийкин? Рангини қаранг, пахта дейсиз, бир томчиям қони йўқ. Соқоли билан юзининг ранги бир тус бўлиб қолибди. Ёшиям тўқсонлардан ошган кўринади.»

У эса ўзича ғудранарди: «Қанақа тўқсон?.. Ахир, бугун йигирма еттига тўламан-ку! Қизим еттини тўлдиради. Бугун икковимизнинг ҳам туғилган кунимиз. Кечқурун уйимизга меҳмонлар келишади. Ҳозир бозордан торт олишим керак. Шошилмасам бўлмайди.» У ўрнидан турмоқчи бўлди ва бир қўзғалди-да, инграниб жон берди. Унинг қоқсуяк, рангпар қўллари бир боғлам увада юз сўмликни — тўққиз минг тўққиз юз сўмни маҳкам чангаллаган ҳолатда қотиб қолган эди.

* Исикава Такубоку шеъри Хуршид Даврон таржимасида берилмоқда

ҚЎРИҚХОНАДА

Петербургдан «куёв»ни самолётда олиб келишаётган пайтда Қоровулбозор қўриқхонаси кенгликларида баҳор тантана қиларди. Кўл бўйида бурунги йили буришиб, сарғайган қамишлар энди яшил қанотлар чиқариб улгурган, сайхонликларда барра майсалар ердан бағрини узиб, ҳамал насимларида нафис чайқалиб турарди.

Шу куни эрталабдан кўк юзини кулранг булутлар қоплаб, шиддатли ёмғир қуйди. Тушга бориб осмоннинг қовоғи очилди. Сўнг булутлар бутунлай тарқаб кетди. Осмон ерга табассум қилди. Ерни қоплаган ўт-ўланларнинг яшиллиги янада ёрқин тус олди.

Ҳадемай,бу ям-яшил бахмал чимилдиққа « куёв » кириб келади.

Мен бу пайтда вагон уйимиз ёнидаги чойўчоққа ўтин қалаётган эдим. Гугуртни чақдиму, бирдан Никани эслаб қолдим. Ника… Мен уни шу дамда кўришга ошиқдим. Ника деганимиз бу, қўриқхонамиздаги яккаю ягона қоплон. Урғочи қоплон… Биз уни эркалаб, шундай атаймиз.

Чойўчоққа қаланган ўтин тагидаги тутантириққа туташаётган ўтни апил-тапил ўчирдиму, Никанинг қароргоҳи томон шошилдим.

Баҳор ўз оти билан баҳор-да! Ерга боқсанг ҳам, осмонга қарасанг ҳам ранглар тиниқлигидан кўзларинг қамашади. Ям-яшил улкан доира гардишига чексиз мовий гумбаз туташиб кетган. Ранглар ҳам майин ва ҳарир… Узоқларда жайронлар ҳамал елларидай еладилар. Қўриқхонанинг бир буржидаги кўл заминга қулаб тушган осмон парчасидай ярақлайди. Бунинг устига шундай кунда «куёв» келяпти.Олис-олислардан келяпти у.

Никанинг қароргоҳи мустаҳкам симтўрлар билан ўраб қўйилган. Уч гектарга яқин майдонда у якка ҳоким. У ер-бу ерда гулга тўлаётган саксовуллар ҳурпайиб кўринади. Майда баргли янтоқларнинг митти ғунчалари яйраб очилган. Бу фуқаросиз салтанат уники. Бу майдон устидан учиб ўтаётган қушлар ҳам эҳтиёткор бўлиб қоладилар.

Ника мени узоқдан таниди. Танийди-да, неча йиллардан бери шу қўриқхонада назоратчи бўлиб ишлаганимдан кейин…Мени бу ерда ҳатто ҳуркак жайронлар ҳам танишади-ю, Ника танимасинми? У симтўрларни ёқалаб мен томон югурди. Албатта, мени соғиниб қолганидан эмас, бирон-бир егуликдан умидвор бўлиб шошиларди у. Аттанг, бир парча эт олиб келишни унутибман-да. У симтўр ортидан олд оёқларини кериб олдинга ташлаб, бўйнини чўзди-да…ириллади. Бу билан у менга нимадир деганди. Сўнг у қўриқхона маликасининг ҳузурига қуп-қуруқ қўл билан келганимни билди-да, хафа бўлиб, нари кетди. Тавба, худди қизлардай нозу фироқ қилади-я…

Никанинг қўриқхонага келтирилганига уч йил бўлди. Унинг томирида саҳройи қоплонларнинг қайноқ қони гупириб турарди. Ўтган йили илиқиш фаслида Ника ёлғизликдан кўп азоб чекди. Ҳеч нарсани тан олмайдиган табиий эҳтирос, тирик қон истагидан жунбушга келиб, ўлик симтўрлар билан олишарди. У кечалари жуфтини излаб, оламни бузиб, фиғон кўтарарди. Аммо, ундаги хоҳиш қанча қайноқ бўлса, симтўрлар шунча совуқ эди. Унинг тирик вужудидан кўра, ўлик симтўрлар кучли эди.

Никанинг бу азобларини кўриб, чидай олмадим. Турли мутасадди идораларга қўриқхонада ёлғизликдан азоб чекаётган урғочи қоплоннинг аҳволини баён қилиб хатлар ёздим,ёзавердим. Масъул одамларга бориб учрашдим. Xайриятки,вазиятни тўғри тушунадиган кишилар топилди. Узоқ баҳсу мунозаралардан сўнг, Петербургдан эркак қоплон олиб келишга келишилди.

Айни шу кунларда Никада илиқиш даври бошланди. У жуда безовта эди. Ҳар нарсага инжиқланар,ҳар нарсадан тез хафа бўлиб қоларди. У салтанатидан ўзининг излаган нарсасини тополмай қийналарди. Ахир, бугун узоқ-узоқлардан «куёв» келаётганини қаёқдан билсин.

Шомга яқин махсус юк машинасида қафасга қамалган «куёв» қўриқхонага келтирилди. Уни амаллаб маликамизнинг қароргоҳига киритдик. «Куёв» қуйиб қўйгандек Никанинг ўзига ўхшарди, гўё эгизак қоплонлар каби… Унинг қуюқ сариқ териси майда-майда малларанг холлар билан қопланган, фақат осилиб турган қорни оқиш тусда бўлиб, холдан холи эди.

Ника «куёв»ни кўриб, узун ва чайир оёқларини олдинга чўзиб, бутун гавдасини силкиб, бош чайқаб, бўлажак жуфтининг ташрифини шодумон олқишлади. У яқинлашаётган висол суруридан масрур эди. Энди унинг бахти тоғу даштларда эмас, осмонларда эмас, шундоқ ёнида савлат тўкиб турарди. Ника ўйноқлаб бир сакради-да, ўзи эгалик қилаётган салтанатни чангаллари билан эзғилаб ташламоқчи бўлгандай, симтўрлар ёқалаб, югуриб кетди. У ниҳоятда чаққон, чопқир ва абжир эди,югурикликда ҳомиладор туяларнинг фиғонини оширгувчи накбо шамолларидан  ҳам тез эди. Ника югураётганда, унинг оёқлари ерни қандай қаттиқ «тишлаши»ни ҳис қилиб турардим. У бир неча дақиқада ўз салтанатининг бошидан охирига довур бориб қайтди. Бундай пайтда шиддатли шамоллар ҳам Никанинг шижоати қаршисида нафасини ичига ютиб юборарди. У чопаётганда олдинги ва орқа оёқларининг ниҳоятда тезгир ва абжир ҳаракатида ягона, яхлит мувозанат ҳолати намоён бўларди. Бу тезликда, бу югурушда сершиддат ва бетакрор бир оҳанг бор эди. У уч гектарлик катта майдонни шамолдан тез айланиб қайтди. Ника бу ҳаракати билан зор-интизор кутилган шаҳзоданинг ташриф буюрганини ўз салтанатига эълон қилаётган эди.

У «куёв» ҳузурига қайтгач, гавдасига нисбатан кичик бошини қаттиқ силкиди-да, кучли наъра тортди. Сўнг «куёв»нинг тумшуғини ҳидлаб, билинар-билинмас ёлларини қайноқ тиллари билан ялади. Бу Никанинг дил изҳори эди. «Куёв» эса унинг ўтли эҳтиросларига нисбатан бепарво, совуқ ириллаб қўйди, холос. Шаҳарлик, олифта қаллиғ, деб ўйландим.

Бу пайтда бепоён даштнинг ғуборли уфқларига қуёш чўкиб борарди. Қўриқхона даштларининг ям-яшил тусини шом кўланкалари ютиб юбораётган эди. Солланиб кириб келаётган висол оқшомига халақит бермай, деб мен вагон уйимга қайтдим. Бу кеча фақат Ника билан «куёв»- га аталган кеча. Уларнинг кечасига биз кириб юрмайлик.

Вагон уйга келиб, ўзимга яраша овқат пиширдим, чой дамладим, хуллас, қорнимни алдадим. Сўнг вагондаги тор краватга чалқанча ётиб, хира чироқ ёғдусида эски газеталарни варақлаб, кўзим илинди. Чарчаган эканманми, эртаси кеч уйғондим. Бу пайтда қуёш ўз ётоғидан бир қарич юқори кўтарилиб бўлган эди. Чой-пой ичиб бўлгач, омборхонадан зарур егуликларни олиб, «келин-куёв»ни кўргани шошилдим.

Дастлаб, симтўрлар ичида, гулга кирган саксовул тагида мудраб, эснаётган «куёв»га кўзим тушди. У менинг қўлимдаги этни кўриши билан симтўрнинг туйнуги томон, мен сари юрди. Симтўрга яқинлашиб келаётган «куёв» менга қараб ялтоқлангандай бўлди. Бу қандай гап?! Ахир, қоплон ҳам ўзини шундай тутадими? Нега у ялтоқланаяпти? Мана, Никани қаранг, урғочи бўлса ҳам бир парча эт учун бизга ялтоқланмаган. У қорни очганда емак сўраб эмас, емак келтиришни буюриб бизга бўкиради. Бу эса… Мана ол ҳақингни, эй, номард! Сўнг симтўрларни ёқалаб, оҳиста ва мағрур қадам ташлаб Ника кела бошлади. У туйнук ёнига келганида, хўрак ташлаётганимда, бехосдан кўзларига кўзим тушди. Никанинг порлоқ кўзларида сўнгсиз мунг бор эди. Мен уни кузата бошладим. У истаб-истамай этни тишлаб тортди. Ника аввалгидан кўра жуда безовта, бунинг устига жуда ғамгин бўлиб қолган эди. Бир қарашда билдимки, кеча ҳеч қандай иш бўлмаган. Бўлмаган! Чунки, мен ҳайвонларнинг қовушишидан сўнг жуда енгил тортиб қолишларини, шодмон бўлиб, ўйноқлаб кетишларини, янгидан-янги қилиқлар чиқариб эркаланишларини яхши билардим. Демак, кечаги висол оқшоми харом бўлибди. Бу висол эмас, азоб ва хўрлик кечаси бўлибди.

Ким билади дейсиз, балки эркак қоплоннинг уйғониши қийин кечар… Эҳтимол, бугун Никанинг муроди ҳосил бўлар.

«Куёв» ўз улушини паққос туширгач, яна саксовул тагига бориб ётди-да, мудрай бошлади. Ника охурдан сув ичиб, туйнук ёнидан нари кетди. У қўриқхонанинг ястаниб ётган яшил кенгликларига узоқ тикилиб турди-да, яна «куёв» ёнига борди. Ника куёвга эркаланиб, яна унинг юз-кўзларини ҳидлади, бўйнидан тишлаб тортди, пинжига суқилмоқчи бўлди. «Куёв» эса, унга қайрилиб ҳам қарамади. Қайтанга нари тур дегандай, журъациз ириллаб қўйди.

Эй, тирик мурда! Сен нега Никанинг ҳисларини поймол қилаяпсан? Қуруқ олифта! Эркакмисан ўзи, ё хезалакмисан?! Xўрлама уни, қирчанғи! Xўрлама уни, ўзинг хор бўласан!

Шу кун ҳам, шу кеча ҳам Никанинг барча эҳтиросли ҳаракатлари бесамар кетди. «Куёв» «тирилмади». Атроф жавонибга яшиллик, гўзаллик, салқин ва муаттар шамолларни туҳфа қилаётган табиат Никанинг вужудини бешафқат олов алангасида ёндирарди. Мен кун бўйи, сўнг тун бўйи гоҳ очиқда, гоҳ панада натижани кутиб уларни кузатдим. Лекин… Никанинг бахти очилмади.

Эртаси тушдан кейин Ника яна шу тирик мурдага суйкала бошлади. Шўрлик уч кундан бери қаттиқ хўрланаётган эди. Ҳали илиқиш ҳаросати унинг вужудида давом этарди. Нимаям қилсин, бу табиат иши, бу табиат ҳукми.

Мен энди симтўрлар ортидан Никага қичқирардим: ўзингни хор қилма, Ника! Чида! Эрта-индин ҳаммаси ўтиб кетади. Xўрлама ўзингни! Суйкалма унга! У «куёв» ҳам эмас, қоплон ҳам эмас. У бор-юғи бир мўйна-ку. Мўйна, холос.

Ника гапларимни тушунгандай ўлик «куёв»нинг ёнидан нари кетиб, симтўр туйнуги ёнига келди. Мен унга яна эт ташладим. У этга қайрилиб ҳам қарамади. Шунда яна Никанинг кўзларига кўзим тушди. Не сўз билан айтайки, Ника йиғлаётган эди. Унинг катта-катта малларанг кўзларидан қайноқ ёшлар тўкиларди. Овозсиз йиғларди у биринчи кечаси ҳаром бўлган бахциз келинчак каби. Менинг ачинишдан бўлак ҳеч нарса қўлимдан келмасди.

Қаердан келди ўзи бу тирик мурда? Ким ўзи у? Нима ўзи бу?

Шунда бирдан «куёв»нинг ҳужжатлари эсимга тушди. Ахир, у билан бирга ҳужжатларини ҳам келтиришган эдилар-ку. Очиб ҳам қарамабман-а…

Вагон уйга киришим билан ёзув столи ғаладонига ташлаб қўйилган «куёв»нинг ҳужжатларини қўлимга олдим. Унинг таржимаи ҳоли шундай ёзилган эди:

«Осиё гепарди.
1968 йилда туғилган.
Ёши: 9.
Жинси: эркак.
Танасининг узунлиги: 125 см.
Думининг узунлиги: 64 см.
Лақаби: Кошка
Изоҳ: Туғилганидан буён фақат қафасда сақланган.

Мен ҳаммасини бирдан тушундим. Қайсидир китобда ўқиган эдим, агар ҳайвон доимо қафасда сақланса, у ўзининг табиий туйғуларини йўқотиб қўяди.

«Куёв»нинг эса, бутун таржимаи ҳоли қафасдан иборат эди. Кейинроқ уни текширгани келган мутахассислар ҳам менинг фикримни тасдиқлашди.

* * *

Кейинги кун эрталаб яна Никанинг қароргоҳи томон йўл олдим. Қоровулбозор қўриқхонаси кенгликларида баҳор тантана қиларди. Тонг насимларида титраётган майсаларнинг баргида шудринглар ялтирайди. Гупчайган саксовулларнинг майда гуллари хушбўй ифор таратади.

Мана Никанинг салтанати… Ника бу салтанатга ҳукмронми, ё бу салтанат Никага ҳукмронми? Ким кимни забт этган?.. Ника салтанатними, ё салтанат Никани забт этганми? Шундай ўйлар билан бораётганимда симтўрлар устида ниманингдир осилиб ётганига кўзим тушди. Куёв қочмоқчи бўлган шекилли. Йўқ, у қафасга ўрганиб қолган. Қафас — унинг уйи, қафас унинг кўнгли. Ўз уйи, ўз кўнглини ташлаб қаёққаям қочарди. Яқинроқ бордим… Не кўз билан кўрайки, симтўрлар туйнугига бириктирилган узун учли темир таёққа Ника осилиб ётарди. Унинг кўкрагидан кириб кетган учли темир қонга ботган найза каби елкасидан чиқиб турарди. Никанинг кўзлари очиқ қолган ва кўз ёши ҳали қотиб улгурмаган эди.

У икки дунё оралиғидан сакраб ўтаётганида ҳалокатга учраганди. Симтўрли дунё ўз ўлжасининг жонсиз танини хочга тортилган авлиё жасадидай тутиб турарди.

Ичкарида эса, саксовулнинг ола чалпоқ соясида «куёв» ҳамон мудраб, эснаб ўтирарди.

912

(Tashriflar: umumiy 47, bugungi 1)

Izoh qoldiring