Bugun taniqli adib Nodir Normatovning tavallud kuni

Адабиёт ва санъат шинавандалари Нодир Норматовнинг номини яхши билишади. У таниқли ёзувчи, билимдон санъатшунос, серғайрат журналист, моҳир таржимон ва ношир сифатида кўпчиликнинг ҳурматини қозонган. Унинг «Кўҳитанг ҳикоялари», «Жарликдан қушлар учди», «Камалак яшайдиган уй», «Голубые орехи», «Баригал» каби тўпламларига кирган роман, қисса, ҳикоялари муаллифнинг юксак истеъдодидан далолат беради. Шунинг учун ҳам улар ўз вақтида адабиётшуносликда муносиб баҳоланди.
Н.Норматов 2000 йилдан буён «Санъат» журналига бош муҳаррирлик қилиб келмоқда. Унинг бевосита раҳбарлигида журналда кўпгина ижодий лойиҳалар амалга оширилди. У санъатшунос сифатида кўплаб жаҳон тасвирий санъати намоёндалари, ўзбек мусаввирлари ҳамда халқ усталари ижодини тарғиб-ташвиқ этиб келмоқда. Мусаввир Рўзи Чориев ҳаёти ва ижодига бағишланган «Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти» роман-эссеси ва «Камалак яшайдиган уй» ҳужжатли қиссаси чоп этилган. Уларда рассомлик санъатига хос хусусиятлар, дунё мусаввирлари ижоди теран ёритилган. Шунингдек, у тасвирий ва амалий санъат арбоблари, халқ усталари тўғрисида яратилган ҳужжатли фильмлар муаллифидир. Mустақиллик даврида яратилган «Омонхона мўъжизаси», «Беҳзод ворислари», «Бешик» ва бошқа кўплаб ҳужжатли фильмлар сценарийси унинг қаламига мансубдир.
Бадиий таржима соҳасида эса Нодир Норматов ўзбек китобхонларини рус ёзувчиси К.Паустовскийнинг «Исаак Левитан» қиссаси, турк ёзувчиси Азиз Несиннинг «Ломакон» пьесаси, озарбайжон ёзувчиси Акрам Айлислининг «Мадина амма эртаклари» қиссасалари, қадимги Сурия ёдгорликларидан «Панднома» китоби (Г.Норматова билан ҳамкорликда), Александр Волков, Евгений Мельников, Рафаэл Тоқтош шеърлари ва эстон шеъриятидан намуналар билан таништирди.
Нодир ака, туғилган кун муборак бўлсин!

Нодир Норматов
ТЕРМИЗЛИК МИР МУСАВВИР ВА МИР САИД АЛИ МИНИАТЮРАЛАРИ

“Тафаккур” журналининг 2005 йилги IV сонида “Камолиддин Беҳзод” ҳикоям эълон қилинган эди. Унда буюк мусаввир Беҳзод билан термизлик мусаввир Мир Саид Алининг Табриздаги учрашуви тасвир этилган. Буни ўқиган айрим юртдошларим ҳақиқатан ҳам Термиздан шундай рассом чиққанми ёки ўйлаб топилган образми, деб қайта-қайта сўрашди. Мана шу сўровлар сабаб бўлди-ю, бу шахснинг фаолиятига қайта қизиқдим.

Мир Саид Али ва унинг отаси Мир Мусаввир ҳақидаги илк маълумот билан 1980 йилларда танишган эдим. Бу пайтларда “Совет Ўзбекистони санъати” журналида ишлардим. Кунларнинг бирида журнал ходими, театршунос Сирожиддин Аҳмедов: «Сизнинг буюк юртдошингиз Мир Саид Али ҳақида шарқшунос олим Илёс Низомиддинов мақола олиб келмоқчи, бўлим режасига киритсангиз, яхши бўларди» – деб қолди. Кўп ўтмай, журналнинг 1983 йилги 2-сонида олимнинг”Мусаввир Мир Саййид Али” мақоласи эълон қилинди. Ундаги маълумотларда шимолий Ҳиндистонда ҳукмдорлик қилган Акбаршоҳ саройида “Нодир-ул Мулк”( Давлатнинг нодир сиймоси) деб ном олган Мир Саййид Али ва унинг отаси Мир Мусаввир (Мир Мансур ҳам дейилади) Термизда туғилганлиги хабар қилинади. Муаллиф бу маълумотларни рассомнинг замондоши, тазкиранавис Айнуддавла бин Яхё ас-Сайфи ал-Ҳусайн XVI аср 70-йилларида ёзган “Нафоис-ул маорис” асаридан олган. Бу асарда шундай дейилган: «Жудойи – унинг тахаллусидир, асл исми Мир Саййид Алидир, машҳур Мир Мансурнинг фарзанди, ул жаноб Термиздан бўлиб, бир қанча вақт Бадахшон ўлкасида турганлар. Мир (Саййид Али) меросий (яъни ота) касб бўлмиш тасвирий санъатда устоз ва беназирдир. Ва шеърият фанидан баҳраманд ҳамда шеър битишда моҳирдир».

И.Низомиддинов бу рассом ҳақида, бундан ташқари, Қози Аҳмаднинг 1597 йилда “Хаттотлар ва рассомлар ҳақида рисолалар” китобида (форс тилида), инглиз санъатшуноси Перси Броуннинг “Муғуллар даври Ҳинд рассомчилиги” (инглиз тилида, Оксфорд, 1924), ўзбек олими Ориф Усмоновнинг “Камолиддин Беҳзод ва унинг наққошлик мактаби” (Тошкент, 1977 йил), озар олими А..Ю.Казиевнинг “Художественное оформление азербайжанской рукописной книги XIII-XVII веков” (Москва, 1977) китобларида ҳам баъзи маълумотлар борлигини қайд этади. Ана шу маълумотларга асосланадиган бўлсак, кўз ўнгимизда рассомнинг таржимаи ҳоли тўғрисида муайян тасаввурга эга бўламиз.

Мир Саид Али (илмий тадқиқотларда шундай ном билан қабул қилинган) рассомликдан илк сабоқни ўз отасидан олган. Аммо мусаввирликда ўз замонасида машҳур бўлган Мир Мусаввирнинг бу ҳунарни кимдан ўрганганлиги ҳақида бирор бир маълумотга эга эмассиз.

Унинг асарлари бизгача етиб келган. Мир Мусаввир портрет жанрида моҳир бўлган. “Сарханбек суфрачи” асари ўз даврининг урф одатлари, либослари, ўша давр кишисининг ички олами, қизиқишлари доирасини ўзига хос ечимда тасвир этганлиги билан диққатга сазовор. Олим ва мусаввир Содиқи Китобдорнинг қайд қилишича, Мир Мусаввир Ҳиндистонда баракали ижод қилган ва Акбаршоҳ замонида (1556-1605) юқори лавозимларга кўтарилган. У тахминан XV аср охирларида Термизда туғилган. Манбашунос, шарқшунос олим Илёс Низомиддинов шундай деб ёзади: «Мир Мусаввир ёки Мир Мансур Термизда ва Бадахшонда яшаган даврларидаёқ санъаткор мусаввир сифатида танилган эди” (“Совет Ўзбекистони”журнали, 1983, 2-сон). 1510 – 1540 йилларда Табризда , кейинроқ Ҳиндистонда ижод қилиб, 1555 йилларда вафот қилган. Форс тарихчиси Дўст Муҳаммад (1544)нинг “Мусаввирлар ва хаттотлар ҳақида рисолалар” асарида баён этилишича, Мир Мусаввир ва Оқо Мирак Тухмасп I нинг сарой кутубхонасида хизматда бўлишиб, шоҳнинг укаси Соме Мирзанинг саройи деворлари, жомномаларни(ойнали деворий заллар) безагашган. Тухмасп I топшириғига кўра, Мир Мусаввир Низомий Ганжавийнинг “Ҳамса”сига ва Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сига расмлар ишлаган. Муаллиф Мир Мусаввирни ўз даврига хос муболаға билан Монийга қиёслаб, ҳатто, Моний ҳам унинг чизганларини кўрса, ўз мўйқаламини ташлаган бўлур эди, дейди.Мир Мусаввирнинг, айниқса, Ганжавийнинг “Маҳзан-ул асрор”(“Сирлар хазинаси”) достонига ишлаган “Ануширвон ва бойқушлар” миниатюраси (1539 – 1543 ) ,Фирдавсийнинг “Шоҳномас”сига ишлаган “Золим Заҳҳокнинг қўрқинчли туни” миниатюралари ўз даврида машҳур бўлган.

Содиқи Китобдор Мир Саид Али рассомлик бобида ўз устози, отаси Мир Мусаввирдан ҳам беқиёс даражада илгарилаб кетганлигини алоҳида таъкидлаб ўтади.

Мир Саид Али Акбар даврида энг юксак ҳисобланган “Нодир-ул Мулк” унвонини нима учун олган?” деган савол туғилиши табиий.

Мир Саид Али ва унинг отаси Мир Мусаввир Ҳиндистонга кўчиб боргунча ҳаётнинг кўп синовларини босиб ўтишган. Мир Саид Али ўсмирлик чоғларидаёқ замоннинг алғов далғовлиги туфайли Термизда, сўнг бирмунча вақт Бадаҳшонда туришган. Кейин улар машҳур мусаввир Беҳзоднинг Ҳиротдан Табризга кетиб,(1501 – 1524), сафавийлар саройида кутубхона мудири, нигористон раҳбари этиб тайинланганлигини эшитиб, унинг ҳузурига ошиқишган. Бу ерда Беҳзоднинг шогирдлари Қосим Али Ҳиротий, Оқо Мирак Исфаҳоний, Ҳайдар Али Турбатий, Музаффар Али Турбатий, Рустам Али каби мусаввирлар фаол ижод қилишган. Бу пайтда, Шимолий Ҳиндистондаги бобурийлар давлатининг иккинчи ҳокими Ҳумоюн ҳам ички низолар туфайли вақтинчалик Эронга, Табризга бошпана излаб келган. У бу ерда уч-тўрт йил яшаган. Ҳумоюн Мир Мусаввир ва Мир Саид Али санъатини кўриб,уларнинг ижодига мафтун бўлиб қолган. У Кобул ва Деҳлида ҳукмронлигини яна қайта тиклаб олгач, ота-бола мусаввирларни саройга келишга даъват этган. Беҳзод вафотидан сўнг Табризда санъатга эътибор сусайиб, нафис санъат қадрсизланиб бораётган эди. Табризда ота-бола учун ижод даври самарали кечган бўлса-да, сўнгги йилларда улар моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолишган. Қози Аҳмад 1597 йилда ёзган “Хаттотлар ва мусаввирлар ҳақида ҳикоятлар” рисоласида бу хусусда шундай деган: “Ота ва ўғил – ҳар иккаласи ҳам бахтсизлик ҳолатига тушиб қолган эдилар ва шунга кўра, Ҳиндистонга сафар этдилар”. Мир Саид Алининг Табриз даври ижоди ҳақида озарбойжонлик А.Ю.Казиев ва К.Д.Керимовнинг тадқиқотларида маълумот берилган. К.Д.Керимовнинг ёзишича, Мир Саид Али кўплаб миниатюралар чизган, айни пайтда “Жудоий” тахаллуси билан кўплаб шеърлар ёзган. (қаранг: К.Д.Керимов. “Азербайджанский художник XVI века Мир Саид Али” Сб. исследования и материалы по архитектуры и иссуства Азербайджана». Баку, 1966 г.). Олим Табризда озарлар кўп бўлгани боис Мир Саид Адини «озарбойжон рассоми» дейди.
Мир Саид Али Ҳиндистонда катта шуҳрат қозонган. У Акбарнинг топшириғи билан Шарқда машҳур “Достони Амир Ҳамза” (Ҳамза – Муҳаммад (с.а.в.) пайғамборнинг жияни) асари мазмунига мослаб, катта ҳажмда (55х77) миниатюралар ярата бошлаган (бу тахминан Европада “кичик голландияликлар” номи билан ишланган асарлар ҳажмига тўғри келади). Мазкур асар сюжети бўйича ўн икки жилддан иборат миниатюралар яратилиши мўлжалланган бўлиб, жами 1200 дона расм чизилиши керак эди. Бунинг учун ҳиндистонлик, эронлик, ўрта осиёлик 30 дан ортиқ мусаввирдан иборат гуруҳ ташкил қилиниб, унга Мир Саид Али раҳбар этиб тайинлинган. Шерозлик Хўжа Абдусамад унинг ноиби бўлган. Ушбу гуруҳ аъзолари ҳиндистонлик Дасвантха ва Басаван кейинчалик машҳур рассом бўлиб етишишган. Мир Саид Али бу асар устида олиб борилган ишга етти йил раҳбарлик қилган. Ўзи ҳам кўплаб асар ишлаган. У тахминан 1569 йилда Маккага ҳажга кетиб, ўша ерда вафот этган, дейилади. Унинг ишини шерозлик ноиби Хўжа Абдусамад давом эттирган. Мир Саид Али бошчилигида чизилган 1400 миниатюрадан фақат 140 таси ҳозир ҳам дунёнинг турли музейларида сақланади.

Перси Броуннинг ёзишича, Мир Саид Али меросининг бир қисми – олтмишта асари Австриянинг Вена шаҳридаги “Индастрэль”музейида ва йигирма бешта асари Жанубий Кенсингтондаги “Викториа энд Альбер” музейида сақланмоқда.

Мир Саид Алининг “Мажнун Лайлининг чодири олдида” асари (Низомийнинг “Хамса”сига ишланган, 1539-1543) маконнинг ғоят кўламлилиги, лавҳаларнинг бир-бирига боғланганлиги, ҳар бир деталь ва персонажнинг сюжет линиясига қатъий бўйсундирилганлиги билан кишини мафтун этади. Мусаввирнинг “Кўчманчилар тўхтаган жой” (Кембриж, Саклер музейи, 1540 йилга яқин), “Саройдаги тунгги ҳаёт”(Кембриж, Саклер музейи, тахминан 1540 йил), “Автопортет” (Вашингтон, Фрир галереяси, тахминан 1540 йил), “Ёш хаттот портрети” (Лос Анджелес, Округ музейи, тахминан 1550 йил) асарлари ҳам шундай.

Мир Саид Али Фирдавсийнинг “Шоҳнома”асари сюжети асосида кўплаб расмлар ишлаганлиги билан машҳур. Бундан ташқари, унинг алоҳида мавзу ва сюжетларга эга кўплаб мураққалар (альбом) ишлаганлиги ҳам маълум. Айниқса, унинг отаси Мир Мусаввир портрети (Париж, Гимэ музейи, 1565-1575), “Илёс пайғамбар чўкаётган Нур ад-даҳрани қутқармоқда” (Лондон, Британия музейи), “Китоб мутолаа қилаётган донишманд” (Париж, Гимэ музейи? 1570-1580) асарлари унинг беқиёс маҳоратидан далолат беради. Акбаршоҳнинг вазири Абул Фазл ўзининг “Акбарнома” китобида Мир Саид Алини мақтаб: “У бу санъатни отасидан ўрганди. У бу саройга келганидан бошлаб, подшоҳнинг меҳр қуёши паноҳида бўлди. У санъати билан ўзини машҳур қилди” деб ёзган. Муаллиф Мир Саид Алини Табриздан келган ва саройда йиғилган юздан ортиқ мусаввир ичидан биринчи ўринга қўяди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Мир Саид Али Ҳиндистондаги бобурийлар салтанатида янги миниатюра мактабига асос солган.

Мир Саид Алининг “Форс миниатюралари” китобида чиққан иккита асарини рассом Рўзи Чориевга кўрсатганимда, у ҳайратга тушиб: “Бу рассом Беҳзоддан кам бўлмаган, ниҳоятда улуғ рассом экан. Унинг ранг танлаши, чизиқларининг нозиклиги, композициясининг кутилмаган ечими шундан далолат беради”, – деган эди. Ўшанда Рўзи акс Мир Саид Алининг отаси Мир Мусаввирнинг “Сарханбек портрети”ни кўриб, яна завқланиб: “Мана, қаранг, характер бор, пластика бор, ранглари тоза…”, – деган эди. Мен бу санъаткорлар асли Термиздан эканлигини айтганимда у қувонганидан ҳайқириб юборган ва: “Шундай юртдошларимиз бор экан-у билмаймиз-а, афсус?!. Уларни элга достон қилиш керак. Керак бўлса, ҳукумат доирасида иш кўриб, уларнинг альбомларини чоп этиш керак. Номларини Ўзбекистонда, ота юртлари Термизда абадийлаштириш, улар мероси бўйича анжуманлар ўтказиш керак. Уларнинг ижоди бутун инсониятники. Уларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш бизнинг бурчимиз. Сендан илтимос, улар ҳақида матбуотга ёзиб чиқсанг”, – деган эди.
Рассомнинг бу сўзлари қулоғим остида ҳали-ҳануз жаранглаб турибди.

Manba:surxondaryo.uz

(Tashriflar: umumiy 89, bugungi 1)

Izoh qoldiring