Nodir Normatov. Bisot & Ummon yuzidagi mavjlar & Sirojiddin Ibrohim. Giyohi behishtni qidirib…

0_15ce63_b4d280e4_orig.png24 декабрь — Таниқли ёзувчи Нодир Норматов таваллуд топган кун

   Таниқли  ёзувчи Нодир Норматов (1950-2017) ҳам умрини тинимсиз юришда – ўша рамзий “гиёҳи беҳишт”ни қидириб ўтказди. “Гиёҳи беҳишт”га ўхшаш алафлар орасидан уни топиш осон бўлмагандир, ҳар нечук. Топдими? Қайдам, буни ёлғиз ўзи ва  Ўзи билади…

Сирожиддин ИБРОҲИМ
ГИЁҲИ БЕҲИШТНИ ҚИДИРИБ…
09

Ёнингда юрганлардан бирови омонатини топширганда бу дунёда ҳеч нарса ўзингга дохил эмаслигини эсга оласан. Юрагингга қон юбориб турган жон-ку сенга берилганларнинг энг омонатроғи, ўзингникимас. Инчунун, тирикликда қилган яхши-ю ёмон амалингдан ўзга. Қанийди, шу эсга олганинг ёдингда умр бўйи муҳрланиб қолса, бир лаҳза бўлса-да унутмасанг эди, олам гулистон бўларди. Лекин…

0_1547c9_e7c97392_orig.jpgМен Нодир Норматов билан, масалан, Обид ака (Шофиев)чалик яқин эмас эдим. Муҳиблик ва мухлисликнинг мустаҳкам алоқалари йўқ эди. Шунинг учундир, охирги бор кўришганимиз ёки қўнғироқлашганимизни аниқ ёдга келтиролмадим. Ҳар ҳолда ойлар, балки йил бўлганди…

Газетада Нодир Норматов билан суҳбат эълон қилишни режаладик. Бу вазифа Обид акага юкланди. Бир фурсат ўтгач, телефонлашиб сўрсам, у ёзувчи билан боғлана олмаётганини айтди. Кейинроқ эса ўзи қўнғироқ қилиб: – Нодир ака касалхонада экан. Мазаси ёмон қочибди, – деб қолди. – Ҳозир яхши эканми? – Ҳа, секин-аста ўзимга келяпман, деди. – Унда тузалиб кетгач тайёрларсиз суҳбатни. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Нодир Норматовнинг вафоти ҳақидаги хабар ҳаммани лол қолдирди. – Нима бўлган экан Нодир акага? – Шифохонадалигида икки марта гаплашдим. Сўнггиси вафотидан бир кун олдин, кечқурун эди.

Ҳар икки суҳбатда ҳам сомсадан заҳарланиб қолганлигини айтди. Шу сабаб бўлиб, бошқа дардлари ҳам хуруж қилган, шекилли. Бу адибнинг шогирди ва асарлари тадқиқотчиси Обид Шофиевнинг гапи. Шуларни эшитиб, алҳол, ёзувчининг қирқ йиллар олдин ёзилган “Бир куни чумоли бўлиб…” ҳикоясини эсладим. Жуда таажубланарли. У шундай бошланарди: “Сиз нега касалхонада ётибсиз”, дейсизми? Дўхтирлар ошқозонинг заҳарланган дейишди. Нега, қандай қилиб — ҳайронман. Очиғини айтганда, мен табиатан зиёфатлардан қочиб, нафсига қаноат қилиб юрадиганларданман.

Ўша куни бор-йўғи бир бўлак қотган нон еган эдим. Балки, ўша, гиёҳи беҳиштни қидираман деб, бўлак ўтни еганимдан шу кўйга тушгандирман…” Ҳикоя муқаддимасида келтирилган шу уч-тўрт калима Нодир Норматов умрини том маънода ўзига сиғдирганди, рамзий суратда ифода этганди. Нодир ака нафсининг жиловини маҳкам тутган, таомланиш борасида ҳам ўша ҳикояси қаҳрамони каби жуда парҳезкор бўлиб, гўшт истеъмол қилмас эди. Сомса еганлиги ҳақидаги гап ҳам мени ҳайрон қолдирди. Баҳонаи сабаб бўлса керак…

Таниган, ҳамсуҳбат бўлган беш-олти йилнинг нари-берисида ёзувчи каминада кўнглини авайлаб яшайдиган инсон сифатида таассурот уйғотган. Бу авайлашнинг асосий нуқтаси у кишининг мудом ўзига маънавий завқ берадиган ишларга интилиб туришида сезиларди. Пойтахтда яшайдиган сурхондарёлик ижодкорлар орасида юртга энг кўп келадигани – иккиланишларсиз айта олиш мумкин, Нодир ака эди. Ўзи туғилиб-ўсган қишлоқни – Пошхуртни соғиниб келарди. Суҳбатидан сурур туядиган одамлар дийдорига ошиқарди. Яна бир айрича жиҳати – камтарлиги билан эҳтиромга лойиқ эди-ки, биз киборсуярлар кўп-да эҳтиром кўрсатишнинг уддасидан чиқавермас эдик.

Термизда туриб қолган пайтлари ёзувчи яёв юриб, таҳририят биносига келиб қоларди. Шундай келишларида бир неча бор асосий ҳамсуҳбати мен бўлганман. Устозни ўзимизнинг қишлоқ одамларига ўхшатардим. Бежизга эмас – қўшни қишлоқлар, бир-бирига табиатан яқин одамлар. Гапириш оҳанги, жилмайиши, кўзларидаги ифода қишлоқдаги қўшнимизнинг ўзи. Фақат суҳбат мавзуи фарқли. Нодир ака адабиётда самимийлик қатори рамзийликни асосий мезон деб биларди. Шеърият ҳақида ҳам ўзига хос мулоҳазаларини баён этганди. Уларнинг айрим жиҳатларини қалбан инкор қилганман.

Юртимиз тарихи, жаҳон маданияти ва санъати, умуман барча соҳаларда суҳбатлашиш завқли эди у киши билан. Ёзувчининг асарлари довруқ таратмади ва деярли ўрганилмади. Буни ҳам маълум қадар Нодир Норматов шахсидаги камтарликка боғласа бўлади. Ҳатто овқатланиш учун қошиқ сўрай туриб ҳам ўзининг “шоир”лигини таъкидлаб оладиганлар орасида ном чиқариш осон дейсизми? Юздан қанча ҳаёни сидириб ташлашга тўғри келади. Ёзувчи бундан кўра меҳнатни – ижодни афзал билди.

Керак бўлса, вақт чиғириғидан ўтса, асарлари келгуси авлодлар томонидан холис баҳони олади. Куйиниб, ўзингни ҳар ёққа уришга, эътиқодингга зид кетишга-ю кимларгадир ялтоқланишга наҳожат?! Юқорида эсга олинган ҳикоядаги “гиёҳи беҳишт” аслида биз ҳаётда қидириб юрадиган кўнгилдош тимсоли. Шунинг учун ҳам заҳарланиб қолишдан қўрқмасдан, ҳар турли ўтни еб кўриб, ўша гиёҳни излайди қаҳрамон.

Нодир Норматов ҳам умрини тинимсиз юришда – ўша рамзий “гиёҳи беҳишт”ни қидириб ўтказди. “Гиёҳи беҳишт”га ўхшаш алафлар орасидан уни топиш осон бўлмагандир, ҳар нечук. Топдими? Қайдам, буни ёлғиз ўзи ва Ўзи билади. Шуларни битарканман, кўнглимда биргина тилак бўй кўрсатиб турди. Нодир ака чин дунёнинг гиёҳи беҳиштини топган бўлсин!

УММОН ЮЗИДАГИ МАВЖЛАР
Ёзувчи Нодир Норматов билан
Лазизжон Бахранов суҳбатлашди
09

Лазизжон Бахранов: Мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи яратиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш имконини берди. Бунинг натижасида, миллий қадриятлар тикланмоқда, маданият, санъат соҳаларида катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ўзбек тасвирий санъатида янги-янги бадиий йўналишлар пайдо бўлмоқда. Серқирра ҳаётни, замондошларимиз портретларини, жамиятимизда рўй бераётган ўзгаришларни объектив рангтасвирга тушириш анъанага айланди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Ҳозирги кунда миллий маънавиятимиз ривожини тасвирий санъат намуналарисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек рассомларининг кейинги йилларда самарали ижод қилиб, янги-янги ютуқларни қўлга киритаётгани, бу соҳада кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаётгани унинг равнақи ва истиқболидан далолат беради”. Ҳақиқатан ҳам, бу борада ютуқларимиз кўп. Бироқ, тараққиёт вақт ўтган сари олдимизга кўплаб вазифаларни қўяверади. Уларни адо этгандагина соҳа янада ривожланади. Тасвирий санъатни ривожлантирувчи омиллардан бири эса бадиий танқиддир. Нодир ака, ўзбек бадиий танқидчилигинг бугунги ҳолати сизни қониқтирадими?

08Нодир Норматов: Тасвирий санъат асарларини, хоҳ у миллий, хоҳ жаҳоний бўлсин, тушунишда таржимон талаб этилмайди. Аммо, бадиий танқидда тилнинг аҳамияти беқиёс. Биз ўзбек тасвирий санъатини анг­лашда замонавий санъатшуносликни бадиий танқидга эҳтиёжи катта бўлиб бораётганлигини сезиб турибмиз. Бу эса бугунги кунда тасвирий санъатимиз хилма-хиллиги, кутилмаган “изм”лару янгича ва эскича услуб ҳамда уларнинг қоришиқлиги, мавҳум ва ботиний маънолар касб этаётган асарларга тўлиб-тошганлиги билан изоҳланади. Тўғри, бу соҳада русийзабон мухлисларнинг омади чопган, улар ҳам Ўзбекистонда, ҳам Россия­да нашр этилаётган минглаб китоблардан баҳраманд бўлишмоқда. Аммо, республикамизда яшайдиган ўттиз миллиондан ортиқ аҳолининг асосий қисми ўзбек тилида гаплашади. Ана шундан келиб чиқиб, мен бадиий танқидчилигимизнинг бугунги аҳволини қониқарли, деб ҳисобламайман.

– Маълумки, истиқлол мусаввирларимизга ижод эркинлиги, тасвирий санъат услубини эркин танлаш, ўзининг бадиий-эстетик қарашларини очиқ ифодалаш ва тарғиб этиш имконини берди. Энг муҳими, мусаввирларимиз объектив ҳақиқатга таяниш, уни ўз асарларида ифодалаш имконига эга бўлдилар. Ушбу эркинликдан тўғри фойдаланиш, бадиий жараёнларни фалсафий-эстетик тадқиқ этиш жамиятни маънавий юксалтириш нуқтаи назаридан долзарб муаммо ҳисобланади. Кейинги йилларда чоп этилган танқидчиликка доир илмий мақола ёки асарлардан қайси бирларини бадиий жараёнларни кенг қамровда тадқиқ этган дейиш мумкин? Уларда қандай илмий-танқидий фикрлар, концепциялар илгари сурилган?

– Назаримда, тасвирий санъат соҳасида биеннале (ҳар икки йилда ўтказиладиган ижодий кўргазма) муносабати билан ёзилган бир-икки мақолани ҳисобга олмаганда таҳлилий мақолалар кам чоп этилди. Тўғри, бу соҳада Ўзбекистон Бадиий академияси санъатшуносларининг давра суҳбатлари ўтказилди. Улардан бир қисмининг “San’at” журналида чоп этилиши эътиборни тортди. Аммо, ўзбек тасвирий ёки амалий санъатининг бошқа турлари ва жанрлари ҳам бор-ку. Айтайлик, ҳайкалтарошлик.

Жанрлар муаммоларига бағишлаб мазкур санъат журналнинг алоҳида сонлари нашр этилмоқда. Аммо, ҳар бир соҳада ўз мулоҳазаларини билдираётган мутахассисларнинг бу чиқишлари амалиётда қай даражада ҳисобга олинаётир, мониторинги қай аҳволда? Бу ҳам жиддий масала. Давлатимиз бу соҳаларни ривожлантириш учун барча имконият ва имтиёзларни яратган ҳозирги пайтда биз уларнинг истиқболларига бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Сўнгги йилларда турли грантлар ва лойиҳалар асосида Акбар Ҳакимов, Нигора Аҳмедова, Элмира Гул, Камола Оқилова сингари мутахассислар анчагина салмоқли тадқиқотлар қилишди. Аммо, уларнинг аксарияти рус тилида.

– Мустабид тузум даврида ижоднинг барча соҳалари қатори тасвирий санъат ва бадиий танқидчилик ҳам коммунистик мафкура талабларига, догмаларига бўйсундирилган эди. Социалистик реализм ижтимоий борлиқни тасвирлашнинг ягона объектив услуби сифатида қаралган, ундан чекинган ёндашув “буржуа эстетикаси”, “халқчилликнинг бузилиши”, “соцреализмдан чекиниш” каби тамғалар билан қораланган. Ижод эркинлиги ва танқидий ёндашув зарурлиги расмий ҳужжатларда қайд этилган бўлса-да, реал ҳаётда “соцреализм намояндалари”нинг ижоди, асарлари бадиий танқиддан холи эди. Ҳозирги кунда мураккаб, серқирра ва ранг-баранг бадиий жараёнлар кечаётган пайтда танқидчилигимиз қай даражада ривожланаяпти?

– Назария ўз йўлида, бироқ санъатшунос ўзи танлаган йўналишда ишини амалиёт билан боғлаб, аниқ далиллар асосида иш олиб бориши керак, деб ўйлайман. Тўғри, гилам ва ипакдан санъат асарлари яратиш соҳасида бир қанча ишлар олиб борилди. Аммо, уларни етарли деб бўлмайди. Гап шундаки, аввало, ўзбек тасвирий ва амалий санъатининг турлари ва жанрлари ривожи бир хил эмас. Унинг янги давр шароитидаги ҳолатига эътибор берадиган бўлсак, катта имтиёзлар берилган. Халқ амалий санъатида, жумладан, миниатюра ёки кулоллик санъат даражасидан кўра кўпроқ ҳунармандликка томон оғаётгандек. Бу ҳолат – бозор иқтисодиётига мослашиш майллари, бошқа санъат турларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хўш, ана шундай ҳолатларга бадиий танқидчилигимиз қай даражада муносабат билдирди? Бунга Акбар Ҳакимов, Камола Оқилова, Элмира Гул каби мутахассисларнинг мақолаларини ҳисобга олмаганда, ўзига хос ечимлар, жавоблар топиш қийин.

– Ижодий эркинлик туфайли миллий тасви­рий санъатда кубизм, сюрреализм, импрессионизм, традиционализм, символизм, абстракционизм, авангард, натурализм, гиперреализм, эротик санъат, поп-арт, неоимпрессионизм, неоклассицизм, фотореализм, футуризм каби бадиий-услубий ёндашишлар ривож топмоқда. Жаҳон тасвирий санъатидаги услубларни ўзлаштиришга бўлган интилиш янги фалсафий-эстетик парадигмани шакллантирмоқда. Бу эса бадиий жараёнларни кенг ва чуқур таҳлил этишни тақозо этмоқда. Президент Ислом Каримов инсон маънавиятига таъсир этувчи барча соҳани, шу жумладан тасвирий санъатни ҳам “халқнинг маънавий эҳтиёжлари, замон талаблари асосида янада кучайтиришимиз, янги босқичга кўтаришимиз зарур”, деб таъкидлаган эди. Бунинг энг самарали, санъат тарихида синовлардан ўтган воситаси тасвирий санъат равнақига конструктив, илмий-рационал таъсир этувчи бадиий танқидчиликдан фойдаланишдир.

– Бу жуда нозик масала. Мен маълум бир муддат Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида дарс берган эдим. Ўша пайтларда талабаларга эркин мавзу ва тасвирий санъат соҳасида жанрлар бўйича мақолалар ёздиргандим. Маълум бўлдики, аввало, бу масала ечими тарбия билан боғлиқ экан.

Назария ва амалиёт туташган жойда ривожланиш бўлади. Бу масаланинг ечими эса талабаларни учинчи босқичдан сўнг тегишли жойда амалиёт ўтиши билан ижобий натижа беради. Бундай ёндашиш дунё мамлакатларида аллақачон йўлга қўйилган.

– Реализмга муносабатингиз қандай?

– Реализм, бу – барча “изм”ларнинг онаси, дейиш мумкин. Реализм ҳаёт инъикоси, ҳаётдан, воқеликдан илҳомланади. Реализм туфайли жамики бақувват ёки мукаммал, чала ва саёз оқимлар пайдо бўлади. Аммо, уларнинг тасвирий санъатда ўз имкони даражасида излари қолади. Уммонга майда тош ташласангиз, тўлқин эмас, мавж ҳосил бўлади. Шу маънода, реализм қудратли кучга эга, у катта бир иморатнинг пойдеворидир.

– Бугун “оммавий санъат”, “оммавий маданият”нинг инсон маънавиятига салбий таъсири ҳақида кўп гапирилмоқда. Мазкур иллатнинг олдини олиш ва бартараф этишда бадиий танқидчиликнинг ролини қандай баҳолайсиз?

– Ҳар қандай санъатнинг асоси, ўлчови, мезони бор. У осмондан тушмайди. Агар санъатда мантиқ, меъёр, уйғунлик, нозиклик устунлари бузилса ёки чала бўлса, у салбий ҳодисага айланади. Чалалик туфайли ана шундай чала маданият, чала санъат намуналари рўй беради. Бу бир иллат, касаллик. Уни ижобий томонга ўзгартириш учун соғлом муҳит керак.

– Кўргазмаларда намойиш этилаётган асарларда мусаввирларнинг ички ҳиссиётлари устуворлик қилаётганини кузатиш мумкин. Аслида, мусаввир ҳам шу замон ва маконнинг одами. Шу маънода ижодкор ҳам фақат ўзининг ўй-хаёллари, ички кечинмалари билан овора бўлиб қолмаслиги, жамиятда кечаётган ўзгаришларга, мавжуд камчилик ва муаммоларга фаол муносабат билдириши зарур. Шундагина тасвирий санъат асарлари томошабинлар орасида оммалашиб, мусаввир ва жамият мақсадлари, манфаатлари уйғунлаша боради…

Тасвирий санъат, бу – оддий реалликдан яширин оламга қўйилган қадам, деган эди Жуброн Халил. Шу маънода унда мажозлар, шартлиликлар, имо-ишоралар ёғдулар ва ранг сочмалари, тимсоллар орқали ижодкор нияти намоён бўлади. Рангтасвир, бу – плакат ёки публицистика ҳам эмас. Унинг маъносида яширин оламлар шарпаси бор.

– Аксарият ҳолларда томошабин маданияти ҳақида сўз юритилганда, асосан, театр, кино ёхуд концерт томошабинининг маданияти гапирилади. Ҳолбуки, тасвирий санъат асарларини идрок этувчи томошабиннинг маданиятини юксалтириш ҳам ижтимоий-маънавий тараққиётнинг муҳим омили саналади. Бу борада сизнинг фикр-мулоҳазаларингиз қандай?

– Мақомни ҳар ким ҳам тушунавермайди, аммо у яхши ижро этилса, истаган тингловчи қулоқ солиб завқ олади. Тасвирий санъат соҳасида ҳам ҳаммани тушунадиган қилиб тарбиялаш қийин, бу ўринда санъатшуносларимиз ҳеч бўлмаганда, бошланғич тарбияни бериш усулларини ўйлашлари керак, деб ўйлайман.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги ўзбек бадиий танқидчилиги замонавий бадиий жараёнларда рўй бераётган янгиланишлардан, хусусан, тасвирий санъатдаги услубий ўзгаришлардан орқада қолмоқда. Тасвирий санъатнинг бугунги ҳолатини таҳлил этиш, ютуқ ва муаммоларига жаҳон танқидчилиги даражасида ҳаққоний баҳо бериш борасида сусткашликка йўл қўйилмоқда. Ёш, истеъдодли санъатшунос-танқидчилар авлодининг етишиб чиқиши қийин кечмоқда. Ҳолбуки, тасвирий санъат халқимизнинг маънавий-маданий юксалишига қанчалик ижобий таъсир этса, танқидчилик ҳам томошабин ва мусаввирнинг бадиий-эстетик дидини ўстириш орқали умумтараққиётга шу қадар кучли таъсир этади. Шу боис, бу соҳани ҳар томонлама ривожлантириш долзарб масала ҳисобланади.

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон

1200px-Evening_sea.jpg24 dekabr — Taniqli yozuvchi Nodir Normatov tavallud topgan kun

Taniqli yozuvchi Nodir Normatov (1950-2017) ham umrini tinimsiz yurishda – o‘sha ramziy “giyohi behisht”ni qidirib o‘tkazdi. “Giyohi behisht”ga o‘xshash alaflar orasidan uni topish oson bo‘lmagandir, har nechuk. Topdimi? Qaydam, buni yolg‘iz o‘zi va O‘zi biladi…

Sirojiddin IBROHIM
GIYOHI BЕHISHTNI QIDIRIB…
09

Yoningda yurganlardan birovi omonatini topshirganda bu dunyoda hech narsa o‘zingga doxil emasligini esga olasan. Yuragingga qon yuborib turgan jon-ku senga berilganlarning eng omonatrog‘i, o‘zingnikimas. Inchunun, tiriklikda qilgan yaxshi-yu yomon amalingdan o‘zga. Qaniydi, shu esga olganing yodingda umr bo‘yi muhrlanib qolsa, bir lahza bo‘lsa-da unutmasang edi, olam guliston bo‘lardi. Lekin…

1384748758_tmb1.jpgMen Nodir Normatov bilan, masalan, Obid aka (Shofiyev)chalik yaqin emas edim. Muhiblik va muxlislikning mustahkam aloqalari yo‘q edi. Shuning uchundir, oxirgi bor ko‘rishganimiz yoki qo‘ng‘iroqlashganimizni aniq yodga keltirolmadim. Har holda oylar, balki yil bo‘lgandi…

Gazetada Nodir Normatov bilan suhbat e’lon qilishni rejaladik. Bu vazifa Obid akaga yuklandi. Bir fursat o‘tgach, telefonlashib so‘rsam, u yozuvchi bilan bog‘lana olmayotganini aytdi. Keyinroq esa o‘zi qo‘ng‘iroq qilib: – Nodir aka kasalxonada ekan. Mazasi yomon qochibdi, – deb qoldi. – Hozir yaxshi ekanmi? – Ha, sekin-asta o‘zimga kelyapman, dedi. – Unda tuzalib ketgach tayyorlarsiz suhbatni. Oradan bir hafta o‘tar-o‘tmas Nodir Normatovning vafoti haqidagi xabar hammani lol qoldirdi. – Nima bo‘lgan ekan Nodir akaga? – Shifoxonadaligida ikki marta gaplashdim. So‘nggisi vafotidan bir kun oldin, kechqurun edi.

Har ikki suhbatda ham somsadan zaharlanib qolganligini aytdi. Shu sabab bo‘lib, boshqa dardlari ham xuruj qilgan, shekilli. Bu adibning shogirdi va asarlari tadqiqotchisi Obid Shofiyevning gapi. Shularni eshitib, alhol, yozuvchining qirq yillar oldin yozilgan “Bir kuni chumoli bo‘lib…” hikoyasini esladim. Juda taajublanarli. U shunday boshlanardi: “Siz nega kasalxonada yotibsiz”, deysizmi? Do‘xtirlar oshqozoning zaharlangan deyishdi. Nega, qanday qilib — hayronman. Ochig‘ini aytganda, men tabiatan ziyofatlardan qochib, nafsiga qanoat qilib yuradiganlardanman.

O‘sha kuni bor-yo‘g‘i bir bo‘lak qotgan non yegan edim. Balki, o‘sha, giyohi behishtni qidiraman deb, bo‘lak o‘tni yeganimdan shu ko‘yga tushgandirman…” Hikoya muqaddimasida keltirilgan shu uch-to‘rt kalima Nodir Normatov umrini tom ma’noda o‘ziga sig‘dirgandi, ramziy suratda ifoda etgandi. Nodir aka nafsining jilovini mahkam tutgan, taomlanish borasida ham o‘sha hikoyasi qahramoni kabi juda parhezkor bo‘lib, go‘sht iste’mol qilmas edi. Somsa yeganligi haqidagi gap ham meni hayron qoldirdi. Bahonai sabab bo‘lsa kerak…

Tanigan, hamsuhbat bo‘lgan besh-olti yilning nari-berisida yozuvchi kaminada ko‘nglini avaylab yashaydigan inson sifatida taassurot uyg‘otgan. Bu avaylashning asosiy nuqtasi u kishining mudom o‘ziga ma’naviy zavq beradigan ishlarga intilib turishida sezilardi. Poytaxtda yashaydigan surxondaryolik ijodkorlar orasida yurtga eng ko‘p keladigani – ikkilanishlarsiz ayta olish mumkin, Nodir aka edi. O‘zi tug‘ilib-o‘sgan qishloqni – Poshxurtni sog‘inib kelardi. Suhbatidan surur tuyadigan odamlar diydoriga oshiqardi. Yana bir ayricha jihati – kamtarligi bilan ehtiromga loyiq edi-ki, biz kiborsuyarlar ko‘p-da ehtirom ko‘rsatishning uddasidan chiqavermas edik.

Termizda turib qolgan paytlari yozuvchi yayov yurib, tahririyat binosiga kelib qolardi. Shunday kelishlarida bir necha bor asosiy hamsuhbati men bo‘lganman. Ustozni o‘zimizning qishloq odamlariga o‘xshatardim. Bejizga emas – qo‘shni qishloqlar, bir-biriga tabiatan yaqin odamlar. Gapirish ohangi, jilmayishi, ko‘zlaridagi ifoda qishloqdagi qo‘shnimizning o‘zi. Faqat suhbat mavzui farqli. Nodir aka adabiyotda samimiylik qatori ramziylikni asosiy mezon deb bilardi. She’riyat haqida ham o‘ziga xos mulohazalarini bayon etgandi. Ularning ayrim jihatlarini qalban inkor qilganman.

Yurtimiz tarixi, jahon madaniyati va san’ati, umuman barcha sohalarda suhbatlashish zavqli edi u kishi bilan. Yozuvchining asarlari dovruq taratmadi va deyarli o‘rganilmadi. Buni ham ma’lum qadar Nodir Normatov shaxsidagi kamtarlikka bog‘lasa bo‘ladi. Hatto ovqatlanish uchun qoshiq so‘ray turib ham o‘zining “shoir”ligini ta’kidlab oladiganlar orasida nom chiqarish oson deysizmi? Yuzdan qancha hayoni sidirib tashlashga to‘g‘ri keladi. Yozuvchi bundan ko‘ra mehnatni – ijodni afzal bildi.

Kerak bo‘lsa, vaqt chig‘irig‘idan o‘tsa, asarlari kelgusi avlodlar tomonidan xolis bahoni oladi. Kuyinib, o‘zingni har yoqqa urishga, e’tiqodingga zid ketishga-yu kimlargadir yaltoqlanishga nahojat?! Yuqorida esga olingan hikoyadagi “giyohi behisht” aslida biz hayotda qidirib yuradigan ko‘ngildosh timsoli. Shuning uchun ham zaharlanib qolishdan qo‘rqmasdan, har turli o‘tni yeb ko‘rib, o‘sha giyohni izlaydi qahramon.

Nodir Normatov ham umrini tinimsiz yurishda – o‘sha ramziy “giyohi behisht”ni qidirib o‘tkazdi. “Giyohi behisht”ga o‘xshash alaflar orasidan uni topish oson bo‘lmagandir, har nechuk. Topdimi? Qaydam, buni yolg‘iz o‘zi va O‘zi biladi. Shularni bitarkanman, ko‘nglimda birgina tilak bo‘y ko‘rsatib turdi. Nodir aka chin dunyoning giyohi behishtini topgan bo‘lsin!

UMMON YUZIDAGI MAVJLAR
Yozuvchi Nodir Normatov bilan
Lazizjon Baxranov suhbatlashdi
09

Lazizjon Baxranov: Mustaqillik xalqimizga o‘z taqdirini o‘zi yaratish, erkin va farovon hayot barpo etish imkonini berdi. Buning natijasida, milliy qadriyatlar tiklanmoqda, madaniyat, san’at sohalarida katta o‘zgarishlar ko‘zga tashlanmoqda. O‘zbek tasviriy san’atida yangi-yangi badiiy yo‘nalishlar paydo bo‘lmoqda. Serqirra hayotni, zamondoshlarimiz portretlarini, jamiyatimizda ro‘y berayotgan o‘zgarishlarni obyektiv rangtasvirga tushirish an’anaga aylandi. Prezidentimiz Islom Karimov ta’kidlaganidek: “Hozirgi kunda milliy ma’naviyatimiz rivojini tasviriy san’at namunalarisiz tasavvur etib bo‘lmaydi. O‘zbek rassomlarining keyingi yillarda samarali ijod qilib, yangi-yangi yutuqlarni qo‘lga kiritayotgani, bu sohada ko‘plab yosh iste’dod egalari kirib kelayotgani uning ravnaqi va istiqbolidan dalolat beradi”. Haqiqatan ham, bu borada yutuqlarimiz ko‘p. Biroq, taraqqiyot vaqt o‘tgan sari oldimizga ko‘plab vazifalarni qo‘yaveradi. Ularni ado etgandagina soha yanada rivojlanadi. Tasviriy san’atni rivojlantiruvchi omillardan biri esa badiiy tanqiddir. Nodir aka, o‘zbek badiiy tanqidchiliging bugungi holati sizni qoniqtiradimi?

0 8 1.jpgNodir Normatov: Tasviriy san’at asarlarini, xoh u milliy, xoh jahoniy bo‘lsin, tushunishda tarjimon talab etilmaydi. Ammo, badiiy tanqidda tilning ahamiyati beqiyos. Biz o‘zbek tasviriy san’atini ang­lashda zamonaviy san’atshunoslikni badiiy tanqidga ehtiyoji katta bo‘lib borayotganligini sezib turibmiz. Bu esa bugungi kunda tasviriy san’atimiz xilma-xilligi, kutilmagan “izm”laru yangicha va eskicha uslub hamda ularning qorishiqligi, mavhum va botiniy ma’nolar kasb etayotgan asarlarga to‘lib-toshganligi bilan izohlanadi. To‘g‘ri, bu sohada rusiyzabon muxlislarning omadi chopgan, ular ham O‘zbekistonda, ham Rossiya­da nashr etilayotgan minglab kitoblardan bahramand bo‘lishmoqda. Ammo, respublikamizda yashaydigan o‘ttiz milliondan ortiq aholining asosiy qismi o‘zbek tilida gaplashadi. Ana shundan kelib chiqib, men badiiy tanqidchiligimizning bugungi ahvolini qoniqarli, deb hisoblamayman.

– Ma’lumki, istiqlol musavvirlarimizga ijod erkinligi, tasviriy san’at uslubini erkin tanlash, o‘zining badiiy-estetik qarashlarini ochiq ifodalash va targ‘ib etish imkonini berdi. Eng muhimi, musavvirlarimiz obyektiv haqiqatga tayanish, uni o‘z asarlarida ifodalash imkoniga ega bo‘ldilar. Ushbu erkinlikdan to‘g‘ri foydalanish, badiiy jarayonlarni falsafiy-estetik tadqiq etish jamiyatni ma’naviy yuksaltirish nuqtai nazaridan dolzarb muammo hisoblanadi. Keyingi yillarda chop etilgan tanqidchilikka doir ilmiy maqola yoki asarlardan qaysi birlarini badiiy jarayonlarni keng qamrovda tadqiq etgan deyish mumkin? Ularda qanday ilmiy-tanqidiy fikrlar, konsepsiyalar ilgari surilgan?

– Nazarimda, tasviriy san’at sohasida biyennale (har ikki yilda o‘tkaziladigan ijodiy ko‘rgazma) munosabati bilan yozilgan bir-ikki maqolani hisobga olmaganda tahliliy maqolalar kam chop etildi. To‘g‘ri, bu sohada O‘zbekiston Badiiy akademiyasi san’atshunoslarining davra suhbatlari o‘tkazildi. Ulardan bir qismining “San’at” jurnalida chop etilishi e’tiborni tortdi. Ammo, o‘zbek tasviriy yoki amaliy san’atining boshqa turlari va janrlari ham bor-ku. Aytaylik, haykaltaroshlik.

Janrlar muammolariga bag‘ishlab mazkur san’at jurnalning alohida sonlari nashr etilmoqda. Ammo, har bir sohada o‘z mulohazalarini bildirayotgan mutaxassislarning bu chiqishlari amaliyotda qay darajada hisobga olinayotir, monitoringi qay ahvolda? Bu ham jiddiy masala. Davlatimiz bu sohalarni rivojlantirish uchun barcha imkoniyat va imtiyozlarni yaratgan hozirgi paytda biz ularning istiqbollariga befarq bo‘lmasligimiz kerak.

So‘nggi yillarda turli grantlar va loyihalar asosida Akbar Hakimov, Nigora Ahmedova, Elmira Gul, Kamola Oqilova singari mutaxassislar anchagina salmoqli tadqiqotlar qilishdi. Ammo, ularning aksariyati rus tilida.

– Mustabid tuzum davrida ijodning barcha sohalari qatori tasviriy san’at va badiiy tanqidchilik ham kommunistik mafkura talablariga, dogmalariga bo‘ysundirilgan edi. Sotsialistik realizm ijtimoiy borliqni tasvirlashning yagona obyektiv uslubi sifatida qaralgan, undan chekingan yondashuv “burjua estetikasi”, “xalqchillikning buzilishi”, “sosrealizmdan chekinish” kabi tamg‘alar bilan qoralangan. Ijod erkinligi va tanqidiy yondashuv zarurligi rasmiy hujjatlarda qayd etilgan bo‘lsa-da, real hayotda “sosrealizm namoyandalari”ning ijodi, asarlari badiiy tanqiddan xoli edi. Hozirgi kunda murakkab, serqirra va rang-barang badiiy jarayonlar kechayotgan paytda tanqidchiligimiz qay darajada rivojlanayapti?

– Nazariya o‘z yo‘lida, biroq san’atshunos o‘zi tanlagan yo‘nalishda ishini amaliyot bilan bog‘lab, aniq dalillar asosida ish olib borishi kerak, deb o‘ylayman. To‘g‘ri, gilam va ipakdan san’at asarlari yaratish sohasida bir qancha ishlar olib borildi. Ammo, ularni yetarli deb bo‘lmaydi. Gap shundaki, avvalo, o‘zbek tasviriy va amaliy san’atining turlari va janrlari rivoji bir xil emas. Uning yangi davr sharoitidagi holatiga e’tibor beradigan bo‘lsak, katta imtiyozlar berilgan. Xalq amaliy san’atida, jumladan, miniatyura yoki kulollik san’at darajasidan ko‘ra ko‘proq hunarmandlikka tomon og‘ayotgandek. Bu holat – bozor iqtisodiyotiga moslashish mayllari, boshqa san’at turlariga ham salbiy ta’sir ko‘rsatmoqda. Xo‘sh, ana shunday holatlarga badiiy tanqidchiligimiz qay darajada munosabat bildirdi? Bunga Akbar Hakimov, Kamola Oqilova, Elmira Gul kabi mutaxassislarning maqolalarini hisobga olmaganda, o‘ziga xos yechimlar, javoblar topish qiyin.

– Ijodiy erkinlik tufayli milliy tasvi­riy san’atda kubizm, syurrealizm, impressionizm, traditsionalizm, simvolizm, abstraksionizm, avangard, naturalizm, giperrealizm, erotik san’at, pop-art, neoimpressionizm, neoklassitsizm, fotorealizm, futurizm kabi badiiy-uslubiy yondashishlar rivoj topmoqda. Jahon tasviriy san’atidagi uslublarni o‘zlashtirishga bo‘lgan intilish yangi falsafiy-estetik paradigmani shakllantirmoqda. Bu esa badiiy jarayonlarni keng va chuqur tahlil etishni taqozo etmoqda. Prezident Islom Karimov inson ma’naviyatiga ta’sir etuvchi barcha sohani, shu jumladan tasviriy san’atni ham “xalqning ma’naviy ehtiyojlari, zamon talablari asosida yanada kuchaytirishimiz, yangi bosqichga ko‘tarishimiz zarur”, deb ta’kidlagan edi. Buning eng samarali, san’at tarixida sinovlardan o‘tgan vositasi tasviriy san’at ravnaqiga konstruktiv, ilmiy-ratsional ta’sir etuvchi badiiy tanqidchilikdan foydalanishdir.

– Bu juda nozik masala. Men ma’lum bir muddat Kamoliddin Behzod nomidagi Milliy rassomlik va dizayn institutida dars bergan edim. O‘sha paytlarda talabalarga erkin mavzu va tasviriy san’at sohasida janrlar bo‘yicha maqolalar yozdirgandim. Ma’lum bo‘ldiki, avvalo, bu masala yechimi tarbiya bilan bog‘liq ekan.

Nazariya va amaliyot tutashgan joyda rivojlanish bo‘ladi. Bu masalaning yechimi esa talabalarni uchinchi bosqichdan so‘ng tegishli joyda amaliyot o‘tishi bilan ijobiy natija beradi. Bunday yondashish dunyo mamlakatlarida allaqachon yo‘lga qo‘yilgan.

– Realizmga munosabatingiz qanday?

– Realizm, bu – barcha “izm”larning onasi, deyish mumkin. Realizm hayot in’ikosi, hayotdan, voqelikdan ilhomlanadi. Realizm tufayli jamiki baquvvat yoki mukammal, chala va sayoz oqimlar paydo bo‘ladi. Ammo, ularning tasviriy san’atda o‘z imkoni darajasida izlari qoladi. Ummonga mayda tosh tashlasangiz, to‘lqin emas, mavj hosil bo‘ladi. Shu ma’noda, realizm qudratli kuchga ega, u katta bir imoratning poydevoridir.

– Bugun “ommaviy san’at”, “ommaviy madaniyat”ning inson ma’naviyatiga salbiy ta’siri haqida ko‘p gapirilmoqda. Mazkur illatning oldini olish va bartaraf etishda badiiy tanqidchilikning rolini qanday baholaysiz?

– Har qanday san’atning asosi, o‘lchovi, mezoni bor. U osmondan tushmaydi. Agar san’atda mantiq, me’yor, uyg‘unlik, noziklik ustunlari buzilsa yoki chala bo‘lsa, u salbiy hodisaga aylanadi. Chalalik tufayli ana shunday chala madaniyat, chala san’at namunalari ro‘y beradi. Bu bir illat, kasallik. Uni ijobiy tomonga o‘zgartirish uchun sog‘lom muhit kerak.

– Ko‘rgazmalarda namoyish etilayotgan asarlarda musavvirlarning ichki hissiyotlari ustuvorlik qilayotganini kuzatish mumkin. Aslida, musavvir ham shu zamon va makonning odami. Shu ma’noda ijodkor ham faqat o‘zining o‘y-xayollari, ichki kechinmalari bilan ovora bo‘lib qolmasligi, jamiyatda kechayotgan o‘zgarishlarga, mavjud kamchilik va muammolarga faol munosabat bildirishi zarur. Shundagina tasviriy san’at asarlari tomoshabinlar orasida ommalashib, musavvir va jamiyat maqsadlari, manfaatlari uyg‘unlasha boradi…

Tasviriy san’at, bu – oddiy reallikdan yashirin olamga qo‘yilgan qadam, degan edi Jubron Xalil. Shu ma’noda unda majozlar, shartliliklar, imo-ishoralar yog‘dular va rang sochmalari, timsollar orqali ijodkor niyati namoyon bo‘ladi. Rangtasvir, bu – plakat yoki publitsistika ham emas. Uning ma’nosida yashirin olamlar sharpasi bor.

– Aksariyat hollarda tomoshabin madaniyati haqida so‘z yuritilganda, asosan, teatr, kino yoxud konsert tomoshabinining madaniyati gapiriladi. Holbuki, tasviriy san’at asarlarini idrok etuvchi tomoshabinning madaniyatini yuksaltirish ham ijtimoiy-ma’naviy taraqqiyotning muhim omili sanaladi. Bu borada sizning fikr-mulohazalaringiz qanday?

– Maqomni har kim ham tushunavermaydi, ammo u yaxshi ijro etilsa, istagan tinglovchi quloq solib zavq oladi. Tasviriy san’at sohasida ham hammani tushunadigan qilib tarbiyalash qiyin, bu o‘rinda san’atshunoslarimiz hech bo‘lmaganda, boshlang‘ich tarbiyani berish usullarini o‘ylashlari kerak, deb o‘ylayman.

Xulosa qilib aytganda, bugungi o‘zbek badiiy tanqidchiligi zamonaviy badiiy jarayonlarda ro‘y berayotgan yangilanishlardan, xususan, tasviriy san’atdagi uslubiy o‘zgarishlardan orqada qolmoqda. Tasviriy san’atning bugungi holatini tahlil etish, yutuq va muammolariga jahon tanqidchiligi darajasida haqqoniy baho berish borasida sustkashlikka yo‘l qo‘yilmoqda. Yosh, iste’dodli san’atshunos-tanqidchilar avlodining yetishib chiqishi qiyin kechmoqda. Holbuki, tasviriy san’at xalqimizning ma’naviy-madaniy yuksalishiga qanchalik ijobiy ta’sir etsa, tanqidchilik ham tomoshabin va musavvirning badiiy-estetik didini o‘stirish orqali umumtaraqqiyotga shu qadar kuchli ta’sir etadi. Shu bois, bu sohani har tomonlama rivojlantirish dolzarb masala hisoblanadi.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 2016 yil, 3-son

02

(Tashriflar: umumiy 232, bugungi 1)

Izoh qoldiring