Janni Rodari. Rim ertaklari

0923 октябрь — Таниқли итальян болалар ёзувчиси Жанни Родари таваллуд топган кун

    “Римлик сеҳргар” номи билан дунёга танилган машҳур ёзувчи Жанни Родари эртакларида ўзликни англаш ҳақидаги қарашларини болаларга хос содда, самимий тилда ифодалайди. Бундай эртаклар болаларни ухлатиш учун эмас, уйғотиш учун айтилади.

ДУНЁ БОЛАЛАРИНИНГ СЕВИМЛИ АДИБИ
Рустам Жабборов тайёрлаган
01

011Ҳар қандай миллий адабиётда болалар адиблари нисбатан камчиликни ташкил этади. Бу бежиз эмас. Болажонларга атаб асар битиш учун ижодкордан катта салоҳият, бағрикенглик талаб этилади. Салоҳиятни-ку, меҳнат ва изланиш эвазига кучайтириш мумкиндир, бироқ кўнгилни муайян ўзанга солиш анчайин қийин. Жажжи китобхонларнинг қалбини забт этиш учун болалар адиби бўлиб туғилиш керак! Бундай саодат эса ҳар қандай қаламкашга ҳам насиб этавермайди. Италиялик машҳур адиб Жанни Родари ўзининг юксак иқтидори ва беғубор кўнгли ила жаҳоннинг турли мамлакатларида яшаётган болалар қалбига, онгу шуурига йўл топган ардоқли адиблардан биридир.

Турган гапки, Жанни Родари ҳам бола бўлган, бироқ умрининг энг беғубор лаҳзалари қувончга тўла кечмаган. 1920 йил 23 октябрда Италиянинг Оменья шаҳарчасида ўртаҳол новвой оиласида дунёга келган Жанни гўдаклигидаёқ отасидан айрилади. Ушбу мусибатдан кейин кўп ўтмай онаси уч ўғлини (Жанни оиланинг кенжаси эди) олиб, туғилиб-ўсган қишлоғи – Варесоттога жўнайди. Жанни болалигидан мусиқа ва адабиётга ошно бўлади, скрипка чалиш сирларини қунт билан ўрганади, Ницше, Шопенгауэр, Толстой асарларини севиб мутолаа қилади.

Ўрта мактабдан сўнг уч йиллик семинарияни битирган Жанни Родари 17 ёшидан қишлоқ мактабида бошланғич синфларга дарс бера бошлайди. 1939 йилда Милан университетниниг филология факультетига ўқишга киради. Унинг талабалик йиллари Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келганди. Акалари Чезаре ва Марио фашистларга қарши урушга отланади. Жанни акаларига қараганда нимжон ва касалванд эди, шу боис ҳам уни фронтга олишмайди. Кўп ўтмай, Родарилар хонадонига совуқ хабар келади: Чезаре урушда ҳалок бўлганди…

Шундан сўнг Ж.Родари мамлакатда фашистлар тузумига норозилик сифатида юзага келган Қаршилик ҳаракатига аъзо бўлади. Болаликнинг оғир дамлари, кетма-кет келган мусибат, сиёсий ҳаракатдаги фаоллик Родарини эрта улғайтирган бўлса-да, бироқ унинг қалбидаги беғуборликка путур етказолмайди. У дунёни болалардек маъсум нигоҳ билан кўра оларди. Бунинг натижаси ўлароқ, 1948 йилда Родари “Unita” газетасига мухбир бўлиб ишга кириб, ўша йилдан эътиборан кичкинтойларга атаб китоблар ёза бошлайди. 1950 йилдан Римда ташкил этилган “Pioniere” болалар журналига бош муҳаррир этиб тайинланади. 1951 йилда унинг илк китоби “Қувноқ шеърлар” дунё юзини кўради. Сўнг адиб бутун дунё болаларининг меҳрини қозонган “Чиполлинонинг сар- гузаштлари” асарини яратади. Бу асар асосида дастлаб мультфильм, кейин эса бадиий фильмлар суратга олинади.

Тез орада Родарининг “Жельсамино ёлғончилар мамлакатида”, “Осмон ва заминдаги шеърлар”, “Янги йил арчалари сайёраси”, “Самодаги торт”, “Бекорчи лақабли Жованнинонинг саргузаштлари” сингари асарлари болалар китоб жавонидан жой олади. Унинг асарлари бир қатор тилларга таржима қилина бошлайди.

Жанни Родарининг эртак, қисса ва ҳикояларида болаларча соддалик, беғуборлик яққол кўзга ташланиб туради. Шу билан бирга, у ўз асарларида янгича, ноанъанавий усул ва услублардан ҳам унумли фойдаланди. “Учтадан якуни бор эртаклар” тўпламида ана шундай янгича ёндашувни кўриш мумкин. Бу эртакларнинг ҳар бирида ўқувчига воқеаларнинг уч хил ечимини тақдим этади. Адибнинг барча асарлари болаларни ростгўй, довюрак бўлишга, одамларга фақат эзгулик улашишга даъват этади.

1970 йилда Жанни Родари болалар адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси учун Ганс Христиан Андерсен номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлади. Жанни Родари узоқ давом этган хасталикдан сўнг 1980 йил 14 апрелда, Рим шаҳрида оламдан ўтади.
Адиб асарлари ўзбек тилида ҳам босилиб чиққан. 1990 йилда унинг бир қатор эртак ва қиссалари “Рим эртаклари” номи билан нашр этилган.

ЖАННИ РОДАРИНИНГ  ҒАРОЙИБ ОЛАМИ
Маъсума Аҳмедова
01

011Машҳур италян болалар ёзувчиси Жанни Родари (1920-1980) ижоди, мана, ярим асрдирки, жаҳон болаларига қувонч улашиб келмоқда. Уларни ҳаётни севишга, ардоқлашга даъват этмоқда, ҳалол, комил инсон бўлиб етишиш йўлида тарбиячи вазифасини ўтамоқда. Жанни Родарининг эртаклари ўзбек тилига ҳам ўгирилган, унинг ғаройиб ижод оламидан бизнинг бир неча авлод болалари ҳам баҳраманд бўлишган. «Қувноқ шеърлар китоби», «Чиполлинонинг бошидан кечирганлари» «Мовий ўқ саргузаштлари», «Желсомино Ёлғончилар мамлакатида», «Телефонда айтилган эртаклар» каби китоблар аллақачон жаҳон болалар адабиёти дурдоналарига айланган. Жанни Родари нафақат шоир, ёзувчигина эмас, балки ажойиб педагог, катта ҳарфлар билан ёзилувчи УСТОЗ ҳам эди. У жаҳон адабиёти мухлислари томонидан эътироф этилган, фахр­ли халқаро Ханс Христиан Андерсен мукофоти соҳиби ҳам бўлган.

Қуйида биз эътиборингизга ҳавола этаётган мақола адиб вафотидан сўнг Римда чиқадиган «Ринашита» (муаллифи Лючио Ломбардо Радиче) газетасида эълон қилинган. Ҳассос ижодкор, ажойиб педагогга бағишланган ушбу мақоладаги ўзига хос фикрлар бизнинг адабиёт мухлисларимиз учун ҳам қизиқарли бўлади, деган умиддамиз.

Агар латифага ўхшаб кетадиган воқеага диққат қилинса, Жанни Родари ўзининг илк филастроккилари (қувноқ болалар шеърлари)ни Миланда чоп этиладиган «Унита» газетаси таҳри­риятида ишлаб юрганида, тунда нав­батчилик қилган кезлари тўқиган экан. Ёш ўқитувчи бир неча муддат газетада мухбирлик ҳам қилган. Айнан ана шу филастроккилари билан Жанни Родари хонадонларга кириб келади, шеърларининг самимий руҳияти, енгил эпкини билан болалар кўнгилларини забт этади, неча-неча оилалар аъзосига айланади. Родарининг филастроккилари табиий ва узвий тарзда оиламиз луғатига кириб келади: ёш шоир-ўқитувчи болалар ва катталарнинг кундалик турмушидаги ҳақиқат ва шеъриятни ажойиб тарзда нозик ва теран ҳис қилади.

Жанни Родари битган филастроккилар болалар учун ватанпарварлик ҳамда маънавий тарбиянинг илк сабоғи бўлиб хизмат қилади. Родари филастроккиларидаги ана шу тендентсиялар кейинчалик унинг ижодидаги асосий йўналиш бўлиб қолади. Ана шу тендентсиялар Желсомино, Чиполлино, Помидор ҳақидаги эртак-ривоятларда етакчилик қилади, тинчлик, озодлик ва адолат учун бўлғуси курашчиларни тарбиялаб вояга етказади. Родари ижодий олами ранг-баранг, унинг асарларини ўқиганинг сари янги-янги маъноларни кашф этаверасан киши.

60-йилларда (ўтган аср) Родарининг диққат-марказида мактаб ва маданият муаммолари асосий ўрин тутган. Масалан, ўқитиш усулларини қандай янгиласа бўлади? Ўқув жараёнини қандай қилиб ўқувчига ёқадиган ва ижодий тарзда ташкил этиш мумкин? Бошланғич мактабнинг собиқ ўқитувчиси, шоир Родари имло хатоларини тузатиш жараёнидаги шеърий ҳаяжонни илғаб ола билади. Унинг мактаб билан алоқани узмаганлигига ҳам сабаб шу эди.

Жанни Родари ижодиётнинг ўзига хос қоидаю қонуниятларини, «хаёлот грамматикаси»ни ишлаб чиқишни орзу қилган эдики, бу усул ёрдамида ўзида ижодий имкониятларни ҳис қилган ҳар қандай киши рассом, ёзувчи, санъаткор, ижодкор бўлиши мумкин эди. Жанни Родари атоқли болалар ёзувчиси, шоири бўлибгина қолмасдан, балки катта журналист, олим, жамоат арбоби ҳам эди.

Жанни Родари педагог ва ижодкор сифатида ҳамиша омманинг маданий жиҳатдан камол топишига интилди, кишиларни «ўқимишли» ва «оми» деб ажратадиган, камситадиган анъанавий тўсиқни енгиб ўтишни истади. У журналист сифатида ортда қолмади: Родари-журналист айни вақтда янгиликларни кўриб, ёритувчи, фактлар тўпловчиси ҳам эди, унинг услуби содда ва равонлиги, жўшқинлиги, оммабоплиги билан ажралиб турарди. У «ҳамма учун» ёзарди. Родари ҳар бир янги нарсага ҳеч қачон қизиқишининг сўнмаслиги, доимо олға интилганлиги учун ҳам «ҳамма учун» ёзишнинг уддасидан чиққанди. Жанни Родари малакали маданиятнинг катта захирасига, тилшунослик, фолклор, психология ва антропология жабҳаларида чуқур билимларга эга эди. Педагогикани гапирмаса ҳам бўлади. Бироқ у шундай камолотга эришгани билан мақтанмасди, камтар эди, ўз билимларини кўз-кўз қилмас эди. Родари ўзидаги ана шу хислатларни, маданият ва ақл-заковатни «Паэзе сера» ва «Джорнале деи женитори»да («Ота-оналар газетаси») чоп этиладиган мазмунан теран мақолаларида, филастроккиларида, шеърларида, жажжи китобхонлар ҳамда ҳали ўқишни билмайдиган ёш тингловчи мухлисларига аталган эртакларида намоён этган эди.

Жанни Родари болалар адабиёти бўйича Нобел мукофотига менгзаш мумкин бўлган Андерсен мукофотини олиб ҳам ўқитувчилигича қолишни афзал кўрган ижодкор эди. Жанни Родари — бутун дунё болаларининг ўқитувчиси бўлиб қолди. У болалар билан учрашувларга кўп вақт ва кучини сарфларди, улар билан оддий, табиий ва дўстона алоқаларни ўрната билган эди, бундай инсоний ва айни пайтда мушкул вазифанинг уддасидан чиққанди. Мен фақат ана шундай турли истеъдодларни ўзида мужассам эта олган ўқитувчи-ёзувчи ўз педагогик архивини сақлаб, тартибга сола олганми-йўқми, шуни билмайман. Менимча, Жанни Родарининг педагогик мероси тасодифий кишилар қўлига тушиб қолмаслиги учун ҳам бу ишни бирор-бир ёш тадқиқотчи олим қилмоғи даркордир.

Родари — шоир, Родари — журналист, Родари — ўқитувчи. Жанни Родари шахсида мужассам бўлган ана шу уч қиррага эга инсон шахси оламни янгитдан кўришга, кашф этишга интилди, инсон камолотини истади. Жанни Родари сўнгги ўттиз йил ичида (ХХ асрнинг) италян маданиятининг йирик вакили бўлиб қолаверади. У ижод этган фи­ластроккилар, қўшиқлар ва эртаклар шуҳрати донғи кетган неореалистик ва замонавий италян филмларидан қолишмайди.

Родарининг кўпгина шеърларига мусиқа ёзилган, улар болаларнинг севимли қўшиқларига айланиб, жаҳон бўйлаб тарқалган. Ҳозирда Жанни Родари шеърларига басталанган қўшиқларни бутун дунё болалари жўр бўлиб куйламоқдалар. Жанни Родари фи­ластроккилари, шеърлари руҳида ул­ғайган, унинг эртакларини ўқиб вояга етган болалар ҳозирда комил инсон сифатида жамият тараққиётига ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

 

003“Rimlik sehrgar” nomi bilan dunyoga tanilgan mashhur yozuvchi Janni Rodari ertaklarida o‘zlikni anglash haqidagi qarashlarini bolalarga xos sodda, samimiy tilda ifodalaydi. Bunday ertaklar bolalarni uxlatish uchun emas, uyg‘otish uchun aytiladi.

DUNYO BOLALARINING SEVIMLI ADIBI
Rustam Jabborov tayyorlagan
01

022Har qanday milliy adabiyot- da bolalar adiblari nisbatan kamchilikni tashkil etadi. Bu bejiz emas. Bolajonlarga atab asar bitish uchun ijodkordan katta salohiyat, bag’rikenglik talab etiladi. Salohiyatni-ku, mehnat va izlanish evaziga kuchaytirish mumkindir, biroq ko’ngilni muayyan o’zanga solish anchayin qiyin. Jajji kitobxonlarning qalbini zabt etish uchun bolalar adibi bo’lib tug’ilish kerak! Bunday saodat esa har qanday qalamkashga ham nasib etavermaydi. Italiyalik mashhur adib Janni Rodari o’zining yuksak iqtidori va beg’ubor ko’ngli ila jahonning turli mamlakatlarida yashayotgan bolalar qalbiga, ongu shuuriga yo’l topgan ardoqli adiblardan biridir.

Turgan gapki, Janni Rodari ham bola bo’lgan, biroq umrining eng beg’ubor lahzalari quvonchga to’la kechmagan. 1920 yil 23 oktyabrda Italiyaning Omen`ya shaharchasida o’rtahol novvoy oilasida dunyoga kelgan Janni go’dakligidayoq otasidan ayriladi. Ushbu musibatdan keyin ko’p o’tmay onasi uch o’g’lini (Janni oilaning kenjasi edi) olib, tug’ilib-o’sgan qishlog’i – Varesottoga jo’naydi. Janni bolaligidan musiqa va adabiyotga oshno bo’ladi, skripka chalish sirlarini qunt bilan o’rganadi, Nitsshe, Shopengauer, Tolstoy asarlarini sevib mutolaa qiladi.

O’rta maktabdan so’ng uch yillik seminariyani bitirgan Janni Rodari 17 yoshidan qishloq maktabida boshlang’ich sinflarga dars bera boshlaydi. 1939 yilda Milan universitetninig filologiya fakul`tetiga o’qishga kiradi. Uning talabalik yillari Ikkinchi jahon urushi davriga to’g’ri kelgandi. Akalari Chezare va Mario fashistlarga qarshi urushga otlanadi. Janni akalariga qaraganda nimjon va kasalvand edi, shu bois ham uni frontga olishmaydi. Ko’p o’tmay, Rodarilar xonadoniga sovuq xabar keladi: Chezare urushda halok bo’lgandi…

Shundan so’ng J.Rodari mamlakatda fashistlar tuzumiga norozilik sifatida yuzaga kelgan Qarshilik harakatiga a’zo bo’ladi. Bolalikning og’ir damlari, ketma-ket kelgan musibat, siyosiy harakatdagi faol- lik Rodarini erta ulg’aytirgan bo’lsa-da, biroq uning qalbidagi beg’uborlikka putur yetkazolmaydi. U dunyoni bolalardek ma’sum nigoh bilan ko’ra olardi. Buning natijasi o’laroq, 1948 yilda Rodari “Unita” gazetasiga muxbir bo’lib ishga kirib, o’sha yildan e’tiboran kichkintoylarga atab kitoblar yoza boshlaydi. 1950 yildan Rimda tashkil etilgan “Pioniere” bolalar jurnaliga bosh muharrir etib tayinlanadi. 1951 yilda uning ilk kitobi “Quvnoq she’rlar” dunyo yuzini ko’radi. So’ng adib butun dunyo bolalarining mehrini qozongan “Chipollinoning sar- guzashtlari” asarini yaratadi. Bu asar asosida dastlab mul`tfil`m, keyin esa badiiy fil`mlar suratga olinadi.

Tez orada Rodarining “Jel`samino yolg’onchilar mamlakatida”, “Osmon va zamindagi she’rlar”, “Yangi yil archalari sayyorasi”, “Samodagi tort”, “Bekorchi laqabli Jovanninoning sarguzashtlari” singari asarlari bolalar kitob javonidan joy oladi. Uning asarlari bir qator tillarga tarjima qilina boshlaydi.

Janni Rodarining ertak, qissa va hikoyalarida bolalarcha soddalik, beg’uborlik yaqqol ko’zga tashlanib turadi. Shu bilan birga, u o’z asarlarida yangicha, noan’anaviy usul va uslublardan ham unumli foydalandi. “Uchtadan yakuni bor ertaklar” to’plamida ana shunday yangicha yondashuvni ko’rish mumkin. Bu ertaklarning har birida o’quvchiga voqealarning uch xil yechimini taqdim etadi. Adibning barcha asarlari bolalarni rostgo’y, dovyurak bo’lishga, odamlarga faqat ezgulik ulashishga da’vat etadi.

1970 yilda Janni Rodari bolalar adabiyoti rivojiga qo’shgan hissasi uchun Gans Xristian Andersen nomidagi xalqaro mukofotga sazovor bo’ladi. Janni Rodari uzoq davom etgan xastalikdan so’ng 1980 yil 14 aprelda, Rim shahrida olamdan o’tadi.
Adib asarlari o’zbek tilida ham bosilib chiqqan. 1990 yilda uning bir qator ertak va qissalari “Rim ertaklari” nomi bilan nashr etilgan.

JANNI RODARINING G’AROYIB OLAMI
Ma’suma Ahmedova
01

Mashhur italyan bolalar yozuvchisi Janni Rodari (1920-1980) ijodi, mana, yarim asrdirki, jahon bolalariga quvonch ulashib kelmoqda. Ularni hayotni sevishga, ardoqlashga da’vat etmoqda, halol, komil inson bo‘lib yetishish yo‘lida tarbiyachi vazifasini o‘tamoqda. Janni Rodarining ertaklari o‘zbek tiliga ham o‘girilgan, uning g‘aroyib ijod olamidan bizning bir necha avlod bolalari ham bahramand bo‘lishgan. «Quvnoq she’rlar kitobi», «Chipollinoning boshidan kechirganlari» «Moviy o‘q sarguzashtlari», «Jelsomino Yolg‘onchilar mamlakatida», «Telefonda aytilgan ertaklar» kabi kitoblar allaqachon jahon bolalar adabiyoti durdonalariga aylangan. Janni Rodari nafaqat shoir, yozuvchigina emas, balki ajoyib pedagog, katta harflar bilan yoziluvchi USTOZ ham edi. U jahon adabiyoti muxlislari tomonidan e’tirof etilgan, faxr­li xalqaro Xans Xristian Andersen mukofoti sohibi ham bo‘lgan.

Quyida biz e’tiboringizga havola etayotgan maqola adib vafotidan so‘ng Rimda chiqadigan «Rinashita» (muallifi Lyuchio Lombardo Radiche) gazetasida e’lon qilingan. Hassos ijodkor, ajoyib pedagogga bag‘ishlangan ushbu maqoladagi o‘ziga xos fikrlar bizning adabiyot muxlislarimiz uchun ham qiziqarli bo‘ladi, degan umiddamiz.

Agar latifaga o‘xshab ketadigan voqeaga diqqat qilinsa, Janni Rodari o‘zining ilk filastrokkilari (quvnoq bolalar she’rlari)ni Milanda chop etiladigan «Unita» gazetasi tahri­riyatida ishlab yurganida, tunda nav­batchilik qilgan kezlari to‘qigan ekan. Yosh o‘qituvchi bir necha muddat gazetada muxbirlik ham qilgan. Aynan ana shu filastrokkilari bilan Janni Rodari xonadonlarga kirib keladi, she’rlarining samimiy ruhiyati, yengil epkini bilan bolalar ko‘ngillarini zabt etadi, necha-necha oilalar a’zosiga aylanadi. Rodarining filastrokkilari tabiiy va uzviy tarzda oilamiz lug‘atiga kirib keladi: yosh shoir-o‘qituvchi bolalar va kattalarning kundalik turmushidagi haqiqat va she’riyatni ajoyib tarzda nozik va teran his qiladi.

Janni Rodari bitgan filastrokkilar bolalar uchun vatanparvarlik hamda ma’naviy tarbiyaning ilk sabog‘i bo‘lib xizmat qiladi. Rodari filastrokkilaridagi ana shu tendentsiyalar keyinchalik uning ijodidagi asosiy yo‘nalish bo‘lib qoladi. Ana shu tendentsiyalar Jelsomino, Chipollino, Pomidor haqidagi ertak-rivoyatlarda yetakchilik qiladi, tinchlik, ozodlik va adolat uchun bo‘lg‘usi kurashchilarni tarbiyalab voyaga yetkazadi. Rodari ijodiy olami rang-barang, uning asarlarini o‘qiganing sari yangi-yangi ma’nolarni kashf etaverasan kishi.

60-yillarda (o‘tgan asr) Rodarining diqqat-markazida maktab va madaniyat muammolari asosiy o‘rin tutgan. Masalan, o‘qitish usullarini qanday yangilasa bo‘ladi? O‘quv jarayonini qanday qilib o‘quvchiga yoqadigan va ijodiy tarzda tashkil etish mumkin? Boshlang‘ich maktabning sobiq o‘qituvchisi, shoir Rodari imlo xatolarini tuzatish jarayonidagi she’riy hayajonni ilg‘ab ola biladi. Uning maktab bilan aloqani uzmaganligiga ham sabab shu edi.

Janni Rodari ijodiyotning o‘ziga xos qoidayu qonuniyatlarini, «xayolot grammatikasi»ni ishlab chiqishni orzu qilgan ediki, bu usul yordamida o‘zida ijodiy imkoniyatlarni his qilgan har qanday kishi rassom, yozuvchi, san’atkor, ijodkor bo‘lishi mumkin edi. Janni Rodari atoqli bolalar yozuvchisi, shoiri bo‘libgina qolmasdan, balki katta jurnalist, olim, jamoat arbobi ham edi.

Janni Rodari pedagog va ijodkor sifatida hamisha ommaning madaniy jihatdan kamol topishiga intildi, kishilarni «o‘qimishli» va «omi» deb ajratadigan, kamsitadigan an’anaviy to‘siqni yengib o‘tishni istadi. U jurnalist sifatida ortda qolmadi: Rodari-jurnalist ayni vaqtda yangiliklarni ko‘rib, yorituvchi, faktlar to‘plovchisi ham edi, uning uslubi sodda va ravonligi, jo‘shqinligi, ommabopligi bilan ajralib turardi. U «hamma uchun» yozardi. Rodari har bir yangi narsaga hech qachon qiziqishining so‘nmasligi, doimo olg‘a intilganligi uchun ham «hamma uchun» yozishning uddasidan chiqqandi. Janni Rodari malakali madaniyatning katta zaxirasiga, tilshunoslik, folklor, psixologiya va antropologiya jabhalarida chuqur bilimlarga ega edi. Pedagogikani gapirmasa ham bo‘ladi. Biroq u shunday kamolotga erishgani bilan maqtanmasdi, kamtar edi, o‘z bilimlarini ko‘z-ko‘z qilmas edi. Rodari o‘zidagi ana shu xislatlarni, madaniyat va aql-zakovatni «Paeze sera» va «Djornale dei jenitori»da («Ota-onalar gazetasi») chop etiladigan mazmunan teran maqolalarida, filastrokkilarida, she’rlarida, jajji kitobxonlar hamda hali o‘qishni bilmaydigan yosh tinglovchi muxlislariga atalgan ertaklarida namoyon etgan edi.

Janni Rodari bolalar adabiyoti bo‘yicha Nobel mukofotiga mengzash mumkin bo‘lgan Andersen mukofotini olib ham o‘qituvchiligicha qolishni afzal ko‘rgan ijodkor edi. Janni Rodari — butun dunyo bolalarining o‘qituvchisi bo‘lib qoldi. U bolalar bilan uchrashuvlarga ko‘p vaqt va kuchini sarflardi, ular bilan oddiy, tabiiy va do‘stona aloqalarni o‘rnata bilgan edi, bunday insoniy va ayni paytda mushkul vazifaning uddasidan chiqqandi. Men faqat ana shunday turli iste’dodlarni o‘zida mujassam eta olgan o‘qituvchi-yozuvchi o‘z pedagogik arxivini saqlab, tartibga sola olganmi-yo‘qmi, shuni bilmayman. Menimcha, Janni Rodarining pedagogik merosi tasodifiy kishilar qo‘liga tushib qolmasligi uchun ham bu ishni biror-bir yosh tadqiqotchi olim qilmog‘i darkordir.

Rodari — shoir, Rodari — jurnalist, Rodari — o‘qituvchi. Janni Rodari shaxsida mujassam bo‘lgan ana shu uch qirraga ega inson shaxsi olamni yangitdan ko‘rishga, kashf etishga intildi, inson kamolotini istadi. Janni Rodari so‘nggi o‘ttiz yil ichida (XX asrning) italyan madaniyatining yirik vakili bo‘lib qolaveradi. U ijod etgan fi­lastrokkilar, qo‘shiqlar va ertaklar shuhrati dong‘i ketgan neorealistik va zamonaviy italyan filmlaridan qolishmaydi.

Rodarining ko‘pgina she’rlariga musiqa yozilgan, ular bolalarning sevimli qo‘shiqlariga aylanib, jahon bo‘ylab tarqalgan. Hozirda Janni Rodari she’rlariga bastalangan qo‘shiqlarni butun dunyo bolalari jo‘r bo‘lib kuylamoqdalar. Janni Rodari fi­lastrokkilari, she’rlari ruhida ul­g‘aygan, uning ertaklarini o‘qib voyaga yetgan bolalar hozirda komil inson sifatida jamiyat taraqqiyotiga o‘zlarining hissalarini qo‘shib kelmoqdalar.

 

011
ЖАННИ РОДАРИНИНГ «РИМ ЭРТАКЛАРИ» КИТОБИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ
01

014

(Tashriflar: umumiy 25 062, bugungi 1)

9 izoh

  1. Janni rodari yaxshi yozuvchi istedodli ijodkor va taniqli bolalar adibidir.

  2. Janni Rodarining garchi bolaligi qiyinchilikda otgan bolsada,u yaxshi yashashga harakat qiladi va kelajakda mashkur,istedodli adib bolib yetishib chiqadi

  3. Жанни Родарининг Рим эртаклари китоби болалигимда эсдан чиқармас ижобий из қолдирган.

  4. ассалому алейкум кимда шу китоб бор сотиб олардим

  5. Болаларнинг энг севимли ёзувчиси Жанни Родари

  6. Assalomu alaykum! Janni Rodarini Rim falsafasi(ertaklari) deb nomlangan kitobni o’g’limga olib bergandim. O’zim ham mazmuni bilan tanishaman deb bir ikki joylarini o’qib chiqdim. Haqiqatdan ham menda bu yozuvchiga nisbatan qiziqishim ortdi. Har bir maktqab o’quvchisiga ushbu kitobini o’qib chiqishni tavsiya qilaman. Hikoyada ayrim yozilgan gaplar hozirgi kun haqiqatlariga to’g’ri keladi. Masalan shimoliy qutb oq ayiqlari haqidagi hikoyani olasizmi yoki boshqalari. Xullas judayam qiziq hikoyalar……………..

Izoh qoldiring