Ne’mat Aminov. Ikki hikoya & To’lan Tabassum. «Qahqaha» bilan suhbat

08    “Қаҳқаҳа” китобини варақлар эканман, бўлиб ўтган ўша воқеалар беихтиёр эсимга тушади. Дунё адабиёти тарихидан маълумки, ҳажвчиларнинг косаси сира оқармаган. Сабаби танқид ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайди. “Тўғри гап туққанингга ёқмас”, деган мақол ҳам бежиз айтилмаган-да. Неъмат Аминовнинг ҳажвияси эса ҳаммабоп. Халққа ҳам, ҳукуматга ҳам бирдек ёқарди. У кишига “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган унвон берилди. Бу унвон адибга жуда-жуда муносиб эди. Чунки Неъмат Аминов ҳажвиёт жанрига жуда садоқатли эди. Баъзи ҳажвчиларимизга ўхшаб ўзини у ёққа, бу ёққа урмади. У энг оғир, энг заҳматли соҳа ҳисобланган ҳажв жанрида собит қолди.

Тўлан Табассум
“ҚАҲҚАҲА” БИЛАН СУҲБАТ
ЁКИ СЎЗИ БОРНИНГ ЎЗИ БОР

03

05Яқинда қадрдон дўстим, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовнинг қувноқ кулгиларга йўғрилган “Қаҳқаҳа” номли сайланма китобини варақлай туриб, кўнглим алланечук бўлиб кетди. Ушбу асар менга кулги улашувчи эмас, балки мунгли суҳбатдошдай туюлди. Уни қайта-қайта варақладим. Китоб қатларидан ўзимга таскин изладим. Ҳажвияларни ўқиганим сайин коғинч бағримни эзиб, ўша хушхандон онлар, кулган, кулишган кунларимиз ёдимга тушаверди.

Китоб билан суҳбатлашаман. Ундаги ҳажвияларнинг деярли барчаси “Қоровул”дан тортиб “Қассоб шоир”гача менга таниш. Ҳажвия қаҳрамонлари ҳам ёд бўлиб кетган. Фахрланиб айтишим мумкинки, таниқли ёзувчимизнинг аксарият ҳажвияларини ҳали сиёҳи қуримасидан ўқиш бахтига муяссар бўлганман. Мен бу ҳажвияларни ўша пайтларда ўзим муҳаррирлик қилган Ўзбекистон радиосининг “Қувноқ тўлқинда” ҳажвий эшиттиришида (1965-67 йиллар), 1967 йилдан бошлаб эса “Табассум” радиожурналида инссенировкалаштириб эфирга бериб борардим.

“Қаҳқаҳа”ни варақлашда давом этаман. Ҳажвияларнинг сарлавҳаларини овоз чиқариб ўқийман. Муаллифнинг дастлабки ва энг машҳур “Сузанғич романи” ҳажвиясига кўзим тушди-ю, бир сесканиб олдим. Гўё китоб қатидан ҳажвия қаҳрамонлари чиқиб келаётгандай бўлди.

Бу ҳажвия устоз Абдулла Қаҳҳорнинг назарига ҳам тушган дейишади. Ўшанда Абдулла ака “ўзбек Зошченкоси чиқаяпти”, деб Неъмат аканинг ижодига юксак баҳо берган экан.
Республика радиосида энди иш бошлаган пайтларим эди. Неъмат ака билан анчадан бери юзма-юз учрашиш, ижодий ҳамкорлик қилиш орзусида юрардим. Алқисса, мақсадимга етдим. Мен кутган бу учрашув 1966 йилнинг кеч кузида Бухорои шарифда юз берди. “Қувноқ тўлқинда” радиожурналининг навбатдаги сонига “масаллиқ” тўплаш мақсадида хизмат сафари билан Бухорога бордим. Неъмат Аминов ўша пайтда вилоят радиосида бош маҳаррир эди. Бухородаги хизмат сафаримда у менга яқиндан ҳамроҳ бўлди. Вилоятдаги халқ истеъдодларини, қизиқчи, латифагўйларни, ҳажвий соҳада қалам тебратадиганларни топишда жонбозлик кўрсатди.

Шундай қилиб, Бухоро сафари самарали ўтди. Эшиттириш қизиқарли, мароқли чиқди. Бунда эса такрор айтаман, ҳажвчи дўстимиз Неъмат Аминовнинг ҳиссаси беқиёс бўлганди. Орадан кўп ўтмай Ўзбе­кистон радиосида “Табассум устахонаси” иш бошлади. “Қувноқ тўлқинда” замирида яратилган бу эшиттириш аввалгидек бир ойда бир марта эмас, балки ҳар ҳафтада эфирга узатиладиган бўлди. Табиийки, ҳафталик эшиттиришга шунга яраша материал керак бўлади. Бунинг учун эса муаллифларимиз, иштирокчиларимиз сафини кўпайтириш зарур. Суянган тоғлар бўлмаса, қоқиниб қолиш ҳеч гап эмас. Ана шундай ишонганларимиздан бири бухоролик Неъмат Аминов бўлиб қолди. У жуда сермаҳсул ижодкор эди. Кўп ва хўп ёзарди.

Тақдир тақозоси билан Неъмат Аминов 1973 йил Тошкентга келди. “Муштум”да ишлай бошлади. Ҳамкасб сифатидаги ҳамкорлигимиз янада кучайди. “Табассум” ва “Муштум” ҳамкорлиги ҳам анча авж олди. Дунёнинг қизиқлигини қарангки, Неъмат ака Тошкентга келгач, биз ҳозирги “Шарқ” нашриёт-матбаа компаниясига қарашли ётоқхонанинг ёнма-ён хоналарида яшадик. Икковимиз ҳам нав­қирон ёшда эдик. Оила, уй-жой ташвишларидан кўра, ижод олами биз учун биринчи даражали ҳисобланарди. Аммо қийналган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Бухородан келган Неъмат Аминов ҳам, андижонлик камина ҳам уй-жойсиз эдик. Турғунлик йилларининг қонун-қоидаларига биноан уй олиш учун ишхонадан навбатга қўйишарди. Навбат қурғур эса узундан-узоқ бўлар, йиллар ўтиб кетса ҳам ундан дарак бўлмасди.

Бир қараганда иккаламиздан ҳам омадли одам йўқдек. Бир қарасак, дарвеши девонамиз. Биз нуфузли анжуманларда, “Табассум оқшом”ларида, “Муштум” кечаларида давраларнинг тўрида ўтирамиз. Сўзимиз кескир-кескир. Давралардан хушхон, хушчақчақ, серзавқ, сертабассум бўлиб ётоққа қайтамиз. Лекин… рости ётоқхона файзсиз, тароватсиз туюларди. Бизга бир пиёла чой, бир коса овқат тутадиган меҳрибон йўқ. Хотин, бола-чақалар узоқда. Уларни олиб келай десак… Дардимизни кимга айтамиз. Қийинчиликларни кулиб-кулиб енгардик… Кулиб-кулиб ижод қилардик.

Орадан йиллар ўтди. Уйли-жойли ҳам бўлдик. Оилаларимизни кўчириб ҳам келдик. Яшаш тарзимиз яхшиланди. Уйга қайтсак, иссиққина жойимиз, кутиб оладиган кишимиз бор. Шукр.

…“Қаҳқаҳа” китобини варақлар эканман, бўлиб ўтган ўша воқеалар беихтиёр эсимга тушади. Дунё адабиёти тарихидан маълумки, ҳажвчиларнинг косаси сира оқармаган. Сабаби танқид ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайди. “Тўғри гап туққанингга ёқмас”, деган мақол ҳам бежиз айтилмаган-да. Неъмат Аминовнинг ҳажвияси эса ҳаммабоп. Халққа ҳам, ҳукуматга ҳам бирдек ёқарди. У кишига “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган унвон берилди. Бу унвон адибга жуда-жуда муносиб эди. Чунки Неъмат Аминов ҳажвиёт жанрига жуда садоқатли эди. Баъзи ҳажвчиларимизга ўхшаб ўзини у ёққа, бу ёққа урмади. У энг оғир, энг заҳматли соҳа ҳисобланган ҳажв жанрида собит қолди.

“Қаҳқаҳа” китоби бугун ҳам қўлимда. Уни ўқиб, хаёлан гурунглашиб тўймайман. Китобни ўкинч билан аста ёпаман. Лекин кўнглим дарчаси очиқ қолади. “Қаҳқаҳа” билан гурунгимиз ҳали узоқ давом этади. Қувноқ ҳажвчимиз, халқ ёзувчиси Неъмат Аминов ёнимизда, ёдимизда яшайверади. Доно халқимиз айтганидек, сўзи борнинг ўзи бор.

 

Неъмат Аминов
ИККИ ҲИКОЯ

03

    Ҳажвий адабиётимизнинг йирик ва истеъдодли вакили Неъмат Аминов 1937 йил 17 июлда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факультетида таҳсил кўрган (1954—1959). Вилоят радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва бош муҳаррир (1961-73),«Муштум» жур.да масъул котиб, бош муҳаррир (1973 — 95), «Шарқ юлдузи» жур. бош муҳаррир ўринбосари (1989 — 91), республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази раҳбари (1995—99). Биринчи ҳажвий ҳикоялар тўплами — «Икки пуллик обрў» 1966 й.да нашр этилган. Сўнг «Қирқ учинчи почча» (1970), «Лабиҳовуз хандалари» (1973), «Чинорлар қўшиғи» (1984), «Елкасиз полвон» (1986), «Ўғри мушукча» (1987), «Қаҳқаҳа» (1987), «Яллама-ёрим» (1988), «Чолболанинг эртаклари» (1990) ва б. ҳажвий тўпламлари зълон қилинган.
1976 — 83 йларда «Елвизак» ва «Суварак» қиссалари асосида «Ёлғончи фаришталар ёхуд елвизакфеъл ва суваракмижоз Баширжон Зайнишев ҳаётидан» ҳажвий романини яратди. Унинг ҳажвчилик ижоди адабиётда ўзига хос миллий бўёқларга бойлиги б-н ажралиб туради. Унинг ижодига хос халқчиллик «Бир аср ҳикояти» (1996) асарида намоён бўлди. Адиб отасидан эшитган воқеалар ва ҳикматлар силсиласи асосида донишманд Шарқ кишисининг ажойиб образини яратди. Н. Аминов асарлари бир қанча хорижий тилларга таржима қилинган. «Меҳнат шуҳрати» ордени б-н мукофотланган (1999).Адиб ўзбек адабиётини ривожлантиришдағи хизматлари учун «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонига сазовор бўлган(1992).
Неъмат Аминов 2005 йил 18 октябрда вафот этган.

03

ҚАССОБ БОБОНИНГ ИТИ

Ола ғунажинимиз бу йил ҳам қисир қолди. Дадам: «Энди бўлмади. Болаларим, оққа етамиз деб кўзларингиз оқараёзди, бу зормондани сўйиб жойига жой қиламиз», дедилар. Эрта бозор деган куни уйимизга қассоб келди. Мол сўядиган киши жуда салобатли бўлади дердилар, унчалик эмаскан: қора тиринка яктакли, ҳаракатлари чаққонгина чол. Ўсиқ қошлари ва соқол-мўйлови оппоқ. Тўғри, кўзлари бир оз ола, яна шу ола жойига андак қон қуйилган. Мен у киши билан ҳайиқмасдан кўришдим. Ҳа-да, ҳеч қўрқадиган жойлари йўқ. Ўзлари ҳам жуда шўх эканлар, ҳар гапга бир кулдирадилар. Чой-нондан кейин дадам ғунажинни етаклаб келишга буюрдилар. Ўзлари бостирма остида кетмон билан чуқур қазишга киришдилар. Ўтпояга қараб кетдим. Йўл-йўлакай, бир пайтлар кўзимга балодек кўринган ғунажиннинг раҳмини еб борардим. Юрагим ачишиб, кўзларимдан ёш тўкилди. Жониворни етаклаб қайтганимда, қассоб бобо тўрт букланган шод хуржундан кир бир латта олиб, белларига осдилар. Бу халатлари бўлса керак. Кейин  икки-учта пичоқ олиб, қўрғошин рангидаги темирга «хиш-хиш этиб» қайрай бошладилар. Титроқ қўлларим билан ғунажиннинг ипини дадамга тутқаздиму, орқага чекиндим. Бостирма ёнидаги оғилда кўзларимни чирт юмиб қулоқ солиб турдим. Бир пайт қассоб бобомнинг «ҳаҳ» деганлари-ю, «гурс» этган овоз, яна бир оздан кейин қаттиқ хириллаш эшитилди. Увв! Этим увишиб кетди.

Оғилдан қўрқа-писа чиққанимда қассоб бобо гўштидан терисини айираётган эдилар. Негадир қўрқувларим аста-секин йўқолди.
— Бери кел, болам, — дедилар қассоб бобо, — ма, мана бу оёғини тутиб тур.

Шунда ҳам қўрқмадим. У кишига кўмаклашавердим. Дадам, ойим ҳам бизга ёрдамлашдилар. Қассоб бобо қаттиқ йўталиб, бир четга тупургач:
— Келин, иссиқ сув тайёрланг, — дедилар. Ойим: «хўп, мана… ҳозир», деганларича ошхона томон кетдилар. Шу аснода дадам ҳам топшириқ олдилар.

— Тошвой, қонни сингдиришга бир оз латта, ичак-човоққа тоғора келтирсангиз.
— Хўп, хўп!

Қассоб бобо атрофга бир қараб олдиларда қуймичга пичоқ солдилар. Қўйнинг калласидек гўшт кесиб олиб яқингинадаги хуржунларининг очиқ турган кўзига итқитдилар.

Ҳайрон бўлиб қарадим.
— Ҳайрон бўлманг, болам, чап биқинида ҳаром мағзи бўлади, шуни итимга кесиб олдим.

— Итингиз борми, бобо?
— Ҳа, болам, итим бор. Отими, оти Кўктой!
— Номи яхши экан, зўрдир-а?

Қассоб бобо итларини мақтай-мақтай гардандан, шонадан, яна бир-икки ердан «ҳаром жой»ларини олиб хуржунга ташладилар. Дадам билан ойим иссиқ сув ва латта олиб келишди. Қассоб бобо негадир энди «ҳаром жойни» топа олмай қолдилар. Бирпасда гўшт уч бўлакка ажратилиб, айвон шифтига қоқилган илгакка осилди. Қассоб бобо: «Мана бу, қўшнимиз — Ҳамробойга» деб икки килоча гўштни алоҳида матога ўрадилар. Қон чуқуридан алланималарни пичоқ учи билан олдилар. Кейин ичак-човоқлар билан ўрарканлар: «Мана булар итимизга», дедилар. Ҳаммаси хуржунга жойлаштирилди. Қарасам, менинг шу ерларда ивирсиб юрган Олапаримга ҳеч нарса қолмайдиган.

— Қассоб бобо, «ҳаром жойлардан» менинг итимга ҳам кесиб беринг, ҳай…
— Оббо, болам-эй, болам, — дедилар қассоб бобо, бир дадамга, бир ойимга қараб — сенинг итинг анави чуқурдаги қондан ҳам бемалол тўяди.

Ҳеч нима демадим. Сўнг ўйлаб кетдим. Қассобларнинг итига мазза-да, емиши фақат гўшт. Менинг Олапаримга шунча гўшт бўлса борми? Э-ҳа…

Қассоб бобо икки кўзи тўлган хуржунни дадам ечиб келган эшаги устига ташлаётиб, тайинладилар:
— Гўштни ларёкка топшириб пуллаб олгач, эртага ўғилчани юборинг, қўшнидан гўштнинг пулини олиб бераман.

Икки кундан кейин қассоб бобоникига бордим. Тўғриси, пулдан ҳам кўпроқ Кўктойни кўриш орзусида эдим. Ташқари ҳовлига киришим билан айвон остида тумшуғини олдинги оёқларига тираб ётган, бир қулоғи кесилган итга кўзим тушди. Қизиқ, менинг келганимни ҳам сезмади-э. Ичкаридан атлас кўйлак кийган семизгина бир жувон чиқди. (Қассоб бобонинг қизлари деган эдим, кейин билсам, хотинлари экан). У қўлидаги товоққа солинган суякларни ит олдига келтириб тўкди-ю, менга эътибор ҳам бермасдан ичкарига кириб кетди. Ит суяк ғажишга тушди. Шунда Кўктойни кўрдим. Бу ит эмас… Агар шу ит бўлса менинг Олапаримни шер деса бўлади. Қорни ичига ботиб кетган, жунлари ифлос, қовурғалари билиниб турибди. Шу ҳам ит бўлдими?.. Йўқ, бу ит эмас, анчайин бир кучук… Э, тўхта, кеча қассоб бобо мол сўйганларида «ҳаром жойи» деб олган гўштларида сира суяк йўқ эди-ку… Эссиз гўшт, эссиз гўшт! Агар шунча гўшт менинг Олапаримга бўлса эди… Эҳ-а!..

Ичкари дарвозадан икки қадам юриб овоз бердим:
— Ҳо, қассоб бобо!

ТУҒИЛГАН КУНИМ ҚАНИ?

Ойиси Хуршидни боғчадан вақтли оларкан, тарбиячисига: «Бугун болаганамнинг туғилган куни!» — деди. Кундузги уйқудан вақтли уйғотилган Хуршид «туғилган кун»нинг нима эканлигига ақли етмаса-да, қувнаб ирғишлай бошлади.

— Туғийган куним, туғийган куним! — дея қичқирганча олдинга тушди. Ойиси уни зўрға тутиб туриб, майкаси устидан оқ шойи кўйлакчасини аранг кийгизди. Хуршид баттар ирғишлар, лабларида музикага ўхшатиб, турли овозлар чиқарарди.
— Дуввув… туғийган куним…

Хуршид йўл бўйи ойисига бидирлаб келди, ҳовлига яқинлашганда чопа-чопа дарвозадан биринчи бўлиб кирди, атрофга аланглаб, бир нималарни излаган бўлди. Кўзига ҳеч нарса илинмади. У югурганча катта уйга ўтди: уйнинг ўртасида узун стол қўйилган. Стол устида турли хилдаги емишлар. Хуршиднинг кўзи ўртаси қип-қизил гулли тортга тушди. Мазза! У тортга қўлини чўзган эди — етмади. Яқингинадаги стулни қўйиб, чаққонлик билан ўрмалаб чиқди, тортнинг гулли жойига чангал урди. Биттасининг гулини тамомлаб, иккинчисига қўл чўзаётганда ойисининг овозини эшитди.

— Вой ўлмасам, нима қилиб қўйдинг! — ойиси югурганча келиб, уни стулдан олиб, ташқари судради. Улар эшиқдан чиқаверишда Хуршиднинг кўзи тошойнага тушди: бурни, юзлари оппоқ. Худди цирқдаги амакидай. Ойнага қайта ўгирилиб қараркан, билаги билан бурнини артди. Ойиси ҳамон жаврарди: — Энди ман нима қиламан, бирпас шошилмасанг-ку, ўзим кесиб берардим.

Ойиси уни чўмилтирди. Патли сочиққа ўраб, ўзи ўйнайдиган уйга олиб кирди. Хуршид гилам устида бир думалаб, ўрнидан турди-да, очилиб кетган сочиқни оёқчалари билан тепа бошлади. У семизгина, думдумалоқ. Ойиси уни зўрға қувиб тутаркан, киқир-қиқир кулар, лабчаларини чўччайтириб, аллақандай овозлар чиқарарди. Янги кийим кийдираётганда Хуршид баттар қувнаб, ойисининг бўйнидан ачомлаб олди. Матросча кўйлак ва калта шимининг чўнтакларига қўлини тиқиб кўрди. Ойиси унинг энсиз елкаларидан тутиб, пушти, намчил, нуқра юзчаларига ширин бир меҳр билан боқди. Шу пайт

Хуршиднинг бурни билан қош оралиғида майин ажинлар пайдо бўлди, оғзи ярим очилди… аксирди. Ойиси: «Ўҳ, урди!» дея сочиқнинг учи билан унинг бурнини қаттиқ артди. Хуршиднинг бурни ости қип-қизариб, кўзларида ёш айланди.

— Қани сизлар? — уйга отаси кирди. Хуршид бурун остининг оғриганини ҳам унутиб, отасига қараб югурди, отаси чўнқайган эди, унинг бўйнидан ачомлаб олди. «Сизни туғилган кунингиз билан чин қалбдан табриклайман, ҳурматли Хуршид Савриевич!» — деди отаси йўғон овозда унинг бетларидан «чўлп-чўлп» ўпаркан. Хуршид ўзини отасининг билагига ташлаб, яйради. Отаси ўрнидан турганда унинг кўлларига осилиб, оёқлари орасида арғимчоқ учди.

Ота хурсанд, она шод, бола бахтиёр.

— Қани онаси, тезроқ бўлинг, ҳализамон меҳмонлар келиб қолишади, — деди отаси. Хуршид «меҳмонлай, меҳмонлай!» деганча ирғишлаб, ташқарига отилди. У қўшни болаларга бориб қўшиларкан: «Мани туғийган куним бой!» — деди мақтаниб. Унга ҳеч ким эътибор бермагач, ҳафсаласи пир бўлиб, уйга қайтди. Ойиси ошхонада экан.

— Оййи… туғийган куним тани? — дея сўради ойисининг оёкларига ёпишиб. Ойиси қаҳ-қаҳ уриб кудди.
— Тугилган кунинг кечқурун бўлади… меҳмонлар келганда! — деди унинг бошини силаб. — Бор энди, болам.

Хуршид қўшни хонага кириб, кеч бўлишини кута бошлади. Уй бурчида тўнтарилиб ётган пачоқ «самосвал»га ип боғлаб, уйнинг у бошидан, бу бошига «пириллатганча» бориб кела бошлади. Кейин биқинига «Молоко» деб ёзилган сариқ машинасини «самосвал»га кўндаланг қилиб юклаб, оҳиста судрай бошлади. Тезда бундан ҳам зерикди. Катта уйга яна бир бор кирмоқчи бўлди. Борса, эшик очилмади. Узоқ уннади. Очилмади. Ўтириб олиб, бор овозда йиғлашга тушди. Отаси келиб:
— Нега йиғлайсан? — деб сўраган эди, оёқларини типирчилатиб, баттар йиғлади.

Шу аснода дарвоза қўнғироғи жиринглади. У ҳам кўзларидаги ёш билан отасига эргашиб, дарвозага югурди. Ҳовлига учта амаки кирди. Иккитасининг бўйи отасиникидан баланд, биттасиники отасиники билан баравар. Олдинги амакининг қорни катта. Ҳар учала амакининг ҳам қўлтиқларида қоғозга ўралган нарса. Нима бўлди экан? Ошхонадан ойиси югуриб чиқиб, меҳмонларни хурсанд қарши олди. Қорни катта амаки, кейин бошқалари ҳам қоғозга ўралган нарсаларини ойисига беришди. Ойиси ошхонага, отаси билан меҳмонлар катта уйга йўл олишди. Улардан кейин яна битта амаки, иккита хола келди. Уларни ҳам онаси «Хуш келдийизлар», деб қарши олди. Хуршид уларга ағрайиб турар, ўзига эътибор бермаганларидан ўксиниб, бир четда мунғайиб турарди. Чунки, уларнинг уйларига бундан олдин келган меҳмонлар доим уни ўпиб, юзига секин уриб қўйишарди. У ҳам меҳмонларга эргашиб, катта уйга кирди. Ҳамма ўзича гапиради. Отаси радио ёнида. Мусиқа янграйди. Қорни катта амаки тўрда, гулдираб кулади. Хуршид бурчакка қисилиб, уларга ер остидан қарайди. Ён томондаги хола унга қараб жилмайди. Тишлари тилла. Ярақ-ярақ қилади.

Хуршид ғизиллаб ташқари чиқиб кетди. Бир оздан кейин қайтиб келиб, аввалги жойини эгаллади. Тилла тишли хола унга қараб, такрор жилмайганда, у ҳам жилмайди. Унинг тишига чойнинг ялтироқ қоғози қопланган эди. Хола бир қаради-ю, кейин қовоғини солиб, четга бурилди. Хуршид «аччиғи чиқди» деб ўйлади, секин оғзидан сохта тишини олиб, бармоқлари орасида эзғилаб, шарикча ясай бошлади. Шу орада уйга меҳмонлардан яна беш-олти киши келди. Столнинг охирроғида ўтирган .сочи кўп тоға унга қараб туриб жилмайди, кейин ўнг кўзини қисиб қўйди. Хуршид ҳам унинг қилиғини такрорларкан: «Яхши тоға…» дея кўнглидан кечирди.

Бир оздан кейин корни катта амаки ўрнидан туриб, йўғон овозда бир нималар деди. Хуршид ўзининг отини эшитганда, дикқат билан қулоқ сола бошлади.

— …Вот так, Хуршиджон бизнинг энг талантли укамиз, ўзи ёш бўлишига қарамай республикада хизмат кўрсатган артист деган шарафли унвонга сазовор бўлган Саврижон Салимовнинг нури дийдалари, тўнғич фарзандлари… тўғри, агар ўтган йили туғилган фарзандлари ҳам бўлганда эди… хўп, бунинг зарари йўқ, бундақа неудачнийликлар ҳаётда бўлиб туради… мен имкониятдан фойдаланиб, Саврижон Салимовнинг талантлари ҳақида икки оғиз гапирмоқчиман. Дарҳақикат, у киши театримизнинг ёш, умидли ва истиқболли актёрларидан. У киши бошқа баъзи артистларга хос бир-бирини кўра олмаслик, жиззакилик, борингки, ичиқоралик ҳислатларидан тамоман тоза ва мусаффо. Мен у киши билан илк марта театршунослик институтининг фойесида…

Хуршид бу сўзларнинг фарқига бормайди, боши оғирлашиб, гувиллайди. Пойгакка яқин жойдаги стулда ўтирган отасининг оёқларига суйканади. Отаси уни кўтариб, тиззасига ўтказаркан: «Жим ўтир!» деб ўпиб қўяди. Меҳмонлар қадаҳларни уриштириб, ичишади. Тилла тишли холанинг юзи худди «дори» ичгандек буришиб кетади. «Аччиқ экан…» ўйлади Хуршид. Бир қарсакдан кейин отаси уни ерга тушириб, ойиси узатган олача тўнни «қорни катта амаки»га кийдиради. Ҳамма қарсак чалади. Отаси «қорни катта амаки»ни зўрға қучоқлаб, ўпади. Яна чапак, «Ҳе-ҳей, қизиқ бўлди…» ўйлади Хуршид. Отасиям, ойисиям ташқари чиқиб кетгач, Хуршид нимагадир ўзини ноқулай, якка ҳис этади, бошини эгганича уялиб туради. Қулоғига вилкаларнинг товоқларга бир маромда тегиб турган «шиқ-шиқ»и эшитилади. Хуршид ер тагидан меҳмоштарга қарайди. Ҳамма кулиб турибди, у бир оз дадиллашади. Ҳамма ўз гапи билан овора.

У стол қиррасига осилиб, вазадаги олмага интилади. Боядан бери унга икки-уч марта кўз қисиб, кулиб қўйган «яхши тоға» битта олма олиб беради. Хуршид «яна, яна» дея столга сакрайди. «Яхши тоға» яна битта олма беради. Хуршид иккала олмани икки қўлида кўксига қисганча эшикка томон бурилади. Ойиси келарди. У чопқиллаб, ойисига ташланади ва битта олмани унга тутқизади. Хуршид ойиси билан келиб ўтираркан, яна ўз номини эшитиб қолади. Дераза ёнида бир амаки сўзларди.

— …Хуршиджоннинг туғилган кунлари шундай бир даврда ўтаяптики, шонли халқимиз, шу жумладан, бизнинг театримиз ҳаётида жуда катта воқеалар содир бўлаётган бир пайтда… бу пайтда ҳали сўзга чиққан театримизнинг отахони, ҳурматли Шодмонхон акамиз ҳам жуда яхши гапларни айтдилар. Азиз дўстлар, мана қаранг, бугунга юбилей, тоес, именина дастурхонини товуқдан тортиб тортгача, ароқдан тортиб коньяккача безаб турибди, турли хилдаги закускалар, ҳаммаси муҳайё…

Хуршиднинг боши тағин чувиллай бошлади. У гапираётган амакининг бошида уй шифтида осилган люстранинг ғужум чироқларини кўради… Қизиқ! Ойисидан секин сўрайди.
— Ойи, ану амакимми чочлайи тани? — Ойиси пешонаси ялтироқ, ориқ театр суфлёри Шоназар акага қарайди, кулгисини билдирмаслик учун қуйи лабини тишлаб, Хуршидни жеркийди.

Хуршид кўзларини очиб, юма бошлайди. Дастурхонга янгидан келтириб қўйилган кабобдан унинг ҳам егиси келади. Хайрият, онаси ташқари чиқди. Хуршид ўзига олма берган «яхши тоға»га қарайди, у ёнидаги хола билан гаплашиб ўтирарди. Нима қилиш керак? Столнинг тўридан қўйиб келинаётган кабобдан буғ кўтарилади, сочи йўқ амаки бўлса ҳамон сўзлар, чамаси, ҳозиргина қўйилаётган кабоб ҳақида гапирарди. Ана, ниҳоят, «яхши тоға» ўз олдида товоқ учун жой очади. Хуршид бир оз мулоҳазали қараб туради, сўнг эркаланиб бориб, «яхши тоға»нинг тиззаларига суйканади. Меҳмон битта суяк олиб, болага тутқизади. Хуршид суякни олади-ю, икки қўллаб, оғзига элтади, бошини эгри килиб, узоқ мижийди. Чандир экан. У қўлидагини секин стол устига ташлайди ва «яхши тоға»нинг тиззасига ёпишиб, энди ўзи столга кўтарилмоқчи бўлади.

— Ана холос, ҳамма жойимни ёғ қилиб юбординг-ку! — дейди «яхши тоға» унинг билакчаларидан қаттиқ ушлаб. У қайтиб ерга тушади, «яхши тоға» бўлса рўмолчаси билан шимини тозалайди. Бу воқеадан хабар топган ойиси уни қаттиқ жеркиганча судраб, аввалги жойи — эшик ёнидаги бўш стулга ўтқазади.

— Ана шу ерда кўмилиб ўтир! — дейди паст, шиддатли овозда. Хуршид бошини кўксига солганча бирпас пишиллаб ўтиради, ҳамма ўзи билан овора. Ҳеч ким унга эътибор бермайди. У нима қилишини билмай, бош бармоғини сўра бошлайди. Зерикади. Оёқларини ўйнатади. Бир вақт яна у ўз отини эшитиб қолади.

— …Мен Хуршиджоннинг ойилари ҳақида гапирмоқчиман, — дея сиполик билан сўзларди «тилла тишли хола». — Ҳақиқатан ҳам Шоҳистахон ўз номларига яраша, исмлари жисмларига монанд жувон. У киши менинг қизликдаги дугонам. Ҳали эсимда, биз институтда ўқиб юрган вақтимизда мен атлас кўйлак тикдирсам, иккита тикдирардим, у киши бирор туфли олсалар битта эмас, иккита олардилар. Иккаламизнинг ҳам размеримиз бир эди-да. Ҳали баъзи бировлар мени кўриб қолишса, сиз Шоҳистанинг синглисимисиз, деб сўрашади.

Ойиси пойгакда туриб қичқиради.
— Синглиси эмас, опасимисиз, деб сўрашса керак?!

Ҳамма кулади. Хуршид ҳам ўз-ўзидан жилмаяди, ер остидан «яхши тоға»га қарайди. У ҳам кулиб ўтирибди. Меҳмонлар «тилла тишли хола»нинг гапидан кейин ўз қадаҳларидагини ичишади. Ойиси ҳам ичади. Уларга мазза. Хуршиднинг ҳам сув ичгиси келиб кетади, чаққонлик билан стулдан тушиб, ҳуркибгина «яхши тоға»нинг биқинига бориб тиқилади. Лекин «яхши тоға» ундан хафа — четга бурилиб олган. Хуршид кичкина кафтчаси билан «яхши тоға»нинг тиззаси устида қовуштирилган ўнг қўлини оҳиста сийпалайди. «Яхши тоға» эътибор бермасдан, ёнидаги киши билан сўзлашади. Хуршиднинг юрага сиқилади. Сув ичкиси келади. У оёқлари учида туриб, шишага қўл чўзади — қўли етмайди. Дик этиб сакрайди — яна етмайди. Иккинчи марта сакраганда сув тўла шиша тарелка устига ағдарилади. Даҳшатли овоздан Хуршид чўчиб тушади, сўнг апил-тапил стол остига биқинади. «Яхши тоға» ўрнидан туриб кетади.

— Оббо… энди буниси бормиди?! — дерди у шимига тўкилган сувни дастрўмоли билан сидираркан.

Меҳмонларнинг «сув — равшанлик» дейишларига қарамай, ойиси Хуршидни стол остидан судраб чиқаради, унинг кўзлари ёшли, ойисига илтижоли қарар, меҳмонлардан мадад сўраб жавдирарди. Хайрият, ойиси урмади.

— Юр энди, уйқунг келди! — дея уни судрагандек қилиб, нариги уйга олиб ўтади. Бурчақцан бир уюм қўғирчоқларни олиб, унинг олдига ташлайди: — Ма, мана буларингни ўйнаб ўтир, меҳмонлар уят қилишади… уйга ўта кўрмаки…

Хуршид тескари қараб ғингшийди:
— Туғийган куним тани?

Ойиси эшикка йўналаркан:
— Эрта топиб бераман! — дейди ишонтириб.

Хуршид қўғирчоқларига қиё ҳам боқмай, узоқ ўтиради. Зерикади, юраги тўлишиб, кўзларига ўз-ўзидан ёш келади. Хўрсинади. Унсиз йиғлайди. Шу ҳолича кичкина гавдаси эгила-эгила оҳиста бикинга ағдарилади. У оёкларини чўзиб, қўлларини ёнга ташлайди. Унинг бир оз синиққан, лўппи юзчаларида кўз ёшлари қотиб қолган, пишиллаб нафас олади.

Қўшни хонада ҳамон унинг туғилган куни нишонланар, меҳмонларнинг бири отасини мақтаса, иккинчиси онасини мақтарди. Аҳён-аҳёнда у уйқу аралаш ўз номини эшитганда:
— Туғийган кунимми бей… бей! — дея ғингшиб қўяр, чамаси аллақандай қўрқинчли, мавҳум тушлар кўрарди.

011

(Tashriflar: umumiy 67, bugungi 1)

Izoh qoldiring