Husaynxon Yahyo. Navoiyni qachon tushunamiz?

066
Навоийни тушуниш учун эса муборак динимиз таълимотларидан, жумладан, тасаввуф илмидан ҳам теран хабардор бўлиш талаб этилади. Маълумки, Алишер Навоий даврида бошқа илмлар қатори тасаввуф илми ҳам ривожланган эди. Алишер Навоий ҳам нақшбандия тариқати соликларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир илмнинг ўзига яраша атамалари бўлганидек, тасаввуфнинг ҳам ўзига хос атамалари бўлиши табиий. Ибн Синонинг сўзларини тушуниш учун табобат атамаларини, Форобийнинг фикрларини илғаш учун фалсафий ибораларни, муҳаддисларнинг сўзларини англаш учун ҳадис илми истилоҳларини билиш лозим бўлганидек, тасаввуф аҳлининг сўз-ибораларини тўғри тушуниш учун ҳам уларнинг ўзига яраша атамаларини тушуниш керак бўлади.

011

Ҳусайнхон Яҳё
НАВОИЙНИ ҚАЧОН ТУШУНАМИЗ?

Ҳазрат Алишер Навоий ижоди билан ўқувчилик йилларимизда танишган эдим. Бироқ Навоийни тушуниш, унинг бетакрор истеъдоди қирраларини англаш жуда қийин эди. Қолаверса, Навоий асарлари талқини ҳукмрон мафкура мезонларидан чиқиб кетиши мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам собиқ иттифоқ даврида нафақат Навоий асарларини, балки мумтоз адабиётимизни тўғри англаш имкони йўқ эди.
Навоийни тушуниш учун эса муборак динимиз таълимотларидан, жумладан, тасаввуф илмидан ҳам теран хабардор бўлиш талаб этилади. Маълумки, Алишер Навоий даврида бошқа илмлар қатори тасаввуф илми ҳам ривожланган эди. Алишер Навоий ҳам нақшбандия тариқати соликларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир илмнинг ўзига яраша атамалари бўлганидек, тасаввуфнинг ҳам ўзига хос атамалари бўлиши табиий. Ибн Синонинг сўзларини тушуниш учун табобат атамаларини, Форобийнинг фикрларини илғаш учун фалсафий ибораларни, муҳаддисларнинг сўзларини англаш учун ҳадис илми истилоҳларини билиш лозим бўлганидек, тасаввуф аҳлининг сўз-ибораларини тўғри тушуниш учун ҳам уларнинг ўзига яраша атамаларини тушуниш керак бўлади.
Масалан, «саҳиҳ» деган сўз луғатда «соғлом, тўғри», фиқҳ илмида «тўғри, хато эмас», ҳадис илмида «ишончли», сарф илмида «иллат ҳарфлардан холи сўз», табибларда «соғ-саломат» деган маънода тушунилади. Бинобарин, «саҳиҳ» сўзини қайси маънода тушуниш бу сўзнинг қайси илмга оид китобда келаётганига қараб белгиланади. Яна бир мисол учун «вазн» сўзини олайлик. Бу сўз умумий ҳолатда «оғирлик» маъносини билдиради. «Фалон нарсанинг вазни фалонча грамм», деганга ўхшаш. Аммо бу сўз шеъриятда келса, маълум ритмга эга бўғинлар йиғиндиси тушунилади. Сарфда, яъни морфологияда эса бу атама сўзларнинг «фа», «ъайн», «лам» муқобилидаги ҳолатини ифодалайди. «Вазн» сўзининг истилоҳий маъноларидан бехабар одамдан «Навоий» қайси вазнда?» деб сўралса, ҳеч нарсани тушунмаслиги турган гап. Сарф истилоҳидан хабардор кишигина бу саволга «фаъолий вазнида», деб жавоб бериши мумкин. Аруз истилоҳларини билган инсон эса «фаъулун» вазнида деб жавоб қилади.
Худди шунингдек, тасаввуфга доир сўз ва асарларни ҳам тасаввуф истилоҳларисиз тушуниш имконсиз. Ҳар бир илмнинг атамаларини ўша илмнинг мутахассисларидан ўрганилганидек, тасаввуф аҳлининг истилоҳларини ҳам ўшаларнинг ўзларидан ўрганиш керак. Бу ўринда тахмин билан иш кўриш ёки ўзбошимча «ижодий» ёндашув яхши эмас.
Дарҳақиқат, Навоий асарларини англаш учун ҳам турли исломий атамаларни, хусусан, тасаввуфий истилоҳларни ёритган асарларни ўрганиш керак. Тасаввуф илми ҳам, бошқа исломий илмлар каби, Исломнинг илк даврларида алоҳида илм сифатида шаклланган эмас эди. Балки мусулмонлар билган Қуръон ва Суннат илмларининг ичида умумий тарзда ўрганиларди. Вақт ўтиши билан Қуръон ва Суннатдан олинган илмлар турли соҳаларга ажралиб, алоҳида-алоҳида илм сифатида шакллана борди. Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша мутахассислари етишиб чиқа бошлади. Шу қатори Исломда инсоннинг ахлоқига, қалбига, руҳий тарбиясига оид илмлар ҳам бир тўплам бўлиб ажралиб чиқди. Бу илмга доир билимларни жамлаб, алоҳида ривожлантириш учун махсус уламолар етишиб чиқдилар. Улар ўзларининг саҳобаи киромлар ва тобеинлардан олган илмлари ҳамда ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан билимларни алоҳида китобларга туширишга киришишди. Кейин бу илмга «тасаввуф» деб ном берилди. Мусулмонлар орасида ушбу илмга алоҳида эътибор берилган. Асосан қалбга доир илмлар билан шуғулланадиган, замона фитналаридан ўзини узоқроққа олиб қочадиган, тоат-ибодат, тақво ва қалб ислоҳига ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳаракат қиладиган кишилар пайдо бўлди. Ана ўша кишилар «зоҳидлар», «обидлар», кейинроқ «сўфийлар» деб ном олди.
Сўфийларнинг баъзиларида ўзларидаги руҳий ўзгаришлар, маънавий камолот босқичлари, қалбларида ҳосил бўлаётган кечинмаларни сир тута олмай, айтиб юбориш ҳолатлари юзага келди. Бундай ботиний ҳолатларни ҳаммага ҳам айтиш раво бўлмаслигини билган баъзи кишилар ўзларига хос атамаларни ўйлаб топишди. Улар бу билан ўз кечинмаларини фақатгина ўзларига ўхшаган кишилар тушунадиган тарзда баён қилишни ирода қилишган эди. Улар ана шу мажоз йўли билан ҳам ўзларидаги ҳолатни изҳор қилишга ва айни пайтда махфий тутишга эришдилар. Қалб дардини тўкиш билан бирга риёдан ҳам сақлана олдилар. Ўзларига эргашганлар учун ибрат яратиш билан бир вақтда уларни инкор этувчилардан ўзларини тўса олдилар. Шу билан бирга, ўша ҳис ва кечинмаларни мажоз билан ифодалашда ўзига яраша завқ ҳамда балоғат ва фасоҳатнинг намойиши ҳам бор. Балки уларнинг руҳий оламларида рўй бераётган ҳолатларни жўн сўз билан ифода қилишнинг имкони ҳам йўқ эди. Абдураҳмон Жомийнинг айтишича, бундай йўлни биринчи бўлиб тутган шахс, Зуннун Мисрий бўлган.
Ҳар қандай мураккаб ва кенг илмнинг ҳам бошланиш нуқтаси кичик ва содда бўлгани каби, тасаввуф атамалари ҳам илгариги ҳолатида унча кўп бўлмаган. Аммо вақт ўтиши билан бу майдон ҳам кенгайиб кетди. Тасаввуфий истилоҳлар икки қисмга: ҳақиқий ва мажозийларга бўлинди. Ҳақиқий маънодаги истилоҳларга мисол тариқасида «тавба», «риё», «узлат», «ихлос», «муҳаббат» каби сўзларни келтириш мумкин. Мажозий истилоҳлар сирасига эга «фано», «бақо», «ишқ», «ҳижрон», «зулм», «аҳдга вафо», «ёр», «дилдор» каби сўзларни киритиш мумкин. Аввалги қисмнинг аксари Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг сўзларидан олинган бўлса, кейинги қисм атамалар, юқорида айтиб ўтганимиздек, ўз ҳолатини оммадан яшириш мақсадида пайдо бўлган.
«Сўфийлар истилоҳи» деганда «сўфийнинг илоҳий висолга етишиш йўлида қилган покланиш, хулқланиш ва етишишдан иборат уч босқичли руҳоний сафари асносидаги завқий тажрибаларини акс эттирувчи тушунчаларни ифодаловчи сўзлар» назарда тутилади. Тасаввуф истилоҳларининг шаклланиши ва бойиб боришида Қуръони Карим, Суннати набавийя, салафи солиҳларнинг ҳикматлари катта ўрин эгаллаган бўлса, шу билан бирга бошқа илмларнинг, жумладан, фалсафанинг ҳам таъсири катта бўлган. Сўфийларнинг истилоҳлари бошқа илмлардаги истилоҳлардан шуниси билан фарқ қиладики, бу истилоҳлар муайян бир маънога боғланиб қолмай, бир неча ирфоний маъноларда ишлатилиши мумкин. Уларнинг қайси маънода қўлланилганини атрофидаги бошқа сўзлардан чиқариб олинади. Масалан, «ёр» деганда Аллоҳ таолони тушуниш ҳам мумкин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёки пирни тушуниш ҳам мумкин. Шунингдек, ғайбий мушоҳада назарда тутилиши ҳам мумкин.
Тасаввуф аҳлининг намоёндаларидан бўлган Алишер Навоийнинг асарлари ҳам, табиийки, ўша истилоҳий маънолар асосида талқин қилиниши шарт. Акс ҳолда, шундай улуғ шахсиятга тил теккизган, унинг омонатига ҳам, тарихга ҳам, илмга ҳам хиёнат қилган бўламиз.
Тан олишимиз керак, Навоийнинг кўпгина ғазаллари шу пайтгача айрим “навоийшунос”ларнинг шахсий тасаввурлари билан, ҳавойи нафсларига мувофиқ тарзда шарҳлаб келинди. Бу шарҳларнинг аксари мавҳум талқинлар, тушунарсиз, гажакдор иборалар, ҳиссиз таъбир, тахминий тасаввурлардан бошқа нарса эмас. Бунинг устига, баъзи бир журъатли қаламкашлар ана шундай тасаввуфий ғазалларга мухаммас боғлашга ҳам қўл уришган. Табиийки, натижада «қовунга қовоқни пайванд қилгандек» бўлган. «Илм ҳар қандай мураккаб нарсани соддалаштириб беради» деган қоидага мувофиқ, агар биз ўша ирфоний шеърларни муаллиф назарда тутган истилоҳлар билан тушунишни йўлга қўйсак, ўзимизни ҳам қийнамаймиз, ўзгаларни ҳам адаштирмаймиз. Мисол учун, биргина байтни шарҳ қилиб кўрайлик:

Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб,
Хироми суръатидин гул уза ҳайдин гулоб айлаб.

Насрий баёни: Тунда ўша гулюзли ёр кулбамга шитоб билан кириб келди. Юриши тезлигидан гул юзидан терлар гулоб бўлиб қуйиларди.
Маълумки, Алишер Навоий уйланмай ўтган. Агар кечқурун Навоийнинг ҳузурига ҳамма ғафлатдалик пайтда у кишининг севган қизи келган бўлса, бу сир тутилиши керак. Агар биз байтни мана шу қабилда, бошқача қилиб айтганда, «замонавий» тушунадиган бўлсак, бу билан Навоийга ҳурматсизлик қилган бўламиз. Навоийдек буюк инсонни қўйинг, ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган одам ҳам, бундай иш рўй берган бўлса, уни бошқалардан яшириши турган гап. Демак, Навоий бошқа нарсани кўзда тутган. Навоийнинг мақсадини тушуниш учун у кишининг истилоҳларини тушунишга уринамиз. Келинг, бу байтда ишлатилган сўзларни тасаввуфий истилоҳлар асосида шарҳ қилиб кўрайлик. Бу борада Муҳаммад Алий Таҳонавийнинг «Кашшаф истилаҳат ал-фунун», Абдурраззоқ Кошонийнинг «Истилаҳат ас-Суфийя», Доктор Рафиқ Ажамнинг «Мавсуъат мусталаҳат ат-тасаввуф ал-исламий» асарлари бизларга асос бўлади:
Кулба – соликнинг қалби; (солик тариқат йўлини танлаган шахс)
Гулрух (гулюз) – шуҳуд олами, яъни Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати.
Гул уза ҳай (юздан оққан тер) – ғайбий илҳом.
Энди ушбу изоҳлар асосида байтнинг насрий баёнини кўрайлик: «Ҳамма ёқни жаҳолат зулмати қоплаб турган бир пайтда, қалбимда Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати юз берди. Бу мушоҳада шу қадар тез рўй бердики, унинг тезлигидан менга ғайбий илҳомлар ҳосил бўлди».
Энди ўзингиз холис ўйлаб кўринг, Навоийга нисбатан аввалги уятли маънони ирода қилиш ақлга тўғрироқ келадими ёки мана бу ирфоний маъноларними? Қайси бири воқеъликка ва мантиққа тўғри келади?

Навоий аҳли жунун зумрасиға кирди, Илоҳий,
Чу айладинг ани Мажнун, Ўзингни қил анга Лайло.

* * *

Тўрт унсур қайдидин то чиқмағайсен, нафъ эмас,
Осмоний тўрт дафтарни тутайким ёд бил.

* * *

Беша шерин гар забун қилсанг шижоатдин эмас,
Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужоъ,

– деган инсонга қайси маъно муносиброқ?!
Яна бир мисол. «Хазойинул-маъоний»нинг биринчи ғазалида Навоий шундай дейди:

Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.

Бу байт анчагина равшан.
Ғайр – Аллоҳдан ўзга барча нарса.
Кўнгил жоми – қалб ойинаси, унда Аллоҳ таолонинг нури тажаллий қилади.
Ғам – монеълик, тўсиқ.
Соқий – муршиди комил, инсонларга руҳий тарбия берувчи устоз.
Майи ваҳдат – тавҳид завқи.
Энди байтни мазкур истилоҳлар асосида насрий баён қилиб кўрамиз: «Эй муршид! Қалб ойинасида унга Аллоҳ таоло томонидан етадиган нурнинг акс этишини тўсадиган занг, яъни Аллоҳдан бошқа бирор нарсанинг нақши – таъсири бўлса, тавҳид завқичалик уни аритувчи, тозаловчи нарса – «ғамзудо» топилмайди».
«Тавҳид» деганда қалб тубидан Аллоҳ таолони барча жиҳатдан ягона, мутлақ танҳо деб эътиқод қилиш, фақат Аллоҳни риоя қилиш, фақат уни ўйлаш назарда тутилади.
Шунингдек, «ваҳдат майи» деганда тавҳид калимасини ҳам тушуниш мумкин. Ҳазрат Навоий унинг айтган сўзларини мақсаддан бурадиган, нотўғри талқин қиладиган кишилар ҳам унинг асарларини ўқиб, ташвиқ қилишлари мумкинлигини сезгани учун девонининг энг биринчи ғазалидаёқ бу нуқтага алоҳида танбеҳ бериб қўйган. «Ашрақат» деб бошланувчи ушбу ғазалида яна шундай байт бор:

Сен гумон қилгандин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

Маъноси: «Эй тасаввуф аҳлининг истилоҳларидан бехабар зоҳирпараст! Сен ўйлаётган маст қилувчи, ақлни кетказувчи, инсонни хор қилувчи шароб ва ўша ҳаром нарса қуйиладиган идишдан бошқа ҳам шартли равишда «жом» ва «май» бор. Бу майхонани – орифларнинг ботиний олами вакилларини (ёки муршид хонақоси аҳлини) билмасдан инкор қилиб юрма!».
Хулоса қилиб айтганда, Навоийни тушуниш учун Навоий билган ва фойдаланган билимларни, яъни Қуръон, Суннат, шариат, тариқат, тасаввуф ва бошқа илмларни билиш, ўрганиш керак бўлади. Ўрганганда ҳам асл манбалардан ўрганиш даркор. Бунинг учун, албатта, ўша давр Ислом оламида илмий муомалада бўлган тилларни яхши ўзлаштириб, манбаларни бегоналарнинг таржима ёки тавсифлари асосида эмас, асл ҳолатида ўрганиш талаб қилинади. Бинобарин, навоийшунос бўлишни истаган киши аввало ислом олими, тасаввуф билимдони бўлиши, бу илмларни билибгина қўймай, уларни ўз ҳаётида татбиқ этиб, зикр қилинган даражаларни ўзида жорий қилган бўлиши лозим. Шундагина у Навоийни тўла тушунган, у кишининг шахсиятини тўғри англаган, сўзларини яхши ҳис қилган бўлади. Менимча, бугунги навоийшуносликнинг олдида турган энг катта муаммолардан бири шу бўлса, ажаб эмас.
Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш бизнинг бурчимиздир.

(Tashriflar: umumiy 83, bugungi 1)

Izoh qoldiring