Orziqul Ergash. Shohsanam. Qissa. Uchinchi parcha

Ashampoo_Snap_2017.01.07_21h54m36s_002_b.png 14 январ — Ёзувчи Орзиқул Эргаш таваллуд топган кун

Ёзувчи Орзиқул Эргашнинг икки қиссаси: «Олис юлдузлар»,»Шоҳсанам» (қайта ишланган нусхаси) ва ҳикоялари жамланган янгми китоби «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилди. Ёзувчи туғилган куни арафасида сизга қайта ишланган, инсонни гўзаллаштирадиган, кучли қиладиган азалий муҳаббат туйғуси билан йўғрилган қиссани тақдим этишни бошладик.

Орзиқул ЭРГАШ
ШОҲСАНАМ
Қиссанинг якуни
009

Orziqul-aka.jpgОрзиқул Эргаш 1953 йил 14 январда Самарқанд яқинидаги Дархон қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетини тамомлаган (1975). «Тўй», «Дунёнинг бир чеккаси», «Болалигим кўчаларида», «Шохсанам», «Дархон қиссалари», «Сенинг бу дунёда борлигинг») каби қисса ва ҳикоялар китоблари нашр этилган. Бир неча асарлари асосида телевизион фильмлар суратга олинган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания тизимидаги телерадиоканалларда ишлаган, бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритмоқда.

009

* * *

Аслида бригадирлик дегани амал ҳаммас, ғирт ғалванинг ўзи. Буни ўша биринчи йилдаёқ сезгандим. Лекин, биров менга ишондими, ёш демай шу ишни топширдими, ишончни оқлашим керак, деган хаёлда ишга шўнғиб кетгандим. Шароитим оғирмас, сувнинг бошидаман. Ерларим кафтдек текис (раҳматли отамнинг хизмати). Мендан лозим бўладигани — одамларни ишлатиш эди, холос. Бу ҳам қийин кечмади. Одамлар Фармон биргаддан безишган эканми ёки отамнинг ҳурматини қилибми, менга чиппа ёпишди-қолишди. Айтганим айтган, деганим деган бўлди. Қолаверса, озроқ шоирлигим бор, жуда сўзамол бўлмасам-да, кўпнинг бошини қовуштириш, нимагадир қизиқтиришни эпладим, шекилли, дастлабки йиллар қаторасига пешқадам бўлиб келдим.
Энди эса… минг чиранма, жонингни жабборга бериб елиб-югурма, фойдасиз. Ўн кунлик якунида улоқни ким-кимлар юлқиб кетади. Икки ўртада одамларнинг олдида юзинг шувут…
Шоҳсанам, мени тўғри тушунгин, байроқ олмасам, илғор бўлмасам, ўлиб қолмасдим. Менга алам қилгани бу эмасди. Гап шундаки, она сутидай ҳаппа-ҳалол меҳнат ҳақимиздан барака қоча бошлади. Айниқса, йиллик тақсимотда бу нарса яққол билинди. Айрим колхозчиларим пулларини олишгач, бирин-кетин уйимга кириб кела бошлашди. Мени босиб ўтиб, идорага боришни эп кўришмади. Маҳмуджон, бир текширтириб кўрмайсизми, чўғи камдайми, де¬йишди…
Ҳар эрта уловимга ҳорғин чўкиб, марказга жўнайман. Минг йиллик бухгалтер қаршисига ўтириб, олдига рўйхат ташлайман. Чўкиртак чол миқ этмасдан, эринмасдан қоғозларини ёйиб чиқади. Алмисоқдан қолган кўзойнагини бурнига қўндириб, ҳафсала билан чўт қоқади. Кейин ҳали мен ташлаган рўйхатга бир қанча рақамларни битиб, олдимга қайтариб ташлайди. Кўрдингми, кўнглинг тўлдими, дегандай илжаяди.
Қариянинг нурсиз кўзларига қаттиқ тикиламан. Уялар, андишага борар, дейман. Қаёқда, лупа кўзли қалин кўзойнаги орқасидан қадалиб тураверади…
Бригадирлик сиёғим қолмади.
Рост-да, бировнинг ҳалол нонини ажратиб беролмасам-да, унга раҳбарлик қилсам. Ишга чиққин, деб ҳар эрта эшигини қоқиб турсам. Бу кетишда бир кун шатта еб қолмайманми?! Вақт борида, обрў борида этакни йиғиштиришим керак. Бригадирлик қилиб бўлдим, бас! Эрта кўкламдан далага чиқиб, кетмон чопаман!

* * *

Икки кун уйда қамалиб ётдим. Ўй сурдим. Кўпдан китоб ўқимай қўйгандим. Тўғри келган китобни қўлга олдим.
Хизматдан қайтганимга олти йил бўптию, олти кунча сезмабман. Аҳволим ит ётиш, мирза туриш. Қиш бекорчилигидаям от тинади, ит тинади, менда тиним йўқ.
Дастлаб иш бошлаганимда ниятларим ғужғон эди. Планни дўндирамиз. Кейин раис бободан материал сўрайман. Энг бошда қишлоқ ўртасида нақшинкор чойхона қурдираман. Қишлоққа медпункт зарур, одамлар марказга қатнашдан қутилишади (унда Шоҳсанам ишлайди!) дердим ўзимча. Маиший хизмат уйи, магазин қурдирмоқчи, йўлларни асфальт қилдирмоқчи эдим. Қишлоқ ичида мевали дарахтлар эктириб, атрофини шамшодлар билан ўраб олмоқчи эдим. Кўз олдингга келтиргин-а, Шоҳсанам, қанақанги зўр манзара… Хаёлда осон экан, ҳаммаси қолиб кетди…
Уйдан чиқмай қолганимнинг учинчи куни уканг Жамшид кириб келди.
— Бирор ёққа кетганмидингиз, кўринмадингиз?— деди у.
— Қаёқда, ётибман уйда, — дедим ясама хушнудлик билан.
Бир кўнглим, ишни топширмоқчилигимни ҳозир айтайинми, дедим. У сандал чеккасидаги китобни олди.
— «Ўткан кунлар»-ку?
— Ҳа, яна ўқиб чиқдим.
Китоб варақлаб турган Жамшидга тикилиб, шу икки кунда уни соғинганимни туйдим. Ярим йилдан бери менда ҳисобчилик қилади. Ҳарбийдан бўйи чўзилиб, камгап, жиддий йигит бўлиб қайтди. Менинг куйиб-ёнишларимни хотиржам кузатиб туради-да, бир оғиз гапиради:
— Қўяверинг, Маҳмуд ака, билганларини қилавермайдими?!
Кейин олис-олисларга кўз тикканча жим қолади. Унинг фавқулодда сокинлигига ҳавас қиламан. Унга таассуб қилгим келади. Лекин, эплолмайман.
Ҳар ким ўз феъли-аъмоли билан яратиларкан-да, нима топса шундан топаркан…
Жамшид бир пиёла чой ичдию, қўзғалди.
— Биласиз-а, бугун чойхонада гаштак бор…
— Э, яхши айтдинг, — дедим бирдан кўнглим ёришиб. — Кимники эди?
— Боқи аканики. Эртароқ чиқинг…

* * *

Эскидан қоп келаётган чойхонамиз олдида Темур амаким қозонда ёғ доғлаяпти. Шу одамга қо¬йил қолиш керак: фақат таъбига ёққан ишнигина қилади. Таъбига ўтирган одам билангина гаплашади.
Гаштакчи Боқи ака бир чеккада ўтин ёриб турибди. Темур амакимдек қорувли, бақувват бўлса-да, уқуви камроқ. Ўтин ёраман деб терга тушиб кетибди бечора.
— Ҳорманг, Боқи ака…
— Э, келинг, Маҳмуд ака, ассалом алайкум, — деди Боқи ака қаддини ростлаб.
— Саломалайкум. Сизди қийнаб қўйишибди-ку, ёшлар йўқми? — дедим у билан кўриша туриб.
— Ёшлар бор, келишган. Сабзи тўғрашяпти.
— Беринг ўшаларга, улар ҳам озроқ терлашсин.
Ичкаридан Жамшид хижолатли кулимсираб чиқиб келди.
— Э, ўша сабзи тўғрашдан менга шу ўнғайроқ…
— Унгаям уқув керак, — деди Темур амаким илжайиб.
Боқи ака хохолаб кулди.
— Оббо, полвон акаей, қўймайсиз-да!

* * *

Ичкарида гаштакхўрлар тўпланиб қолибди. Сафар амаким давра тўрида ўтириб олганча, гурунг беряпти. Қўлбола солярка печ гувиллайди. Токчадаги магнитофон пастгина овозда айтиб турибди.
Сафар амаки мени ёнига олди.
— Қани, жияним, келинг-чи. Омон бормисиз?..
— Раҳмат амаки. Гурунгни белига тепдим чоғи?
— Белига эмас, бошига, — дея илжайди у ҳозиржавоблик билан. — Раҳимзода деганнинг ғийбатини қилмоқчи бўлиб тургандим. Эшитган чиқарсиз?..
— Райижроқўм бўлган-да…
— Ҳа, балли!.. Вақтида хўп даврини суриб ўтган, хумпар… Хуллас, шу одам, ижроқўмликдан янги тушган пайтлар, фалокати қисиб маҳалласидаги бир тўйга кириб қопти. Бу эллигингчи йиллар ҳангомаси… Ал¬қисса, Раҳимзода, тўйхона эшигига рўбарў бўлиши билан бир йигит қучоқ очиб, пешвозига келибди. Э, раис бово, бормисиз, сиздиям кўрар кун бор экан-ку, деб ичкарига бошлабди. Битта усталга ўтқазибди. Фотиҳа олгани келган оқсоқол ҳалиги йигитни койиган бўлибди. Ҳой, эси паст, шу жой Раҳимзоданинг тенгими, дебди. Кейин уни бу ердан турғазиб, тўрдаги усталга бошлабди. Раҳимзода ғоз юриш билан унга эргашибди. Оқсоқол кўрсатган жойга энди ўтираман деганда, учинчи биттаси кепти-да, Э, тўхтанг, ўртоқ Раҳимзода, бу ерга хотинларни ўтқазишаркан, хотинлар билан ўтирманг, бу ёққа юринг, дебди. Эргаштириб бориб, ҳалиги ўтирган еридан ҳам пастроқдан жой кўрсатибди. Буям ҳолва экан: бир ёқдан нон, қовун-тарвуз келтириб, бир ёқдан йиғиштириб кетишибди-да, кабоб билан ичкилик қўйишибди. Бечора ижроқўм шишаю кабобга қўл уришга улгурмасидан, ошни қўйишибди. Ошдан ҳам бир чуқим олиб-олмай, дарҳол оқсоқолни чорлашибди. Ота, ўртоқ Раҳимзоданинг фотиҳасини олинг, домла шошаётган эканлар, дейишибди…

* * *

Сафар амакининг даврасида зерикмайсан. Мудом мана шунақа теша тегмаган ҳангомалардан айтиб ўтиради. Ҳозирги айтиб берганлари қанчалик рост-ёлғонлигини билмайману, лекин Раҳимзода деганлари оёғи узангида пайтида туманни зир титратган дейишади. Ҳатто менинг бобомниям ҳайит эртаси машинадан тушириб қолдирган ҳам шу одам экан. (Унда қишлоқ шўросига раис бўлган). Ҳар ким экканини ўрар экан-да…
Одамларим ҳар йилгидан чўғи камроқ бўлса-да, йиллик ҳисобот пули олишган. Икки-уч кунда кам-кўстларини тузатиб, бозор-ўчарини қилган. Кайфият ҳам шунга яраша. Ким аския қилган, ким латифа айтган, ким дунё воқеаларидан, ким қишлоқ янгиликларидан гурунг беради… Қизиқ, одамларимиз бақириб-чақириб сўзлашишаркан. Буни ҳозир пайқаб қолдим. Чунки, ўзим деярли гап қўшмай, бир чеккада кузатиб ўтирибман-да…
Темур амаким ошни дамлаб қўйиб, ичкари кирди.
— Ҳорманг энди, Темур жўра, — деди Сафар амаки, — қани, жойингизни олинг, — деб ёнига таклиф қилди.
— Ҳали кейин, — деди Темур амаким манглай терини белбоғи билан артаркан, — ошни сузайлик.
— Э, бўлдие, ошни дамлаб бердинг, сузиб ҳам берасанми, — деди Сафар амаки овозини баралла қў¬йиб.— Қаватимга келиб ўтирсанг-чи, жўра, одам ўтиргандай бўлмаяпти!..
Бошқалар ҳам уни қувватлаб Темур амакимни тўрга ўтқазишди.
— Ҳа, бу бошқа гап-да, Темурбек, — деди Сафар амаки дарҳол чой қуйиб узатаркан. Кейин чой ҳўплаётган ошнасига қараб илжайди. — Шу, жўрам ёнимда бўлмаса бир бало, бўлса яна бир бало…
Ҳамма ажабсиниб қаради. Демак, янги ҳангома бошланяпти. Ёшлардан бири бесабрлик билан луқма ташлади.
— Амаки, тинчликми?..
— Тинчлик-ку, лекин шу жўрам ёнимда ўтирса, ҳайбати босиб, еганим ичимга тушмайди. Қўрқиб ўтираман.
— Жўрангиздан қўрқасизми?
— Қўрқаман… Феълини биламан-да. Айтаверайми, жўра?..
Темур амаким индамай, бўшаган пиёлани унга тут¬қазди.
Сафар амаки қулоғи динг бўлиб турган ҳангоматалабларга кўз қисиб қўйиб, гап бошлади.
— Ўзи аслида гаштак дегани — ҳангома дегани, гурунг дегани. Тўғрими, жўра? Шунинг учун, ўтган-кетгандан гапириб ўтириш керак-да… Майли эшитинглар: унда анча ёшмиз. Эндигина уйланиб, битта-иккитадан болалик бўлган пайтларимиз. Раҳматли Маъруфхон — бригадирларингизди отаси, Темур амакиларингиз, мен — учаламиз мудом биргамиз. Ўшандаям гаштакхўрликлар бўп туради. Энди айтаверсам, ҳозиргилар ишонмайди. Бир деб тиззалаб ўтирганча, тонг оттирамиз. Қимир этмаймиз. Фармон биргад биздан тикроқ. Уям маишатхўр, бунақа ўтиришлардан қолмайди. Бечора менга ўхшаб сергапроқ…
— Сизга ўхшамайди-е?! — деб қўйди кимдир.
— Бир кун десангиз, яхши ўтирибмиз. Ширингина бўп қолганмиз. Зиёфат қуюқ. Унда ўрисди ароғи тахчилмиди, билмадим, қўлбола мусаллас кўпроқ ичиларди. Фармон тушмагур ўзи Темур жўранинг ёнида ўтирибдию, икки-уч киши наридаги Маъруфхон билан тўқиштиргиси кеп қолди. Раҳматлининг ичкиликка хуши камроқ. Унинг отаси Эшонбобомиз-ку, бу сабилдан ҳазар қилардилар… Алқисса, Маъруфхон Фармон узатган пиёлани олмади. Бўлди, мен бошқа ичмайман, деди. Фармон тирғалишни қўймади. Бечорадан бир алам ўтганмиди. Айтмоқчи, Маъруфхон ўшанда яқиндагина Фармоннинг ўрнига бригадир бўлган, Фармон ҳўв Жар-қишлоққа юборилган эди. Фармон арз-додини бошлади. Эшон, сиз биздақаларни писанд қилмайсиз. Писанд қилганингизда шуни олардингиз, қўлимди қайтармасдингиз. Битта қўлимдан олсангиз, кейин ишонаман ҳурмат қилишингизга, деб ҳадеб ман¬қаланиб ғингшийверди… Раҳматли Маъруфхон камгап эдию, чўрткесар эди. Охири жонига тегди, шекилли: Фармон ака, ишонмай қўяқолинг, деди. Шундай дедию, балога қолди. Фармонни баттар жини қўзиди. «Ана айтмадимми, Сафар, — деди энди менга қараб олиб, — Эшон жўрангиз мендақаларни одам ўрнида кўрмайди. Биз бўлсак, бу одамни тўрам, тўрамлаб юрамиз!».. Меникиям тутиб кетди. Э, Фармон ака, шуни ичиш керакми, ҳа керак, беринг, мен ичаман, дедим. Ўрин ўтадими, десам, йўқ ўрин ўтмайди, ўзи ичсин!..
(Бу ота-болаларга йўргагига теккан экан-да, деб қўйдим ўзимча, бир пайтлар Козим ошнам ҳам Эшонзода деб мени кўз очирмасди).
— Мен сен биланмас, Эшон билан ичишим керак! — деди авжига чиқиб. Темур жўранинг ғаши келиб, бир ҳўмрайиб қўйганди, жим бўлди. Хайрият, тинчиди-е, деб турсак, яна бошлаб қолди денг. Йўқ, нимага энди мен билан ичмас экан, дейди йиғламсираб. Агар мана шуни олмаса, эшитиб қўйинглар, агар ичмаса, ҳозир чиқиб кетаман, деса бўладими! Маъруфхон энди индамади. Афтигаям қарамади. Биттаси пиқ этиб кулди. Ўзини билганга шу кифоя эди. Лекин Фармон лаққига кифоя қилмади. Ҳаммангни тилинг бир. Мени кўролмайсизлар, деб энди бизларга ёпиша кетди. Маъруфхон биргадир бўлса, менам биргадирман. Жарқишлоқда қайси эшикка кирсам, бир бош пиёзи билан яримтаси бор. Кам бўлганим йўқ!.. Мастлик-ростлик дегандай, Фармоннинг дилидаги алами тилига чиқиб кетди-да…
Ўтиришдан файз кетди. Ҳай, бўлди, бас, деганимиз сари авж қилаверди. Охири бўлмади. Темуржон Фармоннинг чап қўлида ўтирган эди. Бундай елкасига нуқиди. Нима дейсан, деб қараши билан қулоқ-чаккаси аралаш тарсаки берса бўладими!.. Бечора Фармон тиззалаб ўтирган ерида ғўладек учиб тушди. Шу тушганча жим бўлди. Қайта туришга ҳоли келмадими, қўрқдими, ётаверди. У билан бировди иши бўлмади. Бир маҳаллар қарасак, шумшайибгина ўтирибди. Юзида шундоқ беш панжанинг изи. Ўл бу кунингдан дейдиган одам йўқ… Шу-шу, Темуржоннинг ёнбошида ўтирмайдиган бўп қолганди бечора… У-ку, майли, мен ўзимам ёнида ўтириб қолсам, ҳайиқиб тураман. Чакки-чилеп бир нарса деворсам қулочкашлаб соп қолмасин, дейман-да!..
Гоҳ пирдан, гоҳ муриддан дегандек, гоҳ тўрдагилар, гоҳ ёшлар орасидан қизиқ гап чиқиб қолади-да, гур-гур кулгу кўтарилади. Менга айниқса, Фармон биргад ҳангомаси нашъа қилган, беўхшов тананинг ғўладек учиб тушиб, пусибгина ётиши дам бадам кўз олдимга келиб, ўз-ўзимдан кулиб қўяман…
Демак, бу одам бежизга менга ғижиниб турмас экан-да. Катталаримиздан ўтган алам заҳрини менга сочмоқчи бўларкан… Бундан чиқади, Козим ошнамизнинг тирғалишлари, синфдошларим олдида эшонлар оиласидан эканимни фош этишга уриниб ётишлари ҳам бекорга эмас, отамерос аламлар натижаси экан-да!.. Отасининг ўрнига тайинланишим алам устига алам қўшган. Лекин, қойилман унга, ўшанда бу аламни сездирмади. Атайлаб далага излаб келиб, қучоқлаб табриклади. Отангди ўзи ҳали ишласа бўларди, десам, э, хижолат бўлманг, жўра, яхши иш бўлди, бобой ҳам энди дам олсин. Кеча уйга келсам, шунақа гап. Бобойнинг машқи паст. Э, ота, яхши бўпти-ку. Ўзингизга қолса, яна минг йил ишлайверасиз. Биров раҳмат демайди барибир, дедим. Опам1 ҳам бир-икки оғиз гапирган эди, бобой очилди. Рост айтасан, колхоз ҳайкал қўярмиди, деди. Майли, бегона эмас, ўзимди шогирдимни қўйди, деди ҳатто. Бобойнинг мардлигиям бор-да, жўра. Сизди шогирдим деб мақтаниб юрибди…
Козимбой шунақа гаплар билан қўлтиғимга кириб олиб, қармоққа туширди. Ҳайдаровдай инсон олдида бир пул қилгани, безори шерикларига ўласи қилиб урдирганлари ҳолва… Мени сендан жудо қилди, Шоҳсанам!.. Яна ўша касофатни деб сеникига (!) совчи бўлиб борганларим-чи!.. Эҳ-ҳе, буларнинг алами юрагимдан кетармикан?! Қаёқда! Ўлганимда ўзим билан кетади энди улар!..
Безовта алангладим, босиб-босиб ичгим келди. Лекин шу тобда бунинг иложи йўқ. ош олдидангина иштаҳа учун деб рухсат берилади. Ўзимга ўхшаган бригадирлар билан бўлганда-ку, аллақачон тайёр бўлиб ўтирардик.
(Узр, Шоҳсанам, кейинги пайтлар шунақа одатлар ҳам орттирган эдим!) Колхоз фаолларининг нимаси кўп — бўлар-бўлмас мажлиси кўп. Мажлисда аччиқ-тиззиқ гаплардан қизариб-бўзариб чиқамиз-да, пана-пастқамда туриб олиб, бир бош пиёз биланми, қотган нон биланми, ғуборбосди қиламиз… Эҳ, ўзи аслида аввал бошдан хато қилган эканман. Ҳайдаровнинг юзини қилмай, Тошкентга кетворсам бўларкан. Шунда мана бунақа майдакашлар билан тенглашиб ўтирмас, қўли ҳам, бўйи ҳам етмас жойларга кўтарилиб кетган бўлармидим?!.
Эшикда Жамшид кўринди.
— Сафар амаки, ош тайёр, — деди.
Сафар амаки «хўш, жиян?» дегандек менга юзланди. Ҳар қанча ичикиб турган бўлсам-да, даврани бир қур кўздан ўтказиб чиқиб, кейин:
— Ҳамма келиб бўпти, шекилли. Сузаверишса бўлар, — дедим.
Ошу обдан кейин чақ-чақлашиб ўтирибмиз.
Анча ўзимга келиб олганман. Давра тўрида, Темур амаким қаватида қўр тўкиб ўтирганча, гурунгга қўшилиб қўяман. Ҳамма қатори яйраб куламан. Дил ғуборларим тарқаб боряпти. Йил бўйи ўзимни қийнаб, ўзим билан ўзим олишиб юрганларим ғирт бемаъниликдек туюла бошлаган. Нима жонимга керак шу машмашалар, деб ажабланиб ҳам қўяман. Бўлди, бригадирликни топшираман. Ҳамма қатори тинчгина кетмон чопаман… Кейин, ўтирар жойим балки ҳув этакроқда бўлар. Нима қипти?!. Ҳар тугул анови ижроқўм Раҳимзоданинг аҳволига тушмасман… Нега энди Раҳимзода? Балки, шоирлик ҳунариям бўлгандир-да менга ўхшаб. Ишқилиб, тақдирим ўхшамасин-да… Қисқаси, топширишим керак, вассалом. Ўрнимга кимни қўйишаркин?.. Жамшидни қўймасликлари аниқ. Ўзиям кўнмайди. Ке¬йинги йил яна ўқишга уриниб кўрмоқчи. Уям ўша тиришқоқ учувчи поччасига ўхшаб (!) бир сўзли чиқди. (Ҳали ҳамон унинг поччаси биров эканлигини тан олгим келмайди). … Майли, кимга ўхшаса, ўхшасину, менга ўхшаб қишлоққа боғланиб қоп кетмасин-да… Хаёл билан бўлиб унга тикилиб қолган эканман, кўзларимиз учрашди. Бу сокин кўзлар сеники эди, Шоҳсанам! Синовчан, беозор, ўйчан…
Сафар амакининг овози хаёлимни бўлди.
— Эй, болам, ановини овозини кўтар. Комилжон шекилли…

Шу чоққача токчада эътиборсиз турган магнитофон энди бизга навбат дегандай хонани тўлдириб юборди.

Ўлдим жамолинг шавқида дардинг ололмадим,
Бошингдин, эй санам, нега мен ўргулолмадим,
Бир лаҳза ишрат уйида мажлис қуролмадим,
Лаъли лабингни қандини бир дам сўролмадим,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман…

— Э, жойинг жаннатда бўлгур-а, — деди Сафар амаки бош тебратиб. Мен бўлсам адо бўлгандим: у менинг дардимни куйлаётганди…

Сабру қарорим қолмади, эй жон, нечук этай,
Мажнуни бенаво каби ё бош олиб кетай,
Ҳажрингда дарду ғам билан ҳасратда доғман…

* * *

Шаҳарга кетяпман, сенинг олдингга.
Сўнгги бор кўрганимга ярим йилдан ошди. Жуда соғинганман. Ўшанда идорага фаоллар йиғинига шошиб бораётувдим. Даладан уйга ҳам кирмасдан тўғри ўтиб кетмоқчи эдим. Қарасам, ўғилчам Бобурни етаклаб эшигимиздан чиқиб келяпсан. Мотоциклим ўз-ўзидан тақа-тақ тўхтади. Мотори ўчди. Айтаман-ку, у мени тушунади, у темирданмас…
— Йўл бўлсин амма-жиянларга?
— Сайрга чиқаётувдик, — дединг жилмайиб. Кейин ўғилчамни кўтариб олдинг. — Борамизми, Бобуржон?
— Боямиз…
Сайрни қолдирдик. Уйга қайтиб кирдик.
Бир ёнда аям, бир ёнда сен (тиззангда ўғилчам) чорпояда ўтириб, узоқ суҳбатлашдик. Мажлис ҳам хаёлимдан кўтарилиб кетди. Шунга ҳам олти ой бўлибди. Сени соғинганман. Айниқса, икки кун уйда қамалиб ётганимда буни қаттиқ туйдим. Ҳали чойхонада эшитган қўшиғим тамоми дунёмни остин-устин қилиб юборди. Ва чойхонадан тўлиқиб, тошиқиб чиққанча тўғри сенинг олдингга кетяпман. Йўл-йўлакай хийла совуб, ҳушёр тортиб, кўнглимда андак хижиллик пайдо бўлган: у энди барибир бировнинг хасми, шу ишим тўғримикан, деган андишада иккилана бошлаганман. Лекин, ўзимни тўхтата олмаяпман. Лоақал олисдан бир кўриб қайтаман-ку, деган ўйда кетиб боряпман.

* * *

Бир пайтлар Ҳайдаров ётган шифохонага кириб бордим.
Ҳаво эрталабкига қараганда анча илиган. Ерда қор қолмаган. Ҳар бир кўринган оқ халатли, нозик ҳамшира сенга ўхшаб кетади. Йўл-йўлакай бир қўлимни оқ дока билан боғлаб, бўйнимга осиб олганман. (Муғомбирликни қара!)
Таваккалига ичкарига кириб бораётгандим, нав¬батчи қиз тўхтатди.
— Сиз кимга, қайси палатага?
— Менга Расулова керак эди.
— Қайси палатада?
— У ҳамшира, сизларда ишлайди.
— Расулова?.. Бизда унақа ҳамшира йўқ, — деди қиз, кейин навбатдаги киши билан савол-жавоб қила бошлади. Кейин ичкарига кириб кетаётган ерида тўхтаб, менга қаради.
— Сиз анави поликлиникамизга боринг-чи, балки ўша ердадир?!.
— Раҳмат.
Чинорларни оралаб кетган йўлак билан бориб, бир бино олдидан чиқдим. Ичкарига кирдим. Юрагим ҳаприқади. Бировдан сўрашга андиша қиламан. Балки, ўзи учраб қолар, деган умидда бир пас серрайиб ҳам турдим. Кейин ўзимга нашъа қилди. Нега келдиму, нега қўрқоқлик қиламан!..
Рўйхатхона туйнугига мўраладим. Ичкаридаги қиз нимаси биландир ўзимизнинг Умарони эслатди.
— Яхшимисиз, синглим?! — дедим ўзимни жиддий тутиб.
Қиз бўлмалардаги ҳужжатларни титкилаб турган эди, туйнукка яқинлашди.
— Келинг…
— Шоҳсанам керак эдилар. Расулова.
— Нима ишингиз бор эди?..
Хушрўй қизгина бу гапи билан дунёни муяссар қилган эди. Лекин сир бермадим. Жиддий, ҳатто ранжиган қиёфада, ўзи ишдами, ахир, дедим. Қизгина хижолатли кулимсиради.
— Демоқчийдимки, жуда зарур бўлса…
— Ҳа, жуда зарур, сийним, қишлоғидан келдим.
— Қишлоғидан… Тинчликми, ишқилиб, мулла ака? Уйдагилар… — деди у ташвишга тушиб. Билдимки, сенинг яқинларингдан…
— Тинчлик, — дедим хиёл юмшаган бўлиб. — Ишим бор эди…
— Фабрикани биласиз-а, «8-март»ни, ўша ердаги филиалимизда ишлаётган эди. Вақтинча. Нима қиласиз, борасизми энди?
— Албатта-да, — дедим беихтиёр илжайиб. — Бўпти, раҳмат сизга.
Эшикдан чиққан еримда қиз тўхтатди.
— Мулла ака, шошмай туринг…
Ичкарига қайтиб кирдим. У рўйхатхонадан чиқиб олдимга келди.
— Шоҳсанамга айтсангиз, эртадан бу ерга келаверсин. Фабриканинг ҳамшираси ишга чиқади ўзи, бюллетени тугабди.
— Шуми?
— Ҳа, шу. Кейин Розия салом айтди, денг, — қизгина ширин жилмайди. — Сизни соғинибди денг.
Сени соғинган бу қизчани яхши кўриб кетдим. «Ўтириб бир дардлашсам бўлар экан-ку сен билан сийнижон», дедим ўзимча Умароникидек кулиб турадиган қийғоч кўзларига тикилиб. Кейин хайрлашгани қўл узатдиму, хайр демадим, кўришгунча, дедим.

* * *

Ёлғиз ўтирган экансан.
Менинг кутилмаган ташрифим, айниқса бир қўлимни бўйнимга осиб олганим сени чўчитиб юборди. Рангинг ўчинқираб, шошиб олдимга келдинг.
— Тинчликми, Маҳмуд ака?
— Тинчлик, тинчлик! Яхшимисан? — дея «соғ» қў¬¬¬лимни узатдим.
— Вой, ассалом. Кечирасиз, қўрқиб кетганимдан… Ўтиринг, Маҳмуд ака.
Юзма-юз ўтирдик, сўрашган бўлдик.
— Қандай шамол учирди? — дединг кейин жилмайиб.
— Қандай шамол бўларди? — дедим ранжиган қиёфада. — Ўзим шундоқ… Соғиндим, излаб келавердим.
Хижолат тортиб қизариндинг.
— Кечирасиз, сўрамабман ҳам, қўлингизга нима қилди?
— А, зарарсиз. Биласан-ку, мотоциклни ёмон ҳайдайман. (Бир ёлғондан қирқ ёлғон урчийди дегани шу-да).
— Эҳтиёт бўлинг-да, Маҳмуд ака… Қани, бир кўриб қўяй-чи… — дея ўрнингдан турдинг.
— Аллақачон кўриб қўйишди. Розия… кўриб қўйди.
— Ростданми?.. Шу қиз бирам яхшики. Худди…
— Худди Умаронинг ўзи, — дедим ҳозиржавоблик билан.
Кулиб юбординг.
— Топдингиз. Худди ўзи. Шўхлигиям, куюнчаклигиям.
— Умаро сени кўрмаса узликиб қоларди. Келиб турадими олдингга?
— Ҳалиям ўша-ўша… Амиржонни бошлаб келаверади. Шаҳарга тушишса, кўрмай кетишмайди, — дея ўйчан тортиб давом этдинг, — босилиб қолишганини айтмайсизми?! Бирам аҳил, бирам иноқки, одамни ҳаваси келади.
Сенга ҳасрат-ла тикилиб қолганимни кўриб, гапинг¬ни йўқотдинг. Ўнғайсизланиб, олдингдаги дафтарни варақлашга тушдинг.
— Ўзинг яхшимисан, — дедим секингина.
— Яхши, — дединг маъюсгина бош ирғаб.
— Айтмоқчи, Розия салом айтди. Эртадан у ёққа борармишсан.
— Жуда яхши бўпти-да, — дединг тетикланиб.— Ўзимам зерикиб кетдим бу ерда… Ҳа, менга қаранг, қишлоқ тинчми ўзи? Аям бетоб эмасмилар, ишқилиб? Жамшид яхши юрибдими, ҳисобчингиз?!.
Сен ҳамон ўзим шундоқ йўқлаб келганимга ишонқирамай турардинг. Нега ҳам ишонишинг керак! Шунча талабалик ўтди. Икки-уч ойлаб узум узиш, пахта ҳашарларида қолиб кетдинг. Мен йигит бўлиб бирор марта излаб борганмидимки, ишонсанг!.. Соғиндим, излаб келавердим эмиш! Эҳ, мана шунақа излаб келишларимни қанчалар хоҳлаган бўлсанг керак бир пайт¬лар?!.
— Ҳаммаси тинч, ҳаммаси соғ, — дедим ҳафсаласиз. — Ҳа, ишинг қачон тугайди?
— Тугади. Кетмоқчи бўлиб тургандим, ўзи…
— Кетдик бўлмаса.
Бир зум синовчан қараб қолдинг-да, ўрнингдан турдинг.

* * *

Қўлингда бежирим қизил сумкача. Эгнингда оқ момиқ ёқали қизил пальто, оёғингда қизил этикча. Яёв кетяпмиз. Худди бир пайтлари орзу қилганимдек ёнма-ён, хушу хурсанд. Атрофни унутганмиз…
Сен қишлоқдагиларни, аям, қизчам, ўғилчам, янгангни, дугоналарингни номма ном сўрайсан. Мен яхши, яхшидан нарига ўтмайман. Нарига ўтишга эса нимадир монелик қилади. Нима десамикин, ўзи нима гапим бор эди, бу ерга келишдан мақсадим нима эди, деб хаёлларим чувалашади… Иккинчи бекатдан ўтдик ҳамки, тўхтамадик. Автобусга чиқмадик. Ниҳоят, сен тўхтадинг, журъат қилдинг.
— Маҳмуд ака, ростини айтинг, нега келдингиз?
— Биласанми, Шоҳи, нима демоқчиман?..
Беихтиёр мадад истаб қўлингдан тутдим. Нозик бармоқларингни кафтим орасига олиб, авайлаб сиқдим. Дув қизардинг-да, оҳиста тортиб олдинг. Лекин қошларинг чимирилмади, аллақандай гинали қараб қўйдинг. Жим бўлдинг, демак, кутяпсан…
— Шоҳсанам, ҳаммасига мен айбдорман…
Ялт этиб қараб қўйдинг-да, бош эгиб секин йўлга тушдинг.
— Сени яхши кўрардим, жонимдан ортиқ кўрардим. Бунақа ишлар бўлиб кетиши тушимга ҳам кирмаган. Ҳозиргача ҳам ишонмайман, туш кўряпман, деб ўйлайман.
Юзларинг лов-лов ёнди. Қадамларинг секинлашди.
Шоҳсанам, менинг шўрлик Санамжоним сўзларимни тинглаяпти. Яна нима десам, нималар демоқчи эдим-а?! Гапларим кўп эди. Лекин тилимга чиққани яна шу бўлди:
— Мени кечиргин, мен ўзим гуноҳкорман. Сенинг бунга заррача айбинг йўқ. Холамниям.
Сен фақат бир оғиз гапирдинг.
— Энди нима кераги бор эди?..
— Биламан. Лекин айтмасам бўлмайди… Шоҳи, мен…
Сен юришдан тўхтаб, кулимсираб тикилдинг.
— Маҳмуд ака, қаранг, бир пасда уч бекатни пиёда ўтиб қўйибмиз.
— Йўғ-е, бор-йўғи «Шотутли»гача юрдик-ку. Ҳали «Афғони», «Қўйқўтон» бор, — дедим ҳазилга олиб. Очиғи мавзудан чалғиганимдан енгил тортдим. Чунки, хаёлингдан нималар кечаётганини билмасдиму, лекин бугунги кундан сен ҳам мамнун эдинг ва шундай бир пайтда дилингни хуфтон қилишимга бир баҳя қолганди.
— «Шотутли»нинг йўлида сираям зерикмасдим,— дединг ботин бир соғинч билан.
— Мен бўлсам, зерикиб кетардим, — дедим-да, ажабланиб қараганингни кўриб, — сен бўлмасанг ёнимда, — деб қўшиб қўйдим.
— Шоирсиз-да, одамни довдиратасиз, — дединг жилмайиб. — Амиржоннинг тўйида ўқиган шеърингиз жуда яхши экан.
— Шеър ўқидимми?..
— Яна бошланг, — дединг гинали оҳангда. — Ўқидингиз-ку, тўйхонани жим-жит қилиб қўйиб.
— Мен шеър ўқимадим, Шоҳи, дардларимни тўкиб солдим. Юрагимни бўшатдим, холос… Мана эшитгин-а…
Насиб этди сенга олий бахт —
Ўз осмони бўлган бир лочин!
Сен ҳам уни эркалаб хушбахт,
Қанотида куйламоқ учун
Ел бўласан,
Шамол бўласан,
Сен бир бахтли аёл бўласан!..
— Санамжон, «Шотутли»нинг йўллари мен ўариб бенавони ютаман, дейди.
— Ёлғиз юрманг. Янгамни ҳамроҳ қилиб олинг, — дединг ҳазилга олиб.
— Сенсиз мен ёлғизман!
— Бобурхонни эргаштириб олинг… Айтмоқчи, бирам ширин бўптики, сиз билмайсиз, ўтган сафар борганимда холам билан уйимизга кеп қолишди. Амма-жиян роса чуғурлашдик. Холам айтган бўлсалар керак…
— Сенсиз менга дунё қоронғу, Санамжон!..
— Достон айтаяпсизми?! — дединг ҳамон ҳазилингни қўймай.
Тоқатим битди.
— Уҳ! — дея кўкрагимни ишқадим. — Мана шу ерим ёрилиб кетади ҳозир!.. Санамжон, кел, ҳаммасини бошқатдан бошлайлик.
Йўлингни тўсиб, тўхтатдим.
— Кўзимизни чиппа юмайлик-да, қочиб кетайлик. Тошкентгами, ундан наригами! Хўп, дегин. Раҳминг келсин!..
Энди бошингни кўтармадинг.
— Нега индамайсан? Менга қара, Шоҳи!.. — дедиму, бирдан тилдан қолдим. Кўзларинг жиққа ёш эди. Бир сўз демасдан йўлга тушдинг. Мен энди ёш бола сингари сенга эргашдим. Навбатдаги бекатда тўхтаб, хайрлашгани қўл узатдинг.
— Уйинггача кузатиб қўяман.
Беозор жилмайдинг.
— Сийнингизни эрга берганингизни унутиб қўйганга ўхшайсиз… Хайр. Ҳаммага салом айтинг,— дединг-да, жадал юриб одамлар оқимига сингиб кетдинг.

* * *

Сен кетдингу, не қиларимни билмай, серрайиб туриб қолдим. Юрагим бўм-бўш, миям фикрлашдан тўхтаган эди. Бетоқат алангладим. Тушунарли. Мен учун шу тобда биттагина нажот йўли бор, у ҳам бўлса…
Бекат ёнбошидаги дўкончага ўзимни урдим.

* * *

Шаҳарга бориб келганимдан бери руҳим енгил. Ўзимда катта куч, ғайрат сеза бошлаганман. Ўжарлигим тутган, еримни, одамларимни, қолаверса амалимни номаълум бир кимсадан қизғана бошлаганман.
Ишга қайта киришдим.
Илгари раисга рўбарў бўлиш, унинг тузсиз гапларини эшитиш, топшириқларини бажариш ўлимдан баттар эди. Энди булар бари аҳамиятсиз, майда-чуйда гаплар бўлиб қолди. Агар Шоҳсанам билан яшаганимда қандай яхши бўларкан-а, деб ўйлайман. Энди тез-тез унинг олдига бориб тураман, дейман. Оилалик бўлса нима қипти, аввалдан ака-сингилмиз, тўғриликча гаплашиб турсак биров монелик қилармиди, дея ниятим холислигига ўзимни ишонтиришга уринаман…

Бир куни кечга томон марказга жўнадим. Ёздагидай бўлиб кетган ҳаво шу куни айний бошлаган эди. Идорага кириб, раис билан чойхона қурилишини гаплашмоқчи, ниҳолчилик хўжалигидан мевали дарахтлар, шамшодлар олиб беришини сўрамоқчи эдим. Раис туман марказига кетган экан, идора ташқарисида анча кутиб қолдим. Ниҳоят сутранг «Волга» кўринди. Раис қадрдонларча қўлимни силтаб кўришди.
— Биргад бово, қалайсиз?..
— Келувдим…
— Кеп туринг-да бундай… — у олдинга тушиб, ичкари юрди. Узун столнинг икки ёғида юзма-юз ўтирдик.
— Камнамосиз?
— Ҳа, энди…
— Шаҳарга қатнашга вақт топасиз.
Кулимсираб тикилишидан кўнглимга ғулу оралади. «Шоҳсанам билан кўрганмикан ёки биров етқаздимикан?.. Унда Худо урди!..»
— Хўш, хизмат?
Келишим боисини ҳафсаласиз тушунтирдим, Кейин қизишиб кетиб, барча ўйлаб юрган ниятларимни айтдим. Медпункт, магазин қуришни, йўлларни асфальтлашни… Фақат материалдан қўлласангиз бас, қолганини ўзимиз эплаймиз, дедим.
У нуқул кўзимга қарайди. Дам-бадам илжаяди.
— Шунақа денг! Ниятлар катта-ку? — деди гапимни тугатгач. — Яхши. Раз, шундай ташаббус бошламоқчи экансиз, марҳамат, биз тайёрмиз. Кўчатларга пул ўтқазамиз. Биз-ку, сиз нима десангиз, йўқ демаймиз. Лекин, сиз ўзингизни бозорга соласиз.
Индамадим. Қачон, нима ишда деб талашиб ўтирмадим.
Шу пайт нима бўлдию, лип этиб чироқ ўчди. Ташқарида кучли шамол қўзғалганди. Котиб йигит эшикни очиб, ҳозир шам ёқиб кираман, деди-да, орқасига қайтди.
— Қўяверинг, — деди раис, — Маҳмуд акангиз билан қоронғуда гаплашиш осонроқ.
Қабулхонадан котибнинг хушомаднамо кулгуси эшитилди. Кўп ўтмай у шам ёқиб кирди-да, столга қўйиб, чиқиб кетди. Эшикни зич ёпди.
— Яхши эмас, аравани бирга тортиш керак, укажон. Хўп, нега мен бунча елиб-югураман, фақат ўзим учунми? Раис бовонгиз кексайиб қолиб, охирги йиллар колхоз анча тушиб кетганди. Тўғрими, тан оласизми шуни?! Бир пайтлар колхоздиям, раис бовонгиздиям бутун Ўзбекистон танирди. Хўп, ўша даражага етказсам, ёмонми?! Ҳайдаровдиям арвоҳи шод бўлмайдими?!
Ичимда титроқ қўзғалди: бечоранинг арвоҳини қақшатдиларинг-ку?!
У гапиряпти, мен ичимда жавоб қайтаряпман. Сирт¬га чиқармаяпман. Сиртимга фақат титроғи чиқаяпти. Чироқнинг ўчиб қолгани иккаламизга ҳам тузук бўлди. Юзма-юз тикилишиб ўтирибмиз. У ҳам барча гапни очиқ-ойдин қилиб олмоқчи, шекилли. Сал ўтиб титроғимни босиб олдим. Жимгина эшитиб ўтиравердим.
— Раис ака, кечирасиз, гапингизни бўламан, — дедим охири сабрим тугаб. — Нима, мен планимни бажара олмадимми, ишимни удда қилолмадимми?
— Раҳмат, планни бажардингиз! Лекин, бизга керак пайтда ёрдам бермадингиз.
Ўтган йил ўнта бригадир бир тараф бўлдию, битта сиз бир тараф бўлдингиз. Нима, улар мендан қўрққанидан қилишдими?
Раис ёлғон гапирди. Уч-тўрт ялоқхўридан бош¬қа бирорта бригадир унинг йўриғига юрмаганди.
— Ҳеч ким қамаб қўймади-ку! Сиз бўлсангиз, қўрқдингиз. Ўзингизни четга олдингиз!
Энди унинг овози бир парда юқорилади.
Маънини қара: мен қўрқоқлик қилибман. Қин¬ғир ишга юрганлар мард бўлдию, мен қўрқоқ эмишман! Беш минг жонли хўжалик раҳбарининг гапи бу!
— Лекин, дўстим, кемага тушганнинг жони бир. Бир гап бўлса, сизам четда қолмайсиз. Кейин айтиб қўяй, — унинг овози сирли тарзда пасайди, — мени ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди. Так что…
У ўрнидан туриб кабинет тўридаги столи олдига борди. Тортмасидан сигарет олиб чекди-да, бир қўлида кулдон билан деразага яқинлашди. Шамолнинг зўридан дераза ойналари дам-бадам зириллаб кетарди. У дераза пештахтасига суянганча, деярли шивирлаб гапирди.
— Айрим ғаламислар шуни билиб қўйсин. Томирим жуда крепкий. Шаҳарга борганингизда айтиб қўйинг…
Бирдан енгил тортдим: э-ҳа, мана гап қаерда! Бу бечор мендан чўчиб юрибди. Яхши! Демак, Шоҳсанамнинг олдига борганимдан бехабар. Энди минг жаврасин — бир пул. Парво қилмайман.
Раис айтарини айтиб бўлди, чамаси, рўпарамга келиб ўтирди. Қўлидаги биллур кулдонни столга қўйиб, унга сигаретасини эзди. Кулдонга тикилиб ўтиравердим. У оғзимни пойлаяпти.
— Раис ака, битта чектирсангиз, дедим гўё бир тўхтамга келган киши қиёфасида.
Мен-ку, бу гапни ихтиёрсиз айтиб юбордим. Лекин у ҳам беихтиёр ўрнидан туриб, ҳали қўйган еридан сигаретасини олди-да, қутиси билан олдимга келтириб ташлади. Ғижинмади, нетмади. Яна қаршимда ўтириб, индамай юзимга тикилди. Сигаретани чуқур тортдим-да, пастга пуфладим. Кейин томдан тараша қилиб:
— Шариф ака, шу йил чойхонани кўтариб олайлик, қўллаб юборинг, дедим худди минг йиллик қадрдоним билан гаплашгандек бир алфозда.
У анграйиб қолди. Индамай унга кўз тикиб ўтиравердим. Қўлимдаги сигаретадан ўрлаётган ингичка тутун тўғри шамга қараб чўзилиб борарди. Раис ўрнидан илкис туриб, хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Шам томон ўрлаётган тутун тўзғиб, изини йўқотди. Лекин мен хотиржамлигимни йўқотмай, қоронғу деразага кўз тикканча жим ўтиравердим. Ниҳоят, Шариф Ҳодиевич хона тўридаги жойига бориб чўкди. Телефон гўшагина кўтариб, рақам термоқчи бўлди.
Мен ўрнимдан қўзғалдим.
— Менга рухсатми, Шариф ака?..
— Бўпти, боринг, — деди-да, зарда билан рақам тера бошлади.
Эшикдан чиқарканман, гўшакнинг тақиллаб жойига қўйилгани, раиснинг ғудрангани эшитилди. Парво қилмай, ташқарига йўл олдим.

* * *

Эрталаб турсам, бўралаб қор ёғиб ётибди.
Шамол тинган. Жимжитлик. Бутун борлиқ само ҳукмига сомеъ туриб сукутга чўмгандек. Фақат ерга оҳиста тўшалаётган паға-паға заррачалар шитир-шитиригина қулоққа чалинади… Юрагим орзиқди. Тушуниксиз ҳисларим жунбушга келди. Қишлоққа сиғмадим.

* * *

Ўтган галгидек яёв кетиб боряпмиз.
Қор майдалаб ёғиб турибди. Оппоқ либос кўҳна шаҳар ҳуснини очиб юборган. Лекин, сен ўйчансан. Соғинтирган қор ҳам, соғиниб келган одаминг ташрифи ҳам сени қувонтирмагандек…
Кўнглингни овламоққа уриниб қилган ҳазилларим кор қилмас, маъюсгина кулимсираб қўярдинг, холос.
Бир пайтлар мана шунақа қор тушган кунларни байрам қилиб юборардик. Икковгинамиз қир ошиб, қор кечиб, яхмалак учиб, қувалашиб, қор бўрон ўйнаб мактабга етиб қўярдик. Ўша кунларни эслашиб роса хумордан чиқармиз, деган илинжда эдим. Лекин сен жимсан, очилай демайсан. Ёки ўша беғам даврларимиз хотираларидан маҳзун тортиб қолдингмикан?
Охири бўлмади, енгингдан оҳиста тутиб, ўзимга қаратдим.
— Шоҳсанам, тинчликми?
Сен эшитилар-эшитилмас, тинчлик, дединг-да, юришда давом этдинг. Кейин тўхтадинг. Қалин қор пардасини тўзғитиб ўтиб-қайтиб турган машиналарга кўз тикканча дединг.
— Шу юришимиз тўғрими, Маҳмуд ака?
Индамадим.
— Энди кўникишимиз керак. Ёш бола эмасмиз!
Жавоб истаб менга ўгирилдинг.
— Билмадим, Шоҳи, билмадим. Балки сен улғайиб қолгандирсан. Лекин мен ёш боладан баттар бўлиб боряпман. Кўрмасам туролмаяпман, вассалом!
Синиққина кулимсираб қўйдингу индамадинг.
— Менга қара, агар мен олдингга келмасам ҳам, барибир кечаси сен менинг олдимга борасан. Уйқу бермайсан. Кулма, эшитгин…
Санам, менинг қисматим аён,
Майли, кет де, бадар кетай мен.
Аммо ўзинг — энг дилбар хаёл —
Мендан айрилмасанг нетай мен?!
— Кўпдан бери шеър ёзмай қўйгандингиз-а? — дединг ўйчан.
— Санам, сени эрга бердиму, яна дардим қўзғалди янги… Менга қара, росттанам бу юришимиз яхшимас. Холироқ бир ерда гаплашайлик.
— Маҳмуд ака, нимага керак шу нарса?
— Керак. Менгаям, сенгаям керак!.. Мен бир бошидан ҳаммасини айтиб берай, гуноҳларимни, хатоларимни… Кейин ихтиёринг: хоҳласанг ҳайдаб юбор, юзимга қарама, юрагингдан чиқариб ташла!.. Шунда сенгаям осон бўлади, менгаям. Айниқса, сен учун керак, жудаям қийналиб кетдинг.
Қўлларингдан маҳкам тутиб, кўзларингга ўтинч билан тикилдим.
— Илтимос, йўқ дема! Йўқ дема!.. Ёлвораман!
Сен энди қўлларингни тортмадинг.
— Э, Маҳмуд ака-е, — дединг кўзларингда ёш айланиб. — Қийналиб кетдинг, дейсиз-а! Бу қийналишлар қанчалар азиз, қанчалар роҳат эканлигини билсангиз эди… Агар шундан ҳам жудо бўлсам, менда яна нима қолади бу ҳаётда?!
Бемисл ҳаяжондан гангидим. Беихтиёр қўлларингни бўшатдим. Шу тобда мендан-да бахтиёр, мендан-да бахти қаро ошиқ йўқ эди дунёда!
Сен уялиб бошингни эгдинг.
— Аслида бу гаплар дилимда қолгани тузук эди…
Йўқ, Шоҳсанам, сен бу замоннинг қизи эмассан. Яна айтаманки, сен аяжоним орзу қилган Шоҳсанамсан, ундан-да зиёдасан!..
Гап-сўзсиз йўлга тушдик. Энди ҳар қандай гап ортиқча эди. Билмадим, яна қанча юрдик, бир ерларда тўхтаб, менга қарадинг.
— «Шотутли»га етиб келдик, — дединг синиқ жилмайиб.
— Хўп, хўп, бир оғиз гапинг, — дедим ҳазиломуз қўлимни кўксимга қўйиб.
— Энди келманг, — дединг жуда ҳам беозор қилиб.
— Иложим йўқ, маликам, — дедим бош эгиб.
Сен бир зум тикилиб қолдинг. Сўнг оҳиста яқинлашиб, манглайимдан ўпдинг. Мен ҳеч нарса тушунмай, карахтланиб туравердим.
— Бахтли бўлинг, Маҳмуд ака, — дединг хиёл титраган овозда.
Ва терс бурилиб, тез-тез юриб кетдинг. Издихом бир пасда сени оғушига олди.
Тонг саҳарда бошлаган қор ҳамон майдалаб, эзғилаб ёғишда давом этарди.

* * *

Автобусдан тушиб қишлоқ йўлига бурилгандимки, икки биқини лой сачраб қорайган раиснинг «Волга»си ўтди. Ўн қадамча нарида тўхтади. Яқинлашиб боришим билан олд эшик очилди. Миндим.
— Ҳа, биргад бово, — деди раис одатдагидай салом-алик ўрнига, — жуда серқатнов бўлиб қолдингиз, тинчликми, ўзи?
— Ҳа, тинчлик, — дедим энсам қотиб. Бу одамлар ўз дарду ташвишинг билан юрганингга ҳам қўймайди.
— Менга қаранг, бўзчининг мокисидай шаҳарга қатнагунча, одамларни ишга чиқармайсизми?
— Қанақа иш?! — дедим жаҳлимни яширмай.
— Молхона қурилишига одам бермабсиз-ку!
— Айтганман, эртадан чиқишади.
— Жаҳл қилганларига ўлайми! Ҳайдаров жуд-даям эркалатиб юборган экан санларни! Тиззиқларингга тегиб кетади-я!
Ойнакдан ташқарига қараб, миқ этмай кетавердим. У ҳам тинчигандек бўлдию, марказга яқинлашганимизда яна ўт олди.
— Шаҳарга нега бордингиз? — деди ошкора зуғум билан.
— Нега бормас, эканман?! — дедим менинг ҳам куфрим қўзиб.
— Бир оғиз сўраш мумкинмиди? Раис деган оти¬миз бор, ахир!..
Энди индамадим. У ниш уришда давом этди.
— Эшитгандирсиз? — деди охирида иддао билан.
Унга тушунмай қарадим. Кўзларимдан ниманидир уқиб олмоқчидек қадалиб турди-да, нимагадир ишонч ҳосил қилди шекилли:
— Эрталаб ревизор келди. Бир ойча бўлади бизда, — деди муросали оҳангда. — Сўратганда топайлик сизни. Излаб юрмайлик. Замон нозик!

* * *

Машинадан тушганимда миям қизий бошлаган, икки чаккам лўқиллаб борарди. Ҳеч нарсага алаҳсимай қишлоққа жўнадим. Уч чақиримни қандай босиб ўтганимни билмайман. Қор тиниб, изғириқ бошланган. Мен бўлсам, телпагимни ечиб олганман. Лекин совуқ ҳам бош оғриғимни босолмаётган эди…
Бир аҳволда остона ҳатладим.
Ҳозир ранг-рўйимни кўриб, Зумрад шошиб қолади. Шоша-пиша пальтомни ечади, этикларинм суғуради. Обдастада сув тутади. Сандал ёнига ўтқазиб, чой дамлаб киради. Дори-дармон қутичасини бош тарафимга келтириб қўяди. Кейин оёқ тарафимга ўтириб, жовдираб тикилади. Лекин сизга нима бўлди, деб сўрай олмайди. Сўраса барибир жеркиб бераман. Бўлар-бўлмасни баҳона қилиб, жанжал чиқаришим мумкин. Жанжалим шуки, урмайман, сўкмайман, тилга зўр бераман. Шоирлик даъвосида юриб уч-тўртта китоб кўриб қўйган эмасманми, сўзларим тагдор бўлиб чиқаверади. Бир замонларда симпеч қилинган кўприк, йўлимизга кўндаланг тушиб ловуллаб ёнган дарахт, катак кўйлакли тиканак соч, қўлтиқма-қўлтиқ бўлган йўлтўсарлар ҳам ўз-ўзидан гап орасига суқилиб кетаверади. Хуллас, уни йиғлатиб тинчийман-да ё сигарета ёқиб олиб кўчага чиқиб кетаман ёки бошимни буркаб уйқуни ураман.
Кейинги бир йилимиз худди шу тахлит кечяпти.

* * *

Бир ҳафталар ўтиб ревизор чақиртирди.
Мендан ёши каттароқ, чорпахил бир йигит экан.
Диванга ястаниб телевизор кўриб ўтирган еридан ним қўзғалиб кўришган бўлди-да, ўтиргани стул кўрсатди. Исмимни сўраб олгач, иш столига қўл чўзиб, қандайдир рўйхатни олди.
— А-ҳа, — деди-да, менга бошдан оёқ разм солиб чиқди. — Бобохоновман денг!.. Бобохонов Маҳмуд Маърупович… Хўш, Ҳайдаровга ким бўласиз, Бобохонов?!
— Тушунмадим?! — дедим елка қисиб.
— Нимасига тушунмадингиз? Ҳайдаровга ким бўласиз, деяпман! — деди қўрслик билан.
ўашим келди, бу одам ревизорми ёки терговчими?!
— Ҳм… — дедим атай пайсаллаб. — Хўжаликда беш минг одам бор. Раис бовомиз ҳаммасига тегар томир. Бирига ота, бирига бобо, яна бирига ака, бошқасига…
— Шахсан сизга ким бўлади? — деди ревизор тоқатсизланиб.
— Шахсан менгами? Менга амаки эдилар. Нимайди?
— Амаки денг! Хўш, амакингизга қанча пул бергансиз? — дея кўзларини қадади чорпахил йигит.
— Пул? Қанақа пул? — дедим ажабланиб.
— Пулдақа пул-да! Нега анқовликка соласиз ўзингизни?! — овозини кўтарди у. — Қанча пора бергансиз, деяпман, тушунарлими?!
Пора!.. Кўзим ярқ этиб очилгандек бўлди. Нима бало, марҳумнинг гўрини титкилашни бошлабдими булар ҳам!
— Пора берган эканманми? — дедим мен ҳам овозимни бир парда кўтариб. — Нега берибман?
— Бригадир бўлиш учун!.. Қанча?
— Эй, ошна! Қайси аҳмоқ айтди сизга бригадирликни пулга сотиб оладилар деб! Бригадирлик амал бўптими, ғирт машмаша-ку!
— Мен сизга ошна эмасман!
— Кечирасиз, билмабман.
— Талмовсирамасдан бўйнингизга олсангиз, ўзингизга енгил бўлади.
— Нимани бўйнимга оламан?
— Пора берганингизни!
— Ақлга сиғадиган гапдан гапиринг, ошна, кечирасиз, ўртоқ… Фамилиянгизни билмайман.
— Шарт эмас билишингиз. Бобохонов, она сути оғзидан кетмаган гўдакни ўттиз йиллик бригадирнинг ўрнига шартта қўйиб қўйиш ўз-ўзидан бўладими!
«Эҳ-ҳе, маҳаллий аламзадалар бош кўтариб қоптими!» — дея истеҳзоли кулимсирадим. «Эй, кўнгил, мундин бери бўл бир нима ҳушёрроқ…» дея Бобур сатрини кўнглимдан кечирдим.
— Менга қаранг, оғайни, деярли тенгдош эканмиз. Сизгаям битта савол берсам бўлар, а? Сиз ревизорсиз, шундайми? Нега энди ўз ишингиз қолиб, кадрлар масаласига қизиқиб юрибсиз?
Чорпахил ошнам мантиқ олдида гангиди. Қўлидаги рўйхатга мақсадсиз қараб чиқди. Кейин:
— Бўпти, боринг, — деди қовоқ уюб.
— Омади гап-да, хафа бўлманг! — дедим илжайиб.
— Боринг, дедим!

* * *

Ҳавонинг қовоғи солиқ эди.
Бадқовоқ бир кимса эса ҳузуридан қувиб солди. Лекин, кайфиятим тушмади. Мотоциклимга таянганча босиб-босиб чекдим. Гангиган тафтишчи қиёфасини кўз ўнгимга келтириб кулиб-кулиб қўйдим. Кейин сигаретамни чертиб юбордим-да, уловимга юзландим.
— Хўп, тойчоғим, энди нима қилдик, — дедим.
«Тойчоғим» итоаткор сукут сақлади.
— Тушунарли. Бўлмаса, кетдик!
Тойчоқ мени шаҳар томонга учириб кетди.

* * *

Таниш эшикни очдиму, нотаниш қизга кўзим тушди.
Изимга қайтиб, рўйхатхона туйнугига рўпара бўлдим.
Розия «ҳозир» деди-да, сумкачасидан бир конверт олиб узатди. Қизгинанинг қарашлари сўник,ташвишли эди. Бу ташвишни юқтириб, эшикка йўналдим.
Қор учқунлай бошлабди.
Эшикдан чиққан еримда конвертни очишга тутиндим. Шу чоқ ёнгинамдан ўтаётган қиз «мулла ака, бу ёққа юринг», деди. Қарасам, оқ халати устидан пальто ёпиниб олган Розия… Олдинма-кейин кўчага чиқдик.
Кўча четида, уч-тўртта «тиббий хизмат» ёзувли машина қаторида миқтигина мотоциклим мунғайиб турарди.
Қиз билан юзма-юз бўлдик.
У «мулла ака, Шоҳсанам кетди», деди-да, тўлиб турган эканми, пиқ этиб йиғлаб юборди.
— Кетди? Қаёққа? Ишдан бўшадими? — дедим ҳовлиқиб.
— Йўқ, — деди у йиғи аралаш, — у ёққа, Актюбинскка кетди.
— Нима?
Нохуш бир туйғудан юрагим увишди. Нега бу қиз йиғлаяпти? Шоҳсанам нега тўсатдан кетади? Ёки бирор фалокат?
Розия ўзини босиб олгунча минг бир кўчага кириб чиқдим. Ниҳоят, қиз тинчиди. Чуқур хўрсинди.
— Розия, тинчликми, ўзи, нима бўлди? — дедим оҳиста.
— Тинчлик, — деди у эндигина овунган қизалоқнинг озурда овозида. — Кечирасиз, кўнглим бузилиб кетди. Шоҳсанамни хўжайини чақиртирибди. Шу ерда ишлайсиз, дебди. Шунга кетди…
Йиғи хуруж қилди шекилли, гапиролмай яна бир пас жим қолди.
— Маҳмуд акам мени кечирсинлар. Хайрлашмай кетяпман, деди.
Тушунарли, ҳаммасини тушундим. Демак, тунов куни пешонамдан ўпгани — хайрлашгани экан-да. Мен ғофил буни пайқамабман.
Қизгина ачиниш билан аллатовур жовдираб тикилди.
Ҳалигина учқунлаб турган қор қуюқлашди. Қизнинг оқ қалпоғи, пальтоси елкаларига учқунлар ўтира бошлади. Қошлари устида Умароникига ўхшаб чиройли тўзғиб тургувчи кокилларига ҳам илиниб қолди оқ заррачалар.
— Бўпти, Розия, мен борай, — дедим.
У «майли» дегандай бош ирғади-да, кейин ортимдан чақирди.
— Мулла ака…
Қайрилиб қарадим. Олдимга келди.
— Тақдир бу. Хафа бўлманг… Янгамулломни Шоҳсанам мақтаб юрарди. Яхши тураркансизлар… — деди ўзига қовушмаган жиддият билан.
Жонсўз қизгинанинг яна ёш айлана бошлаган қийғоч кўзларига миннатдор тикилиб, кулимсирадим.
— Бахтли бўлинг, сийним, хайр!
Энди кўришгунча демадим, хайр дедим. Ва шу аснода бутун ўтмишим билан хайрлашганимни оғриқ билан ҳис этдим. Энди ҳаммаси тамом. Шу чоққача хурсанд эдим. Бировга кўз-кўз қилолмасам-да, бахтим бор эди. Энди эса йўқ!..

* * *

«…Рустам ака мени қачондан бери ўзи билан кетишга ундаб келади. Сен стюардесса бўлишинг, мен билан халқаро йўналишларда хизмат қилиб, дунёни кўришинг керак, дейди… Сени дунёда энг бахтли аёл қиламан, дейди… Сиз ҳам башоратли шеър ёзибсиз: сен бир бахтли аёл бўласан, дебсиз. Мен нима қилай, хоҳишларингиз шу экан, майли, розиман. Бахтли аёл бўлишга уриниб кўраман.
Хуллас, мен кетдим.
Ҳали сиз айтган азобу қийноқларнинг ҳаммасини ўзим билан олиб кетдим. Сизга қолдирмадим. Истагим— сиз қийналманг. Холам, янгам, Бобурхон, Зебунисо қизчангиз бахтига омон бўлинг.
Яна бир истагим: Оллоҳ юқтирган иқтидорингизни ора йўлда қолдирманг. Кўп-кўп шеърлар ёзинг. Кеч бўлди, деманг, вақт ўтди, деманг, ёзинг. Агар сиз учун сўзимнинг озгина қадри бўлса уни ерда қолдирманг, Маҳмуд ака… Кейин яна бир нарса, ҳалиги азиз жой эсингиздами, бобонгизнинг мозорлари? Тушимда ўша ерда юрган эканмиз. Яна ҳалиги одам пайдо бўлибди. Йиғлаб олган. Ҳеч нарса демайдию, нуқул сизга қараб бошини сараклатади. Йиғлайди… Шундан қўрқиб боряпман. Яқин кунларда бобонгизни зиёрат қип келсангиз бўларди. Илтимос, шу ишни орқага ташламанг…
Қаранг-а, Маҳмуд ака, ҳаддим сиғадими, йўқми демай ўзимча нималар деб ётибман… Майли, бахтли бўлинг. Бошингиз тошдан бўлсин… Айтмоқчи, мана бу шеърингизда ҳам қисматимизни башорат қилган экансиз. (Кечиринг, бу таъна эмас!)

Мажнунтолдай бошгинангни эгма, жоним,
Кўзларингдан ёшгинангни тўкма, жоним,
Энди қайта учрашмасмиз, кутма, жоним,
Нурли-нурли нурга чўмган бир хаёл бўл,
Сен бахтли бўл, бахтиёр бўл, бахтиёр бўл.

Бу дунёдан йиғлаб ўтган озми, жоним?
Айтгин ўзинг, дардсиз созлар созми, жоним.
Мени ўйлаб, қўйгил, кўнглинг бузма, жоним.
Сен бахтли бўл, бахтиёр бўл, бахтиёр бўл,
Ўз ёрига садоқатли, вафодор бўл».

* * *

Шоҳсанам, сени суя-суя охири шу биргина мактуб билан қолдимми? Шу биргина мактуб охир келиб ҳаммасига нуқта қўйдими?..
Йўқ, виждонимни ўртага қўйиб айтар бўлсам нуқта қўйилганига анча бўлган эди. Лекин, мен буни тан олмай келдим. Қандайдир мўъжиза рўй беришига ишондим…
Ўтган сафар олдингга қаттиқ аҳд билан борган эдим: ҳамма гапни айтиб, юрагимни бўшатиб оламан, энг муҳими, сени азоблардан қутқазаман, деган эдим. Сен буни истамадинг, ўша азобу изтироблар билан қолишни хоҳладинг. Шўрлик Санамжоним!

* * *

Ўшанда аянг совчиларимни беозор бир баҳона билан қайтарди. Қизимни синглим сўраттирган, унга йўқ десам, узилишиб кетамиз, деди. Бошқа нарса демади. Деса ҳақли эди. Совчиларни қувиб берса, остонадан ҳатлатмаса ҳақли эди. Ундай қилмади, ҳамма юкни елкасига олди. Барча яқинларини, жондай жигарларининг ўпка-гиналарини кўтарди, аччиқ-тиззиқ гапларини кўтарди. Эмасам, юрагида гапи кўп эди. Уларни ҳалигача сиртига чиқармайди. На сенга, на жондай синглиси — аямга айтади. На менга таъна қилади. Бечора Маъмура холам ўзи билди, ўзи ўртанди.
Ўшанда сен олисда — пахта ҳашарида эдинг. Менинг бригадамда ҳам ҳашарчилар бор эди. Улар овлоқ шийпонимиз ёнидаги чодирларда муқим жойлашишган. Шариф Ҳодиевич, Козим ошнам учаламиз кунда-шунда эдик. ўаройиб чодирлардаги тонготар зиёфатлар, Наташанинг сузук кўзлари идрокимни хиралаштириб юборарди…
Бир кун тонгда уйғонсам Кўксойнинг хилват бир ерида ётибман. Ёнимда у!.. Ўрнимдан турай десам, қўймади. Ҳеч ёққа кетмайсан, деб туриб олди. Бошим ёрилиб боряпти, деб баҳона қилсам, дарҳол ароқ қу-йиб узатди. Ҳозир тузалиб қоласан, деди. Бир оз енгил тортгандим, энди шаҳарга бориб келамиз, деб туриб олди. Сой ёқалаб чодирга қараб бораётсак, қаршимиздан Козим чиқиб келди.
— Қалайсизлар?! — деди ишшайиб.
— Бошим ёрилиб боряпти, — дедим унга қарамай.
У елкамга қоқиб қўйган бўлди-да, қулоғимга бир нарсани шипшиди.
— Э! — деб юбордим. — Эсдан чиқибди-ку!
Мен ўша куни эрталаб аянгни шаҳар йўлига чиқариб қўйишим керак эди. У сенинг олдингга бораётган эди. Аям бечора қайта-қайта тайинлаган, сен ўзинг хабар ололмаяпсан, ҳеч бўлмаса холангни уловингда нарироққа олиб бориб қўй, деганди.
Ошиқиб йўлга тушган еримда Наташа қўлимдан тутди.
— Сен, қаёққа?
— Боришим керак, кутиб қолишибди.
— Бунақаси кетмайди!
— На-та-ша!.. — деб Козим бош ирғади.
— Нима, Наташа!.. Биз шаҳарга борамиз!..
— Шаҳарга?.. — деб талмовсирадим.
— Нима, эсингдан чиқдими?!
— Эсига солиб қўй, — дея Козим пишанг берди.
— Мастликда валдираб қўйган бўлсам керак-да. Бўпти, кейин борамиз. Эртага…
— Йўқ, бугун, ҳозир борамиз!
Козимга мадад истаб тикилдим. Кўринмас бир тузоқ мени итоатгўй қилиб қўйган эди.
— Тушундим, — деди Козим бош ирғаб.
— Катта йўлгача… Жон жўра!
— Хўп, дедим-ку!.. Кутиб турсаларингиз, кейин сизларни ҳам…
— Овора бўлма, раҳмат. Биз дарёдан кечиб ўта қоламиз. Фақат сен вақтни ўтказмай тезроқ бор, кутиб қолишди… Илтимос.
— Ест қиламиз! — деди-да Козим шошқин орқасига қайтди.

* * *

Дарё кечувидан ўтиб, шаҳар ҳалқа йўлига чиқишимиз билан Наташа ҳовлиқиб бақирганча йўл устига чиқиб кетди.
— Козим, тўхта! Тўхта!..
Таниш машина тўхташи билан қиз югуриб бориб олд эшикни очди.
— Козимчик, кўрмай қолдингми? Маҳмуд, югур! Сенга нима бўлди, тез кел!..
Рангим бўздай учиб, машинага яқинлашдим. Ер ёрилса-да, ерга кириб кетсам. Наташа олдинги ўриндиққа ўзини ташлади. Орқада ўтирган аёлга эътибор ҳам қилмади. Бир аҳволда Маъмура холамнинг ёнига кириб ўтирдим. Салом бердиму, сўрашишга юзим чидамади. Машина йўлга тушди.
— Холамни бир йўла шоҳбекатга ташлаб келақолай, дедим. Овора бўлмасинлар, бугун якшанба, — деди Козим мен томон қараб қўйиб. — Охири сиз ҳам бирга борадиган бўпсиз-да, жўра. Ўзи ҳал қип келолмас эканми?..
Мужмал алфозда бош ирғаб қўйдим. Козимга ўхшаб турланиш қўлимдан келмасди. Козим аянгга тушунтира кетди.
— Бу қиз ҳашарчиларнинг ҳисобчиси, хола. Ҳисоб-китобида чалкашлик бўпти. Шунга боришяпти. Э, ҳашарчи дегани турган-битгани ғалва!
— Нима деяпсан, Козимчик? Менгаям тушунтир, — деб қолди қиз аланглаб.
— Ўзимизни гап, сенга қизиғи йўқ, — деди Козим. Лекин, бу билан қутулмади.
— Йўқ, қизиқ, — дея менга ўгирилиб олди Наташа. — Сенга нима бўлди, Маҳмудчик? Бирор нарсадан хафа бўлдингми?
— Наташа, — деди Козим унга кўз қисиб қўйиб.
— Нима, Наташа!
— Тўғри ўтир!..
— Сенинг нима ишинг бор? Биласанми, у менинг Серёжам. Кўзларини қара, худди Есенин дейсан. На қадар маъюс, теран кўзлар!..
— Наташа, унга ноқулай. Тўғри ўтир.
— Тушунмадим?..
— Холаси, — деди Козим бош ишораси билан.
— Холаси?.. Ну что?.. — Наташа орқага —Маъмура холамга қаради. — Салом… Холаси бўлса, нима бўпти? Мен унинг жиянини севиб қолдим. Бу ёмонми? Қолоқ аёл бўлмаса, тушуниши керак. Қолоқ бўлса, ўзидан кўрсин!..
Бетоқат бақириб юбордим.
— Бас қил!
Наташа учиб тушиб, ўзини орқага олди.
— Мен хато гапирдимми… тушунмадим.
— Козимжон, мени тушириб кет, — деди Маъмура холам Козимнинг елкасига оҳиста қўл тегизиб.
— Нимага, холажон, мана, етиб қолдик, — дея Козим машинасини тезлатди.
Шоҳбекат биқинида Козим машинасини тўхтатди-да, аянгни автобуслар томон бошлаб кетди. Машинадан чиқдим-да, бирор нарса дейишга ҳолим келмай, турган еримда қолавердим. Козим қайтгунча бир чеккага чиқиб ўтирдим. У ҳаяллади.

* * *

Яна йўлдамиз. Мен карахтман. Наташа ҳам ўзини айбдор ҳис қилибми, мулзам тортиб ўтирибди. Козим олд ойначада кўзимни учратиб, илжайиб қўйди.
— Жўра, хижолат бўлаверманг, холага тушунтириб қўйдим.
Унга хўмрайиб қарадим. У бўлса йўлдан кўз узмаган куйи бепарво давом этди.
— Маҳмуд жўрадан хафа бўлманг, кўп ишлик одам дедим. Қанча хизмат бўлса, мана мен борман, дедим.
У ёнида мум тишлаб олган Наташага қараб қўйиб деди.
— Бу ёғини ҳам пухталаб қўйдим. Мабодо холамга айтиб қўйманг, дедим.
— Нимани?
— Нимани бўларди, манови билан кўрганини-да! Йигитчиликда бўлади. Ойдин холам эшитиб, хафа бўлиб юрмасинлар, дедим. Тўғри қипманми, жўра?..
Олд ойначада кўзларим олайиб кетганини кўрдим.
— Тўхтат! Тўхтат, деяпман! — деб бақирдим.
Машина четга чиқиб тўхтади.
— Тинчликми, жўра? — дея Козим ортига қаради.
— Сен кимсан ўзи?!
— У нима деганингиз?! — деб кўзларини пирпиратди Козим.
— Сен илонсан! — дея ёқасидан олдим.
— Тушунмадим…
— Мана бўлмаса! — шапалоқ туширдим Козимнинг башарасига.
Наташа орага тушиб, мени тўхтатиб қолишга уринди. Уни силтаб ташладим-да, машинадан таш¬қари чиқиб кетдим.

* * *

Яна йўлда кетяпмиз.
Анча совуганман. Козим зимдан ойначага қараб кулимсирайди. Тескари қарайман. Охири тилга кирди.
— Ҳеч бўлмаса шапалоқ еганим сабабини тушунтириб берарсиз?..
— Эй, менга қара, ростанам овсармисан ёки жўрттага қиляпсанми?
— Ўзимам билмай қолдим, нима қилаётган бўлсам сизди деб, жўрачилигимизни деб қиляпман. Айбим бўлса, айтинг, тушунтиринг бундай!..
— Маъмура холам Шоҳсанамнинг онаси-я?
— Ҳа…
— Шоҳсанам менга ким бўлади?
— Шоҳсанам… — Козим елка қисди. — Менга ким бўлса, сизгаям шу-да!
— Тўғри, ҳозирча шундай, — дедим бўшашиб. — Лекин…
— Тўхтанг, тўхтанг, — Козим бирдан жонланиб орқага қаради. Кейин машинасига тормоз берди. Қал¬қиб кетдик. — Тушунгандай бўляпман. Бундан чиқади ораларингда…
Мен тескари қарадим.
— Уҳ! — дея икки қўллаб рул чамбарагига урди.— Мен нодон, мен иблис!.. Нималар қип қўйдим-а! Бу шапалоқ кам, жўра! Уринг мени, ўласи қилиб уринг! — дея мен томон ўгирилиб олди. Унга қарамадим. — Э, дўсти нодон, дўсти нодон! Нима қип қўйдинг, нималар қип қўйдинг?!.
У рул чамбарагига бошини қўйиб, жим бўлди. Сочини чангаллади. Бир пас ўтиб ўзига келган бўлди. Уф тортди. Менга қаради. Наташа ҳеч нарса тушунмай анграйиб турарди.
— Энди, жўра, гап муннай: айбимни юваман! Мана шу қизди қўйнингизга соп қўймагунча тинчимайман!.. Ишонинг, жўра! Қўлни ташланг!..

* * *

Совчиларим биринчи марта бўшашиб қайтган куниёқ фаҳмлагандим: Маъмура холам хиёнатни кечирмайди. Фарзандларини мунофиқ ота қўлида ўсишидан кўра тирик етим бўлишини афзал кўрган она бошқа бир мунофиққа, хиёнаткорга қизини раво кўрмайди.
Шоҳсанам, бу гапларни ўшанда айтишим, оёқларингга йиқилиб гуноҳимни бўйнимга олишим лозим эди. Балки, кечирармидинг, ҳаммаси ўнгланиб кетармиди? Агар кечиролмасанг… кечиролмаган тақдирингда ҳам бу жудолик бир қадар енгил кечармиди? Лекин, мен қўрқдим. Сендан бир зумда ажраб қолишдан қўрқдим.
Сендан жудо бўлиб боряпману, қандайдир мўъ¬жиза рўй беришига умид қиламан. Совчиларим қайта-қайта умидсиз қайтганида ҳам, аям синглисиникидан кутилмаган гап топиб келганида ҳам, ҳатто уйимга келинчагим кириб келаётганида ҳам… мўъжиза кутдим. Сен мен учун яралгансан, меники бўласан, деб ишондим. Куёвинг пояндоздан ҳатлаб, икки дўсти етовида сенинг хонанг томон боряптию, умид узмаяпман: ҳозир мўъжиза рўй беради, у ичкари кириши билан сен отилиб чиқасан, кўксимга ўзингни ташлайсан, деб турибман… Мен ғофил банда ҳамон мўъжиза кутаман. Тунов куни қанчалар яйраб кетдинг. Мени айтмайсанми, олдингда ёш болага айланиб қолдим. Ўз хаёлимда, ҳозир Шоҳсанам бирдан: Маҳмуд ака, майли, келинг, узоқларга қочиб кетамиз, деб қолса-я, дейман… Ўйлаб қарасам, мен азал-аввалдан фақат сендан мўъжиза кутибман, фақат сендан!.. Мўъжизани ўзим пайдо қилишни, ўзим яратишни ўйламабман!

* * *

Шаҳардан қайтаяпман.
Кўксим чимиллаб ачишади. Гўё бир парча чўғ жиз-жиз куйдираётганга ўхшайди. Бир парча чўғ деганим сенинг мактубинг. Уни парчалаб отай дедиму, кучим етмади. Кучим етмаганики, шу бир парча чўғ азоби хуш ёқа бошлаган, майли, куйдирсин, кул қилсин, деб телбавор ғўлдираб борардим. Энди у мудом мен билан бирга. Уни тумор қилиб тақиб юраман. Ўзим билан бирга олиб кетаман!..
Йўл-йўлакай яна бир ерга кириб, босиб-босиб ичдим. Кейин мактубингни олиб, кўзларимни йириб-йиртиб ўқишга тутиндим. Ёзувлар чаплашиб, тутқич бермади. Э, оғайни, адо бўпсан-ку, дедим илжайиб. Майли, безарар!..
Хатингни ўпиб, қўлтиғимга тиқдим-да, гандираклаб ташқарига чиқдим.
Жонсарак шамол муздай қор парчаларини юзимга келтириб урди. Оҳ, мазза, мазза, дедим совуқ ҳаводан ютоқиб-ютоқиб симирганча. Кейин турган еримда уловимни изладим. Саф-саф машиналар орасидан ҳадеганда кўзим илғамади. Алам билан кулдим.
— Қаёқда қолдинг, ғариб тойчоғим?
Зинапоялардан тийғона-тийғона туша бошладим.
— Пешонамга битган ягона дўстим, қайдасан?!
Бир йигит қўлтиғимдан олди.
— Ака, машинангизни адаштирдингиз чоғи…
— А-ҳа, адаштирдим. Ёки бирортаси…
— Йўғе, нафасингизни иссиқ қилинг, — дея машиналар ёнидан олиб ўта бошлади.
— А, мана-ку, шу ерда-ку! — дея хохолаб кулдим.
— Э, матасекил демайсизми, одамни қўрқитиб юбордингизе!
— Нега қўрқасан, укам?
— Қўрқмай бўладими, қоровулман.
— Шунақами?.. Бўлмаса ҳақини бериб кетайин, — деб киссамга қўл тиқдим.
— Йў, йў, арзимайди, — дея йигитча қўлимни итарди. — Менга ановилардики етади, ака.
— Арзимайди, дейсанми, нимага арзимас экан? — деб болага зуғум қилдим.
— Йў, арзийди, мен…
— Ушла буни!.. Билиб қўй, менинг тойчоғим манови пешона теримга келган.
— Биламан, ака, — йигитча хомуш тортди. Ке¬йин тирсагимдан тутди. — Ака, битта гапимни олсангиз.
— Нима дейсан?
— Матасекил шу ерда қолсин. Эрталаб опкетасиз. Қоронғу тушиб қолди. Йўллар тийғончиқ…
— Э, бола, ҳақорат қилма, мен мотогоншикман-а!
— Барибир-да…
— Бўлмайди. Яхшиси, кўчага чиқариб бер.
Ҳадеганда мотор ўт олмади.
— Тихирлик қиляптими? Бунақа қилиғи йўқ эди-ку!.. Бўпти, акаси, итаришиб юбор. Совқотиб қолганга ўхшайди.

* * *

Йўлга тушдим.
Аввалига забт билан ҳайдадим. Қарасам, уловимнинг юриши бежо. Ҳушёр тортиб, секин педални босдим. Босдиму, бошқарувни йўқотдим. Орқа ғилдирак тойиб, рўпарамдан келаётган машина йўлига чиқиб кетдим. Яхшиям оралиқ масофа узоқроқ эди. Ўзимни ўнглаб олдим. Нафас ростлаш учун тўхтадим. Уловим дир-дир титрарди.
— Қўрқма, тойчоғим, — дея унга далда бердим-да, қайтадан эгарга ўтирдим.
Шўрлик тойчоғим шишадай асфальт йўлдан қўрқа-писа илгарилади. Йўл бўйи уни олқаб, унга ёлвориб, у билан дардлашиб бордим.
— Тойчоғим, сен менинг ягона дўстимсан. Сенга ишонаман. Мени шарманда қилмайсан. Кўрдинг-ку, у мени ташлаб кетди. Стюардесса бўлармиш. Лекин бизнинг осмонлардан ўтмасмиш. Халқаро йўналишларда учармиш. Майли, учса учавермайдими!.. Биз ҳам учамиз. Ҳозир ўз кўчамизга етиб оламизда, учиб кетамиз. Бизга бунақа имиллаш ярашмайди. Тўғрими?! Йўқ дема. Ҳозир ўз кўчамизга ўтамиз-да, учамиз… Сенга ишонаман. Эсон-омон уйимга етказасан. Оиламга етказасан. Онамнинг ёнига, Бобурхоним, Зебунисом ёнига. Бечора Зумрадим ёнига. Барибир, у — яхши. Севсам, севмасам, у — менинг хотиним. У кутяпти. Йўлимга чиқиб турибди бечорагинам… Мени тезроқ унинг олдига олиб бор. Бошқасидан фойда йўқ. У энди осмону фалакларда юради. Биз ерда қолиб кетдик. Тубанда қолдик…
Энди унутарлар бизларни бешак!..
Бизни унутганни унутмоқ керак!
Керак! Керак! Керак, тойчоғим!..
Бизга.. осмонларда юрганлар эмас,
ўарибгина кулбамдаги очар қучоғин!..
Уловим мени тушунди. ўайратланди. Қишлоқ йўлидан учириб олиб кетди. Аммо, шу тобда у сўнгги манзилларини босиб ўтаётганини қаёқдан билибман!.. Қуюқ қор пардасини тўзғитиб, қоронғулик бағрини понадек ёриб боряпмиз. Икки тарафдан қорамтир тутчалар сафи зипиллаб ўтади. Қор парчалари юз-кўзимга чапланади. Кўзларимни йириб-йириб очганча, тойчоғимни қичайман. У тобора руҳланиб, авжланиб, қанот чақаргандай енгиллашиб боради…
Фалокат бизни қишлоққа кираверишда кутиб турган экан.
Уловим қандайдир дўнгалакка урилди-да, ўзини ўнглолмай йўлдан чиқиб кетди. Шу кетишда остимдан учиб чиқиб, бир заранг дарахтга бориб қарсиллаб урилди. Мотор овози ҳам, чироқ ҳам ўчди…
Эшакдан йиқилган тақир ерга, отдан қулаган майса устига тушади, деган гап бор. Тойчоғим мени юмшоқ қор уюмига итқитган эди. Ўрнимдан сапчиб туриб, унга ёрдамга шошилдим. Ердан кўтаришим билан чироқ шишалари шалдираб тўкилди. Йўл ўртасига судроқлаб чиқиб, ҳарчанд уринмай, қайта ўт олмади. Дарахтга урилганда бўлари бўлган экан… Уни етаклаб тийғона-тийғона йўлга тушдим. Эски касалим қўзиган, бошим ёрилгудай бўлиб лўқиллаб борарди.

* * *

Зумрад ранг-рўйимни кўриб қўрқиб кетди.
Шошиб обдастада сув тутди.
— Муздай сув келтир, — деб жеркиб бердим.
Ювиниб, артиниб ичкари кирдим-да, сандал ёнига ўзимни ташладим. Бошимни кафтларим орасига олиб сиқдим. Зумрад ҳўл сочиқ келтириб, пешонамга босди. Чой қуйиб узатди. Ўрнимга туриб ўтириб, аччиқ чойни босиб-босиб ичдим. Рўпарамда ўтирган хотинимга қарамасдим.
— Сизга нима бўлди, Бобур? — деди у чўчин¬қираб.
— Чойдан қуй, — дедим тўнғиллаб.
— Овқат ейсизми?
— Емайман, тўйдан келяпман, — дея кесатдим.
Зумрад индамай чиқиб кетди-да, чинни товоқда палов олиб кирди.
«Миямга қон уриб кетяптию, опкелган овқатингни қара», деб сўкиб бермоқчи бўлдиму, негадир ўзимни босдим. Истар-истамас овқатга узандим.
— Аямди чироқлари йўқ?.. — дедим юмшаб.
— Аям Бобурхон билан Маъмура холаникига кетгандилар.
— Ҳа?..
— Билмасам…
— Ҳм… — мактуб ёдимга тушиб қўлтиғимга қўл юбордим. Жойида.
— Олинг, совумасин.
— Бўпти, бирга олиш.
— Ҳозир… Мен чой дамлаб келай.
У тетикланиб ўрнидан турмоқчи эди, қўймадим.
— Қўявер, кейин… Аввал овқатланиб ол. Мени кутиб очқаб кетгандирсан, — дедим кулимсираб. Унга раҳмим келдими, ҳали йўлда кўнглимга тугиб келган аҳдим ёдимга тушдими, чаппа-тескари гаплардан тийилдим. Кўпинча шундай бўлади, ўзим истамаган ҳолда кўнгилқорачиликни бошлаб қўяман-да, кейин эзилиб юраман. Бу нарса ҳов ўшандан — сенинг тўйингдан буён давом этиб келади. Ўшанда уйга аламзада бўлиб қайтиб (киссавур йигитчалардан еган тарсакилар учунгина эмас, албатта), Зумрадни биринчи бор исканжага олдим, йиғлатдим. Кейин пушаймон едим. Бошқа бундай қилмайман, деб ўзимга сўз бердим. Сўз беришдан осони йўқ экан. Кўчадан туртки еб қайтдимми, бас, аламимни ундан оламан. Кейинги бир йилда эса турткилашлар кўпайгандан кўпайиб боряпти. Инсоф билан айтганда, менинг бу қилиқларим «хона шеру майдон ғариб»ликдан бошқа нарса эмас. Билмадим, бу ишим оқибатидан нима топаркинман?..

* * *

Эр-хотин гап-сўзсиз овқатланяпмиз.
Ичкари хонада қизчам йиғлади. Зумрад ўрнидан турди. Овқатдан қўлимни тортиб, деворга суяндим. Кўзларимни юмдим. Бошим симиллаб оғрирди. Зумрад боласини тинчитиб келди. Дастурхонни йиғиштирди. Товоқ ва чойнакни олиб чиқди. Мен пешонамни қийиқча билан танғидим-да, ўзимни ёстиққа ташладим. Кўзимни чиппа юмиб, тишимни тишимга босиб ётавердим. Ҳеч нарсани ўйламасликка тиришардим. Амаллаб ухлаб олмасам бош оғриқдан ҳам, оғир хаёллардан ҳам қутилишим маҳол.
Эшик очилиб Зумрад кирди.
Сандалнинг нарёғига чўкиб, дамлаб келган чойини икки-уч қайтарди. Кеин жим ўтираверди. Ҳар замонда қулт-қулт ютингани эшитиларди.
— Бобур, тағин нима бўлди, мазангиз бўлмай келдингиз?! — деди бир маҳал.
— Э, ҳеч нарса, — кўзимни очмаёқ тўнғиллладим.— Бор, бориб ёт, бошимни оғритма.
У ўрнидан қўзғалмади. Пиқиллаб йиғлашга тушди. Ҳайрон қолдим: ҳали йиғлайдиган гап қилмагандим-ку!
Ўрнимга туриб ўтирдим.
— Ҳм, нима гап, тинчликми?
У йиғи аралаш нафаси қайтиб-қайтиб гапира бошлади.
— Шунча йил умр басар қилиб хотин ўрнида кўрмайсиз. Ўзимни ҳурмат қилмасангиз майли, иккита гўдагимниям юз-хотири йўқми?..
— Вой-бўй, дардинг кўп экан-ку сениям, — дедим ўзим истамаган ҳолда пичинг билан. — Қани, нима қипман хотин ўрнида кўрмай, хотинжон?.. — сигарета тутатиб, унга кулимсираб тикилдим. — Қани, гапир.
— Фақат оҳ-воҳлаб келасиз. Қон босимингиз ошиб келасиз. Нима дардингиз бор, қанақа алам ўтяпти, ёрилмайсиз. Ўзингиз ёниб, ўзингиз қовриласиз. Менам қўрқаман, ахир. Кўча-куйда бир гап бўлиб қолсангиз, ҳолимиз не кечади? Бир нарса десам, силтаб ташлайсиз. Ахир, умид билан бир ёстиққа бош қўйганмиз-ку?! Бола ўстиряпмиз-ку!.. Менам бошқаларди хотинига ўхшаб ҳамдард бўлгим келади, дардингизга шерик бўлгим келади. Бу қанақа эр-хотинлик ўзи, нимага индамайсиз?!
— Нима дей, хотинжон, миқ этмасдан эшитиб ўтирибман-ку?!
— Эрталаб яхши эдингиз, кечқурун бир аҳволда кириб келдингиз. Нима бўлди ўзи?.. Нимага индамайсиз?..
Ҳайтовур бир нарсани сезган-ов, дея бетоқатландим.
— Тур ўрнингдан, — дедим қовоғимни уюб. — Бориб ёт, бугунча етар!
У ҳиқиллаганча хонасига ўтиб кетди-да, йиғиси зўрайди.
— Агар сизга керагим бўлмаса, майли кетаман, — деди алам билан.
— Гўргаям бормайсан, — дедим индамай қўяқолиш ўрнига баттар ярасига туз сепиб.

* * *

Тонгда ўғилчам уйғотди.
— Ота, туйинг, онам чақийяптила, — деди у юзимни муздай қўлчалари билан сийпалаб.
Ташқари чиқдим. Кечаси қалин қор ёғибди. Ювиниб турибману, ўғилчам бетиним чулдирайди: Ота, қойбобо ясаб бейинг. Ота, чанага миндийинг. Уни қилинг, буни қилинг…
Аям набирасининг бийронлигидан завқланиб,кулимсираганча олдимизга келди-да, сочиқ узатди.
— Келинингиз кўринмайди, — дедим юрагим бетламай.
— Қишлоғига кетди. Онасининг мазаси йўқ экан. Сиздан сўрабди-ку, чоғи…
— Ҳа, айтувди, — дедим сир бермай.
Аямнинг юзларига разм солиб, ташвиш аломати сезмадим. Демак, айтмабди. Шу чоққача қанча гап-сўз ўтиб келган бўлса қўни-қўшни тугул аям ҳам сезмайди. Балки энди Зумрад отасими, онаси ё акасиними бошлаб келса, бира тўла бутун қишлоқ билиб олар… Кўнглим ғашланди.
— Болам, ичкари кириб, чойингизни ичиб олинг, — деди аям.
— Кейин ичарман, аввал манави қорларни кураб ташлай. Иштаҳам бўлмай турибди.
Ҳовли қорини шошилмай кураб, томорқага суриб туширдим. Ўғилчам қўлига куҳ-куҳлаб, кичкина куракчаси билан ёнимда унналиб юрди. Аям, совқотдинг, деб баъзан уни хонасига чақириб олар, лекин у ҳаял ўтмай югуриб чиқарди-да, атрофимда айланишарди. Дарвозани очдим. Қалин қорда биттагина из кўзга ташланарди. «Зумрад қизиқ иш қилдими, кичкиначани шамоллатиб қўймаса эди».
— Мана шу ерни кураймиз-да, кейин чана учамиз, — дедим ўғилчамга.
У ғайратга миниб, мендан олдин ишга киришди.
«Бу ҳам бир гап-да, Бобурхонни чанасига ўтқазиб далаларни айлантириб келаман. Бир яйрасин!..»
Дарвозани олдини кўча юзига қадар қордан тозаладим. бу орада кўринмай қолган ўғилчам ичкаридан ҳовлиққанча чопиб чиқиб келди.
— Ота, ота, бата юйинг! Тез юйинг!..
— Нима бўлди, ўғлим?
— Юйинг, маташекилли кўзи шиниб қопти!
— Бўпти, бақирма, — дея уни тинчитдим. — Қани, юр-чи…
Кўздан нарироқ турсин, деб мотоциклимни бостирма тагига элтиб қўйгандим. Ўғилчам чанасини олгани бориб кўриб қолган шекилли.
У ҳаяжон ва ачиниш билан ўзича чулдирар, мен бўлсам, уловим сингари ичим тўкилиб, хомуш турардим. Албатта, янги мотор босиб, айрим қисмларини алмаштирсам, уловим яна анча хизмат қилиши мумкин эди. Лекин энди у аввалги дўстим — тойчоғим бўлолмасди-да… Бир кунда икки жудолик: ҳам сендан, ҳам ундан ажралган эдим.
Эшик олдига машина келиб тўхтади. Биров чақирди. Чиқсам раиснинг котиби.
— Бораркансиз, ревизор сўраяпти.
— Оббо, шундай кунда-я!.. — дея ошкор сўкиндим.— Нима иши бор экан? Котиб елка қисди.
— Раис бово ҳам қаттиқ тайинладила… Бирга олиб кел, дедила.

* * *

— Саломалайкум.
— Ҳм, келинг…
Ревизор қайрилиб ҳам қараб қўймай, қоғозини титкилайверди.
— Чақирибсиз?
— Чақирибман, — деди ошнам қоғоздан кўз олгиси келмай. — Кимни чақирибман?
Эшикка қараб юрдим.
— Тўхтанг!.. Фамилиянгиз?
Жавоб ўрнига унга кўз қададим. Кўзини опқочди. Қоғозига қараб эслаган бўлди.
— А-ҳа, Бобохоновми? Яхши!.. Ҳайдаровди жияни. Хўш, ўтиринг. Нега эшикди олдида турибсиз?
Ўжарлигим тутди. Оёқда туравердим. У энди ортиқ эътибор қилмай дафтар варақлади.
— Яхшилаб гаплашиб олсак, а, Бобохонов… Хўш, уч йил аввалги октябр ойини эсланг… — у дафтаридан бош кўтариб, ғолибона қараш қилди.
Бўшашиб тушдим. Секин ўтирғичга чўкдим. ўолиблик салобат бағишларкан, ошнам салобатли қараш билан мени кузатаркан, олдимга бир варақ қоғоз қўйди.
— Эслаган бўлсангиз, мана қоғоз, тушунтириш хати ёзинг. Шошилмасдан батафсил ёзинг.
— Нимани ёзаман? — дедим хиёл титраган овозда.
Ошнам юмшади. Аҳволимни тушунган, ҳамдардлик билдирган одам қиёфасида тушунтира бошлади.
— Бир бошдан ёзинг. Кимдан пул олгансиз, кимга бергансиз, фойдасини ким билан бўлишгансиз… Мени номимга, КРУ ревизори фалончиевга тушунтириш хати, деб бошланг.
Беихтиёр ёзишга тутиндим.
— Яхши. Ана шундай. Бу ёғини батафсил ёзинг. Қўшиб-чатмай, переписка қилмасдан. хўпми? Тўғрисини ёзсангиз, ишингиз анча енгил кўчиши мумкин… Айтмоқчи, Ҳайдаровди эсдан чиқазманг. Ўлган одамни барибир қамашмайди, тириклар жонини ўйлаши керак. Шунинг учун амакингиз бўлсаям аяб ўтирманг!..
Ёзиб турган еримда таққа тўхтаб, қоғозни нари сурдим.
— Ҳа, Бобохонов?
— Яна бир марта Ҳайдаров ҳақида гапирсангиз, ҳеч қанақа тушунтириш хати ололмайсиз!
— Бўпти, бўпти, — дея чорпахил ошнам диван суянчиғига ястаниб илжайди. — Одамни кўп қўрқитманг. Айтдим-ку, бор гапни ёзинг, деб. Қани, бўлинг!

* * *

Эшикдан чиққан еримда раисга дуч келдим. Кўзлари ола-кула, ранг-қути ўчган…
У нималар деганию, мен нима жавоблар қилганимни батафсил айтиб ўтирмайман. Қисқаси, у зуғум билан бошлади:
— Нега олдин менга учрамадингиз?! — деди.
Кейин муросага ўтди:
— Бўпти, ҳалиям кеч эмас! Бирга кирамиз. Келишамиз. Тушунтириш хатини бошқатган ёзасиз!.. — деди.
Кейин фиғони кўкка ўрлади:
— Овора бўласан! Менинг оёғимдан тортадиган ҳали онасидан туғилмаган! Бекорга ўз бошингни еб кетасан, гўдак!.. — дея бақир-чақир қилди… Охирида «гўда껬дан мушт еб, ревизорнинг эшигига бориб урилди-да, эшик очилиб кетиб, ичкарига қулади.

* * *

Ҳойнаҳой уч-тўрттаси орқамдан чопқиллаб чиқиб қолар, деган хаёлда кўчада бир пас тайсалладим. Ўладиган ҳўкиз болтадан қайтмайди қабилида кучим етгунича ташланишга чоғланиб турдим. Ичкаридан садо бўлавермагач, битта-битта босиб, йўлга тушдим.
Булар шунақа, катта қозонда қайнашдан қочишади, зимдан иш битказишади. Айниқса, ҳозир бунақаларнинг дови юриб қолган. Сабаби республикада сув лойқаланган, миш-миш урчиган. Марказий газеталар ҳам, ўзимизникилар ҳам фаоллашиб, ур-сур қилиб ётишибди… Демак, навбат бизга ҳам етган кўринади. Бизда кимдан бошлашаркан?.. Албатта мендан-да! Қўлларида далил, ҳужжат бор, ҳужжатда менинг мастона имзоларим!.. Ёлғиз қолдиришмаса керак ҳар ҳолда, уч-тўртта шерик ҳам топиб беришар. Ишбоши Шариф Ҳодиевич бўлса серка, унга балоям урмайди. Лекин унга ким илашган бўлса, энди шўри қурийди.

* * *

Кўксой ёқалаб боряпман.
Қор остида қолган баланд-баланд толлар тепамдан жимгина бош солиб ўтишяпти. Худди мен билан видолашаётгандай. Балки росттанам бу ерлардан сўнгги бор ўтаётгандирман… Сўнгги бор? Аямни ёлғиз ташлаб-а?! У шўрлик кимга суянади, ўғилчамгами? У норасидамнинг ўзи-чи?!
Осмону фалакдами, билмадим, қаерда, ёлғиз онамни ўртага қўйиб ялиниб ёлворганимда раҳм қилишган эди. Лекин ердагилар мени кечирармикан?..
Шоҳсанам, шу тобда сен қаерда бўлсанг? Балки дилинг ғашланиб бораётгандир, ҳеч қаерга сиғмай қолгандирсан?.. Ўзи бу нарсалар сенга анча илгарироқ аён бўлган экан-да. Айтмоқчи, бобонгиз қабрини зиёрат қилинг, деган экансан хатингда. Рост айтасан, зиёратга бораман, эртагаёқ бораман. Лекин ҳозир тезроқ аямди олдига борайин. Кўзим кўзига тушсин… Бобуржонимга ваъда бергандим, чана учамиз, дегандим. Отам кетиб қолди, деб аразлаб ўтиргандир. Жигарларим олдига тез борай. Ке-йин Зумрадни ҳам олиб келарман. Қизалоғим дийдорига тўйиб олишим шарт!..
Қадамим тезлашди.

* * *

Кўчани бошларига кўтариб қор бўрон ўйнаётган болакайларга қўшилолмай бир чеккада миттигина бўлиб турган ўғилчамга кўзим тушиши билан юрагим бир қалқиб олди. Томоғим ғиппа бўғилиб, кўзларим ёшланиб кетди. Уч-тўрт қадам берида туриб бир пас кузатдим. У сезмади. Кўзи болалардаю, уларни кўрмаётгандай, қий-чувини эшитмаётгандай жиддий тикилиб турар, ҳадеб алланималарни хаёл сурарди.
— Бобуржон, — дедим секингина.
У ялт этиб қарадию, бутун вужуди қувончга айланиб, менга отилди. Озод кўтариб,бағримга босдим. Ўғилчам бағримда бир зум жим қолди. Кейин бошини кўтариб, жилмайди. Унда ҳалиги жиддийлик, маҳзунликдан асар қолмаган, ўзидан тикроқ анови беғам болакайлардан бирига айланган эди.
— Чана учамизми?
— Учамиз! — деди у қучоғимда типирчилаб. — Ҳозий чанамни опчиқай…
Шу чоғ ёнгинамда қизил «Москвич» тўхтади. Қарасам, рулда Амиржон. Ёнида Темур амаким, орқа ўриндикда икки боласи билан Умаро ўтирарди.
Амиржон тушди.
— Қани, уйга кирамиз, — дедим машинадагилар билан ҳам саломлашиб.
— Бошқа сафар… Сиз чиқинг машинага, — деди Амиржон.
— Йўл бўлсин?
— Амакимникига ўтиб келайлик.
Сафар амаки касалхонада ётиб чиққан эди. Ўз ташвишимга ўралишиб хабар ололмагандим.
— Бўпти, орқаларингдан бораман кейин.
— Кейин деб ўтирасизми, бўлинг, кетдик. Полвонча ҳам борсин, ўйнаб келади, — деди Амиржон.
— Бўпти, мен шундоқ аямга айтиб чиқай.

* * *

Ранги синиқиброқ қолган Сафар амаки бизни кўриб тетиклашди. Кўп ўтмай яна боз-боягидай гурунг жиловини қўлига олди.
— Э, зап келибсизлар-да! Тушмагур қизгинанинг қўли ширин. Паловини соғинганман. Соғинган таомингни соғинган жигарларинг билан талашиб-тортишиб ейишга нима етсин!..
— Амаки, палов емай қўйгандингиз чоғи, — деди Амиржон.
— Чакки қилган эканман-да, куёв. Ҳали менга қараган профессор кўзимни очди. Темуржон, бу гапга пул беринг… Шу одам айттики, Сафар ака, ошқозонингизни дори-дармон билан бир нав ўзига келтирдик. Бу ёғига энди дори ичмайсиз. Дорининг зўри уйингизда, дейди. Ўшандан гапиринг-да, нима экан у, дедим. Қўй гўшти, зиғир ёғида кенжа гуручдан паловхонтўра, дейди. Йўғе, ҳазиллашманг дўхтир, дедим. Ахир, кимга арз қилсам, ҳаммаси бир тилда туриб қаттиқ овқатдан, паловхонтўрадан қочинг, дейди-ку… Сиз хўп денг-да, мен айтганни қилинг. Ҳафтасига икки-уч марта тўйиб-тўйиб еб туринг. Бир ойда отдай бўп кетасиз, дейди. Омон бўлгур ўзиям жуда хушчақчақ, одамохун-да. Кўрдингиз-ку, Темуржон, бир пасда сиз биланам апоқ-чапоқ бўлиб олди… Хуллас, катта профессор бўлсаям дори-порини хуш кўрмасакан. Булар сизу бизнинг мижозимизга тўғри келмайди, дейди.
Ёш боладай беғубор, дали-ғули Сафар амакига тикилиб ўтириб кўнглим аллатахлит орзиқди. Яхшиям, шулар бор… Ҳали раис билан можаро қилиб қайтаётганимда «Нега менинг ҳеч кимим йўқ, жонкуярим йўқ!» деб йўл бўйи ўксиб келибман-а. Нега бундай бадбин хаёлларга бордим, ҳайронман. Хўп, отам йўқ экан, лекин булар менинг жонкуярларим эмасми, Сафар амаки, Темур амаким мени қачон ўкситиб қўйишди!.. Амиржон-чи, муштдай бошидан қўлтиғимга кириб юради. Лекин бунинг эвазига мендан нима оқибат кўрди? Бошига иш тушиб афғонда бандиликда қолганида, бу ёқда Умароси қон қақшаб юрганида мендай ака бўлмиши ўзимни кўру карликка олиб юрмадимми?! Ҳар ҳолда у бундан бехабар эмасдир. Шунчалик билан ҳам мендан кечиб кетмади… Ҳеч кимим йўқ эмиш!.. Отам ҳам, Сафар амаки, Темур амакимлар ҳам ота-онадан ёл¬ғиз бўлишган-ку?! Лекин улар бир-бирини туғишганидан афзал кўришган. Айтмоқчи, Ҳайдаров раиснинг ҳам ёлғиз бошидан бўлак яқинлари бўлмаган-ку!.. Аям, Маъмура холам, Хосият холам, Умида янгалар-чи? Худди бир қориндан талашиб тушган опа-сингиллардай-ку?!. Тавба, мен шунчалар бехосият эканманми, шуларнинг орасигаям рахна тушириб қўяёздим-а!..
Сафар амаки янги ҳангома бошлаб, хаёлим бўлинди. Билмадим, нима муносабат билан гап Фармон биргадга келиб тақалганди.
— Ўшанда Маъруфхон аянгизга, мен кампиримга янги унаштирилганмиз. Учаламиз армиядан яқинда келган, асов отлардай қирчанғи йигитлармиз. ўўза суғорамиз. Бўлажак келинчакларимиз ғўза чопиқда. Юз-бошларини қарс рўмол билан ўраб-чирмаб юришади… Ўшанда Фармон ака Ҳайдаровдан ке¬йин бизди қишлоққа келиб қолган. Бизда ким биргадир бўлса, бирорта чакки-чилеп гапини эшитмаганмиз. Жаббор амакиям, Ҳайдаров ҳам ишлади. Фармон биргад бўлса, худди осмондан тушгандай бўп қолди бизга. Яхшиям катталиги кўпга бормади…
Алқисса, чойхўрлик қилиб тургандик бир куни. Отда келиб қолди. Салом алик йўқ, бақира кетди. Чой кеч қайнаб, чойхўрлик бир оз чўзилган эди. Хотинларди бошида туриб олганча оғзига келганини қайтармаяпти, дангасалар ҳам деяпти, виждонсиз, текинхўрлар ҳам деяпти. Остидаги жийрон қашқа денг типирчилаб, пишқириб турибди. Ҳамманинг оғзида нони, қўлида чойи, гунг бўлиб қолган. Биз хотинлардан ўн қадамча берида, балхи тут тагида ўтирибмиз. Бу гаплар «Қўйқўтон»да бўляпти. Бир маҳал отангиз Маъруфхон ўрнидан турди. Кўзлари қинидан чиққудай бўлиб боряпти. Раҳматлини бунақа важоҳатда биринчи кўришим эди…
— Ҳов, биргад, бияққа қара, — деди хириллаб,— агар авлиё бўлсанг ҳам отдан тушиб гапир!..
Фармон биргад аввалига довдираб қолди. Кейин бирдагина от солиб келди-ку. Хотинлар қий-чув бўп қолди. Кела-кела қамчи солди. Бир урди, икки урди. Темуржон икковимиз ҳам югуриб бордик. Учинчи қамчи серпашида Маъруфхон ушлаб қолди-да, силтаб тортди. Катта одам денг, отдан гурсиллаб қулади. Жийрон қочди. Учта бўз йигит ҳалиги ўқариқ бўйида думалатиб тепаяпмиз, ураяпмиз. Ҳўкиздай бўкиради. Дод, ўлдим, дейди. Эркак-аёл бўлиб бизни зўрға ажратишди. Ҳамма ваҳимада. Йигитларимиз қамалади, деб хотин-халаж йиғлаган…
Эртаси куни далани районди каттасию, мелисаси босди. Раҳимзода деган бўларди, ҳаммани зир титратяпти. Қаматаман, йўқ қилиб юбораман, дейди. Иброҳимов раис эди ўшанда. Уям, муовини Ҳайдаров ҳам шу ерда, бир чеккада туришибди. Улар жим… Шу пайт аёллар бош кўтариб қолди-ку. Йигитларни бермаймиз, бизни ўлдириб кейин оп кетасизлар, дейди. Учовимизни ўраб олишган. Биз уяламиз, кунимиз хотинларга қолдими, деб. Алқисса, ҳеч нарса қилишолмади. Иброҳимов билан Ҳайдаровлар ҳам қалқон бўлишди, шекилли. Кейин Фармон биргадни яна Жарқишлоққа олишди-да, ўйлаб-ўйлаб, охири унинг ўрнига Маъруфхонни қўйишди. Шунақа гаплар ҳам бўлганди бир замонлар…
— Фармон биргад кейинги келишида анча босилиб қолган экан-да бўлмаса, — деди Амиржон кулимсираб.
Сафар амаки илжайди.
— Қаёқда!.. Уни Темуржон босиб турардию, бир нави эди…
«Мана энди Фармон биргадингиз ота-бола бўлиб, эски аламларини оляпти», деб қўйдим ўзимча. Эрталабки дилхираликлар ёдимга тушиб, дилим яна ғашланди.
Эшикда Умаро кўринди.
«Бу ёққа қаранг», дегандай эрини имлади.
У бир пайтлар ўрта бўй, тиқмачоқ гавдали шаддот қизча эди. Эрга теккач хипча тортиб, хушрўй, вазмингина жувонга айланди.
Амиржон ҳаял ўтмай икки чинни товоқда ош олиб кирди.
Сафар амаки чўкка тушди.
— Энди гап муннай, сизлар икки бўз бола, биз Темуржон иккимиз. Баҳс бойлашамиз. Киммнинг товоғида қолса ошатамиз. Темуржон, нима дедингиз, ёшларга бир кўрсатиб қўяйлик ош ейишни, а!..
— Енг шимаришингиз тузук-ку, охиригача туриб беришингизни билмадим-да, — деди Темур амаким ҳазиллашиб.
— Сиз, борсиз, кўнгил хотиржам, полвон, — деди Сафар амаки. — Қани, бошланг, жўра, бисмиллоҳу раҳмонир раҳим… Бай-бай, садағанг кетай, паловхонтўра!.. Худойимнинг ажаб неъматлари бор-да!..

* * *

«Шотутли»нинг йўлида эмишман.
Сен олдинроқда қор кечиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб боряпсан.
Тўхта, дейман, тўхтамайсан. Ҳаллослаб етиб бориб, қўлларингдан тутибман. Сен баттар йиғлаб, ўзингни бағримга ташлабсан. Нима бўлди, нега йиғлаяпсан десам, жавоб бермайсан. Нуқул юзингни кўкрагимга ишқайсан. Бир маҳал чап биқинимга панжангни ботириб ғижимлай бошладинг. Ҳой, нима қиляпсан, менга қара, десам, бирдан кулиб юборибсан. Тикилиброқ қарасам, Зумрадни қучоқлаб турибман. Биқинимни ғижимлаб, қиқир-қиқир кулади.
— Э, боре, қилиғинг қурсин, — деб уни итариб юборибман..
Уйғониб кетдим.
Жиққа терга тушибман. Юрагим эзғилаб оғрир, бошим мисдай чатнаб, лорсиллаб боряпти.
Кўнглим бир нохушлик туйди. Ваҳимага тушиб, тез-тез яхна чойдан қуйиб ичдим-да, ўрнимга қайта чўзилдим. Бунақа пайтда осойишталик керак дейишади… Бир пас ўтиб ваҳимам тарқади. Кўрган тушимни эслашга уриндим: Шоҳсанам йиғлаб юрибди. Яхшилик аломати эмас бу. Нимадир рўй берадиёв?!
Эътибор қилсам, сусайиб боряпман. Ўрнимдан туришгаям чоғим келмайдигандай. Менга нима бўлди? Наҳотки кетяпман?.. Йигирма олти ёшимда-я?!
Қулоғим тагида кимдир шивирлагандай бўлди.
— Нима бўпти, юзга кирсанг ҳам бир кун кетасан-да!
— Онам-чи, болаларим-чи?
— Болалар бир кунини кўради. Онанг сабрли аёл, чидайди.
— Мени етим боққан эди, болаларимниям…
— Одамларди маломатидан кўра унга шу енгилроқ!
— Қанақа маломат?
— Эрта-индин қамалиб кетишинг тайин. Бунга онанг қандай чидайди, маломатини қандай кўтаради?!
Индаёлмай қолдим. У ҳақ эди.
… Демак, эрта тонгдан уйимизда қиёмат қўпади.
Онаизорим боламлаб қишлоқни уйғотади. Бобуржоним унинг этагига ёпишганча, чириллаб йиғлайди.. Сафар амаки жигаримлаб ҳовлимизни бошига кўтаради. Темур амаким елкалари силкина-силкина унсиз бўзлайди. Амиржон, Жамшидлар бел боғлаб, эшик олдида акамлаб туришади. Зумрад эшикдан отилиб киради-да, олдимга етиб келолмай ҳушидан ажрайди. Биғиллаб йиғлаган қизалоғимни Умароми, бошқасими кўтариб бошимга келади. Ҳамқишлоқларим ҳовлию, кўчани тўлдириб юборади. Ён-атроф қишлоқлардан гуррос-гуррос одамлар оқиб кела бошлайди. Бироқ, уларнинг ҳеч бири аяжонимга ёлғиз ўғлини тирилтириб беролмайди. Онаизорим муздек юзларимни силаб-сийпаб бўзлайди. Кўзларингни оч, болам, биттагина очгин, дея ҳуш-беҳуш ёлворади…
Шоҳсанамимга ҳам эртагаёқ хабар етади, албатта. Лекин, унинг улгуриб келиши маҳол. Етиб келганида эса дўмпайган гўримнигина кўради, холос. Аям бир пайтлар унга: Жамшид уканг, Маҳмуд аканг эр етсин, ана унда кўрасан. Кўрмагандай бўп кетамиз, деб ўтирарди-я!.. Кўрмагандай бўп кетамиз дегани шумиди ҳали!..
Бир маҳал иссиқ кўз ёшларим юзларимдан оқиб, қулоқларимга тушди. Ҳушёр тортдим. Э, бу нима ётиш бўлди! — дедим-да, ўрнимдан даст туриб кетдим. Ва дарҳол тўнимни елкамга илиб, ташқарига чиқиб кетдим. Шу чиққанча не маҳалга қадар қоронғу кўчаларда қор кечиб юрдим. Уйга қайтишга ҳадеганда юрагим бетламади.

* * *

Эрталаб аям иккимиз жимгина нонушта қилиб ўтирибмиз. У дам-бадам юзимга синчиклаб қараб қўяди-да, гап бошлашга истиҳола қилади… Шу йиллардан анча қарибди. Қанақанги тана-тўшли, бардам аёл эди. Йил сайин чўкиб боряпти. Муштипаргинамнинг соч¬лари оқариб бўптики, боши ғам-ташвишдан чиқмайди. Ишонгани битта мен бўлсам, ўзимдан ортмай қолганман. Яқин орада она-бола бафуржа ўтириб гаплашганимизни эслолмайман. Бир пайтлар ҳайҳотдай ҳовлида икковгинамиз ёлғиз яшардик. Бир-биримизга суяниб қолгандик. У мени катта ўрнида кўриб, ҳар нарсада маслаҳатга тортиб турарди. Энди бўлса… Ҳар қанча гаплашгиси келса-да, аввал менинг рағбат кўрсатишимни кутади. Ҳозир ҳам кўриб турибдики, суҳбатга майлим йўқроқ…
Охири ўзим гап очдим.
— Ая, қиш яхши келди-я бу йил?!
— Албатта-да, болам, буям бўлса Эгамнинг меҳрибонлиги, — деди у тетикланиб. — Қор ёққани яхши, ер тўяди. Отангиз раҳматли қорни яхши кўрардила. Бир дала айланиб келайин, деб чиқиб кетардила. Сиздиям эргаштириб олардила кўпинча… Болам, овқатга қўл урмадингизам?..
— Иштаҳам йўқроқ, ая.
— Кечаси яхши ухламабсиз-а?
— Йўғе, яхши ухладим.
— Мен алаҳ-чалаҳ тушлар кўриб чиқдим.
— Қанақа туш?! — дедим бир сесканиб олиб.
— Ўнглаб ололмадим. Босинқирадимми?.. Кеча эрталаб илиққина эди-ку, шунга қизчангизни олиб қолмагандим. Энди бу ҳавода йўлга чиқолмасдан ўтиргандир бояқиш келин. Бориб келсангиз бўлармиди…
— Хўп, ая, бир пасдан кейин.
— Барака топинг, болам… Идорага нимага чақиртиришибди, болам, тинчлик эканми?..
Аямнинг қўрқа-писа берган саволи жавобсиз қолди. Хона эшиги очилиб, ўғилчам илжайганча кириб келди.
— Э, Бобурхон болам турибдила-ку, — деди аям набирасини бағрига босиб. — Қани, отангизга салом беринг-чи. Кўп яшанг. Мен ҳозир сутингизни опкеламан.
Аям ҳовлига чиқди. Ўғилчам тиззамга келиб ўтирди.
Шу чоқ кўча эшиги тақиллади.
Аям ошхона томондан овоз берди.
— Эшик очиқ, кираверинг…
Келгувчи бунга жавобан қандайдир беписанд ва совуқ тарзда яна эшикни қоқди.
Совуқдан жунжиккан каби этим бир жимирлаб олди. Ўғилчам ташқарига отилди.
— Аям телдила!..
«Аҳ, болам-а, аянг эшикни тақиллатиб келадими!»
— Бобохонов уйдами? — деган дағал овоз эшитилди.
— Ҳа, уйда болам… Кирингла…
— Айтинг, чиқсин!
Биқиниб ўтирган билан эшикка тикилиб келган балодан қутулмайсан. Чиқдим. Онамнинг қаршисида турган нотаниш кимса менга юзланди.
— Бобохонов Маҳмуд Маърупович… Шундайми? — деди салом-аликсиз.
— Шундай, — дедим унга хотиржам тикилиб.
Келгувчи ҳужжатини кўрсатди.
— Биз билан юрасиз! Кийиниб чиқинг!
Изимга қайтдим. Ёнидаги йигит менга эргашди.
Кийиниб қайтиб чиқаётганимда аямга рўпара бўлдим. Ранги хиёл ўчган. Ҳозир бўзлаб юборади, деб қўрқиб турибман. Йўқ, ўзини тутди. Индамай келиб, кўксимга бошини қўйди. Кейин икки юзимдан оҳиста ўпди-да, мунг тўла кўзларини кўзимга тикди.
— Бошингиз тошдан бўлсин, болам, — деди пичирлаб.
Аяжонимнинг мардлиги менгаям юқди. Қаддимни ростлаб кулимсирадим.
— Ҳаммаси яхши бўлади, аяжон, парво қилманг.
Уни бағримга босиб, қаттиқ қучдим-да, кейин жовдираб турган ўғилчамни кўтариб, кўча эшигига қараб юрдим.

* * *

Кўча юзида «Виллис» машинаси, машина ёнида икки мелиса турарди. Шу чоқ енгил машина келиб тўхтади-да, Зумрад билан акаси Зарифжон тушиб келишди. Ранги ўчинқираган Зарифжон шошқин мен томон юрди.
— Бўла1, тинчликми? — деди мен билан кўриша туриб.
— Тинчлик, тинчлик, — дедим-да, Бобурхонни унга тутқазиб, Зумрадга яқинлашдим. Қизчамни қўлимга олиб, икки юзидан ўпдим. Худди бу ишларга ўзи айбдордай жовдираб турган хотинимга боласини қайтиб берарканман, бардам бўл, дегандай билагини сиқиб қўйдим… Ажаб, бунча хотиржамман! На кўзимда ёш, на вужудимда титроқ бор!..
Ниҳоят, аямга қараб бош ирғаб қўйдим-да, ҳалиги ҳужжат кўрсатган кимсага юзландим. Унинг бояги важоҳати йўқолган, ўйчан бир қиёфада кузатиб турарди бизни. У боши билан билинар-билинмас ишора қилди-да, ўзи ҳайдовчининг ёнига чиқиб ўтирди…
Шоҳсанам, бировга айтсанг ишонмайди, оиламиз бошига тушган мусибатни биз мана шундай хотиржам қарши олдик. Тинчгина, йиғи-сиғи қилмасдан хайрлашдик. Чунки, ҳаммамиз, ҳатто митти Бобурхонимгача, аямнинг иродасига бўйсунган эдик.

* * *

Қадим замонда, жануб томонда Диёрбакир деган мамлакат бўлган экан. Мамлакат подшосини Шоҳ Аббос дейишар экан. Шоҳ Аббос бир куни Ҳасан деган вазирини ёнига олиб овга чиқибди. Ов қилиб юрса, олдидан бир қуён чиқиб қопти. Подшо камон ўқталиб, отмоқчи бўпти. Қараса, ҳалиги қуён бўғоз экан. Подшо уйида қолган оғироёқ хотинини эслабди-да, қуённи отишга кўзи қиймай, ўтказиб юборибди. Кейин бу гапни вазирига айтибди.
— Э, подшоҳим, ўша қуён менгаям учради. Менам сизга ўхшаб ўтказиб юбордим, отмадим, — дебди вазир кулиб.
Бу гапдан подшонинг кўнгли ийиб кетиб:
— Ҳасан, — дебди, — агар менинг хотиним ўғил туғиб, сеники қиз туғса, қизингни ўғлимга берасан. Агар сен ўғилли бўлиб, мен қиз кўрсам, қизимни берайин, қуда бўлайлик, дебди. Кейин, кимда ким сўзидан қайтса, лаънатга гирифтор бўлсин, деб қасам ичишибди…
Ой-куни етиб, Шоҳ Аббос қизлик бўлибди. Қизга Шоҳсанам деб от қўйибдилар. Ҳасан вазир ўғил кўрибди. Ўғлига ўариб деб от қўйибди. Мен бу юртларга ғариб бўлиб келиб қолганман. Ўғлимнинг оти ўариб бўлсин, дебди Ҳасан вазир.

* * *

Шоҳсанам, бу эртакни неча қайталаб эшитганмиз. Биз эшитишдан, аягинам айтиб беришдан эринмасди. Унинг бошқа эртаклари ҳам кўп эди. Лекин, менимча, «ўариб ва Шоҳсанам»га меҳри бўлакча эди. Энди-энди ўйлаб қарасам, бу бекорга эмас экан. Аямнинг фақат шу эртагидагина ошиқ-маъшуқлар муродига етади. Улар алданмайди, фитнага учмайди, тақдирга бўйин бермайди. Ва охир-оқибатда мурод-мақсадига етади. Шунинг учунам аяжоним бу эртакни яхши кўрган, шунинг учунам сенинг исмингни Шоҳсанам қўйдирган.
Аям сочингни ўриб ўтириб айтиб берган воқеани эслагин-а?!. Сен эмизикли бола пайтинг аямнинг қўлида қолиб, очиқиб чириллаб йиғлаганингда, аям ичи ёниб тўрт тарафга чопадию, сенга кўкрак тутолмайди. Сен ҳайрон бўлдинг, Хосият холам эмизибди-ку, сизга нима учун мумкин эмас, деб сўроққа тутиб кетдинг. Шўрлик аяжоним ўшанда тил учида аранг тутиб қолганди гапларини.. Сен бўлсанг, буни тагига етмоқчи бўлдинг. Ҳали ёшсан, тушунмайсан, десам ҳам қўймадинг. Лекин, айтмоққа чоғланишим билан оловинг чиқиб кетаверди. Гапиришга қўймадинг, ниманидир пайқадинг… Айтмоқчиманки, аяларимиз ҳали биз дунёга келмасимиздан бурун Шоҳ Аббосу Ҳасан вазирдек аҳд-паймон қилишган. Биз бўлсак, бу аҳдлашувдан хабар топиб-топмай кўнгилнинг кўз илғамас ришталари билан боғланиб бораётган эканмиз. Хуллас, бизнинг ҳаёт эртагимиз ана шундай кўнгилли бошланган эди. Висол эшигига бир қадам қолганида эса… ҳаммаси остин-устин бўлиб кетди. Мен умид уздим. Катталар гангиди. Биргина сен ўзингни йўқотмадинг: оқила Шоҳсанам бўлиб йўл кўрсатдинг. Лекин шунда ҳам мен ўариб бўлолмадим, дунёни бошимга кўтариб исён қилолмадим. Сочимни чангаллаб, кўксимни захга беришдан бошқасига ярамадим.
Нега бундай бўлди?
Менга ким халал берди?
Козим, Шариф деган кимсаларми?
Ошиқ ўарибни йўлдан ургувчилар йўқмиди?..
Ёки ҳамма иллат ўзимда, бир «ўзим»да икки «мен» — икки одам яшагани сабабли шундай бўлдими?..
Мен у ёқдалигимда бу ҳақда кўп ўйладим, бироқ ўйимнинг тагига етолмадим. Дарвоқе, у ёқда ўтказган кунларим… Йўқ, истамайман бу ҳақда сўзлашни. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: мен шундай кўргуликларга муносиб эдим. Шунинг учун судда ўзимни совуққон ва хотиржам тутдим. Менга тақашган айбларнинг барини тасдиқладим. Ҳеч кимнинг оёғидан тортмадим. Айбнома ўқилаётганда ҳаммани ҳайратга солиб, истеҳзоли кулиб ўтирдим.
Сўнгги сўз берилди.
Икки оғиз гапирдим: мен шундай жазога муносибман, дедим. Лекин, сизлар тиқиштирган айблар учунмас, балки анови қонун китобингизнинг бирор-бир моддасида қайд этилмаган жинояту хиёнатларим учун муносибман, дедим…

* * *

…Олти миллиард одам боласи нафас олиб турган бу ёруғ дунёга аввал мен келганман. Орадан икки йил ўтиб эса сен… Мен учун, менга бир умрлик ҳамроҳ бўлиш учун келгансан. Мен аввалбошданоқ шундай ўйлар эдим. Бунга заррача шубҳа қилмасдим. Аввалбошданоқ деганим — қачон, қайси кун, қайси соат эканлигини мана ҳозир эслаб қолдим…
Ёдингдами, Шоҳсанам, ўшанда ҳам қиш эди. Лекин қишга ўхшамасди. На иссиқ, на совуқ — илмилиқ ҳаво. Ҳамманинг оғзида битта гап: бир қор босиб берса грип-приблар кўтарилармиди?!.
Сандалнинг бир чеккасида мен, бир ёғида сен. Уй тўрида уканг Жамшид икки жўраси билан дарс қилиб ўтиришибди. Сенинг пешонанг қизил дуррача билан танғилган. Юзларинг ҳам дуррача тусида. Кўзларинг ёшовлаб турибди.
— Нима бўлди, мактабда кўринмадинг?
— Эрталаб бошим айланиб, юролмай қолдим…
— Дўхтир келдими?
— Келди…
— Тузукмисан ҳозир?
— Сал-пал…
Гап-сўзларимиз шу билан тугаган. Телевизорга тикилиб олганмиз. Нариги хонада аянг ҳам кўрпа-тўшак қилиб ётибди. У кишининг олдида эса аям ўтирибди. Бир маҳал аям эшикни очди-да, мени даҳлизга имлади.
— Болам, бу кеч шу ерда қоламиз. Холангизди ёнида бўлайин, — деди.
Елкамдан тоғ қулагандек бўлди. Биз кетиб қолсак, аянг касал, сен касал, қандай бўларкин, деган ўйловда эдим.
Жамшиднинг жўралари уй-уйига кетди. Телевизор ўчирилди. Сен сандал ёнбошида, Жамшид иккимиз уй тўрида ётдик. Бирор соатлар ўтиб, сен алаҳлашга тушдинг. Уйғоқ эдим, дарҳол чироқни ёқиб, бошингга бордим. Терга тушиб кетибсан. Кўзларинг юмуқ-да, алланималар дейсан. Қўрқиб кетдим.
— Кўзингни оч, Шоҳи, — деб шоша-пиша елкангдан турта бошладим. Кўзингни очдингу, менга ҳайрон бўлиб тикилдинг. Ўрнингга туриб ўтирдинг.
— Битта сув беринг, мен туролмайман, бошим айланиб кетади, — дединг бемажол.
Шоша-пиша даҳлиздан бир коса сув олиб кирдим. Телевизор остидаги стол тортмасидан дори олиб бердим. Қувватсизландингми, ётмоқчи бўлдинг. Лекин мендан иймандинг.
— Бориб ётақолинг, — дединг.
Чироқни ўчириб, Жамшиднинг ёнига чўзилдим. Кўп ўтмай яна алаҳлай бошладинг. Бошингга келиб ўтирдим. Кафтимни пешонангга қўйгандим, дуррача устидан қўлим куйди.
— Аяжон, мен ўламан, — деб зорландинг. Ке¬йин кўзингни очдинг. — Маҳмуд ака, менга нима бўлди?! — дединг йиғламсираб. Ўпкам тўлиб кетди.
— Манови доридан яна ич, — дедим овозим титраб.
Бошингни кўтариб, дори билан бир қултум сув ичдингу, бемажол чўзилдинг. Энди ёнингдан кетмадим. Безовта тўлғондинг. Кичкина вужудинг олов бўлиб ёнар, тишларинг қисирлаб кетарди. Менинг дам хўрлигим келади, дам ваҳимага тушаман. Мушт¬дек юрагим бетоқат типирчиларди. Кўз ёшларим дув-дув оқиб, юзларимни ювади.
Бир маҳал қўлимдан маҳкам тутиб, ҳуш-беҳуш ёлвора бошладинг.
— Маҳмуд ака, кетманг, қўрқаман, бир ўзим қўрқаман! — дердинг нуқул.
Кейин қўлимни сиқиб ушлаган кўйи тинчиб, уй¬қуга кетдинг.
Аям бир сафар оғриб қолганида отам кечаси билан мижжа қоқмаганди. Кейинчалик отамнинг бошида шўрлик аям ўтириб чиқадиган бўлганди то охирги кунигача…
Мен ҳам ўша кеча ухламадим. Майингина нафас олишингга қулоқ тутиб, бошингда тонг оттирдим. Ўй-хаёлларимнинг чеки йўқ эди: мана биринчи марта бир том остида тунни ўтказяпмиз, дердим. Ҳали бир умр шундай бўлади… Сен мен учун яралгансан, менга ҳамроҳ бўлиш учун дунёга келгансан, Шоҳсанам!..

1987, 2007 йиллар

6SDARm5CbYA.jpgOrziqul ERGASH
SHOHSANAM
Qissaning yakuni
009

Orziqul Ergash 1953 yil 14 yanvarda Samarqand yaqinidagi Darxon qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand Davlat universitetini tamomlagan (1975). «To‘y», «Dunyoning bir chekkasi», «Bolaligim ko‘chalarida», «Shoxsanam», «Darxon qissalari», «Sening bu dunyoda borliging») kabi qissa va hikoyalar kitoblari nashr etilgan. Bir necha asarlari asosida televizion filmlar suratga olingan. Uzoq yillar O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniya tizimidagi teleradiokanallarda ishlagan, bugun O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida faoliyat yuritmoqda.

009

* * *

0 32.jpgAslida brigadirlik degani amal hammas, g‘irt g‘alvaning o‘zi. Buni o‘sha birinchi yildayoq sezgandim. Lekin, birov menga ishondimi, yosh demay shu ishni topshirdimi, ishonchni oqlashim kerak, degan xayolda ishga sho‘ng‘ib ketgandim. Sharoitim og‘irmas, suvning boshidaman. Yerlarim kaftdek tekis (rahmatli otamning xizmati). Mendan lozim bo‘ladigani — odamlarni ishlatish edi, xolos. Bu ham qiyin kechmadi. Odamlar Farmon birgaddan bezishgan ekanmi yoki otamning hurmatini qilibmi, menga chippa yopishdi-qolishdi. Aytganim aytgan, deganim degan bo‘ldi. Qolaversa, ozroq shoirligim bor, juda so‘zamol bo‘lmasam-da, ko‘pning boshini qovushtirish, nimagadir qiziqtirishni epladim, shekilli, dastlabki yillar qatorasiga peshqadam bo‘lib keldim.
Endi esa… ming chiranma, joningni jabborga berib yelib-yugurma, foydasiz. O‘n kunlik yakunida uloqni kim-kimlar yulqib ketadi. Ikki o‘rtada odamlarning oldida yuzing shuvut…
Shohsanam, meni to‘g‘ri tushungin, bayroq olmasam, ilg‘or bo‘lmasam, o‘lib qolmasdim. Menga alam qilgani bu emasdi. Gap shundaki, ona sutiday happa-halol mehnat haqimizdan baraka qocha boshladi. Ayniqsa, yillik taqsimotda bu narsa yaqqol bilindi. Ayrim kolxozchilarim pullarini olishgach, birin-ketin uyimga kirib kela boshlashdi. Meni bosib o‘tib, idoraga borishni ep ko‘rishmadi. Mahmudjon, bir tekshirtirib ko‘rmaysizmi, cho‘g‘i kamdaymi, de¬yishdi…
Har erta ulovimga horg‘in cho‘kib, markazga jo‘nayman. Ming yillik buxgalter qarshisiga o‘tirib, oldiga ro‘yxat tashlayman. Cho‘kirtak chol miq etmasdan, erinmasdan qog‘ozlarini yoyib chiqadi. Almisoqdan qolgan ko‘zoynagini burniga qo‘ndirib, hafsala bilan cho‘t qoqadi. Keyin hali men tashlagan ro‘yxatga bir qancha raqamlarni bitib, oldimga qaytarib tashlaydi. Ko‘rdingmi, ko‘ngling to‘ldimi, deganday iljayadi.
Qariyaning nursiz ko‘zlariga qattiq tikilaman. Uyalar, andishaga borar, deyman. Qayoqda, lupa ko‘zli qalin ko‘zoynagi orqasidan qadalib turaveradi…
Brigadirlik siyog‘im qolmadi.
Rost-da, birovning halol nonini ajratib berolmasam-da, unga rahbarlik qilsam. Ishga chiqqin, deb har erta eshigini qoqib tursam. Bu ketishda bir kun shatta yeb qolmaymanmi?! Vaqt borida, obro‘ borida etakni yig‘ishtirishim kerak. Brigadirlik qilib bo‘ldim, bas! Erta ko‘klamdan dalaga chiqib, ketmon chopaman!

* * *

Ikki kun uyda qamalib yotdim. O‘y surdim. Ko‘pdan kitob o‘qimay qo‘ygandim. To‘g‘ri kelgan kitobni qo‘lga oldim.
Xizmatdan qaytganimga olti yil bo‘ptiyu, olti kuncha sezmabman. Ahvolim it yotish, mirza turish. Qish bekorchiligidayam ot tinadi, it tinadi, menda tinim yo‘q.
Dastlab ish boshlaganimda niyatlarim g‘ujg‘on edi. Planni do‘ndiramiz. Keyin rais bobodan material so‘rayman. Eng boshda qishloq o‘rtasida naqshinkor choyxona qurdiraman. Qishloqqa medpunkt zarur, odamlar markazga qatnashdan qutilishadi (unda Shohsanam ishlaydi!) derdim o‘zimcha. Maishiy xizmat uyi, magazin qurdirmoqchi, yo‘llarni asfalt qildirmoqchi edim. Qishloq ichida mevali daraxtlar ektirib, atrofini shamshodlar bilan o‘rab olmoqchi edim. Ko‘z oldingga keltirgin-a, Shohsanam, qanaqangi zo‘r manzara… Xayolda oson ekan, hammasi qolib ketdi…
Uydan chiqmay qolganimning uchinchi kuni ukang Jamshid kirib keldi.
— Biror yoqqa ketganmidingiz, ko‘rinmadingiz?— dedi u.
— Qayoqda, yotibman uyda, — dedim yasama xushnudlik bilan.
Bir ko‘nglim, ishni topshirmoqchiligimni hozir aytayinmi, dedim. U sandal chekkasidagi kitobni oldi.
— «O‘tkan kunlar»-ku?
— Ha, yana o‘qib chiqdim.
Kitob varaqlab turgan Jamshidga tikilib, shu ikki kunda uni sog‘inganimni tuydim. Yarim yildan beri menda hisobchilik qiladi. Harbiydan bo‘yi cho‘zilib, kamgap, jiddiy yigit bo‘lib qaytdi. Mening kuyib-yonishlarimni xotirjam kuzatib turadi-da, bir og‘iz gapiradi:
— Qo‘yavering, Mahmud aka, bilganlarini qilavermaydimi?!
Keyin olis-olislarga ko‘z tikkancha jim qoladi. Uning favqulodda sokinligiga havas qilaman. Unga taassub qilgim keladi. Lekin, eplolmayman.
Har kim o‘z fe’li-a’moli bilan yaratilarkan-da, nima topsa shundan toparkan…
Jamshid bir piyola choy ichdiyu, qo‘zg‘aldi.
— Bilasiz-a, bugun choyxonada gashtak bor…
— E, yaxshi aytding, — dedim birdan ko‘nglim yorishib. — Kimniki edi?
— Boqi akaniki. Ertaroq chiqing…

* * *

Eskidan qop kelayotgan choyxonamiz oldida Temur amakim qozonda yog‘ dog‘layapti. Shu odamga qo¬yil qolish kerak: faqat ta’biga yoqqan ishnigina qiladi. Ta’biga o‘tirgan odam bilangina gaplashadi.
Gashtakchi Boqi aka bir chekkada o‘tin yorib turibdi. Temur amakimdek qoruvli, baquvvat bo‘lsa-da, uquvi kamroq. O‘tin yoraman deb terga tushib ketibdi bechora.
— Hormang, Boqi aka…
— E, keling, Mahmud aka, assalom alaykum, — dedi Boqi aka qaddini rostlab.
— Salomalaykum. Sizdi qiynab qo‘yishibdi-ku, yoshlar yo‘qmi? — dedim u bilan ko‘risha turib.
— Yoshlar bor, kelishgan. Sabzi to‘g‘rashyapti.
— Bering o‘shalarga, ular ham ozroq terlashsin.
Ichkaridan Jamshid xijolatli kulimsirab chiqib keldi.
— E, o‘sha sabzi to‘g‘rashdan menga shu o‘ng‘ayroq…
— Ungayam uquv kerak, — dedi Temur amakim iljayib.
Boqi aka xoxolab kuldi.
— Obbo, polvon akayey, qo‘ymaysiz-da!

* * *

Ichkarida gashtakxo‘rlar to‘planib qolibdi. Safar amakim davra to‘rida o‘tirib olgancha, gurung beryapti. Qo‘lbola solyarka pech guvillaydi. Tokchadagi magnitofon pastgina ovozda aytib turibdi.
Safar amaki meni yoniga oldi.
— Qani, jiyanim, keling-chi. Omon bormisiz?..
— Rahmat amaki. Gurungni beliga tepdim chog‘i?
— Beliga emas, boshiga, — deya iljaydi u hozirjavoblik bilan. — Rahimzoda deganning g‘iybatini qilmoqchi bo‘lib turgandim. Eshitgan chiqarsiz?..
— Rayijroqo‘m bo‘lgan-da…
— Ha, balli!.. Vaqtida xo‘p davrini surib o‘tgan, xumpar… Xullas, shu odam, ijroqo‘mlikdan yangi tushgan paytlar, falokati qisib mahallasidagi bir to‘yga kirib qopti. Bu elligingchi yillar hangomasi… Al¬qissa, Rahimzoda, to‘yxona eshigiga ro‘baro‘ bo‘lishi bilan bir yigit quchoq ochib, peshvoziga kelibdi. E, rais bovo, bormisiz, sizdiyam ko‘rar kun bor ekan-ku, deb ichkariga boshlabdi. Bitta ustalga o‘tqazibdi. Fotiha olgani kelgan oqsoqol haligi yigitni koyigan bo‘libdi. Hoy, esi past, shu joy Rahimzodaning tengimi, debdi. Keyin uni bu yerdan turg‘azib, to‘rdagi ustalga boshlabdi. Rahimzoda g‘oz yurish bilan unga ergashibdi. Oqsoqol ko‘rsatgan joyga endi o‘tiraman deganda, uchinchi bittasi kepti-da, E, to‘xtang, o‘rtoq Rahimzoda, bu yerga xotinlarni o‘tqazisharkan, xotinlar bilan o‘tirmang, bu yoqqa yuring, debdi. Ergashtirib borib, haligi o‘tirgan yeridan ham pastroqdan joy ko‘rsatibdi. Buyam holva ekan: bir yoqdan non, qovun-tarvuz keltirib, bir yoqdan yig‘ishtirib ketishibdi-da, kabob bilan ichkilik qo‘yishibdi. Bechora ijroqo‘m shishayu kabobga qo‘l urishga ulgurmasidan, oshni qo‘yishibdi. Oshdan ham bir chuqim olib-olmay, darhol oqsoqolni chorlashibdi. Ota, o‘rtoq Rahimzodaning fotihasini oling, domla shoshayotgan ekanlar, deyishibdi…

* * *

Safar amakining davrasida zerikmaysan. Mudom mana shunaqa tesha tegmagan hangomalardan aytib o‘tiradi. Hozirgi aytib berganlari qanchalik rost-yolg‘onligini bilmaymanu, lekin Rahimzoda deganlari oyog‘i uzangida paytida tumanni zir titratgan deyishadi. Hatto mening bobomniyam hayit ertasi mashinadan tushirib qoldirgan ham shu odam ekan. (Unda qishloq sho‘rosiga rais bo‘lgan). Har kim ekkanini o‘rar ekan-da…
Odamlarim har yilgidan cho‘g‘i kamroq bo‘lsa-da, yillik hisobot puli olishgan. Ikki-uch kunda kam-ko‘stlarini tuzatib, bozor-o‘charini qilgan. Kayfiyat ham shunga yarasha. Kim askiya qilgan, kim latifa aytgan, kim dunyo voqealaridan, kim qishloq yangiliklaridan gurung beradi… Qiziq, odamlarimiz baqirib-chaqirib so‘zlashisharkan. Buni hozir payqab qoldim. Chunki, o‘zim deyarli gap qo‘shmay, bir chekkada kuzatib o‘tiribman-da…
Temur amakim oshni damlab qo‘yib, ichkari kirdi.
— Hormang endi, Temur jo‘ra, — dedi Safar amaki, — qani, joyingizni oling, — deb yoniga taklif qildi.
— Hali keyin, — dedi Temur amakim manglay terini belbog‘i bilan artarkan, — oshni suzaylik.
— E, bo‘ldiye, oshni damlab berding, suzib ham berasanmi, — dedi Safar amaki ovozini baralla qo‘¬yib.— Qavatimga kelib o‘tirsang-chi, jo‘ra, odam o‘tirganday bo‘lmayapti!..
Boshqalar ham uni quvvatlab Temur amakimni to‘rga o‘tqazishdi.
— Ha, bu boshqa gap-da, Temurbek, — dedi Safar amaki darhol choy quyib uzatarkan. Keyin choy ho‘playotgan oshnasiga qarab iljaydi. — Shu, jo‘ram yonimda bo‘lmasa bir balo, bo‘lsa yana bir balo…
Hamma ajabsinib qaradi. Demak, yangi hangoma boshlanyapti. Yoshlardan biri besabrlik bilan luqma tashladi.
— Amaki, tinchlikmi?..
— Tinchlik-ku, lekin shu jo‘ram yonimda o‘tirsa, haybati bosib, yeganim ichimga tushmaydi. Qo‘rqib o‘tiraman.
— Jo‘rangizdan qo‘rqasizmi?
— Qo‘rqaman… Fe’lini bilaman-da. Aytaveraymi, jo‘ra?..
Temur amakim indamay, bo‘shagan piyolani unga tut¬qazdi.
Safar amaki qulog‘i ding bo‘lib turgan hangomatalablarga ko‘z qisib qo‘yib, gap boshladi.
— O‘zi aslida gashtak degani — hangoma degani, gurung degani. To‘g‘rimi, jo‘ra? Shuning uchun, o‘tgan-ketgandan gapirib o‘tirish kerak-da… Mayli eshitinglar: unda ancha yoshmiz. Endigina uylanib, bitta-ikkitadan bolalik bo‘lgan paytlarimiz. Rahmatli Ma’rufxon — brigadirlaringizdi otasi, Temur amakilaringiz, men — uchalamiz mudom birgamiz. O‘shandayam gashtakxo‘rliklar bo‘p turadi. Endi aytaversam, hozirgilar ishonmaydi. Bir deb tizzalab o‘tirgancha, tong ottiramiz. Qimir etmaymiz. Farmon birgad bizdan tikroq. Uyam maishatxo‘r, bunaqa o‘tirishlardan qolmaydi. Bechora menga o‘xshab sergaproq…
— Sizga o‘xshamaydi-ye?! — deb qo‘ydi kimdir.
— Bir kun desangiz, yaxshi o‘tiribmiz. Shiringina bo‘p qolganmiz. Ziyofat quyuq. Unda o‘risdi arog‘i taxchilmidi, bilmadim, qo‘lbola musallas ko‘proq ichilardi. Farmon tushmagur o‘zi Temur jo‘raning yonida o‘tiribdiyu, ikki-uch kishi naridagi Ma’rufxon bilan to‘qishtirgisi kep qoldi. Rahmatlining ichkilikka xushi kamroq. Uning otasi Eshonbobomiz-ku, bu sabildan hazar qilardilar… Alqissa, Ma’rufxon Farmon uzatgan piyolani olmadi. Bo‘ldi, men boshqa ichmayman, dedi. Farmon tirg‘alishni qo‘ymadi. Bechoradan bir alam o‘tganmidi. Aytmoqchi, Ma’rufxon o‘shanda yaqindagina Farmonning o‘rniga brigadir bo‘lgan, Farmon ho‘v Jar-qishloqqa yuborilgan edi. Farmon arz-dodini boshladi. Eshon, siz bizdaqalarni pisand qilmaysiz. Pisand qilganingizda shuni olardingiz, qo‘limdi qaytarmasdingiz. Bitta qo‘limdan olsangiz, keyin ishonaman hurmat qilishingizga, deb hadeb man¬qalanib g‘ingshiyverdi… Rahmatli Ma’rufxon kamgap ediyu, cho‘rtkesar edi. Oxiri joniga tegdi, shekilli: Farmon aka, ishonmay qo‘yaqoling, dedi. Shunday dediyu, baloga qoldi. Farmonni battar jini qo‘zidi. «Ana aytmadimmi, Safar, — dedi endi menga qarab olib, — Eshon jo‘rangiz mendaqalarni odam o‘rnida ko‘rmaydi. Biz bo‘lsak, bu odamni to‘ram, to‘ramlab yuramiz!».. Menikiyam tutib ketdi. E, Farmon aka, shuni ichish kerakmi, ha kerak, bering, men ichaman, dedim. O‘rin o‘tadimi, desam, yo‘q o‘rin o‘tmaydi, o‘zi ichsin!..
(Bu ota-bolalarga yo‘rgagiga tekkan ekan-da, deb qo‘ydim o‘zimcha, bir paytlar Kozim oshnam ham Eshonzoda deb meni ko‘z ochirmasdi).
— Men sen bilanmas, Eshon bilan ichishim kerak! — dedi avjiga chiqib. Temur jo‘raning g‘ashi kelib, bir ho‘mrayib qo‘ygandi, jim bo‘ldi. Xayriyat, tinchidi-ye, deb tursak, yana boshlab qoldi deng. Yo‘q, nimaga endi men bilan ichmas ekan, deydi yig‘lamsirab. Agar mana shuni olmasa, eshitib qo‘yinglar, agar ichmasa, hozir chiqib ketaman, desa bo‘ladimi! Ma’rufxon endi indamadi. Aftigayam qaramadi. Bittasi piq etib kuldi. O‘zini bilganga shu kifoya edi. Lekin Farmon laqqiga kifoya qilmadi. Hammangni tiling bir. Meni ko‘rolmaysizlar, deb endi bizlarga yopisha ketdi. Ma’rufxon birgadir bo‘lsa, menam birgadirman. Jarqishloqda qaysi eshikka kirsam, bir bosh piyozi bilan yarimtasi bor. Kam bo‘lganim yo‘q!.. Mastlik-rostlik deganday, Farmonning dilidagi alami tiliga chiqib ketdi-da…
O‘tirishdan fayz ketdi. Hay, bo‘ldi, bas, deganimiz sari avj qilaverdi. Oxiri bo‘lmadi. Temurjon Farmonning chap qo‘lida o‘tirgan edi. Bunday yelkasiga nuqidi. Nima deysan, deb qarashi bilan quloq-chakkasi aralash tarsaki bersa bo‘ladimi!.. Bechora Farmon tizzalab o‘tirgan yerida g‘o‘ladek uchib tushdi. Shu tushgancha jim bo‘ldi. Qayta turishga holi kelmadimi, qo‘rqdimi, yotaverdi. U bilan birovdi ishi bo‘lmadi. Bir mahallar qarasak, shumshayibgina o‘tiribdi. Yuzida shundoq besh panjaning izi. O‘l bu kuningdan deydigan odam yo‘q… Shu-shu, Temurjonning yonboshida o‘tirmaydigan bo‘p qolgandi bechora… U-ku, mayli, men o‘zimam yonida o‘tirib qolsam, hayiqib turaman. Chakki-chilep bir narsa devorsam qulochkashlab sop qolmasin, deyman-da!..
Goh pirdan, goh muriddan degandek, goh to‘rdagilar, goh yoshlar orasidan qiziq gap chiqib qoladi-da, gur-gur kulgu ko‘tariladi. Menga ayniqsa, Farmon birgad hangomasi nash’a qilgan, beo‘xshov tananing g‘o‘ladek uchib tushib, pusibgina yotishi dam badam ko‘z oldimga kelib, o‘z-o‘zimdan kulib qo‘yaman…
Demak, bu odam bejizga menga g‘ijinib turmas ekan-da. Kattalarimizdan o‘tgan alam zahrini menga sochmoqchi bo‘larkan… Bundan chiqadi, Kozim oshnamizning tirg‘alishlari, sinfdoshlarim oldida eshonlar oilasidan ekanimni fosh etishga urinib yotishlari ham bekorga emas, otameros alamlar natijasi ekan-da!.. Otasining o‘rniga tayinlanishim alam ustiga alam qo‘shgan. Lekin, qoyilman unga, o‘shanda bu alamni sezdirmadi. Ataylab dalaga izlab kelib, quchoqlab tabrikladi. Otangdi o‘zi hali ishlasa bo‘lardi, desam, e, xijolat bo‘lmang, jo‘ra, yaxshi ish bo‘ldi, boboy ham endi dam olsin. Kecha uyga kelsam, shunaqa gap. Boboyning mashqi past. E, ota, yaxshi bo‘pti-ku. O‘zingizga qolsa, yana ming yil ishlayverasiz. Birov rahmat demaydi baribir, dedim. Opam1 ham bir-ikki og‘iz gapirgan edi, boboy ochildi. Rost aytasan, kolxoz haykal qo‘yarmidi, dedi. Mayli, begona emas, o‘zimdi shogirdimni qo‘ydi, dedi hatto. Boboyning mardligiyam bor-da, jo‘ra. Sizdi shogirdim deb maqtanib yuribdi…
Kozimboy shunaqa gaplar bilan qo‘ltig‘imga kirib olib, qarmoqqa tushirdi. Haydarovday inson oldida bir pul qilgani, bezori sheriklariga o‘lasi qilib urdirganlari holva… Meni sendan judo qildi, Shohsanam!.. Yana o‘sha kasofatni deb senikiga (!) sovchi bo‘lib borganlarim-chi!.. Eh-he, bularning alami yuragimdan ketarmikan?! Qayoqda! O‘lganimda o‘zim bilan ketadi endi ular!..
Bezovta alangladim, bosib-bosib ichgim keldi. Lekin shu tobda buning iloji yo‘q. osh oldidangina ishtaha uchun deb ruxsat beriladi. O‘zimga o‘xshagan brigadirlar bilan bo‘lganda-ku, allaqachon tayyor bo‘lib o‘tirardik.
(Uzr, Shohsanam, keyingi paytlar shunaqa odatlar ham orttirgan edim!) Kolxoz faollarining nimasi ko‘p — bo‘lar-bo‘lmas majlisi ko‘p. Majlisda achchiq-tizziq gaplardan qizarib-bo‘zarib chiqamiz-da, pana-pastqamda turib olib, bir bosh piyoz bilanmi, qotgan non bilanmi, g‘uborbosdi qilamiz… Eh, o‘zi aslida avval boshdan xato qilgan ekanman. Haydarovning yuzini qilmay, Toshkentga ketvorsam bo‘larkan. Shunda mana bunaqa maydakashlar bilan tenglashib o‘tirmas, qo‘li ham, bo‘yi ham yetmas joylarga ko‘tarilib ketgan bo‘larmidim?!.
Eshikda Jamshid ko‘rindi.
— Safar amaki, osh tayyor, — dedi.
Safar amaki «xo‘sh, jiyan?» degandek menga yuzlandi. Har qancha ichikib turgan bo‘lsam-da, davrani bir qur ko‘zdan o‘tkazib chiqib, keyin:
— Hamma kelib bo‘pti, shekilli. Suzaverishsa bo‘lar, — dedim.
Oshu obdan keyin chaq-chaqlashib o‘tiribmiz.
Ancha o‘zimga kelib olganman. Davra to‘rida, Temur amakim qavatida qo‘r to‘kib o‘tirgancha, gurungga qo‘shilib qo‘yaman. Hamma qatori yayrab kulaman. Dil g‘uborlarim tarqab boryapti. Yil bo‘yi o‘zimni qiynab, o‘zim bilan o‘zim olishib yurganlarim g‘irt bema’nilikdek tuyula boshlagan. Nima jonimga kerak shu mashmashalar, deb ajablanib ham qo‘yaman. Bo‘ldi, brigadirlikni topshiraman. Hamma qatori tinchgina ketmon chopaman… Keyin, o‘tirar joyim balki huv etakroqda bo‘lar. Nima qipti?!. Har tugul anovi ijroqo‘m Rahimzodaning ahvoliga tushmasman… Nega endi Rahimzoda? Balki, shoirlik hunariyam bo‘lgandir-da menga o‘xshab. Ishqilib, taqdirim o‘xshamasin-da… Qisqasi, topshirishim kerak, vassalom. O‘rnimga kimni qo‘yisharkin?.. Jamshidni qo‘ymasliklari aniq. O‘ziyam ko‘nmaydi. Ke¬yingi yil yana o‘qishga urinib ko‘rmoqchi. Uyam o‘sha tirishqoq uchuvchi pochchasiga o‘xshab (!) bir so‘zli chiqdi. (Hali hamon uning pochchasi birov ekanligini tan olgim kelmaydi). … Mayli, kimga o‘xshasa, o‘xshasinu, menga o‘xshab qishloqqa bog‘lanib qop ketmasin-da… Xayol bilan bo‘lib unga tikilib qolgan ekanman, ko‘zlarimiz uchrashdi. Bu sokin ko‘zlar seniki edi, Shohsanam! Sinovchan, beozor, o‘ychan…
Safar amakining ovozi xayolimni bo‘ldi.
— Ey, bolam, anovini ovozini ko‘tar. Komiljon shekilli…

Shu choqqacha tokchada e’tiborsiz turgan magnitofon endi bizga navbat deganday xonani to‘ldirib yubordi.

O‘ldim jamoling shavqida darding ololmadim,
Boshingdin, ey sanam, nega men o‘rgulolmadim,
Bir lahza ishrat uyida majlis qurolmadim,
La’li labingni qandini bir dam so‘rolmadim,
Hajringda dardu g‘am bilan hasratda dog‘man…

— E, joying jannatda bo‘lgur-a, — dedi Safar amaki bosh tebratib. Men bo‘lsam ado bo‘lgandim: u mening dardimni kuylayotgandi…

Sabru qarorim qolmadi, ey jon, nechuk etay,
Majnuni benavo kabi yo bosh olib ketay,
Hajringda dardu g‘am bilan hasratda dog‘man…

* * *

Shaharga ketyapman, sening oldingga.
So‘nggi bor ko‘rganimga yarim yildan oshdi. Juda sog‘inganman. O‘shanda idoraga faollar yig‘iniga shoshib borayotuvdim. Daladan uyga ham kirmasdan to‘g‘ri o‘tib ketmoqchi edim. Qarasam, o‘g‘ilcham Boburni yetaklab eshigimizdan chiqib kelyapsan. Mototsiklim o‘z-o‘zidan taqa-taq to‘xtadi. Motori o‘chdi. Aytaman-ku, u meni tushunadi, u temirdanmas…
— Yo‘l bo‘lsin amma-jiyanlarga?
— Sayrga chiqayotuvdik, — deding jilmayib. Keyin o‘g‘ilchamni ko‘tarib olding. — Boramizmi, Boburjon?
— Boyamiz…
Sayrni qoldirdik. Uyga qaytib kirdik.
Bir yonda ayam, bir yonda sen (tizzangda o‘g‘ilcham) chorpoyada o‘tirib, uzoq suhbatlashdik. Majlis ham xayolimdan ko‘tarilib ketdi. Shunga ham olti oy bo‘libdi. Seni sog‘inganman. Ayniqsa, ikki kun uyda qamalib yotganimda buni qattiq tuydim. Hali choyxonada eshitgan qo‘shig‘im tamomi dunyomni ostin-ustin qilib yubordi. Va choyxonadan to‘liqib, toshiqib chiqqancha to‘g‘ri sening oldingga ketyapman. Yo‘l-yo‘lakay xiyla sovub, hushyor tortib, ko‘nglimda andak xijillik paydo bo‘lgan: u endi baribir birovning xasmi, shu ishim to‘g‘rimikan, degan andishada ikkilana boshlaganman. Lekin, o‘zimni to‘xtata olmayapman. Loaqal olisdan bir ko‘rib qaytaman-ku, degan o‘yda ketib boryapman.

* * *

Bir paytlar Haydarov yotgan shifoxonaga kirib bordim.
Havo ertalabkiga qaraganda ancha iligan. Yerda qor qolmagan. Har bir ko‘ringan oq xalatli, nozik hamshira senga o‘xshab ketadi. Yo‘l-yo‘lakay bir qo‘limni oq doka bilan bog‘lab, bo‘ynimga osib olganman. (Mug‘ombirlikni qara!)
Tavakkaliga ichkariga kirib borayotgandim, nav¬batchi qiz to‘xtatdi.
— Siz kimga, qaysi palataga?
— Menga Rasulova kerak edi.
— Qaysi palatada?
— U hamshira, sizlarda ishlaydi.
— Rasulova?.. Bizda unaqa hamshira yo‘q, — dedi qiz, keyin navbatdagi kishi bilan savol-javob qila boshladi. Keyin ichkariga kirib ketayotgan yerida to‘xtab, menga qaradi.
— Siz anavi poliklinikamizga boring-chi, balki o‘sha yerdadir?!.
— Rahmat.
Chinorlarni oralab ketgan yo‘lak bilan borib, bir bino oldidan chiqdim. Ichkariga kirdim. Yuragim hapriqadi. Birovdan so‘rashga andisha qilaman. Balki, o‘zi uchrab qolar, degan umidda bir pas serrayib ham turdim. Keyin o‘zimga nash’a qildi. Nega keldimu, nega qo‘rqoqlik qilaman!..
Ro‘yxatxona tuynugiga mo‘raladim. Ichkaridagi qiz nimasi bilandir o‘zimizning Umaroni eslatdi.
— Yaxshimisiz, singlim?! — dedim o‘zimni jiddiy tutib.
Qiz bo‘lmalardagi hujjatlarni titkilab turgan edi, tuynukka yaqinlashdi.
— Keling…
— Shohsanam kerak edilar. Rasulova.
— Nima ishingiz bor edi?..
Xushro‘y qizgina bu gapi bilan dunyoni muyassar qilgan edi. Lekin sir bermadim. Jiddiy, hatto ranjigan qiyofada, o‘zi ishdami, axir, dedim. Qizgina xijolatli kulimsiradi.
— Demoqchiydimki, juda zarur bo‘lsa…
— Ha, juda zarur, siynim, qishlog‘idan keldim.
— Qishlog‘idan… Tinchlikmi, ishqilib, mulla aka? Uydagilar… — dedi u tashvishga tushib. Bildimki, sening yaqinlaringdan…
— Tinchlik, — dedim xiyol yumshagan bo‘lib. — Ishim bor edi…
— Fabrikani bilasiz-a, «8-mart»ni, o‘sha yerdagi filialimizda ishlayotgan edi. Vaqtincha. Nima qilasiz, borasizmi endi?
— Albatta-da, — dedim beixtiyor iljayib. — Bo‘pti, rahmat sizga.
Eshikdan chiqqan yerimda qiz to‘xtatdi.
— Mulla aka, shoshmay turing…
Ichkariga qaytib kirdim. U ro‘yxatxonadan chiqib oldimga keldi.
— Shohsanamga aytsangiz, ertadan bu yerga kelaversin. Fabrikaning hamshirasi ishga chiqadi o‘zi, byulleteni tugabdi.
— Shumi?
— Ha, shu. Keyin Roziya salom aytdi, deng, — qizgina shirin jilmaydi. — Sizni sog‘inibdi deng.
Seni sog‘ingan bu qizchani yaxshi ko‘rib ketdim. «O‘tirib bir dardlashsam bo‘lar ekan-ku sen bilan siynijon», dedim o‘zimcha Umaronikidek kulib turadigan qiyg‘och ko‘zlariga tikilib. Keyin xayrlashgani qo‘l uzatdimu, xayr demadim, ko‘rishguncha, dedim.

* * *

Yolg‘iz o‘tirgan ekansan.
Mening kutilmagan tashrifim, ayniqsa bir qo‘limni bo‘ynimga osib olganim seni cho‘chitib yubordi. Ranging o‘chinqirab, shoshib oldimga kelding.
— Tinchlikmi, Mahmud aka?
— Tinchlik, tinchlik! Yaxshimisan? — deya «sog‘» qo‘¬¬¬limni uzatdim.
— Voy, assalom. Kechirasiz, qo‘rqib ketganimdan… O‘tiring, Mahmud aka.
Yuzma-yuz o‘tirdik, so‘rashgan bo‘ldik.
— Qanday shamol uchirdi? — deding keyin jilmayib.
— Qanday shamol bo‘lardi? — dedim ranjigan qiyofada. — O‘zim shundoq… Sog‘indim, izlab kelaverdim.
Xijolat tortib qizarinding.
— Kechirasiz, so‘ramabman ham, qo‘lingizga nima qildi?
— A, zararsiz. Bilasan-ku, mototsiklni yomon haydayman. (Bir yolg‘ondan qirq yolg‘on urchiydi degani shu-da).
— Ehtiyot bo‘ling-da, Mahmud aka… Qani, bir ko‘rib qo‘yay-chi… — deya o‘rningdan turding.
— Allaqachon ko‘rib qo‘yishdi. Roziya… ko‘rib qo‘ydi.
— Rostdanmi?.. Shu qiz biram yaxshiki. Xuddi…
— Xuddi Umaroning o‘zi, — dedim hozirjavoblik bilan.
Kulib yubording.
— Topdingiz. Xuddi o‘zi. Sho‘xligiyam, kuyunchakligiyam.
— Umaro seni ko‘rmasa uzlikib qolardi. Kelib turadimi oldingga?
— Haliyam o‘sha-o‘sha… Amirjonni boshlab kelaveradi. Shaharga tushishsa, ko‘rmay ketishmaydi, — deya o‘ychan tortib davom etding, — bosilib qolishganini aytmaysizmi?! Biram ahil, biram inoqki, odamni havasi keladi.
Senga hasrat-la tikilib qolganimni ko‘rib, gaping¬ni yo‘qotding. O‘ng‘aysizlanib, oldingdagi daftarni varaqlashga tushding.
— O‘zing yaxshimisan, — dedim sekingina.
— Yaxshi, — deding ma’yusgina bosh irg‘ab.
— Aytmoqchi, Roziya salom aytdi. Ertadan u yoqqa borarmishsan.
— Juda yaxshi bo‘pti-da, — deding tetiklanib.— O‘zimam zerikib ketdim bu yerda… Ha, menga qarang, qishloq tinchmi o‘zi? Ayam betob emasmilar, ishqilib? Jamshid yaxshi yuribdimi, hisobchingiz?!.
Sen hamon o‘zim shundoq yo‘qlab kelganimga ishonqiramay turarding. Nega ham ishonishing kerak! Shuncha talabalik o‘tdi. Ikki-uch oylab uzum uzish, paxta hasharlarida qolib ketding. Men yigit bo‘lib biror marta izlab borganmidimki, ishonsang!.. Sog‘indim, izlab kelaverdim emish! Eh, mana shunaqa izlab kelishlarimni qanchalar xohlagan bo‘lsang kerak bir payt¬lar?!.
— Hammasi tinch, hammasi sog‘, — dedim hafsalasiz. — Ha, ishing qachon tugaydi?
— Tugadi. Ketmoqchi bo‘lib turgandim, o‘zi…
— Ketdik bo‘lmasa.
Bir zum sinovchan qarab qolding-da, o‘rningdan turding.

* * *

Qo‘lingda bejirim qizil sumkacha. Egningda oq momiq yoqali qizil palto, oyog‘ingda qizil etikcha. Yayov ketyapmiz. Xuddi bir paytlari orzu qilganimdek yonma-yon, xushu xursand. Atrofni unutganmiz…
Sen qishloqdagilarni, ayam, qizcham, o‘g‘ilcham, yangangni, dugonalaringni nomma nom so‘raysan. Men yaxshi, yaxshidan nariga o‘tmayman. Nariga o‘tishga esa nimadir monelik qiladi. Nima desamikin, o‘zi nima gapim bor edi, bu yerga kelishdan maqsadim nima edi, deb xayollarim chuvalashadi… Ikkinchi bekatdan o‘tdik hamki, to‘xtamadik. Avtobusga chiqmadik. Nihoyat, sen to‘xtading, jur’at qilding.
— Mahmud aka, rostini ayting, nega keldingiz?
— Bilasanmi, Shohi, nima demoqchiman?..
Beixtiyor madad istab qo‘lingdan tutdim. Nozik barmoqlaringni kaftim orasiga olib, avaylab siqdim. Duv qizarding-da, ohista tortib olding. Lekin qoshlaring chimirilmadi, allaqanday ginali qarab qo‘yding. Jim bo‘lding, demak, kutyapsan…
— Shohsanam, hammasiga men aybdorman…
Yalt etib qarab qo‘yding-da, bosh egib sekin yo‘lga tushding.
— Seni yaxshi ko‘rardim, jonimdan ortiq ko‘rardim. Bunaqa ishlar bo‘lib ketishi tushimga ham kirmagan. Hozirgacha ham ishonmayman, tush ko‘ryapman, deb o‘ylayman.
Yuzlaring lov-lov yondi. Qadamlaring sekinlashdi.
Shohsanam, mening sho‘rlik Sanamjonim so‘zlarimni tinglayapti. Yana nima desam, nimalar demoqchi edim-a?! Gaplarim ko‘p edi. Lekin tilimga chiqqani yana shu bo‘ldi:
— Meni kechirgin, men o‘zim gunohkorman. Sening bunga zarracha aybing yo‘q. Xolamniyam.
Sen faqat bir og‘iz gapirding.
— Endi nima keragi bor edi?..
— Bilaman. Lekin aytmasam bo‘lmaydi… Shohi, men…
Sen yurishdan to‘xtab, kulimsirab tikilding.
— Mahmud aka, qarang, bir pasda uch bekatni piyoda o‘tib qo‘yibmiz.
— Yo‘g‘-ye, bor-yo‘g‘i «Shotutli»gacha yurdik-ku. Hali «Afg‘oni», «Qo‘yqo‘ton» bor, — dedim hazilga olib. Ochig‘i mavzudan chalg‘iganimdan yengil tortdim. Chunki, xayolingdan nimalar kechayotganini bilmasdimu, lekin bugungi kundan sen ham mamnun eding va shunday bir paytda dilingni xufton qilishimga bir bahya qolgandi.
— «Shotutli»ning yo‘lida sirayam zerikmasdim,— deding botin bir sog‘inch bilan.
— Men bo‘lsam, zerikib ketardim, — dedim-da, ajablanib qaraganingni ko‘rib, — sen bo‘lmasang yonimda, — deb qo‘shib qo‘ydim.
— Shoirsiz-da, odamni dovdiratasiz, — deding jilmayib. — Amirjonning to‘yida o‘qigan she’ringiz juda yaxshi ekan.
— She’r o‘qidimmi?..
— Yana boshlang, — deding ginali ohangda. — O‘qidingiz-ku, to‘yxonani jim-jit qilib qo‘yib.
— Men she’r o‘qimadim, Shohi, dardlarimni to‘kib soldim. Yuragimni bo‘shatdim, xolos… Mana eshitgin-a…
Nasib etdi senga oliy baxt —
O‘z osmoni bo‘lgan bir lochin!
Sen ham uni erkalab xushbaxt,
Qanotida kuylamoq uchun
Yel bo‘lasan,
Shamol bo‘lasan,
Sen bir baxtli ayol bo‘lasan!..
— Sanamjon, «Shotutli»ning yo‘llari men o‘arib benavoni yutaman, deydi.
— Yolg‘iz yurmang. Yangamni hamroh qilib oling, — deding hazilga olib.
— Sensiz men yolg‘izman!
— Boburxonni ergashtirib oling… Aytmoqchi, biram shirin bo‘ptiki, siz bilmaysiz, o‘tgan safar borganimda xolam bilan uyimizga kep qolishdi. Amma-jiyan rosa chug‘urlashdik. Xolam aytgan bo‘lsalar kerak…
— Sensiz menga dunyo qorong‘u, Sanamjon!..
— Doston aytayapsizmi?! — deding hamon hazilingni qo‘ymay.
Toqatim bitdi.
— Uh! — deya ko‘kragimni ishqadim. — Mana shu yerim yorilib ketadi hozir!.. Sanamjon, kel, hammasini boshqatdan boshlaylik.
Yo‘lingni to‘sib, to‘xtatdim.
— Ko‘zimizni chippa yumaylik-da, qochib ketaylik. Toshkentgami, undan narigami! Xo‘p, degin. Rahming kelsin!..
Endi boshingni ko‘tarmading.
— Nega indamaysan? Menga qara, Shohi!.. — dedimu, birdan tildan qoldim. Ko‘zlaring jiqqa yosh edi. Bir so‘z demasdan yo‘lga tushding. Men endi yosh bola singari senga ergashdim. Navbatdagi bekatda to‘xtab, xayrlashgani qo‘l uzatding.
— Uyinggacha kuzatib qo‘yaman.
Beozor jilmayding.
— Siyningizni erga berganingizni unutib qo‘yganga o‘xshaysiz… Xayr. Hammaga salom ayting,— deding-da, jadal yurib odamlar oqimiga singib ketding.

* * *

Sen ketdingu, ne qilarimni bilmay, serrayib turib qoldim. Yuragim bo‘m-bo‘sh, miyam fikrlashdan to‘xtagan edi. Betoqat alangladim. Tushunarli. Men uchun shu tobda bittagina najot yo‘li bor, u ham bo‘lsa…
Bekat yonboshidagi do‘konchaga o‘zimni urdim.

* * *

Shaharga borib kelganimdan beri ruhim yengil. O‘zimda katta kuch, g‘ayrat seza boshlaganman. O‘jarligim tutgan, yerimni, odamlarimni, qolaversa amalimni noma’lum bir kimsadan qizg‘ana boshlaganman.
Ishga qayta kirishdim.
Ilgari raisga ro‘baro‘ bo‘lish, uning tuzsiz gaplarini eshitish, topshiriqlarini bajarish o‘limdan battar edi. Endi bular bari ahamiyatsiz, mayda-chuyda gaplar bo‘lib qoldi. Agar Shohsanam bilan yashaganimda qanday yaxshi bo‘larkan-a, deb o‘ylayman. Endi tez-tez uning oldiga borib turaman, deyman. Oilalik bo‘lsa nima qipti, avvaldan aka-singilmiz, to‘g‘rilikcha gaplashib tursak birov monelik qilarmidi, deya niyatim xolisligiga o‘zimni ishontirishga urinaman…

Bir kuni kechga tomon markazga jo‘nadim. Yozdagiday bo‘lib ketgan havo shu kuni ayniy boshlagan edi. Idoraga kirib, rais bilan choyxona qurilishini gaplashmoqchi, niholchilik xo‘jaligidan mevali daraxtlar, shamshodlar olib berishini so‘ramoqchi edim. Rais tuman markaziga ketgan ekan, idora tashqarisida ancha kutib qoldim. Nihoyat sutrang «Volga» ko‘rindi. Rais qadrdonlarcha qo‘limni siltab ko‘rishdi.
— Birgad bovo, qalaysiz?..
— Keluvdim…
— Kep turing-da bunday… — u oldinga tushib, ichkari yurdi. Uzun stolning ikki yog‘ida yuzma-yuz o‘tirdik.
— Kamnamosiz?
— Ha, endi…
— Shaharga qatnashga vaqt topasiz.
Kulimsirab tikilishidan ko‘nglimga g‘ulu oraladi. «Shohsanam bilan ko‘rganmikan yoki birov yetqazdimikan?.. Unda Xudo urdi!..»
— Xo‘sh, xizmat?
Kelishim boisini hafsalasiz tushuntirdim, Keyin qizishib ketib, barcha o‘ylab yurgan niyatlarimni aytdim. Medpunkt, magazin qurishni, yo‘llarni asfaltlashni… Faqat materialdan qo‘llasangiz bas, qolganini o‘zimiz eplaymiz, dedim.
U nuqul ko‘zimga qaraydi. Dam-badam iljayadi.
— Shunaqa deng! Niyatlar katta-ku? — dedi gapimni tugatgach. — Yaxshi. Raz, shunday tashabbus boshlamoqchi ekansiz, marhamat, biz tayyormiz. Ko‘chatlarga pul o‘tqazamiz. Biz-ku, siz nima desangiz, yo‘q demaymiz. Lekin, siz o‘zingizni bozorga solasiz.
Indamadim. Qachon, nima ishda deb talashib o‘tirmadim.
Shu payt nima bo‘ldiyu, lip etib chiroq o‘chdi. Tashqarida kuchli shamol qo‘zg‘algandi. Kotib yigit eshikni ochib, hozir sham yoqib kiraman, dedi-da, orqasiga qaytdi.
— Qo‘yavering, — dedi rais, — Mahmud akangiz bilan qorong‘uda gaplashish osonroq.
Qabulxonadan kotibning xushomadnamo kulgusi eshitildi. Ko‘p o‘tmay u sham yoqib kirdi-da, stolga qo‘yib, chiqib ketdi. Eshikni zich yopdi.
— Yaxshi emas, aravani birga tortish kerak, ukajon. Xo‘p, nega men buncha yelib-yuguraman, faqat o‘zim uchunmi? Rais bovongiz keksayib qolib, oxirgi yillar kolxoz ancha tushib ketgandi. To‘g‘rimi, tan olasizmi shuni?! Bir paytlar kolxozdiyam, rais bovongizdiyam butun O‘zbekiston tanirdi. Xo‘p, o‘sha darajaga yetkazsam, yomonmi?! Haydarovdiyam arvohi shod bo‘lmaydimi?!
Ichimda titroq qo‘zg‘aldi: bechoraning arvohini qaqshatdilaring-ku?!
U gapiryapti, men ichimda javob qaytaryapman. Sirt¬ga chiqarmayapman. Sirtimga faqat titrog‘i chiqayapti. Chiroqning o‘chib qolgani ikkalamizga ham tuzuk bo‘ldi. Yuzma-yuz tikilishib o‘tiribmiz. U ham barcha gapni ochiq-oydin qilib olmoqchi, shekilli. Sal o‘tib titrog‘imni bosib oldim. Jimgina eshitib o‘tiraverdim.
— Rais aka, kechirasiz, gapingizni bo‘laman, — dedim oxiri sabrim tugab. — Nima, men planimni bajara olmadimmi, ishimni udda qilolmadimmi?
— Rahmat, planni bajardingiz! Lekin, bizga kerak paytda yordam bermadingiz.
O‘tgan yil o‘nta brigadir bir taraf bo‘ldiyu, bitta siz bir taraf bo‘ldingiz. Nima, ular mendan qo‘rqqanidan qilishdimi?
Rais yolg‘on gapirdi. Uch-to‘rt yaloqxo‘ridan bosh¬qa birorta brigadir uning yo‘rig‘iga yurmagandi.
— Hech kim qamab qo‘ymadi-ku! Siz bo‘lsangiz, qo‘rqdingiz. O‘zingizni chetga oldingiz!
Endi uning ovozi bir parda yuqoriladi.
Ma’nini qara: men qo‘rqoqlik qilibman. Qin¬g‘ir ishga yurganlar mard bo‘ldiyu, men qo‘rqoq emishman! Besh ming jonli xo‘jalik rahbarining gapi bu!
— Lekin, do‘stim, kemaga tushganning joni bir. Bir gap bo‘lsa, sizam chetda qolmaysiz. Keyin aytib qo‘yay, — uning ovozi sirli tarzda pasaydi, — meni hech kim hech narsa qilolmaydi. Tak chto…
U o‘rnidan turib kabinet to‘ridagi stoli oldiga bordi. Tortmasidan sigaret olib chekdi-da, bir qo‘lida kuldon bilan derazaga yaqinlashdi. Shamolning zo‘ridan deraza oynalari dam-badam zirillab ketardi. U deraza peshtaxtasiga suyangancha, deyarli shivirlab gapirdi.
— Ayrim g‘alamislar shuni bilib qo‘ysin. Tomirim juda krepkiy. Shaharga borganingizda aytib qo‘ying…
Birdan yengil tortdim: e-ha, mana gap qayerda! Bu bechor mendan cho‘chib yuribdi. Yaxshi! Demak, Shohsanamning oldiga borganimdan bexabar. Endi ming javrasin — bir pul. Parvo qilmayman.
Rais aytarini aytib bo‘ldi, chamasi, ro‘paramga kelib o‘tirdi. Qo‘lidagi billur kuldonni stolga qo‘yib, unga sigaretasini ezdi. Kuldonga tikilib o‘tiraverdim. U og‘zimni poylayapti.
— Rais aka, bitta chektirsangiz, dedim go‘yo bir to‘xtamga kelgan kishi qiyofasida.
Men-ku, bu gapni ixtiyorsiz aytib yubordim. Lekin u ham beixtiyor o‘rnidan turib, hali qo‘ygan yeridan sigaretasini oldi-da, qutisi bilan oldimga keltirib tashladi. G‘ijinmadi, netmadi. Yana qarshimda o‘tirib, indamay yuzimga tikildi. Sigaretani chuqur tortdim-da, pastga pufladim. Keyin tomdan tarasha qilib:
— Sharif aka, shu yil choyxonani ko‘tarib olaylik, qo‘llab yuboring, dedim xuddi ming yillik qadrdonim bilan gaplashgandek bir alfozda.
U angrayib qoldi. Indamay unga ko‘z tikib o‘tiraverdim. Qo‘limdagi sigaretadan o‘rlayotgan ingichka tutun to‘g‘ri shamga qarab cho‘zilib borardi. Rais o‘rnidan ilkis turib, xonada u yoqdan bu yoqqa yura boshladi. Sham tomon o‘rlayotgan tutun to‘zg‘ib, izini yo‘qotdi. Lekin men xotirjamligimni yo‘qotmay, qorong‘u derazaga ko‘z tikkancha jim o‘tiraverdim. Nihoyat, Sharif Hodiyevich xona to‘ridagi joyiga borib cho‘kdi. Telefon go‘shagina ko‘tarib, raqam termoqchi bo‘ldi.
Men o‘rnimdan qo‘zg‘aldim.
— Menga ruxsatmi, Sharif aka?..
— Bo‘pti, boring, — dedi-da, zarda bilan raqam tera boshladi.
Eshikdan chiqarkanman, go‘shakning taqillab joyiga qo‘yilgani, raisning g‘udrangani eshitildi. Parvo qilmay, tashqariga yo‘l oldim.

* * *

Ertalab tursam, bo‘ralab qor yog‘ib yotibdi.
Shamol tingan. Jimjitlik. Butun borliq samo hukmiga some’ turib sukutga cho‘mgandek. Faqat yerga ohista to‘shalayotgan pag‘a-pag‘a zarrachalar shitir-shitirigina quloqqa chalinadi… Yuragim orziqdi. Tushuniksiz hislarim junbushga keldi. Qishloqqa sig‘madim.

* * *

O‘tgan galgidek yayov ketib boryapmiz.
Qor maydalab yog‘ib turibdi. Oppoq libos ko‘hna shahar husnini ochib yuborgan. Lekin, sen o‘ychansan. Sog‘intirgan qor ham, sog‘inib kelgan odaming tashrifi ham seni quvontirmagandek…
Ko‘nglingni ovlamoqqa urinib qilgan hazillarim kor qilmas, ma’yusgina kulimsirab qo‘yarding, xolos.
Bir paytlar mana shunaqa qor tushgan kunlarni bayram qilib yuborardik. Ikkovginamiz qir oshib, qor kechib, yaxmalak uchib, quvalashib, qor bo‘ron o‘ynab maktabga yetib qo‘yardik. O‘sha kunlarni eslashib rosa xumordan chiqarmiz, degan ilinjda edim. Lekin sen jimsan, ochilay demaysan. Yoki o‘sha beg‘am davrlarimiz xotiralaridan mahzun tortib qoldingmikan?
Oxiri bo‘lmadi, yengingdan ohista tutib, o‘zimga qaratdim.
— Shohsanam, tinchlikmi?
Sen eshitilar-eshitilmas, tinchlik, deding-da, yurishda davom etding. Keyin to‘xtading. Qalin qor pardasini to‘zg‘itib o‘tib-qaytib turgan mashinalarga ko‘z tikkancha deding.
— Shu yurishimiz to‘g‘rimi, Mahmud aka?
Indamadim.
— Endi ko‘nikishimiz kerak. Yosh bola emasmiz!
Javob istab menga o‘girilding.
— Bilmadim, Shohi, bilmadim. Balki sen ulg‘ayib qolgandirsan. Lekin men yosh boladan battar bo‘lib boryapman. Ko‘rmasam turolmayapman, vassalom!
Siniqqina kulimsirab qo‘ydingu indamading.
— Menga qara, agar men oldingga kelmasam ham, baribir kechasi sen mening oldimga borasan. Uyqu bermaysan. Kulma, eshitgin…
Sanam, mening qismatim ayon,
Mayli, ket de, badar ketay men.
Ammo o‘zing — eng dilbar xayol —
Mendan ayrilmasang netay men?!
— Ko‘pdan beri she’r yozmay qo‘ygandingiz-a? — deding o‘ychan.
— Sanam, seni erga berdimu, yana dardim qo‘zg‘aldi yangi… Menga qara, rosttanam bu yurishimiz yaxshimas. Xoliroq bir yerda gaplashaylik.
— Mahmud aka, nimaga kerak shu narsa?
— Kerak. Mengayam, sengayam kerak!.. Men bir boshidan hammasini aytib beray, gunohlarimni, xatolarimni… Keyin ixtiyoring: xohlasang haydab yubor, yuzimga qarama, yuragingdan chiqarib tashla!.. Shunda sengayam oson bo‘ladi, mengayam. Ayniqsa, sen uchun kerak, judayam qiynalib ketding.
Qo‘llaringdan mahkam tutib, ko‘zlaringga o‘tinch bilan tikildim.
— Iltimos, yo‘q dema! Yo‘q dema!.. Yolvoraman!
Sen endi qo‘llaringni tortmading.
— E, Mahmud aka-ye, — deding ko‘zlaringda yosh aylanib. — Qiynalib ketding, deysiz-a! Bu qiynalishlar qanchalar aziz, qanchalar rohat ekanligini bilsangiz edi… Agar shundan ham judo bo‘lsam, menda yana nima qoladi bu hayotda?!
Bemisl hayajondan gangidim. Beixtiyor qo‘llaringni bo‘shatdim. Shu tobda mendan-da baxtiyor, mendan-da baxti qaro oshiq yo‘q edi dunyoda!
Sen uyalib boshingni egding.
— Aslida bu gaplar dilimda qolgani tuzuk edi…
Yo‘q, Shohsanam, sen bu zamonning qizi emassan. Yana aytamanki, sen ayajonim orzu qilgan Shohsanamsan, undan-da ziyodasan!..
Gap-so‘zsiz yo‘lga tushdik. Endi har qanday gap ortiqcha edi. Bilmadim, yana qancha yurdik, bir yerlarda to‘xtab, menga qarading.
— «Shotutli»ga yetib keldik, — deding siniq jilmayib.
— Xo‘p, xo‘p, bir og‘iz gaping, — dedim hazilomuz qo‘limni ko‘ksimga qo‘yib.
— Endi kelmang, — deding juda ham beozor qilib.
— Ilojim yo‘q, malikam, — dedim bosh egib.
Sen bir zum tikilib qolding. So‘ng ohista yaqinlashib, manglayimdan o‘pding. Men hech narsa tushunmay, karaxtlanib turaverdim.
— Baxtli bo‘ling, Mahmud aka, — deding xiyol titragan ovozda.
Va ters burilib, tez-tez yurib ketding. Izdixom bir pasda seni og‘ushiga oldi.
Tong saharda boshlagan qor hamon maydalab, ezg‘ilab yog‘ishda davom etardi.

* * *

Avtobusdan tushib qishloq yo‘liga burilgandimki, ikki biqini loy sachrab qoraygan raisning «Volga»si o‘tdi. O‘n qadamcha narida to‘xtadi. Yaqinlashib borishim bilan old eshik ochildi. Mindim.
— Ha, birgad bovo, — dedi rais odatdagiday salom-alik o‘rniga, — juda serqatnov bo‘lib qoldingiz, tinchlikmi, o‘zi?
— Ha, tinchlik, — dedim ensam qotib. Bu odamlar o‘z dardu tashvishing bilan yurganingga ham qo‘ymaydi.
— Menga qarang, bo‘zchining mokisiday shaharga qatnaguncha, odamlarni ishga chiqarmaysizmi?
— Qanaqa ish?! — dedim jahlimni yashirmay.
— Molxona qurilishiga odam bermabsiz-ku!
— Aytganman, ertadan chiqishadi.
— Jahl qilganlariga o‘laymi! Haydarov jud-dayam erkalatib yuborgan ekan sanlarni! Tizziqlaringga tegib ketadi-ya!
Oynakdan tashqariga qarab, miq etmay ketaverdim. U ham tinchigandek bo‘ldiyu, markazga yaqinlashganimizda yana o‘t oldi.
— Shaharga nega bordingiz? — dedi oshkora zug‘um bilan.
— Nega bormas, ekanman?! — dedim mening ham kufrim qo‘zib.
— Bir og‘iz so‘rash mumkinmidi? Rais degan oti¬miz bor, axir!..
Endi indamadim. U nish urishda davom etdi.
— Eshitgandirsiz? — dedi oxirida iddao bilan.
Unga tushunmay qaradim. Ko‘zlarimdan nimanidir uqib olmoqchidek qadalib turdi-da, nimagadir ishonch hosil qildi shekilli:
— Ertalab revizor keldi. Bir oycha bo‘ladi bizda, — dedi murosali ohangda. — So‘ratganda topaylik sizni. Izlab yurmaylik. Zamon nozik!

* * *

Mashinadan tushganimda miyam qiziy boshlagan, ikki chakkam lo‘qillab borardi. Hech narsaga alahsimay qishloqqa jo‘nadim. Uch chaqirimni qanday bosib o‘tganimni bilmayman. Qor tinib, izg‘iriq boshlangan. Men bo‘lsam, telpagimni yechib olganman. Lekin sovuq ham bosh og‘rig‘imni bosolmayotgan edi…
Bir ahvolda ostona hatladim.
Hozir rang-ro‘yimni ko‘rib, Zumrad shoshib qoladi. Shosha-pisha paltomni yechadi, etiklarinm sug‘uradi. Obdastada suv tutadi. Sandal yoniga o‘tqazib, choy damlab kiradi. Dori-darmon qutichasini bosh tarafimga keltirib qo‘yadi. Keyin oyoq tarafimga o‘tirib, jovdirab tikiladi. Lekin sizga nima bo‘ldi, deb so‘ray olmaydi. So‘rasa baribir jerkib beraman. Bo‘lar-bo‘lmasni bahona qilib, janjal chiqarishim mumkin. Janjalim shuki, urmayman, so‘kmayman, tilga zo‘r beraman. Shoirlik da’vosida yurib uch-to‘rtta kitob ko‘rib qo‘ygan emasmanmi, so‘zlarim tagdor bo‘lib chiqaveradi. Bir zamonlarda simpech qilingan ko‘prik, yo‘limizga ko‘ndalang tushib lovullab yongan daraxt, katak ko‘ylakli tikanak soch, qo‘ltiqma-qo‘ltiq bo‘lgan yo‘lto‘sarlar ham o‘z-o‘zidan gap orasiga suqilib ketaveradi. Xullas, uni yig‘latib tinchiyman-da yo sigareta yoqib olib ko‘chaga chiqib ketaman yoki boshimni burkab uyquni uraman.
Keyingi bir yilimiz xuddi shu taxlit kechyapti.

* * *

Bir haftalar o‘tib revizor chaqirtirdi.
Mendan yoshi kattaroq, chorpaxil bir yigit ekan.
Divanga yastanib televizor ko‘rib o‘tirgan yeridan nim qo‘zg‘alib ko‘rishgan bo‘ldi-da, o‘tirgani stul ko‘rsatdi. Ismimni so‘rab olgach, ish stoliga qo‘l cho‘zib, qandaydir ro‘yxatni oldi.
— A-ha, — dedi-da, menga boshdan oyoq razm solib chiqdi. — Boboxonovman deng!.. Boboxonov Mahmud Ma’rupovich… Xo‘sh, Haydarovga kim bo‘lasiz, Boboxonov?!
— Tushunmadim?! — dedim yelka qisib.
— Nimasiga tushunmadingiz? Haydarovga kim bo‘lasiz, deyapman! — dedi qo‘rslik bilan.
o‘ashim keldi, bu odam revizormi yoki tergovchimi?!
— Hm… — dedim atay paysallab. — Xo‘jalikda besh ming odam bor. Rais bovomiz hammasiga tegar tomir. Biriga ota, biriga bobo, yana biriga aka, boshqasiga…
— Shaxsan sizga kim bo‘ladi? — dedi revizor toqatsizlanib.
— Shaxsan mengami? Menga amaki edilar. Nimaydi?
— Amaki deng! Xo‘sh, amakingizga qancha pul bergansiz? — deya ko‘zlarini qadadi chorpaxil yigit.
— Pul? Qanaqa pul? — dedim ajablanib.
— Puldaqa pul-da! Nega anqovlikka solasiz o‘zingizni?! — ovozini ko‘tardi u. — Qancha pora bergansiz, deyapman, tushunarlimi?!
Pora!.. Ko‘zim yarq etib ochilgandek bo‘ldi. Nima balo, marhumning go‘rini titkilashni boshlabdimi bular ham!
— Pora bergan ekanmanmi? — dedim men ham ovozimni bir parda ko‘tarib. — Nega beribman?
— Brigadir bo‘lish uchun!.. Qancha?
— Ey, oshna! Qaysi ahmoq aytdi sizga brigadirlikni pulga sotib oladilar deb! Brigadirlik amal bo‘ptimi, g‘irt mashmasha-ku!
— Men sizga oshna emasman!
— Kechirasiz, bilmabman.
— Talmovsiramasdan bo‘yningizga olsangiz, o‘zingizga yengil bo‘ladi.
— Nimani bo‘ynimga olaman?
— Pora berganingizni!
— Aqlga sig‘adigan gapdan gapiring, oshna, kechirasiz, o‘rtoq… Familiyangizni bilmayman.
— Shart emas bilishingiz. Boboxonov, ona suti og‘zidan ketmagan go‘dakni o‘ttiz yillik brigadirning o‘rniga shartta qo‘yib qo‘yish o‘z-o‘zidan bo‘ladimi!
«Eh-he, mahalliy alamzadalar bosh ko‘tarib qoptimi!» — deya istehzoli kulimsiradim. «Ey, ko‘ngil, mundin beri bo‘l bir nima hushyorroq…» deya Bobur satrini ko‘nglimdan kechirdim.
— Menga qarang, og‘ayni, deyarli tengdosh ekanmiz. Sizgayam bitta savol bersam bo‘lar, a? Siz revizorsiz, shundaymi? Nega endi o‘z ishingiz qolib, kadrlar masalasiga qiziqib yuribsiz?
Chorpaxil oshnam mantiq oldida gangidi. Qo‘lidagi ro‘yxatga maqsadsiz qarab chiqdi. Keyin:
— Bo‘pti, boring, — dedi qovoq uyub.
— Omadi gap-da, xafa bo‘lmang! — dedim iljayib.
— Boring, dedim!

* * *

Havoning qovog‘i soliq edi.
Badqovoq bir kimsa esa huzuridan quvib soldi. Lekin, kayfiyatim tushmadi. Mototsiklimga tayangancha bosib-bosib chekdim. Gangigan taftishchi qiyofasini ko‘z o‘ngimga keltirib kulib-kulib qo‘ydim. Keyin sigaretamni chertib yubordim-da, ulovimga yuzlandim.
— Xo‘p, toychog‘im, endi nima qildik, — dedim.
«Toychog‘im» itoatkor sukut saqladi.
— Tushunarli. Bo‘lmasa, ketdik!
Toychoq meni shahar tomonga uchirib ketdi.

* * *

Tanish eshikni ochdimu, notanish qizga ko‘zim tushdi.
Izimga qaytib, ro‘yxatxona tuynugiga ro‘para bo‘ldim.
Roziya «hozir» dedi-da, sumkachasidan bir konvert olib uzatdi. Qizginaning qarashlari so‘nik,tashvishli edi. Bu tashvishni yuqtirib, eshikka yo‘naldim.
Qor uchqunlay boshlabdi.
Eshikdan chiqqan yerimda konvertni ochishga tutindim. Shu choq yonginamdan o‘tayotgan qiz «mulla aka, bu yoqqa yuring», dedi. Qarasam, oq xalati ustidan palto yopinib olgan Roziya… Oldinma-keyin ko‘chaga chiqdik.
Ko‘cha chetida, uch-to‘rtta «tibbiy xizmat» yozuvli mashina qatorida miqtigina mototsiklim mung‘ayib turardi.
Qiz bilan yuzma-yuz bo‘ldik.
U «mulla aka, Shohsanam ketdi», dedi-da, to‘lib turgan ekanmi, piq etib yig‘lab yubordi.
— Ketdi? Qayoqqa? Ishdan bo‘shadimi? — dedim hovliqib.
— Yo‘q, — dedi u yig‘i aralash, — u yoqqa, Aktyubinskka ketdi.
— Nima?
Noxush bir tuyg‘udan yuragim uvishdi. Nega bu qiz yig‘layapti? Shohsanam nega to‘satdan ketadi? Yoki biror falokat?
Roziya o‘zini bosib olguncha ming bir ko‘chaga kirib chiqdim. Nihoyat, qiz tinchidi. Chuqur xo‘rsindi.
— Roziya, tinchlikmi, o‘zi, nima bo‘ldi? — dedim ohista.
— Tinchlik, — dedi u endigina ovungan qizaloqning ozurda ovozida. — Kechirasiz, ko‘nglim buzilib ketdi. Shohsanamni xo‘jayini chaqirtiribdi. Shu yerda ishlaysiz, debdi. Shunga ketdi…
Yig‘i xuruj qildi shekilli, gapirolmay yana bir pas jim qoldi.
— Mahmud akam meni kechirsinlar. Xayrlashmay ketyapman, dedi.
Tushunarli, hammasini tushundim. Demak, tunov kuni peshonamdan o‘pgani — xayrlashgani ekan-da. Men g‘ofil buni payqamabman.
Qizgina achinish bilan allatovur jovdirab tikildi.
Haligina uchqunlab turgan qor quyuqlashdi. Qizning oq qalpog‘i, paltosi yelkalariga uchqunlar o‘tira boshladi. Qoshlari ustida Umaronikiga o‘xshab chiroyli to‘zg‘ib turguvchi kokillariga ham ilinib qoldi oq zarrachalar.
— Bo‘pti, Roziya, men boray, — dedim.
U «mayli» deganday bosh irg‘adi-da, keyin ortimdan chaqirdi.
— Mulla aka…
Qayrilib qaradim. Oldimga keldi.
— Taqdir bu. Xafa bo‘lmang… Yangamullomni Shohsanam maqtab yurardi. Yaxshi turarkansizlar… — dedi o‘ziga qovushmagan jiddiyat bilan.
Jonso‘z qizginaning yana yosh aylana boshlagan qiyg‘och ko‘zlariga minnatdor tikilib, kulimsiradim.
— Baxtli bo‘ling, siynim, xayr!
Endi ko‘rishguncha demadim, xayr dedim. Va shu asnoda butun o‘tmishim bilan xayrlashganimni og‘riq bilan his etdim. Endi hammasi tamom. Shu choqqacha xursand edim. Birovga ko‘z-ko‘z qilolmasam-da, baxtim bor edi. Endi esa yo‘q!..

* * *

«…Rustam aka meni qachondan beri o‘zi bilan ketishga undab keladi. Sen styuardessa bo‘lishing, men bilan xalqaro yo‘nalishlarda xizmat qilib, dunyoni ko‘rishing kerak, deydi… Seni dunyoda eng baxtli ayol qilaman, deydi… Siz ham bashoratli she’r yozibsiz: sen bir baxtli ayol bo‘lasan, debsiz. Men nima qilay, xohishlaringiz shu ekan, mayli, roziman. Baxtli ayol bo‘lishga urinib ko‘raman.
Xullas, men ketdim.
Hali siz aytgan azobu qiynoqlarning hammasini o‘zim bilan olib ketdim. Sizga qoldirmadim. Istagim— siz qiynalmang. Xolam, yangam, Boburxon, Zebuniso qizchangiz baxtiga omon bo‘ling.
Yana bir istagim: Olloh yuqtirgan iqtidoringizni ora yo‘lda qoldirmang. Ko‘p-ko‘p she’rlar yozing. Kech bo‘ldi, demang, vaqt o‘tdi, demang, yozing. Agar siz uchun so‘zimning ozgina qadri bo‘lsa uni yerda qoldirmang, Mahmud aka… Keyin yana bir narsa, haligi aziz joy esingizdami, bobongizning mozorlari? Tushimda o‘sha yerda yurgan ekanmiz. Yana haligi odam paydo bo‘libdi. Yig‘lab olgan. Hech narsa demaydiyu, nuqul sizga qarab boshini saraklatadi. Yig‘laydi… Shundan qo‘rqib boryapman. Yaqin kunlarda bobongizni ziyorat qip kelsangiz bo‘lardi. Iltimos, shu ishni orqaga tashlamang…
Qarang-a, Mahmud aka, haddim sig‘adimi, yo‘qmi demay o‘zimcha nimalar deb yotibman… Mayli, baxtli bo‘ling. Boshingiz toshdan bo‘lsin… Aytmoqchi, mana bu she’ringizda ham qismatimizni bashorat qilgan ekansiz. (Kechiring, bu ta’na emas!)

Majnuntolday boshginangni egma, jonim,
Ko‘zlaringdan yoshginangni to‘kma, jonim,
Endi qayta uchrashmasmiz, kutma, jonim,
Nurli-nurli nurga cho‘mgan bir xayol bo‘l,
Sen baxtli bo‘l, baxtiyor bo‘l, baxtiyor bo‘l.

Bu dunyodan yig‘lab o‘tgan ozmi, jonim?
Aytgin o‘zing, dardsiz sozlar sozmi, jonim.
Meni o‘ylab, qo‘ygil, ko‘ngling buzma, jonim.
Sen baxtli bo‘l, baxtiyor bo‘l, baxtiyor bo‘l,
O‘z yoriga sadoqatli, vafodor bo‘l».

* * *

Shohsanam, seni suya-suya oxiri shu birgina maktub bilan qoldimmi? Shu birgina maktub oxir kelib hammasiga nuqta qo‘ydimi?..
Yo‘q, vijdonimni o‘rtaga qo‘yib aytar bo‘lsam nuqta qo‘yilganiga ancha bo‘lgan edi. Lekin, men buni tan olmay keldim. Qandaydir mo‘’jiza ro‘y berishiga ishondim…
O‘tgan safar oldingga qattiq ahd bilan borgan edim: hamma gapni aytib, yuragimni bo‘shatib olaman, eng muhimi, seni azoblardan qutqazaman, degan edim. Sen buni istamading, o‘sha azobu iztiroblar bilan qolishni xohlading. Sho‘rlik Sanamjonim!

* * *

O‘shanda ayang sovchilarimni beozor bir bahona bilan qaytardi. Qizimni singlim so‘rattirgan, unga yo‘q desam, uzilishib ketamiz, dedi. Boshqa narsa demadi. Desa haqli edi. Sovchilarni quvib bersa, ostonadan hatlatmasa haqli edi. Unday qilmadi, hamma yukni yelkasiga oldi. Barcha yaqinlarini, jonday jigarlarining o‘pka-ginalarini ko‘tardi, achchiq-tizziq gaplarini ko‘tardi. Emasam, yuragida gapi ko‘p edi. Ularni haligacha sirtiga chiqarmaydi. Na senga, na jonday singlisi — ayamga aytadi. Na menga ta’na qiladi. Bechora Ma’mura xolam o‘zi bildi, o‘zi o‘rtandi.
O‘shanda sen olisda — paxta hasharida eding. Mening brigadamda ham hasharchilar bor edi. Ular ovloq shiyponimiz yonidagi chodirlarda muqim joylashishgan. Sharif Hodiyevich, Kozim oshnam uchalamiz kunda-shunda edik. o‘aroyib chodirlardagi tongotar ziyofatlar, Natashaning suzuk ko‘zlari idrokimni xiralashtirib yuborardi…
Bir kun tongda uyg‘onsam Ko‘ksoyning xilvat bir yerida yotibman. Yonimda u!.. O‘rnimdan turay desam, qo‘ymadi. Hech yoqqa ketmaysan, deb turib oldi. Boshim yorilib boryapti, deb bahona qilsam, darhol aroq qu-yib uzatdi. Hozir tuzalib qolasan, dedi. Bir oz yengil tortgandim, endi shaharga borib kelamiz, deb turib oldi. Soy yoqalab chodirga qarab borayotsak, qarshimizdan Kozim chiqib keldi.
— Qalaysizlar?! — dedi ishshayib.
— Boshim yorilib boryapti, — dedim unga qaramay.
U yelkamga qoqib qo‘ygan bo‘ldi-da, qulog‘imga bir narsani shipshidi.
— E! — deb yubordim. — Esdan chiqibdi-ku!
Men o‘sha kuni ertalab ayangni shahar yo‘liga chiqarib qo‘yishim kerak edi. U sening oldingga borayotgan edi. Ayam bechora qayta-qayta tayinlagan, sen o‘zing xabar ololmayapsan, hech bo‘lmasa xolangni ulovingda nariroqqa olib borib qo‘y, degandi.
Oshiqib yo‘lga tushgan yerimda Natasha qo‘limdan tutdi.
— Sen, qayoqqa?
— Borishim kerak, kutib qolishibdi.
— Bunaqasi ketmaydi!
— Na-ta-sha!.. — deb Kozim bosh irg‘adi.
— Nima, Natasha!.. Biz shaharga boramiz!..
— Shaharga?.. — deb talmovsiradim.
— Nima, esingdan chiqdimi?!
— Esiga solib qo‘y, — deya Kozim pishang berdi.
— Mastlikda valdirab qo‘ygan bo‘lsam kerak-da. Bo‘pti, keyin boramiz. Ertaga…
— Yo‘q, bugun, hozir boramiz!
Kozimga madad istab tikildim. Ko‘rinmas bir tuzoq meni itoatgo‘y qilib qo‘ygan edi.
— Tushundim, — dedi Kozim bosh irg‘ab.
— Katta yo‘lgacha… Jon jo‘ra!
— Xo‘p, dedim-ku!.. Kutib tursalaringiz, keyin sizlarni ham…
— Ovora bo‘lma, rahmat. Biz daryodan kechib o‘ta qolamiz. Faqat sen vaqtni o‘tkazmay tezroq bor, kutib qolishdi… Iltimos.
— Yest qilamiz! — dedi-da Kozim shoshqin orqasiga qaytdi.

* * *

Daryo kechuvidan o‘tib, shahar halqa yo‘liga chiqishimiz bilan Natasha hovliqib baqirgancha yo‘l ustiga chiqib ketdi.
— Kozim, to‘xta! To‘xta!..
Tanish mashina to‘xtashi bilan qiz yugurib borib old eshikni ochdi.
— Kozimchik, ko‘rmay qoldingmi? Mahmud, yugur! Senga nima bo‘ldi, tez kel!..
Rangim bo‘zday uchib, mashinaga yaqinlashdim. Yer yorilsa-da, yerga kirib ketsam. Natasha oldingi o‘rindiqqa o‘zini tashladi. Orqada o‘tirgan ayolga e’tibor ham qilmadi. Bir ahvolda Ma’mura xolamning yoniga kirib o‘tirdim. Salom berdimu, so‘rashishga yuzim chidamadi. Mashina yo‘lga tushdi.
— Xolamni bir yo‘la shohbekatga tashlab kelaqolay, dedim. Ovora bo‘lmasinlar, bugun yakshanba, — dedi Kozim men tomon qarab qo‘yib. — Oxiri siz ham birga boradigan bo‘psiz-da, jo‘ra. O‘zi hal qip kelolmas ekanmi?..
Mujmal alfozda bosh irg‘ab qo‘ydim. Kozimga o‘xshab turlanish qo‘limdan kelmasdi. Kozim ayangga tushuntira ketdi.
— Bu qiz hasharchilarning hisobchisi, xola. Hisob-kitobida chalkashlik bo‘pti. Shunga borishyapti. E, hasharchi degani turgan-bitgani g‘alva!
— Nima deyapsan, Kozimchik? Mengayam tushuntir, — deb qoldi qiz alanglab.
— O‘zimizni gap, senga qizig‘i yo‘q, — dedi Kozim. Lekin, bu bilan qutulmadi.
— Yo‘q, qiziq, — deya menga o‘girilib oldi Natasha. — Senga nima bo‘ldi, Mahmudchik? Biror narsadan xafa bo‘ldingmi?
— Natasha, — dedi Kozim unga ko‘z qisib qo‘yib.
— Nima, Natasha!
— To‘g‘ri o‘tir!..
— Sening nima ishing bor? Bilasanmi, u mening Seryojam. Ko‘zlarini qara, xuddi Yesenin deysan. Na qadar ma’yus, teran ko‘zlar!..
— Natasha, unga noqulay. To‘g‘ri o‘tir.
— Tushunmadim?..
— Xolasi, — dedi Kozim bosh ishorasi bilan.
— Xolasi?.. Nu chto?.. — Natasha orqaga —Ma’mura xolamga qaradi. — Salom… Xolasi bo‘lsa, nima bo‘pti? Men uning jiyanini sevib qoldim. Bu yomonmi? Qoloq ayol bo‘lmasa, tushunishi kerak. Qoloq bo‘lsa, o‘zidan ko‘rsin!..
Betoqat baqirib yubordim.
— Bas qil!
Natasha uchib tushib, o‘zini orqaga oldi.
— Men xato gapirdimmi… tushunmadim.
— Kozimjon, meni tushirib ket, — dedi Ma’mura xolam Kozimning yelkasiga ohista qo‘l tegizib.
— Nimaga, xolajon, mana, yetib qoldik, — deya Kozim mashinasini tezlatdi.
Shohbekat biqinida Kozim mashinasini to‘xtatdi-da, ayangni avtobuslar tomon boshlab ketdi. Mashinadan chiqdim-da, biror narsa deyishga holim kelmay, turgan yerimda qolaverdim. Kozim qaytguncha bir chekkaga chiqib o‘tirdim. U hayalladi.

* * *

Yana yo‘ldamiz. Men karaxtman. Natasha ham o‘zini aybdor his qilibmi, mulzam tortib o‘tiribdi. Kozim old oynachada ko‘zimni uchratib, iljayib qo‘ydi.
— Jo‘ra, xijolat bo‘lavermang, xolaga tushuntirib qo‘ydim.
Unga xo‘mrayib qaradim. U bo‘lsa yo‘ldan ko‘z uzmagan kuyi beparvo davom etdi.
— Mahmud jo‘radan xafa bo‘lmang, ko‘p ishlik odam dedim. Qancha xizmat bo‘lsa, mana men borman, dedim.
U yonida mum tishlab olgan Natashaga qarab qo‘yib dedi.
— Bu yog‘ini ham puxtalab qo‘ydim. Mabodo xolamga aytib qo‘ymang, dedim.
— Nimani?
— Nimani bo‘lardi, manovi bilan ko‘rganini-da! Yigitchilikda bo‘ladi. Oydin xolam eshitib, xafa bo‘lib yurmasinlar, dedim. To‘g‘ri qipmanmi, jo‘ra?..
Old oynachada ko‘zlarim olayib ketganini ko‘rdim.
— To‘xtat! To‘xtat, deyapman! — deb baqirdim.
Mashina chetga chiqib to‘xtadi.
— Tinchlikmi, jo‘ra? — deya Kozim ortiga qaradi.
— Sen kimsan o‘zi?!
— U nima deganingiz?! — deb ko‘zlarini pirpiratdi Kozim.
— Sen ilonsan! — deya yoqasidan oldim.
— Tushunmadim…
— Mana bo‘lmasa! — shapaloq tushirdim Kozimning basharasiga.
Natasha oraga tushib, meni to‘xtatib qolishga urindi. Uni siltab tashladim-da, mashinadan tash¬qari chiqib ketdim.

* * *

Yana yo‘lda ketyapmiz.
Ancha sovuganman. Kozim zimdan oynachaga qarab kulimsiraydi. Teskari qarayman. Oxiri tilga kirdi.
— Hech bo‘lmasa shapaloq yeganim sababini tushuntirib berarsiz?..
— Ey, menga qara, rostanam ovsarmisan yoki jo‘rttaga qilyapsanmi?
— O‘zimam bilmay qoldim, nima qilayotgan bo‘lsam sizdi deb, jo‘rachiligimizni deb qilyapman. Aybim bo‘lsa, ayting, tushuntiring bunday!..
— Ma’mura xolam Shohsanamning onasi-ya?
— Ha…
— Shohsanam menga kim bo‘ladi?
— Shohsanam… — Kozim yelka qisdi. — Menga kim bo‘lsa, sizgayam shu-da!
— To‘g‘ri, hozircha shunday, — dedim bo‘shashib. — Lekin…
— To‘xtang, to‘xtang, — Kozim birdan jonlanib orqaga qaradi. Keyin mashinasiga tormoz berdi. Qal¬qib ketdik. — Tushunganday bo‘lyapman. Bundan chiqadi oralaringda…
Men teskari qaradim.
— Uh! — deya ikki qo‘llab rul chambaragiga urdi.— Men nodon, men iblis!.. Nimalar qip qo‘ydim-a! Bu shapaloq kam, jo‘ra! Uring meni, o‘lasi qilib uring! — deya men tomon o‘girilib oldi. Unga qaramadim. — E, do‘sti nodon, do‘sti nodon! Nima qip qo‘yding, nimalar qip qo‘yding?!.
U rul chambaragiga boshini qo‘yib, jim bo‘ldi. Sochini changalladi. Bir pas o‘tib o‘ziga kelgan bo‘ldi. Uf tortdi. Menga qaradi. Natasha hech narsa tushunmay angrayib turardi.
— Endi, jo‘ra, gap munnay: aybimni yuvaman! Mana shu qizdi qo‘yningizga sop qo‘ymaguncha tinchimayman!.. Ishoning, jo‘ra! Qo‘lni tashlang!..

* * *

Sovchilarim birinchi marta bo‘shashib qaytgan kuniyoq fahmlagandim: Ma’mura xolam xiyonatni kechirmaydi. Farzandlarini munofiq ota qo‘lida o‘sishidan ko‘ra tirik yetim bo‘lishini afzal ko‘rgan ona boshqa bir munofiqqa, xiyonatkorga qizini ravo ko‘rmaydi.
Shohsanam, bu gaplarni o‘shanda aytishim, oyoqlaringga yiqilib gunohimni bo‘ynimga olishim lozim edi. Balki, kechirarmiding, hammasi o‘nglanib ketarmidi? Agar kechirolmasang… kechirolmagan taqdiringda ham bu judolik bir qadar yengil kecharmidi? Lekin, men qo‘rqdim. Sendan bir zumda ajrab qolishdan qo‘rqdim.
Sendan judo bo‘lib boryapmanu, qandaydir mo‘’¬jiza ro‘y berishiga umid qilaman. Sovchilarim qayta-qayta umidsiz qaytganida ham, ayam singlisinikidan kutilmagan gap topib kelganida ham, hatto uyimga kelinchagim kirib kelayotganida ham… mo‘’jiza kutdim. Sen men uchun yaralgansan, meniki bo‘lasan, deb ishondim. Kuyoving poyandozdan hatlab, ikki do‘sti yetovida sening xonang tomon boryaptiyu, umid uzmayapman: hozir mo‘’jiza ro‘y beradi, u ichkari kirishi bilan sen otilib chiqasan, ko‘ksimga o‘zingni tashlaysan, deb turibman… Men g‘ofil banda hamon mo‘’jiza kutaman. Tunov kuni qanchalar yayrab ketding. Meni aytmaysanmi, oldingda yosh bolaga aylanib qoldim. O‘z xayolimda, hozir Shohsanam birdan: Mahmud aka, mayli, keling, uzoqlarga qochib ketamiz, deb qolsa-ya, deyman… O‘ylab qarasam, men azal-avvaldan faqat sendan mo‘’jiza kutibman, faqat sendan!.. Mo‘’jizani o‘zim paydo qilishni, o‘zim yaratishni o‘ylamabman!

* * *

Shahardan qaytayapman.
Ko‘ksim chimillab achishadi. Go‘yo bir parcha cho‘g‘ jiz-jiz kuydirayotganga o‘xshaydi. Bir parcha cho‘g‘ deganim sening maktubing. Uni parchalab otay dedimu, kuchim yetmadi. Kuchim yetmaganiki, shu bir parcha cho‘g‘ azobi xush yoqa boshlagan, mayli, kuydirsin, kul qilsin, deb telbavor g‘o‘ldirab borardim. Endi u mudom men bilan birga. Uni tumor qilib taqib yuraman. O‘zim bilan birga olib ketaman!..
Yo‘l-yo‘lakay yana bir yerga kirib, bosib-bosib ichdim. Keyin maktubingni olib, ko‘zlarimni yirib-yirtib o‘qishga tutindim. Yozuvlar chaplashib, tutqich bermadi. E, og‘ayni, ado bo‘psan-ku, dedim iljayib. Mayli, bezarar!..
Xatingni o‘pib, qo‘ltig‘imga tiqdim-da, gandiraklab tashqariga chiqdim.
Jonsarak shamol muzday qor parchalarini yuzimga keltirib urdi. Oh, mazza, mazza, dedim sovuq havodan yutoqib-yutoqib simirgancha. Keyin turgan yerimda ulovimni izladim. Saf-saf mashinalar orasidan hadeganda ko‘zim ilg‘amadi. Alam bilan kuldim.
— Qayoqda qolding, g‘arib toychog‘im?
Zinapoyalardan tiyg‘ona-tiyg‘ona tusha boshladim.
— Peshonamga bitgan yagona do‘stim, qaydasan?!
Bir yigit qo‘ltig‘imdan oldi.
— Aka, mashinangizni adashtirdingiz chog‘i…
— A-ha, adashtirdim. Yoki birortasi…
— Yo‘g‘ye, nafasingizni issiq qiling, — deya mashinalar yonidan olib o‘ta boshladi.
— A, mana-ku, shu yerda-ku! — deya xoxolab kuldim.
— E, matasekil demaysizmi, odamni qo‘rqitib yubordingize!
— Nega qo‘rqasan, ukam?
— Qo‘rqmay bo‘ladimi, qorovulman.
— Shunaqami?.. Bo‘lmasa haqini berib ketayin, — deb kissamga qo‘l tiqdim.
— Yo‘, yo‘, arzimaydi, — deya yigitcha qo‘limni itardi. — Menga anovilardiki yetadi, aka.
— Arzimaydi, deysanmi, nimaga arzimas ekan? — deb bolaga zug‘um qildim.
— Yo‘, arziydi, men…
— Ushla buni!.. Bilib qo‘y, mening toychog‘im manovi peshona terimga kelgan.
— Bilaman, aka, — yigitcha xomush tortdi. Ke¬yin tirsagimdan tutdi. — Aka, bitta gapimni olsangiz.
— Nima deysan?
— Matasekil shu yerda qolsin. Ertalab opketasiz. Qorong‘u tushib qoldi. Yo‘llar tiyg‘onchiq…
— E, bola, haqorat qilma, men motogonshikman-a!
— Baribir-da…
— Bo‘lmaydi. Yaxshisi, ko‘chaga chiqarib ber.
Hadeganda motor o‘t olmadi.
— Tixirlik qilyaptimi? Bunaqa qilig‘i yo‘q edi-ku!.. Bo‘pti, akasi, itarishib yubor. Sovqotib qolganga o‘xshaydi.

* * *

Yo‘lga tushdim.
Avvaliga zabt bilan haydadim. Qarasam, ulovimning yurishi bejo. Hushyor tortib, sekin pedalni bosdim. Bosdimu, boshqaruvni yo‘qotdim. Orqa g‘ildirak toyib, ro‘paramdan kelayotgan mashina yo‘liga chiqib ketdim. Yaxshiyam oraliq masofa uzoqroq edi. O‘zimni o‘nglab oldim. Nafas rostlash uchun to‘xtadim. Ulovim dir-dir titrardi.
— Qo‘rqma, toychog‘im, — deya unga dalda berdim-da, qaytadan egarga o‘tirdim.
Sho‘rlik toychog‘im shishaday asfalt yo‘ldan qo‘rqa-pisa ilgariladi. Yo‘l bo‘yi uni olqab, unga yolvorib, u bilan dardlashib bordim.
— Toychog‘im, sen mening yagona do‘stimsan. Senga ishonaman. Meni sharmanda qilmaysan. Ko‘rding-ku, u meni tashlab ketdi. Styuardessa bo‘larmish. Lekin bizning osmonlardan o‘tmasmish. Xalqaro yo‘nalishlarda ucharmish. Mayli, uchsa uchavermaydimi!.. Biz ham uchamiz. Hozir o‘z ko‘chamizga yetib olamizda, uchib ketamiz. Bizga bunaqa imillash yarashmaydi. To‘g‘rimi?! Yo‘q dema. Hozir o‘z ko‘chamizga o‘tamiz-da, uchamiz… Senga ishonaman. Eson-omon uyimga yetkazasan. Oilamga yetkazasan. Onamning yoniga, Boburxonim, Zebunisom yoniga. Bechora Zumradim yoniga. Baribir, u — yaxshi. Sevsam, sevmasam, u — mening xotinim. U kutyapti. Yo‘limga chiqib turibdi bechoraginam… Meni tezroq uning oldiga olib bor. Boshqasidan foyda yo‘q. U endi osmonu falaklarda yuradi. Biz yerda qolib ketdik. Tubanda qoldik…
Endi unutarlar bizlarni beshak!..
Bizni unutganni unutmoq kerak!
Kerak! Kerak! Kerak, toychog‘im!..
Bizga.. osmonlarda yurganlar emas,
o‘aribgina kulbamdagi ochar quchog‘in!..
Ulovim meni tushundi. o‘ayratlandi. Qishloq yo‘lidan uchirib olib ketdi. Ammo, shu tobda u so‘nggi manzillarini bosib o‘tayotganini qayoqdan bilibman!.. Quyuq qor pardasini to‘zg‘itib, qorong‘ulik bag‘rini ponadek yorib boryapmiz. Ikki tarafdan qoramtir tutchalar safi zipillab o‘tadi. Qor parchalari yuz-ko‘zimga chaplanadi. Ko‘zlarimni yirib-yirib ochgancha, toychog‘imni qichayman. U tobora ruhlanib, avjlanib, qanot chaqarganday yengillashib boradi…
Falokat bizni qishloqqa kiraverishda kutib turgan ekan.
Ulovim qandaydir do‘ngalakka urildi-da, o‘zini o‘nglolmay yo‘ldan chiqib ketdi. Shu ketishda ostimdan uchib chiqib, bir zarang daraxtga borib qarsillab urildi. Motor ovozi ham, chiroq ham o‘chdi…
Eshakdan yiqilgan taqir yerga, otdan qulagan maysa ustiga tushadi, degan gap bor. Toychog‘im meni yumshoq qor uyumiga itqitgan edi. O‘rnimdan sapchib turib, unga yordamga shoshildim. Yerdan ko‘tarishim bilan chiroq shishalari shaldirab to‘kildi. Yo‘l o‘rtasiga sudroqlab chiqib, harchand urinmay, qayta o‘t olmadi. Daraxtga urilganda bo‘lari bo‘lgan ekan… Uni yetaklab tiyg‘ona-tiyg‘ona yo‘lga tushdim. Eski kasalim qo‘zigan, boshim yorilguday bo‘lib lo‘qillab borardi.

* * *

Zumrad rang-ro‘yimni ko‘rib qo‘rqib ketdi.
Shoshib obdastada suv tutdi.
— Muzday suv keltir, — deb jerkib berdim.
Yuvinib, artinib ichkari kirdim-da, sandal yoniga o‘zimni tashladim. Boshimni kaftlarim orasiga olib siqdim. Zumrad ho‘l sochiq keltirib, peshonamga bosdi. Choy quyib uzatdi. O‘rnimga turib o‘tirib, achchiq choyni bosib-bosib ichdim. Ro‘paramda o‘tirgan xotinimga qaramasdim.
— Sizga nima bo‘ldi, Bobur? — dedi u cho‘chin¬qirab.
— Choydan quy, — dedim to‘ng‘illab.
— Ovqat yeysizmi?
— Yemayman, to‘ydan kelyapman, — deya kesatdim.
Zumrad indamay chiqib ketdi-da, chinni tovoqda palov olib kirdi.
«Miyamga qon urib ketyaptiyu, opkelgan ovqatingni qara», deb so‘kib bermoqchi bo‘ldimu, negadir o‘zimni bosdim. Istar-istamas ovqatga uzandim.
— Ayamdi chiroqlari yo‘q?.. — dedim yumshab.
— Ayam Boburxon bilan Ma’mura xolanikiga ketgandilar.
— Ha?..
— Bilmasam…
— Hm… — maktub yodimga tushib qo‘ltig‘imga qo‘l yubordim. Joyida.
— Oling, sovumasin.
— Bo‘pti, birga olish.
— Hozir… Men choy damlab kelay.
U tetiklanib o‘rnidan turmoqchi edi, qo‘ymadim.
— Qo‘yaver, keyin… Avval ovqatlanib ol. Meni kutib ochqab ketgandirsan, — dedim kulimsirab. Unga rahmim keldimi, hali yo‘lda ko‘nglimga tugib kelgan ahdim yodimga tushdimi, chappa-teskari gaplardan tiyildim. Ko‘pincha shunday bo‘ladi, o‘zim istamagan holda ko‘ngilqorachilikni boshlab qo‘yaman-da, keyin ezilib yuraman. Bu narsa hov o‘shandan — sening to‘yingdan buyon davom etib keladi. O‘shanda uyga alamzada bo‘lib qaytib (kissavur yigitchalardan yegan tarsakilar uchungina emas, albatta), Zumradni birinchi bor iskanjaga oldim, yig‘latdim. Keyin pushaymon yedim. Boshqa bunday qilmayman, deb o‘zimga so‘z berdim. So‘z berishdan osoni yo‘q ekan. Ko‘chadan turtki yeb qaytdimmi, bas, alamimni undan olaman. Keyingi bir yilda esa turtkilashlar ko‘paygandan ko‘payib boryapti. Insof bilan aytganda, mening bu qiliqlarim «xona sheru maydon g‘arib»likdan boshqa narsa emas. Bilmadim, bu ishim oqibatidan nima toparkinman?..

* * *

Er-xotin gap-so‘zsiz ovqatlanyapmiz.
Ichkari xonada qizcham yig‘ladi. Zumrad o‘rnidan turdi. Ovqatdan qo‘limni tortib, devorga suyandim. Ko‘zlarimni yumdim. Boshim simillab og‘rirdi. Zumrad bolasini tinchitib keldi. Dasturxonni yig‘ishtirdi. Tovoq va choynakni olib chiqdi. Men peshonamni qiyiqcha bilan tang‘idim-da, o‘zimni yostiqqa tashladim. Ko‘zimni chippa yumib, tishimni tishimga bosib yotaverdim. Hech narsani o‘ylamaslikka tirishardim. Amallab uxlab olmasam bosh og‘riqdan ham, og‘ir xayollardan ham qutilishim mahol.
Eshik ochilib Zumrad kirdi.
Sandalning naryog‘iga cho‘kib, damlab kelgan choyini ikki-uch qaytardi. Kein jim o‘tiraverdi. Har zamonda qult-qult yutingani eshitilardi.
— Bobur, tag‘in nima bo‘ldi, mazangiz bo‘lmay keldingiz?! — dedi bir mahal.
— E, hech narsa, — ko‘zimni ochmayoq to‘ng‘illladim.— Bor, borib yot, boshimni og‘ritma.
U o‘rnidan qo‘zg‘almadi. Piqillab yig‘lashga tushdi. Hayron qoldim: hali yig‘laydigan gap qilmagandim-ku!
O‘rnimga turib o‘tirdim.
— Hm, nima gap, tinchlikmi?
U yig‘i aralash nafasi qaytib-qaytib gapira boshladi.
— Shuncha yil umr basar qilib xotin o‘rnida ko‘rmaysiz. O‘zimni hurmat qilmasangiz mayli, ikkita go‘dagimniyam yuz-xotiri yo‘qmi?..
— Voy-bo‘y, darding ko‘p ekan-ku seniyam, — dedim o‘zim istamagan holda piching bilan. — Qani, nima qipman xotin o‘rnida ko‘rmay, xotinjon?.. — sigareta tutatib, unga kulimsirab tikildim. — Qani, gapir.
— Faqat oh-vohlab kelasiz. Qon bosimingiz oshib kelasiz. Nima dardingiz bor, qanaqa alam o‘tyapti, yorilmaysiz. O‘zingiz yonib, o‘zingiz qovrilasiz. Menam qo‘rqaman, axir. Ko‘cha-kuyda bir gap bo‘lib qolsangiz, holimiz ne kechadi? Bir narsa desam, siltab tashlaysiz. Axir, umid bilan bir yostiqqa bosh qo‘yganmiz-ku?! Bola o‘stiryapmiz-ku!.. Menam boshqalardi xotiniga o‘xshab hamdard bo‘lgim keladi, dardingizga sherik bo‘lgim keladi. Bu qanaqa er-xotinlik o‘zi, nimaga indamaysiz?!
— Nima dey, xotinjon, miq etmasdan eshitib o‘tiribman-ku?!
— Ertalab yaxshi edingiz, kechqurun bir ahvolda kirib keldingiz. Nima bo‘ldi o‘zi?.. Nimaga indamaysiz?..
Haytovur bir narsani sezgan-ov, deya betoqatlandim.
— Tur o‘rningdan, — dedim qovog‘imni uyub. — Borib yot, buguncha yetar!
U hiqillagancha xonasiga o‘tib ketdi-da, yig‘isi zo‘raydi.
— Agar sizga keragim bo‘lmasa, mayli ketaman, — dedi alam bilan.
— Go‘rgayam bormaysan, — dedim indamay qo‘yaqolish o‘rniga battar yarasiga tuz sepib.

* * *

Tongda o‘g‘ilcham uyg‘otdi.
— Ota, tuying, onam chaqiyyaptila, — dedi u yuzimni muzday qo‘lchalari bilan siypalab.
Tashqari chiqdim. Kechasi qalin qor yog‘ibdi. Yuvinib turibmanu, o‘g‘ilcham betinim chuldiraydi: Ota, qoybobo yasab beying. Ota, chanaga mindiying. Uni qiling, buni qiling…
Ayam nabirasining biyronligidan zavqlanib,kulimsiragancha oldimizga keldi-da, sochiq uzatdi.
— Keliningiz ko‘rinmaydi, — dedim yuragim betlamay.
— Qishlog‘iga ketdi. Onasining mazasi yo‘q ekan. Sizdan so‘rabdi-ku, chog‘i…
— Ha, aytuvdi, — dedim sir bermay.
Ayamning yuzlariga razm solib, tashvish alomati sezmadim. Demak, aytmabdi. Shu choqqacha qancha gap-so‘z o‘tib kelgan bo‘lsa qo‘ni-qo‘shni tugul ayam ham sezmaydi. Balki endi Zumrad otasimi, onasi yo akasinimi boshlab kelsa, bira to‘la butun qishloq bilib olar… Ko‘nglim g‘ashlandi.
— Bolam, ichkari kirib, choyingizni ichib oling, — dedi ayam.
— Keyin icharman, avval manavi qorlarni kurab tashlay. Ishtaham bo‘lmay turibdi.
Hovli qorini shoshilmay kurab, tomorqaga surib tushirdim. O‘g‘ilcham qo‘liga kuh-kuhlab, kichkina kurakchasi bilan yonimda unnalib yurdi. Ayam, sovqotding, deb ba’zan uni xonasiga chaqirib olar, lekin u hayal o‘tmay yugurib chiqardi-da, atrofimda aylanishardi. Darvozani ochdim. Qalin qorda bittagina iz ko‘zga tashlanardi. «Zumrad qiziq ish qildimi, kichkinachani shamollatib qo‘ymasa edi».
— Mana shu yerni kuraymiz-da, keyin chana uchamiz, — dedim o‘g‘ilchamga.
U g‘ayratga minib, mendan oldin ishga kirishdi.
«Bu ham bir gap-da, Boburxonni chanasiga o‘tqazib dalalarni aylantirib kelaman. Bir yayrasin!..»
Darvozani oldini ko‘cha yuziga qadar qordan tozaladim. bu orada ko‘rinmay qolgan o‘g‘ilcham ichkaridan hovliqqancha chopib chiqib keldi.
— Ota, ota, bata yuying! Tez yuying!..
— Nima bo‘ldi, o‘g‘lim?
— Yuying, matashekilli ko‘zi shinib qopti!
— Bo‘pti, baqirma, — deya uni tinchitdim. — Qani, yur-chi…
Ko‘zdan nariroq tursin, deb mototsiklimni bostirma tagiga eltib qo‘ygandim. O‘g‘ilcham chanasini olgani borib ko‘rib qolgan shekilli.
U hayajon va achinish bilan o‘zicha chuldirar, men bo‘lsam, ulovim singari ichim to‘kilib, xomush turardim. Albatta, yangi motor bosib, ayrim qismlarini almashtirsam, ulovim yana ancha xizmat qilishi mumkin edi. Lekin endi u avvalgi do‘stim — toychog‘im bo‘lolmasdi-da… Bir kunda ikki judolik: ham sendan, ham undan ajralgan edim.
Eshik oldiga mashina kelib to‘xtadi. Birov chaqirdi. Chiqsam raisning kotibi.
— Borarkansiz, revizor so‘rayapti.
— Obbo, shunday kunda-ya!.. — deya oshkor so‘kindim.— Nima ishi bor ekan? Kotib yelka qisdi.
— Rais bovo ham qattiq tayinladila… Birga olib kel, dedila.

* * *

— Salomalaykum.
— Hm, keling…
Revizor qayrilib ham qarab qo‘ymay, qog‘ozini titkilayverdi.
— Chaqiribsiz?
— Chaqiribman, — dedi oshnam qog‘ozdan ko‘z olgisi kelmay. — Kimni chaqiribman?
Eshikka qarab yurdim.
— To‘xtang!.. Familiyangiz?
Javob o‘rniga unga ko‘z qadadim. Ko‘zini opqochdi. Qog‘oziga qarab eslagan bo‘ldi.
— A-ha, Boboxonovmi? Yaxshi!.. Haydarovdi jiyani. Xo‘sh, o‘tiring. Nega eshikdi oldida turibsiz?
O‘jarligim tutdi. Oyoqda turaverdim. U endi ortiq e’tibor qilmay daftar varaqladi.
— Yaxshilab gaplashib olsak, a, Boboxonov… Xo‘sh, uch yil avvalgi oktyabr oyini eslang… — u daftaridan bosh ko‘tarib, g‘olibona qarash qildi.
Bo‘shashib tushdim. Sekin o‘tirg‘ichga cho‘kdim. o‘oliblik salobat bag‘ishlarkan, oshnam salobatli qarash bilan meni kuzatarkan, oldimga bir varaq qog‘oz qo‘ydi.
— Eslagan bo‘lsangiz, mana qog‘oz, tushuntirish xati yozing. Shoshilmasdan batafsil yozing.
— Nimani yozaman? — dedim xiyol titragan ovozda.
Oshnam yumshadi. Ahvolimni tushungan, hamdardlik bildirgan odam qiyofasida tushuntira boshladi.
— Bir boshdan yozing. Kimdan pul olgansiz, kimga bergansiz, foydasini kim bilan bo‘lishgansiz… Meni nomimga, KRU revizori falonchiyevga tushuntirish xati, deb boshlang.
Beixtiyor yozishga tutindim.
— Yaxshi. Ana shunday. Bu yog‘ini batafsil yozing. Qo‘shib-chatmay, perepiska qilmasdan. xo‘pmi? To‘g‘risini yozsangiz, ishingiz ancha yengil ko‘chishi mumkin… Aytmoqchi, Haydarovdi esdan chiqazmang. O‘lgan odamni baribir qamashmaydi, tiriklar jonini o‘ylashi kerak. Shuning uchun amakingiz bo‘lsayam ayab o‘tirmang!..
Yozib turgan yerimda taqqa to‘xtab, qog‘ozni nari surdim.
— Ha, Boboxonov?
— Yana bir marta Haydarov haqida gapirsangiz, hech qanaqa tushuntirish xati ololmaysiz!
— Bo‘pti, bo‘pti, — deya chorpaxil oshnam divan suyanchig‘iga yastanib iljaydi. — Odamni ko‘p qo‘rqitmang. Aytdim-ku, bor gapni yozing, deb. Qani, bo‘ling!

* * *

Eshikdan chiqqan yerimda raisga duch keldim. Ko‘zlari ola-kula, rang-quti o‘chgan…
U nimalar deganiyu, men nima javoblar qilganimni batafsil aytib o‘tirmayman. Qisqasi, u zug‘um bilan boshladi:
— Nega oldin menga uchramadingiz?! — dedi.
Keyin murosaga o‘tdi:
— Bo‘pti, haliyam kech emas! Birga kiramiz. Kelishamiz. Tushuntirish xatini boshqatgan yozasiz!.. — dedi.
Keyin fig‘oni ko‘kka o‘rladi:
— Ovora bo‘lasan! Mening oyog‘imdan tortadigan hali onasidan tug‘ilmagan! Bekorga o‘z boshingni yeb ketasan, go‘dak!.. — deya baqir-chaqir qildi… Oxirida «go‘dak»¬dan musht yeb, revizorning eshigiga borib urildi-da, eshik ochilib ketib, ichkariga quladi.

* * *

Hoynahoy uch-to‘rttasi orqamdan chopqillab chiqib qolar, degan xayolda ko‘chada bir pas taysalladim. O‘ladigan ho‘kiz boltadan qaytmaydi qabilida kuchim yetgunicha tashlanishga chog‘lanib turdim. Ichkaridan sado bo‘lavermagach, bitta-bitta bosib, yo‘lga tushdim.
Bular shunaqa, katta qozonda qaynashdan qochishadi, zimdan ish bitkazishadi. Ayniqsa, hozir bunaqalarning dovi yurib qolgan. Sababi respublikada suv loyqalangan, mish-mish urchigan. Markaziy gazetalar ham, o‘zimiznikilar ham faollashib, ur-sur qilib yotishibdi… Demak, navbat bizga ham yetgan ko‘rinadi. Bizda kimdan boshlasharkan?.. Albatta mendan-da! Qo‘llarida dalil, hujjat bor, hujjatda mening mastona imzolarim!.. Yolg‘iz qoldirishmasa kerak har holda, uch-to‘rtta sherik ham topib berishar. Ishboshi Sharif Hodiyevich bo‘lsa serka, unga baloyam urmaydi. Lekin unga kim ilashgan bo‘lsa, endi sho‘ri quriydi.

* * *

Ko‘ksoy yoqalab boryapman.
Qor ostida qolgan baland-baland tollar tepamdan jimgina bosh solib o‘tishyapti. Xuddi men bilan vidolashayotganday. Balki rosttanam bu yerlardan so‘nggi bor o‘tayotgandirman… So‘nggi bor? Ayamni yolg‘iz tashlab-a?! U sho‘rlik kimga suyanadi, o‘g‘ilchamgami? U norasidamning o‘zi-chi?!
Osmonu falakdami, bilmadim, qayerda, yolg‘iz onamni o‘rtaga qo‘yib yalinib yolvorganimda rahm qilishgan edi. Lekin yerdagilar meni kechirarmikan?..
Shohsanam, shu tobda sen qayerda bo‘lsang? Balki diling g‘ashlanib borayotgandir, hech qayerga sig‘may qolgandirsan?.. O‘zi bu narsalar senga ancha ilgariroq ayon bo‘lgan ekan-da. Aytmoqchi, bobongiz qabrini ziyorat qiling, degan ekansan xatingda. Rost aytasan, ziyoratga boraman, ertagayoq boraman. Lekin hozir tezroq ayamdi oldiga borayin. Ko‘zim ko‘ziga tushsin… Boburjonimga va’da bergandim, chana uchamiz, degandim. Otam ketib qoldi, deb arazlab o‘tirgandir. Jigarlarim oldiga tez boray. Ke-yin Zumradni ham olib kelarman. Qizalog‘im diydoriga to‘yib olishim shart!..
Qadamim tezlashdi.

* * *

Ko‘chani boshlariga ko‘tarib qor bo‘ron o‘ynayotgan bolakaylarga qo‘shilolmay bir chekkada mittigina bo‘lib turgan o‘g‘ilchamga ko‘zim tushishi bilan yuragim bir qalqib oldi. Tomog‘im g‘ippa bo‘g‘ilib, ko‘zlarim yoshlanib ketdi. Uch-to‘rt qadam berida turib bir pas kuzatdim. U sezmadi. Ko‘zi bolalardayu, ularni ko‘rmayotganday, qiy-chuvini eshitmayotganday jiddiy tikilib turar, hadeb allanimalarni xayol surardi.
— Boburjon, — dedim sekingina.
U yalt etib qaradiyu, butun vujudi quvonchga aylanib, menga otildi. Ozod ko‘tarib,bag‘rimga bosdim. O‘g‘ilcham bag‘rimda bir zum jim qoldi. Keyin boshini ko‘tarib, jilmaydi. Unda haligi jiddiylik, mahzunlikdan asar qolmagan, o‘zidan tikroq anovi beg‘am bolakaylardan biriga aylangan edi.
— Chana uchamizmi?
— Uchamiz! — dedi u quchog‘imda tipirchilab. — Hoziy chanamni opchiqay…
Shu chog‘ yonginamda qizil «Moskvich» to‘xtadi. Qarasam, rulda Amirjon. Yonida Temur amakim, orqa o‘rindikda ikki bolasi bilan Umaro o‘tirardi.
Amirjon tushdi.
— Qani, uyga kiramiz, — dedim mashinadagilar bilan ham salomlashib.
— Boshqa safar… Siz chiqing mashinaga, — dedi Amirjon.
— Yo‘l bo‘lsin?
— Amakimnikiga o‘tib kelaylik.
Safar amaki kasalxonada yotib chiqqan edi. O‘z tashvishimga o‘ralishib xabar ololmagandim.
— Bo‘pti, orqalaringdan boraman keyin.
— Keyin deb o‘tirasizmi, bo‘ling, ketdik. Polvoncha ham borsin, o‘ynab keladi, — dedi Amirjon.
— Bo‘pti, men shundoq ayamga aytib chiqay.

* * *

Rangi siniqibroq qolgan Safar amaki bizni ko‘rib tetiklashdi. Ko‘p o‘tmay yana boz-boyagiday gurung jilovini qo‘liga oldi.
— E, zap kelibsizlar-da! Tushmagur qizginaning qo‘li shirin. Palovini sog‘inganman. Sog‘ingan taomingni sog‘ingan jigarlaring bilan talashib-tortishib yeyishga nima yetsin!..
— Amaki, palov yemay qo‘ygandingiz chog‘i, — dedi Amirjon.
— Chakki qilgan ekanman-da, kuyov. Hali menga qaragan professor ko‘zimni ochdi. Temurjon, bu gapga pul bering… Shu odam ayttiki, Safar aka, oshqozoningizni dori-darmon bilan bir nav o‘ziga keltirdik. Bu yog‘iga endi dori ichmaysiz. Dorining zo‘ri uyingizda, deydi. O‘shandan gapiring-da, nima ekan u, dedim. Qo‘y go‘shti, zig‘ir yog‘ida kenja guruchdan palovxonto‘ra, deydi. Yo‘g‘ye, hazillashmang do‘xtir, dedim. Axir, kimga arz qilsam, hammasi bir tilda turib qattiq ovqatdan, palovxonto‘radan qoching, deydi-ku… Siz xo‘p deng-da, men aytganni qiling. Haftasiga ikki-uch marta to‘yib-to‘yib yeb turing. Bir oyda otday bo‘p ketasiz, deydi. Omon bo‘lgur o‘ziyam juda xushchaqchaq, odamoxun-da. Ko‘rdingiz-ku, Temurjon, bir pasda siz bilanam apoq-chapoq bo‘lib oldi… Xullas, katta professor bo‘lsayam dori-porini xush ko‘rmasakan. Bular sizu bizning mijozimizga to‘g‘ri kelmaydi, deydi.
Yosh boladay beg‘ubor, dali-g‘uli Safar amakiga tikilib o‘tirib ko‘nglim allataxlit orziqdi. Yaxshiyam, shular bor… Hali rais bilan mojaro qilib qaytayotganimda «Nega mening hech kimim yo‘q, jonkuyarim yo‘q!» deb yo‘l bo‘yi o‘ksib kelibman-a. Nega bunday badbin xayollarga bordim, hayronman. Xo‘p, otam yo‘q ekan, lekin bular mening jonkuyarlarim emasmi, Safar amaki, Temur amakim meni qachon o‘ksitib qo‘yishdi!.. Amirjon-chi, mushtday boshidan qo‘ltig‘imga kirib yuradi. Lekin buning evaziga mendan nima oqibat ko‘rdi? Boshiga ish tushib afg‘onda bandilikda qolganida, bu yoqda Umarosi qon qaqshab yurganida menday aka bo‘lmishi o‘zimni ko‘ru karlikka olib yurmadimmi?! Har holda u bundan bexabar emasdir. Shunchalik bilan ham mendan kechib ketmadi… Hech kimim yo‘q emish!.. Otam ham, Safar amaki, Temur amakimlar ham ota-onadan yol¬g‘iz bo‘lishgan-ku?! Lekin ular bir-birini tug‘ishganidan afzal ko‘rishgan. Aytmoqchi, Haydarov raisning ham yolg‘iz boshidan bo‘lak yaqinlari bo‘lmagan-ku!.. Ayam, Ma’mura xolam, Xosiyat xolam, Umida yangalar-chi? Xuddi bir qorindan talashib tushgan opa-singillarday-ku?!. Tavba, men shunchalar bexosiyat ekanmanmi, shularning orasigayam raxna tushirib qo‘yayozdim-a!..
Safar amaki yangi hangoma boshlab, xayolim bo‘lindi. Bilmadim, nima munosabat bilan gap Farmon birgadga kelib taqalgandi.
— O‘shanda Ma’rufxon ayangizga, men kampirimga yangi unashtirilganmiz. Uchalamiz armiyadan yaqinda kelgan, asov otlarday qirchang‘i yigitlarmiz. o‘o‘za sug‘oramiz. Bo‘lajak kelinchaklarimiz g‘o‘za chopiqda. Yuz-boshlarini qars ro‘mol bilan o‘rab-chirmab yurishadi… O‘shanda Farmon aka Haydarovdan ke¬yin bizdi qishloqqa kelib qolgan. Bizda kim birgadir bo‘lsa, birorta chakki-chilep gapini eshitmaganmiz. Jabbor amakiyam, Haydarov ham ishladi. Farmon birgad bo‘lsa, xuddi osmondan tushganday bo‘p qoldi bizga. Yaxshiyam kattaligi ko‘pga bormadi…
Alqissa, choyxo‘rlik qilib turgandik bir kuni. Otda kelib qoldi. Salom alik yo‘q, baqira ketdi. Choy kech qaynab, choyxo‘rlik bir oz cho‘zilgan edi. Xotinlardi boshida turib olgancha og‘ziga kelganini qaytarmayapti, dangasalar ham deyapti, vijdonsiz, tekinxo‘rlar ham deyapti. Ostidagi jiyron qashqa deng tipirchilab, pishqirib turibdi. Hammaning og‘zida noni, qo‘lida choyi, gung bo‘lib qolgan. Biz xotinlardan o‘n qadamcha berida, balxi tut tagida o‘tiribmiz. Bu gaplar «Qo‘yqo‘ton»da bo‘lyapti. Bir mahal otangiz Ma’rufxon o‘rnidan turdi. Ko‘zlari qinidan chiqquday bo‘lib boryapti. Rahmatlini bunaqa vajohatda birinchi ko‘rishim edi…
— Hov, birgad, biyaqqa qara, — dedi xirillab,— agar avliyo bo‘lsang ham otdan tushib gapir!..
Farmon birgad avvaliga dovdirab qoldi. Keyin birdagina ot solib keldi-ku. Xotinlar qiy-chuv bo‘p qoldi. Kela-kela qamchi soldi. Bir urdi, ikki urdi. Temurjon ikkovimiz ham yugurib bordik. Uchinchi qamchi serpashida Ma’rufxon ushlab qoldi-da, siltab tortdi. Katta odam deng, otdan gursillab quladi. Jiyron qochdi. Uchta bo‘z yigit haligi o‘qariq bo‘yida dumalatib tepayapmiz, urayapmiz. Ho‘kizday bo‘kiradi. Dod, o‘ldim, deydi. Erkak-ayol bo‘lib bizni zo‘rg‘a ajratishdi. Hamma vahimada. Yigitlarimiz qamaladi, deb xotin-xalaj yig‘lagan…
Ertasi kuni dalani rayondi kattasiyu, melisasi bosdi. Rahimzoda degan bo‘lardi, hammani zir titratyapti. Qamataman, yo‘q qilib yuboraman, deydi. Ibrohimov rais edi o‘shanda. Uyam, muovini Haydarov ham shu yerda, bir chekkada turishibdi. Ular jim… Shu payt ayollar bosh ko‘tarib qoldi-ku. Yigitlarni bermaymiz, bizni o‘ldirib keyin op ketasizlar, deydi. Uchovimizni o‘rab olishgan. Biz uyalamiz, kunimiz xotinlarga qoldimi, deb. Alqissa, hech narsa qilisholmadi. Ibrohimov bilan Haydarovlar ham qalqon bo‘lishdi, shekilli. Keyin Farmon birgadni yana Jarqishloqqa olishdi-da, o‘ylab-o‘ylab, oxiri uning o‘rniga Ma’rufxonni qo‘yishdi. Shunaqa gaplar ham bo‘lgandi bir zamonlar…
— Farmon birgad keyingi kelishida ancha bosilib qolgan ekan-da bo‘lmasa, — dedi Amirjon kulimsirab.
Safar amaki iljaydi.
— Qayoqda!.. Uni Temurjon bosib turardiyu, bir navi edi…
«Mana endi Farmon birgadingiz ota-bola bo‘lib, eski alamlarini olyapti», deb qo‘ydim o‘zimcha. Ertalabki dilxiraliklar yodimga tushib, dilim yana g‘ashlandi.
Eshikda Umaro ko‘rindi.
«Bu yoqqa qarang», deganday erini imladi.
U bir paytlar o‘rta bo‘y, tiqmachoq gavdali shaddot qizcha edi. Erga tekkach xipcha tortib, xushro‘y, vazmingina juvonga aylandi.
Amirjon hayal o‘tmay ikki chinni tovoqda osh olib kirdi.
Safar amaki cho‘kka tushdi.
— Endi gap munnay, sizlar ikki bo‘z bola, biz Temurjon ikkimiz. Bahs boylashamiz. Kimmning tovog‘ida qolsa oshatamiz. Temurjon, nima dedingiz, yoshlarga bir ko‘rsatib qo‘yaylik osh yeyishni, a!..
— Yeng shimarishingiz tuzuk-ku, oxirigacha turib berishingizni bilmadim-da, — dedi Temur amakim hazillashib.
— Siz, borsiz, ko‘ngil xotirjam, polvon, — dedi Safar amaki. — Qani, boshlang, jo‘ra, bismillohu rahmonir rahim… Bay-bay, sadag‘ang ketay, palovxonto‘ra!.. Xudoyimning ajab ne’matlari bor-da!..

* * *

«Shotutli»ning yo‘lida emishman.
Sen oldinroqda qor kechib, ho‘ng-ho‘ng yig‘lab boryapsan.
To‘xta, deyman, to‘xtamaysan. Halloslab yetib borib, qo‘llaringdan tutibman. Sen battar yig‘lab, o‘zingni bag‘rimga tashlabsan. Nima bo‘ldi, nega yig‘layapsan desam, javob bermaysan. Nuqul yuzingni ko‘kragimga ishqaysan. Bir mahal chap biqinimga panjangni botirib g‘ijimlay boshlading. Hoy, nima qilyapsan, menga qara, desam, birdan kulib yuboribsan. Tikilibroq qarasam, Zumradni quchoqlab turibman. Biqinimni g‘ijimlab, qiqir-qiqir kuladi.
— E, bore, qilig‘ing qursin, — deb uni itarib yuboribman..
Uyg‘onib ketdim.
Jiqqa terga tushibman. Yuragim ezg‘ilab og‘rir, boshim misday chatnab, lorsillab boryapti.
Ko‘nglim bir noxushlik tuydi. Vahimaga tushib, tez-tez yaxna choydan quyib ichdim-da, o‘rnimga qayta cho‘zildim. Bunaqa paytda osoyishtalik kerak deyishadi… Bir pas o‘tib vahimam tarqadi. Ko‘rgan tushimni eslashga urindim: Shohsanam yig‘lab yuribdi. Yaxshilik alomati emas bu. Nimadir ro‘y beradiyov?!
E’tibor qilsam, susayib boryapman. O‘rnimdan turishgayam chog‘im kelmaydiganday. Menga nima bo‘ldi? Nahotki ketyapman?.. Yigirma olti yoshimda-ya?!
Qulog‘im tagida kimdir shivirlaganday bo‘ldi.
— Nima bo‘pti, yuzga kirsang ham bir kun ketasan-da!
— Onam-chi, bolalarim-chi?
— Bolalar bir kunini ko‘radi. Onang sabrli ayol, chidaydi.
— Meni yetim boqqan edi, bolalarimniyam…
— Odamlardi malomatidan ko‘ra unga shu yengilroq!
— Qanaqa malomat?
— Erta-indin qamalib ketishing tayin. Bunga onang qanday chidaydi, malomatini qanday ko‘taradi?!
Indayolmay qoldim. U haq edi.
… Demak, erta tongdan uyimizda qiyomat qo‘padi.
Onaizorim bolamlab qishloqni uyg‘otadi. Boburjonim uning etagiga yopishgancha, chirillab yig‘laydi.. Safar amaki jigarimlab hovlimizni boshiga ko‘taradi. Temur amakim yelkalari silkina-silkina unsiz bo‘zlaydi. Amirjon, Jamshidlar bel bog‘lab, eshik oldida akamlab turishadi. Zumrad eshikdan otilib kiradi-da, oldimga yetib kelolmay hushidan ajraydi. Big‘illab yig‘lagan qizalog‘imni Umaromi, boshqasimi ko‘tarib boshimga keladi. Hamqishloqlarim hovliyu, ko‘chani to‘ldirib yuboradi. Yon-atrof qishloqlardan gurros-gurros odamlar oqib kela boshlaydi. Biroq, ularning hech biri ayajonimga yolg‘iz o‘g‘lini tiriltirib berolmaydi. Onaizorim muzdek yuzlarimni silab-siypab bo‘zlaydi. Ko‘zlaringni och, bolam, bittagina ochgin, deya hush-behush yolvoradi…
Shohsanamimga ham ertagayoq xabar yetadi, albatta. Lekin, uning ulgurib kelishi mahol. Yetib kelganida esa do‘mpaygan go‘rimnigina ko‘radi, xolos. Ayam bir paytlar unga: Jamshid ukang, Mahmud akang er yetsin, ana unda ko‘rasan. Ko‘rmaganday bo‘p ketamiz, deb o‘tirardi-ya!.. Ko‘rmaganday bo‘p ketamiz degani shumidi hali!..
Bir mahal issiq ko‘z yoshlarim yuzlarimdan oqib, quloqlarimga tushdi. Hushyor tortdim. E, bu nima yotish bo‘ldi! — dedim-da, o‘rnimdan dast turib ketdim. Va darhol to‘nimni yelkamga ilib, tashqariga chiqib ketdim. Shu chiqqancha ne mahalga qadar qorong‘u ko‘chalarda qor kechib yurdim. Uyga qaytishga hadeganda yuragim betlamadi.

* * *

Ertalab ayam ikkimiz jimgina nonushta qilib o‘tiribmiz. U dam-badam yuzimga sinchiklab qarab qo‘yadi-da, gap boshlashga istihola qiladi… Shu yillardan ancha qaribdi. Qanaqangi tana-to‘shli, bardam ayol edi. Yil sayin cho‘kib boryapti. Mushtiparginamning soch¬lari oqarib bo‘ptiki, boshi g‘am-tashvishdan chiqmaydi. Ishongani bitta men bo‘lsam, o‘zimdan ortmay qolganman. Yaqin orada ona-bola bafurja o‘tirib gaplashganimizni eslolmayman. Bir paytlar hayhotday hovlida ikkovginamiz yolg‘iz yashardik. Bir-birimizga suyanib qolgandik. U meni katta o‘rnida ko‘rib, har narsada maslahatga tortib turardi. Endi bo‘lsa… Har qancha gaplashgisi kelsa-da, avval mening rag‘bat ko‘rsatishimni kutadi. Hozir ham ko‘rib turibdiki, suhbatga maylim yo‘qroq…
Oxiri o‘zim gap ochdim.
— Aya, qish yaxshi keldi-ya bu yil?!
— Albatta-da, bolam, buyam bo‘lsa Egamning mehribonligi, — dedi u tetiklanib. — Qor yoqqani yaxshi, yer to‘yadi. Otangiz rahmatli qorni yaxshi ko‘rardila. Bir dala aylanib kelayin, deb chiqib ketardila. Sizdiyam ergashtirib olardila ko‘pincha… Bolam, ovqatga qo‘l urmadingizam?..
— Ishtaham yo‘qroq, aya.
— Kechasi yaxshi uxlamabsiz-a?
— Yo‘g‘ye, yaxshi uxladim.
— Men alah-chalah tushlar ko‘rib chiqdim.
— Qanaqa tush?! — dedim bir seskanib olib.
— O‘nglab ololmadim. Bosinqiradimmi?.. Kecha ertalab iliqqina edi-ku, shunga qizchangizni olib qolmagandim. Endi bu havoda yo‘lga chiqolmasdan o‘tirgandir boyaqish kelin. Borib kelsangiz bo‘larmidi…
— Xo‘p, aya, bir pasdan keyin.
— Baraka toping, bolam… Idoraga nimaga chaqirtirishibdi, bolam, tinchlik ekanmi?..
Ayamning qo‘rqa-pisa bergan savoli javobsiz qoldi. Xona eshigi ochilib, o‘g‘ilcham iljaygancha kirib keldi.
— E, Boburxon bolam turibdila-ku, — dedi ayam nabirasini bag‘riga bosib. — Qani, otangizga salom bering-chi. Ko‘p yashang. Men hozir sutingizni opkelaman.
Ayam hovliga chiqdi. O‘g‘ilcham tizzamga kelib o‘tirdi.
Shu choq ko‘cha eshigi taqilladi.
Ayam oshxona tomondan ovoz berdi.
— Eshik ochiq, kiravering…
Kelguvchi bunga javoban qandaydir bepisand va sovuq tarzda yana eshikni qoqdi.
Sovuqdan junjikkan kabi etim bir jimirlab oldi. O‘g‘ilcham tashqariga otildi.
— Ayam teldila!..
«Ah, bolam-a, ayang eshikni taqillatib keladimi!»
— Boboxonov uydami? — degan dag‘al ovoz eshitildi.
— Ha, uyda bolam… Kiringla…
— Ayting, chiqsin!
Biqinib o‘tirgan bilan eshikka tikilib kelgan balodan qutulmaysan. Chiqdim. Onamning qarshisida turgan notanish kimsa menga yuzlandi.
— Boboxonov Mahmud Ma’rupovich… Shundaymi? — dedi salom-aliksiz.
— Shunday, — dedim unga xotirjam tikilib.
Kelguvchi hujjatini ko‘rsatdi.
— Biz bilan yurasiz! Kiyinib chiqing!
Izimga qaytdim. Yonidagi yigit menga ergashdi.
Kiyinib qaytib chiqayotganimda ayamga ro‘para bo‘ldim. Rangi xiyol o‘chgan. Hozir bo‘zlab yuboradi, deb qo‘rqib turibman. Yo‘q, o‘zini tutdi. Indamay kelib, ko‘ksimga boshini qo‘ydi. Keyin ikki yuzimdan ohista o‘pdi-da, mung to‘la ko‘zlarini ko‘zimga tikdi.
— Boshingiz toshdan bo‘lsin, bolam, — dedi pichirlab.
Ayajonimning mardligi mengayam yuqdi. Qaddimni rostlab kulimsiradim.
— Hammasi yaxshi bo‘ladi, ayajon, parvo qilmang.
Uni bag‘rimga bosib, qattiq quchdim-da, keyin jovdirab turgan o‘g‘ilchamni ko‘tarib, ko‘cha eshigiga qarab yurdim.

* * *

Ko‘cha yuzida «Villis» mashinasi, mashina yonida ikki melisa turardi. Shu choq yengil mashina kelib to‘xtadi-da, Zumrad bilan akasi Zarifjon tushib kelishdi. Rangi o‘chinqiragan Zarifjon shoshqin men tomon yurdi.
— Bo‘la1, tinchlikmi? — dedi men bilan ko‘risha turib.
— Tinchlik, tinchlik, — dedim-da, Boburxonni unga tutqazib, Zumradga yaqinlashdim. Qizchamni qo‘limga olib, ikki yuzidan o‘pdim. Xuddi bu ishlarga o‘zi aybdorday jovdirab turgan xotinimga bolasini qaytib berarkanman, bardam bo‘l, deganday bilagini siqib qo‘ydim… Ajab, buncha xotirjamman! Na ko‘zimda yosh, na vujudimda titroq bor!..
Nihoyat, ayamga qarab bosh irg‘ab qo‘ydim-da, haligi hujjat ko‘rsatgan kimsaga yuzlandim. Uning boyagi vajohati yo‘qolgan, o‘ychan bir qiyofada kuzatib turardi bizni. U boshi bilan bilinar-bilinmas ishora qildi-da, o‘zi haydovchining yoniga chiqib o‘tirdi…
Shohsanam, birovga aytsang ishonmaydi, oilamiz boshiga tushgan musibatni biz mana shunday xotirjam qarshi oldik. Tinchgina, yig‘i-sig‘i qilmasdan xayrlashdik. Chunki, hammamiz, hatto mitti Boburxonimgacha, ayamning irodasiga bo‘ysungan edik.

* * *

Qadim zamonda, janub tomonda Diyorbakir degan mamlakat bo‘lgan ekan. Mamlakat podshosini Shoh Abbos deyishar ekan. Shoh Abbos bir kuni Hasan degan vazirini yoniga olib ovga chiqibdi. Ov qilib yursa, oldidan bir quyon chiqib qopti. Podsho kamon o‘qtalib, otmoqchi bo‘pti. Qarasa, haligi quyon bo‘g‘oz ekan. Podsho uyida qolgan og‘iroyoq xotinini eslabdi-da, quyonni otishga ko‘zi qiymay, o‘tkazib yuboribdi. Keyin bu gapni vaziriga aytibdi.
— E, podshohim, o‘sha quyon mengayam uchradi. Menam sizga o‘xshab o‘tkazib yubordim, otmadim, — debdi vazir kulib.
Bu gapdan podshoning ko‘ngli iyib ketib:
— Hasan, — debdi, — agar mening xotinim o‘g‘il tug‘ib, seniki qiz tug‘sa, qizingni o‘g‘limga berasan. Agar sen o‘g‘illi bo‘lib, men qiz ko‘rsam, qizimni berayin, quda bo‘laylik, debdi. Keyin, kimda kim so‘zidan qaytsa, la’natga giriftor bo‘lsin, deb qasam ichishibdi…
Oy-kuni yetib, Shoh Abbos qizlik bo‘libdi. Qizga Shohsanam deb ot qo‘yibdilar. Hasan vazir o‘g‘il ko‘ribdi. O‘g‘liga o‘arib deb ot qo‘yibdi. Men bu yurtlarga g‘arib bo‘lib kelib qolganman. O‘g‘limning oti o‘arib bo‘lsin, debdi Hasan vazir.

* * *

Shohsanam, bu ertakni necha qaytalab eshitganmiz. Biz eshitishdan, ayaginam aytib berishdan erinmasdi. Uning boshqa ertaklari ham ko‘p edi. Lekin, menimcha, «o‘arib va Shohsanam»ga mehri bo‘lakcha edi. Endi-endi o‘ylab qarasam, bu bekorga emas ekan. Ayamning faqat shu ertagidagina oshiq-ma’shuqlar murodiga yetadi. Ular aldanmaydi, fitnaga uchmaydi, taqdirga bo‘yin bermaydi. Va oxir-oqibatda murod-maqsadiga yetadi. Shuning uchunam ayajonim bu ertakni yaxshi ko‘rgan, shuning uchunam sening ismingni Shohsanam qo‘ydirgan.
Ayam sochingni o‘rib o‘tirib aytib bergan voqeani eslagin-a?!. Sen emizikli bola payting ayamning qo‘lida qolib, ochiqib chirillab yig‘laganingda, ayam ichi yonib to‘rt tarafga chopadiyu, senga ko‘krak tutolmaydi. Sen hayron bo‘lding, Xosiyat xolam emizibdi-ku, sizga nima uchun mumkin emas, deb so‘roqqa tutib ketding. Sho‘rlik ayajonim o‘shanda til uchida arang tutib qolgandi gaplarini.. Sen bo‘lsang, buni tagiga yetmoqchi bo‘lding. Hali yoshsan, tushunmaysan, desam ham qo‘ymading. Lekin, aytmoqqa chog‘lanishim bilan oloving chiqib ketaverdi. Gapirishga qo‘ymading, nimanidir payqading… Aytmoqchimanki, ayalarimiz hali biz dunyoga kelmasimizdan burun Shoh Abbosu Hasan vazirdek ahd-paymon qilishgan. Biz bo‘lsak, bu ahdlashuvdan xabar topib-topmay ko‘ngilning ko‘z ilg‘amas rishtalari bilan bog‘lanib borayotgan ekanmiz. Xullas, bizning hayot ertagimiz ana shunday ko‘ngilli boshlangan edi. Visol eshigiga bir qadam qolganida esa… hammasi ostin-ustin bo‘lib ketdi. Men umid uzdim. Kattalar gangidi. Birgina sen o‘zingni yo‘qotmading: oqila Shohsanam bo‘lib yo‘l ko‘rsatding. Lekin shunda ham men o‘arib bo‘lolmadim, dunyoni boshimga ko‘tarib isyon qilolmadim. Sochimni changallab, ko‘ksimni zaxga berishdan boshqasiga yaramadim.
Nega bunday bo‘ldi?
Menga kim xalal berdi?
Kozim, Sharif degan kimsalarmi?
Oshiq o‘aribni yo‘ldan urguvchilar yo‘qmidi?..
Yoki hamma illat o‘zimda, bir «o‘zim»da ikki «men» — ikki odam yashagani sababli shunday bo‘ldimi?..
Men u yoqdaligimda bu haqda ko‘p o‘yladim, biroq o‘yimning tagiga yetolmadim. Darvoqe, u yoqda o‘tkazgan kunlarim… Yo‘q, istamayman bu haqda so‘zlashni. Faqat bir narsani aytishim mumkin: men shunday ko‘rguliklarga munosib edim. Shuning uchun sudda o‘zimni sovuqqon va xotirjam tutdim. Menga taqashgan ayblarning barini tasdiqladim. Hech kimning oyog‘idan tortmadim. Aybnoma o‘qilayotganda hammani hayratga solib, istehzoli kulib o‘tirdim.
So‘nggi so‘z berildi.
Ikki og‘iz gapirdim: men shunday jazoga munosibman, dedim. Lekin, sizlar tiqishtirgan ayblar uchunmas, balki anovi qonun kitobingizning biror-bir moddasida qayd etilmagan jinoyatu xiyonatlarim uchun munosibman, dedim…

* * *

…Olti milliard odam bolasi nafas olib turgan bu yorug‘ dunyoga avval men kelganman. Oradan ikki yil o‘tib esa sen… Men uchun, menga bir umrlik hamroh bo‘lish uchun kelgansan. Men avvalboshdanoq shunday o‘ylar edim. Bunga zarracha shubha qilmasdim. Avvalboshdanoq deganim — qachon, qaysi kun, qaysi soat ekanligini mana hozir eslab qoldim…
Yodingdami, Shohsanam, o‘shanda ham qish edi. Lekin qishga o‘xshamasdi. Na issiq, na sovuq — ilmiliq havo. Hammaning og‘zida bitta gap: bir qor bosib bersa grip-priblar ko‘tarilarmidi?!.
Sandalning bir chekkasida men, bir yog‘ida sen. Uy to‘rida ukang Jamshid ikki jo‘rasi bilan dars qilib o‘tirishibdi. Sening peshonang qizil durracha bilan tang‘ilgan. Yuzlaring ham durracha tusida. Ko‘zlaring yoshovlab turibdi.
— Nima bo‘ldi, maktabda ko‘rinmading?
— Ertalab boshim aylanib, yurolmay qoldim…
— Do‘xtir keldimi?
— Keldi…
— Tuzukmisan hozir?
— Sal-pal…
Gap-so‘zlarimiz shu bilan tugagan. Televizorga tikilib olganmiz. Narigi xonada ayang ham ko‘rpa-to‘shak qilib yotibdi. U kishining oldida esa ayam o‘tiribdi. Bir mahal ayam eshikni ochdi-da, meni dahlizga imladi.
— Bolam, bu kech shu yerda qolamiz. Xolangizdi yonida bo‘layin, — dedi.
Yelkamdan tog‘ qulagandek bo‘ldi. Biz ketib qolsak, ayang kasal, sen kasal, qanday bo‘larkin, degan o‘ylovda edim.
Jamshidning jo‘ralari uy-uyiga ketdi. Televizor o‘chirildi. Sen sandal yonboshida, Jamshid ikkimiz uy to‘rida yotdik. Biror soatlar o‘tib, sen alahlashga tushding. Uyg‘oq edim, darhol chiroqni yoqib, boshingga bordim. Terga tushib ketibsan. Ko‘zlaring yumuq-da, allanimalar deysan. Qo‘rqib ketdim.
— Ko‘zingni och, Shohi, — deb shosha-pisha yelkangdan turta boshladim. Ko‘zingni ochdingu, menga hayron bo‘lib tikilding. O‘rningga turib o‘tirding.
— Bitta suv bering, men turolmayman, boshim aylanib ketadi, — deding bemajol.
Shosha-pisha dahlizdan bir kosa suv olib kirdim. Televizor ostidagi stol tortmasidan dori olib berdim. Quvvatsizlandingmi, yotmoqchi bo‘lding. Lekin mendan iymanding.
— Borib yotaqoling, — deding.
Chiroqni o‘chirib, Jamshidning yoniga cho‘zildim. Ko‘p o‘tmay yana alahlay boshlading. Boshingga kelib o‘tirdim. Kaftimni peshonangga qo‘ygandim, durracha ustidan qo‘lim kuydi.
— Ayajon, men o‘laman, — deb zorlanding. Ke¬yin ko‘zingni ochding. — Mahmud aka, menga nima bo‘ldi?! — deding yig‘lamsirab. O‘pkam to‘lib ketdi.
— Manovi doridan yana ich, — dedim ovozim titrab.
Boshingni ko‘tarib, dori bilan bir qultum suv ichdingu, bemajol cho‘zilding. Endi yoningdan ketmadim. Bezovta to‘lg‘onding. Kichkina vujuding olov bo‘lib yonar, tishlaring qisirlab ketardi. Mening dam xo‘rligim keladi, dam vahimaga tushaman. Musht¬dek yuragim betoqat tipirchilardi. Ko‘z yoshlarim duv-duv oqib, yuzlarimni yuvadi.
Bir mahal qo‘limdan mahkam tutib, hush-behush yolvora boshlading.
— Mahmud aka, ketmang, qo‘rqaman, bir o‘zim qo‘rqaman! — derding nuqul.
Keyin qo‘limni siqib ushlagan ko‘yi tinchib, uy¬quga ketding.
Ayam bir safar og‘rib qolganida otam kechasi bilan mijja qoqmagandi. Keyinchalik otamning boshida sho‘rlik ayam o‘tirib chiqadigan bo‘lgandi to oxirgi kunigacha…
Men ham o‘sha kecha uxlamadim. Mayingina nafas olishingga quloq tutib, boshingda tong ottirdim. O‘y-xayollarimning cheki yo‘q edi: mana birinchi marta bir tom ostida tunni o‘tkazyapmiz, derdim. Hali bir umr shunday bo‘ladi… Sen men uchun yaralgansan, menga hamroh bo‘lish uchun dunyoga kelgansan, Shohsanam!..

1987, 2007 yillar

005

(Tashriflar: umumiy 510, bugungi 1)

Izoh qoldiring