Sadriddin Salim Buxoriy. She’rlar va kitoblar & Orziqul Ergash. Sharif shahar shoiri

0_14cd2b_de8d63ae_orig.png    Ўтган йилнинг сўнгги ойида Бухорода таниқли шоир, таржимон ва тасаввуфшунос Садриддин Салим Бухорий таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Шу муносабат билан шоир ҳақидаги хотира ва ёдномалардан тузилган «Шариф шаҳар шоири» номли китоб нашр этилди. Биз кейинги саҳифаларимизда ушбу тўпламдаги ёдномалар билан таништириб боришни режалаштирдик. Бугун эса таваллуд куни нишонланаётган ва (нашр этилган тўплам ҳам айнан унинг ёдномасининг номи билан аталган) ёзувчи жўрам Орзиқул Эргашнинг Садриддин Салим Бухорий ҳақидаги эсдаликларини сизга тақдим этамиз.

Орзиқул ЭРГАШ
ШАРИФ ШАҲАР ФУҚАРОСИ
005

Минг тўққиз юз тўқсон иккинчи йилнинг кеч кузи. Мамлакат яқиндагина Истиқлолга эришган, янги, айтиш мумкинки, хийлагина мураккаб бир даврни бошидан кечирмоқда. Етмиш йилдан ортиқ ҳукмфармолик қилган тузум асорати ҳар жабҳада ўзини сездириб туришга, тўғаноқ бўлишга интилар, айниқса одамлар онг-шуурига сингиб кетган шўровий унсурлар осонликча “жон бериш”ни истамас, хуллас, янги давр тўлғоғи ниҳоятда оғриқли бир тарзда кечарди. Шундай кезларда мамлакат раҳбарининг 1993 йилда Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратларининг 675 йиллик маъракасини кенг нишонлаш, Ҳазратнинг ёдгорлик мажмуини, барча қадамжоларини обод қилиш, Нақшбандия тариқати ғояларини чуқур ўрганиш, халққа етказиш юзасидан махсус Қарори эълон қилинди. Бу ниҳоятда оқилона қарор эди. Чунки, Хожа Баҳовуддин ҳазратлари асослаган нақшбандия олти асрдан зиёдроқ, аниқроғи Соҳибқирон Амир Темур даврларидан эътиборан нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон дунёсида катта мавқеда бўлиб келган, қизил мафкура тазйиқи остида бир қадар чекинган бўлса-да, ҳали ҳамон халқимиз турмуш тарзида, қалбининг қат-қатларида пинҳона яшаб келаётган ҳаётбахш бир таълимот эди. Шу сабабдан ҳам мазкур Қарор Юртимизда катта қониқиш ва қувонч билан қарши олинди, кўклам эпкини янглиғ кўнгилларга енгиллик бағишлади. Эртанги кунга бўлган ишончимизни мустаҳкамлади. Бу эса жуда зарур эди.

* * *

Ўшанда Республика радиоси Адабий-драматик эшиттиришлар Бош таҳририятида ишлардим. Ҳазратнинг “Имон – қалб гавҳаридур” деган ибораларидан келиб чиқиб, “Қалб гавҳари” туркумида эшиттиришлар тайёрлаш лойиҳасини таклиф қилдим, раҳбарият маъқуллади. Шундан сўнг, радиочиларнинг оғиргина репортёрини елкалаб, Бухоро сари йўл олдим. Йўл олдидан менга Садриддин Салимов деган шоирга албатта учрашимни, шунда ишим енгил кўчишини қулоғимга қуйишган эди. Садриддин акани танирдим, албатта. Бухоро педагогика институтида олмон тилидан дарс беришини, олмон шоири Гётенинг “Ғарбу Шарқ” девонини таржима қилгани ва Гёте ижодидан устозимиз Ғайбулла ас-Салом раҳбарлигида илмий иш олиб бораётганидан ҳам хабарим бор эди. Бундан ташқари унинг шеъриятига ҳам ихлосманд эдим. “Кенг саҳрода икки тошбақа жой талашиб урушар, ёҳу!..”, “Эй, минора, саломатмисан? Келаяпман саҳардан йўқлаб. Чунки сенинг оёқларинг йўқ, келолмайсан ҳолимни сўраб…” деган мисралар билан бошланувчи шеърларини ва айниқса, “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” рубоийсини топишмоқ сифатида айтиб, даврадошларимни қойил қолдиришга интилиб юргувчи одатларим ҳам йўқ эмасди… ишган эди. Қарор муносабати билан катта тайёргарлик ишлари бошланиб кетди. Жумладан, Республика радиоси ва телевидениесида ҳам дан хизмат сафарига борарканман,

Сени кеч топгандим, эрта йўқотдим…

Бухорода Улуғбек ака деган бир инсон бор. Қурувчи муҳандис, “Бухорийлар авлоди” фирмаси директори. Садриддин аканинг яқин биродари эди (Ҳали у киши ҳақида алоҳида тўхталиш ниятидаман). Шу инсон кейинчалик Садриддин ака ҳақида тайёрлаган хотира кўрсатувимда афсус билан шундай деди: “Шоир айтган-ку, сени кеч топгандим, эрта йўқотдим, деб. Менда ҳам худди шундай бўлди, битта шаҳарда яшаб, анча кеч топишганимиздан армон қиламан…” Нима десамикин, бу айнан менинг ҳам армоним эди.

0 62.jpgХуллас, ўшанда Садриддин ака билан телефонлашиб, машҳур Лабиҳовузда  учрашдик. Қотмадан келган, миқти гавдали, қош-кўзи қоп-қора, қирра бурун, серҳаракат бу одам юриш-туриши одмигина, сиполикни билмайдиган, аммо ботинан улуғвор, вазмин, камсухан бир инсон сифатида таассурот уйғотди менда. Ва мен дастлабки тасаввурим алдамаганига ҳалигача ҳайратга тушаман ва бутун умрида Румий ҳазратларининг “Ё аслинг каби кўрин, ёки кўринганинг каби бўл!” деган ақидасига амал қилиб келган инсон эканлигига иқрор бўламан.

Шундан сўнг шоирнинг Лабиҳовуз яқинидаги мўъжазгина хонадони меҳмони бўлдим. Ҳовли-жой ҳам соҳиби каби одмигина эди. Ваҳоланки, Лабиҳовуз яқинидаги қадим Чўпбоз маҳалласи, Менделеев (!) кўчасидаги бу хонадон бир замонлар наинки Чўпбоз гузарида, бутун Бухорои шарифда маърифат гўшаси сифатида эътиборда бўлган. Кўплар ўз фарзандлари таълим-тарбиясини шу даргоҳга ишонган ва хато қилмаган. Бу анъана қаттол замонларда ҳам тўхтамаган. Шоирнинг отасини мулло Наби, бобосини мулло Салим, она томонидан бобосини эса мулло Ҳамид дейишган. Волидаи муҳтарамаси ҳам ниҳоятда оқила, фозила аёл бўлиб, бу даргоҳда шеърият айниқса қадрланган, Хожа Ҳофиз, Навоий, Фузулий ғазаллари фарзандлар қалбига мурғаклигидан сингдириб борилган.

***

Хизмат сафарим режаси бўйича Хожа Баҳовуддин ҳазратлари юбилейи олдидан Бухорода бўлаётган тайёргарлик ишларини ёритиш эди. Бунинг учун бир неча мутассадди кишилар сўзини ёзиб олсак кифоя эди. Биз бундай қилмадик. Бухоро зиёратига чиқдик. Шаҳарда олиб борилаётган таъмирлаш, тиклаш ишларини, қурилиш, ободончиликларни айнан ўз ўрнида магнит тасмасига туширишни келишиб олдик. Йўл-йўлакай учраган мачит борми, қадамжоми, мақбара ё мадрасами ҳар бирининг олдида тўхтаб, обидани зиёрат қилиб, мутасаддилари билан танишиб, айримларидан интервьюлар олиб бордик.

Яхши эслайман, зиёратни Пойи Остона гузаридан бошлагандик. Пойи Остонада камида олти аср нарида бунёд этилган табаррук масжид бор экан. Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари Қасри Орифондан ҳар гал Бухорога келганларида айнан мана шу масжиди жомеда ибодат қилар эканлар… Жомеъ янги таъмирдан чиқарилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилиш арафасида турган экан. Пойи Остонадан кейин Саид побанди кушо гузари келди. Бу ерда Хожа Саид исмли бир азиз турбатини зиёрат қилиб ўтдик. Қаршимизда икки азим мадраса қад ростлади: Садриддин ака кулимсираб менга юзланди. Кейин ўйчан алфозда деди: “Қаранг, икки мадраса, буниси Абдулазизхон, буниси эса Мирзо Улуғбек мадрасаси. Бири аштархоний, бири темурий ҳукмдорга тегишли. Зеҳн солиб қарасангиз, обидалар бир-бирига устозу шогирд сингари эҳтиром сақлаб турибди. Эзгу мақсад, хайрли аъмол робита мисоли экан-да. Қаранг, вақт ҳам, замон ҳам улар учун писанд эмас. Авлодларни авлодларга кўринмас бир ришта сингари боғлаб, мустаҳкамлаб боравераркан…” Суҳбатдошим чеҳрасида илҳомий бир сарҳушлик пайқаб: “Янги шеър яраляпти”, деган ўй кечди кўнглимдан.

Тоқи заргарон бўйлаб кетяпмиз. “Заргарлар тоқиси, яъни савдо растаси – дея тушунтирди Садриддин ака. – Бухорода бешта тоқи бўлган, шундан учтаси омон қолган, булар – Тоқи саррофон, пул майдаловчи, айирбош қилувчилар, Тоқи телпакфурушон, бош кийим билан савдо қилувчилар ва мана шу Тоқи заргарон”. Суҳбатдошимнинг “омон қолган” деган изоҳи кейин ҳам кўп бор такрорланди ва ҳар гал оғриқли бир оҳанг туярдим уларнинг замиридан.

Мир Араб мадрасаси, Масжиди Калон, Минори калон, яъни Пойи Калон мажмуасидамиз. Энди бу ерда ҳамроҳимдан эшитганларимни бир-бир хотирлайверсам… Масжиди Калон Туронзаминда барпо этилган биринчи Ислом ибодатхонаси, 770–771 йилларда қурилган экан. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий (810–870) бир неча ўн йиллик хориж сафаридан қайтиб келиб, Масжиди Калонда маъруза қилганларида буюк муҳаддисдан бир вақтнинг ўзида ўн мингга яқин одам сабоқ олар экан. Исмоил Сомоний амирлиги даврида (888–907) масжид шу қадар кенгайиб кетадики, юз минг одам бемалол намоз ўқиши мумкин бўлади. 1068 йилда жомеда ёнғин чиқади ва шундан бир асрдан зиёдроқ давр мобайнида масжид қаровсиз қолади. Ниҳоят қорахоний ҳукмдор Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (1102–1130) даврига келиб, 1121–1122 йилларда қайтадан тикланади. Бироқ, мўғуллар босқинида жомеъ яна вайронага айланади. Айтишларича, Чингизхон Бухорони босиб олгач, отда виқор билан Жомеъга кириб келади. Унга рўпара қилинган масжид Имоми Чингизга таъзим қилишдан бош тортибгина қолмай, унинг юзига тупуради… Масжид темурийлар даврида қайта тикланади. Кейинчалик эса, шайбоний ҳукмдорлар Убайдуллахон, Абдулазизхон ва Абдуллахон даврида (1514-йилда бошланиб, аср ўрталарида) ҳозирги кўринишига келтирилади.

Садриддин ака масжидга ва Минори Калонга таъриф берар экан, “Ё тавба, бу одам Бухоронинг тирик қомуси экан-ку!” дея ҳайратланганим эсимда. Минора ҳам Масжиди калон билан бир пайтда амир Арслон ташаббуси билан уста Бақо бошчилигида бунёд этилган экан. Баландлиги 50 метр, айланма эни 9 метр. Минора ичидан 104 та айланма зинапоя билан мезанага чиқилади. Минора юқорига қараб ингичкалашиб боради ва муқарнас билан тугайди. Тепадаги 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин бўлади.

Минори Калон мана асрларки, Бухоройи шариф рамзи, фахри, маёғи бўлиб яшаб келмоқда. ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган. 1993 йилда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази “Бутунжаҳон маданий мерослари рўйхати” га киритилган… Беихтиёр ҳамроҳимнинг шеърий сатрлари ёдимга тушди: “Илдиз отдик Минори Калон, Минг йилларки бир ерда яшаб…”
Қисқаси, шу куни шаҳардаги яна бир неча обидани – Чор минор мажмуаси, Сомоний мақбараси, Арк қалъаси, Моғаки Аттор масжиди, шунингдек, Мир Араб, Говкушон, Абдуллахон, Кўкалдош мадрасаларини зиёрат қилдик. Кейин шаҳардан чиқиб асосий зиёратгоҳимиз Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуи томон йўл олдик…

* * *

Айтишим лозимки, унда ҳали ҳаммаси олдинда эди. Улкан шаҳардаги таъмирлаш ишлари энди-энди бошланиб келаётган эди. Вилоят бўйича рўйхатга олинган 660 та маданий мерос объекти, жумладан шаҳар ичидаги 103 та меъморий обида ўз навбатини кутиб ётарди. Бироқ, некбин ҳамроҳим завқ-шавқ билан сўзлар, қаранг-а, қандай қутуғ замонлар келди! Шукур қилиш керак, шукур! Ҳаммаси яхши бўлади, дерди… Ҳали кўпчилигимиз “гугурт бир тийин бўлган” замонлар азасини тутиб, минғирлаб юрганимизда, бу одам!..

***

Шу-шу бўлдию, мен Бухорога серқатнов бўлиб қолдим. 1993 йилда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд юбилейи жуда чиройли тарзда нишонланди. Унгача эса Ҳазратнинг ёдгорлик мажмуи бошдан оёқ таъмирланди, обод қилинди. Нақшбандия тариқатига бағишланган ўнлаб тадқиқотлар эълон қилинди. Жумладан, Садриддин аканинг ҳам “Дилда ёр”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир” деган икки рисоласи босилди. ”Дурдона” номи билан Мир Кулол ва Шоҳи Нақшбанд мақомотлари ҳам унинг таржимасида чоп этилди. Баҳоуддин Нақшбанд жамоатчилик маркази ташкил этилиб, нақшбандия таълимотини тадқиқ ва тарғиб этиш ишлари бошлаб юборилди. “Сусамбил” газетаси чоп этила бошланди…

* * *

Ҳали айтганимдай, мен Садриддин ака билан Истиқлолдан кейин топишдим. Унгача ғойибона танирдим, шеъриятига ихлосманд эдим. Бироқ, уни том маънода танишим, кашф этишим Бухоро сафарлари, унинг дўстлари, маслакдошлари билан мулоқотларим натижаси бўлди.

Бир пайтлар мен ҳам гидлик қилганман, лекин эплолмаганман, деб қолди Садриддин ака бир сафар кулимсираб. Кейин айтиб берди. У 1972 йил Бухоро пединститути чет тиллар факультети немис тили бўлимини битиргач, шаҳар туристлар идорасида таржимон сифатида иш бошлайди. Вазифаси асосан Германиядан келган меҳмонларни Бухоро билан таништириш, уларга диққатга молик жойлар, обидалар тарихини сўзлаб беришдан иборат. Бир сафар нуфузли меҳмонлардан иборат гуруҳ ташриф буюради. Садриддин ака кун бўйи улар билан Бухоро кезади-да, хайрлашув олдидан гуруҳ раҳбари уни саволга тутиб қолади. Сизга раҳмат, муҳтарам жаноб, — дейди у. — Шаҳрингиз тарихини яхши биларкансиз, жуда кўп нарса олдик. Лекин барибир битта нарсага сира тушунмадик, шуни ойдинлаштириб берсангиз. Хўп, хўп эшитайлик, нима экан? Уруш бизда, Германияда бўлган. Лекин, Бухоро нега бунча вайрона, 1941-1945 йил бомбалари Бухорога тушмаган-ку, дейди. Ёш, тажрибасиз Садриддин лом-мим деёлмай қолади. Ўз дардини, вайрона шаҳар қисматини қай тилда ифодалаб беришни билмайди. Ва шу куниёқ ариза ёзиб ишдан бўшайди. “Ўша кундан юрагимда қаттиқ дард қўзғолди, – деди Садриддин ака, – аниқроғи бу дард илгаридан бор эди, ўша куни у исён кўтарди”.

Бу исён кўп ўтмай шоирнинг шеърларига кўчди. Шеърларига сиғмаган гаплари “Бухорони қутқаринг”, “Обидалар нидоси” (Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов билан ҳаммуаллифликда), “Обидалар муқаддас эмасми?” (шоир Исроил Субҳонов билан бирга), “Сўнгги хаттоти хат битар” каби публицистик мақолалар кўринишида Республика матуботи орқали бонг ура бошлади…

***

Филология фанлари номзоди, доцент Самаджон Азимов хотираларидан: Бир куни Садриддин ака, Мубин ака (Мубин Болтаев, врач) учаламиз Сомонийлар боғи зиёратига кирдик. Бир вақт қарасак, мақбара атрофида сув тўпланиб қолибди. Фалокатни биринчи бўлиб Садриддин ака пайқади. “Самаджон, югуринг, анови одамнинг кетмонини келтиринг”, деди. Бир киши боғ чеккасидаги тиканларни кетмонлаб юрган экан. Дарҳол унинг кетмонини қўлидан олдим-да, сувнинг йўлини тўсишга ошиқдим. Кейин тўпланаётган ҳалқобга йўл очиб, уни боғ чеккасидаги кўл томонга бошқариб юбордик. Энди мақбара атрофидаги сувнинг иложини қилиш керак эди. Садриддин ака яқин ўртадаги бир идорага югуриб кириб, у ердан шаҳар ижроқўмига қўнғироқ қилди. Натижа бўлавермагач, ижроқўм идорасига қараб кетдик. Йўл-йўлакай яна уч-тўрт кишига кўпайдик. Биргина Садриддин акани қабул қилишди. Биласиз, камсухан, камгап одам бунақа пайтда оташин жангчига айланиб кетарди. Ижроқўм муовинига вазиятни, унинг қандай оқибатларга олиб келишини мантиқан шундай асослаб берадики, муовин типирчилаб қолади. Шу пайтгача раисга киришига тўсқинлик қилиб турган одам, энди ўзи Садриддин акани тўғри унинг олдига бошлаб киради. Қисқаси, шу куни кечгача вазият ўнгланди. Сув тортадиган насосли машиналар келиб, Сомонийлар мақбараси пойига тўпланган сувларни тортиб олди. Дарҳол қуруқ тупроқ тўшалди. Минг йиллик обидага хавф солган фалокат олди олинди. Иккинчи бир воқеа шаҳар ташқарисидаги Хожи Исмат Бухорий ҳазратнинг мақбарасига боғлиқ. Хожа Исмат Бухорий Ҳазрат Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида тилга олинган аллома бўлиб, Бухоро тарихида зуллисонайнликни бошлаб берган шоир, авлиёсифат зот бўлганлар. Хожа Исмат Бухорий мақбараси, масжиди вайрона бўлиб, мажмуа ёнидаги шифобахш сувли қудуқ кўмилиб кетгани етмагандай, зиёратгоҳ атрофи, орқадаги қабристон шаҳар ахлатхонасига айлана бошлабди. Саноат корхоналари чиқитлари машиналарга ортилиб, тунда шу ерга келтириб ташлаб кетиларкан. Садриддин ака бошлиқ бир неча киши тўпланиб, қўлимизда видеокамера билан зиёратгоҳга бордик. Аянчли манзарани тасвирга туширдик. Ҳозир эслайман, биз билан ўша тиниб-тинчимас Мубинжон ака бирга эди. Кейин шоир Исроил Субҳон, журналист Музроб Бўронов, рассом Баҳодир Саломов ва яна бир неча йигитлар ҳам бор эди. Кеч киришини кутиб, шу ерда қолдик. Вақт алламаҳалларда кетма-кет ахлат машиналари келиб, юкларини ташлаб кета бошлашди. Бу бориб турган ваҳшийлик эди. Авлиё инсон руҳига, бу ерда 20-30 йиллар қатағонида “халқ душмани” сифатида бекитиқча келтириб отиб ташланган шаҳидлар хотирасига нисбатан ҳақорат эди. Эртаси куни ашёвий далиллар билан шаҳар партия қўмитасига кириб бордик. Албатта, бизнинг ҳаракатларимиз уларга исёндек, бузғунчиликдек туюлди. Бироқ, Садриддин аканинг қатъияти, мантиққа асосланган оташин сўзлари ўз таъсирини кўрсатди. Бизни қабул қилишди. Шаҳар, вилоят раҳбарлари йиғинида қатнашиб, содир бўлаётган аҳволни тушунтирдик, видеотасвирларни кўрсатдик. Шундан сўнг аҳвол нисбатан ўзгарди. Ахлатлар ташиб кетилди, ҳашар уюштирилиб, ён-атроф бир қадар тартибга келтирилди. Аммо, зиёратгоҳ то Истиқлолгача ўша-ўша ярим афтода ҳолича қолаверди.

* * *

Бухорога нур-зиё келди,
Имон келди, шарм-ҳаё келди.
Бухорони зулмат этди тарк,
Бухорога Бухоро келди…

У озодликни, ҳурриятни, Истиқлолни ана шундай бемисл қувонч билан қарши олганди. “Бухорода Бухорони соғиниб, Мен ҳар тонг умид-ла ташлайман назар…” Бу надоматли мисралар битилган даврларда эса Бухоро моҳиятан асл Бухоро эмас, унинг афтода суврати эди, холос. Асл Ватан – Ибн Сино, Имом Бухорий, Нақшбандийларни дунёга келтирган шариф шаҳар эса унинг, у каби барча бухорийларнинг буюк армони эди…

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг хотирлашича, Ҳамза театри спектакллари оммавий саҳналарида қатнашиб юрган талабалик кезларида машҳур санъаткор Олим Хўжаев уни кулисда учратиб қолади-да, қўлтиғидан олиб, ўз хонасига бошлайди. Бухоро ҳақида, унинг одамлари, гузарлари, бозорлари ҳақида суриштиради. Ғайбулла мен Индустриалний кўчасида туғилганман, дейди. Э, шунақами, дейди Олим Хўжаев кулимсираб, кейин бошқа кўчаларни ҳам суриштиради. Калинин, Стрелковий, Красний партизан, Чернишевский дея бирма-бир санаб беради бўлғуси актёр. “Кечагидай эсимда, – деб хотирлайди Ғайбулла Ҳожиев, – шундан кейин Олим ака билинар-билинмас хўрсиниб қўйди-да, биласизми Писархон, мани балалигимда сиз айтган гузарларни Хожаи Порсо, Пойи Остона, Хожаи Рўшнои, Эшони пир, Кўкалдош дейишарди. Яна Бозори алаф, Мадрасаи Ғойбиноқ, Имоми Қозихон гузарлари бўлгучи эди, деди… Бугунги ақлим билан ўйлаб қарасам гарчи очиқ-ойдин айтмаган, сездирмаган бўлса-да, гузарлар номини аташи, эсга олишидаги ҳолатида буюк актёрнинг буюк соғинчи, армони, дарди, алами мужассам топган экан…”

* * *

Бухорога Бухоро келди… Шоирнинг бу ташбеҳида ҳамма нарса бор эди. Эркнинг қайтиши, Имоннинг қайтиши, Ўзликнинг қайтиши… Ва бир йиғинда у баралла овозда “Мен яшайдиган замона келди!..” дея фахр этган шоир, ўзининг қолган бутун умрини Истиқлол ишига бағишлади. Унинг ташаббуси билан махсус экспедиция ташкил этилди. Бутун вилоят бўйлаб қадам бақадам кезиб чиқилиб, ўнлаб, юзлаб азиз-авлиёлар, аллома зотлар қадамжолари, зиёратгоҳлари аниқланди. Бугун Бухорога келган зиёратчи борки, аввало Етти пир зиёратини ихтиёр этади. “Етти пир” атамаси Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳовуддин Нақшбандийгача бўлган пири муршидлар силсиласига дахлдор бўлиб, бу айнан Садриддин Салим Бухорий изланишлари, тадқиқотлари натижаси сифатида таомилга кирган эди. Бундан ташқари унинг “Икки юз етмиш етти пир” номли тадқиқот асаридан жой олган зотларнинг мақбара ва қадамжолари аксари бугунги кунда обод зиёратгоҳларга айлантирилди. Шунингдек, у шаҳар топономика гуруҳи аъзоси сифатида айниқса жонбозлик кўрсатди. Шаҳар кўчалари, гузарларига ўзининг асл тарихий номлари қайтарилишига ҳисса қўшди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов таъбири билан айтганда Бухоро унинг учун бу ёруғ дунёдаги энг олий қадрият эди. Бухоройи шариф ва уни шариф шаҳарга айлантирган аллома зотлар шахсиятида улкан мамлакат – қадим ўзбек диёри тимсолини, тарихи, тақдири, қисматини кўрарди у. Унинг ўзи ҳам шариф шаҳарнинг шариф фуқароси эди.

***

Муҳаммад Сафо Бухорийнинг (1893-1975) набираси таниқли актёр Ғайбулла Ҳожиев хотираларидан: “Мен эс таниб, бобомни оддийгина мактаб қоровули қиёфасида кўрганман. Истиқомат жойи мактабимиз қоровулхонаси – мўъжазгина кулбача эди. Ваҳоланки, бобом 17 йил Самарқанд, Бухоро мадрасаларида ўқиган, мумтоз туркий, форсий адабиёт билимдони, Румий маснавийларини соатлаб ёддан айтиб бера оладиган инсон эди. Гарчи шоирликни даъво қилмаса-да, икки тилда баб-баравар ғазаллар ёзарди. Шундай одам мактабга қоровуллик, фаррошлик қиларди. Сабабини кейин тушунганман: бу шўро қатағонига боғлиқ ҳолат бўлиб, аксари зиёли одамлар ўзларини саводсиз, оми кўрсатиб, назарногир (назар илмас) касб-корларда ишлашни маъқул кўришган экан.
Бобомнинг ҳузурларида бўладиган йиғинларда кимларни кўрмаганман, дейсиз. Ўтган аср бошларида Пайрав Сулаймоний деган машҳур шоир ўтган. Шу инсоннинг жиянлари Саъдулла, Абдулла Саиджоновлар, амирнинг хос ҳофизи Левича Бобохоновнинг ўғли Муше Бобохонов, Мирзо Салимбек (“Кашкули Салимий” китобининг муаллифи) деган машҳур тарихчининг ўғли Қорижон Роғиб, машҳур адиб Жалол Икромий, Ойбек домлани ўз қуввайи ҳофизаси билан ҳайратга солган Шариф Нурхон… булар барчаси бобомнинг ҳаммаслак, ҳамнафас тенгқурлари, дўстлари эди. Давранинг энг ёш қатнашчилари устозларимиз Неъмат Аминов, Садриддин Салим Бухорийлар бўлиб, улар аҳли донишларга хизмат қилиш асносида дилкаш, диловар суҳбатлар, шеърхонлик, ашулахонликлардан тўйиб-тўйиб баҳраманд бўлишарди…”

***

Дунёда бешта шарафланган шаҳар бор, шулардан бири бизнинг Бухоройи шарифдир, дер эди Садриддин ака фахрланиб. Унинг ақидасича Бухорони Бухоройи шариф қилган фақат ўлмас обидалари эмас, балки унинг аллома фарзандлари ҳамдир. Абу Хафс Кабир, Имом Бухорий, Ибн Сино, Нақшбандий кабилардир. Йўқ, у фақат ўтмиш алломалари хаёли билангина яшамасди. Балки ўз замонасидан ҳам уларни қидирарди ва топарди. Уста Амин бобо, Сафо Махсум Бухорий, Теша бобо Нақшбандий, Темур ака Ғаниев каби донишманд зотлар суҳбатини тинглашдан чарчамасди.

(Уста Амин бобо, Теша бобо Нақшбандий, Темур Ғаниев каби алломалар суҳбатидан баҳраманд бўлишимга айнан Садриддин ака сабабчи бўлганини ҳали ҳамон миннатдорчилик билан эслайман).

Уста Амин бобо суҳбатидан: — Масжиди Калон ҳовлисидаги яккатутни кўрдингиз-а, шу дарахтни мана Садриддин акангизнинг Чўпбоз гузарида истиқомат қилувчи Авез тоға деган киши ўтқазганлар. Бундан эллик йилча муқаддам эккан раҳматли. У вақтларда Масжид озиқ-овқат омбори эди. Ўша Авез тоға телпакдўз эди. Ўзига етарлича давлатманд одам келиб-келиб шу ернинг қоровуллигини олди. Оғзига кучи етмаган мардум шуниям ғийбатини қилди. Нимангга етмайди қариган чоғингда, дейишди. Билишмадики, Авез тоғанинг мақсади бошқа. Шундай маҳобатли масжид бўлсаю унда намоз ўқилмаса, касофати элга ураркан!.. Унинг мақсадидан мен бохабар эдим. Иккаламиз бомдод ва хуфтон намозларини хуфёна ўқирдик. Якшанба кунлари исковучлар бўлмас, беш маҳал ибодатимизни бемалол адо қилардик. Кўнглимиз равшан тортарди. Эҳ, болам, нимасини айтасиз! Икки кишигина бўлиб, меҳроб қаршисида ўтирардик. У замонлар найрангларини қай бирини айтай… Етти йил муқаддам ҳашар уюштирдик. Мен ўзим ҳам қатнашдим, шу десангиз, кўз ёшларимни тиёлмайман… Ишонсангиз, шўродан қолган юз машина ахлат чиқариб ташланди. Юз биринчисига масжиду обидаларни беркитиб ташлаш ҳақидаги “доҳий”ларнинг буйруқлари, ҳар хил қизил шиор, плакат-палакатларни ортиб, ҳўв бир жарлик, ўру қирларга ташлаб келишди… Мана энди қаранг, Масжиди Калон хонақою ҳовлилари намозхонларга тўлиб кетяпти. Ҳамманинг дилидаю тилида шукрона дуолар…

* * *

“Бухорийлар авлоди” фирмаси раҳбари, қурувчи-муҳандис Улуғбек Абдуллаев хотираларидан: “Мен Садриддин акани телевидения ва радиодаги чиқишларини кўриб, қандайдир унга меҳрим ортиб юрардим. 1997 йил Ҳаж сафарида бўлдим. У ерда бизнинг юртимизни, жумладан Бухорои шарифни қанчалик ҳурмат қилишларига гувоҳ бўлдим. Ва Ҳаждан катта ниятлар билан қайтдим. Бироқ, нима қилиш, ишни қаердан бошлашим учун бир маслакдош топишим лозим эди. Ҳеч иккиланмай Садриддин акани излаб топдим. Танишдик. Гапимиз бир ердан чиқиб, дўстлашиб қолдик. Шу кундан бошлаб менинг дунёқарашим ҳам, фирмамиз хизмат йўналиши ҳам бутунлай ўзгарди. Садриддин ака илгари бошлаган ишлар – Бухоро қадамжолари, зиёратгоҳларини ўрганиш, жойини аниқлаш мақсадидаги экспедициялар яна давом эттирилди. Бу ишларда Садриддин ака бошчилигида таниқли актёримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаммаджон Рафиқов, Дилмурод Нуров, Самаджон Азимов, Мубинжон Болтаев, Аҳмад Кароматов, Олимжон Фозилов, Шавкат Болтаев, Фаридун Грезевлар фаол иштирок қилишди. Нафақат шаҳар, бутун вилоят бўйлаб иш олиб бордик. Чекка-чекка қишлоқларда қаровсиз ётган мақбаралар, қадамжоларни излаб топардик. Суратга олардик. Садриддин ака эринмасдан китобларни қараб, кекса одамлардан сўраб-суриштириб, охири бир тўхтамга келарди. Кейин бу ҳақда матбуотда, вилоят радио, телевидениесида чиқишлар қиларди. Аксари ҳолларда бу яхши натижа берар, хароба бўлиб, тўкилиб ётган обида кўзни қувонтирадиган бир зиёратгоҳга айланарди. Бу ишларда маҳаллий ҳокимият ҳам ҳисса қўшар, лекин асосий иш халқнинг ўз ташаббуси, ҳашари билан амалга ошарди. Чунки, оддий ибодатини қилишдан ҳам маҳрум бўлган одамларнинг кўзи очилган, янги замон шукронаси учун енг шимариб, ҳамма ўз ҳиссасини қўшишга интиларди…”

***

“Бухорий авлоди” фирмасининг Бухорода амалга оширган ишлари тўғрисида сўз очишдан Улуғбек ака тийилди. “Улар хайрия йўлида қилинган эди, гапириш нодуруст”, деди. Бироқ, мен фирманинг ўзим шахсан бохабар бўлган айрим ишларини бу ўринда келтириб ўтсам, кўпам “нодуруст” бўлмас, деб ўйлайман. Мир Араб мадрасаси ҳамда Халфа Худойдод масжидининг дастлабки таъмирлаш ишлари “Бухорийлар авлоди” фирмаси маблағи ва усталари томонидан амалга оширилди. Эшони Имло сардобаси, Бухоронинг омон қолган қадим Талипоч дарвозаси фирма томонидан қайта тикланди. Шунингдек, Чор Бакр мажмуаси, Масжиди Калон, Болойи ҳовуз, Ғавсул Аъзам пири дастгир масжидларини таъмирлаш, қайта қуриш ишларида ҳам “Бухорийлар авлоди” фирмаси фаол иштирок этди.
Улуғбек Абдуллаев ва Садриддин ака ҳамкорлиги яна кўпдан кўп хайрли ишларга сабаб бўлди. Жумладан, Садриддин аканинг сценарийси асосида Ўзбекистон телевидениеси ижодкорлари билан ҳамкорликда яратилган беш қисмли “Имом Бухорий” видеофильми буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги тўйига муносиб армуғон бўлди. Зангори экран орқали қайта-қайта намойиш этилди. Шунингдек, “Абу Ҳафс Кабир”, “Хожаи Жаҳон” телевизион бадиий фильмлари ҳам икки маслакдош дўст ҳамкорлигининг тотли меваси сифатида дунёга келди.

***

Сўзимнинг аввалида айтиб ўтганимдек, Садриддин ака Гёте ижодидан номзодлик ишини бошлаган эди. Иш охирига етди. Бироқ, ёқлашга қолганда… Илмий раҳбари профессор Ғайбулла ас-Салом хуноб бўлиб, ҳар қанча даъват этмасин, койимасин, Садриддин ака рағбат кўрсатмайди. “Домла, кечирасиз, ёқлаш қочмайди. Мен ҳозир бу ердан хазина топиб олдим. Ҳақиқий хазина”, дейди ҳазиллашиб. Бу ҳазилда жон бор эди, у ҳақиқий хазинага йўлиққан эди. Истиқлол шарофати туфайли бу хазинага қўли етди, аждодлар меросини ўрганиш, уни халқига етказиш имконига эга бўлди. “Дурдоналар”, “Буюк хоразмийлар”, “Уч авлиё”, “Чор Бакр ёки Жўйбор авлиёлари”, “Ҳазрат Азизон ар-Рометаний”, “Эшони Имло. Халфа Худойдод”, “Хожаи Жаҳоним бор”, “Ҳазрат Абу Ҳафс Кабир”, “Бухоройи шариф авлиёлари”, “Буюк Ғиждувонийлар”, “Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд”, “Дахмаи Беҳиштиён”, “Хожа Ориф ар-Ревгарий”, “Мавлоно Ориф Деггароний”, “Авлиё Шоҳ Ахсавий Файзободий ал-Бухорий”, “Ҳазрат Хожа Исматуллоҳ Валий”, “Икки юз етмиш етти пир”, “Ҳазрат Боязид Бастомий ёки Навоий вилояти зиёратгоҳлари”, “Шофирконнинг табаррук зиёратгоҳлари”, “Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари” номли қатор китоблар, киносценарийлар, “Шариф манзаралар” каби бадиалар яратди. Бу асарлар беиз кетмагани, кимларнингдир қалбида акс садо бериб, уларни эзгу, хайрли амалларга рағбатлантиргани шубҳасиз.

* * *

Ватан фахрим, Ватан ғурурим,
Унинг шони – шонимдир, илло.
Она Ватан бахтим, сурурим,
Мустақилмиз, алҳамдулиллоҳ.

Деҳқон ерга экар экан дон,
Умидини экади шу дам,
Кўкармоқда ҳур Ўзбекистон,
Кўкармоқда умидимиз ҳам.

Президентимиз ташаббуси ва ғояси билан барпо этилган 107 гектардан иборат маданий марказда 700 ўринли вилоят мусиқали драма театри, 2000 томошабинга мўлжалланган амфитеатр, улар ўртасида эса “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи қад ростлади. Дарвоқе, мазкур монумент лойиҳасини тайёрлашда Садриддин Салим Бухорий ҳам фаол иштирок этган, монументда акс этадиган тасвирлар, исмлар, ҳикматлар юзасидан ўз таклифларини билдирган эди. Ва қадим Бухоронинг кўркига кўрк бўлиб қўшилажак мазкур маҳобатли обиданинг мукаммал қиёфасини кўришни у қанчалар интиқлик билан кутган эди. Аммо…

***

Абу Ҳафс Кабир қабристони… Абу Ҳафс Кабир Бухоро алломаларининг, жумладан, ҳадис мулкининг султони Имом ал-Бухорий ҳазратларининг ҳам устози аввалидир. Бу зотни Имоми Ҳожатбарор ҳам дейишади. Садриддин ака бу зотнинг шахсияти, илмий мероси устида жуда кўп тадқиқотлар олиб борди. Рисола чоп эттирди. Ҳали айтганимдай, унинг сценарийси асосида “Абу Ҳафс Кабир” телевизион бадиий фильми ҳам олинган эди. Истиқлол йилларида бутун бошли қабристон обод қилинди. Имоми Ҳожатбарор турбатлари устида улкан мақбара қурилди. Эсимда, Бухорога бир борганимда Садриддин ака ҳаяжон билан мени бу ерга бошлаб келган, биргалашиб зиёрат қилган эдик. Орадан кўп ўтмай мана энди унинг зиёратига келмоқдаман. Ҳа, Садриддин Салим Бухорий ҳам энди шу қабристонда, буюк Имом мақбарасининг шундоқ ёнгинасида.

Устоз қабри томон одимларканман, унинг ўтли нафасини туйдим, қулоғим остида таскинбахш, ўктам овози жаранглаб кетгандай бўлди.

Дард келса, ғам келса ютдик биз,
Кутдик биз, кутдик биз, кутдик биз.
Қабр деб атаманг бу жойни,
У уйдан бу уйга ўтдик биз…

Садриддин Салим Бухорий
ШЕЪРЛАР
011

07Садриддин Салимов 1946 йил 16 сентябрда Бухоро шаҳридаги Чўпбоз гузарида туғилган. Бухоро педагогика институтининг немис тили факультетини тамомлаган (1972). «Оққушим», «Эрка қушим» (1979), «Ёруғлик одами» (1983), «Рўмолча» (1988), «Бухорога Бухоро келди» (1999), «Дурдоналар» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Бир нечта тарихий-маърифий китоблар ҳам ёзган («Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир», 1993; «Уч авлиё», 2000; «Ҳазрат Абу Кафс Кабир», 2006; «Икки юз етмиш етти пир», 2006; «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд», 2006; «Ҳазрат Каъбул Ахбор Валий», 2007 ва бошқа). И. В. Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони»ни ўзбек тилига таржима қилган. «Меҳнат шуҳрати» ордени (1999) ва «Фидокорона хизматлари учун» (2005) ордени билан мукофотланган. Садриддин Салим Бухорий 2010 йил 10 мартда оғир юрак хуружи туфайли оламдан кўз юмган.

011

ТЎРТЛИКЛАР

***

Гар жаҳон истасанг – жаҳонинг манам,
Замининг, аё, дўст замонинг манам.
Манинг риҳлатимдан кейин билгайсен:
Баҳоринг манаму хазонинг манам.

***

Орифо, жондин кечиб жон истагил,
Зоҳидо, дардингга дармон истагил.
Ошиқи зорни кўринг дийдор талаб,
Истагинг шу эрса Раҳмон истагил.

* * *

Фаросат аҳлига ибрат замона,
Дили кўрлар учун ишрат замона.
Дилини покламоқ бўлганлар айтур,
Ки зикри Ҳақ учун фурсат замона.

* * *

Иллат излаганга иллатдур дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдур дунё.
Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдур дунё.

***

На шараф, на шон истадим,
На садаф, на кон истадим,
Бари ўткинчи, шу боис
Гавҳари имон истадим.

***

Гулоб билан чайгандан
Ҳалол бўлмас ёлғон сўз.
Савун билан ювгандан
Нуроний бўлмайди юз.

***

Дард келса, ғам келса ютдик биз,
Кутдик биз, кутдик биз, кутдик биз.
Қабр деб атаманг бу жойни
У уйдан бу уйга ўтдик биз…

* * *

Чироқ эдик—юлдуз бўлдик биз,
Оқ тун эдик—кундуз бўлдик биз.
Япроқ эдик—чирмашиб дарахт
Танасига илдиз бўлдик биз…

* * *

Бир кун биз ҳам афсона бўлгаймиз,
Тупроқ билан ҳамхона бўлгаймиз.
Йўқолдики – ҳар не азиз бўлгай,
Йўқолдикки, дурдона бўлгаймиз.

БУХОРОГА БУХОРО КЕЛДИ
(Шу номли туркумдан)

Бухоронинг обидалари
Минг йиллардан беради хабар:
«Хор бўласан, мутеъ бўласан,
Буюклигинг унутсанг агар!»

Бухоронинг обидалари
Ҳикмат эрур мозийдан, инон:
«Буюкларни буюк айлаган
Эътиқоду эрк ҳамда иймон!»

Бухоронинг обидалари
Ҳар кун янги ҳикмат айтади,
Ўтмишни-да, келажакни-да
Мен томонга олиб қайтади.

РУҲ МЕҲРОБГА ТАЛПИНАР

1.
Руҳга парвоз аслида хосдир,
Уни қамаб бўларми ёҳу!
Руҳ оёқлар остида қолиб,
Нечун бўлмиш мунчалар мажруҳ?

Руҳ ташнадир, очдир ва лекин
Унга озик бўлгайми сароб?
Руҳ меҳробга қараб талпинар,
Йиқитилган муқаддас мехроб…

2.
Бухоронинг муқаддас бағри
Не сабабдан мунча топталмиш?
Тириклар жим, обидалар жим,
Туғлар хомуш, қабрлар хомуш…

Фохиранимг фахри қайдадир?
Бу сукунат асли сирмасми?
Тириклари хомуш бўлган юрт –
Ўликлари тилга кирмасми?!

БУХОРОЙИ ШАРИФ

Бу шоҳ асар, буни кўрмоққа
Фаранг келар, олмони келар.
Узоқ-яқин юртнинг шоҳ-фақир,
Яхши ҳамда ёмони келар.

Бу шоҳ асар, буни кўрмоққа
Зах келмоқда, шўроб келмоқда.
Пахтазори билан бостириб
Шиор билан хитоб келмоқда.

Ўзининг шоҳ асарларини
Айлаб қўйиб ер билан яксон —
Сен!
Не учун келмаяпсан, Сен —
Каъбасини йўқотган Инсон?!

МИЛЛАТ

Қайдан аниқлагайсан
Ҳавонинг миллатини?
Қуёшнинг миллатини,
Дарёнинг миллатини?

Даҳо мисли қуёшдир,
Ол зебу зийнатини,
ошингта урасанми
Даҳонинг миллатини?!

Этмагайман ҳеч қачон
Гумроҳлар ғийбатини,
Гумроҳ текширмиш
Одам Атонинг миллатини.

Маълум эмиш ҳаммага
Алар паст тийнатини,
Паст кимса қайдан билсин
Самонинг миллатини.

* * *

Қандай сендан олайин хабар,
Бошланади қайдан остона?
Қай имлода ёзсам хат етар,
Арабийми ё сугдиёна?

Майсаларда йўқ эрур забон,
Майсаларнинг тилида титроқ.
Этолмайди ҳолингни баён,
Гарчи мендан сенга яқинроқ.

Бўзлагайман юрагим тўлиб,
Қайда эшик, қайда эрур йўл?
Кошки, эшик ё майса бўлиб,
Чўзолсайдим сен томонга қўл…

ХАТ

Юракни қийнаган бу соғинч,
Юракка сиғмаган ҳаяжон,
Бир парча қоғозга илашиб,
Кетмоқда юрт томон.

Мактубда не ҳикмат бор экан,
Не хислат мактубда намоён?
Бир парча қоғозга илашиб,
Юрагим кетмоқда юрт томон.

НАВРЎЗИНГ МУБРАК,ВАТАНИМ!

Дилларда умидлар уйғонди,
Паҳлавон Маҳмудлар уйғонди,
Ошиқу обидлар уйғонди,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

Аббосинг, аслида, Алпомиш,
Бу олқиш жаҳоний, бу олқиш,
Ўзбекнинг зарбаси бу эмас туш,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

Тушларинг ўнгларга айланди,
Тунларинг тонгларга айланди,
Ёвларинг гунгларга айланди,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

Ўзбекнинг зарби ҳам зарб экан,
Жаҳон лол, бу ажиб ҳарб экан,
Рингларда мададкор рабб экан,
Наврўзинг муборак, Ватаним!

***

Сўз қанотга айланди,
Шайлан, юрак, парвозга.
Ғиркўк отга айланди,
Сиғмагай у қоғозга.

Сўз қанотга айланди,
Қалам ҳам даркор эмас.
Сўз баётга айланди,
Олам тинглаб бўлди маст.

Сўз қанотга айланди,
Кўкни қучмоқда қўшиқ.
Сўз саботга айланди,
Малаклар унга ошиқ.

Сўз қанотга айланди,
Юрак кўчди осмонга.
Сўз ҳаётга айланди,
Сўз айланди инсонга.

***

Замин кутиб навбаҳорни, музу қорни ютади,
Қуёш уч ой куртакларни сийпаб-сийпаб кутади.
Куртакларга бутун олам кўз тиккандур, воажаб,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Куртакларнинг рангларидан безанади камалак,
Куртакларнинг шивиридан уйғонади капалак,
Куртакларнинг зикрига, оҳ, жўр бўлади ҳар малак,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Дунё гўё улкан куртак, куртакда дунё жодир,
Дунёларни бир куртакка жойламоққа у қодир,
Унинг ҳукми билан бўлар дунёда ҳар иш содир,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Баҳорларни туққан куртак баҳорга нозланади,
Ифорларга бурканиб у жаҳонга юзланади,
Кейин эса юрагимга кириб у ёзланади,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

Қиш келганда навбаҳорни сиз куртакдан изламанг,
Деразамнинг ёнидаги гултувакдан изламанг,
Баҳор менинг юрагимда, гулбаргакдан изламанг,
Баҳор менинг юрагимдан куртакларга ўтади.

***

Эй мозийни унутган одам,
Эй сўзини унутган одам,
Ғафлат билан умринг ўтмоқда,
Эй ўзини унутган одам.

Ўзни нечун сен хор айладинг,
Таъмага қул-абгор айладинг,
Дунёингни бозор айладинг,
Эй ўзини унутган одам.

Ибодатинг, шукронанг қани,
Раббинг бирдир, раббингни тани
Ҳаётингда бошланар маъни,
Эй ўзини унутган одам!

Сен эмасми Сино фарзанди,
Баҳоуддин бобо фарзанди,
Марғилоний даҳо фарзанди,
Эй ўзини унутган одам!

Замон келди, ғафлатни тарк эт,
Қуёшдай балқ ўзингни Шарқ эт,
Ёмондан-да, яхшини фарқ эт,
Эй ўзини унутган одам!

***

Гуллар гуллигидан хижолат, Гулим,
Сиз турганда гулга на ҳожат, Гулим?

Гуллар гулзорини тарк этиб кетди,
Сизни кўрганида, не ҳолат, Гулим?

Гулзор ҳам сиздайин гулнинг пойига
Тўшалиб сўнг топди ҳаловат, Гулим.

Ажабки, сиз гулни кўриб Садриддин
Этди ишқ оятин тиловат, Гулим.

***

Мен сабрни тоғдан ўргандим,
Дўлу қордан этмагай нола.
Мева берган боғдан ўргандим,
Кўзёш тўкмас бамисли жала.

Мен сабрни гулдан ўргандим,
Хушҳид сочиб фидо этар жон.
Қишлоқдаги йўлдан ўргандим,
Кас-нокасдан этмагай фиғон.

Кўзни очиб этдим тафаккур,
Сайёрада кўрдим сабрни.
Мен сабрни кўрдим минг шукур,
Минорада кўрдим сабрни.

Улуғлардан ўрганса бўлур
Сабр этмоқни ғаму дардларга.
Сабр олий мукофот эрур,
Берилгайдур фақат мардларга.

img094.jpg O‘tgan yilning so‘nggi oyida Buxoroda taniqli shoir, tarjimon va tasavvufshunos Sadriddin Salim Buxoriy tavalludining 70 yilligiga bag‘ishlangan tadbirlar bo‘lib o‘tdi. Shu munosabat bilan shoir haqidagi xotira va yodnomalardan tuzilgan “Sharif shahar shoiri” nomli kitob nashr etildi. Biz keyingi sahifalarimizda ushbu to‘plamdagi yodnomalar bilan tanishtirib borishni rejalashtirdik. Bugun esa tavallud kuni nishonlanayotgan va (nashr etilgan to‘plam ham aynan uning yodnomasining nomi bilan atalgan) yozuvchi jo‘ram Orziqul Ergashning Sadriddin Salim Buxoriy haqidagi esdaliklarini sizga taqdim etamiz.

Orziqul ERGASH
SHARIF SHAHAR FUQAROSI
005

Ming to‘qqiz yuz to‘qson ikkinchi yilning kech kuzi. Mamlakat yaqindagina Istiqlolga erishgan, yangi, aytish mumkinki, xiylagina murakkab bir davrni boshidan kechirmoqda. Yetmish yildan ortiq hukmfarmolik qilgan tuzum asorati har jabhada o‘zini sezdirib turishga, to‘g‘anoq bo‘lishga intilar, ayniqsa odamlar ong-shuuriga singib ketgan sho‘roviy unsurlar osonlikcha “jon berish”ni istamas, xullas, yangi davr to‘lg‘og‘i nihoyatda og‘riqli bir tarzda kechardi. Shunday kezlarda mamlakat rahbarining 1993 yilda Xoja Bahovuddin Naqshband hazratlarining 675 yillik ma’rakasini keng nishonlash, Hazratning yodgorlik majmuini, barcha qadamjolarini obod qilish, Naqshbandiya tariqati g‘oyalarini chuqur o‘rganish, xalqqa yetkazish yuzasidan maxsus Qarori e’lon qilindi. Bu nihoyatda oqilona qaror edi. Chunki, Xoja Bahovuddin hazratlari asoslagan naqshbandiya olti asrdan ziyodroq, aniqrog‘i Sohibqiron Amir Temur davrlaridan e’tiboran nafaqat yurtimizda, balki butun musulmon dunyosida katta mavqeda bo‘lib kelgan, qizil mafkura tazyiqi ostida bir qadar chekingan bo‘lsa-da, hali hamon xalqimiz turmush tarzida, qalbining qat-qatlarida pinhona yashab kelayotgan hayotbaxsh bir ta’limot edi. Shu sababdan ham mazkur Qaror Yurtimizda katta qoniqish va quvonch bilan qarshi olindi, ko‘klam epkini yanglig‘ ko‘ngillarga yengillik bag‘ishladi. Ertangi kunga bo‘lgan ishonchimizni mustahkamladi. Bu esa juda zarur edi.

* * *

003.jpgO‘shanda Respublika radiosi Adabiy-dramatik eshittirishlar Bosh tahririyatida ishlardim. Hazratning “Imon – qalb gavharidur” degan iboralaridan kelib chiqib, “Qalb gavhari” turkumida eshittirishlar tayyorlash loyihasini taklif qildim, rahbariyat ma’qulladi. Shundan so‘ng, radiochilarning og‘irgina reportyorini yelkalab, Buxoro sari yo‘l oldim. Yo‘l oldidan menga Sadriddin Salimov degan shoirga albatta uchrashimni, shunda ishim yengil ko‘chishini qulog‘imga quyishgan edi. Sadriddin akani tanirdim, albatta. Buxoro pedagogika institutida olmon tilidan dars berishini, olmon shoiri Gyotening “G‘arbu Sharq” devonini tarjima qilgani va Gyote ijodidan ustozimiz G‘aybulla as-Salom rahbarligida ilmiy ish olib borayotganidan ham xabarim bor edi. Bundan tashqari uning she’riyatiga ham ixlosmand edim. “Keng sahroda ikki toshbaqa joy talashib urushar, yohu!..”, “Ey, minora, salomatmisan? Kelayapman sahardan yo‘qlab. Chunki sening oyoqlaring yo‘q, kelolmaysan holimni so‘rab…” degan misralar bilan boshlanuvchi she’rlarini va ayniqsa, “Hikmat izlaganga hikmatdir dunyo” ruboiysini topishmoq sifatida aytib, davradoshlarimni qoyil qoldirishga intilib yurguvchi odatlarim ham yo‘q emasdi… ishgan edi. Qaror munosabati bilan katta tayyorgarlik ishlari boshlanib ketdi. Jumladan, Respublika radiosi va televideniyesida ham dan xizmat safariga borarkanman,

Seni kech topgandim, erta yo‘qotdim…

Buxoroda Ulug‘bek aka degan bir inson bor. Quruvchi muhandis, “Buxoriylar avlodi” firmasi direktori. Sadriddin akaning yaqin birodari edi (Hali u kishi haqida alohida to‘xtalish niyatidaman). Shu inson keyinchalik Sadriddin aka haqida tayyorlagan xotira ko‘rsatuvimda afsus bilan shunday dedi: “Shoir aytgan-ku, seni kech topgandim, erta yo‘qotdim, deb. Menda ham xuddi shunday bo‘ldi, bitta shaharda yashab, ancha kech topishganimizdan armon qilaman…” Nima desamikin, bu aynan mening ham armonim edi.

Xullas, o‘shanda Sadriddin aka bilan telefonlashib, mashhur Labihovuzda uchrashdik. Qotmadan kelgan, miqti gavdali, qosh-ko‘zi qop-qora, qirra burun, serharakat bu odam yurish-turishi odmigina, sipolikni bilmaydigan, ammo botinan ulug‘vor, vazmin, kamsuxan bir inson sifatida taassurot uyg‘otdi menda. Va men dastlabki tasavvurim aldamaganiga haligacha hayratga tushaman va butun umrida Rumiy hazratlarining “Yo asling kabi ko‘rin, yoki ko‘ringaning kabi bo‘l!” degan aqidasiga amal qilib kelgan inson ekanligiga iqror bo‘laman.

Shundan so‘ng shoirning Labihovuz yaqinidagi mo‘’jazgina xonadoni mehmoni bo‘ldim. Hovli-joy ham sohibi kabi odmigina edi. Vaholanki, Labihovuz yaqinidagi qadim Cho‘pboz mahallasi, Mendeleyev (!) ko‘chasidagi bu xonadon bir zamonlar nainki Cho‘pboz guzarida, butun Buxoroi sharifda ma’rifat go‘shasi sifatida e’tiborda bo‘lgan. Ko‘plar o‘z farzandlari ta’lim-tarbiyasini shu dargohga ishongan va xato qilmagan. Bu an’ana qattol zamonlarda ham to‘xtamagan. Shoirning otasini mullo Nabi, bobosini mullo Salim, ona tomonidan bobosini esa mullo Hamid deyishgan. Volidai muhtaramasi ham nihoyatda oqila, fozila ayol bo‘lib, bu dargohda she’riyat ayniqsa qadrlangan, Xoja Hofiz, Navoiy, Fuzuliy g‘azallari farzandlar qalbiga murg‘akligidan singdirib borilgan.

***

Xizmat safarim rejasi bo‘yicha Xoja Bahovuddin hazratlari yubileyi oldidan Buxoroda bo‘layotgan tayyorgarlik ishlarini yoritish edi. Buning uchun bir necha mutassaddi kishilar so‘zini yozib olsak kifoya edi. Biz bunday qilmadik. Buxoro ziyoratiga chiqdik. Shaharda olib borilayotgan ta’mirlash, tiklash ishlarini, qurilish, obodonchiliklarni aynan o‘z o‘rnida magnit tasmasiga tushirishni kelishib oldik. Yo‘l-yo‘lakay uchragan machit bormi, qadamjomi, maqbara yo madrasami har birining oldida to‘xtab, obidani ziyorat qilib, mutasaddilari bilan tanishib, ayrimlaridan intervyular olib bordik.

Yaxshi eslayman, ziyoratni Poyi Ostona guzaridan boshlagandik. Poyi Ostonada kamida olti asr narida bunyod etilgan tabarruk masjid bor ekan. Bahovuddin Naqshband hazratlari Qasri Orifondan har gal Buxoroga kelganlarida aynan mana shu masjidi jomeda ibodat qilar ekanlar… Jome’ yangi ta’mirdan chiqarilib, namozxonlar ixtiyoriga topshirilish arafasida turgan ekan. Poyi Ostonadan keyin Said pobandi kusho guzari keldi. Bu yerda Xoja Said ismli bir aziz turbatini ziyorat qilib o‘tdik. Qarshimizda ikki azim madrasa qad rostladi: Sadriddin aka kulimsirab menga yuzlandi. Keyin o‘ychan alfozda dedi: “Qarang, ikki madrasa, bunisi Abdulazizxon, bunisi esa Mirzo Ulug‘bek madrasasi. Biri ashtarxoniy, biri temuriy hukmdorga tegishli. Zehn solib qarasangiz, obidalar bir-biriga ustozu shogird singari ehtirom saqlab turibdi. Ezgu maqsad, xayrli a’mol robita misoli ekan-da. Qarang, vaqt ham, zamon ham ular uchun pisand emas. Avlodlarni avlodlarga ko‘rinmas bir rishta singari bog‘lab, mustahkamlab boraverarkan…” Suhbatdoshim chehrasida ilhomiy bir sarhushlik payqab: “Yangi she’r yaralyapti”, degan o‘y kechdi ko‘nglimdan.

Toqi zargaron bo‘ylab ketyapmiz. “Zargarlar toqisi, ya’ni savdo rastasi – deya tushuntirdi Sadriddin aka. – Buxoroda beshta toqi bo‘lgan, shundan uchtasi omon qolgan, bular – Toqi sarrofon, pul maydalovchi, ayirbosh qiluvchilar, Toqi telpakfurushon, bosh kiyim bilan savdo qiluvchilar va mana shu Toqi zargaron”. Suhbatdoshimning “omon qolgan” degan izohi keyin ham ko‘p bor takrorlandi va har gal og‘riqli bir ohang tuyardim ularning zamiridan.

Mir Arab madrasasi, Masjidi Kalon, Minori kalon, ya’ni Poyi Kalon majmuasidamiz. Endi bu yerda hamrohimdan eshitganlarimni bir-bir xotirlayversam… Masjidi Kalon Turonzaminda barpo etilgan birinchi Islom ibodatxonasi, 770–771 yillarda qurilgan ekan. Hadis ilmining sultoni Imom Buxoriy (810–870) bir necha o‘n yillik xorij safaridan qaytib kelib, Masjidi Kalonda ma’ruza qilganlarida buyuk muhaddisdan bir vaqtning o‘zida o‘n mingga yaqin odam saboq olar ekan. Ismoil Somoniy amirligi davrida (888–907) masjid shu qadar kengayib ketadiki, yuz ming odam bemalol namoz o‘qishi mumkin bo‘ladi. 1068 yilda jomeda yong‘in chiqadi va shundan bir asrdan ziyodroq davr mobaynida masjid qarovsiz qoladi. Nihoyat qoraxoniy hukmdor Arslonxon Muhammad ibn Sulaymon (1102–1130) davriga kelib, 1121–1122 yillarda qaytadan tiklanadi. Biroq, mo‘g‘ullar bosqinida jome’ yana vayronaga aylanadi. Aytishlaricha, Chingizxon Buxoroni bosib olgach, otda viqor bilan Jome’ga kirib keladi. Unga ro‘para qilingan masjid Imomi Chingizga ta’zim qilishdan bosh tortibgina qolmay, uning yuziga tupuradi… Masjid temuriylar davrida qayta tiklanadi. Keyinchalik esa, shayboniy hukmdorlar Ubaydullaxon, Abdulazizxon va Abdullaxon davrida (1514-yilda boshlanib, asr o‘rtalarida) hozirgi ko‘rinishiga keltiriladi.

Sadriddin aka masjidga va Minori Kalonga ta’rif berar ekan, “Yo tavba, bu odam Buxoroning tirik qomusi ekan-ku!” deya hayratlanganim esimda. Minora ham Masjidi kalon bilan bir paytda amir Arslon tashabbusi bilan usta Baqo boshchiligida bunyod etilgan ekan. Balandligi 50 metr, aylanma eni 9 metr. Minora ichidan 104 ta aylanma zinapoya bilan mezanaga chiqiladi. Minora yuqoriga qarab ingichkalashib boradi va muqarnas bilan tugaydi. Tepadagi 16 ravoqli darchalar orqali atrofni kuzatish mumkin bo‘ladi.

Minori Kalon mana asrlarki, Buxoroyi sharif ramzi, faxri, mayog‘i bo‘lib yashab kelmoqda. YUNESKO tashkilotining Butun Jahon yodgorliklari ro‘yxatiga kiritilgan. 1993 yilda Buxoro shahrining tarixiy markazi “Butunjahon madaniy meroslari ro‘yxati” ga kiritilgan… Beixtiyor hamrohimning she’riy satrlari yodimga tushdi: “Ildiz otdik Minori Kalon, Ming yillarki bir yerda yashab…”
Qisqasi, shu kuni shahardagi yana bir necha obidani – Chor minor majmuasi, Somoniy maqbarasi, Ark qal’asi, Mog‘aki Attor masjidi, shuningdek, Mir Arab, Govkushon, Abdullaxon, Ko‘kaldosh madrasalarini ziyorat qildik. Keyin shahardan chiqib asosiy ziyoratgohimiz Xoja Bahouddin Naqshband yodgorlik majmui tomon yo‘l oldik…

* * *

Aytishim lozimki, unda hali hammasi oldinda edi. Ulkan shahardagi ta’mirlash ishlari endi-endi boshlanib kelayotgan edi. Viloyat bo‘yicha ro‘yxatga olingan 660 ta madaniy meros obyekti, jumladan shahar ichidagi 103 ta me’moriy obida o‘z navbatini kutib yotardi. Biroq, nekbin hamrohim zavq-shavq bilan so‘zlar, qarang-a, qanday qutug‘ zamonlar keldi! Shukur qilish kerak, shukur! Hammasi yaxshi bo‘ladi, derdi… Hali ko‘pchiligimiz “gugurt bir tiyin bo‘lgan” zamonlar azasini tutib, ming‘irlab yurganimizda, bu odam!..

***

Shu-shu bo‘ldiyu, men Buxoroga serqatnov bo‘lib qoldim. 1993 yilda Xoja Bahouddin Naqshband yubileyi juda chiroyli tarzda nishonlandi. Ungacha esa Hazratning yodgorlik majmui boshdan oyoq ta’mirlandi, obod qilindi. Naqshbandiya tariqatiga bag‘ishlangan o‘nlab tadqiqotlar e’lon qilindi. Jumladan, Sadriddin akaning ham “Dilda yor”, “Bahouddin Naqshband yoki yetti pir” degan ikki risolasi bosildi. ”Durdona” nomi bilan Mir Kulol va Shohi Naqshband maqomotlari ham uning tarjimasida chop etildi. Bahouddin Naqshband jamoatchilik markazi tashkil etilib, naqshbandiya ta’limotini tadqiq va targ‘ib etish ishlari boshlab yuborildi. “Susambil” gazetasi chop etila boshlandi…

* * *

Hali aytganimday, men Sadriddin aka bilan Istiqloldan keyin topishdim. Ungacha g‘oyibona tanirdim, she’riyatiga ixlosmand edim. Biroq, uni tom ma’noda tanishim, kashf etishim Buxoro safarlari, uning do‘stlari, maslakdoshlari bilan muloqotlarim natijasi bo‘ldi.

Bir paytlar men ham gidlik qilganman, lekin eplolmaganman, deb qoldi Sadriddin aka bir safar kulimsirab. Keyin aytib berdi. U 1972 yil Buxoro pedinstituti chet tillar fakulteti nemis tili bo‘limini bitirgach, shahar turistlar idorasida tarjimon sifatida ish boshlaydi. Vazifasi asosan Germaniyadan kelgan mehmonlarni Buxoro bilan tanishtirish, ularga diqqatga molik joylar, obidalar tarixini so‘zlab berishdan iborat. Bir safar nufuzli mehmonlardan iborat guruh tashrif buyuradi. Sadriddin aka kun bo‘yi ular bilan Buxoro kezadi-da, xayrlashuv oldidan guruh rahbari uni savolga tutib qoladi. Sizga rahmat, muhtaram janob, — deydi u. — Shahringiz tarixini yaxshi bilarkansiz, juda ko‘p narsa oldik. Lekin baribir bitta narsaga sira tushunmadik, shuni oydinlashtirib bersangiz. Xo‘p, xo‘p eshitaylik, nima ekan? Urush bizda, Germaniyada bo‘lgan. Lekin, Buxoro nega buncha vayrona, 1941-1945 yil bombalari Buxoroga tushmagan-ku, deydi. Yosh, tajribasiz Sadriddin lom-mim deyolmay qoladi. O‘z dardini, vayrona shahar qismatini qay tilda ifodalab berishni bilmaydi. Va shu kuniyoq ariza yozib ishdan bo‘shaydi. “O‘sha kundan yuragimda qattiq dard qo‘zg‘oldi, – dedi Sadriddin aka, – aniqrog‘i bu dard ilgaridan bor edi, o‘sha kuni u isyon ko‘tardi”.

Bu isyon ko‘p o‘tmay shoirning she’rlariga ko‘chdi. She’rlariga sig‘magan gaplari “Buxoroni qutqaring”, “Obidalar nidosi” (O‘zbekiston xalq yozuvchisi Ne’mat Aminov bilan hammualliflikda), “Obidalar muqaddas emasmi?” (shoir Isroil Subhonov bilan birga), “So‘nggi xattoti xat bitar” kabi publitsistik maqolalar ko‘rinishida Respublika matuboti orqali bong ura boshladi…

***

Filologiya fanlari nomzodi, dotsent Samadjon Azimov xotiralaridan: Bir kuni Sadriddin aka, Mubin aka (Mubin Boltayev, vrach) uchalamiz Somoniylar bog‘i ziyoratiga kirdik. Bir vaqt qarasak, maqbara atrofida suv to‘planib qolibdi. Falokatni birinchi bo‘lib Sadriddin aka payqadi. “Samadjon, yuguring, anovi odamning ketmonini keltiring”, dedi. Bir kishi bog‘ chekkasidagi tikanlarni ketmonlab yurgan ekan. Darhol uning ketmonini qo‘lidan oldim-da, suvning yo‘lini to‘sishga oshiqdim. Keyin to‘planayotgan halqobga yo‘l ochib, uni bog‘ chekkasidagi ko‘l tomonga boshqarib yubordik. Endi maqbara atrofidagi suvning ilojini qilish kerak edi. Sadriddin aka yaqin o‘rtadagi bir idoraga yugurib kirib, u yerdan shahar ijroqo‘miga qo‘ng‘iroq qildi. Natija bo‘lavermagach, ijroqo‘m idorasiga qarab ketdik. Yo‘l-yo‘lakay yana uch-to‘rt kishiga ko‘paydik. Birgina Sadriddin akani qabul qilishdi. Bilasiz, kamsuxan, kamgap odam bunaqa paytda otashin jangchiga aylanib ketardi. Ijroqo‘m muoviniga vaziyatni, uning qanday oqibatlarga olib kelishini mantiqan shunday asoslab beradiki, muovin tipirchilab qoladi. Shu paytgacha raisga kirishiga to‘sqinlik qilib turgan odam, endi o‘zi Sadriddin akani to‘g‘ri uning oldiga boshlab kiradi. Qisqasi, shu kuni kechgacha vaziyat o‘nglandi. Suv tortadigan nasosli mashinalar kelib, Somoniylar maqbarasi poyiga to‘plangan suvlarni tortib oldi. Darhol quruq tuproq to‘shaldi. Ming yillik obidaga xavf solgan falokat oldi olindi. Ikkinchi bir voqea shahar tashqarisidagi Xoji Ismat Buxoriy hazratning maqbarasiga bog‘liq. Xoja Ismat Buxoriy Hazrat Navoiyning “Nasoyim ul-muhabbat” asarida tilga olingan alloma bo‘lib, Buxoro tarixida zullisonaynlikni boshlab bergan shoir, avliyosifat zot bo‘lganlar. Xoja Ismat Buxoriy maqbarasi, masjidi vayrona bo‘lib, majmua yonidagi shifobaxsh suvli quduq ko‘milib ketgani yetmaganday, ziyoratgoh atrofi, orqadagi qabriston shahar axlatxonasiga aylana boshlabdi. Sanoat korxonalari chiqitlari mashinalarga ortilib, tunda shu yerga keltirib tashlab ketilarkan. Sadriddin aka boshliq bir necha kishi to‘planib, qo‘limizda videokamera bilan ziyoratgohga bordik. Ayanchli manzarani tasvirga tushirdik. Hozir eslayman, biz bilan o‘sha tinib-tinchimas Mubinjon aka birga edi. Keyin shoir Isroil Subhon, jurnalist Muzrob Bo‘ronov, rassom Bahodir Salomov va yana bir necha yigitlar ham bor edi. Kech kirishini kutib, shu yerda qoldik. Vaqt allamahallarda ketma-ket axlat mashinalari kelib, yuklarini tashlab keta boshlashdi. Bu borib turgan vahshiylik edi. Avliyo inson ruhiga, bu yerda 20-30 yillar qatag‘onida “xalq dushmani” sifatida bekitiqcha keltirib otib tashlangan shahidlar xotirasiga nisbatan haqorat edi. Ertasi kuni ashyoviy dalillar bilan shahar partiya qo‘mitasiga kirib bordik. Albatta, bizning harakatlarimiz ularga isyondek, buzg‘unchilikdek tuyuldi. Biroq, Sadriddin akaning qat’iyati, mantiqqa asoslangan otashin so‘zlari o‘z ta’sirini ko‘rsatdi. Bizni qabul qilishdi. Shahar, viloyat rahbarlari yig‘inida qatnashib, sodir bo‘layotgan ahvolni tushuntirdik, videotasvirlarni ko‘rsatdik. Shundan so‘ng ahvol nisbatan o‘zgardi. Axlatlar tashib ketildi, hashar uyushtirilib, yon-atrof bir qadar tartibga keltirildi. Ammo, ziyoratgoh to Istiqlolgacha o‘sha-o‘sha yarim aftoda holicha qolaverdi.

* * *

Buxoroga nur-ziyo keldi,
Imon keldi, sharm-hayo keldi.
Buxoroni zulmat etdi tark,
Buxoroga Buxoro keldi…

U ozodlikni, hurriyatni, Istiqlolni ana shunday bemisl quvonch bilan qarshi olgandi. “Buxoroda Buxoroni sog‘inib, Men har tong umid-la tashlayman nazar…” Bu nadomatli misralar bitilgan davrlarda esa Buxoro mohiyatan asl Buxoro emas, uning aftoda suvrati edi, xolos. Asl Vatan – Ibn Sino, Imom Buxoriy, Naqshbandiylarni dunyoga keltirgan sharif shahar esa uning, u kabi barcha buxoriylarning buyuk armoni edi…

O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist G‘aybulla Hojiyevning xotirlashicha, Hamza teatri spektakllari ommaviy sahnalarida qatnashib yurgan talabalik kezlarida mashhur san’atkor Olim Xo‘jayev uni kulisda uchratib qoladi-da, qo‘ltig‘idan olib, o‘z xonasiga boshlaydi. Buxoro haqida, uning odamlari, guzarlari, bozorlari haqida surishtiradi. G‘aybulla men Industrialniy ko‘chasida tug‘ilganman, deydi. E, shunaqami, deydi Olim Xo‘jayev kulimsirab, keyin boshqa ko‘chalarni ham surishtiradi. Kalinin, Strelkoviy, Krasniy partizan, Chernishevskiy deya birma-bir sanab beradi bo‘lg‘usi aktyor. “Kechagiday esimda, – deb xotirlaydi G‘aybulla Hojiyev, – shundan keyin Olim aka bilinar-bilinmas xo‘rsinib qo‘ydi-da, bilasizmi Pisarxon, mani balaligimda siz aytgan guzarlarni Xojai Porso, Poyi Ostona, Xojai Ro‘shnoi, Eshoni pir, Ko‘kaldosh deyishardi. Yana Bozori alaf, Madrasai G‘oybinoq, Imomi Qozixon guzarlari bo‘lguchi edi, dedi… Bugungi aqlim bilan o‘ylab qarasam garchi ochiq-oydin aytmagan, sezdirmagan bo‘lsa-da, guzarlar nomini atashi, esga olishidagi holatida buyuk aktyorning buyuk sog‘inchi, armoni, dardi, alami mujassam topgan ekan…”

* * *

Buxoroga Buxoro keldi… Shoirning bu tashbehida hamma narsa bor edi. Erkning qaytishi, Imonning qaytishi, O‘zlikning qaytishi… Va bir yig‘inda u baralla ovozda “Men yashaydigan zamona keldi!..” deya faxr etgan shoir, o‘zining qolgan butun umrini Istiqlol ishiga bag‘ishladi. Uning tashabbusi bilan maxsus ekspeditsiya tashkil etildi. Butun viloyat bo‘ylab qadam baqadam kezib chiqilib, o‘nlab, yuzlab aziz-avliyolar, alloma zotlar qadamjolari, ziyoratgohlari aniqlandi. Bugun Buxoroga kelgan ziyoratchi borki, avvalo Yetti pir ziyoratini ixtiyor etadi. “Yetti pir” atamasi Abduxoliq G‘ijduvoniydan Bahovuddin Naqshbandiygacha bo‘lgan piri murshidlar silsilasiga daxldor bo‘lib, bu aynan Sadriddin Salim Buxoriy izlanishlari, tadqiqotlari natijasi sifatida taomilga kirgan edi. Bundan tashqari uning “Ikki yuz yetmish yetti pir” nomli tadqiqot asaridan joy olgan zotlarning maqbara va qadamjolari aksari bugungi kunda obod ziyoratgohlarga aylantirildi. Shuningdek, u shahar toponomika guruhi a’zosi sifatida ayniqsa jonbozlik ko‘rsatdi. Shahar ko‘chalari, guzarlariga o‘zining asl tarixiy nomlari qaytarilishiga hissa qo‘shdi. O‘zbekiston xalq yozuvchisi Ne’mat Aminov ta’biri bilan aytganda Buxoro uning uchun bu yorug‘ dunyodagi eng oliy qadriyat edi. Buxoroyi sharif va uni sharif shaharga aylantirgan alloma zotlar shaxsiyatida ulkan mamlakat – qadim o‘zbek diyori timsolini, tarixi, taqdiri, qismatini ko‘rardi u. Uning o‘zi ham sharif shaharning sharif fuqarosi edi.

***

Muhammad Safo Buxoriyning (1893-1975) nabirasi taniqli aktyor G‘aybulla Hojiyev xotiralaridan: “Men es tanib, bobomni oddiygina maktab qorovuli qiyofasida ko‘rganman. Istiqomat joyi maktabimiz qorovulxonasi – mo‘’jazgina kulbacha edi. Vaholanki, bobom 17 yil Samarqand, Buxoro madrasalarida o‘qigan, mumtoz turkiy, forsiy adabiyot bilimdoni, Rumiy masnaviylarini soatlab yoddan aytib bera oladigan inson edi. Garchi shoirlikni da’vo qilmasa-da, ikki tilda bab-baravar g‘azallar yozardi. Shunday odam maktabga qorovullik, farroshlik qilardi. Sababini keyin tushunganman: bu sho‘ro qatag‘oniga bog‘liq holat bo‘lib, aksari ziyoli odamlar o‘zlarini savodsiz, omi ko‘rsatib, nazarnogir (nazar ilmas) kasb-korlarda ishlashni ma’qul ko‘rishgan ekan.
Bobomning huzurlarida bo‘ladigan yig‘inlarda kimlarni ko‘rmaganman, deysiz. O‘tgan asr boshlarida Payrav Sulaymoniy degan mashhur shoir o‘tgan. Shu insonning jiyanlari Sa’dulla, Abdulla Saidjonovlar, amirning xos hofizi Levicha Boboxonovning o‘g‘li Mushe Boboxonov, Mirzo Salimbek (“Kashkuli Salimiy” kitobining muallifi) degan mashhur tarixchining o‘g‘li Qorijon Rog‘ib, mashhur adib Jalol Ikromiy, Oybek domlani o‘z quvvayi hofizasi bilan hayratga solgan Sharif Nurxon… bular barchasi bobomning hammaslak, hamnafas tengqurlari, do‘stlari edi. Davraning eng yosh qatnashchilari ustozlarimiz Ne’mat Aminov, Sadriddin Salim Buxoriylar bo‘lib, ular ahli donishlarga xizmat qilish asnosida dilkash, dilovar suhbatlar, she’rxonlik, ashulaxonliklardan to‘yib-to‘yib bahramand bo‘lishardi…”

***

Dunyoda beshta sharaflangan shahar bor, shulardan biri bizning Buxoroyi sharifdir, der edi Sadriddin aka faxrlanib. Uning aqidasicha Buxoroni Buxoroyi sharif qilgan faqat o‘lmas obidalari emas, balki uning alloma farzandlari hamdir. Abu Xafs Kabir, Imom Buxoriy, Ibn Sino, Naqshbandiy kabilardir. Yo‘q, u faqat o‘tmish allomalari xayoli bilangina yashamasdi. Balki o‘z zamonasidan ham ularni qidirardi va topardi. Usta Amin bobo, Safo Maxsum Buxoriy, Tesha bobo Naqshbandiy, Temur aka G‘aniyev kabi donishmand zotlar suhbatini tinglashdan charchamasdi.

(Usta Amin bobo, Tesha bobo Naqshbandiy, Temur G‘aniyev kabi allomalar suhbatidan bahramand bo‘lishimga aynan Sadriddin aka sababchi bo‘lganini hali hamon minnatdorchilik bilan eslayman).

Usta Amin bobo suhbatidan: — Masjidi Kalon hovlisidagi yakkatutni ko‘rdingiz-a, shu daraxtni mana Sadriddin akangizning Cho‘pboz guzarida istiqomat qiluvchi Avez tog‘a degan kishi o‘tqazganlar. Bundan ellik yilcha muqaddam ekkan rahmatli. U vaqtlarda Masjid oziq-ovqat ombori edi. O‘sha Avez tog‘a telpakdo‘z edi. O‘ziga yetarlicha davlatmand odam kelib-kelib shu yerning qorovulligini oldi. Og‘ziga kuchi yetmagan mardum shuniyam g‘iybatini qildi. Nimangga yetmaydi qarigan chog‘ingda, deyishdi. Bilishmadiki, Avez tog‘aning maqsadi boshqa. Shunday mahobatli masjid bo‘lsayu unda namoz o‘qilmasa, kasofati elga urarkan!.. Uning maqsadidan men boxabar edim. Ikkalamiz bomdod va xufton namozlarini xufyona o‘qirdik. Yakshanba kunlari iskovuchlar bo‘lmas, besh mahal ibodatimizni bemalol ado qilardik. Ko‘nglimiz ravshan tortardi. Eh, bolam, nimasini aytasiz! Ikki kishigina bo‘lib, mehrob qarshisida o‘tirardik. U zamonlar nayranglarini qay birini aytay… Yetti yil muqaddam hashar uyushtirdik. Men o‘zim ham qatnashdim, shu desangiz, ko‘z yoshlarimni tiyolmayman… Ishonsangiz, sho‘rodan qolgan yuz mashina axlat chiqarib tashlandi. Yuz birinchisiga masjidu obidalarni berkitib tashlash haqidagi “dohiy”larning buyruqlari, har xil qizil shior, plakat-palakatlarni ortib, ho‘v bir jarlik, o‘ru qirlarga tashlab kelishdi… Mana endi qarang, Masjidi Kalon xonaqoyu hovlilari namozxonlarga to‘lib ketyapti. Hammaning dilidayu tilida shukrona duolar…

* * *

“Buxoriylar avlodi” firmasi rahbari, quruvchi-muhandis Ulug‘bek Abdullayev xotiralaridan: “Men Sadriddin akani televideniya va radiodagi chiqishlarini ko‘rib, qandaydir unga mehrim ortib yurardim. 1997 yil Haj safarida bo‘ldim. U yerda bizning yurtimizni, jumladan Buxoroi sharifni qanchalik hurmat qilishlariga guvoh bo‘ldim. Va Hajdan katta niyatlar bilan qaytdim. Biroq, nima qilish, ishni qayerdan boshlashim uchun bir maslakdosh topishim lozim edi. Hech ikkilanmay Sadriddin akani izlab topdim. Tanishdik. Gapimiz bir yerdan chiqib, do‘stlashib qoldik. Shu kundan boshlab mening dunyoqarashim ham, firmamiz xizmat yo‘nalishi ham butunlay o‘zgardi. Sadriddin aka ilgari boshlagan ishlar – Buxoro qadamjolari, ziyoratgohlarini o‘rganish, joyini aniqlash maqsadidagi ekspeditsiyalar yana davom ettirildi. Bu ishlarda Sadriddin aka boshchiligida taniqli aktyorimiz, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Muhammadjon Rafiqov, Dilmurod Nurov, Samadjon Azimov, Mubinjon Boltayev, Ahmad Karomatov, Olimjon Fozilov, Shavkat Boltayev, Faridun Grezevlar faol ishtirok qilishdi. Nafaqat shahar, butun viloyat bo‘ylab ish olib bordik. Chekka-chekka qishloqlarda qarovsiz yotgan maqbaralar, qadamjolarni izlab topardik. Suratga olardik. Sadriddin aka erinmasdan kitoblarni qarab, keksa odamlardan so‘rab-surishtirib, oxiri bir to‘xtamga kelardi. Keyin bu haqda matbuotda, viloyat radio, televideniyesida chiqishlar qilardi. Aksari hollarda bu yaxshi natija berar, xaroba bo‘lib, to‘kilib yotgan obida ko‘zni quvontiradigan bir ziyoratgohga aylanardi. Bu ishlarda mahalliy hokimiyat ham hissa qo‘shar, lekin asosiy ish xalqning o‘z tashabbusi, hashari bilan amalga oshardi. Chunki, oddiy ibodatini qilishdan ham mahrum bo‘lgan odamlarning ko‘zi ochilgan, yangi zamon shukronasi uchun yeng shimarib, hamma o‘z hissasini qo‘shishga intilardi…”

***

“Buxoriy avlodi” firmasining Buxoroda amalga oshirgan ishlari to‘g‘risida so‘z ochishdan Ulug‘bek aka tiyildi. “Ular xayriya yo‘lida qilingan edi, gapirish nodurust”, dedi. Biroq, men firmaning o‘zim shaxsan boxabar bo‘lgan ayrim ishlarini bu o‘rinda keltirib o‘tsam, ko‘pam “nodurust” bo‘lmas, deb o‘ylayman. Mir Arab madrasasi hamda Xalfa Xudoydod masjidining dastlabki ta’mirlash ishlari “Buxoriylar avlodi” firmasi mablag‘i va ustalari tomonidan amalga oshirildi. Eshoni Imlo sardobasi, Buxoroning omon qolgan qadim Talipoch darvozasi firma tomonidan qayta tiklandi. Shuningdek, Chor Bakr majmuasi, Masjidi Kalon, Boloyi hovuz, G‘avsul A’zam piri dastgir masjidlarini ta’mirlash, qayta qurish ishlarida ham “Buxoriylar avlodi” firmasi faol ishtirok etdi.
Ulug‘bek Abdullayev va Sadriddin aka hamkorligi yana ko‘pdan ko‘p xayrli ishlarga sabab bo‘ldi. Jumladan, Sadriddin akaning ssenariysi asosida O‘zbekiston televideniyesi ijodkorlari bilan hamkorlikda yaratilgan besh qismli “Imom Buxoriy” videofilmi buyuk muhaddis Imom al-Buxoriy tavalludining 1225 yilligi to‘yiga munosib armug‘on bo‘ldi. Zangori ekran orqali qayta-qayta namoyish etildi. Shuningdek, “Abu Hafs Kabir”, “Xojai Jahon” televizion badiiy filmlari ham ikki maslakdosh do‘st hamkorligining totli mevasi sifatida dunyoga keldi.

***

So‘zimning avvalida aytib o‘tganimdek, Sadriddin aka Gyote ijodidan nomzodlik ishini boshlagan edi. Ish oxiriga yetdi. Biroq, yoqlashga qolganda… Ilmiy rahbari professor G‘aybulla as-Salom xunob bo‘lib, har qancha da’vat etmasin, koyimasin, Sadriddin aka rag‘bat ko‘rsatmaydi. “Domla, kechirasiz, yoqlash qochmaydi. Men hozir bu yerdan xazina topib oldim. Haqiqiy xazina”, deydi hazillashib. Bu hazilda jon bor edi, u haqiqiy xazinaga yo‘liqqan edi. Istiqlol sharofati tufayli bu xazinaga qo‘li yetdi, ajdodlar merosini o‘rganish, uni xalqiga yetkazish imkoniga ega bo‘ldi. “Durdonalar”, “Buyuk xorazmiylar”, “Uch avliyo”, “Chor Bakr yoki Jo‘ybor avliyolari”, “Hazrat Azizon ar-Rometaniy”, “Eshoni Imlo. Xalfa Xudoydod”, “Xojai Jahonim bor”, “Hazrat Abu Hafs Kabir”, “Buxoroyi sharif avliyolari”, “Buyuk G‘ijduvoniylar”, “Hazrat Bahouddin Naqshband”, “Daxmai Behishtiyon”, “Xoja Orif ar-Revgariy”, “Mavlono Orif Deggaroniy”, “Avliyo Shoh Axsaviy Fayzobodiy al-Buxoriy”, “Hazrat Xoja Ismatulloh Valiy”, “Ikki yuz yetmish yetti pir”, “Hazrat Boyazid Bastomiy yoki Navoiy viloyati ziyoratgohlari”, “Shofirkonning tabarruk ziyoratgohlari”, “Buxoroning tabarruk ziyoratgohlari” nomli qator kitoblar, kinossenariylar, “Sharif manzaralar” kabi badialar yaratdi. Bu asarlar beiz ketmagani, kimlarningdir qalbida aks sado berib, ularni ezgu, xayrli amallarga rag‘batlantirgani shubhasiz.

* * *

Vatan faxrim, Vatan g‘ururim,
Uning shoni – shonimdir, illo.
Ona Vatan baxtim, sururim,
Mustaqilmiz, alhamdulilloh.

Dehqon yerga ekar ekan don,
Umidini ekadi shu dam,
Ko‘karmoqda hur O‘zbekiston,
Ko‘karmoqda umidimiz ham.

Prezidentimiz tashabbusi va g‘oyasi bilan barpo etilgan 107 gektardan iborat madaniy markazda 700 o‘rinli viloyat musiqali drama teatri, 2000 tomoshabinga mo‘ljallangan amfiteatr, ular o‘rtasida esa “Ko‘hna va boqiy Buxoro” monumenti qad rostladi. Darvoqe, mazkur monument loyihasini tayyorlashda Sadriddin Salim Buxoriy ham faol ishtirok etgan, monumentda aks etadigan tasvirlar, ismlar, hikmatlar yuzasidan o‘z takliflarini bildirgan edi. Va qadim Buxoroning ko‘rkiga ko‘rk bo‘lib qo‘shilajak mazkur mahobatli obidaning mukammal qiyofasini ko‘rishni u qanchalar intiqlik bilan kutgan edi. Ammo…

***

Abu Hafs Kabir qabristoni… Abu Hafs Kabir Buxoro allomalarining, jumladan, hadis mulkining sultoni Imom al-Buxoriy hazratlarining ham ustozi avvalidir. Bu zotni Imomi Hojatbaror ham deyishadi. Sadriddin aka bu zotning shaxsiyati, ilmiy merosi ustida juda ko‘p tadqiqotlar olib bordi. Risola chop ettirdi. Hali aytganimday, uning ssenariysi asosida “Abu Hafs Kabir” televizion badiiy filmi ham olingan edi. Istiqlol yillarida butun boshli qabriston obod qilindi. Imomi Hojatbaror turbatlari ustida ulkan maqbara qurildi. Esimda, Buxoroga bir borganimda Sadriddin aka hayajon bilan meni bu yerga boshlab kelgan, birgalashib ziyorat qilgan edik. Oradan ko‘p o‘tmay mana endi uning ziyoratiga kelmoqdaman. Ha, Sadriddin Salim Buxoriy ham endi shu qabristonda, buyuk Imom maqbarasining shundoq yonginasida.

Ustoz qabri tomon odimlarkanman, uning o‘tli nafasini tuydim, qulog‘im ostida taskinbaxsh, o‘ktam ovozi jaranglab ketganday bo‘ldi.

Dard kelsa, g‘am kelsa yutdik biz,
Kutdik biz, kutdik biz, kutdik biz.
Qabr deb atamang bu joyni,
U uydan bu uyga o‘tdik biz…

Sadriddin Salim Buxoriy
SHE’RLAR
011

Sadriddin Salimov 1946 yil 16 sentyabrda Buxoro shahridagi Cho’pboz guzarida tug’ilgan. Buxoro pedagogika institutining nemis tili fakul`tetini tamomlagan (1972). «Oqqushim», «Erka qushim» (1979), «Yorug’lik odami» (1983), «Ro’molcha» (1988), «Buxoroga Buxoro keldi» (1999), «Durdonalar» (2005) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. Bir nechta tarixiy-ma’rifiy kitoblar ham yozgan («Bahouddin Naqshband yoki yetti pir», 1993; «Uch avliyo», 2000; «Hazrat Abu Kafs Kabir», 2006; «Ikki yuz yetmish yetti pir», 2006; «Hazrat Bahouddin Naqshband», 2006; «Hazrat Ka’bul Axbor Valiy», 2007 va boshqa). I. V. Gyotening «G’arbu Sharq devoni»ni o’zbek tiliga tarjima qilgan. «Mehnat shuhrati» ordeni (1999) va «Fidokorona xizmatlari uchun» (2005) ordeni bilan mukofotlangan. Sadriddin Salim Buxoriy 2010 yil 10 martda og’ir yurak xuruji tufayli olamdan ko’z yumgan.

011

TO’RTLIKLAR

***

Gar jahon istasang – jahoning manam,
Zamining, ayo, do’st zamoning manam.
Maning rihlatimdan keyin bilgaysen:
Bahoring manamu xazoning manam.
05
***

Orifo, jondin kechib jon istagil,
Zohido, dardingga darmon istagil.
Oshiqi zorni ko’ring diydor talab,
Istaging shu ersa Rahmon istagil.

* * *

Farosat ahliga ibrat zamona,
Dili ko’rlar uchun ishrat zamona.
Dilini poklamoq bo’lganlar aytur,
Ki zikri Haq uchun fursat zamona.

* * *

Illat izlaganga illatdur dunyo,
G’urbat izlaganga g’urbatdur dunyo.
Kim neni izlasa, topar begumon,
Hikmat izlaganga hikmatdur dunyo.

***

Na sharaf, na shon istadim,
Na sadaf, na kon istadim,
Bari o’tkinchi, shu bois
Gavhari imon istadim.

***

Gulob bilan chaygandan
Halol bo’lmas yolg’on so’z.
Savun bilan yuvgandan
Nuroniy bo’lmaydi yuz.

***

Dard kelsa, g’am kelsa yutdik biz,
Kutdik biz, kutdik biz, kutdik biz.
Qabr deb atamang bu joyni
U uydan bu uyga o’tdik biz…

* * *

Chiroq edik—yulduz bo’ldik biz,
Oq tun edik—kunduz bo’ldik biz.
Yaproq edik—chirmashib daraxt
Tanasiga ildiz bo’ldik biz…

* * *

Bir kun biz ham afsona bo’lgaymiz,
Tuproq bilan hamxona bo’lgaymiz.
Yo’qoldiki – har ne aziz bo’lgay,
Yo’qoldikki, durdona bo’lgaymiz.

BUXOROGA BUXORO KELDI
(Shu nomli turkumdan)

Buxoroning obidalari
Ming yillardan beradi xabar:
«Xor bo’lasan, mute’ bo’lasan,
Buyukliging unutsang agar!»

Buxoroning obidalari
Hikmat erur moziydan, inon:
«Buyuklarni buyuk aylagan
E’tiqodu erk hamda iymon!»

Buxoroning obidalari
Har kun yangi hikmat aytadi,
O’tmishni-da, kelajakni-da
Men tomonga olib qaytadi.

RUH MEHROBGA TALPINAR

1.
Ruhga parvoz aslida xosdir,
Uni qamab bo’larmi yohu!
Ruh oyoqlar ostida qolib,
Nechun bo’lmish munchalar majruh?

Ruh tashnadir, ochdir va lekin
Unga ozik bo’lgaymi sarob?
Ruh mehrobga qarab talpinar,
Yiqitilgan muqaddas mexrob…

2.
Buxoroning muqaddas bag’ri
Ne sababdan muncha toptalmish?
Tiriklar jim, obidalar jim,
Tug’lar xomush, qabrlar xomush…

Foxiranimg faxri qaydadir?
Bu sukunat asli sirmasmi?
Tiriklari xomush bo’lgan yurt –
O’liklari tilga kirmasmi?!

BUXOROYI SHARIF

Bu shoh asar, buni ko’rmoqqa
Farang kelar, olmoni kelar.
Uzoq-yaqin yurtning shoh-faqir,
Yaxshi hamda yomoni kelar.

Bu shoh asar, buni ko’rmoqqa
Zax kelmoqda, sho’rob kelmoqda.
Paxtazori bilan bostirib
Shior bilan xitob kelmoqda.

O’zining shoh asarlarini
Aylab qo’yib yer bilan yakson —
Sen!
Ne uchun kelmayapsan, Sen —
Ka’basini yo’qotgan Inson?!

MILLAT

Qaydan aniqlagaysan
Havoning millatini?
Quyoshning millatini,
Daryoning millatini?

Daho misli quyoshdir,
Ol zebu ziynatini,
oshingta urasanmi
Dahoning millatini?!

Etmagayman hech qachon
Gumrohlar g’iybatini,
Gumroh tekshirmish
Odam Atoning millatini.

Ma’lum emish hammaga
Alar past tiynatini,
Past kimsa qaydan bilsin
Samoning millatini.

* * *

Qanday sendan olayin xabar,
Boshlanadi qaydan ostona?
Qay imloda yozsam xat yetar,
Arabiymi yo sugdiyona?

Maysalarda yo’q erur zabon,
Maysalarning tilida titroq.
Etolmaydi holingni bayon,
Garchi mendan senga yaqinroq.

Bo’zlagayman yuragim to’lib,
Qayda eshik, qayda erur yo’l?
Koshki, eshik yo maysa bo’lib,
Cho’zolsaydim sen tomonga qo’l…

XAT

Yurakni qiynagan bu sog’inch,
Yurakka sig’magan hayajon,
Bir parcha qog’ozga ilashib,
Ketmoqda yurt tomon.

Maktubda ne hikmat bor ekan,
Ne xislat maktubda namoyon?
Bir parcha qog’ozga ilashib,
Yuragim ketmoqda yurt tomon.

NAVRO’ZING MUBRAK,VATANIM!

Dillarda umidlar uyg’ondi,
Pahlavon Mahmudlar uyg’ondi,
Oshiqu obidlar uyg’ondi,
Navro’zing muborak, Vatanim!

Abbosing, aslida, Alpomish,
Bu olqish jahoniy, bu olqish,
O’zbekning zarbasi bu emas tush,
Navro’zing muborak, Vatanim!

Tushlaring o’nglarga aylandi,
Tunlaring tonglarga aylandi,
Yovlaring gunglarga aylandi,
Navro’zing muborak, Vatanim!

O’zbekning zarbi ham zarb ekan,
Jahon lol, bu ajib harb ekan,
Ringlarda madadkor rabb ekan,
Navro’zing muborak, Vatanim!

***

So’z qanotga aylandi,
Shaylan, yurak, parvozga.
G’irko’k otga aylandi,
Sig’magay u qog’ozga.

So’z qanotga aylandi,
Qalam ham darkor emas.
So’z bayotga aylandi,
Olam tinglab bo’ldi mast.

So’z qanotga aylandi,
Ko’kni quchmoqda qo’shiq.
So’z sabotga aylandi,
Malaklar unga oshiq.

So’z qanotga aylandi,
Yurak ko’chdi osmonga.
So’z hayotga aylandi,
So’z aylandi insonga.

***

Zamin kutib navbahorni, muzu qorni yutadi,
Quyosh uch oy kurtaklarni siypab-siypab kutadi.
Kurtaklarga butun olam ko’z tikkandur, voajab,
Bahor mening yuragimdan kurtaklarga o’tadi.

Kurtaklarning ranglaridan bezanadi kamalak,
Kurtaklarning shiviridan uyg’onadi kapalak,
Kurtaklarning zikriga, oh, jo’r bo’ladi har malak,
Bahor mening yuragimdan kurtaklarga o’tadi.

Dunyo go’yo ulkan kurtak, kurtakda dunyo jodir,
Dunyolarni bir kurtakka joylamoqqa u qodir,
Uning hukmi bilan bo’lar dunyoda har ish sodir,
Bahor mening yuragimdan kurtaklarga o’tadi.

Bahorlarni tuqqan kurtak bahorga nozlanadi,
Iforlarga burkanib u jahonga yuzlanadi,
Keyin esa yuragimga kirib u yozlanadi,
Bahor mening yuragimdan kurtaklarga o’tadi.

Qish kelganda navbahorni siz kurtakdan izlamang,
Derazamning yonidagi gultuvakdan izlamang,
Bahor mening yuragimda, gulbargakdan izlamang,
Bahor mening yuragimdan kurtaklarga o’tadi.

***

Ey moziyni unutgan odam,
Ey so’zini unutgan odam,
G’aflat bilan umring o’tmoqda,
Ey o’zini unutgan odam.

O’zni nechun sen xor aylading,
Ta’maga qul-abgor aylading,
Dunyoingni bozor aylading,
Ey o’zini unutgan odam.

Ibodating, shukronang qani,
Rabbing birdir, rabbingni tani
Hayotingda boshlanar ma’ni,
Ey o’zini unutgan odam!

Sen emasmi Sino farzandi,
Bahouddin bobo farzandi,
Marg’iloniy daho farzandi,
Ey o’zini unutgan odam!

Zamon keldi, g’aflatni tark et,
Quyoshday balq o’zingni Sharq et,
Yomondan-da, yaxshini farq et,
Ey o’zini unutgan odam!

***

Gullar gulligidan xijolat, Gulim,
Siz turganda gulga na hojat, Gulim?

Gullar gulzorini tark etib ketdi,
Sizni ko’rganida, ne holat, Gulim?

Gulzor ham sizdayin gulning poyiga
To’shalib so’ng topdi halovat, Gulim.

Ajabki, siz gulni ko’rib Sadriddin
Etdi ishq oyatin tilovat, Gulim.

***

Men sabrni tog’dan o’rgandim,
Do’lu qordan etmagay nola.
Meva bergan bog’dan o’rgandim,
Ko’zyosh to’kmas bamisli jala.

Men sabrni guldan o’rgandim,
Xushhid sochib fido etar jon.
Qishloqdagi yo’ldan o’rgandim,
Kas-nokasdan etmagay fig’on.

Ko’zni ochib etdim tafakkur,
Sayyorada ko’rdim sabrni.
Men sabrni ko’rdim ming shukur,
Minorada ko’rdim sabrni.

Ulug’lardan o’rgansa bo’lur
Sabr etmoqni g’amu dardlarga.
Sabr oliy mukofot erur,
Berilgaydur faqat mardlarga.

Sadriddin Salim Buxoriy. Tabarruk ziyoratgohlar by Khurshid Davron on Scribd

Sadriddin Salim Buxoriy. Hazrat Azizon Ar-Romitaniy by Khurshid Davron on Scribd

002

(Tashriflar: umumiy 1 704, bugungi 1)

Izoh qoldiring