Umarali Normatov. El-yurtga, she’riyatga baxshida umr

Ashampoo_Snap_2016.12.25_23h49m41s_001_.png    Устоз Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги

2016 йилнинг айни ёзида Эркин Воҳидов, кузида эса Абдулла Ориповнинг орамиздан кетиши миллий адабиётимиз, қолаверса, озод юртимиз учун оғир жудолик бўлди. Ўтган ХХ аср иккинчи ярми – янги аср бошларида миллий адабиётимиз, аниқроғи, шеъриятимиз ривожи, унинг етакчи тамойилларини бу икки улкан шоир бисотисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас.

ЭЛ-ЮРТГА БАХШИДА УМР
Умарали Норматов
005

26200fi.jpg2016 йилнинг айни ёзида Эркин Воҳидов, кузида эса Абдулла Ориповнинг орамиздан кетиши миллий адабиётимиз, қолаверса, озод юртимиз учун оғир жудолик бўлди. Ўтган ХХ аср иккинчи ярми – янги аср бошларида миллий адабиётимиз, аниқроғи, шеъриятимиз ривожи, унинг етакчи тамойилларини бу икки улкан шоир бисотисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас.

Бу икки аллома ижоди ҳақида ҳаётлигида кўп илиқ гаплар айтилди, ёзилди, айрим асарлари теварагида қизғин баҳс-мунозаралар ҳам бўлиб ўтди. Ҳар иккисининг ижод намуналари аллақачон мактаб ва олий ўқув юрти адабиёт дарсликларидан ўрин олган, асарлари қайта-қайта нашр этилган, ўзга тилларга таржима қилинган.

Ҳар икки шоир ижодий тақдирида улар таълим олган, ҳозирда Миллий университет деб аталадиган қутлуғ даргоҳда шаклланган адабий-илмий доира ҳамда айни ўша кезлари янги авлод ижодкорларини ўзига мафтун этган жасур адиб Абдулла Қаҳҳор муҳитининг ўрни-аҳамияти беқиёсдир.

Ажаб ҳолат: ўша кезлари университет филолог талабаларига дарс берган Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов каби устозлар айни Абдулла Қаҳҳор муҳитининг одамлари эди. Фақат Эркинжон, Абдуллажон эмас, ўша кезлари университетда таълим олган Саида Зуннунова, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Худойберди Тўхтабоев, Шукур Холмирзаев, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Рауф Парфи, Ойдин Ҳожиева каби бутун бир адабий авлод айни шу муҳит фарзандлари, дарғалари, издошларидир.

Абдуллажондан бой адабий мерос қолди. Ҳали унинг ижодий йўли, асарлари ҳақида кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилади. Мен бу ерда ўзим бевосита шоҳид бўлган шоир шахсияти – ундаги ноёб истеъдоднинг замондош устоз адиблар томонидан эътирофи, айрим асарларининг яратилиш тарихи, миллат маънавияти равнақидаги беқиёс аҳамияти, китобхонлар ҳаётидаги таъсир кучи хусусидаги айрим лавҳаларни келтириб ўтсам…

Жуссадан катта юрак

1967 йил май ойининг бошлари. Илк ҳикоя¬лари билан Абдулла Қаҳҳор назарига тушган истеъдодли ёш ёзувчи, кинорежиссёр Учқун Назаров устоз адиб таваллудининг 60 йиллигига бағишланган ҳужжатли фильм устида қизғин иш олиб бораётган кезлар. Фильмнинг “Абдулла Қаҳҳор ижодкор дўстлари, шогирдлари даврасида” лавҳасини, адибнинг илтимосига кўра, унинг Дўрмондаги боғ ҳовлиси ёнида, ёзувчилар ижод уйига кираверишдаги ариқ бўйида, азамат арғувону чинорлар соясида суратга тушириш режалаштирилган эди. Белгиланган дақиқаларда, чошгоҳ пайти суратга олиш учун таклиф этилган, адиб кўнглига яқин олган ижодкорлар жамулжам бўлдик. Аксига олиб, худди “Минг бир жон” ҳикоясида тасвирланганидек, кўк юзида сузиб юрган булут парчалари офтобни бир зумда юз кўйга соляпти. Чарақлаб турган қуёш бирдан булут орасига киради-ю, теварак-атроф хиралашади. Офтоб ҳар сафар булут остига кириб чиққанида, баҳор келганидан бехабар, ҳануз ғафлатда ётган ўт-ўланни, қумурсқаларни уйғотмоқчидай аввалгидан ҳам ёруғроқ, аввалгидан ҳам иссиқроқ шуъла сочаётгандай туюлади. Бундай манзаранинг ҳам ўзига хос таровати, гашти бор. Бироқ бу ҳол очиқ ҳавода суратга олиш учун ноқулайлик туғдирар экан. Бор-йўғи 5-6 минутлик лавҳани лентага тушириш бир неча соатга чўзилиб кетди. Ўртадаги стол тўрида бош қаҳрамон Абдулла Қаҳҳор, атрофида эса кино “персонаж”лари – Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Ўлмас Умарбеков, Экин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Норбой Худойберганов, ниҳоят, камина қўр тўкиб ўтирибмиз.

Рўпарадаги операторлар қуршовида Учқун қуёш булут орасидан чиқиб, теварак-атроф чарақлаши билан даврадагиларга қараб “бошлаймиз” ишорасини қилади-да, “Мотор!” дея команда беради. Суратга олиш бошланиши билан офтоб булут остига беркинади-ю, Учқуннинг “Стоп!” деган ўксик овози эшитилади. Ижодий жараён тўхтайди. Сўнг эркин суҳбат, ҳазил-мутойиба, турфа ҳангомалар бошланади. Осмондан булут ариб, қуёш кўриниши билан яна “Мотор!”, сўнг боягидек “Стоп!” садоси…

Бу ҳолат, адашмасам, уч-тўрт бор такрорланди. Бу хил оворагарчиликлар киночиларни, биринчи галда, Учқунни хижолатга, ташвишга солгани, кимларгадир малол келаётгани аниқ. Бироқ бу оралиқлардаги давра гурунглари, хусусан, адибнинг ҳазил-мутойиба, луқмалари биз ёшлар учун унутилмас сабоқ бўлган эди.

Орада ярим соатлик таннафус эълон қилинди. Кўплар оёқ чигалини ёзиш учун боғ оралаб кетишди. Абдулла Қаҳҳор ёнида Саид Аҳмад билан Озод ака, “гап ўғриси” бўлиб камина бирга қолдик. Шунда Саид Аҳмад ака даврада энг ёш, жуссаси кичик шоир Абдулла Орипов ҳақида гап очиб: “Одатда катта ёзувчилар ўз асарлари учун муқаддас китоблардан, номи жаҳонга машҳур классиклардан, халқ мақолларидан эпиграф оларди. Абдулла ака, бу қанақаси бўлди, Сиз “Ўтмишдан эртаклар” қиссангизга миттигина бошловчи шоир Абдулла Орипов сатрларини эпиграф қилиб келтирибсиз”, – деди андак қувлик билан. Шунда устоз бироз сукут сақлаб, хаёлга толиб, “Бу борада кўп ўйлаб кўрдим. Олдинроқ Абдуллажон илтимосимга кўра “Нурли чўққилар”га эпиграф учун тўрт сатр шеър ёзиб берган эди. Бу галгиси бутунлай бошқача бўлди… Эсимни таниганимдан бери мени қийнаб келаётган, тўрт йил тер тўкиб ифода этмоқчи бўлган кўнглимдаги гапни, ғам-ғуссани Сиз “митти” шоир деган бу бала (устоз “бола” сўзини қўқончасига чиройли шикаста овозда “бала” деб талаффуз этарди) тўрт сатрда қойил қилиб айтиб қўйибди. “Муножот”ни тинглаб” шеъридан олинган ўша сатрлар асарга ўз-ўзидан тайёр эпиграф бўлиб кириб келди:

Эшилиб, тўлғониб ингранади куй,
Асрлар ғамини сўйлар “Муножот”.
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзот!

Бу сатрлар гўё айни “Ўтмишдан эртаклар” учун ёзилгандай. Қисса маъно-моҳиятини – пафосини бундан аниқроқ, ёрқинроқ ифодалайдиган бошқа бир сўз топиш мумкинми?!” деди.

Шу пайт бирдан қуёш булут панасидан чиқиб, теварак-атроф ёришиб-яшнаб кетди-ю, Абдулла Қаҳҳорнинг боғидан булбулнинг шодон овози эшитила бошлади. Адиб бир дам сеҳрли садога ғарқ бўлиб турди-да: “Булбулнинг сайрашини, янгроқ овозини эшитмаган, ундан завқ олмаган зот йўқ. Аммо булбулнинг ўзини кўрганмисизлар?”, дея савол ташлади. Саид Аҳмад ака кўрганлигини, Озод ака иккимиз кўрмаганлигимизни айтдик. Қишлоқдаги ҳовлимизда бир туп қизил олма бўларди. Ҳар йили баҳорда гуллаганида қўшалоқ булбул гуллар чамани орасида ҳафта давомида басма-басига тўлиб-тошиб сайрашарди. Ҳарчанд уринмайлик, уларни кўролмасдик. Фақат мен эмас, оиламиздан ҳеч ким кўрмаган… Абдулла ака бош бармоғини кўрсатиб: “Булбулнинг жуссаси шу бармоқнинг учидай келади, – дея давом этди. – Унинг юраги жуссасидан ўн баробар катта. Тўлиб, юракдан сайраганида гўё дунёни титратади. Анави “митти” шоир “бала”нинг юраги ҳам жуссасидан ўн чандон каттадир-ов… “Митти юлдуз” китобчасини варақлаб кўринг. Шу митти шоир қалб тубидан шаршарадек отилиб чиққан сатрлар қалбларни ларзага солади. Ҳали кўрасизлар, унинг овози олис-олисларга етиб боради…”

Ўша йили кузда адибнинг олтмиш йиллик юбилейи олдидан Фарғона водийси бўйлаб сафари бўлиб ўтади. Сафарда адиб истагига кўра Саид Аҳмад, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов қатори Абдуллажон ҳам иштирок этади. Сафар чоғи қоғозга тушган улуғ устоз ҳақидаги мана бу сатрлар адабий учрашувларда ўқилганда тингловчилар олқишидан заллар ларзага келади:

Йўллар ортимизда қолар эдилар,
Далалар қоларди чексиз, бетакрор.
Нега улар чексиз десам, дедилар:
Бу ердан ўтганди Абдулла Қаҳҳор.

Йўллар ортимизда қолар эдилар,
Чўққилар қоларди юксак ва қатор.
Нега улар юксак десам, дедилар:
Бу ердан ҳам ўтди Абдулла Қаҳҳор.

Абдулла Қаҳҳор вафотидан сўнг адибнинг умр йўлдоши Кибриё опа учун Дўрмондаги боғ ҳовлисида ёлғиз туриш имкони бўлмай қолади. Абдулла ака учун ниҳоятда азиз бўлган бу йигирма йиллик масканни кимга бериш масаласи жиддий жумбоққа айланади. Унча-мунча одам бу боғ ҳовлига оғиз солишга ботинолмайди. Бир улкан математик академик олим Кибриё опанинг илтимосига кўра муайян фурсат бу даргоҳда туради. Ўша кезлари Кибриё опа тез-тез тушида Абдулла акани қовоғи солиқ, тажанг ҳолда такрор-такрор кўради. Қарангки, ўша олим оиласи ҳам ўзларини ноқулай сезиб, ниҳоят, бу хонадонни тарк этишга мажбур бўладилар. Кибриё опа хаёлан – руҳан Абдулла ака билан мулоқот чоғида унинг розилигига кўра боғ қўрғонини иккига бўлиб, каттароқ бўлагини адибнинг тўнғич шогирди Саид Аҳмадга, кичикроқ қисмини энг кенжа шогирди Абдуллажонга топширади. Ўша кундан бошлаб Кибриё опа кечалари тинч ухлайдиган, тушида Абдулла акани ўша таниш боғда оромкурсига суяниб, юзида табассум билан хотиржам ўтирган ҳолда бот-бот кўрадиган бўлади…

Салкам қирқ йил бу табаррук масканда устоз эҳтиромига жавобан бу муносиб шогирдларнинг ундан-да буюк эҳтироми давом этди, устоз ёққан чироқ ўчмай келди. Бир чеккаси, устоз руҳи мадади туфайли бу икки алломанинг бу йилларда ижодий парвози тобора юксалиб, шуҳратига шуҳрат қўшилди.

“Сен – улкан чироқ!”

Машҳур шоир ва носир Шуҳратнинг Абдуллажонга меҳри ниҳоятда баланд эди. Ёш шоирга бағишланган шеърида “Мен оддий бир шамман, сен – улкан чироқ!” деб ёзган.

Шу ўринда устоз ва шогирд орасида бўлиб ўтган ажиб бир воқеани эслатиб ўтсам. Шуҳратнинг 50 йиллик тўйи муайян сабаб¬ларга кўра андак кечикиб, 1971 йилнинг бошларида ўтказиладиган бўлди. Юбилей комиссияси раиси Иззат Султон, Шуҳрат ака, Абдулла Орипов ва камина – тўртовлон юбилей учрашувларини ўтказиш мақсадида Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари бўйлаб сафарга отландик. Самарқанд ташрифи тўкин дастурхон атрофидаги шоҳона зиёфатлар, тантанавор қадаҳ сўзлари билан бошланди. Эртаси куни педагогика институтида адабий учрашув ўтказиладиган бўлди. Учрашув олдидан раис ўз хонасига мени маслаҳатга чақирди. Асосий маърузачи сифатида зиммамдаги масъулиятни эслатди. Сафар олдидан Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ҳузурида тор доирада кенгаш ўтгани, вилоятлардаги учрашувлар чоғи юбилярни “асраш-авайлаш”, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, ҳозирги сиёсий вазиятдан келиб чиқиб иш тутиш зарурлиги, чунончи, Шуҳрат репрессия қурбони бўлгани борасида оғиз очмаслик, “Олтин зангламас” устида гап борганида асар бош қаҳрамони Содиқ фидойи курашчан коммунист эканига урғу бериш, яқингинада кўп шов-шувларга сабаб бўлган “Жаннат қидирганлар” романи хусусида эса индамай ўтиш маъқуллиги, нуқул Шуҳрат ҳақида эмас, Шуҳрат ижоди баҳона адабиётимизнинг бугунги ютуқлари тўғрисида гапириш лозимлиги уқтирилди. Шу гапларни Абдуллажонга ҳам етказиб қўйишим кераклиги айтилди…

Табиийки, бу гапларни эшитиб довдираб қолдим, маъруза режаларим ост-уст бўлиб кетди, шу сабаб ўша куни минбардаги гап-сўзларим узуқ-юлуқ, ҳиссиз, паришон бир тарзда кечди. Бошқаларнинг нутқи ҳам хийла расмий тусда бўлди. Фақат Абдуллажоннинг ёддан айтган шеърларигина анжуманга алоҳида руҳ бахш этди.

Режалаштирилган учрашувларнинг негадир ҳаммаси ўтказилмади. Учинчи куни чошгоҳ пайти Шаҳрисабзга отланиш олдидан раис хонасида тўпландик. Шуҳрат ака асабий вазиятда ўзига хос қатъият билан: “Иззат Отахонович! Мен бу ерга зиёфат учун келган эмас¬ман. Китобхонларим, халқим олдида ҳисобот бериш, уларнинг шеърларим, юрак қоним билан битилган романларим ҳақидаги дил сўзларини эшитиш учун келганман. Агар сафар шу руҳда давом этадиган бўлса, ҳозироқ уни тўхтатамиз, Тошкентга қайтамиз!” дедилар. Учовлон бир дақиқа саросимада қолдик. Иззат ака дарҳол ўзларини ўнглаб олиб: “Ортга қайтиш йўқ! Бизни Шаҳрисабзда кутишяпти. Соат бешда юбилей тантанаси бошланади. Етиб боришимиз керак. Машиналар кутиб турибди. Кетдик”, дея ташқарига отланди. Ноилож у киши ортидан эргашдик. Тахтиқорача довонидаги кузатув зиёфати совуққина ўтди. Қашқадарёлик мезбонлар тайёрлаб қўйган машиналарга жойлашиб йўлга отландик. Олдинги машинада Иззат ака билан Шуҳрат ака, кейингисида эса Абдуллажон икковимиз хомуш кетиб боряпмиз. Ўнг томонда ўтирган шоир хаёл оғушида қиш охири, илк баҳор нафаси эндигина нишона кўрсатаётган манзараларга назар ташлайди, пастликда, тоғлар орасидаги шарқираб оқаётган сойга тикилган ҳолда хаёл суради, лаблари пичирлагандай бўлади. “Умарали ака, – дея оғиз очади шоир, – боядан бери кузатиб келяпман, тоғлар қанчалик сиқувга олса, сой шунчалар шитоб билан олға интиларкан. Шоирлар, ижодкорлар ҳам шундай…” Шундай деди-ю, яна хаёлга чўмди. Бир дам ўтгач қўйнидан ён дафтарини чиқариб, уни тиззасига қўйган ҳолда нималарнидир ёзди. Бир неча дақиқадан сўнг қуйидаги сатрлар битилган варақни ён дафтаридан йиртиб олиб, қўлимга тутқазди:

Булбул ўгай эрур зоғлар орасида,
Югурик сув ўгай тоғлар орасида.
Муҳаббат дардидан бемор қалбларимиз,
Ўгай бўлсак не тонг соғлар орасида.

Бизнинг ҳозирги руҳий ҳолатимизни бундан-да аниқ-тиниқ, теран, энг муҳими, мухтасар тарзда ғоят таъсирчан ва гўзал ифодалаш мумкинми? Тўртлик сатрлари устида ўй сураман. Сўз санъатининг азалий ва мангу муаммоси – жамият, муҳит билан чин истеъдод орасидаги муросасиз зиддият, нафосатнинг носоғлом муҳитга бегоналиги, булбулнинг зоғлар орасида ўгайлиги – бу кўҳна жумбоқ қалбларни ўртайди. Шеърда фандаги “бегоналашув” деб аталган тушунчанинг поэтик муқобили тарзида “ўгай” сўзининг қўлланиши ноёб топилма сифатида кишини лол қолдиради. Шуҳрат ака бу сатрларни эшитса, ўқиса, қандай ҳолга тушишини ўзимча тасаввур этиб ҳаяжонланаман.

Дилимдагиларни ифодалашга муносиб сўз тополмай, тўртлик битилган варақни индамайгина Абдуллажонга қайтардим, бироқ у олмади. “Сизга эсдалик. Шеър менга ёд бўлиб қолди. Кейинчалик уйга борганда ёзиб қўярман, – дея сўзида давом этди. – Шу сатрларни Шаҳрисабздаги учрашувда ўқисам қандай бўларкан?” Мен айни муддао бўлишини айтдим. Ҳозирча бу хусусда ҳеч кимга, жумладан, Шуҳрат акага ҳам оғиз очмасликка келишдик. Бу шеър юбиляр учун сюрприз – кутилмаган ноёб совға бўлажагига ишонардик.

Шаҳрисабзда бизни карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Қўлларида гулдаста ва адиб китобларини тутган китобхонлар Шуҳрат акани қуршаб, ундан дастхат олишга шошилар, ташаккур сўзлари, саволлар ёғдирар… Бу жўшқин издиҳом – адабий анжуманни мезбон раҳбар аёл бошқарди. Иззат ака ҳам, мен ҳам анча эмин-эркин сўзладик. Гал Абдуллажонга келди, Шуҳрат ака шеърияти, романлари ҳақида сўзлаб, сўнг яқингинада дунёга келган бояги тўртликни ёддан айтди… 60-йиллар “иккинчи миллий уйғониш даври” деб аталиши тасодифий эмас. Ўша йиллари фақат адабиётда эмас, миллат маънавиятида ҳам уйғониш юз берган, аломат бир нозик дидли шеърхон-китобхон шаклланган эди. Тўрт сатр қатига жо этилган шоир қалби туғёнлари шундоққина анжуман қатнашчилари қалбига кўчиб, бутун зални ларзага солди. Олқишлардан зал бамисоли зилзила ҳолатига тушди.

Мароқли учрашувдан сўнг, одатга кўра, зиёфатга йиғилдик. Биринчи бўлиб Иззат ака сўз олди. Кайфияти чоғ эди. Яйраб-ёзилиб, ҳазил-мутойибалар билан “Раис ҳам подшоҳдай гап, унинг сўзи – амри вожиб, – дея сўз бошлади, – бугундан эътиборан ҳеч қандай чеклов йўқ, юбиляр ҳақида кимнинг кўнглида нима гап бўлса, бемалол айтаверади. Кемага тушганнинг жони бир, бир бошга бир ўлим, дейдилар. Бирор кор-ҳол бўлса, биргаликда жавоб берамиз…”

Шаҳрисабз учрашуви, хусусан, анжуманда янграган тўртлик сатрлари сафаримизда бурилиш ясади – сеҳрли сўз ўз кучини кўрсатди, ҳаммани ҳушёр торттирди, ўринсиз ҳадикларга чек қўйди. Қарши, Бухоро, Шофиркондаги учрашувлар айни шу руҳда жўшқин ўтди; Шуҳрат, унинг мардона ҳаёт йўли, ижодий жасорати ҳақида бор гаплар баралла айтилаверди, энг муҳими, бунинг учун ҳеч ким жабр кўрмади, ҳеч қанақа кор-ҳол юз бермади…

Тафаккурга таъсир этган шеърият

Шўро замонида Ватан, миллий ғурур – ифтихор туйғуси устида сўз очиш ниҳоятда мушкул жумбоқ эди. Бу ҳол “катта гуноҳ”, “миллий маҳдудлик”, “аксилшўровий ҳаракат” саналар эди. Ана шундай машъум замонларда ҳам Чўлпон, сўнг Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Миртемир сингари улуғ сиймолар ижодда йўлини топиб Ватанни улуғлашда давом этдилар. Абдулла Орипов ҳамда унинг сафдошлари шеъриятимиздаги шу қутлуғ анъанани муносиб тарзда давом эттирдилар. Дадил айтиш мумкинки, янги босқичга кўтардилар. Айни ўтган асрнинг 60-йилларида дунё юзини кўрган Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърий қасидалари фақат бу икки шоир ижодида эмас, ХХ аср миллий шеъриятимизда улкан воқеа бўлди. Ҳар икки шеърда халқимизнинг минг асрлар ичра пинҳон бўлиб ётган шонли тарихи, жаҳон цивилизацияси равнақида тутган беқиёс ўрни ҳақидаги оташин сатрлар миллионлаб ватандошлар қалбидан ўрин олди. Бундай ёрқин сатрлар мустабид тузум ҳукмдорларини саросимага солгани аён, аммо улар оташин сатрлар салобати олдида бу икки қасидага қарши чиқишга ботина олмадилар.

Шоир ўтган йиллар давомида яна она юрт манзаралари, ватандошлар ғами ифодасига бағишлаб кўплаб ёниқ сатрлар, бевосита Ватан мавзусини бутунлай янгича ёритувчи “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Она сайёра”дек беназир шеърлар битди. Булар ҳақида кўп ва хўб ёзилди, ёзилмоқда.

Ана шу шеърларига хос ноёб фазилатлар шоирнинг кейинги йиллар ижодида ҳам давом этди, янгидан-янги жиҳатлар билан бойиб борди. Не бахтки, неча ўн йиллар давомида эл-юрт қайғуси, унинг эрки, чин озодлиги орзуси билан ёнган шоиримиз истиқлол эълон этилган кунда “Адолат офтоби” шеърини ёзиб, халқимизни “Неча йиллар орзиқиб кутган кунлар келдими”, “Ўз қўлингга олганинг – ялов сенга муборак”, дея қутлади, муҳими, бу шеър илк бор Биринчи Президентимиз Ислом Каримов юрт мустақиллигини эълон этган Олий Кенгаш минбарида туриб ўқилди. Шоир фақат қутлов сўзлари билан чекланмай, халқини огоҳликка, бу тенгсиз саодатни бало-қазолардан асрашга чорлади:

Унутмагин ва лекин, олдда бор ҳали ётлар,
Қадамингни пойлайди, очкўз, юҳо не зотлар,
Шоҳ сурибсан, инжима, ғингшиса агар мотлар,
Елкамизга офтобнинг текканлиги рост бўлсин,
Ўзбекнинг ўз ниҳолин экканлиги рост бўлсин.

Ўша кунги анжуман тўғридан-тўғри телевидение орқали кўрсатилган эди. Шоирнинг табаррук минбардан туриб ҳаяжон билан ўқиган оташин сатрлари садоси ҳамон қулоғим остида жаранглагандай бўлаверади.
Не бахтки, мустақил мамлакатнинг Давлат мадҳияси шеърий матнини яратиш ҳам айни эл-юртнинг шу оташин куйчисига насиб этди. Миллий мадҳиямизнинг Абдулла Орипов қаламига мансуб шеърий матни мустақил мамлакат, озод халқ руҳи, шон-шавкати, фахр-ифтихори, орзу-интилишларининг чинакам ифодаси экани билан қимматлидир.

“Ўзбекистон” қасидасидан бошланган эл-юрт таронаси Мадҳияда энг авж пардаларига кўтарилиб, мустақил мамлакат – келажаги буюк давлатнинг рамзларидан бирига айланди.

Меҳрибон ота, жонкуяр бобо

abdulla_oripovotiraa.jpgГапнинг очиғи, шоирнинг талабалик йилларидан бошлаб 70 ёшга етгунга қадар у билан, асосан, ижодий сафар, давраларда бирга бўлганман, унинг шахсий-оилавий муҳитини яқиндан билмасдим. Тақдирнинг тақозоси билан кексайганда Абдуллажон оиласи билан қариндош бўлиб қолдик. Менинг божам, адабиётшунос Бегали Қосимовнинг кенжа ўғли Шоҳрух Абдуллажоннинг кенжа қизи Рухсорага уйланди (Раҳматли Бегали Қосимов билан Абдулла Орипов талабалик йилларидан қадрдон дўст эди. Уларнинг дўстлиги қариндошлик мақомига кўчди). Шу туфайли оилавий яқинлик, ўзаро борди-келдилар бошланиб кетди. Абдуллажонни шахс сифатида бутунлай янгидан кашф этдим. Доимо ижод ғами, шавқи билан ёниб юрган, умрининг сўнгги дамларига қадар қўлидан қалами тушмаган ноёб истеъдод соҳиби айни пайтда ўта оилапарвар, фарзандларига меҳрибон ота, жонкуяр бобо экан. Шоҳруху Рухсорахондан дунёга келган икки ўғлонларининг каттасига Мироншоҳ, кичигига Ойбек деб Абдуллажоннинг ўзи исм қўйиб берган. Бу икки набирасини лоақал ҳафтада бир бор кўрмаса туролмасди, ё уларни Дўрмондаги уйига чорлар, ёки ўзи бориб, ширинлигу ўйинчоқлар билан сийлаб эркалаб кетарди. Болакайлар ҳам бобосини қўмсаб бетўхтов Дўрмон томон талпинарди. Қарангки, Абдуллажон Америкада даволанаётган чоғи (вафотидан бир кун олдин) қўл телефони орқали Шоҳрухнинг онаси билан, сўнг икки суюкли набираси билан ярим соат яйраб гурунглашган. Набиралари учун олиб қўйган “амиркон” этикчаларни телефон экранида намойиш этиб, яқин орада уйга борганида ўз қўли билан уларга ҳадя этажагини ваъда қилган…

Абдуллажон билан сўнгги суҳбат

Абдуллажон қаламкаш, маслакдош сафдош¬ларига бир умр эҳтиром ила муносабатда бўлган. Шу йил август ойида “Дўрмон” ижод уйида уюшманинг анжумани бўлиб ўтди. Мажлислар залига кираверишда Абдуллажонга дуч келиб қолдим. Йўл-йўлакай гурунглашиб бордик. Шунда у Эркин Воҳидов ҳақида яқингинада чоп этилган салмоқдор тўплам – “То қуёш сочгайки нур. Эркин Воҳидов: ҳаёти ва ижоди замондош¬лари нигоҳида” китоби ҳақида сўз очиб, “Уни кўрдингизми?” дея мени сўроққа тутди. Мен бу китоб билан аллақачон танишиб чиққанимни, у ҳақидаги қувончларимни изҳор этдим, ўз навбатида, мажмуадаги илк мақола, суҳбатдошим Абдулла Орипов қаламига мансуб “Олтин истеъдод”да шоирга берилган беқиёс баҳо – “Қадрдоним ва сафдошим Эркин Воҳидов чинакам олтин истеъдод соҳибидир. Шоиримизнинг овозини бошқа бирор қаламкаш такрорлаши сира мумкин эмас. Аллоҳ таоло ижодкоримиз қўр тўкиб ўтирадиган курсисини ўзи билан бирга қўшиб яратган. Эркин Воҳидов ўз ижоди билан адабиётимиз тарихида собит турган шахсдир”, деган беқиёс баҳосини ёдга олдим. Шунда у хиёл жилмайиб: “Эркин ака шундай таъриф-баҳога арзийди-да. Афсус, шундай беқиёс сиймо бугун орамизда йўқ”, деб қўйди.

Абдуллажон тўлиб турган экан, шекилли, анжумандаги нутқининг катта қисмини Эркин Воҳидовнинг ёрқин хотирасига бағишлади. Бу нутқ улкан шоирнинг расмий анжумандаги сўнгги сўзи, бир умрлик маслакдоши ҳақидаги сўнгги дил изҳори, нидоси, видоси бўлиб янгради.

Шунда мен бу ноёб истеъдод соҳибининг бутун умри, ҳаёти давомида оиласи, яқинлари қатори устозлари, қаламкаш дўстларига садоқати, эҳтироми чексиз эканига яна бир карра иқрор бўлдим.
Азизлар, юқорида ёзганларим буюк шоир, аллома шахс-инсон Абдуллажон ҳақида кўрган-билганларимдан бир-икки шингил лавҳалар, холос. Насиб қилса, шоир ҳақда хотирамда қалашиб ётган бундан-да ажаброқ воқеа-эсдаликларимни қоғозга тушираман.

2016 йил ноябрь

Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси

14937290_1669790146668606_1787236612352574363_n.jpg   2016 yilning ayni yozida Erkin Vohidov, kuzida esa Abdulla Oripovning oramizdan ketishi milliy adabiyotimiz, qolaversa, ozod yurtimiz uchun og‘ir judolik bo‘ldi. O‘tgan XX asr ikkinchi yarmi – yangi asr boshlarida milliy adabiyotimiz, aniqrog‘i, she’riyatimiz rivoji, uning yetakchi tamoyillarini bu ikki ulkan shoir bisotisiz tasavvur etish aslo mumkin emas

EL-YURTGA BAXSHIDA UMR
Umarali Normatov
005

11_n.jpg2016 yilning ayni yozida Erkin Vohidov, kuzida esa Abdulla Oripovning oramizdan ketishi milliy adabiyotimiz, qolaversa, ozod yurtimiz uchun og‘ir judolik bo‘ldi. O‘tgan XX asr ikkinchi yarmi – yangi asr boshlarida milliy adabiyotimiz, aniqrog‘i, she’riyatimiz rivoji, uning yetakchi tamoyillarini bu ikki ulkan shoir bisotisiz tasavvur etish aslo mumkin emas.

Bu ikki alloma ijodi haqida hayotligida ko‘p iliq gaplar aytildi, yozildi, ayrim asarlari tevaragida qizg‘in bahs-munozaralar ham bo‘lib o‘tdi. Har ikkisining ijod namunalari allaqachon maktab va oliy o‘quv yurti adabiyot darsliklaridan o‘rin olgan, asarlari qayta-qayta nashr etilgan, o‘zga tillarga tarjima qilingan.

Har ikki shoir ijodiy taqdirida ular ta’lim olgan, hozirda Milliy universitet deb ataladigan qutlug‘ dargohda shakllangan adabiy-ilmiy doira hamda ayni o‘sha kezlari yangi avlod ijodkorlarini o‘ziga maftun etgan jasur adib Abdulla Qahhor muhitining o‘rni-ahamiyati beqiyosdir.

Ajab holat: o‘sha kezlari universitet filolog talabalariga dars bergan Matyoqub Qo‘shjonov, Ozod Sharafiddinov kabi ustozlar ayni Abdulla Qahhor muhitining odamlari edi. Faqat Erkinjon, Abdullajon emas, o‘sha kezlari universitetda ta’lim olgan Saida Zunnunova, Odil Yoqubov, Pirimqul Qodirov, Xudoyberdi To‘xtaboyev, Shukur Xolmirzayev, O‘lmas Umarbekov, O‘tkir Hoshimov, Rauf Parfi, Oydin Hojiyeva kabi butun bir adabiy avlod ayni shu muhit farzandlari, darg‘alari, izdoshlaridir.

Abdullajondan boy adabiy meros qoldi. Hali uning ijodiy yo‘li, asarlari haqida ko‘plab ilmiy tadqiqotlar olib boriladi. Men bu yerda o‘zim bevosita shohid bo‘lgan shoir shaxsiyati – undagi noyob iste’dodning zamondosh ustoz adiblar tomonidan e’tirofi, ayrim asarlarining yaratilish tarixi, millat ma’naviyati ravnaqidagi beqiyos ahamiyati, kitobxonlar hayotidagi ta’sir kuchi xususidagi ayrim lavhalarni keltirib o‘tsam…

Jussadan katta yurak

1967 yil may oyining boshlari. Ilk hikoya¬lari bilan Abdulla Qahhor nazariga tushgan iste’dodli yosh yozuvchi, kinorejissyor Uchqun Nazarov ustoz adib tavalludining 60 yilligiga bag‘ishlangan hujjatli film ustida qizg‘in ish olib borayotgan kezlar. Filmning “Abdulla Qahhor ijodkor do‘stlari, shogirdlari davrasida” lavhasini, adibning iltimosiga ko‘ra, uning Do‘rmondagi bog‘ hovlisi yonida, yozuvchilar ijod uyiga kiraverishdagi ariq bo‘yida, azamat arg‘uvonu chinorlar soyasida suratga tushirish rejalashtirilgan edi. Belgilangan daqiqalarda, choshgoh payti suratga olish uchun taklif etilgan, adib ko‘ngliga yaqin olgan ijodkorlar jamuljam bo‘ldik. Aksiga olib, xuddi “Ming bir jon” hikoyasida tasvirlanganidek, ko‘k yuzida suzib yurgan bulut parchalari oftobni bir zumda yuz ko‘yga solyapti. Charaqlab turgan quyosh birdan bulut orasiga kiradi-yu, tevarak-atrof xiralashadi. Oftob har safar bulut ostiga kirib chiqqanida, bahor kelganidan bexabar, hanuz g‘aflatda yotgan o‘t-o‘lanni, qumursqalarni uyg‘otmoqchiday avvalgidan ham yorug‘roq, avvalgidan ham issiqroq shu’la sochayotganday tuyuladi. Bunday manzaraning ham o‘ziga xos tarovati, gashti bor. Biroq bu hol ochiq havoda suratga olish uchun noqulaylik tug‘dirar ekan. Bor-yo‘g‘i 5-6 minutlik lavhani lentaga tushirish bir necha soatga cho‘zilib ketdi. O‘rtadagi stol to‘rida bosh qahramon Abdulla Qahhor, atrofida esa kino “personaj”lari – Said Ahmad, Odil Yoqubov, Pirimqul Qodirov, Matyoqub Qo‘shjonov, Ozod Sharafiddinov, O‘lmas Umarbekov, Ekin Vohidov, Abdulla Oripov, Shukur Xolmirzayev, O‘tkir Hoshimov, Norboy Xudoyberganov, nihoyat, kamina qo‘r to‘kib o‘tiribmiz.

Ro‘paradagi operatorlar qurshovida Uchqun quyosh bulut orasidan chiqib, tevarak-atrof charaqlashi bilan davradagilarga qarab “boshlaymiz” ishorasini qiladi-da, “Motor!” deya komanda beradi. Suratga olish boshlanishi bilan oftob bulut ostiga berkinadi-yu, Uchqunning “Stop!” degan o‘ksik ovozi eshitiladi. Ijodiy jarayon to‘xtaydi. So‘ng erkin suhbat, hazil-mutoyiba, turfa hangomalar boshlanadi. Osmondan bulut arib, quyosh ko‘rinishi bilan yana “Motor!”, so‘ng boyagidek “Stop!” sadosi…

Bu holat, adashmasam, uch-to‘rt bor takrorlandi. Bu xil ovoragarchiliklar kinochilarni, birinchi galda, Uchqunni xijolatga, tashvishga solgani, kimlargadir malol kelayotgani aniq. Biroq bu oraliqlardagi davra gurunglari, xususan, adibning hazil-mutoyiba, luqmalari biz yoshlar uchun unutilmas saboq bo‘lgan edi.

Orada yarim soatlik tannafus e’lon qilindi. Ko‘plar oyoq chigalini yozish uchun bog‘ oralab ketishdi. Abdulla Qahhor yonida Said Ahmad bilan Ozod aka, “gap o‘g‘risi” bo‘lib kamina birga qoldik. Shunda Said Ahmad aka davrada eng yosh, jussasi kichik shoir Abdulla Oripov haqida gap ochib: “Odatda katta yozuvchilar o‘z asarlari uchun muqaddas kitoblardan, nomi jahonga mashhur klassiklardan, xalq maqollaridan epigraf olardi. Abdulla aka, bu qanaqasi bo‘ldi, Siz “O‘tmishdan ertaklar” qissangizga mittigina boshlovchi shoir Abdulla Oripov satrlarini epigraf qilib keltiribsiz”, – dedi andak quvlik bilan. Shunda ustoz biroz sukut saqlab, xayolga tolib, “Bu borada ko‘p o‘ylab ko‘rdim. Oldinroq Abdullajon iltimosimga ko‘ra “Nurli cho‘qqilar”ga epigraf uchun to‘rt satr she’r yozib bergan edi. Bu galgisi butunlay boshqacha bo‘ldi… Esimni taniganimdan beri meni qiynab kelayotgan, to‘rt yil ter to‘kib ifoda etmoqchi bo‘lgan ko‘nglimdagi gapni, g‘am-g‘ussani Siz “mitti” shoir degan bu bala (ustoz “bola” so‘zini qo‘qonchasiga chiroyli shikasta ovozda “bala” deb talaffuz etardi) to‘rt satrda qoyil qilib aytib qo‘yibdi. “Munojot”ni tinglab” she’ridan olingan o‘sha satrlar asarga o‘z-o‘zidan tayyor epigraf bo‘lib kirib keldi:

Eshilib, to‘lg‘onib ingranadi kuy,
Asrlar g‘amini so‘ylar “Munojot”.
Kuyi shunday bo‘lsa, g‘amning o‘ziga
Qanday chiday olgan ekan odamzot!

Bu satrlar go‘yo ayni “O‘tmishdan ertaklar” uchun yozilganday. Qissa ma’no-mohiyatini – pafosini bundan aniqroq, yorqinroq ifodalaydigan boshqa bir so‘z topish mumkinmi?!” dedi.

Shu payt birdan quyosh bulut panasidan chiqib, tevarak-atrof yorishib-yashnab ketdi-yu, Abdulla Qahhorning bog‘idan bulbulning shodon ovozi eshitila boshladi. Adib bir dam sehrli sadoga g‘arq bo‘lib turdi-da: “Bulbulning sayrashini, yangroq ovozini eshitmagan, undan zavq olmagan zot yo‘q. Ammo bulbulning o‘zini ko‘rganmisizlar?”, deya savol tashladi. Said Ahmad aka ko‘rganligini, Ozod aka ikkimiz ko‘rmaganligimizni aytdik. Qishloqdagi hovlimizda bir tup qizil olma bo‘lardi. Har yili bahorda gullaganida qo‘shaloq bulbul gullar chamani orasida hafta davomida basma-basiga to‘lib-toshib sayrashardi. Harchand urinmaylik, ularni ko‘rolmasdik. Faqat men emas, oilamizdan hech kim ko‘rmagan… Abdulla aka bosh barmog‘ini ko‘rsatib: “Bulbulning jussasi shu barmoqning uchiday keladi, – deya davom etdi. – Uning yuragi jussasidan o‘n barobar katta. To‘lib, yurakdan sayraganida go‘yo dunyoni titratadi. Anavi “mitti” shoir “bala”ning yuragi ham jussasidan o‘n chandon kattadir-ov… “Mitti yulduz” kitobchasini varaqlab ko‘ring. Shu mitti shoir qalb tubidan sharsharadek otilib chiqqan satrlar qalblarni larzaga soladi. Hali ko‘rasizlar, uning ovozi olis-olislarga yetib boradi…”

O‘sha yili kuzda adibning oltmish yillik yubileyi oldidan Farg‘ona vodiysi bo‘ylab safari bo‘lib o‘tadi. Safarda adib istagiga ko‘ra Said Ahmad, Matyoqub Qo‘shjonov, Ozod Sharafiddinov qatori Abdullajon ham ishtirok etadi. Safar chog‘i qog‘ozga tushgan ulug‘ ustoz haqidagi mana bu satrlar adabiy uchrashuvlarda o‘qilganda tinglovchilar olqishidan zallar larzaga keladi:

Yo‘llar ortimizda qolar edilar,
Dalalar qolardi cheksiz, betakror.
Nega ular cheksiz desam, dedilar:
Bu yerdan o‘tgandi Abdulla Qahhor.

Yo‘llar ortimizda qolar edilar,
Cho‘qqilar qolardi yuksak va qator.
Nega ular yuksak desam, dedilar:
Bu yerdan ham o‘tdi Abdulla Qahhor.

Abdulla Qahhor vafotidan so‘ng adibning umr yo‘ldoshi Kibriyo opa uchun Do‘rmondagi bog‘ hovlisida yolg‘iz turish imkoni bo‘lmay qoladi. Abdulla aka uchun nihoyatda aziz bo‘lgan bu yigirma yillik maskanni kimga berish masalasi jiddiy jumboqqa aylanadi. Uncha-muncha odam bu bog‘ hovliga og‘iz solishga botinolmaydi. Bir ulkan matematik akademik olim Kibriyo opaning iltimosiga ko‘ra muayyan fursat bu dargohda turadi. O‘sha kezlari Kibriyo opa tez-tez tushida Abdulla akani qovog‘i soliq, tajang holda takror-takror ko‘radi. Qarangki, o‘sha olim oilasi ham o‘zlarini noqulay sezib, nihoyat, bu xonadonni tark etishga majbur bo‘ladilar. Kibriyo opa xayolan – ruhan Abdulla aka bilan muloqot chog‘ida uning roziligiga ko‘ra bog‘ qo‘rg‘onini ikkiga bo‘lib, kattaroq bo‘lagini adibning to‘ng‘ich shogirdi Said Ahmadga, kichikroq qismini eng kenja shogirdi Abdullajonga topshiradi. O‘sha kundan boshlab Kibriyo opa kechalari tinch uxlaydigan, tushida Abdulla akani o‘sha tanish bog‘da oromkursiga suyanib, yuzida tabassum bilan xotirjam o‘tirgan holda bot-bot ko‘radigan bo‘ladi…

Salkam qirq yil bu tabarruk maskanda ustoz ehtiromiga javoban bu munosib shogirdlarning undan-da buyuk ehtiromi davom etdi, ustoz yoqqan chiroq o‘chmay keldi. Bir chekkasi, ustoz ruhi madadi tufayli bu ikki allomaning bu yillarda ijodiy parvozi tobora yuksalib, shuhratiga shuhrat qo‘shildi.

“Sen – ulkan chiroq!”

Mashhur shoir va nosir Shuhratning Abdullajonga mehri nihoyatda baland edi. Yosh shoirga bag‘ishlangan she’rida “Men oddiy bir shamman, sen – ulkan chiroq!” deb yozgan.

Shu o‘rinda ustoz va shogird orasida bo‘lib o‘tgan ajib bir voqeani eslatib o‘tsam. Shuhratning 50 yillik to‘yi muayyan sabab¬larga ko‘ra andak kechikib, 1971 yilning boshlarida o‘tkaziladigan bo‘ldi. Yubiley komissiyasi raisi Izzat Sulton, Shuhrat aka, Abdulla Oripov va kamina – to‘rtovlon yubiley uchrashuvlarini o‘tkazish maqsadida Samarqand, Qashqadaryo, Buxoro viloyatlari bo‘ylab safarga otlandik. Samarqand tashrifi to‘kin dasturxon atrofidagi shohona ziyofatlar, tantanavor qadah so‘zlari bilan boshlandi. Ertasi kuni pedagogika institutida adabiy uchrashuv o‘tkaziladigan bo‘ldi. Uchrashuv oldidan rais o‘z xonasiga meni maslahatga chaqirdi. Asosiy ma’ruzachi sifatida zimmamdagi mas’uliyatni eslatdi. Safar oldidan Yozuvchilar uyushmasi rahbariyati huzurida tor doirada kengash o‘tgani, viloyatlardagi uchrashuvlar chog‘i yubilyarni “asrash-avaylash”, ko‘ngilsiz holatlarning oldini olish, hozirgi siyosiy vaziyatdan kelib chiqib ish tutish zarurligi, chunonchi, Shuhrat repressiya qurboni bo‘lgani borasida og‘iz ochmaslik, “Oltin zanglamas” ustida gap borganida asar bosh qahramoni Sodiq fidoyi kurashchan kommunist ekaniga urg‘u berish, yaqinginada ko‘p shov-shuvlarga sabab bo‘lgan “Jannat qidirganlar” romani xususida esa indamay o‘tish ma’qulligi, nuqul Shuhrat haqida emas, Shuhrat ijodi bahona adabiyotimizning bugungi yutuqlari to‘g‘risida gapirish lozimligi uqtirildi. Shu gaplarni Abdullajonga ham yetkazib qo‘yishim kerakligi aytildi…

Tabiiyki, bu gaplarni eshitib dovdirab qoldim, ma’ruza rejalarim ost-ust bo‘lib ketdi, shu sabab o‘sha kuni minbardagi gap-so‘zlarim uzuq-yuluq, hissiz, parishon bir tarzda kechdi. Boshqalarning nutqi ham xiyla rasmiy tusda bo‘ldi. Faqat Abdullajonning yoddan aytgan she’rlarigina anjumanga alohida ruh baxsh etdi.

Rejalashtirilgan uchrashuvlarning negadir hammasi o‘tkazilmadi. Uchinchi kuni choshgoh payti Shahrisabzga otlanish oldidan rais xonasida to‘plandik. Shuhrat aka asabiy vaziyatda o‘ziga xos qat’iyat bilan: “Izzat Otaxonovich! Men bu yerga ziyofat uchun kelgan emas¬man. Kitobxonlarim, xalqim oldida hisobot berish, ularning she’rlarim, yurak qonim bilan bitilgan romanlarim haqidagi dil so‘zlarini eshitish uchun kelganman. Agar safar shu ruhda davom etadigan bo‘lsa, hoziroq uni to‘xtatamiz, Toshkentga qaytamiz!” dedilar. Uchovlon bir daqiqa sarosimada qoldik. Izzat aka darhol o‘zlarini o‘nglab olib: “Ortga qaytish yo‘q! Bizni Shahrisabzda kutishyapti. Soat beshda yubiley tantanasi boshlanadi. Yetib borishimiz kerak. Mashinalar kutib turibdi. Ketdik”, deya tashqariga otlandi. Noiloj u kishi ortidan ergashdik. Taxtiqoracha dovonidagi kuzatuv ziyofati sovuqqina o‘tdi. Qashqadaryolik mezbonlar tayyorlab qo‘ygan mashinalarga joylashib yo‘lga otlandik. Oldingi mashinada Izzat aka bilan Shuhrat aka, keyingisida esa Abdullajon ikkovimiz xomush ketib boryapmiz. O‘ng tomonda o‘tirgan shoir xayol og‘ushida qish oxiri, ilk bahor nafasi endigina nishona ko‘rsatayotgan manzaralarga nazar tashlaydi, pastlikda, tog‘lar orasidagi sharqirab oqayotgan soyga tikilgan holda xayol suradi, lablari pichirlaganday bo‘ladi. “Umarali aka, – deya og‘iz ochadi shoir, – boyadan beri kuzatib kelyapman, tog‘lar qanchalik siquvga olsa, soy shunchalar shitob bilan olg‘a intilarkan. Shoirlar, ijodkorlar ham shunday…” Shunday dedi-yu, yana xayolga cho‘mdi. Bir dam o‘tgach qo‘ynidan yon daftarini chiqarib, uni tizzasiga qo‘ygan holda nimalarnidir yozdi. Bir necha daqiqadan so‘ng quyidagi satrlar bitilgan varaqni yon daftaridan yirtib olib, qo‘limga tutqazdi:

Bulbul o‘gay erur zog‘lar orasida,
Yugurik suv o‘gay tog‘lar orasida.
Muhabbat dardidan bemor qalblarimiz,
O‘gay bo‘lsak ne tong sog‘lar orasida.

Bizning hozirgi ruhiy holatimizni bundan-da aniq-tiniq, teran, eng muhimi, muxtasar tarzda g‘oyat ta’sirchan va go‘zal ifodalash mumkinmi? To‘rtlik satrlari ustida o‘y suraman. So‘z san’atining azaliy va mangu muammosi – jamiyat, muhit bilan chin iste’dod orasidagi murosasiz ziddiyat, nafosatning nosog‘lom muhitga begonaligi, bulbulning zog‘lar orasida o‘gayligi – bu ko‘hna jumboq qalblarni o‘rtaydi. She’rda fandagi “begonalashuv” deb atalgan tushunchaning poetik muqobili tarzida “o‘gay” so‘zining qo‘llanishi noyob topilma sifatida kishini lol qoldiradi. Shuhrat aka bu satrlarni eshitsa, o‘qisa, qanday holga tushishini o‘zimcha tasavvur etib hayajonlanaman.

Dilimdagilarni ifodalashga munosib so‘z topolmay, to‘rtlik bitilgan varaqni indamaygina Abdullajonga qaytardim, biroq u olmadi. “Sizga esdalik. She’r menga yod bo‘lib qoldi. Keyinchalik uyga borganda yozib qo‘yarman, – deya so‘zida davom etdi. – Shu satrlarni Shahrisabzdagi uchrashuvda o‘qisam qanday bo‘larkan?” Men ayni muddao bo‘lishini aytdim. Hozircha bu xususda hech kimga, jumladan, Shuhrat akaga ham og‘iz ochmaslikka kelishdik. Bu she’r yubilyar uchun syurpriz – kutilmagan noyob sovg‘a bo‘lajagiga ishonardik.

Shahrisabzda bizni karnay-surnay sadolari ostida kutib olishdi. Qo‘llarida guldasta va adib kitoblarini tutgan kitobxonlar Shuhrat akani qurshab, undan dastxat olishga shoshilar, tashakkur so‘zlari, savollar yog‘dirar… Bu jo‘shqin izdihom – adabiy anjumanni mezbon rahbar ayol boshqardi. Izzat aka ham, men ham ancha emin-erkin so‘zladik. Gal Abdullajonga keldi, Shuhrat aka she’riyati, romanlari haqida so‘zlab, so‘ng yaqinginada dunyoga kelgan boyagi to‘rtlikni yoddan aytdi… 60-yillar “ikkinchi milliy uyg‘onish davri” deb atalishi tasodifiy emas. O‘sha yillari faqat adabiyotda emas, millat ma’naviyatida ham uyg‘onish yuz bergan, alomat bir nozik didli she’rxon-kitobxon shakllangan edi. To‘rt satr qatiga jo etilgan shoir qalbi tug‘yonlari shundoqqina anjuman qatnashchilari qalbiga ko‘chib, butun zalni larzaga soldi. Olqishlardan zal bamisoli zilzila holatiga tushdi.

Maroqli uchrashuvdan so‘ng, odatga ko‘ra, ziyofatga yig‘ildik. Birinchi bo‘lib Izzat aka so‘z oldi. Kayfiyati chog‘ edi. Yayrab-yozilib, hazil-mutoyibalar bilan “Rais ham podshohday gap, uning so‘zi – amri vojib, – deya so‘z boshladi, – bugundan e’tiboran hech qanday cheklov yo‘q, yubilyar haqida kimning ko‘nglida nima gap bo‘lsa, bemalol aytaveradi. Kemaga tushganning joni bir, bir boshga bir o‘lim, deydilar. Biror kor-hol bo‘lsa, birgalikda javob beramiz…”

Shahrisabz uchrashuvi, xususan, anjumanda yangragan to‘rtlik satrlari safarimizda burilish yasadi – sehrli so‘z o‘z kuchini ko‘rsatdi, hammani hushyor torttirdi, o‘rinsiz hadiklarga chek qo‘ydi. Qarshi, Buxoro, Shofirkondagi uchrashuvlar ayni shu ruhda jo‘shqin o‘tdi; Shuhrat, uning mardona hayot yo‘li, ijodiy jasorati haqida bor gaplar baralla aytilaverdi, eng muhimi, buning uchun hech kim jabr ko‘rmadi, hech qanaqa kor-hol yuz bermadi…

Tafakkurga ta’sir etgan she’riyat

Sho‘ro zamonida Vatan, milliy g‘urur – iftixor tuyg‘usi ustida so‘z ochish nihoyatda mushkul jumboq edi. Bu hol “katta gunoh”, “milliy mahdudlik”, “aksilsho‘roviy harakat” sanalar edi. Ana shunday mash’um zamonlarda ham Cho‘lpon, so‘ng Oybek, Hamid Olimjon, G‘afur G‘ulom, Mirtemir singari ulug‘ siymolar ijodda yo‘lini topib Vatanni ulug‘lashda davom etdilar. Abdulla Oripov hamda uning safdoshlari she’riyatimizdagi shu qutlug‘ an’anani munosib tarzda davom ettirdilar. Dadil aytish mumkinki, yangi bosqichga ko‘tardilar. Ayni o‘tgan asrning 60-yillarida dunyo yuzini ko‘rgan Erkin Vohidovning “O‘zbegim”, Abdulla Oripovning “O‘zbekiston” she’riy qasidalari faqat bu ikki shoir ijodida emas, XX asr milliy she’riyatimizda ulkan voqea bo‘ldi. Har ikki she’rda xalqimizning ming asrlar ichra pinhon bo‘lib yotgan shonli tarixi, jahon sivilizatsiyasi ravnaqida tutgan beqiyos o‘rni haqidagi otashin satrlar millionlab vatandoshlar qalbidan o‘rin oldi. Bunday yorqin satrlar mustabid tuzum hukmdorlarini sarosimaga solgani ayon, ammo ular otashin satrlar salobati oldida bu ikki qasidaga qarshi chiqishga botina olmadilar.

Shoir o‘tgan yillar davomida yana ona yurt manzaralari, vatandoshlar g‘ami ifodasiga bag‘ishlab ko‘plab yoniq satrlar, bevosita Vatan mavzusini butunlay yangicha yorituvchi “Men nechun sevaman O‘zbekistonni”, “Ona sayyora”dek benazir she’rlar bitdi. Bular haqida ko‘p va xo‘b yozildi, yozilmoqda.

Ana shu she’rlariga xos noyob fazilatlar shoirning keyingi yillar ijodida ham davom etdi, yangidan-yangi jihatlar bilan boyib bordi. Ne baxtki, necha o‘n yillar davomida el-yurt qayg‘usi, uning erki, chin ozodligi orzusi bilan yongan shoirimiz istiqlol e’lon etilgan kunda “Adolat oftobi” she’rini yozib, xalqimizni “Necha yillar orziqib kutgan kunlar keldimi”, “O‘z qo‘lingga olganing – yalov senga muborak”, deya qutladi, muhimi, bu she’r ilk bor Birinchi Prezidentimiz Islom Karimov yurt mustaqilligini e’lon etgan Oliy Kengash minbarida turib o‘qildi. Shoir faqat qutlov so‘zlari bilan cheklanmay, xalqini ogohlikka, bu tengsiz saodatni balo-qazolardan asrashga chorladi:

Unutmagin va lekin, oldda bor hali yotlar,
Qadamingni poylaydi, ochko‘z, yuho ne zotlar,
Shoh suribsan, injima, g‘ingshisa agar motlar,
Yelkamizga oftobning tekkanligi rost bo‘lsin,
O‘zbekning o‘z niholin ekkanligi rost bo‘lsin.

O‘sha kungi anjuman to‘g‘ridan-to‘g‘ri televideniye orqali ko‘rsatilgan edi. Shoirning tabarruk minbardan turib hayajon bilan o‘qigan otashin satrlari sadosi hamon qulog‘im ostida jaranglaganday bo‘laveradi.
Ne baxtki, mustaqil mamlakatning Davlat madhiyasi she’riy matnini yaratish ham ayni el-yurtning shu otashin kuychisiga nasib etdi. Milliy madhiyamizning Abdulla Oripov qalamiga mansub she’riy matni mustaqil mamlakat, ozod xalq ruhi, shon-shavkati, faxr-iftixori, orzu-intilishlarining chinakam ifodasi ekani bilan qimmatlidir.

“O‘zbekiston” qasidasidan boshlangan el-yurt taronasi Madhiyada eng avj pardalariga ko‘tarilib, mustaqil mamlakat – kelajagi buyuk davlatning ramzlaridan biriga aylandi.

Mehribon ota, jonkuyar bobo

Gapning ochig‘i, shoirning talabalik yillaridan boshlab 70 yoshga yetgunga qadar u bilan, asosan, ijodiy safar, davralarda birga bo‘lganman, uning shaxsiy-oilaviy muhitini yaqindan bilmasdim. Taqdirning taqozosi bilan keksayganda Abdullajon oilasi bilan qarindosh bo‘lib qoldik. Mening bojam, adabiyotshunos Begali Qosimovning kenja o‘g‘li Shohrux Abdullajonning kenja qizi Ruxsoraga uylandi (Rahmatli Begali Qosimov bilan Abdulla Oripov talabalik yillaridan qadrdon do‘st edi. Ularning do‘stligi qarindoshlik maqomiga ko‘chdi). Shu tufayli oilaviy yaqinlik, o‘zaro bordi-keldilar boshlanib ketdi. Abdullajonni shaxs sifatida butunlay yangidan kashf etdim. Doimo ijod g‘ami, shavqi bilan yonib yurgan, umrining so‘nggi damlariga qadar qo‘lidan qalami tushmagan noyob iste’dod sohibi ayni paytda o‘ta oilaparvar, farzandlariga mehribon ota, jonkuyar bobo ekan. Shohruxu Ruxsoraxondan dunyoga kelgan ikki o‘g‘lonlarining kattasiga Mironshoh, kichigiga Oybek deb Abdullajonning o‘zi ism qo‘yib bergan. Bu ikki nabirasini loaqal haftada bir bor ko‘rmasa turolmasdi, yo ularni Do‘rmondagi uyiga chorlar, yoki o‘zi borib, shirinligu o‘yinchoqlar bilan siylab erkalab ketardi. Bolakaylar ham bobosini qo‘msab beto‘xtov Do‘rmon tomon talpinardi. Qarangki, Abdullajon Amerikada davolanayotgan chog‘i (vafotidan bir kun oldin) qo‘l telefoni orqali Shohruxning onasi bilan, so‘ng ikki suyukli nabirasi bilan yarim soat yayrab gurunglashgan. Nabiralari uchun olib qo‘ygan “amirkon” etikchalarni telefon ekranida namoyish etib, yaqin orada uyga borganida o‘z qo‘li bilan ularga hadya etajagini va’da qilgan…

Abdullajon bilan so‘nggi suhbat

Abdullajon qalamkash, maslakdosh safdosh¬lariga bir umr ehtirom ila munosabatda bo‘lgan. Shu yil avgust oyida “Do‘rmon” ijod uyida uyushmaning anjumani bo‘lib o‘tdi. Majlislar zaliga kiraverishda Abdullajonga duch kelib qoldim. Yo‘l-yo‘lakay gurunglashib bordik. Shunda u Erkin Vohidov haqida yaqinginada chop etilgan salmoqdor to‘plam – “To quyosh sochgayki nur. Erkin Vohidov: hayoti va ijodi zamondosh¬lari nigohida” kitobi haqida so‘z ochib, “Uni ko‘rdingizmi?” deya meni so‘roqqa tutdi. Men bu kitob bilan allaqachon tanishib chiqqanimni, u haqidagi quvonchlarimni izhor etdim, o‘z navbatida, majmuadagi ilk maqola, suhbatdoshim Abdulla Oripov qalamiga mansub “Oltin iste’dod”da shoirga berilgan beqiyos baho – “Qadrdonim va safdoshim Erkin Vohidov chinakam oltin iste’dod sohibidir. Shoirimizning ovozini boshqa biror qalamkash takrorlashi sira mumkin emas. Alloh taolo ijodkorimiz qo‘r to‘kib o‘tiradigan kursisini o‘zi bilan birga qo‘shib yaratgan. Erkin Vohidov o‘z ijodi bilan adabiyotimiz tarixida sobit turgan shaxsdir”, degan beqiyos bahosini yodga oldim. Shunda u xiyol jilmayib: “Erkin aka shunday ta’rif-bahoga arziydi-da. Afsus, shunday beqiyos siymo bugun oramizda yo‘q”, deb qo‘ydi.

Abdullajon to‘lib turgan ekan, shekilli, anjumandagi nutqining katta qismini Erkin Vohidovning yorqin xotirasiga bag‘ishladi. Bu nutq ulkan shoirning rasmiy anjumandagi so‘nggi so‘zi, bir umrlik maslakdoshi haqidagi so‘nggi dil izhori, nidosi, vidosi bo‘lib yangradi.

Shunda men bu noyob iste’dod sohibining butun umri, hayoti davomida oilasi, yaqinlari qatori ustozlari, qalamkash do‘stlariga sadoqati, ehtiromi cheksiz ekaniga yana bir karra iqror bo‘ldim.
Azizlar, yuqorida yozganlarim buyuk shoir, alloma shaxs-inson Abdullajon haqida ko‘rgan-bilganlarimdan bir-ikki shingil lavhalar, xolos. Nasib qilsa, shoir haqda xotiramda qalashib yotgan bundan-da ajabroq voqea-esdaliklarimni qog‘ozga tushiraman.

2016 yil noyabr

Manba: «Yoshlik» jurnali veb-sahifasi

006

(Tashriflar: umumiy 892, bugungi 1)

2 izoh

  1. Xalqimiz sevgan adib, Abdullajon akaning umr yuli bizlar uchun namuna maktabi bulib qoladi.
    Qiziqarli,maroqli suxbatingiz uchun katta raxmat.
    Keyingi suxbatlaringizni kutib qolamiz.

  2. Insonda qanot yoq,
    Achinmang bunga.
    Zotan unga yurak sabot berilgan.
    Quchda chi sabot yoq sh chun unga
    Qochib qolmoq uchun qanot berilgan!!!
    Mojiza bu mojiza bunaqa shoir ming yilda bir kelsa kelar ov!

Izoh qoldiring