Sherbek Boboqulov. …Oqchasi yo‘qni hayron etdi to‘y

Ashampoo_Snap_2017.03.31_18h31m43s_006_.png   Алихонтўра Соғуний: Башарти, ўзбеклар, бошқа ишларда ҳам, ҳеч бўлмаса, наҳор ошига тўпланган каби тўпланиб, бирикса борми, дунёда бу миллатдан-да қудратлироқ миллат топилмай қолади.

…ОҚЧАСИ ЙЎҚНИ ҲАЙРОН ЭТДИ ТЎЙ
Тошпўлат тажанг тилидан
Шербек Бобонор ўғли оққа кўчирган
бугуннинг ҳангомалари

006

Башарти, ўзбеклар, бошқа ишларда ҳам, ҳеч бўлмаса, наҳор ошига тўпланган
каби тўпланиб, бирикса борми, дунёда бу миллатдан-да  қудратлироқ миллат топилмай қолади.

Алихонтўра Соғуний

Саодат асри. Қуруқликнинг қоқ ўртаси. Мутлақ Муаллим суюкли қизини янада суюброқ алқади. Аммо бироз ҳад сақлади: ахир, энди у туяларга кун бермай, шўхлик қилиб юрадиган, шаддод қизалоқ эмас, балки йигирмага тўлган, расида бир ҳилқат эди. Қолаверса, унга ўзи назар солиб, сийлаган бир бандаи рисола “оғиз солиб” келди. Қиз берса, шундай шунқор, юрагида ёли бор йигитга беради-да. Лекин қизини ўзининг бир бўлаги, деб билган Мутлақ Муаллим унинг ҳам жони, ҳузур-ҳаловати, юз-хотиридан кўнглини сўраб келган эди. Одатича ошиқмай, дона-дона сўзлади, ризо ёки норизолигини сўради, жавобини кутди — сукут. Яна сўзлади, сўради, кутди — сукут. Яна… — сукут.

Хийла хавотирда аржумандининг юз-кўзларига термулди: яноқлари лоладай дув қизарган, қароқлари масрур чақнар, табассумга мойил лабларини қимтибгина бошини эгди. “Сукут — аломати ризо” фаҳмлади Мутлақ Муаллим…

1915 йил. Тошкент. Театр томошаси. Теварак тумонат одам: ким туриб, ким ўтирган, ғўнғир-ғўнғир, ҳомуза…

Саҳнада йигирма беш ёшлар миёнасидаги, униққан кийимли, рангпаргина йигит, рўпарасида ўтирмиш амакисига арзи ҳол этарди: “…Замонамизда ёмон бидъат, исрофлар тараққий топкан, унча-мунча оқчаға бу вақтда уйланмак қийин, мени оқчам бояги айтканим. Сизға хўб, хотун оламан, уйланаман десам, Файзибой мендан замонаға мувофиқ оқча олса, ул вақтда мен қарздор-абгор бўлиб қолсам, иш қандай бўлур, ҳозир авф этасиз, амаки?..”.

Бугун. Ҳа, гўзиматчи ука, холамнинг хачиридай сўлжайиб туришингга қараганда, манга бир сўроқ-истоғинг борга ўхшайди-а? Товушинг қаерингдан чиқяпти, ўзи, эшитаётган бўлсам, эшакмия еб ўлай. Берироқ келчи, аввал. Қўрқма, юқадиган песим йўқ. Ма, оби худойидан олчи. Ҳозиргина дамлагандим. Бу ҳавода ичингга иссиқ кириб турмаса, шунақа, товушинг бурнингдан тепага чиқмай қолади.

Ана, энди гапир. Лаббай? Бугуннинг тўй-ҳашами ҳақида нима дейман? Уф-ф, мана шундай чиртинг-пиртинг гаплардан тинкаларинг қуримадими-ей? Дилбузардаям (ТВ) шу гап, “шайтоновоз” (радио) даям шу гап, гўзиматлардику (газеталар) увадаси чиқиб кетди. Аммо-лекин, жони қаттиқ прўблем экан-да ўзиям.

Ҳай, мани одам санаб, лабкангни (папкангни) қўлтиқлаб кепсан, қуллуқ, ука. Гапнинг гарт¬камига кўчсам, ўзим ҳам шу шаъшаъдорлиқлардан тўлиб, кўпчиб, кимга ёриларимни билмай юргандим. Худойимдан айланай, йўллагани шудир-да.

Энди, ука, мани биласан, бир жойгинада тиниб-тинчиб, босиб ўтирадиганлар хилиданмасман. Юрт кезиб, эл оралашга суягим йўқ. Шунга, тусаган жойингдаги жир битганларнинг қилмишидан ривоят қилишим мумкин. Ҳаммаси тирноғимнинг юзида.

Кулма-ей, куфрим қўзийди! Нима, Тошпўлат тоғам катта оғизлик қилди-ёв, деб ўйладинг¬ми? Вей, санга лоф урганим учун кимса келиб, носқовоғимни тўлдирармиди? Бўпти-да. Қани, пиёлангни узат-чи…

***

…Саодат асри. Қуруқликнинг қоқ ўртаси. Мутлақ Муаллим қаршисида қизига “харидор” бўлиб келмиш хушсурат, зариф забонию ўт нигоҳлари билан иблисни-да ҳайиқтирувчи йигитга ўзгача бир меҳр, таҳайюр ила боқиб турарди:

— Маҳрга бирор нарсанг борми?
— Йўқ.

— Ҳутамийя совутинг қани?
— Ўзимда.
— Ўшани бер, бўлмаса.

Йигит совутни олиб келди. Мутлақ Муаллим уни сотишга амр этди. Йигит бозор оралади. Совутни Мутлақ Муаллимнинг садоқатли сомеъларидан бири, 480 дирҳамга сотиб олди. Ва ўша заҳотиёқ қайтиб берди — ҳадя, тўёна сифатида. Йигит бир дирҳамни-да сарфламай, бош уриб борган остонасига келтирди.

Мутлақ Муаллим уларни муборак қўллари билан олиб, бир қисмини хушовоз бир ихлосмандига берди ва атир ҳамда шу каби муаттар нарсалар сотиб олишни уқтирди. Қолганини эса бошқа бир яқинига узатаркан келинга керакли нарсаларни харид қилишни тайинлади. Сўнгра сомеъларни чақириб, уларни ўз қизини ҳалиги ёвқур йигитга 400 мисқол кумуш маҳр ила қоим суннат ва вожиб фаризат шарти билан никоҳлаб бераётганига гувоҳ қилди…

…1915 йил. Тошкент. Театр томошаси. Иккинчи парда. Саҳнада, энди тўқлик, тўкислик манзараси. Шинамгина меҳмонхона. Қуюқ-суюқ дастурхон. Бироқ ҳали таом тортилмаган. Тўрт киши ўзаро қизғин мубоҳасада. Аниқроғи биттаси — 35 ёшлардаги элликбоши, иккитаси — бўлажак келиннинг отаси (Файзибой) ва унинг ялоқхўри домла-имомга сўзини етказолмай қизишарди: “…Ундоқ исрофчи бойларни қўяберсангиз-чи, тақсир, ҳоллари ўзингизға маълум, ҳар кимдан қарздор бўлиб туруб, қўлларидаги бировнинг оқчасини тўй-томошаға исроф қилиб, пулдорни пулини топиб беролмай, синиб, мулк ашёдан ажралуб ётканларини кўрмадингизми? Уларнинг тўйини тўй деманг, охири аза-ку, тақсир!”

Тўртинчи кас — Абдураҳим (куёвнинг амакиси) эса ора-чора ғўлдираб қўярди: “…Камайтуринг. Солиҳни биласиз, ҳеч нимаси йўқ, етим, мундоқанги ошуқча оламан, деманг!”…

Бугун. …Хўш, гап бошидан узоққа улоқмай, шу шаҳри Тошкандаги аҳволдан бошласам. Шу десанг, бундаги тўйхоналар театру амсоли бўлди-қолди. Тўйларини томоша, дейсан: бошига рўймолдан бўлак ҳар нимарсани илиб ташлаб, бет-кўзини пардасиз пардозлаган, нимгўжалак келинни томоша қиласан, унинг қабатида қўнқайган берашк, белбоғсизни томоша қиласан, уйинг куйгур “оқсоқол”-у (арақ) “оби сурх” (вино) лардан отволиб, бир ҳафталик бузоқдай диконг¬лаётган ёш-ялангни томоша қиласан, яна, дамлаб қолган сигири белабондай ҳарсиллаб-лорсиллаган хотин-халажу уларнинг гирдида чала чавоқланган хўроздай питир-питир қилаётган эркак бўлмишларни… Ҳов, мусулмонмисан, йиғиштир-ей мертўқ-сертўқ қилиқларингни, дейдиган ҳайвони нотиқ бўлса, қани-да! Ўзим бир неча карра тўғри бўлдиму, жаҳрим орсизларнинг овозидан ўтиб тушолмади. Бу замоннинг калўнкалариям (калонкалари ҳам) бир бало — гапни гапга қўшмайди. Қулоғингни қарға чўқигур, пастроқ қўйиб ўйнасанг бўлмайдими? Еб-ичганинг қулоғингдан чиқиб кетаман, дейди.

Қай бир гўзиматда ўқиб эдим: одам ўтакаси 1 килўваттдан юқори товушға дарз кетар экан. Биз-чи? Ўлдим деганда, 3 килўваттлик калўнкалар гумбур-қасирида соатлаб ўтирамиз, “ўйин”га тушиб, шайтонлаймиз. Шу, юрак жониворниям жойи растонига тиқиб чиқарканмизда-а? Ишқилиб, ука, қаерда эшитсанг “ғат-ғат”, ўша ерда қўпти “қиёмат”, деявер, ҳа.
Э, булар ҳолва, ҳали нарх-наводан, тўй-томошаларнинг камида қанчага тушишидан сўз очмадим. Чойинг борми?..

* * *

…Саодат асри. Қуруқликнинг қоқ ўртаси. Тўй кечаси Мутлақ Муаллим куёв бўлмишга: “…келинга бир тўй ҳам қилиш керак”, деди. Шунда сомеълардан бири: “Менда битта қўчқор бор!”, деди. Хос шогирдлардан бир гуруҳи бироз жўхори жамлаб келди. Тўйга ҳозирлик шундай бошланди.

Дунёдаги энг саодатманд оиланинг тузилиши, энг бахтиёр, саййида аёлнинг сепи, Мутлақ Муаллим — икки олам сарвари учун севимли бўлган никоҳ тўйининг зиёфати: жуда ноқулай ва сокин, бир одам елкасига кўтарадиган даражада оз ашё билан ўтказилди…

…1915 йил. Тошкент. Иккинчи парда давомлаяпти. Ўша манзараю ўша мубоҳаса. Элликбоши астойдил тутоққан, рўпарасидаги рўдаполарнинг инсофу идрокини уйғотиш илинжида куйиб-пишарди: “…Қизинғизға шанғир-шунғир қилуб, туя мисоллик тумор таққандан нима фойда, мен буларнинг ҳаммасини биламан; беш-олти кундан сўнг сандуқда ётадур. Аларни сандуқ ҳузурини кўрадур, тийинға арзимайдурғон нарсаларга куяв бечорадин кўб оқча олуб кўчадагиларға ош, нон беруб исроф қилсангиз, яна кераги йўқ палак-халак, тумор-пуморларға пул исроф қилсангиз, куявингиз бечора қарздор бўлиб қолса, ғам-андуҳини қизингиз бирга тортадур, шариатға мувофиқ тўй қилсангиз, куявингиз беқарз бўлса, қизингиз баҳузур беғам умргузаронлик қилади…”.

Таассуфки, элликбошининг мулоҳазалари ўз-ўзича бўлиб, бой бойлигини ошириш хаёли билан банд, домла-имомнинг калласи эса олажак сарпосининг салмоғини чамалаш ўйларидан бўшамасди…

Бугун. …Хўш, десанг, гўзиматчи ука, ман шу бир кунлик даранг-дурунгнинг хомчўтини қилиб эдим. Ҳа, бу, Тошпўлат тоғамнинг бўлак иши қомапти, деб ўйлама тағин. Шусизам прўблемаларим жўжа очиб ётибди.

Мундай бўлди. Носимни отиб, кайфимни суриб, мана шу танчага оёққинани тиқиб, ўткан-кеткандан ўй суриб ётувдим. Ит эмган лайчам аккиллаб қолди. Қулоқ тутсам, ташқари эшикда бурав, ҳо, ким бор, деб жекиради. Чиқсам, бир силлиқбет ишшайиброқ турибди. Салом-алик, кир-кир, иҳи-пиҳи ва ҳоказолардан сўнг ўзини танитди. Ривоят қилишича, у наварамнинг наварасининг жиянини… Ҳов, дедим, томдан итарар хешаканмиз, чўзилмай, гапнинг ўғил боласидан кел. Қиссайи кўтоҳ, қиз чиқараётганмуш, шунга мани уруғининг энг улуғи, юрт кўрган билгич-бохабари фаҳмлаб, шу тўй саноқ-сиёсатининг тепасида турсангиз, дуогўй-у даврабоши бўлсангиз, деган илинжда қора тортиб келганмиш. Галавам айниди, вой, шу энди эслаб қолган уруғингаям.., деб бир чангитсамми дедим-ку, хумсанинг мўлтайиб туришини кўриб, паст тушдим. Бўпти, деб, қорнини бўлмасаям, кўнглини тўқлаб, жўнатдим.

Кейин-чи, десанг, нимаям қилардим. Чиқиб шаҳар кездим, тўйга тааллуқли нимаики бор, барини ҳижжалаб, истифсор этдим. Қайтгач кулбамга кўмилиб, чўтлаб чиқдим. Ўҳ-ҳў, ўламан саттор, шундан камига кўнмайди, дегандаям отнинг калласидай бир ҳисоб ҳосил бўлдиким, унча-мунча мардумни иштонсиз қолдиради. Куфримни қўзитиб, яна куласана-ей? Ундан кўра, эшит, ман хомчўтимни ўқиб берай. Айнагим қанийди… Ҳа, мана экан. Хаёлчангни йиғиштир-да, диққатчангни динг қил. Бундаги рақам этилмишларни тинглаб, “Ло ҳавла…”га тилинг тутилиб қолмаса, опчиқиб, шу итнинг ёнига боғла мани! Чойинг совиб қолмадими, тузук…

* * *

…Саодат асри. Қуруқликнинг қоқ ўртаси. Мутлақ Муаллим қизини зиёрат этгани келди. Дилбанди алланечук хомуш эди. Куёви кўринмасди. Мутлақ Муаллим вазмин туриб сўради: “…Амакингнинг ўғли кўринмайди?”. Қизининг гап-сўзидан аён бўлдики, дока рўмол қуримайроқ турибди. Аразлаб, чиқиб кетган куёви, бир неча кундирки, масжидда ётиб юрибди.

Мутлақ Муаллим ўрнидан қўзғалди, тўғри ўша масжидга борди. Кириб қарасаки, куёви ухлаб ётар, у ёқдан бу ёққа ағнайвериб, эгни-боши тупроққа қоришганди. Мутлақ Муаллим энгашиб, унинг кийимларини қоқди. Илашган хас-чўпларни муборак қўллари ила олиб ташлади. Ёвқур йигит савқи таъбий-ла безовталанди. Шунда Мутлақ Муаллим сокин, аммо сезиларли сасда: “Тур, эй, Абу Туроб!”, деди…

Шу-шу, унинг куняси (лақаби) Абу Туроб (яъни “тупроққа беланган банда”) бўлиб қолди. Ҳар гал унга шундай — Абу Туроб, дея мурожаатлашганда, у ўзгача бир завқ туйиб, ҳузурланарди…

…1915 йил. Тошкент. Театр томошаси. Учинчи парда. Мискинлик манзараси: …Сўлдан кирадурғон эшик ёнида дарича, саҳна остиға оқ, эски намат солинган, тўрда узун, эски кўрпача солуғлуқ, токчаларда пиёла, эски чойнак, қора қумғон ва бошқалар…

Куёв бўлмиш йигит, йиғламоқдан бери бир алфозда томошачиларга қараб турарди. Ҳозиргина кетган амакиси, кечаги совчиликдан орттириб келган “олуғ-солуқ”ларни айтиб, шўрликни шол қилаёзганди. Яна инсоф қилишганмиш. 500 сўм пул, 4 ботмон ғалла ва яна алламбало “майда-чуйдалар” инсоф бўлса… Ўзику, бой қўлида тўрт йил мардикор ишлаб, 300 сўмча тишининг ковагида жамғарганди. Амакиси ишни “пишитиб” келганмиш — қанча қарз сўрасаям бериб тура оладиган “сахий” бир судхўр билан гаплашибди. Ҳозир бошлаб келармиш, қанча ижара оламан десаям, хўб деб, кўнавериш керакмиш…

Синиқ товушда сўзга лафз очди: “…Менга хотун олмоқ бир балойи азим бўлди. Олмайин десам, амакимнинг аччиғи бояги, оламан десам, бир талай қарздор бўлиб қолсам… Раҳматли дадамдан эшитар эдимки, онангни дадаси менга бир тийин чиқимсиз қизини никоҳлаб берган эди деб. Яна бобом раҳматли мадрасага мударрис эдилар, ул киши шариатға мувофиқ иш қилганларми ёки номувофиқ? Албатта мувофиқ бўлса керак. Чунки бобом Туркистонда биринчи уламолардан эдилар. Энди бу замонда олуқ-солуқ, ғалла, яна нима балолар чиқиб кетди. Хотун олган йигит қарздор бўлмасдан уйлана олмайдур. Қанчалари ер-жойларидан ажрамоқдалар. Мана, мен ҳам ўшаларнинг жумласидан бўладурғанға ўхшайман. Эй, Оллоҳ, бу бидъатларни ўзингдан бошқа чорасини тополмайди, ўзинг осон қил!”…

Бугун. …Бул Тошкандда ўтказилмиш тўйнинг асос харжи лўттибозликларға совриларкан, пирингни арвойи. Айтишка тилим келишса, одаммасман. Ҳай, безагу латта-путтасини тушунгандайман, лекин манов… тўй қиртиши (тўй кортежи) нима бўлди? Пўтасурат (фотосурат) етмайдигандек, дийдиё лабҳаси (видеолавҳа) ҳам боракан. Уни-буни қўй, тўй плуристиқасини (тўй флористикаси – гуллар билан безатиш) тушунгунимча, алҳамим олти бўлди. Хўб, шу шоп-шалоплар билан битадими, десам, чучварани хом тугул, хамири ёйилмай туриб санамоқчи бўлган эканман. Тўй базми жамшиди, бадиий қисми, дейишадими-ей. Тўй тўрти (торти) дейдими-ей. Камига калламни бешбаттар ачитиб, алламбало каптару капалаклар, пуфагу пўнуслар тўй кечаси учириладиган осмон фонуслари), лахча томошаси (лазер шоу), шўмпан фаввўраси (шампан виносининг фаввораси), ишкалад фўнтани (шоколад фонтани)… Эҳ-ҳе, бари қуввамда қолғунча, отим эсдан чиқиб кетай деди. Буларинг нима десам, махсус ғаройиб хизматлар, дейди жилпанглаб биттаси. Вой, шу ғар хизматларингни устида ухлай, дедим, ман бир бесавод, ялпи одам бўлсам, тўрт-пўртингни очиқ мозордан тушунаманми? “Шап-шап”ламай, шаптоли де-да, нархидан кел, нархидан, дедим.

Аммо-лекин, хумсаларнинг каллакулоётирига (калкуляторига) қойил, отган носим калламга тепмай туриб, “шароқ-шуруқ” ҳисоблаб, просентга (фоизга) чақиб ҳам ташлашди. Қараб, қут-путим ўчиб кетди: тўй сарфининг 50 просентдан ортуғи зиёфатға, 15 протсентдан ошиқроғи кўнгул¬очарға (базмнинг кўнгилочар дастурига), 10 протсенти базмгоҳни лўлининг уйидай қилишга (безашга) кетаркан. Қолган-қутган кисса юқлари эса кийим-солиму (тўй либослари) пардоз-андоз шарофати билан соб бўларкан. Тўйдан аввалги ва кейинги “фотиҳа тўй”, “наҳорги ош”, “келин салом”, “чарлар”, “беточар”, “сепёяр” сингари ғиш-ғишаларнинг сарфи юқоридағи чўтловдан четда эмиш яна.

Таллонлигим тутиб, ўзимға сиғмай қайтарканман, йўл устидаги тўйхонаю рестўранларға бирров бош суқиб ўтдим. Баччаталоқларнинг айтган нархидан кайфинг учиб, ичинг шувиллайди. Мана, ёзиб-чизиб қўйғанман. Хў-ўб… “Versal” отлиғ ваҳмалиғида одам бошиға истандарт 140 минг сўмдан бўлса, “Farovon” дейилмишида 100 минг сўмдан экан. “Olmazor” номлисида эса 60 минг сўмдан 94 минг сўмғача экан. Ҳм… ҳа, манов “Sulola” аталмиши, энг ўзимизбоп, баинсоф туюлди: киши бошиға 24 минг сўмдан…

Ҳа, молингни сот, қўйингни сот, тўйхона қур, рестўран оч эканда. Лаббай? Уям эплаганники-да, де? Шу гапинга, ке, чойнагимни сириқтириб, қуйиб берай…

* * *

…1915 йил. Тошкент. Театр томошаси. Охирги парда. Сўнгги кўриниш. Томошачилар таҳликада. Нафаси ичга тушиб кетган — бу тахлит якун кутишмаган кўринади. Саҳнада: йиғлаб-сиқтаётган бой (келиннинг отаси), ташвишли қиёфадаги судхўр, бир чеккада қаққайган домла-имом, пристуф (пристав), элликбоши… Хуллас, ҳамма қатнашчилар қойим бўлган.

Жонҳалак элликбоши бойга, йўқ, бой воситаси ила бутун бир миллатига монолог ўқирди, балки:

“…Шариати мустафоға бўйсунинглар, энди кўзларингизни очинглар. Бидъат тўйға исроф бўладурған оқчаға ўғлингизларни ўқутинглар, ёки жамияти хайрияға иона қилинглар. Ўғул ўқутмак яхши ҳам фарздир, тўйға исроф қилмоқ бидъатдур. Яна қиз эрға бермоқни оғурлаштирганингизни бир катта зиёни шулки, баъзи йигитларимиз 30-40 ёшгача уйланмай юрарлар. Сабаби эса хотин олмоқ оғирлашгани… Бул оқчани тополмай, ноилож бўлиб… қандай номаъқулчиликлар қилиб, номимизни ёмонликға чиқаруб, бутун ислом оламини булғатадурлар…”

Монолог муз қотган шуурларда акс-садо бериб, қалбларга қасирға соларди. Саҳна ўртасида икки жасад ётар, иккови-да жаҳолатдан жувонмарг кетганди. Устига жойнамоз ташлаб қўйилгани — Раҳима (бечора келинчак) бўлса, унинг ёнида, мук тушиб, жон таслим қилгани эса Солиҳ — бахтсиз куёв эди.

Бугун. …Гўзиматчи ука, сан билишинг керак, шу юртда нечта етим-есир, ақли ноқису бандаи бақусурнинг бошини силайдиган жой бор экан-а? Шуларнинг барида қанча меҳр тусаб, мўлтайган бор экан, ҳазор-ҳазордир? Манга ўхшаш қўли қисқа, вовайлоси узун мискину муҳтожнинг адади-чи? Нега ўсмоқчилаб қолдим? Кушод-нокушод, яқинда одамлар бир ажаб тўй кўрибдиким, ҳануз ҳушлариға келолмай, ана одамлиғ, мана мусулмонлиғ деб, дийдиё қилишмакда. Интернатда (интернетда) болалаган гап-гаштакка кўра, нав бир жуфтлиғ рестўранда шаъшаъдор тўй ўтказиш ўрниға шаҳардаги меҳрибонлик уйларидан бирида етимбаччалар учун дастурхон ёзибдур. Пирингни арвойилар, Ҳотами тойдан тарқаганов? Йўқса, ўзинг айт, ана шулар ҳам туфлаб туккан оқчасидан беш-ўн миллион тўйхонаға, беш-ўн миллион маишатға, яна шунчалар кийим-солиму бало-баттарға узатиб, овоздан Худо қисқан отарчиларнинг фанои ғарғарасиға (фонограммасига) шайтонласа бўлмасмиди? Саки бедум сиёқда қилпанглаётган ўюнчи теграсида, чарвини кўриб қол¬ған мовмушукдай ўралашуб, шаталоқ отғанда бўлмасмиди шулар ҳам? “Чўбин от”иға (тобутга) ўхшаш милузунларда (лимузинларда) кўча тўлдируб, аюҳаннос солиб, тўй ўтмиш жойғача жекириб келганда бўлмасмиди ё?.. Саттор, ўйлаб, тегига етолган бўлсам. Сан-чи, гўзиматчи ука, шуни бир суриштир, ғайримумкин нарсаларни валдираған бўлсам, пирингга сол.

Айтганча, боз бир нимани суриштир: она сутини, ҳар биттамиз эмиб, этга тўлған она сутини сотса бўладими? Бўлса, неча пулдан? Нимасига қараб?..

Ҳа, илонни кўриб қолмиш бақадай бақрайиб қолдинг? Бир сўтакнинг гапидан кеп чиқди бу саволим.

Тунов куни, де, тромбойда (трамвайда) бир йигит бўлмиш билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Ўзиям қулоқ бўйниға осмаған шу чойнакнинг қопқоғию манинг носқовоғим қопти. Қўлидаги шапалоғдай айнакдан чиқаётган муждикаға “хиром” этуб, бош лиқиллатиб борарди. Бетоқат бўлиб, гапга солдим. Маълумоти олиймуш — каттакон бир дорилфунунми, дорилжунундами ўқуғанмиш. Дипломини димлама қилиб емоқчими, нима бало, ўқуған илми бўйича ишламаётганмиш. Қай битта фирқадами, фирмадами, алламбало амалда эмиш.

Ҳай, дедим, сўхт-сумбатингдан ўттузни уриб қўйғандексан, бу юрмак-турмак билан хотунни, бола-бақрани қандай уҳда қиляпсан десам, тусингни ел олгур, ҳали уйланмаганман, дейди. Куфрим қўзиди. Вей, ўруснинг мулласимисан, дедим, ҳа бу сан тенгилар, аллазамон уйлануб, уч-тўртта чурвақани чувиллатиб қўйибди. Кинна кирган бўлса, айт, дами ўткир домла-имомларни биламан, деб турсам, хумсанинг жавобини кўр: “Йў-ў(қ), проблема соғлиқдамас, соққада — “она сути”га йиғвопман-де. Чут-чут етмавотти, атак”.

Вой, шу чут-путлаган тилчанг¬га терсак чиқсин-да сани. Нима деганинг у, дея астаҳидил қизиқсам, тушунтирган бўлди: “Кароччи, келин боланинг онасини — қайнанашкамни берган сутига рози қилиш учун-де. Минг кўки сўрашвотти…”

Ўбба, баччаталоғей, мингта амакиси гардан тутиб турған эканда десам, “кўки” Амриқо дўллари экан. Галавам айнигандан айниди. Хотун бўлмушинг, нима, галлўнд сигирини эмиб улғайибдурми, вой, шу васиқаси йўқ урф-одатларингни йиғиштириб липпамга урай, гўстоҳлик ҳам эви биланда, турей, айбаки, дея-дея тромбойдан тушиб қолдим.

Қиссаи кўтоҳ, ҳамма бало ўзимиздага ўхшаяпти, ука. Маросимларни мусобақаға айлантируб, ўзаро думба уриштиришга тушиб кетганмиз. Наинки тўйлар, балки таъзияларимиз ҳам мусобақаға дўнди, астоғфуруллоҳ: ким кўп ўкириб-жекириш, қўй сўйиб, ош дамлаш, ўлик қўйилган қабр устиға тошбитик қаққайтируш… амсолидаги мусобақа бўп кетди азалар. Замонасининг зайлиданми бу, мардумининг майлидан…

Қўй, ука, сўзлайберсам куфрим, тинглайберсанг заҳринг ошғани қолади. Манга шунча диққат қилдинг, санга Эгам диққат қилуб, додингга етсин, Аллоҳу акбар!

Бугуннинг ҳангомаларини Тошпўлат тажанг тилидан
Шербек Бобонор ўғли оққа кўчирди.

Rustam-Bazarov-_-Gap-meeting-friends-_-2005.jpg…OQCHASI YO‘QNI HAYRON ETDI TO‘Y
Toshpo‘lat tajang tilidan
Sherbek Bobonor o‘g‘li oqqa ko‘chirgan
bugunning hangomalari

006

      Basharti, o‘zbeklar, boshqa ishlarda ham, hech bo‘lmasa, nahor oshiga to‘plangan kabi to‘planib, biriksa bormi,
dunyoda bu millatdan-da qudratliroq millat topilmay qoladi.

Alixonto‘ra Sog‘uniy

Saodat asri. Quruqlikning qoq o‘rtasi. Mutlaq Muallim suyukli qizini yanada suyubroq alqadi. Ammo biroz had saqladi: axir, endi u tuyalarga kun bermay, sho‘xlik qilib yuradigan, shaddod qizaloq emas, balki yigirmaga to‘lgan, rasida bir hilqat edi. Qolaversa, unga o‘zi nazar solib, siylagan bir bandai risola “og‘iz solib” keldi. Qiz bersa, shunday shunqor, yuragida yoli bor yigitga beradi-da. Lekin qizini o‘zining bir bo‘lagi, deb bilgan Mutlaq Muallim uning ham joni, huzur-halovati, yuz-xotiridan ko‘nglini so‘rab kelgan edi. Odaticha oshiqmay, dona-dona so‘zladi, rizo yoki norizoligini so‘radi, javobini kutdi — sukut. Yana so‘zladi, so‘radi, kutdi — sukut. Yana… — sukut.

Xiyla xavotirda arjumandining yuz-ko‘zlariga termuldi: yanoqlari loladay duv qizargan, qaroqlari masrur chaqnar, tabassumga moyil lablarini qimtibgina boshini egdi. “Sukut — alomati rizo” fahmladi Mutlaq Muallim…

1915 yil. Toshkent. Teatr tomoshasi. Tevarak tumonat odam: kim turib, kim o‘tirgan, g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir, homuza…

Sahnada yigirma besh yoshlar miyonasidagi, uniqqan kiyimli, rangpargina yigit, ro‘parasida o‘tirmish amakisiga arzi hol etardi: “…Zamonamizda yomon bid’at, isroflar taraqqiy topkan, uncha-muncha oqchag‘a bu vaqtda uylanmak qiyin, meni oqcham boyagi aytkanim. Sizg‘a xo‘b, xotun olaman, uylanaman desam, Fayziboy mendan zamonag‘a muvofiq oqcha olsa, ul vaqtda men qarzdor-abgor bo‘lib qolsam, ish qanday bo‘lur, hozir avf etasiz, amaki?..”.

Bugun. Ha, go‘zimatchi uka, xolamning xachiriday so‘ljayib turishingga qaraganda, manga bir so‘roq-istog‘ing borga o‘xshaydi-a? Tovushing qayeringdan chiqyapti, o‘zi, eshitayotgan bo‘lsam, eshakmiya yeb o‘lay. Beriroq kelchi, avval. Qo‘rqma, yuqadigan pesim yo‘q. Ma, obi xudoyidan olchi. Hozirgina damlagandim. Bu havoda ichingga issiq kirib turmasa, shunaqa, tovushing burningdan tepaga chiqmay qoladi.

Ana, endi gapir. Labbay? Bugunning to‘y-hashami haqida nima deyman? Uf-f, mana shunday chirting-pirting gaplardan tinkalaring qurimadimi-yey? Dilbuzardayam (TV) shu gap, “shaytonovoz” (radio) dayam shu gap, go‘zimatlardiku (gazetalar) uvadasi chiqib ketdi. Ammo-lekin, joni qattiq pro‘blem ekan-da o‘ziyam.

Hay, mani odam sanab, labkangni (papkangni) qo‘ltiqlab kepsan, qulluq, uka. Gapning gart¬kamiga ko‘chsam, o‘zim ham shu sha’sha’dorliqlardan to‘lib, ko‘pchib, kimga yorilarimni bilmay yurgandim. Xudoyimdan aylanay, yo‘llagani shudir-da.

Endi, uka, mani bilasan, bir joyginada tinib-tinchib, bosib o‘tiradiganlar xilidanmasman. Yurt kezib, el oralashga suyagim yo‘q. Shunga, tusagan joyingdagi jir bitganlarning qilmishidan rivoyat qilishim mumkin. Hammasi tirnog‘imning yuzida.

Kulma-yey, kufrim qo‘ziydi! Nima, Toshpo‘lat tog‘am katta og‘izlik qildi-yov, deb o‘ylading¬mi? Vey, sanga lof urganim uchun kimsa kelib, nosqovog‘imni to‘ldirarmidi? Bo‘pti-da. Qani, piyolangni uzat-chi…

***

…Saodat asri. Quruqlikning qoq o‘rtasi. Mutlaq Muallim qarshisida qiziga “xaridor” bo‘lib kelmish xushsurat, zarif zaboniyu o‘t nigohlari bilan iblisni-da hayiqtiruvchi yigitga o‘zgacha bir mehr, tahayyur ila boqib turardi:

— Mahrga biror narsang bormi?
— Yo‘q.

— Hutamiyya sovuting qani?
— O‘zimda.
— O‘shani ber, bo‘lmasa.

Yigit sovutni olib keldi. Mutlaq Muallim uni sotishga amr etdi. Yigit bozor oraladi. Sovutni Mutlaq Muallimning sadoqatli some’laridan biri, 480 dirhamga sotib oldi. Va o‘sha zahotiyoq qaytib berdi — hadya, to‘yona sifatida. Yigit bir dirhamni-da sarflamay, bosh urib borgan ostonasiga keltirdi.

Mutlaq Muallim ularni muborak qo‘llari bilan olib, bir qismini xushovoz bir ixlosmandiga berdi va atir hamda shu kabi muattar narsalar sotib olishni uqtirdi. Qolganini esa boshqa bir yaqiniga uzatarkan kelinga kerakli narsalarni xarid qilishni tayinladi. So‘ngra some’larni chaqirib, ularni o‘z qizini haligi yovqur yigitga 400 misqol kumush mahr ila qoim sunnat va vojib farizat sharti bilan nikohlab berayotganiga guvoh qildi…

…1915 yil. Toshkent. Teatr tomoshasi. Ikkinchi parda. Sahnada, endi to‘qlik, to‘kislik manzarasi. Shinamgina mehmonxona. Quyuq-suyuq dasturxon. Biroq hali taom tortilmagan. To‘rt kishi o‘zaro qizg‘in mubohasada. Aniqrog‘i bittasi — 35 yoshlardagi ellikboshi, ikkitasi — bo‘lajak kelinning otasi (Fayziboy) va uning yaloqxo‘ri domla-imomga so‘zini yetkazolmay qizishardi: “…Undoq isrofchi boylarni qo‘yabersangiz-chi, taqsir, hollari o‘zingizg‘a ma’lum, har kimdan qarzdor bo‘lib turub, qo‘llaridagi birovning oqchasini to‘y-tomoshag‘a isrof qilib, puldorni pulini topib berolmay, sinib, mulk ashyodan ajralub yotkanlarini ko‘rmadingizmi? Ularning to‘yini to‘y demang, oxiri aza-ku, taqsir!”

To‘rtinchi kas — Abdurahim (kuyovning amakisi) esa ora-chora g‘o‘ldirab qo‘yardi: “…Kamayturing. Solihni bilasiz, hech nimasi yo‘q, yetim, mundoqangi oshuqcha olaman, demang!”…

Bugun. …Xo‘sh, gap boshidan uzoqqa uloqmay, shu shahri Toshkandagi ahvoldan boshlasam. Shu desang, bundagi to‘yxonalar teatru amsoli bo‘ldi-qoldi. To‘ylarini tomosha, deysan: boshiga ro‘ymoldan bo‘lak har nimarsani ilib tashlab, bet-ko‘zini pardasiz pardozlagan, nimgo‘jalak kelinni tomosha qilasan, uning qabatida qo‘nqaygan berashk, belbog‘sizni tomosha qilasan, uying kuygur “oqsoqol”-u (araq) “obi surx” (vino) lardan otvolib, bir haftalik buzoqday dikong¬layotgan yosh-yalangni tomosha qilasan, yana, damlab qolgan sigiri belabonday harsillab-lorsillagan xotin-xalaju ularning girdida chala chavoqlangan xo‘rozday pitir-pitir qilayotgan erkak bo‘lmishlarni… Hov, musulmonmisan, yig‘ishtir-yey merto‘q-serto‘q qiliqlaringni, deydigan hayvoni notiq bo‘lsa, qani-da! O‘zim bir necha karra to‘g‘ri bo‘ldimu, jahrim orsizlarning ovozidan o‘tib tusholmadi. Bu zamonning kalo‘nkalariyam (kalonkalari ham) bir balo — gapni gapga qo‘shmaydi. Qulog‘ingni qarg‘a cho‘qigur, pastroq qo‘yib o‘ynasang bo‘lmaydimi? Yeb-ichganing qulog‘ingdan chiqib ketaman, deydi.

Qay bir go‘zimatda o‘qib edim: odam o‘takasi 1 kilo‘vattdan yuqori tovushg‘a darz ketar ekan. Biz-chi? O‘ldim deganda, 3 kilo‘vattlik kalo‘nkalar gumbur-qasirida soatlab o‘tiramiz, “o‘yin”ga tushib, shaytonlaymiz. Shu, yurak jonivorniyam joyi rastoniga tiqib chiqarkanmizda-a? Ishqilib, uka, qayerda eshitsang “g‘at-g‘at”, o‘sha yerda qo‘pti “qiyomat”, deyaver, ha.
E, bular holva, hali narx-navodan, to‘y-tomoshalarning kamida qanchaga tushishidan so‘z ochmadim. Choying bormi?..

* * *

…Saodat asri. Quruqlikning qoq o‘rtasi. To‘y kechasi Mutlaq Muallim kuyov bo‘lmishga: “…kelinga bir to‘y ham qilish kerak”, dedi. Shunda some’lardan biri: “Menda bitta qo‘chqor bor!”, dedi. Xos shogirdlardan bir guruhi biroz jo‘xori jamlab keldi. To‘yga hozirlik shunday boshlandi.

Dunyodagi eng saodatmand oilaning tuzilishi, eng baxtiyor, sayyida ayolning sepi, Mutlaq Muallim — ikki olam sarvari uchun sevimli bo‘lgan nikoh to‘yining ziyofati: juda noqulay va sokin, bir odam yelkasiga ko‘taradigan darajada oz ashyo bilan o‘tkazildi…

…1915 yil. Toshkent. Ikkinchi parda davomlayapti. O‘sha manzarayu o‘sha mubohasa. Ellikboshi astoydil tutoqqan, ro‘parasidagi ro‘dapolarning insofu idrokini uyg‘otish ilinjida kuyib-pishardi: “…Qizing‘izg‘a shang‘ir-shung‘ir qilub, tuya misollik tumor taqqandan nima foyda, men bularning hammasini bilaman; besh-olti kundan so‘ng sanduqda yotadur. Alarni sanduq huzurini ko‘radur, tiying‘a arzimaydurg‘on narsalarga kuyav bechoradin ko‘b oqcha olub ko‘chadagilarg‘a osh, non berub isrof qilsangiz, yana keragi yo‘q palak-xalak, tumor-pumorlarg‘a pul isrof qilsangiz, kuyavingiz bechora qarzdor bo‘lib qolsa, g‘am-anduhini qizingiz birga tortadur, shariatg‘a muvofiq to‘y qilsangiz, kuyavingiz beqarz bo‘lsa, qizingiz bahuzur beg‘am umrguzaronlik qiladi…”.

Taassufki, ellikboshining mulohazalari o‘z-o‘zicha bo‘lib, boy boyligini oshirish xayoli bilan band, domla-imomning kallasi esa olajak sarposining salmog‘ini chamalash o‘ylaridan bo‘shamasdi…

Bugun. …Xo‘sh, desang, go‘zimatchi uka, man shu bir kunlik darang-durungning xomcho‘tini qilib edim. Ha, bu, Toshpo‘lat tog‘amning bo‘lak ishi qomapti, deb o‘ylama tag‘in. Shusizam pro‘blemalarim jo‘ja ochib yotibdi.

Munday bo‘ldi. Nosimni otib, kayfimni surib, mana shu tanchaga oyoqqinani tiqib, o‘tkan-ketkandan o‘y surib yotuvdim. It emgan laycham akkillab qoldi. Quloq tutsam, tashqari eshikda burav, ho, kim bor, deb jekiradi. Chiqsam, bir silliqbet ishshayibroq turibdi. Salom-alik, kir-kir, ihi-pihi va hokazolardan so‘ng o‘zini tanitdi. Rivoyat qilishicha, u navaramning navarasining jiyanini… Hov, dedim, tomdan itarar xeshakanmiz, cho‘zilmay, gapning o‘g‘il bolasidan kel. Qissayi ko‘toh, qiz chiqarayotganmush, shunga mani urug‘ining eng ulug‘i, yurt ko‘rgan bilgich-boxabari fahmlab, shu to‘y sanoq-siyosatining tepasida tursangiz, duogo‘y-u davraboshi bo‘lsangiz, degan ilinjda qora tortib kelganmish. Galavam aynidi, voy, shu endi eslab qolgan urug‘ingayam.., deb bir changitsammi dedim-ku, xumsaning mo‘ltayib turishini ko‘rib, past tushdim. Bo‘pti, deb, qornini bo‘lmasayam, ko‘nglini to‘qlab, jo‘natdim.

Keyin-chi, desang, nimayam qilardim. Chiqib shahar kezdim, to‘yga taalluqli nimaiki bor, barini hijjalab, istifsor etdim. Qaytgach kulbamga ko‘milib, cho‘tlab chiqdim. O‘h-ho‘, o‘laman sattor, shundan kamiga ko‘nmaydi, degandayam otning kallasiday bir hisob hosil bo‘ldikim, uncha-muncha mardumni ishtonsiz qoldiradi. Kufrimni qo‘zitib, yana kulasana-yey? Undan ko‘ra, eshit, man xomcho‘timni o‘qib beray. Aynagim qaniydi… Ha, mana ekan. Xayolchangni yig‘ishtir-da, diqqatchangni ding qil. Bundagi raqam etilmishlarni tinglab, “Lo havla…”ga tiling tutilib qolmasa, opchiqib, shu itning yoniga bog‘la mani! Choying sovib qolmadimi, tuzuk…

* * *

…Saodat asri. Quruqlikning qoq o‘rtasi. Mutlaq Muallim qizini ziyorat etgani keldi. Dilbandi allanechuk xomush edi. Kuyovi ko‘rinmasdi. Mutlaq Muallim vazmin turib so‘radi: “…Amakingning o‘g‘li ko‘rinmaydi?”. Qizining gap-so‘zidan ayon bo‘ldiki, doka ro‘mol qurimayroq turibdi. Arazlab, chiqib ketgan kuyovi, bir necha kundirki, masjidda yotib yuribdi.

Mutlaq Muallim o‘rnidan qo‘zg‘aldi, to‘g‘ri o‘sha masjidga bordi. Kirib qarasaki, kuyovi uxlab yotar, u yoqdan bu yoqqa ag‘nayverib, egni-boshi tuproqqa qorishgandi. Mutlaq Muallim engashib, uning kiyimlarini qoqdi. Ilashgan xas-cho‘plarni muborak qo‘llari ila olib tashladi. Yovqur yigit savqi ta’biy-la bezovtalandi. Shunda Mutlaq Muallim sokin, ammo sezilarli sasda: “Tur, ey, Abu Turob!”, dedi…

Shu-shu, uning kunyasi (laqabi) Abu Turob (ya’ni “tuproqqa belangan banda”) bo‘lib qoldi. Har gal unga shunday — Abu Turob, deya murojaatlashganda, u o‘zgacha bir zavq tuyib, huzurlanardi…

…1915 yil. Toshkent. Teatr tomoshasi. Uchinchi parda. Miskinlik manzarasi: …So‘ldan kiradurg‘on eshik yonida daricha, sahna ostig‘a oq, eski namat solingan, to‘rda uzun, eski ko‘rpacha solug‘luq, tokchalarda piyola, eski choynak, qora qumg‘on va boshqalar…

Kuyov bo‘lmish yigit, yig‘lamoqdan beri bir alfozda tomoshachilarga qarab turardi. Hozirgina ketgan amakisi, kechagi sovchilikdan orttirib kelgan “olug‘-soluq”larni aytib, sho‘rlikni shol qilayozgandi. Yana insof qilishganmish. 500 so‘m pul, 4 botmon g‘alla va yana allambalo “mayda-chuydalar” insof bo‘lsa… O‘ziku, boy qo‘lida to‘rt yil mardikor ishlab, 300 so‘mcha tishining kovagida jamg‘argandi. Amakisi ishni “pishitib” kelganmish — qancha qarz so‘rasayam berib tura oladigan “saxiy” bir sudxo‘r bilan gaplashibdi. Hozir boshlab kelarmish, qancha ijara olaman desayam, xo‘b deb, ko‘naverish kerakmish…

Siniq tovushda so‘zga lafz ochdi: “…Menga xotun olmoq bir baloyi azim bo‘ldi. Olmayin desam, amakimning achchig‘i boyagi, olaman desam, bir talay qarzdor bo‘lib qolsam… Rahmatli dadamdan eshitar edimki, onangni dadasi menga bir tiyin chiqimsiz qizini nikohlab bergan edi deb. Yana bobom rahmatli madrasaga mudarris edilar, ul kishi shariatg‘a muvofiq ish qilganlarmi yoki nomuvofiq? Albatta muvofiq bo‘lsa kerak. Chunki bobom Turkistonda birinchi ulamolardan edilar. Endi bu zamonda oluq-soluq, g‘alla, yana nima balolar chiqib ketdi. Xotun olgan yigit qarzdor bo‘lmasdan uylana olmaydur. Qanchalari yer-joylaridan ajramoqdalar. Mana, men ham o‘shalarning jumlasidan bo‘ladurg‘ang‘a o‘xshayman. Ey, Olloh, bu bid’atlarni o‘zingdan boshqa chorasini topolmaydi, o‘zing oson qil!”…

Bugun. …Bul Toshkandda o‘tkazilmish to‘yning asos xarji lo‘ttibozliklarg‘a sovrilarkan, piringni arvoyi. Aytishka tilim kelishsa, odammasman. Hay, bezagu latta-puttasini tushungandayman, lekin manov… to‘y qirtishi (to‘y korteji) nima bo‘ldi? Po‘tasurat (fotosurat) yetmaydigandek, diydiyo labhasi (videolavha) ham borakan. Uni-buni qo‘y, to‘y pluristiqasini (to‘y floristikasi – gullar bilan bezatish) tushungunimcha, alhamim olti bo‘ldi. Xo‘b, shu shop-shaloplar bilan bitadimi, desam, chuchvarani xom tugul, xamiri yoyilmay turib sanamoqchi bo‘lgan ekanman. To‘y bazmi jamshidi, badiiy qismi, deyishadimi-yey. To‘y to‘rti (torti) deydimi-yey. Kamiga kallamni beshbattar achitib, allambalo kaptaru kapalaklar, pufagu po‘nuslar to‘y kechasi uchiriladigan osmon fonuslari), laxcha tomoshasi (lazer shou), sho‘mpan favvo‘rasi (shampan vinosining favvorasi), ishkalad fo‘ntani (shokolad fontani)… Eh-he, bari quvvamda qolg‘uncha, otim esdan chiqib ketay dedi. Bularing nima desam, maxsus g‘aroyib xizmatlar, deydi jilpanglab bittasi. Voy, shu g‘ar xizmatlaringni ustida uxlay, dedim, man bir besavod, yalpi odam bo‘lsam, to‘rt-po‘rtingni ochiq mozordan tushunamanmi? “Shap-shap”lamay, shaptoli de-da, narxidan kel, narxidan, dedim.

Ammo-lekin, xumsalarning kallakuloyotiriga (kalkulyatoriga) qoyil, otgan nosim kallamga tepmay turib, “sharoq-shuruq” hisoblab, prosentga (foizga) chaqib ham tashlashdi. Qarab, qut-putim o‘chib ketdi: to‘y sarfining 50 prosentdan ortug‘i ziyofatg‘a, 15 protsentdan oshiqrog‘i ko‘ngul¬ocharg‘a (bazmning ko‘ngilochar dasturiga), 10 protsenti bazmgohni lo‘lining uyiday qilishga (bezashga) ketarkan. Qolgan-qutgan kissa yuqlari esa kiyim-solimu (to‘y liboslari) pardoz-andoz sharofati bilan sob bo‘larkan. To‘ydan avvalgi va keyingi “fotiha to‘y”, “nahorgi osh”, “kelin salom”, “charlar”, “betochar”, “sepyoyar” singari g‘ish-g‘ishalarning sarfi yuqoridag‘i cho‘tlovdan chetda emish yana.

Tallonligim tutib, o‘zimg‘a sig‘may qaytarkanman, yo‘l ustidagi to‘yxonayu resto‘ranlarg‘a birrov bosh suqib o‘tdim. Bachchataloqlarning aytgan narxidan kayfing uchib, iching shuvillaydi. Mana, yozib-chizib qo‘yg‘anman. Xo‘-o‘b… “Versal” otlig‘ vahmalig‘ida odam boshig‘a istandart 140 ming so‘mdan bo‘lsa, “Farovon” deyilmishida 100 ming so‘mdan ekan. “Olmazor” nomlisida esa 60 ming so‘mdan 94 ming so‘mg‘acha ekan. Hm… ha, manov “Sulola” atalmishi, eng o‘zimizbop, bainsof tuyuldi: kishi boshig‘a 24 ming so‘mdan…

Ha, molingni sot, qo‘yingni sot, to‘yxona qur, resto‘ran och ekanda. Labbay? Uyam eplaganniki-da, de? Shu gapinga, ke, choynagimni siriqtirib, quyib beray…

* * *

…1915 yil. Toshkent. Teatr tomoshasi. Oxirgi parda. So‘nggi ko‘rinish. Tomoshachilar tahlikada. Nafasi ichga tushib ketgan — bu taxlit yakun kutishmagan ko‘rinadi. Sahnada: yig‘lab-siqtayotgan boy (kelinning otasi), tashvishli qiyofadagi sudxo‘r, bir chekkada qaqqaygan domla-imom, pristuf (pristav), ellikboshi… Xullas, hamma qatnashchilar qoyim bo‘lgan.

Jonhalak ellikboshi boyga, yo‘q, boy vositasi ila butun bir millatiga monolog o‘qirdi, balki:

“…Shariati mustafog‘a bo‘ysuninglar, endi ko‘zlaringizni ochinglar. Bid’at to‘yg‘a isrof bo‘ladurg‘an oqchag‘a o‘g‘lingizlarni o‘qutinglar, yoki jamiyati xayriyag‘a iona qilinglar. O‘g‘ul o‘qutmak yaxshi ham farzdir, to‘yg‘a isrof qilmoq bid’atdur. Yana qiz erg‘a bermoqni og‘urlashtirganingizni bir katta ziyoni shulki, ba’zi yigitlarimiz 30-40 yoshgacha uylanmay yurarlar. Sababi esa xotin olmoq og‘irlashgani… Bul oqchani topolmay, noiloj bo‘lib… qanday noma’qulchiliklar qilib, nomimizni yomonlikg‘a chiqarub, butun islom olamini bulg‘atadurlar…”

Monolog muz qotgan shuurlarda aks-sado berib, qalblarga qasirg‘a solardi. Sahna o‘rtasida ikki jasad yotar, ikkovi-da jaholatdan juvonmarg ketgandi. Ustiga joynamoz tashlab qo‘yilgani — Rahima (bechora kelinchak) bo‘lsa, uning yonida, muk tushib, jon taslim qilgani esa Solih — baxtsiz kuyov edi.

Bugun. …Go‘zimatchi uka, san bilishing kerak, shu yurtda nechta yetim-yesir, aqli noqisu bandai baqusurning boshini silaydigan joy bor ekan-a? Shularning barida qancha mehr tusab, mo‘ltaygan bor ekan, hazor-hazordir? Manga o‘xshash qo‘li qisqa, vovaylosi uzun miskinu muhtojning adadi-chi? Nega o‘smoqchilab qoldim? Kushod-nokushod, yaqinda odamlar bir ajab to‘y ko‘ribdikim, hanuz hushlarig‘a kelolmay, ana odamlig‘, mana musulmonlig‘ deb, diydiyo qilishmakda. Internatda (internetda) bolalagan gap-gashtakka ko‘ra, nav bir juftlig‘ resto‘randa sha’sha’dor to‘y o‘tkazish o‘rnig‘a shahardagi mehribonlik uylaridan birida yetimbachchalar uchun dasturxon yozibdur. Piringni arvoyilar, Hotami toydan tarqaganov? Yo‘qsa, o‘zing ayt, ana shular ham tuflab tukkan oqchasidan besh-o‘n million to‘yxonag‘a, besh-o‘n million maishatg‘a, yana shunchalar kiyim-solimu balo-battarg‘a uzatib, ovozdan Xudo qisqan otarchilarning fanoi g‘arg‘arasig‘a (fonogrammasiga) shaytonlasa bo‘lmasmidi? Saki bedum siyoqda qilpanglayotgan o‘yunchi tegrasida, charvini ko‘rib qol¬g‘an movmushukday o‘ralashub, shataloq otg‘anda bo‘lmasmidi shular ham? “Cho‘bin ot”ig‘a (tobutga) o‘xshash miluzunlarda (limuzinlarda) ko‘cha to‘ldirub, ayuhannos solib, to‘y o‘tmish joyg‘acha jekirib kelganda bo‘lmasmidi yo?.. Sattor, o‘ylab, tegiga yetolgan bo‘lsam. San-chi, go‘zimatchi uka, shuni bir surishtir, g‘ayrimumkin narsalarni valdirag‘an bo‘lsam, piringga sol.

Aytgancha, boz bir nimani surishtir: ona sutini, har bittamiz emib, etga to‘lg‘an ona sutini sotsa bo‘ladimi? Bo‘lsa, necha puldan? Nimasiga qarab?..

Ha, ilonni ko‘rib qolmish baqaday baqrayib qolding? Bir so‘takning gapidan kep chiqdi bu savolim.

Tunov kuni, de, tromboyda (tramvayda) bir yigit bo‘lmish bilan yonma-yon o‘tirib qoldim. O‘ziyam quloq bo‘ynig‘a osmag‘an shu choynakning qopqog‘iyu maning nosqovog‘im qopti. Qo‘lidagi shapalog‘day aynakdan chiqayotgan mujdikag‘a “xirom” etub, bosh liqillatib borardi. Betoqat bo‘lib, gapga soldim. Ma’lumoti oliymush — kattakon bir dorilfununmi, doriljunundami o‘qug‘anmish. Diplomini dimlama qilib yemoqchimi, nima balo, o‘qug‘an ilmi bo‘yicha ishlamayotganmish. Qay bitta firqadami, firmadami, allambalo amalda emish.

Hay, dedim, so‘xt-sumbatingdan o‘ttuzni urib qo‘yg‘andeksan, bu yurmak-turmak bilan xotunni, bola-baqrani qanday uhda qilyapsan desam, tusingni yel olgur, hali uylanmaganman, deydi. Kufrim qo‘zidi. Vey, o‘rusning mullasimisan, dedim, ha bu san tengilar, allazamon uylanub, uch-to‘rtta churvaqani chuvillatib qo‘yibdi. Kinna kirgan bo‘lsa, ayt, dami o‘tkir domla-imomlarni bilaman, deb tursam, xumsaning javobini ko‘r: “Yo‘-o‘(q), problema sog‘liqdamas, soqqada — “ona suti”ga yig‘vopman-de. Chut-chut yetmavotti, atak”.

Voy, shu chut-putlagan tilchang¬ga tersak chiqsin-da sani. Nima deganing u, deya astahidil qiziqsam, tushuntirgan bo‘ldi: “Karochchi, kelin bolaning onasini — qaynanashkamni bergan sutiga rozi qilish uchun-de. Ming ko‘ki so‘rashvotti…”

O‘bba, bachchatalog‘yey, mingta amakisi gardan tutib turg‘an ekanda desam, “ko‘ki” Amriqo do‘llari ekan. Galavam aynigandan aynidi. Xotun bo‘lmushing, nima, gallo‘nd sigirini emib ulg‘ayibdurmi, voy, shu vasiqasi yo‘q urf-odatlaringni yig‘ishtirib lippamga uray, go‘stohlik ham evi bilanda, turey, aybaki, deya-deya tromboydan tushib qoldim.

Qissai ko‘toh, hamma balo o‘zimizdaga o‘xshayapti, uka. Marosimlarni musobaqag‘a aylantirub, o‘zaro dumba urishtirishga tushib ketganmiz. Nainki to‘ylar, balki ta’ziyalarimiz ham musobaqag‘a do‘ndi, astog‘furulloh: kim ko‘p o‘kirib-jekirish, qo‘y so‘yib, osh damlash, o‘lik qo‘yilgan qabr ustig‘a toshbitik qaqqaytirush… amsolidagi musobaqa bo‘p ketdi azalar. Zamonasining zaylidanmi bu, mardumining maylidan…

Qo‘y, uka, so‘zlaybersam kufrim, tinglaybersang zahring oshg‘ani qoladi. Manga shuncha diqqat qilding, sanga Egam diqqat qilub, dodingga yetsin, Allohu akbar!

Bugunning hangomalarini Toshpo‘lat tajang tilidan
Sherbek Bobonor o‘g‘li oqqa ko‘chirdi.

005

(Tashriflar: umumiy 369, bugungi 1)

Izoh qoldiring