Sherbek Bobonor o‘g‘li. Endi kimlarga tobe’miz? Ichimizdagi “imperator”lar “hunar”laridan lavhalar

Ashampoo_Snap_2017.09.19_21h54m55s_001_.png Шофёр ортга, қабатимдаги кишига якназар солади. Авзойидан аёнки, гурунглашмоқчи. Майли, нима ҳақида бўлсаям, гапирса гапирсин тезроқ. Улуғбекдан чиққанимиздан бери, мана, Мирбозор келдик ҳамки, дурустроқ гап-сўз бўлмади, ҳисоб. Ботир Зокировни гўрида тикка қилиб, эстрадани эшак билиб, чўпчиётган саёқҳангиларнинг ҳанграшини эшитавериб, қулоқ-майнамизнинг “алҳам”и олти бўлди…

Шербек Бобонор ўғли
ЭНДИ КИМЛАРГА ТОБЕЪМИЗ?
(Ичимиздаги “император”лар “ҳунар”ларидан лавҳалар)
007

Оппоқ эди бошда бу дунё…
Хуршид Даврон

09i…Экранда икки қора “линия”. Ўртасида оқ чегара — бетон тўсиқ. Ҳаво жимирлайди. Кун ёняпти. Тўсиқ тепасида, чапга томон ўтиб кетган автобус томида очиқ турган люклар ҳам ҳароратни “айтиб турибди”. Яна биттаси ўтиб кетади чапга: “Воф-ф-ф!”. Тўсиқ тагида, ўнгга эса, енгил “ўт арава”лар учади фақат: “Вуф-ф-ф!”. Кўз илғаб-илғамай қолади. Камера эргашмайди бирортасига. Катта йўлнинг кичик бир бўлакчаси узра, турувради “булк” этмай.

Баногоҳ, сутранг бир “Нексия”, ўнг йўналишда чеккала-аб кеп, тўхтайди. Мотори ўчмайди, аммо. Учта эшиги баравар очилади. Бир қўллари эшик тутқичида, бир қўлларида баклашка, учтаси ярим белигача энгашади ерга: “Аа-а-ахт-т, тфу! Ғар-ғар-ғар-ғар… Тфу-у!”. Сонияларда уч жойи “кўкаради” ернинг. Яланг бошларидан ёшларини чамалаш мумкин: сочини тагидан қирдириб ташлаган шофёр — ўрта ёшли(“Энди кимам куёв қиларди мени?”), унинг ёнидаги, жингалак сочлари ўсиб, қулоқ-бўйнини қоплагани — ўспирин(“Э, бу, модасиям жонди азобийкан, нечево, қишлоқ қайтяпман-ку, шилдириб ташлайман менам, ака!”), унинг ортидагини эса, тепакалию ўзини авайлаброқ тутишидан тусмолласак бўладики, ёши энг улуғи — шу, ораларида(“Ўй кўп, укалар, ўй…”).

Камера, тўртинчи эшикка, ёпиқ турганига пастлайди бирдан. Етиб-етмай, “автомат” ойнаси тушади, эшикнинг: “Дс-с-с-с-с-с-с-сқ!”. Йирик планда: сочи ҳарбийчасига олинган, тиришиқ пешана, ҳорғин кўзу чўзиқ юз, даҳани туртиброқ, бўғзи бўртиброқ чиққан, камгўшт жасадига калта енгли кўйлак илган… кепата бино бўлади. Мийиғига истеҳзо инади: “Ана, она тупроққа “таъзим”! Туш, ўп, кўзинга сурт… Ўпгулик жой қолдиришган бўлса?”…

“…Гуп-гуп-гуп!” — эшиклар ёпилишидан фаразим тирқиради. “Яхши кадр чиқаркан” ўйим ўчмаёқ, мотор “ув” тортиб, йўлни ўрталадик яна. Шофёр ортга, қабатимдаги кишига якназар солади. Авзойидан аёнки, гурунглашмоқчи. Майли, нима ҳақида бўлсаям, гапирса гапирсин тезроқ. Улуғбекдан чиққанимиздан бери, мана, Мирбозор келдик ҳамки, дурустроқ гап-сўз бўлмади, ҳисоб. Ботир Зокировни гўрида тикка қилиб, эстрадани эшак билиб, чўпчиётган саёқҳангиларнинг ҳанграшини эшитавериб, қулоқ-майнамизнинг “алҳам”и олти бўлди. Гапирингей, шопир ака, гапиринг!

— Нечинчи йилсиз, ака?
— Менми, олтмиш тўққиз…

— Кўпни кўрган, тушунган одамга ўхшайсиз, шу, бир саволим бориди-да…
— Қани-қани?

— Яқинда денг, манишу мошинда Тошкентдан қайтиятувдим, сизди жойингизда холам ўтирувди.
— Аҳа?

— Битта оқ “Нексия” ҳе-еч йўл бермийди-да: ияққа ўтсам ияққа, бияққа ўтсам бияққа буради…
— Иҳи?

— Ўзи-им шошиб турибман, оғайинлар тўй бошлаган, яна, холамди мазаси йўқроқ, узоқ йўлга бўмайди унча.
— Ҳа?
— Бир амаллаб авгон қилдим. Рўлида ўзим тенгилар, оқ, клиткали кўйлакда биттаси ўтирибдийкан. Энди бир ёмон қарайди, кўрсангиз, егудай-да.
— Ҳи?

— Ҳеч нима демовдим лекин, просто бир қарадиму ўтдим-кетдим. Бир маҳал, мошиним нўмирини айтиб, тўхта, деган приказ варанглаб қоса бўлама?.. Қарасам, бойнағи “Нексия”, шопирини қўлида рация…
— Кейинчи?

— Ух, палакат, “гражданский”да юрган гаишнигакан, дедим-да, чеккалатдим мошинди. Дакимитларди оп, бордим олдига. Қимирлаганиям йўқ жойидан, ў-ўтирибди гажрайиб. Саломимди бериб, мендан нима ўтди, ака, десам, энангдикига тиқаман сени, дейди…
— Ийе, ҳий?

— Менам ҳайрон. Ўзимди босиб, битта-битта кўрсатдим ҳужжатларди. Башарасига башарамди яқин тутиб гапирувирдим — кайпим йўқлигини билиши учун.
— Иҳм?

— Яна энамди “ҳалоллади”… Ака, дедим, энам уйда касал ётибди, нима гапингиз бўса, ўзимдан оширманг, дедим.
— У нима деди?

— Мени авгон қилишга ким доступ берди сенга, бўлди, мошинингди ўн кунга “стоянка” қиламан, дейди…
— Э-э-э?

— Миям чотнаб кетди. Э, дедим, манишеримга келдинглар-ку тоз-за, дедим. Дастиларингдан кун борма ё йўқма, дедим. Ўзинга ким доступ берди бундайчикан гап қилишга, дедим… Холам кеп, ўртага тушмаганида, билмадим, нималар деб, нималар қилийдим?
— Шу билан тинчидима, хай?

— Гўрда тинчийди ундайлар, ака. Нўмиринг эсимда қолди, бир кун барибир “стоянка” қиламан, деди. Мен айтдим, буни битта мен ҳайдамийман, отам ҳайдайди, укаларим… Уларга нима дейсан, десам, фарқи йўқ, мошин — шу, деди.
— Иҳ…

— Бир тентакхаёл келди калламга. Унда мундай, дедим, ҳозир, шу келаётган постгача қувасан, дедим, етолсанг, пожалуста, билганингди қиласан, етолмасанг, вопшим бу мошинди каллангдан чиқарасан, дедим.

— Етолмадими, ишқиб?
— Э-э, чангимда қоп кетти, ака, чангимда-а!

— Яхши, қутулибсиз.
— Энди-и, ўзингиз айтинг, ака, ким прав?
— Ҳи-и-и…

Хиёл титраётган бармоқлар кисса ковлади. Носкадилар шиқирлади… Икки кундирки, йўлдаман. Икки кундирки, ҳар тур ҳасратларга қулоқ осавериб, ўй босавериб, силлам қуриди, рости. Ичимда биргина истак: тезроққина тушсам шу уловлардан, қотиб қолган белимни, увушиб ётган оёқларимни қисирлатиб, чигилларини ёзсам. Дарбадарлик дардини, мусофирлик маргини бирровга эса-да унутсам…

Тасаввур таскини илинжида кўзларимни юмдим. Аммо ғувиллаётган шуурим саҳнида қишлоқ эмас, шаҳар — олашовур пойтахтнинг “пойи”намоён бўлди негадир: Собир Раҳимов(“Олмазор”) автовокзали олдида, киракашлараро афтодаҳол изғийман. Йўлданмас, йўлкираларнинг осмонга чиқиб кетганидан турқим тиришган. Ғўлдираб қўяманки, Тошкентга келишнинг қимматлигига-ку баҳоналари бордир — абитуриентлар, ҳужжат топшириш, 1-август… Тошкентдан кетишни нега “сакратиб” юборишган? Шусизам байрам-пайрамда(сербайрам юртда яшаймиз, Худога шукр!), ёғин-сочинли кунларда беармон кўтаришади йўл ҳаққини. Саҳархўрликка инсофларини еб чиқишадими, валлоҳи аълам?..

Борей, деб қўналғамга — Қорақамишдаги ижара уйга қайтаси бўп турганимда, алланечук қимтиниброқ такси тутаётган бир йигитчага кўзим тушади: оқ-кўк туслари қоришиқ кўйлакда, бўйинбоғ таққан, чап елкасида талабалар портфели, ўзи сариқдан келган, ўнг қўли йўлга узалган кўйи машина имлаяпти.

“Сирдарё, бир киши, ўтир?”
“Йўқ, раҳмат, йўлларингизни берсин, акалар!”

“Жиззах кетяпмиз, ука, мин?”
“Раҳмат, ака, эсон-омон етиб олингизлар!”…

“Самарқандгами, жўра?”, ёвуқроқ бориб сўрадим.
“Ассалому алайкум, ҳа…”, қўлини узатди.

“Қаерига, валейкум ассалом?”, мен-да енгил торта бошладим.
“Челакка!”, дадиллашди йигитча.

“Мен… Улуғбекка. Манзилимиз биракан, ҳисоб, битта машинани гаплашсак, ҳарна арзонроқ тушар?”, ташаббус ташладим ўзимча.

“Бўпти-да!”, униям жонидан ўтиб турганакан.

Сўнг… силжиб кетди бари. Қора кўзойнаги афтининг ярмини эгаллаган бирови ҳозир-нозир бўлди қаёқдандир:

“…Самарқанд? Элликдан!”, гўё “эллик сўм” дегандай, беҳижолат илжайди.

“Сал тушингей?”, студентнинг ранги ўчди.
“Инсофам керак, бунча?”, тўнғилладим.

“Гўшт қиммат бўп кетди-ку, ака?”, елкамга қоқди кўзойнак.
“Биз қиммат қилдикми, ука?”, айни ўзидек елкасига қоқдим.

У дедик, бу дедик, икков саксон берадиган бўлдик…

— …Қуйтдан олинг, ака, у-ув, ака?, — шофёримизнинг шовури кўзимни очирди.
— Раҳмат!, — кап-катта одамнинг “ака”лашидан ўнғайсизланиб, лўнжимга солдим қуррутни.

Ҳамроҳларимниям урти тўмпайиб турарди.

— Ўжи, яхши найша-да бу, — тилли-жағли шофёримиз, “шўрт-шўрт” шиминиб, гапга тушди яна. Умуман, ҳайдовчи зотини, битта-иккита ҳўққи, асабийсини айтмасак(улар ҳам автобусчилар, асосан), камгапини кўрмадим.

— Лекин, шу… қуйтпуйушлайгиям қойилман. Ишшиқда туйушди ўжи бўлама… Қайши куни, битташи миниб қолди. Тийикчийик шилжимияпти, Рошшия кетаман, дейди. Ҳунай-пунайинг бойма, дешам, қўлидан қуйт унмийдиганлайам кетяпти-ку, мени кучук тишлаганма, дейди… Хай, нима қилашан бойибам, қуйт шоташанма, дешам, биянта қаёвшиж, ҳеч кими йўқ бабулияни топаман, дейди. Шўғинчи, дешам, бий-икки вах қаяб, алдаб-шулдаб, квайтияшини номимга афолмият қиболаман, бўлди, улай қанчаям яшийди, уч-тўйт йилда кетади-да — “кайтишга ковлаш”га, қандай ўйлаппан?, дейди… Зўй, дедим, мошинди тўхтатиб, учгача шанийман, чиқшанг, эшикдан чиқиб қо(л), эмашам, дияжадан учашан, дедим. Шатилиниям ташаб қочди, ҳуккиждай бола. Отиб йубойдим ойқашидан…

…Энди Ургут тоғлари, “Сўфиён” жийдалари жонланди, кўз ортимда. Шовуллаётган шамол оғушида бир… хониш келди қулоқларимизга. Тик қотдик. Шу жойларда, шу жазирада… куйларди кимдир. Олазарак ахтариб, топдик ҳам, ул муғаннийни: қуёшда қорайган, миқтигина ўсмир. Овозини борича қўйиб, шлакаблок таширди. Ў-ў, ундаги дард, ў-ў, унидаги изтироб… Тоғларга айтгулик экан, ўзиям! “Кеча…”да, Зебини суюб қолган, толъесиз аравакаш, шуқадар дард-ла айтгандир қўшиғини? “Жамила”да Дониёр, шунингчалик изтиробда куйлагандир, бир бўлса?..
“Ана аво-оз, бли-ин!, — завқи тошди мезбонимнинг. — Мана, ака, истеъдодла(р) тоғга, ғишт ташеб юрипте, а, кансерваторияне қўтирэчкила(р) босопте…”.

…Тинғирлаётган телефон, ке-енг тоғлар этагидан, то-ор такси ичига “қайтаради”, мени. Жинглаксоч ўспириннинг жаҳри тутади машинани:

— Ало? Саломалейкум, эна, яхшимисиз? Ҳа, қайтияппан… кеп қолдим, пачти. Ишимиз… тугади… “Часний” иш шу-да, эна, бир кун бор, бир кун йўқ… Тўғри-и, қишлоқдаям қурилиш бўп турибди, меҳнатга яраша бермийди-да пулди… Қорниданам кўра қадрига ачиниб кетади, одам… Хўп, нима қилай, эна, битта уллигим эсимда ҳалиям, шу отакасбим билан кунимди кўриб юриппан, қайда бўсамам… Ха-ай, кўрамиз ўйлашиб, эна, ҳозирча…

“Иш… Ҳаммада шу дардисар.Ўзимникиям аросат ҳали. “Супрақоқди” ҳолимда қачонгача юраман тентираб. Кейин… бу шароитда бир нима орттиришам даргумон. Ойликни учдан иккиси: ижара пули, солиқлар, йўлкира, қорин… га кетади ин-ндамай. Қолганини: китоб-питоб оларга ишлатаманми, телефонга ташлайманми, уйга… Етмагандай, ҳар олти ойда “Прописка” деган балони янгилаш керак. Паспорт столга-ку, гўрам кетмайди, уй эгасининг “табаррук” розилигини олишда гап. Олдин, эскитдан турганинг ҳурмати, ма-айли, уч юз минг берсанг — “расчёт”, дейди, аммо эртасига, нархлар кўтарилиб кетибди а-анча, беш юз берасан, дейди, пивосини ҳўпла-аб. Шунисигаям шукр қилиб(“шукрона”лар жойи ростонимизга тиқмасайди?), кўнасан…ну индинига “юз кўки”лик “бойвачча” бўп турибсан-да. Буям ҳаммасимас, “жаноби олийлари”нинг жиғилдони — алоҳида “параграф”: зиёфатлар, “яримта”лар, таксида олиб юришлар… Булар, чўнтакка тааллуқли тарафи. Хонадонда не-ечта одам рўйхатда турган бўлса, ҳа-аммасини оёққа турғизиб, нотариусма нотариус судрайсан: ёшми қари, касалми соғ…У ёқда ишхона, бир ой бурун бошлайди ниқтаб: бўляптими, бўп қолдими, бў-ўл!.. Улгурсанг, хўп-хўп, улгурмасанг… ажойиб кунларнинг бирида, турибсан-да кўчада — меҳнат дафтарчангни чангалла-аб(“Хафа бўманг, ука, беспрописка ходимимиз борлигини билиб қолишса, ўн аклад штраф солишади”). Ё, алҳаза-ар: давлат битта, миллат битта, конституция битта, призедент битта…лигига қарамай, шу парча қоғозсиз, ўз Ватанинг марказида, доруссалтанатда — сиғиндисан, олқиндисан, қувғиндисан!..?.. Уҳ-ҳ, қишлоқда қандай экан аҳвол? Борайчи, кўрайчи, балки-и…”.

***

…Бордим, кўрдим… ғалаба қилмадим, аммо. Э, ўша машҳури жаҳон фотиҳда, лак-лак лашкару илоннинг ёғини ялаган машваратчилар эмас, мендаги диплому даражагина бўлганида, ундан ҳам мазкур мазмундаги жумлалар қолиши тайин эди!

Шошманг, кинояга келади маврид, аввал қуйидаги… трагикомедияни хатм қилингчи? Демак, пойтахт қолди-кетди, Пахтачидаман(Самарқанднинг сарҳадий — “сағир” тумани). Озмас-кўпмас, бир ой “бўзчининг мокиси” бўлдим, идоралараро. Кўпроқ Навоийга, шаҳарга қатнадим. Боисини бунда етказишга уриниб кўраман. Фақат, ортиқча изоҳу ифодаларсиз: озгина тасвир, озгина диалог. Муҳими, бари — факт! Қани унда: ланди-ланди…

Пауза-пешсўз:
Шартномалар, кўпроқ ожиз томоннинг бажариши учун тузилади.
Карел Чапек

…3-кун:

Кундузи. “Пахтачи” газетаси таҳририяти. “Тегма — қулайман!” дебгина турибди. Номига, ночоргина таъмирсифат нимадир қилинган хонада, редактор рўпарасида ўтирибман.

— …Иш йўқ, бу яқин орадаям бўмайди!
— Кунда кеп турсам, у-бу нарсам чиқиб турса, газитда…

— Эринмасанг, келивур… Хай, мен майлисга кетдим, — сигарет сўриб, бориб-келаётган масъул котибга маъноли қараш қилиб, чиқади-кетади. Котибнинг кўзларида маъно йўқолади.

— Сира иложи йўқми, ака?
— Кема демади-ку…

— Э, келишданам, ёзишданам қочмийман… Қачонгача? Бир-икки ойда аниқ гап эшитаманми?

— Йўқ, бир-икки ойдамас… Бир-икки ойдама-ас…
— Қачон, хўп?
— Январларда…
— А?!

— Гап бундай, ука, ҳадемай коллектив бутунлай янгиланиши мумкин. Кўриб турибсан, ҳаммани ёши бир жойга борган, бу ерда. Мен, масалан, бир ойдан кейин пенсияга чиқаман, анов хонада ўтирган мухбиримиз, кейинги йил чиқади, манов хонада ўтиргани, 2019да чиқади пенсияга, та-ак, редактор, 2020да. Ана кейин, ўз-ўзидан сенга ўхшаган ёш кадрларга эҳтиёж туғилади… Ийе, ҳа ука, йўл бўси-ин?

— 2020-йилни кутгани-и!, — коридорда гумбурлайди товушим.

Ташқари эшикда нимўгириламан: алвидо, биринчи умидларим! Алвидо, “Кремл бобойлари”!..

Кечаси. Қишлоқнинг бир кунжи. Стол усти бетартиб: семиз-ориқ китоблар, маълумотномалар, калкулятор, уй компютери ва… бўшаёзиб қолган “Парламент”. Шифтга ингичка тутун ўрлайди. Сийраксоч тенгқўрим, оҳиста тиш ёради, “нутқ”им ниҳоясида:

— …Ҳиҳ-ҳеей, ошна-ам, уч йилдан бери галдиратади мени, бу проблема. Қўлимда пединститутти дипломи, бир тузувроқ ишга ялчимийман… Олдигей, энасини кўрай, куҳ-ҳ…

…6-кун:

Кундузи. Пахтачи тумани бандликка кўмаклашиш маркази. Киришда бир… урғочи ўтирибди.Олдида дафтар-ручка. Ҳўрпайгандан ҳўрпаяди:

— …Ма-а-аувв, қайси қишлоқданса-ан? Вғ-ғ-ғ, анув спискада инспекторларингди топиб, телефон қи-ил, ву-у-ув! Навбатдаги-и, ф-ф-ф…

Гўшакдан инспектор жаврай кетди жониғиб: “…Йўқ иш! Умуман, районда сени соҳанга иш йўқ! А? Ёзув-чизув бўса бўлди? Хў-ўш… интернет сайтларида ишласангчи-а? Нима, қишлоққа нимага келдим унда, дейсанми? Ўзинг биласан, мен айтдим…”.

Чиқаверишда, шифт остига, кўрга ҳассадай қилиб илинган ёзувларга кўз югуртираман:

“Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга…”
…37-модда.

Кечаси. Кўча бошидаги қари зардоли тагида, уч шарпа ғўнғиллашади. “Қирс-қирс” тинмайди — писта. “Қулт-қулт” қўшилади аҳёнда, баклашканинг дўқири баробар — “оби сурҳ”.

— …Виртуал қабулхонага ёзиб кўрмадингми?, — маслаҳат оҳангида дейди, ўнгда чўнқаймиши.
— Ёзганларди кўрдим, — деб қўяди, сўлдагиси.

— Нима бўлийкан?
— “Мячь” бўлийкан — футбол тўпи.
— Тушунмадим, қандай…

— Бундай: порталга манзилингдиям ёзасанма, ёзасан. Улар, ҳақли равишда, вилоятинг ҳокимлигига оширади проблемангди. Вилоят, туманинг ҳокимлигига оширади. Туман, маҳалланг идорасидагиларга ўдағайлайди… Уёғи оддий, эсимизди таниганимиздан бери ёд бўп кетган “аксиома”: маҳаллаком, ёнбошига тўрттасини уяди, отини “Комиссия” қўяди. Уйинга кеп, еярини еб, ичарини ичади. Камига сиёсат уради, бир майдо-он: парник қисанг бўмийдима, мол семиртирсанг ўласанма, товуқ боқсанг чурранг тушиб қолама… Хўп, дейсан, ҳалиям шундай қиласиман, қўшимча даромадсиз, ойликди ўзига, кимам яшайди ҳозир, но… дипломимчи, ётуврадима, тортанак боси-иб?.. Қў-ўймийкансан-да, деб, “иш” беришади битта: ойлиги пашмалдоққаям етмайдиган, уям минг йилда бир чиқадиган… Тамом, “ғалаба рапортлари” ке-етади тепага: “Муаммо ҳал… Муаммо ҳал… Муаммо ҳал…”

— Совиб қолди-йей, манов, кўтарайик битта?, — хириллайди ўртадаги шарпа. Унлари ўчади. Иккаласи беармон кўтаришади. Учинчисининг парвози паст, қўл силтаб, дарахтнинг тарвақайлаган шохлари орасидан самога сер солади. У ёқдан эса, Лорка ташбеҳича, “қизбел” ҳилол, ийманибгина мўралайди…

…9-кун:

Кундузи. Пахтачи туман халқ қабулхонаси. Турфа дийдиёларни тинглайвериб, мадори қочган маслаҳатчи, вазмин ваъз ўқимоқда:

— …Менам Миллийни битирганман. Психологиясини. 93-йилда. Бир-икки йил ишладим Тошкентда, кейин қайтдим қишлоққа. Хотин-бола-чақали аҳволда яшашди ўзи бўмасакан уёқда… Ҳозир, сени кўриб, шулар эсга тушди… Ҳи-и, “биржа труд”дагилар тўғри айтибди, матбуотчига иш йўқ туманда…

— Бориниям бобойлар эгаллаган… Йўқ, ҳайронман-да, уларга нима зиёним тегади, ишга олишса?

— Тегади “зиён”инг, ука… Яхши, эшит: улар, пенсияси “кемтилишини” хоҳламайди. Агар, сен, ярим ставкали ишга кирсангам, уларнинг оладиганлари озаяди, нисбатан. Шунга…

— Унда мен қаерга борай, ака?
— Кеп тур, дейишибди-ку, борувирчи, опқолишар…

Бино бўсағасида, деворнинг қоқ ўртасини қоплаган зарҳал битиклардан қароқларим қамашади:
“Инсонларнинг дарди, ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий меъзони”.
Ш. Мирзиёев

Кечаси. Супада, ёзиғлиқ дастурхон теграсида тўрт мардум хафаҳол чўккан: ота, она, қиз ва ўғил. Хафаҳоллик ҳозиргина ота очмиш мавзудан ниш урди. Мавзу-ку анчайин кўҳна, номи — “навниҳол”. Мажбурий ижро бюроси отлиғ… ундирувгоҳдан хат келаётганмиш кўпчиликка: “…Шунча қарзингиз бор… Шунгача тўламасангиз, ишингиз судда!”. Ўқиб: кимни давленияси ошган, ким “налугчи”никига шошган… Бу рўзғорга-да бормиш, эл қатори. “Участкавой” уқтирибди оилабошига, кўчада тўхтатиб.

— …Яна қандай “қарз”ей, пенсиямиздан ойма-ой опкелишяпти-ку оларини? Туновинги назоратчи бачаларам, учурчик(счётчик)ди очиб, қараб, ҳисоб-китобларини қип, қарзларингиз йўғакан, дебиди-ку?, — зориллади она.

— Эса, қайдан мунча тўлов-а?, — қизишди қиз ҳам, — ўтган сафар газдан келувди, набарот, минг куб метрлаб давлатти ўзини қарз қип қўйганларгаям келувди. Ўладима-йей, булар, товба қилдим!

— Назоратчиларда бор проблема, — мухбирлиги қўзиди ўғилнинг. — Одамларам қизиқ, итгаям-битгаям бериб юборувради пул…

— Уларданам бешбаттарлари бор, — сирқиратувчи сокинлик-ла деди ота. — Ҳожи тоғамиз айтгичиди, электросетда умри ўтган-да, билади. Бир куни, дейди шу тоғамиз, Зиадин(Зиёвуддин

— Пахтачи тумани маркази)даги ҳудудларди биттасидан арз-дод кучайди. Борсак, битта ҳовли ёппасига тегирмон, маккайи янчи-иб ўтиришибди. Столбага кабел кетган… Яр-рим соатда узиб-бузиб, йиғиштирдик тегирмонди. Қайтиятсак, бир бегона нўмирдан тилпон бўляпти. Ало, деганимди биламан, ҳа-а, энача-ангди палан қилай-да сени, деб ке-етди бирови. На муомилага кўнади, на муросага… Сўкииб-сўкиб, охирида, икки соат вақт сенга, қандай узган бўсанг, шундай улайсан, деб ўчирди. Билсак, прокуроракан, у.Тегирмон шуникийкан… Энди, тоғани айтгани — дарёдан томчи. Районда қа-анча тегирмонлар, оҳак печлар, мини завудлар бор, шундайчикан. Газди, светти, асосан, шулар — прокурор, суд, ҳоким, началник мелиса… ишлатади пўриллатиб, а, тўлови — қора халқди бўйнига босилади, ана шунда-ай…

Симобий сукут чўкди. Қурбақаю чигирткалар ҳам, дами ичига тушиб кетгандай жим. Тўлишиброқ қолган ой, гардуннинг бир гирдида, мўларибгина турарди.

…Туманимиздаги ташкилотларга дориқмадим бошқа. Навоийда давомлади “саргузашт”им. Ва лек… Нажот истаб борган даргоҳларим остонасидаёқ масалам “бир ёқлик” бўлавергани-чун батафсилликни мутлақ ноўрин билиб, ушбу “чизги”ларни тортдим. Зотан, оёғи Ердаларга — кифоя!

Навоий шаҳар халқ қабулхонаси:“…Иш? Ким юборди? Шундоқ ўзингиз? Ҳм-м… Қаерданман дедингиз? Пахтачи? Бошқа вилоят-ку? Учётти қўйингчи шаҳарга, кейин йўлланма берамиз тегишли жойларга…”(“Кечирасизу, ўзи шу “прописка” дастидан “Дод!” деб келувдим Тошкентдан. Бу ердаям ўша “Қу-қу-қу-қу-қуу!” экан-да?!);

Матбуот уйи:“…Редактор йўқ, Навбаҳор кетган. Билмаймиз қачон келишини… Энди-и, бошлиқ одам, бизга айтадими? Нима гапингиз бориди? Иш? Ким жўнатди? Ўзингиз?.. Иш йў-ўқ, ука, мана… манави рўйхатдагилар, икки ҳафтадан бери қатнайди… Иш сўраб-да, сенга ўхшаб… И кейин, ойликларам унчаликма-ас бу газетада, гонарарку таги билан йўқ…”(“Бинони иш сўраб келганлардан қўриқлаш учун ўтирибдими, дейман?!”);

НТРК(Навоий вилояти телерадиокомпанияси):“…Нима дейсан? Иш? Ким айтди?.. Иш-пиш йўқ, бу яқин орадаям бўмийди! Ҳа-а… номуайян штатга кўнсанг, пожалуста… Бу дегани, гонорарга ишлайсан, дегани… Гонорарам, қанча, ҳафтасига битта кўрсатув тайёрласанг, 20-30 минг сўм чиқади, униям солиқ-полиғидан ортиб, ҳеч нима тегмайди қўлинга…”(“Раҳма-ат, ўртоқ Қарчиғайип, раҳмат, аммо мен, иш сўраб келдим — ионамас!”);

UZTELECOM:“…Ким… ким юборди сени? Ҳеч ким? Уф-ф… Учётинг борми шаҳарга? Шартнома тузганмисан биз билан? Практикани қайда ўтагансан?.. Тчи, иш йўқ! “Отдел-кадр”ам йўқ — мажлисга кетган… Телефони… йўқ! Номаълум қачон қайтиши!.. Бери кел, қара, саккизтаси кеп-кетти сенгачаям… Бугунни ўзида… Йўқ-да энди иш, нима дейсан бизга?”(“Сен ёлғиз эмассан, тинчлан, жигарим!”)…

Бу “раддия”ларнинг муаллифлари ким, дерсиз — қоровуллар… Ҳа-ҳа, кадрман, деганини, ишсираб кеганини… қоровул қайтаряпти эшикдан!? Айтганча, НТРК — истисно(ўша ёқдагина кўрдим, бошлиқнинг шакл-шамойилини. Таассуфки, у ҳам… Ҳа-я, юқорида ўқидингизку). Молингни сот, қўйингни сот… қоровуллик қил, экан-да!

***

…30-кун:

Эрталаб. Ўттиз кишилик микроавтобусда… олтмиш одам, бет бетга, кет кетга тегиб-қапишиб кетяпмиз. Эркаклар сўкинади, хотинлар қарғанади: “…Кў-ўзгинанг жўлаймай, ўл, устингаям орт одам!”. Димиқиб, тепага қарайман, қизил ҳарфларни кўраман: “Илтимос, люкка тегма — очилмайди, барибир!”. Деразага бураман бошимни. Ташқарида…

Самарқанддан чиқаверишда, Навоийга кираверишда, “пост”нинг олдгинасида… издиҳом қайнайди, ҳар саҳар. Жиддийлар уни — “Меҳнат бозори” деб алқайди. Ножиддийлар — “БМТ”(“Бетонка мардикорлар ташкилоти”), деб аскиялайди. Чапида, “SAMARQAND”ёзуви соясида: эркаклар, бўз болалар… Ўнгида, “NAVOIY” қаршисида: қиз-жувонлар… Наздимда, миллион йиллардан буён ўтиришгандай… Бу гал аёллар томонга тушди-ку кўзим: қалдирғочдай қато-ор тизилишган, йўл гирдида. Бошгиналарида рўмол, юзгиналарида рўмол — лачак. Қароққиналари “милт-милт” термулади. Баъзиларида соябон: оқ, пушти, зарғалдоқ… Лабларимни узгудай тишлаб, қора кўзойнагимни тақдим…

Тушга яқин. “Худо ўлдирмаса, пенсиягача… 32 йил бор. Яна шу-унча йил… ёлғон ёзаманми? “Ҳамма ишли-и!”, дейман — ишсиз қолмаслик учун! Кимни алдамоқчиман: қора меҳнатда қорайиб-қовжираган, ҳар кетаримда, лойҳандақ лабида кузатиб қолувчи дадамними? Гўдакдай гўл, содда аямними? Бормайвурсам, ўзлари кеп, ҳол сўровчи ёр-биродарларим, қондошларимними? Ҳақталаб ҳамсоя-халқимними ё?.. Кимни-и-и?”

— …Каерга билет буюрмокчисиз? Акаджон, гапири-инг, каерга?
— А? Ҳа-а… узр, синглим, Тошкентга, пласкарт…

Туйнукча “пешанаси”даги ёзиқ ўйларим ўзанини буради: “Ҳурматли, йўловчилар! Электрон тармоқ орқали расмийлаштирилган ҳамда сенаторлар ва Олий мажлис депутатларига навбатдан ташқари хизмат кўрсатилади”. Асқад Мухтор “Чинор”идаги Ортиқ ака, аниқроғи ўшал қаҳрамоннинг вокзалда ёзиғлиқ “Депутатлар хонаси”ни кўриб, бошқалар одаммасми, маъносида кўтарган жанжали келади калламга. Қизиқ, ўзи ҳам депутат бўлади…

— …Мана, якши боринг!

Кечқурун. Поезд Пахтачини гулдураб тарк этаётир. Энг охирги вагон ойналарининг бирида, йўналишга терс тарзда кетаётган… таниш кепатани кўрамиз. Қабатида, нотаниш бир Гул, ёйиқ сочларини турмакларкан, араз аралаш ғамзали қараб қўяди унга. “Танишимиз” эса, он сайин ортда қолаётган ота маконидан кўз узмайди. Зулмат ичида, умрининг шу сўнгги ойида кечирганлари, кинотасмадек ўтади. Кадр орқасидан, йиғи бўлиб йиғига, кулги бўлиб кулгига менгзамайдиган сас ҳирқирайди:

Пахтачи, пахтангни қўй, энди.
Ебтўймас совлиғинг сўй, энди.
Сийла хўп, “яримта” қуй, энди…
Йўқса, ҳолинг хароб янаям!

Пахтачи, пахта бир сендама?
Ич тўла лахта бир сендама?
Ҳаддинг бил, тиришма, сенлама…
Йўқса, ҳолинг хароб янаям!

Пахтачи, бир сенмас пахтачи.
Умидвор борки кас — пахтачи.
Ҳурмизку, дема, бас: “Пахта-чи?”…
Йўқса, ҳолинг хароб янаям!

Пахтачи, пахтангни қўй, энди…

57cbfa46625b5156f4c9a303.jpgShofyor ortga, qabatimdagi kishiga yaknazar soladi. Avzoyidan ayonki, gurunglashmoqchi. Mayli, nima haqida bo‘lsayam, gapirsa gapirsin tezroq. Ulug‘bekdan chiqqanimizdan beri, mana, Mirbozor keldik hamki, durustroq gap-so‘z bo‘lmadi, hisob. Botir Zokirovni go‘rida tikka qilib, estradani eshak bilib, cho‘pchiyotgan sayoqhangilarning hangrashini eshitaverib, quloq-maynamizning “alham”i olti bo‘ldi…

Sherbek Bobonor o‘g‘li
ENDI KIMLARGA TOBE’MIZ?
(Ichimizdagi “imperator”lar “hunar”laridan lavhalar)
007

Sherbek Boboqulov. 1989 yili Samarqand viloyati Paxtachi tumanida tug‘ilgan. 2015 yilda Mirzo Ulug‘bek nomidagi O‘zbekiston Milliy universiteti jurnalistika fakultetini tamomlagan. Ayni paytda “Ma’naviy hayot” jurnali muxbiri.

007

Oppoq edi boshda bu dunyo…
Xurshid Davron

…Ekranda ikki qora “liniya”. O‘rtasida oq chegara — beton to‘siq. Havo jimirlaydi. Kun yonyapti. To‘siq tepasida, chapga tomon o‘tib ketgan avtobus tomida ochiq turgan lyuklar ham haroratni “aytib turibdi”. Yana bittasi o‘tib ketadi chapga: “Vof-f-f!”. To‘siq tagida, o‘ngga esa, yengil “o‘t arava”lar uchadi faqat: “Vuf-f-f!”. Ko‘z ilg‘ab-ilg‘amay qoladi. Kamera ergashmaydi birortasiga. Katta yo‘lning kichik bir bo‘lakchasi uzra, turuvradi “bulk” etmay.

Banogoh, sutrang bir “Neksiya”, o‘ng yo‘nalishda chekkala-ab kep, to‘xtaydi. Motori o‘chmaydi, ammo. Uchta eshigi baravar ochiladi. Bir qo‘llari eshik tutqichida, bir qo‘llarida baklashka, uchtasi yarim beligacha engashadi yerga: “Aa-a-axt-t, tfu! G‘ar-g‘ar-g‘ar-g‘ar… Tfu-u!”. Soniyalarda uch joyi “ko‘karadi” yerning. Yalang boshlaridan yoshlarini chamalash mumkin: sochini tagidan qirdirib tashlagan shofyor — o‘rta yoshli(“Endi kimam kuyov qilardi meni?”), uning yonidagi, jingalak sochlari o‘sib, quloq-bo‘ynini qoplagani — o‘spirin(“E, bu, modasiyam jondi azobiykan, nechevo, qishloq qaytyapman-ku, shildirib tashlayman menam, aka!”), uning ortidagini esa, tepakaliyu o‘zini avaylabroq tutishidan tusmollasak bo‘ladiki, yoshi eng ulug‘i — shu, oralarida(“O‘y ko‘p, ukalar, o‘y…”).

Kamera, to‘rtinchi eshikka, yopiq turganiga pastlaydi birdan. Yetib-yetmay, “avtomat” oynasi tushadi, eshikning: “Ds-s-s-s-s-s-s-sq!”. Yirik planda: sochi harbiychasiga olingan, tirishiq peshana, horg‘in ko‘zu cho‘ziq yuz, dahani turtibroq, bo‘g‘zi bo‘rtibroq chiqqan, kamgo‘sht jasadiga kalta yengli ko‘ylak ilgan… kepata bino bo‘ladi. Miyig‘iga istehzo inadi: “Ana, ona tuproqqa “ta’zim”! Tush, o‘p, ko‘zinga surt… O‘pgulik joy qoldirishgan bo‘lsa?”…

“…Gup-gup-gup!” — eshiklar yopilishidan farazim tirqiradi. “Yaxshi kadr chiqarkan” o‘yim o‘chmayoq, motor “uv” tortib, yo‘lni o‘rtaladik yana. Shofyor ortga, qabatimdagi kishiga yaknazar soladi. Avzoyidan ayonki, gurunglashmoqchi. Mayli, nima haqida bo‘lsayam, gapirsa gapirsin tezroq. Ulug‘bekdan chiqqanimizdan beri, mana, Mirbozor keldik hamki, durustroq gap-so‘z bo‘lmadi, hisob. Botir Zokirovni go‘rida tikka qilib, estradani eshak bilib, cho‘pchiyotgan sayoqhangilarning hangrashini eshitaverib, quloq-maynamizning “alham”i olti bo‘ldi. Gapiringey, shopir aka, gapiring!

— Nechinchi yilsiz, aka?
— Menmi, oltmish to‘qqiz…

— Ko‘pni ko‘rgan, tushungan odamga o‘xshaysiz, shu, bir savolim boridi-da…
— Qani-qani?

— Yaqinda deng, manishu moshinda Toshkentdan qaytiyatuvdim, sizdi joyingizda xolam o‘tiruvdi.
— Aha?

— Bitta oq “Neksiya” he-yech yo‘l bermiydi-da: iyaqqa o‘tsam iyaqqa, biyaqqa o‘tsam biyaqqa buradi…
— Ihi?

— O‘zi-im shoshib turibman, og‘ayinlar to‘y boshlagan, yana, xolamdi mazasi yo‘qroq, uzoq yo‘lga bo‘maydi uncha.
— Ha?
— Bir amallab avgon qildim. Ro‘lida o‘zim tengilar, oq, klitkali ko‘ylakda bittasi o‘tiribdiykan. Endi bir yomon qaraydi, ko‘rsangiz, yeguday-da.
— Hi?

— Hech nima demovdim lekin, prosto bir qaradimu o‘tdim-ketdim. Bir mahal, moshinim no‘mirini aytib, to‘xta, degan prikaz varanglab qosa bo‘lama?.. Qarasam, boynag‘i “Neksiya”, shopirini qo‘lida ratsiya…
— Keyinchi?

— Ux, palakat, “grajdanskiy”da yurgan gaishnigakan, dedim-da, chekkalatdim moshindi. Dakimitlardi op, bordim oldiga. Qimirlaganiyam yo‘q joyidan, o‘-o‘tiribdi gajrayib. Salomimdi berib, mendan nima o‘tdi, aka, desam, enangdikiga tiqaman seni, deydi…
— Iye, hiy?

— Menam hayron. O‘zimdi bosib, bitta-bitta ko‘rsatdim hujjatlardi. Basharasiga basharamdi yaqin tutib gapiruvirdim — kaypim yo‘qligini bilishi uchun.
— Ihm?

— Yana enamdi “halolladi”… Aka, dedim, enam uyda kasal yotibdi, nima gapingiz bo‘sa, o‘zimdan oshirmang, dedim.
— U nima dedi?

— Meni avgon qilishga kim dostup berdi senga, bo‘ldi, moshiningdi o‘n kunga “stoyanka” qilaman, deydi…
— E-e-e?

— Miyam chotnab ketdi. E, dedim, manisherimga keldinglar-ku toz-za, dedim. Dastilaringdan kun borma yo yo‘qma, dedim. O‘zinga kim dostup berdi bundaychikan gap qilishga, dedim… Xolam kep, o‘rtaga tushmaganida, bilmadim, nimalar deb, nimalar qiliydim?
— Shu bilan tinchidima, xay?

— Go‘rda tinchiydi undaylar, aka. No‘miring esimda qoldi, bir kun baribir “stoyanka” qilaman, dedi. Men aytdim, buni bitta men haydamiyman, otam haydaydi, ukalarim… Ularga nima deysan, desam, farqi yo‘q, moshin — shu, dedi.
— Ih…

— Bir tentakxayol keldi kallamga. Unda munday, dedim, hozir, shu kelayotgan postgacha quvasan, dedim, yetolsang, pojalusta, bilganingdi qilasan, yetolmasang, vopshim bu moshindi kallangdan chiqarasan, dedim.

— Yetolmadimi, ishqib?
— E-e, changimda qop ketti, aka, changimda-a!

— Yaxshi, qutulibsiz.
— Endi-i, o‘zingiz ayting, aka, kim prav?
— Hi-i-i…

Xiyol titrayotgan barmoqlar kissa kovladi. Noskadilar shiqirladi… Ikki kundirki, yo‘ldaman. Ikki kundirki, har tur hasratlarga quloq osaverib, o‘y bosaverib, sillam quridi, rosti. Ichimda birgina istak: tezroqqina tushsam shu ulovlardan, qotib qolgan belimni, uvushib yotgan oyoqlarimni qisirlatib, chigillarini yozsam. Darbadarlik dardini, musofirlik margini birrovga esa-da unutsam…

Tasavvur taskini ilinjida ko‘zlarimni yumdim. Ammo g‘uvillayotgan shuurim sahnida qishloq emas, shahar — olashovur poytaxtning “poyi”namoyon bo‘ldi negadir: Sobir Rahimov(“Olmazor”) avtovokzali oldida, kirakashlararo aftodahol izg‘iyman. Yo‘ldanmas, yo‘lkiralarning osmonga chiqib ketganidan turqim tirishgan. G‘o‘ldirab qo‘yamanki, Toshkentga kelishning qimmatligiga-ku bahonalari bordir — abituriyentlar, hujjat topshirish, 1-avgust… Toshkentdan ketishni nega “sakratib” yuborishgan? Shusizam bayram-payramda(serbayram yurtda yashaymiz, Xudoga shukr!), yog‘in-sochinli kunlarda bearmon ko‘tarishadi yo‘l haqqini. Saharxo‘rlikka insoflarini yeb chiqishadimi, vallohi a’lam?..

Borey, deb qo‘nalg‘amga — Qoraqamishdagi ijara uyga qaytasi bo‘p turganimda, allanechuk qimtinibroq taksi tutayotgan bir yigitchaga ko‘zim tushadi: oq-ko‘k tuslari qorishiq ko‘ylakda, bo‘yinbog‘ taqqan, chap yelkasida talabalar portfeli, o‘zi sariqdan kelgan, o‘ng qo‘li yo‘lga uzalgan ko‘yi mashina imlayapti.

“Sirdaryo, bir kishi, o‘tir?”
“Yo‘q, rahmat, yo‘llaringizni bersin, akalar!”

“Jizzax ketyapmiz, uka, min?”
“Rahmat, aka, eson-omon yetib olingizlar!”…

“Samarqandgami, jo‘ra?”, yovuqroq borib so‘radim.
“Assalomu alaykum, ha…”, qo‘lini uzatdi.

“Qayeriga, valeykum assalom?”, men-da yengil torta boshladim.
“Chelakka!”, dadillashdi yigitcha.

“Men… Ulug‘bekka. Manzilimiz birakan, hisob, bitta mashinani gaplashsak, harna arzonroq tushar?”, tashabbus tashladim o‘zimcha.

“Bo‘pti-da!”, uniyam jonidan o‘tib turganakan.

So‘ng… siljib ketdi bari. Qora ko‘zoynagi aftining yarmini egallagan birovi hozir-nozir bo‘ldi qayoqdandir:

“…Samarqand? Ellikdan!”, go‘yo “ellik so‘m” deganday, behijolat iljaydi.

“Sal tushingey?”, studentning rangi o‘chdi.
“Insofam kerak, buncha?”, to‘ng‘illadim.

“Go‘sht qimmat bo‘p ketdi-ku, aka?”, yelkamga qoqdi ko‘zoynak.
“Biz qimmat qildikmi, uka?”, ayni o‘zidek yelkasiga qoqdim.

U dedik, bu dedik, ikkov sakson beradigan bo‘ldik…

— …Quytdan oling, aka, u-uv, aka?, — shofyorimizning shovuri ko‘zimni ochirdi.
— Rahmat!, — kap-katta odamning “aka”lashidan o‘ng‘aysizlanib, lo‘njimga soldim qurrutni.

Hamrohlarimniyam urti to‘mpayib turardi.

— O‘ji, yaxshi naysha-da bu, — tilli-jag‘li shofyorimiz, “sho‘rt-sho‘rt” shiminib, gapga tushdi yana. Umuman, haydovchi zotini, bitta-ikkita ho‘qqi, asabiysini aytmasak(ular ham avtobuschilar, asosan), kamgapini ko‘rmadim.

— Lekin, shu… quytpuyushlaygiyam qoyilman. Ishshiqda tuyushdi o‘ji bo‘lama… Qayshi kuni, bittashi minib qoldi. Tiyikchiyik shiljimiyapti, Roshshiya ketaman, deydi. Hunay-punaying boyma, desham, qo‘lidan quyt unmiydiganlayam ketyapti-ku, meni kuchuk tishlaganma, deydi… Xay, nima qilashan boyibam, quyt shotashanma, desham, biyanta qayovshij, hech kimi yo‘q babuliyani topaman, deydi. Sho‘g‘inchi, desham, biy-ikki vax qayab, aldab-shuldab, kvaytiyashini nomimga afolmiyat qibolaman, bo‘ldi, ulay qanchayam yashiydi, uch-to‘yt yilda ketadi-da — “kaytishga kovlash”ga, qanday o‘ylappan?, deydi… Zo‘y, dedim, moshindi to‘xtatib, uchgacha shaniyman, chiqshang, eshikdan chiqib qo(l), emasham, diyajadan uchashan, dedim. Shatiliniyam tashab qochdi, hukkijday bola. Otib yuboydim oyqashidan…

…Endi Urgut tog‘lari, “So‘fiyon” jiydalari jonlandi, ko‘z ortimda. Shovullayotgan shamol og‘ushida bir… xonish keldi quloqlarimizga. Tik qotdik. Shu joylarda, shu jazirada… kuylardi kimdir. Olazarak axtarib, topdik ham, ul mug‘anniyni: quyoshda qoraygan, miqtigina o‘smir. Ovozini boricha qo‘yib, shlakablok tashirdi. O‘-o‘, undagi dard, o‘-o‘, unidagi iztirob… Tog‘larga aytgulik ekan, o‘ziyam! “Kecha…”da, Zebini suyub qolgan, tolyesiz aravakash, shuqadar dard-la aytgandir qo‘shig‘ini? “Jamila”da Doniyor, shuningchalik iztirobda kuylagandir, bir bo‘lsa?..
“Ana avo-oz, bli-in!, — zavqi toshdi mezbonimning. — Mana, aka, iste’dodla(r) tog‘ga, g‘isht tasheb yuripte, a, kanservatoriyane qo‘tirechkila(r) bosopte…”.

…Ting‘irlayotgan telefon, ke-yeng tog‘lar etagidan, to-or taksi ichiga “qaytaradi”, meni. Jinglaksoch o‘spirinning jahri tutadi mashinani:

— Alo? Salomaleykum, ena, yaxshimisiz? Ha, qaytiyappan… kep qoldim, pachti. Ishimiz… tugadi… “Chasniy” ish shu-da, ena, bir kun bor, bir kun yo‘q… To‘g‘ri-i, qishloqdayam qurilish bo‘p turibdi, mehnatga yarasha bermiydi-da puldi… Qornidanam ko‘ra qadriga achinib ketadi, odam… Xo‘p, nima qilay, ena, bitta ulligim esimda haliyam, shu otakasbim bilan kunimdi ko‘rib yurippan, qayda bo‘samam… Xa-ay, ko‘ramiz o‘ylashib, ena, hozircha…

“Ish… Hammada shu dardisar.O‘zimnikiyam arosat hali. “Supraqoqdi” holimda qachongacha yuraman tentirab. Keyin… bu sharoitda bir nima orttirisham dargumon. Oylikni uchdan ikkisi: ijara puli, soliqlar, yo‘lkira, qorin… ga ketadi in-ndamay. Qolganini: kitob-pitob olarga ishlatamanmi, telefonga tashlaymanmi, uyga… Yetmaganday, har olti oyda “Propiska” degan baloni yangilash kerak. Pasport stolga-ku, go‘ram ketmaydi, uy egasining “tabarruk” roziligini olishda gap. Oldin, eskitdan turganing hurmati, ma-ayli, uch yuz ming bersang — “raschyot”, deydi, ammo ertasiga, narxlar ko‘tarilib ketibdi a-ancha, besh yuz berasan, deydi, pivosini ho‘pla-ab. Shunisigayam shukr qilib(“shukrona”lar joyi rostonimizga tiqmasaydi?), ko‘nasan…nu indiniga “yuz ko‘ki”lik “boyvachcha” bo‘p turibsan-da. Buyam hammasimas, “janobi oliylari”ning jig‘ildoni — alohida “paragraf”: ziyofatlar, “yarimta”lar, taksida olib yurishlar… Bular, cho‘ntakka taalluqli tarafi. Xonadonda ne-yechta odam ro‘yxatda turgan bo‘lsa, ha-ammasini oyoqqa turg‘izib, notariusma notarius sudraysan: yoshmi qari, kasalmi sog‘…U yoqda ishxona, bir oy burun boshlaydi niqtab: bo‘lyaptimi, bo‘p qoldimi, bo‘-o‘l!.. Ulgursang, xo‘p-xo‘p, ulgurmasang… ajoyib kunlarning birida, turibsan-da ko‘chada — mehnat daftarchangni changalla-ab(“Xafa bo‘mang, uka, bespropiska xodimimiz borligini bilib qolishsa, o‘n aklad shtraf solishadi”). Yo, alhaza-ar: davlat bitta, millat bitta, konstitutsiya bitta, prizedent bitta…ligiga qaramay, shu parcha qog‘ozsiz, o‘z Vataning markazida, dorussaltanatda — sig‘indisan, olqindisan, quvg‘indisan!..?.. Uh-h, qishloqda qanday ekan ahvol? Boraychi, ko‘raychi, balki-i…”.

***

…Bordim, ko‘rdim… g‘alaba qilmadim, ammo. E, o‘sha mashhuri jahon fotihda, lak-lak lashkaru ilonning yog‘ini yalagan mashvaratchilar emas, mendagi diplomu darajagina bo‘lganida, undan ham mazkur mazmundagi jumlalar qolishi tayin edi!

Shoshmang, kinoyaga keladi mavrid, avval quyidagi… tragikomediyani xatm qilingchi? Demak, poytaxt qoldi-ketdi, Paxtachidaman(Samarqandning sarhadiy — “sag‘ir” tumani). Ozmas-ko‘pmas, bir oy “bo‘zchining mokisi” bo‘ldim, idoralararo. Ko‘proq Navoiyga, shaharga qatnadim. Boisini bunda yetkazishga urinib ko‘raman. Faqat, ortiqcha izohu ifodalarsiz: ozgina tasvir, ozgina dialog. Muhimi, bari — fakt! Qani unda: landi-landi…

Pauza-peshso‘z:
Shartnomalar, ko‘proq ojiz tomonning bajarishi uchun tuziladi.
Karel Chapek

…3-kun:

Kunduzi. “Paxtachi” gazetasi tahririyati. “Tegma — qulayman!” debgina turibdi. Nomiga, nochorgina ta’mirsifat nimadir qilingan xonada, redaktor ro‘parasida o‘tiribman.

— …Ish yo‘q, bu yaqin oradayam bo‘maydi!
— Kunda kep tursam, u-bu narsam chiqib tursa, gazitda…

— Erinmasang, kelivur… Xay, men maylisga ketdim, — sigaret so‘rib, borib-kelayotgan mas’ul kotibga ma’noli qarash qilib, chiqadi-ketadi. Kotibning ko‘zlarida ma’no yo‘qoladi.

— Sira iloji yo‘qmi, aka?
— Kema demadi-ku…

— E, kelishdanam, yozishdanam qochmiyman… Qachongacha? Bir-ikki oyda aniq gap eshitamanmi?

— Yo‘q, bir-ikki oydamas… Bir-ikki oydama-as…
— Qachon, xo‘p?
— Yanvarlarda…
— A?!

— Gap bunday, uka, hademay kollektiv butunlay yangilanishi mumkin. Ko‘rib turibsan, hammani yoshi bir joyga borgan, bu yerda. Men, masalan, bir oydan keyin pensiyaga chiqaman, anov xonada o‘tirgan muxbirimiz, keyingi yil chiqadi, manov xonada o‘tirgani, 2019da chiqadi pensiyaga, ta-ak, redaktor, 2020da. Ana keyin, o‘z-o‘zidan senga o‘xshagan yosh kadrlarga ehtiyoj tug‘iladi… Iye, ha uka, yo‘l bo‘si-in?

— 2020-yilni kutgani-i!, — koridorda gumburlaydi tovushim.

Tashqari eshikda nimo‘girilaman: alvido, birinchi umidlarim! Alvido, “Kreml boboylari”!..

Kechasi. Qishloqning bir kunji. Stol usti betartib: semiz-oriq kitoblar, ma’lumotnomalar, kalkulyator, uy kompyuteri va… bo‘shayozib qolgan “Parlament”. Shiftga ingichka tutun o‘rlaydi. Siyraksoch tengqo‘rim, ohista tish yoradi, “nutq”im nihoyasida:

— …Hih-heyey, oshna-am, uch yildan beri galdiratadi meni, bu problema. Qo‘limda pedinstitutti diplomi, bir tuzuvroq ishga yalchimiyman… Oldigey, enasini ko‘ray, kuh-h…

…6-kun:

Kunduzi. Paxtachi tumani bandlikka ko‘maklashish markazi. Kirishda bir… urg‘ochi o‘tiribdi.Oldida daftar-ruchka. Ho‘rpaygandan ho‘rpayadi:

— …Ma-a-auvv, qaysi qishloqdansa-an? Vg‘-g‘-g‘, anuv spiskada inspektorlaringdi topib, telefon qi-il, vu-u-uv! Navbatdagi-i, f-f-f…

Go‘shakdan inspektor javray ketdi jonig‘ib: “…Yo‘q ish! Umuman, rayonda seni sohanga ish yo‘q! A? Yozuv-chizuv bo‘sa bo‘ldi? Xo‘-o‘sh… internet saytlarida ishlasangchi-a? Nima, qishloqqa nimaga keldim unda, deysanmi? O‘zing bilasan, men aytdim…”.

Chiqaverishda, shift ostiga, ko‘rga hassaday qilib ilingan yozuvlarga ko‘z yugurtiraman:

“Har bir shaxs mehnat qilish, erkin kasb tanlash, adolatli mehnat sharoitlarida ishlash va qonunda ko‘rsatilgan tartibda ishsizlikdan himoyalanish huquqiga ega…”
…37-modda.

Kechasi. Ko‘cha boshidagi qari zardoli tagida, uch sharpa g‘o‘ng‘illashadi. “Qirs-qirs” tinmaydi — pista. “Qult-qult” qo‘shiladi ahyonda, baklashkaning do‘qiri barobar — “obi surh”.

— …Virtual qabulxonaga yozib ko‘rmadingmi?, — maslahat ohangida deydi, o‘ngda cho‘nqaymishi.
— Yozganlardi ko‘rdim, — deb qo‘yadi, so‘ldagisi.

— Nima bo‘liykan?
— “Myach” bo‘liykan — futbol to‘pi.
— Tushunmadim, qanday…

— Bunday: portalga manzilingdiyam yozasanma, yozasan. Ular, haqli ravishda, viloyating hokimligiga oshiradi problemangdi. Viloyat, tumaning hokimligiga oshiradi. Tuman, mahallang idorasidagilarga o‘dag‘aylaydi… Uyog‘i oddiy, esimizdi taniganimizdan beri yod bo‘p ketgan “aksioma”: mahallakom, yonboshiga to‘rttasini uyadi, otini “Komissiya” qo‘yadi. Uyinga kep, yeyarini yeb, icharini ichadi. Kamiga siyosat uradi, bir maydo-on: parnik qisang bo‘miydima, mol semirtirsang o‘lasanma, tovuq boqsang churrang tushib qolama… Xo‘p, deysan, haliyam shunday qilasiman, qo‘shimcha daromadsiz, oylikdi o‘ziga, kimam yashaydi hozir, no… diplomimchi, yotuvradima, tortanak bosi-ib?.. Qo‘-o‘ymiykansan-da, deb, “ish” berishadi bitta: oyligi pashmaldoqqayam yetmaydigan, uyam ming yilda bir chiqadigan… Tamom, “g‘alaba raportlari” ke-yetadi tepaga: “Muammo hal… Muammo hal… Muammo hal…”

— Sovib qoldi-yey, manov, ko‘tarayik bitta?, — xirillaydi o‘rtadagi sharpa. Unlari o‘chadi. Ikkalasi bearmon ko‘tarishadi. Uchinchisining parvozi past, qo‘l siltab, daraxtning tarvaqaylagan shoxlari orasidan samoga ser soladi. U yoqdan esa, Lorka tashbehicha, “qizbel” hilol, iymanibgina mo‘ralaydi…

…9-kun:

Kunduzi. Paxtachi tuman xalq qabulxonasi. Turfa diydiyolarni tinglayverib, madori qochgan maslahatchi, vazmin va’z o‘qimoqda:

— …Menam Milliyni bitirganman. Psixologiyasini. 93-yilda. Bir-ikki yil ishladim Toshkentda, keyin qaytdim qishloqqa. Xotin-bola-chaqali ahvolda yashashdi o‘zi bo‘masakan uyoqda… Hozir, seni ko‘rib, shular esga tushdi… Hi-i, “birja trud”dagilar to‘g‘ri aytibdi, matbuotchiga ish yo‘q tumanda…

— Boriniyam boboylar egallagan… Yo‘q, hayronman-da, ularga nima ziyonim tegadi, ishga olishsa?

— Tegadi “ziyon”ing, uka… Yaxshi, eshit: ular, pensiyasi “kemtilishini” xohlamaydi. Agar, sen, yarim stavkali ishga kirsangam, ularning oladiganlari ozayadi, nisbatan. Shunga…

— Unda men qayerga boray, aka?
— Kep tur, deyishibdi-ku, boruvirchi, opqolishar…

Bino bo‘sag‘asida, devorning qoq o‘rtasini qoplagan zarhal bitiklardan qaroqlarim qamashadi:
“Insonlarning dardi, tashvishlarini o‘ylab yashash — odamiylikning eng oliy me’zoni”.
Sh. Mirziyoyev

Kechasi. Supada, yozig‘liq dasturxon tegrasida to‘rt mardum xafahol cho‘kkan: ota, ona, qiz va o‘g‘il. Xafahollik hozirgina ota ochmish mavzudan nish urdi. Mavzu-ku anchayin ko‘hna, nomi — “navnihol”. Majburiy ijro byurosi otlig‘… undiruvgohdan xat kelayotganmish ko‘pchilikka: “…Shuncha qarzingiz bor… Shungacha to‘lamasangiz, ishingiz sudda!”. O‘qib: kimni davleniyasi oshgan, kim “nalugchi”nikiga shoshgan… Bu ro‘zg‘orga-da bormish, el qatori. “Uchastkavoy” uqtiribdi oilaboshiga, ko‘chada to‘xtatib.

— …Yana qanday “qarz”yey, pensiyamizdan oyma-oy opkelishyapti-ku olarini? Tunovingi nazoratchi bachalaram, uchurchik(schyotchik)di ochib, qarab, hisob-kitoblarini qip, qarzlaringiz yo‘g‘akan, debidi-ku?, — zorilladi ona.

— Esa, qaydan muncha to‘lov-a?, — qizishdi qiz ham, — o‘tgan safar gazdan keluvdi, nabarot, ming kub metrlab davlatti o‘zini qarz qip qo‘yganlargayam keluvdi. O‘ladima-yey, bular, tovba qildim!

— Nazoratchilarda bor problema, — muxbirligi qo‘zidi o‘g‘ilning. — Odamlaram qiziq, itgayam-bitgayam berib yuboruvradi pul…

— Ulardanam beshbattarlari bor, — sirqiratuvchi sokinlik-la dedi ota. — Hoji tog‘amiz aytgichidi, elektrosetda umri o‘tgan-da, biladi. Bir kuni, deydi shu tog‘amiz, Ziadin(Ziyovuddin

— Paxtachi tumani markazi)dagi hududlardi bittasidan arz-dod kuchaydi. Borsak, bitta hovli yoppasiga tegirmon, makkayi yanchi-ib o‘tirishibdi. Stolbaga kabel ketgan… Yar-rim soatda uzib-buzib, yig‘ishtirdik tegirmondi. Qaytiyatsak, bir begona no‘mirdan tilpon bo‘lyapti. Alo, deganimdi bilaman, ha-a, enacha-angdi palan qilay-da seni, deb ke-yetdi birovi. Na muomilaga ko‘nadi, na murosaga… So‘kiib-so‘kib, oxirida, ikki soat vaqt senga, qanday uzgan bo‘sang, shunday ulaysan, deb o‘chirdi. Bilsak, prokurorakan, u.Tegirmon shunikiykan… Endi, tog‘ani aytgani — daryodan tomchi. Rayonda qa-ancha tegirmonlar, ohak pechlar, mini zavudlar bor, shundaychikan. Gazdi, svetti, asosan, shular — prokuror, sud, hokim, nachalnik melisa… ishlatadi po‘rillatib, a, to‘lovi — qora xalqdi bo‘yniga bosiladi, ana shunda-ay…

Simobiy sukut cho‘kdi. Qurbaqayu chigirtkalar ham, dami ichiga tushib ketganday jim. To‘lishibroq qolgan oy, gardunning bir girdida, mo‘laribgina turardi.

…Tumanimizdagi tashkilotlarga doriqmadim boshqa. Navoiyda davomladi “sarguzasht”im. Va lek… Najot istab borgan dargohlarim ostonasidayoq masalam “bir yoqlik” bo‘lavergani-chun batafsillikni mutlaq noo‘rin bilib, ushbu “chizgi”larni tortdim. Zotan, oyog‘i Yerdalarga — kifoya!

Navoiy shahar xalq qabulxonasi:“…Ish? Kim yubordi? Shundoq o‘zingiz? Hm-m… Qayerdanman dedingiz? Paxtachi? Boshqa viloyat-ku? Uchyotti qo‘yingchi shaharga, keyin yo‘llanma beramiz tegishli joylarga…”(“Kechirasizu, o‘zi shu “propiska” dastidan “Dod!” deb keluvdim Toshkentdan. Bu yerdayam o‘sha “Qu-qu-qu-qu-quu!” ekan-da?!);

Matbuot uyi:“…Redaktor yo‘q, Navbahor ketgan. Bilmaymiz qachon kelishini… Endi-i, boshliq odam, bizga aytadimi? Nima gapingiz boridi? Ish? Kim jo‘natdi? O‘zingiz?.. Ish yo‘-o‘q, uka, mana… manavi ro‘yxatdagilar, ikki haftadan beri qatnaydi… Ish so‘rab-da, senga o‘xshab… I keyin, oyliklaram unchalikma-as bu gazetada, gonararku tagi bilan yo‘q…”(“Binoni ish so‘rab kelganlardan qo‘riqlash uchun o‘tiribdimi, deyman?!”);

NTRK(Navoiy viloyati teleradiokompaniyasi):“…Nima deysan? Ish? Kim aytdi?.. Ish-pish yo‘q, bu yaqin oradayam bo‘miydi! Ha-a… nomuayyan shtatga ko‘nsang, pojalusta… Bu degani, gonorarga ishlaysan, degani… Gonoraram, qancha, haftasiga bitta ko‘rsatuv tayyorlasang, 20-30 ming so‘m chiqadi, uniyam soliq-polig‘idan ortib, hech nima tegmaydi qo‘linga…”(“Rahma-at, o‘rtoq Qarchig‘ayip, rahmat, ammo men, ish so‘rab keldim — ionamas!”);

UZTELECOM:“…Kim… kim yubordi seni? Hech kim? Uf-f… Uchyoting bormi shaharga? Shartnoma tuzganmisan biz bilan? Praktikani qayda o‘tagansan?.. Tchi, ish yo‘q! “Otdel-kadr”am yo‘q — majlisga ketgan… Telefoni… yo‘q! Noma’lum qachon qaytishi!.. Beri kel, qara, sakkiztasi kep-ketti sengachayam… Bugunni o‘zida… Yo‘q-da endi ish, nima deysan bizga?”(“Sen yolg‘iz emassan, tinchlan, jigarim!”)…

Bu “raddiya”larning mualliflari kim, dersiz — qorovullar… Ha-ha, kadrman, deganini, ishsirab keganini… qorovul qaytaryapti eshikdan!? Aytgancha, NTRK — istisno(o‘sha yoqdagina ko‘rdim, boshliqning shakl-shamoyilini. Taassufki, u ham… Ha-ya, yuqorida o‘qidingizku). Molingni sot, qo‘yingni sot… qorovullik qil, ekan-da!

***

…30-kun:

Ertalab. O‘ttiz kishilik mikroavtobusda… oltmish odam, bet betga, ket ketga tegib-qapishib ketyapmiz. Erkaklar so‘kinadi, xotinlar qarg‘anadi: “…Ko‘-o‘zginang jo‘laymay, o‘l, ustingayam ort odam!”. Dimiqib, tepaga qarayman, qizil harflarni ko‘raman: “Iltimos, lyukka tegma — ochilmaydi, baribir!”. Derazaga buraman boshimni. Tashqarida…

Samarqanddan chiqaverishda, Navoiyga kiraverishda, “post”ning oldginasida… izdihom qaynaydi, har sahar. Jiddiylar uni — “Mehnat bozori” deb alqaydi. Nojiddiylar — “BMT”(“Betonka mardikorlar tashkiloti”), deb askiyalaydi. Chapida, “SAMARQAND”yozuvi soyasida: erkaklar, bo‘z bolalar… O‘ngida, “NAVOIY” qarshisida: qiz-juvonlar… Nazdimda, million yillardan buyon o‘tirishganday… Bu gal ayollar tomonga tushdi-ku ko‘zim: qaldirg‘ochday qato-or tizilishgan, yo‘l girdida. Boshginalarida ro‘mol, yuzginalarida ro‘mol — lachak. Qaroqqinalari “milt-milt” termuladi. Ba’zilarida soyabon: oq, pushti, zarg‘aldoq… Lablarimni uzguday tishlab, qora ko‘zoynagimni taqdim…

Tushga yaqin. “Xudo o‘ldirmasa, pensiyagacha… 32 yil bor. Yana shu-uncha yil… yolg‘on yozamanmi? “Hamma ishli-i!”, deyman — ishsiz qolmaslik uchun! Kimni aldamoqchiman: qora mehnatda qorayib-qovjiragan, har ketarimda, loyhandaq labida kuzatib qoluvchi dadamnimi? Go‘dakday go‘l, sodda ayamnimi? Bormayvursam, o‘zlari kep, hol so‘rovchi yor-birodarlarim, qondoshlarimnimi? Haqtalab hamsoya-xalqimnimi yo?.. Kimni-i-i?”

— …Kayerga bilet buyurmokchisiz? Akadjon, gapiri-ing, kayerga?
— A? Ha-a… uzr, singlim, Toshkentga, plaskart…

Tuynukcha “peshanasi”dagi yoziq o‘ylarim o‘zanini buradi: “Hurmatli, yo‘lovchilar! Elektron tarmoq orqali rasmiylashtirilgan hamda senatorlar va Oliy majlis deputatlariga navbatdan tashqari xizmat ko‘rsatiladi”. Asqad Muxtor “Chinor”idagi Ortiq aka, aniqrog‘i o‘shal qahramonning vokzalda yozig‘liq “Deputatlar xonasi”ni ko‘rib, boshqalar odammasmi, ma’nosida ko‘targan janjali keladi kallamga. Qiziq, o‘zi ham deputat bo‘ladi…

— …Mana, yakshi boring!

Kechqurun. Poyezd Paxtachini guldurab tark etayotir. Eng oxirgi vagon oynalarining birida, yo‘nalishga ters tarzda ketayotgan… tanish kepatani ko‘ramiz. Qabatida, notanish bir Gul, yoyiq sochlarini turmaklarkan, araz aralash g‘amzali qarab qo‘yadi unga. “Tanishimiz” esa, on sayin ortda qolayotgan ota makonidan ko‘z uzmaydi. Zulmat ichida, umrining shu so‘nggi oyida kechirganlari, kinotasmadek o‘tadi. Kadr orqasidan, yig‘i bo‘lib yig‘iga, kulgi bo‘lib kulgiga mengzamaydigan sas hirqiraydi:

Paxtachi, paxtangni qo‘y, endi.
Yebto‘ymas sovlig‘ing so‘y, endi.
Siyla xo‘p, “yarimta” quy, endi…
Yo‘qsa, holing xarob yanayam!

Paxtachi, paxta bir sendama?
Ich to‘la laxta bir sendama?
Hadding bil, tirishma, senlama…
Yo‘qsa, holing xarob yanayam!

Paxtachi, bir senmas paxtachi.
Umidvor borki kas — paxtachi.
Hurmizku, dema, bas: “Paxta-chi?”…
Yo‘qsa, holing xarob yanayam!

Paxtachi, paxtangni qo‘y, endi…

07

(Tashriflar: umumiy 659, bugungi 1)

Izoh qoldiring