Berdiqobil Xudoyqulov. Hayotiy hikoyalar & O’rolboy Qobil. «Qamashining «Kaykovus»i

Ashampoo_Snap_2017.09.18_22h22m59s_001_.png   Кейинги ўн-ўн беш йил ичида Қамашида қандай катта воқеа содир бўлди, деб мендан сўрашса, Бердиқобил Худойқуловнинг китоблари деб айтган бўлар эдим. Бу китоблар одамларнинг қалбига меҳр, оқибат, яхшилик ва эзгулик уруғини сочади…

Ўролбой ҚОБИЛ,
ҚАМАШИНИНГ “КАЙКОВУС” И
05

Одам боласи қизиқ, айниқса, ижодкор аҳли. Кунларнинг бирида ҳамроҳим туман газетаси ходими раҳматли Умар Тожиев билан йўлда кетаётиб қадрдонимиз Бердиқобил акани учратиб қолдик.

-Ай, укажонларим-а, ўзи эрталабдан кўзим учаётган эди, меҳмон сизлар экансизлар-да,- дея кўришиб уйига таклиф этди. Бироқ биз вақтимиз тиғизлигини айтиб узр сўрадик.

-Ҳай, майли, бўлмаса бир пастгина тўхтаб туринглар,- деб зум ўтмасдан уйидан аллақандай қўлёзмани олиб чиқиб Умар акага тутқазди:

-Шуни муҳаррирингиз Темирпўлат Тиллаевга беринг, бир ўқиб кўрсин…

Бизлар хайрлашиб йўлда давом этдик.

-Ака, — дедим Умар акага,- шу отахонга нима етишмайди, нафақаси зўр, обрў-эътибори жойида, ўғиллари топарман, оиласи аҳил, тинчгина ётса бўлмайдими, дамини олиб, шахматини суриб…

Умар ака менга ажабсиниб қаради.

-Шу сўзларни сиз айтаяпсизми?..

Мен индамадим, хато сўзлаганимни сездим. Ҳамроҳим эса нотаниш шоирнинг шеърини ўқиди:

Олға!
Фақат менинг ортимдан! …

***

-Аслида менинг отахонга ғаразим ҳам, гинам ҳам йўқ, лекин ёши саксондан ошиб китоб чиқараман, ёзувчи бўламан деб юрганига ҳайронман,- дедим ўзимни оқламоққа уриниб.

-Хўш, ўзингиз-чи,- деди Умар ака.

-Мана, мен ҳам тинчгина юрсам бўлмайдими, мен-ку майли, агар озгина ҳаракат қилсангиз, мактаб директори ёки тижоратчи, фермер бўлиш қўлингиздан келмасмиди, барисидан кечиб, мақола, шеър ёзиб юрибсиз?

-Энди ака, менинг бўларим шу, йўргакда теккан дард…

-Бердиқобил ака ҳам гарчи касб-кори қурувчи-муҳандис бўлса-да, аслида туғма ижодкор, афсуски, шўронинг ишини деб қирқ-эллик йил умрини югуриб ўтказиб юборди. Нафақага чиқиб тинчидим, деганида, ёшликдаги ўй-ҳаваслар, “дард”лар юрагини қитиқлади, қўлига қалам, қалбига илҳом берди. Бирин-кетин ўқимишли китоблар ёзиб, нашр эттирди. Эсингиздами, у кишининг етмиш йиллик тўйида шоир укаси Йўлдошбек Кенжа шундай деган эди:

“Кейинги ўн-ўн беш йил ичида Қамашида қандай катта воқеа содир бўлди, деб мендан сўрашса, Бердиқобил Худойқуловнинг китоблари деб айтган бўлар эдим. Бу китоблар одамларнинг қалбига меҳр, оқибат, яхшилик ва эзгулик уруғини сочади”.

***

Яқинда отахон бизларни меҳмонга чақирди. Уч-тўрт кун пайсалга солиб юрдик. Охири бўлмади.
Адиб Темирпўлат Тиллаев қўнғироқ қилиб деди:

-Оқсоқолникига бормасак бўлмайди чоғи, ҳар куни телефон қилиб кўймаяпти.

-Сизда нашр қилинадиган китоби йўқми? Ахир, отахон бекорга чақирмаса керак-ов…

-Менда китоби йўқ. Балки, бошқа иши бордир… Бўлмаса, эртага келингизлар, мен хонамда бўламан, тайёр ошни емасак яхши бўлмас, Турсунбой Боймировга ўзим айтаман.

Рости, зарур ишларим боис туман марказига бориб, бир кунни беҳудага йўқ қилиш менга эриш туюлди.
Жўялироқ бир баҳона излай бошладим.

Эртасига азонда телефоним товуш берди. Бегона рақам. Очдим. Бердиқобил ака экан.

-Бугун келмасанглар бўлмайди, — деди.
-Борамиз,- дедим.”

Машина ёллаб, Йўлдошбек Кенжани, сўнгра Сайфулла Ал-Муродни олиб йўлга тушдик. Турсунбой Боймиров туман газетаси таҳририятида экан. Темирпўлат Тиллаев билан ёнимизга келишди. Муҳаррир озгина иши борлигини, бир соатда ортимиздан етиб боришини айтиб, қаёққадир кетди.

Бердиқобил ака бизни дарвозаси ёнида кутиб турган экан. Қучоқлашиб кўришдик. Сўнгра меҳмонхонага кириб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Мезбон “эрмак қилиб туринглар,” дея ҳар биримизга аввалдан тайёрлаб қўйган қўлёзмаларни улашиб чиқди. Йўлдошбек Кенжа дарров баҳона топди.

-Кўзойнагим уйда қопти…

Отахон уч-тўртта кўзойнакни келтириб қўйди. Охири бўлмагач, отахоннинг ёзганларини ўқишга тушдик…

***

Ёзувлар хат шаклида бўлиб, тумани иқтисодиёти оид муаммолар ва уларни ечиш бўйича отахоннинг таклиф ва мулоҳазалари эди.

Қўлёзмага кўз югуртган Йўлдошбек Кенжа отахонга деди:

-Ёзганларингиз ёмонмас, буларни жамлаб бир нечта мақола қилса ҳам бўлади. Тағин яна бир ўйлаб кўриш керак. Биласиз, баъзи мутассадилар танқидни қўйинг, ҳатто яхшигина таклифни айтсангиз ҳам дарров сизга бошқача қарашади. Сиздаги одамларга, жамиятга, юртимизга бўлган меҳрни эса фақат олқишлаш керак!

Йўлдошбек Кенжанинг сўзлари отахонга ёқиб тушди.

Кўп ўтмай хонага адиб Темипўлат Тиллаев кириб келди. Ош сузилди. Гурунгимиз яна қизий бошлади. Ниҳоят, мезбон “ёрилди”.

-Сизларни чақиришимдан мақсадим, бу йил саксон ёшга тўламан. Шуни қандай нишонласам экан, унгача нашриётига топширган китобим ҳам чиқиб қолар, шунга нима дейсизлар?..

Меҳмонлар ҳам у-бу дейишиб ўз фикрларини билдиришди ва отахоннинг тўйи сунбулада, салқин тушгач, ўтадиган бўлди.

Тўйни ҳам ўтказдик. Яқинда эса отахоннинг навбатдаги “Ҳаёт сабоқлари” , “Қалб жавоҳирлари” деб номланган китоблари босмадан чиқиб, мухлислари кўлига тегди. Эсладим, бир йили Одамбормаслик ҳажвчи Турсунбой Боймиров тўй қилди, ижодкорлар тўпландик, дастурхон мўл-кўл, ўшанда шоир Ражаб Турди отахонни Қамашининг “Кайковус”и деб таърифлаганди.

“Ражаб Турди зўр сўз айтибди”,- дейман ичимда. Бундан ошириб айтиш мушкул. Майли, Кайковус бўлса, Кайковус-да! Ахир, барча донишлар ўтмишда қолмагандир, мозийда яшамагандир, шундай эмасми?..

Бердиқобил ХУДОЙҚУЛОВ
ҲАЁТИЙ ҲИКОЯЛАР
055

Бердиқобил Худойқулов 1937 йилда Қамаши тумани Жарқўрғон қишлоғида туғилган. Тошкент Ирригация олийгоҳида таҳсил олган. Узоқ йиллар турли ташкилот, идора ва хўжаликларда раҳбар бўлиб ишлаган. Ижодкорнинг “Мен интилган чўққилар”, “Иқбол калити”,”Ибратлар шодаси”, “Сарбаланд довонлар қадри”,”Донишмандлар мактаби”, “Ҳаёт сабоқлари”, “Қалб жавоҳирлари” каби китоблари нашр этилган. Ҳозир кексалик гаштини сурмоқда.

055

“ХАЗИНА”ДАН АЙРИЛГАН ОДАМ

Бир муаллимни билардим. Билимдон ва хокисор одам эди, раҳматли. Бутун умрини қишлоқ болаларига савод ўргатишга бахшида этиб яшади. Нафақага чиқиб ҳам тинч юрмади. Қишлоғини обод қилиш учун елиб-югурди. Одамларнинг дарди билан юқори идораларга борарди. Ўзини эмас, ўзгаларни ўйлаб умр кечирди.

Ўша муаллимнинг бир одати бор эди. Илмнинг, китобнинг шайдоси эди. Ўзи ҳам кўп китоб ўқирди. Яна китоб йиғарди. Китоб бўлгандаям энг ноёб, энг топилмас китобларни йиғди. Газета-журналлар йиғди. Уйида алоҳида кутубхона ташкил қилди. Баъзида тўйларда, гурунгларда кимдир мол-дунёси, қўй-эчкиси билан мақтанса, муаллим эса нуқул илму урфондан сўзларди.

Муаллимнинг ёлғизгина ўғли бор эди. Ёлғизлиги сабаб эркароқ ўсди. Қишлоқда биринчи бўлиб велосопед минган ҳам, Москвага саёҳатга борган ҳам, “Артек”да дам олган ҳам Ўлмасбой эди. Ўқиши ўртамиёна бўлса-да, муаллимнинг ҳурмати учун ўқитувчилар ҳам уч баҳо ўрнига тўрт, тўрт баҳо ўрнига кўзларини юмиб, беш баҳо қўйишар, буни болапақир билса-да, билмасликка оларди.

Ниҳоят Ўлмасбой мактабни битириб шаҳарга ўқиш учун жўнади. Муаллим ўғлининг илми саёзлигини билар, аммо баъзи бировларнинг “Ана, отаси муаллим бўлса ҳам, уйида бир дунё китоби бўлса-да, фалончи ҳам ўқишга киролмади”, деган гап-сўзларини қочиб, йиғиб юрганларини сумкасига жойлаб бир пайтлар ўзи ўқитган олийгоҳ муаллимининг уйига қимтинибгина борди. Домла уни суюниб кутиб олди. Ҳатто ўзининг вақт топиб, муаллимини йўқлаб боралмаганидан афсусда эканлигини уялибгина айтиб, узр сўради. Муаллим ўша кеча шогирдининг меҳмони бўлди. Домла ҳам сезгир эди. Гап оҳанггидан муаллимининг ичидаги дардини билиб олди ва қўлидан келгунча кўмак

-Муаллим, сиздан пора олсам, нима деган одам бўламан?

-Биламан, Абдишукур, биламан, лекин ҳамма ҳам сендек эмас-да, қолаверса, битта ўзинг билан иш битмайди, мени деб бошинг ҳам бўлмасин…

-Шогирд индамай бошини эгди. “Ҳа, қуруққа бу замонда иш битириш мушкул” деган фикр ўтди, унинг ҳаёлидан.

Ўлмасбой домланинг ёрдами билан талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Хушхабарни эштитган муаллим ғоз юриш қилиб қишлоғининг кўчасини бир айланиб келди.

Талабалик йиллари ҳам ўтди. Ўлмас ҳам бир амаллаб диплом олишга эришди. Қишлоғидаги мактабга ишга жойлашди. Ўйланди, бола-чақали бўлди. Муаллим ҳам тўқсонни қоралаб ёруғ дунёдан кўз юмди. Ўлими арафасида ўғлига китобларни авайлаб асрашни, уни набираларига етказишни қайта-қайта уқтирди.

Орадан йиллар ўтди. Ажабтовур даврлар келди. Чекка қишлоқларда ҳам тадбиркор, фермер деган шаввозлар пайдо бўлди. Иложини топган борки, ўзини бозорга ўрди. Кўчаларни тўрли дўконлар босиб кетди. Бинойидай ишлаб турган ташкилот ва корхоналар “банкрот” бўлди.

Ўлмас ҳам мактабда ишлаб юраверди. Аксига олиб ойлик маоши ҳам икки-уч ойга кечикадиган бўлиб қолди. Томарқасида етиштиргани арзимас пулга чақилар, отасидан қолган уч-тўрттта қора-қуралар эса аллақачон сотилиб, бир сигири қолди..

Шу орада Ўлмас янги улфатлар топди. Ичкиликка ружу қўйди. Рўзғоридан барака кетди. Хотини болаларини эргаштириб тез-тез отасиникига борадиган бўлиб қолди. Ўлмасбой дўконлардан қарз устига қарз олаверди. Кунларнинг бирида дўкондорлардан бири келиб болаларининг ризқи бўлиб турган сигирини етаклаб кетди. Аммо у қарзлардан буткул қутила олмади.

Бир куни у уйма-уй эски қоғозларни сотиб олаётган одамларни учратиб қолди ва бирдан ҳаёлига отасидан қолган китоблар келди, уларни эргаштириб “товар”ни кўрсатди. Эртасига эскипурушлар КАМАЗ машинасида келишиб китобларни олти юз мингга олиб кетишди. Ўлмас бу пулга бир халта ун ва уч кило ёғ олди ва қолганини қарзини узиш учун берди.

Орадан чамаси бир ойлар ўтиб, унинг уйига шаҳардан отасининг шогирди бўлган Абдишукур домла меҳмон бўлиб келди ва отасининг китобларини сўради. Ўлмас иложсизликдан уларни сотиб юборганини айтишга мажбур бўлди. Домла унга деди:

-Шунчаликка борган экансан, менга ҳабар қилсанг бўлмасмиди, ўша китоблар учун анови “Нексия” сўрасанг ҳам бажонидил берган бўлардим…

Ўлмас бошини чангаллаб қолди, унинг кўзидан алам ёшлари оқди.

КОРЖОМА

Эски чориғингни унутма…

Нақл

Бир йили пойтахтга дам олишга борганимда, ҳамхонамнинг қистови билан олийгоҳнинг профессори бўлган кишининг уйига меҳмонга бордик.

Мезбон бизларни илиқ кутиб олди. Ёши ҳам бизлар тенги экан. Суҳбатимиз дарров қовушиб кетди. Энг қизиғи, мезбон самимий киши экан. Гап орасида кўзим уйнинг тўрида осиғлиқ турган эски коржомага тушиб ҳайрон бўлиб қарадим.

Мезбон менинг ҳолатимни кўриб мулойим жилмайиб деди:
-Мен учун энг азиз буюм бу. Менинг шу даражага етишимнинг сабабчиси ҳам.

Бизлар мезбонни “айтиб беринг”, деб қистовга олдик.

-Чекка дашт қишлоғида туғилганман. Болалигим урушдан кейинги оғир йилларда ўтди. Етти ёшга тўлганимда отам вафот этди. Ўшанда акам ўн беш ёшда бўлиб, онам билан биргаликда мен ва синглимни деб одамларнинг хизматини қилиб юрарди. Эллигинчи йилларнинг ўрталарига келиб, турмушимиз бироз ўнгланди. Қорнимиз нонга тўйди. Кўп ўтмай еттинчини тугатган акамни уч йиллик ҳарбий хизматга чақиришди. Онам қўйчилик фемасида ишларди. Мен ва синглим мактабда ўқирдик. Мактабимизда фидойи муаллимлар бор эди. Шу муаллимларнинг сабоқлари боис илм олишга қизиқдим. Бўш пайтларимда одамларнинг турли юмушларини бажариб юриб чой-чақа топардим.

Энг севимли машғулотим китоб ўқиш эди. Айниқса тарихий мавзудаги асарларни жуда ёқтирардим. Ниҳоят, саккизинчи синфни тугатиб шаҳарга ўқишга боришга аҳд қилдим. Акам менга тракторчиларга бериладиган яп-янги коржомасини берди. Кунларнинг бирида хўжалик идорасига маълумотнома олишга бориб, раисга ўқишга бориш ниятимни айтдим.

-Ҳой, сағир бола, сенга ўқишни ким қўйибди, ёки энангнинг шаҳарда эри борми?- дея мени мазаҳ қилиб, хужжатга беписанд қўл қўйиб берди.

Менга раиснинг сўзлари наштардек ботди, алам қилди. Ўз-ўзимга қандай бўлмасин ўқишга кираман деб сўз бердим.

Онамнинг розилиги олиб, чўнтагимдаги етмиш сўм пул билан ёлғиз шаҳарга бордим ва сўраб-суриштириб муаллимлар тайёрлайдиган билим юртига ҳужжат топширдим. Анҳор бўйидаги чойхонага чой ташувчи бўлиб ишга жойлашдим, ўша ерда ётиб юрдим. Омадим келиб, ўқишга кирдим. Кўп ўтмай бизларни Мирзачўлдаги хўжаликларнинг бирига пахта теришга олиб кетишди. Пахта теримида илғорлар сафида бўлдим. Уч юз сўм пул ҳам ишладим. Ўша пайтларда бу катта пул эди. Меҳнатим боис муаллимларнинг эътиборига тушдим. Кейин эса бир воқеа сабаб бўлиб курсимизда машҳур бўлиб кетдим. Балки биларсиз, пахта терими даврида ҳар уч талабагага битта буханка нон беришарди.

Шаҳарлик болаларнинг орқасидан ота-оналари келиб туришгани боис, кўпинча буханкалар ортиб қолар, мен эса уларни йиғиб, халтамга солиб қўярдим. Кунларнинг бирида тушликда нон олиб келадиган машина келмади. Аксига олиб ота-оналар ҳам келишмаганди. Овқат бўлгани билан нон бўлмаса ёмон бўларкан. Тўполон бўлиб кетди. Секин бориб нон тўла халтани муаллимларнинг хонасига олиб бордим. Нонни талабаларга бўлиб бердик. Кекса муаллимлардан бири келиб елкамга қоқди:

-Болам, отангга раҳмат, ноннинг қадрини билар экансан!

Ўқишни имтиёзли диплом билан битирганим сабабли олий ўқув юртига киришга йўлланма беришда. Уйга бориб онам ва акамдан маслаҳат сўрадим. Розилик беришди. Яна шаҳарга қайтдим, талаба ҳам бўлдим. Талабалик йиллари бошқаларни билмадим, лекин мен учун олтин давр эмасди. Ўтган йиллар давомида нималарни кўрмадим, не ишларни қилмадим, дейсиз. Юк ташувчи, қоровул, нонвой, ҳей, айтаверсам саноғи йўқ. Аммо, ўқиш мен учун биринчи даражали масала бўлди. Бахтимга Сергей Иванович деган устозни менга яратган рубарўй қилди. Бу хокисор ва билимдон олимга шогирд тушдим. Шаҳар чеккасидаги дачасини ихтиёримга бериб қўйди. Китобларни айтмайсизми. Хотини Лариса опа яширинча чўнтагимга пул солиб кўярди. Бор вужудим билан илм олишга интилдим. Юртимиз тарихига доир мақолаларим газеталарда босилди. Домламнинг ёрдами туфайли институтга ишга олиб қолишди. “Фалончининг боласи домла бўпти” деган хабар қишлоғимизга тарқалгач, онамнинг ва акамнинг, синглим ва қариндош-уруғимизнинг қувонишганини айтмайсизми. Анови коржома эса нақ ўн йил эгнимдан тушмади. Ҳар йили ёзда бир ювиб, қуритиб олардим. Қолгани эса сизларга маълум, илмий ишимни ёқладим. Чет элларда бўлдим, уй-жой, оила қурдим. Кечаги кунимни унутмаслик, ҳаволаниб кетмаслик учун уни деворга осиб кўйибман. Болаларимга, набираларимга бу ҳақида тез-тез сўзлаб тураман. У мени тўғри яшашга, ҳалол ва имонли бўлишга чорлаб келади.

ОҚИБАТ

Яқинда қишлоққа бир танишимнинг тўйига бордим. Кексалар учун ғала-ғавурдан четроқда жой қилишган экан, ҳузурланиб ўтирдик. Суҳбатимиз айланиб бугунги муаммоларга келиб тақалди. Давранинг тўрида ўтирган қариялардан бири шеригидан сўради:

-Собир ошна, анови тўнғичинг ҳали ҳам хориждами, қишлоққа келмаганига ҳам ўн йиллар бўлди-ёв…

-Ҳа, -дея отахон бош чайқаб, ўлигимга ҳам эгалик қилолмаса керак…
-Чақирсанг бўлмайдими, ана телпон…

— Неча марта айтдим, ана-мана дейди, ҳар замонда энаси билан гаплашиб туради… -Балки, ўша томонларда уйланиб ҳам олгандир?

-Бу ёғини билмадим ошна…
-Айтгандай, ўша ўғлингнинг қизини куёвга бердинглар шекилли?
-Ҳа, боласининг тўйига ҳам келмади, номард…

-Мени кечиргину, сенинг ўша ўғлингда, анови Норой момонинг мушугичалик ҳам оқибат йўқ экан?

Даврадагилар жим қолишди. Мен эса ёнимда ўтирган қариядан бу ҳақида сўрадим.

-Қишлоғимизда Норой момо деган кампир яшарди. Ҳатто невараси тенгиларни ҳам сизлаб гапирарди. Момонинг аломат мушуги бўларди. Ҳатто тўйга борса ҳам ортидан эргашиб юрарди. Бир куни мушук фалокат босиб қўшнисининг иккита жўжасини ғажиб ташлабди. Аёли мушукни қувлаб момонинг уйига келибди. Момо ялиниб-ёлвориб қўшнисини ҳовридан туширибди-да, қанчалик ичи ачимасин, “бир кунини кўриб кетар” деган илинж билан эртасига мушукни халтага солиб Тўлқин таксичига бериб юборибди. Таксичи эса мушукни Жиззахга етгач, йўл четига халтадан чиқариб, ташлаб келибди.

Шу орада Норой момонинг тоби қочиб, нуқул “Мени кечир, Қоракўз!” дер эмиш. Қоракўз дегани мушугининг оти эди. Ўзиям кўзлари чиройли эди қурғурнинг. Хуллас калом момонинг ҳа, деганда жони ўзилавермади. Кунларнинг бирида эрта тонгда келини кампирдан хабар олгани уйига кирса, момонинг жони узилган, тепасида эса ўша мушуги турганмиш. Буни қаранг, шунча олис жойдан жонивор қайтиб келибди. Момомизни қабрга қўйдик. Эртасига қабристонга борган яқинлари Норой момонинг мозорини айланиб юрган мушугини кўришибди.

АДҲАМ БИЛАН МАҲКАМ

Маҳамбой билан Адҳам болаликдан бирга ўсиб-улғайишди. Мактабни тугатиб Адҳам муаллимлик, Маҳамбой эса агрономлик ўқишига кирди. Талабаликнинг серзавқ ва ташвишли кунларини бирга ўтказди. Маҳамбой уйланганда Адҳам куёвжўра бўлиб хизматда бўлди.

Иккаласи ҳам ўқишини тугатиб, Адҳам қишлоғидаги мактабга, Маҳамбой эса туман марказидаги қурилиш идорасига ишга жойлашди.

Орадан йиллар ўтди. Адҳам бирор иш сабаб шаҳарга тушса, албатта дўстини йўқлар, ҳеч бўлмаса идорасига бориб, ҳол-аҳвол сўраб кетарди. Бироқ Маҳамбой ора-сира қишлоққа келса ҳам, негадир Адҳамни кўришга вақт тополмас, танишларидан салом айтиб қўярди, холос. Адҳам бундан ранжимас, “иши кўп бўлса керак-да” деб қўярди.

Шу орада Маҳамбой ўғилларига тўй қилди. Адҳам муаллим аёли билан семизгина кўйни етаклаб ошнасининг тўйига борди. Маҳамбой қадрдонини қучоқ очиб кутиб олди.

Орадан анча йиллар ўтиб Адҳам муаллим қизини ўзатишга тўй бошлади. атайин бориб дўстининг уйига таклифнома ташлаб келди. Тўйга Маҳамбойнинг ўзи суппайиб кириб келди. Негадир ошнасига “Тўй қуллиқ бўлсин”, ҳам демади.

Адҳам бунга эътибор қилмади. Дўстини эътиборли меҳмонлар ўтирган уйга киритиб юборди.

Хонага кирган Маҳамбойнинг кўзи тўрда ўтирган казо-казоларга тушгач, шошиб қолди. Бири солиқ идораси ходими, бири молиячи, яна бири терговчи…

Маҳамбой шошилиб ўрнидан турди ва мезбонларнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан “мен, ҳозир” деганча машинасини ғизиллатиб жўнаб кетди. Адҳам қадрдон дўстининг бу қилиғига ҳайрон бўлиб қолди ва “Унга нима бўлди, ёки биров ранжитдимикин?” деган хавотир билан хизматдаги йигитлардан сўраб-сўриштирди. Улар елка қисишди. Орадан бир мунча фурсат ўтгач, Маҳкамбой ясан-туман қилган аёли ва қимматбаҳо гилам билан тўйхонага кириб келди.

Адҳам ундан сўради.

-Сенга нима бўлди, ошна?
-Кечир, сенинг бундай мансабдор, зўр қариндошларинг борлигини билмаган эканман…

АРМОН

Мастура момо шаҳарда яшайдиган ўғли Санақулдан доим бир нарсани илтимос қиларди.

-Болам, Абдуҳалил тоғангни излаб топ, мендан икки ёш кичик эди. Уйинг куйгур Юнус раис мажбуран укасининг ўрнига ФЗУга жўнатиб юборганди. ( ФЗУ дегани фабрика ва заводлар тайёрлайдиган ўқув курслари) Ахир нуфузли идорада ишлайсан, таниш-билишларинг кўп. Укагинамдан ўн йиллар аввал битта хат келганди. Жавоб хатини сенга айтиб ёздирувдим. Кейин дом-дараксиз кетди. Ахир бу дунёда менинг ёлғиз туғишганим шу укам эди. Жон болам, бир суриштириб кўргин…

Санақул онасига илтимосини албатта бажаришини, ўзининг ҳам тоғасини кўришга иштиёқманд эканини айтиб ишонтирарди-да, шаҳрига кетарди.

Орадан йиллар ўтди. Санақул шаҳарда уйланиб, бола-чақали, уйли бўлди. Шу орада онаси Мастура момо ҳам жон таслим қилди. Аммо онаси ўлар чоғида ҳам укасини ёддан чиқармади, неча йиллардан бери сандиғида сақлаб юрган мўъжазгина суратни ўғлига бериб, деди:

-Укагинамдан қолган ягона нарса шу, ўшанда қишлоғимизга ўрис сураткаш келганда бирга тушгандик…

Онасининг вафотидан сўнг Санақул қишлоқдаги ҳовлини сотди ва буткул шаҳарлик бўлиб кетди. Вақт ўтиши билан болалари улғайди. Тўнғич ўғлини уйлантирди. Гарчи уйи икки хоналик бўлса-да, Санақул йўлини топиб шаҳарнинг четроғидан ҳовлили уй сотиб олди ва кўчиб ўтди. Дом эса ўғлига қолди.

Санақул ишли одам эмасми, эрта кетиб шомда келарди. Кунларнинг бирида аёли эрига деди:

-Отаси, мана янги жойга кўчиб келганимизга ҳам икки йил бўлди. Ҳали бирорта қўни-қўшни билан тузукроқ танишганимиз йўқ. Ўнг ёнимиздаги қўшнимиз ҳам асли Қамашилик экан, эрта бозор, келинг, ул-бул олиб танишиб келайлик…

Санақулга аёлининг гапи эриш туюлди.

-Ҳой, онаси, ўйлаб гапираяпсанми. ҳозир нима кўп, “земляк” кўп, ана менинг идорамда ҳам учтаси бор…

Орадан кунлар, ойлар ўтди. Кунларнинг бирида, улар танишмоқчи бўлган қўшниларининг отаси вафот этди. Ахир, мусулмончилик, қолаверса ён қўшни, Санақул аёлини эргаштириб кўнгил сўрагани ўтди.

Уларни ёши етмишлардан ошган аёл қарши олди. Санақул марҳумнинг руҳига фотиҳа ўқиди ва аёлдан сўради.

-Амаки неча ёшда эдилар, хола?
— Иккам саксон дерди, ўзлари.
— Ҳа, яхши яшабдилар, болалардан нечта?

— Икки ўғил, бир қиз, бариси уйли-жойли, бола-чақали бўлиб кетишган. Аммо у киши ўлими олдидан бир мушкул вазифани бизга васият қилиб кетдилар. Билмадим, буни қандай бажарсак экан, бошимиз қотиб турибди.

— Бу нима эди, хола?

-Хўжайиним асли шаҳарлик эмас, қаҳатчилик йилларида ишчилар тайёрлайдиган ўқишга Қамашининг Тоштепа деган қишлоғидан келганман дер, ёлғиз опаси борлигини айтарди. Бир икки бора хат ёзишиб туришарди. Кейин бизлар ижара уйга кўчдик, шу орада у киши халокатга ўчраб мияси қаттиқ лат еди. Хотирасини йўқотди. Ҳатто мени ҳам, болаларини ҳам танимайдиган бўлиб қолди. Заводдан нафақага чиқаришди. Яратганнинг қудратини кўринг, ўлимидан икки йил аввал хотираси тикланиб, туғилган қишлоғини, ота-онаси кимлигини, опасини эслаб исмларини айтиб берди. Ҳатто, бир сафар сизни кўчада кўриб кимгадир ўхшатган экан,, аммо журъат қилиб сизга айтолмаганди…

Санакулқулнинг хотирасига лоп этиб онаизорининг ўтинчлари келди.

-Амакининг исми ким эди?

Аёл уялиб ерга қаради. Ёнида ўтирган ўрта ёшлардаги жувон деди:

-Дадамизнинг исмлари Абдуҳалил, фамилияси Турдиев.

Санақулнинг ранги оқариб, пешонасидан тер чиқиб кетди.

-Яна бир қайтаринг, сингдим?

Жувон ҳайрон бўлиб айтган сўзларини такрорлади.

Санакул қўллари билан юзини ёпди ва ҳаяжон ичида деди:

-Эй, Яратган эгам, мен гумроҳни ўзинг кечир, ахир мен жондек тоғамнинг уйида эканман-да!

Ўтирганлар ҳайрат ичида Санақулга қарашди. У ёнида ўтирган хотинига деди:

-Бориб анови онамдан қолган сурат билан хатни олиб кел, югур!

Аёл зиппилаб хонадан чиқиб кетди.

Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Кейин эса уйга иккита йигит кириб келди. Аёл уларни Санақулга таништирди. Булар ўғилларим, манаву эса қизим…

Санақул уларга меҳр билан қаради ва деди:

-Анови қизингиз, худди онамга ўхшаркан, худди ўзи…

-Вой товба, буни қаранг, дадаси ҳам уни опасига ўхшатиб исмини Мастура қўйганди!

Шу пайт холослаб хонага қўлида бир дона сурат ва хат билан Суярқулнинг хотини кириб келиб, қўлидагиларни аёлга тутди.

Аёл ва унинг болалари суратни ёпирилиб кўришди. Аёл бирдан:

-Мастура бор қизим, дадангнинг асраб юрган сурати ва хатни олиб кел!-деди. Жувон чопқилаб нариги хонага ўтди ва зум ўтмасдан қўлида сурат ва хатлари олиб келиб, Санакулга тутди.

Санакул суратга тикилиб донг қотиб қолди. Ўша сурат, ўша ўзи ёзган хат, онажони умр бўйи интизор кутган одамнинг сиймоси, унинг тоғаси ва онаси…

Манба: Бердиқобил Худойқулов. “Қалб жавоҳирлари”. Тошкент. “Мусиқа” нашриёти. 2017 йил.

камаши.jpgKeyingi o‘n-o‘n besh yil ichida Qamashida qanday katta voqea sodir bo‘ldi, deb mendan so‘rashsa, Berdiqobil Xudoyqulovning kitoblari deb aytgan bo‘lar edim. Bu kitoblar odamlarning qalbiga mehr, oqibat, yaxshilik va ezgulik urug‘ini sochadi…

O‘rolboy QOBIL,
QAMASHINING “KAYKOVUS” I
05

Odam bolasi qiziq, ayniqsa, ijodkor ahli. Kunlarning birida hamrohim tuman gazetasi xodimi rahmatli Umar Tojiyev bilan yo‘lda ketayotib qadrdonimiz Berdiqobil akani uchratib qoldik.

-Ay, ukajonlarim-a, o‘zi ertalabdan ko‘zim uchayotgan edi, mehmon sizlar ekansizlar-da,- deya ko‘rishib uyiga taklif etdi. Biroq biz vaqtimiz tig‘izligini aytib uzr so‘radik.

-Hay, mayli, bo‘lmasa bir pastgina to‘xtab turinglar,- deb zum o‘tmasdan uyidan allaqanday qo‘lyozmani olib chiqib Umar akaga tutqazdi:

-Shuni muharriringiz Temirpo‘lat Tillayevga bering, bir o‘qib ko‘rsin…

Bizlar xayrlashib yo‘lda davom etdik.

-Aka, — dedim Umar akaga,- shu otaxonga nima yetishmaydi, nafaqasi zo‘r, obro‘-e’tibori joyida, o‘g‘illari toparman, oilasi ahil, tinchgina yotsa bo‘lmaydimi, damini olib, shaxmatini surib…

Umar aka menga ajabsinib qaradi.

-Shu so‘zlarni siz aytayapsizmi?..

Men indamadim, xato so‘zlaganimni sezdim. Hamrohim esa notanish shoirning she’rini o‘qidi:

Olg‘a!
Faqat mening ortimdan! …

***

-Aslida mening otaxonga g‘arazim ham, ginam ham yo‘q, lekin yoshi saksondan oshib kitob chiqaraman, yozuvchi bo‘laman deb yurganiga hayronman,- dedim o‘zimni oqlamoqqa urinib.

-Xo‘sh, o‘zingiz-chi,- dedi Umar aka.

-Mana, men ham tinchgina yursam bo‘lmaydimi, men-ku mayli, agar ozgina harakat qilsangiz, maktab direktori yoki tijoratchi, fermer bo‘lish qo‘lingizdan kelmasmidi, barisidan kechib, maqola, she’r yozib yuribsiz?

-Endi aka, mening bo‘larim shu, yo‘rgakda tekkan dard…

-Berdiqobil aka ham garchi kasb-kori quruvchi-muhandis bo‘lsa-da, aslida tug‘ma ijodkor, afsuski, sho‘roning ishini deb qirq-ellik yil umrini yugurib o‘tkazib yubordi. Nafaqaga chiqib tinchidim, deganida, yoshlikdagi o‘y-havaslar, “dard”lar yuragini qitiqladi, qo‘liga qalam, qalbiga ilhom berdi. Birin-ketin o‘qimishli kitoblar yozib, nashr ettirdi. Esingizdami, u kishining yetmish yillik to‘yida shoir ukasi Yo‘ldoshbek Kenja shunday degan edi:

“Keyingi o‘n-o‘n besh yil ichida Qamashida qanday katta voqea sodir bo‘ldi, deb mendan so‘rashsa, Berdiqobil Xudoyqulovning kitoblari deb aytgan bo‘lar edim. Bu kitoblar odamlarning qalbiga mehr, oqibat, yaxshilik va ezgulik urug‘ini sochadi”.

***

Yaqinda otaxon bizlarni mehmonga chaqirdi. Uch-to‘rt kun paysalga solib yurdik. Oxiri bo‘lmadi.
Adib Temirpo‘lat Tillayev qo‘ng‘iroq qilib dedi:

-Oqsoqolnikiga bormasak bo‘lmaydi chog‘i, har kuni telefon qilib ko‘ymayapti.

-Sizda nashr qilinadigan kitobi yo‘qmi? Axir, otaxon bekorga chaqirmasa kerak-ov…

-Menda kitobi yo‘q. Balki, boshqa ishi bordir… Bo‘lmasa, ertaga kelingizlar, men xonamda bo‘laman, tayyor oshni yemasak yaxshi bo‘lmas, Tursunboy Boymirovga o‘zim aytaman.

Rosti, zarur ishlarim bois tuman markaziga borib, bir kunni behudaga yo‘q qilish menga erish tuyuldi.
Jo‘yaliroq bir bahona izlay boshladim.

Ertasiga azonda telefonim tovush berdi. Begona raqam. Ochdim. Berdiqobil aka ekan.

-Bugun kelmasanglar bo‘lmaydi, — dedi.
-Boramiz,- dedim.”

Mashina yollab, Yo‘ldoshbek Kenjani, so‘ngra Sayfulla Al-Murodni olib yo‘lga tushdik. Tursunboy Boymirov tuman gazetasi tahririyatida ekan. Temirpo‘lat Tillayev bilan yonimizga kelishdi. Muharrir ozgina ishi borligini, bir soatda ortimizdan yetib borishini aytib, qayoqqadir ketdi.

Berdiqobil aka bizni darvozasi yonida kutib turgan ekan. Quchoqlashib ko‘rishdik. So‘ngra mehmonxonaga kirib, hol-ahvol so‘rashdik. Mezbon “ermak qilib turinglar,” deya har birimizga avvaldan tayyorlab qo‘ygan qo‘lyozmalarni ulashib chiqdi. Yo‘ldoshbek Kenja darrov bahona topdi.

-Ko‘zoynagim uyda qopti…

Otaxon uch-to‘rtta ko‘zoynakni keltirib qo‘ydi. Oxiri bo‘lmagach, otaxonning yozganlarini o‘qishga tushdik…

***

Yozuvlar xat shaklida bo‘lib, tumani iqtisodiyoti oid muammolar va ularni yechish bo‘yicha otaxonning taklif va mulohazalari edi.

Qo‘lyozmaga ko‘z yugurtgan Yo‘ldoshbek Kenja otaxonga dedi:

-Yozganlaringiz yomonmas, bularni jamlab bir nechta maqola qilsa ham bo‘ladi. Tag‘in yana bir o‘ylab ko‘rish kerak. Bilasiz, ba’zi mutassadilar tanqidni qo‘ying, hatto yaxshigina taklifni aytsangiz ham darrov sizga boshqacha qarashadi. Sizdagi odamlarga, jamiyatga, yurtimizga bo‘lgan mehrni esa faqat olqishlash kerak!

Yo‘ldoshbek Kenjaning so‘zlari otaxonga yoqib tushdi.

Ko‘p o‘tmay xonaga adib Temipo‘lat Tillayev kirib keldi. Osh suzildi. Gurungimiz yana qiziy boshladi. Nihoyat, mezbon “yorildi”.

-Sizlarni chaqirishimdan maqsadim, bu yil sakson yoshga to‘laman. Shuni qanday nishonlasam ekan, ungacha nashriyotiga topshirgan kitobim ham chiqib qolar, shunga nima deysizlar?..

Mehmonlar ham u-bu deyishib o‘z fikrlarini bildirishdi va otaxonning to‘yi sunbulada, salqin tushgach, o‘tadigan bo‘ldi.

To‘yni ham o‘tkazdik. Yaqinda esa otaxonning navbatdagi “Hayot saboqlari” , “Qalb javohirlari” deb nomlangan kitoblari bosmadan chiqib, muxlislari ko‘liga tegdi. Esladim, bir yili Odambormaslik hajvchi Tursunboy Boymirov to‘y qildi, ijodkorlar to‘plandik, dasturxon mo‘l-ko‘l, o‘shanda shoir Rajab Turdi otaxonni Qamashining “Kaykovus”i deb ta’riflagandi.

“Rajab Turdi zo‘r so‘z aytibdi”,- deyman ichimda. Bundan oshirib aytish mushkul. Mayli, Kaykovus bo‘lsa, Kaykovus-da! Axir, barcha donishlar o‘tmishda qolmagandir, moziyda yashamagandir, shunday emasmi?..

Berdiqobil XUDOYQULOV
HAYOTIY HIKOYALAR
055

Ibratlar-shodasi-500x750.jpgBerdiqobil Xudoyqulov 1937 yilda Qamashi tumani Jarqo‘rg‘on qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Irrigatsiya oliygohida tahsil olgan. Uzoq yillar turli tashkilot, idora va xo‘jaliklarda rahbar bo‘lib ishlagan. Ijodkorning “Men intilgan cho‘qqilar”, “Iqbol kaliti”,”Ibratlar shodasi”, “Sarbaland dovonlar qadri”,”Donishmandlar maktabi”, “Hayot saboqlari”, “Qalb javohirlari” kabi kitoblari nashr etilgan. Hozir keksalik gashtini surmoqda.

055

“XAZINA”DAN AYRILGAN ODAM

Bir muallimni bilardim. Bilimdon va xokisor odam edi, rahmatli. Butun umrini qishloq bolalariga savod o‘rgatishga baxshida etib yashadi. Nafaqaga chiqib ham tinch yurmadi. Qishlog‘ini obod qilish uchun yelib-yugurdi. Odamlarning dardi bilan yuqori idoralarga borardi. O‘zini emas, o‘zgalarni o‘ylab umr kechirdi.

O‘sha muallimning bir odati bor edi. Ilmning, kitobning shaydosi edi. O‘zi ham ko‘p kitob o‘qirdi. Yana kitob yig‘ardi. Kitob bo‘lgandayam eng noyob, eng topilmas kitoblarni yig‘di. Gazeta-jurnallar yig‘di. Uyida alohida kutubxona tashkil qildi. Ba’zida to‘ylarda, gurunglarda kimdir mol-dunyosi, qo‘y-echkisi bilan maqtansa, muallim esa nuqul ilmu urfondan so‘zlardi.

Muallimning yolg‘izgina o‘g‘li bor edi. Yolg‘izligi sabab erkaroq o‘sdi. Qishloqda birinchi bo‘lib velosoped mingan ham, Moskvaga sayohatga borgan ham, “Artek”da dam olgan ham O‘lmasboy edi. O‘qishi o‘rtamiyona bo‘lsa-da, muallimning hurmati uchun o‘qituvchilar ham uch baho o‘rniga to‘rt, to‘rt baho o‘rniga ko‘zlarini yumib, besh baho qo‘yishar, buni bolapaqir bilsa-da, bilmaslikka olardi.

Nihoyat O‘lmasboy maktabni bitirib shaharga o‘qish uchun jo‘nadi. Muallim o‘g‘lining ilmi sayozligini bilar, ammo ba’zi birovlarning “Ana, otasi muallim bo‘lsa ham, uyida bir dunyo kitobi bo‘lsa-da, falonchi ham o‘qishga kirolmadi”, degan gap-so‘zlarini qochib, yig‘ib yurganlarini sumkasiga joylab bir paytlar o‘zi o‘qitgan oliygoh muallimining uyiga qimtinibgina bordi. Domla uni suyunib kutib oldi. Hatto o‘zining vaqt topib, muallimini yo‘qlab boralmaganidan afsusda ekanligini uyalibgina aytib, uzr so‘radi. Muallim o‘sha kecha shogirdining mehmoni bo‘ldi. Domla ham sezgir edi. Gap ohanggidan muallimining ichidagi dardini bilib oldi va qo‘lidan kelguncha ko‘mak

-Muallim, sizdan pora olsam, nima degan odam bo‘laman?

-Bilaman, Abdishukur, bilaman, lekin hamma ham sendek emas-da, qolaversa, bitta o‘zing bilan ish bitmaydi, meni deb boshing ham bo‘lmasin…

-Shogird indamay boshini egdi. “Ha, quruqqa bu zamonda ish bitirish mushkul” degan fikr o‘tdi, uning hayolidan.

O‘lmasboy domlaning yordami bilan talaba bo‘lish baxtiga muyassar bo‘ldi. Xushxabarni eshtitgan muallim g‘oz yurish qilib qishlog‘ining ko‘chasini bir aylanib keldi.

Talabalik yillari ham o‘tdi. O‘lmas ham bir amallab diplom olishga erishdi. Qishlog‘idagi maktabga ishga joylashdi. O‘ylandi, bola-chaqali bo‘ldi. Muallim ham to‘qsonni qoralab yorug‘ dunyodan ko‘z yumdi. O‘limi arafasida o‘g‘liga kitoblarni avaylab asrashni, uni nabiralariga yetkazishni qayta-qayta uqtirdi.

Oradan yillar o‘tdi. Ajabtovur davrlar keldi. Chekka qishloqlarda ham tadbirkor, fermer degan shavvozlar paydo bo‘ldi. Ilojini topgan borki, o‘zini bozorga o‘rdi. Ko‘chalarni to‘rli do‘konlar bosib ketdi. Binoyiday ishlab turgan tashkilot va korxonalar “bankrot” bo‘ldi.

O‘lmas ham maktabda ishlab yuraverdi. Aksiga olib oylik maoshi ham ikki-uch oyga kechikadigan bo‘lib qoldi. Tomarqasida yetishtirgani arzimas pulga chaqilar, otasidan qolgan uch-to‘rttta qora-quralar esa allaqachon sotilib, bir sigiri qoldi..

Shu orada O‘lmas yangi ulfatlar topdi. Ichkilikka ruju qo‘ydi. Ro‘zg‘oridan baraka ketdi. Xotini bolalarini ergashtirib tez-tez otasinikiga boradigan bo‘lib qoldi. O‘lmasboy do‘konlardan qarz ustiga qarz olaverdi. Kunlarning birida do‘kondorlardan biri kelib bolalarining rizqi bo‘lib turgan sigirini yetaklab ketdi. Ammo u qarzlardan butkul qutila olmadi.

Bir kuni u uyma-uy eski qog‘ozlarni sotib olayotgan odamlarni uchratib qoldi va birdan hayoliga otasidan qolgan kitoblar keldi, ularni ergashtirib “tovar”ni ko‘rsatdi. Ertasiga eskipurushlar KAMAZ mashinasida kelishib kitoblarni olti yuz mingga olib ketishdi. O‘lmas bu pulga bir xalta un va uch kilo yog‘ oldi va qolganini qarzini uzish uchun berdi.

Oradan chamasi bir oylar o‘tib, uning uyiga shahardan otasining shogirdi bo‘lgan Abdishukur domla mehmon bo‘lib keldi va otasining kitoblarini so‘radi. O‘lmas ilojsizlikdan ularni sotib yuborganini aytishga majbur bo‘ldi. Domla unga dedi:

-Shunchalikka borgan ekansan, menga habar qilsang bo‘lmasmidi, o‘sha kitoblar uchun anovi “Neksiya” so‘rasang ham bajonidil bergan bo‘lardim…

O‘lmas boshini changallab qoldi, uning ko‘zidan alam yoshlari oqdi.

KORJOMA

Eski chorig‘ingni unutma…

Naql

Bir yili poytaxtga dam olishga borganimda, hamxonamning qistovi bilan oliygohning professori bo‘lgan kishining uyiga mehmonga bordik.

Mezbon bizlarni iliq kutib oldi. Yoshi ham bizlar tengi ekan. Suhbatimiz darrov qovushib ketdi. Eng qizig‘i, mezbon samimiy kishi ekan. Gap orasida ko‘zim uyning to‘rida osig‘liq turgan eski korjomaga tushib hayron bo‘lib qaradim.

Mezbon mening holatimni ko‘rib muloyim jilmayib dedi:
-Men uchun eng aziz buyum bu. Mening shu darajaga yetishimning sababchisi ham.

Bizlar mezbonni “aytib bering”, deb qistovga oldik.

-Chekka dasht qishlog‘ida tug‘ilganman. Bolaligim urushdan keyingi og‘ir yillarda o‘tdi. Yetti yoshga to‘lganimda otam vafot etdi. O‘shanda akam o‘n besh yoshda bo‘lib, onam bilan birgalikda men va singlimni deb odamlarning xizmatini qilib yurardi. Elliginchi yillarning o‘rtalariga kelib, turmushimiz biroz o‘nglandi. Qornimiz nonga to‘ydi. Ko‘p o‘tmay yettinchini tugatgan akamni uch yillik harbiy xizmatga chaqirishdi. Onam qo‘ychilik femasida ishlardi. Men va singlim maktabda o‘qirdik. Maktabimizda fidoyi muallimlar bor edi. Shu muallimlarning saboqlari bois ilm olishga qiziqdim. Bo‘sh paytlarimda odamlarning turli yumushlarini bajarib yurib choy-chaqa topardim.

Eng sevimli mashg‘ulotim kitob o‘qish edi. Ayniqsa tarixiy mavzudagi asarlarni juda yoqtirardim. Nihoyat, sakkizinchi sinfni tugatib shaharga o‘qishga borishga ahd qildim. Akam menga traktorchilarga beriladigan yap-yangi korjomasini berdi. Kunlarning birida xo‘jalik idorasiga ma’lumotnoma olishga borib, raisga o‘qishga borish niyatimni aytdim.

-Hoy, sag‘ir bola, senga o‘qishni kim qo‘yibdi, yoki enangning shaharda eri bormi?- deya meni mazah qilib, xujjatga bepisand qo‘l qo‘yib berdi.

Menga raisning so‘zlari nashtardek botdi, alam qildi. O‘z-o‘zimga qanday bo‘lmasin o‘qishga kiraman deb so‘z berdim.

Onamning roziligi olib, cho‘ntagimdagi yetmish so‘m pul bilan yolg‘iz shaharga bordim va so‘rab-surishtirib muallimlar tayyorlaydigan bilim yurtiga hujjat topshirdim. Anhor bo‘yidagi choyxonaga choy tashuvchi bo‘lib ishga joylashdim, o‘sha yerda yotib yurdim. Omadim kelib, o‘qishga kirdim. Ko‘p o‘tmay bizlarni Mirzacho‘ldagi xo‘jaliklarning biriga paxta terishga olib ketishdi. Paxta terimida ilg‘orlar safida bo‘ldim. Uch yuz so‘m pul ham ishladim. O‘sha paytlarda bu katta pul edi. Mehnatim bois muallimlarning e’tiboriga tushdim. Keyin esa bir voqea sabab bo‘lib kursimizda mashhur bo‘lib ketdim. Balki bilarsiz, paxta terimi davrida har uch talabagaga bitta buxanka non berishardi.

Shaharlik bolalarning orqasidan ota-onalari kelib turishgani bois, ko‘pincha buxankalar ortib qolar, men esa ularni yig‘ib, xaltamga solib qo‘yardim. Kunlarning birida tushlikda non olib keladigan mashina kelmadi. Aksiga olib ota-onalar ham kelishmagandi. Ovqat bo‘lgani bilan non bo‘lmasa yomon bo‘larkan. To‘polon bo‘lib ketdi. Sekin borib non to‘la xaltani muallimlarning xonasiga olib bordim. Nonni talabalarga bo‘lib berdik. Keksa muallimlardan biri kelib yelkamga qoqdi:

-Bolam, otangga rahmat, nonning qadrini bilar ekansan!

O‘qishni imtiyozli diplom bilan bitirganim sababli oliy o‘quv yurtiga kirishga yo‘llanma berishda. Uyga borib onam va akamdan maslahat so‘radim. Rozilik berishdi. Yana shaharga qaytdim, talaba ham bo‘ldim. Talabalik yillari boshqalarni bilmadim, lekin men uchun oltin davr emasdi. O‘tgan yillar davomida nimalarni ko‘rmadim, ne ishlarni qilmadim, deysiz. Yuk tashuvchi, qorovul, nonvoy, hey, aytaversam sanog‘i yo‘q. Ammo, o‘qish men uchun birinchi darajali masala bo‘ldi. Baxtimga Sergey Ivanovich degan ustozni menga yaratgan rubaro‘y qildi. Bu xokisor va bilimdon olimga shogird tushdim. Shahar chekkasidagi dachasini ixtiyorimga berib qo‘ydi. Kitoblarni aytmaysizmi. Xotini Larisa opa yashirincha cho‘ntagimga pul solib ko‘yardi. Bor vujudim bilan ilm olishga intildim. Yurtimiz tarixiga doir maqolalarim gazetalarda bosildi. Domlamning yordami tufayli institutga ishga olib qolishdi. “Falonchining bolasi domla bo‘pti” degan xabar qishlog‘imizga tarqalgach, onamning va akamning, singlim va qarindosh-urug‘imizning quvonishganini aytmaysizmi. Anovi korjoma esa naq o‘n yil egnimdan tushmadi. Har yili yozda bir yuvib, quritib olardim. Qolgani esa sizlarga ma’lum, ilmiy ishimni yoqladim. Chet ellarda bo‘ldim, uy-joy, oila qurdim. Kechagi kunimni unutmaslik, havolanib ketmaslik uchun uni devorga osib ko‘yibman. Bolalarimga, nabiralarimga bu haqida tez-tez so‘zlab turaman. U meni to‘g‘ri yashashga, halol va imonli bo‘lishga chorlab keladi.

OQIBAT

Yaqinda qishloqqa bir tanishimning to‘yiga bordim. Keksalar uchun g‘ala-g‘avurdan chetroqda joy qilishgan ekan, huzurlanib o‘tirdik. Suhbatimiz aylanib bugungi muammolarga kelib taqaldi. Davraning to‘rida o‘tirgan qariyalardan biri sherigidan so‘radi:

-Sobir oshna, anovi to‘ng‘iching hali ham xorijdami, qishloqqa kelmaganiga ham o‘n yillar bo‘ldi-yov…

-Ha, -deya otaxon bosh chayqab, o‘ligimga ham egalik qilolmasa kerak…
-Chaqirsang bo‘lmaydimi, ana telpon…

— Necha marta aytdim, ana-mana deydi, har zamonda enasi bilan gaplashib turadi… -Balki, o‘sha tomonlarda uylanib ham olgandir?

-Bu yog‘ini bilmadim oshna…
-Aytganday, o‘sha o‘g‘lingning qizini kuyovga berdinglar shekilli?
-Ha, bolasining to‘yiga ham kelmadi, nomard…

-Meni kechirginu, sening o‘sha o‘g‘lingda, anovi Noroy momoning mushugichalik ham oqibat yo‘q ekan?

Davradagilar jim qolishdi. Men esa yonimda o‘tirgan qariyadan bu haqida so‘radim.

-Qishlog‘imizda Noroy momo degan kampir yashardi. Hatto nevarasi tengilarni ham sizlab gapirardi. Momoning alomat mushugi bo‘lardi. Hatto to‘yga borsa ham ortidan ergashib yurardi. Bir kuni mushuk falokat bosib qo‘shnisining ikkita jo‘jasini g‘ajib tashlabdi. Ayoli mushukni quvlab momoning uyiga kelibdi. Momo yalinib-yolvorib qo‘shnisini hovridan tushiribdi-da, qanchalik ichi achimasin, “bir kunini ko‘rib ketar” degan ilinj bilan ertasiga mushukni xaltaga solib To‘lqin taksichiga berib yuboribdi. Taksichi esa mushukni Jizzaxga yetgach, yo‘l chetiga xaltadan chiqarib, tashlab kelibdi.

Shu orada Noroy momoning tobi qochib, nuqul “Meni kechir, Qorako‘z!” der emish. Qorako‘z degani mushugining oti edi. O‘ziyam ko‘zlari chiroyli edi qurg‘urning. Xullas kalom momoning ha, deganda joni o‘zilavermadi. Kunlarning birida erta tongda kelini kampirdan xabar olgani uyiga kirsa, momoning joni uzilgan, tepasida esa o‘sha mushugi turganmish. Buni qarang, shuncha olis joydan jonivor qaytib kelibdi. Momomizni qabrga qo‘ydik. Ertasiga qabristonga borgan yaqinlari Noroy momoning mozorini aylanib yurgan mushugini ko‘rishibdi.

ADHAM BILAN MAHKAM

Mahamboy bilan Adham bolalikdan birga o‘sib-ulg‘ayishdi. Maktabni tugatib Adham muallimlik, Mahamboy esa agronomlik o‘qishiga kirdi. Talabalikning serzavq va tashvishli kunlarini birga o‘tkazdi. Mahamboy uylanganda Adham kuyovjo‘ra bo‘lib xizmatda bo‘ldi.

Ikkalasi ham o‘qishini tugatib, Adham qishlog‘idagi maktabga, Mahamboy esa tuman markazidagi qurilish idorasiga ishga joylashdi.

Oradan yillar o‘tdi. Adham biror ish sabab shaharga tushsa, albatta do‘stini yo‘qlar, hech bo‘lmasa idorasiga borib, hol-ahvol so‘rab ketardi. Biroq Mahamboy ora-sira qishloqqa kelsa ham, negadir Adhamni ko‘rishga vaqt topolmas, tanishlaridan salom aytib qo‘yardi, xolos. Adham bundan ranjimas, “ishi ko‘p bo‘lsa kerak-da” deb qo‘yardi.

Shu orada Mahamboy o‘g‘illariga to‘y qildi. Adham muallim ayoli bilan semizgina ko‘yni yetaklab oshnasining to‘yiga bordi. Mahamboy qadrdonini quchoq ochib kutib oldi.

Oradan ancha yillar o‘tib Adham muallim qizini o‘zatishga to‘y boshladi. atayin borib do‘stining uyiga taklifnoma tashlab keldi. To‘yga Mahamboyning o‘zi suppayib kirib keldi. Negadir oshnasiga “To‘y qulliq bo‘lsin”, ham demadi.

Adham bunga e’tibor qilmadi. Do‘stini e’tiborli mehmonlar o‘tirgan uyga kiritib yubordi.

Xonaga kirgan Mahamboyning ko‘zi to‘rda o‘tirgan kazo-kazolarga tushgach, shoshib qoldi. Biri soliq idorasi xodimi, biri moliyachi, yana biri tergovchi…

Mahamboy shoshilib o‘rnidan turdi va mezbonlarning hay-haylashiga qaramasdan “men, hozir” degancha mashinasini g‘izillatib jo‘nab ketdi. Adham qadrdon do‘stining bu qilig‘iga hayron bo‘lib qoldi va “Unga nima bo‘ldi, yoki birov ranjitdimikin?” degan xavotir bilan xizmatdagi yigitlardan so‘rab-so‘rishtirdi. Ular yelka qisishdi. Oradan bir muncha fursat o‘tgach, Mahkamboy yasan-tuman qilgan ayoli va qimmatbaho gilam bilan to‘yxonaga kirib keldi.

Adham undan so‘radi.

-Senga nima bo‘ldi, oshna?
-Kechir, sening bunday mansabdor, zo‘r qarindoshlaring borligini bilmagan ekanman…

ARMON

Mastura momo shaharda yashaydigan o‘g‘li Sanaquldan doim bir narsani iltimos qilardi.

-Bolam, Abduhalil tog‘angni izlab top, mendan ikki yosh kichik edi. Uying kuygur Yunus rais majburan ukasining o‘rniga FZUga jo‘natib yuborgandi. ( FZU degani fabrika va zavodlar tayyorlaydigan o‘quv kurslari) Axir nufuzli idorada ishlaysan, tanish-bilishlaring ko‘p. Ukaginamdan o‘n yillar avval bitta xat kelgandi. Javob xatini senga aytib yozdiruvdim. Keyin dom-daraksiz ketdi. Axir bu dunyoda mening yolg‘iz tug‘ishganim shu ukam edi. Jon bolam, bir surishtirib ko‘rgin…

Sanaqul onasiga iltimosini albatta bajarishini, o‘zining ham tog‘asini ko‘rishga ishtiyoqmand ekanini aytib ishontirardi-da, shahriga ketardi.

Oradan yillar o‘tdi. Sanaqul shaharda uylanib, bola-chaqali, uyli bo‘ldi. Shu orada onasi Mastura momo ham jon taslim qildi. Ammo onasi o‘lar chog‘ida ham ukasini yoddan chiqarmadi, necha yillardan beri sandig‘ida saqlab yurgan mo‘’jazgina suratni o‘g‘liga berib, dedi:

-Ukaginamdan qolgan yagona narsa shu, o‘shanda qishlog‘imizga o‘ris suratkash kelganda birga tushgandik…

Onasining vafotidan so‘ng Sanaqul qishloqdagi hovlini sotdi va butkul shaharlik bo‘lib ketdi. Vaqt o‘tishi bilan bolalari ulg‘aydi. To‘ng‘ich o‘g‘lini uylantirdi. Garchi uyi ikki xonalik bo‘lsa-da, Sanaqul yo‘lini topib shaharning chetrog‘idan hovlili uy sotib oldi va ko‘chib o‘tdi. Dom esa o‘g‘liga qoldi.

Sanaqul ishli odam emasmi, erta ketib shomda kelardi. Kunlarning birida ayoli eriga dedi:

-Otasi, mana yangi joyga ko‘chib kelganimizga ham ikki yil bo‘ldi. Hali birorta qo‘ni-qo‘shni bilan tuzukroq tanishganimiz yo‘q. O‘ng yonimizdagi qo‘shnimiz ham asli Qamashilik ekan, erta bozor, keling, ul-bul olib tanishib kelaylik…

Sanaqulga ayolining gapi erish tuyuldi.

-Hoy, onasi, o‘ylab gapirayapsanmi. hozir nima ko‘p, “zemlyak” ko‘p, ana mening idoramda ham uchtasi bor…

Oradan kunlar, oylar o‘tdi. Kunlarning birida, ular tanishmoqchi bo‘lgan qo‘shnilarining otasi vafot etdi. Axir, musulmonchilik, qolaversa yon qo‘shni, Sanaqul ayolini ergashtirib ko‘ngil so‘ragani o‘tdi.

Ularni yoshi yetmishlardan oshgan ayol qarshi oldi. Sanaqul marhumning ruhiga fotiha o‘qidi va ayoldan so‘radi.

-Amaki necha yoshda edilar, xola?
— Ikkam sakson derdi, o‘zlari.
— Ha, yaxshi yashabdilar, bolalardan nechta?

— Ikki o‘g‘il, bir qiz, barisi uyli-joyli, bola-chaqali bo‘lib ketishgan. Ammo u kishi o‘limi oldidan bir mushkul vazifani bizga vasiyat qilib ketdilar. Bilmadim, buni qanday bajarsak ekan, boshimiz qotib turibdi.

— Bu nima edi, xola?

-Xo‘jayinim asli shaharlik emas, qahatchilik yillarida ishchilar tayyorlaydigan o‘qishga Qamashining Toshtepa degan qishlog‘idan kelganman der, yolg‘iz opasi borligini aytardi. Bir ikki bora xat yozishib turishardi. Keyin bizlar ijara uyga ko‘chdik, shu orada u kishi xalokatga o‘chrab miyasi qattiq lat yedi. Xotirasini yo‘qotdi. Hatto meni ham, bolalarini ham tanimaydigan bo‘lib qoldi. Zavoddan nafaqaga chiqarishdi. Yaratganning qudratini ko‘ring, o‘limidan ikki yil avval xotirasi tiklanib, tug‘ilgan qishlog‘ini, ota-onasi kimligini, opasini eslab ismlarini aytib berdi. Hatto, bir safar sizni ko‘chada ko‘rib kimgadir o‘xshatgan ekan,, ammo jur’at qilib sizga aytolmagandi…

Sanakulqulning xotirasiga lop etib onaizorining o‘tinchlari keldi.

-Amakining ismi kim edi?

Ayol uyalib yerga qaradi. Yonida o‘tirgan o‘rta yoshlardagi juvon dedi:

-Dadamizning ismlari Abduhalil, familiyasi Turdiyev.

Sanaqulning rangi oqarib, peshonasidan ter chiqib ketdi.

-Yana bir qaytaring, singdim?

Juvon hayron bo‘lib aytgan so‘zlarini takrorladi.

Sanakul qo‘llari bilan yuzini yopdi va hayajon ichida dedi:

-Ey, Yaratgan egam, men gumrohni o‘zing kechir, axir men jondek tog‘amning uyida ekanman-da!

O‘tirganlar hayrat ichida Sanaqulga qarashdi. U yonida o‘tirgan xotiniga dedi:

-Borib anovi onamdan qolgan surat bilan xatni olib kel, yugur!

Ayol zippilab xonadan chiqib ketdi.

O‘rtaga noqulay jimlik cho‘kdi. Keyin esa uyga ikkita yigit kirib keldi. Ayol ularni Sanaqulga tanishtirdi. Bular o‘g‘illarim, manavu esa qizim…

Sanaqul ularga mehr bilan qaradi va dedi:

-Anovi qizingiz, xuddi onamga o‘xsharkan, xuddi o‘zi…

-Voy tovba, buni qarang, dadasi ham uni opasiga o‘xshatib ismini Mastura qo‘ygandi!

Shu payt xoloslab xonaga qo‘lida bir dona surat va xat bilan Suyarqulning xotini kirib kelib, qo‘lidagilarni ayolga tutdi.

Ayol va uning bolalari suratni yopirilib ko‘rishdi. Ayol birdan:

-Mastura bor qizim, dadangning asrab yurgan surati va xatni olib kel!-dedi. Juvon chopqilab narigi xonaga o‘tdi va zum o‘tmasdan qo‘lida surat va xatlari olib kelib, Sanakulga tutdi.

Sanakul suratga tikilib dong qotib qoldi. O‘sha surat, o‘sha o‘zi yozgan xat, onajoni umr bo‘yi intizor kutgan odamning siymosi, uning tog‘asi va onasi…

Manba: Berdiqobil Xudoyqulov. “Qalb javohirlari”. Toshkent. “Musiqa” nashriyoti. 2017 yil.

07

(Tashriflar: umumiy 527, bugungi 1)

Izoh qoldiring