Tillaniso Eshboyeva. Dunyo Ulkan Holatdir

Ashampoo_Snap_2017.06.30_23h34m38s_005_.pngДунё УЛКАН Ҳолатдир. Бу ҳолатга ҳар доим ҳам тегишли бўлиш мумкин эмасдек. Бу покланишдан юксакроқ, нозиклашув, инжалашув, шаффофлашув, тиниқлашувдир. Шу ҳолатда, айтайлик, гулдонда қуриган гул, қовжираган япроқлар ва гулнинг нозик эгилган танаси… Ва ота-онангиз билан мураккаб муносабатларингиз орасида уйғунликни кўриб турасиз.

Тилланисо ЭШБОЕВА
ДУНЁ УЛКАН ҲОЛАТДИР
02

0_1547dd_28ab8c0b_orig.jpg   Тилланисо Эшбоева  Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Дилхат” шеърий тўплами муаллифи. Шеърлари ва  эсселари  “Сизга шеър айтгим келади” ёшлар баёзида, туман, вилоят ва республика газета-журналларида, шунингдек, «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида  ёритилган.

004

Булутлар ортидан чиққан
Қишки ой
Ҳамроҳимдир.
Қора совуқ изиллар,
Бўралайди совуқ қор.

Мёе*

* * *

Баҳорда — олча гули
Ёзда — какку.
Кузда — ой
Қишда-
Шаффоф, совуқ қор.

“Азалий руҳ”, Доген*

0dc1ded6aaa8a2267740e5c5f2c3b5f5.jpgДунё УЛКАН Ҳолатдир. Бу ҳолатга ҳар доим ҳам тегишли бўлиш мумкин эмасдек. Бу покланишдан юксакроқ, нозиклашув, инжалашув, шаффофлашув, тиниқлашувдир. Шу ҳолатда, айтайлик, гулдонда қуриган гул, қовжираган япроқлар ва гулнинг нозик эгилган танаси… Ва ота-онангиз билан мураккаб муносабатларингиз орасида уйғунликни кўриб турасиз. Шу нозик ҳолат ичидаги туйғуни ушлаб кўрар даражада ҳис этасиз: сирли, инжа ва ғамли. Иккаласи ҳам. Иккаласи ҳам уйғунлашади. Бундай уйғунликни илғаш ҳар доим ҳам насиб этавермайди. Санъаткор руҳий ҳолатларни кечиб-кечиб, ўша уйғунликка етиб келади. Уйғунликда яшайди. Уйғунлик сезгиси инъом, уйғунликда яшаш хоксорлик, санъатда уйғунликни яратиш машаққатдир. Ҳис ва ҳолатнинг уйғунлигида турганингизда ҳам уни сўзга кўчириб ўтириш осон эмас. Баъзан бир ҳис этилмаган сўз, баъзан уйғунликдан ногоҳ чалғиш ўша нозикликни, инжаликни, буюкликни, Ҳолатни барбод қилади. Сўзга кўчган ҳолат яхлитлиги адабий Дунёни яратади. Бу Борхеснинг “Тилён. Укбар. Орбис Тертилиус”идаги хаёлан янги бир дунё яратиш ва унинг тартибларини ишлаб чиқишдан кўра фарқли. Санъатда ҳам, ҳаётда ҳам (айниқса, ижодкор ҳаётида) хаёл тенгсиз қийматли, лекин хаёл маҳсули барибир инсоний ақлга таяниб қолаверадигандек.

Ҳолатнинг ичида эса ҳамма нарса бор. Ҳолат билан яралган санъат ичида ҳамма нарса бўлади — инсон, табиат ва осмоний куч ҳам. Чунки санъаткор ҳис қилиб турган ўша яхлитликнинг ўзида ҳамма нарса бўлади. Яхлитлик ҳамма нарсадир. У яратган яхлит дунё эса эҳтимол бир оддий, заминий нарсаний ҳаётий тавсифи. Шу тавсиф агар уйғунликдан яралган, уйғунликни яратган бўлса, мухлис кўнглига тавсиф таассуротини эмас, уйғунликни, яхлитликни ташийди. Таассуротдан кўра мухлис қалбида уйғунлик уйғотиш чин санъат асарига хос. Санъат қалбга уйғунлик, яхлитлик ташийди. Ҳерман Ҳессенинг «Шоир» ҳикояси қаҳрамони мана шу уйғунликка эришиш учун ҳамма нарсадан, жами ҳаётидаги маиший ва ўзига жуда қадрли бўлган орзулар ва одамлардан воз кечишга мажбур бўлади. Кеча туриб илм денгизига, ўз тубига баттарроқ чўкади.

Ижодкорликнинг барча кўриниши улкан, керак бўлса бир дақиқа онгингга хотиржамлик бермайдиган ҳавасдан бошлангани каби хитойлик 20 ёшли Ҳан Фук қалбида ҳам қандайдир ўзидан қониқмаслик, кўнгли тўлмаслик ёхуд шуҳратпарастликка ўхшаш бир туйғу жўш уради. У буюк шоир бўлишни орзу қиларди. Буюк шоир бўлмоқ буюк уйғунликка эришмоқ демак. Кунларнинг бирида Ҳан Фук «мовий оқшом ва сув устидаги шулъалар рақси, тунги меҳмонлару дарахт танасига суянган кишининг соғинчини (яъни мана шу ҳолатни!) оддий бир кузатувчи каби шеърга тизгиси» келади. Аммо ўша ҳолатида бунга унинг нафаси етмади. Ўша онда Ҳан Фук илоҳий бахтга етишишни дунёнинг барча мўжизотларини тасвирлаб, бетакрор шеър ёзишни орзу қилади. Шунда Ҳан Фукка Сеҳрли Сўзлар Устаси йўлиқади. Ҳан Фук қайлиғини, отасини ташлаб икки йил муддатга Сеҳрли Сўзлар Устаси олдига таълим учун йўл олади. Икки йил муддатда эса у бор йўғи аввалги ёзганларини унутишни ўрганади, холос.

Икки йилдан кейин уйига қайтгач ҳам уни ҳақиқий шоир бўлмаганлик, ўзидан қониқмаслик ҳисси таъқиб этадики, дарҳол ортига—устаникига қайтади. Йиллар ўтиб Ҳан Фук шеърият синоатлари, ижоднинг асрорларини ўрганиб, энг муҳими Ҳолатни яратиш, уйғунликка эришиш ҳиссига эга бўлади.

«Энди унинг шеърларида қуёшнинг тоғ чўққисидан қандай кўтарилиши, балиқларнинг қандай сассиз шўнғиб, соя мисол сув тубига сингиб, ғойиб бўлиши, баҳор шамолида толларнинг қандай чайқалишини тасвирларди. Энг муҳими унинг шеърларини тинглаганлар учун бу шунчаки балиқ ё баҳор шамоли эмас, фалак ва оламни боғловчи илоҳий мусиқа мисол янграрди ва мисраларга қулоқ тутган барча ўзи учун қадрли нарсани ўйларди: бола ўйин-кулгини, ўсмир—муҳаббатни, кексалар эса ўлимни.»

Ҳикоянинг бу хулосаси эса биз айтмоқчи Ҳолатнинг ичида ҳамма нарса бўлади—инсон, табиат ва илоҳий куч ҳам ва у мухлис қалбига таассурот эмас, уйғунлик ташийди деган фикр билан ҳамоҳангдир.

Уйғунлик ҳолатидаги санъаткорнинг ўзи ҳис этаётган Ҳолатга тўла дош бера олиши ва уни нозик, титраб турган шаффоф дунёга айлантириши осон эмас. Бу ҳам руҳнинг ўта даражада нозикликка, нафосатга чидаши билан, қолаверса, ўша уйғун дунёда қай тарзда яшаши билан боғлиқ бўлса керак. Ўша уйғун дунёда қай тарзда ва ва қандай яшаш кечинманинг руҳий Ҳолат даражасига кўтарилиши ёки кўтарилмаслигини белгилайди. Бунга эришиш учун Санъаткор ўзгача ҳаёт тарзига, Ҳан Фукдек кўп заҳмат чекишга мажбур.

Мезон кечди.
Қандай шошиб кечди бу мезон.
Ҳосил тўла араваси лойларга ботиб
Сочи оқарди.

Мезон кечди.
Қандай маъюс кечди бу мезон.
Оромни, уйқуни унитиб қариди.
Юлдузларга улашиб берди.
Дарахт учларида қолган нокларни.

Ижодкор руҳни зўриқтирмай, яратаётган дунёсини “сунъий, чиройли” сўзларга бўямай, теша тегмаган фикр айтишга уринмай, аксинча ҳолатни янада авайлашга, эркалашга уриниши ўзи бир санъаткорликдир.

Чинни косаларга мусаллас қуйиб,
Келинг, мезон билан хайрлашайлик.
Қишда уни яқин дўст каби
Жуда кўп бор эслаймиз ҳали.
(Хуршид Даврон)

Санъатда туйғу ва фикрни бўрттириб кўрсатишга, таъкидлашга берилмасдан, ҳолатга суянилса, унинг ўзи туйғу ва фикрни ҳам ўз ичида яширади ва ўқувчига ҳам юқтира олади.

Манба: «Фаровон юрт» газетаси, 29. 06. 2017

*  Хуршид Даврон таржимаси

Яна шу муаллиф саҳифалари:
Тилланисо Эшбоева. Кўз ёшимнинг ичида бор эди бари…
Уилям Фолкнер. Қайғуга айланган вақт & Тилланисо Эшбоева. Токи дунёда муқаррарлик бор
Тилланисо Эшбоева. Шеърлар

Саҳифа Ҳерман Ҳессенинг тасвирий асарлари билан безатилди.

zivJ-khEtTQ.jpgDunyo ULKAN Holatdir. Bu holatga har doim ham tegishli bo‘lish mumkin emasdek. Bu poklanishdan yuksakroq, noziklashuv, injalashuv, shaffoflashuv, tiniqlashuvdir. Shu holatda, aytaylik, guldonda qurigan gul, qovjiragan yaproqlar va gulning nozik egilgan tanasi… Va ota-onangiz bilan murakkab munosabatlaringiz orasida uyg‘unlikni ko‘rib turasiz.

Tillaniso ESHBOYEVA
DUNYO ULKAN HOLATDIR
02

19275266_1805206599742379_3392155972758722241_n (1).jpgTillaniso Eshboyeva Buxoro viloyati Qorako‘l tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Dilxat” she’riy to‘plami muallifi. She’rlari va esselari “Sizga she’r aytgim keladi” yoshlar bayozida, tuman, viloyat va respublika gazeta-jurnallarida, shuningdek, “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifalarida yoritilgan.

004

Bulutlar ortidan chiqqan
Qishki oy
Hamrohimdir.
Qora sovuq izillar,
Bo‘ralaydi sovuq qor.

Myoye*

* * *

Bahorda — olcha guli
Yozda — kakku.
Kuzda — oy
Qishda-
Shaffof, sovuq qor.

“Azaliy ruh”, Dogen*

57Magnolienzweig.jpgDunyo ULKAN Holatdir. Bu holatga har doim ham tegishli bo‘lish mumkin emasdek. Bu poklanishdan yuksakroq, noziklashuv, injalashuv, shaffoflashuv, tiniqlashuvdir. Shu holatda, aytaylik, guldonda qurigan gul, qovjiragan yaproqlar va gulning nozik egilgan tanasi… Va ota-onangiz bilan murakkab munosabatlaringiz orasida uyg‘unlikni ko‘rib turasiz. Shu nozik holat ichidagi tuyg‘uni ushlab ko‘rar darajada his etasiz: sirli, inja va g‘amli. Ikkalasi ham. Ikkalasi ham uyg‘unlashadi. Bunday uyg‘unlikni ilg‘ash har doim ham nasib etavermaydi. San’atkor ruhiy holatlarni kechib-kechib, o‘sha uyg‘unlikka yetib keladi. Uyg‘unlikda yashaydi. Uyg‘unlik sezgisi in’om, uyg‘unlikda yashash xoksorlik, san’atda uyg‘unlikni yaratish mashaqqatdir. His va holatning uyg‘unligida turganingizda ham uni so‘zga ko‘chirib o‘tirish oson emas. Ba’zan bir his etilmagan so‘z, ba’zan uyg‘unlikdan nogoh chalg‘ish o‘sha noziklikni, injalikni, buyuklikni, Holatni barbod qiladi. So‘zga ko‘chgan holat yaxlitligi adabiy Dunyoni yaratadi. Bu Borxesning “Tilyon. Ukbar. Orbis Tertilius”idagi xayolan yangi bir dunyo yaratish va uning tartiblarini ishlab chiqishdan ko‘ra farqli. San’atda ham, hayotda ham (ayniqsa, ijodkor hayotida) xayol tengsiz qiymatli, lekin xayol mahsuli baribir insoniy aqlga tayanib qolaveradigandek.

Holatning ichida esa hamma narsa bor. Holat bilan yaralgan san’at ichida hamma narsa bo‘ladi — inson, tabiat va osmoniy kuch ham. Chunki san’atkor his qilib turgan o‘sha yaxlitlikning o‘zida hamma narsa bo‘ladi. Yaxlitlik hamma narsadir. U yaratgan yaxlit dunyo esa ehtimol bir oddiy, zaminiy narsaniy hayotiy tavsifi. Shu tavsif agar uyg‘unlikdan yaralgan, uyg‘unlikni yaratgan bo‘lsa, muxlis ko‘ngliga tavsif taassurotini emas, uyg‘unlikni, yaxlitlikni tashiydi. Taassurotdan ko‘ra muxlis qalbida uyg‘unlik uyg‘otish chin san’at asariga xos. San’at qalbga uyg‘unlik, yaxlitlik tashiydi. Herman Hessening «Shoir» hikoyasi qahramoni mana shu uyg‘unlikka erishish uchun hamma narsadan, jami hayotidagi maishiy va o‘ziga juda qadrli bo‘lgan orzular va odamlardan voz kechishga majbur bo‘ladi. Kecha turib ilm dengiziga, o‘z tubiga battarroq cho‘kadi.

Ijodkorlikning barcha ko‘rinishi ulkan, kerak bo‘lsa bir daqiqa ongingga xotirjamlik bermaydigan havasdan boshlangani kabi xitoylik 20 yoshli Han Fuk qalbida ham qandaydir o‘zidan qoniqmaslik, ko‘ngli to‘lmaslik yoxud shuhratparastlikka o‘xshash bir tuyg‘u jo‘sh uradi. U buyuk shoir bo‘lishni orzu qilardi. Buyuk shoir bo‘lmoq buyuk uyg‘unlikka erishmoq demak. Kunlarning birida Han Fuk «moviy oqshom va suv ustidagi shul’alar raqsi, tungi mehmonlaru daraxt tanasiga suyangan kishining sog‘inchini (ya’ni mana shu holatni!) oddiy bir kuzatuvchi kabi she’rga tizgisi» keladi. Ammo o‘sha holatida bunga uning nafasi yetmadi. O‘sha onda Han Fuk ilohiy baxtga yetishishni dunyoning barcha mo‘jizotlarini tasvirlab, betakror she’r yozishni orzu qiladi. Shunda Han Fukka Sehrli So‘zlar Ustasi yo‘liqadi. Han Fuk qaylig‘ini, otasini tashlab ikki yil muddatga Sehrli So‘zlar Ustasi oldiga ta’lim uchun yo‘l oladi. Ikki yil muddatda esa u bor yo‘g‘i avvalgi yozganlarini unutishni o‘rganadi, xolos.

Ikki yildan keyin uyiga qaytgach ham uni haqiqiy shoir bo‘lmaganlik, o‘zidan qoniqmaslik hissi ta’qib etadiki, darhol ortiga—ustanikiga qaytadi. Yillar o‘tib Han Fuk she’riyat sinoatlari, ijodning asrorlarini o‘rganib, eng muhimi Holatni yaratish, uyg‘unlikka erishish hissiga ega bo‘ladi.

«Endi uning she’rlarida quyoshning tog‘ cho‘qqisidan qanday ko‘tarilishi, baliqlarning qanday sassiz sho‘ng‘ib, soya misol suv tubiga singib, g‘oyib bo‘lishi, bahor shamolida tollarning qanday chayqalishini tasvirlardi. Eng muhimi uning she’rlarini tinglaganlar uchun bu shunchaki baliq yo bahor shamoli emas, falak va olamni bog‘lovchi ilohiy musiqa misol yangrardi va misralarga quloq tutgan barcha o‘zi uchun qadrli narsani o‘ylardi: bola o‘yin-kulgini, o‘smir—muhabbatni, keksalar esa o‘limni.»

Hikoyaning bu xulosasi esa biz aytmoqchi Holatning ichida hamma narsa bo‘ladi—inson, tabiat va ilohiy kuch ham va u muxlis qalbiga taassurot emas, uyg‘unlik tashiydi degan fikr bilan hamohangdir.

Uyg‘unlik holatidagi san’atkorning o‘zi his etayotgan Holatga to‘la dosh bera olishi va uni nozik, titrab turgan shaffof dunyoga aylantirishi oson emas. Bu ham ruhning o‘ta darajada noziklikka, nafosatga chidashi bilan, qolaversa, o‘sha uyg‘un dunyoda qay tarzda yashashi bilan bog‘liq bo‘lsa kerak. O‘sha uyg‘un dunyoda qay tarzda va va qanday yashash kechinmaning ruhiy Holat darajasiga ko‘tarilishi yoki ko‘tarilmasligini belgilaydi. Bunga erishish uchun San’atkor o‘zgacha hayot tarziga, Han Fukdek ko‘p zahmat chekishga majbur.

Mezon kechdi.
Qanday shoshib kechdi bu mezon.
Hosil to‘la aravasi  loylarga botib
Sochi oqardi.

Mezon kechdi.
Qanday ma’yus kechdi bu mezon.
Oromni, uyquni unitib qaridi.
Yulduzlarga ulashib berdi.
Daraxt uchlarida qolgan noklarni.

Ijodkor ruhni zo‘riqtirmay, yaratayotgan dunyosini “sun’iy, chiroyli” so‘zlarga bo‘yamay, tesha tegmagan fikr aytishga urinmay, aksincha holatni yanada avaylashga, erkalashga urinishi o‘zi bir san’atkorlikdir.

Chinni kosalarga musallas quyib,
Keling, mezon bilan xayrlashaylik.
Qishda uni yaqin do‘st kabi
Juda ko‘p bor eslaymiz hali.
(Xurshid Davron)

San’atda tuyg‘u va fikrni bo‘rttirib ko‘rsatishga, ta’kidlashga berilmasdan, holatga suyanilsa, uning o‘zi tuyg‘u va fikrni ham o‘z ichida yashiradi va o‘quvchiga ham yuqtira oladi.

Manba: “Farovon yurt” gazetasi, 29. 06. 2017

* Xurshid Davron tarjimasi

Yana shu muallif sahifalari:
Tillaniso Eshboyeva. Ko‘z yoshimning ichida bor edi bari…
Uilyam Folkner. Qayg‘uga aylangan vaqt & Tillaniso Eshboyeva. Toki dunyoda muqarrarlik bor
Tillaniso Eshboyeva. She’rlar

Sahifa Herman Hessening tasviriy asarlari bilan bezatildi.

03

(Tashriflar: umumiy 256, bugungi 1)

Izoh qoldiring