Ғалати бир ҳис билан уйғониб, ним ёруғ хонада ётганимни кўрдим. Оппоқ пардалар, китоб терилган токчалар, жовон устига текис йиғилган қавима кўрпалар… Ўз уйимдаман! Қайтганимга икки ой бўлибди ҳамки, ҳар сафар уйғонганимда яна ўша манзарани кўришдан қўрқиб, кўзимни очгим келмайди…
Гулчеҳра Асронова
УЧ ҲИКОЯ
ЧИН ҚАЛБДАН
Йигитнинг китоб тутган қўллари титрар, нигоҳи муқова ичига битилган сатрлар устида қайта-қайта бориб-келарди. Ахир бу…
“Ҳурматли Азиза! Туғилган кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Сизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, келажакда барча орзуларингиз ушалишини тилайман. Қудрат.”
Саҳифанинг юқори бурчагига ёнбошлатиб туширилган ушбу сўзларни у бундан тўрт йил аввал, институтга ўқишга кирган йили ёзган, сўнг йўлини топиб, пайт пойлаб китобни ўзидан бир синф пастда ўқийдиган Азизага совға қилганди. Муқовага яна бир бор кўз ташлади: “Чингиз Айтматов. Сарвиқомат дилбарим”.Ўзи бош кўтармай ўқиб, асар ичра Азиза билан хаёлан кеза-кеза ҳислари кўксига сиғмай қолган, сўнг икки варақни тўлдириб дил изҳор этган ва мактубни китобга қистириб қизга тақдим қилганди. Қудрат шоша-пиша варақларни шариллатиб текшириб чиқди. Ҳеч нарса йўқ. Албатта, ким китобни ичидаги хати билан топширарди. Ўша куниёқ ёқиб юборгандир…
Қатор жавонларни оралаб ўтиб дераза ёнига борди-да, оғир ўйга чўмди. Ўзини хўрланган, энг қимматли туҳфаси қайтариб юзига отилганнотавон кимсадекҳис қилди. Китобни қаттиқ сиқиб ушлаганча ташқарига, бино ортидаги қаровсиз боғчанинг ҳувиллаганманзарасига тикилиб қолди. Унда бевақт узилган япроқни дайди ел ҳар замон чирпирак қилиб ўйнар, бу биланбир пайтлар ўша шўх дилбар унинг шайдо юрагини не кўйларга солганини ёдига солмоқчи бўларди, гўё… Унинг кўнгли ҳам шу тобда ташландиқ боғ мисоли файзсиз, фақат унда боягина бош кўтарган армон шамоли тобора қутурар эди. “Қандай қилиб менинг совғам кутубхонага келиб қолди экан? Кўришни истамагани учун бировга бериб юборган бўлса ёки… Балки тўғри ўзи келиб топшириб кетдимикан? Нима бўлганида ҳам, менинг туйғуларим Азиза учун шунчалар қадрсизлигининг исботи бу!”
Қудрат беихтиёр яна китобнинг ўша жойини очди. Кечагидай эсида, бағишловни “Севгилим Азиза!” деб бошлашга жазм қилган-у аллақанча пайт иккиланиб ўтирган, сўнг барибир журъати етмаганди. “Чин қалбимдан… бахт-саодат… келажакда…” Ҳозирги даврда бундай гапларни кам қўллашади. Лекин у ростдан ҳам чин қалбдан севган! Шу сўзлардек содда ва самимий, тоза эди унинг муҳаббати! Назарида ер юзида ҳали ҳеч ким унингчалик севмаган, севолмаганди! Азиза эса… Эҳ, бу китоб ўқимайдиган қизлар, улар йигит қалбини қаерданам тушунсин!
… Қиз жавобни узоқ куттирди. Қудрат шаҳарга кетгунча тайин гап олишга аҳд қилган, севгилисининг ҳам хайрихоҳлигига деярли шубҳа қилмасди. Ўтли қарашлари, ишвалари унинг ҳам йигитда кўнгли борлигига ишора эди. Бироқ… чўза-чўза, охири рад жавобини берди шаддод қиз. Буни шунчалар осон, ҳатто бир қадар ҳузурланиб айтдики!..
— Китобни ўқидингизми?
— Ҳм-м.
— Ёқдими?
— Китобдақа китоб-да. Ўқишга унчалик хушим йўқ.
— Йўғ-е. Зўр асар-ку?
— Мен кўпам китобларга ишонавермайман.
— Хат-чи? Унга ишондингизми?
— Хатми? Худди шоирлардек ёзибсиз, менинг орзу-ҳавасларим эса китоблардан а-анча йироқ.
— Яъни…
— Яъни бизнинг йўлларимиз бошқа-бошқа, Қудрат ака. Биламан, сиз яхши одамсиз. Лекин менга дангал, қатъиятли, бирингни икки эмас, тўрт қиладиган йигитлар ёқади. Хуллас, бошқа менга хат ёзманг.
Бир лаҳзада ҳаммаси барбод бўлганди ўшанда… Кейин шунча сувлар оқиб ўтди. Азизани қайтиб эсламасликка ҳаракат қилди, аммо, юрагига бошқа бир сулув сиғмади. Ҳаммасини унутдим деб ўзини ишонтираёзган бир пайтда эса мана бу китоб… Қудратнинг миясига бир фикр яшиндек урилди: ”Ҳозир оламан-да, қайтариб топширмайман! Жаримасини тўлайман. Қўлдан-қўлга ўтиб, дардимни достон қилмасин”.
Аслида, уни қийнаётган ўй бу эмас, ҳали-ҳамон Азизани унутолмаётгани, бу қайсар туйғу қалбида бир умр соҳибликка даъвогарлигини англаб етгани алам қиларди.
— Мана буни оламан. Ёзинг!
Қудрат китобни стол устига шартта ташлаб, кутубхоначи қизга юзланди-ю…
— Азиза?
— Ие, Қудрат ака? С-салом…
— Бу ерда нима қиляпсиз?
— Мен… Ишлаяпман. Ҳозиргина алмашдик, тушдан кейин менинг навбатим.
— Шунақа денг?.. Тўғриси, ҳечам кутмагандим.
— Мен ҳам, — деди қиз, ҳаяжонини яширишга ҳарчанд уринмасин кўзлари порлаб. – Ўқишни битирдингизми?
— Ҳа. Ишга ҳам жойлашдим. Ўзингизда-чи, қандай янгиликлар бор?
— Мен… мана, шу ердаман. Бошқа айтарли гап йўқ, — деди Азиза ва гапни бурмоқчидай шошиб сўради: — Қайси китобни оляпсиз? Ҳа, буми…
Қизнинг юзи дув қизариб кетди.
–Бу ерга ишга кирганимдан кейин уйдан анча китоб олиб келиб топширганман.
— Тушунарли. Барибир ўқимайсиз-ку.
— Йўқ, энди ундаймас. Шу китобни ҳатто қайта ўқиб чиқдим.
— Ростданми?
— Ҳа, рост! Илгари шунчаки, эрмак учун ўқиб турардим. Энди бошқача. Ахир одам ўзгаради-да. Йиллар мени ҳам ўзгартирди. Балки қисман китоблар сабабдир… Кўп нарсаларнинг қадрига етмаган эканман. Бу китобни эса, бошқалар ҳам ўқисин деб олиб келдим. Айтгандингиз-ку, “зўр асар” деб.
Йигитнинг дупурлаб ураётган юраги кўксини ёриб юборай деди: унутмабди! Ҳаммаси ёдида экан! Демак…
— Азиза! Сизни учратганимдан шунчалар бахтиёрманки! Марказга кўчиб кетганларингизни эшитибоқ излаб бормоқчи бўлдим, неча бор йўлга отландим, фақат… ўшандаги гапларингиз… Аммо кўнглим ўша-ўша. Ахир мен сизни чин қалбдан…
— Йўқ!..
Азиза туйқус шундай деб унинг сўзини бўлди-да, бир лаҳза ғалати бир қўрқинч ила тикилиб тургач, нигоҳини узун киприклари ортига яширди. Ол яноқлари бўғриқиб, боши қуйи эгилди. Кутилмаган бу ўзгаришдан довдираб қолган йигит бутун борлиғи билан у томон талпиниб, хитоб қилди:
— Азиза, қулоқ солинг, биз…
— Йўқ, Қудрат ака, йўқ! –ҳамон эгик бошини кескин чайқаб деди қиз. –Сиз ҳалиям ўшадирсиз, лекин мен бошқаман. Ҳаммаси ўзгарди. Омонатингизни олинг-у, бу ерга бошқа келманг, илтимос. Энди кеч…
Азиза титроқ қўллари билан китобни у томон сурди ва шунда… бармоғидаги никоҳ узуги чироқ шуъласини акслантириб, ярақлаб кетди…
КЎПРИК
Муҳсин ота жума намозидан кеч қолди.
Ўзини койий-койий, ибодатни уйида адо этди. «Ҳамма бало йўлнинг тескарилигида! – ўйлади у. — Ана масжид, шундоқ кўриниб турибди. Кўприк борлигида бир қадамгина эди».
Кампирига ҳам шу ҳақда анча гапирди. Чолнинг куюнганича бор. Катта йўл билан уларнинг маҳалласини ўртадаги зовур ажратиб туради. Илгари бир осма кўприк бор эди, ёшини яшаб, узилиб йўқ бўлди. Шундан бери одамлар овораи сарсон. Бозор-учаргаям, марказгаям зовурни айланиб ўтиб уловга чиқишади. Болаларнинг мактабга қатнаши ҳам қийинлашди.
Шу куни отага ғойибдан бир ғайрат келди. Дўпписини ёнига қўйиб, ўйлаб қолди: кўприк қуриш шунчалик қийинми? Ўзи қурса-чи? Иккита паҳлавон ўғли бор, эл-юрт ҳам қараб турмас. Одамларнинг қанча оғири енгил бўларди! Ахир тириклик бир умр ўз ўчоғига қўр тортиб яшаш дегани эмас-ку?
Қариянинг аҳдига биров ишонди, биров ишонмади. Болалари «зарилми?» дейишганди, силтаб берди:
— Сенлар шунақасан! Сенларга ҳамма нарса тайёр бўлса!
— Жа-а унчаликмас, дада. Бунинг бошқа йўллари ҳам бор-да, ахир. Маҳаллага ариза ёзиб…
— Бас! — чўрт кесди ота. – Мен арз-дод қилиб юрадиганлардан эмасман. Қарс икки қўлдан чиқади. Аввал бошлаб, кейин кам-кўстига ёрдам сўрасак бошқа гап. – Сўнг овози бирдан ўзгарди: — Бир пайтлар намозни уйнинг бир кунжагида юрак ҳовучлаб ўқирдик… Мустақилликни Худо етказиб, ярақлаган масжидлар қурилди. Шундай замонда қўл қовуштириб қараб туриш имонли одамнинг ишими?
Сергапгина кампири «ҳай, отаси…» деди-ю, чолининг чақноқ, кескир нигоҳидан тийилиб, айтмоқчи бўлгани тилининг учида қолди. Қаршисида гўё етмиш довон оша ҳилвираб қолган чол эмас, миқти вужудига шаҳди сиғмаётган эр киши турарди. Ҳу-ув ўша навқирон йиллар қаъридан отилиб чиққандек ўткир бу қараш, кампирни довдиратиб қўйди.
— Бўпти, — деди шаштидан қайтиб ва секин қистириб қўйди: – Жудаям уринворманг-да.
Хуллас, ҳашар бошланди. Уриниш ҳам гапми, чолнинг юришини бир кўрсангиз эди! Саҳардан шомгача тиними йўғу чарчоқ нималигини билмайди. Бировнинг кийимидек устихонда шалвираб қолган эти ҳам таранглашиб, юзига қизил югурди.
Майда-чуйда тахтаю ғўлалар ўзидан чиқди. Эскитдан боғ парваришлайди, шох-шабба ҳам сероб. Фақат қувур топиш осон кечмади. Шу ерига келганда маҳалла йиғини ҳам қўзғалди. Фермер қўшниси эса уловдан қўллаб юборди. Уч кун чумолидай меҳнат қилдилар. Ҳазилакам иш бўлмади, ўзиям. Эплама кўприк ўрнида машина ҳам бемалол юрадиган бинойидек йўл барпо қилинди. Намчил кунларда лой бўлмасин учун устидан майин шағал ҳам тўкиб қўйишди.
Ишнинг охирида чол ҳашарчиларни алқаб-алқаб дуо қилди. Жамоат мамнун тарқалди. Фақат Муҳсин ота кўприк устида узоқ қолиб кетди. Чангга беланган калиши билан ерни нуқиб-нуқиб босганча, ўзича текшириб кўрди. «Ҳали тўйлар қиламиз, бу йўлдан гурас-гурас одамлар ўтади», деб ўйлади у ва кўксини тўлдириб нафас олди.
… Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қишлоқда Муҳсин ота қазо қилибди, деган совуқ хабар тарқалди. Бу гап узоқ-узоқларга, қариянинг қадами тегмаган жойларгача етиб борди.
— Ким ўтибди?
— Кўприк қурган одам.
— Ие… Кетдик унда!
Яп-янги кўприк устидан гурас-гурас одам ўтди.
— Яхши одам эди, Аллоҳ раҳматига олсин, — дедилар, уни умрида бирон марта кўрмаганлар ҳам…
ДИЛБАНД
Ғалати бир ҳис билан уйғониб, ним ёруғ хонада ётганимни кўрдим. Оппоқ пардалар, китоб терилган токчалар, жовон устига текис йиғилган қавима кўрпалар… Ўз уйимдаман! Қайтганимга икки ой бўлибди ҳамки, ҳар сафар уйғонганимда яна ўша манзарани кўришдан қўрқиб, кўзимни очгим келмайди: тор хонада саккиз киши қатор ётибмиз, бурчакдаги стол устида идиш-товоқ, остига сумкалар қалаштириб тиқиб қўйилган, чала бўялган эшик тутқичининг қасмоғи чиқиб кетган. Мусофирчилик!.. Кўзимни чирт юмиб, кенг ҳовлим, айвонли уйим, кейин мана шу деразаси кунчиқарга қараган ётоғимни тасаввур қилар ва шу ўйларга сингиб кетгим келарди. Бироқ, ғала-ғовур, туртиниш, асабий хитоблар, боз устига, йўқ ердан бинога келган қарз ташвиши тезроқ туришга, эгнимга топганимни кийиб яна баҳайбат тўқайнинг совуқ бағрига киришга мажбур қиларди. Бир йил чидадим ўшандай машаққатга. Қора терга ботиб, олтин тоғларни ваъда қила-қила ёт юртларга олиб келган “валламат”лар йўлкира ҳисобидан бўйнимга илган ҳақни тўлаб, уйга бешикаст қайтдим. Аммо, ич-ичимда нимадир ўзгарган, вайрон бўлган эди. Энди эса… йўқлигимда кекса ота-онам олган қарзларини узиш учун яна ўша бенаво ҳаётга қайтишга мажбур бўляпман. Ҳа, қайтишим, қасдма-қасдига қайтишим керак. Пишиқ-пухта бўлиб… Қуруқ қўл билан келмайдиган бўлиб…
Ҳозир эса уйдаман. Бу ернинг тонглари ўзгача. Аёлим аллақачон ҳовлини чиннидек тозалаб, нонушта тайёрлаб қўйгандир. Бугун чипта олгани борардим, эртароқ уйғотишмабди-да. Аяшган мени. Келганимдан бери аяшади… Кеча ошналарим билан ярим тунгача отамлашиб ўтирганмиз. Тошдек қотиб ухлабман ўзиям. Лекин, оёғимга нима бўлди? Ие, бу не ҳол?! Кимнинг иши бу?
…Мен уни ҳаммадан кўп соғингандим. Йўл бўйи ўйлаб келдим: бир йилда анча улғайгандир, бўйи чўзилган, тилли бурродир. Мени танимаса-я, деган қўрқинчли ўй ҳар замон миямга яшиндек урилар, шунда унинг меҳрини қозониш учун боримни пойига тўшашга тайёр эканлигимни ҳис қилардим. Ҳозирча эса биттагина машина ўйинчоқ сотиб олишга қурбим етди. Ўғлим, дилбандим Шоҳжаҳон учун! Каттагина машина, бунақаси бизнинг пайтларда бўлмаган.
Болам деярли ётсирамади. Уч-тўрт кунда соядек эргашиб юрадиган, ўтирсам тиззамдан тушмайдиган бўлди. Қаердандир улоқ-сулоқ ингичка арқон топиб, тумшуғидан боғлаб олганча, бутун қишлоқ болаларига машинасини кўз-кўзлаб, судраб юргани-юрган. “Сен келиб боланг яшнаб кетди, ишқилиб, ортингдан ичикиб қолмасин-да”, дейди онам. Кечаги қилиғидан кейин, ўзим ҳам шундай хавотирга тушиб қолдим.
Сўрида бу сафар кимлар билан кетиш, нима иш қилишим ҳақида маслаҳатлашиб ўтиргандик. Пастда Шоҳжаҳоннинг гапларимизни уқиб ўтирганига эътибор бермабмиз. Қарсиллаган товушдан чўчиб қарасак, машинаси ағдарилиб ётибди.
– Йўқ, кетмайсиз, кетмайсиз!!!
Ўғлим шундай деб йиғлаганча кўчага отилди. Ортидан аёлим югуриб кетди. Ота-онам жим, менинг эса ичимга муз тушди гўё. Шу бўйи қайтиб ёнимга келмади. Бу орада дўстларим келиб қолди. Уларни кузатиб кирсам, ўрнида йўқ. Аразлаб, бувисининг ёнида ухлабди…
… Оёғим… боғланган эди. Сапчиб туриб, кўрпани устимдан отиб юбордим. Улоқ-сулоқ, эски арқоннинг бир учи билан оёғим, иккинчиси эса токча тагидан ўтган қувурга боғланибди. Ҳа, бу ўша, Шоҳжаҳоним мен олиб келган арзимасгина, аммо ўғлимнинг назарида дунёда ягона ўйинчоқ машинанинг тумшуғидаги ипи. Болажоним… Отасини ёнида олиб қолиш учун ақли етганича чора кўрибди. Иссиқ дийдори билан ўзига боғлаб ололмаган норасидам мана шу эски арқон билан тушовлаб қўймоқчи бўлибди беқарор отасини… Уқувсиз тугилган арқонни сийпалаб, ечишга журъатим етмай узоқ ўтирдим. Кўз олдимга дилбандимнинг кўзмунчоқли жажжи қўлчалари, кулча юзига салга қалқиб чиқадиган кулгучлари, тиниқ нигоҳлари келди. Юзимдан иссиқ томчилар оқиб ўтди.
Мен ўзга юртда хор-зорлик кўрдим, калтакландим, қадрим топталди. Лекин бирон марта йиғламагандим. Эр бошим бунчалар эгилмаганди…
Аёлимнинг кириб келганини сезмабман ҳам. У хавотир билан қаршимга чўккалаб ўтирди:
– Дадаси? Вой ўлмасам, сизга нима бўлди?
– Буни қара.
У бир муддат боғлиқ оёғимга тикилиб, қотиб қолди.
– Шоҳжаҳон… – дедим мен, овозим дарз кетиб.
– Эрта тонгда машинасини кўтариб кираётганини кўргандим. Ғилдираги чанг, ташқарига қўй десам, азза-базза оёқ тираб туриб олди. Кейин анча қолиб кетганди. Сиз билан ётибди дебман…
Унинг қароғида ҳам ёш йилтиллади.
Арқон осонгина ечилди.
– Ҳозир қаерда экан?
Ташқарига чиқибоқ, мени кўриб ҳовли ўртасида қотиб турган Шоҳжаҳонга кўзим тушди. У қўрқибми, ё шунча уринишлари беҳуда кетганидан ўкинибми, жавдирабгина қараб турарди. Ёнига бориб тиззалаб ўтирдим-да, боламни бағримга маҳкам босдим. Юзимга ширин нафас тафти урилди. Миттигина вужуддаги юракча кўксимга бош ураётганини ҳис қилдим. У бағримга сингиб кетгудай кичкина эди. Аммо шу муштдеккина жуссадан таралган меҳр қуввати руҳимда улкан эврилиш содир этаётганди.
– Кетмайман, болам, сени ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман!
Gʻalati bir his bilan uygʻonib, nim yorugʻ xonada yotganimni koʻrdim. Oppoq pardalar, kitob terilgan tokchalar, jovon ustiga tekis yigʻilgan qavima koʻrpalar… Oʻz uyimdaman! Qaytganimga ikki oy boʻlibdi hamki, har safar uygʻonganimda yana oʻsha manzarani koʻrishdan qoʻrqib, koʻzimni ochgim kelmaydi…
Gulchehra Asronova
UCH HIKOYA
Gulchehra Asronova 1968 yilda tugʻilgan. Toshkent Agrar universitetini tamomlagan. “Ota uyim oqshomlari” (2012), “Osmonini topgan qush” (2013) nomli hikoyalar toʻplamlari chop etilgan.
CHIN QALBDAN
Yigitning kitob tutgan qoʻllari titrar, nigohi muqova ichiga bitilgan satrlar ustida qayta-qayta borib-kelardi. Axir bu…
“Hurmatli Aziza! Tugʻilgan kuningiz bilan chin qalbimdan tabriklayman. Sizga sihat-salomatlik, baxt-saodat, kelajakda barcha orzularingiz ushalishini tilayman. Qudrat.”
Sahifaning yuqori burchagiga yonboshlatib tushirilgan ushbu soʻzlarni u bundan toʻrt yil avval, institutga oʻqishga kirgan yili yozgan, soʻng yoʻlini topib, payt poylab kitobni oʻzidan bir sinf pastda oʻqiydigan Azizaga sovgʻa qilgandi. Muqovaga yana bir bor koʻz tashladi: “Chingiz Aytmatov. Sarviqomat dilbarim”.Oʻzi bosh koʻtarmay oʻqib, asar ichra Aziza bilan xayolan keza-keza hislari koʻksiga sigʻmay qolgan, soʻng ikki varaqni toʻldirib dil izhor etgan va maktubni kitobga qistirib qizga taqdim qilgandi. Qudrat shosha-pisha varaqlarni sharillatib tekshirib chiqdi. Hech narsa yoʻq. Albatta, kim kitobni ichidagi xati bilan topshirardi. Oʻsha kuniyoq yoqib yuborgandir…
Qator javonlarni oralab oʻtib deraza yoniga bordi-da, ogʻir oʻyga choʻmdi. Oʻzini xoʻrlangan, eng qimmatli tuhfasi qaytarib yuziga otilgannotavon kimsadekhis qildi. Kitobni qattiq siqib ushlagancha tashqariga, bino ortidagi qarovsiz bogʻchaning huvillaganmanzarasiga tikilib qoldi. Unda bevaqt uzilgan yaproqni daydi yel har zamon chirpirak qilib oʻynar, bu bilanbir paytlar oʻsha shoʻx dilbar uning shaydo yuragini ne koʻylarga solganini yodiga solmoqchi boʻlardi, goʻyo… Uning koʻngli ham shu tobda tashlandiq bogʻ misoli fayzsiz, faqat unda boyagina bosh koʻtargan armon shamoli tobora quturar edi. “Qanday qilib mening sovgʻam kutubxonaga kelib qoldi ekan? Koʻrishni istamagani uchun birovga berib yuborgan boʻlsa yoki… Balki toʻgʻri oʻzi kelib topshirib ketdimikan? Nima boʻlganida ham, mening tuygʻularim Aziza uchun shunchalar qadrsizligining isboti bu!”
Qudrat beixtiyor yana kitobning oʻsha joyini ochdi. Kechagiday esida, bagʻishlovni “Sevgilim Aziza!” deb boshlashga jazm qilgan-u allaqancha payt ikkilanib oʻtirgan, soʻng baribir jurʼati yetmagandi. “Chin qalbimdan… baxt-saodat… kelajakda…” Hozirgi davrda bunday gaplarni kam qoʻllashadi. Lekin u rostdan ham chin qalbdan sevgan! Shu soʻzlardek sodda va samimiy, toza edi uning muhabbati! Nazarida yer yuzida hali hech kim uningchalik sevmagan, sevolmagandi! Aziza esa… Eh, bu kitob oʻqimaydigan qizlar, ular yigit qalbini qayerdanam tushunsin!
… Qiz javobni uzoq kuttirdi. Qudrat shaharga ketguncha tayin gap olishga ahd qilgan, sevgilisining ham xayrixohligiga deyarli shubha qilmasdi. Oʻtli qarashlari, ishvalari uning ham yigitda koʻngli borligiga ishora edi. Biroq… choʻza-choʻza, oxiri rad javobini berdi shaddod qiz. Buni shunchalar oson, hatto bir qadar huzurlanib aytdiki!..
— Kitobni oʻqidingizmi?
— Hm-m.
— Yoqdimi?
— Kitobdaqa kitob-da. Oʻqishga unchalik xushim yoʻq.
— Yoʻgʻ-ye. Zoʻr asar-ku?
— Men koʻpam kitoblarga ishonavermayman.
— Xat-chi? Unga ishondingizmi?
— Xatmi? Xuddi shoirlardek yozibsiz, mening orzu-havaslarim esa kitoblardan a-ancha yiroq.
— Yaʼni…
— Yaʼni bizning yoʻllarimiz boshqa-boshqa, Qudrat aka. Bilaman, siz yaxshi odamsiz. Lekin menga dangal, qatʼiyatli, biringni ikki emas, toʻrt qiladigan yigitlar yoqadi. Xullas, boshqa menga xat yozmang.
Bir lahzada hammasi barbod boʻlgandi oʻshanda… Keyin shuncha suvlar oqib oʻtdi. Azizani qaytib eslamaslikka harakat qildi, ammo, yuragiga boshqa bir suluv sigʻmadi. Hammasini unutdim deb oʻzini ishontirayozgan bir paytda esa mana bu kitob… Qudratning miyasiga bir fikr yashindek urildi: ”Hozir olaman-da, qaytarib topshirmayman! Jarimasini toʻlayman. Qoʻldan-qoʻlga oʻtib, dardimni doston qilmasin”.
Aslida, uni qiynayotgan oʻy bu emas, hali-hamon Azizani unutolmayotgani, bu qaysar tuygʻu qalbida bir umr sohiblikka daʼvogarligini anglab yetgani alam qilardi.
— Mana buni olaman. Yozing!
Qudrat kitobni stol ustiga shartta tashlab, kutubxonachi qizga yuzlandi-yu…
— Aziza?
— Ie, Qudrat aka? S-salom…
— Bu yerda nima qilyapsiz?
— Men… Ishlayapman. Hozirgina almashdik, tushdan keyin mening navbatim.
— Shunaqa deng?.. Toʻgʻrisi, hecham kutmagandim.
— Men ham, — dedi qiz, hayajonini yashirishga harchand urinmasin koʻzlari porlab. – Oʻqishni bitirdingizmi?
— Ha. Ishga ham joylashdim. Oʻzingizda-chi, qanday yangiliklar bor?
— Men… mana, shu yerdaman. Boshqa aytarli gap yoʻq, — dedi Aziza va gapni burmoqchiday shoshib soʻradi: — Qaysi kitobni olyapsiz? Ha, bumi…
Qizning yuzi duv qizarib ketdi.
–Bu yerga ishga kirganimdan keyin uydan ancha kitob olib kelib topshirganman.
— Tushunarli. Baribir oʻqimaysiz-ku.
— Yoʻq, endi undaymas. Shu kitobni hatto qayta oʻqib chiqdim.
— Rostdanmi?
— Ha, rost! Ilgari shunchaki, ermak uchun oʻqib turardim. Endi boshqacha. Axir odam oʻzgaradi-da. Yillar meni ham oʻzgartirdi. Balki qisman kitoblar sababdir… Koʻp narsalarning qadriga yetmagan ekanman. Bu kitobni esa, boshqalar ham oʻqisin deb olib keldim. Aytgandingiz-ku, “zoʻr asar” deb.
Yigitning dupurlab urayotgan yuragi koʻksini yorib yuboray dedi: unutmabdi! Hammasi yodida ekan! Demak…
— Aziza! Sizni uchratganimdan shunchalar baxtiyormanki! Markazga koʻchib ketganlaringizni eshitiboq izlab bormoqchi boʻldim, necha bor yoʻlga otlandim, faqat… oʻshandagi gaplaringiz… Ammo koʻnglim oʻsha-oʻsha. Axir men sizni chin qalbdan…
— Yoʻq!..
Aziza tuyqus shunday deb uning soʻzini boʻldi-da, bir lahza gʻalati bir qoʻrqinch ila tikilib turgach, nigohini uzun kipriklari ortiga yashirdi. Ol yanoqlari boʻgʻriqib, boshi quyi egildi. Kutilmagan bu oʻzgarishdan dovdirab qolgan yigit butun borligʻi bilan u tomon talpinib, xitob qildi:
— Aziza, quloq soling, biz…
— Yoʻq, Qudrat aka, yoʻq! –hamon egik boshini keskin chayqab dedi qiz. –Siz haliyam oʻshadirsiz, lekin men boshqaman. Hammasi oʻzgardi. Omonatingizni oling-u, bu yerga boshqa kelmang, iltimos. Endi kech…
Aziza titroq qoʻllari bilan kitobni u tomon surdi va shunda… barmogʻidagi nikoh uzugi chiroq shuʼlasini akslantirib, yaraqlab ketdi…
KOʻPRIK
Muhsin ota juma namozidan kech qoldi.
Oʻzini koyiy-koyiy, ibodatni uyida ado etdi. “Hamma balo yoʻlning teskariligida! – oʻyladi u. — Ana masjid, shundoq koʻrinib turibdi. Koʻprik borligida bir qadamgina edi”.
Kampiriga ham shu haqda ancha gapirdi. Cholning kuyunganicha bor. Katta yoʻl bilan ularning mahallasini oʻrtadagi zovur ajratib turadi. Ilgari bir osma koʻprik bor edi, yoshini yashab, uzilib yoʻq boʻldi. Shundan beri odamlar ovorai sarson. Bozor-uchargayam, markazgayam zovurni aylanib oʻtib ulovga chiqishadi. Bolalarning maktabga qatnashi ham qiyinlashdi.
Shu kuni otaga gʻoyibdan bir gʻayrat keldi. Doʻppisini yoniga qoʻyib, oʻylab qoldi: koʻprik qurish shunchalik qiyinmi? Oʻzi qursa-chi? Ikkita pahlavon oʻgʻli bor, el-yurt ham qarab turmas. Odamlarning qancha ogʻiri yengil boʻlardi! Axir tiriklik bir umr oʻz oʻchogʻiga qoʻr tortib yashash degani emas-ku?
Qariyaning ahdiga birov ishondi, birov ishonmadi. Bolalari “zarilmi?” deyishgandi, siltab berdi:
— Senlar shunaqasan! Senlarga hamma narsa tayyor boʻlsa!
— Ja-a unchalikmas, dada. Buning boshqa yoʻllari ham bor-da, axir. Mahallaga ariza yozib…
— Bas! — choʻrt kesdi ota. – Men arz-dod qilib yuradiganlardan emasman. Qars ikki qoʻldan chiqadi. Avval boshlab, keyin kam-koʻstiga yordam soʻrasak boshqa gap. – Soʻng ovozi birdan oʻzgardi: — Bir paytlar namozni uyning bir kunjagida yurak hovuchlab oʻqirdik… Mustaqillikni Xudo yetkazib, yaraqlagan masjidlar qurildi. Shunday zamonda qoʻl qovushtirib qarab turish imonli odamning ishimi?
Sergapgina kampiri “hay, otasi…” dedi-yu, cholining chaqnoq, keskir nigohidan tiyilib, aytmoqchi boʻlgani tilining uchida qoldi. Qarshisida goʻyo yetmish dovon osha hilvirab qolgan chol emas, miqti vujudiga shahdi sigʻmayotgan er kishi turardi. Hu-uv oʻsha navqiron yillar qaʼridan otilib chiqqandek oʻtkir bu qarash, kampirni dovdiratib qoʻydi.
— Boʻpti, — dedi shashtidan qaytib va sekin qistirib qoʻydi: – Judayam urinvormang-da.
Xullas, hashar boshlandi. Urinish ham gapmi, cholning yurishini bir koʻrsangiz edi! Sahardan shomgacha tinimi yoʻgʻu charchoq nimaligini bilmaydi. Birovning kiyimidek ustixonda shalvirab qolgan eti ham taranglashib, yuziga qizil yugurdi.
Mayda-chuyda taxtayu gʻoʻlalar oʻzidan chiqdi. Eskitdan bogʻ parvarishlaydi, shox-shabba ham serob. Faqat quvur topish oson kechmadi. Shu yeriga kelganda mahalla yigʻini ham qoʻzgʻaldi. Fermer qoʻshnisi esa ulovdan qoʻllab yubordi. Uch kun chumoliday mehnat qildilar. Hazilakam ish boʻlmadi, oʻziyam. Eplama koʻprik oʻrnida mashina ham bemalol yuradigan binoyidek yoʻl barpo qilindi. Namchil kunlarda loy boʻlmasin uchun ustidan mayin shagʻal ham toʻkib qoʻyishdi.
Ishning oxirida chol hasharchilarni alqab-alqab duo qildi. Jamoat mamnun tarqaldi. Faqat Muhsin ota koʻprik ustida uzoq qolib ketdi. Changga belangan kalishi bilan yerni nuqib-nuqib bosgancha, oʻzicha tekshirib koʻrdi. “Hali toʻylar qilamiz, bu yoʻldan guras-guras odamlar oʻtadi”, deb oʻyladi u va koʻksini toʻldirib nafas oldi.
… Oradan hech qancha vaqt oʻtmay, qishloqda Muhsin ota qazo qilibdi, degan sovuq xabar tarqaldi. Bu gap uzoq-uzoqlarga, qariyaning qadami tegmagan joylargacha yetib bordi.
— Kim oʻtibdi?
— Koʻprik qurgan odam.
— Ie… Ketdik unda!
Yap-yangi koʻprik ustidan guras-guras odam oʻtdi.
— Yaxshi odam edi, Alloh rahmatiga olsin, — dedilar, uni umrida biron marta koʻrmaganlar ham…
DILBAND
Gʻalati bir his bilan uygʻonib, nim yorugʻ xonada yotganimni koʻrdim. Oppoq pardalar, kitob terilgan tokchalar, jovon ustiga tekis yigʻilgan qavima koʻrpalar… Oʻz uyimdaman! Qaytganimga ikki oy boʻlibdi hamki, har safar uygʻonganimda yana oʻsha manzarani koʻrishdan qoʻrqib, koʻzimni ochgim kelmaydi: tor xonada sakkiz kishi qator yotibmiz, burchakdagi stol ustida idish-tovoq, ostiga sumkalar qalashtirib tiqib qoʻyilgan, chala boʻyalgan eshik tutqichining qasmogʻi chiqib ketgan. Musofirchilik!.. Koʻzimni chirt yumib, keng hovlim, ayvonli uyim, keyin mana shu derazasi kunchiqarga qaragan yotogʻimni tasavvur qilar va shu oʻylarga singib ketgim kelardi. Biroq, gʻala-gʻovur, turtinish, asabiy xitoblar, boz ustiga, yoʻq yerdan binoga kelgan qarz tashvishi tezroq turishga, egnimga topganimni kiyib yana bahaybat toʻqayning sovuq bagʻriga kirishga majbur qilardi. Bir yil chidadim oʻshanday mashaqqatga. Qora terga botib, oltin togʻlarni vaʼda qila-qila yot yurtlarga olib kelgan “vallamat”lar yoʻlkira hisobidan boʻynimga ilgan haqni toʻlab, uyga beshikast qaytdim. Ammo, ich-ichimda nimadir oʻzgargan, vayron boʻlgan edi. Endi esa… yoʻqligimda keksa ota-onam olgan qarzlarini uzish uchun yana oʻsha benavo hayotga qaytishga majbur boʻlyapman. Ha, qaytishim, qasdma-qasdiga qaytishim kerak. Pishiq-puxta boʻlib… Quruq qoʻl bilan kelmaydigan boʻlib…
Hozir esa uydaman. Bu yerning tonglari oʻzgacha. Ayolim allaqachon hovlini chinnidek tozalab, nonushta tayyorlab qoʻygandir. Bugun chipta olgani borardim, ertaroq uygʻotishmabdi-da. Ayashgan meni. Kelganimdan beri ayashadi… Kecha oshnalarim bilan yarim tungacha otamlashib oʻtirganmiz. Toshdek qotib uxlabman oʻziyam. Lekin, oyogʻimga nima boʻldi? Ie, bu ne hol?! Kimning ishi bu?
…Men uni hammadan koʻp sogʻingandim. Yoʻl boʻyi oʻylab keldim: bir yilda ancha ulgʻaygandir, boʻyi choʻzilgan, tilli burrodir. Meni tanimasa-ya, degan qoʻrqinchli oʻy har zamon miyamga yashindek urilar, shunda uning mehrini qozonish uchun borimni poyiga toʻshashga tayyor ekanligimni his qilardim. Hozircha esa bittagina mashina oʻyinchoq sotib olishga qurbim yetdi. Oʻgʻlim, dilbandim Shohjahon uchun! Kattagina mashina, bunaqasi bizning paytlarda boʻlmagan.
Bolam deyarli yotsiramadi. Uch-toʻrt kunda soyadek ergashib yuradigan, oʻtirsam tizzamdan tushmaydigan boʻldi. Qayerdandir uloq-suloq ingichka arqon topib, tumshugʻidan bogʻlab olgancha, butun qishloq bolalariga mashinasini koʻz-koʻzlab, sudrab yurgani-yurgan. “Sen kelib bolang yashnab ketdi, ishqilib, ortingdan ichikib qolmasin-da”, deydi onam. Kechagi qiligʻidan keyin, oʻzim ham shunday xavotirga tushib qoldim.
Soʻrida bu safar kimlar bilan ketish, nima ish qilishim haqida maslahatlashib oʻtirgandik. Pastda Shohjahonning gaplarimizni uqib oʻtirganiga eʼtibor bermabmiz. Qarsillagan tovushdan choʻchib qarasak, mashinasi agʻdarilib yotibdi.
– Yoʻq, ketmaysiz, ketmaysiz!!!
Oʻgʻlim shunday deb yigʻlagancha koʻchaga otildi. Ortidan ayolim yugurib ketdi. Ota-onam jim, mening esa ichimga muz tushdi goʻyo. Shu boʻyi qaytib yonimga kelmadi. Bu orada doʻstlarim kelib qoldi. Ularni kuzatib kirsam, oʻrnida yoʻq. Arazlab, buvisining yonida uxlabdi…
… Oyogʻim… bogʻlangan edi. Sapchib turib, koʻrpani ustimdan otib yubordim. Uloq-suloq, eski arqonning bir uchi bilan oyogʻim, ikkinchisi esa tokcha tagidan oʻtgan quvurga bogʻlanibdi. Ha, bu oʻsha, Shohjahonim men olib kelgan arzimasgina, ammo oʻgʻlimning nazarida dunyoda yagona oʻyinchoq mashinaning tumshugʻidagi ipi. Bolajonim… Otasini yonida olib qolish uchun aqli yetganicha chora koʻribdi. Issiq diydori bilan oʻziga bogʻlab ololmagan norasidam mana shu eski arqon bilan tushovlab qoʻymoqchi boʻlibdi beqaror otasini… Uquvsiz tugilgan arqonni siypalab, yechishga jurʼatim yetmay uzoq oʻtirdim. Koʻz oldimga dilbandimning koʻzmunchoqli jajji qoʻlchalari, kulcha yuziga salga qalqib chiqadigan kulguchlari, tiniq nigohlari keldi. Yuzimdan issiq tomchilar oqib oʻtdi.
Men oʻzga yurtda xor-zorlik koʻrdim, kaltaklandim, qadrim toptaldi. Lekin biron marta yigʻlamagandim. Er boshim bunchalar egilmagandi…
Ayolimning kirib kelganini sezmabman ham. U xavotir bilan qarshimga choʻkkalab oʻtirdi:
– Dadasi? Voy oʻlmasam, sizga nima boʻldi?
– Buni qara.
U bir muddat bogʻliq oyogʻimga tikilib, qotib qoldi.
– Shohjahon… – dedim men, ovozim darz ketib.
– Erta tongda mashinasini koʻtarib kirayotganini koʻrgandim. Gʻildiragi chang, tashqariga qoʻy desam, azza-bazza oyoq tirab turib oldi. Keyin ancha qolib ketgandi. Siz bilan yotibdi debman…
Uning qarogʻida ham yosh yiltilladi.
Arqon osongina yechildi.
– Hozir qayerda ekan?
Tashqariga chiqiboq, meni koʻrib hovli oʻrtasida qotib turgan Shohjahonga koʻzim tushdi. U qoʻrqibmi, yo shuncha urinishlari behuda ketganidan oʻkinibmi, javdirabgina qarab turardi. Yoniga borib tizzalab oʻtirdim-da, bolamni bagʻrimga mahkam bosdim. Yuzimga shirin nafas tafti urildi. Mittigina vujuddagi yurakcha koʻksimga bosh urayotganini his qildim. U bagʻrimga singib ketguday kichkina edi. Ammo shu mushtdekkina jussadan taralgan mehr quvvati ruhimda ulkan evrilish sodir etayotgandi.
– Ketmayman, bolam, seni tashlab hech qayoqqa ketmayman!