Usmon Azim. She’rlar

7213 август — Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим туғилган кун

     Саҳифада сизга тақдим этилаётган шеърларни биз сараламадик. Уларни телеграмдаги шоирнинг ашаддий мухлиси бўлмиш йигит саҳифасидан «сўрамай» олдик. Жавоҳир Халилжонов исмли бу актёр йигит Усмон Азим шеърларини қанчалик иштиёқ билан ўқиганини саҳифамиз ўртасида ва ютубдаги каналимизда томоша қилишингиз мумкин. Шундай ихломмандлар кўпайсин, деб атоқли шоиримизни 72 ёши билан кутубхонамиз номидан чин юракдан қутлаймиз.

Усмон АЗИМ
ШЕЪРЛАР


***

Ногоҳ салқин келди август сўнгида,
Ёмғир ёғиб ўтди бугун эрталаб.
Эрталаб — сабрнинг кўзи ўнгида –
Мен сенинг исмингни айтдим эркалаб.

Ногоҳон ўзгариш этдими таъсир,
Ё салқин хотиранг етди – билмадим:
Кўнглимни эрталаб этмадим таҳрир —
Эркалаб исмингни айтдим. Йиғладим.

Тушиндим — тақдиринг ишин юритган
Беюрак ройишлар ҳақлидир, ҳақли.
Ўйладим: — Албатта, мени унитган! —
Албатта, бахтлидир! Албатта, бахтли!

Асли бу мунг нечун? Тақдир ҳал бўлган.
Умрдан неча кун қолди? Билмадим.
Сенсиз ўлмоғимга қисматим кўнган…
Барибир йиғладим.

* * *

– Ўшанда жуда чиройли кетдинг… – деди эркак. – Йигирма йилки кетишингни унутолмайман.
– Раҳмат, – деди аёл.
– На жанжал, на зуғум, на бир оғир сўз….
Фақат эсимда,
кетаётганингда елканг бетўхтов силкинди…
Йиғлаган эдингми?
– Йиғлаган эдим.
Ёшим тўхтагани йўқ
ҳали-ҳануз ҳам…
Сукунат.
Эркак бош эгди.
Қанча уринмасин кўтаролмади бошини.
Елкаси эса
силкингани-силкинган…

***

Сен тонгда уйғондинг. Газга қўйдинг чой.
Бу меҳр мен учун эмас, ҳойнаҳой.

Сен оппоқ кўйлакка урасан дазмол.
Бу ишни мен учун қилмоғинг — маҳол.

Уйни супирасан, поклайсан чангдан.
Супириб отмайсан мени бу ғамдан.

Овқат пиширасан. Мўл-кўл дастурхон…
Овқатингни мақтар ўзга бир инсон.

Болангнинг кўзига боқиб тўймайсан.
Сен менинг боламни ўпиб қўймайсан.

Аммо ёлғиз қолсанг эгилар бошинг —
Кўзингдан сўрамай оқади ёшинг.

Мени соғиндингми? Куйдингми?.. Раҳмат!..
Кўз ёшинг меники, кўз ёшинг фақат…

***

Хотирадан бери, оғриқдан нари –
Йўқолишнинг ҳазин талвасасида —
Севги бир бурилиб, қарар мен сари —
Мангу айрилиқнинг дарвозасида.

Энди тополмайман дунёдан сени,
На тўзим етару, на сўзим етар…
Кўз ёшу ҳасратдан ариган севги
Тушлар сари кетар, жимгина кетар…

РОЛЬ

Режиссер буюрди: энди мен — шайтон…
Йўқ, йўқ фариштаман, ҳали фаришта.
Оллоҳ поклигимга ҳилган йўқ гумон,
Хизматим — беминнат, ишим — саришта.

Қодир даргаҳида қобил хизматкор,
Ер-кўк орасида ҳалол югурдак,
Мулойим, кўнгилчан, ажбир, шиддаткор —
Бурчимни ўтадим югур — югурлаб.

Амр этди — лаҳзада бажардим…
— Қойил!
Баракалло!— Тангри елкамга қоқди.
Ҳаттоки меҳнаткаш, камгап Азроил
Юмушидан тўхтаб, жилмайиб боқди.

Аммо (о, «аммо»лар барига сабаб…)
Қалбимда уйғонди исёнкор шубҳа —
Нималар қиляпсан дунёни сўраб,
Етти қават кўкда ястанган шўъба?

Оллоҳга тик боқиб саволлар бердим,
Тиллари тутилди парвардигорнинг.
Нечун суйганларинг бахтиср, эркин?
Нечун куйганларинг тупроқдан хордир?

Қисмати азални манглайга ёзиб,
Ўзинг яна нечун қиласан сўроқ?..
Савол беравердим ақлдан озиб,
Фаҳмимча, биридан бири яхшироқ.

Бундай осийликни кўрмаган осмон!
Худованд ўрнида туриб кетди даст:
— Буни лаънатланглар!
Бу — шайтон!
Шайтон!
…Шу тарзда шайтонга айландим, хуллас.

Ёмон актёрмасман… Залга киргин-да,
Шайтон қиёфали ўйинимни кўр!
Ҳайқириб қоламан тамошабинга:
— Қани, ўзи чиқсин, тангринг бўлса зўр!

Сиз сиғинган худо чиқмайди — кўрқоқ!
У бутун оламга йитиқ соябон.
Ҳақиқат бор жойга қўёлмас оёқ,
Фақат минғиллайди:
— Гуноҳкор — шайтон!

Зал бўшаб қолади… Режиссёр жўнар,
Миннатдор муаллиф зиёфатига.
Мен-чи, бир шаън бахтга бўлгум муяссар
Чиқолмай шайтоннинг қиёфасидан.

Эрта режиссернинг олаяр кўзи:
— Хизмат кўрсатганинг ҳаммаси ёлғон!—
Аччиқ ҳақиқатни айтаман чўзиб,
Шундоқ бошим узра айланар тўфон.

Фаришта актёрлар қотишади донг,
Камондай тортилар директор қоши.
Ўзим қўрқиб кетиб куламан:
— Шайтон!
Саҳна билан ҳаёт кетди адашиб…

Сўнар қалбимдаги ростгўй талваса,
Қалбни шер тарк этиб, қайтади қуён.
… Худолар шайтонни сўка бошласа,
Ўйланиб қоламан ўшандан буён.

Сен ҳам ўйга толдинг.
Сен — ақллисан.
Ҳеч қачон қилмайсан таваккал исён.
Шайтонлар «худо»ми?— аниқ билмайсан,
Аммо сенга аён:
«Худо»лар — «шайтон»…

ТЕАТР

Бу ерда ўзлари учун йиғлашмас.
Бу ерда йиғлатар бировнинг дарди.
Бу ерда бировнинг ғами муқаддас,
Бу ерда табаррук ўзганинг қадри.

Эски палто кийган, мангу пиёда
Санъат бу саҳнада қилар қўзғолон.
Юрак бахш этмоқчи булар дунёга,
Қалбларга — хўрсинмоқ учун бир имкон.

Бунда ўз бўйини ўлчайди замон —
Орқага қайтдимми, кетдимми олға?
Оқ чорлоқ қонига беланар ҳамон,
Олчазор оралаб тақиллар болта.

Асрлардан ошиб келар ул Мирзо —
«Сизларга боқсин-да, кузларим туйсин!
Майли, неваралар гувоҳ булсин, оҳ,
Фарзанди падаркуш қайтадан суйсин!..»

Бунда кезишади подшолар бебахт,
Бетож бошларини чангаллаб, ҳорғин.
Томоша залини эта бошлар забт
Бир дард — Гулбаҳорнинг сочидай толган.

Театр! Жонингни ўйламадинг ҳеч,
Ёниб бормоқдасан! Бағрингда ёнган!
Барча катта-кичик бинолар ҳар кеч,
Сенга ҳавас билан боқишади жим.

Ёлғончи дунёнинг ёлғонларидан,
Таним музлаганда тугару сабрим,
Театр, ё ҳақ, деб сенга келурман —
Мени ёндира қол, бировнинг дарди!

Сачраб уйғонади мудраган дилим,
Семиз орзуларни парчалаб ташлар.
Уйимга келаман! Ёзув столим,
Театр, сен каби ловуллай бошлар
.
Санъат! Ўчмагайсан! Сен — мангу қуёш!
Ахир, фидоларинг кўпдир дунёда!
Бировнинг дардига бўлгани йўлдош
Санъат кетиб борар пою пиёда…

***

Турмуш минг-минг занжирда ботди
— Қўзғатмади, лол қотди таним.
Мен танидим совуқ хаётни
Ва… ёшимни тўхтатолмадим.

Йўл четида бир кекса дарахт
Суҳбат қурди бошқаси билан,
-О, кифтига қўнди қандай бахт,
Йиғлаяпти кап-катта одам!!!

Дардим етди дарахтлар қадар
Тураверсам — умрим охирдир…
Ерга қўйдим авайлаб қадам
Дардим оғир, жуда оғирдир…

САРХУШЛИК

Ҳасратинг ҳам хушдир,
Соғинчинг ҳам — хуш.
Севгинг улуғ кучдир,
Севгинг — озод бурч.

Руҳимни олдинг сен,
Танимни олдинг;
Оҳангимни олдинг,
Рангимни олдинг.

Тириклигу ўлмоқ… —
Нимадир фарқи?
Ҳаёт — сени кўрмоқ,
Ўлим — ҳажр шарҳи.

Юксак қайғуларни
Кўнгил қучадир…
Фақат руҳ учадир,
Тинмай учадир!..

***

Бу жой театрмас. Бу жой ишхона,
Аммо фожиага мос эрур таъби.
Соат ўн. Эшикдан кирар замона,
Уни қарши олар Ҳамлет асабий.

Лаблари пичирлар — ичмоқда қасам,
«Прима» бурқсийди бармоқларида.
Клавдий ўтади ёнидан бардам,
У мағрур — шоҳликнинг сиртмоқларида.

«Чекиш мумкин эмас» — деворда эълон,
Қайдадир телефон жиринглай бошлар.
Кафтин манглайига босиб, бекалом —
Гўзал Офелия кузини ёшлар.

— Пенсия керакмас! Сузимдан қайтдим,
Қизларда тартиб йўқ. Урнимда қолдир!
Кимгадир ғазабнок сузларни айтиб,
Лифтдан чиқиб келар оқсоч қирол Лир

Қарсаклар янграйди… Генерал қайтар!
Теграсида содиқ мулозимлари,
Мусобақадамас, ютгандай жангда,
Виқор-ла келади байроқ кутариб.

Дездемона уни табриклар босиқ, —
Ғолиб генералга олий тортиқ шу.
Яго югуради қучоғин ёзиб.
Ҳозир рўмолчани топиб олди у.

Бу жой театрмас. Бу жой ишхона,
Бунда шоҳ асарлар қайта ёзилар.
Ёзилар бир рақам, ё сўз баҳона.
Қоғозмас, қалбларга абад босилар.

Ишхона — тўрт қават бетон иморат —
Элсинор қалъаси билан эгиздир.
Соат ун бир ярим… Ғамгин аланглаб,
Кечикиб келмоқда ишга Шекспир…

***

Тўйганмидим шодликни ичиб,
Келганмиди ҳатто ишқ малол,
Айтолмадим: — Азизим, кечир…
Қичқирмадим: — Кетмасанг-чи! Қол!.

Ёлғизликнинг улкан залвори
Босар — қалбим тортади майда.
Энди қаро тунга ёлвориб,
Шивирлайман: — Қайдасан, қайда?

Энди беишқ бегоналарга
Оёқости бўларкан жоним,
Мен хушомад қилиб уларга
Жовдирайман: — Илтимос, қолинг…

***

Сизга заррача йўқдир ҳасадим,
Фақат турналарга қалбимда ҳавас.
Улар ўтар экан, тирик жасадим
Туб-тубида руҳим қўзғалар бесас.

Юрагим кўксимга қайтиб қўнади,
Бахтли шамолларда ярқирар манглай…
Шундай озод қушлар қандай ўлади,
Шундай озод қушлар яшайди қандай?

***
Қўшиқ айтар бўлсам юрагим тўлди,
Йиғлашдан кўр бўлди ойдин кўзларим.
Эски дўстларимнинг ҳаммаси ўлди,
Ҳали туғилган йўқ янги дўстларим.

Кўйлагим ҳилпирар Вақт шамолида,
Икки ёнбошимда тубсизлик — ёвуз.
Чиқаман ёлғизлик истиқболига
Бошларим — ловуллаб, юрагим — совиб.

Увлайман самога бошимни буриб,
Овозим етмагай аммо Тангрига.
Кўзи кўр дунёдай довдираб юриб,
Кираман ўзимнинг муздай қаъримга.

Мени аста-аста хазон айлар дард —
Мени юта бошлар торлик, танқислик..
«Йўлим қани?», дейман — кўринади қалб,
«Манзил қайда», дейман — келар ёлғизлик.

* * *

Бу боғда кечаси бойўғли сайрар —
Ногоҳ вайронага ўхшайди бу боғ:
Жинлар зулмат ичра бемалол яйрар,
Ғижирлар ажина илашган бутоқ.

Кечаси даҳшатга бу боғ тўлади,
Юрсанг, манглайингга урилар зулмат.
Турсанг, юрагингга қўрқинч қўнади,
Ариқни тўлдириб, шовуллар кулфат.

Кўз юмсанг, босади ваҳима. Бедор —
Аланглаб-аланглаб — қочади уйқу…
Аслида бу боғнинг нима айби бор?
Битта бойўғлининг қилган иши – бу.

***

Худойим, қоврилдим, тугайди қачон
Бу гулхан юракнинг ловуллашлари.
Бу тун яна менга бермади ором
Қонимнинг оловли шовуллашлари.

Менчалик ёнмаган ҳеч ким… менчалик
Ҳеч ким ўчмоқликни этмаган орзу.
Боряпман чақмоқнинг бўлаги янглиғ
Лаҳзалик умримни фалакка осиб.

Ҳатто вулқонларда оловлик бекор –
Менинг ёнғинимнинг йўқдир адоғи.
Ичимда майсанинг армонлари бор –
Ёмғирда ўсишнинг ҳасрати, доғи.

О, сасинг етишди руҳ ила танга,
Раҳмат, каломларинг бунча мулойим!..
Мени ўчиртирма бирор бандангга,
Ўзинг ўчир мени… Ўзинг… Худойим…

* * *
Оғир. Жуда оғир. Кўтармоқ
Кўзингдаги кузги чарчоқни.
Қачонлардир рўй берган алдоқ
Ногоҳ энди умрни ёқди!

Ҳамма нарса асли жойида –
Бир сўз демас азиз одаминг.
(У бош эккан тақдир раъйига),
Ёнар фақат сенинг оламинг.

Панжаларинг бошингга чангал,
Сочларингга тушиб борар оқ…
Аммо мантиқ чарх урар мужмал:
– Яшайверса бўлади шундоқ.

Қара, қолар бу ҳаёт омон –
Тақдир синмас, умр отилмас…
Фақат севги кўзига бу он
Қарамоққа ҳеч ким ботинмас.

***

Мен титрадим. Тўлқинли ўпкам.
Яна мозий етди – қасоскор.
“Қачонлардан” айрилган кўлканг
Юриб ўтди кўксимдан такрор.

Ташвишларда қураман девор,
Турмуш ичра қазийман чоҳлар –
Унинг азми бўлсин деб бекор
Юрагимдан кетсин деб оҳлар.

Деворларга урилар кўлка,
Йиқилади чоҳларга бесас…
Бутун жоним оғриққа тўлган –
Ўжар кўлка ғамни англамас.

Чоҳ тубида кимнинг вужуди,
Оғриётган, айт, қайси юрак(!),
Нега яшаб бўлмас унутиб?! –
Ҳеч ким билмас Оллоҳдан бўлак.

***

Товушини йўқотган эмас,
Юрак ҳамон девона ҳофиз.
Фақат унинг ёнида бссас
Пайдо бўлди доно Кайковус.

Ҳамон тунлар тўлғайди наво,
Қовурғалар — чанқовуз — танда.
Фақат ошиқ дилда уйғонди
Тазарруга бош эккан банда.

Шафқат танни забт этди-олди,
Чоҳдан чиқди ҳамма сўзларим.
Менинг жисмим тамом йўқолди —
Ўткирлашди фақат кўзларим.

Юрак энди авжларни қўйиб,
Паст пардада куйлар шикаста —
Жону жисмим кетару куйиб,
Ёшларимни артаман аста.

Қалбдан тошдай оғир кўчган шеър
Ҳаётдами, ўлимда кўпроқ?
Англамайман, залворлими Ер,
Ё кафтдаги бир ҳовуч тупроқ?

Ушбу шеърни битаркан, армон
Юрагимга такрор буюрди:
— Бемалол уч — узоқдир осмон,
Ер қаттиқдир — бемалол юргин.

***

Жимжит ўлтирибман дунё четида,
Олтмишга кирганман. Чарчоғим беҳад.
Зимиллар фалакнинг жабри этимда,
Оғрир суягимда замон берган дард.

Жимжит ўлтирибман. Сўзда йўқ матлаб.
Нотаниш билимга миям тўладир.
Энди, бу умрда бўлмайди яшаб-
Янги умр сари учса бўладир.

***

Иккимиз ўртандик
Соғинчда, юлдуз.
Армонда тўлғондик –
Куз келдими? Куз…

Олислардан майин
Ёндирма, эй, чўғ.
Сени суйган сайин
Армонларим кўп.

Бироқ ғам – беҳуда,
Айрилиқ – бекор.
Кузда – чин туйғула –
Дийдор кўрмоқ бор.

Аммо бу висолнинг
Армони кўпдир –
Дийдор бор ва лекин
Тўймоқлик йўқдир.

* * *

Бу — Оллоҳнинг мурувватими?
Сўнги фаслим ўтаётган пайт —
Бу оламнинг бор ҳолатини
Руҳга аниқ этмоқдаман қайд.

Дунё тўғри жонга қуйилар:
Ёруғию зулмати, ғами…
Юрак эса ортиқ куйинар —
Жон беришга шайланган каби.

Билишимча, бу ҳаёт билан
Кўнгил қаътий шартнома тузган:
“Оҳ”ларининг расмини бекам —
Рост сўзларда чизгани чизган.

Бу дунёнинг сўзига боқмай —
Кўзларига қараб мардона —
Бирда ёқиб, иккида ёқмай —
Шеърлар ёзган кўнгил – девона…

Юрак! қандай чидайсан, юрак! —
Жоним кетар ҳозир узилиб!
Ўзи шундай йўл тутса керак
Тангрим битган ижод тузиги.

Аммо яна сўрай ўзингдан:
— Дардларингни этмагин бекор!
Ёш оқмоқда, мана, кўзимдан,
Миннатдорман сендан, миннатдор.

***

Она, келганингизда
Кўйлак олиб бермадим…
Пулим йўқ эди, она.

Она, келганингизда,
Очилиб гаплашмадим…
Вақтим йўқ эди, она.

Она, келганингизда
Кулиб-кулиб юрмадим…
Бахтим йўқ эди, она.

Она, келганингизда
Йиғламадим ўксиниб…
Ҳаққим йўқ эди, она.

Она, бахтиёр бўлинг!
Сизни қўлласин тақдир.

Она, бахт ўзи нима,
Она, бебахтлик надир?..

***

Бўлмагайдир кемалар дохил,
Бу оролга тўлқинлар қайтмас,
Бандаргоҳсиз, умидсиз соҳил —
«Кут!..» сўзини бирор кас айтмас.

Бу оролда қувонч зиндонда,
Бу оролда ҳурдир фақат ғам.
Бу оролда боқдим осмонга —
Қуёши йўқ, юлдузлари кам.

Турналар ҳам этмайди парвоз —
Баҳор келмаслиги ғалати.
Бу оролда ҳар лаҳзам дорбоз —
Мудом қалтис мувозанатим.

Бу оролнинг ҳаёти майда,
Фақат… Фақат юраги йирик —
Бу беънажoт, беҳаёт жойда
Шеър ёзаман… Шеър ғоят тирик!

Етти қават кўкдан келган нур
Руҳу қалбга майин қуйилар.
Баъзан сенсиз қолган бу умр
Тангри инъомидай туйилар…

***

Итлар ҳуришади қоронғуликда –
Нимадан безовта улар бемаҳал?
Тераклар ойдинда туришар тикка,
Бошлари зарҳалдир, сочлари зарҳал.

Соғиндим. Ўртада жон бўлди абгор.
Сен билан тўлгандир ботину, зоҳир.
Ҳижрон оғирми деб сўрама зинҳор,
Ҳатто елкамдаги ойдинлик оғир…

***

Бунчалар тўзғиндир сенинг сочларинг –
Ҳаёлдай бешакл, қайғудай чалкаш.
Туманга чўккандай гўё бошларинг –
Мумкин эмас тараш, мумкинмас таҳлаш.

Бул туман ичида адашдим мен ҳам,
Олис қийноқларга ўзимни чоғлаб…
Сен овоз бермасдан ўлтираркансан,
Туманни елкангга ташлайсан боғлаб.

Шафқат қил! Кўз ёшим қуриди маним,
Кўнгил қайтиб келди – осмонга тегиб…
Ўлимга тайёрдай ўлтирасан жим,
Туманга кўмилган бошингни эгиб.

***

Ёлғизлик ортимдан ҳувиллаб қувди,
Токи йиқилгунча югурдим бетин…
Бир аёл туфлимнинг лойини ювди –
Унга севаман деб айтмаган эдим.

Қисмат масхаралаб бизни отганди
Танҳолик кечасин тор қучоғига.
Билмадим, қай маҳал аёл уйғонди
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

Асли масхаралаш қисмат матлаби,
Аммо ҳайрат ичра гангиди хиёл:
Қувониб (масалан, гул терган каби),
Туфли ювар экан тунда бир аёл.

Менга кўзи тушиб аёл қизарди,
Уялди — қўллари тушди шалвираб.
Энди у қаршимда йиғлаб турарди,
Ёмғир қўйнидаги баргдай қалтираб.

Қўймоғим шарт эди бир жасур қадам, —
Қулаб танҳоликнинг ғариб аршидан.
Чўчидим мен — меҳр кўрмаган одам –
Севги туфли ювиб чиқса қаршимдан.

Кетдим…
Ёмғирдайин ўтдиму кетдим,
Минг аср танҳолик кечди бошимдан.
Минг аср оралаб қайтадан етдим,
Ўша ёлғиз қолган аёл қошига.

У менга бахт берди осмондай улкан,
Мен-чи?..
Мен қоврилдим бахтнинг доғида…
Бедорману нечун уйғонолмайман
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

***

Сомон йўли – шаршарани
Шопурар боғ узра тун.
Қучоғида капалакни
Босиб-босиб ухлар гул.

Чумчуқ мизғир
Дарахтларнинг
Шовуллаган кафтида.
Кўкдан тушган ой ариқда –
Ишонмайди бахтига.

Фақат меҳр улашмоқлик
Дунёнинг режасида…
Сени эслаб ухлолмадим
Бу бахтнинг кечасида…

***

Жавонларда идишлар янги,
Янги рангда товланар девор.
Янгиликни рўмолдай танғиб,
Ивирсийди хонада рўзғор.

Уйимизда салқин устивор –
Паст келмайди совутгич ёзга.
Супурилар уй. Кечаги ғубор
Хокандозга тушади аста.

Хиргойида билмаганим куй –
Ўтган ғамнинг сўкилган чоки.
Қайтиб келар уйдан кетган уй –
Ошхонада чой ичар сокин.

Енгил тортиб – ариб эскидан –
Чарақлайди рўзғорим маним…
Кароватда ётар юзтубан
Илдиз отиб ҳориган таним.

***

Парвардигор,
Вужудим куймоқда.
Руҳим чирқирар олов ичида.

Ўзим гуноҳкорман –
Одамни ҳам шу қадар севадими одам?!

Ҳар бир заррамда азоб.

Енгиб бўлмаябди соғинчни-
Мадад олай десам,
Пирлар ҳам йўқолган.
Ҳар лаҳзам — дард,
Ҳар нафасим – дард,
Ҳар қафасим – дард,
Ҳар барбодим – дард,
Ҳар озодим – дард…

Мангу дардларга айланишдан
Бошқа иложим қолмади,
Парвардигор…

* * *

Бу гўзал аёлнинг хаёли юксак:
— қувончу ғамимга бўлгучи маҳрам —
Менга кўнгил бергин, о, менга фақат,
Аммо меҳр қўйгин одамларга ҳам!..

Бу жиддий аёлнинг ўйи табаррук:
— ҳаётимга йўлдош бўлгучи одам —
Севгини англагин ёлғизу буюк,
Аммо танҳо билгин худовандни ҳам!..

Бу нафис аёлнинг фикрати аъло:
— Эй, сен, борлиғингни этгучи нисор —
Мени юрагингда асрагин, аммо
Дунёни асрашни айлаб ихтиёр!..

Бу холис аёлнинг барча иши мард:
— Суйганим, муқаддас ўтларда куйгин,
Ишқ учун жонингни фидо қилгин шаҳд,
Аммо Ватанингни ортиқроқ суйгин.

Бу аёл қисматга қилмас риоя,
Бағрига босганча сўнгги шомимни,
Йиғлайди: — Севгига етса ниҳоя,
Худованд, бир менинг олгин жонимни…

***
Майда русумлардан тамом кечасан,
Дилда қолдирасан туйғунинг аслин —
Устингдан дунёни аста ечасан,
ҲАВО қиёфада бўласан таслим.

Яшалган кунларнинг барчаси унут,
Келажак кунлардан ҳайиқиш йўқдир.
Бизнинг ҳаяжондан чиқади униб,
Муҳаббат яратган бир ўжар тақдир.

Музу оловларга кирамиз кулиб,
Бир ёнда Қизилқум, бир ёнда Сибир…
Фақат юракларга боради тўлиб,
Юксак фалаклардан тўкилган шивир.

Тўфонлар бошланар — тўзиймиз сасдай,
Қумнинг заррасидай… Қайдасан, қайда?
Жодунинг дамига дуч келган хасдай
Ҳамма бахт бўлади майдаю майда.

Дунёнинг тубига ташлайди нигоҳ,
Тунларга тикилиб ҳориган кўзим —
Қанчалар даҳшатли эсимдасан, о!
Қанчалар даҳшатли унутман ўзим…

***

Юракда узун оғриқ.

Хатлар ёзилмай ўлмоқда.
Унсиз фарёдга айланганман.

Учрашолмаймиз.

Оғриқ бесарҳад –
Яшаганим билан умрим етмайди.

Гап шундай.
Соғинчинг ўлдиргани қадар
гап шундай,
азизим…

***

Ким дединг? Мен сени танимайман КУЗ…
Кунларинг кунимнинг бегонасидир.
Куз деган фасл йўқ. Боғдаги маъюс
Вақт асли баҳорнинг вайронасидир.

Сарғайди бахорда туғилган япроқ.
Йўл юриб, вақт кечиб тиниди анҳор.
Куз йўқ! Ўриндиқда -чорбоғда бу чоқ
Мунғайиб ўтирар қариган баҳор.

Куз йўқ! Гарчи хазон ўтди хаёлчан,
Мезон дорларини фалакка осиб,
Куз йўқ… Бахор билан видолашаман
Мавзун ҳолатини бағримга босиб.

О, кетсам бўларди шу хазон билан,
Жоннинг залворидан, қаранг, аридим.
Қаримоқ — қўрқмаслик бўлса ўлимдан,
Ха, мен ҳам қаридим, мен ҳам қаридим!

Қалбга томчи ёшдай тўкилди олам —
Руҳнинг руҳдан қуюқ қаъридадурман.
Куз йўқ (йиғлаяпман!)… Куз йўқдир (алам!).
Энди кузакдан хам наридадурман…

***

Ўша — мени ҳеч ким соғинмаган шом
Авто бекатида ҳайрона турдим.
Бошимни кўтариб боқдим бир замон.
Қаршимда бир йигит, бир қизни кўрдим,

Йигитнинг палтоси… Йўқ, ёдимда йўқ…
Аниқ, кўм-кўк эди қизнинг палтоси.
Белларини қучган белбоғи ҳам кўк.
Ҳатто кўм-кўк эди тўртта тугмаси…

Йигитнинг кўзлари… Эслай олмайман…
Ошкор жаранглатиб пинҳон ўйини,
Қизнинг кўзларида ёқарди гулхан.
Эркалик ва ишқнинг маъсум қуюни…

Йигитнинг юзида билмайман, нима…
Аммо қизнинг юзи қаршимда аён:
Уни кўмган эди гулгун шафаққа
Муҳаббат — энг мовий покиза осмон…

Қор бўлса ёғарди, қизнинг бошидан
Кумуш тангаларни аямай сочиб,
Шамол титар эди — кўзи, қошига
Манглайига тушган бир тутам сочин.

Йигит… Йигит билан қанча ишим бор!
Аммо қиз йигитни шундай суярди —
Ки, гоҳ термуларди ҳазин, беозор,
Гоҳо қўлларини ушлаб қўярди.

Тошкентдай шаҳарда, балки дунёда
Ягона — ҳаммадан гўзал эди қиз.
Чиқмаса ҳам телба орзум рўёбга,
Бўзлаб қаршисига чўкким келди тиз!

Йигит… Аммо нега сени ўйлайман,
Ҳозир ҳам ҳавасдан музлайди этим…
Мен қорли бекатда вайрон турган шом,
Сен мендан — ҳаммадан бахтиёр эдинг.

***

Уйимда неча кун
Меҳмон – айрилиқ.

Қувонч йиғиштирди
Дилдан сайрини.

Сен келар йўлларда
Тиканлар ўсди.

Боғимда паришон
Туманлар тўзди.

Сен келар йўлларда
Оқарди қиров,

Қировни тўкмади
Соғинган биров.

Ёмғирда қорайди
Қирларнинг бети.

Ёшимни тўхтатиб
Ололсам эди…

***

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Сени бир кўрсам эди,
Ҳуш кетиб турсам эди.
Ҳуснингга тоқат қилолмай,
Ҳўнграниб юрсам эди.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Ой юзинг армоним-а,
Тоғларга исминг айтсам,
Тошлари бўстоним-а.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Дилимда пинҳоним-а,
Ерга туш,кўкларга учма,
Сўнгги йўқ достоним-а.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Қайдасан,афғоним-а?
Сени йўқлаб йиғлаюрман,
Энг гўзал ёлғоним-а…

* * *

Ҳа, ҳатто чайла ҳам
Қурмадим боғда,

Бир парча томорқа
Олмадим сотиб,

Одамлар ёлғони
Бездирган чоғда,

Шеърлар ёзавердим,
Ўзимга ботиб.

Ботдим… Ботавердим…
Қалбнинг қаъридан –

Миям фалакининг
Тоқидан нари;

Руҳнинг сарҳади йўқ
Чексизлигидан –

Ўн саккиз минг олам
Сарвари сари.

гулу япроқликка
йўқ эди раъйим.

Ботдим қаро ерга,
Қоронғу тошга,

Илдизлик қисматин,
Буюрди қайюм…

Менга не керакдир
Хўш, бундан бошқа?

Илдизлик куч олар –
Қанча чоҳласа!

О, неча боғларим
Шовуллайди шаън!

Руҳим дардга тўлди!..
Худо хоҳласа,

Дунё гўзал қолур
Мендан кейин ҳам.

13 AVGUST — O’ZBEKISTON XALQ ShOIRI USMON AZIM TUG’ILGAN KUN

Sahifada sizga taqdim etilayotgan she’rlarni biz saralamadik. Ularni telegramdagi shoirning ashaddiy muxlisi bo’lmish yigit sahifasidan «so’ramay» oldik. Javohir Xaliljonov ismli bu aktyor yigit Usmon Azim she’rlarini qanchalik ishtiyoq bilan o’qiganini sahifamiz o’rtasida va yutubdagi kanalimizda tomosha qilishingiz mumkin. Shunday ixlommandlar ko’paysin, deb atoqli shoirimizni 72 yoshi bilan kutubxonamiz nomidan chin yurakdan qutlaymiz.

Usmon AZIM
SHE’RLAR


***

Nogoh salqin keldi avgust so’ngida,
Yomg’ir yog’ib o’tdi bugun ertalab.
Ertalab — sabrning ko’zi o’ngida –
Men sening ismingni aytdim erkalab.

Nogohon o’zgarish etdimi ta’sir,
Yo salqin xotirang yetdi – bilmadim:
Ko’nglimni ertalab etmadim tahrir —
Erkalab ismingni aytdim. Yig’ladim.

Tushindim — taqdiring ishin yuritgan
Beyurak royishlar haqlidir, haqli.
O’yladim: — Albatta, meni unitgan! —
Albatta, baxtlidir! Albatta, baxtli!

Asli bu mung nechun? Taqdir hal bo’lgan.
Umrdan necha kun qoldi? Bilmadim.
Sensiz o’lmog’imga qismatim ko’ngan…
Baribir yig’ladim.

* * *

– O’shanda juda chiroyli ketding… – dedi erkak. – Yigirma yilki ketishingni unutolmayman.
– Rahmat, – dedi ayol.
– Na janjal, na zug’um, na bir og’ir so’z….
Faqat esimda,
ketayotganingda yelkang beto’xtov silkindi…
Yig’lagan edingmi?
– Yig’lagan edim.
Yoshim to’xtagani yo’q
hali-hanuz ham…
Sukunat.
Erkak bosh egdi.
Qancha urinmasin ko’tarolmadi boshini.
Yelkasi esa
silkingani-silkingan…

***

Sen tongda uyg’onding. Gazga qo’yding choy.
Bu mehr men uchun emas, hoynahoy.

Sen oppoq ko’ylakka urasan dazmol.
Bu ishni men uchun qilmog’ing — mahol.

Uyni supirasan, poklaysan changdan.
Supirib otmaysan meni bu g’amdan.

Ovqat pishirasan. Mo’l-ko’l dasturxon…
Ovqatingni maqtar o’zga bir inson.

Bolangning ko’ziga boqib to’ymaysan.
Sen mening bolamni o’pib qo’ymaysan.

Ammo yolg’iz qolsang egilar boshing —
Ko’zingdan so’ramay oqadi yoshing.

Meni sog’indingmi? Kuydingmi?.. Rahmat!..
Ko’z yoshing meniki, ko’z yoshing faqat…

***

Xotiradan beri, og’riqdan nari –
Yo’qolishning hazin talvasasida —
Sevgi bir burilib, qarar men sari —
Mangu ayriliqning darvozasida.

Endi topolmayman dunyodan seni,
Na to’zim yetaru, na so’zim yetar…
Ko’z yoshu hasratdan arigan sevgi
Tushlar sari ketar, jimgina ketar…

ROLЬ

Rejisser buyurdi: endi men — shayton…
Yo’q, yo’q farishtaman, hali farishta.
Olloh pokligimga hilgan yo’q gumon,
Xizmatim — beminnat, ishim — sarishta.

Qodir dargahida qobil xizmatkor,
Yer-ko’k orasida halol yugurdak,
Muloyim, ko’ngilchan, ajbir, shiddatkor —
Burchimni o’tadim yugur — yugurlab.

Amr etdi — lahzada bajardim…
— Qoyil!
Barakallo!— Tangri yelkamga qoqdi.
Hattoki mehnatkash, kamgap Azroil
Yumushidan to’xtab, jilmayib boqdi.

Ammo (o, «ammo»lar bariga sabab…)
Qalbimda uyg’ondi isyonkor shubha —
Nimalar qilyapsan dunyoni so’rab,
Yetti qavat ko’kda yastangan sho»ba?

Ollohga tik boqib savollar berdim,
Tillari tutildi parvardigorning.
Nechun suyganlaring baxtisr, erkin?
Nechun kuyganlaring tuproqdan xordir?

Qismati azalni manglayga yozib,
O’zing yana nechun qilasan so’roq?..
Savol beraverdim aqldan ozib,
Fahmimcha, biridan biri yaxshiroq.

Bunday osiylikni ko’rmagan osmon!
Xudovand o’rnida turib ketdi dast:
— Buni la’natlanglar!
Bu — shayton!
Shayton!
…Shu tarzda shaytonga aylandim, xullas.

Yomon aktyormasman… Zalga kirgin-da,
Shayton qiyofali o’yinimni ko’r!
Hayqirib qolaman tamoshabinga:
— Qani, o’zi chiqsin, tangring bo’lsa zo’r!

Siz sig’ingan xudo chiqmaydi — ko’rqoq!
U butun olamga yitiq soyabon.
Haqiqat bor joyga qo’yolmas oyoq,
Faqat ming’illaydi:
— Gunohkor — shayton!

Zal bo’shab qoladi… Rejissyor jo’nar,
Minnatdor muallif ziyofatiga.
Men-chi, bir sha’n baxtga bo’lgum muyassar
Chiqolmay shaytonning qiyofasidan.

Erta rejisserning olayar ko’zi:
— Xizmat ko’rsatganing hammasi yolg’on!—
Achchiq haqiqatni aytaman cho’zib,
Shundoq boshim uzra aylanar to’fon.

Farishta aktyorlar qotishadi dong,
Kamonday tortilar direktor qoshi.
O’zim qo’rqib ketib kulaman:
— Shayton!
Sahna bilan hayot ketdi adashib…

So’nar qalbimdagi rostgo’y talvasa,
Qalbni sher tark etib, qaytadi quyon.
… Xudolar shaytonni so’ka boshlasa,
O’ylanib qolaman o’shandan buyon.

Sen ham o’yga tolding.
Sen — aqllisan.
Hech qachon qilmaysan tavakkal isyon.
Shaytonlar «xudo»mi?— aniq bilmaysan,
Ammo senga ayon:
«Xudo»lar — «shayton»…

TEATR

Bu yerda o’zlari uchun yig’lashmas.
Bu yerda yig’latar birovning dardi.
Bu yerda birovning g’ami muqaddas,
Bu yerda tabarruk o’zganing qadri.

Eski palto kiygan, mangu piyoda
San’at bu sahnada qilar qo’zg’olon.
Yurak baxsh etmoqchi bular dunyoga,
Qalblarga — xo’rsinmoq uchun bir imkon.

Bunda o’z bo’yini o’lchaydi zamon —
Orqaga qaytdimmi, ketdimmi olg’a?
Oq chorloq qoniga belanar hamon,
Olchazor oralab taqillar bolta.

Asrlardan oshib kelar ul Mirzo —
«Sizlarga boqsin-da, kuzlarim tuysin!
Mayli, nevaralar guvoh bulsin, oh,
Farzandi padarkush qaytadan suysin!..»

Bunda kezishadi podsholar bebaxt,
Betoj boshlarini changallab, horg’in.
Tomosha zalini eta boshlar zabt
Bir dard — Gulbahorning sochiday tolgan.

Teatr! Joningni o’ylamading hech,
Yonib bormoqdasan! Bag’ringda yongan!
Barcha katta-kichik binolar har kech,
Senga havas bilan boqishadi jim.

Yolg’onchi dunyoning yolg’onlaridan,
Tanim muzlaganda tugaru sabrim,
Teatr, yo haq, deb senga kelurman —
Meni yondira qol, birovning dardi!

Sachrab uyg’onadi mudragan dilim,
Semiz orzularni parchalab tashlar.
Uyimga kelaman! Yozuv stolim,
Teatr, sen kabi lovullay boshlar
.
San’at! O’chmagaysan! Sen — mangu quyosh!
Axir, fidolaring ko’pdir dunyoda!
Birovning dardiga bo’lgani yo’ldosh
San’at ketib borar poyu piyoda…

***

Turmush ming-ming zanjirda botdi
— Qo’zg’atmadi, lol qotdi tanim.
Men tanidim sovuq xayotni
Va… yoshimni to’xtatolmadim.

Yo’l chetida bir keksa daraxt
Suhbat qurdi boshqasi bilan,
-O, kiftiga qo’ndi qanday baxt,
Yig’layapti kap-katta odam!!!

Dardim yetdi daraxtlar qadar
Turaversam — umrim oxirdir…
Yerga qo’ydim avaylab qadam
Dardim og’ir, juda og’irdir…

SARXUShLIK

Hasrating ham xushdir,
Sog’inching ham — xush.
Sevging ulug’ kuchdir,
Sevging — ozod burch.

Ruhimni olding sen,
Tanimni olding;
Ohangimni olding,
Rangimni olding.

Tirikligu o’lmoq… —
Nimadir farqi?
Hayot — seni ko’rmoq,
O’lim — hajr sharhi.

Yuksak qayg’ularni
Ko’ngil quchadir…
Faqat ruh uchadir,
Tinmay uchadir!..

***

Bu joy teatrmas. Bu joy ishxona,
Ammo fojiaga mos erur ta’bi.
Soat o’n. Eshikdan kirar zamona,
Uni qarshi olar Hamlet asabiy.

Lablari pichirlar — ichmoqda qasam,
«Prima» burqsiydi barmoqlarida.
Klavdiy o’tadi yonidan bardam,
U mag’rur — shohlikning sirtmoqlarida.

«Chekish mumkin emas» — devorda e’lon,
Qaydadir telefon jiringlay boshlar.
Kaftin manglayiga bosib, bekalom —
Go’zal Ofeliya kuzini yoshlar.

— Pensiya kerakmas! Suzimdan qaytdim,
Qizlarda tartib yo’q. Urnimda qoldir!
Kimgadir g’azabnok suzlarni aytib,
Liftdan chiqib kelar oqsoch qirol Lir

Qarsaklar yangraydi… General qaytar!
Tegrasida sodiq mulozimlari,
Musobaqadamas, yutganday jangda,
Viqor-la keladi bayroq kutarib.

Dezdemona uni tabriklar bosiq, —
G’olib generalga oliy tortiq shu.
Yago yuguradi quchog’in yozib.
Hozir ro’molchani topib oldi u.

Bu joy teatrmas. Bu joy ishxona,
Bunda shoh asarlar qayta yozilar.
Yozilar bir raqam, yo so’z bahona.
Qog’ozmas, qalblarga abad bosilar.

Ishxona — to’rt qavat beton imorat —
Elsinor qal’asi bilan egizdir.
Soat un bir yarim… G’amgin alanglab,
Kechikib kelmoqda ishga Shekspir…

***

To’yganmidim shodlikni ichib,
Kelganmidi hatto ishq malol,
Aytolmadim: — Azizim, kechir…
Qichqirmadim: — Ketmasang-chi! Qol!.

Yolg’izlikning ulkan zalvori
Bosar — qalbim tortadi mayda.
Endi qaro tunga yolvorib,
Shivirlayman: — Qaydasan, qayda?

Endi beishq begonalarga
Oyoqosti bo’larkan jonim,
Men xushomad qilib ularga
Jovdirayman: — Iltimos, qoling…

***

Sizga zarracha yo’qdir hasadim,
Faqat turnalarga qalbimda havas.
Ular o’tar ekan, tirik jasadim
Tub-tubida ruhim qo’zg’alar besas.

Yuragim ko’ksimga qaytib qo’nadi,
Baxtli shamollarda yarqirar manglay…
Shunday ozod qushlar qanday o’ladi,
Shunday ozod qushlar yashaydi qanday?

***
Qo’shiq aytar bo’lsam yuragim to’ldi,
Yig’lashdan ko’r bo’ldi oydin ko’zlarim.
Eski do’stlarimning hammasi o’ldi,
Hali tug’ilgan yo’q yangi do’stlarim.

Ko’ylagim hilpirar Vaqt shamolida,
Ikki yonboshimda tubsizlik — yovuz.
Chiqaman yolg’izlik istiqboliga
Boshlarim — lovullab, yuragim — sovib.

Uvlayman samoga boshimni burib,
Ovozim yetmagay ammo Tangriga.
Ko’zi ko’r dunyoday dovdirab yurib,
Kiraman o’zimning muzday qa’rimga.

Meni asta-asta xazon aylar dard —
Meni yuta boshlar torlik, tanqislik..
«Yo’lim qani?», deyman — ko’rinadi qalb,
«Manzil qayda», deyman — kelar yolg’izlik.

* * *

Bu bog’da kechasi boyo’g’li sayrar —
Nogoh vayronaga o’xshaydi bu bog’:
Jinlar zulmat ichra bemalol yayrar,
G’ijirlar ajina ilashgan butoq.

Kechasi dahshatga bu bog’ to’ladi,
Yursang, manglayingga urilar zulmat.
Tursang, yuragingga qo’rqinch qo’nadi,
Ariqni to’ldirib, shovullar kulfat.

Ko’z yumsang, bosadi vahima. Bedor —
Alanglab-alanglab — qochadi uyqu…
Aslida bu bog’ning nima aybi bor?
Bitta boyo’g’lining qilgan ishi – bu.

***

Xudoyim, qovrildim, tugaydi qachon
Bu gulxan yurakning lovullashlari.
Bu tun yana menga bermadi orom
Qonimning olovli shovullashlari.

Menchalik yonmagan hech kim… menchalik
Hech kim o’chmoqlikni etmagan orzu.
Boryapman chaqmoqning bo’lagi yanglig’
Lahzalik umrimni falakka osib.

Hatto vulqonlarda olovlik bekor –
Mening yong’inimning yo’qdir adog’i.
Ichimda maysaning armonlari bor –
Yomg’irda o’sishning hasrati, dog’i.

O, sasing yetishdi ruh ila tanga,
Rahmat, kalomlaring buncha muloyim!..
Meni o’chirtirma biror bandangga,
O’zing o’chir meni… O’zing… Xudoyim…

* * *
Og’ir. Juda og’ir. Ko’tarmoq
Ko’zingdagi kuzgi charchoqni.
Qachonlardir ro’y bergan aldoq
Nogoh endi umrni yoqdi!

Hamma narsa asli joyida –
Bir so’z demas aziz odaming.
(U bosh ekkan taqdir ra’yiga),
Yonar faqat sening olaming.

Panjalaring boshingga changal,
Sochlaringga tushib borar oq…
Ammo mantiq charx urar mujmal:
– Yashayversa bo’ladi shundoq.

Qara, qolar bu hayot omon –
Taqdir sinmas, umr otilmas…
Faqat sevgi ko’ziga bu on
Qaramoqqa hech kim botinmas.

***

Men titradim. To’lqinli o’pkam.
Yana moziy yetdi – qasoskor.
“Qachonlardan” ayrilgan ko’lkang
Yurib o’tdi ko’ksimdan takror.

Tashvishlarda quraman devor,
Turmush ichra qaziyman chohlar –
Uning azmi bo’lsin deb bekor
Yuragimdan ketsin deb ohlar.

Devorlarga urilar ko’lka,
Yiqiladi chohlarga besas…
Butun jonim og’riqqa to’lgan –
O’jar ko’lka g’amni anglamas.

Choh tubida kimning vujudi,
Og’riyotgan, ayt, qaysi yurak(!),
Nega yashab bo’lmas unutib?! –
Hech kim bilmas Ollohdan bo’lak.

***

Tovushini yo’qotgan emas,
Yurak hamon devona hofiz.
Faqat uning yonida bssas
Paydo bo’ldi dono Kaykovus.

Hamon tunlar to’lg’aydi navo,
Qovurg’alar — chanqovuz — tanda.
Faqat oshiq dilda uyg’ondi
Tazarruga bosh ekkan banda.

Shafqat tanni zabt etdi-oldi,
Chohdan chiqdi hamma so’zlarim.
Mening jismim tamom yo’qoldi —
O’tkirlashdi faqat ko’zlarim.

Yurak endi avjlarni qo’yib,
Past pardada kuylar shikasta —
Jonu jismim ketaru kuyib,
Yoshlarimni artaman asta.

Qalbdan toshday og’ir ko’chgan she’r
Hayotdami, o’limda ko’proq?
Anglamayman, zalvorlimi Yer,
Yo kaftdagi bir hovuch tuproq?

Ushbu she’rni bitarkan, armon
Yuragimga takror buyurdi:
— Bemalol uch — uzoqdir osmon,
Yer qattiqdir — bemalol yurgin.

***

Jimjit o’ltiribman dunyo chetida,
Oltmishga kirganman. Charchog’im behad.
Zimillar falakning jabri etimda,
Og’rir suyagimda zamon bergan dard.

Jimjit o’ltiribman. So’zda yo’q matlab.
Notanish bilimga miyam to’ladir.
Endi, bu umrda bo’lmaydi yashab-
Yangi umr sari uchsa bo’ladir.

***

Ikkimiz o’rtandik
Sog’inchda, yulduz.
Armonda to’lg’ondik –
Kuz keldimi? Kuz…

Olislardan mayin
Yondirma, ey, cho’g’.
Seni suygan sayin
Armonlarim ko’p.

Biroq g’am – behuda,
Ayriliq – bekor.
Kuzda – chin tuyg’ula –
Diydor ko’rmoq bor.

Ammo bu visolning
Armoni ko’pdir –
Diydor bor va lekin
To’ymoqlik yo’qdir.

* * *

Bu — Ollohning muruvvatimi?
So’ngi faslim o’tayotgan payt —
Bu olamning bor holatini
Ruhga aniq etmoqdaman qayd.

Dunyo to’g’ri jonga quyilar:
Yorug’iyu zulmati, g’ami…
Yurak esa ortiq kuyinar —
Jon berishga shaylangan kabi.

Bilishimcha, bu hayot bilan
Ko’ngil qa’tiy shartnoma tuzgan:
“Oh”larining rasmini bekam —
Rost so’zlarda chizgani chizgan.

Bu dunyoning so’ziga boqmay —
Ko’zlariga qarab mardona —
Birda yoqib, ikkida yoqmay —
She’rlar yozgan ko’ngil – devona…

Yurak! qanday chidaysan, yurak! —
Jonim ketar hozir uzilib!
O’zi shunday yo’l tutsa kerak
Tangrim bitgan ijod tuzigi.

Ammo yana so’ray o’zingdan:
— Dardlaringni etmagin bekor!
Yosh oqmoqda, mana, ko’zimdan,
Minnatdorman sendan, minnatdor.

***

Ona, kelganingizda
Ko’ylak olib bermadim…
Pulim yo’q edi, ona.

Ona, kelganingizda,
Ochilib gaplashmadim…
Vaqtim yo’q edi, ona.

Ona, kelganingizda
Kulib-kulib yurmadim…
Baxtim yo’q edi, ona.

Ona, kelganingizda
Yig’lamadim o’ksinib…
Haqqim yo’q edi, ona.

Ona, baxtiyor bo’ling!
Sizni qo’llasin taqdir.

Ona, baxt o’zi nima,
Ona, bebaxtlik nadir?..

***

Bo’lmagaydir kemalar doxil,
Bu orolga to’lqinlar qaytmas,
Bandargohsiz, umidsiz sohil —
«Kut!..» so’zini biror kas aytmas.

Bu orolda quvonch zindonda,
Bu orolda hurdir faqat g’am.
Bu orolda boqdim osmonga —
Quyoshi yo’q, yulduzlari kam.

Turnalar ham etmaydi parvoz —
Bahor kelmasligi g’alati.
Bu orolda har lahzam dorboz —
Mudom qaltis muvozanatim.

Bu orolning hayoti mayda,
Faqat… Faqat yuragi yirik —
Bu be’najot, behayot joyda
She’r yozaman… She’r g’oyat tirik!

Yetti qavat ko’kdan kelgan nur
Ruhu qalbga mayin quyilar.
Ba’zan sensiz qolgan bu umr
Tangri in’omiday tuyilar…

***

Itlar hurishadi qorong’ulikda –
Nimadan bezovta ular bemahal?
Teraklar oydinda turishar tikka,
Boshlari zarhaldir, sochlari zarhal.

Sog’indim. O’rtada jon bo’ldi abgor.
Sen bilan to’lgandir botinu, zohir.
Hijron og’irmi deb so’rama zinhor,
Hatto yelkamdagi oydinlik og’ir…

***

Bunchalar to’zg’indir sening sochlaring –
Hayolday beshakl, qayg’uday chalkash.
Tumanga cho’kkanday go’yo boshlaring –
Mumkin emas tarash, mumkinmas tahlash.

Bul tuman ichida adashdim men ham,
Olis qiynoqlarga o’zimni chog’lab…
Sen ovoz bermasdan o’ltirarkansan,
Tumanni yelkangga tashlaysan bog’lab.

Shafqat qil! Ko’z yoshim quridi manim,
Ko’ngil qaytib keldi – osmonga tegib…
O’limga tayyorday o’ltirasan jim,
Tumanga ko’milgan boshingni egib.

***

Yolg’izlik ortimdan huvillab quvdi,
Toki yiqilguncha yugurdim betin…
Bir ayol tuflimning loyini yuvdi –
Unga sevaman deb aytmagan edim.

Qismat masxaralab bizni otgandi
Tanholik kechasin tor quchog’iga.
Bilmadim, qay mahal ayol uyg’ondi
Tufli yuvmoqlikning ishtiyoqida.

Asli masxaralash qismat matlabi,
Ammo hayrat ichra gangidi xiyol:
Quvonib (masalan, gul tergan kabi),
Tufli yuvar ekan tunda bir ayol.

Menga ko’zi tushib ayol qizardi,
Uyaldi — qo’llari tushdi shalvirab.
Endi u qarshimda yig’lab turardi,
Yomg’ir qo’ynidagi bargday qaltirab.

Qo’ymog’im shart edi bir jasur qadam, —
Qulab tanholikning g’arib arshidan.
Cho’chidim men — mehr ko’rmagan odam –
Sevgi tufli yuvib chiqsa qarshimdan.

Ketdim…
Yomg’irdayin o’tdimu ketdim,
Ming asr tanholik kechdi boshimdan.
Ming asr oralab qaytadan yetdim,
O’sha yolg’iz qolgan ayol qoshiga.

U menga baxt berdi osmonday ulkan,
Men-chi?..
Men qovrildim baxtning dog’ida…
Bedormanu nechun uyg’onolmayman
Tufli yuvmoqlikning ishtiyoqida.

***

Somon yo’li – sharsharani
Shopurar bog’ uzra tun.
Quchog’ida kapalakni
Bosib-bosib uxlar gul.

Chumchuq mizg’ir
Daraxtlarning
Shovullagan kaftida.
Ko’kdan tushgan oy ariqda –
Ishonmaydi baxtiga.

Faqat mehr ulashmoqlik
Dunyoning rejasida…
Seni eslab uxlolmadim
Bu baxtning kechasida…

***

Javonlarda idishlar yangi,
Yangi rangda tovlanar devor.
Yangilikni ro’molday tang’ib,
Ivirsiydi xonada ro’zg’or.

Uyimizda salqin ustivor –
Past kelmaydi sovutgich yozga.
Supurilar uy. Kechagi g’ubor
Xokandozga tushadi asta.

Xirgoyida bilmaganim kuy –
O’tgan g’amning so’kilgan choki.
Qaytib kelar uydan ketgan uy –
Oshxonada choy ichar sokin.

Yengil tortib – arib eskidan –
Charaqlaydi ro’zg’orim manim…
Karovatda yotar yuztuban
Ildiz otib horigan tanim.

***

Parvardigor,
Vujudim kuymoqda.
Ruhim chirqirar olov ichida.

O’zim gunohkorman –
Odamni ham shu qadar sevadimi odam?!

Har bir zarramda azob.

Yengib bo’lmayabdi sog’inchni-
Madad olay desam,
Pirlar ham yo’qolgan.
Har lahzam — dard,
Har nafasim – dard,
Har qafasim – dard,
Har barbodim – dard,
Har ozodim – dard…

Mangu dardlarga aylanishdan
Boshqa ilojim qolmadi,
Parvardigor…

* * *

Bu go’zal ayolning xayoli yuksak:
— quvonchu g’amimga bo’lguchi mahram —
Menga ko’ngil bergin, o, menga faqat,
Ammo mehr qo’ygin odamlarga ham!..

Bu jiddiy ayolning o’yi tabarruk:
— hayotimga yo’ldosh bo’lguchi odam —
Sevgini anglagin yolg’izu buyuk,
Ammo tanho bilgin xudovandni ham!..

Bu nafis ayolning fikrati a’lo:
— Ey, sen, borlig’ingni etguchi nisor —
Meni yuragingda asragin, ammo
Dunyoni asrashni aylab ixtiyor!..

Bu xolis ayolning barcha ishi mard:
— Suyganim, muqaddas o’tlarda kuygin,
Ishq uchun joningni fido qilgin shahd,
Ammo Vataningni ortiqroq suygin.

Bu ayol qismatga qilmas rioya,
Bag’riga bosgancha so’nggi shomimni,
Yig’laydi: — Sevgiga yetsa nihoya,
Xudovand, bir mening olgin jonimni…

***
Mayda rusumlardan tamom kechasan,
Dilda qoldirasan tuyg’uning aslin —
Ustingdan dunyoni asta yechasan,
HAVO qiyofada bo’lasan taslim.

Yashalgan kunlarning barchasi unut,
Kelajak kunlardan hayiqish yo’qdir.
Bizning hayajondan chiqadi unib,
Muhabbat yaratgan bir o’jar taqdir.

Muzu olovlarga kiramiz kulib,
Bir yonda Qizilqum, bir yonda Sibir…
Faqat yuraklarga boradi to’lib,
Yuksak falaklardan to’kilgan shivir.

To’fonlar boshlanar — to’ziymiz sasday,
Qumning zarrasiday… Qaydasan, qayda?
Joduning damiga duch kelgan xasday
Hamma baxt bo’ladi maydayu mayda.

Dunyoning tubiga tashlaydi nigoh,
Tunlarga tikilib horigan ko’zim —
Qanchalar dahshatli esimdasan, o!
Qanchalar dahshatli unutman o’zim…

***

Yurakda uzun og’riq.

Xatlar yozilmay o’lmoqda.
Unsiz faryodga aylanganman.

Uchrasholmaymiz.

Og’riq besarhad –
Yashaganim bilan umrim yetmaydi.

Gap shunday.
Sog’inching o’ldirgani qadar
gap shunday,
azizim…

***

Kim deding? Men seni tanimayman KUZ…
Kunlaring kunimning begonasidir.
Kuz degan fasl yo’q. Bog’dagi ma’yus
Vaqt asli bahorning vayronasidir.

Sarg’aydi baxorda tug’ilgan yaproq.
Yo’l yurib, vaqt kechib tinidi anhor.
Kuz yo’q! O’rindiqda -chorbog’da bu choq
Mung’ayib o’tirar qarigan bahor.

Kuz yo’q! Garchi xazon o’tdi xayolchan,
Mezon dorlarini falakka osib,
Kuz yo’q… Baxor bilan vidolashaman
Mavzun holatini bag’rimga bosib.

O, ketsam bo’lardi shu xazon bilan,
Jonning zalvoridan, qarang, aridim.
Qarimoq — qo’rqmaslik bo’lsa o’limdan,
Xa, men ham qaridim, men ham qaridim!

Qalbga tomchi yoshday to’kildi olam —
Ruhning ruhdan quyuq qa’ridadurman.
Kuz yo’q (yig’layapman!)… Kuz yo’qdir (alam!).
Endi kuzakdan xam naridadurman…

***

O’sha — meni hech kim sog’inmagan shom
Avto bekatida hayrona turdim.
Boshimni ko’tarib boqdim bir zamon.
Qarshimda bir yigit, bir qizni ko’rdim,

Yigitning paltosi… Yo’q, yodimda yo’q…
Aniq, ko’m-ko’k edi qizning paltosi.
Bellarini quchgan belbog’i ham ko’k.
Hatto ko’m-ko’k edi to’rtta tugmasi…

Yigitning ko’zlari… Eslay olmayman…
Oshkor jaranglatib pinhon o’yini,
Qizning ko’zlarida yoqardi gulxan.
Erkalik va ishqning ma’sum quyuni…

Yigitning yuzida bilmayman, nima…
Ammo qizning yuzi qarshimda ayon:
Uni ko’mgan edi gulgun shafaqqa
Muhabbat — eng moviy pokiza osmon…

Qor bo’lsa yog’ardi, qizning boshidan
Kumush tangalarni ayamay sochib,
Shamol titar edi — ko’zi, qoshiga
Manglayiga tushgan bir tutam sochin.

Yigit… Yigit bilan qancha ishim bor!
Ammo qiz yigitni shunday suyardi —
Ki, goh termulardi hazin, beozor,
Goho qo’llarini ushlab qo’yardi.

Toshkentday shaharda, balki dunyoda
Yagona — hammadan go’zal edi qiz.
Chiqmasa ham telba orzum ro’yobga,
Bo’zlab qarshisiga cho’kkim keldi tiz!

Yigit… Ammo nega seni o’ylayman,
Hozir ham havasdan muzlaydi etim…
Men qorli bekatda vayron turgan shom,
Sen mendan — hammadan baxtiyor eding.

***

Uyimda necha kun
Mehmon – ayriliq.

Quvonch yig’ishtirdi
Dildan sayrini.

Sen kelar yo’llarda
Tikanlar o’sdi.

Bog’imda parishon
Tumanlar to’zdi.

Sen kelar yo’llarda
Oqardi qirov,

Qirovni to’kmadi
Sog’ingan birov.

Yomg’irda qoraydi
Qirlarning beti.

Yoshimni to’xtatib
Ololsam edi…

***

Jonim-a,
Jahonim-a,
Seni bir ko’rsam edi,
Hush ketib tursam edi.
Husningga toqat qilolmay,
Ho’ngranib yursam edi.

Jonim-a,
Jahonim-a,
Oy yuzing armonim-a,
Tog’larga isming aytsam,
Toshlari bo’stonim-a.

Jonim-a,
Jahonim-a,
Dilimda pinhonim-a,
Yerga tush,ko’klarga uchma,
So’nggi yo’q dostonim-a.

Jonim-a,
Jahonim-a,
Qaydasan,afg’onim-a?
Seni yo’qlab yig’layurman,
Eng go’zal yolg’onim-a…

* * *

Ha, hatto chayla ham
Qurmadim bog’da,

Bir parcha tomorqa
Olmadim sotib,

Odamlar yolg’oni
Bezdirgan chog’da,

She’rlar yozaverdim,
O’zimga botib.

Botdim… Botaverdim…
Qalbning qa’ridan –

Miyam falakining
Toqidan nari;

Ruhning sarhadi yo’q
Cheksizligidan –

O’n sakkiz ming olam
Sarvari sari.

gulu yaproqlikka
yo’q edi ra’yim.

Botdim qaro yerga,
Qorong’u toshga,

Ildizlik qismatin,
Buyurdi qayyum…

Menga ne kerakdir
Xo’sh, bundan boshqa?

Ildizlik kuch olar –
Qancha chohlasa!

O, necha bog’larim
Shovullaydi sha’n!

Ruhim dardga to’ldi!..
Xudo xohlasa,

Dunyo go’zal qolur
Mendan keyin ham.

077

(Tashriflar: umumiy 13 655, bugungi 59)

Izoh qoldiring