Xurshid Davron. Ma’rifat — farosatdir & Samarqand xayoli

Ashampoo_Snap_2017.07.04_17h31m32s_002_a.png     Гарчи «хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради» деб айтилса-да, биз дунёни асосан Шарқ ва Ғарбга ажратамиз ва бу ажратишда ҳар икки иқлимдаги фикрлаш тарзининг ўзига хос қирраларини назарда тутамиз…

Хуршид ДАВРОН
МАЪРИФАТ – ФАРОСАТДИР!
090

«Маърифат» сўзи аслида илму дониш маъносини англатади. Замонавий ўзбек қомусида бу атамага шундай изоҳ берилган:

0-wiki Khurshid Davron.JPG«Маърифат — кишиларнинг онгини, билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбиядир. У табиат, жамият ва инсон моҳияти ҳақидаги турли билимлар, маълумотлар мажмуасини ҳам билдиради. Маърифат тушунчаси маданият, маънавият тушунчалари билан боғлиқ. Маърифат маънавий қарамликни бартараф қилади, инсонга куч-қудрат ато этади. У кишиларни жаҳолатдан қутқаради, бузуқ ишлардан қайтаради, яхши хулқ ва одоб эгаси бўлишга ёрдам беради. Маърифатли кишилардан ташкил топган жамият равнақ топади, келажаги порлоқ бўлади…».

Таниқли аллома Абулқалам Озод бир асарида қайд этганидек, гарчи «хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради» деб айтилса-да, биз дунёни асосан Шарқ ва Ғарбга ажратамиз ва бу ажратишда ҳар икки иқлимдаги фикрлаш тарзининг ўзига хос қирраларини назарда тутамиз. Бу ҳолат кўпгина муаммолар юзасидан бизда умумий нуқтаи назар ва якдил фикр йўқлигини билдирмайди ва билдириши ҳам мумкин эмас. Бутун дунёда инсон фикрлаш ва мантиқнинг бир хил услубларига риоя қилади. Инсон онгининг хусусиятлари умумий ва бир хилдир. Инсоний туйғулар ҳам ўхшашдир. Аммо, шунинг баробарида Шарқ ва Ғарбдаги дунёқарашнинг ҳар хил жиҳатларига бериладиган урғудаги тафовутлар қадим замондан ҳозиргача ёзилган китобларда яққол кўзга ташланади. Ғарб фалсафаси инсоннинг ақлий тажрибаларига диққатни кўпроқ қаратса, Шарқ фалсафаси, биринчи навбатда, одамзоднинг ички оламига, унинг қалб тарбиясига, демак, маънавий-маърифий дунёсига кўпроқ эътибор қаратган.

Маълум бўляптики, миллат тараққиётида, жамият ҳаётида маърифатнинг аҳамияти беқиёсдир. Миллат деганда ҳам, жамият деганда ҳам, биз, аввало, одамларни тушунамиз. Уларнинг фазилатлари, камчиликларию ютуқлари, кўнглида нималар борлиги миллат билан жамият ҳаётини белгилаб туради. Шундай экан, бугун миллий тараққиётимизнинг муҳим палласини бошдан кечирар эканмиз, ўзбек жамияти ҳаётининг ички, айни шу маънавий-маърифий оламига кўпроқ диққат қилишимиз лозим.

Маърифий савия

Ҳеч кимга сир эмас, юртимизда жиддий ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёни бошланди. Улар осонлик билан кечади деб ўйламаслик керак. Ҳар қандай ўзгариш маълум маънода қийинчиликлар эвазига келади. Ана шу қийинчиликларни енгиш, уларга тоқат қилиш ва энг муҳими, кўзланган мақсадни амалга оширишда маърифат ёрдами керак бўлади. Инсонни ҳар қандай синовдан эсон-омон олиб ўтадиган куч айни шу маънавият ва маърифат бахш этадиган донишмандлик, тадбиркорлик, сабр-тоқат ва меҳр-муҳаббатдир.

Ҳар қандай ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳамиша давлат томонидан эълон қилиниб, давлат томонидан бошқарилса-да, уларни жамият томонидан қўллаб-қувватланиши, ҳар бир инсоннинг кечаётган жараённинг фаол иштирокчисига айланиши энг бирламчи талаб бўлиб юзага чиқади. Бугунги кун ҳар бир жамият аъзосидан фаоллик, ҳалоллик ва ҳақиқатпарварликни талаб қилаётганини, ҳаётимиздаги чигал муаммоларни фақат ва фақат бизнинг ўзимиз ҳал қилишимиз кераклигини теран англашимиз керак. Йўлимизни кўндаланг тўсиб турган харсангни кимдир олиб ташлашини кутишдан фойда йўқ. Боламиз ким бўлиб камолга етиши бошқаларга эмас, ўзимизга боғлиқ. Қандай жамиятда яшаш қайсидир бир халқаро ташкилотлар кўмаги билан эмас, фақат ва фақат ўзимизнинг адолат хусусидаги дунёқарашимиз, давлатчилик хусусидаги бобомерос тажрибаларимизга содиқлигимизга, келажагимиз билан боғлиқ шахсий масъулиятимизни қандай тушунишимизга боғлиқ. Миллат ва жамият олдидаги бурчимизни, масъулиятимизни қандай англашимиз ва риоя қилишимиз ҳар биримизнинг маърифий савиямиздан шакл топади.

Бугунги куннинг талаби битта: деҳқонми, тадбиркорми, ўқитувчи ёки банк хизматчисими, ҳокимият тизимида фаолият юритган ҳокимми ёки оддий амалдорми, адлия тизими ёки ҳуқуқ-тартибот масъулими, ким бўлмайлик, донишманд бобомиз Арузий Самарқандий «Мажмаъун наводир»да насиҳат қилганидек, «руҳи тоза, кўнгли тўғри» инсон бўлмоғи керак. Фақат шундагина давлат одамларни, одамлар давлатни алдайдиган давр ортимизда қолади. Фақат шундагина ташқарида бир гапни, ичкарида эса бошқа гапни айтишдан, демак, иккиюзламачилик иллатидан халос бўламиз. Фақат шундагина фақат ўзимизнинггина эмас, фарзандларимиз келажагидан хавотирга тушиб яшаш балосидан қутуламиз.

Яна бир улуғ бобокалонимиз Иброҳим Марғинонийнинг: «Қулоқ англағони илмдур, фаҳм англағони ҳикматдур» – деб айтганларини қулоғимизга қуйиб олайлик. Ўрни келгани учун айтай, «маърифат»нинг яна бир маъноси «фаҳму фаросат» дегани ҳамдир. Демак, фаҳм-фаросатли бўлайлик:
Журналист бўлсак, миллатнинг дарди қолиб, ўзи нима ҳақида куйлаётганини зиғирчаям англамаган, ҳаётида бир китоб ўқимаган қўшиқчининг дардсиз, ҳароратсиз ашулаларини мақтамайлик, уларнинг неча марта уйлангани-ю, ким-кимга «душман» эканини, ким қаерини кўрсатганини «бозор»га олиб чиқмайлик;

Ёзувчи, шоир ёки кинорежиссёр бўлсак, Ғарбнинг ғариб маданиятига эргашиб уятсизликни тарғиб қилмайлик;

Олим бўлсак, майда-чуйда ёлғонларга қурилган руҳсиз, сохта мақолалар ёзмайлик, илм баҳосини арзон қилмайлик;

Бастакор бўлсак, фақат пули бор хонанда учун эмас, ёки фақат бирон бир катта байрам учун асар ёзмайлик, халқимиз руҳини кўтарадиган юксак қўшиқлар яратайлик;

Хонанда бўлсак, фақат тўйга мослаб, фақат «ликинг-ликинг»га мосланган қўшиқлар айтишдан тийилайлик, кўзни юмиб эшитадиган ашулалар умуман санъат иқлимидан мосуво бўлганини англайлик;

Газета ёки журнал муҳаррири бўлсак, қуруқ маълумотномага айланган мақолаларни, Ватан ва миллат ҳақида ҳеч ким ўқимайдиган, ҳароратсиз шеърларни чоп этишдан уялайлик, токи минглаб, миллионлаб яшнаб турган дарахтлар эвазига келадиган қоғоздек бебаҳо нарсанинг уволига қолмайлик.

Ҳокимият, адлия, ҳуқуқ-тартибот тизимида ишлашни бойлик орттиришнинг бир йўли деб биладиган ҳар бир амалдор порахўрлик билан товламачилик учун жазо оғир ва муқаррар бўлишини англасин.

Яна бир карра такрорлайман, фаросатли бўлайлик, маърифат таянчимиз бўлсин!

Нодону зўравон ким?

Миллат ва жамият тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатларнинг барчаси фикрсизликдан пайдо бўлади. Қаердаким, маърифату маънавият ҳақида фақат оғизда айтилса, улар фақатгина шиорларда акс этса, ўша ерда фикрсизлик урчийди. Фикрсизлик урчиган жойда нодону зўравонлар ҳаётимиз жиловини қўлига олади. Хўш, у нодону зўравон ким? Мен бу саволга Шарқнинг донишманд ёзувчиси Гулпоча Улфатнинг жоҳил одам ҳақидаги бадиҳаси билан жавоб берган бўлардим:

«Кўр эмас-у, ўз айбини кўрмайди.

Кар эмас-у, ўзидан бошқанинг гапини эшитмайди. Дили бор-у, ўзгаларга мутлақо юраги ачимайди. Зиғирдай илми ўзига бир олам бўлиб кўринади, бошқаларнинг кўп илми унга кам туюлади.

Одамлар мени кўрганда қўл қовуштирсин деб хўжайинлар олдида икки қўлини кўксига қўйиб, иршайгани-иршайган.

Юқори мансабдаги кишиларнинг оёғини ялайди, ўзидан қуйи мансабдагиларни эса оёқ учида кўрсатади.

Золимлик йўлида қул бўлишга тайёр, иззати йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди.

Иймонини пулга сотади.

Инсон бўлиб инсонмас, ҳайвон бўлиб ҳайвонмас…

Қанча калтафаҳм бўлса, шунча гердаяди.

«Бу ажиб инсон ким?» – деб сўрарсиз.

Бу – нодон-зўравон!..».

Яна бир рад этиб бўлмас ҳақиқат мавжуд: Қаерда чинакам адабиёт, санъат ва илмга йўл берилмас экан, у ерда сохта ва ёлғон адабиёт, сохта ва ёлғон санъат ва илму фан ривож топади. Ҳақиқат айтилмайдиган жойда ёлғон ва уйдирма, зулм ва адолатсизлик ҳукмрон бўлади. Оқибатда, буюк Ҳазрат башорат қилганларидек:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Зулму истибдодни енгадиган қудрат ҳам фақат ва фақат маърифатдадир!

Китоб, маърифатнинг энг биринчи тимсолидир. Мутолаа инсонни зулматдан халос этадиган шуурли жараёндир. Айни шу сабабдан Президентнинг китоб билан боғлиқ фармойишини астойдил қўллаб-қувватлайман. Зеро, маърифат манбаи бўлмиш китоб сени нафақат дунёдан, инсониятдан, балки мунтазам тарзда ўзингдан ҳам огоҳ бўлишга ўргатади. Ҳазрат айтганларидек:

Эрурсан шоҳ – агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен – шоҳсен сен.

Мен бу ҳикматни фақат ҳукмдорга нисбатан айтилган деб билмайман, уни ҳар биримизга қаратилган насиҳат тарзида қабул қиламан. Яъни, «огоҳ бўлсанг, сен ўз тақдирингга ҳукмдорсан» деб ҳам биламан.

Хуллас, жамиятда китобхонлик маданияти нечоғли юксак шакллантирилса, эртага миллат ва жамиятда фаҳму фаросатли инсонлар шунча кўп, маданий юксалиш шунчалик баланд бўлади. Маданий-маърифий юксалиш бор жойдагина бошқа: ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳоказо юксалишлар юзага чиқади.

Президентимиз 2017 йилни мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилди. Мулоқот ҳам, инсон манфаати деб жон куйдириш ҳам маърифат бор жойда амалга ошади, маърифатли, демак, комил инсонларгина мулоқотга, инсон, миллат манфаати деб ҳаракат қилишга қодир бўлади.

Янги ташкил этилган «Маърифат саодати» нашри ҳам айни шу мулоқотга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Манба: «Маърифат саодати» газетаси, 2017 йил 2-сони

art4.jpg   Garchi «xo‘roz hamma joyda bir xil qichqiradi» deb aytilsa-da, biz dunyoni  asosan Sharq va G‘arbga ajratamiz va bu ajratishda har ikki iqlimdagi   fikrlash tarzining o‘ziga xos qirralarini nazarda tutamiz…

Xurshid DAVRON
MA’RIFAT – FAROSATDIR!
090

47ea0adf78576613a4d0b4952712aed6.jpg«Ma’rifat» so‘zi aslida ilmu donish ma’nosini anglatadi. Zamonaviy o‘zbek qomusida bu atamaga shunday izoh berilgan:

«Ma’rifat — kishilarning ongini, bilimini, madaniyatini oshirishga qaratilgan ta’lim-tarbiyadir. U tabiat, jamiyat va inson mohiyati haqidagi turli bilimlar, ma’lumotlar majmuasini ham bildiradi. Ma’rifat tushunchasi madaniyat, ma’naviyat tushunchalari bilan bog‘liq. Ma’rifat ma’naviy qaramlikni bartaraf qiladi, insonga kuch-qudrat ato etadi. U kishilarni jaholatdan qutqaradi, buzuq ishlardan qaytaradi, yaxshi xulq va odob egasi bo‘lishga yordam beradi. Ma’rifatli kishilardan tashkil topgan jamiyat ravnaq topadi, kelajagi porloq bo‘ladi…».

Taniqli alloma Abulqalam Ozod bir asarida qayd etganidek, garchi «xo‘roz hamma joyda bir xil qichqiradi» deb aytilsa-da, biz dunyoni asosan Sharq va G‘arbga ajratamiz va bu ajratishda har ikki iqlimdagi fikrlash tarzining o‘ziga xos qirralarini nazarda tutamiz. Bu holat ko‘pgina muammolar yuzasidan bizda umumiy nuqtai nazar va yakdil fikr yo‘qligini bildirmaydi va bildirishi ham mumkin emas. Butun dunyoda inson fikrlash va mantiqning bir xil uslublariga rioya qiladi. Inson ongining xususiyatlari umumiy va bir xildir. Insoniy tuyg‘ular ham o‘xshashdir. Ammo, shuning barobarida Sharq va G‘arbdagi dunyoqarashning har xil jihatlariga beriladigan urg‘udagi tafovutlar qadim zamondan hozirgacha yozilgan kitoblarda yaqqol ko‘zga tashlanadi. G‘arb falsafasi insonning aqliy tajribalariga diqqatni ko‘proq qaratsa, Sharq falsafasi, birinchi navbatda, odamzodning ichki olamiga, uning qalb tarbiyasiga, demak, ma’naviy-ma’rifiy dunyosiga ko‘proq e’tibor qaratgan.

Ma’lum bo‘lyaptiki, millat taraqqiyotida, jamiyat hayotida ma’rifatning ahamiyati beqiyosdir. Millat deganda ham, jamiyat deganda ham, biz, avvalo, odamlarni tushunamiz. Ularning fazilatlari, kamchiliklariyu yutuqlari, ko‘nglida nimalar borligi millat bilan jamiyat hayotini belgilab turadi. Shunday ekan, bugun milliy taraqqiyotimizning muhim pallasini boshdan kechirar ekanmiz, o‘zbek jamiyati hayotining ichki, ayni shu ma’naviy-ma’rifiy olamiga ko‘proq diqqat qilishimiz lozim.

Ma’rifiy saviya

Hech kimga sir emas, yurtimizda jiddiy islohotlar va o‘zgarishlar jarayoni boshlandi. Ular osonlik bilan kechadi deb o‘ylamaslik kerak. Har qanday o‘zgarish ma’lum ma’noda qiyinchiliklar evaziga keladi. Ana shu qiyinchiliklarni yengish, ularga toqat qilish va eng muhimi, ko‘zlangan maqsadni amalga oshirishda ma’rifat yordami kerak bo‘ladi. Insonni har qanday sinovdan eson-omon olib o‘tadigan kuch ayni shu ma’naviyat va ma’rifat baxsh etadigan donishmandlik, tadbirkorlik, sabr-toqat va mehr-muhabbatdir.

Har qanday o‘zgarishlar, islohotlar hamisha davlat tomonidan e’lon qilinib, davlat tomonidan boshqarilsa-da, ularni jamiyat tomonidan qo‘llab-quvvatlanishi, har bir insonning kechayotgan jarayonning faol ishtirokchisiga aylanishi eng birlamchi talab bo‘lib yuzaga chiqadi. Bugungi kun har bir jamiyat a’zosidan faollik, halollik va haqiqatparvarlikni talab qilayotganini, hayotimizdagi chigal muammolarni faqat va faqat bizning o‘zimiz hal qilishimiz kerakligini teran anglashimiz kerak. Yo‘limizni ko‘ndalang to‘sib turgan xarsangni kimdir olib tashlashini kutishdan foyda yo‘q. Bolamiz kim bo‘lib kamolga yetishi boshqalarga emas, o‘zimizga bog‘liq. Qanday jamiyatda yashash qaysidir bir xalqaro tashkilotlar ko‘magi bilan emas, faqat va faqat o‘zimizning adolat xususidagi dunyoqarashimiz, davlatchilik xususidagi bobomeros tajribalarimizga sodiqligimizga, kelajagimiz bilan bog‘liq shaxsiy mas’uliyatimizni qanday tushunishimizga bog‘liq. Millat va jamiyat oldidagi burchimizni, mas’uliyatimizni qanday anglashimiz va rioya qilishimiz har birimizning ma’rifiy saviyamizdan shakl topadi.

Bugungi kunning talabi bitta: dehqonmi, tadbirkormi, o‘qituvchi yoki bank xizmatchisimi, hokimiyat tizimida faoliyat yuritgan hokimmi yoki oddiy amaldormi, adliya tizimi yoki huquq-tartibot mas’ulimi, kim bo‘lmaylik, donishmand bobomiz Aruziy Samarqandiy «Majma’un navodir»da nasihat qilganidek, «ruhi toza, ko‘ngli to‘g‘ri» inson bo‘lmog‘i kerak. Faqat shundagina davlat odamlarni, odamlar davlatni aldaydigan davr ortimizda qoladi. Faqat shundagina tashqarida bir gapni, ichkarida esa boshqa gapni aytishdan, demak, ikkiyuzlamachilik illatidan xalos bo‘lamiz. Faqat shundagina faqat o‘zimizninggina emas, farzandlarimiz kelajagidan xavotirga tushib yashash balosidan qutulamiz.

Yana bir ulug‘ bobokalonimiz Ibrohim Marg‘inoniyning: «Quloq anglag‘oni ilmdur, fahm anglag‘oni hikmatdur» – deb aytganlarini qulog‘imizga quyib olaylik. O‘rni kelgani uchun aytay, «ma’rifat»ning yana bir ma’nosi «fahmu farosat» degani hamdir. Demak, fahm-farosatli bo‘laylik:
Jurnalist bo‘lsak, millatning dardi qolib, o‘zi nima haqida kuylayotganini zig‘irchayam anglamagan, hayotida bir kitob o‘qimagan qo‘shiqchining dardsiz, haroratsiz ashulalarini maqtamaylik, ularning necha marta uylangani-yu, kim-kimga «dushman» ekanini, kim qayerini ko‘rsatganini «bozor»ga olib chiqmaylik;

Yozuvchi, shoir yoki kinorejissyor bo‘lsak, G‘arbning g‘arib madaniyatiga ergashib uyatsizlikni targ‘ib qilmaylik;

Olim bo‘lsak, mayda-chuyda yolg‘onlarga qurilgan ruhsiz, soxta maqolalar yozmaylik, ilm bahosini arzon qilmaylik;

Bastakor bo‘lsak, faqat puli bor xonanda uchun emas, yoki faqat biron bir katta bayram uchun asar yozmaylik, xalqimiz ruhini ko‘taradigan yuksak qo‘shiqlar yarataylik;

Xonanda bo‘lsak, faqat to‘yga moslab, faqat «liking-liking»ga moslangan qo‘shiqlar aytishdan tiyilaylik, ko‘zni yumib eshitadigan ashulalar umuman san’at iqlimidan mosuvo bo‘lganini anglaylik;

Gazeta yoki jurnal muharriri bo‘lsak, quruq ma’lumotnomaga aylangan maqolalarni, Vatan va millat haqida hech kim o‘qimaydigan, haroratsiz she’rlarni chop etishdan uyalaylik, toki minglab, millionlab yashnab turgan daraxtlar evaziga keladigan qog‘ozdek bebaho narsaning uvoliga qolmaylik.

Hokimiyat, adliya, huquq-tartibot tizimida ishlashni boylik orttirishning bir yo‘li deb biladigan har bir amaldor poraxo‘rlik bilan tovlamachilik uchun jazo og‘ir va muqarrar bo‘lishini anglasin.

Yana bir karra takrorlayman, farosatli bo‘laylik, ma’rifat tayanchimiz bo‘lsin!

Nodonu zo‘ravon kim?

Millat va jamiyat taraqqiyotiga to‘siq bo‘ladigan illatlarning barchasi fikrsizlikdan paydo bo‘ladi. Qayerdakim, ma’rifatu ma’naviyat haqida faqat og‘izda aytilsa, ular faqatgina shiorlarda aks etsa, o‘sha yerda fikrsizlik urchiydi. Fikrsizlik urchigan joyda nodonu zo‘ravonlar hayotimiz jilovini qo‘liga oladi. Xo‘sh, u nodonu zo‘ravon kim? Men bu savolga Sharqning donishmand yozuvchisi Gulpocha Ulfatning johil odam haqidagi badihasi bilan javob bergan bo‘lardim:

«Ko‘r emas-u, o‘z aybini ko‘rmaydi.

Kar emas-u, o‘zidan boshqaning gapini eshitmaydi. Dili bor-u, o‘zgalarga mutlaqo yuragi achimaydi. Zig‘irday ilmi o‘ziga bir olam bo‘lib ko‘rinadi, boshqalarning ko‘p ilmi unga kam tuyuladi.

Odamlar meni ko‘rganda qo‘l qovushtirsin deb xo‘jayinlar oldida ikki qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib, irshaygani-irshaygan.

Yuqori mansabdagi kishilarning oyog‘ini yalaydi, o‘zidan quyi mansabdagilarni esa oyoq uchida ko‘rsatadi.

Zolimlik yo‘lida qul bo‘lishga tayyor, izzati yo‘lida har qanday pastkashlikdan qaytmaydi.

Iymonini pulga sotadi.

Inson bo‘lib insonmas, hayvon bo‘lib hayvonmas…

Qancha kaltafahm bo‘lsa, shuncha gerdayadi.

«Bu ajib inson kim?» – deb so‘rarsiz.

Bu – nodon-zo‘ravon!..».

Yana bir rad etib bo‘lmas haqiqat mavjud: Qayerda chinakam adabiyot, san’at va ilmga yo‘l berilmas ekan, u yerda soxta va yolg‘on adabiyot, soxta va yolg‘on san’at va ilmu fan rivoj topadi. Haqiqat aytilmaydigan joyda yolg‘on va uydirma, zulm va adolatsizlik hukmron bo‘ladi. Oqibatda, buyuk Hazrat bashorat qilganlaridek:

To hirsu havas xirmani barbod o‘lmas,
To nafsu havo qasri baraftod o‘lmas.
To zulmu sitam jonig‘a bedod o‘lmas,
El shod o‘lmas, mamlakat obod o‘lmas.

Zulmu istibdodni yengadigan qudrat ham faqat va faqat ma’rifatdadir!

Kitob, ma’rifatning eng birinchi timsolidir. Mutolaa insonni zulmatdan xalos etadigan shuurli jarayondir. Ayni shu sababdan Prezidentning kitob bilan bog‘liq farmoyishini astoydil qo‘llab-quvvatlayman. Zero, ma’rifat manbai bo‘lmish kitob seni nafaqat dunyodan, insoniyatdan, balki muntazam tarzda o‘zingdan ham ogoh bo‘lishga o‘rgatadi. Hazrat aytganlaridek:

Erursan shoh – agar ogohsen sen,
Agar ogohsen – shohsen sen.

Men bu hikmatni faqat hukmdorga nisbatan aytilgan deb bilmayman, uni har birimizga qaratilgan nasihat tarzida qabul qilaman. Ya’ni, «ogoh bo‘lsang, sen o‘z taqdiringga hukmdorsan» deb ham bilaman.

Xullas, jamiyatda kitobxonlik madaniyati nechog‘li yuksak shakllantirilsa, ertaga millat va jamiyatda fahmu farosatli insonlar shuncha ko‘p, madaniy yuksalish shunchalik baland bo‘ladi. Madaniy-ma’rifiy yuksalish bor joydagina boshqa: ijtimoiy, iqtisodiy, siyosiy va hokazo yuksalishlar yuzaga chiqadi.

Prezidentimiz 2017 yilni mamlakatimizda «Xalq bilan muloqot va inson manfaatlari yili», deb e’lon qildi. Muloqot ham, inson manfaati deb jon kuydirish ham ma’rifat bor joyda amalga oshadi, ma’rifatli, demak, komil insonlargina muloqotga, inson, millat manfaati deb harakat qilishga qodir bo‘ladi.

Yangi tashkil etilgan «Ma’rifat saodati» nashri ham ayni shu muloqotga xizmat qiladi, deb o‘ylayman.

Manba: «Ma’rifat saodati» gazetasi, 2017 yil 2-soni

Xurshid Davron. Samarqand xayoli. Tarixiy qissalar, esselar va badialar. 1991 by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 305, bugungi 1)

Izoh qoldiring