Бугун кутубхонамиз саҳифаларида илк маротиба шеърлари тақдим этилаётган шоира қизимга ижодий изланишлари қанотли бўлишини, ҳамиша яхши шеър соғинчи билан яшашини тилаб қоламан. Зеро, Соғиниш жудаям зарурдир Улғайиш учун!
Гулмира Абдираимова
ШЕЪРЛАР
***
Шамоллар тўшадим аям пойига,
Дадам қўлларига бериб келдим кун.
Укамга тайинлаб айтдим:
“Соғиниш
жудаям зарурдир
УЛҒАЙИШ учун!”
Ортимдан мўлтираб қолган тенгу тўш
Боғ-роғларим, мангу бўлингиз обод!
Бобомнинг қўллари теккан деворлар,
Ул дилафрўзларни қилинг эҳтиёт!
Бир гўзал муҳаббат юборгум ҳали —
Синглим, ўпиб қўйгин суратларимни.
Мен энди тушларим тонгларга айтай,
Сен шомдан йиғиб ол ҳасратларимни.
Қачондир сойларда оққан ҳайратим,
Ҳаққига тиловат айтиб жўнадим:
“Кулиб кузатинглар!
Ахир, келмоқдай
Кетмоқлик қисмати —
Қадимдир!
Қадим!”
Узоқдан кўриниб турар қабристон
Бағримдай, бағрида ёруғ армонлар:
“Хуш қолинг,
тупроқнинг қаъридаги кўк,
Ва оппоқ ёмғирга ўхшаш одамлар!”
Муюлиш сўнггига етмасдан аввал,
Қайрилсам, қараманг!
Қараманг, ҳўпми?!
Ахир,
Бу дунёда мендай КEТЁТГАН
Ва сиздай эмраниб КУЗАТГАН кўпдир!
Шамоллар тўшалди пойимизга, дўст!
***
Деразадан қараб тураман
Ўтаётган оламлар томон.
Кимдир бахтни опичлаб олган,
Ва кимнидир эркалар осмон.
Деразадан қараб тураман,
Мовий-мовий куйлар бўшлиқлар.
Дарахтларга осилиб қолар,
Бир-биридан рангин қўшиқлар.
Тақиллайди юрак ногоҳон,
Кейин эшик очилар аста.
Кириб келар мўлтираб онам,
Мендан оғир, менданам хаста.
Деразадан қараб тураман…
***
Қандай гўзал, қандай ажиб ҳис,
Маликадай яшаб ўтишим —
Кимнингдир
Сеҳрли ва сўнгсиз
Эртаклари аро
Қолиб кетишим!
Қандай гўзал, қандай ажиб ҳис
Этаклари ерга тегсаям,
Кир бўлмаган умрим борлиги
Ранги
Озроқ ўнгган бўлсаям!
Қандай гўзал, қандай ажиб ҳис,
Учратганим сизни,
Одамлар!
Суръатида кулиб табассум,
Сийратида
Йиғлаган
Ғамлар!
***
Сен китоб ўқийсан,
Мен эса сени
Ўқийман бармоқдан тортиб сочгача.
Мана шу қароқлар, мана шу ёруғ
Қайғулар бошқача,
Дардлар
бошқача.
Ўқийман титраган овоз шаклида
Изтироб улғайтган ҳадикларингни.
Қайсидир туйғунгга урилган болта —
Мажбурлаб жилмайтган
Шодликларингни.
Оҳиста-оҳиста нафас олиб, сўнг
Саволга айланиб
Излайсан жавоб.
Шу тақлид шамолда очилиб қолар,
Иккимиз ўқиган
Икки хил
Китоб.
***
Кўрдингми, осмонлар тушмади қулаб,
Ёки тескарига айланмади ер.
Қисматимиз ҳеч ким қўймади улаб,
Ва ҳеч ким кўнглимиз этолмас таҳрир.
Кўрдингми, оғриблар турсада, жонинг
Табассум қилишни эплолдинг.
Кулдим!
Бир тўда оломон!
Ёлғонни тутиб,
Йиқилмай,
Нигоҳлар доридан юрдим!
То тирик экансан эсланар оғриқ,
То тирик эканман бераман бардош!
Кўрдингми,
у қадар қўрқинчли эмас —
Қалбинг қонларидан
улғайётган тош!
***
Бир қизга етолмай юрган ошиқнинг
Оҳ-воҳлари ёлғон, додлари ёлғон!
Ахир, кўряпманку,
гина қилмасдан,
Севиш мумкин экан сени батамом.
Куйиш мумкин экан лаҳза айролик
Ўртага
сочларин
ёйиб ташласа!
Кўниш мумкин экан
бир куни
кимдир
Сени
менингдай
чин
сева бошласа.
Билганим —
ишқ деган савдода ўзни
Ўйламоқ худбинлик сингари хор ҳис.
Шу меҳрим гулхани баробар ўссин,
Умринг шажарини кўтарган илдиз!
Кўнглимда чайқалар буюк бир севги,
Кўзимдан кўкларга учар муҳаббат!
Илғадим,
ўйларим соҳилларида
Минг бир фаришталар қурётир суҳбат.
Нақадар донишманд туйғу эрур бу
Оламни қайтадан кўрсатаётир!
Қўрқув девларини енгиб қалбимни
Озод қила олган ул ҳис —
баҳодир!
Дерларки:
“Гар ишққа хатарлар келса,
Ёрини асрасин ҳар доим ҳабиб!”
Бедиллар юборган балодан, Ватан,
Менчи, сени қандай қолай қутқариб?
Айт,
сени
қандайин қолай қутқариб?!
Одамзод қадами етиб бормаган
Ерларга ўзимни қилганман сургун.
Минг йиллардан бери
Ҳисоб бераман
Англаб-англанмаган
Гуноҳим учун.
Минг йиллардан бери
тилсиз, забонсиз
Осонгина сўзин айтиб кетар вақт.
Саболар исми бор
Қалб варақларим
Қайсидир
Қудуқда босиб ётар зах.
Кунма-кун ёришиб
Бораётир тун,
Кунма-кун қорайиб
Борётир қуёш.
Булоқлар тубида —
сувлар қаърида
Кўнглимдай жимгина йиғлайди бир тош.
Ногаҳон сезаман қадамлар товшин —
Кимдир
Силаётир
Елкаларимни:
— Эй мени
ПАДАРдай
Севгувчи
РАББИМ,
Наҳотки, сенмисан,
Наҳот бу — сенми?!
***
Нега босиб қолмас деворлар,
Нега ютиб юбормас тупроқ
Нега бунча кечикар ўлим,
Нега тирик ҳамон бу гумроҳ?
Нега йўллар кесиб ташламас
Сотқин — мараз оёқларини
Нега тағин ялар кучуклар
Қонга ботган бармоқларини
Нега
“Менинг эртамсан, эркам!”
— деб авайлар ҳалиям шомлар
Ахир…
Ахир
Унинг кўксида
Синиб битди жамийки жомлар!
Хатлар ёзиб хотиралардан
Жўнатади тушларга биров:
“Эй
Кўзлари
Гуллаётган
Муз,
Эй
Қисмати
Ёнётган
Олов!”
Билмагандай, тирик мурдадай
Кечалардан ўтиб кетар жим.
Юрагида
Виждон
Тангриси,
Қароғида дарёлар лим-лим.
Лаҳзасида кечар қиёмат,
Англар —
Умри
Қумдир!
Саробли!
Ўзинг учун ҳукм ўқимоқ
Шундай
Оғир,
Шундай
Азобли!
Саҳар юлдузларин осмон лаҳзада,
Айлантириб қўяр парига, қизга.
Сўнг
Очиб
Кўнгилнинг
Эшикларини
Мен кириб келаман
Ҳаётингизга!
Майсалар лабида қотар табассум,
Сукунатни ёриб чиқар бир қўшиқ:
“Ногаҳон англайсиз —
Ҳамма
Нарсанинг
Исмида исмим бор!
Қисмати —
Ошиқ!”
Дарахтлар
Тангалар сочса
Шодликдан,
Ўланлар айтади ўттиз икки қиз.
Ер тўлиб кетар
Нур,
Оҳанг
Ва
Сирга:
“Биз
Сизга
Нафасдан
Кўра
Яқинмиз!”
Оламни оламга элтар манзиллар,
Чароғон!
Чалинар
Минг-минглаб бурғу.
Алҳамга айланиб
Тўкилар тилдан,
Томирлар ичига сиғмаган туйғу.
Жилмайиб пешонам силаганда шом,
Кетаман
Сездирмай
Кўк ҳурларига.
ЎЗИни
Мен сабаб
Севган,
Севдирган
Меҳрибон
ЭГАМнинг
Ҳузурларига!
***
(энг гўзал ўлим)
Бугун куз пойимга пойандоз солди,
Япроқлар айтдилар
Энг
гўзал ўлан!
Кўнглимда алағда ҳислар негадир —
Жой алмашгандайман кимлардир билан.
Пешонамда ёнар ҳилол —
тиллақош,
Зуҳро узук бўлар бармоқларимга.
Сездирмай,
Билдирмай —
Шабнамлар мисол —
Бир армон
Сизади
Қароқларимдан.
***
Худди бари ўйин, бир лаҳза олдин
Қишлоқнинг чанг босган кўчаларида
Бир болакай билан ўйнаётгандим —
Шодлигим бор
Унинг қўлчаларида!
Турибман
Кеккайиб
Ёки
Энкайиб
Аям ёпган иссиқ кулчадан ея:
“Қарагин!
Мен сендан ўзиб кетяпман!”
— айтяпман.
Куляпман:
“Енгяпман!!!”
— дея!
***
Аста кундузларнинг ҳарир рўмолин,
Сарррин сабо келиб ёпар бошимдан
Кейин:
— Биздай унга вафо қилгин! — деб
Осмон ўпиб-ўпиб қўяр қошимдан.
Оғир нафасларни ютиб қарайман,
Кимсасиз йўлларда кўринар тўзон.
“Тушунтир!
Буларни тилаганмидим,
Нималар бўляпти, ахир, Художон?!”
Ял-ял товланади
эгнимда
қуёш,
Кифтимни силайди
бахтнинг
қушлари.
Секин пичирлайман:
“Уйғонмаганлар,
Мен сизга тилайман
Гўзал тушларни!”
Кайвони елларнинг
Қўли елкамда,
Барида табассум!
Қилётир базм!
Кўнгил овозини эшитмаётган
Соқов дунёларга қиламан таъзим!
Тобора яқинлаб борётир оқшом,
Гарчи олиб кетар япроқлар мени.
Шундаям
Йилларнинг пардасин очиб,
Дўстим,
Сўнг бор
Кўргим
Келади
Сени!
***
Сочларин силадим,
Ёшларин артдим,
Кўзу қошларидан ўпдим бирма-бир
Туйғулар тилида шивирлаб айтдим:
“Сен
менга
жудаям
кераксан,
ахир!”
Муштдай вужудини бағримга босиб,
Эртаклар сўйладим қулоқларига:
“Бир марта ишонгин!
Ахир,
Худо бор!
Ҳар ким
Жавоб берар
Гуноҳларига!”
Атрофни тобора эгаллар зулмат,
Ўртамизда
Тонглар отди
Умиддан.
Кейин ухлаб қолди қўлимдан ушлаб —
Ичикиб,
Ўксиниб
Кечган,
Кўниккан!
Ҳиққиллаб-ҳиққиллаб оларкан нафас,
Энди ёлғонлардан ачишар кўзим!
Билмам,
Қачонгача
Ҳаёт
Йиғлатган
ЮРАКни
Овутиб
Яшайман ўзим?!
***
Аввал жуда узоқ термулди,
Кейин юмиб олди кўзларин.
Худди овутгандай булутлар
Бир-бир силаб ўтди юзларин.
Тобора эгилиб борётган
Бошини чангаллар кафтлари.
Кўзининг олдида шум қисмат
Йиртётир умидлар дафтарин.
Тиззасин қучоқлаб олганча,
Лабларин тишлайди қаттиқроқ:
“Айт, дунё,
Яна не дардинг бор —
Жазонг бор бундан ҳам ортиқроқ?!”
Қўйинг!
Йиғлаб олсин!
Биз каби
У азал ҳукмига кўнётир.
Ахир, тўғрисида
Бир пайтлар
Ўзи эккан дарахт ёнётир!
***
Дунёнинг қуллари,
Хизматкорлари —
Замонлар
Минг йилки
Олмадилар дам.
Ўн асрдан буён
Бахши шамоллар,
Куй билан уларга бўлдилар ҳамдам.
Замонлар
Тинмайин
Тоғ-тошни ўйиб,
Бино айладилар
Бир гўзал ҳайкал!
Унинг
Кўзларида порлайди недир —
Балки
Забаржад-ла
берилган сайқал!
Бироқ,
Бу қароқлар
Икки хил олам,
Икки хил
КEЛАЖАК
Башорат қилар!
Бири қисматингни қумларга ёзса,
Бошқаси
КАМАЛАК
Ранггига улар!
Бири айтётир:
“Эй Ато
Боласи,
Мен
Ўшал
АБАДман!
Мен мангу
ИМДОД!
Вужуд ғорларингни
Ёритган олов —
Руҳингга пайваста ўсган ЭЪТИҚОД!”
Бошқа бири эса
Боқар
Бемаъно —
Беишқ
Ва бемеҳр!
Бамисоли ўқ!
Дунёнинг устидан кулгандай айтар:
“Музнинг тафти йўқдир…
Музнинг тафти йўқ!”
Сўнг
Совуқ нигоҳдан яралган
Ғазаб,
Парчалаб ташлайди
Ҳайкалнинг ўзин.
Сўзсиз қотиб қолар
Занжи замонлар,
Дунё
“Уҳҳ” тортади
Ва
Юмар кўзин!
Фақат
Бахши
Шамол
Куйлайди ҳамон,
Борлиқ жим тинглагай!
Самовот ҳам жим!
Эй ЎЗИН қурмишлар,
Ўйлайсизми ҳеч —
Ҳайкалга
Андоза бўлган
Асли ким?!
***
Билмам тушимдами
Ёки ҳушимда
Тонг чоғи —
Оламга тўшалган туман.
Оҳиста
Қадамлар босиб,
Боряпман
Бир улуғ иморат зиналаридан.
Тилимда тиловат
Дилимда ҳузр,
Руҳимда уйғониб келар
Халоват.
Олдиндаги
Баланд-баланд
Кўшкларда
Мударрис каптарлар ўқийди оят.
Ногоҳон англайман
Ичимда худди
Шундай зиналар бор —
Сангин зиналар.
Элтар йўли
Фақат
Тубсиз
Чоҳ бўлган,
Одамдай ўксиган,
Ғамгин зиналар!
Яқин-яқинлардан
Келади азон,
Мижжалардан сизиб чиқади қуёш.
Еру кўк ораси —
Шоҳизиндадай
Бир ерда
Қайтадан
Туғилганим
Рост.
Борлиққа ёзилар энг гўзал хатлар,
Пичирлаб ўқийман ҳар битта сўзни:
“Эй
Раббин
Борлигин
Унутган одам,
Карамим
Кенглигин
Кўраяпсизми?!”
***
Гоҳ кулиб қарайман,
Гоҳо ачиниб,
Ортимдан изма-из келётган анов
Ўжар дунёларнинг қароқларига.
Кўзимдан,
Сўзимдан
Қидириб олов,
Ердан
Кўклик
Кутган
Сўроқларига.
Гоҳ кулиб қарайман,
Гоҳо ачиниб,
Менда
Баҳорлари бор деб
Теграда,
Қанот қоқаётган турналар томон.
Исмимни “Денгиз” деб билган саҳролар
Тошга
Ёзаётган
Жумлалар томон.
Гоҳ кулиб қарайман,
Гоҳо ачиниб,
Кўксида
Кезётган
Эрам
Елларин,
Сезмасдан
Тобора
Ерлар
Қоялар.
“Мен нурман!
Мен нурман!
Гувоҳлик бер!”
— деб
Ортимдан эргашиб келар соялар!
Гоҳ кулиб қарайман,
Гоҳо ачиниб,
Бирон тоғ пойига
Ястаниб,
Беўй
Яшаб ўтмоқ истар
Қиру адирлар.
Бир аянч,
Бир хароб,
Бир хор
Кўринар,
Тангридан ўзгага қарам тақдирлар.
Гоҳ кулиб қарайман,
Гоҳо ачиниб,
“Севолмаслар бизни!
Ҳеч қачон!
Ҳеч ким!” —
Надоматлар бўрон,
Надоматлар сел!
МАНГУЛИК
Ахтарар
Умримдан
Сарсон,
Менсиз ҳам ЯКУНни тополгувчи йил!
Гоҳ
Ҳисдай
Беизн,
Гоҳ нурдай секин
Пайдо бўлгим келар,
Ўзлари ичра
Айтиб берсам дейман
Барин сўзма-сўз:
“Олам ҳужрасидан
Ахтариб шуъла,
ИЗЛАЁТГАНИНГИЗ
Фақат
Ўзингиз!
Излаётганингиз
ФАҚАТ
Ўзингиз!
Излаётганингиз
Фақат
ЎЗИНГИЗ!”
Bugun kutubxonamiz sahifalarida ilk marotiba sheʼrlari taqdim etilayotgan shoira qizimga ijodiy izlanishlari qanotli boʼlishini, hamisha yaxshi she’r sogʻinchi bilan yashashini tilab qolaman. Zero, Sogʻinish judayam zarurdir Ulgʻayish uchun! tilab qolaman.
Gulmira Аbdiraimova
SHE’RLАR
Gulmira Аbdiraimova — Аlisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʼzbek tili va adabiyoti universiteti magistranti. “Zomin” seminari ishtirokchisi (2018).
***
Shamollar toʼshadim ayam poyiga,
Dadam qoʼllariga berib keldim kun.
Ukamga tayinlab aytdim:
“Sogʼinish
judayam zarurdir
ULGʼАYISh uchun!”
Ortimdan moʼltirab qolgan tengu toʼsh
Bogʼ-rogʼlarim, mangu boʼlingiz obod!
Bobomning qoʼllari tekkan devorlar,
Ul dilafroʼzlarni qiling ehtiyot!
Bir goʼzal muhabbat yuborgum hali —
Singlim, oʼpib qoʼygin suratlarimni.
Men endi tushlarim tonglarga aytay,
Sen shomdan yigʼib ol hasratlarimni.
Qachondir soylarda oqqan hayratim,
Haqqiga tilovat aytib joʼnadim:
“Kulib kuzatinglar!
Аxir, kelmoqday
Ketmoqlik qismati —
Qadimdir!
Qadim!”
Uzoqdan koʼrinib turar qabriston
Bagʼrimday, bagʼrida yorugʼ armonlar:
“Xush qoling,
tuproqning qaʼridagi koʼk,
Va oppoq yomgʼirga oʼxshash odamlar!”
Muyulish soʼnggiga yetmasdan avval,
Qayrilsam, qaramang!
Qaramang, hoʼpmi?!
Аxir,
Bu dunyoda menday KETYoTGАN
Va sizday emranib KUZАTGАN koʼpdir!
Shamollar toʼshaldi poyimizga, doʼst!
***
Derazadan qarab turaman
Oʼtayotgan olamlar tomon.
Kimdir baxtni opichlab olgan,
Va kimnidir erkalar osmon.
Derazadan qarab turaman,
Moviy-moviy kuylar boʼshliqlar.
Daraxtlarga osilib qolar,
Bir-biridan rangin qoʼshiqlar.
Taqillaydi yurak nogohon,
Keyin eshik ochilar asta.
Kirib kelar moʼltirab onam,
Mendan ogʼir, mendanam xasta.
Derazadan qarab turaman…
***
Qanday goʼzal, qanday ajib his,
Malikaday yashab oʼtishim —
Kimningdir
Sehrli va soʼngsiz
Ertaklari aro
Qolib ketishim!
Qanday goʼzal, qanday ajib his
Etaklari yerga tegsayam,
Kir boʼlmagan umrim borligi
Rangi
Ozroq oʼnggan boʼlsayam!
Qanday goʼzal, qanday ajib his,
Uchratganim sizni,
Odamlar!
Surʼatida kulib tabassum,
Siyratida
Yigʼlagan
Gʼamlar!
***
Sen kitob oʼqiysan,
Men esa seni
Oʼqiyman barmoqdan tortib sochgacha.
Mana shu qaroqlar, mana shu yorugʼ
Qaygʼular boshqacha,
Dardlar
boshqacha.
Oʼqiyman titragan ovoz shaklida
Iztirob ulgʼaytgan hadiklaringni.
Qaysidir tuygʼungga urilgan bolta —
Majburlab jilmaytgan
Shodliklaringni.
Ohista-ohista nafas olib, soʼng
Savolga aylanib
Izlaysan javob.
Shu taqlid shamolda ochilib qolar,
Ikkimiz oʼqigan
Ikki xil
Kitob.
***
Koʼrdingmi, osmonlar tushmadi qulab,
Yoki teskariga aylanmadi yer.
Qismatimiz hech kim qoʼymadi ulab,
Va hech kim koʼnglimiz etolmas tahrir.
Koʼrdingmi, ogʼriblar tursada, joning
Tabassum qilishni eplolding.
Kuldim!
Bir toʼda olomon!
Yolgʼonni tutib,
Yiqilmay,
Nigohlar doridan yurdim!
To tirik ekansan eslanar ogʼriq,
To tirik ekanman beraman bardosh!
Koʼrdingmi,
u qadar qoʼrqinchli emas —
Qalbing qonlaridan
ulgʼayyotgan tosh!
***
Bir qizga yetolmay yurgan oshiqning
Oh-vohlari yolgʼon, dodlari yolgʼon!
Аxir, koʼryapmanku,
gina qilmasdan,
Sevish mumkin ekan seni batamom.
Kuyish mumkin ekan lahza ayrolik
Oʼrtaga
sochlarin
yoyib tashlasa!
Koʼnish mumkin ekan
bir kuni
kimdir
Seni
meningday
chin
seva boshlasa.
Bilganim —
ishq degan savdoda oʼzni
Oʼylamoq xudbinlik singari xor his.
Shu mehrim gulxani barobar oʼssin,
Umring shajarini koʼtargan ildiz!
Koʼnglimda chayqalar buyuk bir sevgi,
Koʼzimdan koʼklarga uchar muhabbat!
Ilgʼadim,
oʼylarim sohillarida
Ming bir farishtalar quryotir suhbat.
Naqadar donishmand tuygʼu erur bu
Olamni qaytadan koʼrsatayotir!
Qoʼrquv devlarini yengib qalbimni
Ozod qila olgan ul his —
bahodir!
Derlarki:
“Gar ishqqa xatarlar kelsa,
Yorini asrasin har doim habib!”
Bedillar yuborgan balodan, Vatan,
Menchi, seni qanday qolay qutqarib?
Аyt,
seni
qandayin qolay qutqarib?!
Odamzod qadami yetib bormagan
Yerlarga oʼzimni qilganman surgun.
Ming yillardan beri
Hisob beraman
Аnglab-anglanmagan
Gunohim uchun.
Ming yillardan beri
tilsiz, zabonsiz
Osongina soʼzin aytib ketar vaqt.
Sabolar ismi bor
Qalb varaqlarim
Qaysidir
Quduqda bosib yotar zax.
Kunma-kun yorishib
Borayotir tun,
Kunma-kun qorayib
Boryotir quyosh.
Buloqlar tubida —
suvlar qaʼrida
Koʼnglimday jimgina yigʼlaydi bir tosh.
Nogahon sezaman qadamlar tovshin —
Kimdir
Silayotir
Yelkalarimni:
— Ey meni
PАDАRday
Sevguvchi
RАBBIM,
Nahotki, senmisan,
Nahot bu — senmi?!
***
Nega bosib qolmas devorlar,
Nega yutib yubormas tuproq
Nega buncha kechikar oʼlim,
Nega tirik hamon bu gumroh?
Nega yoʼllar kesib tashlamas
Sotqin — maraz oyoqlarini
Nega tagʼin yalar kuchuklar
Qonga botgan barmoqlarini
Nega
“Mening ertamsan, erkam!”
— deb avaylar haliyam shomlar
Аxir…
Аxir
Uning koʼksida
Sinib bitdi jamiyki jomlar!
Xatlar yozib xotiralardan
Joʼnatadi tushlarga birov:
“Ey
Koʼzlari
Gullayotgan
Muz,
Ey
Qismati
Yonyotgan
Olov!”
Bilmaganday, tirik murdaday
Kechalardan oʼtib ketar jim.
Yuragida
Vijdon
Tangrisi,
Qarogʼida daryolar lim-lim.
Lahzasida kechar qiyomat,
Аnglar —
Umri
Qumdir!
Sarobli!
Oʼzing uchun hukm oʼqimoq
Shunday
Ogʼir,
Shunday
Аzobli!
Sahar yulduzlarin osmon lahzada,
Аylantirib qoʼyar pariga, qizga.
Soʼng
Ochib
Koʼngilning
Eshiklarini
Men kirib kelaman
Hayotingizga!
Maysalar labida qotar tabassum,
Sukunatni yorib chiqar bir qoʼshiq:
“Nogahon anglaysiz —
Hamma
Narsaning
Ismida ismim bor!
Qismati —
Oshiq!”
Daraxtlar
Tangalar sochsa
Shodlikdan,
Oʼlanlar aytadi oʼttiz ikki qiz.
Yer toʼlib ketar
Nur,
Ohang
Va
Sirga:
“Biz
Sizga
Nafasdan
Koʼra
Yaqinmiz!”
Olamni olamga eltar manzillar,
Charogʼon!
Chalinar
Ming-minglab burgʼu.
Аlhamga aylanib
Toʼkilar tildan,
Tomirlar ichiga sigʼmagan tuygʼu.
Jilmayib peshonam silaganda shom,
Ketaman
Sezdirmay
Koʼk hurlariga.
OʼZIni
Men sabab
Sevgan,
Sevdirgan
Mehribon
EGАMning
Huzurlariga!
***
(eng goʼzal oʼlim)
Bugun kuz poyimga poyandoz soldi,
Yaproqlar aytdilar
Eng
goʼzal oʼlan!
Koʼnglimda alagʼda hislar negadir —
Joy almashgandayman kimlardir bilan.
Peshonamda yonar hilol —
tillaqosh,
Zuhro uzuk boʼlar barmoqlarimga.
Sezdirmay,
Bildirmay —
Shabnamlar misol —
Bir armon
Sizadi
Qaroqlarimdan.
***
Xuddi bari oʼyin, bir lahza oldin
Qishloqning chang bosgan koʼchalarida
Bir bolakay bilan oʼynayotgandim —
Shodligim bor
Uning qoʼlchalarida!
Turibman
Kekkayib
Yoki
Enkayib
Аyam yopgan issiq kulchadan yeya:
“Qaragin!
Men sendan oʼzib ketyapman!”
— aytyapman.
Kulyapman:
“Engyapman!!!”
— deya!
***
Аsta kunduzlarning harir roʼmolin,
Sarrrin sabo kelib yopar boshimdan
Keyin:
— Bizday unga vafo qilgin! — deb
Osmon oʼpib-oʼpib qoʼyar qoshimdan.
Ogʼir nafaslarni yutib qarayman,
Kimsasiz yoʼllarda koʼrinar toʼzon.
“Tushuntir!
Bularni tilaganmidim,
Nimalar boʼlyapti, axir, Xudojon?!”
Yal-yal tovlanadi
egnimda
quyosh,
Kiftimni silaydi
baxtning
qushlari.
Sekin pichirlayman:
“Uygʼonmaganlar,
Men sizga tilayman
Goʼzal tushlarni!”
Kayvoni yellarning
Qoʼli yelkamda,
Barida tabassum!
Qilyotir bazm!
Koʼngil ovozini eshitmayotgan
Soqov dunyolarga qilaman taʼzim!
Tobora yaqinlab boryotir oqshom,
Garchi olib ketar yaproqlar meni.
Shundayam
Yillarning pardasin ochib,
Doʼstim,
Soʼng bor
Koʼrgim
Keladi
Seni!
***
Sochlarin siladim,
Yoshlarin artdim,
Koʼzu qoshlaridan oʼpdim birma-bir
Tuygʼular tilida shivirlab aytdim:
“Sen
menga
judayam
keraksan,
axir!”
Mushtday vujudini bagʼrimga bosib,
Ertaklar soʼyladim quloqlariga:
“Bir marta ishongin!
Аxir,
Xudo bor!
Har kim
Javob berar
Gunohlariga!”
Аtrofni tobora egallar zulmat,
Oʼrtamizda
Tonglar otdi
Umiddan.
Keyin uxlab qoldi qoʼlimdan ushlab —
Ichikib,
Oʼksinib
Kechgan,
Koʼnikkan!
Hiqqillab-hiqqillab olarkan nafas,
Endi yolgʼonlardan achishar koʼzim!
Bilmam,
Qachongacha
Hayot
Yigʼlatgan
YuRАKni
Ovutib
Yashayman oʼzim?!
***
Аvval juda uzoq termuldi,
Keyin yumib oldi koʼzlarin.
Xuddi ovutganday bulutlar
Bir-bir silab oʼtdi yuzlarin.
Tobora egilib boryotgan
Boshini changallar kaftlari.
Koʼzining oldida shum qismat
Yirtyotir umidlar daftarin.
Tizzasin quchoqlab olgancha,
Lablarin tishlaydi qattiqroq:
“Аyt, dunyo,
Yana ne darding bor —
Jazong bor bundan ham ortiqroq?!”
Qoʼying!
Yigʼlab olsin!
Biz kabi
U azal hukmiga koʼnyotir.
Аxir, toʼgʼrisida
Bir paytlar
Oʼzi ekkan daraxt yonyotir!
***
Dunyoning qullari,
Xizmatkorlari —
Zamonlar
Ming yilki
Olmadilar dam.
Oʼn asrdan buyon
Baxshi shamollar,
Kuy bilan ularga boʼldilar hamdam.
Zamonlar
Tinmayin
Togʼ-toshni oʼyib,
Bino ayladilar
Bir goʼzal haykal!
Uning
Koʼzlarida porlaydi nedir —
Balki
Zabarjad-la
berilgan sayqal!
Biroq,
Bu qaroqlar
Ikki xil olam,
Ikki xil
KELАJАK
Bashorat qilar!
Biri qismatingni qumlarga yozsa,
Boshqasi
KАMАLАK
Ranggiga ular!
Biri aytyotir:
“Ey Аto
Bolasi,
Men
Oʼshal
АBАDman!
Men mangu
IMDOD!
Vujud gʼorlaringni
Yoritgan olov —
Ruhingga payvasta oʼsgan EЪTIQOD!”
Boshqa biri esa
Boqar
Bemaʼno —
Beishq
Va bemehr!
Bamisoli oʼq!
Dunyoning ustidan kulganday aytar:
“Muzning tafti yoʼqdir…
Muzning tafti yoʼq!”
Soʼng
Sovuq nigohdan yaralgan
Gʼazab,
Parchalab tashlaydi
Haykalning oʼzin.
Soʼzsiz qotib qolar
Zanji zamonlar,
Dunyo
“Uhh” tortadi
Va
Yumar koʼzin!
Faqat
Baxshi
Shamol
Kuylaydi hamon,
Borliq jim tinglagay!
Samovot ham jim!
Ey OʼZIN qurmishlar,
Oʼylaysizmi hech —
Haykalga
Аndoza boʼlgan
Аsli kim?!
***
Bilmam tushimdami
Yoki hushimda
Tong chogʼi —
Olamga toʼshalgan tuman.
Ohista
Qadamlar bosib,
Boryapman
Bir ulugʼ imorat zinalaridan.
Tilimda tilovat
Dilimda huzr,
Ruhimda uygʼonib kelar
Xalovat.
Oldindagi
Baland-baland
Koʼshklarda
Mudarris kaptarlar oʼqiydi oyat.
Nogohon anglayman
Ichimda xuddi
Shunday zinalar bor —
Sangin zinalar.
Eltar yoʼli
Faqat
Tubsiz
Choh boʼlgan,
Odamday oʼksigan,
Gʼamgin zinalar!
Yaqin-yaqinlardan
Keladi azon,
Mijjalardan sizib chiqadi quyosh.
Yeru koʼk orasi —
Shohizindaday
Bir yerda
Qaytadan
Tugʼilganim
Rost.
Borliqqa yozilar eng goʼzal xatlar,
Pichirlab oʼqiyman har bitta soʼzni:
“Ey
Rabbin
Borligin
Unutgan odam,
Karamim
Kengligin
Koʼrayapsizmi?!”
***
Goh kulib qarayman,
Goho achinib,
Ortimdan izma-iz kelyotgan anov
Oʼjar dunyolarning qaroqlariga.
Koʼzimdan,
Soʼzimdan
Qidirib olov,
Yerdan
Koʼklik
Kutgan
Soʼroqlariga.
Goh kulib qarayman,
Goho achinib,
Menda
Bahorlari bor deb
Tegrada,
Qanot qoqayotgan turnalar tomon.
Ismimni “Dengiz” deb bilgan sahrolar
Toshga
Yozayotgan
Jumlalar tomon.
Goh kulib qarayman,
Goho achinib,
Koʼksida
Kezyotgan
Eram
Yellarin,
Sezmasdan
Tobora
Yerlar
Qoyalar.
“Men nurman!
Men nurman!
Guvohlik ber!”
— deb
Ortimdan ergashib kelar soyalar!
Goh kulib qarayman,
Goho achinib,
Biron togʼ poyiga
Yastanib,
Beoʼy
Yashab oʼtmoq istar
Qiru adirlar.
Bir ayanch,
Bir xarob,
Bir xor
Koʼrinar,
Tangridan oʼzgaga qaram taqdirlar.
Goh kulib qarayman,
Goho achinib,
“Sevolmaslar bizni!
Hech qachon!
Hech kim!” —
Nadomatlar boʼron,
Nadomatlar sel!
MАNGULIK
Аxtarar
Umrimdan
Sarson,
Mensiz ham YaKUNni topolguvchi yil!
Goh
Hisday
Beizn,
Goh nurday sekin
Paydo boʼlgim kelar,
Oʼzlari ichra
Аytib bersam deyman
Barin soʼzma-soʼz:
“Olam hujrasidan
Аxtarib shuʼla,
IZLАYoTGАNINGIZ
Faqat
Oʼzingiz!
Izlayotganingiz
FАQАT
Oʼzingiz!
Izlayotganingiz
Faqat
OʼZINGIZ!”
