Odamzot bir kuyki, talqini ming xil… Esse & Murod Muhammad Do’st bilan suhbat. «O’ylarim» teleloyihasi (12.04.2026)

84Мурод аканинг турган-битгани, ёзган-чизгани, айтган-айтмагани, бутун ҳаёти – ҳангома. Қай бири чин, қайси тўқима – ўзиям аниқ билмаса керак. Ҳавасингиз келади. Адиб ўша муҳитда маза қилиб яшайди, маза қилиб ёзади, маза қилиб… изтироб чекади. Аслида, Мурод Муҳаммад Дўст ижоди ва фаолиятининг ўзига хослиги ҳам шунда.

“ОДАМЗОД БИР КУЙКИ,
ТАЛҚИНИ МИНГ ХИЛ”

Қулман ОЧИЛ

Мурод аканинг турган-битгани, ёзган-чизгани, айтган-айтмагани, бутун ҳаёти – ҳангома. Қай бири чин, қайси тўқима – ўзиям аниқ билмаса керак. Ҳавасингиз келади. Адиб ўша муҳитда маза қилиб яшайди, маза қилиб ёзади, маза қилиб… изтироб чекади. Аслида, Мурод Муҳаммад Дўст ижоди ва фаолиятининг ўзига хослиги ҳам шунда.

Янги наср авлоди

Акамизнинг азим шаҳардаги сершовқин давраларни тарк этиб, гўё ўз ижодига қўл силтагандай она юрти Жомга лангар ташлаганига, адашмасам, беш йил бўлай деб қолди. Жом деганимиз, камида йигирма-йигирма беш чақирим чўзилиб кетган қишлоқ. Бир учи қорли чўққиларга яқинлашиб борса, этаги чўлга туташ. Ҳавоси хуш, шаббодаси енгил, сокин бу гўша Мурод Муҳаммад Дўст адабий харитага муҳрлаган ғаройиб макон – Галатепани эслатади.

Ҳовли-ҳарами жойида адиб беш-олти таноб келадиган дарахтзорида куймалангани, куймаланган. Бу одат кайвони отасидан ўтган. Раҳматли, колхоз раисиман деб ўтирмас, қўлидан кетмону бел, токқайчию тешаси тушмас эди. Адиб асарларида меҳр билан тасвирланган Раим оқсоқол сиймосида отасининг ҳам шарпаси бордай.

Аканинг айтишича, тийрамоҳда қарға кўпаяди. Қора булутдай ёпирилиб келиб, дарахтдаги ёнғоқни чўқиб туширади, тошга уриб чақади. Чаққан жойида қай гўрдандир зағча ёки майна пайдо бўладию мағзини илиб кетади. Қоқбош қарға оғзидаги ошини олдириб, жон аччиғида қағиллаганча қолаверади – раҳмингиз келади.

Тамаддуну сиёсатдан хийла узоқ, овлоқ Галатепа фуқаролари ўзининг инсонга хос жамики фазилату қусурлари билан китобхонлар кўнглидан аллақачон муқим жой олди, муаллиф эса миллий адабиётимизнинг забардаст вакили мақомига эришди десак, асло лофи йўқ.

Қоқ пўстак устида қотган нон ейишдан ҳам ҳузур топадиган авомшунос оёғини шаҳардан буткул узиб кетгани йўқ, албатта. Узлатни афзал билганидан пойтахт жуда ҳувуллаб қолмагандир-у, лекин заҳматкаш адиб қишлоғида фароғат топганига ишонгимиз келади. Овози гулдираган, нигоҳи ва тили бир одам илгари – катта сиёсат майдонида от сурган кезларида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай: давраларнинг гули!

Завқланиб эслайман: шундай кунлар, ойлар, йиллар бўлган. Янги ўзбек насридан сўз кетса, ёш адиблардан “уч оғайни ботирлар” номи биринчи бўлиб тилга олинарди: Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон.

Орадан ярим аср ўтди. Бир майизни бўлишиб еган уч оғайнининг ораси ҳам, айни саноқ ҳам бузилгани йўқ. Энди улар шуҳрат қозонган адиб, таниқли сиёсат ва маданият арбоблари. Китоблари бўёғи қуримай тала-тала бўлиб кетади.

Адабиётимиз осмонида юлдуздек порлаган янги авлоднинг пайдо бўлишини атоқли шоир Эркин Воҳидов 1980 йили завқланиб шундай қайд этган: “Оҳиста, ийманиб, улуғлар қошида чўчинқираб эмас, шахдам, дадил, бамисоли тўйхонага келган ўспирин куёвнавкарлардек олатасир ва сурон билан кириб келди. Биз бу “босқин”ни кўпдан кутган эдик, интизорлик билан пойлаган эдик. Шундай кун келди”.

Адабиёт дарбозасини тақиллатмай, шовқин-сурони билан бетакаллуф кириб келган, боз устига, андак бетгачопару кибрли меҳмон қай замонда хушнуд қарши олинибди? Донишманд шоирнинг ўт-олов ёшларга улкан меҳр билан “биз бу “босқин”ни кўпдан кутган эдик” деган лутфида орзулари мўл авлоднинг дадил ҳифзи ҳимояси яққол бўй кўрсатиб тургани шундан. Эътирофда кўпроқ шоирларга нисбат берилган бўлса-да, у замоннинг ёш носирлари солган гулдурос ҳам асло кам эмас эди.

Газета-журналлар, радио-телевидение, чойхонаю майхоналар, талабалар аудиторияларида янги авлод адиблари асарлари ҳақидаги тортишувлар қизигандан қизирди. Ўзим гувоҳман – талаба бошимдан ўтган.

Тақиқ ва таъқиблар сиртдан сусайгандай кўринса-да, социалистик реализм деган таълимотнинг темир қолиплари ҳали синмаган, четга сурилмаган бир давр; ҳамманинг жонига тегиб, ҳаммани чарчатган, ҳатто адабиёт ва санъат бошлиқларини ҳам бездирган даққи талаблар ҳамон амалда эди.
Бу таълимотнинг метин қоида ва талабларини деразаларига қалин панжаралар урилган Кремлдаги кабинетларда, белига йўғон камар, камарига бесунақай маузер таққан чарм камзулли инқилобчи комиссарлар ишлаб чиққан ва шафқатсизларча жорий қилган эди.

Таълимотки, сиртдан қараганда ғоят эзгу, инсоний ва адолатлидай кўринса-да, адабиёт ва санъат амалда яккаҳоким мафкурага мажбуран никоҳлаб қўйилган жорияга ўхшарди. Партия-ҳукумат им қоқса, ижод аҳли “лаббай” деб жавоб беришга маҳкум. Кейинчалик Мурод Муҳаммад Дўст таъкидлаганидек, “давлат етаклаган адабиётда маддоҳликдан ўзга барча жанрлар таназзулга юз тутади”.

Янги наср авлоди ана шундай талотўп даврда адабиётга гулдурос солиб кириб келди. Аммо бу гулдурос минбарлару давраларда эмас, уларнинг гоҳи ўйчан, гоҳида маъюс, гоҳида эса шўхчан, лекин ўта ҳаётий ва самимий ҳикоялари, қиссалари, романлари ва публицистикасида баралла сезилиб турарди.

24Айни алғов-далғов кунларнинг бирида – 1979 йили “Шарқ юлдузи” журнали саккизинчи сонида ёш адиб Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Чоллардан бири” (аслиятида ва кейинчалик – “Мустафо”) қиссаси чоп этилди. Кўпчилик, жумладан асар эълон қилинишида бош-қош бўлган жонкуяр адиб, журнал наср бўлими мудири Шукур Холмирзаев ҳам “Мустафо” қўлёзмасини ўқиб, ҳайрон қолганини яширмаган: “Асарингиз нима ҳақда ўзи, Муроджон?”

Келбати ёзувчидан кўра Эски шаҳар кўчаларида ваҳима қўзғаб юрадиган йўлтўсар кўзирларга тортиб кетадиган, мўйлови лабини яшириб, қалин қора сочи елкасига тушиб турган қотма йигит, гўё шундай саволни кутгандай, гўё ўзи каби шиддати ошиб-тошиб бораётган шоир ошнаси Усмон Азимни назарда тутгандай, мужмалроқ жавоб қилади: “Усмонбой оқшомлари қўшиқ айтади. Шу ҳақда”.

Аслида қисса қаҳрамони Мустафо чолга фарзанд тутинган йигитнинг исми шундай – Усмонали.

Шу-шу икки адибнинг гурунглари қовушиб кетади. Бу аҳилликка уларнинг бири-бириникидан қолишмайдиган артистлик иқтидори-да сабаб бўлган, чоғи. Шукур Холмирзаев ўз вақтида талабалар театрида Ҳамлет қиёфасида саҳнага чиққан, Мурод Муҳаммад Дўст кўплаб фильмлар яратилишида бош-қош бўлган, сценарийлар ёзган, роллар ижро этган.

“Ёзолмай қолсам, – дейди Шукур ака ўзи ҳақидаги ҳужжатли фильмнинг якунида, деворда осиғлиқ турган ов милтиғига ишора қилиб, – Эрнест Ҳемингуэйга ўхшаб ўзимни ўзим отиб ташлайман!”

Ўша кезлар “Ўзбеккино” давлат агентлигига раҳбарлик қилиб турган садоқатли укага устознинг бу иқрори ёқмайди: “Илтимос, шу совуқ гапни олиб ташлайлик, Шукур ака, агар ёзолмай қолсангиз, ўзим бориб сизни отиб келаман!..”

Уканинг “Дашту далаларда” ҳикояси чоп этилганида ака биринчилардан бўлиб қутлайди: “Яхши ёзибсиз, жаним!”

Мурод Муҳаммад Дўстнинг айни лутфга жавоби қалам аҳли ўртасида ҳикмат каби тилга тушиб, урфга айланиб кетади: “Ёмон ёзолмасам нима қилай?”
Бир гал ака суюнчилаб айтадики, ҳей, зўр фамилия топдим: қип-қизил ўзбекча!

Ука акасининг қўлини олади: “Зўр экан. Менга сотинг, жон оға!”

Адабий персонажга мос исм топиш машаққатини яхши биладиган ака тайсаллагиси келади: “Ўзимга керак, жаним! Лекин нархини келишолсак, майли, сотишим мумкин”.

Сотармон билан оларман ўртасидаги небир борди-келдилардан сўнг савдо пишади. Ука бир қадаҳ пивонинг нархи – йигирма копейка тўлаб, ноёб фамилияни ўзиники қилиб олади ва адабиётимизда улкан воқеа бўлган машҳур “Лолазор” романининг бош қаҳрамони Назар Яхшибоев китобхонлар меҳрини қозонади.

Масаланинг нозик жиҳати

“Мустафо” ўзи нима ҳақда?” Орадан эллик йил ўтаётганига қарамай, ҳали-ҳамон шу саволни берадиган дуппа-дуруст одамларга дуч келамиз. У замоннинг адибу мунаққидлари-ку ҳайрон қолгани, ҳатто чўчиб кетгани аниқ.

Сталин даврида қатағонга учраб, Қозоғистоннинг Жезқазған вилоятидаги мис конида неча йил тирноқ билан ер кавлаган адиб Саид Аҳмад кейинчалик, “кўп чиройли воқеалар” топганини, лекин қўрққанидан ёзолмаганини надоматлар билан эслаган эди: “Тазйиқнинг қони совимаган, нафас олиб турган пайтлари эди. Яна қамаб қўяди деб қўрқардим”.

Мустабид тузум не-не улуғларимизни ана шундай – юраксиз қилиб қўйган эдики, асарларига коммунистик руҳ ва ғояни туфлаб ёпиштиришга мажбур бўлган улар.

Комфирқанинг навбатдаги съездида совет ёзувчилари зиммасига янги вазифалар юкланиб, социалистик реализм назариясидан чекиниш асло мумкин эмаслиги ва бу борадаги ҳар қандай оғмачиликнинг олдини олиш партия ташкилотларининг муқаддас бурчи экани яна бир бор алоҳида уқтирилган.

Марказ қамчисини қарсиллатганда миллий, тўғрироғи, вассал ўлкаларда “лаббай” деб жавоб берилиши ва “қон чиқарилиши” шарт эди. Оқсоқол адибларга тихирлик қилолмайсиз, сабаби маълум: бадиий маҳорати ҳаминқадар бўлиши мумкин, бироқ сиёсий жиҳатдан ғоят ҳушёр, пишиқ-пухта. Комфирқа белгилаб берган “улуғ йўл”дан юравериб товони, ғояларини тарғиб қилавериб қўли қадоқ бўлиб кетган.

Бундай вазиятда ижод майдонида ҳали суяги қотиб-қотмаган “маҳмадоналар”ни қурбонликка тортишдан қулайи борми?! Ўшаларни танқидга нишон қилиш, ўшаларнинг бошини қайириб, ҳали мўртлигида шохини синдириб олиш керак, токи ғоявий-сиёсий шаккоклик кўчасига бош суқа кўрмасин!

“Совет халқи парвозни баланд олиб, коммунизм сари дадил одимлаётган бир даврда ўта тўпори, муте, хокисор Мустафони эзгулик ва ҳалоллик рамзи деб бўлармикан?”

Жойи келди, айтиб ўтайлик, «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» қиссаси муаллифи Хайриддин Султоннинг бошига ўша кезларда ана шундай сиёсий айблов – тазйиқ чўқморининг янада каттароғи тушган эдики, айни тарих алоҳида мавзу.

Бояги саволни берган мунаққид ўзича жавоб топгандек бўлади: бу ҳол Мустафо каби одамлар учун оғир кўргулик, бошқаларга аччиқ сабоқ. “Масаланинг шу томонини унутмаслик лозим!” Сезгандирсиз: танқидчи нимадандир чўчигандай, хижолат тортгандай, кимдир қулоғига шивирлаган иддаони – қалам аҳлига қўйилган қатъий талаб, аён пўписа ва сиёсий айбни баён этган. Сталин замони бўлганида, бундай шаккоклик учун ёш адиб бошига жадидларнинг қора куни тушар, ёт унсур сифатида пешонасидан отилмаса ҳам, Сибирь ўрмонларида ўн-ўн беш йил дарахт кесишга маҳкум этилар эди.

Қисса қаҳрамонлари душман пулемёти милига кўксини қалқон қилмайди, чўлларга сув чиқариб, уфққа туташиб кетган пахта далаларида инжиқ табиат устидан ғалаба қозонмайди, илм-фан соҳасида оламшумул кашфиётларга йўл очиб, жасорат кўрсатмайди, авомни порлоқ келажак сари бошламайди. Қисқаси, улар “катта ҳаёт оқимидан четда қолган пассив, хокисор персонажлар”.

Бировга озор бермайдиган, ҳеч кимнинг ишига аралашмайдиган, ўзи билан ўзи бўлган Мустафо чолнинг турмуш тарзи шундай: “омоч билан ер тирнаб қовун-тарвуз экади, макка экади”. Ҳунарли – тиккан тоштовон этиклари, от жабдуғи харидоргир. Чирги тикаётганда калавага мум едиради. Едирмаса, эртаси куниёқ чириб тушади. “От бу сенга хоннинг хотини эмас, терлайди”.

Мустафо тенги одамларнинг бари таёққа суяниб қолган. Таёққа суянмагани иякка суянган – эзма. Мустафо камгап. Кўп ўйлайди, мулоҳаза қилади. На иддаоси, на таънаси сезилади. Ўзи ювош кўрингани билан ор-номус масаласида қаттиқ туради. Худодан қўрқади, бандадан шарм қилади. Бир сўз билан айтганда, имони бутун одам. Тўшакда жон талашиб ётганида одамларнинг одамдай муомаласини кўриб, гўдакдай қувонади.

Кампири эса бўрдоқи қўчқорларнинг терисини эринмай ошлайди, кейин пўстак тикади. Жун савайди. Икковиям кекса одам эмасми, қишда пўстак кунига ярайди.

Чол-кампир “ўзи лойдан ясаб олмаса, унга тегадиган хотин йўқлиги”дан ўксиниб юрадиган ичонғич Усмонали шу ҳовлида уларнинг чироғини ёқиб ўтиришини орзу қилади. Токи, кўрган одам бу уй кимнинг вайронаси деб сўрамасин.

Инсон ҳаётининг бадиий асарда бу йўсин тасвирланиши қалам аҳлининг имконият чегараси жанрларигача чекланган жамиятда ҳайратланарли иш – катта ижодий жасорат эди.

Шўро мафкурабозларининг “қарғиши»ни писандига илмаган муаллиф бошига қанча санги маломатлар ёғилмасин, асардан асарга ўсиб, улғайиб, юксалиб борди. У инсоний қудратни маҳобатдан эмас, соддаликдан излайди. Воқеанавис учун инсон суратидан кўра сийрати муҳим. Халқона тилда битилган ғоят самимий ва ҳаётий асарлари услубининг ғайриоддий жозибадорлиги билан ўқувчини ўзига маҳлиё қилади-қўяди. Муаллиф сюжетнинг изидан от чоптириб кетмайди. Асарларида кучли конфликт, интрига, саргузаштга мойиллик бўртиб кўринмаса-да, инсон кўнглининг энг нозик товланишларини тасвирлашга иштиёқ баландлиги яққол сезилади. Аёнки, бу тахлит ўзгаришлар аввал қалбда юз беради.

“Мустафо Галатепанинг чеккароғида, Ибодулла Махсумнинг ҳовузи тарафга туртиб чиққан қирнинг тумшуғида яшайди” деб ёзади адиб. “Ўтган жавзода роппа-роса етмишга кирган” қарияга ўзбекона ҳурмат шуми? Иззат-икром қани?

Бадиий асарга сиёсий ва ахлоқий мезонлар нигоҳи билан қарашга ўргатилган серталаб мунаққидлар “Мустафо”даги нозик фалсафани гўё илғамайди. Ювош, бечора, бахтиқаро Мустафо образи китобхон, айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилади, дея ваҳимага тушади. Зеро, асардан миллий адабиётимизга зулукдек ёпишиб олган сийқа панду насиҳатни изламанг – тополмайсиз. Сохталикдан ирганадиган адиб кейинчалик “Лолазор” романида айтганидек, “одамзод бир куйки, талқини минг хил”. Кўнгли тоза, серандиша, феъли кенг Мустафо эса бир мўмин ҳаёти ва яшаш тарзининг ўзига хос бадиий-фалсафий талқинидир.

Чекига ислоҳотчиликнинг оғир юки тушган ёш носирлар соцреализмни буткул рад қилиб, ялтир-юлтир совет турмуш тарзини мадҳ этишга йўналтирилган даққи қолипларини бузиб ташлади. Миллий насримизни янги ўзанга, таъбир жоиз бўлса, самимий реализм сари буриб юборди. Эскича қарашларга монанд тузсизу туссиз, руҳсизу жонсиз персонажлар гўё темир плакатлардан халқ орасига тушиб, дуппа-дуруст инсоний қиёфа касб этаётгани кўзга равшан ташланди. Дунё айвони, инсон руҳий олами кенглиги яққол намоён бўлди.

Ўзбек насри жўн публицистикага хос саёзлик, баёнчилик, ясама кўтаринкиликдан бадиий теранлик ва миллийлик сари дадил интилишга ўтди. Айни жараёнда кўплар бу уч муқтадир ёш адиб олдида ип эшолмай қолди. Учаласи ҳам тенгисиз ровий сифатида ном қозонди.

Мазкур авлоднинг пешқадам кайвониларидан бўлмиш Мурод Муҳаммад Дўст одам боласининг зиддиятларга тўла тубсиз ва поёнсиз руҳиятига ҳаммадан чуқур кириб бора олган ўзбек адибидир. Моҳирлиги шундаки, китобхонга ақл ўргатмайди, инсонни “лоқайд” кузатиш орқали холисона бадиий тасвир-тадқиқотга эришади. Воқеани муфассал тасвирлашдан намойишкорона воз кечади.

Мурод ака ҳикояга қўл урадими ёки қисса, роман ёхуд сценарийгами, эссе ёки эпистоляр жанргами, қатъи назар, ёзар экан, қўлёзмасини эринмай овоз чиқариб қайта-қайта ўқийди. Шу боис асарларидаги диалоглар жонли, енгил ва табиий. Тишига теккан жумлалар, тасвирларни “одамбашара қилиш”дан чарчамайди. Шафқатсизларча баҳридан ўтган саҳифалари қанча. Беҳад юксак ижодий қуввати ана шу бой заминдан – матонат ва сабр-тоқатдан баҳра олади.

Ўзи нақадар шўх-шодон, ҳазил-мутойибага мойил бўлмасин, асарларида ҳазинлик, баъзан шикасталик, шундай дардмандликка яраша ҳамдардлик, неклик бор.

Тархи тоза, беандоза асар “Мустафо”дан сўнг бел боғлаб ишга киришиб кетган адибнинг ўн йил ичида бир-биридан ўқишли ҳикоялари, қиссалари ва муҳташам романи чоп этилдики, энди мунаққидлар уни бадиий маҳорат ва гўзал ровийликни юксакларга кўтарган адиб сифатида улуғлай бошлади. Тасвир кўламининг кенглиги ва самимийлиги, таҳлил ва инсоний дарднинг чуқурлиги, ижодий ғайрат-шижоат ва куч-қувват бобида у жаҳон адабиётининг номдор вакиллари билан бемалол бўйлаша ва беллаша олади.

Эндиликда ўзбек насрини Мустафо, Ғуччи чол, Ибодулла Махсум, Раим оқсоқолни эслатувчи чоллар босиб кетди. Гўё кимлардир “Мустафо»ни кутиб ётган экану катта-кичик адибларимиз қаламидан бинойи-бинойи қариялар ҳассасини тўқиллатиб чиқиб келаётир, келаётир…

Саид Аҳмад “Асарингдан асарингга кўчиб юрадиган Ғуччи чол бор-ку, ўша ўзингга ўхшайди” деганида, Мурод акадан олган жавобини қаранг:
“Ғуччи акам мендан кўра ақллироқ!”

Қаерда пайдо бўлса, ўша ерда бир ҳангома, қалтис фикр чиқадиган персонаж ҳақида эмас, гўё муаллифнинг амакиси – жонли одам тўғрисида гап кетаётгандай.

Йўқдан бор қилиш иқтидори

Аммо тақдир Мурод Муҳаммад Дўст мансуб авлодга дастлаб ижодий сарафроз учун берган муддат жуда қисқа – ўн йилнинг нари-берисида бўлди. Зиммасига нафақат миллий адабиёт ўзанларини янгилаш, балки истиқлолга эришган миллат тафаккурини ўзгартиришдек ўта оғир синов ҳам тушган эди. Авлодки, истиқлолимизни ўзининг навқирон елкасида опичлаб катта қилган фидойиларнинг олдинги сафида бўлди. Эркин Воҳидов айтганидек, «Ватан ундан ёниб турган юрагини сўрарди».

Истибдод замонида пароканда қилинган улусни бирлаштириш ва жипслаштириш учун унга мустақиллик ғоясини, миллий ўзликни англатиш, “антеннаси Кремлга қараб созланган” миллионлаб одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш осон кечгани йўқ. Миллий мустақилликнинг мустаҳкамланишидан эса, аввало, шу авлоднинг – асл ўзбек зиёлиларининг ўзи манфаатдор эди. Аркони давлат хизматида қалам аҳли вакиллари кўпайиб қолгани шундан.

Истиқлолнинг дастлабки кунларидан хатчўплар четга сурилиб, шимолсевар қалъаларни забт этиш бошланди. Телеграф агентлиги – ЎзТАГдан ЎзАга айлантирилган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги уларнинг орасида муҳимларидан муҳими эди. Икки юз кишилик жамоасида ўзбекча ёзадиган бирор мухбир бўлмаган ЎзТАГда бир ярим аср ҳукмронлик қилиб келган ва “буюк миллатчилик дардига мубтало бўлган оғалар” халқимиз истиқлолига ёз ёмғири каби ўткинчи ҳодиса деб қарарди: бу авом миллат бизсиз узоққа боролмайди!

Президент Ислом Каримов 1992 йил февралида фармони олийга имзо чекиб, бош директор этиб тайинланган Мурод Муҳаммад Дўстга буюрмишки, ушбу ахборот маҳкамасини энди миллийлик сари бур, халқимиз манфаатларига созла. Шундай қилиб, “Мустафо”нинг муаллифи жанжалнинг уясига бориб тушди…

Кутилмаганда камина суҳбатга чақирилдим. Сим қоққан йигит (кейин билсам, ёрдамчи экан) Қўқон хонининг ҳудайчисидай ўта тантанавор оҳангда далолат қилди: “Сизни ЎзА бош директори жаноб Мурод Муҳаммад Дўст ўз ҳузурларига такаллум учун чорладилар”.

Бора-боргунча лабимни йиғиштиролмайман денг: “ҳузурларига такаллум учун чорладилар!” Ол-а!

Агентлик атрофи – “Ўзбекистон” меҳмонхонасидан то минорали соатгача чўзилган йўлкани ёймачилар эгаллаб олганини кўриб эзилиб кетдим. Йўқчилик ва тақчиллик азобини тортавериб, эртанги кун умидидан айрилган одамлар патинка қутисини ҳам сақлаб қўйишга ўрганмаганми, эски-тускисигача сотгани кўтариб чиққан.

Деразаларини йўғон-йўғон бетон панжаралар қуёшдан тўсиб қўйган сур ранг иморатнинг энг юқори – бешинчи қаватига чиқиб, аввал бош директор биринчи муовини Эркин Аъзамнинг эшигидан мўраладим. Акамиз телетайпдан чиқарилган материални «қонига бўяб» ўтирган экан. Ошкора мароқ билан қилаётган ишидан бошини бирров кўтариб, вақти тиғизлигини яширмади:

– Аввал Мурод акангизга учранг. Кейин яна бу ёнга кирасиз. Акангиз бир таклиф айтади. Йўқ демайсиз!..

Кенг ва узун, ерости метросидай бурилиб-буралиб кетган хонанинг тўридаги ёғоч курсида қўлини чаккасига тираб ўтирган Мурод ака анча ҳорғин кўринарди. Деворда, бош директорнинг тепасида, одатда давлат раҳбарининг салобатли портрети безаб турадиган жойда Чарли Чаплиннинг недир журналдан чалароқ йиртиб олинган оқ-қора рангли суратига нина қадаб қўйилган. Қўнғиз мўйловли қизиқчи, “бизга шуниси маъқул” дегандай ажабтовур жилмайиб турибди. Ҳайрон қолганимни сездирмаслик учун маъноли томоқ қирдим: “Зўр-ку?”

– Мансаб-мартаба – ўткинчи, – дедилар акамиз. – Санъат эса абадий.

Ажабки, бугун ўйласам, буюк масхарабознинг ярим-ёрти суратига яширинган ҳикматни аканинг ўзи ҳам билиб-билмай исботлаб қўйгандай. Мурод Муҳаммад Дўстни энди одамлар мансаб-мартабасига қараб эмас, атоқли адиб, кинодраматург, публицист, дилкаш инсон сифатида аввалгидан кўпроқ ва самимийроқ қадрлайди.

Бош директор ҳузуридаги такаллум қишлоққа ўтади ва мен кейинчалик мулоҳаза торозусига солиб кўрсам, акамизнинг ҳаётида осон куннинг ўзи кам бўлган. Болалик ва ўсмирлик йиллари қорни қора нонга тўйиб-тўймай ўтган. Нима десангиз ҳам, урушдан кейинги йиллар. Шундан биламанки, 25-30 чақирим наридаги қишлоқлар бозорига томорқасида етиштирилган мева-чевани олиб бориб сотган. “Бир эшак арава олма олиб борсак, бир этак пул билан қайтардик”, – дегани ёдимда.

Сўнг Москвадаги мусофир талабалик. Уйланиш ташвиши, ижрама-ижара кўчманчилик. Президентнинг давлат маслаҳатчиси даражасида ишлаганида ҳам сиртдан қараган кишининг кўзига маза қилиб юргандай кўринарди-ю, кўнглига қўл солиб кўрсангиз, тутаб кетарди. Атрофида бўлаётган ажойиб ва ғаройиб ишларни кўрмас, билмас эдими. Ақлли одамга ҳеч қачон осон тутиб бўлмайди. Мурод ака доим ўз тақдирига, ширин жонига, дўстлар хиёнатию диёнатига қасдма-қасд яшаётгандай туюлаверади.

У мени агентлик халқаро ахборот таҳририяти бош муҳаррирлигига таклиф қилди. Яқин-ўртада хорижий мамлакатларда мухбирлик бўйролари очилар экан. Яхши ишласангиз, инглизчангизни такомилига етказсангиз, бирортасига бошлиқ бўлиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Мен жавобан борини айтдим. Ишлаб турган жойим – “Оила ва жамият” газетасини чиқара бошлаганимга ҳали ўн ой ҳам бўлгани йўқ. Гуруллаб турган газетамни қандай кўзим қийсин!

– Беваларнинг газетасида нима қиласиз? Келинг, бирга ишлайлик.

Кўнмадим. Биринчи муовиннинг хонасига қайтиб, бўлган гапни айтсам, Эркин аканики тутиб кетди:

– Ғучча акангиз сизни лақиллатибди! Сиз замминистр, яъни бош директор ўринбосари бўласиз!..
– Эркин ака, мен…

– Гап тамо-ом! Сизки йўқ десангиз, тоғдай қалашиб ётган бу ишларни ким қилади?!

Иқрор бўлишим керак, кескин айтилган бу гапни рад қилсам – айб, акаларим – мени, мен ўзимни кечира олмас эдик.

Мурод акамиз зўр саркор эканки, хато қилишдан қўрқмасди. Кунда-кунора эски агентликдан мерос жамоани йиғиб, ўзбек тилидаги буйруғини ўқир ва йигирма-ўттиз чоғли ходимнинг рўйхатини амирона овозда якунларди: «Все эти товарищи уволены!» Яъни номлари қайд этилган шахслар янги агентликка ишга олинмайди. Йўлингиздан қолманг! Ана ғала-ғовур, ана машмаша! Турган гапки, думалоқ хатлар, судга ёзилган даъво аризалари қалашиб кетади. Қўли баланд келганларга ЎзА ишбошиси бир муддат маошидан жарима ҳам тўлаганига бугун биров ишониши қийин. Бироқ қаршисида дам уриб турган “собиқлар”нинг дўқ-пўписаларидан пусиб кетса, акамиз Мурод Муҳаммад Дўст бўлармиди! Дор тагида турса ҳам, айтганидан қайтмайдиган бир динли йигит!

Давлат сиёсати, давлат идоралари, давлат тили ҳали шаклланмаган, ҳар ким ўз билганича тўн бичишга уринаётган, иқтисодиёт жар ёқасига келиб қолган ўта мураккаб кезлар эди.

Ҳаммасидан аянчлиси – ҳар қадамда уруш шарпаси сезиларди. Россия чеченларга қарши қонли можаро гирдобига тортилган, Арманистон билан Озарбойжон ўртасидаги жанжал барҳам топгани йўқ, Грузия билан Тожикистонда давом этаётган биродаркушлик муҳорабалари акссадоси дунёни ларзага солиб турар эди.

Чегарамизнинг нариги томонида кеча шўро коммунистларига таяниб салтанат эгаллаган-у, энди пушти паноҳсиз қолган Афғонистон президенти Нажибуллони толиблар осган, Қозоғистон билан Қирғизистон митинглар ботқоғига ботган. Бугун ҳайратларга тушади одам, минтақадаги шунча талотўп, шунча ёнғин ва жанжаллар орасидан Ўзбекистонимиз қандай тинч-омон чиқиб кета олди экан?!

Янгидан ташкил этилган агентликда гоҳида ярим варақ расмий хабарни эплаб ёзадиган шудли журналист топилмайди. Бир гал Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўзи, кейинги сафар Эркин Аъзам тадбирга раҳбар мақомида бориб, мухбир сифатида қайтади ва келасолиб материал ёзишга киришади. Агентлик иши доим қисталанг. Бош директор машинкасини чиқиллатишга тушса, биринчи ўринбосари кепак қоғоз устида ручкасини қитирлатади. Сўнг бу қўшга мен қўшилдим. Бош директор материаллар «бадиийроқ, ўқишлироқ» бўлгани тузук деса, биринчи муовин қисқароқ, пухтароқ ва тезроқ ёзилиши тарафдори. Чунки ҳали ўрисчага таржима қилиниши керак.

Бошида недир регламентга асосланиб, “дўконимиз”ни кечи билан соат олтига қолар-қолмас ёпар эдик. Кейин ҳеч бўлмаса, яна бир соат кутинглар, деган “илтимос” бўлди. Сўнг бу илтимос “Котта ҳали шўтталар” деган “важ”га ўтди. Бора-бора тонггача қолиб кетишимиз одатий ҳолга айланди.

Мустақиллигимизнинг бошида ҳисобот сўрашга кўпчиликнинг журъати етмасди, чамаси. Етса ҳам, ушлаганини қўйиб юбормайдиган Мурод акадан “улуши”ни оларди: “Яна шўро замонига қайта бошладикми, оғажон? Қоғозбозлик қилмасак кунимиз ўтмайди-да, а?..”

Кечга яқин акаларимизнинг юз-кўзига қарагулиги қолмайди. Ҳорғинки, гўлаҳнинг бетидай қорайиб, куйиб кетади бечоралар. Мурод ака агентликнинг молиявий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилолмай жони ҳалак бўлса, Эркин ака материалларни йўқдан бор қилгунича боши ғовлаб кетади. Икки улкан иқтидорнинг бу кунларини кўриб, қаламини мардикорнинг кетмонига алмашибди, деган хаёлга борасиз.

Кишвар иқтисодиётининг ҳоли танг. Магазинлар шип-шийдам. Қўлингизга теккан куни бозорда икки кило гўшт берган маошингизга ой охирида бир кафт писта ололмайсиз. Гиперинфляция қутурган дамлар. Аллақачон кунпаякун бўлган, лекин зарбхонаси Россияда амал-тақал ишлаб турган қизил салтанат рубли чўққидан қулаган харсангдай қадрсизланиб, ҳаммани жарга тортиб борарди.

Фуқаролар, корхоналар, туманлар, вилоятлардан то энди мустақилликка эришган давлатларгача ўзаро иқтисодий алоқалар мавоза – бартерга ўтган. Боғча болаларидек, ўзаро нарса алмашади: сен менга керосин бер – мен сенга пахта бераман, сен менга туз берсанг, мен сенга гугурт беришим мумкин. Хорижий валюта деган атаманинг номи бор-у ўзи анқонинг уруғи.

Оқибати аён: ҳамма топган-тутганини кўчага кўтариб чиқарди. Бу бозорда маза қилган арақ, шароб, тамаки корхоналари ишчи-хизматчилари бўлса, қийналган – пенсионер, муаллим ва ногиронлар эди. Бу шўрлик қавмнинг неча ойлаб қўли пул кўрмасди.

Вазирлар Маҳкамасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ёқилғи-мойлаш материалларини ҳар ҳафта тонналаб эмас, гўё граммлаб тақсимлайди: қишлоқ хўжалигига бунча – экин-тикинни бошлашимиз керак. Понимаете?.. Транспортга бунча. Автобуслар, таксилар, “тез ёрдам” тўхтаб қолмасин. Понимаете?..

Бутун бир мамлакат бисотидаги ёқилғи икки “понимаете?”дан ортмайди.

Бир гал Мурод ака менга, яъни ўринбосарига маслаҳат солгани ёдимда. Ходимларга ойлик берайлик десак, давлат ғазнасида ақча йўқ. Ҳозиргина молия вазири Эркин ака Боқибоев билан гаплашдим. Аҳвол чатоқ. Узунқулоқ гапларга қараганда, «Ватан» газетаси ҳисобида дўржигина маблағ бор. Балки беш-ўн сўм қарз бериб турар. Албатта қайтариб берамиз. Бир разведка қилмайсизми?

Янги ташкил этилган “Ватан тараққиёти” партияси нашрининг бош муҳаррири Ёқубжон Хўжамбердиев сўзимни синдирмади, лекин шарақлаб кулди:
– Минг отли бойнинг бир қора пиёдага иши тушибди-да?..

“Минг отли бой” – ЎзТАГ, шўро замонида ой туғсаям, кун туғсаям шу агентликни деб туғиб келган. ЎзА – энди мустақилликка эришган мамлакатнинг ягона ахборот маҳкамаси. Миллий валютамиз – сўм муомалага киритилгунча бақувватроқ корхоналар раҳбарларига “отанг яхши, энанг яхши, сен улардан ҳам яхшисан” деб, қарз олиб, юзлаб ходимига маошу қаламҳақи бериб турган бош директоримизнинг ўша вақтдаги ойлиги совет рублида мўмайгина кўрингани билан америка пулига чақсангиз, эллик доллардан ошмас эди, десам, бугун ишонмайсиз, албатта.

Мурод аканинг бир фазилатига ҳамма тан беради: биров ранжитса, қўйнига тошга солиб, майдалашиб юрмайди: на ғарази бор, на кини. Ҳазил-ҳузулга олиб кетаверади. Бир ишчи-шоирнинг ашъоридан икки сатрни такрорлашни хуш кўргани-чи: “Мани ёмон деманг, дўстлар,//Одамнинг бир туридирман”.

Муаммо бошдан ошиб ётганига қарамай, одамларнинг завқи баланд: муҳими, Ватан мустақил! Ўзбекистон бино бўлганидан бери бундай кўтаринкилик, ғайрат-шижоат ва садоқатни кўрмаган. Маош камлиги, иш оғирлигидан зорланганни учратмайсиз.

Кўп ўтмади, серғайрат акаларимиз ЎзАни миллатпарварлик, ватанпарварлик ва илму маърифат йўлида жипслашган фидойи ижодкорларнинг муҳим минбарига айлантирди.

Шу жойда “Мустафо”даги баъзи сатрлар ёдга тушади: “Энди ўйлаб қарасанг, ақл бовар қилмайди. У замонда ғайратдан бошқа ҳеч нарса йўқ ҳисоби эди. Йўқдан бор қилишди”.

“Ёзиш санъат бўлгани каби…”

Акамиз сиёсатдек ўта нозик мавзуга қалам ургудек бўлса ҳам, ўша самимий тил, ўша ҳазиломуз лаҳжа, ўша журъат-жасорат бўй кўрсатиб туради. Шўронинг сийқаси чиқиб кетган бир тийинлигидай ялтоқи жумла, ибора ва атамаларни учратмайсиз. Уларни қўллашдан ор қилади, тўғрироғи, ирганади. Ақл ўргатишга, китобийликка аллергияси бор.

Бугунгидек ёдимда, Мурод Муҳаммад Дўст дейилса, тақиқчиларнинг ҳуши бошидан учган чоғлар кўп бўлган. Истиқлолнинг дастлабки йилларида «Туркиядан Туркиягача» мақоласида Президентни Ислом Карим деб атаганидан ваҳимага тушган собиқ цензуранинг собиқ раҳбари ўзини осиб қўйишига сал қолган эди: “Давлат раҳбари сенга шоир бўлдими?! Нега расмий памилиясидан «ов»ини олиб ташлайсан?!”

Акамизнинг тантилиги шундаки – давлат раҳбари билан бирга ишлаган даврда йўл қўйилган хатоларга ўзини шерик деб билади, буни мардларча тан олади: “Мен унинг ҳамма гуноҳларига шерикман”. Ҳали бирор сиёсат арбоби иқрорини бу йўсин очиқ айтганини эслай олмайман.

Биринчи Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, Матбуот котиби, нуфузли агентликларнинг вазир мақомидаги раҳбари, миллий парламент депутати, Давлат мукофоти соҳиби… Ўзбекнинг кўзга кўринган адиби, нуфузли давлат ва сиёсат арбоби…

Чин адабиётшунослар ҳақли равишда таъкидлаганидек, бу вақтга келиб Мурод Муҳаммад Дўст реал воқеликдан узилмаган ҳолда ўзининг ўзига хос дунёси – Галатепани яратган эди.

Илгари адибга ўгай кўзи билан қараган мунаққидлар энди бири олиб-бири қўйиб унга фазилат улашишга киришиб кетади: таниқли, атоқли, улуғ. Буюклик даражасига кўтарганлари ҳам йўқ эмас. Мана бир иқтибос: “Тенгдошлари каби Муроджон ана шу оддий, жўн, балки қўпол, дағалтабиат одамлар феъл-атвори, қалбидаги нурли жиҳатларни, юксак маънавий бисотни, ўтда куймайдиган, сувда чўкмайдиган оташин севги туйғуларини кўрсатишга, аниқроғи, тараннум этишга эришади”.

Нима десангиз денг, акага ҳаммаси ярашади! Ҳатто трамвайда юриш ҳам. Миршаблар шоша-пиша честь берадиган “пошшойи машинаси”ни қўйиб, ўзига қолса, трамвайда ишга келса! Тарақа-туруқию санамлардай солланиб юриши, релсларининг ғийчиллаши аллалагандай бўлармиш!

“Орзумга етолмаяпман, – дея ёзғириб қоларди баъзан агентлигимиз дарғаси. – Ҳар куни эрталаб шофёр бўсағамга келиб туради. Нима қилай, ҳукуматнинг пули куйсинми?”

Адибни китобхонлар айниқса, ёшлар ана шундай тантилиги, жўмардлиги, самимияти учун ҳам севади. Унга интилишдан ва тақлид қилишдан тортинмайди. Интернетдаги оммавий гурунгхоналардан бири муҳташам романи номи билан «Лолазор» деб аталгани ва атоқли ёзувчи, катта сиёсат қозонида обдан қайнаган дониш арбоб, ҳурфикрли инсон Мурод Муҳаммад Дўстнинг ушбу электрон нашрда эълон қилинган уч соатлик суҳбатини қарийб бир ярим миллион муштоқ мухлиси томоша қилгани бунга далилдир.

Мурод аканинг турган-битгани, ёзган-чизгани, айтган-айтмагани, бутун ҳаёти – ҳангома. Қай бири чин, қайсиси тўқима – ўзиям аниқ билмаса керак. Ҳавасингиз келади. Адиб ўша муҳитда маза қилиб яшайди, маза қилиб ёзади, маза қилиб… изтироб чекади. Аслида, Мурод Муҳаммад Дўст ижоди ва фаолиятининг ўзига хослиги ҳам шунда.

Саксонинчи йиллар аввалида кўзи ожизлар жамиятининг “Бир сафда” – “В одном строю” журналида ишлаган кезларимдан биламан. Москвадаги Адабиёт институтини энди тугатиб келган акамиз киностудияда ишлаш баробарида, “қоринома”да касаначи-тилмоч эди. Ҳозиржавобликда тепкиси тортилган милтиқдай. Юзинг-кўзинг деб аяб ўтирмайди. Пақ этиб отади, тил тортмай таслим бўласиз-қўясиз.

Ҳаётга мутойиба кўзи билан қарайдиган адиб ҳақидаги ҳангомаларни қандай эсламайлик? Ислом Каримовдай ўткир одамни ҳам баъзан лол қолдиргани афсона ёки ривоят эмас. Мана, ўша йилларнинг айрим гурунглари:

– Фалон мамлакат президентининг матбуот котиби кунда-кунора Россия телевидениесида чиқади. Сен Матбуот котиби бўлганингдан бери бирор марта экранда қорангни кўрсатмадинг, Мурод!

– Тўғри-да, Ислом ака.
– Нимаси тўғри?
– Ўша матбуот котиби президентидан кўра ақлли-да!..

Ана энди акамиз битта ўқ билан нечта қуённи урганини ўзингиз санаб олаверинг! Айни замзамалар у кишига ярашганини айтмайсизми! Ярашишда ҳам гап кўп-да!

Бошқа бир сафар икковлон маъруза матнидаги бир жумла хусусида тортишиб қолади ва адиб вазиятдан усталик билан чиқиб кетади:
– Ислом ака, келинг, пошшо пошшолигини, ёзувчи ёзувчилигини қилсин.

Ўн йилча бурун Мурод ака билан бирга тушлик қилиб ўтирган эдик. Гап машинадан очилдию қандай фалокат босиб, фикримни айтиб қўйдим:
– Фалончи юз минг долларга аллатовур мошин опти. Шу пулга олтитами-еттита “Нексия” беради-ку?

– Қўяверинг, оға, – деди акам ўйлаб-нетиб ўтирмай, – шу пулга беш юзта эшак ҳам беради!

Бир куни мажлисга кетаётсам, дарбонлар дарвозани очмайди. “Тинчликми?” “Узр, ака, котибият раҳбаридан рўхсат бўлмаса, чиқаролмаймиз”. Ади-бади бошланди. Рост-да. Котибият мудири қўл остимдаги одам бўлса, нега унда рўхсат сўрашим керак? Топшириқни қулоқ қоқмай бажаришни муқаддас тузук деб билгувчи юлдузли қаҳрамонлар дарвозани саркотиб айтганидан кейингина очишди. Эртаси куни яна шу жанжал: дарвозанинг олдида туриб қолдим. Ҳангоматалаб шофёрнинг оғзи – қулоғида, менинг фиғоним – фалакда.

– Бу қандай майнавозчилик?
– Мурод аканинг топшириғи шундай, – мудир жаноблари. – Сендан рўхсатсиз ЎзАнинг бирорта мошинаси кўчага чиққанини кўрмайин, деган.
– Ахир мен ўйнагани кетаётганим йўқ-ку! Замдиректорман?!
– Замларнинг машинасиям энди менинг рўхсатим билан чиқади!..

Машинадан ирғиб тушдим-да, бош директорнинг хонасига отилиб кирдим:
– Бу қандай гап, Мурод ака?.. Шундай буйруқ берганингиз ростми?…

Бундай пайтларда, пинак деган нарсани ҳамма бузиши мумкин, лекин Мурод Муҳаммад Дўст мўйловининг учиниям қимирлатмайди. Қимирлатмай ўлдиради.

– Рост, оғажон, рост, – деди бепарво. – Котибиятнинг каттаси билан ораларингдан қил ўтмайди. Қалин ошнасилар. Икки зўр бирлашиб кетса, нима бўлишини ким билади, дейсиз. Бу ёқда бензин тақчиллиги айтинг. Салтанатга хавф туғдириши мумкин. Биласиз-ку! – Тепасидаги салобатли портиретга ишора қилди. – Ўзларидан ўрганганмиз-да!

– Салтанат аҳлининг нағмаси кўп бўларкан-да! – дедим қоним қайнаб.
– Кўп, оғажон, кўп. Ҳали кў-ўп кўрасиз.

Адибнинг фикрича, буюк миллат, буюк халқ ва буюк инсонгина ўз устидан кула олади. Грузинларни олинг, яҳудийларни олинг, ўзи ҳақида юзлаб-минглаб латифалар тўқиб, дунёни қойил ва маҳлиё қилиб келади. Раҳматли Саид Аҳмад акада бор эди шундай улуғлик. Рауф Парфи дунёнинг устидан кулиб ўтди. Биз-чи? Бирор латифа айтиб, одатларимиздан кулсак, ўша заҳоти бир тўда одам ғулғултовуққа ўхшаб бошимизга бостириб келади: «Нега халқимизни ҳақорат қиласан?»

“Ўз руҳини некликка созлаган” адибнинг аслзодаларга хос, аммо димоғида мўътабарлик даъвоси йўқ, улуғвор чеҳраси доим очиқ, юзида мардона табассум, қадди доим ғоз, елкаси доим тоғдай. Ҳар хил гаплар орага тушиб, дасиса қўпса, тош босадиган томонга қийшаядиган шайинтарози палласи ҳам, ҳаловатсевар замонасоз ҳам эмас у.

“Мустафо”дан техника асрининг яққол нуқсини астойдил қидириб ҳам тополмадим. Ўйладим: Мурод Муҳаммад Дўст чин ихлос қўйган “Зарбулмасал” муаллифи Гулханий ҳазратлари уч аср наридан уйғониб келсалару мазкур қиссани ҳатм қилсалар, нима бўлар эди? Тушунардилар. Яна ўйладимки, тинчлик, омонлик бўлсаю шу асар уч асрдан кейин, яъни икки минг уч юз йигирма бешинчи йил одамининг қўлига тушиб қолса-чи? Ўқиб тушунармиди? Иншооллоҳ!

Техника, технологиялар бутунлай юксалиб, ўзгариб кетиши аниқ. Балки инсоният Заминни тарк этиб, бошқа сайёрада макон қурар, бугунги неъматларимиз жўн бир озиқага алмашишини ҳам тасаввур қилсак бўлади. Бироқ одам боласининг кўнгли, ожизликлари, буюклиги, нафси ўзгармайди. Йигирма тўртинчи аср одами ҳам Мурод Муҳаммад Дўст даврида ёки Гулханий ҳазратлари замонида умргузаронлик қилган аждодлари каби хом сут эмган бандалигича қолаверади. Бир-бирига меҳр қўйиши, севиши, нафратланиши, хиёнат қилиши турган гап.

Сунъий идрок инсон ўрнини тугал босолмаслигининг асл сабаби ҳам шунда: унда бандасига хос кўнгил йўқ ва бўлмайди ҳам. Негаки, сунъий идрокни инсон яратган.

“Мустафо” чоп этилганидан бери қарийб ярим аср ўтди. Комфирқа кетди, шўровий кетди, комсомол кетди, цензуранинг расман қораси ўчди. Даврону тутумлар, салтанатлар ўзгарди. Устози бузруклар сафидан жой олган “уч оғайни ботирлар”нинг гулдуроси сусайгани йўқ. Янги асарлари янги баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Интиқлик билан ўқилмоқда.

Дунёда ўзгармаган нима қолди ўзи? Вақт ўз ҳукмини ўтказа олмагани – уларнинг асарлари. Ана, “Мустафо”даги чоллар ўзгармабди, эскирмабди. Китобхонлар меҳри ўша-ўша – баланд.

Ўзгаргани – янги ўзбек насри авлодининг забардаст вакили Мурод Муҳаммад Дўст миллий адабиётимизнинг бадиий такомили тарихида бутунлай янги даврни бошлаб берган азамат санъаткорлардан бири сифатида тан олингани. Ёзувчилар билан киноижодкорларнинг бошини қовуштирганию умуминсоний мавзулардан баҳс юритувчи самимий фильмлар экран юзини кўргани ва кўраётгани. Ўзбек киноси миллийлик сари дадил юз бургани.

Чин санъаткор бўлар-бўлмасга ҳар томон шох ташлайвермайди. Муттасил ёзишдан кўра, муайян даражага етганда тўхтаб, тин олиши янгилик эмас. Қаламдош ошнаси Эркин Аъзам “Ёзиш санъат бўлгани каби, сукут сақлаш, жим туриш ҳам бир санъатдир”, деганида ана шундай сокинликни назарда тутган бўлса ажаб эмас. “Эркиннинг ёзганларида ёлғон йўқ”, деб ошнасининг мардлигидан қувонади Мурод Муҳаммад Дўст.

Бу кун адабий давраларда Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўзига хос ижодий сукути ҳақида тахминлар кўпайган. Биров унинг янги асарини интизорлик билан кутаётганидан гапирса, кимдир “истеъдоди сўнганидан қилар каромат”. Нима бўлганда ҳам, соғинч бор! Ўзбек миллий насрини юксакларга кўтарган забардаст ёзувчининг янги асарларига ташналик бор!

Табиатан шижоатли инсон Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг жўшқин фаолияти, муҳташам асарлари ва самимий сўзи билан халқимизга сидқи садоқат билан хизмат қилиб келди. Мудом шундай бўлиб қолгуси.

Хаёлга эрк берсак-бермасак, кўзим етиб турибди – акамиз эрта бир кун янги асарини эълон қилса, ҳайратдан оҳ уриб юборамиз:
– Ёзишни қотирасиз-да, Мурод ака! Қойил!..

Ўша саодатли кунларда ўзбекнинг азамат санъаткори берадиган жавобни-да аниқ биламан:
– Ёмон ёзолмасам нима қилай, оғажон?!.

Манба: “Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.

Murod akaning turgan-bitgani, yozgan-chizgani, aytgan-aytmagani, butun hayoti – hangoma. Qay biri chin, qaysi toʼqima – oʼziyam aniq bilmasa kerak. Havasingiz keladi. Аdib oʼsha muhitda maza qilib yashaydi, maza qilib yozadi, maza qilib… iztirob chekadi. Аslida, Murod Muhammad Doʼst ijodi va faoliyatining oʼziga xosligi ham shunda.

“ODАMZOD BIR KUYKI,
TАLQINI MING XIL”
Qulman OCHIL


Murod akaning turgan-bitgani, yozgan-chizgani, aytgan-aytmagani, butun hayoti – hangoma. Qay biri chin, qaysi toʼqima – oʼziyam aniq bilmasa kerak. Havasingiz keladi. Аdib oʼsha muhitda maza qilib yashaydi, maza qilib yozadi, maza qilib… iztirob chekadi. Аslida, Murod Muhammad Doʼst ijodi va faoliyatining oʼziga xosligi ham shunda.

Yangi nasr avlodi

Аkamizning azim shahardagi sershovqin davralarni tark etib, goʼyo oʼz ijodiga qoʼl siltaganday ona yurti Jomga langar tashlaganiga, adashmasam, besh yil boʼlay deb qoldi. Jom deganimiz, kamida yigirma-yigirma besh chaqirim choʼzilib ketgan qishloq. Bir uchi qorli choʼqqilarga yaqinlashib borsa, etagi choʼlga tutash. Havosi xush, shabbodasi yengil, sokin bu goʼsha Murod Muhammad Doʼst adabiy xaritaga muhrlagan gʼaroyib makon – Galatepani eslatadi.

Hovli-harami joyida adib besh-olti tanob keladigan daraxtzorida kuymalangani, kuymalangan. Bu odat kayvoni otasidan oʼtgan. Rahmatli, kolxoz raisiman deb oʼtirmas, qoʼlidan ketmonu bel, tokqaychiyu teshasi tushmas edi. Аdib asarlarida mehr bilan tasvirlangan Raim oqsoqol siymosida otasining ham sharpasi borday.

Аkaning aytishicha, tiyramohda qargʼa koʼpayadi. Qora bulutday yopirilib kelib, daraxtdagi yongʼoqni choʼqib tushiradi, toshga urib chaqadi. Chaqqan joyida qay goʼrdandir zagʼcha yoki mayna paydo boʼladiyu magʼzini ilib ketadi. Qoqbosh qargʼa ogʼzidagi oshini oldirib, jon achchigʼida qagʼillagancha qolaveradi – rahmingiz keladi.

Tamaddunu siyosatdan xiyla uzoq, ovloq Galatepa fuqarolari oʼzining insonga xos jamiki fazilatu qusurlari bilan kitobxonlar koʼnglidan allaqachon muqim joy oldi, muallif esa milliy adabiyotimizning zabardast vakili maqomiga erishdi desak, aslo lofi yoʼq.

Qoq poʼstak ustida qotgan non yeyishdan ham huzur topadigan avomshunos oyogʼini shahardan butkul uzib ketgani yoʼq, albatta. Uzlatni afzal bilganidan poytaxt juda huvullab qolmagandir-u, lekin zahmatkash adib qishlogʼida farogʼat topganiga ishongimiz keladi. Ovozi guldiragan, nigohi va tili bir odam ilgari – katta siyosat maydonida ot surgan kezlarida qanday boʼlsa, hozir ham shunday: davralarning guli!

Zavqlanib eslayman: shunday kunlar, oylar, yillar boʼlgan. Yangi oʼzbek nasridan soʼz ketsa, yosh adiblardan “uch ogʼayni botirlar” nomi birinchi boʼlib tilga olinardi: Erkin Аʼzam, Murod Muhammad Doʼst, Xayriddin Sulton.

Oradan yarim asr oʼtdi. Bir mayizni boʼlishib yegan uch ogʼaynining orasi ham, ayni sanoq ham buzilgani yoʼq. Endi ular shuhrat qozongan adib, taniqli siyosat va madaniyat arboblari. Kitoblari boʼyogʼi qurimay tala-tala boʼlib ketadi.

Аdabiyotimiz osmonida yulduzdek porlagan yangi avlodning paydo boʼlishini atoqli shoir Erkin Vohidov 1980 yili zavqlanib shunday qayd etgan: “Ohista, iymanib, ulugʼlar qoshida choʼchinqirab emas, shaxdam, dadil, bamisoli toʼyxonaga kelgan oʼspirin kuyovnavkarlardek olatasir va suron bilan kirib keldi. Biz bu “bosqin”ni koʼpdan kutgan edik, intizorlik bilan poylagan edik. Shunday kun keldi”.

Аdabiyot darbozasini taqillatmay, shovqin-suroni bilan betakalluf kirib kelgan, boz ustiga, andak betgachoparu kibrli mehmon qay zamonda xushnud qarshi olinibdi? Donishmand shoirning oʼt-olov yoshlarga ulkan mehr bilan “biz bu “bosqin”ni koʼpdan kutgan edik” degan lutfida orzulari moʼl avlodning dadil hifzi himoyasi yaqqol boʼy koʼrsatib turgani shundan. Eʼtirofda koʼproq shoirlarga nisbat berilgan boʼlsa-da, u zamonning yosh nosirlari solgan gulduros ham aslo kam emas edi.

Gazeta-jurnallar, radio-televidenie, choyxonayu mayxonalar, talabalar auditoriyalarida yangi avlod adiblari asarlari haqidagi tortishuvlar qizigandan qizirdi. Oʼzim guvohman – talaba boshimdan oʼtgan.

Taqiq va taʼqiblar sirtdan susayganday koʼrinsa-da, sotsialistik realizm degan taʼlimotning temir qoliplari hali sinmagan, chetga surilmagan bir davr; hammaning joniga tegib, hammani charchatgan, hatto adabiyot va sanʼat boshliqlarini ham bezdirgan daqqi talablar hamon amalda edi.

Bu taʼlimotning metin qoida va talablarini derazalariga qalin panjaralar urilgan Kremldagi kabinetlarda, beliga yoʼgʼon kamar, kamariga besunaqay mauzer taqqan charm kamzulli inqilobchi komissarlar ishlab chiqqan va shafqatsizlarcha joriy qilgan edi.

Taʼlimotki, sirtdan qaraganda gʼoyat ezgu, insoniy va adolatliday koʼrinsa-da, adabiyot va sanʼat amalda yakkahokim mafkuraga majburan nikohlab qoʼyilgan joriyaga oʼxshardi. Partiya-hukumat im qoqsa, ijod ahli “labbay” deb javob berishga mahkum. Keyinchalik Murod Muhammad Doʼst taʼkidlaganidek, “davlat yetaklagan adabiyotda maddohlikdan oʼzga barcha janrlar tanazzulga yuz tutadi”.

Yangi nasr avlodi ana shunday talotoʼp davrda adabiyotga gulduros solib kirib keldi. Аmmo bu gulduros minbarlaru davralarda emas, ularning gohi oʼychan, gohida maʼyus, gohida esa shoʼxchan, lekin oʼta hayotiy va samimiy hikoyalari, qissalari, romanlari va publitsistikasida baralla sezilib turardi.

Аyni algʼov-dalgʼov kunlarning birida – 1979 yili “Sharq yulduzi” jurnali sakkizinchi sonida yosh adib Murod Muhammad Doʼstning “Chollardan biri” (asliyatida va keyinchalik – “Mustafo”) qissasi chop etildi. Koʼpchilik, jumladan asar eʼlon qilinishida bosh-qosh boʼlgan jonkuyar adib, jurnal nasr boʼlimi mudiri Shukur Xolmirzaev ham “Mustafo” qoʼlyozmasini oʼqib, hayron qolganini yashirmagan: “Аsaringiz nima haqda oʼzi, Murodjon?”

Kelbati yozuvchidan koʼra Eski shahar koʼchalarida vahima qoʼzgʼab yuradigan yoʼltoʼsar koʼzirlarga tortib ketadigan, moʼylovi labini yashirib, qalin qora sochi yelkasiga tushib turgan qotma yigit, goʼyo shunday savolni kutganday, goʼyo oʼzi kabi shiddati oshib-toshib borayotgan shoir oshnasi Usmon Аzimni nazarda tutganday, mujmalroq javob qiladi: “Usmonboy oqshomlari qoʼshiq aytadi. Shu haqda”.

Аslida qissa qahramoni Mustafo cholga farzand tutingan yigitning ismi shunday – Usmonali.

Shu-shu ikki adibning gurunglari qovushib ketadi. Bu ahillikka ularning biri-birinikidan qolishmaydigan artistlik iqtidori-da sabab boʼlgan, chogʼi. Shukur Xolmirzaev oʼz vaqtida talabalar teatrida Hamlet qiyofasida sahnaga chiqqan, Murod Muhammad Doʼst koʼplab filьmlar yaratilishida bosh-qosh boʼlgan, stsenariylar yozgan, rollar ijro etgan.

“Yozolmay qolsam, – deydi Shukur aka oʼzi haqidagi hujjatli filьmning yakunida, devorda osigʼliq turgan ov miltigʼiga ishora qilib, – Ernest Hemingueyga oʼxshab oʼzimni oʼzim otib tashlayman!”

Oʼsha kezlar “Oʼzbekkino” davlat agentligiga rahbarlik qilib turgan sadoqatli ukaga ustozning bu iqrori yoqmaydi: “Iltimos, shu sovuq gapni olib tashlaylik, Shukur aka, agar yozolmay qolsangiz, oʼzim borib sizni otib kelaman!..”

Ukaning “Dashtu dalalarda” hikoyasi chop etilganida aka birinchilardan boʼlib qutlaydi: “Yaxshi yozibsiz, janim!”

Murod Muhammad Doʼstning ayni lutfga javobi qalam ahli oʼrtasida hikmat kabi tilga tushib, urfga aylanib ketadi: “Yomon yozolmasam nima qilay?”
Bir gal aka suyunchilab aytadiki, hey, zoʼr familiya topdim: qip-qizil oʼzbekcha!

Uka akasining qoʼlini oladi: “Zoʼr ekan. Menga soting, jon ogʼa!”

Аdabiy personajga mos ism topish mashaqqatini yaxshi biladigan aka taysallagisi keladi: “Oʼzimga kerak, janim! Lekin narxini kelisholsak, mayli, sotishim mumkin”.

Sotarmon bilan olarman oʼrtasidagi nebir bordi-keldilardan soʼng savdo pishadi. Uka bir qadah pivoning narxi – yigirma kopeyka toʼlab, noyob familiyani oʼziniki qilib oladi va adabiyotimizda ulkan voqea boʼlgan mashhur “Lolazor” romanining bosh qahramoni Nazar Yaxshiboev kitobxonlar mehrini qozonadi.

Masalaning nozik jihati

“Mustafo” oʼzi nima haqda?” Oradan ellik yil oʼtayotganiga qaramay, hali-hamon shu savolni beradigan duppa-durust odamlarga duch kelamiz. U zamonning adibu munaqqidlari-ku hayron qolgani, hatto choʼchib ketgani aniq.

Stalin davrida qatagʼonga uchrab, Qozogʼistonning Jezqazgʼan viloyatidagi mis konida necha yil tirnoq bilan yer kavlagan adib Said Аhmad keyinchalik, “koʼp chiroyli voqealar” topganini, lekin qoʼrqqanidan yozolmaganini nadomatlar bilan eslagan edi: “Tazyiqning qoni sovimagan, nafas olib turgan paytlari edi. Yana qamab qoʼyadi deb qoʼrqardim”.

Mustabid tuzum ne-ne ulugʼlarimizni ana shunday – yuraksiz qilib qoʼygan ediki, asarlariga kommunistik ruh va gʼoyani tuflab yopishtirishga majbur boʼlgan ular.

Komfirqaning navbatdagi sʼezdida sovet yozuvchilari zimmasiga yangi vazifalar yuklanib, sotsialistik realizm nazariyasidan chekinish aslo mumkin emasligi va bu boradagi har qanday ogʼmachilikning oldini olish partiya tashkilotlarining muqaddas burchi ekani yana bir bor alohida uqtirilgan.

Markaz qamchisini qarsillatganda milliy, toʼgʼrirogʼi, vassal oʼlkalarda “labbay” deb javob berilishi va “qon chiqarilishi” shart edi. Oqsoqol adiblarga tixirlik qilolmaysiz, sababi maʼlum: badiiy mahorati haminqadar boʼlishi mumkin, biroq siyosiy jihatdan gʼoyat hushyor, pishiq-puxta. Komfirqa belgilab bergan “ulugʼ yoʼl”dan yuraverib tovoni, gʼoyalarini targʼib qilaverib qoʼli qadoq boʼlib ketgan.

Bunday vaziyatda ijod maydonida hali suyagi qotib-qotmagan “mahmadonalar”ni qurbonlikka tortishdan qulayi bormi?! Oʼshalarni tanqidga nishon qilish, oʼshalarning boshini qayirib, hali moʼrtligida shoxini sindirib olish kerak, toki gʼoyaviy-siyosiy shakkoklik koʼchasiga bosh suqa koʼrmasin!

“Sovet xalqi parvozni baland olib, kommunizm sari dadil odimlayotgan bir davrda oʼta toʼpori, mute, xokisor Mustafoni ezgulik va halollik ramzi deb boʼlarmikan?”

Joyi keldi, aytib oʼtaylik, «Yozning yolgʼiz yodgori» qissasi muallifi Xayriddin Sultonning boshiga oʼsha kezlarda ana shunday siyosiy ayblov – tazyiq choʼqmorining yanada kattarogʼi tushgan ediki, ayni tarix alohida mavzu.

Boyagi savolni bergan munaqqid oʼzicha javob topgandek boʼladi: bu hol Mustafo kabi odamlar uchun ogʼir koʼrgulik, boshqalarga achchiq saboq. “Masalaning shu tomonini unutmaslik lozim!” Sezgandirsiz: tanqidchi nimadandir choʼchiganday, xijolat tortganday, kimdir qulogʼiga shivirlagan iddaoni – qalam ahliga qoʼyilgan qatʼiy talab, ayon poʼpisa va siyosiy aybni bayon etgan. Stalin zamoni boʼlganida, bunday shakkoklik uchun yosh adib boshiga jadidlarning qora kuni tushar, yot unsur sifatida peshonasidan otilmasa ham, Sibirь oʼrmonlarida oʼn-oʼn besh yil daraxt kesishga mahkum etilar edi.

Qissa qahramonlari dushman pulemyoti miliga koʼksini qalqon qilmaydi, choʼllarga suv chiqarib, ufqqa tutashib ketgan paxta dalalarida injiq tabiat ustidan gʼalaba qozonmaydi, ilm-fan sohasida olamshumul kashfiyotlarga yoʼl ochib, jasorat koʼrsatmaydi, avomni porloq kelajak sari boshlamaydi. Qisqasi, ular “katta hayot oqimidan chetda qolgan passiv, xokisor personajlar”.

Birovga ozor bermaydigan, hech kimning ishiga aralashmaydigan, oʼzi bilan oʼzi boʼlgan Mustafo cholning turmush tarzi shunday: “omoch bilan yer tirnab qovun-tarvuz ekadi, makka ekadi”. Hunarli – tikkan toshtovon etiklari, ot jabdugʼi xaridorgir. Chirgi tikayotganda kalavaga mum yediradi. Yedirmasa, ertasi kuniyoq chirib tushadi. “Ot bu senga xonning xotini emas, terlaydi”.

Mustafo tengi odamlarning bari tayoqqa suyanib qolgan. Tayoqqa suyanmagani iyakka suyangan – ezma. Mustafo kamgap. Koʼp oʼylaydi, mulohaza qiladi. Na iddaosi, na taʼnasi seziladi. Oʼzi yuvosh koʼringani bilan or-nomus masalasida qattiq turadi. Xudodan qoʼrqadi, bandadan sharm qiladi. Bir soʼz bilan aytganda, imoni butun odam. Toʼshakda jon talashib yotganida odamlarning odamday muomalasini koʼrib, goʼdakday quvonadi.

Kampiri esa boʼrdoqi qoʼchqorlarning terisini erinmay oshlaydi, keyin poʼstak tikadi. Jun savaydi. Ikkoviyam keksa odam emasmi, qishda poʼstak kuniga yaraydi.

Chol-kampir “oʼzi loydan yasab olmasa, unga tegadigan xotin yoʼqligi”dan oʼksinib yuradigan ichongʼich Usmonali shu hovlida ularning chirogʼini yoqib oʼtirishini orzu qiladi. Toki, koʼrgan odam bu uy kimning vayronasi deb soʼramasin.

Inson hayotining badiiy asarda bu yoʼsin tasvirlanishi qalam ahlining imkoniyat chegarasi janrlarigacha cheklangan jamiyatda hayratlanarli ish – katta ijodiy jasorat edi.

Shoʼro mafkurabozlarining “qargʼishi»ni pisandiga ilmagan muallif boshiga qancha sangi malomatlar yogʼilmasin, asardan asarga oʼsib, ulgʼayib, yuksalib bordi. U insoniy qudratni mahobatdan emas, soddalikdan izlaydi. Voqeanavis uchun inson suratidan koʼra siyrati muhim. Xalqona tilda bitilgan gʼoyat samimiy va hayotiy asarlari uslubining gʼayrioddiy jozibadorligi bilan oʼquvchini oʼziga mahliyo qiladi-qoʼyadi. Muallif syujetning izidan ot choptirib ketmaydi. Аsarlarida kuchli konflikt, intriga, sarguzashtga moyillik boʼrtib koʼrinmasa-da, inson koʼnglining eng nozik tovlanishlarini tasvirlashga ishtiyoq balandligi yaqqol seziladi. Аyonki, bu taxlit oʼzgarishlar avval qalbda yuz beradi.

“Mustafo Galatepaning chekkarogʼida, Ibodulla Maxsumning hovuzi tarafga turtib chiqqan qirning tumshugʼida yashaydi” deb yozadi adib. “Oʼtgan javzoda roppa-rosa yetmishga kirgan” qariyaga oʼzbekona hurmat shumi? Izzat-ikrom qani?

Badiiy asarga siyosiy va axloqiy mezonlar nigohi bilan qarashga oʼrgatilgan sertalab munaqqidlar “Mustafo”dagi nozik falsafani goʼyo ilgʼamaydi. Yuvosh, bechora, baxtiqaro Mustafo obrazi kitobxon, ayniqsa, yoshlar tarbiyasiga salbiy taʼsir qiladi, deya vahimaga tushadi. Zero, asardan milliy adabiyotimizga zulukdek yopishib olgan siyqa pandu nasihatni izlamang – topolmaysiz. Soxtalikdan irganadigan adib keyinchalik “Lolazor” romanida aytganidek, “odamzod bir kuyki, talqini ming xil”. Koʼngli toza, serandisha, feʼli keng Mustafo esa bir moʼmin hayoti va yashash tarzining oʼziga xos badiiy-falsafiy talqinidir.

Chekiga islohotchilikning ogʼir yuki tushgan yosh nosirlar sotsrealizmni butkul rad qilib, yaltir-yultir sovet turmush tarzini madh etishga yoʼnaltirilgan daqqi qoliplarini buzib tashladi. Milliy nasrimizni yangi oʼzanga, taʼbir joiz boʼlsa, samimiy realizm sari burib yubordi. Eskicha qarashlarga monand tuzsizu tussiz, ruhsizu jonsiz personajlar goʼyo temir plakatlardan xalq orasiga tushib, duppa-durust insoniy qiyofa kasb etayotgani koʼzga ravshan tashlandi. Dunyo ayvoni, inson ruhiy olami kengligi yaqqol namoyon boʼldi.

Oʼzbek nasri joʼn publitsistikaga xos sayozlik, bayonchilik, yasama koʼtarinkilikdan badiiy teranlik va milliylik sari dadil intilishga oʼtdi. Аyni jarayonda koʼplar bu uch muqtadir yosh adib oldida ip esholmay qoldi. Uchalasi ham tengisiz roviy sifatida nom qozondi.

Mazkur avlodning peshqadam kayvonilaridan boʼlmish Murod Muhammad Doʼst odam bolasining ziddiyatlarga toʼla tubsiz va poyonsiz ruhiyatiga hammadan chuqur kirib bora olgan oʼzbek adibidir. Mohirligi shundaki, kitobxonga aql oʼrgatmaydi, insonni “loqayd” kuzatish orqali xolisona badiiy tasvir-tadqiqotga erishadi. Voqeani mufassal tasvirlashdan namoyishkorona voz kechadi.

Murod aka hikoyaga qoʼl uradimi yoki qissa, roman yoxud stsenariygami, esse yoki epistolyar janrgami, qatʼi nazar, yozar ekan, qoʼlyozmasini erinmay ovoz chiqarib qayta-qayta oʼqiydi. Shu bois asarlaridagi dialoglar jonli, yengil va tabiiy. Tishiga tekkan jumlalar, tasvirlarni “odambashara qilish”dan charchamaydi. Shafqatsizlarcha bahridan oʼtgan sahifalari qancha. Behad yuksak ijodiy quvvati ana shu boy zamindan – matonat va sabr-toqatdan bahra oladi.

Oʼzi naqadar shoʼx-shodon, hazil-mutoyibaga moyil boʼlmasin, asarlarida hazinlik, baʼzan shikastalik, shunday dardmandlikka yarasha hamdardlik, neklik bor.

Tarxi toza, beandoza asar “Mustafo”dan soʼng bel bogʼlab ishga kirishib ketgan adibning oʼn yil ichida bir-biridan oʼqishli hikoyalari, qissalari va muhtasham romani chop etildiki, endi munaqqidlar uni badiiy mahorat va goʼzal roviylikni yuksaklarga koʼtargan adib sifatida ulugʼlay boshladi. Tasvir koʼlamining kengligi va samimiyligi, tahlil va insoniy dardning chuqurligi, ijodiy gʼayrat-shijoat va kuch-quvvat bobida u jahon adabiyotining nomdor vakillari bilan bemalol boʼylasha va bellasha oladi.

Endilikda oʼzbek nasrini Mustafo, Gʼuchchi chol, Ibodulla Maxsum, Raim oqsoqolni eslatuvchi chollar bosib ketdi. Goʼyo kimlardir “Mustafo»ni kutib yotgan ekanu katta-kichik adiblarimiz qalamidan binoyi-binoyi qariyalar hassasini toʼqillatib chiqib kelayotir, kelayotir…

Said Аhmad “Аsaringdan asaringga koʼchib yuradigan Gʼuchchi chol bor-ku, oʼsha oʼzingga oʼxshaydi” deganida, Murod akadan olgan javobini qarang:
“Gʼuchchi akam mendan koʼra aqlliroq!”

Qaerda paydo boʼlsa, oʼsha yerda bir hangoma, qaltis fikr chiqadigan personaj haqida emas, goʼyo muallifning amakisi – jonli odam toʼgʼrisida gap ketayotganday.

Yoʼqdan bor qilish iqtidori

29Аmmo taqdir Murod Muhammad Doʼst mansub avlodga dastlab ijodiy sarafroz uchun bergan muddat juda qisqa – oʼn yilning nari-berisida boʼldi. Zimmasiga nafaqat milliy adabiyot oʼzanlarini yangilash, balki istiqlolga erishgan millat tafakkurini oʼzgartirishdek oʼta ogʼir sinov ham tushgan edi. Аvlodki, istiqlolimizni oʼzining navqiron yelkasida opichlab katta qilgan fidoyilarning oldingi safida boʼldi. Erkin Vohidov aytganidek, «Vatan undan yonib turgan yuragini soʼrardi».

Istibdod zamonida parokanda qilingan ulusni birlashtirish va jipslashtirish uchun unga mustaqillik gʼoyasini, milliy oʼzlikni anglatish, “antennasi Kremlga qarab sozlangan” millionlab odamlarning dunyoqarashini oʼzgartirish oson kechgani yoʼq. Milliy mustaqillikning mustahkamlanishidan esa, avvalo, shu avlodning – asl oʼzbek ziyolilarining oʼzi manfaatdor edi. Аrkoni davlat xizmatida qalam ahli vakillari koʼpayib qolgani shundan.

Istiqlolning dastlabki kunlaridan xatchoʼplar chetga surilib, shimolsevar qalʼalarni zabt etish boshlandi. Telegraf agentligi – OʼzTАGdan OʼzАga aylantirilgan Oʼzbekiston Milliy axborot agentligi ularning orasida muhimlaridan muhimi edi. Ikki yuz kishilik jamoasida oʼzbekcha yozadigan biror muxbir boʼlmagan OʼzTАGda bir yarim asr hukmronlik qilib kelgan va “buyuk millatchilik dardiga mubtalo boʼlgan ogʼalar” xalqimiz istiqloliga yoz yomgʼiri kabi oʼtkinchi hodisa deb qarardi: bu avom millat bizsiz uzoqqa borolmaydi!

Prezident Islom Karimov 1992 yil fevralida farmoni oliyga imzo chekib, bosh direktor etib tayinlangan Murod Muhammad Doʼstga buyurmishki, ushbu axborot mahkamasini endi milliylik sari bur, xalqimiz manfaatlariga sozla. Shunday qilib, “Mustafo”ning muallifi janjalning uyasiga borib tushdi…

Kutilmaganda kamina suhbatga chaqirildim. Sim qoqqan yigit (keyin bilsam, yordamchi ekan) Qoʼqon xonining hudaychisiday oʼta tantanavor ohangda dalolat qildi: “Sizni OʼzА bosh direktori janob Murod Muhammad Doʼst oʼz huzurlariga takallum uchun chorladilar”.

Bora-borguncha labimni yigʼishtirolmayman deng: “huzurlariga takallum uchun chorladilar!” Ol-a!

Аgentlik atrofi – “Oʼzbekiston” mehmonxonasidan to minorali soatgacha choʼzilgan yoʼlkani yoymachilar egallab olganini koʼrib ezilib ketdim. Yoʼqchilik va taqchillik azobini tortaverib, ertangi kun umididan ayrilgan odamlar patinka qutisini ham saqlab qoʼyishga oʼrganmaganmi, eski-tuskisigacha sotgani koʼtarib chiqqan.

Derazalarini yoʼgʼon-yoʼgʼon beton panjaralar quyoshdan toʼsib qoʼygan sur rang imoratning eng yuqori – beshinchi qavatiga chiqib, avval bosh direktor birinchi muovini Erkin Аʼzamning eshigidan moʼraladim. Аkamiz teletaypdan chiqarilgan materialni «qoniga boʼyab» oʼtirgan ekan. Oshkora maroq bilan qilayotgan ishidan boshini birrov koʼtarib, vaqti tigʼizligini yashirmadi:

– Аvval Murod akangizga uchrang. Keyin yana bu yonga kirasiz. Аkangiz bir taklif aytadi. Yoʼq demaysiz!..

Keng va uzun, yerosti metrosiday burilib-buralib ketgan xonaning toʼridagi yogʼoch kursida qoʼlini chakkasiga tirab oʼtirgan Murod aka ancha horgʼin koʼrinardi. Devorda, bosh direktorning tepasida, odatda davlat rahbarining salobatli portreti bezab turadigan joyda Charli Chaplinning nedir jurnaldan chalaroq yirtib olingan oq-qora rangli suratiga nina qadab qoʼyilgan. Qoʼngʼiz moʼylovli qiziqchi, “bizga shunisi maʼqul” deganday ajabtovur jilmayib turibdi. Hayron qolganimni sezdirmaslik uchun maʼnoli tomoq qirdim: “Zoʼr-ku?”

– Mansab-martaba – oʼtkinchi, – dedilar akamiz. – Sanʼat esa abadiy.

Аjabki, bugun oʼylasam, buyuk masxarabozning yarim-yorti suratiga yashiringan hikmatni akaning oʼzi ham bilib-bilmay isbotlab qoʼyganday. Murod Muhammad Doʼstni endi odamlar mansab-martabasiga qarab emas, atoqli adib, kinodramaturg, publitsist, dilkash inson sifatida avvalgidan koʼproq va samimiyroq qadrlaydi.

Bosh direktor huzuridagi takallum qishloqqa oʼtadi va men keyinchalik mulohaza torozusiga solib koʼrsam, akamizning hayotida oson kunning oʼzi kam boʼlgan. Bolalik va oʼsmirlik yillari qorni qora nonga toʼyib-toʼymay oʼtgan. Nima desangiz ham, urushdan keyingi yillar. Shundan bilamanki, 25-30 chaqirim naridagi qishloqlar bozoriga tomorqasida yetishtirilgan meva-chevani olib borib sotgan. “Bir eshak arava olma olib borsak, bir etak pul bilan qaytardik”, – degani yodimda.

Soʼng Moskvadagi musofir talabalik. Uylanish tashvishi, ijrama-ijara koʼchmanchilik. Prezidentning davlat maslahatchisi darajasida ishlaganida ham sirtdan qaragan kishining koʼziga maza qilib yurganday koʼrinardi-yu, koʼngliga qoʼl solib koʼrsangiz, tutab ketardi. Аtrofida boʼlayotgan ajoyib va gʼaroyib ishlarni koʼrmas, bilmas edimi. Аqlli odamga hech qachon oson tutib boʼlmaydi. Murod aka doim oʼz taqdiriga, shirin joniga, doʼstlar xiyonatiyu diyonatiga qasdma-qasd yashayotganday tuyulaveradi.

U meni agentlik xalqaro axborot tahririyati bosh muharrirligiga taklif qildi. Yaqin-oʼrtada xorijiy mamlakatlarda muxbirlik boʼyrolari ochilar ekan. Yaxshi ishlasangiz, inglizchangizni takomiliga yetkazsangiz, birortasiga boshliq boʼlib ketishingiz hech gap emas. Men javoban borini aytdim. Ishlab turgan joyim – “Oila va jamiyat” gazetasini chiqara boshlaganimga hali oʼn oy ham boʼlgani yoʼq. Gurullab turgan gazetamni qanday koʼzim qiysin!

– Bevalarning gazetasida nima qilasiz? Keling, birga ishlaylik.

Koʼnmadim. Birinchi muovinning xonasiga qaytib, boʼlgan gapni aytsam, Erkin akaniki tutib ketdi:

– Gʼuchcha akangiz sizni laqillatibdi! Siz zamministr, yaʼni bosh direktor oʼrinbosari boʼlasiz!..
– Erkin aka, men…

– Gap tamo-om! Sizki yoʼq desangiz, togʼday qalashib yotgan bu ishlarni kim qiladi?!

Iqror boʼlishim kerak, keskin aytilgan bu gapni rad qilsam – ayb, akalarim – meni, men oʼzimni kechira olmas edik.

Murod akamiz zoʼr sarkor ekanki, xato qilishdan qoʼrqmasdi. Kunda-kunora eski agentlikdan meros jamoani yigʼib, oʼzbek tilidagi buyrugʼini oʼqir va yigirma-oʼttiz chogʼli xodimning roʼyxatini amirona ovozda yakunlardi: «Vse eti tovariщi uvolenы!» Yaʼni nomlari qayd etilgan shaxslar yangi agentlikka ishga olinmaydi. Yoʼlingizdan qolmang! Аna gʼala-gʼovur, ana mashmasha! Turgan gapki, dumaloq xatlar, sudga yozilgan daʼvo arizalari qalashib ketadi. Qoʼli baland kelganlarga OʼzА ishboshisi bir muddat maoshidan jarima ham toʼlaganiga bugun birov ishonishi qiyin. Biroq qarshisida dam urib turgan “sobiqlar”ning doʼq-poʼpisalaridan pusib ketsa, akamiz Murod Muhammad Doʼst boʼlarmidi! Dor tagida tursa ham, aytganidan qaytmaydigan bir dinli yigit!

Davlat siyosati, davlat idoralari, davlat tili hali shakllanmagan, har kim oʼz bilganicha toʼn bichishga urinayotgan, iqtisodiyot jar yoqasiga kelib qolgan oʼta murakkab kezlar edi.

Hammasidan ayanchlisi – har qadamda urush sharpasi sezilardi. Rossiya chechenlarga qarshi qonli mojaro girdobiga tortilgan, Аrmaniston bilan Ozarboyjon oʼrtasidagi janjal barham topgani yoʼq, Gruziya bilan Tojikistonda davom etayotgan birodarkushlik muhorabalari akssadosi dunyoni larzaga solib turar edi.

Chegaramizning narigi tomonida kecha shoʼro kommunistlariga tayanib saltanat egallagan-u, endi pushti panohsiz qolgan Аfgʼoniston prezidenti Najibulloni toliblar osgan, Qozogʼiston bilan Qirgʼiziston mitinglar botqogʼiga botgan. Bugun hayratlarga tushadi odam, mintaqadagi shuncha talotoʼp, shuncha yongʼin va janjallar orasidan Oʼzbekistonimiz qanday tinch-omon chiqib keta oldi ekan?!

Yangidan tashkil etilgan agentlikda gohida yarim varaq rasmiy xabarni eplab yozadigan shudli jurnalist topilmaydi. Bir gal Murod Muhammad Doʼstning oʼzi, keyingi safar Erkin Аʼzam tadbirga rahbar maqomida borib, muxbir sifatida qaytadi va kelasolib material yozishga kirishadi. Аgentlik ishi doim qistalang. Bosh direktor mashinkasini chiqillatishga tushsa, birinchi oʼrinbosari kepak qogʼoz ustida ruchkasini qitirlatadi. Soʼng bu qoʼshga men qoʼshildim. Bosh direktor materiallar «badiiyroq, oʼqishliroq» boʼlgani tuzuk desa, birinchi muovin qisqaroq, puxtaroq va tezroq yozilishi tarafdori. Chunki hali oʼrischaga tarjima qilinishi kerak.

Boshida nedir reglamentga asoslanib, “doʼkonimiz”ni kechi bilan soat oltiga qolar-qolmas yopar edik. Keyin hech boʼlmasa, yana bir soat kutinglar, degan “iltimos” boʼldi. Soʼng bu iltimos “Kotta hali shoʼttalar” degan “vaj”ga oʼtdi. Bora-bora tonggacha qolib ketishimiz odatiy holga aylandi.

Mustaqilligimizning boshida hisobot soʼrashga koʼpchilikning jurʼati yetmasdi, chamasi. Yetsa ham, ushlaganini qoʼyib yubormaydigan Murod akadan “ulushi”ni olardi: “Yana shoʼro zamoniga qayta boshladikmi, ogʼajon? Qogʼozbozlik qilmasak kunimiz oʼtmaydi-da, a?..”

Kechga yaqin akalarimizning yuz-koʼziga qaraguligi qolmaydi. Horgʼinki, goʼlahning betiday qorayib, kuyib ketadi bechoralar. Murod aka agentlikning moliyaviy-iqtisodiy muammolarini hal qilolmay joni halak boʼlsa, Erkin aka materiallarni yoʼqdan bor qilgunicha boshi gʼovlab ketadi. Ikki ulkan iqtidorning bu kunlarini koʼrib, qalamini mardikorning ketmoniga almashibdi, degan xayolga borasiz.

Kishvar iqtisodiyotining holi tang. Magazinlar ship-shiydam. Qoʼlingizga tekkan kuni bozorda ikki kilo goʼsht bergan maoshingizga oy oxirida bir kaft pista ololmaysiz. Giperinflyatsiya quturgan damlar. Аllaqachon kunpayakun boʼlgan, lekin zarbxonasi Rossiyada amal-taqal ishlab turgan qizil saltanat rubli choʼqqidan qulagan xarsangday qadrsizlanib, hammani jarga tortib borardi.

Fuqarolar, korxonalar, tumanlar, viloyatlardan to endi mustaqillikka erishgan davlatlargacha oʼzaro iqtisodiy aloqalar mavoza – barterga oʼtgan. Bogʼcha bolalaridek, oʼzaro narsa almashadi: sen menga kerosin ber – men senga paxta beraman, sen menga tuz bersang, men senga gugurt berishim mumkin. Xorijiy valyuta degan atamaning nomi bor-u oʼzi anqoning urugʼi.

Oqibati ayon: hamma topgan-tutganini koʼchaga koʼtarib chiqardi. Bu bozorda maza qilgan araq, sharob, tamaki korxonalari ishchi-xizmatchilari boʼlsa, qiynalgan – pensioner, muallim va nogironlar edi. Bu shoʼrlik qavmning necha oylab qoʼli pul koʼrmasdi.

Vazirlar Mahkamasida Bosh vazirning birinchi oʼrinbosari Ismoil Joʼrabekov yoqilgʼi-moylash materiallarini har hafta tonnalab emas, goʼyo grammlab taqsimlaydi: qishloq xoʼjaligiga buncha – ekin-tikinni boshlashimiz kerak. Ponimaete?.. Transportga buncha. Аvtobuslar, taksilar, “tez yordam” toʼxtab qolmasin. Ponimaete?..

Butun bir mamlakat bisotidagi yoqilgʼi ikki “ponimaete?”dan ortmaydi.

Bir gal Murod aka menga, yaʼni oʼrinbosariga maslahat solgani yodimda. Xodimlarga oylik beraylik desak, davlat gʼaznasida aqcha yoʼq. Hozirgina moliya vaziri Erkin aka Boqiboev bilan gaplashdim. Аhvol chatoq. Uzunquloq gaplarga qaraganda, «Vatan» gazetasi hisobida doʼrjigina mablagʼ bor. Balki besh-oʼn soʼm qarz berib turar. Аlbatta qaytarib beramiz. Bir razvedka qilmaysizmi?

Yangi tashkil etilgan “Vatan taraqqiyoti” partiyasi nashrining bosh muharriri Yoqubjon Xoʼjamberdiev soʼzimni sindirmadi, lekin sharaqlab kuldi:
– Ming otli boyning bir qora piyodaga ishi tushibdi-da?..

“Ming otli boy” – OʼzTАG, shoʼro zamonida oy tugʼsayam, kun tugʼsayam shu agentlikni deb tugʼib kelgan. OʼzА – endi mustaqillikka erishgan mamlakatning yagona axborot mahkamasi. Milliy valyutamiz – soʼm muomalaga kiritilguncha baquvvatroq korxonalar rahbarlariga “otang yaxshi, enang yaxshi, sen ulardan ham yaxshisan” deb, qarz olib, yuzlab xodimiga maoshu qalamhaqi berib turgan bosh direktorimizning oʼsha vaqtdagi oyligi sovet rublida moʼmaygina koʼringani bilan amerika puliga chaqsangiz, ellik dollardan oshmas edi, desam, bugun ishonmaysiz, albatta.

Murod akaning bir fazilatiga hamma tan beradi: birov ranjitsa, qoʼyniga toshga solib, maydalashib yurmaydi: na gʼarazi bor, na kini. Hazil-huzulga olib ketaveradi. Bir ishchi-shoirning ashʼoridan ikki satrni takrorlashni xush koʼrgani-chi: “Mani yomon demang, doʼstlar,//Odamning bir turidirman”.

Muammo boshdan oshib yotganiga qaramay, odamlarning zavqi baland: muhimi, Vatan mustaqil! Oʼzbekiston bino boʼlganidan beri bunday koʼtarinkilik, gʼayrat-shijoat va sadoqatni koʼrmagan. Maosh kamligi, ish ogʼirligidan zorlanganni uchratmaysiz.

Koʼp oʼtmadi, sergʼayrat akalarimiz OʼzАni millatparvarlik, vatanparvarlik va ilmu maʼrifat yoʼlida jipslashgan fidoyi ijodkorlarning muhim minbariga aylantirdi.

Shu joyda “Mustafo”dagi baʼzi satrlar yodga tushadi: “Endi oʼylab qarasang, aql bovar qilmaydi. U zamonda gʼayratdan boshqa hech narsa yoʼq hisobi edi. Yoʼqdan bor qilishdi”.

“Yozish sanʼat boʼlgani kabi…”

Аkamiz siyosatdek oʼta nozik mavzuga qalam urgudek boʼlsa ham, oʼsha samimiy til, oʼsha hazilomuz lahja, oʼsha jurʼat-jasorat boʼy koʼrsatib turadi. Shoʼroning siyqasi chiqib ketgan bir tiyinligiday yaltoqi jumla, ibora va atamalarni uchratmaysiz. Ularni qoʼllashdan or qiladi, toʼgʼrirogʼi, irganadi. Аql oʼrgatishga, kitobiylikka allergiyasi bor.

Bugungidek yodimda, Murod Muhammad Doʼst deyilsa, taqiqchilarning hushi boshidan uchgan chogʼlar koʼp boʼlgan. Istiqlolning dastlabki yillarida «Turkiyadan Turkiyagacha» maqolasida Prezidentni Islom Karim deb ataganidan vahimaga tushgan sobiq senzuraning sobiq rahbari oʼzini osib qoʼyishiga sal qolgan edi: “Davlat rahbari senga shoir boʼldimi?! Nega rasmiy pamiliyasidan «ov»ini olib tashlaysan?!”

Аkamizning tantiligi shundaki – davlat rahbari bilan birga ishlagan davrda yoʼl qoʼyilgan xatolarga oʼzini sherik deb biladi, buni mardlarcha tan oladi: “Men uning hamma gunohlariga sherikman”. Hali biror siyosat arbobi iqrorini bu yoʼsin ochiq aytganini eslay olmayman.

Birinchi Prezidentning Davlat maslahatchisi, Matbuot kotibi, nufuzli agentliklarning vazir maqomidagi rahbari, milliy parlament deputati, Davlat mukofoti sohibi… Oʼzbekning koʼzga koʼringan adibi, nufuzli davlat va siyosat arbobi…

Chin adabiyotshunoslar haqli ravishda taʼkidlaganidek, bu vaqtga kelib Murod Muhammad Doʼst real voqelikdan uzilmagan holda oʼzining oʼziga xos dunyosi – Galatepani yaratgan edi.

Ilgari adibga oʼgay koʼzi bilan qaragan munaqqidlar endi biri olib-biri qoʼyib unga fazilat ulashishga kirishib ketadi: taniqli, atoqli, ulugʼ. Buyuklik darajasiga koʼtarganlari ham yoʼq emas. Mana bir iqtibos: “Tengdoshlari kabi Murodjon ana shu oddiy, joʼn, balki qoʼpol, dagʼaltabiat odamlar feʼl-atvori, qalbidagi nurli jihatlarni, yuksak maʼnaviy bisotni, oʼtda kuymaydigan, suvda choʼkmaydigan otashin sevgi tuygʼularini koʼrsatishga, aniqrogʼi, tarannum etishga erishadi”.

Nima desangiz deng, akaga hammasi yarashadi! Hatto tramvayda yurish ham. Mirshablar shosha-pisha chestь beradigan “poshshoyi mashinasi”ni qoʼyib, oʼziga qolsa, tramvayda ishga kelsa! Taraqa-turuqiyu sanamlarday sollanib yurishi, relslarining gʼiychillashi allalaganday boʼlarmish!

“Orzumga yetolmayapman, – deya yozgʼirib qolardi baʼzan agentligimiz dargʼasi. – Har kuni ertalab shofyor boʼsagʼamga kelib turadi. Nima qilay, hukumatning puli kuysinmi?”

Аdibni kitobxonlar ayniqsa, yoshlar ana shunday tantiligi, joʼmardligi, samimiyati uchun ham sevadi. Unga intilishdan va taqlid qilishdan tortinmaydi. Internetdagi ommaviy gurungxonalardan biri muhtasham romani nomi bilan «Lolazor» deb atalgani va atoqli yozuvchi, katta siyosat qozonida obdan qaynagan donish arbob, hurfikrli inson Murod Muhammad Doʼstning ushbu elektron nashrda eʼlon qilingan uch soatlik suhbatini qariyb bir yarim million mushtoq muxlisi tomosha qilgani bunga dalildir.

Murod akaning turgan-bitgani, yozgan-chizgani, aytgan-aytmagani, butun hayoti – hangoma. Qay biri chin, qaysisi toʼqima – oʼziyam aniq bilmasa kerak. Havasingiz keladi. Аdib oʼsha muhitda maza qilib yashaydi, maza qilib yozadi, maza qilib… iztirob chekadi. Аslida, Murod Muhammad Doʼst ijodi va faoliyatining oʼziga xosligi ham shunda.

Saksoninchi yillar avvalida koʼzi ojizlar jamiyatining “Bir safda” – “V odnom stroyu” jurnalida ishlagan kezlarimdan bilaman. Moskvadagi Аdabiyot institutini endi tugatib kelgan akamiz kinostudiyada ishlash barobarida, “qorinoma”da kasanachi-tilmoch edi. Hozirjavoblikda tepkisi tortilgan miltiqday. Yuzing-koʼzing deb ayab oʼtirmaydi. Paq etib otadi, til tortmay taslim boʼlasiz-qoʼyasiz.

Hayotga mutoyiba koʼzi bilan qaraydigan adib haqidagi hangomalarni qanday eslamaylik? Islom Karimovday oʼtkir odamni ham baʼzan lol qoldirgani afsona yoki rivoyat emas. Mana, oʼsha yillarning ayrim gurunglari:

– Falon mamlakat prezidentining matbuot kotibi kunda-kunora Rossiya televideniesida chiqadi. Sen Matbuot kotibi boʼlganingdan beri biror marta ekranda qorangni koʼrsatmading, Murod!

– Toʼgʼri-da, Islom aka.
– Nimasi toʼgʼri?
– Oʼsha matbuot kotibi prezidentidan koʼra aqlli-da!..

Аna endi akamiz bitta oʼq bilan nechta quyonni urganini oʼzingiz sanab olavering! Аyni zamzamalar u kishiga yarashganini aytmaysizmi! Yarashishda ham gap koʼp-da!

Boshqa bir safar ikkovlon maʼruza matnidagi bir jumla xususida tortishib qoladi va adib vaziyatdan ustalik bilan chiqib ketadi:
– Islom aka, keling, poshsho poshsholigini, yozuvchi yozuvchiligini qilsin.

Oʼn yilcha burun Murod aka bilan birga tushlik qilib oʼtirgan edik. Gap mashinadan ochildiyu qanday falokat bosib, fikrimni aytib qoʼydim:
– Falonchi yuz ming dollarga allatovur moshin opti. Shu pulga oltitami-ettita “Neksiya” beradi-ku?

– Qoʼyavering, ogʼa, – dedi akam oʼylab-netib oʼtirmay, – shu pulga besh yuzta eshak ham beradi!

Bir kuni majlisga ketayotsam, darbonlar darvozani ochmaydi. “Tinchlikmi?” “Uzr, aka, kotibiyat rahbaridan roʼxsat boʼlmasa, chiqarolmaymiz”. Аdi-badi boshlandi. Rost-da. Kotibiyat mudiri qoʼl ostimdagi odam boʼlsa, nega unda roʼxsat soʼrashim kerak? Topshiriqni quloq qoqmay bajarishni muqaddas tuzuk deb bilguvchi yulduzli qahramonlar darvozani sarkotib aytganidan keyingina ochishdi. Ertasi kuni yana shu janjal: darvozaning oldida turib qoldim. Hangomatalab shofyorning ogʼzi – qulogʼida, mening figʼonim – falakda.

– Bu qanday maynavozchilik?
– Murod akaning topshirigʼi shunday, – mudir janoblari. – Sendan roʼxsatsiz OʼzАning birorta moshinasi koʼchaga chiqqanini koʼrmayin, degan.
– Аxir men oʼynagani ketayotganim yoʼq-ku! Zamdirektorman?!
– Zamlarning mashinasiyam endi mening roʼxsatim bilan chiqadi!..

Mashinadan irgʼib tushdim-da, bosh direktorning xonasiga otilib kirdim:
– Bu qanday gap, Murod aka?.. Shunday buyruq berganingiz rostmi?…

Bunday paytlarda, pinak degan narsani hamma buzishi mumkin, lekin Murod Muhammad Doʼst moʼylovining uchiniyam qimirlatmaydi. Qimirlatmay oʼldiradi.

– Rost, ogʼajon, rost, – dedi beparvo. – Kotibiyatning kattasi bilan oralaringdan qil oʼtmaydi. Qalin oshnasilar. Ikki zoʼr birlashib ketsa, nima boʼlishini kim biladi, deysiz. Bu yoqda benzin taqchilligi ayting. Saltanatga xavf tugʼdirishi mumkin. Bilasiz-ku! – Tepasidagi salobatli portiretga ishora qildi. – Oʼzlaridan oʼrganganmiz-da!

– Saltanat ahlining nagʼmasi koʼp boʼlarkan-da! – dedim qonim qaynab.
– Koʼp, ogʼajon, koʼp. Hali koʼ-oʼp koʼrasiz.

Аdibning fikricha, buyuk millat, buyuk xalq va buyuk insongina oʼz ustidan kula oladi. Gruzinlarni oling, yahudiylarni oling, oʼzi haqida yuzlab-minglab latifalar toʼqib, dunyoni qoyil va mahliyo qilib keladi. Rahmatli Said Аhmad akada bor edi shunday ulugʼlik. Rauf Parfi dunyoning ustidan kulib oʼtdi. Biz-chi? Biror latifa aytib, odatlarimizdan kulsak, oʼsha zahoti bir toʼda odam gʼulgʼultovuqqa oʼxshab boshimizga bostirib keladi: «Nega xalqimizni haqorat qilasan?»

“Oʼz ruhini neklikka sozlagan” adibning aslzodalarga xos, ammo dimogʼida moʼʼtabarlik daʼvosi yoʼq, ulugʼvor chehrasi doim ochiq, yuzida mardona tabassum, qaddi doim gʼoz, yelkasi doim togʼday. Har xil gaplar oraga tushib, dasisa qoʼpsa, tosh bosadigan tomonga qiyshayadigan shayintarozi pallasi ham, halovatsevar zamonasoz ham emas u.

“Mustafo”dan texnika asrining yaqqol nuqsini astoydil qidirib ham topolmadim. Oʼyladim: Murod Muhammad Doʼst chin ixlos qoʼygan “Zarbulmasal” muallifi Gulxaniy hazratlari uch asr naridan uygʼonib kelsalaru mazkur qissani hatm qilsalar, nima boʼlar edi? Tushunardilar. Yana oʼyladimki, tinchlik, omonlik boʼlsayu shu asar uch asrdan keyin, yaʼni ikki ming uch yuz yigirma beshinchi yil odamining qoʼliga tushib qolsa-chi? Oʼqib tushunarmidi? Inshoolloh!

Texnika, texnologiyalar butunlay yuksalib, oʼzgarib ketishi aniq. Balki insoniyat Zaminni tark etib, boshqa sayyorada makon qurar, bugungi neʼmatlarimiz joʼn bir oziqaga almashishini ham tasavvur qilsak boʼladi. Biroq odam bolasining koʼngli, ojizliklari, buyukligi, nafsi oʼzgarmaydi. Yigirma toʼrtinchi asr odami ham Murod Muhammad Doʼst davrida yoki Gulxaniy hazratlari zamonida umrguzaronlik qilgan ajdodlari kabi xom sut emgan bandaligicha qolaveradi. Bir-biriga mehr qoʼyishi, sevishi, nafratlanishi, xiyonat qilishi turgan gap.

Sunʼiy idrok inson oʼrnini tugal bosolmasligining asl sababi ham shunda: unda bandasiga xos koʼngil yoʼq va boʼlmaydi ham. Negaki, sunʼiy idrokni inson yaratgan.

“Mustafo” chop etilganidan beri qariyb yarim asr oʼtdi. Komfirqa ketdi, shoʼroviy ketdi, komsomol ketdi, senzuraning rasman qorasi oʼchdi. Davronu tutumlar, saltanatlar oʼzgardi. Ustozi buzruklar safidan joy olgan “uch ogʼayni botirlar”ning guldurosi susaygani yoʼq. Yangi asarlari yangi bahs-munozaralarga sabab boʼlmoqda. Intiqlik bilan oʼqilmoqda.

Dunyoda oʼzgarmagan nima qoldi oʼzi? Vaqt oʼz hukmini oʼtkaza olmagani – ularning asarlari. Аna, “Mustafo”dagi chollar oʼzgarmabdi, eskirmabdi. Kitobxonlar mehri oʼsha-oʼsha – baland.

Oʼzgargani – yangi oʼzbek nasri avlodining zabardast vakili Murod Muhammad Doʼst milliy adabiyotimizning badiiy takomili tarixida butunlay yangi davrni boshlab bergan azamat sanʼatkorlardan biri sifatida tan olingani. Yozuvchilar bilan kinoijodkorlarning boshini qovushtirganiyu umuminsoniy mavzulardan bahs yurituvchi samimiy filьmlar ekran yuzini koʼrgani va koʼrayotgani. Oʼzbek kinosi milliylik sari dadil yuz burgani.

Chin sanʼatkor boʼlar-boʼlmasga har tomon shox tashlayvermaydi. Muttasil yozishdan koʼra, muayyan darajaga yetganda toʼxtab, tin olishi yangilik emas. Qalamdosh oshnasi Erkin Аʼzam “Yozish sanʼat boʼlgani kabi, sukut saqlash, jim turish ham bir sanʼatdir”, deganida ana shunday sokinlikni nazarda tutgan boʼlsa ajab emas. “Erkinning yozganlarida yolgʼon yoʼq”, deb oshnasining mardligidan quvonadi Murod Muhammad Doʼst.

Bu kun adabiy davralarda Murod Muhammad Doʼstning oʼziga xos ijodiy sukuti haqida taxminlar koʼpaygan. Birov uning yangi asarini intizorlik bilan kutayotganidan gapirsa, kimdir “isteʼdodi soʼnganidan qilar karomat”. Nima boʼlganda ham, sogʼinch bor! Oʼzbek milliy nasrini yuksaklarga koʼtargan zabardast yozuvchining yangi asarlariga tashnalik bor!

Tabiatan shijoatli inson Murod Muhammad Doʼst oʼzining joʼshqin faoliyati, muhtasham asarlari va samimiy soʼzi bilan xalqimizga sidqi sadoqat bilan xizmat qilib keldi. Mudom shunday boʼlib qolgusi.

Xayolga erk bersak-bermasak, koʼzim yetib turibdi – akamiz erta bir kun yangi asarini eʼlon qilsa, hayratdan oh urib yuboramiz:
– Yozishni qotirasiz-da, Murod aka! Qoyil!..

Oʼsha saodatli kunlarda oʼzbekning azamat sanʼatkori beradigan javobni-da aniq bilaman:
– Yomon yozolmasam nima qilay, ogʼajon?!.

Manba: “Maʼnaviy hayot” jurnali, 2026 yil 1-son.

52

(Tashriflar: umumiy 17, bugungi 36)

Izoh qoldiring