Eshqobil Shukurdan suhbat va badia

Ўзбекистон менинг Ватаним, ўзбек тили эса тафаккуримнинг Ватанидир. Мен Она тилимни севаман. Унга муҳаббат билан хизмат қилгим келади. Журналистикада ҳам, адабиётда ҳам ижодкорнинг асосий қуроли сўздир. Бунга дахлингиз бўлмаган тақдирда ҳам, ўзингиз ишлатаётган сўзларнинг туб илдизини кўриш ва билиш қанчалар завқли.

005
Эшқобил ШУКУР:
“ЎЗБЕКИСТОН МЕНИНГ,
ЎЗБЕК ТИЛИ  
ЭСА ТАФАККУРИМНИНГ ВАТАНИДИР”

011

Мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига биноан “O`zbekiston” телерадиоканали Истиқбол телелойиҳалар студияси бош муҳаррири Эшқобил ШУКУРОВ “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига сазовор бўлди. Биз адибни ушбу юксак мукофот билан муборакбод этиб, суҳбатга таклиф этдик.

— Эшқобил ака, телевидение йўналишида фаолият кўрсатаётганингизга, адашмасам, йигирма йилдан ошиб кетди. Ўтган йиллар ва тўпланган тажриба хулосаси сифатида телевидение ва адабиёт ўртасидаги уйғунлик хусусида нима дея оласиз?

— Иккисида ҳам битта муҳим мезон борки, бу мезон одамларни маънавиятга ва маърифатга даъват қилишдан иборатдир. Бугунги глобаллашув замонида инсон муаммоси янада мураккаблашди. Бундай вазиятда телевидение ва адабиёт имкон борича инсонга хос энг ёрқин фазилатларни асраб қолиш ва уларни парвариш қилиш учун ҳаракат қилиши керак. Чунки бу ҳаракат миллатга хос ёрқин фазилатларни ҳам асраб қолиш учун ҳаракатдир. Яқиндагина Президентимиз “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”да ахлоқсизлик ва зўравонликни, қаҳр ва меҳрсизлик каби иллатларни тарғиб қилаётган баъзи хорижий каналлар ҳақида куйиниб гапириб, бу борада ўзимизнинг телевидениемиз тутаётган йўлни самимият билан маъқулладилар. Дарҳақиқат, одамга ёмон нарсани сингдириш осон, яхши нарсани сингдириш эса қийин кечади. Бу гўё Навоий ё Толстойни ўқишдан кўра, олди-қочди, ёлғон-яшиққа тўла, ўлдир-ўлдирни баён қилган бемаъни бир детективни ўқишни маъқул кўришдай гап. Ҳали кўп нарсани кўриб-кечирмаган, тажрибасиз, беғубор ёшларни тўғри йўлга йўллаш, камолот сари етаклаш катта меҳнатни, ҳақиқий ижодни талаб қилади. Уларни йўлдан уришга эса ўзингиз билганингиздай ҳаёсиз фильмлару алдамчи ҳашамларнинг ўзи етарли. Бундан эҳтиёт бўлишимиз шарт.

— Кўпчилик Сизни шоир сифатида танишган, лекин кейинги пайтларда ижодингизда насрий асарларнинг ҳам салмоғи ортиб бормоқда. Сиз учун назм ва насрнинг фарқли жиҳатлари нимада? Қайси бири кўнглингизга яқинроқ?

— Аслида бу наср, бу назм деб ажратиб ўтирмайман. Насрми, назмми, драмами, уларнинг бари битта — АДАБИЁТ. Биласиз, шеърга ёшликнинг завқ-шавқи, ҳаяжонлари, навқирон туйғулар керак бўлса, насрга кўриб-кечириш, хулосалар чиқариш, катта мулоҳазалар, ҳаётий тажриба ва маҳорат зарур бўлади. Лекин… барибир улар битта нарса. Шукур Холмирзаев умрининг сўнгги йилларида бир шеърни кўп такрорларди:

“Маҳорат! Мен сенга қанча интилдим,
Етдим деганимда емирилиб бўлдим”.

Адабиётга алоқадор одам умр бўйи талабадай изланиши, меҳнат қилиши керак.

— Кейинги йилларда матбуот саҳифаларида тилимиздаги айрим сўзларнинг тадқиқотига бағишланган мулоҳазаларингиз ҳам чоп этилмоқда. Ижодкор учун бу каби билимлар қай даражада муҳим?

— Ўзбекистон менинг Ватаним, ўзбек тили эса тафаккуримнинг Ватанидир. Мен Она тилимни севаман. Унга муҳаббат билан хизмат қилгим келади. Журналистикада ҳам, адабиётда ҳам ижодкорнинг асосий қуроли сўздир. Бунга дахлингиз бўлмаган тақдирда ҳам, ўзингиз ишлатаётган сўзларнинг туб илдизини кўриш ва билиш қанчалар завқли. Кейинги йилларда матбуот саҳифаларида ҳам, телевидениеда ҳам “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” деган рукнда Она тилимиздаги сўзларнинг моҳияти, уларнинг туб илдизлари ҳақида маълумотлар бериб борамиз. Баъзан ўнлаб манбаларни кўриб чиқишга тўғри келади. Ҳар бир манбада сўзнинг янги бир қиррасини кўриб қоласиз. Бу жуда завқли.

— Ёш ёзувчи ва шоирлардан кимларнинг ижодини мунтазам кузатиб борасиз?

— Адабиётга кириб келаётган иқтидорли ёшларимиз насрда ҳам назмда ҳам талайгина. Шодмонқул Салом, Беҳзод Фазлиддин каби ёшларимизнинг ижодини кузатиб, қувонаман. Лекин баъзан матбуотда эълон қилинаётган ёшларнинг шеърларида бирхилликни кўриб ташвишланаман. Гоҳо журналларда етти-саккиз нафар ёш шоирнинг шеърларини мушоира тарзида беришади, ўқисанг, аксарияти оҳанг, услуб, ифода, шакл жиҳатдан бир-бирига жуда ўхшайди. Зафар ёзган шеърнинг Сафар ёзган шеърдан қандай фарқи борлиги ўқувчи сифатида менга қизиқ. Бундай шеърларда эса, шеър устида исмлари зикр этилган Сафар билан Зафарнинг номларини алмаштириб қўйсанг ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Шунинг учун ҳам адабиётнинг қатъий қоидаларидан бири ўзига хосликдир. Есенин айтган-ку: “Куйла фақат ўз созинг билан қурбақадай бўлса ҳам ҳатто”.

— Таҳрир борасидаги фикрларингиз…

— Яхши таҳрирчилик ўртамиёна ёзувчиликдан авло… Чунки, таҳрирда гап кўп. Таҳрир ҳам санъат. Асқад Мухторнинг таҳрирчилиги ҳақида гапиришганда “Асқад ака таҳрир қилса, битта сўзнинг ўрни ўзгариши билан шимолга қараб турган шеър жанубга қараб қолади”, дейишарди. Яхши таҳрир учун бадиий тилнинг жилваларини, сўз сеҳрини, сўз моҳиятини ҳис қилиш керак. Тил қудратини сезиш лозим. Катта маҳорат, билим ва тажриба зарур.

— Айни пайтда кўнглингиздан кечаётган ўйлар ҳақида гапирсангиз…

— Президентимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” деб номланган рисоласида билдирилган фикр-лар мен ижодкорман деб қўлига қалам тутган ҳар бир одамга катта масъулият юклайди. Дарҳақиқат, маънавиятни адабиётсиз, келажакни маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жараён ҳаммамизнинг тақдиримиз ва ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ. Демак, қўлимиздан келганича виждонан, самимият ва муҳаббат билан адабиётимиз ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилишимиз керак.

Холиёр АБДИЕВ суҳбатлашди.

033

(Tashriflar: umumiy 95, bugungi 1)

Izoh qoldiring