586 йил аввал, 1432 йилнинг 30 мартида бўлғуси Фотиҳ Султон Меҳмет (Муҳаммад) ул-Соний (яъни иккинчи) дунёга келган ва у 565 йил аввал, 1453 йилнинг 29 майида Константинополни забр этган эди.
ФОТИҲ СУЛТОН МЕҲМЕД
(МУҲАММАД) УЛ-СОНИЙ
Фотиҳ Султон Меҳмед ул-Соний ёки Султон Меҳмед ул-Фотиҳ (1432-1481) — усмонлилар сулоласига мансуб турк султони (1444-46, 1451-81). Мурод ул-Сонийнинг 4-фарзанди.
Фотиҳ Султон Меҳмед ул-Соний турк, араб, форс, юнон, славян тилларини билган. Турк қўшинларининг юришига шахсан қўмондонлик қилиб, жаҳонгирлик сиёсати юргизган. 1452 й.нинг мартида Меҳмед ул-Соний буйруғига биноан, Босфорнинг Осиё қисмида Боязид ул-Аввал Йилдирим томонидан барпо этилган Анадўлиҳисорнинг қарама-қаршисида, яъни Босфорнинг Европа қисмида Румелиҳиюра қурилади. Натижада Босфордан сузиб ўтаётган хорижий кемаларни божхона текширувидан ўтказиш имконияти туғилади.
1453 й.нинг мартида Меҳмед ул-Соний 150 минг кишилик қўшин, 80 ҳарбий кема ва 300 дан ортиқ юк кемалари б-н Византия пойтахти Константинополь томон юриш бошлаган. Қирқ кунлик (18 апр. — 29 май) қамалдан сўнг шаҳар забт этилган. Константинополнинг турклар томонидан забт этилиши якунланади.Константинополнинг қулаши Византия империясига хотима ясаган ва, аксинча, Усмонли турк империясини жаҳондаги энг қудратли салтанатлардан бирига айланиишга олиб келган. Шаҳар туркча Истанбул деб номлана бошлаган.
Меҳмед ул-Соний шундан сўнг Болқон ҳамда Марказий Европа мамлакатларини забт этишга киришган. Дастлаб у Сербияга зарба берган, аммо, 1456й.нинг 27 июлида Белград остонасида Янош Хуньяди лашкари б-н бўлган жангда мағлубиятга учраган. 1459 й. турклар Сербияни, 1460 й. Мореяни, 1463 й. Боснияни, 1476 й. Валахияни, 1478—79 й. Албанияни ўз тасарруфига киритганлар.
Меҳмед ул-Соний 10 йилдан зиёд муддат давомида Караман бейи ҳамда Оқ қўюнли давлати ҳукмдори Узун Ҳасанга қарши сиёсий кураш олиб бориб бутун Кичик Осиёда ўз ҳокимиятини ўрнатган. 1475 й. Меҳмед ул-Соний Кафа, Керчь, Судак сингари Қора ва Азов денгизи бўйларидаги шаҳарларни истило этиб, Қрим хонлигини ўзига вассал қилган. 1461 й. савдо йўлидаги муҳим юнон давлати Трапезунд (Трабзон)ни жангсиз эгаллаган.
Турк қўшинларининг зафарли юришлари Меҳмед ул-Сонийни Европанинг Венгрия, Италия, Германия каби давлатлари ҳудудларини ҳам истило қилиш режасини тузишга руҳлантирган. 1480 й. 300 кемага жойлашган 100 минг нафар қўшин Жан. Италиянинг Отранго ш. томон йўл олади ва уни 2 ҳафталик қамаддан сўнг қўлга киритган. Шаҳар аҳолисининг ярми қириб ташланиб, 8 мингги қулга айлантирилган. Шунга қарамай, Меҳмед ул-Фотиҳнинг ушбу юриши муваффақиятсизликка учраган. Итальянлар кучларини бир ерга жамлаб туркларга бир қанча кучли зарбалар беришган.
Меҳмед ул-Фотиҳ ҳарбий юриш пайтида оғир бетобланиб вафот этган. Айрим манбаларда султон ўғли — тахт вориси Боязид ул-Соний буйруғига мувофиқ, хос табиби томонидан заҳарлаб ўлдирилган.
Меҳмед ул-Фотиҳ даврида Усмонли турк империясининг илк қонунлар мажмуаси («Қонуннома») тузилган. Меҳмед ул-Фотиҳ ҳарбий ва маъмурий бошқарув ислоҳоти ўтказиб, армия ва давлатни мустаҳкамлаган. У олим ва фузалоларга ҳомийлик қилган, қурилиш ишларига катта эътибор берган, ҳукмронлиги даврида мамлакатда 380 та масжид қурдирган, Истанбул университига асос солган. Фотиҳ Султон Меҳмед ул-Соний форс, юнон ва араб адабиёти-ни яхши билган, ўзи ҳам «Авний» та-халлуси б-н шеърий девон битган (Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан).
СУЛТОН МЕҲМЕД — МУҲАММАДНИНГ
ЗАБТКОРЛИГИ (1451-1481).
Энди тожу тахт энг йирик турк султонларидан бирига – Муҳаммад алайҳиссалом динининг жонкуяри сифатида Фотиҳ — Забткор номи билан шуҳрат қозонган Муҳаммад ул-Сонийга тегди. Тахтга ўтирганида энди 21 ёшда бўлган бу йигит ўттиз йил подшоҳлик қилди. Амир Муовия давридан бери кўплаб қамалларга бардош бериб, Ислом кучларига таслим бўлмаган Константинополни босиб олишни ўзига мақсад қилиб қўйди. Унинг императори туркларга қарам бўлиб, солиқ тўлаб турарди, шаҳар барча овруполиклар учун ва, айниқса, юз эллик йил мобайнида турклар билан жангу жадаллар олиб борган Шарқий Оврупо насронийлари учун очиқ эди. Илгариги султонлар Босфорнинг Осиё қисмида, Константинополга бевосита яқин бўлган Онодўли Ҳиссор деб номланган жойда қурдирган қасрини у Румели Ҳиссор, яъни Оврупо саройи деб атади. Қалъа қуриб тугатилгач, Муҳаммад ўрта асрлар охирида ўз номи билан боғлиқ машҳур бўлиб қолган қамалларидан бирини амалга оширишга киришди.
КОНСТАНТИНОПОЛНИНГ БОСИБ ОЛИНИШИ (1453 йил 29 май).
Эски шаҳарда 10 минг аскар бор эди. Венецияликлар ва юнонлар туркларнинг шу атрофдаги ҳарбий-денгиз кучлари устунлигига қарамасдан, қуршовда қолганларга ёрдамга келдилар. Шаҳар шарқ томондан ҳимоя қилинди. Чунки византияликлар йўғон чўян занжир тайёрлатишиб, у билан Олтиншоҳ кўрфазини бирорта кема киролмайдиган даражада тўсиб қўйган эдилар. Муҳаммад ул-Соний шаҳарнинг қувватли деворларини ғарбий ва шимолий томондан ўққа туттирди, бироқ эпчил ҳарбий қисм унинг ўпирилган жойларини зудлик билан ямаб турарди. Султон шаҳарнинг жанубидан ёки шарқидан кўринишга жазм этмади. «Занжирни узишга уриниб кўрсаммикин?» Бунга ҳам имконият йўқ, чунки шаҳар девори устига ўрнатилган тўплар тўппа-тўғри кўрфазни нишонга олиб туришарди. Қани энди кемалари нариги томонда бўлса! Умуман уларни бошқа соҳилда барпо этса бўлармиди? Йўқ, бўлмасди, сабаби у томонда бирорта кемасозлик майдони йўқ. Улар қирғоқ бурунларига урилишлари ва қитъа кўрсаткичи ёнидаги гирдобда соҳиллар орасида илиниб қолишлари мумкин эди. Таваккал қилиб кўрсинми? У денгизчи муҳандисларга маслаҳат солди. Улар бир синашиб боқишга, ўз навбатида Муҳаммад эса бунинг учун катта мукофот беришга ваъдалашдилар. Қуруқлик оша етмишта енгил кемани Қора денгизга судраб олиб келиб, тўлиқ жиҳозланган аскарлари ва замбараклар билан сузишга қўйиб юбордилар. Унчалик катта бўлмаган бу денгиз кучлари шаҳарга орқа томондан ҳужум қилишиб, қуршовни дарз кетдиришди. Муҳаммад ғарб томондан зарба бериб, қалъа деворининг йиқитилган жойидан эски шаҳарга бостириб киришга муваффақ бўлди. Қонли жангда сўнгги император Константин ўлдирилди. Венецияликлар ва генуяликларнинг кемалари кўпгина насронийларни омон сақлаб қолдилар. Ниҳоят, қудратли Константинопол шаҳри таслим бўлди. Бу воқеа катта сиёсий аҳамият касб этмади, чунки турклар юз йиллар мобайнида Болқонда хўжайинлик қилиб турдилар. Лекин мазкур ғалабанинг бошқача бир аҳамияти бор эди. Қадимий маданият соҳиби бўлган бу шаҳар собитқадам черков маркази ва азалий императорлар маскани бўлиб бўлиб келганди. Унда бутун Оврупо ардоғидаги Авлиё София кафедрал собори жойлашган. Шу сабабдан ҳам шаҳарнинг қўлдан кетишидан бутун Ғарб оғир қайғуга чўмди. Шу даврдан бошлаб Овруподаги ҳар бир қўл туркларга қарши чўзилаверадиган бўлди. Қитъадаги барча халқлар бирин-кетин улар билан курашиб чиқдилар, шу тариқа уруш тўрт юз йил давом этди. Насронийлар 1492 йили Испаниядаги сўнгги мусулмон подшоҳлигини барбод қилмагунларича унга ҳужум қилавериб аламларидан чиқдилар.
МУҲАММАД ФОТИҲ
Бундай унвонга у фақат Константинополни забт этганлиги учун эмас, балки кўп марталаб зафар қучганлиги туфайли сазовор бўлган. Вергр саркардаси Хунёди ҳали турк ерларига юриш қилиб турарди. Султон Муҳаммад ул-Соний ҳам ўз навбатида 1456 йилда Сербиянинг пойтахти Белград шаҳрини қамал қилди. Шундай бир пайтда Хунёди вафот этиб, Муҳаммад эса ғолибона юришини давом эттирди. У 1458 йилда Сербияни, 1458 ва 1461 йиллар оралиғида Босния билан Герцеговинани эгаллади. Бу минтақаларда кўпчилик Ислом динини қабул қилди. Шу йиллари туркларнинг денгиз кучлари Эгей баҳридаги оролларни босиб олди. Бироқ ҳар қадамда Венеция ва Генуяга мададкор бўлиб келаётган машҳур Искандар бошчилигидаги Албания бир чеккада қолаётган эди. Искандарбек вафотидан кейин 1467 йили бу малакат ҳам босиб олинди. Ана шу ғалабалар Оврупони таҳликага солиб қўйди. Мусулмонларнинг бошқа бир шохобчаси қитъада шарқ томондан ҳам хуруж қилаётган эди. Венеция, айниқса, ташвишга тушиб қолди. Усмонийлар Византияга қарам барча Эгей оролларини эгаллаб, Венеция билан Русиянинг кўпгина тижорат бозорлари жойлашган Қора денгиз бандаргоҳларига олиб борадиган савдо йўлини ёпиб қўйдилар. Ҳаяжонга тушган Папа яна «Насронийлар хавф остида!» деган эски даъват билан навбатдаги салиб юришини уюштиришга чоғланди. У ҳатто маълум натижага эришди ҳам. Можаристон билан Венеция жангга ҳозирлик кўра бошлашди, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмади. Бетайинликдан чарчаган турклар орқага қайтиб кетдилар. 1469 йили Долматия ва Хорватия, 1470 йили Адриатика денгизидаги Негропарте бандаргоҳи эгалланди. Венецияликлар Форс билан иттифоқ тузиб, Эрон шоҳини шарқдаги туркларга қарам ўлкаларга ҳужум қилишга тезлашди. Форслар жангга отландилар, лекин турклар 1473 йилида Эрзинжонда уларга зарба берганларидан кейин Венеция томонга бурилиб, шимолий Албаниядаги бир қанча шаҳарларни ҳам қўлга киритдилар. Венеция денгиз кучлари Скутарига ҳужум қилди, турк денгизчилари эса Адриатикага сузиб кирганларича Венециянинг ўзини нишонга олишиб, уни муомалага ўргатиб қўйганликларидан ташқари кўп кулфатларга сабаб бўлган урушга чек қўйган сулҳ битими имзоланишига ҳам бошлаб келдилар. Турклар юқори Албанияни, Негропартени, Эгей оролларини ишғол қилдилар. Қора денгизда савдо қилиш ижозати учун Венеция ҳар йили султонга 10 минг дукат тўлаб туришга рози бўлди.
МУҲАММАДНИНГ ҲУКМДОРЛИГИ.
Фотиҳ Султон Меҳмед(Муҳаммад) ул-Соний фотиҳликда ҳам, маъмур сифатида ҳам буюк эди. Константинополни эгаллагач, у насронийлар ва юнонларга шаҳарда қолишга рухсат берди, ҳатто юнонларнинг етакчиси Геннадиосни турк ерларидаги барча насронийларнинг дин пешвоси сифатида қабул қилди, арман черковини ҳам эътироф этди. Янги сарой ҳамда подшоҳ қулларини ўқитиш учун мактаб қурдирди ва янгича ўқув тартибини жорий этди. Хорижий юртларнинг элчиларини султонга рўпара бўлишларига қадар қабул қилиб туриш учун бош вазирга ўз саройига эга бўлиш ихтиёри берилди. Бу сарой Боби Али (Катта дарвоза), Оврупода эса «Гранд гейт» ёки «Сублим порте» деб ном олган. Куч-қувватга тўлган Муҳаммад улуғ ниятлар билан яшарди. У, шунингдек, шеърият ва санъатга ихлос қўйган маданиятли киши эди. Ислом тадқиқотларига зўр мухлис бўлган Муҳаммад, айниқса, форс шеъриятини жуда севарди, юнон маданиятига қойил қоларди. У ҳуқуқшуносликни йўлга қўйди, мактаб очдирди, масжидлар ва касалхоналар қурдирди, ғоят илғор дунёқарашга эга бўлганлиги учун фанлар ва билим соҳасига ҳомийлик қилиб турар, фозилу фузалолар билан мулоқотдан жуда роҳатланар эди. У бутун Оврупода ажойиб инсон сифатида танилди. Венециялик рассом Беллини унинг тасвирини акс эттирган.
АЙРИМ ТАРИХИЙ САНАЛАР
1453 йил — Фотиҳ Султон Меҳмед Хон қўшинининг 53 кун давом этган йигирма тўққизинчи Истанбул муҳосарасида 29 май куни муваффақият қозониши; ўрта аср характеридаги Византия императорлиги ўрнига янги асрнинг васфларини жонли тарзда яшатган Усмонли-Турк императорлигининг бошланиши (императорликнинг барҳам топиши 1918/30/10 Мондрас муторақаси).
1463 йил — Истанбулда Фотиҳ жомеъи атрофида тўрт даврали (Хориж, Дохил, Мусила, Саҳн мадрасалари) ва саккиз бўлимлик «Фотиҳ мажмуаси» дейилувчи дунёнинг энг катта ва мукаммал бир дорулфунунининг қурилиши.
1474 йил — Фотиҳ даври математикларидан Али Қушчи номи билан танилган Алоуддин Алининг вафоти (ҳ. 879) (Улуғбек ўлимидан сўнг унинг шогирди Али Қушчи Истанбулда султон Меҳмед II Фотиҳ саройида хизмат қилган ва аё-София мадрасасининг бош мударриси бўлган.).
1487 йил — Фотиҳнинг устози Мулла Гуронийнинг вафоти (ҳ. 893).
586 yil avval, 1432 yilning 30 martida Fotih Sulton Mehmet (Muhammad) ul-Soniy (ya’ni ikkinchi) dunyoga kelgan va u 565 yil avval, 1453 yilning 29 mayida Konstantinopolni zabr etgan edi.
FOTIH SULTON MЕHMЕD
(MUHAMMAD) UL-SONIY
Fotih Sulton Mehmed ul-Soniy yoki Sulton Mehmed ul-Fotih (1432-1481) — usmonlilar sulolasiga mansub turk sultoni (1444-46, 1451-81). Murod ul-Soniyning 4-farzandi.
Fotih Sulton Mehmed ul-Soniy turk, arab, fors, yunon, slavyan tillarini bilgan. Turk qo‘shinlarining yurishiga shaxsan qo‘mondonlik qilib, jahongirlik siyosati yurgizgan. 1452 y.ning martida Mehmed ul-Soniy buyrug‘iga binoan, Bosforning Osiyo qismida Boyazid ul-Avval Yildirim tomonidan barpo etilgan Anado‘lihisorning qarama-qarshisida, ya’ni Bosforning Yevropa qismida Rumelihiyura quriladi. Natijada Bosfordan suzib o‘tayotgan xorijiy kemalarni bojxona tekshiruvidan o‘tkazish imkoniyati tug‘iladi.
1453 y.ning martida Mehmed ul-Soniy 150 ming kishilik qo‘shin, 80 harbiy kema va 300 dan ortiq yuk kemalari b-n Vizantiya poytaxti Konstantinopol tomon yurish boshlagan. Qirq kunlik (18 apr. — 29 may) qamaldan so‘ng shahar zabt etilgan. Konstantinopolning turklar tomonidan zabt etilishi yakunlanadi.Konstantinopolning qulashi Vizantiya imperiyasiga xotima yasagan va, aksincha, Usmonli turk imperiyasini jahondagi eng qudratli saltanatlardan biriga aylaniishga olib kelgan. Shahar turkcha Istanbul deb nomlana boshlagan.
Mehmed ul-Soniy shundan so‘ng Bolqon hamda Markaziy Yevropa mamlakatlarini zabt etishga kirishgan. Dastlab u Serbiyaga zarba bergan, ammo, 1456y.ning 27 iyulida Belgrad ostonasida Yanosh Xunyadi lashkari b-n bo‘lgan jangda mag‘lubiyatga uchragan. 1459 y. turklar Serbiyani, 1460 y. Moreyani, 1463 y. Bosniyani, 1476 y. Valaxiyani, 1478—79 y. Albaniyani o‘z tasarrufiga kiritganlar.
Mehmed ul-Soniy 10 yildan ziyod muddat davomida Karaman beyi hamda Oq qo‘yunli davlati hukmdori Uzun Hasanga qarshi siyosiy kurash olib borib butun Kichik Osiyoda o‘z hokimiyatini o‘rnatgan. 1475 y. Mehmed ul-Soniy Kafa, Kerch, Sudak singari Qora va Azov dengizi bo‘ylaridagi shaharlarni istilo etib, Qrim xonligini o‘ziga vassal qilgan. 1461 y. savdo yo‘lidagi muhim yunon davlati Trapezund (Trabzon)ni jangsiz egallagan.
Turk qo‘shinlarining zafarli yurishlari Mehmed ul-Soniyni Yevropaning Vengriya, Italiya, Germaniya kabi davlatlari hududlarini ham istilo qilish rejasini tuzishga ruhlantirgan. 1480 y. 300 kemaga joylashgan 100 ming nafar qo‘shin Jan. Italiyaning Otrango sh. tomon yo‘l oladi va uni 2 haftalik qamaddan so‘ng qo‘lga kiritgan. Shahar aholisining yarmi qirib tashlanib, 8 minggi qulga aylantirilgan. Shunga qaramay, Mehmed ul-Fotihning ushbu yurishi muvaffaqiyatsizlikka uchragan. Italyanlar kuchlarini bir yerga jamlab turklarga bir qancha kuchli zarbalar berishgan.
Mehmed ul-Fotih harbiy yurish paytida og‘ir betoblanib vafot etgan. Ayrim manbalarda sulton o‘g‘li — taxt vorisi Boyazid ul-Soniy buyrug‘iga muvofiq, xos tabibi tomonidan zaharlab o‘ldirilgan.
Mehmed ul-Fotih davrida Usmonli turk imperiyasining ilk qonunlar majmuasi (“Qonunnoma”) tuzilgan. Mehmed ul-Fotih harbiy va ma’muriy boshqaruv islohoti o‘tkazib, armiya va davlatni mustahkamlagan. U olim va fuzalolarga homiylik qilgan, qurilish ishlariga katta e’tibor bergan, hukmronligi davrida mamlakatda 380 ta masjid qurdirgan, Istanbul universitiga asos solgan. Fotih Sulton Mehmed ul-Soniy fors, yunon va arab adabiyoti-ni yaxshi bilgan, o‘zi ham “Avniy” ta-xallusi b-n she’riy devon bitgan (O‘zbekiston milliy ensiklopediyasidan).
SULTON MЕHMЕD — MUHAMMADNING
ZABTKORLIGI (1451-1481).
Endi toju taxt eng yirik turk sultonlaridan biriga – Muhammad alayhissalom dinining jonkuyari sifatida Fotih — Zabtkor nomi bilan shuhrat qozongan Muhammad ul-Soniyga tegdi. Taxtga o‘tirganida endi 21 yoshda bo‘lgan bu yigit o‘ttiz yil podshohlik qildi. Amir Muoviya davridan beri ko‘plab qamallarga bardosh berib, Islom kuchlariga taslim bo‘lmagan Konstantinopolni bosib olishni o‘ziga maqsad qilib qo‘ydi. Uning imperatori turklarga qaram bo‘lib, soliq to‘lab turardi, shahar barcha ovrupoliklar uchun va, ayniqsa, yuz ellik yil mobaynida turklar bilan jangu jadallar olib borgan Sharqiy Ovrupo nasroniylari uchun ochiq edi. Ilgarigi sultonlar Bosforning Osiyo qismida, Konstantinopolga bevosita yaqin bo‘lgan Onodo‘li Hissor deb nomlangan joyda qurdirgan qasrini u Rumeli Hissor, ya’ni Ovrupo saroyi deb atadi. Qal’a qurib tugatilgach, Muhammad o‘rta asrlar oxirida o‘z nomi bilan bog‘liq mashhur bo‘lib qolgan qamallaridan birini amalga oshirishga kirishdi.
KONSTANTINOPOLNING BOSIB OLINISHI (1453 yil 29 may)
Eski shaharda 10 ming askar bor edi. Venetsiyaliklar va yunonlar turklarning shu atrofdagi harbiy-dengiz kuchlari ustunligiga qaramasdan, qurshovda qolganlarga yordamga keldilar. Shahar sharq tomondan himoya qilindi. Chunki vizantiyaliklar yo‘g‘on cho‘yan zanjir tayyorlatishib, u bilan Oltinshoh ko‘rfazini birorta kema kirolmaydigan darajada to‘sib qo‘ygan edilar. Muhammad ul-Soniy shaharning quvvatli devorlarini g‘arbiy va shimoliy tomondan o‘qqa tuttirdi, biroq epchil harbiy qism uning o‘pirilgan joylarini zudlik bilan yamab turardi. Sulton shaharning janubidan yoki sharqidan ko‘rinishga jazm etmadi. “Zanjirni uzishga urinib ko‘rsammikin?” Bunga ham imkoniyat yo‘q, chunki shahar devori ustiga o‘rnatilgan to‘plar to‘ppa-to‘g‘ri ko‘rfazni nishonga olib turishardi. Qani endi kemalari narigi tomonda bo‘lsa! Umuman ularni boshqa sohilda barpo etsa bo‘larmidi? Yo‘q, bo‘lmasdi, sababi u tomonda birorta kemasozlik maydoni yo‘q. Ular qirg‘oq burunlariga urilishlari va qit’a ko‘rsatkichi yonidagi girdobda sohillar orasida ilinib qolishlari mumkin edi. Tavakkal qilib ko‘rsinmi? U dengizchi muhandislarga maslahat soldi. Ular bir sinashib boqishga, o‘z navbatida Muhammad esa buning uchun katta mukofot berishga va’dalashdilar. Quruqlik osha yetmishta yengil kemani Qora dengizga sudrab olib kelib, to‘liq jihozlangan askarlari va zambaraklar bilan suzishga qo‘yib yubordilar. Unchalik katta bo‘lmagan bu dengiz kuchlari shaharga orqa tomondan hujum qilishib, qurshovni darz ketdirishdi. Muhammad g‘arb tomondan zarba berib, qal’a devorining yiqitilgan joyidan eski shaharga bostirib kirishga muvaffaq bo‘ldi. Qonli jangda so‘nggi imperator Konstantin o‘ldirildi. Venetsiyaliklar va genuyaliklarning kemalari ko‘pgina nasroniylarni omon saqlab qoldilar. Nihoyat, qudratli Konstantinopol shahri taslim bo‘ldi. Bu voqea katta siyosiy ahamiyat kasb etmadi, chunki turklar yuz yillar mobaynida Bolqonda xo‘jayinlik qilib turdilar. Lekin mazkur g‘alabaning boshqacha bir ahamiyati bor edi. Qadimiy madaniyat sohibi bo‘lgan bu shahar sobitqadam cherkov markazi va azaliy imperatorlar maskani bo‘lib bo‘lib kelgandi. Unda butun Ovrupo ardog‘idagi Avliyo Sofiya kafedral sobori joylashgan. Shu sababdan ham shaharning qo‘ldan ketishidan butun G‘arb og‘ir qayg‘uga cho‘mdi. Shu davrdan boshlab Ovrupodagi har bir qo‘l turklarga qarshi cho‘zilaveradigan bo‘ldi. Qit’adagi barcha xalqlar birin-ketin ular bilan kurashib chiqdilar, shu tariqa urush to‘rt yuz yil davom etdi. Nasroniylar 1492 yili Ispaniyadagi so‘nggi musulmon podshohligini barbod qilmagunlaricha unga hujum qilaverib alamlaridan chiqdilar.
MUHAMMAD FOTIH
Bunday unvonga u faqat Konstantinopolni zabt etganligi uchun emas, balki ko‘p martalab zafar quchganligi tufayli sazovor bo‘lgan. Vergr sarkardasi Xunyodi hali turk yerlariga yurish qilib turardi. Sulton Muhammad ul-Soniy ham o‘z navbatida 1456 yilda Serbiyaning poytaxti Belgrad shahrini qamal qildi. Shunday bir paytda Xunyodi vafot etib, Muhammad esa g‘olibona yurishini davom ettirdi. U 1458 yilda Serbiyani, 1458 va 1461 yillar oralig‘ida Bosniya bilan Gersegovinani egalladi. Bu mintaqalarda ko‘pchilik Islom dinini qabul qildi. Shu yillari turklarning dengiz kuchlari Egey bahridagi orollarni bosib oldi. Biroq har qadamda Venetsiya va Genuyaga madadkor bo‘lib kelayotgan mashhur Iskandar boshchiligidagi Albaniya bir chekkada qolayotgan edi. Iskandarbek vafotidan keyin 1467 yili bu malakat ham bosib olindi. Ana shu g‘alabalar Ovruponi tahlikaga solib qo‘ydi. Musulmonlarning boshqa bir shoxobchasi qit’ada sharq tomondan ham xuruj qilayotgan edi. Venetsiya, ayniqsa, tashvishga tushib qoldi. Usmoniylar Vizantiyaga qaram barcha Egey orollarini egallab, Venetsiya bilan Rusiyaning ko‘pgina tijorat bozorlari joylashgan Qora dengiz bandargohlariga olib boradigan savdo yo‘lini yopib qo‘ydilar. Hayajonga tushgan Papa yana “Nasroniylar xavf ostida!” degan eski da’vat bilan navbatdagi salib yurishini uyushtirishga chog‘landi. U hatto ma’lum natijaga erishdi ham. Mojariston bilan Venetsiya jangga hozirlik ko‘ra boshlashdi, biroq bundan hech narsa chiqmadi. Betayinlikdan charchagan turklar orqaga qaytib ketdilar. 1469 yili Dolmatiya va Xorvatiya, 1470 yili Adriatika dengizidagi Negroparte bandargohi egallandi. Venetsiyaliklar Fors bilan ittifoq tuzib, Eron shohini sharqdagi turklarga qaram o‘lkalarga hujum qilishga tezlashdi. Forslar jangga otlandilar, lekin turklar 1473 yilida Erzinjonda ularga zarba berganlaridan keyin Venetsiya tomonga burilib, shimoliy Albaniyadagi bir qancha shaharlarni ham qo‘lga kiritdilar. Venetsiya dengiz kuchlari Skutariga hujum qildi, turk dengizchilari esa Adriatikaga suzib kirganlaricha Venetsiyaning o‘zini nishonga olishib, uni muomalaga o‘rgatib qo‘yganliklaridan tashqari ko‘p kulfatlarga sabab bo‘lgan urushga chek qo‘ygan sulh bitimi imzolanishiga ham boshlab keldilar. Turklar yuqori Albaniyani, Negroparteni, Egey orollarini ishg‘ol qildilar. Qora dengizda savdo qilish ijozati uchun Venetsiya har yili sultonga 10 ming dukat to‘lab turishga rozi bo‘ldi.
MUHAMMADNING HUKMDORLIGI
Fotih Sulton Mehmed(Muhammad) ul-Soniy fotihlikda ham, ma’mur sifatida ham buyuk edi. Konstantinopolni egallagach, u nasroniylar va yunonlarga shaharda qolishga ruxsat berdi, hatto yunonlarning yetakchisi Gennadiosni turk yerlaridagi barcha nasroniylarning din peshvosi sifatida qabul qildi, arman cherkovini ham e’tirof etdi. Yangi saroy hamda podshoh qullarini o‘qitish uchun maktab qurdirdi va yangicha o‘quv tartibini joriy etdi. Xorijiy yurtlarning elchilarini sultonga ro‘para bo‘lishlariga qadar qabul qilib turish uchun bosh vazirga o‘z saroyiga ega bo‘lish ixtiyori berildi. Bu saroy Bobi Ali (Katta darvoza), Ovrupoda esa “Grand geyt” yoki “Sublim porte” deb nom olgan. Kuch-quvvatga to‘lgan Muhammad ulug‘ niyatlar bilan yashardi. U, shuningdek, she’riyat va san’atga ixlos qo‘ygan madaniyatli kishi edi. Islom tadqiqotlariga zo‘r muxlis bo‘lgan Muhammad, ayniqsa, fors she’riyatini juda sevardi, yunon madaniyatiga qoyil qolardi. U huquqshunoslikni yo‘lga qo‘ydi, maktab ochdirdi, masjidlar va kasalxonalar qurdirdi, g‘oyat ilg‘or dunyoqarashga ega bo‘lganligi uchun fanlar va bilim sohasiga homiylik qilib turar, fozilu fuzalolar bilan muloqotdan juda rohatlanar edi. U butun Ovrupoda ajoyib inson sifatida tanildi. Venetsiyalik rassom Bellini uning tasvirini aks ettirgan.
AYRIM TARIXIY SANALAR
1453 yil — Fotih Sulton Mehmed Xon qo‘shinining 53 kun davom etgan yigirma to‘qqizinchi Istanbul muhosarasida 29 may kuni muvaffaqiyat qozonishi; o‘rta asr xarakteridagi Vizantiya imperatorligi o‘rniga yangi asrning vasflarini jonli tarzda yashatgan Usmonli-Turk imperatorligining boshlanishi (imperatorlikning barham topishi 1918/30/10 Mondras mutoraqasi).
1463 yil — Istanbulda Fotih jome’i atrofida to‘rt davrali (Xorij, Doxil, Musila, Sahn madrasalari) va sakkiz bo‘limlik “Fotih majmuasi” deyiluvchi dunyoning eng katta va mukammal bir dorulfununining qurilishi.
1474 yil — Fotih davri matematiklaridan Ali Qushchi nomi bilan tanilgan Alouddin Alining vafoti (h. 879) (Ulug‘bek o‘limidan so‘ng uning shogirdi Ali Qushchi Istanbulda sulton Mehmed II Fotih saroyida xizmat qilgan va ayo-Sofiya madrasasining bosh mudarrisi bo‘lgan.).
1487 yil — Fotihning ustozi Mulla Guroniyning vafoti (h. 893).